Ҳур қиз (ҳикоя) [Gulchehra Jamilova] |
— Э воҳ, мен нима қилиб қўйдим-а? Нега бундай бўлди?! Зарнигор йиғлаб юборди. Унинг йиғиси аччиқ алам ва изтиробга қоришиқ эди. Агар болалигидаги аллақандай ривоятларга ишониб юрмаганда... бошқалар қатори кун кечирармиди, ҳаётнинг барча ҳаловатларини тотиб, машаққатларига дош бериб, ҳеч ўксимай, хуллас бир аёл қандай умр ўтказса, у ҳам шундай яшармиди... Энди-чи, энди бундай бўлмади. Ниятига етди, лекин кўнгли фароғат топмади. Мана бу кун, ёши бир жойга борганида боши ташвишу маломатдан чиқмай қолди. Ҳаммасига ўзи айбдор, аслида. Фақат ўзи! Ўша кезларда Зарнигор жуда уятчан, чекка-чеккада хаёл суриб ўтиришни хуш кўрадиган кичкина қизалоқ эди. «Насима, бу қизинг тоза одамови чиқди-ку, кеча ёнидан ўтиб кетаёцам менга қарамадиям» дея гина қилди бир куни Шаҳри кампир. Насима онасининг гапидан сўнг ўйланиб қолди. Қиз бола тортинчоққина бўлгани яхшику-я, лекин ҳеч кимга қўшилмаса ёмон-да. Нима қилсайкин-а? «Эна, ўзингиз шу қизимга ул-бул юмуш буюриб, йўлга солинг, насиҳат қилинг», деганидан сўнг Шаҳри кампир қизалоқни тез-тез уйига чақирадиган бўлди. Шу-шу Зарнигор онасидан узоқлашди, бувисиникида яшади. Ука-сингиллари, она-онасидан кўра бувисини, тоғаси ва келинойисини кўпроқ яхши кўрарди у. Меҳр кўзда, деганлари рост экан. Қиз ота уйига аҳён-аҳёнда борар, кўпинча келинойисининг уй юмушларини бажариб, кечқурунлари бувисидан ўгиту насиҳатларни эшитиб ўтиришни ёқтирарди. «Ҳур қиз» ҳақидаги ривоятниям худди шундай кунларнинг бирида эшитди. Сўнг бувисини саволга тутди: — Нега ҳур қиз дейишади? Улар... яхшими? Ёки ёмонми? — Ҳур қизларнинг уйи, бола-чақаси бўлмайди, улар бу дунёдан ёлғиз ўтишади. Бошқалар тириклигида қилган гуноҳларининг жабрини тортиб, дўзах азобини бошдан кечираётганда ҳур қизлар жаннатнинг боғларида гул териб юради. Парилар уларнинг хизматида бўлишади. Ҳеч бир гуноҳлари йўқ-да, шунинг учун жаннатдаги роҳатлардан яйрашади. Ўша куни Зарнигор туш кўрди. Тушида у ҳур қизга айланиб қолибди. Фаришталар гиламга ўтқазиб осмонга кўтарилибдилар. Қараса, бувиси айтиб берган манзара: ям-яшил ўтлоқзор, тип-тиниқ булоқлар, хушбўй гуллар, оппоқ кўйлакли парилар... Ҳаммаси Зарнигорга таъзим қилиб турганмиш. Қиз бўлса, нуқул кулар эмиш! Шу туши таъсир этганми ё бувисининг ривоятини ҳадеб ўйлайверганиданми, Зарнигор «Мен ҳам ҳур қиз бўламан!» деган ниятни дилига тугди. Йиллар ўца-да, кўнглида сақлаб, ҳеч кимга билдирмади. Бир куни уларнинг қишлоғида ёлғиз ўзи яшайдиган Сарвинисо кампир қазо қилди. Унинг маъракасини қишлоқдагиларнинг ўзлари ўтказди. Чунки марҳуманинг ҳеч кими йўқ эди. Ўша кунларда Зарнигор бувисининг гапига кириб ҳовлидаги юмушларга қарашиб юрганди. Маъракага йиғилган аёлларнинг гапларини тасодифан эшитиб қолди. — Сарвинисо ҳур кетди, бояқиш. Беозор, бегуноҳ эди, ўзиям. Бу қишлоққа адашиб келиб қолганида кичкинагина эди, бировларнинг юмушини қилиб, бировларнинг уйида ётиб катта бўлди. Ҳеч кими йўқ деб биронта одам келин қилишгаям ошиқмади. Бу ёқда йигитларимиз ҳам уйланай дея қолмади. Кексалар шу ишга бош қўшса бўларди-я, «бу қизнинг ота-онаси қанақа, насл-насаби қандай, билмасак, тағин кейин балога қолиб юрмайлик» — деб чўчишди-да. Кейин... кейин Сарвинисонинг ўзиям шуни хоҳламади. Мана энди, беҳиштларда ўйнаб юргандир яйраб… — Марҳуманинг ортидан ёмон гапириб бўлмайди-ю, лекин эрга тегса бўларди, — деди бошқа аёл шеригининг гапини бўлиб. — Мана, хотини ўлган Боқи муаллим совчи қўйганди, рози бўлмади-ку. «Эрга тегмайман» деб туриб олди. Тўрт мучаси соғ бўла туриб, уй-жой, бола-чақа қилмаслик гуноҳ дейилган қадимги китобларда... Аёлларнинг кўпчилиги бу гапни бош силкиб маъқуллаган бўлишди. Ўшанда Зарнигор айни ўн тўққизнинг устида, гоҳ ота уйига борса, онаси «сенга совчи келди» деган гапларни эшитиб юрган кунлар эди. Маъракадан қайтгач ўйланиб қолди. Қачондир у ҳам омонатини топширса, бошқалар унинг ортидан шунақа сўзларни айтиб юришармикин? Йўқ, ҳур қиз бўлиш осон эмас. Чидаши керак. Ҳеч нарсани ўйламаслиги лозим... Шу тарзда йиллар ўтар, бу орада Зарнигорнинг икки синглиси турмушга чиқиб, укаси уйланганди. Онаси Зарнигорни «турмушга чиқ» деб қистамас, сабаби, тақдирнинг ўзи қизга оила қурмаслиги учун имкон яратаётгандай эди. Унинг тоғаси ва келинойиси ўн йилларча фарзандсиз яшашди. Совхозда директорлик қиладиган бу одамнинг эл-юрт ичида обрўйи катта, шу учун ҳам давраларда унга фарзандсизлигини айтишга ва бу борада маслаҳатлар беришга ҳеч ким ботинолмасди. Лекин тоғаси ич-ичидан сиқилар, кўп ичадиган бўлиб қолганди. Бир куни кеч кузакда, ошналари билан ўтириб, роса ичади, сўнг уйга келмасдан машинасини тўппа-тўғри даштга ҳайдайди. Далаларни айланиб бўлгач, машинани тўхтатиб қўйиб хаёлга ботади, ўтган умрини ўйлаб куюнади. Шу кўйи, ичган эмасми, ухлаб қолади. Эрталаб уйғонса, ҳаммаёқ оппоқ, шу куни ҳаво совиб, туни билан қор ёғиб чиққанди. Тоғаси шундан сўнг кўп маротаба даволанди, дўхтирлар «ўпкангиз қаттиқ шамоллаган» деб ташхис қўйишди. Йил охирига келиб бирданига вафот этди. Келинойиси бир йилча булар билан бирга яшади, сўнг ота-онаси келиб қизларини олиб кетишди. «Майли, борсин, бахтини топсин, шунча йил хизматимизда бўлди, розиман, бундан кейин уни ушлаб туришга ҳаққим йўқ», — деди бувиси йиғлаб-сиқтаб. Шундан сўнг бувиси каттакон ҳовлида Зарнигор билан қолди... Кўп ўтмай фарзандининг доғида куйган онаизор қаттиқ касалга чалинди. Анча вақт ётди. Зарнигор унинг ёнидан жилмади, туну кун беморнинг ҳолидан хабар олиб, уни парваришлади. Жон бераётиб бу муштипар кампир Зарнигорни узоқ дуо қилди. «Ҳалиям бўлса кеч эмас, болам, битта-яримта учраса турмуш қур», деб насиҳат қилди. «Хўп» деди Зарнигор кекса аёлни юпатиб. Бувисининг маъракаларидан сўнг Зарнигорнинг катта укаси ҳовлига кўчиб кирди. У бундан аввалига жуда қувонди. Ҳовли ичи катта боғ, ёнида томорқа, мол-ҳол, ҳаммасига қаров керак. Илгарилари бувиси томорқага четдан одам ёлларди. Мол-ҳолни Зарнигор эпларди. Боққа қўшнилари Xудойқул бобо қарарди. Мана энди, укаси бу жойларни обод қилади. Аёли, болалари бу ерда яшашса, Зарнигор ҳам зерикмайди. Ҳаммаси биргаликда бувисининг чироғини ёқиб ўтиришади. Зарнигор шуни ўйлаб қувонар, укасининг болаларига қарашар, Раҳимахонни «келинжон, келинжон», деб алқарди. Кунлар осойишта ўтаётганди, лекин... Бир куни Зарнигор (у илгари бувиси яшаган хонани ўзига бошпана қилиб олганди) ярим тунда қий-чув, шовқиндан уйғониб кетди. Эшикни очиб ташқарига чиқди. «Тинчликмикин?» — дея ичкари уйга қулоқ тутди. Келини Раҳимахон хун бўлиб йиғлар, укаси Салим эса нималардир деб унга дўқ урарди. — Опангиз менга хўжайинчилик қиладиган бўлиб қолди. Кеча қозонга ёғ солсам, бир чўмичини олиб идишга қуйди. «Ёғли овқат болаларга зарар» дейдими-ей! Ўтган куни «Кичкинангизнинг совуғи ошган, асал ялатиш керак» дейди. Сабиҳанинг томоғи оғриган куни дўхтир чақиришга қўймади, «ўзим исириқнинг суви билан тузатаман» деб. У ишни қилсам, ундоқ дейдилар, бу ишни қилсам бундоқ... Нима менинг ақлим яримта эканми? Айтинг! — Майда гапингни йиғиштир, опам кўп нарсани билади, — деди Салим. — Қолаверса, ёшлари сендан анча катта. Айтганини қилиб, ҳурматини жойига қўй... — Э, менга бақирманг, ҳурматини жойига қўймай, бу уйдан ҳайдаб чиқаряпманми? «Опа, опа» деб турибман-ку! Болаларимни мендан совутаяпти, қачон қарамайин иккисиям «аммажон» деб ўшанинг уйига киргани-кирган, мен овқатга чақирсам ҳам келишмайди! — Сен қарғашдан нарига ўтмасанг... Болалар яхши гапнинг гадоси, билдингми? Опам шу икковиниям ўз болаларидай кўради. — Эр қилиб, бола туғсин эди! Бировнинг болаларини уйидан совутиб, олиб ўтирмай... Ким унга дунёдан ёлғиз ўцин, деди. — Бас қил! Зарнигор қулоқларини бекитди. «Вой, шўрим... Бу жанжаллар мени деб бўлаётган экан-да! Энди нима қилдим?!» ўйлади у. Наҳот, у келинига, жиянларига ёмонликни раво кўрса? Ахир шуларга яхши бўлсин деб ўша куни... Зарнигор бувисидан кўп нарса ўрганди. Уйни ораста тутиш, озода бўлиб юриш, шамоллашларни ўт-ўланлар суви билан даволаш... Бу фариштадек беозор аёл жуда пазанда эди, у Зарнигорга ширин овқатлар пиширишниям ўргатганди. Билганларини келинига айтаман деб, мана энди... Гапларим унга оғир ботмаётганмикин, деб ўйламабди-я?! Шу жанжалдан сўнг уйдаги аҳвол мушкуллашди. Раҳимахон қовоқ солиб юрадиган одат чиқарди. Болалар амманикига кирса, дарров чақириб оларди. Ҳатто бир куни кичкинасини «Сен кимнинг боласисан, ўзи? Қани уйга кир!» деб койиди. Бир дастурхон атрофида ўтиришлар ҳам барҳам топди. Раҳимахон бир коса овқат билан яримта нонни Зарнигорнинг деразаси ёнига қўйиб кетадиган бўлди. Кун бўйи деҳқончилик ишлари билан банд бўлган Салим бу ҳолатларни сезмас, балки... сезса ҳам жанжалга тоқати йўқлиги учунми, индамасди. Укасининг жим юриши Зарнигорга оғир ботди. Ахир у нима ёмонлик қилди? Уларга меҳр кўрсаца, юмушларига қарашса... Нега Раҳимахон қилдан қийиқ ахтариб, уни ёлғизлатиб қўйди? Нега? Энди у нима қилади? Бундай яшаш... азоб-ку?! Ёши ҳам қирқ бешдан ошди, ахир. Қаёққа боради? Қаердан қўним топади? Укасини сал инсофга чақирса, аҳвол яхши томонга ўзгарармикин? Йўғ-е, яна жанжал чиқиб, иккисининг ўртасига совуқчилик тушса, Раҳимахон мени баттар ёмон кўриб қолади-ку? Кейин... бу ҳовлидан кетишим керак бўлади. Лекин қаёққа?!» Зарнигор оғир «уҳ» тортди. Сўнг узоқ хаёлга чўмди. Ҳур қиз бўламан деб... ўз бахтига ўзи қарши чиқди у. Xом хаёлларга берилмасдан ҳаётини изга солиб олса бўларди-ку! Нега шундай қилмади у? Зарнигорнинг юрагини қоришиқ бир изтироб эгаллаб олганди шу топда. Бўғзига нимадир тиқилиб, чуқур хўрсинди. Алам билан пичирлади: — Э, нима қилиб қўйдим ўзи... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62553 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 58874 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40555 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36905 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23459 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23264 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 22920 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19688 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18793 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14548 |