Авлодлар довони - Ҳумоюн ва Акбар ... [Pirimqul Qodirov] |
Иккинчи Китоб: Акбар Панипат, Деҳли: Тўфонда Қолган Ёшлик Деҳлидан уч юз мил узоқда — Панжобнинг шимоли шарқидаги Каланурда юрган Акбар отасининг ўлими ҳақидаги хабарни орадан бир ҳафта ўтгандан сўнг эшитди. Мусибатли воқеанинг тафсилотларини чопар Назирқул сўзлаб берганда ўша зинапоянинг кулранг тошлари унинг бошига ҳам урилгандай вужуди карахт бўлиб қолди, бир қанча вақт ҳатто кўзига ёш келмади. Байрамхон дарҳол бек-у аъёнларни тўплаб, Акбарни отасининг ўрнига тахтга чиқариш ҳаракатига тушди. Тахт ҳам шитоб билан ёғочдан ясалди ва наридан бери безатилди. Валиаҳд Акбар шу ёғоч тахт устига чиқиб ўлтираётганда отасининг кутубхона шийпони устида дил ёриб айтган гаплари бирдан эсига тушди, «баланд пояларга кўтарилганингда менинг бу сўзларимни эслаб қўйгин», деган васияти қулоғи тагида қайта жаранглагандай бўлди-ю, кўзларига бирдан ёш қуюлиб келди. аъёнлар Акбарга қуюқ таъзим қилиб, тож-у тахт билан муборакбод этаёганда унинг кўзларидан ёш оқаётгани баъзиларни ҳайратга солди, баъзи беклар «ҳали бу бола-ку!» дегандек киши билмас лаб буриб қўйишди. Унинг аҳволини тушуниб турган Байрамхон кечаси Акбар билан яккама-якка гаплашди: — Амирзодам, мардона турадиган энг таҳликали кунлар бошланмоқда. Илгари ҳазратимдан ҳайиқиб Деҳлига яқин келолмай юрган Одилшоҳ билан Ҳему ҳозир эллик минг қўшин билан Деҳли устига бостириб бормоқда эмиш. — Деҳли ҳокими... Турдибек бундан хабардормикин? — Мен ҳозир чопар Назирқулига буюрдим. Йўл ҳозирлигини кўрсин-у саҳар палла Деҳлига жўнасин. Мана, сизнинг номингиздан Турдибекка юбориладиган фармойиш. Пуран қалъада заҳира етарли, дарвозаларни бекицин, Деҳлини зинҳор Одилшоҳ билан Ҳемуга топширмасин. — Биз бу ердан ёрдамга етиб боргумиздир! — деди Акбар. — Ахир ҳазрат отамнинг Деҳлидаги қабрлари ёғийлар оёғи остида қолмаслиги керак! — Яхши сўз айтдингиз. Бу сўзларни фармойишга ҳам ёздиргаймиз. Мана бу жойига муҳр босинг. Акбарнинг муҳри босилган фармойишни саҳар палла йўлга чиққан чопар Деҳлига олиб жўнади. Унинг кетидан Байрамхон ҳам Каланурда бор қўшинни йиғиб, жанубга юриш бошлади. Чопар бир ҳафтада ўтадиган йўлни катта қўшин ўн беш кунда босиб ўтиши мумкин. Панипатга етганларида қаршиларидан бир неча минг кишилик қўшин чиқиб келди. Байрамхон чиғдовулларни[1] юбориб — бу Деҳлидан келаётган Турдибекнинг лашкари эканини аниқлади-ю, ҳанг-манг бўлиб ёнидаги Акбарга қаради: — Наҳотки пойтахтни ёғийга топшириб келган бўлса?! Улар отларини елдириб Турдибекка пешвоз чиқдилар. Ранг-қути ўчган Турдибек Акбарга яқин келиб отдан тушди, жиловни рикобдорига бериб, ёш подшонинг қаршисида юкунди, сўнг унинг узангисини ўпиб йиғлаб юборди: — Амирзодам, Xудо сизга қувват берсин! Ҳазратимдан айрилиб қолдик! — Турдибек фақат бу мусибатдангина эмас, Деҳлини душманга топшириб келаётганидан ҳам куюниб, елкалари силкиниб ҳўнграб гапирди: — Суянган тоғимиз энди йўқ! Деҳли ҳам иликдан кетди! Отасини эслаб кўзи ёшланган Акбар сўнгги гапдан озорланиб сўради: — Фарамойиш етиб бормадими? — Сизнинг олий фармойишингиз етиб борганда биз шаҳарни ташлаб чиқмоқда эдик. бек-у аъёнлар машварат қилиб шундай қарорга келдикки, Одилшоҳ билан Ҳемунинг эллик минг қўшинига биз ёлғиз бас келолмагаймиз. Ундан кўра тезроқ сизнинг ҳузурингизга келиб, асосий кучлар билан бирлашмоққа қарор қилдик. — Нотўғри қарор қилибсиз, жаноб Турдибек! — деди Байрамхон бирдан қизишиб. — Сиз амирзодам юборган фармойиш бўйича Деҳли қалъасини ичдан бекитмоғингиз керак эди! Биз боргунча пойтахт иликдан чиқмаслиги лозим эди! Деҳлини қайта олгунча ҳазратим қанча сарсон-у саргардонликларни бошдан кечирган эдилар! Сиз ёш подшонинг буйруғини бажармаганингиз учун... «Жазо олмоғингиз керак!» деган сўзларга йўл бермаслик учун Турдибек Байрамхоннинг гапини шарт кесди: — Жаноби хони хонон, мен ўттиз йилдан берли шу олий хонадонга содиқ хизмат қилиб келмоқдамен. Секридаги жангда жасорат кўрсатганим учун Бобур ҳазратлари менга мана бу мурасса ханжарни инъом этганлар! — Турдибек белгидаги сопига ва қинига қимматбаҳо тошлар билан зеб берилган ханжарни кўрсатди-ю, Байрамхонга сўз навбати бермай, овозини кўтариб давом этди: — Мен Ҳумоюн ҳазратлари билан Ганга бўйларида, Тар саҳросида, Қазвинда бирга юриб, неча ўлимлардан қолганмен, неча марта ҳазратимнинг иноятларига сазовор бўлганмен. — Турдибек Акбарга юзланди. — Амирзодам, отангизнинг бошларига энг оғир кунлар тушганда, бошқалар юз ўгириб ташлаб кетганда мен ҳамиша ёнларида бўлганмен! — Буни мен билурмен! — деди Акбар ва ачиниб сўради: — Аммо нечун отамнинг қабрларини ёғийлар оёғи остига ташлаб келдингиз? — Вазият бизни шунга мажбур қилди! Бошқа илож йўқ эди, амирзодам! Лекин Деҳли ёнидаги Туғлоқободда Ҳему билан дадил жанг қилдик. Биз беш минг киши эдик. Ҳемунинг эллик минг қўшинига, мингта жанговар филига бас келолмадик, икки минг киши талафот бўлди, қолган уч минг одамни омон сақлаб, ҳузурингизга олиб келдим. Байрамхоннинг қаҳри келиб хитоб қилди: — Сиз Деҳли қалъасидан чиқмаслигингиз лозим эди! Туғлоқободдаги жанг ҳам сизнинг хатойингиз! Икки минг кишининг қони ҳам сизнинг бўйнингизга тушадир! Акбар ёши отасидан катта икки мўтабар бекнинг бу жанжалини қандай босишини билмас эди. — Амирзодам, адолат қилинг! — деб Турдибек яна Акбарга юзланди. — Мен ёғийни ўз кўзим билан кўриб келмоқдамен. Байрамхон жаноблари ҳали унинг қандай бир даҳшат эканини кўрмай туриб мени айбламоқдалар! Ахир бу Ҳему деган балойи азимга Иброҳим сур қирқ минг қўшин билан бас келолмай енгилди-ку! Амирзодам, биз сизни ҳам бу улкан хатардан эҳтиёт қилмоғимиз керак. Яхшироқ тайёргарлик кўрмасдан туриб Ҳемуни енгиб бўлмағай! Иложи бўлса, Панжоб-у Кобулдан, Қандаҳор-у Ғазнидан янги аскарий кучлар йиғиб келмоқ лозим! — Қўрққанга қўша кўрингай! — деб Байрамхон унинг сўзини кесди. — Сиз бу ваҳима гаплар билан қўшиннинг кайфиятини ҳам бузмоқчимисиз, жаноб Турдибек? Сизнинг гапингизга кирсак, яна Ҳиндистонни бой бериб, Қандаҳор-у Кобулга қайтиб кетгаймизми? — Йўқ! — деди Акбар ва икки бекнинг тортишувини ўзи ҳал қилолмаслигини сезиб, Байрамхондан илтимос қилди: — Xонбобо, дурустроқ бир жойдан қароргоҳга ўрин танлайлик. Тўхтаб, кечқурун бекларни машваратга чорлайлик. Турдибек отига қайта миниб, Акбарнинг орқароғида бора бошлади. Оталиқ ҳуқуқи бўйича Байрамхон ёш подшоҳнинг ўнг томонида юрарди. Турдибек Ҳумоюннинг яқин маслаҳатчиси бўлгани учун қароргоҳга ўрин танлашда Акбарга ҳам маслаҳат беришга интилиб, Жамна бўйидаги кўкалам адирларни кўрсатди: — Сув яқин, атрофи очиқ, бағри кенг жой, — деди. Акбар Байрамхонга савол назари билан қаради. Диди ҳам, феъли ҳам Турдибекникидан бошқача бўлган Байрамхон: — Панипат яқинида Бобур ҳазратлари бундан ўттиз йил олдин қароргоҳ қилган жой бор, — деди. — Ҳозир биз учун ҳам энг қулай макон ўша жой бўлғай... Икки бек яна баҳслашмаслиги учун Акбар дарҳол Байрамхоннинг гапига қўшилди: — Ҳазрат бобом танлаган жой биз учун ҳам табаррукдир. Бир томони дарё, иккинчи томони қўшин ўтолмайдиган ўрмон бўлган бу паст-баланд кўкаламзор адирлар қароргоҳ учун чиндан ҳам қулай эди. Чодир ва ўтовлар ўрнатилгунча Акбар билан Байрамхон қароргоҳ атрофларини айланиб кўрдилар. Иброҳим Лодининг юз минг қўшини ўшанда Деҳли томондан қандай таҳдид солиб чиқиб келганини Байрамхон Акбарга айтиб берди. Ҳарбий филларга қарши қазилган ва усти шох-шабба билан бекитиб қўйилган катта-катта чуқурлар бор эди. Ўттиз йилда уларнинг анчаси тупроққа тўлиб, саёзлашиб қолган, ичлари ва атрофларида ўт-ўланлар ўсиб ётар эди. — Зарур бўлса бу чуқурларни қайтадан қазитмоқ мумкин, — деди Байрамхон. — Амирзодам, энди Деҳлига боришдан кўра ёғийни мана шундай ўзимизга қулай бир жойда пойлаганимиз маъқул. Ўрмон ичидан қушларнинг сайраши ва маймунларнинг қий-чув қилганлари эшитилиб турарди. Чап томондаги Жамнада қайиқлар ва кемалар осойишта сузиб кетяпти. Олам шундай осуда кўринар, табиат улуғвор бир вазминлик билан атрофни ўраб турар, аммо Байрамхон билан Акбарнинг диллари безовта. Ҳумоюннинг ўлими билан бошланган хавф-хатарлар тобора кўпайиб боряпти. Ҳимолай тоғларининг этакларидаги Манкетда пайт пойлаб, куч йиғиб ётган эски ёвлари Искандаршоҳ яна Лахўрни қайтиб олиш ҳаракатига тушди. Жанубдан Одилшоҳ ва Ҳемудай зўр ёв бостириб келса, булар икки қудратли душман орасидан қандай чиқиб кетишаркин? — Шунинг устига Турдибек бугунгидек бебошлик қилаверса, ҳар нарсада менга қарши сўзлаб, биринчиликни талашса, қўшинда ички парокандалик бошлангай, амирзодам! — деди Байрамхон Акбар билан ўрмон четида яккама-якка турганда. — Мен бу одамнинг бадфеъллигини азалдан билурмен. Мудом ўтмишдаги хизматларини пеш қилур. Xизмати, садоқати йўқ эмас. Аммо феъли ёмон, мумсик одам. Умарқутда отангиз Турдибекдан икки лак олтин қарз сўраган эканлар. Шунда Турдибек судхўрга ўхшаб юзга юз йигирма рупий қайтариш шарти билан қарз берган. Отангиз унинг шу икки лак олтинини тўрт йилдан сўнг Қандаҳорда уч лак қилиб қайтарганларини кўрганмен. Отангиз раҳматли ҳалол бўлгилари келиб, юмшоқлик қилар эдилар. Турдибек унга сайин ўзини катта олиб, калондимоғликка ўрганган эди. Аммо ҳозир вазият таҳликали, юмшоқлик қилсак, ички парокандалик авжлангай, ташқи душманлар олдида заифлашиб ҳалок бўлгаймиз. Шунинг учун сиздан ҳам қатъият лозим. — Xонбобо, отам ўрнида энди сиз қолдингиз. Ҳозир менинг сиздан бошқа раҳнамом йўқ... Турдибек билан бирон... муроса йўлини топайлик. — Муроса?! — ранжиб сўради Байрамхон. — Амирзодам, унга жазо бермоқ лозим! Соқоли оппоқ Турдибекка жазо бериш Акбарга беҳад мушкул туюлди. Турдибекнинг жияни Моҳим Акбарни эмизган энагаларидан бири. Турдибекнинг бошқа нуфузли қариндошлари кўп, унга жазо берилса ҳаммаси аразлаб кетиши мумкин. — Аммо улар: «Кобулга қайтмоғимиз керак, ҳазратимнинг ўлими туфайли Ҳиндистонни бой бердик» деяётган эмишлар. Лекин амирзодам, сизнинг киндик қонингиз ҳинд тупроғига тўкилган. Энди бу тупроққа отангиз қўйилди. Шу икки сабабдан Ҳиндистон сиз учун муқаддас ватандир. Бу ватанни ташлаб кетмоқчи бўлганларга қатъий зарба берилмоғи лозим. Бу ишни мен қилай. Сиз дарё бўйларини сайр қилинг. Балки овда кўнглингиз таскин топар? Акбарнинг ўзи ҳам ёши улуғ бекларнинг бугунгидақа баҳс-у жанжалларига аралашишни истамас эди. Шунинг учун кўкалдошлари ва қўриқчи йигитлари билан отланиб ўрмонга сайр қилгани кетди. Кечки пайт сайрдан қароргоҳга қайца, Турдибек қариндошлари билан турадиган чодирлар орасидан йиғи-сиғи товушлари эшитиляпти. Акбар ўша чодирларга шитоб билан яқинлашганда Моҳим энага ёшли кўзлар билан унинг қаршисига чопиб чиқди. — Амирзодам, мен сизга оқ сут берган эдим! Наҳотки тағойимни сиз ўлимга буюрган бўлсангиз?! Акбар «ўлим» сўзидан чўчиб тушди: — Турдибекни? Мен буюрган эмасмен! Не бўлди? — Золим Байрамхон... чодирда... Турдибек тағойимни ўлдириб қўйди! Акбарнинг ишонгиси келмай: — Йўғ-е! — деди. — Ҳибс қилгандир? У отининг бошини қўйиб, ўз хиргоҳи томон шошилди. Акбар тезроқ хонбобога учраб, фалокатнинг олдини олгиси келар эди. У хиргоҳ олдида ранглари оқарган Байрамхонни кўрди-ю: — Xонбобо, Турдибек тирикми? — деб сўради. Юз берган бахцизликдан ўзи ҳам изтироб чекаётган Байрамхон паст товуш билан: — Амирзодам, ичкарига кирайлик, — деди ва Акбарга йўл бериб, унинг кетидан хиргоҳга кирди: — Ишонинг, мен уни сиздан бемаслаҳат ўлимга ҳукм этган эмасмен. Деҳлини ёғийга ташлаб келгани учун ҳибс қилдирмоқчи бўлдим. Чодирга чақириб: «Қуролни топширинг!» десам: «Ҳали сен рофизий кексайганимда мени хор қилмоқчимисан?!» деб сўкинди-ю, белидаги ханжарини суғуриб менга ташланди. Жамол деган йигитим ёнимда турган эди. Турдибекни қўлидан тутиб қолмоқчи бўлди, лекин Турдибек уни итариб ташлади. Менинг биқинимга тиғ санчмоқчи бўлганда қўриқчи йигитим унинг кўкрагига ханжар урди... — Ўлдими?.. Наҳотки!.. Ахир... Xонбобо!.. Отамнинг ўлими бизга озмиди? — Ўзи ҳужум қилмаса ҳеч ким уни ўлдирмас эди!.. — Энагамнинг тоғаси... уруғ-аймоғи кўп! Ҳаммаси энди ёвлашгай. Ташқарида ёғий, ичкарида бу!.. Ўспирин Акбарнинг шунча нарсаларга ақли етаётганидан хиёл таажжубланган Байрамхон: — Рост, — деди, — бўш келсак, ички уруш бошланмоғи мумкин. Ё сиз мен томонда мардона туриб, бор кучларни бир иродага бўйсундиргайсиз. Ё энага-ю бошқаларнинг кўнглига қараб, ҳаммани ўз ҳолига қўйиб бергайсиз, истаган одам оталиғингизни яна «рофизий» деб сўккай, ички интизом йўқолгай, кейин ташқи душман ҳам бизни осонгина енггай. Шу икки йўлдан бирини танламоғингиз керак! Байрамхоннинг қатъият билан ёнган кўзлари Акбарнинг ёдига бултур Сирҳинддаги шиддатли жанг пайтларини эслатди. Искандаршоҳнинг ўнг қанотидаги отлиқларини орқага қайтариш ва чекинаётган филларига топтатиш зарур бўлди. Бош саркарда Байрамхон бу мушкул ишни хосса тобинда[2] турган амир Музаффар Лоханига ва унинг қўл остидаги икки минг афғон йигитига топширди. Амир Музаффар ёвнинг ўнг қанотидаги кучлари икки баробар кўп эканини кўрди. Уларни орқага қайтаришига кўзи етмади. Ортдан чекиниб келаётган филлар топтаб ташлашидан қўрқди ва Байрамхоннинг буйруғини бажаришдан бош тортди. Баҳслашиб ўлтирадиган пайт эмас эди. Агар ёвнинг ўнг қанотига вақтида зарба берилмаса Искандаршоҳ ғолиб келиши мумкин эди. Бундай пайтда бош саркарданинг буйруғини бажаришдан бош тортиш хиёнат ҳисобланарди. Байрамхон амир Музаффарга шуни айтиб, буйруқни яна бир такрорлади, аммо ўжар афғон амири Музаффархон буйруқни бажариб бўлмаслигини айтди. Байрамхон ёнидаги туркман йигитларига буюриб, Музаффарнинг қўлини боғлатдирди, сўнг саф-саф турган йигитларининг кўзи олдида буйруқни бажаришдан бош тортгани, шу билан душманга ёрдам бергани учун бошини шарт кестирди. Афғон амирлари орасида Музаффарни ёмон кўрадиган, у билан доим мунозара қиладиган бошқа бир довюрак бек бор эди. Байрамхон дарҳол ўшани икки минг отлиққа саркарда этиб тайинлади-ю, топшириқни зудлик билан бажаришга фармон берди. Байрамхон билан ҳазиллашиб бўлмаслигини, унинг буйруғидан бўйин товлаш нима билан тугашини ўз кўзлари билан кўрган афғон йигитлари ёвнинг ўнг қанотига жон-жаҳдлари билан ҳамла қилдилар. Бу ҳамла Байрамхон кутгандай яхши натижа берди, ёвнинг пиёдалари ўз отлиқлари ва филлари орасига тушиб қолиб, оёқости бўлди. Искандаршоҳнинг ҳарбий филлари чекиниш пайтида ўз пиёдаларининг анчасини топтаб ташлади. Охирида бу филлардан тўрт юзтаси ўлжа олинди. Жанг тугагандан кейин Музаффар Лоҳанининг ўғиллари ва қариндошлари Байрамхоннинг устидан Ҳумоюнга шикоят қилдилар. Ҳумоюн Байрамхоннинг қизиққонлигидан хафа бўлди, «ҳибс қилиш мумкин эди-ку!»деб койинди. Лекин бўлар иш бўлган, Байрамхон катта зафар келтирган эди. Ҳумоюн уни кечирди, Музаффар Лоханининг яқинлари эса аразлашиб, Гужарат томонга кетиб қолишди. Улар ўзларини Байрамхоннинг хундор душманлари деб эълон қилганларини Акбар эшитган эди. Энди бунинг устига Турдибекнинг яқинлари Байрамхон билан ёвлашса... — Xонбобо, сиз мени қанотингиз остида олиб юрибсиз. Мен буни унутмаймен. Маслаҳат беринг, не қилай? Байрамхон хиргоҳ тўрида мўтабар жойда турган «Бобурнома»ни кўрсатди: — Улуғ бобонгизнинг китобидан мадад сўранг. Оталари ўлганда бобонгиз ҳам ёш — ҳали ўн иккига тўлмаган эканлар. Устозлари андижонлик Xўжа Абдулланинг оқилона ўгитлари билан ёғийлар ҳалқасидан омон чиққан эканлар. Акбар кечаси алламаҳалгача «Бобурномани» варақлади... Узоқ Сирдарё бўйида, Акбар ҳали кўрмаган Андижон-у Ахсида ёш Бобурнинг Самарқанд-у Тошкент томондан бостириб келган душман қўшинлари орасида қолгани қайси бир жиҳатлари билан Акбарнинг ҳозирги аҳволини эслата бошлади. Бобоси ҳам ўз ёшига номуносиб мураккаб зиддиятларга дуч келган, лекин уларнинг орасидан йўл топиб ўтиб, мана шу Панипатда ўз қўшинидан саккиз баробар кўп ёвларни енгиб чиққан экан. Акбар Байрамхонни бобосинниг устози Xўжа Абдулла ўрнида кўрди... Эртаси куни Турдибек ўрмон ичидаги баланд бир ялангликка дафн этилганда Акбар марҳумнинг қариндошлари ёнида туриб, унинг тобутини кўтаришди, кейин Моҳим энагасининг чодирига кириб, ундан кўнгил сўраб чиқди. Турдибек оладиган каттагина улуфа энди унинг оиласига нафақа тарзида умрбод бериб турилиши кўпчилик олдида эълон қилинди. Акбарнинг бу ишлари Турдибекнинг баъзи қариндошларини сал юмшатган бўлса, баъзилари, аксинча, баттар ҳаво бойлаб, Байрамхонни қотилликда айблай бошлашди. Пирмуҳаммад деган бек машваратда яна Байрамхонни айбламоқчи бўлганда, Акбар унинг сўзини кесди: — Жаноби Пирмуҳаммад, биз Турдибекнинг аввалги хизматларини тан олурмиз! Аммо Турдибек Деҳлини бой бергани устига яна оталиғимизни ҳақорат қилибдир, тиғ яланғочлабдир. Оқибатда, ўзи ҳалок бўлмишдир. Мусибат чекдик, дафн этдик. Энди бас! Xонбобо биз учун ҳазрат отамиздек азиз-у мўтабардирлар. Акбар ўз ёшига ярашмайдиган бу жиддий сўзларни кечаси билан хаёлида ўйлаб пишитиб келган эди. Ҳаёт уни ёшига номуносиб мураккаб ишкалликларга дуч келтиргани сари Байрамхондан бошқа суянадиган тоғи қолмаганини сезарди. — Жаноб беклар, кимки оталиғимизнинг шаънига ёмон сўз айца, бизга қарши чиққан каби жазоланур. Ёғий яқин. Шу вазиятда кимки хонбобонинг буйруғини бажармаса, бизнинг буйруғимиздан бош тортган ҳисобланур. Саркашлик — ёғийга ёрдам берур, бизга хиёнат бўлур. Xоин эса аёвсиз ёсоққа[3] етказилур. Акбарнинг бу гаплари асосида махсус қадаға[4] чиқарилди ва қароргоҳдаги ўнг беш минг бек-у навкарларнинг ҳаммасига ўқиб эшиттирилди. Шундан кейин Байрамхондан норози бўлиб юрганлар ҳам аламларини ичларига ютиб, унинг иродасига бўйсунишга мажбур бўлдилар. Бу орада Одилшоҳ ва Ҳему Акбарнинг қўшинидан уч баробар катта лашкар билан Деҳли томондан яқинлашиб келиб қолди. Ҳему фил жангига жуда моҳир эди, унинг мингдан ортиқ ҳарбий филлари жангга кирганда ер ларзага келарди. Умрида кўрган энг хатарли жангги энди бўлишини сезган Акбар тонг отмасдан уйғониб кетди. Таҳорат олиб намоз ўқиди, жойнамоз устида ўлтириб Аллоҳ-у таолодан нажот сўради. Сўнг сандиқни секин очиб, унинг тубида ипак матога авайлаб ўралганича турган сеҳрли қилични олди. Соҳибқирон Амир Темурнинг бу қиличини отаси Деҳлида унга инъом қилганда айтган сўзлари қулоғига қайта эшитилиб кетгандай бўлди. Акбар қилични қинидан аста суғуриб, олмос ҳарфлар билан битилган «Рости-русти» деган ёзувини ихлос билан ўпар экан, ота-боболари руҳига доим содиқ эканини, улар қуриб кетган улуғ давлатни сақлаб қолиш учун жонини ҳам аямаслигини дил-дилидан ҳис қилди. Ғўс ноғоралар таҳдид солиб гумбурлай бошлади. Бурғу деб аталадиган овози ўткир карнайнинг таҳликали чинқириғи остида ўнг беш минг қўшин, тўрт юз ҳарбий фил кенг майдонда сафланди. Оқ от минган, зерҳли кийим кийган Акбар белига Соҳибқирон бобосининг қиличини тақиб чиқди. Байрамхон узоқдан кўзга ташланадиган чавкар отда. Акбар билан иккови сафларни кўздан кечирдилар. Сўнг барча сафлар яхши кўринадиган баландликда отларини тўхтатдилар. — Қадрдон бек-у навкарлар! — деб Байрамхон баланд, жарангдор товуш билан сафларга мурожаат қилди, шеър ўқиганда бўладиган бир жўшқинлик билан сўзларни дона-дона талаффуз қилиб сўзлай бошлади: — Биз сиз билан кўп жангларни кўрганмиз. Бултур Сирҳинд яқинида ўзимиздан тўрт баробар катта қўшинини енгиб чиққанмиз. Одилшоҳ билан Ҳемуни енгилмас ботирлар деб ваҳима қилувчилар бор. Аммо мен уларнинг икковини ҳам яхши билурмен. Одилшоҳнинг асли оти Муборизхон. Мен уни Шерхон даргоҳида асир бўлиб юрганимда кўрганмен. Юзи, қилиқлари менга чиябўрини эслатарди. Кейинги қилган ишлари унинг чиябўридан ҳам баттарроқ эканини кўрсатди. Тахт Исломшоҳнинг ўсмир ўғли Ферузшоҳники эди. Лекин унинг ноинсоф амакиси Мубориз-хон бу норасида йигитни бўғиб ўлдириб, унинг ўрнига тахтга чиқди. Яна уялмасдан «Одилшоҳ» деган янги ном олди. Оғзи қон бўри беозор оҳунинг терисини ёпиниб, Одилшоҳга айланганига қаранг! Сафларда кулгу товушлари эшитилди. Жангчиларнинг руҳи кўтарилаётганидан илҳомланган Байрамхоннинг овози янада кучли жаранглади: — Мен Ҳемуни ҳам кўрганмен. Бу пулдор одам очарчилик пайтида бозорларда бор донларни сотиб олиб омборга босади, пулга буғдой топилмай қолади, қаҳатчилик бошланади. Ана шунда Ҳему омборларидаги донларини ўнг баробар ортиқча нархда сотиб, беҳисоб бойлик орттиради. Бу бойликлар уни Одилшоҳдай қотил билан ҳамтовоқ қилади. Минг-минг одамларни очдан ўлдириб қотиллик билан даврон сураётган бу иккови худонинг ғазабига муносиб эмасми? Қани, сизлар, ражпут жангчилари айтинглар-чи? — деб Байрамхон филбон Лаъл Чандга юзланди. — Сиз ҳақсиз, Жаноби Xони хонон! — деди фил устида ўлтирган Лаъл Чанд. — Ҳему менга юртдош бўлса ҳам, бугун мен унга қарши жангга чиқмоқчимен. Унинг Одилшоҳдай номард одамга хизмат қилиши бежиз эмас. Бу ноинсоф савдогар туфайли бошланган қаҳатчиликда минг-минг одамлар очдан ўлмоқда. Ана шу бегуноҳ ўлганларнинг қарғиши ургай Ҳемуни! Жаннатмакон Ҳумоюн подшоҳ ҳаётлигида Панжоб-у Деҳлининг аҳолисига шимолдан дон ташитиб, юз минглаб одамларни очлик чангалидан қутқарган эдилар. Агар ғалаба Акбаршоҳга насиб эца, оталарининг шу хайрли ишларини давом эттиргайлар деб умид қилурмиз! — Омин, шу умидингиз рўёбга чиқсин! — деди Акбар. Барча сафлардан: — Омин Аллоҳу акбар! — ...Аллоҳу акбар! — деган товушлар кетма-кет гулдурос солиб янгради. Байрамхон бир вақтлар Бобур Панипатда яхши тадбиқ этган тўлғама усулини ишлатмоқчи эди. Фақат Ҳему Иброҳим Лодининг ўшандаги аччиқ тажрибасидан сабоқ олса, йўлни бошқа ёқдан солиб, ён томонлардан ўтиши мумкинлиги уни хавотирлантирди. Йўқ, умрининг кўп қисми дон савдоси билан ўтган Ҳему ўтмишда бўлган жанг сабоқларидан мутлақо бехабар экан. У ҳам Иброҳим Лодига ўхшаб қўшинини тўғридан бошлаб келди. Ўзи ҳаммага кўринадиган тепаликда улкан қора фил устида ўлтириб жангни бошқара бошлади. У Акбар ва Байрамхон турган тепаликни аллақачон мўлжалга олган, энг зўр ҳарбий филларини тўлқин-тўлқин қилиб, ана шу тепаликка томон жўната бошлади. Акбарнинг назарида, ёв филлари ер тагидан қайнаб чиқаётганга ўхшар, қанчаси замбарак ўқига учиб, чуқур хандоқларга қулаб йиқилса, ундан ҳам кўпроғи орқадан бало-қазодай бостириб келарди. Байрамхон билан Акбарнинг эндиги умиди тўлғамага ажратилган чавандозлардан ва Лаъл Чанд бошлиқ бўлган ўз филбонларидан эди. Акбар ҳимоясида турган уч юз замбарак ва тўрт юз ҳарбий фил Ҳему қўшинларининг шиддатли ҳужумини анча вақт тўхтатиб турди. Шу фурсатдан фойдаланган уч минг чавандоз Алиқулихон Ўзбек бошчилигида Ҳему қўшинининг икки қанотини айланиб ўтди. Бу қўшин сафида Қиличхон Андижоний, Чиғатойхон Тошкандий, Искандархон Қипчоқ, Абдуллахон Барлос каби энг ботир амир ва навкарлар Ҳему турган тепаликни қўриқлаётган аскарлар сафини орқа томондан ёриб ўтдилар. Уларнинг орасида элликта мерган бор эди. Шулар Ҳему турган жойга яқин бориб, унинг устига ўқ ёғдирдилар. Бу ўқлар Ҳемуни оғир ярадор қилди. Уни беҳуш аҳволда асир олдилар. Буни нариги тепаликда туриб кўрган Одилшоҳ жон ҳолатда қочишга тушди. Саркардаларидан айрилган қўшин тўзғиб кетди. Байрамхон отини Акбарнинг отига бақамти келтириб: — Ғалаба муборак, амирзодам! — деди-да, Шаҳзодани бағрига босди. Ўша куни Алиқулихонга мўтабар хони замон унвони берилди. Байрамхон эса барча вазир-у умаролардан баландроқ турадиган вакили салтанат мартабасига кўтарилди. * * * Ҳинд водийларидан йил бўйи баҳор яшиллиги кетмагани каби йил бўйи дарахтлар тагидан заъфарон япроқлар ҳам аримайди. Барглар табиат қонуни бўйича янгиланиб боради, эскилари эса ой сайин сарғайиб аста-секин тўкилиб туради. Қора кийган азадор Ҳамида бегим Акбарнинг қўлига суяниб Ҳумоюннинг қабри томон мажолсиз юриб боради. Ҳамал кириб, гулмоҳур дарахтлари яна барча япроқларини бирваракай тўккан-у баргсиз шохлари ғуж-ғуж қизил гуллар билан безанган. Аммо боши эгик Ҳамида бегимнинг кўзлари юқоридаги гулларга эмас, дарахт тагини босган хазонларга тушади. Дунёдаги энг суюкли кишисидан айрилгани, ўттиз икки ёшида бева қолгани унинг бутун вужудини сарғайган хазонга айлантириб қўйгандай туюлади. Қабр атрофидаги кўкаламзор майдон ҳам унинг кўзига қайғудан хазон бўлиб қовжираб тургандай кўринади. Бу қабрга тош қўйишга улгурганлари йўқ. Фақат Ҳумоюн ўзи ёқтирадиган Xусрав Деҳлавий ва Низомиддин авлиё мозори яқинидаги бағри кенг бир текисликнинг атрофини ўраб, ариқ қаздиришган, кўчатлар эктиришган ва бўлажак мақбара учун жой ҳозирлашган, холос. Бу жудолик онасига нечоғли оғир тушишини Акбар биларди. У Кобулдан келаётган онасини кутиб олиш учун отда ўн кун йўл юриб, Ҳинд дарёсининг бўйигача борди. Кобул дарёси Ҳиндга келиб қуйиладиган Тхатга атрофларида Ҳамида бегимнинг дарёдан ўтишига ёрдамлашади. Пойтахт яна Аграга кўчган бўлса ҳам, Ҳамида бегим Акбар билан Деҳлининг Пуран қалъасига келиб тушди. Байрамхон Аградаги саройда, Ҳумоюннинг девониоми ва хонайи хосида иш олиб бормоқда. Аградаги Зарафшон ва Ҳашт Биҳишт боғларига ўхшаш оромгоҳлар Деҳлида ҳали йўқ. Бунинг устига, Ҳамида бегим Деҳлининг Пуран қалъасида турганда кўзи нуқул кутубхона биносига ва унинг ичидаги тош зиналарга тушар, бу ҳаммаси унинг дил яраларини тирнаб янгилар эди. Шунинг учун Акбар онасини Аграга олиб кетмоқчи бўлди: — Энди сиз бу бехосият Пуран қалъада турманг, онажон. Акбар тахтга чиққандан бери Ҳамида бегим уни «сиз»лаб гапирарди: — Йўқ, ўғлим, отангизнинг қони тўкилган тош зиналар ҳам мен учун муқаддас, мен бу ердан ҳеч қаёққа кетмагаймен. — Агра узоқ эмас-ку, тез-тез келиб қабрларини зиёрат қилиб тургаймиз. Ҳамида бегим йиғлаб бош чайқади: — Тирикликларида бирга яшагани қўймадилар, нуқул бизни айирдилар. Энди мен отангизнинг қабрларидан айрилмагаймен. Менинг абадий маконим ҳам у кишининг ёнларида бўлғай. Бу дунёда отангизни энди қайта кўролмагаймен. Кошки мен ҳам тезроқ жон берсам-у нариги дунёга бориб, отангизни яна кўрсам! Бу гаплардан Акбарнинг ҳам кўнгли бузилиб, кўзларига ёш келди. Онасининг мусибатини енгиллатадиган бирон чора топмаса, ундан ҳам айрилиб қолиши мумкинлигини сезди. Интиҳосиз хотиралар ичидан Ҳамида бону Акбарга отасининг маънавий оламини кўрсатадиган энг ёрқинларини саралаб ҳикоя қилиб берарди. Тар саҳроси, Қандаҳор, Қазвин... — Xудо раҳмати Деҳлида етти ошиёнлик бино қурдирмоқчи эдилар... Насиб қилмаган экан... — Онажон, ўша бинони биз қурдирсак-чи? Отамнинг хотираларига муносиб улкан мақбара... етти ошиёнлик бинодай баланд бўлса. Бу фикр Ҳамида бонунинг мусибат тўла қалбига таскин беришини Акбар сезди. Унинг китоблари сақланадиган сандиғи ичида Самарқанддаги Амир Темур, Ҳиротдаги Гавҳаршод бегим, Ғазнадаги Маҳмуд Ғазнавий, Машҳаддаги Имом Ризо ва бошқа энг машҳур мақбаралар тасвири тўпланган мураққас[5] бор эди. Акбар китобдорга буюриб, шу мураққасни топтирди-ю, онаси билан бирга уни варақлаб кўрди. Қўлига қоғоз, қалам олди. Мусаввирлик ва меъморликдан хабари бор, Xўжа Абдусамаддан олган сабоқлари ёдида. У Деҳлидаги Мирзо Ҳумоюн мақбарасини қандай тасаввур этишини онасига чизиб кўрсатди. Булутлар билан бўйлашадиган муҳташам гумбаз. Етти қават уй баландлигидаги пештоқлар... Акбар чизган расм ҳали жуда хом бўлса ҳам, Ҳамида бону унинг жўшқин ниятини чизиқлар ёрдамида кўз олдига келтира бошлади: — Бино бунча улкан бўлса, атрофидаги боғи ҳам ўзига яраша катта бўлгани дуруст. Ичкари, ташқи ҳовлилари, сув жилдираб оқадиган ариқлари, қатор турган дарахтлари... — Ҳаммаси бўлғай, онажон! Эртагаёқ Деҳлининг энг машҳур меъмори мирзо Миракни ҳузурингизга таклиф этгаймиз. Акбар онасини ғам-ғуссадан алаҳситадиган шундай катта иш топилганидан мамнун эди. Эртаси куни она-бола ўлтирган қабулхонага мирзо Мирак таъзим қилиб кирди. Алғов-далғов замонларда қурилишлар таққа тўхтагани учун қўлёзмалар кўчириб, ҳаттотлик қилиб кун кўрадиган мирзо Мирак кўп ўлтириб ишлашдан елкалари букчайиб қолган қирқ беш ёшлардаги киши эди. — Ҳазрат бегим, амирзодам, тангрим мени шундай кунга етказгани учун шукроналар айтурмен! Бу яхши ниятларингиз мени толе муждасидек шод қилди! Меъмор Акбар чизган хомаки суратга кўз ташлар экан: — Тасанно, амирзодам! — деди. — Фақат ижозат бўлса битта мулоҳазамни айцам... — Марҳамат, мавлоно. — Бу расмда сиз мақбара деворини тўғри ер юзасидан кўтарибсиз. Самарқанд-у Ҳиротда шундай қилиш мумкин. Чунки у ёқларда ер ости сувлари унча яқин эмас. Амир Темур даҳмаси ҳам ер остига қурилган. Аммо Деҳлида ёмғирлар кўп бўлгай, ер ости сувлари юқори кўтарилиб, даҳмага кирмасин учун, уни баландроқ жойга ўрнатмоқ даркор. Ўшанда мақбара саҳни ердан беш-олти газ баланд тургай. — Демак, мақбара бундан ҳам юксакроқ кўтарилгай, шундоқми? — сўради бегим. — Айни шундай. — Қанча баланд бўлса шунча яхши, — деди Акбар. — Деҳлининг энг улуғ обидаси шу бўлмоғи керак! — Аммо харажати ҳам шунга яраша беҳад улкан бўлғай, амирзодам, — деди меъмор. Бутун давлат ишлари, шу жумладан, хазинанинг ихтиёри ҳам Байрамхонда эканини у яхши биларди: — Оталиқ жанобларининг бу режадан хабарлари борми? Акбар ялт этиб онасига қаради, Байрамхон ҳамма ишда ўта талабчан бўлгани каби, сарф-у харажатларни ҳам қаттиқ тергаб турар, ҳатто, Акбар ва Ҳамида бонунинг кундалик сарфлари учун кетадиган маблағ ҳам хонбобонинг имзоси бўлмаса берилмас эди. Акбар Панипатда ҳаммани, ҳатто, ўзини ҳам оталиғининг иродасига бўйсундиргандан бери ҳануз ўша якка ҳокимлик давом этмоқда эди. Жоме масжидларида ҳар жума куни Акбарнинг номи хутбага қўшиб ўқилса ҳам, аслида, олий ҳукмрон Байрамхон эди. — Жаноб меъмор, сиз аввал мақбаранинг тарҳини чизинг, — деди Акбар. — Уни қуриш учун тахминан қанча маблағ, қанча коргар-у ҳунарпеша кераклигини бизга ёзиб беринг. — Бош устига, амирзодам! Аммо ҳисоб-китоб ишлари учун махсус одам ёлламасам, ўзим уддалай олмасмен. Xомаки тарҳини чизиш учун ҳам кўп вақт кетгай. Акбар меъморнинг озғин юзи ва эскирган кийимларига қараб, унинг ўзи ҳам ёрдамга муҳтож эканини сезди. Ичкари хонага кириб, ўзининг шахсий харажатлари учун хазинадан олган бир ҳамён олтинни олиб чиқди-да, меъморга чошна[6] тарзида берди. * * * Орадан анча вақт ўтиб, бўлажак мақбаранинг сарф-у харажатига оид ҳисоб-китоб тайёр бўлганда Байрамхон ўзи Аградан Деҳлига келиб қолди. Унинг соқол-мўйлови силлиқ тарашланган, ёши эллик еттида бўлса ҳам йигитлардай башанг кийинган, кайфияти яхши эди. Байрамхон бурноғи йили Мевар ҳокими Жамолхон деган амирнинг ўн етти ёшли қизига уйланган, яқинда бу ёш хотиндан ўғил кўрган, унга Абдураҳим деб исм қўйган эди. Акбар билан Ҳамида бону хонбобони Пуран қалъанинг меҳмонхонасида кутиб олиб, олдига дастурхон ёздилар. Ҳумоюннинг йил ошисини берганларидан сўнг Ҳамида бегим қора кийимларини ташлаган, ҳозир ҳаворанг қабо кийиб, бошига кўк ҳошияли оқ қасаба рўмол ўраган эди. — Ўғил кўрибсиз, жаноби оталиқ, — деди Ҳамида бегим. — Муборак бўлсин! — Қуллуқ, ҳазрат бегим. Бизга не хизматлар бор? Билгали келдим. — Биз амирзодам иккаламиз ҳазратимнинг мақбараси учун тарҳ чиздирган эдик. Меъмор мирзо Мирак ҳозир қабулхонада. Сиз ҳам бир кўрсангиз. — Бажонидил. Мирзо Мирак Байрамхонга алоҳида, Акбар билан Ҳамида бегимга алоҳида таъзим бажо келтиргач, жилдга солинган лойиҳани миз устига қўйиб очди. Рангли қилиб ишланган мақбара тарҳи бир қарашда Байрамхонга ҳам ёқди. — Ҳазратимнинг улуғ хотираларига муносиб! — деди у. Бироқ меъмордан сарф-у харажати қанақа бўлишини сўраб билган сари қоши чимирилиб, авзойи ўзгара бошлади: — Жаноб меъмор, бу бинога давлатимизнинг бир йиллик даромади ҳам етмагай-ку! Xазинада бор маблағни қурилишга сарф қилсак, ўттиз минг қўшинга маошни қаёқдан тўлагаймиз? Қурол-яроғни қайси пулга олгаймиз? — Оталиқ жаноблари, — деди Ҳамида бегим, — бу қурилиш бир йилда битмагай... Балки менинг қолган умрим шунга сарф бўлгай. Ҳар йилги давлат даромадларидан бир қисмини ажрацангиз бас... Байрамхон бегимнинг мусибатли юзига назар ташлади-ю, сал юмшади: — Xўп, мен рози! — деди. — Ҳозирча лойиҳа ишлари учун маблағ топиб бергаймен. Қурилишнинг ўзи учун келгуси йили даромадлардан бир қисмини ажратгаймиз. * * * Ҳамида бегим ҳаётининг энг катта муаммоси бўлиб турган мақбара қурилишига Байрамхоннинг розилигини олганидан мамнун ва мулойим бўлиб қолди. Байрамхон мана шу пайтдан фойдаланиб, дилидаги нозик гапларни унга айтишга чоғланди. Аммо ёш йигит Акбарнинг олдида сири очилишидан иймангандай тараддудга тушди. — Ҳазрат бегим, — деб у ўнғайсизланиб гап бошлади, — кўнгил одамни не кўйларга солишини бошқалар билмаса ҳам сиз яхши билурсиз. Ёшликдаги бир дард менга умр бўйи азоб бериб юрганидан Ҳумоюн ҳазратлари хабардор эдилар. Дилимдаги армонни билганларидан сўнг, «ески хатони, албатта, тузатгаймиз, агар Ҳиндни худо қайта насиб эца, бизга қариндош бўлгайсиз», деган эдилар... Акбар хонбобосини ҳеч қачон ҳозиргидай ўнғайсиз ва уятчан қиёфада кўрмаган эди. Унинг соқол-мўйловига ва ўсиқ қошларига тушган оқ толалар илгари ўз ёшига ярашган каби салобатли кўринарди. Бугун Акбар унинг соқол-мўйлови йигитларникидай қоп-қора эканини кўриб таажжубга тушди. Унинг Ҳамида бегимга айтаётган гаплари ҳам ғалати эди. Лекин кўп нозик сирлардан хабардор Ҳамида бегим Байрамхоннинг нима демоқчилигини дарҳол фаҳмлади-ю, дили алғов-далғов бўла бошлади. Байрамхон подшоҳ оиласига қандай қилиб қариндош бўлмоқчилиги унга маълум... Ҳумоюннинг жияни Салима султон бегим бўй етиб қолган, ота-онаси ўлиб кетгандан бери Ҳамида бегим уни она ўрнида тарбиялаб ўстирган. Бугун Байрамхон Деҳлининг Пуран қалъасига келганда ўн беш ёшли Салима бегимни узоқдан кўриб, юраги «жиғ» этиб кетди. Чунки Салима улғайган сари онаси Гулранг бегимга икки томчи сувдай ўхшайдиган гўзал қиз бўлиб бормоқда эди. Байрамхон йигит пайтида Гулранг бегимни қаттиқ севганлиги, қиз ҳам унга мойил бўлганлиги, лекин тақдирлари қўшилмай, иккови ҳам доғда қолганлари Ҳамида бегимга маълум эди. Қандаҳорда Xонзода бегим Байрам-хоннинг Ҳумоюнга қилган яхшиликларидан беҳад мамнун бўлган пайтларида: «Яна битта қизим бўлса Байрамхонни ўзим куёв қилар эдим!» деган сўзлари ҳам бегимнинг ёдида қолган. Кейинчалик Байрамхон Кобулда Салима бегимни онасига жуда ўхшаб қолган пайтида кўрди-ю, юрагида ҳали сўнмаган ўша ёшлик меҳри қайта аланга олгандай бўлди. Ўрта боғда Акбар билан келин-куёв ўйнаб ўсган Салима ҳазрат тоғасининг энг ишонган дўсти Байрамхондан кўпда тортинмас эди. Байрамхоннинг катта хотинидан туғилган ўғиллари уйланган, ўзининг ўсиқ соқол-мўйловига оқ тушган. Шунинг учун Салима ҳам уни Акбарга ўхшаб: «Хонбобо», деб атар эди. Байрамхон Салимани Ўрта Боғдаги шийпонда ўн уч ёшида бир учратди-ю, гапга солди. Гулранг бегимга атаб ёзган шеърларидан Салимага ўқиб берди: Эй пари пайкарки, умри жовидонимсен[7] менинг, То тирикмен, сендан айрилмонки, жонимсен менинг. шеърни яхши кўрадиган ва ўзи ҳам ғазал машқ қила бошлаган Салима бегим Байрамхоннинг бу ҳароратли байтидан астойдил завқ олгани унинг парпираб ёнган кўзларидан билинди. Шунда Байрамхон аввалгидан ҳам ҳароратлироқ овоз билан яна бир байт айтди: Йўқ сенча киши севгулук эл ичраки, йўқтур, Сендек севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма. Байрамхоннинг бу ғазали куйга солиб айтиладиган машҳур ашулалардан эканини Салима биларди. Онаси Гулранг бегимга аталган бу сатрларни Байрамхон энди унинг шоиртабиат қизига тикилиб айтганда, эски муҳаббати гўё янгиланди-ю, эл ичида энди унга Салима бегимдан суюклироқ қиз йўқдай туюлди. Байрамхондай катта шоир билан суҳбатлашганидан хурсанд бўлган Салима кейинроқ пайт топиб унга ўзининг шеърий машқларини кўрсатди. Қиз боланинг ишқий шеърлар ёзиши мутаассиб одамлар томонидан уят саналарди, шунинг учун Салима ўз шеърларига «Маҳфий» деб имзо чекар эди. Салима бир вақтлар Акбар билан келин-куёв ўйнаб юрган пайтларидан бери Акбарни болаларча бир меҳр билан яхши кўрарди. Унинг ишқий шеърлари Акбарга бағишланган, лекин буни ҳеч кимга, шу жумладан, Байрамхонга ҳам айтмас эди. Қизнинг шеърларидаги бу яширин олов Байрамхоннинг унга бўлган меҳрини янада алангалантиргандай бўлди. шеър баҳонаси билан улар боғда бир неча марта суҳбатлашдилар. Байрамхон Салимага уйланиш ва подшоҳ оиласига куёв бўлиш ниятини кўнглига маҳкам туккан эди. Ҳумоюн ваъдасини бажаришга улгурмай оламдан ўтди. Салиманинг ҳам отаси, ҳам онаси ўрнида Ҳамида бегим қолди. — Энди, ҳазрат бегим... худо бизни осуда кунларга етказди. Катта қурилишлар, орзу-ҳавасли тўйлар қиладиган пайтлар келди... Хонбобо бугун Салима бегимга ёш кўрингиси келиб, соқол-мўйловини бўяттирганини Ҳамида бегим энди пайқади. Лекин уч кам олтмиш йиллик умр машаққатлари унинг юзига, пешонасига, ҳатто, бўйинларига чуқур ажинлар солиб кетган эди. Бўялган соқол-мўйлов билан бу ажинлар бир-бирини фош қилишини Байрамхон ўзи ҳам сезаётгандай қимтиниб, ўнғайсизланарди. Xонбобони ҳеч қачон бу аҳволда кўрмаган Акбар гап нимадалигига тушунмай, гоҳ унга, гоҳ онасига ҳайрон бўлиб қарарди. Ҳамида бегим изтироб ичида қолганини сезган Байрамхон унинг бирон совуқ гап айтиб қўйишидан чўчиди ва сўзини тезроқ тугатишга интилди: — Қолган гапни бугун оқшом шайх Гадойи келиб айтгай, бегим. Мен Шерхон асирлигидан қочиб юрганимда бу шайх мени уйига яшириб, нақд ўлимдан олиб қолган. Шунинг учун уни муносиб кўрдим... Мен ўттиз йил давомида шу хонадонга қилган хизматларимни ўзингиз билурсиз. Бизга шу иноятни муносиб кўрсаларингиз, мен учун энг олий мукофот бўлғай. Шу вақтгача қилган хизматларим дарёдан томчи. Дарёнинг ўзидек катта хизматларни қон-қариндош бўлганимизда қилгаймен! — Жаноб вакили салтанат! Ҳали дилимиздан қайғу аригани йўқ. Шайх Гадойи шошмасинлар. Кейинроқ... — Қачон? — сабрсизланиб сўради Байрамхон. — Яна уч-тўрт ой ўцин. Бир вақтлар Қазвинда элчилик қилиб юрган кезларида жуда бардошли ва мулоҳазакор одам бўлган Байрамхон кейинги йилларда хийла ўзгариб қолган. Қандаҳорда ўн йил ҳоким бўлган ва сўнгги пайтларда Акбарни ҳам ўз измига бўйсундирган тожсиз подшога айлангандан бери аввалги сабр-бардоши ва мулоҳазакорлиги уни гўё тарк этган. Ҳозир ҳам «уч-тўрт ой» деган сўзлардан озорланиб: — Ҳазрат бегим, пайсалга солинса гап кўпайгай!— деди. — Майли, бир ҳафта ўцин. Шайх Гадойини келгуси чоршанбада қабул қилинг... Акбар бу орада гап нимадалигини фаҳмлай бошлаган эди. У ҳозир онасининг ёнини олса, гап баттар чигаллашишини сезган Байрамхон: — Амирзодам, — деб Акбарнинг хаёлини бошқа ёққа бурди, — сиз мендан Панжоб билан Манкот вилоятига бориш учун ижозат сўраган эдингиз. Мана, ёмғир фасли тугади. — Энди жўнасак бўлғайми? — қизиқиб сўради Акбар. — Ҳа, Лахўрда аткангиз Шамсиддин Муҳаммад сизни кутиб олғай. У ҳозир Панжоб ҳокими. Манкот ҳам бизга хайрихоҳ вилоят. Бу ердан мингта бек-у навкар Пирмуҳаммад атка бошчилиғида сизга ҳамроҳ бўлғай. Шу ҳафта йўлга чиқмоғингиз мумкин. Барча тайёрликлар кўрилгай. Байрамхон Салима бегимнинг Акбарга меҳри борлигини ишончли одамлардан эшитган эди. Энди совчи келадиган нозик пайтда Акбарни узоқроққа юбориб, қиз туфайли икки орага тушиши мумкин бўлган низонинг олдини олмоқчи эди. Байрамхон ўз ниятига тезроқ етиш учун ҳамма нарсани олдиндан ўйлаб, астойдил тайёрланиб келганини сезган Ҳамида бегим оғир ва таҳликали туйғулар гирдобида қолди. — Онажон, мен Манкотга кецам, сизга қийин бўлмагайми? — деб сўради Акбар. Ҳамида бегим Салимани ўзига келин қилмоқчи эди. Қиз ҳам шуни жуда истайди, Акбарга дуч келиб қолса, бўлажак келинчакдай уялиб қимтинади. Акбар ҳали уйланиш тўғрисида ўйламайди. Лекин вақт ўтиши билан у ҳам ўзининг Салимага кўнгли борлигини фаҳмлаб қолиши мумкин. Ҳамида бегим ҳозир шуни Байрамхонга айтадиган бўлса, қизиққонли оталиқ оловланиб кетиши аниқ. Ахир у Ҳумоюннинг ваъдасига орқа қиляпти. Бир вақтлар Гулранг бегимни унга бермаганларининг аламини унутолмай юрибди. Икки орада низо чиқса, Акбар аёвсиз кураш гирдобига тортилади-ю, ҳаёти хавф остида қолади. Йўқ, Ҳамида бегим ёлғиз ўғлини бундай хавф-у хатардан узоқроқ тутмоғи керак. Акбарнинг ўзи ҳам қачондан бери Манкот томонларга сафар қилиш орзусида юрарди. Ўғли ҳозир шуни истаб турганини кўрган Ҳамида бегим: — Майли, Акбаржон, сизни соғиниб қийналсам ҳам, бардош берурмен! — деди. Акбар сафар иштиёқи ва тайёргарлигига берилиб, Байрамхон билан онаси орасида бўлиб ўтган ғалати ва сирли гапларнинг сабабини унча суриштирмади. Лекин у жўнайдиган куни эрталаб онасининг хонайи хосига хайрлашиш учун кирганида ранги сўлғин, кўзлари йиғидан қизарган Салима бегимни кўриб қолди. Акбар ярим ёш катта эди ва қизга «сен» деб гапирарди: — Ҳа, Салима, сенга не бўлди? Ҳамида бегим «айтма» дегандай лабини тишлаб қаради. Лекин Салима ички туғёнини Акбардан яширолмади: — Мен ҳам сиздек... хонбобо деб... бобом ўрнида кўрсам... неварали одам менга ошиқ бўлганмиш!.. Уйланмоқчи эмиш. Акбар Байрамхоннинг ўтган куни одатдан ташқари ийманиб айтган сўзларининг маъносини ва шайх Гадойи келишининг сабабини энди тушунди. — Наҳотки? Йўғ-ей! Салима, балки хонбобо ҳазил қилгандир?.. — Ҳазил эмиш!.. Мана, хонбобо ўзи менга арзи ҳол қилиб ёзган шеъри. Икки ёшга изтироб билан тикилиб нима дейишини билмай турган Ҳамида бегим уларнинг бир-бирига қанчалик муносиблигини кўриб, юрагини алам тимдалади. Акбар — мўйлаби кўзга ташланиб қолган, дуркун гавдали, жозибали йигит. Балоғатга етиб, пуштиранг бахмал нимчасининг кўкраклари бўртиб турган хипча бел, нафосатга тўла қиз Салима. Наҳотки уларнинг тақдирлари қўшилмаган бўлса? Акбар олтин суви югуртирилган ипак қоғоздаги сатрларга кўз югуртирди: Ҳажрингни хаёл қилмоқ мушкул, Сендин талаби висол қилмоқ мушкул. Ҳолимни сенга арз қилсам дейдурмен, Аммо менга арзи ҳол қилмоқ мушкул. Акбар Байрамхоннинг дастхатини танирди. шеърдаги ростгўйлик, ҳароратли қалбнинг дарди ва шоир қаламининг таъсир кучи уни ўзига ром қилди. Байрамхон ёшлигида Гулранг бегимга ошиқ бўлиб, етишолмаганини Акбар ҳам биларди. Салима онасига жуда ўхша-шини у ҳам эшитган эди. Ўша эски дард янгиланиб оталиғини не чоғлик мушкул аҳволга солиб қўйганини унинг ўзи шеърий сатрларда ростгўйлик билан айтгани Акбарни лол қолдирди. Чиндан ҳам, хонбобонинг ёшгина Салимадан висол талаб қилиши жуда мушкул, арзиҳол қилиши бундан ҳам мушкул, унинг ҳажрида куйиши эса ҳаммасидан мушкулроқ. Кўнгил кишини не кўйларга солишини Акбар ўша куни хонбобо ёш йигитлардай ийманиб гаплашганда ҳам кўрган эди-ку. — Энди не қилурмиз? — деб Акбар онасига қаради. Шу қийин аснода Ҳамида бегим Ҳумоюннинг руҳига суянди: — Ҳазрат отангиз ваъда берган эканлар... ўзингиз эшитдингиз, болам. Салима бегим йиғлаб гапирди: — Ҳазрат тоғам тирик бўлганларида менга раҳм қилмасмидилар? Ахир мен ҳам ҳазрати Бобурнинг невараси эмасменми? Бобомиз ўз қизларини уч хотинли кекса бекларга бериб, хор қилган эмас эдилар-ку? Менга ҳам ўзимга муносиб йигит топилмагайми? шеър машқ қилиб юриб дилидагини равон айтишга ўрганган Салиманинг бу гаплари Акбарни ларзага солди. Унда ҳам бирдан бобурийларга хос ғурур, иззат-нафс уйғонди. — Биз ҳали шунчалик ҳимоясиз, нотавон оила бўлиб қолдикми, онажон? Менинг подшолигим қаёқда қолди? Xонбобо тепамизга чиқиб кетмоқда-ку! Унинг катта ўғли Мирзохон ҳозир йигирма беш ёшда! ўн тўққиз ёшли хотини Нозия бор! Яна Салимага... Соқолини бўяб... ахир бу... Акбар билан оталиғининг ораси бирдан дарз кетгандай бўлди. Ҳамида бегим бунинг оқибатидан қўрқди. — Байрамхон сиз учун ота ўрнида-я, Акбаржон! Зинҳор унга қарши гапиришга ўрганманг! Иғвогарлар кўп, дарров етказгай! — Етказса, етказсин! — деди Акбар. — Қўрқиб, хор бўлиб яшагандан, мардона олишиб, ўлган яхши! Ҳамида бегим талпиниб Акбарнинг олдига борди-ю, унинг елкасидан қучди: — Болажоним, ботирлар авлодидансиз, сизнинг шердил йигит бўлишингизга ишончим комил! Фақат энди ўн олтига кирдингиз. Шошилманг, бир-икки йил куч йиғинг. Ҳеч бўлмаса ўн саккизга киринг, давлатни ўзингиз бошқарадиган бўлинг. Биз буни сабр-бардош билан кутгаймиз! Акбар Салимага савол назари билан қаради. Қиз ҳам кута олармикан? Лекин Салима ихтиёри ўзида эмаслигини биларди. Акбардан ҳимоя сўраш эса хатарли эканини, ёш ўспирин ҳозир Байрамхон билан олишса ҳалок бўлиб кетиши муқаррарлигини Салима сезиб турарди. У ўзини йиғидан зўрға тутиб: — Амирзодам, онамиз ҳақлар, — деди. — Мен бахти қора қиз эканмен, етим ўсдим. Энди мени деб бундай бало-қазони бўйнингизга олманг. Мен ҳам тақдиримда борини кўргаймен. Лекин то ўлгунча сизга... Сизни қалбим тўрида сақлагаймен! Xайр! Салима йиғлаганича хонадан чопиб чиқиб кетди. Унинг аламли сўзлари ва аччиқ йиғиси Акбарнинг қалбидаги қудратли бир туйғуни жунбушга келтиргандай бўлди. Бу туйғу муҳаббатмиди ёки фақат раҳм-шафқатми, ҳали унинг ўзи ҳам билмайди. Фақат томоғига бир нарса тиқилиб, овози бўғилиб гапирди: — Салимага бунчалик жабр қилинса, биз қандоқ қараб тургаймиз, онажон? Мен ҳозир бориб оталиғим билан сўзлашгаймен! Байрамхон ўтган куни Деҳлидан Аграга жўнаб кетган эди. Буни биладиган Ҳамида бегим: — Шоҳ ўғлим, сиз бу можарога аралашманг, — деди. — Ўспиринлар ҳал қиладиган иш эмас бу! Байрамхон отангизни неча ўлимлардан олиб қолган, сизни ҳам ёмон фалокатлардан қутқарган. Яхшиликни қайтариш осон эмас, бу ҳам гоҳо қурбон талаб қилгай! Мен ўзим бир ҳисобини топгаймен... Одамларингиз кутиб тургандир. Йўлдан қолманг. Ҳамида бегим ўғлидан бирор кун ажрагиси келмаса ҳам, лекин шу ишкаллик туфайли Акбарни тезроқ Панжобга жўнатишга интиларди. — Аммо шайх Гадойи келса ризолик берманг, шошилмасинлар, — деди Акбар. — Бир-икки йил куцинлар. Ҳамида бегим икки-уч ой муҳлат сўраганда шунчалик озорланган Байрамхоннинг бир-икки йил сабр қилиши имкондан холи эди. Айниқса, ёши ўтиб бораётган одамлар бу нозик ишда ҳар бир кунни ғанимат билишидан бегим хабардор эди. Лекин у Акбарни юпатиш учун: — Xўп, хўп, сиз хотиржам бўлинг, болам! — деб, ўғлини кузатиб қўйди. Ёлғиз қолганда эса ҳамма балога энди ўзи балогардон бўлишини сезиб, вужудини ваҳм босди. Агра: Ҳокимият Талотумлари Эгасини йиқитиб кетадиган асов отлар бўлади. Лекин филбонга хартуми билан чанг соладиган, уни йиқитиб, оёғи билан топтаб ташлайдиган маст филлар отлардан юз чандон даҳшатлироқ бўлишини Акбар Ҳиндистонга келгандан кейин кўрди. Бу қудратли жониворлар беғубор болалар ва ёш ўспиринлар билан яхши чиқишар эди. Акбар ўн ёшида Бҳирада биринчи марта филга миниб кўрганда худди юриб кетаётган баланд қоятошнинг устида ўлтиргандай сесканган эди. Отасининг қадрдон филбони Лаъл Чанд уни аввал ювош филларга миндириб ўргатди. Филнинг супрадай кенг қулоқлари остига тиззани тиқиб маҳкам ўлтириш, анкуш деб аталадиган темир таёқча билан уни хиллалаб бошқариш ва филбонликка оид бошқа нозик ишлар, муомалаларни бажо келтиришни Акбар ўн уч ёшида билиб олди. Филлар ширинликни яхши кўрар, шакарқамиш ерди. Акбар Панжобнинг Манкот деган жойидаги катта филхонада бу жониворлар яхши кўрадиган емишлардан пиширилган гуруч, бодом ва асал қўшилган гажаражлардан едирган. Дилшанкар, Дамудор, Жҳалпа деган филлар билан жуда иноқ бўлиб олган эди. Бу зийрак жониворлар яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам унутмас экан. Бҳай деган бир филбон Акбарнинг Дамудор учун берган гажаражини охуридан олиб, бошқа филга берган экан. Бир кун Дамудор маст бўлиб, занжирини узиб кетди. Бҳай қаршисидан чиқиб уни тўхтатмоқчи бўлганда хартуми билан уриб йиқитди. Шунинг устига Акбар фил яхши кўрадиган ширин емиш олиб келиб қолди. Дамудор уни таниди. Акбар қўлида анкуш билан: — Дамудор, тўхта, Дамудор! — деб, филга илиқ гапирди. — Мен сенга гажараж олиб келдим! Ол, егин, Дамудор! Фил маст бўлганда овқатга унча қарамайди. Аммо Акбарнинг аввалги яхшиликлари Дамудорнинг ёдидан чиқмаган эди. Акбар унинг олдинги ўнг оёғини силаб: — Дамудор, оёғингни тут! — деди. Фил оёғини тутиб бермаса унга миниб бўлмас эди. Дамудор хартумини кескин силкитиб наъра тортди. Ҳозир унинг бутун вужуди хуружга келган пайтда устига ҳеч кимни миндиргиси келмас эди. Лекин Акбар уни силаб-сийпаб яна илиқ гапирди. Ҳиндчалаб: — Билле! — деди. — Дамудор! Билле[8]! Ниҳоят, Дамудор ўнг оёғини тиззасидан букди-да, кенг, доира шакл қора товонини Акбарга тутди. Акбар шу товонга оёғини қўйди-да, қўлини юқорига чўзиб, филнинг қалин қулоғидан тутганича, унинг бўйнига чиқди. Акбар уни ўрмонга сайрга олиб борди, дарёда чўмилтирди. Филнинг ховурини босиб, яна филхонага қайтариб олиб келди. Шундан кейин филбонлар Акбарнинг маҳаватлик[9] истеъдоди ва журъатига тан бердилар. Лаъл Чанд унга фил уриштиришни ҳам ўргата бошлади. Ҳарбий филларни жангга тайёрлаш учун уларни маст қилиб, махсус бир майдонда уриштириб кўриш одати Ҳиндистонда қадимдан бор эди. Филлар уришаётганда унинг устида маҳавати бўлади. Катта майдон ўртасида тупроқдан кўтарма қилинади. Икки фил кўтарманинг икки томонидан келиб, аввал бир-бирини хартуми ва тиши билан ура бошлайди. Уларнинг улкан оёқлари остида тупроқ кўтарма нураб, қулаб тушади. Маҳаватларнинг ҳар бири ўз филига буйруқ бериб, йўл-йўриқлар кўрсатиб туради. Филлар гоҳо бир-бирига шундай қаттиқ уриладики, маҳават бўшроқ ўлтирган бўлса, хасдай учиб кетади. Ғазабнок фил ўз рақибини енгиш учун аввал унинг устидаги маҳаватини йиқитишга, уни хартуми билан уриб туширишга ҳаракат қилади. Чунки маҳавати уриб туширилган фил енгилган ҳисобланади. Катта баландликдан йиқилган маҳават эса бирон жойи синиб майиб бўлади, гоҳо уришаётган филларнинг оёғи тагида топталиб, ўлиб кетади. Шунинг учун филини уриштиришга олиб чиқадиган филбон худди ўлимга кетаётган одамдай уйидаги яқинларидан ва филхонадаги ҳамкасбларидан рози-ризолик сўраб, ҳамма билан хайрлашиб майдонга чиқади. Ўсмирлик оловлиги туфайли Акбар мана шу хатарли фил уришига биринчи марта маҳават бўлиб қатнашганда ўн тўрт ёшда эди. Байрамхон фил уришида Акбарга бирон кор-ҳол бўлишига хавотирланиб, аввал унга рухсат бермади. — Тождору шаҳзодаларга, ҳатто, чавгон ўйнаш мумкин эмас, — деди Байрамхон. — Чунки мухолиф томон қасддан гўй ва чавгончўп билан уриб, тождорга шикаст етказиши мумкин. Фил уриштириш эса чавгондан минг ҳисса хатарлироқ! Лекин Акбар маст филларни қандай дадиллик ва усталик билан мина олишини оталиғи ҳам кўрди. Акбар Дамудор номли ўша зўр филни мастлиги тарқагандан сўнг Байрамхонга инъом қилди. Бундан мамнун бўлган оталиқ, ниҳоят, Акбарнинг маҳават бўлиб фил уриштиришига ҳам рухсат берди. Акбар Жҳалпа деган жанговар филни миниб майдонга чиқди. Лакна деган иккинчи маст филни Лаъл Чанд минди. Байрамхон рақиб томонга атайлаб Акбарни яхши кўрадиган ва уни эҳтиёт қиладиган маҳаватни қўйган эди. Филлар бир-бирларини тишлари ва хартумлари билан уриб бир ярим соат олишдилар, аммо маҳаватларини йиқитолмадилар. Шунинг учун олишув дуранг билан тугади. Шундан кейинги тўрт йил давомида Акбар яна анча маст филларни минди ва уларнинг аёвсиз жангларига ҳам қатнашди. У Аградаги кескин зиддиятлардан ва оталиғи билан икковининг орасини бузаётган бек-у аъёнларнинг фисқ-у фасодларидан таъби кир, кўнгли ғаш бўлган пайтларда фил миниб кўнгил ёзар эди. * * * Акбар Манкотда юрганда Байрамхон уч кун тўй бериб, Салима бегимга уйланган эди. Шундан бери икки орада пайдо бўлган дилсиёҳлик тобора кучайиб кетяпти. Турдибек ўлдирилгандан буён Байрамхонни ёмон кўрадиган Моҳим энага хони хононни Акбарга нуқул ёмонлайди: — Ҳокимият оталиғингизни ховлиқтириб қўйди! Xони хонон илгари бундақа эмас эди. Ҳозир унвонига ҳам қаноат қилмай, ўзи подшо бўлмоқчи эмиш! Салима бегимдан ўғил кўрса «бу ҳам Бобур авлодидан» деб, ўзиникини тахтга чиқармоқчи-да! Сизни тахтдан четлатмоқчи оталиғингиз, амирзодам, эҳтиёт бўлинг! Акбар Байрамхоннинг бунчаликка боришига ишонмаса ҳам, аммо энди ундан жуда эҳтиёт бўлиб юрар, дилида оталиғига қарши норозиликлар тобора кўпайиб борар, бу туйғулар ҳаммаси бир кун эмас, бир кун оловланиб портлаб кетиши мумкинлигини сезар эди. Байрамхон Салима бегимга уйланганига, мана, икки йил бўлди, аммо ҳалигача ундан фарзанд кўргани йўқ. Саройда бўлаётган миш-мишларни Акбар кўкалдоши Адҳамдан эшитди: — Салима бегим Байрамхондан фарзанд кўришни истамас эмиш. «Мени ўз холимга қўйинг, Нозия биби сизга мунтазир, боринг», деб эшикни ичидан қулфлаб олармиш. Байрамхон зўравонлик қилишга журъат этмасмиш. Салима бегим ўзини бир нарса қилиб қўйишидан қўрқармиш! Кекса одам, кўрпасига қараб оёқ узаца бўлмасмиди?! Акбар саройда Байрамхонни кўрганда унинг нимадандир эзилиб, ич-етини еб юрганини сезарди. Xуфиялар ҳар хил иғволарни унинг қулоғига ҳам етказиб борсалар керак. Байрамхон бир кун Акбарни холи топиб, янги ёзган ғазалидан бир неча байтини ўқиб берди: Ҳар сўзки ғаразгў деса, эй ёр, инонма, Арбоби ғараз сўзига зинҳор инонма. Ҳар дам санга юз сўз мени маҳрумдин айтиб. Ҳар сўзда анинг юз ғарази бор, инонма. Ҳар неча жафо кўрса вафо тарки қилурму Байрамки, билур ўзни вафодор, инонма. Акбар оталиғининг бу ҳароратли байтлар билан нима демоқчи эканини тушунди. — Xонбобо, мен ҳам жафо кўрсам-да, ҳали тарки вафо қилган эмасмен, — деди. — Лекин... ўн саккизга кирдим, подшо деган номим бор. Одамлар менга арз-у дод қилурлар. — Сизга не хусусда арз қилмоқдалар, амирзодам? — Шайх Гадойи садрлар судури бўлмоқчи эмиш. У одам шиа мазҳабидан. Саройдаги кўпчилик бек-у аъёнлар эса суннийлар. Суннийпараст руҳонийлар ҳам дод-фарёд кўтаргай. — Амирзодам, сиз нечун бу дод-фарёдларга қулоқ солмоқдасиз? Ахир бу суннийпарастлар мудом торлик қилурлар! Ҳиндистон эса жуда кенг мамлакат. Кўпчилик халқи — ғайридин. Шерхон шуни ҳисобга олиб, ҳиндларга бағрикенглик қилди-ю, кўп ютуқларга эришди. Мен ҳам ҳозир давлат идораларига энг истеъдодли ҳиндларни ишга олмоқдамен. Тодар Мал деган бир ҳинди ҳисоб-китоб ишига беҳад уста. Ўзи оддий халқ орасидан чиққан фозил йигит. Солиқ ишларини яхши йўлга қўймоқда. Суннийпарастларингизнинг бошлиғи шайхулислом Ансорий шу ҳиндини саройда кўриб қолиб: «Бу мажусийни ким олий даргоҳга киритди?» деб жанжал кўтарди. Шунда шайх Гадойи менинг тарафимни олди. Бу шайх Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ерли халқнинг тилини ҳам, дилини ҳам, урф-одатини ҳам яхши билур. Ўзи адолатли, раҳмдил одам. Акбарнинг дилидан эса: «Бу шайх шунчалик адолатли-ю раҳмдил одам бўлса, Салима бегимни макр-у ҳийла билан отасидан катта қарияга никоҳлаб берармиди?» деган фикр ўтди. * * * Шайх Гадойи садрлар судури қилиб тайинлангандан сўнг барча қозиларни янгилади, масжидларнинг вақфларини ҳам суннийпараст руҳонийлардан тортиб олиб, ўзига ёққан бошқа мазҳабдаги шайх ва уламоларга бера бошлади. Шайх Ансорий бошлиқ суннийпарастлар худди инига чўп тиқилган арилардай вижиллаб, шайх Гадойига қарши қўзғалдилар. Уларга Байрамхондан норози бўлиб юрган бек-у аъёнлар қўшилди. Акбар кимнинг гапига ишонишини билмай, интиҳосиз низолардан тўйиб кетганда Деҳлига, онаси ва энагаси Моҳим бибининг ёнига борарди. Лекин Деҳлида Байрамхонга душман бўлиб қолганлар Аградагидан ҳам кўп. Моҳим энаганинг иниси Шаҳобиддин Ҳамида бегимнинг тавсияси билан Деҳли шаҳрига кутвал қилиб тайинланган эди. Бу одам жияни Адҳамхон орқали Пирмуҳаммад атка билан тил бириктирган, ҳаммалари бирлашиб, Байрамхон билан шайх Гадойини юксак лавозимларидан четлатиш фикрига тушган. Лекин Акбар уларнинг гапига кирса ички уруш бошланиши ва қон тўкилиши мумкинлигини билади, ўз атрофидаги беклардан ҳеч бири бу улкан давлатни Байрамхончалик уддалаб бошқара олмаслигини сезади. Шунинг учун у Деҳлидаги зиддиятлардан ҳам ўзини четга олиб, яна Аграга қайтади. Бундан бир ойча бурун Акбар Аградаги Зарафшон боғининг тиллакори шийпонида ўлтирганида Пирмуҳаммад атка ҳовлиқиб келди-ю: — Амирзодам, сиз ҳокимиятни ўз илкингизга олмоғингиз керак! — деди. — Аградаги Қиличхон Андижоний, Калпидаги Алиқулихон ўзбеклар ҳам сизга содиқ. Шайх Ансорий фатво беришга тайёр. Кўпчилик дин аҳлининг шайх Гадойини кўрарга кўзи йўқ. Бу гапларга шийпон орқасидаги дарахтлар панасида туриб гўё гулларнинг тагини чуқалаб юмшатаётган серсоқол боғбон зимдан қулоқ солмоқда эди. Кобулда Саид Xалил қилтомоқ бўлиб ўлиб кетгандан сўнг Комрон билан Бҳаккарга қочган Афзалбек шу эди. Комрон Ҳумоюн билан ярашганда Афзалбек жазодан қочиб, Панжобга келди. Исломшоҳ хизматига ўтиш учун ўзига Муборизхон деган афғонча янги ном қўйди. Бобурийларга оид кўп сирларни Исломшоҳга айтиб бериб, беш-олти йил унинг хизматида юрган Афзалбек ҳокимият яна ўзгарганда Байрамхон ҳузурига келди. Байрамхон уни аввал Афзалбек бўлиб юрган пайтларида танимас, бирда-ярим кўрган бўлса ҳам унутиб юборган эди. Муборизхон — Афзалбек — ўзи ҳам йигирма йилдан бери жуда ўзгариб кетган, узун мош-гуруч соқолли кекса одамга айланган, лекин хуфиялик ишида маҳорати янада ошган эди. Шунинг учун Байрамхон уни Зарафшон боғига боғбон тайинлаган, айни вақтда, Акбарни йўлдан урмоқчи бўлган бек-у аъёнларнинг сўзларидан оталиқни огоҳ қилиб турувчи хуфия қилиб қўйган эди. Муборизхон ҳозир қулоғини динг қилиб, Акбарнинг жавобини кутди. — Оталиғим бизга кўп яхшиликлар қилган, — деди Акбар, — мен унинг юзига оёқ қўёлмагаймен! — Аммо оталиғингиз сизга шунча ёмонликлар қилса майлими? Салима бегим унинг даргоҳида бебахт... Нажотни ҳамон сиздан кутмоқда! Деҳлида отангизга улкан мақбара қурмоқчи эдингиз. Қурилиш ҳалигача бошлангани йўқ. Оталиғингиз каттароқ маблағ бермайдир! — Ҳатто шахсий харажатларимга ҳам пулни кам бериб, мени жуда қисиб қўйганлиги рост! — деди Акбар алам билан. — Аммо Байрамхон ўзи ҳаммадан бой! Қандаҳордай улкан вилоят унинг жогири. Ҳар йили лак-лак олтин танга даромад олмоқда! Атрофига шайх Гадойи, Валибек, Шоҳқули маҳрамга ўхшаган қизилбошларни йиғиб олган. Уларга энг катта лавозимлар-у жогирларни берган. Ҳар бири сиз-у биздан бой! Қачонгача бу бедодликка чидагайсиз, амирзодам? Ахир сиз подшосиз! Xазина сизники, барча вилоятларда сизнинг номингиз хутбага қўшиб ўқилмоқда. Аммо хазинага сизнинг муҳрингиз билан қоғоз олиб борилса пул берилмайдир! «Фақат вакили салтанат Байрамхоннинг имзоси-ю ижозати билан пул берилсин!» деган фармон бор. Xазиначи бу фармонни бузса, жазо олгай! Ахир бу адолацизлик эмасми? Бу фармонни қачон бекор қилурсиз? Ҳамма жойда сизнинг муҳрингиз билан иш олиб борилмоғи керак-ку! Буюринг, содиқ бек-у аъёнларингиз буни жорий эцинлар! Пирмуҳаммад атка айтган бу ишни жорий этиш — давлат тўнтариши ясашдай мушкул ва хатарли эди. Байрамхоннинг феъли маълум. Атрофидагилар ҳеч балодан қайтмайдиган шафқациз одамлар. Улар Турдибекни чодирда қандай ўлдирганлари Акбарнинг кўз олдига келди. Узоқ жимликдан сўнг Акбар: — Ҳали шошмайлик, — деди. — Мен ўйлаб кўрмоғим керак. * * * Ўша куни кечаси Муборизхон — Афзалбек бу гапларни оқизмай-томизмай Ҳашт Биҳишт боғидаги Байрамхонга етказиб борди. Байрамхон аввал бир оловланди, кейин мулоҳаза қилиб кўриб, Акбарнинг вазминлигига тан берди. У оталиғига Салима бегим ҳақида ҳам ҳалигача бирор оғиз сўз айтгани йўқ. Салима бегим Акбарга қариндош, кўришиб, гап-лашаман деса, ҳеч ким тақиқлай олмайди. Лекин икки орадаги ишкалликни баттар қўзғамаслик учун Акбар Байрамхоннинг ҳарамидаги аммабаччасидан атайлаб ўзини узоқ олиб юрибди. Байрамхон гоҳо бу йигитдаги бардошга ҳайрон қолади. «Қонида бор шекилли-да»,— деб ўйлайди. Бобур ҳам шу ёшда термизлик Боқи Чағониёнийнинг аввалги яхшилигини унутолмай, унинг қанча гуноҳларини кечиргани, Ҳумоюн ўз инилари билан муносабатда қанчалик бардошли бўлгани Байрамхоннинг хаёлидан ўтади. Аммо Акбарни Байрамхонга қарши қўзғатмоқчи бўлган Пирмуҳаммад атка жазосини олмоғи керак! Эртаси куни Байрамхон уни ўз девони хосига чақиртирди. Нозирул мулук Пирмуҳаммад эрталабдан Байрамхоннинг авзойи ёмонлигини одамлардан эшитган ва ўзини касалга солиб, уйига бориб ётган эди. Унинг касали ёлғонлигини фош қилиш учун Байрамхон уч-тўрт яқин мулозимлари билан отланиб тўғри Пирмуҳаммаднинг уйига йўл олди. Ҳовли дарвозаси олдида турган қоровул: — Берухсат киргизманг деб буюрган эдилар, — деди-да, дарвозани очмади: — Мен ҳозир ичкарига кириб, рухсат сўраб чиқгаймен! Қоровул Байрамхонни танимаслиги мумкин эмас эди. Давлат бошлиғини бекик дарвоза олдида куттириб қўйиш Байрамхон билан бирга келган шайх Гадойи ва Шоҳқули маҳрам томонидан учига чиққан одобсизлик деб баҳоланди. Байрамхон қоровулнинг қайтиб чиқишини кутиб турмасдан отининг жиловини орқага бурди. Саройга қайтгач, Валибек унинг номидан Пирмуҳаммадга қисқа бир хат ёзиб юборди: «Сен жаноби хони хононнинг ҳузурига келганингда юпун кийинган бир муллоча эдинг. Xони хононнинг тавсияси билан атка бўлдинг. Бу улуғ зот сени нозирул мулук лавозимига кўтардилар. Энди сен бунинг ҳаммасини унутдингми? Билиб қўй, бизнинг қаршимизда сенинг бир пиёла сувчалик ҳолинг бор, вакили салтанат чимчилоғи билан бир урсалар тўкилиб, сочилиб кетгайсен. Агар жонингдан умидинг бўлса тезроқ ақлингни йиғиб, тавба қилгани келгайсен!» Пирмуҳаммад хат келтирган кишига: «Эртага эрталаб боргаймен», деб жавоб берди. Кечки пайт Акбарнинг номига мактуб ёзиб, воқеани баён қилди: «Амирзодам, боғда, сўзлашган гапларимизни кимдир оталиғингизга етказганга ўхшайдир. Мен қочмасам қасд олғайлар. Валибек ёзган хатни ўқиб кўринг. муҳрларни хони хононга қайтариб юбормоқдамен. Менинг лавозимим унинг одамларидан яна бирортасига керак, чамаси. Аммо Сизга ҳамиша содиқмен, қачон чорласангиз хузурингизга етиб келгаймен». Пирмуҳаммаднинг нозирликдан ташқари, панжҳазора[10] деган ҳарбий унвони ва беш минг навкари бор эди. Кечаси қоронғида у энг содиқ кишиларидан мингтачасини йиғди-ю, Аградан яшириқча чиқиб, Гужарат томонга қочди. Бу орада Байрамхоннинг яқинлари уни оталиққа қарши фитнада айблаб, ҳибс қилиш ҳақидаги буйруққа қўл қўйдирган эдилар. Тун ярмидан ошганда қамаш учун келган одамлар уни тополмадилар, сўнг мол-у мулкини мусодара қилдилар. Ўзи топилмагани учун оила аъзоларини Биана қалъасига элтиб ҳибс қилдилар. Байрамхоннинг ёнида катта лавозимга кўз тикиб юрганлардан бири эронлик Ҳожи Муҳаммад Сейистони эди. Икки кун ўтмасдан Байрамхон бу одамни Пирмуҳаммаднинг ўрнига ички ишлар нозири[11] қилиб тайин этди. Аграда Акбар суянадиган сирдош нозирул мулук энди йўқ, унинг ўрнини Байрамхоннинг яна бир ашаддий тарафдори эгаллади. Акбар Пирмуҳаммаднинг оила аъзолари, жумладан, хотини Ҳакима биби ҳибсга олинганини эшитиб, Байрамхоннинг ҳузурига кирди: — Xонбобо, Ҳакима биби ҳам менга оқ сут берган энага! Унда айб йўқ! Ҳибсдан бўшатмоқ керак. — Амирзодам, Пирмуҳаммад аткангиз менга қарши фитна уюштирганидан сиз хабардормидингиз? — Мен уни бу ёмон йўлдан қайтарган эдим. — Аммо у қайтмабдир. Айби бўйнига қўйилишини сезиб қочибдир. Оиласи эса бу ишда унга ёрдам берибдир. — Атканинг қочишига сизнинг номингиздан ёзилган мана бу мактуб сабаб бўлмишдир! — деб Акбар Валибекнинг Пирмуҳаммадга дўқ қилиб ёзган ҳақоратомуз хатини оталиғига кўрсатди: — Xонбобо, атрофингиздаги баъзи жаноблар сизга эркалик қилиб, ҳаддидан ошиб кетмоқдалар. Сиз менга «Инонма» радифлик ғазалингизни ўқиб берган эдингиз. «Ғаразгўйларга инонманг» деган гапни энди мен ҳам сизга айтмоқчимен! — Аммо сиз менга инонасизми, амирзодам? Пирмуҳаммад мени давлат тепасидан ағдармоқчи бўлди. Xотини ҳам бу ишда унга ҳамкор. Шунинг учун ҳибс қилинди. Бунга инонмасангиз, демак, менга инонмайсиз! — Энагам менга онам ўрнида. Икковингизга ҳам инониб ўрганганмен! — Аммо ҳокимиятнинг барча тизгинларини битта одам ўз илкида тутиб турмаса, давлатни бошқариб бўлмагай, амирзодам! Сиз ҳали бу минг ғилдиракли улкан аравани бошқариш қанчалик қийинлигини тасаввур этолмайсиз. Ҳокимият ўзи нима? Соддароқ қилиб айтганда, минглаб асов отлар қўшилган улкан арава! Минг ғилдирак ҳаммаси тинимсиз ҳаракатда, минг отнинг тизгинларини кимдир тўғри йўлга солиб турмоғи лозим. Сал бехабар қолсангиз, отларнинг бир қисми аравани бошқа ёққа олиб қочиб кетгай, ботқоққа ботқизиб қўйғай, ҳатто жарга ағдаргай. Орага бошқа одамлар суқулса-ю, тизгинларнинг бир қисмини бу ёққа бурса, бир қисмини у ёққа бурса, арава сарсон бўлиб, жарга қулаб тушмагайми? Байрамхон Акбарнинг кўзларига синовчан назар билан тикилди: — Агар сиз шу минг ғилдиракли аравани мендан яхшироқ бошқаргаймен десангиз, агар минглаб асов отларнинг тизгинларини илкингизда мендан яхшироқ тутиб тура олсангиз, марҳамат, мен ҳаммасини сизга топширгаймен! Давлат ишлари мени беҳад чарчатди. Бир умрга етадиган мол-мулким бор. Бошқа не керак? Дам олай, ашъор ёзай. Жанг-у жадалларда қонлар тўкиб, гуноҳлар қилганмен. Шу гуноҳлардан покланмоқ учун ҳажга бориб келай. Олинг, барча тизгинларни, ҳокимиятни ўзингиз бошқаринг! Акбар оталиғи айтган баҳайбат аравани ва унга қўшилган минглаб асов отларни ўзича тасаввур этди-ю, эти жунжикди. Бу аравани оталиғидан яхшироқ ҳайдашга у ҳали тайёр эмас эди. Мабодо, таваккал қилиб: «Беринг жиловни!» деса, Пирмуҳаммад аткаси каби қувғинга учраши ҳеч гап эмас, чунки Байрамхон давлат тепасидан кеца, унга суяниб турган шайх Гадойи, Ҳожи Муҳаммад Сейистоний, Валибек, Шоҳқулибек каби ўнлаб яқинлари барча лавозимла-ри-ю имтиёзларидан ажралиши муқаррар. Шунинг учун Байрамхон истаса-истамаса, унинг атрофидагилар давлат тепасига бошқа одамни келтирмасликка интилади. Мабодо, Акбар келадиган бўлса, уни аравадан ағдариб ташлайди-ю, бошқа итоаткорроқ, ёшроқ бобурийзодани хўжакўрсинга подшо қилиб кўтаради. Байрамхоннинг кўзлари тагига яширинган киноя ҳам, «қани, ҳокимият талашиб кўр-чи, не аҳволга тушаркинсен!» деяётганга ўхшарди. Яқиндагина онаси Акбарга Деҳлидан махфий хат ёзиб, уни огоҳлантирган эди: «Агар сиз оталиғингизга қарши бош кўтарсангиз, Байрамхоннинг тарафдорлари сизни қувиб, ўрнингизга Комрон мирзонинг ўғли Абулқосимни тахтга чиқармоқчи эмиш. Ахир унинг отаси ҳам подшо бўлган-ку! Тинч юринг, Акбаржон. Агар Деҳлига келсангиз, Абулқосимни бирга олиб жўнанг. Бу мактубни ёндиринг. Сизни соғинган онангиз». Абулқосим ҳали ўн икки ёшга тўлмаган ўспирин. Байрамхон унга яна беш-ўн йил оталиқ бўлиши мумкин. Унгача Салима бегим ўғил туғиб берар. Акбар эса ўн саккизга кириб, ҳокимият тизгинини қўлга оладиган ёшга етиб қоляпти... Оталиғининг синовчан назари олдида бу нарсаларни хаёлдан ўтказишнинг ўзи Акбарни даҳшатга келтирди. — Xонбобо, мен сиз билан ҳокимият талашмайдирмен! — деди. — Сиз айтган минг отлиқ аравани бошқариш қанчалик қийинлигини менга ҳазрат отам айтганлар, ҳазрат бобом китобларида ёзиб кетганлар. Майли, барча тизгинлар сизнинг илкингизда турсин. Фақат, менинг илтимосимни ҳам рад этманг. Ҳакима энагам туҳматга учраб, ҳибсда ётмасин. Бўшатинг! Қочиб кетган Пирмуҳаммадга нафрати чексиз бўлган Байрамхон: — Ҳаммасини қаттиқ тафтиш қилиб, айбларини бўйинларига қўйгаймиз! — деди. Демак, ҳибсдагиларни айбига иқрор қилиш учун қанча қийноқларга ҳам солишлари мумкин... * * * Акбар оталиқ билан бу ҳақда бошқа баҳслашиб ўлтирмади-ю, таъби тирриқ бўлиб саройдан чиқди ва филхона томонга бурилди. Бу ердан маст филнинг наъраси эшитилмоқда эди. Филбонлар бошлиғи Лаъл Чанд олтмиш ёшларга бориб, анча қариб қолган, бугун уйига кетган, унинг ўрнида йигирма ёшли ўғли Бҳишан Чанд ишлаб турар эди. Жангларда олдинги сафда борадиган Фавждор[12] исмли улкан фил занжирни узгудай бўлиб силкиниб, шовқин соларди. Акбар унинг маст бўлганини сезди. Бҳишан Чанд Фавждорнинг емишига мастликни тарқатадиган дори гиёҳдан қўшиб берди. Аммо фил бу гиёҳнинг ҳидини ёмон кўрарди, емишга қарамади. Шундан сўнг маҳават фил чанқаганда ичадиган сувга ширинлик билан ўша дори гиёҳдан аралаштирди-ю, ёғоч челакка солиб, филнинг олдига олиб борди. Аммо филбон унга иккинчи марта ёмон кўрган гиёҳини олиб келгани учун Фавждорнинг ғазаби қўзиди. Мастлигида эгасини ҳам аямайдиган Фавждор хартуми билан филбон кўтариб келган челакни шундай қаттиқ урдики, челак бир томонга учиб кетди, Бҳишан Чанд иккинчи томонга сирғалиб йиқилди. Челакдаги ширин сув ерга тўкилиб, филбоннинг устига сачради. Бҳишан Чанд филнинг оёғи тагида қолишдан қўрқиб, четга эмаклаб қочди. Акбар Фавждорнинг занжирдан бўшамоқчи бўлиб талпинаётганини, ўрмонда, дарё бўйида эркин юрган пайтларини қўмсаётганини сезди. Унинг ўзи ҳам ҳозир саройдаги зиддиятлар занжиридан қутулишни истарди. Бҳишанга қараб: — Мен Фавждорни миниб сайр қилиб келсамчи? — деди. — Йўқ, йўқ, амирзодам! Бунга яқин борманг! Фавждор жангларда одам ўлдириб ўрганган шафқациз фил! Бўшацак, сизни йиқитиб қочиб кетгай! Мен сизга сайр учун бошқа фил бергаймен. Аммо Акбар ҳозир маст филни мингиси келар, ўткир хавф-хатар туйғуси билан қалбидаги дилсиёҳликлар ғуборини тарқатгиси келарди. Шунинг учун Бҳишан Чанднинг гапига қулоқ солмай, Фавждорнинг орқа томонига ўтди. Фил орқа оёғидан занжирбанд қилинган, териси қалин бўлса ҳам, ҳадеб силтанаверганидан, оёғи анча шилинган эди. Акбар қўлидаги темир таёқча билан, филнинг номини айтиб, унга иложи борича мулойим гапириб яқинлашди. Акбар илгари Фавждорга уч-тўрт марта минган, унга хуштаъм емишлар берган эди. Ҳозир шу филнинг эсига тушди. Акбар занжирни ечгач, фил анча енгиллик сезиб, унга томон ўгирилди. Акбар яқин бориб, унинг устундай оёқларини силаб-сийпади: — Қани, Фавждор, оёғингни бер! Билле! Фавждор. Фавждор наъра тортиб норозилик билдирса ҳам, ахийри, ўнг оёғини букиб, Акбарнинг юқори чиқишига имкон берди. Акбар тиззаларини филнинг қулоқлари тагига тиқиб, унинг гардани яқинига маҳкам ўлтириб олгач: — Юр! — деб буйруқ берди. — Мел! Юр! Фавждор бусиз ҳам филхонадан ташқарига отилиб чиқди. Доим кўзга ташланмасликка тиришиб, Акбарни қўриқлаб юрадиган икки девқомат йигит унинг ҳаёти учун жавобгар эдилар. Акбар минган фил наъра тортиб, лўкиллаганича дарё бўйидаги қалин дарахтзорга қараб чопиб кетди. Қўриқчилар отланиб унинг кетидан тушдилар. Акбар қўлидаги темир таёқча билан филнинг гарданига уриб, уни йўлга солмоқчи бўлди. Лекин Фавждор энди унга итоат этмас эди. Йўлида учраган буталарни босиб-янчиб, дарахтларнинг шохларини қарсиллатиб синдириб ўтаётганда Акбар унинг боши устига эгилиб, қулоқларига қўллари билан ёпишар, шундай қилмаса, шохларга илиниб, ерга чалпак бўлиб йиқилиши мумкин эди. Отлиқлар дарахтзор орасидан ўтолмай қолиб кетди. Бир вақт Фавждор дарё бўйидан чиқди. Ҳут ойи. Жамнада сув озайиб, ўрталарида қумлоқ оролчалар пайдо бўлиб қолган. Маст фил ўзини дарёга ташлади. Унинг устида ўлтирган Акбар шу филнинг ўзидай улкан хатарни ҳис қилган сари қалбида ҳаёт-мамот туйғуси кучайиб борди. Уни қийнаган сарой зиддиятлари хаёлидан узоқлашиб кетди. Дарё суви юзига, қўлларига алланечук ёқимли тегди. У оғзининг тахир бўлиб кетганини, лаблари қуруқшаб, тили оғзида яхши айланмай қолганини энди сезди. Фил бўйнигача сувга ботиб, Жамнанинг қорамтир сувида суза бошлади. Акбарнинг оёқлари, шоҳона этиги сув ичида кўринмай кетди. Дарё салқини уни анча ўзига келтирди. Бир қўлини сувга солди-да, панжасини чайқаб, кафтида сув олиб ичди. Шу пайт орқадан Лакна деган филни миниб Бҳишан Чанд етиб келди ва Акбарнинг кетидан дарёга тушди. Фавждор яхши сузар эди, кўп ўтмай дарё ўртасидаги четлари қумлоқ, ўртаси дарахтзор оролга етиб борди. Аммо қирғоққа чиққиси келмай, саёзроқ жойда тўхтадида, хартумига сув олиб, сағрисига сепа бошлади. Бу орада Лакна билан Бҳишан уларга етиб олишди. Лакна мода фил эди, ҳозир унинг осуда, вазмин, ҳомиладорлик даври. Бултур Фавждор у билан кўп ўйнашган ва иккови қўшилишган эди. Яна икки йилдан сўнг[13] туғиладиган бўлажак филчанинг отаси Фавждор эди. Шунинг учун Бҳишан Фавждордорнинг хуружини босишда Лакна ёрдам берар деган умид билан шу мода филни миниб, Акбарга ёрдамга шошилган эди. Филлар ҳўл хартумларини бир-бирига яқинлаштириб искашди. Фавждор яна бир бўкириб қўйди, аммо товуши аввалгидай ғазабнок ва баланд эмас. Жинниларча югуриш, айниқса, салқин дарё бўйлаб сузиш унинг мастлигини бир қадар босган эди. Бҳишан «подшога бирон шикаст еца мен балога қолурмен», деб қўрқиб ранги оппоқ оқариб кетган эди. Акбар ҳам ўзининг қўллари титраётганини энди сезди. Бҳишаннинг ранги ўзгариб кетганини кўриб: — Сиз мунча қўрқдингиз, соҳиб? — деб кулди. — Аҳволингиз жуда қўрқинчли эди-да, амирзодам! Кришна[14] сизни паноҳида асрасин! — Мен ҳазрати Сулаймондан[15] мадад сўрадим. Xайриятки, икковимизнинг илтижомиз ҳам ижобат бўлди. Акбарнинг бу сўзларидан Бҳишаннинг юзига қон югуриб, кўзлари мамнунлик билан чақнаб кетди. Акбар уни ўзига яқин олиб «икковимиз» дегани беҳад ёқимли эди. Жангларда одам ўлдириб ўрганган даҳшатли маст филни бугун Акбар каби миниб, ўрмон-у дарёларни оралаб чопишга анча-мунча маҳават журъат этмаган бўларди. Бҳишаннинг кўзи олдида Акбар Рамадай[16] довюрак йигит, айни вақтда, оддий бир филбон — маҳават бўлиб кўринди. Акбар шу ҳар икки жиҳати билан бу меҳнаткаш ҳинд йигитининг дилига беҳад яқин ва чин ихлосига муносиб туюлди. — Фақат подшо бўлганингиз учун эмас, бугунги журъатингиз учун ҳам мен сизга умрбод содиқ қолгаймен! — деди Бҳишан. Икки йигит дарё ўртасидаги оролчада анча вақт қолиб кетдилар. Кечки пайт қоринлари очиб, дарёдан қайта сузиб ўтдилар-да, қирғоққа чиқдилар. Фавждор[17] анча босилиб, гапга кирадиган бўлиб қолди. Акбар уни филхонага киргизиб юборди-ю, куни бўйи безовта бўлиб уни кутиб турган жиловдори ва қўриқчи йигитларига от келтиришни буюрди. * * * Кийимларига лой теккан, юзи тирналган, аммо, кўнглининг чигалини ёзиб, руҳи тиниқлашган Акбар Саройга отлиқ қайтар экан, қалъа дарвозаси яқинида ичкаридан маҳрамлар билан отлиқ чиқиб келаётган Байрамхон дуч келиб қолди. Акбарнинг бугунги саргузашти аллақачон оталиғнинг қулоғига етиб борган чамаси, Байрамхон отининг жиловини тортиб, Акбарга тегишди: — Амирзодам, бугун яна маҳаватлик қилибсиз-да! Байрамхоннинг ёнида саман отини гижинглатиб турган узун мўйловли Шоҳқулибек ҳомийсининг ҳазилини маъқуллаб кулди-да: — Балки амирзодам яна маҳават бўлиб фил уриштирмоқчидирлар? — деди. Унинг отдан тушмай шундай такаббурона гап отиши Акбарнинг иззат-нафасига тегди. Чунки саройда қабул қилинган одат бўйича, мулозимнинг подшога от устида туриб гапириши одобсизлик саналарди. — Жаноб Шоҳқулибек, — деди Акбар қовоғини уйиб, — сиз мен билан фил уруштирадиган даражага етиб қолдингизми? Байрамхоннинг олдида Акбар илгари унинг мулозимларига бундай кескин жавоб бермас эди. Лекин бугун Акбарнинг ўзига ишончи ошган пайтда оталиғининг атрофидаги одамлар одобсизлик қилса аламини ичига ютиб кетавергиси келмади. — Маст фил асабингизни чарчатган бўлса керак,— деди Байрамхон уни босиқ бўлишга ундаган каби. — Лекин, амирзодам, сизда филларни ўзига ром қиладиган ажиб бир меҳригиё бор. Манкотда ўн тўрт ёшда фил урушига қатнашганингиз ҳеч ёдимдан чиқмайдир. — Ўша олишув дуранг бўлган эди-я! — деди Валибек. — Амирзодам, орадан тўрт йил ўтди. Мана, баҳодир йигит бўлдингиз. Энди фил билан майдонга тушсангиз енгиб чиқишингиз шубҳасиз! Бу мулозим ҳам отдан тушмай гап қотгани, Байрамхон эса уларнинг одобсизлигини сезмаётгани акбарнинг нафсониятига янада қаттиқроқ тегди. Ҳолбуки, қаршисида турганларнинг ҳеч бири маст филга журъат қилиб яқин бора олмайди. Акбар ҳеч бўлмаса шу нуқтада ўзининг оталиғидан устун эканини кўрсатиб қўйгиси, унинг атрофидаги кеккайган мулозимларининг ҳам адабини бергиси келди. Байрамхонга юзланиб: — Жаноби вакили салтанат рози бўлсалар, биз фил билан майдонга тушишга тайёрмиз! — деди. У байрамхоннинг: «Йўқ, подшолар бундай хатарли жангда ўзлари майдонга тушмасликлари керак», деб эътироз қилишини кутди. Аммо Байрамхон кулимсираб: — Сиз энди йигит бўлдингиз, розилик бермай иложимиз йўқ, — деди. Шоҳқули маҳрам яна гап қўшди: — Жаноби вакил, Зўравор деган буюк филингиз куч йиғиб ётибдир. Гулмуҳаммад маҳават билан ўшани майдонга туширинг, — деб маслаҳат берди. Байрамхон бу маслаҳатни дарҳол қабул қилгани ҳам Акбарни хиёл ҳайратга солди. Чунки Зўравор деган фил жангдаги шафқацизлиги билан донг чиқарган эди. Панипат жангида уни ўша Гулмуҳаммад деган филбон минганда Зўравор душман отлиқларини хартумига ўраб отган, пиёдаларни оёғи билан янчган, бунинг ҳаммасини байрамхон ҳам кўрган эди. Илгари ҳатто чавгон ўйинини шаҳзода ва подшолар учун ножойиз деб гапирадиган ва акбарни бундай хатарлардан эҳтиёт қилиб юрган оталиғи наҳотки энди уни Зўравордай одамкуш фил билан уриштириб қўйиб, ўзи жим томоша қилиб ўлтирса? — Демак, сиздан Зўравон майдонга чиқиши аниқми? — қайтариб сўради Акбар. — Аниқ, — деди Байрамхон. — Анчадан бери фил жангини кўрганимиз йўқ. Амирзодам, сиз ҳам энг зўр филингизни майдонга олиб чиқинг... Ғалабангизни ўзим бир кўрай. Байрамхон «ғалабангиз» деган сўзни киноя билан айтганини Акбар сезди. Демак, оталиқ фил жангида ғолиб чиқишига ишонади. Бошқалар ҳам: «Аграда ҳозир Зўраворни енгадиган фил йўқ», деб ўйлашади. Аммо Акбар филни уларнинг кўпидан яхшироқ билади. Бугун у минган Фавждор кучи ошиб-тошганидан маст бўлгани маълум. Бироқ ота-боладай иноқ бўлган Акбар билан Байрамхон энди очиқчасига рақибга айланиб фил уриштиришса, оқибати қандоқ бўларкин? Ҳиндистонда азалдан ҳокимият талашувчиларнинг фил уриштириши рамзий маънога эга. Рақиб подшолар энг зўр полвонларини ўртага тушириб кураш олдириши, қайси томоннинг полвони енгса, ўша томон ғолиб саналиши ривоятларда ҳам бор. Ҳиндистонда шу полвонлар ўрнига энг зўр филларни минган филбонлар майдонга чиқиб олишади. — Сиз шуни истайсизми, жаноби вакили салтанат? — деб қайтариб сўради Акбар. Илгари «хонбобо» деб мулойим гапирадиган Акбар энди довталаб бўлаётган каби шиддатли оҳанг билан «жаноби вакили салтанат!» дейиши Байрамхоннинг ҳам иззат-нафсини қўзғатди. Подшо йигитча ҳаво бойлаб кетаётганга ўхшайди. Байрамхон Зўраворни ишга солиб, уни кўпчиликнинг олдида боплаб бир енгиши керак. Ана унда ҳовури босилиб оталиғига яна сўзсиз итоат этадиган бўлади. Майли, ўзи маҳават бўлиб майдонга чиқсин. Зўравор уни йиқица, кейин Байрамхон ҳам уни қайириб олади, чизган чизиғидан чиқмайдиган қилади. Мабодо Акбар Зўраворнинг оёғи тагида қолиб ҳалок бўлса... Байрамхон буни ҳам ўйлади... Яхши кўрган шогирди ўлса ичи ачиши, куйиниши аниқ. Лекин начора? Ҳаёт, муҳит Акбарни унга рақиб қилиб қўйди. Нарёқда Моҳим энага, Ҳамида бегим, Пирмуҳаммад атка — ҳаммаси Байрамхонга қарши, оталиқ буни хуфиялар орқали билиб турибди. Акбарнинг дили ўшалар томонда. Бу ҳам оздай, Салима бегим ҳалигача оталиққа кўнгил бермайди. Байрамхон унинг жисмини эгаллаган пайтда ҳам, бегимнинг дили Акбарда эканини сезиб ўртанади. Салима бегим Байрамхондан фарзанд кўришни истамаётгани рост. Бу ҳаммаси қанча гап-сўзларга сабаб бўлмоқда. Байрамхон ҳаммасидан биратўла қутулишни истайди. Шунинг учун у ҳам довталаб бўлиб: — Майли, амирзодам, майдонга чиқинг! — деди. Акбар Шоҳқулибек, Валибек, шайх Гадойиларнинг яширин ниятини энди сезди. Улар Акбарнинг маҳават бўлиб, майдонга тушишини ва Зўраворнинг оёғи тагида янгчилишини исташади. Оталиғи эса уларни бу ёмон ниятидан қайтармайди. Нега? Рақобат шу даражага етган бўлса, Акбар нега уларнинг истагига бўйсуниб, майдонга фил миниб кириши керак? Бугун маст фил устида жонини хатарга қўйгани озми? — Ундай бўлса, — деб Акбар Байрамхонга тикилиб қаради, — биздан Фавждор майдонга чиқгай. Аввал уни маҳават Бҳишан Чанд минсин. Агар йиқилса, кейин мен ўзим миниб киргаймен. Кунини белгиланг! Маҳаватнинг йиқилишига шубҳа қилмайдиган Байрамхон: — Индин, чоршанбайи муродбахшада, пешин намозидан сўнг! — деди. * * * Акбар билан Байрамхон иккаласи қарама-қарши томонда туриб фил уриштиришини эшитган бек-у аъёнлар чоршанба куни Жамна бўйидаги махсус майдонга ёпирилиб келдилар. Филлар уришадиган майдоннинг атрофига томошабинлар учун бехатар жойлар қилинган, орага филлар ўтолмайдиган бақувват ёғоч тўсиқлар ўрнатилган эди. Майдон пастда. Унинг саҳни яхши кўринадиган баланд жойларга нақшин шийпонлар ўрнатилган. Жануб томондаги шийпонни Байрамхон ўз одамлари билан эгаллади. Шимол томондаги толорда Акбар кўкалдошлари Адҳам, Азиз ва яқин ички беклари билан ўлтиришибди. Майдоннинг ўнг-у сўлида— ёғоч тўсиқ ортида ҳакамлар ва оташдорлар[18] туришибди. Пиёда томошабинлардан ташқари, майдон атрофларида отлиқ турган томошабинлар ҳам анчагина бор — эгар устидан майдон яхшироқ кўринади. Филбонлар худди ўлимга кетаётган одамлардай яқинларидан рози-ризолик сўраб хайрлашдилар. Акбар жанг олдидан махсус ширин ичимлик билан маст қилинган Фавждорни силаб-сийпаб қулоғига шивирлади: — Кучингни кўрсат, жонивор! Илоҳим енггин-у енгилмагин! Фил нимадандир норозидек наъра тортди, аммо Бҳишан Чандга ўнг оёғини тутиб, елкасига чиқишига ёрдам берди. Унинг қаршисидан чиққан Зўравор чиндан ҳам жуда баҳайбат фил эди. Икки орадаги тупроқ уюми қулатилгач, Зўравор Фавждорга ташланди. Шунда унинг бўйи икки қарич баланд, гавдаси ҳам шунга яраша улкан эканлиги кўзга ташланди. У Фавждорни тиши билан уриб, уч-тўрт қадам нарига улоқтириб юборди. Бҳишан Чанд қаттиқ чайқалиб, йиқилишига сал қолди. Аммо Фавждор чаққонроқ эди, рақибининг орқасига айланиб ўтди. Зўравор унга томон ўгирилаётганида биқинига тишлари билан шундай урдики, қоядай зўр Зўравор оғриқдан дармонсизланиб гандираклаб кетди. Бҳишан шу пайтдан фойдаланиб, Фавждорга: — Че! Ўнгдан ўт! Че! — деб навбатдаги зарбани қандай беришни ўргатди. Фавждор рақибининг ўзини ўнглашига имкон бермай, олд оёқларига кўтарилди-ю, уни ўнг томондан бор кучи билан тепди. Филбон Гулмуҳаммад тепиш зарби билан ўрнидан қўзғалиб, Зўраворнинг пешонаси уситига оғиб тушди. Шунда Фавждор хартуми билан филбонни бир урди-ю, ерга қулатди. Маҳавациз қолган Зўравор орқага чекинди. Гулмуҳаммад баланд фил устидан ерга чалқанча тушиб, ҳушидан кетди. Фавждор уни босиб, янчиб ташлаши мумкин эди. Шу пайт оташдорлар машъала ёқиб майдонга чопиб кирдилар. Филлар ҳар қанча ғазабнок бўлса ҳам, оловдан қўрқар эдилар. Оташдорлар уларни бир-бирларидан ажратиб, майдон четига чиқишга мажбур қилдилар. Гулмуҳаммаднинг бели синган, боши, қўли қимирлар, аммо ўрнидан тура олмас эди. Xизматкорлар кириб уни кўтариб чиқаётганда Акбарнинг атрофидаги кўкалдошлари ва беклари: — Муборак бўлсин, амирзодам! — дейишди. — Сиз енгдингиз! Филбони йиқилиб тушган томон ютқизган ҳисобланарди. Байрамхон, «ютқизсам оқибати ёмон бўлгай-ку!» деган ўйни аввалроқ хаёлига келтирмаганидан, энди афсус қилди. Чунки унинг атрофидаги бек-у аъёнлар бир лаҳза ҳанг-манг бўлиб жим туриб қолдилар. Нарёқдагилар Акбарни табриклаётгани баралла эшитилди. Акбар эса филбонидан миннатдор бўлиб: — Тасанно, Бҳишан! — дерди. — Бҳишан Чандга бош-оёқ сарупо, бир ҳамён олтин ҳадя қилинсин! Ҳали бу ботир маҳаватга жогир ҳам инъом этгаймиз! Кўпчиликнинг олдида мағлуб бўлганлари Байрамхоннинг ўзидан ҳам кўра, унинг ёнида ўлтирган Валибек, Шоҳқулибек, шайх Гадойиларга оғир ботди. Улар барча мартабалари ва имтиёзларидан айрилиб қолишлари мумкинлигини аниқ сезишди-ю, оловланиб кетишди: — Ғирромлик бўлди, жаноби вакил! — деди Шоҳқули маҳрам. Бу гапни бошқалар илиб кетишди: — Рост, кофир филбон ғирромлик қилмаганда Зўравор енгилмас эди. — Фил қочгани йўқ! — Гулмуҳаммадни майиб қилди, ноинсоф! Шайх Гадойи Байрамхонга юзланди: — Мажусий филбон муслим Гулмуҳаммадни майиб қилиб кетавергайми, жаноби вакил? Бу иши учун мажусий яна мукофот ҳам олса... Эртага барча кофир-у мажусийлар муслимларга қарши бош кўтармагайми? — Ғирром мажусийни жазолаш лозим! — деди Шоҳқулибек. — Ўлдириш лозим! — деди Валибек. Байрамхон ҳеч қандай ғирромлик бўлмаганини ўз кўзи билан кўрган бўлса ҳам, Акбарнинг Гулмуҳаммадга ачинмагани, уни майиб қилган Бҳишан Чандга эса мукофот бергани катта бир адолацизликдек туюлди. Бҳишанни ўлимга буюриш ҳам ортиқча бир шафқацизлик бўлишини оталиғ ҳар қалай сезди. Аммо бу филбоннинг адабини бериб қўймаса, Акбар ва унинг тарафдорлари жуда ҳовлиқиб кетадигандек кўринди. Байрамхон ҳали ҳам тожсиз подшо эканини кўрсатиб қўйгиси келди. Филбон Бҳишан Чанд Гулмуҳаммадни майиб қилганлиги учун Байрамхон уни ўртачароқ бир жазога — ўн беш дарра уришга буюрди. Акбардан мукофот олган ғолиб филбоннинг Байрамхон томонидан жазога буюрилиши — икки орадаги зиддиятнинг қанчалик кескин тус олганини ошкор қилиб қўйди. Одамлар Акбарнинг орага тушишини ва оталиғидан шафқат сўрашини кутдилар. Аммо Акбар ҳозир оғиз очса, оталиғига: «Мен подшомен, бу адолацизлигингиз учун ўзингизни жазога буюришга ҳақлимен!» деб юбориши мумкин. Байрамхоннинг атрофидаги одамлар нақадар шафқациз эканини кўра-била бундай гапни айтиш — ёш боланинг ишини қилиш бўлар эди. Улар Акбарни ҳам бир кечада Турдибекка ўхшатиб ўлдириб юбориши ёки Пирмуҳаммад атканинг аҳволига солишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун Акбар ичидагини уларга сездирмай, зимдан тайёрлик кўриши керак. Ота-боболардан ўтган сабр-бардош унга яна иш берди. Акбар тишини тишига қўйиб индамади, оталиғига бирон оғиз сўз қотмади. Гўё бепарво юриб Зарафшон боғига қайтиб кетди. Фақат кеч кирганда Бҳишан Чанд ҳам боққа келиб, дарра зарбидан моматалоқ бўлиб кетган елкасини очиб кўрсатганда Акбарнинг ғазаби келди. Интиқомга тўла паст товуш билан: — Улар сизни эмас, мени калтаклашди! — деди. — Бунинг қасоси қайтгусидир! Акбар кечаси билан ухлай олмай тўлганиб, Байрамхонни ҳокимият тепасидан қандай кетказишни ўйлаб чиқди. Оталиғи унга доим: «Ёғийни ғафлатда қолдириб, шердай пусиб боришга ўрганинг!» деб таълим берарди. Акбар ана шу ўгитга амал қилди-ю дилидаги ниятини Аградаги бирор кишига сездирмадаи. Унинг учун бехатарроқ жой — Деҳли эди. Энг ишонган кишилари ҳам ҳозир ўша ёқда. Акбар Байрамхонни ҳокимиятдан кетказиш ҳақидаги қарорини Деҳлига бориб эълон қилганда Аградагилар унинг ўрнига Комроннниг ўғлини тахтга чиқармаслиги учун Акбар Абулқосимни бирга олиб кетиши керак. Наврўз яқин эди, Акбар ҳар байрамда онасидан хабар олиб турар эди. У оталиғига шуни осойишта туриб айтди, гўё ораларидан ҳеч бир хафалик ўтмагандай хайрлашишди. Абулқосим эса кўпдан бери Акбарга — Мени Деҳлига бирга олиб кетинг, — деб илтимос қилиб юрар, буни Байрамхон билар эди. Шунинг учун Акбарнинг бу гал амакиваччасини бирга олиб кетаётганидан Байрамхон ортиқча бир шубҳага бормади. «Хайрият, филбонини жазолатганимга унча хафа бўлмабдир, попуги босилиб, дуруст бўлиб қолибдир», деган ўй билан Акбардан ўзича мамнун ҳам бўлди. * * * Бироқ шундан кейинги воқеалар худди дарё тошиб, атрофини сув босгандагидай таҳликали тус олди. Тошқин гоҳо шундай секин бошланадики, қирғоқдан узоқда турган бинолар, боғлоқлик моллар тагига аввал озгина лойқа сув ўрмалаб келади. Бироқ сув сатҳи тўхтовсиз кўтарилиб боради. Тошқин уйларга ёпирилиб киради, лойқа сув ичида қолган қантариғлик отлар нўхтасини узгудай безовта бўлиб кишнайди. Бир вақт қарасангиз, тошқин авжига чиқиб, деворларни қулатади, одамлар ва молларни оқизади, катта-катта пичан ғарамларини лапанглатиб ўрнидан қўзғатади ва кўтариб олиб кетади. Наврўз кунлари Байрамхоннинг хуфиялари Деҳлидан келтирган ахборотлар тошқин сувнинг аввал жимгина ўрмалаб келганига ўхшади. Акбар Кобулдан Мунимхон деган бегини, Бҳирадан Шамсиддин аткани чақиртирибди. Деҳли кутвали Шаҳобиддинга: «Давлатни ўзим бошқармоқчимен, оталиғим истеъфога чиқса майли», деган маънода мактуб юборибди. Ёш йигит, бу гапни Моҳим энага ва Ҳамида бегимлар таъсирида айтган бўлса керак, аммо ҳали давлатни бошқара оладиган даражада тажрибаси йўқлиги Байрамхонга маълум. Шунинг учун вакили салтанат бу гаплардан унча таҳлика-ю саросимага тушмади. Фақат барча вилоят ҳокимлари-ю пойтахтдаги аъёнларни ички кураш бошланганидан хабардор қилиб, махфий мактублар юборди: «Акбар мирзони сиз-у бизга қарши қўзғатаётган ғанимларимиз хуруж қилмоқда. Деҳлидан нохуш хабарлар олдик, навкар-у қурол-аслаҳани тайёр тутинг, майдонга чиқиш зарур бўлганда махсус фармон юборгаймиз, иншоолло, бизга қасд қилганлар паст бўлғай!» Махфий девоннинг Муборак исмли бошлиғи Акбарга содиқ киши эди, Байрамхон ёздирган бунга ўхшаш хатлардан нусхалар кўчиртириб, деҳлига яшириқча юбориб турди. Оталиғнинг ҳар бир қадами Акбарга маълум эканини Байрамхон ҳамал ойининг бошларида Акбар Деҳлидан юборган мактубдан билди. Майин ипак қоғозга ёзилган бу мактуб Байрамхонга уйларни босиб йиқитадиган ва одамларни оқизиб кетадиган даҳшатли бир тошқиндай таъсир қилди. «Муҳтарам Байрамхон жанобларига» — деб бошланган биринчи сатрданоқ кучли тўфон Байрамхоннинг «оталиғ, вакили салтанат, хони хонон» деган юксак унвонларини чўктириб юборгандай туюлди. «Сизнинг бобурийлар хонадонига қирқ йил давомида қилган буюк хизматларингиз оламга машҳурдир. Ҳазрат отам билан биз сизнинг яхшиликларингизни доим муносиб равишда тақдирлашга интилдик, даргоҳимизда энг юксак эъзозда бўлдингиз, кўнглингиз тилаган кўп нарсаларга эришдингиз, биз ёш бўлганимиз учун тўрт йилдан бери вакили салтанат лавозимида давлатни бошқардингиз». Акбар «бунинг ҳаммаси энди ўтмишга айланди» дегн оҳанг билан ёзгани Байрамхонни ларзага келтирди. Наҳотки буни Акбар ўзи ёзган бўлса? Моҳим энагами? Ҳамида бегимми? Йўқ, мана, сатрлардан гўё Акбарнинг ўз овози эшитила бошлади, Байрамхон бу овозни таниди: «Оталиғ лавозимида бизга берган тарбиянгиз, ўргатган сабоқларингиз умрбод ёдимиздан чиқмагай. «Бизнинг ҳаммамиз ҳақ олдида бўйин эгурмиз, адолатни отамиздан ҳам баланд қўймоғимиз керак», деган сўзларингиз хотиримга нақшланиб қолган. Мен шу эътиқодга таяниб иш қилмоқдамен. Минг афсуски, сўнгги пайтларда манфаатга берилган ғаразли одамлар сизни ўраб олди. Шоҳқулибек сизга энг яқин маҳрам бўлди, у билан Валибек иккови ўзларини подшодан ҳам баланд тутиб, биз билан от устида туриб обрў талашганда, бу одобсизликка чек қўймадингиз. Бошқаларга лак-лак инъомлар бериб саховат кўргаздингиз, бизнинг шахсий харажатларимиздан маблағни тежаб, муте қилиб қўйдингиз. Қайси бирини айтайки, ёмон одамларни эъзозлаб, бизга энг яқин кишиларни туҳмат билан жазолатдингиз». Акбар ичига ютиб юрган барча аламларини энди бирдан тўкиб солган, тўғон очилганда сув қирғоқларини босгани каби, Байрамхоннинг вужудини ички туғён чулғаб олди. Акбар барча гина-кудуратларини айтиб бўлгач: «Сўз кор қилмаслигига қайта-қайта амин бўлганимдан сўнг, ҳокимиятни ўз илкимга олишга қатъий қарор бердим, — деган эди. — Бугундан эътиборан хазиначига фармон юборилдиким, бизнинг муҳримиз ва рухсатимизсиз ҳеч кимга бирон танга пул берилмасин, барча давлат маҳкамалари фақат бизнинг кўрсатмамиз билан иш олиб борсинлар. Сиз менга давлат ишларидан чарчаганингизни, тинч бир гўшада дам олгингиз борлигини, ҳажга бормоқчи эканлигингизни айтган эдингиз. Энди бу ниятларингизни бемалол амалга оширмоғингиз мумкин. Сиз жаҳонда танилган бадавлат одамсиз, атрофингиздаги манфаатпарастлардан тезроқ холос бўлмоғингиз учун ҳажга боришингиз мақсадга мувофиқдир. Сизнинг бехатар ҳаж қилиб келишингиз учун зарур бўлган барча қўриқчилар тайин этилгусидир, ҳамма эҳтиёт чоралари кўрилгусидир. Фармон бердикким, сизнинг мол-у мулкингизга ҳеч ким дахл қила кўрмасин. Қандаҳор ҳам жогирингиздир. Уй-жойингиз, хизматкорларингиз — ҳаммаси ўз ихтиёрингизда қолғай. Агар бизга имкон берсангиз, сизни ҳамиша отамиз ўрнида эъзозлагаймиз, барча тажовузлардан ҳимоя қилгаймиз. Сиз мени қатъиятга ўргатгансиз. Шогирдингиз ўз вазифасини адо этишга қатъий киришганда, бундан хафа бўлмассиз, балки ёрдам бергайсиз деган умиддамен»... Бир пайт Ҳожи Муҳаммад Сейистоний саросима аҳволда Байрамхоннинг олдига кириб, ўзининг вазирлик лавозимидан бўшатилганини айтди ва Акбарнинг бу ҳақидаги махсус фармонини кўрсатди. Кўп ўтмай жума намозидан қайтган шайх Гадойи: — Э-воҳ, бизни ҳам садрлар судури лавозимидан бекор қилдилар! — деб титраб-қалтираб хабар берди. — Суннийпарастлар мени «рофизий» деб тошбўрон қилишларига сал қолди. Шайх Ансорий суннийларни бизга қарши қўзғатиб, ўзи ғолиблардек тантна қилмоқда! Бу не бедодлик, жаноби Байрамхон?! Сизни Акбар вакили салтанат лавозимидан олиб ташлаганини Ансорий масжидда йигирма минг намозхонга эълон қилганда, душманларингиз: «О-о! Xудога шукур!» деб юбордилар. Шоҳқули маҳрам ҳам барча имтиёзларидан маҳрум этилганлиги ҳақида фармон олди-ю, уни йиртиб-йиртиб оёқлари билан тепкилади: — Мана, мана, Акбарнинг фармони! Биз унинг ўзини тахтдан ағдаргаймиз! Ўрнига бошқа темурийзода топилгай! Шоҳқули маҳрам Комроннинг ўғли Абулқосимни излай бошлади. Шунда Байрамхон Абулқосимни Акбар Деҳлига олиб кетганини эслади... Зимдан пухта тайёрланган бу тўнтариш Байрамхонни эсанкиратиб қўйди. Селдай ёпирилиб келаётган ўзгаришларни таҳлил қиладиган аҳволда эмас, нуқул куйиб ёнади. Атрофидагилар эса бутун айбни Акбарга тўнкаб, оловга мой сепгандай исёнкор гаплар қилишади: — Бу қутурган амирзоданинг жазосини бермоқ керак! — Ҳажга ўзи борсин! — Ахир ҳаж йўлида ўлдирилганлар озми? Байрамхон барча яқинларига ва оила аъзоларига дарҳол кўч йиғиштиришни буюрди. Муҳташам кўшкларда, Ҳашт Биҳишт боғининг чаманзорлари орасида даврон суриб юрган мингдан ортиқ одам бугун худди уй-жойларини сув босаётгандай шитоб билан Аградан кўча бошладилар. Байрамхон Акбардан хат келтирган Адҳамхонни чақирди ва унга ўзининг қисқагина жавобини тутқазди: «Амирзода! Мен ҳаж йўлида ҳалок бўлишни истамаймен. Отангиз Қандаҳорда эканида инилари уни ҳажга жўнатмоқчи бўлишганини онангиз Ҳамида бегим яхши эслацалар керак. Сиз ўшанда бешикда эдингиз. Отангиз ҳажга боришнинг ўлим билан тугашини билгани учун ҳатто бешикдаги ёлғиз ўғлини ташлаб, Қазвинга кетган ва ўша ёқларда жон сақлаган эди. Уни ҳажга қувмоқчи бўлганлар — охир-оқибатда ўз қилмишларининг жазосини олганлари сизга маълум. Бу аччиқ сабоқни унутиб бўлмагай. Мен сизга меҳримни бердим, фарзандимдан зиёд кўрдим. Оқибат шу бўлдими?» Байрамхон хатининг охирига аламли бир рубоийсини илова қилди: «Аввал мени хизматингга маҳрам қидинг, Базминг аро ҳамзабону ҳамдам қилдинг, Охир яна илтифотни кам қилдинг Расвойи тамоми аҳли олам қилдинг». * * * Адҳамхон кўка бу жавобни деҳлига етказиб борганда Байрамхон Жамна ва Ганга оралиғидаги дуоба[19] йўллари билан Лахўрга қараб кетмоқда эди. Унинг одамлари: — Сиз Лахўрга киришингиз билан Лахўрнинг бек-у навкарлари Акбарга қарши бош кўтарурлар! — деб ишонтирган эдилар. Савр ойининг исиқ кунларида салкам олтмиш ёшли Байрамхон ҳар куни отда эллик милдан[20] йўл босиб, тўрт кунда Сирҳиндга яқинлашди. Бу орада Акбар ва Пирмуҳаммад аткалар Деҳлидан йўлга чиқишган экан. Лахўрга Деҳли яқинроқ бўлгани учун улар Сирҳиндга олдинроқ етишган ва Лахўрнинг йўлини тўсишга улгуришган эди. Бҳирадан Шамсиддин атка одами билан Акбарга келиб қўшилди. Шарқдаги Калпидан келган Алиқулихон жанубдаги Малвадан чақирилган Баҳодирхонлар ҳам Акбар томонига ўтганлиги маълум бўлди. Байрамхон яккаланиб қолди. «Панжобда ҳамма бизга қўшилиб исён қилгай!» деган кароматлар ёлғон чиқди. Тўрт кун қаттиқ иссиқда шоша-пиша йўл юришдан хотинлар ва болалар уриниб, касалланиб қолишди. Бундан нарида хавф-хатар беҳисоб. Шунинг учун Байрамхон Салима бегимни, Нозия бибини, тўрт яшар Абдураҳим ва бошқа бола-чақаларини Сирҳиндда қолдирди-да, ўзи мингдан ортиқ содиқ кишилари билан жануби шарқдаги Биканирга йўл олди. Орқадан Акбарнинг тўрт саркардаси бирлашиб, Байрамхонникидан уч баробар катта қўшин билан таъқиб этиб келмоқда. Шу орада чопарлар Байрамхонга Акбарнинг яна бир мактубини келтириб беришди. «Бизнинг саройимиз ҳам, дилимиз ҳам сиз учун ҳамон очиқ, — деб бошланарди Акбарнинг мактуби.— Сиз замонанинг энг буюк донишманд сиймоси бўлганингиз учун биз сизни хонбобо деб улуғлар эдик. Ўша эҳтиромимиз ҳали ҳам йўқолган эмас. Кучлар нисбатини кўриб турибсиз. Агар сиз енгилсангиз, мен учун ҳам бу қора кун бўлғай. Чунки ота-боладай одамларнинг бир-бири билан жанг қилиб, қон тўкишини худо ҳам кечримагай, тарих ҳам. Очиқ айтай: мен сиз билан урушишни истамаймен. Биринчи бўлиб ўқ отмаслик ҳақида фармон берганмен. Сиздан илтимос, адоват йўлидан қайтинг. Бир вақтлар менинг ҳазрат отамни инилари билан яраштирган пайтларингизни эсланг. Оға-ини адоватига астойдил қарши турган масъуд дамларингизни менга сўзлаб берганларингиз ёдимда турибдир. Ҳажга боргингиз келмаса саройга қайтинг, биз сизни энг юксак эъзоз билан кутиб олгаймиз, барча унвонларингизни тиклагаймиз». Бу мактуб таъсирида Байрамхоннинг Акбар билан ота-боладай яқин бўлган пайтлардаги илиқ туйғулари уйғонди. «Ўзим элчи бўлиб, ўринсиз адоватларни бартараф қилиб юрган эдим-ку, энди менга не бўлди?» деб дилидаги кудуратни босишга уринди. Аммо бек-у аъёнларини машваратга чақириб, уларнинг фикрларини эшитган сари яна авзойи ўзгара бошлдаи. — Биз таслим бўлсак, Пирмуҳаммад атка қасос олмагунча тинчимагай! — деди Валибек. — Акбарга билдирмай ўлдириб юбориш иликларидан келмагайми? Шайх Гадойи сўз олди: — Бу мактубни ҳам Пирмуҳаммадга ўхшаган айёр тулкилар ёзган! «Адоват йўлидан қайтинг» эмиш. «тарих ҳам, худо ҳам кечирмагай» эмиш! Ёш йигит отасидан катта Байрамхонга бундоқ ақл ўргатгани кулгили эмасми? Яқин одамларининг бу гаплари ҳам Байрамхонга асосли туюлди. Акбар ўзи Ҳисор Феруз деган жойда тургани маълум. У Байрамхон билан урушишни ўзига эп кўрмаётгани рост бўлиши мумкин. Лекин ҳозир Акбарнинг қўшинига Пирмуҳаммад атка бошчилик қилмоқда. Байрамхон Акбарга ёзган жавобида: «Сиз менга қарши турган тўғонларни очиб юбордингиз, энди бу тошқинни ўзингиз ҳам идора этолмагайсиз! — деди. — Мен Пирмуҳаммад атка кабиларга таслим бўлиб, хор-зорликда ўлгандан кўра жанг майдонида мардона ҳалок бўлишни афзал кўргаймен». Акбар бу жавобни олгандан сўнг, олдинги сафга Пирмуҳаммадни эмас, Шамсиддин аткани қўйди ва «иложи борича урушманг!» деб фармон берди. Пхилаур деган жойда Шоҳқули маҳрам бошлиқ қизилбошлар Шамсиддин атканинг қўшинига тўсатдан ҳужум қилди. Шамсиддин атка Акбарнинг буйруғига бўйсуниб, ўқ отмади ва чекинди. Аммо «ёғий мағлуб бўлиб чекинди» деб руҳи кўтарилган Шоҳқули маҳрам ҳужумни янада кучайтирди. Гунакур деган жойда Шамсиддин аткага Пирмуҳаммад ва Алиқулихонлар ўз қўшинлари билан ёрдамга етиб келдилар. Улар Шоҳқулибекни уч томондан қуршаб олиб, қилич билан чопиб ташладилар. Байрамхон бошқа содиқ кишиларини қутқариш учун ёв отлиқларига қарши элликта маст филни жангга солди. Бироқ бу филларни миниб бораётган филбонлар орасида кекса Лаъл Чанднинг тарбиясини олган, унинг ўғли Бҳишанга дўст бўлган, шу туфайли Акбарга зимдан ён босадиган ҳинд маҳаватлари бор эди. Улар маст филларнинг йўл танламасдан ботқоқлик орқали ҳужумга бораётганини сезсалар ҳам, ўзларини сезмаганга солдилар. Олдинги филлар ботқоққа ботиб юролмай қолдилар. Орқадагилари бошқа ёққа бурилиб, то ботқоқликни айланиб ўтгунларича Пирмуҳаммад атка ва Алиқулихонлар Валибекни ҳам, Байрамхоннинг бошқа юзлаб бек-у навкарларини ҳам қириб ташладилар. Байрамхон қолган қутган озгина одами билан тоғ томонга чекинди ва қоятош устига қурилган Тилвор қалъасига кириб, унинг дарвозасини бекиттирди. Қасоскор Пирмуҳаммад атка қалъани уч минг қўшин билан ўраб олди. Аграда бошланган сув тошқини гўё шу тоғларгача кўтарилиб келгандай бўлди. Қалъа ночор, заҳира йўқ, Байрамхоннинг элликтагина одами қолган. Пирмуҳаммад атка бошлиқ қўшин бу қалъага селдай ёпирилиб кириши ва Байрамхонни ҳалок этиши ёки асир олиб, қўлини орқасига боғлаб чиқиши муқаррар эди... Бу даҳшали тошқинни бошлаган Акбар уни чиндан идора этолмай қолди-ю, узоқдан туриб, Байрамхонга яна ёрдам қўлини чўзди. Оқ байроқ кўтарган элчи Акбарнинг қисқагина мактубини қалъага олиб кириб, Байрамхонга топширди. Xатнинг бошидаги: «Хонбобо! — сўзи Байрамхонга масъуд кунларини эслатиб, вужудига нурли бир ҳарорат бергандай бўлди.— Ишонинг, хонадонимизга қилган аввалги яхшиликларингизни мен кейинги дилсиёҳликларнинг барчасидан баланд қўйгаймен. Сизнинг қонингизга ташна қасоскорлар борлиги рост. Менга имкон беринг, сизни уларнинг тажовузидан қутқарай. Не шартингиз бўлса, айтинг, фақат энди адоватни бас қилайлик, бошқа қон тўкилмасин. Бу фармон эмас, балки илтимос!» Байрамхон Акбар чўзаётган қўлни бу гал қайтаролмади. Акбар уни фақат вақтинча қутқариши ва ҳимоя қилиб туриши мумкин, Байрамхон буни биларди. Аммо лашкарбоши бўлиб олган Пирмуҳаммад атка Байрамхонни йўқ қилмагунча тинчимаслиги аниқ эди. Жавоб хатида Байрамхон Акбарга фақат биттагина илтимосини айтди: «Пирмуҳаммад атка мендан иложи борича узоқда юрсин. Мунимхон, холисроқ одам келиб мени ҳузурингизга олиб борса, қайтишга розимен». Орадан икки кун ўтгач, Тилвор қалъасини қамал қилиб ётган қўшин Акбарнинг фармони билан Аграга қайтарилди. Олтмиш яшар нуроний мўйсафид Мунимхон Байрамхонни Тилвордан олиб чиққанда сув тошқини гўё босилган, ҳаммаёқ тинчиб қолган эди. * * * Бир вақтлар Ҳумоюннинг Комрон билан ярашган пайтини кўрган Акбар, саройга Байрамхон қайтадиган пайтда оёқ тагига чиройли пояндоз тўшатди. Байрамхон шу пояндоз олдига келиб отдан тушди-ю, Акбарнинг тахти қўйилган жойгача юз қадам масофани қирмизи пояндоз устидан юриб борди. Акбарга яқинлашганда бир тиззасини ерга қўйиб юкунмоқчи бўлди. Шунда Акбар унга пешвоз чиқиб, қўлидан олди-да, ўрнидан турғазди, унга қучоқ очиб: — Xонбобо! — деди. Бу қадар илиқ муносабатни кутмаган Байрамхон Акбарни бағрига олиб, юзини унинг елкасига босдида, йиғлаб юборди. — Амирзодам!.. Ўша минг отлиқ арава.. мени олиб қочиб кетган экан... Кейин билдим... — Ўтган ишга салавот! — деди Акбар ва атрофларини ўраб турган бек-у аъёнларига юзланди. — Жаноблар, бугундан эътиборан оталиғимизнинг хони хонон унвонлари қайта тикланди. Ҳаммангиз хони хонон жанобларини бизнинг маънавий отамиз ўрнида кўриб, муносиб равишда эъзозлагайсизлар! Эртаси куни шу маънода махсус фармон ёзилиб, барча вилоятларга юборилди. Сўзда Байрамхоннинг аввалги мавқейи тикланди. Лекин амалда Байрамхоннинг рақиблари Акбарнинг пинжига кириб олишган. Мавқейи баланд Пирмуҳаммад атка Байрамхон билан яккама-якка дуч келиб қолса аччиқ киноялар қилади: — Xони хонон жаноблари бизни бир пиёла сув каби чимчилоқлари билан тўкиб-сочиб юбормоқчи эдилар... Лекин тақдир экан, акси бўлди!.. Байрамхонни ҳокимият ҳовлиқтирган пайтида чиндан катта кетиб айтган гаплари энди уни ўсал қилади-ю, атканинг бу кинояларига дафъатан, жавоб тополмайди. Аммо уйга қайтганда, дардини қоғозга тўкиб шеър ёзади: Байрамхонга басе ғариблик кор этди, Ғурбат ани хор-у зор-у бемор этди. Ё рабки, балоларга гирифтор ўлсун Ҳар кимки ани ғамга гирифтор этди. Душманлари саройда яна унинг устидан кулмоқчи бўлганларида Байрамхон шу ўткир сатрларни уларга гўё найза қилиб отди. шеърий найза Байрамхонни хор-у зор қилиб аламдан чиқаётган Пирмуҳаммад атканинг қулоғига етганда унинг жони чиқиб кетди: — Бу — қарғиш-ку! — деди атка ва шеърни яхшилаб кўчиртирди-да, Моҳим энагага элтиб кўрсатди: — Қаранг, биз Байрамхонни амалидан туширганимиз учун ҳаммамизни «балоларга гирифтор бўлинглар!» деб қарғабдир! — Фақат бизни эмас, подшоҳни ҳам қарғаган! — деди Моҳим. — Ахир Байрамхонни ҳокимият тепасидан ағдариб ғамгин қилган энг улкан одам Акбаршоҳ эмасмилар?! — Нақадар доносиз, Моҳим! Подшоҳимизни бу шеърдан ўзингиз огоҳ қилинг, оталиғининг чаёндай чақишини билиб қўйсинлар! Моҳим энага ҳозир Акбарнинг энг ишонган кишиси бўлиб қолган эди. Байрамхоннинг шеъри саройда қанақа гап-сўзларга сабаб бўлаётганини Акбарга айтиб берди: — Байрамхонга шунча яхшилик қилсангиз ҳам, қарғишини қўймайдилар! Илоҳим сиз-у бизга тилаган балолари ўзига урсин! Акбар Моҳим энагага болалигидан ишониб ўрганган. Энаганинг шу изоҳи таъсирида Байрамхоннинг шеъри унга ҳам қарғишдай туюлди. Оталиғи ўзининг бошига ўзи кулфат келтирганини нега ўйламайди? Агар уйида Салима бегим ҳам Байрамхонни ғамга гирифтор қилаётган бўлса, буни нега ўзидан кўрмай, бошқаларга ёмонлик тилайди? Шу гаплар таъсирида Акбар билан Байрамхоннинг орасига яна совуқлик тушди. Байрамхонни ҳажга жўнатиш ҳақидаги гап қайта қўзғалди. Акбар бу гапга на «ҳа», на «йўқ» демас, лекин унинг сукути — ризолик аломати эканини кўпчилик сезади. Байрамхон фисқ-у фасодга тўлган саройдан кетмаса бўлмаслигини сезди-ю, одамларига кўч йиғиштиришни буюрди. Жўнашига бир кун қолганда Акбарнинг хонайи хосига кирди. Акбар унинг ғамгин ва касалманд юзига қараб ўнғайсизланди. — Наҳотки бизни бутунлай тарк этмоқчи бўлсангиз? Ахир биз... сизнинг кўмагингиздан... яхши маслаҳатингиздан умидвор эдик. — Маслаҳатгўйларингиз етарли, амирзодам. — Аммо бу ҳокимият... сиз айтган минг отлиқ арава... Мени шошириб қўймоқда!.. Уни олишдан ҳам бошқариш мушкул экан... Акбар энди ёшликдагидек самимий гапиргани учун Байрамхон ҳам унга илиқ жавоб берди: — Ота-боболарингизга умр бўйи азоб берган бу арава ҳали сизнинг бошингизга ҳам кўп кулфатларини солса керак. Маслаҳат шулки, тизгинларни мендан тортиб олдингиз, энди бошқаларга берманг. Мендек одамни ҳовлиқтирган ҳокимият Моҳим энагадек аёл кишини ёки Адҳамхондек йигитчани хато йўлларга олиб кириб кетиши ҳеч гап эмас. Аравани ҳайдайдиган одам унинг устида ўлтирса ҳам, «аравакаш», яъни аравани тортиб борувчи ҳисобланадур. Кеча-ю кундуз шу минг ғилдиракли аравани ўзингиз тортиб бораётгандек меҳнат қилмасангиз муродга етолмагайсиз. Ҳамма ишда танаффус бўлмоғи мумкин, аммо ҳокимият араваси кеча-ю кундуз тинимсиз юргай, сал бехабар қолсангиз манфаатпарастлар уни бошқа томонга буриб кетгайлар ёки ташқи ғанимлар ғафлат пайтида келиб тортиб олгайлар. Акбар Байрамхоннинг сўзларида катта бир ҳақиқат борлигини дил-дилидан сезиб, оғир тин олди: — Бу сўзларингизни ҳам, менга қилган барча яхшиликларингизни ҳам унутмагайменг, хонбобо. Мендан не талабингиз бор, буюринг, бажонидил адо этай! Байрамхон бошини солинтириб бир лаҳза жим қолди. Акбарнинг дил ёриб гапиргани унга ҳам энг яширин дардини айтиш имконини берди: — Сиз ёш бўлсангиз ҳам, ҳозир менга сирдошсиз. Ёшликда берган кўнгил унутилмас бир бало бўлур экан. Кексайганимда ёшлик оловини дилимда қайтадан ёндирмоқчи бўлдим. Лекин бу мумкин эмас экан... Ўзимни ҳам, Салима бегимни ҳам беҳуда азобларга қўйганимни кейинроқ фаҳмладим. Нозия биби — ўғлим Абдураҳимнинг онаси... Менга меҳри яхши... Уни бирга олиб кетгаймен. Салима бегим Аграда қолгай... Менинг душманларим нақадар кўплиги сизга маълум. Агар куним бица... умидим борки, Салима бегимни сиз ҳимоясиз қолдирмассиз... Бўғиқ товуш билан васиятга ўхшатиб айтилган бу сўзлардан Акбарнинг эти жимирлаб кетди: — Xонбобо, сизни тангрим ўзи асрасин! Мен сизга керагича қўриқчилар бергаймен, сафарингиз бехатар бўлиши учун барча чораларни кўргаймиз. Аммо албатта қайтиб келинг, биз сизни кутгаймиз! Байрамхон бош чайқади: — Энди қайтолмасам керак! Энди қолган умримни шоир бўлиб ўтказмоқчимен. Мен туркман элиданмен. Шу элга қайцам, зора элдошларим мени ўзларининг шоирлари деб қабул қилсалар... энди... алвидо! Улар маъюс видолашдилар. * * * Бир вақтлар Зарафшон боғида боғбон бўлган Муборизхон (аввалги Афзалбек) Акбар ва Пирмуҳаммаднинг гапларини Байрамхонга етказиб юриб унинг яқин одамига айланган эди. Бироқ Байрамхон енгилиб, Акбарга энг яқин одам — Адҳамхон ва унинг онаси Моҳим энага бўлиб қолганини кўрган Муборизхон, ҳамон Байрамхоннинг хизматида юрган бўлса ҳам, энди унинг ички сирларини Адҳамхонга етказиб турди ва унинг содиқ хуфиясига айланди. Адҳамхон келажакда Байрамхон каби вакили салтанат бўлиш орзусида эди. Бунинг учун аввал Байрамхонни, ундан сўнг Мунимхонни йўқ қилиш фикрига тушган. Муборизхон шу режаларни амалга оширишда унга астойдил хизмат қилса Адҳамхон уни ҳалигача ушалмай келаётган орзуларига етказиши, катта амал ва мулк инъом этиши мумкин. Муборизхон Байрамхоннинг энг ишончли хизматкорлари қаторида сафарга бирга чиқди. Адҳамхон унга Аҳмадободдан наридаги Патан шаҳрининг кутвали Мусахон Пулодий билан яширин алоқа боғлашни буюрди. Патан Гужарат подшосига қарар, бу ерда Акбарнинг ҳукми ўтмас эди. Адҳамнинг ошнаси Мусахон эса Аграда Байрамхон билан чиқишолмай, порахўрликда айбланиб, тўрт йил бурун Патанга кетиб қолган, аммо Адҳамхон билан ҳалигача мактуб ёзишиб турар эди. Энди Адҳамхон билан Пирму-ҳаммад атка Байрамхонни Патанда ўлдириш режасини шу Мусахон билан тил бириктириб туздилар. Муборизхон икки орада махфий воситачи вазифасини ўтади. Режани бевосита амалга оширадиган қотиллар — бундан беш йил олдин Сирҳинддаги жангда буйруқни бажармагани учун Байрамхон томонидан қатл эттирилган Музаффар Лоҳанининг қариндошлари орасидан танланди. Байрамхон ҳажга борадиган мўйсафидлар каби оқ сўф[21] ридо кийган, қурол-яроғи йўқ. Унинг шуҳрати бутун Ҳиндистонга тарқаган, Ажмир ва Аҳмадобод орқали Патангача бўлган бир ойлик йўл давомида Байрамхонни яқиндан бир кўришга, унинг икки оғиз сўзини ёки бирон байт шеърини эшитишга иштиёқманд одамлар тўда-тўда бўлиб атрофини ўраб олишар эди. Тўпланганлар орасида, албатта, унинг бошига тушган кулфатлар ва мағлубиятларни ҳам эшитган, «ҳокимиятдан қувилган катта амалдорнинг аҳволини бир кўриб қўяйлик!» деб совуқ синчковлик билан тикиладиган нохайрихоҳлар ҳам йўқ эмас. Байрамхон айниқса шуларни ёмон кўрарди. У шон-шуҳратнинг оғир юкидан ҳам безган, иложи бўганда ёлғиз сайр қилгиси, янги шеърлар ва достонлар ҳақида ўй сургиси келарди. Патан кутвали Мусахон Пўлодий эски хафагарчиликларни унутгандай бўлиб, Байрамхонни гўё илиқ қарши олди, унга шаҳар четидаги кўкаламзор ва хилват ўрмонзорларни кўрсатди. Шимолий ўлкаларда қиш чилласи бошланган бўлса ҳам, Патанда ҳаво худди кўклам пайтидагидек, сўлим, ғарб томонда унча узоқ бўлмаган денгиздан сарин шабада эсиб турарди. Байрамхон мана шу гаштли ҳавода ўрмон ичида ёлғиз сайр қилишга чиқди. Жамол ва бошқа қўриқчи йигитларига жавоб бериб юборди. Байрамхоннинг ёнида фақат «садоқатли» Муборизхон қолди. У эса Музаффар Лоҳанининг ўғли Муборак билан яшириқча учрашиб тил бириктириб қўйган эди. Сербарг жамн[22] ва амалбед[23] дарахтлари орасидан йигирма-ўттизта одам чиқиб кела бошлаганда Байрамхон: «Синчков томошабинлар шу ерда ҳам тинч қўйишмайди-я!» — деб хиёл ранжиди. Аммо атрофини ўраб келаётган одамларнинг важоҳати қўрқинчли эканини кўриб сесканиб кетди. — Муборизхон! — деб ҳамроҳини чақирди. Бироқ Муборизхон уни хундор душманларига тутиб бериб, ўзи аллақачон ғойиб бўлган эди. Байрамхон йигитлардан бирининг қўлида совуқ йилтираган икки учли ханжарни кўрди. «Жамудхар» деб аталадиган бу даҳшатли ханжарнинг сопи қайчиникига ўхшар, икки учи баданга санчилгач, ҳар икки дастаси бармоқлар билан қисилар ва аъзоларни қайчидай қирқиб, қиймалаб, одамни тил торттирмай ўлдирарди. Байрамхоннинг саросимали хаёлида Панипатдаги чодирда ўлдирилган Турдибек гавдаланди. Унинг ҳам биқинига мана шунақа икки тиғли ханжар санчилганда, бечора кўзлари косасидан чиққудек қийналиб, инграб жон берган эди. Аммо ҳозир икки учли жамудхар баланд бўйли мўйловдор афғон йигити Муборак Лоханининг қўлида эди. — Менинг отамни сен Сирҳиндда қилич билан чопдирган эдинг, қотил! — деб Муборак жамудхар тутган қўлини баланд кўтарди. — Энди қасос қайтгай! Байрамхоннинг назарида, икки тиғ унинг икки кўзига санчиладигандек кўринди. Байрамхон қўллари билан юзини тўсди-да, кетига тисарилди. Орқадан бостириб келган йигитлар уни Муборак томонга қаттиқ итариб юбордилар. Байрамхон чирпирак бўлиб учиб, Муборакка елкаси билан урилди. Шу пайт икки тиғли ханжар унинг икки кураги остига ғарчиллаб санчилди... Қон тўкиб қутурган қотиллар Байрамхоннинг хотини билан боласини ҳам ўлдирмоқчи ва бор-будини таламоқчи бўлдилар. Лекин Жамол бошлиқ туркман йигитлари Нозия биби билан Абдураҳимни Патандан соғ-саломат олиб чиқиб кетдилар. Байрамхонни қонга беланган кийими билан салласига ўраб Патанда шаҳидлардек дафн этдилар[24]. Отасидан айрилиб Аграга йиғлаб қайтган Абдураҳимни Акбар қўлига кўтариб, бағрига босди: — Мендан ҳам хатолик ўтди, оталиғимни ҳажга юбормасам бўларди!.. Энди отангга узолмаган қарзларимни сенга узгаймен, Абдураҳимжон! Акбар бугунги бош вазир Мунимхонга буюрди: — Махсус фармон ёздиринг: Абдураҳимни мен фарзандликка олурмен. Подшоҳ ўғлига қандай кийим-у таом, қанча хизматкор-у улуфа лозим бўлса ҳаммаси тайин этилсин. Ҳали Акбарнинг ўзи фарзанд кўрмаган ўн тўққиз ёшли йигит бўлгани учун у Абдураҳимни фарзандликка олгани баъзиларга эриш кўринди. Лекин унинг энг яқин кўкалдоши Азизхон Абдураҳимга бек атка қилиб тайин этилди. Гулафшон боғи соқчи ва хизматкорлари билан Абдураҳимнинг ихтиёрига берилди. Агранинг энг фозил одамлари Абдураҳимни шаҳзодалардай тарбиялаб парвариш қила бошладилар. Байрамхонга аза тутиб қора кийган уч хотинидан бири Салима бегим бўлди. Акбар оталиғининг Аградаги уйига фотиҳага борганда ичкари ҳовлига кириб Салима бегимдан кўнгил сўради. Ҳамида бегим Салиманинг олдида ўтирган экан. Ёш бева юм-юм йиғлаб деди: — У киши ўлгунча мен ўлсам бўлмасдими? Кошки бизда ҳам сати[25] одати жоиз бўлса, мен ҳам ўша оловда куйиб кул бўлганим яхши эди! Энди ўн саккиз ёшга кирган жувоннинг бунчалик куйиниши Ҳамида бегимни таажжубга солди: — Вой, Салимажон, сизга не бўлди? Ҳали гулдай ёшлигингиз турибдир... — Очилмай сўлган гул энди кимга керак, ҳазрат бегим?! Бахтим қора бўлмаса шу кунлар бошимга тушармиди?! Акбар Салиманинг нега бундай деяётганини тушуниб турарди. У энди ўзини Акбарга номуносиб сезиб шунчалик куюнмоқда эди. Лекин Акбарга у ҳали ҳам аввалгидай гўзал кўринар, унинг дардини Акбар дил-дилидан сезгани сари кўнгли бузилиб, томоғига ёш тиқилиб келарди. — Салима, — деб Акбар овози олиниб гапирди, — мен сизни ўшанда ҳимоя қила олмадим... Ўзимни ҳалигача гуноҳкор сезурмен... Вақти келгай, бу гуноҳимни албатта ювгаймен.. Тупроғимиз бир жойдан олинган, толеимиз ҳам бир бўлғай!.. Бу гаплар Салима бегимга тасалли берди, аммо Ҳамида бегимни ўйлантириб қўйди. Наҳотки Акбар шу бевани олмоқчи бўлса? Байрамхоннинг йигирмаси, қирқи ва бошқа маросимлари ўтгач, Салима азадорлик кийимларини ечди. У Ҳашт Биҳишт боғида кузги гуллар қийғос очилган пайтларда бодом гулли қабо кийиб юрганини Акбар кўрди-ю, онасининг олдига борди. Томоқ қириб, ийманиб гап бошлади: — Бир вақтлар Салимани келин қилиш орзусида эдингиз, онажон... Ҳамида бегим афсус билан: — Насиб қилмаган экан-да, — деди. Акбар ҳозир отасидан ҳам дуркун ва кўҳли йигит бўлган. Салима бегим Байрамхонга узатилган йиллари Ҳамида бегим ўғлига марҳум Ҳиндол мирзонинг қизи Руқия бегимни олиб берган эди. Лекин Акбар унга кўнгилсиз, уч йилдан бери фарзанд ҳам кўришмади. Ҳамида бегимнинг невара кўргиси келади. Акбар шоҳлик удумига биноан яна уйланиши мумкин. Ҳамида бону Салимани илгари суйган бўлса ҳам, энди «тақдири қўшилмаган экан, Акбардай йигитга бевани олиб бераманми?» деб яқинлаштиргиси келмайди. Бироқ Акбар Салимага кўнгли борлигини онасига айтиб: — Мен уни ўз... ҳимоямга олмоқчимен, — деди. — Одамлар не деса десинлар. Аммо хонбобонинг душмани кўп, аламини Салимадан оладиганлар ҳам топилгай. Xонбобонинг ўзи буни менга айтиб кетган эди. Унинг рўйи-хотири учун ҳам Салимани ҳимоя қилмоғим керак. — Биламен, сиз олижаноб бўлмоқчисиз. Лекин кўнгил иши нозик, Акбаржон... Уч йил бировнинг никоҳида бўлган бева... Акбар озорланиб деди: — Буни менга эслатманг! Бошқалар шундай деса ҳам сиз билан биз ҳақиқатни биламиз-ку... Салима бизни деб ўша даргоҳга кетгани наҳотки эсингиздан чиққан бўлса? «Яхшиликни қайтариш осон эмас, бу ҳам қурбон талаб қилгай», деган гапни ўзингиз менга айтган эмасмидингиз? Ҳамида бегим энди ўзининг шу гапига амал қилмай иложи қолмади ва тўй тайёрлигига киришди. маълум сабабларга кўра тўй шовқин-суронсиз, камтаргина бўлди. Ҳашт Биҳишт боғининг устида юлдузлар чарақлаб, етти кунлик ой уфққа оғиб тушаётган тунда икки ташна қалб, ниҳоят, бир-бирининг меҳрига қонди. Деҳли: Муҳаббат Ва Ғазаб Хазинанинг қулф-у калити Акбарнинг ихтиёрига ўтгандан бери Деҳлидаги Мирзо Ҳумоюн мақбарасининг тархи қоғоздан ерга тушиб, улкан бир қурилиш тусини олди. Бу ишга катта-катта маблағлар ажратилгандан сўнг, меъмор мавлоно Миракнинг қўл остида ўнлаб сангтарошлар, муҳандислар, юзлаб коргарлар ишлай бошлади. Мақбарага керакли қизил тош узоқдаги тоғлардан ташиб келтириларди. Ҳўкиз ва туя қўшилган аравалар оғир тошларни вақтида етказиб улгуролмас, сангтарошлар гоҳо бекор туриб қолишарди. Ўй-хаёли мудом Ҳумоюн ва унинг мақбараси билан банд бўлган Ҳамида бегим Аграда турадиган Акбарга хат ёзиб аҳволни тушунтирди. «Шукурки, ҳозир замон тинч, филхонангизда етти юз фил боқувда турибдир, бир қисмини юк ташишга ўргатиб бўлмасмикан?» деб сўради. Шундан кейин Акбар бекор турган ҳарбий филларидан юзта ювошроғини Бҳишан Чанд бошлиқ филбонларга бериб, Аградан Деҳлига жўнатди. Ҳарбий филлар кўпинча бекор турар, ҳар замонда бир бўладиган уруш олдидан уларга зўр хўраклар берилар, ширин сувга маст ва дарғазаб қилувчи гиёҳларнинг шарбати қўшилар, шуни ичгандан сўнг, улар отлиқни ҳам, пиёдани ҳам хартуми билан уриб, оёғи билан янчиб кетаверар эди. Меҳнатга ўргатилган филлар юк ташиб чарчаганидан ювош бўлиб қолар, уларга шакарқамиш каби енгил хўраклар, осойишта тутувчи емишлар берилар эди. Бир-икки ой шу тарзда боқилган Фавждор ҳам ювош бўлиб қолганини ва юк ташишга ўргана бошлаганини Акбар Деҳлига келганда ўз кўзи билан кўрди. Арабистонларга бориб ҳаж қилиб келган Бека бегим Ҳамида бонуга Синай тоғи этагида эшитган бир ривоятини айтиб берди: — Бора-бора уруш йўқолар эмиш-у одамлар қиличдан ҳам омоч ясар эмишлар! — Кошки ўша замонларни биз ҳам кўрсак, Ҳожи бегим! — деди Ҳамида бону. Бир вақтлар кундош бўлган бу икки аёл ҳозир иноқ бўлиб қолишган. Энди уларнинг бир-бирларидан қизғанадиган эрлари йўқ. Мана бу мақбара қурилишидаги ишлар эса икковига ҳам етиб ортади. Ҳожи бегим боғ меъморчилигини яхши билар, мақбара атрофидаги ўттиз жариблик[26] ички-ташқи боғнинг йўлкалари, гулзор ва дарахтзорлари унинг назорати остида қилинмоқда эди. Мирзо Ҳумоюн мақбарасининг ички-ташқи боғ ўртасига қурилаётгани ва бу боғнинг ўзи меъморчилик асаридек махсус лойиҳа асосида бунёд этилаётгани — Деҳли ва Аграда ҳали тажрибадан ўтказилмаган янгилик эди. Мавлоно Мирак ҳам, бегимлар ҳам бундай мақбараларни Ҳирот ва Машҳадда ўз кўзлари билан кўришган, Самарқанддаги Амир темур мақбараси шу тарзда қурилганини билишар эди. Энди улар Мовароуннаҳр ва Эрон меъморчилигининг шу анъанасини Ҳиндистон шароитига тадбиқ этмоқда эдилар. Қийинчилик шунда эдики, Самарқанд ва Ҳирот обидаларига безак тарзида ишлатиладиган рангдор кошинларни бу ерда ишлатиб бўлмасди — Ҳиндистоннинг иссиқ иқлими ва сернам ёмғир фасли кошинларни тез ишдан чиқарарди. Шунинг учун мақбарага ишлатиладиган барча зийнатлар тошдан йўнилиб, мармарга сайқал ва зеб бериб қилинмоқда эди. Мирзо Ҳумоюн мақбараси ўзининг бўй-басти ва барча иши сангтарошликка асосланганлиги билан Ҳирот ва Самарқанд обидаларига нисбатан ҳам такрори йўқ бир янгилик бўлиши керак эди. Жума кунлари қурилишда иш тўхтар, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолар эди. Фақат аҳён-аҳёнда Ҳумоюн қабрини зиёрат қилишга келганларнинг тиловатлари мунгли оҳанг билан атрофга таралар эди. Муслималик одатига биноан бегимлар Ҳумоюн қабрига эрталаб офтоб чиқмасдан келишар, бундай пайтда бошқа зиёратчилар деярли бўлмас эди. Бу жума ҳожи бегим иситмалаб зиёратга келолмади-ю, Ҳамида бегим тонг пайти, ёлғиз ўзи келди. Муваққат мармар сағанинг атрофи ўралган ва усти яхшилаб ёпилган. Ичкари нимқоронғи. Бегим икки шохали шамдоннинг шамларини ёқиб, қабрнинг бош томонига қўяётганда кимдир пичирлаб тиловат қилаётганини эшитди. Орқасига ўгирилар экан, қабрнинг оёқ томонига чўкка тушган соқоли узун мўйсафидни кўрди. Бегим бошига кўтариб қўйган ҳарир пардани тез юзига тушириб чўнқайди ва тиловат тугаганда мўйсафидга қўшилиб юзига фотиҳа тортди. Мўйсафид ҳассасига таяниб ўрнидан турди-да, титроқ товуш билан: — Ҳазрат бегим, кечикиб бўлса ҳам, сизга ҳамдардлик билдиргани келдим! — деди. Овози, кўзлари беҳад таниш, аммо бўлиқ оқ соқол бекитиб турган юзи бегона, туркий сўзларни ҳиндча талаффуз билан айтиши ҳам кимнидир эслатади. Лекин катта оқ салласи ва эгнидаги малла хирқаси шайхларникига ўхшайди. — Миннатдормен, тақсир, — деди Ҳамида бегим ҳам ўрнидан кўтарилиб. — Ҳумоюн ҳазратлари билан... оға-ини тутинган эдик, — сўзида давом этди мўйсафид. — Қабрларини зиёрат қилгани ҳар йили келурмен. Аммо сизни биринчи учратишим... Ҳамида бегим бирдан Жамна бўйида ўтган қизалоқ пайтини, Низом эшкакчининг қайиғини, унинг ўтли кўзларини ва ширали товушини эслади-ю, вужуди ларзага келиб сўради: — Сиз?.. Низом?.. Соҳиб Низом... — Ҳа, бахцизликка учраб Салим номини олган Низом — мен! — Наҳотки? Кўзларимга ишонмаймен! — деб Ҳамида бегим Низом томонга талпинди. Йигирма уч йилда одам шунчалик ўзгарар эканми? Ҳали элликка кирмаган Низом — ҳасса суянган оппоқ соқолли қария! — Оғир жароҳатлар мени тез қаритди, бегим. Синмаган жойим қолмаган эди. Ҳали ҳам... Сиз билан... ҳазрат икковларингиз... Синд вилоятида қувғинда юрган пайтларингизда менга мадад бердиларингиз.. Бўлмаса аллақачон ўлиб кетардим. — Ҳайриятки, яна кўришишга муяссар бўлдик. Сизга айтадиган қанча гапларим дилимда қолган. Мен учун сиз поклик тимсоли эдингиз, соҳиб Низом!.. Ҳазратим ҳам сизни авлиёдек софдил йигит деб улуғлар эдилар. — Авлиё эмас, осий бандамен, — деди Низом. — Учаламиз бир вақтлар мактуб орқали хабарлашган эдик, ҳозир ҳам бу ерда учаламиз... ҳазрат Ҳумоюннинг руҳлари мен учун тирик. Инсоннинг поклиги — дилидаги эътиқоди бўлур. Кийим тоза бўлмаса ҳам, дил пок бўлса, бундай дилни муқаддас билиб, унга сиғинмоқ мумкин. Мен ҳам Жамнада бирга сузиб юрган пайтларимда сизнинг сиймонгизда самовий бир нур кўрганмен. Бу нур ўшанда кўзларимга кириб макон қурган эди, ҳалигача кўзларимни юмганимда қорачигим орасида сиз кўрингандай бўлурсиз, Ҳамида бегим. Ҳумоюннинг қабри ёнида айтилаётган бу сўзлардан Ҳамида бону ўнғайсизлана бошлади. Буни пайқаган Низом: — Кексайганда изҳори дил қилмоқда деб ўйламанг, бегим, — деди. — Сиз ҳам, Мирзо Ҳумоюн ҳам мен кўрган инсонлар орасида энг соҳибдил сиймолардирсиз. Икковларингиз ҳам менга беҳад азиз бўлганларингиз учун Секридан шу ергача пиёда юриб зиёратга келдим. Мўйсафид одам юз милдан ортиқ масофани пиёда юриб ўтиши Ҳамида бегимни ҳанг-у манг қилиб қўйди: — Ахир... билганимизда от юборар эдик-ку, соҳиб Низом! — Отлиқ юриш менинг ҳозирги эътиқодимга хилоф, менинг фақирпарвар устозларим Кабир ҳам, Мўйиниддин Чешти ҳам доим пиёда юрганлар. Камбағалликда умр ўтказганлар. Шайх Саъдий айтганки: Саъдиё, чун давлату фармондиҳи Нестию ҳақпарасти хуштараст[27]. — Давлат-у ҳокимият талотумларидан мен ҳам жуда тўйганмен, — деди Ҳамида бегим. — Синд-у Қандаҳорда, Қазвин-у Кобулда, Деҳлий-у Аграда.. бошимизга не балолар ёғилмади!.. Соҳиб Низом, сиз Карамнаса ўпқонларидан ҳазратимни қутқариб чиққанингизни ўғлимиз Акбаршоҳ ҳам эшитганлар. Нечун олти йилдан бери саройга келмадингиз? — Бегим, мен энди подшоҳ саройига зинҳор қадам босмагаймен. — Ё биздан кўнглингиз қолганми? — Сиздан эмас, мутлоқ ҳокимият деган аждаҳодан юрак олдириб қўйганмен. Мирзо Ҳумоюн Панжобга қайтган пайтларида жуда кўргим келди. Шайх Муборак деган кишидан мактуб ёзиб юбордим. Аммо уни ҳазратимнинг ҳузурига киргизмабдилар. Бианада халқ ҳаракатига иштирок этгани учун шайхулислом Ансорий «даҳрий» деб ўлимга буюрибдир. Бечора шайх Муборак ҳамон қочиб юрибдир. Ансорий эса иззат-икромда. Шундан ҳам билдимки, сарой тўла ғараз, иғво, чақимчилик, адолацизлик! Ўша аждаҳо бусиз яшай олмаслигини мен ўзим бир неча кун подшо бўлганимда кўрдим. Байрамхонни бу аждаҳо қандай ямлаб, ютганини сиз ҳам кўргандирсиз? Бу аждаҳо одамни алдаб, ҳовлиқтириб, жар ёқасига қандай олиб борганини сезмай қолар экансиз. — Ҳа, ғаламис манфаатпарастлар кўп. Мен мудом ўғлимдан хавотирланиб яшаймен... Эҳтимол, сизни алдаб, мактубингизни душманларингизга элтиб берган хоин ҳали ҳам саройда юргандир. Сиз уни кўрсангиз танирмидингиз? — Афзалбек деган хушмўйлов илонни мен умрбод унутмагаймен. Адҳамхон Секри томонларга борганда унинг ёнида юрган серсоқол бир бекни кўрдим. Қош-кўзи ўша Афзалбекни эслатди. Яқинда адҳамхон билан Моҳим энага унга подшодан жогир олиб берганмиш, мингбоши лавозимига кўтарганмиш. — Оти ҳали ҳам Афзалбек эканми? — Оти бошқа, эслаб қололмадим. — Кошки хоинларни фош қилишда сиз ҳам Акбаржонга ёрдам берсангиз, соҳиб! Унга мудом сиздай беғараз кишилар етишмайдир. — Ёмонларнинг бирини йўқоцангиз, бошқа ундан уддабуронроғи келур. Мутлақ ҳокимият бор жойда ҳиёнат ҳам, алдамчилик ҳам, адолацизлик ҳам бўлмай иложи йўқ, бегим! Низомнинг гапида жон борлигини ўз аччиқ тажрибасидан ҳам биладиган Ҳамида бегим дилтанг бўлиб сўради: — Наҳотки бу балоларнинг ҳеч бир балогардони бўлмаса? — Балогардони бор. Барча шаҳар-у қишлоқларни ким қурган? Барча кийимликлар-у егуликлар кимнинг меҳнати билан барпо бўлмоқда? Мана бу мақбарани ким тикламоқда? Барча саройлар, тож-у тахтларни ким елкасида тутиб турибдир? Xалқ! Эл-улуснинг фақат кичик бир қисми подшо қўшинида навкар бўлиб, жангларда унга балогардонлик қилур. Аммо бошқа қисмлари амалдор-у мансабдорларнинг оёғи остида эзилиб ётибдир. Уларни жабр-у зулмдан қутқарадиган одил раҳбар бўлса эди, халқ ҳам бундай раҳбарга балогардон бўлмоғи мумкин эди. — Акбарнинг энг зўр орзуси — одил бўлишдир. Лекин унинг донишманд бир раҳнамоси йўқ. Сиз... — Мен ҳам ожиз бир одаммен, бегим. Раҳнамолик қўлимдан келмагай. Лекин бутун халқ бир ҳақиқат атрофига бирлашиб, якдил бўлса, энг қудратли кучга айлангай. Устозимиз Мўйиниддин Чешти айтганлар: «Инсон, сен ҳақни осмондан эмас, ўз дилингдан изла». Кабир айтган... Низом Кабирнинг шеърини ҳиндча айтиб, форсчага таржима қилмоқчи эди, Ҳамида бегим: — Тушундим! — деди. — Сиз ҳиндича ўрганмишсиз? — Ҳа, бемалол сўзлашурмен! — деди бегим ҳиндчалаб. — Ундай бўлса энди бизнинг дилимизга йўл топишингиз осонроқ бўлгай. — Акбаржон ҳам ҳиндийчани сувдек билур. Фақат унинг атрофида... одамни бузадиган ёмонлар кўп. — Бироқ асил одам ёмонлар орасида ҳам ўз фазилатларини йўқотмаслиги мумкин экан. Кабирнинг бир шеърида «Хушбўй сандал дарахтига заҳарли илон ўралиб олса ҳам бу дарахт муаттар ҳидинги йўқотмагай» дейилади. Бегим, ҳозир сиз билан гаплашганим сари ана шу олижаноб сандал дарахтини қайта-қайта эсламоқдамен... Мен эшитдимки, подшоҳ ўғлингиз Умарқутда туғилганда сиз бир ҳинд аёлини ҳам энагаликка таклиф этган экансиз. Ростми? — Рост. Рожа Вирсалнинг қариндоши Рупарани Акбаржонга оқ сут берган энагаларнинг бири. — Бунинг қанчалик улуғ маъноси борлигини ҳали ўзингиз ҳам сезмасангиз керак. Кабирнинг ҳам бир онаси ҳинд, бир онаси муслима бўлган, ҳаётида, қалбида, шеърларида ҳинди билан мусулмон яктан-у якдил бўлиб бирлашган. Кабир ўлганда ҳиндлар уни ўз одатлари бўйича оловда куйдириб кулини Гангага сочмоқчи бўлганлар. Мусулмонлар эса, «йўқ, Кабир бизники» дейишиб, уни ўз одатлари бўйича ерга дафн этмоқчи бўлурлар. Икки томон мунозара қилиб, унинг жасади ўраб қўйилган пардани кўтарсалар, Кабир йўқ. Унинг жасади ўрнида бир даста гул ётган эмиш. Ҳиндлар билан мусулмонлар бу гулларни тенг бўлиб олишибдир... Бу ривоятнинг маъносини ўзингиз тушунарсиз, бегим. Тилагим шулки, ўғлингиз Акбар ҳам икки томонни баробар кўрса, ҳам муслимлар, ҳам ҳиндлар дилига Кабир каби йўл топа олса... Ана ўшанда бутун халқнинг қудрати унга келган балоларга балогардон бўлғай. Агар ўғлингиз халқнинг дилига чуқур маънавий илдиз отолмаса, навбатдаги довуллар уни ҳам суғуриб олиб кетмоғи мумкин. Отасининг бошига тушган қувғинлар Акбарнинг бошига тушмасин деб мен шу гапни айтмоқдамен! Ҳамида бегим ўзини қийнаб юрган энг мушкул маънавий жумбоқларга шу донишманд мўйсафид ёрдамида жавоб топиши мумкинлигини, ёшликдаги меҳр энди беғараз, соф бир маънавий яқинликка айланаётганини сезди. — Саройга келмасангиз... балки... Акбаржон ўзлари борарлар... Сизни қаердан қидириб топсин? — Мен бир фақир одаммен, бегим. Подшо мени қидириб боришига кўзим етмайдир. Аммо сизга айтмоғим мумкин. Секридан ўн чақирим берида ўрмон четида кулбам бор, озгина еримда деҳқончилик билан рўзғор тебратурмиз. Шерхон даврида номимни ўзгартириб яшириниб юрганимдан хабардорсиз. Беш йил дарвеш бўлдим. Салим Чешти деган ном билан танилдим. Ҳозир кўпчилик мени шу ном билан атайди. Низом деган аввалги номим энди унутилган. Одамлар олдида шайх Салим деб аташингиз маъқулроқ бўлгай. Муслима аёл билан бегона эркакнинг соф ниятда учрашиб гаплашиши учун пир ва мурид муносабатлари қулайроқ бўлишини Ҳамида бегим ҳам сезди. — Xўп, мен сизни минбаъд ўзимнинг маънавий раҳнамом деб билурмен! Салим ота Ҳамида бегимга яқин келди. Икковларининг орасида Ҳумоюннинг мармар қабри турибди. Раҳнамога қўл бериш одатига биноан, Ҳамида бегим Салим отага нафис панжасини чўзди. Бегим эрининг руҳи гувоҳлигида тузаётган бу маънавий иттифоқ беғараз, пок бир имон иши эканини сезган Салим ота мармар қабр оша қўлини узатиб, Ҳамида бегимнинг бармоқларини секин кафтига олди-да, кўзларига сурди. Улар яна учрашадиган бўлиб хайрлашдилар. Салим ота ҳассасини қўлтиғига олиб, вазмин, аммо мустаҳкам одимлар билан узоқлашар экан, Ҳамида бегим унинг ҳали элликка ҳам кирмаганини яна бир эслади. Кўринишдан нуроний мўйсафид бўлса ҳам, меҳнатда пишган танаси чайир эканини сезди ва Секригача пиёда бора олишига ишонди. Энг муҳими, бу одам бегимнинг дилига улкан бир чироқ ёқиб кетгандай бўлди. * * * Акбар ақлини таниб Ҳиндистонга қайтгандан бери бу мамлакатдаги ғаройиботлар унда битмас-туганмас бир ҳайрат уйғотарди. Болалигида баҳайбат филлар уни лол қолдирган, заҳарли илонларни най навосига рақс қилдирадиган морбозлар яна бир таажжубга солганди. Ерга тириклай кўмиб қўйилган, ўн кун ётиб ҳам ўлмайдиган, кавлаб олинганда тирилиб юриб кетадиган фақирлар (ёглар) Ҳиндистоннинг сеҳр-у жодуси кўплигига уни яна бир ишонтирган эди. Акбар ўн уч ёшида филбонлар орасида маҳаватликни машқ қилиб юрган пайтида ҳинд тилини ўрганган, урдуча ҳам бемалол гапира оларди. Филбонларнинг суюкли қаҳрамонлари Рама ва унинг гўзал севгилиси Сити Акбарнинг дилидан доимий жой олган эди. У Рамадай қаҳрамонликлар кўрсатишни ва ўз Ситисини топиб, унга етишишни орзу қилган пайтлари кўп бўлган. Ҳозир йигирма ёшга кирган пайтида ҳам, ажойиб ҳинд қизларини учраца, уларнинг ноз-у карашма билан рақс қилишларини кўрса, нафосатга тўла қўшиқларини эшица, ёшликдаги ўша орзулари қалбига туртиб-туртиб қўйгандай бўлади. Салима бегим унинг бу орзусига ҳалақит бермас, кўп азоб тортган бечора жувон Акбарнинг бағрида гулдай очилиб яшар, эрига бағишлаб ўтли шеърлар ёзар, ташқаридан қараганда, иккови бир-бирига астойдил меҳр қўйиб ҳаёт кечираётганга ўхшар эди. Аммо аслида уларни Салиманинг муҳаббати иноқ тутиб турарди. Акбарнинг унга уйланишида муҳаббатдан кўра раҳм-шафқат устун келганини Ҳамида бегим ҳам сезди. — Шоҳ ўғлим, сиз бевага уйланиб, мени доғда қолдирдингиз. Мен ҳали мамлакатнинг энг гўзал қизларидан келин тушириб, катта тўйлар қилгим бор. — Бир вақтлар ўзингиз кундош азобини бошдан кечиргансиз, онажон. Энди буни Салимага қандай раво кўрурсиз? — Мен раво кўрмаганимда ҳам, сиз подшоҳсиз. Подшоҳларнинг эса хотини битта бўлмагай. Буни Салима ҳам билгай. ... Бугун кечаси Акбар ҳобгохда шу чигал муаммо ҳақида ўйланиб ўлтирганда, Салима унинг кўнглидан ўтган нарсаларни сезгандай бўлиб: — Ҳазратим, — деди. — Сиз менинг олдимдаги бурчингизни ҳам, оталиғингиз буюрган васиятни ҳам мардона адо этдингиз. Энди мен ҳам шунга яраша инсоф қилмоғим керак. Агар бирон қизга... кўнгил қўйсангиз... ҳаққингиз бор... мен розилик берурмен! Акбар гапни ҳазилга бурди: — Балки ўзингиз... совчиликка ҳам борурсиз? Салима бегим бу ҳазилни ўзига қаттиқ олиб, кўзлари бирдан ёшланди: — Мен учун беҳад оғир дардни ҳазилга йўйманг! Онангизнинг дилларида мен туфайли армон қолмасин. Мен у кишининг яхшиликларини ҳам қайтармоқчимен! Акбар Салимани белидан қучиб, юз-кўзидан ўпди: — Ҳеч азоб тортмасдан, фақат роҳат-фароғатда яшайдиган эркакларда нафсга, ғурурга берилиш кучли. Шафқат-у қаноат машаққат чеккан аёлларда кўпроқ бўлурмикин? — Биз, аёллар ҳам, фаришта эмасмиз, ҳазратим. Илкимизга ҳокимлик тизгини тегса ўзимиздан кетишимиз ҳеч гап эмас. «Одамни синамоқчи бўлсангиз, унга мансаб бериб кўринг», деган нақл эшитганмен. Ҳозир сизга энг содиқ аёллардан Моҳим энаганинг бошига ана шундай бир синов тушмишдир. Моҳим энага ҳақида марҳум Байрамхон ҳам ташвиш-тараддуд тўла сўзлар айтиб кетгани Акбарнинг ёдига тушди. — Салима сиз Моҳим энагада... бирон ўзгариш сезмоқдамисиз? — Ҳа, ўзгариш катта. Яқин одамлари бир-бирини ёмонлай бошласа Акбарга бу доим ёмон таъсир қиларди. Ҳозир ҳам унинг юзи тундлаша бошлаганини кўрган Салима: — Балки бу — яхши ўзгаришдир, — деб гапни бурди. — Менга онам қиладиган яхшиликларни шу аёл қилган, Салима. Кобул эсингиздами? Комрон амаким биз билан ўчакишиб, мени отам оттираётган замбаракнинг ўқига тўғрилаб қўйган эди-я! Ён-веримдан вашиллаб ўтган замбарак ўқларини эсласам, ҳали ҳам сочим тикка бўлиб кетадир. Ўшанда Моҳим энага чопиб келиб, ўз гавдаси билан мени тўсган эди-я! Қандаҳорда, қиш совуқларида энагам мени яна қанча ўлимлардан олиб қолган!.. — Ҳа, Моҳим энага ўшанда чеккан машаққатларининг роҳатини энди кўрмоқда. Бугун мамлакатимизда ундан нуфузли аёл йўқ. бек-у аъёнлар Моҳим энагани сиздан кейинги иккинчи сиймо деб ҳисоблайдилар. — Нечун? Онам ҳазратлари-чи? — Онангиз ҳокимиятнинг роҳатидан кўра, азобини кўп кўриб, юрак олдириб қўйганлар. Ҳозир бутун эътиборлари мақбара қурилиши билан банд. Аммо Моҳим энага давлат ишларида ўзларини сувдаги балиқдек яхши сезадилар. Энага учун ҳокимият ҳали янги, тансиқ нарса, ўзлари тўйса ҳам, кўзлари тўймайдир. Бу гапларда киноя борлигини сезган Акбар яна энагасини ҳимоя қила бошлади. Чунки Байрамхон воқеаларида ҳам барча хавф-хатарни ўз зиммасига олиб, Акбар томонда қатъий турган, унга энг кўп ёрдам берган ва оқилона йўллар кўрсатган одамларнинг бири Ҳамида бегим бўлса, бири Моҳим энага эди. Оталиғи айтган минг отли араванинг барча тизгинларини Акбар ўз қўлига олгач, унинг имзосини кутаётган қоғозлар, ҳукм-у фармонига мунтазир муаммолар, инояти ёки жазосига, рухсати ёки эътиборига қараб турган одамлар шу қадар кўпайиб кетдики, ёш подшо уларнинг ҳаммасига вақт етказолмай қолди. Шундай пайтда яна энагаси ёрдамга келган бўлса, бунинг нимаси ёмон? Акбар болалик пайтларидан бери энагага сўзсиз ишониб ўрганган. Ҳозир ҳам унинг қирмизи бўёқ суртиб босиладиган катта олтин муҳри кўпинча Моҳим энаганинг қўлида туради. Шу муҳр босилмагунча, хазина ҳеч кимга пул бермайди. Шу муҳр босилмаса, бек-у аъёнлар янги мартабалар ва жогирлар ололмайди. Моҳим энага ҳаммани ўз қўлига қаратиб қўйгани учун унинг номи сарой аҳлининг тилида достон бўлди. Моҳим энагани: «Доно кайвони бўлмаса аёл боши билан Байрамхондай одамни енгиб чиқармиди!» деб муболаға қилувчилар кўп. Ҳозир Моҳим энага қаерга қўлини чўзса етади, истаган одамига катта мартабалар бера олади. Энаганинг ўғли Адҳамхон Жамна бўйидаги катта мулкнинг эгасига айланди. Адҳамхоннинг уч минг навкари бор, ҳар ой хазинадан йигирма минг рупий мояна олади. Моҳим энаганинг энг суюкли ўғли мана шу Адҳамхон. Сарой аҳли: «Моҳим энага Адҳамхонни Мунимхоннинг ўрнига бош вазир қилиб кўтармагунча тинчимагай», деб пичир-пичир сўзлашганлари Салима бегимнинг қулоғига ҳам чалинган. Ҳозир хобгоҳда Салима Акбарга шунинг ҳаммасини айтиб берди-ю: — Энагангизни эҳтиёт қилинг, ҳазратим, — деди. — Ночоргина ҳаёт кечириб юрган муштипар аёл эди. Селдай оқиб келаётган бойлиг-у обрў-еътибор бечорани бошқа ёққа оқизиб кетмасин. — Буни онамга ҳам айтинг, — деди Акбар. Учовлашиб, энагамнинг хатти-ҳаракатини яхши томонларга буриб турайлик. Моҳим энага табиатан яхшиликка мойил аёл эди. Акбар унинг қизлар учун мактаб-мадраса очиш нияти борлигини биларди. Энага бойликларининг бир қисмини шу хайрли ишга сарфлаши учун Акбар: — Истасангиз, қизлар мадрасасини Деҳлида очинг,— деб маслаҳат берди. — Сиз ижозат берсангиз, бажонидил очгаймен! Бу мадраса учун Моҳим энага Низомиддин авлиё мақбарасига яқин жойдан икки ошиёнлик улкан бир бинони боғ-ҳовлиси билан сотиб олди. Отинойилар дарс берадиган қизлар мадрасаси Деҳли учун жуда катта янгилик бўлди. Кўп подшо-ю маликалар қилмаган ишни Моҳим энага қилганлиги унинг эл-улус орасидаги шуҳратини яна бир даража оширди. Моҳим энаганинг эндиги истаги — бир ҳафта улкан тўй бериб келин тушириш ва унга барча вилоятлардан олий меҳмонлар чақириш эди. У тўй тўғрисида энг аввал Ҳамида бегим ва Акбардан маслаҳат сўради: — Далв ойида, салқин пайтда ўтказган маъқул, — деди Ҳамида бегим. Энага унинг бу таклифини қабул қилди. — Унгача ҳали икки ой бор, барча вилоятлардан энг нуфузли одамларни таклиф этгаймиз, — деди энага. — Ҳаммаси келса ҳовлингизга сиғармикин? — сўради Акбар. — Ҳовлига сиғдириб бўлмас, — деди Моҳим энага. — Қалъада ўтказсак-чи, ҳазрат бегим? Ҳамида бегим Акбарни Салимага уйлнтирганда катта тўй қилолмаган эди. Энди подшо саройи жойлашган қалъада Моҳим энага шундай катта тўй бериши Акбарнинг обрўси учун яхши бўлармикин? — Бу тўй ҳам ўзимизники, — деди Акбар. — Қалъада қилсак, фақат бек-у аъёнларни эмас, энг обрўли ҳинд рожаларини ҳам таклиф этгаймиз. Умарқутга ҳам таклиф юборгаймиз. Балки рожа Вирсал Прасад ҳам етиб келгай. Рупа энага тирик бўлса уни ҳам шу тўйга айтиб келтиргаймиз. — Кошки эди! — деб Ҳамида бегим Акбарнинг ниятини энди астойдил маъқуллади. Умарқутга борадиган чопарга таклифномани бегимнинг ўзи ёзди. Акбарнинг мақсади — Моҳим энаганинг тўй ҳаракатларини ҳам хайрли томонга буриш ва мамлакатнинг муслим-у ҳинд аҳолисини бир-бирига яқинлаштириш эди. Акбар Мунимхонга буюриб, Деҳли, Агра, Жайпур ва бошқа яқин вилоятлардаги нуфузли рожалар ва райларни саройга чақирди-ю, ҳиндлар билан ҳамкорлик қилиш, маданият, ободончилик ишларида ҳамжиҳат бўлиш борасида машварат ўтказди. У йиғилганларга отаси учун қурилаётган мақбарада, Агра қалъасини қайта тиклаш ва кенгайтиришда ҳинд ҳунарпешалари, меъморлари, коргарлари муслимлар билан қандай иноқ ишлаётганларини айтиб берди. — Ишда ҳамкор бўлганимиз каби, тўйларни ҳам бирга ўтказмоғимиз керак, — деди. — Мен муҳтарама Моҳим энага номидан бизга хайрихоҳ барча соҳиб-ихтиёр рожа-райларни тўйга таклиф қилурмен. Ҳозир даргоҳимизда оналар-у энагаларнинг мавқелари баланд, биз уларга фарзандларча оқибат кўрсатиш ҳаракатидамиз. Шунинг учун соҳиб рожа-ройлар тўйга аҳли аёллари билан келсалар биз уларни ўз опа-сингилларимиз қаторида эҳтиром қилгаймиз. * * * Тўй арафасида Умарқутдан Рупа энага ва унинг тоғаси Вирсал Прасад уч филга совға юклаб келаётганлари маълум бўлди. Излаб юрган одамлари топилганидан бениҳоя суюнган Ҳамида бегим меҳмонларга пешвоз чиқишни Акбардан илтимос қилди. Акбарнинг буйруғи билан энг салобатли филлардан ўнтаси гулшодалар ва зарбоф ёпинчиқлар билан безатилди. Уларнинг елкаларига маҳдианбар[28] деб аталадиган ва мўтабар аёллар ўлтирадиган ҳашаматли шийпонсимон кажавалар ўрнатилди. Маҳдианбарларнинг бирига Ҳамида бегим, иккинчисига Моҳим энага, яна бошқаларига Жажжи энага билан Ҳакима энагалар чиқиб ўлтиришди. Акбарнинг ўзи олдинги филда худди юриб бораётган тахтга ўхшаш олтин маҳмилда ўлтирибди. Пирмуҳаммад атка бошлиқ мулозимлар ва юзга яқин қўриқчи навкарлар филларнинг ён-верида отлиқ келмоқда. Шаҳар четида тантана билан кутиб олинган Рупа энага ва Вирсал Прасад Акбарни Ҳамида бегим ёрдамида зўрға танидилар. Чунки уни бир ойлик чақалоқлик пайтидан бери кўрмаган эдилар. Лекин йигирма йилдан бери кўришмаган оналар ва энагалар бир-бирлари билан йиғлаб кўришдилар. Вирсал Прасад олтмишдан ошиб, узун мўйлови оппоқ оқарган мўйсафидга айланган эди. Акбар чўғдай ясатилган филлардан бирига Вирсал Прасадни миндирди. Ўзи ва онаси олдинги филларга чиқдилар. Бошқа энагалар ҳам тантанали филлар карвонида азиз меҳмонларни шаҳар бўйлаб олиб ўтди-лар-у Пуран қалъанинг тўридаги энг яхши бир кўшкка жойлаштирдилар. Акбар саройида «атка хайл»[29] деб аталадиган жуда эътиборли бир тоифа борлиги кўпчиликка маълум эди. Бу гуруҳга энагалар, бир онани эмган кўкалдошлар ва уларнинг оталари — аткалар кирар эди. Энди мана шу имтиёзли «атка-хайлга» Рупа энага билан Вирсал Прасад ҳам тантанали суратда киритилгани Деҳли ва унинг атрофида дув-дув гап бўлиб тарқалди. Чунки мусулмон подшоси Акбарнинг ғайридин ҳинд энагаси ҳам борлиги кўпчилик учун фавқулодда бир янгилик эди. Мутаассиб шайхлар Акбарнинг ҳинд энагага кўрсатган эҳтиромларини қоралашиб, чекка-чеккада сасиб: «Подшомиз куфр йўлига кирди, бунинг касофати ёмон бўлгай!» деган кароматларни қилишар эди. Аммо Салим отага ўхшаган халқ вакиллари бу хушхабарни бир-бирларига қувониб етказдилар. Шу фавқулодда ҳодиса туфайли Моҳим энага қилаётган тўйнинг обрўси яна ҳам ошиб кетди, унга таклиф қилинган бек-у амирлардан ташқари, Деҳли ва унинг атрофидаги вилоятларнинг рожа ва райлари тўйга аҳли аёлларини ҳам олиб кела бошладилар. Бир ҳафта давом этган бу тўй кунларида бутун Деҳли карнай-сурнай товушига, куй ва ашулалар жарангига, ясан-тусан одамларга, ранг-баранг безаклар ва гулшодаларга тўлиб кетди. Жамна бўйидаги очиқ сайлгоҳларда раққосалар, морбозлар, кўзбойлоғич сеҳргарлар, дорбозлар, лўлилар эртадан-кечгача томоша кўрсатардилар. Тўйга келган энг нуфузли амирлар, рожа ва райларни Пуран қалъада Моҳим энага билан Акбарнинг ўзи кутиб олмоқда эди. Ҳамида бегим тўйга келган кўҳлик қизлар орасидан Акбарга муносиб келин танламоқда эди. Тўйнинг учинчи куни Санганирдан келган бир қиз одамнинг ҳушини оладиган даражада гўзал эканлиги оғиздан-оғизга ўтиб, Ҳамида бегим билан Акбарнинг қулоғига етиб борди. Акбар бу қизни кўпчиликнинг орасида кўрганда худди оддий маржонлар орасида турган олмос донасини учратгандай юраги «жиғ» этди. Қизни бошқалардан ажратиб турган фарқ — фақат юзининг гўзаллигида эмас, балки юлдузининг иссиқлигида, кишини дарҳол ўзига тортадиган алоҳида оҳанрабоси борлигида эди. Ўғлининг бу қизга назари тушганини сезган Ҳамида бегим Моҳим энагага шипшиди: — Санганирлик қизни хонайи хосга бошлаб келинг. Бу гўзал қиз тўйга қирқ ёшлардаги катта акаси — мардона қиёфали, хушмўйлов, новча Бҳагван Дас билан келган эди. Тўйбоши уларни подшонинг хонайи хосига бошлаб кирди. Хона тўридан Акбар билан Ҳамида бегим уларга пешвоз чиқдилар. Ака-сингил кафтларини жуфтлаб бошлари устига қўйган ҳолда уларга таъзим қилдилар. Моҳим энага аввал Бҳагван Дасни таништирди: — Рожа Бҳари Малнинг катта ўғли... Акбар ҳиндчалаб қизнинг отини сўради. Акбарнинг тил билишидан кўзлари чақнаб кетган қиз: — Жодҳа Бай, — деб ўз отини айтди. Шунда қизнинг товуши ҳам Акбарга жуда сеҳрли туюлди. Қиз ортиқча тортинмасдан, ўзини аслзодаларга хос бир одоб ва эркинлик билан тутар эди. Ҳамида бегим ва Моҳим энага уларни яккама-якка қолдириш учун Бҳагван Дасни тўрдаги нақшин курси томон бошлаб кетдилар. Акбар Жодҳа Байни хонанинг улардан узоқроқ бурчагида турган миз ёнига таклиф қилди. Миз устида тахтаси садаф билан безатилган, доналари фил суягидан ясалган чиройли шахмат турган эди. Қиз доналари жой-жойига териб, гўё ўйнаш учун тайёрлаб қўйилган шахматга қизиқиб қаради. — Мумкинми? — деб оқ донали пиёдани қўлига олиб томоша қилди-да, кейин ўйнагиси келгандай уни икки катак олдинга сурди. — Шахмат ўйнашни билурмисиз? — ҳайратланиб сўради Акбар. Қиз тасдиқ маъносида бош ирғади. Шундан кейин Акбар ўртадаги қора донали пиёдани бир катак олдинга сурди. Қиз кулиб, аспни ўйинга чиқарди. Акбар фарзин ёнидаги филни юрди. Икковлари мизнинг икки томонига ўлтириб астойдил ўйнашга киришдилар. Акбар ўйин баҳона қизнинг бутун вужудидан ёғилиб турган нафосат ва гўзалликдан завқ олади, унга қарайди-ю, аммо кўзи тўймайди. Жодҳа Байдан мушкка ҳам, анбарга ҳам ўхшайдиган аммо улардан ёқимлироқ гул ҳиди келиб туради. Пешана устидаги қалин ва майин қора сочлари устига капалакларни эслатадиган тилла баргак тақилган. Зар қўшиб тўқилган пуштиранг сарисининг тагидан кўкраклари бўртиб турибди. Сари тагидан кийилган калта енглик нимчаси белига етиб-етмай тугайди. Xипча бели ва қорнининг икки энлик жойида силлиқ бадани очиқ турибди. Аммо унинг бадани ҳам Акбарга нур билан йўғрилган юзи каби тиниқ ва мусаффо кўринди. Жодҳа Бай ўзининг ҳусни билан одамларни маҳлиё қилишга гўё ўрганиб қолган. Акбар ўйинни унутиб, ҳуши бошқа ёққа кетиб қолаётганидан қиз завқланиб жилмайди-да: — Фарзинингиз... — деди. Ҳозир қиз ўз фили билан Акбарнинг ҳимоясиз қолган фарзинини олиб қўйиши мумкин эди. Акбар буни энди пайқаб бош чайқади: — Рани Жодҳа Бай, сиз фақат менинг фарзинимни эмас, дилимни ҳам ютиб олмоқдасиз. Бунчалик товоно экансиз. Устозингиз ким? — Устозим — билим. Фирдавсийнинг сўзлари эсингиздадир? — Қайси сўзи? ...«Ҳар каски доно аст товоно бувад»[30]. Жодҳа Бай форсий тилни ҳам яхши билиши Акбарнинг унга бўлган эъзоз-еътиборини яна бир даража оширди. — Рани Жодҳа Бай, саройда қолсангиз... шу товонолигингиздан биз ҳам баҳраманд бўлсак... майлими? Қиз энди жиддийлашди, алланарсадан хавотирлангандай бўлиб ўрнидан турди ва акаси томонга қаради: — Ҳазратим, эътиборингиздан беҳад миннатдормен! Аммо мен саройда қололмагаймен. — Нечун? — Менинг ихтиёрим ота-онамда. Ҳозир оғам билан уйга жўнаб кетгаймен. — Аммо менинг сиздан ажрагим келмас! — Ундоқ бўлса, энди ўзингиз Санганирга меҳмон бўлиб боринг. Биз бажонидил кутиб олгаймиз. Жодҳа Бай саройдан чўчир, бу ҳашаматли даргоҳ унга бегона ва хатарли туюларди. Шуни сезган Акбар қизни акаси олдига бошлаб келди. Xайрлашиб кетаётганда Бхагван Дас ҳам: — Ҳазрат бегим, муҳтарама энага, агар подшо ҳазратлари билан бирга Санганирга ташриф буюрсаларингиз биз беҳад сарфароз бўлурмиз! — деди. — Отамиз Бҳари Мал ҳам сизларни меҳмон қилиш орзусидалар. Ҳинд энагангиз Рупарани юксак эъзоз билан кутиб олганларингиз онамизнинг қулоқларига ҳам бориб етган. Бутун хонадонимиз сизларга буюк ҳурмат-у умид билан қарайдир. Ака-сингил жўнаб кетди-ю, Жодҳа Байнинг қиёфаси, гаплари, қилиқлари Акбарнинг дилига нақшланиб қолгандай бўлди. Бу қизни яна кўргиси келаверди, хаёллари эрта-ю кеч у билан банд бўлди. Ўғлининг ҳолатини сезган Ҳамида бегим Санганирга Қиличбек Андижоний деган амирни махсус мактуб билан юбориб, Жодҳа Байни келинликка сўради. Рожа Бҳари Малнинг жавоби ижобий, ёш подшога қариндош бўлиш шарафи унинг дилига ёқиб тушган, фақат қизлари бўлажак куёвнинг Санганирга келишини ва тўйни ҳинд одатига биноан шу ерда бошланишини зарурий шарт қилиб қўйган эди. * * * Ҳамида бегим яна аросатда қолди. Саройда орзу-ҳавасли катта тўй қилай деса, мутаассиб шайхлар-у садрларнинг кўзи олдида браҳман чақириб, ҳиндча никоҳ ўқитиб бўлмайди. Аммо бегим Салим отага қўл бериб, бҳақтига эътиқод қўйгани учун қизни ўз динига содиқ қолишга ҳақли деб ҳисоблайди. Умарқутдан келган Рупа энага ҳозир бундай нозик ишлар бўйича Ҳамида Бегимнинг яқин маслаҳатчисига айланган эди. Акбар, Моҳим энага — ҳаммалари кенгашиб, келин истайдиган ҳиндча никоҳни Жайпурда қила қолишни маъқул кўрдилар. Бу ҳодисага олий табақанинг эътиборини тортмаслик ва гап-сўзни кўпайтирмаслик учун: «Подшо Санганирга тўйга эмас, балки овга боргай» деб эълон қилдилар. Кейинги пайтларда Акбар қўлга ўргатилган қоплонсимон жонивор — чита билан ов қилишни яхши кўрарди. Читабоқар овчилар читабонлар деб аталарди. Темир қафасда боқиладиган, бўйнига махсус тасма боғланган читаларни туя қўшилган катта араваларга ортиб, Деҳлидан юз милча жануби ғарбдаги Санганирга томон йўл олганларида ҳут ойи кириб, кунлар анча исиган, даладаги буғдойлар бошоқ тортиб қолган эди. Беш юз аскар қўриқлаб бораётган мавкабда ясан-тусан филлар устидаги махдианбарларда Ҳамида бегим, Моҳим энага ва Рупа энагалар ҳам келмоқда эдилар. Олий меҳмонлар келаётганидан хабар топган рожа Бҳари Мал ўғли Бҳагван Дас ва бошқа яқинлари билан Акбарга вилоят чегарасида пешвоз чиқди. Акбар ва пешвоз чиққан мезбонлар Диоса деган қишлоққа яқинлашганларида, унинг аҳолиси ёв босишдан қўрқиб, тоғ томонга қоча бошлади. Фавждор деган филини миниб келаётган Акбар Бҳари Малдан: — Нечун бундай бўлди? — деб сўради. — Биз яхши ният билан келаётганимизни айтмаган эдингизми? — Ҳазратим, айтган эдим! Бироқ бу жойлар Самбхал вилоятига қарашли. Вилоят ҳокими мирзо шарафиддин жаноблари аҳолига нисбатан жуда шафқациз. Одамлар ундан юрак олдириб қўйганлари учун энди сиздан ҳам қочмоқдалар. Акбар ўнг томонида бораётган Қиличхон Андижонийга буюрди: — Шарафиддин мирзога одам юборинг, зудлик билан етиб келсин. Кечки пайт мирзо Шарафиддин унга пешвоз чиқиб, отидан сакраб тушди-да, Акбар минган филнинг оёғи тагига чўккалаб юкунди. — Жаноб Шарафиддин мирзо, сиз маҳаллий аҳолини биздан бездириб қўйибсиз... — Ҳазратим, мендан гуноҳ ўтган бўлса кечиринг! Акбар чап ёнида отлиқ турган Бҳари Малга юзланди: — Қайси қариндошингизни бу бек гаровга олиб, ҳибсда сақламоқда? — Акамнинг ўғли Жай Мал билан Раж Синх деган неварам ҳибс қилинган. — Бегуноҳ одамларни гаровда сақлашга ким буйруқ берди, тақсир? Шарафиддин мирзо ота томонидан машҳур Xўжа Аҳрор авлодларига бориб тақалар, она томонидан эса темурийларга қариндош эди. Акбар давлатида темурийлар мўтабарроқ бўлгани учун Шарафиддин «хўжа» унвонидан воз кечиб, «мирзо» унвонини афзал кўрган эди. Лекин Акбар ҳозир «тақсир» деб киноя қилиш билан ундан гўё мирзо унвонини тортиб оладигандек кўринди. Бундан қўрқиб қалтирай бошлаган Шарафиддинхўжа: — Ҳазратим, мендан ўтган бўлса афву этгайсиз!— деди. — Яхши кўрган фарзандларини гаровда туцам, бу ражпутлар исён кўтаролмагай, деган фикрда шу гапни қилганмен! — Фикрингиз хатодир, тақсир. Бегуноҳ йигитларни шу бугуноқ ҳибсдан бўшатинг, иззат-икром билан уйларига жўнатинг! — Бош устига, ҳазратим! Шарафиддинхўжа шоша-пиша орқасига қайтди ва ўша куни гаровдаги икки йигитни бўшатибгина қолмай, ҳар бирига бош-оёқ сарупо кийдириб, биттадан отни анжоми билан ҳадя қилиб жўнаттирди. Акбар бўлажак қаллиғи Жодҳа Бай юртида мумкин қадар яхши хотира қолдиришга, адолатли ва шафқатли бўлишга ҳаракат қилди. Жодҳа Бай турадиган жойларга яқинлашганлари сари Акбарнинг дилида нафис ва гўзал ҳислар кучайиб борар, аммо ташқи ҳаёт унга бир-биридан дағал ва хунук муаммоларни кўндаланг қиларди. Санганир атрофларида аҳоли кўп, шунинг учун ов қиладиган жонивор кам. Подшоҳнинг араваларга ортиб келинган читалари ва уларни қўлга ўргатган читабонлар ўзларига иш тополмай, аҳолига томоша бўлиб қолдилар. Ҳиндлар читани йўлбарсдан ҳам хатарлироқ йиртқич деб ҳисоблайдилар. Бели ингичка, думи ва танаси узун, бутун териси оқ-сарғиш ҳол-ҳоллардан иборат бу йирик қоплон ниҳоятда чаққон бўлади, қаттиқ сакраса, ҳатто, филнинг устига чиқа олади. Энг чопқир кийикни ҳам қувиб етади. Гоҳо ўрмонда одамхўр читалар ҳам учраб туради. Шундай хатарли йиртқични қўлга ўргатиб, қафасда олиб юрган читабонларнинг димоғлари баланд, ўзларини подшоҳнинг суйган овчилари қилиб кўрсатиб, дўқ-пўписалар ҳам қилишади. Бир жойда яхши кийинган ўрта яшар киши темир қафасга яқин келиб читани томоша қилар экан, читабон бу одамнинг оёғидаги чиройли этикка хуштор бўлиб қолди. Бирдан қафаснинг оғзини очди-ю, читанинг бўйнидаги чарм ҳалқасидан тутиб: — Этикни еч! — деди ҳалиги одамга. — Ечмасанг ҳозир читани қўйиб юборурмен, сени тилка-пора қилгай. Читанинг сарғиш кўзлари оловланиб, ўзи ирилларди. Қўрқиб кетган бечора томошабин чиройли этигини читабонга ечиб берди. Яхши кийинган одам ялангоёқ юришдан қийналиб товонига тошлар ва тиканлар қадалиб келаётганда Акбар қаршисидан чиқиб қолди. Ялангоёқ киши йиғлаб туриб: — Ҳазратим, адолат қилинг! Арзимни тингланг! Ҳазратим! — деб мурожаат қилди. Акбарнинг ишораси билан қўриқчилар ялангоёқ кишига йўл бердилар. Акбар бугун от минган эди. У от устида туриб яланг оёқ кишининг арзини эшитди-да: — Қани, юринг, ўша читабонни бизга кўрсатинг!— деди. Читабон тортиб олган этигини аллақачон оёғига кийган, эски этиги қафас олдида турар эди. Акбардан қўрқиб, ҳалиги одамнинг этигини дарров ечиб бера бошлади. Бўлажак қайнотаси Бҳари Малнинг олдида қаттиқ хижолат чекаётган Акбар: — Бу читабон бизнинг хизматимиздаги барча одамлар шаънига доғ тушурмишдир! — деди ва чап томонда турган бекка мурожаат қилди: — Жаноб Чиғатойхон, ҳукмимизни жарчилар Жайпур аҳолисига эълон қилсинлар! Махсус фармон ёзиб, барча вилоятларга юбортиринг, токи бутун мамлакат огоҳ бўлсин. Бизнинг хизматимизда юриб аҳолига зулм ўтказадиган, зўравонлик билан унинг кийим ёки буюмларини тортиб оладиган кимсалар шафқациз жазо олурлар! Мана бу читабон майдонга олиб чиқилсин, бировнинг этигини тортиб олиб кийган оёғи кесиб ташлансин! Ўша куни бу фармон халойиқнинг кўзи олдида амалга оширилди. Xалқ Акбарни адолати ва қатъияти учун мақтай бошлади. * * * Бу мақтовлар, албатта, Жодҳа Байнинг қулоғига ҳам етиб борди. Ҳозир ҳамманинг тилида шу қизнинг номи. Жодҳа Байни бир кўришга, икки оғиз сўзини эшитишга муштоқ ихлосмандлари кўпайиб кетди. Лекин ота-оналари Жодҳа Байни чет кўзлардан йироқда тутишар ва никоҳ тўйига тайёрлашар эди. Куёв томондан беш юз одам келган, улар ҳаммаси рожа Бхари Малнинг қасрига сиғмайди. Акбар Санганир деган кўкаламзор, хушманзара жойни ўзига қароргоҳ қилиб танлади. Мавкабнинг юкларини ва чодирларини бир неча юз туялар, филлар ва хачирлар кўтариб келмоқда эди. Махсус одамлар тоғ этакларидаги кўкаламзорга уч юзта ранг-баранг чодир тикдилар. Улар орасида энг ҳашаматлилари Акбар учун, унинг онаси, энагалари ва бошқа яқинлари учун ўрнатилди. Бўлажак келин-куёв учун меҳтарлар[31] икки қаватли кўшкни эслатадиган болохонадор чодир қуришди. Бу чодирнинг ўтов керагаларига ўхшаган йиғма ёғочлари энг қаттиқ маҳва дарахтидан ясалган. Унинг синчга ўхшаган йўғон хариларини филлар кўтариб келиб, хартумлари билан тиклаб берадилар. Икки ошиёнли, зинапояли бинонинг ёғоч қовурғалари бир-бирига маҳкам уланиб, яхлит ва мустаҳкам «қути»га айлангандан сўнг, устига чодирнинг қалин ва гўзал пуштиранг матоси тортилди. Одам бўйи келадиган ва «дамома» деб аталадиган улкан ноғоралар чалинди, уларга қўш карнайлар, қўш сурнайлар жўр бўлди-ю, тўй шодиёнаси бошланди. Режа бўйича тўй бир ҳафта давом этиши, шу орада келин томон ҳам, куёв томон ҳам барча орзу-ҳавасларини амалга ошириб улгуришлари керак эди. Ҳаво очиқ, кунлар бахмалдай майин, айни тўй-томошалар ўтказадиган пайт эди. Ҳамида бегим мана шундай бахмал мавсумда Синд вилоятининг Потҳур деган жойида чодирлар ичида Ҳумоюн билан ўтказган унутилмас дамларини эслар, Акбар — ўшандаги оловли муҳаббатнинг маҳсули эканини ўйлар, энди шу ўғли севиб қолган ҳинд қизи ҳам табиат бағрига ўрнатилган чодирда ҳақиқий бахт топишини истарди. Бироқ куёв-келиннинг икки динга мансублиги ва никоҳни икки жойда, икки хил ўқитиш муаммоси онани ташвишга солмоқда эди. Ҳиндча никоҳ уқийдиган пурахитлар[32]қиз томонда бор, аммо икки динни баробар кўрадиган садр ёки шайх топиш қийин. Саройдаги шайхулислом Ансорий ёки садрлар судури Абдунаби икки динли никоҳга рози бўлишмади. Улар, ҳатто, Қуръону пайғамбарни тан оладиган шиалар билан келишолмайди-ю, кофир саналадиган браҳман ва коҳинлар билан қандай тил топишади? Ҳамида бегим ўйлаб-ўйлаб, Салим отани чақиришга қарор берди. Саройга бормаса, Санганирга келиши мумкин-ку. Секри бу ерга унча узоқ эмас, отда бир кунлик йўл. Бегим Салим отага мактуб ёзиб, Чиғатойхон Тошкандийдан бериб юборди. «Тақсир, ёшлик пайтимизда сизнинг отангиз ҳам Жамна бўйида тўй қилиб, тўнғич ўғлини ҳинд қизига уйлантирмоқчи бўлганини айтиб берган эдингиз. Ўшанда мусулмон мутаассиблари ҳам, жоҳил браҳманлар ҳам бунга қарши чиқиб, тўйини бузганлари, отангизни зиндонга ташлаганлари ёдингизда бордир. Йиллар ўтиб, замонлар ўзгарди. Ўғлимиз Акбаршоҳга мен каби оқ сут берган ҳинд энага Рупа биби ҳозир менинг ёнимда. Ўшанда отангиз амалга оширолмаган ҳинд-мусулмон тўйини энди биз ўтказмоқчимиз. Шунга сизнинг иштирокингиз ва кўмагингиз зарур бўлиб қолди. Биз ўрмон ичида, табиат бағрида турибмиз. Бу ер — подшоҳ саройи эмас. Шунинг учун, албатта, ташриф буюрарсиз деб умид қилурмен. Ихлосмандингиз Ҳамида бону бегим». Бу мактубни олиб жўнаган Чиғатойхон уч кун бедарак кетди. Тўй охирлаб бормоқда. Эртага кечаси никоҳ ўқитилиши керак. Бегим кейин билса, Салим ота отга минишни истамабди. Чиғатойхон унинг пиёда юришига мосланиб, бир кунлик йўлни уч кунда зўрға босиб ўтибди. У навкарини олдинроқ юбориб, бу воқеадан Акбарни ва бегимни хабардор қилди. Салим отанинг Деҳлидаги Ҳумоюн қабрига ҳам ҳаж қилганда пиёда борганини Акбар онасидан эшитган эди. Мўйсафиднинг ҳурмати учун Акбар ҳам қароргоҳ четигача пиёда бориб, Салим отага пешвоз чиқди. Уни фарзандларча эҳтиром билан кутиб олди-да, олдиндан тайёрлаб қўйилган меҳроблик чодирга олиб кирди. Салим отани тўрга ўтказиб, ўзи пастроққа чўкка тушди: — Тақсир мен сизнинг таърифингизни Сирҳиндда Абдулла Ниёзийдан эшитган эдим. — Ҳа, Абдулла Ниёзий Биана халқини Исломшоҳ зулмига қарши кўтарган жуда жасоратли одам эди. — У киши сизнинг тўғрингизда ҳам худди шундай фикрда эканлар. Кейин, ҳазрат, онам менга кўп воқеаларни айтиб бердилар. Отамизга унутилмас яхшиликлар қилган экансиз. Мен сизни маънавий отамдек азиз билурмен. Сўнгги сўзлардан кўзлари ялтираб кетган Салим ота Акбарга: — Э, ўғлим! — деб мурожаат қилди. — Яратганнинг олдида шоҳ-у дарвеш — барчамиз баробар инсон фарзандимиз. Мен икки йил Арабистонда бўлдим, қанча халқларни кўрдим. Ҳамма жойда ҳам инсон— шу инсон, бани башар асли ўзи бир. Қанча тождорларни кўрдик. Шерхон нечоғли қудратли, ақлли, найрангни кўп ишлатиб, авлодларини ёмонликка ўргатди, оқибатда, бари халқнинг қаҳрига учраб йўқ бўлиб кетди. Бугун келганимнинг сабаби — сиздан умидим катта. Ота-боболарингизнинг нек ишларини давом эткизиб, эл-улуснинг олқишини олгайсиз. — Муташаккирмен, тақсир. Дастурхон ёзилиб, тўй зиёфати ейилгач, пешин намозига таҳорат олдилар. Намозга Салим ота олдинга туриб имомлик қилди. Намоздан сўнг ота ташқарига чиқмоқчи бўлди. Шунда Акбар унга шогирд каби хизмат қилиб ковушини оёғи тагига тўғрилаб, жуфтлаб қўйди. Аммо Акбарнинг тенгдоши ва кўкалдоши Адҳамхон шайх Салимнинг ялангоёқ эшкакчилар орасидан чиққан камбағал йигит бўлганини Моҳим бибидан эшитган эди, шунинг учун чолни писанд қилмай, киноя билан тиржайиб кулди. Ўзи бечораҳол оиладан чиққан бу йигит камбағал ўтмишини эслатадиган одамларни суймайди. Адҳамхон олий табақанинг энг бой аслзодалари қаторида шайхулислом Ансорийга қўл бериб, мурид бўлган. Акбар тиржайган кўкалдошига «ҳаддингдан ошма!» дегандек тикилди. Бироқ Адҳамхон тап тортмай кўзини Акбарнинг кўзига қадади: «Шу исқирт чолга кавуш тўғрилаб бериб, бизни ҳам ерга урдингиз, ахир биз сизга таъзим қилиб, юкуниб юрибмиз!» демоқчи бўлди. Акбар Адҳамхоннинг нақадар талтайиб, калондимоғ бўлиб бораётганини шунда баралла пайқади. Келинни олиб келиш учун бораётганларида Адҳамхон унинг ўнг томонида энг яқин куёв жўраси бўлиб бормоқчи бўлди. Бироқ Акбар ўнг ёнига иккинчи кўкалдоши Азизни олди. Адҳамхон орқа қаторда қолиб, қовоғи бирдан осилиб кетди. * * * Улкан бир тоғ қояси устига қурилган рожа Бхари Малнинг қалъасида бир ҳафтадан бери маъюс куйлар янграйди, қизлар давра бўлиб, туғилган даргоҳ билан хайрлашув қийинлиги ҳақида ашула айтадилар. Азалий удум шундай: куёв томонда нақоралар севинч билан «така-тум» қилади, карнайлар қувнаб «ҳа-ху»лайди, чунки оилага янги бир одам — гўзал келин қўшилади. Аммо қиз ўстирган ота-она жигарпорасини узатади. Қиз бу даргоҳдан йиғлаб чиқиб кетмаса ота-онанинг кўнгли жойига тушмайди. Шунинг учун қиз узатадиган хонадонда тўй куни юракни эзувчи хайрлашув куйлари чалинади. Бироқ Акбар карнай-сурнай чалдириб, ўз одамлари билан Бҳари Малнинг қалъасига кириб келганда қувноқ тўс-тўполон бошланди. Ҳинд одатига биноан, Акбар қиз турадиган ҳовлига қилич тақиб отлиқ кириб борди. Унинг ёнида куёв жўраларидан ташқари, Рупа энага ҳам бор. Ҳиндча расм-русмларни Акбар ва унинг одамларига Рупа энага ўргатиб турибди. Ясатилган келинчак бир тўп дугоналари билан гулшодалар кўтариб, уйдан Акбарга пешвоз чиқдилар. Қизлар ёр-ёрни эслатувчи қўшиқни айтишиб қўлларидаги гулшодаларни Акбар минган отнинг бўйнига осдилар. Ҳайрон исмли бу от хушбўй гулшодалар ва гўзал қизлар орасида чиндан ҳам таажжубга тушгандай кўзларини катта-катта очиб турарди. Ниҳоят, келинни отнинг гулга кўмилган бўйни остидан олиб ўтдилар. Бундай юксак эҳтиромдан сўнг куёв отдан тушди. Жодҳа Бай унга таъзим билан яқинлашди-ю, энг сара гуллардан қилинган ва «сваямвар»[33] деб аталадиган катта гулшодани Акбарнинг бўйнига осди. Шундан сўнг келин-куёв гулшодалардан тизим-тизим қилиб ясалган ва махсус меҳроб ўрнатилган гулчодирга кирдилар. «Йўллари оқ бўлсин» деган ниятда гулчодирнинг четига ун ва гуруч сепиб қўйилган. Меҳроб қаршисида иккита сербезак курси турибди. Келин-куёв шу курсиларга ёнма-ён ўтирдилар. Келиннинг ёнидан унинг ота-онаси ва бошқа яқинлари жой олишди. Куёвнинг ёнига Рупа энага ва кўкалдошлари ўлтиришди. Пурохит деб аталадиган ҳинд муллаларининг бири келин томонда, иккинчиси куёв томонда туриб, «мантр»лар деб аталадиган дуоларини ўқидилар. Акбар никоҳ пайтида айтиш керак бўлган гапларини Рупа энага ёрдамида ўрганиб келган эди. Пурохит ундан ҳиндчалаб: — Рани Жодҳа Байни никоҳингизга оласизми? — деб сўради. Акбар ҳам ҳиндчалаб: — Мен муқаддас олов, осмон ва ер гувоҳлигида ҳинд қизи рани Жодҳа Байни чин дилдан хоҳлаб ўз никоҳимга олгаймен! — деди. Пурохит ўша савол билан қизга мурожаат қилди. Акбарнинг гапи Жодҳа Байга анча далда берган эди. — Мен, — деб сўз бошлади қиз, — олий тангрилар гувоҳлигида муслим йигитнинг никоҳига ўз хоҳишим билан ўтмоқдамен. Унинг уйини ўз уйим деб билурмен. Барча келинлик хизматларини сидқидилдан адо этгаймен. Қоидага биноан, бу сўзлардан кейин пурохитларнинг бири йигитнинг қўлидан, иккинчиси қизнинг қўлидан олди-да, икки панжани бирлаштирди. Акбар қизнинг майин қўлчаси тафтини ўз кафтида ҳис қилди. Пурохитлар Акбарнинг елкасидаги шоҳи фўтанинг учини қизнинг эгнидаги зарбоф сарининг учига секин боғлаб қўйдилар. Сал нарида муқаддас олов ёниб турибди, хушбўй ҳид берувчи гиёҳлар тутатилмоқда. Қўллари чирмашган, фўта ва сарилари бир-бирига боғланан келин-куёвни пурохитлар олов атрофидан етти марта айлантириб ўтказдилар. Бу айланишлар билан меҳр-у оқибат, поклик, болажонлик, ота-онага эҳтиром, садоқат, одоб каби оилавий ҳаётнинг еттита энг муҳим талабига риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар. Никоҳ маросимининг охирида қизнинг отаси фотиҳа бериши керак эди. Одатга биноан, Бҳари Мал ўзининг ва уруғининг номини айтиб сўз бошлади. — Мен, рожа Бҳари Мал, ўттиз олтита ражпут қабилалари қаторига кирадиган Калваҳа уруғининг бошлиғимен. Тарихдан маълумки, бизнинг энг қадимги аждодларимиз арийлар бўлган. Уларни Ҳиндистонга шимолдан, Мовароуннаҳр-у Xуросон томонлардан келган оташпарастлар деб эшитганмен. Ҳазрат подшо, сизнинг аждодларингиз ҳам шимолдан келганлар, қадим замонда улар ҳам оташпараст бўлганлар. Айтмоқчименки, бугун мана бу муқаддас олов гувоҳлигида бизга куёв бўлаётганингиз тасодиф эмасдир. Эҳтимол, тақдир тақозоси шундай бўлгандирки, минг йиллар олдин бир-бирларидан ажрашиб, турли мамлакатларга уруғ каби сочилиб кетган авлодлар энди сизларнинг тимсолингизда яна топишмоқдадирлар. Мен ўз қизимни сизга инъом қилурмен. Билурсизки, инъом қайтиб олинмайди. Қизим бу даргоҳга энди фақат меҳмон бўлиб келмоғи мумкин! Акбар кафтига тафти уриб турган нафис қўлчани меҳр ва ташналик билан қисиб қўйди. Келинни тахтиравонга ўтқазиб, карнай-сурнай садоси остида қароргоҳга олиб қайтганларида тун ярмидан ошган, лекин ҳамма уйғоқ, машъала ва гулханлар ёқилган эди. Уларнинг ёруғида келин-куёвни Ҳамида бегим ва бошқа яқинлари кутиб олиб, улкан саропарда ичига бошлаб кирдилар. Ҳумоюн жорий қилган анъана бўйича, келин-куёв аввал «Давлат уйи» деб аталадиган биринчи хонага кирдилар. Бу ерда уларни вазир-у амирлар таъзим билан қарши олиб, муборакбод қилдилар ва қимматбаҳо совғаларини топширдилар. Саропарда ичидаги иккинчи муҳташам чодир «Саодат уйи» деб аталар эди. Бу уйда куёв-келинни янги малла тўн кийган, оқ салла ўраган Салим ота кутиб олди ва икковларини қаршисига ўтқазиб тилак айтди. — Илоҳим бахтли бўлинглар, оқибатли фарзандлар кўринглар, эл-юртнинг олқишини олиб, узоқ яшанглар! Мусулмонча никоҳ ҳам ўқилгандан сўнг келин-куёв саропарда тўридаги икки ошиёнли «мурод уйига» йўл олдилар. Акбар бу уйда қиз билан яккама-якка қоладиган дамларни толиқиб кутмоқда эди. Лекин одатга биноан, бу уйнинг биринчи қаватига дастурхон ёзилган, янгалар келин-куёв учун энг нодир таомлар тайёрлашган эди. Жодҳа Бай Акбар билан бир дастурхондан овқат ейишга журъат этмай, ўзини четга тортди. Ҳинд одобига биноан, келин-куёвни ўзидан беқиёс даражада юқори қўяди, хотин ҳам эрни илоҳий бир юксакликда кўради. Шунинг учун куёв билан бир дастурхондан овқат ейиш — келинчак учун одобсизлик саналади. Жодҳа Бай ҳам Акбар овқат еб бўлгунча дастурхонга яқин келмоқчи эмас, бир четда одоб сақлаб турмоқчи эди. Акбар аввал ҳам эшитган бу одатлар эркак зотининг обрўсини афсонавий бир юксакликка кўтаришини, келин ўз куёвини Xудо ўрнида кўришини Жодҳа Байнинг ҳозирги одобида юракдан ҳис қилди-ю, қаллиғига меҳри тобланиб шивирлади: — Мен сизнинг хонадонингизда ҳиндча одатларга риоя қилдим-ку. Энди сиз бу ерда туркий одат бўйича мен билан бирга таом ейишингиз керак. Қани, олинг. Акбар бедана кабоб солинган олтин лаганни қаллиғига яқин сурди. Аммо Жодҳа Бай болаликдан онгига сингган одатни буза олмади. Акбарнинг олдида овқат чайнашдан уялди. Янгалар келин-куёвга асал қўшилган чой келтирдилар. Акбар ўзи ичган асал чойдан Жодҳа Байга ҳам озгина ичирди. Қиз ота-онаси билан хайрлашганда қаттиқ йиғлаган, ҳозир ҳам хомуш кўринарди. Акбар ҳазил билан унинг кўнглини ёзмоқчи бўлди: — Рани Жодҳа Бай, саройда шахмат ўйнаганимиз ёдингиздами? — Ҳа. — Ўшанда сиз менинг фарзинимни... ютиб олган эдингиз-а? Жодҳа Бай энди жилмайди: — Бекор қилган эканмен. — Нечун? — Қасос қайтди. Мана, фарзининиз ўрнига сиз мени ютиб олдингиз. Қизнинг ширин жавоби Акбардаги бахт туйғусини янада ошириб тоширгандай бўлди. У бирдан қайнотаси айтган сўзларни эслади: барча бани башар битта Одам ато ва Момо Ҳаводан тарқаган бўлса, минг йиллар аввал, оташпарастлик даврларида, Жодҳа Байнинг арий боболари билан бобурийларнинг узоқ аждодлари қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб яшаганларига нега ишониш мумкин эмас? Келин-куёвни олов атрофидан айлантириш одати туркий халқларда ҳам бор-ку. Ниҳоят «мурод уйи»нинг хобгоҳида икковлари ёлғиз қолдилар, Акбар севгилисини минг йил соғиниб кутган йигитнинг қалб кучи ва эҳтироси билан Жодҳа Байни бағрига олди. Икки ёш дил бир-бирининг тафтидан эриб, қалблари дарёдай туташиб оқа бошлади. * * * Ҳиндлар орасида минг йиллардан буён ахлоқ-одоб низоми ҳисобланадиган ва муқаддас саналиб ижро этиладиган Ману[34] қонунлари Жодҳа Байнинг қон-қонига кичиклигидан сингдирилган эди. Унинг эътиқоди бўйича, аёл киши умрида фақат бир марта эр қилиши мумкин. Агар эри ўлса, беванинг бошқа эрга тегиши мумкин эмас. Бева ё эрининг жасади билан бирга оловда ёниб ҳалок бўлиши керак ёки қолган бутун умрини эрига аза тутиб, кунига фақат бир маҳалгина овқат ейиши, то ўлгунча мотам кийимида хор, забун аҳволда яшаши керак. Ману ҳинд аёлига эрининг хаётини ўз ҳаётидан ҳам ортиқроқ эъзозлашни ва уни ўз тангриси ўрнида кўришни буюрган. Фақат шу буйруқни сўзсиз бажарган аёлларгина ҳинд тангрилари Брахма, Шива, Вишнуларнинг марҳаматига сазовор бўлишига Жодҳа Бай сўзсиз ишониб ўрганган. Аёлларга нисбатан шафқациз Ману ҳиндларнинг олий табақасига мансуб эркакларга тўрттадан хотин олиш ҳуқуқини берган. Лекин бадавлат ҳукмдорлар юз, икки юзтагача хотин олсалар ҳам ҳинд дини бунга қарши чиқмас эди. Жодҳа Байнинг отаси ўн еттита хотин олган, улар ҳаммаси эрларини тангри ўрнида эъзозлашга тиришар ва ҳарамда муроса билан яшар эдилар. Буни отасининг уйида кўриб ўсган Жодҳа Бай Акбарнинг бошқа хотинлари борлигига ҳам тез кўникди. Жодҳа Байнинг гўзал жисми ва қалби каби, унинг ахлоқ-одоби ва эрни бу қадар эъзозлаши ҳам Акбарни ўзига маҳлиё қилди. Келинчак ҳар куни уч маҳал ибодатдан олдин оёқдан юзгача яхшилаб ювинар ва олий тангрилари ҳузурига гўдакдай пок бўлиб боради. Ҳиндистоннинг иссиқ иқлимида таҳорат ўрнига бутун танани уч маҳал ювиб, поклаш, ғуслни албатта оёқдан бошлаш, охирида юзни ювиб, оғизни хушбўй дори гиёҳлар қўшилган сув билан чайиш одамни нечоғли тетик ва латиф қилишини Акбар Жодҳа Бай орқали яқиндан билди. Жодҳа Байдаги жозиба унинг гўзал ҳуснидангина эмас, ахлоқ ва одобидан ҳам келиб чиқишини сезган Акбар ёш хотинининг имон-у эътиқодини асраб-авайлашга ҳаракат қиларди. Жодҳа Бай Санганирга ҳар куни ибодатхонага борарди, чунки у илоҳий деб ишонган ҳинд тангрила-рининг ҳайкаллари фақат ибодатхонага қўйилар, уларга уйда сиғиниш мумкин эмас. Шунинг учун Деҳлининг Пуран қалъасидаги жажжи бир бино Жодҳа Бай ва унинг ҳинд канизаклари учун ибодатхона қилиб берилди. Шу сабабли Жодҳа Бай билан бирга Акбар саройига браҳман ва пурахитлар ҳам кириб келдилар. Жодҳа Бай учун ажратилган ибодатгоҳда шулар хўжайин бўлиб олиб, Шива, Дурга ва бошқа тангриларнинг ҳайкалларини ўрнатдилар. Ҳарамда Жодҳа Бай учун ажратилган хоналар ҳам Санганирдан қизнинг сепи билан келган хонаки маъбудаларнинг ҳайкалчалари билан тўлди. Ҳинд келинчак учун очилган сўқмоқдан унинг қариндошлари ҳам саройга кириб келдилар. Синглисини биринчи марта Деҳлига, тўйга олиб келиб, Акбар билан таништирган Бҳагван Дасга амири дуҳазори[35] деган катта мансаб берилди. У ўзининг ражпут йигитларидан икки минг отлиқни Акбар хизматига олиб келди. Бу отлиқларнинг маошини Акбар ўз хазинасидан тўлай бошлади. Бҳагван Даснинг ўн тўққиз ёшли девқомат ўғли Ман Синхни Акбар хос мулозимлари қаторига қўшди. Будпарастликдан балодан қўрққандай ҳазар қиладиган тақводор уламо ва садрлар бундан қанчалик норози бўлиши Акбарга маълум эди. «Подшомиз кофирларни эркалатиб, бошимизга чиқармоқда!» деган гаплар ҳали ҳозир ичкариларда шивир-шивир нолиш тарзида айтилаётган бўлса ҳам, ҳуфиялар орқали Акбарга етиб кела бошлади. Шайхулислом Абдулла Ансорий ўзига қўл берган Адҳам кўкалдош ва Баҳодирхонлар билан зиёфатларда бирга бўларди. Уларга охир замон яқинлашаётгани тўғрисида таҳликали каро-матлар қилар: — Яъжуз-маъжуз деганлари — саройга ёпирилиб кириб келаётган мана шу мажусийлардир! — дерди. — подшомиз қайноғаси Бҳагван Дасдан баттар яна бир мажусий рожани саройга олиб келибдир. Ашула айтадиган қизиқчи рожа Бирбал подшомизни ўзига ром қилиб олаётган эмиш. Наҳотки, бизнинг ботир бекларимиз динимизнинг поклиги учун жон койитмасалар? Мусулмонободни сақлаб қоладиган мард ғозийлар қани? «Мана, мен!» деб, юрак ютиб майдонга чиқадиган ва Акбар билан олиша оладиган беклар саройда деярли йўқ эди. Фақат Моҳим энаганинг даврида хони аъзам унвонини олган Адҳамхон ёшликда Акбар билан «тепишиб» катта бўлгани учун ундан ҳайиқмас эди. Ансорий билан Адҳамхон Байрамхонга қарши бирга курашган эдилар, уни Патанда яшириқча ўлдириш маслаҳатини бирга қилган эдилар. Адҳамхон ўша кезда Ансорийнинг сирдош муридига айланган эди. Иккови ёлғиз қолганларида Адҳамхон пирига мақтаниб ҳам қўярди: — Подшомиз ҳозир жуда ҳаво бойлаб кетди. Аммо беш-олти яшарлигимизда биз у билан «Байрамхон» ўйнар эдик. Байрамхон бўлгиси келган бола ўйин қоидаси бўйича шапати ейиши керак эди. Ўшанда мен Акбарнинг юзига аямай шапати урганмен. Кўзлари ёшланиб кеца ҳам «ғинг деёлмаган! — Ботирсиз! — деб Ансорий Адҳамхонни мақтаб кетди. — Ҳозир бутун мамлакатда сиздан дадил, сиздан нуфузли амир йўқ. Онангиз Моҳим биби саройда маликалардан ҳам баланд мартабага эришдилар. Имони пок муслимларнинг суянан тоғи она-бола икковингиз бўлиб қолдингиз. Байрамхон қувилганда мен сизни унинг ўрнига вакили салтанат бўлурсиз деб умид қилган эдим. Ўзи ҳам буни жуда истаб юрган Адҳамхон армон қилиб деди: — Начора? Мени «ёш» дейишиб, Мунимхонни қўйдилар. — Аммо ҳали ҳам кеч эмас, жаноби хони аъзам. Сиз ёш бўлсангиз ҳам Мунимхондан юз чандон донороқсиз. Муниомхон подшоҳни кофирларнинг ихтиёрига бериб қўймоқда. Рожа Бирбал ҳам Мунимхоннинг бўшлиги туфайли подшоҳнинг пинжига кириб, мусоҳиб[36] бўлиб олибдир. Қўйиб берсак, ҳадемай бу рожа «вакили салтанат» бўлмоғи мумкин. Адҳамхон билан рожа Бирбал саройда қаттиқ тўқнашиб қолган. Ансорий буни биларди. У атайлаб адҳамхоннинг дил ярасига туз сепиш учун: — Жаноби хони аъзам, рожа Бирбал саройда ҳаддидан ошиб, сиздай буюк бекка ҳам тил теккизгани ростми? — деб сўради. Адҳамхон бу нохуш ҳодисани эслаганда юзи бирдан буришиб: — Саройда эмас, дарё бўйида, — деди. Акбар, Адҳамхон, Бирбал ва яна бир қанча мулозимлар Жамна бўйида бузоқлар ўтлаб юрган жойдан пиёда сайр қилиб ўтаётганларида, гап айланиб кўкалдошларга келди. Адҳамхон ўзининг кўкалдошлигидан ортиқ даражада керилиб юришини рожа Бирбал ҳам сезган эди. Акбар ундан: — Соҳиб Бирбал, сизнинг ҳам кўкалдошингиз бўлганми? — деб сўради. — Бўлган, ҳазрат подшо. — Ким? — Ҳазратим, айцам одобсизлик бўлғай!.. Рожа Бирбалнинг қизиқчиликларини ёқтирадиган Акбар: — Айтаверинг, сиз учун одобсизлик саналмагай! — деб уни қўймади. Рожа бирбал ўтлаб юрган ювош бир бузоқни етаклаб келди: — Онамнинг сути етмагани учун болалигимда сигир соғиб беришган. Шу сабабли менинг кўкалдошим — мана шу бузоқ! Акбар хахолаб кулди. Лекин Адҳамхон бу гапни ўзига олиб, «рожа мени бузоққа тенглаштирди!» деб аччиғи келди. Ансорий ҳозир унинг ўша эски аламини янгилай бошлади: — Рожа мажусий бўлгани учун сигир-у бузоқни муқаддас билур. Аммо сиз-у биз учун онанинг оқ сути наҳотки... Шундай латифага муносиб кўрилса! Адҳамхон белидаги ханжарнинг сопини ғазаб билан ғижимлаб: — Тангри ҳақи, мен бу рожадан қасд олмоғим керак! — деди. — Жаноби хони замон, биттасини йўқ қилсангиз, бошқалари қолур. Биз мажусийларнинг ҳаммасини саройдан даф этмоғимиз керак. — Қандай қилиб, тақсир? — Кўп ишларга Мунимхоннинг бўшлиги сабаб бўлмоқда. Уни биратўла даф этадиган доно йўл топмоғимиз лозим! — Менга ўша доно йўлни кўрсатинг-да, пийрим! — Бу йўл — Мунимхонни кетказиб, ўрнига сизни вакили салтанат қилиб кўтаришдир. Ўзи ҳам шу юксак лавозим орзусида юрган Адҳамхон сувга ташланган балиқдай яйраб: — Миннатдормен, пийрим! — деди. — Аммо подшо бунга кўнмасачи? — Кўплашиб ҳаракат қилсак, подшо ҳам кўнгай. Ахир сиз унинг бирга ўсган энг қадрдон тенгдошисиз. Онанизга подшонинг ишончи баланд. Пайтини топиб айцинлар. Мен ҳам барча уламолар номидан сизни тавсия этай. Ўзингиз ҳам бўш келманг, тарафдорларингизни ишга солинг. — Доно маслаҳат бердингиз, пийрим! — деб Адҳамхон энгашди-да, Ансорийнинг этагини ўпди. Шу маслаҳат бўйича Адҳамхонни Мунимхоннинг ўрнига вакили салтанат қилиб кўтариш ҳаракати бошланди. Бу ҳаракат Акбардан сир тутилди. Чунки шайх Ансорий Адҳамхонни Акбарнинг янги сиёсатига ва саройда ғайридинларнинг кўпайишига қарши ғов қилиб кўтармоқчи бўлгани мутлақо сезилмаслиги керак эди. Деҳли вилоятининг ҳокими Шаҳобиддин ҳам жияни Адҳамхон томонга ўтди. Энг ифлос фитналарда қатнашиб мансабдор бўлган Афзалбек — Муборизхон ўз ҳомийси Адҳамхонни вакили салтанат қилиб кўтариш учун яна ҳар қандай қотилликка тайёр эди. Чунки у Адҳамхоннинг юксалишига ёрдам берса, ўзининг мартабаси янада ошишига, келажакда бирор вилоятнинг ҳокими бўлишига ишонарди. Моҳим энага ҳали ҳам Акбарга меҳрибон, унинг ҳинд энагаси Рупа бибини ва ёш хотини Жодҳа Байни қўлидан келганича эъзозлайди. Шу билан бирга у яхши кўрган ўғли Адҳамхоннинг мартабаси янада ошишини ва унинг вакили салтанат бўлишини истайди. Мана шу истак энагани беихтиёр яширин кураш гирдобига тортди. Энага оқибати ёмон бўлишини тасаввур этмасдан ва Акбарнинг янги сиёсатига қарши боришни ўйламасдан, «фақат ўғлимни Мунимхоннинг ўрнига вакили салтанат қилсам бас, орзуим ушалгай» деган ниятда Махдумул Мулук билан тил бириктирди. Саройда катта нуфузга эга бўлган Моҳим энага бош қўшгандан сўнг яширин гуруҳ катта кучга айланди. Адҳамхон гоҳо ширакайф бўлиб юрар, Мунимхонга «жон керак бўлса ўринни бўшат!» дегандек тахдидлар қилар эди. Юмшоқ табиат Мунимхон Байрамхондай одамни маҳв этган бу гуруҳдан қўрқар, Моҳим энага билан Адҳамхоннинг қовоғига қараб турар эди. Xасталаниб юзи сарғайиб қолган Мунимхон ахийри Акбарнинг ҳузурига кириб илтимос қилди: — Ҳазратим, менга енгилроқ иш беринг, майли вакили салтанатликка Адҳамхон ўцинлар! — деди. — Бироқ, Адҳамхон хони аъзамлик унвонини ҳам кўтаролмай ҳовлиқиб қолмоқда. Вакили салтанатликни у эплай олмагай. — Моҳим энага ёрдам берсалар, балки эпларлар? — Сизга бу фикрни... энагам бердиларми? — Ҳа, у кишининг ниятлари шу. — Лекин шайх Ансорий Адҳамхонни менинг янги сиёсатимга қарши қайраб юрибдир. Булар ражпутларни саройдан қувмоқчилар. Наҳотки энагам буни билмаса? — Энагангиз ўғлининг мартабаси ошишини жуда истайдир. Она-да! Акбар Мунимхоннинг Моҳим энага ва Адҳамхон тазйиқига бардош бера олмаслигини сезди. Ҳеч кимга билдирмай, Кобулга махфий мактуб юборди-ю, Шамсиддин аткани пойтахтга чақиртирди. Бу орада жанубий вилоят бўлган Малвада Шерхон сур авлодларидан бўлган Бўз Баҳодирга қарши юриш бошланди. Акбар Адҳамхонга катта ишонч билдирган бўлди-да, ўн минг қўшинга уни саркарда қилиб, Малвага жўнатди. — Бўз Баҳодир саройида Рупмати деган машҳур хонанда қиз бор экан, шуни Аграга тирик олиб келинг!— деб буюрди. Адҳамхон Малвада юрганда Шамсиддин атка Кобулдан етиб келди ва Мунимхоннинг ўрнига вакили салтанат қилиб тайин этилди. Шу орада Адҳамхон ҳам Бўз Баҳодирни енгиб, катта ўлжалар билан Малвадан қайтди. Шамсиддин атка фақат Акбарнинг измига бўйсунар, Моҳим энага билан Адҳамхонни давлат ишларига аралаштирмасликка тиришарди. Акбар ўзининг қизил муҳрини энагасидан қайтариб олиб, Шамсиддин аткасига берган эди. — Ахир Адҳамхон болаликдан бирга ўсган содиқ кўкалдошингиз-ку, ҳазратим! Вакили салтанат бўлса, сиз учун жонини бермас эдими? Акбар Моҳим энагани алоҳида эҳтиром қилиб: — Улуғ эна, сиз менга қандай яхшиликлар қилганингизни ҳеч вақт унутмагаймен, — деди. — Сизга доим фарзанддек оқибат кўрсатиш ҳаракатидамен. — Рост, ҳазратим, менга қилган олий иноятларингиз учун оқ сутимдан мингдан минг розимен! — Раҳмат сизга, улуғ эна! Адҳам кўкалдошимга ҳам юксак хони аъзам унвони берилди, катта жогир ажратилди. — Ўғлим сиздан кўрган яхшиликларни унуца кўр бўлгай! Мен унга айтганмен! — Мен ҳам кўп... огоҳлантирдим. Лекин Адҳамхон катта давлат-у мартабадан ҳовлиқиб қолди. Шайх Ансорий мени «куфр йўлига кирди» деб иғво қилаётганидан хабарим бор. Адҳамхон эса унга қўл бериб мурид бўлди, ўша шайхнинг қутқусига учиб юрибдир. Моҳим энганинг ўзи ҳам шайх Ансорийнинг гуруҳига қўшилиб, ўғлини вакили салтанат қилмоқчи эканидан наҳотки Акбар хабар топган бўлса? Бу одам ер тагида илон қимирласа билар экан-да! Лекин Моҳим энага сир бермасликка тиришди: — Ҳазратим, ёмон одамларнинг гапига ишонманг! Адҳамхон сиз чизган чизиқдан чиқмаган! Сиз уни Малвага урушга юбордингиз. Сизга қарши бош кўтарган Бўз Баҳодирни енгиб келди! Шу билан Адҳамхон ўз садоқатини яна бир бор исбот қилмадими? Акбар бош чайқади: — Афсуски, Адҳамхон Малвада ўринсиз зўравонликлар қилиб, биз топширган нозик ишларни бузиб қўйди. Рупмати деган малвалик хонанда қизнинг таърифини сиз ҳам эшитган бўлсангиз керак. Эл-улус орасида нақл тарқалганки, Рупмати қўшиқ айтганда, осмондаги ой ҳам, қуёш ҳам унга маҳлиё бўлиб тўхтаб қолур. Биз Адҳамхонга буюрган эдикки, Рупматини яхши муомала билан ўзингизга эл қилиб, пойтахтга бошлаб келинг, унинг санъатидан биз ҳам баҳраманд бўлайлик. Бироқ Адҳамхон Рупматини асир олиб, қўпол зўравонликлар қилмишдир. Эл суйган гўзал хонанда бу зўравонликка қарши заҳар ичибди-ю, ўзини ўзи ўлдирибдир. Эл-улус бу ўлимни Адҳамхон билан биздан кўриб, қаттиқ норозилик билдирмишдир. — Аммо қизнинг ўзи Бўз Баҳодира маъшуқа экан. Унга садоқат сақлаб «жавҳар» одати бўйича ўзини ўлдирган бўлса, бунинг учун Адҳамхон айб-дорми? — Мен Малвага ўзим бориб, ҳаммасини тафтиш қилиб келдим. Адҳамхон бошқа малваликларга ҳам зулм ўтказмишдир. Жабр-у зулмга қарши ғалаён бошланган экан. Адҳамхонни дарҳол Малвадан жўнатиб юбориб, тўполонни зўрға тинчитдик. Унинг ўрнига Пирмуҳаммад аткани ҳоким тайинлаб келган эдим, яна фалокат юз берибди. Аткамиз ёғийларни қувиб бориб, дарёдан ўтаётганда сувга ғарқ бўлиб кетибдир. Ахийри Абдуллахон ўзбекни Малвага ҳоким тайинлаб жўнатдик... Адҳамхон бошда яхши иш тут-ганда, шунча ҳалокатлар юз бермаслиги мумкин эди. — Беайб — парвардигор, дейдилар, ҳазратим, Адҳамхондан ўтган жойи ҳам бордир. Ахир ҳали у ёш, тажрибаси оз. — Шунинг учун кўпни кўрган тажрибали Шамсиддин атка бизга вакил бўлгани маъқул-да! — Лекин кўкалдошингиз жуда ўксиниб юрибдир. Унинг кўнглини қандай кўтаришимни билмаймен. — Кўкалдошим сал камтар бўлмоғи керак, улуғ эна! Мен ўзим Адҳамхон билан сўзлашгаймен. Сиз бу ишлар туфайли кўп койинманг. Давлат иши шафқациздир. Сиз эса мушфиқ онасиз. Амал талашишлардан узоқроқ юрганингиз маъқул. Шунча машаққатлар билан фарзанд ўстирдингиз, келинлар туширдингиз. Энди уйда ўлтириб шуларнинг роҳатини кўринг. Уйда зериксангиз, ўзингиз очган қизлар мадрасасига боринг. Ўқишни истайдиган қизлар кўп эмиш, эски бино кичиклик қилса, балки ҳовли тўрида янги бино қурдиргаймиз. Менинг онам ҳам мақбара қурилиши билан овуниб, давлат ташвишларини унутди. Оналаримиз энди фақат савоб ишларни қилсинлар, безовта, нотинч давлат юкини биз Шамсиддин атка билан кўтарайлик. Акбар майин гаплар билан энагасини давлат ишларидан четлатаётганини сезган Моҳим биби куюниб яна кўзига ёш олди: — Майли, биз энди... кераксиз бўлиб... четга чиқайлик... Лекин Адҳамхон... шунча йиллик қадрдонингиз. — Адҳамхонга менинг қилча ҳам кудуратим йўқ. Фақат унинг ўзи амалпарастлик кўчасидан чиқмоғи керак. Бу кўча не-не одамларни адаштириб, маҳв қилиб юборганини ўзингиз билурсиз. — Уни бу кўчага судраган ёмон одамлар бор, ҳазратим. Адҳамни ўшаларнинг дастидан фақат сиз қутқармоғингиз мумкин! — Xўп, сиз учун мен уни ёмонлар дастидан юлиб олишга уриниб кўрай. Аммо сиз ҳам Адҳамхонга айтинг, ўзи улардан қутулишга интилмаса, четдан минг одам уринганда ҳам қутқаролмагай. Мен буни раҳматли амаким Комрон мирозонинг тақдирида кўрганмен. Моҳим энага Акбарнинг бу гапларини ўғлига ўша куниёқ етказди. Бироқ энди Адҳамхон ўзининг Муборизхон каби сирдошлари билан орани узолмайдиган даражага етган, уларни бир-бирларига маҳкам боғлаб турган аввалги жиноятлари ҳам бор эди. Адҳамхоннинг уч минг кишилик бек-у навкарлари орасида Афзалбекни эслатадиган одам борлигини Акбар бир йил бурун эшитган, бироқ тафтиш қилиб кўриш учун ҳалигача фурсати бўлмаган эди. Энди Адҳамхонни ёмон одамлар дастидан қутқаришни Моҳим энага ҳам илтимос қилгандан сўнг, Акбар Шамсиддин аткани ўз ҳузурига чақиртирди-да: — Сиз отам бор пайтда хизмат қилган сипоҳиларни яхши билурсиз, — деди. — Адҳамнинг мансабдор сипоҳиларини бир-бир тафтишдан ўтказинг. Уларнинг орасида хоин Афзалбек бошқа ном билан юрган бўлиши мумкин. Шамсиддин атка Афзалбекни Кобулда, Комрон мирзо хизматида кўрган эди. Адҳамхон билан Акбар у пайтда икки-уч яшар бола бўлганлиги сабабли уни унутиб юборган эдилар. Шамсиддин атка Адҳамхоннинг мансабдор сипоҳиларини саройга битта-битта чақириб суҳбатлашганда Муборизхоннинг овози ва кўзлари унга бирдан Афзалбекни эслатди. Бундай ғаламисларга шафқат қилмайдиган Шамсиддин атка Афзалбекни минг қийноқларга солиб тергов қилдирди. Ҳумоюнга ва Низомга қилган хиёнатларидан тортиб, Байрамхона айғоқчи бўлгани ва Акбарнинг устидан чақимчилик қилганларигача, ундан сўнг Адҳамхонга сотилиб, Патанда Байрамхоннинг бошига етганигача ҳаммасини бир-бир бўйнига қўйди. Терговчи унинг жиноятларини қоғозга ёзиб, ўзига имзо чектирди. Шамсиддин атка кечки пайт Акбарнинг хонайи хосига тергов қоғозини олиб кириб ўқиб берди. Битта одамнинг йигирма беш йил давомида шунча ёвузликлар қилишга улгурганидан ақли танг қолган Акбар жаллодни чақирди-ю, ғазаб билан буюрди: — Бу аблаҳнинг чақимчилик қилган тили, хоинлик қилган иликлари, Байрамхонни ўлимга бошлаб борган оёқлари бир-бир кесилсин, ундан сўнг бутун вужуди халойиқнинг кўзи олдида парчалаб ташлансин! Бу ҳукм бутун пойтахтга, барча вилоятларга эълон қилинсин, токи бошқа ёвузлар ҳам умрлари қандай тугашини билиб қўйсинлар! Жаллод бу ҳукмни эртага жазо майдонида амалга ошириш учун тайёрлик кўргани кетди. Акбар ўзини сал босиб олгунча, Шамсиддин атка сукут қилиб турди. Сўнг унга тергов қоғозининг Адҳамга оид жойини кўрсатди. — Шундай хоинни воситачи қилиб, Байрамхонни яшириқча ўлдиртирган одамлардан бири — Адҳамхон экан. Уни не қилайлик? Акбар яқиндагина йиғлаб келган Моҳим энагани эслади. Ақли бовар қилмай: — Наҳотки кўкалдошим шунчалик ёмон жиноят қилган бўлса?! — деди. — Эҳтимол, бу ғаламис Афзалбек энди Адҳамни бизга сотмоқчидир? — Сотқин бўлгач, сотиши аниқ. Аммо унинг далили бор: Байрамхонни ўлдиришда қилган «холис» хизмати учун Афзалбек мансабдор бўлган, Адҳамхон онаси орқали ҳаракат қилиб, унга жогир бердирган. — Ўша жогир ҳам менинг рухсатим билан берилган. Наҳотки мен шу қадар алданган бўлсам?! Болалигимизда Адҳамхон, Азиз — учаламиз доим хонбобога ҳавас қилар эдик... Байрамхон бўлгимиз келар эди. Шунақа ўйинимиз ҳам бор эди. Наҳотки ўша Адҳамхон ҳажга кетаётган қуролсиз Байрамхонни хоинларча ўлдиришга бош қўшган бўлса?! — Ҳазратим, сиз мунча оташин бўлманг. Ҳаётда нелар учрамас! Ўғлим Азиз менга айтиб берган эди. Ўша ўйинлар пайтида ҳам Адҳамхон кўп ғирромлик қилар экан, ростми? — Рост! Начора! Адҳамхонни шу бугун кечаси чақиртириб, Афзалбек билан юзлаштиринг. Агар жинояти рост чиқса, Адҳамхонни ҳам ҳибсга олинг. Қандай жазо беришни кейин ўйлаб кўргаймиз. Шамсиддин атка ўз қабулхонасига чиққанда қоронғи тушиб қолган ва қандиллардаги шамлар ёқилган эди. У шу кеча жиноятчиларни юзлаштириб улгуриши керак, чунки эртага Афзалбекни жаллод парча-парча қилиб ташлайди. Шамсиддин атка Адҳамхонни подшонинг фармойиши бўйича зудлик билан саройга етказиб келиш учун уйига махсус одам юборди. Вакиллик лавозими Шамсиддин аткага берилганидан буён Адҳамхоннинг аткани кўрарга кўзи йўқ. Шунинг устига сирдош беки Муборизхонни атка ҳибс қилди-ю, Адҳамхоннинг дилидаги адоват яна бир даражада ошди. Саройнинг эркаси бўлиб ўрганган Адҳамхон энди шу атканинг ҳаракатлари билан назардан қолаётганини сезгани сари алами ошиб, ундан қасд олишни кўнглига тугиб юрарди. Бугун хуфтонда Шамсиддин атка уни терговга чақирганда Адҳамхон улфатлари билан маҳва гулидан қилинган ароқни ичиб кайф бўлиб ўлтирган эди. — Зудлик билан бориш керак бўлса, қани Xушамхон бирга юр, — деб каллакесар йигитини имлади. Улар ички хонада тўнларининг тагидан ханжар тақиб олишди. Адҳамхон йигитига тушунтирди: — Агар атка мени ҳам Муборизхонга ўхшатиб туттирмоқчи бўлса, ўзининг жазосини бергаймиз! Хушамхон тушунган маънода бош ирғади. Кейин иккови ҳам тўнларининг устидан одатдагидай қиличларини тақиб олишди. Вакилнинг қабулхонасига кираверишда бу қиличларни ечиб олиб қолишди. Қабулхонада ўлтирган терговчи Муборизхоннинг бўйнига олиб қўл қўйган жиноятларини ўқиб эшиттирар экан, Адҳамхон даҳшатга келди, Байрамхонни махфий қатл эттиришда унинг ҳам иштиоки борлиги тилга олинганда: — Бўҳтон! — деб бақирди. — Буни ўзларинг тўқиб чиқаргансенлар! Шу пайт тўрдаги эшик очилди-ю, Шамсиддин атка кириб келди: — Жаноби Адҳамхон, ҳозир биз сизни Афзалбек Муборизхон билан юзлаштиргаймиз. Бўҳтон бўлса исбот этинг. Сири фош бўлиши муқаррарлигини пайқаган ширакайф Адҳамхон: — Мен у сотқиннинг юзини кўргим йўқ! — деди. Айни пайтда Шамсиддин аткага қарши дилида тўпланган барча кеклар, адоватлар бирдан жунбишга келди. Кайфи бўлгани учун ўзини тиёлмай бақирди: — Сен мени ҳам ҳибс қилмоқчисен! Вакил бўлганинг озми?! Энди мен ўрнингни олиб қўйишимдан қўрқиб бошимга етмоқчимисен?! Ўғли тенги йигитнинг «сен-сенлаб» айтган ҳақоратомуз гаплари Шамсиддин атканинг ҳам аччиғини келтирди: — Сен «кўкалдошмен» деб ҳовлиқиб кетдинг! Саройга кайф билан келибсен! Бу кетишда ўз бошингга ўзинг етгайсен! — Йўқ, унгача сенинг бошинг кетгай! — Адҳам орқароқда турган Xушамхонга ўгирилиб: — Ур! — деди-да, ўзи тўн тагидан тақилган ханжарни суғурди. Уларни қуролсиз деб ўйлаб бехавотир турган Шамсиддин атка белидаги қиличини олишга улгурмай Xушамхон унинг бўйнига ханжар урди. Атканинг бўйнидан қон отилиб эшик томонга қочганда Адҳамхон кетидан етиб бориб, биқинига тиғ санчди. Бу орада терговчи чақирган соқчилар Xушамхонни уриб йиқитдилар. Аммо Адҳамхон юқори қаватларга қочиб чиқиб кетди. Соқчилар уни учинчи қаватдаги ҳарамнинг эшигигача қувиб бордилар. Адҳамхон бичилган хабаш қоровулнинг ҳайҳайлашига қарамай, Акбар ухлаб ётган хобгоҳнинг йўлагига қочиб кирди. Ҳарамга киришга хаққи йўқ соқчилар ташқарида қолдилар. Қотиллик қилиб, ақл-хушини йўқотган Адҳамхон ғайришуурий бир тарзда Акбардан паноҳ истаб, тақиқланган ҳарамга кирди-ю, бир жойда тўхтаб туролмай, йўлак охиридаги айвонга ўтиб кетди. Ҳарамнинг ичма-ич хоналари тўрида Жодҳа Бай билан ухлаб ётган Акбар пастда кўтарилган тўполондан чўчиб уйғонган эди. Йўлакда ҳам шовқин эшитилгач, сапчиб туриб, апил-тапил кийинди-да, хобгоҳдан йўлакка чиқди. Ранг-қути ўчган Рафиқ маҳрам қандай фалокат юз берганини шоша-пиша айтиб берди. Акбар бундан бир неча соатгина олдин тирик юрган аткасининг ўлдирилганига ишонгиси келмади. Унинг жасади пастда ётганини эшитиб, зинапоядан пастга югурди. Пастдаги қабулхонанинг эшиги бўсағасида Шамсиддин атка узала тушиб ётибди. Акбар унинг бошини қўлига кўтариб: — Атка! Аткажон! — деб чақирди. Танаси ҳали совиб улгурмаган, аммо жони йўқ. Ҳумоюнни, Акбарнинг ўзини неча ўлимлардан олиб қолган бу мард, довюрак одам қўрқиб олдин мушт кўтарган номардлар дастидан ҳалок бўлгани Акбарга шундай таъсир қилдики, аткасининг юзига юзини босиб йиғлаб юборди. Сўнг бирдан Адҳамни эслади-ю, қалбида интиқом туйғуси уйғонди: — Шундай одамни ўлдирган Адҳам!.. Қани у қонхўр? — Учинчи қаватда... Соқчилардан қочиб ҳарамга кириб кетди! Акбар хобгоҳдаги Жодҳа Байни эслади. Ёш келинчак қотилни кўриб қўрқса!.. Акбар энди юқорига қараб югурди. Девқомат икки соқчи ва Рафиқ маҳрам Акбарни ҳимоя қилиш учун унинг кетидан ҳарам йўлагига чопиб кирдилар. Адҳам айвонда пусиб турар эди. Қонлил ханжари ҳали ҳам қўлида. Айвонга тушиб турган ой ёруғида кўзлари қутурган йиртқичникидай чақнаб кўринди. Қуролсиз Акбар ҳансираб унга яқинлашар экан: — Не қилиб қўйдинг, аблаҳ?! — деди. — Алам ўтказди, қасдимни олдим! — хириллаб деди Адҳам. У ўзини ҳақ қилиб кўрсатмоқчи бўлаётгани Акбарнинг ғазабини яна бир даража оширди. — Байрамхонни ўлдирганинг озмиди?! — деб кўкалдошининг юзига тарсаки урди. Адҳам телбаларча бақириб: — Бас! Сени ҳам ўлдиргаймен! — деди-ю, ханжарини кўтарди. Одам ўлдириб қутуриб кетган Адҳамга энди бари бир эди. У Акбарнинг кўкрагига ханжар санчмоқчи бўлганда, ўнг томондаги соқчи биладиган маҳкам тутиб олди. Айни вақтда, Акбар унинг қулоғи аралаш бўйнига шундай куч билан мушт урдики, Адҳамхон гандираклаб йиқила бошлади-ю, ўзидан олдин ханжари ерга «шақ» этиб тушди. — Боғланг бу иблисни! — буюрди Акбар соқчиларига. Мушт зарбидан бўшашиб қолган Адҳам қўли боғланишига қаршилик қилолмади. Соқчилар уни ҳибсга олиб кетмоқчи эдилар. Лекин ғазабдан ранги ўчиб, Адҳамнинг кўкалдошлигини унутган Акбар. — Улоқтиринг буни пастга! — деб қичқирди. Шу пайт Кобулда Акбар уч яшарлигида боши устидан учиб ўтган тўп ўқининг ваҳшати борлигини қайтадан қуюндай чулғади. Улар учинчи қаватда турган эдилар, ҳовлига тош тўшалган эди. Айвондан улоқтирилган одам тошга урилиб ўлиши аниқ. Шуни билган қўриқчилар бир лаҳза иккиландилар. Лекин ғазаби авжига чиққанда ўзини билмай қоладиган Акбар яна бақирди: — Улоқтиринг! Акбар қаттиқ ғазабланганда важоҳати ўзгариб, қанчалик қўрқинчли бўлиб кетишини йигитлари энди кўрдилар. Улар қўли боғлоқлик Адҳамни шоша-пиша айвондан пастга улоқтирдилар. Адҳам учинчи қаватдан қулаб тушаётганда жон аччиғи билан бақирди. Ҳовлига тўшалган ясси тошларга боши билан қарсиллаб урилганда бақириқ бирдан узилди-ю, овози абадий тинди. Лекин Шамсидин атканинг уйидан эшитила бошлаган дод-фарёд туни билан босилмади. Бўғиқ ва аччиқ йиғи товуши Моҳим энаганинг уйини ҳам тўлдирди. Шамсиддин атканинг хотини Жажжи энага, ўғли Азиз кўка ва бошқа яқинлари Адҳамхонни қарғаб йиғлайди. Аммо Моҳим энаганинг бутун дард-у алами ичида. Уйидан ташқарига чиқадиган аҳволи йўқ, ўттиз-қирқ йиллик қадрдонларининг кўзига кўри-нишга юзи чидамайди. Ўғли шунча жинояти устига Акбарга ҳам ханжар ўқталгани энаганинг мусибати устига қўшилган яна бир оғир маломат бўлди. Адҳамхонни тобутга солиб уйдан олиб чиқаётганларида Моҳим энага шундай ўртаниб йиғладики, оёққа туролмай, кўнгли озиб йиқилди. Уни беҳуш аҳволда уйга кўтариб кириб, тўшакка ётқиздилар. Ҳушига келганда кўзини очса, тепасида Акбар турибди. Ранги ўчган, лаблари пирпирайди: — Улуғ эна!.. Не қилай? Айтинг! Менинг ҳам илким қон! Гуноҳим катта! — Ҳибс қилдирсангиз бўлар эди-ку... — Ҳибс қилдиришга улгуролмадим!.. Сизнинг олдингиздаги гуноҳимни энди не тавр ювай? Айтинг! Моҳим энаганинг кўзларида ёш ғилтиллади. — Э, воҳ! Бу дунё ўзи бевафо, нопок... Ҳаммага қораси тегаркан... Берган оқ сутим ҳам булғаниб қора бўлди!.. Адҳам, жигарпорам!.. Минг марта айтдим... Қулоқ солмади... Эй, худо!.. Одам нечук бундай яратилган? Адҳамни ўтга итариб, ўзи четда турган ёвуз одамлар бор, улуғ эна! Ёшлик қилиб пайқамай юрган эканмиз, замон, муҳит мен суянган тоғларни ўзимнинг илким билан қулатиш ҳаракатида экан. минбаъд бу иблис муҳит билан бошқача олишгаймен! Менга сизнинг мададингиз керак, улуғ эна! Та-библарни юборай, даволаниб, тезроқ оёққа туринг!.. Бироқ табибларнинг давоси кор қилмади. Моҳим энага тўшакдан қайтиб туролмай, ўғлининг қирқи арафасида жон берди. Акбар фарзанддек унинг тобутини кўтаришди. Моҳим энагани Деҳлининг машҳур Кутб минори ёнига иззат-икром билан дафн этдилар. Секри: Балогардон Сабзаранг тўтиқушлар дарахтдан дарахтга чуғурлаб учиб ўтади. Қорни оқ, усти қўнғир маймунлар шохларга осилиб ўйнайди. Бўлиқ ўт-ўланларни қимирлатиб, чипор илон ўрмалаб ўтади. Қаердандир узоқдан овчилар чалган нафир[37] товуши ва филнинг наъра тортгани эшитилади. Ўрмон ичи серсоя, салқин. Кесиб кетилган дарахтлардан бирининг кундасида Акбар ўйга чўмиб ёлғиз ўлтирибди. Ҳозир ҳеч кимни кўргиси, ҳеч ким билан гаплашгиси келмайди. Суянган одамлари бирин-кетин ҳалок бўлгандан бери минг отлиқ араванинг бутун оғирлиги унинг зиммасига тушган, саройнинг оғир муҳитида энг яхши ҳислари сўнаётгандай, дилини қандайдир карахтлик чулғаб олаётгандай туюлади. Бугун у Секри ўрмонларига овга чиққан эди. Лекин ов қилгиси ҳам келмади, соқчиларни адаштириб мана шу кимсасиз жойни топиб паналади. У ҳозир ўрмондаги бирон жониворни ўлдиришдан кўра қалбидаги яхши ҳисларни тирилтиришга кўпроқ эҳтиёж сезади. Лекин соатлар ўтади, вужудидаги карахтлик ва руҳидаги сўниклик ҳеч тарқамайди. Бир пайт орқа томондаги сўқмоқдан кимдир ўтларни шитирлатиб оҳиста юриб келаётганини эшитди. «Шу ерда ҳам тинч қўйишмайди-я», дегандай норози бўлиб орқага ўгирилди. Оқ ридо кийган нуроний мўйсафид ҳассасига суяниб сўқмоқдан унга қараб келмоқда эди. Акбар Салим отани таниди-ю, беихтиёр ўрнидан турди. Санганирдаги никоҳдан бери Акбар уни кўрмаган, лекин унинг суҳбатини олишга иштиёқманд пайтлари бўлган эди. Шунинг учун Акбар унга пешвоз чиқди. Салим ота кўришаётиб: — Биз томонларга хуш келибсиз! — деди. — Уйингиз шу ердами, Салим ота? — Ҳа, ўрмон четида кулбам бор... Ҳазрат онангиз сизни «бормоқчи» деган эдилар. Етти йилдан бери мунтазирмен. — Нечун етти йил? — Жайпурдаги тўйга етти йил бўлди-ку. Акбар вақтнинг тез ўтганидан таажжубланди. Кечагидай ёдида турибди: Санганирда Салим ота никоҳ ўқигани учун Акбар унга икки юз минг ру-пий инъом берди. Чунки подшоларнинг никоҳи учун катта инъом бериш азалий одат эди. Ҳумоюн Ҳамида бонуга уйланганда, қувғинда юрганига қарамай, Абдулбақо деган одамга никоҳ ўқигани учун икки юз минг рупий берганини Акбар онасидан эшитган эди. Лекин Салим ота бу инъомни қабул қилмади: — Бойлик имонни бузгай. Менинг устози калоним Фаридиддин Чештига Элтутмиш деган подшо тўртта қишлоқни ўн икки минг бигҳ[38] ери билан инъом қилганда узр сўраб олмаган эканлар. Подшолар давлат харажатлари учун маблағ йиғиб, хазина сақлашлари, албатта, жоиз. Аммо умрини ҳақ йўлига бағишлайдиган сўфийлар бойлиг-у мартаба тамаида бўлмаслиги керак. Олов ўтинни қандай тез еб битирса, тама-ю бойлик сўфийнинг имонини шундай еб битиргай... маъзур тутинг, мен икки юз минг рупийни ололмагаймен. — Эҳтимол, бу инъомни бева-бечораларга хайр-у эҳсон қилиб тарқатурсиз? — сўради Акбар. — Ҳазратим, агар бева-бечоралар хурсанд бўлсин десангиз, уларни адолациз солиқлардан озод қилинг. — Қайси солиқ адолациз экан, Салим ота? — Жизя мусулмонлардан олинмайдир. Уни фақат ғайридинлар тўлашга мажбур. Сиз ҳинд қизига уйландингиз, унинг имон-у эътиқодини эҳтиром этмоқдасиз. Бунинг учун сизга минг ташаккур. Аммо сизнинг қайнатангиз Бҳари Мал, бошқа ҳинд қариндошларингиз каби жизя солиғини тўлашга мажбур. Бу — адолатданми? — Ахир жизя — шариатда бор эмиш-ку? — Э, шариатда йўл кўп! Уни истаган томонга буриб манфаат кўувчи тамагир руҳонийлар бор. Ҳиндистонда тўққиз асрдан бери ўнлаб мусулмон подшолари ўтган, лекин бирортаси шу адолациз солиқни бекор қилишга журъат этмаган. Умидим борки, энди шунга сиз журъат этурсиз! Фақир-у бечораларга қилган хайр-у эҳсониниз ҳам, менга берган улуғ инъомингиз ҳам шу бўлғай! Акбар ўшанда бу сўзларга жавоб тополмай лол бўлиб қолган, Салим ота эса икки юз минг рупий инъомни олмасдан, дастурхондан фақат иккита нон олиб белига туккан ва Секрига пиёда қайтиб кетган эди. Муслим-у ҳиндни бир-бирига қарши қўймасдан олиқ-солиқ бобида уларни баробар кўришни Акбарнинг ўзи ҳам жуда истарди. Акбар тажриба учун жизяни бир йилга бекор қилди. Шунда дин пешволари Ганга бўйида ҳокимлик қиладиган Алиқулихон ва Баҳодирхонларни Акбарга қарши қўзғатдилар. Жизядан катта даромад оладиган бу беклар Акбарни «диндан чиққан даҳрий!» деб эълон қилдилар. Xутбани Акбарнинг Кобулдаги иниси Муҳаммад Ҳаким номига ўқита бошладилар. Панжобдаги мутаассисблар ҳам Алиқулихонга қўшилиб, Акбарнинг итоатидан чиқиш хавфи туғилди. Шундан сўнг Акбар жизяни қайта тиклашга мажбур бўлди. Алиқулихон бари бир унинг ҳокимиятини тан олмади, Ганга бўйида Акбарга қарши қилич кўтариб жангга чиқди. Бу жангда унинг ўзи ҳам, иниси Баҳодирхон ҳам ҳалок бўлдилар. Акбар бунинг ҳаммасини Салим отага айтиб берди-да: — Солиқ бобидаги ислоҳот бизни икки ўт орасида қолдирди! — деди. — Амир-у беклар исёнини бартараф қилишга улгурмасимдан деҳқонлар ғулу кўтардилар. Ҳатто шу Агра атрофларида ҳам қароқчилар куррурий[39]ларни ўлдириб, пулларини талаб кетмишлар! — Бу ҳодисадан менинг хабарим бор, — деди Салим ота. — Куррурийлар солиқ йиғиш ҳуқуқини сиздан сотиб олгандан сўнг инсофни унутганлар. Деҳқонлардан солиқни уч ҳисса ортиқ йиғиб, бир ҳиссасини давлатга берсалар, икки ҳиссасини ўзлари олмишлар, судхўрлардан баттар бойиб кетмишлар. — Нафсини тиймаган куррурийларни биз жазога тортдик. Аммо қароқчилар уларнинг пулларини ғорат қилган экан... — Эшитдим, сиз ўзингиз жанговар филни миниб ғулу кўтарганларга қарши қўшин тортмишсиз. Лекин куррурийлар адолацизликдан безор бўлиб исён кўтарган деҳқонларни сизга «қароқчи» қилиб кўрсатган экан. Бу деҳқонлар куррурийларни ғорат қилган эмас, икки-уч ҳисса ортиқ ундирилган солиқ ҳақини қайтариб олган! — Шу ростми, Салим ота? — Ростки, мана, тепамизда яратганнинг ўзи гувоҳ. Мен кўрган нарсамни айтмоқдамен. Ҳолбуки амалдорлар воқеани сизга бутунлай тескари ту-шунтирибдир. Акбар исён кўтарган «қароқчиларнинг» қишлоғига бостириб борган пайтини, ўзи минган зўр фил томига похол ёпилган кулбаларни оёғи билан уриб йиқитганини, шунда бамбук ходалари орасидан қароқчилар эмас, аёллар ва болалар чинқириб чиққанини эслади-ю, хижолат чекиб деди: — Xом сут эмган банда... алданган эканмиз. Куррурийлардан бутунлай воз кечдик. Солиқ маҳкамаларига бошқа инсофли одамларни қўймоқдамиз. — Xайрли бўлсин! Бироқ нечун маъюс кўринурсиз? — Мени эзиб юрган ташвишлар тоғнинг тошларидай кўп. Қайси бирини айтай? — Лекин зафарларингиз ҳам кўп-ку. Нечун улардан қувонмайсиз? Читорда катта жасорат кўрсатибсиз. Овозаси Секрига ҳам келди... * * * Акбар Деҳлининг ғарби жанубида уч юз эллик мил узоқликда жойлашган Читор қалъасини эслади. Мевар вилоятининг маркази бўлган бу қалъа тоғ тепасига жуда мустаҳкам қилиб қурилган эди. Бир вақтлар Ҳумоюн итоатида бўлган бу вилоятни Акбар тинч йўл билан яна марказий давлатга қўшмоқчи бўлди ва қайниси Ман Синхни Читор саркардаси Жаймалнинг ол-дига юборди. Аммо Ман Синх Читор қалъасига борганда Жаймал унинг олдига келиб гаплашишни ҳам ўзига муносиб кўрмади. Ман Синх қалъа ичидаги бир хо-нада уч соат бетоқат бўиб кутди-ю, ахийри натижасиз қайтиб кетди. У кетаётиб орқасига қараса, Жаймал келиб одамларига қаттиқ-қаттиқ гапиряпти: — Xоин Ман Синх ўлтирган хона унинг нафасидан ҳаром бўлди! Энди бу хонага муқаддас Ганга сувидан сепиб, уни покланглар! Ҳиндча имон-у эътиқодини пок тутадиган Ман Синх учун бу гаплар мисли кўрилмаган бир ҳақорат эди. Читор тўрт ойгача Акбарга дарвоза очмади. Қалъа ҳимоясини ўша Жаймал бошқармоқда эди. Акбар унга мактуб йўллади: «Жаймал Ратхорни ботир йигит ва фил жангига уста деб эшитдик. Шу гап рост бўлса фил миниб майдонга чиқсин. Мен у билан яккама-якка фил жанги қилмоқчимен. Икковимиздан қай биримиз ғолиб чиқсак, ўшанинг қўшини зафарга эришган ҳисоблангай. Уруш ортиқча талафоциз тугагай». Лекин Жаймал Акбарнинг бу таклифини қабул қилмади— у дарвозани очиб, қалъадан чиқса алдаб қўлга туширишлари мумкин деб ўйлади. Шундан кейин Акбар яна қалъа деворлари тагидан нақб қазишни буюрди. Бирдан етти-саккиз минг одам қазиган нақбга борут қўйиб портлацалар, мустаҳкам девор ҳам қулаши мумкин эди. Бундан хавотирга тушган қалъа ҳимоячилари тўп-тўп бўлиб девор устига чиқдилар-да, пастда нақб қазиётганларнинг устига оғир тошларни, ёниб турган ходаларни ота бошладилар. «Тўра» деб аталадиган катта қалқонлар Акбарнинг одамларини тепадан ўқлар ва тош-пошлардан ҳимоя қилар, янги-янги кучлар шу қалқон тагида девор тагига етиб бориб, уни мўри-малахдай кемириб, нақб қазир эди. Акбар бу тўполонни атайлаб кўтартирган эди. У қалъа деворига баробар турган сунъий тепалик устида шох-шаббалар ва тошлар панасида ўлтириб, Жаймалнинг қалъа девори устига чиқишини пойлай бошлади. Пастда ҳужум кучайиб кетгач, Жаймал ҳимоячиларга бошчилик қилиш учун девор тепасида пайдо бўлди. Аммо ора хийла узоқ, Акбар Жаймалнинг фақат суратини кўрган, уни таниб олиши осон эмас. Лекин табиат Акбарга фавқулодда ўткир кўз берган. У кундуз куни осмоннинг қуёшдан узоқроқ турган қисмларига тикилиб қараса, милт-милт қилиб турган юлдузларни кўради. Ҳозир у қалъа деворида турган Жаймалнинг овозини эшитмаса ҳам, ҳимоячиларга буйруқ берганда лаблари қандай қимирлаганигача кўрди-да, «Новак» деб аталадиган каттакон ёйга ўқ жойлади. Новакни фақат билагида кучи кўп йигитларгина ота олар, унинг ўқи оддий ёйникидан узоқроққа борар ва қаттиқроқ тегарди. Девор устидаги Жаймал ҳам новакдан пастга кетма-кет ўқ отиб, Акбарнинг йигитларидан уч-тўрттасини қулатди. У новакка яна ўқ ўрнатаётган пайтда Акбар кўтарма устидан отган ўқ Жаймалнинг чап кўкрагига шундай куч билан санчилдики, ярмигача ботиб кетди. Жаймал девордан йиқилиб кетадиган бўлганда уни ёнидагилар тутиб қолдилар. У ўша куни жон берди. Бу ҳодиса жанг тақдирини ҳал қилди. Саркардасидан айрилган читорликлар ғалабадан умидини уздилар. Аёллар жавҳар одати бўйича ёв қўлига тирик тушмаслик учун ёппасига ўзларини ёниб турган гулханга ташлаб, куйиб ҳалок бўлдилар. Тирик қолган йигитлар эса Патта деган довюрак ражпут бошчилигида арғувон рангли кийим[40] кийишиб, қалъа дарвозаларини очдилар-у Акбар томонга ҳамла қилдилар. Нақд ўлимни бўйинларига олиб жанг қилган ражпутлардан бири-нинг новакдан отган ўқи Акбарнинг бошидаги дубулғага тегиб ўтди. Бирдан Акбар уч ёшдалигида Кобул аркида тўп ўқига нишон бўлиб турган пайтидаги даҳшатли туйғулар қуюни қайтиб келди-ю, уни чирмаб айлантира бошлади. Читорда гўзал аёлларнинг жавҳат ўтида куйиб ўлганлиги ҳам унинг ғазабини авжига чиқарди. Кобулда тепасидан учиб ўтган тўп ўқи қулоғига эшитилиб кетганда ўзини билмай қоладиган Акбар: — Жоҳилларни асир олманглар! — деб қичқирди. Шунда гўё қулоғи тўп ўқидан битиб қолгандай, ўз овози ўзига эшитилмади: — Қатлиом қилинсин! Читорда қатлиом!! — Қатлиом! — деган фармон сафлар бўйлаб тарқалди. Читор аҳолиси орасида бегуноҳ чоллар, аёллар, болалар бор эди. Уларнинг қатлиом қилина бошлаганидан даҳшатга тушган Ман Синх жанг майдонидан Акбар турган тепаликка от чоптириб борди. Қатлиом ҳақидаги фармонни бекор этишни ўзининг ражпут жангчилари номидан қатъий илтимос қилди. Акбар бу фармон туфайли бутун ҳинд элини ўзидан бездириб қўйиши мумкинлигини энди сезди. Ҳушини йиғиштириб, қатлиомни тўхтатиш ҳақида янги фармон берди. Аммо бу фармон барча жангчиларга етиб боргунча қанча бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди. Уларнинг кўчаларда қалашиб ётган жасадлари ҳалигача Акбарнинг кўз олдидан кетмайди. Уни мерганлиги ва Жаймални отиб ғалаба келтиргани учун мақтайдиганлар кўп. Лекин Акбар Читорда беҳуда тўкилган қонлар учун ўзини айбдор сезади. Бу қалъанинг мард ҳимоячилари Жаймал ва Паттага ич-ичидан тан бергани учун ҳинд ҳайкалтарошларига буюртма бериб, уларнинг мармар ҳайкалларини ясатди. Бу орада Аграда янги Лаъл Қалъа қуриб битирилган эди. Фил устида ўлтирган Жаймал ва Паттанинг ҳайкаллари Акбарнинг буйруғи билан қалъа дарвозасининг икки томонига ўрнатилди. Қалъа ичида Жодҳа Бай учун ҳиндча ибодатхона қурилганидан норози бўлиб юрган мутаассиблар энди қалъага кираверишда кўзга ташланиб турадиган ҳайкалларни кўриб «будпарастлик бизга макруҳ!» дейишар ва юзларини буриштириб ўтишарди. «Подшомиз ғурурга берилди, ўз ғалабасини кўз-кўз қилмоқ учун мажусийларга ҳайкал ўрнатди», деб, Акбарни чекка-чеккада ёмонлаб юрган беклар ҳам бор эди. Xуфиялар подшога ҳамма гапни етказиб келишарди. Унинг қабулига келган сипоҳилар ва мулозимлар ҳам бир-бирларининг устидан шунча кўп чақимчилик қилишар, бир-бирлари ҳақида шундай ёмон маълумотлар беришар эдики, гоҳо Акбарнинг одам зотидан ихлоси қайтиб кетарди. Ҳеч кимни кўргиси ва ҳеч ким билан сўзлашгиси келмай қолар эди. Ҳозир шу ўрмонда нуроний чол Салим отага дилини ёриб: — Одам нечун бундай яратилган? — деди Акбар. — Марҳум энагам берган бу саволга ҳамон жавоб тополмаймен... Фақат бошқалар эмас, ўзим ҳам... ғазаб устида шафқациз ишлар қилиб, кейин бундан изтироб чекиб юрурмен... Читорда қанча бегуноҳ қонлар тўкилди. Виждон азобини босмоқ учун ҳалок бўлганларнинг иккитасига ҳайкал қўйдирсам... одамлар шундан ҳам айб топмоқдалар. — Рост, инсон зоти даҳшатли зиддиятлар исканжасига тушиб қолмишдир. Ташқи оламда унга адолациз муҳит, шафқациз замона азоб берур. Ичида эса ушалмайдиган орзулар, турли истак-интилишлар, нафс-у ғурур хуруж қилур. Агар инсон зоти шу ички-ташқи зиддиятлар исканжасидан қутулса оламда ундан қудратли, ундан доно, ундан мукаммал жонзод то-пилмагай. — Бу исканжадан қутулиш мумкинмикин ўзи, Салим ота? — Фақат инсони комилнинг қутулмоғи мумкин. — Инсони комил — ривоятлардагина бор. Ҳаётда мен ҳеч кўрмадим. — Инсони комил — мутлақ ҳақиқат каби юксак эътиқоддир. Қалбига шу эътиқодни жойлаган одам ташқи оламдан ҳам, ўз дилидан ҳам нуқсон-у иллатларни баҳоли қудрат йўқотиб боргай. Такомил йўли — ботиний дунё орқали ўтгай. Ҳар биримизнинг ичимизда нафс, обрўпарастлик, бошқа ўжар истаклар борки, улар гоҳо ташқи душмандан ҳам хатарлироқ бўлур. Уларни енгиш — ўрмондаги арслонни енгишдан ҳам каттароқ матонат талаб қилгай. Агар ташқи душманни енгсангиз-у ичингиздаги нафс, ғазаб, шаҳват каби балоларни енголмасангиз, улар ғолиб келиб, сизга ёмон ишларни қилдирса, нариги катта ғалабангиз татимагай. Ўзингиздан ўзингиз енгилиб, таъбингиз кир бўлиб юрганингиз — ёмон бир мағлубият эмасми? Салим ота Акбарнинг вужудини карахт қилиб турган совуқ музни ўзининг ҳароратли нафаси билан эритаётгандай бўлди. Акбар шу ҳароратга дилини янада яқинроқ тутгиси келиб: — Рост! — деди. — Ташқи зафарларим ичидан кутилмаган дилсиёҳликлар чиқиб келмоқда, мен уларга қарши чора тополмай лолмен! Салим ота Акбарнинг очиқроқ сўзлашини кутиб, юзига тикилганча жим турди. Лекин Акбар охири ҳарамга бориб тақаладиган ўта чигал дилсиёҳликлар ҳақида қандай сўз очишни билмай бир лаҳза сукут қилди. Унинг ҳинд улуси билан янгича сиёсат юргизаётгани фақат давлат ишига эмас, шахсий ҳаётига ҳам кутилмаган ўзгаришлар олиб кирмоқда эди. Читорнинг олинишида Акбарнинг ўзи жасорат кўрсатгани, Жаймал билан Паттанинг қаҳрамонлигига тан бериб, уларга Аграда ҳайкал қўйдиргани, саройда Бҳагван Дас, Тодар Мал каби ҳиндларга юксак лавозимлар бергани, Жодҳа Бай учун қалъа ичида махсус ибодатхона қурдиргани бутун мамлакатда овоза бўлган, ҳали марказий давлатга бўйсунмаган ражпут рожаларининг унга муносабати ўзгара бошлаган эди. Читордаги жанг Акбарнинг бошқа ражпут қўрғонларини олишга ҳам кучи етишини кўрсатди. Беҳуда қон тўкилмасин учун Акбар гоҳ Бҳагван Дасни, гоҳ Ман Синхни душманлик руҳида юрган ражпут қўрғонларига элчи қилиб юборар эди. Бунди вилоятидаги энг мустаҳкам қўрғон — Рантхамбхор қамал қилинган пайтда эса Акбарнинг ўзи навкар кийимини кийиб, элчи Ман Синхнинг ёнида оқ байроқ кўтарганча қалъага кирди. Қалъа ҳимоячиларининг бошлиғи Суржан Рао аввал Акбарни танимади. Ман Синхни жеркиб: — Сенлар ражпут ғурурини ерга букдиларинг, Жайпурни урушсиз топширдиларинг, муслимлар қанча камсицалар ҳам бўйин эгиб туришларинг уят эмасми?— деди. — Биз қайси камситишларга бўйин эгибмиз, махарожа? — деб сўради Ман Синх. — Жизя солиғи олиш — камситиш эмасми? Ражпут саркардаси девониомга қурол тақиб кириши мумкин эмас. Демак, подшо сенга ишонмайди. Бу — камситиш эмасми? Ражпут қизлари саройга тортиқ тарзида юборилиши керак. Подшо уни қонуний қилиб никоҳига олмаса! Фақат вақтинчалик жория... Камситиш бундан ортиқ бўлурми? Акбар мағрур эл бўлган ражпутларнинг бу гина-кудуратларини навкар кийимида туриб ўз қулоғи билан эшитгандан сўнг: — Маҳарожа, — деди Суржонга, — сиз ҳақсиз, бу камситишлар бартараф этилмоғи керак. Шу шарт билан сулҳ тузишга розимисиз? Суржон Раонинг атрофидаги мулозимлардан бири Деҳлида Акбарни кўрган экан, уни таниб қолиб: — Маҳарожа, бу сўзларни сизга Акбарнинг ўзи айтмоқда! — деди. Элчи Ман Синх ҳам оқ байроқ кўтариб кирган навкарнинг Акбар эканини энди айтди. Суржон Раонинг одамларидан бири: — Дарҳол тутмоқ керак, ғалаба бизники бўлғай!— деди. Аммо Акбар Суржон Раога қараб: — Мен сизнинг мард, олижаноб саркарда эканлигингизга ишонганим учун ҳузурингизга ўзим келдим,— деди. — Бизда «Элчига ўлим йўқ» деган мақол бор! Суржон Рао Акбарнинг довюраклигига тан берди-ю: — Ражпутлар ҳам оқ байроқ кўтариб келган кишига тажовуз қилмайдиган мард улусдир! — деди. Шундан кейин Бунди вилоятидаги уруш — ярашга айланди. Акбар Суржон Рао қўйган шартларни қабул қилди. «Ражпутлар ҳам девониомга қурол тақиб кириши, қалъа дарвозаси олдигача нақора чалдириб бориши, жизя солиғини тўламаслиги, отларига подшонинг тамғасини босмаслиги (куйдириб босиладиган темир тамғадан отнинг сағрисида ёмон доғ қолар эди) мумкин» деган янги қонун жорий этилди. Суржон Рао иккита ўғлини бир неча минг ражпут йигитлари билан Акбар хизматига юборди. Бунди вилояти шу шартлар асосида Акбар давлатига ихтиёрий равишда қўшилгандан кейин ғарбда Жайсалмир, Биканир, Жоудхпур, жануби шарқда Қаланжар каби ражпут вилоятлари ҳам марказий давлатга қўшилиш ҳақида жиддий ўйлай бошладилар. Икки орада турган воситачилар юқоридаги шартлардан ташқари ражпут рожаларига Акбарнинг номидан сўз бердиларки, агар улар подшони куёвликка муносиб кўрсалар, саройга юборадиган қизлари Жодҳа Бай каби қонуний никоҳдан ўтади, ҳиндча расм-русмларига бемалол риоя қилиб, иззат-икромда яшайди. Биканур рожаси Каҳана Рао Акбарнинг қаламравига ихтиёрий равишда ўтди-ю, ўзининг гўзал қизини Акбарга никоҳлаб бермоқчи эканини айтди. Махсус карвон Бҳагван Дас бошчилигида Аградан Биканурга бориб, бу қизга подшонинг совға-саломларини етказди, сўнг уни сепи ва қариндошлари билан пойтахтга олиб қайтди. Қалъада бу қиз ҳам Жодҳа Бай каби Акбарнинг никоҳига ўтди, сарой аҳли уни қонуний маликалардан бири деб тан олди. Шерхонни беш ой овора қилиб таслим бўлмаган ва уни ўлдириб тинчиган Қаланжар ҳам энди Акбар давлатига ихтиёрий равишда қўшилди ва унинг харамига яна бир кўҳлик қизни келин қилиб юборди. Янги қўшилаётган вилоятларнинг рожалари билан алоқани мустаҳкамлаш учун уларга қон-қариндош бўлиш жуда зарур, янги сиёсат буни тақозо қилади. Аммо шариат бўйича Акбар тўрттадан ортиқ хотин олиши мумкин эмас. Лекин баъзи рожа ва маҳарожаларнинг ўнлаб хотинлари бор, ҳинд дини бунга алланечук йўл топиб беради. Жайсалмир ва бошқа вилоятларнинг рожалари Акбарни ҳам ўзлари каби кўп хотин олишга ҳақли деб ҳисоблаб, унинг саройига янги-янги қизларни сеплари билан келин қилиб юбормоқчи бўлишди. Уларнинг шаҳдини қайтариш мумкин эмас. Акбар Жайпурга ёки Қаланжарга куёв бўлган экан, нега Рантхамбхорга ёки Жоудхпурга[41] куёв бўл-маслиги керак? Яна тағин бу вилоятларнинг рожалари Акбарнинг дилини забт этиш учун бири биридан жозибали, бири биридан ақлли қизларини саройга юборишга интилишмоқда. Бунинг ҳаммасидан хабардор бўлган Акбар қозикалон Xўжа Ёқубни ҳузурига чақириб, шариатдан бирон йўл топиб беришни сўради. — Ҳазратим, тўрт хотиндан кейингиси фақат жория бўлмоғи мумкин, — деди Ансорийнинг тарафдори Xўжа Ёқуб. — Лекин мутъа деган никоҳ ҳам бор эмиш-ку! — Мутъа — шиалар ўйлаб топган никоҳ. Сиз пок сунний мазҳаблик тождорсиз. Акбар қозикалоннинг семиз юзига нохуш тикилиб: — Тақсир, сиз йўлни тор олмоқдасиз, — деди ва эртаси куни қозикалонни ёмон кўрадиган мулла Жалолиддин деган қозини девони хосга чақиртирди. Мулла Жалолиддин Xўжа Ёқубнинг рақиби эди. Акбарга яхши кўриниш учун қалин бир диний китобни варақлади-да, мамнуният билан: — Топдим! — деди. — Мана, ҳазратим Расулуллоҳ[42] даврида мутъа никоҳи шаръий бўлган. Кейинги халифалардан Усмон уни бекор қилмишдир. Аммо халифадан кўра Расулуллоҳ баландроқ, унинг даврида неки шаръий саналган бўлса, ҳазратим учун ҳам бу ҳалолдир. Шу тарзда мулла Жалолиддин Xўжа Ёқубдан билимдонроқ эканини исбот қилди-ю, унинг ўрнига қозикалон бўлиб олди. Ҳар сафар мутъа никоҳини ўқиганда подшо унга ҳамён-ҳамён олтин ҳам инъом қилиб турди. Xўжа Ёқубнинг лавозимидан тушиши эса шайх Ансорийни хафа қилди ва унинг Акбарга бўлган яширин адоватини янада кучайтирди. Шариат ҳам қонуний йўл топиб бергандан сўнг, Акбар ҳар йили ўз давлатига ихтиёрий равишда қўшилаётган бир талай маҳарожа ва раоларга куёв бўлди. Дин ҳам, ота-оналар ҳам, сарой муҳити ҳам буни қонуний ҳисоблайди, янги қариндошлар эса мартаба орттирганларидан мамнун. Пароканда ўлкаларни қариндошлик йўли билан ҳам бирлаштириш мақсадида янги-янги рожа ва роаларга куёв бўлган Акбар авваллари ўзининг йигитлик кучи ва жозибасидан ғуруланиб, хотинлари уни талашишидан «толеим баланд экан» деб шукуҳи ортиб юрди. Лекин вақт ўтиши билан бу ширин ҳаётнинг тагида аччиқ оғуси борлиги сезилди. Шунча хотин битта эрга кўз тикиб, кундошлик азобида қовурилиб яшаши оғир дилсиёҳликларга сабаб бўлди, ҳомиладор Жодҳа Бай касал бўлиб қолди. Унинг чала туғилган эгизак ўғилчалари бир ой ҳам умр кўрмай вафот этди. Салима бегим қиз туққан эди, у ҳам турмади. Акбарга меҳр қўйган бу ёш оналар энди ундан оқибат кўрмаганлари учун шундай ўртаниб йиғлашади, фарзанд доғида шундай куйишадики, Акбарнинг капалакдай гулдан гулга ўтиб олган лаззатлари энди заҳарга айланиб, бурнидан чиққандай бўлади. Шундай хотинлари бўла туриб, ҳалигача биронта фарзанди йўқлиги уни тегирмон тошидай эзади. Ҳозир ўрмонда танҳо ўзи ғамга ботиб ўлтирганининг бир сабаби шу эканини у Салим отага айтиб берди: — Ёшим йигирма еттига кирди, ҳамон ўғилга зормен. Бу не бадбахтликки, бир эмас икки ўғилни тупроққа топширдим! Мудом жанг-у жадалларда, хавф-у хатар ичида юрибмен. Куним бица ота-боболар меросини кимга топшириб кетгаймен? Салим ота тасалли беришга шошилмай сукут сақлади. У сўнгги марта Деҳлида Ҳамида бегим билан кўришганда, бегим ҳам невараси йўқлигидан кўп армон қилган. Акбарнинг ҳарами катта бўлиб кетганини, бўйида бўлган келинлари ҳам кундошлик дўзахида ҳомилани асраб қололмаётганини куюниб сўзлаган эди. — Эҳтимол, ирсият ҳам сабабчидир, — деди Салим ота. — Ҳазрат отангизнинг ҳам биринчи ўғиллари турмаган. Кейин сиз туғулганингизда отангиз... Ўттиз тўрт ёшда бўлганмилар? — Наҳотки, ирсият мени ҳам ўша ёшгача ўғилга зор қилса? — Сиз бобонгизга тортган бўлишингиз мумкин. — Лекин отам туғилганда бобом йигирма беш ёшда бўлганлар. Мен бу ёшдан ўтдим. — Шоҳ ўғлим, агар сизга оғир ботмаса, дилим сезган аччиқ бир ҳақиқатни айтай. — Майли, оғир боца ҳам айтинг! — Ирсият — ноёб бир гавҳардир. У авлоддан авлодга бутун ҳолида ўцагина яшаб кета олгай. Агар йирик гавҳарни майдалаб кукун қилиб сочсангиз, унинг гавҳарлиги қолмагай. Акбар Салим отанинг нима демоқчилигини фаҳмлаб, юзи хижолатдан бир қизарди. Лекин дилига қадалиб турган заҳарли тиканларни Салим ота бехато топгани уни қойил қилди. Бу тиканларга биров тегинса дили озорланади, аммо уларни суғуриб олиб ташламагунча вужудидаги карахтлик, руҳидаги сўниклик йўқолмайди. Қалби озор чекса ҳам, бу тиканларни фақат Салим отанинг қўли билангина олиб ташлаши мумкинлигини сезган Акбар: — Сўзингиз ҳақ, давом этинг, ота! — деди. — Табиат ҳамма жонзотлардан ўзига муносиб насл яратгай. Йигирма-ўттизта эчкига битта така. Ундан ҳам кўп совлиққа битта қўчқор. Лекин эчкидан улоқ туғулгай, совлиқдан — қўзи. Улардан арслон туғулмагай! Сиз эса инсонсиз. Инсонлардаги жуфтлик арслонларга ўхшашдир. Ўрмонда арслонларни кўргансиз. Ота шер она шерга қанчалик меҳрибон, қанчалик содиқ! Ана шу туфайли ирсият гавҳари бир нуқтага жам бўлиб, авлоддан авлодга бутун ўтгай, сўнг ота-онасига муносиб шерлар туғулгай. Сизнинг ота-онангиз Синд ўлкасида, Тар саҳросида бир-бирларига шерларчла меҳр-у оқибат кўрсатганлари учун сиз ҳам шербаччадай соғлом, кўҳлик, довюрак бўлиб туғулгансиз. Акбар ўзининг суйиб уйланган хотини Жодҳа Бай шу кунларда яна ҳомиладор бўлганини эслади. — Салим ота, сиз айтган шерликни менинг ҳам қилгим бор. Фақат... қандай қилиб Жодҳа байни кундошлар муҳитидан қутқаришим мумкин? Уни қаерга олиб кетай? Маслаҳат беринг! Салим ота ҳассасига таяниб ўрнидан турди: — Қани, юринг, аввал мен сизга ўз кулбамни кўрсатай. * * * Тор сўқмоқ уларни ўрмон четидаги ялангликда турган мўжазгина деҳқонча уй олдига бошлаб чиқди. Ҳовлида қора қўтос сигир кавшаниб турибди. Ўнг томондаги текис бошоқ тортган буғдой даласи шабададан майин тўлқинланади. Тўғрида суви кўм-кўк каттакон кўл товланиб кўринди... Уй ичи озода, аммо жиҳозлар камбағалона. Бўйра устига шолча ташланган. Салим ота Акбарни тўрга ўтказиб, дастурхонга тўртта буғдой нон қўйди. Xотини сопол косада қўтоснинг қатиғидан келтирди. Акбар қатиқни косанинг лабидан хўплаб ичар экан, бу унга беҳад ширин туюлди. У токчадаги китобларга қизиқиб қаради. Салим ота Жалолиддин Румийнинг «Маснавий ва маънавий»сини, Фаридиддин Атторнинг «Кулиёти»ни, Xусрав Деҳлавийнинг «Хамса»сини, Навоийнинг «Чордевон»ини унга бир-бир олиб кўрсатди. — Мен йиққан ягона бойлик мана шу китобларимдир, — деди. — Сиз мендан бойроқсиз, Салим ота! — деди Акбар. — Сиздаги маънавий бойликни мен ҳали ўз қалбимга зарралаб йиғолганим йўқ. Шунинг учун менга саховат кўрсатинг. — Бажонидил, боримни сизга инъом этишга тайёрмен. Акбар Салим отанинг уйидан ташқарига чиқди-ю, бу ердаги ҳавонинг тозалигидан, ўрмон, кўл, буғдойзор — ҳаммасининг гўзаллигидан, энг муҳими, отанинг қиёфасидаги софликдан қалби яйраётганини сезди. Руҳидаги карахтлик тарқаб кетган, олам кўзига болаликдагидай жозибали кўринар, дилида сўниб қолган чироқлар парпираб ёниб кетган, истиқболга ишонч, яхши ишлар қилиш иштиёқи яна уйғонган эди. Ўрмондаги табиат ҳам тирилтира олмаган ички кучларни шу табиат билан ҳамкор бўлган Салим отанинг маънавияти тирилтириб юборган эди. — Салим ота, ҳеч кимга айтмаган сирларимни мен сизга айтдим. Энди ҳеч кимга ишониб топшира олмайдиган истиқболимни ҳам сизнинг паноҳингизга олиб келмоқчимен. Жодҳа Байнинг уч ойлик ҳомиласи бор. Уни ҳам фарзанд ўрнида кўрсангиз. Бугун менинг ўлик ҳисларимни қайта тирилтирган табиат-у маънавият шояд ундаги ҳаётий кучларни юзага чиқарса. Биз орзу қилган зурриёд зора сизнинг қанотингиз остида дунёга келса!.. Акбар хотинини Салим отанинг кулбаси ёнига кўчиртириб келмоқчи эканини сезган мўйсафид подшоҳ-у малика билан бирга қанча сипоҳи, қанча каниз-у хизматкор бу ерларга келишини, улар билан муомала қилиш қанчалик қийин бўлишини кўз олдига келтирди. Ўзи подшо бўлганда саройда яшаб кўрган ва унинг мураккаб муҳитидан юрак олдириб қўйган Салим ота Акбарнинг ниятидан астойдил ташвишга тушди: — Ҳазратим, маликаларга юзлаб одамлар хизмат қилурлар. Уларга кенг жой зарур. Бундан ўн мил нарида— Секри тоғи этагида Бобур бобонгиз қурдирган кўшк бор. Каттакон Боғи Фатҳга барча хизмат-кор-у соқчилар ҳам жой бўлурлар. — Агар сиз ҳам Боғи Фатҳга бориб турсангиз, майли, Жодҳа Байни ўша ерда паноҳингизга топширгаймен. — Лекин мени... маъзур тутинг. Шоҳлар кўшкига қайтиб қадам босмасликка аҳд қилганмен. Қариганимда бу аҳдимни бузолмагаймен. — Аммо шоҳлар ҳам одам-ку, Салим ота Шоҳларга кўз тиккан балолар қанчалик кўплигини бошқалар билмаса ҳам сиз билурсиз. — Балогардон — халқдир. Мен буни онангизга айтган эдим. — Лекин шоҳ билан халқнинг орасини тўсиб турган ғовлар қанчалик кўп! Мен ҳали бу ғовлардан ошиб ўтолган эмасмен... Фақат сиз тақдир тақозоси билан ота-онам орқали дилимга яқин бўлиб қолдингиз. Ўзингиз ҳам подшо бўлиб кўрган экансиз. Бу қандай бир серозор, тиканларга тўлган иш эканини билурсиз. Бугун менинг дилимга қадалиб турган қанча тиканни сиз олиб ташладингиз. Салим ота, ишонинг, мен ўзим учун сиздан беғаразроқ балогардон тополганим йўқ! Шунинг учун Жодҳа Байни ҳам қанотингиз остига олиб келмоқчимен. Рухсат беринг, шу уйчангиз ёнига икковимиз учун чодир тикдирай. Балки ҳазрат онамлар ҳам бирга келурлар. Соқчилар, хизматкорлар ўрмон ичида, сизнинг кўзингизга ташланмайдиган узоқликда турурлар. Сиздаги осудалиг-у мусаффолик биз учун ноёб бир шифо. Бу софлиг-у сокинликни мен кўз қорачиғидай асрагаймен! Ҳамида бегим ҳам ўғли ва келини билан бу ерларга келиши мумкинлиги Салим отага ёқимли туюлди. Ҳамиданинг дийдорига ёшлигида тўймай қолган Низом энди кексайиб Салим ота бўлганда бу тенгсиз аёл билан маънавий мулоқотда бўлишни жуда истарди. Шу ҳаммаси сабаб бўлиб, у Акбарнинг таклифига розилик берди. * * * Эрталаб офтоб чиққанда Салим отанинг кулбасидан тушган узун соялар кунботиш томондаги кимхоб чодирга тушди. Тонг пайти уйқудан қушдай енгил бўлиб турган Акбар ва Жодҳа Бай кўлнинг тиниқ сувида ювиниб, ўз чодирларига қайтмоқда эдилар. Акбар чодирга тушган уйча соясини Жодҳа Байга кўрсатиб: — Биз учун бу — бахт қушининг соясидир! — деди. Акбар билан илк никоҳ кечасини ҳам Санганирдаги чодирда кечирган Жодҳа Бай: — Салим ота чиндан риши[43] эканлар! — деб шивирлади. У ҳарамнинг асабий муҳитида уйқусизликдан қийналиб, ранги ўчиб юрарди. Бир ҳафтадан бери шу чодирда Акбар билан туриб, қорача юзига яна қон югурди, оловли жозибаси қайта тикланиб, кўзларида юлдузлар чақнай бошлади. Акбар ҳам унинг ёнида барча ғам-ташвишларини унутиб, ўзини табиат бағрида яйраб юрган кийикдай хотиржам ва эркин сезади. Фақат гоҳида Жодҳа Бай бу масъуд кунларини омонат сезиб, қаҳри ёмон Шивадан ва унинг фалокат юборувчи хотини Дургадан қўрқа бошлади. Ўрмонда ибодатхона йўқ, Жодҳа Бай ҳомилани асровчи маъбудалар — Лакшми ва Шакти[44]нинг кумуш ҳайкалчаларини чодир бурчагига қўйиб уларга эрта-кеч сиғиниб туради. Салим ота чодирга келганда ҳайкалчаларни кўради-ю, Кабир тўғрисида сўз очади: — Ҳиндлар ибодатхонага борурлар, мусулмонлар масжидга. Кабир эса улар руҳан бирлашган жойни излайдир. — Салим ота Жодҳа Бай билан Акбарни олдига ўтказиб, Кабирнинг ҳиндча шеърларидан ўқий бошлади. Жонли халқ тилида айтилган оловли шеърларнинг ҳар бир байти Жодҳа Байнинг қалбига завқ, қувонч, куч-қудрат олиб киргандай бўлди: — Қаранг, Кабир айтадирки, имон-у ихлос — фақат одамнинг дилида яшасагина атрофини обод қилгай. Муттасил ёмғир ёққан билан ибодатхонанинг тош ҳайкалида ёки масжиднинг ғишт деворида бирон нарса униб-ўсгайми? Шунинг учун Кабир инсон дилини ўзига саждагоҳ қилмишдир. «Эй, одам! — деди Кабир. — Муҳаббат билан шафқатни, неклик билан бахтни муллодан ёки браҳмандан тилаб овора бўлма, уларни сенга четдан ҳеч ким тайёр ҳолда беролмагай. Муҳаббат ҳам, шафқат ҳам, неклик билан бахт ҳам фақат ўз қалбинг иштирокида, ўз фазилатларинг-у меҳнатларинг туфайли юзага келгай!» Жодҳа Бай Салим отани дунёнинг барча сир-у асроридан хабардор киши деб ишонгани учун ҳам, унинг айтган гапларидан беҳад қаттиқ таъсирланар ва илгариги қўрқувларидан қутулиб, ўзига ишончи ортиб борарди. Айниқса, ота ёд биладиган Кабир шеърларида ҳиндмуслим якдиллиги улуғланган сари Жодҳа Байнинг дили яйраб, кўнгли кўтариларди. — Сизларга Кабирнинг улуғ руҳи мадад бергай! Чунки икковларинг икки халқдан чиққан якдил оила бўлиб, Кабирнинг орзусини ҳам амалга оширмоқдасизлар! Кечаси чодирда Акбар Жодҳа Байни қучиб, эркалатар экан: — Чиндан ҳам, биз — бир тандаги икки жонмиз! — деди. Жодҳа Бай эса қалби тагида ўсаётган фарзандини икки дилнинг қўшилишидан пайдо бўлган учинчи бир жондек ҳис қиларди. * * * Ўрмон ичида Акбарнинг қайниси Ман Синх бошчилик қилаётган қўриқчи аскарлар, мулозим ва хизматкорлар чодирдаги акбарларнинг тинчини бузмасликка интилишар, иложи борича кўзга ташланмай юришарди. Xизматкорлар овқат ва бошқа зарур нарсаларни кундуз секин олиб келиб беришар, барча хизматларни осойишта ва шовқинсиз қилишарди. Акбар ҳар куни эрталаб нонуштадан сўнг ўрмон ичидаги хиргоҳга бориб, чопарларни қабул қилар, кечиктириб бўлмайдиган давлат ишлари бўйича фармойишлар берарди. Беклар ва аъёнлара эса Секридаги Боғи Фатҳга келишар, Акбар ўн мил йўлни отлиқ босиб ўтиб, шу боғдаги кўшкда қабул маросимлари ва машваратлар ўтказар, гоҳо ўша ерда ётиб ҳам қоларди. Акбар йўқ пайтда Жодҳа Байнинг чодирига Ҳамида бегим келиб турарди. Бегим қирқ тўрт ёшга кириб, сочларида оқи кўпайиб қолган бўлса ҳам гавдаси ҳамон хипча, юз-кўзидан жозиба кетмаган. Деҳлида Ҳумоюн мақбараси олдида кўришганларида ўзини пирлардай вазмин тутган Салим ота энди мана бу ўрмонда яшнаб турган табиат бағрида бегимни холи кўрди-ю, юраги ҳаяжондан гурсиллаб ура бошлади. У Низом бўлиб юрган йигит пайтидаги қудратли туйғулар Салим ота учун ер тагида яшириниб ётган зилзиладай хатарли туюларди. Агар бу зилзила уйғонса, Салим отанинг оғир хасталиклардан сўнг нураб турган танаси ер ости ларзаларига бардош беролмай тўкилиб тушиши ҳеч гап эмас. Салим ота Ҳамида бегимни ўзининг тўпоригина кампири билан таништирди-да: — Тақдиримиз шу экан! — деб оғир тин олди. Ҳамида бегим Салим отани Деҳлида Ҳумоюн мақбараси олдида ўзига маънавий падар деб билиб, қўл бергани учун бу ерда ҳам унга: — Салим ота, — деб мурожаат қилди, — келинимиз сизнинг паноҳингизда гулдай очилиб кетибдир. Кўриб сизга ихлосим ортди. Деҳлида мақбара қурилиши бица мен ҳам Секрига кўчиб келиш орзусидамен. — Мақбарани ўн йилдан бери қурмоқдасиз, ҳали ҳам битмадими? — Тошга гул солиб сайқал бериш тез бўлмас экан. Оғир юмушлар битган. Борсангиз кўрурсиз, мақбара бениҳоя улкан бўлди. Саҳнини уч ошиёнлик уй баробарида баланд кўтардик. Гумбази Акбаржон чизган тарҳ асосида етти ошиёнлилк бинодай юксак бўлди. Деҳли тарихида ҳалигача бундай улуғ обида қурилмаган экан. Шунинг учун ўн йилда ҳам битиролмадик. Ҳамида бегим ҳали ҳам Ҳумоюннинг хотираси билан банд эканини сезган Салим ота ўзини босиб деди: — Бегим, умрингиз узоқ бўлғусидир, Акбардек фарзанд ўстириш камдан кам онага насиб бўладиган толедир. — Акбар учун тангрига доим шукур қилиб яшамоқдамен. Аммо баландда турган одамга шамол-у бўронлар шиддати қаттиқроқ тегаркан. Қанча қадрдонларимизни бу бўронлар нариги дунёга учириб кетди. — Айтмочи, бизга хиёнатлар қилган Афзалбек тутилгани ростми? — Акбаржон айтмадиларми? У бадбахтга қасос анча кеч қайтди. Тили кесилиб, вужуди парча-парча қилинди. — Афзалбекни узун косов қилиб ишлатиб, ўзи панада турган шайх Ансорий ҳали ҳам саройда шайхулисломми? — Саройда ёмонлар кўплиги рост. Акбаржон ҳам улардан безор бўлган. Лекин... ўша шайхулисломнинг ўрнини оладиган яхши руҳонийлар қани? Сиз саройга шайхулислом бўлиб боргаймисиз? Салим ота бош чайқади: — Бу таклифни менга Акбаршоҳ ҳам айтдилар, лекин мен узр сўрадим. Шайхулисломлик недир? Диний ҳокимият. Садрлар судури ҳам ўзича бир ҳоким. Булар одамларни ўлимга ҳукм қилиш, зиндонга солиш ҳуқуқига эга бўлган дин пешволаридир. Ҳолбуки, бойлиг-у мартаба эшикдан кирса, имон-у эътиқод туйнукдан чиқиб кетгай. Шунинг учун руҳонийларга ҳокимият ҳам, бойлиг-у мартаба ҳам берилмаслиги керак. Давлат ҳокимияти бўлса бас — шунинг ўзи ҳам эл-улусга оғир юк. Яна бунинг устига диний истибдоднинг юкини кўтариш халқни эзиб юбормоқда. Мен Акбаршоҳга маслаҳат бердимки, иложини топсангиз, диний ҳокимиятни йўқотинг! Ҳамида бегим бу гапдан қўрқиб кетди: — Салим ота, руҳонийлар ғулу кўтариб, Акбаржонни ҳам даҳрийликда айбламасинлар, тағин! Сиз унга бундай маслаҳатларни бера кўрманг! — Берганимда ҳам Акбарингиз бу маслаҳатни олгани йўқ. Унинг хаёли ҳозир бошқа нарсалар билан банд. — Ҳа, Акбаржон ўғил кутмоқда. Жодҳа Байга сизнинг даргоҳингиз жуда хуш ёққанини катта келиним Салима бегим ҳам эшитибдир. Яна битта чодир тикдириб, Салимани ҳам олиб келсакмикин? — Менинг бир андишам бор, бегим. Кундошлик азобини билурсиз. Жодҳа Байнинг кўзи ёригунча бу азобни унга яқин келтирмаганимиз маъқул. Ҳамида бегим Салим отанинг бу андишасини ўринли топди. * * * Акбар Салим отага эътиқод қўйгандан бери унинг Салима бегимга муносабати ҳам аввалгидан илиқроқ бўлиб қолган эди. Боласи турмай, фарзанд доғида куйиб юрган бу жувон олдида Акбар ўзини қарздор сезарди. Шунинг учун у Салимани Жодҳа Байдан ўн мил наридаги Боғи Фатҳга кўчиртириб келди. Жодҳа Байнинг ой-куни яқинлашганда Акбар ирим қилиб унинг олдига бормай қўйди. У гоҳо овга чиқиб, ўрмонда чодир тикдириб тунарди. Сунбула ойи кирганда Акбар Гвалиор томонларга овга кетди. Момақалдироқ гумбурлаб турган ёмғир кечаси Жодҳа Бай ўғил туққан эди. Бунинг хабарини оти сағрисигача лойга ботган, лекин ўзи қувноқ кулимсираган Аҳмад Бухорий олиб келди. Акбар суюнчи учун Аҳмад Бухорийга қимматбаҳо дурлар қадалган тўнини ечиб берди. Овчилар ўрмонда сурнай ва нақора чалиб, ярим тунгача хурсандчилик қилдилар. Акбар яхши ният билан беш юз минг рупий турадиган ноёб бир гавҳар сирға олган ва уни киссасига солиб юрар эди. Эртаси куни эрталаб бу сирғани Аҳмад Бухорийга берди: — Рани Жодҳа Байга буни мендан совға қилиб элтинг. Салим ота... инъом олмагайлар... Бориб айтинг, агар ота рози бўлсалар, ўғлимизнинг отини шу кишининг ҳурматлари учун Салим қўйгаймиз. Аҳмад Бухорий устози Салим ота учун қувониб деди: — Олижаноб йўл топдингиз, ҳазратим! Xалқ орасидан чиққан заҳматкашнинг исмини шаҳзодага қўйиш— тарихда қоладиган бир воқеадир. Акбарнинг ўзи ота-боболар удумига биноан чақалоқнинг қирқи чиқмагунча унинг олдига бормади. Лекин у ўз ўғлига Салим отанинг номини қўйганлиги эл-улус орасида шундай шуҳрат қозондики, ота тез кунда мамлакатнинг энг мўтабар мўйсафидига айланди. Уни бир кўришга иштиёқманд одамлар кўпайиб кетди. Чақалоқ уч ойлик бўлгунча Акбар уни Салим отанинг уйчаси ёнидаги баҳаво жойда сақлади. Ман Синх бошлиқ кўриқчилар бегона одамни бу томонларга ўтказмай турди. Лекин Жодҳа Бай боласи билан Аграга қайтиб кетгандан сўнг соқчилар ҳам кетди-ю, Салим отанинг уйига зиёратга келувчиларнинг кети узилмай қолди. Ривоят ва афсоналар қон-қонига сингиб кетган одамлар Салим отанинг Xўжаи Xизрлигига ишониб, унинг этагини кўзларига суришар, фарзандсизлар ундан фарзанд тилар, касалмандлар — шифо, бахцизлар бахт сўрар эди. — Шифони ҳам, бахтни ҳам сизларга тангрим берсин! — дерди Салим ота. — Мен ҳам сизларга ўхшаган осий бандамен, Xизр эмасмен! Лекин бу гапларни камтарлик ҳисоблаб, баъзилар унинг оёғи тагига ўзини ташлашар, баъзи бадавлат одамлар ҳамён тўла пул ёки қимматбаҳо гиламларни назр-ниёз қилишар, Салим ота: — Олмаймен! — деганига қарамай, эшигининг оғзига қимматбаҳо нарсаларни ташлаб кетишар эди. Осуда ва камбағалона ҳаётга ўрганган Салим ота бунинг ҳаммасидан қаттиқ ҳаяжонга тушарди. Селдай ёпирилиб келаётган зиёратчилардан ўзини қандай ҳимоя қилишини билмай юраги гурсиллаб урар, мажруҳ танаси шуҳратнинг оғир юкига бардош беролмай зирқираб оғрир, кечалари уйқуси ўчиб кетар, кундузлари иштаҳаси ўлиб, дуруст овқат ҳам емасди. Ҳут кирганда Акбар уни кўргани келди-ю, Салима бегимнинг ҳам бўйида бўлганини, агар ота розилик берсалар, унинг кулбасига кўчиб келмоқчи эканини айтди. — Қайтага, сизнинг қўриқчиларингиз бор пайтда тинчроқ эдим, — деди Салим ота. — Ҳар хил бой-у савдогарлар назр-ниёз кўтариб уйимга бостириб келолмас эди. Насибам шу экан, энди мен сизнинг ҳимоянгизга муҳтожмен, бегимни олиб келаверинг. Бу гал Акбар Салим отанинг кулбаси ёнига учта чодир тикдирди. Улардан бирида Салима бегим доя кампири билан, бирида Акбар, бирида Ҳамида бегим канизи билан яшай бошлади. Ота Салима бегим билан шеърхонлик қилишни яхши кўрарди. Улар гоҳ Жалолиддин Румий маснавийларидан, гоҳ Ҳофиз ва Навоий ғазалларидан навбатма-навбат ёд айтишиб, вақт қандай ўтганини сезмай қолишар эди. Иссиқ ойлар, чанг кўтариб эсувчи шамоллар ўтиб, ёмғир фасли бошланган жавзо ойида Салима бегим ҳам ўғил туғди. Шу кунни саккиз йилдан бери зориқиб кутган жувон соғлом ва миқти чақалоғини биринчи марта бағрига олиб эмизар экан: — Шукур, энди муродимга етдим, — деб шивирлади. — Отини Мурод қўйсинлар! Акбар бу гал ҳам ота-боболар удумига риоя қилиб, чақалоқ қирқ кунлик бўлгунча иккинчи ўғилнинг отини Мурод қўйишга рози эканини айттириб юборди. Xушхабар олиб борган Қиличхон Андижоний суюнчисига бош-оёқ сарупо олди. Акбар ундан Салима бегимга гавҳар узук совға бериб юборди. * * * Акбар учун Секрининг жозибаси тобора ортиб борарди. Секри тоғининг сарин шабадаси, мовий кўлининг салқини, Боғи Фатҳдан қайнаб чиқиб турган булоқнинг зилол суви ва бир эмас икки ўғли туғилган жойлар уни ўзига оҳанрабодай тортарди. Энди Аграда кўп тургиси келмас, илож бўлди дегунча, Секрига йўл оларди. Чопарлар, мулозимлар, бек-у аъёнлар Агра билан Секри орасида мокидай қатнашарди. Ахири бир кун Акбар энг нуфузли амирларни Секрининг Боғи Фатҳига машваратга йиғди-ю: — Пойтахтни Аградан Секрига кўчиргаймиз! — деди. — Бугундан бошлаб олий маҳкамалар Секрида бўлгай. Бу кутилмаган қарордан баъзи амалдорлар саросимага тушдилар: — Ҳазратим, бошқа маҳкамаларга бино етишмагай, аввал янги пойтахтни қуриб, ундан сўнг кўчиб келган маъқул эмасмикин? — деди Тодар Мал. — Бино етишмаган маҳкамалар учун чодирлар тикилсин! — деди Акбар. — Бизнинг оиламиз, болаларимиз чодирда яшаганда нечун амалдорлар яшай олмагай? Девониом ҳам чодир шаклида тиклансин. Керак бўлса, икки ошиёнлик чодирлар ясайдиган усталаримиз бор. Ўшаларга буюртмалар берилсин. Албатта, умрбод чодирда қолиб кетмагаймиз, дарҳол янги пойтахтнинг қурилишини бошлагаймиз. Унинг умумий режаси қоғозга тушган, меъморларга тарҳлар чизиш буюрилган. Жаноб Чиғатойхон Тошкандий, сиз ўз одамларингиз билан бўлажак пойтахт атрофига тошдан девор кўтартиргайсиз. Чиғатойхон ўрнидан туриб: — Бош устига! — дея бу фармонни қабул қилди. — Жаноб Бҳагван Дас, сиз давлат маҳкамалари учун уч ошиёнлик бино қуришга мутасадди бўлурсиз! Бҳагван Дас ҳам бу топшириқни таъзим билан қабул қилди. Ман Синх ўз синглиси Жодҳа Бай ва унинг ўғли Салим турадиган кўшкни қуриб бериш мажбуриятини олди. Қиличхон Андижоний подшонинг девониоми ва хонайи хослари жойлашадиган қаср қурилишига жавобгар қилиб тайинланди. Шу тарзда Акбар янги пойтахт қурилиши учун барча амирлари ва яқин одамларини сафарбар қилди. Ўзи эса бош меъмор бўлиб, қайси бинонинг қаерга тушиши ва қандай шаклда қурилишини белгилаб бера бошлади. Деҳлида мирзо Ҳумоюн мақбараси қуриб битирилган, ундан бўшаган минглаб одамлар-у аравалар, юк ташувчи филлар ва туялар Секридаги қурилишга олиб келинди. Агра қалъасининг қурилиши ундан олдинроқ тугаган эди. У ерда ишлаб тажриба орттирган ҳунарпешалар ҳам энди Секрига келиб ишлай бошлади. Барча биноларнинг деворлари қизил тошдан қилинмоқда эди. Бу тошни узоқдаги тоғлардан ташиб келтирадиган махсус сангфурушлар бор эди. Улар ҳар бир тошнинг бўйи ва энини ўлчаб, гоҳо вазнини катта тарозиларга қўйиб тортиб сотишарди. Янги пойтахтни қуришга ўн минглаб одам жалб этилган, ҳаммасининг тошга иши тушарди. Шунинг учун Секрида каттакон тош бозори пайдо бўлди. Тош ортилган араваларнинг шақир-шуқури Салим ота турган жойларга ҳам эшитила бошлади. Муроднинг чилласи чиққандан кейин Акбар уни кўришга келди. Салима бегимни қучиб табриклади-да, йўргакдаги болани қўлига олиб, оқиш юзига ва тилладай товланган сочларига қаради: — Боболарига тортибдир! Умри узоқ бўлсин! Бегим, тилагингиз недир? Буюринг! — Тилагим — Секридан кетмаслик. Бу ерлар жуда хосиятли экан. Жаннатмакон Бобур бобомиз бу ерларни ёқтириб, Боғи Фатҳни барпо этгани бежиз эмас экан. — Шунинг учун янги пойтахтда Фатҳобод деб ном қўймоқчимен, — деди Акбар. — Улуғ бобомизнинг руҳини шод этадиган хайрли иш! Барча ниятларингизга етинг, ҳазратим! Фақат... янги пойтахтингизда мен билан Мурод учун алоҳида бир гўша топилгаймикин? Салима бегим энди ҳарамда, кундошлари орасида туришни истамас эди. Буни сезган Акбар: — Сиз билан Мурод учун икки ошиёнлик алоҳида кўшк қурдирмоқдамен! — деди. — Ҳовлисида чорчаманлари, салқин фавворалари бўлгай. — Миннатдорман, ҳазратим! Биз бу масъуд кунларга Салим отанинг шарофати билан етишдик. Лекин ҳозир отанинг дармони кетиб, эски хасталиклари қўзғаб юрибдир... Акбар Салим отадан хабар олиш учун унинг уйчасига кирди. Тўрда оқ пўстак устида ёнбошлаб ётган Салим ота ўрнидан мажолсиз кўтарилди. Акбар уни тургани қўймай, чўк тушди-ю, отанинг эгнидаги оқ ҳирқанинг этагини кўзига суриб ўпди: — Сизга не бўлди, Салим ота? — Мени мунча тавоф қилманг, шоҳ ўғлим! Камина ҳам ожиз инсонмен... Акбар унинг гапига тушунолмай юзига ҳайрон бўлиб тикилди. Салим ота сўнгги пайтларда бошдан кечирган ички туйғуларини унга қандай айтишни билмай жим туриб қолди. Мурод туғилгандан кейин Салим отанинг эл орасидаги шуҳрати яна бир неча даража ошган эди. Ҳатто: «Акбаршоҳ Салим отанинг ҳурмати учун пойтахтни Аградан Секрига кўчирган эмиш!» деган овозалар тарқалди. «Салим ота Xўжаи Xизр экан» деган гапга ишонадиганлар кўпайиб кетди. Минглаб ихлосмандлар Xўжаи Xизрни учратиб, энг катта орзуларини унинг ўткир нафаси билан дарҳол амалга оширишни истар эдилар. Бироқ Акбар қўйган соқчилар зиёратга келаётган издиҳомни отанинг уйи томонга ўтказмай қўйдилар. Отанинг ҳассага суяниб сўқмоқлардан пиёда юришини биладиган ихлосмандлари унинг йўлини пойлай бошлади. Салим ота ўрмон йўлидан ўтиб қолса, унинг оёғига бош уриб, эзгу тилакларини айтишар, баъзилари қўй, эчки ёки бошқа жонлиғини унга атаб сўйишар эди. Салим ота: — Мени Xўжайи Xизр деганлар адашган, мен ҳам сизлар каби оддий одаммен! — деса ҳам қутулмас эди. Кунлар ўтиши билан Салим ота пиёда сайрга чиқолмайдиган бўлиб қолди. — «Ўт балосидан, сув балосидан асрасин» дер эдилар, шуҳрат балосидан ҳам қўрққулик экан. Бир неча кун подшо бўлганимда шон-шуҳратдан маст бўлиб, бир ўлимдан қолган эдим. Бу гал балки... қутулолмасмен. — Ундай деманг, Салим ота! Мен сизнинг номингизга Секрида бир мадраса қурдирмоқчимен. Ҳали сиз унинг талабаларига маънавиятдан сабоқ бермоғингиз даркор. — Шояд шундай бўлса! Менинг Абдулла Ниёзий, шайх Муборак деган маслакдошларим бор эди. Адолатли давлат тузумини орзу қилиб, Бианадаги халқ ҳаракатига иштирок этганлари учун Абдулла Ансорий уларни ўлимга ҳукм қилган. Аммо ўша халқ ҳаракати Шерхонлар сулоласини ичдан емириб, отангиз билан сизнинг Ҳиндистонга қайтишингизга йўл очган эди. Менинг ҳаётимдаги... энг ёруғ кунлар ҳам адолат учун кўтарилган ўша Бианадаги қўзғалонга қатнашган пайтим бўлди... Бу халқ ҳаракати ҳамон сўнган эмас. Унинг чўғлари энг яхши одамлар қалбида ҳали ҳам ялтираб турибдир. Абдулла Ниёзий, шайх Муборак, унинг Файзий деган тўнғич ўғли, Абулфазил деган ўртанчиси — ҳаммалари адолатли раҳбарга ғоят ташна. Улар Сирҳинд, Гужарат томонларда Ансорийдан қочиб юрган эмишлар... Агар менинг куним бица... ўшалар сизга содиқ... балогардон бўлғай! Акбар Салим отанинг касали жиддийлигини сезиб, сарой табибларини чақиртирди. Дори-дармонлар билан отани анча вақт муолажа қилдилар. Эски яраларининг ўринлари оғриб, ота узоқ вақт уйидан чиқолмай ётди. Акбар билан Ҳамида бегим уни яна кўришга келганларида: — Энди... рози бўлинглар! — деди. Ҳамида бегим унинг қоқсуяк бўлиб қолган қўлини кўзига суриб, йиғлаб юборди: — Биз мингдан минг розимиз... Биздан ўтган бўлса... кечиринг!.. Акбарнинг ҳам ўпкаси тўлиб гапиролмай қолди. Бу қандай шафқациз тақдирки, ким унга катта яхшиликлар қилса узоқ яшай олмай, ўлиб кетади. Отаси, Байрамхон, Моҳим энага... Мана энди Салим ота... Шоҳлик ҳокимияти чиндан ҳам ота айтгандай бир аждаҳо экан-у Акбарга қалқон бўлган энг яхши одамлар бирин-кетин унинг қурбонига айланмоқдами? Балки энди навбат Акбарнинг ўзига ёки онаси Ҳамида бегимга келгандир? Бу тахмин Акбарни сескантириб юборди. Салим ота эртаси куни узилди. Уни Секри тоғининг устига — янги қурилаётган пойтахтнинг марказига дафн этдилар. Отанинг оқ мармар мақбара ичидаги қабри — Фатҳободдаги биринчи сағана эди. Поклик тимсоли бўлган маънавий отасининг қабрини Акбар денгиз тубидан олинган соф садафлар билан қоплаттирди. Фатҳобод, Гужарат: Икки Суиқасд Бундан қирқ беш йил муқаддам Секрининг Боғи Фатҳида Бобур Xондамир билан сув ичган булоқ ҳали ҳам ер остидан тоза қумлар билан бирга қайнаб чиқиб турибди. Унинг тиниқ суви баландга бўй чўзган санобар ва нинб[45] дарахтлари орасидан шилдираб оқмоқда. Суиқасддан ярадор бўлган Акбарни кечки пайт тахтиравонда шу боққа кўтариб келдилар... Бу ҳодиса куппа-кундуз куни Деҳли кўчасида юз берди. Акбар отасининг мақбарасини зиёрат қилиб қайтаётган эди. Ёнида элликтача отлиқ йигити ҳам бор эди. Зиёратга борганда у зирҳли кийим киймас, эгнида енгил оқ сўфи делагай[46] бор эди. Катта кўчадан ўтаётганларида Акбар Моҳим энага қурдирган қизлар мадрасасининг икки ошиёнлик биносини таниди-ю, отининг жиловини тортди. Марҳуманинг хотираси учун шу ерда бир лаҳза тўхтаб ўтгиси келди. Мадраса томонга энди юзланган пайтда иккинчи қаватнинг айвонида кескин бир ҳаракат сезилди. Йўғон устун панасига яширинган барваста одам ёй ўқини Акбарнинг чап кўкрагига тўғрилаб отди. Ўқни жуда кучли қўллар отгани шувиллаб келаётган шарпасидан ҳам сезилди. Жангларда кўп юриб, бу шарпадаги ажал хатарини тез илғашга ўрганган Акбар дарҳол отнинг ёли устига эгилди. Аммо паналашга улгурмади. Кўкракка мўл отилган ўқ у эгилаётганда чап елкага шундай қаттиқ санчилдики, Акбар ҳушидан кетиб, эгардан ерга йиқилиб тушди. Ёнидаги Жалолхон қўрчи отидан сакраб тушиб, уни елкасидан суяб турғиза бошлади. Сижоатхон деган соқчи ўнтача йигити билан ўқ отган одамни тутиб келиш учун югуриб кетишди. Айвонда бир кўринган соқол-мўйлови ўсиқ девсурат йигит қизлар сабоқ тинглаб ўлтирган хоналарга кириб яширинмоқчи бўлди. Акбарнинг соқчилари қий-чув кўтариб йўлакка қочиб чиққан қизлар ва отинойилар орасидан: — Пўшт, пўшт! — деб ўтишиб, ўқ отган одамни қувиб кетишди. Бу орада Акбар сал ўзига келди-ю, елкасига санчилиб турган ўқнинг жизиллатиб оғриётганини, илиқ қон баданига сизиб оқаётганини сезди. Жалолхон: — Ўқ заҳарланган бўлиши мумкин! — деди-ю, уни суғуриб ташламоқчи бўлиб бир тортди. Лекин ўқ елка суяги билан эт орасига жуда чуқур кирган эди, бир тортганда чиқмади. Акбар оғриқ зарбидан иҳраб, ранги оқариб кетганини кўрган Жалолхон ўқни яна қаттиқроқ тортишга журъат этолмади. Шунда Акбарнинг ўзи чап елкасига олд томондан санчилиб турган ўқни ўнг қўли билан шарт суғуриб олиб ташлади. Кўзи яна тиниб, қон қаттиқроқ оқа бошлаганини сезмади. Хуржунда доим қонни тўхтатадиган дори, ярани боғлайдиган тоза мато ва малҳам олиб юрадиган Рафиқ маҳрам Жалолхонга ёрдамга етиб келди. Икковлашиб, Акбарнинг ярасини боғладилар ва қўлтиғидан суяб, сув бўйига, соя жойга олиб ўтдилар. Қизлар мадрасасига кириб кетган йигитлар ўқ отган давангидай баҳайбат одамни тутиб, қўлларини боғлаб судраб чиқдилар. Унинг кетидан иккита навкар қўлидан тутиб олиб келаётган мадраса қоровули: — Мени қўйворинг, бу Пўлат васвасни мен киргизганим йўқ! — деб жавради. — Касофати ўзига урсин! Иккинчи ошиёнга яшириқча чиққан! Мен кўрсам уни мадрасага киргизармидим? Номаҳрам девона айвонга осмондан тушганми? Навзан биллоҳ, бе-хабармен! Кўзлари қутурган ҳўкизнинг кўзларига ўхшаб қонталаш бўлиб турган Пўлат васвас Акбарнинг тирик қолганини кўриб: — Сендек диндан қайтган даҳрий подшони ўлдириш ҳам оз! — деб бақирди. — Сен нуқул кофирларга ён босдинг, қанча мўмин-мусулмонни ўлдирдинг! Адҳамхон, Алиқулихон, Баҳодирхон менинг қадрдонларим эди. Пайғамбар авлодидан бўлган қанча сайид-у хўжаларни қувғин қилдинг! Ўзингга ўхшаган даҳрий чол Салим Чештига сиғиндинг! Мени ҳам ўлдирмоқчи бўлиб юрганингни эшитдим. Осмондан ваҳий келди! Шунинг учун аввал ўзингни ўлдирмоқчимен! Водариғ, душманим ҳамон тирик! Жалолхон Пўлат васваснинг кекирдагига бир уриб, овозини ўчирди. Акбар Жалолхонга: — Буни тирик сақламоқ керак! — деди. — Вазир Жамилга элтиб топширинг. Кетида кимлар турганини аниқласин. Пўлат васваснинг бошига қоп кийдириб, оёғини ҳам боғлашди, уни навкаралардан бири отига ўнгариб қалъага олиб кетди. Акбарнинг елкасидан бошланган оғриқ бутун баданига тарқаб, иситмаси кўтарила бошлади. Отини келтирганларида узангига оёқ қўёлмай гандираклади. Қўлларини қимирлаца елкасидаги оғриқ чидаб бўлмас даражада зўрайиб кетарди. Лекин ёмон овозалар кўпаймаслиги учун у тишини-тишига қўйиб мулозимлари ёрдамида отга минди-ю, минг азоб билан Пуран қалъага етиб борди. Бу ерда табиблар оғриқни босадиган дорилар бериб, уни даволашга тушдилар. Ҳар уч-тўрт соатда вазир Жамил келиб, Пўлат васваснинг тергови қандай бораётганини айтиб турди: — Ҳазратим, бу девона кимларнинг қутқусига учиб шу аблаҳликни қилганини айтиб беролмади. Гаплари пойма-пой. Ким илкига ўқ-ёй бергани ҳам эсида йўқ. — Қани ўша ўқ-ёй? Қуролни тафтиш қилдингизми? Вазир Жамил Акбарга отилган ёй ўқини ва камонни келтириб кўрсатди: — Ҳайриятки, ёй ўқига заҳар сурмаган эканлар, буни текшириб аниқладик, — деди. Акбар соғ қўли билан камонни айлантириб кўрди. Унинг кўзга ташланадиган жойлари кумуш ва садаф билан зийнатланган, камоннинг ўзи энг қаттиқ ирғай ёғочидан қилинган эди. — Ирғай Мовароуннаҳр тоғларида кўп ўсгай, — деди Акбар. — Камонни туронлик усталар ясаган бўлмасин? Вазир Жамил камоннинг ички томонида ёғочга ўйиб ёзилган бир ёзув кўрди: — Сиз ҳақсиз, ҳазратим! «Амали усто олим Шоший» деб ёзилмишдир. Об-бо, аблаҳлар-ей! Жаҳонга машҳур камони шошийни Пўлат васваснинг илкига ким тутқизган экан? Жароҳат оғриғидан иситмаси кўтарила бошлаган Акбар вазир Жамилга шиддат қилиб деди: — Буни сиз аниқламоғингиз керак! Васвас қаерларда турган, кимлар билан учрашган?.. Боринг, энг моҳир тафтишчиларни ишга солинг! — Бош устига, ҳазратим! — деб вазир Жамил орқаси билан юриб чиқиб кетди. Акбар садаф ва кумушлари нафис жило бериб товланаётган камони шошийнинг қизғиш ирғай сопига тикилганича оғир ўйга толди. Боболар юрти Мовароуннаҳрни у тушида кўрганми ёки гўдаклигида Xонзода бегим уни Кобулдан Фарғона водийсига, Тошкент ва Самарқандга олиб бориб келганмиди — буни аниқ билмайди. Лекин бобосининг китобида тасвирланган Ўшнинг лолалари, Андижоннинг нашватиси, Марғилоннинг катта дона анорлари, Исфара бодомзорлари худди болаликда кўрилган унутилмас ажойиботлардек хотирасида аниқ гавдаланади. Акбар Самарқанд-у Тошкентларни соғингандай юраги ўша томонларга қараб талпинган пайтлар бўлади. Ҳиндистон билан Турон орасида қатнаб турган савдо карвонлари Мовароуннаҳрнинг ширин-шакар меваларидан келтириб туради. Акбар Аграда яшаб Фарғонанинг ширин қовунларидан, Самарқанднинг нақш олмаларидан еб кўрган, уларнинг тенгсиз мазаларидан кўп ҳузур қилган. Мана ҳозир эса бобо юртида ясалган камони шошийнинг аччиқ жароҳатидан азоб тортмоқда. Зеб берган камони ёвуз одамларнинг қўлига тушишини уста Олим Шоший қаёқдан билсин? Наҳотки шайбонийзодалар Туронда туриб, Аградаги Акбарга ўқ отган бўлсалар? Ҳозир Бухоро тахтида шайбон уруғининг энг бақувват вакили Абдуллахон ўлтирибди. У Акбар билан муроса йўлини тутиб, икки қайта элчилар, мактублар ва қимматбаҳо совғалар юборди. Абдуллахон сўнгги мактубида Эрон шоҳи Таҳмаспнинг вафот этганлиги, сафавийлар орасида ички кураш ва парокандалик бошланганини ёзган, уларга қарши иттифоқ тузишни ва Эронни биргаликда фатҳ этиб, шиалар давлатини йўқотишни таклиф қилган эди. Акбар отасига яхшиликлар қилган сафавийлар билан урушишни истамас, шиа-сунний адоватини ёмон кўрарди, шунинг учун Абдуллахонга ёзган жавоб мактубида ҳозир Ҳиндистоннинг ички ишлари ва Кобул-у Бадахшон чегараларини мустаҳкамлаш билан банд эканини, Эрон фавтҳига хоҳиши йўқлигини маълум қилган эди. Абдуллахонга шу керак эди — у ўзининг энг нуфузли қўшниси бўлган Акбарнинг олдидан бир ўтиб қўйгандан кейин, ўғли Абдумўминни ёнига олиб, Xуросонга юриш қилди, Ҳирот, Астробод, ҳатто Машҳадни ҳам сафавийлардан тортиб олиб, ўз давлатининг бир қисмига айлантирди. Абдуллахон давлати шу тарзда кенгайиб бораверса, бир кун эмас бир кун Кобул-у Бадахшонга тажовуз қилиши ҳам мумкин. Аммо Акбар — унниг жанубга келадиган йўлларини бекитиб турган кучли бир тўсиқ. Шайбонийзодалдар бу тўсиқни Пўлат васваснинг қўли билан қулатиб ўтишга уринган бўлсалар ажаб эмас... Акбарнинг ўйи шу жойга етганда вазир Жамил латтага ўроғлиқ узун бир нарсани терговчига кўтартириб кириб келди. — Ҳазратим, Пўлат васвас Моҳим энага мадрасаси яқинида эгаси кўчиб кетган, ташландиқ бир хароба уйда турар экан. Уйнинг омборхонасига эски лаш-лушлар орасига мана шу фаранги тўфанг бекитиб қўйилган экан. Ўқлари алоҳида жойда турибдир. Васваснинг касали қўзигандан кейин буларни тополмаганми... Ҳайриятки... тўфангни ишлатмабдир... Акбар тўнғиз ўқи солиб отиладиган қувури йўғон фаранги тўфангни кўриб беихтиёр эти жунжикди. Тўфангнинг ёнида чарм халтачага солинган картеч ўқлар ҳам бор эди. Пўлат васвас бу тўфангдан ўқ оца Акбар тирик қолиши гумон эди... — Васвас тўфанг отишни ўрганган эканми? — сўради Акбар. — Ҳа, Адҳамхонга навкар бўлганда ўрганган экан. — Тўфангни унга ким берганини айтдими? — Бир кекса фарангининг номини айтди. Алварми... Пакварми... Қўшниларидан суриштирсак, Гоа оролида турадиган савдогар фаранги Пўлат васваснинг олдига бир-икки марта келиб кетган экан. Ҳумоюн тирик пайтида Алваро Пакавира деган фаранги Гоадан тўфанг кўтариб келганини, кейин Шерхон томонга ўтиб, унинг фитналарига қатнашганини ўғлига айтиб берган эди. Акбар буни ёшлик хотирасининг кучи билан дарҳол эслади-ю: — Фарангини қидиртиринг, — деб буюрди вазир Жамилга. — Калаванинг учи балки ўшанинг илкидадир! Вазир Жамил шу кетганича Деҳли карвонсаройларини қидиртириб, биронта фарангини тополмади. Фарангилар билан савдо сотиқ қиладиган дўкондорлар Пакавира деган кекса савдогар бундан бир ой олдин Гоага қайтиб кетганини айтдилар. Энди Акбарнинг хаёли Гужарат ва унинг жанубий қирғоқларини эгаллаб олган фарангиларга кетди. Улар Акбар тузаётган кучли давлатдан манфаатдор эмас. Ҳиндистонни парча-парча қилиб, унинг бир вилоятини бошқаси билан уруштириб, ҳаммасини заифлаштириб, сўнг мамлакатга ўзлари хўжайин бўлишни кўпдан бери орзу қилишади. Гужаратдаги Музаффаршоҳни Акбарга қарши гиж-гижлаб юрганлар ҳам мана шу фарангилар. Улар Гоа оролини босиб олганларига олтмиш йил бўлганини, шундан бери бутун Ҳиндистонни ўзлариники қилиш ниятида эканини Акбар билади. У икки йилдан бери Гужарат юришига тайёргарлик кўрар экан, Музаффаршоҳни енггандан сўнг Гоадаги истилочиларни ҳам денгиз ортига қувиб юбормоқчи эканини машваратларда бек-у аъёнларига айтган. Эҳтимол, шу аъёнлардан қайси бири унинг бу ниятини фарангиларнинг қулоқларига етказгандир. Деҳли-ю Аграда уларнинг хуфиялари ҳам юрганини мана бу тўфанг кўрсатиб турибди. Улар Акбарнинг Гужарат ва Гоа оролига юриш бошлашини кутиб ўлтирмасдан, уни Пўлат васваснинг қўли билан олдинроқ маҳв қилишга интилган бўлсалар керак. — Фарангилар Пўлат васвас билан қандай тил топишган? — сўради Акбар вазир Жамилдан. — Орада турган воситачиларни топмоқ керак! — Васвасдан шуни сўрасак, Адҳамхонни айтди. Ҳолбуки, Адҳамхоннинг ўлганига ўн йил бўлди. — Ўқ-ёйни ким берганини айтмадими? — Осмондан тангри юборган эмиш! Лекин васвас бир вақтлар Шарафиддин мирзонинг хизматида бўлганини айтди. Акбарнинг хаёли яна Гужарат томонга кетди. Чунки Шарафиддин мирзо Самбҳал вилоятида ҳоким бўлганда кўп золимликлар қилгани учун Акбар уни лавозимидан маҳрум қилган эди. Ота уруғи машҳур Xўжа Аҳрор авлодидан тарқаган, она томондан самарқандлик темурийзода Султон Маҳмудга чатишган. Шарафиддин Мирзо Акбардан аразлаб Гужарат томонларга кетиб қолган. Акбарнинг янгича сиёсатидан норози бўлган бошқа мирзолар — Ҳусайн Бойқаро авлодлари ҳам Гужарат тождори Музаффаршоҳ томонига ўтиб кетган. Улар ўша ёқларда Акбарга қарши иғволар қилиб юрганларини хуфиялар айтиб келган эди. Балки энди улар Акбарнинг Деҳлидаги яширин душманлари билан тил бириктиргандир? Сўнг ўзларини панага олиб, Пўлат васвасни ишга солгандирлар? Акбар шу тахминни айтгандан кейин вазир Жамил Пўлат васвасни биладиган одамларни излаб топиб, унга юзлаштирди. Лекин эси кирди-чиқди бўлиб қолган Пўлат васвас танишларининг қайсиси билан қаерда учрашганини хотирлай олмас, уни жиноятга олиб келган занжирнинг кўп ҳалқалари ёдидан тушиб қолган эди. — «Подшо сизни ўлдиртиргай» деган гапни кимдан эшитдингиз? — деган саволга: — Осмондан ваҳий келди, — деб жавоб берарди. Пўлат васвас Убайдулла маҳдум деган мулланинг хизматида ҳам бўлган, бу одам унинг касалини даволашга уринган эди. Терговчи шуни аниқлагач, васвасга Убайдулла маҳдум ҳақида савол бера бошлади: — Ҳазратимни «даҳрий» деб айблаган одам Убайдулла маҳдуммиди? — Йўқ, ундан каттароғи. — Шайх Ансорийми? — Мен уни билмаймен. Тангрининг ўзи билан сўзлашганмен. Подшони осмон «даҳрий» деган. — Убайдулла маҳдум билан охирги марта қачон кўришган эдингиз? — Беш йил... йўқ, бир йил... эсимда йўқ! Подшонгиз бузуқ! Уни Салим Чешти йўлдан урган. Бианадаги исёнчилар Акбарни айнитган... — Салим ота пок одам эди. — Пок бўлса нечун Сакина бонуга кўз олайтирган? — Қайси Сакина бонуга? — Убайдулла маҳдумнинг жуфти ҳалоли. Уни Салим Чешти билан Биана маҳдийлари айнитган! Терговчи Убайдулла маҳдумни топдириб, гувоҳликка чақирди. Унинг тўртинчи хотини — ўн саккиз ёшли Сакина бону Салим Чештига эмас, Акбарга арзга борган экан. Унгача Салим ота оламдан ўтган, лекин васваснинг хаёлида ҳамма нарса аралашиб кетган эди. Убайдулла маҳдум катта хотинларининг чақувига ишониб, Сакина бонуни қаттиқ калтаклаган экан. Акбар бу гўзал жувоннинг калтак зарбидан кўкарган юзига қараб, унга раҳми келди-ю, муншиси Ашрафхонга буйруқ берди: — Убайдулла маҳдумни менинг номимдан огоҳлантиринг, агар бу мунгликка яна жабр қилса, қозикалонга айтиб, никоҳидан чиқартиргаймиз! Маҳдумнинг ўзини Банголага бадарға қилдиргаймиз! Акбарнинг бу таҳдидидан сўнг Убайдулла маҳдум Сакина бонуга яхши муомала қиладиган бўлган, жувон тинчиб қолган эди. Лекин уйдаги гап кўчага чиққани ва Убайдулла маҳдумнинг ёш хотини Акбар билан кўришиб, гаплашганининг ўзи саройда турли миш-мишларга сабаб бўлган эди. Охирида бу миш-мишларни кимдир Пўлат васвасга тескари қилиб етказган ва унинг жинини атайлаб қўзғатган эди. Лекин ким шундай қилган? Васвасни Акбарга қарши қайраб солганлар кимлар? Пўлат васвас буни аниқ айтиб беролмас, сўз тополмай қолганда «осмондан ваҳий келди», «тангрим ўзи айтди» деб ёлғон важ кўрсатарди. Акбар табибларга буюриб: — Васвасни даволаб кўринглар, балки тузалганда ҳақиқатни топиш осон бўлгай? — деди-да, ўзи Деҳлидан Фатҳободга кетди. Орадан икки ҳафта ўтганда хабар келдики, табиблар васвасни даволаб, ақлини сал жойига келтиргандан сўнг, у қилган ишининг бутун даҳшатини энди сезади, бошини ҳибсхонанинг тош деворига бор оғирлиги билан уради-ю, икки кун беҳуш ётиб жон беради. Акбар буни Секрида туриб эшитди, «балки ғанимлар ўз жиноятларини бекитиш учун уни шу тарзда ўлдиргандирлар?» деган тахмин хаёлидан ўтди. Душман ўнта бўлса, гумон мингта. Елкасидаги жароҳат уч ойда тузалган бўлса ҳам, унинг аччиқ оғриқлари Акбарнинг эсидан чиқмайди. Ташқи душманларининг бир чети Туронда бўлса, бир чети узоқ Фарангистонда турганлиги, улар ичкаридаги қора кучлар билан тил бириктириб, Акбарнинг жонига қасд қилишлари мумкинлиги хаёлидан нари кетмайди. Уйқусиз тунларда ички-ташқи душманларнинг қайсисидан қандай сақланиш ҳақида ўйланарди. * * * Шу орада Аградан Секрига шайхулислом Абдулла Ансорий бир гуруҳ салласи катта дин пешволари билан Акбарни кўришга келди. Ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам, ҳали жуда тетик бўлган Ансорийнинг учи киндигига тушадиган узун оқ соқоли бор. Ёнида салобатли қозикалон Муҳаммад Яздий, жиккак имом Абдуқодир Бадавни ва яна шунга ўхшаган беш-олтита уламолар Акбарга узоқ умрлар тилашди. Акбар кўкалдоши Азиз кўка билан бирга Абдулла Ансорийни янги пойтахт бўйлаб олиб ўтишди ва битган биноларни кўрсатишди. Барча вилоят амирлари минг-минг одамлари ва от-уловлари билан ишлаётганликлари учун муҳташам иморатлар жуда тез қад кўтарган эди. Акбарнинг тоғ устидаги саройи, кўлга қараган салқин ёнбағирдаги рани Жодҳа Бай кўшки ва Салима бегимлар учун қурилган икки ошиёнлик гўзал иморатлар аллақачон пардоздан чиққан эди. Ансорий бунинг ҳаммасини кўкларга кўтариб мақтади-да, кейин тагдор қилиб сўради: — Ҳазратим, бу пойтахтдан шайхулислом учун ҳам ўрин берилгайми? — Юринг, тақсир, сиз учун махсус жой танлайлик,— деди Акбар ва уни атайлаб Салим ота мақбараси олдига бошлаб келди. Ансорий бир вақтлар ўлимга буюрган ғоявий душманининг яхлит садаф билан зийнатланган оқ мармар мақбарасини кўрганда ичидан зил кетди, овози титраб, зўрға тиловат қилди. Акбар унга тикилиб туриб: — Тақсир, хабарингиз бор, — деди. — Яширин ғанимларим мана шу мақбарани қурганим учун мени даҳрийликда айбладилар. Пўлат телбани ишга солиб ҳатто ўлдирмоқчи бўлдилар!.. Акбар «Ўша яширин душманлар орасида сизнинг ҳам одамларингиз бўлса бирор куни қўлга тушиб қолар», демоқчи эди. Шайх Ансорий буни пайқади-ю, сири фош бўлишидан қўрқиб, дарҳол дуо-ю фотиҳага қўл очди: — Пўлат васвас гўрида тўнғиз қўпсин! Парвардигори олам барча ғанимларингизни васваснинг кўйига солсин! Сиз янги пойтахтда узоқ умр кўринг, ҳамиша зафар ёрингиз бўлсин! Шайх Ансорийнинг тилёғлама гаплари дилидаги адоватни яширишнинг бир воситаси эди. Риёкорликда меъёрни ҳам унутиб, Акбарнинг ғанимлари қаторида ўзини ҳам қарғаётганини сезмас эди. Акбар ўқ еб тортган азобларининг аламига уни яна бир боплагиси келди-ю, Салим ота мақбарасидан анча нарида ҳинд услубида қурилиб битай деб қолган икки ошиёнлик чиройли иморатни кўрсатди: — Мана буни рожа Бирбал учун қурдирдик. Ансорийнинг рожа Бирбални ҳам кўрарга кўзи йўқ. Шуни биладиган Акбар: — Сиз учун худди мана шу ердан ҳовли-жой ажратмоғим мумкин, — деди. Рожа билан қўшни бўлиш ва Салим ота мақбараси ёнида яшаш Абдулла Ансорий учун доимий қийноққа айланиб кетиши муқаррар эди. — Ҳазратим, нарироқда мадраса қурилган экан. Бизга ўша томондан жой кўрсацангиз. — Майли-ю, лекин мадраса ҳам Салим ота номига қурилган. Унга шайх Муборакни бош мударрис қилмоқчимиз. Шайх Ансорийнинг яна кайфи учди: — Қайси шайх Муборак? — Сиз уни ҳам «даҳрий» деб ўлимга буюрган экансиз. Аммо биз кўкалдошимиз Азиз кўка ёрдамида тафтиш қилиб билдик. Шайх Муборак ўта диёнатли, билими зўр, қалби пок аллома экан. Гужаратдан чақириб олдик. — Лекин у халқни подшога қарши қўзғатган исёнчи-ку! — Қайси подшога қарши қўзғатган? Исломшоҳга қаршими? Сиз ўзингиз ҳам Исломшоҳга қарши бориб, бизнинг ҳазрат отамизга яширин маълумотлар юбориб тургансиз-ку, тақсир? — Бу рост!.. — Қани, юринг, агар шайх Муборакка яқин бўлай десангиз, сизга мадраса ёнидан уй солдирайлик. — Мени маъзур тутинг, ҳазратим! Ҳозирча Аграда турганим маъқулга ўхшайдир. Ўша ердаги уй-жойим яхши. Кекса одамнинг кўчиши қийин... Янги пойтахтга янгича сиёсат тарафдорларини йиғиш ниятида бўлган акбар шайх Ансорийни, «кўчиб келинг, бошқа жой кўрсатай», деб қистамади. Бундан алами келган Ансорий оро берилган соқолининг учини асабий эзғилади-да: — Ҳазратим, янги пойтахатнинг масжиди жомеъси қаерга қурилмоқда? — деб сўради. — Ахир жума кунлари хутба ўқимоқ керак-ку! «Агар биз номингизни хутбага қўшиб ўқимасак, сизнинг подшолигингизни ҳеч ким тан олмагай!» демоқчи эди шайх Ансорий. Акбар унинг очиқ айтилмаган бу таҳдидини гап оҳангидан пайқади. Ансорийнинг диний ҳокимияти ҳали жуда кучли. У билан бирга келган уламолардан ташқари, юзлаб қуролли муҳтасиблар, шайхулисломга мурид бўлган бек-у аъёнлар, масжидда унинг ортида туриб намоз ўқийдиган минглаб қавмлар дин пешволарини илоҳиёт вакиллари деб биладилар, уларга ҳайиқиб қарайдилар ва кўр-кўрона эргашадилар. Акбар Ансорийнинг диний ҳокимиятини тан олмаса, имом-у уламолар авом халқни унга қарши қўзғатиб ғулу кўтаришлари мумкин. Ансорийнинг тагдор саволига жавобан: — Тақсир, масжиди жомени сарой ёнига қурмоқдамиз, — деди ва шу билан унга беихтиёр ён бергандай бўлди. Акбарни Ансорийга боғлаб турган эскича эътиқод иплари ҳозир унга ўргимчакнинг ёпишқоқ тўридек нохуш туюлди. Бу тўрни ёриб чиқиб кетиш учун Акбар ўз атрофига янгича имон-у эътиқод тарафдорларини йиғмоғи ва уларга суянмоғи керак... * * * Калта қора соқолида жингаласи бор, юз-кўзи арабларникидай хиёл жигарранг тус бериб товланган, лаблари қалин Абдулфазл Акбарнинг кутубхонасида одоб билан чўкка тушиб ўлтирибди. Xонтахта устида уюм-уюм китоблар: бири арабча, бири форсча, бири қадимги санскрит тилида, яна бири туркийча. Акбар йигирма уч ёшли Абулфазлнинг турфа тилли бу китобларни яхши билишини, бирини бирига қиёслаб, бемалол таҳлил қилишини кўрди-ю, таажжуб билан сўради: — Аслингиз қайси улусдан? — Бобокалонимиз араб эканлар, — деди Абулфазл.— Беш аср бурун Ҳиндистонга келиб қолганлар. Оналаримиз — ҳинд аёллари. Ҳинд-араб қони беш аср аралашиб, ахийри биз пайдо бўлганмиз. Абулфазлнинг акаси Фаёзий ҳам истеъдодли шоир эди. Кўп йил қувғинда юриб ўғилларини шунчалик билимли ва маърифатли қилиб тарбиялаган шайх Муборакка Акбар ўзича яна бир қойил бўлиб қўйди. — Раҳматли Салим ота сизларга жон куйдиргани бежиз эмас экан, — деди. — У киши айтар эдики, узоқ қонларнинг аралаш ишидан турфа дарахтларнинг пайванди каби ноёб мевалар берғай. — Иншоолло, бу ҳикматли фикр шаҳзода Салим қиёфасида янада мукаммал амалга ошгай, — деди Абулфазл Акбарнинг ҳинд аёлидан кўрган ўғлини алоҳида эҳтиром билан тилга олиб. Бу йигитнинг билимига яраша ақли ва фаросати ҳам ўткир эканини сезган Акбар: — Салим отани кўрганмидингиз? — деб сўради. — Ҳа, ота бизга ҳомий эдилар. Қувғин бўлиб қочиб юрганимизда бир қанча вақт бошпана бердилар. Ўшанда у киши менга бутун ҳаётимни етти фазилат асосига қуришни ўргатган эдилар... — Масалан, қайси фазилатлар? — Биринчиси: яхшиликка муҳаббат. Иккинчиси: инсонга мурувват. Учинчиси: ҳақ йўлдаги ботирлик. Чунки ўғри, босқинчиларнинг ҳам ботири бор. Биз фақат ҳалол яшайдиган кишининг ботирлигини фазилат деб билурмиз. Тўртинчиси: одамга куч-қудрат берувчи илм-у маърифат. Бешинчиси: барча сўз-у ишдаги самимият. Олтинчиси: хулқ-у атвордаги инсоф-у диёнат. Еттинчиси: инсонни камолотга етказувчи маънавият. — Афсуски, ҳаётда бу фазилатларни соф ҳолда топиб бўлмагай! — деди Акбар. — Яхший-у ёмон, ҳақ-у ноҳақ мудом аралашиб кетгай. Одамлар неча минг йиллардан бери яхшини ёмондан, эгрини тўғридан бехато ажратиш йўлини излайдилар. Нечун бу йўллар ҳанузгача топилмайдир? — Ҳазратим, бу йўллар кафтдаги чизиқлардай муқим турганда, одамзод уларни аллақачон топган бўларди. Лекин биз «йўллар» деб айтадиган нарсалар, аслида, оқиб турган дарёлардир. Яхши-ю ёмон, ҳалол-у ҳаром — дарё сувидай муттасил ҳаракатда бўлгандан кейин ноилож аралашиб кетадир. Ҳаракатдаги дарёнинг яхши хосиятини ёмон лойқалардан ажратиш бениҳоя мушкул. — Балки бу умуман мумкин эмасдир? Мен янги пойтахтда янги бир инсоний муҳит, адолатли бир жамият барпо қилиш орзусидамен. Балки бу рўёбга чиқмайдиган бир хаёлотдир? Акбар дилини очиб сўзлаётганидан руҳи кўтарилган Абулфазл Арастудан Ибн Сино-ю, Навоийгача барча улуғ одамлар адолат ахийри бир кун ғалаба қилишига ишониб яшаганларини айтди. Шу ишонч бўлмаса, яшашнинг маъноси қолармикин? — Рост, — деди Акбар, — биз не учун дунёга келдик? Уни бир озгина бўлса ҳам ободроқ, адолатлироқ қилиб кетмасак яшашнинг не маъноси бор? — Ҳазратим, қадимий китобларда ривоят борки, ҳар минг йилда янги бир доҳий туғилиб, барча адолацизликларни бартараф қилгай. Абулфазл сўзининг тасдиғи учун мез устида турган китобларни бир-бир очиб, гоҳ санскрит тилида, гоҳ қадимги форс-паҳлавий тилида мисоллар келтира бошлади: — Мана, ҳиндларнинг муқаддас китобида айтилмишдир: Офтоб тангриси Вишну таносиҳ[47] қонуни бўйича дунёга чўпон бўлиб қайтиб келгай, барча адолацизликларни йўқотиб, яхшилардан адолатли жамият тузгай. Насораларда ривоят борки, янги бир маҳдий Мессия, яъни Масиҳо қиёфасида келиб дунёда адолат ўрнатармиш. Акбар оташпарастларнинг «Авесто»сида ҳам шунга ўхшаш ривоят борлигини эслади: Зорастр авлодидан Саушъянт деган доҳий пайдо бўларкан, ёмонликни йўқотаркан-у дунёни покларкан. Турли халқларнинг эътиқодлари бу қадар ўхшаш бўлса, диний адоватлар қаёқдан чиқиб келмоқда? Улар биргалашиб шу саволга жавоб излай бошладилар. Абулфазл Акбардан тўққиз ёш кичик бўлса ҳам, тарихни яхши билганлиги ва беҳад кўп китоб ўқиганлиги туфайли иккови тенгдош ва маслакдошлардек берилиб суҳбатлашар эдилар. Абулфазлнинг фикрича, ҳамма бало — руҳонийларнинг тамагирлиги-ю фотиҳларнинг диний хурофот ёрдамида босқинчилик сиёсатини амалга оширишида. Гоҳ ғазот-у жиҳот, гоҳ салб юришлари, гоҳ ҳинд-муслим қирғинлари — бари ғаразли мақсадларга хизмат қилган. Бидъат-у хурофот бир халқни иккинчисига ёмон кўрсатмоқчи бўлса, албатта, унинг урф-у одатларини, имон-у эътиқодини бузиб талқин қилади. — Ҳазратим, жоҳиллар шу йўл билан... «Фақат биз яхши, бошқалар ёмон» деб, ўзларини устун кўрсатиб, хурофий ҳокимиятларини ўрнатурлар. Улар учун ҳақиқат керак эмас. Xурофот-у бидъат мудом тахминий гапга, ривоятга, миш-мишга асосланиб иш кўрур. Кўпчилик руҳонийлар бошқа халқларнинг имон-у эътиқоди нелигини билмайдир, билишдан ҳам чўчийдир. Гўё бошқа динларга қизиқса, муслимлик эътиқоди бўшашиб кетармиш. Шунинг учун бошқа тилдаги нодир китобларни «макруҳ» санаб, иликларига ҳам ол-майдиган уламолар кўп. Ҳолбуки, яхшини ёмондан фарқ қилмоқ учун уларни ўрганиб чиқмоқ керак. Фақир шу эътиқод асосида дунёдаги бешта асосий динларнинг тарихини қиёсан ўргандим-у фарқларидан ташқари ўхшаш жойлари кўплигидан ҳайратга тушдим. Абулфазл «Инжил»ни очди: — Мана, Одам Ато билан Момо Ҳаво ҳақидаги ривоят насораларда ҳам бор. Фақат улар Одам Атони Адам дейдилар. Момо Ҳавони Ева дейдилар. Яна бир нарсага эътибор беринг, ҳазратим: фотиҳа ўқилгач, муслимлар «омин» дейдилар, насоралар «амин» дейдилар, юнонлар «амн» дейдилар, ҳиндлар «оувмм» дейдилар. — Тўрталаси ҳам ўхшаш! — ҳайрат билан хитоб қилди Акбар. — Агар турли улуслар бидъат-у хурофот таъсиридан қутулсалар-у ўзлари ҳақидаги чин ҳақиқатни билсалар, даҳшатли диний адоватлар ўз-ўзидан йўқолиб кетмасмиди? — Мен ҳам нуқул ана шу ҳақда ўйлайман-у ҳеч ўйимнинг тагига етолмаймен! Чунки кўп жойда шайх Ансорийга ўхшаш хурофотчилар ҳокимият тепасига чиқиб олмишлар. Улар бошқача фикр юритадиганларни «даҳрий» эълон қилиб ўлимга буюрурлар, зиндонга ташлайдирлар. Ҳатто Улуғбекдек тождор алломани ўшалар ўлимга ҳукм қилиш ҳуқуқига эга бўлганини тарихдан билурсиз. — Менга қарши суиқасд тайёрлаганлар ҳам шулар! — деди Акбар баданига санчилган ёй ўқининг аччиқ оғриғини ҳозир қайта ҳис қилгандай озорланиб. — Фақат шарқда шундайми десам, ғарбда — Фарангистонда ҳам диний ҳокимият жуда шафқациз эмиш. Гужаратда юрганимда фаранги денгизчилар сўзлаб бердилар. Уларда биздагидан ҳам катта хурофий ҳокимият бор экан. «Инкивизиция» дейиларкан. Даҳрий деб гумон қилинганларни минг қийноқларга солиб, сўроқ қилармишлар. Даҳрийлиги исбот этилса, устунга боғлаб қўйиб, тагидан ўт қўйиб, куйдирармишлар. маърифатли алломалар хурофотга зид бўлган янги фикр айца бас, биздагига ўхшаб, уларни ҳам даҳрийликда айблашар экан-у оловда куйдириб ўлдиришаркан. Ҳолбуки, имон-у эътиқодни ҳар бир киши дилига жойлагай. Инсон дилини бу тарзда идора этиб бўлғайми, ахир, ҳазратим? эътиқоди бошқача бўлган одамларни шарқда тошбўрон қилиб ўлдирадиган, ғарбда оловга ташлаб куйдирадиган жоҳиллар истибдоди қачондир бир вақт йўқотилмоғи керак! Бу ҳокимиятдан кўп жабр кўрган Салим ота ҳам шу фикрни айтгани Акбарнинг эсига тушди. Энг яхши одамларга шунчалик зулм ўтказаётган ансорийларнинг ҳокимиятидан қандай қилиб қутулиш мумкин? Мана шу фикр Акбарга беш-ўн кун тинчлик бермай юрди. У абулфазл билан яна кутубхонада учрашганда улкан гумбазли янги бинонинг қоғозга чизилган хомаки режасини кўрсатди. — Жаноб Абулфазл, фараз қилингки, бу гумбаз — илоҳий осмон рамзи. Мамлакат халқларининг имон-у эътиқодларини худди тоғнинг турли ёнбағирлари каби шу яхлит гумбаз остига йиғсак не дейсиз? — Қандай қилиб, ҳазратим? — тушунмади Абулфазл. — Ҳинд эли муқаддас санайдиган китоблар бор. Сиз уларнинг энг қадимийси деб «Ригведани» айтдингизми? Бинонинг алоҳида бир қисмини шу китоб эгалласа... ҳиндларнинг имон-еътиқодига мос келурми? — Шубҳасиз мос келур! — Мамлакатимизда оташпарастлар бор. Уларнинг «Авесто»си қачон ёзилган? — Бундан уч минг йил муқаддам. — Демак, бинонинг иккинчи қисми «Авесто»га, учинчи қисми насораларнинг муқаддас китобларига берилса, тўртинчи қисми — муслимлар эътиқодига макон бўлса. — Барча эътиқодлар бир гумбаз остида бирга, баробар!.. Ҳазратим, тарихда ҳали ҳеч ким қилишга журъат этмаган янги ишга бел боғлабсиз! Энг муҳими, турли эътиқод вакиллари бир даврага йиғилсалар, ҳақиқатни билишлари осонроқ бўлғай, хурофот-у бидъат чекингай. — Охир-оқибатда ансорийларнинг хурофий ҳокимиятидан қутулиш мумкин бўлгай! — деб Акбар Абулфазлнинг фикрини давом эттирди. — Чунки бу ҳокимият диний адоватга асосланмишдир. Биз диний адоватни йўқоцак, ансорийнинг суянган устунлари қулагай, ўзи кераксиз бўлиб, четга чиқиб қолгай! Абулфазл Акбарнинг режаси қанчалик узоқни кўзлаб чизилганини энди тушунди-ю, ҳаяжон билан ўрнидан туриб унга таъзим қилди: — Ҳазратим, бу тўрт қисмлик обида — сизнинг улуғ бир меъморлик кашфиётингиз бўлғусидир! — Агар бу чиндан кашфиёт бўлса, уни мен сизнинг ёрдамингиз билан қилмишмен, мавлоно! — деди Акбар. Ўша куни Абулфазлга мўтабар мавлонолик унвони берилди. Кейинроқу Акбарнинг энг ишонган сирдош вазири бўлиб қолди. Бир гумбаз остидаги тўрт қисмлик бинони улар ўзаро суҳбатда «Эътиқодхона» деб аташарди. Лекин диндорларни чўчитмаслик учун расмий равишда унга «ибодатхона» деб ном бердилар. Янги бинога жой танлашда эса Акбар Бианадаги халқ қўзғолонига бошчилик қилган Абдулла Ниёзийнинг эски ҳужраси ўрнини маъқул кўрди. Бу ҳужра янги сарой биноси тушган жойга яқин. Абдулла Ниёзийнинг ўзига Салим ота турган кўл бўйидан бошқа жой берилган. Абдулла Ниёзий ҳозир қуролли қўзғолон йўлидан қайтган, лекин маҳдийлар эътиқодидан воз кечган эмас. У ҳам шайх Муборак каби бутун нажотни одил подшодан излайди ва Акбарга умид билан қарайди. Акбар эса ансорийларнинг диний истибдодига қарши курашда марҳум Салим отанинг шогирдлари бўлган маҳдийларга суянади. Шу сабаблар билан икки орадаги яқинлик тобора ўсиб боради... * * * Ички ғанимларни бартараф қилиш йўллари шу тарзда белгилангач, Акбарнинг хаёлини ташқи душманлар кўпроқ банд қила бошлади. Уларнинг энг ашаддийлари ҳозир Гужарат ва Гоа томонларда эди. Улар ўша ёқлардан махфий одам юбориб, яна Пўлат васвасга ўхшаган одамларни Акбарга қарши зимдан ишга солаётган бўлишлари мумкин. Лекин Гужаратда Акбар юборган мушрифлар ҳам тинмай иш олиб бормоқдалар. Улар Гужаратдаги ички низолардан фойдаланиб, Музаффаршоҳнинг вазири Эътимодхон билан яширин алоқа ўрнатдилар. Акбарнинг номидан бу вазирга хатлар, совғалар элтиб топширдилар ва катта ваъдалар бердилар. Ниҳоят, Эътимодхон Акбарга ён босиб, махфий жавоб ёзди: «Ҳазрат шаҳаншоҳ! Бундан ўттиз йил бурун Гужарат сизнинг отангиз қаламравида эди. Ўшанда фақир Зафаршоҳлар сулоласига ён босиб, Гужаратнинг марказий давлатдан ажралиб чиқишига ёрдам берган эдим. Бу ишим хато бўлганини менга шу ўтган йиллар кўрсатди. Музаффаршоҳ Гужаратни хароб қилди. Денгиз қирғоқларидаги эллар фарангилар ихтиёрига ўтмоқда, илм-маърифат инқирозга юз тутди, диний адоват ва ички парокандалик Гужаратни беҳад заифлаштириб қўйди. Ҳолбуки, биз қудратли марказий давлат таркибида бўлганимизда бу аҳволга тушмас эдик. Сизнинг илм-у маърифатга кенг йўл берганингизни, диний адоватга қарши турганингизни, қандай ислоҳотлар ўтказганингизни ва катта қурилишлар қилаётганингизни Аграга, Деҳлига, Секрига бориб келган одамлардан эшитиб ҳавасимиз келур. Бизнинг истеъдодсиз жоҳил ҳукмдоримиз Музаффаршоҳ эл-улусни ўзидан бездирган, кўпчилик бек-у сипоҳилар ҳам ундан қутулишнинг йўлини изламоқдалар. Ҳатто мен уни бир вақтлар тахтга чиқарганимга энди минг пушаймонлар қилмоқдамен. Агар келсангиз, Аҳмадобод сизга пешкаш, маслаҳат билан дарвозаларни жангсиз очиб беришга тайёрмиз». Акбар Гужарат юриши учун энди фурсат келганини сезди. Унинг хаёли Музаффаршоҳ қаноти остида қочиб юрган Шарафиддин мирзога ва Гоа оролидан Пўлат васвасга тўфанг юборган фарангиларга кетди. Ташқи ғанимлар билан курашда Акбар отасининг хатоларини такрорламасликка интилади. Янги давлат ҳам улкан дарахт каби мустаҳкам илдиз отмагунча уни суғуриб ташлаш осон бўлишини Ҳумоюннинг Ганга бўйидаги мағлубияти кўрсатган эди. Йигит пайтида тезкорликни яхши кўрган Ҳумоюн тахтга ўлтирганининг дастлабки уч-тўрт йили ичида шарққа ва ғарбга, жанубга ва шимолга кетма-кет юришлар қилиб, ўндан ортиқ вилоятларни забт этди. Лекин у Гужаратга юриш қилганда шарқда Бихор исён кўтариб, ихтиёридан чиқиб, мустақил бўлиб олди. Акбар ўша аччиқ сабоқларни эсда тутиб, давлатининг чегараларини шошмасдан, қадамма-қадам кенгайтириб бормоқда эди. ўн беш йил давомида Гужарат билан Агра оралиғидаги Биканир, Читор, Бунди, Малва каби вилоятларда ички парокандаликни тугатди, энг нуфузли рожа ва роалар билан қон-қариндош бўлди, отлиқ аскарларининг ярмини содиқ ражпутлардан ёллади. Ҳатто умр бўйи Бобур ва Ҳумоюнга қарши курашиб ўтган Рана Санграм Синхнинг невараси Удай Синх энди Акбарни тан олиб, у билан иттифоқ тузди. Унинг Эътимодхон билан маҳфий алоқа ўрнатганига ҳам икки йил бўлди. Энди Гужарат юриши учун вазият етилганини ўша ёқдан ахборот юбориб турган хуфияларнинг маълумотлари ҳам тасдиқлади. Акбар ўн минг қўшин билан мезон ойида Аҳмадободга яқинлашди. Эътимодхон сўзида туриб, икки минг одам билан Акбар томонга ўтди. Музаффаршоҳ жанг қилишга юраги бетламай пойтахтни ташлаб қочди. Акбар Азиз кўкалдошни беш минг аскар билан қувғин қилиб юборди-да, ўзи Аҳмадободдаги подшо саройига кириб жойлашди. Азиз кўка эртаси куни пешинда Музаффаршоҳни тутиб келтирди. Бу шоҳ қирқ ёшлардаги, семиз, қора одам экан, ўзи шунча йил ҳукмронлик қилган саройни энди Акбар эгаллаб олганини кўриб, юзлари аламдан кўкариб кетди. Бироқ жони ширин туюлиб, Акбар ўлтирган тахт қаршисида таъзимга эгилди, ўнг қўлининг орқасини аввал ерга теккизиб, сўнг боши устига баланд кўтарди-да, таслим[48] бажо келтирди: — Ҳазрат шаҳаншоҳ, тақдир экан, биз енгилдик. Xатолик ўтган бўлса афв этинг. Агар қонимдан кечсангиз, то ўлгунча сизга садоқат сақлаб, бир гўшада тинчгина яшамоқчимен! Акбар унинг заҳар томиб турган кўзларига қараб, дилидан ҳали адоват кетмаганини сезди. Тахт ёнида турган Бҳагван Дас ҳам Акбарга, «ишоманг, сўзида турмагай!» деб шивирлади. Лекин Аҳмадобод жангсиз олинганидан қувониб, кўнгли юмшаб турган Акбар тиз чўкиб, таслим бўлган одамни ўлимга буюришни ўзига муносиб кўрмади. — Жаноб Музаффаршоҳ, менинг ота-боболарим «егилган бошни қилич кесмас» деган қоидага амал қилиб келганлар. Мен ҳам биринчи марта қонингиздан кечдим... — Миннатдормен, ҳазратим, ҳоки пойингизни кўзга сургаймен. Акбар унга Аҳмадобод яқинидан жогир берди, хазинадан нафақа тўлаб туришни, айни вақтда, кеча-ю кундуз атрофидан қўриқчини узмай, кўз-қулоқ бўлишни буюрди. Музаффаршоҳни тутиб келган Азиз кўкага хони аъзам унвони берилди. Акбар уни Аҳмадободга ҳоким тайинлади-да, ўзи беш минг аскари билан денгиз бўйидаги Сурат бандарига йўл олди. * * * Ҳинд уммони. Охири уфқларга туташиб кетган баҳайбат катта сув ичида улкан кемалар ҳам писта пўчоғидай кичик кўринади. Акбар умрида биринчи марта денгиз кемасига тушиб, ота-боболари кўрмаган Камбей кўрфазида сайр қилди ва Гоа оролигача сузиб борди. Бу ерда у денгиз ҳокимлари бўлиб олган фаранги португалларнинг черковларини кириб кўрди. Португалларнинг кемалари ҳинд кемаларидан йирикроқ ва қудратлироқ эди. Гоани ўзлариники қилиб олган ва денгиз йўлига хўжайинлик қилиб юрган фарангилар Акбарга илтифот кўрсатган бўлиб, уни энг катта кемаларида сайр қилдирмоқчи бўлишди. — Мен ҳинд кемасида сузишни афзал кўрурмен!— деди Акбар ва Гоанинг португалиялик ҳокимидан таржимон орқали сўради: — Бу ерда илгари ҳинд ибодатхоналари, муслим масжидлари бормиди? — Бор эди. — Ҳозир нечун кўринмайдир? — Чунки... аҳоли бари черковга борадиган католиклардир. — Қачондан бери? Асрлар давомида Гоада ҳиндлар билан муслимлар яшаб келар эди-ку. Уларни фарангиларнинг Албукерка деган амиралбаҳри қириб ташлагани ростми? — Ҳаммасини эмас... бир қисми... католик динига ўтган... — Демак, фарангилар ҳинди-ю муслимларни зўравонлик билан ўз динларига ўтказмоқдалар! Балки сизлар бутун Ҳиндистонни зўравонлик билан босиб олмоқчидирсизлар?! — Зинҳор ундоқ эмас, ҳазрати олийлари! Биз сиздек улуғ подшоҳни ҳурмат қилурмиз... Ҳинд халқи билан ҳам ҳамкорлик қилмоқчимиз. — Айтинг-чи, жаноб ҳоким, расмий ҳужжатларда сизнинг лавозимингиз не тавр айтилур? — сўради Акбар. Гоа ҳокими Португалия қиролининг Ҳиндистон бўйича ноиби ҳисобланарди. Расмий ҳужжатларда бу ҳоким «Ҳиндистон вице-қироли» деб улуғланарди. Ҳоким буни очиқ айца, бутун Ҳиндистонга даъво қиладигандек кўринишини сезди-ю, гапни бурди: — Камина Португалия қиролининг Гоа оролидаги ноибимен... — Фақат Гоа эмас, жаноб ноиб, сизни бутун Ҳиндистон ерларига хўжайин тайинлаб фармон чиқарилганидан биз хабардормиз! Қиролингизга шуни маълум қилингки, Ҳиндистон — мустақил давлат, унинг ўз подшоси бор. Ҳиндистонга ноиб керак бўлса, уни Фарангистон қироли эмас, биз ўзимиз тайинлагаймиз! — Бу сўзларингизни қирол ҳазратларига албатта етказгаймиз. Биз сизнинг мустақиллигингизни ҳурмат қилурмиз! — Аммо баъзи фарангилар бизнинг ички ишларимизга аралашмоқдалар... Ҳатто бизга қарши суиқасд қилган бир телбанинг уйидан фаранги тўфанги топилди... Ҳозир бизда ҳам тўфанг-у замбараклар кўп. Огоҳлантириб қўймоқчимизки, яна шундай ишлар такрор бўлса, бизнинг замбараклар сизларга қарши отилмоғи ҳам мумкин! Акбарнинг айтганини қила оладиган одам эканини биладиган Гоа ҳокими ташвишга тушиб: — Биз сиз билан тинч-тотув яшашни истаймиз, ҳазрати олийлари! — деди. — Агар суиқасдга қатнашган одам Гоада бўлса уни тутиб беришга тайёрмиз!.. Акбар вазир Жамилга ишора қилди. Вазир Жамил қўйнидан қоғоз олиб, Пўлат васвас ва баъзи гувоҳларнинг айтишича, ўша тўфангни Алваро Пакавира деган кекса одам Деҳлига олиб боргани ҳақида ахборот берди. Гоа ҳокими ёнидаги мулозимларидан ниманидир сўради-да, тез Акбарга юзланди: — Алваро Пакавира яқинда пўртана пайтида денгизга чўкиб ҳалок бўлмишдир... Агар ҳазрати олийларига ёмонлик қилган бўлса, унга қасос қайтгани шу! минбаъд биз Ҳиндистон билан фақат яхши алоқалар қилиш ниятидамиз. Дин-у миллат айирмасдан борди-келди қилайлик! Агар сиз ҳазрати олийлари, лозим кўрсангиз, бизга элчилар юборинг. Биз элчиларингизни ўз кемаларимизда Португалияга, ўз қиролимиз ҳузурига олиб боришга, сўнг қайтариб олиб келишга тайёрмиз. Бу гаплар Акбарни хиёл юмшатди. У Португалияга элчи юборадиган бўлиб Гоа ҳокими билан хайрлашди. Сурат бандарига кемада қайтар экан, ёнида турган Қиличхон Андижоний унга турк денгизчиси Сейди Али Раисни эслатди: — Жаннати отангиз бу турк лашкарбошиси билан Деҳлида Пуран қалъада қандай сўзлашганлари ёдингизда борми? Ўшанда отангиз «турк подшолари билан ҳамкорликда фарангиларни Гоадан қувгаймиз» деб ният қилган эдилар-а! — Ҳа, ҳа, Сейди Али Раис Сулаймоний деган энг буюк замбарагини Сурат бандарига яшириб кетганини айтган эди... Эҳтимол, ҳали тургандир? — Орадан йигирма йил ўтди. Балки йўқолиб кетгандир? — Аммо излаб кўрмоқ керак, жаноб Қиличхон! Бу вазифа сизга юкланур! Сейди Али раис Сурат бандарининг одам кам борадиган чет бир жёига, эски турк кемасининг ичига бекитиб кетган замбарак ҳали турган экан. Қиличхон Андижоний бошлиқ юздан ортиқ навкарлар уни топиб, қирғоққа олиб чиқдилар. Замбаракнинг сув теккан жойлари занглаган экан, уни тозалаб, ёғладилар ва ўн ғилдираклик улкан аробага ортдилар. Бу аробани ўттиз иккита ҳўкизга торттириб, Аҳмадобод орқали Фатҳпур Секрига жўнатдилар. — Бу замбарак ҳам бизнинг турк подшоси билан ҳамкорлик қилишимизга, ҳам фарангиларни Гоа оролидан қувишимизга хизмат қилгай! — деди Акбар. — Жаноб Қиличхон! Сиз Туркияга биздан элчи бўлиб боргайсиз! Денгиз кемалари қурмоғимиз керак. Турк кемасозлари келсинлар!.. Лекин Акбар бу ниятини амалга оширишга улгурмасдан Аҳмадободдан шум хабарлар келди. Музаффаршоҳ Акбар қўйдирган қўриқчиларни ўлдириб қочибди, бир гуруҳ темурийзода мирзолар унинг тарафини олиб исён кўтарибди. Ҳусайн Бойқаро авлодидан бўлган бу мирзолар аввал ҳам ўз қариндошлари Акбарга бахиллиги келиб, нуқул унинг душманларига ёрдам бериб юришарди. Самбхалдан қочган ва Пўлат васвасни ишга солиб Акбарга ўқ оттирган Шарафиддин мирзо ҳам шуларнинг ёнига кирган эди. Мирзолар ёрдамида Аҳмадобод ёнидаги жогиридан қочган Музаффаршоҳ Боринж қалъасини ғафлат уйқуси пайтида ишғол қилиб, Акбарга содиқ бўлган Қутбиддинни қатл эттиради. Гужарат вилоятининг хазинасига неча йиллар давомида йиғилган ўн курур[49] рупий олтинни Акбар Қутбиддинга ишониб топширган эди. Музаффаршоҳ шундай катта бойликни ўзлаштиргач, ўзини яна қудратли сезиб, бир талай аскар ёллайди. Сўнг Аҳмадобод қалъасида ҳоким бўлган Азиз кўкага қарши уруш бошлайди. Мирзолар эса ундан беридаги Сарналда Акбарнинг Аҳмадободга қайтадиган йўлини тўсиб турган эмишлар. Акбар бу хунук хабарларни эшитганда Музаффаршоҳни кечириб катта хатога йўл қўйгани учун ўзидан ҳам қаттиқ койинди. Қариндош бўла туриб, елкадан пичоқ урган темурий мирзоларга қарши дилида қўзғалган чексиз қаҳр-у ғазаб уни қуюндай учириб, денгиз бўйидан Сарнал томонга олиб кетди. Суратдан Сарналгача отда ўн кунлик йўл эди. Акбарнинг денгиз бўйида юрганини эшитган мирзолар уни ҳали-бери қайтиб келолмайди, деб бехавотир юрган эдилар. Акбар Ҳайрон деган чопқир ироқ отида уч кун ўтмай Сарналга етиб борди. У беҳад тез йўл юргани учун қўшинининг асосий қисми Маҳендра дарёсидан нарида қолиб кетди. Акбар дарёдан биринчи бўлиб ўтиб, Сарнал қалъасига элликтача одами билан етиб келганда, дарвозалар очиқ турган экан. Акбар асосий кучларининг етиб келишини кутадиган бўлса, мирзолар хабар топиб, қалъа дарвозаларини бекитиб олишади. Кейин уруш ва қамал бир неча ойга чўзилиб кетиши мумкин. Акбар ўнг ёнида турган Бҳагван Дасга қаради: — Таваккал қилайликми? — Майли! — деди Бҳагван Дас ҳам тап тортмай. Акбар бор одамини учга бўлди-да, ўнг қанотга Зайниддин кўкалдошни, чап қанотга Ман Синхни тайинлади. Ўн олти ёшга кириб, жангларга қатнашиб юрган Абдураҳим отаси Байрамхондай пишиқ, довюрак йигит бўлган эди. Акбар билан ўн кунлик йўлни уч кунда босиб ўта олган энг дов йигитларнинг бири ҳам Абдураҳим эди... Акбар уни ва Бҳагван Дасни ўзи билан марказда қолдирди. Сўнг ҳаммалари қилич яланғочлаб Сарнал қалъасининг очиқ дарвозасидан от қўйиб кирдилар. Қалъа ичида мирзоларнинг тўрт минг аскари бор эди. Лекин Акбарнинг кутилмаган ҳамласи уларни эсанкиратиб қўйди. Сафланишга ва тўпланишга улгурмаган юзлаб навкарлар қалъанинг тор кўчаларида тиқилишиб, ўзларига ўзлари халақит бера бошладилар. Тўполонда ёв аскари қайси, ўзлариники қаёқда — ажратиш осон эмас. Шундай бўлса ҳам, Музаффар Ҳусайн мирзо бошлиқ юзтача отлиқлар Акбарнинг йўлини тўсиб чиқди. Нариги кўчадан чиққан Иброҳим Ҳусайн мирзонинг навкарлари чап қанотдаги Ман Синхга ҳамла қилди. масъуд Ҳусайн мирзо Зайниддин кўка билан олиша бошлади. Акбарнинг эгнида зирҳли кийим, бошида дубулға. Қаршидан отилаётган ёй ўқларидан бири кўкрагидаги чоройнага «тарс» этиб тегиб, сирпаниб кетди. Яна бир ўқ тиззасини ёпиб турган темир зонупўшга қарсиллаб урилди. Акбар бошини елкасига тортиб хиёл эгилди-да, қилич яланғочлаган ҳолда ўқ отаётган навкарга ташланди. Лекин шу орада Бҳагван Дас бу навкарни қиличи билан чопиб, отдан йиқитди. Ён томондан Зайниддин кўканинг: — Акбар ҳазратларига қаранг! — деган хитоби эшитилди. Бу унинг: «Акбарни қўриқланг!» дегани эди. Амир Темурнинг олтин сопли қиличини яланғочлаб, от чоптириб келаётган акбарни ёв навкарлари энди кўрдилар. Бҳагван Дас ва Зайниддин кўканинг зарбаларидан йиқилиб тушаётган ёвлар ҳам уларга Акбарнинг қиличидан ағанаб кетаётгандай туюлди. Мирзолар томонидан отилган ёй ўқлари Акбарнинг зирҳли кийимига тегиб, сапчиб кетаётгани ёвларига уни ўқ ўтмайдиган назаркарда қилиб кўрсатарди. — Акбарнинг ўзи! Қўлида Амир Темурнинг қиличи! — Акбар!.. — деган сўзлар ёв навкарлари орасида худди «бало-қазо келяпти, жонинг борида қочиб қол!» деган бир ваҳимали оҳангда тарқалди. Сон жиҳатидан қирқ баробар кўп бўлган ёвлар мана шу ваҳимага берилиб, тирақайлаб қоча бошлади. Акбар улардан бирортасига қилич теккизолгани йўқ. Фақат унинг ўзи олдинги сафда ўқ ёмғири остида ҳужум қилиб келаётгани учун ёнидаги бек ва навкарлари ўлган-қолганларига қарамай душманлар устига ташланмоқда эдилар. Марказдаги Бҳагван Дас Акбарга найза отмоқчи бўлган мирзолардан бирининг қўлига қилич урди. Даснинг бутун хаёли Акбар ҳимояси билан банд бўлиб, ўнг ёнида жанг қилаётган ўғли Бҳупатни ҳам унутган эди. Мирзолар томонидан отилган бир ўқ ўн етти ёшли Бҳупатнинг бўйнига қадалди. У отдан йиқилаётганда Абдураҳим келиб тутиб қолди ва бехатар жойга олиб чиқди. Қочиб бораётган ёв аскарлари ҳужум қилиб келаётганлар билан аралашиб кетгани учун мирзоларга душман беҳад кўп бўлиб кўринди. Бу орада Акбарнинг асосий кучлари ҳам дарёдан ўтишга улгурган ва Сарналга кира бошлаган эди. Энди Акбарга бас келиб бўлмаслигини сезган мирзолар қалъанинг нариги четидаги дарвозалардан тумтарақай бўлиб қочиб чиқдилар. Иброҳим мирзо шимолдаги Мултонга қараб қочган эди. Уни тутиб, бошини кесиб келтирдилар. Музаффар Ҳусайн билан Шарафиддин мирзолар жанубдаги Дакан подшосининг ҳузурига қочиб бориб жон сақладилар. Дакан тождорининг мустақил ҳукмронлик қилиши учун Акбардан кўра Музаффар Ҳусайн бехатарроқ эди. Мирзолар унинг ёрдамида ўн минг қўшин тўпладилар ва бир йил ўтгач, яна Гужарат чегарасига бостириб кирдилар. Музаффаршоҳ ўз тарафдорлари билан қўшилди. Ўттиз мингга етган мўри-малахдай даҳшатли қўшин Гужаратда ҳоким бўлган Азиз кўканинг атрофини ўраб Аҳмадободга бостириб кела бошлади. * * * Аллақачон Фатҳободга қайтиб, бу ердаги қурилиш ишларига киришиб кетган Акбар Азиз кўканинг қамалда қолганини саратон ойида эшитди. Ёмғир фасли авжида, йўллар балчиқ бўлишига қарамай у ўн минг аскарни Бҳагван Дас бошчилигида Гужаратга ёрдамга жўнатди. Адулфазл ҳам бу қўшин билан бирга кетди. Акбарнинг ўзи асад ойида ҳам пойтахтда юрар, мирзолар буни Секридаги хуфияларининг ахборотидан билиб турар эдилар. Бҳагван Дас бошлиқ қўшин ёмғирли кунларда қайналиб бир ойда ҳам Аҳмадободга яқинлаша олган эмас эди. Сунбула кириб, осмонда ёмғир булутлари камая бошлагандан кейин акбар беш юзта сараланган бек-у навкари билан кечаси Фатҳободдан Гужаратга йўл олди. У душманларини яна ғафлатда қолдириб, тўсатдан бостириб бормоқчи эди. Шунинг учун чопарлар тезлигида йўл юра бошлади. Энг тезюрар от ва туялар олдиндан танланган ва йўллардаги махсус жойларда тайёрлаб турилган эди. Секри билан Аҳмадобод оралиғидаги йўл салкам саккиз юз мил. От ва туяларни минг қистаб ҳайдаганда ҳам Ҳиндистон иссиқларида етмиш-саксон мил йўл босиб бўлмас эди. Лекин Акбар чопарлар каби от ва туяларни ҳар куни бир неча марта алмаштириб, шамолдай учиб бора бошлади. Кундуз энг иссиқ пайтида беш юз одам ҳаммаси соя жой топиб ухлаб олар, сўнг кечаси билан то саҳар паллагача йўл юришар эди. Акбарнинг ўзи тўққиз кун давомида бу тезликка бардош бериб келаётгани учун кўпчилик йигитлари ҳам «чарчадим» деб айта олмас эди. Бу йигитлардан бири — Акбарнинг тутинган ўғли, энди ўн еттига кирган Абдураҳим эди. Акбар уни ўзининг энг содиқ кўкалдоши Азизнинг синглиси Моҳ бонуга уйлантирган, Жажжи энага энди Абдураҳимга она ўрнида эди. Абдураҳим Аҳмадободда қамалда қолган қайнота-қайнонасини тезроқ қутқариш учун ҳам тун-у кун йўл юришнинг барча машаққатларига бардош бериб келмоқда эди. Акбар ва унинг беш юз йигити Секридан Гужаратга тўққиз кунда етиб борди, бир кеча-кундузда саксон-тўқсон мил йўл босган пайтлари бўлди[50]. Гужаратга ҳали Акбарнинг Секридан йўлга чиққани ҳақидаги маълумот ҳам келиб улгурмаган эди. Сабармати дарёсидан наридаги жойларни эгаллаб олган мирзоларга хабар келтираётган хуфиялар ярим йўлда қолиб кетишган эди. Гужаратда тўсатдан пайдо бўлган Акбар Бҳагван Даснинг бир ярим ой олдин йўлга чиққан қўшинига етиб бориб, уни ҳам ўз ихтиёрига ўтказди. Мирзолар дарё бўйидаги соя-салқин жойларни қароргоҳ қилиб бамайлихотир ўлтирганларида Сабарматининг нариги қирғоғида бирдан Акбар қўшини пайдо бўлди ва дарёдан ўта бошлади. Мирзолар шоша-пиша ўттиз минг қўшинни саф қилиб, Сабармати томон йўл олдилар. Бу орада Акбар тўртта йигити билан Сабарматидан биринчи бўлиб сузиб ўтган эди. Бош саркарда ўзини сувга дадил ташлаганини кўрган бек-у навкарлар ҳам унинг кетидан ўзларини сувга отдилар. Уч мингтача аскар ўтиб бўлгач, Акбар қолганларини кутиб ўлтирмай ҳужумни бошлади. Унинг тагида — бир вақтлари аммаси Гулбадан бегим инъом этган Ҳайрон исмли ўша ироқ оти. Сувдан ўтиш осон бўлсин учун Акбар отнинг устидаги оғир зирҳли кежимни олиб ташлаган эди. Жанг қизиғида зирҳли кежимни қайта ёптиришга улгурмади, ёв томонни ваҳимага солиш учун ҳам ўзи олдинги сафда от чоптириб бора бошлади. Лекин мирзоларнинг қўшини сон жиҳатидан беҳад кўп эди. Ўқлар дўлдай ёғила бошлади. Акбарга теккан беш-олтита ўқни унинг қўлидаги қалқони ва эгнидаги зирҳли кийимлари қайтарди. Фақат тагидаги Ҳайрон биқинидан ўқ еб, гандираклаб тўхтади. Пиёладай катта-катта кўзларида доимий бир ҳайрат қотиб қолгандай кўринадиган бу от Акбарга ўн йилдан ортиқ хизмат қилди. Не-не узоқ масофалардан уни қушдай учириб ўтказди. Отнинг ҳайрон қоларли кучи ва ҳайратга тўла кузлари бор эди, шунинг учун Акбар унга Ҳайрон деб ном қўйган эди. Ҳозир зирҳли кежим ёпилмагани учун ўқ еган Ҳайроннинг биқинидан тизиллаб қон отилмоқда. Агар у яна бир неча қадам қўйса, йиқилиши муқаррар. Жонивор от Акбар билан йиқилмаслик учун оёқларини кериб тўхтаб турарди. Буни сезган Акбар орқада келаётган отбегига: — Роҳворни[51] беринг! Тез! — деб қичқирди. Бош саркарданинг отдан йиқилганини ёвлари кўрмаслиги керак эди. Отбеги зирҳли кежим ёпилган ва узоқ йўлда яхши юрадиган саман бедов Роҳворни дарҳол етаклаб келиб, Акбарга тўғрилади. Акбар эгардан сакраб ўтгунча садоқатли Ҳайрон оёқларини ерга маҳкам тираб, йиқилмай турди. Эгаси бошқа отга миниб узоқлаша бошлагандан сўнг ярадор от гурсиллаб йиқилди. Музаффар Ҳусайн мирзо узоқдаги бир тепалик устида отлиқ туриб, жангни бошқармоқда. Акбар шу тепаликка яқинлашганда Ман Синх бир неча юз ражпут йигитлари билан тепаликни отлиқ айланиб ўтишга улгурди. Қуршовда қолаётганини сезган Музаффар Ҳусайн мирзо қўриқчи йигитлари билан тепадан пастга отилди, аммо қуршовни ёриб ўтгунча бўлмай, Ман Синх унга узоқдан найза отиб, отдан йиқитди. Найза Музаффар Ҳусайннинг пўлат совутини кесиб ўтолмаган бўлса ҳам, ўнг кўкрагини яралаган эди. Ман Синхнинг йигитлари унинг қўлини боғлаб, Акбарнинг олдига олиб кетдилар. Музаффар Ҳусайн мирзонинг отдан йиқилгани ва асир тушгани яшин тезлигида ёв қўшинлари орасида овоза бўлди. Музаффаршоҳ эҳтиёткорлик қилиб орқароқда турган эди, дарҳол ўзининг одамларини айириб олиб, Патан томонга қочди. Шарафиддин мирзо ҳам унинг кетидан тирақайлаб қочишга тушди. Жанг тугагандан сўнг дарё бўйидаги серсоя амалбед дарахтларининг тагида Акбар учун гилам ва зарбоф кўрпачалар тўшаб, шоҳнишин қилинди. Унинг чап ёнида Абдулфазл ва рожа Бирбал ўлтирган пайтда қирқ беш ёшлардаги барваста, шертахлит Музаффар Ҳусайн мирзони олиб келдилар. Бирбал уни тутган одамларга таҳсин айтгиси келиб, соқчи йигитдан: — Амирзодани ким тутди? — деб сўради. Ман Синх орқароқда камтарона бош эгиб, жим турибди. Қўли боғлоғлиқ Музаффар Ҳусайн мирзо шу ҳинд йигитига асир тушганини айтишдан ор қилди шекилли: — Мени туз тутди! — деди ва тиз чўкиб Акбарга мурожаат қилди: — Ҳазратим, биз Шайбонийхон даврида Ҳуросондан қувилдик, дарбадар бўлиб юрганимизда жаннатмакон Бобур бобонгиз бизни Ҳиндга чақирдилар, «сизлар ҳам темурийлардансиз, султон суягини хор қилмас» деб, бошпана бердилар, улуфа-ю жогир ажратдилар. Биз буни унутмаслигимиз керак эди. Лекин хом сут эмган банда эканмиз, Музаффаршоҳнинг қутқусига учиб, кўрнамаклик қилдик. Бошим эгик, афву сўраймен! Агар қонимдан кечсангиз, минбаъд то ўлгунча садоқат сақлагаймен! Бу гаплар Акбарни анча юмшатди. Унинг буйруғи билан Музаффар Ҳусайннинг қўлини ечдилар ва подшонинг чап ёнига — Бирбалдан пастроққа ўтказдилар. Акбар унинг лаблари қуруқшаб турганини кўрди-ю, шарбат сўради. Олтин жомда келтирилган норинж шарбатидан аввал ўзи ичди-да, кейин Музаффар Ҳусайнга берди. Бҳагван Дас ва Ман Синхлар Акбарнинг бу ишидан норози бўлиб қовоқ солиб турар эдилар. Сарналдаги жангда мана шу мирзонинг дастидан ҳалок бўлган Бҳупат — Акбарнинг қайниси эди-ку! Наҳотки унинг қотили шунчалик илтифотга лойиқ бўлса? Акбар қайноғасининг кўнглидан ўтаётган бу гапни сезгандай бўлиб, Бҳагван Дас билан Ман Синхни ўзининг ўнг ёнига таклиф қилди. — Сизни туз тутгани рост, Мирзо жаноблари, — деб Акбар Музаффар Ҳусайнга сўз қотди: — Сиз менга қандай қариндош бўлсангиз, рожа Бҳагван Дас ҳам ҳозир шундай қариндошдир. Лекин қариндошлар ҳам ҳар хил бўларкан. Сиз каби мирзолар, темурийлар хонадонидан чиқиб, умр бўйи шу хонадонга иснод-у офат келтириб яшамоқдасиз. Аммо рожа Бҳагван Дас ғайридин бўлса ҳам шу хонадонга сизлардан юз баробар содиқроқ хизмат қилмоқда. Сиз менга қарши тажовуз қилганингизда рожа Бҳагван Дас бизни шу тажовуздан ҳимоя қила туриб, суюкли ўғлини қурбон берди. ўн етти ёшли Бҳупатнинг қони сизнинг бўйнингиздадир, жаноб Мирзо! Ҳар икки томон ҳам қариндошларим бўлгани учун, мен адолатни ҳимоя, қилмоқчимен. Ўтган гал Музаффаршоҳ бош эгиб садоқат изҳор қилганда унга амният бериб панд едик. Бугун ҳам ўша Музаффаршоҳ қанча одамларимизнинг қонини тўкиб, яна қочиб, қутулиб кетди. Энди бу хатони такрорлашга ҳаққимиз йўқ. Маҳарожа, — деб Акбар Бҳагван Дасга юзланди: — Музаффар Ҳусайн мирзони сизнинг ихтиёрингизга топширгаймиз. Неки қилсангиз биз розимиз! Ўлим хавфидан қалт-қалт титраётган Музаффар Ҳусайн мирзони Бҳагван Даснинг иккита йигити қўлидан тутиб олиб кетди. Бҳагван Дас уни ўрмон ичига олиб кириб чуқур қаздирди-да, ўша ерда бошини кестирди. Отаси Байрамхондай довюрак жангчи бўлиб етишган Абдураҳим бугун ғулда шижоат билан жанг қилганини Акбар кўрган ва шимолга қочган Шарафиддин мирзони тирик тутиб келишни унга буюрган эди. Икки юз навкар билан қувғинчи бўлиб кетган Абдураҳим кун оққанда қўли боғлоқлик Шарафиддин мирзони олдига солиб ҳайдаб келди. Акбар Абдураҳимни тарбиялаб, отаси даражасига етказишни кўпдан бери кўнглига тугиб юрарди. Бугун унинг жасоратига тан бергандан сўнг: — Вазир Жамил! — деди, — махсус фармон ёздиринг, Абдураҳимга хони хонон унвони берилсин! Раҳматли Байрамхоннинг қанча улуфаси, қандай имтиёзлари бўлса, ҳаммаси Абдураҳим учун тайин этилсин! Шундан сўнг Акбар Шарафиддин мирзони қаршисига тикка қилиб қўйиб: — Бир вақтлар сизга ҳам катта иноятлар қилинган эди, — деди. — Ҳаммасини унутиб, хиёнат йўлига ўтганингиз учун, мана ахийри шу аҳволга тушдингиз. Ахир сиз Xўжа Аҳрори Вали авлодиданмен, деб мақтанар эдингиз-ку! Аҳрорий деган тахаллусингиз бор эди. Нечун сиз Пўлат васваснинг илки билан бизга қарши ўқ оттирдингиз! Ўзингиз подшо бўлгингиз келганмиди, а?! — Ҳазратим, бошқа гуноҳларим кўп. Аммо Пўлат васваснинг суиқасдидан фақир мутлақо бехабар эдим. Бу васвас термизлик Саид Абулмалининг одами эди! — Абулмали Кобулда аллақачон ясоққа етди. Энди навбат сизники. Жаноби мирғазаб, ўз хиёнатлари билан бутун аждодларига иснод келтирган бу кимса қутурган филнинг оёғи тагига ташлансин! Илоннинг ёғини ялаган Шарафиддин мирзонинг маҳоватликдан ҳам хабари бор эди, филларга ёқадиган сўзларни билар эди. У соқчиларнинг ўзаро гапидан жазо учун ажратилган филнинг номи Суман эканини эшитиб қолди. Қўли орқасига боғланган ҳолда пастаккина тахта орқасида тиз чўкиб ўлтирганда маст фил бўкириб келиб уни оёғи билан тахта устига босиб, янчиб ташлаши керак эди. Лекин фил яқинлашаётганда Шарафиддин мирзо ота-боболаридан мерос қолган жозибали товуш билан шивирлаб: — Суман, шафқат қил! Суман! Суман! Жоним! Суман! — деб худога илтижо қилгандай филга сажда қилиб ялина бошлади. Зийрак жонивор бўлган фил ўз отини шундай таъсирли бир тарзда айтиб, бош эгган одамни босиб ўлдиргиси келмай бир наъра тортди-ю, орқага қайтди. Филбон уни қайтариб келиб, яна босишни буюрди. Лекин Шарафиддин мирзо бор кучини кўзларига тўплаб, чумчуқни авраган илондай филнинг кўзларига тикилиб яна сажда қилди ва ялина бошлади. Фил яна уни босгиси келмай бўкириб орқага қайтди. Бу ҳол уч марта такрорлангач, Акбар Шарафиддин мирзонинг қонидан кечди-ю, уни мамлакатнинг шарқий чеккасидаги Банголага сургун қилди. Шарафиддин мирзо ўша жойда ҳам кўп бузғунчиликлар қилди, баччабозликка ўрганди. Охирида Маҳмуд деган баччаси овқатига заҳар қўшиб бериб ўлдирди. Асир олинган мирзолардан бири — ўн саккиз ёшли кўҳлик йигит масъуд Ҳусайн эди. У Мултонда қўлга тушган, қочиб кетмаслиги учун жарроҳ уни вақтинча кўр қилиб, кўзининг жиякларини махсус ип билан тикиб қўйган эди. Уни шу ҳолда Акбарнинг олдига ҳайдаб келдилар. масъуд мирзонинг шертахлит гавдаси Акбарга Беҳзод чизган суратдаги Ҳусайн Бойқарони эслатди. Лекин у анча вақтдан бери кўзи тикилган ҳолда юриб, кўр-басирлардай аянчли аҳволга тушган. Акбарга юзини қия тутиб, осмонга қараган ҳолда: — Ҳазрати олийлари, қатл эттирсангиз ҳам майли, фақат кўзимни очдиринг! — деди. — Дунёни сўнгги марта кўриб ўлсам армоним қолмагай! — масъуд мирзо, олдин бир саволга жавоб беринг. Сиз оғаларингиз ёнида бизга адоват руҳида иш тутиб, бирон хулосага келдингизми? — Ҳазратим, биз ёмонлик қилдик. Ёмонлик — бу қутурган ит экан. маълумки, ит қутурса эгасини қопгай. Ёмонлик ҳам ахийри бир кун ўз эгасининг бошига етаркан! Оғаларим шу сабабдан ҳалок бўлдилар. Агар менга имкон берсангиз, яхшилик ўз эгасига шараф келтиришини баҳоли қудрат исбот этишга интилган бўлардим. — Майли, биз сизга шу имконни бериб кўрайлик! Акбарнинг буйруғи билан масъуд Ҳусайн мирзонинг кўзидан тикиш олиб ташланди. У маълум муддат даволаниб, кўзини тузатгач, Акбар уни Панжобга, Ҳусайнқулихон ихтиёрига ишга юборди. * * * Гужаратдаги ғалаба шарафига Фатҳободда етмиш газ юксакликдаги машҳур баланд Дарвоза қурила бошланди. Акбарнинг Сарналда ва Сабармати дарёси бўйида кўрсатган шахсий жасорати, қирқ кунлик йўлни тўққиз кунда босиб ўтганлари оғиздан оғизга ўтиб, уни енгилмас ботир деб ишонадиганлар кўпайди. Шоир Фаёзий Акбарнинг Гужарат жангидаги жасоратига катта бир шеърий достон бағишлади. Акбар билан бирга жангда қатнашган бек-у навкарлар унинг зирҳли кийимига тегиб сирпаниб кетган ўқларни кўрган эдилар. Улар «бош саркардамизга дуо кетган экан, уни ўқ олмагай!» дейишиб, Акбарни назаркарда даражасига кўтардилар. Ғалабадан сўнг зиёфатлар, ичкилик базмлари кўп бўлди. Бир кун Акбар Ман Синх билан май ичиб ўлтирганларида ражпутча қиличбозлик ҳақида гап кетди. Абулфазл билан Бирбал ҳам даврада бор эди. Ман Синх ражпутларнинг ёшликдан қилич ўйнаб ўсишлари, ҳатто қилични суюкли ёрга қиёс қилиб ашула айтишларини сўзлаб берди. баъзи чапдаст ражпут йигитлари қиличнинг сопини деворнинг ёриғига қистириб, тиғини кўкрагига тўғрилайди-да, чопиб бориб ўзини қиличга уради. Лекин узоқ машқлар давомида қилични баданига эмас эгнидаги кийимининг қўлтиғига шундай аниқ санчадики, қиличнинг учи биқини ортидан кийимни тешиб чиқади, аммо бу унинг кўкрагини тешиб чиққандай кўринади. Акбар бунинг қандай қилинишини кўргиси келди. Ман Синх йигитларидан бирини чақириб, шу ўйинни намойиш қилдирди. Кайфи баланд Акбар: — Буни мен ҳам қила олгаймен! — деб белидаги олтин қиличини суғурди-да, ражпут йигитига берди: — Обор, деворга маҳкам ўрнат! Ман Синх Акбарни бу ниятидан қайтармоқчи бўлди. Лекин Акбар уни уришиб берди: — Сен кимсен ўзинг?! Қилич ўйнашни фақат ражпутлар билурми?.. биз-чи? Акбар ўрнидан турганда кайфнинг зўридан гавдаси чайқалиб кетди. Сопи деворга маҳкам қистирилган олтин қилич Акбарнинг кўкрагига тўғриланган ҳолда найзадай таҳдидли йилтираб турибди. Ман Синх майдан бўшаган олтин кўзачани қўлида тутган ҳолда Акбарнинг олдини тўсди: — Ҳазратим, кайф борида бу ўйин жуда хатарли! — Нари тур! — деб Акбар уни итариб ташлади. Ҳозир у ўзининг қилич кесмайдиган, ўқ ўтмайдиган назаркарда ботир эканига тамоман ишонмоқда эди. Акбар гандираклаб бориб чап кўкрагини қиличга тўғрилаганича унга томон ташланди. Қилич унинг чап кўкрагига санчиладиган пайтда Ман Синх қилични қўлидаги май кўзачаси билан уриб туширди. Сопи девордан суғурилиб, ерга учиб тушган қиличнинг бир жойи Акбарнинг бош бармоғини, яна бир жойи Ман Синхнинг кўрсаткич бармоғини кесиб кетди. Қайнисининг иши маст Акбарга одобсизлик бўлиб кўринди. У ғазаб билан Ман Синхни ерга йиқитиб ура бошлади. Лекин Абулфазл билан рожа Бирбал югуриб келиб, Ман Синхни ундан ажратиб олдилар, Акбарни минг таваллолар билан хобгоҳига олиб бориб ётқиздилар. Эртаси куни Акбарнинг кайфи тарқаганда Абулфазл билан рожа Бирбални хиргоҳига чақирди ва боғлаб қўйилган бош бармоғини кўрсатди: — Не ҳодиса бўлди? — Наҳотки ёдингизда бўлмаса, ҳазратим? — деди Абулфазл ва бўлган воқеаларни бир-бир айтиб берди. Қилган ишлари Акбарнинг эсида йўқ. Фақат қилични қинидан суғургани ғира-шира ёдига тушди. — Ростдан шундай бўлдими? — деб Бирбалдан сўради. Бирбал «Гита» деган муқаддас китобни қўлига олиб, қасам ичди-да: — Бир ўлимдан қолганингиз чин! — деди. Акбар бўлган ҳодисадан энди даҳшатда келди. Шунча қонли жанглардан омон чиққан одам арзимаган бир қилич ўйинида ўлиб кеца... Қанчалик шармандали иш бўлар эди! Бошқалар унинг мастликдаги ғазабидан қўрқиб чурқ этолмаганда, шердай дадил иш қилган Ман Синх ҳақиқий жасорат кўрсатибди. Яна уни бу яхшилиги учун ерга ағанатиб урганидан Акбар жуда ўсал бўлди. — Кечаги базмда бор бек-у мулозимларни девониомга чорланг! — деб буюрди амир Жамилга. Кўпчилик қатори девониомга келган Ман Синх Акбар томонга қарай олмай, хижолат билан бошини солинтириб ўлтирар эди. Акбарнинг ранги ўчган, қовоғи шишган, овози шамоллаган одамникидай дўриллаб чиқди: — Жаноби давлатхоҳлар, ғалаба шарафига қилган базмимизнинг охири қандай дилсиёҳлик билан тугаганидан хабарларингиз бор. Биз ҳам осий банда эканмизки, шу даражада маст бўлибмиз. Мени «қилич кесмайдиган ботир» деб мақтаганлари ёлғон эканига, мана далил! — Акбар боғлаб қўйилган бош бармоғини кўрсатди. — Xудо раҳмати устозим Салим ота: «Сув балосидан, ўт балосидан, шуҳрат балосидан асрасин!» деган эдилар. Кечаси биз шуҳрат балосининг қурбони бўлишимизга сал қолибдир. Деҳлида ташқи душман бизга қандай суиқасд қилган бўлса, кеча шуҳратдан ҳовлиқиб маст бўлишим ўз ичимдан чиқиб, ана шундай суиқасд қилмишдир. Xайриятки, рожа Ман Синх мени бу иккинчи суиқасддан қутқариб қолибдир. Маҳарожа, — деб Акбар Ман Синхга юзланди, — энг содиқ дўст қандай бўлишини сиз кеча амалда кўрсатибсиз. Мендан ўтган бўлса маъзур тутинг! Ман Синх ўрнидан туриб қўл қовуштирди: — Узрингиз менга сари тож бўлсин, ҳазратим! Акбар унга олтин безакли сарупо кийдирди, сеҳазоралик мансабидан панжҳазоралик[52] мартабасига кўтарди, ўзига махсус байроқ ва нақора тақдим қилди. Сўнг у ўзининг икки ёнида қўр тортиб ўлтирган кўкалдошлари Азиз билан Зайниддинга, мусоҳиблари рожа Бирбал ва Абулфазлга, қайноғаси Бҳагван Дасга бир-бир қараб олди-да, сўзини якунлади: — Ҳали бизнинг ташқи ғанимларимиз ҳам, ички душманларимиз ҳам кўп. Қиладиган мушкул ишларимиз беҳисоб. Дилим сезиб турибдир: бизга қарши ҳар хил суиқасдлар яна кўп бўлғай. Агар биз бир-биримизга рожа Ман Синҳ каби фидойилик қилмасак, мақсадга етолмагаймиз! Абулфазл Ман Синхнинг кечаги аҳволини эслади-ю, Акбарга фидойилик қилиш қанчалик қийин эканини хаёлидан ўтказди. «Подшо билан шерга яқин бўлиш ҳамиша хатарлидир», деган ҳикматли гап бежиз айтилмаганини у энди астойдил сезмоқда эди. AvvalgiIII- qism Keyingi ↑ Чиғдовул — разведкачи. ↑ Хоссатобин — махсус резерв. ↑ Ёсоқ — ўлим жазоси. ↑ Қадаға — мурожаатнома. ↑ Мураққас — албом. ↑ Чошна — аванс. ↑ Умри жовидон — ўлмас умр, мангу тирик ҳаёт. ↑ Билле — оёғингни тут, «миндир» дегани. ↑ Маҳават — филшунос, филбон. ↑ Беш мингбоши дегани — генерал унвонига тўғри келади. ↑ Нозир — министр. ↑ Фавж — ҳарбий қисм. Филлар галаси. ↑ Филлар ўз ҳомиласини уч йил кўтариб юриб, кейин туғади. ↑ Кришна — ҳинд худоларидан бири. Филлар ҳомийси. ↑ Ривоятларга крўа, ҳазрати Сулаймон барча ёввойи ҳайвонлар ҳомийси бўлган. ↑ Рама — «Рамаяна» номли машҳур достон қаҳрамони. ↑ Фавждор — гала бошлиғи. ↑ Оташдор — оловдор дегани. Фил жангини тўхтатиш керак бўлса оташдор майдонга киради. ↑ Дуоба — икки сув оралиғи. ↑ Элликмил — саксон километрга яқин. ↑ Сўф — оқ жун мато. Сўфи сўзи ҳам шундан олинган. ↑ Жамн — мевали дарахт. ↑ Амалбед — толнинг бир тури. ↑ Орадан ўн саккиз йил ўтгач, яқин қариндошлари унинг хокини Машҳадга элтиб, машҳур Имом Ризо мақбараси ёнига кўмдилар. ↑ Сати — ҳиндлардаги хурофий одат. Бева ўзини эри билан бирга оловга ташлаб куйдиради. ↑ Жариб — бир минг икки юз квадрат метрга тенг. ↑ Таржимаси: Саъдиё, бо-ю бадавлат ва мансабдор бўлгандан кўра, йўқчиликка кўниб, ҳақпараст бўлиш афзалдир. ↑ Маҳд — бешик маъносини ҳам англатади. Онлар кўзда тутилади. Анбар — шийпоннинг бир тури. ↑ Хайл — оила, хонадон. ↑ Таржимаси: билимли, доно одам товоно, яъни қудратли ҳам бўлади. ↑ Меҳтарлар — чодир ўрнатувчилар. ↑ Пурахит — ҳиндларнинг мулла-имоми. ↑ Сваямвар — «ўз дилидагини танлаш» деган маънони билдиради. Ривоятга биноан, қадимда қизлар йигитлардан қайси бирини ёқтирса шу гулчамбарни унинг бўйнига солган. ↑ Афсонагакўра.Ману — инсон зотининг илк бобокалони экан. Ҳиндлар уни ўзларининг биринчи пайғамбарлари деб билган. Ману қонунлари шариат ва тариқат кучига эга бўлган. ↑ Дуҳазори — икки мингбоши. ↑ Мусоҳиб — яқин суҳбатдош. ↑ Нафир — сурнайнинг бир тури. ↑ Бигҳ — бир гектарнинг учдан бири. Ўн икки минг бигҳ — тўрт минг гектар. ↑ Куррурийлар — солиқ йиғиш ҳуқуқини давлатдан сотиб олган пулдорлар. ↑ Арғувон рангли кийимни жангда шаҳид бўлишни бўйнига олган ражпутлар кийган. ↑ Рантхамбхор,Жоудхпур — Ражпутана ўлкасидаги вилоятлар. ↑ Расулуллоҳ — Аллоҳнинг элчиси, яъни Муҳаммад пайғамбар. ↑ Риши — ҳиндча «авлиё» демакдир. ↑ Лакшми — Осмон маъбуди Вишнунинг хотини. Шакти — Шиванинг хотини. ↑ Нинб — акасникига ўхшаш барглари ва шохлари тўп бўлиб, тепаси соябонга ўхшаб турадиган баланд дарахт. ↑ Делагай — яктакка ўхшаш кийим астарсиз тўн. ↑ Таносиҳ — руҳнинг янги шаклларда қайта туғилиши ҳақидаги фалсафа. ↑ Таслим — таъзимнинг бир тури. ↑ Ўн курур — юз миллион. ↑ Тўқсонмил — 144 километр. Ҳинд тарихчиларининг ёзишларича, Акбардан олдин ўтган саркардалардан ҳеч бири Секри билан Гужарат оралиғидаги бу масофани шундай катта тезликда босиб ўтмаган экан. ↑ Роҳвор — йўл танувчи, йўл бошловчи деганидир. ↑ Сеҳазора — уч мингбоши. Панжҳазора — беш мингбоши, яъни армия генерали даражасидаги саркарда. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62664 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59760 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37027 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23807 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23615 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23367 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19836 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18917 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14641 |