Балиқ ови (ҳикоя) [Qamchibek Kenja] |
Мен биринчи синфга қатнардим. Акам еттида ўқирди. Отам хўжалик мудири эди. Уйимизга тез-тез меҳмон келиб турарди. Ҳар сафар ҳар хил кишилар: ориқ, семиз, новча, пакана, мўйловли, мўйловсиз... Уларнинг кўпини танимасам-да, ўзимда йўқ севиниб кетардим. Чунки меҳмон келса, акам иккимиз, албатта, балиқ овига жўнардик. Қишлоғимизнинг кунботар томонида тўқай бўлиб, ҳали зовурлар қазилмаган, захоб сувлар қуритилмаганди. Катта-кичик булоқларда, айниқса, Димариқда (димланиб оққани учун шундай дейиларди) балиқ мўл бўлар эди. Сув кўпайганда ҳатто тўқай ичидаги шолипояларга ҳам балиқ чиқиб кетарди. Шанба-якшанбада бу ерга болалар тўлиб кетардики, ким қармоқ кўтарган, ким тўр судраган... Мен акамнинг балиқ тутишини кўришга ишқибоз эдим. У балиқ овлашга уста эди. Тўрдаям, санчиқдаям бир зумда бир пақирини илинтирарди. Ҳатто қўлдаям. Сув остига шўнғиб, балиқларни ўз камаридан тутиб чиқарди. Ҳеч нарсадан, илондан ҳам қўрқмасди. Илон кўрдими, тамом, уни думидан ушлаб айлантириб-айлантириб отиб юбормагунча кўнгли жойига тушмасди. Қирғоқда кулча бўлиб, мудраётган илонлар шарпамизни сезди дегунча жилиб қолишар ё ўзларини сувга уришарди. Ўртоқларимнинг ҳаваси келар, мен керилиб, «аканг Қарағайнинг акаси шунақа», деб кўкрагимга урардим. Болалар чувиллашиб акамнинг изидан эргашиб юришар, ундан илон ушлаб кўрсатишни сўраб, ялиниб-ёлворишарди. Акам кўпинча уларга йўқ демасди. Бундай вақтда болалар акамнинг қўлидаги илоннинг ҳавода доира ясаб, чириллаб айланишини узоқдан, бир-бирининг пинжига киришганича, қўрқа-писа тамоша қилишарди. Илон ўттиз-қирқ қадам нарига шалоплаб тушгач, ўшаёққа чопишар, сулайиб ётган газанданинг ўлганига ишонч ҳосил қилишгандан сўнггина унга яқинлашишарди. Биронта юраклиси (у ҳам иложи борича ўзини орқароққа олиб) илоннинг думига ҳадиксираб қўл узатарди. Шундан кейин бошқалар, мен бир айлантирай, мен бир ушлаб кўрай, деб талашиб кетишар, сўнгра муросага келишиб, тўқай ўртасидаги кенг чимзор майдонда навбатма-навбат, ким узоққа отар ўйнардилар. Акам уларга қўшилишимга рухсат бермасди. Бирпас ўксиниб турардим-у, акам саёз жойга, қуруқликка ирғитган зоғора балиқнинг жон ҳолатда сапчиб-сапчиб тушишини, сувнинг чуқурроқ ерига интилишини, тангаларининг офтобда ялт-юлт қилишини кўриб, аразни эсдан чиқарардим. Кейин акам тол ё юлғиндан кесиб берган илмоқли чивиққа балиқларни тизиб, шолипояларнинг энсиз полида лангарсиз дорбозлардай лапанглаб, акам қаёққа борса, орқасидан кўтариб юрардим. Кўп ўтмай болалар сувни шалоплатиб югуриб келишар ва яна хархашасини бошлашарди. Акам тағин илон қидириб кетар, лекин энди уни ушлаб, болаларни қувиб қоларди. Уларнинг ҳар ёққа тирақайлаб қочишини кўриб, қотиб-қотиб кулардим. Ўшанақа пайтларда мен жуда яйраб кетардим. Шунинг учун ҳам меҳмоннинг қорасини кўришим билан ирғишлаб, похол ёядиган каттакон айри ёғочга ипдан тўқилган кичкинагина, бир кишилик тўр турадиган баланд сўрига чопардим. Акам бўлса, менга хўмрайиб, биқинимга секингина бир мушт туширар, такага ўхшаб ирғишлама, деб жеркиб берарди. Попугим пасайиб, кўзимни енгим билан ишқалаганча индамай уйнинг орқасига ўтиб, ўтириб олардим. Бирпасдан кейин акамнинг ўзи чақирарди: — Ком! Тўрни ол, кетдик. Тўрни елкамга ташлаб, акамнинг олдига тушардим. Биламан, балиқ овлаш акамнинг жонига тегиб кетган. Шунинг учун эшикдан бегона товушни эшитса пешонаси тиришарди. Аммо, тўқайгача суст борарди-ю, сувга тушди дегунча ҳамма нарсани унутиб, ишга жон-жаҳди билан киришиб кетарди. У балиқни меҳмонларнинг сонига қараб тутар, чамасига етмагунча сувдан чиқмасди. Меҳмонлар одатда учта-тўртта бўлиб келишарди. Кўпинча уларни отам ўзи бошлаб кирар, бироқ отамнинг йўғида ҳам келишаверарди. Фақат бир киши ҳамиша отам билан келарди. Фақат шу одамгина менга ёқмасди. Гавдаси бесўнақай, ранги совуқ, чақчайган кўзларига қарашга юрагим дов бермасди. Мўйлови ҳам бошқаларникига ўхшамас: лабининг икки четида осилиб турарди. У менга доим ҳиссиз, дағал овозда: «Ҳа, Қоравой, юрипсанми», деб қўяр, пешанамга тушган калта, тартибсиз пат-сочимни қўйнинг жунини чамалаб кўргандай ғижимлаб, эркалаган бўларди. Бошим зирқираб, кўзларимдан ёш чиқиб кетай дерди. Лекин сир бой бермас, гапига ҳам жавоб қайтармай, ерга қараб тураверардим. Кейин у қизларнинг майда сочидай ингичка ўрилган ва учи боғичли қилиб тугилган, юлғин сопи йилтиллаб кетган қамчинини: «Ма!» деб узатарди. Мен уни айвон устунидаги михга илиб қўярдим. Балиқдан кейин палов ҳам ейилиб бўлгач, у мени чақирарди: «Қоравой, қани, қамчинни опке-чи». У панжалари орасидан сизиб тушаётган ёғни қамчин дастасига суртиб-суртиб, яна менга қайтариб бергач, кафтини чарм этигининг қўнжига ишқалай бошларди. Сўнг товоққа чой қуярди-да, айлантириб-айлантириб бир кўтарарди ва хўрда ичгандай хўриллатиб, симириб юборарди. Ҳаммасидан ҳам унинг балиқ ейишини томоша қиладиган эди. У балиқни кўп ва жуда тез ер, бироқ кам нушхурт чиқарарди. Нима бало, қилтаноғини ҳам ютиб юборармикин, деб ҳайрон бўлардим. Мен отамнинг ёнида ўтириб, унинг балиқни ошалаб ейишини ҳайрат билан кузатар, айрим хатти-ҳаракатларини кўрганимда бошимни отамнинг панасига эгиб, секин кулиб олардим. Кекирганида ҳиқилдоғи ўйнаб чиқар, учи ингичка ва узун мўйловлари балиқ қилтаноғига илашиб ҳадеб оғзига кириб кетар, у чайнашдан тўхтамаган ҳолда бош бармоғи билан чиқариб қўярди. Дастурхонга фотиҳа ўқишгач, отам: «Қани, Комронбек!» дерди. Меҳмоннинг орқамдан: «Шу ўғлингиз эпчил, чаққон, улоққа тушадиган йигит бўлади-да», деганини эшитиб, қадамимни тезлатардим. Балиқхўр кишининг оти дарвозахонамизда турарди. Эгар қошига илинган қора, йилтироқ корзинкани бир сакрашда олиб, зум ўтмай отамга етказардим. Отам пиширилмасдан олиб қўйилган балиқларни қоғозга ўраб унга жойлаштирарди. Мен эсам қамчинни олиб, ғизилланимча отни дарвозахонадан кўчага етаклаб чиқардим. Акамнинг-ку, уни кўришга кўзи йўқ эди-я, ҳатто опам ҳам: «Яна кепти балиқхўр киши», деб қўярди. Ўчоқ бошидан жилмайдиган онам хурсандми ё хафами — буни билолмасдим, тўғриси, энди эсласам, қизиқмаган эканман. Фақат бир марта опам ғудраниб тандирга ўт қўяётганида унинг: «Қовоғингни оч, Саломат, отанг сезиб қолса, ҳали ҳаммамизни қақшатади, у отангнинг хўжайинларидан», дегани қулоғимга чалинган. «Балиқхўр» бизникига охирги сафар келганида тахминан эрта баҳор эди. Қаттиқ келган қишнинг ҳали заҳри кетмаганди. «Балиқхўр киши» биринчи марта кўпчилик билан келди. Шериклари ҳам ўзига ўхшаган қориндор-қориндор-у фақат мўйловлари йўқ эди, холос. Отам меҳмонларни катта уйга жойлаштириб, тезда ҳаммамиз тиқилиб ўтирган даҳлизга қайтиб чиқдида паст овозда иш тақсимлай кетди: — Онаси, дарров суюқ ошга урин, қўй ёғидан кўпроқ тўғрамчилаб, жазла. Саломат, баланд сўридаги узум, анордан олиб туш, қовунданам, эски чакмонга ўраб қўйганман. Кейин қўшнилардан қатиқ топ, кўпроқ, ҳа, сарёғам. Бўла қол, оёғингни қўлингга ол. Комил, укангни бошла тўқайга. Мўлроқ тутиб келинглар. Судралмай илдамроқ қимирла. Акам анграйиб отамга, кейин кўзларини мўлтиллатиб онамга қаради. — Шундай совуқда-я?.. — Онам акамдан кўз узмай, юрак ютиб, аммо журъатсизгина шундай деди. — Ҳеч нарса қилмайди, тўрда овлашади. Атайлаб балиқхўрликка келишган. Қани, нонни опке, чойни тезлаштир! — Отам онамнинг олдига борди-да, унинг қулоғига бир нарсалар деб шивирлади. Бу гап онамга ёқмади шекилли, пешанасини тириштирди. Акам ҳамон жойидан қимир этмас, кўзларини ўчоқда гувиллаб ёнаётган оловга қадаганча киприк қоқмай турарди. Ўша пайтда унинг хаёлидан нималар кечгани менга ҳозиргача қоронғи. Катта уйга кириб кетаётган отам қўлини эшик тутқичига узатганча тўхтаб қолди, кифти оша акамга қаради ва анча силлиқлашган то-вушда: «Иссиқроқ кийинвол, ўғлим»... дедию нигоҳини тезда қайириб, шаҳд билан тутқичга ёпишди. Лекин ичкаридан эшикни оҳиста ва зич ёпди. Назаримда, у эшикка суяниб бир оз туриб қолгандай туюлди. Човгумдан чойнакка қайноқ сув қуяётган онам: «Шу пайтда зарилаканми?.. Кимга нима қайғи... Сал кун илиганда келишсаям бўларди, тўқайга ўт тушиб, балиқ қирилиб кетмасди...» деб ғудранди. Кейин у бизга зўрлаб икки пиёладан иссиқ чой ичирди, қалин кийинтирди. Тўғриси, шу пайтда балиқ овига менинг ҳам ҳеч боргим йўқ эди. Акам оёғига илашган тош-кесакларни жаҳл билан тепиб кетар, ўзича минғирлар, мен қунишганча унинг орқасидан индамай тўр судраб борардим. Ариқларнинг бўйларида, марзаларда кўклам нишонаси — ялпизлар бодроқ-бодроқ бўлиб чиқа бошлаган, бақаларнинг «вақ-вақа»си авжида, чимзорлардаги кузда ўт қўйиб куйдирилган ажриқларнинг томирларидан чиққан янги, кўм-кўк гиёҳлар ер бағридаги ҳаётнинг қайтадан жонланганидан далолат берарди. Сўппайган қовжироқ қамишлар изғиринли кўклам шамолида бир-бирига урилиб, нохуш овоз таратарди. Икки лаби кўкариб қолган Димариқ ҳали ҳеч ким ва ҳеч нима лойқалатиб улгурмагани учун тип-тиниқ, билинар-билинмас, майин чайқалиб ётарди. Сув остида онда-сонда майда-чуйда балиқлар кўзга ташланиб қоларди. Акам Димариқнинг торроқ жойига тўр солди. Мен ариқнинг тепароғига бориб, узун калтак билан балиқларни ҳайдай бошладим. Сув бир зумда қоп-қора бўтанага айланди. Акам тўрни кўтарди. Ҳавода бир неча майда чавақ ялт-юлт этдию чўлп-чўлп қилиб сувга гушиб кетди. Қайтадан тўр солдик. Бу сафар иримигаям биронта илинмади. — Ҳали балиқлар камаридан чиқмапти, — деди акам тўнғиллаб. — Энди нима бўлади? — Нима бўларди, камарга тушаман-да. — Совуғ-у ака, совқотмайсизми? — Нима қиламан? Балиқ топиб бориш керак. Акам отамнинг гапини икки қилмас, бошлаган ишини, албатта, охирига етказарди. «Фалон нарса битмай қолди» ё «йўқ экан» деганини билмайман. Бундай бўлишига отам йўл қўймасди ҳам. Яна бир марта уриниб кўрганимиздан кейин акам тўрни қўриққа отиб юбориб, ечина бошлади. Акамга Димарикдаги, умуман, тўқайнинг ҳамма булоқ ва ариқлардаги балиқ камарлари беш қўлдай маълум эди. У ариқнинг чуқурроқ жойини, балиқнинг камарини мўлжаллаб шўнғиди. Сув тиниқ бўлгани учун унинг ҳаракатлари аниқ кўринарди. Тўғри бориб пўсти қолмаган, сув ялаб ўтаётган япасқи тол тўнкаси остига қўл суқди. Амфибия одамдай сув остида ҳар замонда оёқларини силтаб, муаллақ ҳолда анча туриб қолди, кейин орқасига тисарилиб, сув бетига отилиб чикди. Унинг икки қўлида бир ярим-икки қарич келадиган иккита зоғора балиқ типирчиларди. Акам балиқларни қирғоққа ирғитиб яна шўнғиди. Кейин яна... Афтидан, улгуржи балиқ топиб олганидан у ҳам ўзида йўқ хурсанд, совуқни ҳам унутган эди. У ҳар гал балиқни менга ташлаётиб «нечта бўлди» деб сўрарди-ю, лекин жавоб кутмай шўнғиб кетарди. Ўн бештага борганда акам сувдан чиқди. Бадани қорда ишқалангандай қип-қизариб кетган, дағ-дағ қалтирар, тишлари бир-бирига тегиб такилларди. Уйга етгунча югургилаб келдик. Акам даҳлизга кирдию ўзини сандалга урди. Онам: «Бечора болам-эй», деб унинг юзларини, кўкракларини, қўлларини ишқалади, иссиқ чой ичирди, устига якандозлардан ташлади, сандалга яна икки хокандоз чўғ содди. Акам совқотиб кетяпман, жунжикиб кетяпман, деб бир оз ётдию ухлаб қолди. Балиқни опам иккаламиз айвонда тозалаб бериб турдик, онам қовуришга тушди. Отам тайёр бўлганини пешма-пеш ичкарига олиб кириб кетарди. Меҳмонлар жуда ҳурсанд: хохолашар, айниқса, «балиқхўр киши»нинг кулгиси момагулдиракдай уйнинг деразаларини зириллатиб юборарди. — Бўронбекнинг ўғли қишда муз тешиб бўлсаям балиқ тутиб беради, демадимми сизларга! — Отасининг ўғли-да! Мард, улфат одамнинг фарзандиям мард, улфат бўлиши керак-да! — Ҳа, ҳамма гап отасида. Қизиқ гап бўлмаса ҳам қийқириқ, кулги кўтарилди. — Мана энди бундан бу ёғи балиқ сайли, — яна «балиқхўр киши»нинг овози эшитилди. — Қачон десанглар келаверамиз, хўжалик мудиримизни ҳамиша эшиги очиқ. Меҳмонлар қоронғи тушганда қўзғалишди Эшик тарақлаб очилиб, остонада «балиқхўр» кўринди. У чайқалиб кетишдан ўзини аранг тутиб турар, қулочини кериб, икки қўли билан эшик кесакиларидан маҳкам ушлаб олганди. Унинг пашша қўнса сирғалиб кетадиган силлиқ бошида тер ялтирар, гўштдор, қора юзлари чўғдай қизариб, кўзларининг оқи жигарранг тусга кира бошлаганди. — Келин! Раҳмат... Аммо балиқни зўр қовурибсиз. Бу... биззи қаҳрамон кўринмайди?.. Ие, ухлаб қопти-да, ҳа, майли, дамини олсин... У эҳтиёткорлик билан қадам ташлаб сандал ёнига келди. Энгашмоқчи бўлганди, азбаройи тўйиб кетганидан эгилолмади. Амаллаб қўлини акамнинг жағига етказиб, эркалаган бўлди. — Шоввоз йигит, ботир йигит... Ўғилдан хўп берганда сизларга... Мана шу Комилбек бор деб келамизда биз... Яшаворсин, азамат. Балиқни зўридан тутибди. Маза қилдик... Меҳмонлардан бири уни қўлтиғидан суяб ташқарига бошлади. Бу пайтда онам ўчоқ оддида бошини хам қилганича юзини ярим яшириб турар, отам эса пиширмай олиб қўйилган балиқларни қора корзинкага жойлаш билан банд эди. Меҳмонлар телва-тескари босишиб кўча томон юришди. Пичан еяётган отларини тимирскиланиб аранг ечишди-да, сувлиғини ҳам солмай эгарга ёпишишди. От туёқларининг «тақа-туқ»и анчагача эшитилиб турди. Қайтиб кирганимда уйнинг деразалари ланг очиқ, онам оғзини дока рўмол билан тўсиб олиб, дастурхонни йиғиштирарди. — Комрон, манави савил қоғур шишаларни йўқот кўзимдан нарироққа! — деб қичқириб қолди у менга. Хона димиқиб, папирос тутунлари шифтнинг тўсинлари орасида сийрак булутга ўхшаб сузиб юрар, тахир, ачимтир, қўланса таъмлар, балиқ ҳиди, нос иси аралаш-қуралаш бўлиб кетганди. Уйни тозалаб бўлиб печкани қайтадан ёқдик-да, Унинг яқинига жой қилиб, акамни уйғотдик. Онам: «Тур, тур ўғлим, ичкарига жой солиб қўйдим, иссиққина, кириб ёт», деб эланар, акам бўлса унинг гапларини эшитмагандай нуқул: «А, а, нима?»... дерди. Хуллас, уни бир амаллаб турғаздик. Лекин у карахт одамдай жойидан жилмас, қовоқларини зўр билан кериб очган кўзлари юмилиб кетарди. Онам унинг тирсагидан тутиб ичкарига бошлади. Акам ўринга кирдию устига кўрпани тортди. Онамнинг: «Чой ичиб олмайсанми, овқат есанг-чи», деган илтижолари жавобсиз қолди. Отам меҳмонларни кузатиб қайтганида биз ҳаммамиз акамнинг бошида ўтирардик. Онам уни кўрдию тутоқиб кетди: — Қайси гўрда қолдингиз? Йўқ ердан балиқ топиб сийлаганингизам етарди-ю, уйларигача обориб қўйдингизми?! Бола қийналиб кетди! Дўхтир топиб келиш керак! Қамчинни этигига уриб келаётган отам таққа тўхтаб, онамга ғазаб билан тикилди, лекин кўзлари нурсизланиб ранги оқариб кетган эди. Кейин шитоб келиб акамнинг ёнига чўнқайиб, кафтини унинг манглайига қўйди. — Комил! Комилжон! Акам жавоб бермади. У қисқа, аммо тез-тез нафас оларди. Отам онамга юзланди: — Овқат-повқат едими?! — Туз тотгани йўқ, болам шўрлик, — дея жавоб берди онам йиғламсираб. Отам чиқиб кетди. Кўчада от туёқларининг тасир-тусири эшитилди. Опам акамнинг оёқларини уқалаб, пиқиллаб йиғлар, онам эса унинг пешонасига оқ дуррачани қайта-қайта ҳўллаб босар, мен нима қилишимни билмай бир чеккада уларнинг хатти-ҳаракатини, онамнинг ҳолатини кузатиб ўтирардим. Онам ҳар замонда: «Вой, онагинанг ўргилсин-эй, вой томоғингга қилтаноқ тиқилгурлар-эй, бирор сафар балиқ емай кетишса нима қиларди-я, бадани ёняпти буни, қўлни куйдиради-я», дея уф тортар, акам бўлса ўзи билан ўзи овора бўлиб, иситма билан олишар, алаҳларди. У хаёлида нуқул менга гапирарди: «Комиш, топдим! Балиқнинг конини топдим! Икки қаричли сазан... Ол! Ушла, сувга тушиб кетмасин!.. Нечта бўлди?.. Ҳозир, ҳозир чиқаман...» Қачон, қандай ухлаб қолганимни билмайман. Эрталаб турсам, акам энди тинчиб ором олаётган экан. Кечаси доктор келиб укол қилибди, хавфли эмас, сал совуқ ўтибди холос, деб кетибди. Чиндан ҳам акамнинг иситмаси пасайди, озроқ овқат еган ҳам бўлди. Лекин барибир алаҳсирайверди. Ҳаммамиз унинг атрофида парвона эдик. Айниқса, отам олдидан бир қадам ҳам жилмади, десам бўлади. Ўзи мажбурлаб озгина шолғом шўрва, иссиқ чой ичирди. Устини бирдай ўраб турди. Бир-икки марта киприкларида нимадир йилтиллаганини кўриб қолдим. Ҳаммасидан ҳам опам иккимизни «сиз»лагани ғалати туюларди. Ғайрати терисига сиғмайдиган, чапдаст ва жангари одам бир кеча-кундузда чўкиб, хаста, синиқ қарияга айланиб қолди. Назаримда, бир соатда бир энлик этидан тушаётгандай эди. Онам бўлса, кун бўйи қовоғини очмади. Ҳар замонда ўзича ғудраниб қўярди. Акам кундузи тез-тез безовталаниб ётдию кечга бориб иситмаси яна кўтарилиб кетди. У ўқтин-ўқтин қалтираб-титраб кетар, лаблари пирпираб учиб-учиб қўяр, тилини чапиллатиб тамшанарди. Алаҳсираши кучайди. Узуқ-юлуқ гапларидан худди ниманидир қувалаётгандай, кимдандир нажот кутиб, мадад сўраётгандай бўларди. Ярим кечага борганда тинчиб ухлаб қолди. Шундан кейин биз ҳам ётдик. Қаттиқ дод-войдан уйғониб кетдим. Онам билан опам акамнинг устига ётиб олишганича ҳўнграб йиғлашар, отам бир қўлида акамнинг жағини ушлаб, иккинчи қўли билан ҳадеб унинг қовоқларини ишқалар, «ҳиқ-ҳиқ» қилганида елкалари титрар, икки кўзидан шовуллаб ёш қуюларди. Мен аввалига ҳеч нарсага тушунмай анграйиб қараб қолдим. Кейин юрагим совуқ бир нарсани сезиб, акамнинг устига ўзимни ташладим. Мук тушганча, тушунибми-тушунмайми, узоқ йиғладим. Ўзимни тутолмас, нимадир мени йиғлашга мажбур қиларди. Лекин барибир бола эдим-да. Бир оздан сўнг акам эсимдан чикди. Ҳовлимизга кираётган одамларнинг кўплигини кўриб оғзим очиларди. Ҳатто тўйимда ҳам бунча одам келганмас, деб ўйлардим ўзимча. Отам гангиб қолгандай, ким гапирса ўшанинг оғзига Қарарди. У нуқул мени бағрига босар, ёнидан жилдирмасди. Биз отам билан дарвозахонамизда турардик. Баъзилар отамни қучоқлаб йиғлашар, биров сўрашиб, бошқаси бош қимирлатганча индамай ҳовлига ўтиб кетарди. Бир маҳал келаётганлар орасида «балиқхўр киши кўриниб қолди. Мен ҳозир сочимдан тортқилайди, деб ўзимни отамнинг орқасига яширдим. Агар қўл чўзадиган бўлса шартта қочиб кетаман деб мўлжаллаб турдим. Лекин у менга эътибор ҳам бермади. Ҳатто бошини ҳам кўтармасди. Отамнинг олдига келиб тўхтади-да, бир нималар деб пичирлади. Мен фақат «бандачилик-да, бандачилик...» деганини эшитдим. Ота тескари ўгирилди... Ўшандан бери балиқни кўрсам сесканиб кетаман. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21835 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |