Туман ажинаси (ҳикоя) [Sherzod Komil Xalil] |
I Ҳисор тоғлари адоғида ёққан олачалпоқ қорнинг заҳри водийга ҳам урган. Изғирин совуқ. Дов-дарахтлар яп-яланғоч, ўт-ўланлар сарғайиб битган. Кунлар сокин ва бир текис. Эрталаблари тушган қуюқ туман қуёшнинг нурсиз ёғдулари остида тушга бориб аранг ёйилади. Туман қоришган соҳиллар бўйлаб чўзилган тегирмонга элтгувчи йўл: ўша-ўша – мум чўккан муҳитдек, жимжитлик ва осудалик қўйнида ғарқ бўлганча – то бу ерлардан битта-яримта йўловчи ўтиб қолмагунча изсиз ётаверади.Тегирмон бу ердан хийла олис, Оқсувдарё айри тушган ўрмон этагида жойлашган.Одатда бу йўлдан тегирмончининг набираси – Ўсар қатнайди. У ҳар куни: эрталаб, тушга яқин ва кун ботар олди, қўлида дастурхоннамо тугун тутганча, тегирмончи бобосига егулик олиб келар, шу ўртада бир пас ивирсиб юрар, сўнг қишлоққа қайтиб кетарди. Ўтган-қайтган боланинг Тўлқин чолнинг набираси эканлигини билса, ҳазилкашнамолар эрмаклар, бошқалар эса худди бечорага қарагандек, хиёл ачиниброқ қараб қўярди. Улар кўпинча кўрсаткич бармоқларини чаккаларига тираб айлантирганча, бечора бобонг, ҳаликидароқ, жинни бўлиб қолибди-я дегандек, ажабланишар, масхаралашар, ҳатто, тавба қилишиб, одатий анъаналарига кўра, қулоқларини орқасини тупуклари билан ҳўллаб қўйишарди. Боланинг бундан ғаши келар, бобосини калака қилаётган одамлардан нафрати қўзир, лекин азбаройи катта кишиларни ҳурмат қилиш лозимлиги учун, уларга бирор аччиқроқ сўз айтишга-да ботинолмас, бундай қилишдан ҳатто пича чўчирди ҳам, у бобосининг телба эмаслигини ҳам, ҳеч қачон бундай кўйга тушмаганлигини ҳам билар, фақатгина одамлар уни, қачонлардир, ҳақиқатан ҳам ажина тутиб олганлигига ишонишмагани Ўсарнинг ҳафсаласини пир қиларди. У туман қуршаган сўқмоқ бўйлаб шу ҳақда ўйлаб келаркан, бобоси тегирмонхонадаги сандиқдан олиб кўрсатган, отнинг ёлига ўхшаб кетадиган узун – бир қулоч, қирқиб олинган ажинанинг сочи ёдига тушди. Ўшанда, тегирмонга ун торттиргани келган қишлоқдагилар бу ғалати, пахмоқ, дағал сочни кўриб, роса ажабсиниш, бир қизиқиш ва ички қурқув билан қарашганди бир-бирларига. Ўшандан бери, эҳ-ҳе, қанча вақт ўтди. Ўсарнинг тегирмонхонадаги эски сандиқда ётадиган ажина сочни эсласа, ҳали ҳам эти жунжикиб кетади. Ўзининг қўрқувини ўйласа, бобосининг жасоратига ҳар гал ич-ичида таҳсин айтарди. Айтишларича, Ўсарнинг бобоси, тегирмончи Тўлқин чол бир куни саҳарлаб ташқарига чиқса, тегирмон тоши айланишдан тўхтаб қолган. Новдан сув келиши тўхтадимикан деса, сепоя новидан сув ғарқираб оқиб турган. Бобоси югуриб тегирмонхонага кирса, тўсатдан тегирмон ишлаб кетган. Ташқарига чиққан ҳамоноқ, зум ўтмай тош айланишдан тўхтаб қолган. Бу ғаройиботдан бобоси жудаям ҳадик ва ҳайратсираб, секин ичкарига қараса, тегирмон олдида сочлари узун, пахмайган ажинага кўзи тушган. Бобоси бирдан бориб, ажинанинг сочидан маҳкам ушлаган. Ажина бобосидан қўйиб юборишни сўраб ялина бошлаган, лекин бобоси эски одат бўйича, унинг сочини буғдой қопининг ипларини кесадиган қайчиси билан шартта кесиб олган. Чунки, ажина, сочини кесиб олган одамнинг истагини ҳамма вақт бажо келтираркан. Бобосининг айтишича, агар кимдир ажина кўрса, унинг сочидан қирқиб олмаса, ажина унинг ўзини чалиб кетаркан. Кейин ўша одам бир умр жинни бўлиб қоларкан. Мана, шунча йил ўтибдики, бобоси ўша ажинанинг сочини тегирмонхонадаги сандиқда авайлаб-асрайди. Ўсар шу ҳақда ўйлаб келаркан, тегирмонхонага яқинлашиб қолганини ҳам сезмай қолди. Унинг назарини тортган нарса, нафақат, тегирмоннинг сувни шопириб айлантираётган ўзига хос овози эди, балки, тегирмонхонадан чиқиб, сўқмоқ бўйлаб унга қарши келаётган нотаниш киши ҳам эди. Эгнида унниққан чопон, бошида қулоқчин телпак кийган бу одам, Ўсарга кўзи тушаркан, юзига ғайритабиий кулги югурди: – Бобонгга тушлик олиб келаяпсанми? – деди ҳалиги киши қандайдир истеҳзоли овоз билан. Ўсар унинг бироз майишган қаддига ҳамда ташқи кийинишига хос бўлмаган айёрона юз тузилишига боқаркан ёқинқирамайгина: – Ҳа, – дея бош ирғаб қўя қолди. – Бобонгнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб тур, ажинаси чалиб кетмасин тағин, – қўпол ҳазил қилди ҳалиги киши. Ўсар оғриниб бир нималар демоқчи бўлди, лекин индамади. – Нимага қовоғингни соласан, бобонгнинг ажинаси сочини олиб кетганидан хабаринг йўқми? – баттар боланинг жиғига тега бошлади у киши. – Бобонгнинг томи кетиб қолган, – чаккасига кўрсаткич бармоғини теккизиб ғалати ҳуштак чалиб қўйди у. Ўсар жаҳли чиққанидан, қизариб, талмовсираб, ҳалиги кишига бир нималар демоқчи бўлди-ю, лекин тили калимага келмай, югурганча унинг олдидан ўтиб, тегирмонхона томонга чопиб кетди. Ҳалиги киши, орқасига бир қараб қўйди-да, ғудранганча, сўқмоқ бўйлаб келган йўлига кета бошлади. Тегирмонхонада Ўсарнинг бобоси ун тортарди. Чол болани эшикдан кириб келганини кўриб, саломига алик олдида: – Дастурхонни уйчага киритиб қўй, – деб унинг қўлидаги тугунчага ишора қилди. – Ўтириб турсанг, ҳозир мен ҳам кираман. Ўсар бобоси айтган уйчага, яъни, тегирмонхонанинг бобоси яшайдиган хонасига кирди. Бу ерда уни ҳайрон қолдирган нарса, ҳамма нарсанинг ён-атрофда сочилиб ётгани бўлди. Ажинанинг сочи турадиган сандиқ уйчага киритилгани, деворга осилган милтиқнинг ерда ётиши, ҳар эҳтимолга қарши тайёрлаб қўйилган ўқ-дорилар ва бошқа хонадаги лаш-лушлар Ўсарнинг ҳайратини баттар оширди. Бундай тартибсизликни у бобосининг уйчасида биринчи кўриши эди. Чол болани милтиқ ва ўқ-дорилар сочилиб ётган уйчага киритиб юборгани эсига тушди шекилли, зум ўтмай уйчага кириб келди. Бола бобосига кўзи тушган заҳоти сўради: – Бобо, нимага ҳамма нарсангиз тўзиб ётибди?.. – Эй, нимасини айтасан, болам, – Тўлқин чолнинг юраги увишди. – Тегирмонхонадаги сандиқдан ажинанинг сочи йўқолибди. Излайман, излайман, тополмаяпман. Энди нима бўлади, билмайман. У бутун ўнг қўли билан дастурхонни очаркан, боланинг хавотирини аритмоқ учун: – Ҳа, майли, бирон гап бўлар, – деб қўйди. – Ана, милтиқни ўқласам, соч ўғрисини жаҳаннамга кунпаякун қиламан. Бола каловланиб, бобосига тикилиб турди. Чол идишдаги димламани токчадан коса олиб, сузиб оларкан, болага бир қараб қўйди. Ўсарнинг юзида қандайдир англамаслик ва тушунмовчилик ҳукм сурарди. Чол буни дарҳол пайқади. Бола: – Ажинани сочи қандай қилиб йўқолди? – деб сўради. – Кеча бу ҳақда ҳеч нарса демагандингиз-ку? – Кеча кечқурун Зиёдилла даққи келганда ҳам бор эди. Ҳозир йўлда кўрдингми уни?.. Бола бобосига тушлик олиб келаётганда тегирмондан чиқиб, унга қўпол ҳазил қилган ҳалиги амакини эслади-да: – Ҳа, кўрдим, – деди. – Ўша кеча ун сўраб келган экан. Мен унга, сенга унни қаердан топиб бераман, дедим. Бу ер дўкон эмас, бор ишингни қил, деб ҳайдаб юборгандим. Ўзи ҳеч жойда ишламайди-да, қарзга ун сўраб келишга тағин уялмайди ҳам. Ун чиқараётганимда, шу Зиёдилла даққи сандиқни очиб кўргандай бўлувди. Сочни олиб кўрдими-йўқми, яхши эътибор қилмовдим. – Соч йўқолганини қачон сездингиз?.. – деб сўради бола. – Ун тортиб бўлганимдан кейин, қарасам сандиқ очиқ қолган экан, ичида ҳеч нарса йўқ. Зиёдилла даққи олиб кетдимикан, деб уни эрталаб буғдой олиб келган бир боладан чақиртириб юборгандим. Келди, у сочни кўргач, сандиқни очиқ қолдириб кетган экан. У ажинангизнинг сочини бошимга ураманми деб ҳатто қасам ҳам ичди. Тўлқин чол дастурхондаги овқатини еяр экан, набирасининг нима дейишига қараб турарди. Аксига олиб Ўсар ҳеч нарса демасди. У бобосининг бетоқатланиб бораётган юзига, бирорта қораси қолмаган соқолларига боқаркан, унинг жудаям қариб бораётганлигига амин бўлди. Бола: – Бобо, энди нима бўлади? – деди. Тўлқин чол овқат тановул қилган куйи: – Бу сочни ким олганлигига боғлиқ, – деди. – Агар Зиёдилла даққи олиб кетган бўлса, бу яхши, акс ҳолда, менинг бепарволигим туфайли сочни ажина олиб кетган бўлиб чиқади. – Бобо, сиз ажинанинг келганини кўрмагансиз-ку? – саволга тутди чолни бола. – Кўрмаганлигим рост, лекин ажиналар гоҳо кўринмасдан ҳам келиб очиқ қолдирилган нарсани олиб кетиши мумкин. – Бобо, ажинага сочнинг нима кераги бор? – Ўсар ундан сўрашни қўймасди. Чол овқат ҳўплаб, нон ушатаркан: – Агар у ўз сочини қўлга киритса, озодликка чиқади. Бундан менга зарар етиши мумкин, – деди. Ўсар бобосининг оғзидан титраброқ чиққан бу сўзларни эшитаркан, ҳализамон йўлда кўрган Зиёдилла даққининг, бобонгнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб тур, ажинаси чалиб кетмасин тағин, деган гапини эслади. Хаёлига тўсатдан бундай ўй келганидан боланинг ҳатто эти жунжикиб кетди. У бобоси айтиб берган ўша ажинани жудаям яхши тасаввур қиларди. – Милтиқни шунинг учун ўқлаяпсизми?.. – боланинг бошига тўсатдан шу фикр келди. – Ҳа, шунинг учун, – тан олди чол. – Ажинани ўзим отиб ташлайман, – деди бола милтиқни қўлига олганча руҳланиб. Чол набирасининг дадиллигини кўриб, бироз кўнгли жойига тушгандек бўлди. – Ўзим ҳам отиб ташлардим, агарда ўша ажина менга ҳамла қилса. Лекин Зиёдилла даққи боя келганда айтдики, ажина руҳий мавжудот экан. Урушда душманни отасиз, ажинага ўқ таъсир қилмайди, – деди у. – У тўғри гапирди, ҳақиқатан ҳам шундай. Ажиналарни ҳеч отишганини эшитмаганман. Уларга ўқ таъсир қилмаслиги чин. Шунинг учун, ана, милтиқдан ўқларни чиқариб ташладим. Ўсар ерда сочилиб ётган ўқ-дориларга ғайритабиий бир алфозда қизиқсиниб қаради. У ўқларни милтиққа бир пайтлар бобоси ўргатганидек қилиб ўқламоқчи ҳам бўлди. Лекин бобоси рўйхуш бермаслиги билиб бундай қилмади. – Ўқларни йиғиштириб қўяйми?.. – деб сўради у. Бобоси овқатланиб дастурхонга омин ўқиркан: – Майли, йиғиштиргин-да, токчага қўя қол. Мени ҳали чиқарадиган буғдойларим бор, – деди-ю ўрнидан турди. Бола ўқ-дориларни йиғиштириб токчага тахлаб қўяркан, Тўлқин чол уни бир пас кузатиб тургач: – Энди олиб уйга борақол, ҳали кечки овқатни ҳам олиб келишинг керак, – деди. Бола бобосининг ортидан ташқарига чиқди. Эрталабки туман деярли тарқаб бўлганди. Қуёш изғиринли ҳавода булутлар остидан хира нур сочади. Чол болани кузатаркан: – Агар кечда ётадиган бўлиб келсанг, уйга айтиб қўй, хавотир олиб юришмасин тағин, – деди. Бола бош ирғаб қўйди. Бу гап унга мойдек ёққанди. Негаки, бобоси унга кўпинча тегирмонхонада ётишга рухсат бермасди. Лекин ҳозир бобосининг ўзидан бундай таклиф чиқиши Ўсар учун ёқимли эди. У чол билан хайрлашиб, қишлоққа элтадиган сўқмоқ бўйлаб, қандайдир қўшиқни хиргойи қилганча кетди... Чол бир пасга унинг ортидан қараб турди-да, сўнг тегирмонхонага буғдой чиқаргани кириб кетди. II Ўсар тегирмонхонага бобосига кечки овқат учун дастурхонда нон ва бетончада ширгуруч олиб келганда, атрофда шом қоронғуси деярли тушиб бўлганди. Чол боланинг кечикиб, қоронғуда юргани учун койиган бўлди. Ўсар: – Болалар билан гурунг қилиб, қолиб кетибман. Ойим уйдан анча вақтли чиқариб юборганди, – деди. Чол болани уйчага киритар экан, шиша чироқни ёқиб қўйди. Ташқарида шамол эсар, дарё шовулларди. Атрофга ёйилаётган шом тумани бир пасда бутун водийни тутди. Бу ерга электр токи келтирилмаган эди. Негаки, бу ерда тегирмонхонани айтмаса, электр олиб келишнинг кимга ҳам зарурати бор. Туман қуршаган соҳиллар ортидан ҳам, Ўсарлар яшайдиган қишлоқ тарафдан ҳам электр чироқларининг милт-милт ёниши, дарё бўйидаги тегирмонхонада ўтирган боланинг қалбида ажиб бир сурур уйғотарди. У бобосининг мана шундай алфозда қанча йиллардан буён умргузаронлик қилишини, тегирмонхонадаги уйчага ҳар гал келганда, жасоратга йўйиб ўтирар, бобосини қандайдир афсонавий қаҳрамон сифатида тасаввур қиларди. Лекин ҳозир у бобосининг ажинанинг келиши ҳақидаги хавотирларини тингларкан, бобоси ўзи ўйлаганчалик кўп ҳам жасур эмас, деб ўйлай бошлайди. Ўсар буни бобосининг қариганлигига йўйиб қўйди. Чол Зиёдилла даққининг гапини болага айтарди: – Ажина, Зиёдилла даққининг айтишича, одатда, тунда зиён етказаркан. Кўп жин чалган кишиларни сув бўйида тунда ажина чалиб кетган. Ўзим ҳам бу ҳақда кўп эшитганман. – Ажина келса, нима қиламиз? – болани титроқ босди. – Сен кўп ҳам қўрқма, у келса ҳам, менга зиён етказади, – болани тинчлантиришга уринди чол. – Ҳар эҳтимолга қарши милтиқни ўқлаб қўяман. Менга зиён етказиш ниятида бўлса, руҳий мавжудот-павжудотлигига қараб ўтирмайман. Шартта отаман-қўяман. Бола чироқ ёруғида бобоси ҳақиқатан ҳам милтиқни ўқлаб, токчага қўйиб қўяётганлигига эътибор қаратди. Бундан унинг кўнгли анча хотиржам тортди. Чол ширгуручни дастурхонга қўяркан, бола бобосининг кўзи анча ўткирлигидан завқланиб қўйди. Ўртоқларининг боболари аллақачон кўзойнак тақиб, ҳассага суяниб қолган, унинг бобоси эса, уларнинг олдида анча тетик ва бардам кўринади. Болалар унинг бобосини бир қўли йўқлигини айтишади. Ўсар эса, ўзингни бобонг ҳассасиз юролмайди-ку, бобонгни кўзи кўзойнаксиз кўрмайди-ку, дерди. Ҳозир бобоси билан жимгина тамадди қилиб ўтираркан, у ўша болаларнинг гапларини эслар, ўзи ҳам уларнинг боболарини камситгани учун ич-ичидан хижолат чекиб ўтирарди. Чолни бот-бот овқатдан ол дейиши унинг хаёлини бўларди. У хўп дерди-ю, яна хаёлга бериларди. Дастурхонга фотиҳа ўқишаркан, бобоси ундаги ҳолатни сезди шекилли: – Нимага бунча хаёл сурасан? – деб қолди. Бола: – Ўзим, – деди. Чол чироқни олиб ташқарига чиқиб келди-да: – Ҳамма ёқ тинч, дам олсак ҳам бўлар, – деди. Уйчанинг бир қисмида тахмонда йиғиб қўйилган кўрпа-тўшакни олиб, чол ўзига ва Ўсарга жой тўшаб бераркан: – Сандалга чўғ солиб қўйганман, иссиққина ётасан, – деди. – Эҳтиёт бўл, чўғга яна оёғингни босиб олмагин. – Ёш боламидим, бобо, – Ўсарнинг ғурури қўзғалиб кетди. Ҳар доимгидек тегирмонхонада қолган тунлари чол болага эртак айтиб берди. У эртакда оқ дев, сариқ дев ва қора девни енган паҳлавон Рустам ҳамда унинг оти Рахш ҳақида сўз кетарди. Ўсар бобоси айтиб берган эртакни эшитиб ётаркан, ўзини ўша паҳлавон Рустам деб тасаввур қиларди. Эртак тугагандан кейин ҳам бола анча вақт ўша паҳлавон тўғрисида ўйлаб ётди. Уни хаёли қаёқларга олиб кетмади дейсиз... Бир маҳал кўзи кетган эканми ёки ухлаб қолиб нимадандир чўчиб уйғондими, ташқаридан қандайдир ёруғлик кўзини қамаштиргандек бўлди. Гўё кимдир деразадан ичкарига фонар тутиб ўчириб ёққандек эди. Ўсар бу хаёлида бўлдими ё ўнгидами, ҳар ҳолда яхши англаёлмади. Тегирмон тарафдан жудаям секин шитирлаган овоз эшитилгандай бўлди. Ўсар бобосини уйғотмоқчи бўлиб, секин у томонга қаради. Боланинг бахтига Тўлқин чол ҳали ухламаган эди. Чол қўлида милтиқни тутганча дағ-дағ титраб турарди. Ўсар бобоси томонга энгашаркан, унинг қоронғуда чақнаб турган кўзларига ғайришуурий бир идрок-ла боқаркан, буни аниқ сезди. Чол бола уйғонганлигини билиб унга секин, паст овозда: – Жим ёт, – деди. Ўсар нима бўлаётганлигини англолмай ҳайрон эди. – Бобо, нима бўлаяпти ўзи? – Ажина келганга ўхшайди, – деди. У негадир титрарди. Бола эса ҳангу манг. Энг қизиғи, унинг дилида ҳозир ажинанинг сочини кўрганда уйғонадиган ғайритабиий қўрқувнинг ўзи йўқ эди. Бу унинг ярим уйқу ҳолатда бўлганиданми ё бобосининг қўлида ўқланган милтиқ турганиданми, бир нарса дейиш қийин. Ҳар ҳолда унинг юраги ҳозир, худди саргузашт ишқибозлариники каби гурс-гурс уриб турарди холос. Тегирмонхонанинг нариги хонасида шитирлаётган, кимнингдир жудаям оҳиста қадам олиши болага аниқ эшитилиб турарди. – Бобо, эшитаяпсизми?.. – шивирлади бола. – У чиндан ҳам ажинами?.. – Жим, жим, – дерди бобоси. Чол милтиқни эшикка қаратиб ўқлаб турарди. Агар эшик очилса, тамом, у аниқ отади. Бола, ҳозир шу нарса рўй берадигандек, эшик тарафга ички бир ҳаяжон ва ҳайрат билан қараб турарди. Шитирлаган овоз боланинг хаёлида тегирмонхонадан ташқарига йўналгандек бўлди. У секин дераза томонга ўрмалаб борди. Ўсар адашмаган эди. Тегирмонхонадан оқ ридога ўранган, орқасига нимадир ортмоқлаб олган кимса сўқмоқ бўйлаб тез-тез юриб кета бошлади. Ўсар: – Бобо, ана ажина, у кетаяпти, – деди. Тўлқин чол милтиғини тушириб, йиллар тўзонида хиралашган ўткир кўзларини сўқмоқ бўйлаб кетаётган кишига тикаркан: – Ҳа, у кетаяпти, – деди. – Лекин у негадир, менинг ажинамга ўхшамаяпти. Чол болага ёстиғи тагидан гугуртни олиб бераркан: – Ўсаржон болам, чироқни ёқ, – деди. Бола чол айтганидек қилди. Тўлқин чол: – Ё, Худойим-эй, Ўзингга шукр, Ўзингга шукр, – дерди. Бола ҳамон деразадан тикилиб турар, ажина эса, туман босган сўқмоқ бўйлаб ғойиб бўлганди. Ўсарни айниқса, унинг одамга ўхшаб оёқда юриб кетаётганлиги ҳайрон қолдирди. Бобоси айтишича, ажина шундай мавжудотки, у хоҳлаган тусга кира олади. Хоҳласа, кўкка учиб кетади, хоҳласа, одамларнинг кўз ўнгида мумга айланиб ғойиб бўлади. Лекин ҳозир Ўсар кўрган ажина, у ҳар куни қатнайдиган сўқмоғидан кетиб бораётгандек эди. Чол чироқни олиб, ташқарига чиқди. У нариги хонани кўздан кечирмоқчи бўлди. Ўсар негадир, қўлига милтиқни олганча унинг ортидан чиқди. Чол чироқ билан пайпаслаб юрганча тегирмон жойлашган хонага кирди. У ерда мискин бир жимлик ва уфунат ҳукм сурарди. Тўлқин чол тегирмонхонани кўздан кечираркан, бирдан ҳайқириб юборди: – Ун йўқ, қопда чиқариб қўйилган ун йўқ, – деди у. – Ажина наҳотки унни олиб кетган бўлса?! – У орқасига нимадир кўтариб олгандек эди, – Ўсар ажинанинг тегирмондан чиқиб тез-тез юриб кетаётгандаги ҳолатини бобосига айтиб берди. – Яхши кўролмадиму, лекин ростданам, шундай эди, – хулоса қилди чол. – Наҳотки у мени шундай жазоласа?! Боланинг хаёлига тўсатдан бошқа нарса урилди. У милтиқни маҳкам сиқиб ушлаганча, қоронғу сўқмоқ бўйлаб югуриб кетди. Боланинг бундай қарорга келишини кутмаган чол унинг ортидан чопди: – Ўсаржон, тўхта, тўхта... – дер эди у нуқул. Бола эса тайғаниб-суриниб чопиб борарди. Чол чироқни тегирмонхонада қолдирганиданми, болани орқасидан югураман деб йиқилиб тушди. У туриб яна югурди, болани чақирди, қандайдир кўлмакка яна йиқилиб тушди. Тўлқин чол ўрнидан тураркан, йўлини йўқотиб, қаёққа югуришини ҳам, қаёққа юришини ҳам билмай қолди. У овозини борича бир неча бор Ўсарни чақирди. Лекин ҳеч ким жавоб қилмади. Ўсар бобосининг орқасидан чақирганини, унинг ортидан келаётганини ҳам биларди. Шунинг учун қўлида бобоси ўқлаб қўйган милтиқни тутганча, сўқмоқ бўйлаб югуриб борар, бобосининг орқада йиқилиб, кўлмак лойига беланиб, йўлни йўқотиб қолиб кетганини ҳозир умуман хаёлига келтирмасди. Унинг фикри-зикри, ҳозир тезроқ ажинага етиб олишда эди. Далада туман шунчалик қуюқ тушган эдики, Ўсар деярли йўлини йўқотаёзгандек олдинда ниманидир кўришга умид қилиб, ҳаллослаб борарди. У югураётиб қоронғуда бир неча бор йиқилиб тушди. Бир гал ҳатто қўлидан милтиқ чиқиб кетди. У милтиқни пайпаслаб ердан оларкан, бу ажинанинг макри бўлса керак, деб ўйлади. Уни қоронғуда ажина йиқитаётгандек эди. Йўқса, у кундузлари бу сўқмоқлардан неча бор чопади, йиқилмасди-ку, ҳа, уни ажина йиқитаётган бўлса керак. Ўсар узоқдан бобосини яна бир неча бор чақирганини эшитди. У бобоси орқасидан келмаётганлигини, у жудаям орқада қолиб кетганлигини билди. Билди-ю, қўрқувдан юраги шув этиб кетди. Яхшиям, қўлида милтиқ бор эди. Бу одамга йўлдош бўлади, дерди бобоси милтиқ ҳақида. Бобоси бу милтиқни тунлари доим бошига қўйиб ётарди. Ўсар йиқилиб тушмаслик учун энди югурмасдан, лекин тез-тез қадам ташлаб, сўқмоқ бўйлаб бораркан, тунда бу ерлар унга жудаям даҳшатли бўлиб кўринарди. Туман қалинлигидан ҳеч нарсани кўриб бўлмас, Оқсувдарё қоронғуда ваҳшатли шовуллар, киши юрагига ғулу соларди. Бола олдинга қараб боравераркан, тўсатдан унинг омади чопди. Ундан юз қадамча олдинда кимдир фонарни бир ёқиб, ўчирди. Ўсар бир муддат тўхтаб қолди. У фонар бир ёниб-ўчганда, оқ ридо кийган ажинани орқасидан аниқ кўрди. У елкасида қандайдир қопни кўтариб олганди. Бу бобосининг тегирмонхонасидан ўғирланган ун эканлигига Ўсарнинг заррача шубҳаси қолмади. У тегирмонхонадан югуриб чиққанда айнан шундай деб ўйлаганди. Ҳа, унинг сезгилари алдамаган экан. Ажина тегирмонхонадаги бир қоп унни олиб кетаётган эди. Ўсар унинг орқасидан югуриб ета олиши мумкин бўлса-да, уни қандайдир бир ички қўрқув олдинга юришдан қайтарар, юриши борган сари секинлаб борарди. Ўсар ўзини ажина кўриб қолишидан қўрқаётган эди. Бола бобосининг ажина ҳақида айтиб берган гапларини эслади. Ажинани тобе қилиш учун, уни маҳкам бориб сочидан ушлаш керак-да, шартта сочидан қирқиб олиш керак. Шунда у бир умр сенга хизмат қилади. Бобосида унинг сочи бор эди-ю, лекин бобоси, бирон марта ҳам ажинанинг хизматидан фойдаланмаган. Йўқса, унинг бир дона сочини олиб, олов ёқиб тутатсанг, у сенинг хизматингга етиб келаркан. Ўсар билдирмасдан унинг ортидан бориб ажинанинг сочини қирқиб олмоқчи бўлди. Лекин тезда бу фикридан қайтди. Негаки, унда на қайчи бор, на бобосидек журъат бор эди. Олдинда тезлашиб кетаётган ажинанинг бўйи Ўсарникидан анча катталиги ҳам уни чўчитди. Билдирмасдан орқасидан бордим ҳам дейлик, барибир сочидан тутишга қўлим етмайди-ку, ўйлади у. Шундай бўлса ҳам, Ўсар ажинанинг изини йўқотмасдан, унинг ортидан билдирмасдан бораверди. Агар орқасига қарагудек бўлса, ё тўхтаб, у ёқ-бу ёққа алангласа, Ўсар ҳам бир ерда жимгина қотиб турарди. Ажина нимадандир чўчиётганлигини, Ўсар кўп ўтмай сезиб қолди. У орқасидаги юк билан чарчаганди. Лекин унинг нимага учиб кетмаётганлиги, бошқа мавжудотга айланиб, мумдек эриб ғойиб бўлмаётганлиги Ўсарни ҳайрон қолдираётганди. У бобоси айтганчалик, кўп ҳам қудратга эга бўлмаса керак, деб ўйлади Ўсар. Йўқса, ажина ҳам чарчайдими?! Ажина юкни ерга қўйиб, орқасига аланглаб қараб турарди. Ўсар мени ажина кўрди, деб ўйлади. У қўрқувдан вужуди титраб, отишга шайланиб, милтиқ учини ажинага қаратиб турарди. Агар у Ўсар тарафга қараб юрса борми, бола аниқ милтиқ тепкисини босарди. Лекин ажина туман ичида оқ туси билан кўриниб, Ўсар тарафга қараб турган бўлса-да, уни кўрмаётган эди. У фақат унинг ортидан кимдир келаётганидан хавотирланаётганди. У ўрнида бир-икки бор айланиб турди-да, яна қопни елкасига олганча олдинга юриб кетди. Ўсар унга билдирмасдан борган сари яқинлашиб-яқинлашиб борарди. Ажинанинг уни кўриб қолишига туннинг қоронғулиги ва туманнинг қалинлиги йўл бермасди. Воажаб, ажина йўлини қишлоқ тарафга қараб бурганди. У тез-тез юриб, муюлишдаги биринчи кўчага бурди. Ўсар милтиғини маҳкам тутганча, ҳар лаҳзада отишга тайёр бўлиб, уни таъқиб қилиб келарди. Қишлоқда итлар ҳурар, кеча изғирини йўл бетидаги теракларнинг шип-шийдам танасини яларди. Ажина кўчадаги уйлардан бирига тезгина кириб кўздан йўқолди. Ўсар сўнгги жангга ҳозирлангандек, ўша дарвоза тарафга қараб югурди. У бутун нафрати, кучи, ажинага қараб айтмоқчи бўлган барча сўзларини зумда хаёлидан кечириб, ажина кириб кетган ўша дарвоза тарафга талпинди. Бу уй кимники, ажина бу ерга нимага кириб кетди, ҳозир бу нарсалар у учун қизиқ эмасди. Унинг бутун фикри-зикри ажинага сўнгги олишув олдидан айтиладиган сўзларида эди. Бу сўзларда бобосининг дунёдаги яхши одамлардан бири эканлигини, одамлар яхши яшаши учун урушга борганлигини, ҳатто жангда бир қўлидан айрилганлигини, ундан ажинанинг ўч олишга ҳеч қандай ҳаққи йўқлигини, керак бўлса бобоси учун ўз жонини ажинага бериши мумкинлигини унга айтади. Агар ажина кўнмайдиган бўлса, унда Ўсар ҳам қараб ўтирмайди, унга қарата тепкини босади. Ўсар шундай тезлик билан миясига келган фикр ичра дарвозани шарт очиб ичкарига кираркан, ажина елкасидаги қопни ерга қўйиб, устидаги оқ ридони олиб ташлаганча, у томонга қаради. Ўсар қўрқув ва ҳаяжондан эмас, балки унга жудаям таниш турқли кишини тўсатдан учратганидан ҳайратга тушгандек, ғалати ҳолга тушиб қолди. Йўлакдаги электр чироғи нурида унга бугун тегирмон йўлида кўрган, бобоси айтган, ўша – Зиёдилла даққи қараб турарди... «Ёшлик» журналининг 2010 йил, 1-сонидан олинди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21843 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |