Икки ҳажвия [Ilhom Zoyir]

Икки ҳажвия [Ilhom Zoyir]
Икки ҳажвия [Ilhom Zoyir]
Меҳмонларни корхона тцехлари билан таништираётган Сотти Сувоновичнинг қаватида пилдираб юрган ўринбосари Ҳалимжон ҳовлиққанча хўжалик ишлари мудири Турдиқулни бир чеккага тортди.
— Турдиқул, тезда бир парча латта топ! — деди типирчилаб.
— Латта?! Қанақа латта? — деди Турдиқул пешанаси тиришиб.
— Оёқ, э, ботинка артадиган латта-да.
— Нимага керак бўлиб қолди?
— Сотти Сувоновичнинг ботинкаларига чанг қўнибди. Артиб қўймаса бўлмайди. Меҳмонлар айб қилиши мумкин.
— Меҳмонларнинг олдида ноқулай эмасми?
— Нега ноқулай бўларкан?
— Лаганбардор экан, деб ўйлашади-да.
— Меҳмонларнинг ўйлаши билан нима ишим бор!
Турдиқул бироз ҳовридан тушди.
— Сотти Сувоновичнинг ўзлари айтдиларми?
— Йўқ, ўзлари ҳали билмайдилар. Қоринлари оёқларининг учини тўсиб турибди.
— Ўзлари айтмаган бўлсалар, сизга нима?
— Билиб қолсалар, менга гап тегиши мумкин.
— Нимага энди сизга?
— «Мен-ку кўрмабман, сенинг кўзинг қаерда эди?» деб кўпчиликнинг олдида шарманда қилишлари ҳеч гап эмас.
— Демак, латта топиш керак, шундайми?
— Шундай, Турдиқул, топмаса бўлмайди.
Турдиқул чўнтагидан рўмолчасини олиб, Сотти Сувонович томон юрди. Ҳалимжон унинг орқасидан югурди.
— Қаёққа, Турдиқул, тўхта!
— Қаёққа бўларди, Сотти Сувоновичнинг ботинкаларини артиб қўйишга-да!
— Мен ўзим артаман, рўмолчангни буёққа бер!
— Йўқ, ўзим, сизга ярашмайди.
— Бинойидай ярашади-да, қани, менга бер-чи!
Турдиқулнинг бирдан феъли айниди.
— Ҳо, обрўни сиз олмоқчимисиз?
Ҳалимжон ҳам тўнини тескари кийди.
— Нима, сен менинг ғоямни ўзлаштирмоқчимисан?!
— Йўқ! Лекин дастрўмолча меники!
— Ғоя эса меники!..
Иш ҳиқилдоққа бориб тақалганда, Сотти Сувонович меҳмонларнинг машинасига ўтириб қаёққадир жўнаб қолди...

* * *
Ўринбосари кириб келганда, ғишт заводининг директори Қошиқов қошларини чимириб ўтирган эди.
— Тинчликми, рангизда ранг йўқ! — сўради ўринбосар.
— Ҳушёр бўлиб туринглар, биттаси келади, — деди Қошиқов.
— Ким экан у?
— Билмайман, девдай, асаби чатоқ дейишди. Қўлидан ҳамма иш келармиш... Келса, сизга чиқараман. Ўзингиз тинчитинг!
Ўринбосар пешонасини тириштириб чиқиб кетди. Орадан бир соат вақт ўтди. Эшик тақиллаб, сўнг очилди.
— Мени сизга юборишди, — айтилган киши кириб келди.
— Мен шошиб турувдим, ўринбосаримга учрашинг, — деди Қошиқов баҳона қилиб...
Орадан беш-ўн дақиқа ўтди. Ўринбосар қўлларини ишқалаганча Қошиқовга ялтоқланди:
— Оғиз очолмади, қўлига бир «ғишт» тутқазиб юбордим...
Эртаси куни яна пайдо бўлди ўша нусха.
— Мени сизга юборишди, — деди мўлмайиб эшик ёнида тикка тураркан.
— Мен бандман, ўринбосаримга учрашинг! — Қошиқовнинг титраб-қақшаб айтган гапи шу бўлди.
Бироздан сўнг ўринбосар оғзи қулоғида кириб келди:
— Оғиз очмоқчи эди, яна битта «ғишт»ни оғзига уриб юбордим, — деди «ишни қойил қилдим» дегандай...
Номаълум нусха учинчи бор келганда, Қошиқовнинг сабри чидамади.
— Кир, ўтир қани бу ерга! — деди у нусхага дўқ уриб. — Бераркан деб, келаверасанми? Қаерда ишлайсан ўзи?
— Ҳеч қаерда ишламайман.
— Унда нега ҳар куни келасан?
— Сизга юборишгандан кейин келаман-да.
— Ким юборди сени?
— Божангиз, Саидваққос ака.
— Нима керак сенга?
— Иш керак.
— Шу дардингни дарров айтмайсанми?
— Келсам бандсиз. Ўринбосарингиз сўраб-суриштирмай пул бергани берган.
— Нега беряпсан, деб сўрамайсанми?
— Қаердан билай, бу ерда маош олдиндан берилса керак, деб ўйладим-да.

— Э, ўйламай кет! Одамни ўтакасини ёрдинг-ку! Бўпти, олган маошингни ҳалоллайсан энди...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика