Қурбақа дуоси (ҳикоя) [Umar Sayfiddin] |
Рашот Нури Гунтекинга Шаҳар ташқариси… Истамбулнинг ташқарисида ўтган ҳаёт, қанчалар ҳуш! Буни фақат бошидан ўтган киши билади. Бир тарафда номдор кишилар, зиёлилар! Нариги тарафда эса давлат хизматчилари, зобитлар, муаллимлар…Сўнгра қасабанинг ер-мулк эгаси, шу ерлик инсонлар… Ҳар табақанинг, ҳар тоифанинг айри-айри қаҳвахонаси, фарқли кўнгилхушлиги, бир-биридан фарқли завқланишлари бор. «Ҳамма билан бир хил табақада» дея олишимиз мумкин бўлган ягона киши, ноҳиянинг давлатда ишлайдиган доктори эди. У ҳар доим ҳамма билан суҳбат қурар, уларнинг ҳар турли ишларига қатнашарди. Муаллимларнинг, ишчиларнинг, зобитларнинг ўтирган қаҳвахонасига кирарди. Дорихона эса «номдор кишиларнинг клубидир». Юксак унвонли давлат хизматчилари ҳам у ерни зиёрат қилардилар. Адвокатларнинг идоралари ҳам бир нави дорихонларга ўхшарди. Хуллас, шаҳар ташқариси ўзига яраша ғоят ёқимли олам саналади. Етти, саккиз, балки тўққиз сана бўлгандир, мен ҳам Истамбулга унчалик узоқ бўлмаган бир қасабада тайёрлов мактабида муаллим эдим. Ўзига яраша айри дунё бўлган шаҳарчанинг мактаби ҳам айри олам саналарди. Гўё олам ичидаги оламдай эди! Дастурлари, ғоялари бир бирига зид, тўрт-беш мактабнинг етиштирган кекса, ёш, ақилли, аҳмоқ, сафсатабоз, камгап ҳаммаси бўлиб йигирма хилдан ортиқ одам: Мудир, унинг муовини, муаллимлар, ёрдамчи ўқитувчилари… Идора хизматчилари… Эски замонлардан қолган, ҳалиги бир тарафидан қуёш ботар экан, нариги тарафидан қуёш чиққан эски буюк сулоламизнинг энг узоқ бурчакларидан келган ётоқхонада қолиб ўқийдиган талаба… Ҳар ирқдан, ҳар жинсдан. Тилларидан бошқа ҳеч нарсалари турклашмаган бир тўда бола…Фақат, бунчалик очиқ-ойдин қарама-қаршиликлар орасида бу қанчалар самимий оҳанг эди! Динига боғлиқ кишилар, янгиликларга қарши бўлган кишилар, либераллар, сўнгра эса ҳеч бир аниқ маслак соҳиби бўлмаган кишилар ака-укадай яшар эдилар. Бир риёзиёт муаллими жуда очиқ фикирли эди. Табиат муаллими ҳаммамизга ўқимаган жоҳил назари билан қараб, ичидан бизга жуда ачинган жиддий, ёшгина йигит эди. Мен адабиёт муаллими эдим. Франсузча муаллими эса Яҳудий миллатидан эди. Мактабда кеча навбатчиси бўлган вақтларида, кечқурун болалар билан қилган суҳбатларида талабаларнинг ундан сўраган сўзларини лотин ҳарфлари билан ён дафтарига ёзар, эртаси куни маъноларини мендан сўрар эди. Бир куни “Жезбейи Раҳмон”[1]нинг нималигини бечорадан сўрашибди. Домла яхши тушинмабди, дафтарига “Жезвейи Раҳман”[2] деб қайд қилибди. Ўқитувчилар хонасида мени тўхтатиб: — «Жевзеи Раҳмон» нима дегани?, деб сўради. — Унақа нарса йўқ, деб кулдим. У эса бор, деб оёқ тираб олди. Ўзидан бу сўзни сўраган болани топиб келтирди. Китобни очдик. Нотўғри тушунгани маълум бўлгандан кейин эса бу мавзу орамизда масхарага сабаб бўлди. Бечоранинг лақаби «Жазваи Раҳмон» бўлди-қолди. Энг қизиқ кишилардан бири мудир эди… Бу дунёда унинг қадар интизомпарвар, қонунпарвар, усулпарвар бир одам кўрмадим. Биринчидан қўл остида иҳслаган кишиларнинг ҳеч бири билан шахсий муносабатда бўлмас; мактаб ҳайъатининг ташқарисида худди афсоналардаги маъбуд каби яшарди. Орамизда лақаби «шу сабабдан» эди. Ўта аҳамият берган нарсаси - мажлис кунлари, хонасида тўпланган вақтимиз ҳеч биримизни гапиртирмас, ҳаммамизга «шу сабабдан, шу сабабдан» деб айри-айри расмий ёзувлар ёздирарди. Ҳар қанақанги масала бўлса, айни сўзлар билан айни жумлаларнинг охирига юқоридаги «шу сабабдан»ни қўшиб ёздриргандан кейин, масалани ҳал қилдим деб ўйларди. Ўртоқларимнинг орасида энг яхши кўрганим дин илимлари фани домласи Баҳир Афанди эди. Мадрасадан кейин дорулфунунни ҳам тамомлаган эди. Ёши элликка яқинлашаётганди. Ўз фикрида қатъий турадиган, инсонлар билан тез киришадиган, бироз маккор, ғалатироқ ва ҳушчақчақ одам эди. Мен билан дўст бўлишининг сабаби тарбия ҳақидаги фикрларимизнинг бир хил бўлиши эди. Чунки мен ҳар қанча миллиятпарвар бир либерал бўлсамда “тарбия”нинг доимо “муҳофазакорона” бўлиши лозимлигига” ишонган киши эдим. Ижтимоий инқилобнинг жойи мактаб эмас, ҳаётдир. Муаллимларнинг вазифаси болаларга эски ҳаётнинг тарбиясини мажбуран ўргатишдир. У ҳам мендай ўйлагани учун мажлисларда иккаламиз тарафдорларимиз билан бирга қувват ташкил қилар, либералларга, янги асрнинг тарбия тарафдорларига кун бермасдик. Баҳир домланинг энг мафтун бўлган тарафлари киришувчанлиги билан “мебни алейҳ, мебни биҳ, мебни леҳ”[3] каби таъбирлари эди. Худди уришаётгандай гапирар, сўзларига худди мушт шакли вужудлар бермоқчи бўлгандай ўнг қўлини бир Қоракўз[4] қулайлиги билан чайқарди. Камчилиги фақат наргиласи[5] эди. Унга шунчалар мубтало эдики, қаҳвахонада, мактабда кунда ўнта чекмасдан туролмасди. Наргила бу… сигарет каби нарса эмас. Шишанинг ёнида қўшимча шланги бўлгани учун мудирдан, тафтишчидан сақламоқ лозим… Бир куни қаҳвахонада ўтириб, сайёр ва қулай наргила шакли ўйлай бошладик. Масалан, наргилани чекиб бўлгандан кейин уст қисми чиқарилсин, кейин графинга ўхшаб қолсин, уст қисмини эса чўнтакка яшира олсин. Баҳир Домла : — Шлангни нима қиламан, деди. — Тўн остига, белинга ўраб оласан. — Қайрилиб синади. — Бўлмаса ўраб шапкангнинг ичига сол. — Сиғмайди… Биз буларни гаплашар эканмиз шаҳар ҳокимлиги доктори ичкарига кириб келди. Доктор ёнимизга келди, биз билан саломлашиб ёнимизга ўтирди. Жума куни Бектоший[6] Такясига кетар эмишлар. Қўзи гўшти, соз, бироз май бор эмиш. Бизни ҳам дават этди. Мен: — Боролмаймиз!, дедим. Биз муаллим эдик. Унақа созли, ашулали, ичкили базмларга боролмасдик. Доктор мажбур қилди: — Сизлар ичмайсизлар. Қулоқларингга пахта тиқиб, кўзларингизни юмасизлар, деди. Зотан ўртоқлардан базилари рози бўлипди… Баҳир домла: — Агар наргиламни ҳам олсак келаман, деди. Доктор: — Оламиз. Ҳамда ростанам мен ўзим олиб бораман, домла!, деб қасам ичди. Жуда нашъали, содда одам эди. Гўё қасабанинг жонли нашъасийди. Касаллари дорисидан кўра кўпроқ унинг сўзларидан шифо топишарди. Жума куни кўпчилик бўлиб Бектоший Такясига қараб йўл олдик. Бу ер эски замонлардан топ-тоза қолган бир жаннатнинг ҳаёлига ўҳшарди. Тариҳ деб аталмиш бўрон бу асирлик чинорларнинг орасидан, оппоқ якка бинонинг сокин томи устидан ҳеч эсмагандайди гўё. Атрофида деворлари бўлмаса табиий бир кўл деб ҳисобланарлик даражада буюк ҳовуз, зумрад рангидаги кўланкалар ичида нилуфарлар гуллар очган ҳолда ухлар эди. Дарвишларнинг ёйган, қамишдан қилинган тўшакларига чўзилдик. Телеграммачи удини, кўчмас мулк биржаси ходими қонунини қўлига олди. Базмга скрипка устаси Алеко ҳам келганди. Мусиқа бошлади. Доктор: — Соқий менман, деб ҳаммага ички икром этар, Баҳир домланинг ёнига келганда эса тўҳтаб қоларди. — Мана менинг наргилам бор… — Бир қултум берсам?... — Умримда бир томчи ҳам оғзимга олмаганман. — Бир қултум оғзингга ол, ғарғара қилиб кейин тупириб ташла. — Нима фойдаси бор? — Худо ҳаққи музадд-и тааффун, яъни ёмон ҳидларга қарши келади. Баҳир Домла бу каби мавзуларда ўжар кўринишни хоҳламасди. Оғзига бир қадаҳ ароқ олди. Фақат доктор домлани қитиқлаб бир неча томчи юттирди. Домла ютганини инкор этсада бу бир неча томчи унга бир нечта кўзанинг нашасини берди. Кула бошладик. Базмимиз давом этарди. Лекин калламиз қозон каби эди! Бу яшил жаннатда охири йўқ бир жаҳаннам шовқини бор эди: буюк ҳовузнинг ичида балки бир миллиёнта қурбақа овозларини борича ҳайқирардилар. Шу даражада эдики ҳатто бир биримизнинг нима деганимизни ҳам эшитмасдик. Доктор: — Оббо!.. - деди, буларни овозини қандай қилиб ўчирамиз? Қулоғимиз портлаб кетадику энди. Дарвишлар: — Нима қилсаларинг қилинглар лекин овозини ўчиролмайсизлар, дейишарди. Баҳир долмадан бошқа ҳаммамиз столдан турдик. Чунки ортиқ чидаб бўлмайдиган шовқин бошланганди. Тош, кесак нима топсак ҳовузга ота бошладик. Қурбақалар бизнинг бу ҳужумларимиздан ғазаблангандай яна ҳам баттар қуруллай бошладилар. Доктор газеталарни ёқиб уларнинг устига қўрқиб қочишсин, деб ота бошлади. Йўқ, йўқ…Нима қилсак қилайлик овозлари тинмас, яна зиёда қуриллай бошладилар. Мусиқани эшитиш алсо мумкин эмасди. Ичимиздагилардан биттаси: — Бу ердан қочишдан бошқа чорамиз йўқ!, - деди. — Қаерга кетайлик? — Ҳовуздан узоқ бир ерга… — Биз бунинг каби кўчиш музокараси қилар эканмиз наргиласининг ёнида эсимиздан чиққан Баҳир домланинг: — Ҳоҳласам уларни бир онда жим-жит қиламан, деганини эшиттик. — Қандай қилиб?... — Суфлайман. — Э қандай қилиб? … — Дарров жим бўлишади. Шовқиндан нашамиз қочганди, бирданига яна кула бошладик. Доктор: — Бу қурбақалар ярим бош оғриси эмаски бир нафасда тўхтасин, дерди, булар бош балоси. Фақат Баҳир домла яна ғазабланган Қоракўз каби шижоатланди. Муштини чўзиб ҳаммамизни эътиқодсизлигимиз учун сўкарди. Унинг бақириши бир тарафдан, бир милён қурбақанинг чиқарган шовқини бир тарафдан…Валҳосил қоришиқ бир ур-тўполон давом этарди. Ўтиришимизнинг нашаси қолмаганди. Баҳир домла: — Ҳамма жойига ўтирсин, деди, мен ҳовузнинг бўйига бориб дам урай. Жим бўлишмаса юзимга тупиринглар…. — Ҳа майли майли бўлмаса домла… Ишонмаётгандик, лекин бир масхара бўлар, деб жойимизга ўтирдик. Домла ўрнидан турди. Наргиласини қўлига олди. Бизга орқасини ўгириб олганди. Сувга қараб суфлаганини кўрдик. Орадан бир дақиқа ўтмади. Қурбақалар бирданига жим бўлишди. Каттакон ҳовуздан тиқ деган овоз чиқмасди. Ҳайрон бўлиб қолдик. У эса муштини кўтариб зафар қозонган кишидай қайтиб келди. — Нима қилдинг, худо ҳаққи!, - деб сўраганларга эса: — Кўрмадиларингми. Кўзларингга ҳам ишончларинг йўқми, дам урдим, - деб жавоб берди. Ярим соатдан кейин қурбақалар яна сайрай бошладилар. Ортиқ қўрмасдик. Баҳир домла ўрнидан туриб ҳовузнинг бўйига борар, бир нафасда қурбақаларни тинч қиларди. Ҳовуз тарафга кетаркан, севимли наргиласини “мастсизлар, синдириб қўясизлар”, деб ёнимизда қолдирмасди. Оқшомгача кўнгилҳушлик қилдик. Баҳир домланинг дам уришига Алеко ҳам ишонди. Доктор бунга ишонмас, лекин кўзи билан кўрган натижани ҳам инкор қилишга жасорат этолмасди. Шу ерлик хизматчилар ҳайратга тушиб қолишганиндан бошқа ароқ ичишга журъат этолмадилар. Бектоший дарвишлари ўйчан-ўйчан нафас эгасига қарашар, ким билади ичларидан нималар дейишарди. Эртаси куни қаҳвахонада Баҳир домла билан ёнма-ён ўтириб Истамбулдан келган газеталарини ўқирдик. Мен ўқиганларимни тушунмас, унинг Бектоший Такясидаги қурбақаларни буйруқ бергандай жим қилганини ўйлардим. Тўғридан-тўғри сўрасам аминманки яна “Кўзларингга ишонмайсанми, дам урдим, кўрмидинг?” деб мени ҳам қурбақалардай жим қилиши аниқ эди. Фақат мен овсар эмасдим. Унга зеҳний, илмий бир тузоқ қурдим. Авваламбор газеталарни столга қўйдирдим. Ғоят тотли, руҳлар ҳақидаги суҳбатга бошладим. Бунақа мавзуларга жуда қизиқарди. Ҳайвонларда руҳ бўлмаганлигини, махлуқотларнинг маънавият ташқарисида худди ўсимликлар каби яшашларини англатардим. — Мен ҳам бу фикрдаман, - деди. — Йўқ, ёлғон айтяпсан, - дедим. — Худо ҳаққи… — Йўқ ёлғон…. — Қаердан биласан? — Чунки сен қурбақаларга дам урдинг. Демакки ҳайвонларнинг маънавият ташқарисида яшашларини билмайсан. Қўлларини столнинг устидан тортди. Орқасига суянди, ўйланди. Кўзларимга тикка қаради. Пастга тупирса соқоли, юқори тупирса мўйлови эди. Шунақанги вазиятга солган эдимки….Қалин қошларини чимирди: — Мен қурбақаларга дам урмадим!, - деди. — Э бўлмаса қандай қилиб жим қилдинг уларни? Баҳир домла оғзини очолмасди, чунки тузоққа тушганди. Ўз ақлига қараб, ё жоҳиллигини қабул қилиши, ёки ҳақиқатни сўйлаши керак эди. — Айт бўлмаса, нима қилганинг учун қурбақалар жим бўлиб қолишди? — Ҳм, ҳалиги азизим…..Овсармисан? Дам деган нарса бўладими?... Ҳалиги нима қилгандим а…. — Нима қилдинг? — Наргиланинг шлангини кўлга ташладим… — Ҳаа? — Қурбақалар уни илон деб ўйлашди. Тезда кўл тубига қочдилар. …Фақат қасаба ҳаётининг бир хусусиятларидан бири ҳам сир сақламоқдир. Баҳир домла: “Соф кишиларнинг эътиқодларини бузмаслик керак. Уларга илмий ҳақиқатларнинг кераги йўқ. Зинҳор, шлангни қурбақаларга кўрсатганимни ҳеч кимга айтма. Майли қўявер дам урди, деб ўйласинлар. Мен бу сирни ҳеч фош этмадим. Бутун қасаба халқи домланинг нафас кароматини эшитди. Ҳатто Бекташийлар ҳам бунга шоҳид эдилар. Докторнинг ҳам шубҳалари секин-секин юмшади, йўқолди. Баҳир домланинг бир суфлаш билан қурбақаларни жим қилганлигидан гап кетгани замон бечора бўйнини букиб: — Дунёда қанчалар мажҳул нарсалар бор. Илмимиз эса бу мажҳулларнинг юз миллиёнда бири ҳам эмас!..., - дер ва у ҳар пайтдаги шўх қаҳқаҳасини отолмасди… ↑ Жезбейи Раҳмон - Оллоҳнинг ишқидан ҳушдан кетиш ↑ Жезвейи Раҳман - Қаҳва қайнатадиган идиш. ↑ Мебни алейҳ, мебни биҳ, мебни леҳ - Унга қарши қилинган, Ўзига қарши қилинган. Унинг фойдаси учун, фойдасига. ↑ Қоракўз - Турк фолклорида қўғирчоқ ўйнатишнинг исми. ↑ Наргила - Асил ватани Осё бўлиб, “тўмбеки” номли тамаки турининг сувда сузиб чекилишида ишлатиладиган, шишадан қилинган идиш. ↑ Бектоший - Ҳожи Бектоши Валий тариқати. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57627 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36541 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23161 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21584 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |