Юрт қайғуси [Abdurauf Fitrat] |
Юрт Қайғуси Онам! Сени қутқармоқ учун жонми керакдир? Номусми, виждон била имонми керакдир? Темур била Чингиз қони тошди томримиздан, Айтгил! Сени қутқармоқ учун қонми керакдир? Ёв суқғали келгач қиличини юрагингга, Туш олдига, ол кўксуми — қалқонми керакдир? Боқ, боқ, мана турк тенгизи тошқун қила қолди, Турон ёвини қувғали тўфонми керакдир? Турон, йигитинг, барчага боқ, қалқди оёқға, Юртда қоровул қўйғали арслонми керакдир? Юрт Қайғуси — бу шеър аруз вазнида ёзилган бўлиб, «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 29 декабрь 62-сонида эълон қилингаи. Шу кунга қадар қайта нашр этплмаган. «Ҳуррият» газетаси Самарқандда 1917—1918 йиллари нашр этилган. 1917 йил 27-сондан бошлаб Фитрат муҳаррирлик қилган. Бу нашрда Фитратнинг қирққа яқин публицистик мақолалари ва тўртта ўзбекча ва икки форсий шеъри эълон қилинган. Юрт Қайғуси (Сочма) Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди? Ҳолинг қалайдир? Нечук кунларга қолдинг? Эй Чингизларнинг, Темурларнинг, Ўғузларнинг[1], Отиллаларнинг[2] шонли бешиклари! Қани у чиқдиғинг юксак ўринлар? Қуллик чуқурлариға недан тушдинг?! Дунёни «урҳо»лари билан титраткан йўлбарс юракли болаларинг қани? Ер тупроғини кўкларга учиратурған тоғ гавдали ўғлонларинг қани? Нечун товушлари чиқмайдир? Ер юзининг бир неча полвонлари бўлган ботир туркларинг қани? Нечун чекиндилар? Нечун кетдилар? Кураш майдонларини ўзгаларга нечун қўйдилар? Нечун... Нечун... нечун..? Гапур менга, эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Сенга не бўлди?! Ер юзининг буюк салтанатларини сен қурмадингми? Ҳиндистоннинг, Эроннинг, Оврўпанинг улуғ хоқонларини сен юбормадингми? Эй хоқонлар ўчоғи! Эй қаҳрамонлар туғойи![3] Қани у чақмоқ чақишли ботир хоқонларинг? Қани аввалғи ўқ юрушли, отли бекларинг? Нечун «урҳо»ларинг эшитилмайдир? Дунё халқини бўйсундирмаган салтанатларинг нечун бузилди? Инсонлик оламини қанотлари остинда олган хоқонлиғнинг нечун кучи ўлди? Кучингми кетди? Кимсасизми қолди? Йўқ... йўқ... Тангри ҳаққи учун йўқ!.. Сен кучсиз эмассан, сен кимсасиз эмассан! Бугун ер юзида саксон милюн[4] боланг бор. Буларнинг томирларидаги қон чингизларнинг, темурларнинг қонидир. Буларнинг кучлари сенинг кучингдир! Эй Улуғ Турон, арслонлар ўлкаси! Қайғурма! Эски давлатинг, эски салтанатинг, эски йигитларинг, эски арслонларинг ҳаммаси бор, ҳеч бири йўқолмамишдир. Ёлғиз... Оҳ, ёлғиз... тарқалмишдир. Юрт Қайғуси (сочма шеър). Фитратнинг ўз сўзлари билан айттанда «мансура» («Адабиёт қоидалари»), «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 28 июлъ 26-сонида эълон қилинган. Қайта нашри: «Фан ва турмуш», 1990, 9-сон, 7-бет (табдилчи Акбар Аъзам Xожа). Юрт Қайғуси (Бир Ўзбек Тилидан) Ётсам тушумда, уйғонсам ёнимда, кўз юмсам миямда, кўз очсам қаршумда мунгли бир хаёл келиб турадур! Бу бир хотун хаёли... Бир хотунки, эгнида ипакли, лекин йиртиқ ва эски бир кўйлакдан бошқа бир кийим йўқ. Бош-аёғлари яланғоч, тирсакларигача қоп-қора лойқадан ботған, бақирурға товуши, қутилурға кучи қолмаған!.. Қарайман: кимсасизлик юкиндан ориғланган танда золимона урулған қамчиларнпнг яраси бор. Кўраман: жоҳилона қилинған эмлардан носулға[5] қайтған яралариндан қонлар оқиб турадур!.. Эй мунгли хотун, сен кимсан? Эй ғамли она, нечук мундан айрилмайсан? Ёнимда, кўзимда, миямда, юрагимда нима ахтарасан, нечук кетмайсан? Қайғу тутунлари ичра ёғдусиз қолған кўзларинг, у ёш ёмғурларин нечун тўкадир? Зулм занжирлари билан боғланган қўлларинг нечун ҳар ёнга узатиладир, нима тилайсан?.. Оҳ... Билдим... билдим... Англадим! Сен менинг Ватанимсан, Ватанимнинг мунгли хаёлисан. Эй муқаддас Туронимнинг хаёли, кетмай тур, айрилма. Ёнимда, кўзларимда, юрагимда, виждонимда қол, кетма. Туроним, сендан айрилмоқ — менинг учун ўлимим. Сенинг учун ўлмоқ — менинг тириклигимдир, Паноҳим, саждагоҳим, умидим! Ёвларинг сени шу кунгами солдилар? Тилагим, истагим, саодатим! Болаларинг сени шу ҳолдами қўйдилар? Суюнчим, овунчоғим, ўчоғим! Золимлар сени кимсасизми кўрдилар? Йўқ, сен кимсасиз эмассан. Мана мен, бутун борлиғим билан сенга кўмак қилурға ҳозир. Мана мен чин кўнгил билан сенинг йўлингда ўлурға рози. Қоф тоғлари йўлимда тушса; Тамуғ[6] оловлари қаршумдан чиқса, яна сен сари кетарман. Устимга инсонлар эмас, шайтонлар қўшини келса, Оёғимга занжирлар эмас, жаҳаннам илонлари сорилса[7], яна сен сари кетарман. Дунёнинг бутун балолари бошимға тўкулса, Зулм чўлининг темир тиконлари кўзларимга кирса, яна сени қутқарарман. Мен сенинг учун тирилдим, Сенинг учун яшарман, Сенинг учун ўлурман. Эй туркликнинг муқаддас ўчоғи! Ўлим сенинг ўлимингни истаганларга, Нафрат сени кўмгани келганларга! Юрт Қайғуси (бир ўзбек тилидан) — ушбу сочма ҳам «Ҳуррият» газетаеида чоп этилган (1917, 18 август 31-сон). Қайта нашри: «Фан ва турмуш» ж., 1990, 9-сон. 7 бет. Юрт Қайғуси (Темур Олдинда) Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўйним букук. Сенинг зиёратингга келдим, султоним! Эзилган бошим, қисилган виждоним, куйган қоним, ўртанган жоним учун бу сағанангдан даво излаб келдим, хоқоним! Юз йиллардан бери жафо кўруб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларин этакларингга тўкарга келдим. Қоронғуликлар ичра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олғали келдим. Номусини бад кишиларнинг аёғлари остинда кўриб турклик қони қайнағай, мусулмонлик ҳамияти тошғай, тамуғ оловлари каби сочрағай. Лекин ўз кучсизлигин англаб қайтиб ўтирган ва қон йиғлаган туркнинг ҳолини айтарга келдим, хоқоним! Улуғ хоқоним! Турклик шарафи таланди. Турк учун қўйдиғинг давлат битди, турк остиға қурдиғинг ҳоқонлик ёғийгами кетди. Туркнинг номуси, эътибори, иймони, виждони золимларнинг аёғларн остинда қолди. Туркнинг юрти, улоғи, ўчоғи, Турони ёт қўлларға тушди. Туркнинг билгиси, онги, ўйлови, зийраклиги жаҳолат ўлжасиға кетди. Сенинг қиличинг билан дунё эгаси бўлған турк тинчгина бир ётоқ тополмай қолди. Сенинг кучинг билан дунё хўжаси бўлган турк қарлуқ темурларига[8] кирди. Хоқоним! Туркликка хиёнат қилғанлар турк бўлсалар ҳам қонларини оқизмоқ сенинг муқаддас одатингдир, ётма, тур! Сенинг омонатингға хиёнат қилғанларни эз, ур, ўлдур! Султоним! Биламан, шу тобда сенинг у юксак ва улуғ руҳониятинг мен каби тубан руҳли ва ҳиммациз бир боласининг шу ҳолиға ғазабли кулуб турубдир. Биламан, шу чоғда сенинг тўлқунли денгизларға ўхшаған юрагинг мен каби юраксиз бир ўғлингнинг шу кўринишиндан нафрат қиладир. Чунки юқорида айтдигим ишларнинг ҳаммасига ўзим сабаб бўлдим, барчасини ўзим қилдим, Сенинг Туронингни ўзим талатдим, Сенинг турклигингни ўзим эздирдим, Сенинг омонатларингга хиёнат ўзим қилдим. Мен уч кунлик умримни тинчгина ётиб ўтказмоқчи бўлмаса эдим, шуларнинг бирортаси бўлмас эди. Мен қўлимға топширдиғинг қилични ташлаб, чолғуни олмаса эдим, Туроним таланмас эди!.. Мен ёлғиз қонли кўз ёшларимни бу сағанангга тўкмак учун эмас, ўз ёзиқларимни иқрор этарға келдим, XОҚОНИМ. Мени қўйма! Мен ёлғиз ёзиқларимни иқрор этарға эмас, Туронға бердигим зарарларни тўламоқ учун келдим, XОҚОНИМ. Мендан нафрат этма! Эй арслонлар арслони! Меним ёзуқларимдан ўт, Мени қўлимни тут, Белимни боғла, муқаддас фотиҳангни бер! Сенинг дунёга сиғмаган ғайратингга онт ичаманки, Туроннинг эски шараф ва улуғлиғини қайтармасдан бурун аёғларингда ўтирмасман. Юрт Қайғуси (Темур олдинда). Сочма. «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 31 октябръ 47-сонида илк бор эълон қилинган. Қайта нашри: «Фан ва турмуш» ж., 1990, 9-сон, 7-бет. «Ўзбёк Ёш Шоирлари» Тўпламидан «Ўзбек Ёш Шоирлари» тўплами 1922 йилда Тошкентда чоп этилган. Унга Фптрат, Чўлпон, Боту, Элбекнинг шеърлари киритилган бўлиб, Фитратнинг 1919—1921 йиллар орасида ёзилган 13 шеъри тўпламдан жой олган. Ушбу тўплам ҳақида қуйидаги тақризлар эълон қилинган: А. Саъдий. Ўзбек ёш шоирлари. «Туркистон», 1924, 12 яиваръ; О. Шарафуддинов. Ўзбек ёш шоирлари. Чўлпон. «Қизил Ўзбекистон», 1927, 14 февралъ («Айн» имзоси билан). Ким Деяй Сени? Оппоғим, худой асрағай сени, Кўз балосидан сақлағай сени. Сен жаҳоннинг энг нозанинисен, Қайғуларға ҳеч солмағай сени. Қип-қизил гулим, ёп-ёруғ ойим, Кетмай тур, бир оз мен кўрай сени. Дарди жонимнинг сен давосими? Мунгли кўнглумнинг подишосими? Гулми сен, кўзим, жонми сен, кўзим? Кўнглимнинг бути ё худосими? Билмадим, гулим, айт ўзинг кулиб, Ошиқинг нечук атағай сени? Ким Деяй Сени? Қайта нашри «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида 1987 йил 11 декабръ сонида (нашрга тайёрловчи Наим Каримов) эълон қилинган. Дастлабки тўпламда шеърнинг санаси кўрсатилмаган, қайта нашрда 1920 йилга тааллуқли экани айтилади. Бир Оз Кул Кўз ёшларим букун тағин оқадими? Қизил гулим бошқаларға кулар-да. Қизил гулим, борлиғимнинг султони! Жоним, сенинг хаёлингда кучайди. Юрагимнинг энг қимматли армони, Нечук менга марҳаматинг озайди? Икки кўзим, малак юзим, севдигим, Жонлар сенинг юзгинангдан айлансун. Қизил гулим, қора кўзим, тилагим, Дунё сенинг боқишингдан ўргулсун. Ёвуз ёрим, юзингга ҳеч боқолмам, Кўнгил дардин оёғингға тўколмам. Тупроқ каби йиқилмишам йўлингда дея олмам. Истар эсанг менга келиб гапурма, ёнимда ҳеч ўтурма. Ёлғуз йиғлаб узоқдан турғанимни Кўрганингда, марҳамат эт, бир оз кул! Бир Оз Кул. 1991 йилнинг июнида «Шарқ юлдузи» журналининг 6-сонида (20-бет) қайта нашр қилинди (нашрга тайёрловчи Ҳ. Болтабоев). Шеърнинг санаси кўрсатилмаган. Фитрат таржимаи ҳолини кузатиб, 20-йилларнинг бошларида Тошкентда ёзилганини тахмин қилиш мумкин. Аччиғланма Деган Эдинг Умидсизлик ханжари билан яраланған бир юракнинг энг сўнгги армуғони Эрка малак, аччиғланмам сенга Учирсанг-да кўкка юрак кулин. Аччиғланмам сенга, нозли қуёш, Ёндирсанг-да умидимнинг гулин. Борсун, ёнсун умидимнинг гули; Кўкка учсун юрагимнинг кули, Сўлсун руҳим, борлиғим-да бицун. Ўксиз кўзнинг ёши каби ишқим Тупроқ узра тўкулсун-да кецун. Тилакларим, армонларим, шеърим Кўмилсунлар, керакмаслар менга, «Ҳаёт» деган қопқон борсун, Парчалансун, бицун, йўқолсун. Бироқ, сен... ким, хаёлингға руҳим Толпинадур — яша, бор бўл, туташ. Аччиғланма Деган Эдинг. Шеърнинг санаси кўрсатилмаган. Сарлавҳа остидаги сўзлар муаллиф қаламига мансуб. Қайта нашри учун қаранг: «Шарқ юлдузи», 1991, 6-сон, 20 бет. Миррих Юлдузига Гўзал юлдуз, еримизнинг энг қадрли туқғани! Нега биздан қочиб мунча узоқларға тушибсан; Тувғанингга нечун сира гапурмасдан турибсан? Сўйла, юлдуз, ҳолинг надир? Нечук топдинг дунёни? Бизнинг ерда бўлиб турған тубанликлар, хўрликлар, Сўйла, юлдуз, сенинг дағи қучоғингда бўлурми? * * * Борми сенда бизим каби инсонлар, Икки юзли ишбузарлар, шайтонлар. Ўртоқ қонин қонмай ичкан зулуклар, Қардош этин тўймай еган қоплонлар? Борми сенда, ўксуз йўқсулнинг қонин — Гурунглашиб, чоғир каби ичканлар? Борми сенда бутун дунё тузугин Ўз қопчиғин тўлдирғали бузғанлар. Борми сенда бир ўлкани ёндириб, Ўз қозонин қайнатғучи хоқонлар. Борми сенда қорин-қурсоқ йўлида Элин, юртин, борин-йўғин сотқонлар? Миррих Юлдузига. Қайта нашрида 1920 йил санаси кўрсатилган. Қаранг: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1987, 11 декабръ (табдилчи Н. Каримов). Овунчоқ Мирмуҳсинга[9] бағишладим Тўсиб турган ойдинликнинг йўлини Шу қоп-қора, эски, титрак булутлар, Кучли бир ел кўргач, турмас, йиртилар, Умид куни сенинг учун ҳам туғар. Қайғурмағил сира, эй ҳақ туйғуси! Букун сен Эзиласан билимсизлиқдан ортиқ. Шу қоронғу, юракларни(нг) бутунлай Сўкиш, қарғиш, лаънат аралаш бўғиқ Товушлари сенга тўғри юксалган. Қувиласен бу сезгусиз ўлкадан. * * * Кимсасизлик пучмоғида ёлғузча, Ўгай она таёғи-ла сурилган, Йўқсул, ўксуз қизлардан Инграб, инглаб, оқиб турған бир сойнинг Қирғоғида ўскан ўксуз бир оғоч Кўргач, шунинг кўлкасига сиғинарсан... Бироқ, ишон — шу ҳолларнинг барчаси Эрта, индин бутун-бутун йўқолар. Олдимизни тўсган булут парчаси Кучли бир ел кўргач турмас, йиртилар. Умид гули бизим учун ҳам туғар: Қайғурмагил, сира, эй ҳақ туйғуси! Овунчоқ. Шеър машҳур маърифатчи адиб Мирмуҳсип Шермуҳамедовга бағишланган. Боту 1929 йили М. Шермуҳамедов вафоти муносабати билан «Катта йўқотув» мақоласини ёзган, бу мақолада Фнтратнинг ушбу шеъри ҳам тилга олинган. Шеър «Ўзбек ёш шоирлари»дан олиниб, нашрга тайёрланди. Ишқимнинг Тарихи (...га) Кўб кунлар сендан узоқда мен ёлғиз ўртана қолдим, Ёғдирдим икки кўзимдан ёмғурдек қонли оловлар. Ёнмишди кўнглим ўти-ла тек сендан ўзга тиловлар, Ишқингнинг қайғуларини жон янглиғ бағрима солдим... Лекин сен, эй, юрагимнинг бирдан-бир севгили ёри, Кўркамлик боғчаларингда сезмасдан қайғуларимни булбулдек сайраб учардинг. Кўкларнинг хонига ўхшаб, кимларнинг ўртанганини Билмасдан ердагиларнинг дунёсин нақ ёритардинг. Қолдиқча бўйла хабарсиз ишқимдан, жон чечагим, сен Кўнглимнинг туйғулари-ла шоирлик сезгуларимни Бу йўлдан ўтга солардинг, Бир қўлдан ерга урардинг Ҳам йўқ этардинг фикримнинг тўплаганини. Тун-кунлар йиғлаганимнинг асири бўлса керакким, Сен энг сўнг менга ёндошдинг, руҳимни ўйната қўйдинг. Чексиз бир тонг чироғи-ла сургунлаб кечаларимни, Юлдузли йўлларни бирдан шеъримнинг олдига очдинг... Ишқимнинг Тарихи. Қайта нашри: «Шарқ юлдузи», 1991, 6-сон, 21-бет. Яна Ёндим Юрагимнинг қалин, қизғин олови-ла қайнаған Кўз ёшларим! Қайдасиз?! Куним каби узун, қора шу кечада кутиб мен Эришмадим сира сизга... Нега бўйла қочасиз?! Нечун мени сабабсизча унутдингиз— айтингиз? Ўтинамен... ялинамен, қочмангиз — қайтингиз! Яна бутун борлиғимнинг негизлари емирилди, Умидимнинг кўп чидамли тераклари йиқилди, Хаёлимнинг тотли, чучук соатларн бутунлай Узоқлашиб кетди мендан..! Тўсиб турар йўлимни Умидсизлик қайғулари тонги отмас бир тундай, Ўлим даҳи қутқарғали келиб тутмас қўлимни. Қеча унинг нур тенгизи бўлған гўзал манглайи Толғаланмиш кўргач мен... Ер юзида борлиғимни кўрсатмакдан уялдим. Ютдим бутун қайғуларнинг, мотамларнинг оғусин. Жон тортғуси бўлган кўзи оғир, нозли сузиларди, Бир оз бурун чоғир ичкан париларға ўхшарди. Билмам нечун ўйларди..! Каъба узра айланғувчи кўгарчиндек[10] юрагим, Соатларча шул кўзларнинг теграсида айланди. Бироқ у. Менга сира боқмади, Йиғладим, Кулдим, Ялиндим — Тушундим: Биртаси ҳам мизожига ёқмади. Йиғла, бир оз ўксузланган тилагим: Мен ҳам сендай бахцизликка тутундим, Умидсизлик ора тушиб йўқсул жоним ўртанди. Яна Ёндим. Қайта нашри: «Шарқ юлдузи», 1991, 6-сон, 22-бет. Нега Буйла? Сен келгач... Шеърим учун Қизил гўллар тўшалган, Юлдузлар-ла безалган Энг кенг бир йўл очилди. Сен келгач, Кўнглумни Қайғулар-ла, мотамлар-ла ўранған Қора қалин пардалари йиртилди. Сен келгач, Хаёлим Умид, армон чечаклари очилган Учмоқ каби боғчаларда булбулдек Сайраб юрди. Бироқ сен Ишқингдан Кеча-кундуз ёниб турган кўнглимнинг Дардини Ҳеч сезмасдан кула-кула турар-да Ёнар бутун борлиғим... нега бўйла?! Нега Бўйла? Шеър 10 март 1920 йили ёзилган. Қайта нашри: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1987, декабръ. Қайта нашрида 1920 йил 14 март санаси келтирилган. Шоир Букун йиғлаб ўтирмишдим, сен келдинг, Бир шоирнинг бир «сўзи»ни сўзладинг, Мен у сўзнинг руҳингдаги изларин Сенинг гўзал кўзларингда ўқидим. Ўқидуқча, у издан Ўзим учун кўб умидлар тўқидим. — Умидсизча яшай олмам, нетайин. Эмиш... Шоир севгилисига ёзған Бир ёзувда қайғуларини тўкмиш, Сўзларининг энг охирида ондан Руҳи учун бир оз кўмак истамиш. Биласанми? Шоир ишқнинг энг нозли, Эрка, инжиқ ёғдусидир, туролмас Маъшуқидан кўрмаганча кулушли, Марҳаматли, чин сезгули бир кўмак, Мана шудир унинг учун бор тилак. Шоир Табиатдан сирли, теран маънолар, Тириклик-чун очиқ, тўғри, чин йўллар Излар — топар, ўзи учун сақламас. Унларни Ёз гулининг япроғидан тўқилган «Сўз»лар илан ўраб бизга топширар. Шоир Ишқ боғининг тентак, сингирли, ёнган, Булбулидир. Башарият дунёсин Кичик, нозли қаноти узра қўяр, Кўклар сари юксалткали талпинар. Мана шунинг ўксуз, йўқсул кўнглуни Кўтармак-чун, гўзалларга тегишдир. Ким озғина қарағайлар, кулгайлар Инграб турган жонини Қўллағайлар, бир оз кўмак эткайлар. Шоир. Шеър 1920 йпл 24 мартда ёзилган. Қайта нашри: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1987, 11 декабръ. Миён Бузрук Солиҳовнинг далолати бўйича, бу шеър Абдулҳамид Чўлпонга бағишлангаи. Беҳбудийнинг Сағанасин Изладим Чўкмишди ер узра олам тўсуғи, Ўксузлик бойқуши қанот қоқарди. Ботувда қизариб турған булутдан Эзилған кўнглима мотам ёғарди. Ҳақсизлиқ шаҳрининг қон ҳидли ели Армоним гулидан бир япроқ узуб, Баҳорсиз чўлларга совуриб қўйди. Ул нозли япроғим сўлиб, сарғайиб, Йўқсул қолғанлардай ҳар ён югурди. Золимлар, мазлумлар, зулумларнинг-да, Қайғулар, аламлар, ўлумларнинг-да Барига учради, барчасин кўрди, Ўз йўқотқонин излади, сўрди. Бир дарак топмағач, бирдан бир тикилдн. Бор кучин тўплади. Золимнинг тахтини титратган бир товуш Қичқирди: — Отамнинг қабрини қай ерга ёшурдинг?! Бот сўйла!... Кирли тож кўб қўрқди ботур товшидан, Сесканиб, титраб... ёшрунди Бир жавоб бермасдан. Беҳбудийнинг Сағанасин Изладим. Шеър 1920 йил ёзилган. «Ўзбек ёш шоирлари»дан олиниб нашрга тайёрланди (бунга қадар матбуотда эълон қилинган бўлиши мумкин). «Фан ва турмуш» журналининг 1989 йилги сонларидан бирида қайта нашр қилинган (табдилчи Ш. Турдиев). Шеър Амир Олимхониинг буйруғига кўра Қарши беги томонидан 1919 йилда ўлдирилган Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875—1919) хотирасига бағишланган. Бу ҳақда қаранг: «Инқилоб», 1922, 1-сон. Парча Ур, ур!.. Сенинг тирноқларинг нозли, нозли урдиқча[11], Юрагимнинг битиб қолган яралари очилсун! Чолғи қили сенинг нозли тирноғинг-ла титраркан, Умидимни қоплаб турган қора булут йиртилсун! Парча. 1920 йил 11 анрелда ёзилган. «Ўзбек ёш шоирлари»дан олинган бу шеърий парчанипг асл сарлавҳаси берилмаган. Эҳтимол, тугалланмаган бўлгани ва мазмунан мумтоз адабиётдаги қитъага яқин тургани учун, шундай номланган. Ўгут Оғир йигит, сенинг гўзал, нурли кўзингда Бу миллатнинг саодатин, бахтин ўқудим. Ўйлашингда, туришингда ҳамда ўзунгда Бу юрт учун қутулишнинг борлиғин кўрдим. Турма — югур, тинма — тириш, букилма — юксал, Ҳуркма — кириш, қўрқма — ёпиш, йўрилма[12] — қўзғал. Ел йўлини тўсиб турган эски булутларни Ёндириб қўй, йиртиб ташла, барчасин йўқ эт. Қилолмасанг шу ишларни, Сенинг учун хўрликдир бу... Йиқил, йўқол, кет! Ўгут. Қайта нашри: «Чин севиш» (Т., 1996). Шарқ Қардошларим, мана сизга бир ўлка Ким, топилмас ер юзида сингари. Ҳар ёнида кенг, ям-яшил учмоҳлар Жон сувиндан етишкандир гуллари... Оғочлари яшил кийимлар кийган Эврилишар топинғали тангрига. Оғир, юксак, кўркам, ҳайбатли тоғлар Ўнгдан, Сўлдан... Ҳар ёндан Ҳақ йўлида урушғучи аскардек, Ясов тортиб, кўкрак кериб юксалган Кўкдан даҳи ўз ҳаққини истардек. Тенгизлардан қанот очиб табиат Қучоқламиш бу севгили ёвдусин. Тангри даҳи муздан, сувдан ҳам тоғдан Қуршатмишдир қўрғон қилиб теграсин — Ким ёввойи бир ҳайвон Суқуб қолмасун мунга йиртқич тишин, тирноғин. Бунда турди ҳар улуснинг ҳар саси, Бутхонаси, ўт уяси, каъбаси, Ҳам мунда ўқ яшади. Бироқ бу кун, эсизларким, бу ўлка Ҳар томондан таланмишдир йўлсизча, Маданият деган ғарбли олбости, Боқинг, бунинг кўкрагидан ўқ босди. Қуш боқиш-ла қарангиз, Бунда бу кун нелар бор: Ўтлар аро ёниб турған қишлоқлар, Хирмон бўлиб ётған гавдалар жонсиз, Оқмоқдадир қизил қондан ариқлар, Тинч турғанлар таланадир омонсиз. Тўрт-беш яшар бир боланинг бошини, Боқинг, кескин қилич билан кесмишлар, Йиғлабтурған онасининг бўйниға Бир ип билан осмишлар!... Янгигина келин бўлған бир қизнинг Кўкрагини эри бўлган йигитнинг Жонсиз ётган гавдаси узра қўюб Найза билан тешмишлар!... Хотинларнинг пардаси, Болаларнинг юраги, Қариларнинг гавдаси, Йиртилган, Ёрилган, Эзилган!... Ким берган, Бу ўғурли[13] ўлкага бунча ўтни? Ким тўккан Бу муқаддас ишга бунча қонни?! Билмайсизми?! Шарқ. Шеър дастлаб «Тонг» журнали (1920 йил, 2-сон)да «поема» рукни билан эълон қилинган. Сўнгра «Ўзбек ёш шоирлари» тўпламига киритилган. Қайта нашри: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1987, 11 декабръ. Бухоро халқ жумҳурияти даврида БухЧК раиси ва Ички ишлар нозири бўлиб ишлаган Муинжон Аминовнинг 1937 йилги сўроқ анкетасига кўра (16—20 апрелъ), бу шеърга Ф. Xўжаевнинг илтимосига кўра халқ артисти Қори Ёқубов; куй басталаб, ижро этган. Ушбу маълумот тафсилоти учун қаранг: «Шарқ юлдузи», 1992, 10-сон, 175-бет. Шеър таҳлили учун қаранг: Б. Қосимов. Фитрат. Чизгилар. «Шарқ юлдузи», 1992, 10-сон, 172—176 бетлар; Ҳ. Болтабоев. Номаълум Фитрат. «Ёшлик», 1990, 4-сон. Тўпламга Кирмаган Шеърлар Ўқитғувчилар Юртига Орқадошлар, тўпланайлик жаҳлнинг уйин йиққали Эл кўзин олған қоронғу пардаларни йирткали. Биз эрурмиз маърифат арслонлари, илм эрлари, Тўпланайлик, турк элиға тўғри йўллар очқали. Эллари маҳвдан қутқаран илм эрур, Бизлари ҳам бу кундан ўзи қутқарур. Биз эрурмиз элнинг инсонлик қонин қайнатғучи, Турк арслонин ўринсиз уйқудан уйғотғучи. Маърифат байроғи остиға йиғилдик барчамиз — Ким, бизи отганлара ҳақ йўлларин кўрсаткучи... Эллари маҳвдан қутқаран илм эрур, Бизлари ҳам бу кундан ўзи қутқарур. Ҳайданг, ўртоқ, қутқарайлик жаҳлдан Туронлари, Ёрутайлик маърифат нури-ла Туркистонлари, Илм ўчоғида етишкан эр-йигитлар, тўпланинг! Қочирайлик жаҳл урдусин[14], очайлик онглари... Эллари маҳвдан қутқаран илм эрур, Бизлари ҳам бу кундан ўзи қутқарур. Ўқитғучилар Юртига. 1921 йилда ёзилган бу шеър 1991 йили «Шарқ юлдузи»да қайта нашр бўлди (6-сон, 22-бет). Қор Кучсиз, титроқ, оппоқ, кичик томчилар, Турмай, тинмай тупроқ уза ёғадир. Ел бизларни, билмам, нечун қамчилар?! Кўкларда ҳам аёзликдан оқарған Бир кўз бормиким, ёши Бизнинг алам, ўлим билан суғорилган Еримизнинг кўчигига оқадир. Бу кичкина, ўксуз, оппоқ бебаклар, Уча-уча етмай қолған тилаклар Эскан елнинг қўллариға ўзини Ташлаб қўяр, борлиғини унутар. Ҳеч узмайин юқоридан кўзини Титраб-титраб қора ер узра тушар! Тушгач, бутун тушканлардай топталар... Теккан ерин билмай босған оёқлар, Пичраталар бунинг оппоқ бетини. Босган изин кўрмай ўтган туёқлар, Топтаб-топтаб, оҳ... айтолмам кетини... Яна бир кун кўк кўкрагини очиб, Кула-кула бунлар сари боқғанда, Яна бир кун қизлар каби табиат, Қулоғига олтин ҳалқа тақғанда, Бунлар бутун пичроқлардан айрилиб Кўклар сари қараб учиб кетадир. Яна учиш, яна ўйин, яна эрк, Оҳ... у кунлар!... Шўр сувлардан чиқиб келган бу маймун, Тулки, илон, шайтон, алдовчи малъун[15] Англизлар!... Ҳамда унинг қуйруғини тутканлар! Қор. Илк бор Бухоро маориф нозирлиги нашри бўлган «Учқун» журнали (1923, 2-сон)да чоп қилинган. Қайта нашри: «Шарқ юлдузи», 1991, 6-сон, 22-бет. Менинг Кечам Кеч бўлди, тиниб битди товушлар, сўнди бутун уйларда чироғлар, тебранмади ер узра оёғлар, зулмат яна ҳар ён оқа қолди. Толпинмади, сайрашмади қушлар, жимжиткина инга кирди, бошини солди кейинга, сўлғун қаноти остиға олди. Ўчмоқ, яшамоқ қайғуларига «чиқ» деб ўзини уйқуға солди, ҳар дарди йўқолди. Кўклар сари чаққон кўтарилган тоғ гавдали уйлар, қўнуқлар, саройлар айрилди бутун дабдабасиндан, бнр қоп-қора ҳайкал туснн олди. Кундуз сакиз-ўн ёққа югурган, чопган, йиқилишған, яна турган, ўнг, сўл уни тепкан, буни... инсон-да ётиб уйқуға толди! Сўлғун, қора, турғун дема. Кўрдим мунгли кечанинг мунгли чоғинда, кўб мунгли уйимнинг қироғинда ёлғуз ики нарса ёндош-да: бири шамъим, бири... кўнглим! Бошқа ҳама тинч, жим, ўчлаб узонишда. Шундай кечаларни севаман мен, бунда югуриш йўқ, сўрғилуш йўқ. Юрмоқ-да, олдамоқ-да кўрулмас; ёлғуз кўруниш, сохта кулиш йўқ. Ёв шакли кўзимдан Кўб узоқда. Дўстлар эса ундан-да йироқда. Шундай кечадан ўргуламан мен! Менинг Кечам. Шўро давридаги барча дарслик ва қўлланмаларда «аксилшўровий», «миллатчи бадбин кайфиятларни ифодаловчи» деб талқин қилинган бу шеър 1923 йилнинг октябрида Москвада ёзилган. Бунга тескари руҳда Боту «Менинг кундузим» шеърини ёзган. Қизиғи шундаки, Фитрат шоир Ботунинг шеъридаги руҳни, ундаги «кундузнинг товланишлари»ни биринчилардан бўлиб англаган бўлса ҳам, аслида бундай шеър ёзишга ўзи маслаҳат бергани учун, уни ўз шеъри билан биргаликда «Инқилоб» журналининг 1924 йил 9—10-сонида (3—4. 7—8-бет) эълон қилган. 1996 йилнинг декабрида Фитратнинг 110 йиллик юбилейи муносабати билан «Туркистон» рўзномасининг 1996 йил 21 декабръ сонида қайта нашр этилди (нашрга тайёрловчи Ҳ. Болтабоев). * * * Гўзалим, бевафо гулистоним Боғ умримда тоза райҳоним, Ғаму қайғуларим ҳужуминдан Сен эдинг меҳрибон нигаҳбоним. Мени беҳуда ташладинг-кетдинг, Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг. Кел, гулим, кел, аёқингға йиқилай, Бир замон қўй: тўлиб-тошиб йиғлай. Қўй, бир оз қўйки, хоки пойингни Сурмадек ёшли кўзума сурай. Кетма, тур, тингла арзи ҳолимни, Арз этай ҳоли пурмалолимни. Қани ул дамки, сен эдинг ёрим, Мунисим, ҳамдамим, мададкорим. Сенинг оғуши илтифотингда Роҳат этмишди жисми беморим. Мени беҳуда ташладинг-кетдинг, Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг. Кел, аёқингға қон бўлуб тўкулай, Бир нафас дард-ҳажрдан қутулай. Кел, гўзал дилбарим, кел, сочингни Бир тарай, бир ўпай-да, сўнгра... Мени беҳуда ташладинг-кетдинг, Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг. Гўзалим, Бевафо Гулистоним. 1932. йил 4 ноябрда Самарқандда ёзилган бу шеър 1987 йили қайта нашр қилинган: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1987, 11 декабръ. Бу асарнинг ёзилиш тарихи бастакор Мутаваккил Бурхоновнинг Фитрат ҳақидаги хотираларида баён қилинган: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1992. ↑ Ўғузхон — хунлар давридаги қадимги турк хоқонларидан. Асл исми Мусахон Теоман ўғлидир, вафоти исовий 174-йил. Туғилган санаси аниқ эмас. Ўттиз беш йил ҳукмронлик қилган. ↑ Отилла — Xун хоқони Минжуқ ўғли (395—453). Акаси Велданинг ўлимидан сўнг (422 й.) хоқонлпкни тўла ўз қўлига олиб умрининг сўнггига қадар ҳоқонлик қплган. Қайта нашрда «Отилла» сўзи «оила» деб нотўғри ёзилган. ↑ туғой — туғилган жой. ↑ саксон милйўн — ўша йиллари ер юзида туркпй қавмга мансуб 80 миллион аҳоли бор эди, шу рақам назарда тутилади. ↑ носулға — тузалмаган, қайта касалланган. ↑ тамуғ — жаҳаннам. ↑ сорилмоқ — ёпишмоқ. ↑ қарлуқ темурлар — темир панжаралар. ↑ Мирмуҳсин Шермуҳамедов (1895—1929) — дастлабкн ўзбек журналисти, ҳам маърифатпарварларидан. 1917 йили 25 апрелда «Турон» газетасида босилгап мақоласи учун жазога тортилган, ҳатто уни тошбўрон қилиб ўлдириш ҳақида ҳукм чиққан. Лекин ғайратли дўстларининг аралашуви туфайли ҳукм қамоқ жазосига алмаштирилган ва у дўстларипннг ёрдамида Уфага қочириб юборилган. ↑ кўгарчин — кабутар. ↑ урдиқча— танбур чалганда бармоққа тақилади. ↑ йўрилма — чарчама. ↑ ўғурли — шўрлик. ↑ ўрду - лашкар, армия. ↑ «Тулки, илон, шамтон, алдовчи малъун» сатри қайта нашрда тушиб қолган. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62655 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59741 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37026 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23775 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23611 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23357 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19832 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18916 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14638 |