1151 рақамли трамвай (ҳикоя) [Ne’mat Arslon]

1151 рақамли трамвай (ҳикоя) [Ne’mat Arslon]
1151 рақамли трамвай (ҳикоя) [Ne’mat Arslon]
I
«Мен трамвайман« деган фикр шунчаки хаёлига келиб қолган ўткинчи мушоҳадалар ҳосиласи бўлиб, дастлаб Бешимнинг лабларида истеҳзоли, аммо енгил кулгу зоҳир этган ва лаҳза ўтмай унитилган-у, фақат хотиранинг қайсидир пучмоғида омонатгина, ҳатто саҳобанинг ўзига ҳам сездирмай ўрнашиб қолган; агар ҳаёт унсурларига таққослайдиган бўлсак, донаси тугаб, ташлаб юборишга маҳрум этилган гугурт қутисидек қадрсиз бир нарса бўлса-да, орадан кўп ўтмай ўша ўзи яшириб олган «хона»дан бўй чўзиб, бошқа кучли ҳамда ҳаётнинг бошқа икир-чикирларига қоришган-у, энг зарур ашё сифатида (кундалик икир-чикир бўлгани учун ҳам) хотира аслаҳа хонасида сақланаётган ва ҳар лаҳзада ўзининг мавжудлигини билдириб қўйиш учун чинқириб-чинқириб овоз бераётган биринчи даражали фикрлар тўдасига қўрқа-пуса қараб қўядиган бўлди.
Бешим бекатда автобус кутганча шивалаб ёғаётган ёмғирда ивишни мақсад қилиб олгандек, ўзини тўсин панасига тортмай йўл қарарди. Ёмғирнинг муздек томчилари юзига, бўйнига келиб қўниб, толиққан ва кун бўйи қилинган ақлий меҳнатдан чўғ каби қизиб кетган бошига хуш ёқар, буни бутун вужуди ила ҳис этганча намиқиб бораётган асфалтдан кўз узмай турарди.
«Дзинг-дзинг» этган товуш эшитилди. Бекатга келиб тўхтаган трамвайни кўрибоқ хаёлан унинг қайси йўлдан бориши ва қайси лаҳзаларни айланиб ўтишини ўйлади-да, вақтдан қарийб ярим соат ютқизишини истамай, йўқ, «автобус кутаман» деган қарорга келди. Аммо ҳали қарори дилида мустаҳкамланиб улгурмай трамвай биқинидаги рақамга кўзи тушди: «1551». Сонларда рамзийлик бордай туюлди. Одамлар очиқ эшиклардан тушиб келишар, бекатдаги йўловчилар автобус кечикканлиги боис трамвайга ўтиришга мажбур бўлганидан ранжиган қиёфада кўринишарди. Бешим ҳам уларга қўшилиб трамвайга чиқди. Бўш ўриндиқлар кўп бўлса-да, ёшгина бир қиз ўтиришга таклиф қилгандай нарироқ сурилди ва кўз илғар-илғамас ҳаракатлар билан ёнидаги бўш жойга имо қилди. Бешим унинг ёнига — эшикдан кириш жойда — чап қўлдаги биринчи ўриндиққа ўтираркан, аввал деразадан ташқарига қаради. Сўнгра бекат майдончасидан нигоҳини узиб ҳамроҳига назар солди: нигоҳи қизнинг турмакланган сочини, оппоқ ва нозик бўйнини, турмакдан қочиб унинг елкасига очилиб тушган бир ўрам сочини силаб ўтиб, яна ўз маконига, яъни Бешим исмли жисмнинг кўз қорачуғларига қайтди.
Трамвай ўрнидан оғир қўзғалди. Ғилдираклар темир излар устида бир маромда тарақлай кетдилар. Бешим ҳайдовчи ўтирган хоначанинг темир деворига, очиқ эшикчадан кўриниб турган, шу оғир уловни бошқариш учун хизмат қиладиган ускуна-мурватларга, хонача деворининг бўёғи кўчиб тушган зах ва қирраларига азбаройи нимадир қилиш эҳтиёжи туғилгани сабабли зериккан қиёфада қараб борарди. Эскирган трамвай паторот топиш арафасида тургандай. Рўпарадаги деразанинг синган кўзи ва унга биркитилган фанер ямоқ, занглаган болтнинг ичкарига томон туртиб чиқиб турган учи... буларнинг ҳаммаси Бешимга ўзининг қирқямоқ туфлисини эслатди.
«Менга ўхшаркан бечора» деган ўй кўнглидан ўтаркан, қизнинг нигоҳи қадалиб турган нуқтага қаради. Бу нуқта томонлари ейилиб, шакли ўзгариб ямалаверганидан маккажўхори сўтасидай ғадир-будир бўлиб қолган ўзининг туфлиси экан. Бешимнинг оёқлари беихтиёр ҳаракатга келди, туфли ўтирғич остига томон бир қалқиди-ю, қайсарлик билан ўз ўрнига, қизнинг оппоқ ва бежирим бошмоқчаси ёнига қайтди.
«Яширишнинг фодаси йўқ, кўрди, энди яшириш аксинча, унинг кўнглидан кечган таассуротни кучайтиради», хаёлидан ўтказди Бешим ва қизнинг қўлидаги гулга қаради. Бир даста настарин. Гулнинг бинафшаранг япроқларидан баҳорий тоза хушбўй таралмоқда. Настарин ва ёмғир... шамсия тутган аёллар, дераза, том бўғотидан шовуллаб қуйилаётган сув — буларнинг ҳаммаси қизнинг қўлидаги гулга ва савсани кўйлак кийган навниҳолга ўхшарди. Настарин ҳам, ёмғир ҳам мана шу қиз ҳам.
— Настарин...
Чўчинқираб, ҳаяжон ичра, пастгина овозда айтди бу гапни Бешим. Қиздан садо чиқмади, фақат деразадан кўз узиб у ҳам гулга қаради. Бешим миясидаги бор луғат бойлигини титкилаб кўриб яна битта сўз топди:
— Чиройли...
Бош эгди қиз. Бу ҳаракат мазмунини шарҳлолмади Бешим, сўзни тасдиқламоқчи ва бунинг учун охиригача эшитмоқчи бўлиб давомини кутяптими ёки гулни ҳидлаяптими?!
Трамвай қўнғироғини чалди. Унинг йўлига «Икарус» автобуси кўндаланг келиб қолганди. Трамвай қаттиқ силкиниб қасирлаб, ғижирлаб тўхтади. Буни кутмаган йўловчилар бараварига қалқиб ўринларидан туриб кетишди. Ким қўли билан, ким боши ё елкаси билан, баъзи бировлар кўкраги билан ўзидан олдинги кишига таяниб қолди. Энг олдинда ўтирган кампир ҳайдовчи хонасининг деворига бориб қапишди. Бешим эса чаққонлик кўрсатиб эшик ёнидаги тутқичдан тутиб қолишга улгурди. Қизнинг ҳолати мутлақо ўзгармаганлиги, қалқиб ҳам кетмаганлиги ажабланарли эди. Лабларида маҳзун табассум ва кўзларидаги мунг билан ғазабнок йўловчилардан узр сўрагандек бир қиёфада ўтирарди. Ғала-ғовур бошланиб ҳар хил гаплар ва ҳақоратлар айтилардики, буларни ҳам қизгина ўзига олаётгандай бир алпозда оҳиста кўз юмиб, бош тебратиш билан қабул қилди.
— Сиз трамвайчининг қизимисиз? — сўради Бешим унинг ҳолатини ўзича тушуниб.
Қиз унсиз жилмайди. Бамисоли тонгги сабо, барги қабо, яъни шукуфта гул япроқларини авайлаб ўпгандай ва бу мулоқотдан япроқлар титраб кетгандай унинг дудоқлари ҳаракатга келди:
— Мен трамвайнинг қизиман.
Бу гапни қиз айтдими ёки ўзининг хаёлида акс этдими, фарқлолмай қолди Бешим.
Йўловчилар таҳликаси тиниб, яна ҳар ким ўй-ташвишларга тўла ўз дунёсига кириб кетаркан, пастда ҳаракатланаётган темир қисмлар нидоси баралла эшитилаётган бўлса-да, Бешимнинг қулоқларида ҳамон ўша овоз шивирларди:
«Мен трамвайнинг қизиман».
Деразадан таниш манзарани — кекиртаксимон қурилган уч қиррали баланд бинони кўриб қолиб икки-уч бекат ўтиб кетганини англади Бешим. Танасининг ҳаракатланувчи барча мушакларида ўрнидан туриш истаги сизғириб ўтди-ю, аммо ёнидаги хилқатдан ажралгиси келмаётгани сабабли бу тараддуд ниҳоясига етмай сўнди. Ғилдираклар бир маромда садо берар, чироқлар темир изни, ёмғир сувларидан ҳосил бўлган йўлакларни пайпаслаганча қоронғулик бағрига кириб борарди.
«Майли, бундай гўзал хилқат билан ҳатто дунёнинг нариги четигача бориш мумкин» деб ўзини хотиржам қилишга уринди йигит, аммо шу лаҳзанинг ўзида бошқа бир фикрдан дили хира тортди: «Дунёнинг нариги четигача унга ҳамроҳ бўла оламанми, ахир туфлим оёғимдан узилиб тушиб қолади-ку, шундай қизнинг ёнида кетаётган ялангоёқ ва нотавон кишини кўриб одамлар маломат қилмайдиларми».
Хаёлидан ўтган фикрга қизнинг муносабатини билмоқчи бўлгандай унга қаради. Латиф ва ғамнок чеҳра. Ўзича мулоҳаза юритиб, йўқ, ғамнок эмас, ўйчан ва мунис деган хулосага келди. Назарида қиз у қадар ғамгин кўринмади. Унинг яшаш жойини, хонасини, тўшагини ўзича тасаввур қилиб кўрди: эри йўқ, бола-чақаси йўқ. Хона ва даҳлизларда сукунат. Бурчакда жавон, унинг ёнида ёзув столи. Стол устида бинафшаранг ёғду таратиб тунчироқ ёниб турибди. Каравот пойида бўйрадеккина келадиган гулдор гиламча. Гулдор патгилам. Унинг устида юмшоқ аёллар бошмоғи. Гуллар аллақачон гулдонга солиб қўйилган. Бешим қизнинг қўлидаги дастага қаради ва ундан кўз узиб ўзининг бошмоғига қараб олди. Қизнинг узун ва ингичка бармоқлари настарин барглари орасида янада нозикроқ ва оқроқ бўлиб кўринарди. Бу вужуди оқ ва қора ранглардан ташқари каштан мевасидек қўнғир ранглар, қўлидаги настарин гул баргларига хослик бир-бирига нисбатан зиддият билан ўрин олгандики, шу зиддиятнинг ўзи мутаносибликни ва уйғунликни бахш этганди.
«Темирйўлчилар хиёбони» бекатида тушиб қолиб пиёда ортига қайтаркан, оёқлари чалишиб кетаётганини, орзулар ва умидлар лаззатидан масту мустағриқ бўлиб йўлдан четга чиқа бошлаганини пайқади Бешим ва дилини афсус ўртади, мастлик тарқади. «Издан чиқсам йиқиламан» деган иқрор дилини қамраб олди. Туфлисини қаттиқ «експлуататсия» қилганди. Беҳуда хаёллар деб етти йилдан буён миниб юрган «отини» зўриқтирганига ачинди. Эгилиб қараб кўча чироғи ёруғида яқиндагина ямалган жой ёнида узунгина қора чизиқ пайдо бўлганини кўрди.
Қўллари билан зина тутқичига таянганча оғир-оғир юриб юқорига кўтарилди. Тўртинчи қават, буёғи ярқираб турган эшик, яшил бўёқ. Бир ҳафта аввал босмахона омборчисидан сўраб олганди. Эшикнинг таровати бутун ҳафта давомида унинг кайфиятини кўтариб турди. Мой бўёқнинг ҳиди, умуман шу ишнинг уддасидан чиққанлиги, қўшниларнинг эшик-деразалари бўёғи кўчиб ва ранги ўчиб абгор бўлиб турган бир паллада ўзининг ярқираб турган эшиги заррача бўлса-да ҳаётига ёруғлик бахш этганди. Чўнтагидан калит олиб қўлининг кўникиб кетган ҳаракати билан қулф тирқишига тиқди, буради. Қулф ҳаракатланувчи жисмларининг беозоргина «шилқ» этган товуши эшитилди.
Хона ҳавоси димиқиб қолганди. Деразани очиб каравотга ўтирди-да, туфлисини ечиб қўлига олди, кўзига яқинриқ тутиб қаради, бармоғи билан сийпалаб кўрди. Туфлининг чарми юзакироқ ёрилган ва ҳали ички қисмига ўтмаганди. Эртаси кун таниш этикдўзнинг олдига бориб туфлисини унинг қўлига тутқазди.
— Акойи Бешим, ҳа, яна бирор жойидан кетибдими? — дея қарши олди уста ва қўлини туфлининг ичига тиқиб бармоғи билан чарм бетликнинг ёрилган жойини пайпаслаб кўрди.
— Бўпти, қолдиринг, бугун шанба, эрта бозор, душанбагача оласиз.
— Душанба ишга бораман.
— Тайёр бўлади, якшанба кечроқ хабар олинг.
Шу гапларни айта туриб уста туфлини яна қўлига олди.
— Туфлингиз ҳам аммо учинчи трамвайдан бўлиб қолибди, — бош чайқаб кулди уста.
Бешим оғринмади. Резина чўвагини шапиллатганча чиқиб кетаркан «Нафақат туфлим, ўзим ҳам ўхшайман» деган фикр йўл бўйи уни тарк этмади. Шаҳарга келганидан буён уйдан ишга, ишдан уйга қатнаб бир хил ҳаёт кечираётгани тўғрисида ўйлади, аммо бундай ўйлар энди унинг юрагида кучли ҳиссиёт уйғотмасди. Етти йилдирки, шу йўлдан қатнар, қорин тўйдириш учун зарур нарсаларни йўл-йўлакай кўчанинг ўнг бетидаги хиёбон бўйлаб жойлашган дўкончалардан харид қиларди. Туфлини шаҳарга келган йили етти ойлик қалам ҳақини йиғиб юриб олган, ва уни ҳеч бўлмаганда яна бирор йил кийишдан умидвор эди. Шу боис ҳамиша энг қисқа йўлни танлар, зарурат бўлмаса уйдан чиқмас, хуллас, ўзини «сен«лаб, туфлисини «сиз»ларди. Тунда устини артиб, чангдан тозалаб нам сочиқ ёпиб қўярди.

II
Душанба куни ишдан қайтишда яна «1551«га чиқди. Ўнинчи йўналиш бўйича қатнайдиган «1941» ҳамда «1997» рақамли трамвайларни атайлаб ўтказиб юборди. Ниҳоят, ўзи кутган трамвай бекатга келиб тўхташи билан эшик ёнидаги биринчи деразага қаради-ю, унга кўзи тушди. Тасодифми ё Худонинг тўғри келтирганими, ўша кунги жойда ўтирарди қиз. Елкаси деразага тегиб турибди. Кўйлагининг сап-сариқ бир дона гули худи шишага ёпиштириб қўйилгандай. Сочи ўша кунгидек турмакланган, фақат эгнидаги либоси бошқа, оддийгина сариқ гулли чит кўйлак. Сариқ наъматак гулли. Наъматак пушти рангга мойилроқ гуллайди аслида, лекин тоғларда ўсадиган ёввойи наъматакларнинг бир тури тўқ сариқ, ҳатто айтиш мумкинки, зарғалдоқ рангда гуллайди. Наъматакларнинг ҳаммаси ўзи ёввойи, аммо зарғалдоқ рангда гуллайдигани яна ҳам ёввойироқ.
Қизнинг ёнига ўтираркан, унинг қўлидаги гулга эътибор қилди Бешим. Бинафшаранг настарин. Гулга ҳам, қизнинг юзига ҳам бемалол, дадил қаради. Уста туфлисини ямаган ва ўхшатиб мойлаганди. Шу боис ўзини жасоратлироқ сезди, тортинмади, ҳатто оёғини қизнинг оёғига яқинроқ қўйди. Сўнгра хотиржам ўтириб атрофни кўздан кечираркан, ҳайдовчи ўтирадиган хонанинг бўёғи кўчган сирти, синиқ деразага қоқилган фанер, учи занглаган болт ҳам кўзига унчалик беўхшов кўринмади. Ҳеч нарса ўзгармаган. Ҳатто йўловчилар ҳам ўша-ўша. Ён тарафдаги биринчи қаторда кўриниши абгор бир ўрис аёли, унинг ортидаги ўриндиқда ёш болали бир ўзбек хотин, ундан кейингисида ола дўппили икки ўспирин, улардан кейинги жойларда ўн беш чоғли ўқувчи қиз. Миршаблар либосидаги кишилар эса чап тарафдаги ўриндиқларни тўлдириб ўтирибдилар. Уларнинг ҳам шу трамвайга чиқишгани ёқмади Бешимга. Сабабини аниқ билмагани ҳолда қатъиятли юзларга, янги ва ихчам либосларга изтироб ичра қаради. Четки қаторда жой олган миршабларнинг оёқларидаги тумшуғи ўткир, тагчарми қалин чиройли тикилган мустаҳкам туфлиларига кўзи тушаркан, қанчалар бахтли бу одамлар деган ўй миясига урилди. Миршабларнинг соғлом юзи, қип-қизил ранг-рўйи, мустаҳкам жағлари, бошларининг катталиги, қулоқларининг солинчоғигача қон гупуриб туриши чўчитди уни. Соғлом нарсалардан хавфсираб яшарди. Булар атайлаб «1551«га чиқишмагандир-ку, ҳеч ким трамвайнинг шахсий рақамига қарамайди, чунки йўловчилар учун фақат трамвай пешонасидаги йўналиш рақамигина аҳамиятли. «1551» эса фақат биргина мана шу трамвайга тегишли бўлиб, унинг «номини» ҳар бир одамнинг ўз исми бўлганидек англатади, деган ўй-хаёлда бораётган бўлса-да, ёнида ўтирган қизни бир дақиқа ҳам унутмаганди. Унинг гўзал ҳамроҳи эса кўзларини ҳайдовчи ўтирган хонанинг очиқ эшигига тикканча борарди. Бетиним силкиниб, зириллаб келаётган «темир вужуд» титроқлари тиниб, ғилдираклар айланишдан тўхтаб, чор тарафга тинимсиз югураётган енгилтак машиналар шовқинига қулоқ тутгандай сукут сақлаб турарди. Трамвайнинг бемаврид тўхташи яна йўловчилар норозилигига сабаб бўлди. Ҳайдовчи пастга тушиб арқонни тортқилади. Икки-уч бор шу ҳаракатни такрорлади, сўнгра ўз жойига томон ўтаркан, ток келмай қолганини айтиб «бироз кутамиз» деди. Қизнинг кўзларида ўкинч ифодаси кўринди. Ранги оқариб кетгандай, лабларида титроқ зоҳир этгандек бўлди. Бу ҳолатни тиниқ кўрди Бешим, аммо сабабига аниқ тушунмади. Бирор жойга кечикаётган бўлса ҳам бунчалик изтироб чекмаслиги керак эди, тушиб кетиб қолса-я деган хавотир ўтди кўнглидан ва гўё унга далда бермоқчидек шивирлади:
— Ҳадемай юради.
Қиз ҳолатини ўзгартирмади. Миршаблар қадларини ғоз тутганча аввалги алпозда ўтиришарди.
«Булар қайси бекатдан чиқишди ва қаерда тушишаркин?» ўйлади Бешим. Орадан йигирма дақиқа ўтиб трамвай ҳаракатга келди. Қиз қўлидаги гулларга тикилганча жимгина борар, дераза тирқишидан кираётган пичоқ дамидек шамол оқими унинг пешонаси атрофидаги соч толаларини ҳамда чеккасидаги зулфаги толаларини юлқилаб ўйнарди. Бу қиз фақат қора «Лимузин»да юришга лойиқ, хаёл қилди Бешим ва айни пайтда унинг совқотмаётгани, шамол оқимига бепарволигидан ажабланди. Ошкора ҳавас билан, балки интиқ ҳиссиёт билан қаттиқ тикилди.
Бу пайтда трамвай ўз йўналишидаги энг гавжум минтақалардан бирига етиб келган ва тезлигини сусайтириб оҳиста бурила бошлаган, шу боис унинг темир вужуди нола қилгандай оғир ва ҳазин ғижирларди. Бешим қизнинг деразадаги аксига қаради. Ташқари қоронғу бўлганлиги сабабли унинг акси ўзидан ҳам соҳирроқ бўлиб кўринарди. Шишанинг тун парда тортган сиртида трамвайнинг ички қисми ҳам қорамтир бир тарзда акс этар ва қиз ҳам ана шу қорамтир рўёга қараб борарди.
Ғижирлашлар тиниб ғилдиракларнинг бир маромдаги «тақа-тақа»си эшитила бошлади. Трамвай тезлигининг ошгани, чироқларни яна ҳам ёрқинроқ ёндириб қоронғулик пардасини ёриб шиддат билан олға интилаётганини ана шу ғилдираклар садосига қараб англаш мумкин эди. Кўп ўтмай ёмғир ёға бошлади. Тепадан оқиб тушаётган сув деразадан ювиндиқ рангидай қорамтир ва беқарор парда ҳосил қилган, тун ойнасида акс этаётган манзара бундан бир қадар хира тортган, эгриланган, ўзгарган бўлса-да, қизнинг кўзлари чақнаб кўриниб турар, фақат сув оқими шу чақноқ нуқталарни турли тарафга силжитар ва бу аллақандай афсонавий кўриниш касб этарди.
— Шумилов кўчаси! — эълон қилди кондуктор.
Бешимнинг юраги сиқилди. Қизнинг қайси бекатдан чиққани ва қаерга тушишини сўрамоқчи бўларди-ю, журъати етмасди. Хаёл билан бўлиб «Миробод бозори» бекати аллақачон ортда қолиб кетганини анча кеч пайқади. Шундай бўлса ҳам ўрнидан қимирламади. Нима бўлса бўлди, кейингисида тушиб орқага қайтаман деганча кетаверди. Соат ўнга яқинлашиб қолганди. «Бундай бўлиши мумкин эмас-ку, наҳот беш соат йўл юрган бўлсам» деган ўй билан хавфсираб атрофга аланглади. Йўловчиларнинг юзларида лоқайдликдан бўлак аломат кўринмасди. Шошқин ҳаракат асносида ўрнидан тураркан, қиз деразадан кўз узиб унга қаради. Қўлларидаги гуллар тўпидан бир дона настарин ажралиб чиқиб оёқ остига тушди. Қизнинг манзилини аниқлаб олиш учун шанба куни ишчилар шаҳарчасидан Образтсова кўчасигача қирқ тўрт дақиқали йўлни босиб ўтишга, зарур бўлса кун бўйи трамвайдан тушмасликка қарор қилганча навбатдаги бекатга тушди Бешим. Қиз қоронғулик қўйнига маъюс тикилганча ўтирарди. Фақат энг сўнгги дақиқада англаб бўлмас бир ҳолат юз берди. Қиз гўё оғир уйқудан уйғонган каби теграсига олазарак назар ташлади. Деразадан қараб бекатда ёлғиз ўзи турган одамни кўрди. Бутун вужуди билан унга талпингандай, ва ҳадемай деразанинг шаффоф кўзидан сузиб ўтиб ерга қўнмоқчидай далага томон интилди. Худди шу сонияда трамвай ҳам ҳаракатга келди. Тепада, унинг қайрилган темир шохлари устида яшин чақнади. Қарсиллаган овоз эшитилди. Бешимнинг назарида бу олов одатда симнинг улоқ жойларида қисқа туташув оқибатида чиқадиган учқунга ўхшамасди. Атроф ёришиб титроқ шуълалар анчагача сўнмади. Кўм-кўк ёғдудан трамвайнинг ичи ҳам кундузгидек ёришиб кетди. Шунда ичкарида қиздан бўлак ҳеч ким йўқлигини кўриб Бешимнинг ҳайрати ошди, ақли шошди. Трамвай олов олиб ёниб кетиши муқаррардек туюлди. Қизни қутқариш керак деган ички бир даъват унинг ҳайратдан қотиб қолган вужудини ҳаракатга келтирди. Қўлларини чўзиб ўрнидан қўзғалаётган улкан нақлиётни тўхтатиб қолмоқчидек дераза зеҳига тирмашди. Тепада иккинчи бор олов чақнади. Шунда қизнинг докадай оқариб кетган юзларини аниқ кўрди. Гўё ҳаво етмаётгандек, нафас ололмаётгандек энтикарди қиз. Илтижо бор эди унинг кўзларида.
Дераза зеҳига маҳкам ёпишаркан, куч билан орқага тортиб юриб бораётган трамвайни тўхтатмоқчи бўларди Бешим. Бир талпиниб қизнинг қўлларидан тутди. Настарин гуллари сочилиб ерга тушди. Ерга ва темир излар устига тушаётган гуллар жаранглаб садо берарди. Бармоқлари қизнинг билагидан тутаркан, ўз вужудида кучли зарб титроқни туйди. Гўё сочларидан, тирноқлари остидан, оғир ва бурнидан олов чиқиб кетаётгандай. Шундай бўлса-да, гулларнинг жаранглаши ғайритабиий ҳол эканлигини, қўллари эса деразани сира қаршиликсиз осонгина тешиб ўтиб қизнинг билагига чирмашгани ҳам ҳақиқатга тўғри келмаслигини хаёлидан ўтказди.
Тепадан яна қарсиллаш эшитилиб қоронғулик бағри яшил ёғдудан ёришиб кетди. Зулумот қаъридан ва кўрсатган уйлар, дарахтлар титраб-титраб юзларига яна қора парда тортдилар. Бешимнинг оёғи ердан узилган ва ҳавода муаллақ учиб борарди. Қизнинг юзига тикилиб қараб ниманидир тушунтирмоқчи бўлаётганини англади, шунда унинг сўзларини эшитиш учун юқорироқ кўтарилишга уриниб кўрди Бешим ва қўллари билан деразанинг юқори қисмидан тутмоқчи бўлди, аммо кучли ҳаво оқими унинг вужудини зарб билан юлқиб олиб, трамвай кетаётган йўналишнинг теграсига шиддат билан гўё тезоб дарёдек югураётган йўл устига ташлаб юборди. Тошдек қаттиқ ерга қулаб тушаркан, қизнинг ўкинч ва илтижо тўла овозини аниқ эшитди:
«Мен трамвайнинг қизиман!»
Иложсизлик ҳам бор эди бу овозда.

III
Шанбагача Бешимнинг сабри чидамади. Юз берган воқеани қайта-қайта таҳлил қилиб кўраркан, назарида бунданда қўрқинчлироқ воқеалар юз берадигандай ва жуда қадрдон кишисидан ажралиб қоладигандай туюлаверди. Шунинг учун ҳам эртаси куниёқ шоша-пиша тушлик қилди-ю, ишхона билан катта йўл ўртасидаги темир панжарадан ошиб ўтиб Хуршид кўчасига чиқди. Узоқдан трамвай кўринди. Ўнинчи! Ўша! Юраги ҳапқириб деразага қаради, қиз кўринмасди. Унинг ўрнида оқ дока рўмол ёпинган кампир. Айланиб ўтиб бошқа деразаларга ҳам кўз тикди. Одамлар тушиб бўлиши ҳамон ичкарига кириб ўтирганларга олазарак назар ташлади ва кўнгли чўккан ҳолда қайтиб чиқаркан, трамвайнинг олд томонига ўтди-ю» «1553» рақамини илғашга аранг улгурди. Шу йўналиш бўйича қатнайдиган бошқа трамвай эди бу. Ҳозир тушлик пайти дея муҳокама қилди Бешим, у ишда, ахир кун бўйи сайр қилиб юрмайди-ку, бунинг устига йўналиш бир бўлгани билан рақами бошқа, бу бўлак трамвай!
Eрталаб ишга кеч қолмаслик учун автобусда келганига жуда афсусланди. Кеч бўлиши ва иш тугашини сабрсизлик ила кутди. Дақиқалар имиллаб ўтар, апрел қуёши шаҳар устидан кетишни истамагандай нақ дераза рўпарасида пирпираб турарди. Ўн бешта кам бешда хонасидан отилиб чиқди Бешим, аммо ҳар доимгидек даҳлиз тўридаги «Бошлиқ» деб ёзиб қўйилган эшик олдида сигарета тутатиб турган «шеф»ни кўриб, саросимага тушиб, ортига қайтди. Ишхонада тартиб-интизом қаттиқ эди. Шеф ҳар кун келиш-кетишни назорат қилиб борар, ходимлар кун бўйи гоҳ у-гоҳ бу хонада зерикиб эснаб юришарди-ю, аммо вақтидан бир дақиқа ҳам олдинроқ кетишолмасди.
Ниҳоят, кутилган дақиқалар яқинлашди. Шеф машинасига ўтириши билан деразадан уни кузатиб турган ўнлаб кўзлар хона ичкарисига томон чекинди, ходимлар апил-тапил ишни йиғиштиришди, ҳар томондан қулф-калитларнинг шақир-шуқури эшитилиб қолди. Орадан беш дақиқа ўтганда ҳаллослаганча бекатга етиб келди Бешим. Машиналар кўчани тўлдириб дарё каби оқарди. Йўл ўртасида узун бетон супа, икки томонида темир излар. Ўнинчи йўналиш бўйича бир нечта трамвай ўтди. Бешим уларнинг ҳар бирига диққат билан разм солиб рақамларига қаради. Аввал «1670«, ундан кейин орадан етти-саккиз дақиқа ўтиб «1997«, улардан сўнг «1553» келди. Тўхтади ва жўнаб кетди. Ҳеч кимга кераксиз бўлган бундай трамвайлар фақат Бешимнигина қизиқтирарди. «1551»ни эса интиқлик билан кутар, шундай бўлса-да, бошқа трамвайларнинг ҳам деразаларига эътибор қиларди.
Ярим соат кутди, бироқ атайлаб қилгандай «1551«дан дарак бўлмади. Кутаверди, одамлар сийрак торта бошлади. Соат ўн бирларда бекат ҳувиллаб қолди. Энди фақат шаҳарнинг тунги навбатчи трамвайигина келиши мумкин. «Шаҳарнинг энг хокисор улови — трамвай«, хулоса қилди Бешим. Ҳатто троллейбус ҳам унга нисбатан эркинроқ, йўлдан сал-пал бўлсада четга чиқа олади. Ўтиргичлари юмшоқроқ, кўриниши ҳам ёмон эмас, тезлиги дуруст. Автобусдай шиғиллаб кетмайди-ку, ҳар ҳолда... одамлар автобус ёки троллейбус билан бориш мумкин бўлганда ҳеч қачон трамвайга ўтиришмайди. Бечора кутиб туради, қолган-қутган йўловчиларни йиғиштириб борига барака дегандай олиб кетаверади. Айниқса «1551» тутдай тўкилиб қолган. Унга нима бўлдийкин ўзи?! Ёки бошқа йўналишга ўтказишдимикин? Бундай бўлиши мумкин эмас, назаримда. Демак, бирор жойда бузилиб қолган. Ўша қиз билан трамвай ўртасида қандай боғлиқлик ёки муштараклик бўлиши мумкин? Фақат шу «1551»да кўрганман уни. Кеча унинг қўлларидан ушлаганим-чи? Ерга жаранглаб тўкилган настаринлар-чи? Яна дераза синганмиди? Нега бу қадар ғазабланди трамвай? Оловлар сочди, титради. Қизнинг юзларидаги ифода, кўзларидаги илтижо... Мени улоқтириб юборган куч... Ахир буларнинг ҳаммасига гувоҳман, ўзим иштирокчиман, балки ўзим айбдорман. Жабр тортган ҳам ўзимман. Энди уни учратиб қолсам бас, ҳаммаси ҳал бўлади. Кечаги хатти-ҳаракатим учун узр сўрайман ва бор дардимни тўкиб соламан. Илк марта учрашганимиздан буён уч ҳафта ўтди. Фақат ўша трамвайда, ўша жойда ва ўша ҳолатда учратдим. Қўлида бир даста настарин...»
Уйга жуда кеч қайтди Бешим. Кимсасиз ва совуқ хона маломат тошларини ёғдираётгандай. Деворлар кўримсиз, деразалар ҳўмрайган, ошхона эшиги ўрнига илиб қўйилган қанор пардани ёғ босган, тутунга бурканган кўринишини очиқ намойиш этиб кўнгилга ғашлик солади.
«Етти йилдан буён бетиним меҳнат қилиб нима орттирдим? — ўз-ўзидан қатъий сўради Бешим. —Трамвайга айланиб қолдим. Бир хил ва зерикарли ҳаёт, битта туфли, қорин тўйдиришнинг бир хил усули. Ҳатто фикрлашим ҳам ўзи кўниккан издан чиқолмайди».
Кейин унинг назари туфлисига тушди. Остона тагига тўшалган гиламчанинг учи қайрилиб қолган ва туфлининг бир пойи иккинчисининг устига алмашиниб тумшуғини осмонга қилиб турарди. Гўё етти йилдан бери оғирлиги қарийб етмиш кило чиқадиган инсон вужудини кўтариб юрганидан ғурурланаётгандай.
Тушкун ва аламли ўйлар сўнгида ҳаёт тарзини кескин ўзгартиришга аҳд қилди Бешим. Аммо буни нимадан бошлаш кераклигини ҳал этолмади, туни билан ўйлаб сира ақли етмади. Авваллари ҳам бу ҳақда кўп мулоҳаҳа юритган-у, ечимини тополмаган, натижада ҳар кун ҳаёт тарзини ўзгартириш тўғрисида ўйлаш энди унинг ҳаёт тарзига айланиб қолган. Ўзини савдо-сотиққа уриш ва одамларнинг пулини алдаб олишни истамас, истаганда ҳам унинг журъати Кафканикидан ортиқ эмасди. Маоши оз бўлсада қорнини тўйдириб турган ишидан ажралиб қолишдан қўрқарди. Бунинг устига кейинги пайтда ҳар бир хулосанинг боши-ю охири «1551» рақамли трамвайда учраган қизга бориб тақалаверар, ва шу қизнинг қиёфасидан бўлак ҳамма нарса нурсизланиб кетаверарди. Ҳатто туфлисини ҳам у қадар авайламай қўйганди энди. Каравотга чўзилиб кўзларини юмиши билан яна уни аниқ-тиниқ кўрди. Ғилдираклар садоси қулоғига чалинди. Ҳатто настариннинг баҳор ҳавоси янглиғ соф ҳиди димоғига урилди-ю, ёмғир шивирлаши эшитилгандай бўлди.
...Настарин ҳамиша ёмғирни эслатарди.

IV
Кейинги бир ой ит азобида ўтди. Меҳнат таътили ҳам татимади. Вақтнинг катта қисмини кўчада ўтказар, бекатда кутиб турган бўлар ёки трамвайга ўтириб ўткинчи йўналиш бўйлаб кун бўйи юрарди. Нозимхона нозимларидан сўраб «1551«нинг нега йўқолиб қолгани тўғрисида аниқ маълумот ололмайди. Кўпинча: «Бу нима деганингиз, қайси йўналиш керак сизга? Ўнинчими? Марҳамат, пешонасига «10» рақами ёзилганига ўтирасиз. Ишчилар шаҳарчасидан Образтсовагача олиб боради» деган жавоб бўларди, шунда Бешим бошини дарчага эгиб қайта сўрарди:
— Менга «1551» керак.
— Бундай маршрут йўқ!
Дарча эшикчаси тарақлаб ёпиларди.
Ҳайдовчилардан сўраш, кондукторлардан суриштириш ҳам натижа бермади. Умуман, гувраниб ётган ва шошқин тарзда ҳаёт кечираётган шаҳарда бундай саволлар билан бировнинг вақтини олиш иложсиз иш. Ҳақорат эшитиб қолиш ҳеч гап эмас. Суриштиришдан натижа бўлмагач бошқа йўналишларга ўтди. Ўтирғичлари бир мунча шинам чарм қопламали, бўёқлари тиниқ трамвайлар пайдо бўлиб қолганди баъзи даҳаларда. Қайсидир бекатда биқинига лотин ёзуви битилган трамвайга кўзи тушди. Ўқишга ҳаракат қилди. Ёзувларни бор бўйича қамраб ололмади нигоҳи, оралиқдан ўтиб-қайтаётган автобуслар халақит берди. Бунинг устига трамвай шиппиллаб юриб борарди. «Модерн трамвайс» бўлса керак дея ҳарфларни хаёлида қайта тиклаб хулоса чиқарди. Ёзув ҳам, трамвай ҳам жуда чиройли эди. Аммо бундай зеболикдан қувонмади. Аксинча уларнинг салоҳияти кўнглига маҳзунлик солди.
Меҳнат таътили охирлаб қолган кунларнинг бирида уйдан чиқди-ю, қайси томон бораётганига эътибор ҳам қилмай, хаёл сурганча кетаверди. Бу томонларга ҳеч ўтмаган ва ораста манзараларни сира кўрмаганди. Айниқса анҳор бўйидаги қалин дарахтзорлар, арчаларнинг бўйи кишини сархуш этарди. Хилват гўшалар висолга интиқлик ҳиссини кучайтирди.
Анҳор соҳили бўйлаб пиёда юрди, ёмғир битта-битта томчилаб сувда доирачалар чизарди. Кўнгли кўтарилди, назарида Тошкентдай сулув шаҳар йўқ эди дунёда. Соҳил панжарасига суянганча тамаки тутатди. Бир неча йил ташлаб кетган чекувчиликни яна бошлаб юборганди, қалбига озиб-ёзиб меҳмон бўлган шодлик ҳисси эса маҳзунлик пардасига ўралгандики, бу Мирзо Бедилнинг ғазалини эслатди: «Бу шодликлар бари ғамдан яралган». Чуқур-чуқур тутун тортиб сувга жимгина тикилиб қолди, сўнгра сал нарироқда панжарага суяниб турган қора шамсияли қиздан анҳорга имо қилиб шунчаки сўради:
— Чуқурми?
— Нима, ўзингизни ўлдирмоқчимисиз? — ҳозиржавоблик қилди қиз.
— Йўқ, ҳаво салқин, сув совуқ.
— Ўладиган одам учун бари бир эмасми?!
— Совуқ, — қайсарлик ва бироз дағаллик билан жавоб берди Бешим ва ўзида бўй кўрсатаётган характернинг бундай янги қиррасини илғаб қизга миннатдор бир алпозда қаради. Чунки одамларнинг фикрини сўзсиз маъқуллашга, ҳеч қачон қарши бормасликка ва рад этмасликка кўникканди у. Шамсиясини айлантириб ўйнаб кўз сузди қиз. Сўнг сумкачасини кавлаб музқаймоқ олди.
— Эски трамвайларни нима қилишади? — сўради Бешим томдан тараша тушгандай.
— Янгиси билан алмаштиришади.
— Эскисини нима қилишади?
— Айтдим-ку. Нима қилишарди, қабристонга элтишади. Улар ўша ерда темир излар билан видолашадилар.
— Қаерда ўша қабристон?
— Бунча зерикарлисиз, бошқа бирор мавзу йўқми сиз биладиган? Трамвай, трамвай. Қабристон, қабристон деяверасиз, — лабини бурди қиз. — Шу, шунақа ўзи, қишлоқдан келганларнинг ҳаммаси трамвайга қизиқишади. Поезднинг боласи деб ўйлашса керак-да.
Бешим индамади.
Қиз ўз ҳаёти тўғрисида сўзлаб беришга киришди. Бешим қўлларини шимининг чўнтагига чуқур тиққанча унинг кўнгли учун бош ирғаб маъқуллаб тураверди. Эшитганларидан жуда оз нарса: қизнинг чет эллик бир кишига эрга теккани, хато қилгани, эрини севмаслиги узуқ-юлуқ ёдида қолди ва хаёл ичра сўради:
— Ўша қабристон қаерда?
— Қанақа қабристон? Нима қиласиз ўтта?
— Бораман.
— Одамлар ўзлари олиб боришади.
— Мен жиддий сўраяпман.
— «Биринчи»га ўтирасиз, — жавоб қилди қиз суҳбатдошига ачиниш ва ижирғаниш аралаш қараб.
— Мен қишлоқи эмасман, — деди Бешим ва қўл узатиб хайрлашди.
Агар ундан ўша пайтда қизга нима учун бундай деганлиги ҳақида сўралса, тайинлик жавоб беролмасди.

V
Деразани узун бўйли, малла соч ўрис йигит очди. Беўхшовгина бу йигитнинг мўмин-қобил кишилар тоифасиданлигини кўриб мақсадини аниқ айтди Бешим:
— Менга энг эски трамвай керак.
— Мана шуларнинг ҳаммаси эски, — қўли билан кўзойнагини тўғриларкан, темир издан дарвоза томон ҳаракатланаётган трамвайларни кўрсатди йигит.
— Мен ҳисобдан чиқарилган трамвайларни кўришим зарур.
Бу атамани нозимхона ходимларидан ўрганиб олганди. Йигит ҳовли ўртасидаги шийпонсимон бинони кўрсатиб шу бинони айланиб ўтгандан сўнг яна бир нечта устахоналар чиқишини ва уларнинг ортидаги майдонда эски трамвайлар турганлигини тушунтирди.
Ҳақиқатан ҳам бино ортига ўтиши билан устахоналар ва уларнинг орқасида қалашиб ётган темир-терсак уюмлари орасида трамвайлар қатори кўзга ташланди. Энг эски трамвайлар қизил рангда эди. Оёқ остида қалашиб ётган темир-тақалар уюмини оралаб ўтиб кенггина майдончага чиқди Бешим. Трамвайлар қатор-қатор бўлиб занглаб кетган темир излар устидан хаёл сургандай туришар, шунинг учунми, бу ерда оғир сукунат ҳукмронлик қилар, ҳатто устахоналарнинг шовқини ҳам эшитилмасди. Пачақлаб ташланган, деразалари синдирилган, зарур қисмлари ечиб олинган КТМлар қаторининг охирроғида ярқ этиб «1551» кўринди. Бу ярқираш Бешимнинг интиқ қалбида юз берди. Аслида трамвай қоп-қора бўлиб куйиб ётар, паторот топган ва улкан темир қутига айланган, вужудидан ор қилаётгандай ер шохлаб ўзидан олдинги сафдошининг ортига пешонасини тираганча турарди. Шода-шода сим ўрамлари ҳайдовчи ўтирадиган хона эшигидан пастга осилиб тушган, ўтиргичларнинг тахталари қўпориб олинган ва синдириб ташланган, шиша «кўз»лар кўр қилинган ва умуман энди унинг ярқирайдиган ҳеч вақоси қолмаганди.
Бешим ичкарига кириши билан эшик ёнидаги биринчи ўриндиққа «Трамвайнинг қизи» ўтирадиган жойга қаради. Ўриндиқ ёғочлари синган, бир ёнга чайқалиб, аллақандай темир устига орқа суянчиғи билан таяниб қолган ҳолатда турарди. Шуниси ажабланарли эдики, ҳамма томони чанг-тўзоннинг қалин пардаси қоплаб ётгани ҳолда, биринчи ўриндиқ худди ҳозиргина артиб қўйилгандай тоза. Орқа суянчиқнинг темир дастасини силаб кўрди Бешим. Билинар-билинмас атир ҳиди димоғига урилгандай бўлди. Шунда унинг ёш қалқиб турган кўзлари ўтирғич остида ётган гулларга тушди. Настарин! Гул ҳали сўлиб улгурмаганди. Қизнинг мўъжазгина туфличаси ёнида ётарди улар. Ерга эгилиб гулни авайлаб олди Бешим ва қизга тутди. Далада дарахтларнинг барги қилт этмасди, шамол йўқ, аммо қизнинг сочлари ҳилпираб, шабадада таралиб турибди. Зулфининг узун ва қўнғир толалари, қоши, кўзи, киприклари ва оппоқ юзларини яширмоқчидек чеккасига томон қуйилиб тушган бир ўрам соч толалари шабада измига суйсуниб қизнинг ёноқларини бетиним савалайди, киприкларига илашади, лабларини силаб ўтади. Бу манзарага маҳлиё бўлиб қараб турди Бешим. Тили калимага келмасди. Буни пайқади қиз. Тепасида ҳайрат ичра қотиб турган йигитга қиё кўз ташлади, киприклари пирпираб кетди, ўйчанлик ва мунг тўла кўзларида, нигоҳида ям-яшил ёғду чақнагандай бўлди. Оҳиста бош эгиб ёнидаги бўш жойга қаради ва дераза тубига томон сурилиброқ ўтирди.
Қизнинг лабларида маҳзун бир табассум эркаланиб ётганини кўрди Бешим. Қўлидаги гулни унга тутди ва эҳтиром билан шивирлади:
«Ўтирсам бўладими?!»
... Узоқ ўтирди. Ёлғиз ўтирди. Аммо темир-терсаклар уюми орасида танҳолигини ҳам, вақтнинг оқимини ҳам пайқамади. Трамвай жиддат билан кетиб борар, олдинда қоронғулик тобора қуюқлашар, тепада«ялт-ялт» этиб яшин чақнарди. Манзиллар лип-лип этиб ўтар ва бекатлар ортда қоларди.

Трамвайдан тушишни хаёлига ҳам келтирмасди Бешим. Унинг тушадиган бекати йўқ эди...
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика