Ўткан кунлар (III- бўлим) [Abdulla Qodiriy] |
Учинчи бўлим Мусулмонқул Истибдодига Хотима Мусулмонқулнинг аҳоли устига бўлған жабру зулми ҳаддан ташқари кетди. Унинг истибдоди ўзга шаҳар-ларга унча сезилмаса ҳам, аммо марказ — Қўқон одамларини жуда тўйдирди. Унинг ўз кайфича ойда эмас, ҳафтада солиб турған солиқлари фуқаронинг терисини шилса, арзимаган сабаблар билан қора чопон бекларини осдириб, кесдириб туриши хосни (хавосни) ҳам эсанкиратди. Отиғағина хон бўлиб ўлтурғучи Худоёр ҳам осдириш, кесдириш ва ёрлақаш ўз ихтиёрида бўлған Мусулмонқул майдондан олинмаган фурсатда ўзининг қўғирчоқ сифат юраберишини тушунди. Кўбдан бери унга юрагида кек сақлаб келиб, аммо не тариқада нажотка чиқишини билмади. Чунки ул суянадирған Қўқон бекларини «мана» деганлари Мусулмонқул ва кишилари (қипчоқлар) томонидан осилиб кесилганлар, қолғанлари товуш чиқаришға мажолсиз эдилар. Атроф шаҳар ва қишлоқ беклари ҳам аксар қипчоқлардан, яъни Мусулмонқулнинг ўз одамларидан, улардан бир иш кутиш яна мумкин эмас. Шаҳар халқининг ҳар бир табақаси деярлик Мусул-монқул даккисини еб келган, магар уламо халқи ундан жуда рози, зероки Мусулмонқулнинг биринчи истинодгоҳи ўзининг қипчоқлари бўлса, иккинчиси уламолар эди. Ул уламо орқалиқ ўз зулмини машруъ бир туска қўйған, ўзи учун зарарлик унсурларни йўқотишда шу уламолардан «улуламирга боғийлиқ» деган фатвони олишни унутмаған эди. Уламонинг бу янглиғ истибдодни «боғийлиқ» ранги билан бўяб бериши мукофоти учун Қўқон ва Андижон каби шаҳарларга маълум мадрасаларни бино қилған ва бу мадрасаларга хизмати билан танилған уламодан мударрислар таъйинлаған эди. Аммо Мусулмонқулға яқинлаша олмаған, яъни унинг хизмат ва марҳаматидан четда қолған «нимча» уламолар ҳам йўқ эмас эдилар. Азтаҳидил Мусулмонқулнинг оталиғидан қутилишни ва мустақил равишда ҳукмрон бўлишни орзу эткан Худоёр, ниҳоят кейин қайин отаси билан курашда ўзига биринчи истинодгоҳ қилиб шу кейинги синф уламони олди. Мусулмонқул балосидан қутилғандан сўнг Худо-ёрнинг уларга қиладирған инъом ва эҳсонлари, берадирган мансабларининг нақддек ваъдаси баракасида бу кейинги табақа — Қўқон муллалари ҳаракатка келдилар. Мусулмонқул тарафдори уламолар унинг сиёсатини шариъатқа қанча мутобиқ кўрсатиб келган бўлсалар, бу кейингилар ҳам ўшанча хилофи шаръий эканлигини исботка киришдилар. Бошда бу ҳаракат албатта «енг ичида» бўлди ва бу ҳаракатнинг бошида Худоёрнинг ўзи турди. Биринчи галда яширин равишда Тошканд, Андижон, Марғилон ва ўзга шаҳарларнинг ишончлик уламо ва бекларига Мусулмонқул истибдодидан қутулишда кўмак бериш учун мурожаатномалар йўлланилди. Бу мурожаатнома-ларда Мусулмонқулнинг номашруъ ишлари, Қўқон одамларига қилған жабру зулмлари саналган, кейинги вақтларда хоннинг ўзи ҳам бу зулмлар қаршисида чидаб тура олмаслиқ ҳолға келганлиги сўзланилған, агарда бошқа шаҳар уламо ва ашрофидан кўмак бўлған тақдирда билфеъл Мусулмонқулға қарши кўтарилишка ҳозир турилғанлиғи айтилган эди. Иккинчи галда Қўқон сипоҳларининг қипчоқдан бошқа қисмиға яширин ра-вишда, умуман ановиларға қарши ташвиқот юргизилиб бошланған эди. Андижон, Марғилон, Наманган каби шаҳарлардан «хон бу ишни маслаҳат кўрсалар, биз ёрдамга ҳозирмиз» деган қуруқ ваъдалар келиб, аммо Тошканддаги Юсуфбек ҳожи тўдасидан амалий чораларини ҳам кўрсатилиб ёзилған жавоб мактуби олинған эди. Мактубда айтилар эди: «Сиз Хўқанд уламойи киромларининг Мусулмонқул хунхўрлиғидан фарёдга келиб ва шариъати мустафони ораға восита қилиб ёзған махфий хатларини олдиқ. Биз Тошканд уламо ва ашрофидин домла Солиҳбек охунд, мулла Юсуфбек ҳожи, саркардалардин Қосим ва Ниёз қушбегилар, Каримқул ва Муҳаммадражаб қўрбоши ҳам Қамбар шарбатдорлар бир ораға ўлтуришиб воқиъан Мусулмонқулнинг зулм ва тааддаси Хўқанд фуқароси ва айни замонда бўлак шаҳар ва қишлоқ, кент аҳолиси устига ҳам бағоят ошиб борғанлиғини музокара ва муколама қилишдиқ. Биз фақирлари ҳам Мусулмонқул ҳаракати беҳудасини шариъатга хилоф, юрт ва эл учун музир, хало-йиқнинг осойиш ва умр гузаронлиғи важҳига халалдир деб билдик. Бул маънига ул тождор амиралмўъминин мувофақат кўрсатсалар ул бепарҳез ғосиби тахту салтанатнинг ҳайдалмоғи беҳроқдир ва яна Тошканд мардумлари бул тўғрида ҳақиқат томонида собит қадам бўлмоққа тил беришурмиз. Башарти сиз киромлар ул бепарҳез золимнинг мингбошилиқ вазифасидин тард этишка аздилу жон бел боғлаған бўлсаларингиз, биз фақирларнинг ақли қосиримизға бир андиша келадир. Андоғки, Тошканд Хўқанд ҳукуматидин юз ўгирган бўлиб худнафсига0 мустақиллик эълон қилсин. Бу тақдирда итоатдин бош тўлғаған Тошканд устига албатта Мусулмонқул золим қўшин тортар. Ушбу қўшин орасиға сиз киромлар ўз одамларингизни кўброқ киргузишка кўшиш қилиб ва яна жаноби тождор ҳам бирга келсинлар. Қўшин Тошкандга еткан баъдида бизлар ташқаридин ва сизлар ичкаридин бўлиб Мусулмонқулни орадин кўтаргаймиз. Бул маслаҳат фақирларнинг ақли қосирларимизға кўб тафаккурлар баъдида келиб, яна раъйи савоб ўзларида бўлғай. Аммо бул тақдирда қон тўкилмасдин муддао ҳусулға келурму деб ўйлаймиз. Боз махфий қол-мағайким, Тошканд беги бўлған зот борасида андиша лозим эрмас, зеро ул одам фуқаронинг осойиши йўлида жонбозлиқ қилғучи кишидир. Бизлар лимаслаҳатан нима десак, ул бўйин тўлғамас. Иншооллоҳ, бу андишамиз киромларга маъқул тушкан тақдирда жаноби тождорнинг ҳамрайъларини олмоқ ва имкони бўлса ул жанобнинг исми шарифларидин бизларга писанднома ёзмоқ маржудир. Токи бизлар ишонч бирлан муддаоға шуруъ қилайлиқ». Бу хат Худоёрнинг қўлиға теккандан кейин хатда кўрсатилган тадбирни жуда маъқул топди ва тезликда ўз исмидан ташаккур ва писанднома йўллади. Ижобатни олғандан сўнг юқорида мазкур Тошканд ашрофлари бир мажлис қуриб ўлтуришка Нормуҳаммад қушбеги (Тошканд ҳокими)ни ҳам чақирдилар. Мажлисда хондан ва уламодан олинған мурожаатномани ўқуб Нормуҳаммад қушбегига эшитдирдилар. Мажлиска йиғил-ғанлардан Юсуфбек ҳожи ва домла Солиҳбек охундлар қушбегининг пир, деб инобат қилған одамлари бўлғанлари учун элнинг осойиши ва мамлакатнинг ободлиғи номига бу таклифни, яъни Қўқонға қарши исён эткан бўлиб туришни ул ўз бўйниға олди. Бундан онглашиладирким, Нормуҳаммад қушбеги ҳам ўзи- нинг валинеъмати бўлған Мусулмонқулнинг туткан сиёсатини юрт манфаатига хилоф деб билибдир. Узоқламай Нормуҳаммад қушбеги Қўқондан бош тоблаб ўз олдиға мустақил ҳукумат эълон қилған бўлди ва Юсуфбек ҳожиларнинг ўйлаған тадбирлари айни куткан натижаларни бера бошлади. Итоатдан бош тортқан Тошкандга қарши Мусулмонқулнинг тепа сочи тик туриб, адаб бериш ниятида сафар жабдуғини тузди. Тошкандга қарши айниқса ғазабланган бўлиб кўрин- гучи Худоёр ҳам бу сафарнинг тадорикини баробар кўришди ва Мусулмонқул билан бирликда Тошканд устига чиқдилар. Йўл устида ҳам Тошканд билан яширинча сўз олишиб, хатти- ҳаракат чизишиб туришдилар. Мусулмонқул илғори Чирчиқ бўйига келиб етканда, қушбеги бошлуқ Тошканд йигитлари ҳам сувнинг бериги юзида ёв кутиб турған эдилар. Туш чоғида икки ёв бир-бирлариға қарши келишдилар. Қўқонлиқлар дам бермайино Тошканд қўшуни милтиқларға ўт берди. Мусулмонқул кутмаган жойда қўшунидан бир дуркуми ўз устига ҳужум бошлаб ва бир фирқаси Тошканд йигитлари томонига қочиб ўтди. Мусулмонқулнинг ўз йигитлари (қипчоқлар) саросималикда қолиб, Мусулмонқулнинг мудофаасини-да ва қочишни-да билмай қолдилар. Ўз устига чуғирчиқдек ёпирилиб келмакда бўлған қўқонлиқ ва тошкандликларга қарши ўзида куч йўқлиғини билган Мусулмонқул бир от ва бир қамчи аранг қўшундан чиқиб қочди ва бир қанча йўлғача қувланди. Бошлуқ орқасидан қочмоқчи бўлған қипчоқ йигитларига муноди нидо қилди: — Қипчоқ оғайнилар! Бизнинг ҳамма адоватимиз Мусулмонқулға эди! Сиз оғайнилар илгари хон ёнида қандоғ хизматда бўлған бўлсаларингиз, энди ҳам ўша вазифада қолаберасизлар ва лекин Мусулмонқулға тарафдорларингиз бўлса, тинчликча қўшиндан чиқиб кетсин! Қипчоқ йигитлари ҳам бир ерга уюшиб, ўз тарафлари-дан муноди қўйдилар. — Биз Мусулмонқулни танимаймиз! Бизнинг бошлуғимиз Худоёрхондир! Шундан сўнг қипчоқ ва ўзбек бирга аралашиб кетди, гўё ҳамма адоват Мусулмонқул билан бирга кеткандек бўлиб, икки халқ бир-бири билан кўришди. Ўн минглаб халқ янгидан Худоёрға итоат изҳор этиб, чин хонлик билан уни муборакбод қилишдилар. Тошканд халқи иззат-икром остида хонни ва Қўқон сипоҳини шаҳарга тушуриб, ўрдада уч кун зиёфат бердилар. Зиёфат асно-сида иттифоқнинг фойдалари, тарқоқлиқнинг зарарлари сўзланилди. Қушбеги ва Юсуфбек ҳожиларнинг таклифи билан Мусулмонқул ўрнига Ўттабой қушбеги (Марғи-лон ҳокими) мингбоши белгуланиб, тўртинчи кун Худоёрхон қўшуни билан Қўқонға қайтди. * * * Қиш чиқар олди. Мусулмонқул воқиъасидан йигирма кунлар чамаси кейин эди. Муҳаммад Ражаб қўрбошининг уйидан икки-уч қайталаб киши келабергандан кейин, Юсуфбек ҳожи иложсиз қолиб боришға мажбур бўлди. Йиғинда Муҳаммадниёз қушбеги, Қосим мингбоши, Қамбар шарбатдор, Каримқул понсадлардан тор-тиб Тошканднинг етуклик ашроф ва аъёнидан ўн бешлаб одам бор эди. Меҳмонлар учун мева-чева, қуюқ-суюқ тортилди. Зиёфат тўкун эди. Емак асносида Ниёз қушбеги сўзлаб йиғиннинг мақсади билан аҳли мажлисни танишдира борди: — Оғалар, инилар! Билиндики, оғайнилар бир тан, бир жон бўлсалар қипчоқ касофатидан қутилиш унча қийин тушмас экан. Мундан бир ой илгари биз қандай ҳолда эдик? Мусулмонқулнинг омонсиз қиличи оғайнининг бўғзида эди. Худо ҳожи акамизнинг умрини узун қилиб, бола-чақасининг эгалигини кўрсатсинки, аввало унинг ақллик тадбири, ундан кейин оғайнининг бир ёқадан бош чиқариши соясида Мусулмонқул балосидан енгилгина қутилдик. Аммо бу қутилишни чин қутилиш деб бўлмайди. Нега десаларингиз, оқ ит бўлмаса, қора ит товоқ-қошиққа тегмакда. Ҳали биз саҳройи қипчоқ элидан узил-кесил қутилғанимиз йўқ. Анови Мусулмонқул бўлмаса, бошқа Алимқулнинг бош кўтариши аниқ, — деди қушбеги ва дастурхондан чўқиниб давом этди. — Нормуҳаммаднинг раъйини деб, ҳамма ихтиёр ўз қўлимизда бўлгани ҳолда, Ўтаббойни мингбоши белгулаб юбордуқ... Бу ҳам ўзимизнинг энг катта хатоларимиздин. Мен ўша кундан бери ўз-ўзимдан бўғилиб юрийман: Мусулмонқулнинг ити бўлмаса, ўзимиздан мингбоши бўларлиқ одам қуриб қолувдими, дейман. Йўқ, оғалар, темирни қизиғида суқиб қолиш керак! Қачонғача биз бу саҳройи итлар билан сану манга боришиб юрамиз? Яхшиси шулки, бу бош оғриғларни бир варакай орадан кўтариб тинчишайлик. Биз шу ердаги оғайнилар билан кенгашиб бир гапка тўхтаб қўйдиқ. Аммо бу маслаҳатнинг ҳожи акамизга ҳам маъқул тушмоғида шубҳа қилмаймиз. Бу ўйимизга хон ҳам бир нарса демаса керак. Қўқон, Марғилон, Андижон, Ўш ва бошқа ерларнинг оғайнилари ҳам бу гапдан бош тўлғамаслар. Нега десангиз, қипчоқ деган ифлос барчани ҳам жонидан тўйдирди, — деди ва носқовоғини қоқа-қоқа бир отимини тилининг тегига ташлади. Юсуфбек ҳожи ҳалиги гап сўзланғанда қўлидағи пиё-ласини чайқатиб оғир бир ҳолат кечирган ва чуқур бир сукутка кеткан эди. Бошқалар бўлса Ниёз қушбеги-нинг сўзидан кейин бир кўздан деярлик ҳожининг юзига ти-килган эдилар. Ҳожи миқ этмай ўлтура бергач, Қамбар шарбатдор ўзининг хипча товши билан қушбегининг гапини кучлаб тушди: — Сўзингиз жуда тўғри, қушбеги, — деди, — сиз айткандек, бизга икки йўл бор: қипчоқни қириб йўйиш ва ёки бутунлай қипчоқ қўлида қолиб кетиш. Юсуфбек ҳожи кўтарилиб Қамбар шарбатдорга қаради ва мажлисни ер остидан кузатиб чиқиб, яна жим қолди. Каримқулпонсад ҳожини туртмак мақсадида: — Кенгашлик иш тарқамас, деганлар. Ҳожи акамиз ўйлашиб жавоб берсинлар-чи, ахир, — деб қўйди. — Билмадим... — деди ниҳоят ҳожи, — сизларнинг муддаонгларга тушунмадимми ёки тушунсам ҳам ўзимга ётишиб келмадими, ҳайронман. Ниёз қушбеги бошини қашиб олди: — Нимасига ҳайронсиз, ҳожи! — Мақсадларингиз Қамбарбекнинг айтканидек қипчоқни кесишми? Қушбеги иккиланмай жавоб берди: — Кесиш! — Сизларни, — деб истеҳзоланиб кулди ҳожи, — бу ишка нима ва ким мажбур қиладур? Қушбеги ёронлариға қараб олди: — Саволингиз қизиқ, — деди, — сабаби бизлардан ҳам кўра сизга маълум бўлса керак-ку. — Дуруст айтасиз, — деди ҳожи бошидаги салласини олиб, — Мусулмонқулни ҳайдамоққа мажбур бўлған эдик — ҳайдадиқ. Барча ёмонлиқ ўшанинг боши билан бирга кеткандек қипчоқ оғайнилар ила тотуклашдик, қипчоқларнинг эски адоватлари битди... Бас, бизга тағин нима керак? Ҳожининг бу гапи мажлисни бир-бирисига аланглатиб қўйди. Аммо қушбеги сирни бой бермас учун тиришкандек қилиб кулди: — Мусулмонқул энди тинч ётар, деб ўйлайсизми? — Албатта, ўйламайман, лекин Мусулмонқулни тин-чимайдир деб ҳўлу қуруқ қипчоққа тиғ тортиш ҳеч бир ақлға сиғадирған гап эмас. Ўзингиз қушбеги ай-тинг-чи, биз бу кунгача ёмонлиқни кимдан кўрдик? Қипчоқ отлиғ халқданми ёки унинг саноғлиқ бўлған бир неча кишилариданми? — Нафсиламрни айтканда, биз қипчоқ деганнинг ҳар бирисидан ҳам дакки еб келамиз. — Сўнгизда янглишлиқ бор, қушбеги! Агар сиз наф-силамрга қарасангиз икки халқни бир- бирисига совуқ кўрсатиб, адоват тухумини сочиб келгучи бир нечагина одам бор... Менга қолса мамлакатни тинчитиш учун шулар тўғрисида ўйлаш керак. Наинки, тўртта муттаҳамни деб бутун бир халққа ҳужум қилиш! — Сиз айткандек, ёмон тўрттагина эмас, ҳожи! Саҳродан келган ҳар бир қипчоқ бизнинг елкамизга минмакчи. Бизнинг товоғимизга тумшуғини тиқмоқ-чи— бунга қолганда ишни бир оз енгил ўйлаб турибсиз, ҳожи ака! Қосим мингбоши: — Ҳожи акамнинг ҳамма гаплари фақат раҳмдилликдан айтиладир, — деди, — аммо ўйлаш керакки, қипчоқ бу кунгача озғина оғайнининг қонини тўкдими? Анови кун Маражаббек билан ҳисоблашиб кўрсак, Қўқоннинг ўзидан икки йилнинг ичида етмиш саккиз бек ўлдирилибдир. Ҳали бу ҳисобка фуқародан ўлдирилган бечоралар кирмайдир. — Мен бу ҳақиқатлардан тониб турғаним йўқ, мингбоши. Аммо биз сенга сен, деб жавоб бермасак, бизники ақл ва инсоф доирасидан чиқмаса дейман... Орадан бирав ҳожининг сўзини бўлди: — Ақл, инсоф билан иш қила-қила энди жуда тўйдик. Ҳожи сукут қилди, ўзининг шунчалик гапларини ҳавоға кетиб турғанини, мажлиснинг Ниёз қушбеги руҳида борганлиғини яхши сезди. Мундан бошқа Ниёз қушбегининг бундай бир фикрга келиши учун уни нима мажбур қилған — буни ҳам очиқ онглади. Ниёз қушбегининг барча кинаси Ўтаббойнинг мингбоши белгуланган кунидан бошланғанини, «мен турған ерда, қипчоқ мингбоши бўлсинми!» деган кек орасида бу фикр фақат унинг томонидан майдонга чиқарилғанлиғи Юсуфбек ҳожининг мулоҳазасидан ўтди. Мажлиснинг бошқа аъзолариға бўлса, иш йўғидан юмиш чиқа-ришқа талабгор бекорчилар, деб қаради. Албатта, эл фойдасидан кўра ўз манфаатини олдинға сурғучи бу чўталчи бекларга қарши ҳожининг совуққонлиқ сақлай олиши ва асабийлашмаслиги мумкин эмасди. — Беклар, — деди, — маним ҳамма мулоҳазам юрт, эл манфаати нуқтасидан туриб айтиладир. Мен ҳеч бир вақт инкор қилаолмайманким, ёлғиз ўз ғарази йўлида иш қилғучи палид кишилар қипчоқлар орасида бор бўлғанидек, бизда ҳам йўқ эмас... Балки ановиларда ўнлаб бўлса, бизда юзлаб бор. Ўзи бизнинг кўзимизга итдек совуқ кўринган қипчоқ бачча Нормуҳам-маднинг эл учун қилиб турған тўғри хизматини мен ўз умримдаги Тошканд беклари орасида биринчи мартаба кўраман. Буни сиз, яхшилар ҳам инкор қила олмассиз. Бас, айб қипчоқда эмас, балки унинг манфаати шахсияси йўлида иш кўргучи бошлиқларида ва қипчоқлар ўйлағандек гуноҳ қора чопонлиларда бўлмай, балки унинг уч-тўрт маънисиз бекларида!.. Буродарлар! Ўрус ўз ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай машҳар каби бир кунда биз чин ёвға берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалон деб қирилишсақ ҳолимиз нима бўладир. Бу тўғрида ҳам фикр қилғучимиз борми? Кунимизнинг кофир қўлиға қолиши тўғрисида ҳам ўйлаймизми ёки бунга қарши ҳозирлик кўриб қўйғанмизми?! Ҳожи ўзини тутолмай кўз ёшисини оқ соқолиға қуйиб давом этти: — Мана, буродарлар! Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман! — деди ва рўймоли билан кўз ёшисини артиб ўрнидан турди. — Агарда дунёдан ўтаёзған бир кексангизнинг маслаҳатига қулоқ берсаларингиз бу фикрингиздан қайтинг, буродарлар! Илло Юсуфбекни ўлдиға чиқариб, бу шум ишингиздан мени ташқарида ҳисоблангиз! — деди ва мажлиснинг ўлтуринг, тўхтанг сўзига қулоқ солмай, ўлтуришни ташлаб чиқди. Ҳожи дарбозадан чиқмаған ҳам эди, Ниёз қушбеги хахолаб кулиб юборди: — Вой ваҳманг қурғир, ҳожи! Бу кун кўкнори ичкан экан, шекиллик! — деди. Бошлиқдан кулгига рухсат берилгач, бошқалар ҳам кулишиб, орада ола-ғовир бошланди. — Йўқ, — деди Қамбар шарбатдор, — ҳожи аканинг ёши қайтиб, кўнгли жуда ҳам бўшашиб кетибдир! — Вой хўвари ҳожи, — деди Ниёз қушбеги, — олдидағи овни кўрмай, узоқдаги ёвни кўрадир! — Худда-худда! Муҳаммад Ражаб қўрбоши бошини чайқаб Ниёз қушбегига қаради: — Мен сизга айтиб эдим-а, қушбеги, — деди, — ҳожини ҳар нарсага кўндирсангиз ҳам бу гапка кўнди-ролмассиз, деб. — Мен уни кела бермай овора қилғанидан ҳам пайқаған эдим. — Кеча бир оз хомсиган эди, — деди Каримқул понсад. — Иш бузилди-да, — деб қўйди Муҳаммад Ражаб қўрбоши. — Нега бузиладир? — деб сўради қушбеги. — Сирримиз очилди, албатта ҳожи тинч ётмайдир. — Сирримиз ҳали очилған эмас, — деди ишонч билан қушбеги, — агар биз шу ўлтурган оғайнилар бояғи гапда собит қолсақ, сирримизни яна яшириб кетиш мумкин. — Масалан? — деб сўради Қамбар шарбатдор. — Ўша сўзимиз — сўз, иттифоқимиз — иттифоқми? Мажлис тасдиқ ишорасини бериб: — Албатта-албатта! — дейишди. — Сўз битта бўладирган бўлса, — деди қушбеги, — ҳожининг иши жуда осон, биз ҳозир сўзни бир жойга еткузамиз-да, биримиз ҳожининг олдиға бориб, масла-ҳатингизни мувофиқ кўрдик, биз янглишқан эканмиз, деймиз. Албатта, ҳожи ишонадир-да, ҳеч кимга сўзламай қўядир. Биз бўлсак, енг ичида ҳозирлик кўра берамиз, ана холос. — Маъқул гап, тўғри маслаҳат! — Маъқулликка маъқул, — деди қушбеги, — аммо гап бу ердаки, биз аниқ ишка бел боғлаймизми? — Боғлаймиз, боғлаймиз! — Баракалла, — деди қушбеги, — маълум бўла-дирки, ҳаммамиз ҳам якдил эканмиз, энди бошқа гапка ўтсақ ҳам бўладир. — Хонни кўндириб бўлармикин? — деб сўради Қосим мингбоши. Қушбеги кулди: — Хон кўнган ҳисоб, — деди. Бу гап мажлиска унча онглашилмади шекиллик, ажабланиб бир-бирларига қарашдилар. — Изоҳ, қушбеги, изоҳ! Қушбеги изоҳ берди: — Мен хонни Тошканддан жўнатиш олдида унинг холи вақтини топиб, бу фикримни бир даража арз қилиб ўткан эдим, — деди, — бу фикрим хонга жуда маъқул тушкан бўлса керак, сўзимни эътибор билан тинглаб турди ва жавобида: «Яхши. Ўйлашиб, тадбирлари билан менга фикрингизни ёзинг, мен ҳам ўйлаб кўрарман», деди. Менга қолса бу тўғрида биздан хабар кутиб хоннинг уйқуси ҳам келмай ётқандир: бизга фақат ишнинг ўнақайини топиб хондан тасдиқ этдиришгина қолган. — Хон тайёр экан бўлмаса, — деди кулимсираб Қамбар шарбатдор. — Тайёр экан, тайёр экан! Шундан кейин ишнинг ўнақайи тўғрисида музокара ва мубоҳаса бошланди. Ҳар ким бир турлик фикр баён қилиб, узоқ бош оғритдилар ва натижада хонга қуйидаги нома ёзилди: «Тождори мусулмонон, хоқон ибни хоқон шаҳан-шоҳи навжувон, тожи сари хушбахтон ҳузури ҳумоюн олийларига арзи убудият адосидан сўнгра биз фақирул-ҳақир садоқатпешаи беназир қулларидин арзи бандалик шулдурким, навкарлари доимулавқот ул жанобга қипчоқ халойиқи бепархезидин бирар осиби етарму деб ҳаросидадирмиз. Ва яна ул ҳаромзода саҳройиларнинг рўйи заминдин тарошламай туриб, ул жаноби олийнинг таъмини амниятлари ҳам биз қулларича кўб хавфу хатар остида бўлғандек тахмин қилинадир. Шул мулоҳаза ва андишалар баъдида биз Тошканд қулларидин бир нечаларимиз бир ерга жамъ бўлишиб, дуру- дароз тафаккур ва таҳайюрлар сўнгғида азбаройи ул шаҳаншоҳнинг кўб замонлар бошимиз соябон бўлмоқлари умидида бар тақдир ул тождорнинг хотири отир дарё муқотирларига писанд тушиб ижобат оғоз қилсалар, бир маънини хўб ва садоқат мақосидиға маҳбуб деб билдик. Андоғки, ул халойиқи ғассобларни ўн беш синни солидин болиғ ва етмиш ёшидин қуйи ҳар бир эркак зотини билотараҳҳум қатли ом қулларича сазовордир ва илло ул муртаддин бадтар жобир0 ва бехирадлардин жаноби тождорға харрўз балки ҳар соат хавф бордир. Аммо бул тақрирни ўшал муайян қатли ом соати етмағунча ҳар бир бехират ва боғий бўлмоғи яқин мажҳул одамлардин пўшида тутилмоғи маржудир. Ва лекин ул тождор бир соати саъиди музаффарни муайян айлаб қаламравларидаги барча шаҳар ва кўйлар, қишлоқ ва кентларнинг садоқати зоҳир ва қалби тоҳир қуллариға махфий номалар кўндириб, сакбаччаларнинг қатли омиға амри олийларини дариғ тутмағайлар. Аммо Хўқанди фирдавс монанднинг ўзида ул шақоватпешалар беҳад ва беҳисоб нуфуска молик бўлғанлари важҳидин биз Тошканд навкарларининг иъонати бешакку шубҳа вожибдур. Сиз шаҳаншоҳи, ўшал соати музаффарни таъйин айлаб, биз қуллариға хабар юборсалар, бунда лозим бўлған одамимизни қолдириб ва яна ҳар қаюсимизға тегишлик бир юз, икки юз ва беш юз йигитимизни олиб, халойиқ кўзида гўё жаноби тождорнинг Мусулмонқул фалокатидин озодлиқға чиқиб мустақил соҳиби тож бўлғанларини муборакбод қилмоқ учун юрган бўлиб, иъонатларига етармиз ва дарбозадин киришимиз он фажъатан ул галаи сакларга0 ҳужум бошлаб, қатли омга қилич тортармиз. Ва яна махфий қолмағайким, Тошканднинг алҳол беклик мансабида ўлтурғучи қипчоқ Нормуҳаммад борасида қандоғ фармон бер-ғайлар, бул маънида ҳам ишоратини дариғ тутмасалар қулларини андишадан озод қилған бўлғайлар. Ушбу болода мазкур маҳзи самарайи садоқат ақли қосирлари-миз хусули натижасини биз қуллариға ушбу номани қосиди қўлидин савоб ва хато, рад ва ижобат, писанд ва нописанд жавобини ирсо қилсалар ва яна ўз фикри босавобларини изофа қилиб, қусур ва хатоларимизни танбеҳ этсалар, биз навкари бежавҳар ва босадоқати бефаросатларни дунё-дунё шоду хуррам қилиб, ул соябони марҳамат ва меҳрибони бошафқатнинг хизматларига камари хизматни берк боғлатқан бўлур эдилар, ҳувал-лоҳул- мустаъин. Садоқатингиз мажлисига жамъ бўлғучи навкарларингиз (имзолар)». Бу нома эртаси кун хонга юбориладирған бўлиб, бунга махсус киши белгуланди. Мажлиснинг қўрқунчи Юсуфбек ҳожидан бўлған учун унга сохта қарорни эшитдирмак тўғрисиға Муҳаммад Ниёз қушбегининг ўзи бевосита мажлисдан чиқиб кетди. Шунинг ила бу мажлис тарқалди. Қоронғи Кунларига Хотима Отабек Марғилондан қайтиб келгандан кейин ўн кунлар ўтказиб уста Алимдан бир хат олған эди. Уста Алим хатида қутидорға учрашқанини ҳамма майда-чуйдаларигача ёзиб келиб айтар эди: «Сиз хиёнатни пайқағунча қайин отангизға қандоғ кина сақлаб келган бўлсангиз, ул ҳам сизга ўшандоғ киналик экан. Мени ва оиламни таҳқир этди деб, бу ҳақоратни умр бўйи унута олмаслигини тушуниб, ўт ичида юрар экан. Мендан ҳақиқати ҳолни онглаб жуда шошиб қолди, ҳатто ҳуши бошидан учди. Ичкаридан аниқ маълумот бера олмасам ҳам, аммо уларнинг ҳам қайин отангиз ҳолиға тушканларини мулоҳаза қилдим. Қайин отангиз сизнинг ўткан ҳолингизнинг оғирлигини тасаввур қилолмағанидек, душманларингизга берган жавобингизни тақдир этиш учун ҳам сўз тополмас эди. Ҳар ҳолда орангиздағи кинанинг душманингиз билан бирга супирилғанига шубҳа йўқ». Мактубнинг яна бир ўрнида: «Сизнинг қаерда бўлғанлиғингизни сўраған эди, мен билганимни айтдим. Келармикин деган эди, бунга ҳам ўзингизнинг ўшал муҳмал жавобингизни бердим. Фикримча, қишда бўлмағанда ҳам, кўкламга чиқиб ўзлари Тошканд тушарлар, деб ўйлайман». Хатнинг охирида: «Сиздан бир кун сўнг Ҳомид ўлди. Ҳайтовур бир оғиз сўзсиз тўнғиз қўпибди. Мен ўлар чоғида ҳам сизга бир туҳмат тўқирми, деб қўрққан эдим. Қутидорға ҳеч бир жарима ортмабдирлар. Мақтул-ларнинг эгалари ҳеч кимни тутиб кўрсатолмағанлари учун маҳкамалар ҳам ишни текширмай қўйдилар. Ўйлашимча, ҳеч ким билмаганда ҳам, сирни ўлган Содиқнинг онаси билса керак эди. Аммо унинг ҳам дами ичида, сўрағанларға худодан кўрдим, деб жавоб берар эмиш. Бул хотиннинг қўлидан ҳар бир иш келадир деб ўйлаб, ўткан кун қайин отангизға айтдим: бегона хотинни уйингизга йўлатмасинлар ва четдан келган таомни емасинлар деб. Ҳар ҳолда ёмондан хазар лозимдир», деб ёзар эди. Бу хатдан кейин Марғилондан тиқ эткан хабар бўлмади ва орадан икки ойлаб фурсат ўтиб кетди. Шунинг учун Отабекнинг кунлари қуёш ботиб чиқған сайин бир онглашилмовчилиқға, қоронғулиқға кира бориб, ҳар соат аччиғ ва ё чучуклиғи номаълум бир ҳол кечириб бошлади. Баъзи кезларда ул умид қучоғида шошиб қолар эди ва иккинчи вақтда ярамас — қора хаёллар билан энтикар эди. Умидланган кезларда: — Ой туйнукдан тубанроқда, бу кун бўлмаса эрта— чиммати қўлида, паранжиси устида, сариғми, қорами атлас кўйнаги эгнида дарбозадан кириб келгандек ва ўпкалангандек... Иккинчи бир вақтда кимнингдир қуйидаги гапини эшитар эди: — Ул ўзининг душманларини ўлдириш учунгина Марғилонға қатнаб юрған экан, ҳисобини тугатди-да, бедарак кетди, қолди. Тузукроқ жойи чиқса бериб қолайлиқ Кумушни... умри ҳам ўтиб борадир. Ана шу қора хаёл уни чиндан ёниб турған бир ўт ичига ташлар ва шу чоқ ўзини мувохазага бошлар эди: «Мен нега икки йил сарсон бўлиб юрдим-да, бу сарсонлиғнинг натижасига бориб чиқғанда шундай аҳмоқ-лиққа тушдим?» дер ва Марғилон йўлини кўзлар эди. Аммо энди унга Марғилон бориш ўнақайи сира келмас: «Мен нега келдим-да, энди нега бораман ва нима деб бораман? Қизингизни Тошканд олиб тушарсиз деб кеткан эдим... Сиз олиб туша бермаганигиздан кейин ўзим қайтиб келдим деяйми?» Отабек мана шундай чучмал азоблар ичида кейинги кунларини кечира бошлади. Ой тўлмасдан Марғилон қатнаб турғучи ўғлини энди уч ойлаб қўзғалмай қолиши учун Ўзбек ойим эскича яна қувониб кетди. «Кейинги қилдирған иссиғ-совуғим кор қилди шекиллик, биратўласиға Марғилонни тилига олмаёқ қўйди. Энди хотиниға исиб, меҳмонхо-нада ётишни ҳам барҳам берса... ҳар нучукда дуодан қолмайлиқ», деб Зайнабни домланикига қистар эди. Отабек кейинги вақтларда савдога юришни тарк қилиб қўйғани учун Ҳасанали ишсиз қолған, узун кун уйда бекор зерикканликдан ҳожига айтиб бир мунча дастмоя билан гузардан баққоллиқ дўкон очган эди. Отабек кўпинча меҳмонхонасидаги кутубхонадан уни-буни ўқуб ўлтурар, ўқушдан зериккан кезларида Ҳасан-алининг дўконига чиқар ва гузардан ҳам зериккандан кейин боши оғқан ёқларға, Салор бўйлариғача кетар ва гоҳи Чуқур қишлоқ томонлариға ҳам тушар эди. Аммо тушкани билан бурунғича ичмас, икки-уч, ортиб кетканда тўрт оёқ ила кифояланар, кўз ўнглари оз-оз жимирлашкан, турлик хаёллари бир мунча тарқалған ҳолда қайтар ва лекин Ҳасанали ҳам унинг бу кайфини жуда сийрак сеза олур эди. Ўткан кун Чуқур қишлоққа тушкан эди. Аср вақтларида қайтиб гузарга келди-да, хаёлат билан Ҳасанали дўконига ўлтурди. Отлиқ, яёв ўткинчилар тўрт томонға қатнаб турардилар, унинг бу кунги кайфи ўтачароқ кеткан бўлса керак, уларни ғира-шира кўзга илгандек қарайдир. Ҳасанали бир-икки уни кузаткандан кейин сўради: — Марғилонға нега кетмай юрибсиз? Бу саволдан унинг кайфи тарқалғандек бўлиб, кўзлари мошдек очилди. — Ҳавсала йўқ... — Қайин отангиз кўнса, кўчингизни олиб келсангиз ҳам маъқул эди қатнаб юрғандан... — Қайдам... Илгари шундай савол чоғларида ўзининг ёлғон жавобларидан жуда хафаланар, Ҳасаналига ўткан гапларни бирин-бирин айтиб бергуси ва «маним уйланишимга сен сабаб бўлған эдинг, энди уни мендан ажратдилар», деб ундан ўз дардига даво истагуси келар эди. Ҳозир ўзидан хафалик, ўнғайсизлиқ сезмаган бўлса ҳам бошиға «ўзим боролмасам-да, Ҳасаналини юборишим ва кезини топиб ўткан гапларни отаға ҳикоя қилишим керак эди», деган фикр келди. Бора-бора бу фикр унинг бошиға жиддий ўринлашиб олди, шу тўғрида чинлаб ўйлаб кетиб кайфи ҳам тарқалаёзди. Дўконни ёпиб, Ҳасанали билан бирга кетди — йўлда, меҳмонхонада бирга ўлтуриб ош еди, дастурхон устида унинг ўйлағани фақат шу бўлиб қолди. Бироқ бу фикр қарор тусига кириб кета олмади, дақиқа сайин тарқалиб борған кайфидек турлик монеъларға учрай бошлади: — Ҳали Марғилонда ишлар қалайикин? Улар яна айнаб қолмағанмикинлар? Марғилондан бир нарса пай-қамай туриб, кишини овора қилишға арзирмикин?.. Бу кун қуёш очиқ ҳавода кезиши учун жим-жим товланиб, ер юзига кулиб қаради. Икки кундан бери қуёш бетини қоплаб, турлик ерларга жон суви сепиш ила чарчаған баҳор булутлари бурчак-бурчакка тарқалиб борар эдилар. Уяларидан чиқиш биланоқ чумчуқлар чирқиллашиб, мусичалар кукулашдилар. Анови ар-ар те-ракка уя қўйишға ўйлаған бир жуфт карруклар ҳам вижир-вижир қилишиб кенгаш очдилар. Подачининг товшини эшитиб, далага ошиқған онасиға эргашиб қашқа бузоқ ҳам мағраб юборди. Модасига тегишкани учун томдаги каптар ҳам бўқоғини чиқариб рақибининг теварагида яғрин бера бошлади... Қисқаси бу кун уйғонишданоқ бутун коинотнинг яхши туш кўриб турғанлиғи сезилар эди. Баҳорнинг бу кунги сиҳирлик куни Отабекни ҳам қитиқлади. Чойини наридан-бери тугатиб, Ҳасанали кетидан гузарга чиқди. Ул гузарга чиқғанда Ҳасаналининг қўшниси бўлған Али эринибкина дўкон тахтасини туширмакда эди. Отабекни кўриш билан дўкон очишни тўхтатди: — Бу кун бўшмисиз, бек ака? — Бўшман. — Бўш бўлсангиз, Минг ўрукка — қимизга борар эдик, — деди Али. — Тўла қозоқ бияларини яйлоққа солибдир. — Дўконингиз-чи? Али туширган тахтасини қайтадан жойиға қўяберди: — Дунёнинг иши битар эмишми, бек ака. Хўб десангиз, дўконни ёпаман. Отабек ярқираб чиқиб келган қуёшға қаради: — Ёпинг бўлмаса, — деди. Отабек Ҳасаналининг дўкони воситасида Али билан яқинда танишқан эди. Ул ичи кирсиз, серкулки, очиқ-қина бир йигит бўлуб, бек билан гўё кўб йиллардан бери бўлған танишларча муомала қилар эди. Бекга бу тасодиф жуда қулай келди. Чунки уйдан чиқишданоқ унинг қасди бу кунни далада ўткизмак эди. Эт олдилар-да, яёвлашиб Минг ўрукка кетдилар. «Минг ўрук» мавзиъи отидан ҳам маълум, бунда минг чоғлиқ ўрук дарахти ўсқан учун бўлиб, Шиблининг сувидан бошлаб то Салор ариғиғача қатор-қатор ўруклар эди. Салорнинг нариги ёғи бийдек қир, эндигина кўм-кўк ўт гилами униб чиқған эди. Минг ўрукнинг этаги бўлған Салор бўйича уч-тўртта қозоқ ўтовлари тикилган эдилар. Иккиси Салор бўйиға етиб, Тўла қозоқнинг келинчагига этни шўрва қилиш учун бердилар. Али ўтовдан кийгиз олиб, Салор бўйига ёзди. Келинчак ёстиқ, кўрпача ташлаб берди, Отабек ҳордиқ чиқариб ясланди. Қуёш озорсизғина қиздирар эди. Енгилгина эскан шамол димоғқа турлик ўлан исларини келтуриб урар эди. Бир неча қалдирғоч Салорнинг оқиши бўйлаб учар ва учкан кўйи «валфажри» ўқур эдилар. Поёнсиз қирнинг юқори-қуйи ўринлари якранг кўкат ва кўз илғамайдирған узоқлиқлари туманлангансумон кўриниш берар эдилар. Қушлар, қуртлар сайраши табиий бир соз хизматини ўтаб кишига ифодаси қийин бўлған бир сезги солар эдилар. Отабек табиъатнинг шу кўркам ва латиф кўринишига мафтун бўлиб, бир оз ётқандан кейин «ул ҳам бўлса эди», деб ўйлади ва узоқ тин олиб қўйди. Бу куннинг кўркамлигидан олған таассуротини Али ичига сиғдиролмади: — Зап яхши кунми! — деди. Отабек ҳам шу гўзалликни ўзига татитмай турған дардидан шикоятланди: — Шундай кунларда кам-кўстинг бўлмаса... — Сизнинг ҳам кам-кўстингиз борми? — деб Али кулимсиради. — Йўқ, деб ўйлайсизми? — Ҳаммада бўлғанда ҳам, сизда йўқ деб биламан. — Масалан? — Масаланми, — деди кулиб Али, — сизнинг билан отангизнинг обрўси қушбегида ҳам йўқ, давлат тўғри-сида бўлса, очиқарлик ерда эмассиз... Иккита тўтидек хотинингиз бек акам учун сочини тараб ўлтурадир... тағин қанақа каму кўст? Кишининг бахтини юзакигина кўриб ҳукм қилғучи Али унга қизиқ кўринди ва кулиб: — Тўғри айтдингиз! — деди. — Шукур қилиш керак, бек ака, — деди Али ва ўзи-нинг бахтсизлигидан, топқанини рўзғордан ортдиролмай, шу кунгача уйланалмай келишидан ҳасрат қилиб кетди. Отабек унинг ҳасратини диққат билан эшитди, ҳаётнинг зарбаси ҳар кимнинг ўз даражасига қараб ва лекин истисносиз бўлғанлиғини тушунди. — Дунёнинг иши шунақа экан, мулла Али, — деб уни юпатиб қўйди. Иккиси ҳам бир неча вақт жим қолдилар. — Марғилонлиқ хотинингиздан болангиз бордир? — Йўқ... — Бўлса ҳам турмадими, уйланганингизга анча йил бўлған шекиллик? — Турмади. Али Отабекнинг ками кўстини шу боласизлиқдан деб ўйлаған эди: — Боласизлиқ учун хафа бўлиш керак эмас, ҳали ёшсиз, бек ака! Отабек жавоб бермади. Корсонда қимиз келди. Бек бир-икки зарангни ичкандан кейин, ямланиб кўкка қараб ётиб олди. Али бор товшини қўйиб ашула қилди: Кўзларим йўл устида, келмади ёр, Ушбу кенг дунё кўзимга бўлди тор. Қай қароқчи олди ёримнинг йўлин, Мундаги бахтсиз йигит йўл узра зор... — Қўшилишмайсизми, бек ака? — Ўзингиз яхши айтасиз, тўхтаманг! Али борлиқ овози ила ҳамма ҳунарини ишлатиб, ғазал тугалгунча ашулани айтиб борди. — Тузикми, бек ака? — Яхши ашулачи экансиз! — Ундоғ бўлса устидан буни ичиб юборинг, — деди кулиб, бир заранг қимиз узатди. Бек қимизни бир симиришда бўшатди-да, энтикиб узоқ қирға қаради, узоқ қараб турди-да, юқоридағи байтни ўқуб оғиз ичидан минғиллади. Кўзларим йўл устида, келмади ёр, Қай қароқчи тўсди ёримнинг йўлин... — Қўқонға кеткан сипоҳлардан дарак эшитдингизми, бек ака? Отабекнинг хаёли бўлиниб, Алига қаради: — Эшитмадим. — Маним акам ҳам кеткан эди... Ой бориб, омон келишсунлар-да! — Акангиз йигитмиди? — Йўқ, мерган эди. Қўқон кетаётган ўртоқлариға қизиқиб, борма деганга кўнмади. Уруш эҳтимоли йўқ-ми, шунчаки фотиҳа учун кетишкандирлар-а? — Ким билсин, — деди бек ва бир оз ўйлаб қолған-дан кейин, — бўлмас, — деб қўйди. Корсондаги қимиз тугаб, шўрва ҳам ичилди. Дастурхонни йиғқувчи келинчакка ўғул тилаб дуо қилин-ғандан кейин, қўлиға ўттуз чақа сурма пули бердилар ва қирни айланиш, бинафша териш учун туриб кетдилар. Қипчоққа Қирғин Кечки соат тўртларда Қоймас дарбозасидан қайтиб шаҳарга кирдилар-да, дарбозадан ўн адим нарида боши танидан олинған уч кишининг гавдасига йўлиқдилар. Отабек бу ҳолга тушунмади, чунки аҳёнда осиладирғон гуноҳкор Эски намозгоҳ дорига элитилар эди. Шунга кўра дарбозабонни ҳужрасидан чақириб сў-ради: — Булар қандай гуноҳкорлар экан? Дарбозабон бекни таниб қўл қовиштирди: — Тақсир, қипчоқлар. — Гуноҳлари нима экан? Дарбозабон ётган гавдаларга қараб олди ва бекнинг яқиниға келди: — Ўзлари биларлар-ку, тақсиримнинг... бегимга айткулуги йўқ... — Гуноҳлари нима, ахир? — Ахир қипчоқлар-да, тўрам. Отабек диққатланди: — Қипчоқлар эканини билдим, аммо гуноҳлари нима деб сиздан сўраяпман! Дарбозабон қўл қовиштирғанча Отабекка ажабланиб қаради: — Аниқ хабарлари йўқми тақсиримнинг? — деб яна сўради. — Йўқ! — Вой-боёв тақсир, бу кун эрталабдан бери кўрин-ган қипчоқни сўйиб юрдилар-ку. Гуноҳлари суриштирилмади, тақсир, — деди ва ўлукларнинг ёниға юриб келиб изоҳ берди, — мановисини уйидан олиб чиқиб сўйдилар, мановиси маним ёнимда турған дарбозабон эди — раҳматлик. Мановисини танимайман ва лекин ўзи қипчоқ бўлса керак. Отабек даҳшатланиб ёнидағи Алига қаради, Али эса ётқан жонсиз гавдаларга қараб лабини тишлаб турар эди. — Кимлар ўлдирди? — деб Отабек даҳшат ичида дарбозабондан сўради. — Бу ерга келгучилар йигирма чоғлиқ эдилар, ўзимизнинг Тошканд йигитларидан ҳам бор, қўқонлиқлар ҳам кўринадилар. Ўзлари ҳам қипчоқни қидирабериб ҳамма ёқни тозаям ғалвир қилиб юбордилар-да, тақ-сир... Қўқонга кеткан бекларданми, хонданми, ишқилиб, шунақа буйруқ кепти-да, тақсир... Бизлар хизматкор одам — нимани билайлик, тўрам! Отабек масалага тушунгандек бўлди ва даҳшат ичида Али билан йўлға тушди. Ўттиз қадам босмай тағин икки ўлукка учрадилар. Ўн адимда бир жонсиз гавда... Eнди Али сўрамай чидамади: — Наузанбиллоҳ, бу нима деган гап, бек ака?! — Сўраманг! — Йўғ-а, — деди Али, — ахир ҳаммаси ҳам гуноҳ-кормикин? — Гуноҳкор!.. — деб заҳарханда қилди бек, — Мусулмонқулни биларсиз, албатта? — Нега билмай, икки ой илгари қочиғини ҳам кўрдим... — Билсангиз, — деди бек, — буларнинг ҳаммаси ўшанинг гуноҳига ўлдирилған ўхшайдир! — Шу ҳам гапми, худоё тавба! Адим сайин бир ўлукка учрар эдилар. Али санаб келар эди, гузарга етканда саноқ етмишдан ортди. Ҳали бу биргина тўғри кўчанинг ҳисоби бўлиб, кенг Тош-канднинг ўзга кўчаларини ҳам ҳисобга олғанда фажиъ бир адад ташкил этиши маълум. Гузарнинг ичига кирганда қатор чизилған қирқ чоғлиқ ўлукларни кўрдилар... Кун асрдан оғиб шомга яқин, шунинг учун гузардаги дўконлардан очуғи уч-тўртта, жумладан, Ҳасанали ҳам ярим очиқ дўконни олдида ўлтурар эди. — Соғ келдингизми, бек! Биз бу ерда юз хил васвасага тушиб ташвиш тортдиқ, — деди Ҳасанали. Отабек бошқа хаёлда эди. Ҳасаналининг сўзини гўё эшитмагандек сўради: — Бу кун дадам қаерда эди? — Сиздан кейин ўрдага кеткан эдилар. Бир соатдан кейин шошқаннамо қайтиб келдилар-да, сизни сўрадилар, шундан сўнг қаёққа кетканларини билолмадим. — Қачондан бошлаб қипчоқни сўйдилар? — Отангизни келиши биланоқ, — деди Ҳасанали ва энтикиб фожиъани ҳикоя қилди. — Эй... бек, раҳмсизлик бунақа бўлар экан... Худда қиёмат бўлди! Бечоралар нима гуноҳ қилдиларкин? Уйида ҳалол касбини қилиб ўтурғанларғача тутиб сўйдилар... Эй бечоралар, қандай гуноҳлари бор экан?! Йигитлар тутиб келтуриб турадилар, жаллод бош кесиб борадир. Бу ногаҳоний қазодан эслари чиқиб кеткан бечоралар йиғлашадилар... Айниқса бир бўёқчи... худда хум ёнидан тутиб келганлар — қўли бўёқ... Эй худо, мен нима гуноҳ қилдим, деб йиғлайдир... Чидаб бўлмади, дўконини ёпиб қочдим, кўплар ҳам қочдилар... тағин бир... — Бас, — деди Отабек. Ҳасанали ҳикоядан тўхтади, чунки бекнинг юраги эзилиб оқиш даражасига етиб, Али Ота билан хайрлашмасданоқ қочқан эди... Уйга бориб кечки ошни ҳам емади ва отасиға ҳам учрашмади, гўё шу йиртқичлар дунёсидан яши-ринғандек оқ кундаёқ тўшагига ётиб, кўрпасига бурканиб олди. Унинг бу ҳолига уй ичи тушунганлари учун, нима қилди, деб сўрамадилар ва ёниға ҳам келмадилар... Юсуфбек ҳожи эрталаб чойни Отабек билан бирга ичиш учун меҳмонхонаға чиқди. Отабек терсайганча келиб чойға ўлтурди, отасига салом бермади. Чунки ул ўз отасини қипчоқ қирғинининг бош омилла-ридан деб қарор қўйған эди. Чой яримлай ёзди. Орадан чурқ эткан сўз чиқмади. Ниҳоят, ўғлиға енгиллик бериш ниятида ҳожи тилга келди: — Хафа бўлма, ўғлим. — Сизларга ўхшаб, — деди истеҳзоланиб, — қуво-найми? Ҳожи ўғлининг қандоғ фикрда ва нима учун терсайганини билди. — Янглишасан, ўғлим. — Ражаббекникидаги мажлисда, — деди заҳарханда билан, — бу йиртқичларнинг режачиси ким эди? Ҳожи энтикди ва: — Ражаббекникида бўлған мажлисни сен биласанми?..— деб сўради. — Биламан. — Билсанг, — деди ҳожи, — маним устимга мундоғ туҳмат орттиришдан уял, бола! — Ражаббекникида бу кенгаш бўлмағанмиди? — Бўлған эди. — Бўлған бўлса, тағин нега ўзингизни қуруққа оласиз? Юсуфбек ҳожи боладан кулгандек қилиб илжайди. — Баъзи енгил муҳокамаларинг онангникидан қо-лишмайдир, Отабек! — деди. — Мажлисдан хабаринг бўл-ған бўлса, ким қайси фикрда қолғанини ҳам биларсан? — Йўқ. — Мажлисда нимадан баҳс қилинғанини-чи? — Мажлисда нима музокараси бўлғанини ҳам билмайман ва лекин ўша мажлис фақат қипчоқларга қатли ом учун йиғилган экан, деб кеча ишондим. Мажлисингиз аъзоларининг сиздан бошқаси нега йигит тўплаб, Қўқонға кетдилар ва улар Қўқонға етмаслариданоқ нега бу ваҳшат бошланди? — Бу муҳокаманг тўғри. Аммо отангни ҳам шу жониворлар орасиға қўшиб ўлтиришинг қисқалиғингдир,— деди. Кўзига ёш олди. — Ўзинг ўйлаб кўр ўғлим, ўз қўлимиз билан ўзимизникини кесишимиздан мамлакат учун қандай фойда бор? Башарти мен бу ваҳшатка иштирок қилған бўлсам, қайси ақл ва қандай манфаатни кузатиб қўшилишқан бўламан? Агарда маним юрт сўрамоққа ва шу восита билан бойлик орттирмоққа орзум бўлса, бошқалардан ҳам кўра ўз ўғлимға — сенга маълум бўлмасмиди? Нега ҳар бир нарсага еткан ақлинг шунга қолғанда оқсайдир. Нега ёнған юракимга яна сен ҳам заҳар сочасан?! Титралиб ва тўлқинланиб айтилган бу сўзлар Отабекни ўкинтирди, ўлганнинг устига чиқиб тепиш қабилидан бўлған ўз ҳужумининг ҳақсиз эканига тушунди. Юсуфбек ҳожи битта-битта ётиғи билан мажлис ҳақида баён қилиб, ўзининг қарши тушканини ва уларга уқдира олмағандан кейин, мажлисни ташлаб чиқиб кетканини сўзлаб келиб деди: — Бирор соатлар сўнг орқамдан Ниёз қушбеги келиб мендан афу сўради ва мажлиснинг у фикрдан қайтқанини, ўзларининг хатоға кетканларини айтди. Мен хурсанд бўлиб, бу ишнинг зарарини яна исбот қилиб чиқдим. Ниёз мен билан хайрлашар чоғида: «Жон ҳожи ака, энди гап шу ерда қолсин, битта-яримта эшитгудек бўлса, биз ерга қарарлиқ бўлмайлиқ, ўлтуришнинг катта илтимоси сиздан шул», деди. Мен бу иблисона алдовга учиб, бу тўғрида на сенга ва на Нормуҳаммад қушбегига оғиз очмадим ва уларнинг Қўқонға фотиҳа учун қўзғалишларидан ҳеч бир шубҳаланмадим... Эҳ, шайтонлар! Ҳожи бир оз тўхтаб давом этди: — Кеча эрталаб ўрдага борған эдим. Саҳн юзида уч-тўрт юз мусаллаҳ йигитларни биравини куткан ҳолда кўрдим ва илтифотсиз қушбеги маҳкамасига кирдим. Кирсам, Қўқонға кеткан Қаюм понсад уч-тўртта йигити билан қушбегининг қаршисида турибдир. Қушбеги қўлида бир қоғоз ушлаб, гўё эс-ҳушидан айрилган каби қотиб ўлтирибдир. Мени эшикдан кўриб, сўзсиз- несиз қўлидағи қоғозни менга чўзди ва бошини тебратиб қўйди. Мен бир нарсага ҳам тушунмаган ҳолда бориб қоғозни олдим... Ўқудим-ўқудимда, маним ҳушим бошимдан учиб, қушбеги ҳолига тушдим. Бу қоғоз хоннинг ёрлиғи эди ва бунда тахминан шундай гаплар бор эди: «Биз Туркистон мамлакатининг хони ўз қаламравимиз ва салтанатимиз учун қипчоқ тоифасини музир деб билдик. Бу янглиғ ҳукмимизни ўз қаламравимизда бўлған барча бекларимизга, ҳоким ва қўрбоши ва даҳбошилари-мизга билдириб буюрамизким, ушбу фармонимизни олған он дарҳол ўн беш ёшдан то етмиш ёшғача бўлған қипчоқ эр зотини қиличдан кечиргайлар ва ҳеч бир силаи раҳмни восита қилмағайлар. Ушбу ҳукмимизни ерига еткузишда сустлик қилған мансабдор бизға итоатдан бош тортқан ҳисобланиб, энг қаттиғ жазоимизға маҳкум қили-нур. Бу ҳукмимизни ижро эткучи Тошканд ҳокими Нор-муҳаммад қушбегига марҳамати шоҳонамиз шулдурким, гарчи сизнинг қипчоқ қавмиға мансубиятингиз бўлса ҳам, Мусулмонқулни ҳайдашда бизга унутилмаслиқ хайрихоҳлиқлар ва хизматлар кўрсатдингиз, биноан алайҳи сиз бу жазодан маъфудирсиз ва садоқатингизда боқий қолиб амримизни ижро этишингизда шубҳа қилмаймиз!» Қушбегига қарадим, ул ҳам маним оғзимға қараб турар эди. «Буйруқни қачон олдингиз?» деб сўрадим. Ул жавоб ўрнига Қаюм понсадга имлади. «— Мен олиб келдим», — деди Қаюм понсад. «— Сиз Қўқондан олиб келдингизми?» — деб сў-радим. Чунки сен айткандек беш-олти кунда Қўқонға бориб-келиш сира ақлға сиғмас эди. «— Биз беклар билан Қўқон йўлида эдик, — деди Қаюм, — йўл устида хондан ушбу ёрлиқ келиб қолди. Ниёз қушбеги менга йигит қўшиб бу ҳукмномани ижро қилишда ёрдам бермак учун жўнатди». Бу сўз менга ҳамма шайтанатни очиб берди ва ўзимнинг иблислар томонидан алданғанимни билдим: «— Эртадан бошлаб ҳукмни ижро қилсақ қалай бўларкан?» — деб қушбегига қарадим. «— Мен ҳам шуни ўйлаб туриб эдим...» — деди қушбеги ва Қаюмга қаради. Қаюмнинг устодлари ишни кейинга силташимизни илгаридан кўриб қўйған эканлар: «— Эртага қўйиб бўлмас!» — деди Қаюм. «— Нега?», — дедим. «— Негаки эртагача қипчоқлар қочиб битадирлар». Мен Қаюмнинг сўзига қулоқ солмадим-да, қушбегидан эртанинг кенгашини сўраған бўлдим. Бу ҳолдан аччиғланған Қаюм ёнимға келиб ўлтурди. «— Овора бўлмангиз, ҳожи ака», — деди. Унинг бу ҳаракатидан аччиғим қистади: «— Сизнинг билан маним бу ишка аралашмоққа ҳаққимиз йўқ!» — дедим. «— Сизники бўлмаса тўғри, аммо меники бор!» — деди Қаюм. «— Буйруқ кимнинг отиға?» — дедим. «— Қушбегининг!» «— Бас, сиз билан мен фақат у ёрдам сў-рағандағина кетман кўтарамиз, бошқа дахлимиз йўқ!» — дедим. Қаюм заҳарханда билан ёнини кавлаб иккинчи бир буйруқ чиқарди ва менга бериб: «Ўқунгиз!» — деди. Ўқудим. «— Бас, биринчи буйруқни сиз олған экансиз, нега яна қушбегидан фотиҳа кутиб ўлтурибсиз?!» — дедим ўт ичида. «—Ҳар нарса бўлғанда ҳам улуғимиз, деб сийлаб турған эдим...» — деди Қаюм. «— Эгасини сийлаган итига суяк ташлар, қилмоқчи-сиз-да, баракалла!» — дедим. «— Борингиз, устодларингизнинг васиятини бажарингиз!» «— Хафа бўлмангиз, ҳожи ака!» — деди Қаюм ва қўлимдан қоғозни олиб қушбегидан сўради: «— Нима дейсиз энди, бек?» «— Маним кенгашимга кирсангиз, эртадан бошлайлиқ!» — деди қушбеги, «— Сира илож йўқ, қушбеги! Чунки барча шаҳар ва куйларга ҳам фақат шу — бу кунга, деб буюрған экан!»— деди Қаюм. Қушбеги билан мен гўё тоғ остида босириқ бўлған эдик. Бошимизға ҳеч бир гап келмас эди. Қаюм ўрнидан турған ҳолда қушбегидан жавоб кутар эди. Қушбеги кўб фурсат қотиб ўлтурғандан кейин, Қаюмга қўли билан чиқишға ишорат қилиб: «— Бил-ганингизни қилаберингиз», — деди. Қаюм ёнидағи йи-гитлари билан маҳкамадан чиқди. Унинг чиқиши билан қушбегига дедим: «— Энди нима қиламиз?» «— Нима қилар эдик?» «— Ахир қараб қолаберамизми, вақт танг! Қаршиға биз ҳам йигит чиқарайлиқ!» «— Қўяберингиз, ҳожи!» «— Бечора гуноҳсизлар кесилаберсинларми?!» «— Кесилаберсинлар!» — деди қушбеги. Мен изтироб ичида унга тушунолмай қолған эдим. Ул йиғи ичида тилга келди: «— Мамлакатнинг тинчлиғи қипчоқларни кесиш билан ҳосил бўлса, майли, кессинлар! Юртнинг ободлиғи гуноҳсиз қипчоқнинг қизил қониға қолған бўлса майли, ўлдирсинлар! Агарда нажотимиз қипчоқ тухумини қуритишда бўл-са— мени ҳам оссинлар! Бу палидларнинг марҳаматига мен ҳам муҳтож эмасман!» Ҳозир иноднинг ўрни эмаслигини ҳарчанд уқдир-моқчи бўлдим, кўнмади. Ноилож, ёлғиз ўзим чиқиб қўлимдан келганча қипчоқларни қочиришга ҳаракат қилдим, теваракка кишилар йўлладим. Аммо тўрт юз жаллоднинг қаршисиға чиқған бир кишининг уҳдаси албатта бир кишича эди. Муттаҳамлар кўб бечоранинг ёстиғини қуритишға муваффақ бўлдилар, — деди ҳожи.— Мана, Отабек, ҳақиқат шул, киши тушунмасдан туриб биравга туҳмат тўқимайдир. Отабек ўзининг ўринсиз гапидан уялғаннамо ерга қаради ва бир мунча вақт фикрга кетиб ўлтурғандан сўнг сўради: — Йиртқичларнинг бу қирғиндан қандай муддаолари ҳосил бўларкин? — Мақсадлари жуда очиқ, — деди ҳожи, — биттаси мингбоши бўлмоқчи, иккинчиси Нормуҳаммад ўрниға минмакчи, учинчиси яна бир шаҳарни ўзига қарам қилмоқчи. Хон эрса Мусулмонқулға бўлған адоватини қипчоқни қириб аламдан чиқмоқчи. Менга қолса ўртада шундан бошқа ҳеч гап йўқ, ўғлим. — деди ва бир оз тўхтаб давом этди: — Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим. Иттифоқни не эл эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб, ичкан ман-сабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизға ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирған бўлсақ яқиндирки, ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсақ ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйниға ўрус бўйиндириғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширқучи — биз кўр ва ақлсиз оталарға худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғузхона қилишиға ҳозирланған биз итлар яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта тангрининг қаҳриға сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болалар ятимхоналарини вайрон қилғучи золимлар — қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған ги-ёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!.. Ой Этак Билан Ёпилмас Чой тугалган эди. Отабек фотиҳа ўқуб, ўрнидан қўзғалмоқчи бўлди. — Турма! Юсуфбек ҳожи тарафидан берилган амирона буйруғ Отабекни қайтадан ўлтуриб қолишга мажбур этди ва отасиға «нима хизматингиз бор?» дегандек қилиб қаради. Юсуфбек ҳожи бир сўз демасдан салласини олиб тиззасига қўйди, бош қашинишиб яна салласини кийди. Дадасининг салла олиб бош қашиниши кейинидан кўпинча ўзини бир тергов остида кўрар эди. Шунинг учун яна бир мартаба дадасига қараб қўйди. Чини билан ҳам ҳожининг тусидаги бояғи ҳасрат ва қайғу аломатлари йўқолиб, уларнинг жойини шарқ оталиғи вазияти олди. — Марғилонда нима ишлар қилдинг? Кутилмаган бу саволга Отабек нима деб айтишини билмай қолди. Жавоб ўрниға хавфли томонға қаради. — Сендан сўраяпман, Отабек. — Сизга хабар бергувчи нима ишлар қилғанимни ҳам айткандир... — Жўн одамлар қаторида одам ўлдириб юрдим, дегин? Отабекнинг юзида кулимсираш билинди. — Жўн одамлар қаторида эмас, — деди, — мажбурлар қаторида, зўрланганлар қаторида... Ҳожи ўғлининг киноясига тушунмади: — Одам ўлдириш учун сени ким зўрлаб мажбур қилди? — Ҳали билмайсизми? — Билмайман, — деди ҳожи, — айтишларига қара-ғанда сени ҳеч ким мажбур қилмаған. — Мени зўрлаған ва мажбур қилған эдилар, дада, — деди заҳарханда билан. — Йўқса, сизнинг ўғлингиз бўлған бир йигитнинг шаънига албатта одам ўлдириш уят ва номусдир. — Ким сени мажбур қилди, ахир? — Сиз, онам! — Эсинг ўзингдами, йигит? — Ўзимда, — деди ўғул, — сиз ўзингизнинг орзу-ҳавасингиз йўлида мени мажбур қилдингиз ва душманларимга йўлни катта қилиб очиб бердингиз, мен бу жониворлиқни хоҳ-нохоҳ ишлашка мажбур қолдим. — Шундоғми, — деди ҳожи ўз гуноҳи ўкулига тушкан ҳолда, — ундоғ бўлса, бизни кечир, ўғлим. — Сизни гуноҳкор қилишга ва гуноҳингизни кечишка маним ҳаққим йўқ, дада. Лекин гуноҳсиз бўлатуриб, ҳам яна муваҳаза остиға тушканим учун ўзимни мудофаа қилишга мажбурман... Ҳожи лабини тишлаб, бошини чайқади. — Хом сут эмган бандамиз, — деди, — хайр, бу айбнику бизнинг бўйнимизға қўясан, дарҳақиқат қў-йишга ҳаққинг ҳам бордир... Аммо ораларингға ёмонлар оралаған экан, шунча муддатдан бери нега мени хабардор қилмадинг? Ёки бунда ҳам бирав сени индамасликка мажбур қилдими? — Ҳеч ким мажбур қилмади, — деди, — аммо мени шу вартага ташлаған дўстларимдан... кўмак сўраш ҳам маъқул кўринмади... Ҳожи бошини қуйи солди. Ўғлининг кейинги сўзи унга жуда таъсир қилған эди... Нима қилсинки, Отабек тўғри гапни айтар эди...— Биз сени Тошканддан ўйлантирсак-да, — деди ниҳоят ҳожи, — катта хотинингдан ажратиш фикрида эмас эдик. Агар сен шу хаёл билан биздан си-рингни яшириб келган бўлсанг, катта аҳмоқлиқ қилибсан, болам. Отабек дадасининг бу кейинги сўзига қарши ҳеч нарса демади, гўё ҳамма аламини юқоридағи икки жумла билан чиқариб юборгандек жимгина сомиълик даражасига тушди. Аммо натижани тезроқ эшитиб олиш учун унинг юраги қайнаған ошдек шопирилар эди. Ҳожи давом этди: — Кишининг бошиға бир иш тушканда, дарров биравдан кенгаш ва ёрдам сўрайдир. Ҳатто ота-онасидан ҳам сир сақлаған бир йигитни ўз ўғлум бўлиб чиқғани менга қизиқ кўринадир. Қайин отанг менга бир хат ёзибдир, ўқуб-ўқуб мазмунига тушунолмай ҳайрон бўламан. Ой сайин Марғилон бориб турар эди-ку, деб ўйлайман. Хатни икки-уч қайта ўқиб чиқғандан кейин, билсам ҳақиқат шу эмиш... Мирзакаримнинг ёзғаниға қарағанда бир мунча янглишиқ ундан ҳам ўткан кўринадир ва лекин сенинг болалиғинг олдида уники ҳолвадир... Яхшики, бу ақлсизлиғинг бошқаларнинг бошига кўринган... Ўзинг айт, агар менга шу каса-лингни бир оғиз билдирсанг, мен қайин отангға хат ёзмасми эдим, Ҳасаналини юбориб ҳақиқатни очмасмидим ва бу тақдирда одам ўлдириб юришларга қандай ҳожат қолар эди? Отабекнинг бошиға бу гапларнинг бир ҳарфи бўлсин ўрнашмас ва ўзи куткан натижага бориб етиш учун-гина қийналар эди. — Шунчалик ишларни қилиб, нега охирда қайин отангға йўлиқмай келдинг? — Шунга мажбур эдим. — Марғилонға энди қачон борасан? Отабек ўйланиб қолди. Чунки бу «қачон бориш» масаласини яхшилаб ешмак керак эди ва уни ешмак ҳам қийин эди, узоқ ўйланғандан кейин: — Маълум эмас, — деди. Гарчи бекнинг юраги ҳозир бўлса ҳам Марғилонға қараб учишка тайёр эди. Бироқ унинг юрагидан ҳам кучлик бўлған яна бир нарса бу «бориш» масаласини чувалтириб «маълум эмас» бир ҳолга қўйған эди. — Қайин отанг келин болани олиб шу ҳафта ичи йўлға чиқмоқчи экан, — деди ҳожи, — тарихига қарағанда хатнинг ёзилғаниға ўн кунлаб бор, эҳтимолки, эрта-индин келиб қолсалар, тўрдаги уйни бўшатдириб, полос ёзиш керак эди... Ул бу гапни эшитар экан борлиқ, йўқлиқ — иш қилиб аллақандоғ қизиқ бир ҳолат кечирди. Иссиғ бир нарса баданига тегиб кетгандек ҳуркиниб қўйди ва «ниҳоят, эндими?» дегандек қилиб энтикди. Кўз ўнгидан бирав-нинг сурати ўтиб сархушланди ва тил билан онглатиб бўлмаслиқ бир соғиниш чидамсизлиги ичида бу ивир-живир ҳолатдан гангиб кўз очди. Кўз очди, бироқ ўзига «нима дейсан?» деб қараб турғучи отасиға мувофиқ жавоб беришни билмади. Юсуфбек ҳожи эса ўғлининг бу сустликка ўхшаб кўринган ҳолини ёмонға йўйди. Марғилон деган шаҳардаги катта ўзини кичик олиб қизи ила келаётган Мирзакарим акага ўғлининг хўрлиқ келтиришидан чўчиди. Шунга биноан Отабекни эпақаға олиш учун унга кулки туюлган бир қанча насиҳатларни чизди: — Ўғлим, — деди, — сийлағанни сийлаш керак, энди сенга қадрсизланған бўлсалар, аммо бизнинг қошимизда уларнинг қадр-қийматлари юқори, қутидор бўлса кўз очиб кўрган қудамиз, хотининг бўлса бош келинимиз. Агар сен мени отам дейдирган бўлсанг, шуларнинг кўнглини олмоққа тириш. Қайин отангдан мени қувлади, деб кўнглинг олинмасин, чунки у бечора ҳам бир шайтоннинг васвасаси билан бу хатога тушкан. Ҳар ҳолда ҳурматларини бажо келтир, Марғилон деган шаҳардан сенинг юзингни, деб келадирлар. Отасининг бу сўзлари гўё унинг истиқболи учун яхши таъминотлар берар, гўё мажбурият остида ота насиҳатини қулоққа оладирғандек бўйин эгиб ўлтурар эди. — Агар уларнинг келиш кунларини аниқ билсак, — деди ҳожи, — сен йўлдан қаршилаб кирар эдинг. Отабек жавоб бермади. — Ҳар ҳолда ўттаси кун мўлжал, сен чиқмасанг ҳам Ҳасанали чиқсин йўлға. — Майли чиқсин, — деди Отабек. Мактуб Ҳожи шундан кейин ўғлидан бир даража қаноатланди ва чойга фотиҳа ўқуб, ўрнидан турар чоғида ёнидан бир хат чиқариб узатди: — Хатнинг ичидан чиқди. Келиндан — сенга бўлса керак, — деди. Отабек мактубни олиб отасининг кетишини кутиб қолди. Хат саккиз букланиб, қизил ипак билан бир-икки еридан чатилған ва Отабекка аталған эди. Отасининг узоқ-лашишини кутар экан, юраги ёмонлаған отдек типирчилар эди. Тикилган ипакларни сўкди ва мактубни очиб оч кўзини ишка қўйди: «Юсуф савдосида беқарор Зулайҳо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаған Лайли отидан — сизга бошимдағи сочларимнинг тукларича беҳад салом. — Мендан — ҳадду-ҳисобсиз гуноҳ, сиздан — кечириш. Ўткан ишга салавот. Чунки шу икки йил ичида кечирган қора кунларни эска олиш маним учун ўша кунларни қайтадан бошдан кечиришлик сингари, ул кунларни сиз унутинг, унутманг, аммо мен унутдим. Шунинг учун сўзимни ўзимни охирғи, ҳам чин бахт ислари ҳидлаган тарихимдан бошлайман. Сиз — қочоқсиз, нари-бери тил учида менга бир нарса ёзғандек бўлиб қочқансиз, икки йил бўлди Марғилон келиб юришларингизни мен ўзимча ешдим, лекин топиб ешдим: сизнинг барча машаққатларингиз — душманларингиздан ўч олиш учун бўлғанини онгладим. Йўқса, мени кўрар эдингиз, кўргингиз келмаганда ҳам бошқалар сизни кўрар эдилар, тўяр эдилар... Мен каби бахтсиз, мен каби ғовғаси кўб сизни зериктириб, жондан тўйдирған бўлса ажаб эмаски, қоча бошлағансиз... Қочсангиз қочиб кўрингиз, аммо мен бу кундан бошлаб биравларни қувишқа бел боғладим: отам билан онам ра-фоқатларида хизматингизға — чўрилиқингизға эрта-индин юраман, суйганингиз кундошим олдида қадру-қийматимнинг нима бўлишини ҳам биламан... Сиз олижанобсиз: эски қадрдонлиқ ҳурматига кўнгил учун кулиб боқарсиз... Лоақал шугина билан ҳам бахтсизни масъуда қиларсиз. Аммо... суйганингиз — кенжангизнинг жеркишларидан, қарғинишларидан беҳад қўрқаман, ўзимда йўқ қўрқаман. Шу яқин орадағи унинг билан бўладирған масъуд дақиқаларингизда худо йўлиға ваъда олингиз — мени оғритмасин, рақибам келди деб ўйламасин. Ниҳояти мақсадим икки дўстка бир чўрилик ва шу муносабат билан биравларини кўриб юриш... Хатим охиринда шуни ҳам айтиб қўяй: ўч қайтиб, мен ҳам кўчадан ҳайдалмасам эди, деган хавф ҳамиша кўнглимда. Агар худо ярлақаб эшикингизда ўринлашиб олсам, уёғини ўзим билар эдим... Eрта-индин кўзимга йўл кўринур, Йўл босишлиқ кўнгилга бир умр кўринур... 3-инчи ҳамал, Марғилон, Кумушингиз ёзди». Отабекнинг суюнчи ичига сиғмаслиқ, ўзини йўқо-тиб қўйған ҳолда илжаяр эди. Хатни иккинчи қайта ўқуб чиқиб яна сўйина бошлаған эди, кечаги манзаралар унга кўриниш бергандек бўлдилар. Ул сесканди, кўз ўнгидан кечаги мазлум гавдалар бирма-бир ўтиб, ул ошиғич равишда хатни буклади ва улардан яширғандек чўнчагига тиқди, ирғиб ўрнидан туриб кетди... Кўчани бир айланиб келгандан сўнг, бояғи манзаралардан бир оз қутилғандек бўлиб яна мактуб эсига тушди. Меҳмонхонанинг даричасига қия турған ҳолда хатни яна ўқуб чиқди. Лекин бу гал ҳам хат бояғидек сўйинч эмас, кечаги мазлумларга таъзия тутқандек оғир маъно берди: «Аммо... суйганингиз — жекиришларидан, қарғинишларидан беҳад қўрқаман...» Боя нима учун сўйинганига ўз-ўзидан ҳайрон бўла бошлади. Чиндан ҳам мактубнинг мунча кўчирилган жумласи, ўйлаб қарағанда, ҳеч қандай қувончға йўл қўймаслиқ даражада қора маънолик эди. Бу жумла келасидаги онглашилиб битмаган, лекин бўлиши аниқға ўхшаған ярамас ва тинчсиз бир ҳаётнинг гўё муқаддимаси эди... Отабек Кумуш айткандек кундаш, яъни Зайнабдан унча қўрқмаса ҳам, аммо дарднинг энг давосизи бўлған онаси тўғрисида юраги титради. Умрининг энг қийматлик кунларини оғулаған, икки йил бўйи давосиз дардга мубтало қилған, ярамас ва ишонч-сиз йўлларда санқишиға сабаб бўлған ўз онаси эмасмиди? Ва рақибларга, душманларга йўл очиб берган шу онанинг орзуси эмасмиди? Бутун шаҳарни алғоқ-далғоқ қилиб кўҳлиқ қиз қидирған, ниҳоят чиройлиликда танҳо, ақллиликда якто топиб, тўйлар, томошалар, орзу ва ҳаваслар билан ўғлиға «хотин бу бўлибдир!» деган ифтихор ва мағру-рият ила тақдим қилған суюкли келини устига гўё ўчакишкандек бўлиб келадиган Марғилон парисига нима ва қандай муомала қилар эди. Кумуш кундашнинг жекиришидангина чўчиған бўлса, Отабек бу чўчишни ўзининг кўлагасида қол-диратурғон онаси тўғрисида тамом ақлини йўқотиб қўйди. Ўзбeк Ойим — Оғма, Зайнабнинг Дарди Юсуфбек ҳожи чала-думбул табиатлик хотинининг феъли хўйини яхши билгани учун ўткан воқиъларни, яъни Отабек сирларини унга очмаслиққа қарор берган бўлса ҳам, аммо марғилонлиқ келин ва қудаларнинг келишла-ридан хабар беришни лозим деб топди. Чунки хотинининг марғилонлиқ келинга бўлған адоватини Отабекдан ҳам яхшироқ билар ва унинг «Ўғлингиз Марғилондан уйланмади, бир балодан уйланди!» деб қиладирған шикоятла-рини ҳамма вақт эшитар, доимо иссиғ-совуқчи домла, хўжаларникида бош оғритиб юришини ҳам билар эди. Шунинг учун ўз тарафидан Ўзбек ойим тушкурни яхшилаб эбка олмоқ, юз қизарадирған ишларга қарши чораларни кўрмак фикрига тушди. Чолу кампирнинг ҳар бир ўлтуришларида сўз Ўзбек ойим томонидан бошландими, албатта ноқобил ўғул билан марғилонлиқ «анди» келин устида бўлар ва унинг учун энг аҳамиятлик масала фақатгина шугина бўлиб кўринар эди. Бошқа кезларда кампирнинг бу тўғридағи дод-ҳасратини кулгулик билан ва кам ҳавсалалилик билан эшитса ҳам, аммо бу гал Ўзбек ойимнинг ўша эски ашуласини ортиқча бир тўзимсизлик орасида кутар эди. Кампирнинг дарди ғўзада, сичқоннинг кўзи донлик кўзада, деганларидек, бизнинг Ўзбек ойимизнинг ҳам дарди бўзада эди. Сўз уринди, сўздан — сўз чиқди, ниҳоят ҳожининг кутканидек ўғул ҳасрати ҳам бошланди: — Аҳмоқингиз бир оз эсини йиғқан кўринадир, — деди Ўзбек ойим, — ҳайтовур уч ойдан бери Марғи-лонни эсидан чиқариб қўйди. Ҳожи кулди: — Иссиқ-совуғинг кор қилғандир... — Билмадим... Ҳар нечук сув қуйғандек бўлди, қолди. Илоҳим эм тушкан бўлсин... — Илоҳи эм тушсин, — деб кулди ҳожи. Ўзбек ойим эрининг истеҳзосига тушуниб қолди ва лаби-лабига тегмай бобиллай кетди: — Нега куласиз? — деб депсинди, — бу кунгача кулиб-ку, ўғлингиздан ажрала ёздингиз. Энди нега сиз ҳам... худоё тавба қилдим... — Зўри беҳуда миён шиканад. — Илоҳи тожикингиз қурсин! — деди Ўзбек ойим, — мен тўғрисини айтсам, бу гапларнинг ҳаммасига сиз сабаб бўлмоқдасиз, эр. Яккаш кулиш, яккаш кулги! Ундан кўра ўғул-қиз ўсдиришға уқувим йўқ, деб айтинг! Ҳожи тағин кулди: — Ҳа, уқувим йўқ, ойимча! — Кулинг-е, кулинг! Худо ўлим берсин кулгуга! — деди Ўзбек ойим ва аччиғи билан юзини четка ўгирди. — Менга қара, хотин, — деди ҳожи жиддий тусда. Ўзбек ойим қаради. — Ўринсиз чирансанг, белинг синадир, дейди тожиклар. Шунга ўхшаш ўзинг жойсиз чиранганингдек, мени ҳам ўз ёнингға тортмоқчи бў-ласан. — Бўлмаса маним барча ҳаракатларим ўринсиз экан-да? — Ўринсиз. — Нега ўринсиз бўлар экан? — Сенинг муддаонг, — деди ҳожи, — марғилонлиқ келинни ўғлингдан ажратиб юбориш ва бу келининг билан қолдириш — шундоғми? — Албатта шундоғ! — Мана бу ҳаракатингни ўринсиз чираниш, дейдилар. Нега десанг, билфарз ўғлингни олдингға олсангда, ундан сўрасанг «қайси хотининг билан бўлишни хоҳлайсан? Хоҳламағанингни қўй», деб. Ана шу вақтда ўғлинг нима дер эди? Нима дейишини ўзинг ҳам яхши билсанг керак, хотин! — Биламан, — деди Ўзбек ойим, — марғилонлиқ-нинг домласи кучлик. Ўғлим бечоранинг бошини айлантириб, кўнглини хиппа ўзига боғлаған. Юсуфбек ҳожи ўзини кулгидан яна тўхтата олмади: — Яхши, — деди, — сен ҳам-ку уч йилдан бери Тошканддаги ҳамма домлахўжаларнинг эшигига бирма-бир кириб-чиқдинг. Бас, сен ҳам нега ўғлингнинг кўнглини Зайнабка хиппа қилиб боғлай олмадинг? Ўзбек ойим эрининг бу саволидан ҳайрон бўлиб турмади: — Марғилонликнинг домласи сиҳирчи ҳинди эди. Мен бўлсам, бу ердан ҳинди домла топа олмадим. Ҳожи энди кулмади. Чунки хотинининг ҳолига ачина бошлаған эди. — Бундоғ ақлсиз ишларни қўяйлиқ, хотин, — деб мулойимона сўзлаб кетди, — бир оз ақлға ён бериб иш қилған киши ҳеч бир вақт дард қилмайдир. Модомики, иккимизнинг ёлғиз ишончимиз шу ўғлимиз экан ва унинг соғлиқ, шодлиғи бизнинг тириклигимизнинг тираги экан, бас, бизга лозими унинг хурсандлиғи нима билан бўлса, шуни ахтаришдир. Мен яхши биламанки, сен бу ишларни фақат ўғлингни аяғанингдан қиласан ва сенда шундан бошқа ҳеч бир мақсад йўқ, бу тарафдан қарағанда сени ҳам айблаб ўлтуриш осон эмас... Шуни яхши билғилким, ўғлингнинг ой сайин Марғилонға қатнаб туриши сени хафа қилса, мени ҳам сендан баттар аччиғимни қистатар, ҳатто баъзи кезларда сўкиб юбо-риш даражаларигача бориб қайтар эдим. Аммо сенинг жаҳлингни чиқариб кулишим бўлса, фақат «ўлганимдан куламан, юзимни ерга сураман» қабилидан бўлиб, бунга сен тушунмас эдинг. Ниҳоят сен айткандек жоним ҳиқилдоғимға етди-да, ўғлингни бу гал Марғи-лонға борма, деб йўлдан қайтариб қолғучи ҳам мен— ўзим бўлдим... Ўзбек ойим бошини терватиб сўзни эшитиб келар эди. Бу кейинги сўзни эшиткандан кейин бошини кўксигача еткузиб, «баракалла, раҳмат» дегандек қилиб қўйди. Ҳожи давом этди: — Маним бу тўхтатиб юбормай қўйғанимдан хабарсизлиғинг учун бўлса керак, кўнглинг дом- лахўжанинг дуосига кетиб қолди ва мен сенинг сўзингдан кулдим. Чунки ҳақиқатда бунинг сабабчиси ўзим эдим... Ўзбек ойим эридан ўпкалади: — Нега ахир мени хабардор қилмайсиз? — Бу тўғрида менда ҳам айб бор, — деди ҳожи, — сен билан ўзимнинг муддаоларимиз бир, деб ўйлағаним учун Отабекни койиб тўхтатқанимдан сўнг сенға кенгаш олмасданоқ қудаларингга бир хат ёзған ва келин болани Тошкандга олиб келишларини сўраған эдим. Ҳайтовур сўзимни ерда қолдирмаған ўхшайлар, бу кун қудадан битта жавоб хати олдим. Ақлли кишиларнинг садағаси кетсанг ҳам арзийдир: «Шу чоққача сизларга айттирмасданоқ зиёратларингизга боришимиз керак эди. Хатингизни ўқуб ниҳоятда хижолат чекдик, айниқса келин болангиз бек ойимға қайси юз билан қарайман, деб юзини юлди. Бу адабсизлигини борғандан сўнг албатта юзига солмаслар, деб ишонамиз», дейдир... Ўзбек ойим эрига анқайғанча қараб турар эди. Ҳақиқатан ҳам ҳожининг усталиғи Ўзбек ойимдек думбул табиъатлик хотинларни гангитарлик эди. Ул хотинининг жавобини кутиб ўтирмасданоқ, том устига том ёпа борди: — Қайси уйни бўшатдирсақ экан? — деб сўради ва жавоб кутмасдан, — қудаларингни нима билан кутишни бўлса ўзинг биласан: туя сўйиб чорлағанингда ҳам келмайдирган кишилар, — деди. Ўзбек ойимнинг мияси айнадими ёки ўзи айтган сиҳирчи ҳиндининг дуоси асар қилдими, ҳар нучук уч йиллик адоватлар ва кина-кудуратлар барчаси ҳам аллақа-ёқға қараб учиб кетдилар ва уларнинг ўрнини «икки келинлик бўлиш» масаласи келиб олди. Узоқ-яқин хотинларнинг «Ҳой, Ўзбек ойимнинг марғилонлиқ келини ҳам келибдур, худди тўтининг боласи эмиш. Юринглар, бир кўрайлик», деган сўзлари эшитилгандек бўлди. Шу чоғқача Зайнабка ялиниб, ялпоғланиб кун кўриб келган бўлса, мундан сўнг бир қўша келинни ўзининг оёғлари остида ялиниб юрган ҳолда кўрди. — Ҳар нима бўлганда ҳам теги нозик,— деди ойим,— иззати учун шу уйимизни бўшатиб берамизми? — Ўзинг биласан. — Биз тўрдаги уйга кўчиб ўтсак ҳам бўладир. Ахир теги нозик.. Уч йиллик кина ва адоват ўрнида ниҳоятда олий марҳамат ва меҳрибончилик келиб ўлтурган эди. Уч йиллик эмас, уч дақиқалик ўзгаришдан Ўзбек ойимнинг юзи қизармас ва қизаришни ҳам билмас, ҳатто ўғул-қиз ўсдиришни билмагучи Юсуфбек ҳожидан аллақанча юқориларда юрар эди. Юсуфбек ҳожи эса хотинидаги бу кулгулик ўзгариш учун ажабланмади ва кулмади, чунки бу кулки табиъатка молик бўлган хотин билан энди ўттуз беш йиллаб бирга яшар эди. Ўзбек ойимни шу ҳолга келтиргандан кейин ундан сўраб қўйди: — Зайнабка ҳам бу хабарни ётиғи билан айтиб қўямизми? — Сиз билан мен бир ишни мувофиқ кўрганимиздан кейин Зайнабка чикора, — деди Ўзбек ойим. Мундан уч дақиқа илгари саодати учун тиришилган орзулиқ Зайнабнинг оқибати ҳам шу бўлиб қолған эди. — Гап унда эмас, — деди ҳожи, — умр, муроса деган гаплар бор, айниқса кундашлик иши қийин, коса косага текканда ғиди-ғиди гаплар кўпайса, бизга эмас, ўғлингга ҳам татимай қоладир. — Чақир дейсизми? — Чақир. Ўзбек ойим Зайнаб билан Отабекнинг кутилмаган равишда очилиб сўзлашиб ўлтурганлари устидан чиқди. — Ўғул-қизнинг кенгашими? Отабек кулимсираб Зайнабка қаради, Зайнаб эса тузатиниб ўрнидан турди ва қайин онасига жой кўрсатиб: — Шунақаға ўхшайдир, ойи. Ўғул-қизнинг кенгаши худда шу кунга йиғилиб қолған экан, — деди ва кулимсираб эрига қаради. Ўзбек ойим ўлтурмади ва уни-буни суриштириб, ўйлаб турмади: — Иккаласига бир пардан кўйлаклик ол! Бирини паст, бирини баланд қилма, бу хотининг бўлғанда ул ҳам кўз очиб кўрганинг... Зайнаб, сен мен билан журчи, ҳожи отанг чақиряптилар, — деди. Томдан тараша тушкандек қилиб сўзланган юқо-ридағи гапларга бошда уларнинг иккави ҳам тушунмади. Аммо бир оздан сўнг Отабек айтилган телва-тескари сўзларнинг маъносини онглаб олди, онасининг нима бўлса ҳам Марғилон тарафка оғишқанини ва ўзининг кучлик бир душмандан қутилаёзганини билиб Зайнабни нима учун чақирилғанини ҳам пайқади. Зайнаб эса бир нар-са тушунмаган ҳолда қайин онаси билан чиқди. Қайин она, келин қаршисиға келиб ўлтуришкандан кейин, ҳожи Зайнабка қараб олди. — Болам, Зайнаб, — деди, — биз Марғилондаги опанг кўчини олиб келмакчи бўлдиқ... Сен шунга нима дейсан? Зайнаб ялт этиб қайин онасиға қаради, чунки Ўзбек ойимнинг бояги гапи энди унга онглашилған эди. Дўстни душман ёнида кўриб билинар-билинмас қилиб энтикди. — Мен нима дер эдим... — Гап нима дейиш ва нима демасингда эмас, ойим!— деди ҳожи, — гап шундаки, ул келган чоғда эгачи-сингилдек бўлиб кета оласанми, деб сўрамоқчиман. — Бўлиб кетармиз... — Эгачи-сингил бўлиб кетарсиз-а? — деб такрор сўради қайин ота. — Билмадим... — Нега тағин билмай қолдинг? Зайнаб бир мунча вақт ўйланиб қолди. — Қарс икки қўлдан чиқадир, — деди Зайнаб, — мен яхши бўлғаним билан опам ёмон бўлса, ҳозирги берган ваъдамдан нима фойда бўлсин. — Жуда тўғри гапирдинг, болам, сендан олған ваъдани ундан ҳам оламиз. Зайнаб сукут қилди. — Зайнаб сиз ўйлаған келинлардан эмас, — деди Ўзбек ойим, — худоға шукур, ақл-ҳуши бошида. — Бошқа гапларни кўнглингга келтурма, қизим. Марғилонлиқ келин билан сенинг бизга ҳеч бир фарқларинг йўқ, иккавларинг ҳам боламизнинг қўшоғи — боламизсиз! Зайнаб бошини ирғатиб қўйди. Юсуфбек ҳожининг дуосидан сўнг, Зайнаб Отабекнинг олдиға кирди. Отабек Зайнабнинг юзидаги маъюсликни биринчи кўришдаёқ сезди. Бир оз жимгина қаршима-қарши ўлтуришдилар, иккисига ҳам сўз айтиш ўнғайсиз ва ал-ланарса монеъдек эди. — Нега чақирған эканлар? — деб ниҳоят Отабек сўраб юборди. — Билиб туриб сўрайсизми? — деди Зайнаб кучланиб кулган ҳолда. — Нимани билиб туриб? — Марғилондан келадирган кишингизни. Отабек қийин ҳолатда қолди ва оғзиға шу гап келди: — Мунда маним ихтиёрим йўқ... ҳамма ишни отам қилаётибдир. — Отангиз қилсалар ҳам сизнинг кўнглингиздагича. — Нима кўнглимдагича? — Суйганингиз билан биратўласига қўшилиб олиш, албатта, сизнинг кўнглингиздагича... — Мен уни суяманми?.. — Албатта суясиз... Отабек ўзини тинч ушлаган ҳолда: — Янглишасиз! — деди. — Ҳеч янглишмайман,— деди Зайнаб,— сиз уйла-нишдаёқ уни суюб олғансиз, мени бўлса... мен: ота-онангизнинг орзуларича, — деди ва кўзига жиқ ёш олди. Отабек оғир ҳолга тушди, бу тўғри сўз уни тамом эсанкиратди ва бу ҳақиқатка қарши бориш, яъни ёлғонлаш яна оғир эди. Шундай бўлса ҳам ёлғонламай чораси бўлмади: — Бошда... суюб уйланганим сиз айтканча тўғри, аммо ҳозир ундоғ эмас, — деди. — Ишонмайман. — Нега ишонмайсиз, ишонинг... Зайнаб бир оз унга қараб турғандан кейин: — Ишонмағанимнниг сабаби бор, — деди. Отабек тинчсизланди: — Сабабини... сўзланг... — Менга уйланганингизга қанча бўлди? — Икки... — Шу икки йилдан менга бўлған алоқангиз бир зар-ра ҳам ўзгарган эмас, — деди Зайнаб, — мени хотин ўрнида кўрмайсиз! — Бекор гап... — Бекор гап эмас, жоним, — деди Зайнаб қизишқан ҳолда. — Марғилондан қайткандан кейинги кунларингизни меҳмонхонада кечириб келишингиздан албатта тона олмассиз. Шу ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйған эди, деб маним тўғримда ўйлаб қарамас-лиғингизнинг сабаби ҳам ўзингизга... Зайнаб сўзини битира олмади, четка қараб кўз ёшисини тўкди. Отабек гўё тоғ остида қолған эди. — Сиз тамом бошқача тушунибсиз... — Бўлмаса, бу гапларнинг сабаби нима? — Сабаби жуда очиқ, — деди Отабек. Лекин нимани сабаб қилиб кўрсатишни ўзи ҳам билмас эди. — Айтингиз ахир? — Ўзингиз ҳам биларсиз, деб ўйлайман. — Мен ҳеч нарса билмайман. — Биласиз! — Худо ҳаққи билмайман. — Билмасангиз... — деди бек, — билмаганингиз яхши. Сизга ўз оғзим билан иқрор қилишға уяламан... — Мендан-а, хотинингиздан уяласизми? — Уялмайинми ? — Уялманг. — Уялмасам... мизожим заиф... Зайнаб ишонар-ишонмас унга қаради. — Тўғри сўзламадингиз... — Ишонмасангиз ўзингиз билинг, лекин ҳақиқат гап шу, сиздан узоқда юришимнинг сабаби ҳам шунда. — Ишонғанимда ҳам бу ҳол ташқарида ётиб ю-ришингиз учун катта сабаб бўла олмайдир. Чунки мен фақат шунинг учун сиздан ўпкаламайман, — деди ва кўзини тўлдириб Отабекка қаради. — Менга сизнинг мизожингиз керак эмас... Ўзингиз!.. — деди ва йиғлаб ёлборған ҳолда Отабекнинг қучоғиға ўзини ташлади. Отабек Зайнабнинг шу қадар юрак дарди борлиғини би- ринчи мартаба билар эди. Бечора Зайнаб жонсиз ҳайкални ўпиб қучоқлар ва ёлборар эди. Қудаларни Кутиб Олиш Кечаги кирган савдогарлардан қудаларнинг бу кун аниқ кириш хабарларини билган эдилар. Нарироқдан кузатиб кириш учун Ҳасанали йўл устига кеткан, Юсуфбек ҳожи-нинг ўзи иш бошида туриб, Ойбодоққа ташқари ҳавлини тозалатар эди. Ичкарида бўлса, Ўзбек ойим қўшни хотинлардан бир нечасини ҳашарга айтиб, ҳаммани жой-жойиға қўйдирған, ҳавли юзини ҳам ёғ тушса ялағундек ҳолга келтурган эди. Аммо ўз уйини бўшатдириб, гилам солиб қўйғаниға энди уч кунлаб бор, қудаларнинг зиё-фати учун керак бўлған ҳамма нарсаларни ҳам ҳозирлатқан, улар келиб тушди дегунча, бўғизлатиш учун, деб бир ғўнон қўйни оғилнинг устунига қантаттириб қўйған эди. Кумуш билан Зайнабка аталиб олинған хон атласларга кўнгли тўлмай «ҳар нучукда теги нозик, бу бўлса энди кўп кийди, атласнинг ёниға яна бир хитойи латта олингиз», деб марғилонлиқнинг кўйнагини бир қўша қилдирған, битта хитой жужим мурсакни кам кўриб, ёниға ўзининг қиймат баҳо заррин мурсагини ва иккита рўймолга ҳам қониқмай, ўзининг келинлигидан ўролмай қолған қалмоқи саллачасини қўшқан эди. Зайнаб ҳам унча хафа кўринмас, қайин онасининг буйруқларини эски ҳолича бажариб юрар ва ҳозирда уйга кириб олиб меҳмонлар келиб тушди дегунча, олдилариға ёзиш учун дастурхон ясатар эди. Ўзбек ойим ҳашарчи хотиндан бирига тандирга ўт қўйишни буюрди-да, ўзи Зайнабнинг олдиға келди: — Дастурхонинг битдими, болам? — деб сўради. — Битди. Ташқарининг асали камга ўхшайдир. — Кам бўлса, даррав омбордан керагича олиб чиқ, ундан кейин хамирингга ўзинг қара, Ойбодоқнинг қўли тегмас, хамир гуп бериб кетибди, — деди ва даричадан кўтарилиб дастурхонларни кузатди, — дастурхонинг тузик, варақини эсингдан чиқарма, — деди ва ўрта йўлакда кўринган Юсуфбек ҳожини ўзига имлади. — Бери келинг. Юсуфбек ҳожи бошида оқ тўпписи ва эгнида оқ олача тўни билан устидан белини боғлаған эди. Ўзбек ойим ёниға секин-секин юриб келди: — Нима гап? — Дастурхонларимизга бир қараб қўйинг-чи? Ҳожи парвосизғина қилиб қараған бўлди: — Ўзингга ёқса бўпти, — деди. — Қассоб айтканмисиз, тағин улар келгандан сўнг шошиб қолмайлиқ. — Қассоб тайёр, ҳозир бўғизлатсақ бўлмайдими? — Йўқ, — деди Ўзбек ойим, — ош эгаси билан ширин. Ҳа, айткандек, қудангизникига юборған кишингиз келдими? Асал учун шошиб борған Зайнаб тўхтаб қайин отасининг оғзиға қаради. — Бориб келди, — деди ҳожи, — Алимбек даласига кеткан экан, хотин қудалар келишмакчи бўлишибдир. Зайнаб асалга кетди. Ҳожи Ўзбек ойимнинг ёниға юриб келди ва секин сўради: — Зайнаб хафа эмасми? — Нимага хафа бўлар эди. — Ахир, сўрайман-да. — Туппа-тузик, — деди Ўзбек ойим, — ташқарин-гиздан Ойбодоқ қутилаёздими? — Қутилиб қолди. Маҳалладан ҳам уч-тўртта киши айтдим, ошни кўпроқ қилиш керак. — Хўб. Ҳожи уён-буёнға аланғлаб олғандан кейин сўради: — Ўғлинг қаёғда, кўринмайдими? — Ташқарида эди-ку. — Боя шуёққа киргандек бўлған эди. — Гузар-пузарга чиқғандир, — деди Ўзбек ойим. Ойбодоқ ташқарини йиғиштириб кирди. Ҳожи меҳ-монхонага чиқиб кетди. Ўзбек ойимнинг амрича Ойбодоқ, Зайнаб ва ҳашарчи хотинлар кулча ясашға ўлтурдилар. Кун тушдан оғқанда ҳамма саранжом олинған эди. Ўзбек ойим тўйга борадирған хотинлардек ясанган, эгнида одими хон атлас кўйнак, бошида оқ шоҳи дакана, кўзида сурма эди. Ўзбек ойимнинг: «Келинни хор тутар экан демасинлар, сен ҳам ўзингни тузат», деб айткани учун Зайнаб ҳам тамом ипакларга кўмилиб ясанған, кеча эрга теккан янги келинлар суратига кирган эди. Зайнабнинг онаси — Моҳира ойим, опаси — Хуш-рўйбиби ва янгаси Ҳанифанисолар ҳам келишдилар. Ўзбек ойимнинг кўнгил тортар қўшниларидан Карима отин, Шарофат чевар ва Маҳинабонулар ҳам ясаниб-тусаниб чиқдилар. Ўн чоғлиқ хотин бўлишиб совутмачоқ дастурхонга ўлтуришдилар. Ўзбек ойим мажлиска— марғилонлиқ қуданинг одамгарчиликни билишидан, Ота-бекни Тошканддан уйлантиришга қарши лом-мим демай, қайтаға ўзи куяви билан бирга келиб, тўйни ўтказиб кетканидан, марғилондағи обрўсидан ва давлатидан баҳс қилиб айтар эди: — Бечоранинг бори-йўғи пешонасидаги боласи шу бизнинг келинимиз. Отабекни ўз боласидан ҳам яхши кўриб, «Ўғлим бўлса шундоғ бўлар эди-да, мендан кейин ҳамма давлатим шуники, илоҳи омон бўлсин», дер экан. Моҳира ойим алланучкалангани ҳолатда жавоб берар эди: — Ҳа, айланай қуда, қарс икки қўлдан чиқадир, де-ганлар... Бузоқ яхши бўлса, икки онани ҳам эмар экан... Қуёшнинг қиздиришидан чанги чиқиб кеткан ҳавлиға сув сепиб турган Ойбодоқ ташқаридағи гулдир-гулдирни эшитди ва чопиб меҳмонлар ўлтурған уйнинг даричаси ёниға келди: «Келишканга ўхшайдирлар», деди. Ўзбек ойим гапириб турган сўзини ярим йўлда қолдириб, ўрнидан турди ва меҳмонлар ҳам унга эргашдилар. Зайнаб бўзарған ҳолатда уйига югуриб кетди. Ўзбек ойим бошлиқ хотинлар ҳавли юзасига тушдилар. Моҳира ойим қизи Хушрўйнинг қулоғиға нимадир шивирлаб кулиб қўйди. Ўзбек ойим ўрта эшикка бориб етмаган ҳам эди, нариги ёқдан қўшнининг боласи югириб кириб қолди. — Сўйинчи беринг, бек буви, кеннойим келдила! Ўзбек ойим чўнчагига қўлини солиб беш-ўн пул олиб берди. Бола орқасидан Хасанали кўринди: — Қани ойи, кўрманани беринг-чи, мен сизнинг қочқоқ келинингизни тутиб келдим! — деди ва йўлакка қараб: — Тўхтанг, тўхтанг, илгари мен сўйинчимни ундириб олай. Йўлакдан Офтоб ойим кўринди. Паранжиси бошида, чашманди қўлида эди. Ҳасанали Ўзбек ойим билан танишдирди: — Бу киши қудачангиз — Офтоб ойим бўладирлар. Ўзбек ойим Офтоб ойим билан саломлашиб қучоқ-лаша кетдилар. Ўзбек ойимдан кейин бошқа хотинлар унинг билан кўришиб чиқдилар. Ҳамманинг кўзи алонг-жалонғ келди. Кумушни ахтаришар эдилар. Кумуш ҳали ичкарига кирган эмас. Ўзбек ойимнинг икки кўзи йўлакда, Ҳасанали бир йўлакка ва бир Ўзбек ойимға қараб нима учундир кўзини қисиб қўяр эди. Хотинлар билан кўришиб четда турган Офтоб ойим қудаси ёниға келди: «Уялиб турғандир» деб кулди. Ўзбек ойим кулимсираб йўлак томонға: — Ҳой, поша келин! — деди, — бизлар кутиб қолдиқ-а, уялманг болам! Ҳасаналининг кўрманаси бўлса тайёр! Ҳасанали йўлакка қараб имлади. Қип-қизарған ҳолда Кумуш кўринди: паранжиси қўлида, қора атлас кўйнак эгнида, зангор латта мурсак устида, оқ шоҳи рўймол бошида эди. Шаҳло кўзлари кулимсирашка яқин ҳолда уятлик эдилар. Ҳасанали танитди: — Мана бу киши қайин онангиз — бек ойим бўладирлар. Кумуш салом берди ва қўлидағи паранжисини ерга ташлади, югириб келиб ўзини Ўзбек ойимнинг қучо-ғиға олди. Ўзбек ойим ҳам уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олған, юзидан шап-шап ўпиб айланиб, ўргулар ва тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлар эди... Кутиб турган хотинлар, Моҳира ойим, Хушрўй ва Ҳанифалар Кумушни кўрган он бир-бирларига қарашиб лабларини тишлашдилар... Қайин она-келин бир дақиқа чамаси кўришиб қолдилар. Сўнгра Кумуш бошқалар билан бир- бир кўри-шиб чиқди. Ўзбек ойим ҳар бир хотинни ким бўлганини унга танитиб борди. Энг кейин орқадан Зайнаб кўринди. Чунки ул уйдан энди чиқиб келган эди. Ўзбек ойим кулиб Кумушка қаради. — Қани, ўзинг тани-чи, ким экан бу? Кумуш ҳайрон бўлиб қолмади... Ипаклар ичига ғарқ бўлған Зайнабка қараб олиб, унга томон адим ташлади: — Зайнаб опам! — деди. Зайнаб ҳам кулимсираган ҳолда Кумушка яқинлашиб келди... Икки кундаш «есонмисиз, омонмисиз, эсон-омон юрибсизми...» сўз-лари билан озорсиз қилиб бир- бирининг елкасига ва қўлтиқ остиға қўл юборишдилар. Улар кўришиб турғанда йўлакдан Юсуфбек ҳожи кўриниб, қочадирған хотинлар ўзларини четка олдилар. Ҳожи уларнинг олдиға — юзага чиқғач,Офтоб ойим салом бериб рўймоли билан томоғ остларини ўраб олди. Ҳожи қудачаси билан сўрашиб: — Баракалла, синглим! Ҳайтовур чарчамай келдинг-ларми, мен сизларни овора қилдимов, — деб узр айтиб кулган ва уялиб борған қудачасиға енгиллик берган бўлди. — Қани, бек отаси, кўрманани беринг-чи! — деди Ўзбек ойим Кумушни имлаб. Кумуш уялиб зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди: — Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрған эканмиз-да, — деб теварагига қараб кулинди ва қўлини дуоға очди. — Бизни шунчалик сийлаб келибсизлар, бу яхшилиқларингиз биздан қайтмаса, худодан қайтсин. Оллоҳ таоло ёшларға тинч ва баракатлик умр берсин. Илоҳим, тақаббул дуо... Ҳамма дуоға юз сийпашдилар. Сўнгра Юсуфбек ҳожи Кумуш билан Зайнабка қаради: — Мен сизларнинг кўришиб турғанларингизни кўриб жуда қувондим, — деди. — Мундан сўнг ҳам шу йўсунда бир-бирларингизга эгачи-сингилдек бўлмоқ-ларингизни тилайман, — деди ва Ўзбек ойимға: — Қани, меҳмонларни ичкарига олинглар, — деб ўзи ташқариға бурилди. Зимнан Адоват Шундан кейин Ўзбек ойим олдинға тушиб, қудаси билан Кумушни уйга бошлади. Уларнинг кетидан бош-қа меҳмонлар юрдилар. Ўзбек ойим йўл устидан Ойбо-доққа: — Тезроқ чойингга қара, бечораларнинг аравада ичаги узулғандир,— деди ва Офтоб ойим билан Кумушка,— мен сизлардан жуда хафаман,— деб қўйди. Офтоб ойим Кумушка қараниб жавоб берди: — Айтсангиз, айтмасангиз биз жуда уятлик бўлған-миз. Уйнинг даҳлизига кирдилар. Ўзбек ойим уларни тўрга таклиф қилди: — Қани, юқориға! — деди. Офтоб ойим тўрга ҳаракат қилса ҳам, Кумуш бошқа меҳмонлардан уялиб тўхтади, Ўзбек ойим уни қистаб тушди: — Ийманма, Кумуш отин, бу кун-ерта бизга янги келинсан, учунчи кундан бошлаб сен муғомбирнинг бошингда тегирмон юргизишни ўзим яхши биламан! — деди. Офтоб ойим ва кейиндагилар кулишдилар. — Яна ҳали сен маним собунимга кир ювиб кўрганинг йўқ! — деб қўйди. Бу гал Кумуш ҳам кулимсираб олди. Тўрга Офтоб ойим ва Моҳира қудачалар ўлтурдилар. Офтоб ойимнинг сўлига Кумуш, Кумушнинг ёниға Хушрўй, Моҳира ойимнинг ўнгига Ҳанифа, ундан кейин Карима отин, Шарофат чевар ва Маҳинабонулар қатор чизилишдилар. Энг оёғда Ўзбек ойимнинг ўзи ўлтурди. Карима отин қўл очиб дуо қилғандан кейин, Ўзбек ойим «Хуш келибсиз» қилди. Мундан сўнг ҳамманинг кўзи иттифоқ қилғандек Кумушка тушди. Кумуш уялиб ерга қаради. Бир неча вақт жим қолишиб Моҳира ойим Офтоб ойимдан сўради: — Марғилондан етиб келгунча ҳам жуда бир ерга еткандирсизлар? — Унча чарчағанимиз йўқ, — деди Офтоб ойим,— ўзи Марғилондан Тошкандгача арава йўли ўн кунлик экан, биз чарчамайлиқ, деб секин-секин ўн икки кунда келдик. — Йўл лойдир? — деб сўради Маҳинабону. — Лой эмас, — деди Офтоб ойим, — йўл жуда яхши экан — икки ёқда кўм-кўк майса, қирларда лолалар, йўлнинг жуда ҳам томоша вақти экан. Сўз навбати Ўзбек ойимға келди: — Келмаганларингизда Отабекни энди сира ҳам юбормаслиққа қарор қўйған эдим, — деди, — бооо худо, ўғлим, уч йилдан бери ой сайин Марғилонға қатнаб зерикмадингми, энди улар ҳам келсин ахир, деб йўлдан тўхтатқан эдим. Кумуш Отабек исмини эшиткач, секингина кўтари-либ қўйди. Офтоб ойим Ҳасаналидан ҳамма сирни ўрганиб олған, шунинг учун Ўзбек ойимнинг довдирашига тушунди: — Юзимизга солмасангиз ҳам жуда уятлик бўл-ғанмиз, — деди. Зайнаб дастурхон кўтариб кирди ва меҳмонларга «Хуш келибсиз» айткандан сўнг дастурхонни ёзди. Даҳлиздан — Ойбодоқ қўлидан ясалған баркашларни олар экан, бир-икки қайта ер остидан Кумушка кўз юборди ва Кумушнинг кўзи ҳам унинг кейинги қарашида тўқнашиб олди. Баркашлар қўйилиб бўлди. Ойбодоқ тўрт чойдиш чойни мис теклиги билан киргу-зиб берди. Зайнаб чойдишлар ёнига меҳмонларга чой қуйиш учун ўлтирди. Ўзбек ойим чиқиб борған Ойбодоқни тўхтатиб сўради: — Қассоб келганмикин? — Боя келган эди. Ойимлардин фотиҳа олиб берсангиз, қўйни чиқариб берар эдим. Ўзбек ойим қудачасиға қаради: — Фотиҳа берасизми, қуда! Офтоб ойим Моҳира ойимға қаради. — Фотиҳа берингиз, ойи! — Қўй сизга аталған, — деди Моҳира ойим. — Фотиҳа бериш сизнинг ҳаққингиз, биз бўлсақ фотиҳани кўб берганмиз... Ўзбек ойим ҳам «сиз беринг» дегандек қилиб Офтоб ойимға имлади. Офтоб ойим уялинқираб фотиҳа берди. Ойбодоқ чиқғандан кейин дастурхонга қарадилар ва «олинг-олинг» билан бир-бирларини қисташа бошладилар. Бояғидек кўбчиликнинг кўзи Кумушда эди. Айниқса Ўзбек ойим суқланиб унга қарар ва томоққа қистар эди: — Ол болам, ол! Мен томоқдан уялатурған кишини ёмон кўраман. Ёки эшикдан киришингданоқ санси-рай бошлағаним учун хафа бўлдингми? — Хафа бўлиш эмас, сўйиндим, — деди Кумуш ва дастурхондан чўқинди. Офтоб ойим: — Сансирашингиз уч йилдан бери Кумушни болам, деб юрганингизни бизга очиқ онглатди. Айниқса мен бунинг учун сиздан миннатдорман. Карима отин: — Киши ўз боласини сансирайдир, бегонани ҳам сансирасин-чи. Зайнаб: — Мени ҳам чимилдиқдан чиқишим биланоқ санси-раган эдилар... Ўзбек ойим: — Мен яқин кўрган кишимни сизсирай олмайман.— деб махтанған сумол бўлиб олди, — ҳой Кумуш, ол, жилла қуриса анув варақидан бир-иккита е, юрагинг узилғандир. Кумуш узр айтди: — Чарчадим шекиллик, — деди, — иштиҳом бўғил-ғанға ўхшайдир... Ўзбек ойим кулди: — Иштиҳонг бўғилған бўлса чарчағанингники эмас эрингни соғинганингники, — деди. Бирдан ҳамма кулиб юбордилар. Зайнаб ҳам кулгуга иштирок қилди... Аммо Кумуш юзини четка ўгирган эди. Эҳтимолки, қайин онасининг заковатига ичидан таҳсин ўқур эди. Ўзбек ойим Офтоб ва Моҳира қудаларни дастур-хонға қистади: — Олинг қуда, сиз ёшларни қўяберинг, буларни йигит асраса, сиз билан мени томоқ асрайдир. Яна кулги бошланди. Офтоб ойим ўзини тутолмай кулар эди. Кумуш ҳам очиқ кулиб, кулги орасида Зай-набка қараб олди — Зайнаб ҳам кулар эди... Кулги босилиб тушкандан кейин, Зайнабнинг янгаси Кумушдан сўради: — Бегингиз билан кўришмаганингизга қанча бўл-ди? Кумуш даҳшатланиб онасиға қаради. Офтоб ойим жавоб берди: — Уч ой шекиллик. Хушрўй ўзининг золим кўзини ўйнатди: — Ҳа, бўлмаса холам айтканларидек иштиҳонгиз бўғилғани ўшаники. — Тўғри, тўғри! — дейишди хотинлар. — Мен ўзим биламан, — деди Ўзбек ойим, — жўрттага Отабекни уч ой тўхтатиб қўйдим-ку, ахир! Кумушнинг кўнглидан кечди: «Аниқ биласиз, жўрт-тага тўхтатдингиз!» Офтоб ойим кулиб жавоб берди: — Жилла уники бўлмаса керак. Маним ҳам иштиҳом бўғилғандек... Ўзбек ойимнинг эсига Отабек тушкан эди. — Ҳой, айткандек, Отабекни кўрдингизми? — деб Офтоб ойимдан сўради: — Йўқ. Ўзбек ойим Зайнабка қаради: — Ташқаридамикин? — Йўқ эмишлар... — деди Зайнаб. Ўзбек ойим ажабланди: — Боя отанг ҳам сўраған эдилар... — деди, — қа-ёққа кеткан экан, ақлсиз... Эрталаб сенга ҳеч нарса демабмиди? Кумуш Зайнабнинг оғзига тикилди, Зайнаб ҳам унга қараб олди: — Эрталаб мендан уст тўнларини сўраған эдилар,— деди, — мен тўнни бериб қаёққа боришларини сўрағанимда, бир жойда ишим бор, деган эдилар... Зайнаб зимнан Кумушни чақиб олди. Кумуш лой каби бўшашиб, Офтоб ойим ҳам оғир тортди. Зайнабнинг қариндошлари кулган сумол бир-бирларига қарашиб олдилар. Ўзбек ойим орадан ўткан сирни пайқади: «Бирарта зарур иши чиқғандир», деди. Шу вақт даричадан Ҳасанали кўринди, қўлида бир меш қимиз кўтарган эди, даричадан туриб меҳмонларни «Хуш келибсиз» қилди» ва қимизни уза-тиб Офтоб ойимға қараб кулди: — Қимизни куявингиз сизга киргизди. Офтоб ойимнинг ҳуши ўзига келиб, Кумушнинг юзига қон югирди. Ановилар бўлса, энди буларнинг ҳолига тушиб бўзрайишдилар. Қимиз билан енгиллашкан Ўзбек ойим Ҳасаналидан сўради: — Қачон келди? — Ҳозир. — Қаёққа йўқолған экан, аҳмоқ? Ҳасанали изоҳ берди: — Кеча ҳожи унга иш буюрған эканлар. Билмадим, кеча нима билан овора бўлиб хизматни унуткан ва бу кун эрталаб эсига тушиб меҳмонлар келгунча бориб келарман, деб шунга кеткан экан. Борадирған жойи узоғроқда бўлиб, кечиккан ва йўлдан келатуриб бу гуноҳига икки меш қимиз олған... Ҳали қимизни менга бериб: «Кириб айтинг, жуда уятлик бўлдим кечирсинлар», дейдир, — деди ва кулди. Карима отин: — Кечирилмайдир, қимиз ўзи нима деган гап, — деди. Офтоб ойим меҳмонларга қараб чиқғандан кейин Ҳасаналига кулиб жавоб берди. — Ўзимиз жуда чўллаб келган эдик, шунинг учун кечирдик. — Балли-балли! — деди Ҳасанали, — мен кечирганингизни чиқиб айтаман. — Чиқиб айтинг, — деди Офтоб ойим. — Сиз-чи? — деб сўради Ҳасанали Кумушдан. Кумуш бақадек қотиб ўлтурган Зайнабка қаради ва уялинқираб жавоб берди: — Мен ҳам кечирдим... — Сизнинг икки бошдан кечиришингизни ўзим ҳам билар эдим, — деди Ҳасанали. Бўғоз- қисир уй ичини кулги босди. Кулгидан сўнг Ўзбек ойим: — Нега ўзи кирмади? — деб сўради. — Қайин отаси билан сўзлашиб ўлтурибдир... Ҳасанали кеткандан кейин Ўзбек ойим Ойбодоққа, қимизни мис тоғораға бўшатишка буюрди. Қўй сўйилиб тайёр бўлған эди. Ўзбек ойим қудачасининг раъйини сўради: — Нима буюрасиз? — Мендан сўраб ўлтурманг, меҳмонлар нимани хоҳласалар биз ҳам ўшанга ёрмиз. Ўзбек ойим томоқ буюриш учун ҳавлига тушди. Зайнаб мис тоғороға ағдарилған қимизни чўмичлаб косаларга қуйиб меҳмонларга тутди. Ҳожи Этак Силккан Тўрда қутидор, унинг ёнида маҳалланинг имоми Юнус Муҳаммад охунд, юрт оғаси Пирназар жаллод ва Сотиболди оталиғ яна бир кекса ўлтурар эдилар. Пирназар жаллоднинг ёнида Отабек ва Сотиболди аканинг қаторида Юсуфбек ҳожи эдилар. Оёғда Ҳасанали мешдан қимиз қуяр эди. Сўз тўртинчи куни бўлиб ўткан қипчоқ қирғини устида кетиб, Юсуфбек ҳожи бу тўғрида сўзлар эди. — Мен биз халқнинг одам бўлишимиздан тамом умидимни кесиб қўйдим... Эсимни таниғанимдан бери амал демай, мансаб демай фақат шу мусулмонлар манфаатини кўзлаб келиб, оёғида ўзини қушбеги, мингбоши олған уч-тўртта манфаатпарастлардан гўё ёш бола каби алдандим... Улуламир бўлған киши ҳам шу манфаатпарастларнинг хароб фикрларига қулоқ бериб, биздек одамлардан бу тўғрида бир оғиз кенгаш сўрашни унутди. Ҳолбуки, Мусулмонқул балосидан уни нажотка чиқарғучиларнинг биттаси биз эдик. Натижада эрса сўзи — сўз, кенгаши — кенгаш бўлғанлар шу уч-тўртта калла бузарлар бўлиб, бизга ўхшағанларнинг даражамиз ёш боладек алданиш экан... Юнус Муҳаммад охунд унинг сўзини бўлди: — Эй ҳожи, — деди, — ҳамма фасод улуламирда, агар улуламир дуруст одам бўлса, уч- тўртта муттаҳамнинг ёмонлиғи ҳеч қаерға бормас ва бунча гуноҳсиз бечоранинг қони ўринсиз тўкилмас эди. Жаноби пайғамбари худо ҳадиси шарифларида айтадирларким, «Бисмиллаҳир- роҳманир-роҳим қола ан-набию алай-ҳиссалом: Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата, яъни ул сарвари коинот марҳамат қилурларким, агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамға топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл». Бас, бизнинг корларимиз ҳам кўб фурсатлардан бери ноаҳл одамларнинг қўлиға қолиб ва ҳар замон ул нобакорлар бизларнинг бошимизға анвўи кулфатларни соладирлар. Илоҳи кори бадлари ўз бошлари бирлан дафъ бўлғай. — Саддақта ё расулиллоҳ, — деди ҳожи ва ҳадисни такрорлади: — «Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата» — вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолига,— деди. Бир оз маъюсланиб тўхтади ва домла тарафидан бўлинган сўзини шу гаплар билан тамомлади: — Шу кунгача бўлмағанларға бўлишмоқчи бўлиб умримнинг ниҳоятига етиб қолдим, — деди. Соқолини тутамлади. — Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди. Ёшим олтмиш бешка етиб бир вақт бўлсин ибодатимни жаноби ҳаққа бевосита йўналтирғанимни ва кўнгил кўзим очилиб қилған саждамни хотирлай олмайман. Бу алданишим эрса, ҳақ тарафидан бир танбеҳ, бўлма-ғанларға бўлишмоқчи бўлғаним учун бир киноя-дир. Энди мундан кейинги беш кунлик умрим дунё можароларидан этак силкиб тўшаъи охират тадорикини қилмоғим учун ғанимат кўринадир. Бу сўз мажлиска бир маъюсият берди. Кўб вақт ҳаммалари сукутда қолдилар. Ҳожининг гапи айниқса Пирназар акага таъсир қилған эди. Ул ўз ҳунари руҳида мулоҳазасини сўзлади: — Ёмонларни битта-битта, териб-териб бош кесмасдан элни тинчитиш қийин, — деди. Бу сўздан кейин мажлис аҳли ҳожининг оғзиға қарадилар. Ҳожи кулиб қўйди, бир оздан кейин: — Тўғри айтдингиз, жаллод, — деди, — бу тақдирда ёнингизда ўлтурған бизнинг ўғулни ҳам кўмакингизга чақира оласиз... Ҳамма кулиб юборди. Қутидор ер остидан Отабекка кулимсираб қаради. Отабек дадасининг киноясига тушуниб қип-қизил лавлагидек бўлди. Яхшики қутидор ва Ҳасаналидан бошқа ҳеч ким бу кинояга тушунмас эди. Пирназар ака жиддийча Отабекка қаради. — Отабек менга ўхшаған жаллодкина эмас, амири лашкар бўла оладир. Сиз фотиҳа берсангиз ва Отабек амр берса мен худо ҳаққи ёмоннинг бошини олишдан қайтсам, — деди. — Бизнинг каттадан-кичигимизнинг, — деди ҳожи,— топқан-тутқанимиз фақат бош олиш... Биз ўйлаймизки, гўё бош олиш билан олам тинчийдир ва биз ўз хоҳлағанимизни қила оламиз. Тузик, жаллод айтканидек, ёмоннинг бошини олмоққа мен ҳам қарши эмасман ва лекин бунинг нозик шартлари бор: аввало манфаати шахсиясидан кечиб, фақат эл бахти учун бош тикканлар жамоаси керак ва бу жамоанинг ўз маслаки йўлида кузаткан маълум бир нишонаси бўлмоғи зарур. Ана шундан кейин ҳалиги нишонага қараб интилишда оёғ остиға элашкан чўп-хасларни супира бориш лозим. Мана шундагина тўкилган қонлар ўринлик ва машруъ, берилган бошлар чин қурбон ҳисобланадирлар. Йўқса, сизнинг бош олишингиз ҳам ановиларнинг қирғинидан фарқ-лик бўлолмас, — деди ва бир оз тўхтаб олғандан кейин афсусланди, — шу ёшға етиб бу халқ орасида ҳалиги жамоани уч-тўрт нафардан ортиқ учратолмадим, афсус. Яна бир мунча гаплар ўткандан кейин ҳаммалари масжидга чиқиб пешинни ўқуб кириш учун қўзғал-дилар. Отабек ҳам кўбчилик билан бирга қўзғалған эди, Ҳасанали уни тўхтатди: — Сиз тўхтангиз, Отабек, — деди. Кишилар ҳавли юзига тушкандан кейин, — ичкарига бир кириб чиқ-масангиз айб бўладир... Бояғи ишингизни бўлса зўрға ёлғон-яшиқ билан уларнинг кўнглидан чиқардим. Отабек ниҳоятда бўшашқан ҳолда қайтиб ўрнига ўлтурди: — Майли, бўлмаса... — деди. Ҳасаналининг Ҳийласи Киши ортиқча қўрққанда гангиб аъзоси ҳаракатсиз ва оғриқ ҳолга тушадирким, албатта буни биз қаттиғ қўрққандан деб биламиз. Дарҳақиқат, бизнинг қарши-мизға йўлбарс чиқса, биз қаттиғ қўрқамиз, чунки бизни ўлум кутадир, инсон учун дунёда ўлумдан қўрқунч нарса йўқ. Биноан алайҳи биз бундаги қўрқувни табиий ҳисоблаймиз. Аммо қизиғи шундаким, бизни дунё бахти кутканда, бизга саодат башорати берилганда нега биз ўлум куткандаги ҳолга тушамиз ва узвий ташкилотимиз (ўрганизмамиз) биринчидаги ҳолатни кечирадир? Отабек ҳам ҳозир шу кейинги ҳолатка тушкан эди. Эрта биландан бошланған бу ҳолат Ҳасаналининг ке-йинги сўзи билан тамом бир даҳшат касб этди ва ҳушсиз-ларча ўлтуриб қолди. Ҳасанали киргандан сўнг қилинадирған муомалани таълим берди: — Онангиз билан Зайнаб анови можароларингиздан хабарсиздирлар, буни қайин онангиз билан келинга ҳам уқдириб қўйғанман. Улар билан сўрашиб, сўзлашқа-нингизда, гўё уч ойдан беригина кўришмаганлардек бўлингиз. Отабек бўзариб энтикди: — Ул-ку осон... — деди. — Қийини қайси? — Шу чоқғача тушунмадингизми? Ҳасанали Отабекнинг юзига узоқ тикилиб қолди... — Йигит эмасмисиз, эй баракалла. — Йигитлик билан юракни тўхтатиш... Ҳасанали ҳам ўйлаб қолди. Дарҳақиқат, Отабекнинг ҳозирги ҳоли нозик эди. Ҳасанали бир неча қайта бош қашиниб ва соқол тутамлаб ўйланди. Ниҳоят, ўзича кулинди: — Тўхтанг бўлмаса,— деди,— мен бир иш қилайки... — Нима иш қилмоқчисиз? — Сиз ҳозир сўраманг, аммо шу дақиқадан бошлаб ихтиёрингизни менга топиштиринг. Отабек кучланиб кулди: — Нима, ахир? — деб яна сўради. — Сўраманг, — деди Ҳасанали, — сиз тинчкина таҳоратингизни олиб, намозингизни ўқуй беринг. Ҳасанали шу сўзни айтиб меҳмонхонадан чиқди. Отабек Ҳасанали тарафидан ташир этилгандек, туриб таҳорат олди ва меҳмонхонага кириб «таробиҳ» бошлади... Орадан ярим соат чамаси вақт ўткан эди, Ҳасанали ичкаридан чиқиб келди. Отабек эса ҳануз рукуъда, сужудда эди. — Ўқуб бўлмадингизми? — деб сўради даричадан. Отабек ёниға салом бермасдан унга қаради. Бу ҳолга Ҳасаналининг кулгуси қистаб келса ҳам, ўзини зўрға тўхтатти: — Қани, мен билан юринг. — Қаёққа юраман. — Ичкарига. — Тағинми? Ҳасанали кулди: — Энди кирсангиз бир мартаба бўладир, — деди. — Сиз... ҳозир ўрта йўлакдан секингина маним уйимга кирасиз... Хотинлар намоз ўқуб ётибдирлар, сизни ҳеч ким кўрмайдир. Сиз киргандан кейин мен эшикни устингиздан ёпиб оламан-да, бир оздан сўнг олдингизға келиннинг ёлғиз ўзини киргузаман... тузикми? — Тузик... — Қани, туринг тезроқ! Отабек турди. Учрашишка ҳали анчагина вақт бор, шунинг учун унинг юраги тинч сумол эди. Ўрта йўлакка кирдилар. Олдинда борған Ҳасанали тўхтади ва уйнинг эшигини кўрсатиб «ўтинг!» деди. Отабек унинг айтканича қилиб ўзини уйга олди. Ҳасанали Отабекни уйга киргузгандан сўнг келиб эшикни қияроқ равишда ёпди ва даричани нариги уйдан қарағанда киши кўринмаслик қилиб қийғоч очди. Шундан кейин ул ўзича нимагадир кулимсираб хотинлар олдига кетди. Отабек киргузилган Ҳасаналининг уйи Ойбодоқ она тарафидан тозағина йиғиштирилиб, ўрта ҳоллик кишиларнинг уйидек асбоб, жиҳозлар билан зийнатланган эди. Деворлар ганчланган, шиплар сирланган, оёғ ости алвон гуллик кийиз билан тўшалган ва тахмонға кирпўш кўрпалар осилған эди. Отабек кафшини даҳлизга ешди-да, уй бўйича бир-икки қайта юринди ва энтикиб нафас олди. Шу вақт тахмонға осилған кирпўш ўз-ўзидан қимирлағандек бўлди. Бу қимирлашни Отабек пайқамади. Ҳалиги қимирлаған кирпўш бирдан очилиб кетиб Отабек чўчиди... Бирав тахмондан унга қараб кулимсирар эди. Отабек титрар эди... Бир оздан сўнг иккиси ҳам ўзларини бир мунча тўхтатдилар-да, бир-бирларига томон юришиб келдилар ва сўзсизғина қучоқлашдилар... Отабек сунбул ислик сочлардан руҳ олар, Кумуш гўё унинг бағриға сингиб кеткан эди. Бу ҳол бир дақиқа чамаси давом эткандан кейин бир оз ажралишқан кўйи уйнинг оёғиға юриб бордилар ва тиза-батиза ўлтурдилар... Бириси ҳам сўзлай олмас, фақат термулишар эдилар. Неча дақиқағача шу ҳолатда бўлдилар. Ниҳоят, Кумуш кулги аралаш кўзига ёш олди. — Сиз... қочқоқсиз, — деди. — Сиз... — Мен? — Сиз қувлоқсиз. — Ажаб қиламан, — деди Кумуш ва шапалоғи билан эрининг юзига секингина уриб қўйди. — Бу ёққа ҳам... — У ёққа Зайнаб урсин. — Зайнабнинг... уришка ҳаққи йўқ. Кумушнинг кўзида ҳалигача кўрилмаган бир шодлиқ ўйнади: — Тўғри айтасизми? — Тўғри айтаман! — Мана бўлмаса, — деди Кумуш. Отабекнинг иккинчи юзини ҳам силагандек қилиб қўйди. Яна кулимсирашиб, термулишиб қолдилар... — Биравнинг ғамида куйиб қаридим, — деди Кумуш. — Бекор айтасиз... Мени айтсангиз тўғри. — Сизними? — деди Кумуш. — Сиз энди қирчиллабсиз! — Тўғри гапирмадингиз. — Тўғри гапирдим. — Аммо сиз... — Мен? — Кейин айтаман... Кумуш ўпкалади: — Айтинг ҳозир, — деди ва жоду кўзини аллақандай ҳолатка қўйди. Отабек жавоб ўрнида Кумушнинг юзидан ўпди... Кумуш ўзини қутқазиб ўрнидан турди. — Яхши қолинг энди. Отабек тушунолмай унга қаради: — Нима бўлди сизга, қаёққа борасиз? — Марғилонға... — Бу кун кеч бўлиб қолди, эртага кетарсиз. Кумуш кулиб Отабекнинг юзига урди: — Бизнинг овлоқда кўришканимизни, — деди, — ойим ва Ҳасанали отамдан бошқа ҳеч ким билмайдир, айниқса Зайнабингиз билса яхши эмас. — Билса нима қиладир? — Ҳеч нарса қилмайдир... Яхши эмас-да,— деди,— бир оздан кейин чиқиб ойим билан сўрашинг, кирмаганингиз учун қайин оналарингиз сўйинишиб ўлаётиптилар. Кумуш яна бир кулиб қарағандан кейин уйдан чиқди. Отабек энди тамом ўзини босиб олган, эндиги юрак уриши фақат ҳалиги фаришта томонға ошиқибқина эди. Ўзи ёлғиз қолғандан сўнг нимага бўлса илжайди ва Ҳасаналига илгаригидан ҳам қуюқроқ ўзида муҳаббат сезди. Шу дақиқадан бошлаб кечирадирган масъуд кунларини тасаввурдан ожиз ва Зайнаб тўғрисида ўйлаб ҳам қарамас, бошқа гап эсига-да келмас эди. Орадан Кумушнинг уйга кириб олиши фурсат ўткандан кейин, уйдан чиқди ва парвосизча меҳмонлар ўлтурган уйга борди. Унинг келишини ўз уйидан кўрган Зайнаб югирганча Отабек орқасидан меҳмонлар олдиға кирди. Уйдагилар Отабек-ни кўриш ила ўринларидан турганлар, фақат Ўзбек ойим «ҳап» этканча ўлтурар эди. Отабек Офтоб ойим билан кўришди... Офтоб ойим уни қучоқлаб юзидан ўпди ва кўзига ёш олди... Сўнгра кичкина қайин онаси билан, Зайнабнинг опаси ва бошқалар билан сўрашиб чиқди ва кулимсираган ҳолда Кумушка «есонмисиз...» деб қўйди. Кумуш ҳам «шукур» деб кулинди. Сўрашиш тамом бўлғандан кейин ўлтуришдилар. Отабек онасининг ёниға, Зайнаб унинг ёниға ўлтурдилар. Кумуш Зайнабнинг бу қилиғиға ғижиниб бир-икки қайта ер остидан унга кўз юборди. Фотиҳа ўқулиб куяв қайин онаға узр айтди: — Аввало сизлар келгунча қайтарман, деб эрталаб бир гуноҳ қилдим. Ундан кейин меҳмонхонадан қўзғалолмай иккинчи уятка қолдим... Офтоб ойим: — Боламизникини айби йўқ. Ўзбек ойим: — Қимиз киргузиб қайин онангнинг оғзини ҳўл-ламағанингда нах балоға қолиб эдинг, болам. Кулишдилар. Карима отин: — Кумушой бўлса, сен эримни яширғансан, деб Зайнабнинг энгка-тенгкасини чиқарди. Яна кулгу бир-бирига элашди. Зайнабнинг бояғи ишига Кумушнинг ғаши келганини айтилмаса, ҳозир ул ҳам жуда очилған, кулар ва ер остидан Отабекка кўз қирини ташлар, Зайнаб бўлса Кумушни таъқиб этар эди. Мажлиска бир оз жимжитлик киргандан сўнг Отабек ҳам ўз томонидан бир кулгу тўқумоқчи бўлиб, Зайнаб билан Кумушка қараб олди: — Мен бир ишка ҳайронман, — деди. — Нимага? — деб сўради Моҳира ойим. — Нега Зайнаб семизу Кумуш озғин?! Ўзбек ойим жавобланди: — Бунинг ҳикматини мендан сўра, болам, — деди,— Кумушинг ўзингга ўхшаш серфикр кўринадир, Зайнаб бўлса менга ўхшаш қувноқ. Отабекни ўзига ўхшатқани учун Кумуш қайин онасидан рози бўлди. Аммо Зайнаб ўзини Отабекдан четка қоққани учун Ўзбек ойимга ғижинди. Ўзбек ойимнинг бу фикрига Карима отин қарши тушди: — Янглишдингиз, ойи, — деди, — бундаги фарқни Юсуф-Зулайҳо қиссаларини ўқуған киши биладир... Уч ой деган фурсат озғина вақт эмас, Кумуш хонимнинг озғани соғинишники! Карима отин қош қўяман, деб кўз чиқараёзди. Яъни Отабек билан Кумушни Юсуф-Зулайхога ўхша-тиб, Зайнаб ва қариндошларини ўт ичига ташлаған эди. — Ўзбек ойимники тўғри, — деди Моҳира ойим, — Зайнаб қувноқ, Кумушниса маним кўзимга ҳам серфикрга ўхшаб кўринадирлар... — Тўғри-тўғри, — деди Хушрўй. Кумуш билан Офтоб ойим орадан кечкан сирга тушуниб жим ўлтурар эдилар. Кумуш ер остидан Отабекка ризосизча кўз ташлади. — Тўхтанглар-чи, — деди Отабек, ҳамма унга қарадилар, — ҳеч қайсиларингиз ҳам тополмадингиз. — Тополмаған бўлсақ ўзингиз айтинг! — деди Шарофат чевар. — Ўзларингиз тополмағандан кейин мен айтиб нима қилай? — Мен топдим, хах шайтон! — деди Карима отин, — қизил гулнинг ҳам ўз олдиға, оқ гулнинг ҳам ўз олдиға иси бор, демакчи! Ҳамма бирдан кулишиб: — Худда-худда! — дейишдилар. Отабек кулиб ўрнидан турди ва «тополмадингиз, тополмадингиз» деганча уйдан чиқди. Кумуш билан Офтоб ойимнинг кўнггиллари бирдек бўлса ҳам бу кашфдан кейин Зайнаб билан Моҳира ойим анча енгиллашдилар. Бу қий-чув орқасидан меҳмонларга қуюқ-суюқ берилди. Кумушнинг Сўз Ўюни Шомга яқин меҳмонлар тарқалишдилар. Меҳмон-хонада ҳожи, қутидор, Ҳасанали ва Отабек қолған эдилар. Ичкарида Ўзбек ойим меҳмонларни кузатиб бўлиб, Кумуш билан онасидан ҳўппак олар эди. — Мен сизлардан жуда хафа бўлған эдим. Сизларни чурук латтага тугиб, токчаға ташлаш даражасига етган эдим. Наҳотки уч йил бўлсаю — бир йўли ўз билгуларингизча келмасаларингиз. Ўғлим бечора ой ўтмасдан бўзчининг мокисидек қатнаб турса... Ахир маним ҳам ўзимга яраша обрўм бор. Тошкандда кимсан, Юсуфбек ҳожи деганинг кўчиман. Худоёрхон ҳам бир кун кечаси келиб бизга меҳмон бўлдилар... Қушбегининг уй ичлари бўлса, бир ишни маним кенгашимсиз қилмайдирлар... Шунча обрў кўрган бир киши келиб-келиб наҳотки ўз қудасидан ва келинидан мунчалик обрўсизлик кўрса... Шаҳардаги каттадан кичик эртаю кеч қулоқ-миямни ейдирки, ҳой, марғилонлиқ келинингиз келдиларми, нега шундоғ келинингиз бўлатуриб Марғилонға ташлаб қўйибсиз? Мен бўлсам ҳеч сўз тополмағанимдан айтаман: — Келинимнинг онаси касал эмиш... Иккинчи вақтда: — Келиним бечора мунглуғ... дейман. Энди кўрсам милтиқнинг ўқидек, пушти гулнинг тўқидек келиним бор экан... Мен бу адабсизга тағин ўзим ўлтурган уйимни бўшатиб берибман-а, — дер эди. Ўзбек ойимнинг дали-ғулилиғидан Офтоб ойим ва Кумуш унга жуда ўзлашиб олғанлар, унинг сўзига гоҳ кулиб, гоҳ узр айтар эдилар. Ҳозир уйда Отабек бўлмағани учунми, нимадан бўлса ҳам ҳар нучук Зайнаб ўз уйида куймаланишиб ётар ва меҳмонларни Ўзбек ойимнинг танҳо ўзига ташлаған эди. Токчаларга шамълар ёқилиб, вақт хуфтанга яқинлашиб қолғандан сўнг уйга Отабек кирди. Ул киргандан кейин Офтоб ойим билан Ўзбек ойим улар олдида ўлтиришни эб билмадилар-да, сирлашиш учун бошқа уйга чиқиб кетдилар. Уларнинг чиқиб кетишини кутиб турғандек, қўлиға бир чойдиш чой кўтаргани ҳолда Зайнаб кирди ва Отабекдан чой ичиб, ичмасини сўради. Отабек ичмайман, деб жавоб берган эди, Кумуш ораға тушди. — Мен ичаман, ўзингиз ҳам ўлтуринг. Зайнаб унча қистатмади, ўлтуриб Кумушка чой қуйиб бера бошлади. Кумуш уни сўзга солиб сўради: — Маним бало-қазодек етиб келишим учун хафа бўлгандирсиз? Зайнаб Отабекка қараб олди: — Нега хафа бўлай, — деди, — сиз келмаганингизда ҳам ўзлари борар эдилар... — Бормас эдилар! — деди Кумуш, — мен билан уришиб келган эдилар... Отабек Кумушка ер остидан кулиб қаради, Кумуш ҳам кулиб жавоб берди. — Шу киши бирав билан уришадирларми? — деди Зайнаб, — икки йилдан бери менга бир оғиз қаттиғ сўз айтканларини билмайман... — Тўғри айтасиз, — деди Кумуш, — бу киши эмас, мен уришкан эдим... Бу кишида сира гуноҳ йўқ ва аразимизга бир тўнғуз сабабчи бўлған эди. — Ким бало экан ул? — деди Зайнаб. — Бизнинг шаҳарнинг энг ярамаси, — деди Кумуш ва Отабекдан сўради, — сиз эшитдингизми, яқинда ўшани бир бек ўлдирибдир? Отабек кулимсиради: — Эшитдим... — Ўша бекнинг ҳақига эшиткан кунимдан бери дуо қилиб келаман... Зайнаб сўради: — Сизларда қандай душманлиғи бор экан? Отабек «енди нима дейсан» дегандек қилиб Кумушка қаради. Кумуш бўлса парвосиз жавоб берди: — Ўша тўнғиз уйланмакчи бўлиб маним бир ўртоғимға совчи қўйиб юрар эди... Мен эрса ўртоғимни унга тегишдан айнаткан эдим. Айнатишим ҳалиғи тўнғузнинг қулоғиға етиб мени бу кишига чақибдир. Бу киши бўлса, нега биравни ўртасиға тушасан, деб мендан хафа бўлдилар... «Бу киши» Кумушнинг ёлғон уюшдиришидан кулди, Зайнаб эрса эрини оқлаб тушди: — Айб сизда экан, — деди, — сиз ҳам нега бирав-нинг ўртасиға тушасиз? — Айб мендаликка менда, — деди Кумуш ва Отабекка қаради. — Нафсиламрга қарағанда айб бизнинг орамизға чўп бўлиб тушкан холамнинг қизи Зайнабда, шундоғ эмасми? — деб сўради. Отабек сачраб Кумушка юз ўгирди: — Бу ўртаға Зайнабни нимага келтуриб тиқасиз, энди? Кумуш кулди ва эски ҳолини бузмади: — Сиз ҳовлиқманг, бек, — деди, — тунови кун холамникига борған эдим, холам қизи Зайнабдан шикоят қилиб ҳамма гапни Ҳомид чўчқанинг қулоғиға еткизгучи ўз қизи Зайнаб гумбаз бўлғанини бирма-бир айтиб берди, билдингизми? Отабек зўрға-зўрға хахолашдан ўзини тутиб қол-ди: — Нима бўлғанда ҳам айб сизда, нега бошда ўзингиз бу ишка аралашдингиз, ахир? — деди. Зайнаб: — Ўзингизнинг аралашишингиз чакки-да, — деб қўйди. Кумуш жиддий тус олди: — Сиз айткандек Зайнаб гумбазда ҳам айб йўқ, менга қолса ҳамма гуноҳ бек отам билан хон ойимда,— деди. — Орзу-ҳаваслик жойни қидирмасдан қизларини бир кишига бериб қўя қолсалар — албатта бу савдолар йўқ эди... Наҳотки икки йилдан бери неча бечорани зир қатнатиб овора қилсалар, Тошканд қишлоғи билан Марғилоннинг ораси озғина йўлми, ахир? Отабек хахолаб юборди: — Ҳамон айбни ўз бўйнингизга олмайсиз, астағ-фируллоҳ... Зайнаб Кумушдан: — Бек отангиз билан хон ойингиз ким? — Ҳалиги мен айткан ўртоғимнинг ота-оналари... Орзу-ҳавас қидириб бечора қизларини қаритиб қўйдилар. — Нега сиз тайёр куявдан ўртоғингизни айнатдингиз? — Давлати бўлса ҳам ўзи тери намойиш эди... Киши давлат учун эрга теккандан ерга тексин... — Албатта, — деди Зайнаб. Отабек Кумушнинг сўз ўюнига ажабланар ва хой шайтон, дегандек унга қарар эди. Кумуш яна тинчий олмади: — Бизнинг уришиб қолишимиз учун Карим сандиқчининг ҳам дахли бор, — деди. Отабек жўрттага сўради: — Қандай дахли бўлсин. Сизга қолса, бутун шаҳар дахлдор экан-да? — Шошманг жоним, — деди Кумуш, — нега ўйламай-нетмай эшигига бош уриб келган бир йигитни қувлаб соладир? — Астағфируллоҳ... унинг қувланишиға ҳам Ҳомид сабаб бўлған. Ҳомиднинг ёмонлиғиға эрса сиз сабаб бўлғансиз... Зайнаб нимадир сўрамоқчи бўлған эди, Кумуш унга йўл бермади. — У ҳам эмас, бу ҳам эмас, — деди, — ҳаммаси худонинг тақдири. Отабек: — Ана энди тўғри айтдингиз. Кумуш: — Икки ўртада дум қидириб қулоқдан ҳам ажралған пучуқ ойимнинг ҳоли ҳам худонинг тақдири! Отабек кулди. Зайнаб кейинги сўзларга тушуна олмаған, шунга кўра Кумушдан изоҳлар олмоқчи эди. Кумуш унга изоҳлар уюшдиришни хоҳламағанлиқдан сўзни четка чалғитиб юборди: — Неча ёшқа кирдингиз, Зайнаб опа? — Ўн тўққузға шекиллик. — Ҳали сиз бола экансиз, — деди Кумуш. — Сиз нечага кирдингиз? — Мени сўраманг, мен энди қариб қолдим... Зайнаб унга ҳасадланиб қаради ва кучланиб айтди: — Ҳали ёшқа ўхшайсиз-ку. — Неча ёшқа кирган деб ўйлайсиз? Зайнаб Кумушнинг тўлиб етмаган гавдасига ва ўн олти ёшлар чамалиқ ғубор тегмаган ҳуснига ҳайрон бўлиб, мулоҳазасини айтишдан қўрқди. Зайнабка қолса эҳтимолки Кумуш ўзидан ҳам ёш чиқар эди. — Мен қаёқдан билай... — Йигирмага кирдим. — Мендан бир ёш катта экансиз. — Сиздан албатта каттаман, — деди Кумуш. Кумушнинг «албатта каттаман» деган сўзини Отабек ичидан тасдиқлади, унинг ҳусндагина эмас, ақлда ва бошқада Зайнабдан неча баробар юқорида эканини ўйлади. Ораға бир неча дақиқалиқ сўзсизлик кирди. Отабек ер остидан Кумушка нигоҳ ташлар, Зайнаб гиламнинг попугини чирмаб ниманингдир хаёлини сурар, Кумуш бўлса ҳеч кимга ҳам қарамай мудраған сумол ўлтурар эди. Кумушни бу ҳолда кўриб Отабекнинг юраги ачиди... — Йўлда чарчаған кўринасиз, Кумуш. Зайнаб гиламдан кўзини олди, Кумуш мудрашдан чўчиди... — Қайдам... — Биз кетайлик, сиз тинчиб ухланг, — деди Отабек. — Майли... Хуфтанни ҳам ўқуй олмайдирған ўхшайман. — Зарари йўқ, — деди, — ёлғиз қўрқмайсизми... Ёнингизда Зайнаб ётсинми? — Зайнабниса сиз билан ётсин... Мен ёлғизлиқға ўрганганман... — Онангизни чақириб берайлик бўлмаса. — Раҳмат. — Ёлғиз ётиб қолгангизни айниқса ойим эшитса... — Сиз билан Зайнабниса ёлғиз ётиб қолғанимни айтмасангиз, ҳеч ким билмайдир... Ўрин ўшами? Зайнаб нимагадир жуда ҳам қувониб кетди. Шунинг учун бўлса керак, Кумушни ўрин ёзишға қўймай ўзи пар тўшакни олиб ерга солди. Кумуш мудраған кўйи Зайнабка ташаккур айтиб тўрдаги бурчакка ўлтуриб олди. Отабек бериги бурчакдан туриб уни қўли билан янар ва кулимсираб хўмраяр эди. Кумуш мудраған кўйи, сузилган кўйи илжайиб жавоб берар эди... Ўрнини солиб битиргандан кейин, Зайнаб қаноатланиб уйдан чиқмоқчи бўлған эди, уни Кумуш тўхтатди: — Зайнабниса, — деди, Зайнаб қаради, — бу кишини ташқариға чиқиб ётишға қўйманг, тузикми? — Нимага? — Нимагаки, дадамнинг кўнглига гап келадир. — Хўб, — деди Зайнаб ва эшитдингми дегандек қилиб эрига қараб олғандан кейин уйдан чиқди. Унинг кетича Кумуш Отабекка қаттиғ қилиб айтди: — Қани, сиз ҳам уйингизга!.. Зайнаб жуда ишонған ҳолда ўз уйига бориб етди. — Чиндан айтиб ётибман, эшитасизми? Отабек ўзини ғафлатка солиб Кумушнинг ёниға борди: — Сиз... — Мен? — Сиз қувсиз... — Мен қув эмасман, — деди кулиб Кумуш, — мен ҳали урушиғлиқ ҳолдаман, ярашқаним йўқ. — Боя нималарни сўзладингиз, сир очиладими, деб жоним бўғзимға келди. — Нега сир очилсин? — деди, — мен сиз билан ўткан ишлар ҳақида сўзлашмоқчи бўлиб турар эдим — ўзи жўрттага кириб келди. Мен ҳам сўзимни тўхтатмай жўрттага бошқа йўлда айтиб чиқдим. Нима, бир нарса пайқадими? — Пайқамади-ку... Шундоғ бўлса ҳам мен жуда қўрқдим. — Ҳали шу юрагингиз билан уч кишини ўлдирдингизми, мен ишонмайман, — деди Кумуш ва Отабекнинг ханжар теккан қўлининг чизиғиға кўзи тушди. — Пичоқ ёмон кесипти... Чумчуқ сўйдингизми? Қани чиқинг, мен ётаман. — Ёта берингиз. — Сизнинг олдингизда ешинайми? — Уялсангиз мен юзимни ўгириб турай, — деди ва юзини четка бурди. — Қараманг бўлмаса, — деди Кумуш ешинар экан, — «бўлғани йўқ, бўлғани йўқ» деган сўзни беш-олти қайта такрорлади ва ўринга кириб олғандан кейин ҳам «бўлғани йўқ, бўлғани йўқ» деб кулар эди. Отабек ниҳоятсиз «бўлғани йўқ» дан зерикиб қаради: — Алдамчи. — Бу алдашлар — алдаш эмас, сиз ҳали қараб туринг, қочқоқ. — Аниқ қўрқмайсизми ёлғиз? — Нега қўрқай, икки йил ёлғиз ётиб, энди жуда ўргандим... Эҳтимол сиз ёлғизлиқдан қўрқарсиз. — Киноянгиз... — Бу киноя эмас, тўғри сўзим, — деди Кумуш,— мен бу ҳолда ёлғиз ҳам эмасман... — Бу нима деган сўзингиз тағин? — Яъни ҳамроҳим бор, деганим — мендан қўрқманг, деганим... Отабек яна тушунмади... — Ҳамроҳингиз... — Ҳамроҳимми? — деди Кумуш, — ҳамроҳим биравнинг хаёли, биравнинг фикри. Бас, бундан ҳам яхши рафиқ борми? Баъзи вақтларда бу йўлдош уйқудан ҳам ширин. Отабек «ҳамроҳ»га тушунди ва ётиб Кумушнинг юзидан ўпди: — Лекин мен бу сўзингизга ишонмайман. — Нега ишонмайсиз? — Негаки, сиз анови... кечаси ҳамроҳсиз эдингиз... Пиш-пиш ухлар эдингиз... Кумуш Отабекнинг елкасига қўлини ташлади: — Ўшал вақтларда ҳамроҳсиз ухлағаним тўғри, — деди, — чунки биравлардан бутунлай умидим кесилган, ҳамроҳим менга ҳамиша умидсизликгина берар, даҳ-шатимнигина ортдирар эди. Аммо ўша кунларда уйқу менга жуда ширин бир нарса бўлиб қолған, мен уйқудағина биравларни кўрар ва кундузлари ҳам уйқу қидирар эдим. Энди бўлса яна йўлдошим хаёл... Тағин нима дейсиз? — Ҳеч нарса демайман... Лекин сиз икки йил бурунғи Кумуш эмассиз. Кумуш кўрпага бурканиб олди: — Чиқинг... уйқум келди. Отабек зўрғагина ўрнидан турди... Ул узоғлаш-қандан кейин Кумуш секингина юзидан кўрпани олди ва мудроқ кўзлари билан Отабекка кулимсираб қаради. Отабек ҳавлидағи оёғ товшини эшитиб, токчадағи шамълардан учтасини ўчирған эди, даричадан Зайнаб кўринди: «Ҳали ҳам шу ерда экансиз, мен сизни ташқариға чиқғансиз, деб ўйлабман...» деди. Отабек жавоб бермай қолған шамъларни ўчирди. Зайнабнинг «ҳали ҳам шу ерда...» сўзи билан Кумушнинг кўзи уйқудан очилиб кеткан эди... Отабек эшикни ёпиб чиқди. Кундаш — Кундашдир Кумуш қайин отаси билан қайин онасига уч-тўрт куннинг ичидаёқ ўзини кўрсатиб қўйди, ширин ва ақллик муомалалари билан уларни ўзига мафтун қилди. Юсуфбек ҳожи «бу одам фарзанди эмас — фаришта» дер, орада Зайнаб бўлмаса «фаришта», деб атамоққа ҳам ҳозир эди. Ўзбек ойим бўлса эски кина ва адоватларни қайтиб келмас дунёсига жўнатди. Теваракдан марғилонлиқ, келинни кўриш учун келгучи хотинларға муомалани яна ҳам юқорироқдан туриб қила бошлади. Ҳар бир «келинингиз ажабми?» деб Кумушка суқланғучи хотинларға, «Маним чин келиним Марғилонда эди-да!» дер эди. Гоҳо Ўзбек ойимнинг ўзи ҳам Кумушнинг ҳуснига ва муомаласига ажаблана бошлар, ҳожини овлоғроқда учратиб қолса, «алҳазар, ўғлингиздан — уйланган хотинини қаранг», деб қўяр, ҳожи бўлса, «ўзинг билган сиҳрчи ҳинди сенинг ҳам бошингни айлантирибдир...» деб илжайганда, Ўзбек ойим «рост, бу келиннинг ҳуснидан ҳам бошқа яна тағин бир алоҳида хосияти борға ўхшайдир!» деб кулар эди. Кумуш ўзини кўрган келгучи хотинлардан кўпроқ олқиш олса (албатта ошкора эмас), хотинларнинг жўнаши биланоқ дарров Ўзбек ойим Ойбодоқдан исириқ тутатдириб аввал Кумушка, ундан кейин кўнгли қолмасин, деб Зайнабка солдирар, агар Отабек кўриниб қолса, уни ҳам қуруқ қолдирмас эди. Eгасини сийлаған итига суяк ташлар, қабилидан қизлари туфайли қутидор ва Офтоб ойимлар ҳам жуда яхши иззат кўрар эдилар. Қутидор келганидан бери бир соат ҳам уйда бекор қолмай, ҳар кун Юсуфбек ҳожининг мухлисларидан бирининг уйида меҳмон ва ҳожининг суҳбатидан мамнун эди. Офтоб ойимни бўлса Ўзбек ойим ўтқизғали жой топмас, қуда сўзи ўрнига — синглим деб хитоб қилар, ошни ҳам унинг раъйини сўрамасдан буюрмас эди. Келганларининг ўн бешинчи кунигача шаҳарнинг казо ва казо хотинларини қабул қилиб ўткардилар. Яъни Офтоб ойим Тошканднинг юз боши ойимидан тортиб, понсадбоши, қўрбоши то ўрда ойимлариғача танишиб олди ва уларнинг ҳар бирларидан кутилмаган даражада иззат, ҳурмат кўрди. Бу ойимларнинг ҳар бирларидан — «албатта бизникига меҳмон бўлмасдан кетмайсиз, эгачи деган таклифлар ҳам ҳисобсиз эди. Ўзбек ойимнинг лозим топишича, бу таклифлардан фақат ўн чоғлуғи ижобат этиладирган бўлиб ва биринчи мартаба Нормуҳаммад қушбегининг хотини Сорабек ойимникига, яъни ўрдага борилмоқчи эди. Ўн олтинчи кун меҳмон оёғи товсилланиб, Ўзбек ойим Сорабек ойимга ўзларининг боришларидан хабар юборди ва Ҳасаналига аравани қўшмоққа буюрди. Ўрда ойимларининг турмушларини кўрмагани учун Кумушнинг ҳам улар билан бирга борғуси келди ва эрталаб чой устида Зайнаб тилга келтуриб, «Зайнабингиз ҳам борадими» деб сўрағанида, Ўзбек ойим: «Зайнаб бир мартаба бориш бўлса борған», деб жавоб берди. — Мен-чи? — Сен ҳам бормайсан. Кумушнинг маъюсланиб қилған сукутидан кейин, Ўзбек ойим мундоғ изоҳ бериб чиқди: — Сен Тошканддаги Юсуфбек ҳожининг келини бўласан, болам! Чорламаған жойга бориш учун се-нинг кафшинг кўчада қолған эмас, — деди. Отабек қаёққадир от миниб кетган эди. Юсуфбек ҳожи билан қутидор Солиҳбек охунднинг Кўкалдош ҳужрасига меҳмон бўлиб кетганлар. Фақат бу кун уйда қоладирғанлар — Кумуш, Зайнаб ва Ойбодоқ эдилар. Ўзбек ойим йўлаккача кузатиб чиқған Кумуш билан Зайнабка қараб арава ёнидан кулди: — Икки кундаш уйни холи топиб тағин юлишманглар! Ойбодоқ, сен кундашлардан хабарсиз қолма! Офтоб ойим аравага минар экан: — Худой сақласин, ойи! Шукур, иккаласининг ҳам ақл-ҳуши бошида! — деди. — Булар кундаш эмас — эгачи-сингил-ку! — деди отнинг жиловидан ушлаб Ҳасанали. — Мени ташлаб кетканингиз аламини Зайнабдан олмасам кимдан олай, — деди кулиб Кумуш ва дарбозанинг ҳалқаси билан ўйнар экан: — а, юлишамизми?— деб Зайнабдан сўради. Зайнаб жавоб бермади. Ўзбек ойим Ойбодоққа баъзи таълимотларни бергандан кейин келинларига: — Тушда иссиғсиз қолманглар! — деди. Арава қўзғалди. Зайнаб илгарироқ, Кумуш кейинроқ ичкарига қайтиб кирдилар. Кундашининг сўзсиз, несиз ўз уйига кириб кеткани учун ўйланиб, бир оз ҳавли юзида тўхтади, сўнгра бу ҳам ўз уйига бурилди. Кундан-кунга Зайнабнинг сусайиб, ўзига бегоналашиб борғанини ул яхши онглар эди. Бу кун бўлса ўйнаб айткан сўзи жавобсиз ҳам қолдирилиб, бу ҳол яна унинг миясини қотирди. Кўнглида бир хиралик билан бориб дарича ёниға ўлтирди. Зайнабнинг ҳасадини қўз-ғатмас учун Отабек билан муомалада қилған эҳтиётлари заррача фойда бермаганига ҳайрон, энди қайси йўсунда миросани созлаш йўлларини ўйлар эди. Ўн беш кун ичидаёқ бунча кескинлашкан Зайнабнинг ички адоватининг бир ойда қайси даражаларга бориб етишини ўйлар ва мироса бу ҳолда кетган тақдирда бу уйда узоқ қола олмасини фаҳмлар эди. Лекин бу уйдан чиқиб кетишни, бир-икки ойлаб Отабекни Зайнаб қўлиға топшириб қўйишни яна мувофиқ кўрмас, яъни Кумушда ҳам бир қизғанчиқлик ҳисси уйғонған... Фикри шу ерга етканда қайси кунидир Отабекнинг Зайнабка бошқа-чароқ қилиб кулиб қарағани ва Зайнабнинг шу вақтдағи ойдек жозибалик тўла юзи кўрингандек бўлди... Бу кўринишдан сўнг ул сакраб ўрнидан турди-да, токчадағи ойнани олди ва ўзига қаради... Маълумки, киши ойнага боққанда нечоғлиқ айбсиз бўлса ҳам ўзини бир камчилиги орқалиқ кўрадир. Шунга ўхшаш бир қарашда Кумуш ҳам ўз-ўзидан рози қолмади. Шаҳло кўзлар, ўсиқ жинггила кипраклар, қундуз қош ва қора холлар ва бошқа латофатлар ўзига писанд бўлмадилар... Ўзини Зайнабка қарағанда сиқиқ, ёш, боласифат кўрди... Ойнани токчаға қўйиб Зайнабка чинлаб ҳасадланган ҳолда келиб бояғи ўрнига ўлтурди. Анчагина ўйлаб ўлтурғандан кейин кўнглига «у мени суйса бўлди-да», деган гап келди... Ўзининг бу ҳукмига рози бўлмади, гўё ўзининг суйилиши бир неча ойлиққағина ўхшар, Зайнабнинг тўлған ойдек юзи бу суйилишка шу беш-ўн куннинг ичидаёқ хотима бературғандек кўринар эди. Шу кўриниш орасида Зайнабни яна ўз кўзидан яхшилаб ўткармакка ва унинг ҳусн кучини синамоққа қарор бериб ўрнидан турди... Кумуш кирганда Зайнаб дарича ёнида тўппи тикиб ўлтурар эди. — Ойим айткандек, — деди кулиб Кумуш, — сиз билан юлишқали келдим. Зайнаб тўпписини қўйиб ўрнидан турди: — Мен ҳам олдингизға чиқайми, деб турған эдим... Кумуш истеҳзо билан кулди: — Тўппи тикиб ўлтурибсиз-ку, маним олдимға чиқармидингиз, баракалла сизга, — деди. Зайнаб бир сабаб кўрсаталмай ўнгғайсиз ҳолда қолди. Дарҳақиқат, унинг бу иши очиқдан-очиқ болаларча кетган эди. Кумуш уни ўнгғайсиз ҳолдан чиқариш учун тикилган тўппини ердан олиб кўрган бўлди. — Чокни яхши тикар экансиз, кимга? — Биравга атағаним йўқ, ахир биттаси кияр... Ўлту-ринг. Икки кундаш қаршима-қарши ўлтиришдилар. Кумуш унга тикилиб-тикилиб қарар эди... Зайнаб бояғи ўнг-ғайсизлиқдан ҳали чиқиб етмаган, қизаринқираб ерга боққан эди. Бир-икки дақиқани сўзсиз кечирдилар. — Чиқмағанимни ҳам кўнглингизга олибсиз-да, — деди ниҳоят Зайнаб. — Нега кўнглимга олай, мен ёш боламанми, — деди,— келганимга ўн беш кун бўлмасдан ўзингизни четка тортиб бошладингиз... Мен сиз билан эгачи-сингил бўлармиз, деб ўйлаған эдим... — Ҳали нима бўлибмиз... Арзимаган гапни ҳам кўнглингизга олаберсангиз... — Бу арзимаган гапми? — деди Кумуш, — уйда ҳеч ким йўқлиғини билатуриб ўзингизни четка тортасиз... Бу эса юзингни кўришга тоқатим йўқ деганингиз бўладир. — Қўйинг-чи... Ўзингиз ҳар бир нарсани ҳам кўнг-лингизга олаберар экансиз... мен унақа эмасман... Бошланишда анчайин ҳазилга ўхшаб кўринган бу кинахонлиқ кутилмаган жойда бир тус олиб кетди. Кумуш ўн беш кунлардан бери йиғилиб келган аччиғини бир варакай тўкиб солди: — Мен кўнглимга олсам арзийдирганини билиб оламан, — деди. — Олдингизға чиқмағаним юзингизни кўрмаслик учун бўлғанини сиз қаёқдан билдингиз, маним ичимга кириб чиқмағандирсиз-ку, ахир? Зайнаб ҳам анча қизишиб олди. Кумуш ундан ҳам ошиб тушди: — Билиш учун ичингизга кириб чиқишим шарт эмас... Баъзи ишларингиз ичингиздагини менга очиқ сўзлайдир. — Қайси ишларим? — Сўраманг... — Билмаган бўлсам билдириб қўйинг, ахир. — Айтсам яна аччиғингиз қистайдир... — Тўғри гап бўлса аччиғим сира қистамайдир... Яқинроқда юмиш қилиб юрган Ойбодоқ эшитмасин учун секинроқ товушда: — Қистамаса айтай, — деди Кумуш, — эрингиз маним олдимға кирса, нега ишингиз бўлса- бўлмаса кириб ўлтириб оласиз-да, ёлғиз қолғанимда кирмайсиз? — Шундоғ деярсиз, деб турған эдим ўзим ҳам— деди Зайнаб,— киришимни ҳам кўнглингизга олған бўлсангиз, энди мундан сўнг кирмаганим бўлсин. — Қани, тўғри гапка аччиғингизнинг қис-та-мағани? — Ахир, эрингиз билан ёлғиз ўлтирғанингизда мундан сўнг кирмайин деяпман-ку. — Эгриликка олманг, Зайнаб, — деди Кумуш, — мен бу гапни ёнимда эрим бўлғанда кирма, деб айтмадим, балки бояғи сўзимнинг исботи учун айтдим... Бу ўринда иккиси ҳам жим бўлдилар. Ойбодоқ даричага келган эди: — Тушлик ош вақти бўлдими, нима томоқ қилсамикин? Кумуш Зайнабка қаради: — Нима томоқ буюрамиз? — Сиздан сўраяпти... — Зайнабниса яхши кўрган томоқни қилингиз, — деди Кумуш. — Лағмон қилайми? — деб Ойбодоқ Зайнабка қаради. — Томоққа иштиҳом йўқ, ўзингиз билганингизча қилаберинг. Ойбодоқ кетди. Унинг кети билан Зайнаб «тавба» деб қўйди. — Тавба деманг, Зайнаб... Бу гаплар айниқса сиз билан менга келишмаса ҳам азбаройи мени ёлғиз ташлаб қўйғанингиздан айтдим... мен сизнинг уйингизга бутун умрга келган эмасман... Атиги уч-тўрт кун қайин ота, қайин оналаримни кўриб кетиш учунгина келганман. Шунчаликка бир-биравимиздан четлашиб, минғайишиб юришимиз кишига оғир келар экан. Кумушнинг «уч-тўрт куни...» билан Зайнаб ё-ришиб кетгандек бўлди: — Вой ўлай, Кумуш опа, — деди Зайнаб бўшашқан оҳангда, — чиндан ҳам кўнглингизга олибсиз дейман. Кўнглимда тариқдек ёмонлиғим бўлса, эртагача етмайин. «Кетиш» сўзини эшитиб онд ичиб бошлаған Зай-набка Кумуш ичдан кулиб қўйди ва «енди ўлсам ҳам кетмай, сен қараб тур!» деб янди. Шундан кейин орадан гап-сўз тўхтағандек бўлди. Кумуш тиззасини қучоқлаб ниманидир хаёлида, Зайнаб бўлса қатимини узун тортиб тўпписини тикар эди. Анчагина шу ҳолатда қатим тортқандан сўнг Зайнаб секингина қаршисидағи ғайри расмий ёвға ёвларча қаради. Узоққина қараб турғандан кейин ўзига ҳам сездирмаслик қилиб энтикди, яна уч-тўрт қатим тортти... — Сиз мунчалик қўрқмасангиз ҳам бўлар эди... Кумуш бир оз жавобсиз қолди ва сурилиб деворга суялди: — Нимадан ҳам қўрқмасам бўлар эди? — Ахир... жек кўрмасангиз ҳам... дейман-да... — Мен кимни жек кўрибман? — Биларсиз ахир, кимни... — Уят, Зайнаб! — Сизники ҳам уят! Яна икки кундаш ҳужумга ҳозирланишқан хўроз-лардек бир-бирларининг устларига ҳурпайишдилар. — Нимам уят? — деб сўради Кумуш. — Мен эрим билан ўлтурганда устимга кирма, де-йишингиз албатта уят. — Аввало мен бу сўзни сизнинг ҳалиги қилиғингизға қарши айтдим. Агар сиз буни чинга ҳисоблаған бўлсангиз, мен ҳам сиздан чинда сўрайин: сиз эрингиз билан ўлтурганда мен устингизга кирдимми? Зайнаб бу саволнинг жавобига қолғанда бир оз тутилиқди. Чунки, Отабек Зайнаб ёнида бўлғанда Кумушнинг кирганини хотирлай олмади. — Сиз кирсангиз албатта кўкрагингиздан итармас эдим, — деди Зайнаб. — Ўзингиз жек кўрганингиз учун мени ҳам ўзингиздек фаҳмлаб кирмайсиз. — Кишини бўғасиз, Зайнаб! Гапка темирчилик яхши эмас! — Гапка темирчиликдан худой сақласин, ота-бобом темирчи ўткан эмас. — Ким сизга — отанг темирчи деяпти? — Ахир сўзингизнинг сираси шунга келади-да... — Тавба, — деб кулди Кумуш, — жек кўрасан, деб бир айтасиз, ўзингдек фаҳмлайсан, деб узиб улайсиз, сен қўрқмасанг ҳам бўлади, деб тағин нина тиқасиз... Мана шуни гапка темирчи, деб айтадилар. — Рост-да ахир, сиз қўрқмасангиз ҳам... — Сўзлай беринг. — Ахир... Зайнаб ўзининг хатосини онгли ва гапуралмай ғўлдиради. Кумуш эса буни сезиб Зайнабнинг ўз оғзидан иқрор этдириш кўйига тушди. — Мен тушундим, — деди, — сен қўрқмасанг ҳам бўлади эринг сени яхши кўради, демакчисиз. Зайнаб ишини тўхтатиб бўзрайғанча Кумушка қараб қолди... Бу хатосини ўнглаш учун эсига ҳеч гап келмас эди: — Ахир... менга ўхшаш сизни ҳам ишондириб қўйғандирлар. — Сизни нимага ишондирғанлар? — Ахир... Мен сенсиз туролмайман, деб сизга ҳам айткандирлар... — Ҳеч. — Сизга айтмаган бўлсалар... менга юз қайталаб айтадирлар... У кишини сизга ҳам шунақалар, деб ўйлабман... Ўзи асло ишонмаған шунча ёлғон гапларни бояғи довдираш ҳолатида илҳом равишда тўқиб юборди. Унинг бу довдир гаплари ғалаба қозонмоқчи бўлған Кумушни довдиратти, бояғи ойна ёнида туғилган шубҳаси чинга чиқғандек бўлди ва муҳокама хусусиятини йўқотди. Зайнаб тўғри айтади, деб ўйлади, агар уни яхши кўрмаганда Тошкандга келишимни кутиб ўлтурармиди?.. Зайнаб бу ёлғонлаш натижасидан қўрқиб, ўнгу терс ишига ёпишди. Кумуш моддий ҳаётидан айрилған жонивордек бўшашди. Ойбодоқ она тарафидан икки кундаш ўртасиға қўйилган тушлик бир неча вақт совиб ётди. Зайнабнинг қўрқа-писа «олинг, опа»сидан сўнг икки тараф ҳам лагандан чимчиган бўлишдилар-да, бирин-сирин қўлни дастурхон четига артишдилар... Шундан бирар соат кейин Отабек қайтиб Зайнаб томондан қарши олинди. Уст тўнини ешиб Зайнабка бергандан сўнг, қайси уйга кириш тўғрисида ҳавли юзасида бир оз тарадудланиб қолди. Теварагида ғилдирлаб юрган Зайнабнинг уйига кирабериш учун Кумушнинг мулоҳазасини қилар, Кумушнинг олдиға кирмак учун Зайнабни ўйлар эди. Кумуш уйда кўринмади, шунга кўра «ухлағандир», деб ўйлаб Зайнаб билан кирди. Зайнаб оёғи олти, қўли етти бўлған ҳолда эрини тўрт қават кўрпача устига ўтқузиб, ёнига учта пар ёстиқни уйди. Эрининг маҳсисини артишка кўмаклашиб, елпиб қўймоқ учун изн сўради. Отабек узр айтиб бунчалик меҳрибончилиқ маъносидан чўчиб қўйди. Отда келган бўлса ҳам куннинг иссиғлиғидан бир пиёла чойга муҳтож эди. Чой сўзи оғзидан чиқмасданоқ Зайнаб ўчоқ бошиға югуриб кетди. Унинг кети билан Кумушнинг уйига қаради. Эшик ва даричалар очиқ бўлсалар ҳам уйда бирав кўринмади. Кумуш келгандан бери Отабек кун сайин ўзини сиқиқроқ бир доирага кириб борғанлиғини сезар эди. Адимини санаб босиш, бир чўқиб саккиз ёққа қараш каби эҳтиётларга таълимотсизоқ ўрганиб қолған, бунинг устига бир хил ўнгғайсизлиғи ҳам йўқ эмас эди... Унинг ўткан кунлари, яъни Кумушка Марғилонда қиладирған муомала ва алоқаси Зайнабка қоронғи, шу қоронғилиқдан фойдаланиб Зайнаб билан муомаласи ўзи тилаганча. Аммо энди ўша ҳолатни давом этдириш мумкин эмас эди. Кумушка кулиб қараса, Зайнабка ҳам шундоғ қилмоққа, унга қандоғ муомала қилса, бунга ҳам шундоғ қилишға мажбур эди. Бироқ бунинг биринчиси юракдан, иккинчиси... Биринчисини тавсиф қилиб кўрсатиш нучукким, биз шу ўрингача кўб қоғозларни қоралаб келамиз, ўқуғучини ҳам зериктирмай орқамиздан эргашдиргандек бўламиз, чунки Отабек ва Кумуш ишқларида самимият, яна тўғриси шеърият бор эди. Иккинчи масала устига ўтиб таҳлил қилмоқчи бўлсақ, Отабекда мажбуриятдан бошқа ҳеч гап тополмаймиз, топган билан ўқуғучиға қизиқарлиқ бир нарса чиқмайдир. Қаҳрамонимизнинг ҳозирги «мажбурияти» сабабларини муҳтарам ўқуғучилар яхши ҳис этсалар ҳам яна биз бир даража ўз томонимиздан уларни санаб кўрсатамиз: Дин адолатка буюрадир ва ота-онанинг ҳурматлари кўндаланг, мажбуриятнинг энг кучлиги ҳам нозиги — мундан бир неча ҳафта илгари Зайнаб аввал мартаба юрак дардини кўз ёшлари ичида очиб берди. Ҳаммадан ҳам мана шу кейингиси Отабекни сиқиб ташлаған эди. Бу дард айниқса Отабекка уч йилдан бери синашта, ул бу дарднинг аччиғ-чучугини уч йил бўйи тотиб келар ва шунинг учун ҳам бояғи оғирлиқни ўз устига олмоққа мажбур эди... Зайнаб унга икки пиёла чойни ичиргандан сўнг сўради: — Сизни кеч қайтарсиз, деб ош қолдирмаған эдик, совуғроқ бўлса ҳам озроқ олиб қўйған эдим... есангиз? Отабек очиқиб келган эди, «майли, беринг», деди. Бояги гап билан ейилмаган лағмон Отабекнинг олдиға келди. Устидаги қиймаси билан лаганнинг бузилма-ғанини кўриб Отабек сўради: — Ўзларинг емадингларми? — Едик. Кумуш опа ҳам шу ерда эдилар... Лағмонни унча хушламас эканлар, шекиллик, яхши емадилар... У киши емаганларидан кейин мен ҳам еб ўлтурғали иймандим... — Емаган бўлсангиз, сиз ҳам олишинг, — деди бек. Зайнаб эридан ийманмай биргалашди. Хўрак ораси Отабек Зайнабдан сўраб, Кумушнинг ухлаб ётқанини билди. Томоқдан кейин Отабек ҳам бир оз ухлаб олиш учун ётди. Кўзи уйқуға борғач, фақат шуни кутиб ўлтурган Зайнаб қўлида елпуғичи билан ёстиқ ёнига келди. Эри жуда ухлаб кеткандан сўнг елпий бошлади... Елпир экан, Зайнабнинг кўзи Кумушнинг уйида эди... Зайнаб ўзининг бу тасодуфий муваффақиятини кундаш назаридан ўткузиб олмоқчи ва бояғи даъвосини бир даража амалда ҳам кўрсатмакчи эди. Зайнаб шу ҳолда узоқ фурсат эрини елпиди ва натижада маълум кўрукни одатдан ташқари бир муваффақият ичида кундаш назаридан ўтказди: нима юмиш биландир уйдан чиқған Кумуш Отабекнинг ёстиғи ёнида қўлиға елпуғич ушлаган Зайнабка кўз қирини ташлаб ўтди. Бирар соатдан кейин Отабек уйғонди. Зайнаб ҳам кундаш юрагини ун қилғучи ел тегирмонини тўхтат-моққа мажбур бўлди. Отабек уйга кирганда ёстиқ бетини тартибсиз соч ўримлари билан чулғатиб Кумуш ухлар эди. Отабек бир неча дақиқа унинг уйқулиқ ҳолатига термулиб қолди ва унга роҳатсизлик бермас учун секингина орқасиға қайт-ди. Уй эшигидан чиқар чоғида яна бир қараб олди... Энди уйқулиқ кўз очилған эди. — Тинч ухлай беринг, мен кетаман. Кумуш кўз юмиш ўрнига ёстиқдан бошини узди ва ерга тушкан рўймолини ўраб, ўлтурди. Унинг кўзи уйқудан қолған кишиларнинг кўзидек қизарған эди. Отабек қайтиб кирди. — Нега қўзғалдингиз, ухланг, — деди. Кумуш жавоб бермади, қовоғи солиғ эди. — Кўзингиз қизариб кетипти, ухлай олмадингизми? — Тобим йўқ... — Худой сақласин, — деди бек ва Кумуш ёниға ўлтирди, — қаерингиз оғрийдир? — Билмайман, — деди. Кўзи токчадағи алланарсаларда эди. Отабек бу терс жавобни ҳазил фаҳмлаб кулди ва Кумушнинг манглайиға қўлини тегизди: — Нега билмайсиз? — Қўлингизни олинг. — Нега олай? — Мендан ҳазар лозим... — Сиздан ҳазар қилмайман... Кумушнинг кўзида бир турлик ғилтиллаш бор эди: — Зайнабдан-чи? — деб сўради. Отабек дафъатан жавоб бералмай ҳавли томонға қараб қўйди: — Буни... мендан ҳам сиз яхши биласиз. Отабекнинг аланғлаб жавоб бериши Зайнабнинг бояғи даъвосини чинга чиқарғандек бўлиб, Кумуш жуда ҳам тўнини тескари кийди ва юзини четка бурди: — Ялҳақликни қўйинг. Отабек бу ҳолга тушунолмай, Кумушнинг кўзига жиқ тўлған ёш яна уни шошириб қўйди. Шундоғ ҳам бўлса кулимсираб: — Уйқудан сўл ёнингиз билан турибсиз, — деди. — Чунки маним ўнг ёним билан турғузадиган кишим йўқ... — Адоват шунинг учунми ҳали? — деди бек ва кулиб юборди. Кумуш кўз ёшисини артди: — Ҳа, шунинг учун. — Шунинг учун бўлса арзимайди... Кумуш кўтарилиб кетди: — Икки юзламалиғингиз ва тил тегида тил сақлаға-нингиз ҳам арзимайдими? — Тушунмай ётибман... — Албатта тушунмайсиз ва тушунишни ҳам тиламайсиз. Ул Кумушдан мундай терс гапларни умрида биринчи мартаба эшитар эди. Бир онда неча хил эҳтимолларни ўйлаб чиқди: — Зайнаб сизга бир нарса дедими? — Деди, «Сенсиз туролмайман» деб айткан сўзла-рингизни ҳам деди. Унга нима бўлса ҳам икки кундаш ўртасидан анча гаплар ўткани бир даража маълум бўлиб, Зайнабнинг ёлғон-яшиқ гаплар билан Кумуш юрагига ўт ёққанини пайқади. Аммо бояғи ярим жиддий вазиятини бузмай сўради. — Зайнабнинг сўзига сиз ишондингиз? — Ишонмайдирған гапми? — Яхши, мен унга шундай деб айткан ҳам бўлайин, лекин шунда ҳам сизнинг хафаланишингиз менга қизиқ туюладир. Айниқса сиздан бу гап... Кумуш индамади. Отабек унинг орқа сочидан тутиб секингина ерга босди: — Қани гапуринг-чи менга, орангиздан бир гап ўтдими, — деб сўради. — Ҳа ўтди, — деди Кумуш ва четка қараб кулимсиради. — Ўн беш кун бўлмасдан? — Мендан бошқа хотин бўлса Зайнабингиз билан биринчи кунданоқ аразлашар эди... — Худо хайрингизни берсин... — Кесатманг. — Кесатмасам гапуринг. Кумушнинг рақобат ўти бир оз ўча тушкан эди, уч-тўрт кунлик можародан яхшиғина ҳасрат очилди. Отабек ҳасратни ярим жиддий тинглаб борди. Зайнабнинг кейинги сўзи ва сўнгги елпитиш фожиъалари ҳам ҳасрат қолипиға бирма-бир кириб чиқди. Ҳасрат тугалгандан сўнг Отабекнинг юзидаги бояғи ярим жиддийлик кетиб, унинг ўрнини ўйчанлиқ олди. Ул шу ҳолатда анчагина сўзсиз қолди ва охирда ўзини натижа кутиб ўлтурғучи Кумушка қараб кулиб қўйди. — Нега куласиз? — Чунки йиғламоққа арзимайдир. Кумушнинг қошлари чимирилди: — Зайнабингизнинг бу қилиғига мен чидалмайман. — Чидаш ва чидамасни ҳозирча бир тарафка қўйиб турайлиқ, — деди Отабек, — аммо ҳаммадан илгари сиздан сўрайман: менга ишончингиз борми? — Бор, ҳам йўқ, — деди Кумуш ва кулимсираб бир оз ўйланиб олди, — Зайнабнинг ҳалигидек гаплари кишини шубҳага солар экан... — Аммо сизни шубҳадан чиқаратурған ҳужжатларингиз албатта йўқ эмас эди. Кумуш уялғаннамо юзини четка бурди, Отабек товшини секинлатиб давом этди: — Ўткан кун сиздан «Тошкандда қоласизми, йўқ-ми?» деб сўрағаним ҳам фақат шунга ўхшаш гаплар билан сиз хафаланманг, деб айтилган эди. Агарда сиз сиқилар экансиз, ҳали ҳам Тошкандда қолмаслигингиз менга маъқул кўринадир. Чунки мен сизни шунинг сингари ўринсиз озор чекишингизни хоҳламайман. — Сиз қувламасангиз, мен Марғилонға бормайман. Отабек кулди. — Агар сиз шунга ўхшаш арзимаган гаплар учун маним устимга ҳужум қилаберсангиз, албатта қувлайман. Кумуш бир хил ўпкаланган боқишда: — Сизга ишонсам бўладими? — деб сўради. — Юрагингиздан сўранг. — Юрагим... Юрагим ишонма, дейди. — Бўлмаса бу юрак сўзи эмас. — Албатта юрак сўзи. — Юрагингизнинг ишонма, дейишка бирар важи бордир? — Бор. — Бўлса айтинг. — Юрагим: қувланишға ким сазовор, деб сиздан сўрайди... Сиз ўз юрагингиздан олиб жавоб беринг. Отабек мақсадга тушунди, дафъатан жавоб беришка ҳайрон бўлиб қолди. Дарҳақиқат, Кумуш энг нозик жойдан ушлаған эди. Кумуш Отабекдан жавоб кутиб ўлтурмай яна деди: — Бошқалар юрагини синаб кўришка қудратим етмаса ҳам маним юрагим икки нарсани ўз ичига сиғдира олмайдир... — Сенинг юрагинг икки нарсани ўз ичига сиғди-радир, демакчисиз. — Демакчи эмасман, — деди Кумуш, — чунки ҳеч вақт бўладирған гап эмас... Кумуш ҳамон юқорида айтилган бир маънонигина ифода қилмоқчи бўлар эди. Аммо Отабек Кумушнинг тўсиндан ўзгариб кеткан характер қатъиятига ва бир кундаёқ, бунчалик масофани ўткан кескинликка жуда тааж-жубда, қаршисидағининг суратида эмас, сийратида қизиқ бир ўзгариш кўрар эди. — Мақсадингизга яхши тушунаман, — деди охирда,— ҳар жиҳатдан қаралғанда ҳам сиз бу тўғрида ҳақлисиз. Аммо ўшанғача... балки буни ўзингиз ҳис этарсиз, деб ўйлайман... Кумуш индамай қўйди. Эҳтимолки, ул кейинги масала тўғрисида эрининг фикрини билиб қўймоқчи эди... Эсон Бўлсақ Кўришармиз Тошкандга келишнинг йигирманчи кунидан қутидор Марғилонға қайтиш фикрига тушди. Ҳожи ва Отабеклар яна бир неча ҳафта қолишға қистасалар ҳам, бўлмай узр айтди: «Уй ёлғиз, фақат Тўйбека билан Ойша она; ҳоллари нима кечти, нима қўйди маълум эмас. Бошқа тарафдан ўзимнинг савдо ишларим ҳам ўлда-жўлда, шунчалик меҳмон бўлдиқ. Бас, қилған иззат ва икром-ларингиз учун раҳмат», деди. Ҳожининг: «Eнди келин болани юбормаймиз-да», деб кулишига — «Маним болам эмас — сизники, у ер ҳам бу ер ҳам ўзининг уйи, жанобингиз нимани мувофиқ кўрсалар, менга ҳам маъқули ўша», деди. Ҳожи бирмунча гап айлантириб, «Ўртадан анови гаплар ўтмаган бўлса эди, албатта бу ерда олиб қолмас, зероки, сизнинг бағрингизни бўш қўйиш инсофдан бўлмас эди. Агар сизга оғир тушмаса юртдаги гап-сўз босилғунча бирар йил Тошкандда тур-син, сўнгра Марғилон борсин, дердим», деди. Қутидорға ҳам бу мулоҳаза жуда маъқул тушиб «бу мулоҳазалари беандоза тўғри, албатта мунда бирар йил туриши лозим ва лобид!» деб жавоб берди. Кумушнинг Тошкандда қолишиға отаси шундай ёвош қаради, бу тўғрида Офтоб ойимнинг фикр ва ризолиғи билан ҳисоблашиш эмас, ҳатто уни кўнглига ҳам келтуриб кўрмади. Ҳолбуки Марғилондан чиқишда Офтоб ойимнинг «Кумушни Тошкандда қолдирмайсиз!» деб қўйған биринчи шартига қайта-қайта қўл қўйғучи шу қутидор эди. Сўзни чўзмоққа ҳожат йўқ: эрларимизнинг Офтоб ойимларға қараши ҳамиша шундан бошқа эмас. Қайтиш хабари Офтоб ойим қулоғиға етишкандан кейин унинг аввалғи учрашиши қизи билан эди. Чунки эрига қарағанда ҳам кўброқ ихтиёрни қизида бўлғанини яхши билар эди. Шу хабарни Ҳасаналидан эшитиши ила тўғри Кумушнинг ёниға кирди: — Кумуш, — деди кулимсираб, — қайтар эмишмиз, даданг айтибтилар. Кумуш қўлида нимадир тикиб ўлтурған эди. Кўзини ишдан олмади: — Қайтсаларингиз, хайр-хўш. Бечора она қизининг лоуболи бу гапидан бўшашиб кетди ва не зайлда ўлтуриб олғанини билмади: — Нима дейсан? Кумуш илжайиб онасиға қараб қўйди, яна ишини тика берди: — Кетсаларингиз хайр-хўш. — Сен-чи? — Мен қоламан. Офтоб ойим тушунолмай қизиға бир неча вақт тики-либ турди. Кумуш унга қарамай нина санчар эди. — Ҳазилингни қўй. — Ҳазилим эмас — чиним. — Уят эмасми? Кумуш кулди: — Нега уят бўлсин? — Қўй-чи! — Қолсам ўз эримники, — деди Кумуш, — бегона эмаски уят бўлса... Офтоб ойим ўт ичида қолғандек тобланди: — Бирав қол, демаса ҳам қолаберасанми? Кумуш ишини ёниға қўйиб энди онасиға қаради: — Аввало бу ерда қолишимға сиздан бошқа ҳеч бир қарши киши йўқ. Зайнаб сизнинг ёнингизға ўтса ҳам, бироқ унинг хоҳишини менга аҳамияти йўқ. — Эсинг ўзингдами, бола? — Ўзимда, — деди кулиб, — ман сизнинг қизингиз Кумуш... Ҳозир Тошкандда ўз эримникида ўлтурибман... — Эрим, деб туққан онангдан кечасанми, юзсиз? — Йўқ, кечмайман, фақат бир неча вақт соғи-нибқина юраман. Офтоб ойим қизининг бу гапини эшитиб йиғлаб юборди: — Онангнинг ўша соғинишқа тоқати йўқ, — деди,— ман сани кундашлик уйга ишонмайман... — Кундашим битта бўлса, дўстларим саккизта. Офтоб ойим кўз ёшисини артди: — Кундаш билан ҳазил ўйнама, қизим. Кумуш гўё Зайнаб устига ҳужум ясайтурғандек ҳурпайди: — Ул кундаш бўлғанда мен кундаш эмасми? — Минг қилғанда ҳам, — деди онаси, — сен чин кундаш бўлолмайсан. — Нимага? — Нимагаки эринг сен тарафда, чин кундашлик ва чин душманлик Зайнаб тарафда. Кумуш кулимсираб онасининг қулоғиға шивирлади: — Бу тўғрида хотиржамъ бўлинг. — Нима учун хотиржамъ бўлай? — Агар Зайнаб манга кундашлик қилаберса, ку-я-вингиз унинг жавобини бермакчи... Шунинг учун ҳам маним бу ерда қолишим маъқул. — Жавобини берса, қайтиб келишлик қочмас... — Ман кетсам, — деди Кумуш, — ҳеч қачон Зайнабка жавоб бермайдир. — Нега бермайдир? — Шунинг учунки қудачангиз келинсиз қоламан деб ораға тушадир, аммо мен шу ерда бўлсам, албатта тилига калтак келадир. Офтоб ойим ҳамон оёғ узатмади, қизиға ялиниб кўрди: — Ёш жонинг бор, қизим, — деди, — биравга ёмонлиқ соғинма, ман билан бирга кет, нима қилишса ўзлук-ўзи қилишсин... Зайнаб ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйған. — Сиз тушунмай ётибсиз, — деди Кумуш ва эшикдан оёғ товшини сезиб гапни шу ерда тўхтатди. Ўзбек ойим сўзланиб кирди: — Нега мунча шошмоқ, ёв қувладими, ақалли бир ой бўлсин... Марғилон деган юртдан от- отлаб, туя қўмлаб кел эмиш-да бир ойғина турмай кет эмиш! — Офтоб ойим билан Кумуш унинг ҳурматига ўринларидан турдилар. Ўзбек ойим ўлтура-ўлтура сўради. — Ҳали эшитдингларми? Eшитдик, — деди Офтоб ойим биз ҳам шунинг можаросида эдик. — Ахир шу ҳам гапми, худда аллакимларга ўхшаб. Офтоб ойим узр айтди: — Уйимиз ёлғиз, шунчалик сизларни озор чекдирдик... Бегона кишиникида ҳам йигирма кун турайлиқ-чи... Худда ўз уйимиздек яйраб-яшнадиқ, шарофатларингиз соясида кўб кишилар билан танишдиқ, иззат-икромларингиз таърифидан ожизмиз... Энди навбат сизларнинг ҳам бизнинг шаҳарларга боришларингизға келди. — Бекор гап, — деди Ўзбек ойим, — ҳали қудаларимизни муддаодагидек сийлай олғанимиз йўқ, шу ҳолда жўнатсақ бизнинг шаънимизга яхши эмас... Мен қудамнинг олдиға чиқаман, бизга номус келтирмакчи бўлса эртага жўнайберсин. Офтоб ойим такрор узр айтди: — Бизни уялтирмоқчи бўлсангиз майли, чиқинг, агар хурсандлигимизга қарасангиз, қўйинг. Кумушингиз ҳам; шунча турғанимиз бас, энди Зайнабни олиб ойимнинг ўзлари бизникига борсинлар, дейди... Кетиш орасиға Кумуш ҳам келтурилиб сиқилғач Ўзбек ойимнинг ҳалиги одамгарчиликлари кейинги навбатка қолди. — Ҳали Кумуш ҳам кетмакчими? Кумуш кулимсираб онасиға қаради. Офтоб ойим узр айтди: — Шукур, сизнинг олдингизда Зайнабниса бор. Маним бўлса қанот-қуйруғим шу Кумуш. Айниқса, Кумушингизга жавоб бермасангиз бўлмас, ойи. Ўзбек ойим Кумушка хўмрайиб олди: — Йўқ-йўқ Офтоббону, — деди, — сизларга жавоб берсам-да, Кумушка йўқ. — Шу галча жавоб берасиз, мен сиздан сўрайман. — Сўзингиз ерда қоладир, був Офтоб, бир оз андиша ҳам лозим, — деди ва Кумушка юзини ўгирди, — уят эмасми, келин? Кеча келдинг сурилиб, бу кун кеткин бурилиб. — Менда ихтиёр йўқ, ойижон, — деди Кумуш, — сизлар нимани маъқул кўрсаларингиз менга барибир. Ўзбек ойим боши билан келинига ризолиқ билдириб «баракалла» деб қўйди. Офтоб ойим қизиға ўқрайинқираб ер тегидан қаради: — Албатта Кумуш нима ҳам десин? — деди, Кумушнинг ҳам ҳалигидек қололмаслиға фақат мени кўзи қиймағани учун... бўлмаса албатта кетмас эди. Ўзбек ойим бир гапдан тоймай: «Кетиш уят, Отабек, уч йил қатнағанда қизингиз бир йилгина Тошкандда турса нима қипти...» каби сўзларни ўзгаришсиз бир мақомда айтилиб турғандан кейин Офтоб ойим бошқа йўл тутмоқчи бўлиб, Кумушни уйдан чиқиб туришка буюрди. Кумуш чиқғандан сўнг: — Қизини менга қолдиришға аяди деманг, ойи, — деб қўйди, — мунда бошқа мулоҳазалар ҳам йўқ эмас... — Айтинг. — Айтсам шуки, — деди бечора она, — Кумушингизнинг феъли хўйи ўзимга маълум: эрка ўскан, лавзи тез, кундашликка чидайдирган сиёқи йўқ, ҳар кун Зайнабингиз билан ғиди-биди қилабериб сизни қийнаб қўярмикин дейман... Бир куни келганда онаси қурғур бир оғиз айтмаган эди, деб мендан ранжирмикинсиз дейман... Тана бузоқнинг турқи туқғаниға тамға деганларидек, албатта менга равшан... аразчи десангиз ҳам шу, ичи қоралиқ десангиз ҳам шунда... Шунча тўқумадан Ўзбек ойимнинг юзида ҳеч бир ўзгариш сезилмади: — Албатта унақа гап ҳар кимда ҳам бўлади, — деди,— шукур, мен билан ҳожи отангиз тирик бўлсақ, ундоғ гапларга йўл қўймаймиз. Зайнаб бўлса худо-нинг яраткан махлуқи; уриш ва араз деган гапни билмайдир. — Зайнабингизнинг феъли албатта сизга маълум экан, аммо мен Кумушни сизга яхши, деб айталмайман. — Ўз боласини ёмонлағучини, — деди кулиб Ўзбек ойим, — мен ўз умримда биринчи мартаба кўрдим... Ундан кўра боламни сенга ишонмайман, деб айтинг. — Нега ишонмайин, фақат қозонимдағини сизға сузиб қўйдим... — Нима бўлғанда ҳам Кумушка жавоб йўқ. — Хўб қолсин, — деди Офтоб ойим, жони куйиб асабийлашкан эди, — Кумушдан ҳар на ёмонлиқ кўрсангиз мендан ўпка қилманг. — Қизингизға ёмонлиқни ўзингиз ўргатиб кетмасангиз сиздан ўпкам йўқ. Икки қуда ҳавли юзасига тушканда Кумуш саҳн бўйлаб юриниб турар эди. Улар Зайнабнинг уйига тўғри кирдилар. Зайнаб уларни қаршилаб ўтқазди ва ачиниш оҳангида Офтоб ойимға деди: — Қайтар эмишсизлар, деб эшитдим. Бирар ой ҳам турмас экансизлар-да. — Анча турдик айланай, був Зайнаб, — деди Офтоб ойим, — энди навбат сизларнинг боришларингизға қолди. Учунчи сўзни Ўзбек ойим олди: — Шунча айтдим — бўлмади, ёв қувлаптими билмадим. Оппоқ ойингга қолса, Кумуш опангни ҳам бирға олиб кетмакчи. Зайнаб бир турлук ҳолга тушди. Кучлангандек қилиб: — Улар нега кетсинлар! — деди. Офтоб ойим қудасиға қараб қўйди: — Кетмаса бўлмайдир, був Зайнаб. Бир чеккаси сизнинг эс-ҳушингиз жойида, маним Кумуш опангиздан бошқа ҳеч кимим йўқ, қолса-ку майли, бироқ мени Кумушсиз ўлди, денг. Шунга қолғанда қайин онангиз бир оз тушунмай туриптилар. Зайнаб ер остидан қайин онасиға кўз юборди. Ўзбек ойим ҳануз тиртишиб ётқан қудасиға қарши қизишди: — Қўйинг-чи, — деди, — беш-олти кун қизсиз турған киши бир нарса бўптими?! — Сиз тушунмаяпсиз ойи... ҳали тағин дадаси биладилар. — Мен сенга айтай, Зайнаб, — деди Ўзбек ойим ва энди қудасининг гапига қулоқ солмай қўйди, — оппоқ ойингнинг ҳамма мулоҳазаси сенданга ўхшайди. Зайнаб сиқилмасмикин, икки ўртаға совуқчилиқ ораламасмикин, деб қўрқади. Мен: Зайнаб сиз ўйлаған келинлардан эмас, тегу тахтлик, аслзода, Кумушни сийламағанда ҳам бизни сийлайди, — десам ҳам унамайди... — Мени худо уриптими, — деди Зайнаб. Офтоб ойим қудасининг кейинги гапидан анча сиқилди. Гўё ўзи Кумушни қолдиришға тарафдор бўлса ҳам, фақат Зайнабнинг кундашлик қилишидан қўрқиб турғандек кўрсатилган эди. — Янглишяпсиз, ойи. — Янглишсам, янглишмасам Кумуш бу уйдан силжимайдир. Офтоб ойим бўғилиб, фойдасиз тортишиб ўлтуришни тарк қилди. Энди бу тўғрида эрига мурожаат қилмоқчи эди... Марғилонғача аравани Ҳасанали минадирган бўлди. Чунки Марғилондан арава миниб келгучи ёлланилған киши бўлиб, Тошкандга келишнинг эртаси куни ҳисобини олған эди. Қудаларнинг қайтиши чинга айлангандан кейин, йўл тараддуди бошланди. Ўзбек ойим бўғирсоқ қовиртириш, талқон туйдириш, тўқоч ёпдириш билан машғул бўлди. Офтоб ойим эридан ҳам қўлини ювиб қўлтуғиға урган эди. «Ҳожи афанди бирар йил турсин, деб айтди. Энди бир йилни ўзимизча кўрмасак бўлмас. Икки оёғимизни бир этукка тиқишимиз уятка ўхшайдир» дейиши ва сўзга қулоқ ҳам солмай — «меҳмонхонада ҳожи бор, сен билан йўлакда эзилишиб ўлтуролмайман, номус!» деб бурилиб кетиши бечорани жуда ҳам эсанкиратиб ташлади. Охирда Отабекка ҳам мурожаат қилиб кўрди. Ундан ҳам асли мақсадни ҳосил қилолмай, фақат уларникидан жўяликроқ узр эшитди. Отабек қайин онасининг фикрига қисман қўшилиб «Нима бўлса ҳам беш-ўн кун оғирлиқни маним учун ўз устингизга оласиз. Агар мен сизнинг талабингизни маъқул қиладирған бўлсам, айниқса қизингизнинг кўнглига шубҳа келадир... Сизга айткулуги йўқ, бу тўғриға маним аралашмоғим яхши бўлмас. Кундаш адовати борасидаги фикрларингиз тўғри ва лекин иш у даражаларга етмас, деб ўйлайман... Жуда бўлмаганда Кумушнинг ўзини олдингизға жўнатарман, хотиржам бўлинг!» деди. Офтоб ойим шу йўсун ҳар тарафдан ҳам умидсиз-ланиб, менгравсиб қолди. Кумушни кўрган сайин алланучка юраги ачир, жудолиқ кунларини асло тасаввур қилолмас эди. Кумуш бўлса, онасининг ҳозирги ҳолига ачинғандек, унга яқинлашмай, четлаб юрар ва иккинчи тарафдан Зайнабнинг бир ярим қарич осилиб кеткан қовоқ-дудоғиға истеҳзоланиб томоша қилар эди. Йўл ҳозирликлари битиб, Ўзбек ойимнинг Ойша кампирга атаб тикдирган саруполари ҳам битди. Бу кун меҳмонларнинг энг сўнгги кечалари эди. Ўзбек ойим ярим кечаларгача қудачаси билан сўзлашиб ўлтурди. Сўнгра Офтоб ойим билан Кумушни ёлғиз қолдириб ўз уйига ётқали чиқди. Она-бола бу кечани бирга кечирмакчи эдилар. Офтоб ойим қудасининг кетидан қизиға ҳайфсиниб қўйди. — Онангни фироқ ўтида ёндиришдан уялмадинг, қизим. — Нега ёнар экансиз... — Нега ёнмайин ахир, дунёға келиб сендан бошқа овинчоғим бўлмаса... Агар қўлимдан келса ачиб ва ёниб турған юрагимни сенга очиб кўрсатар эдим... Кошки эди бир шаҳаргинада бўлсанг. Кумуш онасининг юрагидаги ўтни ҳозир синамасдан ҳам ҳис эткан, чунки йигирма йил ўз қучоғида ўсдирған онадан ажралиш унинг ўзига ҳам оғир туюлиб бошлаған эди. — Беш-олти ой... ҳеч нарса бўлмас, ойи. Эсон бўлсақ тағин кўришармиз. Офтоб ойим кўз ёшисини дув тўкиб юборди. Начоғлик ўзини қаттиғ ушлаган Кумуш ҳам сиррини яширолмади... Она-бола бир неча вақт йиғи ичида бў-ғилдилар. — Қолишға-қолдинг, — деди охирда она, — аммо қайин ота ва қайин оналарингға хизмат қил, яхшилиқни қўлингдан берма, айниқса, кундашингга ёмонлиқ соғинма, яхшилиқдир, ёмонлиқдир ҳар нимаики ўзлари қилсинлар, зинҳор сен аралашма. — Маним нима ишим бор... — Албатта ишинг бўлмас... Шундоғ бўлса ҳам мен кечаги сўзингдан чўчиб қолдим. Кунда- шингнинг кўриниши баёвға ўхшаса ҳам, аммо ўзи писмиқ экан... Бундай одамдан албатта ҳазар керак. Агар ораларингға савуқчилиқ тушадирған бўлса, сен ўчакишиб юрма, яхшиси қайин отангға узрингни айтиб, бу уйдан кетиш ҳаракатини қил. Мен бу тўғрида эринг билан ҳам сўзлашиб қўйдим, тузикми? — Тузик. — Худойға шукр, қўлингда хатинг бор, ўлғаннинг устига чиқиб тепкандек хат-хабарсиз қўйма. Ҳар бир ўн беш кунда хат ёзиб эрингга бер. — Албатта, сиз ҳам унутманг. Бир оз жим қолдилар... Офтоб ойим энтикиб оғир нафас олди ва маъюсона Кумушка қаради. Кумуш ўринсизча онасиға қараб илжайди. Бу ўринсиз ишдан Офтоб ойим аччиғланди: — Маним ҳолим сенга кулгими, қизим? — Йўқ, — деб яна кулимсиради Кумуш, — бир-икки кундан бери сиз айтадирган... — Нима мен айтадирган? — Ахир... — деб қизаринди Кумуш, — кўнглим айнар эди, деб айтар эдингиз-ку... Офтоб ойимнинг ҳам юзида бир кулимсираш кўришди: — Тўғрими? — Билмадим... — деди, ерга қараб қизарди, — ўткан кундан бери кўнглим айнагандек бўлади... Айниқса палов исидан кўнглим кетади... Аччиғ нарсалар егим келади... — Муборак бўлсин, — деди Офтоб ойим, кулди. Кумуш ижирғаниб ўзича алланарса сўзланди. Офтоб ойим энгашиб Кумушнинг қулоғиға шивирлади, — бу сирни эрингдан бошқа ҳеч кимга билдирма, қайин онанг ҳам енгил хотин, айниқса кундашинг сеза кўрмасин. Кумуш маъқул ишорасини берди. Она-бола бир ўрин ёзиб ётдилар. Кўб вақткача Офтоб ойимнинг ивир-шивири набира тўғрисида бўлиб қолди. Кўзига уйқу келмай «шуни ҳам кўрар кун бўлармикин?» деб эди. Саҳар пайтида туриб чой ичдилар. Субҳ намозини ўқуб, арава қўшилди. Аравага чиқадирған майда-чуйда ташилиб битди. От жиловида Ҳасанали, арава ёнида қутидор ва ҳожи сўзлашиб турар эдилар. Отабек арава орқасиға нарвонча чиқариб қўйди. Хотин-халаж ҳамма йўлакка йиғилиб, Офтоб ойим бирин-бирин кузаткучи хотинлар билан кўришиб чиқди. Энг сўнг Кумушни бағриға босиб йиғлаб юборди. Кумуш ҳам ўзини тутиб туролмади. Бошқалар ҳам йиғидан насибасиз қолмадилар. — Худойға топширдим, Кумуш, қазом етиб кўралмай ўлсам, мандан рози бўл! — Сиз ҳам, ойи!.. Қутидор ҳам кўчадан йўлакка кириб қизининг манглайидан ўпди: — Кўришкунча, қизим. — Хайр, отажон. Йўлакка Юсуфбек ҳожи юзланиб умумий дуоға қўл кўтарилди. Дуодан сўнг Отабек тўриқ йўрғани чиқариб қутидорға тутди. Офтоб ойим яна бир қайта қизи билан қучоғлашғач, Отабекнинг кўмаги билан йиғлаған кўйи нарвончадан аравага минди ва соябон орқалиқ олдинға ўтди. Қутидор Юсуфбек ҳожи билан саломлашиб қучоқлашғандан кейин Отабекнинг қўлтиғлаши билан отқа минди. Отабек ҳам аравага, Офтоб ойим ёниға чиқиб ўлтургач, умумий «Оллоҳу акбар!» дан сўнг Ҳасанали отни йўлға солди. Кумуш дарбоза ёниға чиқған эди: — Хайр онажон! Маним учун бувимни қучоғлаб қўйинг. Ўртоқларимға салом айтинг! — Худойға топширдим, Кумуш, яхши қолинг, қуда! — Яхши боринг, був Офтоб! — Яхши қолинг, був Зайнаб! — Яхши боринг, опоқ ойи! Арава кўчадан бурилғунча «яхши қолинг, яхши боринг, салом айтинг» сўзлари такрорланиб турди. Арава катта кўчадан бурилиб, кўздан йўқолғач, энг кейинда қолиб йиғлаған кўйи Кумуш ичкарига кирди. Отабек бир неча бекаткача меҳмонларни кузатиб бориб, сўнгра қайтмоқчи эди. Хушрўйбиби Ва Зайнаб Хушрўйбиби Зайнабнинг эгачисидир. Моҳирабону-дан икки ўғул ва икки қиз дунёға келиб, тўнғучи Азимбек, ундан кейингиси Хушрўй (ёшлиғида Хушрўй ўрнига Хушра дер эдилар), учунчиси Каримбек ва тўртинчиси бизнинг Зайнаб эди. Зайнаб эгачиси Хушрўйдан етти ёш чамаси кичик эди. Гарчи бу икки эгачи-сингил бир қориндан талашиб тушкан бўлсалар ҳам, сажия — характерда таниб бўлмаслиқ даражада бир-бирларидан фарқлик эдилар. Сажиядагина эмас, сурат ва сиймо важида ҳам катта ўзгаликлари бор эди. Хушрўй узун бўйлик, қотмароқ ва зарча танлик эди. Зайнаб қисқа бўй, гўштдор ва оқ танлик эди. Хуш-рўйнинг ҳаракати енгил ва лавзи тез эди. Зайнаб лоппос ва ўнта сўзга аранг битта жавоб қайтарадирған эди. Хушрўйнинг кўзи ўйнаб, ҳар секунтда ўн ёққа аланғлар эди. Синглиси бўлса бирав билан бетма-бет келиб сўзлашқанида ҳам кўзини ҳамиша бир нуқтадан узмас эди. Хушрўйга болалиқ чоғидаёқ уй ичи ва қўни-қўшни «шаддод» деб исм берганлар, чунки ул кимдан бўлса-бўлсин, айтканини қилдирмай қўймас, агар бирарта иш унинг тилагига тескари кетса шовқин-суронни худда бошиға кийиб олар эди. Шунинг учун Хушрўйнинг раъйини билмасдан қозон осилмас, унга ёқмаган гапка оғиз очилмас, ул бор жойда қадам ҳам саналиб босилур эди. Зайнаб эгачисининг аксича ўз яқинларидан «писмиқ» деб исм олған, онаси бўлса аччиғи чиқғанда «минғаймас ўлгур» деб уни қарғар эди. Айниқса қуйида зикр қиладирған ҳолимиз бу икки опа-сингилнинг характеридаги фарқларини очиб кўрсатиш учун етадир: Моҳира ойим ҳар бир ҳайитдан бирар ойлар илгари эрига айтиб болалариға кийимлик олдирар эди. Олдирған кийимлик Хушрўйға ёқмаса даррав ярамағанини айтиб алмашдириб беришка дадасини мажбур этар ва кўнгли-дағини ҳосил қилиб тинчир эди. Аммо Зайнаб бўлса ўзига келган кийимликка қарши бошда бир нарса демас, кийимлик бичилиб ва тикилиб ҳам арафа кунлари келиб еткандан кейин ҳурпайиб ҳеч ким билан сўзлашмай қўяр эди. Моҳира ойим қизининг бирарта ишдан норозилиғини пайқаб «Минғаймас, писмиқ ўлгур, тағин нима жин урди сени?» деб сўрағанида, Зайнаб қовоқ-дудоғини солиб бир оғиз ҳам жавоб бермас эди. Ниҳоят эртага ҳайит деган куни Зайнабнинг ҳурпайиши йиғи билан алмашар ва йиғи ораси мақсад очилса ҳам кўпинча натижасиз қолар эди. Бирар жойга меҳмондорчилиқ учун борадирған бўлсалар, Хушрўй ҳаммадан илгари эълон этар эди: «Мен ҳам бораман!» Албатта уни қолдириб кетиш учун энди ҳеч кимда ҳад йўқ. Иккинчи вақт: «Мен бормайман!» Бу тақдирда уни бир қадам силжитилсин-чи! Аммо Зайнаб онаси билан янгаси Ҳанифа бир жойга отланадирған бўлсалар, «бораман, бормайман» демас, улар ҳам йиғламаған болаға сут берилмас қаби-лидан индашмасдан меҳмондорчиликка кетар эдилар. Кечқурун қайтиб келсалар бир бурчакда Зайнаб йиғлаб ўлтурипти: — Нега йиғлайсан? — Нега мени бирга олиб кетмадингиз... Зайнабнинг шу феъли балоғатка етиб, эрга теккандан кейин ҳам ўзгармади. Отабекнинг Зайнабка бўлған муносабатини ўқу-ғучиға албатта сўзлагулуги йўқ. Эри унга ойлаб, йил-лаб қарамай қўйғанида ҳам ул иҳ деб товуш чиқармади. Отабекнинг бу ҳолига қарши чиқғучи ва Зайнабни йўл-йўруққа солғучи яна фақат Ўзбек ойим эдики, бунинг сабаби ҳам иззатлик ўқуғучимизға бир даража маълум бўлса керак. Сут билан кирган жон билан чиқар деганларидек, Ўзбек ойимнинг ўшал вақтлардағи таш-виқотлари ҳам унинг тарафидан фақат «келинлик» мажбури-яти остида қабул қилинар, масалан, қайин она — «фалончи домлаға бориб мундоғ қил, Зайнаб», деб буюр-мағунча ўрнидан қўзғалмас ва шунинг билан бирга эрининг ташлаб қўйиши тўғрисида онаси, эгачиси ва бошқа яқинлариға чурқ этиб оғиз очмас эди. Зайнабнинг бу ҳолига ҳукман — «ерининг қараш ва қарамаслиғи унинг учун фарқсиз эди» деб айтиш албатта тўғри бўлмайдир. Чунки кундашининг Тошкандга келиш хабарини эшиткан Зайнабни биз юқорида Отабек қучоғиға ташланған ҳолда кўриб эдик. Хулоса, Зайнабнинг болалиқ вақти билан ҳозирги ҳолини чақишдириб қарасақ кўрамиз; ёш Зайнаб бир ой илгари тикилиб қўйилган кийимнинг ўзига ёқмағанини фақат арафа куни айтиб, йиғлайдир, бу кунги Зайнаб ўзининг муҳаббатини эрига фақат кундаши келиб етар олдида эълон қиладир. Биз юқорида ёш Хушрўй билан ўқуғучини бир даражада танишдирган эдик. Энди унинг оила ҳаёти билан ҳам танишдиришка мажбурмиз: Хушрўйнинг эрга тегиши ҳам ўзига ўхшаш фав-қулодда бўлған эди. Масалан аксарият қизларимиз ота-она кимни мувофиқ кўрса, шунга тегишка мажбурдирлар. Лекин Хушрўйники мундоғ бўлмади. Хушрўй ўн саккиз ёшка еткандан кейин унга совчилар кела бошлайдирлар. Табиий Хушрўйнинг феълини яхши билган ота-она унинг раъйини олмасдан туриб бир иш қилмоқдан қўрқадирлар. Олим понсадбошиға маъқул бўлған неча йигитлар, Моҳира ойимға ёқған қанча тегу тахтлик хонадонлар Хушрўй томонидан рад қилина борадир. «Фалончининг ўғлими?» деб сўрайдир Хушрўй ва онасидан жавоб кутмай: «худой кўтарсин эрни. Ўшанга текканимдан кўра, қаро ерга текканим яхши!» дейдир. Бир неча вақт шу йўсун Хушрўйнинг раъйига қараб эр-хотин зерикадирларда, ўзларича бир жойга қудалашмоқчи бўладирлар. Уларнинг андишасини билган Хушрўй бошда бунга қарши бир нарса демайдир. Аммо узил- кесил фотиҳа ўқуб, қудалашиш учун уйла-рига келган совчи ва қуда хотинларнинг олдилариға келиб бетларига айтадир: «Ҳали мен эрсираб қолғаним йўқ, фотиҳа ўқуб ташвиш чекмай уйларингга жўнай беринглар». Моҳира ойим бу юзсизликдан ер ёрилса ерга киргундек бўладир. Совчилар эрса мундоғ уятсиз қиздан алҳазар ўқушиб жўнайдирлар. Албатта ота- онанинг бунга қарши чоралари қарғиш ва ранжишдан нарига ўтолмайдир. Оғаси Азимбекнинг Хушрўй устига кўтарган мушти ҳам «нега мени урасиз, мен фалонлик қилдимми?» деган ҳақлик сўз билан дармонсизланадир. Шу воқиъадан сўнг совчилар оёқи узиладир. Хуш-рўй учун ҳеч ким оғиз солмай қўядир. Чунки бояғи совчилар бу фавқулодда муомалани кўринган биравга достон қилиб ўқуйдирлар. Моҳира ойим таънага тил очадир: «Eнди дунёдан эрсиз ўтасан, қизим!» Лекин Хушрўй ҳануз пинагини бузмайдир: «Eр қуриб кеткан эмасдир, хоҳласам эртагаёқ эрга тега оламан», дейдир. Ўртадан бир неча вақт ўтиб Азимбекнинг ўртоқла-ридан бўлган Нусратбек отлиғ бир бекникидан хотин устига совчилар келадир. Моҳира ойим эридан фикр сўраш ўрниға қизиға арз қиладир ва Хушрўй мунга қолганда қулоқ қоқмайдир. Бу розилиқни эшитиб отаси ва оғаси жуда сўйинишадирлар. Зеро Нусратбек беклар ичида обрўликроқ кишининг ўғли ва ҳозирги тутиб турған иши ҳам анча донғлик бўладир. Шунинг учун унинг хотинлиқ бўлиш камчилиги ҳам эътиборға олинмайдир. Фотиҳанинг иккинчи ҳафтаси тўй-никоҳлари бўлиб, Хушрўйнинг Нусратбек билан чодирда қилған биринчи муомаласидан тил бириктириб эрга теккани хотинларға маълум бўладир. Хушрўй чодирдан чиқмасданоқ чой ташиб, хизмат қилиб юрган кундашига кесатуқ билан ҳужум бошлайдир. Иккинчи ва учунчи кунларда тўппа-тўғри кундаш устига сапчийдир. Ҳафта, ўн кун ўтмасдан эрини ўз томониға оғишдириб кундаши ёниға киргизмаёқ қўядир. Иккинчи ва учунчи ҳафталарда ўчоқбошини ўз қўлиға олиб кундашини иккита ёш боласи билан томоқ важидан ҳам сиқа бошлайдир. Нусратбек бўлса кўчага чиқғанда беклик даъвосини қилиб, уйига кирганда Хушрўйбекка мутеъ. Бечора катта хотин Хушрўйнинг доимий ҳужумига маҳкум қолиб, эридан лоақал иккита гўдаклари юзи учун бўлсин марҳамат кўрмай азобланадир. Иккинчи ойлардан бошлаб Хушрўй кундашини бўғиб уриш одатини чиқарадир ва ўрим-ўрим кундаш сочини алафдек юлиб олишдан ҳам тортинмайдир. Тамом жонидан тўйган бечора кундаш учунчи ойға чидаб боролмай эридан талоқ сўрайдир. Ноилож Нусратбек ҳам унга жавоб беришка мажбур бўладир. Аламзада бечора икки гўдакни эрига ташлаб кетмакчи бўлғанида Хушрўйдан очиқчасиға шу гапни эшитадир: «Итдан бўлған қурбонлиққа ярамас! Болаларингдан умидингни узган бўлсанг, итбаччала-рингни бу уйда қолдир!» Хушрўйнинг оғзидан чиқған бу таҳдид бечора онанинг юрагини уюшдирадир. Дарҳақиқат, Хушрўйнинг бу ишдан ҳам тоймаслиғини аниқ билиб, йиғлай-йиғлай болаларини ўзи билан бирга олиб кетадир. Хушрўй уч ой ичида томир ёйиб қолған бир оилани илдизи билан юлқиб ташлаб тинчийдир. Мундан бошқа Нусратбек каби бир одамни ҳам ўз ишоратига қаратадир. Eнди етти-саккиз йил бор, ул ўз кайфича яшаб ке-ладир. Ҳар нарсадан ҳам мамнун, бироқ... Шунча муддатдан бери она бўлолмағанидан хафа, ҳамма қайғу ҳасрати ана шу туғмаслиқда. Мундан икки йилча бурун эри Нусратбек: «Олти йилдан бери туғмайсан, кўр-сатмаган товупинг қолмади. Энди нима қиламиз?» деб кулган эди, Хушрўй эрининг мақсади нима эканини пайқаб: «Боласиз киши дунёда туролмайдирған бўлса, бир оз заҳарни бошлаб сизга бераман, ундан кейин ўзим ейман!» деди. Шундан кейин Нусратбек мундоғ гапни иккинчи гапирмай қўйди. Дарҳақиқат, Хуш-рўйнинг бу сўзини ҳазил деб бўлмас эди. Эсини Киргизди «Кундашлик уйда кунда жанжал» деганлар. Албатта буни айткучи киши ўйламасдан ва билмасдан айтмагандир. Жилла, ҳар куни жанжал бўлмағанда ҳам ҳафтада, ўн кунда бир тўполон чиқмаса албатта кундашни кундаш, деб бўлмас. Нега десангиз, бизнинг баъзи бир кундашсиз, чиқитсиз оилаларда ҳам икки, уч кунда товоқ-қошиқ синиб, тоғора янгиланганини ҳар қайсимиз била-миз, бас, энди кундашлик оилаларимизга келганда-чи, албатта юқоридағи — «кундашлик уйда кунда жанжал» мақолини тўғриға, чинга чиқармасдан чора йўқ. Мен — ёзғучи, «Ўткан кунлар» ҳикояларини отам марҳумдан неча қайталаб эшитсам ҳам зерикмас эдим, фақат бир жойигина мени зериктирар эди. Бу кун мен шу «Ўткан кунлар»ни қаламга олганимда ҳам ўша ўзимни зериктирган фаслини ташлаб ўтишка мажбур бўлдим. Дарҳақиқат, ўз орамизда кундаш жанжалини ким билмасин? Арзимаган гап устида дунё бузған кундаш тўполонлари кимнинг қулоғиға ёқсин? Ўқуғучининг қимматлик вақтини аяғанимдек, қаламни ҳам бу ғиди-бидидан озод қилишни мувофиқ кўрдим. Мени кечирсинлар. Зайнаб хафалиги ошқан кезларда қариндош-уруғлари-никига юриб чигилини ешар эди. Уч- тўрт ойнинг ичида икки мартаба эгачиси Хушрўйникида ҳам меҳмон бўлиб кетди. Аммо ҳозиргиси учунчи мартаба келиши эди. — Нучук худо ярлақади! — деб Хушрўй синглисини қаршилади. Сунбула ойининг мўътадил ҳавосига қарамасдан Зайнаб маржон-маржон терлаган эди. — Нега мунча ўзингни олдириб қўйдинг, Зайнаб! Уйингдан тинчмисан, эринг эсон-омон юриптими? — Қуриб кетсин, — деди Зайнаб ва кўзига ёш олди. Хушрўй ачиниш ўрнига кулди. — Кел, айвонға чиқ, — деди, — ойимникида эдинг-ми? — Йўқ. — Уйингдан келдингми? — Ҳа. Хушрўй синглисини ўтқазиб чўрисига чой буюрди. Фотиҳадан кейин «поччам эсон, омонмилар?» деб сўрағучи синглисига: — Поччанг ўлсин! — деди аччиғланиб Хуш-рўй,— Нажмиддинбек деганнинг даласига кеткан эди. Тўрт кундан бери дову дараксиз, ўлдими, қолдими — билмайман. Зайнаб уч-тўрт ойнинг ичида киши танимаслиқ ҳолга тушкан эди. Илгариги тўлалиғининг ярмисини йўқотқанидек тусига қаримсиқлик кирган, кўз ҳаракатида ҳам бир бесаранжомлиқ зоҳир ва буларнинг устига ҳар қачон унда кўрилган «оғирлиқ» ўрнига асабийликка яқин бир вазият ўлтурғандек эди. Зайнаб эгачисининг ҳалиги гапига ризосизлиқ билдирди: — Ношукур экансиз, опа, — деди, — поччамдан нолишингиз яхши эмас, сизнинг ҳам бошингизға маним кунимни солса нима қилар эдингиз? — Мен ҳам Зайнаб бўлсам, албатта солар эди, — деб кулди Хушрўй, — менга қолса ҳар ким ўз нафсига яхшилиқ ёки ёмонлиқни ўзи ҳозирлайдир... — Тавба денг, опа. — Мен шу чоқғача, — деди Хушрўй, — бандасига бош эгишни ва бандаси олдида тавба қилишни ор билдим ва орланишим орқасида ҳар кимнинг устида юрдим... — Катта гапирманг. — Катта гапирсам ва гапирмасам, — деди Хушрўй,— маним феълим ҳар кимга маълум ва ҳаммадан ҳам сенга очиқ... Қўйчи бу гапларни, ўзинг тинчмисан? — Тинчлигим қурсин... — Айтсанг, айтмасанг, — деди опаси, — албатта тинчлигинг қуриған. — Қуритған қурисин... — Сенинг тинчлиғингни ҳеч ким қуритған эмас, Зайнаб! Ҳамма жабрни ўзинг-ўзингга қилаяпсан! — Ҳамиша шу гапни айтиб қолғансиз,— деб ўпкалади Зайнаб,— дунёда ким ўзига жабрни хоҳлайдир? — Сен ва сенга ўхшағанлар. — Худо урар... — Айтсанг, айтмасанг худо уриб қўйипти. — Шундай кунларга мен қолай дедимми? — Дегансан! Зайнаб опасининг истеҳзолик юзига қаради ва унинг нима демакчи бўлғаниға тушунолмади: — Деган бўлсам айтинг... — Сен маним қандай қилиб эрга текканимни биласанми? — Биламан... — Билсанг билганингча тур, — деди Хушрўй, — энди келайлик сенинг эрга тегишингга: албатта тона олмассан, сенинг эр қилишда тариқча ихтиёринг ва ризолиғинг йўқ эди, эҳтимолки ихтиёр нима, орзу нима ўзинг ҳам пайқамас эдинг. Балки ихтиёр ва орзуларинг ҳам бўлғандир — бироқ уни ҳеч ким майдонда кўрмас эди. Шунинг учун тизгининг ойинг билан дадангнинг қўлида, бошқача айтканда уларнинг туяга ортқан юки, кимга сотса, қаерға жўнатса ихтиёрсиз эдинг... Ёдингда борми, никоҳ куним мен кулиб, чақчақлаб аравага миндим, сен бўлсанг, уйдан йиғлаб чиқдинг ва эрингникига йиғлаб бординг... Яхши, эринг сенга ёқди, аммо эринг фақат сенга ёққан билан иш битмаслигини яна хотирингга келтирмадинг. Эринг сени ташлаб қўйди, сен чурқ этмадинг, истиқболинг тўғрисида ўйламадинг... Фақат ғалвир сувдан кўтарилгандан сўнггина, сен ўзингни ҳар тарафка ташлай бошладинг... Лекин энди бир минг тоблансанг ҳам натижа ўзингнинг феълингча— битта: сенинг учун ҳар кун бир ўлим ёки ўша уйдан бошингни олиб чиқиш. Хушрўйнинг раҳмсиз муҳокамасидан оқған бу ҳақиқатлар Зайнабни йиғлатди. — Мен шундай бўлар, деб ўйламаған эдим... — Сен ўйлашни билармидинг? — деб кулди Хушрўй. — Бирав ўлай деса, сиз куласиз! — Мен йиғлашни билмайман! Кишилар йиғлағанда, маним кулгим қистайдир. — Маним ўрнимда бўлсангиз, сиз ҳам йиғидан бош кўтармас эдингиз... — Сенинг ерингда бўлсам биласанми нима қилар эдим, Зайнаб, — деди Хушрўй, — дунёсини ост-уст қилар эдим, бир томчи ёшимни юз томчи заҳар билан қўшиб ташлар эдим. Зайнаб кейинги гап билан эгачисининг юзига кўта-рилиб қаради ва Хушрўйнинг юзида золимона бир истеҳзо кўрди. — Яхши, — деди Зайнаб бир хил синиқ товушда, — ҳамма дўстларингиз сизга душман бўлсин, уч йилдан бери сизнинг сўзингизни айтиб ёнингизда келган қайин онангиз ҳам душманингиз ёниға ўтсин: ҳатто сизни туқған ота-онангиз ҳам «сабр қил, болам!» деб қуруқ сўз айтиб ўлтурсинлар... Бас, шу ҳолатда сиз йиғламай нима қилар эдингиз? Хушрўй пинагини бузмай яна кулди: — Душман ўзи нима деган сўз? — деди, — мен сенга боя ҳам айтдим: кишининг дунёда дўсти йўқ, магар нафсига ўзи дўст; кишининг дунёда душмани йўқ, магар нафсига ўзи душман! Масалан сен ўзинг: отангға, онангға дўстим, деб ишондинг, аммо улардан нима яхшилиқ кўрдинг? Бу кун уларнинг «сабр қил, болам!» деб берган кенгашлари сенинг ярангга малҳам бўларми? Албатта, бўлмас. Бошдаёқ эринг сенга қарамай қўйди. Аммо сен қайин онангнинг ваъдасига ва тағин алланарсаларига ишондинг... Ўзинг ўйла, болани она туғадир, лекин унга муҳаббатни ҳам она туғиб берадими? Албатта бу мумкин эмас. Сен бечора шунга ҳам ишондинг. Энди гап нима? Отанг сенга сабр едирадир, қайин онанг бўлса кундашинг дуосида... сен бўлсанг йиғи қучоғида... — Сиздан ўзимни чақдирғали келган эмасман! — деди йиғлаған кўйи Зайнаб, — ўз уйимда ҳам тегмай чақадирған газандаларим бор... Сиз ҳам маним куйган жонимга ўт ёқманг-да, агар қўлингиздан келса, бу ўртанған синглингизни тинчитинг. — Сен ҳеч тинчий олмайсан... — Ҳар нарсага ақлингиз етади... Лоақал бу бахтсиз синглингиз учун биргина бош оғритсангиз-чи... Устимга шу бало келгандан бери эшигингизга неча қайта келиб қуруқ қайтдим, эндигина сиз ҳам... Хушрўй бир оз Зайнабнинг юзига қараб турғандан кейин: — Маним кенгашимга юрасанми? — деб сўради. — Жўялик бўлса нега юрмай. — Юрсанг, — деди Хушрўй, — чиқ эрингдан. Зайнаб ўкраб юборди: — Ўзим ҳам шундоғ деярсиз, деб турған эдим... Хушрўй: — Негаки сенинг дардингнинг давоси, менга қолса фақат шу. — Қандай қилиб чиқай, ахир... — Эрдан чиқғанлар қандай қилса, сен ҳам шундай қиласан! Зайнаб жавоб бермади. Чўри хотин ўртаға дастур-хон ёзиб чой келтирди, Хушрўй хизматчини ўчоқбоши юмишларига буюриб чойни ўзи қуйди. — Дастурхонга қара, Зайнаб! — Иштиҳом бўғилди... — Маним айтканимни қилсанг иштиҳонг ҳам очиладир. — Эрим... эримни кўзим қандай қийсин. — Жавоб сўрасанг, — деди кулиб Хушрўй, — сени талоқ қилиш учун эрингнинг кўзи қиядими? — Билмайман... — Албатта яхши биласан, қияди! Аммо сен аҳмоқ-сан, кўрпангга қараб оёқ узатишни, қарс икки қўлдан чиқишини билмайсан! — Этагингни қоқиб кетабер, дейсизми? — Чунки шундан бошқа чоранг йўқ! — Сен ҳасратда ўл, кундашинг яйраб-яшнасин, шуми мақсадингиз? — Ҳозир ҳасратда эмасмисан, кундашинг яйрамайдими? — Тузик, — деди Зайнаб, — лекин ҳар қадамда унинг ҳузурини бузаман, бир чўқитиб ўн қаратаман. Хушрўй кулди: — Бундан нима чиқади? — Ишқилиб келгиндини тинчитмайман. — Сен тинчитмасанг, — деди Хушрўй, — бошқалар сени тинчитар... — У нима деганингиз? — Яъни роҳатини бузаверсанг, эринг сени қўяр?.. Зайнаб бу ҳақиқат олдида ўйланиб қолди. Хушрўй ўзининг ваҳший кўзлари билан синглисига қараб кулимси-рар эди. Бу кулимсираш ораси «қўлингдан нима келади?» дегандек бўлар эди. Зайнабнинг туси шу чоқғача кўрилмаган равишда ўзгариб кетди. Негадир тинмай оқиб турған кўз ёшиси ҳам қуриди ва товшида ҳам ҳануз эшитилмаган кескин бир оҳанг бор эди: — Эсимни киритдингиз, опа, — деди, — раҳмат сизга. — Раҳматингни менга айтма, — деди Хушрўй, — ишонсанг юрагингга айтарсан... Ой-Куни Яқин Эди Кумушнинг ой-куни яқин эди. Набиралик бўла-дирған Ўзбек ойимнинг иши бошидан ошқан, Кумушнинг ойи туғмасданоқ ул бешик ясатиш билан машғул эди. Дояча ким, ақиқага нечта қўй керак, нечанчи кунда тўй ўтказиладир, нечта эркак, нечта хотин айтиладир ва кимлар? Мана шунингдек масалалар билан Ўзбек ойимнинг мияси жуда шишкан эди. Кумушда кўрилган баъзи нишоналарга биноан набирасининг ўғул бўлишида шубҳа қилмас — «ўғул туғасан, Кумуш, мен ҳам Отабекни сенга ўхшаш енгил кўтарган эдим», дер эди. Кумушни хизматдан бўшатилиб баъзи ўчоқ-боши юмишларини Зайнаб идорасига топширилғаниға энди бир ойлаб бор. Ўзбек ойим набира масаласида қанча хурсанд бўлса, Отабек шунчалик хафа, чунки Кумушни кўрган сайин уста Алим фожиъасини хотирлар эди. Юсуфбек ҳожи маълум алданишдан сўнг юрт ишидан қўл ювған, кўб вақтини меҳмонхонада «Қуръон» ва «Далойил» ўқуб кечирар, кундаш ораси бузилиб, ўртадан сўз чиқғанини гоҳо эшитса, иккала келинни ўз олдиға чақиртириб, уларни қатор ўтқазар эди. Аввало Кумушдан ўпка қилиб: «Ойим, ҳар нима сиз каттасиз, Зайнаб ёш, каттадан-кичикка шафқат лозим, мундоғ яхши эмас!» ва Зайнабка қараб: «Болам Зайнаб отин! Сиздан ҳали ёшлик ғурури кетмаган, лекин маним болам бўлған- лиғингизни сиз ҳам унутманг!» дер ва шунинг сингари юмшоқ гаплардан кейин иккисини дуо қилиб бир-бирисига салом бердирар — «ана, шундоғ бўлсин, опоқ қизларим!» деб кетишка рухсат берар эди. Улар кеткандан кейин албатта Ўзбек ойим эри ёниға кирар, ҳожи бўлса хотиниға сизсираб: «Сиз икки келин ушлашни билмабсиз, Зайнабка жабр қилған кўринасиз, айниқса Зайнабнинг кўнглига қарашингиз керак, Отабекка ҳам насиҳатингиз лозим!» дер эди. Ўзбек ойим шундай кезларда Кумушнинг ёнини олиб «Зайнабни худой кўтарсин, айб ўзида...» дея бошласа, ҳожи унинг оғзини аранг тўхтатур: «Секин-секин, уят! Қайин она деганнинг адл туриши лозим. Зайнаб сиз билан маним орзу ҳавасимиз эмасмиди?» Аммо набира масаласидаги Ўзбек ойимнинг баъзи бир қуюшқондан ташқари ҳаракатларини ҳам босқучи яна ҳожи эди: «Зайнаб бор, Зайнабни унутдингизми. Ўз келинингиз Зайнабни!» Мундан ўн беш кунча илгари Кумуш онасиға бир хат ёзған эдиким, аҳамиятига кўра биз бу ўринда кўчирамиз: «Онажон, куявингизнинг ёзғанларидан ташқари мен сизга шу билан олтинчи хат ёздим. Аммо сиздан учта ва дадамдан иккита хат олдим. Айниқса дадамнинг кейинги хатидаги қора хабар билан дори дунё кўзимга торайди. Ўлим ҳақ, аммо бечора бувим жон берар экан, ёнида туриб дуосини олиб қолмағаним учун кўб ҳасрат чекдим. Айниқса мусофирчилигим ёмон асар қилди. Кўз ёшларим билан юзимни ювдим. Бу кун бешинчи кундан бери раҳматлик бувим арвоҳиға атаб қуръон бошладим, хатим қилиб бағишлайман. Худо ғариқи раҳмат қилсин, сизга сабр берсин. Энди мусофир қизингизнинг бахтига сиз ўлманг, омин. Баъда маълум бўлсинки, алҳамдулиллоҳ куявингиз ва қудаларингиз саломатдирлар ва уларнинг сояларида мен қизингиз ҳам ўйнаб-кулиб юрибман. Сизни ва отамни жуда соғиндим, агарда оғир оёқ бўлмасам эди, қиш бўлишиға қарамасдан Марғилонға жўнар эдим. Қудангиз — қайин онамнинг сўзига қарағанда, келаси ойға кўзим ёрир эмиш. Қудангиз мени на ерга ва на кўкка ишонадир, ўн беш кундан бери қўлимни совуқ сувга ҳам урдирмай қўйди. Ўзи гўёки тўйга ҳозир-ланғандек бешик ясаб, сарпа тикиб юрийдир... Маним бўлса нима учундир юрагимда бир қўрқув бор... Ўткан хатларимда кундашим билан миросамиз келишмай турганини кулгулук тарзида ёзған эдим. Нафсиламрда эрса, орамиз жуда бузилған, мен ҳам ўшал вақтларда чин кундашлик тўнини кийган эдим. Зайнабнинг битмас хусумати эса ғолибо маним икки қатлиғим ошкор бўлған кундан бошланди. Сизнинг бошингиздан кундашлик савдоси ўтмаган бўлса ҳам тушунсангиз керак: биз икав агар қўйиб берсалар гўё бир-биримизни еб-ичмакчи эдик... У кунлардаги ҳолимдан ўзимга энди ҳисоб беришка ҳам уяламан... Яхшики, бизнинг можаролардан қайин отам жуда сийрак хабардор бўлди. Шундоғ ҳам бўлса бу жанжаллар гоҳо унинг қулоғиға етиб қолар ва биз икки ёв унинг олдиға чақирилиб насиҳатини эшитар ва лекин яна ёмонлиғимиздан қолмас эдик. Сиз ранжисангиз ҳам айтай: қайин отамни ўз дадамдан ҳам яхши кўраман. Бу яхши кўришим куявингизнинг дадаси бўлғани учун эмас, балки унинг нур ичига чўмилғандек бўлиб кўринган сиймосини, ойим деб хитоб қилғандаги мулойим, беозор ва муассир сўзини яхши кўраман. Ул насиҳат учун оғиз очса вужудим эриб кеткандек ва бир турлук ухлаб ҳузурланғандек. Қисқаси, Зайнаб билан жанжаллашишнинг ўзи бир ҳузур ва жанжалдан бўшалғач, қайин отамнинг қаршисиға ўлтуриб насиҳат эшитиш ундан ҳам яхши ҳузур... Сиз маним телба сўзларимдан аччиғланманг. Агар бу гапимнинг тўғрилиғини билмакчи бўлсангиз, Тошканд келингизда, қайин отамнинг насиҳатини ўз қулоғингиз билан эшитинг-да, ундан кейин сўзимга қиймат беринг. Шу йўсун Зайнаб билан уятсизча кўб олишдиқ, бу ит-мушукликдан биз зерикмасак-да, куявингизнинг жонидан тўйдираёздиқ. Мундан бир мунча илгари ул биз икки кундашнинг юзимизга: «Агар шу ҳолда давом этаберсаларинг икавларингга ҳам баробар жавоб бериб қути- ламан!» деди. Унинг бу таҳдиди иккимизга эмас, балки биттамизгагина хос эди. Мен бу таҳдиддан албатта қўрқмадим, аммо «Зайнаб тушуниб қолмаса яхши эди», деб қўрқдим. Дарвоқиъ натижа мен қўрққанча бўлди. Зайнаб бу таҳдиддан сўнг онасининг уйига аразлаганнамо кетиб қолди. Улардан ҳам яхшиғина дакки еган бўлса керак, бир неча кундан сўнг ёвошқина бўлиб қайтиб келди. Энди шу воқиъага икки ой чамаси вақт ўтди ва лекин орамиздан жанжал чиқмади. Мен жўрттага баъзи гапларни тескариликка олиб кўрсам ҳам ул чурқ этмайдир. Унинг бу ҳоли эрса маним учун яхши эмас, ул яна кўб вақт бизнинг орамизда тикан бўлмоқчи... Келаси ойдан жуда юрагим уюшадир... Кечалари кўкка қараб келаси ой шу кунларда ёруғ дунёда борманми, йўқманми дейман... Ойша бувим марҳум бўлмағанда шу ой ичи ўзингиз Тошкандга етиб келар эдингиз. Аза ҳамма вақт топилади десангиз, қизингизнинг кўнгли учун ҳали ҳам келганингиз яхши. Дадамга маним арзимни айтсангиз, албатта қайтармас. Мендан дадамга беҳад салом. Келаси ойдан қўрқаман... Кўришалмасак мендан рози бўлинг, дадам ва бошқа ёру дўслар ҳам. Кумуш ёздим. Тошканд, 1269-инчи йил 1-қавс ойида». Кумуш ўз хатида ёзғанидек, дарҳақиқат, Зайнаб шу кейинги кунларда ёвошка тортқан, ўн оғизға бир оғиз сўз қайтармас, тинчкина, мулойимгина, яъни мундан бир йил бурунғича эди. Қайин она тарафидан «Опангнинг кўзи ёрир вақти етди, ўчоқбоши ишла-рингни энди ўз қўлингға ол!» деб қилинған таклифни мамнуният билан қабул этиб, ҳатто Ойбодоқ онани ҳам ўчоқбоши юмишидан халос эта ёзған, унга фақат ҳавли супуриш, уй йиғиш ва шунга ўхшаш майда ишларнигина қолдирған эди. Зайнабдаги бу ўзгариш фақат ҳалиги тараф билангина қолмай, эри тўғрисида ҳам шундоғ эди. Отабек ўз ёниға кирса — кирдингми демас ва кирмаса — кирмадинг демас эди. Эрининг баъзи бир самимияти қоронғуроқ муомалаларига қарши Зайнаб ҳам муҳмалрак қилиб кулиб қўяр эди. * * * Ой туғиб, мўлжал яқин етди. Марғилондан ҳам Офтоб ойимнинг йўлға чиқиш хабари келди. Лекин Кумушда маълум оғриқ бошланған эди. Оғриқнинг биринчи куни Кумуш ҳеч кимга сездирмай юрди. Аммо иккинчи кун буни бошлаб Отабек, ундан кейин Ўзбек ойим сезди. Отабек маълум хавф остида бу сирдан кишига оғиз очиш учун ўзида мажол топмаса ҳам, Ўзбек ойим даррав Ҳасаналини мундан олти ой илгари белгуланиб қўйилған доя хотинға югуртирди. Доя келгандан сўнг ичкари ҳавли эркак зотидан тозаланди. Кумушни ўқтин-ўқтин оғриқ ушламакда, доя хотин ва Ўзбек ойим унга ўзлари билган удимлар билан ёрдамлашмоқда эдилар. Кечка томон дард жуда кучайиб кетди, ўқтин-ўқтин дам-бадамга алишинди. Ташқарида Отабек йўқ эди. Ҳасанали дарбоза билан меҳмонхона орасида қўлини-қўлиға ишқаб юриниб турар ва қайта-қайта ахтахонаға кириб тўриқ йўрғанинг у ер, бу ерини супирар эди. Ҳожи бўлса хурсанд ва хафалиги номаълум бир қиёфатда «Далойил» ўқур эди, ҳар беш дақиқада ичкари томонға қулоқ солиб тўхтар, гоҳо даричадан Ҳасаналини чақириб «тинчликми» деб сўрар эди. Улар масжиддан шомни ўқуб киргач, ичкаридан Ойбодоқ кечлик олиб чиқди. Ундан на Ҳасанали ва на ҳожи оғиз очиб ҳол сўрамадилар. Таом устида Отабекнинг йўқлиғи ҳам ҳис этилмади. Сўзлашмасданғина лагандан бир мунча чўқиған бўлдилар-да, қўл артишдилар. — Хуфтан айтилдими? — деб сўради ҳожи. — Эшитмадим... Чиқа берсак ҳам бўлар, — деди Ҳасанали. Шу вақт ичкаридан хотинларнинг фавқулодда қий-чув товушлари эшитилиб, иккисининг ҳам қулоқлари тиккайди ва қўрқа-писа бир-бирларига қарашдилар. Қий-чув орасидан заиф йиғи товши ҳам келиб қўйди... Иккиси бир мунча кулимсираб олдилар, лекин шундоғ бўлса ҳам яна чурқ этиб оғиз очмадилар. Орадан кўб фурсат ўтмади, ичкаридан Ойбодоқ югуриб чиқди ва даричадан туриб «сўйинчи!» деди. Ҳожи ёнчиғини кавлай бериб «алҳамдулиллоҳ» деб қўйди. Ҳасанали ҳам илжайиб ёнчиқ кавлашка тутинди ва: — Ўғулми, ҳолва? — деб сўради хотинидан. — Ўғул! — Баракалла. Ҳожи кулимсираб қўлидағи уч-тўртта оқ танга билан битта тиллани Ойбодоққа узатди — «Тангаларни ўзинг ол, тиллани доячага бер!» деди. Ҳасанали сўйинчисини топширғандан сўнг дуоға қўл очди: «Оллоҳ таоло умри билан берган бўлсин». Шундан кейин хотиржамъ бўлған ҳолда хуфтанга кетдилар. Отабек меҳмонхонага яқинлашиши билан чақалоқ йиғисини эшитиб ихтиёрсиз ичкари ҳавлиға томон бурилди ва йўлакда онасиға йўлиқди. Қоронғу бўлса ҳам Ўзбек ойимнинг тусидаги шодлиқ белгулари очиқ кўриниб турар эди: — Ўғул муборак бўлсун, болам! — Ўзи тетикми? — Тетик! — Олдиға кирайми? — Йўқ, — деди Ўзбек ойим, — чиллалик уйга кечаси кўчадан келиб кириш яхши эмас... Ичкари кирсанг тўғри Зайнабнинг олдиға бор. Даданг шундами? — Ўзи?.. — Ўзи яхши, хотиржам бўл, — деди Ўзбек ойим, орқасиға қайтди. Отабек кетига бурилиб ташқари йўлак-дан киргучи дадаси билан Ҳасанали шарпасини олди ва ўйланиб тўхтади. Айниқса ҳозирги пайтда дадаси билан тўқнашиш унинг учун бир оз ўнгғайсизроқ туюлган эди. Шу йўсун бир мунча вақт йўлакда туриб, сўнгра ичкарига томон юрди. Зайнабнинг уйига ўтар экан, бир неча қайта Кумуш ётқан уй тарафка қараб олди. — Ўғул муборак бўлсин! Зайнаб эрини шу сўз билан кулиб қаршилади, Отабек ҳам кулимсираб «қутлуғ бўлсин!» деб қўйди. Ўлтургандан кейин Зайнаб ўзича кулинди: — Ҳалиги... — деди. «Ҳалиги» дан кейин айтадирган жумласини унутиб қўйдими ёки ўйлаб қолдими, нима бўлса ҳам айталмади. Отабек унинг оғзини кулимсираган ҳолда бир оз кутиб «хўш, ҳалиги...?» деб сўради. — Ҳалиги... — Уёғи? — Оти қурсин... ҳа, айткандек, ошингизни ейсизми? — Ейман. — Совиб қолмаған бўлса — шу. Отабек эртадан бери ҳеч нарса емаб эди. — Қандоғ бўлса ҳам, — деди. Ҳозир Зайнабнинг чеҳраси очиқроқ кўринса ҳам, аммо бу очиқ чеҳранинг замирида уни жиддийроқ машғул қилған яна бир гап бордек, яъни кўринишдан шошқанлиқ ва ё шунинг сингари бир ҳол унинг шу очиқ чеҳраси остиға яширинғандек эди. Зайнабнинг ўн беш дақиқалиқ муомаласида Отабек юқориғи каби «есдан чиқариш» ҳолатига бир неча қайта учради ва охирда сўрамоққа мажбур бўлди: — Нега ҳолингиз паришон? Зайнаб кулди: — Нега паришон бўлсин. — Маним кўзимга паришон кўринасиз. — Тўғри, — деди Зайнаб, — қўрқдим... — Нимадан қўрқдингиз? — Туғишдан... — Қийналдими? — Қийналиш ҳам гапми, — деди Зайнаб, — ўз кўзингиз билан кўрмаганингиз учун ишонмайсиз. — Ойим мундоғ демаган эди-ку? — Сиздан яширғанлар. Отабекнинг юраги жуда уюшиб кетди. Ҳатто кундашини паришони хотир қилған бу гап Отабекка қандоғ таъсир қилиши кўб тафсилга муҳтож эмас. Бу тўғрида Зайнабка яна савол ташлаб тафсилот олишдан қўрқди, ҳам узоқ ўлтуролмади. Чойини наридан-бери ичиб, ўрунини тўшатиб ётди. Зайнаб шамъни ўчирди. Ҳали ётмоққа вақт эрта эди — Зайнаб Кумушлик уйга — хотинлар олдиға чиқиб кетди. Отабек ухлаш учун ётқан бўлса ҳам ҳалиги гап уни кўз юмдирмай қўйди, ўнг, сўл, чалқанча ётиб боқар эди. Лекин Зайнабнинг «қийналиш ҳам гапми?» жумласи қулоғи остидан кетмас эди... Кумушнинг уйидан кети узилмай келиб турған хотинларнинг ғўнғир-ғўнғири ҳам унинг уйқусиға халал берар ва ора-чора гўдакнинг йиғлаған товши ҳам эшитилар эди. Бу маъсум товушқа қарши унда бир хил яқинлиқ — оталиқ ҳисси қўзғалғандек бўлса ҳам, аммо бошқа қора хаёллар ичида тез йўқолур эди. Шу йўсун ивир-живир, аччиғ ва чучук ҳолат ичида ухлаб кетди. Бир-икки кун ми-ёнасидаги кечинмалар турлик ранг билан унинг уйқулиқ димоғида акслана бошладилар... Чўчиб уйғонди... Ёнида Кумуш... Зайнаб йўқ эди. Уйқулиқ кўзи билан нариги уйга қулоқ солди, ҳануз бояғи товушни эшитди ва ўнг ёнини босиб кўрпага бурканди, мундан кейин тинч ухлаб кетди... Туш кўрар эди: «Чаманда гуллар очилған эмиш... Бу гулшан унинг ўзиники эмиш... Ул ранго- ранг чечаклардан кўзини ололмас эмиш. Теваракка келган ёвдан хавф бор эмиш... Ханжарини ушлаб ёвға қарши чиқған эмиш... Ёв қочқан эмиш... Ёв орасида онаси ҳам бор, отаси ҳам кўринар эмиш... Қайтиб чаманга кирса бир сигир гулни босиб, янчиб ўтлаб юрған эмиш... Бу ҳолдан ўзини унуткан ва қўлидағи ханжари билан сигирга югирган эмиш... Сигир эмас — сариқ сочлик албасти эмиш... Дармонсизланған ва ханжари қўлидан тушкан эмиш... Дунёни қоронғулиқ босқан эмиш...» Чўчиб уйғонди ва ўз ёнида ухлаб ётқан Зайнабни кўрди. Ҳалиги босинқирашдан юраги гуп-гуп урар ва вужудини тер босқан эди. Секингина ўнг ёниға ағдарилиб ҳавли томонға қараб ётди. Унинг ағдарилиши билан Зайнабнинг кўзи оҳистағина очилиб яна ёпилди. Вақт саҳарга яқин, теваракдаги хўрозлар кетма-кет қичқирар эдилар. Яқин орадағи обжувоз пойкўпининг зарби ерни силкитиб-силкитиб тўлқин берар эди. Нариги уйда ёниб ётқан шамъ нури дарича тирқишидан милт-милт кўзга илинур, аммо шип эткан товуш эшитилмас эди. Ул қайтиб ухлаёлмади. Кумушнинг кечаги қийналиши тўғрисида хаёлланиб кетди. Субҳ азони айтилиб, секин-секин тонг ёриб борди, маҳалла масжидидан ҳам азон товши келгач, ул таҳорат олмоқ учун қўзғалди. Кумушнинг ёниға кириш қулай бўлсин, деб но-ништани Зайнабнинг уйида қилди. Ўзбек ойим тарафидан кириш учун рухсат берилган эди. Чойдан кейин дояча Кумуш ёнидан бир оз вақтға чиқиб турди. Тўрга Кумуш ётқизилған, унинг оёғ томонида Ўзбек ойим чақалоқни кўтариб ўлтурган эди. Отабек кирганда ўзининг синиқған юзи, ичкарига ботинқираған кўзи билан Кумуш илжайиб унга қаради. Отабек тутилинқираб, «муборак бўлсин!» деди. Кумуш жавоб ўрнига уялиб юзини кўрпага яширди. Ўзбек ойим: — Берганга қуллиқ бўлсин, ўлтур, — деди. Отабек Кумушнинг бош томониға ўлтурди. Ўзбек ойим фотиҳа ўқуди. Сўнгра чақалоқни Отабекка яқинлашдириб, — тойчоғимнинг кўрманасини чиқар, дадаси. — Отабек қизариб болаға қаради, Кумуш юзини яна кўрпага яшириб олди. — Ўзингиз тузикмисиз? — Шукур... — Қийналибсиз, деб эшитдим... — Туғмоқ ҳазилми сенга, — деди Ўзбек ойим. Кумуш Отабекни ўзига имлади ва қулоғиға шивирлади: «сизнинг гуноҳингизга...» — Хўрак қилдингизми? Ўзбек ойим: — Кечадан бери ичига иссиғ киргани йўқ. Зайнабка айтай сутлик атала қилиб берсин, — деди. — Албатта! — деди Отабек ва онасиға бир тилла сўйинчи бергандан сўнг хотиржамълик билан уйдан чиқди. Тушликдан кейин Отабек меҳмонхонада китоб мутолаа қилур, даҳлизда Ҳасанали узилган от асбобларини улаб тикар, Ҳожи масжидгами, бошқағами кеткан эди. Шу вақт ичкаридан Ойбодоқ чиқиб Отабек ёниға келди: — Бек, сиз уйга кириб чиқар эмишсиз, — деди. Отабек китобни белгулук қилиб ёпди: — Тинчликми? — Тинчлик... даррав киринг-чи! Отабек Ойбодоқ билан кетма-кет ичкарига кирди. Зайнаб ранги ўчкан ҳолда Кумушнинг уйидан чиқиб келар эди. — Нима гап? — деб ундан сўради Отабек. — Билмадим, — деди, — опам кўнгиллари айнаб қусяптилар... Отабек эшик ёниға келгандан сўнг уйдан бир неча хотин паранжи ёпиниб чиқдилар-да, ул уйга кирди. Ўзбек ойим жом ушлаған, Кумуш жомга ўқчиб қусар эди. — Нима бўлди? Кумуш жавоб бералмади. — Билмадим... боятдан бери тўхтовсиз қусяпти, — деди Ўзбек ойим. Қусиб чарчаған Кумуш ҳолсиз-ланиб бошини ёстиққа ташлади. Ўқчиб ёшланған кўзлари билан эрига қараб олди. — Ёқмайдирған хўрак бергансиз. — Ёқмайдирған ҳеч нарса егани йўқ, — деди онаси,— ўша аталадан бошқа хўрак қилмади. Ундан ҳам ярим косагина ичди. Қолғани ана токчада... Ўзбек ойимнинг гапи тугамасдан Кумуш яна жомга интилди. Отабек унинг бошини тутди. — Табиб айтдирайми? — Айтдир. Маним ҳам кўнглимга шу келиб турган эди. Отабек Кумушнинг қусуғи биткунча турди-да, сўнгра югуриб ташқариға чиқди. Ҳасанали ҳануз бояғи ишда эди. — Ота, сиз югуриб табибга боринг-чи! Ҳасанали ишини ташлади: — Нима гап? — Келинингиз боядан бери қусар эмиш. Ҳасанали табибга югурди. Отабек қайтиб уйга кирди. Чақалоқни Зайнаб кўтарган, Кумуш ҳамон қус-моқда... Кумуш ҳолсизланиб ўзини ёстиққа олди. Қовоқ остлари кўкарган, ёниға келган Отабекка ҳам қарамоққа мажолсиз эди. — Тузикмисиз? — Кўнглим. Отабекнинг ҳамма бадани титраб кетди, шундоғ бўлса ҳам ўзини қаттиғ ушлади: — Қатиқ ичириб кўрдингизми? — деди онасиға. — Йўқ. — Қатиқ буюринг! Ойбодоқ қатиқ келтиргунча Кумуш яна жомга интилди. Бир-икки ўқчиб қусқандан кейин, Отабекнинг қўлидағи сув билан оғзини чайди ва пиёладаги қатиқдан бир-икки ҳўплаб, ўзини ёстиққа ташлади. Ҳарорати кучлик, юрак уриши фавқулодда тез эди. Отабек унинг манглайини қўли билан босиб ушлаган эди, бир оз тинчигандек бўлди. Ўзбек ойим бурчакда бола кўтариб ўлтурган Зайнабдан чақалоқни олиб, уни жомни тўкиб келишка буюрди. Отабекни манглайида турған қўли қизиб кетиб, иккинчи қўлини алмашдиришға мажбур бўлди. Манглайида совуқлиқ ҳис этиб Кумуш кўзини очди. — Кўнглингиз босилдими? Кумуш жавоб ўрнида ёстиқдан қўзғалди. Жом йўқ эди. Отабек шошиб токчадағи хитойи норин товоқни олди. Кумуш қусди. Бу гал қусуқ бояғи қатиқ аралаш кўкимтил ва сарғимтил нарсалар эди. Оғзини чайғандан кейин Отабек қатиқни таклиф қилған эди, ичмади ва ўзини ёстиққа отди... Табиб келди хабарини эшитиб, Отабек жонланғандек бўлди. Уй эшигига жом кўтариб келган Зайнаб кейинига қайтди. Ўзбек ойим ҳам чақалоқни кўтариб уйдан чиқди. Отабек табибнинг ҳурматига туришни унутиб Кумушнинг манглайини босқанча ўлтурар эди. Табиб Отабекдан воқиъани сўраб билгандан сўнг Кумушнинг томирини кўриб лабини тишлаб қолди ва товоқдағи қусуқни ҳидлаб қаради: — Бу кун нима хўрак қилған экан? — Атала. — Ўша таомдан бир оз қолғани бормикин? — Бор! — деди Отабек ва боя онаси кўрсаткан жойдан косани олиб табиб қўлиға берди.Табиб косадан бармоғиға бир оз элашдириб ялади ва даррав туфлаб ташлади. — Заҳар ичибти! Отабек сапчиб кетди, туси қўрқунч ҳолга кирган эди... — Бекор гап! Табиб Отабекнинг ҳозирги ҳолатидан даҳшатка келди... — Мен ҳозир дафъи учун дору юбораман, — деди ва қўзғалди. Отабек ҳам унинг билан биргалашиб ўрнидан турди: — Заҳарни ким беради? Нима дейишка ҳам ҳайрон табиб: — Ман... ман... ўзингиз ўйлаб кўринг-чи... Ман даррав дору юборай, даррав ичиринг, тузикми? — деди. — Билдим, билдим! — деди бечора Отабек. — Зай-наб, Зайнаб, Зайнаб... Жалаб! Юборинг, юборинг, даррав юборинг! Табиб кетди, Отабек телбаларча югуриб Кумушнинг бошиға келди, юзини очиб манглайини босди ва ўпди... Кумуш кўзини очиб куч билан сўл қўлини эрининг елкасига ташлади... Қўлида чақалоқ билан Ўзбек ойим кирди. — Зайнабни чақир, Зайнабни! Ўзбек ойим табиб сўзидан хабардор эди: — Зайнаб! Зайнаб! Зайнаб югуриб уйга кирди. Туси мурдадек оқарған эди. Отабек Кумушни қўйиб ердаги аталани олди: — Ич муни, ич жалаб! Зайнаб орқаға тисланди... Отабек косани унга отди... Зайнабнинг кийими атала билан беланди. Шунинг устига даҳлиздан Юсуфбек ҳожи кўринди. — Кет жалаб, кет! Талоқсан, талоқ! «Талоқ» сўзини эшиткан Кумушнинг кўзи ярқ этиб очилиб, яна юмилди... Ҳожи воқиъани табибдан эшиткан, шунинг учун ҳозирги фожиаъ саҳнасидан ажабланиб турмади. — Чиқ, Зайнаб, чиқ! — деди ул ҳам, — лаънат сендек хотинға! Зайнаб четланиб уйдан чиқди... Ҳожи Кумушнинг бошиға келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёғ устида эдилар, Кумушнинг кўзи юмиқ, сочлари юзи устида пари-шон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларни тузатиб Кумушнинг кўкимтил товланған юзини кўрди ва манглайини босди... — Ойим... Ойим!.. — деди ҳожи. Кумуш кўзини очиб бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди. — Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг! Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади: — Худо шифо берар, болам! Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, ҳожи ҳам унинг бошини тутди... Бу гал қусуқ қонға айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди... Қусуб ётғач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди: — Ойи... дада... — сўнгра, — бегим, — деб ингранди... Эрининг юзини юзига қўйди, уялғансумон кўзини юмди... * * * Eртаси кун дафн маросими бўлди. Жанозаға Тошканднинг ҳар бир маҳалласидан деярлик кишилар иштирок қилди. Фақат мақтуланинг энг яқинлариғина бу тантанага етиб келалмадилар. Бечора она, бечора ота!.. Учунчи кун улар ҳам келиб етдилар... Уларнинг ҳозирги ҳолини тасвир этиш мумкинми?! Еттинчи кун хатми қуръон қилиниб халқға ош берилди ва шу муносабат билан чақалоққа «Ёдгорбек» деб исм қўйилди. Кумушнинг яқинлариғина эмас, балки фожиъадан хабардор бўлған шаҳарнинг катта-кичиги Зайнабка бериладирган жазони эрта-кеч кутмакда эдилар. Бироқ фожиъанинг ўнинчи кунларида Зайнабнинг жинни бўлиб, очиқ кўйи кўчада юрган хабари ва оғаси томонидан ушланиб кишанга солинған можароси эшитилди. Зайнабнинг жунуни қозилар ва табиблар тарафидан ҳам тасдиқ этилгач, унинг устидаги жазо кўтарилди. Дарҳақиқат, ақлдан озиб кўчаларда очиқ кезиш ва кишанга тушишнинг ўзи ҳам Зайнаб учун кичкина жазо ҳисобланмас эди. Фожиъанинг йигирманчи кунида яна хатми қуръон қилиниб, бутун юртка ош берилгандан сўнг, бечора болу паридан айрилғанлар Марғилонға қайтиш ҳаракатига тушдилар. Ёдгорбек ҳам Офтоб ойимнинг қучоғида кетмакчи, унинг олиб кетилишига қарши ҳеч ким йўқ эди. Eнг кейинги видўлашиш куни етди. Отабек, қутидор ва Офтоб ойим (...) қабристонининг икки туп қуриған чинор ёғочи орасиға турғузилған янги хиштин сағана қаршисида тўхтадилар. Сағананинг ўнг бошидағи тошдан ўйиб ясалған лавҳа кўзга чақилиб турар эди: Ла илаҳа илла-оллоҳу Муҳаммаду-расул-уллоҳ Ҳазиҳил маркадул мунавварату лил мазлуматил машҳудати ал-мағфурати. Кумушбиби бинти Мирзакарим Марғиноний, тарихи таваллуди 1248. Вафоти 1269-йил ҳижрий, жумод-ул-аввал. Бу лавҳа бир дилпорадан ҳусн санамига ёдгордир. Бунда мадфун кундаш балосининг намоён бир қурбонидир. Аё чарх, этдинг ортуқ жабр бунёд, Кўзим ёшлиғ, тилимда қолди фарёд. Ҳаётим лолазоридин аюрдинг, Ёқиб жоним, кулим кўкка совурдинг. Бечора она чидалмади, қабрни қучоғлаб уввос тортди. Отабек ҳам қабр ёниға тиз чўкиб, кўз ёшиси билан тупроқни лой қила берди... Қутидор лавҳа қаршисида эди. Лавҳани ўқуб чиқгандан кейин ул ҳам пиқ-пиқ йиғлаб юборди. Ярим соат чамаси шул ҳолда қолдилар. Қуръон ўқушға ҳеч кимда мажол йўқ эди. Қаршидағи бинога Юсуфбек ҳожи тарафидан қўйилған қори буларнинг ҳолига тушунди. Секин-секин қорихонадан чиқиб келди ва нарида ўлтуриб қуръон ўқуди. Офтоб ойимнинг ноласи босилса ҳам, лекин кўз ёшиси тийилмади. Бир улгина эмас, ановлар ҳам шу ҳолда эдилар. Фотиҳа тортилғандан сўнг қутидор ва Офтоб ойим қориға пул бердилар. Қори кеткандан кейин ҳар қайсилари ўзларини босиб алоҳида-алоҳида қуръон ўқуб бағишладилар, сўнгра оҳиста-оҳиста йўл олиб қабр билан видўлашдилар. Гўё Кумуш «мендан рози бўлинг!..» деб онасиға хитоб қилар, Офтоб ойим орқасиға қарай-қарай йиғлаб келар эди... Отабек уларни уйга қўйиб, қабр ёниға келди ва туни билан шунда қолди. Эрта билан Ҳасанали аравани қўшиб тайёрлаған, майда-чуйда аравага ташилар эди. Энг кейинда Офтоб ойим Кумушнинг кийимлари билан Ёдгорбекни кўтариб чиқди, кейинроқ Юсуфбек ҳожи билан қутидор кўриндилар. Қутидор видолашиб аравага чиқғанда кўча тарафдан Отабек кела берди, келиб отнинг жиловини ушлади ва от устига минган Ҳасаналига — «тушинг отдан!» деди. Ҳасанали отдан тушди. Отабек ирғиб отқа минди ва қутидордан сўради: — Отни ҳайдайми? Қутидор билан ҳожи тушунишолмай бир-бирларига қарашдилар. Йўлакда турган Ўзбек ойим дарбозадан мўралаб қўйди. Қутидор индамагани учун Отабек ўзича отни ҳайдаб юборди. — Хайр! — Хўш! Марғилонға жўнайдирған Ҳасанали гангиб кўча-нинг ўртасидан ҳожиға қаради. Ҳожи йўлакдаги ойимға ер остидан кўз қирини ташлади... Отабек ортиға қарамасдан аравани ҳайдар эди... Хотима Бир йилдан сўнг Отабек уста Алим билан бирга Тошканд келди. Ҳожи ва Ўзбек ойим оғиз очиб ундан ранжий олмадилар. Ул меҳмонлар каби эди. На отаси ва на онаси билан очилиб сўзлашмади. Уста Алим билан бир ҳафта чамаси Тошкандда туриб энг сўнгғи кеч ёлғиз кўйи Кумуш қабри ёнида бўлди. Кеча ойдин, қабристон тиб-тинч, узоғроқдан қуръон товши эшитилар эди. Икки туб чинор бутоқларида қўниб ўлтурган уч-тўртта бойқушлар, қабр ёниға тизланган Отабек ва юқори, қуйи дўмбайган қабрлар бу тиловатка сомиъ каби эдилар. Қуръон оятлари қабристон ичига оғир оҳангда оқар эди. Қабр ёниға тиз чўккан йигитнинг кўз ёшлари ҳам қуръон оятларига қўшилишиб оқар эди. Бирар соатдан кейин тиловат тўхталди. Отабек ҳолсизланиб оёғ узра турди ва орқасидағи ярим яланғоч кўлагани кўриб бир неча қадам қабр томонға тисланди... Кўлага ялинған сумол унга яқин юриб келди... — Ким бу? — Мен Кумуш!.. Отабек товуш эгасини таниди. Бу мажнуна Зайнаб эди. — Кет мундан! — Мен Кумуш! — деди яна Зайнаб, аммо кетмай иложи қолмади. Зероки дунёдағи энг яқин кишиси унга «кет!» амрини берган эди. Зайнаб орқасиға қарай-қарай Отабекдан узоқлашди. Отабек қайтиб унга қарамади, қабр ёниға тиз чўкди... Eртаси кун Ўзбек ойим йиғлай-йиғлай Ёдгорбек учун тикдирган кийимларини ўғлиға топширди. Отабек уста Алим билан бирга Марғилонға жўнади. Бундан сўнг Отабек Тошкандга қайтиб келмади, бир неча қайта Ўзбек ойимнинг ўзи Марғилон бориб келди. 1277-нчи йилнинг куз кезларида бўлса керак, Юсуф-бек ҳожи Қаноатшодан бир хат олди. Қаноатшо Авлиё отадан ёзар эди. «Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмаота устидаги ўрус билан тўқуниш-мамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим...» Юсуфбек ҳожи хатми қуръон қилиб юртка ош берди, Ўзбек ойим қора кийиб таъзия очди. Битди Ёзғучидан Кейинги Марғилон боришимда яқин ўртоқлардан Ёдгорбек тўғрисини суриштириб билдим: Ёдгорбек ушбу асрнинг ўн тўққиз ва йигирманчи очлиқ йиллари миёнасида вафот қилиб, ундан икки ўғул қолибдир. Ўғулларидан биттаси бу кунда Марғилоннинг масъул ишчиларидан бўлиб, иккинчиси Фарғона босмачилари орасида экан. Бу кунда ному нишонсиз, ўлук-тириги маълум эмас, дейдилар. AvvalgiIII- boʻlim Keyingi |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62712 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59957 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40602 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37048 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24030 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23717 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23410 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19894 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18936 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14684 |