Рубоиёт [Pahlavon Mahmud]

Рубоиёт [Pahlavon Mahmud]
Рубоиёт [Pahlavon Mahmud]
1

Эй дил, яна дилбарга асир тушдингми?
Дилдори ситамгарга асир тушдингми?
Алҳол, қутулолмай қўлидан биттасининг,
Боз бир пари пайкарга асир тушдингми?

2

Гул қўлда, қадаҳ бонги қулоқда бўлсин!
Дунё ғамидан кеч — у узоқда бўлсин!
Сув нағмаси остида, булут соясида
Жом қўлда мудом, қўза қучоқда бўлсин!

3

Дилдор сўради: «Сўйла, нечун қайғуда дил?
Ё бир пари талъатми кулиб олди кўнгил?»
Тутдим қўлига кўзгу-ю, қилдимки жавоб:
«Ойинада кўрганинг ғамим боиси бил!»

4

Ҳарчандки, ишқдан гаҳи бегона эсам,
Ошною ҳаловат била ҳамхона эсам,
Бўлманг сира ҳайрон яна бир ҳур учраб,
Аҳдим унутиб, кўйида девона эсам.

5

Воқиф эканимда келишингдан, дилбар,
Сочган бўлар эрдим қадамишта гуллар.
Сочиб, яна тергай эди киприк музтар,
Хоки қадаминг кўзимга айлаб гавҳар...

6

Сен деб бу кўнгил тийғи маломатга кўнар,
Битмас яраси гарчи қиёматга қадар.
Ҳеч кимса омонлик тиламас, сен туғилиб —
Ҳажрингда фаромуш этди соғликни башар.

7

Кимни қарама, катта гапиргай сўзни,
Тортишни тилар гулдек ўзига кўзни.
Ўз соям ила сўзлашаман мен туну кун,
Кўрган каби ойинада гўдак ўзни.

8

Ноз бобида ёр кўзига ким келгай тенг?
Соз бўлса карашма, ғамзалар — мизроб[1] денг!
Овлайди балиқ каби кўнгиллар қушини,
Боқ: ҳам ипу ҳам қармоқдир зулфи унинг!

9

Қолдирма мени йўлимдан, эй олифта,
Қўй, қилма мени шамол каби ошуфта.
Йўлимга муаттар гул исини сочма,
Бунда бари тупроқ ҳидига оғушта.

10

Ориф кишиларни сен башар гавҳари бил,
Ҳар маҳдудлик — кўтоҳназарликка[2] далил.
Ишқсиз камол бўлмас бу оламда,
Асли кўзадан мурод кулолдир буткул.

11

Соф олтинман эл ичида ардоқли,
Мис ё жез эмасман ялтироқ, алдоқли.
Офтоб нуридек ўзимни соф қилганман,
Бас, ойдек эмасман: ҳам совуқ, ҳам доғли.

12

Толиб, менга қилма шикоят афлокдан,
Хок бўлгач ўзим, мен нега қўрқай хоқдан?
Бир хасни бу дарёдан ололмас ҳеч ким,
Гавхар сенга, қўймасин мени хошоқдан.

13

Бу чарх мудом фитна ўтини қўзғар,
Бу чарх осойишинг бало бирла бузар,
Бу чарх вафо-ла боғламас меҳр ипини,
Бу чарх адоват қиличини тезлар.

14

Ҳамма мени бир оғизда қилгай ғийбат,
Тинчимни бузар бу ҳол, бўлар тоқ тоқат.
Бу тоифа гоҳ яхши деяр, гоҳи ёмон,
Чунки бир-икки фанда топибман шуҳрат.

15

Савдо гули юз очди димоғимда, мана,
Қаршимда жунун пардаси очилди яна.
Доғ бор эди кўксимда бу ошиқликдан,
Ул гуллади-ю, гул ила чулғанди тана.

16

Ҳал қилса эди дунё ишини кучу жанг,
Номард бошидан мард чиқарар эрди чанг.
Дунё иши аммо мисоли нард ўйин:
Номард фирибидан мард ҳоли бўлгай танг.

17

Бир дардки ажал — унга сира йўқ дармон,
Султону гадога ўтказар у фармон.
Кирмон шохи Кирмонни еганди ул кун,
Бу кун унинг ўзини емоқда кирмон…[3]

18

Бир кун у санамгаким, мисоли ғунча,
Дедим: «Нега синиқдир овозинг мунча?»
Ул қилди жавоб: «Кичкина бўлгач оғзим,
Овозим, ахир, синади-да чиққунча!»

19

Ошиқ бўламан гоҳи юзи гулгунга,
Ошиқ бўламан гоҳи сочи мушкинга.
Топсам нимада рангу бўйингни, хуллас,
Ошиқ бўламан мен шу заҳоти унга.

20

Офтоб йиғлаб, шафақни қонга белади,
Ой тирнади юз, Зуҳра-чи, сочин юлади.
Тонг мотамида қора кийим кийгаю тун,
Совуқ оҳ уриб, ёқасини чок қилади.

21

Ким кўрнамагу Ҳақ бехабар бўлса — ёмон,
Ориф киши унга баробар бўлса — ёмон.
Эски экани либосни ҳеч айби эмас,
Либоснинг ўзида айб агар бўлса — ёмон.

22

Бўлмайдиган иш борки, ҳайит бўлдиргай,
Соқий кўзасига тоза май тўлдиргай.
Тарк айлаю рўзани, намозни қўйгил,
Кўнглингдаги ғамларни ҳайит ўлдиргай.

23

Биз қайғу-алам ташвишидан озодмиз,
Ғам қисматимиз бўлса-да, доим шодмиз.
Билмай нима рангу бўйи ҳушёрликнинг,
Ёр кўзи мисоли масти модарзодмиз[4].

24

Толиб, қабулинг баттар эрур инкордан,
Ёмон ҳар ишинг — фойдаси йўқ такрордан:
Кофирсан-у, эл ичинда мўмин номинг,
Кофир яхши сен каби дилозордан!

25

Толиб, бу феълингдан хижил бўл, хижил,
Чунки бир эмасдир сенда тил ила дил.
Ярминг товус-у, ярминг каклик, бунга:
Бир оёқ — лой, бирида ҳино — шу далил.

26

Илму маърифат тили қаламдир ҳар дам,
Сўз гавҳарию тафаккур шампшри ҳам.
Ул мулк соҳиблари билишсин яхши:
Сўз майдони мулкимдир менинг мустаҳкам.

27

Номингким, ундан топди айём шараф,
Бу номдан топар ҳаттоки ном шараф.
Май ичсанг агар ушбу шарафли кунда,
Май файз олиб, топгусидир жом шараф!

28

Дил дафтарини ҳамиша гулдек очай,
Дил кулини лола каби елларга сочай,
Қумсоатдек ҳар кеча ҳижрон гардин
Дил менга тўкар, мен бўлсам дилга неча...

29

Синдиргали тавбамни шароб келтиргил,
Кўнглим тўла қайғу-изтироб, келтиргил.
Бағрим ўтини бир оз пасайтирмоққа
Бир-икки қадаҳ майни шитоб келтиргил!

30

Айтиб эди менга бир куни соҳиби дард:
Ким қилмаса мард хизматини — бўлмади мард!
Ҳеч хизматини қилма ўшал кимсаниким,
Гар қилган эмас ёшлигида хизмати мард.

31

Бадфеъл киши ҳамиша дилхаста бўлар,
Унга талаб эшиги мудом баста бўлар.
Гар яхши-ёмон билан чиқишса ҳар ким,
Ғамдан қутулиб, қувончга пайваста бўлар.

32

Дафтардаги ҳар нукта бу — қуйган кўнглим,
Ҳар ҳарф мисоли тун қародир — маълум.
Ҳар кеча бу шамъ миннатини чекмасман,
Шамъдан кўра нурлироқ менинг ҳар фикрим!

33

Умринг майи гоҳ ширин бўлар, гоҳи тахир,
Гоҳ атлас-у, гоҳ бўз бўлар эгнингда, ахир.
Ғам чеккали арзимас булар оқил учун,
Бу дунёда хору зор яшаш унга оғир.

34

Мискин бу дилим ўз ҳаётидан безор,
Кўзим ўнгида бу азиз умримдир хор,
Бошимдаги тож олдида енгил афсор[5],
Елкамдаги бош салладан оғир кўп бор.

35

Шоҳдан кўра дарвеш чекади эл ғамини,
Дарвеш дили англар уни кўпу камшга.
Вайрона девор хавфли, унутма аммо,
Вайрона кўнгиллар хавфи — ўтли дамини...

36

Умрим ўқ-у, маърифат ҳадафдир менга,
Тиғим дур-у, телбалик садафдир менга.
Мен олами қудсий қули, ҳурлар нафаси
Занжир оёғимга — бу шарафдир менга!

37

Дил танглигидан кўзимга боғ мисли гўр,
Гул қонли яра каби туюлгайдир — кўр.
Тузсизлик агар шўрликнинг зидди экан,
Бахтим мени ҳам тузсиз-у, нега ҳам шўр?!.

38

Халқ олдида мени хор, бечора қилма,
Шохлар эшигида зор, овора қилма.
Оқ бўлди караминг сабабидан бошим,
Оқ сочим ҳаққи, юзи қора қилма![6]

39

Тош бўлса қора, унда тиниқлик бўлмас,
Мурч бирла қалампирда совуқлик бўлмас.
Тингла сўзини Маҳмуди Пурёрвалининг:
Ким мард эмас, ул касда ёруғлик бўлмас!

40

Гул чеҳрасида булут ниқобдир то ҳануз,
Кўнглим тилаги айшу шаробдир то ҳануз,
Қўй уйқуни, умр оти шитобдир то ҳануз,
Май ич, жоно, май офтобдир то ҳануз.

41

Бош бўлса тиниқ, хуш ёқади тоза шароб,
Кайф ошса агар оққуси кўз ёши шитоб.
Чунки бу тубан дунё вафони билмас,
Бас, дард майидан бўлиш керак масту хароб...

42

Бу ҳожи бўлиб, энди қутурмиш баттар,
Аввал-ку илон эди, бўлибди аждар.
Зинҳор ҳарами макрига алданманг, у —
На бандасидан-у, на Худодан қўрқар!

43

То бор эса ғайратинг, яна бўлсанг мард,
Уй ичра аёлинг асра юқтирмай гард.
Гар мевали шох девордан ошса, не дард,
Тамаъ қилар ундан ҳама — мард ҳам, номард...

44

Ҳайҳотки, ҳазин дилим сира бўлмади шод,
Эй воҳ, хотирим эмас ғамингдан озод.
Афсуски, ҳаёт дарахти бермай ҳосил,
Фарёдки, шамолга учди умрим, минг дод!..

45

Шодмиз, бу кўнгилда ғами айём йўқдир,
Нонушта етар гар насиби шом йўқдир.
Ғайб оламидан бизга келар пишгани то,
Ҳеч битта кишидан тамаъи хом йўқдир[7].

46

Эй сарвқаду суманбару гулъузор,
Дўстинг сира бўлмасин сенинг хас ила хор.
Ҳар қанча чаманда тўкмасин қўр у чинор,
Гул новдасига чинорни не нисбати бор?

47

Мен дард эрурам, дард — тамоман жисмим,
Шамъ эрса юзинг, парвона — менинг исмим.
Гар давлати васлинг муяссар ўлса,
Суртай заъфарон юзимни пойишта жим...

48

Дил кўйида кеча мен ибодат қилдим,
Ҳар покни-да нопок зиёрат қилдим
Ҳам еб рамазон рўза, кафорат қилдим,
Ийд они намозни бетаҳорат қилдим.

49

Бул кунда баҳойи ўтину уд бирдир,
Ҳам мартабада Халилу Намруд бирдир,
Ким наздида ўз давлатига мастларнинг
Оввози эшак, нағмайи Довуд бирдир.

50

Кимман ўзи — мендан-да савоб истарлар,
Еб-ичганим учунми жавоб истарлар.
Йўқ ерда фаришталар ҳисобда ҳатто,
Айтинг, ўзи кимманки, ҳисоб истарлар?!

51

Бор менда на ҳушу, эй фалак, на идрок,
Ойинаи тийнатим ҳам эрмасдир пок.
Бас, тарбиятим учун уринма бекор,
Хокни неча ювса, барибир, хокдир, хок...

52

Эй дўст, сенга барча-да ошно бўлмас,
Ориф кишидан ўзгаси шайдо бўлмас.
Ҳар қанча ўзи бўлса-да расво, лекин
Дардингни у пок тутади — расво бўлмас.

53

Кетдик кетидан, кел, энди жононани, дил,
Қоққил эшигини, изла ҳар хонани, дил.
Хайём каби бизлар-да мудом май ила маст,
Дўзах кутади биз каби мастонани, дил.

54

Зулфи неча таънайи бути Чин айлар,
Кўз ишва ўтинда горати дин айлар.
Рухсорини кўрсайди аросатда Худо,
Уз қудратига ўзи минг таҳсин айлар!

55

Софдир дилимиз — унда на кеку кина бор,
Эл бизга эрур душман-у, биз барчага ёр.
Тавхид' мевасига кон дарахт новдасимиз,
Ҳар ўтган улоқтирса-да тош — қилмадик ор.

56

Сўз ошиғиман, нурли нафас истайман,
Бир нуктага менда юз ҳавас, истайман.
Ёндирмади бул мустамеъларни нутқим,
Тинглашга сўзим ўзгани, бас, истайман.

57

Эй ишқ, не ўтсан ўзи — дудинг йўқдир?
Эй ғам, не навосанки, сурудинг[8] йўқдир?
Эй ком, нечуксан-ей, вужудинг йўқдир?
Эй айш, қиёсинг не, намудинг[9] йўқдир?

58

Ул тоза қизил шароб эрур гавҳаримиз,
Биз бирла куйиб, қилди фиғон соғаримиз.
Май бошида биз, май эса бизнинг бошда,
Май бошида май ичинг — май тожи саримиз.

59

Тилдек, э кўнгил, душмани жонингмасмиз,
Нечун урасан тиғни — забонингмасмиз.
Токайгача сен уйқуда-ю, биз — уйғоқ,
Эй уйқучи бахт, посбонингмасмиз!..

60

Сўрдим: «Бу ҳаёт маъниси не, жонона?»
«Ё шамъ, — деди, — ё булут ва ё парвона».
Сўрдим яна: «Дунёга кўнгил қўйган ким?»
«Ё гўл, — деди, — ё маст ўша, ё девона».

61

Туймоқ неча Қоф тоғини ҳовон бирлан,
Кўкни бўямоқ юракдаги қон бирлан,
Зиндонда ётиш бир аср афюн бирлан
Соз ҳамдам ўлишдан даме нодон бирлан!

62

Чеҳранг уза, ёр, тонг каби гул ёғилади,
Кўкламга ибонг менгзабе гул ёғилади.
Дилбар ўша тонг хуш то жаҳон чеҳрасидан
Порлаб неча бахт кавкаби гул ёғилади!

63

Эй Тангри, хаёт дарахтини паст этма!
Эй Тангри, тириклик майидан маст этма!
Эй Тангри, карам айла, жавонмардларни
Мухтожу фақир этма — бу хил қасд этма!

64

Ғам-ғусса билан ҳаётни тарк айлаш ҳайф!
Қайғу тиғига-да чап бериб ухлаш ҳайф!
Офтоб гулидек бўлма бу дунё боғида,
Сурмай ғунчалик лаззатини гуллаш ҳайф!

65

Ётганни бу тупроқ қатида кўп кўрдим,
Қотганни замин зулматида кўп кўрдим.
Келганни висол майин ичиб кўрмадим-у,
Кетганни дийдор ҳасратида кўп кўрдим.

66

Ким бизни синиқ дилга мурувват қилгай?
Ким айбу гуноҳимиз кафорат қилгай?
Биз қанча мазорларни зиёрат қилдик,
Ким бизни мазоримиз зиёрат қилгай?..

67

Эй дўcт, агар жон тиласанг, бергум жон,
Қар неки азиз, айт, уни айлай қурбон.
Эй кофири бераҳм, эсанг мен бирлан,
Зуннор тақиб белга, берарман иймон.

68

Оташки, аланга уради — сийнам ўша,
Дарё неча тўлқинланади — дийдам ўша.
Кўз ташла: кулол қўлидаги лой кеча
Инсон эди — биз билан эди маҳрам ўша.

69

Меъмори азал қаср ила айвон айлар,
Бўлгай-да ясаб, сўнг уни вайрон айлар.
Ҳар тоқики, етган эди бул кун кўкка,
Эртан яна тупроқ ила яксон айлар...

70

Даврон ғамидан кўзимни гирён кўрдим,
Ҳар ранжу бало борки, беармон кўрдим,
Нуҳ мингга кириб, кўрган эди бир тўфон,
Мен Нуҳ эмасам-да, мингта тўфон кўрдим.

71

Филнинг кучи сенда бўлса ҳам мўрдек бўл!
Ҳар икки жаҳон мулки билан ўрдек[10] бўл!
Кўрсанг-да ҳаётда айбини ҳар кишининг,
Ҳеч нарсани сезмагувчи бир кўрдек бўл!

72

Ёдинг ила ҳар замон кўнгил тоза бўлур,
Тонг елида чунки гулситон тоза бўлур.
Дийдоринг ҳайит эрур — уни кўрганда
Хотир хушу дил хурраму жон тоза бўлур!

73

Эй хожа, жаҳон маънисидан йўқ хабаринг,
Кундуз-кеча тортар ўзига сийму заринг.
Дунёда кафан эрур фақат дастмоянг,
Маьлум эмас, аммо ўшани ҳам этаринг...

74

Қурбони муҳаббат бўламиз, ишқ — кафан,
Дард илкида ўсдик, маломат — ватан.
Фирдавс ила жаннатда сен ўлтир, зоҳид,
Биз — булбули маст, бизга жаҳаннам — чаман.

75

Тун — ҳомиладор, ҳар неки туғса — кўрамиз,
Чарх айланади, ҳар не йўлиқса — кўрамиз.
Умр аввалида ҳар неки келди — кўрдик,
Умр охирида ҳам нима боқса — кўрамиз.

76

Айтмай сира олма кишининг уйига йўл,
Қадрингни туширма узатиб нонига қўл,
Миннатли кабобидан бировнинг доим
Қоқ нон ила сувингни баланд қўйгучи бўл!

77

Олам фили қайтаролмагай шиддатимиз,
Дунёни қилар саросима шавкатимиз.
Жой олса чумоли сафимиздан ногоҳ,
Бир лаҳзада шер айлар уни давлатимиз!

78

Ёмоннинг сира ҳатлама остонасидан,
Еб тушма тузоғига тағин донасидан.
Уқ ростлигидан билиб камонни эгри,
Кўр қочишини шитоб унинг хонасидан!

79

Оқил сира ҳис-туйғуга бўлмайди асир,
Зар қадри пасаймайди ҳасад бирла, ахир.
Номард — ит эса, марднинг қиёси — дарё,
Булғанмади ит тегса-да, дарё барибир!

80

Бир ёри вафодор киши йўқ оламда,
Дил маҳрами меҳрибон тополмай ғамда.
Инсон зотидан кутма вафо — асли азал
Бўлмайди вафо расми бани одамда.

81

Кўрдим узоқдан у лаби пурханданг,
Озод эдим, тағин бўлибман банданг.
Ҳар бандаки, озод эрур — шод эрур,
Мен шодман ангаким, бўлибман банданг.

82

Ўлдим кўмилиб минг ғаму ҳасратга, нетай?
Лойиқ эмасам меҳру муҳаббатга, нетай?
Келтирди юзинг ҳажри надомат, афсус,
Дийдоринг эса қолди қиёматга, нетай?

83

Шўх дилбаримиз ширинмақоллик қилгай,
Юз ишва билан қоши ҳилоллик қилгай.
Ним жилмайиб ул оғзининг бир бурчи билан
Ўп деб, мени жой гўёки холи қилгай...

84

Давронки, ҳунар ғайри жафо йўқ унда
Ҳам аҳли вафодан ошно йўқ унда.
Мен ит бўлайин вафоси бор кимсага, бас,
Ит яхши кишиданки, вафо йўқ унда.

85

Ўз нафсига ким бўлса амир, улдир — мард,
Ҳеч кимсага бўлмаса асир, улдир — мард.
Ўтмак сира мағлубни тепиб мардлик эмас,
Тутса қўлидан забунни эр, улдир — мард.

86

Ул ишқ биёбонида юрмоқ мушкул,
Оёқни йиғиб ҳам яна турмоқ мушкул.
Энг мушкули улки, ҳамма ерда, ҳар дам
Ёринг-ку аён, лек уни кўрмоқ мушкул.

87

Эй чархи фалак, замонаи дунпарвар[11],
Эгри юришинг тўғри учун хавфу хатар.
Нодон улуғ, оқил-чи, оёқ остида гар,
Бўлсин бу каби чархи фалак зеру забар!

88

Гул кўркда сени тоқ, деб ўзин ўлдиради,
Ул лола қаро доғ, деб ўзин ўлдиради.
Кўрганда жамолинг нурини ҳатто шамъ
Мендан ўша порлоқ, деб ўзин ўлдиради.

89

Севги ғамини, дилим, таманно қилдинг,
Халқ ичра ўзингни неча расво қилдинг,
Кўнгил, дея майли гули раъно қилдинг,
Ҳар кунда бўлак гул лабини во қилдинг[12].

90

Эй, дил, сира атлас тўпини қилма ҳавас,
Тарк айлама эски-туски киймакни-да, бас,
Гар истасанг енгил кечишин ушбу ҳаёт
Ҳеч бўлма қарам ўзгани қошида, абас!

91

Тутдик неча йил илм ила дафтар пайини,
Этдик неча йил зийнату зевар саъйини,
Қай кунки, тушундик даҳри дуннинг раъйини,
Кечдик баридан ичиб бу риндлик майини!

92

Бул чархи фалак ичинда биз бечора,
Фонус билибон уни — қилиб наззора,
Офтоб чароғ бўлса, жаҳондир фонус,
Қошида қўғирчоқ каби биз оввора.

93

Кўз очди саҳар чоғида наргис, лола
Ҳам тонг қуши айтар эди айлаб нола:
Май ички, ҳаётни тарк этурсан бир кун,
Уйғон, ҳали тупроқда ётурсан вола...

94

Ҳеч берма жаҳоннинг дўстлигига хотир,
Киндан бўлаги бўлмагай ундан зоҳир.
Юз йил яшасанг-да, охири келгай марг[13],
Юз мулкни эгалласанг-да, ҳечдир охир...

95

Дунёда мудом топгил-у бир доно, ўтир,
Ё излаю бир нозли санам, зебо, ўтир.
Гар сенга муяссар ўлмаса иккиси ҳам,
Вақтингнни совурма елга-ю, танҳо ўтир.

96

Кўз тегмасин ул наргиси шаҳлосига!
Кўз тегмасин ул лаъли майпаймосига![14]
Ёлғиз тилагим бор — қабул этсин Худо:
Кўз тегмасин ул қомати зебосига!

97

Биз тангрини ёд этиб, биёбон кетдик,
Тан оламидан кечиб, жон томон кетдик.
Нақ етмиш икки йил туну кун фикр этдик,
Саргашта бўлиб келдиг-у, сарсон кетдик.

98

Шоҳлик тиласанг, гадоси бўл халқингнинг!
Ўзни унут-у, фидоси бўл халқингнинг!
Бошига кўтарсин, десанг, эл тож янглиғ,
Қўлин ўп-у, хокипоси бўл халқингнинг!

99

Пок этгали тийнатимни бўлдим машғул,
Боқдим, унга қай дамки тиниқ тортди ул.
Тоғ-тоғ гуноҳимни кўриб ойинада,
Айбини бировларнинг унутдим буткул.

100

Келганда ажал ёр жонини олмоққа,
Бир йиғладим-ей... тушди булут титроққа.
Қабр устига ким келса, деди бош чайқаб:
«Шундоқ нозанин ҳайф бу қаро тупроққа!»

101

Эрта ғамини чекма, азизим, бир дам,
Ҳар лаҳза ғанимат — уни ўтказ хуррам.
Жон чиқса ётармиз-да неча минг йиллик
Аждодларимиз билан бақамти биз ҳам...

102

Топсанг-да ўлим парвоси йўқ дунёнинг,
Қадри шуми сен каби малаксиймонинг?
Ҳайрон қолдим кўриб Азроил ишини:
Қилт этмади бир туки оларкан жонинг...

103

Номаи аъмолда борми мазмун, сўрай?
Бул нарсани қандоқ сўрай, чун сўрай?
Яхшиси кўкрагимдан бир дарча очиб,
Қонли юрагимдан бу ҳол шарҳин сўрай...

104

Туз қолмади тақвода, маза парҳезда,
Йўқ таъми гуноҳнинг-да, басе, шул кезда.
Сув ювган эса гар тузини ҳаммасининг,
Ел олди мазасини уларнинг тезда.

105

Дил ичра қаро тугун мисоли лола,
Оғзи каби ғунчанинг кўзим лиқ жола.
Кўнглимга тўкилди барчаси, доиранинг
Зангўласидек қулоққа тўлмиш нола.

106

Туз йўқ бу жаҳонда шу кеча-кундузда,
На ер туби, на кўк тоқида — юлдузда.
Туз конлари тузга конлигидан тузсиз,
Оҳ, бу не замонки, туз йўқ ҳатто тузда?!

107

Ҳар гулники, орзу қўлида кўргайман,
Ёр боғининг ул ҳосили-да, кўргайман.
Ҳижрон қадаҳидан ичганим ҳар томчи —
Қон рангини қирмиз лаълида кўргайман.

108

Оҳ чексанг агарда, йўлга тиккил кўзни,
Чоҳ ёнидан ўтсанг, эҳтиёт қил ўзни.
Дўстлар уйида қачонки маҳрам бўлсанг,
Одобини бузма дилу қўлу кўзни.

109

Кўз ташла бу йўлга: раҳнамолар кетди,
Ғафлатга қўйиб сени ошнолар кетди.
Ул қавм мувофиқу яқин эрди сенга,
Ул қавм ўтиб, сенга фидолар кетди.

110

Ҳар узви заминнинг дилидир дононинг,
Лаб ё тиш эрур зарралари дунёнинг.
Ҳар сунбулу гулки, бош кўтаргай ердан
Зулфию юзидир у гули раънонинг.

111

Юз бўлса жаҳон — рангини сендан олган,
Ақл эрса ариқ — сувини ўзинг солган.
Шабнам каби ўтказма кулиб умрингни,
Чун боғчани рангу бўйи сендан қолган.

112

Ўт ўрнини қишда босмагай гул нафаси,
Бир парча кигизга етмагай Рум атласи.
Тингла сўзини Маҳмуди Пурёрвалининг
Бехайр киши лўли хотинча эмас-е!

113

Заргарбача кўрсатди йўлин Милтоннинг,
Қоидасидан берди хабар султоннинг.
Қўшди эл игаончи кучга-куч — кўрмасман
Бир арпага тенг Чўнаи Ҳиндистонни![15]

114

Бўлди бўларим ғам заҳри — ҳажр оғусида,
Кўз очсам агар қовриламан қайғусида.
Минг андишада қўйсам оёқ устига бош,
Рухсорини кўргум тиззанинг кўзгусида.

115

Хуш умринг аёл оғушида гар ўтади,
Еллар чўл этагига уриб бар ўтади.
Ҳар они баҳорнинг ғанимат, завқин сур,
Биздан-да кейин қанча баҳорлар ўтади!

116

Кўз ёши билан кўншлни ювдим буткул,
Бор гарди кетиб, кўзгу каби порлади ул.
Ашким кудурат гардини ҳам кетди ювиб,
То йиғладим айлангунича кўзгуга дил.



↑ Мизроб — танбур, рубоб чалинадиган тирноқ, нохунак.

↑ Кўтоҳназар— калтабин, фикри маҳдуд, ақли қисқа.

↑ Бу ерда шоир Кирмон — шаҳар ва кирмон — қуртлар сўзлари воситасида сўз ўйини қилган.

↑ Модарзод — туғма, табиий.

↑ Афсор — нўхта.

↑ Бу рубоий Абусаид Абулхайрга ҳам нисбат берилади.

↑ Бу рубоий Абусаид Абулхайрга ҳам нисбат берилади.

↑ Суруд — куй, қўшиқ, ашула, оҳанг.

↑ Намуд — кўриниш; манзара; сиймо.

↑ Ўр — яланғоч.

↑ Дунпарвар — ёмон, разил кишиларни тарбия қилувчи.

↑ Во қилмоқ — очмоқ.

↑ Марг — ўлим.

↑ Майпаймо — соқий.

↑ Чўна — Ҳиндистон подшоҳи Рай Ропой Чўна.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика