Мeҳробдан чаён (II- қисм) [Abdulla Qodiriy] |
Хайрул-Умури Авсатуҳо Деҳқон «озғина бер» деб тилангучига нима беришини билмаган ҳолда йўлакдан чиқиб кетди. Махдум терлаган, довдираган йўсунда Анвар билан ичкарига юрди. Бир оз сўзсиз борғандан кейин секин Анварнинг афтига қараб қўйди. — Ғози эшон ҳузурингизда экан, — деди махдум, — ўзи кўб бемаъни одам... Зиёфат-миёфат деб яқин бир соат вақтимни олди. Ўзи кўб таммоъ одам. Сизга ҳам зиёфатдан дам урған бўлса керак? Анвар илжайиб бош ирғатди. Махдум Ғози эшондан койиб давом этди: — Тамаъ ўзи кўб мазмум[1] суфат... Чунончи, азза ман қанаъ, залла ман тамаъ[2]... Отаси марҳум ҳам беҳад, тамаъкор эди. Ит еганини қусиб, ўғли ундан ҳам расвороқ чиқибдир. Бу авлоднинг каттадан-кичиги бир-биридан баттар... Муфт[3] ариза ёздирибсан, кета бер. Яна бу ўртада зиёфат ба чи маъни?! Анвар махдумнинг сўзига кулиб, орқада борар эди. Махдум ичкарига томон сўзланиб кирар эди: — Такаллуф лозим эмас эмиш: мантими, сомсами — ҳар начук оғизға ёқадирған таом бўлса кифоя эмиш. Кабоб бўлса емасмидингиз, эшон?! Тўйға ўзи бош бўлиб турар эмиш, одам кутишни бениҳоят билар эмиш. Эй... ман сандек таммоъни тўйбоши қилиб телба бўлдимми? Уйидан тоқ келиб, жуфт кетмакчи-да, бу таммоъ. Махдум шу сўз билан ичкарига кириб, ҳавли саҳнида чақалоқ кўтариб турған Раъно ёнидан айвонга ўтди. Махдумнинг орқасида кирган Анвар Раънонинг олдида тўхтаб, ундан чақалоқни олди. Отасининг юзида аччиғланиш сезган Раъно Анварга «нима гап?» деган каби им қилған эди, Анвар кўз қисиб, арзимаганлик ишорасини берди. Махдум айвонга чиқиб ўлтурар чоғида яна бир «астағфирулло« деб қўйди. Чунки кайфи жуда ҳам бузулған эди. Илгари масжиддан кеч қайтиш билан бузулған авзо, Ғози эшоннинг "пастлиги" ила жуда ҳам авжига чиққан эди. Бу кунги кутилган "даромад" сартопо[4] фалокатка учраб, махдумнинг кўнглини ғаш қилған, айниқса деҳқоннинг ҳам текинга қутулиши ва ўзининг Анвар олдида шарманда бўлаёзиши... Буларнинг ҳаммасига шу "паст", »таммоъ» сабабчи ва шунинг учун ҳам махдум Ғози эшон тўғрисида ҳар бир сўзни айтишдан тортиниб турмади. Анвар ҳавли юзида чақалоқни восита қилиб, Раъно билан сўзлашар эди. Махдум кечки ош пишириш билан машғул Нигор ойимдан таомнинг тайёр бўлиш вақтини сўраб, Анварни ўз ёниға чақирди. — Қани, бу ёққа, Анвар! — деди махдум. — Таомни шу срда тановул қилсақ ҳам бўлур... Сен, Раъно, укаларингга қара-чи: Мансур ташқарида кўрингандек эди; дарбозани ҳам занжирлаб кир, қизим! Раъно ташқариға чиқиб кетди. Анвар қўлида чақалоқ билан айвон муюшига келиб ўлтурди. Чақалоқ Анвар қўлидан ирғиб ҳар тарафка талпинар ва турлик товушлар чиқариб қичқирар эди. Махдум чақалоқнинг ҳаракатига қизиқсинди: — Мам-мам, мам-мам-мам, — деди қўлини чақалоққа уйнатиб, — ду-ду-дув, ду-ду-дув... ҳай баччаталоқ, ҳай баччаталоҳ!.. Беҳад шўх бўлибти-да, беҳад, ду-ду-дув! Чақалоқ махдумга талпинар, кичкина қўлларини гоҳ очиб, гоҳ юмар эди. — Кел, йигит, кел! Алҳол хом-да, хом; қизамиқ чиқиб ўтса эди. Ду-ду-дув! Раъно укаларини бошлаб кирди. Махдум чақалоқни қўйиб, болаларни койиб кетди: — Ҳай бемаънилар! Чақирмаса, уйга киришни билмай-санлар! Кийимни қара, кийимни! Турпоққа ағнадингми, эшшак! Қоқ, қоқ, ешиб қоқ! Аттанг-а, эсиз кийим... Буларни энди нима қилса бўлади, Анвар? Анвар махдумдан қўрқиб турған болаларнинг аҳволиға қараб, кулимсиди: — Эси кириб қолар. — Қиёматдами? Буларнинг татиғини бермасам.... ҳе, кўзларинг қурсин! Раъно, сен акангга кўрпача солиб, укангни ол, онангға айт, ош дам еган бўлса, сузсин! Раъно айвонга кўрпача ёзиб, Анвардан чақалоқни олди ва онасининг ёниға кетди. — Анвар, қани кўрпачага чиқинг! Қўлларингни ювиб кел, эшшаклар! Болалар югуришиб ариққа кетдилар. Анвар ҳам қўл ювиш учун болалар орқасидан борди. Ариқнинг суви жуда лойқа эди. Анвар болаларни ариқдан қайтариб, обдастадаги тиниқ сувдан уларнинг қулиға қуйиб, ювинтирди. Навбат ўзига етканда айвонда туриб, махдум бақирди: — Раъно, акангнинг қўлиға сув қуй! Анвар Раънонинг келиб сув қуйишиға қарамай, ўзи ювина берди. Раъно етиб келгунча қўлини ювиб олди. Махдум қизидан аччиғланди: — Жуда суст қадамсан-а, Раъно. Сени талқон еб сувга юборған киши қайтиб келгунингча, тиқилиб ўлади! Махдумнинг ташбиҳидан Анвар ва Раъно кулишдилар. Сўзни жойида ишлаткани учун бўлса керак, махдумнинг ўзи ҳам кулимсиради: — Тўғри-да, мирзо Анвар, қўли суст косибдан оёғи чаққон гадой яхши эмиш! Улар яна кулишдилар. Махдум завқланди. Анвар кўрпачага чиққандан кейин Раъно ўртаға дастурхон солди. Нигор ойим сопол лаганда палов келтириб, ҳаммалари бирга ошқа ўлтурдилар. Ош ўхшалған эди. Биринчи ошамдаёқ махдум Нигор ойимни тақдир этти: — Бу кунги ошинг дуруст, Нигор... Бироқ гўштни кўб солибсан. Нигор ойим кулимсиб Анварга қаради: — Гўшт кўб бўлса ош ўхшаладир. — Хайрул-умури авсатуҳо, Нигор[5]. — Бу сўзнинг ошқа гўштни кўб-оз солиш билан нима алоқаси бор? Раъно онасининг бу сўзи билан пиқ этиб кулди. Анвар юзидаги кулгини яшириш учун четка қаради. — Ҳадиснинг ҳукми ом[6], Нигор, — деди махдум. — Бундаги умур — умурид-дунё[7], умурид-дунё иборат аз ҳаракати аҳли мўъмин. Инчинин[8], бу ҳадиснинг амалиёти охират учун ҳам ҳукми жорийдир[9]... Масалан, шабу рўз савм[10] ва салот[11] мўмин кишини жисман нотавон ва нафақаи аҳли аёлдан ожиз қиладир. Бас, бу ҳолда ибодатнинг касрати, яъни тоатда ифрот[12] ҳам хайрул-умурга қўшилмас, зеро, фарз ва суннат банда учун кофий эрди. Маънойи кофий чист, ай авсат[13]... Бинобарин, бу ҳадиси шариф рўзғорот борасида дастур тутилса, яна айни ҳикмат ва савоб. Масалан, ошқа йигирма пайса гўшт солмоқчисан; аммо «авсат« қилмоқ ниятида, мазкурдан ўн пайсани ажратиб қолдинг.. .Бас, ҳикматни томоша қил; эртаси кун ошинг яна жазлик, яъни "авсат" билан икки кунлик эҳтиёждан қутилиб, савобга ҳам дахлдор бўлдинг. Ҳикмати дигар[14]: дунё важҳинг[15] яхши эрди. Таомни яхши мазалик еб, нафсинг яхши ошқа ҳў қилди. Вақти келиб, афтодаҳол бўлдинг, кунинг гўштсиз таомға қолди: аммо нафси амморангни[16] сержаз ошқа ҳў[17] қилдирғанинг важҳидан гўштсиз ош оғзингға ёқмайдир, бу — бир азият; сониян: лазиз ошқа ҳў қилған нафсинг тақозаси билан, анвоъи ҳабосатларга ва мазмум кирдорларга[18] иртикоб[19] қилмоғинг хавфи ҳам бордир; бу нимадан келди? Албатта »авсат»ка риоясизлиғингдан. Махдумнинг «амри маъруфи« Нигор ойимға қаратиб сўзланса ҳам, ҳақиқатда умумий, яъни, бир ўқ билан бир неча қушни урмоқчи эди. Бироқ, қаршиға қараб отилган бу ўқдан махдумнинг ўзи ҳам амин эмас, агар лаган теварагидагй ўлтурғучилардан бири туриб, бошқаларидан қатьи назар, фақат бу кунги хайрул-умурингизни мисолга олайлиқ: "Йўлакдаги "умурид-дунёнгиз" ўзингиз айткан "авсат"ка кирадими?" деб сўраса, билмадикки, махдум нима деб жавоб берар эди. Мадраса кўрган Солиҳ махдум, балки бу саволдан ҳам шошиб қолмас. Китобнинг "нафақа" баҳсидан варақ очиб, "нафақаи аҳли аёл" учун бўлған "ҳаракат"нинг фарзлиғидан ва бундаги ҳисобсиз савоблардан дам уриб, "нафақа" билак иши йўқ баъзиларни »ерга қаратса» ҳам мумкин эди... Лекин ўқ еганлардан ҳеч бириси махдумга қарши чиқмағанларидек, унинг сўзини тасдиқ этиш белгисини ҳам кўрсатмадилар. Эҳтимолки, улар муқобалага ожиз эдилар ёки қарши чиқишға орада бошқача бир сабаб бор эди. Фақат бир-бирисига қарши ўлтурган икки ёш маънолиқ кўз уриштириб кулимсидилар. Махдум амри маъруфдан кейин ошқа қаради, кўб вақт сўзсиз фақат ошдан бош кўтармади. Махдумнинг даъвосича, ҳар бир ишда ҳам «авсат« мезондир. Лекин ош олишда бу "мезон" унутилди. Бошқалар ора-чора бир гўшт қўшиб олғанда, махдум бир ошамни ҳам гўштсиз юбормаслиққа тиришиб борди, яъни "авсат"дан ўтиб »аъло»да иш кўрди... Ошни яримлатқанда, махдум лагандан бош кўтариб, Анварни тузукроқ олишға таклиф қилди, болаларни ошни тўкиб ейишда айблаб, Раънони чипхўрлиги учун койиди: — Чипхўрсан-да, қизим... Шу ҳам ош ейишми? — Меники адно[20], — деди Раъно. Бу сўз Анвар ва Нигор ойимларни товуш чиқариб кулишка мажбур этди. — Сенга бир сўз тегмасин, қизим, — деди кулиб махдум. — Ошни суст еган киши, ишда ҳам суст бўладир. — Бўлмаса, ошни «аъло» ейиш керак экан-да... — Оғзинг куймаса аълоси ҳам дуруст. Яна кулишдилар. — Ҳай, воқиъан, — деди махдум, кулги ораси тўхтаб. — Мирзобошидан бир илтимосимиз бор экан, ёдимдан чиқаёзған экан... Ким ҳали... ҳабба, боя мулла Абдураҳмон келган эди. Ўшал ваъдамизга мувофиқ сиз билан учрашмакчи экан. Чоғи ул ҳам мирзолиққа киришмакчи. Хўб, мен мирзо Анвар билан гаплашиб қўярман, ўз ёниға олса керак, дедим. Узи яхши мулла бўлған кўринади, закки табъ[21] йигит... Анвар бир оз ўйлаб турди. — Ким у мулла Абдураҳмон, хотирлай олмадим? — Ўзимизнинг мулла Абдураҳмон-чи, ахир... Ерлиғ олған кунингиз фотиҳага келган ёш имом. Анвар яна бош чайқади: — Ҳеч бир эсимда йўқ. — Хўб, — деди махдум ўнг кўзини қисиб. — Ўшал кун фотиҳага келган бўзчи мухлисингизни хотирлайсизми? — Хотирлайман. — Ҳабба, энди ўшал бўзчининг устига кирган ёш муллани ҳам хотирлаб қаранг. — Хотиримга келди... Ўзи ёшлиғида бизнинг мактабда ўқуған? — Ҳабба, — деди махдум ва баҳска Нигор ойимни ҳам тортди, — уни сен ҳам биласан. — Мен қаёқдан билай? — Ўзи Бухорода ўқуб келган, Раънога бир неча қайта совчилар юбориб юрған одам. Нигор ойим боши билан «танидим« ишорасини бериб, Анварга секин кўз қирини юборди. Раъно »совчи» сўзи билан энсаси қотқандек сочиқни олиб қўлини артди. Махдум кейинги сўзини ўйлаб айтдими, йўқми — ҳар начук Анварда ғаюрлик каби бир ҳис уйғониб, ўзидан жавоб куткучи махдумга илтифотсиз, Раънодан сочиқни сўради. — Нега қўл артасиз, Анвар. Кун бўйи оч юриб, еган ошингиз шуми? Анвар Нигор ойимға раҳмат айтиб, тўйғанини сўзлади ва қўл артар экан, чақалоққа гап қотди: — Анвар билан Раънонинг тупроғи бир жойдан олинған, — деди махдум ош ошалаб, чунки ҳануз уники «авсат»ка етмаган эди, — иккиси ҳам кам таом. Махдумнинг бу сўзи юқоридағи гуноҳини ювғандек бўлди. Улар бир-бирларига қарашиб, илжайишдилар. Нигор ойим ҳам оғирлиқдан чиқди. — Шундай, Анвар... Шу йигитни ўз ёнингизға олсангиз, қалай бўлар экан? — Ҳозирча мирзоға эҳтиёжимиз йўқ. — Мирзога эҳтиёжингиз бўлмаса ҳам, яна шундай кишиларни олғанингиз маъқул, деб ўйлайман. Зеро бундайлар ўзингазга синамол, яна ўз тарбиянгизда етишсалар бошқалардан сизга хайрихоҳроқ, инчинин, хизматингизга азтаҳидил камарбаста бўлурлар. Бу ҳам бир маслаҳат-да, болам Анвар. — Ўйлашиб кўрармиз. — Ўйлашқан албатта яхши ва лекин мен буни кўб вақтлардан бери андиша қилур эрдим. Билохир[22], амниятингиз учун бу тадбирни кўб пухта идрок қилдим. Зеро, Султонали мирзодек ҳамкуфларингиз[23] кўпайса хайриятингиз, деган мулоҳаза фикримга келди. — Балки тўғридир... Анварнинг кўзи дастурхонда эди. Бу тўғрида қатьиятсиз муҳмал жавоблар беришидан недир туйинған Раъно Анвардан кўз олмай турар эди. Нигор ойим Мансурга қолған ошни едириб қўйиш билан ора-чора гапка ҳам қулоқ солғандек бўлар зди. Махдум кекириб, сочиқ сўради. — Бу андишанинг ҳақлиғида шак йўқ, Анвар, — деди ва дастурхондаги донларни териб, оғзиға ташлади. — Менга таслим бўлиб ибтадаан шу мулла Абдураҳмонни ўз ёнингизға олинг. Ул бир неча ойғача муфт хизмат қилишға ҳам рози. — Масала унинг муфт ёки ҳақли хизмат қидишида эмас. — Яъни, масалан? — Мен янги мирзо бошлаб борсам, у ердагиларга оғмр келмасмикин, деб ўйлайман. — Ул мажжонан[24] хизмат қилади, бас, мирзоларингизға нима оғирлиқ? — Яна ҳар ҳолда, бир-икки ойдан кейин бўлса ҳам уларга рақобатчи ортадир... Айниқса бизнинг Шаҳодат муфти кабиларнинг феъли сизга ҳам маълум. — Шаҳодат муфти ўзи қандай ит! — деди махдум. — Андишамиз ҳам бамисоли шундай итлар қаршисиға ўз кишингизни тиккайтариш эмасми? Ёшлиғингиз бор, болам, ёки янги мирзо олишда биравнинг рухсатига ҳожат борми? — Йўқ. — Ана, холос. Аз карнайчи як куф. Мен эрта унга айтай, ҳузурингизга бораверсин. — Бориши қочмас... Илгари мен у ердаги баъзилар билан кенгашайин-чи. — Хўб, уларнинг юзи учун кенгашкан маъқул: аммо, баҳарҳол олмоқ керак. Махдум фотиҳа ўқуб, шом намозига қўзғалди. Ташқи йўлакка етканда, ёдиға Ғози эшоннинг бемаънилиги келиб гушти, шу қаторда тўй, тўйға иштирок этадирган казолар, хоним ойимлар, ҳаммадан ҳам муҳим ва қизиғи ёмғур каби ёғиладирған тўёна ва уларнинг саранжоми... Сўфи такбир тушурар экан, махдумнинг кўнглидан «Раънога чўри қўша кўрмасинлар-да, тишлик ҳайвоннинг бўлғанидан бўлмағани яхши» деган андиша кечти… Хон Кўнгил Очмоқчи Қавс ойи[25] кирган бўлса ҳам, ҳаво мўътадил, кун жумъа эди. Ўрда боғиға сув сепилиб, супурилган, ўртадағи шаҳсуфага лолагул гилам ёзилиб, хоннинг ўлтуриши учун бахмал кўрпача устидан арслон териси ташланған эди. Ҳозир шаҳсуфа хон ва аъёндан холи, аммо шаҳсуфа қаршисидағи нимсуфалар вазирлар, саркардалар, қозикалон, шайхулислом, қози-қуззот, раис ва шаҳарнинг зўр уламолари — мударрислар, аҳли тариқат эшонлар, ўрда ходимлари ва энг пастарини қўрбоши ва даҳбошилар билан лиқ тўлған эди. Уламо қисмида умуман банорас тўн, оқ салобатлик салла, вазир ва саркардаларда кимхоб ва бахмал тўнлар, бошларида баъзан салла ва баъзан ўсиқ баррадан тикилган телпаклар ҳилпирар эди. Хон бу кун жумъа намозигача кўнгил очмоқчи ва бундаги йиғилғанлар шу кўнгил очиш соатида иштирок эткувчи хоннинг кўнгил тортарлари, яъни мамлакат аъёнлари эдилар. Хон ҳали ички ўрдадан чиқмаган, ҳамма раъият «жаноби олий«ни кутиб муҳташам дарбозага кўз тикканлар эди. Шаҳсуфадан бир оз нарида, атрофи бордон билан ўроғлиқ бир капа пайдо бўлған ва бу капа ичида бир неча киши суҳбат қуриб ўлтурар эдилар. Бир неча дақиқа куткандан сўнг, муҳташам дарбозада Дарвеш удайчи кўриниб, қаршисидағи раъиятка ўрундан туриш ишоратини берди. Бирдан ҳамма шув этиб қўзғалди. Дарвеш удайчй дарбоза ёниға ўтиб, рукуъга[26] борди. Ичкаридан кимхоб тўн билан йўғон қорнини ўраған, оқ шоҳи салласини манглайиғача туширган Худоёр кўринди. Хон кўриниши билан барча раъият ҳам удайчи каби рукуъга кетдилар. Худоёр орқасидан ёш Ўрмонбек қизил бахмалдан тикилган сипоҳи кийим билан отасини таъқиб этар эди. Бунинг орқасидан қизил мовутдан шаҳзода каби кийиниб, силоҳ[27] тақинған ва ҳар қаторға тўрт нафардан терилган ўн олти-ўн етти яшар, ёш ва хушрўй сипоҳлар (маҳрамлар) чиқдилар. Хон шаҳсуфага қараб келди. Ўнинчи қатордан сўнг ёш сипоҳлар туркуми узулиб, яхши интизомлик қирқ нафар навжувон шаҳзода орқасида хонни таъқиб этар эдилар. Шу ҳолда нимсуфаларнинг биридан чалғулар товши келди. Созлар нафис ва оҳангдор қилиб »Сарбозча» куйини чалдилар. Куй созда қайтариб олинғач, хон орқасидағи ёш сипоҳларнинг бир қисмидан шу куйнинг ашуласи эшитилди: Шаҳаншоҳим, шаҳаншоҳим, бахтингиз кулсин! Давлатингиз, шавкатингиз душманлар кўрсин! Қалқон ушлаб, ханжар таққан ёвлар майдонга! Номуссизлар, вафосизлиқ қилдингму хонға! Бизнинг айткан назримиз бор Шоҳимардонға! Аҳдин бузиб динин сотқан бўялгай қонға! Шаҳаншоҳим, шаҳаншоҳим, бахтингиз кулсин! Давлатингиз, шавкатингиз душманлар кўрсин! Хон суфанинг зинасига етиб, юқори минди. Шаҳзода ҳам отасини таъқиб этди. Ёш сипоҳлар хон ва Ўрмонбекни зинада қолдириб, тўғриға ўтдилар, суфадан айланиб бориб, хоннинг муҳофазатига, яъни Худоёр ўлтурадирган арслон терисининг орқасиға саф торта бошладилар. Хон бориб арслон терисига ўлтурди. Ўрмонбекни ўзининг ўнг томониға олди. Раъият ҳамон рукуъда... Ёш сипоҳлар суфанинг уч тарафини қуршаб олған эдилар. Хон жойлашғач, рукуъдагиларга тиккайиш ишоратини берди. Барча бош кўтариб, қўл қовиштирди. Соз ҳам тўхтади. Суфанинг зинасида удайчи ҳозир бўлиб, қўлини кўтарди, раъият ҳам унинг билан баробар дуоға қўл очдилар. — Душманлар хароб, мунофиқлар бетоб ўлсин... Онҳазратимнинг давлатларига худо тавфиқу адолат берсин! Дуодан сўнг барча юз сийпади. Хон удайчига бир нарса дсб ишорат қилди. — Мингбоши, қушбеги, домла шоғовул, жаноб шайхулислом, оталиқ ва амсоли ҳазратка ул жаноб ўз хузурларидан жой меҳрибончилиқ қиладирлар! Удайчи санаған кишилар бирин-бирин шаҳсуфага чиқиб хонға салом ва таъзимдан кейин атрофлаб тура бошладилар. Суфага ўн чоғлиқ аркон[28] чиққандан сўнг, хон удайчига яна бир нарса деб қўйди. — Фароғат ато қилдилар! Сипоҳлардан бошқа барча тик турғанлар шув этиб ўлтурдилар. У ер-бу ердан йўталган товуш эшитилди. Удайчи хонға арз қилди: — Онҳазратимнинг давлатларига худо тавфиқу адолат бсрсин... Қулларидан бири валинеьматимга икки калима арзим бор, дейдир! Хон келсин, ишоратини қилди. Барчанинг кўзи бояғи бордонлиқ уйга тушти. Бордон ичидан узун бўйлиқ, қора соқоллиқ, устида малла тўн, симоби бўз салласининг пашини бир қарич осилтирған бир киши чиқди; тамкин, виқор билан битта-битта юриб келиб, зина ёнида хонға қарши тўхтади... Хондан тортиб ҳаммага табассум туси кирган эди. Киши хонға қарши турған ҳодда салласини тузатди, соқол-муртини силади, тўнини қоқиб, олдини ўради, сўнгра хотиржамъ рукуъга борди. Бирдан хон ва раият кулиб юбордилар. Бу киши Худоёрниинг энг яхши кўрган қизиғи Зокир-гов эди. Зокир-гов бошини рукуъдан кўтариб, гўё жаноза ўқуған кишидек, икки елкасига салом берди. Яна гурр этиб кулиб юбордилар. Зинанинг иккинчи бошида турған Дарвеш удайчи Зокир-говга танбиҳ берди: — Кимнинг ҳузурида турғанлиғингизни унутманг! Зокир-гов қўли қовуштирилған ҳолда, гавдасини қимирлатмай ёнидағи удайчига қаради: — Ўзим ҳам билиб турибман, бу ерда аҳмоқ бор, деб ўйлайсанми? — Хўш? — Хонимға арзим бор! Яна гурр эткан кулги боғни тутиб кетди[29]. Удайчи: — Арзинг бўлса, додрас[30] ҳузуридасан, гапур! — Арзимни ўйлаб туриппан-да, ўйлағали ҳам қўймайсанми? — деди Зокир-гов. — Ёки мен ҳам сўзимдан янглишиб Жаббор жиннидек осилиб кетайми? — Арзга келиб турғанингға бир ош пишар вақт бўлди! — Мен ҳам арзимни миямда пишириб олаётибман-да; пишмаған ош ич оғритадими-а, тақсирлар? — Арзингни йўлда ўйлаб келмабсан-да! — Эй, девонами бу ўзи! — деди Зокир-гов. — йўлда ўйлаш учун бундан бошқа касал йўқми? — Йўлда нимани ўйладинг? — Хон ҳузурига бораётибман, деб ўлимни ўйладим, ятим қоладирған болаларимни, мен ўлгандан сўнг эрга тегадирган янгангизни ўйладим! (Кулги.) — Жанобни ва шу қадар раъиятни маътал[31] қўйма! — Хе-хе-хе! — деб кулди Зокир-гов. — Сизлар ҳар кун минглаб кишини ўрда тегида маътал қўйғанларингизда, мен бир нафас маътал қўйсам, хе-хе-хе!.. Тақсир, сизга арз! Хон, «айт» деган каби бош ирғатди. — Тақсиримга биринчи арз шуки, — деди Зокир-гов, — ёнимда турған шу бақа афтни мендан нари қилсангиз, зеро, бунингизнинг дағдағаси сизникидан ҳам ўтадиған кўринади! (Кулги.) Худоёр удайчига, суфага чиқ, ишоратини қилди. Зокир-гов қўлини дуоға очти: — Онҳазратимнинг даватлари кам, ўзларида ғам, кўзларида нам, душманларида дам, қадларида хам бўлмасин... Шаҳзодамнинг бошларида бахт, остларида тахт ўйнаб, еш умрларига ажали бевақт етмасин... Шоҳи бахтиёрнинг хизматларига бел боғлаған оқ салла, кўк салла, тўни малла оталаримизнинг диллари ҳам ҳамеша юқолларидек оқ бўлсин, омин! Соний, арзи бандалигимиз шулки, биз, дарбадари девона, ақлу ҳушдин бегона, халқ гилида афсона, элкезар ғарибона қулларингиз дарду алам ютар эрдик, қаламравингизнинг бир четидан ўтар эрдик. Дедиларким, бу диёрнинг хоқони, Искандари сони, зару (евар кони, элнинг ошу нони, яъни саховатда Ҳотам, каҳри келса мотам... ғурабо[32] ёридир ва яна сизлардек бозори касод дарбадарлар, энаси кўчада туққан бепадар-парга ҳам эҳсони жорийдир, деб биз аҳли тамаъ бечора, нафс илгида[33] овора ғариблар ҳар қайсимиз беш пайса, ўн пайса тамаъ хапидан ютиб, даргоҳингазга юзландик, токи эски-туски ҳунарларимизни арз қилсақ, жанобингизни беш нул, ўн пул қарз қилсақ, деб... (Кулги.) — Қўп, ҳунаринғизни кўрсатинғ! — деди хон. Қизиқлар Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди: — Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!! Бордон ичидан бир оёғида кафш, иккинчиси кафшсиз олди очиқ кир яхтагидан бадани кўринган, бир қўли билан елкасини қашиб, иккинчиси билан иштонбоғини ушлаган, бош ялан бир йигит чиқди. — Эшак ҳанградима! — деди Баҳром ва уёқ-буёққа алонғлаб олғандан кейин, яхтагининг чокини ахтарди. — Сингли талоқ битни қочирдим-да! (Кулги.) — Баҳром деяпман, менга қара! — Э-эй, Зокир ака, сен чақирдингма... Ҳа, нима гап? — Хонни кўндирдим! — Кўндирдингма?.. Мен ҳам айтдим-ку, хон ўзи лақма эмиш, деб. (Кулги.) — Улар қани? — Уларингма? Уларинг ичкарида ятипти. — Нима қилиб ятипти. — Қўй десам бўлмади, бир пой кафшимни икави ҳузур қили-и-иб еб ятипти! (Қаттиғ кулги.) Зокир-гов аччиғланди. — Сенларга ҳеч бир ақл кирмади-да... Энди хоннинг олдиға бир пой кафш билан чиқасанми? Баҳром ўйланиб бошини қашиди. — Чиқсам чиқавураман-да. Хонинг ҳам менга ўхшаған бир одам-да, ака! (Кулги.) — Кир, кир, падарлаънат, даррав уларингни олиб чиқ! Баҳром елкасини қашиб, кафшлик оёғи билан кафшсиз оёғини «тапчип, тап-чип« ерга босиб ичкарига кириб кетди. Бир оздан сўнг икки ҳамроҳини бошлаб чиқди. Чиққанлардан бири пак-пакана, юм-юмалоқ, лўп-лўнда бир махлуқ эди. Унинг гавдаси бу қадар "келишкан" бўлиши устига, башараси ҳам шунга монанд тушкан, томоғининг остида чўгури қовундек бўқоқ ғовлаб ётар эди. Унинг гавдаси мисоли бир гупчак бўлса, шу гупчакнинг юқорисиға катта бир сув қовоқни бош бўлсин, деб ўрнатқан эдилар. Ва бу ялтир қовоқнинг бетида кўз бўлиб, қуёшда қовжираган иккита ғўлун туршак, оғиз ерида бир кафш, бурун ўрнида юқориға қараб ўрмалаған баҳайбат бир қурбақа ва қулоқ мақомида сув қовоқнинг икки бағрига тиралған икки ошлов турар эди. Қош ва бошдағи соч тўғрисида оғиз очиб бўлмас, аммо беш-ўн тук, яъни соқол-мурт ғира-шира кўзга чалинар эди. Сепкил ва чечак доғи бу бетни "музояқакор" қилиб кўрсатканидек оёғидағи чориқ, устидаги қисқа, эски алак чопон, белидаги беш-ўн айлантириб боғланған бўз белбоқ, бошининг учдан бир қисмигагина қўниб ўлтурган тор пилта тўппи бир "ҳусн"га яна бир юз »ҳусн» қўшиб арз қилар эди. Бу махлуқ доимий ўрдада турадирған хоннинг кундалик қизиги мулла Бахтиёр эди. Иккинчиси мулла Бахтиёр билан ўчакишкандек, жуда узун бўйлиқ, ғилай кўзлик, ажина қошиқдек юзлик, қотма, ўзининг бўйидан ҳам узунроқ тўн ва бошиға қаландар кулоҳи кийиб, ялан оёғ, ўрта яшар Давлат исмлик яна бир қизиқ эди. Зокир-гов буларни қарши олди. — Э, ҳаромзодалар, — деди Зокир-гов қўлини пахсалаб, — андак нафсларингни тийсанглар, хотинларинг талоқ бўладими?! Бунинг бир пой кафши қани? Баҳром маъюс бўйин солиб турди, Бахтиёр билан Давлат лабини артиб, бир-бирига қарашди: — Айт! — Сен айт. — Нима деб айтаман? — Еганимиз йўқ, деб айт... Бахтиёр икки қўли билан белбоғиға такя қилиб, қаддини ростлади ва бошини бир оз орқасиға мойил тутиб, қаққайди: — Билиб сўзла, ака, биз еганимиз йўқ! Зокир-гов индамасдангина Бахтиёрнинг ёниға ўтди ва озорсиз қилиб унинг намойишкор кўриниб турган бўқоғини салмоқлади: — Кафшнинг ўкчаси тиқилиб қолипти-ку, иним! — деди Зокир-гов, кучлик кулги кўтарилди. Сўнгра вазиятини ўзгартириб, уларга уқдирди: — Биз ҳозир хоннинг ҳузурига борамиз, эшитасанларми... Учавинг ҳам адаблик, мутавозиъ[34] бўлиб кўрин. Хонға учрашканларингда, икки букулиб қуллиқ қил, ундан кейин хонни дуо қиласанлар. Тузукми? Қани, келаберларинг орқамдан! Тўрттави, бири орқасидан бири чизилишиб, шаҳсуфа ёниға бордилар. Зокир-гов зина ёнида тўхтаған эди, орқадағилар бир-бирига туртинишиб, бири у ёққа, бири бу ёққа, учунчиси хонға орқа ўгирган ҳолда тўхталишдилар. Бу ҳолдан хабарсиз Зокир-гов уларни хонға тақдим этди: — Қулбаччаларингиз ... саломга келдилар. (Кулги.) Зокир-гов уларнинг ҳолидан хабар топиб, шошди ва ошиқиб, уларнинг бетини хонға қаратди. — Ҳай, бепадарлар, ҳай, беадаблар... тўғрингда ўлтурган кишига баробар қуллиқ қил. Учави баробар қуллиқ қилдилар, кулги бошланди. Чунки уларнинг ҳар бири бошқа кишига қуллиқ қилиб, хон четда қолған эди. Зокир-гов хонға узр айтиб, уларни койиди: — Кимга қуллиқ қилдинглар?! — Тўғримизда ўлтурганга. — Лўнда бўл, лўнда; учавинг ҳам!.. Дуо қил, дуо! Учави дуоға қўл очти, қўл очқанча бир неча вақт қарашиб турди, сўнгра тирсаги билан бир-бирини туртиша бошлади. «Сен қил, сен...» (Кулги кўтарилди). Улардан дам чиқа бермагач, Зокир-говнинг ўзи қўл очти: — Омин де, ҳўкузлар! — деди. Улар «омин, омин» деб турдилар. — Шояд дуо қабул бўлса... Оллоҳ таолонинг мулла Бахтиёр ва Давлат каби закки бандаларига бизнинг эҳтиёжимиз йўқ. Шунинг учун дуо қиламизки, бу учавининг жонини тезроқ олсин ва бандаларини бу фалокатдан қутқарсин, омин! Учави ҳам фотиҳага юз сийпашкан эдилар, яна атрофни гуррр эткан кулги бости. Фотиҳадан сўнг Зокир-гов уларни йўлға солди: — Тилак қил, тилак; бақрайиб турасанларми? Учави яна бир-бирини туртишиб, ўз ора бир нарса сўзлашиб олдилар. Давлат нимадир айтиб, суфага ўлтурганларга ишорат қилди... Орадан Баҳром тилакка оғиз очти: — Салла — калла, шопу шалопни кўриб, ўзимиз ҳам жуда қўрққанға ўхшаймиз... Манови Давлат бўлса — «Бу ўлтурганларнинг ҳаммаси ҳам одамхўр», деяпти. (Кулги.) Энди тилагимиз шуки, бизларга жавоб берсалар, жойимизга тинчкина кетсак... (Кулги.) Илоҳи мана шу ўлтурганларга худойим инсоф берсин... (Кулги.) Юрагимиз жудаям чиқиб кетаяпти! (Кулги.) — Ҳай, тилакларинг билан бориб ёт! — деди Зокир-гов ёниға уриб. — Қочиб қол, еб қўяди!! Орадан «дод» деган товуш чиқди, учави ҳам уч томонға қочар экан, Бахтиёр Давлатнинг оёғиға чалиниб йиқилди. (Қаттиғ кулги.) Баҳром билан Давлат олпонғ-толпонғ бордонға кириб кетдилар... Зокир-гов Бахтиёрни тутиб қолди. — Қўй, ака, қўй! — деб йиғлади Бахтиёр, бекорга ўлиб кетмай, бала-чақам бор? — Емайди сени! — Ейди, ака, ейди! Манови бекингаинг кўзига қара...вой-воя-а-а, қўювор! (Кулги.) — Мен сенларга аччиғ айтим-а, падар лаънат! — Менда ўчинг борға ўхшайди, ака! Анови домланг нах одамхўрнинг ўзи, кийимингни ҳам ешдириб ўлтурмайди... Уяғини сўрасанг, хонингға ҳам ишонмай қолдим! (Кулги.) Бахтиёр силтаниб Зокир-говнинг қўлидан чиқди ва ғилдирағандек бордонға қараб қочти. Зокир-гов ҳам уни қувлағанча бордонға кирди. Бир оздан сўнг тузукроқ кийимда, бошиға салла ўраб, оёғида сағри кафш билан қўлида жойнамоз каби бир нарсани кўтариб бордондан Давлат чиқди. Хонға таъзим қилғандан сўнг, жойнамозни ерга ёзди. Хонға яна таъзим қилиб: «Шайхулислом Валихон тўра[35] шу ерга марҳамат қилар эканлар!« — деди. Хон мулла Ниёз домланинг ёнида ўлтурган шайхулислом Валихон тўрага қаради. Аҳволга тушунмаган шайхулислом "Нима гап?" дегандек қилиб, жойнамоз ёнидағи Давлатка кўз қирини ташлади. Давлат "Ҳеч гап" деган ишорани бериб, бордонға қайтиб кетди. Демак, ҳозир шайхулислом Валихон тўрага муқаллид бўлмоқчи эдилар. Буни пайқаған халқ секин-секин, бир-бириси билан имлашиб, кулимсишдилар ва барчанинг кўзи бордон уйда бўлди. Бир вақт бордон эшигидан банорас тўн кийиб, ўнг қўлиға асо ушлаган ва сўл қўлида адрас рўймолға тугиклик китоб кўтарган, шайхулислом Валихон тўра (Зокир-гов) кўринди. Шайхулислом каби қадди бир оз букик ва қадам қўйиши ҳам Валихон тўрадек икки гарафка мойил эди. Барчанинг кўзи ва диққати ҳар икки шайхулисломда бўлди. Хон ёнидағи ҳақиқий шайхулислом эса қип-қизарған ва ҳар он »тавба» деб қўяр эди. «Шайхулислом» йўл устида тўхтади ва ерда тушиб ётқан бир нарсани асосининг учи билан текшириб кўрди ва уни туртиб четка чиқарғач, йўлида давом этди. Кўбчилик чидалмади, гур этиб кулиб юборди. Валихон тўранинг ўзи ҳам тавба аралаш кулиб қўйди. Чунки Зокир-гов ҳеч бир нуқсонсиз муқаллид бўлмоқда эди. Жойнамоз ёниға етди, асосини шайхулислом асоси ёниға тиради, кафшини ешиб, жойнамозға чиқди. Ўлтуриб китобни тизасига қўйди ва пичир-пичир дуо ўқуб юзини сийпади. «Шайхулислом» уёқ-буёқни қарағандан кейин чақирди: — Мирзо Ҳамдам-ҳай, мирзо Ҳамдам-ҳай! Кулги кўтарилди, айниқса, шайхулислом ёнида ўлтурган домлалар қаттиғ кулдилар. — Мирзо Ҳамдам-ҳай... Бордондан Баҳром чиқди, ул ҳам муллаёна кийинган эди. — Лаббай! Баҳром «шайхулислом« қаршисиға келиб, салом берди. »Шайхулислом» жавоб бериб, жойнамоз ёниға ешкан кафшига қаради. — Ҳай, шу кафшимни бир пок қилинг, мирзо Ҳам-дам. — «Мирзо Ҳамдам« тавозиъ билан чўнтагидан рўймолини олиб, кафшни арта бошлади ва шу вақтда бордон ичидан, ул ҳам муллаёна кийимда мулла Бахтиёр чиқиб келди; »шайхулислом» қаршисиға келиб, салом берди. — Ваалайкум ассалом! — деди «шайхулислом» ва келгучининг апти-бошиға қараб олди. — Шинед, бачча, шинед! Бахтиёр ўлтурди. — Хўш, писар, чи гап? — Тақсир... сизга...арзим бор эди... Подшоҳимиз янги мадраса бино қиғанлар, деб илм талабида қишлоқдан тушкан эдим; бир ҳужра берсангиз, деб сизға арзға... — Хўб, хўб... Шумо гужойи?[36] — Тақсир, Олтиариқдан... — Аттанг, аттанг, — деди «шайхулислом», — барвақтроқ келмабсиз-да, бачча, акун[37] ҳамма ҳужраларга жой йўқ, муллабаччалар жойлашиб қолган. — Муллаларнинг арасиға қўйсангиз ҳам бўлавуради менга, — деди тавозиъланиб Бахтиёр. — Биз қишлоқ одами... сиқилишсақ ҳам ётавурамиз, тақсир! — Хўб, хўб... Акун ҳужраларимиз муллабаччалар минан беҳад тўлган, ҳолонки бир тариқ ҳам сиғмайди, биз дуруғ сўзламаймиз, бошидон[38]... Ҳақиқий шайхулислом масалага тушуниб тер чиқара бошлади. Бахтиёр (муллабачча) маъюс фотиҳа ўқуб «шайхулислом« ҳузуридан кетди. "Мирзо Ҳамдам" кафшни туфлаб, тозалаб бўлғандан кейин "шайхулислом"нинг қаршисиға ўлтурди. Нариги ёқдан »шайхулислом» рўбарўсига Давлат келиб тўхтади. — Ассалому алайкум, тўра почча! — деди Давлат ва кафшини ешиб келиб, «шайхулислом» билан қўл олишиб кўришди. — Хўб саломат, офият хастедми[39], тақсир? — Худоро шукур, худоро шукур. Давлат рухсат, фалон кутмай «шайхулислом»нинг ёниға ўлтуриб олди. — Ба жаноб арз... — Бисёр хўб, арз кунед[40]. — Очиқ гав: бизга бир ҳужра берсалар, деб келдик-да, тўра почча! — Хўб... Гужойи? — Тақсир, чустий, ба жаноби шумо ҳамшаҳрий[41]. — Яъни писари ки? — Писари усто Муҳаммад собунгар. — Хўб, хўб, — деди «шайхулислом« ва »мирзо Ҳамдам»га буюрди, — ба ҳамин одам як ҳужра додан гир[42]! Давлат дуо қилиб «шайхулислом« ҳузуридан кетди. Қўқонлиқ муллабачча рўлида Бахтиёр келди. Унга яна: "Биз дуруғ сўзламаймиз, мадрасамизга бир тариқ ҳам сиғмайди", деган жавоб бериб жўнатилди. Давлат яна чустлик бир толиби илм бўлиб келган эди, "мирзо Ҳамдам" орқалиқ »додан гир!» буйруғи берилди. Қаттиғ кулги кўтарилди. Хон ва домла Ниёзнинг кўзларига ёшлар чиқди. Аммо шайхулислом дам-бадам манглай терини артиб олар эди. Зокир-гов хонға қуллиқ қилиб, шогирдлари ёниға борди. Хон ва раъият янги қизиқлиқни кутиб қолдилар. Бирикиш Далв ойи[43], қаттиғ қиш. Девоннинг ҳар икки хонасига бир нечадан сандал қўйилған эди. Ҳар бир сандалга тўрттадан мирзо жойлашиб, дафтар таҳрири, ёрлиғ иншоси билан машғул эдилар. Хон ҳузурига чақирилған Анвар ярим соат чамаси кечикиб чиқди. Анвар ўз хонасиға келиб кирганда, четдаги танчада Шаҳодат муфти бошлиқ мулла Абдураҳмон ва Калоншоҳ мирзолар нима тўғрисидадир, оҳиста-оҳиста сўзлашиб ўлтурар эдилар. Эшикда Анвар кўриниши билан уларнинг суҳбати кесилди ва ҳар ким ўз қўлидағи ишка қаради. — Эҳи, эҳи, — деб йўталинди Шаҳодат муфти, — нима фармон бор, мирзо Анвар? — Ҳеч гап, — деди Анвар ўз танчасига жойлашиб. — Ўш, Андижон ҳокимларига нома буюрилди... Сиз, мулла Абдураҳмон ака, қўлингиздағини неча нусха тайёрладингиз? Мулла Абдураҳмон ёнидағи қоғозларни санади: — Уч нусха. — Яна бир нусха ёзсангиз бас. Закотчи исмини қўймагандирсиз? — Қўймадим. — Жуда яхши, ўзим қўярман. Қўлингиздағини тезроқ ёзиб битирсангиз, яна бир иш бор, — деди Анвар ва Шаҳодат муфтига юз ўгирди. — Тақсир, сиздан бир илтимос; кечаги Абдушукур понсадга маҳзарни[44] ўзингиз ёзиб бермасангиз бўлмайдирған кўринади. Боя менга яна учрашди; ғулдир-ғулдир қилади, мақсадиға ҳеч бир тушуналмадим. Чамаси, унинг даъво кониятини сиз яхшироқ билар экансиз? — Қўйинг шу бош оғриғини, — деди муфти, — неча бора менга иши тушиб, бирар мартаба ҳақ берганини хотирламайман. — Ҳақ олиб беришка мен кафил. — Эй-ҳа, мен ололмағанни сиз олармидингиз? — Ололмасам, сизга ўз ёнимдан тўлай, тақсир; иш қилиб, шунинг даъвосидан мени қутқаринг-чи. Шаҳодат муфти индамади. Анвар қоғоз олиб, бир нарса ёза бошлади. Шаҳодат муфти оҳистағина ёнидағи Абдураҳмонни туртиб қўйди ва Анварга ишорат қилиб, «ана аҳвол« дегандек илжайди. Яъни унинг ҳаракати »кўрдингми мирзобошини, қўлидан маҳзар ёзиш ҳам келмайди» мазмунида эди. Мулла Абдураҳмон оҳиста бош кўтариб кулимсиди. Бу гапдан хабардор бўлиб ўлтурган Калоншоҳ мирзо қўлини оғзиға карнай қилиб Анварга тўғрилади, яъни, жиртак чалди. Шу ҳолда эшикдан Султонали мирзо кириб, Калоншоҳга тикилиб қолди... — Маймунлиқ муборак! Иш билан машғул Анвар қоғоздан бошини кўтариб, эшикдаги Султонали мирзога қаради: — Нима гап? — Ҳеч гап, — деб кулди Султонали, аммо кўзида ғазаб ўти ёнар эди. — Мен бояғи қоғозға кирган эдим. Анвар ёнидағи қоғозлар ичидан бир ариза ажратди: — Жавоб мен айтканча бўлсин. — Хўб. Султонали қоғозни олиб чиқар экан, яна уларга қараб қўйди. Уларнинг учави жиддий равишда ишка берилган, қоғоздан бош кўтармас эдилар. Султонали чиқиб кетди. Бир оздан кейин Шаҳодат муфти секин бош кўтариб Анварга қаради. Анвар ўз ишига қаттиғ боғланған эди. Шаҳодат муфти Калоншоҳ билан кўз тўқнаштириб, «яхши бўлмади», деган каби бош чайқади. Калоншоҳ аҳамиятсиз кўз қисди. Одатдагидан ҳам ранги ўчкан Абдураҳмон буларнинг ҳозирги им-ишоратига иштирок этмай, ўз ишига қараған эди. Солиҳ махдумнинг ўша сўзи билан Абдураҳмон ишка олинған эди. Уч ойдан бери Анвар қошида — ўз ҳузурида мирзолиқ қилиб келар ва иккинчи ойдан беш тиллолиқ моҳонага ҳам ёзилған эди. Бир ойлар чамаси Анварга садоқат билан, унинг қаноти остиға киргандек ишлади. Бу орада Шаҳодат муфти ва Калоншоҳ мирзо кабилар билан сирдон бўлмаса ҳам танишди, яқинлашди. Бошда Шаҳодат муфтилар уни ётсинишиб унинг ёнида ҳар турлик ғийбатларни қилишдан чўчидилар. Чунки мулла Абдураҳмоннинг Анвар кишиси бўлиши тахмин қилинған эди. Иккинчи ойдан моҳонага ёзилиши ҳам уларнинг ўз андишаларида янглишмағанлиқларини кўрсатди. Бироқ Абдураҳмоннинг баъзи ҳаракатлари, масалан мирзо Анварнинг арабча, форсийча лафзлардан холи, содда таҳририни нусхаларга кўчирар экан — «аттаому било милҳи« (тузсиз ош), деб кулиб қўйиши муфтиларни ўйлатиб қўяр, бу таънани чин кўнгилдан чиққаниға шубҳаланишни-да, шубҳаланмасни-да, билмас эдилар. Шундай фурсатларда "аламзада" муфтилар ҳам бирар латифа сўзлашка тутунар, аксар, латифа мазмунини бир тарафка буриб юритар эдилар. Баъзан Шаҳодат муфти ишдан чарчаған каби оҳ тортиб, ўзича "ямутул-асаду фил ғабоби жуъан ва лаҳмут-тайри ютраҳу лил-килоб"[45], деса, иккинчи ёқдан Калоншоҳ мирзо шу мақолнинг давомини сўзлаб »ва хинзиру яному фил-фирош ва улул-уқули яному алат-туроб»[46], дер эди. Мулла Абдураҳмон уларнинг кинояси мазмунига тушунибми ёки тушунмасданми — ҳар ҳолда бир илжайиб қўяр эди. Шу йўсун иккинчи ойда бу икки муфти мулла Абдураҳмонни синаб вақт кечирдалар. Абдураҳмон ҳам ўзининг аксар сўз ва ҳаракатлари билан уларни шубҳадан чиқара борди, ниҳоят икки муфти учунчи ёш «олим«ни ҳам гарчи бир "нодон" тарафидан келтирилган бўлса ҳам "заршунос" деб билдилар ва учунчи ойдан уни ҳам ўз ёнлариға олиб сирдон бўлишдилар. Бояғидек, "қозихона маҳзарлари" уларга дастмоя бўлди. Анвар ўзи вақт тополмай, бирар нарсани муфтиларга ҳавола қиладирған бўлса, »мирзобошининг тиши ўтмади» деб кулишдилар. Мулла Абдураҳмон ҳам валинеъмати бўлған Анварнинг риоясини унутаёзди. Чунки мазкур икки муфтининг таъсирлари кучлик бўлиши устига, ўзи ҳам уларга мойил, ҳатто бу камситишлардан лаззат олғучи эди... Анвар икки муфтининг ғийбатларини яхши билса ҳам, Абдураҳмоннинг бу ғийбатда иштироки борлиғини сезмас эди. Фақат яқиндан бери Султонали мирзо Абдураҳмоннинг бунда иштироки борлиғиға воқиф бўлди. Ҳатто шу тўғрида Анварга баъзи сўзларни ҳам айтди. «Мулла Абдураҳмондан нон емаймиз, сизга қарши қаттиғ қутурған икки итимиз бор эди, энди учунчисини ўзингиз келтирганга ўхшайсиз...» Кечка томон мирзолар тарқалишдилар. Бироқ, бизнинг муфтилар ҳануз қўзгалмас эдилар. Анвар эса ҳаммадан кейин чиққучи эди. Икки муфтининг қўзғалмаслиқлариға ўзи сабабчи бўлғанлиғини яхши билган Султонали мирзо Анвар билан хайрлашиб чиқди. Шундан бир оз сўнг муфтилар ҳам кетишка чоғландилар. Ҳаво совуқ, тўрт эллик чамаси қор ёғиб, кўча бетини ёпқан эди. Қўқоннинг ўзига махсус изғириқ бу қор билан яхши қуролланиб, кишининг қулоқ-тумшуғини заҳар каби ялаб ўтар эди. Кишилар телпакни бостириб кийган ёки саллани қулоқ ва манглай аралаш ўраб, бўз гуппини тумшуққача кўтарган эдилар. Кўча бўйлаб ҳар ким чопар, бир нарсадан қуруқ қоладирғандек югурар эди. Бу кунги совуқ билан қор ҳар кимга ҳам ғарчлиқ кафш инъом қилған, бой ва беклар оёғидағи бедона, сағри қала кафшлар билан камбағал косиблар кийган упика[47], айбаки кафшларнинг ўзаро фарқи қолмаған ва ҳатто баъзилар оёғидағи ёғоч кафшлар ҳам ажойиб нағманавозлиқ қилар эдилар. Ғариб Кўнгли Анвар бошқалар каби югурмаса ҳам елиб келар эди. Хишткўпрукка етканда, катта сув ёнидаги ҳужра эшигида қўсқи[48] пўстунга ўралиб турған қоровул унинг олдиға тушиб салом берди: — Совуққа қотқан кўринасиз, тақсир... Гулханимиз бор. Анвар тумшуғини тўнидан чиқариб илжайди ва тутун чиқиб турған эшикка бурилди, қоровул олдинда келиб, эшикни очиб берди, Анвар ичкарига кирди. Тутун билан қоп-қорайған, пасткина қоронғи ҳужранинг ўртасида гулхан ёниб, алангаси мўрига ўрлар эди. Гулхан ёнида қўлиға касав тутқан Султонали мирзо олов жўнашдириб ўлтурар эди. — Сиз ҳам совуққа қотқанларданмисиз! — деб кулди Анвар. — Жон олов — жон эр, депти бир хотин... Гулхан ўтлик йигитнинг иссиқ қучоғи эмиш. Қани, бу ёққа марҳамат! Қоровул ва Султонали мирзоларнинг қисташлари билан Анвар гулханнинг тўрига, тўрт қатланиб солинған кийизга ўлтуриб, қўлини оловға тутди. — Ўзингиз ўлтурмайсизми, ака, ўлтуринг! Анварнинг бу сўзи билан адаб сақлаб турған қоровул гулханнинг бир чеккасига чўккалаб, гулхан ёнидағи қора қумғонни оловға тираброқ қўйди. — Совуқ тузук бўлди, — деди Анвар исиниб. — Ўрдадан чиқиб, ўзингизни гулханга урибсиз-да? — Қарасам уйга еткунча қотадирғанман, Тойир акамнинг туйнугида тутун кўриб, эшикни очсам, иш катта. Хиралик бўлса ҳам кирдим, нима қилади... Бироқ, сизни Тойир акамнинг ўзи чақириб кирганга ўхшайди, ҳали сизга чой дамлайман, деб овора бўлса ҳам эҳтимол... Тойир ака қумғонни яна олов томонға итариб қўйди: — Ҳозир дамлаймиз, тақсир, ҳозир. Сув ҳам қалқиб қолибдир, яхши, кўк чойимиз ҳам бор. — Ўзларингиз ичмасангиз, меним учун ҳожат эмас, мен ҳозир кетаман. — Шу гулханни ташлаб, қаёққа? — Уйга... Балки кишилар кутиб ўлтурган чиқарлар. — Шундай совуқда сизни ким кутсин, чойни дамлай беринг, Тойир ака, мирзобошини юбормаймиз. — Шундай бўлсин, тақсир... Ғарибларнинг чойидан ҳам бир ичиб қўйсинлар, — деди Тойир ака ва ўрнидан туриб бурчакдаги ёрилған тарашадан бир қучоқни келтириб гулхан ёниға ташлади. Қайнаб тошқан қумғонни оловдан олиб, чой дамлади. — Тойир акамнинг гулханини ташлаб кетиб бўлмайди, — деди Султонали, — бир-икки пиёла чойидан ҳам ичиш керак, бир-икки калима суҳбатини ҳам эшитиш керак. Анвар илжайиб қўйди. Тойир ака қозиқдағи тугунни очиб тўрт-бешта нон, бир ҳович каттақўрғон магиз олиб, кичкина баркашчага солди. Баркашни Анвар олдиға келтириб, узр айтди: — Камбағалчилиқ, тақсир, олдингизға дастурхон ёзолмадиқ... — Нима айби бор, — деди Анвар, — мен шундай қоронғи уйда гулхан ёнида ўлтуришни ва шу ҳолда чой ичишни жуда яхши кўраман. — Бу ўлтуришнинг ўз олдиға бир нашьаси бор, — деди Султонали. — Бор... Шоирона, дарвешона бир маъноси бор. Мен ёш, ятим чоғим, опамнинг уйида шу ҳолни кўрар эдим. Язнам қашшоқ косиб эди. Қиш келди дегунча гулхан ёқар ва шу йўсун гулхан ёнида ўлтуриб чой ичар эдик. Шу гулхан ҳаёти ҳануз меним эсимдан чиқмайдир ва шу ҳаётка ҳамиша кўнгилда бир муҳаббат сақлайман. Тойир ака Анварга сопол пиёлада чой узатди. Гулхан кейинги қаланған тарашалар билан алангаланиб ёнди. Қоронғи ҳужра ёришиб, учқунлар билан зийнатланди. — Бола-чақангиз борми, Тойир ака? — Йўқ, тақсир... Шу ерда юртни дуо қилиб ётаман. — Тойир акам ҳам сизга ўхшайди, — деб кулди Султонали. — Тўйни кўкламга қолдирганингиз яхши бўлмади, қиш кунлари Тойир акамдек ёлғизлиқ... — Чунки мен Тойир акам турмишини яхши кўраман... Дардисарнинг нима кераги бор-а, Тойир ака? Тойир ака қўлида касав билан олов тўғрилар эди. — Қурби еткан кишининг бола-чақа қилғани маъқул, тақсир. — Нима учун? Тойир ака олов жўнашдириб, бир оз жавобсиз ўлтурди. Соқол-муртига учиб тушкан учқун кулларини селпиб ташлади. — Худой фарзанд берса, қариған кунларингизда ишингизга ярайди, — деб қўйди Тойир ака, яна бир оз олов тўғрилаб турди. — Менда ҳеч ким йўқ... Ёшим эллидан ошқан, тақсир... Ҳозир куч-қувват бор, бир нарса топиб бўлади... Бир вақт келар, куч кетар, шунда менга ким қарайди, тақсир? Иссиқ жон, мен оғриб ётарман, бир қошиқ сувға муҳтож бўларман... Шунда сувни менга ким беради, тақсир? Ўлим ҳақ, ажал етиб амонатни олса, кўзим юмилса, бир чеккада ўлиб қолғанимни ким билади, тақсир?.. Кишининг бола-чақаси бўғанда шундай гаплар йўқми, деб ўйлайман-да. — Тўғри гап, — деди Султонали, — дарҳақиқат, киши қандай кунларга қолишини билмайди. Тойир акам айтканча, бола-чақа бўлса, бир оз кўнгил тўқи-да. Анвар бир оз сўэсиз, ўйланиб турди, қўлидағи пиёласини бўшатиб, Тойир акага узатти. — Уйлантириб қўяйлиқми сизни? Тойир ака миннатдор оҳангда кулди. — Э, жонингдан, тақсир, — деди, — энди бўлмайди. — Нега бўлмайди? — Соқолға қаранг, ўлим иси келади... — Бўлмаған гап... Сиз биздан ҳам ёш кўринасиз. — Кўнгил қариған, тақсир, кўнгил, — деди Тойир ака, қўлини кўкрагига тегизиб олди. — Энди кўнгил ҳеч нарса ҳам тиламайди, фақат тинчлиқ тилайди... Тинчлиқ қачон бўлади, унисини билмаймиз-да. Сўзни яна айлантиришка йўл қолмади. Анвар ер остидан Султоналига кўз юборди. Султонали маънолик бош ирғатиб қўйди. Тойир ака ўз олдидағи ёниб ўчкан хокаларни кулдан ажратиб, гулханга ташлар эди. Бояғи шиддати йўқолған гулхан нафис кўк тутун чиқариб оҳистағина чайқалиб ёнар эди. Куллар кўкка учар, чўғлар кулга ботар, чалалар чўққа айланар эдилар... Учави ҳам сўз қўйишқандек анча вақт гулханнинг шу ҳолини таъқиб этдилар. Бишўй, Эй Хирадманд... — Муфтиларингиз меним орқамдан жўнаған бўлсалар керак, мирзо Анвар? Хаёли бошқа нарсада бўлған Анвар Султоналининг сўзига тушунибми, эмасми, ҳар начук бош ирғатиб қўйди. — Мен сиз билан хайрлашиб кўчага чиқсам, «дўстингиз« мулла Абдураҳмон уларни кутиб турған экан. Чамаси кундузги »суҳбат»нинг мобаъди[49] бўлса керак?! Анвар хаёли билан видоълашқандек, тилар-тиламас Султоналига юз ўгирди. — Қандай суҳбатнинг? — Суҳбатнинг эмас, ғийбатнинг. Анвар кулди: — Сиз мулла Абдураҳмон домлани кўралмай қолдингиз. — Масала кўралмасликда эмас, унинг нолойиқ ҳаракатида, дўст кўриниб душманлик кўчасига киришида. — Биз унинг чин кўнглини билишдан ожизмиз. — Ҳар ҳолда бу калтакесак бизга дўст эмас. — Хўш? — деб кулди Анвар. — Муфтилар бизга дўстми, душманми? — Балки душмандирлар, лекин биз уларга душман эмасмиз. — Бали! — деди Султонали мирзо. — Башарти бизнинг ёрдамимизда ишлик бўлған бир одам, эрта-кеч бизнинг душманимиз ҳисобланған кишилар билан ҳамсуҳбат бўлса, оғиз-бурун ўпишса, биз унга қандай баҳо беришимиз керак? Бундай одамни биз очиқдан-очиқ душман ёки аҳмоқ деймиз. Аммо мулла Абдураҳмон аҳмоқ эмас, кўб иш кўрган туллак! Энди фақат унинг душманлик тарафи қолди, ҳам бу аниқ. Меним ҳукмимга қаноат қилмасангиз, ҳикматка қаранг. Шайх Саъдий: "Бишўй, эй хирадманд, аз он дўст даст, Ки бо душманонат бувад ҳамнашаст"[50], — дейдирлар... — Мен мулла Абдураҳмонни яхши киши, деб ўйлайманми? — Ўйламайсиз, бироқ унинг ўзига яраша муомала қилмайсиз, шу билан бирга анови муттаҳамларни ҳаддидан оширасиз! Анвар баркашдаги магиздан бир-икки дона олиб қўлида ушлади. — Сизнингча, улар билан қандай муомала қилишимиз керак? — Мулла Абдураҳмонни ўрдадан жўнатиш керак; тинчкина имом ва хатиблигини қилсин. Муфтиларга ҳам қозихонадан бирар вазифа топилиб қолар. Анвар бош тебратиб кулди. Тойир ака гулханга ўтун қалаб шом учун жойнамоз ёзди. Султонали мирзо имом бўлиб, уч киши шомға турдилар. Шомни ўқуб гулхан ёниға ўлтурар экан, Султонали сўради: — Ёки уларни ўрдадан жўнатиш осон эмасми? — Осон, бироқ осон ишда лаззат йўқ, — деб кулди Анвар. — Сизнинг шу гапингиз билан бир киши ёдимға тушти: ўзи мулла Абдураҳмоннинг қавмларидан бўлған оқ кўнгилли содда бир киши бор. Оти... ҳа, оти Сафарбой, касби бўзчилиқ. Ўткан кун ўрдадан қайтиб борсам, шу киши уйда мени кутиб ўлтурибдир. Хўш, келинг, Сафар ака? — Куйган-пишкан, менга «арз« қилди: мулла Абдураҳмоннинг бир дўстидан эшиткан эмиш, гўё мулла Абдураҳмон биравга "мирзо Анварнинг тегига яқинда сув келади" деган эмиш... "Бу нима деган гап, мирзо, нега сизнинг тегингизга сув келади?" деб сўрайди. Мен кулдим... "Ҳозирча тегим қуруқ, башарти тегимга сув келса, бўзчилиқни ўргатасизми?" деб сўрадим. Саволимга жавоб бермайди, фақат сизнинг сўзингизни айтиб: »Имомимиз фисқи-фасод, бундай кишини ҳайдаганингиз маъқул» дейди. Сизга ёқадирған сўзни айтдимми, Султонали ака?! — Бу киши сизга чин дўст экан, — деди Султонали жиддий. — Мен ўз фикримда янглишмасман. Бу калтакесак юткан чаённинг юрагида, худой билсин, сизга қарши катта адоват бор. Шу чоққача олов кавлаб жим ўлтурган Тойир ака сўзга қотишти: — Сафар, елкаси чиққан, жиккак йигит эмасми, тақсир? — Бали, бали. — У меним ошнам бўлади. Эҳей, у билан биз ҳар ёз бирга мардикор ишлар эдик, ўзи ўбдан яхши йигит. — Вассалом, — деди Султонали мирзо. — Бас, Абдураҳмон ҳам адоватда муфтилардан қолишмайдир. Шунча яхшилиқни билмаган киши... — Яхшилиқ қил, дарёға ташла, балиқ билмаса, холиқ[51] билур, деганлар. Фузулий: «Даҳр[52] бир бозордир, ҳар ким матоъин арз эдар» деб жуда тўғри сўзлайдир. Шунга ўхшаш биз ҳам, ўзимизда бўлған матоъни бозорға соламиз, улар ҳам бисотларини кавлаб шундан бошқасини тополмайдирлар. — Бу шундай, мирзо Анвар, аммо ўзингизни душмандан мудофаа қилиш керакми, йўқми? — Мен нимани душмандан мудофаа қилай? — деб кулди Анвар. — Агар уларнинг адовати мендан бош муншийлйкни олиш учун бўлса, марҳамат қилсинлар, ҳатто ўзим уларга ёрдам ҳам берай. Тўғри, сиз уларнинг номуссизона ҳаракатларидан қизишасиз, аччиғланасиз. Менчи, мен ҳам бир инсон, кўкдан тушкан фаришта эмасман, ўз устимдаги ғийбатлардан, ҳайвонча қилиқлардан, иззати нафсимга тўқинған ҳаракатлардан аччиғланаман. Сиз айтканча, уларни ўрдадан ҳайдаш мулоҳазаларигача бориб етаман. Бироқ, баъзи андишалар мени тўхтатиб қўядир. Аввало улар билан тенглашиш меним учун камчилик куринадир; иккинчи, уларни девондан ҳайдаш тўгрисиға келганда яна андишалар бор: башарти муфтиларни девондан чиқарсам халқ нима дейди, беш кун амалга миниб, ўттуз йиллиқ мирзоларни қадр қилмади, демайдими? Агар улар тинчкина чиқиб кетса-ку, яхши, билъакс, хон ва шоғовул домлалар воситасида яна кириб олса, мен нима деган одам бўламан? Бу ҳолда бир адоват устига юз адоват замланишида шубҳа йўқ. Энди мулла Абдураҳмон тўғрисида: бошда мен бу кишини ўрдаға олишға қарши бўлиб, биринчи кўришимдаёқ бу мулладан яхшилиқ кутмаган эдим. Бироқ, сизга айтканимча, ўртада нозик бир киши восита бўлди, шундан кейин ноилож хизматка олишқа мажбурият туғулди. Мулла Абдураҳмон ифлослар қаториға ўткан экан, иши осон, жўнатиб юбориш қўлимиздан келади. Ва лекин, фикримча, уни ҳам жўнатиш маслаҳат эмас. Аввало хизматка олмаслиқ керак эди; олинғач, уч ой ўтмасдан жўнатиш... Жуда оғир, агар ифлос бўлса унинг табиъати, биз ўзгарта олмаймиз, ҳар ким тилаган ошини ичадир. Султонали мирзо муфтилар тўғрисида бир нарса деялмаса ҳам, Абдураҳмонни жўнатишға исрор этди[53]. — Хўб, муфтилар қолсин, яна бир неча кун сасишсин. Бироқ, Абдураҳмонни тўхтатманг, агар сиз шу чувалчангнинг баҳридан ўтсангиз, ҳамроҳларига катта ибрат кўрсаткан бўласиз. Анвар кулиб қўйди. — Сиз меним дўстимга қаттиғ тикилдингиз... — Тикилишка — тикилдим, — деди Султонали мирзо жиддий, — сиз лоақал шуни ҳам жўнатмасангиз, мен кетаман. Муфтиларнинг афтини кўриб қийналар эдим. Энди бу учунчи ифлоснинг юзига қарашқа тоқатим қолмади! Султонали жиддийлашкан эди, Анвар яна қарши боришни мувофиқ кўрмади. — Хўб, — деди, — сиз шуни маслаҳат кўрсангиз, жўнатайлиқ. — Бали! — деди Султонали. — Сиздан яна бир талаб: эртадан бошлаб мени ўз ҳузурингизга олинг, токи муфтилар эртадан кечкача ғийбат сўзлаб, маймун бўлиб вақт кечирмасинлар. — Бу ҳам осон, — деб кулди Анвар, — улар мен йўқ вақтдан фойдаланиб, юрак бўшатар эдилар. Энди бундан ҳам бечораларни маҳрум этмакчисиз, бу қадар зулм... Султонали яна кулмади: — Қилғанға қиламиз-да. Шундан кейин кетишка чоғландилар. Анвар қўзғалар экан, ёнчиғидан бир тилло олиб, Тойир акага узатти. Тойир ака билибми, билмасданми, ҳар ҳолда тиллони қўлиға олғандан сўнг, яна тез қайтариб берди: — Уят, уят бўлади. — Бу пул ўзимга, деб ўйламанг, — деди Анвар Тойир аканинг қўлини итариб, — сиз бу пулга ўтун, магиз, ортиб қолса чой оласиз. Султонали акам билан келганимизда гулханни бундан ҳам катта қилиб берасиз. — Сизлар келсаларинг ҳаммасиям ўзимиздан топилади. Анвар пулни олмади. Тойир ака маслаҳат сўрағандек Султоналига қаради. Султонали дуо қилиб олинг, деган каби ишорат қилди. Тойир аканинг дуосидан кейин чиқдилар. Алдаш Учун Бола Яхши Бир неча кунлардан бери Сафар бўзчи хурсанд эди. Мулла Абдураҳмоннинг хизматдан чиқишиға ўзим сабаб бўлдим, деб ўйлар; ўз сўзи билан мулла Абдураҳмон каби бир кишининг сувға тушкан нондек шилқиллаб қолишиға: «Кўрпангга қараб оёғ узат, муллавачча!« деб ўзича кулиб қўяр эди. Кеча Самад бўқоқни кўчада учратиб, пичинг отди: "Мирзабошимнинг тегига сув келипти-я, гапингни тўғри чиқишиға қара, Самад?" — деди. Чунки Анварга бориб айткан хабарни шу Самад бўқоқдан эшиткан эди. Самад бўқоқ унинг бу пичингидан қизарди: "Қулоғимға янглиш кирган экан-да, аблаҳ!" деб гапни кулгуликка бурди. Сафар бўзчи ҳам "пайрав" қилди. »Бир қўчқорнинг боши кеткунча, минглаб қўйнинг боши кесилар эмиш, деб айт домлангға!» деди. Самад бўқоқ индамади. Сафар бўзчи мулла Абдураҳмоннинг хизматдан бўшатилғанини эшиткандан бери «Мирзамни бир кўрсам« деб Анварнинг олдиға боришқа чоғланиб қолди. Бироқ, дастгоҳ ёнидан қўзғалишқа ишни қизғанди. Бу кун иш тўқур экан, ўзича қарор берди: »Бу кун чоршанба, эрта панжшанба... жумъа кун мен ҳам бўш, мирзам ҳам бўш. Ҳа, индин борғаним маъқул». Шомдан бир оз илгарироқ Сафар ака ишдан чиқди. Куннинг совуқлиғиға ҳам қарамай музлаган совуқ сувда таҳорат қилди, нари-бери бўз салласини чулғаб, масжидга югурди. Ул жиловхонадан кирганда, масжиднинг тўрдаги ҳужрасидан мулла Шаҳодат муфти, Калоншоҳ мирзо ва мулла Абдураҳмонлар намозга чиқиб келар эдилар. Сафар бўзчи ҳар икки муфтининг ҳам ўрдада туришларини яхши билар эди. Мулла Абдураҳмонни ўрдаға яна оладиған бўлибдирларми, деб ўйлади ва уч уламо келиб масжидга киргунларича адаб сақлаб, масжиднинг бўсағасида қўл боғлаб турди. Улар келиб масжидга кирар экан, мулла Абдураҳмон кўзининг пахтасини чиқариб, Сафар бўзчиға қараб ўтди, улар орқасидан Сафар бўзчи ҳам хонақоҳға кирди. Аммо ҳалиги қарашдан сўнг Сафар бўзчининг бошидан: «Бу муллалар ҳам домламдек ўрдадан ҳайдалганлармикин? Мирзамнинг ғийбатига йиғилишқанлармикин?» деган бир фикр ўтиб кетди. Сўфи такбир тушурди, мулла Абдураҳмон меҳробка ўтди, муфти ва бошқалар унга иқтидо қилдилар. Имом қироатда, Сафар бўзчи сомиълик[54] ўрниға — «манови кетман соқолнинг афти хунук, уттасининг авзойи бузуқ, домламнинг бўлса ғурраги бола очқан... Учави ҳам аламзада бўлсами? Домламнинг кўнглини кўтаргали келганлардир, ёки мирзам билан икки орани битиштирмакчиларми?.. Мирзамнинг битишмагани маъқул, икки оғиз гап учун ҳанузгача кек сақлаған домла...» деб ўйлар эди. Шу йўсун васвасаланиб шом намозини қандай ўқуғанини ўзи ҳам билмади, аммо ётиб туришдан эринмади. Фотиҳадан сўнг жамоат тарқала бошлади. Беш-олти киши, жумладан, Сафар бўзчи ҳам адаб сақлаб, домлалар масжиддан чиққунча қўзғалишмадилар. Улар чиқиб кеткандан сўнг сўфи шамъни ўчирди, бошқалар масжиддан тарқадилар. Сафар бўзчи саҳнга тушиб ҳужрага қаради; ҳужра даричасидан шамъ ёруқлиғи тушар, ичкаридан қўлида қуроқ дастурхон ушлаган, ўн бир-ўн икки ёшлиқ бир бола чиқиб келар эди. Сафар бўзчи жиловхонага ўтиб тўхтади. Ҳужрадан келган бола ўз ёниға еткач, болани олдинға ўткариб, унинг орқасидан кўчага чиқди. Бола кўчанинг ўнг томониға қараб кетди. Сафар аканинг ҳавлиси кўчанинг чапида эди, лекин ул ўз ҳавлиси томонға юрмай, шу бола орқасидан борди. — Ҳой, Шукур сўфининг ўғли! Шукур сўфининг ўғли — бола, йўл устида тўхтади. Сафар бўзчи унинг ёниға етиб олди. — Қани юравур, сенинг отинг Маматқул-а? — Ҳи. — Маматқул... Сен бизнинг Асқарбойни танийсанми? Бола ажаблангансумон Сафар бўзчиға қараб олди. — Асқар меним ўртоғим-да, шу топқача билмайсиз экан-да! — Ҳа, ҳа... ўзинг ҳам яхши йигит кўринасан... Масжидда нима қилиб юрған эдинг? — Имом поччамнинг ҳужраларида чай қўйиб бердим. Катта домлалар меҳмон бўб кепти. — Ҳа, ҳа... Энди қаёққа борасан? — Имом поччамнинг уйларидан ош об келаман-да. — Туппа-тузук дасёр бўлиб қопсан-да. Ош олиб келганингдан кейин тағин чой қўйиб берарсан ҳали? — Ҳа, қўйиб бераман. Домла поччалар жўнағунча хизмат қилиб тураман. — Ҳа, ҳа... Катта домлалар қачон келишди экан? — Дадам азонға чиққанда келишди-да, қўйиб берган чайимни шу топта ичишаяпти. Сафар бўзчи ўн қадамча сўзсиз борди. — Ўзинг кўб яхши боласан-да, Маматқул, домла поччаларинг нима дейишяпти? — Ҳали гапуришканлари йўқ-да. — Маматқул-чи, шу домла поччаларнинг сўзига яхши қулоқ солиб тиғнаб оған киши бемалол жаннатка кириб кетавуради-да... Сен ҳам уларнинг сўзини тиғнаб оласан-ми? — Ҳа, тинғаб оламан. Дадам ҳам савоб бўлади, деяпти. — Бали, Маматқул, жуда яхши тиғнаб ол-да... Агар сен шу домла поччаларнинг сўзини яхши тиғнаб, улар жўнағандан кейин менга бориб сўзлаб берсанг-чи, Маматқул, мен сенга ўн пул бераман-да. Маматқул тушуналмаслик ичида Сафар бўзчиға қаради: — Чин айтаяпсизми, Сафар ака? — Ёлғони йўқ-да, Маматқул, — деди Сафар бўзчи ва бўз яхтагининг чўнтагини силкитиб жарақлатди. — Кўраяпсанми чақаларни... Агар уларнинг гапини тиғнаб менга сўзласанг-чи, ўн пулни олавурасан-да, Маматқул. — Тунда сизнинг олдингизға борғани қўрқаман-да. — Нимадан қўрқасан, Маматқул? Асқар ўртоғинг кечаси ҳам қўрқмасдан юравуради. — Мен итдан қўрқаман-да. — Бизнинг кўчада ит йўқ-ку, тентак, қўрқсанг эта-метан бор. Агар имом поччанг энди кетавур деса-чи, Маматқул, хўб, деб ҳужрадан чиқ-да, ҳеч кимга билдирмай, дарчанинг тегидан гапни эшит, ҳами? Маматқул нима учундир илжайиб қўйди ва маъқул деган каби бош ирғатди. — Қўрқмасанг, улар жўнағандан кейин бизникига бор, мен дўконда иш тўқуб ўлтураман; ўн пулни олиб келавурасан-да, сендан нима кетди, Маматқул... — Тузук. Бола шу сўзни айтиб кичкина, тор кўчага бурулди. Сафар бўзчи боланинг орқасидан бир оз қараб турғандан сўнг, орқасиға қайтди. Сафар бўзчи болаға берган ўзининг бу ваколати билан келаси кун мирзобошининг олдиға яна бир гап топиб бормоқчи эди. Унинг фикрича, эҳтимолки, кейинги домла поччалар ҳам ўрдадан ҳайдалишка лойиқ, мирзобошиға душман бўлиб чиқар эдилар. Шу хаёллар билан келиб, уйига кирди. Эрини кута-кута қозондағи туппаси аталаға айланган Тўхтабиби Сафар бўзчини койиб қарши олди. Чақангиз Сийқа Эмасми? Ул аксар шом ва эрталабки намозларнигина масжидда ўқуб, қолғанларини уйида адо қилар, пешин, аср, хуфтанларга вақт тополмас эди. Аммо бу кеч жўртта хуфтанга чиқмади. Яъни Маматқул ўн пул учун шошиб, топқан гапини кишилар орасида сўзлаб берса эҳтимол эди. Ошдан сўнг ишхонасига чиқди. Дастгоҳ ёнидағи қора чароғни сқиб ўришдаги узуқларни улади, аймашқан ипларни ешди, чигилларни ёзиб тароғлади, оғзи билан охор буркиб яна таради ва энг сўнг қурутиш учун ўришни елпиди. Уриш гўқишқа ростланғандан кейин, эски тўппидаги найчага солинған ипларни (арқоқни) олиб, дастгоҳка тушти, тиғ ва гулани орқаға суриб моккини ростлади. Қора чароғ аранг-аранг дастгоҳни ёритар, елкаси ташқариға туртиб, кўкраги ичка ботқан Сафар бўзчи, гўё дастгоҳка қуюлиб қўйғандек кўринар эди. Тепки босишдан ғич-ғич қилған нағма эшитилар ва бу нағма оҳангага ўйнағучи мокки у ёқ-бу ёққа ўтиб турар, лаҳза сайин арқоқ-ўриш бирлашиб, тўрт эллик бўз ҳосил қилар эди. Сафар бўзчининг бир кечлик ишига бир оҳор мўлжал бўлиб, қора чароғнинг мойи ҳам соат вазифасини ўтар, яъни қора чароққа тўлдирилган мой ҳар кун бир оҳорға етиб битар эди. Сафар бўзчи наворт ёғочини ўраб, оҳорлиқ тандага — ўришка мўралади ва нос отиб, кўча томонға қулоқ солди. Чунки ул ҳануз Маматқулнинг келишидан умидвор эди. Бир оз қулоқ солиб турғандан кейин, моккига янги найча жойлаб, яна ишка уринди. Ичкарида чарх тоблаб найча солиш билан машғул Тўхтабиби кўйлак енгини иплик ўришчалар билан тўлдириб чиқди. Гап-сўзсиз, ўришчаларни эски тўппига ағдариб, бўшалған найчаларни йиғиб олди. — Оёғим совуқ қотти, оловнинг иложини қил-чи. — Ўт ёқиб берайми? — Ҳа, бали, уч-тўртта тарашани кертиб кирсанг бўлади. Тўхтабиби чиқиб кетди. Сафар ака асабийлангандек тез-тез тепки босиб ишка қаради. Мокки тўхтовсиз икки ёққа сапчиб турди. Ўн дақиқа чамаси шу ҳолда иш қизғин давом эткандан кейин, бирдан мокки тўхтади, Сафар бўзчи ташқариға қулоқ солиб қолди. Кўча эшик «ғийқ» этиб очилиб, йўлакдан кичкина оёқ товши келди. Сафар бўзчи моккиси қўлида ўзича илжайди, яна бир-икки оёқ боскандан кейин, дўконхона эшиги очилди. — Бали, Маматқулим, бали... Эшикни ёп, эшикни! Маматқул эшикни ёпди ва икки қўлини оғзиға кўтариб исинди. — Совуқ қотдингми, Маматқул? Ҳозир олов ёқамиз, ҳозир... Боядан бери Маматқул келади, деб ўн пулни сақлаб ўлтурибпан-да. Шу пайтда эшик қияғина очилиб, яна ёпилди. — Киравур, Тўхта, киравур: ўзингнинг Маматқулинг-ку. Тараша кўтариб Тўхтабиби кирди ва Маматқулға қаради. — Маматқулмидинг, — деди Тўхтабиби. — Бемаҳалда нима қилиб юрибсан, болам? Энанг эсон-соғ юриптими? Маматқул Тўхтабибининг сўзига бош ирғатиб, Сафар бўзчиға қаради... — Маматқулнинг менда иши бор, холаси. Оловни тезроқ ёқ. Маматқул совуқ қотипти... Тўхтабиби ўтунни гулхан ўрниға ташлаб, қўлидағи қовғасини қора чароққа тутиб ёндирди ва бориб ўтунни ёқди. — Уларни жўнатиб келдингми, ўғлим Маматқул?.. Бали, бали. Ёнларингға яна бошқа киши ҳам келдими? — Йўқ. — Ҳа, ҳа.,. Имом поччанг сенга кетавур демапти-да? — Мен тағин икки қайта чай қўйиб бердим-ку: мен кетсам уларга ким чай қўйиб берарди. Мен чайни қўйиб гапни тинғаб ўлтурдим. — Бали, бали, — деди Сафар кулиб ва хотиниға қараб қўйди. — Йигит деганинг ана шундай бўлсин-да, бизнинг Асқарбойлар ҳам «йигит»да. Қани, Маматқул, гулханнинг ёниға борайлиқ-чи, исиниб гапиришамиз-да. Иккиси гуриллаб ёнған олов ёниға чўнқайдилар. Сафар ака оёғини кафшидан чиқариб оловға тутди. — Асқарбой ухлаб қоғанми, дейман, хола? — Ухлаб қоған, — деди Тўхтабиби ва бориб дастгоҳ ёнидағи бўшаған найчаларни йиғиб олди. — Шуларни тўлдириб берсам, бу кечка етар? — Тўлдиравур-чи, кўрамиз-да. Тўхтабиби дўконхонадан чиқди. Сафар бўзчи Маматқулға қараб илжайди. Маматқул ҳам ўз навбатида илжайиб, Сафар бўзчининг чақалиқ чўнтагига кўз ташлади ва нима учундир энтикиб қўйди. — Хўш, Маматқул охун? Маматқул ўйлаб иккиланди: — Китоб... китоб сўзини айтишмади-да, ҳе... Катта домлам қурғандағи[55] ижжани[56] ўқуған эди, мен... Сафар бўзчи боланинг андишасига тушуниб кулди: — Сен уқуб ололмадингми, аттанг. Майли, уқуб олғанингни айта бер. Маматқул енгилланиш нафаси ютди, кўзини беихтиёр Сафар бўзчининг чўнтагига тикди. — Китоб сўзи бўлмаса ҳам чақани беравурасизми, Сафар ака? Сафар бўзчи кулгидан ўзини тўхтата олмади, чўнтагадан чақаларни чиқариб қўлиға олди: — Беравураман-да. Кўраяпсанми?.. Шундан ўнови сеники. — Имом поччам, — деди Маматқул кўзини чақадан ололмағани ҳолда, — имом поччам ўзи ўрдаға мирзабоши бўған экан-да... Ўша хат битадуған жайда мулла эмас бир киши катта бўб қоған экан... Ўша мулла эмас хоми киши имом поччамни хат битишка тозаси экан, деб мирзахонадан чиқарған экан-да... Али мирзо деган киши имом поччамни унга ёмонлапти... Сафар бўзчи Маматқулнинг сўзини бўлди: — Кимга ёмонлапти? — Ўша мулла эмас хоми кишига ёмонлапти-да... Шуннан кейин имом поччамни чиқарипти. Энди катта домламларни ҳам ўрдадан чиқарсам, деб юрған экан. Ўзи жуда ёмон киши экан-да... Катта домламлар буни нима қиламиз энди, деб имом поччамнинг олдиға келишипти экан-да, — деди Маматқул ва бир неча фурсат Сафар бўзчининг қўлидағи чақага қараб турди. — Чақангиз сийқа эмасми, Сафар ака? Сафар ака кулди, чақадан бештасини ажратиб Маматқулға узатти. — Мана ўзинг кўр-чи. Маматқул чақани олиб, уёқ-буёғини текширди: — Муҳри бутун экан. Бир пулга ўн пайса ҳолва берармикин, Сафар ака? — Нега бермасин. Чақани чўнтагингга солиб қўй, қолғанини сўзлаб бўғанингдан кейин оласан. Катта домлалар кенгашка келган эканлар, дегин? — Ҳа... Чақамни белбоғимга тугсам тушиб қолмасмикин? — Ҳозир тугма, мендан яна беш пулни олғанингдан кейин, қўшиб тугарсан. Маматқул қўлидағи пулни жарақлатиб ўйнади ва шунинг орқасидан ижирғаниб шикоятланди: — Оёғим ивишиб қоған. — Чўнқайиб ўлтурма. Маматқул ўлтуриб олғандан кейин, яна ижирғанди: — Игна санчяпти? — Қулоқ солма, сўзлай бер, ҳозир ўзи тузалиб қолади. — А, шундайми, — деди Маматқул маҳсисини силаб. — Сизники ҳам ашундақа бўладими, Сафар ака?.. Катта домлам соқолини тутамлаб, ўшани янди., тузоққа тушар, деди. Имом поччам ўйлаб ўтурди, ундан кейин... Санчяпти-ку, Сафар ака? — Ҳозир тузаласан, хўш? — Ундан кейин... Сизларга маъқул бўлса бир гап хотиримга келади, деди. Ўша кўклам чиқса уйланади, деди... Сафар бўзчи Маматқулни тўхтатиб сўради: — Ўша ким, ўша? — Ўша-да, мулла эмас, синглиталоқ-да... Ўзингиз ҳам сўрай берайди экансиз-да!.. Оладуған хотини чиройлиқ, деб эшитаман, деди. Бу ҳам бир гап-да, шу қизни хонға тўғриласақ бўладимикан, деди. Катта домлалар маъқул дейишди. Ҳай-ҳай дейишди... Шу ерда Маматқул бир оз ўйлаб қолди, — бунинг давоси гулчин бўлади, дейишди. Сафар бўзчи кейинги сўзни такрорлади: — Гулчин бўлади, дейишди? Маматқулнинг ўзи ҳам бу тўғрида иккилангандек бўлди. — Мен яхши пайқамадим-да: давоси гулчин бўлади, дейишди... гулчай... йўқ. — Ундан кейин? — Шу, бўлди. — Бари? — Бари шу... Мен ташқариға чай қўйғани чиққанимда гап тинғамадим-да. — Маъқул, маъқул, — деди Сафар бўзчи, — ундан кейин улар кетдиларми? — Кетдилар. Имом поччам энди уйингга бор, деди менга... Чақани берсангиз қўшиб тугар эдим. Сафар бўзчи кулиб, қўлидағи чақадан яна беш пулни узатди. — Мендан ўн пул олғанингни ҳар кимга сўзлаб юрма, тузукми? Ҳа, ундан кейин бу гапни ҳеч кимга айтма, домлаларингнинг сўзи савобсиз гаплар экан... Уйингга слғиз кеткали қўрқмайсанми? Маматқул бир оз ўйланиб, белидаги чақа тугунини қўли билан ушлади, Сафар аканинг «қўрқмайсанми» саволига жавоб бермай, бориб эшикни очди ва югурганча чиқиб кетди. Қув Одам Экан Сафар бўзчи дарбозадан кирганда, ичкаридан ясамол бир хотин чиқиб қолди. Мундай яхши кийинган ва ҳусндор хотинни ул ўз умрида биринчи мартаба кўргани учун бўлса керак, хотин яшириниб олғунча, ундан кўзини олмай қаради. Таажжуб ва ҳайрат ичида келиб меҳмонхонаға кирди. Меҳмонхонада Анвар йўқ, Анвар ўрнида бегона бир киши — Султонали мирзо ўлтурар эди. Сафар бўзчи салом берди. Султонали мирзо жавоб бериб, ўлтурган жойидан Сафар бўзчиға жой кўрсатди. Сафар бўзчи бир оз сўзсиз ўлтурғандан кейин, «мирзасини» сўради. Султонали мирзо, Анварнинг қўшниларидан бириникига зарур бир юмиш билан чиқиб кетканлигини ва бир оздан сўнг келишини сўзлаб, ундан мирзода қандай юмиши борлиғини савол қилди. — Юмиш-ку, йўқ, тақсир, — деди Сафар. — Биз бир холис дуогўй одам... Мирзамни бир зиёрат қилай, деб келган эдим. Султонали Сафар бўзчини бир нарсанинг тамаъида юрған киши, деб ўйлади. Чунки Анварнинг қўли очиқлиғини, унга кўб ҳожатмандларнинг ўрганиб қолғанлиқларини яхши билар эди. Аммо Сафар бўзчи Султоналининг силлиқ муомаласидан хурсанд бўлиб, унга қарши ўзида дўстлиқ сезди. Бир оз жим ўлтургандан кейин Сафар яна тилга келди: — Барака топсин мирзам одамжон-да, одамжон; биздек фақирлар билан ҳам оғайни, сизлар билан ҳам шундай, барча баробар. Бу сўз Султонали мирзонинг бояғи фикрига қарши сўзлангандек тушди. Сафар бўзчининг мирзо билан оғайнилиқ даъвоси уни таажжубга солди. — Шундай, шундай... Мирзо, сиз айтканча, барчага баробар йигит, — деди Султонали. — Нима касб қиласиз? — Бўзчилиқ, тақсир. Лекин мирзам, сен бўзчисан, деб биздан ҳазар қилмайди, биз шунисига адо-да, тақсир... Бўлмаса гузаримизнинг оқсоқоли ҳам икки оғиз гапимизга қулоқ солсин-чи. Нафсамбир гап яхши-да, тақсир. Сафар бўзчининг «нафсамбир» гапи Султоналини беихтиёр кулдирди. — Тўғри айтасиз. Исмингиз нима? — Биз деворнинг кавагида ётқан бир одам-да. Ўзимиз киму, исмимиз нима бўлар эди. Шаҳарнинг Олим қовоғи[57] эмасмизки, айткан он таниб олсангиз. Султонали мирзо яна кулди, — «нафсиламр» гаплардан завқланиб, ул ҳам Сафар бўзчиға қарши ўзида яқинлиқ ҳис этди ва бир оз ўйлаб турди. — Исмингизни айтсангиз, балки мен танир эдим... Сиз бўзчи бўлсангиз, ўткан ҳафта мирзо Анварга бир сўз айткан эмасмисиз? — Айткан бўлсам эҳтимол; нега десангиз, қўл бўшағанда мирзамнинг зиёратига келиб тураман-да. — Сиз... Сиз мулла Абдураҳмоннинг қавмларидан эмасмисиз? — Хе-хе-хе... Худда, тақсир. — Агар янглишмасам, исмингиз Сафарбой чиқар? — Сафар бўзчи завқланиб, кайфланиб кулиб юборди: — Мирзам айткан эканлар-да. Султонали мирзо ҳам кулди ва кулги ораси латифа қилди: — Сиз ўзингизни паст уриб Олим қовоқ эмасманки, отимни айткан он танисанг дейсиз, ҳолбуки, сизни ўрданинг мирзобошиси, шаҳарнинг қўрбоши, даҳбошиси ҳам танийдир. — Тавба қиппан, тавба қиппан, — деди Сафар. — Мен ўз қадримни билмай юрған эканман-да. Иккиси ҳангама сўқиб бир неча пайт кулишдилар ва бир онда эски қадрдонлар ҳолиға ўтишдилар. Султонали уни «Сафар ака» деб хитоб қила бошлади ва мулла Абдураҳмоннинг кейинги аҳволидан сўради. Сафар бўзчи мулла Абдураҳмоннинг бўшатилғанидан хурсандлигини изҳор қилди ва унинг лаби гезариб юрғанини сўзлаб, Султоналини кўлдирди. — Шунчалик ҳолинг бор экан, думингга қумғон боғлашинг нима ҳожат эди, деб куламан. Эгри тўнкага — эгри тўқмоқ; мирзам хўб яхши иш қилғанлар-да. — Шундай, — деб кулди Султонали, — кишиларга энди нима дер экан, балки қулоғингизга чалинғандир? Сафар бўзчи ўнг қовоғи устини силаб олди ва қўлининг текис ўсмаган тирноқлариға қаради. — Бу тўғридағи сўзини эшитканим йўқ-ку... Энди ўзи ёмон одам-да. — Масалан, ёмонлиғи? — Ёмонлиғи... — деб яна тирноғиға қараб қолди, — ишқилиб, тақсир, шу одамни пайини қирқсам, дейди-да. Илгари холисанлилло душман бўлса, энди аламзада бўлди-да... Сафар бўзчининг содда кўнглида яширинған сир оз-оз сиртига ҳам тепиб турар эди. Унинг — «...энди аламзада бўлди-да» жумласидан шубҳаланиб қолған Султонали жиддий тус олди: — Мен мирзо Анвар билан бирга тураман, Сафар ака, — деди. — Мирзо билан бизнинг орамизда ҳеч бир яширин гап бўлмайди. Масалан, сизни тусмол билан танишим, мулла Абдураҳмон тўғрисида келиб айткан сўзингизни билишим... — Мен буни билиб туриппан, тақсир. — Билиб турған бўлсангиз, — деди Султонали ўпкалик қиёфатда, — нега мендан шубҳаланасиз? — Йўқ, йўқ, ука, мен худой ҳаҳқи... — Бўлмаса, нега мулла Абдураҳмон тўғрисидағи саволимга тузук жавоб бермайсиз? — Мен айтдим-ку, ёмон одам-да, ўзи... — Унинг ёмон одамлиғини ўзим ҳам биламан. Аммо мени ҳам ёмон одам деб ўйлағанингиз учун... Хўб, ҳали мирзо Анвар келганда ўша мендан яшириб турған гапин-гизни сўзларсиз, мен шунда сизни уялтирарман... Сафар бўзчи бирдан кулиб юборди ва қўли билан Султоналини яниб қўйди: — Уят қилсангиз ҳам «нафсамбир»ини айтай, анча қув одам экансиз. Бу содда баҳо Султоналини кулдирди: — Сиз мендан ҳам қувроқ экансиз. — Мен топқан гапимни мирзамнинг ўзига айтай, деган эдим-да. — Албатта айтасиз, лекин мен ҳам эшитсам, зарар қилмайди. Хўш: «аламзада» нима қилмоқчи? — Аламзадами? — деб кулди Сафар ва бир оз ўйлаб турди. — Ўрдада турадиған бўлсангиз, анови катта гўзим муфтиларингиз бор-ку? — Бор, бор: пул берсангиз ҳаром ўлган эшакнинг ҳалоллиғиға фатво берадирган муфтилар. Хўш? — Гапларингиз ҳам қизиқ экан... Ана шу муфтиларингиздан иккитаси ўткан кун домламизнинг ҳужрасига меҳмон бўлишди... Сафар бўзчи ўткан фаслда ёзилған можарони бир-бир сўзлаб борди. Эшиткучи бўзчининг соддағина қилиб сир олишини кулиб, завқланиб тинглаб турди. — Боланинг сўзи кўб тутал келди, тақсир. Чамаси мирзам бир қизға уйланмакчи экан-да. Қизи қурғур чиройлиқ бўлса, қўйинг-чи, шу қизни хонға олдирмоқчи бўлғанлар-да. Кишига алам қилғандан кейин ҳар бир куракни бемалол... Султонали мирзо бу сўзни эшитиш билан бирдан ўзгариб кетди, кўзи катта очилиб, манглайида узун-узун ажинлар ҳосил бўлди: — Тутилмаган гап... Хўш, сўзлай беринг-чи? — Боланинг хуллас гапи шу, — деди Сафар ва бир оз жим қараб турди. — Ҳа, ҳа, яна бир нарса ҳам бор экан: улар шуни мувофиқ кўрганларидан кейин — «бунинг давоси гулчин» деб айткан эмишлар. Мен боланинг бу сўзига ҳарчанд тушуналмадим. Бола янглишқанми ёки муллаларнинг шундай тожикиси ҳам бўладими, мен энди авом одамман-да, тақсир. Султонали мирзо шу жумла устида ўйладими ёки бошқача бир андиша уни машғул этдими, баҳарҳол, бирар дақиқа чамаси сўзсиз хаёл суриб қолди. Сафар бўзчи эса, бу ҳолдан бад олиб, манглайини қашиди. Қашир экан, бармоқ ораси Султонали мирзонинг юзидан бир нарса ўқушқа тиришар эди. — Улар қайси кун шу маслаҳатни қилған эдилар? — деб сўради Султонали мирзо. — Ўткан кун, тақсир. — Яъни орада кеча панжшанба ўткан? — Бали, бали. Султонали бошини чайқаб тебранди. Сўнгра мирзо Анварнинг кўкламга чиқиб уйланмакчи бўлғанини, қиз эса, шу уйнинг боласи эканини, домлалар мирзо Анварнинг обрўсини тўкиш фикрига тушканликларини сўзлаб чиқди: — Раҳмат сизга, Сафар ака, — деди Султонали. — Сиз мирзо Анварнинг обрўсиға тўқунмоқчи бўлған бир ёмон-лиқнинг хабарини олдиндан олиб келгансизким, мирзо Анварнинг бир дўсти бўлишим сифати билан сизга миннатдорчилиқ изҳор қиламан ва шунинг билан бирга бу хабарни мирзога билдирмаслигингизни, ҳозирча бу сирнинг иккимизнинг орамиздағина қолишини сиздан сўрайман. Негаки, мирзо Анварни бу хабар билан ташвишка солған бўламиз. Мирзога бу хабарни айтишдан илгари ошиғич равишда сиз билган ифлослар қаршисиға чиқиб ишлашимиз, мирзонинг обрўсиға тўқунадирған ёмонлиқни дафъ қилишимиз ва шундан кейингина бўлиб ўткан бу можарони унга сўзлашимиз керакка ўхшайдир, Мен ҳозир мирзо Анвар қайтиб келмасданоқ, шу гап орқасидан бир жойға бораман.... Борадирған жойимни сизга айтиб ҳам қўяй: «Давоси гулчин« жумласидаги "гулчин" сўзини бола янглиш онглаған, улар — "давоси Гулшан" деганлар. Зероки »Гулшан» сўзи бир хотиннинг иеми бўлиб, бу хотин хонға чиройлик қизлар топиб бергучи ҳарам далласидир[58]. Улар ўзларининг ифлос ниятларига шу хотин орқалиқ етмакчи, шу воситада мирзо Анвардан ўч олмоқчи бўлғанлар. Фурсатни қочирмай шу хотиннинг олдиға боришим керак. Гапка тушунган чиқарсиз, Сафар ака. — Тушундим, садағанг кетай, тақсир. — Гап шундай бўлсин; иш бартараф бўлғунча бу тўғрида мирзога оғиз оча кўрманг, жон ака, — деди такрор Султонали ва ўрнидан турди, — Мен мирзо Анвар келмасдан жўнай, келса юбормайдир. Сиздан мени сўраса, бир киши чақириб кетди, дерсиз, дурустми? — Хўб, мен ҳам сиз билан кетаберсам? — Йўқ, сиз ўлтуринг, меним дарагимни айтиб уни хотиржамъ қилинг. Ундан кейин келаси жумъа албатта шу ерга келиб мендан натижани эшитарсиз, мирзо билан учавимиз ўлтуришиб суҳбатлашармиз, маъқулми? — Хўб. Султонали хайрлашиб, ошиғич меҳмонхонадан чиқди. Чўлоқ Қуш Айвонда салла ўраб овора бўлған махдум йўлакдан «заифа» шапрасини олиб, танчада санама тикиб ўлтурғучи Раънога: — Йўлакда хотин киши кўринади, хабар ол-чи, болам, — деди. Раъно йўлакда ярмисини кўрсатиб ёндама турған хотиннинг олдиға борди. — Ассалому алайкум... Хотин саломга жавоб бериб, йўлак томонға ўтди ва Раънони ўз олдиға имлади. Ясамол, пўстун кийган бу хотин Раънонинг диққатини ўзига жалб этди. Бориб кўришди. — Насиббекнинг ҳавлилари шу эмасми, отин қиз? — Йўқ, — деб кулди Раъно, — биз Насиббекнинг қўшнисимиз. Хотин бошдан-оёқ Раънога қараб чиқди: — Шўрим қурсин, — деб қўл силкди хотин, — мен адашиб сизларни овора қилибман... Кези келганда танишиб қўйғанни айби йўқ, бу кимнинг ҳавлиси? — Солиҳ махдумнинг. — Мен адашмай кетай, жуда уят бўлибти-да, ҳали мен махдум поччамнинг ҳавлиларига кирдимми... Сиз кимлари? — Мен... қизлари. — Кўб яшанг, исмингиз? — Раъно... Қани, бу ёққа. — Раҳмат, Раънохон... Насиббекнинг уйи сизнинг қайси тарафингиздаги эшик бўлади? — Сўлимиздаги биринчи дарбоза? — Раҳмат, Раънохон. Хотин хайрлашиш ўрниға, яна бир оз Раънога қараб турди. Раъно бу ҳолдан ўнгғайсизланиб, ерга қаради. Хотин кулимсиб олғандан кейин, Раъно билан хўшлашиб орқасиға қайтди, ташқариға чиқиб, Сафар бўзчиға учрашди... Раъно хотинни жўнатиб, ичкарига кирганда, махдум «зарурат» тўнини кийиб, ўзига оро берган ҳолда, айвондан тушиб келар эди. Хотиннинг ким эканини сўрағандан кейин, Раънога бу кунги рўзғор ишлари тўғрисида баъзи таълимотларни берди. Чунки Нигор ойим бу кун эрталаб қариндошларникига меҳмон бўлиб кеткан, Раъно уйда ёлғиз қолған эди. — Онанг кеч қайтади, бинобарин, таомни барвақтроқ қилсанг ҳам бўлади... Ҳабба, таомни ўзинг билан Анвар акангга лойиқ қил, мен бўлсам тўйдан албатта тўйиб келаман, онанг ҳам оч келмас, — деди ва бир неча қадам юриб, яна тўхтади. — Анвар акангдан, нима таом қилай, деб сўрасанг яхши бўлади, қизим! Раъно отасиға маъқул ишоратини бериб айвонга келди, махдум чиқиб кетди. Раъно айвонда бир неча вақт санама тикиб ўлтургандан кейин, ишини йиғиштирди, рафдаги китоблардан бирини олиб очди. Китоб устида ҳам анча шуғулланиб, бундан ҳам зерикди. Сўнгра ўрнидан туриб, ташқариға йўл солди. Боқча эшиги ёниға келганда, Анвар ташқарида ким биландир хайрлашар эди. Раъно эшик ёнида кутиб турди. Бир оздан кейин Анвар ёлғиз қолиб, шу томонға — ичкарига қараб кела бошлағандек бўлди. Раъно кулимсиб ўзини эшик панасига олди. — Ассалом. Бир-икки қадам олдинға ўткан Анвар мулойимғина эшитилган «ассалом» сўзи билан чўчиб, ёниға қаради ва жуда ҳам қўрққан киши бўлиб атрофига туфлай бошлади. — Жоним чиқиб кетди... Бу нима қилғанинг, ҳой қиз! — Буми, бу сизни чўчитканим. — Хўш, нима қилиб юрибсан? — Сизга ош қилиб берайми, деб сўрағали чиққан эдим. — Отамдан сўра. Раъно отасининг тўйға кетканини ва сўзини айтди. Анвар кулимсиди. — Уч қават ҳавлида иккимиз ёлғиз қолсақ қандай бахт бу?.. Бўлмаса мен дарбозани занжирлаб келай. — Ҳа... занжирлаб келинг... — Нега аччиғланасан, яхши қиз, мен ичкари кирсам, меҳмонхонанинг ёлғиз қолишини ўйламайсанми? Раъно истиғноланди. — Мен сизни ичкарига таклиф қилғали чиқмадим, нима ош қилишни сўрағали чиқдим. — Мақсадингта тушуниб турибман, аммо сен ёлғиз зерикмагил деяпман. — Мен зерикмайман... Қандай ош қилай? — Қайси хилини буюрсам экан? — деб ўз-ўзига савол берди Анвар. — Убрага уқувинг йўқ, паловни ланж қиласан, сомсани ёполмайсан, туппани кесалмайсан, сенга қайла буюрғандан, атала қил деган яхши, чунки эзилтириб юборасан, манти тўғрисида ўйлаш ҳам ортиқча... Яна шу ҳолда қандай ош қилай, деб дўқ урғанинг қизиқ. — Мен уқувсиз бўлсам, ўзингиз ош қилинг. — Мен ҳам ош қилишни яхши билмайман, шунинг билан бирга дўқ ҳам урмайман, — деди Анвар. — Лекин икки ёрти — бир бутун бўлсақ эҳтимол яхши ош қилармиз... Сен бориб ўчоқ ҳаракатини кўрабер, сабзи-пиёз тўғрашни менга қўй, хўбми, яхши қиз? Раъно жавоб бермади, ўпка намойиши остида ичкарига жўнади. Анвар кулги ораси ташқариға чиқди... Раъно ўчоққа олов ёқиб, қозонни ювар, Анвар ўчоқбошининг суфасига энггашкан кўйи сабзи тўғрар эди. Раъно ҳануз ўпка сақлаб, Анварнинг саволларига жавоб бермас, унинг қизиқлиқ сўзларига ҳам тескари қараб кулар, кулгисини унга кўрсатмас эди. — Хотин кишининг чархи билан ўчоғиға тегма, деган гап тўғри эмиш... Албатта, сен хотин киши эмассан-ку, бироқ, «куллу шайъин яржиъу ила аслиҳи»[59]. Сабзини майда тўғрайми, йирик? Бир бор эмиш, бир йўқ эмиш, ўткан замонда бир қиз бор эмиш: кўзига тутун кириб юм-юм йиғлаған эмиш. Сабабйни сўрасалар, ўтун ҳўл эмиш, аммо қизнинг аччиғи хийли мўл эмиш... Тескари қараб кулма, ҳой қиз! Ўҳ, латта келтир, қўлимни кестим! Раъно ялт этиб Анварнинг қўлиға қаради ва алданғанини билиб яна ўз ишида давом этди. — Қўлингни кессанг ҳам бу қиз ишонмайди. Сочинг куяди, яхши қиз. Раъно сочини орқасиға ташлаб, ўчоқбоши суфасига чиқди; қозонға ёғ солиб, Анварнинг олдиға гўшт билан пиёз келтириб қўйди. Анвар гўштни тўғраб, яна тегажаклик бошлади: — Тўйинглар қачон, ҳой қиз... Жавоб берсанг-чи, ахир, агар насрни писанд қилмасанг, назм билан ҳам сўрай: Нағма унлари, Баҳор кунлари, Ишрат тунлари, Етарми, Раъно? Раъно секин илжайиб, Анварга ён қаради, сўнгра кўзини ўчоқ ёнидағи бир нуқтаға олиб, ҳаракатсиз қолди. — Насрга жавоб бералмаган, назмга... Ўзим ҳам қизиқман-да, — деди Анвар. Раъно бир неча вақт бояғича ҳаракатсиз, Анварнинг пичинггига илтифотсиз турди, сўнгра Анвар томонға бир оз майл этиб илжайди: Кеча-кундузлар, Қизарди юзлар, Уятли сўзлар Битарми, мирзо? — деди ва орадан озғина фурсат кечириб яна: Ўчоқ бошидан, Дўсти қошидан. — Қараб Рошидан[60] Кетарми, мирзо? — деди ва шунинг орқасиданоқ: Манглайин қашиб, Мендан ҳам ошиб, Жавобим шошиб Этарми, мирзо? Анвар уст-устига тушкан қатор бу ҳужумлар остида шошиб қолди, байтларнинг қайси бирисига жавоб беришни билмай кулди. — Лўли экан бу қиз! — деди. Раъно ўчоқ ёниға чўнқайиб олов жўнашдирар экан, ер остидан Анварга қараб илжайди: — Жавоб. Анвар кулимсиган ҳолда ўйлаб қолди. Нозмидир, ҳа? Билмадим, аё, Гўзал, дилбаро. Анвар охирғи мисраъни айталмай тутилиқди, чунки қофия топиш қийин эди. «Кетар, етар» вазнлик сўзлар қофия учун камбағал бўлиб, ўхшашлари тўрт-бештадан ошмас ва шулар ҳам Раъно томонидан олиниб биткан эдилар. Анвар ҳар қанча уриниб, кейинги мисраъга қофия тополмағандан сўнг, Раънога қўшилишиб кулишди. — Қушингизнинг боши билан икки қаноти бор, лекин оёғи йўқ. — Қуш учун бош билан икки қанот кифоя, Раъно... Қуш учиб юрса, бас! — Чўлоқ қуш кўкда учиб чарчагандан кейин дарахтка қўнолмайди, аммо ерга тушса мушук еб қўяди, — деди Раъно ва кулиб қотиб қолди. Кучлик кулгидан Раънонинг кўзи ёшланиб, ўсиқ кипраги жуфталанди, кулги ва ўчоқ ҳарорати билан икки юзи қизил олмаға айланиб, латиф бурни устида марварид резалари ҳосил бўлди. Анвар ўзининг мағлубиятидан хафа эмас, Раънонинг ҳуснидаги ҳозирғи ажиб ўзгариш муваффақиятидан ўзини тутолмай кулгучи шоиранинг намойишкор хурсандлиги Анвар учун бир юз мағлубиятка арзирлик эди. Қоп Йўқотдинғизми? Султонали мирзо «Қушбеги« маҳалласига келиб, бир дарбозага кирди. Қоронғи йўлакдан юриб бориб, ички эшикни тақирлатди. Ичкаридан »Ҳозир!» деган товуш эшитилгандан кейин бир неча қадам орқаға қайтиб келди. Бир оздан сўнг ичкаридан беқасам чопонини елкасига хом ташлаған, маҳсисиз оёғиға сағри кафш кийиб кўйлакчан баданини чопони билан ўраған қирқ ёшлар чамалиқ бир йигит чиқди ва Султонали мирзога салом бергандан сўнг, шошиб чопонининг енгини кийди, келиб кўришди. — Марҳамат, тақсир. Бу киши молтопар хотинни олиб, суяги тинчиб қолған Холбой — Гулшаннинг эри эди. Уйида эрта-кеч бекор ётиб, Гулшаннинг топиб келганига қаноат қилар, фақат ош пишириб ҳавли супурар эди. Бошқа оилаларда хотинлар уй иши билан бўлиб, эркаклар кўча ишини қилсалар, Холбой аканинг оиласи тамоман шунинг зиддига қурилған эди. Султонали мирзо Гулшаннинг ўрдаға кетканлигини эшитиб силласи қуруди, бир неча вақт фикрга толиб қолди. — Ўрдаға кетканлигини аниқ биласизми? — Бундан чиқиб бир жойга бормоқчи эди, — деди Холбой, — агар иши битса — тўғри ўрдаға кетмакчи, битмаса уйга қайтиб келмакчи эди. Шу чоққача қайтиб келмагани учун, ўрдаға бордими, деб ўйлаб туриппан. — Сиз ўша борадирған жойини биларсиз? — Пайқолмадим, тақсир. Султонали мирзо тинкаси қуруғандек орқасиға тисланиб, йўлакнинг тоқчасиға ўлтурди ва манглайини қашиди: — Кеча янгамни ҳеч ким йўқлаб келдими? Холбой бир оз ўйланиб соқоли остини чимчилади. — Йўқлаб келган экан, мен уйда йўқ эдим. Султоналининг туси ўзгариб, бошини қимирлатиб қўйди, шипка, кўчага қаранди. — Агар янгам келса, мени айтасиз, мен яна қайтиб келаман... Уйдан силжимай, мени кутсин, катта бир иш бор, дурустми? Султонали" мирзо Холбойдан ваъда олиб кўчага чиқди, илдам-илдам оёғ қўйиб, келган томонига йўл солди. Қинғир-қийшиқ кўчалар бўйлаб борар, кўчада кўринган ҳар бир хотинни текшириб оёғ босишиға қараб ўтказар эди. Бозорчаға етканда теваракдан жумъа азони эшитилди. Кўчада дуркум-дуркум салла ўраган халқ масжидларга қараб оқар, ул эрса жумъани унутиб аллақаёққа чопар эди. Солиҳ махдум кўчасини босиб тўғриға ўтди, ўн қадамча юриб тўхтади. Бир оз тараддудланиб турғандан сўнг, орқасига қайтиб, Солиҳ махдум кўчасига кирди. Дарбоза қия очилиб турар, ташқари кишидан холи, меҳмонхона қулфланган эди. Султонали мирзо боқча эшигида тўхтаб, тирқишдан мўралади. Хотин киши йўқлиғига қаноатлангандан кейин, боқчаға қадам бости ва секин-секин юриб ичкари ҳавлининг эшигида тўхтади. — Мирзо Анвар, ҳов мирзо Анвар! Чақириш уч-тўрт такрорлангадан кейин, йўлакдан гурс-гурс оёқ товши келди. Султонали мирзо ўзини эшикнинг ёниға олиб, яна чақирди. Ичкаридак: «Йўқлар!» де-ган жавоб бўлди. — Қаёқдалар? — Жумъага кетдилар. Султонали роҳат нафас олғандек кўриниб, кўзини эшик остонасиға тикди: — Сиздан сўраб кетсам ҳам бўлар, синглим... Шу ерга бир хотин келдими? — Йўқ... Ҳа, боя бир хотин адашиб кирган эди, — деган жавоб бўлди. Султоналининг кўзи олаланиб, пешонасида қатор ажинглар зоҳир бўлди. — Адашиб кирди? — Ҳа. — Адашиб кирганига қанча бўлди? — Боя, эрталаб. Султонали бошини чайқади. Раънога раҳмат айткандан кейин, ташқариға қараб юрди. Кўчага чиқиб яна бояғича оёғини қўлиға олғандек, югуриб кетди. Ўрдағача бир ярим чақирим чамаси йўл бўлиб, ул бу масофани ўн беш дақиқа ичида бости. Ҳавонинг совуқ бўлишиға қарамай, манглайидан тер қуйған ҳолда ўрданинг биринчи дарбозасига кедиб етди. Дарбозабонлар ёнида тўхтаб сўзлашди, манглай терини артиб, дарбоза суфачасига ўлтурди. — Қоп йўқотдинғизми, тақсир, — деб кулди дарбозабонлардан бири. — Ўхшаш... Жаноб жумъага чиқдиларми? — Чиқмадилар. Султонали мирзо дамини ростлаған каби бир оз сўзсиз ўлтурди. — Ҳарамга бирар хотин кирдими? — Битта кирмади, — деб кулди дарбозабонларнинг бири. — Беш-ўни кирди чамаси... Султонали унинг ҳангамасига кучланиб кулди, аммо яна оғиз очишға мажолсиз каби ўлтуриб қолди. Чунки, энди бундан нарига югура олмас, қўли шундан ортиқчаға етмас эди. Кўзини ерга тикиб, икки соатдан бери қилган ҳаракатларининг шамолға кетканини хотирлади. Абдураҳмон ва шериклари ўзларининг ифлос мақсадлариға етмасалар, деб энтикди, айниқса мирзо Анварнинг душманлари олдида обрўси тўкулиши унга оғир туюлди. Бу оғирлиқнинг устига Абдураҳмон тўғрисида қилған ўзининг худраъйлигини[61] хотирлағач, яна ҳам кўнгли ғаш тортди. Бу жиҳат билан гўё емонлиқнинг бош омили Султоналининг ўзи бўлиб чиқар, «Агар мен Абдураҳмонни ўрдадан чиқариб юборишқа исрор этмасам, мирзони бу ишка мажбур қилмасам, балки бу адоватлар бўлмасмиди?» деб ўйлар, Анварнинг таъна қилмаслиғини билса ҳам, яна маънак эзилишини, унинг юзига қаролмаслиғини чамалар эди. Андишаси шу жойға еткандан кейин ўрнидан турди, дарбозанинг кичкина эшикчасини очиб, ичкарига кирди. Тўғри йўлни қўйиб, қор остида босилиб қолған собиқ гулзорлар ичи билан айланиб юрди. Ички ўрда қўрғонлари остида яроғлиқ йигитлар айланиб турар эдилар. Султонали мирзо юра-юра ўрданинг чап муюшига, қоровул йигитлардан бирининг яқиниға етиб, у билан сўрашди, бир-икки оғиз сўзлашиб, ўрданинг шарқиға юзланди. Бундаги дарбоза беклари билан борди-келди айтишиб: «Жумъа кун нима қилиб юрибсиз?« деган саволга: "Бу кун жаноб кўнтил очмоқчилар, деб эшиткан эдим" жавобини берди. Булар ёнида ҳам бир оз ўлтуриб, яна қўзғалди, ўрданинг шимол қисмиға ўтди. Ҳарам ва хон оиласига махсус янги дахма теварагида уч-тўрт нафар қора қулчалар ичида Ўрмонбек ўқ ўйнаб юрар эди. Султонали мирзо дахмага қараб борди, »кичкина хон»ға таъзим қилғандан сўнг, дахманинг бир чеккасига ўлтуриб, қуръон ўқуди. Аммо кўзи ўйнаб юрған болаларда, тили қироатда эди. Фотиҳадан сўнг қорихонанинг айвон муюшига чўнқайиб болаларнинг ўюниға томоша қилди. Ўрмонбек камончага ўқ қўйиб отар, ўқлар кўкка кўтарилиб турли масофага бориб тушар, қулчалар отилған ўқларни териб келиб Ўрмонбекка берар эдилар. Отилған ўқлардан бири Султоналининг оёғи остиға келиб тушти. Султонали энггашиб ердан ўқни олди, ўқнинг уринган патини тўғрилаб ўлтурди. Шу ҳолда қулчаларнинг бири югуриб етди. Гап-сўзсиз ўққа қўлини узатқан эди, Султонали қулчанинг бўйи етмайдирган қилиб қўлини юқори кўтарди. — Ўқни беринғ, ака, тақсир қафа бўлати! Султонали ҳазиллашкан бўлиб, ўқни юқорида кўтариб тураберди. — Сен Гулшан опани танийсанми? — Танисам не?! Беринғ ўқни! — Шошма хувари, Гулшан опа бу кун ҳарамга келдими? — Келса не?.. — Ўқ ўйнаб бўлғандан сўнг Гулшан опани менга чақириб бер, дурустми? — Қўп. Султонали ўқни қулчанинг қўлиға ушлатди, аммо яна қўйиб юбормай қўрғон ости билан юриб турған йигитларга қаради... — Аниқ чақириб берасанми, ўглим? — Қўп дедим-қув. — Мени танийсан-а? — Сизни? Сиз мирзо — тақсир. Султонали ўқни бериб юборди. Қулча югуриб Ўрмонбек ёниға кетди. Султонали қўрғон остидағи йигитларга кўз қирини ташлаб, уларни ўзидан парвосиз топди. Чунки унинг ҳозирги иши, яъни бола орқалиқ ҳарам билан алоқа тутиш қўрқинчли саналар, башарти бу хил гап сезилиб қолса, катта фалокатларга ҳам сабабчи бўлар эди. Ўрмонбек яна бир оз ўқ отқандан сўнг, зерикиб, камончани ерга ташлади ва ўзи ҳарам дарбозасига қараб жўнади. Қулчалар ҳам уни таъқиб этдилар. Султонали мирзо болаларни ҳарамга киргизиб қабрларға яна «фотиҳа» ўқуди ва секин-секин орқасиға қайтди. «Фотиҳа — Муҳри Худодир» Махдум чувирлашиб ўқуб ётқан болаларға тўхталиш ишоратини бериб, ўзи ирғиб ўрнидан турди ва шошқанча мактабхонадан чиқиб, саҳн ўртасида турған икки нафар машҳур беклар истиқболиға югурди. Улар билан энггашиб кўришкандан сўнг, бориб меҳмонхона эшигини очди. — Марҳамат, тақсирлар, марҳамат! Махдум бу қадар шошиб қолишға ҳақли эди. Чунки, келгучиларнинг ҳар иккиси ҳам хон ёнида мўътабар ва ҳамиша унга мусоҳиб[62] беклардан эдилар. Улар меҳмонхонаға кириб ўлтургандан кейин, махдум ўрнидан туриб, қўл қовуштирди ва «хуш келдилар!» деди. Меҳмонлар ҳам махдумнинг ҳурматига қўзғалишиб қўйдилар. — Начук худо ярлақади, тақсирлар? Гарибхонамизни муборак қадамларингиз билан мунаввар этканларингиз учун ҳазорон раҳмат. Беклар махдумга ташаккур айтдилар. Абдурауф тунқотар ҳамроҳига қараб олғандан кейин «ташриф» сабабига тил очди: — Жаноби пушти паноҳ бизни зиёратларига буюрдилар, сизга улуғ меҳрибончилиқ ато қилдилар. Махдум жойидан қўзғалиб ўлтурди, аммо «жаноб«нинг »марҳамат»ларига тушуналмай шошди. Тунқотарнинг сўзига Муҳаммад Шариф дастурхончи изоҳ берди: — Ҳар кимса ҳам пушти паноҳнинг марҳаматларига лойиқ кўрила олмайдир. Пушти паноҳ ўзларини домодлиққа чоғлаб, бу башоратни бизлар орқалиқ сизга еткаришка амр қилдилар... Махдум бояғидек яна қўзғалиб олса ҳам, аммо товши чиқмай, сукутка кетиб қолди. — Тақсиримда ожиза борлиғини пушти паноҳ эшиткан эканлар... — деди тунқотар. — Мирзо Анвар каби донишманд етиштирган киши оқила ва жамила[63] қиз ҳам тарбия қилмағанмукин деган андишага борибдирлар... Шогирдингизга қилған марҳаматни жанобингиз ва каримангиз учун ҳам дариғ тутмаслик ниятида, бизни хизматингизга буюрдилар. Албатта, бу марҳаматнинг нечоғлиқ улуғлиғини сизга сўзлаб ўлтуриш ҳам ҳожат эмас. — Қуллиқ, раҳмат, пушти паноҳнинг давлатлари зиёда бўлсин, — деди махдум узоқ сукутдан бош кўтариб. — Бир эмас, юз қизимиз бўлғанда ҳам жанобнинг канизликларига назр қйлиш вазифамиз эди... Аммо камина ва ожизамизда бир қанча гуноҳлар, нуқслар, узрлар бор, таҳсирлар. — Беайб парвардигор, — деди тунқотар. — Банда ҳамиша маъзур ва хатоликдир, тақсир. Махдум бош ирғатиб бир оз сукутда ўлтурди, сўнгра кўзини тунқотарнинг тизасига тикди. — Жанобларига ожизона арз... Аввало камина ожиз, нотавон, афтодаҳол; пушти паноҳ жиҳатларидин содир бўлған улуғ марҳаматка сазовор ва лойиқ эмасдирман; сониян — ожизамиз олампаноҳдек улуғ зотка ҳамхоб бўлмоқ учун кофий тарбия олмаған бир қулбаччадир. Бас, биз шу кайфиятда онҳазратнинг меҳрибонликлариға арзирму, тақсирлар? — Пушти паноҳнинг сизнингдек аҳли илмларига қаратилған дарё марҳаматлари арзитар, тақсир. Тунқотар бу марҳаматнинг беҳад улуғлиғини шарҳ қилиб кетди. Махдум бир неча фурсат сукутда ўлтургандан кейин, тунқотарнинг муболағаларига бош ирғатиб қўйди. — Шак йўқ, шак йўқ, мен онҳазратка мусалламман[64] ва лекин... ва лекин бир узри фақирни андишага қўядир: ожизани бир важҳ билан мирзо Анварга ишонтирған эдик... мана шу масала каминага бир оз мушкил келадир... Бу сўздан тунқотар дастурхончиға қаради, дастурхончи қўл силкиб кулди: — Ҳеч боки йўқ, — деди дастурхончи, — мирзо Анвар пушти паноҳнинг ўз кишилари, бу хабарни мирзо эшитса, шубҳасиз, сўюнадир. — Иншооллоҳ. — Биз бориб онҳазратка жанобингизнинг дуонгизни эшитдирамиз: ҳусни қабулингизни, ижобатингизни уқдирамиз... Жанобнинг хурсанд бўлишларида шубҳа йўқ, тақсир, — деди дастурхончи ва бошқа сўзга йўл қўймай ҳатто кейинги масалаларга ҳам келиб етди. — Тўй фурсатини таъйин қилиш албатта, онҳазратнинг ихтиёрларига... Қани тунқотар, фотиҳа қилайлиқ, фотиҳа — муҳри худодир! Тунқотар фотиҳага қўл очди, махдум саросима ҳолатда уларни таъқиб этди. Фотиҳадан сўнг «совчилар« ҳеч нарсага қарамай қўзғалдилар. Ўн беш дақиқалиқ бу ҳодисадан махдумнинг мияси шишди, ҳатто айтишка чоғлаб турған муҳим бир сўзини ҳам унутди. Уларни дарбозага кузатиб чиқар экан, мазкур йўқотиб қўйған муҳим сўзини хотирласам, деб кучанар эди. Беклар билан хайрлашар чоқдағина бирдан »ҳабба» деб юборди. Унинг совчиларға айтмакчи бўлған сўзи ҳақиқатан муҳим, яъни бу воқиъа хабарини Анварга шу беклар воситаси билан етказиш эди. Улар бу илтимосни маъалмамнуният қабул қилдилар, мирзога ётиғи билан сўзлаб, махдумнинг маъзур қолғанлиғини унга уқдирмоқчи бўлдилар. Махдум «улуғ меҳмонлар«ни жўнатиб, меҳмонхонаға қайтиб келди. Мияси ҳануз тузукрак муҳокамага қобил эмас, кутилмаган бу ҳодиса ўзи учун фойдалиқми, зарарликми — имтиёз[65] қилолмас эди. Анварни аяғанлиқми ёки ундан уялғанлиқми, баҳарҳол, кўнглида бир хил ғашлиқ, чигаллик бор эди. Муҳокама ҳар турлик: тўйни илгарироқ қилиб қўйсақ бўлар экан, деб ўйласа, иккинчи тарафдан, »хонға падари аруслик» масаласи ораға кўндаланг тушиб, яна фикри чувалиб кетар эди. Бир тарафдан Анвар, иккинчи тарафдан хон... Шу йўсун, фикри бир йўлда тинолмай гангиган ҳолда меҳмонхонани ёпиб чиқди. Махдумни мактабхона эшигида кўрган болалар чувирлашиб сабоқ такрорлашка тутиндилар. Лекин махдумга ҳозирғи чувур-чувур ёқмади; унинг учун ҳозир тинчлик, кутилмаган ҳодисанинг ўнг-терсини ўйлаш керак туюлди. Махдум мактабга кириб ўз ўрниға ўлтургач, болаларни тўхташға буюрди. Боладар жим бўлғандан кейин «озод!» деб юборди. Болалар домлаға салом бериб, бир онда мак-табхонани бўшатиб кетдилар. Махдум дарс ўрнидан қўзғалмай яна ўйлаб қолди. Анвар тўғрисидағи кўнгил ғашлиғи бир турлик бўлса ҳам, бошқа тарафдан анчагина яхши умидлар туғулиб қолдилар. Хонга қайин ота бўлиш эл қошида кичкина гап эмас эди. Қалин тўғрисида подшоҳ-куявдан кўб, маблағ кутилса бўлар эди. Агар худо ўғул набира ато қилса, Худоёрнинг тахт вориси бўлиш эҳтимоли ҳам бор эди... Тўйнинг кейинга силтаниши эса, тақдир иши; Раънонинг тақдири хонға битилган, шунга биноан Анвар тўйни кейинги силташка, биткан ишни етиришка[66] мажбур эди... Яна шу ҳолда ва шунча янги умидлар ичида кўнгилдан ҳалиги ғашликни, ўзига номаълум илинжни ювиб юбора олмади. Яна бир оз шу тўғрида қийналиб ўлтургач, Анварга қарши ўзида бир аччиғ сезди: «Тўйни кўкламга қўй, деб унга ким айтди? Бу ўзи ҳар ишда ҳам сустқадам. Энди, хон сўратқандан кейин рад қилишға кимнинг ҳадди бор!» деб кўнглидан кечирди. Шундан сўнг ул озғина тинчиди, яна бир мунча фикрланиб ўлтургандан кейин кўз ўнгига — қалин учун бериладирған бир саноч олтин, эл қошидағи обрў, энг охирда Худоёрнинг тахт вориси бўлған хонзода келиб кечдилар. Ўзини эл сўраб турған ёш хон ёнида кўриб, илжайди... Шу йўсун махдум ўзини босиб олди, кўкдан тушкандек бу совчилиқни ўз истиқболининг хайрлик фоли, файзи илоҳий, деб қувонди, ҳануз кўнглини ғаш қилиб турған Анвар масаласини хотириға келтирмасликка, «хаёли фосид»[67]дан қочишқа қарор берди. Махдум шуни ўзига маъқул қилғандан кейин бошқа кишилар андишасини, айниқса, уйдагилар раъйини ўйлаб турмади. Ўзича саодат бўлиб кўринган бу фожиъа хабари билан Нигор ойимни эсанкиратди, йиғлатди. Раъно эрса танчада ўқуб ўлтурган Хайём рубоиёти устига ҳушсиз бошини қўйди. — Ўн йиллаб бизга кийдирган, едирган бечора Анварга оқибатимиз шу бўлдими! Шўрлик Раъно бир юз хотин ёниға юз биринчи кундаш бўлиб борадими?! — деб йиғлади Нигор ойим. Раънонинг ҳозирги аҳволини биз ёзиб ўлтурмаймиз. Аммо махдум уларнинг ҳар иккисини аҳмоққа чиқариб, ўзи «оқиллар» қаториға ўтди. Йигит! Маълумки, кеча Султонали мирзо қул болаға Гулшанни чақиришни таъйинлаб, ўрдадан чиққан эди. Шу чиқишда ўрда атрофидан силжимай, кечгача Гулшанни кутди. Аср намозидан бир оз кейинроқ ўрдадан уч-тўртта хотинлар чиқдилар, буларнинг орасида Гулшан ҳам бор эди. Султонали мирзо хотинлар билан сўрашиб (чунки ўрдаға алоқалиқ хотинларнинг ҳаммаси унга танишдир) Гулшанни четка чақирди, унинг билан сўзлашиб иш қўлдан кетканлигини ва душманларнинг яна бир ифлос найрангларини онглади. Шундоғки, Гулшаннинг ёниға борғучи мулла Абдураҳмон, гўё ўзини Солиҳ махдум тарафидан юборилғучи қилиб кўрсаткан. Ҳатто мулла Абдураҳмон орқалиқ Солиҳ махдум, қизимни хонға махтасин, деб Гулшанга бир неча тилло пул ҳам бериб юборған эмиш... — Мен қиз топишни икки-уч ойлардан бери ташлаб юборған эдим, — деди Гулшан, — кишининг ҳожати чиқсин, дедим. Кейинчалик ўзимга гап тегдирмаслик учун аввал бориб қизини кўрдим; қизни ёқтирғанимдан сўнг не андишалар ичида хонға келиб арз қилдим... Мен у қизнинг мирзо Анварга айтдирилғанлиғини, ўртада адоват борлиғини туш билайми, Султонали ака... Энди иш ўтди, мен хоннинг олдиға кириб кечаги сизға махтаған қизим фалон экан, деб айта олмайман. Мирзо Анвар уйланадирган бўлса, мен кўриб қўйған яхши қизлар бор, айбонам[68] учун мирзо Анварга мен бошқа бир қиз топиб берай. Султоналининг тарбузи қўлтуғидан тушиб, Абдураҳмон ва шерикларидан ғижинған ҳолда, Гулшан билан хайрлашди. Бутун кун зир югуриб юрғаниға эмас, ифлосларнинг ғализ муваффақиятига чидамас эди. Бу чучмал адоват билан ингичка табиъатлик Анварнинг не кайфиятка тушишини тасаввур қилолмас; ит феъл, қадр билмас хонға аччиғ қилиб мирзолиқни ташлаб кетмаса, деб қўрқар эди. Гулшан айтканча, иш ўткан, гап мазмунича, албатта хон Солиҳ махдумга куяв бўлмай қўймас, ҳозир бунинг қаршисиға бирар тадбир топиш жуда қийин ва бу хабарни Анварга айтиш-айтмаслик масаласи ҳам яна оғир. Султонали мирзо бу гапдан Анварни хабардор қилиш ва қилмаслиқ тўғрисида кўб ўйлади. Қанча мулоҳазалардан кейин уни хабардор қилишни маъқул кўрди. Чунки юзда тўқсон тўққузға қарши бир эқтимолгина бу фожиъанинг бўлмай қолишлиғи тарафида эди. Анварни хабардор қилса, эҳтимолки, унинг ўзи бирар чора топар ёки масала Султонали ўйлағанча унинг учун аҳамиятлик бўлиб чиқмас, башарти аҳамиятлик бўлғанда қам фожиъани кутиб, ўзини босиб қарши олиш ногаҳонийсига қарағанда хийли енгил кўчар эди. Султонали эрталаб уйқудан туриб, намозни ўқуди, болалари ёнида чой ичмай, Солиҳ махдумнинг ҳавлисига қараб кетди. Меҳмонхонада ўрдаға кетмакчи бўлиб турған Анвар Султоналини ранжиб қарши олди: — Шундай ҳам лш бўладими, кеча нега мен келгунча кетиб қолдингиз? — Бирав чақириб келди-да... Мен ўз ўрнимга Сафар. акамни ташлаб кетдим-ку. Анвар ўпкалик илжайиб, ундан чой ичкан-ичмаганлигини сўради. Султонали гўё ўзини шу яқиндағи қариндошлардан бириникида қолған ва шунда нонушта қилиб, йўл устидан Анварнинг олдиға кирган каби кўрсатди. Иккиси биргалашиб йўлға тушдилар. Кўчада йигирма қадам чамаси борғандан сўнг, Анвар кулимсиб Султоналининг кўзига қаради: — Кеча бизнинг ҳавлига кимни сўраб келдингиз? Султонали манглайини қашиди: — Мен чақириб келганда сиз уйдамидингиз? — Мен уйда эдим, — деб кулди Анвар ва бир оз жим борди. — Мен уйда бўлмасам ҳам, уйдагилар сизни таниғанлар. Уйдан шу хабарни эшитиб, кечадан бери таажжубка тушдим... Хўш, сиз сўраған хотин ким? Ўзи нима гап? — Арзимаган гап... — Қани? Султонали масаланинг қулай кўчишидан енгил тортиб, бир оз сўзсиз борди. — Кулги гап... Сизга бир оз тегишлиги бўлса ҳам арзимайдир... Арзимаса ҳам? — Гапуринг... Сизнинг келиб юрғанингизни эшитканимдан бери анча ташвиш чекдим. — Сизга бир сўзни айтиб ҳам бўлмайди, — деб кулди Султонали, — игнани туядек, хасни харидек кўрасиз. — Менми? Хайр, дунёни сел ювса ҳам тўпуғимға чиқмасин, сўзлангиз. Султонали ҳикояни Сафар бўзчидан бошлади. Лекин жиддий эмас, ярим жиддий қилиб мулла Абдураҳмон ва муфти бечораларнинг ақлиға гўё шундан бошқа пастлик ва масхарароқ фикр келмаган, шу қадар аҳамиятсиз, тубанлиқ билан гўё ўч олмоқчи бўлғанлар руҳида сўзлаб борди. Анварнинг бир неча кундан бери ўзи тушунмай чеккан ташвиши, кўнгил ғашлиғи ҳақиқатка айланиб борса ҳам, Сафар бўзчининг болани алдаб йўлға солишидан, сир олишидан ва Абдураҳмонларни камситиб, масхаралаб қилинған ташбихлардан кўб ўрунда кулиб, Султонали мирзога енгиллик берди. Сўз Гулшан билан учрашиш ва ундан олинған жавобка етканда, Анварнинг туси ўзгариб, кипрак остлари учиб кетди. Аммо кутилмаган равишда яна совуққонлиқ сақлади. — Зарари йўқ, — деди Анвар бир хил вазиятда қўл силтаб. — Мен улардан бу хилда ифлослик вужудга келишини тасаввур қилмаған бўлсам ҳам, лекин ҳар ҳолда адоват куткан эдим... Зарари йўқ, Султонали ака. Султонали Анварнинг товуш оҳангидаги ўзгаришка эътибор этмаган бўлса керак, ҳануз бояғи ярим жиддий руҳидан силжимади. — Саллалик эшакларнинг диринглаши оғилхонағача... Улар мирзо Анвар уйланмакчи бўлған қизни хонға тўғрилаб, шунинг билан гўё ўч олмоқчилар. Мирзо Анвар хотинсиз қолсин, демакчи-да, бу аҳмоқлар. Ҳолбуки, бутун мамлакат қизлари мирзо Анвар учун соч тарайди. Агар сиз хоҳласангиз қозикалон ёки домла шоғовул ва шулар сингари калонполарга куяв бўлолмайсизми? Кесак отиб арслонни енгмакчи бўлған галварсларнинг ишига кулгим қистайдир... — Зарари йўқ... — Раҳмат, Анвар. Мен сизнинг баъзи тўғриларда юрагингиз кенглигидан аччиғланар эдим... Дарҳақиқат, ўйлаб қарасам, юрак кенглиги ўзи бир фазилат эмиш... Бундан бошқа маъно онгламангиз, Анвар. Муфти кабиларнинг паст, бачкана адоватининг киши қитиғиға тегиши бўлмаса, сиз ва дўстларингизча ҳам қиз оти топилмайдирған матоъ эмас. — Албатта. Анвар ўзини фавқулодца текис ушлаб борар, ҳозир унда бояғи ўзгаришларнинғ ҳеч бириси ҳам кўринмас эди. Султонали мирзо бу бемаза гапни Анварнинг кўнглидан чиқаришқа тиришиб ҳалигидек юпатишларни оғзидан қўймас, эшиткучи эса қисқағина жумла билан унинг фикрига қўшулар ёки илжайиб, тасдиқ ишорасини берар эди. Иккиси бирга девонға кирдилар. Ишка илгарироқ келган мирзолар ёзув билан машғул эдилар. Анвар мирзолар билан саломлашиб сўрашди, ҳатто ҳеч гап бўлмаған каби Шаҳодат муфтилардан ҳам аҳвол ва соғлиқ сўради. Муфтиларни кўриши ҳамоно нафрати жунбушка кирган Султоналининг бу ҳоядан таажжуби ортиб Анварга қаради ва кўнглидан «йигит» деган сўзни кечирди. Султонали айтканча, шубҳасиз, бу йигатнинг кўнгли ёлғиз муҳаббаткагина эмас, муҳаббатдан ғайри фазилатларга ҳам қобил эди. Султонали мирзо ҳам нариги хонадан Анварнинг ҳузурига ўткан, Шаҳодат муфтилар қаторида ўлтуриб ишлар эди. Анвар бу кунги нома ва аризаларни йиғиштириб удайчига топширди, девоннинг ўзига тегишлик бўлғанларини мирзолар орасида тақсим қилди. Ҳар ким ўз вазифасига берилиб, ораға жимжитлик кирди. Фақат бу тинчликни савоғич қаламларнинг қоғоз устида қириллаши ва гоҳо букланган қоғозларнинг шилдираши бузар эди. Шу ҳол бир соат чамаси давом эткандан сўнг, онда-сонда сўз ҳам қўзғалди. Анвар ҳузуридагилардан Шаҳодат муфти қоғоз-қаламни ёнига қўйиб, сандалда исинди. — Мулла Наврўз кўб паст одам-да, — деди муфти — унинг иши кечадан бери менга ажаб таъсир қилади-да.... — Паст, паст, — деди Калоншоҳ. Султонали Анварга қараб қўйди. Анварнинг эса кўзи ёзувда эди. — Шунча кишининг илтижосини ерда қолдириши ўзи ярамаслиқ... Қазоси етиб ўлган экан, келиннинг молиға нима дахлинг бор? Бу одамият эмас-да. — Паст кишида одамият нима қилсин. Султонали кулимсираб бир-икки қайта муфтиларга қараб олди. — Уйингга икки арафдан шунча одам йиғилди, сўзга кирмай, уларни овора қилдинг, лоақал бир лаган ош билан уларни жўнатсанг ўлиб қолармидинг... э, ҳайф сендек мумсукка![69] — Мен ҳам мулла Наврўзни бунчалик билмас эдим, — деди Калоншоҳ, — одамиятни еб қўйған киши экан. Султоналининг ранги ўчиб, қовоқ остлари пирр-пирр уча бошлаған эди. — Қизиқ баҳсни қиласиз, тақсирлар, — деди бирдан Султонали, — шу замонда одамият қолдими? Агар озғина андиша қилиб кўрсак, сиз ҳам, биз ҳам одамиятни пок-покиза еб қўйған чиқамиз. Бу замонда ўзгани қўя туриб ҳатто ўзларингиздан ҳам одамият кутмасангиз бўлади, тақсирлар! Юраги тор — асабий Султоналиинг бу сўзи «ширин суҳбат» устидаги муфтиларни ҳайрон қилиб қўйди. Анвар Султоналига қараб унинг кўзини учраталмади. Чунки ул ҳалиги сўзларни айтиб, қўлидағи таҳрирга берилган эди. — Сиз ажаб одамсиз-да, Султонали, — деди муфти. — Биз нима теяпмиз-ку, сиз нимадан ўтлайсиз. — Сизлар одамиятдан баҳс қилаётибсизларми, ахир? Мен ҳам бу вақтда одамият йўқлиғидан зорландим-да... — Сизнинг сўзингиз ажаб, Султонали. Сиз бизнинг одамиятимиз йўқлиғини бирар жойда кўрганмисиз ёки димоғингизға футур етиб қолғанми? Анвар Султоналининг кўзини учратишка урунди, аммо Султонали муфтиларга юз ўгуриб ўлтурди. — Сизларнинг одамиятингиз йўқлиғини ҳеч бир жойда кўрганим ва эшитканим йўқ албатта, — деб заҳарханда қилди Султонали. — Аммо ҳозир ўз нафсимдан бир ҳисоб олиб кўрсам, ҳатто шу ҳафтанинг ичидаёқ неча жиноятка иртикоб[70] қилғанман. Шунинг учун ҳам бояғи сўзни айтдим-да. Йўқса меним ким билан қанчалиқ ишим бўлсин, тақсирлар... Муфтиларнинг ранги бўзариб, иттифоқлашқандек Анварга қараб қўйдилар ва Султоналидан зорланғандек бош чайқадилар. — Султонали ака, — деди Анвар зорланған оҳангда, — тақсирларим айтканча, димоғингизға бир оз футур етканга ўхшайдир: шундай гаплар нима ҳожат, нима алоқаси бор? Тинчкина ишингизга қарасангиз-чи, худо хайр берсин. Сўнгра Анвар муфтилар томонға кулимсиб, Султоналининг гапига аҳамият бермасликка ишорат қилди. Шаҳодат муфти бир нарсаларни айтиб ишига қаради. Султонали ҳам кулиб, гўё Анварга итоат қилғандек, сўзсизгина, қаламини қўлиға ушлади. Ҳар ким ўз ишига қараб, орада яна бояғича тинчлик бошланди. Кечка томон мирзолар тарқалишиб, орада Султонали ва муфтилар ҳам бирин-сирин чиқиб кетдилар. Энг сўнгға қолиб қўзғалған Анвар девонхона даҳлизида тунқотарға учрашди. Тунқотар Анвар билан ҳазиллашкандек, унинг қўлидан ушлаб, ичкарига — девонға бошлади. Ичкарига кирдилар. — Хизмат, тақсир? — Хизмат шуки, — деб кулди тунқотар, — сизнинг устингиздан бир ўктамлик қилинди? — Яхши... Эшитсам бўладими? — Жаноб бу кун бизни устозингиз Солиҳ махдумникига қулчилиққа юборған эдилар. Бориб эшитсамиз, фотиҳа сизга бўлған экан... Биз қиблагоҳ учун кечарсиз, деб ўйладиқ... Анвар бу заҳарлик сўз билан илон каби тўлғаниб олса ҳам бутун кучини сарф қилиб, сир бермасликка тиришди. — Атиги шу гапми? — Шу гап, мирзо Анвар. — Арзимаган гап... Буни мендан сўрамасангиз ҳам бўлар эди. — Раҳмат, мирзо, мен сизнинг бу садоқатингизни жанобга сўзлайман. — Йўқ, йўқ, — деди Анвар бош чайқаб, — зинҳор гапирманг, зинҳор. — Нега ахир, нега? Жаноб ҳам ўзларининг содиқ қулларини таниб қўйсинлар-да. Анвар мажҳул оҳангда кулди: — «Айтманг, мен хоҳламайман» — деди яна. Иккиси биргалашиб девондан чиқдилар. Ҳаво текис қорамтил булут билан ўралған, Қўқоннинг машҳур шамоли қанот ёйған эди. Қорамтил булутлардан қуйироқда олақарғалар қанот қимирлатмай саёҳат қилар ва онда-сонда ёмғур қатралари томчилар эди. Шу вақтда кўпрук ёниға келиб тўхтаған Анвар қаёққа бориб ётсам, деб тараддудланди... Очиқ Хат Шом намозини ўқуб қайтқан махдум меҳмонхонанинг эшигини очиқ кўрди. Унинг келганлигини фаҳмлаб, тўғри ичкарига ўтди. Бир оздан кейин товоқда ош кўтариб Нигор ойим чиқди. Йиғидан кипраклари терилиб, чуқур андиша ичида бошини қуйи солған эди. Нигор ойим кирганда Анвар чароғпояға шамъ ёқар эди. Нигор ойим дастурхон ёзиб, товоқни Анварнинг олдиға қўяр экан, бирдан пиқ-пиқ йиғлаб юборди. Анвар ҳайрон бўлиб қолмади, йиғи сабабига тушунди. — Нега йиғлайсиз? Тақдирни ўзгартиб бўладими? Хафа бўлиш яхши эмас, сиз шундай бўлсин деганмидингиз... Нигор ойим жавоб қайтармади, йиғлаған кўйи меҳмонхонадан чиқишға ошиқди. Анвар ошдан бир-икки луқма олиб, қўлини артди, сандал кўрпасини бағриға тортиб, кучли ва узун тин олди. Чароғпоядаги шамъ бедиллар юрагидек титраб, меҳмонхонани аранг-аранг ёритар, шамънинг титроги билан кўзини бир нуқтаға тиккан Анварнинг ҳозирги хаелчан юзи ҳам қалтирағандек кўринар эди. Меҳмонхона тип-тинч, фақат бу тинчликни ташқарида ёққан ёмғурнинг кучсиз шитирлаши, ўқтин-ўқтин қўзғалиб қўйған шамолнинг даричага келиб уруниши ва аллақайси том бошидағи бир мушукнинг мавлаган товши бузар эди. Дарича тирқшнидан келиб кирган кейинги шамол чароғпоядаги титроқ шамъни ўчураёзиб, меҳмонхона қоронғиланди ва шу чоқда ичкаридан чиқиб келган оёқ товши билан Анвар хаёлдан кўз очиб, танча устидаги товоққа қўл узатди ва товоқни ушлаганча бир оз қулоқ солиб турди. Оёқ товшининг меҳмонхонадан узоқлашқанини, махдумнинг хуфтан учун масжидга ўтканини фаҳмлади ва товоқни ўлтурган жойидан орқасидаги тоқчаға олиб қўйди. Орадан бир пиёла чой ичиш фурсати кечкандан кейин яна оёқ товши эшитилди. Буниси адим сайин меҳмонхонаға яқинлашиб келар эди. Меҳмонхона даҳлизида қўлида чойдиш кўтарган Раъно кўринди... Икки кўзи қип-қизариб, қовоқлари олудек кўпчиган, юзида ҳам зўриқиш аломати бор эди. Ерга қараған ҳолда оқ чойдишни Анварнинг яқиниға келтириб қўйди, тоқчадағи пиёлани олиб чойдишдаги чой билан чайқади, пиёлани сочиқлағач, яна чайиб иккисини Анварнинг ёниға сурди ва бирдан ўкраб юзини танча устига қўйди... — Раъно, Раъно, — деди шошиб Анвар. — Боламисан, ҳали ҳеч гап бўлғани йўқ-ку. Раъно бошини кўтармай, пиқ-пиқ йиғлар эди. Анвар уни юпатиб, ялинған ҳолда йиғидан тўхтатишқа уринар эди. — Бекорга йиғлайсан, Раъно. Йиғидан бир фойда чиққанини эшитканмисан ёки мени ҳам йиғлатмоқчимисан?.. Агар ўйлаб кўрсанг, йиғлаш сенинг ҳаққинг эмас, меним ҳаққим, ҳолбуки мен йиғламайман. Нега? Негаки, йиғи энг сўнгғи иш... Мен йиғлаған кишини ёқтирмайман... Тур, жоним, тур. Анвар Раънонинт сочини силади, икки қўли билан бошини кўтариб, юзидан ўпти. — Мендан кўнгли қолсин десанг, йиғла. Юзингаи ёш билан ювибсан, Раъно, ўнглан, мен юзингни артиб қўяй. Ўзингта кел, ақлингни йиғ, оғир қиз бўлиб, сўзимга қулоқ сол. Раъно юзини четка ўгуриб, бошидағи рўймоли билан юзини артди, узун энтикди. — Йиғлаб бир натижага етиб бўладими? Ҳеч. Кўзинг яна ёшланди, сен йиғлай бер, мен сўзламайман, Раъно. Раъно яна четка қараб кўзини қуритди. Анвар пиёлага чой қуйиб, Раънога узатти: — Ма, Раъно, ич. Раъно ичмайман дегандек, бош чайқади. Анвар қистаб чойни олдирди. — Ҳаммасини ичмасанг ҳам бир-икки ҳўпла. Раъно Анвар айтканча, икки-уч ҳўплаб, пиёлани олдиға қўйди. Анвар ўрнидан туриб даҳлизга чиқди, қўлида обдаста, дастшў кўтариб Раънонинг ёниға келди. — Юв юзингни, Раъно. Анвар сув қуйиб турди, Раъно юзини ювди. Анвар қозиқдан сочиқ келтириб берди. Раъно артинди. — Ана тамом... Энди одамшаванда сўзлашайлик, йиғи нима ҳожат. Раъно қайғиларини озайтирғандек энтикди, ўзига ярим жиддий тикилиб турған йигитка жавобан илжайди. — Яна бир кул, Раъно. Раъно бирдан тундлиққа оғишди. — Кулги соати эмас... — Кулги соати бўлмаса йиғи фурсати ҳам эмас, — деди Анвар ўлтуриб. — Сенинг мурассаъ[71] халтачага ўхшаш кичкинагина юрагинг бор, ичини қийматли тошлар билан тўлдирғансан. Бу кун қазо муншийси[72] шу мурассаъ халтачадаги қийматли тошлар орасиға қўпол бир нарса келтириб тиқди... Табиъий, сенинг кичкина юрагинг бу қўполлиқни кўтара олмади, қийматли тошлар сиқилдилар, сен йиғладинг, сенинг каби мен ҳам шу қўполлиқни қабул қилишда қаттиғ энтикдим, бироқ йиғламадим. Нега? Негаки, бу қўполлиқ меним юрагимдаги жавоҳирни сиқиб чиқара олмас, фақат унга тангликкина берар эди, сенга ҳам шундай эмасми, Раъно? Хўш, энди бизнинг фожиъамиз сабабига келайлик. Бу ҳодиса тўғридан-тўғри хоннинг ўзидан келган гап эмас. Хон — ҳазми ҳар бир ифлослиқни ҳам кўтарадирган катта бир ҳайвон. Унинг теварагида майда ҳашаротлар кўб, булар ҳам ўзларига яраша ҳайвонлиқ истайдилар. Бироқ қўл қисқа, шунинг билан бирга ётиб қолишқа кўнгил тинчимайдир. Шундан кейин хон — катта ҳайвонни қитиқлаб ишка соладирлар... Балки ёдингдадир, мулла Абдураҳмон исмлик бири сенинг харидоринг эди, шоир айтканча: Мендин ўтиб гулга бўйи етмади, Умид узиб ўз йўлиға кетмади. Хабаринг бор, мен отангнинг тазйиқи остида уни ўрда хизматйга олдим, ул ўрдадаги бир неча ифлослар билан биргалашиб, меним қаршимға ишлади... Мен... уни ўрдадан жўнатдим, натижада ҳозирғи ифлосликка енг шимардилар. Бироқ, улар бизни бир-биримиздан ажрата оладирларми? Йўқ. Мажозий ажралиш — ажралиш эмасдир, чунки биз бир-биримизга мажозий боғланмағанмиз, ҳақиқий боғланишни эса қатъ[73] этиш ифлослар уҳдасидан келмас. Бас, шу ҳолда биз икав нега хафа бўлайлиқ, Раъно? Ишқ давоси авом ўйлағанча васл эмас — ҳажрдир. Зеро, васл ишқ ўтини сўндирғучи, ҳажр эса камолатка эришдиргучидир... Сен шу иккидан қайси бирисини танлайсан, Раъно? Раъно кўзини тизасига тикиб, қўли билан шолча ипини чирмаб ўлтурар эди. Ҳалиги савол Анвар тарафидан яна такрорланди. — Мен кейингисини... Бироқ, хоннинг ифлос тўшагида ётмайман. Анвар бир неча вақт сукутда ўлтурди. Раънонинг жавоби унга оғир таъсир қилған эди... — Буни мен ҳам хоҳламас эдим... Бироқ, ифлослар меним чора йўлларимнинг хаммасини кесдилар, Раъно... Яна ўйлашмоқ учун фурсат бор, айниқса, сен бирар тадбирни мувофиқ кўрсанг мен бош эгаман... Сени йиғлатиб ҳайвон чангалига бермасман... Шундай, сен йиғлама, ақлли қизларча қаракат қил, мен... Анвар сўзини тугата олмади, меҳмонхона эшигида махдум кўринди: — Ичкарига кир, Раъно, бевақт бу ерда нима қилиб ўлтурибсан? Анварнинг вужуди ғизз этиб кетди: қаршисида бояғича ўлтурган Раънога «тур, жўна» деган каби ишорат қилди, лекин Раъно қимирламади. Махдум бошқа сўз айтмай, даҳлиздан орқасиға қайтди. Анвар жуда ҳам оғир тортқан эди. Ҳақиқатан ҳам махдумнинг бу ҳаракати ақлсизча, аҳмоқларча эди. Анварга оғир келишини ўйламай бу «буйруқ« билан Раънонинг кундалик одатини манъ қилар, ҳар кечаси ўз вақтида ўлтурган Раъно гўё бу кун »бевақт» ўлтурар эди. Бундан бошқа, унинг Анварга учрашмай намойишкор чиқиб кетиши, қандайдир яна бир маънони онглатқандек ҳам бўлар эди. Раънонинг юзидаги қайғи белгилари йўқолиб, унинг ўрнини ғазаб, нафрат аломатлари олди. — Андишасиз! — Зарари йўқ, аччиғланма, — деди Анвар. — Энди бошқа сўзимиз ҳам йўққа ўхшайдир... Раъно яна бир оз қўзғалмай ўлтуриб қолди, сўнгра кўзига жиқ ёш олиб, меҳмонхонадан чиқди. Эрта билан Нигор ойим чой олиб чиққанда, меҳмонхонада Анвар йўқ, сандал устида очиқ бир хат ётар эди: "Меҳрибон хола. Ёшлиқдан сизнинг тарбиянгизда ўсдим, сизга ва тақсиримға кўб заҳматлар бердим. Бу заҳмат бадалига тегишлик ҳақ қайтаролмаған, хизмат қилолмаған ҳолда маълум сабаблар тазйиқи остида сизнинг шафқатли тарбиянгиздан кетишка мажбур бўлдим. Сўнгра уйдаги менга алоқадор барча нарсалар, шу жумладан, ўзингиздаги амонат олтинлар ҳам оилангизга мендан ҳадядир. Мен олтинларни қизингизнинг тўйиға атаб йиғқан эдим, мундан сўнг ҳам шу оқчани Раънонинг тўйиға сарф қилсангиз, деб сўрайман. Мени йўқлаб келгучиларга ўрда дарагини айтилса эди. Шафқат ва марҳаматингиз билан гуноҳимни кечирарсиз умидида: Анвар". Тўй Арафасида Хоннинг совчилари иккинчи мартаба келиб тўй вақтини таъйинладилар: келаси жумъа махдумнинг уйида тўй ижро қилиниб, маросимдан сўнг Раъно ўрдаға юбориладирған бўлди. Тўй вақти белгилангандан бир кун кейин тўй жамарғаси ҳам келди. Хоннинг ҳадяси уч юз тилло пул, шу қадар қийматка арзийдирган шоҳона сарполар. махдумга алоҳида илтифот қилинған «раисулмакотиблик»[74] унвонларидан иборат эди. Шунчалик илтифотлар ичида гангиб қолған махдум уч кундан бери дараксиз кеткан Анвар тўғрисида ўйлай олмади, фақат бундан «ҳамоқат«, »андишасизлик» деган натижа чиқариб тинчиди. Нигор ойим эрса ўзини бирмунча босиб олди, гоҳо Анварга юраги ачиб қўйса ҳам, уни ошиғич келган тўй ҳозирлиги масаласи ихтиёрсиз равишда бу тўғрини ўйлай олмаслиққа мажбур этди. Раъно!.. Маълумки, бу кунларда Раънога тикилган фалокат беҳад улуғдир: фалокатлик, ҳалокатлик кунлар яқинлашадир. Бунинг устига уч кундан бери Анвар дараксиз. Анвар «висол — муҳаббатни ўлдиргучи, ҳажр эса — камолатка эришдиргучидир», деб Раънони ҳамишаликка таш-лаб кетдими ёки махдумнинг бемаза муомаласидан кўнгли олиниб, араз қилдими? Ҳолбуки ҳозирғи кунлар араз, аччиғ ва фалонларни кўтарадирган вақтлар эмас, ҳеч бўлмағанда бечора қизға гап билан, сўз билан маънавий ёрдам бериб туриш соатларидир. Бечора Раъно ҳамиша яхшилиқ, ақллилиқ кўриб келган бир кишисидан ҳам охирда дағаллиқ кўрар, вафосизлиқ бўйини олар эди. Шу дудама фалокат бир неча кун ичида Раъно гулини сўлитаёзди, ҳатто жоду кўзлар ёш тўкишдан хам тўхталдилар. Раъно сандалда ўлтуриб жумъа куни — мудҳиш жумъа куни тўғрисида ўйлар эди. Бу кун сешанба, жумъагача яна икки кун бор. Фақат икки кунгина... Раъно бундан ортиқни кўз ўнгига келтира олмас, гўё ўзини жар ёқасида кўрган кишидек панжшанба кечдан беихтиёр, гўё савқи табиъий[75] остида орқасиға тисарилар эди. Шундан кейин Анвар тўғрисида хаёл суриб, унга — Анварга қарши ўзида кучлик бир кек сезар, шундай оғир соатларда ташлаб кеткан «йигит« яна бир кўринса, қандай киноялар билан истиқбол қилишини — кутиб олишини ўйлар эди: "Ҳамма даъволарингиз пуч! Сиз, мирзобошилиқдан маҳрум бўламан, деб қўрқдингиз, бизнинг уйда ўн йил турсангиз ҳам, отамнинг феълини билмаганмидиниз? Ҳолонки, мен сизни хондан ҳам юқори ўрунға қўйған эдим. Энди фурсат қўлдан кеткач, нима учун келдингиз?.." Лекин ул кейинги итоби маъносидан ўзига ҳисоб бермас, агар бунга қарши Анвар: »Қандай иш ва фурсат ўткандан кейин келдим?» деб сўраса, эҳтимолки, Раъно сукут қилар, чунки ҳозиргача унинг фикрига вақти ўтадирган бирар чора келмаганидек ва бу тўғрида ўйлаб ҳам кўрмаган, фақат бу фожиъа қаршисида такягоҳ[76], деб Анварни истаган, Анвар эса кўздан йўқолиб, Раънонинг мажруҳ юрагида яна янги бир жароҳат очқан эди. Нигор ойим ошиғич ҳозирликлар орқасидан чопиб юрар, бешикда ётиб зериккан Масъуд қичқириб йиғлар эди. Бояғи хаёллар ичида ўлтурган Раъно узоқ энтикди ва асабий ҳаракат билан ўрнидан туриб бешик ёниға келди. Тебраткан билан бола тийила бермагач, уни йиғлаған кўйи ташлаб, ҳавлига тушти ва нариги айвонда юмиш қилиб ўлтурғучи онасиға «эмизинг!» деб асабий ҳайқирди, ўзи йўлак томонға қараб ўтди. Боқчада Маҳмуд ва Мансурлар қўшни болалари билан ўқ отиб ўйнар эдилар. Атроф олашовур қор билан ёпилған, сўри остидағи суфанинг четлари ёғин билан нураб, устидан бир неча жойи узун-узун ёрилған эди. Суфа ёнида тўхтаған Раъно болалар ичидаги Маҳмудни чақириб, сўради: — Маҳмуд, даданг қаерда? — Дадам... бозорда. — Ташқарида ким бор? — Ичким. Раъно бошқа сўз айтмай, ўрта эшикка келди. Маҳмуд айтканча, ташқарида ҳеч ким йўқ, тўй муносабати билан мактаб шогирдлари бир неча кунга озод қўйилған эдилар. Нима мақсад биландир ташқариға чиққан Раъно меҳмонхона эшигини қулфланған кўриб, машқхонаға қараб келди. Эшик занжирини тушуриб ичкари кирди. Саҳнидаги бўрё ва бордонлари чувалиб, титилиб ётқан машқхонанинг ҳар бир тоқчасиға кўз ташлаб, бирар нарса излагандек юринди. Тўрдаги тоқчадан устига кўк сир берилган бир давотни олиб қаради. Давотнинг ичидаги лосларини қора-сариқ тусда қуриб қолған кўргач, оёқ остиға ташлаб машқхонадан чиқди. — Маҳмуд! Камончасига ўқ қадаб ётқан Маҳмуд ўрта эшикда турған опасиға қаради. — Ҳмм? — Бери кел. Маҳмуд тилар-тиламас опаси — Раънонинг ёниға келди. — Ҳмм? Раъно Маҳмудга ўз орқасидан келишка ишорат қилиб, яна машқхонаға қараб кетди. Маҳмуд қўлидағи камончасини турли тарафка ўқтала-ўқтала Раъно билан машқхонаға кирди. Улар иккиси бир неча вақт машқхонада қайси тўғридадир сўзлашиб қолдилар. Уйда хат ёзиб ўлтурган Раъно онасининг ким биландир ҳавли юзида кўришиб, сўзлашқанини эшитди ва бир оздан сўнг юмалоққина, тўла-тўкис бир бўғоз хотинни айвон муюшида кўриб, ёзувини тўхтатишқа мажбур бўлди. Чунки хотин Раънони кўриб қолған, шунинг учун бўғоз хотин билан чиқиб кўришиш Раънога лозим бўлған эди. Раъно чиқиб кўришди. Нигор ойим танимаған меҳмонни сандалга таклиф қилди. — Бу ёққа, айланай, бу ёққа. Хотин қистатмай сандалга чиқиб ўдтурди, кўзи Раънода экан, фотиҳа ўқуб рўймол-лачагини тузатди: — Танимаған хотин нима қилиб юруйди, деб ўйларсизлар, айланай, — деди хотин ва чўнтагидан бир қоғоз чиқарди, — Мирзо бир-икки кундан берли бизникидалар... Танисаларингаз керак, ўргулай, мен мирзо Султоналининг кўчлари[77] бўламан... Китобсиз зерикдим, уйда бир китобим бор эди, деб боя — эрта билан шу қоғозни берибтилар, айланай... Хотиндан бу сўзни эшитиб Нигор ойим ачиниш ва уялиш вазиятига кирди. Танчадан нарироқда тик турған Раъно Нигор ойимдан қизғанғандек, келиб хотиннинг қўлидағи букланган қоғозни олди. — Мирзодан уятлиғмиз... Айниқса уч кундан бери қаёқларда қолди, деб ич-этимни едим, — деди Нигор ойим, тақдирга ҳеч нарса деб бўлмас экан... Биз мирзо билан уланишармиз деб ўйлаған эдик. — Тақдири азал, айланай, — деди хотин. — Мирзо ҳам юртда иккита ақил бўлса биттаси. Сизлардан ҳануз миннатдор зканлар; шундай, шундай иш бўғандан кейин келишка андиша қилиб қоғанлар-да, айланай. Улар шу сўзда экан, Раъно уйга кирди: "Холамға, сўнгра Раънога Беҳад салом ва дуо. Мендан ранжимангиз, на учунким, шундан бошқа чорам йўқдир. Хат олиб борғучидан Шайхи Саъдий куллиётини[78] бериб юборсангиз, бўш соатларимдан фойдаланар эдим. Раънога маълум бўлсинким, бундан сўнг сенга меним машқларим (шеър дафтарим) керак бўлмас ва ўзинг билан олиб юришинг ҳам эхтиётдан эмас. Агар хафа бўлмасанг, шуни ҳам бериб юбор. Соғлиқ аҳволотингиздан ёзингиз. Аддои Анвар". Хат шу қисқа жумлалардан иборат, яна шундай ҳам бўлса Раъно учун қийматли эди. Ҳали ёзиб бошлаган қоғозни нима учундир йиртиб ташлади, айвондагиларнинг ўзаро сўзлашиб турғанларидан фойдаланиб, жавоб ёзишқа шошилди. Рамз Анвардан бир оз илгарироқ қайтқан Султонали оғилхона айвонида сигир соғиб ётқан хотини устида тўхтади. — Бордингми, Рузвон? — Бордим, — деди Рузвон ва эмчакдан «пов-пов» сут соғишда давом этди. — Бордим, олиб келдим. — Меҳмонхонаға олов қилғандирсан? Рузвон боши билан қилдим, ишорасини берди. Султонали мирзо уйга ўтди, салла-чопонини ешиб, яна хотинининг ёниға келди. — Бузоқни ешиб юборинг-чи, айланай. — Султонали мирзо устунга боғланған бузоқни ешиб юборди. Бузоқ онасининг эмчагига ёпишди. Рузвон хурмадаги сутни кўтариб ҳужрага ўтди, Султонали ҳам хотини орқасидан кирди. — Хўш, нима гап бўлди, Рузвон? Рузвон хурмадага сутни товоқларға бўлар эди. — Бордим, хатни бердим, чой қайнатдилар, талай гапуришиб ўлтургандан кейин, китобни олиб қайтдим. — Кимлар бор экан? — Отин хола, қизи. — Қизи қалай? Рузвон афсус қилгандек, бошини икки елкасига ирғатди ва тилини тағлайиға тегизиб «чалоқ» этдириб қўйди. — Мен, мирзобоши жуда хафа кўринади, деганингиздан м шуни ўйлаған эдим. Баайни сурат: киши ҳам бундай жирим бўлар экан. — Ҳа, Ҳа! — Чамаси улар ошиқ-маъшуқ, балохўр хон лоақал шунга чўвагини тиқмаса нима қилар эди. Бечора қиз, шундай хафа, шундай хафа. Дор-дунёси[79] қоп-қоронғи. — Ҳа, ҳа... Отин холаси-чи? — У бечора ҳам ҳайрон, «болаларимнинг сўйинчи ичига тушти», дейди. Султонали афсуслангандек бош чайқаб қўйди. — Китобни қаерға қўйибсан? — Меҳмонхонада... Ҳа, айтканча, ичида кичкина хат ҳам бор. Султонали мирзо кечлик ош тўғрисида баъзи гапларни айтиб, ташқариға чиқди. Меҳмонхона очиқ эди. Тирсаги билан танчага такя қилған Анвар Саъдий куллиётини варақлар эди. Султонали кириши билан Анвар китобни ёниға олиб қўйди ва кучлангандек илжайди. — Раҳмат, олиб келган эканлар. — Китобнинг ичида хат бор эмиш, балки кўргандирсиз? Анвар хатни кўрмаган эди, китобни қайтадан очиб, муқовадан тўрт букланган бир қоғозни олди. Хат масаласи билан Анварнинг бир оз шошиб қолғанини сезган бўлса керак, уйда бир иши борлиғини сўзлаб, Султонали меҳмонхонадан чиқди. Анвар хатни очди. «Ҳурматлик Анвар ака, ассалому алайкум. Ҳаммамиз соғ ва саломатмиз. Келин ойим орқалиқ бериб юборған хатингизни олдиқ, соғлиғингизни, тинчлиғингизни ўқуб ва эшитиб жуда хурсанд бўлдиқ: илоҳи, саломат бўлсинлар. Соний, биздан аҳвол сўрасангиз алҳамдулиллоҳ тинчмиз, хотиржамъ бўлурсиз. Сўратиб юборған китобингизни бериб юбордим. Аямдан сизга салом, боқий сўзни Шайхи Саъдийдан ўқурсиз деб хатни мухтасар[80] қилдим, Раъно». Анвар ёзувни қўлида ушлаган ҳодда қараб қолди. Бир оз ўйланиб турғандан кейин, хатни яна ўқуб ҳар бир жумла устида тўхталиб ўтди. «Соғлиғингазни, тинчлиғингизни эшитиб жуда хурсанд бўлдиқ« жумласи билан "сиз тинчиб кетдингиз" демакчи эди. Чунки, шу жумладан кейинга — "илоҳи, саломат бўлсинлар" кинояси буни таъкид қилар, "соний, биздан аҳвол сўрасангиз, алҳамдулиллоҳ тинчмиз, хотиржамъ бўлурсиз", яна киноя, аммо энг кейинги — "боқий сўзни Шайхи Саъдийдан ўҳурсиз деб хатни мухтасар ҳилдим" жумласи бир оз ўрунсиз каби эди. Анвар бу жумлани »мундан сўнг ёнингизда Раъно йўҳ, бўш вақтингизни Шайхи Саъдий ўқуб кечирингиз» маъносида тушунди. Анвар қоғозни буклаб китобнинг муқовасига солди ва хатнинг оғир маъноси таъсирида энтикиб сукутка борди. Унинг бу кунларда кечириб турған ҳоли жуда оғир, бу оғирлиқ устига Раънонинг мазлумона ердам сўраб киноялар ёзиши яна аламлик эди. Чора нима? Бу фожиъани дафъ қилиш учун бирар йўл, бирар хил тадбир? Фақат бир йўл, энг сўнгғи чора: Худоёр олдида сирни очиш, Раънога ва Раънонинг эса ўзига қарши муҳаббатларини фош қилиб, хоннинг оёғиға бош уриш — ялиниш, ёлбориш... Ҳайҳот, бу разолатни Анварнинг нафси ҳазм қилолмағанидек, «адолатпаноҳ«нинг ҳам бу тўғрида »марҳамат»лари шубҳалик. Башарти Анвар Шу разолатка иртикоб этса, адабсизлик, уятсизлиқда айбланиб, бирар жазога йўлиқиши ҳам яқин эҳтимолдир... Маънан ва жисман эзилган, айниқса, ҳозирги аҳвол ичида кўз ўнги қоронғиланған Анвар меҳмонхонаға кириб келгучи Султоналидан ҳам ибо қилмай, гўё ҳушсиз каби бошини икки қўли орасиға олиб, сандал устига энггашти... Масала билан бирмунча таниш Султонали мирзо бу ҳолни дафъатан бояғи хат мазмунидан деб ўйлади. Уялмасин, деган каби бир нарса излаган бўлиб, тоқчаларни айланди... Анвар қаддини ростлаб, узун нафас олди ва Султоналига ўлтуринг ишоратини қилди. Султонали ўлтурди. — Нега ундайсиз, Анвар? Анвар кучланиб илжайди. — Ҳалиги хат мени хафа қилди, — деди ва бир оз тўхталиб турди. — Сиздан яширар сир йўқ, хат ёзғучи билан орамизда анчадан бери яқинлиқ каби бир гап бор эди. Маълум гаплар туғилғач, мен ўзимни четка олишни, қатъий алоқа қилишни мувофиқ кўриб, сизнинг устингизга келдим. Воситангиз билан бу кун хат ёзиб, мендан ранжийдир, тинчиб кетдингиз деб, киноя қиладир. Ёш, ақлсизға нима ҳам деб бўлсин, фақат диққатлик... Мана, ўқуб кўрингиз, сартопо киноя. Султонали кулимсиди, аммо ўзида ўнгғайсизлиқ, тусида қизариниш бор эди. Хатни мирзонинг қўлидан олиб ўқуди. Ўқуб чиққач, ёзувнинг яна аллақайси жумласига иккинчи мартаба қаради. — Қизиқ, «боқий сўзни Шайхи Саъдийдан ўқурсиз, деб хатни мухтасар қилдим...» Бу жумла билан нима демак-чи? — Бу ҳам киноя, — деди Анвар, — бундан сўнг меним тўғримда ўйламай, бўш вақтингизни Шайхи Саъдий ўқуб кечирингиз, демакчи бўлса керак. Султонали мажҳул ҳаракат ясади. — Балки... Бу муҳмал тасдиқ ва мажҳул вазият Анварни шубҳага туширди. — Хўш, сизнинг фикрингизча? — Мен... Мен ҳам сизнинг фикрингизга келиб қолдим, мен бошқачароқ тушунган эканман. — Масалан? — Мен: «Китобнинг ичида яна бир хат бор, қолған сўзни шундан ўқурсиз» деб. — Эҳтимол сизники тўғридир, — деб аланғлади Анвар. — Бу ҳам бир эринмаганлик бўлсин, китоб ичини ахтариб кўрайми? Султонали кулди: — Майли... Мен уйга кириб, таом етилган бўлса, олиб чиқай. Султонали кетди. Анвар китобнинг ўнг-терсини очиб, ахтара бошлади. Ҳеч нарса кўрина бермагандан кейин бирма-бир саҳифа очиб боришдан ҳам эринмади. Бош тарафдан ўттузлаб саҳифа текширилган эдиким Султоналининг фоли ҳақиқатка ошиб, саҳифа орасиға буклавсиз қўйилған бир хат китоб четига қоқилиб чиқди. Анвар шошди. «Андиша ва эҳтиёт юзасидан бу хатни алоҳида ёзиб, китоб ичига яширдим: Анвар ака, оғир соатларда ёнингизда турғучи дўстдир; қочқучи эсаким — буни сизнинг ҳукмингизга ҳавола қиламан. Ваъда бериш осон, лекин уҳдаси машаққат; бундан сўнг шуни ҳам хотирда яхши тутингиз. Оғир дақиқаларда арзимас гапни кўнгилга олиш сизнинг каби олижаноблар иши бўлур, деб ким ўйласин. Бахтсиз бир қизнинг нажоти учун тебранмадингиз, деб сизни айблаб бўлмас; бироқ, бахтсиз Раъно таҳлика остида қолғанда, уни бу кун-эрта бир фожиъа кутканда вафолиқ, деб билган бир кишисидан бу янглиғ жафо кўриши нақлларда ўқулғанми, афсоналарда тўқулғанми? Шу қадар гуноҳим бор эмиш, деб хафа бўлмангиз, Анвар ака. Башарти шу гуноҳларнинг ювилиб кетишини тиласангиз, сизга бир хизмат бор, ҳам сизнинг учун энг осон хизмат: эртага чаҳоршанба кечқурун, тиласангиз — очиқча, тиламасангиз — яширинча бўлса ҳам бизникига келингиз, мен билан охирғи мартаба видоълашингиз. Чунки сиз нашъу намо қилған жойда Раънони ҳалокат кутадир». Анвар ёзувни онда-сонда ўқуб тезлик билан китобка қайтариб солди, саҳифалар орасида қолдириб, устига янги саҳифалар уя борди. Чунки лаганда манти кўтарган Султонали даҳлизга қараб ўткан эди. — Борми? — деди Султонали лаганни сандал устига қўйиб. — Валлоҳи аълам, маъно сиз тушунганчадир. Мен янглишқан чиқарман. Анвар унинг сўзини тасдиқ қилған каби бош ирғатиб, китобни ёпди, қўл ювғали даҳлизга чиқди. Маъшуқа Маҳбаси[81] Раънонинг иккинчи хати Анвар учун яна бир ташвиш эди. Унинг ёнига боришдан ҳеч бир мантиқ топмас, билъ-акс, юрак ўтининг аланга олишини, жароҳатларнинг янгиланишини кўрар эди. Китоб баҳонаси билан хат ёзиб, ўз дарагини айтиб, эвазига шундай ташвиш ортдириб олған Анвар, кечаги кунларда ҳиссиётка қаттиғ берилиб, китоб сўратиш оқибатини яхши муҳокама эталмаганидан пушаймон эди. Шунинг билан бирга ўзининг мундан сўнгғи ҳаракатида ҳам амният[82] сезмас эди. Чунки Раънога учрашишдан ҳеч бир фойда тасаввур қилмаған муҳокамаси қаршисидағи кучлик бир майл, Раънога йўлиқишдан фойда эмас маъно кўрсатар эди... Учрашилганда шубҳа йўқким, Раъно йиғлар, кўнгилни бузар, шундан бошқа иш чиқмас, лекин иккинчи тарафда неча йиллиқ муҳаббат яна шу фожиъ учрашишка мойил каби эди. Ул тун бўйи учрашишнинг яхши ва ёмон тарафларини ўйлаб ухлай олмади, ора-чора ухлаб кеткан аснолари ҳам яна шу учрашишка алоқадор тушлар билан кечди. Ҳар қанча ақл изи билан ҳаракат қилишға тиришса-да, яна учрашмаслик, сукут қилиб кетишлик эб кўринмас эди. Учрашиш — нечоғлиқ тадбирсизлик, жон койитиш бўлмасин, Раънонинг: «Мен билан охирги мартаба видоълашингиз, сиз нашъу намо қилған жойда мени ҳалокат кутадир» жумласи ҳар қандайдур андишаликни енгарлик ва бу жонсўз хитобадан кўз юмиш йигитлик шаънига ярашадирған кўринмас эди. Анвар қатъиян бориш қарориға келганда, девонда ўлтуриб ишлар эди. Унинг эндиги тараддуди учрашиш ёки учрашмаслик борасида эмас, Раънонинг олдиға очиқча боришми, яширинчами тўғрисида эди. Башарти очиқ борса, махдумнинг шубҳаланиши, Раънони четка қоқиб ёки уларни таъқиб этиб, яраға туз сепиши, Анварнинг иззати нафсига тўқуниши аниқ. Яширин борса... Орада хиёнат, бузуқ ният бўлмағандан кейин яшириниб юриш нима ҳожат? Хайр, яширинча ҳам борсин, баногоҳ махдум кўриб қолса... Унинг учун бу масалани ҳал қилиш ҳам мушкил эди. Иккиси кечқурун қайтишиб келдилар: Султонали мирзо кундаги каби Анварни яхши ошлар билан меҳмон қилди. Шомни ўқуғандан кейин Анвар «бир неча соат ичида жиянлари олдиға бориб келиш учун» Султонали мирзодан изн олиб чиқди. Қишнинг охирғи кунлари, кўчада қора совуқ билан изғириқ юрар эди. Тўққуз-ўн кунлик ой шаҳарнинг қоқ устида чети қорайған сариқ баркашдек ялтираб турар эди. Маҳалла болалари эшикма-эшик юриб — «Барот келди, билдингизми, идиш-оёқ қилдингизми?» ашуласини айтар эдилар. Анвар махдумнинг маҳалласига келиб етканда, киши танимаслиқ даражада қоронғи тушди ва шу қаторда Анварнинг кўнглидаги қоронғилиқ ҳам кучайди, юрак уриши эътидолдан чиқиб, ўғри кишидек атрофига қарана бошлади. Бундан бирар ҳафта илгари бахт бўйини онғқитқан бу маҳалла ҳозир шунинг зидди билан ҳувиллар; ҳаммаёқ тим қоронғи, фақат бу маҳалла устида нурланиб кўринган ойғина унинг кўнглини ёритар, бироқ... Бироқ кажрафтор фалак[83] уни ҳам бағрида қора доғи билан ўрда томонға қараб судрар эди... Анвар ёпиқ ҳолда турған дарбоза ёниға келиб оҳиста итарди. Дарбозани занжир кўриб, кўз ўнги қоронғиланди... Бир неча фурсат дарбоза ёнида қадалиб турғандан сўнг, тўғриға ўтди. Йигирма қадам чамаси юриб, қўшнининг дарбозасини итарди, буниси очиқ эди. Қоронғи йўлакка кирди. Ул махдумнинг хуфтанга чиқишидан фойдаланмоқчи, хуфтан азони айтилгандан кейин ҳам дарбоза очилмаса, сўнгра қайтиб кетмакчи эди. Узоқ кутишка тўғри келмади, маҳалла масжидида хуфтан азони айтилди, шундан бир оз кейин Раънолар дарбозаси ҳам ғийқиллаб очилди. Дарбозадан чиққан оёқ товши Анварга яқинлаб келар эди. Анварнинг юраги арзиқиб қўшни дарбозасининг ички томонидан очиқ табақа орқалиқ йўлға мўралар эди. Раънолар дарбозасидан чиққучи тўғриға ўтиши билан Анвар турған йўлакнинг ичкарисидан ҳам оёқ товши келиб қолди. Анвар шошди, махдум беш-олти қадам йироқлашқач, йўлакдан чиқишқа мажбур бўлди. Анвар оёғидан товуш чиқармаслиққа тиришиб, секин-секин дарбозага юриб келди. Орқадағи оёқ товушларининг узоқлаша борғанини сезиб, хотиржамъ ичкарига кириб олди. Меҳмонхона саҳнида бир оз аланғлаб турғандан кейин, тўғриға — машқхона эшигига ўтди. Машқхона эшигини очар экан, орқасиға — дарбоза йўлагига қаранди. Даричалари ёпиқ машқхонанинг ичи ҳосидлар[84] юрагидек қоп-қоронғи, даромад ҳам ёпилғандан сўнг уй гўё лаҳад тусига кирди. Зулумот ичида қолған Анвар орқа-ўнпгини ажратолмай бўрё устини чоғлаб бир-икки қадам юриб келди ва икки қўли билан тизасини қучоқлаб чўнқайди. Даричалар тирқишидан тушкан ёруғлиқ билан зулумот бир оз кучсизланди, шунда ҳам унинг кўз ўнгга қов[85] каби қоронғи эди. Ҳамма тип-тинч; қулоқ остидағи чивиллашишдан бошқа товуш эшитилмас, ора-чора узоқдан келган бола йиғиси бу тинчлиқни бузғандек бўлар эди. Шу ҳодца орадан неча дақиқалар ўтиб кетди. Бир вақт ер ости дукиллагандек бўлди. Бу дукиллаш секин-секин оёқ товшиға мубаддал бўлиб, унинг қулоқлари тиккайди. Ичкаридан чиққан бирав йўлакками, меҳмонхонағами ўтиб кетди. Анвар энтикди, меҳмонхонанинг эшиги очилиб бир оздан кейин яна ёпилди, ҳавли саҳнида яна бирав юринди. Борған сайин машқхонаға яқинлашиб келган оёқ товши билан Анвар тоқатсизланди. Эшик очилиши билан беихтиёр ўрнидан туриб кетди... — Анвар ака. — Мен... Эшик очқан Раъно эди, бир-икки қадам ичкарига кириб тўхтади. Анварга озғина қараб турғач, узун нафас олиб орқасиға қайтди. Анвар бу ҳолнинг сабабига тушуналмаганидек, уни чиқармай тўхтатишқа ҳам ўзида жасорат топмади. Бирар дақиқадан сўнг эшикда яна Раъно кўриниб, Анварнинг олдиға қорамтил бир нарса келтириб қўйди. — Сизга кўрпача олиб келдим, — деди шивирлаб, — уйга аммам ва холамлар келишкан, мен уларни ухлатиб чиқаман... Раъно шу сўзни айтиб, орқасиға қайта берди, эшикни бояғича ёпиб, ҳужрадан йироқлашди. Аҳволга бир оз тушунган Анвар кўрпачани бўрёға солиб, устига чиқди ва эркин нафас олиб ёнбошлади. Энди Раънонинг ҳар ҳолда чиқишини билса ҳам, бироқ, қачон чиқишини билмас, шунга биноан бир тавқ ўткунча кутиб ўлтуришини чамалар эди. Орадан бир оз фурсат кечканда дарбоза очилиб ёпилди. Анварнинг қулоғи тиккайиб, қаддини ростлаб ўлтуришка мажбур бўлди. Оёқ товши яқинлашди, узоқлашди ва охирда битиб ҳам кетди. Вақт жуда қийинлиқ билан ўтар, ташқарида «тиқ« эткан товуш уни бир аланғлатар эди. Бир тавқ ўтканига талай вақт бўлса ҳам, ҳамон Раъно дараксиз. Юраги сиқилған Анвар гоҳ ўлтуриб, гоҳ ёнбошлар, совуқда музлаб кеткан маҳсилик оёғини турли вазиятка солиб кўрар эди. Шу азоб ичида яна талай вақт кечти. Маъшуқа маҳбасига тушкан Анвар ўлтуриб чидалмади, кафшини кийиб, ўрнидан турди, музлаган оёғини иситиш ва оғриққа кирган аъзосини ҳаракатлантириш учун уй бўйинча кезина бошлади. Неча вақт саҳн айланиб, яна ўлтурди, Ой ҳам бота бошлаған, чунки четдаги дарича тирқиши орқалиқ тушиб турған кучсиз ойдин изи ҳам йўқолиб, уйни қоронғилиқ босқан, теваракда чалинған довулларнинг »гум-гум» оҳанги ичида хўрозлар иккинчи мартаба қичқириб юборған эдилар. Анвар бир оз ёнбошлағандан кейин яна ўрнидан турди, кафшини кийиб келиб, эшикни очди, саҳнга тушиб кўзини уқалади. Кўкда дуркум-дуркум юлдузлар сайр этар эдилар. Том бошидан ботишқа яқинлашқан ой нури аранг-аранг кўзга чалинар эди. Анвар тоза ҳаво искаб узун нафас олди. — Зерикмадингизми? Жасур Қиз Қулоғи остидағина айтилган бу сўз Анварни чўчитди ва ўз ёнида қўлида бир нарса кўтариб турған Раънони кўрди. — Уларни ухлатмай чиқолмадим... Уйга кирайлик, Анвар ака. Юраги арзиққан Анвар Раънонинг орқасидан машқхонаға кирди. Иккиси кўрпача устига ёнма-ён ўлтуришдилар. — Китоб ичидаги хатни пайқамайсизми, деб қўрққан эдим, — деди ярим товуш билан Раъно. — Пайқамасангиз... — Ўзинг ҳамма гапка тушуна туриб, яна бунчалик аччиғ ёзғанинг нимадир, Раъно? — Чунки шунчалик аччиғ ёзмасам, — деди Раъно товшида титроқ оҳанг билан, — сиз келмас эдингиз... Сиз... сиз мирзобошилиқни яхши кўрасиз-а? Анвар бу муносабатсиз саволдан бир оз ҳайрон бўлиб турди. — Тушунмадим... Нима демакчисан? — Сиз мирзобошилиқни яхши кўрасизми, деяпман? — Яқинда мирзолиқни ташламоқчиман, Раъно? — Мирзолиқни ташлагандан сўнг нима иш қиласиз? — Қўқондан кетаман, саёҳат қиламан. — Мени... мени ҳам ўзингиз билан олиб кетмайсизми? Анвар яна тушунмади. Раънонинг юзига анча қараб турди: — Сен... сенга мумкинми, Раъно? — Мумкин, — деб қалтиранди Раъно. — Мирзобошилиқни ҳозирдан эътиборан ташласангиз мумкин... Бу сўз Анварни ҳам қалтиратиб юборди. — Нима деяпсан, Раъно? Раъно бир неча вақт жавоб бералмай турди. Ўзини тўхтатиб олиш, ҳаяжонини тиндириш оғир эди. — Ҳалиги... ҳалиги сўзингиз чин бўлса, мен ҳам сиз билан кетишни хоҳлайман... Башарти сизга оғир ошмасам... Анвар жим бўлиб қолди, тушига ҳам кирмаган бу таклифка нима дейишини билмай энтикди... — Башарти сизга оғир ошмасам, — деди такрор Раъно. «Жасур қиз» деб ўйлади Анвар. Чиндан ҳам бу жасурона исён хотин-қизлар томонидан Худоёрнинг ҳайвоний истагига қарши биринчи кўтарилиш эди. Анвар истиқболда қанчалиқ мушкилот ва хатар кўрмасин, бу жасоратни хуш қабул қилишға мажбур, чунки муҳаббатдан ҳам илгари йигитлик тақозоси шу эди. Ул ўз яқинида турған қора тугунни ушлаб қаради. — Бу нима, Раъно? — Бу... бу сизнинг эски кийимларингиз. — Нима учун бу? — Башарти сиз хоҳласангиз. Анвар паранжими, деб чамалаған эди. Мантиқсиз бу жавоб уни шоширди. — Хўб, сенинг ризолиғинг йўлида... — деди Анвар ярим товушда. — Меним эски кийимларим сенга нима даркор? Раъно жавоб бериш ўрниға узун сўлиш олиб ёнидағи тугунни еша бошлади. — Паранжи олмадингми, ахир? — Ҳозир... — деди Раъно ва қоронғида бир нарсалар қила берди. Паранжиси ҳам бордир, деб ўйлаған Анвар уни ўз олига қўйиб турди. Бирар дақиқадан кейин Раъно ердан ир нарсани тутиб қўзғалди, паранжи. каби узайған нарса ичидан «чоқ» эткан бир нарса ерга тушти. — Топиб олинг шуни. Анвар ерни тимискилади. — Нима эди? — Аямга берган амонатингиз. Анвар тушкан нарса олтинлар эканини пайқади, узоқни ўйлаған Раънога қарши юрагида яна ҳароратлироқ муҳаббат сезди. — Топдингизми? — Топдим. — Туринг энди. Анвар Раъно билан бошлашиб ҳужрадан чиқди ва ўз ёнида паранжи ёпинған қизни эмас, телпак ва тўн кийган ёш, ўспурин бир йигитни кўрди... — Бу нимаси, Раъно? Раъно жавоб бериш ўрниға йўлакка қараб, юра берди. Дарбозани очиб кўчага чиққандан сўнг, Анвар Раънонинг олдиға тушиб йўл бошлади ва ўзида енгиллик ҳис этди. Чунки Раънонинг йигит суратига кириши андозасиз маъқул; бемаҳалда паранжилик хотинни бошлаб юриш миршаб ва қоровулларда ҳам турли шубҳа туғдирғани каби, Анварнинг ўзи учун ҳам ўштайсиз бўлар эди. Гўё бир ўртоғи билан кетиб борғандек парвосиз кўринган Анвар, бурилишка етканда ўзидан ўн қадам орқадағи ҳамроҳини кутиб турди. Ғуруби[86] яқинлашқан қип-қизил ой Анвар тўхтаған муюшка кўлага каби заиф нур сочар эди. Раъно Анвар ёниға етиб «қаёққа юрамиз«, деган каби бир йўлға ва бир ҳамроҳига қаради. Соч ўрумларини телпак остиға босиб, тўни тўпуғи устига тушаёзған "ёш йигит" Анварнинг кўзига яна ҳам дўндуқроқ кўринди. Анвар Раънонинг тўнини бир оз кўтариброқ ушлатди, онда-сонда телпакдан чиқиб қолған соч толаларини яшир-ди ва »ўнгга» деган ишоратни қилди. Раъно олдинда, ундан икки-уч қадам орқада Анвар йўлға тушдилар. Енгил бедона маҳсиси билан қала кафши кичкина оёғиға жуда ҳам келишкан Раъно, гўё учкандек тез юриб борар, орқада келган Анвар ғояи омолға[87] ошиққандек ундан қолишмасқа тиришар эди. Узоқ юрдилар. Элли қадам чамаси нарида гулхан ва гулхан теварагида уч-тўрт нафар кишилар кўриниб, Раъно тўхталди. — Тўхтама, Раъно, — деди орқадан Анвар, — сен писанд қилмағандек, парвосиз гулхан ёнидан ўта бер, мен улар билан сўзлашиб қолсам, нарироқда кутиб тур. — Миршаблар бемаҳалда қўймас эмиш-ку. — Мен билан сени қўяр... Қўрқмай боравур. Раъно иккилангансумон йўлға тушти, гулхангача ўн қадам қолғанда миршаблардан бири ҳайқирди: — Тўхта! Раъно Анварга қараб тараддудланди, Анвар юра беришка ишорат қилиб, тезлик билан гулхан ёниға етди. Ан-варни таниған миршаб ва қоровуллар таъзиман ўрунларидан қўзғалдилар. — Қўзғалманглар, — деди Анвар гулханда исиниб, — даҳбоши ҳам шу ерда эканлар... Анвар «даҳбоши« деб атаған юм-юмалоқ киши Қорунбой исмлик бўлиб, миршабларнинг қизиқроғи, шунинг учун ундан »даҳбоши» деб истеҳзо қилар эдилар: — Ёнингизда бесақал билан бемаҳалда нима қилиб юрибсиз, тақсир? Одамзодга ишониб бўлмас экан-да... Анвар, «даҳбоши«нинг кўзи Раънога тушиб қолганини онглади. Гулхандан ўттуз қадамча нарига бориб тўхтаған »бесақал»га кўз қирини ташлади. — Зиёфатда эдик, даҳбоши. — Ҳа-а-а-а-а, менам айтдим... Уй бу ёқда қолиб, энди қаёққа кетапсиз, тақсир? Анвар қўлини яқиндан иситмакчи бўлиб гулхан тарафка бир қадам бости. — Эшитмадингизми, ҳали?.. Мен Раис кўчадан... янги ҳавли олдим. — Муборак, муборак. Анвар қутлуғ айтиб, улар билан хайрлашди. Миршаблар унинг ҳурмати учун қўзғалишиб қолдилар. Гулханчилардан элли қадамлаб узоқлашқач, Раъно Анварнинг етиб келиши учун йўл устида тўхтади. — Нима деяпти у гўрсўхта? Анвар ҳиринглаб кулди ва Раънонинг елкасига қоқди: — Юр, юр, йигитча. Гўрсўхта тўғри айтяпти. — Етаёздиқми, қаерға борамиз? — Яқин қолди, кечаги хотиннинг уйига... Раъно оддинға тушиб кетди, узоққина сўзсиз борғандан кейин орқасиға қайрилиб сўради: — Ўзлари яхши одамларми? — Яхши, яхши, — деди Анвар ва ўн қадам чамаси индамай борди. — Сен уй эгасидан қочиб ўлтурма, ўзи меним оғам... Тузукми, Раъно? — Хўб. Яна бир оз юриб торроқ бир кўчага бурилдилар. Султоналининг дарбозасига еткунча иккиси ҳам оғиз очиб гапиришмадилар. Дўстлиқ «Каромати» Эрталаб хоннинг ҳарамдан чиқиш вақти яқинлашқан, салом ва истиқбол учун хослардан саккиз-тўққузи йиғилған эдилар. Шу кутиш асноси эшикда ҳовлиқиб Султонали кўринди. Қора бармоғи билан хослар ичидаги Абдурауф тунқотарни ўз тарафига имлаб, орқасиға қайтди. Абдурауф тунқотар ажабланган ҳолда даҳлизга чиқиб, ўзини четка олиб турған Султоналига, нима гап, деган ишоратни қилди. Султонали лабини тишлаб, қўли билан тунқотарни ўз ёниға чақирди. Тунқотар маҳсичан оёғини ерга босиб Султоналинннг ёниға келди. — Хўш? Султонали бошини икки елкасига ирғатиб, лабини тишлаб олди. — Мирзобошимизнинг миси чиқиб қолди-ку. — Хўш, хўш? Султонали тунқотарнинг қулоғи остиға энггашти ва ярим товуш ичида деди: — Мирзо Анвардан онҳазратка номуссизона бир хиёнат содир бўлди. Тунқотар бошини қуйироқ тушуриб, Султоналининг афтига эгри қаради: — Масалан? — Мирзо Анвар уч-тўрт кундан бери меним ҳавлимда қўниб юрар эди, — деди Султонали ва сўз ораси уёқ-буёққа қараб қўйди. — Чамаси устозига бир хиёнат қилғандан кейин меним ҳавлимда ётиб юрған экан... Ўз устозини билмаган бу бепадар, олампаноҳнинг ҳам бетларига оёқ қўйишдан тоймай, мазкур устозининг қиблагоҳ учун мувофиқ кўрилган қизини йўлдан оздириб, бу кун кечаси уни қочириб меним ҳавлимга олиб келди... Гарчи ўз ҳавлимда ётқан меҳмоним ва дўсти қадрдоним бўлса ҳам, валинеъматимнинг ҳаққи намакларини унуткан бу беҳаёнинг андишасизлигидан ҳар мўйим бир ништардек кийимимдан тешиб чиқаёзди. Унинг йигитлигига тилда таҳсин ўқуб, ичдан лаънат айтиб, жанобни хабардор қилиш учун югуриб келаётқаним-да, бек ака. Тунқотарнинг кўзи қинидан чиқаёзиб, бир-икки қайта соқолини қўли билан букиб ямлади. — Падар лаънат. Ўзи ҳозир сизнинг уйингизда? — Ҳа, ҳа... Қиз ҳам шунда. Жанобнинг раъйлариии билиш қийин-ку, бироқ менга қолса, вақт қочирмай уни ҳозироқ қўлға олиш керак-да. — Бўлмаса-чи, — деди тунқотар елкасини қисиб, — мен ҳозир арз қилай. Раҳмат сизга. Тунқотар ҳузури хоска кириш учун шошилди. Султонали хоннинг «ҳаққи намагини« бенуқсон адо қилиб, хотиржамъ девонға қайтди. Анварнинг энг содиқ кишисининг охирғи »каромати» ниҳоят шу бўлди. Кўб фурсат ўтмади. Девоннинг даричаси ёниға келган тунқотар Султоналига чиқ ишоратини қилиб, ўзи нарироққа кетди. Ҳовлиққан, энтиккан Султонали оёғини онда-сонда ташлаб, девонхонадан чиқиб келди. — Марҳамат? — Ушлашка буюрдилар. — Айни каромат, — деди Султонали. — Иккисини ҳам албатта? — Албатта. Ёниға тўрт нафар ясовул олиб, Султонали йўлға тушти. Ташқи дарбоза ёниға қантарилған отлардан бирисига миниб, тунқотар ҳам уларнинг изига кирди. Озғина юрғандан кейин, тунқотар яёвлардан ўзди. Унга етиб юриш учун Султонали ва ясовуллар елиб бордилар. От билан баробар югуришар, озғина кейинда қолсалар, отлиқ тунқотар тез юришға қистар эди. Шу йўсун ҳаллослашиб узоқ чоптилар... Бурулишқа етканда Султонали бир оз сустланиб, ўзидан ўн от адими йироқда борған тунқотарни чақириб тўхтатди ва қўлини ўнгга силтади. Тор кўчага кириб кетдилар. Уч дақиқа чамаси елгандан сўнг, Султоналининг дарбозаси кўринди. Султонали тўхтади... — Ўша кўриниб турған дарбоза... Озғина таҳаммул қилинсин-чи, бек почча, меним киришим яхши бўлмас, дейман?.. Тўрт адимча олдинда борған тунқотар отнинг жилавини тортди. — Нима учун? — Меним дўстлиқ отим бор... Мен четроқда турсам маъқул бўлмасми? — Маъқул, маъқул. — Раҳмат... Дарбозадан кирсангиз меҳмонхона бор; ул шунда бўлса керак, қиз эса ичкарида эди. Султонали шу сўзни айтиб, ўзини қаршидағи дарбоза йўлагига олди. Тунқотар йигитлар билан дарбозага қараб кетди. Дарбозанинг ҳар икки табақаси ҳам лангталлаб очилған, ичкари тарафдан хотин ва эр кишининг сўзлашкан товушлари эшитилар эди. Тунқотар отдан тушиб жилавини ясовуллардан бирининг қўлиға берди: — Сен от билан шу ерда турасан, дарбозадан на хотин ва на эркак кишини чиқармайсан, — деди тунқотар. — Сиз йигитлар, мени орқамдан кирингиз, Анварни кўрганингиз он ҳеч нарсага қарамай, қўлини боғлангиз. Ясовуллар садоқат нишони кўрсатдилар. Тунқотар уч-тўрт қадам ичкари юрди ва йўлак даромадида тўхтаб ичкарига қулоқ солди. Ичкаридан эр ва хотин сўзларини эшитди. — Шарманда бўлдим, расво бўлдим!.. — Шарманда бўлиш ҳеч гап эмас, — деди ичдан тунқотар. — Вой шўрим қурсин!.. — Албатта шўринг қуруйди, моча!.. — деди тунқотар. Тунқотар, йигитларга «орқамдан» ишоратини қилиб, бирдан саҳнга чиқди... Саҳннинг ўртасида қўлида бир қоғоз ушлаб, бошини қуйи солған Солиҳ махдум турар эди. Махдумнинг ёнида икки киши, улардан берироқда паранжилик уч хотин қадалған эдилар. Тунқотар ва ясовулларнинг шапраси билан ҳамма чўчиб кетди. Махдум қўлини бир-бирига уриб, оҳ чекти: — Шарманда бўлдим, расво бўлдим! Тунқртар шошиб, олпонғ-толпонғ махдумнинг ёниға келиб етди. — Нима гап? Махдум шарт этиб, пешонасига уриб, йиғлади: — Сўзлагали тил йўқ... Жанобнинг олдиларида шармисор, ғазабка сазовор бўлдим... Эрталаб уйғонсақ, бепадар ожизамиз йўқ... Саросима уён-буён югуриб турғанимизда, мирзо Султоналиникидан, қизингиз бизникида, деган хабар борди. Биз аёллар билан югуришиб келсак, бир онда... — Хўш, хўш? — Ҳаромзода Анвар уни йўлдан оздириб, бу ердан ҳам олиб қочибдир... Ҳарчанд ичкари ва ташқарини излаб, ушбу хатдан ғайри асар топмадиқ... Эвоҳ!.. Хотинларнинг биридан йиғи товши эшитилди. Тунқотар махдумнинг қўлидағи хатни юлққандек ўз қўлиға олди. «Иззатлик мирзо Султонали оғамизға! Маълум бўлсинким, синглингиз билан маслаҳатлашиб ўз ҳаётимиз учун сизникида туришни хавфлик, деб ўйладиқ. Гарчи дўст кўринсангиз ҳам, баъзи нолойиқ ҳаракатларингиз бизни шубҳага солди. Айниқса хотинингизнинг Раънога бузуқ қиз билан қилған каби муомаласи яна бизни хавотирға туширди. Шуларга мабни[88] алдаған каби сизни ўрдаға жўнатишқа, сиздан сўнг уйингиздан кетишка мажбур бўлдиқ. Дунёда дўсти содиқни топиш қийин экан. Сизга ҳарчанд: «Мен ошиқман, қиз маъшуқамдир, олампаноҳка қилған бу хиёнатим ёлғиз ўз тарафимдан содир бўлған жиноят эмас», десам ҳам, сиз »Ёшлиқ қилибсан, марҳаматлик подшоҳинг ҳақини унутибсан, дейсиз. Лекин сиз шу қиз йўлида ҳатто бош муншийликдан ҳам кечиб турғанимни ўйламайсиз. Бунинг учун мен сиздан ранжимайман. Аммо сизни инсон фаҳмлаб, уйингизга дўст олиб келганда бу қадар тундлиқ, бу қадар риоясизлиғингиз кишига қаттиғ таъсир қиладир. Ичкарида ҳатто қиз бечоранинг бошиға ёстиқ ҳам бермаганлар. Баракалла сизга, баракалла янгамизга, баракалла одамгарчиликка!.. Аддои дўстингиз АНВАР". — Одамгарчиликни ҳам билади, бу туз кўр қиғур! — деди заҳарханда ичида тунқотар ва хатни буклаб ёниға солди. — Ичкаридан мирзо Султоналининг хотинини чақириб беринглар-чи! Хотинлардан бири ичкарига қўзғалди. Рузвон йўлакда турған бўлса керак, хотин ички эшик ёнида тўхтаб, йўлак билан сўзлашди. Тунқотар эшик ёниға келди. — Сиз шундамисиз, янга? — Ҳа, айланай. — Сиз бу гаплардан нима биласиз? Рузвон эшик панасига яшириниб, бир оз жавобсиз турди ва бир-икки томоқ қириб қўйди: — Уч кундан бери мирзо Анвар отлиғ йигит бизнинг меҳмонхонада ётиб турар эди, айланай... Шу йигит бу кун ярим кечада бир қизни бошлаб келди, мен ҳайрон бўлиб мирзонгаздан сўрасам, шундай-шундай гап... Жуда хафа бўлиб кетдик-да, айланай. Кет дегали юз чидамайди, киши чақирғали яна вақт эмас; мирзонгиз билан кенгашиб, эмди ҳарчи эрталабгача жой берайлик, тонг отса, буларнинг татиғини бергучилар топилар-ку, ахир дейишдик. Тонг отди, мирзо Анвар у кишига: «Мен бунда яна бир кун тураман, шунгача бизни эҳтиёт қилсангиз бўлади», деган эмиш. Мирзонгиз шошиб ўрдаға кетди, у кишидан кейин мен ҳам тинч ўлтуралмадим, айланай. Қўшнимизнинг боласини қизнинг уйига чоптирдим. Бир вақт мен билан сандалда ўлтурган қиз уйдан чиқди, мен ташқариға чиққуси келдими, деб бепарво ўлтурабериппан, айланай... Шу чиққани билан қайтиб кирмади-қўйди. Кўнглим ғаш тортиб, ҳавлига чиқиб қарадим. Йўқ, ташқаридамикин деб шу турған жойимға келган эдим, уёқдан булар келишиб қолди... Бўған гап шу, айланай! Тунқотар афсус чекиб махдумнинг ёнида турған кишиларга яқин келди. — Сизлар нима қилиб юрасиз бу ерда? — Биз... биз мирзо Султоналининг қўшнилари бўламиз. — Жуда яхши, хизмат?! Тунқотарнинг кариҳ[89] бу муқобаласидан кишилар сиқилиб қолдилар. — Мен кўчада эдим, — деди бириси қўрқа-писа, — уёқдан домла билан аёллар келиша берди... Аёллар йиғлашқанға мирзонинг уйида бир гап бўлғанми, деб. — Текин томошачиман, дегин... Хўб, сен-чи? — Мен ҳам мирзо Султоналига қўшни бўламан, — деди иккинчи киши: буниси ўзига бир оз тетикроқ эди. — Бироқ мен сизларнинг гапларингни эшитиб, бир нарсага ҳайрон бўлиб туриппан-да. — Нимага ҳайрон бўласан? — Мен шунга ҳайрон бўляпманки, янгамнинг сўзига қарағанда, мирзо Анвар ўз ёнида паранжилик хотин билан чиқиб кетса керак эди... Боя мен уни дарбозадан чиқиб борғанида кўрдим, ёнида хотин-потин деган гап йўқ эди. — Ёлғизмиди? — Ёлғиз-ку эмас эди, бироқ ёнидағиси аёл эмас, дўндиққина бир бесақал эди. Тунқотар қўшнининг сўзига тушунмади, елкасини қисиб қўйди. — Сиз аниқ кўрибсиз, Карим ака, — деди у ёқдан Рузвон. — Қиз кечаси келганида ҳам эркак кийимида эди. — Ўб, падар лаънат! — деб юборди тунқотар. Устиға тоғ ағдарилған махдум бошини яна қуйироққа солиб, ҳўнгир-ҳўнгир йиғлади. — Бўлар иш бўлған... — деди тунқотар атрофига хитобан, — улар-ку, албатта, қўлға тушиб жазосини топар, бироқ жанобнинг шаънларига жуда оғир гап. Биноан алайҳ, шу ердаги сирга воқиф бўлғанларнинг вазифаси бу ҳодисанинг кишига сўзламаслик, кўрган-кечирганини шу ерда қолдириб кетишлик! Кишилардан: «Албатта, албатта!» деган жавоб бўлди. Сўнгра тунқотар махдумнинг ёниға келди. — Сизда гуноҳ йўқ, бироқ қиз ўсдиришни билмас экансиз. — Бандамиз, бандамиз, — деб йиғлади махдум. — Илоҳи жувонмарг бўлсин, мени ерга қаратди. Паранжидаги хотинларнинг бири бўлған Нигор ойим пиқ-пиқ йиғлади. Тарбузи қўлтуғидан тушкан тунқотар ясовулларнинг олдиға тушиб, тарс-турс кўчага чиқди, йигитлардан бирининг кўмагида отқа миниб, жилавини қўйди. Султонали яширинған дарбозага етканда йўлакай чақириб ўтди: — Мирзо Султонали, чиқинг. Қочқан, падар лаънатлар! Султонали кўзини катта очиб, дарбозадан чиқди. — А, чинми? — Қочқан, — деди тунқотар хатни Султоналига узатиб, — ўқуб, яна менга қайтаринг, жанобга ҳам кўрсатишимиз керак... ...Султонали шу ҳодисанинг иккинчи куни хонға қилған садоқатининг самарасини ҳам кўрди, яъни бош мунший бўлиб белгиланди. Чаённинг Намойиши Бу кеч масжид ҳужраси яна обод, катта шамъни тоқчаға қўндириб, очиқ танчага писта кўмир солиб, маъ-юс, бир-бирига ёнма-ён ўлтурғучи икки муфти қўлларини оловға товлар эдилар. Ҳужранинг тўрдаги тоқчасиға беш-олти дона қалин муқовалиқ китоблар терилган, уларнинг варақ тахида — «Шарҳи мулло Жомий«, "Ақоиди маъ-алҳавоший", "Ҳикматул-айн", "Ал-виқоя", »Сияри шариф» каби сўзлар ёзилған эди. Кун ботиш тоқча девориға гул равишида туширилган дуо ёки шунинг каби муқаддас калималар ёзиғлиқ бир қогоз ёпиштирилған. Сирлар билан турланган қозиқларнинг бирига бева хотиннинг декчасидек бир салла илинган эди. Шаҳодат муфти касавни олиб, чўғни титди ва кенг кўкрагини шишириб нафас олди. — Ажаб бедаво дард-да. Калоншоҳ мирзо бошини ирғатиб қўйди. — «Сўйган ёрим сен бўлсанг, кўрган куним не бўлғай», — деб давом этди муфти. — Улуламир қадрношунос бўлғандан сўнг қийин экан. Шу оқпадарнинг қўл остида ишлагандан девонни ташлаб кеткан беҳроқ. — Сабр қилинг, домла, сабр: «Инналлоҳа маъассобирин»[90]. — Албатта... Ва лекин Султоналидек бемаънига бош эккандан, ҳар рўз ўн таёқ еган яхши. Хуфтанни ўқуғандан сўнг таҳорат янгилаб юргучи мулла Абдураҳмон ҳужра эшигида кўринди. Кичкина ховонча бошидағи оқ тепчима тўппи ва қора узун соқоли уни ҳиндиларнинг савдогари қиёфатига қўйған эди. Мулла Абдураҳмон ичкари кириб, қозиқдағи саллани оқ тўппи устидан кийди. — Мен жанобларнинг сўзлари билан уйга овқат буюрмадим-а? — Лозим эмас, биз уйдан овқатланиб келганмиз. Мулла Абдураҳмон танча ёниға келиб ўлтурди ва ер остидан Шаҳодат муфтига қараб илжайди. — Шундай қилиб, мирзо Анварни қиз билан қочирдингиз? — Қочириш бўлса, қочирдиқ ва лекин қордан қутулиб ёмғурға тутилдиқ, мулла Абдураҳмон. — Мен эшитдим. — Куллу явмин батар — буниси ундан ҳам қабиҳроқ бўлди... Беш кундан бери юраклар зардобка тўлди, мулла Абдураҳмон, — деди муфти. — Кеча бизникига йўқлаб борған экансиз, Сиз кетибсиз, мен келибман-да, кўб афсус қил-дим. Бу кун мулла Калоншоҳни олиб, сиз билан суҳбатлашиб қайтайлиқ, деган ниятда... — Қуллиқ, тақсир, қуллиқ, — деб мулла Абдураҳмон қимирлаб ўлтурди. — Мен Анвар билан Султонали можаросини фақат кеча мирзо Боисдан эшитдим. Бу тўғрини аниқроқ билиш учун жанобингизнинг хизматингизга борғаним эди... Хўш, ҳаводис нима? — Ҳаводисми? Қани сўзланг-чи, мулла Калоншоҳ. Калоншоҳ, сўзлай беринг, дегандек Шаҳодат муфтининг ўзига ишорат қилди. Шаҳодат муфти кўзини юминқираб, ҳаводисдан[91] саҳифа очди: — Ҳаводис шулки, Анвар борасиға сизнинг олған нишонингиз жиддан тўғри тушиб, биз куткандин ҳам зиёдароқ самарага эришкан, яъни мағрур гўдагимиз қизни атиб қочқан... Мулла Абдураҳмон ҳакимона илжайди, Шаҳодат муфти давом этди: — Чамаси, нисфи шаб-ярим кеча асноси, дўстим, деб ёнида қиз, Султоналининг уйига келган. Султонали тойг отқунча икки гўдакнинг қўйнини пуч ёнгоққа тўлатиб чиққан, эрта билан улар уйқуда ётқанда, Султонали ўрдаға югуриб келган; воқиъани тунқотарға сўзлаб, тунқотар хонға йўлиқиб, хоннинг буйруғи билан ёнлариға ясовуллар олиб келсалар, ошиқ-маъшуқ йўқ, улар жойида Султоналига аталған бир сабнома[92] бор... Чамаси, Султонали аблаҳлик қилиб, Анварни бад олдириб қўйған ва тонг вақти, улар уйқуда экан чоқда ғойиб бўлиб, яна шубҳани ортдирған бўлса керак. Султонали Анвар билан қизни тутиб бералмаса ҳам, баҳарҳол хонға яхши кўриниб, Анварнинг ўрнини олишқа муваффақ бўлди. Барча ҳаводис мана шундан иборат. Абдураҳмон ҳикояни эшиткандан кейин, бир неча вақт сўзсиз ўлтурди. Танчадаги оловни тузатар экан, ер остидан муфтиларга қараб илжайди. — Мирзо Боисдан ҳам шу маолни[93] эшиткан эдим, — деди ниҳоят. — Жанобларнинг фикрлари балки тўғридир, аммо мен бу маолдан бир оз шубҳа қиламан... — Яъни, масалан? Абдураҳмон қўлини ўйнаб, яна бир оз сукутда ўлтурди, сўнгра лаби оҳиста-оҳиста очилиб юмила бошлади: — Бу ҳаммаси Султонали билан Анварнинг ўюнидир, деб ўйлайман... Бу андишамга бир неча сабаблар ҳам бор. Жаноблардин махфий эмасдирким, биз ўзаро қандай яқин бўлсақ, Султонали билан Анвар ҳам ўзаро шундай қалин дўст эдилар. Бинобарин, ақлға «қарға қарғанинг кўзини чўқур эканми?» деган савол келадир; жаноблар шу борани қандай тушундилар экан. Шаҳодат муфти Калоншоҳка қараб қўйди, Калоншоҳ парвосизроқ кўринар эди. Орада яна бир неча вақт сукут ҳукм сурди. — Султонали сармунший бўлиш учун дўстидан кечса ҳам мумкин, — деди муфти. — Иккинчи тарафдан, сизнинг фикрингиз ҳам эҳтимолдан баъид[94] эмас. — Султонали дўстидан кечмай туриб ҳам бу найрангни қилса мумкин эмасми, домла? — деб кулди Абдураҳмон. — Масалан, хон олмоқчи бўлған қизни қочирғучи Анвар икки бошдан-ку, қайтиб сармунший бўлолмайдир, бошқа тарафдан, хиёнаткор дўсти бўлиб танилған Султоналининг ҳам ҳаёти таҳлика остида турадир... Бас, шу ҳолда бу найранг тўқилған бўлса, яна тўғриси, шу ҳийлани Султоналининг амнияти талаб қилған бўлса, сиз билан мен ғайраз қандай мантиққа суяна оламиз? Шаҳодат муфти ўрнидан турди, Абдураҳмоннинг ёнига келиб, орқасини қоқди: — Раҳмат, ўғлим, раҳмат. Сени туққан онангға ва ўқутған устозингга раҳмат. Абдураҳмон ерга қараған ҳолда илжайди. Шаҳодат муфти унинг ақлиға таҳсин ўқуй-ўқуй, нос чакиб ўз жойиға ўлтурди. — Мулла Калоншоҳ-а, шу гап бизнинг ақлимизға асло келмабти-да? Шаҳодат муфтининг хурсандлигига қўшулмай, тунд ўлтурғучи Калоншоҳ, парвосиз қўлини оловға иситди. — Мен шу андишани ҳам қилған эдим, — деди бир оздан кейин Калоншоҳ, — лекин ақлим бовар қилмаған эди ва хозир ҳам бу фикрга қўшула олмайман. — Сабаб? — Боис шулки, Султонали Анварга суиқасд қилмағанда ҳам унга ҳеч гап йўқ эди. Аммо ул хонға қаробат[95] ҳосил қилиш учун азтаҳидил Анварнинг қасдиға тушканким, бунда шубҳа йўқ. Ўзгалар тарафидан сўзланган фикр ёки бақс ҳар қанча мантиқий бўлганда ҳам Калоншоҳнинг қарши чиқиш феъли бор эди. Унинг бу феълига яхши тушуниб қолған Шаҳодат муфти бош чайқади. — Биз янглишамиз. Калоншоҳ яна юқоридағи сўзини такрорлади: — Бачи маъни янглишамиз? Мулла Абдурахмоннинг ўзи ҳам ўйлаб кўрсин, башарти Султонали дўстлиқ юзасидан Анварни қочириб юборғанда ҳам унга ҳеч бир зарар йўқ эди. Бас, Султоналининг ҳамма ҳаракати тўғри, Анварга хиёнат қилиши мансаб умидида эканлиги шубҳасиз. Орада ўз фикрига қарши шунча раддия ўтса ҳам, парвосиз, гўё муроқабада[96] ўлтургучи мулла Абдураҳмон яна илжайиб бош кўтарди. — Султоналининг Анвар билан ати-қатилиғи ўрдадан ҳ.ар кимга маълум-ку, домла. Башарти ўз уйида турған Анварнинг хиёнати тўғрисида Султонали ўзини тағофулға солса, мардумнинг кўнглига нима гап келар эди, айниқса, жанобларингиз қандай андишага тушар эдингиз... Ожизнинг фикримча, ул найрангбозлар бир ўқ билан неча қўшни урганлар, масалан, жанобга Султоналининг садоқати зоҳир бўлди, сармуншийлик вазифасига беозор ўлтуриб олди ва учунчидан, мардум кўзини бўяди. — Баҳарҳол... баҳарҳол Анварга қарши чиқмағанда ҳам Султоналини на хон ва на биз айблай олар эдик. — Хўш? — Хўш-пўши йўқ, — деди қизишиб қолған Калоншоҳ, — биравнинг устига айб қўйиш учун, шаръан шоҳидлар ло-зим, даъвони исбот қилиш герак... Хах-хах-хах, сен фалончи гуноҳкор билан дўст эдинг, деб кишини айблаш. Масалан, ушбу даъвони қилғучи ўзингиз ҳам уларнинг маслаҳати устида бўлмағансиз; фақат шундаймикин, деган мулоҳазада сўзлайсиз, ҳолбуки, сизнинг сўзингизнинг шаръан тўрт пуллик қиймати йўқ, ука... Калоншоҳ жуда қизишиб кетди, «шаръан сўзингизнинг тўрт пуллик қиймати йўқ, ука» таҳқири билан мулла Абдураҳмон ҳам бўзариб олди. — Меним сўзим бир мулоҳаза, тақсир, мулоҳаза шаръан исботка буюрилмаған. Ҳоказо, ўзингиз айтканча, гўё маснад[97] учун жон отиб юрған Султоналининг зоҳир[98] ҳаракатига ҳам ишониб бўлмайдир. — Шунинг каби, сизникига ҳам вусуқ[99] йўқ. — Мен айтаяпман-ку... Жанжалнинг каттага кетишини фаҳмлаган Шаҳодат муфти Абдураҳмоннинг сўзини бўлиб, ораға тушди: — Баҳс нима ҳожат? Мулла Калоншоҳники ҳам тўғри, сизники ҳам ҳақиқат... Аммо ҳозирги масаламиз қайси фикр тўғрилиғи устида эмас, қайси йўл билан Султоналини бу ўрундан олиб ташлаймиз борасида. Кўб йиллардан бери бирга юриб, ўз руҳига тушуниб қолған Шаҳодат муфтининг бу сўзи билан Калоншоҳ озғина ёришди. — Ана бу бошқа масала, — деди, — мулла Абдураҳмоннинг фикрини тўғрими, эгрими, суриштирмай, унга фақат бир тадбир деб қарасангиз бу бошқа гап, аммо маҳзи ҳақиқат[100], деб билиш бус-бутун хато. Шаҳодат муфти бу масалани ёпиб, иккинчи тарафка ўтишка шошилди. Чунки Абдураҳмон яна бир илжайиб икки оғиз сўз айтса Калоншоҳнинг оғзини тикиш оғир ошар, Шаҳодат муфти буни яхши онглар эди. — Халос, халос, — деди муфти, — менда воқиъ ҳолоғи фараҳ[101] ҳам фақат шунинг устида, йўқса, илми ғайбни[102] ким билибдир. Аммо мулла Абдураҳмон мулоҳазасининг қиймати шундаким, Султонали муаммосини тез ҳал қилса бўлур. Муфтининг сифориш[103] сўзлаши билан Калоншоҳ жуда ҳам ўзига келиб қолди ва «ҳалли қандай» деб ёвошқина сўраб ҳам қўйди. — Ҳалли осон, жуда осон, — деди муфти. — Биз мулла Абдураҳмоннинг мулоҳазаси айни билан жанобга бир ариза ёзамиз, халос. Мулла Абдураҳмон намойишкор Калоншоҳка қараб, ўнг қўли билан манглайини қашиди... Аммо Калоншоҳ қаноатланмағандек қилиб бош чайқади. — Хон Султоналининг садоқатига қаиоат ҳосил қилған, яна шу ҳолда бу аризага ишонадирми? — Агар ҳақиқатни айтилса, хон ўзидан бошқа ҳеч кимга эътимод қилмайдир, — деди муфти, — хайр, Султоналига эътимод қўйған ҳам бўлсин, яна бу тақдирда ҳам биз аризани ёза берамиз. Нега? Агар ишонса, Султоналини ўрдадан ҳайдар, ишонмаса, яна бизга нима зарар; бу гап .сизга қандай ўхшайди, мулла Абдураҳмон? Абдураҳмон кўзини катта очиб, тўғри топқан каби бош ирғатди. — Аризамиз ўрунласа кўб яхши, билъакс, ўрдадан ўзимиз ҳайдалурмиз, — дсди Калоншоҳ. — Нима учун? — деб сўради муфти. — Ахир аризани ким берганлиги маълум-ку. — Йўқ, — деди муфти. — Биз ариза остиға имзо қўймаймиз, Калоншоҳ. — Имзосиз ариза муътамад[104] бўлмас. — Муътамад бўлсин-бўлмасин бизга нима зарар; баҳарнавъ шу эҳтимолни хоннинг қулоғиға еткарсак бас-да, Калоншоҳ. — Кимнинг дастхати билан ёзасиз? — Бу осон, сиз бунисидан хотиржамъ бўлинг, Калон-шоҳ! Калоншоҳ ноилож ариза ёзишқа роғиб[105] бўлди. Аризанинг шу мажлисда, мулла Абдураҳмон қузурида ёзилиши мувофиқ кўрилиб, муфти таҳрирга ўлтурди. Икки Хил Садоқат Кечаси ёмғур савалағандек ёғиб турадир... Қоп-қоронғи, олти қаричлиқ тор кўчанинг муюшида турған бир кўлага ёмғурдан қочқан каби, кичкина эшик панасига сиқилған ва зўр бериб эшикни қоқадир. — Ким? — Мен, очинг. — Сафармисан? — Ҳа. Эшик занжири «ширқ»этиб кўтарилди. Ёмғурда бўккан Сафар ўзини торғина, олди очиқ йўлакка олиб, эшикни занжирлади. — Тинчликми? — Тинчлик, — деди эшик очқан кампир. — Нега кеч қолдинг, Сафар? — Ёмғурни кўрмайсизми... Сафар кампирнинг орқасидан сўзланиб саҳнга чиқди. Тор саҳннинг йўлак қаторида, тўрт бўйра эни катталигида ости бир қаричқина ердан кўтарилиб ишланган каталак айвоннинг тўр тоқчасида қора чароғ сасиб ёнадир. Сандалнинг бир чеккасида ғўза сугуриб ўлтургучи бир кекса кўр киши қўлидаги ғўза пўчоқ ва суғурган пахтаси билан бошини баланд кўтариб қавлидаги сўзга қулоқ солиб турадир. Сандалнинг иккинчи тарафида, юзини рўймоли билан яширған, хотинми, қизми — ўлтурибди, сандалнинг учунчи томонида, бир тўда чиқарилған пахта орасида чиғириқ кўринадир... — Ойим қизим бизни жудаам уялтирди, Сафар, — деб сўзланди кампир. — Шунча қайтарсақ қам бўлмайди, эрта-кеч отасининг ёнида ғўза суғуришади. — Синглим зериккандир-да, опа, — деди Сафар. — Эсон-омон ўлтурибсизми, почча, ассалом алайкум. Кўр киши бошини яна ҳам баландроқ кўтариб, икки тарафка чайқади. — Ваалайкум салом... Ҳа, нега жим бўлиб кетдинг, Сафар? Мулланинг олдиға кирақо, ёмғурда ивидингми, хўб. Сафар танчадаги юзини яширғучиға қарамаслиққа тиришиб, даромади айвондан бўлған ҳужра эшигига чиқди. — Эски ҳикояларингизни сўзлаб, опамни зериктирмай ўлтурибсизми, почча? — Ҳа, ҳа, — деди кўр киши, — қизимнинг ўзиям ҳикояга жуда уста экан-да, дам мен ҳикоя айтаман, дам ойим қизим айтади, асти қўйсанг-чи бизни, Сафар. — Бали, бали. Сафар ҳужранинг эшигини очиб, ичкарига кирди. Сандал устига қора чароғ қўйиб, олдиға китоб ёзған Анвар Сафар бўзчининг истиқболиға қўзғалди. — Ўлтуринг, ўлтуринг, шу ишингиз ёмон-да, мирзам... Саломатмисиз? Зерикмадингларми? Уч кун кечикдим-а. Мендан хафа бўлған чиқарсиз-ов... Ҳа деганда у ёқдан хабар бўлавермади, унинг устига аёллар навқасланиб[106] қолди... — Зарари йўқ, тоза ивибсиз, Сафар ака. Асли бу кун ҳ,ам чакки овора бўлгансиз. — Жаззаси чопонни солиб ташлаш-да, мирзам, — деди Сафар чопонини ешиб. — Қани ўлтуринг... Юртда тинчлик, ер-дўстдан сизга салом, мирза оғайнингиз хотиржамъ миршабошилиқни қилаяпти... Мен бўлсам, сенгаям бали, устозинггаям бали, деб юрибпан. Анвар илжайди. Сафар бўзчи сандал ёниға ўлтуриб, маҳ.сисининг қўнжидан бир қоғоз олди. Анвар қоғозни ундан олиб сандал устига қўйди. Қозиқда осилган чопонини келтириб, Сафарнинг яхтакчан елкасига ёпти. — Шамоллайсиз, Сафар ака, ўраниб ўлтуринг. — Ҳамма вақт кайиб қоғансиз-да, мирзам, — деди Сафар ва устига ёпилған беқасам чоионининг астар-аврасини текширди. — Тоза яхтак киймаган эдим, бунингиз менга увал-да, ука. Анвар ўлтурар экан, эътиборсиз қўл силкди ва сандал устидан хатни олиб очди: "Баланд мақом, лойиқи эҳтиром, буродарим мирзо Анвар. Дўстлар шод, душманлар ғамгин, явми саодат[107] яқиндир. Фалак кажравлиги аҳли салоҳ[108] устига ҳар рўз ҳар ранг[109] жавр туғдирса ҳам, ба ҳамаҳол[110] лайли залиманинг[111] явми навираси[112], риёзати қавиянинг[113], ажри азимаси[114] бордир. Жаноби сарвари коинот, мушриклар шарридин[115] сақланмоқ учун ўзларини ғор паноҳига олған эрдиларким[116], бу амсолингиз[117] каби уммати ҳақиқийларға[118] суннат бўлди. Баъда, камина дўсти хосдин арзи ихлос[119] шудирким, барча тадбирларимиз шоҳи мажнунга[120] ва ғайри ашқиёға[121] баайни афсун каби таъсир қилиб, ўткан хатда ёзған мулоҳазаларим хаёлдин ҳақиқатка ошмоқда. Каминага хоннинг эътимоди ёндошмоқда ва ул андишаларимиз эҳтимоли биздин узоқлашмоқдадир. Можаро бир неча кун сир бўлиб кечса ҳам, алҳол ўрдадин баъзилар бу сирга воқиф бўлғанға ўхшайдирлар, маъаҳозо[122] очиқ сўзлашка ҳеч кимда ҳад йўқ. Аммо, иккинчи тарафдин, сизни излашка махфий буйруқлар берилди, дарбоза беклари ёниға хуфиялар юбррилди, бинобарин, сиздин илтимос, ушбу хавфлар кўтарилгунча бениҳоят эҳтиётда бўлиш, Тошканд ниятини бир неча ҳафтага мавқуф[123] қўйишдир. Хизматингизга Сафарбой билан ушбу хатни озғина кечиктириб юборишим боиси ҳам, мазкур хавфлар борлиғидин бўлиб, маълумингиздир, Сафарбойнинг табиъатида андак бебоклик[124] ва лоқайдлиқ бор. Бинобарин, мухобароти дигаримизни[125] унинг аёли воситасида қилсамми, деган андишадаман. Зеро, аёл киши, ба ҳарҳол, мардум назарига яхши ва кундуз кунлари борса ҳам хавфсиз. Аммо бошқа эҳтиёт ўзингизга мунҳасир[126]. Зинҳор ба садди[127] зинҳор, ҳамсоялардин хотиржамъ бўлинмасин. Соний — сизга тегишлик ғариба[128] хабар шудирким, кеча ўрдадин қайтиб келсам, меҳмонхона саҳнида уч нафар йигит ўлтурибдир. Ҳар учави ҳам бизнинг Фарғона кийимида бўлмаған бу йигитларни ариза ёздирғали келганми, деб ўйладим. Салом-аликдин сўнг уларни меҳмонхонаға олиб кирдим. Истифҳоми[129] сабаби ташрифдин сўнг, йигитлардин бири меним ким эканлигимни аниқлаб олди, баъда, афсус чекиб, сизнинг можаронгизни сўзлади. Мен тамом ҳайратда қолиб, хуфияларми, деган андишага тушдим. Бу ҳодисани кимдин эшитдингиз, мирзо Анварга қандай алоқангиз бор, деб сўрадим. Опамдин эшитдим, ўзим мирзо Анварнинг оғаси бўламан, деган жавобни берди. Мен таажжубда қолдим; зеро, оғангиз борлиғини сиздин эшитмаган эдим. Ўткан хатимда ёзғанимча, бу йигитка ҳам опангизға берган жавобни айтдим, яъни, ўзимни оқлаш учун ҳодисага бирмунча ёлғон аралаштириб сўзладим. Йигит-оғангиз бўлмиш афсус чекти, ўн йиллардин бери Қўқонда бўлмағанлиғини, бухоролиқ бир саркарда эшигида хизмат қилғанлиғини, қариндошларини кўриш учун Бухородан Самарқандга келиб, у ердаги катта оғасини тополмағанини, ундан Қўқонға ўтиб, бунда ҳам сизга йўлиқолмай қолғанини сўзлади. Баъдаз унинг устидаги шубҳам бир оз зойил[130] бўлиб, кўнгил кўтардим. Оғангиз бўлмишнинг ёнидағи йигитлар бизнинг бу тарафнинг кишисига ўхшамайдирлар. Булар оғангиз бўлмишнинг ҳамроҳлари, Қўқонни томоша қилғали келган эмишлар. Сизга оғалиқ даъво қилғучининг исми Қобилбой, туси сизга ўхшаб келса ҳам, ўзи тўла, паҳлавон йигит ва ҳар учави ҳам забардаст кўриндилар. Ҳарчанд қистасам ҳам, уларни овқатқа тўхтатиб бўлмади. Сиз кечаги мактубингизда меним сармунший тайинланишимдан ташвишланиб, орада муфтилар, Абдураҳмонлар бор, сизга бирар заҳмат етарми, деган андишани ёзибсиз. Воқиъан, меним учун бу хавф бор, бундан кўз юмиб бўлмас. Модомики, «садоқатим он ҳазратка офтобдин равшанроқ бўлди, девонда мендин ғайри мавсуқроқ[131] киши топилмади, баъдаз сармуншийлик менга ҳавола қилинди, халос«. Ўткан хатимда ёзғанимдек, бу "марҳамат"дан бош тортишқа ҳеч бир йўл топмадим, агар узр баён қилсам, сизни тутиб беришка бўлған ҳаракатимнинг сохиталиги очилиш эҳтимоли бор эди. Чунки хонға садоқат бизнинг "одамлар" фикрича, бирар манфаат тақозосидир. Агар мен хонға "садоқатлик қул" эканман, бу "садоқат" замирида бир манфаатим бўлмоғи лозимдирким, ул ҳам ўз дўстимни ҳолоғи "садоқатимға" қурбон қилиб, эвазига сармуншийлик маснадини олишимдир. Башарти шу маснаддин бош тортсам, менга ишончсизлик туғулиши шубҳасиз эди. Бас, шу мажбуриятда мен бу вазифани қабул қилдим. Менга заҳмат етиши тўғрисида сиз ташвиш чека кўрмангиз, модомики, тақдирим шу экан, тағйири[132] мумкин эмасдир. Бу йўлда қанчалиқ заҳмат чекмайин ва ҳатто бошим ҳам кетмасин, меним учун қийматлироғи инсонга садоқат ва шу садоқатни то ўлгунча қўлдин бермасликдир. Синглимиз Раънобибига салом айтурсиз. Ота-оналарига ҳеч бир зарар бўлмади, фақат » ҳадя» ларнигина қайтариб олдилар. Охирғи сўзим яна эҳтиётлик устида: зинҳор-зинҳор ҳар эҳтимолга қарши ҳозир турилсин. Аддои мирзо Султонали". Анвар мактубни тугатиб, олдида ёниб турған қора ча-роққа тутиб, куйдирди. — Эҳтиёт керак-а, Сафар ака? — Албатта, мирзам, албатта. — Бу кеч қоласизми, кетасизми? — Кетмасам бўлмайди, Султоналингиз хафа қилади, ука. Анвар кулди. — Кетсангиз, хат ёзиб туришим керак экан, — деди ва тоқчадан сиёқ-қалам олди. — Исидингизми, Сафар ака? — Ҳа, ҳа... Жон кириб қолди, мирзам. * * * ... Биз ўткан 51-нчи фаслда Анвар билан Раънони Султоналининг дарбозасида қўйиб, 52-нчи-фаслга сакраган эдик. Шунда чала қолған бир неча аҳволни ҳозир айтиб кечмасак, муҳтарам ўқуғучиға Султонали масаласи бир оз онглашилмай қоладирған кўринди. Шундоғки, Анварнинг мажбурият остида Раъно билан келиши Султоналини жуда ҳам шошириб қўйди. Икки орада кучлик муҳаббат борлиғиға яна бир карра амалда қаноат ҳосил қилғанидек, уларнинг истиқболини қоронгилиқда кўрди. Яна шу ҳолда матонатини йўқотмай, «дўстинг учун қон ют» мақолидаги каби, уларни қаҳрамонлиқда табрик этди. Анвар эса фақат ўз истиқболи устидагина қайғириб қолмай — чунки Раъно ва ўзининг истиқболлари мундан кейин ё чик, ё пук эди — аммо икки ўртада бу ботқоққа тойиб кетиши аниқ бўлған Султонали масаласида жиддийроқ ўйлади. Зеро, мулла Абдураҳмонга илҳом бўлғанидек, Анвар тинчкина Раънони ёниға олиб қочса албатта Султонали ушланар эди. Мулла Абдураҳмоннинг фикрларидан ташқари, Султоналининг ўз хотини Рузвонбиби орқалиқ махдумнинг уйи билан қилинған китоб алоқаси ҳам бор, энг охирда муфти ва Абдураҳмонларнинг Султоналига кучлик адоватлари... Шу мулоҳазаларини Султоналига баён қилиб, фикр сўрағанида, ундан аҳамиятсиз жавоб олди. Чунки дўстлиқ тақозоси ҳар қандай оғирлиқ қаршисида матонат, кўкрак керишдир, бошингға тоғ йиқилиш эҳтимоли бўлғанда ҳам турған жойингдан силжимасликдир — Султонали шу эски қонун тобиъларидан ягона вакил эди. Лекин Анвар ўз дўстини балоға қўйишни хоҳламади. Ҳар эҳтимолга қарши чора кўришни лозим топиб, ўқуғучига маълум йўлларни, Султоналига таклиф қилди. Табиъий, ул кўнди. Шу йўсун эртага ўйналатурған томошаға Султоналининг хотини ҳам ўргатилди, ҳатто ярим кечада қўшни Каримбой ҳам уйқудан уйғотилиб, бир тилло баробарига ёлғон гувоҳ тикланди ва шу ондан бошлаб Анвар билан Раъно Каримбойнинг уйига чиқиб яшириндилар. Маълумдирким, эртаси кун ҳар ким ўз рўлини яхши адо қилиб, иш жуда силлиқ ўтди, ҳатто бу ўртада Солиҳ махдум ҳам оқланиб қолди. Султонали шу кун кечқурун Тойир акани Сафар бўзчиға юборди. Чунки бу ишда сирдон бўлиш ва Султоналига кўмаклашиш учун энг мувофиқ, ҳам ишончлик киши бирдан-бир Сафар бўзчи эди. Хуфтан асносида Сафар бўзчи етиб келди, воқиъани эшитиб, дафьатан мирзони яшириш учун шаҳарнинг четроғида бўлған язнасининг уйини жўплади. Дарҳол язнаси, яъни опасиюют уйига югуриб жой ҳозирлатди ва шу кечасидаёқ Анвар билан Раънони элтиб жойлаштирдиким, қолғани ўқуғичимизға маълумдир. Аммо Анварнинг ҳийласи хон ва яқинлариға шундай яхши таъсир қилдиким, биз буни Султоналининг сармунший белгиланишидан онглаймиз. * * * «Қир-қир» хат ёзиб борған Анвар, савоғич қалам учини сочиға суйкаб, қаламга ёпишқан лос қилчиғини тушурар экан, Сафар бўзчиға юз ўгирди: — Мундан сўнгғи келишингизда мирзо Султонали ёнингизға бир киши қўшса керак. Сиз шу йигитни бу ерга олиб келасиз, ўзи меним оғам бўладир, хўбми? " — Хўб, мирзам, хўб. Мирза оғайнингизға шуни таъйинлаб битсангиз бўлди-да. — Шундай, мен битяпман. Анвар яна ёзувға қаради, Сафар бўзчи сандал кўрпасига ўраниброқ ўлтурди. Ташқарида ёмғур тинаёзиб, кучлик шамол қўзғалған, ёмғур томчиларни гоҳо том устига тўпиллатиб қаттиғ тушурар, дарича тирқишидан кирган шамол билан қбра чароғ чайқалиб-чайқалиб ёнар, айвондаги кампирнинг чиғириғидан ғижиллаб чиққан товуш мушук бола мавлаган каби ҳужрага эшитилиб турар эди. Баримта Кун чошкоҳдан ошиб, Чорсуда халқ олағовири бошланса ҳам, шундаги бўш дўконларнинг бирида уч нафар йигит ҳануз донг қотиб ухлар эди. Чорсуда бўлиб турған тарс-тўполон гўё бу уч йигитни аллалар эди. Бошиға биттадан шапарак кир ёстиқ қўйиб, остиға яланқават тақир кўрпача ёзған ва устига гуппи чопонини ёпиб, яна шу ҳолда баҳузур хуррак отиб ухлаған бу уч йигит мусофирга ўхшар эдилар. Улар пгу йўсун роҳат қилиб ётқанда, тахтабандлик дўкон ёниға ташқаридан бирав келиб тўхтади ва ҳамма товшини қўйиб, бақириб юборди: «Тўхта, ҳовв Наврўзқул!» Ухлағучиларнинг иккиси пинагини бузмади, аммо дўконнинг тўрида ётқан чувак бир йигит сўчиб, бошини кўтарди, уйқулиқ кўз билан атрофига қарағандан кейин, ҳамёза тортди, керишди, сўнгра энг четда ётғучиға кўзи тушиб, ёнидағи йигитни туртди: — Тўр, Шариф, тур, пешин бўлубту. Иккинчи йигит кўзини очди: — Эй, қўйсанг-чи, Раҳем. — Тур-да, ахи, ана Қобелбой ҳам кеб тўхтабту. Шарифбой ёстиқдан бурилиб, ёнидағи учунчи йигитка қаради: — Палаънат, қачон келган экан? — Ким билсин.... Инисини бо учратдимикин? Кани, уйғот-чи, палаънатини. Шарифбой ётқан жойидан қўлини узатиб, Қобилбойнинг муртидан тортди, Қобилбой ғиншиб уйғонди: — Тек ёт, Шариф. — Инингта йўлиқдинг-чи? — Йўлиқдим, икавингга салом айтди, — деди Қобилбой ва юзини улардан четка ўгуриб олди. — Бир оз тинч қўй, ухлайман. — Эби, эби, — деди Раҳим, — буродаринг аҳволини гапур-да, ахи. Бар падари уйқуки, пешинга чикин[133] бўлса; кўчага бўлиб ёткан тўпалангни гўшингга иласанми? — Кеч келдим, кўб жоврама-чи, Раҳим. — Қорунни тўйғузиб, сўғун ухла акун[134], қорунлар ҳам пиёз бўлиб тўхтабту, нонуштани қаерга қиламиз, Шариф? — Чойхонага қиламиз. — Кани, сен ҳам кафанингни ёпиниб шунда чикин ётма, палаънатинг бо ухлаб кетдими? Иккиси туриб кийина бошладилар. Раҳим узун белбоғини тўғрилар экан, бир қанча чақа ва тангалари ерга сочилиб тушти. — Ўҳў, ўҳў, сабил, — деди Раҳим пулларни териб. — Худо буларни ҳам кўб кўрди чоғи, акун, Қўқонинг бизга тўғри келмади, иш топилмайде, пул сочиладе, оч қоламиз чоғи, Шариф? — Қобелбойнинг Қўқонжоиига лаънат, — деди Шариф, — лоақал темирчи ҳам шогирд олмайди, бизга бирон иш топиб бермаса, тўппа-тўғри нар хар Қобелнинг устига минамиз. Буларнинг вақирлашиға уйқуси ўчиб кеткан Қобил, тўнғур-тўнғур бир нарсаларни сўзлаб, ёстиқдан бошини кўтарди. — Чумчуқдек чирқиллашдинглар-да, тожиклар, — деди Қобил. — Ишсиз қолған бўлсаларинг, Тошкандга кетамиз. — Ана-ана, яна топди гавни, — деди Раҳим. — Валдир-валдир қиласан, Қобелбой акун, Тошканд бориш учун пул кани? — Пул топилади. — Пул топилади? — деб кулди Раҳим, — бу бепадар бойбаччангизни қара, Шарифбой. — Пул топилади, — деди яна Қобилбой ва яхтагининг чўнтагага қўл солдй. — Паст одамларсан-да: биринг темир-чиниг ўғли, иккинчинг шустагарнинг[135] боласи... — Вой-вой, — деди Раҳим, — назари баланд бўёқчининг ўғлидан хафа бўллем! Қобилбой чўнтагидан бир нарса олиб, уларнинг оёғи остиға ташлади ва ўзи оғзини катта очиб, ҳамёза тортди. — Ана пул, керак бўлса ол, сендек ифлосларни бир йил боқади. Раҳим билан Шарифбойнинг оёқлари остиға икки тилло келиб тушти, улар бир олтинларға ва бир Қобилбойға қараб қолдилар. Раҳим билан Шарифбойнинг оёқлари остиға икки тилло келиб тушти, улар бир олтинларға ва бир Қобилбойға қараб қолдилар. — Эби, кимни ўлдурдинг? — Ота касбим одам ўлдириш эмас. — Иниси берган, — деди Шариф. — Қани, ининг билан кўришдингми, Қобел? — Кўришдим. — Одами нағз бўлған? — Одами нағз. — Акун шу қочиб ёта берайкан-да, — деди Раҳим. — Бирон чора боқсин-да, айтмадинг-чи, ахи? — Айтдим... Пайт топиб ҳаммамиз Тошканд кетмакчи бўлдиқ. — Бале-бале! — Деди Раҳим ва Шарифка қараб қош қоқти. — Тошканд кетамиз дегани тексиз[136] эмас экан-да, палаънатингни. Ҳай, иш битти, Қобелбой, Тошкандга юрамиз, ўрусингни ҳам бир кўрайлик[137]. Шариф ерда ётқан икки тиллони олиб Қобилға узатти: — Ма, тиллонгни киссангта тиқ, Қобел. Қобил олмади. — Тилло ўзларингга, икавинг бир тиллодан бўлиб ол. — Аччиғингни қўй, ахи, биз сенга даҳанаки айтдик-да. Қобил кулди ва парвосиз кийина берди. — Олмайсанми, палаънат? — Ўзларингта деяппан-ку, иним сенларга атаб берди. — Биздан қарзи йўқ-ку, ахи? — Тушунмаган одамларсан-да, — деди Қобил. — Иним қочиб ётқан ҳолда уларни меҳмон қилолмадим, деб сенларга шу икки тиллони бериб юборди... Энди тушундингми? — Вой, палаънат... Ҳали сан бизни ўз пулимиз билан бетимизга урдинг? Қобил кулди. Улар иккиси бирининг оғзидан бири олиб, Қобилни паст уриб, Анварни мақтаб кетдилар. — Сан отанг ўғли эмассан, агар отанг ўғли бўлсанг, мирзо Анвардек меҳмондўст бўлайдинг. Мирзо Анвар меҳмоннинг бетини кўрмай, бошидан тилло нисор[138] қилғанда, сан палаънат бизни туконхонага қамаб қўясан. Буродаринг бўлмаса, Қўқонжонингни кўтариб оғзингга урайдик, мурунингдин мағзи саринг оқиб тушайди! Қобил бир нарса деб тўнғиллади. — Э, тўнғиллама, палаънат. Биз пул ошноси эмас, одам ошноси... Сени бозори подшога олиб чиқса, оғзига тиши бор деб саккиз пулга ҳам олмайди, ба худо! Улар шу ҳангаманинг устида эдиларким, Чорсудаги шовқин-сурон ичидан баҳайбат бир ҳайқириқ эшитилди: бозор ола-говири бирдан кесилиб, бу учави ҳам ташқариға қулоқ солиб қолдилар: Эй-й-й-й-й-й-й... — Бозор аро йигилишиб гул терганлар! Қасам ёдлаб, подшоға сўз берганлар! Мирзо Анвар отлиғ элга маълум киши, Ўрда ичра қаламкашлик эрди иши. Арзимаган гуноҳига қочди, кетди. Бундин андак подшога озор етди. Унинг дўсти Султонали номлиғ мирзо, Бу қочишдан чекмакдадир беҳад изо. Мирзо Анвар гуноҳига тойилди зор, Халойиқни тўхтатишдан мақсадим бор. Эрта пешин асносида Султонали, Орсиз Анвар гуноҳига ўлғай, бали. Жамиятда ҳозир бўлса осий Анвар, Ёки унинг дўсти ошносидин бирар. Гуноҳингга Султонали ўлар, десин, Эрта пешин вақти, афсус, сўлар десин. Имонлик қул нафси учун дўстин сотмас, Гуноҳи йўқ ошносини ўтка отмас. Қулоқ солган гуноҳсизнинг фарёдига, Дард қолмағай, етар ҳар вақт муродига! Жарчи тўхтади, шовқин-сурон яна эскича давом этди. Жарнинг давомида қулоғи тиккайиб, кўзи катта очилған Қобилбой сукутка кетди... — Нега хомуш тўхтадинг, Қобел? Акун жарчинг нима деб вақирлайди? Қобил жавобсиз бошини чайқади. — Гапур, — деди Шариф. — мирзо Анвар, осий Анвар, деяпти чоғи? Қобил яна жавоб бермади. — Забонинг бор, ахи, буродарингни тутканлар-чи? — Йўқ. — Бўлмаса нега ундай чикин хомуш тўхтадинг? — Энди тутмакчилар... — Энди тутмакчилар? — деб заҳарханда қилди Раҳим. — Дарди харинани тутади. — Тушунмай ётибсанлар, анови кун биз бир мирзонинг уйига борған эдик-а. — Ҳай. — Ана шуни, сен Анварнинг дўсти эдинг, деб баримта[139] ушлаганлар... Эртагача Анвар келмаса, шу Султоналини ўлдурар эмишлар... Жар маъносига энди тушунган йигитларнинг юзида бирдан ўзгариш кўрилди, кўзларида ғазаб, нафрат ўти ёнди: — Бу хон йўқ[140], бу даюс! — деди Раҳим. — Акун санинг лабингга кесакни ман суртай, ўртоғим Шарифни ўлдир? Бу хон йўқ, бу даюс. Азбаройи худо, даюс! Қобил лабини тишлаб, секинроқ ишоратини қилди. Чунки хуйланиб кеткан Раҳим бутун дўконхонани бошиға кийиб бақира бошлади. — Бу хон йўқ, бу даюс! Вой дар даҳанат хонаша!.. — Секин-секин! — деди қўрқувлиқ Қобил ва ўрнидан туриб кетди, — бир фойдаси борми, жинни! — Вой дар даҳанат хонаша!.. Қобил югуриб бориб, дўконхона эшигидан кўчага қаради. — Қўй акун, даюсинг мени хам бўғиз қилсин... Вой дар даҳанат... Раҳимнинг эскидан шунинг сингари асабий оғриғи бор эди. Шариф билан Қобил унинг феьлига яхши тушунар, ул бирар ҳақсизликка дуч келса, гарчи масаланинг ўзига тааллуқи бўлмағанда ҳам шунинг сингари жинни бўлиб олар эди. Раҳим уч-тўрт дақиқа сўкуниб, титраб дўконхонани бошиға кўтаргандан кейин тинчиди, Қобил дўконхона эшигини ёпиб, ўртоқлари ёниға келди. Учави бир неча вақт хомуш ўлтурдилар. — Шу бевафо дунёга бир иш қиламиз, Қобелбой, — деди яна кўзи олаланған Раҳим. — Даюсингни зиндони қаерга? — Зиндонини нима қиласан? — Ана ман бор, ана Шариф, ана сан, — деди Раҳим. — Шу тунга учавимиз бориб ё ўламиз, ё шу бечорангни рўшнолиққа оламиз. Қобил манглай остидан Шарифка кўз юборди. Шариф кулимсиб, Раҳимга қаради.. — Э, сенга чи бало шуд?[141] — Ҳеч чи, — деди Раҳим. — Акун биз дунёга нима олиб борамез, ҳай ўллук; дунёга ўн тилло пулимиз қолайдими, ё уйга сочини тараб тўхтаған хотунимиз қолайдими? — Йўқ, қолайтикони йўқ, — деди кулиб Шариф. — Дасташа гир, — деди Раҳим. Шариф билан Қобилға икки қўлини чўзиб, улар иккиси ҳам илжайган кўйи қўлларини бердилар. — Лафзатон якми? — Як-як, Раҳим дав. — Ҳазилаш нест? — Нест. — Тамом, — деди икки қўлини бўшатиб Раҳим. — Шуд. Бу аҳдлашишдан сўнг учави ҳам хомуш қолдилар. Ташқарида шовқин-сурон давом этар, узоғроқ жойдан қаландарлар талқини эшитилар ва дўкон ёнидағи бир каллапаз зўр бериб ёғлиқ хасипини махтар эди. Полос устидаги чўпларни ўйнаб ўлтурган Қобилбой узоқ сукутдан бош кўтарди. — Меним бир неча ерларга боришим керак экан. — Қаёнға? — Кеча мени олиб кеткан бўзчининг уйига, ундан кейин инимнинг олдиға. — Нима учун? — Балки Султоналининг қамалиши ёлғондир, агар чин бўлса, иним билан албатта кенгашиш керак. Ўрунсиз кучаниб қолмайлиқ-да. Шариф Қобилнинг сўзини маъқуллаб, бош ирғатди. — Ҳай, кет, — деди Раҳим. — Биз шу ерга бўламиз, ханжарларни чархка тоблаймиз. Кўб тўхтама, палаънат. Шариф ва Қобил унинг жиддиятидан кулимсишдилар. Қобил дўкондан чиқди. Хайр Энди, Раъно! Хотин-қизлар жинсидан иродаси кучлик, ҳатто эрлардан ҳам жассурроқ шахсларни кўб учратамиз. Шунинг билан бирга, уларни нақадар кучлик иродага молик бўлмасинлар, яна ҳиссиётларига мағлуб кўрамиз. Масалан: ҳикоямиз қаҳрамони Раънонинг жасорати, хонға қарши исёни, ҳатто маъюс қолған Анварни йўлға солиши — ўз замонаси учунгина эмас, бизнинг ҳозирги асримиз учун ҳам лойиқи таҳсин ва Раъно ёшлиқ қизларимизға ибратдир. Лекин иродаси кучлик шу Раъно ҳозир яна ҳиссиёти қўлида мағлуб эди. Бу кеча Анвар оғаси билан кенгашиб, шу кунлар миёнасида Тошканд кетишни ўзига жазм қилди. Раънога ҳам Қўқон билан видоълашиш оғир сезилмади. Аммо, масала қатьий ҳал қилинғач, Раънода бир тарафдан қўрқунч, иккинчи тарафдан қизиқ яна бир жасорат туғулди; кампир билан биргалашиб ота маҳалласига борар эмиш; ўзи би-равнинг йўлагида туриб, кампир орқали онасини айтдириб чиқар эмиш. Туни билан шуни ўйлаб чиққан Раъно, эрталабдан бери Анварни хафа қилар, ўз сўзида исрор этар эди. Кичкина ҳужранинг сандалида қаршима-қарши ўлтурғучи Анвар ва Раъно бир-бирисидан ўпкалик қиёфатда эдилар. — Ҳиссиётка қаттиғ берилибсан, Раъно... Ҳар қадаминг-да сени бир фалокат кутадир, менга қолса аямга ҳам ишониб бўлмас. — Паранжи ичида борған Раънони таниш учун ҳеч кимда каромат йўқ; аямга нега ишониб бўлмасин? — Сен қочқан, аянгнинг обрўсини тўккан қизсан... — Ҳеч, ҳеч... Аямнинг кўнглини мен яхши биламан, аям сиз ўйлаған хотинлардан эмас, ҳеч. — Яхши, йўлда ҳам сени ҳеч ким танимасин, кампир ҳам аянгни алдаб олиб чиқсин, аянгнинг ўзига ҳам ишонайлиқ; яна ҳар ҳолда меним учун шу қасдингдан кечсанг нима бўлади, Раъно? Биз Тошкандга бориб еткан кунимизоқ, соғлиғимизни ва узримизни айтиб, хат ёзармиз-ку, жоним. Раъно жавоб бериш ўрниға бирдан йиғлади, анча вақт кўз ёшисини юзи орқалиқ тўкиб турди. — Балки мен... аям билан абадий кўришмасман. — Ҳай Раъно, Раъно, — деди Анвар. — Худоёр юз йил яшайди, биз Тошкандда ўламиз, деб ўйлайсанми? Хайр, кўб бўлса Худоёр яна беш йил яшасин, ваҳоланки, унинг зулми шу йўсун давом этканда, биз чамалаған бу фурсат ҳам кўб; зеро, зулм неқадар кучайса, унинг умри шунча қисқа бўлиши тажрибалар билан собитдир. Агар шунгача ҳам сабринг етмаса, бошқа чораси топилар, Раъно, масалан, аянгаи Тошкандга чақирармиз ёки гапни бир оз эскиткандан сўнг Қўқонға ўзимиз келсак ҳам бўлади. Раъно жавобсиз яна кўз ёшисини тўка берди, бу ҳолдан сиқилган Анвар, Раънога бир оз қараб турди: — Хўб, йиғлама. Ҳали бир-икки кунсиз йўлға чиқолмасмиз, бу кун кечаси акам келса, эрта бозорға чиқиб йўл ҳозирлигини кўрса, ҳар ҳолда бириси кун кечқурун жўнашимиз ҳам аниқ эмас. Бинобарин сен ошиқмасанг ҳам бўлади. Ундан сўнг, сенинг ўйлаған йўлинг жуда қалтис, бу тўғрида бошқачароқ тадбир топармиз... Раъно индамади, бир энтикиб ором ҳавосини ютди ва рўймоли билан кўз ёшисини қуритди. Анвар ўпкалик ил-жайиб Раънони янди. Улар шу ҳолда экан, ҳужра девори кўча тарафдан уч-тўрт қайта гурс-гурс урилди. Иккисининг ҳам қулоқлари тиккайиб бир-бирисига савол назари юбордилар... — Бегона киши эмас, — деди бир оздан кейин Анвар. — Мен Сафар ака билан кундузи учун девор уришни шарт қилған эдим... Сен чиқиб кампирга айт, эшикни очсин. Раъно ҳужрадан чиқди. Бирар дақиқадан кейин ҳавли саҳнига бир неча оёқлар кирди. Бемаҳал йўқлашдан Анварнинг кўнгли ғаш тортиб, келгучини Сафар ака бўлар деб ўйлади. Ҳужра эшиги очилиб, ичкарига бири орқасидан бири — Қобилбой билан Сафарбой кирдилар. Анвар яна онглашилмовчилиқ ичида қолди, Сафар аканинг тинчсиз — ҳаяжонли кўзи Анварнинг илгаридан кўриб қўйған бир неча эҳтимолларини хотирлатиб, уларга жой кўрсатди. — Вақтсиз йўқлашларингаз сабабсиз бўлмас, — деди товшини секинроқ чиқариб Анвар. — Биздан хабар топқанларми? Сафар ҳамроҳига қараб, икки қўлини қовуштириб енглари ичига олди. — Йўқ... — Султоналини қамағанларми? — деб яна сўради Анвар. — Қамағанлардир? Сафар ва Қобил бир-бирларига қарашдилар. — Шундай, мирзам, шундай... Бизлар жуда ҳайрон бўлиб қолдиқ-да. Анварда қонсизланиш ва кипрак остларида ҳаракат кўрилди. — Зарари йўқ, қутқарамиз... Қачон қамағанлар? — Кеча кечқурун... Боя бизнинг уйга Султоналининг хотини келган эди, мен шундан эшитдим. Унинг устига акангиз бориб қолди... — Сиз кимдан эшитдингиз, ака? Жарчи хабарини ва бу тўғрида ўртоқлари билан берган қарорини Қобилбой сўзлади. Анвар оғасининг сўзини жиддий эшитиб, бир неча вақт ўйлаб ўлтурди. — Сиз ва ўртоқларингизнинг ҳамиятларингизга раҳмат... Лекин бу йўл билан Султоналини қутқариш қийинроқ, балки мумкин ҳам бўлмас, деб ўйлайман. — Агар биз унинг қамалған жойини билсак, нима учун мумкин бўлмасин, Анвар? Ўртоқларим юраксиз йигитлар эмас, бу ёғидан хотиржамъ бўлингиз. — Раҳмат. Албатта, бу жасоратни юраксиз кишилар қилолмас. Меним бу жасоратка умидсиз қарашим сабаби шунинг учунки, бундай шартлик ва нозик ҳабслар[142] аксар ўрданинг ўзидаги овоққа қамалғучи эди. — Ўрдаға кириш қийинми? Анвар бош чайқади. — Ҳеч мумкин эмас, тун бўйи элли нафар йигит ўрда қўргони остидан айланиб турадир. Қобилбой маъюс Сафар бўзчиға қаради. Сафар бўзчи зўр бериб мўйлабини тишлаб, узар эди. — Зиндонға қамаған бўлсалар, эби бор экан-да, тақсир. — Эби... Зиндонға қамашлари эҳтимолдан узоқ, Сафар ака. Яна бир неча фурсат сукутда қолдилар. Қобилбой ҳар он тўпписини қайириб, бошини қашир эди. Анвар сандал кўрпасидаги бир ипни узиб олмоқчи бўлғандек қўлини силтар эди. — Зиндондан хабар олдиришимиз керак экан-да, Анвар? — Хабар олинса... бўлади. Қобилбой Анвардан шу жавобни олиб, Сафар бўзчиға юз ўгирди: — Мирзонинг уйига бир киши юборсақ-да, унинг хотини эрига таом келтирган бўлиб зиндонға борса... Шу қандай бўлар экан, Сафар ака? — Маъқул, ука, маъқул. — Сизга-чи, Анвар? Анвар тўғри ишорасини берди. — Бояғи андишамизни ҳам айтиб ўтайлик, — деди Қобилбой — Биз йўлда бу тўғрини мулоҳаза қилиб келдик, Анвар. Сўзнинг рости шуки... Сиз бу уйдан ҳозир кетсангиз маъқул. Ҳарчи одам боласи-да. Ҳалигидек жони кўзига кўриниб иқрор бўлиб қўйса... Анвар бош чайқаб, кулимсиди. — Султонали ундай одам эмас, бундан хотиржамъ, — деди Анвар қаноат билан ва бир оз ўйлаб турди... — Аммо Султоналининг хотини, тўғриси, бир оз хавфлироқ; хотин киши эримни қутқараман, деб нодонлиқ қилса, иш расво... Сафар бўзчи боя Султоналининг хотини келганда, Қобилбойнинг ниятини эшитиб хотиржамъ бўлғанини сўзлади. — Жуда яхши қилинған, раҳмат... Ҳали унинг уйига киши юборсангиз, яна уқдириш, хотиржамъ қилиш керак, шундай ишонтирилсинки, эрта пешингача эрининг озод бўлишиға шубҳаси қолмасин, ҳатто уни бу йўсун алданса ҳам бўладир. Эрта билангача қутқарилса, хўб, қутқарилмаса Анварнинг ўзи бориб қутқарар эмиш, агар сен шунгача сабр қилмасанг, эрингнинг яна жазо тортишиға сабаб бўласан, дейилсин. — Хўб, мирзам, хўб. — Сизга яна бир хизмат, Сафар ака, — деди Анвар, Сафар ҳозирлик ишорасини қилиб, энгташиб олди. — Хизмат шуки, синглингиз мен билан бирга турмаса, сиз олиб кетсангиз... — Хўб, хўб. Анвар ўрнидан турди ва ҳозир қайтиб киришини сўзлаб ҳужрадан чиқди. Кўр киши зўр бериб ғўза суғурар, кампир чиғириқ чиқарар, Раъно эса, кўзини бир нуқтаға тикиб, сандал ёнида ўлтурар эди. Анвар ҳавлига тушиб, Раънони ўз тарафига имлади. Иккиси ҳавлининг чеккароғиға бордилар. — Эшитдингми, Раъно? — Нимани? — Уларнинг сўзини? — Йўқ. — Бизнинг бу ердалиғимизни сезиш эҳтимоллари бор экан, Султонали қамалған, иқрор қилса эҳтимол эмиш... Раънонинг кўзи қавариб кетди. — Аҳ? — Қўрқма... Сен ҳозир Сафар ака билан кетасан, мен ҳам бошқа жойға бораман. Йўл ҳозирлиғини кўриб битиргунча бир неча кун айрилишиб турмасак бўлмас... Сен бориб кийин. — Ростданми? — Ростдан, сен қўрқма, фақат бу бир эҳтиёт, ҳозир Султоналининг қамалишидан бошқа гап йўқ. — Кийимларим ҳужрада... — Ҳужрада бўлса улар чиққандан кейин кириб кийинарсан. Иккиси айвонга қайтиб, Анвар ҳужрага кирди. — Синглингиз ҳозир кийинади, — деди Анвар. — Бирга юриш яхши, бўлмас, икавингиз бир оз илгарида, Раъно орқада борсин. — Хўб. — Ундан кейин сиз зиндон хабарини билиб, хуфтан чоғи меним олдимға келингиз, Қобил ака. Қобил ваъда ишоратини бериб, Сафар ака билан ҳужрадан чиқди. Раъно кириб кийина бошлади. Анвар маъюс эди, бир оз шошинқираб кийинган Раънонинг латиф юзига қаттиғ тикилган эди. — Сиз кимникига борасиз? — Менми, мен... мен шу яқиндағи биравникига. — Мен ҳам сиз билан турсам бўлмасмиди? — Йўқ, хавф бор. Раъно айрилғуси келмагандек уфлади. Кийиниб бўлиб паранжисини ҳам қўлиға олди, Анвар ҳужранинг бурчагига ўтиб, Раънони ўз ёниға имлади. Раъно келгач, Анвар уни қаттиғ қучоғлаб ўпди. — Акам сенинг ёнингға мендан хабар етказиб турар, сенга бошқа ёрдамлар ҳам қилар, Раъно. — Тошкандга тезроқ кетайлик, мен... уч кундан ортиққа кўнмайман. — Хўб... яна бир ўпай, Раъно. Раъно табассум ичида яна юзини тутиб берди. Анвар бир неча вақт унинг юзидан ажралолмай турди. — Бўлди... Улар кутишиб қолғандирлар. Анвар уни бўшатди... — Пулни сен олиб кет, Раъно, меним эсим йўқ, йўқотиб қўярман. Раъно бурчакдаги кийиз тахидан бир ҳамён олтунни олди. — Сизга бир-икки тилло бериб кетайми, балки керак бўлар? Анвар керак эмас, деб бош чайқади. Яна шу ҳолда Раъно ҳамёндан икки тилло олиб, Анварга кўрсатди: — Шу икки тиллони холам билан отамға биттадан бе-риб кетаман? — Бер, бер... Хайр энди, Раъно! Раъно ҳам, хайр, дегандек бош ирғади ва шошиб ҳужрадан чиқди. Раъно айвондагилар билан хайрлашар экан, ҳужрада қолған Анварнинг икки кўзи жиқ ёшқа тўлиб, кўкраги кучлик-кучлик силкинди ва гавдаси ўзига оғирлиқ қилғандек деворға бориб суявди... Қўрқунч Бир Жасорат Қобилбой бу сўзни эшиткучи қулоқлариға ишонмағандек, Анварнинг яқинроғиға сурилди. — Нима деяпсиз, Анвар, мен яхши онгламадим? Анвар яна ўша сўзини такрорлади. Қобилбой энди бир оз орқасиға қочиб кўзини катта очди ва бир неча вақт қотиб турди... — Сиз нима қилмоқчисиз, ука. Ўз оёғингиз билан... Йўқ, бу бўлмаған гап. Балки бу — хоннинг унга пописасидир, шу ҳийла билан мақсадиға етмакчидир... Қўйинг бу гапни, ука, қўйинг... Анвар ҳамон бояғи вазиятда, кўзини бирнуқтаға тикиб, сандал устидаги қоғозни оғаси яқинроғиға суриб қўйди... — Башарти пописа бўлмаса?.. — деди Анвар. — Хон пописани билмайди, унинг ҳамма ҳаракати жиддий. Шундай, сиз бу хатни эртага унинг қўлиға берасиз ва ундан ҳар бир ёрдамингизни аямайсиз. — Бу ақиллиқ гап эмас, ука... — Мен энди шунга қарор берганман, — деди Анвар ўзгаришсиз. — Бу азмдан қайтиш йўқ... Фақат, сиз ундан ёрдамингизни аямаслиққа менга сўз берсангиз бўлди. Қобилбой энтиқди, хатни қўлиға олиб, бир неча фурсат сукутда ўлтурди... Сўнгра бирдан ўрнидан туриб ҳужрадан чиқа бошлади. — Йўл бўлсин? — Кетяппан. — Хайр, кечирингиз. Қобилбойдан жавоб бўлмади. * * * Кун қиёмға яқинлашқан. Яна бирар соатдан сўнг Султоналини ўлимга олиб чиқар эдилар. Ўрда ҳеч бир ўзгаришсиз, одатий такаллуфида ҳаракатланар, бахмал ва заррин кийган саркардалар ичкари билан ташқариға тўхтовсиз қатнашиб турар эдилар. Бу кунги девонда бир неча муҳтарамларнинг чақ-чақи билан яна бошқача руҳ, икки кундан бери яна девон хизматини адо қила бошлаған бир муҳтарам ёш олимнинг мулойим сиймоси мирзолар орасини яна мунаввар эткан ва юзидан ғолибият маъноси чакиллаб турған икки муфтининг мутоябаларига ёш олимнинг майин нигоҳи ҳар замон илжаяр эди. — Унинг учун икки йўл, — дер эди Шаҳодат муфти, — ё аммазодасини топиб бериш, ё ўлим, фақат икки йўл. — Албатта шундай, — деб унинг сўзини тасдиқ қилар эди мулла Абдураҳмон. — Топиб берганда ҳам яна жазо бор, бу тарафи ҳам унутилмасин. — Яна қандай жазо? — деб ажабланар эди мулла Калоншоҳ. — Топиб беришни бўйниға олдими, бас, бу сўз Анварни қочирған ҳам ўзим, деган иқрордир. Бу бийрон жавоб мулла Калоншоҳга ёқинқирамас эди. — Топиб беришни бўйинга олмаслиқ, гуноҳсизлик деган сўздир. Дарҳақиқат, Анварнинг қаерға кетканини билмаса, қандай қилсин? Бас, бу ҳолда Султонали қатл қилинадир, гуноҳсиз ўлдириладир... Бунга ким сабаб, унинг қони кимни тутадир? Мен шунисига ҳайронман-да. Бу сўз қаршидағи икки муҳтарамни лом дедирмай қўйиб, чақ-чақ шу ерда шарт кесилди. Шаръий либос кийдириб, ўз менлигини ишка оширған мулла Калоншоҳ ғолиб ва мағрур, қўлидағи таҳрирга қаради. Шундай: шу соат ичида Султоналини ўлим жазосига олиб чиқар эдилар. Ўрдадан ҳар ким унинг нажот топишиға ишонмас; хоннинг олдиға чақирилди — ўлди, башарти гуноҳи бўлиб, иқрор қилса, яна жазога қолди, вассалом. Аммо Анвар хон ҳузурига келиб ўзини унинг ҳукмига топширадир, чин йигитлик йўли билан дўстини қутқарадир, деган хаёлға ким ишонсин? Кеча жарчи кўй-гузарларни айланиб, Анварни инсофга чақирди, киши қониға қолмаслиқ фазилатини тараннум эттирди. Бироқ, Анварнинг бундай «ҳамоқати»ға ахлоқан сукут этиб, виждонан музлаган ўрда арбоби ва бошқалар ишонсинми? Шундай: ўрда арбоби бу кун пешиндан бир оз илгарироқ мужассам бир виждон, тоғюрак бир йигит ва ўлим сари кулиб келгучи бир арслонни ўз тарихида биринчи мартаба кўрди ва тонг ажабда қрлди. Бу улуғ жасорат бир неча дақиқаларғача зулм итларини сукутка солди, уларни ишдан тўхтатди. Урда арбобларининг маҳкамада ўлтурганлари эшик ёниға чиқиб, йўлда борғанлари ҳаракатсиз қолиб, парвосиз ҳар ким ёнидан садомлашиб ўткучи арслонни тамоша қилдилар. Анвар девонхона қаршисиға етканда, нима мақсад биландир даричалар ва эшик ёнидан мўралашқучи мирзоларга умумий бир таъзим ифода қилди ва собит қадам зиналарга оёқ қўйиб, юқориға, хон ҳузурига чиқиб кетди. Пойтахт бўсағасидаги доимий ясовуллардан ўтиб, даҳлизда тўхтади. Чунки бундан нарига ўтиш учун ҳудайчи воситасида хондан рухсат олдириш лозимдир. Биринчи эшик ёнида қўл қовуштириб турғучи Дарвеш ҳудайчи таажжуб ва ҳайрат ичида Анварни қаршилаб, иккинчи хонадаги «жаноб» ҳузурига кетди. Тахтига такя қилған Худоёр икки кўзи тўғрисиға икки жаллодни қўйиб, ёнидағи домла шоғовул, Турсун оталиқ ва ғайри бир неча аъёнлар билан суҳбатлашар эди. — Пушти паноҳо! — деди ҳудайчи, — хиёнаткор ўз ихтиёри билан келиб, доми адолатингизга таслим бўлмоқчи! — Хиянаткаринғ ким? — Мирзо Анвар! Хон сесканиб кетди, ҳамнишинлар ҳам алонғ-жалонғ бўлдилар. — Келтир! Ҳудайчи қуллиқ қилиб, орқасиға қайтди. Даҳлиздаги Анвар биринчи хонадаги аъённи ҳайратка солиб, иккинчи танобийнинг бўсағасида, жаллодлар ўртасида тўхтади ва хонға таъзим адо қилди. Рақибни бу қадар жасоратда кўрган Худоёрнинг кипрак остлари учиб, соқол туклари сиякинди ва бир оз сўз тополмағандек тамшаниб турди. — Сен бизга хиянат қилдинғ, ит увли! Анвар бош ирғатди. — Иқрорман. — Тузимни унутдинғ! — Тонмайман. — Иқрорсен, тонмайсен, ўбдан иш! — деди заҳарханда қилиб хон, — ўлувдан ҳам қайтмайсен! — Мен сиздан марҳамат сўраб келган эмасман, — деди илжайиб Анвар. — Ўзимни ўлимга бериб, бир гуноҳсизни қутқазиш учун келганман. Ҳамнишинлар лабларини тишлашдилар. Худоёр истеҳзолик кулди. — Пусулмончилиқ қиғансан-да? — Албатта, — деди Анвар, — бошқалар киши гуноҳи учун гуноҳсизни тутиб пусулмончилиқдан чиққач, мен пусулмонлиқ билан ўлишни ўбдан билдим. Бу жавоб Худоёрни қип-қизил туска қўйиб, манглайида терлар кўринди, ғазаб ўти аланга олди. — Сенинг қиған ишинг пусулмончилиқда борми, ит увли? — Мусулмончилиқда юзлаб хотин устига, бир камбағал уйланмакчи бўлған қизға ҳам зўрлиқ қилиш борми, қиблаи олам. — Чиқар буни, жаллод! Жаллодлар ҳаракатландилар. — Ханжаримиз қонсираған! Анвар бош чайқаб кулди. — Гуноҳсизни меним кўз ўнгимда банддан озод қилинмас экан, Анварни бу ердан чиқара олмаслар, қиблаи олам, — деди ва ўзини ташқариға торта бошлаған жаллодларни арслонларча силтаб юборди, — сизда адолат борми, жаноб?! Қўрқунч бу ҳайқириқ Худоёрни инсофка келтирди. Жаллодларни тўхташқа ва ҳудайчини Султоналини ҳозирлашга буюрди. Кўзи қонланған Анвар икки қўлини ёниға ташлаб Худоёр қаршисида туриб қолди. Ҳамма сукутда... Шундай фурсатларда гуноҳкорни адабсиз сўзлар билан сўкиб турғучи Худоёр ҳам жим. Чунки, аъён назарида ҳар бир адабсизлигига Анвар тарафидан кучлик бир ҳақорат олиш эҳтимоли бор. Шайхи Саъдий айтканча, дунёда ҳаётидан қўл ювғучидек тили узун киши бўлмас. Дарҳақиқат, инсонни разолатка солғучи унинг манфаати тақозаси, қола берса ўлимдир. Бу иккисидан кечгучига эса на подшоҳнинг қаҳри ва на жаҳаннамнинг қаъри фарқсиздир. Кўб фурсат ўтмай ҳудайчининг орқасида Султонали кирди, хонға қарши тургучини таниб, титради... Титрар экан, Анварддн бир оз кейинда туриб хонға таъзим қилди. — Сиз озод бўлдингиз, — деди хон, — девонға чиқиб ўз ишингизға қаранғ! Султонали ихтиёрсизча хон томонға букулиб олди... Анвар «истеҳзоли» вазиятда Султоналига ён қаради: — Меним қаршимға ишлаб, жанобга неқадар содиқ қолсангиз ҳам, садоқатингиз сизни нажотка чиқара олмади, билъакс, сиз ўйлағанча мен — инсофсиз сизни қутқардим... Сиз шуни унутмасангиз бўлди, Султонали ака, — деди Анвар ва хонға ишорат қилди. — Қўлимни боғласинлар, чиқариб ўлдирсинлар. Султонали орқасиға қайтди, қайтар экан, кўзидан бир неча томчи ёши оқиб тушди. Жаллодлардан бири келиб, Анварнинг қўлини орқасиға боғлади, Анварнинг қўли боғланар экан, Муҳаммад Ниёз домла ўрнидан туриб, хонға қуллиқ қилди. — Шу адабсизнинг гуноҳини меним учун кечсинлар. Хон юзини четка ўгирди: — Растаға чиқаринғ! Анвар хонни ва ҳамнишинларини масхаралагандек таъзим адо қилди. Жаллод олдинға тушди, унинг орқасидан Анвар юрди ва орқадан икки нафар қуроллиқ ясавул эргаштилар. Анвар ўзини ўрдаға киришида қандай тетик туткан бўлса, ўлим сари чиқишида ҳам ўшандоғ парвосиз эди. Кўзи тушкан таниш ҳар кимса билан «Хайр, хўш» деган каби имлашиб олар эди. Ранги қув ўчиб ҳушсиз каби ташқи дарбоза ёнида турған Султонали билан хам алоҳида видоълашди. Анварнинг қарашидағи маънога тушунган Султоналининг юраги сув бўлиб оқди ва ҳушсиз, ҳиссиз, Анвар кўздан йўқолғунча қараб қолди... Янги растада халқ қайнашар эди. Қўлида яланғоч ханжарини ушлаб, белига ойболтасини қистирған манфур жаллод орқасида келгучи маҳкумга кўзи тушкан халқдан баъзиси жазо майдониға қараб оғилди ва баъзиси нафратланган кўйи ўзини четка тортди. Жазо майдони янги раста билан ўрда боғининг муюшида бир дор ва остиға қон оқизиш учун қазилған чуқурдан иборат, эди. Дор остиға келиб етдилар. Бир онда дор атофига юзлаб йиғилған томошабин халқни ясовуллар четланишка буюрдилар. Халқ орқаға силжиган бўлиб, яна сиқилиша берди. Дор остида Анварнинг қўли ешилиб, таҳорат олиш учун унга сув берилди. Чунки бу маҳкумнинг қонуний ҳаққи эди. Анвар таҳорат олар экан, жаллод ва ясовуллар ханжар яланғочлаб унинг теварагини қуршаб турдилар. Анвар таҳоратланиб, устидаги тўнини ерга ёзди. Жаллодлар доирани бир оз кенгайтиб, Анвар икки ракаъат намоз ўқуди. Дуодан сўнг Анвар ўрнидан турди, қўлини боғлашқа бериб, атрофига бесаранжом аланғлади. Теваракни сириб олған халқ олдида манфур кўзини мойландириб ўз устига тўп-тўғри қараб турған мулла Абдураҳмонни кўрди. Анвар титради. Абдураҳмон илжайди... — Кулишка ҳаққингиз бор, домла, чунки ўч оласиз, — деди Анвар. Бирдан ҳамманинг кўзи Абдураҳмонга тушди. — Фақат сиз ифлослиқ натижасида куласиз, мен... мен тўғрилиқ самарасини ўраман, сиз ифлос виждон билан ғолибсиз, мен соф виждон билан мағлубман... Мени дор остиға ким келтирди? Виждон эмасми, тақсир?! Сизни бу ерда ким томошабин қилди. Ифлослиқ эмасми, тақсир?! Халқ чуқур сукутда, ўз орасида турған «пешво«га киналик кўз билан тикилган эди... Жаллод қўли боғланған Анварни дор томонға олиб борди. Анвар ўз ихтиёрича чуқур ёниға ўлтурди ва ханжарини яниб келган жаллодга қўли билан »озғина тўхтанг» ишоратини қилиб, Абдураҳмон томонға кулди: — Меним ҳолимни кўрингиз, домла, — деди Анвар кулган юзда, — қўлим боғланған, устимда ханжар ялтирайди. Лекин мен куламан... Нима учун бундай, тақсир? Чунки виждон роҳатда, жон тинч, юракда ишқ... Дуруст, мен кўмилгач, қабрим устида кўкси доғлиқ қизил лолалар кўкарар... Нимадан бу? Бу — сизнинг каби тубанлар солған из... Томошабинлар тоқатсизланғандек кўриндилар, Анвар узаниб ётди... Жаллод ханжарини енггига яниб Анвар устига энггашти. ...Энггашти, бироқ орқадан берилган кучлик бир зарб билан Анварнинг устидан ошиб, мукканча чуқурға йиқилди. Жаллоддан беш қадам нарида турған ясовуллар ҳам кўкдаги ханжарлик қўлларини остға букалмай, кимлар биландир олишиб ётар эдилар ва шу онда кучлик шапалоқ товши эшитилиб, салласи чувалган бир ёш мулла ерга ўлтуриб қолди. Халқ тартибсизланди... Қобилбой Анварнинг дастбандини кесди ва иккиси тартибсизлик ичига кириб йўқолдилар. Қуролсизландирилған ясовуллар гурр этиб турли томонға сочилған халқ ичидан дўст-душманни ажратолмай гарангсидилар. Шу вақт бутун аъзоси эски қонларға беланган жаллод чуқурдан чиқишқа интилар эди... * * * Шу воқиъадан икки кун сўнг ярим кеча вақти, Беш ариқ билан Хўжанд дарбозалари ўртасидағи қургон девори остиға тўрт нафар кўлага келиб тўхтади... Йигирма икки-йигирма уч кунлик ой ҳали унча кўтарила олмаған, айниқса ой нуриға қўрғон девори тўсқун эди. Кўлагалар бирин-бирин қўрғон девориға тирмаша бошладилар. Биринчи мартаба кунгира ёниға чиққучи эмаклаб юриб атрофни текширди, текширгучининг бстига ой нури сепилиб, таниш бир юз — Сафар бўзчи зоҳир бўлди. Қурғон ташқариси кснг дарахтсиз қир, туманлик — хира ойдин ва узоқдан бир неча туп ялангоч дарахтлар кўлагаси кўринар эди. Сафар бўзчи ўзидан бир зина қуйида турған ҳамроҳларини бирин-бирин ўз ёниға чиқара бошлади. Анвар, паранжилик Раъно, энг охирда қўлида арқон кўтарган Султонали юқориға чиқдилар. Султонали аста-секин кунгира ёниға келиб, остға қаради. — Саккиз газ бор, — деди шивирлаб Султонали. — Келинг, Анвар… Анварнинг қўлтуғи остидан арқон солиниб боғланди. Султонали ва Сафар бўзчи Анвар билан қучоқлашиб кўришдилар... Сўнгра Анвар кунгира ёниға келиб, қуйиға осилди. Сафар билан Султонали арқонни секин-секин юбориб турдилар. — Етдим, — деган товуш келди қуйидан ва бир оздан сўнг арқон ҳам бўшалди. — Тортинг... Арқон тортилиб олинди. Паранжиси аралаш Раъно ҳам арқонға боғланди. — Арқонни қаттиғ ушлаб, оёғингизни деворға тираб тушасиз, Раъно... Энди омон бўлинг, синглим... — Келин ойимларға салом айтинг, сиз ҳам, амаки. Раъно гоҳ чалғиб, гоҳ тўхтаб, қуйиға силжиди: Ерга тушишка бир газ чамаси масофа қолғанда девор остида кутиб турған Анвар уни кўтариб олди. — Қўйинг, ўзим тушаман. — Тегимиз ариқ, лойға ботасан. Анвар шу сўзни айтиб, уч-тўрт қадам босди, Раънони «Туя тойди» ариғининг нариги чеккасига чиқариб қўйди. Раъно қўлтуғи остидағи арқонни ешди, арқон девор устига томон соғилиб олди. Анвар яна қўрғон дсвори остига юриб чиқди ва секин юқорини чақирди. — Султонали ака! Қўрғон кунгирасидан Султоналининг кўлагаси қуйиға энггашти. — Эҳтиёт бўлингиз, Султонали ака, — деди Анвар. — Сиз ҳам шу ҳафтадан кечикманг. Такрор айтаман: зинҳор кўриниш фикрига туша кўрманг. — Хотиржамъ, хотиржамъ. Чунки Анварнинг қутилған кунидан бошлаб Султонали ҳам яширинған эди. Гарчи, хон уни қайтадан йўқламаса ҳам, яна шу эҳтиётни мувофиқ кўрган эдилар. Султонали уй ишларини саранжомлаш учун улардан бир ҳафта кейинроқ йўлға чиқмоқчи эди. Анвар «Туя тойди» ариғидан Раъно ёниға ўтиб, охирғи мартаба хайрлашдилар. — Хайр, Султонали ака, хайр, Сафар ака! — Хайр, амакилар! — Оллонинг паноҳига, Анвар! — Сафаринглар бехатар бўлсин! Қўрғон устидагилардан кимдир бири пиқ-пиқ йиғлади. Анвар Раънони олдиға солиб, узоқда кўринган дарахт кўлагасига қараб юрди. Ер жуда ботқоқ, ҳар бир қадамни аранг ердан узилар эди. Йигирма қадам чамаси борғач, Раънонинг кафши лойға тишлашиб оёғ узолмай тўхтади. Икки қадам орқада келган Анвар Раънони кўтариб олди. — Меним этигим бор, чимга чиққунча жим тур, — деди Анвар. — Қўрғон устида... Қўйинг, уяламан... Анвар жавоб бермади. Ўттуз қадам чамаси бориб Раънони ерга қўйди ва қўргон устидан ҳануз мўралашиб турғучи кўлагаларга «кетинг« деган каби қўл чайқади. Иккиси яна бошлашиб кетдилар. Улар ўн беш қадам босар-босмас дарахт кўлагаси остидан икки отлиқ югуриб чиқди ва бир онда Раънолар ёниға келиб, отлиқдан бириси »тўп» этиб ерга тушти ва жилавни Анварга тўғрилаб турди. — Акун, сувор бўлинг. Анвар Раҳим кўмагида отқа минди. Узангидан оёғини чиқариб Раънони чақирди. Раъно — Анвар билан, Раҳим — Шариф билан мингашиб олдилар. Анвар яна қўрғон кунгирасига қаради. Ҳануз икки кўлага кўринар эди. Қамчисини уларга тўғрилаб силкитди, отни йўлға солди. Дарахт кўлагаси остида соябонлиқ араванинг шотисиға такя қилған Қобилбой уларни қаршилади. Раъно от орқасидан аравага ўтди. Анвар ҳам отдан қўниб, аравага — Раъно ёниға чиқди. Раҳим ўз отиға миниб, Қобилбой аравани йўлға солди. Икки отлиқ араванинг икки шотиси ёниға кириб қўзғалдилар. Тўғун[143] темири ердаги майда тошларға уруниб, шақ-шуқ товуш чиқара бошлади. Арава ва отлиқлар кўлагаси дақиқа сайин кичиклаша борди, бора-бора кенг қирнинг бағрида кўзга кўринмас бўлиб кетди. Фақат, яна бир оз тўғуннинг кучсиз-кучсиз тошқа уриниши эшитилиб турди... Битди. Мирзо Анварнинг Кейинги Ҳаёти Тўғрисида Мен мирзо Анвар ҳикоясини отам марҳумдан эшиткан эднм. Мирзо Анвар Қўқондан қочиб келиб, уч-тўрт йил чамаси Тошканднинг машҳур Эскижўва маҳалласида гурган. Ул вақтларда бизнинг ҳавлимиз шу Эскижўвада бўлиб, мирзо Анвар отамға қўшни эмиш. «Қўқондан бир мирзо кўчиб келиб, фалончининг ҳавлисини ижарага олған эмиш«, деган гап чиқиб қолди, — деб ҳикоя қилар эди чол. — Мен мирзо хабарини эшитсам ҳам, бир ҳафтагача ўзини кўралмадим. Рўза кунларининг бирида биз масжиддан шом намозини ўқуб чиқар эдикким, сўфи: "Ҳаммангизни Худоёрхоннинг мирзоси ифторга таклиф қилған», деди. Биз йигирма чоғлиқ киши янги қўшнининг уйига бордиқ. Бир уй ва айвонга яхши полослар солинған, кўрпачалар ёзилған, ўртада анвоъи дастурхонлар... Биз уйга кириб ўлтургандан кейин эшик ёнида хушсурат бир йигит кўринди. Бизга тавозиъланиб хуш омади айтди. Мирзо Анвар, дегани шу эмиш. Биз ифторга қарадиқ, мирзодан аҳвол сўрадиқ, тошкандлик бўлғумиз келди, деб кулди. Биз — тошкандликлар хуш кўрадирган норин қилдирибдир, хўб едик... Домла билан бир нечалар фотиҳага яқин ташқариға чиқиб кетдилар. Биз нима воқиъ бўлғаниға тушунмадик. Орадан бир оз ўткандан кейин яна қайтиб кирдилар. Дастурхонлар йиғилиб иш фотиҳага тўхталған эдиким, домланинг олдиға бир коса сув келтириб қўйдилар. Домла никоҳ хутбасини бошлади... Биз ҳайрон бўлдиқ. Хутба охириға етиб, мирзо Анварга бир қизни никоҳладилар; биз, мирзо билан қизнинг ҳаққиға дуо қилиб, тарқалишдиқ. Лекин хилофи одат бу никоҳ ҳар биримизни таажжубга солди. Яна бирар ҳафта ўткач, бир нечамиз мирзо билан таниш бўлиб олдиқ, кейинроқ мирзони улфатчилигимизга ҳам олиб кела бошладиқ ва шунда мирзонинг ўз оғзидан Худоёр билан кечкан можаросини эшитдик, таажжубландик ва минбаъд мирзога ихлосимиз ортди...» Чолнинг сўзига қарағанда мирзо Анвар Худоёрнинг қўли етмайдирган Тошкандда (ўрус қўл остида) тинч, аммо жуда ҳам фақир яшаған, бойларға мирзолиқ қилса ҳам, даромади доимий бўлмаған. Тошкандда туришининг учунчи йилларида Худоёрдан бир афвнома олиб, қашшоқлиқ жониға теккан мирзо Анвар, ўйлаб турмай, Раъно билан Қўқонға қайтқан. Орадан уч-тўрт ой ўткач, Қўқондан келгучилар мирзонинг ўлдурилганлигини сўзлаганлар. Нега ўлдурилган, эски «гуноҳи« учунми, бошқа сабаб биланми ёхуд »афвнома» ҳам мулла Абдураҳмонларнинг найрангги бўлғанми, отам бу тарафини яхши билмас эди. Мен ушбу китобка материал йиғиш учун Қўқон бордим, яшаған кишилар билан сўзлашиб юрдим: ўзи Худоёр девонида ишламаган бўлса ҳам, Худоёр мирзоларига ҳамаср бўлған бир кекса мирзога учрашдим. Унинг сўзига қарағанда, мирзо Анвар ўлдурилмаган. Худоёрдан сўнг анча йил яшаб, ўз ажали билан ўлган эмиш. Мен ҳайрон бўлиб қолдим ва икки ўртада тараддудланиб, мирзонинг кейинги ҳаётини шу ҳолда битиришка мажбур бўлдим. Абдулла Қодирий — Жулқунбой Тошканд, 1928-нчи йил, 15 февраль AvvalgiII- qism Keyingi <references> |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62712 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59957 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40602 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37048 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24030 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23717 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23409 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19894 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18936 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14684 |