Жинлар базми (мавҳум ҳикоя) [Abdulla Qodiriy] |
Отам бу ҳикоясини бошлаган вақтда менинг вужудимни қўрқув ўраб олар эди-да, ичимдан: «Мени ҳам шундай жинларга йўлиқтирма», деб тангрига ёлбориб қўяр эдим. Кеча холам бизнинг уйга меҳмон бўлиб келган эди. Кечаси ошдан кейин отам, ойим, холам учовлари чой ичишиб ўлтирар ва ўтган-кетгандан сўзлашар эдилар. Сўз айланиб келиб яна ўша жинлар, парилар, девлар тўғрисида тўхтади. Отам бўлса ўзи кўрган «жинлар базими»ни сўзлашдан яна тийилолмади. Отамнинг бу ҳикояси, юқорида сўзлаганимча, менинг учун ортиқча ваҳимали бўлганидан дарров ўрнимга кириб, кўрпамга бурканиб ётиб олдим. Отам менга бир кулиб қаради-да, «жинлар базими»дан сўз очди: — «Янги уйланган вақтларим эди. Тириклик билан овора бўлиб, боғнинг поясига ўз вақтида қаролмадим. Бир ким пайт топиб боққа бордим, ток жуда ҳам ўсиб кетган, бардидан[1] ҳатто икки қаричгача ўсиб чиққан эди. Шунинг учун ишкомларни шитоброқ тиккайтиришга тўғри келар эди. Боққа бора бошлаганимнинг тўртинчи куни кечаси бир оз ёмғир ёғиб чиқди. Гўё ёмғирни кутиб турган токлар яна ҳам ўсиб кетдилар, шўралар барди устига энгашиб, ишком устига олмаганим учун гўё мендан аразлагандек кўринар эдилар. Мен нима бўлса ҳам поя ишини бугун битирмоқчи бўлдим. Эртага токни очмасам, ҳам ўзим учун, ҳам ток учун жабр қилған бўларман, деб ўйладим. Истакни[2] озроқ олган эканман. Охирпешин[3] вақтига истак тамом бўлиб қолди. Истак учун бозорга борай десам бир ишкомгина ямоқ қолди, ундан кейин бозордан қайтиб чиққунча кеч ҳам бўлади. Нима қилиш керак? Узоқ ўйлаб турмай, тут, қайрағоч ва тол каби дарахтлардан истак чилпидим. Чилпиган истакларни йиғиштиргунча ҳам бир чой қайнар вақт ўтди. Истакларни белбоғимга қистириб ишкомга кирдим. Қош қорайиб, қоронғи тушган пайтда аранг поя ишидан қутулдим. Юз-қўлларимни ювиб, салла-чопонимни кийганимда обдон қоронғи босган эди. Боғ ишлагани келган қўшнилардан ҳеч бириси қолмаган, ҳамма шаҳарга жўнаб кетган, кўчада чигирткаларнинг чириллаши, қурбақаларнинг қуруллашидан бошқа товуш йўқ эди. Мен боғдан чиққанда хуфтон бўлмаса ҳам шунга яқинлашиб қолган эди. Қоронғида туртиниб-суртиниб йўлга тушдим». Отам холамга хитобан деди: — «Сиз биласиз, бизнинг боғнинг тевараги қуюқ дарахтлик майдонлар билан ўралган. Катта кўчага тезроқ чиқиб олиш учун мен шу майдонлардан юрдим. Майдон ниҳоятда қоронғи ва ваҳимали эди. Лекин мен қоронғида бепарво борар эдим, ёлғиз қоронғида туртиниб қийналар эдим. Катта кўчага чиқиб олмоғим учун орада биттагина Ҳамдам хумдончининг чакалаги қолди». Отам ҳикоясини шу ерга келтириб тақагач, мен кўрпамга яхшироқ бурканиб олдим. Отам сўзида давом этди: — «Бир-икки қадам Ҳамдам хумдончининг майдонига томон юрдим... Йироқдан келган ёруғликни сезиб, теварагимга қарадим-да, ҳайрон бўлиб қолдим... Қаршимдаги майдондан ўткир нур шарпаси тушар эди. Бугина эмас, кишиларнинг чағир-чуғур сўзлашиб кулушлари, гижданг-гижданг билан чилдирма, ора-чора дутор, танбур, ғижжак каби созларнинг заиф, аммо юракни қитиқлайтурган товушлари эшитилар эди. Мен тонг қотиб бир неча вақт туриб қолдим. Дарҳақиқат, бойқушлар уяси бўлган бир вайронада бундай воқеанинг юз бериши кишини албатта ҳайрон қилар эди. Ҳолбуки, мен шу кун эрталаб ҳам бу майдондан ўтган эдим. Бу ерда бирор зиёфат бўлатурган бўлса, эрта билан унинг бир асари кўринар эди. Ёш-яланглар кундуз куни ҳаракат қилганлар-да, хара-кўчалар[4], деб фикримдан ўтказдим. Мен базм бўлаётган майдон орқали ўтмоқчи бўлиб, девор наҳрасидан[5] ошиб тушдим... Ўҳ-ҳў-ў-ў, майдон ичи кундузгидек ёруғ, дарахт шохларига чироқлар осилган, ерларга ипак гиламлар ёзилган. Бир чеккага катта оқ самоворлар қўйилган, бир тарафда катта қозонлар қурилган, жаз-биз давом этар эди. Майдоннинг ўрта ерида юз чоғлиқ ёш-қари кишилар қуршалиб ўлтириб, дутор, танбур, чилдирма, ноғоралар чалиб базим қилар эдилар. Шу чоқда бир киши олдимга югурди ва базмдагиларга қичқириб: — Мана, Ўсар ака ҳам келди! — деди. Базмдагиларнинг ҳаммалари ҳам менга қарадилар. — Келинг, келинг Ўсар ака, поядан қутулдингизми? — дейишдилар. Ўша онда уларга нима деб жавоб берганимни ҳозир эслаёлмайман, чунки жуда ҳам гарангсиган эдим. Улар мени ўз ихтиёримга қўймай, судраб, тортиб тўрга чиқардилар. Одатда мажлисга кириб ўлтиргандан кейин фотиҳа ўқилар эди. Бироқ уларнинг ҳар турли савол ва муомалалари билан овора боииб, фотиҳа ўқиш ҳам ёдимдан чиққан. Бир оз эсимни йиғиб олгандан кейин мажлисдагиларни кўздан кечириб чиқдим. Кўпларини қайси жойдадир кўргандек бўламан... Аниқлаб қарасам умримда кўрмаган-танишмаган ёт кишиларга ўхшайдилар. Фақат уларнинг мен билан худди танишларча муомала қилишлари, отимни атаб чақиришлари, қилган ишларимни сўраб, ҳатто бояги истак чалпиб юрганимни билишлари — мени жуда ҳам ажабга қолдирган эди. Орадан кимдир, билмадим, ғолибо мажлиснинг бошлиғи бўлса керак: — Ўсар акамга дастурхон ёзилсин! — деди. Тўрда ўтирганлардан яна бириси унга қарши чиқди: — Илгари бир базм қилиб олайлик, сўнгра дастурхонга ҳаммамиз баравар қараймиз! — деди ва менга юзини ўгириб:— Сиз ҳам базмни соғиниб қолгандирсиз. Илгари базм қилайлик-а? — деб сўради. Менинг қорним оч бўлса ҳам, меҳмонлигим важҳидан унинг фикрига қўшилишдан бошқа чорам йўқ эди. Созандалар созларини тўғрилай бошладилар. Созлардан танбур, дутор, ғижжак, рубоб, чанг, най ва даф кабилар менга таниш бўлсалар ҳам, яна мен кўрмаган ва билмаган бир қанча созлар ҳам бор эди. Созлар созландилар, бир хил босиқ оғир машқ чалина бошлади. Машқ сиҳрлик эди... Мен ерга сингиб кетарлик даражада эзилмоқда, асирланмоқда, ичимдан бир тўлқин келиб ўзимни қаерга ураримни билмай энтикмакка бошладим. Созандалар ҳамон ҳалиги босиқ машқни секин-секин авжга чиқариб бордилар... Ахир чидаб туролмадим, пиқ-пиқ йиғлай бошладим. Нега ва нима учун йиғлар эдим, буни ўзим ҳам билмайман. Узоқ йиғладим. Ниҳоят машқ битди. Битди, лекин мени ҳам ўзи билан бирга битирди. Икки тегирмон тоши орасида янчилган кишидек мажруҳ эдим. Қимир этгали мажолим йўқ эди. Кўзимни очдим. Мажлисдагиларнинг барчаси ҳам гўё бир кўздан менинг ҳолимга кулиб қараб турар эдилар. Мен ўз ҳолимдан уялиб ерга боқдим. Созлар яна иккинчи машқни чалиш учун тайёрланар эдилар. Лекин мен ҳалигидек машқни эшитишдан безор бўлган эдим. Юрагим гуп-гуп уриб қолди. Боягидек машқдан яна бирини тингласам эҳтимол ажалимдан бурун ўлар, ер билан яксон бўлар эдим. Иккинчи машқ бошланди. Машқ бошланиши билан бутун вужудимга ҳаёт суви югурди. Ўзимда аллақандай бир лаззат ҳис қилдим. Машқ ғоятда шодликли эди. Бу ниашққа не деб исм беришни билмайман. Шу вақт ўртага ўн беш-ўн олти ёшлик бир қиз келиб кирди. Унинг сочлари жингила-жингила, юз ва кўзлари дўндуқ, устида яшил бахмалдан бурма қилиб тикилган чиройли делвагай кийими бор эди. Бир неча қадам чалишиб ўртада юрган эди, оёғидағи қўнғироқлари жинғираб кетди. Қиз машқ билан баравар ўйнай бошлади. Машқ давом этар, гўё нафис соз товушининг ели ўйинчи қизни ғайри ихтиёрий бир ҳаракатга келтирарди. Дунёга бир шодлик, бир руҳ ёғади, гўёки ўликлар тириларлар, ерлар силкинарлар, тоғ-тошлар куларлар, юлдузлар учарлар, дарахт шохлари титрагандек бўларлар. Ахир шодликларим юрагимга сиғмади. Ўз эрким билан эмас, аллақандай бир куч ўтирган жойимдан турғузиб юборди. Қизнинг ёнига кириб мен ҳам ўйнаб кетдим». Ойим билан холам ўзларини тутолмай кулиб юбордилар. Менинг бўлса кўз ўнгимга дадамнинг ўйнагандаги аҳволи келиб тўхтагандек бўлди. Дадам давом этди: — «Шундай, мен ўйнай бошладим. Нима бўлса ҳам қиз билан бирдек ўйнамоққа тиришаман. Қиз мен билан бир оз ўйнаб тургандан кейин ўртадан чиқиб бир четга кетди. Лекин мен ўйинни тўхтатмадим, тўхтатиш хотиримга ҳам келмаган эди. Кишилар қарс уриб турадилар ва мени масхаралагандек қийқириб, оғиз-бурунларини қийшайтирадилар, лекин мен уларга парво қилмай, ўйинни давом эттираман... Бир вақт алланарсага туртиниб ерга йиқилдим. Ўзимни ўнглаб олиб яна ўйинга ҳаракат қилған эдим, тағин муккамча йиқилдим. Бир қанча вақтдан сўнг ўнгланиб ўрнимдан турдим ва кўзимни очиб теварагимга қарадим... Орада на кишилар, на созлар ва на бошқалар — ҳеч ким, ҳеч гап йўқ!.. Қоп-қоронғи майдон, бир ариқ ичида турибман... * * * Мен дадамнинг бу кўрган ҳодисасини муаллим афандига сўзлаган эдим, кулди: — Ваҳима, хаёлат! — деди. — Чиндан ҳам ваҳимми, ваҳим бўлса кишида қандай воқиъ бўлади? — деб сўраган эдим, афандим: — Келаси жума болалар ўртасида бу тўғрида маълумот бераман, сен ҳам шу мажлисда ҳозир бўлсанг ваҳимнинг қандай воқиъ бўлишини билиб оласан! — деди. Мен албатта жума куни мактабга бориб афандимиздан ваҳимнинг кишида пайдо бўлишини эшитаман. Вақтингиз бўлса жума куни сиз ҳам борингиз. ↑ Барди — қамиш ўзагининг тагида ер бағирлаб ўсадиган барглари, уни ўриб келиб, токни ётқизиб қўндоқлагандан сўнг совуқ урмасин учун устига ёпилади. ↑ Истак — тол, тут, қайрағочнинг бураб юмшатилган ингичка новдалари, уни ток бағазларини боғлашда осон ишлатилади. ↑ Охирпешин — соат 4 лар атрофи, аср намозидан олдинроқ пайт. ↑ Хара-кўча — бекорчи. ↑ Наҳра — раҳна — деворнинг ўпирилган жойи. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62712 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59958 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40602 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37048 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 24030 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23717 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23410 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19894 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18936 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14684 |