Висолсиз ишқ (монолог-қисса) [Xursandbek Toʻliboyev]

Висолсиз ишқ (монолог-қисса) [Xursandbek Toʻliboyev]
Висолсиз ишқ (монолог-қисса) [Xursandbek Toʻliboyev]
Эй сен – баҳор гўзаллигига кўнгил қўйган йигит, кузнинг хазонлари ва совуқлари борлигини ҳам унутма!Жалолиддин Румий
Худо инсонни бир умр бахт излаш азоби билан жазолаган.Асқад Мухтор
Мен сени деб савобларга урдим бош, Мен сени деб хатоларга қайрилдим. Мен сени деб гуноҳ бўлдим, бағритош, Мен сени деб бу дунёмдан айрилдим.Усмон Азим
Тонг! Қуёш боботоғ орқасидан кўтарилиб замину фалакни нурафшон айлаётган бир пайтда сени ўйлаб, ўтган-кетган узуқ-юлуқ хотираларни эслаб ўтирибман. Миямни ғовлатиб, бутун борлиғимни пароканда айлаган туғённи юрагимдан қувиб чиқармоққа ҳарчанд уринмайин бефойда! Ҳар бир лаҳзанинг ўз инъомлари бор экан. Менга шу сийловдан фақат азоб чекиш, ўз ёғимга ўзим қовурилиш насиб этганидан гоҳ фахрлансам, гоҳо хижолатман. Ахир қувонганим Худо инсонга дард берса унга щафқат хам қилади деган ўгит хотирамда зоҳир. Маҳзунлигим эса, қачон мен бошқаларга ўхшаб одамлар қаторига чиқаман, улардек яйраб-яшнайман? Азизам ана шу савол менга бир нав тинчлик, ҳузур-халоват бермайди.
Тағин ўй-хаёллар уммонига кўнглим-бутун борлгиим билан ғарқ бўлганимча, ўз-ўзимни таҳлилу тафтиш этганим-этган. Сен ойдек рухсорингни кўз-кўз қилиб, нотаниш чеҳралар билан кулиб яйраб юрганинг алам қилади менга. Ахир ўзинг айтгандинг-ку? «Мен сизсиз хеч качон яшамайман ва мен сизга турмушга чиқаман. Мени кутинг ва севинг!». Қанчалар ақллисан-а? Қанчалар бахтиёрсан! Ғарибгина хонамда ўлтириб, китоб жавоним орасидан суратингни ахтараман. Топгач, унга узоқ тикилганча суҳбатим ошкор. Мана, ҳозир ҳам шу кўйи ёлғиз ўтирибман. Сурат ва сийрат! Кўринишингдан кучли ва ақлли, иболи ва ҳаёли қизга ўхшайсан! Ҳаётда ҳам шундайсан, лекин сени севган инсонни, унинг қалбини тушунишни истамайсан-да?..
Биласанми, менинг шу кунгача тортган азобларим, чеккан заҳматларим, сенинг висолингга етишмоқ ва жамиятда, ҳаётда, умуман яхши-ёмон одамлар орасида муқим яшамоқ учундир. Ва шундай сайъ-ҳаракатларимга берилган инъомни Худонинг сийлови ва марҳамати дея қабул қилганман, кўникиб яшаганман. Аммо, сен бундай ҳурмату эътиборни, ардоғу муҳаббатни кўтариб билмадинг, билолмадинг! Ҳар вақт суратингга тикилганимда камондек қошингга, ўйчан ва маъюс кўзингга термулиб, оқибат кимсасиз оролдек ҳувиллаган кўнгилга ва ёлғизликка гирфтор бўлишимни қайдан билибман?..
Ҳозир катта шаҳарнинг қоқ марказида ғарибгина кулбамда ўлтириб, иккимизнинг илк бор танишган ўшал беғам, бахтиёр лаҳзаларни кўз олдимдан бир-бир ўтказиб, хотирлаяпман… Ўшанда сен менга нима деганингни бир ўйлаб кўрганмисан?! «Мен сизни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймайман, доим оғир ва шод кунларингизда ёнингиздан жилмасадан ҳасратингизга шерик бўламан» деган эдинг. Оқибат, кўнглимдаги ҳаммадан қизғонган туйғуларим сенга етиб-этмай ҳавода учиб соб бўлди… «Севаман» деган биргина сўзни айтмоқ учун узоқ йиллар ўзимни тайёрладим. Натижа кутганимдек бўлмади. Эслагин сен-менга, мен-сенга суянардик. Кўнглингни тўлдирган дарду ҳасратингни айтмасанг ҳам, юз-кўзларинг аниқ ифода қилиб турарди. Ҳаётда бўлсин, дўсту душманлар орасида юриб, ҳар хил хунрезликларни, хиёнатларни кўриб турсам ҳам, кўнглимга гард, юрагимга доғ туширмадим… Чунки у ерда фақат Сенгагина бўлган муҳаббатим яшарди… Энди-чи? Энди ўша ишқ айлаган маконда – БЎШЛИҚ ҳукмрон! Шу сабаблими ёки бошқа асрори борми, қўлим ишга бормайди, бошим айланади, аниқ фикрлардан чалкашганим-чалкашган…
Мен худди ўрмонда узоқ вақт ёлғизлик ва телбаликда умргузонлик қилиб, йиллар ўтгач одамлар орасига келиб қўшилган, кўпчилик орасида тамомила бегона кимсага ўхшайман, холос! Буларнинг бари тақдири азалнинг пешонамга катта ҳарфлар билан муҳрлаб кетган қисмат ёзуғига ўхшайди… Ҳар гал қишлоғимга, сен ва мен туғилиб ўсган юртимга бормоқ учун йўлга чиққанимда, беихтиёр кўз олдимда сен пайдо бўласан. Отам, онам, ака ва укаларимни, дўсту биродарларимнинг ҳолидан хабар олгани, уларни зиёрат этгани бораётган бўлсам ҳам, юрагимнинг туб-тубларида биринчи сени учратсаму ўтли нигоҳларингга тўйиб-тўйиб боқсам, шамолнинг алласида учаётган узун сочларингни силасам деган хаёллар бутун борлиғимда чарх уради…

Va, bunga ism ham topgandekman – ORZU! Bu foniy dunyoda orzusiz inson yoʻkdirki, bir dam yaqinlari diydorini sog‘inmanan boʻlsin. Har qanday ezgu niyatlarimiz orzular bag‘rida yetiladi, pishadi. Xuddi daraxt tukkan mevasi pishgani kabi… yoki aksincha.

Кўзларим йўлингда паришон ҳолат термулганимча сенга мактуб йўллаяпман. Мажнун бир умр «севиш» қисматига дучор бўлиб ва шундай жазоланган экан, мен ҳам худди мажнунлар каби «оҳ-фиғон» чеккувчи ошиқлар хилиданман. «Инсонни инсон тушунмоғи керак» деб битилган мукаддас ўгитларда. Нега энди севги-муҳаббатни совуқ ҳисоб-китоблар орқали ҳал этишни маъқул топасан. Ахир кўнгил мисли дарё, борлиқ Худонинг уйи бўлса, шундай яшашни ўзингга эп кўрсанг! Мен ҳозир сендан олис бир юртда, хонамда ўтириб, оқ қоғоз юзини дил изҳорим билан безамоқдаман. Қўлимга қалам тутишга бирдан-бир сабаб – СОҒИНЧ! Соғинч кўзга кўринмас, қўлга илинмас ботиний дардки, мени ўз комига бутунлай асир этди. Ипсиз боғлади. Шу сабабдан тўлган юрагимни, оғриқдан зўриққан қалбимни бўшатаяман. Водариғ! Юрак, кўнгил ва борлиғим, кимсасиз оролдек ҳувиллаб ётса-ю, шунча сўз ва нидолар булоқ янглиғ қайдан тўлиб-тошаётган экан-а? Ажабо! Ҳайронман. Яратганнинг инояти ила шундай АРОСАТ ботқоғига ботиб қолган бўлсам, Тангрим ўзинг сабаблар сабабчиси мени бундай азобдан халос эт! Қилган гуноҳим бўлса, ўзинг маъғфират қил!..
Деразадан ёқимли шамол эсмоқда. Ташқридаги хаёт эса менга унчалик муҳим эмас. Ичимдаги исёнкор ҳаётнинг темир қолипларидан эсон-омон қутилиб чиқмоқни истайман фақат. Бу исён эса ўз-ўзимни таҳлил ва тафтиш қилишга, мувозанатимни сақлаб юришга қаратилган бўлса, минг розиман!.. «Ҳар нафас бир имтиҳон айлайди Ҳақ» деган экан Мавлоно Румий. Ҳар лаҳза, ҳар бир ўтаётган кунимда имтиҳон этилаётган инсон менинг ўзимдирман, балки? Шундай фикрга келишимга асос ҳам топгандекман… буларнинг барчаси сен ва мен ўртасидаги масофанинг узоқлашуви, синиши оқибатидир. Шугина туфайли сендан минглаб чақириб олисларда, жудоликда ўлтириб, қоғоз юзига қалб сирларимини бир-бир тўкаётгандирман…
Қишлоқ. Ҳали-вери тузалмайдиган дардимнинг онаси. У ерга борганимдан, бормаганим афзалроқмикин? Ўйланман. Кўримсиз ва афтода ҳолда, худди кўчадаги тиланчилардек синиқ ва сўлғин юз билан қандай борай? Яқинлар, менга таниш ва нотаниш кимсалар кўрса нима деб ўйламайди. «Орзулари саробга айланибди, қушнинг парвози синибди, ҳолига вой» дея гап-сўз қилишмайдими? Ўзларини жамият ва ҳаёт тартиботларини сидқидилдан бажараётган одамдек тутиб, фалсафа тўқишмайдими? Наҳотки ўз туғилиб ўсган, киндик қонинг томган юртингга боришга юз бўлмаса? Бобур Мирзорга ўхшаб, «Ҳинд сори» бош олиб кетмоқ керакми?
Мен эса жавобсиз саволларим моҳиятига шўнғиб, тахминларим тўғри чиқажагини фаҳмлагандекман. Ҳар бир босган қадамим хатоларнинг уясига ўхшаб туюлади. Оғир-босиқ қадамлар сенга нималарни ҳадя этаётганини наҳотки билмасанг?..
Эсимни танибманки, мислсиз азоблар исканжасида сиқиламан. «Азоб нима?» деган саволлар миямда ғужғон айланади. Жавоб эса ҳеч қандай шаклу кўринишга эга эмас. Ичимдаги исён тезроқ майдонга чиқишимга чорлайди, ғала-ғовур шаҳарлараро одамлар орасида одамдек юришга етаклайди, аммо натижа кутилгандек бўлиб чиқмайди…
Хонамдаги чироқни ёқаман. Ичкари нур ила ёришади. Бу ёруғлик хонадаги буюм ва китобларни кўрсатиш учун бир восита, холос. Кўнглимни нурафшон айлайдиган, тобора музга айланиб бораётган юрагимни қутқарадиган – СЭН йўқсан! Фақат биргина сурат олисларга тикилган кўзим овунчоғи, кўнглим юпанчи. Дил суянчиғи, уни хурсанд айлайдиган – СЭН қанисан? Сурат ва хотирадан бўлак ҳеч вақо йўқ! «Ёлғизлик ҳалокатга олиб келади. Зеро, инсон ўзига керакли нарсаларни фақат жамият ёрдамида қўлга киритиши мумкин», - деган Ибн Синонинг вақида айтиб ўтган ҳимкатининг мағзини чақиб ва шундай жарлик ботқоғидан халос бўлиш чорасини излайдиган бўлсам – қаердасан?..
Ҳар бир ўтаётган кун ёлғиз бошимга талай муаммоларни кўндаланг қўяди. Бир-бир одимлайман. Ҳаракатларим зое кетмаслиги учун қаддимни адл кўтараман. Кенг ва озғин елкаларимни кийим воситасида бошқалардан паналайман. Кўчага боласини излаб, уйдан отилиб чиққан она каби чиқарканман, бугун нима бўлиши, ким ва қандай чеҳраларга рўбарў келишимни олдиндан сезгандекман... Қанийди сени учратиб колсам. Тасодифан рўй берган ҳодисалар кўпинча инсонга бахт келтириши айни ҳақиқат-ку? Ахир илк бор айтилган изҳоридил тингловчини – рўбарангдаги инсоннинг чеҳрасини ойдек ёритган бўлса, тасодиф туфайли қўлга киритлган бойлик ҳам шулар хилидан эмасми?
«Инсон ўз эҳтиёжларининг ёнида яшайди» дейди Румий. Менинг бирдан-бир зарур эҳтиёжларимдан энг зарури – СЭН! Мен хаёлда учкур от каби, учмоқни кўзлайман. Оқибат биргина ширин сўзинг ёлғизлик азобида зада бўлган дилимни келажак сари сафарбар этса, овутса дейман. Лаҳза сайин минглаб орзулар оғушида кезинаман. Гоҳо севинсам, зум ўтмасданоқ сиқиламан. Ҳувиллаб қолган қалбимни, бўшлиқдан иборат ҳаётимнинг бир маромга тушиб олишини сендан бўлак ким ҳам эпларди дейсан?.. Ҳеч ким! Ҳеч қачон! Шу кўйи дилимга малҳами дори излаб китоб титкилайман. Шеър аввал ичимда, сўнгра тилимда айлангани-айланган:
- Сезиб тонг бўйини – қушлар уйғонди,
Кўзимга нур тегди – қушлар уйғонди.
Сенсиз тун ўтганди, кун келар сенсиз,
Бедор ҳолимда ҳам тушлар уйғонди.
- Ошиқнинг ҳаёти тушдир, азизим,
Тушлари бир гўзал ишдир азизим.
Қалбингдан узлуксиз кушлар ясаб тур,
Соғиндим – мен томон учдир, азизим.
Боқ қуёш чиқмайин қайтадан ботди,
Қишнинг оқшомида юрагим қотди.
Қанотли қалбимининг «оҳ»ин эшитдим,
Уни ким йиғлатди, уни ким отди.
- Такдирнинг овчиси бурчдир, ёлғизим,
Бу ҳаёт бешафқат кучдир, ёлғизим.
Бедор чоғингда ҳам туш кўргин, туш кўр,
Англагин муҳаббат тушдир, ёлғизим .
Шеърнинг илоҳий бир мўъжиза эканлигини, сени учратиб, кўнгил қўйган кунимдан буён англадим. Муҳаббат илк бор қўлимга қалам тутқазганидек, бутун борлиғимни пароканда айламоқни касб этди. Жамият ва мен ўртасидаги мувозанатимга путур етди. Қалбимдаги жароҳатдан сизиб оқаётган қон эса кўзларимга акс урди. Барчаси сенинг туфайлидир… барчаси сенсизлик оқибатидир. Сенсиз яшашга кўниколмай, минг азоб ичра эшилиб-тўлғонаётган дилимни парвариш айла! Машраби Ошиқ каби ёниб-яшашимни бир кўрсанг эди…
Ҳар куни китоб варақалйман. Маъноли ва маъносиз ҳаётимни китоб воситасида изига тушурмоқ чорасини излайман. «Ёлғизнинг ёри Худо» дея ўзимга фалсафа тўқийман. Ёлғизнинг ёри китобдир. Бир менми минглаб, миллионлаб инсонлар ичра шундай яшамоқ қисмати билан жазоланган одам? Менга ўхшаганлар жуда кўпдир. Улар мен каби мактуб битишни, бировга сир айтишни сира-сира истамайди-да! Тошга айланиб борарканман, шу кунгача барча кўргуликларни бир-бир мушоҳада этганча, қоғоз юзига соячпман. Биров ўқисин, қалбига таскин, дардига малҳам топсин учун қоғоз қоралаётганим йўқ. Асло! Фақатгина тўлиб кетган юрагимни бўшатаяман, холос!.. Кунларим шу зайлда ўтаверса, бундай синиқ-синиқ ҳолим, офтобда нураб адо бўлган тош каби соб бўлади-ку? Шуни сезиб, ҳис килиб турган эсам-да, барибир билганимдан қолмайман…
Умринг оқарсувдек ўтиб боришидан англашимча мен учун ғоят ечилиши қийинроқ бўлган муаммоларни олдимга кўндаланг қўйгандек гўё. Билганим ичимда, тилимга келгани ва қоғозга тушгани ҳақиқатнинг сойси эмас –ўзидир!.. Умрнинг ўткинчилигини, дунёнинг бевафолигини сезиб-кўриб турган эсам ҳам, тақдирдан нимадир кутганим-кутган… Худди менинг кўз ёш тўкишимга ўхшаб кетади кун-тун алмашинуви. Барчаси сокинликда, сукунат қучоғида рўй беради… Сукунат доим ёлғизликнинг ёнидадир, унинг ишонган ҳамроҳидир. Ёлғизлик сукунатга жим гапиради. Улар сўзсиз-садосиз ҳам бир-бирларини англамоқ бўладилар. Англаб етадилар ҳам. Моҳиятан бир нуқтага бирлашиб, яна кўздан ғойиб бўладилар. Буларнинг бари бир оний лаҳзада ўтиб кетгани билан изи колади –ҚАЛБ жароҳати. Кейин туриб-туриб кўнгил нидосига, ҳайқириғига айланади. Видога чўмган хаёлларни уйғотмоқчи бўлади. Натижа кутганингдек бўлмайди. Қанийди имкони, йўли топилса, сенга элтар йўллар ҳам судраб бошқа томонларга олиб бораверади… Бир инсон умри хазон, айрилиқ ва соғинч азобида тўлғанади, ингранади, эзилади… Шу кўйга тушишимга ҳам сабабчи – СЭНСАН! Сен туфайлигина келажакка мактуб битмоқдаман. Келажак эса, бугуним ва эртамнинг тамсили. Келажак ҳакида ўйлаганим сайин, гоҳ юксакка қуш каби учиб, эврилиб бораман. Бу оралиқда эса сенинг йўқлигинг мени яна аввал заминга сўнгра ғариб кулбамга қайтаради. Балки фақат мендирман шундайлар хилидан биттаси? Сўнгги йўқ, адоғсиз саволлар миямни ғовлатгани-ғовлатган. Шулар хусусида тўхтовчиз ўйланаман… Оқибат яна кўнглимга қайтиб, у ерда бўшлиққа дуч келаман. Балки ўша бўшлиқдир мени тўхтовчиз таъқиб келаётган. Тасаввуримда Сен иболи, ҳаёли, оқни-қорадан, яхшини-ёмондан ажрата оладиган идеалимдаги инсонсан. Ҳаёт инъом этган синовлар инсонни комиллик сари бошлаши айни ҳақиқт бўлса хам, мен мукаммаллик даъво этаётганим йўқ, Тангрим! Фақат ишқий изтироблардан ўзинг халос айлашингни сўрайман…
Муштдеккина вужуднинг бир пайтлардагидек, нақ йигирма ёшида нималарга қодир эканлигини ҳозир тасаввур ҳам этолмайман. Тасаввур этганимда ҳам, ўзимдан уялиб кетаман, ўзимни бўралаб ҳақоратлагим келади… Мана ҳозир йигирма олти ёшдаман. Кўринишдан худди қирқни қоралаган одамга ўхшаб қолганман… Ишонасизми, кўзгуга қарашга ҳам юрак бетламайди. Кўзгуни жаҳлнинг зўридан чилпарчин қилиб отиб юборишим тайин. Э, воҳки! Худо бу эзгин ва забун ҳолимни кўриб-кузатиб турибди. Ҳар бир қадамим таъқиб остидадек гўё. Ҳатто соям ҳам баъзан синчков назоратчига айланди. Мувозанатимга дарз етгани учунми ёки сенинг «хайр»сиз ташлаб кетганинг сабаблими, аниқ мантиқни тополмай сарсон-саргардон кезинаман.. Эҳ шунчалар ожизманми? Бир пайтлардагидек «шиддат-ла ёниб», кўчаларни тўлдириб, у ёқдан бу ёққа шамолдек елиб юрган қувватларим, кучу ғайратларим қайларга учиб соб бўлди?..
Ўзим яхши кўрган соҳам – нафис санъатдан воз кечиб, ҳис-туйғуларга асир бўлаёзган кўнглимнинг жароҳатини битирадиган, ўйлаб сиқилмайдиган қайтамга қалбу юрагинг орзуларига сира-сира даҳл килмайдиган бошқа бир касбнинг жиловини тутсамми дейман. Лекин ёзиш аввалдан қисматига муҳрланган эканми, бу оғриқдан тамомила воз кечмоқнинг ҳам иложи топилмайди… Ҳақир ҳолимга ким ҳам мени ўз чорбоғида яшашга қўярди. Тириклик аталмиш эҳтиёжимни қондиришга кўнарди, рағбат берарди. Телба-тескари ҳаётимни аждарҳо дунёнинг талатўпларида тоблаб, чиниқтириб, ҳали нурли-нурафшон яшпмоқчи бўламану, аммо кайфият зум вақт ўтмасиданоқ сенгина хаёлимга келишинг билан ундан асар ҳам қолмайди… Фикру ёдим сенда, шеърда, шеър ботинидаги умидда, умид бағридаги туғёнлараро кезингани-кезинган… Мана бугун ҳам тонгни ёруғ юз билан қарши оларканман, саҳарги кайфият учун мисралар тилимда айлангани-айланган. Бу шеър кимники, кимнинг ботиний асрори? У ёғи билан кўпда ҳам ҳизиқсинмайман. Фақат шеъргина сени менга, мени-сенга рўбарў қилишга қодир. У билан суҳбатим ошкор бўлгани учунгина юракдан чин ҳаҳиқатларни айтиб сирлашамиз, ҳасратлашамиз. Ҳақиқат юз карра юз очади ўша пайтлар:
Видойинг бўғзимга ҳадалган ханжар,
Бир сўзга дўнаман муайян қайғу.
Кўксимда юракмас, муҳаббат санчар –
Куйгуга айланиб қолган бир туйғу.
Айтмаслик азоби, айтмоқ азоби,
Аро кун кўраман аросатларда.
Қайтмаслик азоби, қайтмок азоби.
Юракни емириб боради қаърдан.
Бунчалар мен сенга боғланиб колдим,
Азобни шеър қилиб тугатолмайман?
Яна не тадбирни бўйнимга олдим:
Кўнглимни толега ўргатолмайман.
Бўзларим дунёни бузиб боради,
менинг гуноҳимга –муҳаббатимга
видоми ҳаётнинг – сўнгги чораси,
қисмат тўғри келмас манглай хатига.
Бошимни мушт билан силаганларим
Кўнглимга сўз солар – ҳаммаси видо.
Менинг камолимни тилаганлар ҳам
Сенинг келмоғингдан бермайди садо…
Сенинг келмоғингдан бермайди садо...
Деразадан карайман. Тун. Шаҳарнинг ола-ғовур суронлари қаергадир беркиниб олган. Осмонни тўлдирган жимир-жимир юлдузлар хаёлимнинг сояси каби сочилган. Шубҳасиз Мирзо Улуғбекни ҳам шайдо этган, тунлари, йиллаб маҳлиё айлаган «О, Юлдузлар, юлдузлар!» менга нега жимликдан хабар берасиз? Сукунат қучоғида кечаётган умримдан хабардордек синч назар соласизлар. Менинг оҳу-фиғонимни севикли аёлимга шивирлаб бермокадмисиз? Шеър ва сукунат. Дунёнинг ёлғончи эканлигини билиб-сезиб турган эсам ҳам, сенинг келмаслигингга нечун кўниколмаяпман? Билмайман. Яна бироз тин олгач қабоқларимни очаман…
Тағин юлдузлар! Улар ҳам биз каби тирикчилик ташвишини еб жимир-жимир этса-да, бир-бирларини ҳеч қачон инкор этмайдилар. Инкор фақат ва фақат инсоннинг қалтис феълига сингиб кетганга ўхшайди… худдики минг йиллик қадрият каби ботинимизда жавлон уради. Ўзимизни, ўзлигимизни ўз комига тортгани-тортган. Инкор ҳам бало кабидир. Қайсидир қалтис разилликлар унинг бағрида етилади. Кошки қутилиб бўлса!
Мана инкорнинг амалий ифодаси. Уч йилча вақт ўтса ҳамки, яна сенинг рад этишингга юзланиб турибман. Туннинг сокин сукунат қучоғида фикрларим тиниқлашгани ўрнига алғов-далғов бўлиб, бетартиб ҳолатга тушади. Хонамда сочилиб ётган ва ўз эгасидан саранжомликни кутиб турган буюмларга ўхшаб. Бундай пайтда бошим айланиб, миям ғовлайди. Дилга инган азобу изтироблар кўзга сира уйқуни йўлатай демайди… Инсоннинг туғилиши – азоб! Яшаши ундан беш бадтар азоб. Севиб яшаш эса ана шу икки оралиқдаги улкан изтиробли мафсофа кабидир. Ҳаёт ва кўнгил англашилмовчиликлари ҳосиласи. Кишини девона айлайди. Телбаларча яшашгаргатади, чорлайди. Худди фоний дунёнинг карвонларида ўйинчоқ каби суриласан, бемақсад кезинасан… Юракни бўшлиққа сафарбар этади, шундай яшашга ундайди. Гоҳо бунинг акси бўлиб чиқса-чи? Умринг аросат ботқоғида қолди деяверинг. Мислсиз оғриқлар маконига чирпирак қилиб учиради. Чидаш мумкин булмаган лаҳзаларда жонингни жабборга беришинг тайин. Мен ҳам ўз-ўзимни назорат этиш ўрнига ич-этимни еб, борлиғимни пароканда этдим. Ўзимга қараб жангга отландим… Гоҳ ютган бўлсам, гоҳо ютқаздим… Ҳаммаси сенсизлик туфайлидир, ёлғизлик оқибатидир…
Куз…
Ёлғизлик…
Бўшлиқ…
Яна ўз-ўзимни тафтиш қилиш фасли. Дарахтлар оғир силкинади. Япроқлари бежон тўкилади. Хавода қуш каби дарбадар учади. Борлиқ сариққа дўнган. Кузнинг намхуш, салқин ҳавоси димоғимга урилади. Бир нимани сезгандек бўламан. Моҳиятан ўзимни кимсасиз оролда юргандек ҳис этаман. Нима бўлган тақдирда ҳам сенинг дийдорингни соғинаман. Гарчи висол йўли ёпиқ экан, кутиб интизору илҳаклик билан яшайвераман…
Мен узоқ йиллардан буён ўзимни алдаганим-алдаган. Хаёлимда бир дунё тузаман. Сенинг ой каби рухсорингни кўрмоқ илинжида узун хаёллар оғушида кезинаман. Дилим ёришади. Атрофимда истак ва майлларини қондирмок мақсадида елиб-югураётган инсонлар наздида мен жуда ожиз, ҳеч кими йўқ, мусофир одам бўлиб кўринсам керак-да! Лекин мен ундайлар хилидан эмасман, ўзимга яраша бошпонам бор. Таниш-билиш, дўсту биродарларим, устозлардан ҳам қисган эмас. Аммо сенсизлик мени ўз комида мислсиз изтироблар билан сийлагани-сийлаган… Ҳали ҳаёт олдинда дейман. Умидим бор…
Дунёнинг асл мохиятини, тилини, қалбини, борлиғини тушунганим сари ўзимнинг ким эканлигинимни англай бошлайман… Нега шундай? Бунинг ҳам қай асрори борлигини билмайман. Мен – мен эмасдек гўё. Ичимга кимдир беркиниб олган ва ўша гиз* лининг найрангларига ўйнаб юргандекман..
Дунё ҳам инсон қалби каби сирлидир, сеҳрлидир… умуман сен сирли мавжудот эканлигингдан хабаринг борми ўзи? Шундай афтода ҳолимда ўзимга қарайман – МЕН ким? Сен кимсан? Эй, сабо! Саболар янглиғ саҳармардонда кезинаман. Нечун бир бор қалбимни тинглашни ва тушунишни истамайсан? Қалбингга ин қурган шуҳратмарастлик ва бойликдан воз кечмоқни бир ўйлаганмисан ўзи? Ватан ва оиланг, келажак хусусида-чи? Мени ана шундай бежавоб саволлар қийнайди, бошимни ғовлатади…
Сабрнинг косаси ҳақиқатан ҳам олтин бўлганида менинг бутун борлғим олтинга дўнарди… Дард! Шакл ва рангларни ўзига симиради. У кўрианмас бир цирки, ботинингни каламуш каби кемиради. Тунда уйқуга кетган чоғингда ҳам, туш шаклида тинчингни, оромингни, ўғирлайди… бутун борлиғингни нурафшон айлаш ўрнига, саодат соҳилига етаклаш ўринга, зулмат қучоғида эркалайди, қайрайди… йиллар заҳматидан оққа дўнган сочларингни елвизак каби учиради… бир пайтлардагидек силлиқ, ғубор инмаган юзларингда ажинлар зоҳир қилади. Кечаги ўтган кунларингга бир қайтиб, барча оғир кўргуликлар унинг туфайли содир бўлганига сира шубҳа қилмайсан! Магар мен осий банда бўлсам, гуноҳсиз ким? Сенми ё мен. Севганми? Севилганми? Билолмайсан! Сен майда ташвишлар билан кўп-да, қизиқмайсан. Ўз ўлчовинг, ҳисоб-китобларинг, бойлик ва манфаатинг билан сарсон-саргардон кезинасан. Ваҳоланки, турмуш сўқмоқларида кетаётибсан, аммо кун келиб бутун борлиғинг билан ЁЛҒИЗЛИК соҳилидан чиқишингни наҳотки билмайсан? Шу сабабли миянгни дунё ва олам, инсон ва жамият ўртасидаги тенглик ришталарини ўйлашдан воз кечмоққа пухта тайёрлайсан. Кошкийди кўникиб бўлса, шундай яшашга эришган Худонинг бандасини топиб бер менга?!
Булбул чаманзонрини қанчалик севса, мен ҳам ўз Ватанимни шунчалик севаман. Менинг ватаним ҳам ором ва таскин берувчи Сенинг қалбинг ва юрагингдадир! Ватан мен учун ўша нуқтадан бошланади… Бир оғиз ширин сўзингни, бир пайтлардагидек синиқ жилмайишингни эшитсам, кўриб, кузатсам эди… Борлиқ ва йўқлик хусусида ўйлайвериб эзилиб кетган юрагимни оқ қоғозга эмас, ўйчан кўзларингга қараб айтолсам эди… Дилимдаги ҳеч кимни қизиқтирмайдиган, ўйлаб-ўйлантирмайдиган «оҳ-фиғонлар» кимга ҳам керак? Мен фақат ёзиш азобидан қутулмокдаман. Таскин ва шифо ҳам, ёлғиз кунимда ҳамроҳим, ҳам табибим, ҳам нажот фариштамдир. Қўлимга қалам оларканман, бир ипга маржондек тизилган сўзлар ўз-ўзидан булоқдек қуюлиб келаверади! Тўкилганинг билан сира-сира тугамайди экан!
Қачонки, руҳ танни тарк этади, ўша пайт вужуднинг ботинидан ўзга бир хилқатга бош уради… Балки у кўринмасдир. Қалбимиз ва онгимиз ила шуни сезишимиз ва шу сезгига асир бўлишимиз мумкин… Яна ташқарига бир-бир разм соламан. Олтинранг товланаётган кузнинг жамолини кўришни, кўриб кузатишни Тангрим менга насиб айлади. Кузга етмоқлик тантанасининг нақадар оромбахш эканлигини узоқ ўлкаларга «хайр-хўш» куйини чалиб, гоҳо пастлаб, гоҳо юксакларда парвоз айлаётган турналарни томошалаб ҳис этдим. Уларни нима ва қандай ҳаёт ўзига мафтун этса, бизни ҳам шундай ҳаёт ўз чиройига чорласа эди… Афсус, минг афсус! Ким билсин балки улар сенинг энди умуман кайтиб келмаслигинг хусусида пичирлаётгандир?! Ёки мени умуман қийналиб яшашимни бас қилмоққа чорлаётгандир, ким билсин? Дунёнинг ўзгармас қонунияти – ўткинчи эканлигимизни, меҳмонлигимизни ўргатаётгандир? Ким билсин? Эй сабо! Йўқса, нечун бу маҳзун куйни доим чалгани-чалган… Шундай экан, сенинг менга бўлган муҳаббатинг, аввалгидек ишончинг қайда?.. Тўғри сенинг истак ва орзуинг бойлик ва шуҳратпарстликдан ўзга нарса эмас! Ҳар бир қадамни пул билан ўлчайсан, идроклайсан. Шуни билиб, кўриб турсам ҳам нега сенга яна ишим тушаверади… Бу дунёнинг ярмини босиб олиб, ҳовучига бир сиқим тупроқ олиб кетолмаган Искандар ўз ўлими олдидан ҳаммасига иқрор бўлмадими? Тавба! Мен сен билан бойлик талашаяпманми? Ахир моддият ва маърифат мувозанати бутунлиги учун курашаётган эсам ҳам нега сен билан ҳокимият талашаяпман, эй дил? Тушунтириб бер менга? Мен нега сени севиб шундай хўрланган, афтода ҳолда яшаяпман. Ўз айбим, нуқсоним кўзимга кўринмас бўлса, сенгагина билинар, фақат сен менинг нуқсонларимни билгувчисан эй дил?.. Яна бошқа бир жиҳати: умид осмонига парвоз этишга чорлаган ҳам илк бор ўзингсан-ку? Ўша куни тасодиф фалокат бўлмаганида, балки менга яна кутмоқ ва севиб яшамоқ фурсатини тақдим этган бўлармидинг?! Айт фаришта! Нега жимсан?.. Ўшандан кейин бошим оғриб, тез-тез бетоб бўлиб қоладиганимдан кейин шу кисқа, айрилиқ, йўлини танладингми? Кўнгил хазинасининг сирли-сеҳрли жавҳари МУҲАББАТнинг туғилишдан то сўнгги кетар жафосигача бўлган масофадаги ёлғиз ҳамроҳимиз эканлигини наҳотки унутган бўлсанг?!
… Ойлар, йиллар, дақиқалар ўтди… Ҳамон ёлғизман. Ҳар доимгидек бугунимда бир мўъжизадан умидвор бўлганимча, қабоқларимни очдим. Миямда кечаги тушимнинг тафсиллари айланади. Кўзларим ёшланди… Фалокат! Қандайдир жарлик олдида турганмишман. Зулмат! Зулматни парчалаб олисдан нур оқиб келармиш. Ўша нур билан мен томонга ҳаракатланаётган СЭН эмишсан. Мени босиб келаётган фалокат – жарлик ботқоғидан қутқармоқ мақсадида нозик қўлларингни узатармишсан. Мен шу кўйи кўзларимни юмганимча минглаб, миллионлаб одамлар орасидан сенга талпинармишман. Иккала кафт бир-бирига тегиши ҳамоно мени тубсиз жарлик олдидан тортиб олганмишсан… Бу мудҳиш тасодиф оний бир лаҳзада рўй берганмиш… Тушларимда… фақат тушимда умидворлик билан яшаётган кўзимга нур, қалбимга, борлиғимга яшаш саодатини бахш этдинг… Мен ўнг ва туш аро АРОСАТ ботқоғида қолдим. Қанийди ўша туш ўнгидан келса… Афсус, минг афсус!..
Тағин туш аро уйғондим. Тағин айқаш-уйқаш, нарсалар хусусида экан кўрган тушим. Кўзимни очарканман, ҳар доимгидек мени йиллар оша таъқиб этиб келаётган «вазнсизлик» телбанамо хаёллар ичра хаёлот дунёмга шўнғийман. Тағин – СЭНСИЗЛИК! Тағин – ЁЛҒИЗЛИК! Руҳим эса нималарнидир ўзига оғир олаверади… яна мен нималардандир воз кечмоқ мақсадида кезинаман. Худди туш ичра кўзгуга тикилгандекман. Максад – ўзни овутиш! Қалбу юрагимга хотиржамлик бахшида этиш… адоғи йўқ исмсиз изтироблардан воз кечиш. Сенга бу ёзганларим барчаси оддий ҳисоб рақамлари каби туюлиши мумкин. Жуда майда юмуш бўлиб кўриниши мумкин. Аммо менинг ҳаётимда, борлиғимда буларнинг сиру асрори жуда катта мавқе касб этади. Хотираларимда олис осмондаги юлдуз янглиғ жимирлайди…
Кўнглимнинг истакларини бажариш майлидан тамомила воз кечиб кетмоқ учун неча бор уриндим. Бефойда! Хонамга қандайдир нафислик, кўрк бағишлаб турган китобларни варақлайман. Хаёлимда шоир нидолари янграй бошлайди. Туриб-туриб бутун борлиғимни эгаллаган қисматдошим ҳайқириғини баралла овоз чиқариб айта бошлайман:
Оловранг
баргларнинг салтанатида
япроқдай қовжираб ёнганда бағрим,
фазо жимлигидай куз таълатидан
меҳрга айланди ҳаттоки қаҳрим.
Дилимда нола йўқ,
чашмимда – жола,
сокин ишқ оташи ёқар жисмимни.
Хаёлим шу қадар кетди ҳаволаб,
ҳаттоки унутиб қўйдим исмимни.
Исмим нимайди деб, кундан сўрадим,
порлаб сўйлаб кетди энди исминг йўқ.
Шамол гулханлари кўкка ўрлади:
биз каби руҳинг бор,
аммо жисминг йўқ.
Руҳимни дунёга қўшиб ўстирдим,
енди табиатнинг доно тошиман.
Қаландар шамол ҳам суйган дўстимдир,
ҳар бир чумолининг қариндошиман.
Заминга санчилган бир терак каби
ўйимда титрайди мозий – хотира
Агарда қўзғолсам,
оғочлар сафи
илдизин қўпориб келар ортимдан.
Оловранг
баргларнинг жим даврасида
нақадар юксалиб кетдим ўлимдан,
бағрим куйиб кетди жозиб сасидан
бахтиёр бўлганда само йўлида.
Оний жамолидан кўзим қамашди,
лаҳзада қорайиб қолди қорликлар.
Йилдирим сингари ўткир қарашдан
заминга қуладим бахтиёрликдан.
…Эй қиз,
қуёш янглиғ ботарман энди,
қуёшдай ёғдулар тўкарсан, эй қиз.
Эй қиз,
тупроқ бўлиб ётарман энди,
осмонда осмондай ўтарсан, эй қиз .
20.. йил. Уч йилдирки, ҳамон ўша-ўша мен. Сендан на бир садо келади, на бир хат-хабар. Ҳамон ўша аросат оламида яшаётганимни билмайдиган кўринасан. Ботинимда сенгагина бўлган буюк муҳаббат ҳукмрон! Мен унинг кечаю-кундуз ибодатини қилиб, меҳрибон Аллоҳга ёлворганим-ёлворган… Хумори тутган нашаванддек алаҳсираб кезинман. Дунёнинг шакл ва ранглари тобора кичрайиб бораётганига ҳайрон бўлардим. Майда ташвишлар ҳам ўзимга. Катта муаммолар ҳам ўзимга… Оила қуриш, бошқалар катори биз ҳам яшайдиган вақт келгандир. Аммо сенсиз, сенинг меҳрингсиз мен ким эдим ва ким бўлардим!..
Умр бўйи излаганим кўнгилнинг истаги ва орзуси – муҳаббатим билан бирга бўлишлик, унинг васлига эришиш эди. На чора! На бир имкон бор бунга. Балки сен ўз хатоингни тушуниб йил, кун ўтиб қайтиб келарсан, балки умуман келмассан? Шундай бўлса ҳам мени бу дунёга аниқроғи заминга боғлаб турган бирдан-бир восита нималигини билишга минг уринмайин, унга муносиб исм ҳам тополмайман… Қийналаман. Кечагина тупроқ кўчанинг чангини осмонга чиқариб, чирпарак қилиб юрган ҳали пишмаган – ғўр бола эдим… Бугун эса ҳолимга маймунлар йиғлайдиган забунман! Инсон дунёга бир марта, бир мартагина келар экан, нега энди ўз истак ва эҳтиёжларига эришмас экан, мен сендан кўп нарса сўраётганим йўқ, фақатгина жиндек меҳр ва муҳаббатингни, чимдим ширин каломингни истайман, холос!
Бугун ўзимнинг ҳаётимни кундаликка ёзиб қўймоққа илк бор журъат этдим. Кундалик – кўнгилдан эсталик. Бошқаларга эмас, айнан сенга. Мен умр бўйи, нақ йигирма олти ёшимгача сени бахтли қилиш орзуси билан яшадим. Бундан кейин нима бўлиши биргина - Яратганга аён! Ахир бахтли бўлиш эди-ку орзу? Шундай экан, шиддат билан турланиб-тусланиб бораётган тамаддун дунёда мен нималар қилиб юрибман. Даҳо руҳшунос ёзувчи Достоевскийга ўз рафикаси қанчалик меҳрибон ва раҳмдил бўлганлигини биласанми ўзи? Дунёда ёр дийдоридан, унинг висолига эришмоқдан ўзга юксак орзу бўлиши мумкинми, айтинг?! Мумкин бўлса, нима экан у? Хос бир исм топиб беролармидинг? Асло! Сенга бу ёзган нарсаларим ҳам қизиқ туюлмаса керак-а? Шундайми? Моҳият – инсон гўзалликка шайдо ва ўч бўлади деган гапга иқрор бўлдим. Гўзаллик деганда ташқи кўринишингни назарда тутаётганим йўқ. Мен учун бирламчи гўзаллик – ҚАЛБ! Юзингда доғинг борми, демак ойсан! Бўлмаса кимсан? Қалбингда муҳаббат борми – ИНСОНСАН! Бўлмаса-чи? Айтишга уялиб кетаман, уялиб…
Ўз кундалигимнинг биринчи саҳифасини ёзиб тугатдиму бошимни қоғоздан илкис кўтардим. Қўлларим шундай қалтирар эдики, тилимга келган нимаики бўлса бақириб айтардим. Минг лаъант ўқидим…қисматимга. Ёзганларимдан бир парча ўқиб берайми? Умуман бировнинг дил ноласини эшитишни истайсанми? Майли, истасанг ўқиганим бўлсин:
Эй, дил! Тўкилдим, нурадим, борлиғим адои тамом бўлди. Эй гул! Кўзларинг шунчалар ўйчан ва маъюски, рухсоринг шунчалар тиниқ ва чиройлики, кўрган кўзимга уят! Худди сенга бошқа бир бегона нигоҳ тўйганича термулгани каби мен ҳам қарашга журъат этдим. Аслида кўриш кўнгилнинг таскин ва шифоси эканлигини билиб турган бўлсам ҳам, нега сенга қарамай, ахир! Умримда илк бор топганим ва илк бор йўқотганим, висолингга эришолмаганим ҳам Сен! Сенга бир аччиқ ҳақиқатни айтмасам бўлмас, мен Навоий каби нола чекиб ўтсам ҳам сендан ўзгасига ҳеч қачон уйланмайман! Ўзга бир кўнглининг бўлиқ сийнасига бош урмайман ҳеч қачон! Ўзга бир кўнгилга дил изҳоримни айтмайман, унга узоқ тикилмайман, қалбига ором, юрагига тасалли бермайман. Ўзга бир инсон билан ёстиқдош бўлмайман, тушуняпсансми?! Майли мени «девона» десин, «кўчадаги гадога» чиқарсин, «телбалик касалига мубтало бўлибди» десин, аммо нима учун бировларнинг назар-хотири учун ўз истак ва майлларимдан воз кечиб яшашнинг этагини тутишим керак? Мумкин эмас, бундай бўлиши. Мен бир нарсага қарор қилдимки, умр бўйи кутиб, кутиб ва КУТИБ яшайман. Шундан менга таскин ва тасалли келади. Шундан менга ҳаётга ишонч пайдо бўлади. Иродамни турмушнинг аччиқма-аччиқ зиддиятларида тоблай бораман. «Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолмагунича» азоб ва азоб билан яшайман. Қалбим ва юрагимга тасалли инади. Нимадан? Сен менга қолдирган сурат ва сийратингдан. Бутун борлиғингдан. Сен хис туйғу нималигини биласанми? Билганингда мени бирон марта, йўқ умуман умринг бўйи тушунардинг. Кимнинг сўзига кирдингу билмадим, аммо сенга сўз ўргатган шапалоқдек тилини кесиблар ташлагим келади. Инсон ёлғиз дунёга келади. Ёлғиз кўнгилнинг буйруқ ва амрига бўйсуниб яшайди. Ёлғиз битта инсон билан ёстиқдош бўлади. Оқибат дунёдан ҳам ёлғиз кетади. Шундай экан, сен нега ўз кўнглигга, қалбингга, юрагингга қулоқ солмадинг? Нечун бирон марта ўз билганингни қилишга киришмадинг? Нечун?!
Яна кимсасиз оролда қолганимдек ҳуввиллаб қолган кўнгилга қайтаман у ерда Навоийнинг кўз ёшларидан бино бўлган, йўқ юрак қонларидан яралган достонидаги ишқ сатрлари, ИСЁНКОР сатрлар ёрдамга қўл чўзади. Балки мендирман уни излаб келган. «Ишқ ичра мени йўқ айла ё Раб!» дея Мажнуннинг тилидан нола чекади. Ожиз ва афтода ҳолга тушади. Мен-чи? Мен?..
«Ул тенгр оти била бу нома,
Ким ишқ элидин кўтарди хома.
Фардики йўқ аввал ибтидоси
Ҳаййики йўқ охир интиҳоси.
Тоғ балчиғи изра жола урган,
Қум туфроғи узра мола урған.
Ҳар кимники айлабон парирўй,
Таън айлаган анга одату хўй.
Ҳажр эмгакини қаттиғ яратқан,
Ғам шарбатини аччиғ яратқан.
Ишқ ўтида кимни куйдуриб чум,
Маъшуқиға бермаган тараҳҳум.
Қилған неча ошиқ ўлса ношод,
Маъшуқлиғ иқтизоси бедод.
Ошиқ ичи юз минг ўлса парканд,
Маъшуқни қилмай анга хурсанд.
Маъшуққаким эсиб насими,
Ошиқ ичига солиб жаҳими!»
Чун бўйла бўлуб фасона пардоз,
Андин сўнг этиб бу нукта оғоз –
Ким: «Ушб ғаму алам баёни,
Жон сафхасида бағир нишони.
Мендинки ичим ғамингда қондур,
Сангаки ғаминг танимда жондур.
Яъни: бу жунун фасонасидин,
Расволиқ ўти забонасидин.
Гулруҳлар аросида париға,
Анжум аро меҳри ховариға,
Не ҳаддим ила дуо дегаймен,
Юз мадҳ била сано дегаймен?
…Бир сўз била дардима даво бер,
Номанг бор эса, чиқар менга бер!
Мен шу кўйи хотирамнинг қаър-қаърига сингиб кетган ишқ тарихини титкилайман. Ўзимга мос ва хос жиҳатларидан овозим борича бақириб, шеър ўқийман. Шеър – сен илоҳсан! Сен қудратли денгиз каби тошасан. Гоҳо учқур от каби пишқирасан, оламга жар соласан! Биргина юракдан чиқадиган овозинг – шеър бўлса воажаб? Тангрим қудратингга тасанно! Бошимни эгиб, минг ташвиш ва алам ичра тўлғониб яшасам ҳам ДАРД сари талпинаман. Ундан айро яшасам худдики энг керакли буюмимни йўқотиб қўйгандек типирчилайман… Мен энг гўзал туйғулар маскани кўнгил хотиржамлиги учун курашсам ҳам барибир бефойда! Шошқалоқлик қилсанг ҳам, секин юрсанг ҳам қисматинг шу бўлса не наф! Не тадбир ва тадориг қилмагин,барибир орзуинг сароб эканлигини билиб қоласан… Шунга монанд ҳаракат қилсанг бўлмайдими, дегувчи бир банда йўқ? Бор, балки ўзимдирман энг ишончли ҳабиб. Ўз қўлларим билан яратган тақдир қандай бўларди… Тангрим шундай бўл деди менга! Мен шундай бўлдим ҳам шундай кўриндим ҳам…

* * *
Эй, дил! Кундалигим ҳам, кўнглимдаги сендан дариғ тутган изҳорларимни очик ёзишга уриниб кўрдим… билмадим қай бир ўринда тўғри қилдим, қай бир ўринда хатога юз тутдим, ҳаммасини билиб-кўриб тургувчи зот - Тангримдан хижолатлиман! Мен борлиғимни дастурхон қилиб, нимага эришдим. Юрсам ҳам, турсам ҳам сенинг хаёлинг билан яшасам. Шунинг ўзи менга катта бойлик ва соғлиқ эмасми?! Яхшими-ёмонми севиб яшаётган инсонларнинг биттаси эканмидан фахрланаман. Аммо манзил адоғида афсус ва пушаймонлик соҳилидан чикажагингни билиб турсанг ҳам унга монанд қадам ташлай олмас экансан! На, чора! На илож! Бир кам дунё! Бири камидан бутун умринг хазон ва айрилиқ оламида ўтажагини билиб яшайверасан экан! Эмишки, инсони моддий ва маънавий дунё сарҳадларида жуда кўплаб муаммолар кутиб тураркан… мен ўз изҳоримни гоҳ маҳзун, гоҳ забун ҳолимда Сенга тўкиб солдим. Менинг борлиғим сочилиб кетган қоғоздаги гаплардан сира-сира афсусланмайман. Қайтамга мен ўзимга бир дунё туздим. Бунга хос исм ҳам топгандекман – Висолсиз дунё! Менинг дунём билан яшамоқчи бўлсанг мана бўшлиқдан иборат кўнглимга келишинг мумкин. Фақат кузнинг аччиқ нолалари кечаю кундуз янграгани – янграган. Хазонлар даврасида фақир ҳолимда фақат ва фақат шеърим билан суҳбат қураман:
Умр ҳам ўтгандай…
гўё бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик,
гўё бир нафаслик равшан қуюнда
қалби сўқирларга афсона бўлдик,
қушларни йиғлатган қора буюқда
соямиз қўшилиб девона бўлдик.
… Умр ҳам ўтгандай…
наҳот бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик?
бир нафис гул кўрдик ёвуз жунунда,
орзулаб исмини армона қўйдик,
исми жисмига мос армона бўлди,
бу гулга тикилиб вайрона бўлдик…

Самарқанд-Тошкент,
2009-11
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика