Алкимёгар (роман) [Paulo Koelo] |
Таржимондан Инсоннинг Ердаги умри мобайнида амалга оширадиган ишлари нималардан иборат? Ўз Тақдири йўлидан бориб, кўнглига туккан орзу-умидларини амалга ошириши учун инсонга энг зарур нарса нима?.. «Алкимёгар» романи мана шундай кўламли, мазмунан фалсафий, моҳиятан эса оддий инсоний муаммо ҳақида. Асар муаллифи— ҳозирги замоннинг машҳур ёзувчиси бразилиялик Пауло Коело. «Алкимёгар» Ричард Бахнинг «Оқчарлоқ Жонатан» ёки «Шарпалар» асарларига ўхшамайди. Экзюперининг «Кичик Шаҳзода»сига ҳам ўхшаш томонлари жуда кам. Бироқ негадир «Алкимёгар»ни ўқиганда беихтиёр ўша ривоят-қиссалар ёдга тушади. Зотан, бу асар айнан ҳозирги замон китобхонлари учун ёзилгандек ва «Алкимёгар»нинг турли давлатлар арбобларию, машҳур санъаткорлар ҳамда ҳозирча бир юз ўн етти мамлакатдаги миллионлаб адабиёт мухлислари томонидан севиб ўқилиши шундан далолатдир. «Бизнинг сайёрамизда бир буюк ҳақиқат барқарор: агар сиз чиндан ниманидир орзу қилсангиз, унга албатта эришасиз. Зотан, бу орзу Олам Қалбида ҳам туғилади ва айни шунинг ўзи сизнинг Ерда мавжудлигингиз тасдиқи, сизнинг тақдирингиздир», деб ёзади П. Коело. Орзу йўлидаги тўрт тўсиқ «София» нашриёти чоп этган «Алкимёгар» романининг биринчи нашрини қўлга олиб, чин дилдан қувондим. Бир неча йил мобайнида россиялик ташаббускор китобхонлар бу китобни имкон даражасида ёйишга уринишди— Интернетга жойлашди, қўлбола китоб шаклида тайёрлаб алмашиб ўқишди, асар матнининг фотонусхасини чиқаришди. Бироқ барча саъй-ҳаракатларга қарамай, турли баҳонаю сабаблар боис, ҳозиргача «Алкимёгар»ни китоб тарзида нашр этиб, бозорга олиб киришнинг иложи бўлмаган эди. Мана, ниҳоят уни нашр қилиб, талаб даражасида тарқатишга журъат этадиган нашриёт чиқиб қолди. Романда ҳикоя қилинган чўпон бола Сантягонинг саёҳати билан боғлиқ воқеалар асосида ётган туб маъно-мазмун— бу «Ўз Тақдиринг» тушунчасидир. «Ўз Тақдиринг» нима дегани? Бу Худо томонидан бизга буюрилган, умримиз мобайнида адо этишимиз лозим бўлган олий мажбурият, ҳар қайсимизнинг босиб ўтадиган ўз йўлимиздир. Биз ҳар сафар бирор-бир амални қувонч ва ҳафсала билан бажарганимизда, Ўз Тақдиримизга мос тарзда иш тутган бўламиз. Бироқ ёруғ орзу-ниятларга пешвоз чиқишдай бахтга эришмоқ учун бу йўлдан матонат билан ўтиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Хўш, нима учун ҳамманинг ҳам истак ва орзулари ушалавермайди? Бунга тўртта тўсиқ халал беради. Биринчиси шундан иборатки, гўдаклик пайтдаёқ, ҳаётда эришишни жуда истаган нарсаларга интилганимизда, йўқ, бу нарсаларга эришиб бўлмайди, деган гапни қулоққа қуйиб қўйишади. Бола: ҳарчанд уринмай, барибир ўзим хоҳлаган нарсага эришолмайман, деган фикр билан улғаяди. Шу тариқа, йиллар мобайнида қалбида турли хил шубҳа-гумонлар ва қўрқувлар илдиз отади, умидсизлик ва айбдорлик туйғуси кучайиб боради. Ва бир кун келиб, Ўз Тақдирини яшаш истаги шу оғир юк остида қолганини англаганда, ўзига инъом этилган олий имконни йўқотиб қўйгандай туюлади. Бироқ аслида бу имкон унинг қалбида яшаётган бўлади. Шунга қарамай, киши қалби тубидаги орзу-ниятини юзага чиқаришга, амалга оширишга бел боғлаб киришгудай бўлса, уни яна бир синов кутади: бу— севги, меҳр-муҳаббатдир. Киши ҳаётда нимага эришмоқчи эканини ёки қандай синовларга бардош бера олишини билади, бироқ орзусига етиш учун ҳамма нарсадан воз кечса, оқибатда ўз яқинларига озор етказиб қўйишдан қўрқади. Инсон меҳр-муҳаббатнинг орзу йўлида тўсиқ эмаслигини тушунмайди, зотан, севги халал бермайди, балки аксинча, ҳаракатга рағбат уйғотади. Фаол инсонга чиндан яхшиликни раво кўрадиган, унга доимо елкасини тутишга шай одам уни тушунишга ва қўллаб-қувватлашга тайёр бўлади. Киши севгининг тўсиқ эмас, балки таянч эканлигини англаб етган чоғда, унга учинчи тўсиқ хавф солади: бу— омадсизлик ва мағлубиятлардан қўрқиш туйғуси. Ўз орзулари йўлида курашаётган одам бошқалардан кўра кучлироқ заҳмат чекади, ҳаракатлари зое кетаётган дамларда эса у, одатдагидай, «бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар», деган маслакка ияк суямайди. Аслида ҳам, у айнан орзу йўлига ўзини бутунлай бахшида этганини англайди. Шунингдек, у Ўз Тақдири белгилаган йўл барча йўллар каби машаққатли эканини англайди. Орадаги фарқ шундаки, у танлаган йўл олиб борадиган манзил ўзгача— бу манзилда юрак жавҳари мавжуддир. Шу боис Нур Аскари энг оғир дамларда сув ва ҳаводек зарур сабр-қаноатга эга бўлиши ва доимо борлиқ Олам чорасиз, ўта танг вазиятларда ҳам унинг орзулари амалга ошишига ёрдам беражагини ёдда тутмоғи керак. Сиз: бу йўлда мағлубиятларнинг, омадсизликларнинг ҳам нафи тегадими, деб сўрарсиз. Нафи борми, йўқми, бундан қатъи назар, улар рўй беради. Инсон ўзининг орзу-истаклари йўлида курашни бошлаган пайтда, тажрибасизлиги туфайли, кўплаб хатоликларга йўл қўяди. Бироқ борлиқнинг моҳияти ҳам шунда-да, йиқилганни ер кўтаради, деганларидек, неча бор йиқилманг, ҳар гал оёққа туриб олиш зарур. Модомики, бизнинг бошқаларга қараганда кўпроқ азият чекишимизга тўғри келар экан, Ўз Тақдир йўлимиздан юришимиз шартми, деб сўрашингиз мумкин. Бу шунинг учун ҳам зарурки, омадсизликлар ва мағлубиятлар ортда қолгач— улар охир-оқибат барибир ортда қолади,— биз тўла-тўкис бахт туйғусини англаб етамиз ва ўзимизга ишончимиз янада ортади. Қалбимизнинг туб-тубида бошимиздан кечирган ғаройиб ҳодисаларга муносиб эканимизга ишонч ҳосил этамиз. Ҳаётимизнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати— бу Шарафли Жанг дақиқаларидир. Вақт ўтиши билан биз ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини қувонч билан қабул қилиш ва ундан ҳузур-ҳаловат туюшни ўрганиб борамиз. Кутилмаганда бошимизга тушадиган оғир ғам-қайғу чидаса бўладигандай туюладиган, нисбатан енгил ташвишларга қараганда тезроқ ўтади: нисбатан енгил туюлган мушкулотлар бир неча йилларга чўзилиши мумкинки, улар ўзининг оғир асоратларини қолдирганча, энг охирги нафасимизгача ҳаётимизга соя солиб, қалбимизни муттасил, сездирмай кемиради. Хуллас, инсон қалби тубидаги орзу-ниятларини юзага чиқариш йўлида кечган машаққатли курашларнинг юракда қолдирган жароҳатлари изини пайқамай, йиллар мобайнида умидини юрак тафти билан озиқлантириб, умр бўйи интилганига эришадиган фурсат етганда— кўнгил истаклари амалга ошиши аён, эҳтимол, эртага орзуси рўёбга чиқишига ишончи комил бўлганда— худди шу паллада уни сўнгги тўсиқ кутади: бу— бутун ҳаёти давомида унга ҳамроҳ бўлган орзулари ижобатидан қўрқув ҳиссидир. Оскар Уайлд ёзганидай, «одамлар доимо энг яхши кўрган нарсаларини вайрон қиладилар». Ҳақиқатан ҳам шундай. Умр бўйи орзу қилгани ниҳоят рўёбга чиқа бошлаганини англаш ҳисси инсон қалбини айбдорлик туйғусига чулғайди. Теварак-атрофга боқиб, у кўплаб кишилар истакларига етолмаганига гувоҳ бўлади ва шунда ўзи ҳам бундай ғалабага муносиб эмаслигини ўйлай бошлайди. Ўз орзуси йўлида қанча қийинчиликларни бошдан кечирганини, кўп нарсани қурбон қилганини унутади. Мен ҳаётда Ўз Тақдирлари йўлидан юриб, машаққатлар чекиб, катта мақсадларига эришишларига атиги икки қадам қолганида— энг охирги дақиқаларда талай аҳмоқликларга йўл қўйишган одамларни учратдим. Оқибатда уларнинг, қўл узатса етгудай, амалга ошаман деб турган орзу-ниятлари оқланмай қолиб кетган. Хуллас, ана шу тўрт тўсиқнинг орасида бу— сўнггиси энг маккор тўсиқ, чунки у аллақандай сирли-муқаддас пардага бурканган— орзулар ижобатининг қувончларию, ғалаба самараларидан баҳрамандликнинг кушандаси. Инсон мислсиз курашлар эвазига эришган ғалабасига ўзининг муносиб эканини англаб етганда Яратганнинг иноятига дохил бўлади ва унга бу жойда, Ерда умргузаронлик қилаётганининг асл моҳияти очилади. «Алкимёгар» романида, рамзий шаклда, мана шулар ҳақида ҳикоя қилинади. Пауло КОЭЛО 2000 йил, июл Ж.га бағишланади — Буюк Ижод сирини англаган Алкимёгарга. Ўз йўлларида давом этишди. Исо бир қишлоққа кирди. Бу ерда Марфа исмли аёл уни уйига таклиф қилди. Унинг Марям исмли бир синглиси бор эди. Марям Исонинг оёқлари олдида ўтириб, унинг сўзларини тинглар эди. Марфа эса тайёргарчилик ишлари билан жуда овора эди. Ниҳоят у Исо ёнига келиб: — Ҳазрат! Синглим бир ўзимни хизматда қолдириб қўйганига эътибор бермаяпсанми? Унга айтгин, менга ёрдам берсин! — деди. Исо унга шундай жавоб берди: — Марфа, Марфа, бунча уриниб ташвишланмасанг! Зарур бўлган биттагина иш бор. Марям эса ўзи учун яхши улушни танлади ва бу ундан тортиб олинмайди.Лука баён этган Муқаддас Хушхабар, 10:38-42 Муқаддима Алкимёгар китобни қўлига олди, уни сайёҳлардан кимдир олиб келган эди. Китоб муқовасиз эди, бироқ у муаллифнинг исм-шарифини топди — Оскар Уайлд — ва уни варақлаб, туйқусдан нигоҳи Наргис ҳақидаги ривоятга тушди. Кун-уззун анҳор бўйида ўз аксига маҳлиё бўлиб ўтирадиган соҳибжамол бўзбола ҳақидаги ривоят Алкимёгарга маълум эди: Наргис шу қадар маҳлиё бўлиб анҳорга термилиб қолган эдики, охир-оқибат сувга қулаб, чўкиб кетди, қирғоқдан эса гул униб чиқди, гулни унинг номи билан аташди. Бироқ Оскар Уайлд бу ривоятни бошқача ҳикоя қилган. «Наргис ҳалок бўлгач, ўрмон нимфалари — дриадалар сездиларки, анҳорнинг чучук суви кўз ёшдан шўрланибди. — Сен нега йиғлаяпсан? — сўрашди дриадалар. — Мен Наргисга аза тутаяпман, — жавоб қилди анҳор. — Бунинг ажабланадиган жойи йўқ, — дейишди дриадалар. — Оқибат шу экан, ахир, у ўрмондан ўтганда биз доимо ортидан югурар эдик, ёлғиз сенсан — унинг ҳусну жамолини яқиндан кўрган. — У соҳибжамолмиди? — сўради шунда анҳор. — Ҳа, бу ҳақда сендан ўзга ким ҳам бир сўз айта оларди? — ажабланишди ўрмон нимфалари: — Сенинг қирғоғингда ўтириб, сенинг сувларингга термилиб, азондан шом қоронғусигача вақт ўтказган эмасмиди у? Анҳор узоқ сукут сақлади ва ниҳоят жавоб қилди: — Мен Наргисга аза тутаяпман, бироқ ҳеч қачон унинг гўзал эканини пайқамабман. Кўз ёшларимни оқизаётганим боиси, ҳар сафар у қирғоғимга келиб, эгилиб сувларимга термилиб ўтирганида, кўзларининг тубида менинг гўзаллигим юз кўрсатарди». «Нақадар ғаройиб ривоят», — ўйлади Алкимёгар. Биринчи қисм Бўзболанинг исми Сантяго. У қўйларини ташландиқ ҳолга келган ярим вайрона черковга ҳайдаб кираётганда қош қорая бошлаганди. Черков гумбази аллақачонлар ўпирилган ва хароба ҳолга келган, бир пайтлар меҳроб бўлган жойдан каттакон тутанжир ўсиб чиққан. Шу ерда тунашга қарор қилди Сантяго, чириб синиб ётган эшикдан қўйларини ичкарига ҳайдаб киритди-да, бўлак-сўлак тахталар билан сурув чиқиб кетолмайдиган қилиб эшикни тамбалади. Округда бўрилар йўқ эди, бироқ баъзан қўйлар улоқиб кетиб қолар, бирор-бир дайди қўйни қидириб кун-уззун овора бўлишга тўғри келарди. Сантяго камзулини ерга тўшади, боши тагига яқинда ўқиб тугатган китобни қўйди ва чўзилди. Уйқуга кетишдан олдин: қалинроқ китоб олиб чиққаним тузук экан — анча вақт ўқирдим, ёстиқ учун ҳам қулай бўларди, деб ўйлади. У уйғонганда ҳали қоронғу, тепасида тун чойшабининг йиртиқларидан юлдузлар чарақлаб турарди. «Яна озгина ухласам», ўйлади Сантяго. Уйқусида яна ўша – ўтган ҳафта кўрган туши жонланди ва тушни тағин охиригача кўришга улгурмади. У бошини кўтарди, винодан бир қултум ичди. Таёғини қўлига олди ва мудраб ётган қўйларни турткилай бошлади. Бироқ сурувнинг катта бир тўдаси у кўзини очган дамдаёқ қўзғалган, гўё у билан қўйлар орасида аллақандай сирли алоқа бордай, у сурув билан, мана, икки йилдан бери сув ва озуқа қидириб, бир жойдан бошқа жойга санғийди. «Менга шу қадар ўрганиб қолишдики, ҳамма одатимни ўзлаштириб олди булар, — минғиллади у. — Менинг ҳатто кундалик режамдан ҳам бохабар». У яна шу ҳақда бироз мулоҳаза қилиб, эҳтимол, бунинг аксидир — мен уларнинг одатларини ўзлаштириб, сурувнинг тартибига тушиб олгандирман, деган хулосага келди. Бироқ бошқа бир тўда қўй Сантягонинг таёқ учи билан бирма-бир номини айтиб турткилаганига қарамай, қўзғалишга шошилмасди. Умуман, унинг ишончи комил эди — қўйлар Сантяго айтган гапларни яхши тушунарди, шунинг учун баъзан у китобчаларнинг ўзига ёққан жойларини қўйларга эшиттириб ўқир ёки сурувни ҳайдаб ўтган шаҳарлар, қишлоқларда эшитган янгиликларни уларга гапириб берарди. Дарвоқе, кейинги пайтларда бўзбола фақат бир нарса — яна тўрт кундан кейин ўзи етиб келадиган шаҳарда яшайдиган савдогарнинг қизи ҳақида гапирарди. У қизни фақат бир марта — ўтган йили кўрган. Мовут ва жун билан олди-сотди қиладиган дўкондор қўйларнинг жунини кўз олдида қирқтиришни хоҳлайди — шундай қилинса уни алдашолмайди. Ошналаридан кимдир Сантягога шу дўконни кўрсатди ва у қўйларини ўша тарафга ҳайдади. «Жун сотмоқчиман», деди у дўкондорга. Дўкон пештахтаси олдида одамлар уймалашиб турарди, хўжайин чўпондан тушликкача кутиб туришини сўради. Сантяго рози бўлди ва йўлакка ўтириб, тўрвасидан китобчасини олди. — Вой, чўпонлар ҳам китоб ўқишаркан-да, билмас эканман, — ёнгинасидан қиз боланинг қўнғироқдай товуши жаранглади. У бошини кўтариб, кўринишидан ҳақиқий андалуслик, сочлари тақимига тушган, қоп-қора ва майин кўзлари эса худди бир вақтлар Испанияни забт этган маврларникидай қизни кўрди. — Чўпонлар китоб ўқиши шарт эмас: қўйлар ҳар қандай китобдан ҳам кўпроқ нарсага ўргатади, — жавоб қилди унга Сантяго. Шу зайл гап гапга улашиб, улар гурунглашиб кетишди ва роса икки соат мириқиб суҳбатлашди. Қизалоқ дўкондорга қиз бўлишини, ҳаёти зерикарли, кунлари худди икки томчи сувдай бир хиллигини айтди. Сантяго эса унга Андалусия яйловлари ҳақида, йўлининг устидаги катта шаҳарлар ҳақида эшитганларини гапириб берди. Қиз билан суҳбат қурганидан унинг кайфи чоғ бўлди — ахир, бу қўйларга гапиргандан яхши-да. — Сен ўқишни қаерда ўргангансан, — сўради қиз. — Ҳамма қаерда ўрганса, ўша ерда-да, — жавоб қилди бўзбола. — Мактабда. — Нега энди саводинг бўлсаям қўй боқиб юрибсан? Жавоб ўрнига Сантяго бошқа нарса ҳақида гапирди: қиз уни барибир тушунмаслигига ишончи комил эди. У қизга ўзининг жаҳонгашталигидан гапирди, қизнинг маврларникига ўхшаган кўзлари гоҳ мошдай очилса, гоҳ ҳайратдан қисилиб кетарди. Вақт билинмай ўтар, Сантяго ичида бу куннинг тугамаслигини, савдогарнинг дўконига одам ёғилишини ва қўйларни қирқтириш баҳонасида уч-тўрт кун шу ерда қолиб кетишини хоҳларди. Ҳеч қачон ҳозиргидай ҳолатни туймаган эди; унинг шу ерда умрбод қолгиси келди. Бу қорасоч қиз билан кунлари сира ҳам икки томчи сувдай бир хил кечмаслиги аниқ эди. Бироқ шу пайт қизнинг отаси дўкондан чиқиб келди ва сурувни оралаб, қирқиш учун тўртта қўйни ажратиб олди. Кейин келишилганидай ҳақ тўлади ва деди: — Энди бир йилдан кейин кел. Мана, ниҳоят ўшанда белгиланган муддатгача бор-йўғи тўрт кун қолди. Бўзбола учрашишни ўйлаб қувонар ва айни чоғда кўнгли хижил тортарди: борди-ю қиз уни ёдидан чиқариб юборган бўлса-чи? Ахир, уларнинг шаҳарчаси ёнидан қўй ҳайдаб ўтадиган чўпонлар сон мингта. — Бўлганича бўлар, — деди у қўйларига. — Унчалик аҳамияти йўқ. Бошқа шаҳарларда ҳам қизлар тўлиб ётибди. Бироқ у кўнглининг туб-тубида бунинг аҳамияти чиндан ҳам жуда катта эканини ҳис этиб турарди. Чўпонларда ҳам, денгизчи-ю жаҳонгашта савдогарларда ҳам доим интиқ бўлиб, соғиниб яшайдиган бир шаҳри бўлади ва у ерда, озод қушдай дунё кезиш бахтидан воз кечишга арзийдиган ҳурлиқо яшайди. Кун ёришиб кетди, Сантяго отарини қуёш кўтарилиб келаётган тарафга ҳайдади. «Қўйларга осон, — ўйлади у, — ҳеч қандай ташвиши йўқ. Эҳтимол, шунинг учун уларнинг мендан ажралгиси келмас». Аслида уларга ҳеч нарсанинг кераги йўқ — сув бўлса, туёқлари тагида ўт-ўлан бўлса бас. Сантяго Андалусиянинг қаерларида серўт яйловлар борлигини билса бўлгани, қўйлар унга содиқ ҳамроҳ бўлиб, эргашиб юраверади. Майлига, кунлари бир зайлда ўтаверсин, улар тириклигида бирорта ҳам китоб ўқимаса ўқимас, одамларнинг шаҳарларда, қишлоқларда бир-бирларига янгиликларни етказадиган тилини улар тушунмаса ҳам майлига — барибир улар ўзларича бахтли, сув ва емишга зориқмаса бўлгани. Булар эвазига қўйлар сахийлик билан ўз жунини, наслини ва вақт-вақти билан гўштини одамларга беради. «Агар бугун мен йиртқич ҳайвонга айланиб, уларга бир бошдан қирон солсам, отарнинг ярмидан кўпини нобуд қилганимдан кейингина улар нима бўлаётганини тушуниб етади, — ўйлади Сантяго. — Улар менга ўз инстинктларидан кўра ортиқроқ ишонади, чунки фақат мен уларни қорин тўйғазадиган жойга олиб бораман». У бугун миясига келаётган ғалати ўйлардан ҳайрон. Эҳтимол, қарғиш теккан, нақд меҳробидан тутанжир ўсиб чиққан хароба черковда тунаб қолгани учун шундай бўлаётгандир? Уйқусида олдин кўрган бир тушни қайта кўрди, мана, энди содиқ ҳамроҳларига тиш қайраяпти. У кечки овқатдан қолган винодан бир қултум ютди ва камзулига яхшилаб бурканиб олди. Яна бир неча соатдан кейин қуёш чош тепага келади, жазирама авжига миниб, сурувни яйдоқ далада ҳайдашнинг иложи бўлмай қолади. Бу паллада бутун Испания мудрайди. Кечга борибгина ҳавонинг ҳовури бироз тушади, шунгача кун бўйи елкасида оғир камзулни кўтариб юриши керак. Бошқа иложи ҳам йўқ-да: саҳарги салқиндан айни шу камзул жонни асрайди. «Об-ҳавонинг инжиқликларига шай турган маъқул», — ўйлади Сантяго камзулига ташаккур билдириб, унинг оғир ва иссиқлигидан мамнун бўлиб. Аслида ҳам, камзулнинг ўз вазифаси бўлганидай, Сантягонинг ҳам ўз қисмати бор. Унинг пешонасига ёзилгани — дашту дала кезиш. Икки йил мобайнида у Андалусиянинг ясси тоғларию яйдоқ далаларини изғиб, қанча шаҳар ва қишлоқларни кўрди. Сантяго мовутчининг қизига, ўзи оддий чўпон эса-да, қандай қилиб саводхон бўлиб олганини тушунтиришга чоғланди. Гап шунда эдики, у ўн олти ёшга тўлгунча диний мактабда ўқиди. Ота-онаси унинг руҳоний бўлишини — оддий қишлоқ оиласининг фахрига айланишини орзу қилишарди. Уларнинг тирикчилиги қийин кечар, тиним билмай қилган меҳнатлари, худди қўйлар сингари, қорин тўйғазишдан бошқага ортмасди. Сантяго диний мактабда лотинчани, испанча ва диншуносликни ўрганди. Бироқ гўдаклигидаёқ унда дунёни кўришга иштиёқ кучли эди, бу туйғу Тангрини англаш ёки инсоният гуноҳларини миридан-сиригача билиб олишдан устун келди. Ва бир куни ота-онасини кўргани келганида, у юрак ютиб, мен руҳоний бўлишни хоҳламайман, деди. У юрт кезишни хоҳларди. — Ўғлим, — деди бу гапига жавобан отаси, — бизнинг қишлоғимизга кимлар келиб кетмади. Бутун дунёдан одамлар бу ерга бирор-бир янгилик топармиканман, деб келишади, бироқ қандай келишса шундай қайтиб кетишади. Улар тоққа чиқишади, кўҳна қасрни кўраман деб ва ўтмишнинг ҳозирги замондан афзал бўлганига гувоҳ бўлишади. Уларнинг, эҳтимол, соч-лари оқдир ёки қора танлидир улар, бироқ бизнинг ҳамқишлоқлардан ҳеч бир ортиқ жойи йўқ. — Бироқ мен билмайман-ку, у ёқларда, улар туғилган ўлкаларда қанақа қасрлар борлигини, — эътироз билдирди Сантяго. — Бу одамлар бизнинг еримизни, бизнинг аёлларимизни кўришганда, бу ерда умрбод қолгимиз келади, деб гапиришади, — давом этди ота. — Мен эса бошқа ерларни кўришни, бошқа аёлларга қарашни хоҳлайман. Ахир, бу одамлар ҳеч қачон бизнинг қишлоқда қолиб кетишмайди-ку. — Юрт кезиш учун кўп пул керак, болам. Бизда муқим бир жойда яшамайдиганлар фақат чўпонлар, холос. — Илож қанча, демак, чўпон бўламан, — деди Сантяго. Ота ҳеч нима демади, эрталаб унга учта қадимги тилла танга солинган ҳамённи тут-қазди: — Бир кун даладан топиб олгандим. Осмондан тушган деса ҳам бўлаверади. Ўзингга бир отар қўй сотиб ол ва юрт кезиб мол боқиб юравер, қачонки, дунёда бизнинг қасримиздай энг зўр қаср ва бизнинг аёлларимиздай гўзал аёл йўқлигини тушунсанг, бир кун қайтарсан. Ўғлини тангрига топшириб фотиҳа бераётганда, Сантяго унинг кўзларига қараб, қариб қолганига, муқим ҳаётнинг ҳузур-ҳаловати: еб-ичиши етарли ва бошида капаси борлигидан қониқиш ҳосил қилиб, ўзини хотиржам тутишига қарамай, отасининг кўнглида юрт ошиб, эл кезиб юриш иштиёқи сўнмаганини пайқади. Уфқ қирмизи тусга кирди, сўнг қуёш ботди. Отасининг гапларини эслаб кулимсиради: у кўплаб қасрларни ва кўплаб гўзалларни кўришга улгурди, дарвоқе, улар орасида тенги йўқ бир ҳурлиқо билан икки кундан кейин тағин учрашади. Унинг бир отар қўйи бор, эгнида камзули бор, китоби бор, китобни хоҳлаган пайтда бошқасига алмаштирса бўлади. Муҳими — унинг энг азиз орзуси амалга ошаётир: дашту дала кезиб, сафар қилиб юрибди. Андалусиянинг қир-адирлари зериктирса, хоҳлаган пайтда қўйларни сотиб, денгизчи бўлиши мумкин. Агар денгизда сузиш жонига тегса, бу пайтга келиб у бошқа шаҳарларни кўриб, бошқа аёллар билан танишиб олади, бахтли бўлишнинг бошқача йўлларини топади. «Билмадим, диний мактабда Тангрини қандай топардим», — ўйлади Сантяго кўтарилиб келаётган қуёшга қараб. Ўзининг сафарларида у доим номаълум йўллардан юришни маъқул кўрарди. Бу черковда ҳали бирор марта тунашга тўғри келмаган, гарчи бу ўлкаларда тез-тез бўлиб турса-да. Дунё кенг, чеку чегараси йўқ ва Сантяго озроқ вақт қўйларни ўз майлига қўйиб берса, албатта, қандайдир қизиқ воқеага дуч келарди. Фақат қўйлар ҳар куни янги йўлларни топишаётганини, яйловлар ва йил фасллари ўзгараётганини тушунмайди: уларнинг миясида фақат қорин тўйғазиш эҳтиёжи бор, холос. «Эҳтимол, биз ҳам шунақадирмиз, — ўйлади чўпон. — Ахир, мен ўзим ҳам мовутчининг қизи билан танишганимдан кейин хаёлим бирор марта ҳам бошқа аёлларга кетмади-ку». У осмонга қаради, чамалади, пешинга қолмай Тарифда бўлади. У ерда китобни бошқасига, қалинроғига алмаштириб олса, сувдонини винога тўлдириб, соч-соқолини олдирса, мовутчининг қизи билан учрашувга шай бўлади. У бошқа бир чўпон қизни илиб кетган бўлса-чи, деган хаёлга бормасликка уринди. «Ҳаёт шуниси билан қизиқки, тушлар ростга айланади», — ўйлади Сантяго осмонга кўз ташлаб қўйиб, қадамини тезлатаркан. У Тарифда тушни таъбирлайдиган кампир яшашини эслади. Қани айтсин-чи, икки марта кўрган бир тушнинг таъбири қанақа бўларкан. Кампир меҳмонни орқа тарафдаги ошхонадан турли рангдаги пластмасса мунчоқлар шодасидан ясалган парда билан ажратилган хонага йўллади. Хонада стол ва иккита стул бор, деворда Масиҳ юраги тасвири туширилган сурат илинган. Уй бекаси Сантягони ўтирғизди, ўзи унинг қаршисига ўтириб, икки қўлидан ушлади ва паст овозда дуо ўқиди. Афтидан, бу лўлилар ўқийдиган дуо эди. Чўпон болага лўлилар тез-тез учраб турарди — улар ҳам, гарчи қўй боқишмаса-да, дунё кезиб юришади. Одамлар уларни ёлғон-яшиқ айтиб кун кечиради, гуноҳга ботиб яшайди, болаларни ўғирлаб кетади ва бу болалар кейинчалик уларнинг асирига айланиб қолади, дейишади. Сантяго гўдаклигида лўлилар ўғирлаб кетишидан ўлгудай қўрқарди, ҳозир лўли кампир қўлларидан ушлаганда вужудида ўша қўрқув уйғонди. «Ахир, бу ерда Муқаддас Масиҳ юраги бор-ку», — ўйлади у хотиржам бўлишга ва титроғини босишга уриниб. Лўли кампир буни сезиб қолишини хоҳламасди. Содиқлигини таъкидламоқчи бўлиб ичида дуо ўқиди. — Жуда қизиқ, — кафтидаги чизиқлардан кўзини узмай минғирлади кампир ва яна сукут сақлаб турди. Бўзбола баттар безовталанди. Титроқ энди қўлларига кўчди ва у қўлларини шошиб тортиб олди. — Мен сенинг олдингга қўлларимга қараб фол оч деб келганим йўқ, — деди у лўлининг уйига қадам босганига афсусланиб: яхшиси, ҳақини тўлаб, тезроқ жуфтакни ростласаммикан. Шуям гап бўлдими, аллақандай тушни икки марта кўрган бўлса кўрибди-да. — Биламан. Сен кўрган тушингнинг таъбирини айтиб беришимни сўраяпсан, — деди лўли. — Тушлар — бу Тангри биз билан гаплашадиган тил. Модомики, бу дунёдаги бор тиллардан бири экан, бу тилдан мен таржима қила оламан. Бироқ Тангри сенга қалбинг тилида мурожаат қилган экан, унинг айтганлари фақат ёлғиз сенгагина тушунарли бўлади. Шуниси ҳам борки, сен маслаҳат олиш учун келган экансан, мен сендан барибир пул оламан. «Афтидан, илиндим», — ўйлади Сантяго, бироқ чекинишнинг энди иложи йўқ. Журъат чўпон учун — одатдаги ҳол: бирида сурувга бўри оралайди, бирида қурғоқчилик рўй беради. Журъат унинг ҳаётини қизиқарли қилади. — Мен бир тушни икки марта кўрдим, — деди у. — Тушимда яйловда қўйларимни боқиб юрибман, шу пайт гўдак пайдо бўлди, у қўйлар билан ўйнагиси келди. Бировнинг қўйларимга яқинлашишини ёмон кўраман, улар бегонадан ҳуркади. Фақат болаларни қўрқмай яқинига йўлатади, нега ундайлигини билмайман. Қўйлар болаларнинг ёшини қандай пайқашини тушунмайман. — Кўрган тушингни айт, — кампир унинг сўзини бўлди, — ана, қозоним оловда турибди. Сенинг пулинг кўп эмас, менинг вақтим қиммат туради. — Бола ҳадеб қўйлар билан ўйнади, — Сантяго бироз ийманиб давом этди, — кейин туйқусдан мени қўлида кўтарди-да, Миср эҳромларига элтиб қўйди. У бироз секинлаб, бу лўли кампир эҳром нималигини билармикан, деган шубҳага борди. — Миср эҳромларига элтди, — такрорлади у оҳиста ва дона-дона қилиб, — у ерда менга: «Агар яна бу ерга келиб қолсанг, бекитилган хазинани излаб топасан», деди. Ва энди менга хазина қаерда ётганини уқтирмоқчи бўлганида уйғониб кетдим. Иккинчи марта ҳам бу туш худди шундай — ҳеч ўзгаришсиз қайтарилди. Лўли кампир узоқ жим қолди, кейин яна Сантягонинг қўлларидан ушлади ва кафтига синчиклаб диққат билан қаради. — Ҳозирча мен сендан ҳақ олмайман, — деди кампир ниҳоят. — Бироқ агар хазинани топсанг, ўндан бири меники. Бўзбола севинганидан кулиб юборди, тушига кирган хазина унинг фолбинга берадиган арзимас чақаларини асраб қолди. Бу кампир чиндан ҳам лўли: лўлиларнинг бир қайнови ичида, дейишади. — Бўлақол, тушимнинг таъбирини айт, — сўради у. — Олдин қасам ич. Хазинанинг ўндан бирини менга бераман, деб қасам ич, кейин таъбирини айтаман. Қасам ичишига тўғри келди. Бироқ кампир Муқаддас Масиҳ юраги тасвирига қараб қасамни такрорлашини талаб қилди. — Бу туш Умум Тилида, — деди кампир. — Мен уни таъбирлашга ҳаракат қиламан, гарчи бу жуда қийин бўлса-да. Ана шу меҳнатим учун мен сендан хазинанинг ўндан бирини сўраяпман. Эшит: сен Мисрга боришинг ва ўзигнинг эҳромингни топишинг керак. Мен ўзим бу нарсани эшитмаганман, бироқ гўдак сенга уларни кўрсатибдими, демак, ҳақиқатан бу бор нарсалар. Ана энди жўна — у ёқда сен ўзингнинг хазинангни топасан, бойиб кетасан. Сантяго аввалига ҳайрон қолди, кейин афсусланди. Шу бўлмағур гап учун кампирни қидириб ўтириш шартмиди. Яхшиям, ундан пул олмади. — Сени деб вақтим бекор кетди, — деди у. — Мен огоҳлантирдим: сенинг тушингни таъбирлаш қийин. Ғаройиб кўринган нарса, сиртдан оддийдай туюлса-да, бироқ унинг мағзини чақишга фақат донолар қодир. Мен доно бўлмаганим учун ҳам бошқа ҳунарни, масалан, кафтга қараб фол очишни ўргандим. — Қандай қилсам Мисрга бора оламан? — Бу менинг бош оғриғим эмас. Мен фақат тушни таъбирлай оламан, уни чинга айлантириш менинг ишиммас. Акс ҳолда шундай қашшоқ яшармидим, туққан қизларимдан садақа сўраб. — Агар Мисрга бора олмасам-чи? — Боролмасанг — кўрган фолим учун сен берадиган ҳақдан қуруқ қоламан. Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Энди жўна, сен билан гаплашадиган гап қолмади. Сантяго лўли кампирникидан буткул ҳафсаласи пир бўлиб чиқди ва минбад тушларга ишонмасликка қарор қилди. Шу пайт, ишларга киришиш кераклиги хаёлига келди: дўконга йўл олди, егани ул-бул харид қилди, китобини қалинроғига алмаштирди, янги винони татиб кўрмоқчи бўлиб, майдондаги ўриндиққа ўтирди. Кун жуда иссиқ эди, вино сеҳрли тарзда бўзболанинг ҳовурини босди. У қўйларини шаҳар четида, яқинда танишган дўстининг молхонаси ёнида қолдирди. Вилоятнинг ҳамма жойида Сантягонинг жўралари бор эди — шунинг учун ҳам у юрт кезиб юришни яхши кўрарди. Эл ораласанг янги дўст орттирасан — у билан ҳар куни кўришиб туриш ҳечам шарт эмас. Атрофингда доим бир хил одамлар бўлса — худди диний мактабда ўқиб юрган пайтдагидай — ўз-ўзидан улар сенинг ҳаётингга аралаша бошлайди. Ҳаётингга аралашиб туриб, бироз вақт ўтгач, уни ўзгартиргилари келиб қолади. Агар сен улар хоҳлагандай бўла олмасанг — аразлашади. Ҳар ким ўзича бу дунёда айнан қандай яшаш кераклигини аниқ билади. Бироқ ҳеч ким ўзининг шахсий ҳаётини негадир йўлга сола олмайди. Бу худди лўли кампирнинг амалига ўхшайди, у тушларни таъбирлайди, лекин ростга айлантиришга қурби етмайди. Сантяго қуёшнинг ботишини кутишга қарор қилди, шундан сўнг қўйларни яйловга ҳайдаса бўлади. Мовутчининг қизи билан учрашишга ҳали уч кун бор. Ҳозир эса шу ерлик руҳонийдан алмаштириб олган китобни ўқишга киришди. Китоб қалин эди, биринчи бетида кимнингдир дафн маросими тасвирланган ва боз устига қаҳрамонларнинг исмлари шунақа ғалатики, овоз чиқариб айтсанг тилинг қоқилиб кетади. «Агар бир кун келиб мен китоб ёзадиган бўлсам, — ўйлади бўзбола, — китобимнинг ҳар бир бетида янги қаҳрамон бўлади, китобхонлар кимнинг исми қанақалигини эслаб овора бўлиб ўтирмайди». У энди китобни очиб, марҳумни қорга қандай кўмишгани тасвирини берилиб ўқиётганида (тепадан қуёш аёвсиз куйдириб турганига қарамай, Сантягонинг эти жунжикди), бир қария келиб, унинг ёнига чўкди ва уни гапга тортди. — Улар нима қилишаяпти ўзи? — майдондаги одамларни кўрсатиб, сўради у. — Ишлашаяпти, — рўйхуш бермай жавоб қилди бўзбола, гўё ўзини берилиб китоб ўқиётгандай кўрсатиб. Аслида эса у мувутчининг қизининг кўз ўнгида тўртта қўйнинг жунини қандай қирқишини ўйларди. Чунки қиз унинг нимага қодирлигини кўради. Сантяго бу манзарани тез-тез кўз олдига келтирар ва ҳар гал хаёлида қизиқиб қараб турган қизга қўйни думидан бошлаб боши томонга қирқиб бориш кераклигини тушинтирарди. У яна бир қанча ғаройиб воқеаларни ҳам хотирасида жамлаб, қўйларни қирқаётиб, уларни қизга айтиб беришга чоғланарди. Бу воқеа-ларни китоблардан ўқиб олган эди, бироқ буларни ўз бошидан кечиргандай қилиб айтиб бермоқчи эди. Қиз ҳеч қачон бунинг тагига етолмайди: чунки у ўқишни билмайди-да. Қария жуда қайсар чиқиб қолди. Чанқаб кетганини айтиб, бир қултум вино сўради. Сантяго кўзани узатиб, шу билан ундан қутилишга умидланди. Қаёқда — қариянинг жағи баттар очилди, гурунглашгиси келди. Кўзани узатаётиб, бўзболадан қандай китоб ўқиётганини сўради. Сантягонинг бошқа ўриндиққа ўтиб ўтиргиси келди, бироқ отаси унга кексаларга доимо хушмуомалада бўлишни насиҳат қилганди, шу боис у бир сўз демай китобни қарияга узатди: эҳтимол, китобнинг номини тўғри ўқишни у билар. Агар чол саводсиз бўлса, ўзи уни тинч қўяр, ноқулай ҳолга тушиб қолмай деб. — Ҳим... — деди қария китобни қўлида айлантириб кўраркан, гўё бундай ғалати буюмга биринчи марта кўзи тушгандай. — Яхши китоб, зарур нарсалар ҳақида, бироқ ниҳоятда зерикарли. Сантяго ажабланди: қария, демак, нафақат ўқишни биларкан, ҳатто айни шу китобни ўқиб чиққан экан. Начора, агар чиндан зерикарли бўлса, ҳали уни бошқасига алмаштириб олишга вақт бор. — Бу китобда ҳам, деярли бошқа барча китобларда бор гаплар ёзилган, — давом этди қария. — Яъни одам ўз тақдирини ўзи танлай олмаслиги ҳақида. Бу китобдаги бор гап одамларни дунёдаги энг катта ёлғонга ишонтиришдан иборат. — Қанақа у бу дунёдаги энг катта ёлғон? — ажабланди Сантяго. — Мана шунақа: қандайдир лаҳзаларда ҳаётимиз тизгини қўлимиздан чиқиб кетади ва уни беихтиёр тақдир бошқара бошлайди. Учига чиққан уйдирма. — Мен учун, назаримда, буни тушуниш қийин, — деди Сантяго. — Мени, масалан, руҳоний қилмоқчи бўлишганди, мен эса чўпонликка кетдим. — Шуниси маъқул-да, — бошини сермади қария. — Сен юрт кезиб юришни яхши кўрасан-ку. «Менинг фикрларимни ўқиётганга ўхшаб гапиради», — ўйлади бўзбола. Бу орада қария китобни қайтиб беришни хаёлига ҳам келтирмаётгандай, бамайлихотир варақлади. Фақат ҳозир Сантяго қариянинг эгнида арабча яктак борлигини пайқади — аслида бунинг ажабланадиган жой йўқ: Тарифни Африка қирғоғидан торгина бўғоз ажратиб туради, уни бир неча соатда сузиб ўтиш мумкин. Арабларни шаҳарчада тез-тез учратасан — улар бир нималар сотиб олишади, бир кунда бир неча бор ўзларининг ғалати ибодатларини амалга оширишади. — Сиз қаерликсиз? — сўради у қариядан. — Ҳаммаерлик. — Бундай бўлмайди-ку, — эътироз билдирди бўзбола. — Ҳеч ким ҳаммаерлик бўла олмайди. Мана мен, масалан, чўпонман, дашту далаларни кезиб юраман, бироқ бир жойда туғилганман, шаҳарчада, эски қаср турган тоғ ёнидаги. Шу шаҳарчада мен туғилганман. — Хўп, ундай бўладиган бўлса, мен Салимда туғилганман. Сантяго билмасди Салим қаердалигини, бироқ сўраб ўтирмади, қизариб қолмай деб. У ташвишли қиёфадаги йўловчилар тинимсиз ўтиб-кетиб турган майдонга тикилиб қараб турди. — Хўш, Салимда ҳаёт қандай? — Одатдагидай. Билиб олишнинг ҳеч иложи йўқ эди. Фақат бундай шаҳар Андалусияда йўқлиги аён эди, акс ҳолда Сантяго уни эшитган ёки кўрган бўларди. — У ерда сиз нима иш билан машғулсиз? — Нима иш билан машғулман? — Қария «қаҳ-қаҳ» отиб кулиб юборди. — Мен уни бошқараман. Мен — Салим подшоҳиман. «Одамларга бир бало дориган ўзи, — ўйлади бўзбола. — Ҳақиқатан, тилсиз қўйлар билан андармон бўлиб юрганим маъқул аслида, емиши билан суви бўлса бас. Ёки китоб ўқиганим тузук — ғаройиб воқеаларни билиб оласан, қачон хоҳласанг очиб ўқийверасан. Бироқ одамлар билан қийин: томдан тараша тушгандай бир нимани айтади, ўтирасан кейин устингга мағзава тўкилгандай, нима деб жавоб беришни билмай». — Менинг исмим Малкисидқ, — минғирлади қария. — Қўйинг нечта? — Кўп, — мужмал жавоб қилди Сантяго. — Тўғриси қанча? Демак, сенга менинг ёрдамим керакмас, қўйинг етарли, деб ҳисобласанг. Бўзболанинг чиндан жаҳли чиқди. Ҳеч қандай ёрдам сўраб ўтирмади. Гапни қариянинг ўзи бошлади-да, аввал вино сўради, кейин китобни кўрай деди, энди унга гурунг беришинг керак. — Китобни беринг, — деди у. — Мен йўлга чиқишим керак. — Менга отарингнинг ўндан бирини берсанг — хазинага қандай етиб боришни ўргатаман. Туйқусдан бўзболага ҳаммаси аён бўлди-қолди. Лўли кампир ундан сариқ чақа ҳам сўрамади, демак, қария — у, эҳтимол кампирнинг эри, ўзи ҳам лўли бўлса керак, бир дунё ёлғон-яшиқ гапларни тўқиб, кўпроқ пул ундириш учун атай жўнатилган. Бироқ Сантяго гапга оғиз жуфтлашга улгирмай, қария ердан бир шохчани олиб, қумга нималарнидир чизди. У эгилган чоғда кўкрагида нимадир шунақа нур таратиб ярақладики, бўзбола бир лаҳза кўр бўлиб қолди. Бироқ қария қартайган ёшига мос бўлмаган бир ҳаракат билан либосига бурканиб олди, Сантягонинг кўзи кўра бошлаганда, у оёқлари остида қария чизган шаклларни кўрди. Кичкина шаҳарнинг бош майдонини қоплаган қумда у ота-онасининг исмларини ва ўзининг бутун ҳаётини айни дақиқаларгача — болаликдаги ўйинлари-ю диний мактабдаги совуқ кечаларни — ҳамма-ҳаммасини ўқиди. У дўкондор қизининг исмини ўқиди, буни энди билиши эди. У ҳали ҳеч кимга айтмаган нарсаларни: бир сафар ки-йик овлаш учун отасининг милтиғини сўрамасдан олганини ва ҳаётида дастлаб, фақат бир марта аёл билан тунаганини ўқиди. «Мен — Салим подшоҳиман», — ёдига тушди унинг. — Нега подшоҳ чўпон билан гаплашиб ўтирибди? — хижолатомуз, ювош тортиб сўради Сантяго. — Бунинг сабаблари кўп, бироқ энг асосийси шуки, сен ўз Тақдиринг йўлидан боришга қодирсан. — Бу қанақа Тақдир? — сўради бўзбола. — Барча одамлар, ҳали навқирон пайтларида, ўз Тақдирини билишади. Умрнинг бу палласида ҳамма нарса тушунарли ва ўзлари хоҳлаган ишни амалга оширишга интилишдан қўрқишмайди. Бироқ вақт ўтиши билан бир сирли куч уларни ўз Тақдирини юзага чиқаришга эришишнинг иложи йўқлигига ишонтиришга киришади. Қариянинг гаплари Сантягога унчалик таъсир қилмади, бироқ «сирли куч» уни қизиқтириб қолди — дўкондорнинг қизи буни эшитса, оғзи очилиб қолади. — Бу куч афтидан ёмонликка йўғрилган. Бироқ амалда у одамларни ўз Тақдирини қандай юзага чиқаришга йўналтиради. Бу куч унинг руҳи ва иродасини шунга тайёрлаб боради. Бу сайёрада бир улуғ ҳақиқат мавжуд: сенинг кимлигингдан ва нима қилаётганингдан қатъи назар, қачонки сен бир нимани чин юракдан истасанг, бунга эришасан, чунки шундай истак Олам Қалбида ҳам яралади. Ва бу сенинг Ердаги насибангдир. — Ҳатто агар мен фақат юрт кезиб юришни ёки дўкондорнинг қизига уйланишни хоҳласам ҳамми? — Ёки хазинани қидирсанг-да. Олам Қалби инсон бахтидан озиқланади. Бахтидан, бироқ айни пайтда ғамидан, ҳавасу ҳасадидан, рашкидан ҳам. Одамнинг якка-ягона мажбурияти: ўз Тақдири йўлидан охиригача бориш. Ҳаммаси — шунда мужассам. Ёдингда тут, сен бирор нарсани истаган пайтда бутун Олам сенинг истагинг амалга ошишига ёрдам беради. Бироз муддат улар майдонга ва ўтиб-кетиб турган одамларга жим қараб ўтиришди. Жимликни биринчи бўлиб қария бузди: — Хўш, шундай қилиб нега энди сен қўй боқишга қарор қилдинг? — Чунки, дунё кезиб юришни яхши кўраман. Қария майдон бурчагига қизил кажаваси билан келиб тўхтаган маккабодроқ сотувчига ишора қилди: — Болалигида у ҳам дунё кезишни орзу қилган. Бироқ кейин маккабодроқ сотиб, пул топишни афзал билди. Қаригач, у Африкада бир ойни ўтказди. Ўз орзусини амалга ошириши учун одамда ҳамма вақт имкон бўлишини тушуниш унга насиб этмаган. — Унинг чўпонлик қилгани маъқул эди, — деди Сантяго. — Бу ҳақда у ўйлади. Бироқ сўнг яхшиси савдо-сотиқ билан шуғулланишга қарор қилди. Савдогарларнинг бошида капаси бор, чўпон-чўлиқлар эса очиқ далада тунайди. Қизларнинг ота-оналари ҳам куёвлари чўпон эмас, савдогар бўлишини хоҳлашади. Сантяго мовутчининг қизини эслади ва юрагига игна санчилгандай бўлди. Албатта, қиз яшаётган ўша шаҳарда кимдир қизил кажава билан изғиб юргандир. — Бундан келиб чиқадики, одамларнинг чўпонлар ва маккабодроқ сотувчилар ҳақидаги фикрлари Тақдир йўли ҳақидаги фикрдан муҳим экан-да. Қария яна китобни варақлади ва афтидан, ўқий бошлади. Сантяго узоқ кутди, кейин бари бир қарияни чалғитишга қарор қилди, чунки олдин чол ҳам уни китоб-дан чалғитганди: — Нима учун сиз мен билан бу ҳақда гаплашаяпсиз? — Чунки сен ўзингнинг Тақдиринг йўлидан боришга уриндинг. Бироқ ҳозир ундан чекинишга тайёрсан. — Сиз ҳар доим шундай дақиқаларда пайдо бўласизми? — Ҳар доим. Боз устига бошқа шаклу шамойилда ҳам кўринишим мумкин. Гоҳида тўғри қарор тарзида, гоҳида маъқул фикр тарзида. Гоҳида эса, ҳал этувчи дақиқада, мен боши берк кўчадан чиқиш йўлини айтаман. Барини эслаб қололмайсан. Бироқ одатда одамлар менинг пайдо бўлганимни пайқашмайди. Қария ўтган ҳафта бир тилла қазувчи қошида тош шаклида пайдо бўлгани ҳақида ҳикоя қилди. Бир пайтлар бу одам ҳаммасини ташлаб, зумрад қазиб топиш учун йўл олган. Дарё қирғоғида беш йил роса тер тўккан ва бир дона бўлса-да, зумрад топарман, деб 999 999 тошни майдалаган. Ва шунда ҳафсаласи пир бўлиб, орзусидан воз кечишга аҳд этган, бу пайт унинг пойида фақат биттагина тош қолганди — ва у шу тошнинг ичидан ўзининг зумрадини топарди. Шунда қария аралашишга ва ўз Йўлидан мардона кетаётган тилла изловчига ёрдам беришга қарор қилди. У тошга айланди, унинг оёғи остига юмалаб келди, бироқ тилла изловчи, беш йилдан бери бесамар тер тўкаётганидан ғазабга миниб, оёғи билан тошни тепиб юборди. Бироқ шундай куч билан тепдики, тош бошқа бир тошга урилганча ёрилиб, дунёда тенгсиз гўзал зумрад қуёш нурида ярақлаб кетди. — Одамларга ўз ҳаётларининг моҳияти жуда эрта аён бўлиб қолгандай туюлади, — деди қария ва Сантяго унинг кўзларидаги ғамни илғади. — Эҳтимол, шунинг учун ҳам улар бундан жуда эрта воз кечишар. Начора, дунё шундай қурилган. Шу пайт бўзбола гурунг хазина ҳақидаги гапдан бошланганини эслади. — Маъданни сой ва дарёлар юзага олиб чиқади, айни сой ва дарёлар уларни ер қаърига бекитади, — деди қария. — Агар ўзингнинг хазинанг ҳақида батафсил билгинг келса — сурувингдаги қўйларнинг ҳар ўнтасидан бирини менга бер. — Балки топсам, ўша хазинанинг ўндан бирини берганим тузукдир? — Қўлингда йўқ нарсани ваъда қилиш, уни қўлга киритишга жаҳд этиш демак, — деди қария гинали оҳангда. Шунда Сантяго сурувининг ўндан бирини лўли кампирга аллақачон ваъда қилганини айтди. — Лўлилар ҳақини ундиришни билади, — хўрсинди қария. — Нима бўлганда ҳам билиб қўйганинг тузук, дунёда ҳар бир нарсанинг ўз баҳоси бор. Нур Аскарлари айни шунга ўргатишга интилишади. — У Сантягога китобни узатди. — Эртага шу вақтда сен сурувингнинг ўндан бирини қошимга ҳайдаб келасан. Шунда мен хазинани қандай топишни айтаман. Ва шундай деб, у муюлишда кўздан ғойиб бўлди. Сантяго яна китобни қўлига олди, бироқ мутолага киришолмади — диққатини бир жойга йиғишга қурби етмасди. Қария билан мулоқотдан ҳаяжонлаганди, чунки унинг кўнгли сезди: қария ҳақиқатни гапирди-да. Бўзбола чакана савдо қутиси ёнига борди ва бир қоғоз халтача маккабодроқ сотиб олди, сотувчига қариянинг у ҳақдаги гапини айтсаммикан, деб ўйлади, кейин шарт эмас, деган қарорга келди. «Баъзида ҳаммасини ўз ҳолича қолдиргани маъқул» — деб ўйлади у. Айтсанг, сотувчи, ғилдиракли қизил қутисига ўрганиб қолганига қарамай, уч кунлаб ўйланиб юради, бу ишнинг баҳридан ўтсаммикан, деб. «Уни бундай азобдан холос этганим бўлсин». Шундай ўй билан Сантяго кўча бўйлаб, боши оққан томонга қараб кетди, охири бандаргоҳга келиб қолди, чоғроққина уйчанинг ёнидан чиқди. Уйчада Африкага борадиган кемаларга патта сотишарди. Дарвоқе, Миср айнан Африкада. — Сизга нима керак? — сўради паттафуруш. — Эҳтимол, эртага сиздан патта харид қиларман, — жавоб қилди Сантяго ва нари юрди. Биттагина қўйни сотсанг бас, қарабсанки, Африкадасан. Бу фикр унинг кўнглига ғулғула солди. Паттафуруш эса ёрамчисига гап қотди: — Яна битта хаёлпараст. Саёҳат қилгилари келибди, киссасида ҳемири йўқ. Сантяго паттахона токчаси олдида тураркан, қўйлари ёдига тушди ва туйқусдан уларнинг ёнига тезроқ боргиси келиб қолди. Икки йилда чўполик санъатини эгаллади ва чорвани миридан-сиригача — қўй қирқишни-ю қўзилатишни, сурувни бўрилардан асрашни билиб олди. Андалусиянинг яйловлари энди унга беш бармоғидай таниш, отаридаги хоҳлаган қўйининг нархини аниқ баҳолай билади. У ўзини кутаётган сурув қамалган қўтонга энг узоқ йўлдан жўнади. Бу шаҳарнинг ҳам ўз қалъаси бор эди, бўзбола қияликдан кўтарилиб, қалъа деворига чиқиб ўтиришга қарор қилди. У жойдан Африка кўринарди. Бир пайтлар кимдир унга қадим замонда Африкадан маврлар сузиб келишиб, сал бўлмаса Испанияни бутунлай маҳв эташганини уқтирганди. Сантяго маврларга тоқат қилолмасди: бу ерга лўларни шулар олиб келган бўлиши керак. Девордан бутун шаҳар, ҳалигина у қария билан гурунглашиб турган бозор майдони кафтдагидай кўриниб турарди. «Қайси гўрданам уни учратдим», — ўйлади бўзбола. Ҳамма бало лўли кампирнинг тушни таъбирлаганидан бошланди-да. На лўли, на қария унинг чўпон эканига аҳмият берди. Ҳа, ҳамма нарсадан кўнгли совуган бу ёлғиз одамлар чўпон деган зот қўй билан тирик эканини қайдан билсин. Сантяго сурувдаги ҳар қайси қўйнинг бир қарашдаёқ ичи-сиртини айтиб бера олади: униси — қиср, наригиси икки ойдан сўнг қўзилайди, ҳов, четдагилари — сурувнинг энг судралганлари, ялқов. У қўйларни қирқишни, бўғизлашни уддалайди. Агар бирор ёққа кетгудай бўлса, қўйлари уни қумсайди, эгасиз бўлиб қолади. Шамол турди. Бу шамол унга таниш эди — одамлар буни «лаванта шамоли» дейишарди, чунки Ўртаер денгизининг шарқий қисмидан, Лавантадан келган маврларнинг елканларини кўтарган шу шамол эди. Бўзбола, ҳали Тарифда бўлмаган эса-да, Африка қирғоқлари жуда яқин эканига шубҳаланмасди. Бундай қўшнилик хатарли — маврлар яна бостириб келиши мумкин. Шамол кучайди. «Барибир қўйларим ва хазина билан орамизни бузиб юборолмас», — ўйлади Сантяго. Энди иккисидан бирини — ё ўзи одатланган машғулотни ёки кўнгли тусаб турган нарсани дейиши керак. Айтганча, ўртада дўкондорнинг қизи ҳам бор, бироқ қўйлар муҳимроқ, чунки улар Сантягога муҳтож. Қизалоққа — барибир. Дарвоқе, уни эслармикан? Бўзбола адашмас-ов: икки кундан кейин унинг олдида пайдо бўлса, қизалоқ танимайди, чунки қизалоқ учун кунлар бир хилда ўтади, кунлари икки томчи сувдай якранг одамлар ҳар тонг қуёш чарақлаб чиқиб, турмушига рўшнолик бағишлаётганини пайқашмайди. «Мен отамни, онамни ҳам, туғилган қишлоғимдаги қалъани ҳам ташлаб келдим, — ўйлади у. — Улар айрилиқда яшашга кўникишди, мен ҳам шунга одатландим. Демак, бунга қўйлар ҳам кўникади менинг йўғимда». У яна майдонга тепадан туриб қаради. Маккабодроқ савдоси қизигандан қизирди: ана, қария билан ҳалигина гурунглашган сўрида энди бир жуфт ошиқ қаймоқлашиб ўтиришибди. «Савдогар...» — ўйлади Сантяго, бироқ фикрини якунлашга улгурмади — кучайган «лаванта шамоли» шиддат билан тўғри юзига урилди. Шамол фақат босқинчи маврлар елканларини кўтариб қолмаган, балки ўзи билан хавотирли саҳро гармселини, чодраларга ўранган аёллар бўйини, бир замонлар нималарнидир қидириб, олтину саргузашт иштиёқида изғиганларнинг тер ва умид-орзулари ҳидини ҳам олиб келган. Шамол эҳромлар нафасини ҳам олиб келган. Бўзболанинг эркин, дайди шамолга ҳаваси келди ва ўзи ҳам унингдай бўла олишини ҳис этди. Ўзидан бошқа ҳеч ким йўлини тўса олмайди. Қўйлар, мовутчининг қизи-ю Андалусиянинг яйловлари — булар бари ўз Йўлини топгунча босиб ўтиладиган сўқмоқлар, холос. Эртаси куни чошгоҳда у бозор майдонида пайдо бўлди ва ўзи билан олтита қўйни ҳайдаб келди. — Ғалати иш бўлди, — деди у қарияга. — Дўстим ҳеч қандай гап-сўзсиз мендан бутун бир отарни сотиб олди ва умр бўйи чўпон бўлишни орзу қилгандим, деди. Яхшилик аломати бу. — Ҳамиша шундай бўлади, — жавоб қилди қария. — Буни Хайрли Ибтидо дейишади. Агарда сен, мисол учун, ҳаётингда биринчи марта қарта ўйнашга ўтирсанг, афтидан, ютган бўлардинг. Бошловчиларнинг омади келади. — Нега бундай бўлади? — Чунки ҳаёт сенинг ўз Тақдиринг йўлидан боришингни хоҳлайди ва омадларни ёр этиб, иштаҳангни очади. Шундан сўнг қария қўйларни кузата бошлади ва биттаси оқсоқланаётганини айтди. Бўзбола бунинг аҳамияти йўқлигини, сурувдаги энг ақлли, боз устига, энг кўп жун берадиган шу қўй, дея тушунтирди. — Хўш, энди, хазинани қаердан излаш керак? — сўради у. — Мисрдан, эҳромнинг ёнидан. Сантяго эсанкиради. Лўли кампир ҳам худди шу гапни айтганди, фақат бунинг учун ундан ҳеч нима олмади. — Тангри ҳар бир одамнинг бу дунёдаги йўлини белгилаб қўяди, сен у ёққа ана шу белгилар орқали йўл топасан. Фақат сен белгиларни — нималар ёзиб қўйилганини ўқий билсанг бас. Сантяго жавоб қилиб улгурмади, у билан қария ўртасида бир капалак пириллаб айланаверди. У болалигида бобосидан гўё капалак омад келтириши ҳақида эшитганини эслади. Худди қора чигиртка, калтакесак ва йўнғичқанинг баргчаларидай. — Айнан шундай, — минғирлади қария унинг хаёлидан ўтган фикрни уқиб. — Ҳаммаси худди бобонг сенга айтганидай. Бу ўша белгилар, уларга амал қилсанг, йўлингни йўқотмайсан. Шу сўзларни айта туриб, у тўшини яланг очди ва ҳайратга тушган Сантяго кеча кўзини қамаштирган ярқироқ жилвани эслади. Қария олтиндан қуюлган, қиматбаҳо тошлар билан безалган сипар тақиб юрарди. Аслида ҳам у подшоҳ эди, юпинроқ кийиниб юришининг сабаби эса, афтидан, талончилар ташланиб қолмаслиги учун бўлса керак. — Мана, ол, — деди қария ва сипардан иккита, оқ ва қора тошни кўчириб, уларни Сантягога узатди. — Булар Урим ва Туммим дейилади. Оқи «ҳа»ни, қораси эса «йўқ»ни англатади. Белгиларнинг маъносини уқолмай қолганингда улар сенга асқотади. Сўрасанг — жавоб беради. Бироқ яхшиси, — давом этди у, — ҳар қандай ҳолатда ўзинг бир қарорга келганинг маъқул. Ўзинг биласан, хазина — эҳром ёнида, олтита қўйни мен сенга бир қарорга келишингга кўмаклашганим учун оламан. Бўзбола тошларни тўрвасига бекитди. Энди, бундан кейин бирор қарор қабул қилгудай бўлса фақат ўзига таянади, холос. — Унутма, дунёдаги ҳамма нарса бир бутун, яхлит. Аломатлар тилини ёдингдан чиқарма. Ва, энг муҳими, шуни ёдингдан чиқармагинки,сен охиригача ўз Тақдиринг йўлидан кетишинг керак. Энди мен сенга мухтасар бир ривоятни айтиб бераман. Бир савдогар ўғлини бахт нима, унинг қандай сир-асрорлари бор, билсин деб энг маш-ҳур донишманд ҳузурига юборибди. Ўғлон қирқ кеча-кундуз саҳро кезиб, ниҳоят тоғ тепасидаги ажойиб бир қалъани кўрибди. Бу қалъада у излаб юрган Донишманд яшаркан. Кутилганидек, қалъа донишманднинг узлатга чекинган кимсасиз кулбасига сира ҳам ўхшамас, аксинча, одам билан тўла эди: савдогарлар лаш-лушларини кўрсатиб у ёқ бу ёққа чопқилашар, баъзилари бурчак-бурчакларда гаплашиб туришар, мўъжазгина созандалар гуруҳи майин куй ижро этар, залнинг ўртасида, бу ўлкада топса бўладиган жамики ноз-неъматларга тўла тўкин дастурхон тортилган. Донишманд бамайлихотир меҳмонлар билан бир-бир кўришиб-сўрашиб чиқади ва йигитчанинг навбати етгунча роса икки соат кутишига тўғри келади. Ниҳоят Донишманд унинг ташрифидан кўзлаган мақсадини эшитади, бироқ бахт нималигию, унинг қандай сир-асрорлари борлигини ҳозир тушунтириб ўтиришга вақти йўқлигини айтади. Йигитчага қалъани томоша қилиб, айланиб чиққин, икки соатдан кейин шу жойга келасан, деб тайинлайди. «Дарвоқе,сендан яна бир сўровим бор,— дейди у йигитчага икки томчи мой солинган чойқошиқни узатиб.— Бу қошиқчани олгин, қара, тағин мой тўкилмасин». Йигитча, кўзини қошиқчадан узмай, зиналардан чиқиб-тушиб саройни айланади, икки соатдан сўнг яна Донишманд қошида ҳозир бўлади. «Хўш,— дейди Донишманд,— ошхона залидаги форсий гиламлар сенга ёқдими? Боғдаги дов-дарахтлар, гулзорлар-чи? Уларни қўли гул боғбонлар ўн йил деганда барпо этишган. Менинг кутубхонамдаги эски қалин китоблар, терига битилган қўлёзмалар-чи?» Ўсал бўлган йигитча буларни кўрмаганини тан олади, зотан, қалъани айланганда у бутун диққатини хўжайин қўлига ишониб топширган чойқошиқдаги мойдан узмаган эди. «Изингга қайт ва менинг уйимдаги мўъжизаларни томоша қил,— деди шунда Донишманд.— Туриш-турмушини кўриб билмаган одамингга қандай ишонасан». Йигитча қўлида қошиқ билан яна саройни айлангани жилади. Бу сафар у олдингидай диққат бўлмай, хоналарни безаб турган камёб жиҳозларни, санъат асарларини кўриб чиқади. У боғларни ва қалъани ўраб турган қояларни кузатади, гулларнинг ва сурату ҳайкалларнинг гўзаллигини ўзича баҳолайди. Донишманднинг олдига қайтгач, у кўрганларининг ҳаммасини оқизмай-томизмай айтиб беради. «Икки томчи мой қани, мен сенга тўкиб қўйма деб тайлагандим?»— сўрайди Донишманд. Шунда йигитча қошиқчадаги мойнинг тўкилганини пайқайди. «Мана шу мен сенга берадиган бирдан-бир маслаҳат,— дейди унга донолар доноси.— Бахтнинг сиру асрори дунёнинг бор жозибасию тароватини кўра билишда ва айни пайтда чойқошиқдаги икки томчи мойни ҳам ҳеч қачон ёддан чиқармасликда». Сантяго ривоятни эшитиб узоқ жим қолди. У қариянинг нима демоқчи бўлганини тушунди. Чўпон дашту дала кезишни яхши кўради, бироқ қўй-қўзисини ҳеч қачон унутмайди. Сантягога қадалиб қараб, подшоҳ Малкисидиқ қўлларини туташтирди ва ғалати ҳаракат билан бўзболанинг боши устидан сермади. Кейин эса, қўйларни олдига солиб, ўз йўлига равона бўлди. Мўъжазгина Тариф шаҳарчаси устида, бир замонлар маврлар қурган, эски қалъа қад ростлаб турибди. Агар минорага чиқиб қаралса, маккабодроқ сотувчисининг қутиси турган майдон кафтдагидай кўринади. Бу жойдан Африка қирғоқларининг узунчоқ парчалари ҳам кўзга ташланади. Ўша куни қалъа деворида, юзини машриқдан эсаётган шамолга тутиб, Малкисидқ — Салим подшоҳи ўтирган эди. Тақдирларида кечган алғов-далғов ўзгаришлардан безовталанаётган қўйлар янги хўжайинидан нарироқда қўшоқлангандай ғуж бўлиб турарди. Уларни ҳали ҳам қизиқтириб турган энг муҳим нарса емиш эди. Бандаргоҳга кириладиган жойда турган чоғроқ кемага қараб ўтирган Малкисидқ, бир пайтлар унга ушр берганидан сўнг Иброҳимни қайта учратмаганидай, энди бу бўзболани ҳам бошқа кўрмаслиги ҳақида ўйларди. Умрбоқийларда орзу-истак бўлмаслиги керак, чунки бу ерда уларнинг ўз йўллари йўқ. Бироқ барибир Малкисидқ қалбининг тубида Сантяго деган мана шу болага омад ёр бўлишини тиларди. «Унинг ҳозироқ ҳатто менинг исмимни ҳам унутиб юбориши ачинарли-да, — ўйлади у. — Менинг исмимни такрорлаб туриши керак эди. Алҳол, мени эслаб, «Малкисидқ, Салим подшоҳи» деган сирли қарияни тилга олса.» У кўзини самога тикди ва бироз ийманиб, деди: —Тангрим, иқрорман, булар барчаси, Сенинг каломингда зикр этилганидай, «беҳудадан беҳуда уриниш.» Лекин гоҳида қари подшоҳ ҳам ўзи билан ғурурланади-да. «Африка деганлари ғалати жой экан», — ўйлади Сантяго. У шаҳарнинг танг кўчаларида тез-тез дуч келадиган торгина емакхонада ўтирарди. Бир неча киши каттакон чилимни қўлма-қўл алмашиб чекишарди. Шу орада у қўл ушлашиб боришаётган эркакларни, юзини бекитган аёлларни, баланд минораларга чиқиб олиб, қироат билан бир нималарни айтиб қичқираётган руҳонийларни кўрди, айни дамда атрофдагилар тиз чўкишар ва манглайларини ерга текизишарди. «Кўчманчи мусулмонларнинг макони. Уларнинг урф-одатлари ҳам шу ерда илдиз отган», — деди ичида у. У болалигида қишлоқларидаги черковда авлиё Ёқубнинг суратини кўрганди — маврларни маҳв этган ғолиб оқ от устида, қўлида қилични баланд кўтарган ҳолда тасвирланган, унинг пойида ҳозир емакхонада Сантяго билан ёнма-ён ўтиришган кишиларга ўхшаш сўхтаси совуқ одамлар мукка тушган. Бўзбола саросималанди — у ўзини жуда ёлғиз ҳис этди. шу нарса унинг хазинага борадиган йўлида узоқ вақт тўсиқ бўлиши мумкин эди. Зотан, бу мамлакатда ҳамма арабча гаплашарди. Емакхона хўжайини унинг олдига келди ва Сантяго имо-ишоралар билан ёнидаги столда ўтирганлар ичаётган ичимликдан унга ҳам олиб келишини сўради. Бу аччиқ чой экан. Бўзбола винони хуш кўрарди. Сирасини айтганда, бунинг аҳамияти йўқ — фақат хазина ва унгача қандай етиб бориш ҳақида бош қотириши керак. Сотган қўйларидан тушган пул анчагина, улар ҳамёнида, ўзининг кучини кўрсатса, ҳарқалай, киши ёлғизлик азобидан унчалик озор чекмайди. Тез-орада, атиги бир неча кундан кейин, у эҳромларга етиб боради. Соф олтиндан ясалган кўкраксипарли қария беш-олтита қўйини олиб, бойиб қолиш учун уни анойи қилмагандир. Қария унга белгилар ҳақида гапирди ва Сантяго, бўғоздан сузиб ўтгунича, фақат шулар ҳақида ўйлади. Гап нимадалигини у тушунди: Андасулияда санғиб юриб, ердаги ва осмондаги белгиларга қараб ўзини олдинда нималар кутаётганини билиб олишга уринди. Чумчуқ илоннинг бекиниб турган жойидан хабар етказиши мумкин; бута шу атрофда жилға ёки дарё борлигидан дарак беради. Буларнинг барига уни қўйлар ўргатди. «Агар уларни Тангри йўллаб турган бўлса, У менга ҳам йўлдан чалғишимга монелик қилмайди», — ўйлади Сантяго ва бироз хотиржам бўлди. Шунда ҳатто чой ҳам унчалик тахир туюлмади. — Сен ким бўласан? — туйқусдан испанча сўз эшитилди. Сантяго беихтиёр енгил тортди: у белгилар ҳақида ўйлаётганди ва мана, белги берилди. Унга овоз берган тахминан унинг тенгқури, европача кийинган бўлиб, фақат терисининг ранги шу ерлик эканини билдирарди. — Сен испанчани қаёқдан биласан? — сўради Сантяго. — Бу ерда уни қарийб ҳамма билади. Испания икки соатлик йўл. — Кел, ўтир, мен сени бирор нарса билан меҳмон қилай. Ўзингга ҳам, менга ҳам вино буюр. Чойга унча тобим йўқ. — Бу мамлакатда вино ичишмайди, — жавоб қилди у. — Вино таъқиқланади. Шунда Сантяго эҳромларгача етиб бориши зарурлигини айтди. Хазина ҳақидаги гап оғзидан чиқиб кетишига бир баҳя қолди, бироқ вақтида тилини тишлади: айтиб бўладими, бу араб унга ёрдам бериши эвазига хазинанинг бир қисмини талаб қилиши мумкин-ку. Бўзбола қариянинг гапларини эслади: қўлингда, ўзингники бўлмаган нарсани ваъда қила кўрма. — Мени эҳромларгача олиб боролмайсанми? Бунинг учун мен сенга ҳақини тўлардим. — Сен тасаввур қила оласанми ўзи, унинг қаердалигини? Сантяго емакхона хўжайини уларнинг яқинига келиб, гурунгни жон қулоғи билан эшитаётганини пайқади. Гарчи унинг олдида гапиргиси келмаётган бўлса-да, бўзбола омади чопиб учратган йўл бошловчини қўлдан чиқаргиси келмасди. — Бутун Саҳрони кесиб ўтишингга тўғри келади, — деди у. — Бунинг учун пул керак. Пулинг борми? Бу саволдан Сантяго ҳайрон бўлди. Бироқ у қариянинг гапини эслади: агар сен бирор нарсани хоҳласанг, бутун Олам сенинг хоҳишинг ижобат бўлишига кўмаклашади. Ва у чўнтагидан пулни олиб, арабга кўрсатди. Хўжайин уларга янада яқинроқ келиб, тепаларида туриб олди, кейин эса ҳалиги бола билан арабчада қаттиқ-қаттиқ гаплашди. Сантягонинг назарида хўжайин нимагадир аччиқ қилаётгандай эди. — Кетдик бу ердан, — деди бола. — Бизнинг бу ерда ўтиришимиз унга ёқмаяпти. Сантяго хурсанд бўлиб ўрнидан турди ва ҳисоб-китоб қилай деганди, хўжайин унинг қўлидан тутиб, нималардир деб гапира бошлади. Қўлини бўшатиб олишга Сантягонинг қурби етарди, бироқ у ёт бир мамлакатда ва боз устига, бундай вазиятда ўзини қандай тутиш лозимлигини билмас эди. Бахтига янги таниши хўжайинни кўкрагидан итариб юборди ва Сантягони емакхонадан кўчага олиб чиқиб кетди. — У сенинг пулларингни олмоқчи бўлди. Танжер Африканинг бошқа шаҳарларига ўхшамайди. Бу бандаргоҳ, бандаргоҳ эса доим товламачиларга тўлиб ётади. Унга ишонса бўлади. У мушкул вазиятга ёрдам берди. Сантяго яна чўнтагидан пулларни олиб, санади. — Эртагаёқ эҳромларга жўнашимиз мумкин, — деди араб. — Бироқ аввал иккита туя сотиб олишимиз керак. Шундай деб у Сантягонинг қўлидан ҳамённи олди. Улар Танжернинг ҳар қадамда чодирлару савдо қутилари турган тор кўчаларидан юриб кетишди ва минглаб оломон билан тўла бозор майдонидан чиқишди — одамлар савдолашар, бақириб-чақиришарди. Кўкату мевалар пичоқ, ханжарлар билан бир жойга уюб ташланган, гиламлар эса турли-туман чилимлар ёнида. Сантяго ҳамроҳидан кўзини узмай борарди — бўзбола бор пулини шеригига берган эди. У пулни қайтариб олмоқчи ҳам бўлди, бироқ бу ноқулай, деган ўйга борди. Бу мамлакатнинг урф-одатлари Сантягога нотаниш эди. «Ҳечқиси йўқ, — ўйлади у, — мен уни сергаклик билан кузатиб бораяпман, шунинг ўзи етарли, ахир, мен ундан қорувлиман.» У тасодифан турли-туман буюмлар орасида қилични кўриб қолди, бунақа чиройли қилични ҳеч қачон кўрмаган эди: ғилофи мисдан, дастаси қимматбаҳо тошлар ва сир билан безалган. Сантяго Мисрдан қайтишда, албатта, ўзига шундай қилич сотиб олишни кўнглига тугди. — Сўра-чи, нархи қанча экан? — турган жойидан бурилмай сўради у йўлдошидан. Шу лаҳзада у қиличга маҳлиё бўлиб, икки дақиқага чалғиганини пайқади. Юраги шувиллаб кетди. У ўгрилиб қарашга чўчиди, чунки қараса кўз олдида қандай манзара намоён бўлишини билди. Яна бир неча лаҳза у қиличдан кўзини узмай турди, кейин ўзини қўлга олиб, бошини бурди. Атроф ғала-ғовур, бозор қайнаб-тошарди, одамлар зир югурар, бақириб-чақирарди, гиламлар ва ёнғоқлар, мис лаганлар ва кўкатлар уюлиб қоришиб ётар, эркаклар қўл ушлашиб, аёллар паранжида юришар, аллақандай таомларнинг ҳидлари таралар ва фақат унинг бояги йўлдоши қай гўргадир ғойиб бўлганди. Аввалига Сантяго улар бир-бирини оломон орасида тасодифан йўқотиб қўйишганига ўзини ишонтиришга уринди ва турган жойидан жилмай кутишга қарор қилди — лоп этиб келиб қолар, деб ўйлади. Бироз вақт ўтди; баланд минорага кўтарилган киши қироат билан нимадир деб қичқирди — шу лаҳза атрофдагилар мук тушиб, манглайларини ерга тегизишди ва хиргойи қила бошлашди. Кейин эса, худди тиниб-тинчимас чумолилардай ғимирлашиб, нарсаларини йиғиштиришди, чодир ва савдо қутиларини бекитишди. Бозор бўшаб қолди. Қуёш ҳам осмонни тарк эта бошлади; Сантяго уни узоқ кузатди — қуёш майдонни қўрғалаган оқ уйларнинг томлари ортига бекингунча термилиб турди. У эслади, бугун қуёш кўтарилган пайтда у нариги қитъада эди, чўпон эди, олтмишта қўйи бор эди ва мовутчининг қизи билан учрашувни кутарди. Эрта тонгдаёқ, отарини яйловга ҳайдагандан сўнг, нималар рўй бериши унга олдиндан аён бўлганди. Мана, шу куннинг шом палласида у бошқа бир мамлакатда юрибди, ёт ўлкада у бегона ва ҳатто маҳаллий халқ гаплашадиган тилни ҳам билмайди. Энди у чўпон эмас, бор-йўғидан, аввало, пулидан ажралиб қолди, демак, энди ортга қайтолмайди ва ҳаммасини бошидан бошлай олмайди. «Буларнинг бари қуёш чиқиб ботгунча рўй берди-я», — ўйлади бўзбола. У ўз аҳволига ачинди ва ҳаёти кутилмаганда буткул ўзгариб кетганига қаттиқ қайғурди. Йиғлай деса уят. У ҳатто қўйларининг олдида йиғлашга ҳам уяларди. Бироқ бозор майдони аллақачон бўшаб қолган, у эса ёлғиз, ватанидан жуда узоқда. Сантяго йиғлаб юборди. Наҳотки, Тангрининг қаҳри, бор йўғи кўрган тушига ишонган кишилар учун, шу қадар қаттиқ бўлса! «Қўйларимни боқиб юрганимда мендан бахтиёр одам йўқ эди, мен ҳаммага хурсандчилик улашардим. Мени кўрганда одамлар шод бўлишарди ва энг эътиборли меҳмондай эъзозлашарди. Мана, энди мен ғамга ботдим ва бахтсизман. Нима қиларимни билмайман. Энди баджаҳл ва ҳеч кимга ишонмайдиган бўламан, бир одам мени алдаб кетгани учун ҳаммадан гумонсираб яшайман. Хазина топганларни эса кўролмайман, негаки бу омад мендан юз ўгирди. Хасга тирмашиб яшайман энди, чунки қурбим шунга етади, холос, оламни англамоққа ожиз ва кучсизман». У тўрвасини очиб, унинг ичида бирор-бир егулик — ҳеч бўлмаса ёғ билан бир бурда нон — қолмаганмикан, деб қаради, бироқ тўрвадан қалин китоб, камзул ва қария берган икки дона тошни топди, холос. Уларга кўзи тушиб, Сантягонинг чиройи очилди. Ахир, у қария совға қилган шу иккита тошга олтита қўйни алмашди-да. Агар бу тошларни сотолса бўлгани — пулига патта олиб ватанига қайтади. «Энди ақлимни йиғиб иш қиламан», — ўйлади у тўрвадан тошларни олиб, чўнтагига бекитаркан. Бу ер бандаргоҳ шаҳар, бандаргоҳ эса, уни шилиб кетган ҳалиги юлғич тўғри айтганидай, товламачиларга тўла. Фақат эндигина емакхона хўжайинининг нима учун қизишиб гапирганига Сантягонинг ақли етди — у бўзболага қаватингдаги йўлдошига ишонма, дея жон куйдириб уқтирган экан. «Мен худди бошқа оддий одамлардайман: хаёлимдагини борга йўяман ва дунёни асли қандай бўлса шундайлигича эмас, балки ўзим хоҳлагандай кўраман». У яна тошларни қўлига олиб қаради, меҳр билан силади — тошлар илиқ туюлди. Мана, ҳозирча унинг қўлидаги ҳақиқий хазина шу. Қўлингни текизсанг кўнглинг кўтарилади. Улар Сантягога қарияни эслатди. Қариянинг гаплари унинг қалбида қайта садо бергандай бўлди: «Агар сен бирор нарсани хоҳласанг, бутун Олам сенинг хоҳишинг ижобат бўлишига кўмаклашади». Унинг билгиси келди — тўғримикан бу гап. У бўм-бўш бозор майдонининг қоқ ўртасида турибди, чўнтагида бир мири йўқ ва энди қўйларни бу оқшом қаерга қамаб қўйсам, деб бош қотириши ҳам шарт эмас. Бироқ чўнтагидаги қимматбаҳо тошлар унинг яқинда подшоҳ билан учрашганини шак-шубҳасиз далиллаб турар, подшоҳ унинг бутун ҳаётини: отасининг милтиғини сўрамай олганию, биринчи марта аёл билан бўлганини — ҳаммасини билар эди. «Тошлар сенга жумбоқни ечишга ёрдам беради. Улар Урим ва Тумим дейилади», — эслади у. Сантяго уларни яна чўнтагидан чиқарди ва тўрвасига солди, кейин синаб кўргиси келди. Қария тошларга саволларни аниқ қилиб бериш керак, деб тайинлаган эди, чунки улар нимани хоҳлаётганини аниқ биладиган кишига ёрдам беради, деганди. У тошлардан: қариянинг менга билдирган тилаклари ҳали ўз таъсирини йўқотгани йўқми, деб сўради ва қўлини тўрвадан чиқарди: — Йўқ, — жавоб қилди тош. — Мен хазинани топа оламанми? — сўради Сантяго. У яна тўрвага қўлини тиқди ва тошларни аралаштириб жавобни оламан деганида иккала тош ҳам тўрванинг тешигидан тушиб кетди. Негадир у олдинлари тўрванинг эскириб қолганини сезмаганди. Сантяго тошларни ердан териб олиб, уларни тағин яшириш учун эгилган чоғда миясига бир янги фикр келди: «Белгиларга эътибор билан қарашга ва уларга эргашишга ўрган», — деганди қария. Белги! Сантяго кулиб юборди. Кейин дарҳол ердан тошни олиб, тўрвасига тиқди. У тўрванинг тешигини тикишни хаёлига ҳам келтирмайди, чунки хоҳлаган дамда тошлар тўрвани тарк этиши мумкин. У тушунди, дунёда шундай нарсалар борки, улар ҳақида сўраб-суриштириш бефойда — бу ўз тақдирингдан қочиб қутила олмаслигингга ўхшайди. «Ахир, мен қарияга фақат ўзим қарор қабул қиламан, деб ваъда берганман-ку», — деди у ичида. Бироқ тошлар унга қариянинг ҳали ҳам у билан бирга эканидан ишора берди ва бу бўзболада ишонч уйғотди. У яна бўм-бўш майдонга кўз югуртирди, бироқ энди унинг нигоҳи олдингидай умидсиз эмас эди. У ёт бир дунёга келиб қолмаган, шунчаки янги бир жойда эди. Ахир, унга айни шу — янги жойларни кўриш ёқарди-да. Агар эҳромларгача етиб бориш насиб этмаса-да, ачинмайди, чунки у ҳар қандай чўпондан ҳам кўпроқ нарсаларни кўрди, билди. «Улар билсайди, — ўйлади бўзбола, — атиги икки соатли йўл нарисида ҳаммаси мутлақо бошқача эканини». Янги дунё ҳозир унинг кўз ўнгида ўлик майдонга айланиб ётарди, бироқ ҳалигина бу жойда ҳаётнинг қайнаб-тошганини кўришга у улгурди ва энди буни ҳеч қачон унутмайди. У ўзи кўрган қилични ҳам эслади: ҳа, икки дақиқали томоша учун кўп пулидан ажраб қолишига тўғри келди, бироқ бундай нарсани у аввал ҳеч қачон кўрмаганди-да. Туйқусдан Сантяго дунёга нафақат товламачи ва ярамас кимсанинг қурбони бўлган одам кўзи билан, балки жасур хазина қидирувчи ва саргузаштлар ишқибозининг нигоҳи билан ҳам қарай олишини англаб қолди. — Мен — жасур хазина қидирувчи ва саргузаштлар ишқибозиман, — минғирлади у уйқуга кетаркан. Кимдир биқинидан туртганидан у уйғониб кетди. Сантяго қоқ ўртасида тунаган бозор майдони тонг отиши билан тағин жонлана бошлаган эди. Одатига кўра, қўйларни кўрмоқчи бўлиб алангларкан Сантягонинг уйқуси буткул очилди ва ўзининг янги бир оламда экани ёдига тушди, эслади, бироқ бундан кўнгли чўкмади, аксинча, у бахтиёр эди. Энди қорин ғамида тентираб юрмайди — тўғри хазинага йўл олади! Гарчи чўнтагида бир мири бўлмасаям, эртанги кунига ишончи бор, кўнгли тўқ. Кеча оқшом у саргузаштлар ишқибозининг тақдирини ҳавас қилди, бундай қисматни ўзига танлади: энди у бир пайтлар китобларда ўқиган қаҳрамонлардан бирига айланади. Бўзбола шошилмасдан қадам ташлаб, бозор майдонининг четидан юрди. Савдогарлар чодирларини оча бошлашганди, у ширинликлар сотадиган бир савдогарга пештахтага нарсаларини теришга кўмаклашди. Савдогар хурсанд бўлиб кулди; у ўз ҳаётидан мамнун, нима учун яшаётганини билар ва янги иш кунини хуш кайфият билан қаршилашга ҳозирланаётган эди. Унинг кулгиси бўзболага қарияни — сеҳрли подшоҳ Малкисидқни эслатди. «Бу савдогар дунё кезиш ёки мовутчининг қизига уйланиш учун ширинлик пиширмайди. Бу шунчаки унинг кўнглидаги машғулоти, шу иш унга ёқади», — деб ўйлади бўзбола ва бир қарашда ҳар қандай одамнинг ўз тақдири Йўлига қанчалик узоқ ёки яқинлигини қариядан ёмонроқ билмаслигини пайқади. «Бу жуда оддий, наҳотки мен аввал буни тушунмаганман?» Чодирни тортиб боғлашгандан сўнг қандолатчи унга ёғда пишган биринчи сомсани узатди. Сантяго уни баҳузур еди ва ташаккур билдириб, чодирдан жилди. Кетаётиб туйқусдан чодирни қуришаётганда қандолатчининг арабча гапиргани ва ўзининг испанча жавоб қилгани ёдига тушди, бироқ улар барибир бир-бирларини тушунишибди-да. «Демак, сўзларга тобе бўлиб қолмаган тил ҳам бор экан, — ўйлади у. — Мен шу тилда қўйлар билан гаплашардим, мана, энди одам билан гаплашишга уриниб кўрдим». «Ҳаммаси бир бутун, яхлит», деган эди Қария. Сантяго белгиларни кўздан қочирмаслик учун Танжернинг тор кўчаларидан шошилмай юришга қарор қилди. Бу сабр-қаноатни талаб этади, бироқ сабр-қаноат шундай эзгу неъматки, ҳар қандай чўпон дастлаб ана шу сабоқни олади. «Ҳаммаси бир бутун, яхлит», — Малкисидқнинг сўзлари тағин ёдига тушди. Биллур буюмлар сотувчи савдогар янги куннинг бошланишини кузата туриб, эрталабданоқ кўнглини чўктирадиган одатдаги ғам-ташвишдан оғринди. У тик тушган тор кўчадаги харидорлар онда-сонда бош суқадиган дўконида, қарийб ўттиз йилдан бери, тирикчилик қилади. Ҳаётида бирор-бир ўзгариш қилишга энди кеч; биллур идишларни сотишдан бўлак юмуш қўлидан келмайди. Бир пайтлар унинг дўкони гавжум бўларди, араб савдогарлари, инглиз ва франтсуз геологлари, олмон аскарлари — пулдор одамлар кўп келишарди. Ўшанда биллур савдоси фойданинг кони эди ва у бойиб кетишига, ёши қайтганда малоҳатли аёллар кўнглини чароғон этишга умидланарди. Бироқ замон эврилди, бу билан бақамти шаҳар ҳам ўзгаришларга юз бурди. Танжернинг шундоқ биқинидаги Сеут тез қад ростлади ва савдонинг авж нуқтаси ўша тарафга кўчди. Ён-атрофидаги савдогар-қўшнилар ҳар қайси ҳар ёққа равона бўлишди, бу тор кўчада саноқлигина дўкончалар қолди ва деярли ҳеч ким уларга бош суқайди, бу жойга қадам босмайди. Бироқ ҳар нима бўлганда ҳам, биллур идиш сотувчи бу савдогарнинг энди бўлари бўлиб, бўёғи сингган эди. Ўттиз йил у биллур олиб сотиш билан маш-ғул бўлди, энди ёши бир жойга борганда ҳаётини ўзгартиришга кеч. Чошгоҳгача савдогар унда-бунда ўтганларни кузатиб ўтирди. Кўп йиллар шу зайлда ўтирганидан бу танг кўчадан кимнинг қай маҳалда ўтиши унга ёд бўлиб кетган. Бироқ тушликка бир неча дақиқа қолганда дўконининг пештахтаси ортида бир навқирон муҳожир пайдо бўлди. У бинойидай кийинган эди, бироқ савдогар синчков нигоҳи билан унинг пули йўқлигини пайқади. Шундай бўлса-да, у чиқиб кетгунича тушликка шошилмай туришни маъқул билди. Эшикдаги эълон бу дўконда хорижий тилларда ҳам гапирилишини даракларди. Сантягонинг кўзи пештахта ортида кўринган хўжайинга тушди. — Хоҳласангиз, мен мана бу идишларингизни ювиб бераман, — деди бўзбола. — Бу аҳволда уларни ҳеч ким сотиб олмайди. Хўжайин жавоб қилмади. — Эвазига менга бирор егулик берасиз. Хўжайин миқ этмай унга қараб турарди. Сантяго бир қарорга келиши зарурлигини тушунди. Тўрвасида камзули бор эди — саҳрода кераги бўлмайди. У камзулни тўрвадан олиб, идишларни артишга киришди. Ярим соат ичида пештахтадаги идишлар ярақлади ва шу пайт икки киши кириб, биллур идишлардан харид қилди. Ишни тугатиб, Сантяго хўжайиндан овқат сўради. — Юрчи мен билан, — деди унга жавобан хўжайин. Эшикка «Тушлик пайти» деб ёзилган лавҳачани илиб, у Сантягони тор кўчанинг баланд жойидаги емакхонага олиб борди. Улар бу ердаги ягона стол-га келиб ўтиришди. Биллур сотувчи кулди: — Идишларни тозалашингга ҳожат йўқ эди. Қуръонда оч одамнинг қорнини тўйдириш буюрилган. — Нега сиз мени тўхтатмадингиз? — Чунки идишлар кир эди. Қолаверса, иккаламиз ҳам миямизни кераксиз лаш-лушлардан тозалашимиз зарур-ку. Овқатланиб бўлишгач, савдогар деди: — Сен менинг дўконимда ишласанг дейман. Бугун, сен идишларни артиб тозалаётганингда иккита харидор келди —бу хайрли аломат. «Одамлардан белги-аломатлар ҳақида тез-тез эшитасан, — ўйлади чўпон бола, — бироқ улар ўзлари айтишаётган гапларининг фаҳмига боришмайди. Ўзим-чи, ўзим ҳам, маънисига бормай неча йил қўйларим билан сўзсиз тилда гаплашиб юрдим-ку». — Хўш, нима дейсан — тиқилинч қилди савдогар. — Менинг дўконимда ишлайсанми? — Тонг отгунча ҳамма идишларни ювиб тозалайман, — жавоб қилди бўзбола. — Ҳақига менга Мисрга етиб олишимга етарли пул берасиз. Савдогар чол яна кулиб юборди. — Менинг дўконимда йил бўйи биллур идишларни ювиб, бунинг устига ҳар бир сотилган идиш пулидан яхшигина фоиз олиб турсанг ҳам Мисргача етадиган пул тополмайсан, барибир қарз кўтаришингга тўғри келади. Танжер билан Миср ораси — минглаб километр саҳро. Бир дақиқа оғир жимлик чўкди, гўё бутун шаҳар уйқуга чўмгандай бўлди. Бозорлар, ўз молини мақтаб ётган савдогарлар, минорага чиқиб азон айтаётган кишилару, дастаси ҳашамли қиличлар — бари ғойиб бўлди. Умид ва саргузаштлар иштиёқи, кекса подшоҳ ва Тақдир Йўли, хазина ва эҳромлар ўз-ўзидан йўқолди-йитди. Дунёни ўлик сукунат ўз забтига олди. Чунки Сантягонинг руҳи тамом чўкиб кетган эди. У на оғриқни, на азобни ва на афсус-надоматни ҳис этар, нигоҳи емакхонанинг очиқ эшигига қараб қотиб қолган ва фақат жуда-жуда ўлгиси келар, ҳаммаси ҳозирнинг ўзидаёқ буткул йўқ бўлишини истарди. Савдогар унга қараб қошини керди — эрталаб, ҳалигина бу бола қувноқ кўринган эди. Энди қовоғидан қор ёғаяпти: қувноқлигидан асар ҳам қолмади. — Мен сенга, ўғлим, ватанинг-га бориб олишинг учун етадиган пул бера оламан, — деди савдогар. Бўзбола индамади. Кейин ўрнидан турди, кийимларини тортиб тўғрилади ва тўрвасини қўлига олди. — Мен дўконингизда қолиб ишлайман, —деди у. Ва бироз сукут сақлаб, қўшиб қўйди: — Менга пул керак, тўрт-бешта қўй сотиб олишим учун. Иккинчи қисм Сантяго қарийб бир ой дўконда ишлади, бироқ янги иш айни унинг кўнглидагидай эди, деб бўлмасди. Биллур буюмлар сотувчи савдогар кун бўйи дўкон пештахтаси ортида ўтирар ва бўзболага идишларга эҳтиёт бўлишини тайинлаб тинимсиз тўнғилларди. Шунга қарамай ишдан бўшаб кетишга мажбур бўлгани йўқ, чунки Савдогар, вайсақилигига қарамай, ҳалол ва ваъдасида турадиган киши эди: Сантяго ҳар бир сотилган идишдан ширинкома олар ва ҳатто озгина пул ҳам жамғарганди. Бир куни эрталаб у топган-тутганини санаб чамалади, агар ҳозиргидай ишлаб турса, бир йилдан кейингина тўрт-бешта қўй сотиб олишга қурби етар экан. — Пештахтани ташқарига чиқариб, идишларни шунга териб қўйсак яхши бўлади, — деди у хўжайинга. — Уни дўконнинг эшиги олдига қўярдик, ўтган-кетганнинг кўзи тушади. —Шу пайтгача идишларни кўчага олиб чиққанимиз йўқ, — жавоб қилди Савдогар. — Бирортаси туртиб юбориб биллурни синдириши мумкин. — Қўй боқиб юрганимда улардан бирортасини илон чақиб нобуд қилиши мумкин эди. Бироқ, начора, қўйларнинг, чўпонларнинг ҳам ҳаёти шунақа. Бу пайт Савдогар учта қадаҳ сотиб олаётган харидорга хизмат кўрсатаётган эди. Хуллас, савдо жонланган, гўё бир пайтлари бўлгани каби, дўкон жойлашган бу тор кўча тағин бутун шаҳардан одамларни ўзига оҳанрабодай торта бошлаганди. — Ишлар ёмонмас, — деди у харидор чиқиб кетгач. — Ҳозир мен яхши даромад қилаяпман, насиб этса сенга яқин-орада бир отар қўй сотиб олишингга етадиган пул бераман. Хўш, сенга нима етмайди ўзи? Борига қаноат қилмай, беш қўлни оғизга тиқишга ҳожат борми? — Бор, белгиларга қараб қадам ташлаш керак, — беихтиёр оғзидан чиқиб кетди бўзболанинг ва шу лаҳзадаёқ у айтган гапига афсусланди: ахир, бу савдогар сеҳрли қарияни учратмаган-ку. «Буни Хайрли Ибтидо дейдилар, — қариянинг гапи унинг ёдига тушди. — Янги иш бошлаганларга омад ёр бўлади. Зеро, ҳаёт инсоннинг ўз Тақдири йўлидан боришига хайрихоҳдир». Шу орада хўжайин Сантяго айтган гапни фаҳмлаб олди. Аёнки, унинг бу дўконга қўйган қадами хайру баракадан белги берди — пул оқиб кела бошлади ва Савдогар бу испан болани ёллаганига ҳеч ҳам пушаймон бўлмади. Гарчи қилаётган меҳнатига кутганидан кўра кўп даромад олаётган эса-да, Савдогар ишлари бу қадар юришиб кетишини ўйламай туриб бўзболага бинойидай ҳақ тўлашни таклиф қилганди. Бола яқин-орада қўйларига кетиб қоладигандай туюлди унга. — Эҳромлар сенга нима учун зарур бўлиб қолди? — сўради у мавзуни ўзгартириш мақсадида. — Менга улар ҳақида жуда кўп гапириб беришган, — жавоб қилди Сантяго. Хазина энди аламли хотирага айлангани боис, бўзбола бу ҳақда ўйламасликка ҳаракат қилди, шу боис хўжайинга кўрган тушини айтиб ўтирмади. — Умримда биринчи марта эҳромларни ўз кўзи билан кўриш учун саҳрони кезиб ўтишга чоғланган одамни учратишим. Эҳром дегани — бу шунчаки бир сангзор-ку. Ўзинг ҳам ҳовлингда буни қурсанг бўлади. — Бундан чиқди, сизнинг тушингизга бирор марта узоқ бегона юртлар кирмаган экан, — деди унга жавобан Сантяго ва навбатдаги харидор томон юрди. Орадан икки кун ўтиб, хўжайин Сантягонинг пештахтани дўкон ташқарисига чиқариш ҳақидаги таклифини эслади. — Мен ҳар хил янгиликларга ишқибоз эмасман, — деди у. — Қолаверса, Ҳасандай бой ҳам эмасман, у хато қилиб қўйишдан қўрқмайди, чунки бу унга қимматга тушмайди. Сен билан мен эса ўз хатоларимиз учун умр бўйи жабр чекамиз. «Тўғри айтади», — ўйлади бўзбола. — Қани, менга айт-чи, пештахтани кўчага чиқариб, идишларни териб қўйишнинг сенга нима нафи бор? — давом этди хўжайин. — Мен қўйларимнинг олдига тезроқ қайтишни хоҳлайман. Ишимиз ўнгидан келиб турганда фурсатни бой бермайлик, омадимиздан фойдаланиб қолайлик. Буни Хайрли Ибтидо, дейишади. Янги иш бошлаганларга омад ёр бўлади. Қария бироз сукут сақлаб, жавоб қилди: — Пайғамбаримиз бизларга Қуръонни берди ва зиммамизга беш фарзни қўйди, уларни биз умримиз мобайнида адо этмоғимиз лозим. Энг муҳими — Оллоҳнинг борлиги ва бирлиги — шуни ёдда тутиб яшамоқ. Қолган тўртта шарт — бир кунда беш вақт намоз ўқиш, Рамазон ойида рўза тутмоқ, бева-бечораларга хайр-эҳсон қилмоқ... У яна жимиб қолди. Пайғамбарни тилга олаётиб унинг кўзлари намланди, гарчи у фоний дунёда яшаётган, бетоқат ва қизиққон банда эса-да, барибир мусулмончиликнинг қонун-қоидаларига, пайғамбар Муҳаммад буюрганларига амал этиб яшаётган эди. — Хўш, бешинчи шарт-чи? — сўради Сантяго. — Ўтган куни сен менга, тушингизга бирор марта узоқ бегона юртлар кирмаган экан, дединг. Билиб қўй, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги бешинчи фарз — ҳаж сафарини амалга оширмоқдир. Бизларнинг ҳар биримиз умримизда бир бор бўлса-да муқаддас Макка шаҳрини зиёрат қилишимиз шарт. Бу шаҳар эҳромлардан ҳам узоқда. Ёшлигимда озроқ пул топиб, мана шу дўконни олган эдим. Ўйлардим: бойиб кетсам, албатта, Маккага бораман, деб. Кейин қўлим пул кўрди, мол-дунё орттирдим, бироқ савдони ҳеч кимга ишонолмадим, чунки мен сотадиган буюмлар жуда нозик. Ва ҳар куни ҳаж сафарига отланганларга кўзим тушади, уларнинг орасида бадавлатлари бор — ўнлаб хизматкорларию бутун бир туя карвони уларни кузатиб боради, бироқ йўл олганларнинг кўпчилиги мендан кўра камбағал бандалар. Мен уларнинг нечоғли хушбахт бўлиб қайтиб келишганини ва уйларининг эшигига Маккага ҳажга боришганидан дарак берадиган белги қўйишганини ҳам кўрганман. Уларнинг бири, эски пояфзалларни ямайдиган этикдўз менга саҳрода бир йил йўл юрдик, бироқ Танжерда қўшни маҳаллага кўн олгани борганимда чарчаб қолардим, ҳаж сафарида ҳечам толиқмадим, деб айтди. — Нега ҳозироқ тўғри Маккага йўл олмайсиз? — сўради Сантяго. — Чунки мен ҳаж сафари умиди билан тирикман. Бўлмаса, мен икки томчи сувдай мана шу якранг, зерикарли кунларга, буюмларим териб қўйилган бу ўлик жовонларга, ҳар куни қатнайдиган ўша кир-чир емакхонага — шу туруш-турмушга чидай олармидим. Қўрқаман, насиб этиб умид-орзуим рўёбга чиққудай бўлса, ундан кейин ҳаётда таяниб яшайдиган бошқа илинжим қолмайди. Сен эса бош-қачасан, менга ўхшамайсан, ўз орзу-ниятингга етишишга иштиёқинг зўр. Менинг фақат Макка хаёли билан яшагим бор. Саҳрони кезиб ўтишим, муқаддас тош турган майдонга боришим, унинг теварагини етти бор айлангач, тавоф олишимни минглаб марта кўз олдимга келтирганман. Бироқ қўрқаман умидсиз бўлиб қолишдан, шунинг учун орзу-ниятимдан айрилиб қолмай дейман. Шу куни у Сантягога дўкон ташқарисида янги пештахта тахлашга рухсат берди. Ҳамма бир хилда орзу қилиб, бир хил туш кўрмайди. Орадан тағин икки ой ўтди — ташқарига қўйилган пештахта жуда қўл келди: дўкондан одам аримай қолди. Сантяго чамалаб кўрди: ишлар шу зайлда кетса ярим йилдан сўнг у Испанияга қайтади, боз устига, олтмиш эмас, юз йигирма бош қўй сотиб олади. Бир йил ичида сурувига сурув қўшилади ва у араблар билан савдони бошлаб юборади, чунки энди уларнинг тилида гапиришга баҳарнов ўрганди. Бозордаги ўша воқеадан бери у тўрвасидан Урим ва Тумим тошчаларини қайтиб олмаганди, боисики, Миср унинг учун, худди хўжайинига Макка сафари ушалмас орзуга айланганидай, қўл етмас юлдуз бўлиб қолди. Юмуши уни қониқтирар ва доим хаёлида кемадан Тарифга ғолиб сифатида тушиб келишини тасаввур қиларди. «Ёдингда тут: ҳамма вақт айнан нимани исташингни аниқ билгин», деган эди Малкисидқ. Бўзбола биларди ва кўзлаган мақсадига етишиш учун тер тўкарди. Эҳтимол, бегона юртга келиб қолиш, бу жойда алдоқчига йўлиқиш, кейин эса бир пул сарфламай сурувини икки баравар кўпайтириб олиш — буларнинг бари унинг пешонасига битилгандир? У ўзидан мамнун эди. Кўп нарсани ўрганди: энди биллур сотишни эплайди, сўз ишлатилмайдиган тилни эгаллади, белгиларни балодай уқади. Бир сафар у кимдир бировнинг ёзғираётганини эшитиб қолди: бу ерга чиқиб келгунингча силланг қурийди, на ўтирадиган жой, на бир ҳўплам чой бор. Бунинг бир белги эканини Сантяго дарҳол пайқади ва хўжайинга деди: — Қирга чиқиб келаётганларга чой сотсак нима қилади? — Яхши таклиф, ўйлаб кўрса арзийди, — деди у. — Чойни биллур идишларга қуйиб узатамиз. Одамлар бундан завқланади, биздан биллур сотиб олгилари келади. Одамлар гўзалликка ўч бўлишади. Хўжайин бир сўз демай унга анча қараб турди. Бироқ шомга яқин, номозни ўқиб, дўконни бекитгач, қаршидаги тош йўлакка ўтиб ўтириб олди ва Сантягога араблар қўлма-қўл қилиб чекадиган ғаройиб чилимни таклиф қилди. — Қани менга айт-чи, сен нимага эришмоқчисан ўзи? — сўради у бўзболадан. — Ўзингиз биласиз-ку, мен уйимга қайтишни хоҳлайман, қўй сотиб олмоқчиман. Бунинг учун менга пул керак. Қария чилимга чўғ ташлади ва қуруллатиб тортди. — Ўттиз йилдан бери шу дўконда савдо қиламан. Биллурнинг тозасини ёмонидан фарқлай оламан, савдонинг сир-асрорини биламан. Ишим юришиб турганидан думоғим чоғ, яна кенгайтиришга эса ҳафсалам йўқ. Харидорларга биллурда чой узатиб турсанг ва қарасангки, чиндан даромад ошгандан ошса; унда бутун дўкону дастгоҳни янгилашга тўғри келади. — Хўш, бунинг нимаси ёмон? — Э, мен шундай яшашга ўрганиб қолганман-да. Сен бу ерда йўғингда кўп хаёл сурардим: не замонлардан бери шу жойда муқим ўтирибман, бу орада ошналарим бир ёқларга кетишди, яна қайтиб келишди, бирларининг бозори касод бўлди, бошқалари бойиб кетишди. Алам билан шуларни ўйлардим. Энди амин бўлаяпман, дўконим ўзимнинг имконимга мос, ўзим хоҳлаган ўлчамдан экан. Уни кенгайтиришга ҳечам рағбатим йўқ, ўзи бундай ўзгаришлар қандай қилинади — билмайман ҳам. Ўзи билан ўзи андармон одамман. Бир нима дейишга бўзболанинг тили айланмади. Қария давом этди: — Сени менинг қошимга гўё Оллоҳнинг ўзи юборди. Биласанми, бугун мен нимани англадим: Оллоҳнинг иноятига шукр қилмаслик лаънат бўлиб қайтади. Мен ҳаётдан бундан ортиқ яна нималарнидир таъма қилмайман, сен эса мени қайларгадир бошламоқчи бўласан. Ўша ёқларга қараб туриб ўзимнинг қурбимни англаб етаман ва ўзимни бурунгидан-да баттар ҳис этаман. Қўлим узайиб, имкониятим ошган бир пайтда энди менга кўп нарсанинг кераги йўқ. «Маккабодроқ сотувчига бир нима деб гапирмаганим ҳам яхши бўлган экан», — ўйлади Сантяго. Улар бироз чилим чекиб ўтиришди. Қуёш ботди. Хўжайин билан бўзбола арабчада гаплашарди — Сантяго бу тилни эгаллаб олганидан мамнун эди. Бир пайтлар, бошқача яшаб юрган вақтларида, унга гўё қўйлар ҳамма нарсани фаҳмлайдигандай туюларди. Бироқ араб тилини улар ҳеч қачон ўрганолмайди. «Демак, улар ўрганолмайдиган бошқа нарсалар ҳам бор, — ўйлади у, хўжайинга жим қараб қўяркан. — Чиндан, улар ўт билан сувни қидиришни билади, холос. Бунга ҳам ўзлари ўргангани йўқ — мен ўргатдим уларни». — Мактуб, — деди ниҳоят биллур сотувчи. — Бу нима дегани? — Уни билиш учун араб бўлиб туғилиш керак, — жавоб қилди у. Маъноси, тахминан, «шундай битилган» дегани. У чилимнинг чўғларини ўчира туриб, Сантягога эртадан бошлаб биллур идишларда чой сотишинг мумкин, деди. Ҳаёт дарёсини тўхтатишнинг иложи йўқ. Одамлар машаққат чекиб қияликдан юқорига ўрлар ва туйқусдан тепада рўпарадаги дўконга кўзлари тушиб қолар, бу жойда уларга бежирим биллур идишларда яхна хуштаъм чанқовбосди чой таклиф этишарди. Шундай дамда дўконга бош суқмай, чойдан ичмай бўладими?! «Бу менинг хотинимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмайди!» — деди бир нечта биллур идиш харид қилган киши: шу куни кечқурун уникига меҳмон келадиган ва у ана шу чиройли биллурлар билан уларнинг кўнглини овламоқчи эди. Бошқа бир харидор биллурда ичилган чойнинг таъми зўр бўлади, чой биллурда хушбўйлигини сақлайди, деди. Яна бири эса Шарқда азалдан биллурда чой ичиш анъанаси борлигини ёдга олди, чунки биллур сеҳрли хусусиятга эга, деди у. Тез орада бу ҳожатбарорлик ихтироси ҳамманинг қулоғига етди ва халойиқ кўҳна ҳунарга қандай қилиб янгидан жон киритиш мумкинлигини ўз кўзлари билан кўриш иштиёқида қирга ўрлаб келаверди. Бу орада биллур идишларга чой қуйиб берадиган бошқа қўналғалар ҳам пайдо бўлди, бироқ у жойларга терлаб-пишиб, машаққат чекиб ўрлаб борилмасди, шу боис улар бўм-бўш эди. Кўп ўтмай дўконга яна икки нафар дастёр ёллашга тўғри келди. Энди бу ерда биллур сотишдан ташқари, янгиликка ишқибоз бўлиб келган сон-саноқсиз кишиларга тинимсиз чой улашиларди. Шу тахлит ярим йил ўтди. Қуёш чиқмай туриб Сантяго уйғонди. Африкага илк бор қадам босганидан бери ўн бир ой-ю тўққиз кун ўтибди. У оқ матодан тикилган, атай бугунги кунга деб харид қилинган арабча бурнусни кийди, бошини рўмол билан ёпди ва устидан туя терисидан қилинган ҳалқани солиб тортди-да шиппакни оёғига илиб, овоз чиқармай пастга тушди. Шаҳар ҳали уйқуда. Сантяго мураббо билан бир тўғрам нон еди, биллур стаканда қайноқ чой ичди. Кейин дўконнинг бўсағасига ўтириб чилим чекди. У шу тахлит ёлғиз ўзи хаёлига ҳеч нимани келтирмай, саҳро ҳидини уфириб бир текис, тинимсиз эсаётган шамол сасига қулоқ тутиб чекиб ўтирди. Чекиб бўлиб, қўлини чўнтагига тиқди — бир неча дақиқа чўнтагидан олган нарсага қараб турди. Унинг бармоқлари бир сиқим пулни сиқиб ушлаб турарди — бу пулларга қайтиш учун патта олса ҳам бўлади, яна юз йигирма бош қўй ва тағин ҳозир ўзи турган мамлакат билан Испания ўртасида савдо қилиш учун рухсатнома харид қилса ҳам бўлади. Сантяго хўжайиннинг уйғониб, дўконни очишини тоқат билан кутди. Кейин улар биргаликда яна чой ичишди. — Бугун мен жўнайман, — деди бўзбола. — Энди менда қўй сотиб олишга, сизда эса Маккага боришга етарли маблағ бор. Хўжайин сукут сақлади. — Мени дуо қилинг, — жиддий оҳангда деди Сантяго. — Сиз мени қўлладингиз. Қария ҳануз чурқ этмай чой қайнатиш билан машғул эди. Ниҳоят у бўзбола томон бурилди. — Мен сен билан фахрланаман. Сен дўконимни жонлантириб юбординг. Бироқ билгин: мен Маккага бормайман. Яна шуни ҳам билиб қўйгин: сен қўй сотиб олмайсан. — Ким айтди сизга буни? — ҳайрон бўлиб сўради Сантяго. — Мактуб, — қисқа жавоб қилди биллур сотувчи Савдогар. Ва у бўзболани дуо қилди. Шундан сўнг Сантяго ўзи ётадиган хонага кирди ва ул-бул нарсаларини йиғиштирди — лаш-лушлари уч қоп бўлди. Эшикдан чиқаётиб уй бурчагида ётган эски чўпонлик тўрвасини кўриб қолди, кўпдан бери кўзи тушмагани учун тўрвани ёдидан чиқариб юборган эди. Унинг ичида камзули ва китоби бор. У камзулини, кўчада бирорта болага совға қиларман, деган мўлжал билан тўрвадан чиқарди ва шу пайт бир жуфт тош — Урим ва Тумим ерга тушиб думалаб кетди. Шу дамда бўзбола кекса подшоҳни эслади ва қанча вақтдан бери у ҳақда ўйламаганига ажабланди. Ахир, бутун бир йил узлуксиз тер тўкиб меҳнат қилишга тўғри келди, чунки пул топиш керак, Испанияга қуруқ қўл билан сўппайиб бориб бўлмасди-да. «Орзу-умидларингдан ҳеч қачон воз кечмагил, — деган эди унга Малкисидқ. — Белгиларга эргаш». Бўзбола тошларни териб олди ва шу пайт уни яна ғаройиб туйғу чулғади, гўё қария ёнгинасида эди. Машаққатли меҳнат билан ўтди шу бир йил, энди эса белгилар бу ердан жўнаб кетишга ишора қилаётир. «Мен яна аввал қандай бўлсам, айнан ўша зайлимга қайтаман, — ўйлади у, — бироқ қўйлар мени арабча гапиришга, барибир, ўргата олмасди». Бироқ қўйлар унга муҳим бир сабоқ берган эди: дунёда барчага бирдай тушунарли сўзсиз тил борлигини ўргатганди. Ўтган бир йил мобайнида савдо-сотиқни жонлантирай, деб Сантяго ана шу — ҳаммага тушунарли тилда гапирди. Бу ғайратбахш, завқ-шавқли тил эди, ишни меҳр-муҳаббат ва хоҳиш-ирода билан қиладиган, ишончу хоҳишингга қувват берадиган тил эди. Танжер энди унга бегона жой эмас, энди бўзболанинг дунёни, худди бу шаҳарни забт этганидай, забт эта олишга кўзи етиб турарди. «Агар бирор-бир нарсани чин дилдан орзу қилсанг, бутун Олам унинг амалга ошишига кўмаклашади», — кекса Малкисидқ шундай деган эди. Бироқ қария фақат орзу қилиб, амалда уни чин дилдан истамайдиган талончилар, беҳудуд саҳро-ю одамлар ҳақида чурқ этмади. У бўзболага эҳром деганлари шунчаки сангзор экани, агар хоҳласа ҳар қандай одам чорбоғида бундай тошлар уюмини тиклай олиши ҳақида ҳам гапирмади. Бироқ кекса подшоҳ унга, агар орттириб қўй сотиб олишга пул йиға олса, бу қўйларни у сотиб олиши кераклигини айтиб қўйишни унитганди. Сантяго тўрвасини олиб, бошқа лаш-лушларига қўшиб қўйди. Хўжайин харидорларга хизмат қилар, яна икки нафар харидор дўкон ичида биллур идишларда чой ичишиб, айланиб юришарди. Бундай маҳалда дўконда, одатда, харидорлар кўп бўлмасди. Шу дамда Сантяго хўжайиннинг сочлари Малкисидқнинг сочларини эслатишини пайқади. Танжердаги биринчи тонг маҳали унинг ёдига тушди, ўшанда на борадиган жойи ва на бирор егулиги бор эди; қандолатчининг табассуми ҳам ёдига тушди ва бу табассум ҳам кекса подшоҳни эсига солди. «Худди Малкисидқ бу ердан ўтгандай, ҳамма нарсада ўзининг изини қолдиргандай, — ўйлади бўзбола. — Гўё бу одамлар ўз ҳаётларининг қайсидир палласида у билан учрашгандай. Бироқ у менга: кимки ўз Тақдири йўлдан бораётган бўлса, мен унга кўринаман, деган эди». У хайрлашмай чиқиб кетди — бегоналар олдида йиғлашни ор билди. Бироқ у бу жойни, мана шу маконда ўрганиб, одатланиб қолган нарсаларни қўмсашини, соғинишини тушунарди. Бу жойда у ўзига ишонч ва дунёни забт этгудай иштиёқ пайдо қилди. «Ахир, мен қўй боқадиган таниш жойларга қайтаяпман», — ўйлади у, бироқ бундай хуш хаёл ҳам негадир унинг кўнглига чироқ ёқмади. Орзуимни амалга оширай деб бир йил ишлади, мана энди бу орзу ушалай деб турганда дақиқа сайин ўзининг жозибасини йўқота бошлаяпти. Балки бу, умуман, орзу эмасдир? «Эҳтимол, биллур сотувчига ўхшаган бўлиш керакдир? У каби бир умр Маккани орзу қилиб, ҳеч қачон сафарга чиқмаган маъқулмикан?» — ўйлади бўзбола, бироқ у қўлида ушлаб турган тошлар ғойибдан унга кекса подшоҳнинг қуввати ва қатъиятини бераётгандай эди. Ғаройиб тасодиф туфайлими ёки бу ҳам бир белгидан даракми, ишқилиб, у ҳозир Танжерга келган биринчи кунда бош суққан емакхонага кирди. Албатта, ўшанда унга дуч келган товламачининг қораси кўринмасди. Хўжайин чой келтирди. «Чўпонликка хоҳлаган пайтим қайтавераман, — ўйлади Сантяго. — Қўй боқишни, жун қирқишни эплайман ва бу юмуш билан пул топа оламан. Бироқ бошқа пайтда эҳромларга бориш учун ҳозиргидай имконият бўлмаслиги мумкин. Кўкрагига олтин сипар таққан қария менинг бутун ўтмишимни биларди. Менга ҳақиқий подшоҳ ва боз устига, донишманд учраган эди». Уни Андалусия далаларидан атиги икки соатли йўл ажратиб турарди, бироқ эҳромгача бепоён саҳро ястаниб ётибди. Бунга бошқача қараса ҳам бўлишини у тушунди: ҳозир йўл олса хазинагача кетадиган вақт икки соатга қисқаради, гарчи у, бу орада, бир йилни йўқотган эса-да. «Нега қўйларимга қайтиб боргим келаётгани тушунарли: чунки уларни биламан, яхши кўраман, уларнинг ташвиш ҳам айтарли кўп эмас. Бироқ саҳрога шундай меҳр қўйса бўлармикан? Ахир, мен интилган хазинамни айнан саҳро ўз бағрига бекитган-ку. Агар уни тополмасам — уйга қайтаман. Бўлганича бўлди, ҳозир пулим ҳам, вақтим ҳам бор, нега бир уриниб кўрмаслигим керак?» Шу дақиқада у жуда севиниб кетди. Чўпонлик доимо унинг илкида. Қолаверса, хоҳлаган пайтда ўзи ҳам биллур савдоси билан шуғуллана олади. Албатта, дунёда хазиналар ҳам кўп, бироқ бошқа биров эмас, айнан унинг ўзи бир тушни икки марта кўрди ва унга кекса подшоҳ дуч келди. У емакхонадан думоғи чоғ бўлиб чиқди. Хўжайинига биллур етказиб турадиган, саҳрода карвон билан юрадиган бир савдогар ёдига тушди. Сантяго кафтидаги Урим ва Тумимни сиқди — шу тошлар шарофати туфайли у яна ўз хазинасини қидириб йўлга тушишга қарор қилди. «Мен доимо ўз Тақдири йўлидан бораётганлар ёнидаман», — у Малкисидқ сўзларини эслади. Бу жуда осон: савдо омборига бориб, эҳромлар бу ердан узоқ дейишади, шу ростми, деб сўраса бўлгани. Англиялик ўтирган жой кўпроқ оғилни эслатарди, бу ердан тер, чанг ва мол ҳиди анқирди. «Мана шундай ёвуқда яшаш учун ўн йил ўқиш лозим бўлди», — ўйлади у, кимёга оид журнални паришонхотир варақларкан. Бироқ ортга чекингани имкон йўқ. Белгиларга эргашиш керак эди. У бутун умрини бани башар гапирадиган ўша ягона тилни топишга бағишлади, шу учун ўқиди-изланди. Дастлаб у халқаро сунъий тил — эсперанто билан машғул бўлди, кейин дунёдаги динлар билан қизиқди ва ниҳоят алкимёга берилди. Мана энди эсперантода бемалол гапиради, турли диний эътиқодлар тарихини пухта билади, фақат ҳали алкимёгар бўла олгани йўқ. Тўғри, қандайдир сир-синоатларни кашф этди, лекин айни пайтда бир нуқтада туриб қолди ва ўз тадқиқотларида бир қадам ҳам олдга силжий олмаётир. Қайсидир бир алкимёгардан кўмак топишга беҳуда уринди — уларнинг бари ичимдагини топ дейдиган, ғалати феъл-атворли одамлар чиқди, уларнинг бари фақат ўзини ўйлар, бирор-бир кўмак ё маслаҳат олиш даргумон эди. Эҳтимол, бундай даргумонлик уларнинг ҳар нарсани олтин қиладиган афсонавий тош — Иксирнинг сирига барибир етиша олмаганликлари туфайлидир. Англиялик отасининг меросидан бир қисмини ўзининг самарасиз тажрибаларига совуриб бўлди. У дунёдаги энг бой кутубхоналарда изғиди, алкимёга оид камёб, ўта нодир китобларни харид қилди. Ўша китоблардан биттасида у, кўп йиллар бурун Европада бўлган бир машҳур араб алкимёгари ҳақида ўқиди; унинг икки юздан ошгани-ю, Иксирни топгани ва Оби-ҳаётни кашф этгани ҳақида кенг довруқ таралганди; бу овозалар, албатта, англияликни не қадар мутаассир этмасин, агар саҳродаги археологик экспедитсиядан қайтиб келган ошнаси ўзи кўрган кароматсоҳиб бир араб ҳақида унга гапириб бермаганида, оддий афсонадай туюларди. У Эл-Фаюм воҳасида истиқомат қиларкан. Гап-сўзларга қараганда, ёши икки юзда ва у ҳар қандай метални олтинга айлантира олармиш. Буни эшитган заҳоти англиялик ҳамма ишини йиғиштирди, учрашувларни бекор қилди ва шахсий кутубхонасидан энг керакли китобларни олди-ю, йўлга тушди — ва мана, у шу ерда, оғилга ўхшаган бадбўй омонат бостирмада, девор ортида эса Саҳро орқали йўл солишга шайланаётган катта карвон турибди ва Эл-Фаюм воҳаси шу карвоннинг йўли устида. «Мен бу лаънати алкимёгарни ўз кўзларим билан кўришим керак», — ўйлади англиялик ва айни дамда туяларнинг сассиғи ҳам унга жуда бадбўй туюлмади. Шу орада бир навқирон араб, кифтида йўл тўрваси билан, унинг олдига келди ва саломлашди. — Йўл бўлсин? — сўради у. — Саҳрога, — жавоб қилди англиялик ва яна китоб ўқишга тутинди. Унинг вақти зиқ эди: ўн йил ўрганганларини хотирасида тиклаши керак; айтиб бўлмайди, алкимёгар унинг билимини синаб кўришни хоҳлаб қоладими. Бўзбола бу орада ўтириб, кифтига осган тўрвасидан китоб олиб очди. Англиялик китобнинг испан тилида эканини пайқади. «Ҳарқалай, ёмонмас», — ўйлади у, чунки испанчада арабчага қараганда яхшироқ гапирарди. Агар бу бола ҳам Эл-Фаюмга йўл олса, бекорчи вақтда у билан гурунглашса бўлади. «Қизиқ, — ўйларди Сантяго, китобнинг бошидаги дафн маросими саҳнасини яна қайта ўқиб чиқаркан. — Шу китобни қўлга олганимга, мана, икки йил бўлди, ҳануз биринчи бетидан нарига ўтганим йўғ-а.» Бу сафар ёнида подшоҳ Малкисидқ йўқ халал берадиган, бироқ бўзбола барибир диққатини жамлай олмади. Боз устига, ўзи шу қарорга тўғри келдимми, деган фикр уни чалғитарди. Лекин Сантяго энг муҳим нарсани тушунарди: ҳар қандай ишда қарорга келиш— ишнинг бошланиши, холос. Қачонки одам бирор нарсага, танлаб туриб қарор қилса, у гўё тезкор оқимга шўнғигандай бўладики, оқим уни хаёлига келтирмаган жойга оқизиб кетади. «Хазинани қидириб йўлга чиққанимда биллур сотувчининг дўконида ишлайман, деб ўйламагандим. Шундайин, бу карвон ҳам, эҳтимол, менинг танловимдир, менинг азму қароримдир, бироқ менинг йўлим ўз-ўзича сирлилигича қолади». Унинг ёнида европалик ўтирибди ва у ҳам китоб ўқиётир. Сантягога у ёқимсиз одамдай кўринди: бўзбола бостирмага кирганда у ёвқараш қилди. Бу, лекин, ҳеч гапмас — улар барибир танишиб олишарди, агар у гапни узиб қўймаганида. Бўзбола китобини ёпди — унинг бу муҳожирга ўхшашга ҳечам хоҳиши йўқ эди, кейин чўнтагидан тошчаларни олди ва улар билан ўйнай бошлади. — Урим ва Туммим! — ҳайратланди европалик. Сантяго шошилиб уларни яширди. — Сотилмайди, — деди у. — Биламан, улар қиммат турмайди, — жавоб қилди европалик, — оддий шаффоф тошлар, ҳеч қандай хислати йўқ. Дунёда бундай тошлар миллионлаб топилади, бироқ синчков одамгина Урим ва Туммимни дарров пайқайди. Аммо мен уларнинг бу ўлкаларда ҳам учрашига шубҳаланмагандим. — Менга уларни подшоҳ совға қилди, — жавоб берди бўзбола. Муҳожир, гўё тилдан қолгандай, бўшашган қўли билан чўнтагидан, худди Сантягоникидай, иккита тош олди. — Сен подшоҳ билан гаплашдингми? — деб юборди у. — Ҳа-да, подшоҳларнинг чўпонлар билан гаплашишини сен тасаввур қилишинг қийин, — деди Сантяго. Энди унинг гурунгни давом эттириш хоҳиши йўқолганди. — Йўқ, нега энди. Ахир, биринчи бўлиб Подшоҳни чўпонлар тан олишган, бу пайт Уни ҳали дунёда ҳеч ким билмасди. Айни подшоҳларнинг чўпонлар билан мулоқотининг ўзида ҳеч бир ажабланарли ҳол йўқ, — деди англиялик ва бўзбола тушунмади шекилли деган хавотирда қўшиб қўйди: — Бу ҳақда Инжилда ўқиса бўлади, ўша, мен Урим ва Туммим ҳақида ўқиб билган китобда. Тангри фақат мана шу тошлар билан фол очишга изн берган. Коҳинлар уларни олтин кўкрак сипарида олиб юришган. Энди Сантяго омборга келганига афсусланмаётган эди. — Эҳтимол, бу белгидир, — англиялик овоз чиқариб фикрлаётгандай гапирди. — Ким сенга белгилар ҳақида айтди? — Сантягонинг қизиқиши дақиқа сайин ортиб борарди. — Дунёдаги борки нарсалар — белгилар, — деди англиялик, журналини четга қўйиб. — Қадим-қадимда одамлар бир тилда гаплашишган, кейин эса бу тилни унутишган. Мана шу Умум Тилини мен излаяпман. Шу боис бу ердаман. Мен шу Умум Тилини биладиган одамни топишим керак. Алкимёгарни. Тўладан келган араб — омбор эгасининг пайдо бўлиши билан уларнинг суҳбати бўлиниб қолди. — Омадларинг бор экан, — деди араб. — Бугун тушдан сўнг карвон Эл-Фаюмга йўл олади. — Бироқ мен Мисрга боришим керак! — ташвишланиб хитоб қилди Сантяго. — Эл-Фаюм Мисрда-да. Сен ўзинг қаерликсан? Сантяго Испанияданман, деб жавоб қилди. Англиялик хурсанд бўлди: арабча кийинган бўлса-да, ўзи европалик экан. — У белгиларни омад, деб атайди, — деди у, хўжайин чиқиб кетгач. — Агар мен «омад» ва «тасодиф» сўзлари ҳақида китоб ёзишга киришсам, қалингина қомус юзага келарди. Умум Тили айнан шу сўзлардан ташкил топган. Шундай деб, у ўзининг Сантяго билан учрашгани, айтганча, ундаям Урим ва Туммим бор экан, бу шунчаки оддий тасодиф эмаслигини қўшиб қўйди. Кейин бўзболадан мабодо Алкимёгарни қидираётганинг йўқми, деб суриштирди. — Мен хазинани излаяпман, — жавоб қилди у ва хато қилганини пайқаб, тилини тишлади. Бироқ англиялик унинг гапига, афтидан, аҳамият бермади шекилли, фақат: — Қайсидир маънода — мен ҳам, — деди. — Мен алкимёнинг нималигини, очиғи, яхши билмайман, — деди Сантяго, бироқ шу пайт омбор эгасининг уларни чақирган овози эшитилди. — Карвонга мен сарбонлик қиламан, — деди уларга ҳовлида соқоли кўксига тушган, кўзлари қоп-қора киши. — Мен билан йўлга чиқадиганларнинг ҳаёт-мамоти менинг қўлимда бўлади, чунки саҳро — телбатабиат кимсадай гап, одамларни тез-тез ақлидан оздириб туради. Икки юз чоқли одам йўл тадорикини кўришган, уловдан — туялар, отлар, эшаклар бундан сал кам икки баравар кўп. Англияликнинг китоб тиқиб жойланган бир неча жомадони бор экан. Ҳовлида аёллар, болалар ва белидаги камарларига қилич осган, кифтларида узун қуроллари бор эркаклар тўпирлашиб туришарди. Шовқин-суроннинг кучлилигидан Сарбон гапини бир неча марта такрорлашига тўғри келди. — Бу ерга турли хил одамлар йиғилишган ва улар ҳар турли тангриларга сиғинишади. Ўзим ёлғиз Оллоҳга сажда қиламан ва Унинг номи билан қасам ичаман: саҳрони боз забт этиш учун илкимдаги борки имконимни ишга соламан. Энди ҳар қайсингиз ўз тангрингизга сажда қилиб, ҳар қандай вазиятда ҳам менга бўйсунишга сўз берингиз. Саҳрода саркашлик қилиш — ҳалокатдир. Паст оҳангдаги товушларнинг ғала-ғовури кўтарилди — бу ўз тангриларига илтижо этаётганларнинг товуши эди. Сантяго Исо Масиҳ номига қасамёд қилди. Англиялик сукут сақлади. Бу жараён қасам ичишга кетадиган вақтдан бироз чўзилди — одамлар самодан ҳимоя ва хайрихоҳлик тилашарди. Шундан сўнг бурғунинг чўзиқ товуши эшитилди ва одамлар эгарга минишди. Сантяго билан англиялик ҳам ўзлари сотиб олишган туяларга бир амаллаб миниб олишди. Бўзбола ёнидаги йўлдоши туясига китоб жойланган оғир жомадонларни роса юклаганини кўриб, жониворга ичи ачиди. — Аммо, аслида, ҳеч қанақа тасодифнинг ўзи йўқ, — гўё аллақачонги гурунгни давом эттирган бўлиб деди англиялик. — Менинг бу ерга келишимнинг сабаби, бир ошнам шундай араб ҳақида эшитган экан, у араб... Бироқ унинг сўзларини ҳаракатга келган карвон шовқини ютиб юборди. Шундай эса-да Сантяго англияликнинг муддаосини жуда яхши биларди: воқеаларни бир-бирига боғлаб турадиган сирли занжир бўлади. Айни шу восита уни қўйчивонликка бошлади, бир тушни икки марта кўргани, Африка қирғоқларига яқин жойга боргани-ю бу шаҳарчада подшоҳни учратгани, товламачига дучор бўлгани, биллур сотадиган дўконга ёллангани... ҳаммаси шундан. «Ўз Йўлингдан қанча узоқ кетсанг, у ҳаётингни шу қадар изчил белгилайди», — ўйлади бўзбола. Карвон шарққа йўл тортди. Саҳар палла йўлга чиқилар, қуёш чош тепага келганда дам олиш учун тўхталар, жазирама иссиқ бироз тушгач, яна йўлда давом этиларди. Сантяго англиялик билан кам гаплашди — муҳожир бошини китобдан деярли узмасди. Бўзбола чурқ этмай кўп сонли йўлдошларини кузатиб борарди. Энди улар сафар арафасидаги сафардошларига ўхшамасди. Ўшанда югур-югур авжига минган: бақириқ-чақириқ, бола йиғиси ва отларнинг кишнаши, савдогару туякашларнинг ҳовлиққан, ҳаяжонли овозларига қоришиб кетганди. Бу ерда, саҳрода эса жимжитликни доимий шамолнинг ҳуштаги-ю уловлар туёғи остидаги қумнинг ғижирлашигина бузарди. Ҳатто туякашлар ҳам сукут сақлашарди. — Мен бу қумликлардан кўп ўтганман, — деди бир оқшом туякашлардан кимдир бошқасига. — Бироқ саҳро шунақанги улуғ ва шунақанги тилсимки, бехосдан ўзингни қум заррасидай ғариб ҳис эта бошлайсан. Қумнинг зарраси эса гунгу кар. Сантяго, саҳрода биринчи марта бўлаётган эса-да, туякашнинг нима ҳақда гапираётганини тушунди. Унинг ўзи ҳам, денгизга ёки оловга, соатлаб бир сўз айтмасдан, ҳеч нимани ўйламасдан, хаёлан бу унсурларнинг мислсиз қудратига тамом асир бўлгандай, термилиб ўтира оларди. «Мен қўйдан сабоқ олдим, биллурдан сабоқ олдим, — ўйлади у. — Энди мени саҳро ўқитади. Саҳро, менингча, энг кўҳнаси, саҳро — мен олдин кўрганларим орасида энг донишманди». Шамол эса бу ерда бир нафас ҳам тин олмас ва Сантяго Тарифдаги минорада туриб унинг кучини қандай ҳис этганини эслади. Андалусия яйловларида ўт ва сув излаб изғиган қўйларининг жунини енгил ҳилпиратиб тўздирадиган мана шу шамол бўлиши керак. «Энди улар меники эмас, — ўйлади у ортиқ ғам чекмай. — Мени унутишган ҳамдир, эҳтимол, янги чўпонга ўрганиб қолишгандир. Бўлганича бўлар. Қўйлар, худди у ердан бу ерга кўчиб-кезиб юрадиган одамлардай, айрилиқ ҳам бир зарурат эканини билишади.» Шу пайт унинг ёдига мовутчининг қизи тушди — ҳарқалай, у эр қилиб кетган бўлса керак. Кимга чиққан экан? Маккабодроқ сотувчига текканмикан? Ёки китоб ўқишни биладиган ва ғаройиб саргузаштлар айтиб берадиган чўпонга тегдимикан — Сантягодан бошқа ҳам бор бундайлар. Шундай бўлганига негадир ишончи комиллиги бўзболага кучли таъсир ўтказди: эҳтимол, у Умум Тилини эгаллаган ва энди дунёдаги барчанинг бугуни ва ўтмишини билар? «Кўнгил сезиши» — бу қобилиятни унинг онаси шундай атаган эди. Энди у тушунарди, бу — жамики одамларнинг тақдирлари ўзаро боғланган бани башар тириклик оқимига шиддат билан руҳан чўмиш. Зеро, бизга ҳаммасини билмоқ имкони иноят этилган, шу боис ҳам ҳаммаси аллақачон ёзиб қўйилган — Мактуб, — деб юборди бўзбола, биллур сотувчини эслаб. Гоҳида саҳро қуми кутилмаганда тош-метинга айланарди. Мабодо карвон харсангтош олдидан чиқиб қолса, уни айланиб ўтар, агар тошлоқ жойга дуч келса, четлаб юрарди. Қуми жуда юмшоқ ва майда бўлган, туяларнинг товони ботиб қоладиган жойда бошқа йўл излашга тўғри келарди. Баъзан шўрхок ерда оёқ босиш лозим бўлар — демак, бу жойда бир замонлар кўл бўлган — шундай пайтда юк ортилган жониворлар озорланиб ўкирар, кишнарди. Туякашлар ерга тушиб, уларни силаб-сийпаб тинчлантирар, кейин юкни ўз елкаларига ташлаб олар ва йўлнинг бу ғирром қисмидан ўтиб олишгач, юкларни тағин туя ва отларга ортишарди. Мабодо туякашлардан кимдир оғриб ёки ўлиб-нетиб қолса, биродарлари қуръа ташлаб унинг туяларини ким тортишини аниқлашарди. Буларнинг ҳаммасига битта сабаб бор эди: карвон қанча йўл босмасин, йўлини неча марталаб ўзгартирмасин, барибир манзил сари интилар эди. Тўсиқларни енгиб ўтиб, воҳанинг қаердалигини кўрсатиб турган йўлчи юлдузга қараб йўл оларди. Азон маҳали осмонда ярқираган юлдузга қараб, одамлар ўзларини бу юлдуз салқин жойларга, сувга, хурмозор ва ҳордиқ оладиган манзил сари элтаётганини билишарди. Фақат ёлғиз англиялик китобдан бош кўтармас, гўё ҳеч нимани пайқамаётгандай эди. Сантяго ҳам сафарнинг дастлабки кунларида китоб ўқишга уриниб кўрди. Бироқ кейин теварак-атрофга қараб, шамолнинг нағмасига қулоқ тутиб кетиш бу машғулотдан кўра қизиқроқ эканини пайқади. У туясининг феълини ўрганди. Унга боғланиб қолди, кейин умуман китобдан воз кечди, ортиқча юк, деб ҳисоблади. Шундай эса-да, қачон китоб очиб кўз югуртирса унда, албатта, бирор-бир қизиқарли гап топилишига ишонарди. У ёнида келаётган туякаш билан ора-сира гаплашиб, ошно бўлиб олди. Кечқурунлар, дам олиш учун қўнишиб, гулхан теварагида ўтиришганда, Сантяго ўзининг қўйчивонлик ҳаётидан турли воқеаларни сўзлаб берарди. Бир сафар туякаш ўзи ҳақида гап бошлади: — Мен Эл-Қайрум яқинидаги қишлоқчада яшардим. Уйим, боғим, болаларим бор эди ва умримнинг охиригача беками-кўст яшасам бўларди. Бир йили, ўшанда ҳосил жуда мўл бўлди, яхши даромад қилдик ва бутун оила аъзоларимиз билан ҳатто Маккага бордик— насиб этиб мусулмонлик фарзини адо этдим ва энди кўнгилни хотиржам қилиб, қазойимни кутсам бўларди. Яратганга шукроналар айтардим. Бироқ кунларнинг бирида ер қалқиди ва Нил қирғоқларидан тошди. Безиёндай туюлган бу офат менга ҳам зиён етказди. Қўшнилар зайтунзорларини тошқин ювиб кетишидан ташвишга тушиб қолишди, хотиним болалардан хавотирланди. Бору будимиздан айрилиб қолаётганимизни кўриб туриб даҳшатга тушдим. Шундан сўнг ер ҳосил бермай қўйди— тирикчиликнинг бошқа йўлини қидиришимга тўғри келди. Шу боис мен туякашликни касб қилдим. Ўшанда менга Оллоҳнинг: ноаёнликдан чўчимангиз, зотан, ҳар ким ўз хоҳиш-истагига ярашасини олгай, нимагаки муҳтож эса унга етишгай, деган каломининг маъноси аён бўлди. Ҳаммамиз ҳам бор нарсаларимизни— бу экин-тикин бўладими ёки ҳаётимизми— йўқотиб қўйишдан қўрқамиз. Бироқ бу қўрқув вақтинчалик, аммо бир нарсани тушуниб етиш лозимки, бизнинг қисматимизни ҳам, олам тақдирини ҳам битта қўл битган. Баъзан йўлда иккита карвон дуч келиб қоларди. Шунда бир карвондаги йўловчиларда иккинчисидаги одамлар муҳтож бўлган нарсалар топилмай қолмасди. Чиндан ҳам бу оламдаги кечмишлар бари бир қўл билан битилгандай гўё. Туякашлар бир-бирига қум бўронлари ҳақида гапириб беришар ва гулханни қўрғалаб ўтиришиб, ўзлари кузатган саҳронинг инжиқликларидан гурунглашарди. Гоҳида гулхан атрофидаги гурунгга четдан ғалати-ғалати бадавийлар ҳам келиб қўшиларди, улар карвон бораётган йўлни ипидан игнасигача билишарди. Улар қаерда қароқчилардан ва жоҳил қабилалардан эҳтиёт бўлиш кераклигини уқтиришар, кейин эса қандай пайдо бўлишган бўлса, худди шундай зим-зиё тунга сингиб жимгина ғойиб бўлишарди. Шундай оқшомлардан бирида Сантяго билан англиялик ўтирган гулхан олдига туякаш келди. — Қабилалар ўртасида уруш бўлаётганмиш, хабар келаяпти, — дараклади у. Ўртага чўккан оғир жимликдан Сантяго чиндан хавотир пайдо бўлганини ҳис этди. У яна бир бор сўзсиз Умум Тилини тушуна олишига ишонч ҳосил қилди. Жимликни, бу хатар карвон учун қанчалик хавотирли эканини айтиб, англиялик бузди. — Саҳро ичкарисига кирганингдан сўнг, тамом, орқага йўл йўқ, — жавоб қилди туякаш. — Демак, фақат олдинга юриш керак. Қолгани Оллоҳнинг қўлида, Унинг ўзи бизни бало-қазодан асрайди. Мактуб, — деб гапига сирли сўзни қўшиб қўйди-да, нари кетди. — Карвоннинг аҳволига эътиборсиз қараб, сен нотўғри қилаяпсан, — деди Сантяго англияликка. — Зеҳн солиб қара: қанча айланма йўллардан юрмасин, карвон барибир манзилдан чалғимай кетаяпти. — Сен эса китоб ўқимай бекор қилаяпсан, дунё нима, дунёда нималар бўлаяпти — бехабар қолаяпсан, — жавоб қилди англиялик. —Бу маънода китоблар карвонларга ўхшайди. Одамлар энди, худди уловлардай, қичаб юришарди. Агар олдинлари улар кунни жим юриб ўтказишган, фақат дам олишга қўнишганда гулхан атрофида гурунглашган бўлса, энди оқшомлари ҳам чурқ этишмасди. Сарбон гулхан ёқишни ман этди: олов қароқчилар эътиборини тортиши мумкин. Совуқдан сақланиш учун йўловчилар туялар ва отларни қўрғалаб териб қўйишар, ўзлари эса шу доиранинг ичида уймалашиб чўзилишарди. Сарбон қўриқчилар тайинларди, улар қўлларида қурол билан қўналғани қўриқлашарди. Бир оқшом англияликнинг уйқуси қочди. У Сантягони чақирди ва улар қўналға атрофида айланиб юришди. Тўлишган ой нур сочиб турарди ва Сантяго унга ўзининг бутун кечмишини айтиб беришга қарор қилди. Унинг кўрган-кечирганларидан англияликка, айниқса, биллур сотиладиган дўконда савдо-сотиқнинг бўзбола ишлай бошлагач қизиб кетгани жуда маъқул бўлди. — Мана, дунёни ҳаракатлантирадиган куч, — деди у. — Алкимёда бу Олам Қалби деб аталади. Агар бирор нарсани бутун борлиғинг билан хоҳласанг, шунда Олам Қалбига уйғунлашасан. Унда эса жуда катта қудрат мужассам. Шундай деб у қўшиб қўйди: қалб фақат одамларга хос хусусият эмас, оламдаги жамики унсурларда — у тошми, гиёҳми, ҳайвон ёки ҳатто фикрми — барисида қалб бор. — Барчаси, ерда неки мавжуд, доимо ўзгариб туради, чунки ернинг ўзи — тирик ва қалбга эга. Биз ҳаммамиз шу улкан Қалбнинг қисмларимиз, шунинг учун ўзимизга, унинг мудом эзгулик қилиши ҳақида, ҳисоб бермаймиз. Аммо сен, ўша дўконда ишлаган пайтингда биллур омадингга имкон туғдирганини тушунишинг керак эди. Сантяго миқ этмай гоҳ ойга, гоҳ оппоқ қумга қараб қўйиб, унинг гапларини эшитди. — Мен карвоннинг саҳрода қандай юришини кўрдим, — деди у ниҳоят. — Карвон саҳро билан бир тилда муомала қилади, шунинг учун ҳам саҳро унинг йўлини очиб қўяди. Саҳро унинг ҳар бир қадамини назорат қилади ва синовдан ўтказади, агарда ўзи билан уйғунлигига ишонч ҳосил қилса, уни воҳага ўтказади. Бу тилни билмаган киши, қанчалик жасур бўлмасин, сафарнинг бошидаёқ ҳалок бўлади. Энди улар иккаласи ҳам ойга қарашарди. — Бу ўша белгилар сеҳрининг айни ўзи, — давом этди Сантяго. — Мен туякашларнинг саҳро белгиларини қандай уқишларини кўрдим — карвон қалбининг саҳро қалби билан сирлашиши бу. Узоқ жим турганидан сўнг, ниҳоят англиялик сўз қотди: — Ҳа, афтидан, карвонга зеҳн солиб қарашим керакка ўхшайди. — Мен эса сенинг китобларингни ўқишим керак, — жавоб қилди бўзбола. Бу китобларни тушуниш қийин эди. Уларда симоб ва туз, подшоҳлар ва аждаҳолар ҳақида ёзилганди, бироқ ҳарчанд уринмасин Сантяго ҳеч нимани тушунмади. Шундай эса-да, барибир, ҳамма китобларда такрорланадиган бир фикрни у англаб етди: оламдаги барча мавжуд унсурлар — айни бир нарсанинг турли-туман кўринишларидир. Битта китобдан у алкимё ҳақидаги энг муҳим маълумотлар — зумрад сатҳига чизилган саноқли сатрларда эканини билиб олди. — Бу «Зумрад Лавҳаси» дейилади, — деди англиялик, йўлдошига билмаган нарсаларни ўргата олишидан мамнун бўлиб. — Унда бунча китобнинг нима кераги бор? — Мана шу саноқли сатрларни тушуниш учун, — деди англиялик ўзига унчалик ишонқирамаган оҳангда. Сантягони, айниқса, машҳур алкимёгарлар ҳақида ҳикоя қилинган китоблар қизиқтирди. Улар лабораторияларда металларни тозалашга умрларини бағишлаган кишилар эди: агар бирор-бир металга узоқ йиллар мобайнида ишлов берилаверса, охир-оқибат ўз хусусиятини йўқотади ва бу унсур Олам Қалбига молик бўлади, деб ишонишарди улар. Ва шунда донишмандлар ер юзида мавжуд ҳар қандай унсурнинг моҳиятини англаб етадилар, зотан, Олам Қалби бу унсурлар ўзаро мулоқот қиладиган ўша тилнинг айни ўзи. Улар бу кашфиётни Улуғ Ижод деб аташади, у эса икки: қаттиқ ва суюқ унсурлардан таркиб топган. — Бу тилни эгаллаш учун одамлар ва белгиларни ўрганишнинг ўзи етарли эмасми? — билгиси келиб сўради Сантяго. — Юзаки қарашга бунчалик ўч бўлмасанг! — тоқатсизланиб жавоб қилди англиялик. — Алкимё — жиддий фан. Бу фан ҳар бир ҳаракатинг донишмандларнинг йўл-йўриқларига тўла-тўкис мувофиқ бўлишини талаб қилади. Бўзбола Улуғ Ижоднинг суюқ унсури Оби-ҳаёт деб аталишини, у алкимёгар умрига умр қўшишидан ташқари, ҳамма касалликларга даво эканини билди. Қаттиқ унсур — бу Иксир. — Уни топиш осон эмас, — деди англиялик. — Алкимёгарлар кўп йиллар лабораторияларида металга ишлов бериш учун тер тўкишади. Улар мудом оловга тикилишади, ўз машғулотлари билан банд бўлиб, тириклик ташвишларини унитишади ва бир кун келиб метални тозалаб ўзлари ҳам покланишганини пайқашади. Шунда Сантяго биллур сотувчининг: идишларни ювганингда ўзингнинг руҳинг ҳам ортиқча иллатлардан тозаланади, деган гапини эслади. Бўзбола алкимёга кундалик турмушда ҳам ўрганса бўлишига тобора ишонч ҳосил қиларди. — Бундан ташқари, — давом этди англиялик, — Иксир ғаройиб хусусиятга эга: унинг бир ушоғи ҳам хоҳлаган ҳажмдаги метални олтинга айлантира олади. Бу гапни эшитгандан сўнг Сантягонинг алкимёга қизиқиши жуда ошди. Фақат озгина сабр-тоқат керак, шунда хоҳлаган нарсани олтинга айлантирса бўлади, деб ўйлади у. Ахир, у мана шу ишни уддалашган донишмандлар: Гелветсий, Элиас, Фулканелли, Гебер ҳақида ўқиган, ўқиганлари уни ҳаяжонга солган. Бу одамлар ўз Йўлларини охиригача босиб ўтишган. Улар дунё кезишган, алломалар билан учрашишган, олам сирини билиб бўлмайди, деган скептикларни лол қолдириш учун мўъжизалар яратишган, чунки — энг муҳими — улар охир-оқибат Иксир ва Оби-ҳаётни ўз қўлларига олиш имконига эга бўлишган. Бироқ Сантяго Улуғ Ижод нималигини китоблардан билиб олишга уринганида боши берк кўчага кириб қолди: улар кўплаб алмойи-алжойи суратлардан ташқари, нуқул олди-қочди гаплар билан ҳам тўлиб-тошган эди. — Нега алкимёгарларнинг ишлари бу қадар чалкаш-чулкаш? — сўради бўзбола бир куни оқшом ўзининг китобларини ўқий олмай зерикиб ўтирган англияликдан. — Чунки уларни тушуниш имкони алкимё билан боғлиқ жараёнларнинг бутун масъулиятини англайдиган кишиларгагина берилган. Тасаввур қилиб кўр, агар хоҳлаган одам чўянни олтинга айлантираверса нима бўлишини. Тез орада олтиннинг қадри чўян билан тенглашади. Қатъиятли ва билимдонларгагина Улуғ Ижод сирлари насиб этди. Шунинг учун мен ҳозир бу ерда, саҳронинг ўртасидаман. Мен сирли ёзувни ўқий оладиган чин алкимёгарни учратишим керак. — Бу китоблар қачон ёзилган? — Кўп асрлар бурун. — Ахир, ўша пайтлар босмахоналар бўлмаган-ку. Қадимда ҳам, ҳозир ҳам — барибир алкимёни дуч келган одам эгаллай олмаган. Шундай экан, нима учун бу китоблар бунақа мураккаб тилда ёзилган, суратлари нега ғалати? Англиялик жавоб бермади. Фақат кейинча, бироз жимликдан сўнг: неча кундан бери карвонни синчиклаб кузатаяпман, бироқ ҳеч қандай янгликни пайқамадим, деди. Фақат қабилалар ўртасида жанглар бўлаётгани тез-тез қулоққа чалина бошлади. Орадан бир неча кун ўтиб, Сантяго англияликка китобларини қайтарди. — Хўш, нималарни тушундинг энди улардан? — ярим ҳазил, ярим умид илинжида сўради англиялик: ташвишли ўй-хаёллардан чалғиши учун унинг ким биландир гурунглашгиси келди. — Тушунганим шу бўлдики, оламнинг қалби бор экан ва кимда ким бу қалбга уйғунлаша билса, мавжудликнинг тилини тушунаркан. Тағин шуни тушундимки, кўпгина алкимёгарлар ўз Йўлини топишган ва Олам Қалби, Иксир ҳамда Оби-ҳаётни кашф этишган, — деди Бўзбола ва бироз жим тургач, қўшиб қўйди: — Энг муҳими, булар бари шу қадар оддийки, ҳаммаси жажжи зумрад сатҳига сиғаркан. Англияликнинг кайфияти бузилди. На ўзининг узоқ вақт ўқиганию на тимсоллар, на доно каломлару на турли-туман кимёвий тажрибада ишлатиладиган идишлар — бирортаси Сантягода ҳеч қандай таассурот уйғотмаган эди. «У жуда содда экан, шу боис тушунмайди», — ўйлади англиялик, кейин китобларини йиғиб, туяга ортилган жомадонларига жойлади. — Энди ўзингнинг карвонинг билан шуғулланавер, — деди у. — Менга улардан, худди сенга менинг китобларимдан юқмаганидай, зиғирча занг юққани йўқ. Сантяго тағин саҳро сукунатини тингламоққа ва қумнинг туялар туёқларида тўзғиётганини кузатмоққа киришди. «Ҳар кимнинг ўзининг ўқиб-ўрганиш усули бор, — ўйлади у. — Унга меники тўғри келмайди, меники эса — унга. Бироқ ҳар иккаламиз ҳам ўз йўлимизни қидираяпмиз ва фақат шунинг учунгина уни ҳурмат қилмаслик қўлимдан келмайди». Қуёш уфқдан бош кўтара бошлаганда Сантяго уйғонди. Тунда юлдузлар жилваланган томонда энди сон-саноқсиз хурмо дарахтлари кўзга илинар, гўё бутун саҳрони хурмозор босиб кетгандай туюларди. — Етиб келдик! — ҳайқирди ҳозиргина уйқудан турган англиялик. Сантяго жим турди. Буни у саҳродан ўрганганди, энди дарахтларга жимгина қарашнинг ўзи кифоя қиларди. Эҳромларгача ҳали узоқ. Вақти келиб бу тонг ҳам унинг учун бир хотирага айланади. Бироқ ҳозир, Сарбон ўргатгандай, у айни дақиқалар учун яшаётир, шундан севинаётир ва бу хушбахт онларни у ўткан кунлар хотиралари, келажак ҳақидаги орзу-умидлари билан боғлашга уринди. Ҳа, ҳали бир кун келиб бу минг бир хурмо дарахти ҳам хотирага айланади, бироқ айни лаҳзаларда хурмозор соя-салқинни, сув ва хавфсизликни ваъда қилиб турибди. Худди тунда туянинг ўкиргани душман яқинлаб қолганини дараклагандай, қатор-қатор хурмо дарахтлари азоб-уқубатдан халос этадиган мўъжизадан дарак берарди. «Дунё кўп тилларда тиллашади», — ўйларди Сантяго. «Вақт тез ўтаётган пайтда карвонлар ҳам жадал одимлайди», — ўйлади Алкимёгар, воҳага кириб келаётган юзлаб одамлар ва уловларга қараб. Бу ердагиларнинг ва карвон билан келганларнинг шовқини эшитилди, кўтарилган чанг-тўзон қуёшнинг бетини қоплади, болалар бегоналарни кўриб ирғишлар, вижиллашарди. Алкимёгар қабила бошлиғининг Сарбонга яқинлашиб келганини ва у билан узоқ суҳбатлашганини кузатиб турди. Бироқ бу олатасир уни қизиқтирмасди. Қанча одамлар келиб кетмади, воҳа ҳам, саҳро ҳам ўша-ўша — мангу ва бир зайл. Бу қумларга шоҳларнинг ҳам, гадоларнинг ҳам қадам босганини у кўрган, гарчи шамолнинг кучидан ўз шаклини ўзгартириб турса-да, қумлар ҳам аслидагидай — Алкимёгар болалигида қандай кўрган бўлса ўшандай. Шундай эса-да, зангори осмон ва сариқ қумни кўравериб зериккан ҳар қандай сайёҳнинг кўзига хурмо дарахтининг яшил шох-барглари кўринганда кўнгилга инадиган севинч ҳозир унинг ҳам юрагига кўчди. «Эҳтимол, тангри саҳрони яратганда, одам дарахтларга кулиб, хурсанд бўлиб қарасин дегандир», — ўйлади у. Кейин у нигоҳини аниқ нарсаларга қаратишга чоғланди. У биларди — буни белгилар унга аён этганди — айни шу карвон билан ўзининг пинҳона билимларининг бир қисмини улашиши лозим бўлган одам келаётганини. Гарчи Алкимёгар бу одам билан таниш бўлмаса-да, синчков назари билан оломоннинг ичидан уни таниб олишига ишончи комил эди ва у ўзининг ўтмишдошидан кам эмаслигига умидланарди. «Тушунолмайман, нима учун билган нарсаларимнинг ҳаммасини унга сирли тарзда маълум қилишим керак, — ўйлади у. — Буни аслида сир дейиш ҳам қийин, зотан, Тангри ўзининг сирларини жамики мавжудотга бемалол ошкор этади». Алкимёгар бунинг битта изоҳини топди: авлоддан авлодга ўтказиш лозим бўлган нарса — бу Соф Ҳаёт ҳосиласидирки, уни сўзларда ёки расмларда тасвирлаб бўлмайди. Одамлар эса, сўзлар ва расмларга берилиб кетиб, охир-оқибат Умум Тилини унутишга мойил бўлишади. Карвон билан келганларни дарҳол маҳаллий қабила бошлиқларига олиб киришади. Сантяго ўз кўзларига ишонмади: воҳа деганлари, тарих китобларида ёзилгандай, икки-учта хурмо дарахтию қудуқдангина иборат эмас, балки айрим испан қишлоқларидан кўра хийла катта жой экан. Қудуқларнинг ўзи бу ерда уч юз чоғли, хурмо дарахтлари — беш мингтача, уларнинг орасида эса турли рангдаги сон-саноқсиз чодирлар бор. — «Минг бир кеча», — деди англиялик, у Алкимёгар билан учрашишни тоқатсизланиб кутаётганди. Шу зумдаёқ уларни отларга, туялар ва одамларга қизиқсиниб қараётган бола-бақралар қўрғалашди. Эркаклар йўловчилардан саҳрода жангларни кўрдингларми, деб сўрашса, аёллар савдогарлардан қандай матолар, тақинчоқлар олиб келишганини билишга ошиқарди. Саҳронинг ўлик сукунати энди тушдагидай туюлар — ғала-ғовур авж олган, кулги, қийқириқлар қулоққа чалинар, гўё йўловчилар саҳрода жонсиз-тансиз арвоҳлардай юришган бўлса, энди тағин этли, суякли одамларга айланишгандай. Улар мамнун ва хушбахт эдилар. Сарбон Сантягога воҳанинг ҳеч қачон тайин бир эгаси бўлмаганини, чунки бу ерда аёллар ва болаларгина қўним топишганини тушунтирди. Улар бирор-бир тарафнинг ёнини олишмас, жангчилар эса саҳро қумларида жанг қилишар, воҳани чекинганда жон сақлайдиган пана жой, деб билишарди. Сарбон йўловчиларни қийинчиликсиз йиғиб, қабилалар ўртасидаги жанглар тугагунча карвон воҳада қолишини эълон қилди. Йўловчилар, урф-удумга кўра, қўноқ олишга ҳозир маҳаллий кишиларнинг чодирларидан жой топишади, деди у. Шундан сўнг Сарбон қуроли борлар қуролларини топширишини сўради. Оқшомлари карвонни қўриқлаганлар ҳам бундан четда қолмади. — Урушнинг қоидаси шундай, — тушунтирди у. — Воҳа аскар ёки жангчиларни қабул қила олмайди. Англиялик чўнтагидан хромланган тўппончани чиқариб, қурол йиғувчига берганда Сантяго жуда ҳайрон қолди. — Тўппончанинг сенга нима кераги бор? — сўради бўзбола. — Одамларга ишонишга кўникиш учун, — деди англиялик, унинг кайфияти чоғ эди, чунки узоқ йўл босиб излаётганини яқин-орада топишига ишонарди. Сантяго эса қидираётган хазинасини ўйларди. Орзусига етишишга яқин қолгани сайин йўлида қийинчиликлар тобора ортиб бораётир. Подшоҳ Малкисидқнинг «бошловчиларга омад ёр бўлади», деган ҳикмати ҳам амал қилмай қўйди, нажот фақат, унинг тушунишича, ўз йўлини қидираётган инсоннинг қатъияти ва жасурлигига боғлиқ. Шу боис, у шошилиши бефойдалигини билар, сабр-тоқатидан воз кечолмас, аксинча бўлганда, Тангрининг унинг йўлига қўйган белги-аломатларини пайқамай ўтиб кетиши мумкин эди. «Тангри ҳаммасини жой-жойига қўйган», такрорлади у ичида, бу фикрдан ажабланиб. Ҳанузгача унга бу белгилар, очарчилик ёки ташналик, севги азоби ёки меҳнат каби, оламнинг бир бўлагидай туюларди. Тангрининг у билан мулоқотга киришадигани, ундан нимани истаётганини билдирадигани шу тил экани унинг хаёлига келмасди. «Шошилма, — деди у ўзига. — Туякашнинг гапи гап: овқат маҳали овқатингни егин, вақт-соати етганда — йўлга чиқ». Воҳага етиб келишгач, биринчи кун йўловчилар, англиялик ҳам, уйқудан тўйиб олди. Сантягони ўзи тенги беш нафар бола билан бир чодирга жойлаштиришди. Уларнинг бари маҳаллий болалар эди, шу боис улар катта шаҳарлардаги ҳаётни сўраб билишга қизиқишарди. У ўзининг қўй боққанини айтиб, энди биллур дўконидаги ишларидан гап очмоқчи бўлганида чодирга англиялик кириб келди. — Эрталаб сени роса қидирдим, — деди у, Сантягони ташқарига олиб чиқиб. — Сен менга кераксан. Алкимёгарни топишимга ёрдам бер. Икки кун улар Алкимёгарни алоҳида-алоҳида қидиришди, ўзларича уни бошқалардан фарқли яшайди, чодирида, албатта, туну кун олов ёниб туради, деб ўйлашганди. Бу ердаги чодирлар улар чамалагандан кўра бир неча баравар кўп эканини англагунча, иккаласи воҳани бошдан-оёқ изғиб чиқишди — воҳада юзлаб чодирлар тикилган эди. — Бутун бир кун бекорга кетди, — деди англиялик, қудуқлардан бирининг олдида чўнқайиб ўтираркан. — Одамлардан сўраб-суриштириш керакмиди у ҳақда, — деди Сантяго. Бироқ англиялик иккиланди — у ўзининг шу ердалигини ошкор этгиси келмасди. Охир-оқибат у бунга рози бўлди ва арабчада яхши гапирадиган Сантягодан Алкимёгарни дараклаб чиқишни сўради. Бўзбола мешини сувга тўлдириб олиш учун қудуққа келган аёлга сўз қотди. — Яхшимисиз, хоним. Айтолмайсизми, Алкимёгарни қаердан топсак бўлади? — сўради у. Аёл бу номни ҳеч қачон эшитмаганини айтиб, кетишга шошилди. Бунгача эса Сантягони огоҳлантириб, урф-одатларни ҳурмат қилишини, қора либосдаги эрли аёлларга гап қотмаслигини уқтирди. Англияликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Шунча йўл босиб келсаю, ҳаммаси йўққа чиқса! Бўзболанинг ҳам уни кўриб кўнгли совиди — ахир, йўлдоши Ўз йўлини излаётир. Бундай пайтда, Малкисидқ айтишича, Олам одамга кўмакка келади, орзуйи ушалиши учун лозим бўлган ёрдамни беради. Наҳотки, кекса подшоҳ адашган бўлса? — Мен бурун ҳеч қачон алкимёгарлар ҳақида эшитмаганман, — деди у. — Билганимда сенга ёрдам қилишга уриниб кўрардим. Англияликнинг кўзлари чақнади. — Шундай демайсанми! — қичқирди у. — Бу ерда унинг Алкимёгарлигини ҳеч ким билмайди! Ҳар қандай касалликни даволай оладиган одам борми, деб сўраш керак! Шу пайт қора либосда бир неча аёл қудуққа келди, бироқ Сантяго, англияликнинг илтимосига қарамай, уларга сўз қотмади. Мана, ниҳоят бир эркак киши кўринди. — Сиз билмайсизми, бу ерда ҳар қандай касалликни даволай оладиган киши борми? — сўради бўзбола. — Ҳар қандай касалликни фақат Оллоҳ даволай олади, — деди у, келгиндиларга чўчиброқ аланглаб қараб. — Жодугарларни қидираяпсизларми? У Қуръондан бир неча оятларни пичирлаб айтиб, ўз йўлига қайтиб кетди. Бироз ўтгач, бошқа бир одам келди; унинг ёши улуғроқ, қўлида челак бор эди. Сантяго унга ҳам ўша савол билан мурожаат қилди. — Бундай одамларнинг сизларга нима кераги бор? — билмоқчи бўлиб сўради у. — Менинг ошнам уни кўриш ниятида жуда узоқ йўл юриб келди. — Агар бизнинг воҳада шундай одам бор бўлса, у ниҳоятда қудратли киши бўлиши керак, — деди ўйлаб туриб қария. — Ҳатто қабила бошлиқлари ҳам хоҳлашган пайтда унинг ҳузурига йўлай олмайди. Уларни фақат ўзи истаган пайтда қабул қилади у. Уруш тугагунча кутинглар, кейин кетинглар бу ердан. Бизнинг воҳа турмушига аралашмаганларинг маъқул. Шундай деб у кетди. Бироқ англиялик, Алкимёгарнинг изини топганини пайқаб, жуда қувонди. Қудуққа, ниҳоят, қора либосдаги эрли аёл эмас, балки елкасида кўза билан бир қиз бола келди. Бошига рўмол ўраган, юзи очиқ эди. Сантяго Алкимёгарни даракламоқчи бўлиб, унга яқинлашди. Ва шунда — гўё вақт тўхтаб қолгандай бўлди, Олам Қалби унинг кўз ўнгида ўзининг бутун куч-қудрати билан намоён бўлди. Қизнинг қоп-қора кўзларига, гўё жилмайишни ҳам, жим туришни ҳам билмаётгандай ҳимарилган лабларига қараб, Сантяго бир лаҳза ичида олам тиллашадиган, жамики одамлар сўзсиз, фақат юрак орқали мулоқот қиладиган тилнинг энг қадрли, энг ақлли бўлагини фаҳмлаб етди. Уни Севги деб аташади, у одам қавмидан-да қадимий, саҳродан-да кўҳна. Эр йигит ва бўй етган қиз кўзлари тўқнашганда бу туйғу беихтиёр пайдо бўлади — ҳозир, қудуқ олдида шу ҳодиса рўй берди. Ниҳоят, қизнинг лаблари табассумни ихтиёр этди ва бу белги, айни ўша — Сантяго ўзи билмаган ҳолда узоқ кутган, қўйларидан, китоблардан, биллур ва саҳро сукунатидан қидирган белги эди. Бу соф ва тушунарли тил эди, абадият сари йўл солган Коинот сингари, таржимага, шарҳу изоҳга эҳтиёж сезмайдиган сўзсиз забон эди. Шу бир лаҳза ичида Сантягонинг англаб етгани шу бўлдики, у ўзининг қаллиғи қошида турар ва қиз ҳам буни сўзсиз англаб етмоғи керак эди. Бунга у зиғирча шубҳа қилмас, бу ишончи ота-онасининг раъйига қарашдан, одатдагидай, севганингдан кейин сўраб-суриштириб, совчи қўйиб, қолаверса, тўйга оз-моз пул жамғариб, шундан сўнг уйланган маъқул, дейдиганларнинг насиҳатидан кўра кучли эди. Бироқ бундай маслаҳат берадиган киши Умум Тилини билмайди, аксинча, бу тилга уйғунлашганингда ўз-ўзидан аён бўлади: саҳронинг қоқ ўртасидами ёки гавжум шаҳардами — доимо кимдир кимнидир кутади, қидиради. Уларнинг йўллари туташганда, кўзлари кўзларига тушганда ўтмиш ҳам, келажак ҳам ўз моҳиятини тамом йўқотади, фақат мана шу бир лаҳза мавжуд бўлади ва бу ёруғ оламда кечадиган барча кечмишлар фақат битта қўл томонидан ёзилганига чексиз ишонч барқарор бўлади. Бу қўл қалбда муҳаббат алангасини ёқади ва ҳар бир инсон учун, меҳнат қилаётгани, дам олаётган ёки хазина қидираётганидан қатъи назар, унга худди ўзиникидай алангали қалбни муяссар этади. Аксинча эса, одам қавмини изтиробларга солгувчи орзу-ниятларнинг зиғирча маъниси қолмасди. «Мактуб», — ўйлади бўзбола. Англиялик ўрнидан сакраб турди ва Сантягони елкасидан ушлаб силкилай бошлади: — Сўрасанг-чи, ахир! Сантяго қизга яқинлашди. Қиз табассум билан у томонга ўгирилди ва бўзбола ҳам бунга жавобан жилмайди. — Исминг нима? — сўради у. — Фотима, — уялинқираб жавоб қилди қиз. — Мен яшайдиган ўлкаларда кўп аёлларнинг исми шундай. — Пайғамбаримизнинг қизининг исмлари шундай экан, — деди Фотима. — Ўша узоқ ўлкаларга бу исмни бизнинг жангчиларимиз элтишган. Бу маъсума ва кўркам қизнинг сўзлари ғурурли жаранглади. Англиялик бетоқат бўлиб Сантягони туртди ва бўзбола қиздан ҳар қандай касалликни даволай оладиган одамни биласанми, деб сўради. — Бу одам дунёнинг ҳамма сиридан бохабар, — деди қиз. — У саҳро жинлари билан мулоқот қилади. Жин — бу иблис. Қиз бола жанубга ишора қилди — улар қидираётган одам ўша тарафда яшашини айтди. Кейин кўзасини сувга тўлдириб, ортига қайтди. Англиялик Алкимёгарни қидириб кетди. Сантяго эса қудуқ олдида узоқ хаёл суриб ўтирди. Бир вақтлар, ўзининг юртида юрган пайтларда, шарқдан эсган шамол мана шу қизнинг муаттар бўйини унга олиб келар ва у қизнинг мавжудлигига ҳечам шубҳа қилмай уни севган эди, бу севгини, ҳарқалай, ер юзидаги борки хазиналардан устун кўрарди. Эртаси куни у тағин қудуқнинг бошига келди ва қизни кутди. Бироқ бу ерда англияликни учратиб ажабланди, у биринчи бор саҳрога синчиклаб назар ташлаётган эди. — Мен қоронғу тушгунча кутиб ўтирдим, — деди англиялик. — Юлдузлар милтиллаб чиқа бошлаганда у пайдо бўлди. Мен унга нимани қидираётганимни айтдим. У бўлса қўрғошинни олтинга айлантиришни уддалай олдингми, деб сўради. Ниятим ҳам шуни ўрганиш, деб жавоб қилдим мен. У тағин уриниб кўришимни маслаҳат берди. Худди шундай деди: «Боргин ва уриниб кўргин». Сантяго жимиб қолди. Англиялик шу бир оғиз, ўзи ҳам биладиган гапни эшитиш учун дунёни кезиб шунча йўл юрганмиди? Шунда ўзининг қўйларини Малкисидққа текинга берганини эслади. — Уриниб кўр-да! — деди у. — Уринмоқчиман. Ҳозироқ бошлайман. Англиялик кетди, орадан ҳаял ўтмай кўза кўтарган Фотима кўринди. — Мен сенга фақат битта гапни айтгани келдим, — деди бўзбола қизга мурожаат қилиб. — Менинг қаллиғим бўлишингни хоҳлайман. Мен сени севаман. Қиз қўлидаги кўзани тушириб юборди, сув тўкилди. — Мен сени шу ерда кутаман. Мен хазинани қидириб саҳрони кездим, хазина эҳромлар турган жойда. Бироқ уруш бошланиб қолди. Аввал мен урушни лаънатлагандим. Энди алқаяпман, чунки уруш сабаб бўлиб мен сенинг ёнингга келдим. — Уруш ҳам бир кун тугар, — жавоб қилди қиз. Сантяго хурмо дарахтларига назар солди. Бир пайтлар у чўпон эди, бу воҳада эса қўйлар сероб. Фотима ҳамма хазиналардан-да азиз... Бироқ қиз, гўё бўзболанинг фикр-ўйларини уққандай, давом этди: — Жангчилар хазинани қидиришади. Саҳро аёллари улар билан ғурурланишади. Кейин у кўзасини сувга лиқ тўлдириб, кетди. Сантяго ҳар куни қудуқ олдига келарди. У Фотимага қўй боққанларини, Малкисидқ билан қандай учрашганини, биллур сотганларини гапириб берган эди. Шу зайл улар иноқлашиб олишди. Қиз билан ўн беш дақиқа суҳбатлашган вақтни айтмаганда, ҳар бир кун бўзбола учун бир йилдай чўзиларди. Орадан бир ой ўтгач, Сарбон йўловчиларни жамлади. — Уруш қачон тугаши номаълум, — деди у. — Йўлни давом эттиролмаймиз. Ҳали жанглар тўхтамайдиган кўринади, бир неча йилга чўзилса ҳам керак. Бир-бирига ғаним бўлган қабилаларнинг ҳар қайсисида жасур, кучли жангчилар бор, ҳар бири ўз номусини бой бермаслик учун майдонни ташлаб кетмайди. Бу ерда яхшилар ёмонлар билан урушаётгани йўқ, бу ерда ҳокимият учун жанг қилишмоқда, бундай урушлар эса бир бошланса узоқ вақт тўхтамайди, зеро, Оллоҳ уларга ҳам, буларга ҳам мададкор. Одамлар тарқалишди. Сантяго Фотима билан учрашиб, унга Сарбоннинг гапларини етказди. — Учрашганимизнинг эртаси куниёқ, — деди қиз, — сен менга севги изҳор қилдинг. Кейин эса жуда ажойиб нарсалар — Умум Тили ва Олам Қалби ҳақида гапирдинг — мен аста-секин сенинг бир бўла-гингга айланиб бораяпман. Сантяго унинг овозини эшитиб турди, қизнинг овози хурмо дарахтлари учидаги баргларнинг майин шитирлашидан-да гўзал эди. — Мен сени бу қудуқ олдида қай маҳалдан бери кутиб турибман. Мен ўзимнинг ўткан кунларимни унутдим, урф-одатларимни ҳам унутдим, қабиламиз эркакларининг қизлар ўзини қандай тутишлари кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларини ҳам. Болалигимда бир кун келиб саҳро менга, ҳали ҳеч кимга насиб этмаган ажойиб совға ҳадя этади, деб орзу қилардим. Мана, мен унга эришдим, бу сенсан. Сантяго қизнинг қўлидан тутмоқчи бўлди, бироқ Фотима кўзани қаттиқ қучоқлаб олди. — Сен менга кўрган тушларингни гапириб бердинг, кекса подшоҳ Малкисидқ ҳақида, хазиналар ҳақида айтдинг. Энди мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, чунки сени менга улар етказди. Мен эса сенинг орзу-ўйларингнинг, сенинг Тақдирингнинг бир бўлагиман. Шунинг учун ҳам мен сенинг бир жойда тўхтаб қолмаслигингни, балки қидираётган нарсангни излайверишингни хоҳлайман. Агар уруш тугашини кутишингга тўғри келса, бу фожеа эмас. Бироқ эртароқ жўнашга имкон туғилса, жўна, ўз Тақдирингни излаб йўлга чиқ. Шамол қум барханларининг шаклини ўзгартиради, холос, саҳро эса аслича қолаверади. Бизнинг севгимиз ҳам аслича қолади. Мактуб. Чиндан мен агар сенинг Тақдирингнинг бир бўлаги эсам, қачондир сен менга қайтасан. Бу гаплар Сантягонинг дилини ранжитди. Бўзбола йўл-йўлакай ёдига олди: таниш чўпонларнинг дашту далаларни — узоқ-узоқдаги яйловларни кезмай яшай олмасликларига хотинларини ишонтиришнинг ўзи бўлмасди. Ҳа, севги доим суйганинг ёнида бўлишни талаб қилади. Эртаси куни у Фотимага бу ҳақда гапирди. — Саҳро бизнинг мардумларни олиб кетади ва ҳар доим ҳам қайтиб бермайди, — жавоб қилди қиз. — Биз буни биламиз, шунга кўникканмиз. Гарчи улар қайтишмаса-да, бироқ доимо биз билан бирга: улар ёмғир бўлиб ёғмайдиган булутлар, тоғу тошлар орасига бекинган йиртқичлар, ер бизга инъом этган зилол сув. Улар бутун борлиқнинг бир бўлаги бўлиб қолади... Улар Олам Қалбига қовушиб сингади. Айримларига қайтиб келиш насиб этади. Шунда аёлларнинг ҳаммасига байрам бўлади, чунки мардумлари — уларнинг кутаётганлари ҳам бир кунмас бир кун уйига келади. Бурунлари мен бу аёлларга ҳавас билан қарар эдим. Энди менинг ҳам кутадиганим бор. Мен — саҳро аёлиман ва бундан ғурурланаман. Истагим, менинг эрим, худди қумни тўздирган шамолдай, эркин бўлса. Истагим, у булутлардан, йиртқичлардан ва сувдан айри тушмаса. Сантяго англияликни излашга тушди. Бўзбола унга Фотима ҳақида гапириб беришни хоҳларди, англияликни кўриб ажабланди: у чодирининг биқинига ўчоқ ўрнатиб, устига шиша идиш қўйибди. Англиялик ўчоққа ўтин қалаб, оловнинг ёнишини тўхтатмас ва саҳрога қараб-қараб қўярди. Унинг кўзида учқун пайдо бўлган, китобдан бош кўтармай юрган кунларда бу сезилмасди. — Бу ишнинг биринчи босқичи, — тушунтирди у Сантягога. — Нотоза олтингугуртни ажратиш керак. Муҳими — ҳеч иш чиқмаслигидан қўрқмаслик зарур. Мен шу кунгача қўрқиб келганим учун Улуғ Ижодга қўл ура олмадим. Ҳозир қилаётган бу ишни ўн йил бурун амалга ошириш мумкин эди. Ўн икки йил эмас, ўн йил кутганим ҳам бир бахт. Шундай деб у ўчоққа ўтин жойлаб, саҳрога тағин қараб-қараб қўйди. Сантяго унинг ёнида ботаётган қуёшнинг нурлари қумни қирмизи тусига бўягунча ўтирди. Шунда унинг юрагида ўша ёққа, саҳрога кетиш иштиёқи аланга олди, саҳро сукунати унинг саволларига жавоб топиб бера билармикан, шуни синамоққа шайланди. У узоқ сандирақлаб юрди, ора-сира воҳани кўздан қочириб қўймадимми деб, орқасига бурилиб хурмо дарахтларига қараб-қараб қўйди. У шамолнинг овозини эшитди, оёғининг остида тошларни ҳис этди. Баъзан чиғаноқларга кўзи тушди — бир замонлар, қадим-қадимда саҳронинг шу жойида денгиз бўлган. Кейин тош устига ўтирди ва худди сеҳрлангандай нигоҳини уфққа қадади. У севгини висолдан айри ҳолда тасаввур эта олмасди, бироқ Фотима саҳро қизи, агар унинг қалбида висол иштиёқи пайдо бўлса, бу фақат саҳронинг шарофати туфайли. Бўзбола шу зайл, ҳеч нарса ҳақида ўйламай, боши устида енгилгина шамол эсиб ўтганини пайқагунча ўтирди. Осмонга қараганда тепада чарх уриб учаётган бир жуфт қирғийни кўрди. Сантяго уларнинг парвозини анча кузатиб, самода ажиб кашталар чизиб учишаётганидан завқланиб ўтирди. Афтидан, қирғийларнинг чарх уриб учишида бирор-бир маъною мақсад йўқдай, бироқ бўзбола уларнинг парвозида қандайдир мазмун яширинганини ҳис этди, фақат бу нимага ишора эканини айтиб беролмасди. У қирғийларнинг ҳаракатини кўзини узмай кузатишга қарор қилди — эҳтимол, шунда уларнинг тилини тушуниб олар. Балки шунда саҳро унга висолдан холи севги нималигини аён этар. Туйқусдан уни уйқу боса бошлади. Юраги эса бунга монелик қилиб: «Сен Умум Тилидан воқиф бўлишга яқин турибсан, бу ўлкада ҳамма нарсанинг, ҳатто қирғийларнинг кўкдаги парвозининг ҳам моҳияти бор», дерди гўё. Сантяго қалбига муҳаббат ато этгани учун тақдирига шукр қилди. «Севганингда оламдаги нарсаларнинг маъно-мазмуни янада тўлишади», — ўйлади у. Шу чоғ қирғийлардан бири иккинчисининг тепасига тик шўнғиб учди ва туйқусдан бўзболанинг кўзига қиличларини яланғочлаб водийга кириб келаётган жангчилар кўриниб кетди. Бу кўриниш лип этдию, кўнглида хавотир уйғотиб назаридан қочди. У сароблар ҳақида кўп эшитган, уларни ўзи ҳам бир неча бор кўрган, одамнинг хоҳиш-истаклари саҳро қумлари орасида жонлангандай намоён бўлишини билар эди. Бироқ водийга қўшиннинг бостириб киришини у мутлақо хоҳламаётган эди. Сантяго бу хавотирли ўйларни унутишга, яхшиси қирмизи тусга кираётган қум ва тошларга термилиб завқланишни давом этишга уринди. Бироқ ҳушини йиғиб олишга нимадир халал берар, юрагини сиқаётган хавотир аримаётганди. «Доимо белгиларга эргаш», — деб тайинлаган эди подшоҳ Малкисидқ. Бўзбола Фотимани ўйлади. Кўзига кўринган манзарани эслади ва кўнгли сезди: нимадир рўй беради. У зўрға ҳушини йиғиб олди. Ўрнидан туриб ортга, хурмо дарахтлари томон юрди. Олам унга яна бир бор кўп тилларда тиллашишини кўрсатди: энди саҳро эмас, водий хатарли эди. Сарбон орқаси билан дарахтга суяниб ўтирибди, унинг нигоҳи ҳам мағрибга қадалган. Шу пайт барханлар ортидан Сантяго кўринди. — Бу ёққа уруш келаяпти, — деди бўзбола. — Менинг кўзимга кўринди. — Саҳро эркак кишининг кўнглига ҳар нарсани солади, — жавоб қилди сарбон. Бироқ бўзбола қирғийларни, уларнинг парвозини кузатганини ва туйқус Олам Қалбига уйғунлашганини гапирди. Сарбон ажабланмади — бўзболанинг нимани гапираётганини у тушуниб турарди. Ер юзидаги ҳар қандай унсур бутун замин тарихини баён этишга қодирлигини у биларди. Китобнинг хоҳлаган бетини очиб қара, одамнинг кафтига термил, бир даста қартадан хоҳлаган бирини танлаб ол, қирғийнинг осмондаги парвозини кузат — албатта, айни дақиқаларда кечаётган ҳаётингга боғлиқ унсурлар билан алоқани кўрасан. Бу ерда гап унсурларнинг ўзида эмас, балки одамларнинг уларга қараб, уларни кузатиб ўзлари учун Олам Қалбига уйғунлашиш йўлини оча билишларида. Саҳрода кўп одамлар Олам Қалбига уйғунлашиб олиш қобилияти орқасидан тирикчилик қилишади. Аёллар ва қариялар бундайлардан чўчишади, уларни соҳибкаромат, деб аташади. Жангчилар уларга камдан-кам мурожаат қилишади, чунки ўлишингни олдиндан билиб жангга бориш қийин. Жангчилар нима бўлишини олдиндан билмай қўя қолишни ва урушнинг ўзгача шавқини туюшни маъқул кўришади. Тақдир Тангрининг қўли билан битилган, битикда неки бор, бари Унинг иншоси, Унинг ёзганлари эса доимо бандасининг нафу манфаатини кўзлайди. Жангчилар бугуни билан яшайдилар, зеро, кундалик ҳаёт тасодифларга тўла, шу боис минг турли ҳолатларга диққатини қаратиши керак: душман бошингга қайси тарафдан туриб қилич солмоқчи, унинг остидаги от қандай сакрайди, жонингни омон сақлаш учун зарбни қандай қайтаришинг лозим. Аммо туякаш жангчи эмас, шу боисдан ҳам у соҳибкароматларга кўп мурожаат қилди: баъзилари бехато айтиб берса, баъзиларидан тайинли гап чиқмади. Бир сафар уларнинг энг кексаси (айнан ундан қаттиқ қўрқишарди)туякашдан эртанги кунини олдиндан билмоқдан мақсади нималигини сўради. — Нима қилишим кераклигини аниқлаб олмоқчиман, — деди у. — Билиб олсам, юз берадиган фалокатнинг олдини олишга уриниб кўраман. — У ҳолда бу сенинг эртанги кунинг бўлмай қолади, — жавоб қилди Соҳибкаромат. — Эҳтимол, мен бошимга тушадиган кўргуликка тайёрланарман. — Агар хайрли воқеа рўй берса, бу кутилмаган омад дегани, агар хайрсиз, ёмон ҳодисага дуч келадиган бўлсанг — уни анча олдин кўнглинг сезади. — Бошимга нима тушишини олдиндан билишни истайман, чунки мен одамман, — деди туякаш. — Одамларнинг бугуни уларнинг келажаги қандай кечишига боғлиқ. Соҳибкаромат бир муддат сукут сақлади. У чивиқлар билан фол очарди — уларни ерга ташлаб, қандай тушганига қарарди. Шу куни у фол кўрмасликка қарор қилди. Хивичларни дастрўмолга ўраб, чўнтагига бекитди. — Мен одамларга уларни нималар кутаётганини айтиб бериб, ризқимни топаман, — деди у ниҳоят. — Хивичларни қандай ташлашни биламан, уларнинг кўмагида одамларнинг тақдири ёзиб қўйилган бошқа бир ўлчамдаги оламга кираман. Кириб олгач, мен ўтмишни ўқийман, аллақачон унутилган нарсаларни очаман ва бугунги куннинг белгиларини таниб оламан. Келажакни мен ўқимайман, тахминан айтаман, зотан, келажак Худованд инон-ихтиёрида, фақат фавқулодда ҳолатлардагина уни намоён этади. Буни мен бугунги кун белгиларига қараб аниқлайман. Жамики сир-асрор айнан шу — ҳозирги кунда жам бўлган. Унга лозим даражада эътибор қаратсанг — яхшилай оласан. Айни дамдаги аҳволингни яхшиладингми, демак, эртангни ҳам ўнглай оласан. Келажак учун қайғурмасанг, бугунинг билан яшайвер, майли, ҳар бир кунинг Қонунда буюрилганидай ўтаверсин. Бироқ билиб қўй, Худованд ўз бандалари учун ҳамиша қайғуради. Ҳар бир кун мангуликнинг бир бўлакчаси. Шунда туякаш Тангри келажакни кўришга изн берадиган фавқулодда ҳолатлар нимани англатишини билгиси келди. — Фақат Унинг Ўзигина намоён этади. Худованд келажакни камдан-кам ҳолларда кўрсатади. У бунга ихтиёр этганда, олдиндан белгилаб қўйилган тақдирни ўзгартириш лозимлиги сабаб бўлади. «Бу болага Худованд келажакни намоён этган, — ўйлади шу дамда Туякаш. — Худованд уни ўзига воситачи этиб танлаган». — Қабила бошлиқлари олдига бор, — буюрди у Сантягога. — Уларга қўшиннинг бизга яқинлашиб келаётганини хабар қил. — Улар устимдан кулишади. — Йўқ, кулишмайди. Улар саҳро одамлари, демакки, улар белгилар ва аломатларни эътиборсиз қолдиришмайди. — У ҳолда ҳаммаси уларнинг ўзига аён бўлгандир. — Улар бу ҳақда бош қотиришмайди, чунки агар Оллоҳнинг иродаси билан ниманидир билишлари лозим эса, кимдир келиб бу ҳақда айтади, деб ишонишади. Авваллари ҳам кўп марта шундай бўлган. Энди бу хабар билан сен эътибор топасан. Сантяго Фотимани ўйлади ва воҳада жойлашган қабила бошлиғининг қошига боришга қарор қилди. —Мени бошлиқлар олдига ўтказиб юбор, — деди у каттакон оқ чодир эшиги олдида турган соқчига. — Саҳрода мен аломатларни кўрдим. Соқчи бир сўз демай чодирга кириб кетди ва ичкарида анча ушланиб қолди. Кейин оқ зарбоф яктакли ёш араб билан бирга чиқиб келди. Сантяго унга ўзига кўринган манзарани гапириб берди. У кутиб туришини айтиб, тағин ичкарига кириб кетди. Оқшом тушди. Чодирга араблар, чет эллик савдогарлар кириб-чиқиб туришарди. Кўп ўтмай гулханлар ҳам ўчди ва воҳага аста-секин жимжитлик чўкди. Фақат каттакон чодирда чироқ ёниб турарди. Бу вақт мобайнида Сантяго Фотима ҳақида ўйлади, гарчи қизнинг боягина айтган гапларининг моҳиятини ҳали илғай олмаган бўлса-да. Ниҳоят узоқ кутишдан кейин уни чодирга қўйишди. Чодирда кўрганлари уни ҳайрон қолдирди. Саҳронинг қоқ ўртасида бундай жойни кўраман, деб ҳеч ўйламаганди. Оёқлари қалин гулли гиламларга ботди, тепада соф олтиндан ишланган қандилда шамлар ёниб турибди. Қабилалар бошлиқлари тўрда гул тикилган ипак ёстиқларга ёнбошлаб ўтиришибди. Хизматкорлар кумуш патнисларда ширинликлар ва чой келтиришади. Бошқалари чилимларнинг оловидан хабардор бўлиб туришибди, ҳаводан тамаки тутунининг енгил хушбўй ҳиди таралади. Сантягонинг рўпарасида саккиз нафар киши бор эди, бироқ у бошлиқ — ўртада ўтирган зарбоф яктакли араб эканини аниқ пайқади. Унинг ёнида боя чодирдан чиқиб у билан гаплашган йигит ўтирибди. — Аломатлар ҳақида гапирган мусофир ким? — сўради қабила бошлиқларидан бири. — Менман, — жавоб қилди Сантяго ва кўрганларини айтиб берди. — Нега энди саҳро бир муҳожирга бу ҳақда белги берибди, ахир, бу ерда бизнинг аждодларимиз яшаб ўтган бўлса? — сўради бошқа бир қабила бошлиғи. — Чунки менинг кўзларим ҳали саҳрога кўникмаган, бу ерликлар пайқамаган нарсаларни кўради, — деди Сантяго ва кўнглидан: «Боз устига менга Олам Қалби очилган», деган гап ўтди. Бу сўнгги гапни у овоз чиқариб айтмади — араблар бундай нарсаларга ишонишмайди. — Мен фақат кўрганимни айтдим. Ишонмасангиз, бу сизнинг ихтиёрингиз. Чодирга оғир жимлик чўкди, кейин қабилалар бошлиқлари қизишиб, гапга киришиб кетишди. Улар гапираётган лаҳжани Сантяго тушунмасди, бироқ у эшикка томон қадам ташлаганда соқчи қўлидан тутди. Бўзбола қўрқиб кетди. Белгилар хатарни даракларди ва у Туякашга кўнглини очганидан афсусланди. Бироқ ўртада ўтирган қария кулимсиради ва Сантяго дарҳол хотиржам бўлди. Шу пайтгача у бирор сўз қотмаган, тортишувга қўшилмай ўтирган эди. Бироқ Умум Тилидан хабардор бўзбола қўшиннинг яқинлашиб келаётганидан чодир титраётганини ҳис этди ва бу ерга келиб тўғри қилганини тушунди. Чодирдагилар жим бўлишди ва қариянинг гапини диққат билан эшитишди. Қария Сантягога ўгирилиб қаради ва бу сафар бўзбола унинг юзида совуқ бегонасирашни пайқади. — Икки минг йилча бурун бу ердан узоқда, кўрган тушларга ишонадиган бир одамни қудуққа ташлашган, кейин қул қилиб сотиб юборишган, — гап бошлади қария. — Бизнинг савдогарлар уни Мисрга олиб келишган. Ҳаммамизга маълум, тушларга ишонган одам уларнинг таъбирини ҳам билади. «Гарчи ҳар доим ҳам уларни ростга ўнгара олмаса-да», — ўйлади Сантяго лўли кампирни эслаб. — Ўша одам Фиръавнга унинг етти озғин ва етти семиз сигир ҳақидаги тушини тўғри таъбирлаб, Мисрни очарчиликдан сақлаб қолган. Унинг исми Юсуф эди. У ҳам сендай бир мусофир эди, ёши ҳам сен тенги эди. Қария жим қолди. Унинг кўзлари ҳануз совуқ боқарди. — Биз доим урф-одатни сақлаймиз. Урф-одат Мисрни очарчиликдан қутқарди, халқини бошқа халқлар орасида энг бой-бадавлатга айлантирди. Урф-одат саҳрода юриш ва қизларимизни эрга узатишни ўргатади. Унга кўра, воҳа — ҳеч кимга тегишли бўлмаган ер, зотан, жанг қилаётган ҳар икки тараф бу ерга муҳтож, усиз ҳалок бўлиши тайин. Ҳеч кимдан садо чиқмади. — Аммо Урф-одат бизга саҳро даракларига ишонишни уқтиради. Нимагаки ақлимиз етса, буларни бизга саҳро ўргатган. Унинг ишораси билан ҳамма араблар қўзғалишди. Маслаҳат тугаган эди. Чилимнинг чўғини ўчиришди, соқчилар саф тортишди. Сантяго ташқарига чиқмоқчи бўлганди, қария тағин гап бошлади: — Эртага биз воҳада ҳеч ким қурол олиб юришга ҳақи йўқ, деган қоидани бекор қиламиз. Кун бўйи душманни кутамиз, қуёш ботганда жангчиларим менга қуролларини топширишади. Ўлдирган ҳар ўн нафар душман учун сен тилла оласан. Бироқ қурол, модомики, қўлга олинган экан, у шунчаки қайта жойига қўйилмайди, қурол душман қонини татиши керак. Зотан, қурол саҳродай инжиқ нарса, кейинги сафар отишдан, чопишдан бўйин товлаши мумкин. Агар эртага бизнинг қуролимизга иш топилмаса, биз уни сенга қарши ишлатамиз. Бўзбола чодирдан узоқлашганда воҳани фақат тўлин ой ёритиб турганини кўрди. У яшаб турган чодиргача йигирма минутли йўл босиб ўтиларди, у чодири томон юрди. Бўлиб ўтган воқеадан у ташвишга тушди. У Олам Қалбига уйғунлаша олди ва шунинг эвазига, эҳтимол, энди ўз ҳаётини бериб қутулар. Бу жуда қимматга тушмайдими? Бироқ унинг ўзи танлади буни, Ўз Тақдири йўлидан бормоқчи бўлиб қўйларини сотди. Туякаш айтганидай, бир бошга бир ўлим... Барибир эмасми: эртага ўлдинг нима-ю, бошқа куни ўлдинг нима? Яшайдиган ёки қазойингни топадиган ҳар қандай кун маъқул аслида. Ҳаммаси «Мактуб» сўзига боғлиқ. Сантяго жим юриб бораётир. У ҳеч нимадан афсусланмас, ҳеч нимага ачинмасди. Мабодо эртага ўлиб қолса, демак, Тангри унинг келажагини ўзгартиришни хоҳламаган бўлади. Бироқ у куни битгунча нималаргадир улгурди: бўғоздан сузиб ўтди, дўкондаги ишларни уддалади, саҳрони енгди, унинг сукунатини ва Фотиманинг кўзларидаги маънони уқди. Уйини тарк этганидан бери бирор-бир куни бўш, самарасиз кетгани йўқ. Агар эртага кўзлари мангуга юмилса-да алам қилмайди, зотан, у бошқа чўпонлардан кўра кўп нарсаларни кўриб қолишга эришди. Сантяго шундан таскин топарди. У туйқусдан гумбурлаган товушни эшитди ва қутуриб эсган сирли шамолнинг шиддати уни ерпарчин қилди. Қум тўзони ойни бекитди. Бўзбола рўпарасида турган ҳайбатли оқ отни кўрди — от орқа оёқларига таяниб, тик чўпчиганча қаттиқ кишнарди. Қум тўзони бироз босилганда Сантягони ҳалигача ўзи ҳис этмаган қўрқув даҳшати чулғаб олди. Оқ отда саллали, қора либосда, чап кифтига қирғийни қўндирган сувори ўтирарди. Унинг юзи бурканган, фақат кўзлари кўринади. Новчалигини айтмаганда, у карвонни қаршилаб, саҳрода нималар содир бўлаётганидан йўловчиларни хабардор қилган бадавийларнинг бирига ўхшарди. Ой шуъласи эгилган тиғда жилваланди — чавандоз эгарга қайиш билан танғиб бойланган қилични қўлига олди. У Эл-Фаюм воҳасининг беш минг хурмо дарахтини титратадиган гулдуросли овозда ҳайқирди: — Қирғийлар парвозининг маънисини илғамоққа журъат қилган ким? — Мен, — жавоб қилди Сантяго. Айни дақиқада, унинг назарида, сувори Маврлар Ғолиби, туёқлари билан ғайридинларни топтаётган оқ отнинг белидаги авлиё Ёқубнинг тасвирига айнан ўхшаб кетди. Ҳаммаси сиртдан айнан ўхшаш, фақат бу ердаги сувори бошқа. — Мен, — такрор айтди у ва қиличнинг зарбини кутиб бошини эгди. — Кўп кишиларнинг жони омон қоларди, бироқ сиз Олам Қалбига уйғун келадиган қарорни қабул қилмадингиз. Қилич дами бўзболанинг манглайига теккунча, секин тушиб келди. Бир томчи қон чиқди. Сувори қилт этмай турарди. Сантяго ҳам дамини ичига ютди. У ҳатто қочиб қутулишга уринмади. Вужудининг туб-тубида ғалати умид учқунлади: у Ўз Тақдири йўлида ҳалок бўлади. Фотима учун ҳалок бўлади. Демак, белгилар алдамаган. Мана, Душман манглайида турибди, шу боис ажал унга даҳшат сололмайди, зотан, Олам Қалби мавжуд ва бир нафасдан сўнг у Олам Қалбининг бир қисмига айланади. Эртага унинг қисмати Душманнинг бошига ҳам тушади. Сувори ҳануз қиличини сермашга шошилмас эди. — Нега бундай қилдинг? — Мен қирғийлар парвози дараклаган хабарни эшитдим ва бунинг маънисини тушундим, холос. Улар воҳани қутқармоқни исташди. Воҳанинг ҳимоячилари сизларни қириб ташлайди, улар кўпчилик. Қиличнинг дами ҳануз унинг манглайига тегиб турарди. — Кимсан ўзинг, Оллоҳнинг ишига аралашадиган? — Оллоҳ фақат қўшиннимас, қушларни ҳам яратган. Уларнинг тилидан мени Оллоҳ воқиф қилди. Дунёдаги жамики кору аъмоллар битта қўлда битилган, — жавоб қилди бўзбола Туякашнинг сўзларини эслаб. Ниҳоят сувори қиличини четга олди. Сантяго нафасини ростлади. — Башорат қилишда эҳтиёт бўл, — деди сувори. — Ҳеч ким пешонасига ёзилганидан қочиб қутулмайди. — Мен фақат қўшинни кўрдим, — деди бўзбола. — Жанг оқибати менга аён бўлгани йўқ. Бундай жавоб суворига маъқул келди, бироқ у қиличини қинига жойлашга ошиқмади. — Хўш, бу ерда муҳожир нима қилиб юрибди? — Мен ўз Йўлимни излаяпман. Бироқ сен буни тушунмайсан. Сувори қиличини қинига жойлади. Унинг кифтидаги қирғий чийиллаб товуш берди. Сантягони чулғаган танг ҳолат бир қадар бўшашди. — Мен сенинг чиндан жўмард эканингни билмоқчи эдим. Умум Тилини қидираётганлар учун бундан муҳим нарсанинг ўзи бўлмайди. Бўзбола ҳайрон қолди. Сувори камдан-кам одамларнинг ақли етадиган нарсалар ҳақида мулоҳаза юритарди. — Бундан ташқари, ҳатто узоқ йўлнинг танобини тортган эсанг-да, бир нафасга ҳам бўшашмаслик керак, — давом этди сувори. — Саҳрони севиш ҳам мумкин, аммо унга тўла-тўкис ихтиёрингни топшириб бўлмайди. Зотан, саҳро — одам учун синов: бир нафас хаёлингни бўлсанг, бас, ҳалокатга учрайсан. Унинг гаплари Сантягога кекса Малкисидқни эслатди. — Жангчилар бу ерга келишган чоғда, агар бошинг омон бўлиб турса, мени изла, — деди сувори. Боя қилич дастасини тутиб турган сувори қўлида қамчи кўринди. От тағин туёқларидан тўзон кўтариб, елди. — Сен қаерда яшайсан, — унинг ортидан қичқирди Сантяго. Сувори елиб бораётган от устида қамчи билан жанубга ишора қилди. Бўзбола Алкимёгарни учратган эди. Эртаси куни тонгда Эл-Фаюм воҳаси хурмозорларида қуролланган икки минг киши саф тортди. Уфқдан беш юзтача жангчининг қораси кўринган паллада қуёш ҳали унча кўтарилмаган эди. Отлиқлар воҳага шимол тарафдан кириб келишди, улар ўзларини гўё тинчлик истаб келишаётгандай қилиб кўрсатишар, қуролларини оқ яктаклари тагига бекитиб олишганди. Қабила бошлиқларининг каттакон чодирига етиб келишган пайтда уларнинг қўлларида қуроллар ва қайрилма қиличлар пайдо бўлди. Бироқ чодир бўм-бўш эди. Воҳа аҳли саҳро сувориларини қуршаб олишди, ярим соатдан сўнг қумда тўрт юз тўқсон отлиқнинг жасади қолди. Болаларни хурмозорга элтишди, улар чодирларда эрларининг дуо-ю жонини қилиб ўтиришган аёллар қатори ҳеч нимани кўришмади. Ҳалок бўлганларнинг чалқайиб ётган жасадларини айтмаганда, воҳада ҳар доимги ҳолат ҳукм сурарди. Эл-Фаюмга бостириб кирган отлиқлардан ёлғиз уларнинг сардори омон қолди. Уни қабилалар бошлиқлари олдига келтиришди ва бошлиқлар ундан не боис Урф-одатни бузишга ботиндинг, дея сўрашди. У бир неча кунга чўзилган жангларда очлик ва сувсизликдан жангчиларнинг мадори қуригани, воҳани эгаллашса, ўзларига келиб, кейин яна урушни бошламоқчи бўлишганини айтди. Жангчиларга қанчалик ачинмайлик, бироқ Урф-одатни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деди қабила оқсоқоли. Саҳрода фақат шамолнинг таъсиридан қум барханларининг шакли ўзгаради, қолган барчаси аслича қолади. Ҳарбий сардорни шармандали ўлимга ҳукм этишди: ўқни ҳам, қилич зарбини ҳам унга раво кўришмади, қуриган хурмо дарахтига осишди ва саҳродан эсган шамол унинг жасадини анча вақт тебратиб турди. Қабила оқсоқоли муҳожирни чақириб, унга элликта тилла танга тақдим этди. Кейин у яна Юсуфнинг тарихидан сўзлаб берди ва бўзболадан ўзига Бош Маслаҳатчи бўлишини сўради. Кун ботиб, осмонда юлдузлар энди хира ёриша бошлаганда (чунки ой тўлишган палла эди) Сантяго жанубга қараб юрди. У ёқда фақат битта чодир бор эди, йўлида дуч келганлар бу жой жинларнинг қароргоҳи эканини айтди. Бироқ у чодирнинг олдига ўтириб олиб, кута бошлади. Алкимёгар ҳа деганда қорасини кўрсатмади — ой эса аллақачон тепага кўтарилиб кетганди. Ниҳоят Алкимёгар кўринди, унинг елкасида бир жуфт ўлган қирғий осилиб турарди. — Мен шу ердаман, — деди Сантяго. — Бекор келибсан. Наҳот Тақдиринг сени менинг олдимга йўллаган бўлса? — Уруш бўлаяпти. Мен саҳродан ўтолмайман. Алкимёгар шошилди, имо билан Сантягони ичкарига таклиф этди. Қабила бошлиқларининг шинам безалган эртакнамо чодирини айтмаганда, Алкимёгарнинг макони воҳа аҳлининг чодирларидан фарқ қилмасди. Сантяго ичкарига кўз югуртириб металл эритадиган қозон ва кўрани, алкимёвий шиша идишларни қидирди, бироқ чодирда бир неча тўзиган китобдан бошқа нарса кўзга чалинмади. Ерга сирли нақшлар солиб тўқилган гилам ташланган эди. — Ўтир, мен ҳозир чой дамлайман, — деди Алкимёгар. — Қирғийларни пишириб овқатланамиз. Бўзбола булар ўша — у яқиндан учиб юрганини кўрган қушлар бўлса керак, деб ўйлади, бироқ бу ҳақда гапирмади. Алкимёгар ўчоқни ёқди ва ҳаял ўтмай чодирга парранда гўштининг хушбўй ҳиди таралди. Бу тамаки ҳидидан кўра ёқимлироқ эди. — Қандай мени истаб келдинг? — Ҳаммасига белгилар сабаб, шамол менга сенинг келишингни ва сенга менинг ёрдамим зарурлигини айтди. — Йўқ, бу мен эмас, балки бошқа йўловчи — англиялик. Сени излаган ўша. — Мени топгунича у кўп кишилар билан учрашиши лозим. Бироқ у тўғри йўлдан бораяпти. У фақат китобларга қараётгани йўқ. — Мен-чи? — Агар сен бирор нарсани истасанг, бутун Олам истагинг рўёбга чиқишига хайрихоҳлик қилади, — Алкимёгар кекса Малкисидқнинг сўзларини такрор айтди ва бўзбола Ўз Тақдири йўлидан боришга кўмаклашадиган яна бир одамни учратганини англади. — Сен менга таълим берасанми? — сўради у. — Йўқ. Сен зарур нарсаларни биласан. Мен фақат сени хазинанг томон йўллайман, холос. — Бироқ саҳрода жанг кетаяпти, — такрорлади Сантяго. — Саҳро менга таниш. — Мен хазинамни топганман. Менда туя ва пул бор, уларни биллур савдоси билан шуғулланиб, ишлаб топганман, яна элликтача тилла тангам бор. Энди юртимда мен бой ҳисобланаман. — Бироқ булар сени эҳромларга бир одим ҳам яқинлаштира олмайди, — эслатди Алкимёгар. — Менинг Фотимам бор. Бу хазина қолган ҳамма бойликдан устун. — Ундан эҳромгача бўлган йўл ҳам узоқ. Улар жим қолишди ва овқат ейишга киришишди. Алкимёгар шиша идишнинг тиқинини очиб, Сантягонинг стаканига аллақандай қизил суюқлик қуйди. Бу вино экан, бўзбола умрида ҳали бунақасини татиб кўрмаганди. Бироқ Қонун вино ичишни таъқиқлайди. — Одамнинг оғзидан киргани эмас, балки оғзидан чиққани ёмон, — деди Алкимёгар. Вино ичиб Сантяго яйради. Бироқ Алкимёгар ҳануз уни сергаклантирадиган гапларни айтарди. Улар чодирнинг эшиги олдида ёнма-ён ўтиришиб, тўлин ой ёғдусида юлдузларнинг хира тортиб бораётганини кузатишарди. — Ич яна — бу сени чалғитади, — деди Алкимёгар, винонинг бўзболага таъсир қилганини пайқаб. — Кучингни йиғ, жанг олдидаги жангчидай. Бироқ унутма, сенинг юрагинг у ёқда, хазина ётган жойда. Уни топиш керак, бу йўлда ниманики тушуниб етсанг, ҳис этсанг, барчаси мазмун-моҳият касб этади. Эртага туянгни пулла ва от сотиб ол. Туяларнинг феъли бемаза: чарчоқ нималигини билмай лўкиллагани-лўкиллаган. Кейин туйқусдан таппа ётиб ўлиб қолади. От эса секин-аста толиқади. Йўрғалашига қараб яна қанча юришини ва қачон йиқилишини билса бўлади. Орадан бир кун ўтиб, кеч кирганда Сантяго, отни юганидан етаклаб, Алкимёгарнинг чодирига келди. Шу орада Алкимёгар ҳам чиқиб келди, отига минди, қирғий эса унинг чап кифтидан жойини эгаллади. — Менга саҳрода тириклик аломатини кўрсат, — деди у. — Бу ерда тириклик аломатини топа олган кишигина хазинани қўлга киритади. Улар ойдинда қум тепалар оралаб йўлга тушишди. «Буни уддалашим қийин, — ўйлади Сантяго. — Мен саҳрони билмасам, ундаги тириклик аломатини тополмайман». У Алкимёгарга қараб бу ҳақда гапирмоқчи бўлди, бироқ чўчиди. Улар бўзбола қирғийлар парвозини кузатган тошлар ёнига келишди. — Уддалай олмайман деб қўрқаман, — деди Сантяго барибир ичидагини яшириб ўтирмай. — Саҳрода тириклик аломати борлигига ишончим комил, бироқ уни мен топа олмайман. — Тириклик яшашга чорлайди, — деди унга жавобан Алкимёгар. Бўзбола уни тушунди, юганни бўшатди ва от қум, тош оралаб ўзига йўл топиб юра бошлади. Алкимёгар отнинг изидан юриб келарди. Шу зайл ярим соат ўтди. Хурмозорлар ортда қолди, улкан қоя тошлардан бошқа ҳаммаси баркашдай ой ёруғида кўздан ғойиб бўлди. Ниҳоят, Сантягонинг оти тўхтади — бу ерга бўзбола бурун келмаган эди. — Бу ерда тириклик аломати бор, — деди у Алкимёгарга. — Менга саҳронинг тили тушунарсиз, бироқ отим тириклик тилини тушунади. Улар шошилишди. Алкимёгар сукут сақларди. Тошларга назар ташлаб, у вазмин қадам ташларди. Кейин бирдан тўхтади ва эҳтиёт бўлиб эгилди. Тошлар орасида ер ёриғи қорайиб кўринарди. Ёриққа у бармоғини тиқди, кейин эса қўлини елкасигача ёриққа жойлади. Ичкарида нимадир шитирлади, Сантяго Алкимёгарнинг кўзларида (унинг фақат кўзларини кўриб турарди) жиддий эътиборни уқди: гўё у биров билан олишаётгандай сердиққат эди. Кейин у қўлини ёриқдан илкис тортиб олди, кутилмаган бу ҳаракатдан Сантяго бир сесканди ва Алкимёгар ирғиб ўрнидан турди. У илонни думидан ушлаб кўтариб турарди. Сантяго ҳам чаққон туриб, ортга тисланди. Илон типирчилаб саҳронинг ўлик сукунатини бузиб, Алкимёгарнинг бармоқларига ўзини урарди. Бу бир чақишдаёқ ўлдирадиган кобра илони эди. «Қўрқмас экан-а?» — бўзболанинг хаёлидан шу фикр ўтди. Алкимёгар илоннинг инига қўлини тиқиб, ҳаётини хавф остига қўйди, бироқ унинг юзи хотиржам эди. «У икки юз ёшда», — Сантяго англияликнинг гапини эслади. Демак, саҳрода илонлар билан муомала қилишни билар экан. Мана, у отининг олдига келди ва эгарга танғиган қайирма қиличини қинидан чиқарди. Қумга доира шаклини чизиб, ўртасига тинчиб қолган кобрани қўйди. — Қўрқма, — деди Сантягога. — Бу ердан чиқиб кетолмайди. Сен эса саҳрода ҳаёт мавжудлигига далилни кўрдинг. Менга шу керак эди. — Бу шунчалик муҳиммиди? — Жуда муҳим. Эҳромлар саҳролар билан ўралган. Сантяго яна эҳромлар ҳақида гаплашишни истамаётган — кечадан бери кўнглига қил сиғмаётган эди. Хазиналарга бориш Фотимадан ажралиш билан тенг эди. — Мен ўзим сенга йўл бошловчи бўламан, — деди Алкимёгар. — Воҳада қолганим маъқул эди, — жавоб қилди Сантяго. — Фотимани учратган бўлсам, ахир, у менга дунёдаги барча хазиналардан кўра азиз. — Фотима — саҳро қизи. Унга эркакларнинг бир куни уйларига қайтиб келиши учун сафарга жўнаб кетишлари ойдай равшан. У ҳам ўзининг хазинасини қўлга киритди — бу сен. Энди эса сенинг ўзинг қидираётган нарсангни топишингга умид қилаётир. — Воҳада қолишга қарор қилсам-чи? — Унда Оқсоқолга Маслаҳатчи бўласан. Тилланг кўп бўлади, сон-саноқсиз қўй, туя сотиб оласан. Фотимага уйланасан, бир йилча у билан бахтли яшайсан. Саҳрога меҳр қўясан, беш минг тўп хурмо дарахтининг ҳар бирини танийдиган бўласан, бўйини бўйингга ўлчаб, уларнинг қандай ўсишини, дунё мунтазам ўзгариб туришини тушунасан. Кун оша белги-аломатларни теранроқ фарқлай борасан, зотан, саҳродан-да яхши муаллим йўқ. Бироқ орадан йил ўтиб, сен хазина ҳақида ўйлайсан. Белгилар уни тез-тез ёдингга солаверади, бироқ сен бунга эътибор қилмасликка уринасан. Бор билимингни воҳа, унинг аҳли фаровонлиги учун сарфлайсан. Қабилалар бошлиқлари сендан мамнун бўлишади, туялар сенга кўп бойлик келтиради ва ҳокимиятингни мустаҳкамлайди. Яна бир йил ўтади. Белгилар хазина ва Йўлни мунтазам уқтириб туради. Узоқ тунларда азонгача воҳада санқийсан, Фотима эса изтироб чекади, чунки ўзи туфайли сенинг изланишларинг барбод бўлганини тушуниб етади. Бироқ сен Фотимани ҳануз севасан, у ҳам сени яхши кўради. Бирор марта ҳам у сени қолишга ундамаганини бот-бот эслайсан, чунки саҳро аёллари эрлари қайтиб келгунча кута олишади. Ва сен Фотимадан бирор-бир айб топа олмайсан, бироқ кўп оқшомларни бирваракайига саҳро ва хурмозорларни кезиб ўтказасан, Фотимага бўлган муҳаббатимга чин дилдан ишонмаганимда бу ердан жўнаб кетардим, деб ўйлайсан. Аслида сени воҳада қўрқув ушлаб турибди — бу маконга бошқа қайтиб келолмайман, деб қўрқасан. Ана шунда белгилар хазинадан умрбод маҳрум бўлганингни сенга айтади. Тўртинчи йилга келиб белгилар йўқолади, чунки сен уларни илғашни хоҳламайсан. Буни пайқаган оқсоқол сенинг хизматингдан воз кечади, бироқ бунгача сен бой-бадавлат савдогарга айланасан, кўп дўконларинг ва сурув-сурув тойларинг бўлади. Ва умрингнинг охиригача, Ўз Йўлингдан юрмаганингни била туриб, хурмозорлару саҳрони кезасан, охир-оқибат энди кеч бўлганини тушуниб етасан. Шундай қилиб, севги инсоннинг Ўз Тақдири йўлидан боришга ҳеч қачон халал бермаслигини сен ҳеч қачон англаб етмайсан. Агар шундай бўлса, демак, бундай севги чин эмас, ҳақиқий эмас, дейилади Умум Тилида, — дея сўзини якунлади Алкимёгар. У қумга чизган доирани бузди ва кобра судралиб, тошлар орасида кўздан ғойиб бўлди. Сантяго бир умр Маккага зиёратни орзу қилган биллур сотувчи савдогарни, Алкимёгарни қидирган англияликни эслади. Бир кун келиб саҳро ўзи суйишни истаган йигитни етказишига ишонган аёлни ҳам эслади. Улар отларга минишди. Бу сафар Алкимёгар олдга тушди. Шамол воҳадаги одамларнинг овозини олиб келди ва бўзбола бу товушлар орасида Фотиманинг овозини танишга уринди. Жанг боис у кейинги кунлар қудуқ олдида қизни учратмаган эди. Бироқ бугун оқшом у қумга чизилган доирадан чиқиб кетолмаган кобрани кузатди, кифтида қирғий билан юрган сирли суворининг гапларини тинглади, сувори унга севги ва хазиналар ҳақида, саҳро аёллари ва Ўз Тақдири ҳақида гапирди. — Мен сен билан бирга кетаман, — деди Сантяго ва шу лаҳзада руҳи хотиржам бўлганини ҳис этди. — Биз эртага йўлга чиқамиз, бундан-да қоронғуроқ паллада, — қисқа жавоб қилди Алкимёгар. Тун бўйи у кўзларини юммади. Қуёш чиқишига икки соатлар қолганда ўзи билан бир чодирда ётган болалардан биттасини уйғотди ва Фотима қаерда яшаётганини сўради. Улар ташқарига бирга чиқишди ва Сантяго унга миннатдор бўлганидан қўй сотиб олиши учун пул берди. Кейин қизни уйғотишини сўраб, қаерда кутишини айтди. Араб бола унинг бу илтимосини ҳам бажарди ва яна битта қўйга пул олди. — Энди бизни холи қолдир, — деди Сантяго ва бола кимсан Маслаҳатчига ёрдам берганидан ғурурланиб, боз устига, энди қўй сотиб олиш учун пули борлигидан қувониб, чодирга қайтди ва ухлагани ётди. Фотима чиқди. Улар хурмозор оралаб кетишди. Сантяго урф-одатга зид иш тутаётганини биларди, бироқ ҳозир бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас эди. — Мен жўнаяпман, — деди у. — Бироқ сенинг ишонишингни хоҳлайман: мен, албатта, қайтаман. Мен сени севаман, чунки... — Гапириш шарт эмас, — унинг сўзини бўлди қиз. — Одам яхши кўргани учун ҳам севади. Севги далил-исботларга муҳтож эмас. Бироқ Сантяго гапини давом эттирди: — ... чунки мен аввал туш кўрдим, кейин подшоҳ Малкисидқни учратдим, биллур сотдим, саҳрони кесиб ўтдим, воҳага келиб қолдим жанг бошланганда ва қудуқнинг олдида сендан Алкимёгарнинг қаерда яшашини сўрадим. Мен сени яхши кўраман, чунки бутун Олам бизнинг учрашувимизга хайрихоҳ. Улар қучоқлашишди ва вужудлари илк бор бир-бирига тегди. — Мен қайтаман, — такрорлади Сантяго. — Авваллари мен саҳрога орзуманд бўлиб қарардим, энди эса умид билан термуламан. Менинг отам ҳам бир неча бор саҳрога кетган, бироқ ҳар сафар онамнинг ёнларига қайтган. Бошқа бирор-бир сўз айтилмади. Улар яна хурмозор тагида бироз юришди, сўнг Сантяго Фотимани чодиргача кузатиб қўйди. — Мен қайтаман, отанг қайтиб келганидай. У қизнинг кўзларида ёш йилтираганини кўрди. — Йиғлаяпсанми? — Мен саҳро аёлиман, — деди Фотима, юзини яшириб. — Бироқ авваламбор мен — оддий аёлман. Қиз чодир ичига ғойиб бўлди. Тонг оқариб келарди. Одатдаги кун бошлангач, Фотима неча йиллардан бери шуғулланиб келаётган иши билан машғул бўлади, бироқ энди ҳаммаси бошқача кечади. Воҳа энди қизнинг наздида бурунги қимматини бир қадар йўқотади, чунки воҳада Сантяго йўқ. Аввал бошқача эди — яқингинада бу жой эллик минг туп хурмо дарахти гуркираб турган, уч юзта қудуқли, саҳро кезиб чанқаган йўловчилар оройиш топадиган маскан эди. Энди қизнинг назарида воҳа бўшаб, ҳувиллаб қолди. Бугундан бошлаб саҳронинг қадри ортади. Фотима энди саҳрога умид кўзи билан термилади, хазиналарини қидириб кетган Сантягонинг қайси юлдузни мўлжалга олиб йўл босаётганини топишга уринади. Шамол орқали ўзининг қайноқ ўпичларини йўллаб, улар Сантягонинг юзига тегишига умидланади ва пичирлаб ўзининг соғ-саломат эканини, уни кутаётганини айтади. Бугундан бошлаб саҳро Фотима учун умид маконига айланади: у ёқдан Сантяго ёнига қайтади. — Ортда қолганлар ҳақида ўйлама, — деди Алкимёгар, улар қум тепалар оралаб йўлга тушишганда. —Ҳаммаси аллақачон Олам Қалбида қайд этилди ва шу жойда мангу сақланади. — Одамлар кетишдан кўра қайтиш ҳақида кўпроқ ўйлашади, — деди Сантяго, саҳронинг сукунатига тағин кўника бошларкан. — Агар сен топган топилдиқ пишиқ нарсадан ясалган бўлса, унга ҳеч қандай инсу жинс дахл қилолмайди. Ва сен бемалол қайтишинг мумкин. Агар бу нарса, худди юлдуз бир йилт этиб учгани каби, нари-бери ясалган бўлса, қайтган чоғингда ҳам ҳеч нимага эга чиқолмайсан. Бироқ сен, ҳарқалай, йилт этган нурни кўрган бўласан. Демак, бу бошдан кечиришга арзирли ҳол. У алкимё ҳақида гапираётганга ўхшарди, Сантягога эса у Фотимани назарда тутиб гапираётгандай туюлди. Ортда қолганлар ҳақида ўйламаслик мушкул эди. Саҳронинг якранг кўриниши эслашга, орзу қилишга мажбур этарди. Сантягонинг кўз ўнгидан хурмозор, қудуқлар ва суйганининг чеҳраси кетмасди. У англияликни шиша идишлари, асбоб-анжомлари билан учратди, Туякашни — ўзининг ақл-идрокини пешламайдиган чинакам донишмандни учратди. «Балки Алкимёгар ҳеч қачон ҳеч кимни севмагандир», — ўйлади у. Алкимёгар сал олдда йўртиб бораётир, унинг кифтида қирғий ўтирибди — қуш саҳро тилидан тўла воқиф — улар тўхташган чоғда ўлжа излаб ҳавога кўтарилади. Биринчи куни у чангалида қуён билан қайтди. Иккинчи кун — бир жуфт қуш билан. Тунда улар кўрпани ёйишди. Саҳро туни этни жунжиктирадиган салқинлигига ва ой ботиши билан қоронғулик қуюқлашганига қарамай гулхан ёқишмади. Сафарнинг биринчи ҳафтасида йўлдошлар, гурунглашган бўлишса-да, фақат жанг қилаётган қабилаларни четлаб ўтиш ҳақида гапиришди. Уруш давом этаётганди — баъзан шамол қоннинг ачқимтил ҳидини олиб келарди. Унча узоқ бўлмаган жойда жанг борарди ва шамол бўзболага Белгилар Тили мавжудлигини, бу тил кўз кўра олмайдиган нарсалардан хабар беришга тайёр эканини эслатди. Сафарнинг саккизинчи куни Алкимёгар, одатдагидан кўра барвақтроқ, дам олиш учун қўнишга қарор қилди. Қирғий осмонга учди. Алкимёгар сув солинган сувдонни Сантягога узатди. — Сенинг жаҳонгашталигинг поёнига етмоқда, — деди у. — Қутлайман. Сен Ўз Йўлингдан четга чиқмадинг. — Сен эса йўл бўйи чурқ этмадинг. Мен бўлсам, билганларингни ўргатарсан, деб ўйлабман. Мен саҳрони алкимёга доир китоблари бор бир одам билан босиб ўтгандим. Бироқ улардан ҳеч нимани тушунмадим. — Англашнинг фақат битта йўли бор, — жавоб қилди Алкимёгар. — Ҳаракат қилмоқ. Саёҳат сени зарур бўлган нарсаларнинг барисига ўргатди. Фақат бир нарса қолди билишинг керак бўлган. Сантяго унинг нима эканини сўради, бироқ Алкимёгар осмон гумбазидан кўзини узмасди — у ўзининг қирғийини кузатарди. — Нега сени Алкимёгар дейишади? — Чунки мен Алкимёгарман-да. — Бошқа алкимёгарларнинг — олтинни қидириб топишолмаганларнинг хатоси нимада? — Хатоси шундаки, улар фақат олтинни қидиришган. Улар йўлда бекитилган хазиналарни излаш билан овора бўлиб, йўлдан четга чиқиб кетишган. — Хўш, менинг камчилигим нимада? — саволини такрорлади бўзбола. Алкимёгар ҳануз осмонга қараб турарди. Тез орада қирғий ўлжа билан қайтди. Улар қумлоқда ўчоқ қазиб, четдан қараганда кўзга чалинмайдиган гулхан ёқишди. — Мен Алкимёгарман, чунки алкимёгарлик қиламан, — деди у. — Бу илмнинг сирлари бобомдан ўтган, унга — унинг бобосидан ва олам пайдо бўлгандан бери шундай. Ўша қадим замонларда олам деганлари зумраднинг қиррасига жо бўлган. Бироқ одамлар оддий нарсаларга эътиборсиз, шу боис қадимда фалсафий асарлар ёза бошлашган. Қаёққа қараб юриш лозимлигини ўшалар билишади, бошқалар гапи асоссиз, деб ўйлашган. Бироқ Зумрад Лавҳа бугун ҳам бор. — Унда нима ёзилган? — қизиқиб сўради бўзбола. Алкимёгар беш дақиқа қумга нималарнидир чизди, бу пайт Сантяго бозор майдонида кекса подшоҳни қандай учратганини эслади, ўшандан бери жуда кўп йиллар ўтгандай туюлди унга. — Қара, қумга нима ёзилганига, — деди Алкимёгар, шаклни чизиб бўлиб. Сантяго яқин келиб, ўқиди. — Ахир, бу шифр-ку! — норози бўлиб хитоб қилди у. — Бу англияликнинг китобидагидай. — Йўқ. Бу айни қирғийларнинг осмондаги парвозидай: буни ақл билан тушуниб бўлмайди. Зумрад Лавҳаси — бу Олам Қалбининг номаси. Донишмандлар бизнинг яшаётган дунё жаннатга қиёсан, унга ўхшатиб яратилганини аллақачон тушуниб етишган. Бу дунёнинг мавжудлиги ўзи — бошқа, бундан-да мукаммал дунё борлигининг кафолатидир. Қодир эгам уни одамлар қалб кўзи билан кўриб руҳлари камол топсин ва ўз ақлларининг мўъжизаларидан ҳайратга тушсин, деб бино қилган. Ва айни шуни мен Ҳаракат деб атайман. — Мен ҳам Зумрад Лавҳасини ўқишим керакми? — Агар сен ҳозир алкимёгарнинг лабораториясида бўлганингда, уни англашнинг энг яхши усулини ўрганардинг. Бироқ сен саҳродасан — демак, саҳрога уйғунлаш. Саҳро жамики тириклик каби сенга оламни тушунишда кўмаклашади. Саҳродаги ҳамма нарсани билишнинг ҳожати йўқ, Буюк ижод мўъжизаларини кўриш учун бир қум зарраси кифоя. — Мен қандай қилиб саҳрога уйғунлашаман? — Юрагингга қулоқ тут. Унга оламдаги ҳамма нарса аён, зотан, юрак Олам Қалби билан туғишган ва вақти келиб унга қайтади. Улар чурқ этишмай яна икки кун йўл юришди. Алкимёгар ташвишли кўринди: улар шафқатсиз жанг бораётган жойга яқин келиб қолишган эди. Бўзбола эса ҳануз юрагининг овозини эшитишга уринарди. Унинг юраги эса ўжар эди: авваллари мудом қаёқларгадир талпинарди, энди қандай бўлмасин ортга қайтишга ундайди. Гоҳида юраги унга соатлаб нурга йўғрилган воқеаларни ҳикоя қилса, баъзан кўтарилиб келаётган қуёшдан чунонам ҳапқириб шод бўлиб кетадики, Сантяго пана жойга ўтиб йиғлаб олади. Хазиналардан гап очилганда юраги тез уриб кетар, бўзболанинг кўзлари бепоён саҳро уфқларига термилганда эса тинчиб қоларди. — Нега биз юракка қулоқ тутишимиз керак? — сўради у, дам олиш учун қўнишганда. — Юрак қаерда бўлса, хазина ҳам ўша жойда. — Менинг юрагим лиммо-лим, — деди Сантяго. — У орзу қилади, ҳаяжонланади, саҳрода аёлларга талпинади. Доим нимагадир интиқ, Фотима ҳақида ўйладим дегунча тамом — тун бўйи уйқу бермайди. — Шуниси яхши-да. Демак, у тирик. Эшитавер. Кейинги уч кунда улар жангчиларни учратишди, бошқалари узоқдан кўриниш берди. Сантягонинг юраги қўрқувдан огоҳ этди. Хазина излаб йўлга чиққан, бироқ уни топа олмаган одамлар ҳақида гапирди. Гоҳида у бўзболани хазинани топа олмаслиги, эҳтимол, саҳрода ўлиб кетиши хаёли билан қўрқитарди. Баъзан борига шукр қилишни уқтирарди: унинг севган қизи ва бир талай олтин тангаси бўлса, яна нимаси кам. — Юрагим хиёнат қилаяпти, — деди у Алкимёгарга, улар отларнинг оёғини совутиш учун тўхташганди. — Менинг йўлни давом эттиришимни хоҳламаяпти. — Бу яхшилик аломати, — такрорлади у. — Демак, юрагинг бир бўлак гўштга айланиб қолмаган. Табиийки, эришилган тажрибаларни орзу-хаёллар шамолига совуришдан юрагинг ташвишланаяпти. — Ундай бўлса, қулоқ солиб нима қиламан? — Барибир уни тинчлантириш қўлингдан келмайди. Ҳатто ўзингни унга қулоқ тутмаётгандай қилиб кўрсатсанг-да, у сенинг кўксингда уриб тураверади ва ҳаёт ҳақида, дунё ҳақида ўйлаганларини айтаверади. — Ва менга хиёнат қилаверадими? — Хиёнат — кутилмаганда берилган зарба. Агар юрагингни англай билсанг, у сенга хиёнат қила олмайди. Шунда сен унинг орзуларини, жамики истакларини биласан ва уни бошқара оласан. Юраги айтганларидан ҳали ҳеч ким қочиб қутилмаган. Яхшиси, уни тингламоқ керак. Шунда кутилмаган зарба остида қолмайсан. Улар саҳро бўйлаб йўл юришни давом эттиришди ва Сантяго юраги овозига қулоқ тутди. Тез орада у юрагининг инжиқликларини, ҳийла-найрангларини билиб олди — уни борича тушуниб қабул қила бошлади. Бўзбола қўрқувга тушишдан қутулди ва ортга қайтиш истагидан халос бўлди — энди вақт ўтган, юраги ҳам хотиржам эди. «Агар гоҳида мен нолинсам, начора, ахир, мен одамнинг юрагиман, бу менга хос хусусият. Ҳаммамиз ҳам ўзимизнинг энг азиз орзу-ўйларимизни амалга оширишга чўчиймиз, чунки биз ўзимизни ана шу орзуларга нолойиқ ёки ҳар қандай ҳолда ҳам барибир уларга эришолмаймиз, деб ўйлаймиз. Биз, одам юраги, маъшуқадан умрбод ажралиб қолиш хаёлидан, хушбахт кечиши лозим бўлган, бироқ нохуш дақиқалар, топилиши мумкин эса-да, қумлар остида кўмилганича қолиб кетган хазиналар ҳақидаги ўйлардан ўлгудай қўрқамиз. Чунки ана шундай ҳоллар рўй берганда биз азоб чекамиз». — Менинг юрагим азоб чекишдан қўрқади, — деди у Алкимёгарга бир оқшом, қоп-қоронғу, ойсиз осмонга тикилиб туриб. — Сен унга уқтир, азоб чекишдан қўрқиш, азобнинг ўзидан кўра ёмонроқ. Ўз орзуларини излаб йўлга чиққан бирор-бир юрак азоб чекмайди, зеро, бундай изланишнинг ҳар бир дақиқаси — бу Тангри ва Абадият билан учрашув. «Ҳар лаҳза — бу дийдор, — деди Сантяго юрагига. — Қачонки мен ўз хазинамни излабман, кунларнинг бари сеҳрли ёғду билан ёришган, зеро, мен билардимки, соат сайин ўз орзуимнинг амалга ошмоғи яқинлашарди. Қачонки мен ўз хазинамни излабман, мен йўлимда ҳеч қачон ўй-хаёлимга келмаган нарсаларни учратдимки, бундайин учрашувлар чўпонлардан жасорат талаб этарди». Шундан кейин унинг юраги тинчланди. Оқшом Сантяго хотиржам ухлади, уйғонганидан сўнг юраги унга Олам Қалби ҳақида гапира бошлади. Айтдики, Тангрини қалбида олиб юрган одам бахтлидир. Бахтни эса, Алкимёгар гапирган, ўша бир дона ғаройиб қум заррасида топиш мумкин. Зотан, ана шу заррани бунёд этиш учун Оламга миллиард йил керак бўлди. «Ерда яшаётган ҳар қайси одамни унинг хазинаси кутиб ётади, бироқ биз — юраклар сукут сақлашга одатланганмиз, чунки одамлар уларни қўлга киритишни хоҳлашмайди. Бу ҳақда биз фақат болаларга гапирамиз, кейин эса ҳаёт ҳар кимни ўз Тақдирига пешвоз йўллаётганини кўрамиз. Бироқ, бахтга қарши, саноқли кишиларгина ўзларига буюрилган Йўлларидан боришади. Дунё хавотирга солади ва шу боисдан ҳам хатарли тус олади. Шунда биз, юраклар, паст овозда, шивирлаб гапирамиз. Бизнинг овозимиз ҳеч қачон тинмайди, бироқ сўзларимизга қулоқ тутишлари учун уринамиз: одамларнинг юракка қулоқ тутмай азият чекишларини истамаймиз». — Нега юрак кишига ўз орзуларини амалга ошириш учун ҳаракат қилиш зарурлигини айтмайди? — сўради Сантяго. — У ҳолда юрак азоб чекишига тўғри келади, юрак эса азоб чекишни хушламайди. Шу кундан бошлаб бўзбола ўз юрагини тушуна бошлади. Ва бундан кейин агар у ўз орзулари йўлидан бир қадам четга чиқса, сиқилиб, оғриб ташвишдан огоҳ этишини юрагидан сўради. Огоҳни эшитгач, ўз йўлига, албатта, қайтишга қасам ичди. Ўша оқшом у Алкимёгарга бу гапларнинг ҳаммасини айтди. Алкимёгар Сантягонинг юраги Олам Қалбига юз тутганини тушунди. — Энди мен нима қилишим керак? — Эҳромларга қараб боравер. Белгиларни кўздан қочирма. Юрагинг энди хазина қаердалигини кўрсатишга қодир. — Олдинлари менга шу етишмасмиди? — Йўқ. Биласанми, сенга нима етишмаганини, — деди Алкимёгар ва тушунтира бошлади: — Орзу амалга ошишидан олдин Олам Қалби орзуманд киши унинг сабоқларини тўла ўзлаштириб олганини синаб кўришга қарор қилади. Олам Қалби биз ўз орзуларимиз билан бирга йўл-йўлакай ўзимизга берилган илму сабоқларни ола билишимиз учун шундай қилади. Айни шу нуқтада аксарият одамлар жасорат кўрсатишдан юз буришади. Саҳро тилида буни «воҳа кўзга кўринган чоғда чанқоқликдан ўлиш», дейилади. Изланишлар доимо Хайрли Ибтидо билан бошланади. Ва мана шу синов билан интиҳо топади. Сантяго юртида кўп айтиладиган бир ҳикматни эслади: «Энг қоронғу пайт — саҳар олди палласи». Эртаси куни биринчи марта чинакам хавф-хатарнинг аломатлари юз кўрсатди.Йўловчиларга уч нафар жангчи яқинлашиб келиб, улар бу ерда нима қилишаётганини сўрашди. — Қирғий билан ов қилаяпман, — жавоб берди Алкимёгар. — Биз қуролларинг йўқлигига ишонч ҳосил қилмоғимиз керак, — деди уч жангчининг биттаси. Алкимёгар шошилмай отдан тушди. Сантяго ҳам у каби хотиржам отдан тушди. — Нега сен шунча пулни ўзинг билан олиб юрибсан? — деди бўзболанинг тўрвасини титкилаётган жангчи. — Бу пуллар эҳромларга етиб олиш учун менга керак. Алкимёгарни тинтув қилаётган араб унинг ёнидан қандайдир суюқлик солинган кичкина шиша идиш ва сарғиш, товуқникидан сал каттароқ шиша тухум топди. — Булар нима? — сўради жангчи. — Иксир билан Оби-ҳаёт — алкимёгарларнинг Буюк Ижоди. Кимки Оби-ҳаётни ичса, касалликка чалинмайди. Иксирнинг майда ушоғи ҳар қандай метални олтинга айлантиради. Суворилар ўзларини тутолмай, қаҳ-қаҳ уриб кулишди, Алкимёгар ҳам уларга қўшилиб кулди. Улар Алкимёгарнинг жавобидан ҳузур қилишди ва ҳеч қандай қаршиликсиз йўловчиларга йўлларида давом этишга рухсат беришди. — Ақлдан оздингми? — сўради Сантяго, жангчилардан хийла узоқлашгач. — Нега бундай қилдинг? — Нега дейсанми? Сенга дунёда амал қиладиган оддий қонунни кўрсатиш учун, — деди Алкимёгар. — Биз ҳеч қачон олдимизда қанақа хазина борлигини тушунмаймиз. Биласанми, нега шундай? Негаки, одамлар умуман хазинага ишонишмайди. Улар йўл юришни давом эттиришди. Кун сайин Сантягонинг юраги тобора сукут сақлашга одатланиб бораётганди: унинг на ўтмиш ва на келажак билан иши бор эди; у саҳрони томоша қилиш билан бирга бўзбола қатори Олам Қалби чашмасидан баҳра оларди. Улар ўзаро ҳақиқий дўст бўлиб олишди ва энди ҳеч қайси бир-бирини сота олмасди. Юрак тилга кирган чоғдаям, фақат Сантягонинг ишончини мустаҳкамлаш ва унга янгидан куч-қувват бериш учун гапирар, зотан, гоҳида саҳро сукунати бўзболани жуда толиқтириб қўярди. Юрак унга биринчи марта унинг ажойиб фазилатлари, хусусан, қўйларидан воз кечишга қарор қилганда журъат кўрсатгани ва дўконда ишлаб ғайрат-иштиёқини намоён этгани ҳақида гапирди. У яна Сантяго ҳеч қачон пайқамаган бир жиҳат: ўзига хавф солган хатарлар ҳақида ҳам гапирди. Юрак отасидан яширинча олиб чиққан, қаёқдадир қолиб кетган милтиқ ҳақида гапирди, бу қурол билан у ўзини ярадор қилиб ёки отиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Яна бир сафар бийдай далада бўзбола ўзини ёмон ҳис этгани, кўнгли айниб қуса бошлагани, кейин эса ҳушини йўқотиб йиқилиб ухлаб қолганини ёдига солди. Айни ўша пайтда икки нафар дайди ўзини ўлдириб, қўйларини ҳайдаб кетиш ниятида уни пойлаган. Бироқ Сантяго ҳа деганда келавермагач, улар бўзбола сурувини бошқа тарафга ҳайдаб кетган бўлиши керак, деб жўнаб қолишган. — Юрак ҳар доим ҳам одамга ёрдам берадими? — сўради у. — Ҳар кимга ҳам эмас. Фақат ўз Тақдири йўлидан бораётганга. Ва яна болаларга, мастлар ва қарияларга. — Бу дегани, улар хавф-хатардан холи деганими? — Бу — атиги уларнинг юраклари бор кучини сафарбар этади, дегани. Бир сафар улар ўзаро душман қабилалар жангчилари қўналғалари ёнидан ўтишди. Тўрт томонда бежирим оқ яктакдаги қуролли одамлар кўзга чалинарди. Улар чилим чекишар ва жанглар ҳақида гурунглашарди. Сантяго билан Алкимёгарга бирор киши заррача эътибор қаратмади. — Биз хавфдан холимиз, — деди бўзбола лашкаргоҳни ортда қолдиришгач. — Юрагингга ишон, бироқ ўзингнинг саҳрода эканингни бир зум ёдингдан чиқарма! Одамлар ўзаро урушаётганда Олам Қалбига жанг шовқини етиб боради. Қуёш остида рўй бераётган воқеалар оқибатидан ҳеч ким қочиб қутулолмайди, — Алкимёгарнинг овозида алам оҳангини сезиш қийин эмасди. «Ҳаммаси — бир бутун», — ўйлади Сантяго. Шу пайт, гўё кекса Алкимёгарнинг ҳақлигига далилдай, саҳрода йўловчилар ортидан қувиб келаётган бир жуфт сувори кўринди. — Йўлни давом эттиришларинг хавфли, — деди уларга етиб келган жангчилардан бири. — Бу ерда уруш кетаяпти. — Биз кўп юрмаймиз, — жавоб қилди Алкимёгар унинг кўзига тик қараб. Жангчилар бир лаҳза қотиб туришди, кейин эса йўловчиларни ўтказиб юборишди. Сантяго ҳайратга тушди. — Сен уларни кўзинг билан қотирдингми? — Кўзнинг қараши руҳнинг қудратини намоён этади, — жавоб қилди Алкимёгар. «Ҳа, бу шундай», — ўйлади бўзбола, лашкаргоҳни ёнлаб ўтишаётганда жангчилардан бири уларга узоқ тикилиб қараганини эслаб. Улар узоқда эди, ҳатто ўша жангчининг юзини пайқаб бўлмасди, бироқ барибир Сантяго ўзига тикилган нигоҳни ҳис этди. Ва ниҳоят, улар уфқни тўсган тоққа кўтарила бошлаганда Алкимёгар эҳромларгача икки кунлик йўл қолди, деб айтди. — Гарчи яқин орада хайрлашадиган бўлсак ҳам, мени алкимёга ўргат. — Сенинг ўрганишингга ҳожат йўқ. Бу илм Олам Қалбига уйғунлаша билишдан ва у ерда ўзингга тайин этилган хазинани топишдан иборат эканини биласан. — Мен бошқа нарсани назарда тутаяпман. Мен қўрғошинни қандай қилиб олтинга айлантиришни билишни истайман. — Оламдаги жамики мавжуд нарсалар ривожланади, бири бошқасига айланади, — жавоб қилди у. — Ва донишмандлар фикрича, олтин металл ҳисобланади, бу металл бошқаларидан кўра узоқроқ ривожланиш, ўзгаришга юз тутган. Нима учун деб мендан сўрама — билмайман. Мен фақат шундай бўлганидан хабардорман, холос. Бироқ одамлар донишмандларнинг сўзларини бузиб талқин қилишган. Оқибатда олтин ривожланиш, тараққиёт тимсоли бўлиш ўрнига, адоват, низо белгисига айланган. — Теварагимиздаги олам кўп тилларда гапиради, — деди бўзбола. — Бурун туянинг ўкиргани мен учун шунчаки ўкирик эди, холос. Кейин бу хатардан огоҳ этувчи товушга айланди. Ва ниҳоят — яна ўкирик бўлиб туюлди, — деди Сантяго, бироқ шу лаҳзада Алкимёгарга усиз ҳам ҳамма нарса аён эканини англаб қолиб, жим бўлди. — Мен чинакам алкимёгарларни танирдим, — давом этди Алкимёгар. — Бирлари ўз лабораторияларидан чиқмай, худди олтин каби ривож топмоқчи бўлишди — Иксир шу тариқа кашф этилди. Зотан, улар қандайдир бир нарса ривожланаётган экан, демак, унинг теварагидаги бор нарсалар ҳам ўзгаришини тушунишган. Бошқа бирлари тасодифан Ҳикмат Тошини топишди. Улар қобилиятдан бенасиб бўлишмаган ва уларнинг қалби бошқа оддий одамларникидан кўра сезгир бўлган. Бироқ бундайлар жуда камчил. Учинчи тоифа алкимёгарлар эса фақат олтин излашган. Уларга сирни очиш, барибир, насиб этмаган. Улар қўрғошиннинг ҳам, миснинг ҳам, темирнинг ҳам ўз Йўли борлигини унутишган. Зеро, бировнинг Тақдирига аралашган киши, албатта, ўзининг шахсий Йўлини йўқотади. Алкимёгарнинг ушбу сўзлари худди лаънатдай эшитилди. Кейин у эгилди ва ердан чиғаноқни олди. — Бир замонлар бу ерда денгиз бўлган, — деди у. — Ҳа, мен сезгандим, — деди жавобан бўзбола. Алкимёгар унга чиғаноқни қулоғига тутишни айтди. Сантяго болалигида кўп марта шундай қилганди ва ҳозир яна денгиз шовқинини эшитди. Денгиз ҳануз шу чиғаноқ ичида, демак, у ўз Тақдири йўлида. Ва у чиғаноқни, токи саҳрода тағин тўлқинлар оқиб ўйнамагунча, тарк этмайди. Улар отларига минишди ва Миср эҳромлари томон йўл тортишди. Сантягонинг юраги хавфдан огоҳ этиб белги берган чоғда қуёш мағрибга оға бошлаган эди. Улар бу дақиқаларда улкан қум барханлари орасида боришарди. Сантяго Алкимёгарга қаради, бироқ у афтидан ҳеч нимани пайқамаганди. Беш дақиқада кейин бўзбола олдинда икки нафар суворининг қорасини аниқ-тиниқ кўрди. У гапирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган ҳам эдики, иккита ўнтага, ўнта-юзтага кўпайди ва охир-оқибат барханларни сон-саноқсиз лашкар қоплади. Суворилар ҳаворанг кийимда эди. Уларнинг саллалари қора тасма билан танғиб бойланган, юзлари эса кўзларигача ҳаворанг мато билан бекитилган. Ҳатто узоқдан ҳам бу кўзлар руҳ қудратини намоён қилиб, йўловчиларга ўлимни даракларди. Сантяго билан Алкимёгарни лашкаргоҳга олиб келишди, чодирга итариб киритиб юборишди, бўзбола ҳали бунақасини кўрмаган эди; уларни қабила бошлиғига рўпара қилишди. Унинг теварагида ҳарбий сардорлари саф тортиб туришарди. — Булар айғоқчилар, — маълумот берди асирларни бошлаб келганлардан бири. — Йўқ. Биз йўловчилармиз, холос. — Уч кун бурун сизларни душманларимиз қўналғасида кўришган. Сизлар қайсидир бир жангчи билан гаплашгансиз. — Мен саҳро йўлларини биламан ва юлдузларга қараб йўл топаман, — жавоб қилди Алкимёгар. — Сизларнинг душманларинг қанча кўплиги ва улар қай томонга ҳаракат қилаётгани менга қоронғу. Мен лашкаргоҳингизгача ўзимнинг дўстимни кузатиб келдим. — Ким ўзи бу? — сўради қабила бошлиғи. — Алкимёгар, — жавоб қилди Алкимёгар. — У табиатнинг жамики куч-қудратидан бохабар ва сенга ўзининг ғаройиб истеъдодини кўрсатишни истайди. Сантяго миқ этмай, қўрқув ичида тинглади. — Мусофир бизнинг ўлкамизда нима қилиб юрибди, — сўради бошқа бир ҳарбий сардор. — У сизнинг қабилага пул олиб келди, — жавоб қилди Алкимёгар ва бўзбола оғзини жуфтлаб улгурмай бошлиққа унинг ҳамёнини узатди. Қабила бошлиғи индамай олтинни олди — унга кўп қурол сотиб олса бўларди. — «Алкимёгар» дегани нима? — сўради ҳарбий сардорлардан бири. — Бу табиат ва оламнинг сирини биладиган одам. Агар хоҳласа, у лашкаргоҳингизни биргина шамолнинг кучи билан йўқ қилади. Араблар кулиб юборишди. Улар урушнинг вайрон қилувчи кучига кўникишган эди, шамолнинг бундай қудратга эгалигига ишонишмасди. Бироқ уларнинг юрагига қўрқув оралади. Уларнинг бари саҳройи эди, шу боисдан ҳам сеҳргарлардан чўчишарди. — Буни у қанчалик уддалай билишини мен кўришни истайман, — деди энг катта бошлиқ. — Бизга уч кун муҳлат беринг. Ва менинг ҳамроҳим, сизга ўз кучини кўрсатиш учун, шамолга айланади. Агар буни у уддалай билмаса, биз ҳаётимизни сизга топширамиз. — Шундай ҳам менга тобе бўлган ҳаётни менга топширишнинг ҳожати йўқ, — қатъи жавоб қилди ҳарбий бошлиқ. Бироқ уч кун кутишга рози бўлди. Сантяго қўрқувдан тамом довдираб қолди. Алкимёгар уни қўлидан тортиб чодирдан олиб чиқди. — Қўрқаётганингни уларга сездирма. Булар жасоратли одамлар, қўрқоқларни ёмон кўришади. Шунга қарамай, Сантягонинг анча вақт тили калимага келавермади. Улар қўналғада эркин айланиб юришди, араблар фақат отларини олиб қўйишди. Ва олам яна бир бор кўптилли эканини кўрсатди: бурун чек-чегарасиз ва очиқ-ойдин бўлган саҳро энди қамоқхонага айландики, ундан қочишнинг имкони йўқ. — Сен уларга менинг бор пулимни бердинг! — деди у. — Ҳаммасини, умрим бўйи ишлаб топган бойлигимни! — Ўлишга тўғри келса, уларнинг сенга нима кераги бор? Сенинг пулларинг умрингни уч кунга узайтирди. Одатда пул ажални бир дақиқага ҳам кечиктиролмайди. Бироқ Сантяго доно ваъзларни эшитишдан йироқ, у қаттиқ қўрққан эди. У қандай қилиб шамолга айланишни билмасди — алкимёгар эмасди. Алкимёгар эса жангчидан чой опкелишини сўради ва бўзболанинг билагига бир неча томчи томизиб, аллақандай тушунарсиз сўзларни айтди. Ва дарҳол бўзбола вужудини қўрқув-хавотир тарк этганини ҳис қилди. — Кўпам афсус чекаверма, — фавқулодда эркалаган овозда деди Алкимёгар. — Гап шундаки, ҳали сен юрагинг билан гаплашиб олишга улгурмагансан. — Ахир, мен шамолга айлана олмайман-ку! — Кимки Ўз Тақдири йўлидан бораётган экан, у ҳамма нарсани билади ва уддалай олади. Фақат бир нарса орзунинг рўёбга чиқишига монелик қилади— бу омадсизликдан чўчиш. — Мен омадсизликдан чўчимайман. Фақат билмайман, қандай қилиб шамолга айланишни. — Ўрганишга тўғри келади. Сенинг ҳаётинг шунга боғлиқ. — Агар қўлимдан келмаса-чи? — У ҳолда ўласан. Бироқ Ўз Тақдиринг йўлида ўлмоқ, ҳатто Йўлнинг мавжудлигини хаёлига ҳам келтирмаган минглаб одамлар қатори қазо қилишдан кўра юз бор афзал. Хуллас, ташвишланма. Одатда ўлим хавфи ҳаётий кучларни ва сезгиларни кучайтиради. Биринчи кун ўтди. Саҳрода катта жанг бўлди, ярадорларни қўналғага келтиришди. «Ўлим ҳеч нарсани ўзгартирмайди», — ўйлади Сантяго. Сафдан чиққанларнинг ўрнини бошқалар эгаллашади ва ҳаёт ўз маромида давом этаверади. — Сен кейинроқ ўлишинг ҳам мумкин эди, дўстим, — деди жангчилардан бири ўзининг ҳалок бўлган биродарига. — Ҳозир бўлмаса, урушдан кейин. Қандай бўлмасин, барибир, ажалга чап беришнинг иложи йўқ. Шомга яқин бўзбола Алкимёгарни излаб кетди. — Мен шамолга айлана олмайман, — деди у Алкимёгарга. — Эсла, мен сенга нима дегандим: олам бу Тангрининг зоҳирий қисми. Алкимё эса руҳий комилликни моддийлаштиради. — Сен нима қилаяпсан, — сўради Сантяго. — Қирғийимни овқатлантираяпман. — Шартми? Агар мен шамолга айлана олмасам иккимизни ҳам ўлдиришади-ку. — Иккаламизнимас, сени, — жавоб қилди Алкимёгар. — Мен эса шамолга айлана оламан. Иккинчи куни бўзбола қўналға четидаги қоянинг устига чиқди. Қоровуллар уни қаршиликсиз ўтказиб юборишди: улар шамолга айлана оладиган сеҳргар пайдо бўлганини эшитишган ва ундан четроқ юришга уринишарди. Қолаверса, саҳро ҳарқалай зиндондан тузукроқ. Сантяго оқшомгача — кун бўйи саҳрони кузатди. Юрагига қулоқ тутди. Саҳро эса унинг қўрқувини уқди. Улар бир тилда гаплашишди. Учинчи куни қабила бошлиғи ўзининг ҳарбий сардорларини йиғди. — Кўрайлик-чи, бу бўзбола қандай қилиб шамолга айланаркан, — деди у. — Кўрамиз — жавоб қилди Алкимёгар. Сантяго уларни ўзи кеча кун бўйи ўтирган жойга олиб борди. Кейин ўтиришларини сўради. — Бироз кутишга тўғри келади, — деди у. — Шошаётган жойимиз йўқ, — деди қабила бошлиғи. — Бизлар саҳро одамларимиз. Сантяго уфққа қаради. Олдда тоғлар, қум барханлари, қоя-тошлар бор; гиёҳ кўкариши ақлга сиғмайдиган қумлоқда ажабтовур ер бағирлаб ўт-ўланлар ўсиб ётибди. Унинг рўпарасида саҳро ястаниб ётибди — бир неча ой уни кезди, бироқ барибир саҳро сиру синоатининг арзимасгина қисмидан хабардор бўлди. Йўлида англияликни, карвонларни учратди, қабилалар ўртасидаги жангларга гувоҳ бўлди, эллик минг туб хурмо кўкариб турган ва уч юзта қудуқли воҳани, Фотимани кўрди. — Хўш, — сўради ундан саҳро, — сенга яна нима керак? Куни кеча бир-биримизга термилиб тўймаганмидик? — Ўша тарафда, сенинг қум барханларинг орасида менинг севган ёрим яшайди, — жавоб қилди Сантяго. — Сенга термилганимда мен уни ҳам кўраман. Унинг ёнига қайтгим келади, бунинг учун сенинг кўмагинг керак. Мен шамолга айланишим даркор. — «Севги» деганлари нима ўзи? — сўради саҳро. — Севги — бу қум барханлар устидаги қирғий парвози. Унинг учун сен ям-яшил ўтлоқсан. У сенинг қоя тошларингни, сенинг барханларингни, тоғларингни билади. Сенинг эса унга бағринг доимо очиқ. — Қирғийнинг тумшуғи менга азоб беради, — жавоб қилди саҳро. — Менинг йиллар бўйи етиштирганим унга ўлжа бўлади, ваҳоланки, мен уни камчил сувим билан суғораман, қорнини қаерда тўйдиришини кўрсатаман. Кейин эса осмондан шўнғиб келади — энди мен қумларимда ҳаёт борлигидан қувонаман деган паллада у етилтирганимни илиб олиб кетади. — Бироқ сен унинг учун етилтиргансан-ку. Қирғийни боқиш учун. Қирғий эса одамни боқади. Бир пайт келиб одам сенинг қумларингни тўйинтиради ва шунда яна ҳаёт жонланади, қирғийга ўлжа пайдо бўлади. Олам шундай яралган. — Севги деганлари шуми? — Севги деганлари шу. Севги ўлжани қирғийга айлантиради, қирғийни — одамга, одамни эса саҳрога. Қўрғошинни олтинга айлантирадиган, олтинни ер остига бекитадиган сир шу. — Мен бу гапларнинг маънисига тушунмайман, — жавоб қилди саҳро. — У ҳолда бир нарсани тушун: сенинг қум барханларинг орасида мени бир аёл кутаётир. Ва шунинг учун мен шамолга айланишим керак. Саҳро бир муддат жим қолди. — Мен сенга қумларимни бераман, шамол уларни қуюнга айлантириши учун. Бироқ бу кам. Ёлғиз ўзим ҳеч нима қилолмайман. Шамолдан ёрдам сўра. Енгилгина шамол қўзғалди. Ҳарбий сардорлар узоқдан туриб бўзболанинг ўзларига тушунарсиз тилда ким биландир гаплашаётганини кузатишарди. Алкимёгар кулимсиради. Шамол Сантягога яқинлашди, унинг юзига урилди. Шамол унинг саҳро билан гаплашганини эшитди, чунки шамоллар ҳамма нарсадан хабардор. Улар дунё кезиб елиб-югуришади, уларнинг туғилган макони ҳам, ўлим топган жойи ҳам йўқ. — Менга ёрдам бер, — деди унга бўзбола. — Бир сафар менга сен севгилимнинг овозини олиб келган эдинг. — Саҳронинг ва шамолнинг тилида гаплашишни сенга ким ўргатди? — Менинг юрагим, — жавоб қилди Сантяго. Шамолнинг номи кўп эди. Бу ерда уни «сирокко» дейишади, араблар уни серсув ва қоратанли одамлар яшайдиган ўлкалардан елади, деб ўйлашади. Сантягонинг юртида эса уни «левантинлик» дейишади, чунки бу шамол саҳро қумларини ва маврларнинг жанговар ҳайқириқларини олиб келади, деб ўйлашган. Эҳтимол, қўйлар учун яйлов йўқ узоқ мамлакатларда одамлар бу шамол Андалусияда туғилади, деб ҳисоблашган. Бироқ шамол ҳеч қаерда туғилмайди ва ҳеч қаерда ўлмайди, шу боисдан ҳам у саҳродан қудратлироқ. Чунки саҳрода нимадир кўкартиришга одамлар қодир; улар саҳрода қўйларни ҳам кўпайтира олишади, бироқ шамолни ўз измларига сола олишга уларнинг қурби етмайди. — Сен шамолга айлана олмайсан, — деди шамол. — Сен билан бизнинг аслимиз бошқа-бошқа. — Нотўғри, — жавоб қилди Сантяго. — Мен сен билан бирга дунё кезганимизда, менга алкимё сирлари аён бўлди. Энди менда шамол ҳам, саҳро ҳам, океан ҳам, юлдузлар ҳам, Оламда бино бўлган ҳамма нарса жам бўлган. Бизни — сену мени бир қўл бино этган ва бизнинг қалбимиз ҳам битта. Мен сендай бўлишни хоҳлайман, ҳар қандай кавакка киришни, денгизлар устида елишни, хазинамни бекитиб ётган қум барханларини тўзитишни, севгилимнинг овозини олиб келишни истайман. — Бир сафар мен сенинг Алкимёгар билан гаплашганингни эшитдим, — деди шамол. — У ҳар кимнинг ўз Йўли бор, деди. Одам шамолга айланмаслиги керак. — Бир неча лаҳзага бўлса-да сенга айланишни ўргат. Ўшанда одамнинг ва шамолнинг чексиз имкониятларини муҳокама қиламиз. Шамол қизиқувчан эди — бунақасини ҳали учратмаганди. Унинг ана шу масалада тортишгиси келди, бироқ у чиндан ҳам одамни шамолга айлантиришни билмасди. Аслида эса жуда кўп нарсага қодир! Саҳрони пайдо қила оларди, кемаларни чўктирарди, асрлик дарахтларни ва ҳатто бутун бир ўрмонни қулатарди, мусиқа янграб турган, тушунарсиз товушлар таралиб турган шаҳарлар узра елиб ўтарди. Оламда ҳамма нарсага қурбим етади, деб ҳисоблаган шамолга энди бу болакай ўз хоҳишини рўкач қилиб, буни ҳам амалга оширишга қобилсан, деб қистаётир. — Бу «севги» дейилади, — деди Сантяго, шамол ўзининг илтимосини бажаришига ишониб. — Агар севсанг, хоҳлаган нарсага айлана оласан. Агар севсанг, нималар бўлаётганини тушунишга мутлақо ҳожат йўқ, зеро, ҳамма нарса бизнинг ботинимизда кечади, демак, одам шамолга бемалол айлана олади. Албатта, шамол унга ёрдам берса. Шамол мағрур эди, шу боис Сантягонинг гаплари уни ранжитди. У кучли эса бошлади, саҳро қумларини тўзитди. Бироқ охир-оқибат, гарчи бутун дунёни кезган эса-да, одамни шамолга айлантира олмаслигини тан олишга мажбур бўлди. Севгини ҳам билмаслигига иқрор бўлди. — Мен одамларнинг севги ҳақида гапира туриб, осмонга тикилишларига кўп бор гувоҳ бўлганман, — деди шамол, ўз ожизлигини тан олганидан жазаваси қўзиб. — Эҳтимол, сен ҳам осмонга мурожаат қиларсан, а? — Бу ҳам бир фикр, — маъқуллади Сантяго. — Фақат сен менга ёрдамлаш: чанг-тўзон кўтаргин, мен қуёшга қарай олай ва кўзларим қамашмасин. Шамол янада кучли эсди, осмон қум тўзони билан қопланди ва қуёш олтин баркашга айланди. Қўналғадан туриб кузатаётганлар ҳеч нарсани ажрата олишмади. Саҳро одамлари шамолнинг бу қилиғини билишар ва уни «самум», деб аташарди. Улар учун бу денгиз бўронидан-да даҳшатли эди, ваҳоланки, улар умр бўйи денгизда бўлишмаганди. Отлар кишнаб юборди, қум зарралари қурол-яроғга урилиб ғичирлади. Ҳарбий сардорлардан бири қабила бошлиғи томон бурилиб деди: — Етарли бўлди, чамамда? Улар Сантягони кўрмасди. Юзлари оқ рўмол билан кўзларигача бурканган, кўзларида қўрқув қотиб қолган. — Буни тўхтатиш керак, — деди бошқа бир ҳарбий сардор. — Майли, Оллоҳ ўзининг жамики қудратини намоён этсин, — жавоб қилди қабила бошлиғи. — Мен одам қандай қилиб шамолга айланишини кўришни истайман. Бироқ қўрққанини сездирганларнинг исмини у эслаб қолди. Ва шамол тингач, иккаласини ҳам мансабидан олиб ташлашга қарор қилди, зеро, саҳрода қўрқиш ярамайди. — Шамол менга сени севгини билади деб айтди, — Қуёшга мурожаат қилди Сантяго. — Шундай бўлса, Олам Қалбини ҳам билишинг керак — ахир, Олам Қалби севгидан бино бўлган. — Бу жойдан менга Олам Қалби кўриниб туради, — жавоб қилди Қуёш. — У менинг қалбимга мурожаат этади ва биз биргаликда ўт-ўланни ўсишга, қўйларни эса соя жойларни қидириб топишга мажбур этамиз. Бу жойда туриб — бу жой сизларнинг дунёнгиздан жуда олисда — мен севишга ўргандим. Биламан, агар Ерга озгина яқинлашсам, жамики жонзот ҳалок бўлади ва Олам Қалби барҳам топади. Ва биз узоқдан бир-биримизга термиламиз, узоқдан туриб бир-биримизни севамиз. Мен Ерга ҳаёт ва иссиқлик бағишлайман, Ер эса — мавжудлигимнинг моҳиятини таъминлайди. — Сен севгини биласанми? — такрор сўради Сантяго. — Олам Қалбини ҳам биламан, чунки коинотни тинимсиз кезиб, биз у билан кўп гаплашамиз. У менга ўзининг асосий муаммосини гапириб берди: ҳозиргача фақат тошлар ва гиёҳлар оламдаги ҳамма нарсаларнинг ягоналигини тушунади. Шу боис темирнинг мисга ўхшаши, миснинг эса олтиндан фарқ қилмаслиги талаб этилмайди. Бу ягона оламда ҳар нарсанинг ўзининг аниқ вазифаси бор ва агар буларни битган Қўл Ижоднинг бешинчи кунида тўхтаганида, бариси бир ягона Симфонияга уйғунлашарди. Бироқ олтинчи кун ҳам бор эди. — Сен доносан, — жавоб қилди бўзбола, — чунки ҳаммасини узоқдан кўриб турасан. Бироқ сен севги нималигини билмайсан. Агар одам пайдо бўлмаганида Ижоднинг олтинчи куни ҳам бўлмасди. Мис мислигича қолаверарди, қўрғошин — қўрғошинлигича. Ҳа, ҳар нарсанинг ўз Йўли бор, бироқ бу йўл пайти келиб босиб ўтилади. Шунинг учун нимагадир айланмоқ керак, янги Йўлни бошлаш лозим. Ва олам Қалби чиндан яхлитлик касб этгунча йўлни давом этиш зарур. Қуёш бир зум ўйланиб қолди ва ёрқин нур соча бошлади. Бу суҳбатдан ҳузур туйган шамол ҳам, Сантягонинг кўзини қамаштирадиган нурлардан асраб, кучли эса бошлади. — Алкимёнинг мавжудлиги шунданки, — давом этди Сантяго, — ҳар ким ўз хазинасини қидирсин ва топсин, шундан сўнг бурунгисидан кўра яхши бўлишни хоҳласин. Қўрғошин ўз вазифасини дунёга керак бўлгунигача адо этади, шундан сўнг у олтинга айланиши лозим. Алкимёгарлар шундай дейишади. Ва улар шуни далиллаб беришадики, биз олдингидан кўра яхши бўлишга интилган вақтда теварак-атрофимиз ҳам яхши бўлиб боради. — Менинг севгини билмаслигимни қаёқдан олиб айтаяпсан? — сўради Қуёш. — Чунки севганингда бир жойда, саҳрога ўхшаб, туриб бўлмайди, дунё бўйлаб, шамолга ўхшаб изғимайди, сенга ўхшаб ҳамма нарсага узоқдан қарамайди. Севги — бу куч, у Олам Қалбини янгилайди ва яхшилайди. Мен илк бор унга уйғунлашганимда, у менга мукаммал бўлиб кўринди. Кейин мен кўрдимки, у — бизнинг баримизнинг аксимиз экан, унда ўз эҳтиросларимиз жўш ураркан, ўз урушларимиз кечаркан. Уни биз озиқлантирамиз ва биз яшаётган ернинг яхшиликка ёки ёмонликка юз буриши бизнинг яхши ёки ёмон бўлишимизга боғлиқ. Айни мана шу жойда севги кучи иш беради, зеро, севсанг яхши бўлишга интиласан. — Хўш, мендан нима истайсан? — Шамолга айланишимга ёрдам бер. — Табиатга аёнки, оламда мендан-да доно ҳеч ким йўқ, — жавоб қилди Қуёш, — бироқ мен ҳам сенинг қандай қилиб шамолга айланишингни билмайман. — Энди мен кимга мурожаат қилай? Қуёш бир зум ўйланиб қолди: суҳбатни эшитган шамол дарҳол бутун дунёга олам чироғининг донолиги чегарасиз эмас экан, дея хабар тарқатади. Қолаверса, Олам Тилида гапириб турган бу бўзболадан ҳам қочиш ақлдан эмас. — Ёрдамни Ҳаммасини Битган Қўлдан сўраб кўр, — деди Қуёш. Шамол шодон қийқирди ва беҳад куч билан эса бошлади. Бир неча чодирлар қулаб тушди, қозиққа боғланган отлар юганини узди, қоядаги одамлар учиб тушиб кетмаслик учун бир-бирларига қапишиб олишди. Сантяго Ҳаммасини Битган Қўлга ўгирилди ва шу дамдаёқ Олам сукутга чўмди. У жимликни бузишга журъат этолмади. Кейин Севги кучи унинг юрагидан тошди ва бўзбола ибодатга киришди. У ибодатида ҳеч нарса тиланмади, бирор-бир сўз демади, қўйлари яйловли бўлгани учун шукрона айтмади ҳам, биллур дўконига кўпроқ харидор келишини-ю, ўзи саҳрода учратган қиз уни кутишини ҳам ўтиниб сўрамади. Атрофга чўккан жимликда у Қўл томонидан киритилган белгиларни саҳро, шамол ва қуёш ҳам қидираётганини тушунди. Бўзбола бу белгилар бутун Ер юзи ва коинотга тарқалиб кетганини тушунди ва сиртдан қараганда уларнинг ҳеч қандай аҳамиятли жиҳати йўқлигини англади. На саҳро, на шамоллар ва на одамлар уларнинг нима мақсадда яратилганини билишмайди. Фақат Ҳаммасини Яратган Қўлнинг бунга алоқаси бор ва фақат У мўъжиза яратишга: океанларни саҳроларга, одамни — шамолга айлантиришга қодир. Зеро, Унинг ёлғиз ўзи Олам олти кунлик Ижод жараёнида Буюк Ижод маҳсулига айланишини тушунарди. Бўзбола Олам Қалбига уйғунлашди ва кўрдики, Олам Қалби — Тангри Қалбининг бир бўлаги, холос, Тангри Қалби эса унинг ўзининг қалби. Ва, демак, у мўъжизалар яратишга қодир. Ўша куни самум ҳар қачонгидан-да кучли эсди. Шамолга айланган бўзбола ва бу шамолнинг бутун қўналғани ер билан яксон қилгудай қутуриб, кимсан қабила бошлиғининг ўзини майдонга чорлагани ҳақидаги ривоят авлоддан авлодга ўтиб юради. Шамол тингач, ҳамма бўзбола турган жойга қаради, бироқ у йўқ эди. У қўналғанинг нариги бошида, ярми қумга кўмилган қўриқчининг ёнида ўтирарди. Сеҳрли Куч ҳаммани қўрқитди. Фақат икки киши кулди: шогирдидан кўнгли тўлган Алкимёгар ва қабила бошлиғи — у бўзболанинг Тангри таоло қудратини англаганини тушунди. Эртаси куни у Сантяго билан Алкимёгарни тўрт тарафларинг очиқ, дея қўйиб юборди, уларни кузатиб қўйиш учун жангчиларидан бирини қўшди. Улар отда кун бўйи йўл босишди, қош қорая бошлаганда эса Алкимёгар жангчини ортига қайтарди ва эгардан тушди. — Нарёғига ёлғиз ўзинг кетасан, — деди у Сантягога. — Эҳромларгача уч соатли йўл қолди. — Раҳмат сенга, — жавоб қилди бўзбола. — Сен мени Умум Тилига ўргатдинг. — Мен сенга ўзинг биладиган нарсани эслатдим, холос. Алкимёгар коптлар ибодатхонасининг дарвозасини тақиллатди. Қора либосда руҳоний чиқиб келди, улар коптчада қисқагина нима ҳақдадир гаплашиб олишди ва Алкимёгар Сантягони ичкарига таклиф қилди. — Сени менга ёрдам беради, деб айтдим. Ибодатхона ошхонасида Алкимёгар ўчоққа ўт ёқди. Руҳоний бир бўлак қўрғошин олиб келди ва Алкимёгар қўрғошинни темир идишга солиб, оловга қўйди. Қўрғошин эригач, у чўнтагидан сариқ шиша тухум чиқарди, ундан тўғноғичнинг бошидай бўлакчани ушатиб мумлади ва эриган қўрғошинга ташлади. Суюқлик қондай қизил тусга кирди. Алкимёгар қозончани оловдан олди ва совуши учун четга қўйиб, руҳоний билан саҳродаги уруш ҳақида гурунглашди. — Узоқ давом этар-ов, деб қўрқаман, — деди у. Руҳоний афсусланди: уруш боис карвонлар қачондан бери Ғизода туриб қолишди. «Бари Тангрининг иродаси билан», — қўшиб қўйди у итоаткорона оҳангда. — Тўғри, — деди Алкимёгар. Ниҳоят қозонча совигач, Сантяго билан руҳоний ҳайратланиб қараб қолишди: идишда доира шаклида қотган қўрғошин олтинга айланган эди. — Наҳотки бир кун келиб мен ҳам шунга ўргансам? — сўради бўзбола. — Бу менинг Йўлим эди — менинг, сенинг эмас. Мен сенга бунинг мумкин эканлигини кўрсатгим келди, холос. Улар яна ибодатхона дарвозасига келишди ва шу ерда Алкимёгар олтин гардишни тўрт бўлакка бўлди. — Бу сенга, — деди у биттасини руҳонийга узатиб. — Доим зиёратчиларни очиқкўнгиллик билан кутиб олганинг учун. — Ўзимнинг очиқкўнгиллигим учун жуда кўп олаяпман мен, — эътироз билдирди руҳоний. — Ҳеч қачон бундай демагин. Деворнинг ҳам қулоғи бор, ҳаёт кейинги сафар улушингни камайтириб қўйиши мумкин, — жавоб қилди Алкимёгар ва Сантягога ўгирилди. — Мана бу эса сенга, қабила бошлиғи олиб қўйган пулларинг эвазига. Бўзбола ҳам бу олтин жуда кўплигини айтгиси келди, бироқ жим бўлди. — Бу менга, — давом этди Алкимёгар. — Мен уйга қайтишим керак, саҳрода эса уруш давом этаётир. Тўртинчи бўлакни қўлига олиб, у яна руҳонийга деди: — Бу — тағин Сантяго учун. Эҳтимол, асқотар. — Ахир, мен хазинани қидириб кетаяпман-ку! — қичқирди у. — Жуда яқин қолдим уларга! — Мен ҳам ишонаман, сен уларни топасан, — деди Алкимёгар. — Унда менга олтиннинг нима кераги бор? — Чунки сен икки марта борингдан ажралдинг. Биринчи марта сени товламачи алдаб кетди, иккинчисида қабила бошлиғи шилди. Мен кекса иримчи арабман, ўзимизнинг мақолимизга ишонаман. Мақол шундай: «Бир бўлган ҳодиса, бошқа такрорланмаслиги мумкин. Бироқ икки бор рўй берган ҳодиса, албатта, учинчи марта ҳам рўй беради». Улар отларга минишди. — Сенга тушлар тарихидан бир ривоят айтиб бермоқчиман, — деди Алкимёгар. — Бақамтироқ юр. Бўзбола бўйсунди. — Шундай қилиб, Қадимги Римда, мустабид Тиберия замонида бир яхши одам яшаб ўтган, унинг икки нафар ўғли бўлган. Улардан бири жангчи бўлиб, салтанатнинг узоқ чет ҳудудига хизматга отланган. Иккинчиси эса Рим аҳлини ҳаяжонга солган шеърлар ёзган. Кунлардан бир кун чол туш кўради, тушида унга само фариштаси учраб, унинг ўғилларидан бирининг сўзлари бутун дунёда машҳур бўлиши ва бир неча юзлаб йиллардан кейин ҳам уларни одамлар такрорлашини башорат қилади. Қувонганидан чол йиғлаб юборади: тақдир унга кулиб боққан, ҳар қандай отага ҳам насиб этавермайдиган олий севинчни инъом этганди. Орадан кўп ўтмай у ҳалок бўлади — оғир араванинг ғилдираги тагидан бир ёш болани қутқаради, бироқ ўзи ғилдирак тагида қолади. Тақволи умр кечиргани боис, унинг руҳи тўғри самога йўл олади ва самода тушида кўрган фариштани учратади. — Сен яхши, эзгу инсон эдинг, — дейди унга фаришта. — Ҳаётинг меҳр-муҳаббатга тўлуғ эди, қазойинг — иззатли бўлди. Мен сенинг хоҳлаган тилагингни адо эта оламан. — Ҳаёт ҳам мендан эзгуликларини дариғ тутмади, — жавоб қилади қария. — Сен тушимда кўринганингда, қилган барча саъй-ҳаракатларим беҳуда эмаслигини ҳис этдим. Зотан, ўғлимнинг шеърлари авлоддан-авлодга ўтади. Мен ўзим учун ҳеч нима сўрамайман, ҳар қандай ота ҳам ўзи тарбиялаган, ўқитган фарзанди шуҳрати билан ғурурланади. Шунинг учун мен узоқ келажакда ўғлимнинг шеърлари қандай жаранглашини бир эшитсам, дегандим. Шунда фаришта унинг елкасига ёндашади ва ҳар иккаласи кўз очиб юмгунча узоқ келажакда — катта шаҳарда, нотаниш тилда гаплашаётган минглаб одамлар орасида пайдо бўлишади. Қария қувонганидан яна кўзига ёш олади. — Мен ўғлимнинг шеърлари асрлар оша яшашини билардим, — дейди у кўзларида ёш билан. — Айт-чи, бу одамлар унинг қайси сатрларини такрорлашаётир. Фаришта меҳрибонлик билан уни ўриндиққа ўтирғизади ва ўзи ҳам унинг ёнига ўтиради. — Сен айтаётган шеърлар бутун Римда шуҳрат қозонган эди, уларни ҳамма ёд билар, айтиб ҳузур қиларди. Бироқ Тибериянинг подшолиги тугаган ва шеърлар ҳам унутилган. Одамлар сенинг бошқа ўғлингнинг—жангчи ўғлингнинг сўзларини такрорлашаётир. Қария фариштага таажжубланиб тикилиб қаради. — У узоқ бир ҳудудда хизмат қилди, — давом этди фаришта. — Юзбоши бўлди. У ҳам адолатпарвар ва бағрикенг инсон эди. Бир сафар қулларидан бири касал бўлиб қолади — ўлим ҳолатига тушади. Сенинг ўғлинг қаердадир бир табиб борлигини эшитиб, ўша одамни излаб кетади. Йўл-йўлакай бу одам — Худо Ўғли эканини билади. У даволаган одамларни учратади. Унинг таълимотини эшитади ва гарчи ўзи римлик юзбоши эса-да, Унинг эътиқодига ўтади. Ва бир куни эрталаб Унинг қошида ҳозир бўлиб, хизматкори касал эканини айтади. Ва Устоз — бу одамни шундай аташарди — унинг билан бирга боришга чоғланади. Бироқ юзбоши диндор киши эди, Устознинг кўзига қараб олиб тушунадики, ҳозир у Худо Ўғлининг рўпарасида турибди. Ана шунда сенинг ўғлинг абадий унут бўлмайдиган сўзларни айтади. У шундай деган: «Ташвишланма, Тангрим, мен муносиб эмасманки, Сен менинг қаватимга қўшилсанг. Бироқ сўзингни айтгин ва менинг хизматкорим соғайгай». Алкимёгар отини ниқтади. — Ердаги ҳар бир одам, у нима биланки машғул бўлмасин, дунё тарихида етакчи аҳамиятга эга вазифани адо этади. Одатда одамлар ҳатто бу ҳақда билишмайди ҳам. Бўзбола кулди. Бир пайтлар у ҳаётнинг моҳияти ҳақидаги муаммолар чўпон учун бу қадар муҳим бўлишини хаёлига ҳам келтирмаганди. — Омон бўл, — деди Алкимёгар. — Омон бўл, — деди жавобан бўзбола. Икки ярим соат отда Сантяго саҳро бўйлаб йўл босди. Йўл бўйи юрагининг айтганларига диққат билан қулоқ тутди. Айнан юраги унга хазина бекитилган жойни кўрсатиши керак эди. «Хазина қаерда бўлса, сенинг юрагинг ҳам ўша ерда», — деган унга Алкимёгар. Бироқ юраги бошқа нарса ҳақида гапирди. Юраги ғурур билан икки марта кўрган тушини ўнгга айлантириш ниятида қўйларини ташлаб сафарга чиққан чўпон тарихини ҳикоя қилди. Ўз Йўлини ва уни енгиб ўтганлар — янги ерларни ёки гўзалларни қидириб сафарга отланганлар ва ўз замондошларининг кўрсатган йўл-йўриқларига, ақидаларига журъат билан қарши бора олганлар, буюк ўзгаришлару китоблар ҳақида ҳикоя қиларди. Сантяго барханни ёнбағирлаб кўтарилаётган пайтдагина юраги шивирлаб деди: «Ҳушёр бўл. Сен йиғлаб юборадиган жойда мен бўламан, демакки, сенинг хазинанг ҳам ўша жойда бўлади». Бўзбола аста-секин кўтарилди. Юлдузлар сочилган осмонда яна тўлин ой кўринди — у саҳро бўйлаб бир ойдан бери йўл юраяпти. Ой барханни ёритди ва барханлардан тушган соялар денгиз тўлқинларига ўхшаб туюларди, шунда Сантяго Алкимёгар билан хайрлашиб, юганни ташлаб отини қўйиб юборган кунни эслади. Ой сукутга чўмган саҳрони ва хазинани қидираётганлар босиб ўтган йўлни ёритарди. Бир неча сония ўтиб, тепага кўтарилганда унинг юраги жон-жаҳди билан ура бошлади. Рўпарасида, ой нурида ва оппоқ қумлар шуъласида эҳромлар қад ростлаб турарди. Сантяго тиз чўкди ва йиғлаб юборди. У Оллоҳга ўз Тақдирига ишонч уйғотгани, уни Малкисидқ билан, биллур Сотувчи, англиялик ва Алкимёгар билан дуч келтирганига шукроналар айтди; муҳими, унга саҳро аёли билан учрашиш насиб этди, бу аёл эса севги ҳеч қачон кишини Ўз Йўлидан адаштирмаслигига уни ишонтирди. Мингйилликлар эҳромлар юксаклигидан бўзболага қараб турарди. Энди у, агар хоҳласа, воҳага қайтиши, Фотимага уйланиши, қўй боқиб юриши мумкин. Саҳрода Умум Тилини биладиган, қўрғошинни олтинга айлантира оладиган Алкимёгар ҳам яшаган-ку. Сантяго ўз санъатини намойиш қиладиган, донолиги билан лол қолдирадиган одам йўқ: Ўз Тақдири йўлидан бориб, у ўзига керакли ҳамма нарсага ўрганди, орзу қилганларини бошидан кечирди. Бироқ, энг муҳими, у ўзининг хазинасини қидирди, зотан, ҳар қандай иш мақсадга тўла эришилгандагина битган ҳисобланади. Бўзбола тепаликда турар ва йиғларди, пастга қараганида эса кўрди: кўз ёшлари тўкилаётган жойда гўнг қўнғизи ўрмалаб бораётганди. Саҳро бўйлаб кезган вақт мобайнида Сантяго бунинг Мисрда тангри тимсоли эканидан хабардор бўлганди. Унга яна бир белги берилди ва бўзбола қумни ковлашга киришди, бироқ аввал биллур Сотувчини эслади ва унинг ҳақ эканини тушунди: умр бўйи тош қалагани билан ҳеч кимга ўз ҳовлисида эҳром қуриш насиб этмайди. Тун бўйи у белгиланган жойда қумни ковлади, бироқ ҳеч нарса топмади. Эҳромлар тепасидан мингйилликлар унга сукут сақлаб термуларди. Бироқ у ён бермасди — қумни ўрага қайтариб ураётган шамолга қарши басма-бас тинимсиз қазирди. Сантяго ҳолдан тойди, қўлини яралади, бироқ юрагига ишонаверди, юраги унга хазинани кўз ёши тўкилган жойдан қидиришни уқтирарди. У ўрадан тошларни олиб ташлаётган дақиқада туйқусдан қадам товуши эшитилди. Сантяго ўгирилиб, одамларга кўзи тушди — улар бир неча нафар эди, юзларини танитиб қўймаслик учун ёруғга орқаларини бериб туришарди. — Сен бу ерда нима қилаяпсан? — сўради улардан бири. Бўзбола жавоб қилмади. Уни қўрқув босди, чунки айни пайтда йўқотадиган нарсаси бор эди. — Бизлар урушдан қочдик, — деди бошқаси. — Бизга пул керак. Сен бу ерга нима яширдинг? — Ҳеч нима яширганим йўқ, — жавоб қилди Сантяго. Бироқ қочоқларнинг бири уни ўрадан тортиб олди, иккинчиси чўнтакларини титди ва қуйма олтинни топди. — Олтин! — қичқирди у. Энди ой унинг юзини ёритарди, Сантяго қароқчининг кўзларида ўзининг ажалини кўрди. — У ерда яна бўлиши керак! — деди бошқаси. Улар Сантягони қазишга мажбур қилишди ва у бўйсунмай иложсиз эди. Бироқ хазинадан дарак бўлмади ва қароқчилар уни дўппослай бошлашди. Дўппослаш саҳар палласигача давом этди. Устидаги кийими бурда-бурда бўлди ва ажали етишига озгина қолганини ҳис этди. Шу пайт Алкимёгарнинг гапи ёдига тушди: «Пулнинг сенга нима кераги бор, агар ўлишингга тўғри келса? Пул ажалингни бир лаҳзага ҳам кечиктиролмайди». — Мен хазина қидираяпман! — бақирди Сантяго. Ёрилиб, қони қотган лабларини зўрға қимирлатиб, у қароқчиларга тушида икки марта миср эҳромлари пойига бекитилган хазинани кўрганини гапириб берди. Қароқчилар сардори узоқ жим турди ва кейин шерикларидан бирига мурожаат қилди: — Уни қўйиб юбор. Унда бошқа ҳеч нарса йўқ, бу қуймани у бирор жойдан ўмарган. Сантяго йиқилди. Қароқчилар сардори унинг кўзига қарамоқчи бўлди, бироқ бўзболанинг нигоҳи эҳромларга қадалган эди. — Кетдик бу ердан, — деди сардор шерикларига, кейин ўгирилиб Сантягога деди: — Мен сени шунинг учун тирик қолдираяпманки, сен бунақа аҳмоқ бўлиш ярамаслигини тушунгин. Худди ўша жойда, ҳозир сен турган жойда, менинг ўзим икки йил бурун айни бир тушни бир неча марта кўрдим. Тушимда кўринишича, гўё мен Испанияга боришим керак, у ерда бир вайрона черков бор эмиш, унга чўпонлар қўйларини қамаб тунармиш, омборхонасида тутанжир ўсиб чиққанмиш, шу черковни қидириб топишим керакмиш. Бироқ мен туш кўрдим, деб саҳрода тентираб йўл кезадиган аҳмоқ эмасман. Шу гапдан кейин қароқчилар кетишди. Сантяго азоб билан ўрнидан турди ва сўнгги бор эҳромларга қаради. Улар бўзболага табассум қилди, у ҳам жавобан кулиб қўйди ва юраги бахт-саодатга тўлганини ҳис этди. У ўз хазинасини қўлга киритди. ХОТИМА Бўзболанинг исми Сантяго эди. У вайрон бўлиб ётган черковга етиб келганида аллақачон қоронғу тушган эди. Омборхонада ҳануз тутанжир кўкариб турар, ўйиқ гумбаздан, худди бурунгидай, юлдузлар кўринарди. У бир оқшом отари билан шу ерда тунаганини эслади, ўшанда, кўрган тушини айтмаганда, тун хотиржам ўтганди. Ҳозир у яна шу ерда. Бироқ бу сафар қўйларини ҳайдаб келгани йўқ. Унинг қўлида белкурак бор эди. У осмонга узоқ тикилди, кейин тўрвадан вино олиб, бир қултум ичди. Бир сафар оқшом саҳрода юлдузларга термилгани ва Алкимёгар билан вино ичгани ёдига тушди. Орқада қанча йўл қолиб кетганини ва Тангри унга қанақа ғаройиб усул билан хазинага ишора қилганини ўйлади. Агар у тушларига ишонмаганида, лўли кампирни, Малкисидқни, қароқчиларни учратмаганида... «Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ йўл белги-аломатлар билан кўрсатиб қўйилган эди, ундан мен четга чиқолмасдим», — ўйлади у. У ўзи сезмаган ҳолда ухлаб қолди. Кўзини очганида қуёш тепага кўтарилиб кетган эди. Сантяго тутанжирнинг тагини ковлай бошлади. «Кекса сеҳргар, — ўйлади у Алкимёгар ҳақида, — сен барини олдиндан билгансан. Мен бу черковгача етиб келишим учун олтин қуйманинг иккинчи бўлагини ҳам менга қолдирдинг. Руҳоний мени кийим-кечагим абгор, ўзимни дўппосланган алпозда кўриб кулиб юборди. Сен мени бундан халос қила олармидинг?» «Йўқ, — у шамолнинг шитирлаган овозини яхши эшитди. — Агар мен сени огоҳлантирганимда, сен эҳромларни кўрмасдинг. Улар чиндан ҳам жуда гўзал, тўғрими?» Бу Алкимёгарнинг овози эди. Бўзбола кулди ва қазишни давом эттирди. Ярим соатча вақт ўтиб, белкурак аллақандай қаттиқ нарсага урилди, тағин бир соатлардан сўнг Сантягонинг олдида қадимги тилла тангалар билан лиқ тўла чиройли сандиқча турарди. Сандиқчада тағин қимматбаҳо тошлар, оқ ва қизил патлар билан безатилган олтин ниқоблар, зумрад қопланган тош санамлар бор эдики, жангу жадалларда қўлга киритган бу ўлжаларни ғолиб мамлакат аллақачон унутиб юборган, ўлжалар эгаси улар ҳақида фарзандларига ҳам ҳеч нима демаган эди. Сантяго тўрвадан Урим ва Тумимни олди. Улар фақат бир марта, эрталабки пайт бозорда унга асқотганди: ҳаёт уларсиз ҳам бўзболага ишончли белгиларни кўрсатиб турди. Сантяго уларни сандиқчага солди — бу ҳам унинг хазинасининг бир бўлаги: тошлар унга энди ҳеч қачон учратмайдиган кекса подшоҳни эслатиб туради. «Ҳаёт чиндан ҳам Ўз Тақдири йўлидан борадиганларни сийлайди, — ўйлади у ва Тарифга бориши, лўли кампирга хазинанинг ўндан бирини бериши лозимлигини эслади. — Лўлилар чиндан доно! Дунё бўйлаб кўп кезишларидан шундай бўлса керак». У яна шамол эсаётганини сезди. Бу «ливантинлик» эди, Африкадан еларди, бироқ бу сафар ўзи билан саҳро бўйини олиб келмади, маврлар босқинини даракламади. Энди Сантяго секин яқинлашиб келиб, лабларига бўса бўлиб қўнган муаттар бўйни, майин товуш ва таъмни фарқлади. Бўзбола табассум қилди: бу Фотиманинг илк ўпичи эди. — Мен бораяпман, — деди у, — сенинг ёнингга бораяпман, Фотима. Т А М О М |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57615 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36530 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21575 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19508 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |