«Навоий анжумани» [Zokirjon Mashrabov,Qamchibek Kenja] |
Илмий сафаримизнинг ўнинчиси биз учун алоҳида аҳамият касб этади. Президентимиз Ислом Каримовнинг таклиф ва кўрсатмалари асосида ҳукуматимиз махсус қарор қабул қилган эди. «Буюк аждодларимизнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида дафн этилган жойларини аниқлаш ва ободонлаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги мазкур тарихий ҳужжатнинг 5-бандида Бобур номидаги халқаро жамғарма номи ҳам алоҳида зикр этилган эди: «Бобур номли халқаро жамғарманинг буюк аждодларимиз хотирасини тиклаш ва абадийлаштиришга доир фаолияти маъқуллансин...» Камтарона жамғармамиз фаолиятига берилган бу юксак баҳо ва эътироф биз учун ғоят шарафли эди, айни пайтда у зиммамизга янада жиддий масъулият юклади. Навбатдаги сафаримиз режаларини мазкур қарор ҳамда Юртбошимизнинг Эрон ва Афғонистон президентлари билан учрашуви чоғидаги фикр-мулоҳазалари асосида қайта кўриб чиқдик. Бўлажак халқаро йўл — Термиз — Мозори Шариф — Шибирғон — Маймана — Ҳирот — Тойибот йўлидан юришга аҳд қилдик. Мозори Шарифда яхши бир тадбир, биз учун муҳим воқеа устидан чиқдик: шаҳардаги кўп қаватли «Жузжон» савдо маркетининг бешинчи қаватида жойлашган «Навоий анжумани»нинг навбатдаги машғулоти ўтаётган экан. Гурунгни анжуман раисининг ўринбосари, Балх дорулфунунининг адабиёт ва инсонпарварлик илмлари факултети муаллими устод Саид Муҳаммад Олим Лабиб бошқараётган эди. Улар орасида, жумладан, бир вақтлар Тошкентда ҳуқуқшунослик бўйича малака ошириш босқичини ўтаган Қори Абдураҳим Айний, Балх вилояти маданият бошқармаси раиси Абдулла Руин, ёзувчи Сардор Муҳаммад Раҳмон ўғли, шоирлардан — Абдулазиз Деҳқон, Соли Муҳаммад Xассос ва бошқалар бор эди. «Навоий анжумани»нинг мақсад ва вазифалари Афғонистонда яшовчи туркийзабон халқларнинг тили, тарихи, адабиёти, умуман маданиятини қайта тиклаш, ривожлантириш, тарғибу ташвиқ қилишдан иборат экан. Анжуман қатнашчилари Ўзбекистон адабиёти, маданий ҳаёти билан қизиқдилар. Савол-жавоблар бўлди. Бобур жамғармаси ва Навоий анжумани ўртасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш тўғрисида таклифлар тушди ва маъқулланди. Абдурашид Дўстим Қароргоҳида Эртасига Шибирғонга жўнадик. Йўл-йўлакай Балх шаҳрига кириб, Бобораҳим Машраб қабрини зиёрат қилдик. Кеча балхлик шоир, «Навоий анжумани» аъзоси Абдулазиз Деҳқон ўз маблағи ҳисобидан Машраб қабрини таъмирлатиб қўйганини айтган эди. Дарҳақиқат, 1992 йилги сафаримиз чоғида бу қабр жуда ҳам аянчли ҳолатда эканлигининг гувоҳи бўлган эдик, ҳарқалай, бетондан кенг супа қилиниб, унинг ўртасига қабр тош қўйилибди ва мармар тахтага ушбу лаҳаднинг қаландар шоир Бобораҳим Машрабга тегишли эканлиги битилибди. Шибирғонда генерал Абдурашид Дўстим билан учрашдик. У бизни муҳташам қароргоҳининг ҳовлисида қабул қилди. Суҳбат самимий ва дўстона бўлди. Афғонистон Шимолий вилоятлар ҳудудининг раҳбарларидан бири бўлмиш Дўстим Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлардан, Президент Ислом Каримовнинг халқаро фаолияти ва нуфузидан мамнун эканлигини изҳор этди. Биз унга республикамиз ҳукуматининг буюк аждодларимиз оромгоҳларини ободонлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, сафаримизнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида гапирдик. Шу кеча қароргоҳнинг мўътабар меҳмонларга мўлжалланган қўноқхонасида тунадик. Оқшом Сарипулни зиёрат қилиб қайтдик. Сарипул — бу тарихий кўприк — Алишер Навоий қурдирган бир неча ўнлаб катта иншоотлардан бири, мана беш асрки, ҳали-ҳамон мустаҳкам турибди. Уқубатли Йўллар. Яшнаётган Ҳирот Майманадан у ёғи — деярли Ҳиротгача дашт, тоғу довонлар, даралар оралаб кетдик. Тизза бўйи тупроқ. Xуллас, бу «сўқмоқ»ни йўлга айлантириш учун қанча маблағу меҳнат сарф бўлишини тахминан тасаввур қилиш мумкин. Лекин Ўзбекистоннинг денгизга, дунёга чиқиши учун бу йўл жуда зарур экан, демакки, маблағ ҳам, куч ҳам топилади! Бу гал бизни Ҳирот очиқ чеҳра ва гуллар билан қарши олди. Шаҳар тубдан ўзгариб кетган. Мусалло майдонида ҳам ҳолат хийла ўзгача эди: Алишер Навоий ва Гавҳаршодбегим мақбаралари атрофи — тахминан тўрт гектарча ер қўрғонланиб, катта темир дарвоза қурилибди. Навоий сағанасининг тушиб кетган жойлари урилиб, эпақага келтирилибди, Гавҳаршодбегим мақбарасини таъмирлаш бошланибди. Мақбаралар билан кириш дарвозаси ўртасидаги йўлакларнинг четларига ҳар хил гуллар экилибди. Қўрғонга «Гавҳаршодбегим боғи» деб ном қўйишибди. Ҳиротликлар пири саналмиш Абдулла Ансорий мақбараси чинакам зиёратгоҳга айланган, унга борадиган йўл равон ва асфалт эди. Форс-тожик адабиёти намояндаларидан бири, Алишер Навоийнинг устози Абдураҳмон Жомий қабр-мақбарасининг ҳолати ҳам яхши. Машҳур мусаввир, ўзбек мусаввира санъатининг дарғаси, мўъжаз рангтасвир устаси Камолиддин Беҳзоднинг қабри Ҳиротнинг ғарби-шимолий томонидаги адирлар тепасида бўлиб, мақбарасиз эди; унга мақбара тиклаш ҳам ўнғайсиз эди, чунки Беҳзод қабрининг ён-атрофларида бошқа қабрлар ҳам кўп бўлиб, улар бир-бирига жуда яқин жойлашган. Султон Ҳусайн Бойқаронинг қабр тоши ҳамон ўшандай — атрофи очиқ, ёлғиз турибди. Мавлоно Лутфий Ва Унинг Қабри Мавлоно Лутфий қабрини кўп машаққатлар билан топдик. Тарихий-адабий манбаларда шоирнинг «Ҳиротнинг Деҳи канор мавзеида», «Ҳирот атрофидаги хиёбонлардан бири — Деҳи канорда» таваллуд топгани, ижод қилгани ва шу жойда дафн этилгани битилган. Ҳолбуки, Деҳи канор Ҳиротниг хиёбонларидан бири эмас, шаҳардан ўттиз чақирим кун чиқишдаги дашт ва қишлоқ экан. Буни биз Ҳиротнинг тарихнавис, билимдон кишиларидан бўлмиш Мавлоно Анбарийдан суриштириб билдик. — Шаҳзода Қосим зиёратгоҳи — қабристони бор. Мавлоно Лутфий шаҳзода Қосим қабрининг кун чиқиш тарафига қўйилган бўлиши керак, — деди олим янаям аниқроқ қилиб. Деҳи канор йўли ҳам носоз эди. Бепоён Буталай дашти оралаб кетдик. Икки соатлар чамаси юрдик. Иттифоқо рўпарамиздан бир йигит келиб қолди. Шаҳзода Қосим мозорини сўрадик. — Тўғри кетаяпсизлар, яқин қолди, — деди у. Дарҳақиқат, бироздан кейин чоғроқ бир пахсали қўрғонча кўринди. Жануб тарафидаги эшик ўрнидан кирдик. Ўртада шунчаки тепаликка ўхшаган бир қабр — катта-кичик тош уюми. — Наҳотки шу тош уюми Лутфийнинг қабри бўлса? — деймиз ҳайрон бўлиб. — Ахир, Лутфий катта шоир, Ҳирот адабий мактабининг пешқадам вакилларидан бири бўлган-ку. Уни «ўз замонасининг малик ул-каломи» деган унвон билан атаганлар. У турк ва форс-тожик мумтоз адабиётининг йирик намояндаси, Навоийнинг устози, Абдураҳмон Жомий билан дўст бўлган, Навоий ижодига катта эътибор билан қараган. Айни вақтда Алишер Навоий ҳам Лутфий ижодига юқори баҳо берган. Лутфий форс-тожик тилида ҳам ижод қилган, лекин ўзбек тилидаги шеърлари билан шуҳрат қозонган. Тарихчи Xондамир «Мавлоно Лутфий сўз лутфида ягонаи даврон эди, ундан илгари ҳеч ким туркий тилда шеърни ундан яхшироқ айта олмаган эди», деб ёзади. Биз масалага ойдинлик киритишга қарор қилдик ва қўрғонча ёнидан ўтган ўзандан пастга — Жануб томонда элас-елас кўринаётган дарахтзорлар томон юриб кетдик. Хуллас, кўп машаққатлар билан яна бир соатдан ортиқ юриб, одамлардан сўраб, ҳақиқий шаҳзода Қосим қабристонини топиб бордик. Бу энди хийла катта — тахминан икки гектар атрофидаги пахса деворли қўрғон бўлиб, у Дашти канор ўртасида, Деҳи канор қишлоғидан икки чақиримча Шимолда эди. Қўрғон ичида боя кўрганчалик яна бир қўрғонча бўлиб, унинг ўртасида сўри сифат баланд супа ва унинг устида катта тош уюми бор эди — бу чинакам Шаҳзода Қосим қабри эди. Узун соқолли, камсуқум шайх Абдул Ваҳоб ҳам, иттифоқо келиб қолган деҳқон Абдураҳмон ҳам Лутфий ҳақида, унинг қабри тўғрисида ҳеч нарса билмас эди. Биз Мавлавий Анбарийнинг гапларини айтганимиздан сўнг Абдул Ваҳоб ҳужраси ёнидаги бир ихчам қўрғончани кўрсатиб: — Мана бу жойда ҳам бир қабр бор, лекин кимники эканлигини, тўғриси, билмайман, — деб қолди. Ҳиротлик ҳамроҳимиз, Мавлоно Анбарийнинг ўғли Тоҳиржон билан Абдураҳмон девор оша қўрғонча ичига тушишди-да, белкурак билан тупроқни ковлай бошладилар. Анчадан кейин қалин ва узун мармар тош чиқди, офтобада сув олиб, уни ўша жойда ювдилар ва ниҳоят: — Топилди, топилди! — деди Тоҳиржон севиниб. Тошга уч сўз битилган эди: «Мавлоно Лутфий Xиравий». Ҳаммамизнинг ҳам қувончимиз чексиз эди. Муқаддас Қуръон оятларидан тиловат қилиб, Лутфий ҳазратларининг руҳи-покига бағишладик. Ҳиротга кеч қайтдиг-у, тўғри сангтарошлар растасига бордик. Мармар тошга ёзув буюрдик. Эртасига мармар тахтани олиб, яна Деҳи канорга жўнадик. Шайх Абдул Ваҳоб бизни яна сассизгина, мулойим жилмайиб кутиб олди, унинг ёрдамида Лутфий дафн этилган қабр қўрғончасини токчасимон қилиб ўйдик-да, «Бу оромгоҳ пок Аллоҳ лутфи дарёсиниг ғаввоси, урфонга элтувчи ғазал иқлимининг султони, ҳазрати Лутфий Xиравийникидир...» каби жумлалар ўйиб ёзилган мармар лавҳани жойлаштириб, атрофини суваб маҳкамладик. Шундан кейин шайх Абдул Ваҳобга атаган назру ниёзларимизни бериб, Ҳиротга қайтар эканмиз, ҳаммамизнинг кайфиятимиз чоғ, бугунги қилган тадбиримиздан мамнун эдик. Қандаҳор. Чеҳл Зина Навбатдаги йўналишимиз Ҳирот-Қандаҳор эди. Маълумки, бу шаҳар ўзининг тоғлари ва боғбоп ерлари билан Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ўзига ром этган. Шу боис бу шаҳарни фатҳ қилиши муносабати билан Ғарб тарафдаги баланд тоғнинг шундоқ тумшуғ томонини ўйдириб, унга гўзал гумбазли айвон солдирган. Айвонга чиқиш учун ётқизилган тошлар ва тоғнинг ўзидан 40 та зина ясалган, шунинг учун бу тарихий тош обида «Чеҳл зина» номи билан машҳур бўлиб, китобларга кирган. Унинг тоқисига, ичларига иморат соҳиблари — Бобур Мирзо ва унинг фарзандлари шаънига настаълиқ хатида мақтов ёзувлари ўйиб битилган. Айвон олдидаги тошсупанинг икки четида тошдан ясалган шер ҳайкали ҳам бўлганлигини таҳмин қилдик: ҳар икки томонда занжир ва шер думининг қолдиқлари бор эди. Демак, шерларни кимдир кўчириб олиб кетган. Тош айвон солинган тоғ рўпарасидаги Бобур Мирзо бунёд этган Чаҳорбоғ одамларга томорқа сифатида бериб юборилган эди, шунинг учун уни кўрмак имкони бўлмади. Ғазна. Ал-Беруний Қабри Аҳволи Ғазна вилоятининг ҳокими ҳожи Асадулло Xолид ёш — ўттиз бешлардаги бўйчан, истарали йигит эди. Бу ерда америкалик меҳмонлар — бир аёл ва бир неча эркак ҳам бўлиб, ҳожи Асадулло улар билан инглиз тилида гаплашарди. У рус тилида ҳам анча-мунча сўзлай оларди. — Мен Тошкентда бир неча бор бўлганман, — дейди у, — менга шаҳар ҳам, одамлар ҳам кўп маъқул бўлди. Энди сизлар билан кўришиб, танишганимдан хурсандман. Маънавият ва бошқа кўп соҳаларда афғонлар билан ўзбеклар ўртасида анча муштаракликлар бор. Сизларнинг саъй-ҳаракатларингиз фақат афғон ёки ўзбек халқи учунгина эмас, умуман, Осиё халқлари учун ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Суҳбат давомида, шубҳасиз, афғон заминида ётган буюк аждодларимиз, жумладан, улуғ олим, мутафаккир Абу Райҳон Беруний ва унинг қабри ҳақида ҳам сўз очдик: — Беруний ва унинг ўлмас, бебаҳо мероси нафақат афғонлар, нафақат ўзбекларники, балки башариятнинг мулкидир, шунинг учун унинг қабри-мақбарасини тиклаш, атрофини ободонлаштириш ҳаммамизнинг бурчимиздир. — Албатта, — деди ҳоким, — биздан нима ёрдам зарур бўлса, кўрсатамиз. Шу куни Ғазна ҳокими бизни қуюқ меҳмон қилди, қароргоҳи меҳмонхонасидан жой берди. Эртасига эрталаб Ғазна шаҳар ҳокими Ҳаким жаноблари, тарих, фалсафа фанлари муаллими ҳожи Абдураҳмон Ҳакимий ҳамроҳлигида Беруний қабри бошига бордик. Ўша-ўша «қабр» — бир уюм тош. Озгина ерга экилган буғдой ўриб олинган, нарёғида турли экинлар, ёввойи ўтлар ўсиб ётарди. Жаҳон тан олган аллома, Ўрта асрнинг буюк қомусий олими бўлган бир мўътабар зотнинг мақбарасидан-ку ном-нишон қолмаган, қабри ҳам бир ҳовуч дарё тошидан иборат бўлиб турибди-я! — Аллома қабрининг бундай ачинарли ҳолга тушиб қолишининг сабаблари кўп, тарихдаги беомон жанглар деймизми, ўтмишдаги айрим ҳукмдорларнинг маънавиятга, маърифатга, илмли машҳур зотларга ҳавас билан эмас, ғараз билан муносабатда бўлишлари натижаси, деймизми... Назаримизда, муаррих, муаллим ҳожи Абдураҳмон Ҳакимий юрагидаги гапларни айтди: демакки, унинг ҳам алами ичида экан. Шаҳарга қайтиб, кечаги келишувимиз бўйича тўғри вилоят ҳокимлигининг идорасига бордик. Қабулхонада ўтириб, Афғонистон Республикасининг Ғазна вилояти ҳокимлиги ҳамда Бобур халқаро жамғармасининг ўзаро ҳамкорликда Абу Райҳон Беруний қабр-мақбарасини тиклаш ва унинг атрофида боғ-хиёбон вужудга келтириш тўғрисида ўзбек ва форс-тожик тилларида шартнома ёздик (илмий сафаримизнинг янги аъзоси, Афғонистон фуқароси Муҳаммад Анвар шу жойда ҳам асқотди). Кейин ҳоким ҳожи Асадулло Xолид хонасида яна суҳбат бўлди, шартномаларга имзо чекилди. Эссиз, Эссиз Кобул... Кобул шаҳри кўрган «жабру ситам»лар олдида Қандаҳор ва бошқа шаҳарларники ҳолва экан. Шаҳарнинг асосий қисмларида соғ бино жуда кам қолган эди. Яхшиямки, элчихонамиз жойлашган мавзе уруш асоратларидан холи экан. Элчимиз меҳнат таътилида экан, унинг ёрдамчиси Носиржон Ғиёсов ва консул Искандар Қодиров бизни қувонч билан кутиб олишди. Уларнинг ёрдамида Афғонистон маданият ва ахборот вазири Доктор Саид Маҳдум Рахин билан учрашиб, таассуротларимиз ва галдаги режаларимизни ўртоқлашдик. Биз энди тезроқ Бобур боғини, ундаги тарихий-маданий иншоотлар ҳолатини кўришга ошиқдик. Аҳвол, ҳарқалай, одамни суюнтирадиган эмас эди. Подшо қароргоҳи ва унинг оиласи истиқоматгоҳи ўнглаб бўлмас даражада нураган, бузилган, томлари ўпирилиб тушган эди. Бобур Мирзо қабри тепасидаги соддагина, мўъжазгина мақбаранинг томи вайрон бўлган, девор-устунларида беҳисоб ўқ излари қолган эди. Аммо бу ерда ҳам кўнгилни кўтарадиган воқеалар содир бўлмоқда — боғда машҳур халқаро Оғахон жамғармаси ҳомийлигида таъмирлов бошланган — Шимол ва Шарқ томонларга девор тикланган, мақбаранинг Ғарб тарафидаги намозгоҳда қурувчи-таъмирловчилар шиддат билан ишлашмоқда эди. Ўкинч Ва Суюнч Ҳамиша Ёнма-Ён Бомиёнда қиладиган жиддий ишимиз йўқ эди. Йўл ҳам расво, бунинг устига асосий йўлдан бурилиб, анча ичкари кирилар эди. Қолаверса, у жойларда ҳали хавф-хатар бутунлай бартараф этилгани йўқ, деган гаплар қулоғимизга чалинган эди. Лекин биз толибонлар вайрон қилган бир неча минг йиллик тарихий обидалар — будда ҳайкалларини бир кўриб қайтиш истагида мошина чамбарагини Ғазна — Кобул йўлидан Ғарбга қараб бурдик. Бизда у улкан ва маҳобатли (ахир, бўйи 54 метр, деб ўқиганмиз) тош ҳайкалларнинг лоақал бир қисми соғ қолгандир, деган умид бор эди. Афсуски, умидларимиз пучга чиқди. Ҳар учала (ер, хотин ва бола сиймолари акс эттирилган) маъбуданинг — санъат асарининг ўрни қолган эди, холос. Бомиёндан маъюс таассуротлар билан қайтиб, яна Кобул йўлига тушиб олдик. Йўл тоғ оралиқлари — баланд-паст, ваҳимали довонлардан иборат эди. Бир жойда кўприк қурилишига дуч келиб қолдик. Иншоот атрофида Тошкентдан, Андижондан, умуман, Ўзбекистондан келган техникалар — булдозер, скрейперлар ишламоқда эди. Билсак, «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик концернининг қурувчилари экан. Уларнинг бошлиғи, концерннинг махсус ишлар бўйича бош муҳандиси Содиқжон Xолиқов ҳам шу ерда экан. Маълум бўлишича, бу йўл қурувчиларимиз томонидан битказилаётган 8-кўприк экан. Биз ўз ватандошларимизнинг бу беминнат ёрдамини кўриб қувондик. Қайдасан, Ишкамиш? Бобораҳим Машрабнинг Балхда қатл қилиниб, шу жойга дафн этилгани ва лекин қалби ўтлиғ шоирнинг Ишкамишда ҳам қабри борлиги манбалардан маълум. Биз аввало ҳамюрт шоиримиз қабрини зиёрат қилиш ва унинг жасади-ҳоки Ишкамишга қай тарзда бориб қолгани ҳақидаги ривояту нақлларнинг қайси бири росту, қайси бири ёлғон эканлигини аниқлашни ҳам дилимизга тугиб қўйган эдик. Пули Xумри вилояти ҳокими муҳандис Муҳаммад Умар аввалига «у ёнлар нотинчроқ, йўли ҳам яхши эмас», деб бизни қайтармоқчи бўлди, аммо ниятимизнинг қатъийлигини билгач, вилоят газ ва нефт бошқармаси бошлиғи, ишкамишлик ҳожи Абдул Қодирни қўшиб берди. Бобораҳим Машраб қабри қишлоқнинг Ғарб томонидаги ясси бир тепаликда эди. Зиёратгоҳга келаётган аёллар кўп эди, билсак, чоршанба — хотин-қизлар зиёрат қиладиган кун экан. Мақбара — мақбара эмас, гувала-лойдан тикланган, шифтлари оддий, ҳари-тўсинли, ўртача ҳажмдаги бир уй, ҳужра эди. Ўртадаги қабр атрофи тахта-ёғоч билан супасимон қилиб ўралган ва устига зангори духоба ёпилган эди. Ҳожи Абдул Қодир бизнинг келганимиздан хабар берган эди, ҳадемай улус, яъни туман валийси, қўмондони, маҳаллий аҳоли вакиллари, Машраб қабрига яқин жойда яшовчилар тўпланишди. Биз Бобораҳим Машрабнинг бу овлоқ тепаликдан қўнимгоҳ топиши сабаблари билан қизиқдик. Афсуски, улар ҳам Бобораҳим Машраб ҳақида Ўзбекистонда чоп этилган китоблардаги маълумотлардан, унинг қабрлари тарихи тўғрисида эса, бизга маълум бўлган афсона ва ривоятлардан бошқа манба ва ахборга эга эмас эдилар. Лекин энг муҳими, улар Машрабнинг машҳур шоирлигини билишар, уни Шо Машраби Қаландар, деб аташаркан. Ҳужранинг деворларига ўзбек ва форс-тожик тилларида Машраб ғазалларидан парчалар битилган матолар илинган эди. Бир мўйсафид бизга Машрабнинг бундан юз йиллар аввал Бухорода чоп этилган девонини тақдим этди. Умуман, Ишкамиш бизда алоҳида таассурот қолдирди. Бу ерда ўзбеклар кўп ва улар ўз тилларини яхши билишар, Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурлари, фикрлари яхши эди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62444 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58009 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40512 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36682 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23342 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23194 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22039 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19562 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18681 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14496 |