Оловиддин (ҳажвия) [Said Anvar]

Оловиддин (ҳажвия) [Said Anvar]
Оловиддин (ҳажвия) [Said Anvar]
Одам деганлари хўп ажойиб маҳлуқ-да! Ундаги туйғуларнинг кўплигини айтинг. Улардан бири, масалан, мақтанчоқлик. Ажойиб дейсизми, ғаройиб дейсизми, ишқилиб бир туйғу-да. Ўзини одам деб атовчи жонзот борки, ҳаммасида ҳам бу туйғудан унча-мунча топилади. Бир нарсани еган, ичган, кийган, олган, минган, кўрган ва ҳоказо, янгилик бўлган бўлса бас, дарров атрофга аланглаймиз. «Ие! Шунақами?! Вой! Байбай-бай, эшитмай қолганимизни қаранг! А?! Қойил! Йўғ-е?!» деган хитобларни шунақанги яхши кўрамиз, уларни шунақанги маза қилиб эшитамиз, дунёда бундан ортиқ ҳузур йўқ!
Одам деб аталгани учун Оловиддин ака ҳам бу туйғудан бенасиб қолмаган.
Оловиддин ака ўзи яхши одам — яқинда қамоқдан чиқди. Аслида қамалмасдиям. Қўшниси Милтиқбойда ҳам бўлган мақтанчоқлик сабаб бўлди. Шаҳардан туман маданият уйига қатнаб ишловчи Чаманхон отлиқ жонон бор эди. Оловиддин ака у билан «учрашиб» турарди. Буни Милтиқбой тушмагур тушида олтин топиб олган жиннидай, Чаманойнинг эрига мақтаниб айтибди-да! Эри ўз навбатида Оловиддин акага мақтанибди: «У қилиб, бу қилиб юбораман, палончибой мени акахоним бўладилар!» Оловиддин акани «у, бу» қилишолмади, аммо Милтиқбойга қийин бўлди: ўнг оёғини силтаб босадиган, чап кўзини ўйнатиб турадиган бўлиб қолди.
Оловиддин акага эса жин ҳам урмади. Тўғри, икки йилми, уч йилми қамалиб чиқди, аммо кечаги куни машина олди. О! Ана машина! Дарвозасининг олдига чиқариб қўйиб роса уч соат ювди — мақтанчоқлик деганлари қамоқхонада ҳам қолмас экан-да. Артди, ярим соат. Машина ярақлаб кетди. Аммо аканинг кўнгли тўлмади: «Во! Муборак бўлсин! Xўроз йигитлар машинаниям хўрозини минаркан-да!» деб юракдан айтиладиган хитоблар қани?
Охорли костюм-шимини кийиб, галстукларини тақиб рулга ўтирдилар. Қаламнинг тили бўлганда, «Машинанинг Оловиддин акага, у кишининг машинага ярашганини қаранг!» дер, буни қаҳрамонимиз ҳам эшитган бўларди, афсуски... Xўп, қаламда забон йўқ экан, аммо одамларда-чи, одамларда, тиллари узилиб тушганми? Туман марказини кесиб у ёққа ўтишди, бу ёққа ўтишди — бирор хитоб йўқ. Ақалли эътибор бериб қарашиб, қойил дегандай қош ҳам қоқиб қўйишмайди!
Маданият уйининг олдида сигнал бериб тўхташди. Виқор билан машинадан тушиб, эшик томон юришди. Вей, бўлар экан-ку! Собиқ касбдошларидан тўрт-бештаси ўрниларидан туришиб, бўйлаб-бўйлаб қараша бошлашди. Мана ўша ҳайратлару хитоблар: «Оҳ! Зўр нарса экан! Воҳ, ўлиб қоламан! Янгиси чиқибдими?!»
Оловиддин ака чексиз бир ҳузур билан қўлидаги калитни ўйнаганча уларга яқинлашди: «Ҳа, энди, мени биласизлар-ку!..»
Аммо касбдошлари унга парво ҳам қилишмади. Бўйлашиб ҳамон ҳайратланишда давом этишарди: «Зўр нарса, жонингни берсанг арзиркан!»
Оловиддин ака мағрур бош қимирлатганча ортига ўгирилди ва ҳамкасблари бўйлашаётган томонга боқиб қотиб қолди: машинасининг орқасидаги йўлакчадан, «Замон-замон, бизнинг замон» деган юриш билан бир паризод лов-лов ёниб ўтиб борарди.
Э, мақтанчоқлик деганлари ёмон дард экан.
Оловиддин ака дардига эртасига даво топди. Зулукдай машинасида туман марказидан ўтиб бораркан, «Оҳ! Қойил! Зўр экан!» деган хитоблар билан кузатиб қолишди. Ёнида Чаманхон ўтиргани учун, бу хитоблар унга қарата айтилаётганини сезса-да, Оловиддин ака ҳузурланарди. Майли-да! Бу ҳузурни ака кечгача давом эттирмоқчи эди, Чаманой зумда режасини чиппакка чиқарди:
— Оловиддин ака, ҳов анови қарияни кўряпсизми? — деди у йўл четида арава етаклаб кетаётган чолга ишора қилиб.
Қаради, таниди, отаси, хўп нима бўпти? Чаманой жим кетаверса бўларди-ку, йўқ:
— Кечаги куни мана шу бобойнинг ҳам беш минг сўмини олдим! — дея мақтанди.
Сузиб кетаётган машина қўққис тўхтади. Оловиддин ака шитоб билан Чаманойни зўрлаб машинадан туширди-да, гап-сўзсиз жўнаб қолди. Мана, мақтанчоқликнинг оқибати!
Бу воқеани Оловиддин аканинг ўзлари мақтаниш оҳангида сўзлаб бердилар.
— Нега энди машинадан тушириб юбордингиз? — сўрадим атай.

— Ие, туширмасанг бўладими?! — деди у кўзларини катта очиб. — Энам бўлиб қолишига жиндай қолган экан-ку!
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика