Туманли минтақа (ҳикоя) [Ne’mat Arslon] |
I Қуёш тўла тутилганга ўхшар, унга ойнинг сояси эмас, ойдан ҳам улкан бошқа бир сайёранинг кўланкаси тушиб тургандай нотабиий бир манзара зуҳур этган, бутун борлиқ қўнғиртоб рангларга қоришиб ётганлиги сабабли ҳамма нарса ваҳимали ва айни тобда сирли кўринар, Тушнинг ёлғиз ўзи (у ҳамиша ёлғиз эди) ана шу манзарага бир бўлак шиша синиғи орқали қараб ўтирарди. Салтанат ажойибу ғаройиб воқеа-ҳодисаларга нақадар бой бўлмасин, улардан фойдаланишга Тушнинг ҳаққи йўқ. Уларнинг ҳаммаси Миябеканинг тасарруфида ва Миябека ўз салтанатини ғоят қаттиққўллик билан бошқариб тунда ўз аъёнлари билан уйқуга кетишдан олдин ўша ажойибу ғаройиб воқеа-ҳодисалар водийси устига улкан чойшаб ёпиб уларни ухлатиб қўярди. Қариб қуюлмаган донишманд ва айни пайтда боладек ўйинқароқ Тушнинг тункезарлиги ҳамма ухлагандан кейин дунёни бошқаришга ўзича беҳуда уриниб салтанат кўчаларини айланиши, чойшаб остидан учи чиқиб қолган битта-яримта воқеотни топиб олиб турли-туман шаклларга солиши Бекага маълум бўлса-да, бундан ҳеч кимга жиддий зарар етмаслигини ҳисобга олиб индамасди. Декабрнинг узун кечаларидан бирида Миябека ва унинг салтанати уйқуга кетгандан сўнг Туш одатдагидек чироқлари ўчган уйлар деразасидан мўралаганча боқаркан, харобгина бир кулбада эртанги дарсга ҳозирлик кўриб ўтирган иккинчи тоифа ўқитувчиси Қурбонони кўриб қолди. Дарҳол қўлига синиқ шишасини олиб кўзига тутиб қаради. Шунда Қурбоно ҳам одатдан ташқари нимадир юз бериши муқаррарлигининг дастлабки белгилари зуҳур эта бошлаганини пайқади ва ишга бориш олдидан ҳар эҳтимолга қарши шимини дазмоллади, жавондан энг яхши кўйлагини олиб кийди. «Крокодил» фирмасида тайёрланган бу кўйлак андек шалвираб қолган бўлса ҳам шуни маъқул кўрди. Тўғрироғи кўйлакнинг ўзи эмас, ёқаси ва чўнтаги устига туширилган кўк тимсоҳнинг суврати унга ёқарди. Шу кўйлакни кийиб, ҳаворанг бўйинбоғини боғлаб чиққан куни ўзини дадилроқ сезарди у. Кийиниб бўлгач тақвимга қараб кунни белгилади: чоршанба, 1899 йил, декабр. – Октябр, барқут мавсум, – дейди Туш дераза рапига бемалол жойлашиб олиб, – октябрнинг ўртаси, адашма. Қурбоно деразадан қараб япроқлари заъфарон тус олган тутни кўрди. Унинг ёнида ловуллаган гулханга айланган зардолу ва япроқлари қирмизи рангга бўялган терак. Аммо бу рангларнинг ҳаммаси қўнғир шиша орқали намоён бўлаётгани сабабли туманга чўлғангандай таассурот қолдирарди. Қурбононинг ҳайрати ошди, қошларини чимириб, «ё тавба!» деганча чўзинчоқ қотма юзини силади, мактабга боргач бу ғаройиб манзара тўғрисида ўқувчиларга гапириб беришни ўйлаб жилмайиб қўйди. – Йўқ, – деди Туш, – сен мактабга бормайсан, маошинг кам, ҳаётинг ночор, тун бўйи ухламай конспект ёзасан, дафтар текширасан, кўргазмали қурол тайёрлайсан, сен бу оғир меҳнатдан қутилиб, ҳеч бўлмаганда маориф соҳасининг раҳбари бўлишинг керак. Бу хомхаёл Қурбонони чалғитолмади. Шундай бўлса-да, ширин бу орзиқиш ичра иягини силай бошлади, соқоли олинмаганди, эринди, бир кун ишга ўзи хоҳлагандек борса осмон узилиб ерга тушмаслиги хаёлидан ўтаркан, бўйинбоғини ечиб ташлади. Назарида бўйинбоғ соқоли олинмаганини бўрттириб кўрсатадигандай. Бўйинбоғсиз кўчага чиқди-ю, кўзга кўринмас аллақандай куч таъсирида яна қайтиб ҳовлига кираркан, деворларга дарз кетганини кўрди. Қаншаридаги оғирлик (ўша кучнинг таъсири бўлса керак) силжиб энсасига ўтди. Тут япроқлари бошига, елкасига қўнди. Дарахт танасидан қоп-қора суюқлик оқаётганини кўриб унга бармоғини теккизди ва ялаб кўрди, нохуш таъм: аччиқ-тахир, какрадай. Тутнинг қони!.. Ичкарида сувараклар дастурхонга ҳужум бошлаганди. Улар шу қадар кўпайишган эдики, бу ерда инсон уйнинг эгаси эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмасди. Оёғини ерга тап-тап урди Қурбоно. Сувараклар бир дам тўхтаб бошларини кўтаришди, шохларини осмонга тўғрилаб қотиб туришди ва нон бўлакларига аввалгидан ўн карра кучли иштаҳа билан ёпишдилар. Қурбоно ортига тисарилди ва қичқирди: – Зибижҳаво! Унинг чорловига ҳеч ким жавоб бермади. Аслида Қурбоно ёлғиз яшар, бўйдоқлигини билар, шундай бўлса-да, мана бир неча дақиқадирки, ўзини Зибижҳавога уйланган деб ҳисобларди. Зилзила олдидан бўладиган гувранишга ўхшаш овоз эшитилар, давомли, босиқ, салобатли эди бу овоз. Дунёдаги бошқа бирорта кучни тан олмайдиган зуғум сезилиб турарди унда. Вазият ёмон, ишга боришим керак. Ана шундай қарор билан яна йўлга отланди Қурбоно. Ҳовлига чиққанда дарахт ям-яшил барг ёзиб турарди. Беихтиёр жилмайди Қурбоно. Осмон зангор тусда. Қуёш. Девор устида бир тўп қизғалдоқ. Енгил бир куйни хиргойи қилиб кетаверди. «Агар қорнингга бир тепсам, Нақанг... қурвақадек сайрар...» «Нақанг» деганда қоғозга ёзиш ноқулай бир нарсани кўзда тутарди у. Очиқ айтишдан истиҳола қиларди. Ишхонага яхши кайфият билан кириб борди. Лекин бошлиқ қовоқ осиб, ҳурпайиб қарши олди. Шунда кўзга кўринмас кучнинг яна бир аломати «мана ман» деб яққол кўринди. Бошлиқнинг хонасида узоқ йиллардан бери осилиб турган суврат ўрнини бошқа суврат эгаллаганди. Кўзлари чағир бир одам. Хонага бошлиқ ўринбосари ва яна беш киши кириб келишди. – Xаёлингиз жойида эмас. – Танбеҳ берди бошлиқ. Қурбононинг пешонаси тиришди. Беихтиёр соқолини силади. Соқол қўйган кишиларнинг ҳаммаси шундай қилади. Соқол гоҳида вазиятдан чиқишга ёрдам беради, уни силаб туриб вақтдан ютиш, фикрни тўплаб олиш, рақибни чалғитиш мумкин. Ҳамманинг нигоҳи Қурбонога қадалганди. Буни пайқади Қурбоно, шунданми, бармоқларининг учида титроқ пайдо бўлди. Соқолини юзидан сидириб ташлашга чоғланган каби кафтини юзига босиб аввалги ҳаракатини бир қадар тез ва асабий тарзда такрорлади-да, қўлини дарҳол стол остига яширди. – Дам олинг, – деди бошлиқ. Кимдир енгил хўрсинди. Қурбоно бош кўтариб бошлиққа қаради. – Дам ола туринг, – такрорлади бошлиқ. – Қандай маънода? – сўради Қурбоно. – Тўғри маънода, – жавоб қилди бошлиқ. – Бирор ўзгариш юз бердими? – сўради Қурбоно. – Берди. – Газета ўқимайсиз, – гапга аралашди ўринбосар. – Нима керак ўзи сизга шу даҳмаза! «Даҳмаза» деб соқолни айтаётганди бошлиқ. Қурбононинг қўллари юзига томон кўтарилди-ю, соқолига етиб бормади. Бир дам ҳавода муаллақ қолиб, сўнг яна стол тагига кириб яширинди. Дам олсам қайтангга яхши эмасми, хаёлидан ўтказди Қурбоно. Ўрнидан турди, хайрлашди ва ташқарига чиқиб эшикни аста ёпди. II Бир ҳафта уйдан чиқмай ётди, китоб ўқиди. Xона деворида Леонардо да Винчи билан Лев Толстойнинг суврати осиғлиқ. Иккала чол ҳам соқолли, иккаласи ҳам ғоят буюк. Ўқиётган китобини қўйиб сувратларга қаради. Иккаласининг ҳам соқоллари оқ, пахмоқ, бир қучоқ. Ўзиникини силаб кўрди ва ойнага қаради. Соқоли қисқа кузалган, чеккаси бўйлаб токи жағигача тўғри тушган ва иякка томон қайрилиб келган, юнон нусха. «Соқол қўйган билан инсон аҳмоқ бўлиб қолмайди». Ана шундай хулосага келди Қурбоно. Бошлиқ айтган муддат тугаган ва энди ишга бориши керак. Эрталаб соат етти бўлмай ўрнидан турди. Нима учундир ташқари ҳали ёришмаган. Xудди деразаларнинг ташқи тарафидан қора парда тутиб қўйгандай. Эшикни очаркан, еру кўкни туман қоплаб олганини кўриб ҳайрати ошди. Май ойида ҳам шундай қалин туман тушиши мумкинми? Йўқ, бўлиши мумкин эмас, олди ёз. Ақлга сиғмайдиган ҳолат. Туманми ўзи шу, деган шубҳа билан қўлини чўзганди, қўли тирсагидан кесиб ташлангандай тумтоқ кўринди. Қўрқиб кетиб бирдан қўлини тортиб олди. Сўнгра бармоқларини силкитиб лойқа сув бетидаги хас-чўпларни чайпаётгандай ҳаракатлар қилиб кўрди. Қўлини тўлғаганда туманлик сийраклашар, чекинар, оралиқ пайдо бўлар ва қўл ҳаракатдан тиниши билан зарралар яна аввалгидай қуюқлашарди. Туман ичкарига ҳам бостириб кира бошлаганини, унинг бир бўлаги эшик ортидаги кунжакни эгаллашга улгурганини кўриб эшикни дарҳол ёпди. Энг ёмони: туман унинг кўзларидан, бурнидан, қулоғи ва оғзидан кириб бош чаноғини тўлдираётганди. Қурбоно буни пайқаб саросимага тушди. Балки бирор хабар эшиттириб қолишар деган умидда радио қулоғини буради. Бир маромдаги гувиллаш орасидан кимдир хирқироқ овоз билан ҳаётнинг фаровонлиги, дастурхоннинг тўкинлигини мақтарди. «Ахмоқ ўзини мақтайди» иккинчи бор хулоса чиқарди Қурбоно ва бундай пайтда уйда қолиши мумкин эмаслигини тушунди. Вазиятга уй эмас, ташқи олам аниқлик киритади деган умидда кўчага отилди. Туман қалинлашган, зулумот, ҳеч нарса кўринмайди. Дов-дарахтлар қани? Йўл бўйлаб улкан илондек бураланиб ётадиган иссиқлик қувурлари қани? Кўзларини қанчалик йириб-йиртиб қарамасин ҳеч нарса кўролмади. Туманлик ичида Нисо турганини пайқади. Уни кўролмади, лекин шу нарса аниқки, Нисо шу ўртада. Нисонинг олдига бориш учун қора туманликни худди сувда сузаётгандай қулочкашлаб суриб ташлаб олға интилди. Аммо Нисони кўриш имкони бўлмади. Туман борган сари қалинлашарди. Нисо эса шу ўртада. Ҳавони ҳидлаб кўрди. Нисонинг ҳиди. Фақат Нисогина шундай ҳид таратади. Атрофга аланглаш бефойда, чақирди: – Нисо, қаердасиз?! – Қурбоно! – овоз берди қиз. Товушнинг қайси тарафдан келаётганини бундай туманда англаш қийин. Қурбононинг юраги орзиқиб туманнинг бу қадар қалинлигидан хурсанд бўлиб кетди. Жуда соз! Нисони бемалол қучоқлаш мумкин, ҳеч ким кўрмайди! Қизни аввал бирор марта бўлсин қучоқламаган, ҳатто қўлидан ушлашга ҳам журъати етмаган. Мана энди имкони бор. Фақат уни топсам бас, қучоқлаб оламан. Индамайди. Чунки... шу жойга келганда бироз ўйлаб қолди Қурбоно, нега индамайди? Индамаслиги аниқ, лекин нега индамайди? Чунки бугун одатдан ташқари кун. Туман. Нимадир юз берадигандай. «Юз бера бошлади» ўз фикрини тузатди Қурбоно. Агар туман кўтарилса ер юзида ҳеч вақо қолмайдигандай, ҳаммасини туман ўзи билан осмони ҳафтумга олиб чиқиб кетадигандай. Шундай экан, Нисо нега аясин ўзини, аямайди. Шундай ўйлар хаёлида чарх уриб яна чорлади: – Нис-о-о! – Мен бу ерда, Қурбон-ноо! – қичқирди қиз унинг ёнгинасидан. Қўл чўзганди Қурбононинг бармоқлари қизнинг кўксига тегди. Ушлади. Қиз индамади. Аммо шу лаҳзада ишга бориши ёдига тушди. – Xайр! – деди Қурбоно ва қулочкашлаб суза кетди. Қиз индамади. – Сени ишдан кейин «Тўкин дастурхон» емакхонасида кутаман деган қичқириқ эшитилди туманлик ортидан. Қиз бунга ҳам жавоб қилмади. Сузиб бораркан, ўз-ўзидан қувониб кетди Қурбоно. Чунки энди сузиб бораётганини аниқ пайқаганди. Бундай ҳолатда бошмоқ йиртилмайди, кўпга чидайди. III Ишхонада кўп нарса ўзгарган. Бошлиқнинг хонасида яна бошқа кишининг суврати. – Xўш, хизмат? – деди бошлиқ соқолини силай туриб. – Ишга, – жавоб қилди Қурбоно. – Қанақа ишга? – ажабланди бошлиқ. – Ўзимнинг ўрнимга, – жавоб қилди Қурбоно. – Сиз кимсиз ўзи? – сўради бошлиқ. – Мен Қурбоно. – Танимадим. Хонага уч нафар ходим кириб келди. Ҳаммаси нотаниш. Соқол қўйган ёшлар. Ҳаммасининг юзида ажабланиш. Яна икки киши кириб келди. Иккаласи ҳам соқоллик. Уларнинг бири таниш, бошлиқ муовини. Ўрнидан туриб қўл чўзди Қурбоно. Муовиннинг кўриниши ўша-ўша, ўзгармабди, бир ҳафтада ўзгариб қаерга ҳам борсин. Қуюқ сўрашди Қурбоно, шу одамга хушомад қилгиси келди. Бошлиқ сўради: – Бу киши ким? – Бир пайтлар бизда ишларди, – жавоб қилди муовин. – Нега бир пайтлар? – ажабланди Қурбоно. – Етти йиллар бўлди-ёв, – деди муовин Қурбононинг гапига эътибор бермай. Дам бошлиққа, дам муовинга жовдираб қаради Қурбоно. – Ишдан не сабаб кетгансиз? – сўради бошлиқ. – Кетганим йўқ, – жавоб қилди Қурбоно. – Кетмаган бўлсангиз энди кетасиз. Муовинга савол назари билан қаради Қурбоно. – Газета ўқимайсиз, – ўпкалади муовин. – Штат қисқарган, – якун қилди бошлиқ. Қурбононинг хўрлиги келди. IV «Соқолимни қириб ташламаганимда балки шундай бўлмасди» деди Қурбоно ўзига ўзи. Xодимлар бошлиқ хонасини тарк этишди. Нега соқолимни олдим ўзи, биров мени мажбур қилмаганди-ку! «Нима қиласиз шу даҳмазани» деганди ўшанда муовин, бор гап шу. Уларнинг соқоли йўқ эди, бир ҳафтада девордаги суврат ўзгариши ҳамон соқол қўйворишибди. – Сизга рухсат, – деди бошлиқ. Дарҳол ўрнидан турди Қурбоно. – Бугун туман тушган, – деди кўнглида пайдо бўлган мубҳам илинж билан. Табиат кучларининг одатдан ташқари шиддати инсон кўнглини юмшатади, одамларни бир-бирига меҳрибон қилиб қўяди. Лекин бошлиқнинг кўнгли юмшамади. Қуйи Қават даҳлизида муовинни кўраркан, унинг «етти йил бўлди-ёв» дегани эсига тушди. Нега булар бир ҳафтани етти йил дейишади, мени мазах қилишаяптими? Ё бўлмаса уларники Ер вақти-ю, меники коинот вақтими? Коинот вақти! Коинот вақти! Ана шундай ўйлар оғушида кўчага чиқди. Туман тарқалмаган, эрталабкидай. Ҳеч нарса кўринмайди. Ўзини қора қурум зарралари бағрига отди Қурбоно ва ҳар иккала қўлини баравар ишга солиб суза кетди. Рўпарадан қулоч отиб келаётган кекса бир киши саломлашиб ўтди. Шуниси қизиқки, ўз уйини адашмай топиб келди. Уйнинг девори ва эшик-деразалари кўринмаса-да, қўли билан пайпаслаб айрим белгиларни таниди. Уйга кириб ойна олдига борди. Кўзгу сатҳини қоплаб олган чанг пардаси ортида иккита қорачиқ. Бармоқлари билан чангни силаганча ойнага гоҳ ўнг, гоҳ чап ёни билан қараб Нисо билан ўзи ўртасидаги муносабатларнинг чуқурлашиб бораётгани ва бир кун келиб шу қизга ҳаётий масалада гап очишга зарурат туғилиши, қиз уялиб кўзларини ерга қадаб «майли» деб жавоб беришини ўйларкан, афсус, шундай нозик дамда унинг юзини, кўзини, киприкларини кўролмайман, лаънати туман халақит беради деган хаёлга борди-ю, кўзгу олдидан шахт ила узоқлашиб хона тўрига, деворга тақаб қўйилган курсига бориб ўтирди. V Дедушка туман Всё спрятал в карман И леса, и поля… Болалигида ёд олганди Қурбоно бу ўрисча шеърни. Ҳеч ким мажбурламаган, ўзи ёд олганди. Бироқ шу аснода давомини эслолмади. Сўзларни ҳам тўғри айтганига шубҳаланди. «Ҳа, хотирамнинг мазаси қочаяпти» деганча бошини ушлаб-ушлаб қўяркан, ранги униқиб кетган икки дона дорини оғзига ташлаб совуқ чой билан ютиб юборди. Яна ойнага қараганда қорачиқлари кучли ҳароратдан ёғдуланиб турганини кўрди. Чекка томирлари одатдан ташқари куч билан лўқиллаб урарди. Вужудида лоҳаслик. Дўхтирга бориш керак деган ўй билан ташқарига чиқди. Ўттиз-қирқ чоғли одам бараварига қулочкашлаб сузиб ўтди олдидан. Улар зобитлар эди. Зобит дегани забт этувчи, яъни босиб олувчи дегани. «Булар қаерни босиб олмоқчи экан» деган ўй лип этиб хаёл кўзгусида бир кўринди-ю, дарҳол сўнди. Бу тўғрида ўйлашнинг зарурати йўқ. Зобитларни таниб бўлмас, юз-кўзлари кўринмас, эгниларидаги либослари ҳурпайиб турарди. Силтаб ташлаётган қўллари ҳавосиз бўшлиқ ва кучли оқим ҳосил қилаётгани сабабли туманлик нишолдадай чўзилар, дам қисқарар, қоронғу кечада ундан-да қоронғироқ соялар ўйнаётгандай кўринарди. Агар кўзим ловуллаб алангаланиб турмаганда балки уларни умуман кўролмаган бўлардим, хаёлидан ўтказди Қурбоно. «Каркидон» емакхонаси ёнида иккита қора шарпа кўринди. Шакли-шамойили одамдай. Бир-бирига қапишиб турибди. Эркаклар бунчалик бири иккинчисининг пинжига кириб турмаслиги керак, аёллар ҳам. Демак, уларнинг бири аёл. Шундай бўлгач иккинчисининг эркак бўлиши шубҳасиз. – Нисо-оо! – чақирди Қурбоно. Туманлик ҳаракатга келди. – Нима иши бор сенда, – тўнғиллади эркак. – Ҳозир, – деди Нисо унга ва Қурбоно томон кела бошлади. Эркак ортидан эргашди-ю, икки қадамча нарида «нима гап» дегандай қараб тураверди. Сўнгра худди йўл торлик қилгандай Нисонинг қўлидан ушлаб нарироқ суриб қўйди-да, ўзи олдинга ўтди. Тақалиб келди. Соқоли туман рангида бўлгани учун ҳам иягидан ергача осилиб тушгандай кўринарди. Қўйнидан пичоқ олиб Қурбонога хезланди. – Ўлдирма, – деди Қурбоно. – Нима учун? – сўради Соқолли. – Ўзим ўламан, – жавоб қилди Қурбоно. – Алдама, – пўписа қилди Соқолли. Нисо юзини тескари ўгириб турарди. Кейин сал нарироққа бориб тош устига ўтирди. Туманлик орасидан уни аниқ ва тиниқ кўриб турарди Қурбоно. Пичоқ тақаб турган эркакнинг ҳаракатларини назардан қочирмаган кўйи кўз қири билан қизни ҳам кузатмоқчи бўларди. – Алдама! – вишиллади ғазаби тошган Соқолли. – Ҳамиша рост гапирганман, – деди Қурбоно босиқлик билан. – Ҳозир ҳеч ким рост сўзламайди. Рост гапирганман деганингни ўзи алдов. Ҳатто анавиям, – тош устида ўтирган қизга боши билан имо қилди Соқолли. – Мен ўзим учун жавоб бераман, – деди Қурбоно. – Нима, ундан кечасанми? – Ундан бошқа ҳеч вақом йўқ, кечмайман. – У меники. – Мен унга уйланаман. Сеники бўлса ҳам майли, уйланаман. – Бесоқолга тегмайди. – Соқол қўяман. – Улгурмайсан. – Меники тез ўсади. – Аввал жонингни қутқаз. Ўликнинг соқоли ўсмайди. Қурбоно индамади. – Тезлатинглар, – қичқирди қиз. Нозу истиғнога тўла бу овоз эркакларнинг диққатини тортди. «Ҳозир-ҳозир» дейишди улар ва тезлатиш мақсадида бир-бирларига кўз тикиб, юзларига қатъият ифодасини беришди. – Соқолим бор эди, бир сабаб билан олдиришга тўғри келди, – муроса қила бошлади Қурбоно. – Ўлдираман, – вишиллади нимадандир баттар жаҳли қўзиган Соқолли. – Айтдим-ку сенга ўзим ўламан деб. – Қачон? – Яқинда. – Кунини айт. – Бир кунга етмайди. – Авжима. – Рост айтаяпман. Бир неча дақиқа қолди. – Мен ўлдирарканман-да унда? – Йўқ ўзим ўламан. Соқолли соатига қаради ва сўради: – Заҳар ичганмисан? – Шундай десам ҳам бўлади. – Унда нега азобланмаяпсан? – Азобдаман. Ҳали бирор кун роҳат қилганим йўқ. – Курареми? – Ундан ҳам баттар. – Балки синил кислотасидир? – Ичганман. – Маргимуш керак эди сенга, – маслаҳат берди Соқолли. – Еганман. – Лекин манави пичоқ ишни ҳаммасидан тезроқ бажаради, пичоқ ейсан. – Xоҳишинг, – деди Қурбоно афсус билан, – бесабр экансан. Ўзингга қийин. Мени ўлдирсанг ўзинг ҳам омон қолмайсан. Ҳеч бўлмаганда қамаласан. Нисодан мосуво бўласан. Қўй, ундан кўра ўзим ўлай. Умрим қисқа, бор-йўғи бир неча дақиқага ё етади, ё етмайди. – Xўп, кўрамиз, – деди Соқолли ва пичоғини қўйнига тиқиб қиз томон одимлади. – Мен коинот вақти билан айтдим – қичқирди Қурбоно унинг ортидан. – Менга барибир, – қўл силтади Соқолли, – ўлсанг бас. VI Шифоатхонага йўл олган Қурбоно туманликда адашиб жун жийитиш корхонаси олдидан чиқиб қолди. Яшил бўёқ билан катта-катта қилиб ёзилган «Ж-Ж-Ж» ҳарфлари юқорига қараб баравар ўрмалаб кетаётган қўнғизларга ўхшарди. Жун жийитиш жамоаси деб ҳар доимдагидек ички овоз билан ўқиди Қурбоно. Тоғораларнинг даранглаши, сувнинг шапирлаши, ивиган юнгнинг шап-шап этиб ерга тушиши қулоғига чалинди. Бинонинг зах босган ва шўрланган деворлари шарқ томондан тери қабул қилиш омборхонасига, ғарб томондан тери ошлаш тцехига туташ. Ҳовлининг олдида ошхона, орқасида ўт ўчиришга мўлжалланган ҳовуз. Қурбононинг шуурида иккиланиш. Шундай бўлаверса ишдан ажралиб қоладигандай. Ҳеч қуриса шу ерга ишга кираман деб кўнглидан ўтказди. Дарвозадан ичкарига кираверишда «Илғорлар» деган лавҳа. Нариги деворда «Жаҳон бизга тан берди!» деган шиор, унинг ёнида кўрсаткичлар жадвали. Жадвал ёнида кармакда ивиган терини пичоқ билан қиртишлаётган ишчи тасвири. Бамисли мижознинг соқолини қираётган сартарош қиёфасида. Беихтиёр жағини силаб соқоли анчагина ўсиб қолганини пайқади Қурбоно. Иягининг ости қичиди. Икки бармоғи орасига олиб эзғилаб қичиғини қолдирди ва яна суратга қаради. Соқоли тез ўсаётганидан қўнгли тоғдек кўтарилиб баланд руҳ билан қаддини тик тутиб ишхонасига йўл олди. Туманлик ер сатҳидан икки ярим қулоч юқорига кўтарилган кўйи қотиб қолган. Ўзининг энг сара либосларини кийиб олганди Қурбоно. Колорадо қўнғизидай йўл-йўл кўйлаги анча кийилган бўлса ҳам ҳали яп-янгидай кўринар, малла тусдаги чий бахмал шими ўзига ярашиб турарди. Йўл бўйидаги ёғоч ўриндиқда қарта ўйнаб ўтирган икки чол худди мўъжизани кўргандай оғизлари очилиб Қурбонога қарашди. – Дунёни бузаётган ана шулар, – тўнғиллади чоллардан бири. – Бунга бирорта ҳам аёл турмушга чиқмайди, – пихиллаб кулди иккинчи чол, – соқолини қара! Қурбоно ортига ўгирилиб қаради. Чолларнинг шалвираб қолган соқолсиз юзлари такаки теридай таровациз. Ишхона дарвозаси олдида турган миршаб ҳужжат сўради. – Шу ерда ишлайман, – деди Қурбоно. – Уч йилдан бери шу дарвоза олдида тураман, сизни кўрмаганман. – Катта жамоа, ҳаммасини танимайсиз-ку? – Танийман. Бу ерда соқолли кишилар ишламайди. – Бошлиқ ҳам, муовини ҳам соқолли, ходимлар ҳам. Миршаб билан узоқ тортишди Қурбоно ва ниҳоят беш дақиқага рухсат сўраб олди. Бошлиқ ўз хонасида ўтирарди. – Xўш, хизмат, – деди бошлиқ салобат билан. – Ишга. – Ваъда беролмайман, – деди бошлиқ. – Соқолим бор-ку, – ажабланди Қурбоно. – Соқол ҳужжат эмас. Ундан ташқари кўпчиликдан ажралиб қолмаслик керак. Бир ўзинг доно бўлгунча, кўп билан девона бўл, дейдилар. – Ахир кечагина ҳамманинг соқоли бор эди, – эътироз билдирди Қурбоно. – Сиз айтган «кеча»дан буён кўп сувлар оқиб ўтди. – Бўпти, қирдириб ташлайман, ишлашим керак. Менга соқол эмас, иш керак. Бир кунда шунча ўзгариш, – деди Қурбоно девордаги суратга қараб. – Замондан ортда қолмаслик керак, – насиҳат қилди бошлиқ, – унга зид бормаслик ҳам керак. – Ахир, соқолнинг қўлидан нима ҳам келарди. – Ҳалиям англамадингиз, – дея ўрнидан қўзғалди бошлиқ. Суҳбат тугаганини тушунди Қурбоно. VII Бошлиқнинг хонасидан чиқиб атрофни диққат билан кузатди, одамларга разм солди ва дунёда нималар бўлаётганини билиш учун шаҳарнинг шарқий минтақаси томон йўл олди. Туман худди кечагидек ер сатҳидан анча юқори кўтарилганча қуюқ қора тим ҳосил қилган кўйи қотиб турарди. Тўрт нафар аёл «Ило-ё соқолинг гўрда чирисин!» деганча югургилаб ўтаётганини кўриб ўзини панага олди. Аёллардан бири ниманидир пайқаб қолгандай ортига қайтиб келди. Чаққонлик билан симёғочга ёпишиб юқорига кўтарила бошлади Қурбоно. Ва туманлик ичига кириб беркинди. Симёғоч остида тўхтаб юқорига қаради аёл ва огоҳлантирди: – Токка эҳтиёт бўлинг! – Сиз мени кўраяпсизми? – ажабланди Қурбоно. – Ҳазилга бало борми, – чийиллади аёл ва ўз йўлига кетди. Йўлакдан писта чақиб келаётган қиз Нисога ўхшарди. Ёнида дурустгина кийинган эркак. Иккови гаплашиб келишаяпти. Симёғоч тагига келиб тўхтаб юқорига қараганча кула бошлашди. – Нима гап? – сўради Қурбоно. – Ўзингдан сўрасак, – деди қиз ҳамроҳига кўз қисиб. – Сени кутиб тургандим. – Қурбономисан? – сўради эркак. – Шундай, – жавоб қилди Қурбоно. – Э... ҳалиям тирикмисан? – Ўзинг-чи? – Бу нима деганинг, ахир сен ўламан деб ваъда бергандинг.– Соқолинг қани? – Даврдан ортда қолгансан, Қурбоно, – кулди қиз. – Сенга уйланиш учун соқол қўйдим. – Наҳотки соқолли эркакларнинг хотинлари қочиб кетишаётганидан бехабар бўлсанг? – Xабарим бор. Ҳозиргина эрларини лаънатлаб ўтиб кетишди. – Унда шунга қараб иш қил. Улар қўл ушлашганча узоқлашдилар. – Бесоқолга тегмайди дегандинг-ку, – қичқирди Қурбоно уларнинг ортидан ва симёғочдан тушиб орқасига қайтди. Уйининг деразаси тагига бир уюм туман чўкиб қолганди. Оёғи билан уни тепиб кўрди, шунда гувраниш кучайди. Қўрқиб кетиб ўзини четга олди Қурбоно. Сўнгра уйига кириб оғир ўйга чўмди. Балки умрида биринчи марта астойдил фикрламоқда эди. Натижа чакки бўлмади. Xаёлига шундай ажойиб фикр келдики, ҳамма муаммоларнинг ечими ана шу фикрда ўз тажассумини топганди. Шошилинч тарзда ишга киришди. «Ҳа, инсон онги ҳамма нарсага қодир, фақат уни ишга солиш керак» деди қувончдан юзи ёришиб. – Замон тез-тез алмашиниб турибди. Аёллар бугун соқоллиларни яхши кўришса, эртага бесоқолга муҳаббат қўядилар. Иш масаласи ҳам худди шундай. Демак қарорим тўғри». Қурбоно сира иккиланмади. Соқолининг ярмини олиб, ярмини қолдирди. Энди чап юзи соқолсиз, ўнг юзи соқолли. Ойнага сўнгги марта назар солди. Ажойиб! Иягининг ўртасигача жуда аниқ чегара ҳосил қилган соқолли ҳудуд билан соқолсиз минтақа кескин ажралиб турибди. Кўзгуга ёнбоши билан турди, соқолли одам намоён бўлди. Тескари томонга ўгрилганди, бесоқол йигит юз кўрсатди. Энди бемалол ишга бораверса бўларди. Кўчага чиқиб қўнғир тусдаги бир бўлак ойна оёқ остида синиб ётганини кўрди. Туманлик мисли кўрилмаган даражада қалинлашган. Гувраниш кучайган, гўё ҳар бир зарра ўзича овоз берар ва уларнинг овози қўшилиб умумий гувраниш ҳосил қиларди. Афсуски, Қурбоно ана шу гувранишга диққат билан қулоқ солмади. Вужудини туманлик бағрига отди-да, қулочкашлаб сузиб кетди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62385 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57604 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36529 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23274 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23158 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21571 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19505 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18632 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |