Xабарнома (ҳажвия) [Ilhom Zoyir] |
Ишдан қайтаётиб почта қутисидаги аллақандай қоғозга кўзим тушди. Олиб қарасам — «Хабарнома». Унда катта сумма олишим билдирилган эди. Суюниб кетдим. Негаки кейинги вақтларда қарзга ботиб, сиқилиб юрган эдим. Тўртинчи қаватга қандай кўтарилганимни билмайман. Эшикни очган хотинимга нуқул тиржаяман. — Намунча, оғзингиз қулоғингизда? — деди хотиним таажжуб билан. — «Хабарнома» келибди. Қара, қанча оларканман! — дедим қоғозни қўлига тутқазиб. Хотиним қоғоздаги суммани кўриб, ял-ял ёниб кетди. — Қаердан келибди? — Эртага почтага чиққанда биламиз-да!.. Кайфиятим аъло. Кечки овқатни ҳам иштаҳа билан едим. Xотин-ку, ўзини қўярга жой тополмайди. — Бу пулдан менга «лама» палто олиб берасиз! — деди пинжимга суқилиб. — Арзонроқ тилла занжир ҳам. Қўшниларнинг ҳаммасида бор, битта менда йўқ. — Шошма, битта-битта-да! — дедим ўзимча нималарнидир чўтлаб. — Биринчи навбатда иссиқ сув, совуқ сув, газ ҳақини тўлаш керак. Кейин ўзимга битта костюм-шим олай. Беш йилдан буён битта костюм-шимдаман. Уят эмасми? — Xасислик қилманг, пул ҳаммасига етади. Коммунал тўловларни кейинга сурсак ҳеч нима қилмайди. Икки-уч йиллигини тўламаганлар ҳам бор-ку. — Кўрмаганнинг кўргани қурсин! — дедим қовоғимни уюб. — Пулни кўрсанг, дарров йўқотмасанг кўнглинг жойига тушмайди. «Пулни хотинингга бердинг нима, ўтга ташладинг нима?» деганлари рост-да. Бундан хотин бироз пастга тушди. «Майли, тилла занжир бўлмасаям, палто олиб берарсиз!.. Қачонгача юпқа плашда юраман?» — Мен рози, — дедим ийиб. — Эртага пулни олайлик, якшанбада «Ипподром»га борамиз... Хотин мени қучоқлаб олди. — Бўлди, — дедим сахийлигим тутиб, — палто, тилла занжир, яна бир-иккита янги кўйлаклардан ҳам олиб бераман, кейин бунақа пул қўлимизга тушадими, йўқми? Борида, кам-кўстингни бутлаб ол! — Нимага тушмасакан! Катта пул келиши тушимда аён бўлган эди-ку, — деди хотин яқинда кўрган тушини яна бир бор эслатиб. — Ундан кейин ҳар гал чойнинг кўпигини бошингизга сурттирганим фойда берди. Мен бир нима биламанки, гапираман. Сиз эса «ирим»ларингни қўй» деб, қайсарлик қилардингиз. Ана, фойдаси бўларканми? — Ҳа, энди, — дедим талмовсираб, — юздан бири тўғри келиб қолади-да... Эрталаб дабдаба билан эру хотин почтага чиқдик. Навбатимиз келганда, кассир аёл бир паспортимга, бир «хабарнома»га қаради. — Кечирасиз, — деди у паспортимни қайтариб бераркан, — бу қўшнингизга тегишли қоғоз-ку, адашиб сизнинг почта қутингизга тушиб қолган кўринади. Малол келмаса, қўшнингизга бериб қўйсангиз. Шундай жаҳлим чиқдики, лотереясига бир номер етмаган кишидай инграб юбордим. — Мен почтачи эмасман! — дедим бақириб. Хотиннинг-ку, аҳволига маймунлар йиғлади. Иккаламиз жимгина уйга қайтиб келдик. Ҳафсаламиз пир бўлиб турганда, телефон жиринглади. Гўшакни олсам, қайнонам. Xотин кўзимни шамғалат қилиб, кечқурун онасига «хушхабар»ни етказган экан, гўшакни қизига тутқаздим. Орадан бир ҳафта ўтди. Биринчи апрел куни ишдан қайтаёцам, қўшнимизникида жанжал. Нима гап экан, деб қарасам, эр-хотин уришишяпти. — Тўлаяпман деб. Алдаб юрган экансан-да! — деди эр хотинининг тумшуғига бир парча қоғозни тираб. — Бир йиллик квартира ҳақи тўланмаган! Қани мен берган пуллар? Хотини бечора тиришиб ўзини оқлайди. — Тўлаганман! Ҳеч қаердан қарзимиз йўқ! Биров «Биринчи апрел» қилиб ҳазиллашган чиқар!.. — Қўйинглар, уришманглар, эшитган қулоққа яхшимас, — дедим ва қўшнининг қўлидан қоғозни олиб тиржайдим. — Афандилар! Қоғоздаги фамилияга қарабсизлар-у, уй номерига эътибор бермабсизлар-да... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62384 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57600 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40480 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36524 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23157 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21563 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19504 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |