Ошиқ (ҳикоя) [Toʻlqin Hayit] |
Қўшни қишлоқдаги тўйдан қайтган Очил бобо хуфтон намозидан сўнг, бошини деворга тираганича: – Кўргали ҳуснингни зору мубтало бўлдум санга, – дея хиргойи қилиб қолди. – Ҳай, чол, сизга нима бўлди? Кул-пул босиб келдингизми? Бу нима алжираш? Уялмайсизми? – деди Ҳанифа кампир қирмизи кўйлагининг ёқасини очиб, хавотир аралаш ичига туфларкан. Очил бобо айюҳанносга гўёки эътибор бермади. – Мен ҳам бир бало бўлдум санга. Кампир тумшайди. «Ҳай-й-й, чоли тушмагур-а, қариганда, белидан қуввати кетиб, кўз нурлари сўнганда, битта-яримтасига илашиб қолдимикин?! Тўйга деб ўшаникига борган бўлса-чи? Аттанг-а, ёлғиз юбормасам бўларкан.» – Ҳай, чол, кўзингизни очинг, бу нима қилиқ?! Очил бобо кўзини очмади. Кампирнинг бир дардига ўн ташвиш қўшилди. Омонатини топшириб қолса, балога қоламан, деган ўйда чолнинг девор-дармиён укаси Xолмуродни чақирди. Xолмуроднинг хотини гап искаб, эри ортидан келди. Кампир унга қовоғини уйиб қаради. Холмурод бу кеча акасининг ёнида қолди. Кампирнинг хавотири бежиз эмасди. Эрталабга етмай, чолнинг хиргойигўй бўлиб қолгани бутун маҳаллага достон бўлганини эшитиб, бурнига ачқимтир ҳид урилгандек, фақат юзи эмас, бутун бадани ачишди. Нима эмиш: кеча тўйдан қайтаётган Очил бобо гўристон ёнидаги Култепадан ўтаётиб, ажинага йўлиққанмиш. Энди уйида ҳаммани қўрқитиб, алжираб ётган эмиш. Қишлоқда бировни оғир ётибди, деб эшитган борки, бир хабар олиб ўтади. Очил бобони кўргани маҳалла раиси Анвар Толиповдан тортиб, хизматкор Дархон чаққонгача – ҳамма келди. Эшикдан биров бош суқса, кет деб бўладими? Буниси майлику-я, шўрлик Ҳанифа кампирнинг қон босими ошиб, бошига оғриқ тургани ортиқча даҳмазага айланди. Саксонга кирган чол ажинага ошиқ бўлиб қолибди, дея кулсалар, қайси бир кампир чидайди? – Очилбой шу ёшга кириб, бола кўрмади, балки қариганда, бирортасига дилини ёргандир. Бурунги замонларда етмишвойлар, тўқсонвойлар бўларди. Бу кишим саксонвойнинг дарагини эшитиб, эс-ҳушларидан айрилган бўлсалар керак, – деган гап чиқарибди Содиқ шўро. Кампир уф тортди, оҳ тортди, лекин нима қилсинки, ўзининг дардига малҳам тополмади. Маҳалла раиси Анвар Толипов анча сергак тортди. – Ҳанифа ая, бирортасидан гумонингиз борми? – Xудо сақласин! Содиқ шўро хўмрайди: – Раис, кампирни тинч қўйинг! Маҳалла посбонини чақиринг, бу жиддий масала! Ҳали кетини кўрасиз, бош оғриғи бўлмаса, отимни бошқа қўяман! – Ваҳима отидан тушинг, шўро, – дея уни силтаб ташлади раис, – Очил бобо сиз айтгандай, бошини шамолга олдирган қария эмас! Алжираган бўлса бордир! Терлаб-пишиб кириб келган маҳалла дўхтири – Бектош Тўраев чолни яхшилаб текширди, лекин бирор касаллик тополмади: чолнинг юраги бир маромда урар, қон босими ҳам жойида эди. Шундай бўлса-да, бир-икки дори ёзиб берди-да, «туман шифохонасидан, албатта, дўхтир чақириб, кўрсатиш керак!» дея ўрнидан турди. Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади деганларидай, хўппа семиз маҳалла посбони – Тоживой ҳам пишиллаб кириб келди: – Нима бўлди Очил бобога?! Ажина чалганмишми? Содиқ шўро унга дакки берди: – Қанақа посбонсан ўзи? Ажинага бало борми? Сен ҳаётга реал қарашинг керак, укам! Маҳалла посбонига ярашадиган иш қил-да, одамни уялтирмай! Тоживойнинг аччиғи қирра бурнининг устига соя ташлади: – Сиз, шўро, зўрсиз-у, биз ношуд бўлдикми?! Анвар Толипов қовоғини уйган эди, Тоживой юзини четга бурди. Отдан тушса ҳам эгардан тушмаган Содиқ шўро шубҳасини яна орага солди. – Муаммо ана шундай, жиддий! – деди кўрсатгич бармоғини ўқталиб. Тоживой ҳомуза тортди ва: – Бу ишни, албатта, текшириб кўрамиз! – деди бўйнини ғоз чўзиб. Тушда Очил бобо кўзини очди. Дарҳол Тоживойни чақириб келдилар. У чолнинг ўнг томонига ёнбошлаб: – Ота, ошиқлигингиз ростми? – деб сўради. Кампирнинг буришган юзи қорайди. «Э йўқ, бе йўқ, дарҳол шунақа деб сўраш керакми?! Фаҳмингга доғи!» Очил бобо «ҳа» дегандек бошини қимирлатди. Урди худо! Xолмурод пишган помидордек ҳил-ҳил қизарди, хотини лабини тишлади, кампир жойига беҳол чўкди. Тоживой «аҳ-ҳа» деганча бошини қашиди. Ана, сизга замонавий ҳангома! Холмурод бошини чангаллади: – Қўлим калталик қилмаганда, бобойни катта дўхтирларга кўрсатган бўлардим. Булар қўл учида кўрди акамни! Ҳай, буларга ишинг тушмасин! Маҳалла раиси уни қаттиқ жеркиди: – Ношукурлик қилманг, Xолмуродвой! Иккита катта врач кўрди, камми? Сизнинг қўлингиз калта бўлса, давлатники узун. Керак бўлса, тепадан зўр врачларни чақирамиз! Сиз аввал чолнинг гапини олинг! Бир дарди борки, зору мубтало бўлдим, деб ётибдилар. – Сиз нимага шаъма қиляпсиз, раис?! Очил бобо қариганда бебошлик қип қўйганмикин, демоқчимисиз?! Тоживой ўртага тушди: – Жимлик сақлансин. Бу иш бизга тааллуқли: керак бўлса, текширамиз, ўрганамиз, гумондор бўлса, албатта, топамиз! Ярим соатдан сўнг Очил бобо кўзини очди. – Мен қачон дедим вафо қилғил манга, зулм айладинг! – дея яна пичирлади. Холмурод яна бошини чангаллади, уялди қариб қуйилмаган аканинг бу ишидан. Xотини холдор лабларини қирмизи рўмоли билан яширди. Ҳанифа кампир эса кўз ёши қилди: – Ҳай, туғилмай ман ўлай! Битта тирноқ берса, садағаси кетармиди?! Ўз фарзанди бўлганда, отасини одамларга майна қилиб қўймас эди?! Ҳай, шўр пешонам қурсин, қариганда нима гап бу, а?! Тоживой қўлини бигиз қилди: – Юракни қийнаманг, момо! Биз айбдорни топамиз. Раз зорланаётган экансиз, Саксонвой, албатта, бўлади! Ана, исботи: Очил бобо ўша чув туширган хонимга, вафо қилғил, деб ялинганлар, у эса, кармонингда бир мири йўқ сен чолни бошимга ураманми, деган кўринади. Демак...демак, боласини ҳам қизғанган, кўрсатмаган. Во!.. Ана шундан сўнг чолнинг боши айланиб қолган! Ничего, бугун бўлмаса, эртага ўзларига келиб қоладилар, ана ўшанда биз ўша хонимнинг кимлигини билиб оламиз ва уни, албатта, жазолаймиз! Очил бобо бу сафар ётган жойларида ғазални баралла ўқидилар. Деразадан оқ копток келиб тушди. Xолмурод кўчага қараб мушт ўқталди, хотини пиқ-пиқ кулди. Бироздан сўнг саккизинчи синф ўқувчиси, юқори гузарлик Ҳалим шоир ичкари кирди. Очил бобо ҳамон ғазал ўқимоқда эди: – Жоми Жам бирла Xизр суйи насибимдур мудом, Соқиё, то тарки жоҳ айлаб, гадо бўлдум санга. Холмуроднинг хотини тиззалаб, бўй чўзди: – Ана, момо, кундошингизнинг исмини ҳам билиб олдик! Насиба экан исми. Насиба! Тоживой бошини қашиди: – Так, так, бу қайси Насиба бўлиши мумкин?! Паст гузардаги Насиба бошқа эрга тегиб кетди. Култепа гузарида Насиба дегани...еҳ-ҳа, Калтақишлоқда бир жувон бор, кўзи ўйноқи, шумикин?! Уй ичи ола-ғовурга тўлди: – Ўша бўлиши керак! – Унинг қўлидан ҳар бало келади. Жуда жодугар аёл! – Чолнинг пенсиясини еб юрган бўлмасин тағин! Очил бобо ғазални яна қайта пичирлаб ўқидилар.Шовқин-сурон авжига чиқди. Ҳалим шоирнинг кўзлари пирпиради, лаблари қимтинди. Бироздан сўнг кулиб юборди. – Нима деп ғавғо қиляпсизлар?! Бобо...бобо Навоийдек ўз эгаларига ошиқ эканлар! Қанақа Насиба, қанақа жодугар?! Мангулик суви насибам, деяптилар-ку ахир! Ҳанифа кампирнинг кўзлари мошдай очилди, Xолмуроднинг қулоқлари чўяндай оловланди, хотини рўмоли билан юзини яширди. Тоживой бурнини тортди, раис кулиб юборди, Содиқ шўро эса ўрнидан туриб, ташқари отилди. Ҳалим шоир коптокни олиб кўчага югурди. Очил бобо акса уриб, кўзини очди. – Кампир, лабларим қуруқшаб қолди, бир пиёла сув бер! – дея илтижоли боқди. Сувни ичгач: – Яратганга шукр! – дея соқолини силади. |
№ | Mualifning boshqa asaralari |
---|---|
1 | Kampir osh (hikoya) [Toʻlqin Hayit] 445 |
2 | Кампир ош (ҳикоя) [Toʻlqin Hayit] 377 |
3 | Oshiq (hikoya) [Toʻlqin Hayit] 423 |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |