Синов (ҳикоя) [Ne’mat Arslon]

Синов (ҳикоя) [Ne’mat Arslon]
Синов (ҳикоя) [Ne’mat Arslon]
I
Михлиев норози қиёфада бош чайқади: «Нега ёлғонни ёзишади? Ким буни амалда синаб кўрган? Ким исботлаган? Туя деган жонивор жазирама чўлда ўн беш кунгача оч ва сув ичмасдан юра олармиш...». Бирдан унинг сув ичгиси келди. Юзидан ҳамон сўнмаган заҳарханда кулги билан муздек сувдан қониқиб симирди-да, апил-тапил кийина бошлади.
Икки кунлик тайёргарликдан сўнг йўлга отланди. Ҳар эҳтимолга қарши ўзи билан ўн беш кунга эмас, балки ўн етти кунга мўлжаллаб, озиқ-овқат олди. Тадқиқот учун зарур бўладиган тиббий асбоб-ускуналарни ҳам унутмади. Туя ҳақида мақола босилган журнални буклаб, чўнтагига тиқди-ю, эшикни шартта қулфлаб, машинага ўтирди. Бирор соатлар чамаси йўл юрганларидан сўнг ҳайдовчи йигит машинани тўхтатди. «Мана шу ер», — деди у теграси пахса девор билан қуршалган ҳовлига имо қилиб. Михлиев яқинроқ бориб, дарвоза ёнидаги ёзувни ўқишга тутинди:
«Бу ерда бир ва икки ўркачли туялар прокатга берилади».
«Прокат» сўзи унга ёқмади. Корхона раҳбарига бу ҳақда эслатиб қўйишни дилига тугиб, ичкарига кирди. Танишув, саломлашувдан сўнг баъзи бир саволларга жавоб ёзишга, яъни қоғоз тўлдиришга тўғри келди. Нима сабабдандир Михлиев «тадқиқот учун» деб ёзмай, «саёҳат учун» деб ҳужжат тўлдирди. Xайрлашув олдидан корхона раҳбари «прокат» сўзини ўзгартиришга ваъда берди, олимга оқ йўл тилаб, энг ақлли ва ўта ювош туясини бераётганини алоҳида таъкидлади. Аммо бу гапга Михлиев унчалик эътибор қилмади: унинг бутун фикри-ёди тезроқ тадқиқотни бошлаш ва мақола муаллифига қақшатқич зарба беришда эди.

II
Қум тепалар. Қуёш борлиққа олов пуркайди. Оғир юк кўтариб ўрганган жонивор данакдеккина Михлиев билан унинг хуржунини бемалол кўтариб лўкилламоқда. Атрофда бирор бута ёки дарахт кўринмайди. Бошига яшилранг шамсия тутиб олган Михлиевнинг юзи кўкариб, совқотиб бораётганга ўхшаб кўринади. Ваҳоланки, ҳаво ҳарорати эллик даражадан юқори бўлса бор, кам эмас. Атрофи қумтепалар билан қуршалган сайхонликка етгач, шу ерда тамадди қилиб олмоқчи бўлди. Туяни тўхтатиш ва ундан тушиш керак эди. Туякашлар идорасининг бошлиғи ўргатган сўзларни имкони борича аниқ айтишга ҳаракат қилди:
— Чўк! Чўк!
Туя тўхтади ва қум устига чўккалай бошлади. Михлиев қалқиб кетиб, туя ўркачини қучоқлаб олди ва шу ернинг ўзида бир янгиликни кашф қилди: «Демак, туянинг ўркачи эгасини йиқилишдан сақлаш учун экан». Унинг кайфияти кўтарилиб кетди. Иссиқни ҳам, чарчоқни ҳам унутиб, хуржун кўзини кавлаштира бошлади. Нарироққа ўтиб, қум устига дастурхон ёзди.
Тунни шу ерда ўтказишга қарор қилди Михлиев. Аввал чодир ўрнатиб, сояда бир оз мизғиб олмоқчи бўлди. Бироқ қумда чодир ўрнатиш осон кечмади. Тўрт донагина тош оливолмаганига афсусланди, чодир боғичини тошга боғлаб, қумга кўмиб қўйса, бирнав соялаш мумкин бўларди. Михлиев нажот истаб, атрофга аланглади. Шамсия соясида паналаганча, қумтепани айланиб ўтиб, кенгроқ доирани тадқиқ этиш мақсадида яна бир оз йўл босди. Аммо қумда юриш оғир эди: толиқди ва бундай беҳуда куч сарфлашдан фойда йўқлигини англаб, ортига қайтди.
Чўл туни қўрқинчли эди. Қоп-қора осмон, йирик-йирик юлдузлар шокиласи, баҳайбат қумтепалар. Бошқа ҳеч вақо йўқ. Само жуда яқин, шишадай тиниқ. Қуёш уфқда лоларанг балдоқ ҳосил қилиб, ботиб бораётган палладаги завқу шавқидан асар ҳам қолмади. Қумлар ваҳимали «пичирлайди». «Қум илони ўта заҳарли», хаёлидан ўтказди Михлиев. Шамол кучайди, рўпарадаги тепалик ёнбағридан алланарса ўрмалаб бораётгандай туюлди. Ён тарафдаги уфқни тўсиб турган баланд тепалик зум ўтмай, кўздан ғойиб бўлди. Ерга ёйиб тўшалган чодирини қолдириб, туя томон эмаклай бошлади Михлиев. Нима учундир у ўрнидан туришга қўрқарди. Туя бошини ўгириб, ўрмалаб келаётган соҳибига қаради-да, қулоқларини динг қилиб, нафас олишдан тўхтаганча, уни бир дам кузатди. Бу маҳалда осмонга тўлин ой кўтарилган, унинг кўкимтир ёғдусида «саҳро кемаси» янада улуғвор кўринарди.
— Чўк! Чўк! Заҳро... — шивирлади Михлиев.
«Заҳро» деган сўз шу лаҳзада тасодифан унинг тилига келди.
— Заҳро...
Михлиев яна бир неча марта ўмган отиб, Заҳрога тақалиб келди. Соҳибининг мақсадини аниқ англамаган жонивор ўрнидан турмоқчи бўлган каби тараддуд билан ўмганини бироз кўтарди-ю, яна тўшини қумга босди.
— Чўк, чўк, Заҳро, — шивирлади Михлиев титроқ овоз билан. — Сендан ҳимоя сўрайман, мени қум илондан асра. Қорақуртдан асра! Чаёнлардан, калтакесакдан асра! Соҳибингни турли инсу жинслардан ўзинг ҳимоя қил. Чўл агамаси, гекконлар, эчкиемарларни яқинлаштирма!..

III
Михлиев қаддини ростламоқчи бўлди, аммо ўрнидан туролмади, оғир қум кўрпаси ичида ётарди у. Кафти билан Заҳронинг устидаги қум уюмини сидириб тушира бошлади, ўркачларини, бўйнини қум зарраларидан нари-бери тозалади. Меҳри жўшиб кетиб, унинг киприкларига қўнган ғуборни ҳам кафти билан артмоқчи бўлди, аммо бунга журъати етмади. Баъзан арзимас нарсага туяларнинг жаҳли чиқиб кетиши мумкинлигини ўйлаб, қўллари билан худди фотиҳа тортгандай, ўзининг юзини сийпалаб қўя қолди.
Нонуштага бир бўлак пишлоқ билан нон еди. Термосдаги чой ҳали қайноққина эди. У Заҳрога ва Қуёшга орқа ўгириб ўтирганча, нон чайнарди. Нонушта қилаётганини Заҳрога кўрсатишни истамади. Виждони азобланмаслиги учун кўп таом емади. «Тамадди қилаётганимни туя пайқамаган бўлсин-да», деган ўй билан пишлоқ чайнашдан тўхтади ва ортга қаради. Туя ҳамон кавш қайтарарди. Михлиев оғзида ивиб турган луқмани тезроқ ютиш учун бошини дастурхонга эгди. Қуёш бўйнини жазиллатиб, қуйдира бошлади. «Бўпти, ҳозир», деди у бироз иддао билан. Бу зарда Қуёшга аталганди. Чодирини қидириб, тополмади. Тунда қум кўчса ўзи чиқиб қолар, деган ўй билан туяга ўтирди.

IV
Туя бўйнини чўзганча, бир маромда қадам ташлаб борарди. Қўналғадан унча узоқлашиб кетишни истамасди Михлиев, тўғрироғи, у бундай қилишдан қўрқарди. Бепоён чўлда адашиб кетиб, ҳалок бўлиш ҳеч гапмас, деган хаёл билан юксак бир қумтепа олдида тўхтади-да, туянинг бошини ортга бурди. Ўнгу сўлда тизилишиб ётган баланд-паст қумтепалар сукут сақлаб турарди. Вақт пешинга яқинлашди. Михлиев Заҳронинг ҳурмати учун тушликдан воз кечиб, йўлни давом эттирди. Ҳарорат тобора кўтарилиб борар, қуёш дам ортга ўтар, дам олдинда пайдо бўлиб, тадқиқотчимизнинг юзига олов пуркарди. Бундай дамлар Михлиев хуржун кўзидан дастаси кўриниб турган шамсияни олиб, озроқ бўлса ҳам унинг соясида жон сақлашни қанчалик истамасин, «Бечора Заҳро офтоб тиғида қийналиб келяпти-ку», деган ўй билан фикридан қайтарди.
Ён тарафдаги қумтепанинг силлиқ сирти бўйлаб қорамтир бир нарса шиддат билан югуриб бораётганини кўриб, Михлиевнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Аммо "югуриб бораётган жонзот" осмонда ўз музофотини назорат қилиб юрган бургутнинг сояси эканлигини англаб, хотиржам тортди.
...Ҳаял ўтмай мудрай бошлади. Уйқудан уйғониб, кўзини очганда Заҳро чўккалаб ётар, Қуёш ғарб тарафдаги энг юксак кумтепа устида гардиши билан қумга ботиб турарди. Михлиев дабдурустдан ўзининг қаердалигини билолмай, ҳайратга тушди: уйқу гўё уни бир дунёдан бошқа оламга олиб ўтиб қўйгандай эди. Заҳронинг юмшоқ ўркачини ушлаб, ғижимлаб кўрди ва ҳаммаси «лоп» этиб ёдига тушди. Тадқиқот ўтказмоқ ниятида бу ерларда юрганини ўйлаб, ҳушёр тортди ва дарҳол туядан тушиб, унинг ҳолатини ўрганишга киришди.
Жонивор орқа оёқларини олдинга олдингиларини орқа томонга қилиб, тиззасини букиб, қорни остига тортиб, ўнг тарафга оғиброқ ётибди. Михлиев шундай таассурот билан туяга яқинроқ келди. Унинг кавшаниши диққатини ўзига тортди. Бу оламда бошқа бирорта ҳайвон бундай қилиб кавшана олмаса керак. Туянинг кавшаниши нимаси биландир кампирларнинг ёғоч товоқда қурут эзишига ўхшарди. Қорни қаттиқ очқади. Тушлик ҳам қилмаганди-да, ахир! Шу боисдан, бирор нарса еб, қорин тўйдириб олишни ўйлаб хуржунни кавлаштира бошлади.Бир бўлак колбаса, нон ва икки бўлак пишлоқ олиб, термосни қўлтиғига қисганча, туянинг олдидан узоқлашди. Панароқ жой излаб қумтепа ортига ўтди-да, дастурхон ёзди.
Бирдан қоронғилик тушди. Чўл табиати шунақа. Балки Михлиевга шундай туюлгандир, ҳар ҳолда охирги бўлак пишлоқни оғзига солиб ҳузур қилиб чайнаганча ўрнидан тураркан, олдига қўйилган вазифани ўйлаб, бугунги режасини чала бажарганидан афсусланди. Кейин ўзига тасалли берди: «Ҳечқиси йўқ, улгураман, ҳали олдинда ўн уч кун бор».

V
Тун осойишта ўтди. Балки бу тадқиқотчининг энди чўл табиатига бир оз бўлса-да кўника бошлаганининг ҳосиласидир. Орқаси билан Заҳрога суянганча, осмонга тикилиб ётди. Осмонда юлдузлар милтирарди. Ана, «Кичик Айиқ», «Олтин Қозиқ». Xирагина нур таратмоқда. Xира бўлса ҳам бошқа юлдузларга қараганда шуҳрати баланд. «Олтин Қозиқ!» — хаёлидан ўтказди Михлиев — парпираб турган улкан юлдузлар эмас, денгизда ҳам, саҳрода ҳам ана шу «Олтин Қозиқ» одамларга йўл кўрсатади, — ўйлашда давом этди у энди чалқанча ётиб, митти юлдузга тикиларкан. — Мен фанда «Олтин Қозиқ» бўлмоғим керак».
Заҳро соҳибининг ўйларидан таъсирлангандай хўрсинди.
— Соҳибинг катта олим, Заҳро, — деди Михлиев унга жавобан. — Сенинг номинг тарихда мангу қолади.
Туядан чўлнинг ҳиди келарди. Кечаги қум кўчиши такрорланмоқда. Осмон жисмларини кузатишдан зериккан Михлиев Заҳро томонга ўгрилиб олиб, уйқуга кетди.

VI
Учинчи кун бошқачароқ бошланди. Михлиев қаттиқ силкинишдан уйғониб кетди. Тонг ғира-шира ота бошлаганди. Туянинг бўйни важоҳат билан осмонга чўзилган, гўё осмонга учмоқчидай бутун вужуди билан кўкка интилган, тумшуғи ҳам, қулоқлари ҳам юқори кўтарилиб, ажиб бир ҳолатда турарди. Михлиев ҳам сергак тортиб, рўпарадаги баланд қумтепа устида қора тўн ёпиниб ўтирган одам шаклига ўхшаш алланима борлигини пайқади. Туянинг ўркачини маҳкам чангаллаганча, кўксини унга тираб, бархан устидаги қорага тикиларкан, «ҳа» деб овоз бермоқчи бўлди, аммо оғзидан пихиллаган жарангсиз ҳаво оқимидан бошқа ҳеч вақо чиқмади.
Туя тинчиди. Бошини қуйи солди ва бўйнини қум узра чўзди. Қора шарпа эриб, қумга сингиб кетгандай хира тортди ва ҳадемай бутунлай ғойиб бўлди. Михлиев ҳам ётди. Бу сир-синоатнинг нималигини туя тушунган бўлмаса, туяшунос тушунмади. Уйқуси қочди, эти жунжикиб, туяга тикилди. Унинг кўзлари катта-катта, қўнғир ва ғоят тиниқ эди. «Агар аёлларда шундай кўз бўлса...», хаёлидан ўтказди Михлиев, кейин унинг ёдига «бўтакўз» деган таъриф келди. Туянинг кўзига тикилиб қаради. Суйрисимон қўнғир «ойна»да шапалоқдек бўйинбоғ ва соқоли ўсиб кетган башара намоён бўлди. Юзини аниқроқ кўриш учун бошидан похол шляпасини олди. Туя бошини қаттиқ силкиди, бўйни остидаги солинчоқ ҳалқуми силкиниб кетди. Шундагина хато қилганини англади Михлиев. У туянинг устида эмас, ерда турарди.
— Чўк, чўк!
Туя бошини яна ҳам юқорироқ кўтариб, туяшуносга баланддан назар солди. Михлиев ялинишга тушди:
— Чўк, Заҳро! Чўк, чўк, жонивор!
Заҳро чўкишни истамади.
— Чўк! Чўк!.. — деди Михлиев қўрқув тўла титроқ товуш билан.
Заҳро, энди бошини эмас, калтагина думини асабий силкитиш билан жавоб қилди.
— Чўкмайсанми? — сўради Михлиев аразлаган бир қиёфада, — майли, ўзинг биласан. Лекин бу саҳрода менсиз ҳеч нарса қилолмайсан.
Заҳро кеча босиб ўтган йўлига назар солгандай, бошини ортга бурди.
— Ке, энди ярашайлик, — деди Михлиев туянинг олдинги оёғи ва кўкрагини силаб. Бўйнини ҳам силамоқчи бўлиб чўзилди, аммо қўли етмагач, яна аврашга тушди:
— Заҳро, азизим, дўстим, чўк! Чўк! Икковимиз ҳам ёлғизмиз, атрофимизда бепоён саҳро. Қара, ишонмасанг, ана: барханлар, бепоён қумлик, осмон. Қара, осмонда ҳам Қуёшдан бошқа ҳеч вақо йўқ.
Михлиев бисотидаги энг таъсирчан сўзларни қидириб, жимиб қолди ва ниҳоят, топди:
— Ахир, мен — олимман! Сен бўлсанг, оддий туясан. Олимга шуми ҳурмат?!
Туя шалвираб турган лабларини йиғиштириб олиб, бошини қаттиқ силкиди, бу ҳаракатдан унинг лаблари яна осилиб тушиб, ҳар бири бош бармоқдек келадиган мустаҳкам қозиқ тишлари кўринди. Туяшунос қўрқиб кетиб, ўзини орқага олди. Аччиқланиб, жониворни сўкмоқчи, ҳатто муштини кўрсатиб пўписа қилмоқчи ҳам бўлди-ю, лекин олим одамга бу иш ярашмаслигини ўйлаб, шаштидан қайтди. Туянинг жиловидан қўйвормай, қум устига чўнқайди. «Мен иродали одамман, бундай қийинчиликларни энди кўраётганим йўқ», деди Михлиев ўз-ўзига гапираётгандай ва туянинг қайсарлигидан сира ҳам хафа эмаслигини англатиш учун хиргойи қила бошлади:


Кўзларинг қўнғирдир.
Юнгларингга мос.
Гавданг ўнқир-чўнқирдир,
Онангдан мерос.

Михлиев шеърини бадиҳа қилаётганди, аслида у ҳеч қачон шеър ёдламаган ва ёзмаган. Ўзидаги бундай иқтидорни ҳис қилиб, кайфияти шу қадар кўтарилиб кетдики, дарҳол ўрнидан туриб, йўлга тушди. Туяни етаклаб, тик бир қумтепа ёнбағрига тирмашди. Тепага чиқиб олиб, атрофга мамнун ва мағрур назар ташлади.

VII
Ногоҳ туя ўрнидан кескин қўзғалди. Буни кутмаган Михлиев оёқларини қумдан суғуриб ололмай йиқилиб тушди, аммо чилвирни қўйвормади. Уни судраб югуриш туя учун ҳеч гап эмасди. Жонивор борган сари тезликни оширар, туяшунос эса бамисоли омочдек қум бағрини тилиб, шитоб билан сузиб борарди. Дастлаб юмшоқ қум устидан сирғаниб бориш унга қийин туйилмади, ҳатто ёқимли ҳам эди, бироқ кўп юрмай қўллари толиқди, бошини баланд кўтариб боришга қурби етмай қолиб, оғзи-бурнига қум кира бошлади.
— Тўхта, Заҳро! — қичқирди Михлиев бошини бир амаллаб кўтариб, — тўхта, ташлаб кетма мени!..
Заҳро қулоқ солмади, ортидан эшитилаётган қичқириқдан ҳурккандай, қадамини тезлатди.
— Заҳро, ноинсоф, мени ўлдирасанми? — дея ҳўнграб юборди туяшунос. Чилвирнинг учи қўлидан чиқиб кетди. Туя унинг шўртак ёшлари ортидан қалқиб-қалқиб, бир кўринди-ю, қумтепалар орасига кириб, кўздан ғойиб бўлди.
— Xатоликка йўл қўйдим, — пичирлади у ёшларини кафти билан артиб қум устида ўтираркан. Кафтини пешонасига қўйиб, туя кетган томонга қаради. Бепоён, шафқациз чўлда, қумтепалар орасида ёлғиз қолганди у. Кўзига ўлим кўринди. Вужуди офтобда жизғанак бўлиб қотиб ётарди. Рўзномаларда босиладиган таъзияномалар кўз ўнгидан ўта бошлади. Уларда, жумладан, шундай сатрлар бор эди: «Туяшунослик фани оғир жудоликка учради. Улуғ олим ва буюк тадқиқотчи Тирсаҳат Михлиев навбатдаги тадқиқот ишларини олиб бораётиб, фожиали ҳалок бўлди».
Бир неча сония давом этган бундай алаҳсирашдан сўнг Михлиев ўзига келди. Ўрнидан турди, аммо узоқ юролмади. Қуёш гўё оловини Михлиевни устидан сочаётгандай. Боши айланди, тиззаларидан мадор кетиб, қум устига юзтубан йиқилди. Энди Қуёшнинг ҳам, чўғдек қизиб ётган қумнинг ҳам таъсирини сезмасди. Қаршисида туянинг чидамлилиги тўғрисида мақола ёзган олим пайдо бўлди. У узун бўйли, оч сариқдан келган, юзи қаримсиқ, кўзлари худди қумдек оч қўнғир ва тепакал бир киши эди.
— Ҳолинг қандай, Михлиев? — деди у қумда ётган жасадга эгилиб қараб.
— Мақоланг нотўғри, — жавоб қилди жасад, — туя ҳеч қачон очлик ва ташналикка ўн беш кун чидай олмайди.
— Далил келтир!
— Заҳро, тўрт кунлик очлик ва ташналикка чидолмай, қочиб кетди, шунинг ўзи далил.
Қаримсиқ ҳам бўш келмади, истеҳзо билан кулди ва бамисоли ўқитувчидай жасадни саволга тутди:
— Мана бархан, бугун бу ерда, эртага бошқа жойда. Буни ким қилади?
— Шамол.
— Нима учун?
— Жасад ўйланиб қолди. Ҳақиқатан ҳам қумтепаларнинг ўрнини тинимсиз равишда ўзгартириб туришдан мақсад нима? Бунга жавоб тополмай, Қаримсиққа мўлтираб қаради.
— Қум сасиб кетмаслиги учун, — қаҳ-қаҳа уриб кулди Қаримсиқ ва йўқолди. Михлиев нохуш ўйлардан қутулиш учун бошини қаттиқ силкиди. «Фу» деган овоз чиқди қуруқшаган лабларидан, у енгилишини сира ҳам истамасди. «Боплади-ку, Қаримсиқ», — деди ички алам билан. — «Йўқ, токи тирик эканман, Қаримсиқни қўймайман, унинг туя ҳақидаги мақоласини рад этаман».

VIII
Михлиев бир нав ўзига келиб, кўзини очганда, чўл узра қоронғилик тўр ёяётганди. У қўлини қум ичига тиқиб кўрди, сўнгра ўрнидан туриб, атрофни кўздан кечирди: туя кўринмади. Очлик ва ташналик азоби ортиб борарди. Бу оқшом ёлғиз тунашини ўйлаб, қўрқиб кетди. Қум совиб улгурмасдан тезроқ ётиб ухлашга қарор қилди. Тепаликдан пастга силжиб тушиб, шамолдан панароқ жойни кавлади ва ичига кириб ётди. Қўллари билан томоғининг тагигача қум тортди, сўнг қўлларини ҳам қумга тиқди.
Алламаҳалда уйғониб кетди. Қандайдир илиқлик юзига урилди. Михлиев ўрнидан туриб, қочмоқчи бўлгандай бир талпинди-ю, қўрққанидан нафасини ичига ютганича, жим ётаверди. Қоронғида нимадир унинг юзини, лабларини оҳиста силади. Шунда қандайдир ички ҳиссиёт билан тепасида Заҳро турганини пайқаб қолди:
— Заҳро, қайтиб келдингми? — деди Михлиев ўпкаси тўлиб.
Туя унинг ёнига оғир чўкди. Тонг отгунча жониворнинг биқинига тиқилиб, нон кавшаб чиқди Михлиев. Эрталаб туриб нонуштани давом эттирди. Қорни тўйгач, кайфияти анча кўтарилди ва тадқиқотларга жиддий киришиш ниятида хуржундан тиббиётга доир асбоб-ускуналарини ола бошлади. Албатта, соҳибининг хатти-ҳаракатлари жониворнинг эътиборидан четда қолмади. Қум устидаги ялтироқ ва нотаниш буюмларга ҳуркак назар ташлаб, ҳамма нарсани зийраклик билан кузатиб турди. Биринчи бўлиб, Михлиев қўлига термометрни олди, аммо уни қаерга қўйишни билмай, туяни икки-уч айланди ва ниҳоят, қулоғи ичига тиқиб қўйишга қарор қилди. Аммо Заҳрога бу қилиқ ёқмади. Бошини қаттиқ сермаганди, ҳарорат ўлчагич асбоб учиб кетиб, қумга қадалиб қолди.
— Тирр-тирр! — деди туяшунос жониворни тинчлантиришга мос бошқа сўз тополмай. — Майли, ҳароратни ўттиз саккиз деб ёзиб қўйсак ҳам бўлади, акс ҳолда, тунда музлаб қолган бўлардим, иссиққина ётдим, лекин Заҳронинг юрак фаолиятини аниқламасак бўлмайди.
Туяшунос чаққон ҳаракатлар билан фонендоскопни олди, уни қулоғига тиқиб кураш тушмоқчи бўлган полвондек айлана бошлади. Туя бошини баланд кўтариб, Михлиевни кузатарди. Бу улкан жонивор ички тузилишини яхши билмагани боис тахмин қилишга тўғри келди, асбобнинг учини туянинг олдинги оёқлари орасига, кўкрагининг чандиқ бўлиб кетган жойига тўғрилаб қўйиб, диққат билан қулоқ тутди: ҳеч вақо эшитилмади. Туянинг важоҳати ўзгарди, кўзларини олайтириб қаради, юнглари ҳурпайди. Тадқиқот билан овора бўлган Михлиев буни пайқамади ва бўйнидан товуш ўлчаш асбобини олмаган ҳолда қон босимини аниқлайдиган ускунани ишга солди. Ичи резинали қора латтани ҳафсала билан туянинг олдинги оёғига ўрай бошлади. Xудди шу пайт Заҳро шиддат билан ўрнидан қўзғалди. Михлиев беихтиёр ортга чекинди. Назарида туя аввалгидан икки баробар катталашгандай туюлди, айниқса, унинг оғзидан бурқираб чиқаётган кўпикдан нигоҳини узолмай қолди ва лаблари унсиз шивирлади:
— Кўпик, кўпик...
Туя бошини қаттиқ сермади:
— Фафф!
Михлиев ҳеч нарса кўрмай қолди. Унинг торгина пешонаси, милки қизариб турадиган киприксиз кўзлари, қошиқдеккина юзи оппоқ кўпикка беланди. «Буюк туяшунос" бунга парво қилмагандай, бир дам қотиб турди. Ниҳоят эс-ҳушини йиғиштириб олиб, юзидаги тупукни оҳиста бир ҳаракат билан сидириб ташлади. Бўғзидан алам ва изтиробга тўла бир ҳайқириқ отилиб чиқди:
— Тадқиқот нима бўлди энди, Заҳро!

Заҳро соҳибининг нидосини тушунгандай, ўн беш қадамча нарида тўхтади, ортига ўгрилиб қаради. Михлиев қум устида тиззалаганча, икки қўлини олдинга чўзиб, бошини бир ёнга эгган кўйи сопол ҳайкалчадай қотиб турарди. Нотавон ва ноқобил бу жонзотни кимсасиз чўлда ташлаб кетиш гуноҳ бўлади дегандай, ортига қайтган туя соҳиби турган жойга томон келди ва унинг ёнгинисида, қум устига чўккалади.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика