Онт (ҳикоя) [Umar Sayfiddin]

Онт (ҳикоя) [Umar Sayfiddin]
Онт (ҳикоя) [Umar Sayfiddin]
Мен Гўнанда[1] туғилдим. Йигирма йилдан бери кўрмаган бу қасабам хаёлимда саробдай туюларди. Туғилган жойимнинг хаёли анча аввал кўрган тушимдай туюларди. Ўша пайтлар юзбоши[2] бўлган дадам билан бирга ҳар доим ёнидан ўтган бозор олдидаги масжидни, унинг қаршисидаги кичкина, ҳароб шодирвонни[3], ичида минглаб ёғоч бўлаклари сузадиган дарёчани, базан ювинишга борган иссиқ сувли хаммомнинг чуқур ҳовузини эслашга ҳаракат қиляпман. Фақат кўп нарсаларни аниқ эслай олмасдим, оппоқ туман кўз олдимга йиғиларди. Бу туман ёдимдаги рангларни ўчирар, шаклларни йўқ қиларди. Узоқ давом этган ғурбатдан сўнг, Ватанига қайтган киши туғилган ерининг уфқини қуюқ туман остида топиб, севган нарсаларини узоқдан кўролмагани учун қандай маҳзун бўлаётган бўлса мен ҳам худди шундай қизиқишга, сабрсизликка ўхшаш аламни ҳис қилардим. Ҳар оқшом сигир ва қўтослардан иборат поданинг ўтган чангли, тошсиз йўллар, йўсинли, қора керамитли томлар, йиқиладигандай турган буюк деворлар, кичкина тахта кўприклару охири бўлмаган далалар, пастак тахта деворлар, ҳамма ҳаммаси афсуски доимо бу туман ичида эриб кетарди.
Фақатгина уйимиз билан мактабимни кўз олдимга келтира оламан.
Буюк бир ҳовли…Ўртасида кўшк тарзида қурилган оппоқ бир уй….Ўнг тарафида эса ҳар доим ўтирадиган оқ пардали хонамиз…Эрталаблари онам мени чақалоқ каби деразанинг чеккасига ўтирғизиб дарсимни такрорлаттирар, сутимни ичирарарди. Бу деразадан кўринган ҳовлининг нариги тарафида тупроқ рангидаги бинонинг ойнасиз, ромсиз бир дона деразаси бор эди. Бу қора тешик мени жуда қўрқитарди. Овқатларимизни пиширган, кирларимизни ювган, отамнинг отига ем берган, ов итларига қараган ҳизматчимиз Абил Онанинг ҳар кеча англатган қўрқинчли, битмас-туганмас ҳикояларидаги айиқни қоронғу деразада кўргандай бўлардим. Бу ваҳима билан рўё тинглаш, унинг таъбирини айтиш қизиқишида бўлган бечора онамга ҳар куни эрталаб айиқли тушлар тўқир, йирик, қузғун айиқнинг мени ушлаб тоққа олиб кетганини, ўрмондаги инига яшириб, қўлларимни боғлаганини, бурнимни, дудоқларимни еганини, сўнгра Байрамич[4] йўлидаги сув тегирмонининг чархига отганини айтиб унга бир неча маротаба “Яҳшиликка бўлсин иншоллоҳ” дегизардим. Онам тушимнинг таъбирини айтар экан, менинг келажакда улуғ киши, буюк бек, машҳур олим бўлишимни, менга ҳеч кимнинг ёмонлик қила олмаслиги айтиб тасалли бергани замон ёлғон тўқиганимни унутар, қанчалар севинардим!
Қандай кўчалардан, ким билан кетардим? Билмадим…Мактабимиз бир қаватли, деворлари сувалмаган эди. Эшикдан киришда усти ёпиқ ҳовли жойлашган эди. Бироз илгарида кичкина, дарахтсиз бир боғ, богнинг орқасида эса ҳожатхона, таҳорат олиш учун каттакон сув тўлдирилган, жўмракли бочка турарди…
Синфда ўғил болалар билан қизлар аралаш ўтиришар, биргаликда ўйнашарди. “Катта муаллима” деб атаганимиз ўқитувчимиз эса қўлларига хина сурилган, сочи тўкилган, букри, бўйи узун, қари ва телбанамо хотин эди. Мовий кўзлари жуда кескин порлар, тумшуқ каби эгри, сариқ бурни билан туки тўкилган хоин калхатни эслатарди. Кичкина муаллим эркак киши бўлиб катта муаллиманинг ўғли эди. Болалар ундан ҳеч қўрқишмасди. Эҳтимол бироз телбароқ эди. Мен орқадаги қаторларда, катта муаллиманинг ҳатто энг узун таёғини еткиза олмайдиган ерда ўтирардим. Қизлар балки сочларимнинг очиқ сариқ бўлганиданми мени доим ”Оқ Бек” деб аташарди. Ўғил болаларнинг каттароқлари исмимни айтишар, ёки “Юзбошининг ўғли” деб чақиришарди. Синф эшигининг очилмаган тарафида осилган “келди-кетди” лавҳаси япалоқ, жонсиз юздай бизга боқарди. Қалин деворларнинг шипга яқин тор деразаларидан кирган сўник ойдинлик тўхтамасдан бақирган, ҳайқириб китоб ўқиган болаларнинг ҳеч тинмас, кескин ҳайқириқлари билан аралашиб яна ҳам оғирлашар, лойқаланарди.
Мактабда фақат бир тур жазо бор эди: Калтак...Катта ножўя иш қилганлар, ҳатто қизлар ҳам фалақага ётарди. Фалақадан ҳамма қўрқар, титрарди. Кичик айбларнинг жазоси эса бир-бирига ўхшамасди. Кичик муаллимнинг оғир мушти…Катта муаллимнинг узун таёғи теккан бошни мутлақо шиширарди. Мен ҳеч калтак емаган эдим. Балки менга ён босишарди. Фақат бир марта катта муаллима ёлғон гапирганим учун қуруқ суяк қўллари билан чап қулоғимни чўзганди. Шунанги қаттиқ чўзгандики, эртаси кун ҳам қип-қизил бўлиб лов-лов ёнарди. Ҳолбуки айбим йўқ эди. Ёлғон гапирмагандим. Ҳовлидаги таҳорат бочкасининг жўмраги синдирилган эди. Катта муаллим бу ишни қилган кишини қидираётганди. Бу ишни қилган мовий нимчали, қизил белбоғли, касалманд озғин бола эди. Муаллимага хабар бердим. Айбдор фалақага ётқизиладиган эди, лекин у айбини инкор этди. Сўнгра бошқа бир бола чиқди. Жўмракни мен синдирдим, унинг айби йўқ, деди. Ерга ётиб, бақира-бақира калтак еди. Ўша пайт катта муаллима: “Нимага ёлғон гапириб, бу бечорага бўхтон қиляпсан?” деб қулоғимга ёпишди. Юзини буриштириб менга аччиқ қилди. Роса йиғладим. Чунки ёлғон гапирмаётгандим. Ҳа, жўмрагни синдираётганини ўз кўзим билан кўргандим. Кечки пайт дарс тугагандан кейин калтак еган болани тўхтатдим ва унга:
— Нима учун мени ёлғончига чиқардинг, - дедим, - жўмракни сен синдирмадинг-ку?
— Мен синдирдим…
— Йўқ сен синдирмадинг. Нариги боланинг синдирганини ўз кўзим билан кўрдим.
У оёқ тираб олмади. Юзимга қаради, бироз шундай тикилиб турди. Агар муаллимага айтмасликга онт ичсам, сирини айтадиган бўлди. Мен дарров онт ичдим, чунки бунинг сабабини ўрганишга қизиқаётгандим:
— Жўмракни Али синдирган эди, - деди, - мен ҳам биламан. Аммо у заиф, ҳам касал. Сен ҳам кўрдинг, фалақага чидаёлмасди. Балки ўлиб қоларди, ётоқдан энди турди ўзи.
— Аммо сен нима учун унинг ўрнига калтак единг?
— Нимага бўлсин. Биз у билан онт ичганмиз. У бугун касал, мен яхшиман, қувватим бор. Унинг ерига калтак ейиш билан уни ўлимдан қутқардим.
Айтганларини унчалик тушунмаганлигим учун такрор сўрадим:
— Онт нима?
— Билмайсанми?
— Билмайман!
У “мен билмайман” дейишим билан кулди, мендан узоқлашар экан жавоб берди:
— Бир-биримизнинг қонларимизни ичамиз. Ана унга “Онт ичиш” дейдилар. Онт ичганлар қондош ака-ука бўлади. Бир-бирларига ўлгунча ёрдам беради, ҳар таҳликада ёнига чопади.
Сўнгра диққат қилдим, мактабда бир қанча бола бир-бири билан онт ичиб қондош ака-ука бўлишган экан. Ҳатто баъзи қизлар ҳам ораларида онт ичишибди. Бир куни янги ўрганган одатимни қандай қилишларини кўзим билан кўрдим. Яна орқа қаторларда ўтиргандим. Кичик муаллим таҳорат олиш учун ташқарига чиққанди. Катта муаллима эса бизга орқасини ўгириб, шиллиққурт мисоли секин-секин намоз ўқирди. Иккита бола тахта сопли бир пичоқ билан қўлларини чизишди. Чиққан қизил томчи қонларни қўлларига чизган чизиқнинг устида суртиб аралаштирдилар. Сўнгра бир-бирларининг қўлларини шимдилар.
Онт ичиб қондош ака-ука бўлмоқ…Бу фикр мени ўйлантира бошлади. Агар менинг ҳам қондошим бўлса, муаллимага қулоғимдан торттирмас, эҳтимол фалақага ётадиган пайтим мени қутқарарди. Каттакон мактабнинг ичида ўзимни ёлғиз, ўртоқсиз, ҳимоясиз ҳис қилардим, онамга фикримни ҳар бола каби онт ичмоқчи эканлигимни айтдим. Онтнинг нима эканлигини таъриф этдим. Рози бўлмади. Онам: “Унақа муносиб бўлмаган ишларни хоҳламайман. Асло қилма бу ишни ҳаа…” деб койиди. Лекин мен уни тингламадим. Онт ичишга аҳд қилгандим. Фақат ким билан? Бир тасодиф, кутилмаган воқеа менга қон қардошимни белгилади. Жума кунлари ҳовлидаги қўшни болалар тўпланишарди. Кечга қадар бирга ўйнардик. Орқамиздаги уйларнинг эгаси Ҳожи Будакларнинг мен билан тенгқур ўғиллари бор эди, энг кўп унинг исми менга ёқарди: Мистиқ…Бу сўзни айтар эканман роса лаззат олар, исмини доимо такрорлардим. Шунчалар оҳангли ва жарангдор эдики... Қизлар бу гўзал исмга тўқиган қофияларни Мистиқни боғда, кўчада кўришлари билан бирваракайига айтишар эди, ҳалиям эсимда:
Мустафо Мистиқ
Аробая қистик,
Уч мум ёқтик,
Сайрига боқтик!,
дея бақиришар, қўлларини мушт қилиб унга қарши турар эдилар. Лекин Мистиқ ҳеч жаҳл қилмасди, аксига куларди. Биз ҳам уни кўришимиз билан бу шеърни бақириб айтар, маза қилардик.
Бу миттигина шеър хаёлимга ҳам таъсир этганди. Тушимда кўпгина орсиз қизларнинг Мустафани буюк муҳожир машинасида сиқиштириб олиб, атрофида учта мум ёққандан кейин уни томоша қилишганини кўрдим. Нима учун Мистиқ шунчалик одобли ўтирарди. Нимага бирдан сакраб қизларни калтакламас, сиқилиб ўтирган қатрон ҳидли машинадан қочмасди. Чунки у ҳаммамиздан қувватли эди. Худди исмидай ҳар тарафи юмалоқ эди: боши, билаклари, оёқлари, вужуди…Ҳатто қўллари…Бутун болаларни курашда енгарди. Ёзда ҳар жума куни эрталаб бир қучоқ тол шохи олиб келарди. Бу шохлардан ўзимизга от ясар, чавгон ўйнаб мусобақа қилардик. Мустафо мусобақада ҳам ҳаммамизни енгарди. Уни ҳеч биримиз тутолмасдик. Яна бир жума куни Мистиқ тол шохлари билан келди. Мен энг узунини ўзимга айирдим. Қолганларини болаларга тарқатдим. Бир пичоқ билан шохларнинг учларини кесар, қобиқларидан икки қулоқ, бир бурун чиқарар, худди отга ўхшатардик. Бу ишни энг яхши мен бажарардим.
Ўз отимни ясарканман, Мистиқ билан бошқа болалар навбат кутишарди. Қандай бўлганини сезмай қолдим, толнинг қобиғи бирдан ёрилди. Орқасидан сирғалган пичоқ чап қўлимнинг кўрсаткич бармоғини кести. Бирдан сувли, қизил қон оқа бошлади. Шу пайт калламга бир фикр келди: Онт ичмоқ…Бармоғимнинг ачишини унутдим. Мистиққа:
— Қани, нима бўлса ҳам бармоғим тайёр кесилди. Қондош ака-ука тутинайлик. Сен ҳам кес…
Мустафо иккиланди. Қора кўзларини ерга қадаб буюк, юмалоқ бошини чайқади:
— Бунақаси бўлмайди….Онт ичиш учун қўл кесиш лозим…
— Нима зарари бор, деб уни мажбур қилдим, қон эмасми? Ҳаммаси бир. Хоҳ қўлдан, хоҳ бармоқдан…Қани тезроқ бўл…
У рози бўлди. Қўлимдан олган пичоқ билан ўз қўлини анча чуқур қилиб кесди. Қони шунчалар қуюқ эдики, оқмас, бир томчи шаклида қавариб, йириклашарди. Бармоғимнинг қони билан аралаштирдик. Аввало мен шимдим. Қон тузли, иссиқ нарса эди. Сўнгра у менинг бармоғимни шимди.
Билмадим, орадан қанча вақт ўтди. Балки олти ой…Балки бир йил…Мистиқ билан қондош бўлганимизни деярли унутгандим. У билан яна ўйнар, мактабдан уйга бирга қайтардик. Бир куни ҳаво жуда иссиқ эди. Катта муаллима бизни ярим кундан кейин озод қилди. Худди пайшанба куни каби… Мистиқ билан кўчанинг чанглари ичида секин-аста юрардик. Мен фесимнинг[5] ичига рўмолчамни қўйгандим….Теримни артмаганим учун юзим жиққа ҳўл эди. Катта йўлдан ўтаётгандик. Бурчакда йиқилган деворнинг қолдиқлари бор эди. Бирданига қаршимиздан йирик, қора ит чиқди. У бизга қараб югуриб келарди. Орқадан кўринган бир неча одам қўлларида қалин таёқлар билан итни қувалашарди. Бизга: “Қочинглар, қочинглар, тишлайди!”, деб бақиришди. Қўрқиб кетганимиздан нима қилишимизни билолмай жойимизда қотиб қолдик. Мен бироз ўзимга келиб: “Войдод, қочайлик…” дедим. Кўзлари оловдай ёнган ит бизга етиб олганди. Худди шу пайт Мистиқ: “Сен менинг орқамга яширин!”, деб ҳайқирди, ўзи эса олдимга ўтди. Ит унинг устига ташланди. Дастлаб тезлик билан бир-бирларига урилишди. Сўнгра худди курашаётгандай тиккама-тикка келишди. Ит ҳам орқа оёғида тикка турарди.
Бироз шундай курашгандан сўнг иккаласи ҳам ерга юмалади. Мистиқнинг кичкина феси, мовий рўмолчаси ерга тушди. Бу жанг менга жуда узун туюлди. Титрардим. Таёқли амакилар етиб келишди. Итга қўлларидаги таёқнинг бор кучи билан бир неча маротаба уришди. Мистиқ итдан қутилди. Бечоранинг қўлларидан, бурнидан қон оқарди. Ит думини чотига қисиб оғзи ерда халлослаб қочди. Мистиқ эса: “Ҳеч нарса бўлгани йўқ… Ачимаяпти… Бирозгина чизилди…” дерди. Уни, уйига олиб кетдилар. Мен ҳам дарров уйимизга қараб чопдим. Онамга бошимга келганларни айтиб бердим. Абил Она мени дарров ерга ётқизиб узоқ муддат қовуғимга, “қўрқув” томирларимга босди. Шундай дуо ўқиб юзимга пуҳладики саримсоқ ҳидидан аксириб юбордим.
Эртаси куни Мистиқ мактабга келмади. Унинг эртаси куни яна келмади….Онамга Ҳожи Будакларнинг уйига бориб Мистиқни кўрайлик, дедим. “Касал экан болам, иншоллоҳ тузалгандан кейин яна бирга ўйнайсизлар, ҳозир уларни безовта қилсак уят бўлади”, деди. Ундан кейин мен ҳар куни эрталаб Мистиқни тузалган ҳолда кўраман, деган умид билан мактабга борардим. Фақат ҳайҳот…. У ҳеч келмади…Ит қутурган экан. Қаратиш учун Мистиқни Бандирмага[6] олиб кетишибди. У ердан Истамбулга жўнатар эмишлар.
Ниҳоят бир куни эшитдикки, Мистиқ ўлибди….
Саҳарлаб турганимда очиқ, булутсиз ҳаволар ҳаммада бўлгани каби менга ҳам болалигимни эслатади. Ёдимда азалий ва сафсар тонгнинг қизғиш мамлакатидай қолган туғилган жойларимни, кўз олдига келтиргим келади. Доимо фарқига бормасдан чап қўлимнинг кўрсатгич бармоғига қарайман. Биринчи бўғимнинг устида ҳалиям оқ чизиқ шаклида турган бу кичкина яра изи мен учун жуда муқаддасдир. Онти учун ўлган, ҳаётини маҳв этган қаҳрамон қон-қардошимнинг иссиқ лабларини такрор бармоғимнинг учида ҳис қилар, мени қутқариш учун ўзидан катта қутурган чўпон ити билан курашган арслон ва баҳодирнинг ҳаёлини кўргандай бўламан.
Ўз қавмимиздан, дуруст Туркликдан узоқлашган пайтимиз, баттар чириган чуқурларга юмалаган қоронғу жарликнинг, бу ахлоқсиз ва бузуқилик, вафосизлик, фақатгина ўз дардини ўйлашлик, пасткашлик, мискинлик жаҳаннамининг энг тубида маъюс ва шартланган, тўлғонаркан соф ва нурдан пайдо бўлган мозий, йўқолган бир жаннатнинг ҳақиқатдан узоқ бир сароби шаклида қаршимда очилар, мени овутиб бахтли қиларди. Соатлаб Мистиқнинг ҳотираси билан бу муҳтарам ва жўмард мотамнинг эскириб унутилгани сайин яна ҳам зиёда қиймати ортган тотли ва маҳзун ачиниши билан лаззатланаман…



↑ Гўнан - Туркиядаги Баликесир вилоятининг ноҳиялариндан бири.

↑ Юзбоши - Лейтенант

↑ Шодирвон - Масжидларда таҳорат олинадиган, атрофидаги жўмраклардан су оқадиган усти очиқ, кичик ҳовуз.

↑ Байрамич - Умар Сайфуддин яшаган жойдаги йўлнинг номи.

↑ Фесим - Қизил духобадан тикилган, тепасида попуклари бўлган, силиндр шаклидаги шапка.

↑ Бандирма - Туркиядаги Баликесир вилоятиниг ноҳияси.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика