Қутлуғ қон (II- қисм) [Oybek]

Қутлуғ қон (II- қисм) [Oybek]
Қутлуғ қон (II- қисм) [Oybek]
Тўртинчи боб
I
Мана уч ойга яқиндир, Нуринисо ўзи кўрмаган, билмаган, ҳатто исмини тўй арафасида келинойисидан эшитган эри билан яшайди. Барча мусулмон қизлари каби, у ҳам тамом бегона, номаълум бир йигитга тегишдан бош тортган эмас, ҳатто зимдан бўлсин суриштириб кўрган эмасди. «Фотиҳа» ўқилганини эшитгач, у, аксинча, севинган эди. Зотан, «фотиҳа» ўқилгандан сўнг, тақдирга бўйсунишдан бошқа чора қоладими — суриштиришнинг бирон фойдаси бўладими? «Фотиҳа»— гўё ярим никоҳ. У, икки томоннинг келажак ҳаётига тақдир муҳрини босади. «Фотиҳа»дан сўнг ҳар икки томон айниш, тараддуд ҳуқуқидан кўпинча маҳрум бўлади. Қудалар ўртасида рўй берадиган англашилмовчиликлар, жанжаллар аксар вақт музокара ва муроса йўли билан ҳал қилинади. Оталар-оналар бўлажак қудаларининг, келинларининг, куёвларининг ҳар қандай нуқсонини оп-очиқ кўришларига қарамай, энди «фотиҳа бузилмаслиги» учун, у нуқсонлардан кўз юмадилар!
Нури фотиҳадан хабардор бўлгач, келажак турмушини ўз хаёлида безаш билан машғул бўлган эди. У келин бўлиб боргуси оиланинг бойлигини ўйламаган, чунки, бу нарса у учун очиқ-ойдин эди; отаси ва акалари, албатта, Тошкентнинг энг донгдор бойларидан бири билан қуда бўлишларига у чуқур ишонган. Улар камбағалларнигина эмас, ўрта бойларни ҳам назар-писанд қилмас эди. Аммо, куёв йигит тўғрисида ҳам Нурининг кўнгли тўқ эди. Баъзан: «Қандай экан у? Кўрган-билган одамларимдан қай бирига ўхшатсам бўлади?» деган саволлар фикрини машғул этаркан, у, албатта, мусбат жавоб топар, шубҳасини ишончи енгар эди...
Нури янги оилада яшайди, қарилик орқасида кўздан қолиб, икки-уч йилдан буён уй ичига қамалган қайнота — Нажмиддинбойнинг давлати зўр. Янги ва эски шаҳарда катта атторлик дўконлари бор. Чолнинг катта ўғли Абдуллабой, кичик ўғли (Нурининг эри) Фазлиддинбойваччанинг ташаббуси ва ҳаракати ёлғиз шу бойликни ўстиришга қаратилган.
Ичкари-ташқари данғиллама ҳовли. Ичкари ҳовлининг саҳни кенг. Ҳовлининг уч томони бир уй-бир айвоя қилиб қаторасига солинган янги бинолар билан ўралган, бир томони гилосзор боғча. Ҳамма уйларда гиламлар, тахмонларни тўлдирган кўрпа-ёстиқлар, пўлат сандиқлар, токчаларда ҳар нав асбоблар, хитой чиннилар қалашиб ётади.
Табиий, ҳаммадан Нурининг уйи ҳашаматли: қимматли жиҳозлар билан магазиндай ясатилган, кўрган одамнинг кўзи қамашади.
Бу оилада ейиш-ичиш белгили тартиб ҳам режага тобе эса-да, ҳар кун ширин-ширин овқатлар тайёрланади. Аммо меҳмон сийрак бўлади, мўл-жўл катта зиёфатларни Нури ҳали кўргани йўқ.
Нурининг қайнанаси иккита бўлиб, бири «ўзиники», иккинчиси ўгай эди. Нажмиддинбойнинг бош хотинидан Абдуллабой, кичик хотинидан Нурининг эри Фазлиддин туғилган. Катта — ўгай қайнана, ёши олтмишларга борган семиз, забардаст, димоғдор кампир эди. Бутун рўзғорга эгалик қилишга, ўз амридан ҳеч кимни чиқармасликка тиришар эди. Кичиги, яъни Нурининг ўз қайнанаси қирқ беш-эллик орасида, кичкина, ориқ-жажмон хотин бўлиб, кўринишида мулойим кўринар, оз гапирар, лекин узиб гапирувчи, писмиқ эди.
Нури бу оилага тушгач, уч кун ўтар-ўтмас икки қайнана-кундош орасидаги душманликни сезди. Эрталаб, одат бўйича, Нури тўр рўмол ёпиниб бешикдаги боладан то кексаларга қадар ҳаммага салом қилар экан, «нега сенга олдин салом қилади?» деб кундошлари бир-бири билан аччиқлашиб қолишганди. Улар арзир-арзимас нарса устида минут сайин талашиб-тортишар эдилар. Рўзғорга ким бийлик қилади?—Жанжалга мана бу нарса кўпроқ сабаб бўлар эди. Сўнгра чолни парвариш қилиш тўғрисида ҳам тез-тез уриш бўлиб турар эди. Катта кундош дерди: «Ҳузурини сан кўргансан, бир кеча бўлсин, ундан айрилмас эдинг, қариганда ташлайсанми? Боқ энди!» Кичиги ҳам сира қолишмасди: «Чолнинг кўз очиб кўрган хотини — сен. Сендан маслаҳатсиз иш қилмас эди. Бир товоқ ошни бошимга муштлаб-муштлаб берардинг. Рўзғорни қўлингга олиб, бордондай семириб ўтирасанми? Ўзинг қара; моли ширину, ўзи ҳаромми?!»
Нурининг овсинлари ҳам кундош эди. Абдуллабой, отаси каби, икки хотинга эга эди. Каттаси Ойсара ўттиз беш ёшларда, ҳали ўз ҳуснини йўқотмаган, лекин ҳасталардек паришонҳол, ингичка, нозик хотин; жисман заифлигига қарамай, юмушни кўп қилар, ҳар оқшом ўз болалари билан танча атрофини тўлдириб, китоб —«Маликаий Дилором», «Бўз йигит», «Санобар»ни ўқир эди. Бунинг кундоши Мария исмли рус хотин бўлиб, унга Марямхон ном қўйишган. Унинг ёши йигирма саккизларда, оқ-сариқ юзли, баланд бўйли, тиниқ ҳаво ранг кўзли тўлагина хотин эди.
Марямхон ўн тўққиз ёшида, бундан саккиз-тўққиз йил илгари бу уйга, мусулмон «ичкарисига» қамалган. У Москвада камбағал оилада туғилиб, отаси ўлгандан кейин, онаси беш яшар Марияни амакининг оиласига ташлаб, эрга чиқиб кетади. Қиз ўн олти ёшгача бу оилада, музика муаллими бўлган камбағал амакининг тарбиясида ўсади, ибтидоий таҳсил кўради, музикадан ҳам бир оз маълумот олади. Мариянинг бахтига қарши, амаки сил касалига учраб, ишдан қолади. Унинг майда-чуйда болалар билан тўла оиласи моддий қийинчиликлар ичида қийналаркан, қиз ўз кунини ўз кучи билан кўриш тилагида амакидан кетишга мажбур бўлади. Ризқини қозониш учун ҳаёт гирдобида икки йил чирпинади. Ниҳоят, бой бир рус оиласига бола боқувчи сифатида қабул қилинади. Бу оила Тошкентга кўчиб келгач, Абдуллабой, яқин таниш бўлган бу оилага келиб-кетиб юраркан, Марияни кўриб севади ва унга уйланади.
Абдуллабойнинг рус хотин олиши у вақтларда кўпчилик ўртасида, тўй, азаларда хотинлар оғзида, гап-гаштак ва чойханаларда эркаклар орасида — анча гап-сўзга сабаб бўлди. Лекин Абдуллабой маҳалла имоми ҳузурида «калимаий шаҳодат»ни айттириб, никоҳ ўқиттириб олган эди. Отаси Нажмиддинбой ҳам фақат шу шарт билангина бундай фавқулодда ишга рухсат берган эди.
Марияга дарров бошдан-оёқ мусулмонча кийим кийдирадилар, намозни, ҳар хил дуоларни ва қуръондан бир неча сурани ёд ўқишга ўргатадилар. Ёлғиз ўзини ҳеч ерга юбормайдилар — ҳатто йўлакка, кўча эшикка ҳам чиқармайдилар. Шундай қилиб, бир неча йил ичида у бутунлай «мусулмон» хотин бўлиб қолади. Кўзлари, сочлари ажратиб турмаса, бошқа жиҳатдан унинг рус эканини пайқай олмайди киши. Тили, талаффузи, ўтириш-туриши, бутун қилиқлари билан атрофдаги хотинлардан, ичкарининг соҳибаларидан айириб бўлмайди. Беш вақт намозни канда қилмасдан ўқийди, ихлос билан рўза тутади. Бирон иш қиларкан, ё овқат ичмоққа бошларкан, «бисмилло»ни сира унутмайди. Энди у духоба паранжига ўралиб, узун чачвонни юзига тутиб, сават-сават кулчалар, баркашларда ошлар, совға-салом билан, бутун қоидага мувофиқ тўйларга, азаларга, туғруқларга бориб келади. Марямхон тўрт девор орасида қамалгандан буён биронта рус билан бир оғиз ҳам гаплашган эмас. Кўчада кетаркан, баъзан русларни кўриб, жонли рус тилини эшитиб қолар эди. Бу нарса унинг ўтмишини узоқ бир туш каби хотирлатар; улар билан ўз тилида икки оғизгина сўзлашувга орзу қилса-да, атрофдаги мусулмонлардан қўрққанидан, журъат қила олмас эди. Чунки мусулмонлар дарров ўйлаган бўлар эдилар: бу паранжили мусулмон хотин нима учун кўчада эркак билан, яна ўрис билан гаплашади? Бу диндан қайтган хотин, исловотда юриб тил ўрганган бўлса керак!..
Марямхон ёшликда мактабда ўқир экан, рус ёзувчи ва шоирларининг бирмунча асарлари ва мактаб болалари учун чиқарилган ҳар хил таълимий, мароқли китоблар билан бир қаторда, бир қанча енгил, жиноий-можаровий романларни яширин ўқиб чиққан эди. Пушкин ҳам Лермонтовнинг баъзи шеърларини ҳали ҳам ёддан билар эди. Лекин, ичкарида яшаркан бирон марта китоб юзини кўрмади. Бир вақтлар бу уйга опаси билан меҳмон бўлиб келган бир татар қизи русча бир ахлоқий романни унутиб қолдирган; бу китобни ўша кечаси катта қизиқиш билан қўлга оларкан, эри Абдуллабой келиб қолиб, китобнинг русча эканини пайқаб, қўлидан йириб олади ва ғазабланиб шу ондаёқ парча-парча қилиб ташлайди.
— Диндан қайтаради, динни бузади бу китоб!— бақиради Абдуллабой.
— Йўқ, жуда қизиқ, жуда фойдали китоб,— ёлвориб тушунтиришга бошлайди хотини.
Лекин у қанча сўзламасин, бу китобнинг динга зиёнсиз яканини ўжар мусулмонга тушунтира олмайди.
— Ёлғиз, ёлғиз битта китоб бор,— дўқ билан дейди Абдуллабой,— у Оллонинг китоби — Қуръон! Бошқа китобни китоб дема! Ҳаммаси бир тийин. Хоҳласанг, Қуръон ўқишни, қироат билан ўқишни мен ўзим ўргатаман.
Баъзи вақтда эски русча китоблардан ясалган пакетларда бозордан нарса ўраб келтиришади. Марямхон пакетларни бузиб, парча-парча қоғозларни, гарчи бундан тўла маъно чиқмаса ҳам, ўқий бошлайди. Лекин кейинчалик бундан-да воз кечади.
Марямхон дастлаб ўз кундоши билан чиқиша олган эмас. Ҳатто мусулмонларнинг бундай «аҳмоқона закунини» фикр-хаёлига асло сиғдира олмаган. У очиқча шовқин-сурон кўтармасдан, эрига ялинган, бу одатнинг ёмонлигини, эрнинг кўнгли иккига бўлинса, турмуш ёмонлашажагини тушунтиришга тиришган. Кейин аразлаган, йиғлаган. Аммо кундошини қўйдириб юборишга муваффақ бўлган эмас. Бир-икки бола туғиб, ичкарининг урф-одатига, мусулмончиликнинг руҳига чуқурроқ кира бошлагач, кундошга бўлган рашки баъзан оловланиб қўйса-да, аста-аста тақдирга кўниккан. Энди кундоши билан уч-тўрт кун апоқ-чапоқ бўлиб, оғиз-бурун ўпишгандай бўлар, лекин яна уч-тўрт кун, сабабли-сабабсиз, сира гаплашмай, тескари бурилар эди. Шундай вақтларда Нури:
— Ораларингиздан қора мушук ўтдими?— дерди кулиб.
Марямхон ўзи тўқиганми, ё атрофдан эшитганми, ҳар вақт шундай жавоб берар эди:
— Кундош — бошингда тош, кўзингда ёш...
Баъзи вақт Нурининг аччиғини чиқариш учун, жиддий равишда дер эди:
— Шошманг, сизга ҳам бир кундош топиб берамиз!
Нури бу гапни ҳазил тариқида айтилганига ишонса-да, баъзи вақт юраги чўчиб кетар эди: «Бу уйда икки хотин олиш бир расм бўлиб қолган экан. Эрим отаси, акаси изидан кетиб, устимга хотин олса-я... Шўрим қурсин, нима қиламан!»
Фазлиддин, Нури қизлик чоғида ўз хаёлида чизган, турли кийим ва қиёфатларда тасаввур этган йигитларга сира ўхшамас эди. Никоҳ куни кечаси гўшангага кириш билан, «тортишмачоқ» ҳангамасидан ҳали ўзига келмаган хотинларнинг қий-чуви давом этаркан, Нури, юзига туширилган узун, оқ рўмоли орасидан, кўзларини яширинча куёвга тиккан, бир онда чуқур ўксиниб, бутун қуввати сўнган каби, бошидан оёғига қадар оҳиста бир титроқ билан қопланганди. Мана шу эр билан уч ойдан буён бирга яшайди. Эрининг феъли, мижоз — табиати кун сайин унга равшанлашди.
Фазлиддин албатта, бадбашара эмас, кўринишда туппа-тузук йигит... Лекин муддатдан илгари туғилиб ўсган одамлар каби, унинг гавдасида нимадир етишмайди, бир мутаносибсизлик сезилади. У ўрта бўйли, кичик гавдали, сийрак сариқ мўйловли, тийрак — ўткир кўзли йигирма уч ёшларда, чаққон, серҳаракат йигит. Аҳли растага ва ёш бойваччаларга яраша дурустгина кийинади, лекин ўзига ортиқча зеб бермайди. Ҳар кун эрталаб бир вақт-да — бир минут кечикиш, ё олдин кетиш йўқ — нонушта қилмасдан дўконга кетади, оқшом албатта, уйга қайтиб, оила билан овқатланади, сўнгра отасини зиёрат қилади. Хуфтон намозидан кейин ўз уйига киради, танчага, Нурининг қаршисига ўтириб, чоллар каби, «ё ҳаётаннабий!» ёки кўпинча, «ё сарваркоинот!» деб, бошини эгарак, жим ўтиради. Аксар, кечалари уй эшигини беркитиб, деразаларга парда туттириб, алла-паллагача пул санайди, бундай вақтда икки қоши ўртасини буруштириб, ўз-ўзича нималарнидир шивирлаб кўяди. Катта рўмолга пулни тугиб, ёстиқдай қилиб, Нурига узатади:
— Сандиққа тиқ, эртага Абдулла акам олади.— Кейин оёғини чўзиб маҳсини тортиш учун Нурига ишорат қилади.
Кечалардан бирида Фазлиддин бошини солиб, мудраб жим ўтирар экан, Нури чидай олмади, биринчи марта аччиқланиб гапирди:
— Сиз ҳам у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирсангиз бўлмайдими? Бу нима, тўрва-халтасини йўқотган гадойдек, шумшайиб ўтирасиз, бағрим қон бўлиб кетди-ку!
Фазлиддин тиржайиб, эгри-бугри тишларининг оқини кўрсатди. Лекин вазиятини бузмай, мулойим товуш билан деди:
— Хафа бўлдингми? Ўринсиз. Уйлаб қара, эртадан-кечгача қанча одам билан муомала қиламан?
— Дўконингизда пиркашиклар бормиш-ку. Улар ишласин, сиз хўжайин бўлиб ўтиринг. Дўконга кечроқ бориб, эртароқ қайтинг. Сизлар ҳам катта бой экансизлар, извош қилинг, беш кунлик дунёда даври-даврон суринг,— деб Нури аччиғидан юзини бошқа томонга бурди.
— Тўғри, биз катта боймиз,— қўлига дўпписини олиб тозалаб гапирди Фазлиддин,— ҳафтамабиль олсак ҳам давлатимиз кўтаради. Лекин давлат дадамники. Мен бунга озгина қўшдим, дадам давлатига яна бир-икки ҳисса қўшай, кейин бирваракай довриқ соламан. Ҳар бир иш ўз вақтида ярашади. Лекин ўшанда ҳам дўконга эрта бориб, кеч қайтаман. Савдогарчиликнинг таомили шу... Бошқаларга ишониб бўлмайди. Қани, иложи бўлса битта одам тутмасдан, бутун ишни ўзим эплай билсам... Иложи йўқ, ҳозир учта прикашик ҳам шошиб қолади.

III
— Эс-ҳушингиз савдода. Уйқуда ҳам кўпинча мол сотиб, пул санаб бақирасиз,— кинояли кулиб деди Нури.
— Ман тинч ухлайман-ку.
— Йўқ!
— Балки тўғридир. Балиқ сувда сузади, сувда ухлайди. Мен ҳам савдода сузиб, савдода ухласам ажаб эмас. Хўп, ўринни сол... Ё раҳмон, раҳматингни аяма!
Бундай эрни Нури ҳеч вақт хаёлга келтирмаган эди. «Кимга тушдим? Бойвачча йигит ҳам шунақа бўладими? Дадамнинг шунча давлати бор экан, эрнинг бой бўлиши лозиммиди манга?»—ўйлар эди у. Фақат у эндиги пушаймонлари унга фойда бермаслигини яхши билгани тақдирга исён қилишга ожизлигини сезгани учун, қайғуларини юракка кўмар эди, бу ҳақда ҳеч кимга, ҳатто онасига ҳам бир нима демаган эди.
Нури кўринишда келинчакликни қўлдан бермасликка тиришди. Деярли ҳар кун бошини ювар, пардоз қилар, ҳар куни янги кўйлак киярди. У бу уйдаги хотинларнинг ҳаммасини ёмон кўрди. Лекин зерикканидан, Марямхонни ўзига яқинроқ тутди. Чунки Марямхон очиқ кўнгилли, самимий хотин эди. Дастлаб унинг муомалалари Нурига дағалроқ кўринса-да, кейинча унда ҳеч қандай адоват, ғараз йўқлигини, табиати шундай кескинроқ эканини тушунди. Чол қайната ҳам келинлар орасида Марямхонни кўпроқ севар эди. Аммо унинг ғариблиги ҳам айниқса, «кофир қизини дин исломга мушарраф қилдик, тонгла савоби тегади» деган андиша билан севар эди у.
Кеча ёққан қордан бу кун пешинга қадар ҳовлида из қолмаган эди. Қор эриб, тунука тарновлардан сув вариллаб оқа бошлади. Тарновлар остига қўйилган тоғора, челакларга сув тушаркан, ҳар хил шўх садолар тарқалади. Зангори осмон ҳам шундай тиниқ, шундай беғуборки, кўзни олади... Нури уй деразаларини очди. Қуёш шуълалари қон-қизил гиламларда, токчадаги чинни асбобларда, кумуш идишларда, граммофоннинг текис, ёрқин карнайида ўйнайди. Ҳовли хамирдай балқиган, ундан енгил буғ кўтарилади.
Ҳовлининг нариги бурчида кўринган эски паранжили қизни кўрган замон, зерикканидан, қадрли меҳмонни қаршилаган каби, дарров ўрнидан сакраб турди, даҳлизга отилди...
— Нима бало, дов-дараксиз бўлиб кетдиларинг!— Гулнор билан кўришди у.
— Қиш, лойгарчилик, Нури опа, соғиндингизми?— Гулнор паранжини бир ёққа отиб, дастурхонга ўралган баркашни узатди:
— Қиймали юпқа.
— Бу ердагилар ҳам юпқани мазали пиширишар экан. Ҳар келишингда бир нимани кўтариб келасан. Бундан кейин ҳеч нима келтирма!
— Катта ойим, қуруқ борма, деб қўлимга тутқиздилар,— деди Гулнор.
Уйга кираркан, Нури Гулнорнинг уст-бошига разм солди:
— Қуда-андани ўйлаган ойим сенга бутунгина маҳси ҳам кийгизиб юбормабди. Маҳсингни қара, оёққа илиб бўлмайди.
— Ҳеч ким кўрмас, шу ердан кета қоларман. Ҳам камбағалнинг қизини ким масхара қилади,— деди кулиб Гулнор.
— Жилла бўлмаса ямат маҳсингни!
— Дадам, Йўлчибой аканг ямайди, деган эди, билмадим, қўли бўш эмас шекилли.
— У шаҳардами? Ямоқчиликни билар эканми?— деди Нури ва юраги, нечундир, бир лаҳзада алланечук уриб кетди.
— Анчадан буён шаҳарда. Шокир ота деган маҳсидўзнинг дўконхонасида ўз этигини бутунлаб олибди, дадам шунақа деди.
Гулнор бу ерга келса, Нури ҳар гал бирон оғир юмуш қилдирар эди. Аммо бу сафар қизга иш буюрмади. Танчага ўтқазиб, дастурхон ёзди, гаплашиб ўтирди. Гулнор Нурининг ўз оиласидаги воқеалардан, билган-эшитганларидан сўзлади. Нурининг онаси — Лутфинисо уни қандай соғинганлигини, бугун туш кўрдим, Нури келади деб, эшикка ҳар кун кўз тикканини ва келар жума Ҳакимбойваччанинг гап беришини, шунга Фазлиддин билан у, албатта, боришлари кераклигини, яна Лутфинисонинг бир кўп буйруқларини топширди.
— Шу ҳафта ичи ўзим бориб келмоқчийдим. Ойимни бир ойдан бери кўрганим йўқ. Бир кеча ёнида ётишни орзу қиламан,— деди енгилланиб Нури.
— Яна бир ҳафтадан кейин Салим акам гап берармишлар.
— Баҳона топилиб бораверар эканман. Ишқилиб Абдулла поччамнинг зиёфатига тўғри келмасин...
Сўз айланиб яна Йўлчига тақалди. Нури бу йигит тўғрисда кўпроқ нарса билишни исташ билан баравар, бу қизнинг унга муносабатини очиш каби, яширин, бир ният билан гапни чўзарди. Гулнор дастлаб соддалик билан гапираверди. Йўлчининг кир-чирини ювиб, чопон ва кўйлакларини ямаб берганлигини ва баъзи вақт дадаси Ёрмат буни ва онасини уйга киргизиб, айвонда Йўлчи билан узоқ ҳангамалашиб ўтиришини сўзлади. Нури ўз ичида хўрсинди ва:
— У яхши йигит-а. Санга ёқадими?—деди, тикилиб.
Гулнор қизариб кетди, кўзларини қаерга яширишии билмай жавдиради. Нурининг бу саволи ва бошқа сўзларидан шубҳаланди-да, юрак сирларини чуқур яширишга тиришди. Зотан, бировга очишдан қўрқар ва уялар эди.
Нури Гулнорни жўнатгандан, сўнг, анча, вақт хаёл суриб қолди. Унинг юрагини қарама-қарши ҳислар, кечинмалар ўради. Ўтган ёз хотиралари яна қалбига ҳоким бўла бошлади. Унинг хаёллари сирли ваҳима ва қўрқинч билан боғланган янги оташин лаззатларга сургади...

II
Йўлчи уч ҳафтадан бери шаҳарда. Складдан Мирзакаримбойнинг дўконига, дўкондан яна бошқа жойларга ҳар кун аравада газлама ташийди. Бойнинг дўкони олдига ўнларча, юзларча той газламани тушириб уни ечар, ердан шипга қадар тахлар, яна аравани миниб жўнар эди.
Мирзакаримбойнинг эски шаҳардаги дўкони чит растасида эди. Бу раста — икки томонда, беш-олтита катта дўкон бўлиб, тор, камгак йўл билан баззозликка, шоҳифурушлик растасига туташар эди. Усти тим билан қопланган бу қоронғу растада, одатда бошқа расталарда бўладиган шовқи-сурон, ғовур-ғувур, шошқалоқ оломон, тиқилинч йўқ. Бу ерда бозор кунлари билан бебозор, кунларининг фарқи сезилмайди, бу ерда ҳар вақт жимжитлик ҳукм суради. Бундаги дўконларда жиддий, серсоқол кекла яҳудийларни, уларнинг серҳаракат, чаққон ўғилларини ва прилавка орқасида, нақ мачитда намозда қаққайган каби сукут қилган, кўринишда мутавозе, лекин ҳақиқатда ўлгудай мўлтони, кибрли, димоғдор, аксари хасис мусуламон бойларни, кўриш мумкин. Бу растада минг хил кийимли оломон йўқ, шошилиш йўқ, қўлни сиқиб: «Бор барака топ!»лар ҳам йўқ. Фақат, ҳар бир дўконда кўпинча бир хил товуш: шақ-шақ, шуқ-шуқ чўт қоқилади. Растанинг ичида беш-ўн киши пайдо бўлади, улар сунъий тавозе билан шовқинсиз муомалага киришади. Дўкондор уларга қалин китоб шаклида бир нимани тутқизади Улар буни варақлаб, керакли газламаларнинг парча-парча нусхаларини кўриб, танлайдилар. Кейин газламаларни араваларга тоғ-тоғ қалаб олиб кетадилар. Мол бу ердан Тошкент атрофидаги қишлоқларга, овулларга, Чимкент, Сайрам, Авлиёота каби шаҳарларга, кентларга жўнатилади.
Тишдан қараганда эски, кўримсиз, лекии катта, сермол дўконда Мирзакаримбой билан Салимбойвачча турар эди. Улар харидор билан битишгандан сўнг, қолган ҳамма ишни ширин сўз, эпчил киши — прикашик Саидмурод бажарар эди. У бўш қолган вақтда қўлини қовуштириб, бир чеккада жим турар, хусусан, Мирзакаримбой олдида, эшоннинг ҳузурига кирган мурид сингари, ҳалим вазият олар эди.
Ҳакимбойвачча бир неча кишини эргаштириб, баъзан бу ерда кўриниб қолар, дадаси билан шивирлашиб, яна бир зумда ғойиб бўлар эди. У ҳар вақт шошар, гапирганда, юрганда, ишлаганда — бир нимага интилиш, сабрсизлик сезилар эди унда.
Мирзакаримбой аксар вақт курсида ёки устига гиламча ёйилган прилавканинг бир четида тахланган газламага суяниб, тасбеҳ доналарини бармоқлари орасидан битта-битта ўтказиб, чордона қуриб ўтирар эди. Кир дўпписи қошига қадар тушган, доимо бошида ташиган саватнинг оғирлиги остида бўйи қисқаргандай, япасқи новвой ҳар кун пешин вақтида иккита ширмой нонни бойга ташлаб кетар эди. «Ғарчча мой!»—унинг жарангли овози растанинг тимини тешгундай янграрди. Ёшлигига қарамай, чапанича юришга тақлид этган бир бола — чойхоначининг шогирди — нақ мўлжалли вақтда Мирзакаримбойга чой келтирар, қулоғига қистирилган қалам билан дўконнинг устунига бир «алиф» чизиб кетар эди.
Йўлчи бозор айланиб, газлама ташиб, тоғасининг дўкони олдида баъзан соатларча ўтириб, бозорнинг, савдонинг, савдогарларнинг кўп сирларига ошна бўла бошлади. Турли расталарда оломоннинг шовқини, олтин-кумушнинг жаранги, қоғоз ақчаларнинг шилдираши, савдо дарёсининг тўлқини, бўрони қўйнида одамларнинг турмуши, руҳи, юраги, бахт ва фалокати унинг кўзига яланғочланди. Косиблар, деҳқонлар, ҳар нав камбағал-қашшоқларнинг олов кўйлак кийган каби, бозор жаҳаннамида куйиб-ўртанаётганларини пайқади. Лекин ҳали у кўп сирларга тушунмас эди. Бозорда «аҳли раста» ишлатадиган кўп сўзлар, кўп муомалалар унга ё маъносиз, ё сирли туюлар эди. Аммо ҳаёт ҳар кун, ҳар соат унга янги меваларини ошкора қилар, сирлар яланғочланар эди: Мирзакаримбой ўз олдига қўл қовуштириб келган, дуруст кийинган баъзи бир одамларга қўпол муомала қилар, уларни койир, баъзан рангларини бўз қилиб қўяр эди. Мол олиш учун келган бир йигитга у бир кун шундай деди: «Хўш, мулла, нега ваъдани бузасиз? Жуҳудда бор бигиз бизда йўқми? Бизда ўткирроғи бор! Билиб қўйинг, кўзингизни очиб қўяман!»
Йўлчи бунинг маъносини бир қанча кундан сўнг тушунди: бир кўп харидорлар араваларга, туяларга мол ортиб, ёнларидан, қўлтиқларидан, ғиштдай, гуваладай тахлам қоғоз ақчани Салимбойвачча олдига тўкиб санайди. Аммо аксар одамларнинг пул берган-бермаганини Йўлчи пайқай олмас эди. Бир савдогар ўн той молни олиб бир зумда қорасини ўчирди. Йўлчи таажжубланиб, Салимбойваччадан сўради:
— Ҳов, урра қочди-ку, ақчаси қани! Салимбойвачча бошини чайқаб кулди ва янги, шилдирама оқ қоғозни кўрсатди-да, қутига ташлади.
— Шу бас,— деди бойвачча,— буни вексель дейдилар. Муддатида тўлайди.
— Ҳа, тихирлик қилса-чи?— Йўлчи кўзини катта очиб сўради.
— Кўзини мошдек очиб қўямиз... Уйи куяди, хонавайрон бўлади!— салмоқланиб, лекин қатъий қилиб гапирди Салимбойвачча.
—I Тушундим, тушундим,— деди Йўлчи,— у бигиз, тунов кун тоғам биттасига, бигиз тиқаман, деган эдилар, бигиз...
Салимбойвачча лабини қийшайтириб деди:
— Бе!.. Бигиз нима? Бу заҳарли найзадай, балки ундан ҳам ўткир нарса... Бу олов, ёндиради, куйдиради.
Йўлчи индамади. Отга миниб, аравани гумбурлатиб жўнади. Уша куни совуқ қаттиқ эди. Баъзи йиллари Тошкентда бир неча кун бўладиган ўткир қуруқ совуқ!.. Соқолларда, мўйловларда, киприкларда қиров... Совуққа чидамли Йўлчи ҳам, эгни юпун бўлганидан, оёқларининг жонсизланганини, гавдасининг бужмайганини сезди. У, гўё қиш куни музни ёриб яланғоч ҳолда сувга тушган каби... Ишдан, совуқдан ёрилган қўллари қамчини базўр тутар эди. Лекин, Йўлчи бу жиҳатдан ёлғиз эмас, бозор куни бўлганидан расталарда одам қалин, аксар одамларнинг эгнида «номи кийим»: телпак ўрнига чурук саллани қулоқ аралаш ўраган, дўппи устидан хотинлар каби рўмол ўраган, маҳси-калиш ўрнига оёқларига эски латта боғлаб юрган одамлар билан кўчалар, йўллар тўла эди. Йўлчи «дўппи бозор» дан аравани аранг олиб ўтди: бу ерда зўр тиқилинч, кўпчилиги хотинлар. Буларнинг «қишки кийимини» паранжи ҳам яшира олмас, юзларидаги қайғу изтиробини, машаққатини қалин чачвон ҳам яшира олмас эди. Дўппи тутган қўлларнинг титраши, овозларнинг ҳазинлиги, паранжидаги гавдаларнинг вазияти игна билан тирикчилик қилувчи аёлларнинг фалокатли аҳволларини ёрқин тасвирлар эди.
Йўлчи «Поякилик» орқали ун бозорига, «Мачит-жоме» томонига чиқди. Бу ерда халта-хулта кўтарган косиблар, эркак-урғочи ҳар хил увада қашшоқ лиқ-лиқ.. Қув, эпчил, дағдағали аллоплар қўллари, оғизлари, кўзлари билан ишлаб, «тош-тарозудан» уриб, бева-бечорани овлайдилар.
«Мачит-жоме» бўйлаб ҳар қадамда гадой: қаландарлар, тиланчи болалар, кампирлар...
Йўлчи «пўшт-пўшт»ни минг марта такрорлаб, бозордан чиқди. Унинг музлаган бошида бир фикр уринади: «Ким пулдор, ким мулкдор, ким савдогар — ҳаммасининг бигизи, найзаси бор. Улар бир-бирларига тиқсалар майли эди-я; аммо ўйлаб қарасанг, уларнинг ҳаммаси найзани, бигизни халққа тиқади. Ҳамманинг найзаси бориб-бориб халққа, косибга, деҳқонга, мардикорга, хизматкорга, бева-бечораларга қадалади... Улар дўконларда пўстинларга, мовут чакмонларга ўралиб ўтирадилар. Қоринлари тўқ. Бола-чақалари роҳатда, уйларида қази-қарта қайнайди. Кўзлари ҳам, юзлари ҳам кулади. Камбағал халқ ўлиб-тирилиб меҳнат қилади-ку, қорни тўймайди, эгни бутун бўлмайди. Тўқлар кулади, очлар йиғлайди. Мана ҳар кун юзларча той газлама ташийман. Битта чопон тиктиришга қудратим етмайди, баданим муз — кесилади!» У ўйлай-ўйлай складга етганини сезмай қолди.
Юк ортиб, отни қамчилаб, зидлаб қайтаркан, Хадрага келганда у бирдан отни тўхтатди: аптека деварига қисилган Шоқосим паст, аянчли овоз билан бир нималар сўзлаб, ўткинчилардан садақа сўрайди! Унинг деворга ёпишиб туриши, кўзларини ердан узмаслиги, қўлини чўзмасдан, тавозе билан кўксига олиб туриши — унинг бу вазиятдан қандай азоб сезганини, одамгарчилигининг емирилганидан, уятдан, номусдан ўлимга рози эканини кўрсатар эди. У кўзини ерга тиккани учун Йўлчини кўрмади. Йўлчи эси оғган одамдай, бир нафас бақрайиб қолди, сўнг бошида шу фикр учқунланди: «Мен чақирсам, баттар уялади, ерга киради, ҳам унинг кўзига қандай қарайман! Ёнимда пулим бўлсайди, ёрдамлашардим. Ҳеч нимам йўқ! Уҳ!..» Отни ҳайдади. Фақат озгина юриб, яна тўхтатишга мажбур бўлди: «Ҳар нима бўлмасин, унга суянчиқ керак». Отдан тушиб бир неча қадам орқага юрди ва чақирди: «Шоқосим ака!» Шоқосим бошини кўтариб, атрофга аланглади. Иккинчи чақиришда Йўлчини кўриб, эгилган ҳолда, чориғини судраб келди.
— Аҳвол қалай?—унинг тиланганини сезмаган бўлиб сўради Йўлчи.
— Яширмайман, укам. Сен ҳам билмасликка солма. Аҳвол мана шу— Шоқосим қўлида қисгани бир неча қора чақани кўрсатди. Кўзларига жиқ-жиқ ёш тўлди, нафасини тута олмай, энтикиб яна давом этди:— Нима қилай? Қиш, совуқ... Аммо икки кундан бери... ёлғиз икки кун. Осмон узоқ, ер қаттиқ...
— Ўроз сизни бир қўйчи бойга ёллатганди-ку.— Собиқ ҳамқурнинг фоже аҳволига боқишга ботина олмай, бошқа томонга қараб деди Йўлчи.
— Унинг куйгурда икки ой қадар ишладим. Кейин ҳайдади. Бошимга қанча туҳматлар ортди яна. Бундай одамларни ер ютмаганига ҳайронман...
— Ундайларни ютишдан ер ҳазар қилади шекилли, хафа бўлманг, лекин тиланчилик, тўғрисини айтсам, ёмон нарса, ишланг. Қандай бўлмасин, майли... ҳа, ўғил қаерда?
— Бир бефарзандга болаликка бердим. Қаерда бўлса эсон бўлсин.
— Ишланг.
— Иш қани? Кун йилт этса мардикарликка тушаман. Гадойликдан ўлим яхши, минг марта яхши,— йиғлаб деди Шоқосим.
— Баҳорни кутманг. Қор куранг, самоварчиларга сув ташииг. Эрта-индин ўзим келаман, қаерда бўласиз?
— Анов чойхонадан топасан. Кет энди, юмушингдан қолма, сен ҳам бировга қарам одамсан.— Йўлчига миннатдорлик билан термилиб, орқага қайрилди Шоқосим.
Йўлчининг кўз олди қорайди, руҳан чуқур эзилди, ғайри шуурий равишда отни ҳайдаб кетаркан, бир нима «қарс» этиб, от бир томонга кескин бурилиб тўхтади. Биров бақирди: «Кўзинг борми, қандай аравакашсан!..» Йўлчи бирдан сесканди, араванинг гупчагини бошқа арава гупчагига қаттиқ уриб олганини пайқади.
Уч кундан сўнг Шоқосим тиланчиликдан қутилди. Йўлчи уни бир жувозкаш майда бойга хизматкорликка — унинг жувозини ҳайдовчи сифатида ўрнаштирди. Бу жувозкашдан Йўлчи ўз хўжайинининг сигир-бузоқлари учун баъзи вақт кунжара олиб, у билан таниш бўлган эди. У содда, камтарин одам кўринар эди. У текин хизматкор қидирар эди. Шунинг учун Йўлчининг илтимосига дарров кўниб, шарт бўйича, Шоқосимга овқат, ётиш учун жувозхона олдидан бир ҳужра берди. Агар Шоқосим иш билан ўзини ёқтирса хўжайин ўз билгича «чой чақа» ҳам бериб туради. Шоқосим бу нарсани бир мурувват каби, севина-севина қабул қилди.

III
Оқшом эди. Йўлчи Мирзакаримбойнинг дарвозаси олдида танҳо ўтирар эди. Тор кўчада ҳеч ким йўқ. Кўча туташ балчиқ бўлганидан болаларнинг ўйини тугул, юришга ҳам имкон йўқ эди. Ўткинчилар деворга ёпишиб, эҳтиёт билан қадам ташлаб юришади. Кўчанинг икки томонида бўғот томли, қинғир-қийшиқ хароб уйлар, ярми қулаган деворлар оқшом қоронғисида дардли манзара ясайди, сафолатдан, йўқчиликдан қўрқинч сукутга чўкади, қоронғида аста-аста эриб йўқолади. Қайдадир, бўғотдан сув томчилайди: тик-тик.
Бойнинг дарвозасидан йигирма одим наридаги эски, кичкина эшик кишининг ғашини келтирувчи товуш чиқариб очилди. Сигирни етаклаган қиз, Йўлчининг ёнидан ўтиб, бойнинг дарвозасига кираркан, паранжиси унинг тиззасига тегиб кетди. Бу қиз — Гулнор эди. Сигирни у ва онаси боқади. Лекин бойнинг хотини Лутфинисонинг назорати остида соғилади.
Қизнинг паранжисини кўриш биланоқ йигитнинг юраги қинидан чиқаёзди. Ерга маҳкам тиралган, қўпол этикли оғир оёқлари бир зумда зир титраб кетди. Қачон унинг паранжисини қўрса, қачон овозини тўсатдан эшитса, йигит қалтирайди, ранги оқаради. Чунки Йўлчи уни чуқур севади, жондан, бутун мавжудиётдан севади!
Бундан уч ой илгари Нурини «ўткир нафасли» домлага олиб борган кун, ташқари ҳовлида қорда чўққайиб идиш ювган бу қизга унинг кўзи тасодифан тушган эди. Аммо қиз ялт этиб сўнган юлдуз каби, бир онда кўздан ғойиб бўлган эди. Фақат уни кўриш билан Йўлчининг ўз хаёлида сўроқладиги у «бегона қиз» жонланган эди. Аммо бу воқеадан бир кун кейин, яъни Нурининг никоҳ куни, у «бегона қиз»— узоқ қиз, бутунлай таниш ва яқин бўлиб қолди. Бу шундай бўлди: Нурининг никоҳ тўйи қиём чоғида, ичкаридаги хотинлар учун самовар қайнатиш ишига бойнинг хотини Йўлчини чақирди. Чунки икки катта самоварни узлуксиз қайнатиш, унга сув ташиш, ўтин ёриш ва ҳоказони хотинлар эплай олмас эдилар. Сўнгра тўй кунлари ичкарида самоварни кўпинча эркак киши кайнатиши эскидан бир таомил бўлиб қолган. Энг мутаассиб, энг рашкли эркаклар ҳам буни дин ва диёнатга зарарли деб қарамайдилар. Хусусан, бундай юмушлар хизматкорларга буюрилса, бу ҳеч қандай таажжубланарли ҳол ҳисобланмайди. Чунки хўжайинлар назарида хизматкор — ярим одам...
Йўлчи у кун ичкари кирди. Катта ҳовлига терс бўлган камгак — панароқ жойда самовар қўйиш, ўтин ёриш билан машғул бўлди. Уйларда, айвонларда хотинлар кўп эди. Айвонларда оёқ учларини танчага зўр-базўр тиқиб, жимжит ўтирган хотинлар, албатта атрофдан йиғилган камбағал-чамбағал хотинлар эди. Йўлчи ичкари тўйнинг сирларини ҳам тезда ўқиб олди. Тўй бекаси, Мирзакаримбойнинг хотини аёлларни уч гуруҳга айирган эди. Биринчи гуруҳга донгдор бойвучча хотинлар, эшон ойимлар; иккинчи гуруҳга обрўлироқ оилаларнинг аёллари ва меҳмондўз, билимдон хотинлар; учинчига «чурук паранжилар», тўйга ноиложликдан таклиф этилган ҳар хил узоқ-яқин камбағал қариндош-уруғлар киради. Биринчи ва иккинчи гуруҳлар ясоғлик уйларда ўтиришади. Овқатларнинг сараси уларга тортилади. Қандолатфурушларнинг дўконидаги каби, хилма-хил, ранг-баранг, қимматбаҳо мева-чевалар билан лим тўлган катта патнислар кетма-кет етказилиб турилади. Бошқа аёллар айвонларга ўтқазилиб, кичкина ифлос патнисларда, «пуф деса Бухорога учадиган» тахир чап-чап нон, қуртлоқи туршак, жийда ва тишга ёпишса омбур билан ҳам суғуриб олиш қийин бўлган ёпишқоқ попук тортилади.
Ҳовлида тинмай-қўнмай хизмат қилиб юрган пахмоқ сочли, исқирт кийимли ёш-қари хотинлар ҳам анчагина. Буларнинг орасида Йўлчи кеча ташқарида бир зум кўрдиги қизни таниди. Лекин у энди бир оз дуруст кийинган. Бошида янги рўмол, эгнида эски бўлса ҳам беқасамдан пахталик камзул, оёқларида янгироқ маҳси, эскироқ калиш... У югуриб-елиб хизмат қилади. Дастурхончи ва бошқа қари-қартанг хотинлар Йўлчининг ёнига бемалол келиб кетсалар-да, у қиз яқин келмас эди. Чойни йигитдан эмас, анча узоқда тўхтаб, бошқа қўллардан олиб кетар эди. Уни уялтирмаслик учун, Йўлчи тикилиб қарамади... Дастурхончи хотин уни қарғайди:
— Гулнор ўлгур, сени биров пишириб ейдими? Келавер, нақ қарчиғайдай йигит экан... Тўйда аралашиб-қуралашиб юраверади киши.
Тўйнинг қий-чуви, меҳмонларни чой билан қониқтириш учун шошилиш, отин бувиларга, эшон ойимларга таҳорат суви тайёрлаш каби юмушлар Гулнорни Йўлчи олдига аста-аста яқинлашувга мажбур қилди. У энди, аввалгидай рўмолча учи билан юзини пана қилиб, бошини бир томонга бурмайди. Узоқдан бўлса-да Йўлчига дадил қарайди, баъзан яширин илжаяди.
Мирзакаримбойнинг хотини бир катта бўлак чойни Йўлчига бериб, Гулнорни имлади. Гулнор келгач, у Йўлчи билан қизга шивирлади:
— Мана бу жуда тоза чой. Катта уйда эшон ойимлар ҳам Тўрахўжабойнинг хотини, келинлари, Маҳаммад Шариф қозининг қизлари ўтиришибди. Уларга чойни аччиқ-аччиқ дамланглар, тузукми? У уйга чой сўрашса, Йўлчи акангга келиб шипшит, Гулнор қизим!—деб тўй бекаси Лутфинисо кетди. Унинг орқасидан қиз ва Йўлчи киноя билан бирдан қаттиқ кулишди. Бу кулги уларнинг руҳларини қандайдир улагандай бўлди. Бундан сўнг Гулнор ҳам минут сайин келаверди. Йўлчи ҳар гал кулиб сўрайди: «Эшон ойимми? Шариф қозими? Ё Халча бувими? айтинг!»
Гулнор «қуюқ», «нимтатир» деб жавоб беради. У чиройли майин товуш билан сўзларкан, йигитнинг қўлидан чойнак-пиёла оларкан, шўх, хумор кўзлари билан йигитга қарайди, унинг юзларида, дудоқларида йигитнинг юрагини эритувчи бир табассум ёнади.
Мана шу кундан бошлаб, Йўлчи шу қизнинг асири, мафтуни бўлди. Йигит қалбига чуқур ўрнашган мухаббат уруғи умидлар, орзулар, тоза эҳтирослар алангаси билан танҳо кечаларнинг ширин рўёларида ўсди, ғунчалади, гуллади. Йўлчи учун бу қиз энди бегона эмас. У Ёрматнанг қизи, у яқин. Деярли ҳар қун Йўлчи олдидан паранжига ўралиб ўтади, баъзан унинг овозиган эшитиб қолади. Лекин айни замонда у жуда узоқ. Чунки, Гулнорнинг кўзлари, юзи ёлғиз Йўлчининг хаёлларидагина кулади, жилваланади. Қиз нима ўйлайди, унинг қалби ҳам ишқ алангасида ёнадими, йўқми? Мана уч ой ўтди, буни билмас ади Йўлчи.
Атрофда қоронғилик қуюқлашди. Намозшомдан қайтганларни қоронғи эшиклар «тарч», «тит» билан ютди. Осмон булут. Биронта юлдуз кўринмайди. Ҳамма нарса — уйлар, деворлар, дарахтлар — қоронғиликка жимгина чўкди.
Киши ҳаёт йўлида бошдан кечирган воқеалар орасида бахтли деб ўйлаган замонларини ёдлашдан ҳар чоғ завқланади. Бахтли онлар умр тунида, юлдузлар каби чақнайди, улар юракка тотли ҳасрат ва юпаниш бағишлаб имлайди.
Йўлчи ҳозир қоронғида танҳо ўтириб, Гулнорни, яқинда кўрган қизнинг кўзларида ёнган табассум билан ўз юрагини маст етган бир кунни ёдлар эди. У қорли, совуқ кун Йўлчи учун умрнинг энг мазмунли, энг рангли, энг гўзал куни эди...
Қоронғилик ичидан чиққан кўланканинг товуши Йўлчини ширин хаёлдан айирди:
— Мирзакаримбой деганнинг уйи қайси?
— Ким? Эшвой аками?—таниш товушни эшитиш билан Йўлчи ўрнидан сапчиб турди.
— Йўлчимисан? Сени кўрадиган замон бор экан-ку. Иккиси қадрдонларча кўришди. Бу киши қишлоқда Йўлчининг ён қўшниси бўлиб, Саримсоқбойнинг ерида чоракорлик қилар эди. Камбағал бўлишига қарамай, Йўлчининг оиласига кўлдан келганча ёрдам кўрсатар эди. Йўлчи Эшвой акани хизматкорхонага таклиф қилди. Лекин у кўнмади.
— Бой шаҳарга бир оз юк туширган эди. Ҳозир карвон саройга ташлаб бу ёққа югурдим. Сўрай-сўрай аранг топдим, тезроқ қайтай, ука.
— Икки оғиз гаплашайлик, бизникиларнинг аҳзоли қалай? Юринг,— судради Йўлчи.
— Йўқ дедим, йўқ. Ҳаммалари сиҳат. Энанг кўпданг кўп салом деди. Уканг Қурбон оқсоқол тегирмонида ишлаб туради. Рўзғордан бир қадар сиқилшган. У ёғини суриштирсанг, қишлоқда ҳамманинг рўзғори танг. Энанг беш-ўн танга пул сўраб юборди. Бўлса, чиқариб бер, баёқишлар чайнаб турсин.
Йўлчи ерга қараб бир минут сукут қилди, кейин дўпписини олиб, бошини камбағалчасига қашиб гапирди:
— Онам, укаларим учун бу ерларда, юрибман» Эшвой ака, буни яхши биласиз. Аммо, ҳозир, ёнимда сариқ чақам йўқ. Бойдан сўраб олиб, албатта юбораман.
— Сўраганнинг айби йўқ,— деди Эшвой,— бола йиғламаса она сут бермайди. Бой ўз уруғинг экан, яхши мурувват қилар. Ҳа, ҳаммасини бирдан олма,— секин гапирди Эшвой,— бир бўлагини ол. Қолгани бойда тургани маъқул. Оч уйда қатиқ увимас, деган мақол бор, еб қўясанлар!
Йўлчи кулди, Эшвойнинг елкасини қоқди.
— Хўп, иложи бўлса, эртатаёқ сизга еткизаман. Каппон бозордан топаманми?.. Борди-ю, хеч нима чиқмади, унда кейинроқ ишончли одамдан юбораман.
— Шундай қил, жон ука. Ишончли одамдан юбор. Ҳамқишлоқ деб ҳар кимга ишониб бўлмайди. Бу замонда ўнг кўзинг сўл кўзингга ёв...
Оёқда турган ҳолда яна бир оз гашлашиб сўнг Эшвой жўнаб кетди. Йўлчи ёлғиз қоларкан ўзи учун мушкул масалани, яъни хўжайин олдига кириб, ундан пул талаб, қилишни ўйлади: «Нега булар ўз билгиларича бермайдилар? Қорни очдан қорни тўқнинг нима парвойи бор, деган гап — ҳақ эканда. Қишлоқда ўз жиянларининг оч, яланғочлигини билсалар керак эди. У дам ўйлаб хафа бўлади, дам анча пул юбориб, онасини севинтиришини хаёл қилади; пулни қўлда ўйнаб, ўғлига йиғи аралаш дуо қилган онани, қувонган укаларини кўради ўзи ҳам севинади. Фақат бойдан пул сўрашга ботинмайди.
Хуфтондан сўнг, бойнинг ҳузурига киришга жазм қилди. Меҳмонхона эшигига келиб, тараддудда қолди: камбағал учун ўз ҳақини талаб қилиш ҳам қийин. Чунки хўжайиннинг хурсанд, хафа чоғлари бўлади. Олдин унинг кайфини билиш қерак. Ички бир жасорат билаш эшикни итариб, уй ичига кирганини сезмай қолди. Мирзакаримбой нақшкор меҳмонхонада, атлас кўрпалар тўшалган танчада, олди-орқаси тўла ёстиқ, ўтирар эди. Йўлчи кириши билан вазиятни бузмасдан салмоқланиб деди:
— Кел, қўзим, нима ишинг бор?
Йўлчи лой этиги билан гиламга оёқ босишдан тортиниб, гиламни қайириб, эшик олдида тиз чўкди ва мақсадини тушунтирди. Мирзакаримбой кўзини юмиб тинглаганидан сўнг, анча вақт жим қолди. Ниҳоят, орқасини ёстиқдан узиб, муҳим савдо иши билан шуғулланган каби, жиддий равишда гапириб кетди.
— Хотин тоифасининг ақли қисқалиги ҳаммага маълум нарса. Онанг Хушрўйбибининг ҳам ақли комил деб бўлмайди, жиян. Сан юборган пулнинг мазасига тушундими — бўлди, ҳафтада, ойда пул сўрайверади. Яхши егуси, яхши ичгуси келади, кейин қўша-қўша кийим қилиш орзусига тушади. Хуллас калом, сабрни, қаноатни унутади. Гапимга кирсанг, одам бўлмоқчи эсанг, онанг зорига қулоқ солма!
— Аям меҳнаткаш, жафокаш хотин,— эътироз тариқида гапирди Йўлчи,— ундай енгил, гувиллаган аёл эмас. Мана саккиз ойдан буён бир қора чақа сўратгани йўқ. Тилагим шуки, тоға, аям билан укаларим кишиларга муҳтож бўлмасин...
— Пул топиш қийин,— соқолини тараб деди бой,— аммо пул харажат қилишни билиш ундан ҳам қийин. Сан пул топишдан аввал, пул сарф қилиш йўлини ўрган. Ҳамма гап шунда. Бу нарса сабри қаноат билан бўлади. Камбағални сабри қаноат асрайди. Қаноат қилмаса, шармандалиги ортади. Эшигимда жуда кўп одамлар ишлаган. Ҳар хил тоифадан, кўплари қарзга ботди. Бир хизматчим тўққиз йилгача қарздан қутулмади. Ахири чурук чориғини ташлаб қочиб кетди. Аммо мандан ҳали қутулгани йўқ у. Йигирма сўм қарз эди. Охиратда ҳали жавобини беради. Сан ўзимникисан. Бўйнингни қарзга киргизма дейман. Тушундингми?
Тоғасининг сўзини диққат билан тинглаган Йўлчи, сўз тамом бўлгач, хоҳламаса ҳам, маъқул дегандай бошини қимирлатди-да, жим ўтираверди. Бой ниманидир ўйлаб, узоқ вақт сукут қилди. Кейин ёнини кавлади. Кармонидан беш сўмлик қоғоз олиб, сандалга қўйди. Бир нафас ўйлаб, яна уч сўмлик қоғоз ва бир сўлкавой қўшиб Йўлчига ташлади:
— Олти сўмини юбор. Учи ёнингда қолсин. Ҳа, уқтириб юборки, бу пулга буғдой олсин. Одамотодан буён тирикчилик буғдой, ун билан ўтади. Одамотонинг ўзлари биринчи марта ер ҳайдаб, буғдой сочганлар. Табаррук нарса. Буғдойдан гўжа ош қайнатса бўлади. Ун қилиб, атала-умоч, увра ош, хуллас, ўттиз икки хил овқат пиширилса бўлади. Буғдой шундай азиз овқат. Ҳа, онанг кўрпасига қараб оёқ узатсин, уқтингми?
Йўлчи пулни олиб индамасдан чиқиб кетди.
Мирзакаримбой ёстиққа ёнбошлаб ўйлаб қолди: «Одам ишлатиш хўп яхши нарса-да. Хизматкорлар ҳар кун давлатимга давлат қўшади. Бундан ташқари, охиратда савоб бўлишини уламоларимиз бир оғиздан гапирадилар. Савоблиги ақлга ҳам тўғри келади. Чунки хизматкор аҳли қўлимдан нон ейди. Мен нон бермасам, улар нима қилар эди? Ўз уруғингдан ишлатиш ҳаммадан роҳат. Алдайсан, яхши гапирасан. Юраверади. Овқатдан, кийимдан ҳар кимга шикоят қилмайди. Бегона қурсин, сўзга қулоқ осмайди, унча бер, мунча бер деб жанжаллашади. Кейин, қозоқ, қирғиздан киши баҳра топади. Йилбай қилиб саҳродан келтирасан. Кучи — сув текин, ишлайверади. Содда халқ. Алдасанг бас. Эти сеники, суяги ўзиники...»
Мирзакаримбойнинг насиҳати Йўлчига сира маъқул тушмади: «Тўққиз сўм оламан деб тўқсон гап эшитдим: бўшанглик қилсам, нонимни туя қилиб беришлари аниқ»,— ўйлади у. Юраги дилгир бўлди. Ухлашни истамагани учун кўчага чиқди.
Бу маҳаллада унга маъқул бўлган икки киши бор эди. Бири гузарда тақачилик-темирчилик қиладиган Қоратой, иккинчиси Шокир ота номли маҳсидўз чол. Отга тақа, аравага темир қоқтириб, Қоратой билан дўст тутинган, кечалари зериккан чоғларда Шокир ота дўконхонасига кириб юриб у билан ота-бола бўлиб қолган эди. У ҳозир Шокир ота томон юрди. Дўконхонанинг кўчага қараган, ойна ўрнига шалдироқ қоғоз ёпиштирилган кичкина деразаси узоқдан хира ялтираб кўринди.
Йўлчи енгил эшикчани очиб кирди:
— Ассалом. Ҳорманг, ота!
— Кел, болам, камнамосан.— Дўконхона бурчагида усти ейилган, текис катта косиб тўнкаси орқасида ишлаётган Шокир ота, одатдагича кўзойнагини оз-моз кўтариб деди. У олтмиш беш ёшларда, эти суякка ёпишган, чувак юзи ва пешанаси чуқур чизиқлар — бурушиқлар билан қуюқ қопланган кам соқол кекса эди. Унга, ўн беш ёшидан бошлаб, аввал шогирд, кейин халфа, сўнг мустақил уста сифатида то шу дамгача эрта-кеч букчайиб ишлашга тўғри келгани учун унинг елкаси букри каби ортиқча туртиб чиққан эди. Унинг бутун гавдасида оғир машаққат, изтироб, йўқчилик ва бошқа кулфатлар билан тўла бир умрнинг изларини жуда яққол кўриш мумкин эди.
Шипи паст, деворлари юпқа, торгина дўконхона, ҳар вақтдагидай ивирсиқ. Шоналар, ҳар хил синиқ-мертик қолиплар, чарм резгиси, ширач коса, маҳси ичига ёпиштирадиган эски латталар ва ҳоказо дўконхона юзини тутган. Катта осма лампа тутаброқ ёнгандан, дўконхонада ис ва қурум ҳиди билан тўлган ҳаво дарров димоққа урар эди.
Устанинг шогирди — ўн тўрт яшар Йўлдош, дераза олдида ўтирарди: шон қоқилган, бўйи бир қарич келар-келмас тайёр бачкана маҳсиларни (Шокир ота бачканадўз эди) силлиқ ёғоч билан кучи борича ишқалаб, сўнг қорагул суркаб, уларга пардоз беради. Хира сахтиён маҳсилар пардоздан сўнг йилтирайди, «очилади». Дўконхонанинг тўрида Шокир отанинг ўғли Тоҳиржон ўтиради. У, Йўлчининг эшитишига қараганда, кўпдан буён сил касалига дучср. Бир вақтлар гавдали ва чиройли бўлган ўттиз яшар йигит ҳозир чўпдай озиб кетган. Юзида қон асари йўқ. Унинг катталашган қора кўзлари чироқда аллақандай умидсиз, лекин маънодор ёнади. У дам сари йўталади. Қисқа йўтал. Йўталдан сўнг нафас олиши оғирлашиб, суякдан иборат елкалар кучли равишда чиқиб тушади. Одамшаванда, гап-сўзи маъноли бу камбағал хаста йигитни Йўлчи яхши кўрар, аҳволига кўнгилдан қайғурар эди. Йўлчи бу гал ҳам касалнинг кўнглини кўтариш учун, унга таскин берувчи умидбахш сўзлар айтди. Шундай юпантирувчи сўзларни ҳар кимдан эшита-эшита уларга эътимоди қолмаган ва бадани кундан-кун кўпроқ эриган сари умидбахш сўзларнинг шунчалик мўлроқ ёғилгани учун, бу сўзларнинг маъносизлигини англаган Тоҳиржон киноя билан жилмайди:
— Меники бедаво дард, укам. Бирон кун енгилланиш йўқ. Касал тобора орқага суриб турипти... Шифосиз касалга ҳар бир дору дармон заҳардек амал қилар экан,— у йўталиб кўзларини бир оз юмиб ҳарсиллагандан сўнг, яна сўзлай бошлади,— шифоли касал бўлса-чи, сув ҳам доридек яхши амал қилиб, бемор тузалаверар экан. Барча дорини синадим. Меники бедаво дард. Ҳар бир дори куч-қувватимим сиқиб-эзиб, ўзимни латтадай мажмағил қилади. Уҳ!..—енгил хўрсинди Тоҳиржон.
— Ундай дема, болам. Ноумид шайтон,— юпатиб ғапирди дадаси.— Худои таоло хар бир дардга бир даво яратган. Лекин табиб йўқ. Бурунги замонларда Ибн Сино, Луқмон Ҳаким ўтган. Улар хар бир касалга даво топган. Ибн Синога касалнинг жони чиқмаган бўлса бас экан, тузатар экан. Ҳаммасини эшитганман, эски китоблардан эшитганман, ўғлим.
— Қани улар?— сўради киноя билан Тоҳиржон.
— Улар йўқ. Бу замонда ундай табиблар қолмаган — жавоб берди ота,— табиблар анди алдамчи. Э... болам, ҳамманинг дили бузилган. Шунинг учун дуо ҳам, дори-дармон ҳам яхши кор қилмайди. Энди шифони ёлғиз Оллодан, ҳаллоқ оламдан сўра. Табибларнинг табиби у, Ажаб эмас, шифо берса.
— Худо қаҳрини ошкора қилди-ку, лекин раҳмини биздан яширди шекилли...— йўтал аралаш деди Тоҳиржон. Шокир ота кўзойнаги орасидан ўғлига тикилиб унинг сўзидан норози эканини билдирди.
— Шак келтирма, болам!
Бир нафас жимжитлик ҳукм сурди. Шокир отанинг юз бурушиқларида ғам мавжланган каби туюлди. Шогирд бола лаб-лунжини осилтириб, тумов бўлганидан бурнини торта-торта, энди пайванд тикишга бошлади.
Касал киши то сўнги нафасга қадар тузалишга умид қилади, тузалишга ишонмаса-да, ишонгуси келади. Атрофдаги одамларнинг далдаси умиднинг сўнги учқунини сўқдирмасликка ёрдам беради. Ҳозиргина «меники бедаво дард» деб тузалишдан қатъий равишда умид узганлигини тўла ишонч билан сўзлаган Тоҳиржон, бир неча минутдан сўнг, яна ўз касали ҳақида, табиблар, дорулар тўғрисида сўзламоққа бошлади. Бу билан у, ўз юрагининг бир бурчагида қилча нур, яшаш орзусинииг сўнги жилвалари борлигини исбот қилди. Аммо эсини танигандан буён хаста бўлмаган, табиб бетини кўрмаган Йўлчи табиблар, дорулар тўғрисида ақлга сиғадиган бир тадбир кўрсатиб, бечорани қаноатлантиришдан ожиз эди. Тоҳир каби хасталарга, «узун оғриқ»ларга дала, тоғ ҳавосининг пором келишини эшитган эди, бунга ишонар эди ҳам. У ғамхўрлик билан гапирди:
— Тоҳир ака, қўйинг сиз табибларни. Менга қолса, маслаҳат шу: мана яқин ўртада баҳор, сиз қирга чиқинг, кўкрагингизга тоза шамол тегади. Дала ҳавоси сизга ёғдек ёқади, бутун иллатни, хамирдан қил суғургандай, тортиб олади, кейин тоза қимиз ичинг. Дала қимизи бошқача бўлади. Шаҳарда қимиз эмас, айрон сотадилар.
— Тўғри, жуда тўғри!—бошини бир неча марта қимирлатиб гапирди бемор.— Дала ҳавоси, қимиз, кўкаламзор — дардимга нақ даво. Шу касалга чалинганимда, бир ҳакимга бордим. У томиримни ушлаб, андак мулоҳаза қилди-да, сизники косиб касал, далага чиқинг, баҳри дилингиз очилса, қувватга кириб кетасиз, деди. Лекин иложимиз йўқ. Наинки узоқ сафарга пул керак. Текин қимиз, эт қайда!.. Аҳволимиз сизга равшан,— бемор йўтала-йўтала дўконхонага, чолга ишорат қилди.
— Бир эпини қилса бўлади... Шошманг, Зиёхўжабой сизга ҳаммаҳалла, ён қўшни, эшикларинг бир-бирига ёпишган, шундайми? Чимкент устида уларнинг қўй, йилқиси кўп экан. Кечагина кичик ўғли сўзлаб қолди: мунча уюрда мунча бия, мунча айғир, палон-пистон... оғзимни очиб қолдим. Биласизми, ёзда қимизни ичадиган одам топилмас эмиш... Бойваччалар қатнаб туришар экан, бирга кетасиз. Қўшни ҳақи...
Тоҳир аччиқ кулди, кўзини юмиб бошини чайқади.
— Сиз бу ерда янгисиз, укам Йўлчи. Бу ердагиларнинг феъли ҳуйи сизга жилла маълум эмас.
— Илтимос қилинса...— деди Йўлчи.
Шокир ота ишдан айрилмай, гўё ўз-ўзига дегандай, лекин асабий равишда сўзлай бошлади:
— Биласанми, Йўлчи, бир шоир, билмадим, Сўфи Оллоёрми, шундай деганлар, «Тама нонига қўл очгандан ўл оч!»—маънисига тушундингми? Ана! Биламан, Зиёхўжанинг қўйи, йилқиси тоққа, дала-даштга сиғмайди, Ёзда қимизлари бижғиб ётади. Бунга имоним комил. Лекин ундан менга, сенга нима фойда. Ана бордию, мен зарурият юзасидан илтимос қилдим. У баччағар «хўп» дейдими? Йўқ, ундан бир нима сўрагандан кўра итдан суяк сўраган афзал.— Чол бир минут гапдан тўхтади. Тишсиз оғзига сув тўлдириб, чармга пуфлади, кейин чармни чўзиб-чўзиб гапга тушди:
— Мен қанча хароблашсам, у шунча хурсанд бўлади. Кўкрагида туккан нияти менга маълум, Йўлчибой!
— Сизда қандай кеки бўлсин!—ҳайрон бўлиб деди Йўлчи.
— Кеки йўқ, ёмон нияти бор. Ҳовлиси бизникига ёпишган. Лекин торроқ. Ҳовлимни у ўзиникига қўшиб, ост-уст иморат қурмоқчи, яйраб-яшнамоқчи... Биламан, кўпдан бери кўз тикиб келади. Ман бир парча бошпанамга тиш-тирноғим билан ёпишганимдан, ҳафсаласи пир бўлаёзганди. Аммо, Тоҳиржоннинг касали, рўзғордан қийналганим учун, яна қулоғини тиккайтирди беномус... Ўртага одам қўйиб, раъйимни билмоқчи ҳам бўлди. Тоҳиржоннинг дарди қанча оғирлашса, у шунча қувонади, сенағар. Тирноқча жойимни сен хотинталоққа бермаганим бўлсин!— чол кейинги сўзларини қичқириб гапирди.
Чолнинг юрак яраларини очишда ўзини айбли санаган Йўлчининг кўкраги оғир туйғулар билан тўлди. Тирикчилик учун кеча-кундуз тинмасдан меҳнат қилган ва юрагида шунча ғамни кўтарган бу бели букик, елкаси чиқиқ чолни ва юзида ҳаёт нури ўча бошлаган унинг хаста ўғлини сўз билан юпатишнинг, юракларидан тирқираб оққан қонни сўз билан тўхтатишнинг маъносизлигини сезди. Лекин уларнинг фожи аҳволига томошабин бўлишни ҳам улуғ гуноҳ санади Йўлчи. Шунинг учун Йўлчи аҳволни бирмунча енгиллаштирадиган бир йўл устида ўйларкан, эшикдан бир киши кирди.
— Ҳорманг, уста!
— Келинг, мулла Икром. Ўтиринг,— юмшоқлик билан жой кўрсатди чол.
Мулла Икром баланд бўйли, дағал соқол, оғир қарашли, қирқ бешлар чамасида бир киши эди. Кийими қўпол, лекин янги ва пухта эди. У эшик олдида деворга суялиб чўққайди. Бошидан қозоқи телпакни олиб, қўлида айлантириб, жим ўтирди. Тоҳиржон Йўлчига қараб секингина: «чарчадим, кетай», деди-да қалтираб ўрнидан турди, ҳассага суялиб, каловланиб эшикка томон юрди. Мулла Икром гўё уни ҳозир кўрган каби, ҳам лоқайдлик билан, «Тузукмисиз!» деди. Бечора унга қарамасдан жуда секин, эшитилар-эшитилмас: «Шукур» деб лабини қимирлатди. У шамолнинг кучсиз эпкинида тебранган новда каби, енгил ва ожиз эди. Эшикни базўр очиб чиқиб кетди.
Мулла Икром уста билан гаплаша бошлади. Лекин у тўнг одам эди. Еқимсиз овози билан устадан бирон нарса тўғрисида савол сўрар, аммо жавобини тингламас эди. Йўлчи уни бу маҳаллада учратгани йўқ эди. Кейинроқ, гапнинг мазмунидан, бу кишининг чор бозорчи, яъни шаҳар атрофидаги қишлоқларга қатновчи бир савдогар эканини ва Шокир отага маҳси учун олдиндан пул бериб қўйганлигини ҳам шу буюртма қилган молни олиш учун келганлигини англади.
Мулла Икром уста билан гаплаша бошлади. Лекин у тўнг одам эди. Ёқимсиз овози билан устадан бирон нарса тўғрисида савол сўрар, аммо жавобини тингламас эди. Йўлчи уни бу маҳаллада учратгани йўқ эди. Кейинроқ, гапнинг мазмунидан, бу кишининг чор бозорчи, яъни шаҳар атрофидаги қишлоқларга қатновчи бир савдогар эканини ва Шокир отага маҳси учун олдиндан пул бериб қўйганлигини ҳам шу буюртма қилган молни олиш учун келганлигини англади.
Шокир ота қарздорларга махсус мутелик билан ялиниб-ялпангланиб мулла Икромни ва унинг бола-чақаларини дуо қилди, ҳозирча ўн жуфт маҳси беришга қодир эканини сўзлади. Мулла Икром «қийиқ» одам бўлганиданми ёки касби шуни лозим кўрганиданми, муросага унамади:
— Қирқ жуфт бачканага ақча берганмидим? Балли! Сиздан ҳозир йигирматасини сўраб турибман. Иложи бўлса, ҳаммасини бериб қутулганингиз яхши эди-я. Аммо йўқни йўндириш қийин, ана шу борини бераверинг?— У Шокир ота ёнида қатор тизилган, пардозланиб ялтираган маҳсиларни кўрсатди: чол бутун қувваий нутқини ишга солиб, яна ялинди:
— Раҳматли отанг билан жуда қадрдон эдим. Унинг ҳаққи-ҳурмати, инсоф қил, болам. Сен, худога шукур, аҳли савдогардансан. Мендай исқирт косиб эмассан. Дардимни айтаверсам, китобга сиғмайди. Касал ўғил, хотини, боз худо берган уч набира. Ҳаммаси шу чолга қарам. Эрта чоршанба, бозор, ўн жуфтини менга қолдир, эртага сотиб, чайнаб турайлик. Жилла бўлмаса, набираларимнинг жавдираган қора кўзлари учун яна ўн кун, бир ҳафта муҳлат бер!
— Ҳаммада бир ташвиш бор, ота! Тирикчилик ғавғоси ёлгиз сизда эмас, тақдирга тан берасиз-да,— деди мулла Икром тўнглик билан.
Йўлчи бошини қуйи солиб жим ўтирди. Аммо чолиинг ялинишлари, савдогарнинг ўжарчасига оёқ тираб туриши йигитнинг ғазабини ошира бошлади. У ҳали сийрак, қора мўйловини тирноқ учлари билан чимтиб, қовоғини солиб ўйлади: бунга сўз таъсир қилмайди. Бундай одамни озод кўтариш, кўчага олиб чиқиб лойга босиш керак эди. Лекин илож йўқ! Мулла Икром ҳақли эканини ҳаммага уқтира билади. Замона шуларники экан! Шокир ота беҳуда туҳматга қолади.
Чол чармни кўва билан асабий равишда дўқиллатиб уриб, савдогарни яна юмшатишга тиришди:
— Сенга ўхшаш савдогарлар билан хўп муомала қилганман. Биронтасининг тийинига хиёнат қилган эмасман. Ҳақим уларга кетган, лекин уларники-чи — йўқ... Ош ўрнига сув ичиб яшашга розиман. Минг марта розиман. Аммо кишининг чўпига кўз олайтирмайман. Бу ҳафта бўлмаса, келар ҳафта оласан, албатта, албатта оласан.
— Шу замонда ким кимга ҳақини едиради. Қўйинг шунақа гапларни. Саҳар туриб қишлоққа жўнайман, беринг, мен тезроқ кетай, кўзимни уйқу босаётир.
Шокир ота яна ўзининг «қўли қисқалигидан», рўзғор танглигидан ғоят куюниб сўзлади... Ёлғиз ўзи эмас, балки бутун аҳли косибнинг аҳволи пачава эканини очиб ташлади. «Повуркон» моллари ҳар ёқни тўлдириб, косибларнинг бозорини касод қилганлиги, иши чиппакка чиққан косиблар бирин-кетин «тахта-ўқлоғини» йиғиштираётганлигнни ва ҳоказони тасвирлаб кетди. Аммо чолнинг юрагидан тошган сўзлар савдогарга заррача таъсир қилмай, аксннча, унинг тўнглигини оширди.
Йўлчи чидай олмади, кўзларини савдогарга қаттиқ тикиб деди:
— Бобойнинг сўзларига тош ҳам эрийди. Сиз одамсиз-ку! Шу йигирма жуфт маҳсини олиб кетаверасиз, бутун оила қозонини сувга ташлаб ўтирадими? Андак инсоф керак, уят керак. Чолиинг меҳнатда чириган кўксига бигизни қадайверманг!
— Ука, мен ҳақимни сўрайман. Бировнинг киссасига қўл суқаётганим йўқ!— Икром бу сўзларни жуда бепарволик билан гапирди ва Йўлчини ўғри ва муттаҳам деб ўйлаганидан, кўзларига «биламиз» деган бир маъно бериб, истеҳзо билан жилмайди. Савдогарнинг бу қараши Йўлчига қаттиқ тўқинди. Лекин у ёлғиз мўйловини чимтиди ва оғир хўрсинди. Шокир ота ўрнидан турди. Увушган оёқлари ва тиззаларини силаб, маҳсиларни санади. Жуфт-жуфт қилиб Икромнинг олдига қўйди, титроқ товуш билан деди:
— Ол, ўғлим, ҳақингни эртароқ ол...
Савдогар ўрнидан туриб бир керишди, оғзини очиб ҳомуза тортди. Сўнг, энкайиб маҳсиларни секин-секин санади-да, беш жуфтини ажратиб, нарироққа сурди:
— Ота, анов беши сизга қолсин, хафа бўлманг.
— Ҳаммасини олавер, қутулганим яхши. Қарзини тўлаган одам хафа бўладими? Севиниши керак.
— Бир жойдаги одаммиз, яна бир-биримизга ишимиз тушади, отахон! Келар ҳафтага яна ўн беш жуфтини тайёрлаб қўйинг. Ҳа, хоҳлайсизми, мен сизга тери келтириб берай. Хўп, кейин сўзлашармиз. Хайр.— У ўн беш жуфт маҳсини авайлаб кўтариб, эшикдан чиқди.
Чолнинг, ҳозир кўринишида сокин ва дадил бўлса ҳам, хийла асабийлашганлиги сезилар эди. Олдида ётган керакли асбобларини тез топа олмас, кўвани қидирган қўли ширач косага ботар эди. Қайрилиб тушган катаклари кенг, бесўнақай қайроқ бурни учида тер томчилари ялтирар эди. Кўзларига уйқу келган шогирд бола мумли ипни қир-қир... чўзиб, қатим тортар, устанинг аччиғини чиқармаслик учун, ҳеч қаёққа алангламас эди. Йўлчи, Шокир отага тикилган сари, унинг ҳозирги пайтдаги ғамли ўйларини, кечинмаларини унинг ҳаракатларида, кўзойнак орқасида яширинган кичик кўзларининг ифодасида, эски маҳсидай бурушиқ юзининг рангида равшан сеза бошлади. Унинг кўкрагини бир нима чуқур эзди. Дўконхона ҳам совиди. Шамол деразага ойна ўрнига ёпиштирилган қоғозни тимдалади. Йўлчи чиқиб кетмоқ истаркан, яна қолди: «Ота нима қилмоқчи?»—у жўрттага, лоқайдлик билан икки қолипни бир-бирига уриб сўради:
— Бозорга тушасизми эртага?
— Косиб чоршанба куни бозор қилмаса, бир ҳафтагача қўли боғланиб қолади. Гарчи, режа бузилди, лекин бир амалини қиламиз.
— Хўш, бузилган режани қандай тўғриламоқчисиз? Ҳалиги аблаҳ ишни чаппа қилиб кетди-ку?
Чол лаблари билан бир парча эски чармни ҳўллаб туриб деди:
— Ўғлим, беш бачкини пуллаб, ип, мум, ширач, лак оламиз, хўпми?! Уйда бир оз тери бор. Аммо таг чарм йўқ. Бунга ҳам бир илож топиб қўйдим. Қандай? Ўтган йил худо ярлақаб, ўзимга маҳси тиккан эдим. Бўзчи бел боққа ялчимас, кулол мўндига: эшитганмисан? Маҳсини уч кун ҳайитда кийиб, сақлаб қўйгандим, ана уни пуллаб, таг чарм оламиз. Иш яна маромига келади. Аммо, қозон қайнатишга илож топа олмай турибман, ўғлим. Биз палов емаймиз. Бизга мош, сўк, шолғом, бало-баттар бўлса бас. Озгина пул харажатласак, бир ҳафтагача декчамиз биқирлайди.— Шокир ота оғир хўрсинди, сўнгра бирдан «вой»— деб томир тортишган оёғини уқалай бошлади.
— Ота, қозон қайнатишга пул бериб турайми? Кўп эмас, уч сўм,— сўради Йўлчи ерга қараб.
Чол калласини қийшайтириб, Йўлчига тикилди. Унинг бу боқишида, чуқур миннатдорлик, ғарибнинг ғарибга бўлган меҳри ёнар эди.
— Раҳмат, юзга кир, ували-жували бўл, ўғлим. Менга пул берма, пешона тери билан топган пулингни ўзингга харажат қил. Шу сўзинг ўзи олтиндан аъло. Наки, кўнглимни кўтарди. Бу чол,— Шокир ота қўлини кўксига урди, — қандай машаққатларни кўрмаган! Бу қийинчиликми! Йўқ, бу ҳеч гап эмас. Бу қари бош — кўпни кўрди, яна кўрар. Олло Тоҳиржонга шифо берсин, ниятим — шу...—Чол ойнагини олиб, кўз ёшини артди ва яна ишга уринди. Йўлчи унинг раъйига қараб, эътироз қилмади.
— Зарур бўлса, сўранг, мен топиб бераман, хўпми?
— Жуда зарур бўлса, бу бошқа гап,— Шокир ота дуо қилиб, яна миннатдорчилигини билдирди.
Йўлчи кўчага чиқиш билан кескин, совуқ шамол қулоқларида ғувиллаб, игнадай ўткир, майда қор парчаларини унинг юзига урди. Кўча ва томлар қордан оқара бошлаган. У сирпаниб, тойиб хизматкорхонага жўнади...

Бешинчи боб
I
Нури эрдан кўнгилсиз эди. Айниқса кейинги кунларда эрининг қусурини ўз хаёлида ғоят қавартириб юборди, энди у Фазлиддиннинг ҳамма сифатларида, қандай бўлмасин, бир камчилик кўра бошлади. Ёлғиз қолган чоғларида турли ўй-хаёллар билан чулғанадиган бўлди. Биринчи галда эрдан чиқиш тўғрисида ўйлади, ҳар хил режалар қурди. Лекин бу тўғрида қурган ҳар режа, ўйлаб тўқиган ҳар баҳона, биринчи қарашда жуда аниқ ва тўғри — ҳаққоний кўринса-да, ақли сиғдирганча чуқурроқ ўйларкан, пучга чиқаверди. Эрдан айрилиш учун у, ё ота-она уйига қадам босмайдиган бўлиб бир ёққа қочиши керак, ёки ўз оиласи қучоғига қайтмоқчи бўлса, бунга маъқул бир сабаб кўрсатиши керак. Токи ота-онаси ва акалари унинг бу қилиғини маъқул кўра билсинлар. Биринчи йўл Нурига тамом имконсиз бўлиб кўринди. Иккинчи йўл учун салмоқли бир сабаб тополмас эди. Тантибойвачча каби исрофгар, бекорчи, қиморбоз куёвни Мирзакаримбой ҳар қанча ёқтирмаса-да, бир вақтлар катта қизининг ундан айрилиш тилагига тўсиқ бўлган эди. У энди Фазлиддин каби йигитдан қизини айириб олармиди! Нури буни бутунлай имконсиз топди. Унинг хаёли сирли, яширин завқлар диёрига учди, қалби ман этилган лаззатларга интилди. Пул ва бойликнинг қувватига ишонгани учун бу йўлни қулай деб топди, бу йўлга тезроқ қадам босишга ошиқди. Қатъий жазм қилган куни қайнанасидан Фазлиддиннинг Москвага кетиш хабарини эшитди, юраги тоқатсизланди. Кечқурун Фазлиддин акаси Абдуллабой билан узоқ гаплашиб, сўнг, ўз уйига киргач, Нури ясама ноз билан деди:
— Масковга жўнармишсиз, нимага манга билдирмайсиз?
Фазлиддин танчанинг ҳар вақт ўзи банд қиладиган томонига ўтирди, кулиб жавоб берди:
— Ўзимга ҳам шу бугун маълум бўлди. Абдулла акамнинг ўрнига ман кетадиган бўлдим.
— Қачон?
— Эрта-индин.
— Масковда нима қиласиз?
— Савдо Масковда, жоним, яхлит фойда ҳам у ерда. Масковдан нима олиб келай сенга? Буюр!
Нури жилпангланиб жавоб берди;
— Ўзингиз эсон қайтсангиз бас. Тошкентда мандай тўкис келин бормикан? Ҳамма нарса жойида...
— Ман санга шундай нарсалар келтирайки уларни тушингда ҳам кўрмагансан, ўлмайдиган, қимматбаҳо нарсалардан совға келтираман.
— Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр, дейишади. Олиб келмагунингизча ишонмайман.
Фазлиддин бу кеча хурсанд эди. Ҳар тўғрида сўзлар, кулар эди. Нури фурсатни қочирмаслик учун ҳийлани ишлатишга қарор қилди. Дарров кўзларига қайғули жилва берди, юзини тескари буриб, шикоятли товуш билан, гўё ўзига-ўзи сўзлаган каби минғирлади:
— Бойликларингга ишонгим келмайди. Номларинг Масковчи бой бўлиб тарқалганига ҳайронман. Мазмуни бировнинг пулини ишлатасизлар...
— Ха-ха-ха...— Фазлиддин Нурининг сўзларидан таъсирланиб қаттиқ кулди.— Отангга пул керак бўлса, биздан қарз олсин. Биз бировдан пул олиб ишлатамизми? Нажмиддинбойдек эски бойнинг ўғиллари-я!
— Қайдам, манга шундай кўринади,— лоқайд жавоб берди Нури.
Бу сўз Фазлиддиннинг ғурурига тегди шекилли:
— Нима учун, хўш?—кўзларини тикди Нурига.
— Бойга ўхшамайсизлар. Ахир, эшикларингда биронта хизматкор бўлмаса, ўтинни хотинлар ёрса... Кўпинча сув ташийдиган одам топилмай, сувсиз ўтирамиз,— деб Нури яна тескари бурилди.
— Ҳа, бизни шу билан камситасанми?—Фазлиддин бошини чайқатди.
— Тўғри-да. Кеча ўтин ёриб, қўлим оғриди,— Нури соғ қўлини касал қилиб кўрсатди ва сохта кулди.— Оғир юмушларга хизматкор керак эмасми, шундай катта оилада?
Фазлиддин йирик тишларини кўрсатиб, хахолади. Кейин жиддийлашди. Ўз ичида хотинининг сўзини маъқул кўрди. Бу нарсани ўзи ҳам ўйлаб юрар эди. Кексалар каби салмоқдор бир оҳанг билан сўзга тушди:
— Тўғри, бир малай керак. Лекин инсофли одамни топиш қийин. Хизматкор, малай қандай бўлса? У танини, жонини хўжайинлардан аямаса, нинадай нарсага хиёнат қилмаса, ўл десанг—ўлса, тирил десанг—тирилса! Бундай одам топиладими? Одамнинг ичини билиш жуда мушкул нарса. Кўринишда фариштадай одамнинг ичида шайтон алайҳиллаъна ўтиради. Бир вақтлар бизда бир отахон ишлади. Ғариб, фақир мўйсафид эди. Кўп йил ишлади. У олтин одам эди. Ҳамма юмушни қилар эди. Сотиб олинган қул қандай бўлса, у ҳам бизга шундай эди. Ўлиб кетди боёқиш. Лекин дадам ҳам яхшиликка яхшилик қайтарди, тириклигида кўрмаса ҳам, ўлгандан сўнг кўрди.
— Нима қилди дадангиз?
— Яхшилаб кўмди. Мусофирларга ўхшаб чуқурга тиқиб қўя қолмади. Бир қўй сўйиб маърака қилди. Ман ўзим бир йилгача ҳар пайшанба куни қуръон ўқиб, арвоҳига бағишлаб юрдим. Бундан ортиқ яхшилик бўладими?
— Тўғри айтасиз, хизматкор қулдай бўлсин,— эрининг ҳалиги фикрини жўрттага қувватлади Нури,— бунақасини топиш қийин. Бири ишёқмас бўлади, бири ёлғончи бўлади, бири ўғри бўлади. Синалган, танилган одамни қидириш керак.
— Балли,— Фазлиддин боши билан хотинининг сўзини таъкидлади,— синалган одам керак. Қаердан топамиз. Меҳмонхонадаги асбобларни, буюмларни кимга ишонамиз ?
— Қўяверинг, ман ўзим топаман,— севинчдан юзлари ёниб гапирди Нури,— дадамда бир малай бор. Нимасини суриштирасиз, мўмин, маъқул йигит. Ўла қолай ёлғон гапирсам. Нақ уч-беш кишининг ишини қилармиш. Ҳам ўзи бизларга қариндош, дадамнинг уруғларидан. Қорни тўқ, эгни бутун бўлса бас. «Инг» йўқ, «жинг» йўқ, ишлайверади. Ана шуни оламиз. Энди сўзингиздан айнаманг, хўпми?
— Майли,—деди Фазлиддин,— лекин, шундай яхши қулни улар бизга беришмас, дейман.
— Манга беришмайдими?—қатъий ишонч билан деди Нури.— Йўқ, албатта беришади.
Нури тўшакда эри билан алла-паллагача гаплашиб ётди. Тили билан Фазлиддинга ҳар хил ёқимли сўзлар сўзласа, фикри бошқа ёқларда кезди. Ўз режасининг бундай қулай амалга ошувидан ҳадсиз севинди. Эри хуррак тортаркан, тескари бурилиб, яна узоқ вақт ўйга ботди, кўзи очиқ эса-да, у ширин хаёллар уйқусида ором олди...

II
Гулнор кўча эшигидан ҳовлисига кираркан, ранг-рўйи ўчган, лаблари титроқ, кўзлари бежо эди. Ердан бир қарич кўтарилган, торгина саҳнга парча-пурча чурук наматлар солинган ва шипи, деворлари тўзиқ айвонга паранжисини отди, тикиш халтасини танчага ташлаб, устунга суяниброқ бир муддат паришон туриб қолди.
Айвонда ямоқ ямаб ўтирган онаси Гулсумбиби — бу ёмон кийинган, ориққина, лекин юзида эски гўзалликнинг излари ҳали сақланган, қирқ ёшли, сокин, камтар хотин бошини кўтариб меҳрибонлик билан қизига қаради.
— Бир нимадан қўрқдингми? Нега бўшашасан?— Гулсумбиби сўраб, яна ишга машғул бўлди.
Онасининг саволидан кўзи очилган Гулнор, ғайри шуурий равишда дудоқларини базўр қимирлатиб деди:
— Йўқ, ўзим, шундай.
— Бошинг оғридими?
— Йўқ. Нимага ташвишланаверасиз?
Гулнор шу топда ёлғизликни, тинчликни истар эди. У секин-секин юриб, кунга терс солинган, бир деразали, кичкина, қоронғи уйга кириб кетди.
Айвонда қолган Гулсумбиби қизини ўйлади. Гулнорда ўқтин-ўқтин рўй берадиган шундай хафалик, паришонлик, ҳаммадан яшириниш, ётсиниш каби ҳолларни бир қанча ойдан бери у сезар эди. Уйлаб-ўйлаб сабабини яхши англай олмас, кўпинча шу икки нарсани гумон қилар эди: биринчиси, кийим-кечаги йўқ, дорпеч, палак тугул, бир қарич буюми йўқ, ўз тенги қизлар орасида уялади шўрлик қизим. Яна авжи ўйнаб-қувонадиган пайтда хўжайинларнинг юмушини қилади. Кир ювади, сигирга қарайди, бола кўтаради. Иккинчиси, Гулнорнинг бир касали бор. Ёш бўлганидан, касалини ўзи сезмаса қерак. Касали ўқтин-ўқтин бир кўриниш бериб қўяди. Худодан бошқа таянчим йўқ, ўзи асрасин!
Лекин бу гал бутун айбни эри Ёрматнинг устига ағдаради. Ота бўлмай ўл. Икки гапнинг бирида, хотин устига бўлса ҳам бойга, ерли-сувликка бераман, дейди, Ниятинг қурсин. Қизимни ўтда ёқмоқчи бўласанми? Қизим ақлли, ҳушли қиз, дадасининг бундай бадниятини билади, шундан хафаланади, куяди. Ота ўлгур, бировнинг малайи бўлса ҳам, ўлгудай кеккайган, такаббур. Қанча совчиларни қувиб юборди ахир. Бирини паст одам дейди. Бирини косиб дейди, бирини аравакаш-оворакаш дейди. Дурадгор йигитнинг онаси қатнай-қатнай тинка-мадори қуриди. Айниқса, ўшанга кўнглим чопган эди. Йигитнинг қўлида гулдай ҳунари бор экан, бўйдоқ экан, уй-жойи тайин экан. Яна сенга нима керак! Энди яна бошқа баҳона топибди. «Қиз маники эмас, бой отамнинг қизи. У киши ўзлари танлаб узатадилар!» Ул ота бўлмай... Бегона ҳар вақт бегоналигини қилади. Қизим бахтли бўладими, ўтда ёнадими, Мирзакаримбойга барибир. У бегона бизга.
Гулнор бутун жиҳози бир намат, токчадаги бир неча синиқ-мертик коса, пиёла ва эски сандиқ устига тахланган бир неча эски, ямоқ-ясқоқ чит кўрпадан иборат бўлган қоронғи, зах уйига кириб танчага оёқларини узатиб ётар эди. У ҳозиргина ўртоғи Хадичанинг уйидан чиқиб, кўчада ҳеч ким бўлмагандан ва сирпанчиқ лойда юриш қийинлигидан, юзини очиб кўзларини ерга тикиб келар экан, қаршида келаётган Йўлчига юзма-юз тўқнашган эди. Гулнор бир энтикиб, юзини яшираркан, Йўлчининг чиройли кенг юзида, мардча ўткир, жонли, теран маъноли кўзларида, қандайдир, илиқ, самимий табассум тошган эди. Сирғаниб, лой сачратиб югурган Гулнор, ўз эшигида бир нафас тўхтаб, кечинмаларини онадан яширишга қанча уринмасин, буни эплай олмаган эди.
Қиз Йўлчини чуқур севар, унинг ёлғиз исмини эшитиш билан юраги тўлқинланар эди. Бу муҳаббат қизнинг кўнглига ёз чоғи, Йўлчи қишлоқдан келган кунлариёқ саратон қуёши билан бирга кирган эди. У ёз чоғи Йўлчига узоқдан, яқиндан, дарахтлар орасидан яширинча термулиб юрган, унга мафтун бўлган эди. Дастлаб бундай туйғунинг моҳиятига тушунмаган эди. Лекин муҳаббат унинг юрагини ҳар кун яна чуқурроқ эгаллаб, дардни кучайтирган, севгининг чин маъносини туя бошлаганди. Бир вақтлар ишқ можароларини ёлғиз эртаклардан тинглаган Гулнор, бир қаричликдан меҳнатга уринган бу жафокаш қиз, энди ўзи ишқнинг олов кўйлагида яшар эди. Лекин Нурининг никоҳ кунигина Йўлчига яқинлашиб, у билан сўзлаша олган эди. Ундан бери учрашувга, икки оғиз сўзлашувга ботина олмасди. Ота-онадан, атрофдаги кўзлардан қўрқар эди: «Фалончининг қизи фалончига хуштор бўлганмиш, фалонмиш, пистонмиш...» каби ҳар хил ғийбат ва ифтиролар тарқалса, одамларнинг бетига қандай қарайди? Лекин, иккинчи томондан, бошқа бир хавф унинг кўз олдида яна даҳшатлироқ гавдаланар эди: онасининг таъбирича, бойпараст ота бир кун тўсатдан: «Бой отам фалон одамни маъқул кўрдилар, эрта тўй, фалон кун никоҳ, тайёрлигингни кўравер, хотин!» деса, у нима қила олади.
Гулнор ишқий кечинмалар, белгисиз хаёллар ичида ўртаниб ёлғиз ётаркан, ҳовлидан отасининг овозини, қўй маърашини эшитди, бош кўтариб деразадан қаради, ҳовлидаги тутга катта семиз қўйни боғлаётган отани кўрди. Унинг чопони белигача балчиқ, юз ва соқолларида ҳам балчиқ томчилари...
— Қизинг қаерда?— бақирди Ёрмат Гулсумбибига.
Гулнор дарҳол ўрнидан турди, кавушини оёққа илиб ҳовлига тушди.
— Сув келтир!—деди Ёрмат.
Гулнор бир обдастага сув тўлдириб, дадасига тутди.
— Қуй ўзинг,— деди Ёрмат ҳам айвоннинг лабига ўтириб, этик ювишга бошлади. Қўллари этикни ишқаларкан, оғзи тинмади:
— Уҳ, ўлиб бўлдим, қизим! Ёлғиз қўйни ҳайдаш — нуқул азоб. Энг гуноҳкор бандага тонгла қиёматда бунчалик азоб бермас тангрим. Икки қадам босади-да, кўча ўртасида тўхтайди. Гўё оёғи ерга михланган. Ҳарчанд уринаман, ўрнидан қўзғалса-чи. Бўйнидан сургайман — йўқ, думбасига арқон солиб тортаман — йўқ. Думба қандай дейсан? Кўрдингмн? Бир ярим пуд мой беради. Суягигача мой: эртага норинхўрлар маза қилади-да!
— Ҳар вақт шундоқ. Роҳатини бошқалар кўради, азоби сизга!—Гулсумбиби пичинг қилди эрига.
Ёрмат бошини ортга, хотини томонга буриб, ўқрайди ва жаҳл аралаш деди:
— Ийя! Аблаҳ, бошқа гап қуриб қолдими? Қўй қанчага олинди дегин, калла-ночасини хўжайиндан сўраб олинг, дегин!.. Эртага нориндан ерсан, буни ўйламайсан-а.
— Ҳар бир гапда салқитини беришади бизларга,— деди-да, Гулнор онасига қаради. Гулсумбиби яширинчи кўз қисиб, қизининг сўзини маъқуллади. Ёрмат эса қизининг бундай маҳмадоналигига ғазабланиб, қош-қовоғини солди. Ушшайган лаблари билан бир нимани пичирлади. Этикни тозалаб, юз-қўлни ювиб бўлгач, кўзларини қизидан узмасдан, чой ича бошлади. Бир оз ҳордиқ чиқаргандан сўнг, қизи ва хотинига қараб, уй ичига кириб ўтириш кераклигини, у ҳозир Йўлчини чақириб, кун кеч бўлмасдан, икковлашиб қўйни сўйиб, гўштини гўштга, мойини мойга ажратмоқчи эканини билдирди. Гулнор бирдан жонланди, шошиб-пишиб отанинг фикрини қувватлади:
— Тўғри, дада! Қўйни эртароқ сўйиб, саранжом қилганингиз яхши. Кечалик иш қурсин. Ҳакимбойвачча акам, биласиз-ку, жуда шоширади сизни.
Ёрмат қиздан хурсанд бўлди... Пичоқ, қайроқ топишни ва гўшт-мой солиш учун тоғораларни тозалаб тайёр қилишни буюрди. Гулнор ҳамма нарсани бир зумда тайёрлаб, дадасига кўрсатди. Сўнгра уйга кириб, дераза олдида тиз чўкди. Кўзлари Йўлчига интизор жавдирарди...

III
Акасининг гапига Нури жума куни қиём найтида етиб келди. Эрга текканидан буён бу тўртинчи келиши эди. У жуда ясанган, билакларида қўш-қўш олтин билагузуклар, бармоқларида бриллиант кўзли узуклар, «тойбарра» нимча устида ранг-баранг товланувчи, гўё олтин ва кумушдан тўқилган каби «коктилла» камзул... У ҳовлида кўриниши билан уй ичи бир лаҳзада дув кўтарилди. Ҳаммадан бурун онаси югурди. Қизини қучоқлаб, пешанасидан ўпди. Унинг кетидан келинойилари, Нури учун эмас, балки қайнона иззати учун, айланиб-ўргилиб кўришишди. Гапга даъват қилинган ўн чоғли қариндош аёллар ҳам кўришиб, қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрашиб, Масковга кетган куёвининг сиҳат-саломат қайтиши учун ҳар қайси ўз билганича дуо қилишди. Фақат, шунча эътибор, шунча илтифотга қарамай, Нури зериккан каби хомуш ўтирди. Хотинларнинг суҳбатига бир қанча минут паришон ҳолда қулоқ солиб, икки пиёла чойни базўр ичиб, ўрнидан турди. Ўзини қаёққа қўйишини билмай, юрагини тирнаган кечинмалари, сирли умидлари билан қарорсизланган, маст бўлган каби, ҳовлида кезди, ошхонага кирди. Гулсумбиби шўрва учун тандирда «лочира» ёпади. Яна икки қўшни хотин ўчоқ бошида уймаланишади. Кечки норин учун катта қозонда ёғли қази пишади. Иккинчи қозонда қўй этидан шўрва қайнайди.
Бир соатдан мўлроқ тентирагандан сўнг, ҳовлида пилдираб хизмат қилиб юрган Гулнорни чақирди. Ундан-бундан сўзлашиб, ниҳоят, қандайдир бир мақсад билан сўради:
— Уйларингда ким бор?
— Ҳали кирганимда дадам билан Йўлчи акам бор эди,— деди-да, Гулнор бу тўғрида гапни узайтмаслик учун, тезгина чекинмоқчи бўлди. Нури қошларини чимириб, маъноли кулги билан қизни тўхтатди ҳам секингина деди:
— Юр, ўша ерга чиқамиз. Улар айвонда бўлса, биз уй ичида ўтирамиз. Бу ерда зерикдим, қий-чув, бола-чақа...
Гулнорнинг кичкина чиройли оғзи ҳайратдан бир нафас очилиб, кўзлари: «ростми?» деган каби Нурига тикилди. Чунки қизлик вақтида Нури уларнинг кулбасига жуда оз чиқар эди: мабодо кириб қолса, уларнинг кўрпа-ёстиғидан жирканар, танчага ўтиришдан ҳазар қилар, буни яширмас эди ҳам. Гулнор ҳозир Нурининг меҳрибонлигига севинди. Эрга тегиб, феъли анча яхшиланибди шекилли, деб ўйлади. Қувонч билан сўради!
— Ростми, опа? Катта ойим индамасмикинлар?
Нури жавоб бермади, қарши айвонга бориб, бир четга уюлган паранжилардан эскироғини олди, онасини ёлғиз учратиб, уни ийдириш учун эркаланиб, секингина мақсадини айтди. Онанинг кўзлари така-пука бўлди:
— Бемаъни гапни гапирма, қизим, Сан ким, улар ким? Аллакимларга ўхшаб хизматкорникига чиқасанми? Ё ман кута олмадимми? Хоҳласанг, анов уйга ўзингга алоҳида жой қилиб беришади, ташла паранжини!
— Йўқ, ойи, ҳеч нима керак эмас,— яна мулойим гапирди қизи,— куёвингизни жўнатаман деб чарчагандим. Бу ерда яна шов-шув. Гулнор билан гаплашиб ўтираман у ёрда. Кейин унга ашула айттираман.
— Уҳ бай-бай, ўзинг биласан, болам. Кўп ўтирма... Ҳа, тағин,— онаси жуда секин пичирлади,— бит-мити кирмасин, эҳтиёт бўл!
Лутфинисо Гулсумбиби ва Гулнорни жуда озода-покиза эканликларини, кўрпа-ёстиқлари эски бўлишига қарамай, ҳар вақт тоза тутилишини жуда яхши билса-да, бу гапни айтишдан тоймади Чунки у камбағалларнинг ҳар нимасини масхара қилишга, уларни ҳар жиҳатдан ўзларидан паст тутишга, камситишга одатланган хотин эди.
Гулнор Нурини уйга бошлаб кириб, тагига кўрпача ёйиб, орқасига ёстиқ қўйиб ўтқазди. Бугун унинг кўнгли шод, руҳи дадил эди: кеча дадаси қўй сўйиш билан овора бўлган-да Йўлчи унга қарашиб тураркан, Гулнор мана шу дераза орқали унинг севги тўла кўзларини бир қанча учрата билган эди. Бир соат мобайнида улар узоқдан туриб, кўзлари, табассумлари, енгил энтикишлари билан бир-бирларининг руҳларини, кўнгилларидаги яширин, эзги маъноларини ифода этишган эди.
Нурида шубҳа қолдирмаслик учун, ўзининг Йўлчига бўлган муносабатини бирон ҳаракат билан билдирмасликка тиришди. Айвонда паҳлавондек оғир чордона қуриб, мағрур ўтирган ва бошини қуйи солиб қандайдир от асбобини тикишга жиддий машғул бўлган йигитга дераза орқали тўйиб-тўйиб қарашга зор бўлса-да, Гулнор бу кучли орзуни енга билди. У ўзини бепарволикка солиб, ундан-бундан сўзлаб, «зериккан» Нури опани овутишга уринди.
Нури эса Гулнорнинг гапларига қулоқ солган каби, кўринар, лекин фикри бошқа нарсалар билан банд бўлгани учун, сўзлари, савол-жавоблари сира бир-бирига қовушмас эди. Баъзан бир қадар мойилланиб, деразанинг бир четидан айвонга кўз ташлаб қўяр эди. Унинг паришонлигини, истамасдан суҳбат қилишини сезиб, Гулнор ҳам жим бўлди. Бир қанча минутдан сўнг Ёрмат кириб сукутни бузди. У эски синашта хизматкор бўлганидан, Нури ундан қочмас эди. Шунинг каби Гулнор ҳам Мирзакаримбойдан қочмас, Ҳаким ва Салимбойваччалардан эса бир йилдан буёнгина чала-ярим яширина бошлаганди. Ёрмат севинганидан кафтини ишқаб, кулиб, танчадан бир қадам нарида чўкка тушди.
— Нури опа, эсонмисиз? Бизнинг кулбага қадам қўйишингиз кўнглимни тоғдек кўтарди-да. Балли-балли. Ман сизни ўз қизимдан аъло кўрардим. Мана, тўғри чиқди Ёрматнинг хотири учун кирдингиз раҳмат,— деди Ёрмат.
Нури ўрнидан қўзғалмасдан, совуққина сўрашди. Эзма Ёрматнинг баъзи саволларига «ҳа», «йўқ» деб жавоб берди. Нури гапга эътибор қилмаганидан, Ёрмат энди қизига қараб сўзлай бошлади, Нурининг қайнатаси Нажмиддинбойнинг бир вақтлар мачит солдиргани, куёв Фазлиддинбойваччанинг дўкони, савдосининг зўрлиги ва ҳоказони тилёғмалик билан талай гапирди. Сўнг, ўрнидан туриб, олифтанамо герданиб, уйдан чиқаркан, Гулнор тўхтатди: —Кулчатойдан келтиринг, мен ҳам тўғрайман.
— Озгина қолди, қизим. Ҳозир Йўлчибой тўғраб қўяди. Сизлар бемалол ҳангамалашиб ўтиринглар. Ман ташқари чиқиб меҳмонларга хизмат қиламан.
Нури деразага қараб, ҳовлида Ёрматнинг қораси ўчар-ўчмас, Гулнорга деди:
— Жуда қорним очди. Гулнор, сен бизникига чиқ, ойимга айт, бир патнис ясаб берсин. Писта-бодомдан кўпроқ ол. Ҳа, ким билади, санда ойимнинг юмуши бордир, бир чиқишинг керак,— Нури хўрсинди, сочлари, ғижим рўмолини тузатди.
То эсини танигандан бошлаб Нурининг буйруқларига сўзсиз бўйсуниб келган Гулнор, ҳеч нима ўйламасдан ўрнидан турди.
— Жоним билан, боядан бери айтсангиз бўлмасмиди? — Гулнор паранжисини нари-бери бошига илди.
Нури уйда ёлғиз қоларкан, юраги қаттиқ урди, лаблари қақради, тиззаларида куч қолмаган каби туюлди. У ўйлади: «Айвонга чиқсамми? Йўқ. Гулнорми, Ёрматми бостириб келсалар, шарманда бўламан. Нима қилиш керак? Деразани очиб гаплашув қулай. Узоқдан бир нима «тиқ» этса, ё оёқ товуши эшитилса, «таппа» ерга ўтираман. Уй қоронғу бўлганидан деразани очиб қўйдим, деб баҳона топаман...»
Дераза очилиши билан Йўлчи бошини кўтарди. Унинг кўз олдида Нури! Кўркам ясанган, қулоқларида, бўйнида, билакларида ва бармоқларида олтин ҳам қимматбаҳо тошлар ёнган келинчак Нури! Энди норин учун хамир тўғрамоқда бўлган Йўлчи пичоқни хамирга урган ҳолда бир он ҳайратда, қолди, бутун юзи қизариб кетди.
— Саломатмисиз, кайфингиз чоғми?—деди-да, яна хамир тўғрашга бошлади.
— Кайфим чоғ. Сизни кўриб, яна кўпроқ чоғ бўлди,— Нури дадиллик билан сўзлади ва ноз қилиб кулди. Сўнг бидирлаб Йўлчининг ҳол-аҳволини сўради. Вақтнинг тиғизлигидан хавфланиб, дарров ўз дардини очди.
— Йўлчи ака, мен сизни бу ердан олиб кетаман.
— Қаерга?—секин сўради Йўлчи.
— Бизникига... Бизга сиздай бир одам керак. Бизникида иш минг марта енгил. Албатта, йўқ демайсиз, дурустми?—«Ман» сўзини Нури чертиб кетди.— Ман сизга яхшиликни хоҳлайман,— соч толаларини тишлаб, кўзларини учириб тикилди Йўлчига.
Йўлчи индамади, унинг икки қоши ўртаси буришди, ўйлади «Аҳа, бойвачча куёвидан зерикканга ўхшайди. Қувончи узоққа чўзилмабди-да, энди мани хизматкорликка чақириб, гўдак боладай ўйнатмоқчи. Биламиз!»
Йўлчи учун Мирзакаримбойдан силжиш — Гулнордан айрилиш демак эди. Гулнорнинг бир табассуми унинг учун ҳамма нарсадан маънодор, турмушнинг ҳамма завқларидан улуғ ва қимматли эди. Гулнорнинг кўзлари унга бутун умрни ёритган бир бахт ваъда этар эди. Йўлчи атрофга кўз юргизиб, сўнг мулойимлик билан жавоб берди:
— Шу камбағал қариндошни тортқиламасдан тинч қўйинглар. Умид билан шу ерда юрипти, шу ерда қолсин у. Сизга хизматкор керакми? Ман топиб берай, яхши танишларим бор. Мани қўйинг.— У пичоқни ташлаб, бир қўлини кўксига қўйиб ўтинди.
— Йўлчи ака, бизникида умидга-орзуга тезроқ етишасиз. Сизга нима керак? Қишлоқдагиларни боқиш учун пул керак, кийим керак. Бизда ишласангиз, ҳаммасини мандан оласиз,— Нури кулиб деди.
— Зўрласангиз ҳам бормайман. Орзум, умидим ёлғиз пул, ёлғиз кийим эмас; ишлайман, топаман уларни.
— Яна нима керак?—титраб сўради Нури.
— Ўзим биламан.
Йўлчининг сўзлари, жавоби Нурини эсанкиратди. Чунки у бундай «дағал» муомалани асло хаёлига келтирмаган эди.
— Сиз жуда қийиқ, жуда ўжар йигит экансиз. Ҳали шошманг, деганимга кўнасиз ахири,— деди-да, вақтнинг тиғизлигидан хавфланиб, деразани оҳиста ёпти.

Олтинчи боб
I
Самарқанддан келган бойлар билан қимор ўйнаб, ҳамма нақд ақчасини ютқизиб, бир неча кун пулсиз қолган Тантибойвачча ўзига қарашли дўконлардан бирини бугун катта пулга сотди. Қўш отли извошини кира қилиб ясланиб, «шўхлик» қилиш учун янги шаҳарга жўнаб қолди.
Мартнинг охири. Кундуз соат уч чамаси. Янги шаҳар кўчалари қуруқ ва тоза, илк баҳор шамоллари ёқимли эсади.
Янги уйғонган, ям-яшил баргчалар билан ясанган дарахтлар қуёш нурида чўмилади. Ҳаво ёрқин ва тиниқ...
Извош «фон Кауфман» ҳайкали олдидан тарақлаб кетди. Бу ерда хода ютган каби гердайган, шоп мўйлов офицерлар кезар эди. Тантибойвачча уларга кўзи тушар-тушмас дарров вазиятини ўзгартириб, тавозе билан дам бошини, дам бутун гавдасини эгар, бир муҳим вазифани бажарган каби, ўз қилиғи учун ўзи фахрланиб, мўйловини силаб қўяр эди.
Извош боши берк кўчада тўхтади. Тантибойвачча кира пулини тўлаб, кўримсиз бир дарвозадан ичкарига кираркан йўлакда, эски курсида ўтирган таниш чолга учради. Чолнинг патак соқоли кирликдан оқини йўқотган, эгнида кирланиб, мойланиб йилтиллаган доғ-дуғли, лекин диққат билан боқилганда, таги асл-пухта буюм эканлиги ҳозир ҳам билинган узун қора камзул, оёқларида эскириб олапесланган амиркон маҳси, йиртиқ калиш. Бу киши бир вақтлар Тошкентда ва Фарғонада донг чиқарган Шомуротбой эди. Бутун бойлигини айш-ишрат, фаҳш, бузуқлик оламида совуриб, у оламнинг тўлқинларида бош айлантиргач, телбаликлар қаҳрамони бўлган, ниҳоят, тақдир уни завқ-сафо тахтидан унинг ифлос остонасига отган эди.
Тантибойваччани кўрган ҳамоно ўрнидан турди. Чиркин, хира кўзларининг ёшини кафти билан артиб, кўришмоқ учун қўлларини узатди.
— Кўринмайсиз, иним Мирисҳоқ? Жилла узоқлаший кетманг, дам ғанимат. Хи-хи-хи.— Бачкана кулди чол.
— Борми?—деди Тантибойвачча.
— Бирон марта сизга топилмай қолганмиди. Пул бўлса бўлди, нокми, нашвотими? Пул бўлса, нақ арш-аълодан келтириб берадилар. Пулни чўз, жаннатнинг калитини қўлингга тутқизаман!—деди-да, чўнтагидан арзон папиросни чиқариб, бойваччага тутди ва ўзи ҳам олифталик билан лабига қистирди.
— Бўш келмайсиз, оқсоқол! Сиз бизнинг пиримиз, эшонимиз. Сўзингизга ишонамиз. Ха-ха-ха...
Тантибойвачча чўнтагидан уч сўмлик қоғоз олиб Шомуротбойга қистирди.
— Раҳмат, иним Мирисҳоқ. Бирон хизмат бўлса, тайёрман!— бойваччанинг орқасидан қичқириб қолди чол.
Тантибойвачча кўпдан таниш ҳовлига, атрофи айрим-айрим эшикли хоналар билан ўралган ҳовлига кирди. Хизмат қилиб юрган ғирром кўзли кампирлар, ёки ботгина кексайган ёш хотинлар билан бош қимирлатиб сўрашган бўлди. Қўранинг сўл ёғида, қуйида, бурчакка яширинган бир уйринг эшигини очди.
— Эҳе, келинг, Мирисҳоқ ака. Ҳар кун сизни кутар эдим-да,— узун бўйли, қора соқолли, кўзлари қизарган киши жойидан қўзғалмасдан бойвачча билан сўрашди. Унинг олдида патнисда бир қанча шиша пиво бор эди. Бир стакан қуйиб бойваччага узатди. Пивони симириб, бойвачча деди:
— Хўжайин, бугун яйрамоқчиман. Асалхон тайёрлансин!
— Қўйинг уни, бойвачча. Зерикмас экансиз-да,— деди хўжайин.
— Ўзи йўқни кўзи йўқ,— норози бўлиб гапирди бойвачча,— уч кун кўринмасам, бошқасига қўндирибсан-да. Ҳақини роса олган эдинг-ку, бўшат уни. Ман ўшани деб келдим. Ақчага мўмой ким бор яна? Кўрамиз!
Хўжайин бир оз ўйланди. Тантибойвачча унинг «соғим сигири» бўлгани учун, хурсанд қилиш керак эди. Пиводан ичиб, юпатди.
— Асалхоннинг асалини хўп тотдингиз, қўйинг, муми бошқаларга қолсин. Иккита ҳурилиқо бор. Бири ўрис, бири ўзимиздан. Иккови ҳам узилмаган гул. Қулинг ўргилсин жононлардан. Ман биламан-ку!
— Бизга ўхшаш соқовларга ўзимизники дуруст,— Тантибойвачча тилини кўрсатди,— бўлмайди.
— Ана шундай денг, дўстим,— деди хўжайин,— лекин сиз ишратни яхши биласиз. Ашуласиз, дуторсиз, суҳбатсиз ишрат, ярим ишрат: ҳали айтганим—ашулада якка. Бойвачча, яна сиз мандан койинасиз. Ишим сиздек тўртта-бешта оғайнилар билан бўлади. Сизлар хурсанд бўлсангиз шу кифоя бизга. Биласиз, меники — гулбоғ. Гулларнинг ҳам шамол ўпмаганлари терилади. Энди нарх-навосини ўзларига ташлайман. Зар қадрини заргар билади. Ха-ха-ха...— хўжайин яна бир стакан пиво тутди бойваччага.
Бойвачча «нархи аҳамиятсиз» деган каби, қўлини бепарво силкиди. Хўжайин ўрнидан туриб, эшикни қия очди, бировни имлаб, яна ўз жойига ўтирди.
Ёшликда сатанг ўтиб, бу доирада сочи оқарган, лекин ҳали ҳам бутун гавдасидан ноз хазонини шилдиратувчи бир кампир кирди.
— Ҳа, бойваччам, энангга нима тортиқ қиласан? Умидим тўлка сандан,— ўйноқланди кампир.
— Тортиғим шу: сизга битта куёв топиб қўйдим. Жуда чайнайдиган йигит-да!— ҳазиллашди Тантибойвачча.
Кампир унда-бунда қолган, тишқоли сурилган тишларини очиб қиҳ-қиҳ кулди ва хўжайиннинг буйруғини кутди.
— Гуландомхоннинг уйига олиб боринг бойваччани!— деди-да, кўзлари ва юз ҳаракати билан яна нималарнидир кампирга ишорат қилди хўжайин.
Тантибойвачча хонага кирганида ҳеч ким йўқ эди. Уй жиҳози бойвачча кўрган бошқа хоналарникидан фарқсиздек. Рангги бир қадар айниган гиламча, узунчоқ хонтахта атрофида девор бўйлаб кўрпачалар тўшалган, икки ёстиқ. Тўрдаги деворда каттагина ойна. Қозиқда садаф билан ишланган дутор...
Бойвачча чордона қуриб ўтирди. Йигирма минут қадар вақт ўтгандан сўнг енгил таъзим билан Гуландом кириб келди. Аланглаган кўзлари билан хотинга бошдан-оёқ разм солди бойвачча.
— Кўзимиз тўрт бўлди, пошшахон, базмингизга муштоқмиз, қони ўтиринг.
— Сизларнинг одатларингиз шу. Ҳар қанақа хотинни мақтайверасизлар. Ростми, ёлғонми, билиб бўлмайди.— Гуландом оҳангдор жарангли овоз билан сўзлади, сўнг ойнага яқин келиб давом этди,— Робия холам шоширгани учун пардозим ҳам чала қолди...— Гуландом деразаларнинг пардаларини тўғрилаш билан машғул бўлди.
Ўн тўққиз-йигирма ёшли, кўркам хотин эди: баланд бўйли, кўкракли, тўла эмас, лекин миқти, диркиллама танга эга; юзи офтоб ялаган оқ юз каби, майин қорамтир; кўзлари қора ва йирик. Бош учида, кучсиз шамол учира билажак даражада енгилгина ўралган ипак дуррача, устида қора-оқ товланмали узун кенг атлас кўйлак. Оёқларида, маҳси каби, пошнаси билинар-билинмас янги амиркон этик...
Тантибойвачча Гуландомга ўз ёнидан жой берди ҳам ўз одати бўйича, дарров хушомадгўйликка бошлади. Эшикни тақирлатиб кампир кирди, кичкина чойнакда чой ва мева-чевали патнис келтириб, патнисни хонтахтага, чойнак-пиёлани Гуландом ёнига қўйди.
— Эна, меҳмондўстликни бугун дўндирасиз,— кейин Гуландомга кўз ўйнатди бойвачча,— нималарни кўнглингиз истайди?
Гуландом «сиз биласиз» деган каби, қоши билан чиройли қилиб имо қилди. Бойвачча ҳозирча кабоб, коньяк, ширин вино буюрди, кечга палов тайёрлашни илтимос қилди.
Гуландом кичкина чойнакдан аччиқ чойни ичи зарҳалли пиёлага оз-оз қуйиб, назокат билан сўзлашиб «ширин» ўтириш ясади. Тантибойвачча шу вақтгача базмини, суҳбатини кўрган ва ҳисобсиз пулларни совурган бир кўп хотинларни энди секин-секин унута бошлади. Бойваччанинг кўзида ҳар бир хотин унинг нафси, ҳирси учун яратилган чиройли мева эдн. Уларга нисбатан у ҳар чоғ қўпол, ҳар чоғ хирпаловчи эди. Чунки у пул кучи билан қаттиқ маст эди. Маст учун гулзор билан шўразор баравар, янчиб ўтаверади!
Лекин Гуландом билан сўзлашган сари, у баъзи қўпол ҳаракатлардан, аблаҳона қилиқлардан ўзини тийишга тириша бошлади. Чунки Гуландом ёлғиз гўзалгина эмас, балки ақлли ва инсоний ғурурини ҳали жилла йўқотмаган хотин каби туюлди. Хўжайин айтганча «узилмаган гул» бўлмаса ҳам, руҳи, қалби бу чиркин, бўғиқ муҳитда сўнмаган, тўзмаган кўринади. Унинг нозида, табассумида, қилиқларида, бузуқ хотинлардаги каби сунъийлик эмас, қандайдир илиқлик ва тозалик сезилар эди. Кўзларидаги ноз-карашма ўрнида, баъзан бир зумда чуқур бир қайғу ёнар эди. Бу ҳолларни Тантибойвачча чуқур англамаса ҳам, ғира-шира сеза бошлади. Гуландомнинг руҳи, гўзаллиги уни бир қадар ўз таъсирига олгандан, у ҳозирча — лоақал овқат ва ичкилик келгунча — у билан одмироқ суҳбат қилишни истади. Гуландомни гапга солиш учун деди:
— Жоним пошшахон, қаерликсиз, қандай шамол сизни бу ерга учирди? Биз ўша шамолга қурбонмиз.
— Дафтарни очиб нима қиласиз?— деди енгил хўрсиниб Гуландом.
— Дафтар узунми?.. Чамаси шунақага ўхшайди. Ростини айтсам, ман шу вақтгача ҳеч бир аёлнинг таг-тугини суриштирган эмасман. Мевани уздик-ку, боғбонини эсга олмадик. Узун бўлса қисқа қилинг, шохдан шохга қўнинг,— мўйловини бураб тикилди Тантибойвачча.
— Узун эмас-ку, лекин...— Бу ёғини айтмади хотин.
— Афтидан, баъзи доғ-дуғи борга ўхшайди. Зарари йўқ, ўтган ишга салавот, деб тинглаймиз-да. Оламнинг наъмасига қулоқ солсанг, ҳар хил нарса эшитасан. Қўлни силташ керак. Менинг бир улоқчи отим бор эди. Энди отмисан, бай-бай! Яқинда ҳаром қотди. Бир хумса отимнинг данғини туширди деб, кечаси ўлдириб кетди. Қаттиқ хафа бўлдим. Аммо, ҳозир парвойимга келмайди.
Гуландом кинояли кулди. Бодом чақиб кавшанган бойваччага чой қуйиб, тутди. Сўнг, ерга қараб, секин-секин сўзлай бошлади.
— Тагимизни суриштирсангиз, намангонликмиз. Дадам жуда ювош, ширин сўз чол эди, бозорда кичкина дўкони бўлиб, эрталаб кетиб, кеч қайтарди. Ёши улғайганда уйланганидан, бош боласи мен эдим, яна икки синглим, Абдисалом деган битта ўғил укам бор эди, юм-юмалоқ, пухта-пишиқ, туйғунгина бола эди. Ҳаммамиз уни яхши кўрардик. Дадам ҳар куни кечқурун ҳар биримизга атаб бирон нарса олиб келар, ҳаммамизни севинтирарди. Лекин, азалда тақдиримиз қора битилган эканми, тез кунда бошимизга оғир кунлар тушди. Дадам синди, дўкончасини йиғиштириб, уй ичига қамалиб олди.
— Киши синдими — четга чиқади, сингандан кўра ўлган дуруст!—бепарволик билан сўзлаб қўйди Тантибойвачча.
— Шўрлик дадам,— дастурхоннинг шокиласини ҳимариб давом этди Гуландом,— нима қилишни билмади. Мардикорлик қилай деса, кучи келмайди. Ётиб еганга тоғ чидамайди. Ҳайтовур, дадам ёшлигида шоҳи тўқишни чала-чатти ўрганиб олган экан. Уй асбобларидан бирмунчасини сотди-да, дастгоҳ қурди. Кўзойнакни тақиб, эрталабдан то шомгача, баъзи вақт кечалари ҳам тўқиди.
— Ҳамма косиб шундай бўлади, жоним! Косибчилик умрнинг эгови,— чойни ҳўплаб-ҳўплаб, гўё ўз-ўзига айтгандай гапирди бойвачча.
— Аммо,— давом этди Гуландом,— бозор касодлигиданми ё иши яхши унмаганлигиданми, дадам тўқувчиликдан ялчимади. Тирикчилик тоши бениҳоят оғир бўлар экан, Бизларни зориқтирмаслик учун аям тикиш тика бошлади. Мен у вақтда ўн уч яшар эдим. Ҳар кун қўшнимиз отин бибида қиёмгача ўқиб, кейин то кечгача, кўпинча, кечалари ҳам аямнинг ёнига кириб тикиш тикдим.
— Ўқиганмисиз?—деди унинг сўзини кесиб бойвачча.
— Ўқиганман. Навоий, Фузулийни ҳам ўтганман...— жавоб берди Гуландом.
— Да, айланай отинчадан!—кўкрагига бир урди бойвачча.
— Илгари нима керак бўлса дадам бозордан келтираверарди. Биз билмас эдик баҳоси қанча, дадам пулни қаердан олади?.. Тирикчилик бошимизга тушгандан кейин ҳаммасини била бошладик. Энг бемаза, энг арзон шўрва-шултини қайнатиш учун игна билан қудуқ қазиш керак бўлар экан. Хотинларнинг меҳнати айниқса қадрсиз, сув текин бўлишни ўшанда билдим. Она-бола жаҳду жадал билан тикамиз, ҳар ҳафта атиги ярим сўм, уч танга ўзимизга қолади. Рўзғордан шундай танглик тортдикки, гапирсам, балки ишонмайсиз. Қиш вақтларида дадам зах дўконда ишлагани учун оёқ оғриғи бўлиб қолди. Уйдаги энг керакли асбобларни сотаверди. У биронта асбобни — буюмни қўлтиқлаб уйдан чиқаркан, биз она-бола ҳўнг-ҳўнг йиғлаб қолардик. Нарсага эмас, чолнинг аҳволига ачинар эдик. Пешанам қурсин, бойвачча ака, ғам устига ғам кўрдим. Мен ўн бешга кирганда аям ўлди. Ҳали қирққа бормаганди. Ёш кетди. (Гуландом бир нафас тўхтаб, бир «уҳ» тортди. Кўзининг чуқурлигидан келган томчиларни артиб яна секин сўзлай бошлади.) Аям ўлгандан кейин аҳволимиз яна оғирлашди. Унинг маъракаларини ўтказиш учун уйимизни қоқладик, қарзга ботдик. Мен укаларимни ювиб-тараб, кечқурун бир қошиқ оби ёвғон қайнатиб, болаларнинг етимлигини билдирмасликка уриндим. Борни тежаб, йўқни йўндириб, дам оч, дам чала қурсоқ бўлиб яшадик. Укаларимни, дадамни севганимдан, ҳар қандай оғирликни орқага ташладим. Болаларни қувонтиришдан бошқани ўйламадим. Ёшим ўн олтига роса тўлгани йўқ эдики, бир пахтачи бойдан хотин устига совчи чиқди, ёши элликдан ошган экан, ўғил-қизлари кўп, лекин пул қутуртириб, ёш қизга уйланишни орзу қилган. Ҳозир ҳамма ерда пулдорлар шундай қилишади. Бошқалар ош-нонга зор бўлса, улар қизга зор! Ёши ҳам, қариси ҳам.
— Бойлар текинга олмайди, пул харжлайди, жоним,— ғулдуради бойвачча. Гуландом бир оз сукутдан сўнг давом этди:
— Дадамнинг ёр-оғайнилари, қўшниларимиз буни маъқул кўришади, бечора чолнинг бошини айлантиришади, шу баҳона билан белингни бир оз кўтариб оласан, деган маънони очиқ айтмасалар ҳам, имо билан билдиришади. Дадам бир кун кечқурун овқатдан кейин, ўзининг қарилигидан, камбағаллигидан гапирди, анча вақт бошини эгиб хомуш ўтирди. Кейин кўз тириклигида мени узатмоқчи бўлганини, ҳалиги Толибжонбойга хотин устига беришга иложсизликдан, рози бўлганини уч-тўрт оғиз сўз билан билдирди. Мен, ихтиёр сизда, кимни маъқул кўрсангиз, розиман дедим. Дадам ҳўнграб йиғлаб юборди. Ўрнидан туриб, нафасини тута олмай, букчайиб эшикка чиқди. Фарзанд ўғилми, қизми барибир ота-онанинг юраги бўлар экан. Чол бечора ўша кунлари хафаликдан чўпдай қотиб кетди. Дастлаб, мен ҳам хафа бўлдим. Кейинча дадамнинг аҳволини ўйлаб, ақл тарозиси билан тортиб кўриб, тақдирга рози бўддим. Толибжонбойнинг кекса киши эканини, болалари кўплигини қўшни хотинлардан эшитганимда ичим ачиса ҳам, шундай дедим: бу савдо ёлғиз менинг бошимда эмас, юртда қанча қизлар сотилиб-соврилиб кетаётипти, дадам махалланинг кекса камбағали-ку, туппа-тузук одамларнинг қизлари ҳам пул учун иккинчи эмас, учинчи хотин бўлиб узатиладилар... Уҳ, менда ҳам орузлар, ҳаваслар бор эди. Ўзимга муносиб йигитга тегиб, бечорачилик билан бўлса ҳам, тинч, кўнгил билан умр кечиришни истар эдим. Кекса кишига, яна кундош устига тушишни хаёл қилганмидим? Лекин, вақти келганда, кўндим, укаларим тинч, тўқ яшасин дедим.
— Ҳа, буни яхши қилгансиз, айланай сиздан, дўндиқчам!— Тантибойвачча хотинга яна яқинроқ суқилиб, унинг дераза юқорисидан тушган офтобда қора олов каби ёнган сочларини силаб қўйди.
— Тўй катта бўлмади,— давом этди Гуландом,— ҳам жуда совуқ тўй бўлди. Лекин дадам беш юз сўм нақд пул олди. Тўйимдан икки ҳафта ўтар-ўтмас бир, кампирга уйланди. Укаларимнинг кир-чирини ювиб, бағрида олиб ўтирсин, деб бу ишга мен ўзим бош қўшдим.
— Бой акамиз қандай эканлар? Оти Толибжонбой дедингизми? Мен танимас эканман-да. Фарғона бойларидан кўпини танийман. Ораларида қалин оғайниларим бор. Лекин шу замонда бойлар кўпайди. Ҳаммасини билиш қийин,—деди Тантибойвачча.
— Тўғри, бойлар кўпайди. Аммо, камбағаллар, гадойлар-чи? Уларнинг сон-саноғи йўқ. Қаёққа қарасанг камбағал, бекорчи, нонга зор одамларни кўрасан,—Гуландом чойдан бир ҳўплаб, яна ўз ҳикоясини бошлади.—Мен — ўн олтига роса тўлмаган қиз, бирдан ёт ва катта оилага тушиб қолдим. Толибжонбойнинг беш ўғли, уч қизи бор экан. Икки ўғли уйланган, бир қизи эрга теккан, набиралари ҳам бор... Кундошим баджаҳл, шанғи хотин экан. Уч кун ўтмай, бошимда тош чақишга бошлади. Ҳар бир иш унинг буйруғи билан бўлади, ҳеч нимага мени бийлатмайди. Бой эрталаб кетиб, кеч қайтади. Уйдаги синоатни яхши билмайди. Уриш-жанжал кўпаймасии, деб бутун дардимни ичимга ютаман. Бир кундош зулми эмас, бир қарич боладан то катталаригача ҳаммалари менга душман. Ниҳоят, дардим юрагимдан тўлиб-тошиб, баъзи гапларни эримга айта бошладим. Бой нима деди? Кулади қўяди. Сен яхши бўл, ўзлари инсоф қилишар, деди. Шу тариқа бир йил қадар азобда яшадим, ўртада бой ҳам ўлиб қолди. Кечаси бир зиёфатдан қайтиб лахта-лахта қон қусди, азонга яқин жон берди. Билмадим, биров заҳарлаганми, ҳайтовур, вақти-соати етган экан. Бойнинг маъракаси ўтмасданоқ кундошим ҳам ўғиллари, қизлари уйдан қува бошлади мени. Қўни-қўшниларимиз, мерос олмагунча ҳеч қаёққа кетма, деб маслаҳат беришди. Ҳаммаси, меросингни ол, бойда ер кўп эди, пул кўп эди, дейишади. Қандай оламан, буни ўргатгудек одам йўқ. Маҳкамани билмасам, қозихонани билмасам, қаерга бораман? Дадам ювош одам бўлганидан, бундай ғавғолардан ҳар вақт қочар эди. Бойнинг ўғиллари бир тан бўлиб, менга кафтдай ер, бир тийин пул бермасликни очиқча айтишди, менга аллақандай қоғозлар кўрсатишди. Кучинг етса, мана шу васиқаларни янчиб ўт, деб ўдағайлашди...
— Бўшанг экансиз-да,—Тантибойвачча унинг сўзини кесди,—манжалақилик қилиб, додламадингизми, юзларини юлиб тимдаламадингизми? Пул устида ҳар қандай жанжал кўтарсангиз айб бўлмайди. Пул шундай азиз нарса!
Гуландом қайғу аралаш кулди ва «шошманг!» деб сўзини давом эттирди:
— Манга ҳам бир меҳрибон топилиб қолди. Бойнинг гумашталаридан Оқилжон деган бири мени ҳимоя қилди. У бир кун қўшниникига мени чақириб олиб, ҳамма ишни унга топширишимни сўради. Мен эшик орқасида туриб гапирдим, ялиндим, номимдан даъво қилишни топширдим. Оқилжон газет ўқийдиган, закунчи одам экан. Бойнинг ўғиллари билан бир қанча ой талашиб-тортишди. Ниҳоят, бойнинг ўғиллари қозиларга, катта-кон тўраларга порани кўпроқ бериб, ер-сувдан тамом маҳрум қилишипти, менга олти минг сўм пул беришга рози бўлишипти. Оқилжон менга тўрт минг сўм пул берди, икки минг сўм қозилар, амалдорларнинг қорнига кетди, деди. Шунга ҳам жуда севиндим. Тўрт минг сўм оз пулми! Шу ўртада Оқилжон уйланиш учун менга совчи киргизди, дадамга ҳам ўртоқларини юборди. Пулингизни ишлатаман, ер-сув қиламан, ,сиз бойвучча хотин бўлиб даври-даврон сурасиз. Укаларингиз ўз бағрингизда бўлади, деб бошимни айнитди. Ўзи яхшигина, сиз тенги киши эди, ҳам мени ҳимоя қилди. Шунинг учун рози бўлдим. У қўлимдан пулни олди. Иш тарақлаб, пул кўпайгандан кейин, бирваракай ичқи-ташқи данғиллама иморат саломан, деди-да, ёмонгина бир ҳовлини ижарага олди. Ўзи савдогарчиликка киришди. Яхши гапирди, силади-сийпади. Шундай қилиб уч ой ўтди. Бир кун, у, Бухорога жўнайман, деб қолди, ана ундай мол келтириб, мана мунчага сотаман, фалон-пистон, деб ҳовлиқди. Йўл учун дарров патир нон ёптирди. Бой эримникидан гилам ва бошқа асбоблар олиб чиққан эдим. Дастмоя мўл бўлсин, деб уларни ҳам сотди, бир духоба камзулимни Бухорода сотиш учун олди. Ёлғиз қолма деб аллақайдан бир кампирни топиб келди. Хўшлашиб, ўзи жўнади-кетди... Оқилжон ўн беш кунда қайтмоқчи эди. Бир ой ўтди — йўқ, икки ой ўтди — йўқ. На хат бор, на хабар! Савдога қизиқиб қолгандир, деб ўйладим, худодан унга оқ йул тилаб ўтирарердим. Пул ташлаб кетмагани учун, қақир-қуқурни сотиб харжладим. Беш ой ўтганда жуда ташвишландим. Уни, албатта, биррв ўлдириб, пулини олди дедим. Толеим қурсин, деб ёндим, куйдим. Фолбинларга бордим, азиз-авлиёларга назир атадим. Оқилжондан дом-дарақ йўқ. Саккиз-тўққиз ойда Оқилжондан бир хат келди. Савдогарлардан олдин хат келади, кейин ўзлари келишади, дедим-да, севиниб, хатни очдим. Ўша пайтда ерга йиқилаёздим...
— Хатда нима депти закунчи Оқилжон?—қизиқиш билан сўради Тантибойвачча.
— У ғирт муттаҳам экан,—жавоб берди Гуландом,— айтиптики, мен бола-чақали одам, янглишиб, йўлдан озиб сизга уйланган эканман: ниқоҳимдан чиқдингиз, мени кутманг, шунга ўхшаш гапларни ёзипти уйинг куйгур.
— Оббо қизталоқ шайтоннинг домласи экан-а! Закунчиларнинг кўпи шунақа бўлади, биламан,— деди Тантибойвачча папиросини тутатиб.
— Бойвачча ака, дунёда шундай мўлтони, тулки одамлар бўлар экан, қайси юртда, қай шаҳарда эканини ёзмапти. Қаерга бораман? Ёнимда кимим бор Кунларча, ҳафталарча қарғадим. Энди сутишга ҳеч нарсам қолмаган эди. Яна тикиш тикдим. Бу ўртада дадам қазо қилди. Укаларимни узоқ яқин қариндошдаримиз олиб кетишди...
Мен билан яшайдиган кампир бозорчи хотин эди. Бир кун бозордан қайтиб, менга куёв топганлигини сўзлади. Бир мирза йигит топдим, толеинг энди очилади, деб вайсади. Эрга тегиш хаёлимда ҳам йўқ эди. Чунки эркаклардан яхшилик чиқмаслигини билган эдим. Лекин ота-онадан айрилиб, укаларимдан узоқ қолганим учун юрагим дилгир эди. Ҳалиги кампир ёнимдан кетиб қолса, танҳо яшолмас эдим. Устимда битта чит кўйлакдан бошқа нарса қолмаганди. Шундай бўлса ҳам кўнмадим. Аммо кампир ўлгур мирза йигитни мақтайверди. Бир кун у мендан бёсўроқ, ҳалиги йигитни ҳовлига бошлаб келди, тамоша қил, тагли-тахтли одамнинг боласи, деди. Ҳовлида кулиб, турган йигитга эшик тирқишидан қарадим. У ёш, келишган йигит экан, бошида янги тагдўзи дўппи, устида оқ шоҳи камзул, беқасам тўн... Укаларимни боқса тегаман, дедим кампирга. Кампир у билан сўзлашиб, кейин рози эканини билдирди. Эртаси кун яна келди, кампирга, менга бир қучоқ кийим, ҳар хил мева-чева келтирди. Энди ундан қочмадим. У никоҳ ўқитмади. Тошкентга бориб, ота-оналарининг олдида тўйни қилмоқчи эканини сўзлади, бир ҳафта, ўн кун ичида яна қайтамиз, деб ялинди. Тошкентга бориб, мирза йигитнинг ота-оналарини, уй-жойларини кўриш қизиқ кўринди шекилли, рози бўлдим. Тошкентга келдик. Мени извошга ўтқазиб, тўппа-тўғри номер деган жойга олиб келди, кичкина бир уй ичига тиқди. Тўй қани, никоҳ қани, отаси-онаси қани, уйи қаерда?—ҳаммаси ёлғон экан. Мирза йигитим ўлгур ашаддий шалоқ, бузуқ йигит экан. Ҳаммасини кейин билдим, кўзим очилди, бефойда?.. Йўл-йўриқ билмасам, бу ерда бирон танишим бўлмаса, додимни ким тинглайди? У мени саллаликка ҳам, шапкаликка. ҳам рўбарў қилишга уринди. Бора-бора шу ерга келтириб, ўзи ғойиб бўлди. Яна менга ўхшаш бир шўрликни, бир ғариб бенавони қидириб кетди шекилли...
— Шу ернинг одами у. Ҳар шаҳардан дўндиқларни овлайди. Қўлга тушгансиз. Тақдирда ёзилганни кўраверасиз. Хафа бўлманг, жоним?— юпатишга тиришди Тантибойвачча.
— Худо мени ер юзида энг бадбахт қилиб яратган экан. Бу ифлос ерга туширгандан кўра, жонимни олгани яхши эди. Бузилдим, одамгарчилигим қолмади, суратим одам, бойвачча ака, мендан ҳайвон яхши...— Гуландом бошини қуйи солиб, қўли билан кўзларини яширди.
— Хафа бўлманг,— Гуландомнинг қўлини тортиб, деди Тантибойвачча,— ўз шаҳрингизга ҳам қайтиб қоларсиз. Сизга маслаҳатим шуки, сиз одамини топинг, ишрат қилинг. Сиз энди меники, қўлдан чиқармайман...
— Барибир эмасми? Сиз ҳам ёт эркак. Сиз мендан нима кутасиз, маълум; бу ердан қочсам тузалардим, балки,— Гуландом юрагидаги дард мавжини қуйган каби оғир хўрсинди.
— Мен сизнинг қадрингизга етаман. Яна бир неча улуғвор дўстларим бор. Кейинроқ улар билан таништираман. Сиз бизни хурсанд қилинг, хўжайинга билдирмасдан пул йиғинг. Ана унда ура қочасиз. Сизни ёлғиз пул қутқаради, тушундингизми?
— Пулни сизлардан хўжайин юлиб олади-ку. Шу вақт кампир овқат ва ичимликлар келтирди ва Гуландомдаги нохушликни сезиб деди:
— Хурсандчиликни қўлдан берманглар. Гуландомхон, ҳали сенга нима деган эдим? Бойвачча акангни маст қил, хурсанд қил, гулим,— кампир чиқиб кетди.
Тантибойваччанинг илтимоси билан Гуландом ярим стакан вино ичди. Юзларида ним ранг қизиллик ёнди. Бойвачча овқат еб, устма-уст ичиб, ҳисларини қуя бошлади. Қўллари Гуландомнинг кўкракларида изғиб қолди...
Гуландом бундай турмушга нафрат қилар, бу ифлос доирадан, фаҳш уясидан қутулишни истар, укаларини соғинар, уларни ўз бағрига олиб, ҳар қандай машаққатларга чидаб, тириклик тошини ўз қўли билан айлантиришни орзу этар, лекин, мирза йигитга алданиб, Тошкетга келганидан буён у бутун нафратига қарамай, фаҳшнинг маст қилувчи дудига истар-истамас, кўпроқ қайғудан, аламзадаликдан ўргана бошлаган эди. Ҳасратини дутор ва қўшиқ билан эритишга тиришар эди. Эркак билан сирли суҳбатлар ясаганда ичкиликдан, нози-ишвадан дастлаб ўзини тийишга ҳаракат қилса-да, лекин кўпинча бунга эриша олмас эди. «Меҳмон»нинг кўнгли учун озгина ичгач, кейин винонинг унуттирувчи, юпаттирувчи таъсирига алданиб, анча-мунча ичиб қўйганини ўзи билмай қолар эди.
Бугун ҳам шундай бўлди. Тантибойвачча ярим стаканни қистаб ичиргандан сўнг, ўзи секин-секин ярим шишага етказди. Юзлари ёнди, кўзлари маст порлоқлик билан сузилди.
Тантибойвачча анчагина маст бўлиб, оғзиға келганини валдирашга бошлади. Ҳар муносабат билан ўзини мақтади. Гуландомга суйкалди, унинг атлас кўйлаги остида болқиб турган кўкрагини ўйнади. Кераксиз бўлса ҳам, тантилик учун ҳар хил овқатлар, ичимликлар буюрдн.
— А, ўргулсин,— Тантибойвачча қозиқдаги дуторни кўрсатди,— чалинг, бир шингил ашула қилинг.
Гуландом дуторни олиб созларкан, деди:
— Дутор бўлмаса, бу зиндонда юрагим ёрилиб ўлар эдим. Бир қаричликдан дуторни севаман. Бир қўшни келинчакдан ўрганган эдим. Кўп чала берма, бузилиб кетасан, дерди онам боёқиш, айтгани келди... Лекин айб дуторда эмас!..
Атлас кўйлакнинг кенг енгини тирсакка қадар шимариб, илон бошли олтин билагузук чирмашган тўла, гўзал билакларини очиб дуторни чертди. Унинг бармоқлари дутор қилларида моҳир ўйнади. У эркакча — шаҳд билан чалди. Қиллар қандайдир чуқур мунг билан янгради. «Роҳат»ни эшитиб Тантибойвачча: «Эзиб юбордингиз, жонидан!»—қичқирди ва банги каби бир «дўст» тортди.
— Яна нимани?— табассум билан сўради Гуландом.
— Мен, тўғрисини айтсам, мақомларни билмайман,— ғулдираб гапирди Танти.— Билсам номларидан адашаман. Чалаверинг, нимани чертсангиз, ўша бизга ёқади. Бир шингил ашула ҳам қўшинг!
Гуландом ўйламасданоқ, дуторни чертиб, енгил, шўх ашулани бошлади. Унинг овози майин, тоза овоз эди. Ашулани битириб, дуторни деворга суяб қўйди.
— Қорним тўйгани учун яхши айтолмадим,— кулди Гуландом.
— Нима дедингиз? Қорин оч бўлиши керакми!— ҳайрон бўлиб сўради Тантибойвачча.
— Билмадим, мен бир вақтлар уйда, қариндошларимиз орасида ашула айтган эдим.— Гуландомнинг кўзлари бир онда дард билан сузилди, винодан бир қултум ютиб, давом этди.—Дадам келди: «Болам, қорнинг тўқ экан, овозинг хира чиқди», деди. Биз тушунмадик. Кейин ўша нарсани ҳикоя қилиб берди, ҳали ҳам ёдимда. Бир замонда,— деди дадам,— Афлотун деган бир ҳаким ўтган экан. У ҳеч тинмасдан фикр қилар экан. Лекин фикр қилганда, соқолини битта-битта юлиб олаверар экан. Қўлини банд қилиш учун бир нима ўйлаб чиқаришга уринипти. Ахир бир танбур ясабди. Танбури жарангламабди. Ҳайрон бўлиб ўтирган экан, кўчадан ҳали баланд овоз билан ашула айтиб ўтган йигитлар, яна ашула билан қайтишибди. Лекин, йигитларнинг овози энди жуда суст, бўғиқ эшитилибди. Афлотун югуриб эшикка чиқибди, йигитларни тўҳтатиб сўрабди:
— Болаларим дебди, ҳали овозларинг жуда баланд, янгроқ эди, энди нимага суст бўлиб қолди?—йигитлар кулиб шундай жавоб беришибди: «Ҳали қорнимиз оч эди. Зиёфатга бориб, кўп едик, кўп ичдик. Қорнимиз тўйиб, овозимиз пасайди». Афлотун дарров уйга кирибди, танбурга қараб, қорнинг тўқ экан, дебди-да, танбурнинг ичини кавлабди. Ана шундан кейин танбур жаранглаб чалинибди. Афлотун танбурни чалиб, соқолини юлмасдан, фикрга шўнғибди... Қалай? Дадам бундай гапларни жуда кўп билар эди, бизларни ҳеч зериктирмасди...
— Қизиқ эртак экан отинча, энди сира зерикмайдиган бўлдим. Қани, ўша Афлотун ҳакимнинг соғлиғига ичайлик!— Тантибойвачча кула-кула стаканни кўтарди.
— Ўлганларнинг соғлиғига ичадиларми?— кулди Гуландом.
— Хўп, ишқилиб жаннатда соқолини юлмасин... яна хониш қилинг...

* * *
Кечаси Тантибойвачча извош кира қилиш учун кўчага чиқди. Дарвозадан бир оз нарида турган баланд бўйди, гавдали одамга тикилди, извош фонарининг хира ёруғида таниш юзни учратди.
— Йўлчибой? Нима қилиб турибсан, Салим шу ердами?
— Икки соат бўлди, анов эшикка кириб кетган эди,— деди Йўлчи.
— Ҳозир соат ўн бир. Тез чиқмайди. Мени элтиб қўй. Шошма!
Йўлчи сўзлагунча, Тантибойвачча қоронғида йўқолди. Бир оздан кейин паранжига ўралган хотин билан бирга келди, шошиб-пишиб извошга ўтиришди. Йўлчи, Салимга хабар бермадик, деб эътироз қилди. Тантибойвачча қўлини секин силкди.
— Қўявер, хўжайин — мен. Чол қуламай турибди. Қулаган кун уларнинг ёқасйни бўғаман, меросимни даъво қиламан! Ман ким, ҳайда...
Чорсуга яқинлашганда, Тантибойвачча чап томондаги кичкина кўчани кўрсатди. Извош тўхтаркан, бойвачча олдин хотинни туширди, оёғи остидан бир ўрис саватини олиб Йўлчига тутди: «Олиб кир!»
Бойвачча кавакчадан чўп тиқиб занжирни туширди, каттагина оғир дарвоза «ғурр» этиб очилди. Қоп-қоронғи, узун йўлакдан ўтиб, ташқари ҳовлига чиқилди. Бойвачча бир уйни очиб, чироқ ёқди. Йўлчи саватни дераза остига қўйди. Ундаги шишалар чироқда ярқирарди. Тантибойвачча кўрпачага бемалол ўтириб, дўпписини бир чеккага отди. Даҳлиз томонга қараб қичқирди:
— Кираверинг, жоним!
Атлас кўйлак, ипак дуррачаси, кўркам сочлари билан ёниб-яшнаб Гуландом кирди. Кўзларини чиройли сузиб эски кийимда, лекин кучли, мағрур, келишган Йўлчига тикилди ва бойваччага қараб деди:
— Акам содда деҳқон йигитга ўхшайди. Содда бўлгани яхши. Негаки, шумларнинг қўлига тушиб, не балоларга гирифтор бўлдим. Ниҳоят, мана бу ерга ҳам келдим.
— Ёмон ерга келдингизми? Қаранг...— Тантибойвачча меҳмонхонанинг жиҳозига ишорат қилди.
— Ҳаммаси жойида!— Меҳмонхонага кўз югуртиб деди Гуландом,— ҳайронман, шу қадар бош билан шунча нарсани йиғдингизми?—Гуландом киноя билан кулди, Йўлчи ҳам беихтиёр кулиб юборди. Тантибойвачча Гуландомнинг сўзини ҳазил деб ўйлаган бўлса керак, аҳмоқча тиржайди қолди.
Гуландом гугуртни токчадан олиб, бойваччага имо қилди-да, эшикка чиқди.
— Қаршида...— хотиннинг орқасидан қичқирди Тантибайвачча. Сўнг Йўлчига қараб:— Шошма, кетарсан. Шишани ол, ичамиз. Ҳа, Салим, Ҳакимларнинг жағини эзаман, ука. Лекин чол ҳали бақувват, илиги соғ. Бир кун кўзини юмар ахир. Хотинимга тегадиган меросдан мани қуруқ қилишга уринишади улар. Лекин бўш келмайман!
— Элдан бурун ғовға кўтариб нима қиласиз? Хўп, ман кетдим,— Йўлчи эшикка бурилди.
—Шошма, ичсанг-чи бир пиёла? йўқми! Бўлмаса мана буни ол.— Бойвачча киссасидан бир сўлкавой олиб гиламга ташлади.
— Раҳмат, Мирисҳоқ ака, олмайман,— тўнгроқ жавоб берди Йўлчи.
— Бу ёққа қара, тентак! Камбағал бўлсанг ҳам ўлгудек одмисан, баландда юрасан, биламан. Бу феълингни ташла, ука! Ман санга икки оғиз гапирай: биринчидан, пулнинг қадрини бил, лўлининг эшагини суғор, пулини ол. Санга ярашади, негаки, камбағалсан. Шундай қилиб пул топмасанг сира одам бўлмайсан. Бу замонда фариштага ҳам пул керак. Иккинчидан, пулдорларга эгил! Атрофдаги одамлар бари пулдор одамлар, мана тоғанг, Ҳаким, Салим, мен, яна қанча бойлар бор! Уларга эгилсанг, бошингни силайдилар. Сани кўп синадим, сан ундай эмассан. Ташла бу қилиқни! Пулни ол!..— Қизил гилам устида ярқираб ётган кумушга ишорат қилди.
Йўлчи Тантибойвачча томон бир қадам юрди. Лаблари титраса-да, ўзини совуққонликка солиб сўзлашга тиришдн:
— Балли бу насиҳатга! Йигитнинг юраги, номуси, одамгарчилиги пулдан азиз, пулдан юқори эмасми? Пулдорларга эгилиш пасткашлик эмасми? Эгилувчи билан тиланчи орасида нима фарқ бор? Оз бўлса ҳам пешана терим билан топаман, суқтойлик, мўлтониликка сира юрмайман! Эгилсам бошимни силайсизларми? Йўқ, тек турай, бошимга таёқ билан уринглар, ҳа, шу яхши!
Тантибойвачча бир пиёла винони симириб, лабини буриштирди-да, Йўлчига қараб, «афсус!» дегандай калласинн қимирлатди.
— Ҳалиги жононни кўрдингми?— ҳовли томонга қараб қўйиб гапирди Тантибойвачча.— Бугун базм... Кўнгилга тегдими, яна ўз жойига элтиб қўямиз. Яна бошқаси, мундан созроғини қўлга иламиз. Гап пулда. Шу жонон ҳам бир мусулмоннннг қизи. Аслини суриштирсанг, ота-онасининг қучоғидан уни пул кучи сургаб чиққан! Сан ҳали ёшлик қиласан. Йигитлик эмиш. Бу қандай пучак сўз!
— Манимча,— ўйланиб гапирди Йўлчи,— айб ёлғиз пулда эмас. Айб одамларда, тўғриси, пулдор акаларда. Пулга суяниб ҳар бир номаъқулчиликни қиладилар. Пулнинг кучидан бошқача фойдаланишга йўл йўқми? Мана, бир мусулмон қизига қилган яхшиликларинг?..—Йўлчи кескин ҳаракат билан қайрилиб, ташқарига отилди.
Жимжит, қоронғи кўчалардан отни қаттиқ ҳайдаб кетди. Ҳуштак, шақилдоқ чалган танҳо қоровул кўлкалари унда-бунда учраб қолар эди. Йўлчи Гулнорни кўз олдига келтирди. Маст, аблаҳ Тантибойваччага яна қаттиқроқ гапирмаганига афсусланди. Салимбойвачча ҳам бир камбағал қизни қучоқлаб, ҳозир ишрат қилади. Унинг гандираклаб чиқишини кут, қачон чиқади? Бугун уйқу йўқ. Эрталаб далага жўнайди. Бутун кун ер ҳайдайди!
Ўрдадан ўтганда дарахтларни, уйларни хира нур ёритди: енгил булутлар орасидан ойнинг бир парча кумуши кўриниб қолди...

Еттинчи боб
I
Нурннинг ҳовлисидаги гилослар гуллаган. Уларнинг оппоқ кўркам гуллари қуёш нурида жуда нафис товланар, сонсиз арилар ва баҳор қўнғизлари гуллар орасида учишиб, ажиб мусийқа тарқатарди. Гуллар ҳидига тўлган илиқ, маст қилувчи ҳаво... Лайлак келганига анча вақт бўлган эса-да, аллақайдан томда ўйнаган болаларнинг овозлари эшитилар эди.
Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди...
Нури гилослар остига қўйилган, панжаралари кўк бўёқ билан сирланган катта ёғоч каравотга қалин кўрпача ёйиб, ёстиққа ёнбошлаб ўтирар эди. Қаршисида, Нуридан ўн қадам нарида Гулнор, дам секингина қўшиқ айтиб, дам Нури билан у-бу тўғрисида гаплашиб, кир ювар эди. У, букун шод, баҳор унинг нашъасига нашъа, гўзаллигига гўзаллик қўшган!.. Енглари шимирилган, тиқмачоқдай оқ билаклар қуёш нурида кумушланар, сочлари қуюқ, киприклари майин ёнар эди.
Нурининг қайнанаси гоҳ-гоҳ келиб, Гулнорга боқишар ва уни мақтар эди.
— Қоп-қоп олтин-кумуш тўкиб олса азрийдиган қизсан. Илоҳим бахтли бўл! Онангга, отангга раҳмат, сенга иш ўргатишипти...
Қайнананинг сўзларини ўзига пичинг деб билган Нури, лабини буриб, аччиқланиб деди:
— Олтин-кумуш қурсинки, ҳамманинг оёғига тўкилаверса... тупроқми?!
— Вой, Нуринисо,— қошларини маънодор чимириб жавоб берар эди қайнана,— эшитмаганмисиз, қадимгилардан қолган бир гап бор: қизга олтин тахт эмас, бармоқдай бахт тила... Ажаб эмас, бахти очилиб, Гулнор ҳам яхши, обрўли жойларга келин бўлса... Ҳа, бу олтин-кумуш эмасми!
— Қуда хола, ундоқ мақтайверманг мани. Ишдан айниб қоламан. Мандай хизматкор, камбағалнинг қизига яраша бир камбағал топилиб қолар. Ўзи яхши бўлса, ақли бўлса — бас.— Кулиб дер эди Гулнор.
Нурининг ҳеч қандай сўзга, ишга тоби йўқ эди. У ўз режасини юзага чиқара олмагани учун, дам ғазабланар, умидсизланар, дам яна янги ҳийлалар тўқишга уринар эди. Йўлчини ёдларкан, унинг юрагида энди ғазаб қўзғалар эди. Отасининг остонасида юрган бир камбағал малай йигит уни назар-писанд қилмасин, унинг ялинишларини, ваъдаларини тингламасин! Ким у? Нега мунча ноз қилади, кеккаяди? «Ман қизлик вақтимда у хавфланди, мандан қочишга интилди. Бу нарса яхши бўлди. Ман унга, албатта, тегмасдим. Шўхликка берилиб, ўзимни беҳуда шарманда қилган бўлар эдим. Лекин энди нимага қочади? Нимадан, кимдан қўрқади? Йўқ, бунда бир сир бор. Ман бу ишни, албатта, очаман!»—деб ўйлар эди Нури.
Ҳозир у қайнанасининг ҳалиги гапларига чидамасдан ўрнидан турди. Ҳовлида ғивиллаб юмуш қилган қайнананинг кўзида, жўрттага бошини баланд кўтариб, қўлларини белга тираб, худди меҳмонга келган такаббур келин қаби, ялқовланиб кезди, гилос гулларини томоша қилди. У шу билан қайнанасига «Чидасанг — шу, чидамасанг — катта кўча. Онам мени иш учун туққан эмас. Сан мани ким билан тенглаштирасан? Гулнор бошқа, мен бошқа!» демоқчи бўлди. Катта ҳовлини, гилосзорни айланиб, Гулнорнинг ёнида тўхтади.
— Чарчадингми?—деди димоғ билан.
— Йўқ. Бундан кўпроқ кирларни юваман-ку.
— Поччанг келса...
— Қачон қайтадилар?
— Аллақачон қайтиши керак эди. Билмадим, қачон келади. Поччанг келса, бир «оқсоч» ҳам бир эркак хизматкор ёллатаман.
— Айниқса «оқсоч» керак сизга.
Нури бир қўли билан дарахт шохини ушлаб, Гулнорга юқоридан тикилиб турди-да, жиддият билан деди:
— Хизматкорликка Йўлчибойни сўрамоқчиман. У синалган одам, сан нима дейсан?
Гулнор бир зум бошини кўтариб, Нурига қаради, яна қуйи солди. Ҳеч нима демади. Лекин, Гулнор қараган вақтда унинг кўзларидаги маънони Нури пайқаган эди. У истеҳзо билан илжайди, синовчи кўзлари билан қизга узоқ тикилиб турди. Гулнорнинг ранги ўчган, лаблари титроқ. Гулнордаги бу ўзгариш уни қизиқтирди. Қизнинг юрагидаги сирларини бутунлай ошкора қилишни истади:
— Нега индамайсан? Йўлчибой бизникига келса, ёмон бўладими? У ўз қариндошим. Поччангдан кўп-кўп пул олиб бераман унга. Аммам боёқиш эшитса хурсанд бўлади. Йўлчини, албатта келтираман. Ўзи ҳам қанот қоқиб келар...
Гулнор титроқ лаблари билан базўргина: «Яхши... аммангизни севинтиринг, ман нима?»— деди-да, кир ёйишни баҳона қилиб узоқлашди. Нури маъноли кулиб, бошини тебратиб, унинг орқасидан қараб қолди...
Кечқурун Гулнор ўз уйига қайтаркан, йўл-йўлакай ҳасратда ёниб, қоронғи хаёлларга чулғонди. Паришонликдан бир неча ерда қоқилиб ўткинчиларга ўзини уриб олди. Йўлчи тўғрисида Нурининг сўзларини эшитган ҳамон, олам унинг кўзига қоронгиланди. Чунки у Нурини билар эди, кўнглига келган ҳар бир орзуни вужудга чиқара билишига чуқур ишонар эди. Йўлда кетаркан, унда турли ўй ва хаёллар билан бирга шундай шубҳа туғилди. «Нега Нури эркаклар ишига бурнини тиқади? Хизматкорларни эри топсин. Йўлчидан бошқа йўқми? Нима учун Нури қишлоқда унутилган аммага ва унинг ўғлига бундай меҳрибон бўлиб қолди? Бунда тағин бир сир бўлмасин... Нури қизликда қандай енгил эди? Оғзидан ҳеч бир қизга ярашмайдиган сўзлар чиқар, йигитларга ҳазиллашишни, тегажакликни яхши кўрар эди...»
Агар Йўлчи Нурининг уйига кетиб қолса, у вақт нима қилади? Бу саволга сира жавоб беролмас, ёлғиз юраги ёнар эди. Йўлчи абадий ғойиб бўлган, узоқ юртга кетган каби туюлар эди.
Қиз ҳорғин, паришон ҳолда уйига етди. Онаси эртага барвақт боққа кўчишга тўғри келгани учун тезроқ ётиб тинчиш кераклигини айтди. Гулнор бу хабарни жуда совуқ қарши олди.
Ёрматнинг оиласи ҳар йил хўжайинлардан бир-икки ой илгари кўчар, хўжайинлар кўчиб боргунча боғнинг ҳамма ишини саранжом қилиб қўяр эди. Дадаси, онаси билан Гулнор ҳам эрта-кеч ишлашар эди.
Хуфтонга яқин Ёрмат келиб, ўзи эртага бошқа иш билан банд бўлгани учун, кўчни Йўлчи олиб боришини, ўзи эса кечқурун боришини сўзлагач, Гулиорнинг кўнглини қоплаган ҳасрат дуди тарала бошлади... Ўрнига ётганда тезроқ тонг отишини кутиб, ҳорғинлигига қарамай, уйқуси ўчди..
Арава дала йўлида. Ёрматнинг қақир-қуқури оз бўлгани учун, араванинг олдинги қисмида Гулнор ва онаси бемалол жойлашган эди. Севикли қизни олиб бораётгани учун қувонган Йўлчи отни илдам ҳайдар, паст, эшитилар-эшитилмас овоз билан қўшиқ ҳам айтиб қўяр эдн. Паранжига ўралган Гулнор атрофидаги нарсаларни онасига кўрсатиб, титроқ овоз билан сўзлар, лекин Йўлчига сўзлашга ботинмас, сўзлашув учун бирон баҳона, сабаб қидиришга тиришар эди. Кечаги дард қалбининг бир чеккасини оғир тош каби ҳали эзса-да, у ҳозир буни ўйламасликка уринар эди.
Қуёш, тоза ҳаво, кенг тиниқ зангори осмон кўзларни беихтиёр тортади. Дала йўлининг икки томонидаги боғлар туташ гуллар билан қопланган. Ўрик, олма, шафтолилариииг кўркам гулдасталари, тоза руҳли қувноқ табиатнинг мўл-мўл ёнган гўзаллик сепи қуёшда турли ранг ва нур билан порлайди. Унда-мунда деҳқонлар ориқ, ҳорғин ҳўкизларнинг туртиб чиққан суякларига «шақ-шақ» уриб, омоч билан ер сурадилар. Бир йигитча кетмон билан ер чопади, овозини қўйиб ора-сира куйлайди, дарахтларда қушлар унга жўр бўлади. Ялангликда подачи бола танҳо тентирайди...
Кўч бойнинг қўрғонидан нарироқда, пастгина гувала девор билан айлантирилган, бутун иморати биргина айвондан иборат қўрғончага туширилди. Гулнор ва онаси дарров ҳовлини супуриб-сидириб, нарсаларни жон-жойига саранжом қилиш билан овора бўлишди. Зарур ишлар битгач, она чой қайнатишга буюрди. Кичик ариққа ҳали сув келмагани учун, Гулнор челак кўтариб, катта ариқда жўнади. У «ёлғиз оёқ» йўлдан борди. Ҳар томон кўм-кўк майса, майсалар орасида турли-туман гуллар...
Бошига онасининг камзулини илиб, баҳорда яшнаган ва ёшлигидан буён таниш бўлган жойларни сайр этиб кетаётган Гулнор катта ариққа яқинлашганда, бирдан тўхтади: ариқ ёқасида Йўлчи юз-қўлини артиб турарди... Гулнорнинг юраги кучли тўлқинланди, бутун гавдасини тотли бир титроқ босди. Орқага қайтиш-қайтмаслик тўғрисида бир лаҳза ўйлаб, кейин олдинга қараб юрди. Йўлчи секингина четланди.
— Челакни шу ерга қўйинг, Гулнор, сувни ман ўзим элтаман,— деди Йўлчи.
Гулнор юзини бошқа томонга ярим ўгириб, жавоб берди:
— Раҳмат, сув ташиб ўрганганман. Сиз ҳам чарчагансиз.
— Чарчаш? Йўқ, Гулнор,— деди кулиб Йўлчи,— чарчаш уят-ку, айниқса, сизни кўчириб келган кун...
— Чинданми? Ё анчики, кўнгил учунми?—шўхлик билан сўради Гулнор.
— Ишонинг, сўзларим юракдан.
Гулнор челакни лойқароқ сувга ботирди ва ариқ бўйига олиб қўйди-да, деди:
— Сиз ҳар вақт чин сўзлайсиз, ишонаман, Йўлчи ака. Лекин... сиз яхши ишлаганингиз учун бошқалар олиб кетмаса экан, деб қўрқаман.
— Нима дейсиз? Тушунмадим, Гулнор?— Йўлчи атрофига кўз югуртиб, қизга томон икки-уч қадам босди.
Гулнор бошига илган камзулни жўрттага эплай олмаган бўлиб, юзини бир зумгина Йўлчига кўрсатиб олди.
— Айта қолайми?.. Нури опам, Йўлчини биз оламиз, бизникида ишлайди, деди. Ростми, биздан кетасизми?— хўрсиниб гапирди қиз.
— Эҳ-ҳе, ҳали шундайми? Нури опангиз тушини сувга айтсин, занжир солиб судрасалар ҳам бошқа ёққа бормайман. Тўғри, бу ерда бир кун тиним йўқ. Бу ердан яхшироқ жой топиб бўлар, лекин истамайман...— деди йигит.
— Нимага? Ҳар ким ўз тинчлигини хоҳлайди. Нури опаники ҳам яхши жой-ку,— деди-да, Гулнор яширинча Йўлчига қараб олди.
— Буни ўзим биламан.— Йўлчи бир оз сукут қилди. сўнг деди:—Сизга айтсам, хафа бўлмайсизми?
— Нимага хафа бўлай? Айта қолинг, балки севинарман, ким билади...— ширингина сўзлади Гулнор.
— Сизни кўзим қиймайди, сиздан узоқлашгим келмайди, Гулнор!
Гулнор юзини роса очди, юрак тўлқини шиддатланди, ғайри шуурий равишда Йўлчи томон юрди. Чиройли кўзларидан томчилар гул шабнами каби юзларига қуюлди, лаблари титради:
— Ростми? Рост?..
— Чин сўзим, Гулнор, манга ишонмайсизми?
— Ман... қайдам,— Гулнор кўзларини бир лаҳза туширди, сўнг Йўлчига тикилиб деди,— йўқ, ман ишонаман. Ўзимдан ортиқ сизга ишонаман. Сиз кўнгли тоза йигит, биламан...
Йўлчи титроқ қўллари билан Гулнорнинг сочларини аста силади. Ҳар иккисининг кўзлари ёш ва кучли муҳаббатнинг чуқур маъноси, нашъаси ва самимияти билан бир-бирига узоқ тикилди...

II
Гулнорни синовдан ўтказгандан кейин, Нурида ҳеч қандай шак-шубҳа қолмади. У ҳар қизнинг, ҳар хотиннинг феъли, ахлоқини ўлчашда ўзини намуна қилганлигидан, Йўлчи билан Гулнор ўртасида бир кўп сирли воқеалар бўлганига ишонди ва шундай ўйлади: «Йўлчининг бошини айлантирган, орзуларимга тўсиқ бўлган — Гулнор. Чучварани хом санабди чўри қиз. Ҳадди борми?! Мен унинг кўзини ўйиб олай, ошиқ-маъшуқликни унга ким қўйибди, тирмизак чўри!»
У иккиланиб ўтирмади. Уч кундан сўнг, онасининг олдига югурди. Лекин Ёрмат оиласининг боққа кўчиб кетганини эшитиб афсус қилди: кошкийди, Гулсумбиби шу ерда бўлса, Гулнорнинг «бузуқлигини» унинг қулоғига еткизса...
Нури энди ўз онаси орқали бу «сирни» фош қилмоқчи бўлди. Одатдаги зиёфатдан сўнг, онаси Лутфинисо билан ёлғиз қолиб, ивир-шивир гаплаша бошлади. Лутфинисо одатдагича, ҳарсиллаб, нафаси бўғилиб, келинларидан шикоят қилди. Уйда ва қариндош-уруғларникида бўлиб ўтган ҳар хил майда гапларни, ғийбатларни ва келинларига қарши хаста кўкрагида йиғилган гина-кудуратни эзмалик билан, бирон сўзни унутмай, бирон сўзни ямламай, қизининг олдига тўкди. Ёшликдан бошлаб шундай ивир-шивир—ҳасратлашишни, ҳар хил ғийбат ва чақимчиликни яхши кўрган Нури, сира зерикмасдан аксинча, ҳузурланиб тинглади. Дам кулди, дам газабланди, дам онасига йўл-йўриқ кўрсатди. Ниҳоят, гапира-гапира қақраган лабларини тили билан ялаб, Лутфинисо жим бўлди. Кейин «ғийбат китобини» беками-кўст қилиб қизи ўқиди. Гулнор тўғрисида сўзлаган-да, товушига сирли оҳанг берди, ғаниматни қизғанган олақарғадай, атрофга олақароқ кўз югуртиб деди:
— Гулсум опа ўлгур йўқ экан, айтадиган гапларим бор эди. Ойи, сиз бу ерда ўтирасиз, ён-бағрингизда қанақа ишлар бўлиб турганнни билмайсиз!—Лутфинисо қулоғини тиккайтирди, «а!» деб Нурига яна яқинлашди.— Жувонмарг Гулнор ғирт бузуқ экан-ку!
— Нима дейсан, нима?—Лутфинисо кўзларининг оқини ўйнатиб, лабини ялаб қизига тикилди.
— Гулнор бузилипти, яна ҳалиги сирли товуш билан давом этди Нури,— Йўлчи билан иккови мана мундоқ эмиш!— Нури икки бармоғини бир-бирига маҳкам чирмаштириб кўрсатди, сўнг яна давом этди,— иккиси ошуқ-маъшуқ... манга қолса, айб Йўлчида эмас, айб Гулнор шайтонда. Қиз қучоғини очса, йигит йўқ дейдими? Вой Гулнорнинғ шайтонлиги-е!
Лутфинисо: «Вой жувон ўлур!» деб лабини тишлади. У қизининг сўзларига ишончи тўла бўлганидан, ким айтди, қаердан билдинг ва ҳоказо саволларни сўрашга ҳожат топмади. Шамол теккан оловдек ловиллаб кетди.
— Вой, шарманда ўлсин! Туғиб қўйса-я?1—Лутфинисо бетоқат бўлиб бошини чайқади.
Нури бунга сира ишонмаса ҳам, лекин «сукут аломати ризо» деган каби индамади. Нафаси қисилишига қарамай, онаси давом этди:
— Ишқилиб бўйида бўлмаган бўлсин. Вой қиз ўлгур, бало экан, ичидан пишган экан. Афтига қарасанг, шундоқ мопора, ақлли-ҳушли қизга ўхшаб кўринади...
— Ойи, шунақаларнинг кўпи бузуқ чиқади, шунақаларнинг кўксини шайтон эгаллаган бўлади,— деди Нури.
— Гапинг тўғри, қизим. Сан бир қоп ёнғоқдай шалдир-шулдур эдинг, опанг ҳам шўх, қақилдоққина эди. Мана икковларинг, худога шукур, қоғозга ўралган қантдай топ-тоза бўлиб етишдинглар. Кўзларинг эркак бетини кўрмади. Сизлар ҳур қиз экансизлар... Ҳа, Гулнорнинг таги паст-да. Отаси ким? Онаси ким? Малай, чўри... Зотига тортади, зоти паст. Энди Гулсумни чақиртириб, қулоғига шипшитаман. Ҳозирча Ёрмат билмай қўя қолсин... Қизингни тездан бир мусофир-мужофирга узат, ўз тенгингни топ дейман,— деди Лутфинисо.
Нури бир оз ўйлади, онасининг ҳовлиқмалигини ва бу сирни эркакка ҳам, аёлга ҳам ёйишга тайёрлигидан чўчиди, агар ўз дадаси ва акалари эшитса, улар Йўлчининг шалоқ йигит эканига ишонадилар, ҳайдайдилар; кейин Йўлчини хизматкорликка ола билмайди у, Йўлчига етишув ўрнига, ундан мангу айрилади. Сири очилган Йўлчи ундан — Нуридан ғазабланиши ва унинг ўзини шарманда қилиши мумкин... Мана шу мулоҳазалар орқасида у бир оз бўшашди.
— Ойи,— онасининг тиззасини туртиб деди,— тағин дадамга, акаларимга гапирманг бу сирни. Келинойиларим ҳам зинҳор эшитмасин. Ҳар қанча гап бўлса, Гулсум опанинг ўзига айтинг, тузукми?
— Шошма, Нури,— сабрсизланиб шивирлади онаси,— Гулнорни Йўлчига беришса бўлмасмикан? Барибир иккови ўйнашиб қўйипти. Расми қиз бузилса, уни ўз ўйнашига беришади.
Нури бу нарсани сира ўйламаган ва онасидан бундай таклифни асло кутмаган эди. Шунииг учун кутмаган ҳол қаршисида бир оз довдираб қолди, кейин эътироз қилди.
— Бўлмағур гапларни оғизга олманг. Йўлчи бизникига ишлагани келган, ишласин. Пули йўқ, жойи йўқ, ҳам ўзи ёш ҳали, хотинни нима қилади? Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Йўлчи беш-ўн йилдан кейин ўз қишлоғида, онасининг бағрида уйлансин. Бу тўғрида зинҳор оғиз очманг!— Нури қатъият билан қўлини силкиди ва давом этди сўзида:—Ким билади, Йўлчибойни хизматкорликка бизлар оламизми. Бир вақт куёвингиз палон хизматкорларинг жуда яхши йигит экан, у йигитни манга бера қолсинлар, деган эди.
— Ман шу иккала шум бирга бўлсин деган эдим. Гапинг тўғри; даданг ҳам хизматкорнинг уйланишини сира ёқтирмайди. Гулнор бузуқ қиз бўлса, кўзимиздан узоқроқ жойга йўқолгани яхши. Ўзига яраша биронта ялангоёқ топилар,— деди-да, Лутфинисо белини ушлаб, инграб ва ҳар қадамда «тавба-тавба!» дея таҳорат қилгани кетди.

III
Гулнор икки ҳафтадан буён дадаси ва онаси билан бирга ҳар кун боғда ишлайди. Улар бутун боғ ишини ўз кучлари билан бажариб, хўжайинлари кўчиб келишигача ҳамма ёқни жаннатдай яшнатишлари лозим...
Боғ гўзал. Унда қуёш ва енгил шамолнинг, гуллар ва майсаларнинг қувноқ ўйини кун бўйи давом этади. Боғнинг ҳар бурчагида ўзга бир латофат; ариқларда сув кумушланади, майсалардан уқа тутган ҳовуз сув билан эмас, нур билан тўлган каби жимир-жимир мавжланади. Бир ёқда мевали дарахтлар — туташ ҳаво гулзори ясайди. Боғнинг қуйи томонида бир чизиқда саф тортган баланд, адл тераклар...Улар ҳар вақт майин титрайди. Қушлар куйлайди, ариқларда сувлар, дарахтларда барглар куйлайди. Улар билан бирга боғ ичида Гулнор ҳам куйлайди. Қиз ўз овозини бошқаларга узоқдан эшиттириши ҳам гуноҳ... У секин куйлайди. Дадаси ва онаси бўлса эди бунга ҳам жасорат қилмаган бўлар эди. Лекин, у ҳозир танҳо. Онаси шаҳарга — бойникига тушиб кетган. Дадаси эса, иши жуда зарур бўлгани учун, қизни ноилож ёлғиз қолдириб, арава қўшиб бир ёққа жўнади.
Гулнор очилган токларни ишкомга кўтариб тол пўстлоғи билан маҳкамлаб боғлайди. Унинг кўнгли шод, кўксида ҳасрат эмас, ёрқин умидлар ёнади.
Ногоҳ катта дарвоза томондан таниш товуш янгради:
— Ёрмат ака!
Гулнорнинг юраги тўлқинланиб кетди, бир зум энтикди. Сўнг паришон сочларини шамолда тўзғитиб югурди. Лекин бойнинг қўрғони орқали ўтиб, дарвоза томон чопар экан, от етаклаб дарвозадан кираётган Йўлчини кўриб қолди. Қиз дарров чекилиб, қўрғон эшиги орқасига ўзини олди, эшикнинг бир қанотини қия очиб, қизил гул ғунчасидай лабларидаги табассум билан Йўлчига қаради. Йигит эшикдан бир неча одим нарида, отнинг бошини силаб турар эди. Улар кўзлари билан илиқ, самимий саломлашишди.
— Ёрмат ака қаёқда?—шубҳаланиб сўради Йўлчи.
— Дадам арава қўшиб бир ёққа кетди. Токларга поя келтирса керак,— кейин нозли кулиб қўйди Гулнор.— Сиз қаердан? Жим бўлиб кетдингиз?
— Мен «катта ердан»,— кўзларини қиздан узмай, қандайдир ички ҳаяжон билан гапирди Йўлчи,— иш кўп. Хўжайинлардан ҳар кун буйруқ келади: ундай қилинглар, бундай қилинглар... Лекин, ўзим у ерда бўлсам ҳам кўнглим, хаёлим бу ерда, ана шу боғда... Овозингизни эшитиш умиди билан атайлаб келган эдим. Бахтимга ўзингизни ҳам кўрдим.
Гулнор уялган каби, табассум билан бошини қуйи солди.
— Атайлаб келмагансиз, ишингиз бордир,— деди қиз секингина.
Йўлчи кулди ва қиз томон яқинлашди.
— Рост, сиз учун келдим. Одамларга кетмон олиб боришни баҳона қилдим. Кетмон етишмай турибди ҳозир: Ёрмат аканинг кетмонини олиб кетаман-да.
— Олиб чиқайми?—Гулнор кўзларини табассум билан сузди Йўлчига.
— Майли.
Йўлчи қуёш ва дала шамоли билан бир оз қорайган. Аммо бундан унинг йигитлик ҳусни яна кучлироқ барқ урган эди. Ҳозир Гулнор учун қаршисида турган йигит арслонга чанг сола билажак бир қудрат ва жасоратга эга кўринди. Шу билан баравар қиз унинг кўзларида самимий меҳр, қандайдир нозиклик ҳам кўрди.
Йўлчи қизнинг қўлидан кетмон оларкан, бир қўли билан унинг билагидан секингина тутди. Юрагида сезгилари тошганлиги ва айтиб битиролмас, сўзга сиғмас фикрлари, ҳислари борлигини кўрсатувчи бир вазиятда Гулнорга тикилиб қолди. Сўнг, кенг ва мард юзини бирдан илиқ кулги қоплади:
— У кунги гап-а? — деди.
Гулнор чиройли ва эрка табассум билан, хўп дегандай, бошини қимирлатди, кейин: «албатта!» деб сўз билан таъкидлади. Ниҳоят, уларнинг лаблари беихтиёр бирлашди, қонларида, томирларида баҳор қуёши эригандай бўлди... Йўлчи отни елдириб тепаликда кетаркан, орқада қолган пастликдаги боққа беихтиёр қаради. Яшнаган боғ ичидан кўзлари Гулнорни топди. Қуёш нурида узоқдан қордай порлоқ кўринган оқ кўйлаги, товланиб ёнган, нурланган сочларини шамол юмшоққина хилпиратар, гуллар, яшилликлар орасида унинг адл— келишган қомати, шаффоф бир хаёл каби, гоҳ ялт этиб кўринар, гоҳ ўчар эди. Гулбоғчадаги у пари кўздан ғойиб бўлгунча, отни секин юргизиб, кўксидаги чексиз шодлик билан қаноатланган, ширин ўйларга ботган ҳолда кетди.
Гулнор, кутилмаган чоғда кетмон олиб кетиш баҳонаси билан келган Йўлчини кўрганлигидан севинди, юрагига сиғмай, севикли йигитнинг хаёли билан завқланиб, анча иш қилиб қўйди. Чой қайнатиб ичишнида унутди. Кечга яқин, дадаси қайтгач, қўрғонга кирди, ҳар кунги каби қора шўрва учун олов ёқди. Овқат пишар олдида онаси ҳам шаҳардан етиб келди. Лекин, унинг ранги касал одам каби дардли, ўчиқ ва кўзларида ғазаб ёнар эди.
Гулнор шу ёшгача ҳеч вақт онасини бу кайфиятда кўрмаган эди.
— Нима бўлди, ойи, бетобмисиз? — қўрқа-писа сўради Гулнор.
Гулсумбиби индамади, ёлғиз золим кўзлари билан ўқрайди-да, айвоннинг бир чеккасида, касал каби чўзилиб ётди.
Гулнорнинг қўл-оёқлари бўшашди, ўчоқ ёнида чўққайиб, узоқ ўйлади. Аммо, онадаги бу ўзгаришнинг сирини сира тополмади.
Боғ ичидан Ёрмат чиқди. Хўжайинлар тўғрисида хотинига саволлар берди. Лекин, тўла-тўкис жавоб олмагани учун Гулсумбибига анча-мунча қўланса сўзлар, сўкишлар ёғдирди, Зир-зир қалтираган Гулнор шўрвани нари-бери сузиб келди. Гулсумбиби бир қошиқ ҳам ичмади. Гулнорнинг ҳам иштаҳаси кесилди, икки-уч қошиқ шўрва ҳалқумидан базўр ўтди. Ёрмат товоққа қаттиқ нонни кўп тўғраб, иштаҳа билан еди, ичди, ўз товоғини бўшатиб, хотинининг товоғини ҳам ўз олдига сурди:
— Ит феъл, бадбахт! Қош-қовоғидан нақ қор ёғади,—ўзича валдирайверди Ёрмат.
— Ойим чарчагандир, сўкишингиз ортиқча,—деди
— Катта ойим шаҳарда қўшга қўшиптими бу аблаҳни?! Чарчаганмиш, ўлиб кет!—Гулсумбибига, қизига ўқрайиб вайсади Ёрмат.
Гулсумбиби ўликдай чўзилиб ётаверди. Намозшомдан кейин, уйқуси келмаса-да, Гулнор ўринга кирди, кўрпага бурканиб пиқ-пиқ йиғлади.
Қиз эрталаб туриб, дарров онасига разм солди. Унинг юзида кечагидан қўрқинчлироқ ғазаб сезди. Онасивинг кўзидан тезроқ қочиш учун у ариққа бориб, апир-шапир бет-қўлини ювди, рўмолининг бир учи билан артиниб, боғда ишлашга югурар экан, Гулсумбиби қайтарди.
— Шошма, даданг йўқлигида сан ўлгур билан гаплашиб олай, юрак-бағримни заҳарладинг!— ўрнидан туриб, илдамлик билан қўрғон эшигини занжирлади Гулсумбиби.
Ҳеч нима билмаган, тушунмаган Гулнорнинг ранги ўчди, ховли ўртасида тошдай қотди. Гулсумбиби унинг қўлидан судраб, айвонга келтирди.
— Боланг неча ойлик бўлди, ер ютгур?!—бўғилиб сўради ва қизни бир тепди.
— А, нима гап? Уялмайсизми?!—Гулнор бошини устунга уриб қичқирди.
— Секин гапир, секин... шарманда қилдинг, бошимни ерга букдинг, сан жувонмарг! Ёшлигингда ўлиб кетсанг эди, бундай гапларни эшитмаган бўлар эдим. Айт, қачондан буён ўйнашасан... Тиғпарронга учрагур Йўлчи билан қачон топишдинг?— Гулсумбиби қизини оёқ остига олиб, унинг баданини омбир билан чўзиб тортгандай, чимчилаб, уза бошлади. Лекин ҳозир Гулнорнинг бутун гавдасини парчалаб ташласалар ҳам, оғриқ сезмаган бўлар эди.
— Бу қандай туҳмат! Жонимни ол, худо, сандан бошқа кимим бор, ўз онам шундай туҳмат қилса!— ўзини уриб ҳўнгради киз.
— Нимаси туҳмат!—Гулсумбиби Гулнорнинг қулоқларини чўзиб тортди.— Сан ўзинг Нурига айтибсан, Нури онасига айтибди, ҳаммасини эшитдим, эсимдан оғаёздим. Шаҳардан бу ерга қандай етиб келганимни билмайман.
Туҳматчининг номини эшитган хамон, Гулнор сачраб ўрнида турди, ғазаб, изтироб билан қақшаб гапирди:
— Ёлғон! Ёлғон! Нури ўзи бузуқ. Ман унга хич нима деган эмасман, ойижон, ман тоза, ойижон, ман тоза... Ақлим бор, номусим бор. Нуридай бетайин, беномус эмасман.— Гулнор чидамасдан яна ўзини ерга ташлади.
Гулсумбиби юмшамади:
— Тўғрисини айт, барибир ўласан. Дадангга айтаман, у аввал санинг каллангни олади, кейин Йўлчининг калласини олади... Уздираман каллаларингни! Жилла бўлмаса ўлим олдида бир оғиз тўғри сўзингни манга айт.
Ўз тозалигини қандай исбот қилишни билмаган, онасини ишонтиришдан ожиз Гулнор, кўз ёшлари билан ҳўл бўлган юзларини кир, чанг наматга суриб йиғлаб ётди. Фақат баъзан йиғи аралаш:
— Ёлғон, ёлғон!—дерди.
Севикли қизи, ёлғиз Гулнорининг тупроққа қоришиб ётганини кўрган она, бир қадар бўшашиб, йиғлай-йиғлай сўради:
— Ёлғонми? Ман қандай ишонаман? Гулнор бошини кўтарди, титраб гапирди:
— Мусулмонмисиз? Ман мусулмон. Қуръон беринг, юзимни қўйиб онт ичаман. Кейин мани ўлдиринглар. майли, худонинг олдига ман оқ юз билан бораман. Ишонсангиз — хўп, ишонмасангиз, гуноҳсизлигимни кейин биларсиз,— онасини қучоқлаб ялинди қиз.
Гулсумбиби қизини нари итарди, чуқур «уҳ» тортиб, ўзини ташлади, пешанасига уриб йиғлади: «Кошки ўлсам! Кошки ажал кела қолса!.. Куйдирдинг, нега тутдим сани? Йўлчибой ўлгурни яхши дейишарди, ўзим ҳам яхши кўрардим. Кирини ювдим, ямоғини ямадим. Мана, нима қилди ахири йигит ўлгур».
Гулнор сачраб онасининг олдига келди, йиғидан шишган, қизарган кўзларини қаттиқ тикди.
— Йўлчида нима гуноҳ? Уялинг. У яхши йигит. Ман уни севаман. Бу рост. Қолган гапларнинг бари ёлғон, бари туҳмат!
— А, севаман? Бу ёмон гапни қаердан ўргандинг? Бу нарса бузилганинг эмасми?—Гулсумбибининг ғазаби яна тошиб кетди. Гулнор энди тап тортмади. Соф номусига отилган қорани бутунлай ювиб ташлашга жазм қилди.
— Ойи,— деди у кўз ёшларини тўкиб,— ишонинг, ман тоза, ман соғ!.. Ишонмайсизми, юринг Нурига борамиз, катта ойимга йўлиқамиз. Нури ман билан гаплашсин. Ман унга нима дебман, у қаердан билипти, юзимга солсин. Хўжайинлиги ўзига. Мани, сизни, дадамни қул қилиб ишлатсин, яна бу етмагандай, номимизни булғасин!
Гулнор жаҳл билан онасининг қўлидан тортди, қучоқлаб сургади.
— Юринг, борамиз! Ман чидамайман бу туҳматга. Ойи, улардан қўрқманг, майли, бизни ҳайдаб юборишсин. Очликдан ўлмасмиз, қийинчиликка кўникканмиз. Уларсиз ҳам тирикчилигимиз ўтар... Бормайсизми, қўрқасизми? Ман ўзим бораман, Нурини шарманда қиламан. Туҳмат билан эмас, рост гап билан шарманда қиламан!
Гулнор маҳсини топиб, шошиб-пишиб киймоққа бошлади. Гулсумбиби югуриб, унинг қўлларини маҳкам ушлади:
— Эс-ҳушингни йиғ, унақа енгил бўлма!
— Йўқ, қандай чидайман туҳматга!—қичқирди Гулнор
— Ҳалиги гаплар ёлғонми? Орада Ҳеч нарса... бўлган эмасми?—сўради юмшоқланиб она...
Гулнор онасини қучоқлади ва чуқур изтироб ичида сўзлади:
— Ойи, нима қилай, сўзимга ишонмасангиз пичоқ билан кўксимни ёриб кўрсатайми? Нима дейсиз, айтинг? Нега ўшаларники тўғри бўлади-ку, ман ёлғон гапирган бўламан!
Гулсимбиби қизининг бошини силади, йиғлаб гапирди:
— Қўй, қизим, Нури туҳмат қилган бўлса, худога солдим. Ўзи бир кун жазосини тортар, бир кун изза бўлар. Шов-шув кўтарма. Даданг хабардор бўлиб қолса, яхши бўлмайди. Ман ўзим яқин ўртада шаҳарга тушиб, катта ойимга гапираман. Нурини ҳам уялтираман.
Гулсумбиби қизи Гулнорни рўпарасига ўтқазди, маҳсини ечтирди, бир оз дам олиб, кейин ишга чиқишга буюрди-да, ўзи боғ томонга юрди, бир неча қадам қўйиб, яна орқасига қаради, танбеҳловчи товуш билан қизига деди:
— Бундан кейин Йўлчи номини оғзингга олма, уқтингми?
Гулнор ҳеч нима демади, фақат, чуқур, ёниқ ғам билан: «уф!» деди.

Саккизинчи боб
I
Йўлчи ёзда ёниб чанг-тупроқ ялаб, қишда қор-муз кечиб, бутун маҳрумиятларга, бутун оғирликларга қарамасдан, жонкашлик билан ишлади. У ер ҳайдади, чопиқ чопди, сув сурди, далага гўнг ташиди, шаҳарга пахта ташиди, дўконларга газлама ташиди, извош ҳайдади... Вақт-соат, жума, байрам, ҳайит нима эканини билмасдан ишлади. Машаққатлар, қийинликлар ичида яшаса ҳам, маҳрумият тўла фақир ҳаётини безайдиган бир ёрқин умид, бир гўзал хаёлга у эга эди: Гулнор...
Йўлчи мана шу қизнинг муҳаббати билан Мирзакаримбойнинг эшигида учинчи қишни кечирмоқда.
Бир вақтлар Нурининг ўртага отган туҳмати орқасида Гулсумбиби эри Ёрматдан яшириқ қизнинг феъл-атворини, юриш-туришини очиқ ва бекитгич равишда узоқ таъқиб этди. Ўз сирларини Йўлчи томондан очилиши мумкин деб, қўрққанлигидан бўлса керак, Нури бу туҳматни тарқатишга, янгилашга ортиқча уринмади, лекин Йўлчига, Гулнорга қарши кучли адоват сақлади.
Юрагида Йўлчидан ўзга бир фикр ва туйғуга ўрин бермаган Гулнор, ўз севгисини ҳаммадан яшира-яшира ҳозир ўн саккиз ёшини кечириб туради. У ҳар бир мусулмон қизи каби, ўйин-кулгидан, сарбаст овоз чиқаришдан маҳрум, ота-она, таниш ва бегона, эркак-аёл—ҳамманинг олдида соқов бўлишга мажбур эса-да, лекин юрагида муҳаббат тўлқинланиб, баъзан унга куч ва жасорат беради. Шундай пайтларда,— лекин жуда сийрак, — у қўрқа-писа инидан чиқади. Ота-она ва бошқаларнинг кўзларидан узоқроқ бир фурсатни топиб, Йўлчи билан учрашув бахтига эришади. Икки севувчи қалбнинг тоза туйғуларини мавжга солган бундай учрашув сўзлар, имолар ва ишқ нури билан порлаган кўзларнинг жилваси билан ўтган икки-уч минутли суҳбат—Гулнор учун кўнгилни ойларча иситган хаёл ва умидларни қуёш каби порлатган бир улуғ бахт бўлади.
Ёрмат бир йилдан буён қизини муносиб жойга узатишга тиришади. Лекин бу масалани ҳал қилишда у масъулиятини, оталикни ўзидан кўра кўпроқ Мирзакаримбойга топширгани учун бу тўғрида жадал қилмайди. Лекин, бу йил қиш қизни, албатта, узатишга қарор қилиб, «ожизасининг тўйи» хусусида Мирзакаримбойга бир неча марта сўзлади. Аммо, Мирзакаримбой ҳар хил жавоб берди. Бир гал:— «Қўя тур-чи, ёв келдими. Ёлғиз қизинг, вақти-соати келганда узатарсан...» деди. Иккинчи гал: «Куёв танлаш керак. Бойми, бечорами, ишқилиб рўзғор машаққатини елкасидан узмайдиган бир одам бўлса, тўйни бошлармиз, сабр қил!» деди. Лекин бу йил куз фаслида Мирзакаримбойнинг хотини Лутфинисо тўсатдан — қалб хасталигидан бўлса керак — бир кечада вафот этди. Лутфинисо каби қадрдон бекасининг ўлимига куйган Ёрмат, тўйни тезроқ ўтказиш хусусида оғиз очмай қўйди. У энди иложи бўлса, муносиб кишига Гулнорни ҳозирдан унаштириб, фотиҳа ўқиб, тўй-никоҳни баҳорга яқин ўтказмоқчи...

Тўққизинчи боб
I
Меҳмонхоналаридан бирида Мирзакаримбой ўз гумаштасидан ҳисоб олар эди. Гумашта Маҳамад Расул қирқ ёшга етиб қолган, мутавозе, мулланамо киши эди. Кўп йиллардан буён бир кўп бойларнинг қўлида хизмат қилган. Маҳамад Расул ўтган йил Мирзакаримбойнинг диққатини жалб қилиб, унинг Авлиёотадаги газлама дўконига, бошқа бир гумашта ўрнига тайин қилинган эди. Бир йил муддатида у Тошкентга иккинчи марта келиб, ҳозир хўжайин олдида тиз чўкиб, уйнинг совуқлигига қарамай, терлаб-қизариб ўтирар эди.
Маҳамад Расул ўз ишида кўпгина тажриба орттирган киши бўлгани учун, бойларга ҳисоб берганда, унчалик довдирамас эди. Аммо муғамбир Мирзакаримбойнинг қаршисида у роса эсанкирай бошлади. Авлиёотадан чиқиш олдида бир кеча мижжа қоқмай, чўт қоқиб, «боз мунча, боз унча» деган ёзувлар билан тўлган дафтарларнинг мазмунини қайта-қайта ҳисобга олиб, хотиржамлик билан йўлга чиққан бўлса ҳам, ҳозир у саноқларни хўжайин, кўкнори хаёли каби, пучакка чиқаришга уринди. Бойнинг илк сўзлариёқ уни мажолсизлантирган эди. Маҳамад Расул камол ҳурмат билан хўжайиннинг қўлини сиқиб кўрпачага чўккалаган ҳамона шундай сўзни эшитди:
— Нимага бевақт, бесўроқ қайтдингиз?— бой жавоб кутмай, сўзини устма-уст ағдараверди,— мен ҳали сизни кутганим йўқ эди. Бундан беш-олти ой илгари йўқладим — келдингиз, гаплашдик. Лозим бўлса, яна бир энлик хат ёзиб, ё сим қоқиб билдирар эдим. Иш бундай бўлади! Бўзчининг мокисидек, Авлиёота билан Тошкент орасида йўрғалашдан нима фойда? Бундан кейин гапларимни уқиб олинг, модомики, мен билан биргасиз, менинг одамимсиз, ҳар бир ишни мен билан баҳамжиҳат қилинг, ўзбилармонликни кўтармайман...
Бой сўзидан тўхтагач, Маҳамад Расул бошини кўтармасдан, қўлларини қовуштирган ҳолда, келиш сабабини тушунтира бошлади:
— Бой ота, бу ерда андак англашилмовчилик борга ўхшайди. Мени аввало инимиз Салимжон чақиртирган эдилар, ўзларидан сўрасалар бўлади. Ҳам худо берган бир ўғил, бир қизим бор Уларни нотоб деб эшитдим... Мусофирчилик қийин, бола-чақани соғинади киши. Бу тўғриларни мулоҳаза қилиб ҳам инимиз Салимжоннинг раъйиларига қараб, йўлга чиқа қолдим...
— Бе! Салимжон ким у? Ўғлимми? У нимани билади? Кўзим тирик—мен билан муомала қиласиз. Бола-чақани соғиндим деб дўконни ёпиш ишми? Тошкентга келишнинг ўзи бўлмайди, йўл харажати, бола-чақага совға-салом деган нарсалар ҳам бўлади... хўп, келибсиз, икки шингил гаплашайлик-чи. Хоҳласангиз мана чўт.— Бой токчадан чўтни олиб Маҳамад Расул олдига сурди.— Бизга бирибир, чўтсиз ҳам ҳисоблай берамиз.
Маҳамад Расул ўз ичида: «бу кун бой чап ёни билан турган шекилли» деб, анча вақтгача калласини осилтириб ўтирди. Кейин қўли билан пешанасини сиқди-да, ҳисоб беришга бошлади, у қўрқа-писа гапирди, қалтираган бармоқлари билан чўт қоқди. Истеҳзоли кулги, айёр боқиш билан қараб, пул масаласида тийинни, савдо ишида икир-чикирни ҳам диққатидан қочирмай, ҳар минут сайин луқма ташлаган бой ҳузурида ҳисоби, маърузаси ўзи ўйлаб қўйганча, у қадар силлиқ ва қулай чиқмаса-да, лекин натижанинг тўғри, қатъий экани Маҳамад Расулга маълум эди. У ниҳоят, ҳисобни битирди, самимиятни изҳор этган бир боқиш билан бойга тикилди ва камтаринлик билан деди:
— Мана, бой ота, ишнинг кетиши шундай. Менимча, чакки бўлмаса керак.
Хўжайин соқолини бир нафас ҳовучига олиб туриб, кинояли жилмайди.
— Чакки эмас! Бундақанги ишни биз чакки деймиз. Айта қолинг, Авлиёота — қозоқ юрти, норинхўрликка кўпроқ берилганга ўхшайсиз-а? Мен шартта айта бераман, иним Маҳамад Расул. Мен дўкон қилсам, уни молим билан тўлдирсам, фойдаси учун қиламан. Сичқон тешган супрадан ун тўкилаверади. Сизники шундай бўлган; тўғри, сиз ҳаммасини кўрсатдингиз, лекин менинг ҳам ҳисобим бор, меники ҳар вақт аниқ бўлади. Сизга маълумки, гумашталарим ҳар ерга таралган. Чинозда, Қўқонда, Чимкентда... Мен уларнинг бетларини кўрай-кўрмай, лекин ҳар бирининг иши менга аён. Ҳар вақт билиб тураман, ҳеч нимани яшира олмайдилар.
Бойнинг сўзлари ноҳақ бўлса ҳам, Маҳамад Расул кўзларини қаёққа яширишни билмай хижолатда қолди. У ўз оиласидан узоқда қолиб, бойнинг пулини кўпайтириш, ундан туртки емаслик учун жонкашлик қилди, ўзига кийим-бош қилмай исқирт бўлиб яшади, овқатини сиқди, ҳар кун кечқурун дўкон олдида кичкина декча қайнатиб, бир товоқ хўрда ошга қаноатланганидан, дўкондорлар орасида у сал кундаёқ «хўрда махсум» деб лақабланди. Бунга қарамай, бой уни норинхўрликда айблади. Маҳамад Расул ўз умрида бойларнинг туҳматини кўп эшитган бўлса-да, Мирзакаримбойнинг бу туҳмати унинг юрагига найзадай санчилди. У хўжайинни инсоф ва адолатга даъват қилмоқчи экан, шу пайтда бой туманли дераза орқасида турган бировга ҳайрон бўлиб қаради ва имлади.
У киши эшикни очди, ичкарига қадам қўйишга уялди шекилли, остонада тўхтади. Унинг кийимлари жуда эски ва тупроққа ағнаган каби, чанг-чунг эди. Лекин ўзи қишлоқча содда, долиғули йигит кўринди. Мирзакаримбой шубҳа билан боқиб сўради:
— Келинг, кимни йўқлаб келдингиз бу ерга?
У Йўлчининг ҳамқишлоғи экани, Йўлчига хат келтирганини ғулдираб сўзлади-да, белбоғи орасидан хатни олиб, бойнинг олдига ташлади ва эшикни зарб билан ёпиб, чиқиб кетди. Чой қоғозга ёзилиб, тўрт букланган хатни бой очди. Токчадан кўзойнакни олиб тақди, қоғозни деразага мойил тутиб, кўз югуртирди... Сўнг, бир нафас хомуш бўлиб, ўз ичида бир нима шивирлади. Хатни курси устидаги қуруқ патнис тагига қистирди, Маҳамад Расул хўжайиннинг кайфи ўзгаргани учун, ўйлаган эътирозини айтишга ботинмай турди. Икки-уч минутли сукутни бой бузди, яна аввалги йўсинда, лекин оҳистароқ гапира бошлади:
— Маҳамад Расул, мен бировга эт, мой ва бошқа масаллиқни бериб, ширин шўрва тайёрлашни буюраман. У киши шўрвани пиширади, лекин мойни сузиб ичади, гўштини ейди, менга тақир суяк билан бир коса жирсиз сув келтиради... Тушундингизми? Бу қалай бўлади? Мулоҳаза қилинг!
Бой чол Маҳамад Расулни эзгани ҳам ўз «донишманд»лигига хурсанд бўлгани учун, соқолини силкиб кулди, бир оздан сўнг яна кибрли жиддият билан ўшшайди
Маҳамад Расул бу сўзларни ўзи учун бўҳтон, ҳақорат деб билганидан, қанча камтарин, тавозели бўлмасин, чидай олмади.
— Бой ота,— бошини кўтариб гапирди у,— сизга ва сизнинг каби боёнларимизга қул сингари хизмат қилган бир ожиз бандани бу қадар туҳматга лойиқ кўрмасангиз эди.— Маҳамад Расул овозидаги шикоятни яна кучайтирди.— Шўрванинг эти, мойи, суви — бари сизники бўлди-ку. Яна нима дейсиз? Мен ҳалол ишладим, заррача хиёнат қилмадим. Мана жами ишни кўрсатдим. Шартнома мазмунига қараганда, сизнинг гарданингизга тушадиган бир кўп чиқимларни мен ўз зиммамга олдим. Менимча, тижорат пайдо бўлган замондан бошлаб, бундай мўл фойдани ҳеч ким кўрган эмас. Бу қандай гап ахир, саккиз-тўққиз ҳисса фойда бўлиб кетди.
Мирзакаримбой яна ўшшайиб тикилди, аммо маслаҳатгўйлик билан аста гапирди:
— Фойда иним, ўн-ўн беш ҳисса бўлиши керак эди. Биласизми, замон қандай? Уруш замони! Газламанинг қадри жуда ошиб кетди. Эрталабки нарх кечга тўғри келмайди...
— Авлиёотада туриб қулоғимиз ҳар кун янги нарх қидиради,— деди Маҳамад Расул.
— Шундай бўлиши керак. Нарх-наво ҳар кун том бўйи сакраб турипти. Оёқни нечоғлиқ тиранг, оқподшоҳнинг уруши битгунча нарх ошаверади. Мен ҳозир газламани кўплаб сотишни тўхтатдим. Бу кунги фойда гўшт бўлса, эртасига нуқул мой бўлиши аниқ, нақд пулга мол чаққон бўлган замонда, сиз анча молни насияга сотибсиз. Бунга аччиғим чиқмасинми? Энди гап шу: оёқни қаттиқ тиранг. Қозоқлардан насияни тезроқ ундиринг, дурустми? Қозоқлар пул билан тўлолмаса, буғдой олаверинг. Иним, гапларим сизга қаттиқроқ теккан бўлса мендан хафа бўлманг. Мен фойдали нарсани сўзладим. Хўп, эртага дўконга тушинг, яна гаплашармиз.
— Маъқул, маъқул бой ота, сояйи давлатингиз кам бўлмасин!—Маҳамад Расул қўл қовуштириб чиқиб кетди.

II
Йўлчи ўз дўсти Қоратой темирчи билан ҳангамалашиб ўтирар эди. Қоратой икки томондан очиқ, бўғотлари увадаланган, ички деворлари исдан, темир, кўмир учқунлари тўзонларидан қорайган ишхонада, «оловдон» ва босқон ёнида туриб, қизил чўғ бўлган темир парчасини болға билан гурс-гурс урар, яссилар, чўзар, қайирар эди. Унинг ўн уч яшар ўғли Холтой дам босиб кичик болға билан темирни уриб дадасига ёрдамлашарди. У ўттиз саккиз-қирқ яшар юмалоқ, катта бошли, билаклари йўғон, гавдаси этсиз, лекин пишиқ, суяклари бесўнақай, ёши ўтса-да, юрагида йигитлик ўти сўнмаган, шижоатли, ўз сўзли киши эди. Жумабой деган бир бўйдоқ укаси трамвай изини тозаловчи ишчи эди. Баъзи вақтларда у ҳам ишга ёрдамлашар эди.
Йўлчи чамаси икки йилдан бери бу темирчи билан яқин дўст бўлиб, унинг бутун сифатларини, фазилат ва камчиликларини яхши синаган эди. Аксар вақт, ишдан қутулгач, у билан вақт кечирар, қайғусини, севинчини унга очар эди.
Ҳозир муюшдаги чойхонадан дамлаб келтирилган чойни озгина-озгина қуйиб дам ўзи ичиб, дам Қоратойга узатиб, ҳар вақтдаги каби хангмалашиб ўтирарди.
Фақат болғаларнинг «тарақа-туруғи» жим бўлганда Йўлчи суҳбатга ўтди, ўз дардини баён қила бошлади. Шу бир-икки ой ичида Мирзакаримбой билан яхшилаб гаплашажагини, икки ярим йиллик меҳнат ҳақи қанча пул бўлганини тайинлаб, кейин Гулнорга уйланмоқ орзусини бирон киши орқали бойга билдириб, ўжар Ёрматни бой орқали кўндирмоқ умидида эканини сўзлади. Қоратой оғир меҳнат орқасида чуқур чизилган пешана чизиқларини силаб маслаҳат берди:
— Бу ишда бой ўртада турмаса, билиб қўй, полвон, бир нима чиқиши қийин. Наинки, хумса Ёрматинг баланд дорга осилади. Бу замонда кимнинг жин чақаси кўп бўлса одамлар ўшанга оғади. Жин чақа ҳамманинғ кармонига тупуриб, бойларнинг ҳамёнига ўзини уради. У ер иссиқроқ, бехавотироқмикан дейман.
— Пул камбағалнинг киссасидан қўрқади шекилли,— деди Йўлчи,— бу уруш айниқса бойларнинг бирини ўн қилди. Ҳар кун мол нархи ошади, бозорда савдогарларнинг қулоғи тиккайган. Битта-яримтаси ваҳималироқ бир гап эшитдими, дарров мол нархини оширадилар. Уруш баҳона бўлди уларга. Бизнинг хўжайин-чи? Иши тарақ!.. Омборларда чириб қолган молларини энди харидор кўзга суриб олади. Тушган пул—тегирмоннинг нови!
Қоратой болғани бир чеккага қўйиб шивирларди:
— Оқподшоҳнинг уруши бойларга ҳузур-ҳаловат келтирди, лекин фуқарони нон гадойи қилди. Манга ўхшаш тақачи-мақачи, косиб-мосиб-чи? Ҳушт!—Қоратой тишлари орасидан ғалати товуш чиқарди ва сўзини давом эттирди.— Нимага куласан? Ишимиз сира белини кўтаролмай қолди, ука. Ҳамма халқ очдан ўлмаслик учун бир амал-тақал қилиб турипти. Аммо,—Қоратой аланглаб, шивирлади,— оқподшоҳнинг таги пучга ўхшайди. Ўрис халқи урушдан норози, деб эшитаман. Ҳамма ерда аҳвол бир экан. Уруш бойларга ёқиб тушди, камбағални шилди,— темирчи энди қаддини кўтариб, овозини баланд қўйди.—Шу қишдан қолдирма, ўртага, албатта бой тоғангни қўй. У икки оғиз гапирса, Ёрмат «ғинг» дея олмайди...
— Гулнор мандан бошқани танимайди,—ғурур билан дўстига қараб гапирди Йўлчи,— лекин, у, албатта бир қиз: дадасининг ихтиёрига боғлиқ. Аммо хўжайин ўртага тушса, у вақт иш силлиқ бўлнб чиқса керак, дейман.
— Менимча,—Қоратой темирни сувга «жаз» босиб гапирди,— Мирзакаримбой чўчқа бойлардан бўлса ҳам, сенга ён босар. Ундан нима кетди? Икки оғиз сўз. Бир хизматчининг қизини ўз қариндошига, ўз эшигида ҳалол ишлаган йигитга олиб беради, яна ўз ҳамёнидан эмас, йигитнинг пешана тери билан топган ақчасига... Бу — бир. Ёрмат қизини бировга узатади, бундан бойга нима фойда? Сен Гулнорга уйлансанг, бу билан бойга яна кўпроқ боғланган бўласан. Бундан бойга фойда бор, шундай эмасми?—деди-да, Йўлчига қараб маъноли кулди.
— Гапнинг бу томонини қўяверинг йил эмас, ой эмас, унинг эшигида бир кун ҳам тургим йўқ... Иш битсин, кейин кўрамиз, насибамиз қаерда...
— Биламан, тушунаман, кишанга тобинг йўқ,— деди-да Қоратой кўзларини айёрча қисиб давом этди,— лекин ҳозирча ваъдани қуюқ қилавер бойга. Сен очиқ сўз, очиқ кўнгилсан. Бой — пишиқ, муғамбир одам. Сен ҳам пишиқ бўл. У шохида юрса, сен баргида юр. Шунда ютасан!
Йўлчи дўстининг сўзларига хахолаб кулди, маъқул дегандай қўлини чўзиб, унинг елкасини қоқди. Умидлар билан кўкси қаварган ҳолда лабларида бир қўшиқни шивирлаб хўжайинникига кетди.
Вақт намозгарга яқин. Кўча қатқалоқ. Маҳалла болалари, ўспирин йигитлар юнги ҳурпайган икки катта кучукни уриштирадилар, ғазабланган кучукларнинг вовиллаши, томошачиларнинг қийқириши кўкни қоплайди. Йўлчи ҳеч нимага назар солмай, одимларини катта ташлаб бораркан, Шокир ота учради, у бошига тушган қайғу ва фалокатлардан жуда мункиллаб қолган эди. Йўлчини кўриш билан:
— Ҳа ғувори, ҳали бир қишлоқинг сени қидириб юрганди, йўлиқдими?— деди.
Йўлчи ўз қишлоғидан келган одам билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўраша олмаганига афсусланди. Чунки кузнинг бошида онасига йигирма сўм юбориб, шундан буён ҳеч қандай хат, хабар олмаган, ўзи ҳам йўқлолмаган эди.
Ташқари ҳовлида таҳорат қилаётган бойдан ҳамқишлоғи тўғрисида сўради. Бой бет-қўлини артиб, «бу ёққа юр!» деб имлади. Унинг орқасидан Йўлчи меҳмонхонага кирди. Мирзакаримбой танчага ўтириб, қўлини пешанасига тираб бир минут сукут қилди, сўнг сўзни иимадан бошлашни билмай, соқолининг учини тишлаб деди.
— Сенга бир хат бор,— бой патнис тагидан хатни чиқарди,— лекин хушхабар келтирган эмас. Сен, албатта, оғир, ақлли йигитсан, Оллонинг ризосига бўйсунарсан...
— Қандай хабар экан, айтаверинг,— Йўлчининг қошлари, кўзлари савол ва шубҳани ифода қилди.
— Эй дунёйи бевафо!.. Онангдан айрилибсан, жиян! Йўлчи бутун гавдаси билан сесканиб, ёлғиз «а!» деган кескин товуш чиқарди... Сўзлашга тили қотди, юзи бўздай оқарди. Унинг бақувват, метин гавдаси, кўксига тўлган қайғуни кўтаришга ожиз каби эгилди букилди.
Мирзакаримбой Йўлчига далда бериш учун, Оллонинг ризосига бўйсуниш кераклигини, ўлим ҳар кимнинг бошида омонсиз қиличини тутиб турганлигини не-не пайғамбарлар, не-не азиз авлиёларни ўлим олиб кетганлиги ҳақида гапирди. Лекин бу сўзлар Йўлчининг қулоғига етмас эди. Унинг бутун вужуди абадий айрилиқ, онанинг ёди ва аччиқ изтироб билан лим тўлган эди.
Болаларининг бахти учун камбағал эр билан бирга ишлаб, тиниб-тинчимаган, ҳар қандай жафокорликка ўзини отган, меҳрибон, шафқатли она! У ўлим панжасида чирпанаркан, то сўнгги нафасигача меҳнат, машаққат, азоб ичида кечирган бу дунёдан кўзларини мангу юмганча, уни, Йўлчини эслагандир... Эсини танигандан бошлаб онаси билан кечирган замонлар масъуд, лекин қайтарилмас бир туш каби, Йўлчининг кўз олдидан бир-бир ўтади. Мана сўнгги хотира:
Икки ярим йил аввал меҳрибон она уни шаҳарга узатади. Кўз ёшларини қуйиб, қўл очиб дуо қилгандан сўнг, эшикка қадар узатиб қолмайди, бошига яктак ёпиниб сокин қишлоқ кўчасида унинг орқасидан юради, гўё унинг қалби ўғил билан бирга кетишга интилади, катта йўлгача кузатади, муҳаббат билан, кўз ёшлари билан... Йўлчининг онгида, ўтмиш манзаралари жонланар экан, қайғу кўкракни яна чуқурроқ эзади. Ниҳоят, оғир хўрсиниш билан бошини кўтарди::
— Қачон? Қачон — сўради. «Ўлди» деган сўзга тили бормади. .
— Чамаси бир ҳафта бўлипти. Сен энди. ҳар кун қуръон ўқиб, онангга бағишлайвер. Шу ўзи кифоя. Арвоҳга тиловат қурьон лозим.
Йўлчи ҳеч нима демади. Гиламда ётган хатни қўлида маҳкам сиқиб, ҳовлига чиқди, қайғулари тўлқинланиб, қалбини парчалади.... Йигит ўзини тутолмай, бирдан йиғлаб юборди, булут йиғлагандай кўз ёшларини кучли— мўл тоштириб йиғлади, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади...

III
Булутли қиш кунининг юракка зиқлик, берувчи хира тонги эди. Гулнор онаси билан бирга уйда танчада нонушта қилар, патнисда арпа унидан ёпилган сополдай нонбир кафт қуртлаган туршак... Кўмир йўқлигидан, тараша чўғи танчани бирпас бозиллатиб, сўнган эди, Гулнор эски чит гупписига ўралиб, нонни иштаҳасиз тишлар, мискарлар томонидан самовар тахлитида ясалган қумғондан чой қуяр эди.
Ёрмат кўчадан келди, елкасини қисиб танчага ўтирди. Нафасидан чиққан буғ билан ҳўлланган мўйлабини дағал бармоқлари билан силаб-артиб, чой ича бошлади.
— Совиб қолипти. Қиш куни чойни нечоғлиқ қайноқ ичсанг...—норозиланиб деди Ёрмат.
Гулсумбиби уйда қитдай ўтин, қитдай кўмир йўқлигини ва чойни қийнала-қийнала базўр қайнатганлигини сўзлади.
— Ҳар йил аҳвол шу. Ёзда тоғ-тоғ ўтин тайёрлайсиз, ҳузурини хўжайинлар кўради.
— Кўп валдирама, хўжайинга ялинсам, ўтинсиз қўймас. Худо ўлди-еттидан сақласин!—бир оз сукут қилиб, яна сўзлади:— Мана Йўлчини жўнатдик: хабарларинг йўқ шекилли...
— Қаёққа? Нимага?—кутилмаган бу дахшатли хабар орқасида Гулнорни бир онда титроқ босди.
— Энаси ўлипти,—деди Ёрмат,— кеча кечқурун хат келган экан. Ҳозир қишлоққа жўнатдик. Жадал юрса, кечаси алла-паллада бориб етади.
— Қари бўлса имонини берсин, ўлим ҳақ,— деди бепарво Гулсумбиби.
— Йўлчига қийин бўлди,— синовчи кўзлари билан қизига тикилди Ёрмат,— бир ўспирин укаси бор экан, бу ҳам бировда ишлар экан, ўзини эплаб кетади. Лекин ўн беш яшар бир синглиси... Ана у бечора нима қилади?
— Вой бечора!— деди Гулсумбиби бирдан.— Шўрлик қизга қийин бўлипти ҳаммадан. Она йўқ, бир ака бу ёқда, бир ака яна кишиникида ишларкан дейсиз. Ёш қиз, кўчада қодибди ҳисоб-да. Энди нима қилади Йўлчи?
— Билмадим, қишлоқда эрга бериб келадими, бу ерга олиб келадими. Менга ҳеч нима демади. Хўжайин бир маслаҳат бергандир...— деди Ёрмат.
Гулнор сўзга аралашмади. Йўлчига тушган қайғу унинг кўнглини бир онда мотам билан қоплади. Унинг ҳалқумини дард қисиб келди. У яна бир оз шу ерда қолса ҳўнграб йиғлашдан ўзини тийишга ожиз эканига ақли етди-да, секингина ҳовлига чиқди. Қуюқ, узун киприклари кўз ёши билан намланди. Қалб азобидан келган кўз ёшларни кошки у тўхтата билса!.. У югуриб ошхонага кирди. Қақир-қуқурни йиғиштиришни баҳона қилди. Бутун хаёли, борлиғи Йўлчи билан овора бўлди. У қишлоққа кетаётган ғариб йигитни тасаввур қилади: мағрур боши букилган, кўзларида чуқур ҳасрат, қор босган далада қадамларини катта-катта отиб, танҳо боради... Кошки у ҳам Йўлчига ҳамроҳлик қилган бўлса, у билан дардлашиб, ғамларига шерик бўлиб, овутиб, юпатиб у билан бирга тепалар, жарлар ошса...
Гоҳ Йўлчининг етим синглисини тасаввур қилади, уни қучоқлаб-қучоқлаб йиғлагиси келади: «Ишқилиб қишлоққа ташлаб келмасин, бу ерда ман унинг кўнглини кўтараман, унга чин опа бўламан...» деб ўйлайди ва хаёл суради.
Гоҳ Йўлчининг марҳум онасини, хаёл кучи билан жонли, равшан тасаввур қилишга тиришади. Гулнор қайнаналарнинг кўпини бадфеъл, уришқоқ бўлишини яхши билса-да, Йўлчининг онасини меҳрибон, кўнгилчан, ғоят самимий бир қайнана каби тасаввур қилди. Илгари ҳам баъзан ўз келажагини ўйлаган вақтларда, бахтли ҳаёт манзарасида, Йўлчининг онасини ҳам кўрар эди, қайнанасига елиб-югуриб хизмат қилишни орзу қилар эди.
— Гулнор, қаёқдасан?—дадасининг овозини эшитди. Гулнорнинг юраги ўйнаб, дарров жавоб берди:
— Мен бу ерда, гапираверинг,— деди-да, кўз ёшларини яшириш учун муздай сувда юз-кўзини юва бошлади. Ёрмат ошхонага яқинлашиб гапирди:
— Ҳамма иш манда қолди. Кеч қайтаман. Сен бир оздан кейин ташқари ҳовлига чиқ, меҳмонхоналарни супуриб, асбобларни топ-тоза қилиб қўй!
— У ерда ҳеч ким йўқми?
— Ким бўлар эди?
— Хўп, дада?

* * *
Гулнор меҳмонхоналардан бирини супуриб, кўрпачаларни ҳовлига олиб чиқиб қоқди. Токча ичига ясалган қизил, ялтироқ силлиқ ёғочдан ишланган шкафларни, безак учун у ерга, бу ерга қўйилган катта-кичик чиройли хитой вазаларни латта билан яхшилаб артди. Кейин иккинчи уйга ўтди. Бу уйда ҳар вақт Мирзакаримбой ўтирар эди. Танчанинг устида бойнинг садаф тасбеҳи, кўзойнаги ётар эди. Гулнор уларни токчага олиб қўйди. Чанг чиқсин учун, деразаларни очди. Узун, гўзал сочларини осилтириб, энкайиб уйни супура бошлади. Ногоҳ, оёқ товуши эшитди, деразадан қараб Мирзакаримбойга кўзи тушди. Камзулининг тугмаларини дарров илиб, супураверди. Мирзакаримбой шошиб-пишиб уй ичига киргач, Гулнор четланиб, деворга қисилиб, секингина «ассалом» деди.
— Э, гул қизим, шундамисан? Баракалла, оппоқ қизим.— Бой бир зумгина Гулнорга кулиб қаради. Сўнг, уйнинг тўрига ўтди, яна мулойим сўзлади:— Бировнинг омонат нарсаси бор эди, қизим, унутибман. Анча ердан қайтдим.
Тахмонда устига шолча ташланган, оғир пўлат сандиқни жаранглатиб очди-да, бир нимани олиб, тезгина чўнтагига яширди, сандиқни яна қулфлади.
Гулнор чолнинг чиқиб кетишини қутиб, деворга қисилган ҳолда турди. У уялган эди. Чунки бир йилдан буён, онасининг буйруғи бўйича, бойга жуда сийрак кўринар ва унга яқин келмасликка тиришар эди. Лекин, бой учраб қолса, албатта, гапга солар эди. Ҳозир эса у билан танҳо учрашганда, ўзини қаёққа олишни билмай, саросимада қолди.
— Оппоқ қиз, кийиминг ёмонку-а...— уй ўртасида тўхтаб деди у,— нимага Ёрмат менга арз қилмайди? Онанг қалай, кийим-кечаги бутми? Уялма, айтавер. Оппоқ қиз, нега юзингни бурасан? Вой-вой, уялма, тирикчиликларинг қалай, нима етишмайди? Манга айтмасаларинг, кимга айтасанлар? Оталарингман
Хўжайиннинг оғзидан бундай ғамхўрлик, меҳрибонликни биринчи марта эшитгани учун қиз жуда ҳайрон бўлди, уялибгина, таъзим билан жавоб берди:
— Тирикчилигимиз аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Ўзингиз билсангиз керак.
— Қизим, ман кўп суриштирмайман,— қизга бир қадам яқинлашиб деди бой, — аввалгидай дегин, мазаси йўқ, дегин. Йўқ, энди албатта, дуруст бўлади. Даданг қанча йилдан бери манда ишлайди. У келганда сан чақалоқмидинг ё онанг қорнидамидинг? Кўп замон ўтди. Қизим, даданг яҳши ишлади, яширмайман. Аммо энди роҳатини кўради, энди сизларни рўёбга чиқараман,— бой, Гулнорга бошдан-оёқ разм солиб, кўзларини қисиб, лабини ялаб қўйди.
Гулнорнинг юзи уятдан оловланган бўлса ҳам, дадасига яхши турмуш ваъда қилган хўжайинга нисбатан сўзсиз бўзариб туришни одобсизлик деб билди, ерга қараб деди:
— Яхшилигингизни унутмаймиз...— Супургини ташлаб, тескари ўгирилиб токчаларни тозалашга уринди.
— Бери кел, санга бир нима кўрсатаман,— секингина деди хўжайин.
Гулнор ҳеч нимага тушунмасдан, қизариб мўйсафидга қаради. Лекин турган жойидан қимирламади. Бой ҳалиги сандиқни очиб, оқ латтага ўралган бир тугунчак олди.
— Бери кел, қизим!— қўли билан имлади кулиб. Қиз тараддудланиб, секин-секин унинг ёнига борди.
Хўжайин тугунчакни очиб, дераза томонга ўтди.
— Кўрдингми? Бу нима? Мана бу дур, мана бу марварид. Мана бу ёнган гавҳар. Қолганлари — ҳар хил тошлар, ёқут, зумрад.
Мирзакаримбойнинг ҳовучига сиғмаган бу қимматбаҳо безаклар кўзни қамаштиради. Оқ, сарғиш дур ва марваридлар пориллайди, ёқутлар, гавҳарлар ранг-баранг ёнади. Ҳаммаси бир-биридан гўзал товланади. Гулнор қизиқиб томоша қилди.
— Мана бу дурми? Жуда тоза экан. Нури опамда ҳам бор-а?
— Ҳаммаси асл, қизим. Менда паст нарса бўлмайди,—деди хўжайин, кейин қизга қараб, кўзини қисиб кулди.— Ол, бир шодани тақиб кўр. Жуда ярашади... Буларнинг бари қизларга, хотинларга чиқарилган. Ма, ол, тақ...— деб Гулнорнинг ҳовучига тўкди.
Қиз безакларни бир нафас ҳовучида тутиб, ёруғга солиб, яна томоша қилди. Лекин, бирдан, онасининг мозорини қучиш учун совуқда қор кечиб кетаётган етим, мотамли Йўлчини эслади. Қўллари титради, кўзларини ҳасрат босди.
— Йўқ, мен тақмайман, бой ота. Кўрдим, бўлди-да, олинг,—безакларни Мирзакаримбойга узатди.
— Вой, тентак қиз, уялдингми?—У қариликдан ёши оқиб, четлари қизарган кўзларини Гулнорга аллақандай ҳирс билан тикди ва соқолларини қашиб, сўзлади.— Хўп, ҳозир тақмасанг, чўнтакка сол, уйингга яшир, кейин тақарсан.
— Нима дейсиз?—ҳайрон бўлиб сўради қиз.
— Нимага ағраясан, гул қизим? Буни ман санга бердим, ол, яшир!
— Йўқ, ман сира таққан эмасман, бой ота! — деди-да Гулнор орқасига чекинди. Супургини олиб, чанғитмаслик учун, секин-секин супура бошлади.
Мирзакаримбой: «ихтиёр санда, қизим» деган гапни икки-уч марта такрорлаб, жавоҳиротни қайгадир яширди ва истар-истамас, секин юриб чиқиб кетди.
Гулнор уйни йиғиштирар экан: «Бойнинг феъли яхшиланибди, илгари зиқна эди. Бойлиги ошиб-тошиб кетди, дерди дадам. Шунча пулни, шунча молни нима қилсин. Энди қариб, савоб йўлини эсга олибди. Дадамга, Йўлчига яхши қараса, майли-я», деб ўйлади. Ҳалиги безаклар унинг кўз олдида ёнди, уларни олмаганига дам ачинди, дам нимаданднр шубҳаланиб, яхши қилдим — олмадим, деб ўйлади.

Ўнинчи боб
I
Ҳакимбойвачча кўк чакманига ўралиб, қимматбаҳо қундуз телпакни бошига енгил қўндириб, атрофга назар солмай, ҳар вақтдаги каби, ғурур билан келар эди. Маҳаллага қайрилишда гўё уни кутиб турган каби, эллик боши Олимхон учраб қолди. У бойваччанииг қўлини юмшоққина қисди.
— Мулла Ҳакимжон, бизникига марҳамат қилинг.— Хушовоз билан деди эллик боши.
— Раҳмат, Олимхон ака. Ман уйга борай.— Ҳакимбойвачча таклифни оддий манзират деб билгани учун кетмоқчи бўлди.
— Йўқ, бойваччам,— маъноли илжайди эллик боши,— икки оғиз сўзим бор, тасаддуғингиз бўлай, марҳамат қилинг.
Ҳакимбойвачча елкасини қисди. Истар-истамас, Олимхоннинг кетидан юрди, қоронғи йўлакдаги катта нарвондан болохонага чиқди. Болохона бўғот томли, тишдан кўримсизгина бўлса ҳам, ичи бежирим — қадимча эди. Шипи шарқча нақшдор уй, нақшлар эскириб, ранги хираланган, лекин ҳали диққатни тортарлик ҳолда. Токчалар қадимча — ганчдан ишланган қат-қат катакчадардан иборат. Уйнинг тўрига эскироқ гилам, қуйи томонига қип-қизил янги намат солинган. Танча атрофида янги кўрпачалар.
Ҳакимбойвачча танчага ўтириб, орқасидаги ёстиққа суянди. Эллик боши майин тўқилган чакманини ечди, тухумдай силлиқ ва оппоқ салласини олиб қозиққа илди.
Дастурхон олиб чиқиш учун шошиб-пишиб ҳовлига тушиб кетди.
Олимхон, замонасига мувофиқ, олифтанамо, ёшига қараганда, чиройли, силлиқ киши эди. Ёши олтмишга яқинлашган бўлса ҳам, одамлар элликдан ортиқ бера олмайди. Анча оқ тушган соқолларини, мўйловларини мунтазам қирдириб, тараб, силаб юради. Ҳар вақт яхшигина, ихчамгина кийинади. Бармоқларига тоши йирик узуклар тақади. Соати ҳам бор, одамлар билан гаплашганда, кўкрагида осилиб турган кумуш занжирни аксар вақт ўйнаб қўяди. Лекин Олимхоннинг муайян касби-кори йўқ. Бир вақтлар майда савдо билан машғул бўлган эса-да, кўпдан буён бирон иш олиб борганини ҳеч ким билмайди.
Олимхон бекор юриб тирикчилик қилишнинг ҳам яхши яшашнинг йўлини топган одамлардан. У жуда қув, мўлтони одам. Пул қарз олиб, еб кетиш, қалбаки ҳужжатлар ясаш, соддадил одамларнинг ҳовли-жойларини ўзига қаратиш сингари ҳаром ишларнинг пири эди. Айниқса, маҳаллага эллик боши бўлгандан кейин, мансабидаи фойдаланиб, ҳалигиндай ишларни авжга миндирди. У ўн икки йилдан бери эллик бошиликдан тушмайди. Маҳалла фуқаролари у муттаҳамдан шикоятланиб, қозихона ва бошқа маҳкамаларга аризалар топширишларига қарамай, хар сайловдан Олимхон сип-силлиқ чиқади. Чунки маҳалланинг катта-кичик бойлари, имоми, уламоси билан, хусусан Мирзакаримбой билан апоқ-чапоқ эди. Вақти келганда булар уни қўлтиқлашади. Олимхоннинг «фазилатлари» саноқсиз: у, эллик боши бўлгани учун, ҳамма тўй, маъракаларга бурнини тиқади, маҳалланинг одамлари орасида юз берган ҳар хил жанжал ва талашувларга боши билан кириб кетади, бир жанжални бостириб, иккинчи жанжални ўзи қўзғайди. Бундай вақтларда у ҳақ томонни эмас, қай томон обрўлироқ бўлса, порани кўпроқ берса, уни мудофаа этади. Ерли-сувли пулдор одам вафот қилса, унинг ворисларини бир-бири билан жиққамушт қилади. Кейин лойқа сувда балиқ тутиб, ўзига катта ҳиссани қўпоради. Бойлар билан қиш-ёз гап-гаштак ейди. Лекин ўзи ҳеч вақт гап бермайди...
Ҳакимбойвачча ёлғиз қоларкан, унинг маълум ва чала маълум кирдикорини бир-бир хотирдан кечирди, унинг эпчиллигига қойил бўлди. Лекин болохонага даъват этилишидан шубҳаланди: «Эҳтиёт бўлишим керак. Яна бир ҳийла-найранг тўқиганга ўхшайди. Мандан маслаҳат сўрайдими? Лекин, иш ҳар қанча чатоқ бўлмасин, у бировдан йўл-йўриқ сўрамасди. Қайдам. Пул сўраса, албатта йўқ дейман».
Олимхон мева-чева билан тўла бир патнис олиб чиқди. Сўнг ғизиллаб тушиб, шақиллаб қайнаган самоварни келтирди, чойни қуйди. Еб-ичиб ўтиришни, одатдагича, хушомадгўйлик билан таклиф қилди. Бойвачча данакдай нонни оғзига ташлаб, вақти зиқлигини билдирмоқчи бўлди:
— Олимхон ака, сўзланг...
— Суҳбатингизга орзуманд эдик, шошманг. Марҳамат қилинг,— дастурхонга ишорат қилди Олимхон. Кейин уруш хабардари тўғрисида, шошмай-пишмай сўз очди. Эшитган хабарларини жабҳага бориб келган одам каби қатъий гапира бошлади. Душманнинг тўплари, аэропланлари, «ақлга сиғмайдиган» бошқа ҳунарлари ҳақида лоф қилди. Ҳакимбойвачча, уруш хабарларига ҳар вақг қизиққанликдан, диққат билан тинглади. Сўнгра, ўзи ҳам гапирди. Рус, татар, яҳудий савдогарларидан бу кун эшитган кўнгилсиз воқеаларни, подшоҳ ҳукуматининг аҳволи анча танг эканини тўкиб солди. Лекин иккиси ҳам бу хабарларнинг нотўғри эканини ўз билганларича исбот қилишга тиришди. Ҳар иккиси подшоҳга ва аскарларга Оллодан мадад тилади.
Ярим соатдан ортиқроқ чўзилган бу қизғин ва зериктирмовчи суҳбатдан сўнг, Ҳакимбойвачча сабрсизланганини билдирди. Эллик боши бир минут қадар сукут қилиб, ҳалиги «икки оғиз» сўзини қай турда бошлашни ўйлади-да, жилмайиб қўйди.
— Мудла Ҳаким, бир нозик иш бор. Лекин хайрли иш. Бу ишга қадам қўймасдан илгари бир карра сизнинг олдингиздан ўтиш, раъйингизни билишга тўғри келади. Иншоолло, сиз ёлғиз фикр бериш эмас, балки қувона-қувона бу ишга ўзингиз бошчи бўларсиз...
— Гапираверинг, яхши ишга белим боғлиқ,— деди Ҳакимбойвачча, кумуш портсигаридан папирос олиб, лабига қистирди, Олимхонга ҳам тутди. Сўнг, шубҳали бир боқиш билан унга тикилди.
— Маълумки, мулла Ҳаким, эркакни қариди, кексайди деб бўлмайди. Чунки ҳаллоқ олам ўз қудрат қалами билан эркакни асл, пухта яратган. Эркакнинг жисмидаги жавҳар тугамайди...— Олимхон папиросни ёшлар каби олифта қистириб, тутатиб, сўзини давом эттирди: — Сўзим тўғрими? Меҳрибон онангизнинг ўлганларига мана тўрт ойга яқинлашди. Бой отамни уйлантириш керак. У кишининг ёшлари анча улғайган бўлса ҳам, лекин ҳали жуда тетиклар. У кишининг юраги ҳали йигит юрагидай. Ман буни жуда яхши биламан, у киши ҳали ишдан қўл узганлари йўқ, хушчақчақ суҳбатни яҳши кўрадилар, ёр-дўстлариникига борадилар. Бу нарса кўрсатадики, Мирзакарим отам дунё лаззатини яхши тушунадилар, яна кўп вақт бу лаззатдан баҳраманд бўлишни истайдилар. Модомики аҳвол шундай экан, у қишининг орзуларига қулоқ солишимиз керак бўлади. Мақсадим шуки, сиз — катта ўғиллари дўстларидан ман, иккимиз бош қўшиб уйлантирсак... Бу жуда ширин иш бўлар эди-да...— Эллик боши жилмайиб мўйловини жуда оҳиста силади, Ҳакимбойваччадан жавоб кутди.
— Дуруст,— бепарволик билан жавоб берди Ҳаким,— мен ўзим ҳам ўйлаб юрар эдим. Дадамга таҳорат суви берадиган, эрта-кеч ҳолидан ҳабар оладиган бир мўмин-маъқул заифа топилса, яхши бўлади. Олимжон ака, сиз бу хусусда дадам билан гаплашдингизми? Ё дўстингизга ўзингизча ғамхўрлик қиласизми?
Эллик боши бойваччага чой қуйиб берди, ўзи тиши билан нўхотдек қандни ушатиб олиб, бир қултум чой ичди, сўнгра шошмасдан гапирди.
—Дастлаб бу гапни дадангиз ўзлари ўртага отдилар. Бундан бир ҳафта илгари узоқ гаплашган эдик. Ман сизни холироқ жойда учрата олмадим. Хайр, эзгуликнинг кечи йўқ. Аммо, мулла Ҳаким, ман ҳали дедим-ку, бой отамнинг кўнгли ёш. Кўнгилни яна ёш қилмоқчилар, тушундингизми? Таҳорат суви берувчи аёлни оғизга олманг, иним.
Ҳакимбойвачча патнисни чертиб, бошини чайқаб, бир лаҳза сукутдан сўнг деди:
— Ёш хотин олмоқчи денг? Қизиқ!
— Дадангизнинг орзулари бундан ҳам баланд. У киши ел ўпмаган гулни узмоқчилар, нима дейсиз? Аммо бой отамга ярашади. Ман у кишининг кўнглига қойил қолдим. Ўтар дунёда завқ-сафо ғанимат, айниқса дадангизга ярашади.— Олимхон бирдан товушини сирли равишда пасайтирди. — Сиздан яширмайман, дадангиз қизга уйланмоқчилар! Бойвачча, ота орзусига ҳиммат камарини боғлайверинг...
Ҳакимбойваччанинг кўзлари ҳайратдан ола-кула бўлиб кетди:
— Қиз, шу гапларнинг бари ростми? Тавба!
— Ҳей-ҳей-ҳей,— эллик боши кулиб, кўзларини артди,— игнанинг учидай ёлғони йўқ, қулинг бўлай, бойвачча. Мен сизга тилмочлик қиляпман. Ҳатто, «куёв йигит» ўзларига муносиб бир қизчани ҳам ишорат қилдилар, ўҳу, гап кўп. Дадангизнинг табиатини билмас экансиз-а?...
— Кимнинг қизи экан у онамиз?—деди асабийланиб Ҳакимбойвачча.
— Ёнбағрингиздаги Ёрматнинг қизи!— бепарволик билан жавоб берди эллик боши.
— А? Тушми, ўнгми? Нима деяпсиз ўзингиз? Тўғриси, ҳеч хотирга келмаган гаплар.— Бойваччанинг ранги бир оз оқарди, кўзлари асабий равишда қисилди, папиросни устма-уст тортиб, анча вақт жим қолди, сўнг дағаллик билан деди:
— Бошқа қиз... топилмайдими?
— Дадангиз бу тўғрида шундай бир мулоҳаза юргиздилар: ўз қўлимизда ўсган мўмин-маъқул, синашта қиз, сиримизга ошна... Аммо, менимча, кўз олдиларида оловдай ёниб юрган чиройли қиз бўлса керак у, кўнгил у қизга андак мойилдак кўринади. Ман шундай сездим. Чиройли қиз — офтобдай кўнгилни ёндиради. Чиройли қиз — кўзнинг нурига нур қўшади. Қиз зоти — қизил олма: сувда балқиб-қалқиб келаётган қизил олмани кўрсангиз, чўкиб кетишни унутиб, қўлингизни чўзасиз унга... Бойвачча, нима дейсиз? Ёрматнинг қизини дадангизга қўшсак, нақ узукка қўйилган асл тошдай ўз жойига тушадими?
Ҳакимбойвачча индамади. Олимхонга қарамасдан, бошини қуйи солиб, бу кутилмаган воқеани ўйлади. Дадасидан ранжиди. Айниқса, Гулнорга кўз тиккани учун аччиқланди.
Гап-гаштакларда, ўтиришларда китобхонлик қилган жўралари орасида «ширин сухан»лик билан танилган Олимхон сайрайверди. У Мирзакаримбойнинг табиати ҳақида, чол киши учун қизга уйланишнинг фойдаларини, қиз ҳусни, унинг лаззатлари, завқи ҳақида лабларини ялаб иштаҳа билан узоқ гапирди. Унинг қиз мақтовларига Ҳакимбойвачча, ниҳоят, чидай олмай, ўрнидан сачраб турди.
— Хўп, ман кетдим.
— Мулла Ҳакимбой, отангиз бу ишга жазм қилганлар. Бир хизматкорнинг қизини дадангиздан аяйсизми? Сиз ақлли йигитсиз, сизга ўргатиш қийин, лекин айтайин, дадангизнинг орзусини қониқтириш — сизга фарз. Ўғил, қандай бўлмасин, отанинг қули бўлади.— Эллик боши бойваччанинг олдини тўсди.
— Хўш, ман нима киламан?— ерга қараб сўради бойвачча.
— Сизга шундай вазифа юкланади: укангизга, синглингизга, хўш, яна ким бор, шуларга оҳиста тушунтирасиз, яъни улар Мирзакаримбой отамга араз қилмасинлар, мана шу. Тўй боши албатта, мен ўзим...
Ҳакимбойвачча «йўқ» ҳам демади, «хўп» ҳам демади. Олимхон билан совуққина хайрлашиб, уйга жўнади.
У ҳовлида ўйнаб юрган ва «дада!» деб ҳар ёқдан югуришган болаларига назар солмай, тўғри ўз уйига — янги, кўркам, ичлари ҳаво ранг бўёқ билан бўялган ва ҳар хил қимматли буюмлар, асбоблар билан ясатилган уйга кирди. Уй жуда совуқ бўлса ҳам, танчага ўтирмади. Ҳеч вақт фойдаланилмайдиган, лекин савлат учун қўйилган янги ва кунгуралари кумушдай ярқираган катта каравотга ўзини ташлади. Узоқ вақт ўйлаб ётди. Дадасининг уйланишига қарши туриш учун ҳеч қандай асос топа олмади. Чунки дадаси ўз сўзли, вақти қелганда ҳар қандай монеликни яксон қилувчи забардаст кекса бўлганидан, унинг қизга уйланишига тўсиқлик қилиш мумкин эмаслигини англади. Аммо Гулнорга уйланиши бойваччанинг юрагини тирнади. Чунки Ҳакимбойвачча кўнгли билан бўлмаса-да, эркак орзуси, ҳирси билан Гулнорга мойил эди. Гулнорнинг бўйи ўсиб, кўкраги тўлишиб, бутун гавдаси қизлик латофати билан яшнаган чоғда бойвачча уни кўз тагига олиб қўйган эди. Лекин Гулнорга уйланиш тўғрисида дастлаб тараддудда қолди. Биринчидан, бола-чақали одам хотин устига хотин олса, уйда ҳар кун жанжал-сурон бўлиши шубҳасиз; икки хотиннинг қовоқ-димоғига қараб жанжалларига қози бўлиб, бошим қотади, деб қўрққан эди. Иккинчидан, бир хизматкорнинг қизига уйланишни — қиз қанча чиройли бўлмасин — ўз ғурури, ўз обрўси учун катта нуқсон деб билар эди. Чунки Ҳакимбойвачча ўз ғурури — обрўсига бировнинг оз-моз тил тегизишини кўтармас эди. Лекин кейинчалик у бир қатъий фикрга келган эдики, бунинг силлиқли ва иллатсизлигига сира шак-шубҳа қилмас эди. У шундай қарорга келган: Фарғона шаҳарларидан бирига, масалан, ўзи кўпроқ қатнайдиган Қўқонга бирон иш баҳонаси билан Ёрматнинг бутун оиласини кўчиради. Кейин ўзи бориб, Ёрматга куёв бўлади. Қўқонда бир хотин, Тошкентда бир хотин. Улар бир-бирларининг юзларини кўрмайдилар. Жанжал-сурон йўқ. Бу уйланишдан биринчи хотини ва бошқалар сира хабардор бўлмаслиги ҳам мумкин. Ўзи дам Тошкентда, дам Қўқонда яшайверади. Қўқонда, Ҳакимбойвачча хизматкорнинг қизини олибди, деган гап-сўз ҳам бўлмас. Бойвачча мана шу режани амалга ошириш учун жиддий киришмоқчи бўлган паллада онаси ўлиб, яна баҳорга қадар сабр қилишга мажбур бўлган эди.
Ҳакимбойвачча ҳозир бу режасини хўп ўйлаб кўрди. Буни шу кунларда юзага чиқариш мумкин бўлса-да, оқибати хунук кўринди. Дадаси кўз тиккан қизни қочириш, унга уйланиш иккинчи марта ота юзини кўрмаслик билан баравар эди. Ҳакимбойвачча бу масалада ўзининг узоқ вақт тараддудданганига, ниҳоят, фурсатни қочирганига афсусланди. Ортиқ чора йўқ эди. У истар-истамас, Гулнордан воз кечди.
Унинг хотини Турсуной тухум билан қовирилган мойли қўй гўштини бир хитой лаганда келтириб, сандал устига қўйди: «Туринг, совиб қолмасин», деди. Ҳакимбойвачча хўрсиниб ўрнидан турди. Овқатдан бир оз еди-да, лаганни четга суриб қўйди.
— Салим келдими?—деди хотинига.
— Шавкат йўталади; докторгами, табибгами кетдилар,— деди хотини.
— Келса унга айт, албатта менга учрасин!— деди-да, совуқдан увушган баданини танчага тиқиб ётди.

* * *
Салимбойвачча акасини ҳар кунгидан жиддийроқ ва хафароқ кўрди. Ер тўғрисида бир чатоқ одам бидан судлашиб юрган эди, суд ишни бунинг зарарига ҳукм қилганмикан, деб ўйлади.
— Нима бўлди, хафа кўринасиз?— ғамхўрлик билан сўради Салимбойвачча.
— Дадам уйланармиш, нима дейсан?—шартта жавоб берди Ҳакимбойвачча.
— Мунча тез? Ойимнинг ҳайит-маъракаси ўтмасдан! Ҳакимбойвачча қўлини силкиди.
— Ўлди кетди. Жойи жаннатда бўлсин,— деди у,— мен эллик боши билан гаплашдим. Чол унга ҳамма сирини айтипти.
— Хўп... Қидирсин. Озода, саранжом-саришта, бефарзанд, хўш, ёши улғайган бир аёл топилса майли...
Ҳакимбойвачча укасига қараб киноя билан кулди, бошини маъноли қимирлатиб сукутга кетди.
— Нима? Ёш хотин олмоқчими? Тавба!—Салимбойвачча кўзларини олайтириб сабрсизлик билан гапирди.— Бу тенг одамлар уйда намоз билан, тасбеҳ билан овора.
Салимбойвачча аччиқланиб, юзини тескари бурди.
— Салим, ҳали дадам тетик эмиш,— ётиғи билан тушунтиришга тиришди Ҳакимбойвачча,— қартайган чоқда айш-ишрат сурмоқчи эмиш. Хўш, биз нимага тўсиқ бўламиз? Биласан-ку дадамнинг феълини, унинг фикрини биров кеса оладими? Ҳовлиқма, ука, ман сани маслаҳат учун чақирдим.— Яна хўмрайиброқ, овозини пасайтириб деди,— у ёғини сўрасанг, айтайми, дадам Ёрматга куёв бўлмоқчи! Гулнорга уйланмоқчи!..
Салимбойвачча ўрнидан ирғиб тушди. Жаҳлдан танчага бир мушт уриб, танча устида турган катта лампани қулатай деди. Сўзлашга тили қотган каби, анча вақтгача акасига бақрайиб қолди, киприклари қўрқувдан, ғазабдан асабий пириллади.
— Нимага титрайсан?—деди вазминлик билан Ҳаким.— Ота ризоси Олло ризоси. Дадам қиз олмоқчи экан, олсин. Гулнорни олмоқчи экан, олсин. Ука, биз тўсиқ бўлмайдик, чолнинг дили оғримасин...
— Қўлимизда чўри бўлиб ўсган қиз сизга, манга она бўлсин, оиланинг бошига чиқсин. Исқирт Ёрмат бизга бобо бўлсин!—деди бақириб Салимбойвачча.
— Секин! Секин гапир!—Ҳакимбойвачча лабини тишлади,— хотинлар эшитса, гап-сўз чувалади. Хўп, Гулнорга уйланмаса, бошқа бир камбағалнинг қизига уйланади-да. Ҳар қанча бой бўлмасин олди-кети тўла набира бўлган чолга дуруст оила қиз берадими?
— Қизми, жувонми, Гулнорми — барибир, ман дадамнинг ёш хотин олишини хоҳламайман,— деди Салим, ўрнидан туриб, уй ичида асабий юра бошлади. Сўнг, танча устида ётган папиросидан олиб, гугурт чақишга сабри етмай, қошини куйдириб лампадан тутатди ва акасининг нақ бошида туриб сўзлаб кетди:
— Нимага куяман, ака, биласизми? Ёш хотин шартта-шартта туғаверади. Бир вақт келиб, дадамнинг куни етса, Гулнорнинг чурвақалари бош кўтаради. Уларга ҳимоячилар топилади. Яхлит давлат, билмадим, неча бўлакка бўлинади. Сағир-кабирларга ажратилса, тоғ ҳам увоқланади. Шундай килиб, Мирзакаримбой хонадонидан барака учади. Сиз бу нарсаларни ўйламайсиз шекилли...
Укасининг мантиқи қаршисида Ҳакимбойвачча ҳам эсанкираб қолди. У ҳали кўпроқ бошқа хаёллар билан бош қотириб, бу томонларга аҳамият бермаган, тўғриси, эсга келтирмаган эди. Чунки унинг қўли «узун» эди, давлатнинг бир қисмини дадасидан, укасидан яширин ишлатиб, холис ўзига қарашли катта бир бойлик орттирган эди. Лекин бунга қарамасдан, ҳозир унинг кўз олдидан бир қатор гўдаклар, ўгай укалар ўта бошлади. У бошини қўллари орасига олиб, жим ўтирди. Ниҳоят, чарчагандай, бир уҳ тортди-да, секин гапирди:
— Бир илож топ. Сих ҳам куймасин, кабоб ҳам.— Салимбойвачча жавоб бермади. Унинг ҳаракатлари нотинч... жаҳлдан бармоқларини тишлаб, дадасининг, Ёрмат ва Гулнорнинг шаънига бир-биридан аччиқ, ўткир сўзларни ўз-ўзича минғирлайверди.
— Беҳуда ёнма, ука, бир ақл топ!
Салимбойвачча акасининг ёнига тиз чўкди, бўғилиб шивирлади:
— Мунга нима дейсиз?.. Уйланмасдан илгари дадам ҳамма мавжуд дастмояни, бутун ер-сувни ва бошқа мулкларни бизга ҳужжат қилиб бериб, муҳр билан мустаҳкамласа... Бошқа нарса керак эмас. Кейин кимни олса олсин, ҳеч ишим йўқ.
Ҳакимбойвачча ялт этиб укасига қаради. Енгилланган каби кўкрагини кўтариб хўрсинди-да, мўйлаби орасидан жилмайиб:
— Жуда соз. Кўп одамлар шундай қилишади. Лекин чолга оғир ботмасмикан?— деди.
— Йўқ, сира хафа бўлмайди,— деди Салим,— дадам бойликни биз учун топган. Гулнорга уйланишни жазм қилган бўлса, бу талабимизни рад қилмайди. Бу шартга кўнмаса мен тамом норозиман...— қўлини кескин силкиди Салим.
— Норози бўлишдан нима фойда? Дадангдан кечасанми? У хоҳлаган ишини қилаверади. Ҳалиги фикринг соз. Ман эртага эллик боши орқали дадамга билдираман. Жавоби қандай бўлади. Буни айта олмайман... Ҳар ҳолда кўндиришга ҳаракат қиламан. Ука, ман уч-тўрт кундан кейин Фарғонага жўнайман. Лекин сан чолнинг кўнглини заррача оғритма, дурустми?
Салимбойвачча акасининг бундай «бўшанг»лигига ғазабланиб, уни койимоқчи бўлган пайтда, эшик очилиб, Тантибойвачча кириб келди. Икки оға-ини бир қадар саросимага тушиб, ўринларидан туришди.
— Суҳбатларингни буздим шекилли, саломатмисизлар?—Тантибойвачча кўришиб, оғир пўстини билан сандалга чўкди. Ака-уканинг башарасига разм солиб, киноя билан деди:
— Кўзларингиз бежо, нима бўлди, тинчликми?
— Тинчлик, тинчлик...— ака-ука бирдан жавоб беришди.
— Ман сизларга хушхабар келтирдим,— талтайиб кулиб деди Тантибойвачча,— худо жиянингиз Миробидга ўғил берди, севинчи чўзинглар!
— Ўҳў, жуда яхши. Муборак бўлсин набира!
— Ўн олти ёшда Миробид ўғил кўрди-а. Тавба!
— Кичкина ота!
— Биз йигитча — бобо бўлайлик,— хахолаб кулди Тантибойвачча.
— Дадам,— киноя билан кулиб деди Салимбойвачча,— мана эварали бўлди. Катта тўй қилиб берсин энди...
Ҳакимбойвачча лабини тишлаб, укасига маъноли қараб қўйди...

II
Икки овсин — Турсуной билан Шарофатхон — бирга ўтириб, «ҳасратлашар» эди. Эрлари Ҳаким ва Салимбойваччаларнинг уч кундан буён қовоқ-димоғлари осилганининг сабабини бу кун билишди. Қайнаталари Гулнорга уйланиш нияти улар учун катта мотам бўлди. Чунки улар катта оғиз, кутувчи, бутун рўзғор, мол-мулкка ўзини ягона хўжайин ҳисоблаган, ўзига иззат ва ҳурматни бениҳоят талаб қилган қайнанадан яқинда қутулиб, уй ичида ўзларини энди бир даража мустақил сеза бошлаган эдилар. Қайнатанинг қайта уйланиши ёдларига келмаган эди ҳам. Тўсатдан чолнинг Гулнорга уйланиш орзуси уларнинг капалагини учирди. Икки овсин, ораларидаги душманликни ҳозирча йиғиштириб, кутилмаган фалокатни ўйлай бошлади. Уларнинг юрагига мотам солган «фалокат» мана шу ваҳимадан иборат эканлиги суҳбат вақтида аниқланди: Гулнор чўри қиз. Бизларнинг оталаримиз ким? Тошкентнинг энг овозали бойи. Чўри қиз бизга қайнана бўладими?! Гулнор чўри бўлса ҳам, жуда чиройли қиз. Шунинг учун чол уни қадрлайди. Ёш, чиройли хотинга ёқиш, унинг кўнглини кўтариш учун, уни ҳаммамизнинг бошимизга ўтқазиб қўяди. Кейин Гулнорга худо берди, у эрка-арзанда хотин бўлиб, эрига суялиб, кўнглига нима келса, шуни қилади, бизни ҳар нарсадан четга қоқади, балки бошимизда ёнғоқ чақади. Камбағалнинг қизи очкўз, молпараст бўлмасдан иложи йўқ. Уйдаги ҳамма асил буюмларни ўзи эгаллаб олади, биз унда нима қиламиз? Қайнатамизга қарши «чурқ» этиб оғиз очолмаймиз, эрларимиз бўлса ота кўрсатган издан чиқишмайди... Агар чол биронта қари хотинга уйланса эди, иккаламиз «иттифоқ» ясаб, уни юмалоқ ёстиқ қилиб четга отар эдик...
Бу фалокатга тўсиқлик қилишдан ожиз булган икки овсин шу кайфиятда ҳасратлашар экан, дарвоза ёқдан Нурининг йиғиси эшитилди. Улар шошиб-пишиб ўринларидан туришди-да, қайинсингилни қарши олиш учун ҳовлига тушишди.
Онаси ўлгандан бери Нури тез-тез келиб турар эди. Она ўлимига дастдаб чидай олмаган каби кўринган Нури, секин-секин тақдирга тан берган, ҳатто аввалгидай бир гапириб, ўн куладиган бир ҳолга келган эса-да, ҳар келишда эшикдан бақириб кирар эди. Чунки қўни-қўшнилар: «фалончининг қизи бемеҳр экан» деб айблашлари мумкин!.. Шунинг учун у ҳар гал уйда, ё айвонда чўққайиб, истар-истамас, йиғи берар, яъни дастрўмолни юзига тутиб, кўзидан қатра ёш чиқмаса ҳам, онасининг шаънига булбулдай айтиб «йиғлар» эди. Турсуной ва Шарофатхон қайнананинг ўлимига ичидан ғоят севинган бўлсалар ҳам, сир бой бермаслик учун ва Нуридан қўрққанлари учун, овозларига чўзиқ, қалбаки мотам оҳанги бериб, бош йиғичига жўр булишар эди.
Бу кун ҳам нақ шундай қилинди. Йиғидан сўнг икки овсин дарров Нурини ўртага олиб, шивир-шивир билан «фалокат»ни тушунтира бошлади. Нури бу воқеанинг учини эшитган ҳамон безгакдай қалтираб кетди, кўзлари жинни кўзидай қўрқинчли бир ғазаб билан олайди. Ҳатто келинларни қўрқув босди. Нурини секингина холи уйга олиб киришди.
— Гулнор қани?— юлиниб бақирди Нури.— Ҳозир бўғиб ўлдираман!..
Турсуной билан Шарофатнинг ранги бўздай оқарди. Чунки эрлари бу сирни ҳозирча зинҳор оғиздан чиқармасликка буюришган эди. Энди улар бир-бирига гал бермас, Нурини аврашга, юпатишга ҳаракат қилишди.
— Ғавғо кўтарманг, дадам хафа бўлади, ётиғи билан иш қилинг! Акаларингиз келганда уларнинг оёқларига йиқилиб йиғланг, бизлардан эшитганингизни билдирманг, дурустми? Дадамга муносиб хотинни мен ўзим топаман, денг...
Нури маст жиннидай бетоқатланиб, кунни ўтказди. Кечқурун Салимбойвачча дўкондан қайтгач, Нури, келинойилари ўргатгандек акасининг оёғини қучиб йиғлади. Салимбойвачча синглисини турғизиб, танчага ўтқазди. Лекин титраб-қақшаб гапирди:
— Эшитдингми? Ман сандан баттар куяман. Лекин фойдаси йўқ, Нуриой! Биз ҳаммамиз дадамизнинг қулимиз. Ман санга, тўйга аралаш, бош бўл демайман... Лекин оғзингни юм! Нима бўлса кўрармиз.
— Қандай ота у?—қичқирди Нури,— ойимнинг тупроғи совумасдан, чўри қизга уйланадими? Кимсан Мирзакаримбой, таги паст, қашшоқ қизга уйланса мен қандай чидайман! Ифлос чўри қиз уйимизга бошлиқ бўладими?! Биламан, жувонмарг Гулнор ўзи қошини қоққан, кўзини учирган, шундай қилиб дадамни йўлдан оздирган.
Салимбойвачча истеҳзо билан кулди, зўр билан Нурининг овозини ўчирди. Сўнгра имо билан хотинини уйдан чиқарди-да, мол-мулкии ҳозирдан ўзларига ўтказиб олиш тўғрисидаги у кунги фикрни тушунтира бошлади...
Иккинчи кун эрталаб Нури акалари каби бўшанглик қилишни истамай, маҳалладан бир кампирни топиб, унга бош-оёқ кийим бериш ваъдаси билан зўр фолбинга бошлаб боришни сўради. Кампир паранжини бошга илиб Нурини машҳур «қўнғироқ» фолбинга (баъзилар «рост фолбин» ҳам дейишади) сургади. Шўртепа маҳалласидан ўтиб, жарликка тушди. Обжувоз, тегирмонларнинг юқорисида, ери шўрхок, деворлари бузуқ-ёриқ бир ҳовлига киришди. Ҳовли ўртасида чирик гавдаси ўрадай ўпирилган, қари баҳайбат бир туп тол. Унинг тарвақайланган қўпол, яланғоч шохлари ҳовлининг у бурчагидан бу бурчагига етади. Уларга қўниб ўйнаган қарғалар, бир нимадан чўчиган каби, аянчли товуш билан қағиллашади... Нури олдинроқ юриб, саҳни яланғоч, эни бир бўйра қадар айвонга яқинлашгач, тупроққа қоришиб ётган катта, пахмоқ кучук занжирини шалдиратиб ўрнидан турди. Нури чўчиб орқага қочди. Лекин, кучук кескин бир «ҳов» билан жим бўлди, ялқовланиб яна ётди. Нурини нақ мозористонда ёлғиз қолган каби бир ваҳима босди, ранги ўчиб, кампирнинг пинжига тиқилди, шубҳа ва қўрқув билан атрофга қараб-қараб қўйди. Айвонча билан бир қаторда, қўрғон каби баланд, ҳайбатли, лекин жуда эски пахса уйнинг ис босган, қора эшиги жимгина очилди, остонада мудҳиш бир махлуқ пайдо бўлди: бу фолбин эди. Унинг ёшини тайин қилиш қийин, қадди у қадар эгилмаган, лекин скелет каби нуқул суякдан иборат бўлган кичкина хотин, бурушиқтириш юзи — олқинди совун; чуқур, ичига ботган мунчоқдай кўздарида даҳшатли қора олов ёнган каби... бошида қора рўмолча... Чиркин, кир сочлари ҳалиги кучукнинг юнги тусида ва ўшандай дағал, қалин, узун, чўпдай ингичка суяк бармоқлари билан эшик ҳалқасини ушлаб, Нурига анча вақт бақрайиб қарагандан кейин, кўйлак этагини ерда судраб, икки қадам олдинга юрди. Нури унинг олдига боришга қўрқиб, узоқроқдан оғзаки сўрашди. Кампир эса, гўё у фолбин билан эгачи-сингил каби, қучоқлашиб кўришди. Нури шошиб мақсадини англатди. Сўнгра, ўз кампирига суқулиб, фолбин орқасидан уйга кирди. Уй зиндон сингари қоронғи ва совуқ, уйда нима борлигини ғира-шира кўриш ҳам анча қийин. Фолбин уй бурчагида оқариб кўринган чодир ичида йўқолди. Бир оздан сўнг у ердан унинг хаста товуши чиқди: «Эшикни ёпинглар, муаккирларим ёруғдан қўрқади...»
Эшик ёпилгандан кейин қоронғилик даҳшатли равишда қуюқлашди. Нури туртина-туртина чодир томонга бориб, ўтиришга тиришди. Қўрқувданми, қоронғиданми унинг нафаси тиқилди... Ногоҳ бурчакдан қўнғироқли чирманда гулдураб кетди. Нури бир сесканиб чушди, кўзларини юмди. Чирманда бўғиқ гумбурлайди. Қўнғироқларнинг жарангидан ваҳима учади. Гўё чирмандани одам чалмайди. Қоронғи кечада мудҳиш жар ёқасида дев чалади. Оёқларига, қўлларига қўнғироқ таққан қўрқинчли ажиналар рақс этади!
Бу мудҳиш машъум базмга ҳалиги ялмоғиз фолбиннинг хаста овоз билан вайсаши қўшилди: «Ё Султон! Ё чилтон! Ҳу-ҳу-ҳу!..»
Фолбин узоқ вайсади. Жинларга ялинди-ёлворди, одам кулгисига ўхшамаган бир йўсинда қийқириб кулди...
Нури ўзини чинакам жинхонада ҳис қилди, атрофини гўё жинлар ўради, боши айланиб, совуқ тер босиб, кўзлари юмила борди... Кампирнинг: «Туринг, Нуриой!» деган товушини эшитар-эшитмас қоқила-суқила ўзини эшикка отди. Оғир, қўрқинчли тушдан қутулган каби, ҳорғин «уҳ» тортди, лекин қулоқларидан ҳалиги жин базмининг гувиллаши кетмаган эди. Бир оздан сўнг фолбин эшикка чиқиб, уларнинг, яъни Гулнор билан Мирзакаримбойнинг «дилларини боғлаган ипни» жинлар узганлигини ямланиб-ямланиб сўзлади. Сўнгра, яккам-дуккам ифлос тишларини яширган оғзини катта очиб эснади, гўё унинг бутун бадбуруш юзини оғиз қоплади. Фолбин оғзини йиғиштириб, латтага чандиб ўралган, катталиги данакдай бир нимани енг учидан чиқариб берди. Бу «амал» эди. Бу кичкина тугунча ичида мозор тупроғи, темиртак, тобутнинг чўпи, совун, ўлик тирноғи ва ҳоказолар бор эди. Уларнинг ҳар бири Гулнор учун бир бало ва офатга ишорат қилиши керак: мозор тупроғи — Гулнор тездан тупроққа қоришсин учун; темиртак — Гулнор темирдай қотсин учун; тобут чўпи ва ўлик тирноғи — буларнинг даҳшати ўз-ўзидан маълум; совун — Гулнор совундай эрисин учун. Фолбин бу даҳшатли тугунчакни Гулнорнинг остонасига кўмиш кераклигини уқтирди. Кейин, бир парча хамирни одам боши каби юмалоқ қилиб, қирқ игна билан ҳалиги хамирни муттасил санчиб туриш кераклигини ва бунинг орқасида Гулнор қаттиқ бош оғриғига мубтало бўлиб, тез кунда ўлишини тушунтирди. Фолбин жинларининг кучига Нурининг эьтиқоди минг марта ошганидан, ўн сўм пул чиқариб берди ва фолбин айтганларини тезроқ бажариш учун уйга югурди.

Ўн биринчи боб
I
Ёрмат хўжайиннинг сигир-бузоқларига терт қориш билан машғул бўлган хотинининг олдида тўхтади. Унинг юзида мулойим табассум, бутун сиймосида, қандайдир бир сабрсизлик сезилар эди. У Гулнорнинг қаердалигини сўради. Юмуш қилиш учун ҳозиргина хўжайинникига чиққанлигини эшитиб, пешанасини буриштирди ва:
— Айт, энди у ерга чиқмай турсин!— деди. Гулсумбиби ҳайрон бўлиб, кўзлари билан савол қилди: нимага? Ёрмат хотинини айвонга бошлаб келди.
— Ўтир,— жиддий буюрди Гулсумбибига, сўнг ўзи ҳам ўтириб гапира бошлади.— Ман ҳозир эллик бошиникидан келдим. Қизиқ нарсалар эшитдим, хотин. Эшитганмисан, бизнинг эллик бошимиз қанақа одам? Бутун маҳалланинг отаси. Етти яшардан етмиш яшаргача унга салом беради, қўл қовуштиради. Обрўси баланд, сўзда ягона одам. Закун билади.
Гулсумбибида бардош қолмади, эридан кўз узмасдан сўради:
— Нимага чақирипти сизни, яхшиликми?
— Яхшилик, манга қолса, тушга кирмаган яхшилик. Ҳаммасини гапираман. Аммо «ғинг» демайсан, нақ айвондан улоқтираман!— Ёрмат ўқрайди.
— Зардангиз қурсин, ҳар вақт дўқ билан гапирасиэ!
— Хотин кишида товуқча ақл бўлмайди, зарда қилмасдан иложи йўқ,— қовоғини солиб, сўзини давом эттирди Ёрмат.— Эллик боши мани чақириб олди. Фозил одам билан суҳбатлашсанг роҳат қиласан-да. У кишининг сўзлари китобда ҳам йўқ, шундай маъноли... Ана сўзга усталигу. Гаплашдик. Дастурхон жойида, қанд-қурс, мева-чева саноғи йўқ... Сўзлашдик, хотин, у киши сўзни айлантириб, сиздек бахтли ота жаҳонда, йўқ деди. Ҳайрон бўламан. Оғзим қийшаяди, кўзим жавдирайди, доно одамга садақа бўлсанг арзийди, у киши жуда мулойимлик билан равшан қилди: хўжайин у кишини ўз ёнига чақирипти, мани мақтапти, хулоса, Ёрмат бир қизини мандан аямасин, депти бой отам...
— Кимга депти хўжайин?—ҳайрон бўлиб сўради Гулсумбиби.
— Ҳўкизнинг қулоғига танбур чертдимми, нодон хотин!— қизариб кетди Ёрмат.— Кимга бўлар эди, бой отам ўзига сўраяпти.
Гулсумбиби ирғиб тушди-да, икки қўли билан икки тиззасига шарт-шарт уриб, бобиллаб гапира кетди:
— Бой қурсин, уят-андишани билмайдими? Қариб мияси айнагандир. Вой, уч кун илгари эвара кўрди-я! Имонсиз кеткур...
— Жим!—муштини кўтарди Ёрмат.— Товушингни ўчир, худо ҳаммага ақл улашганда сан қай гўрда эдинг!
— Сиз нима жавоб бердингиз?— деди бутун аъзосини титроқ босган Гулсумбиби қичқириб.— Етмиш яшар чолга ёлғиз қизимни бермоқчи бўлдингизми? Ота бўлмай кетинг, бемаъни!..
— Сўзга қулоқ сол, шаллақи макиён!—Ёрмат кўзларини найзадай қадади.— Етмишда эмас, олтмиш бешда. Қарими? Қари бўлса ҳам мандан, сандан тетик ҳали. Қарғама, қулоқ сол. Мирзакаримбой худо ярлақаган банда. Шунча мол, мулк, шунча обрў. Қизим Гулнор шундай улуғ даргоҳга тушса, ёмонми? Кексалигини ўйлайсан-ку, бу томонларини назар-писанд қилмайсан?!
— Йўқ десангиз бой тилингизни кесармиди?— бўғилиб деди Гулсумбиби.
— Тилимни кесмайди, бундан баттарроқ қилади. Орамизга совуқлик тушади, мана бу ёмон нарса. Кейин ман кўрпа-ёстиғимни кўтариб, қай эшикка бораман? Кўрпа-ёстиғини орқалаб хор-зор юрган одамларнинг саноғи йўқ. Сан замонни тушунасанми, ўйлаб қара, агар шу хом қовоқда миянг бўлса, йиғлама, касофат; йиғи билан бошланган тўйнинг оқибати ёмон бўлади. Қувониб-қувониб тайёрлик кўравер!
— Нимага йиғламай, кошки кўзим оқиб тушса, ҳеч нимани кўрмасам...— кўз ёшларини қуйиб сўзлади Гулсумбиби.— Давлати қурсин, бойнинг ўғиллари, келинлари, қизлари Гулнорни чиқиштирмайдилар, уларнинг феъли, одати манга маълум-ку. Уч-тўрт кундан буён уларнинг авзойи бузуқ эди, бетларидан заҳар томар эди. Сабабини энди тушундим. Мана ҳозирдан бошлаб кўрсатган қилиқлари! Сиз ҳали чучварани хом санабсиз.— Гулсумбиби кўз ёшларини этак учи билан артиб, сўзида давом этди:— Тўғри, улар бой, жуда бой. Аммо улар Гулнорга тинчлик бермайди. Бойнинг уйи сарой бўлсин, барибир Гулнорга зиндон бўлади. Қизингизга муносиб бир йигит топилмасмиди? Топилади. Мана Йўлчивой. Тоғни урса талқон қиладиган йигит. Қизимни оч-яланғоч қўймасди. Гулнорнинг кўнгли ҳам мойил эди. Яшириб нима қилай сиздан....
Ёрмат сапчиб ўрнидан турди, тоқатсизланиб у ёққа-бу ёққа юрди, ёқасини ушлаб «тавба» деб, яна хотинига ўдағайлади:
— Акиллама! Йўлчи ким? Манга ўхшаш бир малай-да. Хизматкорнинг ёруғлиққа чиққанини ман хали кўрган эмасман. Аҳмоқ! «Мўҳ, мўҳ» деса, қўй ҳам тушунади. Аммо санга сўз уқтириб бўлмайди. Йиғи-сиғини йиғиштир, агар жонинг ширин бўлса...— Ёрмат эшикка томон бир неча қадам ташлаб, сўнг яна қайтиб келди-да, юмшоқроқ сўзлади,— қўшниларга чиқиб алжирама. Олимхон аканинг олдида сўз бердим. Ота ризоси — фотиҳа билан баравар. Гулнор чиқса, айт, тушунтир, насиҳат қил. Бу ишлар сандан лозим. Қизим ақлли, бекорга тўполон қилмас. Дурустми?
Гулсумбиби ёлғиз қоларкан, ўзининг «тош пешанасидан», бахти қаролигидан шикоятланиб, дам эрини, дам бойни қарғаб, дам худога ёлвориб ўтирарди. Яна нима қилиши мумкин бечора она! Ҳаммадан кўра юрагини чуқурроқ эзган, бутун вужудига заҳар каби тарқалган нарса — Гулнор билан учрашув, унга ўз отаси келтирган бу шум хабарни билдириш эди. У Гулнор каби севикли қизини, кўз нурини оловга отиб, яна унинг бахт ва саодати тўғрисида насиҳат қилиши керак!
Кечга яқин Гулнор чиқди. У анча ҳорғин ва хафа кўринди. Гулсумбиби қизи дам олгандан кейин, кечаси ёки эртага астагина билдирмоқчи бўлди. Аммо қизининг ўзи она юрагини очишга мажбур қилди. У паранжисини қўймасданоқ ҳайрат билан сўради:
— Нима бўлди, ойи, дадам билан уришдингизми, кўп йиғлабсиз?
— Даданг қурғур хафа қилди мени,— ўзини тетикликка солиб деди она,— қани, паранжингни қўй, ёнимга ўтир. Ҳамон дардимни оча қолай...
Гулнор паранжини қозиққа илиб, онасининг ён бағрига ўтирди ва кўзларини тикди.
— Болам, бундан кейин хўжайинникига чиқма. Даданг буюрди.
— Шуми? Кошкийди ўша ҳовлини кўрмасам. Иложи борми? Юмушлари кўп, ўзлари чақиришади.— Бир оз тўхтаб давом этди Гулнор.— Ойи, сиз сезасизми, бойникида орқамдан кулишади, гапиришади, пичинг, кесатиқ-месатиқ... Ман яқинлашсам, жим бўлишади. Нури опа илондай чаққиси келади. Ҳартугул бу кун уйига йўқолди, уҳ... жуда жаҳлим чиқди, ойи. Ҳа, нимага чиқартирмайди дадам?
Гулсумбиби бу саволга жавоб беришдан аввал, камбағалчиликдан, эрининг аҳволидан шикоят қилди, ёлғиз қизи Гулнор орқасида тирикчиликнинг яхшиланишига умид қилганини сўзлади.
— Хаёлингиз қаерда, нима сўзлаяпсиз ойи? Тузуккина гапиринг!—деди Гулнор таажжубланиб.
— Болам, шу муштипар, шу бахтсиз онангнинг ярасига туз сепмасанг, юрак-бағрини қон қилмасанг, даданг келтирган хабарни айтаман.
Она чуқур меҳрибонлик ифода қилган ёшли кўзлари билан қизга қаради.
— Ойи, сўзланг, тезроқ, нима, тинчликми, нимага титрайсиз?—Гулнор кўзларини жавдиратиб онаснга яқинлашди.
Онада бардош қолмади. Ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, Ёрмат келтирган мудҳиш хабарни севикли қизига билдирди. Гулнор ҳушсизланган каби, бошини онанинг тиззасига отди. Анча вақт «қимир» этмай ётди. Сўнг, бошини кўтармасдан, йиғи аралаш қичқирди:
— Ойижон, худодан ўлимимни тиланг, тезроқ тиланг!— яна жим бўлди...

II
Ўғли Тоҳиржон сил касалидан ўлгандан кейии Шокир отанинг бели яна кўпроқ букилган, кўзлари йиғи билан япа кўпроқ кучсизланган эди. Етим набираларини оғир, чидамли меҳнат билан ҳам боқолмаган бу жафокаш чол, ўзи учун бир эски уйни ва дўконхонасини олиб қолиб, ҳовлисининг қолган қисмини сотишга мажбур бўлган эди. Бу нарса ҳам унинг юрагини жизиллатиб қўяр эди. Бу ғамлар етмагандай, унинг ягона кўмакчиси бўлган шогирдини яқинда бошқа бир уста айнатиб олиб, бечора чолнинг қўлини кесди. Аммо Шокир ота аввалги бардош, аввалги ғайрат билан ишлаб турди.
Ҳар кун тонг қоронғисида ишга тушиб, то пешин намозига қадар ҳеч қаёққа қўзғалмайдиган «бачканадўз» бу кун қиём бўлмасданоқ дўконхонадан чиқди. У эриб билч-билч лойга аралашган ифлос қор ва балчиқ сув билан тиззага қадар тўлган кўчанинг бир четидан юриб, деворларга тиралиб, катта ҳассасини авайлаб қўя-қўя, ҳар қадамда «ёпирим!» деб базўр гузарга чиқди. Қоратойнинг дўконхонасига.яқинлашгач, чолларга махсус бир тикилиш билан қаради. Чет одам йўқлигини фаҳмлаб, темирчига келди, супачага ўтириб нафасини ростлади.
— Буқаламун фалакнинг гардишига боқ, чироғим!—деди Шокир ота.— Кишининг қўли узун экан — юлдузни узиб олади, қўли қисқа чўнтагидагини ҳам ололмайди... Дунё ялиниб келган вақтда шоҳ Машраб унинг орқасига тепган эканлар, ажаб қилганлар; дунё ўзи бевафо, орқасига тепсанг арзийди...
— Тағин нима бўлди, қария?—ҳар нарсани лўнда қилиб гапиришни севган Қоратой чидамсизлик билан сўради ва жавоб кутмасдан яна сўзлаб кетди.— Келинингиз болаларини сизга ташлаб, эрга тегипти. Эшитдим, лекин нима чора қиласиз? Шу кунда ҳамманинг боши шишган. Оқподшоҳ ҳаммани қирадиганга ўхшайди. Уруши қурсин! Очлик, қимматчилик...
Шокир ота ўтирган жойида ҳассасини ерга «дўқ» этиб урди, темирчининг сўзидан норозилигини билдириб деди:
— Ман боғдан гапирсам, сан тоғдан келасан. Навқирон Тохиржон ер бағрида ётганда, ман келинни ўйлайманми? Уруш дейсан, тахтда ўтирган Некалай сани, мани қайғумизни ейдими?— Шокир ота умидсизланиб қўлини силкиди.— Ҳой, пиринг ҳазрати Довуд ҳақига бир нафас шу тақир-туқурни бас қил!
— Ўргилай нозингиздан!— Қоратой жилмайиб, ишдан тўхтади ва чолга тикилди.
— Мирзакаримбой уйланармиш, хабаринг борми, ғофил банда!— деди чол секингина.
— Менга нима?— деди бақрайиб темирчи.
— Шошма ахир, «берди»синй айтай. Кимга дегин, Ёрматнинг қизига!— Шокир ота, зикр тушгандай, бошини тебратди. Қоратой лабини тишлаганича, ерга қараб ўйлаб қолди.
— Йўлчига ачинаман, — деди чол,— ошиқлик йўлига кирганини билар эдим. Сан-чи?
Қоратой боши билан «ҳа» деди. Кейин бойни сўка-сўка сўради чолдан:
— Ростми, ким айтди?
— Биласан-ку, қампирим баъзи вақтда кинначилик қилади. Нима қилай, камбағалчилик-да... Кеча бойнинг набирасига кинна солгани чиққан экан, ўша ерда эшитиб қолипти. Бойларнинг тили мошиначининг қайчисидай ўткир бўлади; Ёрмат рози бўлипти. Мана ҳаш-паш дегунча никоҳи ҳам бўлиб қолар. Йўлчи қачон келар экан? Келганда ҳам нима қилади, бўз бола, камбағал.
— Ҳа, ноинсоф, ҳа, кўппак!— Қоратой бойни сўка бошлади.— Ифлос қарға! Гул ғунчасини орзу қилганга доғман! Ҳаммаси пул-да. Маст бўлган, шарми ҳаёни, одамгарчиликни унутган!.. Ҳали кеккайиб бозордан қайтади. Болға билан битта уриб, абжақ қилсанг, томоша қилсанг...
— Катта савоб бўлар эди-я, иложинг йўқ!— Шокир ота ҳассасига суяниб, ўрнидан турди ва тараддудланиб сўзлади:
— Йўлчи қишлоқдан келиб қолса, йўл-йўриқ кўрсатамизми, билмадим. Сан бир ўйлаб кўр-чи.
— Кошкийди Йўлчи шу ерда бўлса, у келгунча ишни битириб қўядилар!— деди-да, Қоратой оғир «уҳ» тортди.
— Уйла, Қоратой, ишқилиб Йўлчи боламга таянч бўл, ёлғизлатма, йигитнинг кўнгли бузилмасин, боши букилмасин!
Шокир ота бир нафас кўзига ёш олди ва «уҳ» тортди.— Эй бемаъни дунё! Қоратой, бир танга пул топиладими санда? Носвой йўқ, эртадан бери хумориман.
Қоратой боши билан «йўқ» деди. Лекин, ўз отаси каби севган шу ғариб чолга бир танга топиб беришдан ожиз бўлгани ўчун қаттиқ хафа бўлиб, носқовоғидаги носни бир қоғозга тезгина ағдариб, чолга тутди. Чол бунга ҳам хурсанд бўлиб, дуо қйлди. Сўнг, букик қаддини ҳассасига ташлаб, секин-секин жўнади.
Қоратойнинг юрагидаги ғазаб тўлқиин, Йўлчи ва қиз тақдири тўғрисидаги ташвиш ишлашга имкон бермади. У ишларини чала қолдириб, дўконхона юзига чий тутди...

III
Гулнор уч кунни жаҳаннам азобида ўтказди. Онасидан машъум хабарни эшитгандан бошлаб, тинмай йиғлади, қайноқ кўз ёшлари билан юз-кўзларини ювиб, қайғу алангасида тутақиб ёнди, суякларига қадар зирқираб оғрийди. Мирзакаримбойга хотин бўлиш унинг хаёлига бир лаҳза келган бўлса эди, бу фикр, чақноқ юлдузни силаб ўтган бир парча булут каби унинг кўзларига бир оз кўлка ташлаган бўлса эди, бу ҳолнинг бутун даҳшатига қарамай, Гулнор балки бунчалик ўртанмаган, бунчалик ваҳимага, саросимага тушмаган бўлар эди... Қиз ўз қалбини Йўлчига бағишлаган эди. Агарда бутун вужудиятини, бутун «мен»лигини у йигитнинг ишқи тўлдирмаган бўлса эди, камбағал қизларнинг бошидан, айниқса уларнинг гўзаллари бошидан, кўп вақт чаманларни барбод қилиб кечган дўл бўрони каби, бу даҳшатни, офатни, у эҳтимол, бир тақдир, бир зарурият, ўлим каби даф этилмас ҳодиса деб тушунар, балки, камтаринлик билан бўйнини буккан бўлар эди.
Гулнор нима қилсин? У яраларини кимга очсин? Остонадан ҳатлаб чиқишга ҳадди йўқ. Уйда ҳамма нарса унга ёт, ҳамма нарса кар, отаси бегона, ҳатто онаси ҳам бегона каби.
Ёрмат қўлини белбоғига қистириб, қандайдир бедана юриш билан юриб қолди. У куёв — хўжайиннинг юмушларини бажариб, уйга қайтганда хотинига шивир-шивир билан, ё имо билан гапиради. У сўзларкан, юзларига гоҳ дўқ, гоҳ ғазаб, гоҳ ялинчоқлик ёйилади. Унинг қўлларида бутун умрида ушламаган қоғоз пуллар шилдираб қўяди баъзан. Шундай қилиб, ота қизнинг кўз ёшларига тамом бепарво. У буни «узатиладиган қизларнинг шайтон йиғиси», деб тушунади. Она-чи? Биринчи кун қиз билан бирга йиғлашди. Лекин у тақдир темирини синдиришдан ожиз эканини тез англади. Эрининг раъйига қарши боришдан фойда йўқлигини билди ва кўникди. Унинг юраги ҳозир ҳам изтиробда, лекин у энди севикли қизининг кўз ёшларинн тиндириш учун, фақат насиҳат қилади, юпатади, отин ойи, эшон ойилардан эшитган «китоб» сўзларини гапиради. «Бу дунёда аламзада, дардкаш бўлган хотинларни тонгла қиёматда Биби Фотиманинг ўзлари жаннатга бошлар эканлар»...
Гулнор Йўлчининг хаёлий изига кўз тикди. Уни чуқур соғинч, интизорлик ва сабрсизлик билан кутади. Лекин у йўқ. Кетганига бир ҳафтадан ошди. Агар у келган бўлса, ўзини билдирган бўлар эди. Лекин баъзан ваҳима босади: «Балки қайтгандир, қайдан биламан? У ҳам, мен каби бечора, бир бурчакда ғам чекиб ётгандир... Йўлчи! У билан бир зум учрашса, унинг кўкрагига бош қўйиб, мард юрагини тингласа, унинг раъйини билиб, бу қопқондан кутулиш учун астойдил уринса!.. Фақат, Йўлчи қани? Унинг дарагини қандай суриштиради? Унда Йўлчи номини ёдлаш мумкин эмас, дадасига эмас, ҳатто онасига ҳам у энди Йўлчи тўғрисида бир сўз айта олмайди. Чунки Гулнор, онанинг назарида ҳам, энди «кишининг моли», Йўлчи — «биров»...
Гулнор ошхонада ўтираркан, онасининг ўз-ўзига қилган шикоятини эшитиб қулоқ солди: «Шўрим қурсин, кампир хотинни узатгандай, тўртта-бешта хотин билан бирга маликадай қизимни олиб чиқармишман, эшигимга карнай-сурнай билан, бир тўда йигит билан куёвим келса, устидан сочқи сочилса, куёвимнинг бошига жиға тақсам, деган орзуларим бор эди... Домла имом билан сўфи келиб, никоҳ ўқирмиш, ман ўлгур қизимни етаклаб, «ёр-ёр» йўқ, шовқан-сурон йўқ, сув қуйгандай, жимгина чиқармишман шўппайиб...»
Гулнорнинг юраги зир титради. У никоҳнинг яқин кунларда бўлишини англади, демак эркаклар ҳамма нарса тўғрисида ўйлаб, бир фикрга келишган, дадаси келиб унга сўзлаган!
Бир тутам қиш куни Гулнор учун битмас-туганмас узоқ кўринди. Яланғоч дарахтларнинг учларида уфққа ботган қуёшнинг нурлари титрайди. Атрофдаги ҳовлилардан кўтарилган тутунлар кўкимтир, майин мавж билан тиниқ, совуқ ҳавода сузади...
Гулнор ўчоқ бошида декчани қайнатиб, хомуш ўтирган онанинг ёнида чўққайди, унга тикилди, бутун вужудидаги дардини ифода қилган бир ҳаракат билан онага суқулди.
— Ойи, дадамга ялининг, шошмасин,— ёлвориб гапирди Гулнор,— ёлғиз қизининг орзусига ҳам қулоқ солсин. Йўқчилик ичида сиз билан яна бир оз яшай. Шу турмушимиздан, шу декчамиздан кўнглим сира узилмайди. Илгари ёмон кўрар эдим. Энди-чи? Энди шу чолдевор ҳовлимиз, шу тирикчилик кўзимга ҳар қандай бойларнинг серсавлат уйларидан яхши кўринади.
— Кошкийди, қизим, даданг сўзимга қулоқ соладиган эркак бўлса... Ҳар кирганда, бир нима топиб келади: эллик боши ундай деди, эллик боши бундай қил деди. Уҳ, ўлиб бўлдим.— Гулсумбиби сўздан тўхтади, қизига қараб хўрсиниб, унинг бошини силади.— Ойнага қарадингми? Уч кун ичида уч йилги касалдай бўлиб қолибсан. Куйма дейман-ку. Бу савдо ёлғиз санинг бошингда эмас. Биров ёшга тегади, биров... бошқага. Худо юлдузингни ўшанга тўғрилаган экан, чорамиз йўқ...
— Юлдузим қурсин, ойи, чақнамасдан ўчди, бошимга бало бўлиб тушди. Майли, ойи, сиз мани беш-ўн кун бағрингиздан айирманг. Орзум шу...— деди Гулнор.
Шу ерда она-бола узоқ йиғлашди. Ўчоқдаги ўтни секин-секин кул босди.


AvvalgiII- qism Keyingi
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика