Рубоийлар [Pahlavon Mahmud] |
Паҳлавон Маҳмуд (Пурёйвалий) I Ўзбек шоирларннинг адабий меросини излаб 1959 йил август ойида Хоразмга бордим. Мен кўпдан бери Хоразмни кўришга муштоқ ва хоразмликларнинг ўйноқи куйларига, нафис рақсларига мафтун эдим. Шу сафаримдан фойдаланиб, бу кўҳна маданият маркази ва санъат ўлкасини чуқурроқ ўрганишга тараддуд қилдим. Хива — осори атиқа шаҳри. Хивада кўп тарихий ёдгорликлар бор. Йўловчи ҳали шаҳарга етмасдан беш-олти километрлик масофадан осмонпайванд миноралар, ложувард гумбазлар намоён бўлади. Булар ичида энг муҳташами «Ҳазрат Паҳлавон» мақбарасидир. Биз ана шу кўркам мақбарага кирдик. Мақбара гумбази атрофига форс-тожик тилида бадиий баркамол фалсафий рубоийлар нақш қилиб, ўйиб ёзилган. Айрим рубоийларда Маҳмуд Пурёйвалий номи зикр этилган. Демак, бу ерда дафн қилииган зот мутафаккир шоир. Хоразм тарихи музейига бориб «Ҳазрат паҳлавон» рубоийларини суриштирдим. Музей илмий ходими наққош Абдулла Болтаев музейда Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан иборат бир китоб борлигини айтди. Мен дарҳол бу китобни олиб кўрдим. Бу—Муҳаммад Раҳим II (шоир Фируз) кўчирган нусха экан. Урганчга қайтиб келдим. Бу ерда бир хонадонда рубоийларнинг яна бир нусхаси борлигини эшитдим. Дўстим Юнус Юсупов икковлашиб шу хонадонга бордик. У ерда эски китоблар орасидан Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг яна бир нусхасини топдик. Бу нусхани 1946 йилда Ҳасан Мурод қори кўчирган экан. Дарҳақиқат, рубоийлар жуда юксак савияда. Тошкентга келиб, Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмаларини қидирдим. Бу фондда Паҳлавоннинг бир эмас, икки қўлёзмасини топдик. Худди шу кеча-кундузда бир аёл институтга бир китоб олиб келди. Бу — қўшиб муқова қилинган уч мустақил асар бўлиб, иккитаси авлиёлар ҳақидаги ривоятлар, учинчиси Паҳлавон Маҳмуднннг таржимаи ҳолига оид «Ҳазрат Паҳлавон ҳикоялари» номли қўлёзмадир. Менинг Паҳлавон Маҳмуд адабий меросини қидириб юрганимни эшитиб, муҳтарам олимларимиздан профессор Яҳё Ғуломов бир қўлёзма тақдим этди, бунда Паҳлавон Маҳмудга нисбат берилган уч юз ўттиз тўрт рубоий бор. Мана шу ҳужжатлар билан танишгач, бу борадаги маълумотни чўқурлаштирмоқ ниятида тарих ва тазкираларни қидира бошладим. Чунки Паҳлавон Маҳмуддек забардаст шоир ҳақида тарих ва тазкираларда маълумот бўлмаслигига ақлим бовар қилмасди. 1299-ҳижрий (1881 йилда) Бомбайда нашр этилган «Оташкадаи Озарий» номли машҳур Шарқ тазкирасида Паҳлавон Маҳмуд ҳақида қуйидагилар ёзилган: «Исми Паҳлавон Маҳмуд, Пурёйвалий лақаби билан шуҳрат топган, унинг паҳлавонлик овозаси оламни тутган, ўз асрининг ягонаси бўлган. Шеъриятда қудратли, «Канзул Ҳақойиқ» номли маснавийси бор. Кейинги вақтларда тасаввуф мавзуида ёзган рубоийлари анча яхши чиққан» . Машҳур турк олими Шамсиддин Сомибек ҳам «Қомусул аълом»нинг V ва VI жилдларида Паҳлавон Маҳмуд хусусида баъзи маълумотлар келтирган. «Қомусул аълом»нинг ҳар икки жилдида бир хил маълумот берилгани учун биз V жилддаги парчани кўчириш билан қаноатланамиз. «Паҳлавон Маҳмуд Эроннинг машҳур шоирларидан бўлиб, Хоразмнинг Урганч қишлоғидандир. Ёшлигида ўз кучи ва паҳлавонлиги билан фахрланиб юрди. Кейинги пайтларда тасаввуф тариқатида кўп риёзат чекиб, жисмоний заифлашган эди. «Канзул Ҳақойиқ» номли маснавийси бор» . 1327-ҳижрийда Истамбулда нашр этилган «Туркларин улум ва фунуна хизматлари» номли китобда ҳам (автори Муҳаммад Тоҳир бин Рифъат) Паҳлавон Маҳмуд ҳақида сўз боради, лекин бу автор бирор янги нарса қўшмай, Сомибекнинг «Қомусул аълом»даги фикрларини такрорлайди. Шарқ адабиётини жуда яхши билган Садриддин Айний «Намунаи адабиёти тожик» китобида Паҳлавон Маҳмуднинг «Қомус» ва «Оташкада» тазкираларида келтирилган рубоийларини кўчириб, «ўзи хоразмлик, лекин таржимаи ҳолини билмадик» дебди . Профессор Яҳё Ғуломовнинг «Памятники города Хиви» асари, ўз номидан кўриниб тургандек, тарихий ёдгорликларга бағишланган эса-да, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳақида сўз борганда, унда дафн этилган шахснинг июирлиги тўғрисида ҳам гапириб, мисол тариқасида бир-икки рубоийсини келтирган. 1958 йилда Ўзбекистон Давлат бадиий адабиёт нашриёти машҳур рус олимлари Г. А. Пугаченкова ва Л.И.Ремпелнинг «Выдаюшиеся памятники архитектури Узбекистана» номли китобини нашр этди. Бу китоб ҳам ўз исмидан кўриниб турибдики Ўзбекистоннинг меъморлик санъати тарихига бағишланган. Шу китобнинг «Гумбаз Пахлавана Махмуда» сарлавҳали бобида Паҳлавон Маҳмуд ҳақида баҳс этиб, унинг шоирлиги хусусида қуйидагилар айтилган: «...Он и поэт известный под именем Пирияри Вали, подражавший в своих стихах Омару Хайяму». Тарих ва тазкира китобларида ўтмиш ва ҳозирги замон олимларининг Паҳлавон Маҳмуд ҳақида берган маълумотлари мана шулар, холос. Бундан ташқари, Хива музейининг илмий ходими, республика халқ рассоми, машҳур Хоразм наққоши Абдулла Болтаевнинг қўлёзма дафтарларида Хоразмнинг тарихий ёдгорликлари, жумладан, Маҳмуд Пурёйвалийнинг таржимаи ҳолига доир қимматли материаллар бор. Шунингдек, Хоразмда ёзилган қўлёзма бир маноқибда (авлиёлар ҳақида китоб) Маҳмуд Пурёйвалийнинг ҳаёт йўли ҳақида диний ранг бериб ёзилган, лекин аслида шоир Маҳмуднинг порлоқ образини ифодалайдиган маълумотлар келтирилган. Ана шу манбаларга асосланиб, шоирнинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидаги мухтасар маълумотни ўқувчиларга арз этмоқ мумкин: II Шоирнинг отаси кўҳна урганчлик бўлиб, хотини ҳомилалик чоғда Хивага кўчиб келади. Бироқ, улар ҳали шаҳарга етмай, хотини тўлғоқ тутиб, шаҳар четидаги бир уйда кўзи ёрийди. Бу ҳодиса 645-ҳижрий, милодий ҳисоби билан 1247 йилда эди . Болага Маҳмуд деб ном қўядилар. Маҳмуд жисмоний жиҳатдан жуда бақувват, паҳлавон бўлиб етишади. У Хоразмнинг кўп шаҳарларига, ҳатто Ҳиндистонга бориб курашади, лекин ҳеч ерда енгилмайди, бутун умри елкаси ерга тегмай, мамлакатнинг биринчи паҳлавони бўлиб қолади. Шундай қилиб, халқ Маҳмудга «Паҳлавон» лақаби бериб, уни «Паҳлавон Маҳмуд», «Паҳлавон ота» деб юритадилар. Бироқ, паҳлавонлик Маҳмуднинг асосий касби эмас, унинг асли касби пўстиндўзлик, телпакдўзлик бўлган. Маҳмуд бу ҳунарда ҳам зўр маҳорат касб этган, унинг жуда кўп шогирд ва халфалари бўлган. Паҳлавон ҳижрий 726-йилда, милодий ҳисоби билан 1326 йилда вафот этганда, унинг васиятига амал қилиб, шогирдлари Паҳлавон Маҳмуднинг жасадини ўзининг пўстиндўзлик корхонаси доирасига дафн этганлар, мақбара ҳам ана шу қабр устида барпо этилган. Маноқибда ҳикоя қилинишича, Паҳлавон Маҳмуд Ҳиндистонда экан чоғида ҳиндлар тарафини олиб урушга қатнашади. Ҳиндистон подшоҳи Рай Ропой Чўнани ўлимдан қутқазади. Мана шундан кейин Ҳиндистон подшоҳи мамнун бўлиб. Паҳлавонга қараб: «Тила тилагингни» дейди. Паҳлавон молу дунё, олтин, кумуш талаб қилмай, бир вақтлар Ҳиндистонга асир тушган хоразмликларни озод қилишни илтимос этади. Ҳиндистон подшоҳи Паҳлавон Маҳмуднинг илтимосини бажо келтириб, хоразмлик тутқунларни озод этади, йўл харажатларини бериб, Хоразмга қайтаради. Маноқибда ҳикоя қилинишича, Паҳлавон Маҳмуд Хива яқинида Чингизхонга қарши урушда ҳалок бўлган паҳлавонлар қабри устида мақбара барпо этган ва бу мақбаранинг вайроналари ҳанузгача сақланади. Юқорида қайд этилган маълумотлар Паҳлавон Маҳмуднинг ижтимоий қиёфасини равшан кўрсатиб туради. Хоразм асирларини озод қилмоқ, ватан учун курашда жон фидо қилганлар гўри устида мақбара барпо этмоқ — бу илғор одам, ватанпарвар сиймосини кўрсатади. Соғлом танда — соғлом ақл, деган гап Паҳлавон Маҳмуд сиймосида тўла ифодасини топган. Паҳлавон Маҳмуднинг зако ва истеъдоди, тафаккур кучи унинг жисмоний қудратидан кам эмас. Ҳақиқий шоир ва мутафаккир учун ўз мушоҳадаларидан хулоса чиқармоқ, уни бирор шаклда баён этмоқ табиий зарурат бўлиб қолади. Шарқда кўп мутафаккирлар ўзларининг фалсафий фикрларини баён қилмоқ учун шеъриятдан фойдаланганлар. Бу ҳақиқатни Хайём, Навоий, Бедил ва бизнинг мавзу баҳсимиз Паҳлавон Маҳмуд ижоди мисолида кўриш мумкин. Маълумки, Хайём бутун адабий фаолияти давомида фақат рубоий жанрида асар ёзди ва рубоий жанрининг тематик доирасини белгилаб берди: ҳаёт ва коинотнинг моҳияти ҳақида фикр юритиш, хушчақчақ ҳаётнинг символи тарзида май ва маҳбубани куйлаш — рубоий жанрининг асосий хислати бўлиб қолди. Паҳлавон Маҳмуд шеъриятда ҳам, фалсафада ҳам Хайёмнинг заковатли давомчисидир. Форс адабиётида Хайёмдан сўнг фақат рубоий ёзган бошқа бир шоир йўқ. Бу ҳол туркий халқлар адабиётида ҳам кўринмайди. Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фузулий, Бобур ва бошқа кўп шоирлар рубоийда ўз кучларини синаб кўрган бўлсалар-да, бу жанр, уларнинг ижодида асосий ўрин тутмаган. Паҳлавон Маҳмуд эса, бутун умри форс-тожик тилида рубоий ёзган. Шундай қилиб, Паҳлавон Маҳмуд Хайёмнинг фалсафий ва бадиий ғояларини ривожлантирган, унга ўз асри руҳини берган. Бу — хайёмшуносликда ҳам, ўзбек ва тожик адабиёти тарихида ҳам муҳим янгиликдир. Шуни ҳам қайд қилиш лозимки, Паҳлавон Маҳмуд Хайёмнинг оддий тақлидчиси эмас, аксинча, у ўзининг заковат ва истеъдоди, мушоҳада кучи жиҳатидан Хоразм Хайёмидир. Шарқ адабиётида теран мазмунли, нафис ва ўйноқи рубоийларни «хайёмона» деб аташ одат бўлиб кетган. Шу мантиқдан чиқиб баҳо берганда, Паҳлавон Маҳмуднинг санъаткорона рубоийлари ҳаммаси ҳам ҳайёмонадир. Бу рубоийлар ёнма-ён турганда, қайси бири Хайёмники-ю, қайси бири Паҳлавон Маҳмудники эканини фарқ қилиш қийин. Паҳлавон Маҳмуд ўз асрининг донишманди эди, у ўзининг узоқ умри давомида ҳаётни мушоҳада этиб, тўғри хулосалар чиқарган, бу ҳол унинг рубоийларида ёрқин акс этиб, уларни ҳикматли сўзлар даражасига кўтарган. Мана шулардан бири: Қора тош сира ҳам бўлмас ложувард, Тоза қалбга юқмас асло чангу гард, Қулоқ солгин Пурёйвалий сўзига, Қўрқоқлардан бирон чиққанмиди мард! Рост айтади бу улуғ донишманд, ёмон одамдан фақат ёмонлик, ёвузлик кутиш мумкин, мардликка, валломатликка, эзгуликка у қобил эмас! Паҳлавон Маҳмуднинг нодонлардан, жоҳиллардан нафрати шу қадар зўрки, уни шоирнинг ўз тили билан айтмасдан бошқача таъбир билан тушунтириш имкондан хориждир. Мана у нима дейди: Уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ, Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ, Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ, Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ. Паҳлавон Маҳмуднинг муҳаббат мавзуидаги рубоийларини олиб кўрайлик. Паҳлавоннинг ишқ мавзуидаги рубоийлари фикрнинг равшанлиги, мазмуннинг теранлиги, маҳбубга муносабатнинг самимийлиги, лирик қаҳрамоннинг маъшуқа ризоси учун ҳар қандай фидокорликка ҳозирлиги, образларнинг ранг-баранглиги, хулосаларнинг фавқулодда ва кутилмаганлиги билан кишини ҳайратда қолдиради. Чунончи: На чораки маломатдур ватаним, Ишқ ўлдирди, севги менинг кафаним. Жаннат боғларида сен ўтир, зоҳид, Мен—маст булбул, дўзах менинг чаманим. Сўрагин, гўзалим, керак бўлса жон, Жон эмас, сўрагин ҳаттоки имон. Фақат яқинроқ кел, қилма интизор, Сен ҳарна истасанг бергум бегумон. Деди ёрим: «Яна нима ғаминг бор? Хаёлинг банд этди қайси гўзал ёр?» Қўлларига бериб ойна, дедимки: Кимнинг аксин кўрсанг—шу менга дилдор. Паҳлавон Маҳмуднинг назар-эътиборидан молпараст, дунёпараст, бошқача айтганда, олтин-кумуш бандалари ҳам четда қолмаган. Мол-дунёга, олтин-кумушга сажда қилувчи бу тоифа: «ема, ичма, бўл бахил, бой бўлмасанг мен кафил», шиори остида иш кўрадилар. Бу тоифа бой бўлади, лекин гадодан баттар кун кечиради. Улар бойлигини боласидан аяйди. Маҳмуд Паҳлавон ана шу тоифа устидан истеҳзо қилиб бундай дейди: Эй ҳожа, сен нечун бунча бехабар, Хаёлингда кеча-кундуз кумуш, зар, Дастмоянг-ку бу оламда бир кафан, Буюрганми сенга кафан, ким айтар? Паҳлавон Маҳмуд Чингизнинг қонли юришлари натижасида мамлакатга етказилган оғир жароҳатлар ҳали битмаган бир даврда яшади. Бу давр — Ўрта Осиё ва айниқса, Хоразм тарихининг энг оғир даври эди. Паҳлавон Маҳмуд ватан бошига тушган бу сонсиз-саноқсиз балолар, тўфонларнинг шоҳиди бўлди. Шоир мана шу тарихий бахтсизликларни бир рубоийга сиғдириб, ўз асрининг ажойиб реалистик лавҳасини чизиб берган: Давронда кўп кўзни мен гирён кўрдим, Неки бало бўлса беомон кўрдим, Нуҳ минг йил яшади, кўрди бир тўфон, Мен Нуҳ бўлмасам ҳам минг тўфон кўрдим. Биз Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан бир неча мисоллар келтирдик, холос. Лекин, зийрак ўқувчилар бу қатрада денгиз акс этганини ҳис этадилар, деб ишонамиз. * * * Паҳлавон Маҳмуднинг номига ҳамиша бир-икки лақаб тиркаб айтилади. Уни Хоразмда: «Паҳлавон Маҳмуд», «Полвонпир» десалар, тарих ва тазкира китобларида «Ҳазрат Паҳлавон», «Маҳмуд Пирёрвали», «Маҳмуд Пурёйвалий» деб тилга олинади. «Оташкада» ва «Қомусул аълом»да эса, Паҳлавон Маҳмудни жанговар, жангжўй, ҳарбий, урушқоқ маъносида «Қитоли» лақаби билан тилга оладилар. «Мажолисул-ушшоқ» тазкирасида келтирилган бир ғазалида Паҳлавон Маҳмуд «Қитоли» лақабини ҳам тахаллус ўрнида ишлатган. Чунончи:. Дасте намерасад чу Қитоли ба зулфи ёр Қувват зи по—у зўр бозу ниҳодаем . Баъзи тазкирачилар Пирёр Вали шоирнинг отасининг номи деб даъво қилса (масалан, Шамсиддин Соми), бошқалар Пирёр Вали шоирнинг тахаллуси деган фикрни олға сурадилар (масалан, Виктор Виткович). Аслида бу даъволарнинг ҳар иккиси ҳам хато. «Чароғи ҳидоят» луғатида: «Пурёйвалий — паҳлавонлар пирига бериладиган лақаб» дейилади . Маҳмуд эса, Ўрта Осиё, Эрон ва Ҳиндистонда елкаси ерга тегмаган биринчи даражадаги паҳлавон эканини юқорида қайд қилган эдик. Шунинг учун паҳлавонлар паҳлавони, паҳлавонлар пири маъносида Пурёйвалий лақаби дастлаб хоразмлик Паҳлавон Маҳмудга берилган. «Ғиёсул луғат»нинг қуйидаги сўзлари ҳам бу фикрни тўла тасдиқлайди: «Пурёйвалий Маҳмуд Хоразмийнинг лақаби. Баъзан бу сўз мажозий маънода зўрхона (паҳлавонхона) бошлиғи бўлган кекса паҳлавонларга ҳам нисбат берилади» . Мана шу асосларга биноан биз Маҳмуднинг паҳлавонлик лақабини бу кунгача ёзиб келгандек Пирёр Вали шаклида эмас, Пурёйвалий шаклида ёзишни маъқул кўрдик. Котиблар рубоийларни кўчирганда жуда кўп хатога йўл қўйганлар. Натижада бир мисрада вазн бузилган бўлса, бошқасида маъно тамомила ўзгариб кетган. Форс адабиёти мутахассисларидан дўстим Мунирхон Муинзода билан бақамти котибларнинг муқаррар хатоларини топиб тузатдик. Бизнинг бу хизматимиз нимадан иборат эканини қуйидаги мисолларда аниқ кўришингиз мумкин: Қўлёзмада: 1. Бо хеш писари ки дилбариро шояд Тузатилгани: Бо хуш писаре ки дилбариро шояд Қўлёзмада: 2. Гар тарки видоъ кардаем маъзурам Тузатилгани: Гар тарки видоъ кардаам маъзурам Қўлёзмада: 3. Май нўш бенишон басе хоҳад мурд Тузатилгани: Май нўшки бенишон басе хоҳад мурд Қўлёзмада: 4. Э дил то ғами ишқ таманно карди Тузатилгани: Э дил чу ғами ишқ таманно карди Қўлёзмада: 5. Он зарраки ҳисоб нояд ноем Тузатилгани: Он зарраки дар ҳисоб нояд моем. Қўлёзмада: 6. Бо бад биншин бош бегонаи у Тузатилгани: Бо бад манишину бош бегонаи у Қўлёзмада: 7. Дарёйи талаб жумла бару баста бувад Тузатилгани: Дарҳойи талаб жумла барў баста бувад Қўлёзмада: 8. Душанба бурд бор душам буд Тузатилгани: Душинаки бар даргаҳи ту душам буд Қўлёзмада: 9. Дар роҳ нигарки роҳ чунан рафтанд Тузатилгани: Дар роҳ нигарки роҳ бинон рафтанд. Қўлёзмада: 10. Расместки дар вафо бани одам нест Тузатилгани: Расмест вафоки дар бани одам аест. Қўлёзмада: 11. Ман Нуҳи ним ҳазор тўфон дидам Тузатилгани: Ман Нуҳ наям, ҳазор тўфон дидам. Бошқа тузатишлар ҳам худди шу руҳда бўлиб, рубоийларнинг котиблар вайрон этган вазнини, мазмунини бир даражада тикладик, деб ўйлаймиз. Биз «Рубоиёти ҳазрати Паҳлавон» номи билан юритилган беш қўлёзма нусхани кўздан кечириб, шулардан эллик етти рубоийни танлаб, таржима қилдик. Айрим нусхаларда уч юздан ортиқ рубоийлар бор-ку, нега биз кўпроқ олмадик? Бунинг сабаби шуки, ҳамма нусхаларга бошқа шоирларнинг рубоийлари кириб қолган. Қандайдир масъулиятсиз котиб сўраб-суриштирмай, қўлга тушган ёки эшитган ҳар бир рубоийни Паҳлавон Маҳмудга нисбат бериб кўчира берган. Натижада, «Ҳазрати Паҳлавон рубоийлари» номли қўлёзмалар турли маслак ва ҳар хил савиядаги шоирларнинг муштарак рубоий тўплами бўлиб қолган. Хоразмликлар асрлар давомида Паҳлавон Маҳмудни авлиё деб юрганлари учун котиблар ҳам сўфиёна рубоийларни унга нисбат бериб тўпламга кирита берганлар. Бунинг устига биз кўриб чиққан қўлёзмалар ҳаммаси ҳам XIX—XX асрда кўчирилган. Агар булар орасида бирорта эски-мўътабар нусха бўлганда, Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ажратиш енгилроқ бўларди. Афсуски, ҳозирча эски нусхалар топилгани йўқ. Шунингдек, «Оташкада» ва «Қомусул аълом»да тилга олинган «Канзул ҳақойиқ» номли маснавийни ҳам топиш бизга насиб бўлмади. Биз, Паҳлавон Маҳмудга нисбат бериб, бошқа шоирларнинг асарларини нашр этиб қўймайлик, деган андиша билан рубоийларни мумкин қадар синчиклаб текширдик, турли шоирларнинг рубоийлари қоришиб кетган бу шубҳали нусхаларни қайта-қайта ўқиб, Паҳлавон Маҳмуднинг соғлом, мағрур овозини фарқ этишга ҳаракат қилдик. Биз танлаган рубоийлардаги руҳий тетиклик, фикрий теранлик уларни бошқа рубоийлардан ажратиб туради. Айрим рубоийларга эса шоир: «Бишнав сухани Маҳмуд Пурёйвалий» деб, ўз номи билан муҳр босиб қўйган. Шоирнинг номи зикр қилинган рубоийларнинг руҳига қараб, биз шу қалбнинг садосини, шу руҳнинг туғёнини ўқувчига етказишга ҳаракат қилдик, Хива — Тошкент, 1960 йил Мардлик Ва Одамийлик Тароналари Учинчи Нашрига Сўзбоши I Субҳидам пайти кимдир кўча эшигини қоқди, бу декабрь ойининг аёз тонги эди. «Ҳозир» дедим-да, наридан-бери кийиниб ташқарига чиқдим. Чиқдиму, ҳайрон бўлиб қолдим. Эшигимиз олдида Хоразм область прокурори Рустам Муҳамедов турарди. Мен меҳмонни дарҳол иссиқ уйга бошлаб кирдим, пальтони ечиб, бемалол ёзилиб ўтиришни таклиф қилдим. Аммо, меҳмон узр айтди: — Домла, мен сизга Хоразмдан совға олиб келдим. Шу нарсани сизга топшириб, иккинчи самолётда қайтишим шарт, чунки кечки пайт обкомда мажлис бўлади. Демак ҳеч қандай эътирозга ўрин йўқ. Биз ошиғич равишда совғани очиб кўрдик. Бу — биз зориқиб, истаб юрган Паҳлавон Маҳмуднинг рубоийлари мажмуаси эди. Мен камоли қувонганимдан меҳмонни қучоқлаб ўпдим, ваъдага вафолари, олижанобликлари, маданиятимиз тарихига бўлган чексиз эҳтиромлари учун Мадраҳим Раҳмонов ва Рустам Муҳамедовларга қайта-қайта ташаккур айтдим. Меҳмон хайр-хўш қилиб кетгандан сўнг, мен ифтихор билан ўйлардим: «Ажабо, партия ва давлат арбоблари, ҳатто адлия ходимлари ҳам адабиёт, шеърият хизматида, бу қандай гўзал-а!» Мадраҳим Раҳмонов ким дейсизми? Воқеа мана бундай: Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги асаримни кенгайтириб, уни қайта нашр этиш менинг ўн йиллик орзуим. Бу — янги тадқиқотлар ўтказиш, шоирнинг бошқа асарларини топиш, уларни форсчадан ўзбекчага таржима қилиб, шарҳу баён этиш демакдир. Шу мақсадда 1974 йил 23 сентябрда Ёзувчилар Союзидан ижодий командировка олиб, Хивага жўнадим. Таассуфки, Хива зиёратидан мурод ҳосил бўлмади. Хивадан бирор янги нарса топмадимгина эмас, борлари ҳам музейдан йўқолганини эшитиб қаттиқ ранжидим. Хуллас, Хивадан хуноб бўлиб Урганчга қайтдим. Урганчда эски қадрдонимиз, область прокурори, ҳуқуқшунослик фанлари кандидати муҳтарам Рустам Муҳамедов хонадонида меҳмон бўлдик. Кечқурун дастурхон атрофида уч киши ўтирардик: мен, мезбон ва Хоразм областининг масъул ходимларидан Мадраҳим Раҳмонов. Тўсатдан келган меҳмонга: «Қандай шамол учирди?» — каби савол бериш одати бор. Мен сафарим сабабини айтиб, Хива музейидан Паҳлавон Маҳмуд рубоийларининг шоир Фируз кўчирган энг нодир нусхаси йўқолганини ҳасрат-надомат билан нақл қилдим Эшитганлар жуда хафа бўлишди, хафа бўлишди эмас, бир оз хижолат чекишди. Ахир, оталаримиз олти юз йил асраган дурдоналарни бугун музейдан ғойиб бўлиши ҳазил жиноят эмас-да! Ажабо, қайси муртад, қайси малъун бу қабиҳ ишга қўл урди экан? Мадраҳим Раҳмонов узоқ йиллар обкомнинг биринчи секретари, область ижроия комитетининг раиси лавозимида ишлаган, кўпни кўрган вазмин, камтарин киши эканлар. Мана шу киши менга тасалли бериб бундай дедилар: — Хафа бўлманг, домла. Эзгу ният билан сафарга чиқибсиз. Сизни ноумид қилиб қўймаймиз. Паҳлавон рубоийларининг бир нусхаси менда ҳам бор. Аммо яқинда уни бир қариндошимиз Шовотга олиб кетган эди. Ҳозир пахта терим кампанияси, ҳаммамиз шу иш билан бандмиз. Сал қўл бўшаса, дарҳол уни олиб келамизу, бироқ сизга қандай етказиб беришни билмай турибман. Гап шу ерга келганда мезбонимиз Рустам Муҳамедов сергакланиб: — Агар сиз китобни менга келтириб берсангиз, мен дарров Тошкентга бориб, уни домланинг ўз қўлларига топшириб келаман, — деб илтифот қилдилар. Бу фикр ҳаммамизга мақбул тушди, учовлон шунга қарор қилдик. Рустам Муҳамедовнинг Урганчдан китоб кўтариб Тошкентга келишдан мақсади шу ваъдага вафо қилиш эди. Ўртоқ Раҳмонов бериб юборган нусха олтмиш уч саҳифадан иборат бўлиб, уни 1944 йилда Ҳасанмурод Қори кўчирган, аммо қайси манбадан олингани кўрсатилмаган. Ушбу мажмуада форс-тожик тилида ёзилган уч юз ўн тўрт рубоий бор. Мен бу тўпламни олиб, Андижонга равона бўлдим. Муродим андижонлик дўстларим Имоиддин Қосимов (Улфат) ва Омонулло Валихонов (Боқир) билан бақамти Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини синчиклаб ўрганиш, уларнинг энг нафис ва мумтозларини танлаб олиш эди. Гап шундаки, Боқир ва Улфат форс тилинигина эмас, форс классик адабиётини ҳам жуда яхши билишади. Назаримда, биз учовлон бирга бўлсак, ҳар қандай нозик нуктани ечишимиз, ҳар бир маъно товланишини пайқашимиз осон кўринади. Худди шундай бўлди. Ўн кун давомида (ҳар кун эрта соат 8 дан соат 2 гача) Ҳазрат Паҳлавон рубоийларини синчиклаб ўқиб чиқдик. Шу жараёнда котиб йўл қўйган муқаррар хатоларни топиб тузатдик. Бадиий баркамол рубоийларни алоҳида дафтарга кўчирдик. Ана шундай тайёргарликдан сўнг таржимага киришдик. Машҳур рус шоири Жуковскийнинг таржима санъати ҳақида ажиб фикри бор: «Прозада,—дейди Жуковский, — таржимон авторнинг қули, поэзияда шоирнинг ҳамкоридир». Биз учовлон Ҳазрат Паҳлавонга муносиб ҳамкорлар бўлдикми-йўқми, бу жиҳати биздан кўра муҳтарам ўқувчиларга аёндир. II Паҳлавон Маҳмуд рубоийларини ўқиган киши ўзини қандайдир маънавий покиза, руҳий тетик ва улуғвор ҳис этади, чунки бу рубоийларда шу руҳ сингдириб юборилган. Хўш, бу қудратли руҳнинг сарчашмаси қаерда? Бу Паҳлавон Маҳмуднинг шахсий эътиқодлари ифодасими ёхуд бирор табақа, гуруҳнинг ғоявий дастурими? Кўҳна манбалар, жумладан Фаридиддин Атторнинг «Тазкиратул авлиё» китобида айтилишича, бу покиза руҳ тарихда футувват ёки жувонмардлик номи билан машҳур бир оқимнинг, бир ижтимоий табақанинг дастуриламалидир. Жувонмардлар халққа беминнат хизмат қилиб, муздини ҳақдан талаб қилиш шиори остида иш тутганлар. Эрон олимларидан Саид Нафисий «Сарчашмаи тасаввуф дар Эрон» номли асарида: «Футувват — жувонмардлик гуруҳининг улуғ пешволаридан бири машҳур шоир Паҳлавон Маҳмуд Хоразмийдир», — деб таъкидлайди. Шу олимнинг уқтиришича, Ўрта Осиёнинг довюрак исёнкорлари — сарбадорлар ҳам жувонмардлар гуруҳига мансуб бўлганлар. XIII—XIV асрларнинг бир даража уюшган меҳнаткаш табақаси, шубҳасиз, шаҳар ҳунарманд-косиблари эди. Булар темирчилар, қуролсозлар, мисгарлар, дурадгорлар, кўнчилар, мўйнадўзлар, тўқувчилар, тикувчилар ва меъморлардан иборат катта куч эдилар. Жувонмардлар мана шу ҳунармандлар гуруҳининг жанговар намояндалари сифатида майдонга чиқдилар. Жувонмардлар гуруҳининг ҳаёт принциплари мардлик ва унинг безаги: марҳамат, шафқат, мурувват, саховат ва олижаноблик асосига қурилган. Жувонмардлар элга хизмат қилишни, афтодаларга дастгир бўлишни, муҳтожларга марҳамату заифларни ҳимоя қилишни ўзлари учун шараф деб билганлар. Профессор Е. Э. Бертельс «Сўфизм ва сўфийлик адабиёти» номли китобида: «Футувват ҳунармандларнинг яширин ташкилоти» — деб атайди. Ёш олимларимиздан Ёқубжон Исҳоқов футувват — жувонмардлик ҳаракатидан баҳс этиб: «Ҳунармандлар гуруҳининг илғор қарашлари ва интилишларини ифодалаган бу йўналиш ўша даврдаги илғор кучларнинг маълум қисми учун маънавий замин бўлган» дейди. Паҳлавон Маҳмуд футувват — жувонмардлик ҳаракатининг ташкилотчисигина эмас, унинг маънавий раҳнамоси эди. Шоирнинг мардлик ва олижаноблик руҳидаги рубоийлари шундан далолат бериб турибди: Олам фили қайтаролмас журъатимиз, Чархдан зўрроқ қудратимиз, шавкатимиз, Гар чумоли кириб қолса сафимизга— Шер этажак уни дарҳол давлатимиз, Ўз нафсингга бўлгин амир, шунда мардсан, Ўзгаларга бўлма ҳақир, шунда мардсан,— Йиқилганни тепиб ўтиш мардлик эмас, Афтодага бўлсанг дастгир, шунда мардсан. Устоз Навоий ҳам бу борада ғоят порлоқ бир фикр айтганлар, табаррук учун шу байтни келтираман:. Мурувват барча бермоқдур, емоқ йўқ, Футувват барча қилмоқдур, демоқ йўқ. Паҳлавон Маҳмуд 79 йил умр кўрди. (1247—1326). Ўзининг баракали умри давомида шоир талай тарихий воқеаларнинг шоҳиди бўлди, кўп кузатишлар, мушоҳадалар ўтказди. Т. Жалолов, 1975 йил Рубоийлар 1 Ўзгаларни менга такягоҳ қилма, Муҳтожи вазиру подшоҳ қилма. Карамингдан қора сочим оқарди, Оқ сочим-ла зору рўсиёҳ қилма. 2 Гул юзида булут ниқобдур ҳануз, Кўнгилларда майли шаробдур ҳануз, Ухламагин, ғафлат вақтими ҳозир? Май ич жоно, зеро офтобдур ҳануз. 3 Гул ёғади юзларингдан субҳвор, Гул ёғади хулқингдан ҳам чун баҳор, Лаҳза сари рангга тўлиб бу олам— Гул ёғади чеҳра очиб бу рўзгор . 4 Жаҳон чеҳра—ранггу рўйи ўзингсан, Ақл дарё—унинг суви ўзингсан, Гул баргида шабнамдайин ўтирма, Бу боқчанинг рангу бўйи ўзннгсан. 5 Умримиз дарахтин паст қилма, рабби, Борлиқ шаробидан маст қилма, рабби, Ўзинг карам бир-ла мард йигитларни Нокасларга зеридаст қилма, рабби. 6 Йироқдан қарасам лабинг пурханда, Озод эдим, тағин бўлибман банда. Озодликдан ҳар бир банда эрур шод Мен шундан шод—сенга бўлибман банда. 7 Дилим яна дилбар домига тушди, Не дилбар, ситамгар домига тушди, Бирининг бандидан қутулмай ҳануз, Бошқа ларипайкар домига тушди, | 8 Ёдинг билан кўнглим ҳар замон тоза, Насим эсса бўлғай гулистон тоза, Дийдоринг фараҳбахш, уни кўрганда— Хотир жам, дил хуррам, танда жон тоза. 9 Ул қодирки арзу афлок яратди, Кўнгилда доғ, дилни ғамнок яратди, Мушкин зулфларни-ю, ёқут лабларни Ерга қориб, охирда хок яратди. 10 Қўлда гул, қулоқда шишадан овоз, Жаҳон ғамларини даф этар бу соз. Сув нағмаси-ю, булут соясида Қадаҳ тутсалар ич, қилмайин ҳеч ноз. 11 Аламлар қайдидан озодлар—бизлар, Ғам ризқимизу доим шодлар—бизлар. Ҳушёрлик не, ранги рўйин билмаймиз Ёр кўзидек мастона зодлар—бизлар. 12 Йиғилардан бўлди беғубор сийна, Дилим ҳам кўзгудек бўлиб бекина, Кўз ёшим-кудурат ғуборин ювиб, Соф бўлди қалбим ҳам мисли ойина 13 Маҳбубимнинг ширин мақоли яхши, Ҳам серишва қоши—ҳилоли яхши. Оғиз ганжин кулгидан ҳеч тиёлмас, Бўса учун бўш жойи—холи яхши. 14 Зулфинг мудом таънаи санами Чин, Кўзинг карашмаси бир ғорати дин, Аросатда худо кўрса рухсоринг Қудратига ўзи ўқир минг таҳсин. 15 Келишингдан воқиф бўлсам баногоҳ, Гул экардим йўлларингга субҳигоҳ, Шу гуллардан гулдасталар тутардим Бу шарафдан маҳрум бўлибмен, эй воҳ. 16 Ҳайфоки баҳода ўтину уд бир Ҳам мартабада Халилу Намруд бир, Давлатдан маст бўлган анқов наздида Эшак овози-ю куйи Довуд бир. 17 Дастингдан дилимда юз хил маломат, Бу захм битмагай тоқи қиёмат, Ким ҳам сеидан умид қилар саломат? Сен туғилган куни ўлган саломат. 18 Эй сарвқаду кумуш тану гулрухсор, Нокасга ҳамнишин бўлмагин зинҳор. Гар чинор чаманда савлат тўкса ҳам, Гул ила чинорнинг не нисбати бор? 19 Ширакайфга бу бодаи ноб авло, Мастликда-чи, дийдаи пуроб авло, Бу пасткаш оламда вафо бўлмагач, Дард бодасидан масту хароб авло, 20 Тоза лаълдир бодадан гавҳаримиз, Дастимиздан фиғонда соғаримиз, Биз май бошида-ю, май бизнинг бошда, Яъни майи нобдир тожи саримиз. 21 Ҳайит келса савоб иш битгусидир, Саҳар соқий майи ноб тутгусидир, Намозингни қўйиб, рўзангни тарк эт, Бугун гуноҳни савоб битгусидир. 22 Олам фили қайтаролмас журъатимиз, Чархдан зўрроқ қудратимиз-шавкатимиз, Гар чумоли кириб қолса сафимизга, Шер этажак уни дарҳол давлатимиз. 23 Ўз нафсингга бўлгин амир, шунда мардсан, Ўзгаларга бўлма ҳақир, шунда мардсан, Йиқилганни тепиб ўтиш мардлик эмас, Афтодага бўлсанг дастгир, шунда мардсан. 24 Филдай кучинг бўлса ҳам мўр бўлиб кўрин, Молинг ошиб-тошса ҳам ур бўлиб кўрин, Ҳамманинг айбини билганинг ҳолда, Ҳеч нарса билмагандай, кўр бўлиб кўрин. 25 Олам иши бошида бўлсайди бир мард, Номарднинг бошидан чиқарарди гард, Олам иши доимо мисли нард ўйин Найранг билан ютади мардларни номард. 26 Бир оқил дейдики бўлғил валломат, Ёки валломатга қила кўр хизмат. Номард хизматига ёндошма зинҳор, Ўйлагин, бу ўгит қандоқ пур ҳикмат. 27 Кўнглим оппоқ, на кек ва на кинам бор, Душманим кўп ва лекин мен ҳаммага ёр, Мевали дарахтман, ҳар бир ўткинчи— Тош отиб ўтса ҳам менга бўлмас ор. 28 Кел кўнгил, мен ахтарай жононани, Кўча-кўю ҳар эшик, ҳар хонани Масту майхўрмиз мудом Хайёмсифат Дўзах этгаймиш қабул мастонани. 29 Бу ҳожики аввал эди бир илон, Ҳаждан келиб аждар бўлди беомон. Ҳарам-парам деса асло алданманг, Уйинг куйгур, ўзи асли беимон. 30 Қора тош сира ҳам бўлмас ложувард, Тоза қалбга юқмас асло чангу гард. Қулоқ солгин Пурёйвалий сўзига, Қўрқоқлардан бирон чиққанмиди мард! 31 Уч юз Қўҳи Қофни келида туймоқ, Дил қонидан бермоқ фалакка бўёқ Ёинки бир аср зиндонда ётмоқ Нодон суҳбатидан кўра яхшироқ. 32 Гуркираган олов — дилим йўлдоши, Тўлқин урган дарё — кўзларим ёши Кўзагарлар ясаётган ҳар кўза — Кўҳна дўстлар хоки — қўли ё боши. 33 Не чораки маломатдур ватаним, Ишқ ўлдирди, севги менинг кафаним, Жаннат боғларида сен ўтир, зоҳид, Мен — маст булбул, дўзах менинг чаманим. 34 Сўрагин, гўзалим, керак бўлса жон, Жон эмас, сўрагин ҳаттоки имон. Фақат яқинроқ кел, қилма интизор, Сен ҳарна истасанг бергум бегумон. 35 Деди ёрим: «Яна нима ғаминг бор? Хаёлинг банд этди қайси гўзал ёр?» Қўлларига бериб ойна, дедимки: Кимнинг аксин кўрсанг — шу менга дилдор. 36 Эй хожа, сен нечун бунча бехабар, Хаёлингда кеча-кундуз кумуш. зар, Дастмоянг-ку бу оламда бир кафан, Буюрганми сенга кафан, ким айтар? 37 Давронда кўп кўзни мен гирён кўрдим, Неки бало бўлса, беомон кўрдим. Нуҳ-ку минг йил яшаб кўрди бир тўфон, Мен Нуҳ бўлмасам ҳам минг тўфон кўрдим. 38 Дедим: айт, умрнинг маъноси нима? Деди: чақмоқ, ё шамъ, ёки парвона. Дедим: бу дунёга бино қўйган ким? Деди: ё гўл, ё маст, ёки девона. 39 Уфқни қизартди қон йиғлаб қуёш, Ой тирнади юзин, Зуҳра юлди бош, Тонг мотамида тун қаро кийиниб, Ёқасин чок этди қилолмай бардош. 40 Жонингга қасд этгач омонсиз ажал, Булутдек ёш тўкди кўзим шу маҳал, Тупроғинг устига келганлар деди: Аттанг, ер остида қолди бир гўзал. 41 Тонг чоғи ёзганда лолалар япроқ, Саҳар қуши додлаб дерди, эй ўртоқ, Май ичким, дараксиз кетар ҳамма ҳам, Қўзғал, ер остида ётгунгдир узоқ. 42 Ғамингдан ўлдиму дил бўлмади шод, Ҳеч киши этмагай энди мени ёд. Айрилиқ келтирди афсус-надомат, Дийдор кўрмоқ энди йўқдир, юз фарёд! 43 Эй дил, ишқ ғамини таманно қилдинг, Ўзингни халқ ичра сен расво қилдинг. Ҳар куни ўзингча бир гулни танлаб— Гўзаллар юзини тамошо қилдинг. 44 Борма айтмаганнинг дастурхонига, Қўл узатсанг, қадринг тушар, нонига, Қўшма ўзгаларнинг барра кабобин Қотган нон-у совуқ сувинг сонига. 45 Ким қилур бу вайрон дилим иморат? Ким гуноҳим учун берур кафорат? Мен зиёрат қилдим кўп қабристонни, Билмадим ким қилур қабрим зиёрат?! 46 Дилбаримга дедим: эй гўзал, танноз, Нечун синиқ чиқар оғзингдан овоз? Дедики: тор оғзим сўзни сиғдирмай, Ушатиб-ушатиб чиқарар оз-оз. 47 Оҳким хаста кўнглим ҳеч бўлмади шод, Ғамдан хотирим ҳам бўлмади озод. Тириклик ниҳоли бермайин ҳосил, Бўлди азиз умрим, дариғо, барбод. 48 Дунё дўстлигига берма хотир ҳеч, Кекдан ўзга ундан бўлмас зоҳир ҳеч, Юз йил яшасанг ҳам ўлим келади, Юз мулкни олсанг ҳам бўлур охир ҳеч. 49 Ўлимингдан фалак тутмади мотам, Жамолингни кўриб бўлмади мулзам, Азроил ишидан ажабланаман: Жонинг ола туриб уялмади ҳам. 50 Ҳамма дарддан кўра айрилиқ ёмон, Ҳамма қайғудан ҳам ёмондир ҳижрон, Қўлимдан келмайди сендан айрилмоқ, Жонсан, жондан кечиш эмас-ку осон. 51 Кўнглимизга қўнмас бировдан ғубор, Биздан ҳам бировга етмагай озор, Ор ва ифтихордан узоқлашганмиз, На бировга фахру, на бировдан ор. 52 Буткул фалак иши — жавр ила жафо, Вафо аҳли бўлмас у билан ошно. . Вафоли кишининг ити бўламан, Кишидан ит яхши, бўлмаса вафо. 53 Дунё бинокорн тузар қаср-айвон, Тузиб бўлади-ю қилади вайрон, Фалакка етказиб бугун тоқини, Эртага этади ер билан яксон. 54 Гоҳо гўзалларнинг юзин ўйлайман, Гоҳо зулфин, гоҳо кўзин ўйлайман. Алқисса, ҳуснингдан қайси завқ берса, Ўша замон шунинг ўзин ўйлайман. 55 Ишқ биёбонида юрмоқ ҳам мушкул, Ундан оёқ йиғиб турмоқ ҳам мушкул, Ҳаммадан мушкулроқ шуки, ҳар жойда Ёринг маълум, лекин кўрмоқ ҳам мушкул 56 Баъзи вақт бўламан ишқдан бегона, Қанғусиз роҳатга яқин ҳамҳона, Тўсатдан бир гўзал учраб қолганда— Яна йўлдан уриб қилур девона. 57 Кўзгумга берардим кечқурун сайқал, Боқдим унга тиниқ бўлган бир маҳал, Шунча кўп кўринди ўз айбимки, мен Ўзгалар айбини унутдим тугал. 58 Дағал дили доим эзилган бўлур, Талаб йўли унга тўсилган бўлур, Ёмон-яхши билан ким келишолса, Дили шоду ғамдан қутулган бўлур. 59 Маҳмуд, ношукурлик ҳар кимда ёмон, Айб-айбу, лек етук ҳақимда ёмон, Кийим эскиргани айбга қўшилмас, Айб шунда — гар бўлса кийимда ёмон. 60 Шодмиз, қайғумиз йўқ асло айёмдан, Саҳарлик бўлгану қайғу йўқ шомдан, Ғойибдан пишган нон келиб турганда, Хомтама эмасмиз, тама йўқ хомдан. 61 Ерга аралашиб ётар неча дил, Жаҳон зарралари — лаб, тиш ёки тил, Ердан униб чиққан сунбул, ё гулни Гўзалларнинг сочи, ё юзи дегил. 62 Афсуски, топилмас ҳамдам бу дамда, Бир вафоли ёр йўқ асло оламда, Одамлардан вафо истама зинҳор, Вафо одати йўқ бани одамда. 63 Подшолик истасанг, бўл эл гадоси; Ўзингни унуту, бўл эл ошноси. Эл тож каби бошга кўтарсин десанг, Эл қўлин тутгину бўл хокипоси. 64 Тупроқ тўшагида ётган кўп кўрдим, Ер қора бағрига ботган кўп кўрдим, Йўқлик оламига кўз ташлаганда, Келмаган кўп кўрдим, кетган кўп кўрдим. 65 Ҳаёт майи бўлур тиниқ, қуйқа ҳам, Кийим ҳам гоҳи бўз, гоҳи беқасам. Булар оғир эмас оқил олдида, Зор ўлмоқлиқ бўлур жуда оғир дам. 66 Эй дил, шоҳи тўнни қилмагил ҳавас, Эски киймоқликни ҳам этмагил бас, Енгил ўтсин десанг ўз кунингни сен, Қарам қилма ўзни бировга абас. 67 Йўлга боқки, йўлчи одамлар кетди, Ғофил ўтирмаки, ҳамдамлар кетди, Бир қавм сенга яқин ва уйғун эди, У қавм ўтиб, яқин одамлар кетди. 68 Ажал шундай дардки, йўқ унга дармон, Шоҳу гадоларга беради фармон. Кирмон подшоҳиким ерди Кирмонни, Энди егай унинг ўзини Кирмон . 69 Бечора дилим-ку ҳаётдан безор, Бу азиз умрим ҳам кўз олдимда хор. Бошимдаги тожим — енгилтак бошбоғ, Танамдаги бошим — оғир, зил дастор. 70 Мен кимманки, мендан савоб кутарлар, Еб ётганим учун жавоб кутарлар. Малак ҳам ҳисобда бўлмаган жойда Нима учун мендан ҳисоб кутарлар. 71 Дарду алам билан умрин сарфлаш ҳайф, Қайғу тиканидан жонни асраш ҳайф, Жаҳон боғи ичра қуёш гулидек Ғунчалик лаззатин тотмай гуллаш ҳайф! 72 Дониш эрур отган ўқим нишони, Дадиллик манбаи — билимим кони. Эзгулик осмонин маҳбусиман мен, Занжирим — фазо-ю само уммони. 73 Димоғимдан охир савдо гул очди, Расволик пардасин тори тил очди. Девоналигимдан бошимдаги доғ Бутун вужудимдан гул-юз хил очди. 74 Ҳар нуқта хатимда ёнган юракдир, Ҳар ҳарфи қоронғу зулмат демакдир. Чекмасман оқшомлар шамнинг миннатин, Чунки, фикрим шамдан шуълалироқдир. 75 Дилтангликдан чаман кўзимга гўрдир, Наздимда гул жароҳати носурдир Тузсизлик — шўрликнинг акси-ку, ахир, Нега бахтим ҳам тузсиз, ҳам шўрдир? 76 Улусга қайғурур шоҳ эмас, дарвеш, Зеро у дарвешдир, дарвешдир, дарвеш. Бузуқ деворлардан ташвиш бор, лекин, Синиқ кўнгуллардан кўпроқдир ташвиш. 77 Розилигинг, зоҳид, раддан баттароқ, Ҳамма ишинг баддир, баддан баттарроқ. Кофирсан-ку! Нега: «Мўъминман!» — дейсан? Сендек мўъмин, бил, муртаддан баттарроқ! 78 Маърифатнинг тили — чолғу — нойимдир, Ақлим — қилич, сўзим ўқу ёйимдир. Имтиёзлар мулкин шоҳи билурким, Сўз майдони — ишғол қилган жойимдир. 79 Рашкингдан боғда гул ўзни сўлдирур, Лоладек кўксин доғ бир-ла тўлдирур, Жамолинг шуъласи ёритган жойда Чироқ ўз нурини ўзи сўндирур. 80 Эй ишқ, нечук ўтсан, ахир, дудинг йўқ? Эй ғам, нечук куйсанким, сурудинг йўқ? Эй истак, нечуксан, тутқич бермайсан, Эй шодлик, нечуксанким, вужудинг йўқ?! 81 Бу чарх фитна ўқин қон тўкар этмиш, Тинчлик даврин бало қўзғатар этмиш. Йигирмас меҳр ипин вафога бу чарх, Бу чарх кина тиғин тез кесар этмиш. 82 Номингданки, топар ҳар айём шараф, Шундай номки, келтирар бу ном шараф. Май ичмай нетарсен шарафли кунда? Бахш этур файзу келтирур жом шараф! 83 Йўқ осмонда, ернинг юзида ҳам туз, Денгизнинг сувида, музида ҳам туз. Туз кўздан оққан қон туфайли тузсиз, Ажаб замонки, йўқ тузида ҳам туз! 84 Ҳар замон кўнглимни қилиб паришон, Лоладек дил кулин сочаман ҳар ён. Ҳар тун қум соатдек фироқ ғуборин Бошимга сочаман ҳар соат, ҳар он. 85 Қилмишингдан, зоҳид, уятгил, уят! Чунки тилинг бошқа, бошқадир ният! Ним товус, ним каклик вужудинг, зоҳид, Оёғинг гоҳ чипор, гоҳ қирмиз, иллат! 86 Нодон ғийбатига бўлибман нишон, Қайтарғум ҳужумни, менман паҳлавон! Маломат қилурлар жоҳиллар, чунки, Билимда эрурман нодири замон. 87 Ҳар ёқдан ғам отган тошни кўраман, Кўз очсам — чимирилган қошни кўраман. Қачонгача поймол этиб фикримни, Тизза кўзгусида бошни кўраман?! 88 Ўтда айнигучи серғаш эмасман, Соф олтинман, миси баркаш эмасман, Қайноқман ва софман қуёш нуридек, Ойдек совуқ, доғлик баркаш эмасман! 89 Сўзпарастман, файзли нафас истайман, Бир лутфда юзлаб ҳавас истайман. Бу нокаслар лойиқ эмас тинглашга, Нозик сўзга бир серҳавас истайман- 90 Мазмунин пешанам хатидан сўрай, Тақдирим қай йўсин ва қачон сўрай, Яхшиси кўксимни ёриб бу ҳолнинг Аслини қон тўлган кўнглимдан сўрай! 91 Орзунинг илгида кўрганим ҳар гул, Билгумки, боғида эккан у софдил. Ҳажрининг жамида ичганим қар қон, Лабларин рангидан, ранг олган деб бил. 92 Эй дил, тилдек душмани жон эмасмиз. Урма тиғинг, билгил, забон эмасмиз- Қачонгача сен ғафлатда, биз — уйғоқ, Мудраган бахт, сенга посбон эмасмиз! 93 Эй чархи фалак, замонайи дунпарвар, Тескари юришинг тўғрига хатар: Нодон бош устида-ю доно поймол, Ё раб, бу фалакни эт зеру забар. 94 Дардмандам, дардмандам, буткул дардмандам, Оразинг шамъидан ўргулай ҳар дам, Гар васлинг давлати муяссар бўлса, Сурайин пойингга бу рўйи зардам1 95 Қандай яхши бир раънога бўлсанг ёр! Саҳродаги шаббодадек хушрафтор, Баҳор келди, дўстлар, гаштин сурайлик, То келгунча бизсиз ўтгувчи баҳор. 96 Неча йил илм-ҳунар пайида бўлдик Неча йил зар-зевар пайида бўлдик, Олам сирларидан бўлганда огоҳ— Бори ишни ташлаб Қаландар бўлдик. 97 Сен, албатта, топиб бир доно, ўлтир, Ёинки, топиб сен бир раъно, ўлтир, Топилмаса сенга гар иккиси ҳам, Беҳуда кечирма вақт, танҳо, ўлтир. 98 Ёмон кўз кўрмасин ул кўзлари маст, Кўрмасин офат ул лаби майпараст, Муродим шудирким, худодан доим, Муборак қаддига етмасин шикаст! 99 Дўстим, эрталикнинг ғамин емагил, Бу бир нақд нафасни ғанимат билгил, Бу эски эшикдан ўтармиз бир-бир, Ётгаймиз ўшанда бизлар кўп минг йил. 100 Фалак чархи ичра бизлар ҳайронмиз, Фонус мисол хаёл қилиб сарсонмиз, Қуёш чароғ бўлса, жаҳон бир фонус, Қўғирчоқдек тунда биз саргардонмиз. 101 Бошу кўнгул қора, гўёки лола, Кўз ғунча оғзидек лиммо-лим жола. Кўнглимнинг ёнидан ўткучи деди: Қулоғимда қолмиш ҳазин бир нола. 102 Замоннинг зарбидан бош беидрокдур, На дилнинг кўзгуси қайғудан покдир, Саъй этма тўкиб тер тарбиятимга, Тупроқни ювсанг ҳам у хокдир, хокдир! 103 Назар топган кимса — қийматли гавҳар, Кам ўйлаган кимса бўлур беназар, Ишқсиз камол бўлмас ушбу оламда, Косадан муроддир, асли, косагар! 104 Қўзингдир ноз билан жоно гўзалроқ, Ғамзангдан карашма созидир қувноқ, Овлагай дил қушин худди балиқдек, Муаттар сочингдир ҳам ип, ҳам қармоқ. 105 Тавбамга таяндим, шаробим келтир, Изтиробим ортди гулобим келтир, Сўндирар тутсанг жом хуморим ўтин, Ўт тушди кўнглимга кел, обим келтир. 106 Ҳидоят излайман, сен йўлдан урма, Насимдек югурай, йўлимни бурма, Йўлингга гуллардан солма поёндоз, Сероб қил, хокбўйман, кўзларга сурма. 107 Ҳамдамлар кибр ила сўзларлар сўзин, Чаманда гул дея билурлар юзин, Туну кун соям-ла сўзлашурман мен, Ёш бола кўргандек кўзгуда ўзин. 108 Шикоят қилма, эй таъмагир нопок, Тупроқдан ор этмам, чунки ўзим хок Чўпни ҳам элтолмас бу сувдан ҳеч ким, Гавҳар сенга бўлсин, менга бас хошок! 109 Ҳар кимса ҳам сенга ошино бўлмас, Сени кимки, билмас у шайдо бўлмас. Дардингда бўламан расво ва лекин, Дардингни асрайман, у расво бўлмас. 110 Парҳез бемаза-ю тузсиздир тақво! Гуноҳда ҳам афсус, маза йўҳ асло! Ювди сув тузини ҳамма нарсанинг, Олди ел мазани, бу қандай савдо?! 111 Худони ёд этиб, биёбон кетдик, Биз тан оламидан жон томон кетдик. Туну кун фикр этдим етмиш икки йил, Сарсон бўлиб юрдик, ҳам ҳайрон кетдик, 112 Оқил ақли ҳисга гирифтор бўлмас, Ҳасад қилган билан тилло хор бўлмас, Номард — ит кабидир, мард буюк дарё, Дарё ит дамидан ҳеч мурдор бўлмас. 113 Тун — иккиқат хотин, не туғар экан? Замона ҳукмидан не ёғар экан? Умр аввалида не келди, кўрдик, Кўрармиз — охири не бўлар экан? 114 Ёмон билан улфат бўлма, юр йироқ, Йўлинга дон сочиб, қўяди тузоқ. Ёйни эгри кўриб, тўғрилигидан— Ўқ ундан қанчалик қочганига боқ! 115 Оҳ тортган чоғингда йўлга кўэ тутгил, Йўлда қудуқ бордир, эҳтиётинг қил, Дўст уйида маҳрам бўлган вақтингда Қўлингни, кўзингни, дилни тия бил. 116 Дил кўйини кездим, бу менга одат, Покки ҳам ювиқсиз этдим зиёрат. Рамазон рўзасин тутмаганимга — Ювиқсиз намозим бўлди кафорат. 117 Токи бор ғайрату мардликдан асар, Аҳлу аёлингни этма дарбадар, Мева шохи агар девордан ошса, Йўловчилар унга бешак қўл чўзар. Сайёр Рубоийлар Хусусида Рубоий жанри улуғ Хайём шарофатидан, унинг мўъжизакор қалами қудратидан шуҳрат топгани ҳаммага аён, аммо бу шоирнинг ўз умрида қанча рубоий ёзгани ҳеч кимга маълум эмас. Ҳанузгача бу муаммони Эрон олимлари ҳам, Европа шаркшунослари ҳам ҳал этолмай гаранг. Бу олимларнинг бир қисми, Хайём рубоийлари 100 билан 125 атрофида, деб тахмин қилишса, бошқалари Хайём рубоийлари 1000дан зиёд деб, даъво қилишади. Бироқ ҳар икки томоннинг даъвосида ҳам ҳеч қандай асос йўқ. 100 билан 1000 рақами орасида ер билан осмондай катта тафовут бор, бу улкан тафовут рост билан ёлғон орасидаги жарликдир. Рубоиётда шоирнинг номи — тахаллуси камдан-кам зикр қилинади. Бу ҳол тазкирачиларни мушкул аҳволга солиб, айрим рубоийларни, уларнинг бири, бир шоирга нисбат берса, бошқаси иккинчи шоирга нисбат беради: бу хил тахминлар натижасида бир қанча сайёр рубоийлар вужудга келиб, улар китобдан-китобга кўчиб юради. Шундай сайёр рубоийларнинг баъзилари Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари мажмуасига ҳам кириб қолган. Чунончи, Паҳлавоннинг 1962 йилда нашр этилган «Рубоийлар» китобига 56 рубоийсини ўзбекча таржимаси билан киритган эдик. Ёш олимларимиздан Ёқубжон Исҳоқов бир йиллик умрини сарф қилиб, шу рубоийларни форсий рубоийнависларининг асарларига чоғиштириб қараса, Паҳлавон Маҳмудга нисбат берилган 56 рубоийнинг бештаси бошқа шоирларнинг сайёр рубоийлари бўлиб чиқибди. Гарчи бу иш ўта сермеҳнату камҳосил бўлса ҳам шоёни таҳсиндур. Мен ёш олимнинг бундай синчковлигини юксак баҳолаб, ўша сайёр рубоийларни Паҳлавон Маҳмуд асарлари таркибидан ажратиб, табаррук учун махсус бобга кўчирдим. Тазкираларда улар қуйидаги шоирларга нисбат берилган экан: Маҳсатийга нисбат берилгани: Дунё бамисоли бир заррин кўза, Суви гоҳ ширину, гоҳ аччиқ бўза, Эй ғофил, умрингга бино қўйма кўп, Қазойи муаллақ турар бош уза. Т. Жалолов таржимаси Султон Яъқубга нисбат берилгани: Дунёда шодликни жуда кам кўрдим, Ҳар бир хурсандликда минг-минг ғам кўрдим. Бу эски саройнинг ҳар тарафида — Йўқлик дашти сари эшик ҳам кўрдим. Шу рубоийнинг иккинчи варианти: Дунёда қарору сабот ғоят кам, Ҳар бир шодлигида минг қайғу алам, Бу эски саройнинг ҳар томонида Раҳналар очилиб — кўринур адам. Ҳилолийга нисбат берилгани: Дунёда ҳеч киши эмасдир хуррам, Бани одам бўлмас шодлик-ла ҳамдам, Кимдаки бўлмаса замона ғами, Ё оламдан эмас, ё змас одам. Урфий Шерозийга нисбат берилгани: Тиззам келин каби тўлдириб қучоқ, Кўйингда ётардим кеча-тунги чоқ Йўқ эди кўзимдан ўзга ёпиқлик, Бош ости ёстиғим эди шу қулоқ. Муинзода таржимаси Китобнинг биринчи нашрига кириб қолган мунозарали, сайёр рубоийлар мана шулар холос. Биз бу китобнинг иккинчи нашри учун Паҳлавоннинг яна 65 рубоийсини танлаб таржима қилдик. Аммо қўлёзмани нашриётга топширишдан аввал, Хайём рубоийлари билан солиштириб қарасам, бир фалсафий рубоий (бир оз тафовут билан) ҳар икки шоирнинг рубоийлар мажмуасига киритилган экан. Бу рубоийни Шоислом Шомуҳамедов Хайёмга нисбат бериб, камина эса, Паҳлавон Маҳмудга нисбат бериб таржима қилибмиз. Мана шу рубоийлар: Ул қодирки арзу афлок яратди, Кўнгилда доғ, дилни ғамнок яратди, Мушкин зулфларни-ю, ёқут лабларни Ерга қориб, охирда хок яратдн. Т. Жалолов таржимаси Улки жаҳон тузди, чарх, афлок тузди, Кўнгилга доғ солди, ҳам чок-чок тузди, Жуда кўп ёқутлаб, ойюзлиларни Ер ичра жо қилди, бир кафт хок тузди. Ш. Шомуҳамедов таржимаси Сайёр рубоийлар ҳақида гап кетгач, ўзим бевосита аралашган бир воқеани арз этмоқчиман. Гап шундаки Ибн Сино ва Умар Хайём мухлислари кўпдан бери бир рубоий устида талашиб юришади. Мана ўша рубоий: Қаро ер қаъридан то авжи зуҳал, Коинот сирларин барин қилдим ҳал, Кўп мушкул тугунни ечдим, англадим, Ечилмай қолгани — биргина ажал!... Бу рубоий жанрининг энг мумтоз, энг нодир намунасидир албатта. Шоислом Шомуҳамедов бу рубоийни аъло даражада таржима қилибди. Бироқ бу бебаҳо пурмаъно рубоий кимнинг қаламига мансуб? Шоислом Шомуҳамедов бу рубоийни Хайём қаламига мансуб деб таржима қилган. Аммо Ибн Сино ҳаётини синчиклаб текширган, шу мавзуда тарихий роман ёзган В. Смирнова-Ракитина Ибн Синонинг барча рубоийларини, жумладан бу рубоийни ҳам ўз асари таркибига сингдириб юборган. Адибанинг ушбу романини ўзбек тилига таржима қилиб турган пайтимда (менинг илтимосим билан) Эркин Воҳидов шу рубоийларни русчадан ўзбекчага таржима қилиб берган эди. Мана шулардан намуналар: Жаҳонда қолмади мен билмаган фан, На мушкул бўлса ечдим, дониш илан, Ва лекин бу ўлим отлик тугунни, Ечолмасдан ўтар бўлдим жаҳондан. Менинг куфрим айбларга дилимдан ўзга султон йўқ, Бу оламда менинг покиза имонимдек имон йўқ. Мусулмонликда мен аҳли замон ичра эдим танҳо, Агар кофир эсам мен ҳам, бу дунёда мусулмон йўқ. Ростини айтсам, мен ўзим ҳам эллик йилдан бери бу рубоийни Ибн Синонинг асари деб юраман ва бу эътиқоддан қайтишим ҳам амри маҳол. Зеро рубоийнинг руҳи, унга сингдирилган теран фикр ва надомат оҳанги уни фалакиёт, табииёт ва табобатдан мўъжизалар кўрсатган улуғ алломанинг асари эканини равшан кўрсатиб турибди. Биз бир ишора билан Паҳлавон китоби таркибидаги шубҳали рубоийларни чиқариб ташладик, бироқ ҳамма ҳам бу тазкираларга биздек эҳтиром билан қарамайди чоғи. Бўлмаса 5 асрдан буён ҳамма тазкираларда Паҳлавон Маҳмудга нисбат бериб келинган «Қанзул ҳақойиқ»ни 1967 йилда Эронда Маҳмуд Шабустарийга нисбат бериб нашр қилишни нима деб тушуниш керак? Наҳотки, эронлик Саид Муҳаммад Али Софир бу машҳур тазкиралардан бехабар бўлса? Балки тазкирачилар хато қилгандир? Т. Жалолов, Тошкент — 1975 йил |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Ruboiylar [Pahlavon Mahmud] 6028 |
2 | Ruboiyot [Pahlavon Mahmud] 520 |
3 | Рубоиёт [Pahlavon Mahmud] 371 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57610 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21575 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19506 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |