«Отелло» хоним (ҳажвия) [Sa’dulla Siyoyev]

«Отелло» хоним (ҳажвия) [Sa’dulla Siyoyev]
«Отелло» хоним (ҳажвия) [Sa’dulla Siyoyev]
Шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бири. Роҳатилла ҳафсала билан уйни супуриб-сидирди. Кейин сочиқларни чайиб қўйгани ваннахонага кирди. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади.
— Эшик очиқ, — деди Роҳатилла, — кираверсинлар.
Роҳатилланинг собиқ курсдоши Содиқжон билан унинг хотини киришди. Содиқжон даҳлиздан овоз берди:
— Қайдасиз Роҳатим? Фарғонадан келувдик бир жуфт бўлиб, зора янги йил арафасида бир пиёла чой топилса, деб...
Роҳатилла ўртоғини товушидан таниди, ҳазилга жавобан ҳазил қилди:
— Менинг уйим чойхона экан-да, сенларга! Тавба! Эринмай Тошкентга чойхона излаб келишибди. Майли, кира қолинглар.
Содиқжон билан хотини Матлуба ваннахонага мўралашди. Роҳатилланинг вашиллатиб кир юваётганини кўриб, Содиқжон учириқ қилди:
— Оббо-о! Мен нима дегандим, а, бошида сизга? Сурайёнинг совунига кир ювмагансиз, тўйдан кейин сизни тциркдаги маймундай ўйнатади, демаганмидим?
Матлуба эрига қараб им қоқди:
— Кўриб қўйинг, хўжайин, замонавий эркак мана шунақа бўлади!
— Эшитдингизми, Роҳатилла, — деб кулди Содиқжон, — сиз замонавий эрмак экансиз, хи-хи-хи...
— Эрмак эмас, эркак, қишлоқи! — деди куюниб Матлуба.
Меҳмонлар ечиниб, ичкарига ўтгунча уй эгаси ҳам кирини ёйиб кирди. Дўсти билан қучоқлашиб кўришди, Матлубага нимтаъзим қилди. Содиқжон ўзига хос шўхчан оҳангда хотинини таништирди:
— Бу келинингиз Матлубахон. Водийни уч йилу олти ой кезиб, етти минг қизнинг ичидан шуни танлаб олдим. Касб-корлари муаллимлик. Кундузи болаларни тарбиялайди...
— Кечқурун сизни, — деб бош силкиди Роҳатилла.
— Баракалла! — дўстини маъқуллади Содиқжон, — лекин ҳозирча бирон эффект бўлмаяпти.
— Ажаб бўпти! — деб лабини бурди келин. Содиқжон атрофига аланглаб сўради:
— Сурайё кўринмайдими? Роҳатилла дўстимнинг бир хотини бор, агар кўрсанг японский жвачкадай ёпишиб қоласан, деб обкелувдим буни. Нима бўлди? Тағин ораларингдан ола мушук ўтдими?
— Бу сафар қора мушук ўтди шекилли, — деди хўрсиниб Роҳатилла, — бир ҳафта бўлди, аразлаб онасиникига кетиб қолган. Уйнинг ётиши бу. Xуллас, бўйдоқлик гаштини суриб юрибмизда, дўстим.
— Яна ўша ғиш-ғишами? — деди Содиқжон, — оғайниларингиз Сурайёни юбка кийган Отелло деб кулишарди.
— Ҳозир ҳам шу, — ғамгин илжайди Роҳатилла, — уйга сал кеч келсам, идорага телефон қилади. Эшикдан кирсам, ёқамни искаб кўради. Ҳатто телевизордаги ўйинчидан ҳам қизғанади. Нега сизга қараб муқом қилаяпти, дейди. Жон хотин, ҳозирги замонда жазман тутишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун биқинингда сотовой телефон, тагингда «мерседес» ё «нексия», чўнтагингда бир даста кўкидан бўлиши керак, дедим. Сира паст тушмайди. Биламан, юрасиз, дейди.
— Телефон қилиб турибдими?
— Ў-ў! Телефондан камчилик йўқ. Ҳар куни кечроқ сим қоқиб, текшириб қўядилар. Биронтаси билан маишат қилиб ўтирибди, деб ўйласа керак-да.
Шу пайт телефон жиринглади. Роҳатилла гўшакни кўтариб, «лаббай!» деди, жавоб бўлмади.
— «Отелло» хоним, — деди уф тортиб Роҳатилла, — нафас олиб турибди. Xотин пошшони нафас олишидан ҳам танийман. Индамади.
Ҳалитдан бери жимгина ўтирган Матлуба гапга аралашди:
— Энди мен оламан гўшакни, Роҳатилла ака. Сиз индаманг.
— Унда хотинсиз қоламан-да, Матлубахон!
Келин маккорона кулди.
— Аксинча! Xотинчангиз Марғилон ипагидай мулойим бўлиб уйга қайтади. Мана, кўрасиз.
Шу пайт тағин телефон жиринглади. Гўшакни Матлуба кўтарди. Сим қоққан Сурайё эди. Икки аёл ўртасида мана бундай «самимий» савол-жавоб бўлиб ўтди.
Матлуба: Алло, эшитаман.
Сурайё: Алло! Алло! Ким бу?
Матлуба: Кечирасиз, ўзлари ким бўлади?
Сурайё: Менми? Мен Роҳатилла аканинг хотинлариман.
Матлуба: Вой ўлай! Роҳатилла акам менга бўйдоқман, яқинда хотиндан ажрашдим, деган эдилар-ку?
Сурайё: Алло! Ҳўв, нима деб алжираяпсиз?! Алло! Алло!
Матлуба пиқиллаб кулдию гўшакни қўйди.
— Қовун туширдингиз, Матлубахон, — деди Роҳатилла. — Ҳозир етиб келади. Яна бошимда ёнғоқ чақади.
Матлуба фарғонача пайров қилди:
— Буниси ҳандалак эди. Қовунни хотинчангиз келганда тушираман. Бўлажак дугонамни бир тавбасига таянтираманки, иккинчи рашк қилмайдиган бўлсин. Фақат сиздан илтимос, Сурайёхоннинг товушини эшитганда югуриб чиқмайсиз. Келишдикми?
— Майли.
Йигитлар ошхонага чиқиб, сабзи тўғрашга киришдилар. Матлуба шкафни очиб, Сурайёнинг уй кийимларини кия бошлади.
Роҳатилла рост айтган экан, ярим соат ўтар-ўтмасдан ҳовлиққанча Сурайё етиб келди.
Жаҳл ичида қайта-қайта эшик қўнғироғини босди. Матлуба эшикка яқинлашди.
— Ким у?
— Очинг! Мен Сурайёман!
Матлуба эшикни очди ва уй бекасидек чимирилиб сўради:
— Кечирасиз, сизга ким керак?
Сурайё остона ҳатлади. Ғазабдан лаблари титраб сўради:
— Аввал сиз жавоб беринг. Бу ерда нима қилиб юрибсиз?
Матлуба қийшанглаб деди:
— Тавба! Бировнинг уйига кириб олиб дўқ қилишларини қаранглар-а?
Сурайё кўкариб кетди:
— Қанақасига бировнинг уйи бўлади?! — деб бақирди у. — Бу уйнинг бекаси, мана биз бўламиз. Мен Роҳатилла аканинг хотиниман, билдингизми?
— А-а, тушундим, — масхара қилди Матлуба, — собиқ хотиниман, демайсизми? Роҳатилла акамлар айтувдилар, майда-чуйда нарсаларини олгани келса, эшик очма, девдилар-а...
— Ҳов, нима деб ўйлаяпсиз? Роҳатилла акамни чақиринг-чи, бир гаплашиб қўяй!
— Узр, чақиролмайман. У киши ҳозиргина ваннадан чиқдилар. Дам олаяптилар.
— Ваннадан? Куппа-кундуз ваннада нима қилади?
Матлуба кулди:
— Одамлар ваннада нима қилишини яхши биласиз-ку...
Сурайё Матлубани четлатиб, зўрлик билан ичкари кирмоқчи бўлди.
— Унда ўзим кираман. Қўйворинг!
— Ҳеч қаёққа кирмайсиз. I-и қўлингизни олинг, халатимни кир қиласиз.
Сурайё бегона аёлнинг эгнида ўз халатини таниб қолади.
— Ноинсоф! Бировнинг кийимини кийиб олгани уялмайсизми? Ечинг ҳозир.
— Вой, тавба-а, — ёқасини ушлайди Матлуба, — шу сизникими? Шу-я?
Буни бир ой бурун Роҳатилла акам икковимиз ипподромдан олганмиз. Сиз уялинг! Ҳали мана шу шиппакни ҳам меники, дерсиз?
Сурайё ҳолдан тойди. У гуп этиб ерга ўтирдию, ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Роҳатилла-ака-а! Қаердасиз? Одамни шунчалик ҳам хўрлайсизми?
Роҳатилла Матлубанинг масхарабозлигини зўрға кузатиб турган эди, хотинининг йиғисини эшитиб чидамади.
— Мен бу ёқдаман, хотинжон, — деб ичкаридан чиқди. Сурайё ҳиқиллаб эрининг бўйнига осилди. Матлуба бир-бирига мушукдай ёпишиб қолган эр-хотинга аланг-жаланг қараб турди-да, гўё ҳайрон бўлиб деди:
— Ана холос... Роҳатилла ака бу аёлнинг эри бўлса, менинг эрим қаёқда?
Илжайиб ошхонадан Содиқжон чиқди.
— Сизнинг эрингиз, мана биз бўламиз-да, хоним...

Матлуба эрининг елкасига бош қўйди. Анчадан кейин икки куёв, икки келин бир-бирига қараб туришди-да, кулиб юборишди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика