Искандар Мақдуний ва сак чўпони (ҳикоя) [Xurshid Davron]

Искандар Мақдуний ва сак чўпони (ҳикоя) [Xurshid Davron]
Искандар Мақдуний ва сак чўпони (ҳикоя) [Xurshid Davron]
Тангриниг эркаси дея ном олган юнон ҳукмдори Искандар Мақдуний қўшини мелоддан аввалги 331 йилда Гавгамела шаҳри яқинидаги ялангликда форс подшоси Доронинг икки юз эллик минглик лашкарини тор-мор этди. Натижада икки асрдан буён магрибу машриқни қуърқувда тутиб келаётган Аҳмонийлар давлати барҳам топди. Мағлуб подшоҳ машъум кунгача ўзига тобе бўлган мамлакатнинг шимоли томонига қочди, аммо йўлда ҳамроҳлари бўлмиш Бохтаристон ва Суғд ноиби Бесс билан лашкарбоши Набарзан томонидан хиёнаткорона ўлдирилди. Бу хабарни эшитган Искандар: «Подшоҳ қонини мендан ўзга бирон бир кимсанинг тўкишига ҳаққи ёқ эди», деган дағдаға билан хиёнаткорларни таъқиб этишга киришди.

Бундан кейинги воқеалар жуда узоқ давом этган қонли жанглар, зафару мағлубиятлар тарихи бўлганидан хабардор бўлсангиз керак. Қолаверса, каминада Искандар билан Суғд лашкарбошиси Спитамен ўртасида кечган омонсиз жанг-жадалларга бағишланган ҳикоялар ёзиш истаги ҳам бор .Илло, ҳозирги мақсадимиз бор-ёғи Искандар Мақдунийнинг Бохтаристон ва Суғд томон бораётганида рўй берган бир воқеани ҳикоя қилиб бериш, холос.

Искандар юнон қадами етмаган номаълум ўлкалар томон ғалабадан руҳланган қалқонбордорларини шиддат билан бошлаб бораркан, баъзан паёнсиз саҳро қўйнидан шамол кўтарган тўзон каби тўсатдан пайдо бўлиб, худди шундай тез ғойиб бўладиган саҳройиларнинг оний, аммо даҳшатли ҳужумларига тўқнашиб ўтишга мажбур эди. Бу ҳужумлар нечоғли шиддаткор бўлмасин ёш жаҳонгир юрагига қўрқув сололмасди. Қўрқув бораётган манзилнинг номаълумлигида эди. Буюк сўқир - Ҳомернинг: «Номаълум ва ёт юртда адашмоқдан даҳшати йўқдир!» деган ҳикмати ҳамиша унинг ёдида. Аммо қўрқув ҳам йъол босган сайин камайиб, номаълумлик ортга қолганидайин ортда қолиб борарди.

Искандарнинг бошидаги юнонларнинг донғи кетган устаси Теофил ясаган обдор дубулға қайноқ саҳро қуёши остида ярақлаб кўзни қамаштирар, дубулғага уланган пўлат ҳалқачалар эса йигитнинг бўйнини кутилмаган хавф-хатардан тўсиб турарди. Ситсилиялик қуролсозлар ясаган қирмизи совут остидан канопдан тўқилган қўшқават жавшан ёш саркарда вужудини маҳкам сиқиб олган . Белида Хитой подшоси туҳфа қилиб юборган, қушдек энгил бўлса-да, пуҳта ишланган кескир қилич. Искандарнинг жангдаги ишончи, жону-дили шу қиличи эди. Элкасида уста Геликон қўлидан чиққан ва миннатдор родосликлар совға қилган алвон ёпинғич. Искандар от устида шамолдай учаркан, элкасидаги ёпинғич ўзига хос байроққа айланар, у қаерда пайдо бўлса, ўша эрда аскарлар руҳланиб, янада шиддатлироқ жанг қилишар, ҳар бир жангчи бу байроқни ҳифз этиб ҳалок бўлишни ўзига шараф деб ҳисобларди. Искандар буни яхши билгани учун ҳам жанг пайти ёпинғичини эчмасди…


Искандар оқшом пайти кекса лашкарбоши Парменион билан суҳбатлашиб ўтирарди. Қуёш уфқ ортига ботганига қарамай ҳали ҳарорат пасаймаган, қилт этган шабада ҳам сезилмасди.
— Эсингда бўлса, Ҳеродот бу юрт одамлари хусусида уларнинг
Eллада заминида форслар тарафида туриб жанг қилганларини батафсил ёзган… - дея гап бошлади Парменион – Эсладингми?..
Парменион шундай деб ёнида турган қутичани очиб, Ҳеродотнинг асари битилган папирус ўрамаларини олди. Лекин Искандар унга мутлақо эътибор бермай хаёлга чўмганини кўриб, ўрамаларни яна ўрнига қўйди.
Парменионнинг фил суягидан ясалган бу қутичани олиб юришига ҳам Искандар сабабчи: кекса қиличбоз бу иши билан йигирма яшар подшоҳ кўнглини олишни истарди. Бошқа лашкарбошилар ҳам худди шундай қутичалар олиб юришининг сабабини эса Гавгамела жангидан сўнг рўй берган бир воқеа очиб берарди.
Подшоҳ Доро мағлубиятидан сўнг форс ҳукмдори-ю кўп сонли сарой аҳлидан қолган бойликларни рўйхат қилган юнон амалдорлари таклифи билан жаҳонгирнинг яқин сафдошлари ўлжалар орасида энг қимматбаҳо ҳисобланган буюмни Искандар ҳузурига олиб киришди. Бу бебаҳо дуру гавҳар билан зийнатланган қути – кичкина сандиқча эди. Сандиқчага ўрнатилган гавҳартошларнинг айримлари Форс салтанатига қарашли вилоятларнинг бир йиллик хирожига тенг келарди. Искандар қутичани мароқ билан томоша қиларкан,ичида устанинг ҳунарига таҳсин айтди. Сўнг қошида ўтирганлардан:
— Бу қутида нимани сақлашимни маслаҳат берасизлар? – деб сўради.
— Доронинг тожини, - деди ўйлаб ўтирмай Клит.
— Отанг Филипдан мерос қолган тожни, - деди Парменион.
— Хитой подшоҳи совға қилиб юборган қилични, - деди Искандарнинг бу тортиқни ниҳоятда яхши кўришини билган Филот.
Даврадагилар ўзларига маъқул маслаҳатларни бериб бўлгач, кимнинг таклифи маъқул топилишини кутиб сукут сақлашди.
— Мен бу қутичада, - Искандар шундай дея ўтирганларга бир-бир кўз ташлаб чиқди: - «Илиада»ни сақлашни истардим…


Ҳозир Парменон билан суҳбатлашиб ўтираркан, унинг гапи баҳона Ҳеродот асарида Бохтаристон ва Суғд хусусида ёзилган маълумотларни эслади. Искандарнинг хотираси кучли эди. Устози Арасту ҳам унинг қувваи ҳофизасига таҳсин ўқиган.
Искандар Ҳеродотнинг Фермопила яқинида содир бўлган даҳшатли жангда форслар тарафида бохтарликлару суғдлар билан бирга саҳрои саклар – искит(скиф)лар ҳам иштирок этгани ҳақида ёзганларини бир-бир хаёлидан ўтказди. Муаррих искитларни учли қалпоқ, теридан қилинган эгин-бош кийишларини, жангу жадалда машҳур сак камони, ханжар ва икки дамли ойболта қўллашларини ёзган эди. Ҳозир йўлда Искандарга дам бадам ҳужум қилаётган саҳройиларнинг уст-боши, қурол-яроғи ҳам Ҳеродот тасвирига мос келарди.
Ҳеродотнинг ёзишича, қолаверса, искитлар билан гоҳ бирга, гоҳ ўзаро жанг қилган форсларнинг таърифлашича, камонбозликда саҳройиларга тенг келадиган қавм ҳали жаҳонда йўқ экан. Искитлар учун узук орасидан новак учириб ўтказиш оддий бир эрмак иш экан. Искандар бу гапларга унчалик ишонмасди. Унинг ўзи жанг-жадалсиз кунларда ҳам камондан ўқ узиш машқини канда қилмас, кўкда учиб бораётган қушни бемалол отиб тушира оларди. Узук орасидан новак учириб ўтказиш ҳақидаги гаплар эса унинг учун суюкли Ҳеродотнинг Троя муҳорабаларига бағишланган достонида ҳам дам-бадам учраб турадиган лофдан бўлак нарса эмасдай туйиларди.
Шуларни ўйлар экан, Искандар Парменионга қараб:
— Ҳеродот тўғри гапларни ёзган экан…- деди.
Бу гапни эшитган Парменион бирдан энгил тортиб, қувониб кетди. Унинг бу ҳолатини пайқаган Искандар мийиғида кулиб қўйди. Гавгамела жанги арафасида ва жангда рўй берган воқеалардан буён уялиб, ўзини қўярга жой тополмай юрган бечора чол ёш ҳукмдорининг эътиборини қозона бошлаганидан хурсанд эди.
Гавгамела жанги олдидан Доро Искандар ҳузурига ўз элчисини юборди. Элчи Искандарга: «Форсларнинг буюк ҳукмдори сенга ўн минг талант тилла ва Осиёнинг ярми устидан ҳукмронликни беришга рози «,- деб айтди. Шунда Искандарнинг ёнида турган Парменион беихтиёр:
— Агар мен Искандар бўлганимда, бу таклифга ўйлаб ўтирмай рози бўлардим, - деб юборди.
Искандар ўша заҳоти, аммо Парменионга қайрилиб ҳам қарамай, жавоб берди:
— Зевс ҳақи айтаманким, агар мен ҳам Парменион бўлганимда бу таклифга рози бўлардим.
Сўнг элчига қараб таҳдид билан:
— Бориб Дорога айт, осмонда қуёш иккита бўлмаганидек, ердаям подшоҳ битта бўлади, - деди.
Мана шу воқеадан сўнг Парменион анча вақтгача ўзини Искандардан олиб қочиб юрди. Унинг устидан кулганлар ҳам топилди. Аксига олиб, Гавгамела жангида ҳам омади юришмади. Қарилиги асар қилдими, сусткашликка йўл қўйди. Оқибатда қўл остидаги жангчилари билан мушкул аҳволда қолди. Тажрибасиз ёш лашкарбошидай ўровга тушди. Бахтига Доронинг жанг майдонидан қочганини эшитган форс жангчилари таҳликага тушдилару кекса саркарда шармандали мағлубиятдан қутилиб қолди. Бари бир Искандар қаттиқ ғазабланди. Аммо кекса саркардани аяди. Отаси Филипп бу содиқ сафдошини яхши кўрар, унга қаттиқ меҳр қўйган эди. Ҳатто у бир марта: «Мен афиналикларга жуда ҳавас қиламан. Улар ҳар йили сайловда ўнлаб лашкарбошиларга эга бўладилар. Мен бўлсам неча йиллар давомида бор-йўғи бир лашкарбошини Парменионни топдим», дея лутф этган эди. Падари бузруквори бу билан афиналикларнинг ўн лашкарбошисига Парменионнинг бир ўзини тенг қўйишини айтмоқчи ва бу билан афиналикларни масхаралаб, ўз лашкарбошисини олқишламоқчи эди. Искандар Парменионнинг жангдаги сусткашлиги боисини қариликдан деб билади. Унинг назарида, сусткашлик ожизликдан, ожизлик эса қариликдан туғилади. Ҳа, қарилик қўрқувдир! Йигирмаяшар жаҳонгир устози Аристотелнинг «Қарилик – донишмандлик» деган ҳикматини эслади-ю, фикрини бари бир ўзгартирмади…
Гавгамела жангида Парменион бошлиқ аскарлар мана шу саҳройилар – саклар билан массагетлардан иборар қўшин ўровига тушиб қолган эди. Бесс бошлиқ бу қўшинда бохтарлар ва суғдлар ҳам бор эди. Хусусан, суғдликлар саркардаси Спитаменнинг диловарлиги юнонларни ҳайратга солди.
Искандар Ҳеродотнинг китобида қайт этилган подшоҳ Доронинг бобоси Куруш мана шу бепоён саҳро қўйнида массагетлар томонидан жангда мағлуб этилгани, ҳатто боши танидан жудо қилиниб қон тўла мешга тиқилгани ҳақидаги ҳикояни эслади.
— Ўша массагетлар маликасининг исми Тўмарис эди, - деди Парменион.
Искандар ялт этиб кекса лашкарбошига қаради. «Нима ҳақда ўйлаганимни бу чол қаердан била қолди?» - деб ўйлади у ҳайратини яширолмай.Яна ялт этиб Аристотелнинг ҳикмати фикридан ўтди.
Парменион бўлса ҳеч нарса бўлмагандек, саҳро жазирамасида илиган, эндигина пайдо бўлган оқшом шабадаси ҳали совутишга улгурмаган май тўла косани шимирарди. Искандар ҳам қўлига қадаҳини олди. Улар ўтирган чодир ичи ҳалиям дим эди. Сафар давомида ташналик ҳаммани қийнар, аммо сув камчил, шароб эса кўп эди. Искандарни бошлаб бораётган форслар сўзига қараганда икки кундан сўнг жуда катта дарёга етиб боришаркан. Шуни ўйлаб, илиқ шаробдан кўнгли беҳузур бўлган Искандар тамшаниб қўйди.
Кеча қизиқ воқеа юз берди.
Кун тиккага келган пайт эди. Қуёш аямай олов пуркарди. Бу оловдан пўлат чўғланган мисол чақнаб борар, совутлар ичидаги вужудлар эса сув бўлиб эриб кетаётгандай гўё…
Бу ҳолдан бетоқатланган Искандар Зевсдан тезроқ кун ботишини тилади. Аммо шомгача ҳали узоқ эди. Ташналикка охири Искандарнинг ўзи ҳам чидолмади. Сув сўради. Унга Гавгамела жангида қўлга тушган Доро сувдонини узатишди. Сувдонда озгина сув қолган экан. «Бори шуми?» деб сўради. Хос соқчилари бошлиғи унсиз бош ирғади. Искандар сувдонни лабига олиб бориш асносида тўрт томондан ташна аскарлар нигоҳини туйди. Ҳа, бутун лашкар сувдонга кўз тиккан эди. У нима қилишини билмай, тараддудланиб қолди. Сўнг шартта сувдондаги сувни қизиб ётган қум устига тўкди. Қизиган қум дам ўтмай сув изидан ном-нишон қолдирмади. Ич-ичида ногаҳоний кучли ҳаяжон уйғонганини сезган Искандар «Мен ҳамма қаториман!» дея қичқирди. Жангчилар руҳланиб кетишди. «Бизни ўйлаб шундай қилди!» деб бир-бирларига фахрланиб гапира бошлашди.
Мана энди Искандар ташналикни май билан қондирарди. Аскарларга ҳам сув ўрнида май тарқатишар, аммо маст бўлмайдиган миқдорда берилсин, деган фармонга қаттиқ риоя қилинарди.
Искандар майни беҳад суяр, жангу жадалсиз чоғларда туни бўйи давом этадиган базмларда «тўйдим» демасди. Мана шундай пайтларда таъмагирларни омади чопарди: ёш жаҳонгир мақтов эшитишни хуш кўрарди. Бу эса таъмагирлик, тилёғламалик қилишни билмайдиган айрим лашкарбошиларни қийин аҳволга солиб қўярди. Улар икки ўт орасида қолиб нима қилишларини билмасдилар. Бошқаларга қўшилиб тилёғламалик қилай дейишса, бундан орланишар, қолаверса, уддалай олишмас, мақтовларга қўшилмай сукут сақлаш эса хавотирли эди. Аммо жанг арафасида Искандар ҳар қандай базмларга барҳам берар, яна зийрак ва фаросатли ҳукмдорга айланарди. Оқибатда таъмагирлар четлашиб, сўздан кўра қилич ушлаб жанг қилишни эплайдиганларнинг омади юришарди.
Маст одам жангга ярамайди. Суюкли «Илиада»да бу ҳақда бағоят гўзал айтилган:
Май қирққай куч;
кетгай қувват билакдану
мардлик юракдан…
Ҳеродот ҳам ўз битигида шароб хусусида кўп ривоятлар келтиради. Унинг ёзишича, мана шу саҳройилар билан жанг қилган Куруш майдан ўз ёвуз нияти йўлида усталик билан фойдаланган. Малика Тўмариснинг ўғли бўлмиш массагетлар лашкарбошисини шароб ёрдамида қўлга туширган.
Мана энди мағлуб Доронинг бобкалони Курушни ҳалок этган саҳройилар маконидан музаффар юнон қўшини ўтиб борарди. Бу қўшинни тўхтата оладиган куч жаҳонда йўқдек туюларди.


Йўл бошловчи форслар айтган дарёгача бир кунлик масофа қолганда манзил қурдилар. Ўша куни жангчилар яқин-атрофда пода боқиб юрган сак чўпонини тутиб, Искандар ҳузурига олиб келишди. Чўпон йигит деярли у билан тенгдош эди. Бошида учли қалпоқ, эгнида теридан қилинган кўйлак-иштон кийган чўпон йигит кўзида қўрқувдан асар йўқлигини сезган Искандар тилмочни чақирди. Тилмоч этиб келгач, чўпондан бу ерларда нима қилиб юрганини суриштиришни буюрди.
— Уюр боқиб юрибман, - деб жавоб берди чўпон.
— Менинг келаётганимни эшитиб, бекинмадингми? – деди Искандар.
— Қўрққан одам бекинади! - деди чўпон йигит.
Искандар чўпон йигитнинг жавобига қойил қолди. Шу пайт унинг нигоҳи аскарлар ўраб олиб, томоша қилаётган чўпон йигитнинг отига тушди-ю, донг қотди. Бунақа отни у ҳали умри бино бўлиб кўрмаган эди. Ҳатто кенг қашқали бўлганидан Бутсефал деб ном олган суюкли оти ҳам саҳройи аргумоқ билан тенглаштирилса, қадрини йўқотиб қўйиши мумкиндай туюлди.
Искандар ўн йилдан буён Бутсефелдан айрилмас,уни кўз қорачиғидай асрарди. Отаси Филипп бу отни Искандар ҳали гўдаклик чоғида фасаллик машҳур отфуруш ва синчикда тенги йўқ Фелоникосдан ўн уч талантга сотиб олган экан. Искандар Гирконни забт этиб, Каспий денгизи бўйлаб сайру томоша қилиб юрган пайтида саҳро ичидан тўсатдан пайдо бўлган саҳройилар тўдаси қирғоқ яқинидаги ўтлоқда ўтлаб юрган отлар қатори Бутсефелни ҳам олиб кетишди. Буни эшитиб Искандарнинг ғазаби жунбушга келди. У «Агар отим тезда қайтарилмаса, бутун Гирконни хонавайрон қилиб, аҳолини қатлиом қилишдан қайтмайман» дегандан сўнг, отини қайтариб беришди. Искандар шундай қувондики, ҳатто ўғриларга от учун тўлов тўлашга ҳам рози бўлди.
Тўгри, саҳройи йигитнинг отини Бутсефалга тенглаштириб бўлмасди. Бутсефал жуда ноёб от, аммо чўпоннинг оти ҳам кучли, ҳам бағоят кўркам эди.Отни завқ билан томоша қилган жаҳонгир яна чўпон йигитга қаради.
— Отингни менга сот, - деди Искандар.
— Дўстимни сотолмайман! – деди чўпон йигит.
— Ўйламай жавоб беришга шошилма Мен отингни тортиб олишим, сени эса ўлимга буюришим мумкин! – деди Искандар ҳар бир сўзини дона – дона қилиб.
— Мени ўлдириб отимни олсанг, ол, аммо мендан уни сотишни сўрама, - деди чўпон йигит Искандарнинг кўзига тик қараб.
Искандар қачонлардир худди чу тахлит жавобни эшитгандай эди. Дам ўтмай эслади. У Доронинг енггандан сўнг хизматига кирган форсларнинг бири унинг илтимоси билан аҳмонийлар сулоласи ҳақида сўзлаб берар экан, Доронинг буюк бобоси Куруш билан боғлиқ бир воқеани ҳам ҳикоя қилган эди.
Куруш ўз қўшинидан оддий аскарлардан бирининг отига ишқивоз бўлиб қолибди-да, ундан катта ҳақ эвазига отини беришни сўрабди. Шунда аскар йигит:
— Йўқ,улуғ подшоҳим,- дебди, - талабингни адо этолмайман. Агар одамлар орасидан шундай садоқатли дўстни топа олишимга ишонганимда эди, сенга отимни бажонидил берган бўлардим.
Куруш аскарнинг жавобидан ҳайратланиб, унга кўп тортиқлар қилган экан. Ўша форснинг нақл қилишича, Доро ҳам отнинг ашаддий ишқивози ва ҳар қандай отнинг зотини, феъл-атворини биладиган синчи бўлган экан. Унинг яна бир қизиқ одати - жангга отланганида ҳамиша эндигина қулунлаган бияни ўзи билан олиб кетар экан. Доро Гавгамела жангидан аввал бўлиб ўтган Исса яқинидаги жангда мағлуб бўлганида мана шундай бияларнинг бирига миниб ортига қочган ва боласини қўмсаган бечора бия шундай шитоб билан чопган эканки, қочқин подшоҳ ортидан қувишга тушган аскарлар ярим йўлда қолиб кетишган.
Искандар чўпон йигитнинг жавобидан мамнун бўлиб, юзи ёришиб бораркан, ногоҳ сакларнинг тенги йўқ мерган эканлари ҳақидаги гапларни эслаб қолди. «Мана энди ўша бўлмағур миш-мишларнинг асоссиз эканлигини исботлайдиган пайт келди», деб қувонди ичида. У Гавгамела жангидан сўнг қочоқ Дорони қувганда, форслар ҳукумдори ташлаб қочган жангароба билан биргаликда қўлга туширилган шоҳ камонини келтиришни буюрди. Аммо ёш жаҳонгирнинг мақсадини ҳали англашга улгурмаган чўпон йигит шоҳона камонга кўз қирини ҳам ташламади. Искандар ўрнидан туриб, камонни қўлга олди-да:
— Агар сен камондан ўқ узиб, узук орасидан ўтказа олсанг, отингни миниб кетишингга руҳсат бераман. Хато қилсанг, ўзинг камончиларимга нишон бўласан. Розимисан?!-деди.
Чўпон йигит бир нафас ўйга ботди. Аммо шу бир нафас ичида унинг кўнглида қаттиқ бир мусоҳаба бўлгани йигит юзида кўриниб турарди. Йигит яна Искандарнинг кўзига тик қараб:
— Йўқ!- деди.
Искандар қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Сўнг йўл давоми унга сакларнинг мерганлиги ҳақида латифа айтиб келган форсларга ғазаб билан ўқрайди. Унинг козларидан : «Мана кўриб қўйинглар, ўша сизлар мақтаган мерган саҳройиларнинг биттаси… Сизлар эмасми, уларнинг етти яшаридан етмиш яшаригача камондан ўқ узиб узук орасидан ўтказиши ҳақида лоф тўқиган» - деган таҳдидли маънони илғаб олиш мумкин эди.
— Олиб бориб бошини танидан жудо қилинг! –деди Искандар жаҳл билан Доро камонини четга ирғитаркан.
Соқчилар бошлиғининг ишораси билан икки навкар чўпон йигит қўлларидан маҳкам тутишди. Йигит уларга қаршилик кўрсатмади, у ҳеч нарса бўлмагандай хотиржам эди. Учинчи аскар «Қани кетдик!» - дегандек, унинг курагига найзасини тираган маҳалдагина чўпон йигит яқинида турган тилмочга нималардир гапирди. Буни кўрган Искандар ўша заҳоти: «Шошманглар!» – дегандек қўлини кўтарди. Кейин тилмочни ёнига чақирди.
— Нима деди?
— Уч тўрт кундан бери пода ортидан юриб машқ қилолмаган экан. Шунинг учун ўқ узганида ҳато қилиши мумкин экан,- деб жавоб берди тилмоч.
Бу гапни эшитган Искандар нима дейишини билмай қолди. У ўқ узиб хато қилишдан кўра ўлимни афзал кўрган чўпон йигит орияти олдида ҳангу манг эди . Искандар ориятли одамлатни ҳурмат қиларди. У ҳайрат ичида тураркан, ўз-ўзидан тилига «Иллиада» сатрлари қуюлиб кела бошлади:

Ҳар бир мард-ла, ҳордиқ билмай,
Оташона жанг қилсин ҳар мард!
Искандар чўпон йигитни озод қилиб, отини қайтаришни, хоҳлаган томонига кетишига тўсқинлик қилмасликни, кейин чўпон йигит уюри аллақачонлар қўшин заҳираси ихтиёрига олинганини эшитиб отларни ҳам битта қўймай қайтаришни буюрди. «Ориятли халқ билан жанг қилиш учун ориятли бўлмоқ керак», деб ўйларди Искандар…
Йўл бошловчилар айтгандек, эртаси куни вақт пешиндан ўтган маҳал олисда ёйилиб оқаётган дарё кўринди. Бу Ҳеродод таърифлаган Окс дарёси эди. Саҳройилар тилида бу дарё Ўкуз деб аталаркан.
Ташналикдан қийналган лашкар сув томон отилди. Искандар ҳам йўл давомида биринчи марта Бутсефалга қамчи урди. Қирғоққа етиб келгач, уст-бошини ечмасдан дарёга кирди. Окс суви уни ҳайратга солди. Бу сув у шу пайтгача кечиб ўтган дарёлар сувига деярли ўхшамасди: сув жуда майин, худди зайтун мойидек мулойим эди.
Ўша куни кечқурун дарё қирғоғида салқиндан роҳатланиб ўтирган Искандар чодирига айғоқбоши - форс Арсам кириб келди.
— Шоҳим, - деб гап бошлади у таъзимни адо қилиб бўлгач, - айғоқчилар қайтиб крлишди. Улар келтирган маълумотларга қараганда, хиёнаткор Бессни на бохтаристонликлар, на суғдлар қувватлаётган эмиш. Суғд саркардаси Спитамен атрофига эса халқ тўпланаётган эмиш. Энг муҳими, Спитамен энг диловар ва ориятли йигитлардан етти мингини саралаб хос

лашкар тузиб жангга ҳозирлик кўраётган эмиш… Арсамнинг гапларини эшитиб Искандар чуқур хаёлга ботди. Унинг кўзи ўнгида нима учундир кечаги чўпон йигит намоён бўлди. Ботаётган қуёш акси дарё устини қизартириб бораётганини, гўё ўзанни қон тўлдира бошлаётгандек ҳам сирли, ҳам ҳаяжонли манзарани томоша қилар экан: «Кураш оғир бўлади!» - деб пичирлади ёш жаҳонгир…
1990
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика