Қора мусиқа (ҳикоя) [Sherzod Komil Xalil] |
I Шаҳарнинг ғарбга қараган қумтепалари ортидан Марвга қад-қомати майишган, юз-кўзлари сўлғин, бармоқлари чўлтоқ бўлган озғин чол кириб келганида, бозорда, бўзчилар ва бир-иккита дайдиб юрган тиланчи болалардан бўлак ҳеч ким қолмаганди. У эндиликда беркитилган мўйна ва чарм буюмлари расталари орасидан ўтиб мусиқа асбоблари ва жавонлари сотадиган расталар олдида бир оз гарангсиб турди-да, бу ерда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилди чоғи, бозорга кираверишдаги бўзчилар растаси томон қайтди. – Сизга бирон нарса керакми отахон? – сўради бўзчилардан бири турли-туман ўлчамдаги бўзларини йиғиштириш билан андармон бўлар экан. – Ҳа, керак, – деди чол бўзчи йигитнинг растаси олдида тўхтаркан. – Мен бир вақтлар эски мусиқа асбобларимни ҳув анови растада савдо қиладиган бир танишимга омонатга бериб кетгандим. – Асбобларингизни аллақачон сотиб юборишгандир?! – чолга беписандлик билан қаради бўзчи йигит. – Эҳтимол, – деди чол ҳорғинлик билан. – Мен ҳеч бўлмаса битта созимни олсам ҳам майли эди. – Отахон, сиз ўзи ким бўласиз? – бўзчи йигит чолга термулди. – Мен Борбадман, – деди чол. – Борбад?! – кутилмаганда ҳайқириб юборди бўзчи йигит. – Сиз Борбадмисиз, сиз-а?! У астойдил хохолади. Ён-атрофдаги бошқа бўзчилар ҳам чолга бежо қараганча кулимсирашди. Чол ҳам уларга қараб турарди. – Бу киши Борбад эмиш, – ҳамон хохоларди йигит. – Агар сиз Борбад бўлсангиз, мен турк ҳоқони Истаминман. Бу гапдан бошқа бўзчилар ҳам хандон отиб кулишди. Аммо бўзчи йигит энди ўзини тутиб олганди. – Қани, отахон, бу ердан тез жўнаб қолинг-чи? – унинг кўзи чолнинг чўлтоқ бармоқларига тушди. – Борбад эмиш. Балки шу чўлтоқ бармоқларингиз билан мусиқа ҳам чаларсиз?! Тавба, одамларга ҳам ҳайронсан. Тиланчи бўлсанг, тиланчиман дея қолгин-да. Борбадман дейди-я. – Сен айтгандек тиланчимасдир?! – унга танбеҳ берди бошқа бўзчи. – Эгнидаги уст-бошига қара! Дарвешларнинг хирқасини кийиб олганку?! – Хирқами, жандами, нима фарқи бор?! Мен учун у бир гадой, – шеригини жеркиб берди бўзчи йигит. – Ӯзимиз пешона тери билан кун кечираётган бўлсак, бунақалар билан ади-бади айтиб ўтирамизми?! Бу жулдурвоқи кийинганларнинг ҳаммаси бир гўр. Аввал йўлини қилиб ичингга киради, сўнг пул сўрайди. Ҳозир индамаганимда бу қария ҳам шундай қиларди. Кимсан Борбадман дегани-чи?! Ҳамроҳи бунга жавобан нимадир деди. Аммо энди бўзчиларнинг олдидан анча узоқлашиб кетган чол уларнинг гап-сўзларини эшитмасди. Ҳа, у ҳақиқатан ҳам кимсан Борбад эди. Бироқ энди унинг Борбадлигига ҳеч ким ишонмайди. Ҳатто ўзи ҳам.У бозор расталаридан ташқарига чиққач, энди қайга бораман деб ўйлади. Шунда болалиги ва ўсмирлиги ўтган қадрдон уйи эсига тушди. Ҳа, у дамлар бошқача, бамисоли оппоқ мусиқа эди. Отанг, онанг ҳаёт бўлган болалигинг ва ўсмирлигингга нима етсин. Отаси, илк бора ўшанда, унга соз чалишни ўргатганди. Уларнинг уйида ҳар хил мусиқа асбоблари бўларди. Отаси уларни бежиримгина қилиб ишланган токчаларда илиб қўярди. Борбад гоҳ ошкора, гоҳ яширинча бу асбобларни чалишга уринарди. Отаси Марв ҳокими саройида мусиқачи эди. У гоҳ-гоҳида Борбадни ҳам у ерга олиб борарди. Ҳоким саройида ҳам баъзи-баъзида Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва ҳатто олис Бинкатдан ҳам созчилар келиб туришарди. Ана ўшанда Марв ҳокимининг саройи оппоқ мусиқага тўларди. Ҳокимнинг сарвдек гўзал қизи бор эди. У Борбадни юрагидан урганди. Борбад оқшомлари юлдузларга қараб мусиқа чалганида ҳар га луни ўйларди. Юлдузлар милтилларди. Шунда Борбад ҳокимнинг гўзал қизига атаб ёзган шеърларига мусиқа басталарди. Ноталар садоси юлдузларни сеҳрларди. Оппоқ мусиқа кечаларни тонгга уларди. Ўша ажиб лаҳзалара у гулзор ҳақида қўшиқ куйларди. Унинг нажиб хониши гул баргида қўнган капалакларни уйғотарди. Оппоқ мусиқа гуллар роҳини элаб, оппоқ тонг қўйнига сингиб кетарди. У яна полизбону равшан чароғлар тўғрисида куйларди. Баҳор ва гуллар ҳақида эшилиб тўлғонарди. Она муштипар шундай лаҳзаларда ўғлидан хавотир оларди. Оқшомлари билан шеър ёзиб, куй басталаган ўғлини тонгни қўшиқлар билан кутиб олиши онасини ҳийла чўчитарди. Онасининг азайимхон дугоналарининг айтишича, мусиқага бу қадар фикру-ёди билан берилиб кетиш инсон руҳини телбалик чоҳига қулатар экан. Зероки мусиқа, инсон руҳига энг тез мисли оҳанграбодек таъсир қилувчи қудратга эга бўлиб, унинг домига тушган одам, ҳеч қачон ундан чиқиб кетолмас экан. Аммо у пайтлар Борбад бундай ўйламасди. Уни мусиқадан ҳам кўпроқ муҳаббат асир этганини азайимхонлар қаердан ҳам биларди?! Тўғри, у мусиқани ҳам севарди. Бироқ тан олиш керакки, у пайтлар мусиқа Борбад учун ўзини намоён қилиш воситаси эди. Борбаднинг мусиқани ўрганиш иштиёқини муҳаббат бадтар алангалатиб юборди. Буни азайимхонлар гапига ишониб юрган онаси қаёқдан ҳам тушунарди?! Бироқ отаси тушунарди. Ахир у ҳам мусиқачи-ку?! Мусиқачининг дилини мусиқачи яхши тушунади. – Борбад, – деди бир куни отаси. – Сени яхши тушунаман ўғлим. Мусиқага бўлган муҳаббатингни намоён қиладиган пайтларинг келди. Мен сени ҳоким саройига олиб бораман. Ҳоким қизининг таваллуд айёмига чиройли мусиқа чалиб берасан. – Кечирасиз, отажон, – деди Борбад. – Ҳоким қизининг исми нима экан?.. – Гулнўш, – деди отаси аввалига, сўнг нимадандир хавотир олдими Борбадни сўроққа тутди. – Менга қара бола, ҳоким қизининг исми сенга нега керак бўлиб қолди. Яна бир нарсани бошлаб юрмагин. – Асло, отажон, – деди Борбад. – Хотирингиз жам бўлсин. Кўнглингизни тўқ қилинг. Мен Гулнўшни исмини шунчаки сўрадим. Отаси унга ишонқирамай қараб қўйди. Аммо ўша кундан кейин, отаси уйда йўқ вақтларида Борбад Гулнўш ҳақида хиргойи қила бошлади: Меҳритобон Гулнўш, Гулнўш, Оромижон Гулнўш, Гулнўш. Бу қўшиқ оппоқ мусиқага йўғрилганди. Унинг ҳар бир сатрида Гулнўшнинг тонгдек беғубор чеҳраси, қора қошлари-ю узун сочлари, адл қомати-ю сарв бўйлари тараннум этиларди. Отасидан яширинча басталанган бу мусиқа куй ива қўшиқни Борбад ҳоким қизининг таваллуд айёмида куйлади. Саройда шаҳарнинг казо-казо аъёнларидан тортиб, узоқ-яқиндан чақиртирилган созандалару машшоқлар йиғилганди. Ҳамма хурсанд эди. Шодиёналар авжида, дастурхонлар наврўздаги каби турли туман егуликлар билан тўлиб-тошганди. Машҳур ҳофизлар қўшиқ айтарди. Созандалар тинимсиз созларни чалишарди. Борбад отаси ёнида жимгина Гулнўшга қараб ўтирарди. У қизга шу қадар маҳлиё бўлиб қолган эдики, таваллуд айёмини олиб бораётган сухандон навбатни сарой мусиқачисининг ўғли Борбадга берганини ҳам сезмади. Отаси уни туртди: – Борбад, нега хаёл сурасан?! Навбатни сенга беришди. Даврага чиқиб бирор чиройли қўшиғингдан ижро этиб бер. – Хўп, – Борбад шошиб, эсанкираброқ даврага чиқди. Шунда у Гулнўшнинг ҳам ўзига қараб турганлигини кўрди. Икки ёшнинг кўзлари-кўзларига туташди. Борбад қўлидаги созини қарамасдан секин-аста чала бошлади. Оппоқ кийинган, сози ҳам оқ рангга бўялган бу йигитча нима каромат кўрсатаркан дегандек, ҳамма жимгина қараб турарди. У ниҳоятда майин оҳангларга йўғрилган ажабтовур ва дилга хуш ёқувчи мусиқалардан бирини чала бошлади. Сарой сув қуйгандек осудахотир қулоқ тута бошлади. Нота пардалари бироз кўтарилгач, Борбаднинг мусиқага монанд сеҳрли овози атрофдагиларни бамисоли афсунгар каби сеҳрлаб қўйди. Ҳоким саройи мусиқа ва қўшиқнинг оппоқ рангига тўлди. Бу овоз ва мусиқа соҳиби Гулнўшни ҳам ўзига ром этди. Ҳамма лолу-ҳайратда сеҳрли овоз соҳибининг домига тушганди. Аввалига ҳеч ким мусиқанинг савқи табиий афсунига учибми, ё Борбаднинг мисли кўрилмаган ширали овози таъсириданми, дафъатан, қўшиқни маъносига эътибор қилишмади. Қўшиқ Гулнўш тўғрисида кетаётганлигини Борбаднинг отаси, ҳамда, шаҳар ҳокими биринчилардан бўлиб илғашди. Унгача буни Борбад мусиқа чалган ҳамоноқ Гулнўшнинг ўзи илғаганди. Йиғилганларнинг барчаси мусиқа ва қўшиқнинг оппоқ афсуни билан сеҳрланганди. Борбаднинг отаси ўғлини эҳтиётсизлигидан унга захм етиб қолишини ўйлаб унсизгига титради. Ҳокимнинг кўзларида ғазаб учқунлари тоша бошлади. Гулнўшнинг кўзларида эса Борбадга нисбатан чексиз меҳр ва муҳаббат уйғонди. Зеро, бу оппоқ рангли муҳаббат мусиқаси эди. Бироқ бу муҳаббат сароб янглиғ ўша оқлик қўйнига эриб кетди. Ҳоким, ўша таваллуд айёмининг эртасигаёқ Борбаднинг отасини чақиртириб ўғлини шаҳардан чиқариб юборишини тайинлади: – Менинг кўп йиллардан бери содиқ хизматкорим эканлигингни инобатга олиб, ўғлинг Борбадга зиён етказишни истамайман, – деди ҳоким. – Аммо у шу бугуноқ шаҳардан чиқиб кетиши даркор. – Ҳоким жаноблари, ўтинаман сиздан, мен ва хотинимга рахмингиз келсин. Борбад ёлғиз ўғлимиз. Кўзимизнинг оқу-қораси. Уни биздан айирманг. – Бас қил, – деди ҳоким. – Сенинг дийдиёнгни ортиқ эшитишни истамайман. Менинг қизим киму сенинг ўғлинг ким?! Ўзи ўғлингни Гулнўш исмини тилга олгани учун тилини суғуриб олишим лозим эди. Агар ўғлинг эртагача Марвдан чиқиб кетмаса, жони узилди деявер. Бу ҳокимнинг узил-кесил қарори эди. Бутун Марвда ҳеч ким унга қарши чиқолмасди. Демак, Борбад кетиши керак эди. Отасидан бу хабарни эшитгач, ёш мусиқачи қаттиқ ҳаёжонга тушди. Ахир қандай қилиб туғилиб ўсган шаҳрини ташлаб кетади?! Гулнўшни-чи?! Унга бўлган муҳаббатини-чи?! Уларни қандай ташлаб кетади?! Йўқ, Борбад бундай қилолмайди. У шу ерда туғилган, шу ерда ўлади. Агар Марвни ташлаб кетиш мумкин бўлганида эди, ё, Бухоро, ё, Самарқанд, ё, Хоразмга кетарди. Балки, бу ердан ҳийла олис, ўша узоқ Бинкатга ҳам кетарди. Марвга ўша ёқлардан келган созандалару машшоқлар у ерларнинг ҳокимлари ҳам санъатга бўлакча меҳр билан қарашлари ҳақида сўзлаб берарди. Борбад ўшалар билан кетмаганда, энди дафъатан, уйидан ҳайдалган ит каби Марвни ташлаб кетадими?! – Агар кетмасанг, эртага дорга осиласан ўғлим, – унга тўғрисини айтди отаси. – Нега ҳам ўша Гулнўш ҳақида қўшиқ айтдинг?! – йиғлади онаси.– Сени осишса, қандай чидайман ўғлим. Йўқ, сендан олдин мени осишсин! – Нималар қилиб қўйганингни кўряпсанми ўғлим, – деди отаси.– Энди бошқа иложимиз йўқ. Нарсаларингни йиғиштир. Ҳозир карвонсаройга борамиз. Биринчи карвон қаёққа кетса, ўша ёққа жўнаб кетасан. Худодан бўлак ҳеч ким абадий ҳоким бўлолмайди. Марвга бир кун қайтарсан. Шундай қилиб отаси уни карвонсарой томонга олиб борди. Муштипар онаси ортидан юм-юм йиғлаб қолди. Ўшанда мусиқанинг оппоқ ранги онасининг кўз ёшларига сингиб Марв тупроқларига ёғилди. Мусиқа жавонларини кўтариб олган Борбад уйидан кетиб бораркан, бу Марв осмонидан ёғаётган ёмғирмиди, ё, онасининг кўз ёшларимиди, дафъатан илғаёлмади. Борбад ёмғир остида негадир мустар бўлиб қолганди. Ўшанда у оппоқ мусиқанинг ўзидан узоқлашиб кетганлигини кўрди. Карвонсаройга яқинлашиб қолганларида у туйқусдан отасига мусиқа асбобларини ташлаб кетмоқчи эканлигини айтиб қолди. – Кўнглим ғаш, – деди у отасига. – Гулнўшдан айрилар эканман, энди улар менга керак эмас. – Ундай дема ўғлим, – деди отаси.– Мусиқа бизнинг қонимизда яшайди. Биламан, сен ҳозир хафасан. Мусиқа хурсандчилик вақтларимизда сенга қандай ҳузур бағишлаган бўлса, хафа ва мустар вақтларингда ҳам қалбингда шундай таскин бера олади. Мусиқа шундай қудратли кучга эга. – Майли, нима деманг, барибир мусиқа асбобларимни олиб кетмайман. Ҳозирги ҳолатимда менинг қарорим қатъий. Агар керак бўлса, ҳамма катта шаҳарлардан мусиқа асбобларини топиш мумкин. Аммо буларни олиб кетмайман. Сиз уларни уйга қайтариб олиб боринг. – Йўқ, – деди отаси. – Сен уларни уйдан олиб чиққан экансан, мен уларни уйга қайтариб олиб бормайман. Онангни бу асбобларни кўрса, юраги эзилади. У ҳар гал буларни кўрса, сени эслаб йиғлайди. Шунинг учун уйга олиб бормаганим маъқул. – Ота, унда нима қиламиз?.. – Юр, мусиқа асбоблари сотадиган растага кирайлик. У ерда менинг бир дўстим бор. Ўша ерга буларни омонат қолдирамиз. Қачондир ўзинг Марвга қайтсанг, уларни қайтариб оласан. Дўстимга омонатни келгунингча сақлаши учун маошимдан улуш бериб тураман. Борбад отасининг ортидан юрди. Улар мусиқа асбоблари сотадиган растага киришди. Отаси вазиятни тушунтирди. – Яхши, тушундим дўстим, – деди мусиқа асбобларини сотадиган растанинг эгаси. – Ўғлинг келгунича, бу асбобларни кўз қорачиғидай асрайман. Мана, қўлни олинг. У Борбад билан қўл сиқиб кўришди. Шу билан улар карвонсаройга жўнаб кетишди. Не тақдирки, бугуноқ, Марвдан Эронга жўнаб кетадиган карвон бор экан. Отаси, Борбадни ҳам Эронга олиб кетишга карвонбошини бир амаллаб кўндирди. – Ўғлингиз Борбадни ҳоким қаҳрига учраганини эшитдим. Ҳозир ҳамманинг оғзида шу гап, – деди карвонбоши йўл харажатига Борбаднинг отаси берган пулни санаб оларкан. – Хотиржам бўлинг, ўғлингизни Эронга эсон-омон элтиб қўяман. – Хавотир олманг ота, – деди Борбад.– Жойлашиб олганим ҳамоноқ мен сизга хат ёзаман. Марвга келадиган карвонлардан бериб юбораман. Карвонсарой билан боғланиб туринг. – Хўп ўғлим, – деди отаси. – Биз онанг билан сенга албатта жавоб ёзамиз. Хайр, ой бориб омон кел. Ота-ўғил қучоқлашиб хайрлашишди. Карвонбоши Эронга миниб бориш учун Борбадга бир хачирни рўбару қилди: – Ўзи яхши хачир. Узун йўлда чарчоқ нималигини билмайди. Туядан кам жойи йўқ. – Майли, шунисига ҳам рахмат! Йўл Борбад учун ана шундай бошланди. Ёмғир йўл-йўлакай бир зумга ҳам тинмади. Карвондагилар ёмғирпўштларига ўралиб олишди. Карвонбоши бақувват отлар қўшилган аравага чиқиб олди. Борбад тўғрисида эса ҳеч ким қайғурмади. У ўша-ўша, ёмғир остида ивиб, туядан ҳеч ҳам кам жойи йўқ бўлган хачирда бир меъёрда карвон ортидан борарди. – Ортда қолманглар. Карвонга етишиб юринглар, – ҳар замонда карвонбошининг шундай ҳайқириғи эшитилиб турарди. Карвон Марвнинг ғарбидаги қумтепалар оша илдамлаб борарди… II Ёмғир борлиққа баҳор келганлигидан дарак берди. Майсалар ниш урди. Бепоён адирлар тим яшиллик билан қопланди. Борбад Эронга карвон билан келгандан бери мусофирхоналардан бирида яшаб юрарди. У ҳамон Гулнўш ҳақида ўйларди. Аммо бу покиза хаёл энди борган сари унга бир рўёдай туюларди. Агар муҳаббат фақат тахаюлда яшаса, алал-оқибат саробга айланади. Борбад буни жуда яхши биларди. Демак, нимадир қилмоқ лозим. Борбад ўйлаб-ўйлаб ахийри Эрон шоҳи Хусрав саройига боришга аҳд қилди. Охир-оқибат бу аҳд қатъий қарорга айланди. У мусофирхонани тарк этиб шоҳ саройига борди. Аммо уни у ерга шунчаки киритишмасди. Хусрав саройига уни фақатгина мусиқа олиб кирарди. Шунда у юрагининг туб-тубларида ҳали-ҳамон мусиқа яшаётганлигини илғади. Бироқ энди бу мусиқаГулнўшни кўрган давридаги оппоқ мусиқа эмас, билъакс, у онасининг кўз ёшлари билан қадрдон уйининг остонасидаги Марв тупроқларига сингиб кетган эди. Бу мусиқа, ўша кўз ёшлар ва карвонда кетаётганида, Марв ёмғирлари остида улғайиб қолган йигитнинг баҳорини мусиқаси эди. Унинг ранги оқ эмас, билъакс, адирлар оша кириб келган баҳор каби ям-яшил эди. У ана шу яшил мусиқани куйламоқ учун Хусрав саройига бот-бот келаверди. Излаган имкон топади деганларидек, ахийри у сарой санъаткорларининг бошлиғи Саркаш билан учрашишга муваффақ бўлди. Ораста кийинган қирғийбурун Саркаш уни хушламайгина, беписандлик билан кутиб олди: – Марвдан шунча йўл босиб келган экансан, майли, сени гуруҳга оламан, аммо мусиқа асбобларини яхши чалолмайдиган бўлсанг, ўша куниёқ ишингдан айриласан. – Ишончингизни оқлашга ҳаракат қиламан тақсир, – деди Борбад. Саркаш уни саройнинг мусиқа хонасига етаклаб кирди. Бу ерда қадимий торлардан тортиб, доира-ю созлар, танбуру дуторларгача бор эди. Борбад уларга аввалгидек иштиёқ билан термулди. Хаёлида ёмғир остида иқадирлар оша келаётганида кўрган яшил мусиқа жонланди. Саркаш мусиқа асбобларини кўриб ҳайратда қолган Борбадга деди: – Уларни қайси бирини чала оласан? – Қайсини чал десангиз ўшани, – ортиқча камтарликсиз жавоб қилди Борбад. Саркаш эшитган қулоқларига ишонмади. Борбад бу мусиқа асбобларини ҳар бирини алоҳида шундай гўзал услубда чалиб кўрсатдики, энди Саркаш ҳайратдан донг қотди. Шундай бўлса-да, у сир бой бермаслик учун деди: – Борбад, сен янада яхшироқ машқ қил. Аммо ҳаракатларинг чакки эмас. Ҳозирча, меникида яшаб турасан. Бу ерга ҳам келиб ўз устингда ишлайсан. Маошингни сарой ҳисобидан оласан. – Бу яхшилигингизни ўла-ўлгунча унутмайман, – деди Борбад. У шундай қилиб саройда ўрнашиб олди. Энди у Саркашнинг уйида яшар ва саройдан маош оларди. Саркаш унга кўп навозишлар ва меҳрибонликлар кўрсатар, аммо саройдаги санъат кечаларига уни мусиқачи сифатида олиб боришга шошилмасди. Борбад мусиқа кечаларига қатнашишни интиқлик билан кутар, астойдил машқ қилар, аммо Саркаш ўз номига монанд уни катта саҳнага олиб чиқишга саркашлик қиларди. Борбад бир куни Саркаш мусиқачилари гуруҳидагилардан, Наврўз арафасида Хусрав мамлакатда катта тантаналар ўтказишини, хусусан, сарой боғида шоҳона мусиқа сайли ташкил этилишини эшитиб, юраги қаттиқ ҳаприқди. У бу кечага иштирок этишни жуда ҳам истарди. Бу ҳақда Саркашга айтганди, аммо у буни хушламайгина деди: – Борбад, мен сени шоҳимиз Хусравга улуғ мусиқачи сифатида тайёрлаб бермоқчиман. Аммо сен ҳаддан ташқари шошиляпсан. Мен сени ўзим истаган даражага олиб чиқмасдан барбод қилмоқчимасман. Борбад унга ортиқ сўз демади. Тушундики, бунинг бари фойдасиз. Чунки у Саркаш биладиган нарсаларни аллақачонлардан бери биларди. Аммо у биладиганларини Саркаш ҳали кўпларини билмасди. У Саркаш ва Хусравга кутилмаган янгилик тайёрлашни хаёлига тугиб қўйди. Мусиқачилар гуруҳидан Хусрав боғидаги сайл қачон бўлишини аввалдан билиб оларкан, кўнглида етук бир режа етила бошлади… Буни Хусрав саройидагилар ва Саркашнинг мусиқа дастаси сарой боғида мусиқа сайли бўлаётган вақтда илғашди. Шоҳ Хусрав ва унинг аъёнлари сарой боғида мусиқачиларнинг навбатма-навбат куйлаётган оромижон қўшиқларини тинглаётган бир маҳалда боғнинг бошқа тарафидан улуғ бир мусиқа янгради. Саркашнинг мусиқа дастаси ва саройдагилар бу сеҳрли оҳанграбонинг таъсирида бир муддатга ўша томонга қулоқ осишди. Бу мусиқа шундай қудратли кучга эга эдики, унинг оҳанглари олдида ўзга куй ва мусиқанинг жаранги қулоқларга кирмас, бошқа куй ва садолар у жойдан таралаётган навонинг олдида ноғора чалишдек арзимас бир юмушга айланиб қолаётгандек эди. Шоҳ Хусрав ҳайратини яшира олмай ўрнидан тураркан, аъёнларга деди: – Мен ўша ёққа бормоқчиман! Бошқалар ҳам шоҳ Хусрав ортидан эргашди. Боғнинг шимолга қараган хилват гўшасида, ям-яшил майсазорлар ичида, ўзи ҳам яшил кийиган, қўлидаги мусиқа асбоблари ҳам яшил рангга бурканган бир йигит ўша дилтортар ва қалбларни сеҳрловчи мусиқани чалиб, наврўзга аталган қўшиғини куйларди. Унинг овози атроф-жавонибни бутунлай сеҳрлаб қўйган, нафақат одамларнинг, балки, қушлар ва дарахтларнинг ҳам қалбини ана шу куй, ана шу мусиқа, ана шу сеҳрли овоз афсун каби элитиб қўйганди. У қўшиқ ва куйни ниҳояламагунча, ҳеч ким жойидан қўзғалмади, ҳамма тик турганча, улуғ мусиқачининг куй ва қўшиғи якун бўлишини кутди. Ниҳоят у Наврўзга бағишланган куй ва қўшиғини якунлади ва Хусравга таъзим қилди. Ҳайрату шавқдан ҳамон ўзига келолмаган Хусрав ҳузуридаги йигитни зўрға кимлигини сўрай олди. – Мен Борбадман, шаҳоншоҳ, – унга яна бир бор таъзим қилди мусиқачи. – Сарой мусиқачиларининг бошлиғи Саркашнинг шогирди бўламан. – Саркашнинг шогирди?! – ҳайрон бўлиб бир Борбадга, бир Саркашга қаради шаҳоншоҳ. – Ҳа, шундай шаҳоншоҳ ҳазратлари, – Борбаднинг сўзларини тасдиқлади Саркаш. – Нега шу пайтга қадар уни бизнинг мусиқа анжуманларимизга олиб келмадингиз?.. – сўради шаҳоншоҳ. – Мени авфу этсинлар шоҳим. Мен Марвдан келган бу йигитни улуғроқ бир кунда сизга тақдим этмоқчи эдим. – Наврўздан улуғроқ кун бормикан?! – деди Хусрав. Сўнг Борбаддан сўради: – Сен йигитча марвликмисан? – Ҳа, шаҳаншоҳ. Мен Марв ҳокими мусиқачисининг ўғлиман. – Демак, Марвда яхши мусиқачилар бор экан-да. Шундай катта Эрон шоҳи Саркаш деган мусиқачини куйларини тинглаб юрса-ю, Марв деган бир шаҳарнинг ҳокими улуғ мусиқачиларга эга бўлса. – Марв ҳокимига босим ўтказиб, яхши мусиқачиларни бизга юборишини сўраб қатъий талаб юборишимиз мумкин шаҳоншоҳ, – деди сарой амалдорларидан бири. – Бу ҳақда бошқа гапирманг, – унинг сўзини кесди Хусрав. – Марв ҳокими билан бизнинг қалин алоқаларимиз бор. Буни яқин вақтларда ўзларингиз билиб оласизлар. Мен ҳозир бошқа бир қарорга келдим. – Қарорингиз бош устига, шаҳоншоҳ, – уни қўллаб-қувватлади аъёнлар. – Қарорим шундай, – деди Хусрав. – Бугундан эътиборан сарой мусиқачиларига Саркаш эмас, балки Борбад раҳнамолик қилади. Саркаш эса, ундан ўрганади ва унга ёрдам беради. – Саркаш менинг раҳнамойим, шаҳоншоҳ, – деди Борбад. – Жим бўлинг Борбад, – унга биринчи бор сизлаб мурожат қилди Саркаш. – Шаҳоншоҳнинг амри вожиб. Сиз ҳақиқатан ҳам сарой мусиқачиларига раҳнамо бўлишга ҳақлисиз. Борбад рад этмоқчи бўлди. Аммо шаҳоншоҳ ўз фикрида қатъий қолди. Саркаш ҳам бирдан ўзгариб унга меҳрибон бўлиб, ўз раҳнамосидек қарай бошлади. Шоҳ Хусрав Борбадни Саркашнинг уйида яшаб юрганлигини эшитиб унга алоҳида уй инъом айлади. Шу кундан эътиборан унинг ҳаёти тамомила бошқа ўзанга ўзгариб кетди. У Марвга кетаётган карвонлар орқали ота-онасига хат битиб, ўзининг саломатлигини ҳамда ишлари қандай ривож топганлигини ёзиб юборди.Кўп ўтмай Марвдан келган карвон орқали хатига ота-онасидан жавоб олди. Бу унинг кўнглини кўтарди. У мусиқанинг эндиликда ҳақиқатан ҳам тим яшилликка айланганлигини, агар ҳаёт шундай давом этса, бир кун Марвга қайтишига имкон туғилажагини ҳис қиларди. У Хусравнинг адолатпешалигига ишонар, шунинг учун ўзини унга яқин тутар, илло бу ҳол яна бир важ билан боғлиқ эдики, Борбад буни инкор этолмасди. У қандайдир бир улуғ қудрат билан Гулнўш висолига етишни истарди. Ана шу улуғ қудрат Борбад учун Хусрав қиёфасида гавдаланарди. Зеро, бутун дунёни ҳозирда остин-устин қилаётган улуғ турк ҳоқони Истамин ҳам шаҳоншоҳ Хусрав билан дўстона алоқаларни ушлаб турарди. Демак, шундай қудратли шаҳоншоҳ Марв ҳокимига етарлича таъсир ўтказа олади. Шу боисдан ҳам Борбад унинг этагини маҳкам ушлашга қарор қилди. Тоза муҳаббат учун курашаётган инсон баъзан шундай суъистемолликларга ҳам йўл қўйса, уни кечирса бўлади. Зеро Борбадга Гулнўшнинг висолига етишмоқликдан ҳам улуғроқ бир мақсад йўқ эди. Мусиқанинг яшилланиши ҳам ана шу орзуга бўлган умиднинг рўёбга чиқишига инжа бир интилишнинг ҳосиласи эди. Аммо воқеалар у ўйлаганчалик жуда тез рўёбга чиқолмасди. Бунга яқин йиллар ичида бўлиб ўтган бир қатор воқеалар сабаб бўлди. Аввалига шаҳоншоҳ Хусравнинг Ширин деган бир гўзал малакка ошиқ бўлиши саройдагиларни анча саросимага солди. Ахир Хусравдек улуғ ҳукмдор, бир канизакка етишиш учун давлат ишларига бефарқ бўлиб қолса, буни қандай тушуниш мумкин?! Зеро, ўша канизак унинг қўл остидаги меъмор Фарҳодга унаштирилган эди. Завжаларидан ташқари ҳарамида шунча гўзал ва бир-биридан мафтункор канизаклари ва чўрилари бўлишига қарамай, ўзга бир йигитга унаштирилган қизга шоҳнинг кўнгил қўйиши сарой доираларини анча ташвишга солди. Ахийри Ширинни Хусрав ҳарамига келтиришди. Шоҳ унинг васлидан масту-мустағриқ бўлди. Висолнинг ширин онларини у билан бирга кечирди. Фарҳод эса бу кўргуликлардан куйиб адо бўлди. Аммо у бир меъмор бўлгани ҳолда шундай улуғ шоҳга қарши нима ҳам қила оларди. Кейинги вақтларда айшу-ишрат билан машғул бўлиб қолган шоҳ ҳузурига Борбад шу боисдан ҳам киролмади. Унга Гулнўш ҳақида қалбининг тўрида сақлаган покиза ниятларини айтолмади. Бу орада рўй берган сиёсий воқеаларгина Хусравнинг хаёлини ўзига келтирди. Турк ҳоқони Истамин Эроннинг ён қўшниларидан бири Эфталитлар давлатига давлатга катта куч билан ёприлган ҳамда Хусрав Анушервонга бу улкан мамлакатни бўлиб олиш ҳақидаги эски таклифни эслатган эди. Отаси Қабод даврида эфталитларга бир муддат бож тўлаш зўрида қолган Эрон бундай вазиятдани фойдаланиб қолиши лозим эди. Шунинг учун Хусрав Истамин таклифини бажонидил қабул қилган ҳолда ўзи бошчилигида катта қўшин билан эфталитлар юрти томон юрди. Истамин ва Хусравнинг биратўла икки тарафдан кириб келиши эфталитларни икки тарафда жанг олиб боришга мажбур қилди ва бу жанг алал-оқибат уларнинг мағлубияти билан тугади. Хусрав Анушервонга Чағониёнгача бўлган улкан ерлар тегди. У шундан сўнг Эронга қайтди. Бу орада Борбад ўз шогирдларига мусиқанинг янги куйларини ўргатиш билан машғул бўлди. Айниқса Некисо деган шогирди Борбаднинг йўлини давом эттирадиган истеъдодли йигит чиқиб қолди. Хусрав Анушервон келгунча Борбад шу шогирдларининг иқболи билан оввора бўлиб юрди. Хусрав мамлакатга қайтгач, яна Ширин оғушига ғарқ бўлиб, атроф-оламни тамоман унутди. Бундан Борбад бироз ғамгин ҳам бўлди. Аммо бир куни уни Хусрав ҳузурига чорлаётганини эшитди-ю, кўнглидаги ниятини айтиш имконияти юзага келганлигидан ниҳоят суюнди. Шоҳ ўз ҳарамида Ширин билан бирга эди. Борбад ҳар эҳтимолга қарши ўзи билан бирга чолғуларини олиб борди. Шунда оппоқ чеҳрали, қош-кўзлари қоп-қора, узун сочлари тақимини ўпадиган, қад-қомати кўрган кўзга афсун каби таъсир этадиган малак сиймо Ширинни илк бора кўрди-ю Хусравнинг ақл-ҳушдан нечук ажралганлигини сабабини тушунди. Қудратли шоҳ бўлганингдан кейин шундай гўзал малак учун битта Фарҳод нима бўлибди, мингтасидан ҳам уни тортиб олсанг арзийди. Хусрав Ширинга нигоҳ ташлаган Борбадга хиёл кулиб қараркан деди: – Шундай жононинг бўлишини сен ҳам истармидинг Борбад?.. – Мен буни хаёл ҳам қилмаган бўлардим шаҳоншоҳ. Менинг мусиқадан ҳам бўлак ороми дилим йўқ, – бош эгиб жавоб қилди Борбад. Зеро, у шоҳ канизакларига қарашдек гуноҳи азимга йўл қўйганлигидан энди хижолат тортаётганди. Бундай гуноҳ учун Хусравнинг ғазабига учраш ҳеч гап эмас эди. Аммо Гулнўш васлига эришиш орзусида юрган Борбад учун бу ҳаётини барбод қилиш билан баробар эди. Ахир у Гулнўш васлини Шириннинг жамолини бир бор кўришга қурбон қилиб юборолмасди. Зеро, Ширин Хусрав боғида қулф уриб очилган бинафша бўлса, Борбад учун Гулнўш Марв қумлоқларида эрта баҳор кўкарган бир бойчечак мисоли эди. У ўзининг қўли етмайдиган олис бинафшани бир бор кўриш учун қалбининг тўрида асраган бойчечакни босиб ўтиб кетолмасди. Шоҳ Ширин учун бир оромижон куй чалиб беришни Борбаддан сўради. Улуғ мусиқачи Гулнўшни соғиниш ҳажрида яратган куйларидан бирини зўр маҳорат билан чала бошлади. Шунда Борбад Шириннинг мижжаларида ёш томчилари қуйилганлигини ички бир сезим билан кўра олди. Аммо Хусрав бунга эътибор бермади. Бу Фарҳод учун тўкилган ёшлармиди, ё, шунчаки Борбад мусиқасининг қудратимиди, улуғ мусиқачи буни дафъатан англолмади. Ҳар ҳолда Ширин Хусрав саройида шоҳнинг энг суюкли канизаги мақомига эришган, бундай истиқбол дунёнинг қанчадан-қанча гўзал малакларининг ҳушини учирарди. Борбад куйни чалиб тугатаркан, момиқ болишларга суяниб олган Хусрав малаксиймо Шириннинг ўзига яқинроқ ўтиришини сўраганча, мусиқачига деди: – Бу куйни қачон яратгансиз?.. – Ҳали Марвдалик пайтимдаёқ яратгандим шаҳоншоҳ ҳазратлари, – илтифот билан деди Борбад. Сўнг кўнглидагини тўкиб солиш гали келганлигини сезиб давом этди: – Мени авфу этсангиз шаҳоншоҳ, сизга бир гапни айтсам. Кўп йиллардан бери буни айтолмай истиҳола қилиб келдим. – Хўш, нечук гап экан? – сўради Хусрав. – Бу сизга ҳозиргина чалиб берган куйимнинг тарихи билан боғлиқ. Мен уни Гулнўш деган бир қизга атаганман. – О, мусиқачимизнинг ҳам кўнгли бу ёқда экан-да, – ҳайратланди Хусрав. – Уни севармидингиз? – назокатли майин овоз билан сўради Ширин. Борбад бир шоҳга, бир Ширинга қараб олди. Унинг овози ҳуснига монанд бениҳоя мулойим ва юракка яқин овоз эди. Аммо бу ҳол унга ҳар кимнинг ҳам жавоб қайтариш ҳуқуқини бермасди. Борбаднинг истиҳоласи айнан мана шундан эди. Бироқ Хусрав мусиқачидан уни қизғонмасдан деди: – Менинг гўзал ёримнинг саволига жавоб беринг… – Ҳа, уни жуда ҳам севардим, – хўрсинди Борбад. – Унинг исми нима эди? – сўради Ширин. – Гулнўш!!! – Марвда бу исм одатий исмлардан бўлса керак ҳойнаҳой, – орага қўшилди Хусрав. – Нечук бундай ўйлаяпсиз шаҳоншоҳ? – сўради Борбад. – Сизнинг хабарингиз йўқ шекилли, – ҳайрон бўлди Хусрав. – Биз яқинда ўғлим Шеруяга Марв ҳокимининг қизини келин қиляпмиз. Унинг ҳам исми адашмасам Гулнўш эди. – Шундайми?.. – каловланиб ўзини йўқотиб қўяёзди Борбад. – Сизга нима бўлди? – сўради Ширин. – Ё, сизнинг кўнглингиздаги қиз ўша Гулнўшмиди?! – Мен… Гулнўш… Нималар деяпсиз ахир… Мен киму Марв ҳокимининг қизи ким… – Хайрият-ей, мен ҳам шундаймикан дея қўрқиб кетгандим, – деди Хусрав. – Шаҳаншоҳ, менга энди рухсат берсангиз, – бош эгиб сўради Борбад.– Сиз ҳазрати олийларини Ширин хоним билан ёлғиз қолдирсам. – Сизга рухсат, – қўли билан ҳимо қилди Хусрав. Ширин Борбаднинг ортидан қараб қолди. У бу ўша Гулнўш эканлигини Борбадга бир қарашдаёқ билганди. Яхшиям Хусрав буни сезмади. Шоҳ ҳузуридан чиқиб сарой боғида қадам ранжида қиларкан, Борбад боғда дарахтларнинг сарғайганганлигини кўрди. Шу ондаёқ унинг қалбида мусиқанинг сариқ ранглари бостириб келаётганди. Гулнўшни Шеруяга тегишини эшитган ҳамоноқ мусиқанинг яшил ранглари улуғ бастакорнинг тарк этаётганлигини у ички сезим билан англади… III Хусравнинг сўзлари ҳақиқатга айланди. Марвҳокимининг қизи Гулнўшшоҳ Хусравнинг ўғли шаҳзода Шеруяга катта тўйу-томошалар билан никоҳланди. Шоҳ Хусрав тўйда мусиқа чиларнинг чиқишларини Борбадга топширди. Борбадни маҳам қила оларди. Ахир дунё шундайки, сен аслзода бўлиб туғилмаган экансан, сенинг орзуйинг орзулиги чақолиб кетаверади. Бундай вазиятда сен ўз тақдирингни ўзгартир олмайсан. Оддий мусиқачининг ўғли киму шаҳоншоҳнинг ўғли ким?! Мусиқачининг ўғли нари борса мусиқачи бўлар, шоҳнинг ўғли эса, бир куни шаҳоншоҳ бўлади. Гулнўшо ёқяланг мусиқачини танлармиди?! Мусиқачининг рафиқаси қайда-ю, бутун мамлакатнинг маликаси бўлиш қайда?! О, хом сут эмган Борбад! Сен севги бор деб ўйловмидинг?! Чин муҳаббат музаффарият қозонади, деб хаёл сурганмидинг?! Агар шундай бўлганида, Ширин Фарҳод билан тоғу-тошларга қочиб кетмасмиди?! У нима қилди?! Хусравнинг юмшоқ пар тўшаклари-ю, ипак болишларга эга ҳарамини танлади. Эҳтимол қачонлардир келажак шоирлари Фарҳод Ширинларнинг муҳаббатини ёзиб, ошиқлар дили энтиктирар?! Аммо у муҳаббатларнинг ҳақиқий ҳаётда ҳеч қачон рўй бермаслигини ҳам улар ёзишармикан?! Гулнўш ва Борбад севгисини ҳам бутун фожеалари билан қачонлардир ёзишармикан?! Борбад юрагида умид ўлганлигини сезди. Буни шогирди Некисо бир қарашдаёқ пайқади: – Сизга нима бўлди устоз? – сўради у сарой мусиқа хонасида ишлаб турганларида. – Валиаҳд шаҳзода Шеруянинг тўйидан бери жуда ҳам хомуш бўлиб қолдингиз?.. – Энди кексардим шекилли, – деди Борбад. – Менинг мусиқам сарғарди. – Устоз, нималар деяпсиз? – ўзини йўқотиб қўйди Некисо. – Ҳали жуда ёшсиз. Қанақасига кексарасиз?.. – Кексариш ёш билан боғлиқ бўлганида эди, Некисо, – деди Борбад. – Мен ҳали жуда кўп яшаган бўлардим. Сен ишонасанми, йўқми, мен энди, мусиқанинг фақат сариқ рангларини кўрмоқдаман. У дарахтларнинг тўкилаётган заъфарон барглари янглиғ сап-сариқ. Мен Гулнўшни Шеруянинг рафиқасига айланганидан буён уйғонганимдан уйқуга кетганимга қадар мусиқанинг сап-сариқ рангини кўрмоқдаман… Некисо, устозининг мунгли кечмишидан бир қадар хабардор бўлгани ҳолда валиаҳд шаҳзода Шеруянинг рафиқаси Гулнўшга устози Борбаднинг аллақачонлардан бери кўнгли борлигини биларкан, қўрқувдан тиззалари дағ-дағ титради. Зеро, бу ҳол ошкор бўлса, устозининг ҳолига вой эканлигини у жуда яхши биларди. Бундай ҳолатда сарой маҳкамасидагилар Некисони ҳам аяб ўтиришмаса керак. Аммо Борбаднинг ўз фикрини бу тахлит айтиши Некисони бошини қаттиқ қотирди. Лекин буни устозига қандай тушунтиради. Йўқ, буни Борбаднинг ўзи тушуниши керак. Ҳа, севиб кўрмаган одам шундай ўйлайди. Некисо буни қаёқдан ҳам билсин. Ахир юрак ҳар доим ҳам ақлнинг тизгинига киравермайди-ку?! Борбад буни яхши билади. Аммо севгига унинг муносабати энди ўзгарганди. Худди мусиқанинг сариқ ранглари каби унинг юраги энди ўзгарганди. Агар дунёда қандайдир инсоний муҳаббат чин бўлса, бу ота-онангга бўлган муҳаббат бўлса керак. Борбад шундан чуқур хўрсинардики, кўпдан бери ота-онасидан хабар йўқ эди. У худди аввалгидек, Марвга кетаётган карвонлардан тез-тез хат жўнатарди. Аммо энди кўп вақтдан берики, бирон жавоб келмасди. Борбад мусиқасининг ранги балки шундан ҳам сариқ рангга айлангандир. Яна ким билсин. У Марвнинг сувсиз адирларини эсларди. Сап-сариқ рангга бўялган адирлар. Гулнўш Хусрав саройига ўша адирларни ошиб келган. Хусрав Ширин билан қандай бахтиёр бўлса, Шеруя Гулнўш билан шундай бахтиёр. Борбад энди худди Фарҳоддек куйиб адо бўлади. У сариқ рангли мусиқага шундай куйни кўрарди. Бу Фарҳодга айланган Борбад, ёйинки, Борбадга айланаётган Фарҳод эди. У Фарҳод тешасини кўтариб тоғу-тошлардан сув чиқараман деб юрар, жаҳаннамдай чўлларда тамоқлари қақраб ахийри жон берарди. Хусрав эса Шириннинг оромижон оғушида муҳаббат болини симирарди. Шунда у яна Борбадга айланарди-да, Гулнўшни деб ўзига шундай нораво тақдирни танлаганди. Уни ҳар куни тонгдан шомгача ўйларди. Аммо у худди Ширин каби оромижон ҳарамни танлаганди. Унда Шеруя бахтдан масрур эди. Борбад эса, худди Фарҳод каби орзунинг аччиқ талхларини ичиб адо бўлади… Борбад шундай хаёллар ичра умргузаронлик қиларкан, саройда воқеалар бошқа ўзанга қараб кетаётганлигини деярли сезмай ҳам қолди. Шеруя отаси Хусравни Шириннинг оғушидан бери келмай қўйганлигидан аввалига қаттиқ таъажжубланди. Сўнг бу ҳол Шеруяга Шириннинг жамолини кўришга иштиёқ уйғотди. Ахийри у бир амаллаб бу хоҳишига эришди. Шоҳ Хусрав овга чиққанида отасининг ҳарамига яшринча кириб Шириннинг жамолини кўришга муяссар бўлди. Бу Шеруяда отасига нисбатан ҳасад ва нафрат уйғотди. У худди Гулнўш сингари Ширин ҳам ўзиники бўлишини истади. Сулаймон пайғамбар юзлаб гўзал канизаклари бўлишига қарамай давроннинг малаксиймо гўзали Билқисга етишганидек, Шеруя ҳам Гулнўшдек дилбар малаги бўлишига қаноат қилмай Ширинни ҳам ўз оғушига бўлишини хоҳлади. Аммо бу ниятга етиш учун аввало отасидан тахтни тортиб олиш лозим. Ахир отаси Хусрав ҳам ўз даврида худди шундай қилган-ку?! Шеруя шу ниятда атрофида ўзига содиқ одамларни тўплади. Ахийри у истаган ниятига эришди. Хусравни тахтдан четлаштириб қатл эттирди. Буларнинг ҳаммаси қандай бўлганини Борбад яхши билмайди. Билганларини ҳам шогирди Некисонинг оғзидан эшитди. – Наҳотки, шундай бўлган бўлса?! – дея олди у. – Ҳа, шундай бўлди, устоз, – деди Некисо. – Энди биз нима қиламиз?.. – Ҳаммасини вақт тўғрилайди, – деди Борбад. – Сен уйингга боравер Некисо. Мен ёлғиз қолмоқчиман. Некисо кетгач, Борбад тақдирнинг бундай кўргуликларига ортиқ чидай олмаслигини илғади. У Хусрав инъом этган уйидаги барча мусиқа асбобларини ҳовлига олиб чиқди-да, ҳаммасига ўт қўйиб юборди. Ёғочдан ясалган мусиқа жавонлари оловда ланғиллаб ёна бошлади. Шу пайтга қадар унинг қалбида тўлғонган мусиқанинг сариқ ранглари энди олов тилларининг сариқ туслари билан батамом аралашиб кетганди. У мусиқа жавонлар ва асбобларини ёқаркан, бу билан чекланиб қолмади. Унинг кўз ўнгидан Шеруянинг бадният оғушида тўлғонаётган Гулнўш ва Ширин ўтди. У қўлларига қандай қилиб теша тушиб қолганлигини илғай олмади. Гулнўш ва Ширинни оғушига навбатма-навбат ғарқ бўлаётган Шеруя ундан мусиқа чалишни талаб қиларди. Аммо Борбад бу қабоҳат олдида мусиқа чалишни истамасди. У тешани қўлига оларкан, шундай мусиқа чалгандан кўра, бармоқларини чопиб ташлашни афзал билди. Теша шартиллаганча унинг бармоқлари устига югурарди. Бу Фарҳоднинг сув чиқараман деб кимсасиз чўлда жон бераётганда қўлида қолган ўша теша эди. Аммо сув йўқ, мусиқа жавонларини юмламай ютаётган юҳо олов ёнарди. Теша эса Борбаднинг бармоқларини битта қолдирмай чопиб ташлади. Токи, у энди бошқа мусиқа чала олмасин. Мусиқанинг сариқ ранглари оловда шундай ёнарди. Кесилган бармоқларидан қон оқаётган Борбад оловга шундай тикилиб турарди. Энди унга бу уйнинг ҳам, бу хотираларнинг ҳам кераги йўқ эди. У буларнинг ҳаммасини сариқ мусиқага қўшилиб ёниб кетишини истарди. Борбад шундай алфозда бу уйдан бош олиб чиқиб кетди. У Марвдан Эронга келган дастлабки пайтда турган ўша мусофирхонага қайтиб келди. Зеро унинг кўнгли сариқ мусиқа ёнаётган на ўша уйга, на Гулнўш ва Ширин азобланаётган Шеруянинг саройига боришни истарди?! Ўзига қолса, мана шу мусофирхонада ўлиб кетса ҳам майли эди. Аммо бундай бўлмади. Шогирди Некисо, бир ҳафтага қолмай уни шу ерда ҳам топиб келди. У устозининг ғариб ва мискин аҳволини кўраркан, йиғлаб юборди: – Сизга нима бўлди, устоз?..Нега бундай аҳволга тушдингиз?.. Дилтортар мусиқа чаладиган бармоқларингиз қани?.. – Некисо, йиғлама, мусиқа чалишим учун энди менга бармоқларнинг ҳожати йўқ. Уларнинг ҳаммасини сенга ўргатганман. Сен уларни бошқаларга ўргат. Шунда Борбад асрлар бўйи яшайверади… Некисо Борбаднинг ёнида кўп вақт қолди. Кечга яқин Борбад уни юпатиб, зўрға уйига жўнатиб юборди. У эртага яна келишини айтиб устози ҳузуридан бир аҳволда жўнаб кетди. Мусофирхонасидаги хонасида ёлғиз қолган Борбад Эрондаги сафари энди қариганлигини илғади. Зеро уни бу ерда яйдоқлик ва ҳеч кимсизлик қўйнида сариқ мусиқа таъқиб қиларди. Гарчанд унинг мусиқа чаладиган бармоқлари йўқ, аммо унинг дилгир қалбида, ўша, сариқ мусиқа тановар чаларди. Борбад юракни эзғиловчи бу манфур куйнинг истилосидан қалбини қутқазиш учун Марвга қайтишга қарор қилди. У шу ниятда токи шогирди Некисо бу ерга келмасидан кетишга аҳд қилиб йўл тадоригини кўрди. Борбад ўзини ҳеч ким танимаслиги ва безовта қилмаслиги учун ўзининг бежирим услубда тикилган кийим-бошларини дарвешлар хирқасига алмаштирди. Сўнг ёнида қолган охирги пулларини олдида Марвга кетаётган карвонга қўшилиб олди. Охирги маротаба уни кўрган эронликлар буюк бастакор ва мусиқачини шундай алфозда эслаб қолишди. Буюк Ипак йўлининг чорраҳалари оша йўлга тушган карвон унинг қатимдай бўлиб қолган лошини Марв томонга олиб борарди. Борбад йўл юраркан, сариқ мусиқа йўл-йўлакай уни бир муддат ҳам тарк этмаганлигини кўрди. Гарчанд у бир пайтлар уни умид сари бошлаган хотираларини унутишга ҳаракат қилар, Гулнўш ва Шириннинг фожеасини эсламасликка интилар(балки улар учун бу ҳол, эҳтимол умуман фожеа эмасдир), аммо сариқ мусиқанинг қаҳрабодек оҳанграбоси унинг қалбида мунгли ва залворли куйни чаларди. Борбад шундай алфозда Марвга қандай кириб келганлигини ҳам билмади. Марв буюк бастакорни сариқ рангга бўялган қумтепалари оша жимжитлик ва илтифотсизлик билан кутиб олди. Ҳолбуки, Марв, Марв бўлгандан бери унинг улуғ генийни кўрмаганди. Аммо ҳозир Борбад буларни ўйламас, унинг бирдан-бир фикру-хаёли сариқ мусиқанинг таъқибидан қутилиш эди. У карвонсаройдан чиқиб, Марв бозори кўргач, ўзининг бу ердан кетган дамлари хаёлидан ўтди-да, бозорга кириб отаси билан омонатга қолдириб кетган мусиқа жавонларини қайтариб олишга тутинди. Зеро, бу асбоблар унинг болалик ва ўсмирлик ёди билан узвий боғлиқ бўлиб, ҳозирги бахтсизлигининг умтилган мунгли кечмишини унутишга ёрдам берса не ажаб. Эҳтимол, сариқ мусиқанинг бағрини парчин қилаётган азобу-изтиробларидан Борбад қутулар, яна ким билсин. Бироқ Борбад кечикканди. Кун оғаётгани учун бозордагилар аллақачон кетиб бўлишган, бозорда шу ерда эртадан-кечгача санғиб юрадиган уч-тўртта дайди-ю бўзини сота олмай ўтирадиган бўзчилардан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Шундай бўлса-да, Борбад, улардан мусиқа жавонлари сотадиган раста эгаларини сўраб кўрди, аммо, уларнинг масхаромуз сўзларини тинглагач, бу ерда ортиқ қолиш бефойдалигини англаб уйи томонга шошилди.Бироқ неафсуски, уни бу ерда ҳам, ҳеч ким йўлига кўз тикиб кутиб ўтиргани йўқ эди. Борбад кетганидан сўнг, унинг ота-онаси ёлғиз фарзандларининг доғида куйиб, орқама-олдин оламдан ўтиб кетишганди. Уларнинг Борбад билан хат-хабарларининг алоқаси узилишининг бирдан-бир сабаби шу эди. Борбад уйига келаркан, бу ерда ҳеч ким йўқлигини кўриб қаттиқ саросимага тушди.Аллазамонлардан бери ҳеч ким яшамайдиган уйда туйқусдан дарвеш хирқа кийган майишган чолнинг пайдо бўлиши бу уйнинг қўшниларини ҳам Борбаддан кам саросимага солгани йўқ. Улар қанчалик ҳаракат қилишмасин бу чолнинг мазкур уйга қандай алоқаси борлигини эслашолмади. Лекин унинг қачонлардир яшаб ўтган уй эгаларига нимаси биландир ўхшашлиги улардан ундан ортиқ шубҳаланишга асос қолдирмади. Қўлларининг бармоқлари чўлтоқ бўлган, юзларини ажин босган чол уйга кираркан, унинг аллазамонлардан бери очилмаган зил-замбил ҳавоси унинг ўпкасини тўлдирди. Шунда у ўзини сариқ мусиқа бутунлай тарк этганлигини аммо унданда залворлироқ, унданда мудҳишроқ қора мусиқа чўлғаб олганлигини ҳис қилди. Борбад эндиликда ўзи ҳам танимайдиган қўни-қўшниларидан уйнинг эгаларини қаёққа кетганлигини суриштираркан, улардан бири унга мулойимроқ оҳангда деди: – Йўқликка кетишди биродар… Борбад шундагина уларнинг вафот этишганига ишонди. Шунда унинг шундоқ ҳам кучдан қолган қўл-оёқлари шалвираб қолди. Марвга келганидан бери оқара бошлаган соч-соқоллари бир оқшомда оқариб кетди. Қалбининг туб-тубларидан эса улкан ўкирик каби потраган қора мусиқа сизиб чиқди. Борбад қалбидан бу мусиқа шундай катта куч билан сизиб чиқардики, дунёда ҳеч қандай катта буни тўхтата олмасди. Бу мусиқанинг довури Борбад кирган уйнинг бутун зулумотини тўлдирди. Гўёки, бутун оқшом ана шу қора мусиқанинг зил-замбил залвори билан тўлди. Борбад ўзининг қадрдон ва бегона уйида йўқлик ёстиғига секингина бош қўйди ва кўзларини юмди. Шунда қора мусиқа унинг бутун борлиғини қамраб олди… Китоб – Искана.2013 – йил. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21843 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |