Кампир ош (ҳикоя) [Toʻlqin Hayit]

Кампир ош (ҳикоя) [Toʻlqin Hayit]
Кампир ош (ҳикоя) [Toʻlqin Hayit]
Ҳожар она айвон чеккасидаги тахта сўрида мук тушганча гуруч тозаламоқда эди. Ичкари уйдан чиққан ўғли-патила соч, ингичка мўйловли Ҳосилмат:
— Яна ошми, момошка! қўйинг, нима қиласиз... қизлар кулади, — деди.
— Туғилган кунингни эшитиб, Асал дугонам билан Меҳрининг томоғи тушади, болам. Ўшанга... айланай, бир капгир ош дамламоқчиман. Санлар ўзларингни свет-пвет столларингни қилаверинглар! — деди Ҳожар она мулойим оҳангда.
— Свет-пвет эмас, одамни шарманда қилманг. Ўртоқларим эшитса шу гапларингизни, мани нервимга ўйнашади. Так, что момошка, шведча стол, денг, хўпми?
— Хўп, болам, хўп, айланай! Шведча бўлса, шведча-да! Мани билмайди, дейсанми? Ана агародимда швет барқ уриб ётибди. Ҳар йили экаман, биласан-ку, айланай. Швед деганингни... бу том ўлгур болам, одам қаригандан кейин қулоқ ҳам тош битаркан!
Ҳосилмат кампирнинг уйига кирди: ўртада хонтахта, атрофида қуроқи кўрпачалар солинган.
— Момошка?
— Лаббай, болам.
— Буларингиз бўлмайди. Бу ерда ҳам шведча стол қиламиз. Ўртоқларим сизни кўраман, деб кириб қолишлари мумкин. Что, манави амир замонидан қолган хонтахтаю, аммангизнинг қизи берган кўрпачаларингизни чердакка «фишт»; қиламан!
— Ҳой, айланай, болам! Ундан кўра, онангни ўлдириб қўя қол!
— Вой-бўй момошка, нервингиз ҳам бор-а. Сизга бир оғиз гапириб ҳам бўлмайди-я!
— Мани онам, десанг, тинчимни бузма, болам!
— Ўртоқларим...
— Ҳой, ўша ўртоқларинг тоғ ошиб келмагандир. Ичида немис-пемиси борми!
— Немис ўртоғим йўқ, ҳаммаси маҳалла болалари!
— Маҳалла болалари бўлса, бурнининг остидан нарини кўришади.
— Синфдош қизлар ҳам келишади.
— Майли, келишсин, болам. Айби йўқ. Ана, Асалнинг ўғли ҳам синфдош қизларини чақирибди. Биров гапирдими? Гапиргани йўқ.
Ҳосилмат бошларини қашиб нари кетаркан, «Момошкага тушунтириш қийин!»; деб тўнғиллаб қўйди.
Орадан бир соат ўтиб, Асал кампир билан Меҳри муаллима келди. Энди ҳол-аҳвол сўрашган эдилар ҳамки, бир гала йигит-қизлар чулдирашиб ичкари киришди. Ҳар уччала кампир деразага ёпишди.
— Вой ўлмасам! — деди Ҳожар она кўрсаткич бармоғини лунжига босиб. — Ана уни қаранглар. Шарманда-а! Киндиги очиқ... кимнинг қизи экан?
Меҳри муаллима ажин қўлини пешонасига тиради:
— Уми? У Сокина бойвуччанинг ўртанча қизи. Тошкентда ўқийди. Медитсинада. Женски дўхтир бўлармиш.
— Дўхтир бўлмай ҳар бало бўлгур, атлас кийиб келса ўлармиди?
Ҳожар она тор шим кийган қизни кўрсата туриб:
— Вуй, шарманда, шарманда! — деди кўзини яшириб.
Меҳри муаллима пиқир кулди.
— Афғондан ошиб келганга ўхшайсиз, Ҳожарой, бугун кўряпсизми бу турқисовуқларни?! Европача кийинамиз, европача яшаймиз, деб урф-одатларимизни расво қилишяпти.
— Ўша Аврўпани урф-одатлари яхши эканми шунчалик?
— Қайдам? — Меҳри муаллима лабини бурди ва Ҳожар онанинг қўлидан пичоқни олди. — Сабзини ман тўғрайман.
Асал кампир пиёз солинган косани олдига тортди.
— Ман пиёзни артиб турай бўлмаса!
Меҳри муаллима сабзини тўғраб туриб, сўзида давом этди:
— Ўша Европа деганларида икки эркак никоҳдан ўтиб яшашармиш.
Ҳожар она ишонмади:
— Бўладиган гапни айтсангиз-чи!
Асал кампир гапга қўшилди:
— Кеча радиода айтишди. Бу нарсани ўзбеклар қоралайди, деди.

— Ana koʻrdingizmi? — Mehri muallimaning quyuq oʻsma qoʻyilgan qoshlari qaldirgʻoch qanotlaridek pirpiradi. — Man bir narsani bilmasam gapirmayman!.. Ayoli yarim kechada kelsa, er urishsa, sudga berarmish. Xotin boshqani xohlasa, eriga «sen yoqmay qolding»; deb uydan haydab yuborarmish. Ota minan oʻgʻil kelisholmay qolsa, uy-joyni sud orqali hal qilisharkan!.. Ana, sizga bir olam gap!

Ҳожар она:
— Кўп ҳам унақа эмасдир! — деди афтини буриштириб.
Меҳри муаллима:
— Сизни ўшаққа жўнатиш керак, ўшанда кўзингиз мошдай очилади! — деди шартта.
— Мошдай очиладиган бўлса, бориб келаман! — ҳазиллашди Ҳожарой.
Сабзи, пиёз тўғралиб бўлгач, кампирлар ошхонага чиқишди. Сочини сариққа бўяган, қилтириқ қиз билан йўғон бўйнига олтин занжир таққан йигит ичкарига бош суқишди. Сассиқ ароқ ҳиди анқиди.
— Салом, оналар! — ҳиқиллаб деди йигит. — Нима овқат?
— Ош, ош, болам! -Ҳожар она унинг елкасига қоқди.
Йигит қимматбаҳо тўқ кўк кўйлагининг елкасига, кампир қўли теккан жойга ғижиниб пуфлади.
— Ош? — деди кейин ижирғаниб. — Кечаси желудкага оғирлик қилади.
Қиз ўқчиди. Йигит унинг қўлтиғидан олиб, ариқ томон бошлади.
Ҳожар она ёқасини ушлади.
— Товба, товба! Ўзи ёш-у, ичиб олганига ўлайми? Э худо, қайси кунларга етиб келдик?!
Қизнинг ўқчиган овози, сўнг қусқисининг сувга шариллаб ағдарилгани эшитилди. «Ҳай, ҳай»; деганча Ҳожар она улар томонга ошиқди. Йигит қизнинг сочи ва бошидан ушлаб турарди. Қиз ўқчиб-ўқчиб сувга қусар, қўланса ҳид атрофга анқир эди.
Ҳожар она енг учи билан оғзини ёпиб:
— Ҳой, айланай, қизим, сувга қусма, гуноҳ бўлади! — деди кўнгли ичикиб.
Асал кампир товуш қилди:
— Ёғингиз қаерда?
Ҳожар она ортига қайтди. Газ плитаси ёнидаги ёғ идишни оларкан:
— Бизнинг замонда сувга тупурсак, худораҳмати отамиз хивич билан қувлар эдилар, — деди куюниб. — Кап-катта қиз, уялмайди, ғарқ этиб сувга қусиб ўтирибди-я! Ҳай, аттанг!
Ҳосилмат ичкари кирди.
— Ҳа, момошкалар, қанақа палов бўляпти ўзи?
Ҳожар она жилмайди:
— Кампир ош бўляпти, болам!
— Кампир ош? Хе...хе!
— Сенгаям олиб қўямиз.
— Ўзларинг енглар... бизди ошқозон бунақасини хоҳламайди.
Ҳожар она пичинг қилди:
— Ошқозонингга шведча ароқ ёқади шекилли, болам. Ҳай, ичиб олибсан-а?
Ҳосилмат хихилади:
— Ҳа, энди, момошка, эллик грамм одамни ўлдирармиди?!
Чет эл мусиқа товуши уйни ларзага келтирди, тапир-тупур оёқ товушлари, қий-чув эшитилди.
Ҳожар она ўғлига танбеҳ берди:
— Секинроқ, ўғлим, сал пастроқ... қўни-қўшни дегандек...
— Бир кеча чидашса, осмон узилиб ерга тушмас, момошка!
Асал кампир лабини тишлади.
Ҳожар она Ҳосилматнинг ортидан:
— Ош пишиб қолди, ўртоқларинг хоҳлашса, айт, сузиб берамиз.
— Ўзларинг енглар, ўзларинг? — қўл силтади Ҳосилмат ва ичкари кириб кетди.
Меҳри муаллима унинг ортидан бориб деразадан ичкарига боқди. Бурни пучуқ қиз нафис, узунроқ сигарет тутатди.
— Старухаларинг нима пиширяпти?
— Ош! — жавоб қилди Ҳосилмат илжайиб.
Қиз чапланган афтини буриштирди:
— Ну-да, Хосилматчик, мама твоя... зўр, кечаси ош ейиш... вей... жалка ошқозонларига.
Ҳосилмат унинг қўлларидан ушлаб, ўртага бошлади. қиз ноз-карашма билан унга суйкалди.
Ўртадаги стол усти аллақачон бўшаб қолган, ароқ, шампан, вино шишалари, торт қутилари тартибсиз сочилиб ётарди. Хориж қўшиқчиси кучайиб, хириллаб, бақириб куйлар, у ҳар овозини кўтарганда, ирғишлаб ўйнаётган думбоққина қиз билан озғин йигит Ҳосилмат томонга ўқтин-ўқтин қараб қўйишарди.
Қиз орқасини ўгириб ирғишлаб ўйнар экан, бошини ноз билан қимирлатиб, бўйнини буриб, кўзларини сузганча йигитга боқар, у «хаҳ»; деб эгилганда, унинг озғин кўксига оппоқ елкасини суйкаб-суйкаб оларди.
— Онаси ош қилаётган эмишми? — нозланиб сўради қиз.
— Шунақа дейишяпти! — совуққина жавоб қилди йигит.
— Ундан кўра, алавия салат қилганларида, оз-оздан ер едик.
— Отсталий кампир у... буни тушунади, дейсанми? Ошини қилаверсин.
— Ве-э-эй! Ош? Кечаси-я!
Меҳри муаллима пилдираб ортига қайтди.
— Ёшлар бузилиб кетган, дейишганда, ишонмаган эдим! — деди у ичкари кирар-кирмас. — Ҳай-ҳай, бизлар берган тарбиядан «т»; ҳарфи ҳам қолмабди. Мактабда буларга нима ўргатишяпти?!
— Бурунги замонда қизил тўй чиқиб, ҳаммани ароққа ўргатди, — деди Ҳожар она ҳасратли оҳангда. — Энди бу бало чиқдими?! Биттаси ҳам ўтирмайди: овқатини ҳам тик турганча ейишади, «бисмиллоҳ»; дейишадими, йўқми?..
Асал кампирнинг ҳасратидан ўт чиқди:
— Булар «бисмиллоҳ»;ни ҳам, «омин»;ни ҳам билишмайди.
Ош пишди, қозоннинг қопқоғи олинганда, ошхонада, ҳовлида хушбўй ҳид таралди, ит ҳуриб, хўроз бир қичқирди. Ҳожар она гўштини ажратиб олиб, тўғраб ошга босди-да, иккита суякни итнинг олдига элтиб ташлади, товуқларга эса, бир ҳовуч дон сепди. Сўнг катта чинни товоқдаги ошни кўтариб уйга кирди.
Ҳожар она ошпаз чолини эслади.
— Ош пишди, дегунча худораҳмати эсимга тушади. Пиширган ошларини еб тўймас эдик.
Меҳри муаллима:
— Бир умр элнинг тўйларида хизмат қилиб ўтдилар, Худо раҳмат қилган бўлсин! — деди бўрсилдоқ нонни авайлабгина ушатар экан.
«Олинг, олинг»; билан ошни едилар, устидан босиб-босиб аччиқ-аччиқ чой ичдилар. Энди гурунг қизиган пайтда тор шим кийган икки қиз бир-бирларига суяниб, ичкари кирди. Уларнинг ранги оқарган, кўзларида нур йўқ эди.
Ҳожар она ўрнидан турди.
— Келинглар, қизларим! Бу ерга ўтинглар!
— Чарчаб қолдик, бошимиз айланиб кетди.
Меҳри муаллима уларнинг ранг-рўйига назар соларкан:
— Иккалангдаям анимия бор экан, ўзларингга қараб юрсанглар бўлмайдими?! — деди уларни тергаган бўлиб.
Ҳожар она кичкина тақсимчада ош келтириб қўйди.
— Олинглар, она қизим!
Қизлар бир-бирига қарашди.
Меҳри муаллима Асал кампирга имо қилди:
— Буларга қошиқ беринг!
— Ҳа-я, эсим қурсин!
Бир зумда тақсимча бўшади. Қизларнинг юзига қон тепди.
Хосилмат депсиниб ичкари кирди.
— Момошка, қорин таталаб кетди.
Ҳожар онанинг кўзлари жовдиради:
— Озгина қирмоч қолди, болам, ейсанми?
— Қирмочми, ирмочми, нирмочми, момошка, фарқи йўқ, олиб келинг! Қорин... қорин қулдираб одамни эзиб юборди!
Ҳожар она бир тақсимча қирмочни ўғлининг олдига қўйди. Ҳосилмат қошиқни очиқиб оғзига тиқди, сўнг ютуққанча қирт-қирт чайнай бошлади.
Уч йигит, беш қиз ичкари бош суқди.
Ҳосилмат қирмочни уларга манзират қилди:
— Олинглар, қирмоч рангни тоза қилади, деб эшитганман...
Йигитлар унинг ёнига чўкишди.
Тор юбка кийган тўлиққина қиз:
— Мен ош ейман! — деди ширакайф ҳолда.
Кампирлар бир-бирларига маъноли боқиб, ўрниларидан туришди.
— Бўлинг — деди Ҳожар она Асал кампирга имо қилиб.
— Нима қиламиз энди? — ҳайрон боқди Меҳри муаллима.
— Нима қилардик, айланай, — Ҳожар она остонада турган ранг-баранг қимматбахо туфлилар орасидан эски калишини топиб апил-тапил оёғини тиқди. — Ёрдам берасизлар, кампир ош қиламиз!

Хўроз чўзиб-чўзиб қичқирди, тун ярмидан оққан эди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика