Новвой қиз (ҳикоя) [Abdulhamid Choʻlpon] |
I Қилғилик қилиниб, бечора қизнинг қизлиги олиниб, бўлар иш бўлиб битгандан кейин, иккаласи жимжит бўлиб икки томонга чўзилишдилар. Уйнинг ичи, ташқари ҳовли, кўча-кўй худди тонг отишидан сал бурунғи вақтлардай — чуқур, вазмин ва тинч бир жимликка ботқон эди. Баъзи-баъзидагина пастак пиромондан бир жуфт эр-хотин мусичаларнинг кукулашлари, қўшни ҳовлидан ёш болаларнинг ўйин устидаги шовқунлари, кўча томондан якка-ярим йигитларнинг кучсиз ва ғамли қўшиқлари эшитилиб қўярди. Дарвоза эшикнинг тор бир ёриғидан уй ичига жиндаккина ёруғлик тушар ва у ҳам ёлғиз қизнинг сўлғин юзини ёритарди. Сўфининг шомға айтган азони Ўлмасбойни қўзғотиб юборди. У секингина туриб, усти-бошини тузатди-да: «Қиз ухлаган бўлса, уйғотиб қўяйин!» деб унинг бошига келди. Қиз кўзи очиқ, эзилган, беҳол... чўзилиб, хаёлланиб ётарди. Оппоқ оқарган юзларини секингина Ўлмасбойга бурди. Хоин эркакнинг марҳаматсиз кўзлари билан алданган қизнинг сўник кўзлари бир-бирига йўлиқишди. Эркак мағрур. Заҳарли ва совуқ бир кулиш билан кулди. Қиз жуда оғир бир жирканиш билан юзларини бурди. Яна жим бўлдилар. Ўлмасбой қизнинг юзларига мағрурлик назари билан яна бир оз қараб турғач, шарпасиз қадам қўйиб эшикли теразага яқинлашди ва унинг бир қанотини секингина очди. Уй ичи бирдан ярақлаб кетди. Қиз тезгина очиқ-сочиқ ётган ерларини кўрпа билан беркитди-да, туриб ўтирди. Шу чоқ эшикни очқали бораётган Ўлмасбой билан қизнинг кўзлари яна учрашган эдилар. Қизга орқаси билан турғон Ўлмасбой ёлғиз калласинигина буриб, ҳалиги мағрур кулиш билан унга қаради: қиз бу сафар изтироб ва қийноқ аралаш бир юз билан тўппа-тўғри эркакнинг кўзларига тикилди-да, бўшанг бир овоз билан: — Нима қилиб қўйдингиз? — деди. Заҳарли ва мағрур кулишни яна бир оз кучайтира туриб Ўлмасбой ҳам безбетларча жавоб қайтарди: — Маза бўлди, қўя беринг... Қиз бу сўздан кейин жуда чуқур жирканиш билан юзини бурди ва титраган лаблари орасидан мана шу икки оғиз сўзни зўрға чиқара олди: — Маза бўлмай ўлсин, илоҳим! Ўлмасбой қизнинг бу сўзини бир ноз ва қизларга хос истиғно деб англаган эди. Шунинг учун хурсанд бўлиб бир кулди-да, эшикка қараб юрди. Ҳолбуки, эшикнинг бир қаноти очилган вақтда қизнинг кўзларидан йирик донали кўз ёшлари қаторлашиб туша бошлаған эдилар... Ўлмасбой эшикнинг ёнида туриб, орқасига ҳам қарамасдан: — Туринг, дарров усти-бошларишизни тузатинг. Хотинлар қовун сайлидан келишиб қолади. Мана мен эшикка чиқиб тураман! — деди. Шу гапни айтиб бўлди-ю, оёғини остонага қўйди ва ташқаридан туриб эшикни ҳам ёпди. Қиз куйикиб-куйикиб бир оз йиғлагач, ирғиб ўрнидан турди. Наридан-бери усти-бошларини тўғрилади. Асли ўзи ҳам усти-бошларини ечмаган, оч бўрининг чангалига кўчадан кслган бўйича тушиб қолган эди... Бутун борлиғида тўлиб-тошган изтироб ва ғазаб, ҳорғинлик ва дармонсизликни сездирмас эди. Бири токчада ва бири ерда ётқон паранжи-чимматни тезгина қўлга олди. Уйдан югурганича чиқиб кетмакчи бўлиб ўзини эшикка урди. Эшик қулфланмаған эди. Дарров очилди. Очиши билан эшикда Ўлмасбой кўринди. Шу қадар тезлик ва шошилишлиқ билан уйдан отилиб чиқаётган қиз қандайдир бир кучнинг таъсири билан етган жойида тўхтади ва кўз очиб юмгунча паранжисини ирғитиб уйга кириб келди. Унинг кетидан думма-дум Ўлмасбой ҳам кирган эди. Кўзлари бурунғидай ғурурли эмас, мардлик аралаш бир изтироб билан жуда «мўмин ва сўфи» бўлиб кўринар эди. — Ҳа, ойим қиз, йўл бўлсин? Жўнаб ётибсизми? Қиз «ойим қиз» деган икки оғиз сўзнинг биттадан иккита найза бўлиб танга ботганини сезди. У титради, лаблари елга йўлиққан яроқлардай дир-дир қалтирай бошлади. Кўкси қисилди, дами оғирлашди, ҳансиради. Шу ҳолда бир оз безгакланиб тургач, бирдан бақирди: — Имонсиз!.. Ўлмасбой бемалол кулиб туриб деди: — Ойим, сизга нима бўлди? Мусулмон, калимагўй одамни имонсиз дейсизми? Нима гуноҳ қилдик? Қиз қалтираб туриб токчадан бир пиёла олди ва титраган қўли билан Ўлмасбойга қараб ирғитди. Ўлмасбой салгина бир томонга синғайиш билан пиёлани ёнидан ўткарди-да, бу сафар баланд ғурур билан бир қаҳ-қаҳа отди. Денгиз шу қадар буюклиги билан ҳамма вақт қирғоқлардан енгилади. Аччиғи келганда, ғазаби қайнаганда зўр-зўр тўлқинлар кичик-кичик мавжларни қирғоқнинг тош-метин гавдасига қараб отади. Қирғоқ, юқориларга кўтарилиб кетган мармар қирғоқ, кошки пинагини бузса! Бечора тўлқинлар, мавжлар синиб майда-майда бўлиб, яна денгизнинг кўксига тушди. Денгиз уларни яна силаб-сипаб бошини бир ерга қовуштириб, тўплаб, яна қирғоққа отади. Яна бўлиниш, яна парчаланиш... Туганмас олишиш! Қиз — денгиз Ўлмасбой — қирғоқнинг пўлат танига кичкина бир пиёлани ёлғиз бир дафъагина отди. Шунда ҳам бу жонли қирғоқ чап берди-да, мўрига тегиб парчаланган бечора пиёла бўлди. Шундан сўнг қиз — денгиз ўз ожизлигини билди ва бутун қаҳри ва ғазабини ўз танига сингдириб олиб, паранжисини бошига ташлади-да, ғизиллаб эшикка чиқди. Оҳ! Зиндонга кирганларнинг осонликча чиқишлари мумкинми? Бўрининг чангалига «омон» сўзи аслида ёзилганми? Шер қўлига тушганни қўйиб юбориш учун яратилганми? Аждар агар бор бўлса, бутун шуҳратини марҳамат орқасида чиқарганми? Чуқур жарлар, юксак қоялар, ваҳимали учуримлар... Одам боласини юлиб, кўтариб, юксакларга олиб чиқмоқ вазифасини кўрадиларми? Қилич ўпиш берадими? Ханжар пешонангиздан силайдими? Чаён наштарга ўхшаш игнаси билан чокингизни тикадими? Йўқ!.. Қиз уйдан икки-уч қадам жилган эди... Орқадан ўша бурунғи кучли ҳирс билан келиб ёпишди. Омонсиз билаклар шу қадар «яхши» ишлар эдиким, қиз бечорага на бақириш, на чақириш, на қимирлаш ва на силкиниш учун озгина бир имкон қолмаган эди. Бояги уйда, бояги жойда, бояги эркак боягидай босди.... Қовун сайлидан келадиганлар — келмас бўлганлар, тан ва тан бўлаклари кучли эркакнинг истакларига тугал бўйин эгиб кетган эдилар... Бу сафар қиз тез қўзғалди. Дарров турди, уст-бошини тузатди, паранжини қўлга олди ва шамол тезлиги билан уйдан чиқди. Орқасидан Ўлмасбой ғурур аралаш қаҳ-қаҳа билан гапириб қолди: — Ойимтилла! Бекор кетаётирсиз! Бу кун хотинлар қовун сайлидан келмайдиган бўлибдирлар. Қолсангиз тонг отгунча базм қилар эдик. Маза бўлар эди... Қиз кўча эшикка етганда ичкаридан Ўлмасбойнинг бақирғони эшитилди: — Новвой қиз! Нон тўла саватинг қолибдир! II Ярим сўмга етар-этмас пул билан қиз бечора уйига келган вақтида онаси — кампир ўлим тўшагида ётган эди. Офтобда қатиқ ичишган қариндошларидан бир кампир уч-тўрт кундан бери касалга қарайди. Касал бу кун хўрдасини ҳам ичмаган, уни қизга қолдиргандир. Бўлмаса, қиз балки иссиқсиз қоларди... Ўлим олдидаги онанинг бош томонида ўтириб, қуруқ сувдан қайнатилган бемаза хўрдани ичаётган, шу кампирдан бошқа бу дунёда ҳеч кимсаси бўлмаган бечора қиз ўйлайди: «О... бечора онам! Ўлим олдида ҳам ўз насибасини менга беради. Оҳ! Мундан кейин кимнинг насибаси билан тўяман!..» Ўй мундан нари ўтгач, ойсиз тунлардай борган сари қораяди. Кўчаларда судралиб, ҳар бир йўлиққанга сотилиб, «севган»дан ўпиш, «севмаган»дан қўпол бир туртки еб яшаш кўз олдиға келади. Сўфи одамларни «фаллоҳ» (қутулиш)га чақирган вақтида кампир ҳам... узилди. Энди қиз бечора ҳали қанотини ростламай туриб онасини ва уясини йўқотиб қўйган қушдай бўлган эди... Она ўлди. Ҳеч ким билмасдан, сезмасдан кўмилди... Кампирнинг ҳеч кими йўқ эди. Лекин кампирнинг «ҳар кими» бўлганда ҳам унинг кўнини ҳам билмаган эди. У онасини ўзининг аламли кўнглида аллақачон... аллақачон кўмган эди. Кенг юрт... Кўп халқ... Кампирнинг ўлгани, кўмилгани бир маҳаллага ҳам билинмагани билан, қизнинг «аллаким» билан ўйнашиб юргани ҳаммага билинган, бутун шаҳарга довруқ бўлган эди. Ахир, қиз ҳеч ким билан ўйнашгани йўқ-ку! Уни: «Уйимда хатми ҳожам бор, нонингни тугал оламан, юр менинг билан бирга», деб олиб кетиб, куч билан босган Ўлмасбой эди-ку! Қиз беш-олти йил уйида нон ёпиб сотиб, биргина онасини боққани ҳолда, ҳеч кимга қийшанглаб гапирмаган эди-ку! Қизда қилча ҳам гуноҳ йўқ-ку!.. Лекин бу ҳақиқатни Ўлмасбойнинг уйидаги девор ва теразалар билан ўша ерда қолган нон саватидан бошқа ким билади? Ким? Ҳеч ким! У жонсиз нарсалардан ун чиқмаса, овоз эшитилмаса, товуш келмаса, нима қилайлик? Нима?.. Орадан роса икки йил ўтмади — бечора қиз икки эрга тегиб чиқди. Бурунроқ унинг ёшлиғи, ҳусни, тозалиғи, бир оз умиди бор эди, энди у нарсалардан ҳеч бири қолмади. Сўнгги эридан чиққан вақтида устида бир қатор эски кийими, бошида «худо урган» бир паранжи-чиммати қолиб эди. Ундан икки-уч ой ўтгач, паранжи-чиммат ҳам ташланди. Энди эски, йиртиқ бир қатор кийим, эзилган юрак, чарчаган гавда, гангиган эсгина қолди... III Суд. Ибратли суд. Кичкина масжиднинг кенг саҳни одам билан лиқ тўлган. Бизнинг кичкина «тарзан»ларимиз — ёш болалар, теграсидағи дарахтларнинг шохларига чуғирчиқдай ёпишиб олғонлар. Мингларча халқ тўпланган ерда — пастда шовқин кам, юзча «ўзбек тарзанлари» тўпланган жойда — юқорида дарахт шохларида катта шовқин: — Аҳмад, қаердасан? — О... Йўлчи! Йўлчи ҳов! Йўлчи!!! Бормисан? — Эргаш! Бу ёққа кел! Мен бу ёқдаман! — Тўхта, туш дейман! Туш! Бўлмаса, тепиб юбораман. Айбланувчи қассоб Ўлмасбой Абдуқодир ўғли, қишлоқдан нон олиб келган бир қизнинг номусини бузиш билан айбланади. Суд тинч ўтаётибдир. Сўроқлар тугади. Шоҳидлар ҳам бир-бир ўтдилар. Айбланувчилар гапирдилар... Оқланувчилар вайсадилар... Аллакимлар исбот қилди... Аллакимлар тондилар... Айбдор сўз олди. Тонди, гапирди, гапирди, ўзини оклади... Унинг сўзи тугаёзганда паранжисиз «папка» кўтарган ёш бир хотин тўғри суд ҳайъати ёнига келди. У безгакдай титрарди. Суд кишилари, оқлағувчи, қоралағувчи, шоҳид, томошачи... ҳамма, ҳамма унга тикилди. У бир оз ҳушсиз қараб турғач: — Менга сўз!.. — деб бақирди. Халқ қоралағувчиси уқтирди: — Бу киши хотинлар шўъбасининг раисаси! Масала бир хотиннинг номуси устида бўлгани учун мунга сўз берилсин! У гапини тугатмасдан туриб хотин бақирди: — Сўз!.. Сўз!.. Бердилар. Яқинга келди. Ҳамма жим қолди. Масжиднинг кенг саҳни тўлди, балки кўмилди... Вақт ўтади... Ҳамма кутади. Хотин жим... Ҳаммани изтироб босади. Бечора хотин қалтирайди. «Тўхта парпирак»нинг шохидаги пачгидай қалтирайди... Бошлади. Бирдан қаттиқ бошлади. — Мен новвой қиз эдим... Беш йилдан бери нон ёпиб, ўзим сотиб қари онамни боқар эдим... Бир кун... Бир кун... У ёғини айта олмади. Нафаси оғзига тиқилди, бўғилди, бадтар қалтиради. Сўнгра бирдан ёввойи бир «дод» чиқариб йиқилди. Пастдан ҳам бир хунук «дод» чиқди. Унда айбдор ҳам йиқилди. Икковини суяб олиб кетдилар. Суд бузилди. Яна суд бўлганда... Денгиз — қиз қуллардай жим туриб сўзлади. Қирғоқ — Ўлмас тоғлардай тинч туриб тинглади. Қирғоқ ағдарилди. Тоғ йиқилди. Денгиз мавжлари ва тўлқинлари қучоғига олиб, уларни қирғоқлардан сақлаш: қўриқлаш қайғисига ботди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62712 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59963 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40602 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37049 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24048 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23717 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23412 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19895 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18936 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14686 |