Тошқин (қисса) [Qamchibek Kenja]

Тошқин (қисса) [Qamchibek Kenja]
Тошқин (қисса) [Qamchibek Kenja]
I
Воқеа юз берган куннинг эртасига ажралишмоқчи бўлишди. Бутунлай. Шундоқ, ихтиёрий равишда. Албатта бундай қарорга дарҳол келишгани йўқ, балки қарийб йигирма йиллик умр масофасини босиб ўтишганди.
Айтганча, қаҳрамонларимиз «Орзумандлар» қиссасини ўқиган китобхонларимизга таниш. Ўша асарда «Шавкатнинг тоғаси Рустам қайлиғи Рисолатни ана шундай тошқинларнинг бир галгисида бешафқат тўлқинлар ўз домига тортмоқчи бўлган ваҳший гирдоб қаъридан олиб чиққан» деган жумла бор. Қисса хотимасида мавзуга кейинроқ қайтиш борасида андак шама ҳам қилиб ўтилган эди, бироқ мен Бобур халқаро илмий экспедицияси сафарлари ва улар ҳақида хотиралар ёзиш билан андармон бўлиб, бошқа ижодий юмушлардан анча йироқлашиб қолгандим. Сўнгги воқеани эшитгач, собиқ қаҳрамонларим билан қизиқдим. Қудрат (Рустамнинг поччаси) номзодликни бир амаллаб ҳимоя қилибди. Тошкентдаги қайсидир илмий-текшириш институтида илмий ходим экан. Тоғаси билан Тегирмонбошида яшаётган Шавкат ўрта мактабни битирибоқ ота-оналари Қудрат ва Ҳабиба ёнига жўнабди. Политехника университетида яхши ўқиган экан, ўша даргоҳга ишга олишибди. Рустам ўзимизга кел, деб анча ўтинибди, аммо дадаси «Қишлоқда ўсмайди, ўсадиган муҳит ҳам йўқ» деб, кўнмабди. Ҳабиба, гарчи укасига ачинса-да, эрининг фикрини ёқлабди. Шавкатнинг ўзига ҳам бир вақтлар мослашолмаган шаҳар ҳаёти ёқиб, тоғаси, келин аясидан узр сўрабди, озроқ ишлаб кўрайчи, балки кейинроқ вилоятга қайтарман, деб, уларни овутибди. Рисолатнинг иккинчи ҳомиласи, учинчи, тўртинчилари ҳам бўйидан тушиб кетибди, қисқаси, болалик бўлишолмабди. Жувон руҳан эзилганиданми, юраги ўқтин-ўқтин безовта қила бошлагач, ёз ойларини Қорадарёнинг ўрмон билан туташ соҳилида ўтказишга келишишибди. Кеч куздан кўкламгача ҳамма уй-уйида бўлиб, унча билинмайди, ёзда эса кўча тўла бола... Рисолат уларга қараб эзилади. Бунинг устига хотин-халаж кечқурунлари ҳовлилари орқасидаги хода-ўтирғичга қалдирғочдай терилиб, лақиллашга тушишади. Уларнинг иккидан бир гапи ўғил уйлаш, қиз чиқариш, ким сандиғига нима сеп ташлагани хусусида бўлади.
Шунга қарамай, бошда Рисолатни унатиш анча қийин кечибди. У бир дугонамни бошига етган, ўзимниям нариги дунёга олиб кетишига бир баҳя қолган ўша ёвуз дарёга тикилиб ўтираманми, деб анча тайсаллабди. Рустам: дарёнинг у йиллардаги важоҳатидан, даҳшатидан асар ҳам йўқлигини биласиз-ку, энг асосийси, дўхтирлар айтгандай, иқлим алмаштириш учун узоқ жойларга боролмаймиз, бунга шароит ҳам, имконият ҳам чатоқ, дарё бўйи эса қулай, ҳам уйимизга жуда яқин, истаган пайтда келиб кетаверамиз, деб аранг хўп дегизибди. Ростдан ҳам тепада сув омбори қурилгач, дарёнинг эни бир чақиримдан зиёд ўзанининг уч-тўрт ерида эгри-бугри шалдирама сойлар ҳосил бўлган, фақат кўкламда, ёмғир мавсумида бир оз кўпаярди-ю, бурунгидай пишқириб, кўпириб, қирғоқларга хавф-хатар солиб оқадиган сув одамларнинг тушига ҳам кирмай қўйган эди. Рустамнинг у ёққа интилишининг бошқа сабаби ҳам бор эди – кейинги маҳаллардаги унинг асосий машғулоти, тирикчилик воситаси балиқчилик эди. (Бояқишнинг ҳунари, касби, дурустроқ илми ҳам йўқ-да). Куз, баҳор ойларида, ҳатто қишда ҳам тўр, қармоқ, сават каби воситалар билан балиқ тутиб сотарди. Ёзда, балиқ овлаш таъқиқланган паллаларда бу борада бир мунча қийинчиликлар, муаммолар туғиларди. Шу жиҳатдан мўлжалдаги маскан айни муддао – дарёнинг ўзидан ташқари ўрмон ичидан оқадиган ирмоғи ҳам жуда овбоп эди. Энг муҳими - соҳилда ота «мерос» уйча бор эди. У салгина таъмирланса бас, вақтинча яшашга бемалол ярарди.
Кулба ўрмон бошланиб, дарё ўзани қиялаб кетган «чиғаноқ»да жойлашган, ҳудуд сувга сероб, намчил қайирлиги боис, майса-гиёҳлар то мезон охирларигача яшил либосини ечмас, ҳаво мўътадил эди. Субҳи содиқда ёруғлик неъматини, ёруғ дунёни кўриш саодатини ўзаро суюнчилашиб, бу бебаҳо хушонлар завқи-суруридан ғофил бандалар оламини ҳам баҳраманд этишга ошиққан сергак, хушнаво қушлар хониши авжига минарди. Сўнгроқ ер узра аста кўтарилиб чиқадиган қуёш нурлари нариги қирғоқдаги мирзатерак, кўктерак япроқларида қирмизи тусда товланиб, ғаройиб манзара касб этарди. Дарёнинг ул юзида яшовчилар сувсиз ўзаннинг анча қисмига ҳам тол, тераклар экиб юборишган, аёллар, ёш келинчаклар, қизлар ана шу дов-дарахтлар орасидаги ёлғизоёқ йўлдан шалдирама бўйига тушишарди-да, чўнқайишганча, идиш-товоқ ювишар ё пақир, обдасталарда сув опчиқиб кетишарди. Дарахтларнинг сийракроқ учлари орасидан хийла олисдаги, бир замонлар аламнок амирзода Заҳириддин Бобур тўриқ оти жиловидан тутиб, паришонхаёл кезинган баланд-паст Андижон адирлари хусусан тиниқ тонгларда палаги йиғиштириб олинган полизда думалаб ётган қирқма қовунлар каби яққол кўзга ташланарди. Машриқ томондан сарин еллар тоза тоғ нафасини уфуриб келарди. Май ойининг бошларидан шингил-шингил, қалампирмунчоқсимон жийда гулларининг мушк-ифори еру осмонни тутиб, атрофдаги бор жонзотнинг баҳри-дилини очиб юборар, худди ана шу кунларнинг чошгоҳларида ҳатто сувилонларнинг ҳам бемисл ўткир ҳиддан маст бўлиб, сўқмоқ четларида хирагина чипор тангаларини қуёшга солиб, талтайиб ётганини кўриш мумкин эди. Ўзандаги сойларнинг тошдан-тошга урилиб, шарқираб оқиши, айниқса, тунлари жудаям мароқли эшитиларди. Жилғасимон оқимлар мавжида балоғат палласидаги оймоманинг танҳо, уялиб титрабгина чўмилиши, балиқлар билан қувлашмачоқ ўйнашлари янада ўзгача роҳат бағишларди кишига. Бу гўзал ҳолатларни Бунин, Пришвин, Паустовский каби табиат тасвири моҳирлари кўрганида ёқа ушлаб, таърифга сўз тополмай қолишлари, Левитанга ўхшаган мусаввирлар эса капа тикиб, беармон мўйқалам суришлари тайин эди.
Бир хоналик уй ёнида уч тарафи очиқ айвон бўлиб, туну кун ғир-ғир шабада аримайдиган ўша оромгоҳ супасида атрофни томоша қилиб ўтириш бағоят ҳузурбахш эди. Кечаси ичкарида, илон ё бошқа газанда кириб олмаслиги учун эшикни зичлаб беркитиб ётишарди. Ўрмонда аҳён-аҳёнда тулки бир дам узун, пахмоқ думини намойиш этиб, кўздан ғойиб бўларди, товуқ йўқлиги боис, уй теварагида ўралашиб юрмасди. Ўн-ўн беш қадам наридан ўтган, икки лабини яшил қиёқ, кулранг ялпиз босган ирмоқда эса сувкаламуш – қундузлар чопир-чопир қилиб сузиб юришар, баъзан қирғоқда ҳам кўзга ташланиб қолишарди. У чаққон жонивор тасодифан ё жаҳли чиққанида бирон ерингизни тишлаб олиши мумкин-у, ҳарқалай хавфли эмас. Шундай бўлса-да, Рисолатга ҳамроҳ, эрмак деб, мушук боқишди. Калта дум, кесма қулоқ сариқ кўппак Қайтмас эса доим улар билан бирга эди.
Асли у ерни ўрмон деб аташ ҳам ножоизроқ. Чунки майдони унча катта эмас – ўн беш-йигирма гектарнинг нари-берисида, мулки – бойлиги эса асосан мирзатерак, толтерак, бақатерак, анча-мунча қарағай, заранг ва ёввойи жийдадан иборат эди. Шунинг учун маҳаллий аҳоли Ўрмонча дейди. Бир вақтлар инсон юришга қийналадиган қалингина, файзлигина эди, вилоят ўрмончилик хўжалиги қоровул қўйиб, ойлик берарди. Рустамнинг отаси шу вазифада узоқ йиллар ишлаган. Мустақиллик арафасидаги бошбошдоқлик даврида, газ йўқ, чироқнинг ёнишидан ўчиши кўп, қишлоқ аҳли икки қишда қийратиб ташлади. Одамгина эмас, машина, трактор ҳам бемалол бу ёғидан кириб, у ёғидан чиқиб кетаверадиган қаровсиз сийрак дарахтзорга, болалар қўй-мол боқадиган ўтлоққа айланди. Янаям, тол, жийда беор нарсалар экан, қанча синдириб, кесиб кетилса ҳам, ёнидан, тагидан ўсиб чиқаверарди. Чакалак босиб ётарди. Рустам чопиб, қиртишлаб, сал эпақага келтириб қўйди. Ён дала фермери ўз ерига қўшиб олиш пайига тушиб қолувди, у ҳамон ўрмончилик хўжалиги ҳисобидалигини аниқлагач, кўз олайтирмай қўйди. Рустам ўз хоҳиши билан маошсиз, текинга қараб туришини айтганида, хўжалик раҳбарияти ундан жуда хурсанд бўлди. Рустам эса гўё шу билан анча-мунча ноқонуний балиқ овлашини ўзича оқламоқчи эди.
Қорадарёда сув билан бирга балиқлар тури, миқдори ҳам камайиб кетган, асосан шим, оқ амур, сўзанбалиқ (усач), майда чўртан, зоғора балиқ бўлиб, булар ичида сероброғи шим (баъзи шеваларда «шум») билан оқ амур эди. Лекин сув тоза, ҳидсизлиги учун Қорадарё ва унинг ирмоғидаги балиқларнинг гўшти бошқа жойлардагига нисбатан анча ширин, хуштаъм, шу сабабли харидоргир эди. (Аслида бу сув ости эркатойлари чуқур ўзанли дарёларда тўп-тўп бўлиб яшайди, лекин яқин-атрофда унақа сой ё анҳор бўлмагач, бечоралар нима қилсин, қайга борсин!)
«Шикор»га асосан кечаси, жониворлар емиш излаб изғийдиган маҳалда чиқишга тўғри келарди.

II
Рустам ҳафтада бир-икки бозорга қатнар, ўрмондаги қариб қуриган ё шамол белидан чўрт узиб юборган дарахтларнинг шохларини бутаб, кесиб-майдалаб келарди. Сўнг эр-хотин, бири ўт ёқиб, бири қозон ковлаб, кичкина декчада икки косагина мастава ё бир чўқимгина ош пиширишар, овқатдан сўнг кўк чойни ўгириб, у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтиришарди. Диққатпазлик, асабийлашиш кам, биров уларнинг мушугини пишт, итини кет демас, ўзлари хоҳлаганича, бамайлихотир умргузаронлик қилишарди.
Ҳа, аслида улар ҳаётларидан нолишмаса ҳам бўларди. Рисолат эрдан ёлчиган, Рустам эса энг улуғ, мўътабар орзуси – севганига етишишдек толега эришганди, бу толе, саодат унга садоқатли ҳамроҳ ва ҳамдам эди. Фақат, бир кам дунё деганларидек, чақалоқ йиғиси ва кулгусига зорлик кейинги пайтларда ўртага соя ташлай бошлади. Шугина бир кемтик, шугина ўкинч иккаласининг юрагига васваса солаётгандек, ҳар иккисини охир бир кун асосий йўлдан, ҳаёт сўқмоғидан чалғитадигандек туюлаверарди. Қўни-қўшни аёллар ва яна кимларнингдир ачинганнамо, назарида, ҳатто, истеҳзоли қараб қўйишларини, Рисолатнинг гўё ошкор этолмаётган, ийманиш, андиша йўл бермаётган ўпка-гинаси, надоматини ҳам сезиб-сезмасликка олар, тўғрироғи хаёлидан ўтказарди. Анави, рафиқасинининг қизлик пайтидаги хуштори бир даврада: «Гап сохт-сумбатдаям, телва кучдаяммас. Рисолатнинг умрини бекор ўтказяпти, у яхши қиз эди...» – деб отган қора чақир тош юрагига ёмон ботиб, тинчи, оромини йўқотди. Эслади, қалтироқ босарди. «Рақиби»нинг Тошкентдан келганини эшитса, хезланиб, кечқурунлари кўчаларни айланиб юрди, лекин ҳеч хилватроқ жойда тўқнашишмади. У оиласига биров билан муштлашмасликка сўз берган, шунинг учун ўша олифтанинг кекирдагини икки бармоғи билан қисиб, чакки айланадиган урғочи тилини кўриб қўймоқчи эди, холос. Секин-аста ғазаб алангаси пастлади. Кесак қисган, пакана аламидан, куйганидан деса дегандир-да. Бир ҳисобда... эҳтимол бошқасига тегса фарзандлик бўлармиди... Ё у ярамас, номард ўзи кўз тикаётганмикин-а? Йўғ-ей, ўлибдими, хотини билан муносабатлари жуда яхши дейишади, ўғил-қизлари бор. Лекин одамзоднинг сийратини билиш қийин. Балки аёлининг ҳам ҳамон унга майли бордир. Ахир ўн йил бир синфда ўқишган, энг бебаҳо ёшлик даврларини бирга ўказишган. Дарвоқе, Асқарнинг Рисолат эсдаликка ҳадя этган, саҳифалари ичига «А.А.+Ҳ.Р.» ҳарфлари ёзилган «Ёшликда берган кўнгил» китобини ҳалиям асраб-авайлаб юриши қулоғига чалинганда дилида яна ғулғула ғимирчилаб, буни ҳам анчагача унутолмай қийналган.
Хуллас, ўша куни гапни бир жойга қўйишди. Улар бир-бирларининг кўнглига тегишмаганди, кейинчалик бирга кечирган фараҳли дамларини қўмсашларини тахмин қилишарди. Иккинчи турмушидан ичи чиқмай, кўз очиб кўргани билан қайта топишиб кетган эр-хотинлар камми? Шунинг учун юз кўришмас бўлиб ажралишни иккиси ҳам хоҳлашмасди. Иккови ҳам бир-бирларининг армон ва изтиробларини англаган, ҳис-туйғуларини қадрлаган, ўзаро омад, бахт тилаган ҳолда, аёл эр хонадонини тарк этадиган бўлди.
Рустамнинг саноқлигина чўпқатлари, мижозлари, эшитиб ё суриштириб келадиган балиқхўрлар бор эди. У ўлжаларини зарурат туғилгандагина бозорга элтиб, пишириб сотадиганларга улгуржи ўтказиб келарди. Воқеа юз берган, эр-хотин ажрашишга аҳдлашишган оқшом Рустам кўпроқ балиқ тутиб, эртасига шаҳарга бормоқчи, сотиб, пулига Рисолатга совға-салом олиб келмоқчи эди (лекин бу ниятини хотинига билдирмаганди). Ўша оқшом, табиийки, унинг ҳам, аёлининг ҳам кайфиятлари носоз эди. Рустам куни бўйи гарангсигандай ўйланиб юрди, хаёлидан кўп нарсалар, деярли йигирма йиллик ҳаёти, ҳатто уйланмасдан аввалги ошиқи беқарор чоғлари ҳам бир-бир ўтди. Қаерда қиз-жувонлар тўпланиб туришган бўлса, ўшалар орасидан Рисолатни қидирарди. Тўйларда у яхши кўринадиган жойни чамалаб, меваларини болалар шип-шийдам қилиб қўйишган олмагами, беҳигами суяниб, оёқларини чалиштирганича, мўлтайиб тикилгани-тикилган эди. Ўзиям севиклисини чаманзордаги ягона атиргулдай, кўзининг қирида танирди. Рисолат безори (қизлар Рустамни шундай аташарди)нинг «еб қўйгудек» қараётганини пайқаса, «гўлаймай ўл, кўзинг тешилгур...», дея пичирлаб, шартта ёнбошига ўгирилиб ё нарироққа жилиб олар, лекин икки-уч дақиқа ўтиб-ўтмай «безбет, андишасиз» йигитни яна рўпарасида кўриб энсаси қотарди. Шундай кезлар гоҳида Рисолат икки-уч дугонасини етаклаб, тўйхонадан чиқиб кетишни маъқул кўрарди. Рустам сурлик қилиб уларнинг изидан тушар, буни сезган қизлар оҳудай ҳуркишиб, қадамларини тезлатишар ва ўзларини дуч келган дарвозага уриб, кўздан ғойиб бўлишарди. Мулзам хуштор ўша ерда, бирон дарахт панасида шумшайиб кута-кута, сўлжайиб қайта бошлар, шунда орқасидан «қиқир-қиқир» кулги эшитилар, лекин энди иззат-нафси оғриган йигит уларни қувалашдан ўзини тиярди. Ҳозир ўша тентакликларини ўйласа, Рисолатнинг олдида ерга кириб кетгудай уялади, ундан қайта-қайта кечирим сўрайди. (Рисолат ҳам унинг хурмача қилиқларидан ғаши келиб, зада бўлганларини айтиб берар, аммо сўкиб-қарғаганлари ҳақида индамасди). Яхшиямки, бошқаларга – тенгқур, каттароқ йигитларга қўллайдиган номаъқулчиликлари – атайин елкаси билан туртиб ўтиш, бақириб-чақиришларини қизга нисбатан ишлатмасди. Аксинча, Рисолатнинг қорасига нигоҳи тушиши билан қадамлари ўз-ўзидан сустлашиб, ёввойи куч кўпчитиб турган томирлари, мушаклари дами чиқиб кетган шардай бўшашарди. Асқар билан бир-бирларига ёв қараш қилиб юришарди. Тўй ва бошқа йиғинларда Рустам гап ковлаштириб, жанжал қўзишга уринар, лекин Асқар ундан ёш бўлса ҳам, оғир-босиқлигиданми ё чўчирмиди, ҳартугул ғижиниш, пичинг-кесатиқлардан ўт чиқмасди. Кейин у ўқишга кетворди-ю, қиздан қуруқ қолди. Ўзидан кўрсин, олифта, пандавақи...

* * *
Зотан, ажралиш борасида авваллари ҳам эр-хотин ўртасида ҳазилми-чин ишоралар бўлиб турарди-ю, ҳар гал Рустам мавзуни бошқа ёққа бурарди. Кўпинча таклиф Рисолатдан чиқарди. У оналик бахтига муяссар бўлолмаганидан ҳам кўра, Рустамга оталик саодати, ифтихорини ато этолмаганига кўпроқ куюнар, хижолат чекарди, чунки у айбни ўзида деб биларди. Табибларга, дўхтирларга кўринишди, уларнинг тавсияларига биноан кўп даволанишди, бироқ самара йўқ эди. Фарзанд ҳар иккисига ҳам жуда зарур эди. Шавкат борлигидаям унча сезилмасди, у пойтахтга кетиб, Санобар хола оламдан ўтгач, ҳувиллашиб қолди. Рустам хотинини ўйлаб, тўр судрашга ҳам қизиқмай қўйди. Пулга зориқишса қўшнининг қизларидан Рисолат билан бирга ўтириб туришини илтимос қилиб, дарёга йўл оларди. Бироқ бундай пайтларда соат миллари жуда шитоб айланаётгандай, бетоқатланиб, ови мўлжалига етмаса ҳам, тезроқ қайтиб юборарди. Шунақа маҳалда Рустамга фарзанд, айниқса ўғилнинг қадри ўтарди. Кўпгина болалар Россия, Қозоғистон, бўлак хорижий мамлакатларда ишлаб, доллар жўнатишиб оила боқишяпти. Рустамларнинг дастлабки гўдаги ўлмаганида ҳозир йигирмага кириб, у ҳам ишга ярайдиган азамат йигит бўп қоларди. Бошқа ёққа бориб пул топиб келишининг ҳожати йўқ, отасига қарашиб, унга ҳамдаст бўлса бас эди. Рисолат ҳам шу фикрда эди. «Бечорага жуда жабр, ҳамма ишга бир ўзи... – деб мулоҳаза юритарди у. – Бир қора кўз «қўчқор» туғиб берганимда ёнига кирарди, жилла қурса, саватини жилдиришиб, пақир-мақирини кўтаришиб юрарди...» (Ўғиллари бўлганда, балки умуман сават, пақир орқалаб, бемаҳалларда сув кечиб изғишга ҳам тўғри келмасди).
«Ақалли бир қизалоқ кўрганимизда... – кўнглидан ўтказарди Рустам, – уйда онасига қарашиб, унинг ёлғизлигини билдирмасди». Рисолатнинг кундузлари ҳам зерикиб сиқилишини (аксига олиб, ҳовлилари ҳам унча катта эмас эди), кечалари у овдан ё бирон издиҳомдан келгунча юраги дукиллаб, кўзи тўрт бўлиб ўтиришини яхши билар, шунинг учун қаердан бўлса ҳам барвақтроқ жилишга ошиқарди. Айниқса, даврада аёллар ҳақида ҳар хил гап кетган чоғларда пайтавасига қурт тушиб, безовталаниб қоларди. Балиқчилик қишлоқ шароитида одамни бой қиладиган касб эмас, ундан келадиган даромад кундалик тирикчиликни тебратишга учма-уч етади, холос. Дарёда сув оз, балиқ кам... Қолаверса, сал қўри бор ёшларни демаса, бошқалар баракаси йўқ, бир ейишлик нарса, гўшт ўрнини босмайди, унга яна оқ ёғ (ўсимлик мойи) ҳам кетади, деб, балиққа унча қизиқишмайди. Ҳар замонда истаб-сўраб келадиганлардан тушадигани нимаям бўларди. Кейин, якка одам қанчаям балиқ тута оларди? Хуллас, фарзанд йўқлиги ҳар қадамда, ҳар тарафлама сезилиб турарди. Ажралишга эса Рустамнинг ҳеч кўзи қиймас, жудоликка чидолмайман, деб қўрқарди. Бунинг қатор асослари бор эди, албатта. Аввало у нохуш бир тасодиф, фавқулодда ҳодиса баҳонасида етишган қалбининг чироғи, уйининг фариштаси – маликасини ҳамон илгаригидек яхши кўрар, унинг дилига озор етказиб қўйишдан мудом ўзини эҳтиётлаб юрарди. Келин эса завжи муҳтарами хоҳиш-иродасига ҳеч қарши бормас, у билан талашиб-тортишмас, рўзғор камчиликларидан, бошқа етишмовчиликлардан зорланавермас, ҳеч кимга ҳасрат қилмас (бунақаси, айниқса, ҳозирги замонда камдан-кам учрайди), ичи кулмаса-да, сиртдан мумкин қадар жилмайиб туришга тиришарди. Куёвига кир уст-бош кийдирмасди. Ҳар доим бет-қўлига сув тайёрлаб беради, таъби тусаган таомни вақтида муҳайё этади. Шаръий жиҳатдан ҳам рисоладагидай иш тутади... Шунингдек, улар никоҳ аҳдини бузишга сабаб бўлаётган омил туфайли бир-бирларига суяниб қолишган эди. Хуллас, ҳеч муболағасиз аҳил яшашарди (хонадондаги ғалва-низоларни, келишмовчиликларни, одатда, аксарият жигарбандлар, уларнинг ота-онаникига зид дунё¬қарашлари, эркалик ё инжиқликлари, поёнсиз орзу-ҳаваслари, бад феъллари келтириб чиқаради-да). Бундан ташқари, Рисолатнинг кўч-кўрони билан бориб ўтирадиган жойи ҳам чатоқ – ота ҳовлиларида акаси билан келинаяси бир этак жужуқлари билан ўзларини аранг эплаб кун кўришади. Рисолатнинг эри билан иноқлигидан кўнгли тўқ оға онасининг ҳужрасига ҳам қизларини жойлаб қўйган эди, синглиси учун алоҳида уй-жой тиклаб беришга унинг қурби етмас, бу иш Рустамнинг ҳам қўлидан келмас эди. Бошпана ҳал этилган тақдирда ҳам, бир-умр келинаяси, жиянларининг қош-қовоғига қараб кун ўтказиш қийинлигини Рустам ҳам, Рисолатнинг ўзи ҳам яхши англарди. Гарчи Рисолат «сиз яна уйланиб кўринг, мен минг марта розиман», деса-да, аслида ажралишга қатъий ҳаракат қилмаётгандек туюлар, бир вақтлар уни тошқин балосидан, нақ ажал чангалидан ажратиб олгани учун ўзини қарздор, бурчли деб билиб, нима бўлса ҳам, то ҳайдаб юбормагунча шу одам билан яшашим, унинг хизматини ўташим керак, деб ўйламаяптимикин, деган иштибоҳ эзарди Рустамни. Бу ҳақда Рисолатнинг ўзидан сўрамоққа оғиз жуфтлар, аммо шундоқ ҳам кўнгли ярим аёлнинг ярасини тирнаб қўйишдан чўчирди. Рисолат эса тошқинни бот-бот эслар, пушти паноҳидан ўла-ўлгунча миннатдорлигини таъкидлар, унинг сўзлари жуда ҳам самимийга ўхшарди.

* * *
Рустам қатъий қарорга келгунча, тўғрироғи, хотинининг маслаҳатини ёқлаб, розилик билдиргунча бу масала ўзлари ўртасидагина эмас, бошқалар иштироки, аралашуви, таз¬йиқида ҳам кўп бора муҳокама этилди. Раҳматли қайнона келинини жони-дилида кўрарди, чунки Рисолат ҳам уни ўз онасидай эъзозлар, юзига тик қарамасди. «Машварат»ларда Санобар хола кўпинча сукут сақлар, кейинроқ ўғли билан ёлғиз қолишганда ихтиёрни унинг ўзига қўяр, лекин гап орасида Рисолатдай оғир-босиқ, эсли жувонни топиш қийинлигини, унга ачинишини ҳам қистириб ўтарди. Қишлоққа ҳар замонда бир келадиган опа – Ҳабибагина узил-кесил ажралиш тарафдори эди.
– Биттагина ўғилсан, мен бировнинг хасмида, бошқа фамилиядаман, сендан кейин насл-насабимиз йўқолиб кетади-ку, – деб Рустамни қисди-қафасга оларди. – Намунча ундан кўнгил узолмайсан, ҳамма хотин бир хотину, пушти куйган, туғмас илм-амал билан хушингни оғдириб, тилингни бойлаб олганми дейман?! Яхшиям у сенимас, сен уни қутқарволгансан!..
Рустам бетини сидириб, шифокорларга қатнашганини айтишга жазм этади.
– Дўхтирлар...
Ҳабиба унинг гапини тилидан узиб, ёқасига ёпиштиради.
– Буни фақат Худо билади, ё дўхтирларинг Худоданам зўрми? Улар айтишаверади. Ана, Тошкўчадаги неччи йил тирноққа зор бўлиб юришган Суроб билан Марзия сатанг бошқа рўзғор қилиб, иккаласиям болалик бўлишибди!
Рисолат қайнопасининг ташрифидан безилларди. «Опа-опа»лаб, иззат-икромини жойига қўйишга тиришса-да, Ҳабибанинг зимдан нохуш қарашини, у тўғрида укасига бир нималар деб саннашини кўнгли сезиб турарди.
Поччаси Қудрат ака тушунган одам-да, «Опангиз гапираверади, фарзандсиз яшаётганлар бир сизлармас, яхши хотин – асил хотин. Ҳозирги болалар ота-онасига нима каромат кўрсатишяпти?» деб, Рустамга таскин берарди. Ҳабиба эса ажралишга далил бўладиган важларни ошириб, қалаштириб ташларди. Рустам жигарининг авлод хусусидаги куйи¬нишларида жон борлигини тан олар, ўша пайтда иккиланар ва опанинг даъватига мойиллиги кучаярди-ю, орадан бир кун ўтиб-ўтмай яна шашти пасаярди. Рисолатнинг оҳуники каби ҳимоя излаб, шафқат тилаётган чиройли, маъсума кўзларига нигоҳи тушиши билан ажралишга оид хаёллари пардай тўзирди. Ким аввал, ким кейин – Худо билади, лекин... Агар Рисолат ёлғиз қолгудай бўлса, бу уйда ҳоли нима кечади? Кексаяди, касалга чалиниши бор... Боши ёстиққа текса ким қарайди?.. Акасиникида бўлса, ҳар қалай, бир туғишгани-ку, хор қилиб ташлаб қўймас ахир. Балки, биронтасига... Рустам шунисини ўйласа, дарҳол айнирди. Ўзи билан шунча йил бир ёстиққа бош қўйган суюклисини бошқа бир кимсанинг қўйнида тасаввур этса, аъзои бадани титраб, ичи ёнабошлар, кўзларини қаттиқ юмиб, пастки лабини қонатгудай тишлар, баъзи пайтларда жазаваси тутиб қоларди. Агар Рисолат ёнида шундай ҳол рўй берса, дарҳол ундан узоқлашиб, тўр ямаш, ўроқ чархлаш каби юмушлар билан ўзини чалғитиш пайига тушарди. Жувоннинг дилидан ҳам «бошқа бир эркакка тегиб кўрсам нима бўларкин», деган хаёл кечиши мумкинлиги ҳақидаги фараздан эса янада баттар изтироб чекар, дунё кўзига қоронғи кўриниб кетарди. Аммо ҳаётнинг шундай аччиқ ва лекин темир қонунлари борки, бандаси уларни ўзгартиришга қодир эмас, бўйсунмасликка ҳам чора топа билмас. Ҳақиқий эркак эса ҳақиқат юзига мардона қараши, унинг шафқатсиз, одилона ҳукмидан бўйин товламаслиги лозим. Аёл кишини фарзандли – бахтли қилолмадингми, тақдирга бош эг-да, муштипар-бечоранинг ўз толеини яна бир бор синаб кўришига изн, имкон бер! Яхши кўрган одамингнинг энг улуғ, энг тансиқ орзуси ушалишини наҳотки хоҳламасанг? Наҳотки, ўшандай жонажонинг шодлигини ўз қувончингдай билмасанг, у билан қўшилиб севинолмасанг?.. Лекин Рустамнинг ўзи-чи? У ким билан қолади, оғриб-нетса, ким унга ғамгузор, ҳамдард бўлади? Биргина илинжи Шавкатдан эди, у ҳам Тошкентда қолди. Ўша жиянини уйлаб олишса, келин, уларнинг болалари билан овуниб яшашаверармиди... Балки опаси айнан шунинг учун ҳам ўғлининг қишлоққа қайтишини истамагандир...
Ҳа-а, ўзингникимас-да... Бир ҳисобда ёшларнинг келажагига тўғаноқ бўлиш ҳам инсофданмас. Лекин опаси айтгандай, бошқа бировни Рисолатга ўхшата олишига Рустамнинг кўзи етмасди. Рисолат ҳам ўзга бир эркакнинг елкасини силашни зинҳор истамасди. Агар акасининг ўғил-қизларига яхши гапириб, кўнглини овласа, улар ҳам ўз фарзандидай қовушиб кетиши мумкин. Рустам ҳам Рисолатнинг шундай йўл тутиб, жиянларининг меҳрини қозонишига ишонарди, ахир у тили ширин, мулойим жувон-ку. Буни Рустам хотинига ҳам шама қилади. Ўзининг яна уйланиб кўриши ҳақида эса, лом-мим демайди. Рисолат гап айлантирса, маъюс бош чайқайди.
– Йўқ, Рисолат, яхши кўрмай турмуш қуриш қийин бўлса керак. Мен фақат сизни ёқтирганман.
– Ахир эркак бошингиз билан ёлғиз ўтиролмайсиз. Хотин кишининг йўриғи бўлак – кирини ўзи ювади, озиқ-овқатини ўзи пишириб, қозон-товоғини ўзи ювади, йиртиқ-ямоғини ўзи тикади, – дерди Рисолат сидқидилдан. – Оламда яхши аёл кўп...
– Рисолат...
Бу исм – сўз ифодаси, оҳангида илтижо, ўкинч, миннатдорчилик, ачиниш – бари мужассам эди, буни Рисолат ҳам дил-дилдан ҳис этарди.
– Сиз жуда яхши инсонсиз, Рустам ака...
– ...
– Мени яхшилик билан эслаб, соғ-саломат юришингизни хоҳлайман.
– Мен сизни бахтиёр қилолмадим.
– Унақа деманг, пешонамизга ёзилганини, насиб этганини кўрмай иложимиз йўқ. Эҳтимол, бу икковимизга Яратганнинг имтиҳонидир.
– Бошқа ҳар қандай синовга чидашга розийдим... – Рустам мижжаларига сизган намни бош бармоғининг орқаси билан киши билмас сийпалаб, ўрнидан қўзғалди. Рисолат унга ёндошиб, чўка бошлаган елкаларига енгил титраётган кафтларини босди.
– Тавба денг, Рустам ака, яхши яшадик... – Аёлнинг кўзларидан думалаган ёш эрининг ёқасига томди. У чуқур энтикиб, сўлиш олди. Хотинига меҳри товланиб, уни оғушига тортди-да, суюклигим, азизам, йўқ, сени ҳеч кимга бермайман, дегандай маҳкам қучди. Аёл бақувват билаклар қисувидан малолланмади, балки қониқиш туйди. Қани энди шу шафқатли, қайноқ бағрга сингиб кетса, ундан сира, ҳеч қачон ажралмаса... Жувоннинг анор юзини паногоҳи – кенг, алпона кўкракка босиб, кўзларини юмиб туришида шу истак, шундай маъно зоҳир эди. Рисолат учун шу пайтда орзу-ҳавас, ҳузур-ҳаловат, фарзанд, умуман ҳаёт меҳрибон, муҳаббати зўр эрининг кўксидан, унинг қалби тафтидан, баданининг ҳароратидан иборат, нажот эса белига ёқимли ботаётган ва тобора жипслаб тортаётган кучли қўлларда эди. Рустамнинг шундай маҳалда боз алангаланадиган эҳтироси чорлови, ундовига Рисолатнинг ройиш ҳиссиётлари тортинибгина майл этиб, ўша эҳтирос ила қовушиб-қоришиб, имдод олмоқ, тобе бўлмоқ, иккала вужудни ҳам қиздириб куйдира бошлаган оташ-оловни пасайтирмоқ иштиёқида мавжланиб талпинар, маҳзун шаҳло кўзлар нурланиб, қимтилган ғунча лаблар қати қия очилиб, ўзларини бағишламоққа ҳозирлигидан пинҳона далолат қиларди... Иккиси ҳам оламни, унинг барча ташвишлари, ғамларию кемтикларини, бор армону надоматларини унутишар, шундай яшайвериш мумкин-ку, деган ёқимли, умидбахш хаёлдан тасалли топишарди... Ажабки, айнан юракни зиқлаб, дилга ғашлик соладиган ажралиш муаммосига оид мусоҳаба, муҳокама ниҳояси ана шу тарзда, ана шундай хотимада тўхтайди. Кейин анчагача бу мавзуни қайта қўзғашга ҳеч ким ботинолмайди, истамайди. Ўртада бир сабаб кўндаланг бўлмагунча умр ўз маромида давом этади.¬

* * *
Қувончу қайғу ҳамиша ёнма-ён юрадиган ёруғ жаҳоннинг одамзотга мурувватидан кўра ранжу озорлари бисёрроқ. Ёшликда-ку унча эмас, ёш ўта бошлагач, аёл ҳам, эркак ҳам кўмакчига, ҳамроҳга, ҳамдардга муҳтожлик сеза бориши сир эмас. Ахир жамики ер усти, сув ости жониворлари, ҳатто ёввойи, ваҳший ҳайвонлару даррандалар ҳам гала-гала, тўп-тўп бўлиб яшайди-ку. Бир пақир сувгаям, бир тутам ўтингаям эр ёки хотин ўзлари югурган пайтларда, бир ғўлани арралашга тўғри келганда яна шерик, ёрдамчи – фарзанднинг ўрни билинади. Меҳмондорчилик ва бошқа йиғинларда ўғил-қизлар ҳақида гап кетса, Рустамнинг юраги увишиб, чайнагани бўғзида қоларди. Бола етаклаб бораётган аёлни кўрса ғалати бир қизиқиш уйғонгандек бўлиб, дарҳол ўзини чалғитишга ҳаракат қилади. Кўчада бола билан, боласиз юрган қиз-жувонларнинг ҳеч бири Рисолатга менгзамаслиги, унинг ўрнини босолмаслигини ўзига пеш келтириб тетиклашади. Уйлари томон қадамини тезлатади. Хотинининг қора кўзларига назари тушгач, хотиржам тортиб, кўнгил тубида ғимирлаган ҳавас ниқобидаги ножоиз хаёл учун хижолат чекади-да, нигоҳини олиб қочади. Аммо барибир қачондир бир қарорга келиши зарур эди. Ахир умрбод иккиланиб, мужмалланиб, аросатда яшаш азоб-ку. Кейин, Рустам Рисолатни қанчалик яхши кўрмасин, қанчалик қизғонмасин, тили бошқага уйланмайман, демасин, миясининг бир чеккасида «эҳтимол, опам айтгандай, дўхтирлар ҳам янглишаётгандир, ўзимни бошқа билан синаб кўрсам, қандай бўларкин», деган мулоҳаза ҳам йўқ эмас эди. Балки Рисолат ҳам ундан ажрашибоқ, биронтасининг этагидан тутиб кетар. Эркак кўзи билан ёқтиради, бироқ у сирли хилқатнинг эркакка нима учун, қандай кўнгил қўйишини англаш амри маҳол. Ҳалводай юмшоқ, тошёнғоқдай қаттиқ ва жумбоқ хотин зотининг қалбини забт айламоққа баъзида бир оғиз ширин сўз, бир дона гул ёки бир маъқул ҳатти-ҳаракат кифоя қилиши мумкин. «Мақтовдан суюлмайдиган, хушомадни чинакамига инкор этадиган аёл ҳали туғилмаган», дейди шаҳарда ишлайдиган бир жўраси. Рустам-ку кўчадаги гапларга ишонавермайди, ҳаммаси бирдай бўлиши мумкинмас, ўйларди у ичида. Масалан, Рисолати асло унақамас. Аммо бутоқда куртак бўлса, албатта бир кун ниш уриши рост. Иштиёқ ҳам шунга ўхшаган нарса.
Хуллас, Рустам отасию акаси ўрнидаги ягона тоғасига дил ёрди. Рисолатнинг йигирма йилдан бери «бетинг қурсин» дейдиган бир иш қилмагани, бунинг онасини бирон марта ранжитмаганини, фақат у, гарчи сездирмасликка уринса-да, гўдак ҳидига юраги эзилаётганини, шифокорларнинг хулосаларини яширмай (айб иккисидаям борлигини), очиқ айтди.
– Бунақа чигал ишда бировга йўл кўрсатиш мушкул, жиян, – деди андишали, мулоҳазали тоға. – Кўпга маслаҳат сол, ўз билганингдан қолма, дейди халқ. Оила – нозик, инжиқ соҳа. Бир этак бола билан кунда қирпичоқ бўлиб яшаётган ё озор-безор бўлиб кетаётган эр-хотинлар ҳам кўп. Дунёда бефарзанд бир сенмидинг?! (Поччаси ҳам шундай девди). Аммо ақлли инсондан бир нарса қолишиям керак: ё илм, ё ҳунар, ё зурриёт. Шу жиҳатдан опанг ҳақ. Келинни фикри қандай?
Рустам каловланди. «Бу фикр ўшандан чиққан» деса, тоғаси нима хаёлга боради?
– Аввал кўнмай юрди. Ҳайдаяпсизми, деб хафаям бўлди. Мен сизни кейинингизни ўйлаяпман, ўзимга қолса ажралгим йўқ эди, деб тушунтирдим.
– Бола боқиб олсанглар-чи?
– Бунга иккаламизниям рағбатимиз йўқ. Чунки у «зувала» кимники бўлади, зоти қанақа... Рисолат акасига гап учириб кўрди – қизларингиздан биттаси бизникида юриб турса дегандай... Келинаянг билан маслаҳатлашайлик-чи, деганича жимиб кетди. Хотини унамади шекилли. Ташланди, бировга бериб юборилган болани... мен яхши тушунмайман. Пушт булғангандан кўра... Ҳафиз ака эсингизда борми, асраб олган ўғли ўзини осиб қўйиб, қанчагача тергов бериб юрган. Ҳозир болани нархиям ошиб кетибди...
– Майли, тағин бир танангга ўйлаб кўр. Ажралиш осон – бир оғиз калима, тамом, лекин мустаҳкам оила қуриш қийин. Кейин, Парвардигор боғлаган риштани банда узолмайди, яна, тақдирларинг билади.
Рисолатнинг ҳам акасидан ўзга яқин қариндоши йўқ эди. Унга қолса, синглиси туғадими, туғмайдими, тушган ерида тошдай қотиб ўтиргани яхши. Эридан чиқса, уникидан – ота жойидан бошқа борадиган макони борми? Унга-ку, оғирлиги тушмайди, оғирлиги тушган тақдирдаям қовоқ чимиришга ҳаққи йўқ, ахир нима бўлсаям, ёлғиз сингил, мусулмончилик нуқтаи назаридан ҳам унга қанотини очиш – бурчи. Қолаверса, онаси: шу, Рисолат биронта туғиб олмади-да, боласиз оиланинг риштаси мўрт бўлади, қаттиқроқ бир тортилса, узилиб кетади. Сен – ота ўрнидасан, кўз-қулоқ бўлиб тургин. Мени ҳужрамни бузвормагин, бирон кор-ҳол юз берса, синглинг келиб ўтиради, деб кўп тайинларди. Аввало ўша кор-ҳол юз бермасин, юз берса, жигарчилик, қараб турармиди, кўчириб келади-да. Аммо ўртада «вижи-вижи» қилиб қулоқни ейдиган, муҳаббати, таманноси билан, булар иш бермаса, мўлтони-кашмирилиги ё муттаҳамлиги билан ҳар қандай эркакни похол бовлиқдай эшиб, қўғирчоқдай пилдиратиб юборадиган хотин деган бир кас бор...

III
Машъум тошқингача, тўйгача Рисолатнинг ҳаёти бутунлай бўлакча кечган эди. У мутаассиб диндорлар хонадонида туғилган бўлиб, Яратган эгам гўзаллигу латофат бобида карамию қудратини қиздан аямаган эди. Ўрта бўйдан тикроқ, бўлимлигина. Киприклари зич, қора қошлари худди она қорнидаёқ фаришталар томонидан териб қўйилгандай – меъёрий энликда, учлари бир оз эгилган, манг¬лайи ҳам рисоладагидай – кенг ҳам, тор ҳам эмас, бурни, ияги нафис, хуллас, қадди-қоматию юриш-туришидан ҳатто ашаддий ҳасадгўй аёл ҳам қусур тополмай қийналарди. Айниқса, шу замонда жуда ноёб ва тансиқ ҳодиса бўлган бир ўрим, сонига урадиган тўсдай қоп-қора сочи бўйига жуда ярашиб, хиёл бўртик бўксаси узра енгил силкинарди. Аслида табиатнинг бу инъомидан Рисолатнинг ўзи у қадар мамнун эмас эди. Узун соч ўрими деярли урфдан чиққан, орқага ташлаб, ҳар хил назарларни жалб этишни хушламасди ҳам. Мактабда ўғил синфдошларнинг тегажоқлигидан безиллаб, уйда иш билан машғул пайтларда боши орқасига кулча қилиб, ўраб-чирмаб олар, аммо ҳадеганда тушиб кетавериб зериктирарди. Ота-оналарининг тазйиқидан қўрқиб кестирмас, узун сочни эса, пахмайтириб ёйиб юриб бўлмас, бунга уйдагилар йўл қўйишмасди ҳам.
Рисолат мактабда яхши ўқирди, эртаю кеч китобга ёпишаверганидан ҳадиксираган она уни барвақт бир чеварга шогирд қилиб берди. Мактабни битирган чоғда институтга ўқишга киришдан сўз очиб кўрди, волидаи муҳтарама: ўзингга яраша илминг, ҳунаринг ҳам бор, ҳадисларда қиз болага энг яхши касб чеварлик дейилган, барибир отанг кўнмайдиям, деб шаштидан қайтарди. Хонадонда отанинг гапи – гап, унга эътироз билдириш расм эмас эди. Якка қизлигига қарамай, оилада Рисолатга ҳам ортиқча эрк берилмасди.
Онаизор нури дийдасининг чеҳраси очилмай қолганидан ташвишланиб, гапнинг учини чиқарувди, эр унга бир ҳўкиз қараш қилди. Одамнинг жон-жонидан ўтгувчи бу қараш ҳам жавоб, ҳам дашном эди. Отанинг тарбия усули шундоқ эди – урмай-сўкмай жон суғурарди. Исми Ҳалим эса-да, феъли ҳалим эмас эди. У «қиз деган нарса»нинг нотаниш жойларда ёлғиз, назоратсиз юриши ғурбат келтиради холос дерди. Бошқалар-чи, деган мулоҳазага «бу ҳамманинг шахсий иши, ҳар ким ўзи жавоб беради, аммо фарзанд номаи аъмоли учун ота-она масъул», деб, яна қатор ҳадисларни қалаштирарди. Аллоҳдан «Эй Парвардигоро, шу ожизамизни эгасига, бир мўмин-мусулмонга топширгунимизча, ўзидан кўпайиб, тиниб-тинчигунча менга умр бер», деб тиларди. Афсуски, ниятига етмади, дуолари ижобат бўлмади.
Рисолат чеварчиликка, бичиш-тикишга муккасидан тушиб, уйдан чиқмай қўйгани учунми, ойдай юзи заҳиллаша бошлагандай туюларди. Аслида бунинг боиси бош¬қа эди.

* * *
Рисолатга харидор кўп эди, лекин уларникига совчиликка ҳамма юрак ютиб боравермасди: халқ Ҳалим қорини ўзи ҳам, остонаси ҳам қаттиқ, деб биларди, оқсоқол ҳам ғўраша лойдай элга аралашавермасди.
Ҳалим қори ҳовлисидаги танҳо «нафармон гул»га кўз тиккан, унинг илинжида тунларни бедор ўтказиб, саҳарлар нолавор хониш қиладиган «булбул»лардан бири, шубҳасиз, Рустам эди. Гулрухсори кўчада кўринди дегунча изидан тушар, йўлини тўсиб, қишлоқчасига, дангалига «менга тегасизми?» деб сўрар, қиз лом-мим демай, бошини эгганича уни четлаб ўтиб, қадамини тезлатар, Рустам эса «барибир сизни оламан, мана қараб турасиз!..», дерди тап тортмай ва орқа-олдига қарамай чопиб бораётган Рисолат кўздан йироқлашгунча кузатиб қоларди. У аслида барваста, келишган, қизлар диққатини тортадиган келбатли йигит эди, лекин Рисолатнинг унга рўйхушлик бермаслигининг сабаблари бор эди. Мактабда яхши ўқимаган (у Рисолатдан уч синф юқори эди), Рустам ҳали у, ҳали бу билан муштлашиб юрар, кўплар ундан ҳайиқарди. Қолаверса, Рустамни Рисолатнинг дугонаси Дилором яхши кўрарди.
– Нимасини ёқтирасан ўзи ўша безорини? – сўрарди Рисолат пешонасини тириштириб.
– Шўхлигини, дадиллигини... Агар сени ўрнингда бўлганимда...
Рисолат икки қўлини кўтарарди.
– Ҳай-ҳай-ҳай, ўзингга буюрсин ўша сўлақмонинг.
– Ҳо-о, сизники нақд-да, а?..

* * *
Рисолат синфдошларидан бирига кўнгил берган, бу борада у анча жасоратли эди. Ишқ ҳар қандай қўрқоқни ботирга, ҳазрат Навоий ёзганидек, мусулмони комилни кофир, ғайриддинга, ашаддий художўйни даҳрийга айлантириши ҳам ҳеч гапмас. Улар кечалари Рисолатнинг қишлоқ четида жойлашган овлоқ уйлари орқасидаги теракзор-гилосзорда учрашишарди. Асқар мактабда Рисолатга секин дафтар ё китоб узатар, унинг орасига солинган бир парча қоғозда учрашув вақти кўрсатиларди. Қиз рози бўлса, индамас, акс ҳолда фурсатни ўзи белгилаб, «Бу китобни ўқиган эканман», деб қайтариб берарди. Теракзорга ҳовлиқиб, муддатидан аввалроқ борган йигитча қадрдон бақатерак ёнига газета тўшаб, шитирлаган товушни пойлаб, интизорлик билан, юраги дукиллаб ўтирарди. Дарича орқали ўтган Рисолат шох-новдаларни икки ёққа эҳтиёткорлик билан қайириб, малакмонанд оҳиста, оёғи ерга тегиб-тегмай келарди. Асқар ўрнидан даст турар, икки навниҳол ва бокира вужуд узоқ вақт кўришмагандек бир-бирига интиқлик билан талпиниб, яқин келишганда тўхташар, йигит қизнинг иссиқ билакларидан тутар ва улар сукунатнинг олис-олис пучмоқларига, балки, одамлар қўли, сўзи етмас осмону фалакка парвоз этишарди. Хийла муҳлатдан сўнг ерга қайта қўнишгач, улкан бақатеракка суянганча, елкалари аро бир-бирига туташаётган ҳароратдан аъзои баданлари қизиб, қалблари ҳаяжонга тўлиб, томирларида қон гупуриб, узоқ-узоқ ўтиришарди. Қулоқларига чигиртка-чирилдоқлар чириллаши кирмас, бойқуш овозидан ҳам чўчишмасди. Теракларнинг ой нурида ял-ял товланаётган кумушранг япроқлари лолу беҳушлар қулоғига: «Қандай бахтлисизлар...» дегандай ёқимли шивирларди, шохлар орасидан мўралаб-мўралаб қўяётган тўлин ой эса: «Баҳузур ўтираверинглар, мен кўз-қулоқ бўлиб тураман, тўйиб-тўйиб дийдорлашинглар, бу дамлар – қайтмас дамлар», деяётгандек... Ниҳоят Асқар тилга киради-да, Чўлпон сатрларини такрорлаб: «Сиз ойдан-да гўзалсиз» дейди Рисолатнинг узун сочларини билагига ўраб. (Шоир деярли барча соҳибжамол маҳбубаларнинг волаи маҳлиёлари дилидаги, тилидаги лутфни қоғозга туширган). «Қўйсангиз...» дейди қиз ва йигит кифтига пешонасини ишқаб эркаланади. Ой мавзуида бошланган суҳбат Отабек ва Кумуш, Муқаддас ва Шариф қиссаларига, вафога, ўзаро аҳд-паймонга уланади. Рисолат йигит қўлларининг бежо ҳаракатларидан ҳимояланмоқ учун унинг пинжига суқилади. Асқар бағрига босиб-босмай, лаби юзларига тегиб-тегмай, қиз ўзини олиб қочади, «бўлди-да- ей, бетимни қизартириб ташлайсиз, аям сезиб қолса, нима дейман» деб, бошини яна шайдосининг кўксига яширади.
– Жуда бўлакча ёқимли-да, – дейди йигит энтикиб.
– Нимаси бўлакча, ҳамманикига ўхшаган-да, – ғамза ила эътироз билдиради қиз.
– Йўқ, Рисол, бошқаларникига ўхшамайди.
– Қаёқдан биласиз, ё бошқаларниям ўпиб кўрганмисиз?
Кулишади.
– Фақат юзим бўлакчами?
– Ҳамма жойингиз...
– Алдоқчи-ей...
Навозишли раддиялар навқирон қалб ҳиссиётларини пуфлаб алангалатади... Қиз шундай бўлаётгани – йигитни авжлантираётганини пайқармикин? Ҳойнаҳой, пайқарди...
– Мен сизга тўярмикинман?..
– Тўярсизам, қизиқмаям қўярсиз...
– Йўқ, мен сизга асло тўймасам керак.
– Тўйдирмайманам-да...
Асқарнинг талтайган дудоқлари чўччайиб, яна санами томон интилади. Рисолат ёноқларини кафти ё дуррачаси билан тўсади, бетоқат, бебош ошифтанинг иягига секин чертиб қўяди. «Ҳаддингиздан ошманг-да, адабсиз бола» дея, унинг кафтларини оташ бўлиб ёнаётган гулгун чеҳрасига босади. Бошлар тиззалардан ором излайди. Йигит қисимига тўлиб-тошиб, хуш бўй таратувчи сочларни силаб ўйнайди. Ҳатто ойсиз, қоронғу кечаларда ҳам бир-бирларини қалб кўзлари билан равшан кўришиб, ҳирсона термулишарди.
Улар кўпинча ҳамма нарса – дунёни, ота-оналарнинг хоҳиш-иродаси, ҳадик, вақт деган пойлоқчи, таъқибчиларни бутунлай фаромуш этишарди. Қиқир-қиқир кулгулари баландлай бошлагандагина қаердаликлари эсларига тушарди.
– Қайтайлик энди, кеч бўлди, мени истаб қолишади, – дейди Рисолат кўйлаги этакларини қоқиб, маҳбуби ёйиб юборган сочларини ўриб-тузатаркан, аммо ўрнидан қўзғалмайди. Рустамнинг қўлларини ушлаганича бир нималар дегиси келар, йигитнинг яна нималарнидир пичирлашини, севгисини очиқроқ изҳор айлашини кутарди. Асқар бир қадам жилади-да, қайтади, қиз унинг елкасига нозланиб бош қўяди. Ошиқ суюклисини бағридан бўшатгиси, суюклининг ҳам ҳароратли, сеҳрли оғушдан узилгиси келмайди. Ниҳоят у бошини орқага ташлайди-да, қўлларини Асқарнинг кафтларига қўяди.
– Аҳдингиз чинми? – сўрайди нечанчидир бора. – Менга уйлансангиз, кейин афсусланмайсизми? Ҳар доим шунақа яхши бўласизми? Уриб-сўкиб, кўз ёшимни селоб қилмайсизми?
Асқар жавобан қизни қаноатлантириб, ўз навбатида у ҳам савол айлайди:
– Ўқишга кириб қолсам, кутасизми, ота-оналарингиз зўрлашса, бошқага тегиб кетмайсизми?..
Хайрлашаётганларида Рисолат қўйнидан бир тўрғам нон чиқариб Асқарга тутади.
– Чўнтагингизга солволинг, бемаҳалда инс-жинслардан сақлайди. Дуолардан ўқиб юринг, – тайин¬ларди у.

* * *
Ўшанда ўтлиғ ўпичлару эркаланиш-эркалашларнинг асл ишқ далолатлари эканлигига иккисининг ҳам шак-шубҳалари йўқ эди. (О, ўсмирликнинг қизғин мавсуми – содда, беғубор, ҳали қалблар, орзу, эътиқодлар панд емаган палла!..). Иккаласи ҳам пешоналарига бошқа бир йигит ё қиз битилиши мумкинлигини тасаввурларига сиғдиришолмас, бу ҳақда умуман ўйламасдилар ҳам. Уларнинг назарида муҳаббат – башарият сайёрасининг меҳвари, ундан улуғроқ туйғу, ундан қудратлироқ куч, севишганлар лафзидан қатъийроқ онт, ошуфта диллар орасидаги кўринмас ипдан-да пишиқ, мустаҳкам ришта йўқ эди. Фақат ва ёлғиз Асқарники бўлишига Рисолатнинг имони комил эди. У онам мени тушунади, хоҳлаганимга беради, деб ишонарди. Отаси қаттиққўл бўлсаям, меҳрибон эди, қиз падари бузрукворининг ана шу фазилатидан умидвор эди.
Кейинроқ теракзорда кечган ойли ва ойсиз кўп оқшомлар, ўша дилдан ўчмас лаҳзалардаги ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган дил изҳорлари, юракни кўкрак қафасини ёриб чиққудек потирлатадиган ғўр ҳаяжонлар, болаларча сархушликлар, аъзои баданни ловуллатиб юборадиган қайноқ бўсалар ёдига келса, юзлари гулдек қизариб, кўзларини қаёққа олиб қочишни, ўзини қаерга яширишни билмай қоларди. Бахтига, Рустам, гарчи ўша «гаплар», «ҳодисалар»дан қисман, фаразан хабардор бўлса-да, ўтмишни ковлаштириб, жувоннинг бағрини эзиб, жароҳатини янгиламас, қанча йиллар ортда қолиб кетган номатлуб воқеаларни юзига солмасди. Аёл эрининг мана шу мардона феъли учун ҳам унга ўла-ўлгунча вафодор, содиқ танмаҳрам бўлишга рози эди. Эҳтимолки, Рустам соддадил Рисолатнинг «Ҳа, ёшлик экан-да...» деб юборишидан ҳадиксираб мавзуни қўзғашдан ўзини тиярди. Чунки Асқарни эсласа Рустамнинг ичини рашк кемира бошларди. Лекин Рисолат йигитнинг отини ҳам атамас (энди нима фойдаси ҳам бор?), у ҳақда бирон муносабат билан гап очилган чоғда ҳам тилидан умр йўлдошини шубҳалантирадиган сўз чиқиб кетишидан эҳтиётланиб, мулоқот оқимини тезроқ бошқа ўзанга буриб юбориш пайида турарди. Сирасини айтганда, қиз ҳам «хўп» дейишга деб қўйиб, урушқоқ, жанжалкаш инсон билан қандай муроса қиларкинман, деб кўп хавотирланувди. Кейин билса, «безори»нинг тезлиги, жиззакилиги ориятчанлигидан, аммо ўзи дили очиқ, самимий, ҳам одамга жуда раҳмдил экан, рўзғорпарварлиги ҳам жойида эди. Қолаверса, никоҳ, чимилдиқ деган сирли мўъжизаларнинг куёв-келин қалбида илиқлик уйғотиши ҳам ҳақиқат-да, Рисолат ўз-ўзидан қайлиғига кўнгил қўя борди. Асқар билан муносабатларини ўйласа, худди эрига хиёнат қилаётгандай уялиб, титраб кетарди. Болалик – бебошлик, деганлари тўғри экан, биз ҳам тентак эканмиз, деган фикр онгида секин-аста қатъийлашди. Рисолат ўшанда Асқарнинг қалтис иш содир этмаганидан, шундай иш содир этишга уринмаганидан (у ўша маҳалда йигитни жуда-жуда яхши кўрар, унга инонар ва раъйини қайтаролмай қолиши мумкин эди) суюнар, айни вақтда шууридан балки, ўша иш... юз берганида отаси Асқарнинг совчиларига хўп дейишга мажбур бўлармиди.., деган фикр сийнасини симиллатиб ўтарди. У Асқарни хотирласа, ҳамон бир энтикиб қўярди.
Асқар тўғрисида орқаворотдан ҳар хил гаплар келиб турарди. Йигит ўқишни битириб, Тошкентда қолди, қайтиб Рисолат билан қизиқмаганига қиз ичидан зил кетарди. Хат-ку ёзмайди, лоақал биронтасидан бирон марта салом йўлламаганига чидолмас, унга ўптирганлари, қиз бола бўлатуриб, яхши кўришини ошкора айтганларига пушаймонлар ерди. Албатта, Асқар ҳар қанча дуои салом билан мактуб йўллаганда ҳам унга жавоб битолмас, зеро у қатъиятсиз, ҳазилакам ошиқдан асло умидвор ҳам эмас эди-ю, унинг бир вақтлар юрагига чўғ солган сўзлари (ахир, ишқ савдоси бобида кўз очиб кўргани эди, унга бетоқатлик билан талпинарди – буни тан олмай иложи йўқ) чин бўлганлигига қаноат ҳосил қилишни хоҳларди. Айниқса, йигитнинг айнан Рисолатлар кўчасидаги чирой-чиммати ўртачагина қизни дабдаба-ю, мартаба билан Тошкентга олиб кетгани жуда ошиб тушди. Атай, менга ўчашиб шундай қилди, деб, анчагача ич-этини еб юрди (аёл насли барибир куйканаклигига боради-да).
Рисолат фарзандлари турмаслиги ё туғилмасдан нобуд бўлишига, икки номуродга бир овунч, суянч тилаб кечалари Оллоҳга ёлворганлари, оҳу нолаларининг ижобатсизлигига ёшлик, ғўрликдаги нодонлик орқасида Асқар билан ножоиз, ношаърий ҳатти-ҳаракатларга изн беришгани – номаҳрамнинг жисми-тани баданига, лаби юзларига теккани, яъни гуноҳга йўл қўйилгани сабабмасмикин деб хомушланар, лекин ўзини ҳам, йигитни ҳам айбдор санагиси келмасди. Чунки ҳаётида дийдорлашувга у қадар ошиқиб талпинишлар, ундай ҳаяжонли оқшомлар, лаззатбахш сирлашувлар, ҳавойи фазолар бағрида, яшил орзулар беланчагида тотли хаёл суришлар қайта такрорланмаганди.

IV
Ўшанда Рисолатнинг тақдири ўзи кутгандай бўлиб чиқмади. Асқар пойтахтдаги дорилфунунга ўқишга кирди. Қизга эса совчилар кела бошлади. Ўша маҳалларда улар кунора хат ёзишарди. (Эҳ, соғинч, муҳаббат, орзиқишлар изҳорига тўла у ишқномалар қаерларда сарғайиб, лойларга қоришиб, кимларнинг тандирига тутантириқ бўлиб кетдийкин?..) Рисолат навбатдаги мактубларидан бирида ҳолатни баён этди, кўнгли нотинчлигини яшириб ўтирмади, теракзордаги аҳдлашувларни эслатди. Асқар зудлик билан қишлоққа етиб келиб, мактабда тарихдан дарс берадиган амакиси орқали уйидагиларни оёққа турғазди. Амаки масаланинг нозик ва муҳимлигини, йигит қизга сўз бериб қўйганини яхшилаб тушунтиргач, ота-она ўғилларининг хаёли бўлинишини ўйлаб ижирғанишса-да, таваккал қилиб кўришдан бошқа чора йўқлигини англаб етишди. Лекин совчилар дастлабки ташрифларидаёқ симёғочга урилган варракдай шалвираб қайтишди – Ҳалим қори уларга ҳам кескин рад жавобини берди, маслаҳатлашиб кўрайликчи, деб ҳам ўтирмади.
– Узоқ шаҳарда ўқиётган болага қиз беролмаймиз, ўқишини тугатгунча эса ожизамизни сақлаб туролмаймиз, ҳарбийга ҳам бормаган – хом экан, овора бўлишнинг ҳожати йўқ, – деди илтижо, ўтинчга ўрин қолдирмай.
Ҳар қалай кўча кўриб қолган Асқар иззат-нафси, ғурури топталгандай оғринди, айниқса «хом» деган тамға кўксига наштардай санчилди. Кимсан, мамлакатдаги энг обрўли олийгоҳнинг талабаси-я?!. У Рисолат ва отасидан қаттиқ ранжиди, бирини тушунмаганликда, қолоқ қориликда, иккинчисини тушунтиролмаганликда, муҳаббатларини ҳимоя қилолмаганликда айблади.
Амаки уни ёнига ўтқазиб, обдан тасалли берди.
– Асли шу ишга мениям ройим йўқ эди, жиян. Чунки сен илмни кетидан қувишинг зарур, уйлансанг, келинни Тошкентга олиб кетишинг керак. Қаерда, қандай яшайсизлар? Бу ёқда қолса, отанг айтгандай, фикринг чалғийди. Болалик бўлсанг, уларни боқиш керак. Унда ўқишни, орзу-ниятларни йиғиштириб қўйиб, ишлашга тўғри келади. Ёшсан, ҳали сенга яхши қизлар учрайди. Албатта, Рисолат ёмон қизмас, ўзим ўқитганман, биламан, лекин унашмаса, нима чорамиз бор, зўрлик қилолмаймиз-ку, жияним. Рисолатданам ўпкалаб юрмагин, қиз бола отасига, Ҳалим қоридай ўжар, кож одамга қандай мен фалончига тегаман деб айта олади? Бу бизнинг удумларимизгаям, мусулмончиликкаям тўғри келмайди. Кейин, улар ўта тақводор, замон билан ҳисоблашишмайди. Хил келишимиз ҳам қийин. Сениям диққат қип қўйишлари мумкин. Менимча, Ҳалим қори шу тарафлариниям ўйлаб йўқ деган...
Асқарнинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Хаёлан барибир Рисолатни кечирмади, у билан учрашишга ҳам имкон изламай, Тошкентга жўнаворди. Сирасини айтганда, амакиси башорат қилгандай, пойтахтда, институтларда фасон юрадиган ҳар-ҳар қизларни кўриб кўнглида андак тараддудланиш, янги ҳаяжонлар туғилган бўлиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмасди. Балки, «Рисолатни қўшни қишлоқлик бир қавмларининг ўғлига беришармиш» деган «миш-миш» йигит қалбини батамом вайрону ҳафсаласини мутлақо пир қилгандир. «Нима бўлсаям, мен бурчимни бажардим, лафзимда турдим», деб ўзини оқларди у.

* * *
Асқар кўришишни тиламай жуфтакни ростлаганини эшитган Рисолатнинг дили ҳам қаттиқ оғриди, ахир, иш узил-кесил бир ёқли бўлгани йўқ, чора ахтариш, уриниб кўриш мумкин эди-ку! Каттароқ кишиларни, оқсоқолларни ўртага қўйишса, отаси уларнинг юзидан ўтолмай майли деб юборармиди...
Қизнинг аввало қиблагоҳининг ўжар ва чўрткесарлиги, андишасизлиги учун узр сўраб, ҳали бутунлай умид узишга эрта эканлигига ишора қилиб битган дилномаси дом-дараксиз кетди. Хатим етиб бормадимикин деб, яна ёзди. Бу гал ҳам Асқардан на жавоб келди, на салом. Рисолат шундан сўнг уйдан чиқмай қўйди, ҳовлида ҳам бошини хам қилиб юрар, тузук-қуруқ овқат емас, «ҳа» ёки «йўқ»дан бошқа сўз айтмасди. Она «шамиён қайирар чол»ини бир амаллаб кўндириб, қизни далага чиқарди. Унинг тундлиги буткул ёзилмаса-да, руҳияти ҳамон тушкун бўлса-да, ҳар ҳолда рухсорига пушти ранг югуриб қолди. Дилором билан дардлашиб сал енгил тортарди. Дугонаси эса Рустамдан, унинг бепарволигидан нолирди.
– Қиз бола бўла туриб, сен яхши кўрсангу, муҳаббатингни қадрига етишмаса, одамга ёмон алам қиларкан. Беҳис, тўнка!.. – дерди у чарос кўзларига ёш олиб.
– Шошмай тур, ҳали орқангдан шундай югурсин, – тасалли берарди Рисолат. – Бир хилги йигитлар шунақа бўлади ўзи – қиз боланинг мойиллигини сезса, дарров димоғи ишиб, бурни кўтарилади, лекин кейин шунақа мулойим-мушукка айланишадики... – У мен турмушга чиқиб кетсам, Рустамнинг Дилоромга кўнгил қўйишдан бошқа иложи қолмайди, деб ўйларди.
– Бунақа бўлишига ҳеч кўзим етмайди.
– Мана, мени айтди дейсан...
Дилоромнинг ҳам ёш тинган кўзларига нур ина бошлайди.
Аммо Рисолат ҳамон гоҳи-гоҳи кечалари тўлғониб, ухлолмас, падари бузрукворининг ўз дилбанди, ёлғиз қизига қилган адолатсизлиги, айниқса, Асқарнинг қатъиятсизлиги (бевафолиги, субутсизлиги дейишга тили бормасди) уни изтиробга соларди. Демак, севгиси шунчаки ҳавас, ваъдалари ёлғон экан-да. Ё Тошкентда биронтасига илакишиб қолдимикин?..
Бирдан-бир сирдоши Дилором эди. Юраги сиқилса, унинг юпатишлари билан овунарди. Рустамдан совчи келгач, икки дугона ўртасига ҳам ола мушук оралади. Гарчи Рисолат Рустамни суймаслигини, отаси йигитнинг элчиларини ноумид қайтарганини билса-да, энди Дилоромнинг қалбида пинҳона ғайирлик, ҳасадга ўхшаш бир нима ниш урган эди. Энди жигар-бағри хун Рисолат ундан ҳам ўзини тортар, ўз ёғига ўзи қоврилар, ўзи савол бериб, ўзи жавоб қайтарар, жумбоқни ёлғиз муҳокама қиларди. Балки Асқар мендан қаттиқ хафадир, ҳамма айбни менга тўнкаб юргандир, ё эҳтимол, уям қийналаётгандир, куйинаётгандир дер, ростдан ҳам Асқарда кўнгли борлигини айтгани ботинолмагани учун ўзини койир (аммо ота қизидан бир оғиз сўраб қўйишни ҳам лозим кўрмади-ку), шунча йил бирга яшаган одамига сўзини ўтказолмаган волидасидан ҳам ўкинар (падар бу ҳақда гап очган аёлини силтаб ташлаган эди), муҳаббат деб ўйлагани сароб бўлиб чиққанидан қайғуга ботарди. Бошига ҳар хил мудҳиш хаёллар келарди. Тошқин юз берганида, дастлаб «мана, дилимдаги иш амалга ошадиган, икки ўт орасида куйиб-туташдан, ҳамма азоб-уқубатдан бир йўла қутуладиган бўлдим», деган фикр онгидан «лип» этиб ўтди. Лекин Дилором жонининг борича «Рисо-ла-а-ат!..» дея чинқирганида бирдан хушига келгандай, тетикланди, овоз чиққан тарафга қараб, дугонаси сари талпинди. Сув тезлик билан кўпайиб, қизнинг ўзини тутиш учун бошини олдинга чўзиб, дарё тубига маҳкам босишга ҳаракат қилаётган оёқларини суриб кетди. Кейин...

V
Воқеа эртакни эслатиб юборарди, аммо ҳақиқат эди. («Орзумандлар»да мана шу аянчли лавҳалар назарда тутилган эди).
Майнинг охирлари, кунлар иссиқ, айни ғўзага ишлов берадиган мавсум эди. Ўша куни ўнга яқин қиз-жувон Қорадарё яқинидаги ўн етти гектарлик пайкалда чопиқ қилишаётганди. Улар орасида Рисолат билан Дилором ҳам бор эди. Қомати бежирим, қишлоқ қизларига нохос фавқулодда оппоқ, хумор кўзли Рисолат қалин сочларини ҳар доимгидай бошига чамбарак қилиб олган. Аввалдан офтоб тиғида, чанг-ғуборлар ичида қарсиллатиб кетмон чопиб юрадиган, бўйи Рисолатникидан пастроқ Дилором буғдой ранг, қотмагина, ҳаракатлари шаҳдам, қарашлари чақноқ. Умуман у қишлоқ хонадонига келинбоп қиз эди.
Тушликдан кейин икки-учтадан бўлиб, соя-салқинга ўзларини уришди. Рисолат билан Дилоромни эса дала офтобида оловланган таналарини совутиб, чарчоқни (диққатчиликни ҳам) ёзиш истаги дарё бўйига етаклади. Улар аланглашиб, атрофда зоғ йўқлигига ишонч ҳосил этишгач, ўзан ичида олтмиш-етмиш қадамлар чамаси юриб, кучсизгина шалдираб оқаётган, икки томони қуруқ тошлоқ сув ёқасида, аввалдан маълум паккада тўхташди. Одам бўйидан пастроқ юлғун ва бошқа ўсимликлар панасига чўнқайганча, рўмол, кўйлакларини ечиб, бута шохига ташлашди, сўнг тунлик ҳарир кийимларида, бошларини энгаштирган кўйи оппоқ тўшларини оқимга бериб, оёқларида сувни болаларча чапиллатишганча, оҳиста суза кетишди. Сувнинг юзаси, чуқур бўлмагани учун таги ҳам у қадар совуқ эмас, шу боис баданга бағоят хуш ёқарди. Вужудларига ором иниб, фароғат баҳрига чўмишган бўй қизлар ташвиш, ҳадикдан ҳоли эди. Одатда, бунақа иссиқ паллада қишлоқдан анча олис бу пастқамликка чумоли ҳам ўрмаламасди. Қизлар қўлида беш-олтита зоғора балиқ чизилган тол чивиқни саланглатганча ўрмондан қайтаётган Рустамни кўришмас, умуман, бировнинг назари тушиши мумкинлигини ўйламас эдилар. Йигит қандайдир қиқир-қиқирни эшитиб, қадамини секинлатди. Теваракка олазарак боқди ва нигоҳига бирдан дарё ўртасидаги юлғинга илинган қизил, яшил либослар илашди. Бўйдоқларга хос жўшқин қизиқиш билан ўша ёққа тикилди. Қизларнинг чуғур-чуғури дудмол акс-садо каби эшитилардию, ўзлари пинҳон эди. Овоз эгалари, айниқса биттаси жуда яқин туюлди йигитга. У соҳилда у ёқдан-бу ёққа юриб, ниҳоят чўмилаётганлар ора-сира кўринадиган жойни топди-да, ўзини қари, букри тол орқасига олиб, астойдил кузатмоққа тутинди. Қизлар ўн етти-ўн саккиз ёш – балоғат даврининг таърифга сиғмас ўтли ҳиссиётлари оғушида эҳтирос, завқ ила бир-бирларини босишар, юзларига сув сочишар, қийқиришар, хандон отиб кулишарди. Улар дунёни, ҳатто бағритош бевафоларнинг ситамларини ҳам тамомила унутишган эди.
Сув париларининг кимлигини аллақачон фаҳмлаган Рустам юраги гуп-гуп уриб, ширин, лаззатли хаёлларга берилди, «пистирма»сидан бошини кўтармай, ички кўйлак, лозимлари билан лаққа балиқдай сузаётганларни томоша қилиб, ҳуши оғиб тураверди, унинг учун вақт тўхтаб қолгандай эди. «Қани энди ҳозир Дилоромнинг ўрнида мен бўлсам... – ўйларди у лаблари ёйилиб. – Ҳа, қайсар қори, қизини мендай йигитга бермади-я... – Рисолатнинг отасидан ёзғирди у. – Мен уни елкамдамас, кафтимда олиб юрардим, кафтимда. Шундай жазирама иссиқларда далада ишлатиб қўймасди – қорайтириб, ҳовлимизни гуллатиб юрса ҳисоб эди. Ҳали уям афсусланади...»
Бир пайт Рустамнинг қулоғига аллақандай ваҳимали гулдираш кириб, дам сайин кучайиб, яқинлаша бошлади. Товуш замин остидан келаётгандай эди. Бироқ ер тинч, силкинаётгани йўқ. Йигит теграсига, кўкка жаланглади. Осмон боягидай мусаффо, қуёш чарақлаб, ҳароратини беомон пуркарди. Шу аснода қизларнинг қўрқинч, таҳлика ичидаги қийқириғи янгради. Рустам қараса, не кўз билан кўрсинки, тип-тиниқ сув бир лаҳзада қорайиб, кўпайиб борарди. Бешик-бешик тўлқинлар сувнинг сокин сатҳини чайқатиб, ёвуз шарпадай бостириб келиб қолган эди...
Одатда Қорадарёнинг ҳар қандай шўхлигу бебошликлари бу пайтгача барҳам топган бўларди. Барча анҳору сойлар каби қадимда Иламиш аталмиш бу кекса дарёда ҳам кўкламда, олма гулидан кейинроқ сув кўпаярди. Рустамнинг болалигида эса бу дарёи азим доим лимиллаб, тўлиб-тошиб оқарди. Соҳилдаги ўтлоқлар гул-гул яшнарди, марзаларга сапчиган ёввойи фаввораларда қуёш нури, ой шуъласи жилва қиларди. Майса-гиёҳлардан бир бокира, хушбўй ҳид тараларди. Лекин ўқтин-ўқтин дарёнинг жазаваси тутар, шунақа кезларда тунни бошига кўтарадиган шовқин-суронлардан, жарларнинг ўпирилиб-шалоплашидан қишлоқ аҳли таҳликага тушарди.
Хуллас, дарё одамларнинг юрагига кўп қутқу солган, жудаям шўх, ёвқур эди, ҳеч нарсани, ҳеч кимни менсимасди, аямасди. Айниқса, кунлар исиб, Арслонбоб тоғларида тош қотган муз-қорлар эрий бошлаган, сел-жалалар авж олган маҳалларда дарё кўпириб, қоп-қора бўтана бўлиб, оч қолган урғочи шердек наъра тортиб оқарди. Рустамнинг, бошқаларнинг ҳам ёдида: эл-халқ кўч-кўронини йиғиштириб, дарвозалари биқинида кўзларини йўлга тикиб, қулоқларини динг қилиб ўтиришарди. Қишлоқ фаоллари, бригадир, ҳосилотлар отда айланишиб, уларга далда, тасалли бериб юришарди. Бир неча отлиқ эса тўхтовсиз дарё бўйига бориб келарди. Ҳамма «Қани, юкларни кўтаринглар!..» деган буйруқни эшитишдан безиллаб, жон ҳовучлаб турарди. Анча-мунча ботир йигитлар, сувдан қайтмас шўх-шаддот қизларнинг бошига ҳам етган бу қонхўр дарё! Ким, қачон, нима сабабдан шундай ном қўйган, ҳеч ким билмайди – унинг тошқин ҳолатини, жазавали алпозини «Қора хўжа» деб аташарди. «Қора хўжа»нинг одам «овламай» қўйганига анча йиллар бўлган эди. Бугун нима жин урди, нега тушов уздийкин у?..
Қизлар жон ҳолатда қулоч отиб, қирғоқ сари сузишарди. Ўртадаги тошлоқни ҳам тошқин босиб улгурган эди. Рустам шиппагини ва дўпписини ечиб, ҳар ёққа ташлади-ю, ўзини дарёга отди. Орадаги масофа эллик қулочча бор эди. Сув тўхтовсиз кўпаяр, йигит бор кучини ишга солиб қизлар томон интилар, қизлар эса бу ёққа талпинишарди. Рустам тўлқинлар узра, оғзи-бурнига кирган сувни пуркаб-пуркаб қулоч отаркан, «Қўрқманглар, қўрқманглар!..» дея бақириб, далда бермоқчи бўларди-ю, ҳеч эвини қилолмасди. Сувдан калла кўтаргиси, бир сония¬ни ҳам бой бергиси келмасди. Лекин... шу он тошқин бирдан, бир неча баробар авжланиб, ҳайқириб, Рустамни ҳам қуйига оқиза бошлади. У ўркач-ўркач долғалар қуршовида қолди. Бироқ, қони қайнаб, бўйдоқлик куч-қуввати жўш урган йигит ўзини асло йўқотмай, қизларни кўздан қочирмасликка уриниб, оқимга қарши ёндамалаб борарди. Яна бир неча қулоч отса бас эди – иккаласини ҳам тутиб олган бўларди. Аммо... У қўл чўзишга улгурмади – сув тағин бир кўтарилиб, тўлқинлар кўкка ирғиди.
Қизлар бирваракайига «Ая-а-а!..» дея қаттиқ чинқиришди-ю, жимиб кетишди ва иккиси ҳам кўздан ғойиб бўлди. Кучли саросимага тушган Рустам сув сачрамалари қисиб қўяётган қовоқларини йиртгудай очиб, ён-атрофни қидираркан, беш-олти метр нарида силтаниб-ҳилпираётган икки ўрим соч учларини кўрди. «Бу – Рисолат!» деган фикр миясида чақмоқ чақди. Яна бошқа тарафга жонсарак кўз югуртириб, Дилоромни ахтарди, бироқ, қараса, ҳалиги сочни ҳам йўқотиб қўядиган (бундай чоғда мия хужайралари ё карахт бўлиб қолади ё фавқулодда шитоб ишлаб кетади). Шу ўйни дилидан кечириб улгурмай, Парвардигор инояти билан гоҳида ана шундай ёввойи, безабон кучларда ҳам шафқат ҳисси уйғониб кетиши мумкин чоғи, тўлқин бир суриб, Рустамни ўша икки ўрим соч ёнига олиб бориб қўйди. Қаттиқ ҳамла билан қўл узатган эди, сочнинг бир ўрими бармоқларига илашди. Қўлини икки марта айлантириб, сочнинг қарийб ярмини билагига ўраб олди ва забт билан ўзига тортди. Яна тўлқин ёрдамга келди: хушсиз бош сувдан бир қалқиб чиқди, аммо шу заҳоти тағин чўка бошлади. Бироқ йигит сочни билагидан заррача бўшатмай, эпчиллик билан бир қўллаб сузиб, қисман оқим кўмагида Рисолатни судраганича қирғоққа интилди. Албатта, буларнинг ҳаммаси қисқа муддатда содир бўлди. Саёзликка етганида йигитнинг ҳам силласи қуриб, ҳолдан тойган, оёқларидан мадор кетган, лекин ақли-хуши ўзида эди: сув хўплаган қиз шўрлик тезроқ силқитиб юборилмаса, иш чатоқ. У қолган бутун куч-қувватини тўплаб, Рисолатни бўйни ва тиззалари остидан кўтарди-да, ивиб оғирлашган шими почаларини шалоплатганча соҳилга яқинлашди.
Хаёлида панжаларини қимирлатишга ҳам мажоли йўқдай эди. Билакларида бўйига етган, дуркунгина, зангори ич кўйлаги баданига чиппа ёпишган соҳибжамол кўзлари юмуқ, ранги тамом бўзарган, лаблари ярим очиқ ҳолда, нафас олмай ётарди. Ўшанда мускулларида қаердан, қандай ғолибона қудрат пайдо бўлди – ҳалигача ҳайрон, Рисолатни бир шахт билан елкаси баробар кўтариб, қирғоққа ётқизди. Кейин ўзи ҳам тирмалашиб чиқиб, қизни ёнбошлатди-да, оёқларини жуфтлаштириб, сал кўтариб бир-икки силтаган эди, оғзидан сув варақлаб отилди... Рисолат секин ингради. Йигит ўзини ерга ташлади. Сўнг ғала-ғовурдан кўзини очиб, тепасида бири ғазаб, бири ҳайрат билан тикилиб турган ҳалойиқни кўрди.
Дарё шаштидан бир оз тушган, лекин йиртқичлар ҳамласидан ўлар ҳолатда чопиб, хавф-хатардан қутулган, аммо ҳамон пишиллаши босилмаган йилқи галасидай бўғиқ шовулларди.

* * *
Дилоромнинг жасади икки кундан кейин Фарғона канали тўғонидан топилди.
Рисолат бир ҳафта деганда тилга кирди. Шунгача, Дилоромнинг ота-оналари «норасидамиз, кўзимизнинг оқу қорасини умрига зомин бўлди» деб, Рисолатникилар «бокирамизни бадном этди» деб, Рустамлар эшигининг турумини бузишаёзди. Шунгача Рустам туман ички ишлар бўлимининг ҳибсхонасида тергов бериб ётди. Унинг гапларига ҳатто яқинлари ҳам ишонмасди. Кейин Ҳалим қори ҳам, Рисолат ҳам Рустам олдида бурчли эканликларини англадилар. Йигит жасорати тўғрисида бировга мақтанмасди, лекин ич-ичидан қизга ўзини кўрсатиб қўйганидан, ўзидан мамнун эди. Барибир шармандали ҳол юз берди деган фикрни калласидан чиқариб юборолмаётган Ҳалим қори бу «шов-шув»нинг ҳадемай юртга тарқаб улгуришидан ҳадикланиб, ўзи орага киши қўйди. Ишқилиб, йигит ниятидан қайтиб қолмаганмикин?.. «Шундоқ мард ўғлонга қизимизни қўшқўллаб тутганимиз бўлсин...» Рустам эсанкираб, ўзини йўқотаёзди. Рисолатни қутқариб олдим, энди уни менга беришади, деган иддао хаёлига ҳам келмаган эди. Яна бир ҳол уни ғоят ажаблантирди. Рисолатлар тарафдан элчи келган кунданми ё ундан сал аввалроқми, у феълида қандайдир ўзгариш юз бераётгани – сипо тортиб, мулойимлашиб бораётганини, одамларга яхши назар билан қарай бошлаганини ҳис этарди.
Рисолат ҳам энди онасининг сўзларига ерга боқиб, сукут билан жавоб берди. Асқар ҳануз сувга чўккан тошдай ном-нишонсиз, Рустам эса фойдага қолган жонининг халоскори, эгаси эди. Қолаверса, энди унинг кимга тегиши барибирдай эди, илло, ҳамонки бир кимса билан ҳаётини боғлаши шарт экан, ростми-ёлғон севгисини очиқ айтиб юрган, сўзидан қайтмайдиганга ўхшаётган, юраги ботир шу Рустам маъқул эмасми? Тошқин воқеаси эсига тушса, қиз қирғоқда ярим яланғоч, беҳаёлардай ётган ҳолатини, Рустамнинг уни ўша алпозда сувдан кўтариб чиқаётганини кўз олдига келтириб, ўз-ўзидан уялиб кетар ва дилида йигитга нисбатан андак илиқлик пайдо бўлаётгандай, жисми-тани энди унга тегишлидай туюларди. Аммо Дилоромни ўйлаб, дарҳол турфа мулоҳазаларни бошидан ҳайдашга уринар, бевақт завол топган дугонасига юраги ачишиб (нима бўлсаям, яхши қиз эди), киприкларига нам сиза бошларди. Лекин энди у йўқ... Раҳматлини Рустам барибир яхши кўрмасдиям-ку... Бироқ яқин ҳамдами, қисматдошидан жудолик туфайли, Асқарнинг кўнгли қаттиқлиги, вафосизлиги сабабли юрагига хурсандчилик, ўйин-кулги сиғмасди. Онасига дил ёриб, бир неча бор тўйни пайсалга солди. Аммо қаллиқ қиз вақтни чўзишга қанча уринган сари, бераҳм кунлар елвизакдай визиллаб, уни дам сайин рағбатсиз васл тунига яқинлаштириб борарди.

* * *
Ниҳоят, важи корсон, баҳоналарга ҳам асос қолмади. Тўй куни белгиланди. Рисолат хонасига қамалиб, тўйиб-тўйиб йиғлар, аммо нега обидийда қилаётганини ўзи ҳам чуқур англамасди, фақат кўнгли тўлиб, кўзларидан беихтиёр қуюлаётган ёшни тўхтата олмасди.
Тўй ҳам ўтди. Рисолат Рустам билан қовушди.
Тошқин ва тўй ҳодисалари бир-бирига боғланиб, тилдан тилга кўчиб, ривоят тарзида қўшиб-чатилиб, қўшни қишлоқларга ёйилди. Воқеа иштирокчиларини биладиган, яқиндан танийдиганлар ҳам ҳар гал янги тафсилотлар билан бойитиб гапириб юришди. Хусусан, кино санъатига, адабиётга қизиқиши ниҳоятда кучли, мол боққани борганда ҳам қўлтиғидан муқовалари титилиб кетган семиз-семиз китобни қўймайдиган, ҳатто ўтни ҳам хиргойи билан ўрадиган Салим Рустамнинг қаҳрамонлик достонини тўйларда, турли давраларда мароқ билан айтиб берарди. Ҳикоя давомида жўшиб, ҳаяжонланганидан баъзида оғзидан тупуклар сачраб кетса ҳам парвойига келтирмас, охирида қойил қолганини писанда қилишни унутмасди. Шундай пайтларда, айниқса, Шавкат ғоятда ҳайратга тушиб, лаб-лунжини йиғиштиролмай илжаяр, дам киприкларини пирпиратиб жиддий тортар, ғурурланганидан турган ерида бўйи ўсиб кетаётгандай сезилар, тоғасига нисбатан меҳр-муҳаббати ўша асов дарёдай ошиб-тошиб борарди. Болакай ҳовлиқиб уйга келарди-да, овоза бўлган фожеий ҳодисани янада батафсилроқ эшитиш мақсадида тоғаси ё келинаясига тирғалар, бироқ Рустам: «...бир пайт қарасам, сув кўпайиб, қизлар оқиб кета бошлашди, шартта ўзимни ташладим. Биттасини ушлолмадим, иккинчисини сочи қўлимга кириб қолди, бу – мана шу келинаянг эди», деб кифт қоқарди. Келинойиси эса унинг учун қиёматга айланаёзган даҳшатли тошқинни тутилиб-тўлқинланиб сўзлар, Рустамнинг довюраклигини алоҳида таъкидлаб, йигит киши шунақа бўлиши керак, деб хулоса ясарди, ўзича таёқнинг бир учини кимгадир тўғрилаб.
Бу мавзу гоҳо-гоҳо эр-хотиннинг ўзаро суҳбатларида ҳам тилга олиб туриларди. Кўпинча Рисолат эсларди.
– Дилором сизни жудаям яхши кўрарди. Қизлардан биронтаси тегишиб, «ўша безори, жанжалкашни нимаси ёқади ўзи сенга?» деса борми, бечорани бурдалаб қўяй дерди. Югурганникимас, буюрганники деб...
– Раҳматли аломат қиз эди, лекин билардингиз, мен сизни...
– Мен шунчаки қизиқсангиз керак, деб ўйлардим.
– Чунки сиз... – Рустам бирдан дудуқланади ва гапни буради. – Сиз сўзларимга тузукроқ қулоқ солмасдингиз.
– Ўзингизам томдан тараша ташлагандай, «менга тегасан...»дан бошлардингиз-да, одамни капалагини учириб.
– Юрагимда борини, гапни индаллосини айтардим-да. Мен шоир ё артист бўлмасам, қошинг унақа, кўзинг бунақа деган мақтовларни ўхшатолмасам. Бунақа юзаки хушомадларга тилим айланмайди. Менга ёқардингиз, бирдан-бир мақсадим сизга уйланиш эди, вассалом. Ниятим холис экан, мана, Худо ишимни ўнглади, бандаларга кўрсатиб қўйди.
– Ростданам аллакимлар билан муштлашиб юришингизни кўпчилик ёмон оларди-да.
– Мана, муштлашмаям қўйдим.
– Ҳа-я. Мениям туйиб турармикин, деб қўрқардим. Тўйдан кейин анчагача ҳадиксираб юрганман.
Рустам Рисолатга ўпкали нигоҳини тикади.
– Опқочинг-а...
– Рост-да, кейин ўзгардингиз-да.
– Сиз сабабли...
– Мен ҳеч ўйламовдим...
– Шунинг учун халқ шўхдан қўрқма, писмиқдан қўрқ дейди-да.
Рисолат яна марҳума дугонасига қайтади.
– Дилором ҳам яшаши керак эди. Мен ўзимни унинг руҳи олдида айбдордай ҳис қиламан. Ахир сиз мени эмас, уни қутқаришингиз ҳам мумкин эди-да, – жувоннинг дилида Рустам атайин мени тутишга ҳаракат қилган бўлса керак, деган гумон ҳам йўқ эмас эди.
– Сизни менмас, ўзингизни сочларингиз қутқарган – мана шу узун сочларингиз. – Рустам аёлининг қимтилган тиззалари узра кўз-кўзланиб ётган зулфи анбарафшонини ўйнамоққа тутинади, унинг паришон учларини бурнига тутади. – Аслида мениям орқангиздан югуртирган мана шу сочлар эди.
Рисолат хижолатомуз жилмаяди.
– Сочим узун бўлмаганда орқамдан югурмасмидингиз? – синовчан сўрайди у.
– Ҳарқалай, кўзим дастлаб сочингизга тушиб қизиқиб қолганман. Кейин кўрсам, юзингиз ҳам, ҳамма жойингиз чиройли, келишган экан.
Рисолат бирдан енгил сесканади. Уйлари орқасидаги теракзорда илк бор айтилган ва қулоқларига жудаям ёқимли эшитилган сўзлар жаранглагандай туюлади.
– Энди оширвордингиз, бу гапни шоирларам сизчалик келиштиролмаса керак. - Аёл жиддийлашади. – Майли, буни қўйинг, мен барибир Дилоромга ачинаман.
– Ҳа, ўшанда уни йўқотиб қўйдим, – дейди маъюс тортган Рустам бошини ликиллатиб. Хаёл унинг кўз олдига ўша мудҳиш манзарани келтиради. – Менимча, Дилоромни гирдоб тагига тортиб кетувди, уни қаёқдан излашниям билмасдим. Кейин, бирданига икки кишини тутиш ҳам қийиниди, иккаланглар икки тарафда эдинглар. Умас, бумас, тақдир бу, Рисолат, Оллонинг иродаси. Раҳматли ҳур кетди, жойи жаннатда бўлсин.
– Ишқилиб, у дунёда мен билан юлишиб юрмасмикин, – дейди Рисолат ҳазилми-чин тарзда.
– Қўрқманг, – қўл силтайди Рустам, – ўзим кафилликка ўтаман. Ундан кечирим сўраймиз. Парвардигор иноқ эр-хотинларни яхши кўрармиш, шунинг учун бизни ўзи ёрлақайди.

VI
Шундай қилиб, улар сокин, ҳаловатли ва анча-мунча ташвишли, оғир-енгил кунларни бошдан ўтказдилар ва умрлари йўлидаги кутилмаган, нотаниш бир бекатга, тўғрироғи, чорраҳага етиб тўхтадилар. Энди улар шу манзилда уловдан тушиб, хайрлашмоқлари ва бошларини хам қилганича бошқа-бошқа томонга қараб юрмоқлари лозим эди. Шунча замон бир ўринда бир-бирларининг нафасларини туйиб, ҳиду бўйларидан баҳра, бадан ҳароратларидан қувват олиб келган жуфтликнинг бир олманинг палласидай иккига бўлиниб кетиши, борса қайтмас сўқмоқдан номаълум ёқларга равона бўлиши оғир савдо эди. Лекин улар ўзаро тинч сулҳ асосида шундай битимга келишди.
– Сиздан мингдан-минг розиман, сиз ҳам мендан рози бўлинг-а, Рустам ака, – деди Рисолат ерга боқиб. Унинг нам мижжаларини яшириш учун бош эгганини пайқаш қийин эмас эди. – Билиб-билмай яхши-ёмон гапириб, дилингизни оғритган бўлсам...
– Рисолат!.. – гапни бўлади Рустам бетоқатланиб.
– Кўнглингиздагидай ёстиқдош бўлолмаган бўлсам...
– Рисолат, менга қаранг...
– Яна, дорилбақода менга тескари қараб, бошқаси билан кетиб қолманг, дейман-да...
Рустамга жувоннинг нозик қочиримли ҳазили ҳам ботмади.
– Илжираб ётган ярага туз сепишнинг нима ҳожати бор, Рисолат?
Рустам аёлни, иягидан кўтариб ўзига қаратмоққа, унинг юзларига ҳамдардлик билан тикилмоққа, кўзёшларини артиб қўймоққа чоғланди, аммо энди унга қўл теккизишга ҳадди йўқдек иккиланиб, шаштидан қайтди. Во, ажаб, нега энди?.. Ахир у йигирма йилдан бери ўзиники эди-ку, наинки шунча муддат бутун вужуд-таналари бир бўлган одамлар энди бегоналардай, бир-биридан бутунлай йироқлашиб кетишса? Ҳалитдан-а?.. Наҳотки бундан кейин кўча-кўйда рўпара келиб қолишсаям тузукроқ ҳол-аҳвол сўрашишга ўзларини ҳақсиз билишиб, шунчаки кўз танишлардай, қуруққина саломлашиб ўтаверишса? Ишқилиб, қиёмат дийдор бўлиб юришмаса, бас...
Рустам яхшиликчасига жудолашув уруш-жанжал, «қўйдим-чиқдим» билан ора очди қилишга нисбатан қийинлигини, азоблигини англади.
Хуллас, бир неча йилдан буён хавотир билан кутилаётган «қора» кун ниҳоят етиб келган эди. Мана, эртага Рисолат акасиникига кетади. Хўш, кейин-чи?.. Рустам ғор оғзидай ютаман деб турган, ўлик чиққан уйдай нохуш ҳужрага, харобадай файзсиз ҳовлига орқасидан биров сургандай калла суқишини, ўчоқ олдида кул титкилаб, қозон қайнатиб, идиш-товоқ ювиб, ҳафсаласизлик билан ковшаниб ўтиришини, бир кишилик ўрин тўшаб, совуқ кўрпа ичида ғужанак бўлиб, тиқ этса деразага бўйлаб ётишини кўз олдига келтирди-ю, этлари жимирлашиб кетди. Ўзини чалғитиш учун режалар туза бошлади, аввало Рисолатга бир нималар туҳфа қилишни кўнглига тугди: тозароқ матодан кўйлак, бошига солгани юпқа рўмол мўлжаллади.
– Балиқ меъдага теккан. Анчадан бери ош емадик, эртага бозорга бориб қўй гўшти опкелсам... – деди тушлик устида. – Бугун ариқдаги жела, саватларни қарасам, дарёга эртароқ тушиб, кўпроқ балиқ тутсам...
Рисолат хомуш, у ўз хаёллари билан андармон эди. «Майлингиз...» деб қўя қолди. Кейин бирдан эсига келгандай, эртароқ қайтарсиз, деди илтимос оҳангида. Ичида ғалати бир ҳолат юз бераётгандай – юрак сиқилишими, зерикишми, ўзи ҳам аниқ билмасди. Назарида тоқатсизланаётганга, бесаранжом бўлаётганга ўхшарди. Аслида жувоннинг қалбида ҳам ёлғизликдан чўчиш туйғуси ғимирлай бошлаганди.
Рустам хотинининг авзоини сезди-ю, сезмаганга олди, нимаям десин, сабаби аён-ку. Унинг ўзи ҳам бу кунни қандай кечиктириш ва тонг оттириш ғамида эди. Унга қолса, шу оқшом ва туннинг жуда узоқ чўзилишини хоҳларди. Ичида шайтонми, бир нима бугун Рисолатга меҳр-мурувват кўрсатмаган дуруст, аксинча, уни совутадиган, кўнглини чўктирадиган ишлар қилиш зарур, дерди. Лекин бундай амалларни ўйлаб тополмасди. Аслида Рустам ўзи ҳақида Рисолатнинг ёмон таассурот билан кетишини сираям хушламасди. У хотираси қатларини титкилаб, аёлининг ўтган йиллар давомидаги номаи аъмоли орасидан ихлосни қайтарадиган, бездирадиган хатти-ҳаракатлар, муомалаларни ахтаришга тушди. Бир галги аразлашганларини эслади. Унда онаси ҳаёт эди. Бир ўтиришда кайф улфати билан айтишиб қолди. У бефаҳм, бефаросат «Рисолатни отасига қизингизни бир ўлимдан сақладим, энди у меники, деб шарт қўйгансан, йўқса у пихини ёрган зиқна чол сенга арзандасининг тирноғиниям раво кўрмасиди, агар қутқариб олган бўлмаганингда Рисолат сенга билагиниям ушлатмасиди», деб жиғига тегди, яна, «аёл кишининг эридан ичи чиқмасаям бўғоз бўлиши гумон», деб уни камситди. Рустам чидаб туролмай, даҳанаки жангга унча уқуви, сабри йўқ эди, қўл отиб юборди. Чийралган, тўқмоқдай мушт залвори бир босқоннинг зарбидан кам эмас эди, ҳамшиша курси-мурси билан бетон полга гурсиллаб йиқилди, бурнидан шарқираб қон кетди. Fавғо кучайди, шериклар Рустамни ҳазил кўтармасликда, қўполликда айблашди.
– Ҳазилмас бу! Ҳазил бунақа бўлмайди! – баттар тутақди у.
Қисқаси, аччиқ-тирсиқ билан тарқалишди. Рустамнинг шаънига «бир чиройли ўтиришни бопладинг, доим бир ишкал чиқармасанг, қусуринг қонмайди ўзи, уйланиб ҳам ўпканг босилмади. Рисолат сен билан қандай яшаяптийкин...” деган таъналар ёғилди. Лекин энди у ўзини оғирликка олди, мелисага тушишдан чўчиди. Уйга келиб, бўлган воқеани тўкиб солди. Хотинининг уни жин каби кўзадан қайта чиқишга мажбур қилган хонасаллотнинг маломатига нисбатан тахминан: «бекорларни бештасини айтибди, ўз ихтиёрим билан текканман сизга, хоҳишим бўлмаса, шунча йил бирга яшармидим...» дейишини кутди. Ҳарқалай, шунга яқин сўзлар билан кайфиятини кўтариб, тасалли беришига ишонувди. Рисолат «чакки қипсиз-да, уриб...» деди. Fайир ошна Асқарнинг холаваччаси эди. Рустамнинг хаёли шунга кетди. Яна бошвоғи ечилиб, қизишди.
– Демак, ўша аҳмоқнинг гапи тўғри экан-да, – деб юборди ўзини тўхтатолмай.
Аёл жавоб қайтармади, Рустамга орқасини ўгириб ётиб олди. Шундагина хол қўйганини англади. Кечирим сўрай деб оғиз жуфтлади-ю, пастлаган оловни гуриллатиб юбормай, деб ўзини тийди, тўғрироғи, узр-маъзурга ғурури йўл бермади, ғаламис, ичи қора ҳамтовоқнинг пичинглари унга қаттиқ ботган эди. “Рисолат эрталабгача ҳовуридан тушиб қолади», деб ўйлади.
Барвақт туриб, онасининг: «Қаёққа, мунча эрта?» каби саволларига мужмалгина жавоб айтиб ишга жўнади. Ўша пайтларда колхозда юк машина минарди. Кечки пайт қайтганида ҳовлида Рисолат кўринмади.
– Келинингиз қани, ая? – сўради у ўзи хулоса чиқариб қўйган бўлса ҳам.
– Отасиникига кетди. Эрингиздан рухсат олганмисиз, десам, «кечаси кеч келди, эрта кетиб қопти», деди. Ораларингдан гап қочгани йўқмиди? – Санобар опа ўғлига разм солиб тикилди.
Рисолатнинг Рустамдан беижозат бир ёққа борадиган одати йўқ эди. У яна онасининг «ҳай-ҳай»лашига қарамай, ташқарига отилди. Гузардан қовун, тарвуз харид қилди-да, қайнотасиникига кириб борди. Илиқ қаршилаган Рисолат ичкаридан тўшак олиб чиқиб, чорпоядаги якандоз устидан солди, чой келтирди. Қайнота ҳам, қайнона ҳам «нима гап?» деб сўрашмади. Рустам бир пиёла чой ичгач, «Рисолатни опкетгани келувдим, бемаҳалда ўзи қўрқмасин деб», деди.
Йўлда, уйда ҳам кечаги гап-сўзлардан умуман оғиз очишмади.
Ундан аввалми, кейинми, шунга ўхшаш яна бир ҳолат юз берган. Ўшанда ҳам Рустамнинг ўзидан ўтувди. Жўраларини меҳмонга чақирганди, уларни кузатгач, «намунча ясаниб олдингиз?!» деб Рисолатни анча диққат қилган. У танишу бегона эркакка, жумладан, эрининг яқинларига дурустроқ кийимда кўринишни хушламайдиган ўзбек аёли ҳали дунёга келмагани, келиши ҳам даргумонлигини билмасди.
– Ўртоқларингизни олдида рўдаполардай юришим керакмиди, – ажабланди жувон. У ҳар қандай эр хотинининг ўзгаларга, хусусан, оғайниларига келишганроқ, кўркамроқ кўринишини хоҳласа керак, деган тушунчада эди. Айниқса, бефарзанд эркакнинг бошқаларга қараганда ҳам рашкчироқ бўлишини биров эслатмаганди унга. Ўшандан кейин Рустам уйда гап бериш, умуман, гап ейишга чек қўйган эди.

VII
Рустам шошилмай машъал тайёрлашга киришди. Рисолатдан сўрамай, ўзи омборчани тинтиб-титкилаб, эскирган пахта топиб чиқди. Энди уни копток шаклида думалоқлаб, сим билан ўраб-чирмаб боғлаш, ўроқни қиррали эговда, сўнг қум-қайроқда ўткирлаш ва бошқа керакли анжомларни ҳозирлаш керак эди.
Унинг балиқ овини ихтиёр этишдан яна бир муддаоси – кўрпа-тўшак, майда-чуйдаларини тугиб-бўғаётган Рисолатнинг кўзидан нарироқда туриш эди. Аёл зотининг буюм, латага ўчроқлиги маълум. Майли, қўлига кирганини олсин, уйдаги бор бисотларини йиғиштириб кетсаям майли. Унга қийин, сидқидилдан қайишадиган бир меҳрибони, топиб-тутиб берадигани йўқ энди, ўзи бир жойда ишламаса... Акасиникида зориқмайроқ ўтирар. Бош омон бўлса, дўппи масаласи қийинмас, ҳарқалай, бу эркак-ку. Қолган-қутган нарсаларни ҳовлига элтиб, дарвозага тахта қоқиб, Россиягами, Қозоғистонгами отланаверсаям бўлади энди. Ўзи илгарилариям (онаси ҳаётлигида) ҳар замонда, бир нималарга муҳтожлик сезса, бошқаларга қизиқиб, ўша ёқларни кўзларди-ю, бунинг иложи йўқлигидан қўл силтаб қўяверарди. Кейин, бунга ёш-ёш куёвлари (каттароқлари ҳам) хорижда йиллаб бадар кетадиган, на ейишида лаззат, на яшашида маъно бор келин-келинчакларнинг ўтин-чўп, теша-кетмон юмушлари учун қўшни йигитларга мўлтираб, бозор-ўчарларда халта кўтариб, далаларда ўт юлиб, бошоқ териб юришларидан, тунларни совуқ болишни қучоқлаб ўтказишларидан, уларнинг айримлари тўғрисидаги ҳар хил маза-бемаза миш-мишлардан хабардор Рисолат кўнмасди ҳам.
– Қўйинг, кунимиз ўтиб турибди-ку, бутун нон емасак, яримта ермиз, лекин тан-жонимиз соғ, кўнглимиз хотиржам. Худога шукр...
Ҳа, катта-катта еб-киядиган, ҳадеганда ўзини ойнага солиб, унга-бунга кўзи жаланглаб турган қиз, ўғилларимиз йўқ-да, агар бошқалардай сеп ташвиши, чек олиб уй солиш ғами бошини қотирганда, буям «дунёнинг нариги чекасидан бўлсаям, қандай қилиб бўлсаям пул топиб келинг» деб, икки оёғини бир этикка тиқармиди, деб ўйларди ўшанда Рустам. Энди унинг мўлтирайдигани, «қўйинг» дейдигани йўқ, боши очиқ, истаган ерига бориши, жонига теккунча юриши мумкин. Узоқ-узоқларда, иш билан маврил бўлиб, юраги ёзилар... Бир йилми, икки йилми насибасини териб, беш-ўн танга пул жамғариб келса, рўзғорини яна бутлаб олаверади-да. Унгача кўникиб ҳам қолар...
Унинг хаёлини Рисолатнинг синиқ овози бузди.
– Рустам ака, манави пичоғингизни опкетсам, майлими?
Рустам илкис бош кўтарди. Аёлнинг қўлида амиркон қини ғарбга оғиб, тиғи бир қадар ўтмаслашган қуёш нурида йилтираётган пичоқ турарди. Тилига калима келмай қолди. Яроғ отасидан ёдгорлик бўлиб, уни сабзи-пиёз тўғраш, умуман, рўзғорга мутлақо аралаштирмасди. Фақат кечда, ётишдан олдин олма, нок арчишгагина (қораси чиқади деб, анор, беҳига ҳам солишмасди) ишлатишиб, ўша заҳоти артиб-тозалаб, яна жойига – уйнинг тўри томонидаги девор бурчагига, қарийб шифт остига махсус қоқилган михга илиб қўйишарди. Рустам уни кўз қорачиғидай асраб-авайлар, дастаси ва ғилофига ҳар замонда ошдан кейин товоқдаги ёғ юқидан суркаб, тиғини қумлаб ювиб турарди. Қисқаси, Рисолат бу матоҳнинг эри учун нақадар азиз ва қимматлигини жуда яхши биларди. Балки хотини, юрагингизни суғуриб беринг, деса ҳам Рустам бунчалик эсанкирамаган бўларди. Лекин айни вазиятда жавдираган кўзларга қараб, бу ўтинчни рад этишнинг иложи йўқлигини ҳис этди.
– Бошқа ҳеч нарсангизга тегмайман, – деди Рустамнинг дами ичига тушиб кетганини ўзича баҳолаган Рисолат зўраки кулимсираб.
Рустам қизаринди.
– Мол-дунё сиздан айлансин, Рисолат. Қанийди ўзимниям қўшиб олиб кетсангиз...
Ниҳоят, ҳамма нарса тахтланди. Рустам пақирга солярка қуйилган иккита елим шишани солди, бир қулочча бош бармоқдай тутакни машъал симидан ўтказиб елкасига илган эди, уни кузатиш учун айвонга чиққан Рисолат беихтиёр жилмайди.
– Fижимланган эски шляпа, мўйлов камлик қиляпти – Раж Капурнинг ўзи бўлардингиз.
– Ўзингизам аразлаб ўтирган Радхадан қолишмайсиз, – деди Рустам, лекин шу заҳоти “араз” сўзини ўртага солганини ўйлаб, тилини тишлади. – Кўпроқ балиқ тутсин, деб дуо қилинг. Бугун овим юришадиганга ўхшаяпти. Кун иссиқ, балиқлар кечқурун хўрак излашади. Яна битта пақир олволсаммикин...
– Биттасиям етар, иккитасини кўтариш ҳам бор, – деди Рисолат.
Рустам энди қанча балиқ ушласаям, аёлга барибир эди. Лекин яна бир кунлик, бир кечалик ваколати қолган завжининг кўнгли учун, «овингиз бароридан келсин, фақат жа ҳаяллаб кетманг-а, қўрқаман, юрагим нимагадир ғаш бўлиб турибди. Ҳавониям авзои бўлакчароқ», деди.
Рисолатнинг суст, дилгирлигини Рустам эртага юз берадиган айрилиққа йўйди ва таъби хира тортди. Шахти пасайди, лекин ўзини қўлга олиши лозимлигини англарди.
– Яхши, тезроқ қайтишга ҳаракат қиламан. Эшикни маҳкам беркитволинг. Агар мени чақирмоқчи бўлсангиз, чироқни пастлатиб-баландлатинг. (Бу ерда электр йўқлиги учун мойчироқ, шам ё тошфонар ишлатишарди).
У хотинини кулдириш учун худди аскардай «честь» берди-да, орқасига айланиб, шахдам қадамлар билан йўлга тушди. Бир оз юргач, секинлаб, ортига бирров кўз ташлади. Рисолат жойида қаққайиб турар, назарида у ҳамон паришон эди. Ростдан, ажралиш тўғрисидаги қарорлари тўғримикин? Кейин нима бўлади? Рисолат-ку, акасиникидан паноҳ топар, хўш, Рустам-чи, йўли очилмай, Россия тарафга боролмаса-чи? Унда у қаерда, ким билан яшайди? Турган гапки, дарё бўйида, қишлоқдан узоқда танҳо ўзи ҳаёт кечиролмайди. Ҳар қалай, маҳалла дуруст. Шавкат қачондир қишлоққа қайтар. Қайтмаса, Рустамга қийин бўлади...

* * *
Кун чиқишда, осмоннинг ер билан туташган қисмида кечадан бери айланаётган қора булут қуюқлашгандай кўринди. Fарбда эса, қуёш чўғдай яллиғланиб, пастга оға бошлаганди. Кун қизариб ботса, қизингни узат дейдилар, демак, ҳаво очилиб кетади.
Енгил шабада эсарди. Рустам қалинроқ бир нима кийиб олмапман, деб кўнглидан ўтказди. Эгри-бугри сўқмоқдан синиб тушган шох-шаббаларни қисирлатиб тепалаб бораркан, чиндан ҳам тезроқ қайтиш керак, деди ичида. Омади чопиб қолса, ярим соатнинг нари-берисида пақир тўлади. Бир челак балиқ – ўн-ўн икки кило, демак, тўрт-беш мингдан бўлса, қирқ-эллик минг сўм. Майдалаб кўпроққа пуллаш ҳам мумкин, аммо чаканалаб ўтиргани вақти ҳам, имкони ҳам йўқ эди, тушликка Рисолат палов дамлаши лозим. Йигирма мингга дурустроқ бир кўйлаклик берар, тўрт мингга ярим кило қўй гўшти олади, қўй гўшти ейишмаганигаям йиллар бўлди-ёв, гуруч уйда бор, яхшиямки Қорадарё ўзанидан ҳар йили беш-олти сўтих қўриққа шоли экиб олади. Энди, ишқилиб, ўзангаям хўжайинлар чиқиб қолмаса...
Ўша катта тошқиндан кейин Қорадарё қайтиб гупирмади... Тепада сув омбори қурилгач, йилдан-йилга дарёнинг баракаси, файзи ўчиб борарди. Юқоридагиларнинг Орол, Орол деб эслари кетади, халқаро анжуманлар ўтказилади. Бу ёқларда омбор, тўғон қуриб, бўғиб ётишаверса, денгиз-кўлларга сув қайдан етиб борсин!
Шу йилларда кенг ўзаннинг у ер-бу ерида шалдираб оқаётган сув тизза бўйи, сал чуқурроқ, болдирдан келадиган жойлар ҳам бор эди. Балиқни айнан ана шунақа саёз шалдирамада овлаш қулай эди.
Рустам йўл-йўлакай Ўрмонча ичидан ўтган ариқнинг чуқурроқ камари оғзига, қамишлар орасига қўйган саватларни кўтариб қаради. Биттасидан иккита шим – мойбалиқ чиқди, иккинчисида ҳеч вақо йўқ эди. Куни бўйи изғиб юрадиган молбоқар болалар, ўсмирлар саватларни шип-шийдам қилиб кетишган бўлса керак. Ҳа, шумғия-зараркунандалар!..
Кун батамом чўкди, лекин алвон шафақлари ҳали уфқни яллиғлантириб турарди. Рисолат бир ўзи, аёл киши, қўрқади. Шунинг учун Рустам дарё бўйида яшай бошлаганларидан бери деярли кечда балиқ овламас, ҳатто маҳалладаги гап-гаштаклар, улфатчиликларга ҳам қўшилмасди. Аслини олганда ёзда – таркибида “р” ҳарфи йўқ ойларда балиқ ейиш тавсия этилмайди ва урчиш мавсумларида уларни овлаш ҳам таъқиқланади. Лекин бу қоида ва қонунларни бирор марта, истисно тариқасида четлаб ўтса ҳеч нарса қилмас. Бозорда қишин-ёзин балиқ узилмайди-ку. Долзарбда ақча топишнинг бошқа чораси бўлмаса...

* * *
Рустам зумраша болалар оёғи камроқ етиб борадиган – нариги соҳилга яқин шалдирамаларда балиқ кўпроқ бўлишини тусмоллаб, ўртадаги тошлоқ ва кечувлардан ўтиб, қадамини жадаллатарди. Мўлжалдаги жойлардан бири – шалдирама шитоб оқадиган муюлишда пойабзалини ечиб, бошқа майда-чуйдалар билан пакана, тарвайган юлғун ёнига қўйди. Оёғига елим шиппакни илди. Думалоқланган пахтага солярка қуйиб, гугурт чақди, сўнг кулбалари томонга қаради. Масофа салкам бир чақирим бўлса-да, уй анча тепаликдалиги ва орада баланд дов-дарахт йўқлиги боис ғира-ширада ҳам хийла аниқ кўзга ташланарди. Рисолат чироқними, тошфонарними ёқибди. Лекин ҳали атрофга тун қора чойшабини бутунлай ёзиб улгурмагани учунми, лампа хирагина милтиллаб кўринар, бу ҳолатда кўтариб-пастлатилганини яхши илғаш қийинга ўхшарди.
Рустам шими почасини тиззасидан юқорироққача шимариб сувга оёқ солди. Сув ғоят ҳузурбахш эди. Машъаланинг темир таёғини қийшайтириб, ёруғи сойга тушадиган қилиб, тошлоққа қоқди. Пақирни унинг ёнига ўрнаштиргач, бир қўлига тарашадай қотирилган нон солинган майда тўрли махсус халтани, иккинчисига ўроқни олди. Болдирни ҳам кўмиб-кўммайдиган тиниқ шалдирама остидаги катта-кичик оқ, қора, кулранг, носранг тошлар ёлқин шуъласида ярқираб, титраб-тебранар, босганда ёқимли ғижирларди.
Ҳамма ерда, барча соҳада ёлғиз одамнинг иши қийин-да. Ҳозир Рустамнинг қаватида яна бир киши бўлганда, у машъала билан пақирни кўтариб, ёнида ё қирғоқ бўйлаб бир-икки қадам олдинроқда бораверар, Рустам эса бир қўлида хўракли халтани сувга пишиб-пишиб, унинг ҳидига кела бошлаган балиқларни иккинчи қўлидаги ўроқнинг учи билан аста уриб, санчиб, челакка ташлаб кетаверарди. Бир ўзи ундай қилолмайди. Идиш билан машъалани жилдириб-жилдириб туриш керак.
Барча жондорлар ичида ҳидни узоқдан сезишда балиққа етадигани йўқдир-ов. Рустам тўр халтани солиб, бир неча лаҳза турди холос, бир суям, ундан майдароқ шим, оқ амурлар лапанглаб келиб, нонни юлқилай бошлади. Рустам ўроқни кўтарди-ю тиниб қолди, жониворларнинг халқачасимон даҳанларида шошқалоқлик билан хўракни тишлаб-тортқилашаётганини, уларнинг аланга ёғдусида ялтираётган силлиқ танаси, нозик ҳаракатларини бир пас завқ билан томоша қилиб турди. Одамият табиат мўъжизаларидан бири, шундай беозор, жонон мавжудотни ҳам шафқатсизларча тутиб, бераҳмлик билан чопиб-тўғраб, жизғанагини чиқариб қовуриб, жиғилдонига уради-я. Инсондан ваҳший, қаҳри қаттиқ махлуқ бўлмаса керак... Хўш, ўзлари-чи, Рустамбой? Бошқалар-ку ўз йўлига, ахир, сен шу бегуноҳ, беозор ҳимоясизларни қўриқлашинг, ҳар хил кушандалардан, бандаи офаткашлардан муҳофаза қилиб, асраб-авайлашинг керак эмасми?.. Тўғри, аммо Оллоҳ бу луқмаи ҳалолларни суюкли, азиз қуллари учун шифобахш таом сифатида вужудга келтирган экан-да. Улар еб турилмаса, дарё, денгизларга сиғмай кетади, кейин ўлиб сасийди. Парвардигор нафақат балиқларни, ер юзидаги айрим тақиқланган, ноҳалол ҳисобланганлардан ташқари жамики неъматларни башар фарзандининг нафси-манфаъатига шафе, тобе яратган. Хўш, зоти олий шунча марҳамату мурувватлар эвазига, миннатдорлигига нима қайтаради? Нима қайтариши керак? Тақво ва одоб, мўминлик, беш вақт намоз ва яна бир неча фарз амал. Афсуски бандаи беандоза, бепарҳезлар шугина вазифаларни ҳам ёлчитишмайди. Ҳатто, мутлақо заҳмату риёзат, фурсату маблағ талаб этмайдиган, аксинча, ўзига фақат наф келтирувчи, жаннатга киришига ишончли ёрлиқ аҳамиятидаги ҳалоллик, инсоф, диёнат, одамийлик каби оддий бандалик, умматлик бурчларига ҳам риоя қилмайдилар, билъакс, бундай шукрона ва оқилона амаллар ўрнига тескари ишлар – бузғунчилик, ғайирлик, порахўрлик, қотиллик, дилозорлик, фаҳш ва бошқа таъқиқланган юмушлар билан ҳеч тап тортмай шуғулланиб, ўзларига берилажак ажр ва умрни қисқартирадилар-да, бировлар тутиб қолишга уринсалар, этакларини жаҳл билан силкиб, жаҳаннам сари ошиқадилар. Ножоиз хатти-ҳаракатлар, амалларга сарфланган вақтлар нафақат беҳуда, бехислат, балки кони зиён, кони увол, кони заволлигини, зинҳор-базинҳор чин умр саноғига қўшилмаслигини англамас ғофиллар каби иш тутадилар.
Рустам юқорига томон жилиб-жилиб, машъала ва пақирни силжитиб-силжитиб, ўроқлаб йигирматача балиқ тутганда росмана қоронғи тушиб, ҳарорат хийла пасайди, сув совуди, негадир балиқлар ҳам камайди. Бу содда, мўмин жониворлар ҳам анча муғомбир, устагар бўлиб қолишганми, чўқилаб қочиб-чўқилаб қочиб, уч-тўртта кулча нонни паққос туширишди. Рустам бир балиққа ўроқ ё санчқи урди дегунча шериклари яшин тезлигида тум-тарақай бўлиб кетишарди. Рустам шу қадар силлиқ, қўл-оёқсиз махлуқотларнинг хавф туғилган заҳоти ўқдай учиб қочиши, айниқса паҳлавон инсон ҳам эвини қилолмайдиган кучли, шитоб оқимда ҳам юқорига қараб бемалол, чаққон суза олишларидан ҳайратланарди. Тўр халтани сувга одатдагидан узоқроқ солиб турар, балиқларнинг аввал майдалари, кейин йириклари битта-иккита бўлиб кела бошлашарди. Афтидан энди қорнини анча тўйғазиб, нафси ором олганлари, чалароқ тиғ еганлари қайтиб келмас, чамаси улар бошқаларни ҳам қуролли «ёв»дан огоҳ этишарди. Ҳадемай балиқ бутунлай сийраклашди, йириклари деярли кўриниш бермай қўйди. Жажжи-миттилари ҳадиксирабгина яқинлашарди-да, яна бирдан дувуллаб «қуён»ни уришарди. Пақир тўлай деб қолувди, ҳар қалай, бугун иш ёмонмас, лекин Рисолатнинг бир ўзини ташлаб келгани яхши бўлмади, юраги қинидан чиқай деб ўтиргандир...

VIII
Шалдирама овози сал баландлагандай туюлди. Рустам буни атрофдаги ҳар хил сас-садолар ўчганидан деб ўйлади. Иттифоқо шишадай тиниқ, ялтироқ сув юзи хиралашиб, кўпаяётганини пайқади-ю, кўнглига ваҳима ўрмалади: наҳотки?..
У апил-тапил тошлоқ-ўзанга чиқиб қулоқ солди ва ер остидан келаётган қўрқинчли гулдирашни эшитди. Ҳа, бу шиддатли тус олаётган оқимнинг овози эди. Рустам машъалани, елим шишаларни ирғитди-да, зарур нарсаларни йиғиштириб, орқа-олдига қарамай зипиллади. Уйлари рўпарасидан анча юқорилаб кетган эди. У йўлни қийрахонига солди. Шиппак шапиллаб ғашига тегар, тез юришга халақит берарди, уни ҳам ечиб отди. Соҳилгача яна учта шалдирама бор, ҳар бирининг оралиғи саксон-юз қадам келарди, оралиқлар эса тошлоқлардан иборат. Рустам ҳар қанча ялангоёқ юришга ўрганган бўлса-да, шитоб одим отганда қиррали тошлар оёғига ботар, гоҳо юлғун ё бошқа буталарнинг бутоқли новдалари юзини тимдалар, лекин у оғриғу ачишишларга парво қилмай, югуришда давом этарди. Гоҳо чуқурга мункиб, аранг ўзини тутиб қоларди.
Сувнинг шовқини тобора кўтариларди. Бу бало қаёқдан келдийкин? Ахир, йигирма йилдан бери бундай ҳодиса юз бермаганди-ку. Тўғри, катта қор ёққан, баъзи серёғин йиллари чапазак олма пишиғида дарё сал ҳовлиқиб қўпонгларди, аммо бу даражага етмасди. Омбор очилиб кетса, вилоят етти газ сув тагида қолармиш, деган юракка ғулғула солувчи «миш-миш»лар ҳам анча пайсал топган, халқ хотиржамроқ яшай бошлаган эди. Ё, сув тўпланиши меъёридан ортиб кетиб, енгиллатиш учун тўғонни озроқ очишдимикин? Сувнинг совуқлигига қараганда шунақага ўхшарди. Ишқилиб, «Қора хўжа» бўлмасин...
Рустамнинг фикри-ёди шалдирамалардан тезроқ ўтиб олишда эди. Қоронғида қадамни бемўлжал ташлар, тошлоқда югуриш қийин эди, тошларнинг бир-бирини эзиб ғижирлаши ёқимсиз эшитиларди. Вақтнинг учқур оти одатдагидан ҳам жадал елаётгандай, йўл эса қисқармаётгандай туюларди. Ниҳоят, дастлабки шалдирамага етиб, унинг анча кенгайганини кўрди. Табиийки, ўзан ҳам чуқурлашган эди, сув тиззадан тепага чиқди. Рустам челак ва ўроқ тутган қўлларини кўтариб, шалдирамадан ўтди, энди сув тўпиққа етган тошзордан яна чопира-чупир қилиб сура кетди. Товонлари остидан тирқираётган сув бўйни, бетларига сачрарди. Оғирлашган шимининг муздай почалари шалоплаб, илигига тегиб совқоттирар ва тез юришга ҳалал берарди. Пақир, ўроқни бир қўлига олиб, иккинчи қўли билан йўл-йўлакай камарини, шимининг тугмаларини ечди, ҳаккалаб, қоқилиб-суқилиб аввал бир оёғини, кейин иккинчисини чиқариб олди, енгил тортган матони сув бир ямлаб ютди-қўйди.
Энди сувнинг шовқини баралла эшитила бошлади. Рустам ҳансираб-пишиллаб, кучининг борича чопар, икки кўзи уйлари томонда, лекин чироқнинг шуъласи милтираб, аранг кўринарди. Назарида Рисолат лампа пилигини тўхтовсиз пастлатиб-баландлатаётгандай эди. Бечорани ўтакаси ёрилмасайди, деб хавотирланарди. У хотинини ёлғиз қолдириб, овга тушганига афсусланарди. Сув кўз олдида ошиб-тошиб, пишқириб турса, бунақа ҳалокатни бир бор бошдан кечирган аёл қўрқмайдими, қўрқади-да. Тошқин ҳам бугунга қараб турган экан-а. Шунча йиллардан бери одамлар, экинзорлар, дов-дарахтларга ўзини тилло кўрсатиб, ўзани юқида жимгина жилдираётган дарё яна бир кун, бир кеча сабр қилса, кейин қанча қутурсаям майлийди. Узоғи билан бир соатда Рустам лаш-лушларини йиғиштириб, идиш тўла ўлжасини ортмоқлаб чиқиб кетган бўларди. Ё бу иши Оллоҳга хуш келмадимикин?.. Рисолатни кўнглини кўтариб кузатай девди-да. Қўй гўштига ош дамлашни мўлжаллаб, ўз амакиси, Рисолатнинг акасини эртага пешинга таклиф этиб қўйишувди, ош устида уларга ўз келишувларини, яъни яхшилик билан рўзғорларини бўлишмоқчи эканликларини билдириб, фотиҳа беришларини сўрашмоқчи эди...
Кейинги шалдирама янада тарвайиб, икки тарафдаги тошлоқни ҳам тўла эгаллаган эди. Рустам энди сонидан сув кечиб борарди. Беш-олти кило оғирликдаги челак билан шитоб ҳаракатланиш мушкул эди. Рустам балиқнинг ҳам, бошқа майда-чуйдаларнинг ҳам баҳридан кечиш даркорлигини англади.

* * *
Соҳилга юз эллик қадамча қолган, ўртада яна бир шалдирама (энди у шалдирама ҳам эмас) бўлиб, бу масофани ҳозирги вазиятда камида ўн беш-йигирма дақиқада босиб ўтиш мумкин эди. Сув энди тошлоқда ҳам болдирга чиққан, югуриш суръати тобора сусаяр, аммо Рустам мардона одимлар билан илгариларди.
«Рустам ака-а-а!..» деган қийқириқ келди. Ташқарига чиқиб, чироқни у ёқдан-бу ёққа тебратиб ишора бераётган бесарамжон Рисолатнинг жуссаси элас-элас кўзга чалинди. Қичқириқ дам ўтмай такрорланди.
– Бор-яп-ма-а-ан!.. – овозининг борича жавоб қайтарди Рустам энтикиб. Лекин Рисолат эшитмади чоғи, чақиришда давом этарди.
Танаси вазминлашиб, қадами секинлашиб бораётган Рустам хотинининг овозидан, сергакланиб, жон-жаҳди билан олға интила бошлади. Миясида эса «у ваҳимада қолди» деган биргина фикр, фикр билан бирга боши ҳам айланарди. Вужудининг ярмидан тепаси қизиб, пешонаси, юзларидан тепчиётган терлар сув сачрамаларига қўшилиб кўзларини ачиштирарди. Сувнинг совуқлигини танасининг пастки қисми борган сайин аниқроқ сезар, айниқса, шилпиллаган калта иштон сонига чиппа ёпишиб, этини жунжиктирарди. Ишқилиб, охирги шалдирама-кечувдан ўтиб олса бўлгани. У ёғи ҳеч қанча эмас, аммо унгача ҳам анча йўл, анча муддат бор эди. «Рустам ака-а-а!..» деган ҳайқириқ эса тобора аниқроқ, тобора ваҳимали, тобора ташвишли ва изтиробли янграрди. Рисолатнинг қаттиқ хавотирланаётгани, тоқатсизланиб уй олдида у ёқдан-бу ёққа зир югураётгани, нима қилишини билмай, Рустамни чақираётгани – лоақал шу чорлови, нидоси билан унга далда, мадад бўлишга тиришаётгани аён эди. «Келяп-ма-ан, келяп-ма-а-ан!..» дея ўзича қаттиқ садо берарди Рустам, аммо ҳансироқ билан қоришиқ, ҳадик, таҳлика залвори остида, дарё шовқини ичида қолган товуши ўзи ўйлаган даражада кучли, баланд эмас, борини ҳам шамол этакка – кунботарга учириб кетаётганди.

* * *
Ниҳоят, учинчи, сўнгги кечувга ҳам етди, энди у ерда шалдирама – ўзан мавжудлигини фақат икки томонда сувдан учлари чиқиб турган, аранг кўзга илашаётган юлғун шохларидан тахмин қилиш мумкин эди, холос. Қорамтир ва қуюқ сув ҳаммаёқда тенг, лимиллаб, чинакам тошқинга айланаётганди. У кучайиб, одамни тебратадиган, сурадиган миқёсга етган, Рус¬там энди гавдасини олдинга энгаштириб, бутун вазнини оёқларига солиб, қўлларини баланд кўтарганича, қорни билан сувни ёриб, панжаларини чимдиб босиб, олға силжирди. Шунда ҳам оёқлари мўлжалдан ўзга ерга тушарди. Сув қуймичдан ҳам ошган эди. Рустам энди қанча шитоб ҳаракат қилмоқчи бўлган сайин гандираклаб, қадамлари олдинга эмас, ёнбошга, оқим йўналиши сари кетарди. Сувнинг совуқлиги жонидан ўта бошлади. Юзлари кўкариб, кўзлари шокосадай кенгайиб борарди. Ёдига бирдан шифокор-табибларнинг бел-оёғини, айниқса човини мумкин қадар шамоллатмаслик, совқоттирмаслик, ҳатто зах ерга ҳам ўтирмаслик тўғрисидаги огоҳлантиришлари, шунингдек, бир оёғининг совуқ сувда пай тортиб қолиши эсига тушди. Бир неча йиллар бурун радикулит билан бели, қуймичи ва оёғи қаттиқ оғриб, шифохонама-шифохона даво излаб юрганида бир невропатолог чап тизза остидан ўтган йўғон пай-томирга ўнлик шприцда гидрокортизон дорисини юборган, бу тажрибавий муолажанинг нафи сезилмагану аммо кейин ўша пай ҳар замонда увушадиган «ҳунар» чиқариб, анча тинкасини қуритган. У ҳолат анча йиллардан сўнггина йўқолиб кетган эди. Охиргиси Шоҳимардонда, Ёрдан азизнинг қорли тоғлар билан туташ водийсида, сайхонликда ёйилиб, шовуллаб оқаётган, тиззадан ҳам келмайдиган муздай сойни кечиб ўтаётганида юз берган. У оёғини тўсатдан қиррали нарсага уриб олгандай иҳраб, сувга чалқанча йиқилиб тушувди. Ўшанда ҳамсафар оғайниларининг силаб-сийпалашлари билан акашак деган балодан бир чой қайнатим муддатда халос бўлган. Рисолат ўша ҳодисадан хабардор эди, унга бекор айтиб берган экан, ҳозир у шуни ўйлаб ташвишланаётгандир. Пай тортишиш жуда беъмани, бедаво нарса. Оёғинг бирдан ишламай, кесак бўлиб, ҳар қандай оғриқдан ҳам бемаза, ярамас бир нима вужудингни зирқиратиб, чимиллата бошлайди, ўзингниям идора этолмай, фикри-зикринг увушган ерингдан жилмай қўяди. Яна ўша палакат такрорланмасин-да. Бугун энди уни сувдан кўтариб олиб чиқадиган одам йўқ. Биров хабар топиб етиб келгунча унинг жисми қаёқдаю, жони қаёқда бўлади – ёлғиз Худо билади. Ҳа, ишқилиб, эсон-омон қирғоққа етиб олсин. Бундай тошқинда оёқ пай тортса, тамом, арзи ҳолингни ҳеч кимга айтолмай, икки қўлинг бошингда кетаверасан. Дод-войингни жон зоти йўқ бу маконда ким ҳам эшитарди?..

IX
Авайлаган кўзга чўп тушар. Сув бетида хас-хашак, майда шох-шаббалар оқиб, остида эса қандайдир дарахтларнинг тўнкасимон бўлаклари думалаб келарди. Рустамнинг тиззаси кўзига нимадир қаттиқ урилди, у чинқириб юборди, мувозанатини йўқотди, тўлқин уни ёнбошига ағдариб ташлади. Тамом, ҳаёт-мамотинг битди, Рустам!.. Сен ношукрлик касрига қолдинг. Оллоҳ сунмаган фарзандни деб... Кунинг баҳарнав ўтаятувди, кўплар сенга ҳавасда, хотинингга гап йўқ эди... Рустамнинг онгидан нари борса шунга яқин мулоҳазалар кечди, бошқа ўй бошига келиб ҳам улгурмади. Зеро, фикри-ёди қазойи муаллақдан омон қолиш, ўзини ўнглаб, кучли тўлқинга қарши курашиш ғами, қайғуси билан банд эди. Ростланиб олиш, тик туриш, ғайри-шуурий равишда қўл чўзиб, ниманидир тутамлашга уринарди. Икки-уч умбалоқ ошди, ҳайриятки ўзан унча чуқур эмас эди. Бели, елкаларига майинроқ нималардир уриларди. «Юлғун!..» – хаёлидан ўтди, пайпаслади, бармоқларига бир нима илашди, жон ҳалпида унга ёпишди, лекин чангалидаги нарса уни тутиб қололмади, аксинча у билан бирга кетаверди. Рустам қўлидагини ташлаб, бошқа бир балони ушлади, гавдаси айланиб, оёқлари оқим билан енгил суза бошлади. «Худога шукр...» кўнглидан ўтказди у, ҳали нима бўлиши номаълум, эҳтимол, бу болта тушгунча дам оладиган кунданинг қувончидай бир ҳолдир, лекин Рустам барибир руҳланди. Чўкаётган чўпга ёпишар деганларидай, бунақа пайтда бир парчагина, пардай енгил хас ҳам офатдан қутулиш, жон сақлашга маълум бир сонияларга бўлса-да, илинж уйғотади. Ажали етмаса, чиндан ҳам ана шу чўп ситилиб, ҳилвираб турган умр риштасининг узилмай қолишига баҳона, сабаб бўлиши мумкин.
Икки қўллаб юлғунга осилган Рустам бутанинг тагроғидан, йўғонроқ, бақувватроқ жойидан маҳкам чангаллаб, шу аснода товонларини сув тубига тираб, оёқларини йиғмоқчи бўлар, таёқдай қотиб қолган чап бути амрига бўйсунмасди, аксинча, чунон қақшатардики (хавф-хатар бир оз чекингач, оғриқ сезими кучайган эди), Рустам вой-войлаш, инграшдан ўзини тиёлмасди. Бир амаллаб соғ оёғини ерга қадади, шикастлангани эса ҳамон жонсиз, босишга унамасди. Муздай сув сон-саноқсиз игналар каби баданига санчилиб, зириллатиб азоб берар, кафтлари, тирноқларининг учигача безиллар, юлғун сирғалиб, сидирилиб кетадигандай, бутани қаттиқроқ сиқимларди. У шунчаки тошқин билан эмас, ажал билан олишаётгандай сезарди ўзини. Ҳақиқатда ҳам шундай эди. Мабодо панжалари юлғундан чиқиб кетса, бас, қутураётган тўлқинлар гавдасини чирпиратиб, бир нимага уриши ё гирдоб қаърига улоқтириб, чўктириб юбориши турган гап эди. Шу аҳволда сувнинг совуғига қанча фурсат чидаши ҳам даргумон эди. Рустам бехосдан «Рисо-ла-а-ат!..» деб бақирди. Зеро, шу топда, бу яқин орада хотинидан ўзга кўмак сўрайдиган кимса ҳам йўқ эди. Аёл кишининг қўлидан нимаям келарди? Бақириб-чақиради, йиғлаб-сиқтайди... Балки Рустам айни дамда жувондан мадад умидида қичқирмагандир, шунчаки унинг номини атаб, овозини эшитиб, тасалли топмоқчи ва ҳозирча мавжудлигини, шу яқин-атрофдалигини сездириб, яна бир кечалик муҳлати, ваколати қолган ёстиқдошининг безовта, хавотирли кўнглини бир оз хотиржам қилиб қўймоқчи бўлгандир. Сирасини айтганда, у жуфти ҳалолини нега, қандай мақсадда чақирганини дурустроқ идрок этадиган ҳолатда эмас эди. Афтидан таҳликали, қалтис вазиятларда каттаю кичик, ёшу қари тилидан ғайри ихтиёрий равишда отиладиган «Она-а-а!..» деган нидо ўрнига Рустамнинг юрагидан изтиробли “Рисолат” атамаси портлаб чиққан эди. Бу ҳайқириқ барча томирларидан сизиб келгандай, бутун вужудини зирқиратиб юборди. Шовқин билан омихта шамол «Рустам ака-а-а!..» деган садони келтирди. Остин-устун олам титраб кетгандай туюлди назарида. Гувлаган, қалдираган товуш, сув остидаги туйқус зарб¬дан эсанкираган катта-кичик, силлиқ, қиррали тошларнинг шарқираган саслари шу икки исмдан бошқа каломни яхши эшиттирмас, англаштирмас эди. Ҳолбуки, орадаги масофа унча узоқ эмас, агар кундузи бўлганида улар бир-бирларини бемалол, аниқ-тиниқ кўра олишарди.
Оғриқ пасаяй демас, совуқ эса, аксинча, кучаяр, лекин энди шундоқ тошқин ялаб, анча-мунча кўчириб тушаётган қирғоқ ёқасидаги кулбанинг кўланкаси, кулба олдида қўлида чироқ билан шу томон нарига интиқ мода кабутардек талпинаётган жонсарак ҳамёстиғининг юрагига яқин, қулоғига қадрдон овози, унинг ёнида тинимсиз ҳураётган Қайтмас, дарҳақиқат, Рустамга далда, куч бера бошлагандай эди.
– Рисо-ла-а-ат!.. – қичқирарди у. Бу қийқириқда илтижо билан бирга, эркакнинг аёлга, эрнинг завжасига меҳри, жудолик ҳадиги, ҳаётга ташналик, шунингдек, мардоналик, юпанч бериш муроди ҳам мужассам эди.
– Рустам ака-а-а!.. – чинқирарди Рисолат.
Бу жавоб-хитобларда қақшаб-титраётган мушфиқ, мунис жувоннинг мунгли фар¬ёд-фиғони, азиз ҳамдамини йўқотиб қўйиш таҳликаси билан бирга «мен вафодорингизман, сиз – ҳаётим, борлиғимсиз, сизсиз ҳолим нима кечади?» деган, масъулиятга, хушёрликка ундовчи, тетиклантирувчи даъват ҳам борлигини англаш мумкин эди. Фақат Рустам ҳозир буни мушоҳада қиладиган вазиятда эмасди.
Эр-хотин бир-бирларини аниқ кўрмасалар-да, бир-бирига интизор, важоҳати бузуқ тун салтанатига ларза, титроқ солаётган нидолари ўзаро топишиб, қўшилиб, ҳамоҳанг жаранглар, бу жарангнинг акс-садоси эса тошқин ҳайқириғи билан аралашиб, бешик-бешик тўлқинлар узра жуда кенг қамровда тараларди. Аммо сув шовқини ва Қайтмаснинг безовта вовуллаши бир-бирига муштоқона интилган икки сазонинг орасига тушиб, тиниқлигига соя соларди.
Рустам ҳали-ҳамон лат еган оёғини сув остидаги тошлоққа босолмас, ҳамон дурустроқ қимирлатолмас эди. Шунда у тахмин қилдики, тиззага шикаст етган пайтда, демак, увушиш ҳам бошланган, жонига ҳамон юлғун ора кириб турарди. Уни қўйиб юбориш, олдинга қадам ташлашни хаёлга келтириш ҳам душвор эди. Шу аҳволда қачонгача бардош беради-ю, кейин нима бўлади – Рустам буни ҳам билмасди, тасаввур қилолмасди, миясида бирон-бир жўяли фикрнинг ўзи йўқ эди. Қўллари қанчагача чидаса, шунча жон сақлаш мумкин эди, холос. Яхшиямки, шу ерда унинг бахтига пишиқ-чайир шу бутанинг борлиги, бошқа ҳар қандай ўсимлик аллақачон синиб ё айрилиб кетарди-ю, Рустам онасини учқўрғондан кўрарди. Балки бу Худонинг меҳрибончилигидир. Бошқача бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Демак, умид чироғини пуфлашга ҳали эрта. Оллоҳ қудратли ва раҳмдил: хоҳласа чўктиради, хоҳласа оқизади, хоҳласа омон қолдиради...

X
Маҳалладан кўмак чақириш мумкин, лекин Рисолат бир чақиримдан зиёд жойдан одам топиб қайтгунча совуқдан тарашадай қотиши ёки қўллари толиб, юлғундан чиқиб кетиши ё хушини йўқотиши ҳеч гапмас... Хотини сал нарироқдан «Ёрдам беринглар!..» деб қийқирса-чи? Унда маҳалла ёпирилиб тушса, бир тутам бутага осилиб турган Рустамнинг ҳолини кўриб роса кулишмайдими? Эртага бу гап бутун қишлоққа тарқалмайдими? Ҳар хил миш-миш тўқилиб, Асқарнинг қулоғига ҳам чалинса-чи?.. «Ўзини эплолмайдиган ландовур Рисолатни қандай қутқариб олувдийкин?..» деб ўйламайдими? Бунақа шармандалик ўлимдан баттар-ку, ундан кўра... Лекин бир мўъжиза рўй беришини кутиб туравериш ҳам мумкинмас, қандайдир чора излаш, ҳаракат қилиш керак-ку!.. Бирдан Рустамнинг ёдига омборчадаги олтилик сим ўрамаси тушди, у узун – неча метрлиги эсида йўғ-у, юз эллик қадамлар чамаси наридаги шийпондан электр тортишга мўлжалланган, ҳар қалай, шу ергача бемалол етиши аниқ эди. Бир учини айвон устунига боғлаб, тортиб келинса, ўшанга осилиб, қирғоққа чиқиб олса бўларди. Бунинг учун кучли бир қўл зарур. Демак, барибир Рисолат Одаш полвонга бориши керак. Полвон уйида бўлмаса-чи? Унда, бошқа камида иккита йигитни... Шундай тошқинда, яна аллавақтда муздай сувга тушгани ким ҳам жон деб югуриб келарди. Бир нави унайдиган ҳам топилар, ахир, маҳалла издиҳомларида Рустам ҳамиша ҳозиру нозир-ку, аммо, шундай бемаҳалда, зим-зиё сўқмоқлардан Рисолат у ёққа бир ўзи қандай боради?.. Айтгандай, Қайтмас бору...
Рустамнинг бир хаёли ишкал оёғи ва қўлларида эди. Бўғинлари зирқираб, назарида бармоқлари бутанинг нозик учига яқин келиб қолаётгандай, чайир новдага янада қаттиқроқ, жон-жаҳди билан тирмашарди, кафтларига ғадир-будир танаси ботиб, тилиб, қонатиб юборгандай туюлар, панжалари ачишарди.
Шовқин сал сусайгандай эди, аммо тўлқинлар Рустам билан ўчакишгандай, унинг қаршилигини синдиришга жазм қилгандай, қорнидан зарб ва жаҳд билан орқага итарарди.

* * *
Рустам тун чуқурлашган сари зимистоннинг янада қуюқлашишидан чўчиётганди. Сувнинг тўқ ранги кечанинг туси билан уйғунлашиб борарди. Кўкда, гўё тўсатдан чироқ ёнгандай, лоп этиб саккиз-ўн кунлик ой кўринди ва унинг нурлари алғов-далғов сув юзасида сакраб-сапчиб жилвалана бошлади. Сиёҳий билан оқ, зулмат билан ёруғлик, дағаллик билан майинлик, ёввойи ваҳшат билан латиф бир маъсумлик ўзаро уйқашиб кетди, атроф – қора¬йиб пастлаган осмон ёришиб, бирдан дарпарда каби тепага кўтарилгандай, соҳилдаги қўққайган уй, қўлида тошфонар тутган узун оқ кўйлакли аёл хийла равшан кўзга ташланди.
– Рисола-а-ат! – қичқирди Рустам энди унинг аниқ эшитишига ишонч ҳосил қилгандай. Жувон питиллаб қолди, аммо чироғ ушлаган одам қоронғиликдагини яхши илғамайди-ку, «Рустам ака-а, қаерда-си-из?..» – деб нидо берди.
– Мен яқинда-ма-ан!..
– Нима бўлди-и? Нима қилай?.. – Рисолат сал хотиржам тортгани товушидан сезилади, сўзлар чиндан ҳам росмана тушунарли эди, чунки тошқин шаштидан қайта бошлаганди.
– О-ё-ғим у-ву-шиб қол-ди-и! – иложи борича қаттиқроқ бақирди Рустам. – Ом-бордаги сим-нинг бир у-чи-ни ус-тун-га бай-лаб, мен то-мон-га тор-тиб ке-лиш ке-ра-ак! Маҳал-ла-дан О-даш пол-вон-ни ай-тиб ке-ли-инг! Қайт-мас-ни бош-ла-во-лиинг!..
Қирғоқдаги оқ либос ғойиб бўлди. Чопқиллаб кетди бояқиш, ишқилиб, Одаша¬ли уйда бўлсин-да, энди у ҳаллослаб етиб тушиб, симни бу ерга тортиб келгунча оёғи, қўллари чидаш берса, юлғун синиб ё узилиб кетмаса, бас. Рустам ўзини чалғитиш учун яна тахминий ҳисоб-китобда давом этди: маҳаллага югуриб, ўн дақиқада борса бўлади. Одаш полвонни чақириб, унга воқеани тушунтириб, у тайёрланиб ( бир сидра қўшимча кийим олиши керак) чиққунича, камида беш-олти минут, хуллас, ярим соат кетади. Лекин ҳозир кечаси, бунинг устига аёл киши эркакчалик тез чополмайди, демак, кўпроқ фурсат ўтишиям мумкин. Мабодо Одашали уйида йўқ бўлиб, бошқаларни, масалан ака-ука Қобил ва Қодирларни қидиришга тўғри келса-чи? Унда, тамом бўлдим деявер, оғайни. Албатта, унгача бута ё қўл – иккисидан бири...
Рустам ҳамон бир оёқда жон сақларди: гавдаси тебраниб, мувозанатини йўқотар, азбаройи шудли, абжирлигидан ўзини аранг тутиб қолмоқда эди. Уни муқаррар ҳалокатдан омон асраб турган оёқ ва билакларининг ҳам мускуллари зўриқиб, қотиб бораётганини англарди. Заҳира куч топиш зарур эди. Сув шовқини пасайгандан кейин оғриқ ҳам бир қадар енгиллаганга ўхшади. Иккинчиси билан жипс¬лаштириш ва ерни босиш учун носоғ оёғини аста олдинга тортиб кўрмоқчи бўлди, лекин ҳайҳот, у жойида йўқ эди! Эсанкираган Рустам беихтиёр сийпалаб кўришни кўнглидан ўтказди, лекин юлғунни якка қўл билан ушлаб туролмайман, деб ўйлади. Демак, оёқ чиндан ҳам увушиб, карахт бўлиб қолган. Бу фикр қўрқув ҳиссини жунбишга келтирди. Ҳаётнинг нақадар ширин неъмат эканлигини балки у умрида илк бор туймоқда эди. Яхшики, иккинчи оёғида бундай дард йўқ, акс ҳолда...
Рустам бошини кўтариб соҳилга қаради-ю, айвон ёнида тимирскиланаётган қора кийимли бир шарпага кўзи тушиб, оғриқни ҳам унутди... Шу пайт қароғлари кенгайиб кетганини ўзи пайқамас эди. Ким бўлди у, нима қилиб юрибди?
– Рисола-ат!? – чақирди асаблари таранглашиб.
– Ҳо-зи-ир, Рустам ака, ҳо-зир!..
У енгил тортди, аммо жаҳлидан тушмади, ғижинди, жон азизлиги туйғуси энди ўзга ҳиссиётларни икки ёнга суриб, олдинга юлқинарди. «Ҳалиям кетмабди-да. Роса толқон еб, сувга буюрадиган экан-ку. Шу пайтгача (гарчи кўп вақт ўтмаган эса-да, бу муддат Рустам учун хийла узоқ туюлган, наздида, Рисолат ҳозир ярим йўлга етган бўлиши керак эди) нима қилдийкин, ивирсиб? Шундай долзарб дамда кийим алмаштиришга бало бормиди?.. Бу ёқда мен нима аҳволдаю... Барибир хотин кишилигига борар экан-да. Ё, гапимни тузук уқмовдимикин?..»
– Рисола-ат! – бақирди у яна.
– Мана-а, келяп-м-а-а-н, бир пас чида-анг! Худо жонингизни омон қилсин, эҳтиёт бўлиб туринг!..
Овоз янада тиниқ келди, шамол ва тўлқинлар важоҳати ҳам анча кучсизланган эди.

XI
Совуқ секин-аста вужудининг тепа қисмини – жиққа ҳўл кўйлаги чиппа ёпишган баданини ҳам забт эта бошлаган Рустам жунжикиб қалтирарди. Энди уй томонга астойдил тикиларкан, Рисолат шу тарафга юраётганини элас-элас илғади. У қирғоқдаги зиналардан секин-аста пастга эниб келарди. Беихтиёр капалаги учди. Нима қилмоқчи бу эсини еган хотин?! Симни ўзи олиб келмоқчими? Демак, унинг буйруғини чинданам яхши англамаган экан. Ҳозирги аҳволи ҳам ҳолва бўлиб қолмасайди...
– Қайтинг, Рисолат, қайти-и-и-инг!
Аёл эшитмадими, жавоб бермади.
– Рисо-ла-а-ат!.. – жони борича бақирди Рустам.
– Хавотирлан-ма-анг!
Аёл бошқа гап айтмади. У аллақачон сувга тушган, бўйи пасайиб, жуссаси кичрайиб кўринарди. Рустамнинг хуноби ошди. Шунча азоб-ташвишга энди буям иш ўздириб ўтирмаса гўргайди. Тўлқин этакка суриб кетса борми... Ҳадик ваҳимага айланди, совуқнинг дами ўткирлашди. Иккинчи оёқ ҳамон карахт. Рустам қон юришини тезлаштириш учун ҳаракатланиш керак, деган қарорга келди, миясида шу фикр туғилганидан суюниб кетди. Кўз ўнгида сув остида мураккаб машқлар бажарадиган уришқоқ йоглар гавдаланди.
– Эй Парвардигор, ўзинг мадад бер, иликларим, билакларимга куч ато айла!..
Бир оёқлаб, иккинчи, ғўладай жонсиз бутни осилтириб, шиддат билан оқаётган муздай сув ичида ўтириб туриш эса ҳазил эмасди. Аммо ҳар қандай иш, машғулот ҳам аввалида қийин кечади. Рустам оҳиста чўнқаймоққа тутинди. Дардманд, боз устига увушган пай тиз букиш, ростланишни мураккаблаштирса ҳам оёқда ҳар қалай озгина сезги уйғонган эди. Бироқ энди салгина эгилишига оғриқ кучаярди. Рустам оёғи карахтлик, акашакликдан озод бўлаётганига қувонди. Демак, синмаган экан, шунисигаям шукур. У азобу машаққатни писанд этмай, тишини тишига қўйиб, чала-ярим ўтириб-тура бошлади, ланг оёқнинг инжиқлигидан ташқари ҳануз бўш келмаслик пайида шовқин солаётган сув шиддати эркин, дадил қимирлашга монелик қиларди.
Рустамнинг хаёли машқда-ю, икки кўзи хотинида эди. Рисолат масофанинг ярмидан ўтган, симни бир қўлида тортиб, таранглаштириб, иккинчисида ўрамни ёзиб, гавдасини ортга ташлаган ҳолда орқачасига юриб келарди. Неча йиллардан бери яйдоқ тошлоқ бўлиб ётган ўзанда ҳозир гувуллаб оқаётган сув аёлнинг белига чиққан эди. Рисолат билан бирга, унга урилиб шашти қайтаётган, аммо яна андак кучаяётган тўлқиннинг умумий шовқиндан фарқланиб турган норизо, шикоятомуз овози ҳам яқинлашиб келарди.
Вақт ўтиши қанчалик мушкул туюлмасин, у барибир тўхтаб қолмайди. Вақт барчага, бутун мавжудотга ҳукмини ўтказадиган ягона қудратли куч, ҳеч ким, ҳеч нарса уни ўз измига сололмайди, уни бир лаҳза, бир сонияга ҳам юргизмай қўёлмайди. У бамисли мана шу тошқин – унга ғов, бўғов солишнинг асло иложи йўқ. Вақт учун хурсандчиликнинг ҳам, мусибатнинг ҳам аҳамияти, қизиғи йўқ, у – кўринмас юҳо – ҳамма нарсани комига ютади, ўлигу тирикни, хўлу қуруқни ҳиссизларча босиб, янчиб, ҳатлаб ўтаверади. Ундан шафқатсизроқ, ундан меҳрибонроқ омил топилмайди. Одамзодни ниятига етказадиган ҳам, қабрга етказадиган ҳам – вақт. Айни дақиқаларда ҳам у ўз чизиғидан чиққани, ўз қонуниятидан чекингани йўқ. Рустамнинг тиззасига нимадир қарсиллаб урилиб лат еган лаҳзадан, мана, Рисолат ёнига яқинлашгунча у қанча заҳмат чекди, уқубат тортди, чинқириб вой-войлади, жиғибийрон бўлди, кўнглидан не-не хаёллар кечмади, ҳали яна қанча риёзат, қийинчилик кўради – у билмайди. Вақт миллари эса айланаверади ва неки мавжуд ва муҳайё – шодликни ҳам, қайғуни ҳам ниҳоясига элтиб нуқта қўяди-да, ортига ўгирилмай, ёнига ҳам қарамай, йўлида давом этаверади. У асло секин юрмайди, юролмайди – шундай дастур, вазифа юкланган зиммасига, ҳатто ҳастахонаю ҳибсхоналарда ҳам фақат чопади, югуради, олтмиш, етмиш йиллик умрни ва ҳатто асрларни ҳам ҳаш-паш дегунча манзилга, ўтмиш, йўқлик қаърига улоқтириб ташлайди. Вақт – табиб, вақт – энг олий ҳакам! Асли у табибликдан ҳам, ҳакамликдан ҳам мутлақо хорижда, у шовқин-сурон ҳам кўтармайди, жимгина, сассизгина илгарилайверади ва шу аснода ҳар қандай муаммо, тугун ўз-ўзидан ечимини топаверади – хаста тузалади ё дунёдан кўз юмади, низолар, ихтилофлар у ёки бу томон фойдасига ҳал бўлади, ким оромкурсидан қулайди, бошқаси амалга минади, ким орзусига етади, кимнингдир икки қўли бошида кетади... Бу борада фақат бир синоат – нариги дунёда вақт қандай кечишини (диний рисолалардаги ҳайратли, ҳайбатли хабарлардан ташқари) ҳеч ким аниқ айтолмайди. Бу дорилфано бандалари имконияти, онгидан ташқаридаги жараёндир...
Айни дамда эса вақт Рисолатни Рустамнинг ёнига олиб келди. Хотинининг сувга тушаётганини кўриши билан Рустамнинг ғайратига ғайрат, бардошига бардош қўшила бошлаган эди. Илло, заифа зотининг кўмагига муҳтожлик қанчалик хижолатли, қанчалик аянчли ҳол! (Ночорлик одамни нима куйларга солмайди!) Бунинг устига ўша кўмак етиб келгунча ё амалга ошгунча мўлтираб, қўл қовуштириб кутмоққа мажбур бўлиш эса бағоят малол – ғирт шармисорликнинг ўзи! Рустам рафиқасининг шарпаси юрагини умид билан қувватлантиргани, унда ишонч пайдо қилгани, мана шу умид ва ишонч уни тетиклантирганини рўйи-рост тан олгиси келмасди. Рисолат яқинлашар экан, у ўзини бардам, шижоатли кўрсатишга, юлғунни бармоқларидаги сўнгги мадор, ор-номус зўри билан аранг ушлаб турганини, совуқдан қалтираётганини, оғриқ ҳамон азоб бераётганини сездирмасликка тиришарди. Хаёлан яна йогларни эслаб, мен совқотмаяпман, оёғим ҳам оғриётгани йўқ, дея дилида такрорларди.

* * *
– Мана, ушланг, – деди Рисолат симни узатиб. Ойдинда унинг сув сачраган юзлари янада тиниқлашгандай, ёшариб кетгандай кўринарди. Сочларини ихчам турмаклаб, устидан Рустам шу йил эрта баҳорда туғилган кунига олиб берган шоҳи рўмолни ўраганди. Толим-толим қаро зулфлари рўмол ташқарисида қолган эди. Бошқа маҳал бўлганда ёдига ўша машъум, дарвоқе, унга Рисолатни «инъом» этган тошқин тушиши мумкин эди. Ўз бекасини муқаррар ҳалокатдан асраган халоскор, табаррук сочлар ҳақида эр-хотин кўп гаплашишар, шундай кезда жувон ички бир мамнуният, балки бир оз фахр билан узун кокилларини сийпалаб, ўйнаб ўтирарди. Бу сочлар, табиийки, илгаригидан бир оз сийраклашган, енгиллашган, Рисолат анчадан бери уларни орқасига ташлаб юрмай қўйган эди.
Рустам ўнг қўлини юлғундан бўшатиб, шудгорда ўрмалаётган қора илонни эслатувчи иланг-биланг симга чўзган эди, унинг учи тўлқинлар қатида кўринмай қолди – Рисолат Рустам тутди деган хаёлда қўйиб юборган эди. Яхшики сим Рустамнинг соғ болдирига урилди, у ўнг қўлида ҳамон юлғунни маҳкам тутганича, тимирскилаб, симни сув юзасига чиқарди. Шу аснода Рисолат Рустамга бақамти келиб, унинг чап кифти билан тирсаги ўртасидан ушлади.
– Келинг, қўлингизни кўтаринг, – деди у.
Рустам хотинига суяниб, иккинчи қўлини ҳам юлғундан эҳтиёткорлик билан бўшатди-да, симга икки қўллаб қарийб осилиб олди. Жувон эрининг қўлтиғига кириб, ўнг билагини белидан ўтказиб, маҳкам қучоқлади. Рустамнинг мускулларидаги таранглик бўшашгандай бўлди, орият ҳақидаги мулоҳаза, андишалар ўз-ўзидан чекинди, икки вужуд бир-бирига қапишган чоғда эркакнинг танасига тафт югурди, юзига яхдай сув ҳам совутолмаган илиқ нафас урилди, рўмол оғушидаги зулфи анбарнинг таниш, хушбўй ҳиди димоғини, ҳамиятини қитиқлади, ўзини бардам ҳис эта бошлади. Энди бу ёғи енгилдай, соҳилга осонгина чиқиб олишадигандай туюлди. Иккинчи оёқ ҳам сал-пал босишга яраб қолган эди, аммо тош қаттиқроқ ботса, зирқироқ миягача чиқиб кетарди. Шу аҳволда шафқатсиз долғалар билан йўл талашиш, олишиш кони азоб эди. Хайриятки, улар қияроқ «сўқмоқ» солишлари мумкин эди. Нима бўлганда ҳам, аёл жинси ёнида ҳар қанча оғриғу, машаққатга чидаш керак, шарт! Хотин кишики, сочда “сочбоғи” билан шундай омонсиз тошқинда қутқаришга етиб келса-ю, у белда “белбоғи” билан инқилаб-синқиллаб ўтирса, уят-ку. Тишини тишига маҳкам босишдан ўзга чора йўқ. Оҳ-воҳ билан дард пайсал топиб, кулфати енгиллашиб қолмайди-ку.

XII
Рустам сим тутган қўлларининг бир унисини, бир бунисини олдинга ўтказиб, Рисолат ҳимояси, кўмагида оёқларини ҳам жилдирар, аммо жуда секин ҳаракатланишга тўғри келарди. Боз устига сувнинг залвори, қаршилигини енгиб, икковлашиб олға силжиш янада заҳматли, дарғазаб тўлқинлар аро қўлтиқлаб, қўлтиқ остида қадам босиш эса баттар қийинчилик туғдирарди. Хотинининг елкаси тагида, унга осилиб юриш жуда ноқулай, нохуш эди, унинг баданидан инаётган ҳарорат, уятдан анча жонланган, дадилланган Рустамда алоҳида-алоҳида одимлаш фикри туғилди.
– Сиз аввалроқ юринг, Рисол, – шундай деб, симни таранг тортиб турди. Рисолат у билан ўрин алмашди.
Рустам бош чайқади, у ўзича аёлини орқадан ҳимоя қилиб кетишни кўзлаганди, лекин икки одам замбарда юк ташиганда асосий салмоқ олд тарафдаги шерик чекига тушади... Ҳозир ҳам айнан шундай – Рисолат сувни ёриб, йўл очиб бориши керак эди. Унинг эътирозига қарамай, яна жой алмашинишди. Ҳартугул, Рустам анча қувватланиб, бардамлашиб қолганди. Қора тун чойшабини йиртиб, қайсар тўлқинлар “ёли”ни қайириб, вабодай тошқин ҳамласи, ваҳмини синдириб, совуқ сув заҳрини ютиб, аччиқ шамол найзаларига ўмган тутиб интилиш қанчалик уқубатли, нечоғлик оғир бўлмасин, барибир илгарилашарди. Фалакда ой уларни ҳаяжон билан кузатар, вақт эса хижолатда, тахликада эди.
– Симни маҳкам ушланг, Рисол, – деди Рустам орқасига ярим қайрилиб.
– Ўзингизга эҳтиёт бўлинг, оёғингиз яхшими?
– Анча тузук. Нимага бундай қилдингиз?
– Уйда гаплашамиз.
Қадам-бақадам сурилишаркан, Рустамнинг дили ёришиб борар, жизиллаб ачишаётган қўллари, лат еган, қақшаётган оёғига «яна бир пас чиданглар, бир пасгина...» дея тасалли берар, ўтинар, баланд овозда «келяпсизми, Рисол, совқотмаяпсизми?» деб қўярди. Ичида ўзига ҳам Худодан куч-қувват тилар, завжаи муҳатарамасини паноҳида асрашни ўтинарди.
Рисолат оёғи чуқурликка тушиб кетса ё қиррали тошни босиб олса, беихтиёр “вой!” деб юборар, Рустам дарҳол имкони борича орқасига бурилиб, “нима бўлди?” деб ҳол сўрар, қаттиқ хавотирлангани овози оҳангидан билиниб турарди. Жувон дарров эрининг кўнглини тинчитарди-да, “менга қарайвермай, тезроқ юраверинг”, дея ундарди. У арғувоний вилюр кўйлак ва сафсарранг авра камзулда эди. Турмак, рўмолдан қочган хўл соч толалари манглайи, яноқлари узра силкиниб йилтилларди. Рустам билан изма-из борар, боягидек ҳар замонда тасодифан вой-войлашини ҳисобга олмаганда, тошқиннинг қаҳридан ҳам, юришнинг мушкуллигидан ҳам шикоят қилмасди. Хийла кучли, иродали экан, кўнгиллади Рустам, анча-мунча заифанинг бунақа синов, бунақа қийноққа дош бериши маҳол.
Шу лаҳзаларда Рисолатнинг ҳали мижжаларига ажин ёндошмаган йирик кўзларига синчиклаб назар ташлаган киши унинг зинҳор оғринмаётгани, зорланмаётгани, аксинча, инсон ўз ишидан мамнун чоғларда зоҳир бўладиган шукуҳ ифодасини илғарди.

* * *
Бу гал вақт ҳам ўз қатъиятидан чекинди – узоқ ва ўта заҳматли туюлган масофа ё мўлжалдаги муддатдан анча тез босиб ўтилди ё камдан-кам ҳоллардагина раҳм-шафқат ҳисларига ён берадиган фурсат чиндан-да ўзини панага тортиб, қунишиб, қотиб турди. Ҳа, ҳамиша музаффар ва ғолиб вақт шу оқшом дунёнинг овлоқ бир канорасида оддийгина бандалар, кўнгиллари ярим жуфтлик томонидан мағлуб этилди! Нафақат вақт, балки бу кеча фавқулодда қутурган дарё – тошқин ҳам ва яна таҳдидли, юракка қутқу соладиган бошқа ёввойи кучлар ҳам енгилди! Бари, бари меҳр, муҳаббат ҳузурида, оқибат, садоқат қаршисида, жасорат, матонат қошида бош эгди! Ҳардамхаёллик, умидсизлик ишонч, жаҳду шижоатга мусаллам бўлди!..
Соҳилга яқинлашиб қолишганини кўрган Рустам симни қўйиб юборди. Бу ерлар чуқур эмас – тиззадан холос, тўлқинлар шиддати ҳам ҳамин қадар эди. У тўхтаб орқасига шарт ўгирилди-да, Рисолатни даст кўтариб олди, унинг уст-бошидан шаршарадай сув қуйилди.
У питирчилади.
– Нима қиляпсиз, уятсиз киши, туширинг, оёғингиз оғрийди...
Рустамнинг оёғи чиндан ҳам, аввалгича бўлмаса-да, симилламоқда эди, бундан ташқари унинг фаразича Рисолат шалаббо кийимда бир мунча оғирлашган бўлиши керак эди, аксинча, у енгил туюлди, «оёғим яхши», – деди у ва олдинга дадил интилди.
Кўп йиллардан, балки тўй оқшомидан буён бунақа ҳузур-ҳаловатни туймаган аёл тортишиб турган баданларининг мумдай майинлаша бошлаганини ҳис қилди ва эрининг бўйнидан гира солиб қучоқлаганича кўзларини юмиб олди. Рустам ҳам, Рисолатнинг ўзи ҳам унинг бошидан рўмоли сидирилиб, икки ўрим узун сочларининг ярми сув юзасида енгил селпиниб, эркаланиб сузаётганини пайқамас эдилар. Иккиси ҳам ўз хаёллари, завқлари билан банд – Рустам муқаррар ажал комидан соғ-саломат чиққани, Рисолатни ўз оғушида кўраётганидан ўзида йўқ, жувон эса, балки забардаст, баҳодир йигит қўйнида, ҳис-ҳаяжонлар гирдобида яна жаннатий васл маъвоси – гўшанга томон бормоқда, қиз зоти умридаги энг лазиз, беназир ва бетакрор онлар нашъу намосини қайта сурмоқда эди...

* * *
Дарёнинг суйри, саёз жойларини шалоплатиб, қуруқ тошлоққа – зина йўл остонасига етишгач, Рустам ҳалоскорини эҳтиётлик билан, оҳиста ерга қўйди, улар ўзаро бағирлашганча, ҳамма нарсани, ҳозиргина рўй берган мудҳиш воқеаларни ҳам унутиб, бир неча сония туришди. Ҳуришни тўхтатиб, зиналардан югуриб тушган Қайтмас суйкалиб уларни искар ва ғингширди. Думи гажжак чипор мушук эса, жар лабида, буларга қараб бетоқатлик билан миёвларди.
Тошқин шовқини энди иккаласининг қулоғига ёқимли бир мусиқадай эшитилиб, дилларига ором бағишларди гўё.
– Рисолат... – деди Рустам бутун меҳри, қувватини шу исмга жо айлаб.
– Юринг энди, тезроқ уйга кирайлик, – Рисолатнинг овози майин ва бир оз ҳорғин эди.
Пиллапоялардан бир-бир кўтарилиб (ҳамон оқсоқ оёғини авайлаб босаётган Рустам умр ҳамроҳининг қўлини қўйиб юбормасди), уй саҳнига чиқишди. Сувнинг салқин шабадаси шу ерга ҳам баралла уриб турарди. Эр-хотин титраб кетишди. Рустам эшикни очди. Илиққина хона уларни паноҳига олди. Рисолат икки қанотли мўъжазгина жавонда тахланган кийимлар орасидан қалинроқларини топди. Бир-бирларига тескари ҳолда, Рисолат ўтириб, Рустам тик турганча уст-бошларини алмаштиришди. Совуқни энди сезгандай, Рустам баттарроқ дириллай бошлади. Унинг сўзи билан Рисолат тугиб қўйилган, тугилмаган бор кўрпа-тўшакларни (худди илк никоҳ кечасидагидек) апил-тапил тўшади. Рустам қалин, лўмиллаган ўрин қатига ўзини урди-да, уни ёнига чорлади.
– Келақолинг, совқотяпман.
– Спирт бўлганда баданингизга суркаб, ишқаворардим, бекитган-секитган «анақа...»ларингиздан йўқми?
– Ҳа-а, «антахур» денг, «антахур»... Бўлиши керак, – деди хотинининг оқилона фикридан жонланган Рустам. – Омборда, бўш шишалар сақланадиган пласмасса яшикда, – у ўрнидан тура бошлаган эди, Рисолат кафти билан “қимирламанг” деган ишорани билдирди.
– Мен сизчалик совуқ еганим йўқ, яхшироқ ўраниб олинг, – Рисолат елкасига жун рўмол ташлади-да, тошфонар билан ташқари чиқди, бир оз ҳаялдан сўнг ёрлиғига «Андижон ароғи» деб ёзилган новча шишани ижирғангансимон кўтариб кирди.
Рустам чўккалаб ўтирди-да, шишанинг бурама қопқоғини очди. Дилида ярим пиёла ичворсаммикин, деган истак ғимирлади-ю, аммо ниятини Рисолатга ошкор этгиси келмади, бу зормандани хушламайдиган аёли шундай пайтда ичкилик кўнглига сиққанини.., деб нотўғри тушунмасин, ранжимасин, деди.
– Аввал сизга суркаймиз, – деди у куч билан жилмайиб. – Ечининг.
– Йўғ-е, нима деяпсиз? – эрининг кўзларига тикилди Рисолат.
– Сиз ҳам сувда анча юрдингиз, спирт, ўзингиз айтгандай, совуқни заҳрини кесади. Сувда шабадалаган ёмон, одам қаттиқ касал бўлиб қолиши мумкин.
Рустамнинг барибир айтганини қилдиришини билган Рисолат иккиланарди.
– Тезроқ!.. – буюрди Рустам жиддий оҳангда.
– Хўп, қарамай туринг, – деди жувон ва ўрин четига омонат чўнқайди-да, қўлларини ёнбошидан ўтказиб, ҳозиргина кийган ҳаворанг помбархит кўйлаги, пуштиранг тунги либосининг орқа этагини қайириб, курагигача кўтарди, кейин бир қўлини елкаси оша узатиб, ушлаб олди.
– Бўлдим.
Ёш боладай одоб сақлаб ўтирган Рустам унга юзланди.
– Ётволмайсизми? Оёқларингизгаям суркаридик.
– Йўқ, орқамга суркасак етади.
– Сал энгашинг бўлмаса.
Рустам «антахур»дан кафтига тўкди, ўткир ҳид гуп этиб хонага таралди. Рисолат бўш қўлида рўмолининг учи билан оғзи-бурнини беркитди. Рустам ароқни хотинининг қордай оппоқ, мармардай силлиқ ва тиниқ бели, куракларига суркай бошлади. Бадан таранг ва иссиқ эди. «Иссиқчанмикин...» деган фикр Рустамнинг онгидан лип этиб ўтди. Қўлини Рисолатнинг қўлтиғи тагидан чўзаётган эди, у «ножўя ҳаракат қилиш йўқ, беадаб киши», деди-да, чиғаноғини биқинига қадаб, қимтиниб тўсинди.
– Ўпкангизгаям суйкамоқчийдим, – деди Рустам.
– Эътиборингиз учун, ўпка орқа тарафда бўлади, – эътироз билдирди Рисолат. – Фақат анатомиядан яхши ўқиганман деб мақтанардингизу...
Рустам кулди.
– Сиз ҳам анатомиядан яхши ўқиганакансиз-да, менга ўхшаб, асалим...
– Тезроқ бўлақолинг суюлмай, спиртни ўзи асосан сизга суйкашимиз керак.
Рустам бояги тахлитда уч-тўрт қатла кафтларига “заҳри қотил”дан қуйиб, Рисолатнинг орқасига обдан, беозор ишқади. Жувоннинг вужуди чўғдай қизиб кетди.
– Бас қилинг-эй, – деди у ва этагини туширди. – Ечининг.
Бир дақиқадан сўнг Рисолат тиз чўкканича, лаб-даҳанини қимтиган кўйи, калта иштонда мук тушиб ётган эрининг совуқдан лоладай қизариб, товуқ терисига ўхшаб қолган этига – кураги, белу биқинларига, бақувват сон ва болдирларига ароқ суртаркан (оғриқли оёғи сийпаланаётганда Рустам секин “им-им...” деб қўярди), бу жисм, бу жуссанинг унга нақадар яқин ва азиз, ёқимли эканлигини кўнглидан ўтказарди. Бир оздан кейин Рустам ўгирилиб, чалқанчасига узала чўзилди. Рисолат унинг қорнидан пастига чойшаб ёпиб, муолажани давом эттирди. Кенг, қабариқ ўмровга, киндик атрофига, елка-қўлларга ма¬йин шапалоғи билан “радди бало”ни астойдил, едириб суркади. Бадъаз тиззалар, болдирларга ўтди, оёқлар ости, товон, панжаларни ҳам ола қўймай ишқаларди. Рустам эҳтиросли, меҳрли нигоҳини хотинининг бўғриқиб-қўпчиган юзлари, оловли кўзларидан узмас, Рисолат унга гўё эътибор бермасди. Охири чидолмай кулиб юборди.
– Мунча тикиласиз, мени кўрмаганмисиз?
– Ҳозиргидай ҳолатда кўрмаганман, – деди Рустам энтикиб ва Рисолатнинг у ер-бу ерига тегина бошлади.
– Шилқимлик қилмай, те-ек ётинг! Кап-катта кишини қилиғини... Ёлғондакам қовоқ уйди аёл. – Менам бир жойларингизни чимдиб қўймай...
– Ажойибсиз-да, Рисолат...
– Бўпти, бас, – Рисолат нариги ёндаги кўрпага эгилган эди, Рустам унинг кифтларидан қучиб, чапдастлик билан бағрига тортди. Жувон қаршилик кўрсатишга ҳам улгурмади, бир оз типирлади-ю, жимиб, бошини ёстиқдошининг кўкси билан елкаси орасига қўйди. Рустам устиларига кўрпа ёпди.
Ой деразадан яна бирпас мўралаб тургач, кўнгли тинчиган янгадай, кулимсиб четланди. Энди дарё ҳам қарийб аввалги меъёрига туша борарди.

Андижон
2007-2009
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика