Форса (ҳикоя) [Umar Sayfiddin]

Форса (ҳикоя) [Umar Sayfiddin]
Форса (ҳикоя) [Umar Sayfiddin]
Ўрта ер денгизининг қаҳрамонларга макон бўлган сўнгсиз уфқларига қараган кичик бир тепа миттигина гул боғчаси каби эди. Нозик, узун шохли бодом дарахтларининг турфа соялари соҳил томон тушар, эрта баҳорнинг майин шамолларига сархуш бўлган балиқчи қушларнинг савдойи шовқин-сурони ҳавода жаранг сочарди. Бодомзорнинг ёни кенг бир боғ эди. Оқ тошлардан тикланган қисқа деворнинг ўртасидаги хароба водийга қадар тушарди. Боғнинг ўртасидаги бузилган кулбанинг эшиксиз кириш жойидан бир қария чиқди. Гўё букчайган белини тўғрилаган каби керишди. Соч-соқоли оппоқ мўйсафиднинг қўллари, оёқлари титрар эди. Осмон қадар бўш, кўк қадар сокин турган денгизга узоқ боқди.
— Хайрлидир, иншааллоҳ – деди ўз-ўзига.
Девор остига тўшалган тошларга чўкди. Қўлларини бошининг орқасига олди. Қариянинг эгнида йиртиқ бўз кийим бор эди. Яланғоч оёқлари тупроққа қорилган, заиф қўллари эса кирланган бронза рангига кирган эди. У бошини кўтарди. Кўк билан денгизни бирлаштирган туман чегарасига диққат билан боқди - аммо кўринадиган ҳеч нарса йўқ эди.
Мўйсафид ҳар кеча уйқусида бир қанча елканли кеманинг уни қутқариш учун келаётганини кўрадиган эшкакчи эди. Бир замонлар эски бир турк кемасида эшкакчилик қилган қариянинг қирқ йиллик умри асирликда ўтганди. Ўттиз ёшида кучли матрос, чайир қаҳрамон бўлган ҳолида Малта қароқчиларининг қўлига тушган эди. Йигирма йил уларнинг кемаларида эшкак эшди. Йигирма йил икки оёғи занжирлар билан боғланиб, кема остидаги рутубатли хонада яшади. Йигирма йилнинг ёзлари, қишлари, шамоллари, бўронлари, қуёшлари унинг пўлатдек вужудини эритолмади. Занжирлари моғорлашди, чириди, узилди. Йигирма йил ичида бир неча марта халқалари, михларини алмаштирдилар. Аммо унинг чинор-да мустаҳкам оёқларига ҳеч нима кор қилмади. У фақатгина таҳорат ололмагани учун хафа бўларди. Ҳар намоз вақтида кўзларини қибла томонга бурар, беш вақт ибодатни ишорат билан ўқир эди.
Eллик ёшга етганида уни ортиқ эшкак эшолмайди деб, бир оролда сотиб юбордилар. Унинг хожаси бир деҳқон эди. Бир бурда нон учун ўн йил унинг қўлида ишлади. Тангрига шукр этарди. Чунки энди унинг оёқларидан миху занжирлар олиб ташланганди. Таҳорат олишга имкони бор, қиблага қараб намоз ўқир, эсида қолган оятларини ўқиб ибодат, дуо қила оларди. Бутун умиди туғилган ери Эдремитга етишиш, қайта кўриш эди. Ўттиз йил ичида бир лаҳза ҳам бу умид уни тарк этмади. «Ўлганимдан сўнг тирилишимга қанчалик ишонсам, эллик йил асирликда яшасам-да бир кун Ватанимга етишишимга шунчалик умид қиламан» дерди у.
У энг донгдор, энг машҳур турк кемачиларидан эди. Йигирма ёшидаёқ Жабал ал-Тариқ бўғозидан ўтган, катта денгиз флотларини бир ўзи кичик кемасида енга олган эди. У замонлар Турк элида унинг номи тилларда достон эди. Ҳатто подшоҳ уни саройга чақиртириб, бошдан кечирганларини ўзидан эшитарди. Чунки у Ҳизр алайҳиссалом кезган диёрларда сайр этган эди. Шундай денгизларда бўлган эдики, унда тоғлардан баланд муз парчалари сузар эди. У томонлар умуман бошқа дунё эди. Олти ой кундуз, олти ой кеча бўларди. Завжасини ҳам ўша сирли ўлкалардан топган эди. Кемаси олтин, кумуш, инжу, олмос, асирлар билан тўлиб Ватанга қайтар экан, денгиз ўртасида уйланган, ўғли Турғут ҳам йўлда - Чаноққалъага етган пайтда туғилган эди. Ўғли ҳозир қирқ беш ёшга кирган бўлса керак. Ажабо, тирикмикан? Хаёлини банд этган, қорлардан оппоқ завжаси ҳозир ҳаётмикан? Қирқ йилки, Истанбулнинг миноралари, денгиз уфқи хаёлидан ҳеч кетмайди. «Бир кемам бўлса, кўзимни шарт юмардим-у, Ватан томон йўл олардим» дея орзу қиларди…
Олтмиш ёшдан ўтганидан кейин хожаси уни озод қилди. Бу озод қилиш эмас, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, кўчага ҳайдаш эди. Қари тутқун ушбу қаровсиз боғдаги хароба кулбани топди. Шу ердан паноҳ топди. Ҳеч ким ҳеч нарса демади. Ора-сира қишлоққа тушар, қарилигига ачиниб беришган садақаларни тўплаб, яна кулбасига қайтарди. Ортиқ кучи қолмаган эди. Унинг ишлашини энди боғ соҳиби ҳам истамас эди. Қаёққа ҳам борар эди?
У аввал кўрган тушларини энди қайтадан кўраётган эди. Қирқ йиллик туш… Туркларнинг, турк кемаларининг келиши…
Кўзларини қақшаган қўллари билан ишқалади. Денгизнинг кўк билан бирлашган жойига қаради. Ҳа, улар келишади, албатта, келишади. У бунга шунчалар ишонардики…
— Қирқ йил кўрилган туш асло ёлғон бўлмас, - дерди у ўз-ўзига. Кулба деворининг остига оёқларини узатди. Секин-аста кўзларини юмди. Эрта баҳор умид учқуни каби ҳар ёқни нурга тўлдирарди. Балиқчи қушларнинг «келаяптилар, келаяптилар, сени қутқариш учун келяптилар» деганга ўхшаган овозларини тинглаб ухлаб қолди. Девор тошларининг орасидан чиққан ҳашаротлар устида кезиб юрар, бўз кийимининг ичига ўрмалар, юмшоқ, оппоқ соқоллари орасида ўйнашарди. Қари асир тушида катта бир турк кемасининг бандаргоҳга кирганини кўрарди. Қишлоққа кетадиган йўлга бир қанча аскар чиқарган эдилар. Қизил байроқни узоқдан таниди. Шамширлар, қалқонлар қуёш аксида порлар эди. Бизникилар! Бизникилар! – дея бақириб уйғонди. Ўзига келди. Устидаги ҳашаротлар тумтарақай қочдилар. Бандаргоҳга боқди. Ҳақиқатан, қўрғоннинг қаршисида бир кема кўринарди. Елканлар, эшкакларнинг бичимига диққат этди. Ранги оқариб кетди. Кўзларини очди. Юраги тез ура бошлади. Қўлларини кўксига қўйди. Булар турк кемалари эди. Қирғоққа яқинлашаётган эдилар. Кўзларига ишонмади. «Ажабо, тушимми, ўнгимми?» – дея таажжубга тушди. Уйғонгандан сўнг туш кўрилармиди? Ўзини ишонтириш мақсадида қўлларини тишлади. Ердан ўткир тош парчасини олди. Қўлига урди. Ҳа, у оғриқни ҳис қилаяпти. Демакки, уйғоқ, кўраётгани туш эмасди. Севинчдан, саросимадан тиззаси жонсизланди. Ўтириб қолди. Қирғоққа чиққан ҳарбий қисм қўлларида қизил байроқлари билан тўгри қўрғонга келардилар. Қирқ йиллик кутишдан сўнг… у яна ўзини қўлга олишга уринди. Бирдан суяклари қисирлади. Бодом дарахтларининг гулли соялари бўйлаб, қирғоққа қараб югурди, чопди. Қирғоққа чиққан аскарлар оқ соқолли қариянинг ўзлари томон югуриб келаётганини кўргач:
— Тўхта, - дея бақирдилар. Қария тўхтамади, у ҳам бақирди:
— Мен туркман, ўгилларим, туркман.
— …
Аскарлар унинг яқинлашишини кутдилар. Қария туркларнинг ёнига яқинлашаркан, илк учраганини қучоқлаб, ўпа бошлади. Кўзларидан ёшлар оқар эди. Буни кўрганлар мутаассир эдилар. Бироз ҳаяжони босилгандан сўнг сўрадилар:
— Қанчадан бери асирликдасиз?
— Қирқ йилдан бери.
— Қаерликсиз?
— Эдремитлик.
— Исмингиз нима?
— Қора Мемиш.
— Капитанмидингиз?
— Ҳа…
Қариянинг атрофидаги аскарлар бир-бирларига яқинлашдилар. Ҳайқириқ янгради: «Хўжайинга хабар беринг! Хўжайинга хабар беринг!..». Қариянинг қўлларидан тутдилар. Қуш каби денгиз қирғоғига элтиб, қайиққа ўтқаздилар. Кейин катта кемага олиб бордилар. Аскар ичида унинг қаҳрамонлик саргузаштларини билмаган, у ҳақда эшитмагани йўқ эди.
Қария кема саҳнида бироз турди. Севинчдан саросимада, ўзини йўқотган эди. Кийиш учун бир иштон бердилар. Эгинига кўйлак ташладилар. Бошига дастор кийгиздилар.
— Кетдик, хўжайиннинг ёнига, - дедилар.
Уни бу ерга келтирган аскарлар билан улкан кеманинг ортига юрдилар. Шопмўйлов, зарланган кийими устига темир, пўлат зирҳ кийган баҳайбат бир одамнинг қаршисида тўхтадилар.
— Сиз капитан Қора Мемишмисиз?
— Ҳа!
— Ҳизр алайҳиссалом кезган жойлардан ўтган сизмисиз?
— Менман.
— Рост гапиряпсизми?
— Нега ёлғон сўйлайин?
— Очинг, ўнг қўлингизни кўрайин.
Қария кўйлаги ичидан қўлини чиқарди. Шимарди. Хўжайинга узатди. Мушагида хоч бичимидаги чуқур бир чандиқ изи бор эди. Бу чандиқни кечалари олти ой бўладиган бир оролдан хотини билан қайтаётганда олган эди. Хўжайин, унинг қўлларини ўради. Ўпа бошлади.
— Мен сизнинг ўглингизман, - деди.
— Турғутмисан?
— Ҳа!
Тутқун қария севинчидан ўзидан кетди. Ҳушига келгач, ўғли унга:
— Мен қирғоққа жанг учун чиқяпман. Сиз кемада роҳат олинг, - деди. Эски қаҳрамон қабул қилмади:
— Йўқ. Мен ҳам сизлар билан жангга чиқаман.
— Жудаям қаригансиз, ота.
— Аммо юрагим кучли!
— Дам олинг, ота. Бизни кузатиб туринг.
— Қирқ йилки, муҳорабани соғиндим…
Оғли отасига тиз чўкиб, »Ватанни, севган инсонларни кўрмасдан сизни такрор йўқотмайин, отажон», дея ёлвориб қўлларини ўпди.
Қария бошини кўтариб, кўксини тик тутиб, яна ёшлигига қайтгандек эди. Байроққа ишора этиб:
— Шаҳид бўлсам, буни устимга ёпинг. Қизил байроғим ҳилпираган жой Ватан эмасми? – деди.

1910

Форса - кемада эшкакчиликка маҳкум қилинган қул.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика