Навоий армони (ҳикоя) [Xurshid Davron]

Навоий армони (ҳикоя) [Xurshid Davron]
Навоий армони (ҳикоя) [Xurshid Davron]
Шаҳзода Мўмин мирзо ўлдирилган ҳижрий тўққиз юз учинчи йилнинг сафар ойида – 1497 сананинг эрта баҳорида Мир Алишер Навоий Машҳадда эди. У бир пайтлар ўзи сабоқ олган бу кентга Имом Ризо мақбарасини зиёрат қилишга бориб, етим-есирларга сақат улашадиган ғалвурхона қурилишини бошлатган, шу боис, бир оз ушланиб қолган эди.
Навжувон шаҳзоданинг шафқатсизларча қатл этилганини Ҳиротга қйтаётганда эшитиб, Мир Алишер бағоят қаттиқ қайғурди ва унга пешвоз чиққан ёру-биродарларига надомат билан. «Бир вақтлар Шайх Маждиддин Бағдодийнинг ўлдирилиши оқибатда Чингизхон босқинидан Мовароуннаҳр ва Хуросон қандай қирғинбаротга учраган бўлса, Мўмин мирзонинг ўлдирилиши оқибати ҳам худди шундай фалокатлардан дарак берадур», - деб айтди. Мир Алишер бундай қабихона қотиллик – бобонинг ўз набирасини ўлдиришга фатво бериши салтанат инқирозининг ибтидоси эканига ишора қилганини пайқаган Султон Ҳусайн Бойқаро қаттиқ ғазабланди. Аммо ғазабини ичига ютди. Зеро, подшоҳ шаҳид шаҳзода отаси, тўнғич ўғли Бадиуззамон мирзо хун қасдида албатта исён бошлашини билар, бундай шароитда Мир Алишер билан ора бузилишини хоҳламас эди.
Султон Ҳусайн бу машюм воқеадан сўнг, қарийб ярим асрлик қадрдони бўлмиш Мир Алишер салтанат ишларидан бутунлай четлашишга, бир умрлик орзусини амалга оширишга аҳд қилганидан бехабар эди. У, бу ҳақда эшитганда ҳам жиддий эътибор бермади, илло, Мир Алишер бундай қарорларни олдин ҳам қилган, аммо унинг бошига ташвиш тушганда ҳеч қачон қараб ўтирмаган, хонанишинликни тарк этиб албатта кўмакка келган. Шоядким, бу гал ҳам шундай бўлгай… Қолаверса, Мир Алишерни подшоҳ хонадонига ипсиз боғлаб қўйган бир куч бор эдики, у ҳам бўлса Султон Ҳусайн Бойқаро билан барча кечган хотиралари эди. Аммо бу галги тарк этиш Мир Алишернинг азалий орзуси билан боғлиқлигидан бу ёш шоирнинг кўнглига ҳали Самарқандда ўқиб юрган кезларидаёқ пайдо бўлганидан бехабар эди. Баъзилар бу ўй рад этишга севги туфайли деб шубҳа қиладилар. Ўшанда муҳаббати кўнглининг тубида қолиб кетганидан эзилган йигирма етти яшар Алишер ҳажга кетишга, қолган бутун умрини тариқат сулуҳига бағишлашга чоғланган, аммо юртда кечган нотинчликлар сафарга чиқишига монелик қилганди. Ўшанда ёш шоир ҳазрати Хожа Аҳрор маслаҳатига амал қилиб, тариқат илмини ўрганишга зўр берди.
Султон Ҳусайн Бойқаро адашмади, ҳақиқатан ҳам келаси йилнинг ёзига чиқиб, Бадиуззамон мирзо исён бошлади. Султон Ҳусайн қўшин сафлаб, Астрободга отланди. Мир Алишер у билан бирга кетди. Ота ва ўғил ўртасида бегуноҳ набира хуни тургани учун ҳам қиличлар муҳовараси қаттиқ ва аёвсиз бўлмоғи маълум эди. Мир Алишер хуросон салтанатини парчаланишдн сақлаб қолишни ўз бурчи санар, гарчи узилган ипни қайта улаб бўлмаслигини англасада, ота билан ўғилнинг бузилган муносабатларини тикламоққа зўр бериб уринарди. Султон Ҳусайн ҳам бутун умидини бу гал қиличига эмас, дўстининг тадбиркорлигига боғланганини, очиқ-ойдин бўлмаса-да, нозик ишоралар билан билдиришга ҳаракат қиларди. Мана шу сабабдан ҳам Мир Алишер Бадиуззамон мирзо ҳузурига элчиликка борди. У мирзодан ота амрига қулоқ солишни тилади. Худди олдинги – Мўмин мирзо ўлдирилишидан аввал юз берган исён пайтида нима деган бўлса, ўшани такрорлади. Аммо қанча уринмасин, мирзо тавба қилишдан бор тортди. У Мир Алишер қаттиқ тикилиб: «Мавлоно, мен, сизни отамдан ортуқроқ кўраман, ўғлим эса сизни мендан ортиқроқ суярди. Хўш, қани айтинг-чи, ота деган фарзандини тириклайин ўлдирадими?» – деди. Кекса шоирнинг кўзидан ёш тирқиради, у мирзо нимага ишора қилганини англади. Кейин базўр ўзини ўнглаб. «Мирзо, бу гапларни унутинг», - деди. «Қайси сўзларни?» – деди бадиуззамон мирзо. Мир Алишер ортиқ ўзини тутиб туролмади, ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг аҳволини кўриб, Бадиуззамон мирзонинг ҳам кўзидан дувва-дувва ёш тўкилди.
Eлчи Марвда қароргоҳ тутган Султон Ҳусайн ҳузурига умидсиз қайтгач, бир замонлар улуғ Амир Темур кўрагон тиклаган қудратли салтанатнинг сўнгги парчаси бўлмиш давлатнинг таназзулига моне бўлмоқ мақсадида подшоҳга: «Фарзандингиз тавба қилишга тайёр», - деб аайтди, ниятда бор тадбирларни қўллаб, Бадиуззамон мирзо кўна оладиган шартларни қабул этишга подшоҳни рози қилди. Сўнг қароргоҳдаги чодирига кириб, исёнчи шаҳзодага мактуб битди ва ўша фурсатдаёқ чопар билан бориб бериб юборди. Икки кун ўтар-ўтмас Бадиуззамон

mirzodan javob keldi. U Mir Alisher maktubida shartlarni qabul qilgani va hademay tavba uchun podshoh huzuriga yetib berajagini bildirgan edi. Voqyealar tadriji mirzoning maktubidagi va’dasini isbotladi. Sulh bitilgach, podshoh Mozandaronga, Mir Alisher esa dorulsaltanatga qaytishni ixtiyor etdilar.

Тонгда йўлга чиқиш маҳалида шу нарса маълум бўлдики, қароргоҳдаги шоир чодири тўсинида бир ғуррак уя ясаб, тухум қўйишга ҳам улгурибди. Чодирни йиғиштириш учун рухсат тилаб кирган мулозимлар бу ҳақда хабар берганларида, Мир Алишер бу воқеани улардан олдинроқ сезганини маълум қилди. Мулозимлар қўл қовуштириб, тараддудланиб турганларини кўргач, айтди: «Ғуррак тухум очиб, полапонларини учириқ қилгунга қадар чодир шундай қолдирилсин». Сўнг у ўз ҳузурига Хожа Ҳусайн Бахтиёрни чақириб келишини ва Хожа келгач, унга чодирни муҳофазалаб туришни ва ғуррак полапонларини катта темирқанот қилганидан кейин эса хизмат ҳақига бу тенги йўқ чодирни олиб кетишни буюрди. Хожа Ҳасан Бахтиёр дастлаб бироз гарангсираб турди, сўнг бирдан кўзлари чақнаб ҳазрат шаънига ва унинг саҳоватига ҳамду-санолар айтиб, унинг амрини қабул қилди. Дили хотиржам тортган Мир Алишер салтанат полапонлари бўлмиш фуқароларга аллоҳ таолодан иноят тилаб йўлга тушди.
Мана, неча йилдирки, салтанат осойишталиги ҳам унинг чодири тўсинига уя қўйган ғуррак тухумларидек омонат. Агар улар муҳофаза этилмаса, ҳирсу ҳавас, зулму ситам, исёну гавво қасридан ерга тушиб чилпарчин бўлмоғи шубҳасиз.

То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво касри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жонига бедод ўлмас,
Eл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас…
Йўлда бораркан, Мир Алишер бари-бир қариган подшоҳ билан куч-ғайратга тўлган шаҳзодалар ўртасидаги тотувлик муваққат эканини ўйлар, бутун умри давоми салтанат равнақи деб чеккан заҳматлари қизиган қумга томган ёмгир томчисидек бенаф кетганидан юрак-бағри эзиларди. Шоир болалик дўстининг сўнгги йилларда жангу жадал ва айшу-ишрат қилмоқдан боши чиқмаганидан норози эди. Не фожиаким, мўйсафид подшоҳнинг номози пешиндан сўнг ичмаган куни йўқ. Унинг бу қилмиши нафақат ўзининг феълига, қолаверса, ўғлонлари ва жами сипоҳларига ғайри таъсир кўрсатарди. Бир қултум май дунёни бузади дейдилар. Мир Алишер «ум ул-хобоис»* бўлмиш майга берилиш оқибатларидан қўрқарди.
У, ўттиз йилдирки, салтанат остонасидан тупроқ бўлди. Дўсти ўтирган тахт тинчини кўзлади. Ота авлоди қарийб бир аср мобайнида садоқат билан хизмат қилган темурийлар равнақи йўлида қўлига қилич олишгача борди. Бу хизматлари эвазига подшоҳ унга кўп илтифотлар қилди, олий мартабалар берди. Баъзан ўз назаридан четлатди, аммо яна ҳузурига чорлади.
Подшоҳга дўст кишининг душмани кўп бўлади. Ўттиз йилдир-ки, бу душманлар уни ёмон кўрадилар, унга туҳмат қиладилар, бўҳтон ёғдирадилар. Аммо у пушаймонлик чекмайди, зеро, пушаймонлигидан суд йўқтур. Йўқ, йўқ, у пушаймон эмас, чеккан заҳматларидан рози. Илло, у ҳар ҳаёт кўнгилни тангри таоло ёдидан ғофил, мусулмонлар додидан отил қилмади. Дўстлар фикридан ва душманлан макридан бепарво бўлмади.
Ҳижрий саккиз юз етмиш учинчи (1469) санада Султон Абусаид мирзо Қорабоғда жанг майдонида ҳалок бўлганидн фойдаланган Султон Ҳусайн мирзо Хуросон тахтини эгаллаб олди. Ўшанда Мир Алишер назарида Султон Ҳусайндан ўзга бир даъвогар йўқ эдиким, бу тахтда у Самарқандда, аниқроғи, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абуллайсий хонақоҳида тариқат сулуки илмини эгаллаш билан банд эди. Хушхабарни эшитгач, дўсти ёнида бўлиш заруратини сезди ва саҳоватли Амир Аҳмад Ҳожибек кўмагида Ҳиротга отланди. Султон Ҳусайн мирзонинг тахтга ўтириши шарафига «Қасидаи Хилолия»ни битди. Ёки подшоҳ Мир Алишерни хурсандчилик ила кутиб олди ва унга олий илтифотлар кўрсатди. Аммо ҳали подшоҳлик тахти омонат эди, мана шу омонат тахтни барқарор этиш ниятида подшоҳ билан тенгма-тенг мамлакатда тинчлик-осойишталик ўрнатиш учун маълум муддат қаламини унутди. Тахт учун кураш узоқ давом этди. Биргина Ёдгор Муҳаммад мирзонинг ўзи Султон Абусаид мирзо вориси сифатида тахтга даъвогарлик қилган озмунча касофат етказлими? Ундан сўнг Султон Маҳмуд мирзо, қора куюнлилар кўмак берган Абубакр мирзо билан бўлган жанглар-чи? Мана шу жангу-жадаллар давомида у ҳамиша ё дўсти қўшнида, ё дорулсалтанатни ҳифз этишда бош-қош бўларди.
Мана шу заҳматлари туфайли мамлакатда осойишталик қарор топди. Мир Алишер сабаб Султон Ҳусайн Бойқаро саройида аҳли фаол ва беназир инсонлар йиғилдилар. Мана энди фархунда замон бугунга келиб – подшоҳ ҳам, ўзи ҳам қариганда шикаста бўладиганга ўхшайди. У дўстини адолатли подшоҳ бўлишига даъват қилди. Зулм ва адолатсизлик боис обод жойлар вайрон, кабутар ошёнлари бойқушга макон бўлишини англатди. Подшоҳлар эса зулм ва адолатсизлик қилишга кўпроқ мойил бўладилар. Ноҳақ қон тўкмоқлик уларнинг ҳунари, муддао, токи жони бор одам ундан қўрқсин. Подшоҳларнинг номаъқулчилиги ўзларига яхши кўринади. Қорани оқ деса, - маъқулламаган гуноҳкор, қора демаганларнинг эса рўзғори қаро бўлади. Подшоҳларга тўғри сўзни айтганларнинг жони хатарда, эзгуликка ундаганларни қатли ом кутади. Аммо у дўст сифатида ҳам, вазир сифатида ҳам ёмон, иймонсиз бўлса фуқаронинг ҳолига вой.
Нафсиламр айтганда, «вазир» сўзи «визр», яъни «гуноҳ» сўздан келиб чиққан. Мозийдан маълумки, вазирлар ўз ҳукмдорлари кўнглини хушламоқ учун гуноҳдан тап тортмайдилар. У эса вазирликни ҳукмдор сиёсати туфайли юз берган гуноҳларни бўйнига олиш, уларни бартараф қилиш деб англади. Шу мақсад йўлида мозий вазирларидан бири бўлмиш Осафнинг узугига нақшланган «Инсофлини худо раҳмат қилсин» деган сўзни шиор қилди. Аммо энди қариди, толди, толиқди. Энди у ўзининг бутун умри давомида орзу қилгани муборак ҳаж сафарига кетиш муддати етганини англади.
Мир Алишер порсо ва покдоман киши эди. Улуғ мартабалар кўрган бўлса-да, уларнинг ҳавасига учмади, тариқатга содиқ қолди. Султон Ҳусайн мирзонинг ўзи бир гал унинг порсолиги ва таҳоратини бузмаслиги ҳақида гапирган ва «Бу ҳазрат дунёга келиб ҳаёт хилятини кийганларидан буён этакларига шаҳват чиркини теггизмаганлар, футаввот ва жўмардлик ёқаси лаъли тугмасини хотинлар ҳавою ҳавасига тутқизмаганлар», - деб айтганди.
Мир Алишер ёшлигидан бошлаб, Машҳадда ва Самарқандда сабоқ олганида ҳам, ҳамиша дарвешлар суҳбатини ихтиёр этди, ҳидоят йўлида раҳнамо машойихлар илмини ўрганди ва ҳар доим бу покдамонлар гуруҳига ихлос ва муридлик қадами ила мулозаматда бўлди. Астробод воқеалари туфайли подшоҳ билан ўрталарида тушган рахна сабаб саройдан четлашганда ҳам салтанат ишидан этак йиғиштириб, ибодат ва риёзат аҳли билан бирла бўлди, шу мақсадда Роботи Суҳайлда хонанишинлик қилди. Фақирлик ва фано йўлидан кетишга мойил эди, лекин, орадан кўп вақт ўтмай, подшоҳ уни яна саройга чорлади. Мир Алишер аввалида «Мен йўлим фақирликда» деб кўнмади. Охири бир куни подшоҳ бутун сарой аҳли қошида «Салтанат ишини тартибга солиш сизнинг раъйингизга қараб қолди. Келинг, дўстим, қарорсиз қаламингиздан мамлакат барқарор бўлсин», деб айтди. Ниҳоят «Бир соатлик адолат олтмиш йиллик ибодатдан афзал», деган сўзга амал қилиб, Мир Алишер кўнишга мажбур бўлди.
У узоқ вақт салтанат ташвишлари билан банд бўлса ҳам, аммо ҳеч қачон пок ва улуғ тангрини унутмади, айилботар сўзлар билан дарвешлар дилини ранжитмади, ҳар бир ишда ихлос ва имони касб этди. Шу сабабдан ҳам салтанат ишкалини тузатиш борасида подшоҳга маслаҳат берганда, имонни ўртага қўйиб сўйлади. Тангри инояти боис ёшларга шафқат, дўстларга карам, катталарга иззат кўрсатиш йўригига риоя қилди.
Унга подшоҳ кўп ер-сув инём қилди. Аммо у бойишни хаёлига ҳам келтирмади, ўз мулкидан тушган даромаддан хайрли бинолар тиклаш, мадрасалар аҳволини яхшилаш, маърифий китоблардан нусха кўчириш, илму толибларга нафақа белгилаш, муҳтожларга ёрдам кўрсатишга, ва ҳатто зарурат туғилганда подшоҳга, лашкарга сарфлади. Мир Алишернинг бир кунлик даромади ўн саккиз минг шоҳруҳий динор эди ва у ана шу даромаднинг ҳаммасини саҳоват ва ҳиммат эҳсонига айлантиришга уринди.
У ҳеч қачон ҳақдан қўрқишни эсдан чиқармади, бошига машаққатлар тушганда, сабр ва чидам билан аллоҳга сиғинди. Бошқаларни ҳам шунга даъват этди. Шу йўлда машойиҳу сўфийлар зикрида ва сулук йўллари байнида «Насоим ул-Муҳаббат», «Лисон ут-тайр» китобларини битди. Фуқарою дарвишларнинг, ғарибу мусофирлар гамида турли мавзеларда хонақоҳлар, роботлар, ҳовузлар, ҳаммомлар ва кўприклар тиклади. Биргина «Холисия» хонақоҳида ҳар куни мингдан зиёд мискинга томоқ тарқатилади, ҳар йили муҳтожларга икки мингга яқин пўстин, чакмон, кўйлак-иштон, тақия ва ковуш улашилади. Бунақа хонақоҳлар эса неча-неча…
Бундан икки йил муқаддам Нишопурга борганида, машойихлар, шу жумладан ўзи эътиқод қўйган Шайх Фаридиддин Аттор мозори харобга айланганини кўриб, таъмирлашни буюрди, шайх қабри устида янги хонақоҳ тиклатди. Хиротдаги Марғани боғида маҳобатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имомликка тайинлади ва ўзи ҳам у ерда беш вақт намозга ҳозир бўлиб, номозда қойим бўлмаганларни қаттиқ суриштирди.
Кунлардан бир куни Мир Алишер аср номози тугагач, мана шу кундалик одатига қарши, масжиддан тез чиқиб, сурят билан, бирор жойда тўхтамай, хиротликлар «Унсия» атаган ҳовлисига етиб борди ва ҳовли тўридаги бинафшазорга қараб қайтди. Буни кўриб кўпчилик ҳайрон қолди. Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳ Мир Алишердан бесаранжомлиги сабабини суриштирганда, у шундай жавоб берди. «Мен масжидга келаётганимда, ҳовлимдаги бинафшазор четида таҳорат олган эдим. Номоз сафида турганимда, елкамда бир чумоли ўрмалаб юрганини кўрдим. Чумоли таҳорат олган жойда илашганини англадим.
Мабодо у менинг елкамдан тушиб оёқ-ости бўлса-ю, озор топса, омон қолган тақдирда ҳам ўз уясининг йўлини тополмаса, уволига қолман, деб қўрқдим. Шунинг учун номозни адо қилишим билан тезлик билат таҳорат олган жойимга бориб, уни уяси оғзига қўйдим ва уволига қолишдан қутулдим. Елкамдан чумоли эмас, тоғ ағдарилгандек енгил тортдим, хожам».
Бу гапни эшитган Хожа Ҳофиз қўлини дуо, дилини раҳмат айтишга очди…
Мир Алишер Марвдан дорулсалтанатга қайтаётиб, йўл бўйи ўйлагани тўғри чиқди. Мамлакатда Бадиуззамон мирзо исёнидан сўнг бошланган осойишталик узоқ чўзилмади, бор-йўғи бир йилга етмай барҳам топди. Бу сафар Султон Ҳусайн мирзонинг бошқа бир ўғли – Абулмуҳсин мирзо ғавғо бошлади. Султон Ҳусайн қўшин билан яна Марв томон отланди. Бу воқеадан бир мунча вақт аввал Мир Алишер подшоҳга қайта-қайта мурожаат қилиб, Каъба тавофига ижозат олишга муваффақ бўлган эди.
Султон қўшини дорулсалтанани тарк этгач, Мир Алишер муборак сафарга чиқиш мавриди келганини, илло, энди бу салтанатда тинчлик, дунё ғавғоларидан ҳолилик ҳеч қачон насиб этмаслиги билди. Шу сабаб фурсатни ғанимат билиб йўлга чиқди ва бир неча кунлардан кейин Машҳадга етди. Шаҳарга яқинлашиб қолганда, яна бир карра подшоҳнинг ҳол-аҳволини суриштирмоқ, қолаверса, ижозатни тағин ҳам мустаҳкамламоқ ниятида мавлоно Абдулҳай Табибни Султон Ҳусайн Бойқаро ҳузурига – Марвга жўнатди. Ўзи бўлса бир кезлар Имом Рози мақбараси ёнида етим ва қашшоқларга томоқ улашиш учун ткилатган ғалвурхонада қўним топиб, жавоб кутди. Орадан кўп ўтмай, Мавлоно Абулҳай исёнчи Абулмуҳсин мирзо билан жанг қилиб юрган Султон Ҳусайн мирзо қошидан етиб келди ва подшоҳ мактубини топширди.
Султон Ҳусайн Бойқаронинг Амир Алишерга мактуби:
«Салтанат рукни, мамлакат таянчи, дин ва давлат арбобининг зубдасти, мулк ва миллат соҳибларининг пешваси, хайрли бинолар муассаси, покиза ишларга йўлланган, ҳоқоний давлатнинг мададкори, султон ҳазратнинг яқини низомиддин Амир Алишер жанобларига дутфомуз кўп дуолар ва машқ қўзғатувчи саломлар тўпламини етказамиз, файзли мулоқотлари орзуси шарқ ва баён доирасидан ортиқдир.
Сўнгра равшан кўнгилларига маълум бўлсинким, жума куни – ражаб ойининг ўн бирида улуг мавлоно Абдулҳай келиб, шариф мижозларининг кайфияти, соғ-саломатлик, яхши ҳолатларини етказди. Бундан хабар топиш беҳад шодликка сабаб бўлди. Унинг етишувидан илгари кўнгилларида қарор топган Ҳижоз томонга жўнаш тўғрисидаги хабар оғизма-оғиз келиб турарди, аммо ишончи кишилардан эшитилмагани учун ишонарли бўлмас эди. Лекин ўша киши суҳбатида Хожа Афзаллиддин Муҳаммадга ёзилган ҳам мазмунидан маълум бўлдиким, бу кунларда у тилак мустаҳкамланиб ва янгиланиб, жўнаш хаёли жазмга айланган.
Гап шундаки, ҳаммага, балки оламга ва олам аҳлига ошкордирки, ул жаноб билан бирлик ва ҳамжиҳатлик боғланиши ва богланиш алоқаси ва ҳамнафасликни кичикликдан то шу кунгача қайси даражагача олиб борганмиз ва олиб борамиз. Ҳамма вақт ва ҳамма аҳволда ул жанобнинг шариф розилигини ўзимизнинг муддао ва талабаларимиздан устун билиб, бу жиҳатни мислсиз давлат далилларидан саналик ва санаймиз. Ҳақиқатан, унинг қаршисида ул жанобдан давлатхоҳлик асарлари, ихлос, яхши фикрдалик ва яқинлик каби хислатлар юзага келган ва юзага келади. Бу қуёшдан ҳам равшанроқ бўлгани боис тафсил беришнинг фойдаси йўқ. Ўзлари биладики, ҳеч қачон ўртада такаллуф ва ўзгалик бўлмай, ҳамма вақт сўз шундай ўтардики, у салтанат таянчининг хотирига хайрихоҳлик ва яхши фикрлилик йўли билан нимаики келса, тўққиз мартагча уни айтишга рухсат берилган эди. Бизнинг доимо хотирамизга нимаики келса, меҳрибонлик юзасидан изҳор қилардик. Бу вақтларда жазм қилганлари – савоб ишга ҳижрат қилиш ният кўнгилга аллақандай огир тушишига қарамасдан ундан афзал иш тасаввур этилмайди, аммо у кишининг розилигини ўз манфаатимиздан устун қўямиз. Берилган рухсат ва ижозатдан қайтмаймиз, лекин, нимаики кўнгилга келса огоҳлантиришимиз лозим. Равшандирки, бу хсусда йўлтинчлиги шартдир. Маълум бўлсинким, бу кунларда ўиш бўлгани ироқ ва Бағдодни аҳвол қанақанги паришон ва беқарордир. Миср ва Шом сарҳадларида ҳам турли бошбошдоқлик борлиги эшитилмоқда. Ривоят шундайдирким, агар йўл хавфи шундай даражага етиб, кимсанинг сабабисиз кимсанинг белиги қўл уриши мумкин бўлса, йўлга тушмоқ вожиб эмас. Агар бу кунларда йўл хавфидан бирор фикр хотирга келмаса қандай бўлади? Чунки ўзлари атардиларким, йўллар нотинчлиги жиҳатидан бир оз Уфлурий тартиб бериб, агар зарур бўлса, хавфли жойга етишганда, мулозимлардан ҳар бирининг ёнида ўшандан бироз бўлиш даркор.
Яна гап шундаки, бу сафарнинг узоққа чўзилиши маълум, умрга ишонч йўқ. Агар яна бир учрашиб хаёрлашиш қоидаси юзага келса бўларди. Аммо, бу икки ҳолнинг бўлиши билан бирга бу муқаддималарнинг ёзилишидан шундай қўрқув ҳам борким, мабодо муборак хотирага андак ғубор етишиб, гараз бу сўзлардан ман этиш экан, деган хаёлга борадиларми.
Ҳамиша давлатпаноҳ юзасидан нимаики хотирларига келса, бетакаддуф гап-сўз қиладилар, бизга ҳам бу бобда ҳар нима хотирга келса, маълум қилиш лозим кўрилди.
Боқий, тўғри фикрда ихтиёрлидирлар ва нимаики икки дунё яхшилигига керак бўлса, тақдим қилиб турилур. Икки дунё саодати ёр бўлсин. Вассалом».
Мактубни олган киши Мир Алишер машҳад улуғлари ва йўлдошлари билан маслаҳатлашди. Улар салтанатнинг осойишталиги учун Мир Алишернинг Ҳажга боришини кечиктиришни лозим кўрдилар. Бунинг устига мавлоно Абдулҳай шаҳзода Абу Муҳсин мирзо отаси билан сулҳ тузиш учун Мир Алишернинг ўртада вакил бўлишини шарт қилиб қўйганини айтди. Подшоҳ бу гапни қоғозга ишонмай, мавлонодан айттириб юборган эди. Оқибатда Мир Алишер Марвга қараб жўнади. У тушган карвон Машҳад Марвнинг ўртасида жойлашган Сарахс кентга етганда, уни иниси Дарвишали кутиб олди. Эртаси куни Султон Ҳусайннинг ҳам шу манзилга яқинлашаётгани маълум бўлди. Подшоҳ билан шоир Бозорғонтепа ўлангида суҳбат қурдилар. Подшоҳ мактубида битган сўзларни яна, қайта такрорлади. Мир Алишер индамай тинглади ва подшоҳ сўзини тугатгач шундай деди.
—Аъло ҳазрат, бир пайтлар мен подшолик ишларини шуғулланишдан қўл тортадиган бўлсам, Шайх Нажмиддин Кубро мозори ёки Хожа Абдуллоҳ Ансорий мақбараси остонасининг жўрубкаши бўламан, деб айтган эдилар.
— Шундай Алишербек. – деди Султон Ҳусайн мирзо хомуш тортиб, қарийб йигирма йил
бурун айтган гапини дўсти унутмаганига, унинг қувваи ҳофизасига таҳсин ўқиган подшоҳ
бирдан сергак тортди ва Мир Алишер муддаосини билиш ниятида гапнинг давомини кутди.
— Ўша сўзларингиз сизга муяссар бўлмоғи бундан сўнг ҳам мушкул. Аммо шу ниятга етмоқни истаган маҳрамингизга Ҳижоз сафарига жўнашга ижозат бермайсиз. Неча бор рухсат тиладим, ҳатто сўнгги марта рағбат қилганингизда ҳам кўнглингиздан хоҳиш аломатини туймаган эдим. Шу боис гарчи ихтиёр тегган бўлса-да, сизнинг қошингизга яна одам юбордим, яна мактуб битиб, мени йўлдан қайтардингиз.
Подшоҳнинг бесаранжомланганини кўриб, Мир Алишер, буёғини эшитинг, дегандек, қўлини кўксига қўйди.
— Бу гапларни айтишдан мақсад, аъло ҳазратга таъна сўзини арз қилиш эмас. Илло, тилаганингиздек, мактуб битишингиздан мурод сафарни ман этиш экан, деган хаёлга борганим йўқ. Бу гапларни айтишдан мақсад яна ижозат тилаш. Агар рухсат берсалар, қолган ҳаётимни Хожа Абдуллоҳ Ансорий мозори остонасини супуришга сарфласам. Яна мени салтанат ишларидан ҳоли этсангиз, бундай масюлиятдан озод бўлсам. Нетайки, қарилик ҳам худонинг инояти экан, сўнгакларим мўрт, кўзларим бенур, кўнгил эса фароғат тилайдур…
— Қаридим, деманг, Алишербек, - деди Султон Ҳусайн. – Мендан уч йил ёшсиз. Мен қаридим десам бўлар. Аммо, қарангки, қўлимда қилич, чопқиллашиб юрурман. Сиз бўлсангиз…
— Қаридим, аъло ҳазрат, қаридим, - деди Мир Алишер, - олдинги қувватим йўқ. Ҳижоз сафари ҳам сўнгги сафарим бўлмоғини бўйнимга олган эдим.
— Мабодо сиз Хуросонда қолар экансиз, ҳар қандай илтимосингизни бажармоқ мен учун фарз, - деди подшоҳ. Чунки, биламизки, сиз бу мулкни тарк этгансиз, мен ёлғиз қолурман. Мени ёлғиз қолдирмангиз. Ёшликда, куч-гайрат борида ёнимда бўлдингиз, энди қариганда, бир-биримизни тарк этсак, қандоқ бўлур?
— Суҳбат сўнгида Султон Ҳусайн Бойқарот кекса шоир устига олтин тугмали, авраси зарбоф қора қундузи пўстин ва яна бир неча қимматбаҳо тўнлар ёпди. Бир неча кундан сўнг Мир Алишер ота ила ўғилни яраштириш ишларини адо этгач, подшоҳнинг ижозати билан дорулсалтанага йўл олди.
У Ҳиротга шаъбон ойининг ўрталарида етиб келди. Маликулшуаронинг қайтаётганидан хабар топган пойтахт аҳлининг қувончи беҳад, шаҳар дарвозасидан то Унсиягача тумонат одам пешвоз чиққан эди.
Қайтганига бир ҳафта бўлар-булмас, Мир Алишер Хож Ансорий мозори пойида катта йигин қилиб, шаҳар улуғларини чорлади ва улардан қутлуғ даргоҳ жўрубкаши бўлишдек, мўтабар вазифа учун фотиҳа беришларини тилади. «Мен мундин сўнг дарвишлик ва гўшанишинлик бодасида истиқомат қилишни ихтиёр этдим», - деди у. Ўша куни шундай улуғ мажлис бўлдики, салтанат бошида турган Муборизиддин Муҳаммад Валибек каби амирлар мозорда йиғилган уламолар хизматида оёқда қолдилар. Етмиш қўй, йигирма беш от сўйилди ва уламолар ботмон қанд ва яна чандон ноз-неъматлар ўртага тортилди. Мажлис сўнгида машойихлар Мир Алишерга фотиҳа бердилар.
Ўша мажлисдан кўп вақт ўтмай, Мир Алишерни дорулсалтанатга жўнатиб, шер овлаш ҳавзасида Мозандарон томонга йўлланган подшоҳдан фармон келди. Фармон салтанат пойтахтида ҳукм юргизган Амир Валибек номига битилиб, унда тез орада Ҳирот ва унинг атрофидаги аҳолидан зарур ҳаражатлар учун юз минг динор ундириш буюрилган эди. Амир Валибек талаб қилинган маблағнинг ярмини шаҳар ён-теварагидаги деҳқонлардан ундириб, қолганини пойтахт нуфузи гарданига юклашни мўлжаллади.
Аммо Амир Валибек ҳеч бир ишга Мир Алишер фикрисиз ва маслаҳатисиз даҳл қилмас эди. Шу сабаб ўз мўлжалини шоирга маълум қолди. Мир Алишер «Бу фурсатда халқ устига ўринсиз солиқ солишни олий даражали Соҳибқирон давлатига муносиб кўрмайман» - деди ва ўша куниёқ мазкур маблағни ўининг даромадидан тўлади. Унинг бу саҳоватини эшитиб, шаҳар аҳли улуғ кишиларни вакил қилиб юбордилар. Шоир вакилларнинг миннатдорчилигини қабул қиларкан, «Ҳаж сафари азимати ила чиққан йўлидан қайтарилдим». Аммо бу йўлдан қайтганим ила, элимга карам қилиш йўлидадурман», - деди ва сўзини баёт билан тугатди:

Хуш улким, анга лутф бирла худо,
Улуснинг қабулини қилди ато…
Мир Алишер Ансория мозорининг шарқ томонида бир ҳонақох қурилишини бошлади, чор-тароф ободончилиги хаёлида бўлди. Холи қолган кезлари гоҳ Хожанинг қаламига мансуб «Илоҳийнома» рисоласини мутолаа қилар, гоҳ «Вақифия»ни қоралаш ила банд бўларди. Аммо салтанатдаги нотинчлик бу улуг ва саоб ишларга андармон Ансория жўрабкашига ором бермасди. Подшоҳ деярли пойтахтда бўлмас, дамба-дам кўтарилаётган исёнларни даф этиш билан овора эди. У қўрқиб қолган, шу қўрқув боис ҳатто энг яқин кишиларига ҳам шубҳа билан қарарди. Кутилмаганда у Мир Алишернинг иниси Дарвишалини Балх ҳокимлигидан бўшатди. Кетма-кет Астрабод воқеаларидан сўнг дарвешлик ридосини кийган тоғаваччаси Мир Ҳайдар подшоҳга нисбатан хиёнатда - Қундуз ҳукмдори Хусравшоҳни Ҳирий устига босқин қилишга чорлашда айбланиб ўлдирилди. Бундан дарак топган Мир Алишер ич-ичидан ўртади, ўз мулозимларини юбориб, Ҳайдарнинг жасадини келтириб Чашман Моҳиёна дафн эттирди.
Бу фожеали воқеалар Мир Алишер кўнглида ҳали сўниб улгурмаган ҳажга бориш, пайгамбар қабрини тавоф қилиш ҳаёлини қайта кучайтирди. У яна Султон Ҳусайн Бойқарога мурожаат қилиб, истижоза тилади. Подшоҳ бу мурожаатга ундаган сабабларни билса-да, ўзини билмаганга олиб, гоҳ рухсат берар, гоҳ Ансорияга ташриф буюриб, сафарга ошиқмасликни илтимос қиларди. Бу ҳол бир неч марта такрорлангач, Мир Алишернинг қарори араз ва ранж боис бўлмай, балки қатйият туфайли эканини билгач, подшоҳ ижозат берди ва йўл фармонини марҳамат қилишини айтди. Мир Алишер бир неча кундан сўнг фармон битилганини эшитди. Аммо подоҳ «Бироз сабр қилинг», замон нотинч, йўллар хатарли», деган баҳоналар ила йўл фармонини беришни ҳар гал кечиктирарди.
Чиндан замон нотинч эди. Дарё нариёғида – Мовароуннаҳрда кўчманчи ўзбеклар хони Шайбоқхон кетма-кет галабалар қозониб, кучга тўлиб келарди. Бундай рақиб олдида темурий ҳукмдорлар бирлашиш ўрнига бир-бирининг гўштини ейиш билан овора. Шаҳзода Абулмуҳсин мирзо ўзбеклар билан Қоракўлда жанг қилиб, енгилиб келганидан бери Султон Ҳусайн мирзонинг кўнгли ҳам алағда.
Мир Алишер шу кунларда Соҳибқирон Амир темур пойтахти – Самарқанди бемонандни қўлга киритиш учун Шайбоқхон билан жанг қилиб юрган Султон Абдусаиднинг эвараси Бобур мирзо ҳақида кўр ҳикоялар эшитди. Самарқандда бўлганида кўп марҳаматлар кўрсатган Аҳмад Ҳожибекдек покдоман бир киши шу мирзонинг тарафида бўлиб, бундан бир неча муддат аввал жангда шаҳид кетганини билиб ўкинди, ёш мирзога худодан иноятлар тилади. Хусусан, ёш мирзо битган туркона байтлар оғизма-оғиз кўчиб, унинг қулоғига ҳам етгач, ихлоси яна ошди. Ғазал пири бўлмиш Мир Алишер бу байтларда жобажо маҳзунлик ва диловарликни туйиб, таҳсинлар ўқиди. Меҳри жўшиб, бир гал ярим тунгача ўтириб, Бобур мирзога мактуб битдиб ва ўзининг содиқ кишиниси орқали Самарқандга жўнатди. Мактуб эгасига етдими, билмайди. У ҳар гал ёш мирзо ҳақида ўйларкан, кўксига илиқлик югурарди.
Ниҳоят, баҳор сўнгида қишда битилган йўл фармони қўлга етди. Фармоннинг мухтасар мазмуни мана бундай эди:
Мир Алишер Султон Ҳусайн хонадонига яқин турган эмукдош бу давлатнинг асосий таянчи ва султоннинг энг яқин ва содиқ дўсти ҳамда доимий суҳбатдошидир. Шу кунларда у киши ҳажга бориш истагини билдириб, подшодан жўнашга рухсат сўраган. Агарчи бир неча бор бу ниятни билдириб илтимос қилинса ҳам ҳар гал фуқаролар манфаатига боғлиқ сабаблар кўрсатилиб, илтимос амалга ошмай тўхтатилар эди. Бу гал Амирнинг хотирини сақлаб ижозат бериб, ҳукм жорий қилинганки, ҳажга юришда у киши қайси жойга борса, ҳар ерда ҳамма катта-кичик зўр эҳтиром ила кутиб олиб, кузатсинлар. Хатарли манзилларда ўзига ва ҳамроҳларига йўл кўрсатиб, бекатдан-бекатга тинч ва саломат ўтказиб қўйсинлар. Ҳамма амирлар, доруғалар, аъён ва ашроф, барча шаҳзодалар ва умум аҳоли бу ҳукм ижросидан чекинмасинлар.
Ушбу фармон подшоҳ амри ила 90 йил, ҳул-қаъда ойининг бешинчисида ёзилган».
Фармон қўлга тегиши билан бошланган тайёргарлик кўп ўтмай тўхтади. Чунки, ёз бошлангани туфайли ҳарорат кучайиб, бепоён саҳрою даштлар орқали ўтадиган йўл ғоятда машаққатли бўлиши ойдинлашди. Сафар куз бошигача кечиктирилди.
Тақдир тақозоси билан воқеалар яна қайта такрорлана бошлади. Айни шу ёз кунлари – муҳаррам ойининг бошида (100 йил июлида) подшоҳнинг кичик ўгилларидан – Муҳаммад Ҳусайн мирзо отасига қарши кўтарилди. Кекса подшоҳ яна дорулсалтанатни тарк этиб, шаҳзода устига – Астрободга юриш қилди.
Сал илгарироқ Султон Ҳусайн Бойқаро Мир Алишерни ўз қошига чорлади. Шоир қабулхонага ташриф буюрганда, подшоҳ Амир Валибек билан суҳбатлашиб ўтирарди.
— Яна Астрободда исён, - деди подшоҳ, - яна фарзанд исёни…
— Астробод ҳам, фарзандингиз ҳам кўзингиздан йироқ, шул сабаб қўрқувни унутарлар, - деди Амир Валибек.
— Йўқ, жаноб Валибек, улар меҳрини, оқибатни унутарлар, - деди қатйият билан шоир.
Улар узоқ кенгашди. Подшоҳ, Мир Алишерга ҳаж сафарига рухсат ва йўл фармонини берганини унутгандек, суҳбат ниҳоясида дорулсалтанат ихтиёрини дўсти ва Амир Валибекка қолдиражагини маълум қилди. Мир Алишер бунга жавобан ҳеч нима демади. Подшоҳ мактабдош дўстининг кўзларига қарамасликка ҳаракат қилиб хайрлашди.
Дастлабки кунлар Мр Алишер тадбиркор Амир Валибек билан бирга бўлди, саройдаги машваратларда қатнашди. Аммо бир ҳафтадан сўнг қўли ишга бормай қолди.
Подшоҳ илтимоси ёдида бўлса-да, Мир Алишернинг ортиқ тоқати қолмаганди. У Ҳижоз сафарига тайёргарликни тезлаштирди. Подшоҳ Ҳиротни тарк этганидан икки ҳафта ўтар-ўтмас – муҳаррам ойиннг охирида йўлга тушдилар. Бироқ шаҳардан чиққан карвон йўлини ташвишли хабар тўсди. Отасининг Астробод тарафлардалигидан фойдаланиб, салтанат тахтини эгаллаш орзусида юрган Бадиуззамон мирзо Ҳирот устига қўшин бошлаб келаётганмиш. Лак-лак навкар Хуросон аҳлига хавф солаётганидан ташвишга тушган кекса шоир яна орқага қайтди. Зеро, у мабодо пойтахт Бадиуззамон қўлига ўтгудайин бўлса чоршанба куни чиқиб кетган шаҳарга пайшанба куни қайтиб кирди.
Eртаси куни масжиди жомеъда жума намозида сўнг машойих ва уламолардан Шайх Жаллиддин Абусаид Нуроний, Шайхулислом Сайфиддин Аҳмад Тафтазоний, Шайх Сўфи Али, Мавлоно Муиниддин Фароҳий, Мавлоно Камолиддин Кошифий, Хожа Имомиддин Абдулазиз Абхарий, сайид ва нақиблардан Амир Қивомиддин Ҳусайн Мозандароний, Амир Жалолиддин Атауллоҳ Асилий, Амир Низомиддин Абдулқодир ва бошқа бир қатор Ҳирот шаҳри айўнлари, ашрофу раислари Мир Алишерни ўртага олдилар. Ҳирот шаҳри мудофааси топширилган Амир Валибек ҳам шу ерда эди.
— Сизнинг файз-баракали зотингиз Хуросон мулки даҳлсизлигининг сабаби ва фуқаро осойишталигининг боисидир, - деб гапни узоқдан бошлади шайхулислом.
— Бизнинг барчамиз сизга муборак сафарга фатво берган эдик. Илло, ояти мўминларга ҳажни фарз этди. Кимки буни инкор этса, гуноҳи ўзигадир. Бас, аллоҳ таоло барча оламдин беҳожатдир», дейилмиш. Буга имон келтирамиз. Сизни йўлдан қолдириш гуноҳ, аммо сиздан бироз сабр қилишни тилаш узрли. Расулуллоҳ санноллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларининг бирида. «Виждоннинг амрига қулоқ сол! Эзгулик шундай нарсаки, ундан қалб ҳам, виждон ҳам ором олади. Гуноҳ иш шулки, ундан қалб қарор топмайди, виждон азобланади. Кишилар фатво берсалар ҳам сен ўз виждонингдан фатво сўра!» демишлар Салтанат ва фуқаро хотиржамлиги ҳақи виждонингиздан Макка азиматини бир муддат кечиктиришга фатво тилашингизни ўтинамиз.
— Ҳазрат рисолат. «Сенга омонат қилинган нарсанг эгасига топшир, хиёнат қилган кишига хиёнат қилма», демишлар, - деди куни билан муофаа тайёрлигига бош-қош бўлиб, бақириқ-чақириқдан овози бўғилиб қолган Амир Валибек, - Соҳибқирон сизу менга дорулсалтанатни омонатга қолдирган эдилар. Сабр қилинг, подшоҳ ҳазратлари қайтсинлар, омонатларини эсон-омон топширайлик, сўнг яна муборак йўлга отланурсиз.
— Бул замон Ҳирот Султони Соҳибқирон вужудидан ҳолидир, - деди Амир Валибекнинг гапи Мир Алишерга қаттиқ ботганини пайқаган, шоирнинг мижози жуда нозиклигини яхши билган Мавлоно Камолиддин Кошифий. – Агар пойтахт сизнинг файзли нурингиздан ҳам четда қолса, мумкинки, фитнаю галаёнлар бошланув, салтанат тадоруки имконсиз қолур…
— Фаҳмингиз етгондур, Самарқанд тахти ўзбек подшоҳи Шайбоқхон қўлига ўтмиш. Энди унинг Амудан ўтиш хоҳиши бор дерлар. Сиз ният қилган муборак сафар йўллари ҳам багоят хавфли бўлмишдур. Ироқу Шомдаям, Румдаям, паришонлик. Илло, шариат юзасидан бундай вақтларда ҳаж вожиб эмас, - Шайхулислом шундай деб, тўғрими, дегандек Шайх нуроний тикилди. У маъқуллаб бош чайқагандан сўнг сўзида давом этди. – Биз фақирларнинг илтимосига қулоқ бериб, бу йил сафар ниятидан қайтинг.
— Нотинч фуқарога бош бўлинг, - деди Амир Қивомиддин Мезондароний, - бу хайрли иш сабовини етмиш пою-пиёда ҳаждан ортуқ кўрсинлар. Илло, ўзлари айтганларидек:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай…
Мир Алишер даврадагилар сўзини индамай тинглади. Ўртада сукут чўккач, секин бош кўтариб, маъюс овозда сўзлади.
— Ҳаммангизга маълумдирки, узоқ муддатдан буён Макка азимати орзусидаман. Бу ният ҳазрати Маҳдуми Нуран Каъбани тавоф этиб қайтган кундан хотирамга тинчлик бермайдир…
У шундай деди-ю, кўз ўнгида бундай бир неча йиллар аввал устози сафардан қайтган дамлар жонланди. Ўшанда Мир Алишернинг бошига огир кунлар тушган, биродари Дарвишали подшоҳга қарши исён кўтариб, ҳукмдор билан унинг ўртасидаги яқинлик омонат бўлиб қолган эди. Биродари Балхда ҳоким эди. У Оғзи куймаса, оловни ютадиган Мажиддиннинг Мир Алишерга қилган бадният ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб бош кўтарган эди. Султон Ҳусайн бундан ғоят қаттиқ ғазабда, бу ғазаб укадан кўра кўпроқ акага қаратилганини сезган саройдаги айрим кимсалар, биринчи навбатда вазир Мажиддиннинг ўзи бўхтон устига ёғдирардилар. Улар очиқдан-очиқ «Бу хиёнатда Мир Алишернинг қўли борлиги аниқ, огасининг маслаҳатисиз Дарвишали бу йўлга киришга ҳадди сиғмасди», дердилар. Султон Ҳусайн исёнкор ҳоким устига қўшин тортиб бораркан, олдинроқ Хожа Гиёсиддинни жўнатиб, тавба талаб қилди. Мир Алишернинг гапига кириб, Дарвишали тавба қилиб келди. Дарвишалини дастлаб кечирган подшоҳ, орадан олти ой вақт ўтмай, келиб-келиб Мир Алишерга уни Балх шаҳри қалясига қамашга буюрди. Таҳқирланган шоир неча марта азм қилган иши – салтанат ташвишидан этак йигиштирган устози суриштириб қолди.
— Бир гап эшитдим, боиси не эрур?
— Инсон жинси суҳбатидан бездим, ҳазрат, боиси шулдир, деди Мир Алишер.
Жомий унга бир муддат ўйчан боқди-да:
— Сен инсон деб кимларни хаёл қилдинг, қани, уларни бизга кўрсат-чи? – деди.
Ўшанда сарой ҳаётидан четлатгани учун танбеҳ кутган Мир Алишер бу гапни эшитиб, хотиржам бўлган эди. Мана, саккиз йилдан ошдики, устози йўқ, дўсти йўқ. Мана, саккиз йилдирки, унинг дил рагбатини тинглайдиган инсон йўқ…
Унинг гурунг асносида бирдан қаттиқ хаёл суриб қолишига ўрганган даврадагилар сукут сақлашарди. Мир Алишернинг бу одати Ҳирийдаги ҳар бир кишига маълум эди. Шогирди бўлмиш Хондамирнинг «Амир бундай дамларда бизни заминда қолдириб, самовотдагилар билан суҳбат қурадилар», деган сўзи машҳур эди.
Мир Алишернинг қайтиб ерга тушганини сезган даврадагилар бир-бирларига қараб олишди. Шоир гапни келган жойидан бошлади:

- Ha, bu niyat hazrati Mahdumi Nuran muborak safardan qaytgan damdan xotiramga tinchlik bermaydir. Ammo har safar shu maqsad tomonga yoʻnalish niyatida hozirlik koʻra boshlasam, Sohibqiron mone’ boʻldilar. Har safar bu monedan ranjimay, boʻynimni egdim. Bul safar oʻzlari yoʻl farmoniki berdilar, oʻzimiz ham safar tadoriki uchun katta mablagʻ sarfladik…

Шундай бўлса-да, «Мўъминлар қалбига шодлик киритиш бутун инсонлар ибодатидан хайрлидир», деган сўз мулоҳазаси билан сиздек улуглар илтимосини қабул қилурмиз ва фуқаролар манфаати учун бу навбат ҳам ўзимизни бу истакдан қайтарурмиз.
Даврадагилар хурсанд бўлиб, дуо ва ҳамду-сано айтишга оғиз очдилар. Сўнг пойтахт мудофаасини уюштириш борасида зарур тадбирлар маслаҳати бўлди. Энг аввало Бадиуззамон мирзо ҳузурига элчи жўнатиш маъқул деб топилди.
Eртаси куни элчи йўлга чиқди. Бадиуззамон мирзо элчига «Агар отамиз Соҳибқирон Султон Балҳ вилояти ва Амударёдан Мурғобгача бўлган жойларни менинг илигимга топширсалар, номимиз хутбада тилга олинса, қўлимизга қилич тутмасмиз», - деди. Бу орада жадал йўл босган Султон Ҳусайн мирзо қўшини ҳам дорулсалтанатга яқинлашиб қолган эди. Аммо подшоҳ қўшини мирзо қўшинига қараганда жуда оз эди. Вужуд учун соғлом кўнгил зарур бўлганидек, мулк учун соглом подшоҳ керак. Султон Ҳусайн Бойқаро эса аслан илиги йўқ ва кучли вужудини май ичиш ила эрта қаритган эди. Гарчи у бир йилча бурун Мир Алишербекка. «Ҳали қилич чопқиллашга зўрман», деб мақтанган бўлса-да, қариликнинг ҳам дами қаттиқ деганларидек, орадан ўтган вақт ўз ишини қилган, энди подшоҳ бундан буёғи учқур ва ўйноқи тулпорда миниб жанг қилишга ярамас, Ҳиротга ҳам тахтиравонга келган эди. Шу пайтгача Бадиуззамон мирзо неча марта унга қарши бош кўтарган бўлса, ҳар сафар Султон Ҳусайн ўғлининг тазирини боплаб бериб қўйди. Мана энди отасининг қарилик заифлигини ўз йигитлик кучин-қудрати деб билиб, Ҳирот дарвозаларига қадар қўшин тортиб келишга журят қилди. Султон Ҳусайн Бойқаро на подшоҳликка, на саркардаликка қобилият бўлган тўнғич ўғлини бундан сўнг қилич зўри билан енгмоғи мушкуллигини ботинан англарди. Шу боис Мир Алишер берган маслаҳатга қулоқ солиб, Бадиуззамон тилаган вилоятларни беришга мажбур бўлди. Салтанатнинг деярли ярми илигига ўтган Бадиуззамон мирзо энди қарийб подшоҳ эди, хутбада отаси билан бир қаторда унинг номи ҳам ёдлана бошлади.
Аммо ҳали шаҳзода Муҳаммад Ҳусайн мирзо ғавғоси тинчимаган эди. Отаси огасига қилган марҳаматини ожизлик деб билган шаҳзода ақл жиловини йўқотиб қўйди. Олдинги гал подшоҳ пойтахт ташвишида унинг исёнини даф этолмай, қайтиб кетишга мажбур бўлган эди. Аламзада Султон Ҳусайн Бойқаро яна Астрободга қараб жўнади. Шаҳзода отасининг жуда қаттиқ ғазабга тўлиб келаётганини на оғаси Бадиуззамон мирзога бўлган аламини ҳам ундан олажагини англаб, қўрқиб кетди. Биринчи тўқнашувданоқ, аҳволи чатоқ бўлишини сезган шаҳзодага отаси ҳузурига элчи жўнатиб, тавба қилди. Сулҳ хабарини эшитган Мир Алишер Навоий ҳам ёш боладек қувонди. Кошки, бу сўнгги исён бўлса-ю, салтанатда хотиржамлик чўкса. Йўллар тинч, хавф-хатарсиз, шаҳарлар фархунда ва тўқ, фуқаролар ҳамжиҳат бўлса…
Қари шоир ушалмаган орзусини ўйлади. Наҳотки, орзуси армонга айланса? Энди ҳаж азимати қилмоққа сўнгги кунлар баттар ёмонлашган соғлиги йўл бермаслигини англади. Англади-ю, Маккага борурмиз, деб умид тизгинини унинг эшигига илганлар, унга ҳамроҳ бўлиш мақсадида тараддуд кўриб юрган фақиру-бечоралар ҳаж йўлига очрлаб, бутун ҳаражатни ўз устига олишни билдирди.
Бир неча кундан кейин Ҳиротдан чиққан карвон Нишопур йўли орқали мағриб томон йўналди, карвон бошида йўргалаб бораётган эшакка минган Хазон лақаби қари дарвеш шаҳар дарвозасидан чиққач, тўхтаб ҳазрати Мир Алишер ҳақида узоқ дуо қилди-да, сўнг шоирнинг муборак сафар ишқида битган байтларини иштиёқ билан кучлаб йўлга тушди.

Мениким, бу савдо низор айлади,
Ҳавас илгида беқарор айлади.
Не имонки, топқай қарору сукун,
Бировки, бу фикр этгай они забун.
Урарман қадам токи боргунча гом,
Ки, бўлгай, муясссар менга ушбу ком.
Агар бўлса бу йўлда умрум талаф,
Чу бу йўлдадир ул ҳам эрур шараф.
Ва гар бўлсам ўз номима баҳраманд,
Зиҳи мулки жовиду бахти баланд…
Карвонни кузатишга чиққан Мир Алишер шаҳар дарвозасига етди-ю, ортига қайтди. У гўё шаҳар дарвозасидан чиқса, ўзини тўхтата олмай карвонга қўшилиб кетадигандек ҳолатда эди. У маҳзун кайфиятда Унсияга қайтди ва «Бақфия»ни варақлаб, кўнгил баёни битилган сатрларни шивирлаб ўқий бошлади. «Eмдиким ҳаётим гулшанининг баҳори хазонга етишди ва гулшанда очилғон йигитлик гуллари тўкила киришти. Савзаси табиат ҳавоси бурудатидан оқарли ва лоласи қуҳулат совуқ нафасларидан саргарди, сунбули сероби марғулаларидан тоб кетти ва ниҳоли сарбаланди ажал сарсаридан фано туфроғига йиқилурға етти. Ул ҳазратнинг 1 муаббад давлатидан ва раъфе ҳимматидан кўнглумга кечмаган комларга комгор бўлубман ва тушимга кирмаган мақосидга иқтидор топибман. Икки орзу риштасидан ўзгаким, гириҳи кўнглум пардасидин ечилмадим ва икки мурғунчасидин ўзгаким, тугуни жоним гулшанидин очилмади.
Аммо умидим улдурким, бу икки умидим мевасидин доғи боруманд ва муродим будурким, бу икки муродим гавҳаридин доғи сарбаланд бўлгайман ва бу орзумандлиг хор-хорининг тикани кўнглумда синмагай ва бу мурод гавҳарининг ёғини қатрадек туфроққа элтгаймен…
…Бу мазкур бўлғон икки орзудин бири муборак сафардурур…»
Шу сатрга етди-ю, Мир Алишернинг бўғзига тош тиқилгандек бўлди, беихтиёр кўзлари намланди. Э воҳ, бу орзуси армонга айланди.
Навоий, Каъба зикрин қўйки, бир дайри фано истаб
Зоҳабно водиял – мақсад, вожадно моҳуван – мақсуд…
Ботн ва аламли ўйга ботган кекса шоир Шайх Мўмин Шерозий ҳақида битилган ривоятни эслади. Эмишким, Исмоил Доббос исмлик киши ҳаж ниятида йўлга чиқиб, Шерозга етмиш. Бир масжидга кирса, Шайх Мўмин Шерозий ҳирқасини ямаб ўтирганмиш. Исмоил Доббос унга салом бериб, ҳол-аҳвол суриштирган экан, Шайх Мўмин. «Не ниятинг бор!» – деб сўрабди Исмоил Доббос. «Ҳаж ниятим бор!» деб жавоб берибди.
Мўмин яна сўрабди «Онанг борми?». «Онам бор», - дебди Исмоил Доббос. Бу жавобни эшитгач, Шайх Мўмин Шерозий қўлидаги хирқасини четга қўйиб, айтибди. «Онанг ҳузурига бор, унга мулозамат қил!». Бу сўзи суҳбатдошига ёқмаганини пайқаб, яна айтибди. «Сўзим ёқмадими, эй, Исмоил Доббос! Мен эллик маротаба бош ялангу, оёқяланг, бирор-бир ҳамроҳсиз ҳаж қилдим. Мана шу ҳажларим савобини сенга бердим. Сен онанг кўнгли шодлини менга бер!»

Мир Алишер ҳар гал бу ривоятни эслар экан, кўкси қалқиб кетарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. «Бечора онам тирик бўлсайки, мулозамат қилиб, кўнглини шод этсам», - деб ўйларди у. Аммо ногоҳоний бир фикр дилини равшан этди. «Йўқ, йўқ, менинг онам бор. Онам менга тил ва дил берган туркий халқим, шу улуғ миллатим. Кошки унинг дилини шод этсам, умрим битгунча унинг хизматида бўлсам…»
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика