Искандарнинг очиқ қўллари [Sa’dulla Siyoyev] |
Қоҳиранинг кунботарида, азим Нил бўйида Луқсор деган дўппидек шаҳарча бор. Луқсор осори атиқалар, минг йиллик обидалар ўлкаси. Дарёнинг чап соҳилидан Шоҳлар водийси бошланади. Албатта, энди бу водийнинг «шоҳ»лиги қолган эмас. Паст-баланд, гиёҳсиз тақир қирлар, археологлар чала қазиб кетган ҳандақлар, яккам-дуккам заранг дарахтлари кўнгилга маҳзунлик солади. Йил ўн икки ой Шоҳлар водийсидан одам оёғи узилмайди. Бу ерда минг-минг йил бурун мўмиёлаб қўмилган миср фиръавнларининг дахмалари бор. Уларнинг энг машҳури — Тутанҳомон жасади ҳам шу водийдаги кўримсиз бир тепалик бағрида сокин. Торгина ўзандан бориб, қоронғи ўнгирга кирасиз. Пойгакда қабрхона. Унинг олдидаги икки харсанг тошга турли шакллар солинган. Бу қадимги Миср ёзуви экан. Йўлбошчи тошлардаги битикни ўқиди. Битик мазмуни тахминан шундай эди: «Эй омонат инсон! Сабру қаноатни одат қил. Қаноат — қанотдир, сени кўкларга олиб чиқажак. Ҳою ҳавас қули бўлма, ҳарислик мисли занжирдирки, оёғингдан тортиб, тупроқ қаърига элтгай». Бу ёзувга роппа-роса 3100 йил бўлибди. Уч минг йиллик битик қаршисида хаёлга толдим. Инсон фарзандини сифатловчи атамалар бир талай: табиат шоҳи, олий мавжудот, тафаккурда тенгсиз мўъжиза... Ана шу «Тенгсиз мўъжиза»нинг моҳораларни тарк этиб, ўзига бошпана ясашни, олов ёқишни ўрганганига, жилға хонишидан, қушлар сайроғидан завқланиб илк бор бош тебратганига неча миллион йил бўлди. Миллион йилдан бери инсон ўзгаришда, тинимсиз такомилда. У ўнлаб жамоаларни, формсияларни, тарихий тузумларни босиб ўтди. Ниҳоят, Биологлар тилида хомо сапиес — идрокли инсон деган мўътабар ном олди. Илгари унинг хаёли осмонда эди, энди оёғи ойда, юлдузлар остонасида. Аммо инсон деган шарафга муқобил ўлароқ ҳарислик, очкўзлик, худнамолик, бировнинг молига кўз олайтириш, айёрлик, риё, хуллас, хиёнат ҳисобига бойлик орттириш каби унсурлар ҳамон қонида мавж урмоқда. Нега шунақа? Бу дилтанг сўроққа ўзимча жавоб излаган бўламан. Одам Ато фарзандлари бугун хайрулбашар, яъни яхши инсон деган мукаррам номга сазовор бўлди. У минг йиллик дардларга даво топди, табиатда содир бўладиган турли балоларнинг олдини олишни ўрганди, илми ғайбнинг мўъжаз дарчасини очди — об-ҳавони башорат қиладиган бўлди, олами кабир, олами сағир каби тушунчаларнинг мағзини чақди, хуллас, замонасининг ғолиб ва ўктам хўжасига айланди. У оламни ўзига бўйсундирди, вале ўз вужудини қуртдай кемириб, емириб бораётган нафс деб аталмиш иллатни енголмади. Ҳазрат Навоий, «Сенга йўқ нафсдек душман, қила олсанг ани қил банд» деган эди. Не ажабки, дунё мушкулларини ечишга қудрати етган инсон зоти нафси аммора қаршисида ҳамон ожиз, ҳамон бечора. Йўқса, у бир шилдироқ кўк қоғоз илинжида диёнатини сотмасди, қўли калта қўшниси билан икки метр ерни талашмасди, ота-онасини жилла қуриса ойига бир марта зиёрат қиларди. Ва ниҳоят, бировнинг ҳақидан ҳазар қиларди, айниқса, етим-есирнинг ризқига кўз олайтирмасди... Шу ҳақда ўйлар эканман олис бир тумандаги бош табиб хонимнинг қилмиши ёдимга тушди. Бу аёлгина кўп йиллар эл кафтида юрди, мажлисларнинг тўрида ўтирди, тумандагилар «ота-она»лаб соясига салом берарди. Бош табиб хоним эса, бир куни халқ ҳурматига жавобан... пора олиб қўлга тушди. Одамлар ёқа ушлаб қолишди. Ёши бир ерга борган, ўғил-қизнинг ташвишидан қутулган, невара-чевараларининг ҳам ғамини еб қўйган пайтда бунчалик тубанликнинг маъноси не эди? Ўрганган кўнгил ғавғосими? Тийилмаган нафс қутқусими? Одам томирида қон билан бирга шайтон ҳам оқиб юрармиш. Бу раҳбар опа врач бўлатуриб қонтомирдаги маккор душманни яхшилаб таниб олмаган экан-да? Водариғ? Ёзув пайдо бўлибдики, аҳли дониш қаноат ва таъма, тавозе ва кибр, диёнат ва риё тўғрисида ўлмас битиклар битиб кетади. Юқорида Миср фиръавнларининг бундан уч минг йил бурунги ҳикматини келтирдик. Исломнинг муқаддас китоби Қуръони каримда мухтасар қилиб, «нафс... барча ёмонликларга буюргувчидир», дейилади. (Юсуф сураси, 153-оят). Ҳадиси шарифда эса, расули Акрам (с.а.в.) гўё сизу бизга хитоб қилиб дейди: «Эй, инсон фарзанди! На озга қаноат қиласан ва на кўпга тўясан! Тани-жонинг соғ-саломат ҳолда тонг оттираётган бўлсанг, ўзинг хотиржам эрсанг ва бир кунга етарли емишинг бор бўлса, бу ўткинчи дунёга парво қилиб нетасан?» Юсуф Xос Ҳожибдан Аҳмад Югнакийгача, имом Ғаззолийдан Алишер Навоийгача, Ҳаким Термизийдан Абдулла Авлоний ва Фитрат домлагача барча алломаи давронлар нафс туфайли инсон бошига тушадиган кулфатлардан огоҳ этиб, халойиқни амри маъруфга ундаб келдилар. Биз у азиз зотларнинг ўгитларини такрорлаб, вақтингизни олмайлик-да, яна бир даҳонинг тоғдек салмоқли фикри билан мулоҳазамизни давом эттирайлик. «Қаноат деб ўзига керакли нарсага эришмакка айтилади. «Бошқаларда кўрган нарсани қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади». Буни Ибн Сино айтган. Эътибор беринг: бошқаларда кўрган нарсани қаттиқ истамаслик... Биз нима қилаяпмиз? Яширишнинг ҳожати йўқ, биз гоҳи-гоҳида бировларнинг яшаш тарзини жуда-жуда «истаб» қоламиз. Аммо дўппини олиб қўйиб, бир лаҳза сарҳисоб қилмаймизки, ўша одам мансаб курсисида ўз истеъдоди туфайли ўтирибдими ёхуд қўли узун тоғасининг шарофатими бу? Маҳалладаги ҳамманинг кўзини ўйнатадиган осмонўпар қаср ҳалол пул эвазига солинганми ёки пора ҳисобигами? Тўплаган мол-мулки унга вафо қилармикан ёхуд ўтники-ўтга, сувники-сувга, дегандек бир куни елга соврулиб кетармикан? Тасаввуф пешволари нафсни сурат ва сийратига қараб нафси аммора (қайсар), нафси лавоза (жазога лойиқ), нафси раддия ҳамда сафийя, яъни покланган, олийжаноб нафс дея тоифаларга ажратганлар. Биз кундалик истеъмолда бу тушунчаларни оддийгина қилиб ҳайвоний нафс, руҳоний нафс дея қўллаймиз. Кулли жонли махлуқнинг, жумладан, одамзотнинг моддий эҳтиёжини англатувчи нарсалар ҳайвоний нафсга кирса, ёлғиз инсон фарзандига хос бўлган жавҳар, инсоннинг руҳий дунёсини мувозанатда ушлаб турадиган нарса — бу руҳоний нафсдир. Ана шу мезондан келиб чиқиб, ён-атрофимизга боқадиган бўлсак, шоир Завқий айтмоқчи «қўл яқоға боргудек турфа замон» манзараларига дуч келамиз. Азим шаҳарнинг янги маҳалласи. Бир серфарзанд киши уй солмоқда. Бир қаватли, ихчам, камтарингина. Унинг девор қўшниси ҳам тўрт кишилик оиласи учун иморат тиклаяпти. Аммо бу бино уч қаватли, ҳашамдор, ўлганда 10-12 хоналик. Иккинчи қаватда ҳаммом, катта ҳовуз, учинчи қаватда билярдхона. Ҳали бу бойваччанинг қасри битгани йўқ. Битганда бечора камбағал нима қилади? Ҳовлисида эмин-еркин ўтиролмай, чўзилиб ётолмай юраги қон бўладими? Ахир тепасидаги уйнинг учинчи қаватидан кичкина ҳовлидаги қимирлаган жоннинг бари кўриниб туради-ку? Тўрт кишилик оилага шунча дабдабали кошона қуриш шартмиди? Кўрдингларми, мен кимман, деб керилиш қайси мазҳабга тўғри келади? Майли, ўша соҳиби давлат уйини ҳалол пулга қурган бўла қолсин. Аммо бировларни ранжитиб, муттасил ўкситиб яшаган кимсанинг умрида фароғат бўлармикан? Уч ошённинг бир ошёнига кетган маблағи маҳалладаги қари-қартангларга, етим-есирга бағишласа, у кўпроқ савоб топмасмиди? Бу «янги ўзбек»нинг оқ тунука томли уйига қараб ўтириб, бир фермер йигитни эсладим. У Паркент туманининг Номданак қишлоғида яшайди. Қирчиллама ёшдаги бу йигит Мавлон Ҳожиевдир. Мавлон туманда биринчилардан бўлиб чорвачилик бўйича фермер хўжалиги очди, унга «Бахт» деб ном қўйди. Ҳозир Мавлоннинг 370 бош қорамоли бор. Йилма-йил давлатга тонналаб гўш топшираяпти. Соғин сигирлардан олинадиган бир кунлик сутнинг ўзи уч тоннадан ошади. Бу, тахминан ярим миллион сўм, дегани. Ойига 12-15 миллион сўм даромад қилаётган фермернинг уй-жойи эл қатори. Идора ҳам оддийгина, бир неча таъмирталаб хоналардан иборат. Мавлоннинг тагида кўҳна «УАЗ» машинаси. — Қаддингизни анча ростлаб олибсиз. Замонавий офис қуриб, «Жип» миниб юрсангиз бўлмайдими? — деб сўрадим ундан. — Бўлади, — энса қашиди Мавлон, — унда мактаб битмас эди, молхонанинг томи ямалмас, эди, янги техника ҳам ололмас эдик-да, ака. Мавлон ўз маблағи ҳисобидан 120 ўринли битта мактаб солиб берибди. Қишлоқдаги қўли калта оилаларга, пенсиядаги отахон, онахонларга кўмагини дариғ тутмас экан. Унинг яна бир хайрли ишини бегоналардан эшитдик. Олий мактабларда ўқийдиган бир нечта паркентлик талабанинг шартнома пулини ҳам Мавлон тўлабди. Бу йилига бир неча миллион сўм бўлади. Мен Мавлонни синаш учун: — Шунча мурувват қилибсиз, индамайсиз? — дедим. — Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин, деган гап бор, — деб кулди Мавлон, — хизматингизни миннат қилсангиз, унинг савоби йўқолади. Баъзи бировларга ҳайронман. Телевизорга чиқиб олиб, ундоқ қилдик, бундоқ қилдик, деб керилади. Уят-ку бу. Мурувват қилдингми, жим бўл, жар солма. Кимнинг қанақалигини халқнинг ўзи билади. Бу, кийганингдан кийдирганинг яхшироқ, деган қадим ҳикматнинг тагига етган кўзи тўқ инсоннинг гапи эди. Биз кўпинча нафсни тор маънода тушунамиз. Уни ёлғиз моддий неъмат ўрнида кўрамиз. Аслида нафснинг шакли-шамойили турли-туман. Масалан, амалини суиистеъмол қилиб, бир ғарибга зулм ўтказиш руҳоний нафс шиддатли эмасми? Ёки обрў талашмоқ, мукофоту унвон учун қинғир йўллардан фойдаланмоқ, бировларни камситиб, бировларга етти букилиб таъзим қилмоқ сингари турланиб-товланишлар шайтоний нафснинг жилвалари, ўйинлари эмасми? Ана шунинг учун ҳам ўтмишда ҳаққа етишган авлиё кабирлар «Дунёдаги буткул фожеаларнинг ибтидоси нафси шайтон васвасаси туфайлидир» деб қўйибдилар. Пири Туркистон дея Шараф топган Шайхул-машойих Xожа Аҳмад Яссавий деярли ҳар бир ҳикматида бизларни нафс хуружидан огоҳ этади: Қул Xожа Аҳмад, қирққа кирдинг, «нафсингни қирқ, нафсинг сени охир дамда гадо қилғай, Қаҳҳор Эгам, нафсимни қил зеру забар». Оташнафас шоиримиз Сўфи Оллоёрнинг мана бу сатри бугун ҳам гўё хитобдек жаранглайди: Кўмилган термулиб турғондин ортуқ! Қаранг, бировнинг мол-дунёсига кўз тикиб, таъма қилиб тургандан кўра ер қаърига кирган афзал эмиш. Ва ниҳоят, Искандар Зулқарнайннинг ўша машҳур васиятини яна бир бор эслаб, мулоҳазаларимизга нуқта қўйсак ҳам бўлар. Ўлими олдида Искандар васият қилди: қўлларимни тобутдан чиқариб қўйинглар, токи одамлар кўриб ибрат олсин. Жаҳонни забт этган Искандарнинг қўллари ҳам алал-оқибат очиқ кетмакда. Бу сўзларга изоҳнинг ҳожати бўлмаса керак, деб ўйлайман. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |