Адибус-соний [Munavvarqori Abdurashidxonov] |
Макотиби ибтидоия шогирдларина алифбодан сўнг ўқутмак учун мумкин даражада очиқ тил ва осон таркиблар ила ёзилмиш қироат китоби БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳамд Аллоҳ таоло ҳазратлари бизни йўқдан бор қилди. Кичик эдик, катта қилди. Оч эдик, ризқ беруб тўйдирди. Яланғоч эдук, кийим берди. Кўрмак учун кўз берди. Эшитмак учун қулоқ берди. Сўзламоқ учун тил берди. Юрмак учун оёқ берди. Ишламак учун қўл ҳам куч берди. Яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак учун ақл-ҳуш берди. Хусусан, бизга иймон бериб, ўзининг бирлигига инонтирди. Барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларига бизни уммат қилди. Ҳам динларнинг энг ҳақ ва тўғриси бўлган ислом дини ила мушарраф қилди. Бу нарсаларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматларидир. Булардан бошқа қанча неъматлар бергандирки, ёзмоқ ва санамоқ ила адо қилмоқ мумкин эмасдир. Бу неъматларнинг ҳар бириси учун Аллоҳ таоло ҳазратларига доимо ҳамд ва шукр этмак барчамизга вожибдир. Аллоҳ таолога айтиладирган ҳамд ва шукурларнинг энг яхшиси берган неъматларини ўз ўрунларига ишлатмак ва буюрган ишларини чин кўнгил ила қилиб, қайтарган ишларидан бор куч ила ўзини тортмоқликдир. Байт: Банданинг ҳаргиз қўлидан келмағай Неъмати Ҳақ шукрини этмак тамом. Яхшиси улдурки, ҳар бир неъматин Ўз ериға сарф қилгай хосу ом. «Қил!» — деганин жону дил бирла қилуб, «Қўй!» — деганин ўзига билгай ҳаром. САЛОВОТ Бизнинг динимиз — ислом, ўзимиз мусулмондирмиз. Бизга ислом динини ўргатган ва мусулмонлигимизга сабаб бўлган афандимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларидир. Бу зот Аллоҳ таолонинг энг яқин ва энг суюклик бандаси эдилар. Шул сабабли бошқа бандаларига тўғри йўлларни кўрсатмак ва эгри йўллардан қайтармак учун бу зотни элчи қилиб юборди ва ҳамма бандаларига бош ва пайғамбар қилди. Бу зот ҳам ниҳоятда тўғрилик ила Аллоҳ таолонинг ҳамма буйруқларини саҳобаларига ўргатдилар, саҳобалар боболаримизга ва боболаримиз бизга еткурдилар. Шу йўл ила биз мусулмон бўлдик. Мана шул Муҳаммад алайҳиссалом бизнинг пайғамбаримиз ва биз шул зотнинг умматларидурмиз. Шунинг учун бу зотнинг ўзларига ва барча ав-лод, қариндош ва саҳобаларига Аллоҳ таолодан раҳмат тиламак ва бу зотнинг кўрсатган йўлларидан ва айтган сўзларидан заррача чиқмаслик ҳар бир мусулмонман деган кишига лозимдур. ИЛМ Илм — билмаган нарсаларини билганлардан ўрганмоқдир. Одам боласи туғилган замонда ҳеч нарсани билмас. Ҳаттоки сўзламоқ, ёзмоқ, яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак каби энг керакли нарсалардан маҳрумлик ҳолда дунёга келур. Сўнгра оз-оз ўрганмоқ ила ҳар нарсани билур. Оталаримиз, оналаримиз, улуғларимиз ва муаллим афандиларимиз ушбу билган нарсаларимизни ўргатмаган бўлсалар эди, ҳозирда биз ҳам ҳеч нарсани билмас эдук. Шунинг учун одам болаларига зиёда лозим бўлган нарса — билмаганларини билганлардан сўраб ва ўқуб ўрганмак, яъни илм деган азиз ва фойдали нарсани қўлга олмак учун ҳаракат қилмоқдир. Илм — одамнинг зеҳнини очар, ақлини орттирар, билмаган нарсаларини билдирур, дунёда бахтли ва иззатли қилур. Охиратда саодатли ва шарофатли қилур. Байт: Илмдур дунёда энг яхши ҳунар, Илмсиздан яхшидур гунг ила кар. Ҳар киши илм-ла бўлса ошно, Иззату давлатда бўлғай доимо, Илмсиз одам залилу хор ўлур, Илмсизлардан ҳамма безор ўлур. АХЛОҚ ДАРСЛАРИ Одоб Бир киши Луқмони ҳакимдан: «Одобни кимдан ўргандингиз?» — деб сўрамиш. Луқмони ҳаким: «Одобни одобсизлардан ўргандим», — деб жавоб бермишлар. Ул киши яна сўрамишки: «Одобни одобсизлардан қандай ўргандингиз?» Луқмони ҳаким жавоб бермишларки: «Доим кишиларнинг қилган ишларига ва сўзлаган сўзларига диққат ила қараб юрдим. Кимдан ёмон сўз эшитсам, ул сўзни ҳеч бир сўйламадим, кимдаки бир ёмон иш кўрсам, ул ишни ҳеч бир қилмадим, шунинг ила одобли бўлдим». Ҳисса: одобли бўлурман деган киши ҳар нарсага иззат кўзи ила боқуб, иззат олур. Қайси иш кўзига яхши кўрун-са, ул ишни қилмоқға ҳаракат қилур. Ва қай иш кўзига ёмон кўринса, ул ишдан ўзини тортур. Бундай қилган киши, албатта, одобли бўлур. Искандар Зулқарнайн Ўтган замонда Искандар деган улуғ бир подшоҳ бор эди. Бир кун бир девонага йўлиқтси. Девонанинг баъзи ҳаракатлари подшоҳга хуш келуб, айтдики: «Эй девона, мандан бир нарса сўрагил». Девона айтдики: «Эй подшоҳи олам, пашшалар манга ҳар вақг ташвиш берадурлар. Юз ва қўлларимни чоқуб, хафа қиладурлар. Буюрсангизки, пашшалар манга бундай озор бермасалар». Подшоҳ айтди. «Эй девона, мандан шундай нарса сўрагилки, ул нарса маним ҳукмимда бўлсун. Ман пашшага нечук буйруқ қилурман?» Девона айтди: «Эй подшоҳ, дунёдаги махлуқларнинг энг кичкинаси ва ожизроғи пашшадир. Шул пашшагаки ҳукмингиз юрмаса, эмди сиздан нима сўрарман?» Ҳисса: Дунёда сенинг на ҳожатинг вор, Сўрагил они сан Худодан, эй ёр. Лофчи Бир лофчи киши бор эди. Лоф ва ёлғон сўзларни кўп сўзлар эди. Бир кун бир мажлисда денгизларнинг аҳволидан ва денгизда кўрган томошаларидан ҳикоя қилди. Мажлисдаги кишилардан бири сўрадики: «Эй биродар, сиз денгизда кўп саёҳат қилганга ўхшайсиз, денгизларнинг балиқлари қандай бўлур экан?» Лофчи ул кишига боқуб: «Ҳалигача сиз денгиз балиқларини кўрганингиз йўқми? Денгиз балиқлари туяга ўхшаш икки узун шохли бўлурлар»,— деди. Мажлисда ўлтурганлар билдиларки, ул бечора на туяни кўрган экан ва на денгиз балиғини. Барчалари бирдан кулишиб юбордилар. Лофчи уялиб, мажлисдан чиқиб кетди. Ҳисса: Ўғул, парҳез қил сан ҳам ҳамиша лофу ёлғондан — Ки яхшидур сукут этмоқ, айтуб ёлғону ёлғондан. Икки йўлдош Икки киши дўст ва йўлдош бўлиб, сафарга чиқдилар. Йўлда бир айиқ чиқиб, буларга югуриб ҳужум қилди. Буларнинг бири ёш ва чаққон эди. Шу сабабли тезлик ила қочуб, бир ерга бекинди. Аммо иккинчиси ўзининг кексалиги ва кучсизлигидан қочолмай қолди. Начора, ўзини бир ерга ташлаб, ўликга ўхшаб қимирламай ётди. Айиқ келуб, буни искаб-искаб, ўлук гумон қилиб, зарар еткурмай ташлаб кетди. Айиқ кетгандан сўнгра йўлдош бекинган еридан чиқуб келди ва кулиб айтдики: «Эй йўлдош, қулоғинга айиқ нима деб шивирлади?» Йўлдош жавоб берди: «Айиқ қулоғимга, бундай ожизлик вақтида сени ташлаб кетадурғон кишига бундан сўнг асло йўлдош бўлма, деб шивирлади». Ҳисса: Шундай кишилар ила дўст ва йўлдош бўлмоқ керакки, шодлигингга шод, хафалигингга хафа бўлсун. Ошга ўртоқ, бошга тўқмоқ бўлмасин. Тўғри жавоб Отаси ўлуб, бир киши ўлди бой, Ки қолди анга молу мулк, сарой. Онинг олдига бир фақир келиб, Салом айлади кўп тавозе қилиб, Деди: «Ман санга туғма қардошман, Бу молу манолингга йўлдошман. Отангдан чу қолди санга бунча мол, Бўлиб бер менга ярмини ушбу ҳол». Ул одам деди ҳайрат ила анго: «Нечук сан қариндош ўлурсан манго?» Фақир айди: «Эй меҳрибоним, эшит; Қулоқ сол, бу арзи ниҳоним эшит, Сану ман ҳама олам инсонлари, Эмасмизми бир одам ўғлонлари?» Бу сўзни эшитгач, табассум қилиб, Бир олтун чиқарди, деди: «Ол келиб» Ул айди: «Биродар, бу қандай сухан, Манга шулмидир ҳисса меросдан?» Жавобида ул марди ширин калом, Деди: «Сокит ўл, билмасун хосу ом. Эшитса гар ўзга қариндошлар, Узоғу яқин, ёру йўлдошлар, Бўлиб олсалар, молу мулк тамом, Санго тегмагай бир тийин, вассалом». Панд Яхши муомалани дўст ва душманга баробар қилмоқ лозимдур. Чунки яхши сўз дўстларнинг дўстликларини орттурур. Душманларингни дўстликка айлантирур. Назм Бўлур хулқу хуш ҳам сучук тил била, Етаклаб улуғ филни қил била. Чиқар яхши сўз-ла илон инидан, Ёмон сўз ила мусулмон динидан. Жўғрофия Ернинг аҳволини билдирадурғон илмни жўғрофия дейилур. Ер бизнинг кўзимизға текисға ўхшаб кўринса ҳам, аслида текис эмас. Балки пўртахолға ўхшаш юмалоқдир. Аввалларда «Ер ҳўкизнинг шохида турадир», деган сўзларга ҳар ким ишонғон бўлса ҳам, ҳозирғи замонда андоғ сўзларнинг аслсизлиғи ҳар кимга маълумдир. Ер ҳеч нарсанинг устида турмас. Балки ҳавонинг ўртаси муаллақ турадур. Пўртахолнинг юзи ўзининг пўсти ила қоплонғониға ўхшаш ер юзининг ҳам тўртдан уч бўлаги шўр сувлар ила қопланмиш, қолғон бир бўлаги тош, қум ва туфроғлар ила қопланмишдур. Сув ила қоплонғон ўринларини денгиз, кўл ва дарё дейилур. Тош, қум ва туфроғлар ила қопланмиш ўринларини қуруғлиқ дейилур. Денгизлар беш бўлак бўлиб, Баҳри муҳити кабир, Баҳри муҳити ҳинд, Баҳри муҳити атлас, Баҳри муҳити мунжамиди шимолий, Баҳри муҳити жанубий деб аталурлар. Ушбу денгизлар қуруғликнинг атрофини ўраб олмиш улуғ денгизлардур. Булардан бошқа қуруғликнинг орасиға ёриб кирмиш ниҳоятда кўп кўл ва денгизлар бордур. Машҳурроқлари: Оқ денгиз, Қора денгиз, Шимол денгизи, Каспий денгиз, Манош денгизи, Баҳранг денгизи, Болтиқ денгизи, Аталар денгизи, Мармара денгизи, Азов денгизи, Баҳри аҳмар, Япония денгизи ва Чин денгизларидур. Қуруғлиқ ҳам беш қитага бўлиниб, Европа, Осиё, Амриқо, Африқо, Австралия деб аталур. Ҳажжож ила дарвеш Ўтган замонда Ҳажжож исмли бир золим подшоҳ бор эди. Кўп уламо ва саидларнинг бошларини кесмиш ва қонларини тўкмиш эди. Анинг жабр ва зулми шул даражага етмишдур, тарих китобларининг ҳар бирида анинг исмини Ҳажжожи золим деб ёд қилмишлар. Мана ушбу Ҳажжож бир кун йўлда бир дарвешга йўлиқди. Олдига чақириб: «Эй дарвеш, маним ҳақимга бир яхши дуо қил!» — деди. Дарвеш қўлини дуога кўтариб: «Ё Раб! Бу золимни жонини тезроқ олғайсан», — деб дуо қилди. Ҳажжож аччиғланиб: «На учун бундай ёмон дуо қилурсан?» — деди. Дарвеш: «Агар сан тезроқ ўлсанг, гуноҳинг кўпаймас. Ва барча фуқаро сенинг зулмингдан қутулур. Шунинг учун маним бу дуом ҳам санга ва ҳам барча кишиларға фойдалидур», — деди. Дарвешнинг тўғри жавоби Ҳажжожга хуш келуб, кўп инъомлар берди. Ҳам ул кундан бошлаб зулмдан қўл йиғди. АХЛОҚ ДАРСЛАРИ Тарбияли бола Тарбияли бола улуғларни иззат ва ҳурмат қилур. Ўзи баробариға яхши муомала қилур. Ва ўзидан кичикларға шафқат ва марҳамат қилур. Ҳар кимнинг қадрини билур. Ўзидан рози қилмоқға ҳаракат қилур. Қўлидан келганича бошқа инсонларға ёрдам берур. Инсонликға ярашған ишлардан ўзини тортмас. Ярашмаған ишларнинг (қанча фойдалик бўлса ҳам), яқинига бормас. Ўзи билмайдурған сўзларға ва қўлидан келмайдурғон ишларға асло аралашмас. Ҳар ишда тўғриликдан айрилмас. Доимо яхшини яхши, ёмонни ёмон дер. Ҳар сўзни вақтиға ва жойиға қараб сўзлар. Ҳар ишда бир фойдани кўзлар. Ўзлариға ёки бошқа инсонларға фойдаси тегмайдурғон ишларға қадам қўймас. Ҳеч кимнинг ишиға, кучиға зарар еткурмас. Тарбиясиз, ёмон болаларга қўшилмас. Ота ва онасининг, муаллим ва халфаларнинг сўзларидан чиқмас. Ҳар ишда инсофни қўлдан бермас. Бировдан бир яхшилик кўрса, эсидан чиқармас. Қўлидан келмаган ишни устиға олмас. Устиға олган хизматини қилмай қолдирмас. «Миллат» деган сўзни жонидан ортиқ суяр. Шафқат ва марҳамат Одам болалариға лозим бўлган яхши ишларнинг бири муҳтожларға шафқат ва марҳамат қилмоқдур. Шафқат ва марҳамат эса биров бир нарсани сўрағон вақтида бор бўлса, аямасдан бермак, агарда йўқ бўлса, ширин сўз ила узр этмоқ ва қўлдан келганича бошқаларға ёрдамда бўлмоқдур. Жаноби Ҳақ таоло ҳамма махлуқларни бир-бириға муҳтож ва бир-бириға сабаб қилуб яратмишдур. Подшо гадоға, гадо подшоҳға, бой фақирға, кофир мўминға, мўмин кофирға ҳосил, ҳамма бир-бириға муҳтождир. Бу муҳтожлиқ ёлғиз инсонлар орасида бўлмай, инсонлар ила дунёдағи жонлиқ ва жонсизларнинг барчасини орасида ҳамма вақт кўрилмакдадур. Инсонлар минмоқ, юкларини ортмоқ, ерлариға экин сочмоқ, сут ва гўштларини емоқ ва ичмоқ учун от, туя, эшак, қўй, сигир, ҳўкиз, балиқ, товуқ каби ҳар хил ҳайвонларға муҳтож бўлурлар. Ҳайвонлар эса ризқларини ўткармоқ ва болаларини тарбия қилмоқучун кўп вақтларда инсонлар тарафидан экилган ўт, пичан ва ғаллаларға ва солинған иморатларға муҳтож бўлурлар. Шул сабабли шафқат ва марҳамат тўғрисида инсонлик, ҳайвонлик, кофирлик, мўминлик, яқинлик, узоғлик, бойлик ва фақирлик каби фарқларни эътибор қилмай, барчани баробар кўрмоқ лозимдур. Али ила Вали Али исмлик фақир бир бола бор эди. Бир куни оч қолди. Нон излаб кўчаға чиқди. Қўшнилардан бирининг Вали исмлик бир ўғли бор эди. Вали қўлиға бир парча нон ушлаб, эшигининг олдида еб турган эди. Бечора Али эса очликдан ўлум даражасиға еткан эди. Валининг қўлидағи нонни кўрғани замон олдиға бориб, бўйнин эгиб, «ўртоқжон, озгина нонингдан берсанг-чи», деди. Вали эса тош кўнгиллик, шафқатсиз бола эди. Шу сабабли Алининг ҳолига ҳеч бир раҳм қилмай: «Бор кет, санга берадурган ноним йўқ», — деди. Орадан кўп вақт ўтмади. Бир кун Валининг бир эчкиси йўқолди. Вали эчкисини ахтармоқучун далаға чиқди. Кўп юрди, охирида ташна бўлди.Ҳар тарафдан сув излади, ҳеч бир ердан сув тополмади. Сувсизликдан йиқилмоқ даражасиға еткан ҳолда узоқдан кўзи Алига тушди. Али бир дарахтнинг соясида қўйларини ўтлатиб, олдиға бир кўзада сув қўйиб ўтирмиш эди. Вали шодлик ила Алининг олдиға бориб: «Биродар, сув бермасанг, ташналиқтсан ўлурман», — деди. Али фақир бўлса ҳам олийжаноб бир бола эди. Валининг ҳолига шафқат ва марҳамат қилуб, кўзани узатди. Вали тўйгунича сув ичиб, ташналик балосидан қутулди. Ва ўзининг улда қилған марҳаматсизлиғиға Алидан афу сўраб, миннатдорлик изҳор этди. Исроф, бухл ва саховат Исроф ўринсиз ва заруратсиз ерларга молни сарф этмакдир. Бухл энг зарурий ерлардан ҳам молни қизғанмоқ ва аямоқдур. Саховат эса ҳар иккисининг ўртаси бўлиб, молни зарур ва фойдалик ўрунларға сарф қилуб, зарурсиз, фойдасиз ўрунлардан сақламоқдур. Исроф ила бухл дин юзасидан ҳаром ва ақл юзасидан энг ёмон ва мардуд саналған ишлардандур. Саховат эса хўйларнинг энг яхшисидур. Исроф қилғувчини мусриф дейилур. Бухл қилғувчини бахил ва хасис дейилур. Саҳоват қилғувчини сахий ва жўмард дейилур. Мусриф киши ҳар қанча давлатлик бўлса ҳам, охир бир кун фақирлик ва хўрлик балосиға йўлиқади. Бухл киши ҳар қанча бой бўлса ҳам, молининг ҳузур-ҳаловати, тириклиғининг лаззати ва шавкатидан қуруқ ва маҳрум қолур. Сахий кишининг кундан-кун моли кўпайиб, иззат ва обрўйи ортар. Ўз баробарлари орасида сўзи ўткур ва эътиборлик бўлур. Мактаб Болалар туғулуб, олти-этти кунлик бўлғанларида оналари бешикка солурлар. Кеча ва кундуз тинмасдан ҳаракат қилуб, кўкрак сутлари ила тарбия қилурлар. Қачонки болалар олти-этти ёшга етсалар, мактабға берурлар. Мактабда муаллим ва халфалар кўкрак кучлари ила тарбия қилурлар. Бунга қараганда, мактаб болаларнинг иккинчи бешикларидур. Аввалғи бешикда болаларға оналари сут эмизиб, танларини ўстурурлар. Иккинчи бешикда муаллимлар илм ва одоб ўргатуб, ақл ва фикрларини ўстурурлар. Болалар учун таннинг саломатлиғи лозимдур. Аммо акл ва фикрнинг саломатлиғи ундин ортиғроқ лозимдур. Чунки ақл ва фикрсиз тандан на ўзи учун ва на бошқа кишилар учун ҳеч бир фойда йўқдур. Шул сабабли болаларга аввалги бешиқдан кўра, иккинчи бешик бўлган — мактаб яхшироқ ва фойдалироқдур. Аввалғи бешикда сут ва таом беруб боққан ота ва она қандай дўст ва азиз бўлсалар, иккинчи бешикда илм ва одоб ўргатуб, тарбия қилған муаллим ва халфалар ондин ортуғроқ дўст ва азиздурлар. Байт: Эрур мактаб маорифнинг макони, Замонидур бунинг ёшлик замони. Киши қилгай кишини ушбу мактаб, Битиргай ҳар ишини ушбу мактаб. Бу мактабда ўқуғон ҳар бир инсон, Билуб илму одоб бўлғай мусулмон. Неча илм ол, одоб дунёдаким бор, Чиқубдур барчаси мактабдан, эй ёр. Искандар ила Арасту Ўткан замонда Искандар Румий деган бир подшоҳ бор эди. Анинг Арасту отлиғ бир олим ва доно устоди бор эди. Искандар устодини ўз ёниға бош вазир қилиб, барча мамлакат ишларини шунга топшурмиш эди. Бир иш қилса, шунға маслаҳат ила қилур эди. Эшикдан келса, ўрнидан туриб, жой берур эди. Ўзининг отасидан ортуқ иззат ва ҳурмат қилурди. Бир куни вазирлардан бири Искандардан сўрадики: «На учун Арастуни отангиздан ортуқ иззат қилурсиз?» Искандар айтди: «Отам гўёки мани осмондан ерга тушурди. Аммо, устодим Арасту мани ердан осмонға кўтарди, яъни отам мани дунёға келмоғимға сабаб бўлди. Устодим илм ва одоб ўргатуб, мартаба ва иззатимнинг ортмоғига сабаб бўлди. Шунинг учун устодимни отамдан ортуқ иззат қилурман». Устодни отадан ортиқ иззат қилмоқ керак. Ўқумоқ, ёзмоқ Ўқумоқ, ёзмоқ илми қийин бир иш эмасдур. Балки, оз вақт мактабда ғайрат қилмоқ ила ўрганиладурғон бир ҳунардур. Локин, бундан ҳосил бўладурған фойдалар ниҳоятда кўпдур. Тилсиз, қулоқсиз бир одам ила соғ ва саломат бир одам орасида қанча фарқ бор бўлса, ўқумоқ, ёзмоқни билмаған кишилар ила буни билған кишилар орасида шунча фарқ бордур. Балки, буларнинг ораларидағи фарқ аларникидан ортиғроқдур. Чунки тилсиз киши ҳар хил ишоратлар ила тилли кишиларнинг қиладурғон ишларини қила олур. Қулоқсиз киши ҳам бировнинг сўзини шундай ишоратлар ила била олур. Аммо ўқумоқ, ёзмоқ илмини билған одамларнинг қиладурғон ишларини буни билмаған одамлар ҳеч бир йўл ила қилолмаслар. Балки, ўқумоқ, ёзмоқ илмини биладурғон бир кишиға муҳтож бўлурлар. Бундан муаллим билурки, ўқумоқ, ёзмоқ илмини билмаған одамлардан тилсиз, қулоқсиз кишилар яхшидур. Аҳмад ила онаси Аҳмад олти ёшлик бир бола эди. Ҳар вақт онасининг олдида ўтурса, онаси эски ҳикоялардан сўйлаб, Аҳмадни овутиб ўтирарди. Бир куни Аҳмадға онаси айтди: «Ўғлум, Аллоҳи таоло энг аввал отамиз Одам алайҳиссаломни туфроғдан яратди. Сўнгра онамиз ҳазрати Ҳавони яратди. Икковларини жаннатға қўйди. Бир емишни кўрсатиб: « Буни емангиз», — деди. Бир куни шайтон буларни алдаб, ул емишдан едирди. Шунинг учун Аллоҳ таоло буларни койиб, жаннатдан чиқарди. Икковлари ер юзиға тушиб, эр ва хотун бўлдилар. Биз барчамиз шуларнинг болаларимиз». Аҳмад бу сўзни эшитгач: «Онажон, сиз ҳазрати Одам ила Ҳавони кўрганмисиз?» — деди. Онаси: «Йўқ, ўғлим, китоблардан ўқуб билдим», — деди. Аҳмад қўлига бир китоб олуб, ҳар қанча варақлаб кўрса ҳам, кўзига қора чизиқлардан бошқа ҳеч нарса кўринмади. Онаси Аҳмаднинг бу ҳолини кўриб: «Ўғлим! Сан мактабда ўқумагунча китобдаги нарсаларни кўролмайсан», — деб Аҳмадни мактабға берди. Аҳмад бир оз мактабда ўқуғандан сўнгра, онасидан эшитган ҳикояларини китоблардан ўқиб, ўзи биладурғон бўлди. Ота-она Дунёда болаларға энг дўст ва меҳрибон кишилар ўзларининг ота ва оналаридурлар. Ҳар она ўз боласини аввал тўққиз ой қорнида кўтариб юради. Сўнгра қанча азоб ва меҳнатлар ила туғар. Бола туғулган замонда «инга» деб йиғламоқдан бошқа бир нарсани билмас. Она бечора шу болани гоҳ кўтаруб, гоҳ ётқизуб, гоҳ турғузуб, гоҳ ўтқузуб тарбия қилар. Ииғласа, овутар. Оч қолса, эмизиб тўйғузар. Алҳосил, боланинг хурсандлиғи ва саломатлиғи нима ила бўлса, ҳар бирини қилур. Керак бўлганда, молини ва жонини боласидан аямас. Ота эса кеча ва кундуз ишлаб топған нарсасини болаларининг ош, нон ва кийимлариға сарф қилур. Бунинг устиға «Ўзумдан сўнгра болаларимға қолсун, болаларим кишиға муҳтож бўлмасин», деб бир нарса орттириб қўймоқ ҳаракатида бўлур. Ота-онанинг кеча ва кундуз Худодан тилаган нарсаси болаларининг саломатлиғи ва узун умр кўрмоғи, дунё ва охиратда бахтли бўлмоғидур. Болаларға бундай дўстлик ва яхшиликни ота-онадан бошқа ҳеч ким қилолмайдур. Шул сабабли болаларға ўз ота ва оналарини чин кўнгил ила дўст тутмоқ, буюрған ишлариниқилмоқ, қайтарган ишларидан қайтмоқ лозимдур. Байт: Кишининг бор эрса ото ва оноси, Ғаниматдур анга аларнинг ризоси. Худонинг қошида қабули яқиндур, Ото ва ононинг болага дуоси. Оларнинг ким оғритса кўнгилларини, Қиёматда бўлгай жаҳаннам жазоси. Бола қурбони Бир хотун ўзининг тўрт ёшлик қизини етаклаб боғчаға чиқди. Ул вақт баҳор фасли эди. Боғча ёниға кўкарган яшил ўланлар ва новда учида очилишға яқинлашған гул ғунчалари ила зийнатланмиш эди. Яшил ўланлар орасида ҳар тарафға чўзилиб кетған узун-узун йўллар боғчанинг ҳуснини орттурмиш ва ўртадан ўтадурғон улуғ сув боғчани иккиға айирмиш эди. Бу боғчаға кирғанда ёш қизнинг кўнгли очилуб, ҳар тарафға югурмоқға бошлади. Гоҳо ўланлар устиға ётуб юмаланур эди.Гоҳо кўзиға яхши кўринған гулларни узиб, кўксиға тақуб, онасиға кўрсатарди. Онаси сув бўйида ўтириб, қизининг ёқимли ҳаракатларини томоша қиларди. Лекин бу хурсандлик узоққа бормади. Сув бўйида янгиғина очилғон бир гулни кўриб, узаман, деганда қизнинг оёғи тойиб сувға йиқилди. Онаси бу ҳолни кўриб. «Дод, болам! Сан ўлгунча ман ўлай!»— деб қизининг орқасидан ўзини сувға отди. Бу товушни боғбон эшитиб, югуриб келди. Буларни бу ҳолда кўриб, кийимларини ечиб, ўзини сувға ташлади. Бориб, аввал онасини қутқармоқчи бўлганди, онаси: «Мани қўй, аввал боламни қутқар», — деб боғбонға ялинди. Боғбон ҳам қабул қилиб, аввал болани қутқариб, сув четиға чиқарди. Боғбон қайтуб борғунча бечора она хийла ерға оқуб бормиш, ўз жонини боласиға қурбон қилмиш эди. Биродарға муҳаббат Иброҳим ўз қариндош ва биродарлариға муҳаббатлик бир бола эди. Бир кун қўшнисининг уйиға чиққанда қўшниси бир хизмат буюрди. Иброҳим аввал хизматни яхшилаб қилганлиги учун қўшниси олма берди. Олмаға қизиқиб, емоқчи бўлганида уйда касал бўлиб ётган синглиси эсига тушди. Олма ёлғиз ўзидан ўтмади. Синглисининг олдиға кируб: «Укам, қўшнимиз берган бу олмани санга келтурдим! Е!» — деди. Синглиси суюнуб, олмани олди. Ярмини ўзи еб, ярмини яна акасиға берди. Бу йўл ила бир олмани икковлари еб хурсанд бўлишдилар. Ҳисса: Биродарлар бир-бирлариға шундай муҳаббатлик бўлмоғи лозимдур. Кўр ила дўхтир Яхшиғина бой бир кўр киши ҳар вақт бозорға чиқиб, ҳар хил нарсалар олурди. Лекин кўзи кўрмағанлиғи учун яхши-ёмонни айира олмас эди. Яхши деб ўйлаб олған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар эди. Бир куни кўзининг пардасини олдурмоқ учун бир дўхтирни уйиға чақирди. Дўхтир келиб, кўзини пардасини олди. Бир неча кундан сўнгра кўзи очилуб, уйидағи нарсаларни кўрмоққа бошлади. Бозордан олғон нарсаларининг ҳар бири кўзиға ёмон кўринди. Боруб: «Сан маним уйимдаги нарсаларимни олуб, ўрниға ёмон нарсалар қўйибсан», — деб дўхтирнинг этагидан тутди. Дўхтир: «Йўқ, биродар! Аввал сан кўр эдинг. Бозордан олган нарсаларингни барчаси ёмон нарсалар эди. Сан они билмас эдинг. Эмди кўриб, аларнинг ёмонлиғини билдинг», — деб жавоб берди. Ҳисса: Нодон киши шул кўрға ўхшайдир. Яхши деб ўйлаған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар бўлур. Илм дўхтирға ўхшайдир. Ўқиған кишиларнинг кўзларини очар. Сўнгра ёмон ишларнинг ёмонлиғини билиб, ондан ўзларини тортурлар. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57895 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36643 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23179 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21833 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19541 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |