Саройнинг сўнгги шоири (новелла) [Nikolay Gumilyov]

Саройнинг сўнгги шоири (новелла) [Nikolay Gumilyov]
Саройнинг сўнгги шоири (новелла) [Nikolay Gumilyov]
Бу қирол аждодлари каби ўта дангаса, ишёқмас ва беғам эди. У саройда бўладиган тантаналар боисгина мадҳиялар ёзиб берадиган кекса шоирни нафақага чиқаролмас, унга етарлича нафақа тайинлаб, хайр-хушлашишга журъати етмасди. Шоирнинг ўзи эса кетишни сираям истамасди.
Қирол оиласида кимдир туғилса ёки вафот этса, бошқа юртлардан элчилар келса ёки қўшни давлатлар билан иттифоқчилик имзоланса, одатий маросимлардан сўнг сарой аҳли қироллик залига йиғилар ва қовоғи солиқ, ҳамиша нимадандир норози шоир шеър ўқий бошларди. Айни кунларда тилдан ва истеъмолдан чиқиб кетган иборалар эскирган сўзлар ғалати жаранглар, қадимги инглиз бичимида тайёрланган соч париги уни янада ожиз қилиб кўрсатар, шунинг баробарида сочининг тўкилган жойлари ярқираб-ярқираб, ажиб улуғлик касб этарди. Олқишлар ҳам олдиндан ўйлаб қўйилгандай енгилгина,қўлқопли қўлларнинг шовқини худди шеъриятни улуғлашга етарли хизмат қилаётгандай кўринарди.
Шоир ерга қадар таъзим қилди, аммо унинг юзи ҳамон тунд, қирол қўлидан қимматбаҳо тошлар билан безатилган узук ёки олтин тамаки қутисини олганда ҳам кўзлари тобора ғамғинлашиб кетарди.
Байрам дастурхони ёзилганда у паригини ечиб қўйиб, кекса мансабдорлар орасида ўтирар, темир йўлларга оид шартномалар, турли хил ўғирликлар, миш-мишлар ҳақида гапирар, тузга солинадиган солиқ лойиҳасига жуда қизиқарди.
Одатдагидай қирол совғасини хазиначига топшириб, ўрнига мўмайгина пул олиб, уйига қайтди. Шоирнинг уйи катта ва беўхшов, отаси - собиқ марҳум сарой шоиридан қолган мерос эди. Марҳум қирол бу лавозимни наслдан наслга ўтувчи қилиб қўйган,бу билан, эҳтимол, тартиб-интизомни сақламоқчи, ҳар хил нохушликлардан йироқ бўлмоқчи эди.
Шоирнинг уйи юраги каби маъюс ва қоронғу эди. Кечга бориб, фақат иш кабинети ёруғлашарди. Жавонларда китоблар ўрнида ноёб қадимий тамаки қутилари терилиб турарди. Отаси шу буюмга ўта иштиёқманд коллектсионер чиқиб қолди..Қачонлардир, ҳа, қачонлардир у ҳам уйланган, шу уйда ипак кўйлакларнинг шилдираши эшитилар, нозик қўллар меҳр билан чиройли муқовали китобларни варақлар, жавонлардаги ҳамма нарсалар бу ажиб ҳилқат, қирмизи юзлар шуъласи олдида ҳайратдан қотиб турарди. Бироқ шоирнинг хотини бу ерда бир йилча ҳам яшай олмади - ёш ва номаълум рассом билан қочиб кетди. Шоир қайғули, байронона руҳда қасос ўти билан ёниб турган ишқий поемасини ёза бошлади. Худди шу пайтда қиролликдан кимдир вафот этиб қолди-ю, шу муносабат билан элегия ёзиш талаб этилди. Шу билан бошланган поемага яна қайтиш ҳаваси сўнди.
Оғир ва зерикарли йиллар камергернинг тортилган мундирлари каби судралиб ўтди. Бу йилларнинг ягона ҳодисаси янгидан-янги тамаки қутилари олиш бўлиб қолаверди.
Сукунат қанчалик узоқ чўзилса, момоқалдироқ шунчалик кучли бўлишини билганлар шоирга хизмати тугаганлигини айтолмас, айтсалар, унинг юзлари, кўзлари янада маъюсланиб, тушуниксиз киноя аралаш ноўрин ҳазил деб тушунишини олдиндан ҳис этишарди.
Бу ишнинг бошланишига, афтидан, Испания шаҳзодасининг келиши муносабати билан ёзилган байрам дастурхони сабаб бўлди.Таклиф этилганлар орасида шоирга яқин жойда ўтган подшоҳлик даврининг мансабдорларидан бири ўтирарди. У шу қадар қариб, сочлари оқариб, тишлари тўкилиб кетгандики!... Қария нима учундир ҳозиргина ўқилган шеър билан жудаям қизиқиб қолди. Қулоғи яхши эшитмаслиги боис нималарнидир сўраб - суриштирди, ҳатто охирги сатрни қайта кўриб чиқиш лозимлигини ҳам уқтирди. Сўнгра кутилмаганда ҳи-ҳилаб, ҳаммага маълум латифасифат гапни айтиб берди - унда шоирларни граммофонлар билан алмаштириб қўйиш вақти келди, дейиларди.
Шоир уни лоқайдлик билан тинглади. Янги орден таъсис этилиши ҳақида суҳбатлашаётган қўшни столдагиларга қўшилиш иштиёқида турганида, қирол улар томонга қараб турганини, киноя ва ачиниш аралаш кулаётганини сезиб қолди. Сезиб қолди-ю… Агар шуни сезмаганида қарияни бу қалтис ҳазили учун кечирган ҳам бўлармиди!... У собиқ мансабдорга кескин, қаҳрли жавоб қайтарди. Тушлик тугаши билан уйига қайтди. Шоир асабий, ваҳимали, важоҳатли эди.
Тонг отиши билан унинг қалбида қатъий қарор туғилди. Хизматкорини кун бўйи китоб дўконларига югуртирди, авваллари «шаҳарлик шоирлар» деб менсимай қарайдиган шоирларнинг кўплаб китобларини сотиб олди. Тамаки қутилари билан тўлган хонасидан икки ой чиқмади - бу ерда қизғин ва сирли ишлади. Сарой шоири ўзининг кичик укаларидан ўрганди, услубини ўзгартирди.
Саройда хотиржамлик ҳукм сурарди.Шаҳар чеккасидаги ғамғин уйда нималар бўлаётгани ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бу орада ҳаёт ўз йўлида давом этди. Кимдир севди, кимдир севилди, кимдир тортишди, кимдир ярашди, яна бир-бирларига хушомад қилиб, ерга қадар эгилиб кун кечирдилар. Албатта, мардлик ва жасорат амалларини амалга оширдилар. Ва ҳалиям шеъриятга қадимий ва тантанавор эскилик қолдиғи сифатида қарашдан воз кечмадилар.
Ниҳоят, кутилган кун келди. Аслзода малика турмшга чиқди, шу важдан шеърлар зарур бўлиб қолди ва бу хабарни сарой шоирига етказдилар. У ғамғин, ғалати, савдойи қиёфада кириб келди. Зийрак нигоҳларгина шоирнинг лабларидан учаётган енгил, нохуш ним табассумни, асабийлик билан қўлидаги шеър ёзилган қоғозларни ғижимлаётганини илғай оларди. Аммо шу пайтгача у ва унинг шеърлари билан кимнинг иши бўлганки, энди бўлсин! Ёшлар учун жудаям кексалик қилар, у қатори юқори мартабали амалдорлар эса шунча ҳурмат-эътиборга қарамай, уни ўзларига тенг билмасдилар.
Тантана бошланди. Улуғсифат руҳоний жозибали руҳда никоҳ маросимини тугатди. Тўйга ташриф буюрган элчилар, меҳмонлар келин - куёвга эҳтиром кўрсатишди. Ниҳоят,ранглари оқарган, аммо қатъийлашган шоир шеър ўқишни бошлади. Сарой аҳли орасида англаб бўлмас шивир-шивир ўрмалади. Ҳатто ёшлар, ҳар қадамда кимни кўрса , шунга ошиқ ёшлар ҳам ҳайрат билан бошларини кўтариб, уни тинглай бошлашди.
Нима бўлди? Қани шамол худоси, бургутлар, гулларга аталган, ҳайратомуз оламни мадҳ айлаган баландпарвоз сўзлар жилоси? Шеърлар бутунлай янги, эҳтимол, ажойиб эди. Ҳар қалай, бу қолипга солинган шеър эмас эди. Сарой аҳли унчалик хуш кўрмайдиган шаҳарлик шоирларнинг руҳи бор эди унда. Шеърлар тобора ярқираб, ўзига тортиб борарди. Гўёки сарой шоирининг узоқ вақт ушлаб турилган иқтидори бирдан юзага қалқиб чиқди, чиқди-ю, бир пайтлар ўзи ҳам юз ўгириб келган ўша мўъжизаларни яратди-қўйди. Шиддатли сатрлар оқиб келар, ширали овоз жаранглаб учар, ажойиб манзаралар яралар, мисли кўз илғамас тубсизликдан ёруғлик порлаб чиқарди. Кекса шоирнинг кўзлари парвозга чоғланган бургутникидай ёнар, товуши шу бургутникидай ҳар томонни тутди.
Бутун сарой аҳли, яна қирол ҳузурида бундай яхши шеърлар ўқишга қандай журъати етдийкин унинг!... Ҳеч ким олқишлашга ўзида куч топмади. Камергерлар қаҳр билан шивирлашга тушди, ёш юнкерлар ўзларини тутиб олиб, жиддий тортишди. Ҳайратдан қотиб қолган қоши қалам хонимлар ҳам англаб бўлмас тарзда қошларини чимириб қўйишди. Қирол норози оҳангда мукофот учун тайёрлаб қўйилган узукни бир чеккага улоқтирди.
Саройнинг сўнгги шоири ёлғиз, вабога йўлиққандай тантананинг тугашини ҳам кутмай, чиқиб кетди, кетаётиб, катта кантслер котибга шоирни нафақага чиқариш ҳақидаги буйруқ тайёрлашни буюрганини эшитди.

Аммо биринчи бор уйга қайтиш нечоғли завқли, ёлғиз қолиш эса ундан-да фароғатли кечди. У қаддини мағрур тутиб, кечки залларни кезиб чиқди, сўнгги шеърларини баланд овозда ўқиди, кексаларга хос айёрона табассум билан шаҳарлик шоирларнинг китобларига назар ташлади. У нафақат улар билан тенглашди, ҳатто улардан ўзиб кетганини ҳам ҳис этди. Ниҳоят бу қувончини ким биландир бўлишгиси келиб, ажрашганларидан сўнг илк бора хотинига хат ёзди. Тантанавор оҳанг билан биринчи марта уни олқишламаганликларини битиб, шеърларини қўшди,хат сўнггида ғурур билан қўшиб қўйди: «Шундай одамни ташлаб кетдинг!»
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика