Қалб драмаси ва нафосати [Umarali Normatov] |
Хожа Аҳмад Яссавий асрлар мобайнида туркий халқлар руҳоний ҳаётига раҳнамолик қилган ва ҳозирги даврларга қадар тасаввуф, адабиёт, маданият, ҳатто сиёсат жабҳасида таъсирини ўтказиб келаётган буюк сиймодир. «Яссавий — Исломга киришнинг охирги ва Исломиятнинг илк шоири-идеологи эдики, худди шу маънода буюк Шарқ Ренессансининг юзага чиқишида Дантега ўхшаб иш кўрмак унинг қисматига тушди», дейди профессор Яшар Қораев. Дарҳақиқат, Аҳмад Яссавий фақат янги тариқат яратувчиси сифатида эмас, балки туркий тасаввуф адабиётининг илк ижодкори сифатида ҳам улуғ ва унутилмас ишни амалга оширган. Машҳур мутасаввиф олим ва шоир Сўфи Оллоёр авлодларга Яссавий ҳазратларидан «улуғ бир китоб» мерос қолганлигини айтади. Бу — ҳикматлар мажмуаси эканлиги аниқ. Аммо ушбу нодир китобнинг қадимий қўлёзмаси сақланмаган. Сақланиб қолган бўлса-да, ҳалигача топилгани йўқ. Муаммоларнинг муаммоси ана шу. Аҳмад Яссавий адабий шахсияти ва ижодиётига иштибоҳли қарашлар, адолациз ва бирёқлама танқидлар, бир-бирига зид муноқашаю мунозаралар — буларнинг деярли ҳаммаси асосан ана шу заминдан пайдо бўлган. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, «Девони Ҳикмат» ва муаллифлик масаласи йигирманчи асрнинг бошларида Оврупо шарқшунослари томонидан ўртага қўйилган бўлиб, Яссавий адабий меросини таъқиқлаш ва таҳқирлашда шўро давлати бундан ниҳоятда моҳирлик билан фойдаланган. Оқибатда профессор П.М.Мелиоранскийнинг Германияда босилган «Ислом қомуси»даги ҳикматларнинг Қозон босмасига оид фикрлари аста-секин «Девони Ҳикмат»нинг илдизига умуман болта уриш даражасига етказилган эди. Ҳикматларнинг тили, услуби ва тарихи билан бошланган фикр-мулоҳазалар кейинчалик уларнинг ғоявий моҳияти, тарбиявий аҳамиятини кескин қоралаш билан уйғунлаштирилиб юборилганди. Фитрат домладек улкан олимнинг ҳам ҳикматларда ифодаланган диний-ирфоний ҳақиқатларга синфийлик нуқтаи назаридан баҳо беришлари — зўравон мафкура кўндаланг қўйган мажбурият эди. Буни бажармасликнинг эса иложи йўқ эди. Акс ҳолда, Фитрат домла, Яссавий ижодиётини ижобий баҳолашга уринган марҳум олимимиз профессор Эргаш Рустамовдан ҳам минг чандон оғир аҳволда қолишлари ҳеч гап эмасди. Бугун ҳаммаси жуда осон кўринади. Чунки Яссавий ижодиёти энди «хавфли майдон» эмас... Юртимизда яссавийшуносликдаги янгиланиш қайта қуриш ва ошкоралик ҳосиласи бўлиб, саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмидан кейин Яссавий мавзуида «Ёшлик», «Шарқ юлдузи» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бир қанча мақолалар эълон этилди. Баъзи матний хато ва нуқсонларидан қатъи назар, 1991 йили Тошкентда «Ҳикматлар» китобининг катта нусхада оммага етказилиши маданий ҳаётимиздаги муҳим ҳодиса ўлароқ эътироф этилганди. Бу китоб орадан уч йил кечгач, турк олими Эрхон Сазоий Тўпли томонидан сўзбоши ва шеърий матн тўлиқ таржима қилинган ҳолда Истанбулда нашр қилинди. Очиғини айтиш ва тан олиш керак, ўша ошкоралик даврида ҳам «Эртага Яссавийга муносабат қандай бўларкан? Қайси олимни галдаги қурбонлик кутаётир?» — дегандай ҳадиклар бор эди. Фақат мустақиллик зиёси барча ҳадик ва тўсиқларга тубдан барҳам берди. Ана шундан буён Аҳмад Яссавий ва издошларига бағишлаб жуда кўп илмий, илмий-оммабоп тадқиқотлар яратилди. «Девони Ҳикмат»нинг янги нашрлари, Сулаймон Боқирғоний, Азим Xожа Эшон китоблари чоп бўлди. Ўзбек олимларининг ўн бешдан зиёд маъруза ва мақолалари Туркияда босилди. Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг мумтоз адабиёт бўлими ходимлари амалга оширган ишлар бирма-бир саналса, ишонинг, мақтанчоқликка ўхшаб кетиши мумкин. Шунинг учун мен иккимингинчи йилдан кейин чиқарилган китобларнигина эслатиб ўтмоқчиман. Булар: «Хожа Аҳмад Яссавий: ҳаёти, ижоди ва анъаналари», «Аҳмад Яссавий», «Девони Ҳикмат» (янги топилган намуналар). Сўнгги китобдаги шеърлар ўндан ортиқ қўлёзма ва тошбосма нусхалардан териб-танлаб жамланган. «Девони Ҳикмат»нинг қиёсий-йиғма матнини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам ниҳоясига етай деб қолди. Умуман, адабиёт, тил, тарих, фалсафа, педагогика соҳалари мутахассисларининг яқин ўнйилликда яссавийшуносликка қўшган ҳиссалари бундай сарҳисоб этилса, Яссавий ижодиётини текшириш қандай илдамлаганлиги, қандай янги миқёс касб этганлиги ўз-ўзидан равшанлашади. Илмий аниқлик ва холислик бор жойда эса, тахминбозлик, тарафкашлик каби маҳдудликларга чек қўйилади. Бундан ташқари, бизда яратилган тадқиқотларга, айтайлик, тили тилимизга яқин, диний-ахлоқий қарашлари муштарак турк, уйғур, қозоқ, қорақалпоқ олимларининг муносабат ва эътирофлари билан ҳам қизиқилса зиён қилмайди. Дарвоқе, муайян мавзуда юзага келган илмий ишларни имкон қадар билишга жаҳд этмаслик, ҳукм ва хулосаларда адашиш ва чалғишга йўл очади. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»(2004 йил, 10 сентябр) газетасида босилган «Хорижлик яссавийшунос» номли мақола бунинг характерли бир мисолидир. Унда гўё америкалик шарқшунос Девин Ди-Уис фаолиятидан баҳс юритиш кўзланган бўлса-да, асосий мақсад бошқа. Яъни Девин Ди-Уиснинг тадқиқотларини ибрат билиб, шу баҳонада мустақилликдан кейин ўзбек яссавийшунослари яратган ишларни камситиш ва ҳеч иккиланмасдан уларга қўл силташга чорлашдир. Бунга асос нима? Бош асос — манба масаласи. Гўёки бизда яссавийшунослик «манбалар асосида эмас, балки Аҳмад Яссавий ижодини тавсиф ва тарғиб этиш йўлидан» борган эмиш. Шунинг учун «биз хорижий яссавийшунослардан ортда» қолган эканмиз. Қадимий манбаларга таянмасдан бирор-бир сўфий ижодкорнинг ижодини тавсиф ва тарғиб этиб кўринг-чи, нимага эришасиз? Қуруқ сафсата, ўлик ва тахминий гаплардан бошқа ҳеч нарсага. Илмда «ички манбашунослик», «ташқи манбашунослик» истилоҳлари қўлланилмаган бўлса ҳамки, америкалик олимнинг Яссавий ва яссавийлик тариқати ҳақида маълумот берувчи манбаларни «ички» ва «ташқи» деб иккига ажратишини мақола муаллифи муҳим ҳисоблайди. Девин Ди-Уис «ички» манба сифатида эса биринчи бўлиб XVI асрда яшаган яссавийлик тариқатининг шайхи Ҳазиний асарларини қайд этади. Улкан турк олими М.Ф.Купрулизода Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр» асари билан танишгач, ўзининг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» номли машҳур китобини ёзишга киришган. Шу фактнинг ўзиёқ яссавийшуносликда Ҳазиний мероси нечоғли қимматга эгалигини тасдиқлай олади, албатта. Ҳазиний асарларининг қўлёзмалари Туркия кутубхоналарида сақланади. Тўқсонинчи йилларнинг ўрталаридан эътиборан биз уларнинг фотонусхаларини олишга эришдик ва «Жавоҳир ул-аброр» ҳозир нашрга тайёр. 1999 йили ёш тадқиқотчи Н.Ҳасанов «Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир ул-аброр мин амвожил биҳор» асари ва унинг яссавийшуносликдаги илмий-тарихий қиммати» мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. «Аҳмад Маҳмуд Ҳазиний (ҳаёти ва ижоди)» (Тошкент, 2001) монографияси илм аҳли томонидан қизиқиш ила кутиб олинди. «Ўзбек тили ва адабиёти», «Тафаккур», Туркиядаги «Тасаввуф» илмий-академик журналларида эълон қилинган «Ҳазинийнинг «Манба ул-абҳор фи риёзил аброр» асари ҳақида», «Ҳазинийнинг «Жомиъ ул-муршидин» асарига доир», «Муршидлар силсиласи» каби мақолаларни манбаларга суянмасдан ёзиб бўлмаслигини англаш наҳотки қийин? Сўфий Муҳаммад Донишманднинг «Миръот ул-қулуб» асаридан Девин Ди-Уис фойдаланган бўлса, фойдалангандир. Биз эса уни нашр ҳам эттирдик. Шунингдек, Яссавийнинг пири Юсуф Ҳамадонийнинг «Рутбат ул-ҳаёт», «Одоби тариқат» ва Абдулҳолиқ Ғиждувонийнинг «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» рисолалари ўзбекчага таржима қилиниб чоп этилди. Булар ҳақида балки кимларгадир хабар етказиш ёки ҳисобот бериш керакдир? Ёки халқ мақолида таъкидланганидек, «олдингдан оққан сув» ҳақиқатда қадрсиз бўладими? Қадрсизлантириш майли шу қадар мароқбахшми? Бундан қарийб бир юз етмиш йил муқаддам Виктор Гюго «Санъат, бу — мен, фан, бу — биз» деган бир гапни айтган. Бундай ўйлаб кўрилса, шу учқур фикр фан ва санъат меҳнатининг ҳам ўзига хослиги, ҳам асосий фарқини англашга ундайди. Илмнинг бош шартларидан бири «субъектив алломачилик» кайфиятига қул бўлмасликдир. Доимий равишда фан билан машғул бўлмаган улкан ижодкорлар ҳам буни назардан соқит этмаганлар. Бу жиҳатдан буюк Гётенинг ўз илмий-тадқиқотлари тўғрисида: «... менинг ишим — кўпчиликнинг иши, бунда фақат Гёте деган ном меники», деган сўзлари эътиборлидир. Шунинг учун бирор-бир илмий мавзу юзасидан қатъий хулоса чиқаришда «Мен биламан» деган иқрордан кўра, «Мен нимани билмайман?», деб ўйлаш фойдалироқ. Айниқса, шу мавзуни ўзинг махсус ўрганмаган ва яратилган тадқиқотларнинг энг зарур қисмидан ҳам бехабар бўлсанг. Мафкура қолипларига мувофиқ келмаган ижодкорларни коллектив бўлиб қоралаш шўро сиёсати фанда жорий этган «усул» эди. Аҳмад Яссавий шахси ва ижодиётини қоралашда шу усулдан кенг фойдаланилганди. Кейинги пайтлари эса илмимизда кўпчилик заҳмат чекиб қўлга киритган ишларни алоҳида бир киши томонидан инкор айлаш ёки йўққа чиқаришга уриниш тез-тез кўзга ташланаётир. Асоси бўш бу «усул» яна Аҳмад Яссавийнинг адабий меросига татбиқ этилаётгани ҳайратланарли, албатта. Совет замонида қадимий манбаларга асосан Аҳмад Яссавийнинг ижоди ва ижодкорлигига иштибоҳни кучайтириш ғаразида суянилган бўлса, энди улар ўзга бир мақсад учун дастак қилинмоқда. «Агар биз Фитратнинг «Аҳмад Яссавий» ва «Аҳмад Яссавий мактаби шоирлари тўғрисида текширишлар» номли тадқиқотларини кўздан кечирсак, — дейилади мақолада, — олимнинг ўнлаб манбалар билан иш кўрганига гувоҳ бўламиз. Лекин кейинги йиллардаги тадқиқотларда ушбу манбалар билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар учрамайди». Мана, устод Фитратнинг «Аҳмад Яссавий» номли биринчи мақоласини олайлик. Унда на тарихий, на илмий, на тасаввуфий бирорта эски манбанинг номи ҳам, муаллифи ҳам тилга олинган. Бироқ, бу — Фитрат манба билан ишламаган дегани эмас. Балки марҳамат этиб ўша «ўнлаб манбалар»нинг номини айтинг, деганидир. Фитратнинг иккинчи мақоласида бир неча манбаларга мурожаат қилиниб, иқтибослар келтирилса-да, улардан бевосита Яссавийга тегишлилари бештага ҳам етмайди. Ҳеч шубҳасизки, «Ламаҳот» Аҳмад Яссавий ҳаёти, тариқати ва издошлари фаолиятини ўрганишда ниҳоятда қимматли манба. Ундаги зикри жаҳрия, шу силсила мансублари, Аҳмад Яссавийнинг насаби, каромат ва фавқулодда ҳоллари, ундан кейинги элликдан ортиқ тасаввуф олимларининг таржимаи ҳоли ва бошқа масалаларга оид мулоҳаза-маълумотлар ҳар қандай тадқиқотчининг фикр-қарашларини бойитади. Шу жиҳатдан у яссавийшуносликда таянч бир манба вазифасини ўтайди. Аммо тазкира ва маноқиб характеридаги бундай асарларнинг бирортаси ҳам Аҳмад Яссавийнинг адабий-ижодий қиёфасини ёрқин гавдалантириб беролмайди. Шунинг учун у ё бу манба билан шахсан танишмасдан талаб қўйиш ва кўрсатма бериш ҳеч вақт ўзини оқламайди. Қолаверса, соф тасаввуфшунос билан бошқа соҳа вакиллари — адабиёцҳунос, тилшунос ёхуд файласуфларнинг манбаларга муносабати ва эҳтиёжини асло қориштирмаслик керак, ҳеч пайт муболағага ҳам эрк бермаслик лозим. Фитрат «Ламаҳот», «Самарат ул-машойих» каби манбаларни таҳлил қилиб яссавия йўналишидаги ўнлаб шоирларни эмас, бор-йўғи олтита шоирнинг номини аниқлаган, холос. Рус тилшунос олими А.К.Боровковнинг 1948 йили «Совецкое востоковедение» номли китобда босилган мақоласига (А.Эшонбобоев мақоласида унинг номи негадир «Определение языка хикматов Ахмада Ясеви» деб кўрсатилган. Ҳолбуки, асосий сарлавҳа «Очерки по истории узбекского языка»дир — И.Ҳ.) фақат адабиёцҳунослар эмас, ўзбек тилшунослари ҳам танқидий муносабатларини билдиришган. Филология фанлари доктори, профессор А.Алиевнинг хулосаси бўйича, номи кўрсатилган тадқиқотида Боровков «Яссавий шеърларини таҳлил этганда, ундаги айрим мисралар турли нашрларда бир-биридан баъзи сўз, сўз формалари билан фарқланишига аҳамият бериб, кўпроқ «Боқирғон китоби»га қиёслаб, биртомонлама ўргангани яққол кўринади»(«ЎзАС», 1993, 29 октябр). «Хорижлик яссавийшунос» мақоласида менинг билганим-билган, айтганим-айтган қабилида иш кўрилиб, Боровков мақоласи хусусида билдирилган бирор-бир танқидий фикр ва мулоҳаза эътиборга олинмайди. Бу ҳам етмаганидек, рус шарқшуносининг асосий хулосалари бузиб баён этилади. Мана бу жумлаларга диққат қилинг: «Шарқшунос А.К.Боровков «Девони Ҳикмат» шеърларининг асосий қисмини XV асрнинг биринчи ярмида яратилган деган фикрни билдирган эди». Боровков эса «Девони Ҳикмат»даги шеърларнинг «асосий қисми XV асрнинг биринчи ярмида яратилган», деб айтмаган. Биринчидан, у Яссавий ҳикматлари асрдан асрга, авлоддан авлодга оғзаки тарзда етиб келиб, кўпсонли мухлислар, ўқувчилар томонидан кўчирилганлигини таъкидлаган: «Хикматы Ясеви передавалис изустным путем и переписывалис многочисленными читателями». Иккинчидан, «По всем признакам формироваця сборники хикматов стали не ранее второй половины XV в.», дейилган. Бу гап «ёзилган», «яратилган» деган мазмунни акс эттирмайди. Мустақил шеър яратиш билан, халқ орасида тарқалган мавжуд шеърларни жамлаб тўпламлар тузиш тамоман бошқа-бошқа ҳодиса. А.К.Боровков домланинг меҳнати, холислик билан баён қилинган фикр-мулоҳазаларини қадрлаш жоиз. Айни пайтда унинг тасаввуф ва тасаввуфий адабиёт мутахассиси бўлмаганлигини ҳам унутмаслик лозим. Бунга ишонч ҳосил этиш учун олимнинг мазкур мақоласидаги бир қанча фактларга эътибор бериш етарлидир. Масалан, у Муҳаммад Олим Ҳожининг «Ламаҳот мин нафаҳот ил-унс» асарида Ҳикмат мажмуаларида тез-тез учрайдиган Яссавийнинг икки шеъри ўрин олганлигини айтиб, қуйидаги байтни иқтибос келтиради: Ориф ишқи жон мулкида алам торца, Ўн саккиз минг қамуғ олам булбул бўлур. Бу байтдан маъно чиқариш қийин. Зеро, ишқ ҳеч пайт «жон мулкида» алам тормайди — дард, алам қўзғайди. Оламнинг «булбул» бўлиши ҳам тасаввурга сиғмайди — у жўшиши, ғалаён қилиши мумкин. Байтдаги маъно ориф ошиқнинг ҳол қуввати ва унинг ташқи оламга таъсир ўтказиши ҳақида бўлиб, «Ламаҳот»да: Ориф ошиқ жон мулкида алам торца, Ўн саккиз минг қамуғ олам ғулғул бўлур, — деб битилган. Ёки «Ҳар ким кўрсанг Xизр бил, ҳар тун кўрсанг Қадр бил» байтини у: «всякого, кого ты увидиш, чти за Xызра, всякой ночи, которую ты видиш(переживаеш) знай цену», деб таржима қилганки, Қадр тунига ишорат инобатга олинмаган. Бу эса мисра мазмунини жўнлаштирган. Тасаввуфий шеър матнининг ўзига хос талаб, қонуният ва мураккабликлари бор. Фақат манба кўриб, тасаввуфга доир умумий маълумотларни ўзлаштириб матн таҳлилида ютуққа эришиш амри маҳол. Афсуски, бунга мисол кўп. Аҳмад Яссавийнинг муаллифлигига дахлдор «ески пластинка»ни қайтаришга жаҳд айлаш ҳам ана шу ночорликни хаспўшлашга уринишдан бошқа нарса эмас. Ахир, «Девони Ҳикмат»нинг қадимий нусхаси йўқ деб қўл қовуштириб ўтириб бўлмаслигини нуфузли тадқиқотчи олимларимиз қайта-қайта гапиришган. Филология фанлари доктори А.Ҳайитметов домла яқиндагина босилган «Яссавий сатрларидаги фарқлар» номли мақоласида «Яссавийнинг тасаввуфий дунёқараши, фикр ва мулоҳазалари унинг шеърияти орқали ифодаланган ва намоён бўлган. Бинобарин, унинг сўфийлигини, донишмандлигини тан олиш, шеъриятини ҳам тан олиш деган гапдир», — деб ёзади. Айрим чет эллик олимлар, жумладан, Девин Ди-Уис ҳам худди мана шу ҳақиқатни тан олмаслик тарафдори. Унингча, «Бугунги кунда «Девони Ҳикмат» номи билан машҳур бўлган шеърий компиляция (иқтибос) одатда Аҳмад Яссавийга нисбат берилади, аммо яссавия тариқатининг ички манбалари ҳам ушбу тўпламнинг Аҳмад Яссавийнинг индивидуал ижоди маҳсули эканлигини шубҳа остига олади». «Шубҳа остига» олинишлар янгилик эмас ва улар, эҳтимол, ҳали анча давом этар. Лекин «Ҳикматлар» китоби кейинча тил жиҳатидан ва маъно томонидан қанчалик ўзгаришларга дучор бўлмасин «унинг асл вазни аввалги ҳолича қолган»лигини (Мақсуд Шайхзода) биламиз-ку! Ҳикматларнинг ғоя ва образлар таркибини тамоман ислоҳ қилиб ёки бутунлай ўзгартириб бўлмаслигига наҳотки фаҳмимиз етмаса? Сўфи Оллоёр бир буюк китоб кимдан ёдгор қолганлигини сўзлаган: Яссавийданми ёки унинг «компиляция»чилариданми? Шайбоний ва Убайдий Яссавийни шарафлаб ҳикматлар таъсирида шеърлар яратганида уларга «индивидуал ижод маҳсули» деб қарамаганми? Бу ва шу каби яна кўплаб саволлар Девин Ди-Уиснинг нуқтаи назарига иштибоҳ билан қарашни талаб этади. Очиғини айтганда, унинг асосий хулосалари ё Фитрат ёки Боровков хулосаларининг қайтариғидир. Масалан, Фитрат домла: «Қўлимизда бўлғон «Тазкират ул-авлиё»ларнинг ҳеч бири Аҳмад Яссавийнинг «ҳикмат»ларидан хабар бермагани ҳолда, ҳаммалари Ҳаким Сулаймон отанинг кўб «ҳикмат»лари борлиғини бир оғиздан айтиб турадилар», деса, Девин Ди-Уис бундай дейди: «Аҳмад Яссавийга шогирд ҳисобланмиш Ҳаким отанинг шоирлиги хусусидаги маълумотлар манбаларда устозига нисбатан анча илгари ва кўпроқ учрайди». Шуми илмий янгилик? Девин Ди-Уиснинг «Машойихи турк и хваджаган: переосмысление связей между суфийскими традициями яссавия и накшбандия» (Суфизм в Сентралной Азии. Санкт-Петербург, 2001, стр. 211—243) номли мақоласида ҳам тасаввуф ва тариқатлар тарихидан хабардор кишининг фикр-қарашларини бойитадиган зўр бир илмий янгилик учрамайди. Қаерда ва қайси тилда бўлмасин, юртимизда кечган тасаввуф жараёни ва ундаги тариқатлар ҳаёти ҳамда тарихи ўрганилган тадқиқотлардан хабардор бўлиш, албатта, фойдалидир. Аммо уларнинг илмий қимматини белгилаш, янгиликларини аниқлашда зинҳор-базинҳор ҳаваскорлик савиясига таяниб қолмаслик керак. Зеро, олимлик иқтидори бу — чумчуқни — лочин, лочинни — чумчуқ дейиш эмас: ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ ва ўзининг асл қиёфасида кўрсата олишдир. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |