Жанублик киши (ҳикоя) [Roald Dal]

Жанублик киши (ҳикоя) [Roald Dal]
Жанублик киши (ҳикоя) [Roald Dal]
Соат олтига яқинлашиб қолганди ва мен бассейн ёнида бирпас ўтириб пиво ичганча қуёшда тобланишга қарор қилдим. Мен барга кириб пиво сотиб олдим ва боғ орқали бассейнга жўнадим. Боғ ажойиб эди-бир текис қилиб қирқилган ўтли сайҳонлик, гуллар, атроф эса палмалар билан қуршалганди. Шамол палмалар учини силкитар, барглар шунга мос равишда шитирлаб овоз чиқарарди. Бассейн атрофидаги баланд соябонлар остида кўплаб эркак ва аёллар ўтиришарди. Бассейн ичида эса уч-тўрт нафар йигит-қиз бўлиб, улар шовқин солганча бир-бирларига катта резина тўпни отиб ўйнашарди.
Мен тўхтаб, уларга разм солдим. Қизлар меҳмонхонада турувчи инглизлар эди. Йигитларни эса танимадим, аммо уларнинг америкача лаҳжасини эшитгач, йигитлар бугун эрталаб келган Америка ҳарбий кемасининг курсантлари эканлигини тахмин қилдим.
Мен соябонлардан бирининг остига ўтирдим ва пивомни очдим. Кўм-кўк сувни сачратиб ўйнаётганларни кузатиш менга завқ бағишлаётганди.
Шу пайт бассейн чети бўйлаб дадил қадам ташлаб келаётган бошдан-оёқ оппоқ кийинган пастаккина қарияга кўзим тушди. У тез-тез, худди сакраётгандек юриб келарди. У бошига қаймоқранг шляпа кийиб олган, бассейн атрофида ўтирганларга бир-бир қараб қўярди.
У менинг олдимда тўхтади ва майда тишларини кўрсатиб илжайди. Мен ҳам унга жавобан жилмайдим.
— Кечирасиз, ёнингизга ўтирсам бўладими?
— Албатта, - дедим мен. - Марҳамат.
У курсига ястаниб ўтирди, сўнг оёқларини чалиштирди. Унинг оппоқ поябзали ҳаво кириши учун тешикчалар билан қопланганди.
— Ажойиб оқшом,-деди у.-Ямайкада ҳар бир оқшом ажойиб.
Унинг талаффузидан қариянинг италян ёки испан эканлигини, аммо ҳар қалай Жанубий Америкадан эканлигини пайқадим. Яқиндан қараганда бу киши кексага, тахминан олтмиш саккиз-саксон ёшлар орасидага ўхшарди.
— Ҳа,-дедим мен.-Ҳақиқатан ҳам ажойиб.
— Марҳамат қилиб айтсангиз, булар ким?-У бассейндагиларга ишора қилди.-Улар бизнинг меҳмонхонамизда туришмайди.
— Менимча, булар америкалик денгизчилар,-жавоб қайтардим мен.-Денгизчи бўлишни истайдиган америкаликлар.
— Шунақа бўлса керак. Яна ким ҳам бунақа шовқин қиларди? Сиз америкалик эмасмисиз?
— Йўқ. Америкаликмасман.
Кутилмаганда олдимизда денгизчи йигитлардан бири пайдо бўлди. У ҳозиргина бассейндан чиққан, устидан сув томарди. Унинг ёнида инглиз қиз турарди.
— Бу ер бўшми?-сўради у.
— Ҳа,-жавоб қайтардим мен.
— Ўтирсак бўладими?
— Бемалол.
— Раҳмат,-деди у.
У ўтирди ва қўлида турган сочиқни ёзиб, ичидан сигарет билан ёққич олди. У менга сигарет таклиф қилди ва мен бир дона олдим. Қария эса рад этди.
— Йўқ, раҳмат, мен сигара чекаман.
У чўнтагидан тимсоҳ терисидан ишланган қутича чиқарди ва сигара олди, сўнг чўнтагидан йиғма пичоқча чиқариб сигарасининг бир учини кесди.
— Марҳамат,-йигит унга ёққич тутди.
— Шамолда ёнмайди.
— Жуда ёнади-да. Бу зўр ишлайди.
Қария сигарасини оғзидан олди ва бошини бир томонга қийшайтириб йигитга қаради.
— Зўрми?-деди у астагина.
— Албатта, ҳеч қачон панд бермаган. Ҳар қалай менга.
Қария бошини хиёл қийшайтирганча йигитга тикилиб турарди.
— Хўш, хўш. Демак, бу ёққич сизга ҳеч қачон панд бермайди. Шундайми?
— Ҳа,-жавоб қайтарди йигит.-Шунақа,-йигит ўн тўққиз-йигирма ёшларда эди. Унинг юзи сепкилга тўла, бурни қуш тумшуғига ўхшарди. У ёққични қўлида тутганча уни ёндиришга шай турарди.-У менга ҳеч қачон панд бермайди,-яна бир марта қайтарди у фахр билан.
— Бир дақиқага, илтимос,-қария қўлини узатиб кафти билан ишора қилиб уни тўхтатди.-Бир дақиқага. Балки гаров ўйнармиз?-У йигитга қараб илжайди.-Ростдан ҳам ёққич сизга панд бермаслиги ҳақида.
— Бўпти,-деди йигит.-Ўйнаймиз.
— Гаров ўйнашни ёқтирасизми?
— Албатта.
Қария жим қолди ва сигарасига тикилди. У йигитнинг устидан кулмоқчига ўхшарди ва айни пайтда назаримда қандайдир ёмон бир фикрни мўлжаллаётганди.
У йигитга қараб деди:
— Мен ҳам гаров ўйнашни ёқтираман. Албатта гаров боғлашамиз.
— Тўхтанг,-деди йигит.-Йигирма беш тсент ёки бор ана, бир доллардан баҳслашишим мумкин.
Қария қўл силтади.
— Менга қаранг. Келинг, вақтичоғлик қилайлик. Гаров боғлашайлик. Сўнг менинг хонамга борамиз. У ерда шамол йўқ. Гаров боғлашаманки, сиз қаторасига ўн марта ёққични ёндирасиз, лекин ҳеч бўлмаса бир марта у ёнмайди.
— Гаров боғлашаман.
— Яхши. Гаров боғлашамизми?
— Ҳа, бир доллар тикаман.
— Йўқ. Мен каттароқ нарса тикаман. Мен бойман. Менга қаранг. Меҳмонхона орқасида менинг машинам турибди. Америкада чиқарилган. «Кадиллак»...
— Э, йўқ,-йигитча эътироз билдирди.-Унга лойиқ тикадиган нарсам йўқ. Бу бемаънилик.
— Бемаънилик эмас. Сиз қаторасига ўн марта ёндирасиз ва «Кадиллак» сизники бўлади. «Кадиллак» минишни хоҳлайсизми?
— Ҳа,-йигитча жилмайди.
— Яхши. Мен «Кадиллак»ни тикаман.
— Мен-чи?
— Дўстим, мен одамлардан имконсиз нарсани сўрамайман. Тушундингизми?
— Хўп, мен нимани тикаман?
— Мен оддий нарсани сўрайман. Майлими?
— Майли, сўранг.
— Кичкинагина нарса, ундан ажралсангиз ҳам ачинмайдиган нарса.
— Масалан?
— Масалан, чап қўлингизнинг жимжилоқ бармоғини.
— Нима?-Йигитнинг юзидаги табассум ғойиб бўлди.
— Нима бўпти? Ютсангиз-машина сизники. Ютқазсангиз-бармоғингизни оламан.
— Тушунмадим. Нима деганингиз бу?
— Бармоғингизни кесиб оламан.
— Йўқ! Ундан кўра бир доллар тикаман.
Қария елкасини қисди.
— Хўш, хўш, хўш,-деди у.-Тушунмадим. Буни зўр ишлайди дейсиз-у, баҳслаша олмайсиз. Шунақами?
Йигитча бассейнда чўмилаётганларга нигоҳини бурди. Сўнг қўлида турган сигаретни лабига қистириб, ёққич ғилдирагини босди. Кичкинагина алангани шамол ўчириб қўймаслиги учун йигитча кафтини тўсди.
Орага жимлик чўкди. Қария йигитни антиқа таклифи билан ўйлантириб қўйганди. Йигит хотиржам кўринса-да, аммо ичини нимадир кемираётганлиги аниқ эди. Бир оздан сўнг йигит бетоқатланиб, жойида жим ўтиролмай қолди.
— Келинг, таклифингизга яна бир марта қайтамиз,-деди у ниҳоят.-Сиз хонангизга киришимизни ва агар мен ёққични қаторасига ўн марта ёндира олсам, «Кадиллак»ни ютиб олишимни айтдингиз. Агар бир марта ёнмай қолса ҳам жимжилоғимдан айриламан. Шундайми?
— Шунақа. Сиз қўрқаётганга ўхшаяпсиз.
— Ютқазсам нима бўлади? Қўлимни узатиб турсам, бармоғимни кесиб оласизми?
— Йўқ! Унақаси кетмайди. Балки сиз қўлингизни тортиб оларсиз. Биринчи навбатда мен сизнинг қўлингизни столга боғлаб, агар ёққич ёнмай қолса, бармоғингизни кесиб олиш учун пичоқ билан шай тураман.
— Машинангиз нечанчи йилники?-сўради йигит.
— Ўтган йили заводдан чиққан. Янги.
Йигит бирпас жим турди, қизга қаради, сўнг менга нигоҳ ташлади.
— Яхши,-деди у бирдан.-Розиман.
— Зўр!-Қария кафтларини бир-бирига ишқалади.-Аъло! Ҳозироқ ишга киришамиз. Сиз эса сер,-у менга ўгирилди,-ҳакамлик қила оласизми?
— Менимча,-дедим мен,-бу бемаъни гаров. Бу менга ёқмаяпти.
— Менга ҳам,-деди қиз.
— Агар йигит ютқазса, ростдан ҳам унинг бармоғини кесиб оласизми?-сўрадим мен.
— Албатта. Агар ютса, «Кадиллак»ни бераман. Бошлаймиз. Юринглар хонамга,-у ўрнидан турди.
Йигит менга қаради:
— Ҳакамлик қила оласизми?
— Бўпти,-дедим мен.-Лекин баҳсинглар менга ёқмаяпти.
— Сен ҳам юр,-деди йигит қизга қараб.
Қария бизни хонаси томон бошлади. У янада серғайрат бўлиб қолганди.
— Балки аввал машинамни кўрарсизлар?-деди у.-Мана бу томонда турибди.
Биз унинг ортидан эргашдик ва хиёбон четида турган яшил рангли «Кадиллак»ни кўрдик.
— Хўш, қалай?
— Зўр,-деди йигит.
— Яхши. Уни юта олармикинсиз, ҳозир кўрамиз.
Биз меҳмонхонанинг иккинчи қаватига кўтарилдик. У хонаси эшигини очди ва биз ичкарига кирдик.
— Дастлаб,-деди у,-озгинадан мартини ичамиз.
Бурчакдаги столча устида шиша ва стаканлар турарди. У ичимлик қуйишдан олдин қўнғироқ тугмачасини босди. Шу пайт эшик тақиллаб, хонага меҳмонхона ходимаси кириб келди.
Қария чўнтагидан ҳамёнини олиб унинг ичидан пул чиқарди.
— Марҳамат, мана буни олинг.-У пулни ходимага узатди.-Биз бир ўйин ўйнамоқчи эдик. Менга бир неча дона мих, болға ва пичоқ олиб келинг. Келтира оласизми?
— Албатта, сер.-Хизматчи чиқиб кетди.
Қария ҳаммамизга мартини узатди. Биз ҳаммамиз ичимликдан ҳўплай бошладик. Афтидан, қария гаров ва йигитнинг бармоғи борасида жиддий гапирганди. Жин урсин, йигит ростдан ҳам ютқазиб қўйса-чи? У ҳолда биз уни юта олмаган «Кадиллак»ида касалхонага олиб борамизми? Бу менга бемаъниликдай туюларди.
— Бу аҳмоқликка ўхшамаяптими?-дедим мен.
— Йўқ, ҳаммаси яхши,-жавоб қайтарди йигит.
— Менга эса аҳмоқликка ўхшаяпти,-деди қиз.-Ютқазиб қўйсанг нима бўлади?
— Менга барибир. Ўйлаб қарасам, чап жимжилоғимдан ҳеч фойдаланмаган эканман. Мана,-у бармоғини кўрсатди.-Мана, шунча пайтдан бери фойдаси тегмаган. Нега гаров ўйнамас эканман?
Қария илжайиб қўйди.
— Биринчи навбатда,-деди у,-ҳакамга калитни бераман.-У чўнтагидан калит чиқариб менга узатди.-Ҳужжатлар машинада.
Шу пайт хонага меҳмонхона ходимаси кирди. Унинг бир қўлида пичоқ, иккинчи қўлида болға ва михлар бор эди.
— Раҳмат, раҳмат! Кетишингиз мумкин.-Қария ходима чиқиб кетгач, асбобларни каравот устига қўйди.-Тайёрланамизми? Мана бу столни суришиб юборинг.
Бу оддий ёзув столи эди. Қария ва йигит уни хона ўртасига қўйишди.
— Энди бизга стул керак,-деди қария ва стол олдига стул келтирди. У худди болаларга томоша кўрсатишга шайланаётгандек илдам ҳаракат қиларди.
— Энди мих. Мих қоқамиз.-У стол устига мих қоқа бошлади.
Биз қўлимиздаги мартинили стаканларни ушлаганча қариянинг ишини кузатардик. У иккита михни маълум бир оралиқда ёнма-ён қилиб қоқди. Лекин уларни охиригача қоқмади. Сўнгра уларнинг мустаҳкамлигини текшириб кўрди.
«Лаънати, олдин ҳам шунақа иш қилган, шекилли», дедим ичимда.
Ўйланиб ҳам ўтирмаяпти. Стол, мих, болға, пичоқ. У нимани хоҳлаётганини ва буни қандай бажаришни жуда яхши билади.
— Энди эса,-деди у,-бизга бирорта чилвир керак.-У «бирорта чилвир»ни ҳам топди.-Яхши, биз тайёрмиз. Марҳамат, мана бу ерга ўтиринг,-деди у йигитга.
Йигит стаканини қўйиб, стулга ўтирди.
— Энди чап қўлингизни мана бу михлар орасига қўйинг. Қўлингизни мана шу михларга боғлайман.
У чилвирни аввал йигитнинг билагига, сўнг кафтига бир неча марта ўради ва чилвирни михларга маҳкам боғлади. У бу ишни аъло даражада бажарди. Йигит қўлини тортиб ололмаслигига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди.
— Энди, марҳамат қилиб бармоқларингизни мушт қилинг, жимжилоғингиз қолсин. Ўнг қўлингизда ёндирасиз. Бир дақиқа.
У каравотга югурди ва пичоқни олди. Сўнг стол олдига келиб турди.
— Ҳамма тайёрми?-сўради у.-Жаноб ҳакам, сиз эълон қиласиз бошлашни.
Йигит хотиржам, ўнг қўлида ёққични ушлаганча пичоққа қараб ўтирарди. Қария менга қаради.
— Тайёрмисиз?-сўрадим йигитдан.
— Тайёрман.
— Сиз-чи?
— Мен ҳам,-деди қария ва пичоғини йигитнинг бармоғи тепасига олиб келди.
Йигитча унга қаради, лекин бир туки ҳам «қилт» этмади.
— Яхши,-дедим мен.-Бошланг.
— Неча марта ёнганини сиз санаб турасиз,-деди йигит менга.
— Яхши.
Йигит бош бармоғи билан ёққичнинг қопқоғини очди ва ўша бармоғи билан ғилдиракчани босди.
Учқун сачради ва олов ёнди.
— Бир!-дедим мен баланд овозда.
Йигит ёққич қопқоғини ёпди ва бир неча сония тургач, яна қопқоқни кўтарди.
У ғилдиракчани куч билан айлантирди ва яна олов ёнди.
— Икки!
Воқеани ҳамма жимгина кузатарди. Йигит ёққичдан кўз узмасди. Қария ҳам қўлида пичоқ билан ёққичга қараб турарди.
— Уч!.. Тўрт!.. Беш!.. Олти!.. Етти!..
Бу афтидан, ҳақиқатан ҳам зўр ишлайдиган ёққичлардан эди. Мен бош бармоқнинг қопқоқни тушираётганини кузатиб турардим. Сўнг жимлик. Кейин эса бармоқ яна қопқоқни кўтарди. Барча ишни фақат бош бармоқ бажарарди. Мен «саккиз» дейиш учун нафас олдим. Бош бармоқ ғилдиракчани айлантирди. Учқун сачраб, олов ёнди.
— Саккиз!-ҳайқирдим мен ва шу лаҳзада эшик очилди.
Ҳаммамиз ўгирилдик ва остонада пастак бўйли, сочлари қора кекса аёл кўринди. У жойида бирпас туриб қолди, сўнг қичқирганча олдинга ташланди:
— Карлос! Карлос!
Аёл қариянинг қўлидаги пичоқни тортиб олди. Қарияни эса туртиб-туртиб каравот олдига олиб келди. Аёл бошқа тилда, чамаси, испанчалаб унга бақира кетди. Қария каравотда бошини ликиллатганча жим ўтирарди.
— Кечирасизлар,-деди аёл.-Шундай бўлганидан афсусдаман.-У инглизчада жуда силлиқ гапирарди.-Бу даҳшат. Лекин ҳаммасига ўзим айбдорман. Ўн дақиқа ёлғиз қолдирсам, дарров шунақа қилади.-Афтидан, аёл бундан жуда хижолатда эди.
Йигит бу пайтда қўлини столдан бўшатганди. Қиз билан мен жим турардик.
— У жудаям хавфли киши,-деди аёл.-Биз яшаган жойда у қирқ етти кишининг бармоғини кесган, ўн битта машинани ютқазган. Уни ўлдиришлари мумкинлигидан қўрқиб бу ерга олиб келганман.
— Биз озгина баҳслашдик, холос,-минғирлади қария каравотда ўтирганча.
— У гаровга машинани тикдими?-сўради аёл.
— Ҳа. «Кадиллак».
— Унинг машинаси йўқ. У меники. Бу эса жуда ёмон,-деди аёл.-У гаров ўйнайди ва ҳеч нарсани тика олмайди. Мен бундан жудаям хижолатдаман.
— Биз озгина баҳслашдик, холос,-яна минғирлади қария.
— Унинг гаров боғлашадиган ҳеч нарсаси йўқ,-деди аёл.-Мутлақо ҳеч нарсаси йўқ. Тўғрисини айтсам, унинг бор-йўғини бир пайтлар мен ютиб олганман. Бунга вақт кетган, анчагина вақт. Мен қаттиқ меҳнат қилганман ва охир-оқибат унинг ҳамма нарсасини ютиб олганман.-У йигитга қараб маҳзун жилмайди.
Сўнгра стол олдига келди ва калитни олиш учун қўлини узатди.

Унинг қўли ҳали-ҳануз кўз олдимда туради ва ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак: бу қўлда бор-йўғи иккитагина бармоқ бўлиб, улардан бири бош бармоқ эди...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика