Ҳикоя ёзиш сири (ҳикоя) [Xursandbek Toʻliboyev] |
Тун. Оламни зулмат қоплаган. Кутилмганда эшик тақиллади. Секин оёқ учида юриб, торгина даҳлизга чиқдим. Устига-устак чироқ ҳам ўчиб қолган экан. Акамнинг ўғли уйғониб кетса борми, ухлатиш – овутиш қийин. Янгамга ҳам осон тутиб бўлмайди. Куни бўйи уй-рўзғор ишлари билан банд бўлиб, чарчайди. Икки маҳал овқат пишириш, уйларни йиғиштириш, хуллас кичкина уйнинг ҳам катта ташвишлари бўларкан, аёл жонига бир ўзи эплайди. Секин, эҳтиёткорлик билан трюма олдидаги шамни ёқдим. Аввали ярим тунда ким келди экан, дея бироз эшикни очиш-очмаслик хусусида ўйланиб, иккиланиб турдим. Яна таққиллади. — Кимсиз, - дедим ва эшикка қулоқ тутдим. — Мен Шукур акангман. Эшикни оч. Ташқари ёмғир, уст-бошимдан ҳам ўтиб кетди, - деди ингичка овозда. Китобларда ўқиб билганим, «одам бу дунёдан ўтгач руҳи абадий қоларкан ва то қиёматга қадар бутун коинот саҳросида кезиб юраркан», деган фикр миямга келди. Ўзим ҳам Шукур аканинг мухлиси эмасманми, овозини эшитиб бирам севиндимки, ҳаяжоннинг зўридан қўлларим дир-дир титрарди. Эшикни очдим. Не кўз билан кўрайки, худди суратлардаги инсон Шукур аканинг ўзи эди. Салом-аликдан кейин ўзим ётган хонага бошладим. Эгнида узун қора плаш, бошида шляпа. — Ёмғирда қолдим, мана бу кийимлар бироз қурисин, кейин кетаман шунгача мен сенга ҳикоя ёзиш сирини ўргатаман, - деди стол чеккасига омонатгина ўтираркан. Шу гапларни менга Шукур ака айтаяптими, севинчим ичимга сиғмасди. Бориб акамни уйғотайми деган хаёлга ҳам бордим. У киши менинг ичимдагини билган кўринади, - овора бўлма болам, бир пиёла сув келтир, жуда чанқадим, - деди ва, - ҳеч кимни уйғотиб юборма, ишимиз чала қолади – дея ён томонидаги ёстиққа ёнбошлади. Айтилганидек бир пиёла сув келтирдим. — Энди қўлингга қоғоз-қалам олгин, мен айтган асарлар рўйхатини тузиб чиқамиз. Кейин ўшалар орасидан нималарни ўқиш кераклиги хусусида маслаҳатлашамиз, - деди. Шундоқ ижод столим устидан бир тахлам оққоғоз ва қалам олиб ёнига ўтирдим. Пиёладаги сув ҳали ичилмасидан олдида турарди. Менга жуда сирли қарарди. Салобати босаркан, мен эса ўзимни камтарин кўрсатишга, кўпроқ нарса ўрганишга тайёрладим. — Толстойни ўқиш керак. У ҳамма қатори зиёли инсон, фарқи шуки у даҳодир. Истаймизми йўқми, унингдек ёзиш учун жуда кўп нарсалардан қўл силташ керак, давру замонни билмайди, у ҳадсиз, ҳудудсиз бир уммондирки, шунча фалсафа битта юрагига қандай сиғганига ақлинг қойил қолади. Ўқиганмисан Толстой ижодини, - деди. Мен эса бироз иккиланиш, бироз ҳадик аралаш ҳолатда, - ҳа ўқиганман, фақат «Тирилиш» романини дедим. — Уни ҳам ёзиб қўй, яна қайта ўқиб чиқгин, - деди-да, Толстой ҳазратларининг асарларини номма-ном санай кетди. Устоз айтарди, мен ёзишга улгурмасдим. Сўзларни қандай бўлса шундай ёзардим, худди шифокор дастхати каби – ўзим тушунсам бўлди қабилида. Айтганларини ёзиб бўларканман, яна битта ёзувчи хусусида гап очди. Бу ҳам атоқли ёзувчи Шолохов. — «Тихий дон»ни ўқиганмисан? – деди. — Йўқ, эшитганим бор, лекин асарларидан бирортасини билмайман, дедим. — Уни ҳам ёз. «Инсон тақдири», «Тихий дон»… асарларини бирма-бир эринмасдан айтарди, мен эса ёзиб борардим. — Шолоховнинг истеъдоди олдида бошимни эгиб таъзим бераман. Борлиғию ботини ҳамишалик безовта уммон каби мавжланади. Сўз заргари дегим келади уни. Кўпчилик уни «шафқатсиз реалист» деб аташади. Бу гапда маълум маънода жон бордир, аммо, лекин у жуда камтарин, меҳрибон инсондир. Асарларида характерларга чизгилар бераркан, ҳамиша табиат билан бир бутун уйғунликда тасвирлайди. Масалан денгиз шоввуллаши хусусида гап очса, демак унинг каҳрамонлари бирининг кўнглида бехотиржамлик бор. «Осмонни булут қоплади», дейди «Тинч дон» романида. Демак, Григорийнинг бошига кўп ташвишли кунлар тушишига ишора этади. «Дон дарёси пишқириб оқмоқда», дейди, демак халқ таҳликали аҳволда эканидан сўз очади. Бундай камёб истеъдод эгасининг ўзига хос оламидан баҳра яшаш керак, ўрганиш керак. Ана щундагина кўнглингдаги саволларга жавоб топган бўласан, бироз чарчадим шекилли. Сигара борми? – деди. — Ҳа. Албатта. Акамникидан олиб келаман, ҳозир дедим-да, ошхона томон секин оёқ учида юрдим. Сигарета, гугурт ва кулдонни оларканман, ошхона деразасидан ташқари разм солдим. Ёмғир шу даражада қуйиб ёғардики, кўчада қолган одам ёмғирпўш билан турса ҳам бус-бутун уст-боши жиққа ҳўл бўлиши тайин. Кўпқаватли уйлар олдидаги теракларнинг шамолнинг эринчоқ алласида омонат чайқалишини чироқ ёруғида аниқ-тиниқ кўриш мумкин эди. Бир зум дарахтларнинг шовуллашию осмоннинг гумбурлашига қулоқ тутдим. Қандайдир, баҳорги кайфиятимга мос эди табиатнинг ишлари. Эндигина куртак ёзаётган дарахтлар кўча чироқлари нурида ажиб товланарди. Севиндим. Мен ётган хонада ғойибона Устоз ўтирганидан, ҳикоя ёзиш сирини ўргатаётганидан масту аласт эдим... Шоирона хаёлларга берилиб, дилимдаю тилимда шеър айланарди. Кейин «Устозни кўп куттирмайин, ахир ҳар бир дақиқа омонат, у кишидан билгану билмганларимни ўрганайин, дедим-да хонамга томон секин оёқ учида юриб келдим. — Келдингми? – деди, менга тикилиброқ. — Ҳа, Устоз, келдим. Узр Сизни куттириб қўйган бўлсам, - дедим ва қўлимдаги кулдону сигаретани столга – олдига қўйиб, яна жойимга ўтирдим. — Франтсуз адабиётини ўқищ керак, дея гап бошлади Устоз. – Биз доим кечикиб юрамиз. Аслида ҳамма нарса омаду омадсизлик ҳам ўзимизнинг қўлимизда. Дангасалик тутиб, вақтида ишламаймиз. Инсон нимагадир эришмоқчи экан ва олдида бу йўлда тўсиқ бўлса уни ҳаётга аччиқма-аччиқ равишда курашиб, енгиб ўтиши керак. Жасорат бўлиш учун ҳам жуда кўп ўқиш керак. Билган нарсангни билмаганга ўргат, шунда сенга билимлар хазинаси эшиги очилади. Бунга бирдан-бир эришишнинг йўли бор – мутолаа! Айтмоқчи, ўзинг нимадир ёзиб турасанми ўзи? — Ёзишга ёзаману, лекин бир-икки қадрдон акаларимга кўрсатган эдим, унчалик уларга маъқул тушмабди. Содда ва бетартиб ёзилган, деди. — Демак, ҳали хомсан, ғўр ва пишмгансан. Қайноқ ҳаёт қўйнида яшаш керак. Ҳаётдан узоқлашдингми, ёзганларинг хаёлий бўлиб, хаёллигича қолиб кетаверади. Кейин ўкувчини ҳам хаёлот дунёнг зериктиради. Аслида ҳаётда бўлган ва кўрган нарсанг хусусида гапириш қандай мароқли. Масалан мен шу нарсага амин бўлдимки, ёзиш ўзига хос бир ибодат ва кимнингдир оғирини енгил қилишдай гап экан. Агар бордию сенга тегишли бўлмаган изтироб хусусида ёзадиган пайтда нималарга эътибор бериш керак: аввал уни юрак-юрагингдан ўтказиб, маълум хулоса ва тўхтамлага келгач қоғозга туширсанг, сўнгра бир бошдан мутолаа қилиб, ортиқча жойларини олиб ташласанг ҳамда ўз изтиробларингни ҳам қўшиб-чатиб юбормасанг ҳаммаси – бир пул! Бундай дейишмига сабаб мен юқорида номларини айтган ёзувчиларнинг деярли барчаси муҳтожлик сабаб қўлига қалам олмаган, уларни тўлқинлантирган нарса шуки, Худо томонидан берилган истеъдод ва Илоҳий бир туртки бўлган. Шу сабаблигина улар қўлларига қалам тутиб, ёзишга ўтирган. Бу борада қанча қурбонлар бермади, дейсан. Уйидан, оиласидан, хотинидан, ҳатто ўзидан ҳам кечиб, хилватга бош урган улар. Чунки шундай қилмаса, ичидаги тўлиб-тошиб ётган дард ўз-ўзидан чикиб кетмолмаган. Бир томондан бу хилдаги қараш нотўғридир. Қисматига шу битилган эса нима хам қиларди… Адабиёт йўлини танладингми, демак қисматимга оғир юк ортилган деявер. Агар шу қисмат инъоми – ёзиш ва ёзувчиликни танлаган бўлсанг! — Чарчамадингизми устоз? – дедим гапидан тўхтаб, бироз тин олгач. — Йўқ, мулоҳаза юритяпман. Чарчасам ўзим айтман. Ҳа, айтганча палшимни ушлаб кўргин, қуриб қолибдими?- деди қўлида битта сигарет донасини ушлаган кўйи. Мен Устознинг гапи «Амри маъруф» дея ўрнимдан туриб, илгичга илиниб турган плашни пайпасладим. Ҳўл эди енгининг учлари. — Ҳали қуримабди, Устоз, - дедим. — Унда майли, улгуришимиз керак. Вақт бор. Кел жойингга ўтир, давом этамиз, - деди. Хўш, қаерига келиб эдик. Америка адабиётидан хабардормисан, Хемингуей кабилар ижодидан? — Хабарим бор. Хемингуейнинг «Қуёш барибир чиқаверади» романини ўқидим. Нуқул диалогдан ташкил топган. Бошида бироз эриндим, кейин веқеаларнинг ўзи ҳаёт ичкарисига тортиб кетаверди. Қандайдир барма-бар санғиб юришаерадимией қаҳрамонлари… — Бу ҳам ўзига хос бир олам мавжи. Тенгсиз санъаткори. Чунки диалог моҳиятига юклаб қўйган маънони ўқувчининг ўзига ҳавола этади. Тушуниш учун ўша диалогларни мағзини чақиб кўриш керак. Аввали, у экспримент қилиб кўради. Кейин ўзига хос услуб йўлини топиб олгач, шу йўлдан оғишмай-чалғимай юриб кетган. Оқибат минглаб, миллонлаб китобхонлар муҳаббатига мушарраф бўлди. Ёзганлари бироз соддароқ бўлиб туюлар, шундай бўлса ҳам мазмун-моҳиятида инсон ва инсоният дарди мужассам. Уқдингми? – деди алоҳида шу сўзига урғу бераркан. — Ҳа, уқдим. – дедим мен. — Давом этамизми ёки… — Вақтингиз бўлса жон дердим Устоз… — Мен ҳамма гапларни ва энг асосийси қўлингдаги қоғозга битган ёзувчи асарлари рўйхатини айтиб бўлдим, шекилли? Мен ёзган исмлар орасида етти ухлаб тушимга кирмаган адиблар бор эди. Уларни қандай топаман, деган ўй кечди миямда. — Ёмғир тинганми бир кўргин-чи? – деди дераза томонга ишора этганича. Ўрнимдан оғир қўзғалдим. Негадир ҳолсизлик инганди баданимга. Худдики кимдир ўтирган жойимга кишанлаб, боғлаб ташлагандек эди. Сездимки, барибир Устознинг салобати босаркан. Бир амаллаб деразанинг ярим қия қанотидан ташқарига разм солдим. Ёмғир бир-икки тушаётган томчиларни айтмаганида тинган эди. Баҳорнинг муаттар ҳиди ёмғир ҳавосида қўшилиб хонамгача кириб турарди. Иморатнинг аллақаерида мушук уваларди… -Тинибди, Устоз, - дедим орқамга ўгирилиб. — Майли, плашим ҳам қуригандир. Энди мен кетишим керак. Мени кузатиб қўясан-а? – деди. Плаши ва шляпасини олиб берарканман, миямга бир савол чатнаб келди. — Устоз суҳбатимиз бошида менга ҳикоя ёзиш сирини ўргатаман деб эдингиз? Бу сабоқ хусусида сўз ҳам очмадингиз? – дедим қизиқсиниб, яна нималардир билгим келиб. — Мен айтган рўйхат бўйича мутолаани давом эттир. Келаси сафар албатта ҳикоя ёзишнинг миридан-сиригача ўргатаман. Устознинг сўзига бошқа гап тополмадим фақат шунга ҳам раҳмат, келаси сафар албатта ўрганаман, деб гапини маъқулладим. — Қани бошла, - деди Устоз. Чироқ ҳали ҳам ёнмаган эди. Шаҳарда бир пайтлар шундай бўлиб қолади. Бу ҳол, кўпроқ ёмғир ёққан маҳали рўй беради. Устозга плаши ва шляпасини кийишида қарашдим. Ва, секин юриб торгина даҳлизга чиқдик. Эшикни очарканман, - мени ташқари – биринчи қаватгача кузатиб қўймайсанми? – деди. Мен рози бўлмай иложим йўқ эди. Қандай қилиб, кузатмай бўларкан. Ғойибона Устозим ўзлари йўқлаб келган бўлса тағин, олдинма-кетин юриб пастга эндик. Ташқарига чиқсам кўз олдимда ҳеч бир умримда кўрмаган манзара – ажиб бир гўзаллик ўзини намоён этиб турибди. Мен Устознинг ёнимдалигидан севиниб, хавотирим бир зумга ариди. Турфа боғ, гулллар, баҳорийми ёки бошқами муаттар ҳидлар димоғимга урилди. Чироқ бўлиб чироқ эмас, боғ ичкарисида қандайдир нур ёришган, зим-зиё тунни, борлиқни, зулматни ёритиб турарди. Шу пайт Устоз юришдан тўхтади. Менга қаради. Мен эса гўзаллигу нур зиёсида салобатли бўлиб турган Устозга қарадим. — Майли, яхши қол болам. Мен кетдим. Келаси сафар ҳикоя ёзиш сирини албатта ўргатаман, - дея алоҳида яна бояги сўзини тарорлади. Устоз юриб бораркан, ичимда кўп яшанг Шукур ака, дедим. У боғ ичкарисига кириб кетаркан, атрофини чулғаган зиё – нур ўзи билан бирга ҳаракатланарди. Шамол алласида дарахт ҳамон чайқаларди. Ерга қарасам, ёмғир сувидан йиғилган кўлмакда ой акси кўринарди. Демак, булут ҳам қаерларгадир кетган. Осмон очиқ. Эртага албатта қуёш чиқади ва баҳор гулларини ягшнатиб юборади, дея ўйладим. Шундай ўйлар оғушида қанча турдим билмадим, Устоз ҳамон кўз олдимда кетиб борарди. Ҳаракатланаётган нурда товланиб турган дарахт барглари кумушдек ялтилларди. Мен ўша гўзалликка кўз тикиб, борлиғимда қандайдир майин куй садосини туйдим. Осмоннинг олис бир нуқталарида юлдузлар жимири кўзга кўринарди. Секин орқамга ўгирилиб уйга кириб кетдим… уйга кирган эдим, стол устида бир пиёла сув ва сигарет ва кулдон. Қандай келтириб қўйган бўлсам, шундайлигича турибди. Водариғ! Ҳайрон бўлдим. Нега менга шуларни келтиришни буюрдию, лекин ҳеч бирисига қўл теккизмади. Сувни эса ичмади ҳам? Нега? Саволларим – жавобсиз. Яна тўшагимга узайдим… Куз. 2 ноябр, 2011 йил. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |