Бир ой мистер бўлганим (ҳикоя) [Sa’dulla Siyoyev] |
Бултур Чарли Стеффорд деган чет эллик йигит билан танишдим. Ўзи Американинг Иллинойс деган штатидан экан. Ўзбекистоннинг бир қишлоғида яшаб, ўзбекларнинг урф-одати, расм-русумлари билан танишиш учун биз томонларга келибди. Бир куни уйда ўтирсам, туман раҳбарларидан бири бояги йигитни бошлаб кирди. Ёнида шотирлари ҳам бор. — Ҳикматилла ака, мана бу йигит меҳмонимиз, — деди Чарлини кўрсатиб, — ўзи олим, Ўрта Осиё халқларининг тарихи, бугунги ҳаёти ҳақида китоб ёзмоқчи экан. Эркалик қилиб, сизникига бошлаб келавердим. Боғ-чорбоғингиз ҳам, кўнглингиз ҳам кенг, бир ойгина шу йигитга уйингиздан жой берарсиз. Сизга зиёни тегмайди. Ҳаражатларини ўзи кўтаради. Фақат яхши сўзингизни аямай, сўраганларига жавоб бериб турсангиз бўлди. Майлими, ака? — Майли, — дедим. — Уй-жой кимлардан қолмайди? Бир коса овқатни қўшнига ҳам чиқарасиз. Уйимнинг тўри меҳмонники. Фақат шартим бор. — Қанақа шарт? — деб сергакланди раҳбар. — Шартим шуки, кўп ичмасин. Америкаликлар ҳалиги заҳри қотилни ҳаддан зиёда ичади, деб эшитганман. Ичағон кишини жиним суймайди. У кулиб юборди. — Бўпти, айтиб қўяман, — деди ва тилмочга ўгирилди. Тилмоч чет элчалаб Чарлига нимадир деди. Чарли «Ес! ес!» деб бош силкиди. Шундай қилиб, Чарли бизникида ўрнашиб қолди. Мен уни Чарливой деб чақирадиган бўлдим. Аввалига, бирор ҳафтагача тилмоч келиб, икковимизнинг сўзимизни бир-биримизга ўгириб турди. Кейин, бора-бора тилмочга ҳожат қолмади. Мен оз-моз инглизча, Чарливой оз-моз ўзбекча тушунадиган бўлди. Жилла қурса, бармоқларни ишга солиб, имо-ишора билан гаплашамиз. Мен қўлимни оғзимга қўйиб, томоғимни такиллатаман. Бу — чой ичасанми, деганим. Ёки қошиқ олиб, косага соламан, ўзимча овқат ичган бўламан. Чарли «Ес!», дейди ёки «Нў! Нў!» деб бош чайқайди. Бу ҳа, ёки йўқ, дегани экан. Чарли бизникига кўчиб келганда айни Наврўз эди. «Омадинг бор экан, бола, — дедим ичимда, — халқ сайлларини ҳам, сумалакни ҳам кўрадиган бўлдинг». Айтганимдай уч кун ўтиб, чап томонимиздаги қўшнимиз Мушарраф хола сумалак қайнатишга киришди. Чарли видеосини созлаб, оқшом тушмасданоқ қозон бошига бориб олган. Хотинларнинг ҳар бир ҳаракатини суратга олаяпти. Бир маҳал у, имо-ишора билан, бу қандай овқат дегандек сўраб қолди. Бу чулчитга нечук тушунтираман, э худо! Охири бир сиқим буғдой олдим, унинг устига бир чимдим майса қўйдим. Кейин майсани қайчи билан кесдим, унга ун сепдим. Чарли анқайиб қараб турибди. — Мана шундай сумалак чиқади, билдингми, оғайни? Сумала-ак!.. — Сум... Сум-малек, — деб Чарли дарров дафтарига ёзиб олди. Тонготаргача аёлларнинг ёнида ўтирди, ҳатто бир-икки марта уларга тақлид қилиб, қозонга қалақ ҳам уриб кўрди. Умуман, Чарлининг одати ўзи шунақа. Ҳамма нарсани ушлаб, тишлаб, ҳидлаб кўришни ёқтиради. Бир сафар келинингиз келиб туйиб турган эди, видеосини кўтариб келиб қолди. Бирпас қараб турди. Сўнг келисопни сўради. Хотин кулиб чўзди. Чарли уни кўтариб бир урди, кели ағдарилди, ер билан бир бўлиб, гўжа тўкилди. Чарли қизарди, бош эгиб узр сўраган бўлди, кейин чўнқайиб олиб гўжани теришга тушди. Бир куни қизиқ бўлди. Қирқ кунча илгари набиралик бўлган эдик. Қуда тараф бешик олиб келадиган бўлибди. Биласиз, ўзбекнинг бешик бердиси ҳам кичкина тўй. Шуни ўйлаб, мактабдан инглиз тили муаллими Манзурахонни чақириб қўйдим. Чарли «Бу нима? Бу нима?» деб сўрайвериб, қон қилмасин, дедим-да. Айтганим бўлди. Чарли маросимни бошдан-оёқ суратга олди. Ясатилган тойчоқ-ку, набирамга қўшилиб, қаҳрамонга айланиб кетди. Улар ўлганда ўн марталаб суратга тушгандир-ов. Ахийри навбат бешикка келди. Манзура Чарлига бешикнинг вазифасини обдон тушунтирди. Бир вақт десангиз, Чарлининг кўзи сумакка тушиб қолди. У сумакни олиб, пуфлай бошлади. — Бу сурнайми? Флейта, да? — деб сўрайди. — Йўқ, бу сурнай эмас, болалар учун ишланган миниканализатсия, — деб тушунтирмоқчи бўлади Манзура муаллим. Чарли «Бу асбобни ҳозироқ ишлатиб кўрсатинг», деб туриб олди. Меҳмоннинг сазаси синмасин, деб битта неварамни уйнинг орқасига қараб етакладим. — Алижон, қани, болам, бу сумак қандай ишлар экан, меҳмонга бир кўрсат-чи. Алижон уялиброқ турди-ю, барибир сумакдан сув оқизиб кўрсатди. Чарли «О, кей! Карош, карош!» деб ҳурсанд бўлди. Хуллас, Чарлига эски бешикдан бир сумак олиб бериб, қутулдим. У икки марта «Сенк-ю! Сенк-ю!» деб таъзим қилди. Бу «Совға учун раҳмат», дегани эмиш. Кейинги навбатда Чарли билан имо-ишора орқали гаплашавериб, жигарим хун бўлиб кетди. Шунинг учун Манзурани кунига чақиртирадиган бўлдим. Икковлашиб, Чарлига кўзмунчоқнинг нималигини, омочнинг хосиятини тушунтирдик. Кувини — сепаратор дедик, келини қўл тегирмон, урчиқни ип йигирувчи ёғоч, дедик. Қўшнимиз Содиқ аканинг ўғли армияга кетаётганди, кузатгани биз ҳам чиқдик. Онаси ўғлига нон тишлатди. Кейин нонни тахмонга олиб қўйди. Буни кўриб, Чарли сўради: — Нега нонни бериб юбормади? Йўлда еб кетарди ўғли... — Ҳов анави қопчиғи тўла егулик, — дедим. — Бу — ирим. Яна нон еган ерингга омон-эсон қайтиб кел, дегани бўлади. Чарли дафтарига ҳамма айтганларимни ёзиб олди. Гапнинг қисқаси, бир ойгача Чарли ўзига ғайритабиий кўринган нарсаларни суратга олиб, таърифини дафтарига ёзиб борди. Мен ҳам бир ой мистер бўлиб юрдим. Ҳикматулла, дегани тили келмай, Чарли мени мистер Хек-матилда деб чақиради. Ўттиз кун деганда, тағин ўша туманимиз раҳбарининг ўзи келди. Чарлини машинасига ўтказиб олиб кетди. Чарли уй ичимиздагиларни қайта-қайта суратга туширди, ҳамма билан, ҳатто саксон икки яшар энам билан ҳам қучоқлашиб хайрлашди. — Раҳ-мат! Раҳ-мат! Раҳ-мат! — деди уч марта. Икки ойча Чарлидан дарак бўлмади. Ёзнинг чилласига яқин ундан хат олдим. У хатини туман ҳокимиятидаги компютерга юборибди. Одатдаги дуои саломдан ва ўзига кўрсатилган меҳмондўстлик учун ташаккурдан сўнг, Чарли шундай деб ёзади: «Мистер Хек-матилда! Бир ой уйингда турдим. Бир ой сизлар билан бирга нафас олдим, қандай яшашларингни, кундалик юмушларингни, одатларингни, тўйларинг, азаларинг, севинчу ташвишларингни кузатдим. Ўзимча уларни таҳлил қилдим, бировларга қиёсладим. Хулоса чиқармоқчи бўлдим. Аммо ўйимнинг охирига етолмадим. Ўзбекларнинг кимлигини, барибир тўла-тўкис тушунолмадим. Қанақа халқ у, ўзбеклар? Уларнинг ички руҳияти, қалб негизи қанақа? Ўзбекларни бошқа элатлардан ажратиб турадиган хислату хусусиятлар нима? Хуллас, сизлар кимсизлар, мистер Хек-матилда? Хатингни кутаман, ўзбекка ўзинг таъриф бермасанг, мен бу жумбоққа жавоб тополмадим. Дўстинг Чарли». Мен ҳам бошимни қашлаб ўтириб қолдим. Ростдан ҳам, биз киммиз ўзи? Шоир Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» деган машҳур шеъри бор. Эркин ака ўзбекнинг кимлигини таърифламоқчи бўлади, лекин ўзбекнинг буюклиги битта шеърга сиғармиди? Мен-чи, мен ўзбекнинг насл-насабини қандоқ қилиб бир мактубга жойлайман? Бунинг иложи йўқлигини билсам-да, бир уриниб кўрай, деб, мана бундоқ хат битдим: «Ваалайкум ассалом, Чарливой! Ўзбеклар қанақа элат деб, гапнинг очиғи, мени ҳам қийнаб қўйдинг, оғайни. Чарли, сен бизнинг Насриддин Афандини биласан, унинг қизиқ-қизиқ ҳангомаларини ўқигансан, тўғрими? Хуллас, Насриддин Афанди ўзбекнинг тимсоли. Насриддинга боқ — ўзбекка боқ! Бир қарасанг, доно, бир қарасанг содда-гўл, бир қарасанг — айёр, бир қарасанг — довдир, бир ишини кўрсанг — бахилдан бахилга ўхшайди, бир қилмиши сахийдан сахий кишини эслатади. Бўйи баравар қозон кўтариб, таниганни ҳам, танимаганни ҳам чақириб, тўй қиладиган меҳмоннавоз халқ — биз ўзбеклар бўламиз. Тўй ўтгач, қора қозонни сувга ташлаб, қотган нонни кавшаб, тўйнинг гаштини ўйлаб, ёнбошлаб ётадиган қавм ҳам ўзимиз бўламиз. Ишимизни битириш учун ўғлимиз тенги одамни ака, унинг эчкисини така дегувчи, сермулозамат, серилтифот элат ҳам биз, ўзбеклармиз. Айтмоқчи, мулозаматни бизчалик ўрнига қўядиган биронта қавм топилмаса керак, Чарли. Мана, сенга бир мисол. Айтайлик, икки ўртоқ, икки қуда сафарга кетаяпти. Вокзал. Поезд келади. Энди вагонга чиқиш керак. Бир қуда иккинчисига йўл беради, — Қани, қудажон, чиқсинлар... Иккинчиси тисарилади: — Йўғ-э, қуда, мен сиздан олдин чиқаманми? Ўзларидан бўлсин, қани... — Сиздан аввал чиқсам, уят бўлар, қудажон. Ҳурматингиз бор. Ўзлари бошласинлар. Хуллас, улар бир-бирларига йўл бериб «сиз чиқинг, сиз чиқинг», дегунча поезд юриб кетибди. Мана шулар ҳам — ўзбек! Далада тонгдан то шомгача кетмон чопиб келиб, ўзингга шукр, деб кўк чой шопириб ётгувчи қаноат эгаси ҳам — ўзбек. Кечагина қўшнимнинг қулоғини чўзсанг, кун кўринарди. Ичгани оби ёвғон эди. Энди чўнтагига беш-ўн танга тушиб, димоғи шишибди, қорин қўйибди. Илгари мени кўрса, ассалом, акажон, дерди, энди, «ҳм, оғайни, озиб-тўзиб юрибсизми?» деб кибрланади. Бу ҳам ўзбекнинг бир тоифаси. Хуллас, баъзида ўзимизникиларни ўзим ҳам танимай қоламан, Чарли. Гапни чўзиб ўтирмайин-да, сенга уч нарсани айтиб берай, шунга қараб ўзинг хулоса чиқариб оларсан. Сен яшаётган ўша мамлакатни Колумбдан неча юз йил олдин Беруний деган бобом очган. Ҳатто харитасини ҳам чизиб берган. Бу — бир. Медитсина деган сўз яна бир бобом Ибн Синодан қолган. «Мадади Сино» бора-бора медитсинага айланган. Биласан, Ибн Синонинг тиббиётга оид китоблари Европада 600 йил қўлланма-дарслик бўлиб келган. Бу — икки. Мана, энди биз компютерлар асрига ўтдик. Хатингни ҳам менга Интернет орқали юборибсан. Аммо ўша алгоритмларни биринчи бўлиб ким ихтиро қилган эди, ҳеч ўйлаб кўрдингми? Ҳа, баракалла! Алгебрани, демак алгоритмни ҳам менинг улуғ бобом Мусо ал-Хоразмий ўйлаб топган! Европаликлар ал-Хоразмий дейишга тили бормай, алгоритм деб ўзгартириб олишган. Мана, сенга ола дўппи кийган соддадил, топағон, гоҳо эринчоқ, гоҳо тиним билмас ўзбекнинг кимлигию нималарга қодир эканлиги! Дунёда тилакнинг хили кўп. Аммо «Кўп яшанг!» деган тилакни биз ўзбеклар айтамиз. Тўқсон ё юз йил эмас, кўп яшанг! Сенга ҳам холис тилагим шу, Чарли, Худо қанча умр берган бўлса, яшайвер, биз мингдан-минг розимиз». Сенга ўзбекона салом билан, Хикматулланинг тўнини кийган. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |