Қодирий ҳақида қайдлар [Umarali Normatov] |
«Ўткан Кунлар» ва Қўрқув Салтанати ХХ аср ўзбек насрининг шоҳ асари «Ўткан кунлар» романи илк бор 1922 йили «Инқилоб» журнали саҳифалари орқали дунё юзини кўра бошлаган эди. Ўша дақиқалардан эътиборан бу асар миллатнинг ҳар бир зиёлиси, китобхони руҳиятига, маънавиятига, қолаверса, шахсий ҳаёти ва тақдирига қайсидир даражада дахлдор. 1952 йилнинг кеч кузи. Ҳозирги Амир Темур хиёбони ёнгинасида жойлашган САГУ (бугунги Миллий университет) биносининг иккинчи қаватидаги катта ўқув залида «Адабиёцҳуносликка кириш» фанидан маъруза ўқилмоқда. Икки ярим ойлик пахта терими ҳашаридан қайтган, маърузаларни соғиниб қолган биз — филология факултетининг биринчи курс талабалари — 64 та жон бир тан бўлиб бутун вужудимиз қулоққа айланиб доцент Зикриё Мирҳожиев сўзларини тинглаб ўтирибмиз. Шу пайт бирдан бино қасир-қусур, деразалар шақир-шуқур бўлиб, залда қий-чув кўтарилди. Мирҳожиевнинг қизиқ одати бўларди. Маъруза ўқиётганида доимо юриб, аудиториянинг у бошидан бу бошига бетиним бориб келарди. Ана шу тўс-тўполон онларида ҳам домла одатини тарк этмай, шитоб билан юришда давом этди. Шунда қизлар: «Домла, ер қимирлаяпти, зилзила бўляпти!» деб уввос солдилар. Домла эса парво қилмай юриб туриб: «Окўси, нима қилибди, ер бўлгандан кейин қимирлайди-да!» дедилар. Аудиторияда бирдан гуррос кулги кўтарилди ва шу орада ер силкиниши ҳам тинди. Орадан бир ҳафта ўтиб, яна «Адабиёцҳуносликка кириш» дарси, домланинг ўша-ўша шитоб билан юриб туриб маъруза ўқишлари... Бу галги дарс ўзгача тарзда тугади. Орамизда Самарқанднинг қайсидир туманидан келган Саримсоқов деган ниҳоятда кўп ўқиган, китоб жинниси бўларди. Исми хотирамдан кўтарилибди. Яқинда курсдошим Шерали Турдиевдан суриштирсам, у ҳам исмини эслолмади. Ҳар бир дарсда у албатта домлаларга қандайдир савол берар, кўпинча қалтис саволи билан манаман деган профессорларни ҳам довдиратиб қўярди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Дарс охирида: «Жулқунбой деган ёзувчининг «Ўткан кунлар» номли романи бор экан. Шу ҳақда маълумот берсангиз», деб қолса бўладими! Шунда нима бўлди денг? Ҳамиша, ҳатто таҳликали зилзила пайтида ҳам бетиним юриб турадиган Мирҳожиев домламиз таққа тўхтаб, савол берган талабага анграйиб-бўзариб қарадилар. Бир неча дақиқалик сукутдан сўнг домла: «Окўси, комсомолмисан?» деб сўрадилар. Тасдиқ жавобини олгач: «Комсомол совет студенти давлат университети аудиториясида бунақа саволни бермайди, коммунист совет доценти бунақа провакацион саволга жавоб қайтармайди», деди қатъий қилиб. Ўқув залида ўтирган талабаларнинг дами ичига тушиб кетди. Эртаси куни қалтис савол берган курсдошимиз дарсда кўринмади. Тўрт йил дараксиз кетди. 1956 йил баҳор кунларидан бирида у Чорсудаги ётоқхонамизга эгнида фуфайка, оёғида кирза этик афтодаҳол ҳолда кириб келди. Нима кор-ҳол бўлганини биз ҳам сўрамадик, у ҳам айтмади. Орада қандайдир ҳадик, қўрқув ҳукм сурарди, гап гапга қовушмади. Буни сезди шекилли, хушламаган меҳмонимиз: «Сафардан қишлоққа қайтишда сизларни бир кўриб ўтай дедим», дея тезгина хайрлашиб йўлга отланди. Ўтган тўрт йил давомида «Ўткан кунлар», «Жулқунбой» сўзларини тилга олиш тугул, ҳатто бу номларни эслашга ҳам қўрқардик. Гарчи тасодифий учрашувда бу номлар тилга олинмаган бўлса-да, бирданига улар хаёлимизни чулғаб олди. Бу пайтга келиб «халқ душманлари» саналмиш адиблар, жумладан, Қодирийга муносабат қисман ўзгара бошлаган, лекин барибир юртда қўрқув салтанати кезиб юрарди. «Қаллиқ Ўйин» Сурури «Дилхирож» филми, «Қаллиқ ўйин» спектакли томошаси пайти бирдан ўзимнинг никоҳ тўйим билан боғлиқ воқеалар ёдимга тушди. Тўрт йиллик Конибодом педбилим юрти, беш йиллик САГУ таълимидан сўнг Фарғона вилоятидаги шоир Муқимий «Ким кўрса ҳангу манг экан» деб таърифлаган она қишлоғим Рапқонга, ота-оналарим бағрига бориб мактабда ўқитувчилик қила бошладим. Ота-она орзуси, қолаверса, ўз майлим оқибати ўлароқ Бешариқдаги машҳур зиёлилардан Исоқов домланинг тўнғич қизига уйланадиган бўлдим. Ўзимиз «янгича» бўлсак-да, никоҳ тўйимиз «ескича», қишлоқ удумлари бўйича ўтди. Ўша кезлари бизда ҳам «қаллиқ ўйин» бўларди, бироқ «Дилхирож» ва «Қаллиқ ўйин» асарларидагидан бироз ўзгачароқ ўтарди. Куёвникидаги базмдан сўнг жўралари ҳамроҳлигида куёв келинникига йўл олар, у ерда ҳам қисқа, лекин жўшқин базм-зиёфат бўлар, ёр-ёрлар, ўланлар айтилар, сўнг куёвжўралар келин-куёв учун палаклар билан безатилган хос хонада куёвни ёлғиз қолдириб жўнаб қолишарди. Никоҳ, сўнг энг ҳаяжонли, «Ўткан кунлар»да тасвирланганидек келин билан куёвнинг илк висол дамлари бошланар, куёв уч кунгача келин хонадонида қолиб кетар, ундан кейин ҳафтасига икки бор то «келин туширар» маросимига қадар ойлаб келинникига қатнар, бу «қаллиқ ўйин» деб аталар, бу кунлар йигит билан қизнинг энг тотли дамлари саналарди. Шахсан мен ўша кунларни умримнинг энг файзли онлари, деб биламан. Қарангки, турмуш ўртоғим ҳам ўзимга ўхшаш китоб шайдоси экан, илк суҳбатимиз китобдан бошланиб, нуқул китоб устида давом этди. Билдимки, яқингинада ўрта мактабни битирган 17 ёшли бу қизнинг ўқимаган китоби қолмаган. Фақат русчага, араб ёзувидаги китобларга тиши ўтмас экан. Менинг арабча ёзувдан хабардорлигимни билгач, хона тўридаги тахмонга жойлашган сандиқни очиб, шоҳи рўмолга ўроғлиқ бир китобни олиб, менга тутқазди. Очиб, не кўз билан кўрайки, илк муқовасида Кумушбиби сурати солинган «Ўткан кунлар» — учта алоҳида китобдан иборат ўша ноёб хазина! Венерахон буни ўқиб берасиз, деб ёпишиб олди, мен жон деб унинг амрига бўйсундим. Бошда бир дақиқа қўрқув салтанати кўнгилга ғулғула солди, бироқ роман қаърига кириб борган сари қўрқувдан асар ҳам қолмади. Уч кеча-кундузлик «қаллиқ ўйин»имиз шу тариқа асосан «Ўткан кунлар» мутолааси билан ўтди. Шу кунлардан бошлаб ҳар иккимиз ҳам бир умрга «Ўткан кунлар» шайдоси ва тарғиботчисига айландик. Мен танқидчи-адабиёцҳунос сифатида «Ўткан кунлар», умуман Қодирий ижоди бўйича иккита китоб, кўплаб мақолалар эълон этдим. Венерахон Миллий университет филология факултетини тугатиб, 30 йил мактабда дарс берган бўлса, асосий дарси «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» теварагида борган. Дастур ва дарсликдаги «Она» романи, «В.И.Ленин» поемаси, «Йўлчи юлдуз» сингари мавзуларни апил-тапил номигагина ўтиб, уларга ажратилган соатларни ҳам Қодирий романларига бағишлагани учун неча бор дакки ҳам эшитган. Энг севимли набираларига Қодирий қаҳрамонларига эҳтиром юзасидан шахсан ўзи Отабек, Раъно исмларини қўйган. Ҳақиқат Нафсониятдан Улуғ «Қодирий боғи» китобининг бир неча ўринларида устоз Иззат Султонов фикрлари билан кескин мунозаралар бор. Менга кўп яхшиликлар қилган, ҳам номзодлик, ҳам докторлик диссертацияларимга расмий оппонент бўлиб, мени қўллаб-қувватлаган устоз олдида хижолат тортиб, бу китобни домлага туҳфа этишдан ийманиб юрардим. Шу орада устоз уйимизга телефон қилиб, бирдан: «Қодирий боғи»ни ўқидим. Табриклайман!» дедилар. Довдираб қолганимни сездилар шекилли, домла айтдилар: «Бир «дўстимиз» Қодирий ҳақидаги китобида Умарали Сизни роса дўппослабди, деб ваҳима қилди. Ҳеч ваҳима қиладиган жойи йўқ. Сиз билдирган эътирозли ўринларни ўзим тузатишим керак эди. Аслида менинг мақоламдаги Қодирийдан замонага мос жиҳатларни қидириш ўша кезларда улуғ адибни ҳимоя қилишнинг бир йўли — усули бўлган. У даврлар ўтди, энди Қодирий ҳақидаги бор ҳақиқатни айтиш, ёзиш имкони келди. Шу ишни Сиз қилибсиз, муборак бўлсин. Қодирий ҳақидаги ҳақиқат Сизу бизнинг нафсониятимиздан юқори туриши лозим. Қодирий ва ҳақиқат ҳимояси йўлида мени ҳар қанча танқид қилсалар, бундан заррача хафа бўлмайман...» Бу сўзларни эшитиб лол бўлиб қолдим. Чинакам устозлар қалби нақадар кенг, адолат, ҳақиқат туйғуси улар учун ҳар нарсадан муқаддас! Афсус, биз ҳали улар даражасига етишимизга бир неча қовун пишиғи бор. Адибнинг Туғилган Ой-Куни Абдулла Қодирий таржимаи ҳолида: «яқинларимнинг сўзларига қараганда, мустабид Николайнинг тахтга ўтирган йилида туғилғонман», деб ёзади. Тарихдан маълумки, Николай II — Россиянинг охирги императори 1894 йили тахтга ўтирган; демак, Қодирий айни ўша йили дунёга келган. Адиб туғилган йилнинг ой-куни хусусида ёзувчининг катта ўғли Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» китобида «Қайбир вақт дадамдан: «Қайси ой-кунда туғилгансиз?» деб сўраганимда, у киши кулиб, «Ўрик гулида туғилганман. Тахминан ўнинчи апрелда бўлса керак», деганлари ёдимда...» Ҳабибулла акага шу хусусда эътироз билдириб, ўттиз йилдан бери Тошкентда яшаб, бирор марта апрел бошларида ўрик гуллаганини билмайман, одатда ўрик март ойида гуллаб 10 апрел атрофида довучча тугиб бўлади. Бу пайтда эса олма, аниқроғи беҳи қийғос гулга киради. Дадангиз «беҳи гулида» деб айтмаганмиканлар, деганимда, у киши: «Дарвоқе, гапингизда жон бор, эҳтимол, дадамнинг сўзларини янглиш эшитгандирман, шу жумлани тузатиб қўйиш керак экан», дея жавоб қайтарган эдилар. «Ўткан Кунлар» Қачон Ёзиб Тугалланган? «Ўткан кунлар» илк бор «Инқилоб» журнали орқали дунё юзини кўра бошлаган бўлса-да, асар олдинроқ — 1920 йили ёзиб тугатилган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Биринчиси: «Инқилоб» журналининг 1922 йил 9-10-қўшма сонида эълон этилган «Ўткан кунлар»дан боблар аввалида «Ёзғувчидан» деб номланган сўз боши — изоҳнома келтирилади. Унда: «Тошканд, декабр, 1920 нчи йил» деган маълумот бор. Кейинчалик «Ўткан кунлар»нинг китоб ҳолидаги нашрида ҳам ўша сўз боши — изоҳнома бир оз таҳрирлар билан берилган. Бироқ охиридаги макон ва санага оид маълумот негадир тушириб қолдирилган. Адабий тажрибадан биламизки, бу хилдаги сўз боши — изоҳнома одатда асар ёзиб тугатилгандан кейин битилади. «Меҳробдан чаён»да ҳам айни шундай. Иккинчиси: «Ўткан кунлар»нинг 1925 йилги алоҳида китоб ҳолида чиққан биринчи бўлимига сўнгсўз тариқасида ёзилган «Узр» сарлавҳали изоҳномада «Рўмон деб сизга тақдим қилинған бу нарса дунёға келиши биланоқ бахцизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди» дейилади. Учинчиси: «Ўткан кунлар» охирида «Ёзғувчидан» деган мухтасаргина сўнгсўз мавжуд. Унда шундай дейилади: «Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисида суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдир. Ўғулларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ному нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар». Бу маълумотлар айни 1920 йил охиридаги вазият, руҳ-кайфиятни ифодалайди, улар айни ўша пайтнинг гаплари. Демак, адибнинг ўзи айтган иқрорлари, маълумотлари «Ўткан кунлар» романи 1920 йил охирида ёзиб тугалланган, деб узил-кесил ҳукм-хулоса чиқариш учун тўла асос беради. Тўғри, асар матни устидаги ишлар кейин ҳам давом этган. Лекин роман айни ўша санада ниҳоясига етган. «Ўткан Кунлар»нинг Асл Матни Муаммоси Абдулла Қодирий олти жилдлик «Тўла асарлар тўплами»нинг I жилди 1995 йили чоп этилди-ю, афсус, бу хайрли иш молиявий сабабларга кўра тўхтаб қолди. Адибнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини ўз ичига олган 1992 йили нашр этилган китоб ҳозирча Қодирий романларининг асл нусхаси сифатида қабул қилинмоқда. Бу хусусда ўйлаб кўрадиган бир қатор жумбоқлар бор. Тўпламда негадир «Ўткан кунлар»нинг ёзувчи ҳаётлик чоғида босилган сўнгги 1933 йилги лотин алифбосига асосланган янги ўзбек ёзувидаги нашри эмас, 1926 йилги нашри асос қилиб олинган. Ҳолбуки, бу нашрдан муаллифнинг мутлақо кўнгли тўлмаган. Қодирий юқорида эслатилган, «Узр» сарлавҳали изоҳномасида афсус-надоматлар билан роман «бу кун босилиши муяссар бўлғанида ҳам турлик зарбаларга учради; имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб (!) ажойиб бир қуроқ ҳолига келди, мусаҳҳиҳларимизнинг мусоҳалалари (бепарволиги) орқасида техника жиҳати кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир йўсунда чиқди», деб ёзади. Ёзувчи асарнинг кейинги нашрида имкон қадар йўл қўйилган хатоларни тузатишга уринажагини айтади ва айни пайтда «бундай хатолардан соф бўла олишиға ваъда бера олмаслиги»ни ҳам писанда қилиб ўтади. «Ўткан кунлар» нашрларини қиёсий ўрганиш, кузатишларнинг дастлабки натижалари шундан далолат бераётирки, романнинг 1926 йилги нашри матни ёзувчи кўнглидагидек амалга ошмаган. Романнинг тўлиқ ва асл нусхаси деб тақдим қилинган 92-йилги нашрини 33-йилги нашри билан солиштириб кўрганимизда, ҳар бир саҳифада ўнлаб, ҳатто юзлаб ўзгартириш, тузатишлар борлиги аниқланди. Ўзгартириш-тузатишлар фақат матн имлосигагина оид бўлмай, айрим саҳифаларда матн структураси, композицияси ҳам қайта ишланган. 92-йилги китоб охирида берилган «Ўткан кунлар» рўмонининг 1926 ва 1933 йиллар нашрларидаги тафовутлар» деб аталган изоҳда бундай ўзгартириш-тузатишларнинг юздан бири ҳам қайд этилган эмас. Шуниси муҳимки, 1933 йил нашридаги ўзгартириш-тузатишларнинг аксарияти роман матни бадииятини мукаммаллаштиришга қаратилган. Тўғри, 33-йилги нашри ҳам хато-қусурлардан холи эмас. Бир саҳифанинг ўзида бир сўз (масалан, «билан» сўзи гоҳ «билан», гоҳ «блан» тарзида) турли шаклда берилган. Сиёсатга дахлдор айрим кескин ибораларни бироз юмшатиш ҳоллари ҳам учрайди. Чунончи, Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабек билан учрашувда айтган ҳаяжонли нутқидаги «тўнғизхона» сўзи «оёқ ости» деб ўзгартирилган... Бу гаплар «Меҳробдан чаён» романи нашрларига ҳам тегишли. Xуллас, Қодирий романларининг ишончли асл матнини тиклаш борасида адабиёцҳунос-матншунослар олдида жиддий вазифалар турибди. Афсуски, «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён»дан бирор саҳифа ҳам қўлёзма — автограф сақланиб қолмаган, агар у топилса, бу борадаги кўп чалкашликларга ўз-ўзидан аниқлик киритилган бўларди. Умидли дунё дейдилар. Изланишда давом этайлик. Зора, мўъжиза юз бериб, асл матн топилиб қолса... Москва Таълими Самаралари Қодирий ўзгаларга ҳам, ўзига ҳам ниҳоятда талабчан, ҳамиша янги замон даражасида фикрлашга мойил зот бўлган. Адиб таржимаи ҳолида янги замон ўзгаришлари «баробарида маданий, илмий эҳтиёжлар ҳам ўсгани»ни айтиб, сўнг бундай ёзади: «Мен тартиблик мактаб кўрмаган нодон бир йигит эдим. Унча-мунча билган нарсаларим ҳам ўз тиришувим орқасида замон шароити ва мажбурияти остидағи чала-чулпи гаплар эди. Кейинги кунларда нодонлиғим ўзимга қаттиқ ҳис этила бошлаб, бу ҳол билан узоққа кета олмасимни сездим. Ва 1924 йилда хизматимдан жавоб олиб, Москвага ўқишга кетдим». Хўш, Қодирий Москвада қайси ўқув даргоҳида ўқиган? Кейинги 30-40 йил давомида чиққан Қодирий таржимаи ҳолига оид кўп ишларда у Валерий Брюсов номидаги журналистлар институтида ўқигани айтилади. «Ўзбек совет энциклопедияси»даги (1971) «Абдулла Қодирий» мақоласида эса Қодирий «Москвада Валерий Брюсов номли Адабиёт институтида ўқиди» дейилади. Бу маълумот ҳақиқатга яқин, деб ўйлайман. Тарихдан маълумки, В.Брюсов 1921 йили Москвада Олий адабий-бадиий институтни ташкил этган, кейинчалик у Бутуниттифоқ адабий-бадиий институти (ВЛХИ) деб аталган. Ўша йиллари бу институт жаҳон адабий-бадиий тафаккури марказларидан бири, замонавий жаҳон адабиёти, санъати, фалсафасига доир қарашлар, жўшқин баҳс-мунозаралар маскани саналган. В.Брюсовнинг ўзи ҳам бу даргоҳда маърузалар ўқиган. Қодирий уни кўрганми, маърузаларини тинглаганми, бу хусусда бир нарса дейиш қийин, чунки Қодирий институтга кирган ўқув йили бошларида — 1924 йил 9 октябрда бу киши оламдан ўтган. Лекин, аниқки, В.Брюсовга хос тафаккур, баҳс-мунозаралар руҳи бу даргоҳда давом этган. М.Горкий уни «Россиядаги энг маданиятли ёзувчи» деб атаган. Ўз даврида у «модернистик адабиётнинг лидери», «рус символизмининг доҳийси» саналган. Янги ўзбек шеърияти намояндалари, жумладан, Ойбек В.Брюсовдан таъсирланиб, 20-йиллари мароқли изланишлар олиб борган. Бу даргоҳдаги таълим Қодирий қарашларида, ижодий тақдирида чуқур из қолдирган. Ҳ.Қодирий «Отам ҳақида» китобида Қодирийнинг институтда тинглаган лекцияларидан ёзиб олган конспект дафтарларини неча бор қизиқиб ўқиб чиққани ва уларни 1945 йилгача авайлаб сақлагани ҳақида гапириб, сўнг бундай ёзади: «Русча ёзилган конспектда дунё адабиётидаги баъзи оқимлар ҳақида баҳс боради. Масалан, реализм, идеализм, романтизм, футуризм каби оқимлар; уларнинг кузатган ғоялари, қонуниятлари ва бу оқимларга мансуб кўзга кўринган ёзувчилар қисқа-қисқа баён қилиб ўтилади...» Бундай ўқиш-ўрганиш самараси адиб фаолиятида яққол кўринади. Қодирийнинг 1925 йилдан кейин ёзган адабий-танқидий мақолалари, хусусан, унинг реализм, янгича адабий-бадиий оқимлар ҳақидаги қарашлари ўша давр замонавий адабий-танқидий тафаккури даражасида экани тасодифий эмас. Қозон Сафари Воқеаси Қодирийнинг 1936 йил ёзида Қозон сафари чоғи Амина исмли татар қизига уйланиб қайтгани ҳақида эшитган, бироқ унинг тафсилотларидан бехабар эдим. 1976 йил июнида бод касалига йўлиқиб, Xотинкўприкдаги касалхонада йигирма кунча даволанишимга тўғри келди. Ҳабибулла ака ўша кезлари бу ерда ишлар, ҳафтасига икки кун тунда навбатчи бўлиб қолар, қўли бўшади дегунча хонамга келар, тун бўйи суҳбатлашиб ўтирардик. Кунларнинг бирида Қозон воқеасини сўрадим. У киши хушламайроқ бўлса-да, бўлган воқеани батафсил сўзлаб бердилар. Ш.Турдиев «Маърифат» газетасининг 2004 йил 31 март сонидаги «Дўстлар қалбида» сарлавҳали мақоласида Қодирий-Амина воқеасига доир 1936 йилги Қозон сафарида Қодирийга ҳамроҳ бўлган Шокир Сулаймоннинг турмуш ўртоғи — татар аёли Зайнаб опадан ёзиб олган хотираларини келтирган. Ҳабибулла ака сўзлаб берган воқеа моҳиятан Ш.Турдиев келтирган хотирани тасдиқласа-да, бу ҳодисанинг талқини, тафсилотлари ўзгачароқ. Ҳабибулла аканинг айтишича, Аминанинг отаси Қозон яқинидаги Арча раёнига қарашли Качи овулида яшаган, маърифатли киши бўлган. Бу оила аъзолари Қодирий романларини ўзбек тилида қўлма-қўл ўқишган, айниқса, оиланинг эркатой, романтик табиат қизи Амина «Ўткан кунлар» қаҳрамони Отабекка, роман муаллифига ғойибона ошиқ бўлиб қолган. Ота Қодирийнинг Қозонга келганини эшитиб, уни овулга таклиф этган. Амина «Ўткан кунлар» муаллифини кўриб, ўзини қўярга жой тополмай қолади... Қисқаси, бу иш никоҳ билан якунланади. Қодирий Качида икки ҳафта меҳмон бўлади. Кейинроқ Качи таассуротлари ҳақида ажойиб бир мақола ёзади. Амина Қодирий билан Тошкентга келгач, тез орада Қодирийлар хонадонининг чин аъзосига айланади. Ниҳоятда ширинсўз, чаққон, озода, саранжом-саришталиги, пазандалиги билан обрў-еътибор топади. Афсус, бу тотли дамлар узоққа бормайди. Қодирий хасталикка учрайди, адиб устида ғийбат, ғалвалар, таъқибу таҳдидлар авжига чиқади. Адиб ҳибсга олиниб, бедарак кетгач, Амина Қозондаги қариндош-уруғларини бундан хабардор қилади. Аминанинг акалари Тошкентга келиб, уни юртига олиб кетадилар. «Наво Куйи» Гурунглари Ўтган асрнинг 60-80-йиллари Ғулом Каримов бошчилигида 8-10 кишидан иборат гап-улфатчилигимиз бўларди. С.Долимов, О.Шарафиддинов, Ҳ.Ёқубов, А.Алиев, С.Фузаиловдек устозлардан иборат бу даврага мен ва менга тенгдош икки-уч ёш домлалар ҳам таклиф этилган эдик. Ойда бир бор улфатлардан бирининг хонадонида ўтадиган гурунглар ғоят мароқли кечарди. Даврада албатта санъаткор — созанда ва хонандалар иштирок этарди. Машҳур созанда Турғун Алиматов иштирок этган гурунгларни эсласам, ҳамон кўнглим чароғон бўлиб кетади. Турғун акадек санъаткор Субутой домлани мумтоз куй, мақом бобида ўзига устоз деб атардилар. Субутой ака дуторда, Турғун ака танбур ёки сатода ижро этган куйлардан сел бўлиб тўлғонардик. Турғун ака ҳар гал «Ўткан кунлар»даги «Наво куйи» боби устида сўз очар, бу бобни ёд айтиб, мумтоз куйнинг сўз орқали бу қадар нафис, тиниқ, жонли ифодасидан ҳайратини тўкиб соларди. Субутой ака «Ўткан кунлар»да тасвир этилган дуторда чалинган куйни ёшлигида тинглаганини сўзлар, Турғун акадан уни тиклашни қайта-қайта илтимос қиларди. Турғун ака устоз илтимосини ерда қолдирмай, бу йўлда узоқ изландилар. Ниҳоят, улуғ созанда бир гал: «Устоз, дутор навосини топдим, «Ўткан кунлар»нинг ўзидан олиб тикладим», дедилар. Сўнг дуторни қўлга олиб, одатдагидек уни узоқ созлаб, Қодирий ёзганидек, дуторни созлаш учун реза куйлардангина олиб турган машшоқ биз кутмаган жойда «Наво»дан бошлаб юбордилар. Куй бошланиши биланоқ даврадагиларнинг вужуди «зирр» этиб кетгандек бўлди. Ниҳоят, эшилиб, тўлғаниб теварак-атрофга илоҳий бир сирли-сеҳрли садолар таратган дутор пардалари тинди. Субутой ака «Айни ўзи, қойил! Балли!» деб юбордилар. Суҳбат уланиб, замонавий адабиётга келиб тақалди. Турғун ака: «Ҳозирги ёзувчи-шоирлар асарларида мумтоз куйнинг шунақа тасвири борми?» деб сўраб қолдилар. Мен: «Бор! — дедим, китоб жавонидан Абдулла Орипов тўпламини олиб «Муножот»ни тинглаб» шеърини ўқий бошладим: Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй, Асрлар ғамини сўйлар «Муножот». Куйи шундай бўлса, ғамнинг ўзига Қандай чидай олган экан одамзод!» Ана шу сўнгги сатрларга келганда улуғ созанда: «Ҳа, бу шеърдаги «Муножот» тасвири «Ўткан кунлар»даги «Наво» куйи тасвиридан қолишмас экан», дедилар ўзларига хос босиқлик билан. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21837 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |