Авлодлар довони - Ҳумоюн ва Акбар ... [Pirimqul Qodirov] |
Биринчи Китоб: Ҳумоюн (Давоми) Қазвин: Ер Тагидан Ўтган Тоғ Қорли Элбрус[1] тизма тоғи Ҳазар[2] денгизининг жанубидан, Сафедруд деб аталадиган оқиш сувли дарёдан бошланади-ю, Мозандарон ва Гургонни айланиб ўтиб, Туркман элининг чегарасигача юзлаб чақирим масофага чўзилади. Ҳазар денгизининг сернам ҳавоси Мозандарон ўрмонларига тез-тез ёмғир олиб келади, Элбрус тизмасининг шимол томонига ёққан қалин қорлар узоқ сақланади. Аммо қуюқ булутлар баланд тоғлардан ошиб ўтолмагани учун Элбрус тизмасининг жанубий этакларида жойлашган Қазвинда қуруқ ва илиқ кунлар кўп бўлади. Қишнинг офтобли кунларида шоҳ Таҳмасп Элбрус тоғининг кунгай этакларида ов қилиб юрган эди, Мирзо Ҳумоюндан шошилинч элчи келганини эшитиб, уни арчазор ўрмон орасидаги хушманзара ялангликда ўзининг ҳаворанг кимхоб чодирида қабул қилди. Байрамхон Ҳилмон дарёси бўйидаги Xуросон-у Машҳад орқали Қазвингача бўлган бир ойлик йўлни қаҳратон қиш фаслида йигирма кунда босиб ўтган, қаттиқ чарчаганидан оёқ устида зўрға турар эди. У шоҳга таъзим қилиб юкунганда боши айланиб гандираклаб кетди. Буни кўрган Таҳмасп унга чап томонидан — уч қадамча жойни кўрсатди-да: — Кечинг![3] — деди. Шоҳнинг соқолсиз ияги, узун мўйлови, девдай йирик гавдаси баҳайбат кўринса ҳам, йирик-йирик кўзлари Байрамхонга кутилмаган бир илиқлик билан боққандай туюлди. Бугун ов ўнгидан келган, шоҳ ўз қўли билан отган архарлар[4] чодир ташқарисида қор устида ётар, уларнинг қоп-қора беозор кўзлари ва майин юнглари Таҳмаспда овчилик сурури билан бирга ўрмонда яйраб юрган шу тирик жонворларнинг абадий сўнган ҳаётларига нисбатан озгина ачиниш ҳисси ҳам уйғотмоқда эди. У Ҳумоюннинг «олампаноҳ» деб бошланадиган мактубини ўқиганда ва унинг бошига тушган мушкул савдолар тафсилотини Байрамхондан эшит-ганда: — Чох афсус! — деди. — Бизим Ҳиндистондаги суянган дағимиз Мирзо Ҳумоюн эди. Онинг ўзидан ҳам хатолар ўтмишки, тож-у тахтидан айрилмишдир. Таҳмасп Ҳумоюннинг бир вақтлар кайф-у сафога берилганини, Аграда гоҳо ҳафталаб базмлар ўтказганини, сахийликда ҳамма подшолардан ўзгиси келиб, қайси бир маросимда ўн икки минг кишига сарупо кийгизганини эшитган эди. Иниси Комрон Кобул-у Ғазнига қаноат қилмай Панжобни ҳам забт этганда Ҳумоюн уни дарҳол қувиб юбормаганини, юмшоқлик қилиб шундай тажовузни кечирганини шоҳ Таҳмасп унинг яна бир катта хатоси деб ҳисобларди. Таҳмаспнинг ўзи ҳозир Ширвонда ҳокимлик қилаётган иниси Алқас мирзога ҳам, Қазвиндаги иккинчи иниси Баҳром мирзога ҳам бунчалик эрк бермас, агар яқинлари бирон тажовузга йўл қўйса, аёвсиз жазоларди. Буни биладиган Байрамхон: — Ҳазрат шаҳаншоҳ, — деди. — Мирзо Ҳумоюн ўшанда Комронга катта эрк берганларидан ҳозир пушаймонлар. Ул зотга сиздек шоҳ ҳазратларининг иниларингиз билан муносабатдаги қатъиятингиз ҳам ибрат бўлмоғи мумкин. Ул ҳазрат сизнинг улуғ ҳукмдорлик тажрибаларингизни ўрганмоқ учун ҳам ҳузурингизга келмоқчилар. Туркман тили озарбайжончага яқин бўлгани учун Байрамхон талаффузини шоҳнинг она тилига иложи борича яқин қилиб сўзларди. Таҳмасп унга тикилиб: — Туркманнинг қорақоюнли уруғи бизим қардашимиздир, — деди. — Сизнинг баҳорлу уруғингиз Ҳамадон атрофларида биз билан инақ яшаюр. Сиз нечун суннийлар ҳизматига гетдингиз? — Олампаноҳ, тақдирга чора йўқдир, — деб Байрамхон ўзининг Бадахшонда туғилганини, отаси Сайфалибек Бобурнинг инояти билан Ғазни вилоятида ҳоким бўлганини, онаси Негина хоним ҳам Ҳумоюннинг онаси Моҳим бегимдан кўп яхшиликлар кўрганини, у бунинг ҳаммасига болаликдан гувоҳ бўлиб ўсгани учун ўн олти ёшидан бери шу хонадонга садоқат сақлаб юрганини айтиб берди. Ҳумоюн билан Шерхоннинг ганга бўйидаги жангларидан хабардор Таҳмасп: — Сиз Шерхонга асир тушмишсиз? — деб сўради. — Ҳа, подшоҳимизни қуршовдан чиқардим-у ўзим иликка тушдим. Байрамхон Шерхон хизматига ўтмагани учун ўлимга ҳукм этилганини, сўнг яқин дўсти Абулқосим Жалойир иккаласи асирликдан қандай қочганини бир-бир айтиб берди. Байрамхоннинг шоирлик истеъдоди воқеаларни лўнда ва таъсирли қилиб айта олишида ҳам сезилар, Таҳмасп унинг ҳикоясига берилиб қулоқ солар эди. — Абулқосим ўзи Жалойир деган ўзбек уруғидан, мазҳаби сунний, аммо кўриниши менга ўхшар эди. Ёшимиз ҳам тенг, ўзимиз ўнг беш йиллик қадрдон эдик. Читордаги бир жангда мен уни нақд ўлимдан олиб қолган эдим. «Ўша яхшилигингни қайтаришим керак», деб юрарди. Икковимиз Шерхондан қочиб Гужарат томонга бораётганимизда Шерхоннинг одамлари кетимиздан қувиб етиб келди. Юздан ортиқ қуролли аскарга икковимиз бас келолмаслигимиз аниқ. Шерхон фармон берган экан: «Байрамхонни тутган жойларингда қатл этинглар, ҳибсга олинмасин, яна қочгай», деган экан. Афғонлар Абулқосим икковимизни ўраб олиб: «Байрамхон ким? Олдинга чиқсин», — деди. Мен Абулқосим билан қучоқлашиб хайрлашдим-да, олдинга чиқдим: «Байрамхон мен!»— дедим. Шунда Абулқосим мендан ҳам олдинроққа чиқиб «йўқ, бу менинг навкарим, Байрамхон мен!» — деди. Мен эътироз қилиб ўзимнинг Байрамхон эканимни исботламоқчи бўлдим. Афғонлар кимга ишонишларини билмай ҳайрон. Икковимиз бир-биримизга ўхшашмиз. Мен эътироз қилаверганимдан сўнг, Абулқосим юзимга бир тарсаки урди-ю: «Сен менинг итоатимдасен, жим тур, ҳали Байрамхон бўлишингга кўп йил бор!» — деди. Мен шапатидан карахт бўлиб жим қолдим. Шундан сўнг афғонлар шапати еганим бежиз эмаслигига — менинг навкар эканимга ишонишди. Абулқосим Жалойирни бир четга олиб чиқиб кетиб, бошини кесдилар-у Шерхонга кўрсатиш учун олиб кетдилар. Байрамхон ўша воқеани яна қайта бошдан кечиргандек овози титраб давом этди: — Олампаноҳ, сиз-у бизнинг қорақоюнлу уруғимиз, барлос-у ўзбеклар — баримиз чиндан ҳам қонқардош эканимизни мен ўшанда дил-дилимдан ҳис қилдим. Ғарбда турк султонлари, Туронда шайбонийзодалар энг жоҳил кучларни қўзғатиб, мазҳаб урушини бошламаса эди, минг-минг одам беҳуда қурбон бўлмас эди. Бобур саройида ҳам, Ҳумоюн даргоҳида ҳам жаҳолат эмас, маърифат устун эди. Абулқосим Жалойир ана шу маърифат нуридан баҳраманд бўлиб ўсган йигит эди. Байрамхон шу сўзлардан кейин қўйнига қўл солиб, садафи ялтираган қутича чиқарди: — Мирзо Ҳумоюн сизга совға этиб Ҳиндистоннинг буюк олмосини юбордилар. Шоҳ Таҳмасп қутичани очди-ю, қора бахмал ичида минг хил жилва билан нурланаётган йирик олмосни кўриб кўзи қувончдан ялтираб кетди. — Соғ ўл! — деди Байрамхонга. Шоҳ эшик оға Валидбекни чақириб, Байрамхон билан йигитларига махсус чодирлар тикдиришни ва зиёфатлар беришни буюрди. Ёлғиз қолганда олмосни қутичадан олиб салмоқлаб кўрди. Бундай йирик олмос ҳалигача шоҳнинг қўлига тушмаган эди. Олмосни у синглисига кўрсатгиси келди-ю, икки чодир наридан Шоҳзода Султонимни чақиртирди. Сафавийлар хонадонида мўтабар аёлларни эъзозлаб овга, ҳатто урушга ҳам бирга олиб бориш одати бор, бу уларнинг эътиқодлари билан ҳам боғлиқ эди. Улар сиғинадиган тўртинчи халиф — ҳазрати Али суюкли хотини Биби Фотимани урушга ҳам бирга олиб боргани тарихдан маълум. Бехатар жойда — Алининг орқасида оқ соқолли бир мўйсафид Биби Фотима минган оқ туянинг жиловидан тутиб тураркан. Тепаликдан жангни кузатиб турадиган Биби Фотима Алига узоқдан туриб руҳий мадад бераркан. Таҳмаспнинг отаси Шоҳ Исмоил ҳам ўз жангларига севимли хотини Тожли бегимни бирга олиб борарди. Табриздан нари Чолдора деган жойда бўлган қаттиқ жангда Тожли бегим аввал бехатар тепаликда туриб шоҳнинг жангини кузатган. Кейин Шоҳ Исмоил мағлуб бўлаётганини кўрган Тожли бегим йигитча кийиниб жангга кирган, аммо иш чаппасидан кетиб асир тушган. Шоҳ Исмоил турк султонига юз минг туман[5] товон бермоқчи бўлган. Лекин турк султони Тожли бегимни бунча олтин эвазига ҳам қайтариб бермаган. Шоҳ Исмоил умрининг охиригача суюкли хотинини эслаб, соғиниб ўтган. Бу аччиқ сабоқдан сўнг шоҳ Таҳмасп жангларга хотинларини олиб бормайдиган бўлди. Фақат ҳазрати Али анъанасини унутмаслик учун овларга синглиси Шоҳзода Султонимни бирга олиб борар, у тепада томоша қилиб турганда, отининг жиловидан нуроний бир мўйсафид тутиб турарди. Йигирма ёшли Шоҳзода Султоним чодирга кириб таъзим қилди-да, Таҳмаспнинг овдаги жасоратини, архарларга ҳақиқий шер каби ҳамла қилганини шавқ-завқ билан сўзлай бошлади. Синглисининг мана шу серзавқлиги, ширин-сўзлиги доим шоҳнинг димоғини чоғ қилар, шунинг учун уни кўпинча ўзи билан олиб юрарди. Таҳмасп синглисини яна бир қувонтиргиси келиб Ҳумоюн бериб юборган олмосни унга кўрсатди-да: — Буюк ҳинд олмоси, — деди. Ҳумоюндан элчи келганини эшитган Шоҳзода Султоним олмоснинг афсонавий гўзал товланишидан ҳаяжонга тушиб: — Кўҳинур будир? — деб сўради. Шоҳ Таҳмасп Кўҳинурнинг овозасини эшитган, аммо Байрамхондан буни аниқ сўраб олмаган эди. Синглисининг шаштини қайтармаслик учун: — Ҳа, Кўҳинур энди бизнинг тожимизни безаюр!— деди. Шоҳзода Султоним акасини бу улуғ обрў билан муборакбод қилди ва бошига оғир кун тушган пайтда ҳам шунчалик саховат кўрсатган Ҳумоюнга кўмак беришни шоҳдан ўтиниб сўради. Таҳмасп яна Валидбекни чақиртирди. У келгунча қутичани ёпиб, қўйин чўнтагига солиб қўйди. Синглиси буни ҳозирча сир тутиш кераклигини шундан сезди. Валидбек таъзим қилиб кирганда: — Жаноб эшик оғаси, — деди. — Ҳинд подшоси Мирзо Ҳумоюн биздан паноҳ сўраб Xуросон чегарасига келмишдир. Уни қабул этиб, ўз саховатимизни кўрсацак не деюрсиз? — Шаҳаншоҳ биза не фармон берсалар адо этишга ҳозирмиз. Аммо қулингизда бир андеша вардир. — Не андеша? Сўзланг! — Xуросон яқинларгача темурийлар мулки саналарди. Ҳумоюн шоҳ Таҳмасп ёрдамида қаддини тиклагач, Xуросон-у Ҳиротни сафавийлар давлатидан ажратиб олиш ҳаракатига тушмасмикин? Валидбекнинг бу андишаси шоҳни ўйлантириб қўйди. Шу пайт Шоҳзода Султоним акасидан сўзлаш учун рухсат олди-да, ўз фикрини айта бошлади. Унингча, Ҳумоюннинг Xуросонда қолиши мумкин эмас. Чунки шимолда шайбонийзодалар, шарқда ва ғарбда уни қувғин қилган инилари турибди. Бунинг устига яна сафавийлар билан ёвлашиб, Xуросонни талашса тўрт томонидан ўт кетиб, дарҳол ёниб кетишини билади. Шоҳзода Султоним шоҳ оғасига маъноли кўз ташлаб, бояги ноёб олмосни эслатмоқчи бўлди. Шоҳ шундай буюк совғани қабул қилиб олгандан кейин, Ҳумоюн элчисига қай тил билан рад жавоби беради? Ҳолбуки, Шоҳзода Султоним ўз суюкли акаси Таҳмаспни саховат ва мардликда Ҳумоюндан ҳам баландда кўришни истайди! Синглиси айтган мантиқли гаплардан ташқари, гўзал қизнинг бу истаги ҳам йигирма тўққиз ёшли Таҳмаспга Валидбекнинг андишасидан кўра кучлироқ таъсир қилди. Шундай машҳур бобурий ва унинг саркардаси Байрамхон Ҳиндистондай жойдан келиб сафавийлардан паноҳ топса, бу — шоҳнинг обрўсини янада оширмайдими? Афсуски, Ҳумоюннинг одами жуда кам қолган экан... Аммо унинг атрофидаги навкарларни истаганича кўпайтириш шоҳ Таҳмаспнинг қўлидан келади-ку. Агар шоҳнинг буйруғи билан Ҳумоюнни Сейистонда минг одам кутиб олса, Ҳиротга келганда уни яна икки-уч минг бек-у навкар кузатиб борса ёмон бўладими? Биринчидан, шоҳнинг бу икки-уч минг бек-у навкари Xуросондаги фитначи суннийларни Ҳумоюнга яқин келтирмайди. Иккинчидан, Ҳумоюнни кузатиб ва қўриқлаб юрадиган шоҳнинг икки-уч минг бек-у навкари мирзонинг ўзини ҳам садоқат чегарасидан чиқмасликка мажбур қилади. Таҳмасп бу фикрларни ўртага ташлар экан Шоҳзода Султоним ўз оғасининг ақлига тан бериб: — Чўх доно тадбир, — деди. Сиёсат учун шундай қилиш зарурлигини Валидбек эшик оғаси ҳам энди тушуна бошлади. Ҳумоюннинг озгина одами ёнига шоҳдан икки-уч минг аскар қўшилиб, Xуросон-у Машҳад орқали Қазвинга қараб тантана билан ўца, бунинг овозаси, албатта, ғарбдаги ва шарқдаги душманларга ҳам етиб боради. Шоҳ Таҳмасп муншини чақириб, сейистон бегларбеги Аҳмадбек шомлуга ва Ҳирот ҳокими Шоҳқулибек Қорасултонлар номига Ҳумоюнни зўр тантаналар билан кутиб олиш ҳақида фармонлар ёздирди. Шоҳзода Султоним бу фармонлардаги рақамларни эшитган сари ҳайратга тушмоқда эди: Таҳмаспнинг фармонига биноан, Ҳумоюн ва унинг одамлари учун шоҳ хазинасидан ажратилиши керак бўлган явмилхарж — (кундалик харажат) икки туман, яъни йигирма минг табризий белгиланди. Сейистон ва Ҳирот ҳокимларига Ҳумоюнни ўнг олти фарсаҳ[6] нарига бориб кутиб олиш, унга ўнг иккита шоҳона чодир тикиб бериш, юзта эгарлоғлик от тақдим қилиш, ўзига, хотинига ва яқинларига зар қўшиб тикилган духобалардан саруполар инъом қилиш топширилди. * * * Агар Ҳамида бегимнинг кўнгли Қандаҳорда қолган Акбарнинг хаёли билан мудом банд бўлмаса эди, Xуросон ва Эронда уларни меҳмондўстлик билан кутиб олганларидан яйраб, қувониб юриши мумкин эди. ҳирот, Сабзавор, Машҳад, Нишопур шаҳарларининг минг-минглаб одамлари меҳмонларга пешвоз чиқишар, зиёфат пайтларида юзлаб чинни лаганларга ошлар сузилар, ҳар куни уларга қимматбаҳо сарполар кийдиришар, шоирлар Таҳмасп билан Мирзо Ҳумоюнни осмондаги иккита қўш юлдузга ўхшатиб таърифлашарди. Шиа-сунний урушларидан беҳисоб жабр кўрган ва подшоларнинг ўзаро адоватларидан безор бўлган ўқимишли, зиёли одамлар энди икки ҳукмдорнинг бир-бирига иноқ муносабатда бўлаётганини яхшилик аломати деб билардилар. Базмларда энг хушовоз хонандалар бу иноқликка бағишланган шеърларни латиф куйларга солиб ашула қилиб айтишарди. Аммо юракни эзувчи бу гўзал куйлар ҳам эмизикли боласининг дийдорини қўмсаб юрган Ҳамиданинг соғинч туйғуларини баттар қўзғатарди. Ҳамида бону беш-ўн кунда Қандаҳорга қайтармиз, деган умид билан йўлга чиққанди. Лекин орадан ҳафталар, ойлар ўтар, улар эса Қандаҳордан кун сайин узоқлашиб, Ҳазор денгизи ва Элбрус тизма тоғлари томонга кетиб борардилар. Бу орада Қандаҳордан беш-олти юз бек-у навкарлар қочиб келиб Ҳумоюн аскарлари сафига қўшилди. Акбар билан қолган Моҳим энага қочиб келган одамлардан Ҳамида бонуга мактуб юборди. «Ҳазрат бегим, тангримга шукур, хавотирланадиган пайтлар энди ўтди, — деб ёзган эди Моҳим. — Шоҳ Таҳмасп сизларни катта иззат-икром билан кутиб олганининг овозаси Қандаҳорга ҳам етиб келди. Мирзо Аскарий ҳам Бобур мирзонинг ўғиллари-ку, ахир, у кишида ҳам оталаридан ўтган одамгарчиликлар бор экан. Ҳозир саксонга яқин одамни Акбаржон билан бизнинг хизматимизга бериб қўйдилар. Айниқса хотинлари Салтанат бегим жуда оқкўнгил аёл эканлар, Акбарни худди ўз фарзандларидек яхши кўриб қолдилар. Акбаржоннинг тили чиқиб, битта-иккита сўз айтадиган бўлиб қолди. Энг аввал Жажжи энагани «Жижи» деб атайдиган бўлди. Кейин мени «Маҳам» деб чақиришга ўрганди. Гавдаси йирик, вазни оғир бўлгани учун бир ёш-у уч ой деганда юра бошлади. Ҳазрат оталари шу ерда бўлганларида ўғилларининг юриб кетганини айтиб суюнчи олардик. Ноилож, бу хушхабарни Мирзо Аскарийга етказдик. У киши мамнун бўлиб бизга ота ўрнида суюнчи бердилар. Туркий улуснинг удумини билурсиз, йўлга кирган болага кўз тегмасин, деб юмшоқ бир нарса билан оёғига уриб йиқитадилар. Акбаржон қўлчаларини олдинга қилиб пилдираб юриб келаётганда Мирзо Аскарий бошларидан саллаларини олдилар-у унинг оёқчаларига салла билан урдилар. Бола юмшоқ салла устига йиқилиб тушди, лекин йиғламади, бунинг ўйинлигини сезиб кулди, «яна!» деб талаб қилди. Мирзо Аскарий яна икки марта уни саллалари билан шундай уриб йиқитдилар. «Иншоолло, катта бўлганда елкаси ер кўрмагай, ҳеч бир олишувда енгилмагай!» деб тилак билдирдилар». Мактубнинг шу ерига етганда Ҳамида бону ич-ичидан бу тилакка қўшилди-ю, «Мирзо Аскарийда ҳам ҳамият бор экан-ку!» деган ўйни кўнглидан ўтказди. Кечаси хобгоҳда бу хатни Ҳумоюн ҳам ўқиб, анча мамнун бўлди. — Аскарий дуруст, аммо Комрон шу ерда ҳам бизга ўгайлик заҳарини сочиш ҳаракатида эмиш, — деди. — Саид Xалилнинг Султон Муҳаммад деган жоҳил муриди бор. Ўша одам бизга ғанимлик мақомида бўлган яна уч-тўрт киши билан Кобулдан Маккага ҳажга бориш баҳонасида Қазвинга келиб тушибдир. Шоҳ Таҳмасп ҳузурига кириб, Мирзо Комрондан қимматбаҳо совғалар топширибдур. Улар шоҳни бизга қарши қўзғатиш учун ҳали кўп иғволар қилса керак. Шунинг учун сиз ҳам ҳушёр юринг, бегим. Меҳмондамиз, бизни қўриқлаш учун ёки хизматимизни қилиш учун қўйилган юзлаб одамлар орасида шоҳнинг хуфиялари бор, ўзимизникиларнинг ҳам ёмонлари йўқ эмас. Мезбонларга малол келадиган бирон сўз ёки ҳаракат биздан содир бўлмаслиги керак. Ҳамида бону бусиз ҳам ҳар бир сўзни ўйлаб гапирадиган, мезбонлар орасида одоб, тавозе қоидаларини жойига қўядиган бўлиб қолган эди-ю, фақат Ҳумоюн Қандаҳорда берган тумор гоҳ-гоҳ эсига тушиб оғир масъулият туйғуси уни безовта қиларди. Ҳилманд дарёси бўйида тўхтаганларида кечаси Ҳумоюн туморни ундан сўраб олиб, тикилган жойининг бир четини сўккан ва гумбаз шаклли йирик олмосни олиб, садаф қутичага солган, «Буни Байрамхон биздан шоҳ Таҳмаспга совға қилиб элтгай», деган эди. Олмос қирраларидаги беҳисоб нурлар жилваси осмондаги ғуж-ғуж юлдузларни эслатар, ўзи ҳам гумбаз шаклига ўхшагани учун Ҳумоюн уни «Самойинур» деб атар эди. Туморнинг алоҳида бир қатида Кўҳинур турибди, бошқа қатларида ўнтача йирик ёқутлар бор, шунинг учун салмоғи анча оғир туюлади. Ҳамида бону бу туморчада улкан хазинага баробар келадиган бойлик борлигини билгани учун уни йўқотиб қўйишдан жуда қўрқар, кеча-ю кундуз ёнидан қўймай асрарди. Гоҳо Ҳумоюнга ҳазиломуз шивирлаб: — Мен ҳам хазиначингизмен, ҳам уни кўтариб юрадиган карвонингизмен, улуфани[7] кўпроқ тўланг,— дерди. — Мол-у жоним бари сизга улуфа, — деб жавоб берарди Ҳумоюн. Бу яширин хазинани махфий сақлаш осон эмас. Айниқса сафарда, меҳмонда ҳар хил кутилмаган ҳолатлар бўлади. Садоқатли канизи Аминат Қандаҳорда қолгандан бери Ҳамида бонуга белуж аёл Ойша биби билан Равшан кўканинг хотини қарашиб юрарди. Равшан кўка Комрон мирзо билан бир онани эмган ва кўп йил унинг хизматида бўлган бек эди. Қўли эгрилиги учун Комрон уни жазоламоқчи бўлганда Синд бўйида Ҳумоюн томонга қочиб ўтган эди. Мана шу Равшан кўканинг хотини янги олинган канизлар орқали Ҳамида бонунинг жуда эҳтиёт билан сақлайдиган вазни оғир тумори борлигини, бегим ҳатто бош ювганда, кийим алмаштирганда ҳам бу туморни ҳеч кимга бермаслигини эшитиб қолди. Бу сир Равшанбекнинг Xўжа Ғози деган қадрдонига ҳам маълум бўлди. Улар туморни хотинлар ёрдамида қўлга тушириш учун пайт пойлай бошладилар. Ҳамида бону Моҳим энаганинг сўнгги хатини ўқиган куни ўғилчасининг тилга киргани ва юриб кетгани ҳақидаги тафсилотлар бутун хаёлини шундай қамраб олдики, бошини ювиш учун ғуслхонага кирганда туморни кийимлари билан бошқа хонада унутиб қолдирди. Ювиниб, тараниб, канизи ёрдамида кийинаётганда тумор кўзига ташланди-ю, дарҳол қўлига олиб қаради. Вазни анча енгиллашиб қолганини сезиб юраги шиғ этиб кетди. Бу ерга ким кириб чиққанини каниз ҳам билмай қолган, ўғрилар туморни сўкиб, бешта йирик-йирик бадахшон лаълини олишган, уни бошқа рангдаги ип билан кўклаб тикиб қўйишга ҳам улгуришган эди. Фақат Кўҳинурни олишга журъат этишолмаган эди — бундай катта олмосга харидор топиш амримаҳол, уни сотгунча қўлга тушиб қолиш ҳеч гап эмас эди. Ҳамида бону ич-етини еб, бир неча кунгача дардини кимга айтишини билмай юрди. Ҳали ҳам ҳарам учун жавобгар бек — тоғаси Xўжа Муаззам эди. Ҳамида бону уч кун ўтгач, тоғасига воқеани айтиб берди: — Ҳозирча, ҳазратимга билдирмай туринг, — деди Xўжа Муаззам. — Агар бегона ўғри кирса туморни паққос олиб кета қоларди. Бу разил ишни ўзимизникилар қилган. Биз Анбар Нозир билан ўзимиз тафтиш ўтказгаймиз. Бу орада Xўжа Ғози билан Равшан кўка Қазвин бозорларидан энг қимматбаҳо тўбичоқ отлар ва буюмлар сотиб олгани маълум бўлди. Тафтишга уста Анбар Нозир от сотган савдогарлар ҳузурига борди: — Бу одамлар катта қарзни тўлайдиган бадавлат кишилар эмас, нечун қуруқ ваъдаларига ишониб, қимматбаҳо отларни бериб юбордингиз? — деди. Савдогар бепарво туриб: — Сиз уларни билмас экансиз, — деди. — Қўлларида шундай жавоҳирлари борки, бир эмас, юзта отга етгай. Менга иккита лаълни кўрсатишди. Шундай бебаҳо лаълки, уни сотиб олишга анча-мунча заргарнинг пули етмагай. Бадавлат бир харидор топсалар, отимнинг пулини ортиғи билан келтириб беришгай. Шундан кейин Анбар Нозир Xўжа Ғозининг хизматкорини яширинча сўроқ қилди. Xўжа Ғози бир нарсани телпаги ичига тикиб олганини, кечаси шу телпагини халтага солиб, ёстиғи тагига қўйиб ётишини аниқлади. Ниҳоят, бир кун Xўжа Ғози ҳумоюннинг қабулига кирганда Xўжа Муаззам ҳам рухсат сўраб кирди. Подшонинг кўзи олдида Муаззам Xўжа Ғозининг телпагини бошидан ҳазиллашган каби юлқиб олди. Иккита хўжа ғижиллашиб қолди. Бироқ кўп ўтмай телпак қатига тикиб қўйилган қимматбаҳо лаъллар топилди-ю, Ҳумоюн уни таниди. — Буни ким ўғирлади? — деб қаҳр билан сўраганда Xўжа Ғозининг семиз гавдаси дир-дир қалтирай бошлади. У бутун айбни Равшан кўкага тўнкади. Қолган учта лаъл Равшан кўкадан топилди. Бошқа вақт бўлганда Ҳумоюн ўғриларни аёвсиз жазолаган бўларди. Лекин мусофир юртда беҳуда шов-шув кўтарилишидан ийманди-ю, уларни уришиб, сўкиб уч-тўрт кун хонаки ҳибсда сақлади. Юртдошлари олдида бош кўтариб юролмай қолган Xўжа Ғози билан Равшан кўка ҳибсдан бўшаганларидан сўнг Ҳумоюнни суймайдиган эшикоға Валидбекнинг олдига ҳимоя сўраб бордилар. Улар Валидбекнинг бошда Ҳумоюнга қарши бўлганини, «бу темурийзода Xуросонни биздан ажратиб олгай» деб хавфсираганини билар эдилар. Энди улар Валидбекнинг ҳақлигини кўрсатадиган турли гапларни ва Ҳумоюннинг ички ишларини шоҳга маълум қилмоқчи бўлдилар. Валидбек орага тушиб уларни ахийри шоҳнинг ҳузурига олиб кирди. Шоҳ Таҳмасп аввал Равшан кўкани, сўнг Xўжа Ғозини яккама-якка қабул қилди. Кобулдан келган Комрон элчиси Султон Муҳаммад Ҳумоюннинг нияти ёмонлигини, Қандаҳор олингунча шоҳга ёлғон ваъдалар бериб, кейин бу вилоятни ўзиники қилиб олишини айтган эди. Xўжа Ғози билан Равшан кўка бу ҳақда Ҳумоюндан қандай гап эшитган бўлсалар ёнига ўзларидан қўшиб-чатиб, шоҳнинг юрагига ғулғула солдилар: — Олампаноҳ, Ҳумоюннинг ёлғонга усталигини сизга берган инъомларидан ҳам билмоқ мумкин, — деди Равшан кўка. — У киши сизга Байрамхон орқали Кўҳинур олмосини ҳадя қилгани ёлғон. Кўҳинур олмоси хотинининг туморчасида яшириғлиқ турибдир. Биз буни ўз кўзимиз билан кўрдик, ҳазрати шаҳаншоҳ! Шоҳнинг қошлари чимирилиб, мўйловларининг учи пастга осилиб қолди. Наҳотки ўша гумбазсимон гўзал олмос Кўҳинур бўлмаса? Шоҳ ўз синглисига: «Кўҳинур будир!» деб кўрсатган эди. Энди унинг гапи ёлғонга чиқадими? Бу гапни инилари ҳам эшитган, «Кўҳинур энди бизим оғамиз тожини безаюр», деб ифтихор қилишган эди. Бу ифтихорнинг таги пуч чиқса, Таҳмасп ўз яқинлари олдида қанчалик ноқулай аҳволда қолади! Шоҳ Таҳмасп иккинчи бўлиб кирган Xўжа Ғозининг майда-чуйда иғволарини эшитгандан сўнг, Кўҳинур тўғрисида гап очди: — Сиз ҳам Кўҳинурни кўрмишсиз? — Ҳа, олампаноҳ, бегимнинг туморида кўрмишмен! — деди Xўжа Ғози. — Сизга Байрамхон келтирган олмос гумбазсимонми? Унга «Самойинур» деб ном берилган. Аммо у Кўҳинурдан икки баробар кичик! Фақир икковини ҳам кўрганмен... Бошқа олмосни Кўҳинур деб хато қилгани Таҳмаспга энди жуда алам қилди. Ҳумоюн ундан паноҳ истаб келган пайтда ҳам ўзини шунчалик баланд олар эканки, энг буюк Кўҳинур олмосини хотинида қолдириб, бошқа кичикроғини шоҳга юборибди. Таҳмасп бундай калондимоғларнинг кўпини кўрган, кўпининг жазосини берган! Бу темурийзоданинг адабини бериб қўйиш ҳам унинг қўлидан келади! Шоҳ ўз ўйини шу тарзда якунлади-ю, Валидбекни чақириб, Равшан кўка билан Xўжа Ғозига дурустроқ жой беришни ва улуфа тайинлашни буюрди. Шу кундан эътиборан бу иккови ҳам Таҳмасп хизматига ўтди. * * * Мусофирликда ҳам ўз юртдошларининг тирноғи тагидан кир кавлайдиган одамлар Ҳумоюннинг шоҳ Таҳмаспга боғлиқ бўлган мушкул ишларини янада мураккаблаштирди. Бошқа бир юрт ҳукмдорининг қовоғига қараб муте бўлиб яшашнинг қандай руҳий азоблари борлигини у биринчи бор Машҳадда қирқ кун шоҳнинг навбатдаги кўрсатмасини кутиб қолганда сезган эди. Уни бирга олиб юрган Жаъфар Султон Ҳумоюннинг шиа мазҳабига ўтишини ва ўнг иккита қирмизи йўл-йўли бор достор кийиб, имом Ризо масжидига зиёратга боришини маслаҳат берди. Бироқ Ҳумоюн отасининг Самарқандда шиа досторини бошига кийиб кўриниш бергани қандай ёмон оқибатларга олиб келганини унутган эмас. Шунинг учун Жаъфар Султонга: — Жаноб бегларбеги, чин эътиқод досторда эмас, дилда бўлур, — деди. Ўшанда шоҳ оиласининг энг маърифатли вакили бўлган Сом мирзо орага тушиб, Ҳумоюнни мазҳаб бобидаги ортиқча тазйиқлардан халос қилди. Чунки ҳалол одамларни фақат сунний мазҳабига ўтмагани учунгина қувғин қиладиган ўта тажовузкор шиалар — мамлакатдаги кўп исёнлар ва алғов-далғовларга сабаб бўлган эди. Шоҳнинг ўзи ҳам ўта жоҳил мазҳабдошларига қарши фармонлар чиқаришга ва кураш эълон қилишга мажбур бўлган эди. Айниқса, Xуросонда ва янгидан қўшилган Ширвонда сафавийлар сунний аҳолини ўзларига эл қилиш учун мазҳаб жанжалларидан баланд турадиган сиёсат юргизишга интилишларди. Охири мана шу сиёсат Ҳумоюрга ҳам қўл келди. Шоҳ Таҳмасп Ҳумоюнга ва унинг яқинларига мазҳаб борасида ортиқча тазйиқ ўтказмаслик ҳақида кўрсатма берди. Ҳумоюн шоҳдан ҳарбий ёрдам сўраган, Қазвиндаги музокаралар Байрамхон ёрдамида дуруст бошланган, Таҳмасп каттагина кўмак ваъда қилган эди. Мана шу орада шоҳ томонига қочиб ўтган Равшан кўка билан Xўжа Ғозиларнинг иғвоси бошланди-ю, амал-тақал билан зўрға ечилаётган муаммолар баттар чигаллашиб кетди. Шоҳ музокараларни тўхтатди ва бир ойгача Ҳумоюнни қабул қилмади. Бу орада Ширвондан нохуш хабарлар келди. Бундан беш-олти йил аввал шимолдаги Озарбайжон ерлари — Ҳазар денгизи бўйидаги Боку, Куранинг ўнг қирғоғидаги Шамахи, Муған дашти бари ширвоншоҳлар ҳукми остида эди. Шоҳ Таҳмасп ширвоншоҳларни енггандан сўнг шимолдаги озарбайжон ерлари жанубдаги вилоятлар билан бирлашди. Илгари Кура дарёсининг икки қирғоғи икки давлатга қарар ва уларнинг ўзаро адовати эл-улусга ташвиш келтирар эди. Энди ҳар икки қирғоқ бир давлат бўлиб бирлашгандан сўнг Кура устига қурилган машҳур Xудофарин[8] кўприги жуда серқатнов бўлиб қолган, унинг иккала томонидаги озарбайжонликлар, ички урушлардан безор бўлган заҳматкаш ва зиёли одамлар тинч бир истиқболга умид боғлай бошлаган эди. Аммо аввалги ширвоншоҳларнинг тарафдорлари ҳали у ерда, ҳали бу ерда бош кўтаришарди. Ҳатто шоҳ Таҳмаспнинг иниси Алқас мирзо ҳам Ширвонга бегларбеги бўлиб боргандан сўнг ўзича мустақил давлат тузишга уриниб кўрган эди. Бундан хабар топган шоҳ Таҳмасп Қазвиндан Ширвонга ўн минг қўшин билан борди. То у инисини қаттиққўллик билан ўзига итоат эттириб, Xудофарин кўприги орқали Қазвинга қайтиб келгунча Ҳумоюн унинг йўлига қараб кутиб ўлтирди. Ниҳоят, сумбула кирган кунларда Таҳмасп уни ўзининг Чилсутун қасрида қабул қиладиган бўлди. Ўша вазир Валидбек Ҳумоюнни шоҳнинг хонайи хосига бошлаб кирди. — Ҳазрати шаҳаншоҳ, Ширвондаги янги ғалабалар била сизни чин дилдан муборакбод этгали келдим, — деб гап бошлади Ҳумоюн. Шоҳ авваллари Ҳумоюнни доим ўрнидан туриб қабул қилар ва ўнг ёнига ўтказар эди. Бу гал ўлтирган кўйича унга чап томонидан уч-тўрт қадам наридан жой кўрсатди. Ҳумоюн Таҳмаспдан олти ёш катта эди. Отасининг «катталар кўтаримли бўлгай» деган гапини яна бир эслади. Шоҳнинг камситишига аҳамият бермасликка тиришиб, майин кулимсиради-да, кўрсатилган жойга чўкка тушди. — Олампаноҳ, биз сиздан кўп марҳамат кўрдик,— деди. — Энди ижозат берсангиз, юртимизга қайцак... — Xанси[9] юртингизга қайтажаксиз? — кинояомуз сўради шоҳ. — Ҳозирча Қандаҳорга... Сиз ваъда қилган кўмак ила уни олсак, ўзингизга инъом этгаймиз. Биз ўғлимиз билан Ҳиндга қайтиш орзусидамиз. — Ҳиндистон сизнинг юртдур? — деб шоҳ яна киноя қилиб сўради. Ҳумоюн ичида, «тангрим, ўзинг бардош бер», деб, бу истеҳзога ҳам чидади. — Ҳиндистон — биз фарзанди ўлдиғимиз юртдир,— деб Ҳумоюн битта сўзни атайлаб озарбайжонча айтди. Шоҳ кўзларини қисиб Ҳумоюнга синовчан назар билан тикилди... — Эрон буюкми ёки сизнинг Ҳиндистон буюкроқ? Пойгакда ўлтирган Валидбек бирдан сергакланди, шоҳ «Эрон буюкроқ» деган гапни эшица мамнун бўлишини Ҳумоюн ҳам сезди. Лекин бундай деса шоҳга очиқдан очиқ хушомад қилиб ёлғон гапирадигандай кўринди-ю, хиёл тараддудланди. — Эроннинг... буюк маданияти, буюк тарихи бордир... шундай тарих, шундай маданият Ҳиндистондада вар. Аммо Ҳиндистоннинг аҳолиси кўпроқ, майдони ҳам буюкроқдир, олампаноҳ. Бу гаплар шоҳнинг қулоғига: «Мен ҳам сендан буюкроқмен, шунинг учун энг улкан Кўҳинур олмосини ўзимда олиб қолганмен!» дегандек эшитилди. Шоҳнинг бирдан жаҳли чиқди. Унинг қизишган пайтда мантиқни тан олмайдиган одати бор эди. — Сиз биздан буюкроқ ўлсангиз нечун Ҳиндистондан бура[10] паноҳ истаб келдингиз? Дасторингизга Кўҳинур олмосини таққанингиз учунгина биздан буюкроқ ўлмаяжаксиз! Бу аччиқ изғирин қаёқдан эсаётганини Ҳумоюн Кўҳинур олмоси тилга олинганидан сўзди. Бу олмосни Ҳамида бонунинг туморида кўрган Равшан кўка билан Xўжа Ғозининг изғирини. Бу разил ўғриларни зиндонга ташлатиш ўрнига, уларга танбеҳ бериш билан чекланиб, ортиқча бир юмшоқлик қилгани учун Ҳумоюн яна ўзини койиди: «Қилган хатоингнинг жазоси мана шу, энди шоҳнинг барча танбеҳига чидайсен!». Таҳмасп юрагида тўпланиб қолган гина-қудратларни айтиб, кўнглини сал бўшатгандан сўнг, Ҳумоюн секин бош кўтарди: — Ҳазрат шаҳаншоҳ, тоғдан кўра само буюкроқдир. Шунинг учун мен сизга Кўҳинурни эмас, Самойинурни юборган эдим... Орага иғво уруғини сочган одамларни ёмонлашга эса менинг тилим бормайдир. Чунки не қилса ҳам улар менинг юртдошларим. Ҳозир биз сизнинг ихтиёрингиздаги меҳмонлармиз. Бизни бор қилишга ҳам, йўқ қилишга ҳам сиз, албатта, қодирсиз. Бир ўлим ҳамиша бошимизда бор. Мен ҳеч вақт ундан қўрқиб қочган эмасмен. Агар мендан айб ўтган бўлса, майли, буюринг! Ҳумоюн Таҳмаспнинг кўзларига довталаб бўлган каби тик қаради. Шоҳ ҳам унинг кўзига кўзини қадаган ҳолда: «Ўлимдан қўрқмаслигингни кўрюрмиз!» дегиси келди, аммо бошқа гапни айтди: — Айб дейил[11]. Ов қилюрмиз! Чоршанба куни ўрмонда, Албрус доғинда. Сизи таклиф этюрмиз. Ҳозир Ҳумоюннинг кўнглига ов сиғмаса ҳам, лекин бу гапларнинг тагида бошқа маъно борлигини сезиб, шоҳнинг таклифини қабул қилди. * * * Ов учун Элбрус тоғининг хатарли учмалари кўп бўлган ва машҳур темир дарахтлари ўсадиган ўрмонзор ёнбағирлари танланди. Овга чиққан қизилбош беклари орасида Ёқуб Шерафкан номли паҳлавон йигит ҳам бор эди. У Мозандарон ўрмонларида йўлбарс билан олишиб, уни енгган, терисини шилиб, шоҳга тақдим қилган эди. Таҳмасп унга Шерафкан деб ном берган, йўлбарс терисининг эни ярим қарич келадиган узун бир парчасини унинг ўзига эсдалик қилиб қайтарган эди. Ёқуб Шерафкан ҳозир овда ҳам ўша бир тилим йўлбарс терисини ўнг елкасига боғлаб, икки учини белидаги камарининг олдига ва орқасига маҳкам қистириб олган эди. Байрамхон уни узоқдан Ҳумоюнга кўрсатди-ю, қулоғига шивирлади: — Xундор душманингиз ана ўша! Бундан йигирма беш йил олдин унинг амакиси Бобур ҳазратларидан қасд олмоқчи бўлганда, шоҳ Исмоил қўймаган экан. — Буниси энди мендан кимнинг қасдини олмоқчи эмиш? — Ўша отасининг қасди. Қаршида бегуноҳ аҳолини қатлиом қилган ашаддий шиалардан бири шу Ёқубнинг отаси экан. Кейин Ҳисорда сизнинг отангиз уни шу иши учун ўлимга буюрган экан. Бу ҳодисалар бўлган пайтда сиз ҳам, Ёқуб Шерафкан ҳам икки-уч яшар бола бўлгансизлар. Лекин буларда одат шундайки, қасд олинмагунча хундор душманлик авлоддан авлодга ўтавергай. — Бу қасд — бизга қарши суиқасдга айланса-чи? Шоҳнинг бундан хабари бормикин? Байрамхон тасдиқ маъносида бош ирғади. — Менга Сом мирзо яшириқча айтди. Орага тушган совуқликни Валидбек истифода қилмишдир. Агар шоҳ қатъий ман эца, Ёқуб унинг азиз меҳмонига тажовуз қила олмас эди. Бироқ ўзимизникилар орага нифоқ солдилар. Шундан кейин шоҳ кўрсатма берибдир: «Ёқуб паҳлавон кучини кўрсаца майли, аммо ўқ отилмасин, қурол ишлатилмасин», дебдир... Бу тоғда бузуқ зовлар, ўнгирлар кўп экан. Жуда эҳтиёт бўлгайсиз, ҳазратим. Ҳасанали эшик оға, мен, яна йигирма қўриқчи йигит сизнинг ҳимоянгизда собитмиз. Ёқуб Шерафканнинг ҳам йигирмадан ортиқ йигити бор. Сиз архар овлаганда, улар сизни овлашларини унутманг. Бундай хатарли дамларда Ҳумоюн ўзининг бутун вужудида алоҳида бир сафарбарлик сезар, борлиғи кўзга ва қулоққа айланиб кетгандай, ҳар бир шарпани жуда тез илғарди. Бугун у тоғларда яхши юрадиган энг бақувват ва ҳушёр жийрон қашқа бадахшоний отини миниб чиққан эди. Ўзининг ёш йигитлик пайтида Бадаҳшонда, Помир тоғлари орасида от чоптириб орттирган барча тажрибаси ёдига тушмоқда эди. Архарлар тоғнинг баланд қоятошлари орасида бўлар, махсус одамлар уларни шоҳ Таҳмасп ва Ҳумоюн турган ёнбағирларга ҳайдаб тушишга ҳаракат қилишарди. Лекин бу чаққон жониворлар тошдан тошга сакраб, яна баланд учмалар томонга қочишарди. Ҳумоюн шоҳнинг олдида қўрқоқ кўринмаслик учун ўша учмалардан бирининг тепасига от чоптириб чиқди-ю, тўртта архардан бирини ёй ўқи билан уриб йиқитди. У билан кетма-кет чиқиб келган Байрамхон ва Ҳасанали ҳам биттадан архар отишди. Улар ов шавқига берилиб, ўзларининг кетидан писиб келаётган Шерафканни унутган эдилар. Қаршидаги тошлоқ ёнбағирда яна бир кийик Ҳумоюннинг кўзига ташланди. Тоғнинг мусаффо ҳавосида узоқлар ҳам яқин кўринади. Ҳумоюн, «пастдаги жилғадан ўцам, нариги ёнбағирга бир лаҳзада етаман», деб ўйлади-ю, қизишиб терлаган отининг жиловини сой томонга бурди. Бироқ унга оддий жилға бўлиб кўринган пастдаги сой — уч терак бўйи келадиган учуримли тош жар экан, унинг тагидан оқаётган сувнинг фақат гувиллаши эшитилар, аммо ўзи кўринмас эди. Четларини қалин буталар ва темир дарахтлари пана қилиб турган тош жарни Ҳумоюн яқин борганда кўрди. Пастда қорайиб турган ўнгир унинг ваҳмини келтирди. Яқин орада от сакратиб ўтадиган жой йўқ, тош жардан пастга қулаган одам чилпарчин бўлиб кетиши ҳеч гап эмас. От ҳам буни сезиб тўхтади. Ҳумоюн жарни айланиб ўтадиган жой бормикан деб, жиловни ўнгга бурди-ю, атрофга аланг-жаланг кўз югуртирди. Шу пайт алланарса шамолдай чийиллаб бошининг ёнидан учиб ўтди-ю, ёнидаги темир дарахтининг шоҳи қаттиқ силкиниб кетди. Шу заҳоти нимадир илондай шалоплаб ерга тушди. Бу — сиртмоқ эди. ўнг қадамча нарида бўз от миниб турган Ёқуб Шерафкан сиртмоқни Ҳумоюннинг бўйнига илинадиган қилиб ташлаган, аммо орадаги дарахт шохи халақит бергани учун арқон мўлжалга илинмай ерга тушган эди. Эллик қадамча нарида от чоптириб келаётган Байрамхон билан Ҳасаналининг йўлини бир талай қизилбош отлиқлар тўсиб олишди. Шерафканнинг ўзи ва ўнтача қизилбошлар Ҳумоюнни уч томондан ўраб олишди. Фақат жар томон очиқ қолди. Улар Ҳумоюннинг отига орқадан қамчи уриб, уни уч томондан қисиб, тош жарга суриб бора бошладилар. Жонивор жийрон қашқа бошини орқага силтаб, тўрт оёғини ерга ҳар қанча тираса ҳам, жар томон нишаб бўлгани учун ортдан суриб келаётганларнинг залвори зўрлик қилди. Ҳумоюн ўнг томонида одам сийракроқ эканини, фақат битта қизилбош уни ўнгга бурилгани қўймай қисиб келаётганини кўрди. Жиловни қўйиб юборди, оёғини узангидан бўшатди-да, бир сакраб, ўнгдаги қизилбошнинг орқасига мингашиб олди, ўша заҳоти уни эгардан ағдариб ташлади. Дарҳол бўш эгарга тармашиб, жиловни қўлига олди. Отни ўнгга буриб тўпдан чиқаётганда яна талпиниб, эгарга минди. Шу аснода Ҳумоюннинг бадахшоний оти баланд тош жардан пастдаги ўнгирга қулаб тушар экан, ҳаёт билан видолашган каби аччиқ бир кишнади. Эгардан ағдарилган қизилбош эса отлар оёғи тагида қолиб қичқирди ва жар лабидаги бутага тармашиб, сафдошларидан ёрдам сўрай бошлади. Бир қисм қизилбошлар у билан андармон бўлди, аммо Шерафканнинг ўзи қилич яланғочлаб, Ҳумоюннинг кетидан от чоптирди. Байрамхон, Ҳасанали ва бошқа қўриқчи йигитлар орадаги йўлни тўсиб туриб олган қизилбошларнинг отларига қамчи уриб, бақириб, Ҳумоюннинг олдига ўтишга интилмоқда эдилар. Ахири Ҳасанали ҳам қилич яланғочлади-ю, қизилбошлар қуршовини ёриб ўтди ва Ҳумоюнга ҳамда қилиб келаётган Шерафканнинг қаршисидан чиқди. Бироқ Шерафкан отини жиловидан тортиб олд оёқларига турғизди ва юқоридан Ҳасаналининг бошига шундай қилич урдики, ўткир исфаҳоний тиғ бош суягини тарвуздай икки паллага бўлиб ташлади. Ҳасаналининг елкалари, отининг ёли қонга беланиб, ўлиги эгардан қулаб тушар экан, Шерафкан Байрамхонга қичқирди: — Арая[12] тушсанг сен ҳам ўлюрсан! Қўй, мен хундор душманим ила олишай! Ҳумоюн ҳам қиличини суғурар экан, қон тўкишга тайёр турган бошқа қизилбошларга қарата: — Сенлар ҳам орага тушманглар! — деб қичқирди. Икки от бир-бири билан айқашиб, икки қилич бир-бирига бало-қазодай урилар экан, ҳозиргина бегуноҳ ҳалок бўлган Ҳасаналининг қасоси ҳам Ҳумоюнга куч бергандай бўлди. Ҳозир у фақат ўзини эмас, бегуноҳ қатл этилган Қарши аҳолисининг хотирасини, уларга ён босган отасининг руҳини, Қазвинда изтироб чекиб ўлтирган Ҳамида бонуни, Қандаҳорда етим боладай қолиб кетган ўғилчасининг келажагини ҳам ҳимоя қилаётганини бутун борлиғи билан ҳис қиларди. Ҳозир буларнинг ҳаммаси унга мадад бераётгандай вужудига чексиз бир куч, журъат, чапдастлик қуюлиб келарди. У ёшликда икки қўллаб қилич чопишга ўрганган эди. Қазвинда шоҳнинг қарорини кутиб ойлар давомида зерикиб юрган пайтларида ўнг қўлини орқасига боғлаб қўйиб, чапақайига қилич чопишларни қайта-қайта машқ қилган эди. Ҳозир ана ўша машқлар унга жуда асқотди. Шерафкан юзма-юз қилич солиб, уни енголмагандан сўнг, темир дарахтини айланиб ўтиб, Ҳумоюнга чап томондан қилич урмоқчи бўлди. Буни кўрган Ҳумоюн қиличини дарҳол чап қўлига олди. Шерафкан унинг чапақайига ҳам қилич ура олишини билмай эҳтиёциз бир ҳаракат қилган эди, Ҳумоюн қулай пайтдан фойдаланди. Унинг чап қўл билан урган қиличи Шерафканнинг елкаси аралаш гарданини қаттиқ ярадор қилди. Шерафкан қиличини қўлидан тушириб юборди, ҳушидан кетиб отдан йиқиладиган бўлганда йигитлари келиб суяб қолишди. Бу олишувни тоғ тепасида Валидбек билан Сом мирзо кўриб турган эдилар. Валидбек от чоптириб келиб Ҳумоюнга даъво қилди: — Сиз нечун овда қилич яланғочлаб, бизим бекни ярадор этмишсиз?! Аммо Байрамхон Ёқуб Шерафканнинг ўзи айбдор эканини айтиб, бегуноҳ ҳалок бўлган Ҳасаналининг жасадини кўрсатди. Сом мирзо Ҳумоюннинг шундай таҳликали ҳолатда ўзини мардона тутганидан жуда таъсирланган эди. У акаси Таҳмаспнинг олдига борганда бутун воқеани батафсил айтиб бериб, Ҳумоюнни ёқлади. Шоҳнинг синглиси Шоҳзода Султоним одатдагидай баланд бир жойда отлиқ туриб акасининг кийик овлашини томоша қилган, тош жар лабида бўлиб ўтган ҳодисани ўзи кўрмаган бўлса ҳам, бошқалардан эшитган эди. Ҳумоюннинг оти тош жардан қандай қулаб кетгани, унинг ўзи бошқа отга сакраб миниб қандай жон сақлагани, сўнг чап қўл билан қилич чопиб, Шерафкандай паҳлавонни қандай енггани Шоҳзода Султонимни ҳаммадан кўпроқ ҳаяжонга солди. Овчилар орасида шоҳнинг холис кузатувчилари ҳам бор эди. Улар ҳам шоҳга келиб ахборот берганда меҳмоннинг жасоратига қойил бўлганлари сезилиб турарди. Атрофидаги шунча одамнинг гапи бир жойдан чиққандан сўнг, шоҳ Таҳмасп ҳам Ҳумоюнга тан бермай иложи қолмади. — Шерафкан бизим фармонимизни бузмишдир, яралиқ ўлгани учун ўзи айбдор! — деди Таҳмасп қурол ишлатмаслик ҳақида берган фармойишини Валидбекка эслатиб. — Аммо Мирзо Ҳумоюн бизим олий кўнағимиздир[13]. Онга олий эъзоз лозимдир! Ҳумоюннинг ўнгирга қулаб кетган оти ўрнига шоҳнинг ўзи учун етовда олиб келинган ва эгар-жабдуғи олтин билан зийнатланган чиройли оқ арғумоқ тақдим этилди. Отнинг оқ ранги ҳам ораларидаги кудурат кўтарилганини ҳаммага намойиш этгандай бўлди. Бегуноҳ ҳалок бўлган Ҳасаналининг оиласига шоҳ ўз хазинасидан каттагина нафақа тайин этди. Кечки пайт овда отилган кийиклар, какликлар, ҳилол қушлар гўштидан шоҳона таомлар тайёрланди. Таҳмаспнинг қирмизи рангли улкан сақарлот боргоҳига Ҳумоюн билан Байрамхон таклиф этилди. Таҳмасп Ҳумоюннинг катталигини энди тан олган каби уни тўрдаги жойга ўтқазди. Олтин жомлардаги майинобларга кийик ва каклик кабоблари газак қилинди. Xиёл кайф қилганларидан сўнг Таҳмасп очилиб сўзлади: — Мирзо ҳазратлари, мен тарих китобида ўқимишам, Сизнинг бобокалонингиз Амир Темур-да ҳар икки эли[14] ила чох яхши қилич чапмишдир. Сиз чап эл ила қилич чопмоқни Темур бобонгиздан уйранмишсиз? — Сиз ҳақсиз, олампаноҳ. Бугун чап эл ила чопган қиличим ҳам менга Соҳибқирон бобокалонимдан мерос қолмишдир. Шоҳ Таҳмасп бу гапдан хиёл таажжубланди: — Сизда Амир Темурнинг қиличи бордир? — Бор, марҳамат, кўринг, — деб Ҳумоюн белига тақилган олтин сопли қилични ғилофидан секин олиб кўрсатди: — Амир Темурнинг муҳрларига «рости-русти» — деган сўзлар ўйиб ёзилган экан. Xудди шу икки сўз бу қиличга ҳам битилган. Қаранг!.. Шоҳ Таҳмасп қиличнинг сопидан пастроғига заргарона ҳарфлар билан қадама[15] қилиб битилган «рости-русти» сўзларини ўқиди-да: — Ваҳ! Ваҳ! — деб завқланди. —Маъносини англагандирсиз олампаноҳ?.. «Куч— адолатдадир» деган эътиқодни менинг дилимга жаннатмакон отам ҳам сингдирганлар, бу қилични асраб-авайлаб менга етказиб берганлар. Мен уни бугунгидек адолат учун курашган пайтларимда тақурмен. Бошқа вақтда эҳтиёт қилиб асраймен. Токи бу адолат қиличи биздан кейинги авлодларга ҳам насиб эцин! Қилич қинига қайтариб солингач, Шоҳ Таҳмасп Амир Темурнинг Йилдирим Боязид устидан эришган ғалабасини мақтаб кетди: — Темур бобонгиз Анқара яқинида Боязидни тор-мор этгани бизим Табриз-у Қазвинлар учун-да чўх хайрли зафар ўлмишдир. Сафавийлар билан турк султонлари орасидаги низолар ҳозир яна авжига чиққан эди. Турклар Табризни босиб олгандан сўнг сафавийлар пойтахтни Қазвинга кўчиришга мажбур бўлдилар. Шу безовталиклар даврида турк султонларининг Темурдан тор-мор бўлган пайтларини эслаш Таҳмаспга алоҳида мамнуният бахш этар ва Ҳумоюнни бугунги жасорати учун эъзозлаш имконини берарди. — Биз сизнинг барча истакларингизни бажо этюрмиз, — деди у яна сал кайфи ошгач ва Ҳумоюннинг қулоғига шивирлади: — Кўҳинур бурадами?[16] Ҳумоюннинг юраги шиғ этди. — Кўҳинур... Қазвинда. — Бир кўрмоқ истарам... — Бажонидил. Қазвинга қайцак, ҳузурингизга элтгаймен. Ичида эса «майли, бош омон бўлса олмос топилгай» деб, Кўҳинур билан ўзича хайрлашиб ҳам қўйди. * * * Қазвиннинг Чилсутун қасри ичида Нигорхона деб аталадиган ва камдан кам одам кира оладиган нафосат макони бор эди. Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари чизган, ҳар бири юз минг олтин тангага ҳам сотилмайдиган ноёб расмлар мана шу Нигорхонада сақланарди. Беҳзоднинг ўзи бундан олти йил аввал вафот этган, у асос солган Нигорхона ишларига ҳозир Султон Муҳаммад исмли машҳур наққош ва рассом мутасадди қилиб тайинланган эди. Таҳмасп болалигидан расм чизишни яхши кўрар, отаси Шоҳ Исмоил уни етти-саккиз ёшида Камолиддин Беҳзодга шогирдликка берган эди. Нигорхонанинг деворларига нақшланган расмлар орасида Таҳмаспнинг мусаффо болалик кўзи билан кўрган ов манзарасини акс эттирувчи сурати ҳам бор эди. Бугун пешин намозидан сўнг шоҳ Таҳмасп, унинг синглиси Шоҳзода Султоним, Ҳумоюн ва Ҳамида бону — тўртовлари шу Нигорхонани яна бир томоша қилгани келдилар. Уларга пешвоз чиққан санъаткорлар орасида асли термизлик бўлган Мир мусаввир ва унинг ўғли Мирсаид Али ҳам бор эди. Ҳумоюн аввал келганда улар билан узоқ суҳбатлашган, чизган суратларини кўриб, истеъдодларига қойил бўлган: «Агар тангрим бизни муродга етказса, сизларни Кобулга ёки Аграга таклиф этгаймен, борурмисизлар?» — деб сўраган эди. Шунда ҳар икки мусаввир боришга тайёр эканларини, аммо шоҳ рухсат бермаслигини айтган эдилар. Ҳумоюн шоҳдан рухсатни ўзи олмоқчи бўлган ва бунинг учун қулай фурсатни кутиб юрган эди. Бугун Ҳумоюн бошқа ноёб расмлар қатори Таҳмасп чизган ов манзараларини ҳам кўриб, ундаги бўёқларнинг тиниқлигини, тасвирлардан ёш қалбнинг соф бир ҳарорати сезилиб туришини шоҳнинг ўзига жуда ёқадиган қилиб айтди. Ҳамида бону ҳам Нигорхонадаги ажойиб расмлардан олган завқини Таҳмаспнинг ўзи чизган суратга қўшиб гапирди. Шоҳ бу мақтовлардан яйраб, эриб турганда Ҳумоюн бир четда одоб сақлаб қўл қовуштириб турган Мир Саид Алини кўрсатди-да: — Ҳазрат шаҳаншоҳ, сизнинг Нигорхонангиз бебаҳо гавҳарлар билан тўлмишдир, — деди. — Мир мусаввир асли термизлик экан. Агар изожат берсангиз, мен уни ўғли билан Кобулга олиб кецам. Токи сизнинг тарбиянгиз билан орттирган санъатларини бошқа мамлакатларга ҳам тарқацалар. Бу билан сизнинг шуҳратингиз бутун оламга ёйилажакдир. Шоҳ Мир Саид Алига қошини чимириб қаради, сўнг Ҳумоюнга юзланиб мийиғида кулди. — Бизим бу мусаввирлар гавҳар яратурлар. Ҳар бир суратини гавҳар янглиғ ўнг туман секкага[17] ҳам бермаюрлар. — Аммо биз буларнинг харажатлари учун шоҳ ҳазратларига минг туман[18] тўлашга ҳам тайёрмиз. — Яхши, сиз аввал Кобулга қайтинг, сўнгра ўйлаб кўрюрмиз, — деди Таҳмасп. Кобул йўлида ҳали қанча тўсиқлар борлиги, аввал Қандаҳорга бориб, Акбарни қутқариш кераклиги Ҳумоюннинг эсига тушди. У шу бугун шоҳ билан ўзининг орасидаги чигал тугунларни узил-кесил ечиб олмоқчи эди. Ҳумоюннинг маслаҳати билан Ҳамида бону кеча оқшом Шоҳзода Султонимга учрашган ва энди сирлиги қолмаган туморни ва ундаги Кўҳинур олмосини, ўғрилар телпагидан топилган лаълларни унга кўрсатган, сўнг бўлган воқеани бир-бир айтиб берган эди. Равшан кўка билан Xўжа Ғозилар Валидбек эшик оғасининг воситачилигида шоҳ хизматига олинганини эшитган Шоҳзода Султоним: — Ваҳ, бу хато ўлмишдир, — деб астойдил куюнди, разил ўғриларни Мирзо Ҳумоюн шоҳга айтиб жазо бердирмаганидан таажжубланди. Ҳамида бону Ҳумоюннинг меҳмонда юрганда бундай жанжаллардан андиша қилишини айтди: — Шаҳаншоҳ ҳазратлари Кўҳинур олмосини кўрмоқчи эканлар, — деди Ҳамида. — Марҳамат, қаерга десалар биз Мирзо ҳазратлари билан олиб бориб кўрсатгаймиз. Агар ёқтирсалар тақдим этгаймиз. Шу ҳақда ҳазрат оғангиз билан гапиришиб, бизга жавобини айтингиз. Шоҳзода Султоним бугун эрталаб Таҳмаспга бу гапларнинг ҳаммасини батафсил сўзлаб берди. Шундан кейин шоҳ булар билан Нигорхонада учрашадиган бўлиб одам юборди. Ҳозир бу ердаги нодир суратларни гавҳарга қиёслаб мақтаганларида Ҳамида бону қўлидаги кисага солиб юрган олтин қутичани ва ундаги Кўҳинурни маъюс бир туйғу билан кўз олдидан ўтказди. Чунки Ҳумоюн Кўҳинурни қурбон қилиб бўлса ҳам шоҳ билан орани яхшиламоқчи ва тезроқ Қандаҳорга бориб Акбарни қутқармоқчи эди. Ноёб суратларни кўриб, қалблари нафосат завқидан майинлашган ҳолда Нигорхона тўридаги муҳташам хонайи хосга кирдилар. Шоҳнинг кўнгли юмшаб турган мана шу аснода Ҳумоюн Ҳамида бонуга «олмосни беринг» дегандай ишора қилди. Ҳамида қўлидаги кисадан олтин қутичани олиб, чап қўли кўксида, эрига одоб билан узатди. Ҳумоюн қутичани очди-да: — Олампаноҳ, Кўҳинурни эслатган эдингиз, марҳамат, — деб шоҳга тутди. Таҳмасп олтин қутича ичида чиндан ҳам нур тоғига ўхшаб жилоланиб турган олмосни кўрди-да, қалбида кучли бир туйғу мавж урганини сезди. Бу — гўзаллик туйғуси эди. Таҳмаспнинг болаликдаги рассомлик истеъдоди кейинчалик ривож топмай қолган, ўнг ёшида отаси ўлиб, тож-у тахт жанжаллари бошига тушгач, интиҳосиз уруш-юрушларда қўли нафис мўйқаламни тутишдан чиқиб қолган эди. Аммо унинг ёш қалбида шоир отаси ва улуғ мусаввир Беҳзод уйғотиб кетган гўзаллик туйғуси ҳали ҳам сўнмаган эди. У ўз туғишганлари орасида энг соф ва гўзал инсон деб билган синглиси Шоҳзода Султонимни бунчалик яқин олиб юришининг боиси ҳам — дилида яшаб келаётган ўша гўзаллик туйғуси, покликка ва нафосатга бўлган ташналик эди. Ҳозир минг турли жилва билан ёниб турган Кўҳинур олмоси унга табиат яратган энг ноёб гўзалликлардан бири бўлиб кўринди. Ҳаётда кичкина бир зарраси ҳам жуда кам учрайдиган олмос софлиги ва мустаҳкамлиги Кўҳинурда тоғдай ёмби бўлиб бир жойга йиғилганлиги — табиатнинг мустасно бир мўжизаси эканини Таҳмасп юракдан ҳис қилган сари завқи ошиб борарди. Аммо у ўз завқини айтмас, Ҳумоюн билан Ҳамида бону олдида Кўҳинурни мақташдан ўзини тийиб турар эди. Чунки агар у мақтаса Ҳумоюн Кўҳинурни ҳозир унга тақдим этиши керак — иккови ҳам тан оладиган одат шу эди. Таҳмасп завқли бир ҳаяжон билан синглисига қаради: — Самойинурни вер-чи. Садаф қутичадаги Самойинур Шоҳзода Султонимда экан, уни олиб акасига берди. Таҳмасп икки олмосни икки қўлида ёнма-ён тутиб бир-бирига солиштирди. Катталик жиҳатидан Кўҳинур хиёл улканроқ. Аммо гўзалликка келганда Самойинурнинг осмон гумбазини эслатувчи шакли ва унда беҳисоб юлдузлардай чақнаб турган олмос қирраларининг жилваси Таҳмаспга яна бир бетакрор мўжизадек туюлди. Нариги икки иғвогар Кўҳинурни бундан беқиёс катта деб ёлғон гапирганларини шоҳ энди ўз кўзи билан кўриб турибди. У икки олмосни баробар тутган ҳолда: — Бу ноёб мўжизаларнинг ватани ўлмиш Ҳиндистон чиндан-да буюк мамлакатдир, — деди.— Кўҳинур... Шоҳзода Султоним акасига хавотирланиб кўз ташлади. Ҳозир у Кўҳинурни мақтай бошласа, тамом, ҳар икки олмос ҳам Таҳмаспники бўлади. Лекин мардлик ва адолатни яхши кўрадиган Шоҳзода Султоним ўз акасидан ифтихор қилишни истар, ундан олижаноб бир саховат кутар эди. Агар бусиз ҳам мусофирликда қийналиб юрган Ҳумоюн билан Ҳамида бонудан Кўҳинур ҳам олинса ноинсофлик бўлишини куюнчак қиз ич-ичидан сезиб, изтироб чекмоқда эди. Ҳозир шу топда ноинсофлик билан олижанобликнинг орасида гўё биргина қадам масофа бор. Наҳотки акаси олижанобликка томон шу биргина қадамни қўя олмаса? Синглисининг кўнглидан ўтаётган изтиробли саволни Таҳмасп унинг жавдираб турган кўзларидан сезди. Ҳумоюн билан Ҳамида эса тақдирга тан берган каби осойишта. Улар яхши истиқбол учун Кўҳинурни қурбон қилишга тайёр туришибди. Шоир отасидаги мардлик ва тантилик Таҳмаспда ҳам борлигини Ҳамида бону билан Ҳумоюн билиб қўйишлари керак! Шоҳ «Кўҳинур» деб, бир тутилиб олгач, гапни бошқа ёққа бурди: — Кўҳинур — ер остинан топилмиш бир тоғ. Бизим Албрус тизма дағи Кўҳиқафнинг[19] шимолида ер остинан чиқиб, икки бошли буюк Элбрус чўққисига айланган экан. Ривоятни билюрсиз: бу икки Элбрус орасидаги тоғлар ер остидан ўтюрмиш. Мен хаёл эдирамки[20], Ҳумоюн ҳазратларининг Ҳиндистондан кетиши, мусофиротда, қувғинда юриши — тоғнинг ер остига тушиши янгиликдир. Аммо тоғ — ер остида ҳам буюкдир. Ман буни ҳазрат Ҳумоюн овда ботирлик кўрсатганда кўрмишам. Ҳозир Кўҳинурни меним элима вериб, чох саховат кўрсатмоқчи бўлганларида мен ер остидаги тоғнинг буюклигини яна бир бор ҳис этмишам. Истарамки, шу тоғ яна ер юзига чиқсин. Ҳумоюн ҳазратлари ила Ҳамида бегим икковларининг ҳинд элидаги мартабалари яна тиклансин. Шу тилак билан Кўҳинурни ўзингизга қайтиб беражакман. Бизга Самойинурни тақдим этмишсиз. Биз буни энг юксак самовий нур ўрнида қабул қилдик. Кўҳинур эса ўзингизга ва авлодларингизга насиб эцин! Таҳмасп олтин қутичани Ҳумоюнга қайтариб бераётганда Шоҳзода Султоним акасининг бу ишидан таъсирланиб, уни елкасидан қучди-да, қулоғига шивирлади: — Жоним сизга қурбон, ҳазрат оғажон! Ҳумоюн билан Ҳамида ҳам Таҳмаспнинг шоир отаси каби ажойиб ўхшатишлар қилишга ва фалсафий фикрлар айтишга қодирлигини энди пайқадилар. Олтин қутича Ҳамида бонунинг кисасидан қайта жой олди. Таҳмасп уларни кузатиб қўяётганда, шоир отасининг Xатойи деган тахаллуси бўлганини, унинг ўзи ҳам баъзан ёмон одамларга ишониб хато қилишини, аммо бугун шу хатосини тўғрилаяжагини айтди. Ҳумоюн кетгач, Таҳмасп ўзининг Чилсутун қасрига қайтди-да, хонайи хосга Валидбекни чақиртирди. Эшик оғага бирдан ғазаб қилиб: — Сен ҳанси каззоб ўғриларни меним даргоҳима бошлаб келмишсан? — деди. Равшан кўка билан Xўжа Ғозининг ўғирлик қилганларини, аёл кишининг туморини титкилаганларини Таҳмасп аввал ҳам эшитган, аммо чандон эътибор бермаган эди. Лекин энди шоҳ уларни бу ўғирликлари ва иғвогарликлари учун шафқациз жазога буюрди. Равшан кўканинг ўғирлик қилган ўнг қўли билагидан қирқиб ташланди. Сассиқ иғволар тарқатган Xўжа Ғозининг бурни кесилди-ю, абадий манқа бўлиб қолди. * * * Энг зўр истаги — тезроқ жанубга йўл олиш, Қандаҳордаги Акбарга етишиб, ундан нари Ҳиндистонга қайтиш бўлган Ҳумоюн нуқул шу истакка қарши боришга, асл мақсадидан тобора узоқлашиб, янада шимолроққа кетишга мажбур бўлмоқда эди. Бир йилдан ортиқ олиб борилган музокаралар кеч кузда ниҳоясига етди, шоҳ Таҳмасп ўзининг тўққиз яшар ўғли Муродни, саркардаси Будағхонни ўнг икки минг аскар билан Ҳумоюнга қўшиб Қандаҳорга юборадиган бўлди. Лекин бу қўшинни ҳали бир жойга йиғиш ва Ҳумоюн раҳбарлигида ҳарбий юришга тайёрлаш керак эди. Қазвин атрофларида шоҳнинг ўз қўл остидаги ўнг беш-йигирма минг аскар бор, уларни боқишдан ташқари от-уловларини ем-хашак билан таъминлаш осон эмас, куз тугаб, қиш яқинлашмоқда. Қиш ўчоғи эса тор. Шу сабабларга кўра Ҳумоюн ва унинг одамлари шоҳ вакили Будағхон билан бирга Қазвиндан шимолдаги кенг жойларга — ҳазар денгизи бўйларига бориб қўшин тўплаши, сўнг ўша ёқларда Қандаҳор юришига тайёрлик кўриши мақсадга мувофиқ топилди. Улар Элбрус тоғидан ва Мозандарон ўрмонларидан ўтиб, денгиз бўйларига келгунларича совуқ тушиб қолди. Ҳамида бону Қандаҳорда кийган иссиқ самур пўстинни яна сандиқдан олди. У ҳам Ҳумоюн ҳам денгизни умрларида биринчи марта кўрмоқда эдилар. Қирғоққа муттасил урилиб турган долға тўлқинлар қаттиқ шамол турганда атрофга сув зарраларини учирарди. Ҳумоюн денгиз билан ўрмон оралиғидаги кенг бир саҳнни қароргоҳ учун танлади-да, чодир ва ўтовлар ўрнатилгунча Ҳамида бонуни кемага солиб, денгизда сайр қилдирди. Ҳавонинг қовоғи солиқ, денгиз нотинч, катта-катта тўлқинлар маст туядай кўпириб, кемани у ёқдан бу ёққа улоқтирар эди. Қирғоқдан узоқлашганлари сари тўлқинлар йириклашиб борар, уч томон кўз илғамас кенглик, ҳаммаси ҳаракатланиб кўпириб ётган сув. Ҳумоюн денгизнинг шимол четига етгунча кема салкам бир ой сузиши кераклигини, шу бир ойлик йўлнинг ҳаммаси яхлит, интиҳосиз сув эканини айтганда Ҳамиданинг ваҳми келди. Кеманинг чайқалиши ҳам кучайиб кетгандан сўнг унинг боши айлана бошлади. Ҳозир яна унинг бўйида бўлган, уч ойдан сўнг янги фарзанд туғилиши керак. Лекин мусофирликда оғир руҳий азоблар ичида мудом Акбардан хавотир бўлиб яшаётган Ҳамида бону ўзини жуда нохуш ва беҳол сезар, иккинчи бола касалманд туғилмаса деб қўрқарди. Ҳумоюнда ҳам Синд бўйларида Акбар пайдо бўлган пайтлардаги ички кўтаринкилик йўқ, у Қазвиндаги мураккаб ва муте ҳаётнинг руҳий қийноқларини бирпасга унутгиси келиб гоҳо афюн истеъмол қиларди. Ҳамида унинг афён кайфидан ўзини қушдай енгил сезиб, хандон уриб кулган пайтларини, эртасига эса ланж бўлиб, бўшашиб ўлтирганларини кўрар, «Шундай кунларда бўлган боланинг умри қандай кечаркин?» деб баттар безовталанарди. У Ҳумоюндан илтимослар қилиб, афюнни иккинчи истеъмол қилмасликка сўз оларди. Лекин орадан ўн беш-йигирма кун ўтиб Ҳумоюннинг бошига яна биронта чигал ва мураккаб мушкулот тушар, кечалари ухлай олмай қийналар, ахири ҳакимидан мошдай қора афюн сўраб олиб, уни гулобга қўшиб, эзиб ичар ва шу билан хиёл тинчир эди. Денгизда нохуш чайқалиб бораётган кема бунинг ҳаммасини Ҳамиданинг ёдига туширди-ю, боши баттар айланиб, пешонасидан совуқ тер чиқди. Ҳумоюн унинг ранги оқариб кетганини кўрди ва кемани қирғоққа қайтаришни буюрди. Қирғоқдан анча наридаги қароргоҳда аёллар учун шамолпана жойга катта саропарда ўрнатилган, унинг ичига чодирлар тикилган эди. Денгиз сайридан беҳол бўлиб қайтган Ҳамида бонуни канизи тўрдаги ўтовга олиб кириб анор шарбати ичирди ва иссиқ жой қилиб ётқизди. Ҳумоюн атроф яхши кўринадиган баланд бир жойга саккиз бурчакли оқ ўтов тикдириб, уни ўзига қабулхона — боргоҳ қилган эди. У кема сайридан шу ўтовга қайтганда Байрамхон барра пўстин ва қулоқчин кийган қўнғир соқолли бир кишини унинг олдига бошлаб келди. — Ҳазратим, — деди Байрамхон, — Аграда сизга қарчиғай совға қилган московиялик меҳмон ёдингиздами? Ҳумоюн бундан беш йил олдин кўрган Матвей Калитинни дарров таниди ва саломлашиб, боргоҳга таклиф қилди. Матвей Семёновичнинг ёнида ўн саккиз ёшлардаги барваста йигит ҳам бор эди. — Ўғлим Аким! — деб уни Ҳумоюнга таништирди. Ота-бола иккови ҳам мезбоннинг ҳурмати учун бошларидан қулоқчинларини олдилар. Уларнинг гардиш қилиб кесилган ўсиқ қўнғир сочлари бир-бирлариникига жуда ўхшар, фақат Матвейнинг сочларида оқи кўпайиб қолган эди. — Сизни бу жойларга қандай шамол учирмиш? — сўради Ҳумоюн. — Каспий шамоли! — деб Матвей денгиз томонни кўрсатди. У Ҳазар денгизини Каспий деб ўрганган эди. — Бу денгизни шимол томонида бизнинг ватанимиз Россия бор. Аградан ҳазрат отангиз Москвага элчи қилиб юборган Xўжа Ҳусайнни бизнинг одамлар ҳалигача Бобурин деб атаб, эслаб юрадилар. У яшаган хутор каттагина қишлоққа айланиб бабурино номини олган. Бу ерда Xўжа Ҳусайн кўринмайдир. Боши омонми? Ҳумоюн оғир уҳ тортди: — Xўжа Ҳусайн бошқа кўп жасур кишиларимиз қатори Шерхон билан бўлган жангларда тангри раҳматига борди... Матвей Семёновичнинг овози мусибатдан титраб: — Царство ему небесное[21]! — деди-да, бир чўқиниб қўйди. Оғир хўрсиниб, Xўжа Ҳусайндан кўрган яхшиликларини эслаб кетди: — Ўшанда мени зиндондан чиқариб ўйига олиб борди, парваришлаб дармонга киргизди! «Шерхон бостириб келмасдан тезроқ жўнанг» деб, барча кам-у кўстимни тўғрилаб, ватанимга кузатиб қўйган эди. Матвей Семёнович Москвага қайтиб боргунча яна кўп хавф-хатарлар ва машаққатларни бошдан кечирди. Лекин у Xўжа Ҳусайн ёрдамида Ҳиндистондан олиб кетган парчалар, нодир матолар, марваридлар, мушк-у анбарларни Москва зодагонлари катта пулларга сотиб олишди. Матвей Семёнович белини анча бақувват қилгач, Новгороддан бутун бир кемани ўнтача одами билан уч ойга ёллади-ю, унга Каспийнинг жанубий қирғоғида яхши қадрланадиган мўйналар, асаллар, зиғирпоядан тўқилган чиройли матоларни ортиб Мозандаронга келди. Бу ердан эса ипак ва ип газламалар, майиз, қанд, новвот каби Московияда тансиқ бўлган ширинликлар олиб кетмоқчи. — Московияга ҳозир ким подшо? — деб сўради ундан Ҳумоюн. — Иван Тўртинчи[22]. Сизнинг отангиздан элчи бўлиб борган Xўжа Ҳусайн унинг отаси Василий Учинчи билан учрашган эди. У вафот этди. — Подшоларинг биз томонларга элчи юбормоқчи эмасмикин? Матвей Семёнович бош чайқади: — Подшомиз ҳали ёш, энди ўнг тўртга кирди. Ҳозир мамлакат ичидаги ташвишлар ҳам унга етиб ортади. — Қандай ташвиш? — Тарқоқ вилоятларни Москва атрофига бирлаштириш осонми! Боярлар ҳаммаси ўзича бир подшо бўлгиси келгай. Лекин Иван Тўртинчи ёш бўлса ҳам қаҳри ёмон деб эшитдим! Итоат этмаганларни аямай қийратар эмиш. Бошқалари буни кўриб, ёш подшонинг олдида титраб турармиш. Ҳозир бизнинг мамлакат Московия эмас, кўп вилоятлар бирлашиб, Россия номини олди. — Сизларда ҳам ички парокандалигу вилоятларни бир марказ атрофига бирлаштириш муаммоси бор экан-да, — деди Ҳумоюн таассуф билан. — Аммо бизда тамға солиғи йўқ, — деди Матвей. — Лекин бу ерда тамға солиғи жуда баланд экан. — Қанча? — Мусулмон бўлсангиз сотган молларингизнинг йигирмадан бирини олурлар. Бизга ўхшаган бошқа диндагилар молининг ўндан бирини тамға солиғига тўлашга мажбур. Шоҳ Таҳмасп сизни жуда ҳурмат қилурлар, деб эшитдим. Бир оғиз айцангиз, ҳазратим, бизни шу солиқдан озод эцалар. Ҳумоюн ўйланиб қолди. Матвей Калитин унинг олдига бир чеккаси шу адолациз солиқдан ҳимоя истаб келган эди. — Жаноб Матвей, бу ерда биз ҳам сиз каби мусофирмиз. Шоҳнинг ички ишларига аралашолмасмиз. Агар Ҳиндистон бизга насиб эца, яна боринг, ўшанда бажонидил... — Тақдир сизни қўлласину яхши ниятингизга тезроқ етинг, Мирзо ҳазратлари. Аммо Матвей Калитин Ҳиндистонга қайтиб боролмаса керак. — Нечун? — Ёш кетиб қолди. Мана, соч-соқоллар оқарди. Икки орадаги йўл азобларига энди соғлиғим бардош беролмагай. Аммо Ҳиндистонда кўрган ажойиботларимни, сиз билан Xўжа Ҳусайн қилган одамгарчиликларни умрбод унутмасмен. Агар сиз бўлмасангиз, жоҳил Саид Xалил мени зиндонда чиритиб юборган бўларди. Бунинг ҳаммасини мана бу ёшларга, — деб Матвей Семёнович ўғли Акимга ишора қилди,— сўзлаб тамом қилолмасмен. Истайменки, икки орада борди-келди бўлиб турсин. Мен бўлмасам, ўғлим келгусида Ҳиндистонга сизни сўроқлаб боргай. Шунинг учун форсий, туркий тилларни ўрганмоқда. Ҳумоюн Акимга қизиқиб бир кўз ташлаб олди. У ички бозорларда харидорларни алдаб бой бўладиган савдогарларни ёмон кўрарди. Аммо карвонлар ва кемаларда узоқ йўлларнинг юз хил машаққатларини енгиб, қитъадан қитъага нодир буюмлар билан бирга кўп янгиликларни ҳам олиб борадиган Матвей Калитинга ўхшаш тижорат кишиларини ҳурмат қиларди. Шунинг учун у адолат истаб келган Матвейга қўлидан келган ёрдамни бергиси келди. Матвей Аграга совға қилиб элтган иссиқ самур пўстин бултур Қандаҳор совуқларида Ҳамидага жуда асқатгани, қорли Элбрус тоғидан ҳам бегим шу пўстинга ўраниб ўтганини эслади. Ҳумоюн қўйин чўнтагидан ичи қат-қат қилиб тикилган чарм халтача олди. Xалтачанинг бир қатида иккита ёқут турган эди. Шуларнинг йирикроғини кафтига қўйди-да, Матвей Семёновичга узатди. — Олинг, мендан эсдалик. Балки тамға солиғининг ҳиссаси шу ёқутдан чиқар. Матвей Семёнович ял-ял ёнаётган қип-қизил, йирик ёқутни таъзим билан олар экан, унинг қиймати жуда баланд эканини сезди. Нафақат тамға солиғининг ҳиссаси, балки ўзи кемага ортиб келган барча молларининг берадиган фойдасидан ҳам бу ёқутнинг нархи баландроқ эканини унинг тажрибали кўзлари дарҳол пайқади. — Бу совғангиз мен учун бебаҳодир, — деди у Ҳумоюнга. — Мен буни авлоддан-авлодга мерос қилиб қолдиргайман. Мана, ўғлим, Аким ҳам, унинг фарзандлари ҳам буни бизга ким инъом қилганини эслаб юрсинлар. Ҳумоюн бу гапларни маъқул кўриб, бош ирғади: — Жаноб Матвей, фарангистонлик Пакавир Шерхон томонига ўтиб,бизга тўғаноқ берганда, сиз холис туриб бизга кўмак берган эдингиз. Менинг эзгу тилагим шулки, сиз мансуб бўлган халқ билан бизнинг элимиз ораси ҳамиша шу ёқутдай беғубор турсин. Муносабатларимиз доим лаълнинг қирмизи чўғидек ёниб турсин! Улар қадрдонлардек илиқ хайрлашдилар. Ота-бола денгиз бўйидаги кемаларига томон қайтар эканлар, Ҳазар денгизининг қишки совуқ тўлқинлари уларнинг бошлари оша кўкка сапчигудай кўринар ва жўшиб, кўпириб ётарди. Ҳумоюн кемада бирпас сайр қилиб, бу тўлқинлар орасида қандай беҳаловат бўлганини эслади. Шимолдан келган азамат ота-бола ҳафталар, ойлар давомида гоҳ хатарли тўфонлар, гоҳ денгиз қароқчилари билан олишиб, серғазаб Ҳазар денгизининг бу бошидан нариги бошига сузиб ўтишлари учун қанчалик куч ва журъат кераклигини ўйлади-ю, уларга ич-ичидан қойил бўлиб қўйди. * * * Икки орада шиа-сунний жанжаллари чиқмасин учун Будағхон бошлиқ қизилбош аскарлари алоҳида қароргоҳга тўпланмоқда эди. Ҳумоюннинг қароргоҳидаги қўшин ҳам кун сайин кўпайиб борарди. Байрамхон Ҳазар бўйидаги сунний мазҳаблик туркман қабилаларидан беш-олти юз бек-у навкарни Ҳумоюн хизматига тортди. Шу орада Турдибек Туркистоний Xуросонга бориб Ҳумоюнга яна бир талай тарафдорлар топиб келди. — Ҳазратим, ҳатто ўзбекнинг машҳур Шайбон уруғидан бўлган Алиқулихон номли бек ҳам иниси билан сизга анча мойил, — деди Турдибек. — Ўзи билан сўзлашмоқчи бўлсангиз, одам юборай, қабулингизга келсин. — Шайбон уруғидан бўлса, Xуросонда не қилур?— таажжубланиб сўради Ҳумоюн. — Уларни Бухородаги уруғдошлари сиғдирмагандан кейин, Xуросоннинг Жом шаҳрига келиб қолган экан. Турондаги шайбонийзодаларга адоватлари чексиз. Сизнинг Самарқанд-у Бухорони улардан тортиб олишингизни истайдир. «Агар Мовароуннаҳрга қайтмоқчи бўлсалар, биз хизматларига киргаймиз», дейдир. Ҳумоюн ўйланиб қолди. Ҳиндистонда Шерхоннинг ҳокимияти тобора мустаҳкам бўлиб бормоқда. Панжоб ва Аградан маълумот юбориб турган хуфиялар Шерхоннинг қўшини юз йигирма мингга етиб, ҳеч ким бас келолмайдиган қудратга эга бўлганини хабар қилдилар. Мовароуннаҳрда эса шайбонийзодаларнинг ҳокимияти парча-парча бўлиб заифлашиб бормоқда. Самарқанд Бухоро хонига итоат этмайди. Фарғона водийсида мустақил хонлик пайдо бўлмоқда. Тошкент ҳам Бухоро хонлигидан ажралиб чиққан. Ҳаммаси бир-бири билан қирпичоқ бўлиб урушмоқда. Илм-у санъат орқага кетган. Жоҳил шайбонийзодалар ҳатто Навоийни «Темурийлар шоири» деб айблаб, шеърларини тақиқ этганлар. Қадимий маданият марказлари бўлган Эрон-у Xуросон билан алоқа узилган, шиа-сунний адовати авжида. Ҳумоюн уч ёшида Самарқандга бир мартагина борган, Тошкент ва Фарғонани умрида кўрмаган. Лекин ота-боболарининг ватани уни ўзига тортади. У Қандаҳор ва Кобулни қайтариб олгани билан Шерхон ҳали-бери уни Ҳиндистонга йўлатмаслиги мумкин. Балки Кобул эгаллангандан сўнг Ҳумоюн ота юртига қайтар? Шу ўй билан у Алиқулихонни ўз ҳузурига таклиф қилди. Ўттиз беш ёшлардаги, қисиқ кўзли, барваста Алиқулихон ўзига ўхшаб кетадиган ўттиз ёшлардаги укаси Баҳодирхонни ҳам бошлаб келди. Ака-ука иккови ҳам Навоий ва Бобур шеърларидан юзлаб сатр ёд билар эканлар. Алиқулихон Султон тахаллуси билан, Баҳодирхон эса Ғазали номи билан шеър ёзар эканлар. Суҳбат давомида буни билгани сари, Ҳумоюннинг уларга қизиқиши ортиб борди. — Ҳазратим, мен Шайбон улусидан бўлсам ҳам руҳан Шайбонийхонга эмас, сизнинг шоир отангизга кўпроқ яқинлик сезурмен, — деди Алиқулихон. — Мирзо Бобур учун ватандан айрилиш қандай оғир кўргилик бўлса, Мовароуннаҳрдан Бобурнинг кетиб қолиши биз учун ҳам улкан йўқотишдир. У кишининг ортларидан қанча истеъдодли, фозил кишилар ватандан кетдилар. Мовароуннаҳр шу туфайли ҳам маънавий инқирозга учради. Отангиз-ку, қайтиб келолмадилар. Балки энди сиз ўша фозиллар-у истеъдодларни Мовароуннаҳрга яна қайтариб олиб борурсиз? Шу билан ватанимизнинг Улуғбеклар-у Навоийлар давридаги маънавий юксалишлари янгидан бошланса... Орзуимиз ана шу! — Мен учун ҳам бу — улуғ бир орзудир! — деди Ҳумоюн. Алиқулихон ва Баҳодирхонларга яна Искандархон номли тошкентлик бек ҳам қўшилди. Бу учовининг икки мингдан ортиқ навкари бор эди, ҳаммаси бирлашиб, Қандаҳорни қайтиб олишда Ҳумоюнга кўмак берадиган бўлдилар. Ҳазар бўйида тайёрланаётган бу ҳарбий юриш қанча сир тутилса ҳам, хуфиялар унинг дарагини аллақачон Комрон билан Аскарийнинг қулоғига етказган эдилар. Аскарий Ҳумоюн билан шоҳ Таҳмаспнинг бирлашган қўшинига бас келолмаслигини билиб, Комрондан ёрдам сўради. Бироқ Комрон Кобулни ҳимоясиз ташлаб кетолмаслигини айтиб инисига мактуб ёзди. «Акбарни энагалари билан дарҳол Кобулга жўнатинг! — деб буюрди Аскарийга. — Акбар— Ҳумоюннинг жони. Агар оғамиз Қандаҳорда сизни қизилбошларга қурбон қилмоқчи бўлса, Кобулда ёлғиз ўғли ҳам тирик қолмағай. Биз буни унга маълум қилгаймиз». Итоатга ўрганган Аскарий кечаси эл ухлаганда Моҳим биби ва Жажжи энагаларни оёққа тургизди. Уларнинг Акбардан ташқари ўз фарзандлари ҳам бор, Адҳам ва Азиз кўкалар ҳам ҳали уч ёшга кирмаган мурғак болалар. Уч бола бевақт уйғотилганидан ғашлик қилиб йиғлайди. Моҳим энага Аскарийнинг оёғига йиқилиб: — Болаларга раҳм қилинг, қиш чилласида ҳайф бўлишмасин! — дейди. Жажжи энага Аскарийнинг хотини Салтанат бегимга ялинади. Лекин Аскарий Комроннинг буйруғини бажармай иложи йўқлигини айтади. — Ахир бу болалар от минолмаса! — деб куюнади Моҳим энага. — Тойғоқ йўлларда буларни ўнгариб юриб бўлмаса! Кобул бир ҳафталик йўл! Қандоқ етказиб боргаймиз? Салтанат Аскарий билан гаплашиб, туяларга атрофи иссиқ кигизлар билан ўралган кажавалар ўрнатишни буюрди. Болаларни иссиқ кийинтириб, оналари билан шу кажаваларга ўтқазишди. Йиғлаб-сиқтаб Қандаҳордан тун ярмида йўлга чиқдилар. Эртаси куни оқшом бир қишлоқда тунашга тўхтаганларида Ҳумоюннинг шу атрофларда яшириниб юрган хуфияси Йўлчибек Моҳим энага билан учрашди. Кечаси болалар ухлаганда Моҳим энага Ҳамида бонунинг номига мактуб ёзди. — Бегим қаерда бўлсалар ҳам, шу мактубни етказиб беринг, — деб Йўлчибекдан илтимос қилди. Йўлчибек мактубни қиш чилласида узоқлардан Ҳазар бўйига етказиб келди. У бевосита Ҳамида бонуга мурожаат қилишдан ийманиб, аввал Ҳумоюннинг ўзига учрашди-ю, эшитган-билган воқеаларини бир-бир айтиб берди. Ҳумоюн Қандаҳордан Кобулга борадиган паст-баланд йўллардан қишда ўтиш қанчалик машаққатли бўлишини биларди. Энагалар учта ёш болани бу йўллардан азоб-уқубат билан олиб ўтиб Кобулга борганларида уларни ким кутиб олади? Ҳумоюн энг аввал ўзининг ашаддий душманлари бўлган Саид Xалил, Қорачахон ва Афзалбекларни кўз олдига келтирди. Бу ёвуз одамлар унинг мурғак ўғилчасига ҳар қандай ёмонликни қилишдан тап тортмайди. Ҳумоюн шуни ўйлаганда, эртагаёқ Кобулга қўшин тортгиси келди. Лекин қишда Кобулга фақат Қандаҳор томондан ўтиш мумкин. Шоҳ билан тузилган шартнома бўйича ҳам у аввал Қандаҳорга юриш қилиши шарт. Ҳумоюн бу юришни хутнинг ўрталарида бошлашга қарор берди. У Ҳамидани ҳам йўлга тайёрлаши керак эди. Саропардага боришдан олдин хиргоҳда ёлғиз қолиб, Моҳим энагадан Йўлчибек келтирган мактубни қўлида бирпас айлантириб кўрди. Буни Ҳамидага бериб бўлармикин? Балки ичида Ҳумоюн ҳам билиши керак бўлган зарур гапи бордир? Ахийри сабри чидамай мактубни очди. Ақлли Моҳим, воқеанинг энг ёмон тафсилотларини Йўлчибекдан оғзаки айтиб юборган, мактубга эса иложи борича таскин берадиган гапларни ёзган. «Тангрига шукурки, Акбаржон кўкалдошлари орасида энг соғломи, Xудо уни анча-мунча касалликларга ва машаққатларга бўй бермайдиган бақувват бола қилиб яратган экан. Қаттиқ совуқларда ҳам икки юзи қип-қизил бўлиб юрибдилар. Аммо дили жуда сезгир, атрофида ёмон одам пайдо бўлса ўзидан ўзи безовталанур. Йўлда чарчадик, кечаси тўхтаган жойимизда чироқни ўчириб ухлашга ётдик. Лекин Акбар ҳеч ухламади, ғашлик қилиб йиғлайверди. Совқотдимикан деб қарасам, йўқ, юзлари, қўл-оёқлари илиқ, нуқул йиғлайдир. «Ёйиқ, ёйиқ», — дейдир. Сўзига тушунмай ҳайрон бўлдим. Кейин билсам, «ёруғ» дегани экан, «ре»га тили келишмай чироғни сўраган экан. Чироғни қайта ёқиб қўйган эдим, тинчиб ухлаб қолди. Мен ҳозир шу қора чироғ ёруғида мактуб ёзмоқдамен. Атрофимизда Комроннинг ёвуз одамлари юрганини бола ҳам сезгани учун менинг юрагим таҳликада. Лекин сиз шунга ишонингки, мен тирик бўлсам, Акбарни жон ўрнида асрагаймен. Кобулда Xонзода бегим билан Гулбадан бегим борлар. Эсон-омон этиб борсак, мен улардан албатта ҳимоя сўрагаймен. Лекин сиз ҳам иложи борича тез етиб келинг, бутун нажотни биз ҳазратим икковингиздан кутгаймиз». Ҳумоюн мактубни Ҳамидага ҳозирча кўрсатмади. Фақат Қандаҳордан Йўлчибек келганини ва «Акбар кўкалдошлари орасида энг соғломи», деб мақтаганини айтиб берди. — Синд бўйида бизнинг оловли муҳаббатимиздан пайдо бўлган бола, худо хоҳласа, барча мушкулотларга бардош бергай! — деб Ҳамидага тасалли берди. Доим ўғлига илҳақ бўлиб яшайдиган Ҳамида бону оғироёқ бўлса ҳам тезроқ Акбарга етиб боришни истарди. Шунинг учун Ҳумоюннинг: — Бир ой ичида йўлга чиқгаймиз, тайёрлик кўринг, — деган гапини қувониб қарши олди. Ҳумоюн хутнинг ўрталарида Элбрус тоғини шарқий томондан айланиб ўтиб, Xуросон орқали Қандаҳорга йўл олди. Қаланжар: Қасосли Дунё Худди ўша милодий 1545-йилнинг қишида Шерхон Ганганинг жанубидаги Қаланжар қалъасига ҳужум бошлади. Ҳазар денгизи бўйидан жанубга қараб келаётган Ҳумоюн билан Қаланжар орасида минглаб чақирим масофа бор. Аммо Шерхоннинг атроф мамлакатлардан маълумот юбориб турган хуфиялари Ҳумоюннинг тарафдорлари кўпайиб бораётганини, шоҳ Таҳмасп берган ўнг икки минг аскардан ташқари яна бир неча минг ўзбек, туркман жангчилари унинг қўшини сафида келаётганини хабар қ илдилар. Шерхоннинг бир юз-у қирқ минг олтиғ-у пиёда қўшини, беш минг жанговар фили бор. Лекин Қандаҳорга яқин бўлган Синд ва Умарқутда Шерхонга бўйсунмасдан, Ҳумоюннинг қайтишига кўз тикиб турганлар кўп. Шимоли шарқдаги Кашмир вилоятида эса Ҳумоюннинг тоға авлодидан бўлмиш Мирзо Ҳайдар ҳукмронлик қилмоқда. Илож топилса у ҳам Ҳумоюнга ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Шерхон Қаланжар қалъасини эгалласа, кейин Панжобга келиб, Кашмирдан Ҳумоюн томонга чўзилиши мумкин бўлган ёрдам қўлини бутунлай кесади. Ана ундан кейин Шерхон бор кучини тўплаб, Синд ва Умарқутдаги душманларининг додини беради. У ўзидан олдин ҳеч бир подшо ўтказмаган катта ҳарбий ва молиявий ислоҳотларни бекорга ўтказаётгани йўқ. Шерхон бу мамлакатни қийнаб юрган ҳинд-мусулмон диний низоларига чек қўймоқчи, ўзининг «Шершоҳи Одил» деган номини оқлайдиган улуғ ишлар қилиб, янги сулолага асос солмоқчи. Шунинг учун «ғайридин» деган тушунчаларга қарши бориб, давлат маҳкамаларига ҳам, ўз аскарлари сафига ҳам минг-минглаб ҳиндларни қабул қилди. Барча шаҳар-у қишлоқларда ҳисоб-китоб ишларини тартибга солувчи ва амалдорлар устидан қаттиқ назорат ўрнатиб, порахўрларнинг жазосини берувчи марказий маҳкамага ҳинд ражпутлари орасидан чиққан тадбиркор Тодар Мални бошлиқ қилиб қўйди. Қаланжардаги ражпутлар Кират Синх бошчилигида қалъани маҳкам бекитиб, Шерхонга дарвоза очмаганларидан сўнг, у мана шу Тодар Мални орага қўйиб, қўрғондагиларни муросага чақириб кўрди. Қаршилик қилиш фойдасиз эканини, Шерхон Қаланжардан зўрроқ ражпут қўрғонларини забт этганини Тодар Мал қўрғон ҳимоячиларига куйиб-пишиб тушунтирди. Агар Қаланжар ҳимоячилари омон қолишни истасалар жангни тўхтатиб, Шерхон билан сулҳ тузсинлар. Шундан кейин Шерхон уларни авф-у этади, мол-у жонларига тегмайди. Қаланжар рожалари ва обрўли ражпутларига Деҳли атрофларидан яхши жогирлар беради. Аммо Қаланжар қалъаси жуда мустаҳкам, унда ичадиган сув ҳам, захира ҳам етарли эди. Шерхоннинг аввалги хийла-ю найрангларидан жабр кўрган читорлик, райзинлик ва биканурлик рожалар Қаланжар ҳокими Кират Синх атрофида жипслашган эди. Тодар Мал Шерхоннинг хайрли ишлари ҳам кўплигини айта бошлаган эди, Кират Синх унинг сўзини кесди: — Шерхон Райзин қалъасида сулҳ тузиб, Пуран Мални ўлдирганига не дейсан? Биз, ражпутлар, мард, содда одамлармиз. Шерхон рожа Мал Девага ўзини дўст кўрсатиб, хатлар ёзган эди, охирида уни не кўйга солди? Тодар Мал бу саволларга жавоб тополмай тутилиб қолди. Шерхон Ражпутана ҳокими рожа Мал Девага қарши қандай макр-у ҳийлалар ишлатгани унинг ҳам эсига туша бошлади. Мал Дева машҳур саркарда Рана Санграм Синхнинг ўғли эди. У Ражпут вилоятларини бирлаштириб, Шерхонникидан ҳам улканроқ ва кучлироқ қўшин тўплаган эди. Жоудҳпурдан шарқдаги илк тўқнашувларда Шерхон бу зўр қўшинга бас келолмай икки ой йўлида тўхтаб қолди. Ана шу ойлар ичида у ёв қўшини орасига кириб олган ўз махфий одамларини ишга солди. Мал Деванинг қаттиққўллигидан, ҳадикчилигидан норози бўлиб юрган Биканир, Нагор рожалари бор эди. Xуфиялар Шерхонга уларнинг номларини билиб бердилар. Шерхон худди Деҳлидаги Амир Баҳлулга ёзган мактубига ўхшатиб, Мал Деванинг қўл остидаги саркардалардан Бирам Дев, Роа Калянларнинг номига махфий хат ёзиб юборади. Бу хатда Шерхон Мал Девадан норози бўлиб юрган бошқа уч-тўртта ражпут саркардаларининг номини ҳам илиқ сўзлар билан тилга олади. Бу рожалар Шерхонга ҳеч қандай мактуб юбормаган бўлсалар ҳам, Шерхон гўё улардан яширин мактуб олган-у, энди шунга жавоб бераётган киши бўлиб ёзади: «Мал Дева нечоғлиқ золим ва қобилияциз ҳукмдор эканлиги махфий мактубларингизда келтирилган тафсилотлардан бизга аён бўлди. Иншоолло, унинг иллатлари ўзининг бошига еткусидир. Бизга хайрихоҳ бўлган бошқа ражпут саркардаларга ҳам қароримизни маълум қилинг. Биз зинҳор дин-у миллат айирмагаймиз. Сизлар билан биргаликда улуғ Ашока[23] давридагидек ягона ва қудратли ҳинд далватини барпо этмоқчимиз. Биз Мал Девани юзма-юз жангда ҳам енгишга қодирмиз. Аммо ортиқча қон тўкилмаслиги учун сизлар кўплашиб Мал Девани тутиб беринглар. Шундан сўнг ҳар бирингиз бизнинг энг улкан иноятларимизга сазовор бўлурсиз ва тилаган вилоятингизга ҳоким эталажаксиз». Шерхоннинг ўз қўли билан ёзилган ва унинг ҳақиқий муҳри босилган бу мактубни Мал Деванинг махсус одамлари жосуснинг чўнтагидан топиб олишади. Бирам Девнинг яқин одами бўлган бу «жосус» аслида мактубнинг ўз чўнтагига қандай кириб қолганини мутлақо билмайди. Шерхоннинг хуфиялари бу ишни худди Аградаги каби усталик билан яшириқча қиладилар. Аммо хиёнатни кўп кўриб, ҳадикчи бўлиб қолган рожа Мал Дева бечора «жосус»нинг «мактубни чўнтагимга ким солиб кетганини билмайман», деган гапларига мутлақо ишонмайди. У Шерхон билан бир неча марта хат ёзишган эди. Ўша хатларни ҳозиргисига солиштириб кўриб, мактубни Шерхоннинг ўзи ёзганига ва ҳақиқий муҳрини босганига амин бўлгач, «жосус»нинг бошини кесдирди. Шерхоннинг мактубида номи кўрсатилган «хоин» саркардаларга қўшиннинг ярмидан кўпи итоат этади. Агар Мал Дева уларни туттираман деса ички уруш бошланиб кетиши мумкин. Бироқ Мал Дева Шерхон билан тил бириктирган саркардалар орасида қолса хиёнатнинг қурбони бўлиши ҳеч гап эмас. Унинг ҳадикчилиги ғолиб келади-ю, ўзига содиқ эллик минг одамни бир кечада қароргоҳдан кўчиради, Ражпутана юртининг пойтахти Жаудҳпурни ташлаб, Сивана деган жойга чекинади. Шу тарзда бир-бирига ишончини йўқотиб пароканда бўлган ражпут саркардаларини Шерхон битта-битта енгиб, бартараф қилади. Уларнинг тирик қолганлари Қаланжарга келиб жон сақлайдилар. — Энди у ҳодисалар такрор бўлмагай, Шершоҳи одил ҳозир ўз номларига муносиб адолатли йўл тутмоқчилар, сулҳ тузайлик! — деб, Тодал Мал Қаланжар ҳокими Кират Синхдан қайта-қайта илтимос қилди. Аммо Кират Синх уни уришиб ташлади: — Сен бизни Шерхонга тутиб бермоқчисан! Жўна бу ердан! Ҳақиқий ражпут ҳийлаи найрангларнинг қурбони бўлгандан кўра, қўлда қилич билан жанг майдонида ҳалок бўлишни афзал кўргай! Тодар Малнинг воситачилигидан натижа чиқмагач, Шерхон қалъанинг тагини кавлашни ва девори остига борут қўйиб портлатишни буюрди. Ўн минглаб одамлар, от-уловлар, филлар Қаланжар қўрғони атрофида ойлар давомида тинимсиз ишлатилди, уларнинг оёқлари остида буталар, ўт-ўланлар эзилиб йўқ бўлди, ерлар титкиланиб, шудгорга айланиб кетди. Бироқ қўрғон улкан қоятошлар устига қурилгани учун қилт этмай тураверди. Унинг девори тагидан лаҳим кавлашга ҳам илож бўлмади. Қўрғон ичида булоқлар бор, ҳимоячилар учун сув етарли. Тик қоятош устидан ўтган баланд деворларга нарвон ҳам қўйиб бўлмайди. Пастдан отилган тўп ўқи юқорига чиқиб боргунча кучини йўқотади-ю, метин деворларни тешиб ўтолмайди. Шу тарзда қамал жуда узоққа чўзилди. Ҳут ойидаёқ бошланган ҳинд иссиқлари ҳамалда муттасил кўтарилиб бориб, саврнинг ўрталарида чидаб бўлмас даражага етди. Ёмғир фасли олдидан қўзғаладиган тўполон шамоллар қўшиннинг оёғи остида титкиланиб ётган сувсиз ёнбағирлардан чанг-тўзон кўтара бошлади. Иссиқ ва дим ҳавода қўрғон атрофидаги қоятошлар чўғдай қизиб кетди. Ёши олтмишдан ошган Шерхон бу иссиқдан ва чанг-тўзондан бўғилиб, нафас олиши оғирлаша бошлади. Шу орада карвон билан Қандаҳорга савдогар қиёфасида юборилган хуфия Шерхон учун нохуш хабарлар келтирди. Ҳумоюн қалъани қирқ кун қамал қилгандан сўнг иниси Аскарий ичкаридан чиқиб, унга таслим бўлибди. Ҳумоюн энди Кобулга кўз тикаётган эмиш. Агар Комрон ҳам шундай тез таслим бўлса, Шерхонга шимолдан келадиган хавф анча кучайиши аниқ. Шерхон Комроннинг ёнида юрадиган ишончли кишиси Саид Xалилни эслади. Анчадан бери уни йўқламаган эди. Эртаси куни битта ишончли одамини нодир совғалар билан Кобулга, Саид Xалилнинг олдига юборди. Яширин мактубда Комроннинг Ҳумоюн билан ярашишига зинҳор йўл қўймасликни топширди, бунинг учун қандай кўмак зарур бўлса юбориб туришни ваъда қилди. Шерхоннинг ҳозирги зўр истаги — Қаланжар қамалини тезроқ тугатиш эди. Шундай қудратли қўшин билан беш ойдан бери битта қалъани ололмаётгани унинг саркардалик номи учун ҳам яхши эмас. У ўз қўшинидаги ҳиндлар орасида обрўли рожа ҳисобланган Браҳмажит Гаурни эрталаб хос чодирига чақиртирди. Уни тикка турғизиб қўйиб койишга тушди: — Сиз нуқул ражпутларингизни мақтар эдингиз, «яхшиликни биладиган танти элмиз», дер эдингиз, қани ўша тантилик? Юзлари офтобда кўмирдай қорайиб кетган, калта соқолига, қоши ва мўйловига чанг ўтириб, кулранг тусга кирган қирқ беш яшар Браҳмажит Гаур таъзимга бош эгди: — Менинг ражпутларимдан не гуноҳ ўтган бўлса айтинг, олампаноҳ, дарҳол жазосини берурмен! Аммо Шерхон дилида тўпланиб қолган гина-қудуратни тўкишда давом этди: — Мен ражпутларни ўзимга тенг кўриб қўшинимга олдим, маҳкамаларда ҳинд тилини жорий этдим! Шу мамлакат обод бўлсин деб мингдан ортиқ работлар, карвонсаройлар қурдим. Ражпутларга ҳурмат билдириб, ҳатто Деҳлида қурдирган масжидимнинг пештоқига ҳиндлар муқаддас гул ҳисоблайдиган нилуфарнинг мармар нақшини ишлаттирдим! — Бу ҳаммаси рост, олампаноҳ! Сиз ҳиндларга нисбатан ҳали ҳеч бир мусулмон ҳукмдори қилмаган нек ишларни қилмоқдасиз! — Нега бўлмаса сизнинг кўрнамак юртдошларингиз мана бу қалъада туриб мени шунча вақтдан бери беҳурмат қилмоқда? Ўша биз тахтдан ағдарган Ҳумоюн ҳам Қаланжарни бундан ўн тўрт йил аввал қамал қилгани ёдимда бор. Сизнинг юртдошларингиз Ҳумоюнга бир ой ҳам қаршилик кўрсатмай таслим бўлган эди. Нега биз келганда ражпутларингиз беш ойдан бери дарвоза очмай жиннилик қилмоқда?! — Жоҳиллик оқибати, бу ҳақиқатни тушунмаслик, кўрлик!.. — Ундай бўлса, нега сиз биздан вакил бўлиб бориб, юртдошларингизнинг кўзини очмайсиз? Уларга мен ёмонлик қилмоқчи эмасман, наҳотки ўз тилингизда ражпутларингизга шуни тушунтириб айтолмайсиз? — Бажонидил айтурмен, олампаноҳ! Сиз уларга афви умумий бергаймисиз? — Э афви умумийдан ташқари, Ажмирми, Банорасми, истаган вилоятларини берай! Мана, тепамизда Xудо турибдир! Ҳинд маъбудларини ҳам ўртага қўйиб онт ичинг, ишонтиринг, мен билан сулҳ тузиб, қалъани топширсалар, ҳаммасининг мол-у жони омон қолур, кўнгиллари тилаган муродларига етурлар! Бу гал Шерхон астойдил сўзининг устидан чиқмоқчи эди. Бунга ишонган Браҳмажит Гаур элчиларнинг оқ байроғини кўтариб қалъага қараб кетди. Қалъадагилар уни эрталабдан пешингача ичкарига киритмай овора қилдилар. Буни эшитган Шерхон ўз аскарларини дарвозадан мумкин қадар узоққа олиб кетишни буюрди. Жазирама иссиқда тоғнинг тошлари олов пуркайди. Шерхон ўзи учун қилинган махсус соябон тагида пешин намозини ўқигунча нафаси қайтиб, терга ботиб кетди. Шундай бўлса ҳам, жойнамоз устида чўкка тушиб: «Э парвардигор! — деб илтижо қилди. — Ўзинг кушойиши коримни бергайсен! Қалъадагилар муросага келса биронтасининг бурнини қонатмасликка сенинг олдингда сўз бердим, энди ўзинг мушкулимни осон қил!». Қалъа дарвозаси яқинида Браҳмажитдан бошқа биронта одам, биронта хавф қолмагач, мустаҳкам пўлат дарвозани қия очиб, уни ичкарига киргиздилар-у яна дарҳол ёпиб, танбалаб олдилар. Браҳмажит қалъа ичидаги аҳволни ва унинг баъзи сирларини кўриб-билиб олмасин учун, элчининг кўзини боғлаб, қўлидан етаклаганча Қаланжар ҳимоячиларининг раҳбари Кират Синхнинг олдига бошлаб бордилар. Кўзига боғланган оқ латта олингач, Браҳмажит беш ой қамал азобидан озиб-тўзиб кетган, лекин кўзлари ғазаб ва қатъият билан чақнаётган рожа Кират Синхни ва унинг атрофидаги эллик-олтмишта қасоскорларни кўрди. — Азиз юртдошлар, мен бир ражпут сифатида сизларнинг ботирликларингизга, метин иродангизга қойилман! — деб ҳаяжон билан сўз бошлади Браҳмажит Гаур. — Улуғ Шива олдида қасам ичиб айтаманки, ҳали ҳеч қайси ражпут қалъаси ўзидан юз баробар улкан ёв билан бунчалик узоқ, бунчалик дадил олишган эмас. Фақат мен эмас, Шершоҳ ҳазратлари ҳам сизларнинг жасоратларингизга тан бермоқда. Мени юборишдан мақсадлари ҳам — сизларга қойил бўлиб, афви умумий бермоқчи эканликларини айтишдир! Браҳмажит Гаур Шерхоннинг яхши ният билан қилаётган қурилишлари, ислоҳотлари ва бошқа нек ишларини айтаётганда Кират Синх сабрсизланиб унинг сўзини бўлди: — Сен уни оппоқ кўрсатиб мақтайвермасдан, ваъдасини бузиб қилган маккорликларини ҳам айтгин-да! Шерхоннинг Рохтас қалъасини Кришан Ройдан қандай сурбетларча тортиб олгани эсингда борми? «Бечора аёлларимиз билан болаларимизга бошпана беринг!» деб заифона кийимларни кийиб боришган. Аёлча кийинган бу эркакларнинг олчоқлигини Райзин қалъасида беҳуда ҳалок бўлган ражпутларнинг тирик қолган қариндошлари унутолгайми? Мана, орамизда Кришан Ройнинг ўғли турибди, айцин! Шерхоннинг ваъдасига ишониб бўлурми? Кират Синх қўли билан кўрсатган барваста йигит: — Йўқ, маҳарожа, — деди. — Шерхоннинг биронта ваъдасига ишониб бўлмагай. У фақат биз каби ражпутларга эмас, ўз динидаги мусулмонларга ҳам ноинсофлик қилгани эсимиздан чиққани йўқ. Ганга бўйида, Чаусада ҳумоюн билан ярашиб, ҳужум қилмаслик ҳақида тузган битимини қандай бузган эди, а, бир эсланг! — Э, у ҳарбий ҳийла эди-ку! Ҳиндларга ҳозир Ҳумоюндан кўра Шершоҳ кўпроқ яхшилик қилмоқда!.. — деб эътироз қилда Браҳмажит Гаур. — Агар Шершоҳинг бизга чиндан яхшилик қилмоқчи бўлса, — деди Кират Синх, — сен бориб айт, қамални тўхтацин, қўшинини Қаланжардан олиб кецин. Бизни тинч қўйса, кейин балки унинг яхшилигига чиндан ишониб, иттифоқ тузармиз. Аммо ҳозир биз унга ишонмаймиз, дарвоза очиб, яна бирон маккорлик балосига учрашни истамаймиз! Агар қамални давом этказса, биз ҳам охирги кишимиз қолгунча олишгаймиз. Енгилсак, аёлларимиз, қизларимиз душман қўлига тирик тушмаслиги учун ўзларини ўзлари жавҳар [24] қилиб ўлдиришга сўз берганлар. Бизнинг Шерхонга узил-кесил жавобимиз ана шу! Браҳмажит Гаур тарвузи қўлтиғидан тушгандай бўшашиб Шерхоннинг ҳузурига қайтиб келди-ю, бўлган гапларни батафсил айтиб берди. Шунча катта жангларни ғалаба билан тугатган Шерхон энди Қаланжарда қаёқдаги Кират Синхдан енгилиб орқага чекиниши — унинг учун хаёлга келтириб бўлмайдиган бир алаҳсирашдек эшитилди. Қалъадагиларнинг жавоблари унинг ғазабини келтирди. Энди бу лаънати қўрғонни ер билан яксон қилгиси келди-ю, ўттиз минг одамни иссиқ жазирама остида аямай ишлатиб, қалъага яқин бора оладиган баланд ва мустаҳкам мурчаллар[25] ясаттирди. Бу орада Агра ва Деҳлига юборилган махсус одамлар мамлакатда бор энг зўр замбаракларни ҳўкиз ва филлар ёрдамида Қаланжар ёнига олиб келдилар ва ўша кўтармалар устига чиқариб ўрнатдилар. Замбаракларнинг ўқларини ясайдиган усталар етарли эди. Саккиз жуфт ҳўкиз қўшиладиган энг зўр замбаракларнинг ҳар битта тош ўқи йигирма беш-ўттиз ман[26] оғирликда. Буларни отиш учун жуда кўп борут керак. Туяларда ортиб келинган борут тўла чарм мешлар махсус омборларда тахланиб турарди. Атрофи тахта билан ўралган бу омборларнинг устига ўтовнинг кигизлари ёпилди. Шерхон қалъанинг заифроқ кўринган бир девори қаршисига энг зўр замбаракларни қатор қилиб ўрнаттирди-ю, ўқларни кетма-кет бир нуқтага уришни буюрди. Ўзи замбараклардан анча нарида — борут омборларининг ёнидаги тепаликда тўпчилар бошлиғига кўрсатмалар бериб, ўқлар мўлжалга қанчалик аниқ тегаётганини кўзатиб турди. Офтоб тоғ ортидан энди чиқиб келмоқда. Шерхон турган жойдан ҳали эрталабки соя кетган эмас, қалъанинг ўқ бориб тегаётган деворига қуёш тушиб турибди. Деворга урилиб қайтаётган тўп ўқлари орқага сапчиб кетади, баъзилари йигирма-ўттиз газ берига келиб тушади. Бундан хавотирланган тўпчилар бошлиғи: — Олампаноҳ, сиз бу ерда турманг, бехатарроқ бир жойга кетинг! — деб илтимос қилди. — Сен менга ақл ўргатмай ўз ишингни қил! — деб ўшқирди Шерхон. — Томчи билан тошни тешадиганлар бор. Сен шундай тўпларнинг ўқи билан битта деворни тешолмайсанми? — Илож қанча, олампаноҳ? Тўпларнинг қувурлари қизиб, чўғ бўлиб кетди. Энди сал танаффус қилиб совутилмаса қизиган қувур ёрилиб кетиши мумкин. Бу орада офтоб ҳам кўтарилиб, жизиллатиб қуйдира бошлади. Саврнинг ўрталари[27], бу ерда иссиқ энг авжига чиқадиган пайт. Шерхоннинг ўзини ҳам тер боса бошлади. Унинг хос чўпдори орқага ўтиб, узун ёғоч учига ўрнатилган соябонни Шерхоннинг бошига соя берадиган қилиб тутиб турди. Юзини борутнинг қуруми қорайтирган, фақат кўзининг ва тишининг оқларигина аниқ кўринадиган тўпчибоши Шерхондан яна койиш эшитди: — Девор энди тешилай деганда отишини тўхтатдингми? Бошқа тўплар қани? Ўттизта замбарак келтирилган эмасмиди? Чўян ўқи билан отиладиган энг катта замбараклар нечун жим? — Энг катта замбараклар эскироқ. Ганга бўйида, Чаусада Ҳумоюндан ўлжа олинган ўша замбараклар олти йилдан бери отилган эмас. — Мен сенга айтмабмидим? Вақтида ёғлаб тур, яхшилаб асра демаганмидим? — Ёғлаб, яхши асраганмиз, олампаноҳ! Майли, агар буюрсангиз энди ўша катта тўпларни ўқлаймиз! — Дарҳол ўқла! Улардан беш-олти марта ўқ отгунларингача аввалги тўплар ҳам совуб қолар. Бу девор қуламагунча ҳамма замбаракларни ишлатавер! — Бош устига, олампаноҳ! Чаусада ўлжа олинган замбараклар чиндан ҳам жуда катта, ҳар бирини ўн олти ҳўкиз тоққа зўрға тортиб чиқарган эди. Уларнинг борут орасига жойланган чўян ўқини бир тўпчи кўтаролмайди. Замбаракни ўқлаш ва отиш учун беш-олти киши керак бўлди. Четроқдаги тош кўтармага ўрнатилган бу замбараклар қалъа деворининг мўлжалга олинган жойига сал қияроқ турибди. Қиялатиб отилган чўян ўқлардан бир қанчаси деворга урилиб, орқага қайтди. Бу замбараклар Шерхондан узоқроқ турган бўлса ҳам, уларнинг деворга урилиб қайтаётган ўқлари қиялаб бориб Шерхон турган тепаликнинг этакларига туша бошлади. Буни кўрган Шерхоннинг юраги бир сесканди. Бу қалъанинг деворида жон борми, ўқларни қайтариб отяпти?! Ё ичкаридаги ражпутларнинг метин иродаси бу деворга ўтганми? Шерхоннинг хаёлига шу гап келганда катта чўян ўқ қалъанинг тепасидан бир газча жойини ўпириб, нарёққа қулатиб ўтди. Бундан қувонган Шерхон хавф-хатарни яна унутди-ю, навбатдаги ўқнинг отилишини кутди. Навбатдаги ўққа борут икки баровар кўп солинган эди. Унинг чўян ўқи икки баробар катта зарб билан қалъанинг тош деворига урилди, уни тешиб ўтолмагач, орқага қиялаб қайтди ва зинғиллаб учганича Шерхондан сал наридаги борут омборининг устига тушди. Замбарак қувуридан чўғ бўлиб ёниб чиққан чўян ўқ омбор устига ёпилган кигизни ҳам, чарм мешни ҳам тутатиб, тешиб ўтди-ю, жазирама иссиқда қизиб турган қуруқ борутнинг ўзини портлатиб, ёндириб юборди. Бутун бир борут омборининг даҳшат солиб портлашидан кўтарилагн ҳаво тўлқини ўнг қадамча жойда турган Шерхонга тошдай қаттиқ урилди ва уни тепаликдан пастка итқитиб юборди. Жуда қаттиқ йиқилган Шерхон ҳушидан кетди. Портлаш пайтида ёниб кетган ёғоч, кигиз ва чарм парчалари унинг устига аланга бўлиб ёғилиб туша бошлади. Шерхон кийимларига илашган оловнинг аччиқ оғриғидан хиёл ҳушига келиб, кўзини очди. Олов унинг қошларини ва соқолини ҳам ямлаб еб кела бошлади. Сассиқ тутунда нафас олиб бўлмайди. У қўли билан юзини оловдан тўсмоқчи бўлди, шунда енглари ҳам ёнаётганини кўрди-ю, сўнгги нажотни ердаги тупроқдан излади. Ерга ағанаб, юзини тупроққа босганича яна ҳушидан кетди... Шерхоннинг ён-веридаги қўриқчилари ҳам борут омборининг портлашидан ҳалок бўлган эди. Узоқроқда бўлган ва соғ қолган одамлар нима воқеа бўлганини фаҳмлаб, ёрдамга келгунларича Шерхон куйиб, ҳалок бўлган эди... Шерхон ёши олтмишдан ошгач, туғилган юрти Сасарамда чиройли кўл ўртасидаги оролга ўзи учун салобатли мармар мақбара қурдирган эди. Уни ўша мақбарага дафн этдилар. Аммо Қаланжар деворидан қайтган ўқ фақат борут омборини эмаc, Шерхон меросхўрларининг ўзаро иноқлигини ҳам портлатиб юборгандай бўлди. Шерхоннинг катта ўғли Одилхон жангларда иштирок этмаган бўлса ҳам, Аграда ўзини отасининг ўрнига шоҳ деб эълон қилди. Бироқ бошқа бир қанча амирлар Шерхоннинг ўртанча ўғли Жалолхонни валиаҳд деб тан олдилар. Фақат Шерхоннинг энг машҳур лашкарбошиларидан Ҳавасхон Сирҳиндда Жалолхонга қарши исён кўтарди. Панжоб ҳокими Ҳайбатхон ҳам Жалолхонни тан олмади. Жалолхон Исломшоҳ деган янги ном билан тахтга чиқдида, Ҳавасхон ва Ҳайбатхонларга қарши уруш бошлади. Чунорда Шерхоннинг куёви Аҳмадхон сур, Банголада Иброҳим сур ва яна бошқа-бошқалар ягона давлатни парчалаб, ўзларича мустақил подшо бўлиш ҳаракатига тушдилар. Шерхон беш йил тахтда ўлтириб, зўр шиддат ва суръат билан тузган янги давлат ўзаро урушларда, ички низоларда ўшандай шиддат ва суръат билан парчаланиб кета бошлади. Кобул, Бҳира: Куйган Кўзлар Бу ҳодисалар хабари Кобулга жавзо ойида етиб борди. Кунлар исиб, Кобул атрофидаги тоғларнинг қори эриган сари фақат дарёлардагина эмас, булоқларда ҳам сув кўпайиб кетди. Шоҳи Кобул тоғининг этакларидан чиқадиган чашмалар суви Гулкина мавзеидан нарига ўтиб, баланд тепалик устига жойлашган аркнинг ён-веридаги майсазорларга ҳам жилдираб етиб келди. Қишда Қандаҳордан олиб келинган Акбар энагалари билан шу аркда қаттиқ назорат остида сақланар эди. Дарё бўйидаги Боғи Наврўзийда турадиган Xонзода бегим Акбарни ўз даргоҳига олиб кетмоқчи бўлди, аммо Комрон мирзо рухсат бермади. — Аркда соқчилар кўп, бу ер бола учун бехатарроқ, — деб важ кўрсатди. Лекин аркда Афзалбек ва Қорачахонга ўхшаган Ҳумоюннинг ғанимлари бор, улар болага зимдан ёмонлик қилишлари мумкин. Xонзода бегим икки ярим яшар Акбарни қучоғига босиб, қулоғига шивирлади: — Ану амакиларнинг илкидан ҳеч нарса олмагин, энг ширин нарсани берса ҳам емагин, хўпми, жоним? Акбарнинг онасиникига ўхшаш йирик-йирик кўзлари катта амманинг юзига ҳайрат билан тикилади. Катталар орасидаги мураккаб муносабатларга ҳали унинг ақли етмайди. Лекин аркка келиб-кетиб турадиган кўзлари совуқ бек-у аъёнлардан боланинг ўзи ҳам бегонасирайди. баъзилари ясама такаллуфлар қилиб, уни гапга солмоқчи бўлса, бола қовоғини уйиб индамай тураверади. Гоҳо аммаси Гулбадан бегим икки ёшли ўғилчаси Саодатёрни етаклаб келади. Акбар улар билан бийрон тилда гаплашади, Саодатёр билан ўйнаб кулади. Айниқса, Xонзода бегим келганда: — Момо келди, моможон! — деб, чопқиллаб пешвоз чиқади. Моҳим энага унга гап ўргатди: — Ҳазрат бегимни момо деманг, ҳазрат амма денг! — Йўқ, амма — мана! — деб Акбар Гулбаданни кўрсатди. Ёши олтмиш еттига кирган Xонзода бегим сўнгги йилларда янада кичрайиб, енгилгина бўлиб қолган. Xудди вазни йўқ фариштадай. Ўзи ҳам кўпинча енгил оқ ипак кийим кияди. Лекин бошидаги оқ касаба рўмолидан ҳам сочи оқроқ кўринади. У Акбарни бағрига босиб: — Момо деган тилингдан ўзим ўргилай! — деб эркалатди. — Майли, мен сенга момо бўлақолай. Раҳматли бобонг Бобур мирзонинг икки-уч яшарлиги эсимга тушмоқда. Мен, беш ёш катта эгачиси, унинг бешигини тебратганман. Эсимда бор, кичиклигида қўлчалари, оёқчалари ҳам Акбарникидек тўла-тўла, миқти эди. Хонзода бегим Акбарда Ҳумоюндан ҳам, Ҳамида бонудан ҳам ўтган жозиба борлигини кўрди-ю, уларни эслаб юраги эзилди. Ёш гўдак онасини уч-тўрт ой кўрмаса кейин уни таний олмай қолади. Шуни биладиган Xонзода бегим: — Акбаржон, ота-онанг эсингда борми? — деб сўради. — Ҳозир кириб келсалар таний оласенми? Бешикда қолган ўн бир ойлик бола бир ярим йилдан бери кўрмаган ота-онасини кўз олдига келтирмоқчи бўлиб уринди, лекин келтира олмади. Маъюс бош чайқаб: — Йўқ, — деди. Шундай шўх бола ота-онаси тўғрисида гап чиқса, тирик етимдек маъюс бўлиб қолишини кўрган Моҳим энага кўзига ёш олиб, шивирлаб ҳасрат қилди: — Ҳазрат бегим, баҳор ўтди, болаларимизни боғроғларга сайрга олиб чиқолмадик. Бизни қўриқлаш баҳонасида ҳибсда сақламоқдалар. Аркка сув мешда ташиб келинади, кўкаламзори йўқ. Девордан шундай пастга қарасангиз, майсазорда булоқ сувлари оқиб турибдир. Биз ҳаммасидан маҳруммиз. Хонзода бегим боя келаётганда Комрон мирзонинг тўрт яшар ўғли Иброҳим тарбиячилари-ю қўриқчилари билан аркнинг этагидаги кўкаламзорда нақора чалиб, копток тепиб ўйнаб юрганини кўрган эди. Комроннинг ўғли шундай яйраб эркин юрганда Акбарни ҳибсдагидай тутишлари Xонзода бегимга чидаб бўлмас бир адолацизлик бўлиб туюлди. — Юринглар, биз ҳам майсазорларга чиқайлик! — деб, Акбарни қўлидан олди. Моҳим энага ва Жажжи энага ўз ўғилчаларини етакладилар. Арк дарвозахонасида турган қуролли қўриқчилар. — Рухсати олий бўлмаса Акбар мирзони чиқаришга ҳаққимиз йўқ, — дедилар. Хонзода бегим Комроннинг ҳозир аркда йўқлигини билар эди. — Ҳазратим менга рухсат берганлар, — деди қўриқчига. — Бутун масъулиятини мен ўз зиммамга олурмен. Очинг дарвозани! Жуссаи кичкина бу нуроний кампир мамлакатнинг энг мўтабар кайвониси эканини қўриқчилар ҳам билар эдилар. Улар бегимнинг маликаларга хос қатъият билан берган буйруғини бажаришга мажбур бўлдилар. Тиниқ булоқ суви йилтираб оқаётган ариқ бўйида, анвойи дала гуллари очилиб ётган кенг майсазорда Акбар ва унинг икки кўкалдоши яйраб қувлашиб, роса ўйнадилар. Xонзода бегим билан энагалар сув бўйида катта бир ёнғоқ дарахтининг соясида гаплашиб ўлтиришди. Шу пайт болалар чаладиган кичкина нақоранинг товуши эшитилди. Комрон мирзо наврўз байрамида ўғлига совға қилган иккита ноксимон нақоранинг юзига тортилган чарми қизил рангда. Ёнларига нуқрадан чиройли безаклар қилинган. Нақора чўпларига олтин суви югуртирилган. Нақорани бир хизматкор йигитча икки қўли билан тутиб, орқаси билан юриб келмоқда. Тўрт яшар Иброҳим мирзо нақорачўпларни чалакам-чатти уриб, бирон куйга ўхшамайдиган хунук товушлар чиқармоқда. Акбар амакибаччаси Иброҳимни аркда ҳам кўп кўрган. Бегонасирамай унинг олдига чопиб борди. Чиройли нақорачаларга ҳаваси келиб: — Менга чўпини беринг, мен ҳам бир чалай! — деди. Лекин подшонинг ўғли ҳисобланадиган ва атрофидагилардан кўп хушомадлар кўриб димоқ пайдо қилган эркатой Иброҳим: — Нари тур, сен чалолмайсен! — деди. Уч яшар Адҳам кўка гапга аралашди: — Акбар сиздан яхши чалгай. Беринг, кўрсацин! — Йўқ, буни менга ҳазрат отам совға қилган! — Қайтариб олурсиз! — деди Акбар. — Бир чалиб кўрай! Иброҳим мирзо унамагач, Акбар нақорачўпга чанг солиб, уни тортиб олмоқчи бўлди. Иброҳим бермади. Шу тортишувнинг устига Комрон мирзо беш-олтита отлиқ одамлари билан келиб қолди. — Бу не можаро? — деб ўшқирди. — Буларни ким арқдан чиқарди? Хонзода бегим дарахт соясидан туриб отлиқлар томонга юрди: — Ҳазратим, мен буларни олиб чиқдим. Баҳор ўтиб, кўкаламзорга чиқмаган эканлар. Комрон сал шахтидан тушди-да, аммасига салом берди. Ҳар қалай, у ҳам бу кекса кайвонидан ҳайиқиб ўрганган эди. Лекин отдан тушиб кўришишга бўйни ёр бермади. Шерхон ўлгани, Ҳумоюннинг ишлари юришиб, Қандаҳорни эгаллагани Комронни жуда безовта қилиб қўйган. Унинг олтин юганли оқ оти ҳам ўзи каби сабрсизланиб, гижинглаб турибди. Комрон юганни тортиб, орқада от ўйнатиб турган вазири аъзам Бопусхон ва Кобул шаҳрининг ҳокими Қорачахонга юзланди. Нақора ҳам байроқ каби энг мартабали ҳокимларга берилишини назарда тутиб: — Бу Акбар бола ҳалитдан нақора талашмоқдаку! — деди. Бопусхон хахолаб кулди-ю: — Ҳазратим лутф қилдилар! — деди. Ювош отда сокин турган Кобулнинг ҳозирги шайхулисломи Саид Xалил ҳам Комроннинг сўзини ёқтириб: — Ҳа, ҳазрати олийлари туяга миниб узоқни кўрдилар! — деди. Кичкина Акбар бу гапларни унча тушунмаса ҳам, отлиқлардан бегонасираб, қўлчаларини нақорачўпдан тортди. Комрон унга қараб: — Сенга нақора керакми? — деди. — Шуни чалмоқчимисен? Айт, бола! Акбар тасдиқ маъносида бош ирғади. Комрон бу болани аркдан берухсат олиб чиққан кекса аммасига қаттиқ гап айтолмаган бўлса ҳам, аммо Акбарнинг адабини бериб қўйгиси келди. Ўғли Иброҳим мирзо унга Акбардан хийла бақувват кўринди. Иброҳим Акбардан бир ярим ёш ката, йиқитиши аниқ. — Қани, бўлмаса, икковинг кураш тушинглар! — деди Комрон Акбар билан Иброҳимга. — Ким йиқица, нақора ўшаники! Иброҳим нақорачўпни хизматкорига бериб, Акбарга томон хезланиб келди. Акбар кичик бўлса ҳам, кўкалдошлари билан олишиб ўрганган эди. Икки боланинг ҳам белларида белбоқчалари бор. Олишув бошланди. Митти полвонларнинг курашига отлиқлар кулиб қараб туришибди. Комрон мирзо жиддий, Xонзода бегим билан Моҳим энага хавотирда. Иброҳимнинг ёши катталиги қўл келди. Акбар қаттиқ гандираклади, оёғи ўтлоқда тойилиб чўк тушди. Иброҳим аркда ҳам алоҳида эъзозда юрар, кўп тантиқликлар қилиб, Акбарни етим боладай турткилар эди. Наҳотки Акбар ундан йиқилиб, шундай чиройли нақорадан маҳрум бўлса?! Йўқ! Бола Xонзода бегим билан Моҳим энаганинг мўлтираб турган кўзларидан мадад олгандай тез қаддини тиклади, бутун кучини йиғди-ю, Иброҳимни даст кўтариб, ўтлоқ ерга ағдариб урди ва устидан босиб тушди. Акбарнинг тагида ётган Иброҳим: — Бас, қўйвор! — деб йиғлаб юборди. Комронга бу ёмон бир истиқболнинг аломатидек туюлди. Унинг ғазабидан қўрққан Моҳим энага чопиб бориб, болаларни ажратди-да, Иброҳимни турғизиб, устини қоқа бошлади. Комрон ўз ўғлини жеркиб: — Э, атала полвон, нечун йиғлайсен? — деди. — Бас! Нақорани энди Акбарга бер! Аммо Бопусхон орага тушди: — Ҳазратим, сиз кўрмадингизми, Акбар тўғаноқ солди-ку? Бўлмаса Иброҳим мирзо уни йиқитар эди! Атрофидагиларнниг бундай хушомадларига ўрганиб қолган Комрон мирзо дарров ёлғон гапга ишонгиси келиб: — Мен кўрмабмен, — деди-да, Саид Xалилга савол назари билан қаради. Доим Комроннинг заифликларини зўрлик аломати деб кўрсатадиган ва унинг мақтовга ўчлигидан фойдаланиб мартабаси ошадиган Саид Xалил ҳам худди тўғаноқни ўзи кўргандек гапирди: — Астағфирулло! Шундай кичик бола ғирромликка ўрганганини қаранг! Унинг гапини Қорачахон маъқуллади: — Қандаҳорни ғирромлик билан олган отасига тортибдир-да! Атрофдан кетма-кет ёғилган бу гаплар Комроннинг Ҳумоюндан яхшироқ эканини, шу сабабли Иброҳим ҳам Акбардан баландроқ туришини яна бир марта исбот этгандай бўлди. Шу билан хижолати босилган Комрон мирзо аммасининг кўзи олдида бир тантилик қилгиси келди. — Майли, нақорани ану болачага бер! — деб Акбарни кўрсатди. Сўнг ўғлига тасалли берди: — Садақа ҳам керак. Сенга бундан яхшироғини олиб бергаймен. Юр, отга мингаш! Хизматкор йигит нақорани Акбарга зуғум билан тутқизди-да, Иброҳим мирзони эркалатиб қўлига олди ва отасининг орқасига мингаштирди. Икки ярим яшар Акбар тўғаноқ нима, ғирромлик қанақа бўлишини билмаса ҳам, отлиқларнинг кўзларидаги нафратни, гапларидаги дашном ва кинояларни сезиб, ҳайрат билан қотиб турибди. Қўлидаги нақора ҳам энди унинг кўзига кўринмайди. Нега уни жеркишди? Ахир у йиқитди-ку! Боланинг шу оғир изтиробини сезган Xонзода бегим тез бориб Акбарни бағрига босди: — Бўйгинангдан момонг айлансин, митти полвоним! Кичик бўлсанг ҳам ютдинг! Бу нақора садақа эмас, соврин! Ҳалолинг бўлсин! Чал! Бу гаплардан Комрон мирзонниг ранги бўзариб кетди. Қорачахон ҳомийсига ён босиб, Акбарга нафрат билан тикилди-да: — Ҳозирча чалиб туринг, ғирромликнинг жазосини ҳазратим кейин берурлар! — деди. Хонзода бегим Комронга икки қўлини чўзиб деди: — Адолат қилинг! Ахир сиз ҳақгўй шоирнинг ўғлисиз! Ўзингиз ҳам ҳақиқатни улуғлаб латиф шеърлар битгансиз. Ёнингиздаги жаноблар сал инсоф қилишсин! Бу маъсум бола ғирромликни қаёқдан билгай. Оқни қора қилиб кўрсатиш шу даражада бўлурми?! Энди Қорачахон ва Саид Xалиллар Комрондан ҳимоя кутиб, унга кўз тикдилар. — Бегим, от устидан кўп нарса аниқроқ кўрингай,— деди комрон. — Сизнинг кўзингиз тўғоноққа тушмаган бўлиши мумкин. Аммо ёнимдаги жаноблар — менинг суянган тоғларимдир. Булар кўзгу бўлиб, менга ҳақиқатни кўрсатурлар. Мен бу кўзгуга қарасам, кўнглим кўтарилур. Сиз менинг кўзгумга тош отманг, бегим! — Аммо, — деди Xонзода бегим, — Қорачахон жаноблари бегуноҳ болани жазоламоқчи бўлиб таҳдид қилганлари — кўзгуга тош отиш эмасдирми? Жаноблар билиб қўйсинларки, ану тепалик устида ҳазрати Бобурнинг қабрлари турибдир. Инимнинг улуғ руҳи бу болани ҳимоя қилгай! Агар Акбарга зиён етказсалар, отангиз қабрларида тикка тургай! Комрон сабрсизланиб ўйноқлаётган отининг юганини асабий тортиб, уни сал тинчлантирди, орқада қийналаётган ўғилчасини эгарнниг олдига олиб, чап қўлига кўтарди: — Ҳазрат бегим, Акбарга ҳеч ким зиён етказган эмас! Кўриб турибсиз, тўрт ойдан бери биз буни ўз ўғлимиздек асраб юрибмиз! Моҳим энага бу орада Акбарни отлиқлардан узоқроққа етаклаб олиб кетди. Кўкалдошлари чиройли нақорани ўраб олиб тамоша қила бошладилар. Лекин катталар орасида асабий гаплар бўлаётганидан ҳайиққан болачалар нақорани чалгилари келса ҳам, бунга ботинолмай жим турардилар. — Энг ёмон хавф-у хатар Аскарийнинг бошига тушган! — деб қизишиб давом этди Комрон. — Сиз адолатли амма бўлсангиз, аскарийни қутқаришга ёрдам беринг! Қизилбошлар Қандаҳорни олиб, Аскарийнинг хазинасини талабдилар, ҳарамини беномус қилибдилар! Отлиқлар қаршисида ёлғиз турган Xонзода бегимнинг жуссаси кичик, ўзи нимжон кўринса ҳам, кўзлари шерникидай ёниб турар, сўзлари ўқдай чиқар эди: — Бундай туҳматларни иним Бобур мирзо шоҳ Исмоил билан иттифоқ тузган пайтда ҳам кўп эшитганмиз! Ҳаммасининг ёлғонлиги кейин билингай! — Аммо Мирзо Ҳумоюн Қандаҳорни қизилбошлар ёрдамида олгани ёлғон эмас-ку! — деди Бопусхон. — Бу ҳақда ҳазратим ажиб маснавий ёзмишлар. Бир ўқишдаёқ менга ёд бўлиб қолди: Чиқди Xуросон саридин ўғривор Келди хом таъма айлабон Қандахор, Жамъ бўлуб бир неча бадном анга Куфр ўтининг шуъласини тез этиб Зулм-у ситам тиғини хунрез этиб... — Офарин, ҳазратим! — Боплабдилар! Бобур ҳазратларидан мерос олган шеърий истеъдодлари роса камолга етибдир! — Аммо бундай ўткир шеърни мен Бобур ҳазратларининг девонларида ҳам кўрганим йўқ! — деб Бопусхон Комронни яна бир даража баланд кўтарди. Қорачахон дарҳол бу гапни маъқуллади: — Устоздан ўтган шогирдга тасанно! Комрон мақтовдан ёғдай эриб илжайиб турар, ҳатто шоирликда отасидан ўзганлиги ҳақидаги сўзларга ҳам эътироз қилмас эди. Буни кўрган Xонзода бегим нима дейишини билмай лол туриб қолди. Шу пайт Ҳумоюннинг ўз укаси Комрондаги бу хислатни — мақтовга учиш одатини ойнага қараб алданишга қиёслаб форсча ёзган рубоийси бегимнинг ёдига тушди: Дар ойина гарчи худнамойи бошад Пайваста зи хийштан жудойи бошад. Худро бамисоли ғайр дидан ажибаст Интавр ажиби ҳам кори Xудойи бошад[28]. Боя Комрон ўз атрофидаги хушомадгўйларини «булар менинг ойнам» деб айтгани бежиз эмас эди. Бу «ойна» Комронни ўзи истагандай ўзгартириб, фақат кўркам, жозибадор томонидан кўрсатишга ўрганган эди. Атрофидагилар сийратни суратдан айириб олиб, Комронни ўзи тўғрисидаги ҳақиқатдан бутунлай жудо қилишга интилишарди. Ана шундагина Комрон тўлиқ уларники бўларди. Улар Комронни Ҳумоюнга қарши қўйишдан манфаатдор эдилар. Чунки Бопусхон вазири аъзамлик унвонига, Саид Xалил диний пешволик лавозимига, Қорачахон Кобул ҳокимлигига ака-укани уруштириб юриб эришган эдилар. Ҳозир уларнниг ҳар бирида хушҳаво боғ-роғлар, энг яхши жогирлар, энг катта бойликлар, имтиёзлар бор эди. Агар Ҳумоюн Кобулга қайтиб келса, Комрон тахтдан тушади-ю, Бопусхон ва Қорачахонлар барча мартаба-ю имтиёзларидан маҳрум бўладилар. Ҳумоюннинг Байрамхонга ўхшаган ўз яқинлари бор, улар Саид Xалилга ҳам кун бермаслиги аниқ. Комрон-ку Бобурнинг ўғли сифатида яна бирон мартабага эришар, аммо ҳозир унинг атрофида турганлар Ҳумоюн қайца ҳозирги давр-у давронларидан бутунлай маҳрум бўлишлари аниқ. Шунинг учун Комроннинг ўзидан ҳам кўра унинг атрофидаги аъёнлар ака-ука орасидаги ихтилофни иложи борича авж олдиришдан манфаатдор эдилар. Xонзода бегим қалбига қуюлиб келган бу аламли ўйларни Комронга қандай айтишни билмай бўғилиб гапирди: — Ҳазратим, сиз ўз оғангиз билан бунчалик адоватга боришингиздан фақат ёвуз одамлар суюнурлар. Аммо менинг дилимда оға-ини адовати эт билан тирноқни ажратгандаги каби оғриқ қўзғайдир. Сизнинг отамерос шеърий истеъдодингиз бундай адоватга зинҳор хизмат қилмаслиги керак. Xудо хоҳласа, сиз ҳали Ҳумоюн билан ярашурсиз. Ўшанда бу маснавийлар тилга олинса хотирингизга қанчалик малол келишини бир ўйланг! Оқ от устида турган Комрон бир лаҳза жим қолди. Шу топда Комрон Xонзода бегимнинг кўзига отасидек савлатли ва хушбичим кўринди. Ўзи ҳам кучга тўлган ўтиз беш ёшли йигит, ҳамон чап қўлида кўтариб турган каттагина ўғлининг оғирлигини гўё сезмайди... — Сиз малолни айтасиз, бегим, аммо ҳозир мирзо Аскарийнинг ҳаёти хавф остида, уни ким қутқаргай? — деди Комрон. — Агар биз қўйиб берсак, Мирзо Ҳумоюн қизилбошларни Кобулга ҳам бошлаб келгай, — деб қўшимча қилди Қорачахон. Саид Xалил ёқасини ушлаб: — Ё алҳазар! — деди. — Кобулни ҳам шиа мазҳабига ўтказмоқчи бўлиб қирғин бошласалар... адоватни ана ўшанда кўринг! Хонзода бегим яна Комронга мурожаат қилди. — Ҳазратим, бу ваҳималарга ишонманг! Ҳумоюн бунчаликка бормагай! — Ҳазрат бегим, сиз бизга ишонмасангиз, балки Қандаҳорга бориб воқеани ўз кўзингиз билан кўриб келурсиз? — деди тўсатдан Комрон. Хонзода бегим, «ҳозир жуда пишиб қолганмен, узоқ сафарга ярамагаймен», деб, ўзини бирпас қайтарди. Аммо Комронни ўзининг ҳақлигига ҳеч ишонтира олмагандан сўнг тўсатдан: — Майли, мен Қандаҳорга борай! — деди. — Агар мирзо Аскарийнинг ҳаёти хавф остида бўлса, мен унга шафў бўлай. Агар Аскарийни қутқарсак, сиз Ҳумоюн билан ярашгаймисиз, ҳазратим? Бопусхон ҳам, Саид Xалил ва Қорачахон ҳам Комронга: «Ярашиш хатарли!» дегандай безовта бўлиб қарашди. — Мирзо Ҳумоюн шиалар хизматига ўтиб, жуда катта гуноҳ қилдилар, — деди Саид Xалил. — Шу гуноҳларини ювмагунча ҳазратимнинг ярашмоқлари чорёри босафолар руҳига муносиб иш бўлмагай. Комронга бу гап қўл келди. У салмоқлаб, вазмин гапирди: — Оғамизнинг яна бир катта гуноҳи — ҳазрат отамиздан мерос қолган Ҳинддаги улкан давлатни бой берганлигидир. Шерхон оламдан ўтибдир. Энди мирзо Ҳумоюн Ҳиндистонга қайтиб, ўша давлатни тикласин, шиалар билан орани узиб, поклансин. Ана ундан сўнг, биз у билан ярашсак арзигай! Гап шу билан тугади-ю, отлиқлар аркка қараб кетишди. Бадқовоқ амакилар узоқлашгандан сўнг Акбар билан икки кўкалдош уларнинг ғалвасини унутишди-ю, чиройли нақорани навбатма-навбат чалиб ўйнай бошлашди. Аммо Xонзода бегим Комронни ўраб олган доғули одамларни хаёлидан узоқлаштиролмай қийналарди. Нимасидир Бобурга ўхшайдиган кўҳлик йигит, ҳароратли шеърлар битадиган соҳиб истеъдод одамнинг шундай қаллоб муҳитга тушиб қолгани бегим учун катта бахцизликдай туюларди. Кўпни кўрган Xонзода бегим назарида Комрон оқни қора қилиб кўрсата оладиган риёкорлар муҳитига гўё ҳукмфармо, атрофидагиларга сўзини ўтказадиган тождор. Аммо атрофидаги риёкорлар зоҳиран унга бўйсунсалар ҳам, ботинан уни ўзларининг мақтовларига асир, хушомадларига муте қилиб олганларини Комрон сезмайди. Шуни ўйлаганда Xонзода бегимнинг унга ҳатто раҳми келди. Фақат Аскарийни эмас, ҳали Комроннинг ўзини ҳм бу асоратдан кимдир қутқармаса, бутун умри ва отамерос истеъдоди ҳайф кетади. Комронни ҳақиқат йўлига қайтариш Xонзода бегимнинг қўлидан келмаслиги бугун яна бир бор билинди. Бу иш, эҳтимол, Ҳумоюннинг қўлидан келар. Xонзода бегим шунинг учун ҳам Қандаҳорга бориши ва оға-инини бир амаллаб яраштириши керак... Вале ул кўрганинг ўзинг эмассен. (яъни, сурат билан сийрат орасида фарқ, жудолик бор) Ўзингни ўзганинг ўрнида кўриш ажибдир Аммо бу ажиблик ҳам Xудонинг ишидир. * * * Баланд тоғлар орасидаги салқин Кобулдан Қандаҳорнинг жазирама иссиқларига кириб борган Xонзода бегим биринчи кун кўп беҳаловат бўлди. Xайриятки, Ҳумоюннинг қароргоҳи шаҳардан ташқаридаги серсув боғот жойда экан. Ҳумоюн аммасини бошига кўтаргудай эъзозлаб, айвони салқин шаршарага қараган энг хушҳаво уйни унга бўшаттириб берди. Ҳамида бону ҳам ўғли Акбарнинг хабарини олиб келган кайвонининг атрофида гирдикапалак бўлиб, меҳмондорчиликлар қилди. Уларнинг кўришмаганларига беш йил бўлган эди. Бу орада Xонзода бегимнинг охирги тишлари ҳам тушиб кетган, ҳозир милки билан овқат чайнайдиган бўлиб қолган. Ҳамида бону ҳам илгаригидай эмас — юзида қандайдир беморлик ва маҳзунлик аломати бор, шу беш йилда ўн-ўн беш ёш улғайгандай кўринади. — Ҳар қалай, сизларни бирга кўрганим учун тангримга шукроналар айтурмен, — деди Xонзода бегим.— Ҳамида бону, ҳў, Жамна бўйида сиз чавгон ўйнаб юрган кезларда қилган орзуларимиз ёдингиздами? Шу орзуйимга ҳам Xудо етказди, ўғилчаларинг Акбаржонни бағримга босиб эркалатиш менга насиб бўлди. Ҳамида кураш тушадиган, нақора чаладиган бўлиб қолган ўғилчаси ҳақидаги ҳикоядан ҳам қувониб, ҳам юраги эзилиб кўзига ёш олди. Ҳумоюн эса ўғлининг қандай ғолиб чиққанини эшитиб хандон уриб кулди: — Яхшилик аломати бу. Демак, Комрон ҳам енгилгай! — Ҳумоюнжон, — деди Xонзода бегим илтимоскорона товуш билан. — Маъсум болаларнинг кураши безарар. Аммо тож-у тахтли оға-иниларнниг адовати қанчалик бахцизликлар келтиришини ўзингиз кўриб турибсиз. Энди Комрон билан олишишни эмас, ярашишни ўйланг, жоним болам! Комрон қилган ёмонликлар Ҳумоюннинг эсига тушди-ю, бутун дард-у аламлари бирдан янгиланди. — Аммажон, оға-ини адовати ҳақида машҳур «Юсуф-Зулайҳо» афсонаси бор. Лекин ўша афсонадаги Юсуфга ўгай оғалари қилган ёмонликлар ҳам менинг ўз иниларимдан кўраётган жабр-у жафоларим олида бир ҳалво, холос! Инимиз Кобулга қаноат қилмай, Панжобни мендан тортиб олгани, Шерхон билан олишганимда нуқул пойимга болта ургани, Қандаҳорда бешикдаги боламизни чирқиратиб, бизни бегона юртга қувгани, Қазвинга жосусларни юбориб фитна қўзғатгани!.. Қайси бирини айтайки, юз ўлимлардан қолиб, Қандаҳорга қайтиб келсак, Акбар яна йўқ! Энг разил қароқчилардай болани ўғринча олиб кетибдир! Энди уни гаровда тутиб, бизга таҳдидлар қилиши қайси дарвозага сиғгай?! Агар ўгай инилар бошимизга шундай оғир кунларни солмаса эди, ҳозир иккинчи ўғилчамиз ҳам олти ойлик бўлар эди! Қизилбошлар билан ҳамкорлик қилиш, Қандаҳорни қайтиб олиш қурбонсиз бўлган эмас, аммажон! Ҳамида бону ҳарбий юриш пайтида совуқ изғиринларда Сейистон йўлида бевақт туғилган ва икки кунгина яшаб қазо қилган кейинги ўғилчасини эслаб пиқ-пиқ йиғлай бошлади. Унга ҳатто от қўйишга ҳам улгурмадилар... Шундан бери Ҳамиданинг ўзи ҳам касалманд бўлиб қолди, бир вақтлар чавгон ўйнаб юргандаги соғлиги энди йўқ. Ҳумоюн ҳам қирқ ёшга кирмасдан соқол-мўйловига оқ тушган, юзлари уйқусизликдан қотган, кўзлари ичига ўпирилиб тушган. — ўнг икки минг қизилбош қўшини бир йилдан бери ёнимда худди учқун тушса портлайдиган борут омборига ўхшаб юрибдир, — деб у сўзида давом этди. — Мен ҳам Шерхонга ўхшаб портлаб кетмайин деб кеча-ю кундуз минг эҳтиёт билан иш олиб бормоқдамен. — Не бўлса ҳам, қизилбошларни Кобулга бошлаб бора кўрманг, Ҳумоюнжон. Отангиз буларни Самарқандга бошлаб борганидан умр бўйи армон қилиб юрганини унутманг. — Жаннатмакон отам менга ўз умрларини бахш этган эдилар. Энди билсам, умрларига қўшиб, ўз қисматларини ҳам берган эканлар! Ўша мағлубиятлар, ўша қувғинлар, ўша саргардонликлар менинг бошимга ҳам тушди! Кошки ўғлимиз Акбарга бу жабр-у жафолар дахл қилмаса! Йўқ, менинг оғир қисматимга бугун мурғак ўғлимиз ҳам шерик! Менинг бошимга тушган балолар Акбарнинг жонига ҳам таҳдид солмоқда. — Бунчалик куюнманг, Ҳумоюнжон! Ҳазрат отангизнинг улуғ қисматлари бор! Иним Бобур улкан зафарларга ҳам муяссар бўлган эдилар! Ҳали сиз ҳам, ўғлингиз Акбаржон ҳам ҳазрат отангиз каби катта юксакликларга кўтарилурсиз! — Шояд шундай бўлса! Аммо мени ҳозир қизилбошлар ташвишга солмоқда. Мен уларни Қандаҳордан тўғри Қазвинга қайтариб юбориш ҳаракатидамен. Бу эса жуда мушкул. Аксига олиб, фалокат юз берди. Шоҳ ўзининг тўққиз яшар ўғли Муродни Қандаҳорга ҳоким тайинлаган эди. Болани эҳтиёт қилиб асраш унинг аткаси Будагхонга топширилган эди. Будагхон жаҳли тез, дағал муомалали одам экан, яна шиа-сунний жанжаллари бошланди. Шунинг устига қалъада вабо тарқалди. Шаҳзода вабога учраб тўсатдан вафот этди. Xайрият, биз шаҳардан ташқарида алоҳида қароргоҳда турибмиз. Бўлмаса бизга ҳам вабо юқиши мумкин эди, шаҳзоданинг ўлимида ҳам бизни айбламоқлари мумкин эди. Ҳумоюн вазият мураккаблигини, шоҳга воқеани чаппа қилиб етказувчилар борлигини ҳисобга олди-ю, унга таъзия билдириб хат ёзди, воқеанинг бутун тафсилотлари баён қилинган илиқ, дўстона мактубдан ташқари Аскарийнинг хазинасидан мусодара қилинган олтин-кумушларни уч туяга орттириб, бошқа совғаларни ҳам ёнига қўшиб, бир карвон юк қилди. Сўнг ҳаммасини Байрамхон ва унинг юзтача қўриқчи йигитига топширди-да, дарҳол Қазвинга юборди. Бир карвонга юк бўлган совғалар ва олтин-кумушлар Ҳумоюннинг укаси Аскарий учун тўлаган товони, айни вақтда, шоҳ берган қарзларнинг ортиғи билан қайтарилиши эди. Бундан мамнун бўлган шоҳ Таҳмасп Аскарийни Ҳумоюннинг ихтиёрида қолдиришга рози бўлди. Шаҳзода Муроднинг ўлими учун бутун жавобгарлик Будагхоннинг зиммасига тушди. Будагхон ўзига топширилган ишнинг уддасидан чиқа олмагани учун Қандаҳор ҳокимлигидан бекор қилинди. Шу фурсатдан фойдаланган Ҳумоюн шоҳ Таҳмасп ҳам ёқтирадиган, шиа-сунний низоларига бўй бермайдиган Байрамхонни Қандаҳорга ҳоким қилиб тайинлади. Байрамхон яна Қазвинга бориб, шоҳ Таҳмаспнинг бу қарорга розилигини олиб келган куни Ҳумоюн уни аммасининг олдига бошлаб кирди: — Пойқадамингиз яхши келди, ҳазрат амма! Байрамхон шундай мушкул вазифаларни қойил қилиб уддалагани учун, унга даргоҳимизнинг энг юксак мартабаси — хони замон унвонини бердик. — Қуллуқ бўлсин! — деб Xонзода бегим Байрамхонни ўрнидан туриб муборакбод қилди. Бу шоир йигит йигирма беш яшарлик пайтларида Бобур мирзонинг ўртанча қизи Гулранг бегимга ошиқ бўлиб юргани кайвонининг эсига тушди. Ҳозир Байрамхон басавлат ўрта яшар одам бўлса ҳам, Xонзода бегим уни йигит ўрнида кўриб деди: — Илоҳим, умрингиз узоқ бўлсин! Ҳумоюнга қилаётган ҳамма яхшиликларингиздан хабарим бор. Агар яна битта қизим бўлса, сизни жон деб куёв қилур эдим! Бу гаплардан ҳамма бир кулиб олди. Кулаётганлар орасида Xонзода бегимни кўришга келган Салтанат бегим ҳам бор эди. «Қизилбошлар Аскарийнинг ҳарамини беномус қилганмиш», деган овозлар ҳақиқатан уйдирма гап бўлиб чиқди. Ҳумоюн Аскарийнинг хотини Салтанат бегимни, бошқа аёллар ва болаларни ўз ҳимоясига олган, қароргоҳда уларга алоҳида чодирлар тикдириб берган эди. Аммо Аскарийнинг ўзини Будагхон асир қилиб қазвинга юбормоқчи бўлгани рост эди. Ҳумоюн уни кафилликка олган, қўшин орасидаги алоҳида ўтовда атрофига соқчилар қўйиб ҳибсда сақламоқда эди. Бугун эрталаб Xонзода бегим ўзи уни бориб кўрди. Белида на қиличи, на камари ва на белбоғи бор, соқол-мўйлови ўсиб кетган, юзи синиққан Аскарий лаблари пир-пир учиб: — Ўзимдан ўтган, амма, — деди. — Энди... оғаларимизга айтинг, адоватни бас қилсинлир. Шу икки оға ярашса биз ҳам тинчир эдик. Ҳозир Байрамхон келтирган хушхабарлардан Ҳумоюннинг дили яйраб турган пайтда Xонзода бегим унга меҳри товланиб қаради-да: — Ҳазратим, — деди, — худо раҳмати отангиз сизга атаб ёзган мактубларида битган эдиларки, «улуғлар кўтаримлик бўлғай». Сиз катта оғасиз, улуғсиз. Комрондан ўтган бўлса кечиринг. Ўғлингиз Акбар ҳам хавф-хатардан қутулсин. — Оға-ини адовати ўзимнинг ҳам жонимга теккан, — деди Ҳумоюн. — Наҳотки тўрт оғайни бир дастурхон атрофига йиғилиб ўтиролмасак? Мен қачонлардан берли ҳазрат отамнинг қабрига зиёратга борганим йўқ. Бир марта учала инимни мақбараларига бошлаб борсам, «мана, отажон, тўрт «кўз тугал», деб, отамнинг улуғ руҳини шод эцам, деб, шунча орзу қилурмен. Комрон ҳеч бўй бермайдир. Ахир у ҳам шу отанинг фарзанди-ку. Бир марта менга ишониб, Кобул дарвозасини жангсиз очсин. Ҳиндол билан Аскарий ҳозир ёнимда, бирга олиб борай. Комрон ҳам ёнимга кириб, кўмак берсин. Ҳиндга қайтиб, отамнинг улуғ давлатини тиклайлик. Ана ундан кейин Кобул ҳам, Қандаҳор ҳам — ҳаммаси яна Комроннинг ихтиёрига ўтгай. Юрак қаъридан чиққан бу сўзлар Xонзода бегимга шундай таъсир қилдики, кўзига ёш олиб: — Муродингизга етинг, Ҳумоюнжон, мурувватли қалбингиз бор! — деди. — Мен бориб ҳамма гапларингизни Комронга айтгаймен! Яккама-якка ўлтириб сўзлашурмен! Хонзода бегим тезроқ Кобулга қайтиб, бу янгиликларни Комронга етказмоқчи ва уни инсофга чақирмоқчи эди. Бироқ руҳини кўтариб, вужудини ҳаяжонга солаётган бу мураккаб вазифалар унинг юрагига катта юк бўлиб тушмоқда эди, гоҳи-гоҳида нафас олиши оғирлашиб, ўпкаси ғижиллаб қолар эди. Ҳумоюн аммасини ўзининг хос ҳакимига кўрсатган эди: — Ҳазрат бегим, сизга ором керак, ҳозир узоқ сафарга чиқмаганингиз маъқул, — деди. Ҳумоюн ҳам аммасини олиб қолмоқчи бўлди. Лекин Xонзода бегим кўнмади. — Салқин Кобулга ецам яхши бўлиб кетгаймен, оға-инини мен яраштирмасам, хонадонимизда буни қиладиган бошқа кайвони йўқ, — деб туриб олди. — Акбаржонга ҳам Кобулда мен керакмен. Йўлга чиқай! Ҳамида бону фил суягидан ва хушбўй сандал дарахтидан ясалган ўйинчоқлар, жажжи этикчалар-у тўнлар ва кўйлакчаларни Акбарга атаб бериб юборди. Хонзода бегим Кобулдан ўз канизи ва тўртта одами билан келган эди. Ҳумоюн улар ёнига йигирмата йигит қўшди, аммасини маҳофага ўтқазди. Йигитларига: — Тахтиравон ҳам олинглар, — деб буюрди. — Маҳофа уринтириб қўйса, тахтиравон беозорроқ, кўтариб кетгайсизлар. Хонзода бегимнинг руҳи қанчалик тетик бўлмасин, танаси йўл азобини кўтаролмайдиган бўлиб қолган эди. Буни ўзи ҳам сезар, лекин Кобулга бир амаллаб етиб олишига умид боғлаб борарди. Уч кун ўтиб, тўртинчи куни маҳофада беҳаловат бўла бошлади. Юраги тўхтаб-тўхтаб урарди. Канизи буни йигитларга айтди. Шундан сўнг саккиз йигит уни тахтиравонга солиб қўлларида кўтариб бора бошладилар. Бошдан-оёқ оқ кийинган, озиб, енгилгина бўлиб қолган Xонзода бегим тахтиравон ичида худди ўзи йўқдай, фақат руҳи бордай сокин борарди. Кўз олдидан бутун ҳаёти, Фарғона водийсида бошланган ёшлиги, иниси Бобур билан Самарқанд қамалида тортган азоблари, Шайбонийхон ҳарамида ўн йил яшаб топган ўғилчаси Xуррам бир-бир ўта бошлади. Xонзода бегим туш кўрдими ёки алаҳсирадими, ўнг бир ёшли Xурамшоҳ туман ичидан кулимсираб чиқиб келди-ю, онасини қўлидан олди. Зум ўтмай туман осмондаги булутга айланди. Она-бола осомнда муаллақ туриб қолгандай бўлди. Xонзода бегим ер узоқларда қолиб кетганини кўриб, юраги шув этди, ўзи бола билан пастга учиб кетгандай бўлди, шу кетишда ҳушини йўқотди-ю, нафас олишдан тўхтади. Унинг қандай жон берганини ҳеч ким сезмай қолди. Тахтиравон Кобулҳақ деган жойга етганда йигитлар уни ерга қўйиб, очиб қарасалар, Xонзода бегимнинг кўзлари абадий юмилган... Ўша йигитлар эртаси куни унинг тобутини кўтардилар. * * * Ҳумоюн Қандаҳорни тинчитиб Кобулга борганда, Комрон қалъа дарвозаларини очмади. Қамал бошланди. Ҳумоюн аркдан баландроқ бўлган Уқабайн тоғига замбарак ва тўфангларни ўрнатиб, оға-инининг орасини бузаётган Бопусхон ва Қорачахонни ўққа туттирди. Бу ўқлардан бири тасодифан Комроннинг тепасидан учиб ўтган эди. Акасига ўчакишган Комрон уч яшар Акбарни ичкаридан олиб чиқдирди-ю, ўқ келаётган томонга тўғрилаб, тикка турғизиб қўйди. Қандай даҳшатли хатарга рўбарў бўлганини билмайдиган мурғак бола Комроннинг буйруғига биноан арк ҳовлиси ўртасида анча вақт турди. Тўфанг ўқлари ёниверидан визиллаб ўтганда уларга қизиқиб қаради. Тўп ўқларидан бири боши устидан ошиб, арк деворига урилди-ю чанг кўтариб, тошларни синдириб тушди. Акбар отасининг ўқига нишон қилиб қўйилганидан хабар топган Моҳим энага ичкаридан дод солиб чиқиб, болани ўзиниг гавдаси билан тўсди. Ўқ келаётган томонга қараб қўлларини кўтарди, бор овози билан бақирди: — Отманглар-о-о!! Отманглар! Акбар бу! Акбар-ар! Болага отмангла-ар!! Ниҳоят, тоғдан ўқ отаётганлар бола билан турган аёлни кўрдилар. Моҳим энага жон ҳолатда қичқириб «Ак-к-ба-ар бу-у!» дегани Ҳумоюннинг қулоғига етганда қўрқувдан сочлари тикка бўлиб кетди. Қалъа томонга замбаракдан ҳам, тўфангдан ҳам ўқ отишни қатъиян тақиқлади. Акбар ўлим таҳликасини энагаси орқали сезди. Боя деворни чангитиб, тошни синдирган тўп ўқи энагага тегиши мумкинлиги болада қўрқувдан ҳам кучли бир кин ва жаҳл уйғотди. Моҳим уни ичкарига кўтариб кирганда боланниг ранги оқариб кетган эди. Моҳим уни ерга қўйиб, пиёлада сув олди. «Бола қўрққан» деб, сув ичирмоқи бўлди. Лекин Акбарнинг ҳуши жойида эмас, пиёлани уриб ерга тушириб юборди. Бирдан дод солиб йиғлади, аммо кўзлари намланмади. Дилидаги тошдай қаттиқ бир жаҳл туйғуси борлиғини исканжага олиб қийнар, бояги ўқларнинг визиллаши қулоғидан нари кетмас эди. — Акбаржон, бас! Бас! Ўқлардан қутулдик! Йиғи бас!!. Бўлди болажоним! Бўлди! Тўп ўқининг ваҳшати билан бирга боланинг қалбига ўрнашиб қолган ўкинч ва жаҳл ҳеч тарқамас, Акбар ўзини у ёқдан бу ёққа отиб йиғлар, қўлига тушган нарсани улоқтирарди. Боланинг йиғисини нариги уйдан эшитган Гулбадан бегим чопиб кириб келди. Моҳим билан икковлашиб, Акбарни кеч бўлганда зўрға юпатдилар. Бола уйқусида ҳам оғир хўрсиниб ётарди. Буни кўриб Гулбадан бегим кўзига ёш олди. Эшик-деразани бекитиб, шам ёруғида Ҳумоюнга мактуб ёза бошлади: «Ҳазрат оғажон, шукурким, Акбаржонни Xудо бир асради. Лекин уч ойдан бери қамал азоби ҳаммани жонидан тўйдирди. Бопусхон билан Қорачахонларнинг зулмидан безор бўлганлар кечаси девордан ўзини ташлаб, обмўридан чиқиб, сиз томонга қочиб ўтмоқда экан. Бу ўтганлардан бири менинг мактубимни сизга етказар деб умид қиламен. Мен эшитдимким, Бопусхон билан Қорачахон боғ талашиб урушиб қолибдилар. Xудо раҳматли аммам Xонзода бегимнинг яхши боғи, ҳовли-жойи меросхўрсиз қолган эди, шуни Қорачахон олмоқчи экан, вазир Бопусхон ундан олдин комрон мирзодан ижозат олиб, ўғлига хатлаб берибдир. Шу туфайли бу икки ит суяк талашиб уришиб қолдилар. Бопусхон вазирлигидан фойдаланиб, Қорачахонни доруғалик амалидан маҳрум қилди. Ҳозир Қорачахон мингтача аскарга саркарда. Чармгарон дарвозасини қўриқлаб турибдир. Куёвингизнинг иниси, менинг қайним Маҳдихўжа ҳам унинг аскарлари сафида. Бир кун мастликда Қорачахон Маҳдихўжага сизни мақтаган эмиш, Комронга хизматга ўтганидан энди афсус қилармиш, «ҳазрат Ҳумоюн гуноҳимни кечирмагай-да, бўлмаса ҳузурларига бош эгиб борар эдим», деган эмиш. Подшоларнинг биридан бошқасига қочиб ўтишга ўрганган бундай сотқинларни ўзларининг қуроллари билан енгиш мумкин эмасмикин? Ортиқча қон тўкилмайдиган бирон йўлини ўйлаб топармикинсиз, ҳазрат оғажон! Кўзларимиз йўлингизга тўрт бўлиб нажот кутмоқдамиз. Сизни соғиниб, йиғлаб мактуб ёзган синглингиз Гулбадан». Ҳумоюн бу мактубни олгач, ўз аскарлари сафида хизматда бўлган куёви Xизрхўжахонни чодирга чақирди. Xизрхўжахон ботир йигит, одоб-ахлоқи Гулбаданга маъқул келган, ўзи эшонлар авлодидан эди-ю, лекин ёшлигида яхши таҳсил кўрмаган, саводи йўқ эди. Ҳумоюн берган хатни қўлида айлантириб кўрди, кўзига соғинч билан сурди. — Тинчликмикин, ҳазратим? Ёшликда қунт билан савод ўрганмаганимдан энди доғдамен! Ҳумоюн мактубни унинг қўлидан олиб, ўқиб берди. Xизрхўжахон чақмоқ мўйловини мамнун силаб, баҳодирона кенг кўкрагини тўлдириб нафас олди: — Синглингиз бизга нажот йўлини топиб берибдир, ҳазратим! Агар буюрсангиз мен Қорачахон билан алоқа ўрнатмоғим мумкин. Ҳумоюн Қорачахон билан алоқа боғлашдан қанчалик жирканмасин, бошқа йўл йўқлигини сезди. — Инингиз Маҳдихўжа Қорачахон билан Чармгарон дарвозасини қўриқлар экан, — деди Ҳумоюн. — Ҳа, мен аввал инимни топгайман. — Менинг Қорачахонга... мактуб ёзгим йўқ... Мабодо иликласалар ўзига ҳам ёмон бўлғай... Сиз менинг номимдан инонтириб айтингки, кечаси эл ухлаганда дарвозани очиб берса, нобакорнинг барча гуноҳларидан кечгайман, кўнгли тилаган иноятларни ҳам заҳримаргига олсин. Тезроқ Гулбаданга етиш иштиёқида ёнган Xизрхўжахон қавс[29] ойининг муздай сувига кечаси обмўри орқали тушиб, сув тагидан нафас олмай ўтиб борди... Келишилган вақтда Қорачахон Чармгарон дарвозасини секин очиб берди. Ҳумоюннинг қўшини қалъага бостириб кирди. У Комронни нима қилиб бўлса ҳам тирик қўлга туширишни буюрган эди. Лекин чаққонлик ва довюракликда акасидан қолишмайдиган комрон қўлда қилич билан ўзига йўл очиб, қалъанинг бошқа дарвозасидан қочиб чиқиб кетди. Шу кетганича Xайбар довонидан ошиб, Синд дарёсидан ўтиб, қайнотаси Ҳусайн арғун даргоҳидан паноҳ топди. * * * Икки ярим йилдан бери ёлғиз ўғлининг дийдорига ташна бўлиб юрган Ҳумоюн тонг отганда Акбар ётган аркка от чоптириб келди. Лекин уйқудан барвақт уйғотилган бола отасини танимади — ўнг ойлигида бўлган воқеалар гўдак хотирасидан аллақачон ўчиб кетган эди. Бунинг устига қилич таққан Ҳумоюннинг нимасидир шафқациз Комронни ва тепасидан ўтган тўп ўқини боланинг эсига туширди. Акбар бегонасираб орқага тисарилди. Ҳумоюн унга қўл чўзиб ялинди: — Акбаржон! Ўғлим! Сени хавф-хатарлар гирдобида қолдирганим учун кечир! Билмасдан оттирган ўқларим учун кечир мени! Отасининг овози Комронникидан бутунлай бошқача экани Акбарда илиқ туйғу уйғотди. Шундай катта одамнинг кўзида ҳалқаланган ёш, овозида товланган илтижо боланинг кўнглини юмшатди. Ҳумоюн уни авайлаб қучоғига олганда Акбарга бу ёқимли туюлди. Кўп ўтмай Қандаҳордан Ҳамида бегим ҳам етиб келди. У келгунча Гулбадан ва Моҳим энага Акбарга онасининг кўп белгиларини айтиб бердилар. Шунинг учун Акбарнинг онасини таниши унча қийин бўлмади. Ҳамида бигим Акбарни кеча-ю кундуз ёнидан қўймай парвариш қилар экан, унинг миқти ва шўх бола бўлганини кўриб қувонарди. Фақат баъзи кечалари тўп ўқига нишон бўлган ўша машъум дамлар боланинг тушига кирса босинқираб уйғонар, ранги оқариб, ўзини билмай қолар, йиғлаб тўполон қилар, уни юпатгунча она эзилиб, қийналиб кетар эди. Боланинг бошидан кечган даҳшатлар унинг дилида умрбод унут бўлмайдиган асоратлар қолдиргани Ҳамидани таҳликага соларди. У бу асоратни ўғлининг хотирасидан кетказишга ҳаракат қилиб юрган кезларда яна янги фалокатлар юз берди. Шимолий чегараларда шайбонийзодалар қутқусига учган Бадахшон ҳокими Ҳумоюнга қарши исён кўтарди. Ҳумоюн Бадахшонга қўшин тортди ва ўша ёқларда олти ой қолиб кетди. Бунинг хабари Синд вилоятида пайт пойлаб юрган Комрон мирзога етиб борди. У бир неча юз одамни оддий деҳқонлар, бозорчилар кийимида Кобул дарвозалари томон юборди. Шаҳар тинчиб қолган, атроф қишлоқлардан бозорга дон, мева, ўтин олиб келадиган кишилар учун дарвозалар ҳар куни азон пайти очилади. Соябон араваларда дон ва мева ўрнига қуролли навкарларни бекитиб олиб кирган Бопусхон энг аввал қалъа дарвозаларини эгаллади. Асосий кучлар билан пистирмада турган Мирзо Комрон Бопусхон очган дарвозалардан от қўйиб кирди-ю, бутун қалъани забт этди, қаршилик қилганларни аёвсиз ўлдирди, ўтган галги мағлубият учун кўп одамлардан қасд олди. Бу хабар Ҳумоюнга етиб боргач, у Бадахшондан Кобулга қайтди. Аммо дарвозалар яна бекик, Комрон уни киритмоқчи эмас. Яна қамал бошланди. Ўтган галги қамалда ҳумоюннинг Қорачахон билан алоқа боғлашига аёллар ёрдам берганини эшитган Комрон Мирзо Ҳамида бону билан Гулбаданни илгари Мирзо Аскарийнинг ҳарами бўлган бир уйга қаматди. Бопусхон бегимлар қамалган уйни ойлар мобайнида соқчилар кучи билан сақлашга эринди-ю, унинг эшик ва даричаларига ғишт қалатиб бекиттирди. Сув ва овқат том устидаги мўридан арқон билан тушириб берадиган қилинди. Ҳамида бону, унинг ўғилчаси Акбар ва қизалоғи Жаҳон бегим ўз энагалари билан мана шу зиндондай эшиксиз ва даричасиз уйда беш ой қамал азобини тортдилар. Қамоқ даврида икки ёшдан ошган Жаҳон Султон бегим зиндон азобига бардош бера олмай оғир касал бўлди-ю, онасининг қўлида жон берди. Беш яшар Акбар ҳам бу мусибатни бошдан кечирди. Ҳумоюн энди Комронни умрбод кечирмаслиги керак эди. Комрон ҳам шундай деб ўйлаб охирги кучлари қолгунича у билан олишди, лекин енгилиши муқаррарлигини сезди-да, Кобул қалъасидан кечаси яшириқча чиқиб, ўттизтача одами билан шимолга қараб қочди. Шу кетишда бу гал у Бадахшоннинг Толиқонига борди. Бадахшоннинг маркази — Зафар қалъаси эди. Ҳумоюн бу қалъанинг ихтиёрини амакиваччасининг ёш беваси Ҳарам бегимга ва унинг норасида ўғиллари мирзо Сулаймон билан мирзо Иброҳимга топшириб келган эди. Ҳарам бегим ўттиз ёшли келишган жувон, жангларда эркакча кийиниб, қилич чопадиган довюрак, мард аёл эди, ўнг беш минг Бадахшон йигити унга сўзсиз итоат этар эди. Қамалда енгилиб хазинасидан ва қўшинидан айрилган Комрон давлатманд жувон билан тил топиш фикрига тушди. Тархон бека номли бир доғули аёл, «Амакисининг бевасига уйланиш бизнинг улусда бор одат, Ҳарам бегим сиздек баҳодир йигитга зор бўлиб юрибдир, мен сизга унинг ризолигини олиб бергаймен», деб Комронни ишонтирди. Комрон ўзининг ошиқлик мактубига Бадахшон Лаъли, ҳинд марваридлари ва чиройли кашмири рўмолни қўшиб совға қилди-ю, Тархон бека орқали Ҳарам бегимга юборди. Ҳарам бегим Комроннинг ошиқлик мактубини ўқиди, совғаларини кўрди, Тархон бека сўйлоқли тишларини кўрсатиб хихилаб кулди: — Ўттиз ёшда эрсиз юриш азоб, айланай, бошимиздан ўтган, — деб, беҳаё ҳикоялар айтиб, Ҳарам бегимнинг ҳирсини уйғотишга ҳаракат қилди. Ҳарам бегим қайноға ўрнида кўриб ўрганган Комрон мирзонниг мактуби ҳам, орага қўйилган кампирнинг беҳаё гаплари ҳам Зафар қалъасининг маликасига қаттиқ ҳақоратдай туюлди. Унинг ғазаби келиб, жаллодни чақирди-ю, доғули Тархон бекани пора-пора қилдирди, бошини кесдириб, ўзи келтирган кашмири рўмолга тугдирди-да, лаъл-у марваридлари билан бирга Комронга қайтариб юборди. Инисининг мактубини эса Ҳумоюнга жўнатди. Бу воқеадан хабар топган Ҳумоюн Комроннинг мағлубиятдан довдириб, эс-ҳушини йўқотаётганини, ёмон одамлар шундан фойдаланиб, уни янада шармандали аҳволга солишлари мумкинлигини, оталарининг улуғ номига иснод келтирадиган бундай ишларнинг олдини олиш ҳам катта аканинг бурчи эканини ўйлади. У энди нима қилиб бўлса ҳам Комрон билан бир учрашиши, юзма-юз туриб очиқ гаплашиши керак эди. Фақат шундагина орани бузаётган одамларнинг таъсирини қирқиш ва Комронни уларнинг асоратидан қутқариш мумкин эди. Қанча мушкул муаммоларни ечган Ҳумон наҳотки энди шу ишнинг уддасидан чиқолмаса? Наҳотки ўз инисининг берган озорларини унутиши, қилган ёмонликларини ичига ютиб, у билан бир марта ярашиши шу қадар қийин бўлса? Ҳамида бегим Комроннинг номини тилга олгиси келмас, қамал ойларида дили яраланган Акбар ҳам жажжи синглисининг қотили билан отасининг ярашишини истамас эди. «Комрондан энди умид йўқ, яширин одамлар юбориб, ясоққа кетказиш керак!» дерди Турдибек. Лекин Ҳумоюн биродаркуш бўлишни истамас, «раҳматли отам, «зинҳор иниларингнинг қонини тўкма!» деб васият қилганлар» дерди. Ҳозир Аскарий билан Ҳиндол Ҳумоюннинг ёнида, энди фақат Комрон тентираб юрибди. Ҳумоюн унинг олдига Ҳиндолни юборди. «Бас энди, келсин, гуноҳларидан кечай», деди. Аммо Комроннинг ёнидаги Бопусхон, «борманг, яширинча қатл эттиргай», деб уни қўрқитди. Комрон яна ярашишдан бош тортди. Шундан кейин Ҳумоюн Ҳарам бегимга мактуб ёзиб, Комронни қуршовга олишда ёрдам беришни сўради. Ҳарам бегим ўн икки минг отлиқ қўшин йиғди, ўзи бу лашкарга бош бўлиб, Помир тоғининг жанубий этакларидан Ҳиндикуш тоғининг шимолидаги Кўталгача олиб келди. Бу қўшинни Ҳумоюннинг кўмагига топширди-да, ўзи яна бадахшоннинг зафар қалъасига қайтиб кетди. Келинларининг мардона иши Комронни ваҳимага солиб қўйди. Агар у Ҳумоюн билан энди ҳам ярашмаса тирик қутулиб кетолмаслиги аниқ эди. Шундан кейин Комрон Ҳумоюн қароргоҳига одам юборди: — Ҳиндол келсин, бирга боргаймиз, — деди. * * * Илк баҳор кунларида Ҳумоюн Ҳиндикуш тоғининг жанубий этакларига юздан ортиқ чодир тиктирди. Уларнинг ўртасига кўкракдор бир жойга улкан саропарда ўрнатилди. Боргоҳ ва хиргоҳдан ташқари яна уч хил рангдаги учта кимхоб чодирни шу саропарда ичига ўрнатишди. Отлиқлар кўп ўтиб йўл қилган жойдан то саропарда эшигига қадар лоларанг ипак пояндоз тўшалган эди. Ҳиндол ва Аскарий икки ёнда, Комрон мирзо ўртада, учаласи шу пояндоз олдига келиб отдан тушдилар. Нақоралар чалиниб, қўш сурнай майин навони куйлаб турибди. Яхши кийинган салобатли Комрон мирзо лоларанг пояндозга секин қадам қўйиб, иниларини эргаштириб кела бошлаган пайтда саропардадан Ҳумоюн унга пешвоз чиқди. Сурнай ва нақоралар товушида жўшқин, қувноқ, ҳаяжонли оҳанглар пайдо бўлди. Бу хаёлот эмас, туш ҳам эмас. Ҳумоюн кўпдан орзу қилган ва етти йили курашиб юриб, ниҳоят бугун муяссар бўлаётган ҳақиқат эди. Бунчалик эъзоз билан пешвоз олинишини кутмаган Комрон акасининг муруввати олдида тиз чўкиб уч марта юкунди. Ҳозир унинг белида на қиличи, на ханжари бор, фақат камарнинг ўзи боғланган. Комрон титроқ қўллари билан олтин камарини ечди-да, уни ўзининг бўйнига осди. Бу унинг таслим бўлганини билдирар эди. Шу билан комрон ўзининг гуноҳкор эканини ҳамманинг кўзи олдида тан олди. Бундан таъсирланган Ҳумоюн унга қучоқ очди, одат бўйича уч марта кўкракни-кўкракка босиб кўришдилар. Шундан сўнг Ҳумоюн Комроннинг олтин камарини бўйнидан олиб белига боғлаб қўйди. Саропарда ичидаги энг катта чодир оға-инилар учун гулдай ясатиб қўйилган эди. Ҳумоюн тўрга ўтди-да, ўнг ёнига Комронни ўтқазди. Аскарий билан Ҳиндол икки томондан жой олишди. Олтин косаларда энг аввал хушбўй гулоб келтирилди. Бир коса гулобни аввал Ҳумоюн, сўнг Комрон ичди. Иккинчи косадаги гулобнинг бир қисмини аскарий ичиб, қолганини Ҳиндолга берди. Зиёфат бошланди. Гоҳ кийик кабобини, гоҳ кобули шўрвани, гоҳ фарғонача паловни олиб келиб дастурхонга қўяётган баковуллар тўрт оға-инини энди бир дастурхон атрофида кўраётганларидан хурсанд. Энг тўнғичи Ҳумоюн — қирқ ёшда, энг кичиги Ҳиндол — йигирма саккизда. Бугун дастурхон атрофида тўртовларидан бошқа ҳеч ким йўқ. Тўртовлари ҳам бир-биридан дуркун бўлгани учун катта чодирни тўлдириб ўлтиришибди. Xизматкорлар назарида чодирда етти-саккизта одам ўлтиргандай. Паловдан кейин Ҳумоюн битта чинни тарвуз сўйдирди. Тарвузни тенг икки паллага бўлиб, бир палласини Комрон билан Ҳумоюннинг олдига, иккинчи палласини кичик инилар ўртасига қўйишди. Баҳоргача асралган бу тарвуз жуда ширин эди, тўртовлари ҳам уни мақтаб-мақтаб едилар, барибир тарвуз улардан ортиб қолди. — Ана, — деди Ҳумоюн. — Тўртталамизга битта тарвуз етиб ортар экан. Талашиб-тортишишнинг не ҳожати бор? Мамлакат улкан — Қандаҳордан Бадахшонгача. Наҳотки шу бизга етмаса? Комрон хижолатдан қизариб, маҳзун бир қиёфа билан: — Начора, хом сут эмган банда эканмиз, — деди. — Майли, ўтган ишга саловот, — деди Ҳумоюн.— Қани, мирзо Комрон, янги шеърлардан борми? Гап ёқимли мавзуга кўчганидан енгил тортган Комрон: — Ҳазрат отамизнинг машҳур бир рубойилари бор. «Кўнгли тилаган муродиға еца киши, ё барча муродларни тарк эца киши» деб бошланур. Фақир шу йўлда бир рубоий битмишмен: Ё бўлса муяссар кишига илм ила ҳол[30]. Ё топса киши салтанат авжида камол. Ё ошифтае бўлса кўруб ҳусн-у жамол Ё бўлса тамом ўзлигидин фориғбол[31]. Ҳумоюн ҳозир оға-ини адоватидан қутулиб, фориғбол бўлиб ўлтиргани учун, сўнгги сатр унга жуда ёқди: — Кўнглимдаги сўзларни битибсиз, амирзодам! Дунёдаги энг ёмон тутқунлик — одамнинг ўзлигидан фориғбол бўла олмаслигидир. Бундан олдин бир маснавий ҳам битган экансиз. Менинг хотирамда бир неча сатри қолмишдир. Унда ҳам ҳақ сўзлар бор. — Қайси маснавий экан, ҳазратим? Бирор сатрини эслатинг. «Якталаб-у, яқдил-у, якхўй бўл, Борча халойиқ била якрўй бўл» — Бул ҳам ҳазрат отамнинг маснавийларига ўхшаб кетадир, — деди Ҳиндол. — Ҳа,— давом этди Ҳумоюн. — Қуйидаги тўрт сатрини Комрон мен кабиларга бағишлаб ёзган деб ўйладим: Эй, ўзини жоҳ ила маст айлаган, Ҳимматин ул пояда паст айлаган. Ҳиммат эмас улки, жаҳон олғасен Ҳиммат эрур буки, борин солғасен[32]. Комрон акаси билан хафалашиб юрганда бу сатрларни унга қарши қаратгани рост эди. Лекин ҳозир у шеърдаги кинояни ўзига олди: — Бу сатрларда мен ўзимга мурожаат этмишмен, ҳазратим! Ёдингизда бўлса жаннатмакон отам бир қанча маснавийларни ўзларига қарата битган эдилар. Секрида май ичишдан тавба қилганда ўзларига мурожаат этиб айтган маснавийларини эсланг:[33] — Ўзингизга мурожаат этганингиз — бизга ҳам мурожаат қилганингиз эмасму, амирзодам? — деди Ҳумоюн кулимсираб. — Ахир биз ҳаммамиз бир хон авлодиданмиз. — Бу рост, аммо мен аввалги даъволаримдан воз кечиб, ўзлигимдан фориғбол бўлдим. Ҳиммат — барини олишда эмас, баридан воз кечишда эканини энди астойдил ҳис этдим. — Бу ҳис сизга ҳам таниш бўлса керак, ҳазратим?— деб Ҳиндол Ҳумоюнга Аграни эслатди. — Ўшанда сиз ҳатто тахтингизни, бутун ҳазинангизни саққо йигит Низомга бериб қўйган экансиз. Афсуски, биз ўшанда ёшлик қилиб бу юксак ҳимматнинг қадрига етмаган эканмиз. — Энди қадрига етдингизми, ахир? — кулиб сўради Ҳумоюн. Бу саволга ҳар учала ини тасдиқ жавоб бердилар. — Ундоқ бўлса, тўртталамиз бу кеча мана шу саропарда ичида бирга ухлагаймиз. Дамни олиб, эртага Кобулга ҳазрат отамнинг қабрини зиёрат қилгани боргаймиз. Ҳумоюн атайлаб бек-у аъёнларни орага қўшмасликка ҳаракат қилар, чунки уларнинг Комронга боғлиқ гина-кудуратлари кўп — Бопусхон қамал пайтида бирининг акасини ўлдиртирган, бирининг синглисини беномус қилган, лекин одамлар буни Комрондан кўрар эди. Тўрт оғайни қўриқчи йигитлари билан Кобул кўчаларини тўлдириб ўтдилар, минглаб одамларнинг эътибори остида баланд тепалик устидаги Бобур мақбарасига кўтарилдилар. Оталари ҳаётлигида тоғдаги чашмалардан бу ергача ариқ қаздириб, сув олиб келган ва тўртта чинор эктирган эди. Йигирма йил ичида улар юқорига бўй чўзиб, катта дарахтларга айланган. Бу хушҳаво жойга шимолдан — Амударё ва Сирдарё томондан эсган шамоллар Бобур туғилиб ўсган жойларнинг эзг-у исини олиб келарди. Жанубдан эсган шамоллар эса Бобур Кобул дарёси бўйида ва Жамна қиргоқларида барпо этган боғларнинг муаттар ҳидини келтириб тургандай бўларди. Оталарининг васиятига биноан, унинг хоки Аградан ҳинд тупроғи билан бирга келтирилиб қабр ичига солинган эди. Қабр устидаги олтинранг мармар эса Самарқанднинг Ғозғонидан туяларга ортиб келинган ва Кобулда тарашланиб, сайқал олган эди. Тўрт ўғил мақбара ичига чуқур сукут билан кириб, қабр тошининг икки ёнига ва оёқ томонига чўк тушиб ўлтирдилар ва тиловат қилдилар. Ҳумоюн отасининг ўлмас руҳини тирик ҳис қилиб, унга ҳаётлигидагидек мурожаат этди: — Ҳазрат отажон, шукур, мана, барча ўғилларингиз соғ, омон. Ҳузурингизга бирга келиш орзусида эдик. Бугун шу орзуга етдик. — У иниларига юзланди: — Падари бузрукворнинг руҳлари олдида аҳд қилайлик, Комрон, Аскарий, Ҳиндол — барчамиз минбаъд аҳилликни ҳеч бузмайлик! Ҳеч бир кимса орамизга нифоқ сололмасин. Омин! — Омин! Ҳиндол акасининг сўзларидан қаттиқ таъсирланиб, кўзига ёш олди. Комрон эса босиқлик билан: — Омин! — деди-ю, ичида ҳиндолни «ҳали ҳам бола» деб қўйди. Аскарий ҳам Комрондек босиқ. У Ҳумоюндан кўра Комронни тезроқ тушунади. Ҳумоюннинг одам эришиб бўлмайдиган нарсаларга ишониши ва интилиши, ҳозиргидай оталарининг қабри олдида тирик одамга сўзлагандек гапиришлари Комрон билан Аскарийга китобий бир хаёлпарастликдек туюлади. Аграда Ҳумоюнниг олий табақани «аҳли давлат», «аҳли саодат», «аҳли мурод» каби қисмларга бўлганлари, бутун жамиятга эса табиатдаги чор унсур асосида тартиб бермоқчи бўлганларини, эшкакчи Низомни подшо қилиб кўтарганлари ҳозир Комроннинг эсига тушиб кулгисини келтирди. Бобур мақбарасидан нарироқда Xонзода бегимнинг қабри устига қўйилган одам бўйидан баландроқ оқ мармарга Ҳумоюн шикаста ҳарфлар билан дил сўзларини ўйдириб ёздирган эди. Ҳозир у укаларини аммасининг қабри олдига бошлаб келди-да: — Бу улуғ аёл умр бўйи отамизга-ю бизга ўзини фидо қилиб яшади, — деди. — Ҳаётининг охирги дақиқаларигача тўртовимизни бирга кўриш орзусида бўлди. — Ҳумоюн аммасининг руҳига ҳам худди тирик пайтидагидек мурожаат этди: — Ҳазрат аммажон, арвоҳингиз шод бўлсин, сиз орзу қилган кунларга етишдик. Улуғ руҳингиз бизга ҳамиша мадад берсин! Омин! Комрон бу гал юзига истар-истамас фотиҳа тортди, акасининг бу гаплари, унинг назарида, улкан подшога ярашмайдиган бачканаликдай туюларди. Ҳумоюн эрталаб бу ёққа келаётиб, мақбара этагига кўчат олиб чиқишни ва чуқурчалар қазиб қўйишни буюрган эди. Пастдаги ариқ бўйида Турдибек у айтган ишларни тахт қилиб, тўрт оғайнини кутиб турган эди. Ҳумоюн хилхонадан чиқиб буни кўрди-ю, иниларига: — Ҳозир илк баҳор, айни ниҳол ўтқазадиган пайт,— деди. — Юринглар, отамиз қаздирган ариқ бўйига биз ҳам кўчат экайлик, ҳозирги масъуд дамлардан хотира бўлиб қолсин. Ҳумоюн чинор кўчатини чуқурчага солиб, ўзи тупроқ тортмоқчи бўлган эди, навкари кетмонни бермади: — Ҳазратим, сиз тутиб турсангиз бас! Аммо Ҳумоюн бунга кўнмай кетмонни тортиб олди-да, кўчат тагига ўзи тупроқ ташлай бошлади. Умрида қилмаган бу ишга унинг қўли келишмаётганини кўрган Комрон акасининг кулги бўлишидан озорланиб: — Бас, ҳазратим! — деди. Комроннинг ҳокимона ишораси билан навкар тез кетмонни Ҳумоюннинг қўлидан олди. Комроннинг ўзи эса кўчатни тутиб турди, аммо кетмонсопга қўл теккизмади. Аслзодаларга хос назокат билан тарбия кўриб ўсган Комрон, «авомга ўзингни тенг туцанг, дарҳол тепангга чиқгай», деган эътиқодда эди. Ҳумоюн эса беғубор оддий одамларга яқин бўлишни яхши кўрар, ўғли Акбарнинг тўйида у ҳатто Имомқули деган навкари билан кураш тушган эди. Тўрт оғайни фақат ўзлари қолганда унча билинмайдиган бундай фарқлар улар жамият орасига кирган сари кўзга яққол ташланади ва бирини биридан узоқлаштира бошлайди. Кўпчилик Ҳумоюндан мамнун. Оға-инининг олишувларидан безор бўлганлар, «хайрият, энди тинчидик», деб қувонади, «Ҳумоюн инилари қилган ёмонликларни юзларига солмай, ҳурматларини жойига қўйиб, ёнида эъзозлаб олиб юрибдир, бағрикенглик бундан ортиқ бўлғайми?» деган мақтовлар Комроннинг қулоғига ҳам чалинади. Ҳозир бу ярашиш нуқул Ҳумоюннинг обрўсини ошираётгандай, Комрон эса Кобулдаги аввалги нуфузини йўқотиб, пастлаб кетаётгандай туюлади-ю, кун сайин қаттиқ ботади. Айниқса, қамал пайтда ундан жабр кўрган одамларнинг кўзларидаги кудурат Комронга тикандай санчилади, қариндош аёллар билан кўришганда Ҳамида бону унга кўзлари тўла мусибат билан шундай тикилдики, Комроннинг кўнгли аллақандай бўлиб кетди. У Ҳумоюннинг қамал пайтида зиндонда жон берган қизи — икки ёшли Жаҳон Султон бегимнинг ўлими учун жавобгар эканини мунгли онанинг нигоҳидан сезганда, бу кўзларнинг ўткир дарди гўё найза бўлиб отилди-ю, Комроннинг дилига қадалди. Эшик даричаларига ғишт қаланиб, қамоқхонага айлантирилган қоронғи уйда сингиллари гулбадан ҳам бир неча ой зиндон азобини тортган, энди у ҳам Комрондан кўрган азобларини унута олмас эди... Ҳумоюнга садоқатли беклардан бир қанчаси Бопусхон томонидан аёвсиз ўлдирилган, баъзиларининг хотинлари бозорда халойиқнинг олдида беномус қилинган, уларнинг тирик қолган оға-инилари буни ҳам Комрондан кўришарди. «Сен фармон бергансен, қасдини сендан олмоғимиз керак!» дегилари келиб, Комронга интиқом тўла кўзлар билан тикилишарди. Ҳумоюн қасоскорларнинг ҳовурини босиш учун Бопусхонни ҳибс қилдирди. Афзалбек Синдга борганда Шерхоннинг ўғли Исломшоҳ томонга ўтиб кетган, Қорачахон кечаси дарвозани яшириқча очиб бергандан бери ҳумоюн хизматида юрар эди. Лекин бек-у аъёнлар орасида Қорачахоннинг эътибори йўқ, солиқ йиғувчи маҳкамада учинчи даражали бир лавозимдаги ишлар, ҳеч ким уни писанд қилмас эди. Бундан аламзада бўлиб юрган Қорачахон пайтини топиб Комроннинг қароргоҳига келди, тиз чўкиб, ундан узр сўради. — Мен ҳали ҳам сизни валинеъматим деб тан олурмен! — деб шивирлади. — Оҳ, қани ўша давр-у давронларимиз? Агар мен сизга керак бўлсам, чорланг, ернинг остидан бўлса ҳам ҳузурингизга етиб келурмен! — Фитна-ю шўриш энди бас! — деб Комрон унга ён бермади. Чунки ҳозир Комрон қароргоҳ қилган Боғи Наврўзийда Ҳумоюнга гап етказадиган хуфиялар бўлиши мумкин эди. — Яхшилик йўлидан юрсангиз, бир кун яна учрашгаймиз. Унутмаганингиз учун ташаккур! Бу ташаккур — унинг Қорачахонни кечиргани эди. Ҳар қалай, Комронни Ҳумоюндан баланд қўйиб эъзозлайдиган одам ҳам борлиги Комроннинг дилига таскин берди. У Қорачахондан Саид Xалилни сўради. — Бечора қилтомоқ бўлиб қолди, — деди Қорачахон. — Икки ойдан бери томоғидан овқат ўтмай қоқсуяк бўлиб ётибдир. Билмадим, неча кунлиги бор... Комрон Саид Xалилни кўргани борди. Бир вақтлар ерни босайми-босмайми деб кеккайиб юрадиган Саид Xалил ҳозир одам кўрса сесканадиган кўкиш-сариқ мурдага ўхшарди. Лаблари қимирлаганда худди ўлик ётган одам гапириб юборгандай Комроннинг эти жимирлади. — Сиз... — деб пичирлади Саид Xалил Комронга...— Сиз тахтни олинг! Оғонгиз... номуносиб!.. Бир томонда — Ҳумоюнни Комрондан юз чандон баланд қўйиб мақтаётган бек-у аъёнлар, иккинчи томонда озчилик бўлса ҳам, ҳар қалай, Комронни отасининг тахтига энг муносиб деб биладиган эски қадрдонлар... Комронга бу икки муҳит — қайчининг икки тиғидек туюлар, Кобулда юрганда руҳи шу тиғлар орасида қолиб қиймаланаётгандай азоб тортар эди. Бу, эҳтимол, она сути билан кирган ғайришуурий бир туйғудир. Чунки Комроннинг онаси Гулруҳ бегим кундоши Моҳим қувонганда эзилар, аксинча, Моҳимнинг бошига фарзанд доғими ёки бошқа бирон кулфат тушса ўзини ундан бахтиёрроқ сезиб, дили таскин топарди. Комрон ҳам Ҳумоюннниг обрўси ортганидан қувонолмас, балки руҳи тушар эди. Акасининг маънавий ғалабаси унга ўзининг маънавий мағлубиятидек туюларди. Унинг кўзини куйдириб, рақобат ҳиссини хуружга келтираётган нарсалар кўпайган сари кечалари ухлай олмай чиқди-ю, синиққан юз билан Ҳумоюнга мурожаат қилди: — Мен бу жамиятдан узоқроққа кетай, ҳазратим. Улуғ мурувватларингизни тоабад унутмагаймен. Энди... тинч бир гўша бўлса, ижод қилсам... Ўша кезларда Ҳумоюннинг қаламравидаги энг узоқ ўлка — шайбонийзодалар давлати билан чегарадош бўлган Кўлоб эди. Комрон Кўлобга, Аскарий эса унга қўшни Толиқонга тайин бўлди ва тез кунда ўз вилоятларига жўнаб кетди. Кобулда Ҳиндол билан қолган Ҳумоюн энди Ҳиндистонга қандай қилиб қайтиш йўлларини ўйлар эди. Бу йўллар Ҳумоюн учун ҳали ҳам берк. Шерхоннинг ўғиллари орасида энг ғайратлиси бўлган Исломшоҳ ўзига қарши бош кўтарган кучли саркардалар — Ҳавасхон ва Ҳайбатхонларни енгиб, Гвалиор қалъасига ҳибс қилган. У Панжобда зўр давлат тузиб, қўшинини юз мингга етказган. Ҳумоюнда ҳали Исломшоҳга бас келадиган куч йўқ. Деҳли, Агра, ҳатто узоқ Биҳар ва Банголадан Кобулга, Ҳумоюн саройига эски қадрдонларидан хат-хабарлар, вакиллар келиб турибди. Ўша ёқларда бир-бири билан ҳокимият талашиб, эл-улуснинг бошига беҳисоб бахцизликлар келтираётган Аҳмадхон ва Одилхон сурларнинг зулмидан безор бўлган одамлар Ҳумоюнни тезроқ Ҳиндистонга қайтишга ва ўз тарафдорларини бу балолардан қутқаришга ундайдилар. Ҳумоюннинг ўзидаги энг зўр истак ҳам шу. Аммо ёши қирқдан ошиб, мулоҳазакор бўлиб қолган Ҳумоюн ҳали Ҳиндга қайтиши учун фурсат етилмаганини, тарих қозони яна узоқ қайнаши кераклигини сезади. Исломшоҳ минг уринса ҳам тўхтатолмайдиган ички бир нураш худди тоғ ёнбағрининг аста-секин кўчишига ўхшаб, Шерхон тузган давлатни ичдан емиб бормоқда. Буни Ҳумоюн Ҳиндистонга махфий тарзда бориб келаётган ўз мушрифларининг ахборотидан билиб турибди. Бу ички нураш ўз ишини қилиб бўлгунча Ҳумоюн шошмасдан куч тўплайди ва қулай вазиятни сабр-бардош билан кутади. Неча умрингни қулурсан зоеъ. * * * Баҳор сувларидан лойқаланиб оқаётган Кобул дарёсининг шовуллаши Ўрта[34] боғдан баралла эшитилиб туради. Чорчаманлари ва мармар кўшклари Бобур томонидан режалаштирилган бу марказий боғнинг номини ҳам унинг ўзи қўйиб кетган. Бу боғнинг қизғиш қум тўшалган ораста йўлкаларида кўкалдошлари билан чопиб ўйнаб юрган олти яшар Акбар: — Адҳам, Азиз, келинглар «Байрамхон» ўйнаймиз, — деб қолди. Бу ўйнинни уч ўртоқдан бошқа ҳеч ким билмайди. Отасининг беклари орасида Акбарга энг ёқадигани Байрамхон. Отасидан ҳам бу одам тўғрисида кўп ғаройиб ҳикоялар эшитган. Байрамхон ҳозир Қандаҳорда, Кобулга кам келади. Лекин ҳар келганда Акбарга фил суягидан ва сандал дарахтидан ясалган ғалати ўйинчоқлар совға қилади. Бир марта мана шу боғда у Акбарга ва кўкалдошларига қиличбозликдан сабоқ ҳам берди. Ўшанда Акбар ўз отасининг икки қўллаб қилич чопишини, Элбрус тоғида ов пайтида Ёқуб Шерафкан билан бўлган хатарли жангда чап қўл билан қилич уриб қандай ғолиб чиқанини айтиб берди. Байрамхоннинг бу ҳикояси Акбарга шундай таъсир қилдики, у ҳам ўнг қўлини белбоқчаси билан ёнбошига боғлатиб қўйиб, бўйига яраша ёғоч қиличини чап қўли билан ишлатишга ўрганди. Ҳали қўли қотмаган ёш бола учун чап қўлини ҳам ўнг қўлидай яхши ишлатишга ўргатиш унча қийин эмас эди. Шундан кейин тенгдош-кўкалдошлари орасида Акбар ёғоч қилични ҳаммадан яхши чопадиган бўлди. Байрамхонга ихлоси ортиб, уни: — Xонбобо! — деб улуғлади. Соқоли Ҳумоюнникидан оқишроқ ва бўлиқроқ, ёши ҳам каттароқ бўлган Байрамхон боланинг топағонлигидан завқ қилиб кулди: — Шаҳзодага бобо бўлиш ҳам катта шараф! Майли, мени хонбобо дейверинг. Шундан кейин Адҳам билан Азиз ҳам Байрамхонни «хонбобо» деб атайдиган бўлдилар ва ундан ўз саргузаштларини айтиб беришини илтимос қилдиллар. Шоирликда сўз таъсирини ошириб ўрганган Байрамхон оғзаки ҳикояни ҳам жуда мароқли қилиб айтар эди. Айниқса, унинг Шерхонга қандай асир тушгани, сўнг Абулқосим Жалойир уни қандай қутқаргани болалар дилига гўё нақшланиб қолди. Байрамхон Қандаҳорга қайтиб кетгандан сўнг, уч ўртоқ унинг шу ҳикояси асосида бир ўйин ўйлаб чиқардилар. Адҳам Шерхон бўлиб ёғоч қилич тақди. Акбар — Байрамхон бўлди. Азиз — Абулқосим. Шерхон — Адҳам уларнинг икковини тутиб олди-да: — Ким Байрамхон? — деб ўшқирди. — Чиқ олдинга, ҳозир бошингни кесгаймен! Шунда Акбар: — Мен Байрамхон, — деб олдинга чиқди. Аммо Азиз Абулқосим бўлиб, ундан олдинроққа ўтди-да: — Бу Байрамхон эмас, — деди. — Мен Байрамхон! Бу менинг навкарим! — Йўқ, мен Байрамхонмен! — деб Акбар яна олдинга чиқди. Шу пайт қоидага биноан Азиз Акбарнинг юзига бир шапати уриши: — Жим тур, сен навкарсен, Байрамхон — мен! — дейиши керак эди. Аммо Акбарнинг шаҳзодалигини доим эсда тутиш, ҳатто ўйинда ҳам унга қаттиқ тегмаслик кераклиги Азизнинг қулоғига ота-онаси томонидан қайта-қайта қуйилган эди. Акбар уч ёшида тўп ўқига нишон қилиб қўйилгандан бери қаттиқ жаҳли чиқса ўзини билмай қолар, ранги оқариб тўполон кўтарар эди. Шунинг учун Азиз унга шапати уролмади. — Йўқ, мен Абулқосим бўлмагаймен! — деди.— адҳам, сен бўл. Қилични менга бер! Мен — Шерхон. Икки кўкалдош ўрин алмаштиришгандан сўнг ўйин бошидан бошланди. Шапати уриладиган жойига етганда Адҳам Абулқосим бўлиб: — Мен — Байрамхон, сен жим тур! — деди-ю, Акбарнинг юзига тарсаки туширди. Умрида бундай тарсаки емаган боланинг кўзларида оғриқдан ёш ҳалқаланди. Адҳам унинг қулоғига шивирлади: — Мен сиз учун жон бермоқчимен, хайр, дўстим! Сўнг у Шерхон — Азизнинг олдига бориб, унинг ёғоч қиличига бўйнини тутди. Ўйин яна бир такрорланганида энди Адҳам Байрамхон бўлди, Акбар эса Абулқосим қиёфасига кириб, ундан шапатининг қасдини олди. Байрамхон бўлиш қийин эди. Адҳам шапати оғриғига чидамай уришиб кетди. Шунда ичкаридан Ҳамида бону чиқди-ю уларни яраштириб қўйди. — Энди ўйин бас, Акбаржон юринг, мен сизга дутор чалиб берай. Ҳамида бону илгаридан дуторни яхши чалар, сўнгги йилларда кўнглининг чигалини танбур ва сато чалиб ёзадиган бўлган эди. Акбарга дуторнинг товушидан ҳам кўра сатонинг нафис ва чўзиқ оҳанглари кўпроқ ёқарди. Шунинг учун кўшкка кирганда: — Ҳазрат аяжон, дутор эмас, сато чалиб беринг,— деб илтимос қилди. Она-бола уч йилдан бери бирга юриб, аввалги айрилиқлар дардини унутган, бир-бирининг дийдорига қонган шу кунларда Ҳамида бонунинг қалби бошқа бир мунг билан маъюсланиб юрарди. Сўнгги пайтда у ҳумоюн билан кам кўришар, доим унинг дийдорига зор бўлиб юрарди. Мана шу соғинч мунги сегоҳнинг маъюс оҳангларига йўғрилиб, сатони гўё йиғлата бошлади. Онасининг қалбида тўпланиб қолган мунгни сатодан эшитган сари Акбарнинг, негадир ўпкаси тўлиб, йиғлагиси келди. Аяжонига не бўлган? Бунча мунг унинг дилига қаёқдан йиғилган? Бола билмайди. Аммо янгроқ сато буни гўё билгандай Ҳамиданинг дард-у аламларини гўзал ва маъюс оҳангларга солиб куйлайди. Ҳамидани ўртаб юрган ғам — бевақт ўлган икки фарзандининг доғигина эмас. Суюклиси Ҳумоюн, подшоҳлик анъаналарига берилиб, унинг устига яна бир хотин олгани Ҳамидани дўзах азобига солди. Ҳамида икки йил бурун бўлган бу ҳодисани ҳеч унутолмайди. Ўшанда Бадахшон юриши ва Кобул қамали чўзилиб кетиб, Ҳумоюн Ҳамида бону билан бир йилча кўришолмади. Бу орада беклар ҳумоюнни катта бир вилоятнинг ҳокими билан яраштириш учун, шу ҳокимнинг Норчучук исмли қизини унга олиб бермоқчи бўлишди. Одатга биноан, Ҳумоюн бу қизни никоҳига олишдан олдин катта хотинларидан розилик олмоғи керак эди. Xўжа Муаззам Бадахшондан Кобулга келиб, жиянидан розилик сўраганда Ҳамида ўртаниб йиғлади: — Тоғам бўлатуриб сиз ҳам менинг юрагимга тиғ ургаймисиз? — Илож қанча, жиянжоним! Ҳумоюн ҳазратлари йигит ёшидалар, ҳали элликка кирганлари йўқ. Бир йилдан ортиқ ҳарамсиз юрмоқ подшолар учун мумкин бўлмаган ҳол. Зино йўлига кирмаслик учун ҳалол-у покиза бир никоҳга зарурат... — Биз бир умр ҳалол-у покиза юрибмиз-ку, мулла тоға? Нечун у киши бир йилда зино йўлига киргайлар? — Сиз-у биз подшо эмасмиз, бегим, нечунлигини билолмасмиз. Шариат ўзи тўрт хотинга йўл бериб қўйган бўлса не илож? Подшони куёв қилишга ҳавасмандлар кўп. Ота-боболардан қолган удум... Балки ҳали Акбарингиз ҳам шундоқ қилгай. Тождорларнинг азалий одати шу бўлса биз не қилайлик, жиянжон! Менинг ҳам сизга дилим куйиб, эзилиб юрибмен! — Менга қайишсангиз, бориб айтинг! Ҳали энди йигирма бирга кирдим. Наҳотки шу ёшда қари кампирга айлансам-у устимга хотин олсалар? Мен ризо эмасмен! — Мен... бундай гапни бориб айтолмагаймен... Назардан қолсам, кейин бошқа беклар мени тепкилаб ташлагай. Чунки бизга душманлик мақомида бўлган катта бир вилоятнинг ҳокими энди сулҳ йўлига ўтиб, ҳазратимга қизини бермоқчи. Агар бу никоҳ бузилса, сулҳ ҳам яна урушга айлангай, қанча бегуноҳ қонлар тўкилгай. Наҳотки сиз тоғойингизнинг забун бўлишини истайсиз? Яна уруш бўлишини, беҳуда қонлар тўкилишини истасангиз, майли, рози бўлманг! Ҳамида бону Синд вилоятида Ҳумоюнга қирқ кунгача рўйхушлик бермай юрган пайтларини эслади-ю: — Ўзимдан ҳам ўтган! — деди. — Ўшанда кўнмаслигим керак эди. Илкимни чўзсам, этагига ҳам етмаслигини ўшанда сезган эдим! — Аммо ҳали ҳазратимнинг сизга меҳрлари чексиз... — Меҳрдан гапирманг! — деб Ҳамида тоғасини жеркиб ташлади. — Ҳаммаларингиз бирсиз! Боринг айтинг, уйланаверсинлар! Аммо иккинчи менинг ёнимга келмасинлар! Бас! Ҳумоюн ўн етти ёшли Бадахшон гўзали Норчучук бегимга уйланиб, Кобулга қайтгунча Комрон Синддан ўғринча келиб шаҳарни олди. Қамал даҳшатларида икки ёшли қизалоғи Жаҳон Султондан ажралган Ҳамида бону кейин Ҳумоюн хотинини озод қилганда ҳам бошқалар қатори қувона олмади. Чунки Ҳумоюннинг ёнида янги хотини Норчучук бегим ҳам Кобулга кириб келди, уни дарё бўйидаги Боғи Бинафшага жойлаштирдилар. Бир йил ўтмай Норчучук бегим Ҳумоюнга ўғил туғиб берди, отини Муҳаммад Ҳаким қўйишди. Шуни эшитган куни Ҳамида бону Акбарни бағрига босиб кўзига ёш олди: — Болажоним, худо сенга ҳам ўгай ини берди! Акбар онасининг бундан нега изтироб чекаётганини тушунмади: — Ини... ёмонми, аяжон? Мен уни ўйнатамен-ку. — Сен ўйнатадиган ининг Қандаҳор йўлида ўлмаганда ҳозир тўрт яшар бўлур эди! Амакинг Комрон эсингда борми? Сени аркда тўпнинг ўқига рўбарў қилгани ёдингдами? Ўгайлик ана шундай бўлур, болам! Ўшанда Комрон мирзо уни қандай шафқациз ўлимнинг тиғига тўғрилаб қўйганини бола ҳали ҳам онаси тушунганчалик фаҳмлаган эмас, лекин барибир ўша дамлар эсига тушса, яқиндан кўрган тўпларининг даҳшат солиб отилиши кўз олдига келади-ю, уни беихтиёр сескантириб юборади. Шу хотира таъсирида бола Комрон амакисини ғайришуурий бир туйғу билан ёмон кўради, уни учраца ёцираб, ўзини олиб қочади... ...Сатодан чиқаётган мунгли куйлар пастда шовуллаётган Кобул дарёсининг овозини босиб кетгудай бўлар ва боғ йўлкаларига, гуллаган беҳи ва олмалар орасига секин таралар эди. Ҳамида бону Ҳумоюнни ҳали ҳам яхши кўрар, уни соғиниб яшар, мана шу соғинч ҳозир маъюс ва ёруғ куйга айланиб сатони янгратарди. Ҳумоюн ҳукумат ишлари билан банд бўлганда ўз давлатхонасига яқин бўлган Боғи Дилкушода тунаб қолади. Ҳамида бону эса уни «яна Боғи Бинафшага, Норчучук бегимнинг хобгоҳига кетган» деб изтироб чекади. Кобулнинг Боғи Йўнғичқасида Ҳумоюннинг катта хотини Бека бегим ўз яқинлари билан туради. Ҳаждан қайтгандан бери Ҳожи бегим номини олган бу тақводор аёл Ҳумоюннинг назаридан қолган, Ҳамиданинг унга рашки келмайди. Аммо Ҳумоюн энди ўн саккизга кирган Норчучук бегимнинг олдида тунаган кунлари Ҳамида бону Ўрта боғда тиканга ағанагандай қийналиб чиқади. Шу ички азоб таъсирида у гоҳо Ҳумоюндан аразлайди. Одатда, Ҳумоюн Ўрта боққа келиб тунайдиган бўлса кундуз одам юбориб хабар қилади. Боғда шунга яраша тайёргарлик кўрилади. Бугун пешинда худди шундай хабар келди. Ҳамида бону Ҳумоюннинг дийдорига зор бўлса ҳам, бироқ унинг ўн кундан бери келмаганига, бу орада балки Норчучук бегим хобгоҳида тунаганига аччиқ қилиб, рад жавоби берди: — Ҳазратим мени маъзур туцинлар. Тобим йўқ. Xизматларида бўлолмагаймен. Бинафша боғига борақолсинлар. Ҳарам бекаси ул-бул деб, уни аччиғидан туширмоқчи бўлди, лекин бир сўзли Ҳамида айтган гапида туриб олди. Ҳозир у Акбарга сатода чалиб бераётган мунгли куйда мана шу аразнинг дарди ҳам гоҳ нола, гоҳ гиря шаклига кириб янграмоқда эди. Кутилмаганда Ўрта боққа кириб келган Ҳумоюн хизматкорларни саросимага солиб қўйди. Улар иккинчи ошиёнда сато чалаётган Ҳамида бонуни чақириб тушмоқчи бўлдилар. Лекин Ҳумоюн рухсат бермади: — Безовта қилманглар, ўзим чиқгаймен, — деди ва куй овози келаётган тиллакори болохонога секин кўтарилди. Эшик очиқ қолган эди. Ҳумоюн қадамини секин босиб бўсағага келганда ичкарида банорас кўрпача устида юзма-юз ўлтирган она-бола унга ён томондан кўринди. Улар куйга маҳлиё бўлиб, эшик олдида тўхтаган Ҳумоюннинг шарпасини пайқамадилар. Ҳамиданинг бошида ҳаворанг дурра, икки ўрим узун сочларининг учи кўрпача устига тўшалиб ётибди. Ўнг қўлидаги камон муножот куйига монанд нафис ҳаракатлар қилади. Чап қўлининг бармоқлари пардаларни моҳирона босади. Энди йигирма икки ёшга кирган ва ҳусн-у жамоли етилиб, тенгсиз бир гўзалга айланган Ҳамиданинг юзларида Ҳумоюн ҳалигача кўрмаган соғинч, қўмсаш, ўксиниш мунги. Қаршисидаги Акбар гоҳ онасининг юзига, гоҳ унинг қўлларига қарайди, гўзал куй болани сеҳрлайди! Аммо онасининг ғамгин кўриниши болани ҳам беихтиёр маъюслантиради. Ҳамида шу мунгли куй билан юрагини бўшатгандай бўлди. Муножотни чалиб тугатгач, Акбарга: — Энди бас-а? — деди. Шу пайт Ҳумоюн: — Ижозат беринг, бегим, — деди. — Бетоблигингизни эшитиб кўргани келдим... Она-бола ўринларидан тез туриб, одатдагидай Ҳумоюнга таъзим қилдилар. Беш-олти кундан бери отасини кўрмаган Акбар унга қараб талпинди. Ҳумоюн чўк тушиб, бўйини ўғли баробарли паст қилди-да, унга қучоқ очди. Акбар чопиб бориб, отасининг бағрига отилди. Ачомлашганларидан сўнг Ҳумоюн қаддини ростлади-да, овозига расмийроқ тус берди: — Амирзода, — деди ўғлига, — мавлоно Асомиддин сизга хат-савод ўргатмоқчи бўлса, расм чизиб ўлтирар эмишсиз. Акбар беш ёшга етар-йетмас муаллимлар унга сабоқ бера бошлаган, араб алифбосининг мураккаб қоидалари болани қийнар, у эркалик қилиб, кўп дарслардан қочиб кетар ва кўкалдошлари билан уруш-уруш ўйнарди. Кобулнинг энг таниқли мударриси мавлоно Асомиддин камоли жиддият билан унга ҳарф ўргатар: — Мана бу «мим», бу эса «нун», орасига «ёй» қўйиб ёзсак, «мен» бўлур, — деса Акбар бу ҳарфлардан қуш ё бошқа бирон жонворнинг расмини ясар, нуқталарини кўзга, забарлари[35]ни қошга айлантириб юборар эди. Ҳозир у отасига ростини айтди: — Менга мударрис эмас... ану... сурат чизадиган... Қазвиндан келган мулла амак... сабоқ берса бас-да. Ҳумоюн Қазвин Нигорхонасида қилинган аҳдга биноан, Беҳзоднинг шогирдлари Xўжа Абдусамад ва Мирсаид Али иккови учун шоҳ Таҳмаспга катта маблағ тўлаб, махсус одамлар воситасида мусаввирларни Кобулга кўчиртириб келтирган эди... Ҳозир Мирсаид Али Ҳумоюн кутубхонасининг китобдори қилиб тайинланган. Xўжа Абдусамад эса олти яшар Акбарга мусаввирликдан илк сабоқлар бермоқда эди. — Амирзодамда туғма бир истеъдод бор, — деган эди кеча Xўжа Абдусамад Ҳумоюнга. — Рангларни яхши ҳис қилурлар. Мутаносиблик туйғуси кучли. Бинолар-у дарахтлар расмини яхшироқ чизурлар. Эҳтимолки, мусаввирликдан ҳам кўра меъморликка кўпроқ салоҳият намоён қилурлар. Аммо меъморлик истеъдодини камолга еткизиш учун ҳам хат-саводли бўлмоқлари, кўп китоблар мутолаа қилмоқлари зарур. Ҳумоюн, ҳозир бу гапларни Акбарнинг қулоғига яхшилаб қуйди-да, минбаъд хат-саводга зўр бериш ҳақида ундан сўз олди, сўнг кўкалдошлари олдига қайтишга рухсат берди. Ҳамида бону Ҳумоюннинг келишига одатдагидек тайёргарлик кўролмаганидан хижолат бўлиб: — маъзур тутинг, — деди. — Кутмаган эдик... Унинг тани соғ эканини, фақат араз қилиб «бетобмен» деганини пайқаган Ҳумоюн бир оз товуши олиниб, ўпкалаб гапирди: — Дийдор ҳам ғанимат, Ҳамида. Мен қирқдан ошдим, яна шунча умр кўришим гумон. Кўпи кетиб ози қолди. — Не қилай? Мен ёшлигимда сўлиб бормоқдамен! Таним соғ бўлса-да, кўнглим ўксик, руҳим пажмурда... Ҳамиданинг кўзларида ёш ғилтиллаганини кўрган Ҳумоюн унинг олдида ҳамон гуноҳкор эканини эслаб ўнғайсизланди: — Осий банда эканмиз, боболар анъанаси-ю давлат манфаатларига бўйсуниб қилган гуноҳимни кечиринг, Ҳамида бону! — Ўғил кўрибсиз, муборак бўлсин... Ҳумоюннинг Норчучук бегимдан кўрган ўғли Ҳамида бонуга қувонч эмас, алам келтирганини унинг овозидан сезган Ҳумоюн: — Шоядки, бу ўғил сизга ҳам фарзандлик қилса,— деди. — Ҳиндол Дилдор оғачадан туғилганда менинг худо раҳмати онам уни мана шу боғда ўз фарзандидек тарбия қилган эди. — Энди мен ҳам шундоқ қилмоғим керакми? — Йўқ, нечун? Сиз ҳали ёшсиз, яна қанча ўғиллар кўрмоғингиз мумкин. Мен... сизга... танадан коръа руҳ олийроқ эканини айтмоқчи эдим. Бу беш кунлик ўткинчи дунёда энг юксак садоқатнинг макони ҳам руҳдир. Ўлсак қуртларга ем бўлатурган танамиз тириклигида бизни нафс-у тама балоларига гирифтор қилур экан. Менинг ёшимда одам жисмоний яқинликдан кўра маънавий яқинликнинг беқиёс даражада афзал бўлишини фаҳмлар экан. Мен инилар ташвишидан фориғ бўлдим-у руҳимни бир яйратгим келди. Шунда дилим сизга қараб талпинди... Синд бўйлари, Тар саҳроси, Қандаҳор-у Қазвин — шунча йўлларни бирга босиб ўтдик, Ҳамида. Сиз ёнимда бўлмасангиз, ўша даҳшатларга мен бардош беролмас эдим. Бундай бетакрор давр кишининг ҳаётида фақат бир марта бўлғай. Наҳотки шундай муҳаббатни унутиб бўлса? Фақат танам ёки кўнглим эмас, бутун руҳим, бор маънавий оламим бу дунёда сиздан яқинроқ, сиздан суюклироқ ёр топгани йўқ, Ҳамида, ишонинг!.. Ҳумоюннинг бу гапларидангина эмас, иккови бирга ўтказган унутилмас кунлар хотирасидан ҳам дили хиёл ёришган Ҳамида кулумсираб ҳазил қилди: — Балки келгусида суюклироқ ёр яна учраб қолар, ҳазратим? — Суюклироқ деб, яна қайта ўзингизни учрацакчи? — Кошки! — деб кулди Ҳамида. Шу билан аразлар унутилди-ю, Ҳамида бону Ҳумоюнни ички хонага таклиф қилди. Алоҳида дид билан ясатилган бу танобий уйга аввал шарбатчи олтин кўзачада гулоб келтирди. Кейин бовурчилар бор санъатларини ишга солиб икки кишилик қуюқ-қуюқ зиёфат тайёрлашга киришди. Офтобачи аёл ғуслхонага илиқ сув олиб ўтди. Кўп ўтмай созандалар ҳам пайдо бўлди, шўх, қувноқ куйлар янграй бошлади. Бутун боғ тўйхонага айлангандай серҳаракат, қувноқ тус олди. Бу ҳолат боғ йўлкаларида кўкалдошлари билан чопиб юрган Акбарга ҳам таъсир қилди. — «Ёр-ёр» ўйнаймиз! — деди у. —Келин йўқ-ку. Чарчаманлар орасида беш ёшли Салима Султон бегим кўринди. Унинг отаси мирзо Нуриддин жангда ҳалок бўлган, онаси Гулранг бегим бултур хасба[36]дан вафот этган, шундан сўнг уни Ҳамида бону ўз тарбиясига олган эди. Салиманинг мураббияси ичкарида иш билан банд. Акбар икки кўкалдоши билан қизчанинг олдига келди. — Биз билан ўйнайсенми? — сўради Акбар. Ўғил болалар илгари уни кўпда ўйинларига қўшишмас эди.Бугун қандай бўлиб бирга ўйнагани таклиф қилганларидан қувонган Салима олд тишлари тушиб, кемшик бўлиб қолган оғзини қия очиб кулумсиради: — Майли. Не ўйин? — Оқ рўмолинг борми? — сўради Акбар. — Бор. — Бошингга ёпиб чиқ. Салима ўзидан ярим ёш катта бўлган Акбарнинг қаршисида алланечук ювош, итоаткор бўлиб қоларди. Унинг айтганини қилиб, ичкаридан оқ рўмол ёпиниб чиқди. Шунда Акбар: — Келин-куёв ўйнаймиз, — еди. — салима, сен келин. Куёв ким бўлсин? Адҳамми? Салима бош чайқади. Акбар Азизни кўрсатган эди, қизча яна бош чайқади. Шунда Азиз: — Акбарми? — деб сўради. Салима оҳуникидай чиройли кўзларини ерга қаратиб сукут сақлади. Бу унинг рози бўлгани эди. Азиз беҳи гулининг кичик бир шохчасини синдириб, Акбарнинг бежирим саллачасига жиға қилиб қадади. Келин-куёв ёнма-ён ерга қараб боғ йўлкасидан кела бошлашди. Икки кўкалдош уларнинг икки ёнида туриб ёр-ёр айтишди: Келин келди, ёр-ёр-ей, келин келди! Куёв келди, ёр-ёр-ей, куёв келди! Болачалар бошқа ёр-ёрни билмаганлари учун нуқул шу икки гапни такрорлашарди. Кўшкнинг юқори қаватида висол завқидан бошқа ҳамма нарсани унутган Ҳумоюн ва Ҳамида бону болаларнинг бу ўйинидан бехабар. Лекин улар бугун яна янгидан келин-куёв бўлаётгандай шод-хуррам. Дастурхонга кетма-кет овқат ташиётган товоқчи[37] ташқарида болаларнинг ёр-ёрига қулоқ солиб турган шарбатчини кўрди-ю, унга маънодор кўз қисиб қўйди. Маъсум овоз билан ўйин қилиб айтилаётган «ё-ёр» Акбар ва Салимадан ҳам кўра, иккинчи қаватдаги ҳақиқий келин-куёвларга мос тушаётганини болаларнинг ўзлари пайқамасди, аммо товоқчи ва шарбатчилар буни сезганлари сари завқ қилиб кулишарди. Кулгилар кетидан келган мусибатли йиғилар Қорачахоннинг Комрон мирзога олиб борган шум хабари билан бошланди. — Ҳумоюн мирзо Балх яқинида шайбонийзодалар билан жанг қилиб юриб ҳалок бўлдилар!.. Қорачахон Ҳумоюннинг қонга бўялган шоҳона жуббасини инисига кўрсатди. Ҳумоюнни Балх юришига Алиқулихон ва Баҳодирхонлар кўндирган эдилар. Қандаҳорни олишда Ҳумоюнга катта ёрдам берган бу ўзбек султонлари энди унинг ёрдамида Бухоро ва Самарқандга қайтмоқчи эдилар. Балх олинса Мовароуннаҳрга йўл очилган бўларди. — Xайрият, бу муҳорабага биз қатнашмаган эканмиз, — деди Комрон. — Энди пуштипаноҳимиз ўзингизсиз, — деди Қорачахон. — Кобулни тезроқ эгалламоғингиз керак! Мирзо Комрон шошилинч равишда Кўлобдан Кобулга жўнади, йўлакай Толиқондаги иниси Аскарийни ёнига қўшиб олди. Ҳумоюн Кобул қалъасига Қосим барлос деган ишончли одамини ҳоким қилиб кетган эди. Қосим барлос қонли жуббани кўргач: — Балки ҳазратим фақат ярадор бўлгандирлар, ҳали соғайиб келиб қоларлар! — деди. — Ўғиллари мирзо Акбарни валиаҳд тайин этганлар. Кобул ихтиёрини бошқа ҳеч кимга бермагаймиз! Комрон мирзонинг қаҳри келди. Қорачахон ҳам Қосим барлосни кўрарга кўзи йўқ эди. Кобулга катта қўшин билан кирган Комрон мирзо Қосим барлосни туттириб, ўлимга ҳукм қилди. Қосимбекнинг хотини адолат талаб қилиб аркка келган эди, Қорачахон уни бозорга олиб боришни ва халойиқнинг кўзи олдида беномус қиишни буюрди. Беномусликдан ўлимни афзал кўрган гўзал жувон йўлда Кобул дарёсининг баланд кўпригидан ўзини сувга отиб ҳалок бўлди. Қорачахон Қосим барлоснинг ўзини халойиқнинг кўзи олдида пора-пора қилиб қатл эттирди. Бунинг ҳаммасини саккиз ёшли Акбар ҳам кўрган, кўзларида даҳшат қотиб қолгандай, аркда бир нуқтага тикилиб жим ўлтирар эди. Комрон мирзо унга отасининг қонли жуббасини кўрсатди. — Ҳазратимни худо раҳмат қилсин, маросимларини кейинроқ ўтказгаймиз, — деди. — Сиз валиаҳдсиз, давлат ишини мен сизнинг номингиздан бошқаргаймен. Ҳамида бону турган Ўрта боғнинг атрофига юздан ортиқ қўриқчи қўйилган, кириш-чиқиш қатъий назорат остида эди. Аркдаги Акбар ҳам ҳеч ёққа чиқарилмай хонаки ҳибсда сақланар эди. Яна қайтадан шаҳар ҳокими бўлиб олган Қорачахон кўнгли тилаганича айш қилиб бу гал узоқроқ даврон сурмоқчи эди. лекин орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Қундуз томондан учиб чиқиб, Ўрта Боққа етиб қўнган алоқачи кабутар Ҳумоюннинг мактубини олиб келди. Фақат Ҳумоюн билан Ҳамида бонуга ўрганган бу кабутар бегона одамга тутқич бермас эди. Ҳамида бону айвонга келиб қўнган усти қизғиш, кўкраги оқ бу жониворни қўлига олди-ю, унинг қаноти остига найча қилиб беркитилган кичкина мактубни топди. Ҳумоюн соғинчли саломлар айтгандан сўнг, Балх этагида шайбонийзодалар билан бўлган жангда бошидан ярадор бўлганини, ҳозир анча соғайиб қолганини ва тезда етиб келажагини айтган эди. «Комрон мирзо бизга кўмакка келмоқчи эди, бунинг ўрнига Кобулга борганмиш, аҳвол нечук? Ушбу кабутар билан тезда жавоб қайтаринг», деганди. Ҳамида бону «ўлдига» чиққан Ҳумоюннинг тирик эканидан суюниб йиғлади, мактубни ўпди. Кабутарнинг қанотларини кўзига суриб, дон-у суви-га қаради. Кечаси ўлтириб Ҳумоюнга жавоб мактуби ёзди-да, аҳвол нечоғлиқ оғирлигини баён қилди, «Сиздан ўтинамен, бир иложини топингки, биз яна қамалда қолмайлик, — деди. — Шаҳар дарвозалари кундузлари очиқ. Назаримда, Комрон мирзо сизнинг ҳалок бўлганингизга ишонган. Шунинг учун билдирмай келсангиз, дарвозани бекитишга улгурмагай». Кабутар бу мактубни Қундузга олиб кетди. Орадан ўн беш кунлар ўтгач, Ҳумоюн яшириқча юборган одамлар бозорга келган деҳқонлар кийимида қалъа ичига кириб олиб, энг аввал дарвозани эгалладилар. Қорачахон билан Комрон мирзога хабар етиб боргунча Ҳумоюннинг пистирмада турган тўрт минг аскари шаҳарга бостириб кирди. Саросимада қолган Комрон ва Аскарий ўз одамлари билан бошқа дарвозадан чиқиб қочдилар. Ҳумоюн иниларининг кетидан одам юбориб: «Агар менинг ўлимим ҳақидаги ёлғон овозага ишониб Кобулга келган бўлсаларинг қайтинглар, ярашайлик», деган таклифни айтди. Аммо Қосим барлос ва унинг хотини учун жавоб бериш осон эмас эди. Кобулда Комрон ва Қорачахоннинг хундор душманлари ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўп. Шунинг учун Комрон Мирзо қайтмади. — Бир марта тавба-тазарру қилиб кўрдик, энди бас!— деди. Қорачахон Ҳумоюн элчисига янада қатъийроқ жавоб қилди: — Қайтиб бориб ер ўпгунча, бошимиз дарвозахонага осилгани афзал! Ҳумоюн юборган элчи Кобулга қайтиб бу гапларни айтиб берганда Ҳиндол ҳам акасининг ёнида турган эди. Бирдан ғазаби жўшиб: — Ҳазратим, қорачахонни бу ниятига етказмоқ керак! — деди. — Менга ижозат беринг, ўзим шу аблаҳ билан бир олишиб кўрай! — Қорачахон ёлғиз эмас, биз ҳам кўпчилик бўлиб бормоғимиз лозим! — деди Ҳумоюн. Оға-инилар Тангиҳо деган жойда тўқнашдилар. Ҳиндол мирзо зирҳли кийим кийиб, қилич яланғочлаб жангга кирди. Қорачахон билан юзма-юз туриб, унинг бўйнини мўл қилич сермаётганда ортдан Комроннинг бир навкари пусиб келди. Дубулғанинг орқа зирҳидан гарданга қаратиб урилган тиғ Ҳиндолни беҳуш қилди. Унинг қиличи қўлидан тушди, ўзи отдан йиқилаётганда Шамсиддин Муҳаммад етиб келиб, ўнгариб олди-да, жанг майдонидан олиб чиқди. Бўйиннинг ўқ томири кесилгани учун Ҳиндол ҳушига келмай, жон берди. Буни эшитган Ҳумоюн тўпчи ва тўфангчиларнинг саркардаси Самбхал-хонни чақириб буйруқ берди: — Ҳиндолнинг қотилларига шафқат йўқ, аямай отинг! Отинг!!! Комроннинг одамлари ўқ ёмғири остида қолдилар. Бу ўқлардан бири Қорачахонни отдан йиқитди. Комрон қолган-қутган одамлари билан жанг майдонидан чиқиб қочди. Турдибекнинг одамлари Қорачахоннинг бошини кесиб Ҳумоюнга кўрсатдилар. — Аблаҳнинг бошини ўзи айтганидай қилиб Кобулнинг дарвозахонасига осинглар! — деб буюрди Ҳумоюн. Золим бекнинг боши беш кунгача дарвозахонада ўтган-кетганга томоша бўлиб осилиб турди. Лекин ўз инисининг ўлимига сабаб бўлган Комрон ҳали ҳам қочиб юрар эди. Шоирлар Ҳиндол мирзонинг ўлимини бир вақтлар Ҳиротда бобосининг фармони билан ҳалок этилган Мўмин мирзонинг ўлимига қиёс қилиб марсиялар ёздилар. Кекса Дилдор бегим ўттиз икки ёшли ёлғиз ўғли Ҳиндол мирзонинг жасадини қучоқлаб фарёд чекканда, Кобул атрофидаги қорли тоғлар ҳам титраб кетгандек бўлди. Гулбадан бегим онасининг ёнида туриб нола қилди: — Оғажон, сиз ўлгунча мен ўлсам бўлмасмиди?! Ўғлим Саодатёрни сизга қурбон қилсам тирик қолармидингиз, оғажоним?! Сиз ўлгунча кўрнамак Комроннинг ўзи ўлса бўлмасмиди?! Беклар ҳам Комроннинг боши кесилишини талаб қила бошладилар. Лекин Компрон Синд дарёсидан ўтиб, Ҳиндистонга, Шерхоннинг ўғли Исломшоҳнинг ҳузурига қочиб кетган, фақат Аскарий Тангиҳода қўлга тушган эди. Ҳумоюн Аскарий билан юз кўришгиси келмади: — Қандаҳорда бир марта кечирган эдим, энди даф бўлсин, Аскарийни ҳажга жўнатинглар! — деб буюрди. Комрон ҳақида эса Ҳиндистондан мало-матли хабарлар кела бошлади. У Исломшоҳга бағишлаб рубоий ёзган эди. Исломшоҳ унга минг рупийни садақага ўхшатиб берибди. — Ўз туғишганларига яхшилик қилмаган, менга яхшилик қилгайми? — деб Комронни ўлдириш ҳақида махфий буйруқ берибди. Буни пайқаб қолган Комрон Исломшоҳ саройидан ҳам қочади-ю, мамлакатнинг шимоли шарқ чеккасидаги Бҳирага, бир вақтлар отаси билан ҳамкорлик қилган Султон Адҳамнинг вилоятига боради. Султон Адҳам эса Ҳумоюнга ён босиб, махсус одамини Кобулга юборди. «Инингиз ҳозир менинг асирим, истаган пайтингизда тутиб бергаймен, агар келсангиз Бҳира сизга пешкаш, биз Исломшоҳни эмас, Сизни ҳақиқий подшоҳ деб тан олурмиз», деб мактуб ёзди. Катта бир вилоят ҳокимининг бу мактуби Ҳиндистонга қайтиш орзусида юрган Ҳумоюнга яхшилик аломати бўлиб туюлди. Комрон шу тентирашида оилаларининг шаънига иснод келтирадиган яна кўп ишлар қилиши мумкин, бунинг олдини олиш ҳам катта аканинг бурчи эди. Беклар Комроннинг боши кесилишини Ҳумоюндан талаб қилиб чиқарган махсус ҳукмга Турдибек, Мунимхон, Шамсиддин Муҳаммад ва бошқа яна ўнг иккита энг нуфузли амирлар имзо чекиб, ўз муҳрларини босишган эди. Ҳумоюн бир оғиз «хўп» деса, Бҳирага бориб, Компроннинг бошини кесиб келишга тайёр турган қасоскорлар кўп эди. Лекин у Комроннинг шеърларини унутолмас, шоир инисининг қонига зомин бўлса бир умр виждон азобида қолишини ўйлар эди. Ҳумоюн яна қатъияцизлик қилаётганини кўрган Турдибек амирлар но-мидан унга кескин гап айтди: — Ҳазратим, Комрон мирзони бир эмас, беш-ўн марта кечирдингиз. Бундан фақат сиз эмас, бек-у навкарлар ҳам беҳисоб зарар кўрдилар, давлат манфаатлари қурбон бўлди! Агар тирик қўйиб берсангиз, Комрон мирзо бирон кун ўғринча келиб, яна Кобулни олғай, яна кўпимизнинг бошимизга раҳматли Қосим барлоснинг кунини солгай. Шунинг учун ё бизни дейсиз-у Комроннинг баҳридан ўтгайсиз. Ё биродарликни дейсиз-у, бизга жавоб бер-гайсиз! Бошқа йўл қолмади! Байрамхон Қандаҳорда қолгандан бери Турдибек яна Ҳумоюннинг энг соҳиби ихтиёр амир ал-умаросига айланган, унинг сўзини рад этиш осон эмас эди. * * * Ҳумоюн беш минг қўшин билан Ҳайбар довонидан ошиб, Ҳинд дарёсидан ўтди-да, Бҳира вилоятида бир вақтлар Бобур барпо этган Боғи сафога келиб тушди. Унга пешвоз чиққан Султон Адҳам вилоят ҳокимига подшолар томонидан инъом этиладиган махсус байроқ ва нақора совға олди. Шу билан Ҳиндистоннинг шимоли шарқидаги Бҳира вилояти яна Ҳумоюн қаламравига ўтди. Бу вилоятда саккизта йигити билан яшириниб юрган Комрон гўё олов ҳалқаси ичида қолди. Ҳумоюн билан келган беш минг қўшиннинг ичида унинг хундор душманлари жуда кўп. Султон Адҳам Комронни уларга тутиб бериши ҳеч гап эмас. Ҳумоюн инисига одам юбориб: — Ўзи яхшиликча келмаса, қасоскор бек-у навкарлар минг азоблар билан ўлдиргайлар, — деди. — Агар ҳазрат отамнинг руҳидан ҳимоя истаб келса, балки тирик қолғай. Комрон учун ҳам ҳозир отасининг руҳи-ю акасининг даргоҳидан бошқа мадад берадиган жой қолмаган эди. У кечки пайт Боғи Сафога саккизта қуролли йигит билан кириб келди. Ҳумоюннинг хиргоҳига кирган заҳоти хос навкарлар Комроннинг белидаги қиличи ва ханжарини ечиб олдилар. нариги чодирга бошлаб кетилган йигитлари ҳам дарҳол қуролсизлантирилганини Комрон шундан сезди. Ҳумоюннинг чодирида қосим барлоснинг жияни Xанжарбек турган экан. Унинг қасоскор кўзлари Комронга тиғдай қадалди. Ўлим хавфидан сесканган Комрон: — Ҳазратим, бу не ҳол?! — деб Ҳумоюндан сўради. — Ваъдангиз бошқа эди-ку. Мени не қилмоқчисиз?! — Сиз қачон маънавийизда турган эдингиз, иним Комрон?! Йигирма йилдан берли менга неча марта хиёнат қилганингизни бир эсланг! «Давлат ишида қаттиқ турилмаса, мурод ҳосил бўлмагай!» деб ҳазрат отам тўғри айтар эканлар! Мен мудом юмшоқлик қил-дим, ўзимдан ўтди! Шерхон билан олишганимда ёрдам ўрнига нуқул тўғоноқ бердингиз, буни кечирдим! Кобулда Акбарни тўп ўқига нишон қилиб қўйдингиз, буни кечирдим! Икки яшар қизалоғимиз Жаҳон Султон бегимнинг ўлимига сабаб бўлдингиз, буни кечирдим! Мана, охири Ҳиндолни ўлдириб биродаркушга айландингиз! — Мени беклар йўлдан урди, рост, гуноҳим бор! Ҳиндолни Қорачахон ўлдирган, мен эмас! Ҳумоюннинг ғазаби келиб, Комронни сенсираб гапирди: — Ёлғон! Бопусхон билан Қорачахонлар ўлиб кетди, аммо сени уларга дўст қилган ўгайлигинг, бахиллигинг, ҳасадчилигинг ҳамон ичингда тирик турибдир! Бу иллатлар сенга отамиздан ўтган эмас! Отамиз танти одам эдилар. Сенга она сути билан кирган ўгайлик атрофингни ўраган иблисларга қўл келди. Сен мудом мени кўролмай яшадинг, мен яхши кун кўрсам, бундан сенинг кўзларинг куйди! Кўзларингга чиққан бу куйдиргини олов билан ёндирмоқдан ўзга чора қолмади!.. Xанжарбек! — Лаббай, ҳазратим! — Бунинг кўзига мил тортинглар! — Йўқ, йўқ, ундан кўра ўлдиринг мени! — деб Комрон қочмоқчи бўлди. Ҳанжарбек бошлиқ тўрт йигит уни икки қўлидан тутиб, нариги чодирга куч билан олиб кириб кетдилар. Ҳумоюн эрталаб азонда кўч йиғиштиришни буюрди. Бир кунда подшо ва унинг барча одамлари чодирларини йиғиб, Кобулга қайтиб кетди. Фақат Комрон, Xанжарбек ва унинг одамлари, яна ўнтача соқчи йигитлар турадиган чодирларгина қолди. Тушга яқин олов ёқилди, соат милига ўхшаш узунчоқ пўлат миллари чўғдай қизаргунча қиздирилди. Тақдирга тан берган Комрон кўрпача устига ўзи чалқанча ётди. Xанжарбек бошлиқ олти кишининг иккитаси унинг қўлларини ва бошини қимирлатмай ушлаб турди, яна иккитаси оёқлари ва белидан босди. Ғулом Али фаррошбоши Комроннинг кўзларини йириб қорачиғини очиб турди. Унинг йирилган кўзига кўринган охирги нарсалар — Xанжарбекнинг қасоскор юзи ва қизариб ёниб турган милни қорачиққа томон олиб келаётган олти бармоқли қўли бўлди. Xанжарбекнинг бош бармоғи иккита. Бу қўшалоқ бармоқлар даҳшатли бир махлуқнинг қичқичларига ўхшар ва ҳозир Комроннинг кўзларини ўйиб оладигандай таҳдид солиб келар эди. Оловли мил қорачиққа жазиллаб сурилганда кўзни ўйиб олгандагидан ҳам аччиқроқ бир оғриқ унинг вужудини пармалаб ўтгандай бўлди. бошининг орқа томонидан яшил, қора, сариқ, қизил доиралар портлаб чиқиб, бутун борлиқни гўё остин-устун қилиб юборди. Xанжарбек оловли милни унинг кўзларига такрор-такрор, ўн-ўн беш марталаб босди, бир мил совуса, чўғлатилган иккинчи милни ишга солди. Бу интиҳосиз азобдан алаҳсираш даражасига етган Комрон бўкириб юборди: — О-о-о! Бас, ноинсоф! Бас! — Ўзинг ноинсоф бўлмасанг ининг Ҳиндолни ўлдиртирармидинг? — деди Xанжарбек. — Сен-ку тирик қолурсен! Кошки, тоғам Қосим барлос бирпасга тирилиб келса, қасос қайтганини кўрса! Чўғлатилган мил қорачиқларга яна беш-олти мартадан босилгач, Комрон тубсиз бир зулмат ичига қулаб тушиб кетаётгандай бўлди. Xанжарбек мил тортиш қоидасига астойдил риоя қилиб, куйдирилган қорачиқларга туз босди, лиму сувидан томизди. Бунинг ачиштириши аввалги оғриқлардан ҳам ошиб тушди. Ҳамон зулмат жарининг тубига етолмай қулаб тушиб бораётган Комрон туз ва лиму сувининг ачиштиришидан яна ҳушига келиб чинқирди... * * * Оталари барпо этган Боғи Сафо Комрон ихтиёрида қолдирилган эди. Ҳумоюндан байроқ ва нақора инъом олган Султон Адҳам Бҳира ҳокими қилиб тайинланди ва Комроннинг аҳволидан хабар олиб турди. Шифобахш тоғ ҳавосидаи кўл бўйида Комроннинг кўзидаги жароҳат уч ойга бориб тузалди, аммо ёруғ дунёнинг турфа рангларидан маҳрум бўлиб кеча-ю кундуз ҳоп-қоронғи зулмат ичида яшаш унинг руҳини тушириб юборди. Илгари у юртдан бу юртга қўшин тортиб, от чопиб юрган қирқ ёшли йигит энди юз қадам жойдаги ҳожатга етакчисиз боролмайдиган бўлиб қолди. Овқат еганда ҳатто қошиғини қўлига тутқазиб қўйишмаса ўзи топиб ололмайди. Қалам тутиш, ёзиш, ўқиш, табиат манзараларини томоша қилиш, суюкли хотини Чучук бегимнинг ҳусн-у жамолидан завқланиш — ҳаммасидан биратўла жудо бўлгани қалбини чексиз алам, ўч, адоват туйғуларига тўлдирди. Нуридийда, кўз — инсонга берилган қанчалик улуғ неъмат эканини, шу неъматни куйдириб, соғ одамни кўр қилиш қандай ваҳшият эканини у энди билди, «менга шафқациз жазо берганларини умрбод кечирмагаймен», деб аҳд ҳам қилди. Лекин ойлар ўтиши билан хотира уйғонди, бўлиб ўтган воқеалар такрор-такрор хаёлидан ўта бошлади. Маккаи Мадинага кетган мирзо Аскарийнинг ҳаж йўлида вафот этгани ҳақида мусибатли хабар келди. Комрон унга куюнди. Иниси Ҳиндол мирзони эслаб юраги баттар эзилди. Тўрт оғайни бундан уч йилгина олдин Кобул кўчаларини тўлдириб бирга ўтганлари, оталарининг қабри пойида ёнма-ён туриб, энди иноқбўлишга аҳд қилганлари хаёлида гавдаланди. Шу аҳдни биринчи бўлиб ўзи бузгани ва қанчалик ёмон шафқацизликлар қилгани гўё хотирасига қайтиб келди. Илгари оддий кўз билан ғалат кўринган кўп нарсаларни энди қалб кўзи унга ҳаққоний қилиб кўрсата бошлагандай бўлди. Чучук бегим эрининг дил яраларини тузатишда унинг шоирлиги ёрдам бермасмикин, деб ўйлади. Бегим Комроннинг турли дафтарларда сочилиб ётган шеърларини тўплади ва билимли бир мунши ёрдамида девон тартиб беришга киришди. Кунларни қандай ўтказишни билмай диққинафас бўлиб юрган Комроннинг ўзи ҳам девон тузиш фикри билан овуниб, барча шеърларини муншига бир-бир ўқитиб кўрди. баъзиларига қандай таҳрирлар киритишни айтди. Девоннинг одатий қисмлари учун ҳали анча шеърлар етишмаслиги аниқланди. Комрон ўша шеърларни бир сатр, икки сатрдан хаёлида ярата бошлади. Муншини чақириб, хаёлда тўқилган сатрларни айтиб ёздирди-ю, ўқитиб кўрди: Навбаҳор ўлса баҳоримни менинг ёд айланг, Сарвқад лола-ю зоримни менинг ёд айланг. — Бўлатурғанга ўхшайдир, — деб енгил сўлиш олди. Кўзига мил тортганларида борлиқ дунё хаёлида қонли кафан тусини олгани ёдидан ҳеч чиқмас эди. Шуни ҳам ғазал сатрларига жойлагиси келдида, яна бир кун хаёлида шеър битгач, муншини чақирди: — Ёзинг! Лоланинг жисмида қонлиғ кафанин кўрганда, Кафан-у жисми фигоримни[38] менинг ёд айланг. шеър яхши чиқаётганидан унинг кўнгли кўтарилди. Чучук бегимга атаб битилган ғазалга янгидан икки сатр қўшди: Ўлмайин ваҳки ўлувдан баттар аҳволим бор, Тутиб илкимни васл сори роҳбар бўл. Бу сатрларни эрининг оғзидан эшитган Чучук бегим: — Бажонидил илкингиздан тутай, — деди. — Қани, қаёнга бормоқчисиз, мирзам? — Гуноҳларим кўп, Чучук. Қанчалик ёмон хатолар қилганимни энди фаҳмламоқдамен. Маккаи Мадинага бориб, бу гуноҳлардан покланмагунча кўнглим тинчимагай. — Каъба жуда узоқ. Кобулга бориб, ҳазрат отангизнинг қабрларини зиёрат қилсак-чи? Комрон ўйланиб турди-да: — Майли, аввал Кобулга борайлик, — деди. У эгарда юрганда отини хизматкори етаклаб борарди. Комрон Чучук бегим билан Кобулга келиб, Боғи Наврўзийга тушди. Эртаси куни катта ўғли Иброҳим мирзо билан отланиб, оталарининг қабри турган тепаликка чиқиб борди. Буни эшитган Ҳумоюн Акбар билан тепаликнинг иккинчи томонидан кўтарилиб келди. Комрон отдан тушгач, ўғлининг елкасига ўнг қўлини қўйиб, туртиниб бора бошлади. Ҳумоюн бир вақтлар мағрур ва салобатли йигит бўлган инисининг етакчига эргашиб, оёғи билан ерни пайпаслаб, ифодасиз юз билан бораётганини кўрганда бирдан кўнгли бузилди. Бўғзига тиқилиб келган тугунни ичига ютиб, секин унинг кетидан мақбарага кирди. Комрон отасининг қабр тошидаги ёзувларни қўли билан пайпаслаб топди. — Ҳазрат отажон, руҳиниздан мадад истаб келдим!— деб пичирлади. — Ҳиндол билан Аскарий мен туфайли жувонмарг бўлди, бундай оғир гуноҳни не тавр кўтарай? Энди руҳимни поклаш учун ҳажга кетишдан бошқа иложим йўқ. Қайтиб келолмасам, алвидо, отажоним! Ҳумоюн кўз ёшини тўхтатолмади, Акбар отасининг йиғлаганини энди кўрди. Иброҳим мақбара четида қимирламай турибди. Ўсмир ёшига етган бу икки йигитча болаликда нақора талашиб олишганлари оталарининг аёвсиз курашлари олдида бир ўйинчоқ эканини энди билишар ва дамларини ичларига олиб жим туришарди. Ҳумоюн кўз ёшини ичига ютиб, томоқ қирди. Мақбарада ўғлидан бошқа яна кимдир борлигини Комрон энди пайқади. — Ким бор? Ҳумоюн кўз ёшини кафти билан тез артди-да, бўғиқ товуши билан: — Мен... сизни шу кўйга солган бераҳм оғангиз, — деди. Комрон уни «оға» дегиси келмади. — Сиз мен учун энди фақат шоҳсиз. — Ҳа, шоҳлик ўзи — шафқацизликдир. Аҳли жаҳон шундай бераҳм бўлса, биз не қилайлик? — Мен энди бу жаҳонни тарк этмоқчимен. — Ҳали ҳам мен сизни иним дейман, Комрон. Аскарий ҳаж йўлида вафот этгани етар. Энди сиз Кобулда қолинг. Мана шу мақбара ҳам сиз-у биз-нинг саждагоҳимиздир. Ҳазрат отамнинг руҳини шод этадиган ашъорлар яратишга қодирсиз. Комрон бош чайқади: — Мен кетмоғим керак. Рози бўлинг!.. — Начора? Мен сиздан розимен. Энди... мендан ҳам рози бўлинг, иним. — Мен розимен. Xайр! Орадан уч кун ўтгач, Комрон Чучук бегим билан узоқ Арабистонга жўнади. Секри, Биана: Қўзғолон Ўн беш-йигирма йилда бир бўладиган қурғоқчилик Деҳли ва Агра атрофларидаги ёзги экинларни қовжиратиб қўйган. Саратон кирган бўлса ҳам, ҳар йили шу пайтда ёғадиган ёмғирлар ҳамон бошланган эмас. Тар саҳросидан эсган оловли гармселлар ҳаммаёқни жизғинак қилиб куйдиради. Ерлар сувсизликдан ва иссиқдан тарс-тарс ёрилиб кетган. Бозорларда пулга нон топиб бўлмайди. Очарчилик ва қаҳатчилик бошланган. Низомнинг ўрмон четидаги кулбаси Секри кўлига яқин. Лекин бу йил кўлда ҳам сув оз. Кўл сатҳи пасайиб, сув Низомлар турган жойдан узоқлашиб кетди. Унинг биттагина сигири, икки бигҳ[39] ери бор. Ўсмир ўғиллари сигирга ўрмондан ўт ўриб келишади. Лекин ерга пол қилиб экилган шоли сувсизликдан бошоқ тортмай қуриб қолди. Фақат ўнтача хурмо ва банан дарахтларини Низом хотини ва болалари билан кўлдан челаклаб сув ташиб суғориб, шуларнинг меваси билан жон сақлашмоқда. Кўпдан бери нон юзини кўришган эмас. Уйда бир халтагина гуруч қолган, онда-сонда суюқ ош пишириб ейишади. У ҳам тугаса, очарчилик балоси уларни ҳам ўз исканжасига олиши аниқ. Қани энди Низом орзу қилган халқпарвар давлат бўлса-ю, шундай оғир, табиий офатлар пайтида эл-юртнинг мушкулини осон қилса! Шерхоннинг ўлганига ўн йилдан ошди, унинг авлодлари ҳамон мамлакатни парчалаб, ўзаро урушларда халқни абгор қилмоқда. Шерхондан кейин подшо бўлган унинг ўғли Исломшоҳ интиҳосиз талон-торожлари билан ўзининг афғон юртдошарини ҳам жонидан тўйдирди. Афғонларнинг ниёзи қабиласидан чиққан забардаст йигит Абдулла Ниёзий Агранинг яқинидаги Биана шаҳрида халқ қўзғолонига бош бўлди. Қўзғолончилар Исломшоҳнинг порахўр амалдорларини шаҳардан қувиб юбордилар. Абдулла Ниёзийнинг олти юздан ортиқ қуролланган йигитлари орасида афғонлар, ҳиндлар, бошқа халқ вакиллари ҳам бор. Ҳинди-ю муслим деб дин-у миллат айириш йўқ. Исёнчиларнинг бири косиб, бири деҳқон, бири ўтинчи, лекин ҳаммалари адолатга ташна. Қадимги ривоятлар бўйича, улар халқ орасидан туғма бир адолатпарвар Маҳдий[40] чиқишига ишонадилар. Ёши энди қирқларга борган, истараси иссиқ, ўзи довюрак, нутқи таъсирли Абдулла Ниёзий уларга ана шу Маҳдийнинг элчиси бўлиб кўринади. Абдулла Ниёзий Низомнинг кўп йиллик қадрдони. Шерхон даврида Низом ўзининг исмини яшириб, Салим деган иккинчи ном билан танилгандан бери улар яқиндан таниш. Низомнинг бошига тушган кўргиликлар туфайли соч-соқоли эрта оқаран. Касалликдан тузалган бўлса ҳам, узун оқ соқоли борлиги ва ҳассага суяниб юргани учун ёшлар уни — «Салим ота» деб аташади. Абдулла Ниёзий ундан Кабир шеърларини ва бҳақти таълимотини ўрганган. Шунинг учун Ниёзий Салим отани Бианага олиб бориб, исён-чиларга «Менинг устозим!» деб танитди. Исломшоҳдай шафқациз тождордан тап тортмай Биана ҳокимини қувиб юборган бу жасур одамлар Салим отага афсоналарда улуғланадиган қаҳрамонлардай кўринди. Ҳалол меҳнати билан кун кўрадиган халқ қачондир бир вақт золим ҳукмдорларни йўқотишига орзуманд бўлган Салим ота Бианада шу орзуси ушалаётганидан руҳи кўтарилиб юрди. Қўзғолончилар сафи кенгайиб, уч минг кишига етганда улар Биана шаҳри четидан алоҳида бир жойни қароргоҳ қилиб, каттакон жамоа бўлиб яшай бошладилар. Кўпчилик одатдаги меҳнатини қилиб, топганининг бир қисмини оиласига беради, қолганини жамоанинг умумий дастурхонига қўяди. Қуролли йигитлар Бианада иложи борича яхши муомала билан тартиб ўрнатишга интилади, фақат муомалага кўнмайдиган ашаддий бузуқиларни ҳибсга солади ёки шаҳардан бадарға қилади. Улар ҳатто бозордаги нарх-навони ҳам тергаб, нафси катта савдогарларни инсоф билан нарх қўйишга мажбур қилдилар. бианада янгича тартиб ўрнатаётган Абдулла Ниёзий бошлиқ халқ ҳаракатининг овозаси ғарбдаги Гужаратгача, шарқдаги Бихаргача бориб етди. «Биана маҳдийлари халқни Исломшоҳ зулмидан қутқармоқчи эмиш, дунёда адолат ўрнатар эмиш!» деган гаплар эл-юрт орасида тобора кенг тарқала бошлади. Шерхон авлодларининг ўзаро урушлари ва шафқацизликлари баъзи бир шайхларнинг ҳам жонига теккан эди. Абдулла Ниёзий ва Салим оталар Бианада золим амалдорларни йўқотиб, адолатли иш олиб бораётганлари аълойи деган кекса шайхнинг исёнчилар томонига ўтишига сабаб бўлди. Шайх аълойи ўз ихтиёридаги вақф ерларнинг даромадини маҳдийлар ҳаракатига инъом қилди. Унинг хонақоси энди исёнчилар адолат ҳақида тарғибот юргизадиган жойга айланди. Шайх аълойининг муридлари орасида Исломшоҳ қувғин қилган амирлар ва бошқа бадавлат одамлар ҳам бор эди. Энди агар Исломшоҳга қарши турган шу кучлар ҳаммаси халқ ҳаракатининг гирдобига тортилса подшо ҳокимияти хавф остида қолиши аниқ. Кобулдаги Ҳумоюннинг ишлари ўнгланиб, қўшини йил сайин зўрайиб бораётгани Исломшоҳнинг хавотирини ошириб юрган эди. Шунинг устига ичкаридан ҳам ўт чиқса — тамом! Исломшоҳ бу хатарнинг олдини олиш учун Бианага ўз вазирини юбориб, шайх аълойини саройга таклиф қилди: — Тақсиримиз келиб, янги эътиқодларини бизга баён қилсинлар, маъқул бўлса биз ҳам маҳдийларга қўшилайлик! Подшонинг бу гаплари тагида киноя борлигини сезган Салим ота аълойига шивирлади: — Борманг, саройни мен билурмен, вазирнинг гапидан риёнинг ҳиди келиб турибдир! Шайх аълойи Исломшоҳ юборган вазирга қараб: — Агар онҳазрат бизнинг эътиқодимизга қизиқсалар, балки ўзлари Бианага ташриф буюрурлар? — деб сўради. Вазирнинг юзи бирдан тундлашди, қовоғи уюлиб: — Тақсир, онҳазрат ёлғиз ташриф буюрмагайлар,— деди. — Подшо бу ерга келсалар, юз минг қўшинлари билан келгайлар. Сиз уларга бас келгаймисиз?! Бу таҳдидли сўзлар шайхнинг кайфини учириб юборди. У қон тўкилишини ва юз минг қўшин Бианани оёқости қилишини кўз олдига келтириб: — Балодан ҳазар! — деди. — Майли, мен ўзим саройга бора қолай. Олтмиш беш ёшли нуроний мўйсафид маҳдийлар одати бўйича пиёда йўлга тушди. Кийимлари оддий бўздан, оёғида деҳқонлар киядиган арзон шиппак. Лекин ўзи мағрур. Подшо ва аъёнлар қаршисида ғоз туриб: — Ассалому алайкум! — деди. — Олампаноҳ, мендан таъзим-у тавозе кутманг. Биз, маҳдийлар, бир осмон остидаги барча одамларни, шоҳ-у дарвишлигидан қатъий назар, баробар деб билурмиз. Биз инсонни бойлиги-ю мартабасига қараб эмас, ҳалол меҳнати-ю чин одамийлигига қараб қадрлагаймиз. Эшитишимга қараганда, сизнинг мингдан ортиқ филингиз, ўттиз минг отингиз, юз минг қўйингиз бор экан. Ростми? — Рост бўлса-чи? — истеҳзо билан сўради Исломшоҳ. — Агар рост бўлса, сиз ўзингиз каби минглаб одамларнинг ҳаққига жабр қилган бўлурсиз! Тахтнинг ўнг томонида ўлтирган шайхулислом Абдулла Ансорий: — Бу не густоҳлик?! — деб Аълойига ўшқирди. — Подшолар эл-улусдан солиқ олишлари, давлат манфаатлари учун мол йиғишлари шаръийдир! Абдулла Ансорий эллик ёшлардаги юзлари таранг, қорасоқол, сергўшт одам эди. Аълойи унга юзланди: — Тақсир, шу давлатнинг фуқаролари бўлган минг-минг деҳқонлар, косиблар табиий офат туфайли очдан ўлмоқда! Бундай пайтда ўттиз минг ҳарбий от ейдиган арпаларни эл-юртга улашилса савоб бўлмасмиди? Юз минг қўйдан бир қисмини очларга эҳсон қилиш шаръий эмасми? Исломшоҳнинг хасислигини биладиган бек-у боёнларнинг баъзиси, «подшомиз ўлса ҳам бундай қилмагай!» деб бир-бирлари билан маъноли кўз уриштириб олдилар, Анбдулла Ансорий эса: — Астағфурулло! — деб шайх Аълойининг сўзини кесди: — аъло ҳазрат масжидларга катта ионалар қилмоқдалар, минг-минг бигҳ ерларни вақфга бермоқдалар! Саховат бундан ортиқ бўлгайми? — Аммо бу саховат фақат сиз каби пешволарнинг бойлигини орттирмоқда, холос! — деб Аълойи энди шайхулисломнинг ўзини фош қила бошлади: — Тақсир, муқаддас китобларда барча хайр-у эҳсонлар муҳтожларга берилсин дейилган, вақфлардан тушадиган даромад ҳам мискин бечораларнинг ҳаққидир. Лекин ҳозир барча хайр-у эҳсонлар, барча ионалар масжид вақфлари орқали сизнинг ихтиёрингизга ўтмоқда. Ахир бу учига чиққан адолацизлик эмасми? — Бас! — деб Исломшоҳ Аълойининг сўзини кесди ва уни олиб чиқиб кетишни буюрди. Ўша кун оқшом Абдулла Ансорий бошлиқ уламолар тўпланиб, куфр йўлига ўтган шайх Аълойини тошбўрон қилиб ўлдириш ҳақида фатво чиқардилар. Аммо Исломшоҳ Аълойини ўлдиртирса, қўзғолон янада авж олиб кетиши мумкинлигини, бу шайхнинг ваъзлари ҳатто саройдаги айрим бек-у аъёнларга ҳам таъсир қилганини биларди. Шунинг учун: — Бу маҳмадона чолни менинг қаламравимдан чиқариб юборинглар, жанубдаги Даканга кецин! — деб буйруқ берди. Махсус одамлар Аълойини соябон аравага солиб, жанубга олиб кетаётганларида Нарбада деган жойда яна унинг тарафдорлари топилди. Нарбадалик амир Бихархоннинг акасини Исломшоҳ ноҳақ ўлдиртирган. Шундан бери улар хундор душманга айланган. Энди Аълойи Исломшоҳга қарши айтган ўткир ваъзлар таъсирида Бихархон ҳам мингга яқин бек-у амири билан маҳдийлар таълимотига хайрихоҳлик билдирди ва Аълойига қўл бериб, мурид бўлди. Бу хабар Исломшоҳга етиб боргандан кейин «Шайх Аълойини кечирдик, Даканга сургун қилиш ҳақидаги фармон бекор бўлди, пойтахтга қайцин!» деб одам юборди. Ўша йили очарчилик туфайли ўлат тарқаган эди. Узоқ йўлларда шайх Аълойига ўлат юққан экан. Бирдан иситмаси кўтарилиб, бўйнида данакдай шиш пайдо бўлди. Агар бу шиш баданида кўпайса ўлиши муқаррар эди. Нарбадалик моҳир ҳинд жарроҳи Аълойининг бўйнидаги шишни кесиб олиб ташлади. Ихлосмандлари унга энг яхши дор-у дармонлар топиб бердилар. Шайх Аълойи бир ҳафтада тузалишга юз тутди. Ҳали унча дармонга кирмасидан Исломшоҳ юборган одамлар уни яна соябон аравага солиб, ўша пайтда пойтахт бўлган Лахўрга олиб келдилар. Аълойининг гаплари одамларга жуда кучли таъсир қилишини амалда кўрган Исломшоҳ: — Мен сизни ўзимга диний пешво қилиб олмоқчимен! — деди. — Маҳдийлардан энди воз кечинг! Қулоғимга бир оғиз «кечдим» десаниз бас. — Йўқ, аълоҳазрат, мен қариганимда имонимдан воз кечолмагаймен! Ундан кўра сиз халққа жабр-зулм қилишдан воз кечинг! Исломшоҳнинг бирдан ғазаби келиб, кўзлари косасидан ўйноқлаб чиқди: — Мирғазаб! Дарра келтиринг! Уринг бу сассиқ чолни! Мирғазаб Аълойининг бўз тўнини ечиб, елкасини яланғочлади. Яқиндагина ўлатдан зўрға тузалган кекса одамнинг танаси озғин, қовурғалари бўртиб турар эди. Оғир дарра подшонинг кўзи олдида зарб билан тўрт марта урилгач, Аълойи ҳушидан кетиб йиқилди ва жон берди. Унинг ўлимини халқдан сир тутишди. «Аълойи номаълум томонга қочиб кетибди!» — деган овоза тарқатишди. Исломшоҳ фурсатдан фойдаланиб, Абдулла Ниёзийни ҳам бир ёқли қилмоқчи бўлди-ю, Бианага катта қўшин юборди. Уч минг исёнчи шаҳар четидаги кўкаламзор бир жойда истиқомат қилар, атрофида девор ёки истеҳком ҳам йўқ. Подшонинг ўттиз минг қўшини қароргоҳни тўрт тарафдан ўраб олди. Абдулла Ниёзий подшо саройига яхшиликча бормаса, бу қўшин қароргоҳга бостириб кириши ва Ниёзийни зўрлаб олиб кетиши керак эди. Агар исёнчилар қурол ишлаца, қўшин уларни қириб ташлаши мумкин эди. Абдулла Ниёзий бегуноҳ одамларнинг қонига зомин бўлмаслик учун подшо қўшини билан саройга борадиган бўлди. Салим ота ва бошқа яқинлари у билан қучоқлашиб хайрлашдилар. — Кўришолмасак рози бўлинглар! — деганда Абдулла Ниёзийнинг кўзларига ёш қалқиб чиқди. Подшо аскарларига йўлда пистирмадан туриб ҳужум қилишни ва Ниёзийни қутқариб олиб кетишни истаган ботир йигитлар бор эди. Лекин охир-оқибатда улар ҳам Исломшоҳнинг беадад қўшини дастидан ҳалок бўлиши муқаррар эди. Беҳуда қурбонлар беришни ёмон кўрадиган Салим ота таваккалчи йигитларни бу қалтис ниятларидан зўрға қайтарди. Абдулла Ниёзийни Исломшоҳнинг тахти олдига олиб келдилар. Тахт устида зарбоф кийимларга ўраниб савлат тўкиб ўлтирган Исломшоҳ қирқ ёшдан энди ошган бўлса ҳам, юзи сарғайиб шишинқираган, кўзининг оқи ҳам сарғиш кўринадиган касалманд одам эди. У Абдулла Ниёзийнинг бақувват гавдаси ва соғлом юзига ғаши келиб тикилди-да: — Суянган тоғинг шайх Аълойи эди — қулади! — деди. — Сен биз билан ватандош афғон экансен, саройга олай, маҳдийларинг билан алоқани уз! — Ҳазрат подшо! Сиз Аълойининг фақат танасини маҳв қилдингиз. Аммо унинг руҳи тирик! Бу руҳ халқдан куч олиб, золимларнинг жазосини бергусидир! — Жазо?! Сен менга жазо бермоқчимисен?! — Мен эмас, ҳаёт жазо бергай! — деб Абдулла Ниёзий Исломшоҳнинг ички касалликлардан салқиган юзига ва шишган қовоқларига маъноли кўз ташлади.— Отангиз Шерхонга қасос қандай қайтганини унутманг! Бегуноҳ ўлдирилган мўйсафиднинг уволи сизни ҳам урмай қўймагай! — Э, уволи ҳозир сени ургай! Мирғазаб, дарра уринг бу катта даҳан аҳмоққа! Ўлгунича калтакланг!.. Абдулла Ниёзийни ҳушидан кетгунча калтаклашиб, кечаси ўрмон четидаги йўл бўйига келтириб ташлашди. Саройдагилар уни «ўлди» деб ўйлашган эди. Лекин қирқ ёшли бақувват Ниёзий ҳали тирик, гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд бўлиб ётган эди. Исёнчилар уни шу аҳволда топиб олиб, Салим отанинг олдига кўтариб келдилар. Бундай оғир жароҳатни қандай тузатишни ўз аччиқ тажрибаси орқали яхши биладиган Салим ота ҳинд табиблари ёрдамида Абдулла Ниёзийни ўлим чангалидан қутқариб олди. Аммо калтак зарбидан бадани ҳилвираб, ички аъзолари ҳам лат еган Абдулла Ниёзий узоқ вақт тўшакдан туролмай ётди. Бианадаги халқ ҳаракати жасур бошлиқларидан айрилгач, исёнчилар жамоаси тарқаб кетди. Лекин икки йил давомида бу жамоа қилган адолатли ишлар ва одамларнинг дилида уйғотган исёнкор туйғулар гўё бир тутантириқ бўлди-ю, бутун мамлакатда Исломшоҳга қарши қаратилган нафрат оловини ёндирди. Бу нафрат кутилмаган жойлардан Исломшоҳ даргоҳига ҳам йўл топиб кирар, саройдаги истеъдодли шоирлар ва фозил кишилар кўзидан подшога аталган қарғиш ёғилиб тургандай бўларди. Бу ҳаммаси ташқи алғов-далғовлар азобига қўшилиб. Исломшоҳ узоқ умр кўра олмади. У қирқ бешга бормай вафот этди. Шундан кейин Шерхон авлодларининг хонадони тўрт томонидан ўт кетган уйнинг аҳволига тушди. Исломшоҳдан сўнг тахтга чиққан унинг ўнг икки яшар ўғли Ферузни ўзининг туғишган амакиси Муборизхон заҳарлаб ўлдирди. Бу қотил амаки ўзига Одилшоҳ деб ном қўйиб Аграда тахтга ўтиргандан сўнг, бошқа қариндошлар бирваракай исён кўтардилар. Шерхоннинг қиз неварасига уйланган Аҳмадхон сур Лахўрда ўзини мустақил подшо эълон қилиб, Искандаршоҳ номи билан тахтга чиқди. Чунор қалъасидаги иккинчи куёв — Иброҳим сур Аграга ҳужум қилиб, уни Одилшоҳдан тортиб олди. Бироқ Искандаршоҳ ҳам Аграга даъвогар эди. У Лахўрдан Аграга қўшин тортиб келди. Икки куёв пойтахт Аграни талашиб, қонли жанглар қилаётган пайтда Ҳумоюн ўттиз минг аскар билан Кобулдан чиқиб Ҳинд дарёсидан ўтди-ю, бир ҳафта ичида Лахўрни жангсиз эгаллади. Салим ота кўпдан бери Ҳумоюннинг йўлига кўз тутиб юрар эди. Шуни биладиган Абдулла Ниёзий Панжобдан яқинда қайтган шайх Муборак деган кишини Салим отанинг кулбасига бошлаб келди. Аждодлари араб бўлган шайх Муборак ҳам Бианадаги халқ ҳаракатига иштирок этган, кейин қувғинга учраб, Бхира томонларга кетиб қолган эди. У Салим отадан суюнчи сўрагиси келиб: — Тақсир, Ҳумоюн сиз таъриф қилганингиздек соҳибдил одамга ўхшайдир, — деди. — Бхирадан то Лахўргача мен унинг амалга оширган тадбирларини зимдан кузатиб келдим. Ҳиндистонда очарчилик бошланганидан хабардор экан, кўп жойларда очларга ош-нон улашишни буюрди. Лекин бу билан иш битмаслиги аниқ эди. Қандаҳор-у Пешовар томонларда дон арзон экан. Ҳумоюн кемаларда, карвонларда дон ташитиб келиб, бозорларни жонлантириб юборди. Тужжорларнинг ўзлари фойда кетидан қувиб, шимолдан Панжобга тинмай дон ташиб келмоқда! — Кошки Аграларда ҳам шундай қилинса! — деб, қилт этиб ютинди Абдулла Ниёзий. У беморликдан тузалгандан кейин Секрига кўчиб келган, тоғ этагида кичкина бир кулбада ночоргина ҳаёт кечирар эди. Шайх Муборак келтирган хушхабар Салим отани қувонтириб юборди. У маслакдош дўстлари олдига дастурхон ёзиб, банан ва хурмо қўйдирди. — Не қилайки, нон йўқ, — деди ва хотинига ширгуруч пиширишни буюрди. — Бугун борини еб турайлик. Эртага яна насиб қилгани бўлгай. Шояд-ки, буғдой ортган карвонларни Ҳумоюн биз томонларга ҳам бошлаб келса! Тождорларни хуш кўрмайдиган Абдулла Ниёзий: — Карвонлар ташиб келган буғдой фалон пул турса керак, — деди. — Сиз-у бизда олтин-кумуш йўқ. Ҳумоюнга умид боғлаб яна алданиб қолманг. Салим ота. — Рост, миён[41] Абдулла, — деди Салим ота Ҳумоюнга яқин юриб бошдан кечирган фалокатларини эслаб кетди: — Шоҳлар билан бизнинг орамизда чуқур жарлар бор. Мен бу жарга бир марта қулаб, ўлишимга сал қолди. Шайх Муборак бош чайқаб: — Ҳар қалай, Ҳумоюн Исломшоҳдай золим эмас, — деди ва қўйнидан қатланган бир ёзув чиқарди: — Мана, Ҳумоюннинг афви умумий эълон қилиб чиқарган фармони. Фармон оддий одамлар ҳам тушунадиган қилиб ёзилган эди. Салим ота уни шайх Муборакнинг қўлидан олиб овоз чиқариб ўқиди: «Халойиқ! Кимки илгари Шерхон ва унинг авлодлари таъсирида бизга қарши иш қилган бўлса-ю, энди бу хато йўлдан қайтиб, биз билан ҳамкорликка юз туца, ҳаммасига афви умумий бергаймиз, барча гуноҳларидан кечгаймиз, ҳар бирига муносиб иноятлар қилгаймиз. Барча бек-у навкарларга тайин этилдиким, биз ўз қадрдон элимиз бўлмиш Ҳиндистонга қайтдик, босқинчилик ва талончиликка мутлақо йўл қўйилмасин. Бу фармони олийга риоя қилмай, ҳинд деҳқонларининг сигирини ўғирлаб сўймоқчи бўлган Аҳмадхон исмли навкар ўн минг кишилик қўшин олдида қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб ўлдирилди. Иншоолло, бу жазо бошқалар учун ибрат бўлғусидир, фуқаронинг мол-у жонини омон сақлашга ёрдам бергусидир. Бизнинг эзгу ниятимиз — ўзаро урушларда, жабр-у зулм ичида абгор бўлган бу муаззам мамлакатни яна қайтадан якдил-у яктан, обод-у қудратли қилмоқдир. Илоҳим, шу улуғ мақсадларга етайлик!» Бу гаплар таъсирида Салим отанинг дилида яна илиқ туйғулар уйғонди. Ҳумоюн мавлоно Xондамир билан ҳамкор бўлиб янги қонунлар чиқаргани, табиатдаги уйғунлик ва мувозанатни жамиятга ҳам татбиқ этишга интилган хаёлидан бир-бир ўтди. — Ҳумоюн сизга қадрдон бўлган экан! — деди шайх Муборак унга. — Энди у Деҳлига қайтаётган пайтда, сиз унга пешвоз чиқсангиз... Ҳумоюн қувғинда юрганда биз унинг душманлари бўлган Шерхон авлодлари билан қандай олишганларимизни сўзлаб берсангиз... Ахир Абдулла Ниёзий бош бўлган халқ ҳаракати Исломшоҳ ҳукмронлигини ичдан емирмаганда, Ҳумоюн Панжобни жангсиз ололмаган бўларди! — Ҳа, унинг Ҳиндистонга қайтишига биз қандай кўмак берганимизни Ҳумоюн билмоғи керак, — деди Салим ота. — Лекин... унинг даргоҳида кўрган даҳшатларим хотиримдан нари кетган эмас... «Саройга иккинчи қадам босмагаймен!» — деб аҳд қилганмен. Исломшоҳ саройида еган калтаклари Абдулла Ниёзийнинг ҳам эсига тушди-ю: — Бормаганингиз маъқул, — деди. Аммо шайх Муборак бошқа нарсадан хавотир бўлмоқда эди. Ҳумоюн афви умумий эълон қилинганидан фойдаланган баъзи маккор одамлар энди ал-дамчилик йўли билан Исломшоҳ давридаги юксак мартабаларини сақлаб қолишга интилмоқда эдилар. — Исломшоҳ саройида шайхулислом бўлган Абдулла Ансорий ёдингизда борми? — деб сўради шайх Муборак Ниёзийдан. — Аълойини ўлдиришга фатво берган илонми? — Ҳа, ўша Ансорий ҳам гўё кейин Исломшоҳдан айниган эмиш. Шайхулисломлик лавозимидан фойдаланиб, Исломшоҳнинг ички сирларини билар экан-у хуфиялар орқали Кобулдаги Ҳумоюнга етказиб турар экан. Исломшоҳ ўлиб, ички низо авжига чиққанда шайх Ансорий Ҳумоюнга: «Энди келсангиз Ҳиндистон сизники бўлгай», деб бир жуфт этик юборибдир. Бу этикнинг рамзий маъноси ҳам подшога хушомаддан иборат экан, яъни: «Ота юртин-гиз Турон — бош бўлса, сиз ҳозир турган Кобул, — бел, биз эса сизга оёқ бўлиб, шу этикдек хизмат қилишга шаймиз!» дегани экан. — Об-ба, хушомаднинг болохонадорлигини қаранг! — деди Ниёзий нафрат билан. — Подшолар хушомадни яхши кўришини билурсиз, — деб сўзида давом этди шайх Муборак. — Панжоб жангсиз олинганда Абдулла Ансорий Лахўрдан бир кун йўл юриб, Ҳумоюнга пешвоз чиқибдир. Подшо у билан отдан тушиб кўришибдир. «Тақсир, этик юбориб қилган кароматингиз рост келди!» деб ташаккур айтибдир. Орадан уч кун ўтмай Лахўр уламолари Абдулла Ансорийни Ҳумоюн саройига шайхулислом тайин этиб фатво эълон қилдилар. Подшолар ўзгарсалар ҳам, шайхулислом яна ўша Ансорий! — Икки подшо орасида айғоқчилик қилиб юрган одамга шундай мартаба берилса-я! — ғаши келиб деди Салим ота. — Подшоларга айғоқчилар, албатта, керак, буниси кўпдан маълум, — сўзида давом этди шайх Муборак. — Аммо бу Ансорий зулм тиғини Ислом-шоҳга қандай қайраб бериб турганини Ҳумоюн ҳали билмаса керак. Шундан фойдаланиб, маккор Ансорий биз каби тарафдоларини ҳам Ҳумоюнга ёмон кўрсатиши, орага нифоқ солиши мумкин. Ахир ҳамон адолат излаб юрган маҳдийлар ҳаракати халқ орасида ҳали тўхтаган эмас! Салим ота Ҳумоюнга ҳеч бўлмаса бир мактуб ёзиб, Бианадаги халқ ҳаракати қандай бўлганини, Ансорий ўшанда нелар қилганини ҳаққоний сўзлар билан баён қилишлари керак эмасми? — Агар мен бу мактубни ёзсам, уни ким Ҳумоюнга етказиб бергай? Шоҳнинг қабулига кириш осон эмас. — Ёзинг, мен элтиб беришга уриниб кўрай, — деди шайх Муборак. Меҳмонлар ширгуручни еб тарқаганларидан сўнг, Салим ота ёлғиз қолиб қўлига қалам олди. Шунда Ҳамида бону ва ундан олган мактубини эс-лади. Ҳумоюннинг Акбар деган ўғли каттагина ўсмир бўлиб қолганини эшитган эди, шу ёдига тушиб, мактубни муборакбоддан бошлади. Кейин Ҳумоюн қувғинда юрган йилларда юз берган воқеаларни қисқача баён қилди. Шайх Ансорий ҳақидаги гапларни ҳам барча далиллари билан қоғозга туширгач, мактубни шундай тугатди: «Ҳазратим, кўришмаганимизга ўнг олти йил бўлди. Бу орада сиз кўп довонлардан ошиб, аввалгидан юз чандон тажрибалироқ ва донороқ бўлиб қайтмоқдасиз, деган ишонч билан йўлингизга кўз тикмоқдамиз. Xалқ адолатли раҳбарга бениҳоя ташна. Маҳдийлар ҳаракати ҳам ана шу ташналикдан келиб чиққан эди. Агар шу ташналикни қондирсангиз, эл-улус сизни барча балолардан асрайдиган балогардон бўлғусидир!» Эртаси куни йўл тайёрлигини кўриб келган шайх Муборак бу мактубни тўнининг астарига тикиб, Панжобга йўл олди. Аммо у Лахўрга етиб борма-сидан, Ҳумоюн Деҳлига томон қўшин тортиб келаётгани маълум бўлди. Шерхон авлодларидан Искандаршоҳ Агра яқинида ўз рақиби иброҳим сурни енгган, унинг бир қисм аскарларини ўзига қўшиб олиб, лашкарини эллик мингга етказган эди. Энди Искандаршоҳ бу катта қўшин билан Сирҳинд яқинида Ҳумоюннинг йўлини тўсиб чиқди. Шайх Муборак бир-бирига қараб юмалаётган тоғдай зўр тошларнинг орасида қолиб, янчилиб кетмаслик учун ўзини четга олиб, Калонурга кетди ва жанглар тугашини кутди. Орадан бир ойча вақт ўтгач, Искандаршоҳ Панжобнинг Махчивара деган жойида Ҳумоюннинг лашкарбошиси Байрамхондан енгилиб, Ҳимолай тоғлари томонга қочгани маълум бўлди. Бундан беҳад суюнган шайх Муборак Ҳумоюннинг ҳузурига йўл олди. Аммо Жамна бўяб Деҳли томонга кетиб бораётган Ҳумоюннинг ҳозир муқим турадиган жойи йўқ, қароргоҳларининг ўрни ўзгариб туради. Қаландар кийимида юрган шайх Муборак, ниҳоят, унинг ўрмон четида ов қилиш учун икки-уч кун тўхтаганидан фойдаланди-да мавкаб жойлашган қароргоҳга яқинлашди. Қўриқчилар бошлиғига: — Ҳазрат олийларига халқнинг номидан ёзилган бир мактуб топширмоқчимен, — деб арз қилди. Давлат бошлиғига арз-у дод қилиб келувчилар жуда кўп бўлганлиги учун, уларни аввал синчиклаб текширишар ва ўнтадан биттасини подшонинг ҳузурига киргизишар эди. Шайх Муборакни ҳам қўрчибеги саволга тутиб, тафтиш қилаётган пайтида катта оқ саллали Абдулла Ансоний иккита уламо билан уларнинг ёнидан ўта бошлади. Шайх Муборак салласи катталарга юзини кўрсатмасликка тиришиб, орқа ўгириб турди. Лекин қўрчибеги уламолардан бирини чақириб: — Тақсир, бери келинг, бу одам ҳам шайхлардан экан, — деди. — Қандайдир маҳдийлар номидан подшога мактуб олиб келганмиш. Кўриб беринг-чи, ҳазратимнинг эътиборларига арзийдиган гапмикин? Ансорийнинг ишораси билан ёшроқ бир имом қўрчибегининг олдига келди, хайриятки, Абдулла Ансорий орқа ўгириб турган шайх Муборакни та-нимади. Ёш имон яқин келиб шайх Муборакнинг юзига тикилди-ю: — Қани, ҳазратимнинг номларига ёзилган мактубни бир кўрайлик-чи! — деди. Шайх Муборакнинг ичи қўрқувдан музлаб кетди. Мактубда Ансорийга қарши ёзилган сўзларни мана бу имом ўқиса шайх Муборакни тинч қўймайди. Дин пешволарининг ўз қуролли одамлари— муҳтасиблари бор. Ансорий «даҳрий» деб фатво берса бас, муҳтасиблар шайх Муборакни ҳибсга олишга ҳам, ўлдиришга ҳам қодир. Шайх Муборак мактубни олиб бермоқчи бўлиб, қўйнига қўл солди. Лекин бўш чиқди... Қўлидаги қаландар халтасини титкилади, ҳатто уни қўрчибегига очиб кўрсатди. Белидаги фўтасини ечиб, эски тўнининг барларини силкитди. Мактуб йўқ! У астар остига тикилган жойида «қилт» этмай тургани шайх Муборакнинг жонига ора кирди: — Мактубни кеча ётган жойимда унутиб қолдирибмен! Мени маъзур тутинг! Ижозат бўлса, ҳозир бориб олиб келай! Қўрчибегининг жаҳли чиқди: — Э, бор, жўна! Сенсиз ҳам подшонинг қабулига кирмоқчи бўлганлар беҳисоб! Шайх Муборак бир балодан қутулганига шукур қилиб, Ҳумоюннинг қароргоҳига иккинчи марта қадам босмади. Салим отанинг мактубини эса ўзига қайтариб олиб келиб берди. Бўлган воқеани ҳикоя қилгач: — Подшолар билан бизнинг орамизда ўтиш мушкул бўлган баланд ғовлар борлиги рост экан! — деди. — Энди сизга омад берсин-у ўзингиз Ҳумоюнни бирор жойда холи учратиб, ҳақиқатни унга айтинг. Бундай омад қачон келишини Салим ота ҳам билмас эди. Деҳли: Зафардан Кейинги Жудолик Акбар Деҳлини ўн уч ёшида ғалаба шодиёнаси кунида биринчи марта кўрди. Шерхон авлодлари Панжобда мағлуб бўлганларидан кейин Деҳлини ҳам ташлаб қочишди. Шаҳарда қолган аъёнлар Ҳумоюнга пешвоз чиқиб, қалъа дарвозаларининг калитини топширдилар. Шундан сўнг туя минган жарчилар Ҳумоюннинг ғалаба муносабати билан афви умумий эълон қилинганлиги ҳақидаги фармонини кўча-кўйда айтиб ўтдилар. Ҳумоюннинг ўзи ҳам шаҳарнинг машҳур Пуран[42] қалъасига борадиган марказий кўчадан мингтача одами билан нақоралар ва карнай-сурнайлар чалдириб, тантана билан ўтди. Кўчанинг икки четида халойиқ ғуж-ғуж бўлиб турибди. Уларнинг орасида енгилган Искандаршоҳнинг аламзада одамлари ҳам бўлиши ва пистирмадан ўқ отиши мумкин. Шунинг учун улкан қора фил устида олтин кўшкдай безатилган шийпон тагида ўлтирган Ҳумоюн бошига дубулға, эгнига зирҳли кийим кийган. Хартумидан думигача чўғдай безатилган, бўйнига улкан гулшодалар осилган подшо филини юзлаб отлиқлар ўраб қўриқлаб бормоқда. Акбар ана шу отлиқларнинг олдинги сафида, отасининг ўнг ёнида Ҳайрон номли гўзал саман отини миниб келмоқда. Ундан орқароқда — Байрамхон, турдибек, Алиқулихон ўзбек, Қиличхон Андижоний каби аҳли давлат... Абдулла Ансорий бошлиқ дин пешволари подшо филининг орқароғида бормоқда. Абдулла Ансорий худди Исломшоҳ саройидаги каби Ҳумоюн саройида ҳам диний пешво бўлиб олганлиги рост эди. Лекин Ҳумоюн уни биринчи кунларданоқ қаттиқ итоатда тутишга интилар, мавкабда аҳли давлат-дан кейинги иккинчи ўринда бориши кераклигини мири тузукка ўзи тайинлаган эди. Деҳли кўчаларидаги халойиқ подшонинг филини ким миниб бораётганига ҳам эътибор бериб қарар эди. Филбон Лаъл Чанд Қандаҳор ва Кобулга етолмай, Ҳиндистонда қолган, лекин Ҳумоюн Лахўрга қайтганини эшитган заҳоти яна унинг ҳузурига борган ва Сирҳинддаги жангда қўлидан келган кўмакларни берган эди... Ҳумоюн эски қадрдонининг кўп йиллик яхшиликларини қайтариш учун бугун Деҳли марказидан миниб ўтаётган шоҳона филни бошқаришни Лаъл Чандга топширди. Йўл четидаги одамларнинг баъзиси Деҳлида кўп йил яшаган Лаъл Чандни таниб, бир-бирларига ифтихор билан кўрсатишарди. Бир вақтлар Ҳумоюн Аграда шу ишни қилмоқчи бўлганда йўл бермаган Саид Xалил энди йўқ, ҳозирги шайхулислом Абдулла Ансорий эса Ислом-шоҳга кўп йил хизмат қилганлиги учун тили қисиқ, «ғайридин подшонинг филини минмасин!» деб эътироз қила олмайди. Дин пешволари «ғайридин» деб хушламайдиган Лаъл Чанд каби ҳиндлар Каланжарда Шерхон билан қаҳрамонларча жанг қилиб, уни қандай ҳалокатга учратганлиги Ҳумоюннинг ёдидан чиқмайди. У дини бошқа бўлса ҳам, дили инсоний фазилатларга тўла бўлган мана шу улуғ элга ўз эҳтиромини билдириш учун бугун Деҳлидан ҳиндлар жуда эъзозлайдиган жонивор — филда ўтишни ва бу филнинг измини Лаъл Чандга топширишни лозим кўрган эди. Карнай-сурнайлар ва нақора товушлари баланд жойдаги қизил тош деворли Пурон қалъа дарвозасига етганда тинди. Бу ерга олдинроқ келган махсус қўриқчилар ва хизматкорлар қалъани ораста қилиб жиҳозлаб, йўлкаларга пояндозлар тўшатиб қўйган эдилар. Қалъа ҳовлиси жуда кенг, у бошидан бу бошигача минг қадамдан ортиқ. Кеч кирган бўлса ҳам саратон иссиғи жуда баланд. Ҳумоюн куни бўйи зирҳли кийимда юриб, иссиқда жуда лоҳас бўлгани учун хонайи хосда энг аввал енгил ипак кийимларини кийди, совутилган лим-у шарбатидан ичди. Бари бир бино ичи иссиқ ва дим туюлиб, нафаси қайтгандай бўлаверди. Шундан кейин Акбарни ёнига олиб ҳовлига чиқди ва шабада тегадиган очиқроқ жой излади. Офтоб ботган, лекин осмоннинг ғарб томони ҳамон ловуллаб ёниб турибди. Йўлкаларга тўшалган қизғиш тошлардан ҳам кундузги иссиқнинг тафти уряпти. Қалъанинг энг баланд жойи кунботиш томонда — Шерхоннинг масжиди ва шермандал деб аталадиган тепаси очиқ тош бино турган жойда эди. Ҳумоюн Шерхон қурдирган масжиднинг ўрни яхши танланганига, бино пештоқи салобатли, тош безаклари ўзига ярашиб тушганига тан берди-ю: — Дуруст, Шерхон ўзидан яхши хотира ҳам қолдирибдир, — деб қўйди. Масжиддан ўнгда — баланд ва хушманазара бир жойда саккиз бурчакли, икки ошиёнли мўжаз бино турибди. Бунинг тархини бир вақтлар Ҳумоюн чиздирган ва китобхона учун мўлжаллаган эди. Лекин тўполонлар бошлангандан сўнг қурилишлар тўхтаб, бу бино ҳам чала қолиб кетди. Кейин уни Шерхон ўз дидига мослаб, учинчи қаватини шабада тегадиган очиқ саҳн қилиб қурдирибди. Салқин шамол эсиб турадиган бу шинам жой хурсандчилик қилинадиган манзил — мандал номини олибди. Ҳумоюннинг одамлари бугун шермандални ҳам ювиб, тозалаб, тепадаги шийпонига гилам ва кўрпачалар тўшаб қўйишган эди. Зинапоя олдида турган соқчи йигит ота-болага йўл бериб, ўзини дарҳол четга олди. Ҳумоюн яхлит ва дағал кулранг тошлардан тарашланган зинапояга оёқ қўйиб юқорига қаради. Зинапоя тик ва тор, унга фақат битта одам сиғади, ичи нимқоронғи. Беш-олти қадам нарида яна худди шунга ўхшаш иккинчи зинапоя бор — буниси чиқиш учун бўса, наригиси пастга тушиш учунми? Тош қудуққа ўхшайдиган ва юқорига пармадай буралиб чиқадиган ҳар икки зинапоя ҳам Ҳумоюнга ёқмади. — Иккаласини бирга қўшиб тарашлаца қудуқдай тор бўмас эди, — деди Акбарга ўгирилиб. Зинапояда қўл билан тутадиган қанот ҳам йўқ. Ҳумоюн Акбарни эргаштириб иккинчи қаватига чиқди. Бу ердаги хоналар шинам, китоб жавонлари ўрнаца бўладиган жойлари ҳам бор. Айниқса, учинчи қаватдаги ораста шийпон ва саккизта оқ мармар устунчаларга соябон каби ўрнатилган нақшин гумбаз жуда кўркам эди. Шийпонда ғир-ғир шабада эсиб турибди. Тик зинапоядан чиққунча энтикиб, терлаб кетган Ҳумоюн кўрпача устига ўлтириб, ўзини шабадага солди. У то нафасини ростлагунча бир неча дақиқа ўтди. Бу орада Акбар шийпондан кафтда тургандай аниқ кўринаётган улуғвор шаҳар— Деҳлини томоша қилди. Қалъа деворининг тагидан буралиб оқиб ўтадиган Жамнанинг ғарбдаги қип-қизил шафақ рангига бўялиб, ёниб оқаётганидан ҳайратга тушди. — Сен иссиқни сезмайсан-а? — унга ҳаваси келиб сўради Ҳумоюн. — Тар саҳросида туғилгансен, бу иссиқлар қонингда бор. Лекин мени бугунги ҳарорат ғоят бетоқат қилди. Ёшликда унча сезмас эдим. Ҳумоюн Акбарга синчиклаб қаради-ю, бирдан Ҳамида бону ёдига тушди. Акбарнинг новдадай эгилувчан қомати ва юз-кўзининг жозибаси Ҳамиданинг чавгон ўйнаб юргандаги ёшлигини эслатарди. Ҳумоюннинг юрагини соғинч туйғуси орзиқтириб ўтди. Кобулда қолган Ҳамидани кўрмаганига олти ой бўлди. Яна кўришиш насиб этармикин? Аммо, шукур, ота-онасининг суратини ҳам, сийратини ҳам ўзида жам этган ўғли ёнида юрибди-ку. Авлодлар тақдири бир-бирига нақадар киришиб кетишини Ҳумоюн энди астойдил ҳис қилмоқда. Акбарнинг тақдири туғилмасидан анча олдин — Ҳамида билан Ҳумоюн бир-бирлари билан илк бор учрашган наврўз кунларидан бошланган эмасми? Агар Ҳумоюн Ганга ва Карамнаса дарёларига чўкиб кетганда Акбар ҳам дунёга келмас эди-ку. Ўшанда сувчи Низом Ҳумоюн билан бирга унинг бўлажак ўғлини — мана шу Акбарни ҳам қутқарган экан-да. Одамнинг тақдири унинг ўзидан олдин туғилиши рост. Лекин Акбар ўнг ойлик бола пайтида Қандаҳорда аросатда қолгани, уч ёшида Кобулда тўп ўқига нишон қилиб қўйилгани, кичикликда бошдан кечирган бошқа таҳлика-ю ташвишлари уни тез улғайтирди. Ўғлининг фаҳми катталарникидан қолишмайди. Шунинг учун Ҳумоюн унга дил ёриб сўзлади: — Отанг ҳам кексайгани энди билинмоқда, ўғлим! Бу йил қирқ еттига кирдим. Отам шу ёшда қолган умрларини менга бахш этиб шунқор бўлган эдилар. Дейдиларки, отасининг ёшига етган одамни Азроил бир силкитиб кўрармиш, бўш келса олиб кетармиш. Азроил — ўлим тимсоли эканини биладиган Акбар отасига хавотирли кўзлар билан қаради: — Нечун бундай дедингиз, ҳазратим? Мен сизга муносиб ўғил бўлиш орзусида юрибмен. Лекин ҳали бу орзуимнинг ўндан бири ҳам ушалгани йўқ. Тангрига илтижо қилурмен: барча орзуларимнинг ушалганини сиз билан бирга кўрайлик! Мўйлаби сабза уриб, овози йўғонлашиб қолган Акбарнинг бўлиқ гавдаси, ўткир фаҳми, айниқса, ҳозир айтган сўзлари ўн етти-ўн саккиз ёшли йигитникига ўхшар эди. Ҳумоюн ўзининг ўн уч ёшда ҳали қийинчилик кўрмаган арзанда ўсмир бўлганини эслади. Акбарни эса бошидан кечирган таҳликалари, яқиндан кўрган фожеалари қанчалик тез улғайтирганини отаси бугун аниқроқ сезгандай бўлди. Ўғлига илиқ бир гап айтгиси келган Ҳумоюн: — Жамна бўйидаги кийик ови ёдингдами? — деб кулумсираб сўради. Акбар бу овга оталиғи Байрамхон билан чиққан эди. Иши ўнгидан келиб, семиз бир қизил кийикка дуч келди, учқур оти Ҳайрон устида уни қувиб бориб, ёй ўқи билан биқинига уриб йиқитди. — Овингиз муборак, амирзодам! — деб Байрамхон Акбарни табриклади. — Энди бу кийкдан қандай таом пиширтирмоқчисиз? — Буни ҳазрат отамдан сўрайлик. Акбар кийикни навкарларидан иккитасига кўтартириб, отасининг ҳузурига олиб келди-да, унинг оёғи олдига қўйди: — Ҳазратим, ўғлингизнинг биринчи ови сизга пешкаш! Ҳумоюн бўйи чўзилиб отасига тенглашиб қолган Акбарни бағрига босди. Кунлар иссиқ, Акбар овда терга ботиб кетганини сезган Ҳумоюн ўғлини Жамнанинг салқин қирғоғида лангар ташлаб турган кемага бошлаб чиқди. Бовурчилар кийик гўштидан оғизда эридиган қилиб кабоб тайёрладилар. Кеманинг толорида ота-бола ва Байрамхон учовлари кабобни еб бўлишгач, Ҳумоюн офтобачи келтирган сувда қўл ювди-да, қоғоз-қалам сўради, у ҳозир шу дастурхон устида хаёлига қуюлиб келган сатрларни маснавий шаклида тез-тез ёзди: Худоё, ту ин гавҳари шаҳвор Зи осибе бадгуҳарон дур дор. Зи дарёйи дониш ба ў об деҳ Зи хуршиди биниш ба ў тоб дех[43]. Ҳумоюн ўғлига бу сатрларни ўқиб берди: — Менинг сенга тилагим шу! — деди. — Ол! Форсий тилни ҳам яхши биладиган Акбар ўрнидан туриб, отасининг шеърини таъзим билан олди-да, кўзларига сурди: — Мен буни жон ўрнида асрагаймен! Ўша куни кечқурун Акбар ўзининг дасторпечига буюриб, отаси инъом этган тўрт сатрни шоҳи туморчага тикдирди-да, кийимлари ичидан бўйнига билинтирмай тақиб олди. Мана, ҳозир у отасининг ёнида Деҳлининг энг баланд жойига қурилган шийпон устида турганда ўша туморчанинг шоҳиси иссиқда терлаган баданига алланечук салқин тегаётганини сезди-да, ўзича бир суюниб қўйди. — Шукурки, кўзим тириклигида сени Деҳлига олиб келдим, — деди Ҳумоюн. — Бу шаҳри азимни мен кўпдан берли пойтахт қилиш ниятида эдим. Лекин мени бу ниятга етказадиган йўл ер тагидан ўтганини билмас эканмен. — Қандоқ... ер тагидан? — тушунмай сўради Акбар. Ҳумоюн унга Қазвинда Элбрус тоғи ҳақида эшитган ривоятини айтиб берди. — Ер тагига тушиб кетган ўша тоғ менинг елкамдан босиб тушгандек бўлди. ўн беш йил давомида шу тоғни Синд-у, Қандаҳор-у, Қазвин-у Кобул орқали кўтариб ўтишга мажбур бўлдим, унинг оғирлигидан эзилиб азоб тортдим. Ниҳоят, бугун шу тоғ — отам тузиб кетган ўша улкан давлат — яна ер юзасига қайтиб чиқди. Мен қуришга улгурмаган обидаларни энди сенинг қурмоғинг учун имкон бор. Ахир ота қисматига ўғил шерик! Отамнинг умри менда давом этган бўлса, менинг умрим сенда давом этгай. Биз худди юз йиллаб яшайдиган чинорнинг алоҳида шохлари-ю илдизларидай яхлит бир оиламиз. Ҳумоюн ўғлига бугун биринчи марта дилини ёриб, кўнлининг тубини очиб кўрсатар, Акбарнинг камоли жиддият билан тинглаётганидан ҳамма гапни кўнглига тугаётгани билиниб турарди. — Чинорнинг дастлабки эллик-олтмиш йилдаги ўсиши бир авлод умрига қиёс этгуликдир, — деб давом этди Ҳумоюн. — Кейинги эллик-олтмиш йиллик ўсиши иккинчи авлод ҳисобига бўлгай. Бу орада чинор аввалгидан икки баробар баланд кўтарилгай. Учинчи авлоднинг умри бу чинорни энг баланд юксакликка кўтариб, улуғ дарахтга айлантиргай. Лекин унинг шу улуғлигида ниҳол пайтида отган илдизлари-ю ўрта яшарлигида ёйган шохларининг ҳиссаси бўлгайми, йўқми? —Бўлгай! — деди Акбар. — Сен келажакда энг баланд пояларга кўтарилганингда менинг шу сўзларимни бир эслаб қўйгин. — Барча сўзларингиз менинг қалбимга тошга битилган ҳарфлардай нақшланмоқда, ҳазрат отажон. Фақат сиз... шундай улкан ғалабадан сўнг... нечун кўнглингиз ўксиган каби сўзламоқдасиз? — Армоним кўп, ўғлим, ёшликда тузган улкан режаларим амалга ошмади. Энди ҳаммасини қайтадан бошлашга умрим етмаслигини сезиб турибмен. Одамзод жамияти ҳали бениҳоя нокомил. Алоҳида комил сиймолар бор, аммо бутун жамият — атофимизни ўраб турган табиатга нисбатан ғоят хом, бетартиб. Ер-у кўкдаги тартиб-у мувозанат мени доим ҳайратга солур. Офтоб вақтида чиқгай. Ой аниқ соат-у дақиқасида тўлгай. Юлдузлар зўр бир тартиб билан айлангай. Баҳор кетидан албатта ёз келгай. Xаёлпараст эканменми, ер-у кўкдаги мана шу тартиб-у мувозанатни жамиятга тадбиқ этмоқчи бўлибмен. Йилнинг ўн икки ойи, мучалнинг ўн икки йили асосида сарой аҳлини ўн икки тоифага бўлиб, ҳар бирига алоҳида мавқе белгилабмен. Аммо мен табиатда йўқ жаҳолат-у хурофот, риёкорлиг-у амалпарастлик, ғаламислиг-у хоинлик жамиятда бижғиб ётганини унутган эканмен. Тўғри, табиатда йўқ илм-у санъат, маърифат-у заковат фозил одамларда бор. Лекин бизнинг жамиятимизда улар ҳали жуда оз. Шунинг учун менинг бу йўлдаги ҳаракатларим шамолни тутиб тартибга, солмоқчи бўлган хаёлпарастнинг ишидек бекор кетди. Ота бола суҳбатга берилиб қоронғи туша бошлаганини сезмаган эканлар. Шийпоннинг яқинидаги масжиддан шом намозининг азони эшитилди. Шийпонда чироқлар ёқилди. Ҳумоюн Акбар билан пастки қаватга тушиб таҳорат олишди, сўнг масжидга бирга боришди. Шайхулислом Ансорий олдинда имомлик қилди. Ҳумоюн ўғли билан ёнма-ён туриб намоз ўқир экан, Акбар саждага бош қўйганда Қуръон оятла-рини ўсмирларга хос масъум бир нафас билан пичирлаб айтганидан завқи келди. Ўғли улғайиб отаси қаторида масжидда намоз ўқийдиган кунлар келганидан қалби яйраб, «алҳамдулилло!» деб шукрона айтди. Намоздан руҳи енгил тортиб чиққан Ҳумоюн Акбарни ўзининг хонайи хосига бошлаб борди. Ҳозирги дамлар унга алланечук ғанимат туюлар, ху-додан тилаб олган ўғлини унутилмас бир инъом билан қувонтиргиси келарди. Хонайи хоснинг тўрида устига силлиқ чарм қопланган, таги мустаҳкам пўлатдан ясалган оғир сандиқ турган эди. Ҳумоюн чўнтагидан махсус калит олиб сандиқни очди-да, унинг тегида ипак матога ўраб, авайлаб сақланадиган олтин сопли қилични олди. Уни қинидан секин чиқарар экан, овозини пасайтириб деди: — Бу Соҳибқирон Амир Темурнинг қиличидир. Акбарнинг кўзлари ҳаяжон ичида ялтираб сеҳрли қиличга тикилди. Ҳумоюн қиличнинг сопидан пастрогига қуйма ҳарфлар билан қадама қилинган «рости русти» деган сўзларни ўғлига кўрсатди: — Бу сўзлар адолат рамзидир. Соҳибқирон бобомиз васият қилганларки, давлат ишининг ўндан тўққиз қисми ақл-у заковат, тадбир-у маслаҳат, муроса-ю мадора билан саранжом бўлур. Фақат ўндан бир қисм ишни қилич билан ҳал этмоқ адолатдандир. Сен ана шуни ҳеч қачон унутмагин. Байрамхон билан сени яқинда Панжобга жўнатмоқчимен. У ёқларда Шерхон авлодлари яна тажовуз қилишлари мумкин. Энг хатарли дамларда, адолат учун жангга чиққанингда мана шу қилични ишга сол. Бошқа вақтда буни асраб-авайлаб авлодларингга етказгин, токи улар ҳам ушбу табаррук қилич ҳимоясида бўлсинлар. Акбар ўнг тиззасини ерга қўйиб, таъзим билан қилични отасининг қўлидан икки қўллаб олди-да, унинг муқаддас ёзув битилган жойини ихлос билан ўпди. Шу пайт бирдан ўпкаси тўлиб, кўзига ёш келди. Ёшли кўзларини отасига тикиб, овози титраб деди: — Ҳазрат отажон, инонинг! Мен сизга ҳам, бобокалониомизнинг васиятларига ҳам то ўлгунимча содиқ қолурмен! * * * Куни бўйи давлат ишлари билан банд бўладиган Ҳумоюн Деҳлининг иссиқ ва дим оқшомларида Пуран Қалъанинг шабада тегадиган баланд жойидаги ўша усти очиқ шийпонга чиқиб дам оларди. Бу жой унга ёқиб қолгани учун кутубхонасини шийпоннинг пастки қаватига кўчириб келди. Унинг фармонини сўзсиз адо этаётган амирлар Агра ва Ажмир шаҳарларини жангсиз ишғол қилдилар. Бу ишни қон тўкмай уддалаган Искандархон Ўзбек агра ҳокими қилиб тайинланди. Ражастхон вилоятини урушсиз эгаллаган Турдибек Туркистоний Биканирдан Синд томонларга ўтиб кетаётган бир турк лашкарбошисини юзга яқин одами билан асир қилиб, Деҳлига подшоҳ ихтиёрига олиб келди. Ҳумоюн бу хабарни Турдибекдан эшитиб ҳайрон бўлди: — Туркия лашкарбошиси Синд томонларда?.. Бу не жумбоқ? — Амирал баҳр эмиш. Кемаларини денгизда фарангилар ҳалок этибдир. Энди қуруғлик йўл билан ватанларига қайтмоқ фикрида экан. Туркия подшоси Сулаймон Қонуний берган ваколат билан келган эмиш. Сизнинг қобулинизга кириш истагини билдирди. Қайта-қайта илтимос қилди. — Ваколатини тасдиқ этадиган бирон далили борми? — Подшоси берган ҳужжати бор. Номи Сейди Али Раис. ўнг бешта турк ҳарбий кемасига амирал баҳр қилиб тайин этилгани ҳақида Сулаймон Қонунийнинг муҳри босилган фармонни менга кўрсатди. — Ундоқ бўлса, эртага нонуштадан сўнг девони хосга қабулга бошлаб келинг. Сейди Али Раис қирқ ёшларга борган, калта сарғиш соқоли мовий кўзларига мос тушган йирик гавдали одам эди. Бошига тушган фалокатларни Ҳумоюнга сўзлаб бераётганда куюнганидан лаблари қуруқшаб, тили оғзида қийинчилик билан айланарди: — Бизга сиздек қудратли ҳомий герак иди! Гужарат подшоси Султон Аҳмад заифлик қилди!.. маълум бўлишича, Гужарат подшоси Турк султонига элчи юбориб, Ҳиндистоннинг Гоа ва Даман оролларини босиб олган Португалларни қувиб юориш учун ҳарбий ёрдам сўраган, бунинг эвазига содиқ иттифоқдош бўлиш ҳақида катта ваъдалар берган эди. Турк подшоси бу ваъдаларга ишониб, ўн бешта ҳарбий кемасини Сейди Али Раис бошчилигида Қизил денгиз орқали Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоғига жўнатади. Аммо турк кемалари Форс кўрфазига кирганда Португалларнинг 32 та энг яхши қуролланган ҳарбий кемалари уларни қуршовга олади. Кучлар тенг эмас эди. Шундай бўлса ҳам турк денгизчилари дадил жангга киришади. Катта талофатлар бериб, қуршовни ёриб чиққанларида саккизта кемалари омон қолади. Сейди Али Раис уларни Ҳиндистон томонга бошлаб кетади. Лекин Сурат бандарига бир кунлик йўл қолганда қаттиқ довул кўтарилади, осмондан сел қуяди, атроф яхши кўринмайди, йўлдан адашиб, яна португал кемаларига яқин бориб қолишади. Иккинчи марта даҳшатли жанг бўлади. Сейди Али Раис бу гал яна тўртта кемасини бой беради. Қолган тўрт кемаси ва юзтача одами билан Сурат бандарига етиб келади. Бу ерда Гужарат подшоси уларни ўз ҳимоясига олади. — Энди денгиз орқали ватанларингга қайтолмайсизлар, кемаларингизни биз қўриқлаб турамиз, қуруқлик орқали бориб, янги бир кема карвони билан қайтиб келинглар, — дейди Султон Аҳмад. Сейди Али Синд ва Панжоб орқали Туронга, ундан Кавказ орқали Туркияга қайтмоқчи бўлиб кетаётганда Турдибекнинг одамлари уларни қўлга олади. — Афандим, — деди Ҳумоюн. — Сиз Гужарат вилоятини Туркияга тобе қилиш мақсадида ҳарбий кемалар билан қўшин тортиб келмишсиз? — Ҳазрати олийлари, Гужарат илгари сизнинг мулкингиз бўлганидан хабаримиз бор. Ахир биз ҳаммамиз битта турк отанинг фарзандларимиз-ку! Гужарат фарангиларга тобе бўлгунча, сиз-у бизга мулк бўлса афзал эмасми? — Битта отанинг фарзандлари маслаҳатлашиб иш қилсалар яхши бўлмасмиди? Узоқ Истамбулда туриб Ҳинд уммони бўйидаги Гужаратга эгалик қилиш мумкин эмаслигини сизнинг бошингизга тушган савдолар кўрсатиб турибдир. Ундан кўра сиз аввал бизнинг ҳузуримизга келинг эди. Гужаратни Фарангилар панжасидан чиқариб олиш бизнинг ҳам ниятимиздир. Агар биргалашиб ҳаракат қилсак сиз шунча кемаларингизни бой бериб, бу қадар абгор бўлмас эдингиз. — Ҳазратим, мен сафарга отланганимда сиз ҳали Кобулда эдингиз. Ҳиндистон тахти бу йил сизга қайтадан муяссар бўлгани бизни беҳад қувонтирди. Менга рухсат беринг, тезроқ Истанбулга қайтай, сизнинг ғалабангизга оид хушхабарни Султон Сулаймон Қонуний Ҳазратларига етказай. Икки орада иттифоқ тузайлик, Гужарат соҳилларидан фарангиларни биргалашиб қувайлик! — Мана бу ниятингиз яхши, жаноб Раис! Аммо ҳозир узоқ сафарга чиқадиган пайт эмас. Шерхон авлодлари билан уруш авжида. Йўллар хатарли. Мен сизга кўнглингиз тилаган вазифани берай. Бирор йил бизда хизмат қилинг. — Ташаккур, ҳазратим, аммо фақир ҳамон турк султонининг хизматидамен. Тезроқ қайтишим зарур. — Сиз амирал баҳр сифатида фалакиёт илмини, юлдузлар харитасини яхши билсангиз керак? — Менинг ота-боболарим ҳам амирал баҳр бўлганлар. Юлдузлар харитасини болалигимдан билурмен. — Ундай бўлса биз учун «Доирайи Муаддилунга»[44] оид рисола билан юлдузлар харитасидан бир нусха тайёрлаб бераолурмисиз? — Бош устина, ҳазати олийлари! Юлдузлар харитаси ва унга оид рисола тайёр бўлгандан сўнг Ҳумоюн Сейди Алини кутубхонаси жойлашган ўша тош иморатнинг учинчи ошиёнида қабул қилди. Подшонинг ёнида зар ёқалик енгил ҳаворанг тўн кийган чиройли йигитча ҳам бор эди. Сейди Али унинг шаҳзода Акбар эканини фаҳмлаб ота-боланинг ҳар бирига алоҳида таъзим қилди. Сейди Али Раис рисолага қўшиб туркча ёзган бир шеърини ҳам Ҳумоюнга тақдим этди. Ҳумоюн рисола учун миннатдорчилик билдирди. Сўнг Сейд Алининг шеърини Акбар ҳам эшицин учун овоз чиқариб ўқиди: Ғофил ўлма, тушдигинг ер — мулки Ҳиндистондир.[45] Ҳақ будур — дунёда жаннат мулкати Усмондир. Душ оёғина[46] Ҳумоюн подшоҳинг, рухсат ол. Доимо душганлара онинг иши эҳсондир[47]. — Тушундингизми амирзода? — деб Ҳумоюн ўғлидан сўради. Акбар тасдиқ маъносида бош ирғагач, давом этди: — Жаноб Раис, «оёғина душмоқ» шарт эмас, бусиз ҳам биз эҳсона тайёрмиз. Фақат битта савол бор, «Ҳақ будурки, дунёнинг жаннати — Туркиядир» дебсиз. Қани бунинг далилини ҳақ макони бўлмиш осмон-у юлдузлар орқали кўрсата олурмисиз? — Ҳазрати олийлари, осмондаги юлдузлар яратганнинг ихтиёридадур. Улар орқали Туркиянинг жаннатлигини исбот этишга банда ожизмен. Фақат арзим шуки, Қуръони Каримда айтилганидек, ватанни севмоқ имондандур. Агар сиз «Дунёнинг жаннати Туркистондир, ёки Ҳиндистондир» десангиз, фақир буни ҳам ҳақ деб билурмен. Чунки ота юртингиз Туркистон билан ҳозирги мулкингиз Ҳиндистон сиз учвн ватандир. Ватанни севган одам уни жаннат деб эъзозлаши эса табиийдир. — Бироқ рум турклари ҳам Туркистонни «ота юртим» дерлар-ку. Нечун сиз фақат мулки Усмонни афзал кўрурсиз. — Эҳтимол бу бизга ота-боболардан ўтган одатдир. Агар сизнинг бобокалонингиз Амир Темур Туркистонни афзал кўрмаганда Анқарага қўшин тортиб бориб, Йилдирим Боязид билан урушмаган бўлур эди. — Бу урушда қарс икки қўлдан чиқмишдир, жаноб Раис. Йилдирим Боязид ҳам ўз давлатини улуғлаб, Амир Темурни камситувчи мактублар битмишдир. — Бу икки буюк турк подшосини бир-бирига гиж-гижлаб уруштирганлар — фарангистон жосусларидир. Эҳтимол бобокалонингизни камситувчи мактубларни Йилдирим Боязид номидан ўшал жосуслар ёзгандирлар? Чунки фарангилар Йилдирим Боязиддан мағлуб бўлиб, нажот излаб юрганларида Амир Темур уларнинг нажоткори бўлди. Йилдирим Боязид енгилгандан сўнг фарангилар қаддини тиклаб, мана энди Ҳиндистонга тажовуз қилмоқдалар. Ҳумоюн уфққа бош қўяётган янги ойга ўйчан тикилиб: — Бу гапингизда жон бор жаноб Раис, — деди ва ўғлига бир кўз ташлаб «қулоқ сол» дегандек ишора қилди: — Менинг раҳматли отам ҳам Амир Темур билан Йилдирим Боязиднинг урушини англашилмовчилик оқибати деб ҳисоблар эдилар. Энди биз, кейинги авлод тождорлари, бундай ишни такрорламасликка интилмоқдамиз. Шул сабабдан раҳматлик Бобуршоҳ Эрон билан ҳам, Турон билан элчилар алмашинди, борди-келдини яхши йўлга қўйди. туркиядан Аграга муҳандис-у меъморларни таклиф этди. Афсуски, турк подшолари билан яқин алоқа ўрната олганимиз йўқ. Ҳолбуки, қўшинимиз сафида Мустафо Руми каби баҳодир тўпчи-ю тўфангандоз[48] турк йигитлари бор. Улар Панипат жангида ҳам, Секри жангида ҳам жасоратлар кўрсатиб, мукофотлар олмишлар. Биз Турк дастури билан аробалар ясатганмиз. Зарбзанларимиз бу аробалардан ёғийларга зўр тошлар отиб, ҳатто филларни йиқитурлар. Сейди Алининг кўзига бирдан ёш келди, овози титраб деди: — Турк йигитларининг ботирлиги ҳақидаги сўзларингиздан таъсирланиб, ифтихорим зўридан йиғлаб юборгудай бўлмоқдамен. Бағри кенг улуғ подшоҳ эканлигингизни ватанимга бориб сўзлаб бериш менга насиб қилсин. Сулаймон Қонуний ҳам сиз каби доно султондир. Ишонаменки, яқин келажакда сизга Туркиядан элчилар келгай. Сурат бандарида бир неча кемаларим қолди. Уларнинг бирига Сулаймоний деб аталадиган энг улкан замбаракни яшириб келмишмен. Замбаракни сизга подшоҳимиз номидан инъом этурмен. Токи денгизларда ҳам турк дастури билан жанг қилиб, фарангиларни Ҳинд уммонидан қувиб юбориш сизга муяссар бўлсин! — Омин, айтганингиз келсин! — деб Ҳумоюн юзига фотиҳа тортганда Акбар ҳам қўлларини юзига сурди. Орадан икки кун ўтгач Сейди Али Раисга бош оёқ саруполар, от ва сафар анжомлари инъом этилди ва Туркияга қайтишга рухсат берилди. Акбарни Байрамхон билан Панжобга жўнатишдан бир кун олдин Ҳумоюн ўғлини яна хонайи хосга чақиртирди. Акбар кеца Ҳумоюн уни негадир қайта кўролмайдигандек маъюс бўларди. Подшоҳ отасининг «Вақойиъ» китобини энг яхши хаттотларга бериб, Акбар учун тилла суви билан безатилган махсус нусха кўчиртирган эди. Ҳумоюн кутубхонасининг китобдори Xўжа Абдусамад касбдоши Мирсаид Али билан бирга «Бобурнома» воқеалари бўйича илк расмлар ҳам чизишган эди. Ёши улуғ Xўжа Абдусамад олдинда, ўттиз ёшли хушбичим Мирсаид Али орқада, зинапоядан чиқиб келдилар. Xўжа Абдусамад «Бобурнома»нинг Акбар учун кўчиртирилган янги нусхасини икки қўлида авайлаб тутганича таъзим қилиб кирди. Ҳумоюн Акбарга юзланиб деди: — Ҳазрат отам, «бу китобни авлодларинг ҳам ўқисин», деган эдилар. Мен шу васиятни бажо келтирадиган кунларга етишганимдан шодмен. Афсуски, сени андижон-у Самарқандларга олиб боролмадим. Энди отамнинг бу китоби сени хаёл қанотида Мова-роуннаҳрга олиб борсин! Акбар, сен ҳам мен каби, ҳамиша шу китобдан руҳий мадад олиб яшагин! Акбар қўлини кўксига қўйиб: — Умрим охиригача ўгитингизга содиқ қолгумдир, ҳазрат отажон! — деди. — Отамдан менга ўтган бир эътиқодни сенга айтмоқчимен. «Хаёлпараст» дейишларидан қўрқмай, энг улуғ мақсадларни кўзлашга ўрган. Аммо ҳеч бир улуғ мақсад — улуғ истеъдодларсиз, даврнинг энг комил сиймоларисиз амалга ошмагай. Шунинг учун атрофингга энг яхши одамларни, энг зўр истеъдодларни иложи борича кўпроқ тўплагин. Дунёнгинг ҳеч бир бойлиги, ҳеч қайси гавҳар-у жавоҳири сенга ўзинг тўплаб парвариш қилган улуғ истеъдодларчалик қувонч-у шуҳрат келтира олмагай. истеъдодли одамларда инсоний нуқсонлар, ноз-у фироқлар бўлса, буни кечирмоқ керак. Сен уларни авайлаб камолга етказсанг, ўзингнинг олий камолотинг ана шу бўлғай. Сен қанча кўп одамга яхшилик қилсанг, бу яхшилик бошқа кутилмаган жойлардан ўшанчалик кўпайиб қайтгай. Дунёда яхши бўлиш-у яхшилик қилишдан афзалроқ бахт йўқ, шуни ҳеч қачон унутма, ўғлим! Ҳумоюн шу сўзлар билан ўғлига отасининг китобини тақдим этди. Акбар китобдан бениҳоя мамнун бўлса ҳам, бироқ отаси худди бошқа кўришолмасликларини олдиндан сезганга ўхшаб гапиргани анчагача уни ҳайратга солиб юрди. Ҳумоюннинг ўзи ҳам Акбарни жўнатгандан сўнг: «Мен нечун ўсмир ўғлимга бундай гапларни айтдим?» деб, ич-ичидан таажжубланиб қўйди. Ахир унинг ишлари энди ўнгланди. Қиш ўтиб, довонлар очилса, Ҳамида бегим Кобулдан келади, икковлари ҳали Акбарни уйлантиришлари, невара кўришлари керак! Бўш вақти бўлса у одатдагидай кутубхонага келарди. Тик ва тор зинапоядан кўтарилиб тушиш унга хийла ноқулай туюлар, лекин вақт ўтиши билан бунга одатланиб борар эди. Зинапояларнинг нега қудуққа ўхшатиб тор ва тик қилиб қурилганидан ўзича бир маъно ҳам топгандай бўлди. Зинапояга фақат битта одам сиғиши подшони қўриқлаш учун қулай эди. Бу ерда битта соқчи турса бас, юзта одам ҳужум қилиб келса ҳам зинапоядан ёпирилиб ўтолмайди. Битта-битта ўтиб кўтарилганини эса юқорида турган одам даф қилиши осон. Бинога кирадиган бошқа ҳеч қандай йўл йўқ. Кирди-чиқди камлиги Ҳумоюннинг кутубхонада тинчгина мутолаа қилиши учун ҳам қулай эди. Мана шу тарзда у Шерхон қурдириб кетган зинапоянинг торлиги, тиклиги ва бошқа ноқулайликларига кўникди. Деҳлининг қуруқ ва салқин қиш кечаларида осмонни тўлдириб чарақлаб чиқадиган юлдузларни тепадаги шийпондан томоша қиладиган ҳам бўлди. Кобулда қирчиллама қиш бўладиган далв ойида ҳам Деҳлида ҳаво баҳор пайтидагидай майин, атроф кўм-кўк эди. Ҳаждан қайтган мунажжим мавлоно Розиулло Ҳумоюнга саҳар пайтида Суҳайл юлдузини кўрсатмоқчи бўлди. — Суҳайл юлдузини бир кўрган одам бу дунё-ю у дунёда барча муродларига етгай, — деди мавлоно Розиулло. Бу сўзларнинг одатдаги муболаға эканини Ҳумоюн биларди, лекин у Суҳайл юлдузини кўришга кўпдан иштиёқманд эди. Отаси бу юлдузни умрида бир марта Ҳиндикуш тоғининг баланд бир жойида туриб тонг саҳарда кўрганини «Бобурнома»да ёзиб кетган эди. «Толеим отамникичалик бўлса умримдан зинҳор шикоят қилмагаймен» деган эътиқодни кўнглига туккан Ҳумоюн Суҳайл юлдузини албатта бир кўрмоқчи бўлди. У ҳам Бобурга ўхшаб уйқусизликдан қийналар, баъзан афюн қўшилган маъжун еб ухлар эди. Бугун кечаси ҳам маъжун еб тўрт соатча қаттиқ ухлади. Асли у кам уйқу одамлардан эди, тўрт соат ухласа бир кунга кифоя қиларди. Шунинг учун доим эрта турарди. Бугун ҳам шундай пайтда туриб бет-қўлини ювди. Мавлоно Розиулло яна бир мунажжим билан уни кутубхона олдида кутиб туришган экан. Ҳумоюн уларни эргаштириб, ўша тор ва тик зинапоя олдига келди. Соқчилар уларга йўл бердилар. Зинапоя қоронғи бўлгани учун чароғбон олдинга ўтди. Шу орада мавлоно Розиулло билан келган мунажжим: — Ҳазратим, — деб Ҳумоюнга мурожаат қилди.— Фақир Маккатуллони тафов қилгандан сўнг Дамашққа борган эдим. Ўша ерда инингиз мирзо Комронни кўрдим. Ҳумоюн бу хабардан суюниб: — Эсон-омон эканми? — деди. — Нечун ҳанузгача қайтмабдир? — Дамашқда ҳовли-жой сотиб олибдилар. Танмаҳрамлари Чучук бегим ёнларида. яна бир қанча вақт ўша жойда истиқомат қилсалар керак. Сизга салом йўлладилар. — Саломат бўлсин, — деди Ҳумоюн зинапояга қадам қўяркан. Инисининг тирик экани ҳақидаги хабардан енгил тортиб, учинчи қаватдаги шийпонга одатдагидан осонроқ кўтарилди. Бугун осмон ниҳоятда тиниқ, юлдузлар одатдагидан ҳам кўп. Осмоннинг шарқи энди оқараётган пайтда унинг жануб томонида, уфққа яқин бир жойда сариқ аралаш ақиқдай пуштиранг юлдуз кўринди. — Суҳайл[49] ана шу! — деди мавлоно Розиулло ҳаяжон билан. Ҳумоюн уни устурлоб орқали кузатар экан, умри давомида кўрган юлдузларининг энг гўзали шу эканини сезди. Шу пайт пастдаги масжиднинг имоми мезанага кўтарила бошлади. Мавлоно Розиулло: — Ҳазратим, бомдод намозига бормоқ керак, — деб қолди. Тонг энди ёришган. Суҳайл унинг нурига сингиб кетаётгандек кўринмай қолди. Ҳумоюн намозга бориш учун зинапояга томон йўналди. Шу пайт тонг қоронғиси ичида ётган қудуқсимон зинапоянинг оғзи Ҳумоюннинг кўзига худди ўн олти жуфт ҳўкиз судраб юрадиган энг катта замбаракнинг оғзидай қорайиб кўринди. Бу замбаракнинг ичидан ҳозир ўқ отилиб чиқадигандек туюлди. Шерхонни ҳалок қилган замбарак ўқи Ҳумоюннинг хаёлида гавдаланиб, уни шундай сескантирдики, боши музлаб кетди. «Бемаъни рўё! — деб ичида ўзини койиди. — Менга не бўлди? Кечаси еган маъжунимда афюн кўпроқ эканми?» У чароғбонга қараб: — Олдинга ўтинг, — деди. Зинапояга чироқ нури тушгач, одатдаги тош пиллапоялар кўринди-ю, рўё йўқолди. Уч-тўрт қадам олдинда чароғбон, ўртада Ҳумоюн, ундан уч-тўрт қадам нарида мунажжимлар зиналарни бир-бир босиб пастга туша бошладилар. Бояги сесканиш ўтиб кетган бўлса ҳам, Ҳумоюннинг тиззаларида озгина титроғи қолган, оёқлари аввалгидан мадорсизроқ туюлар эди. Шу пайт масжид томондан азон товуши эшитилди. Ҳумоюн намозга кеч қолмаслик учун қадамини тезлатди. Зинапоя пармага ўхшаб ўнгга бурилган жойда уч-тўртта зинанинг ўнг томони жуда тор, оёқ сиғмас эди. Ҳумоюн авваллари ўтганда зинанинг чап томонидаги кенроқ қисмига оёқ қўйиб ўтарди. Ҳозир шошилинчда шу эсидан чиқди-ю, зинанинг энг тор ва сирғанчиқ ўнг томонига устма-уст икки марта қадам қўйди. ҳар икки оёғи ҳам зинадан сирпаниб кетиб, мувозанатини йўқотди, атрофига қўлларини ёйди, аммо ушлаб қоладиган ҳеч нарса йўқ. Олдиндаги чароғбон ҳам, орқадаги мунажжим ҳам ёрдамга етиб улгуролмади. Мункиб кетган Ҳумоюн пешонаси билан зинапоянинг тош деворига қарсиллаб урилди. Кўзларидан яшил, қизил учқунлар сачради, Кобулда қолган Ҳамида бону, Панжобда юрган Акбар, Дамашқдаги Комрон, ҳатто узоқ Сирдарё бўйида, Ахси жаридан йиқилиб ҳалок бўлган бобоси Умаршайх мирзо хаёлидан чақмоқдай тез, камалакдай рангин бўлиб ўтди-ю, бирдан йўқолди. Ҳумоюн ҳушидан кетиб, гавдасининг бутун оғири билан зинапояга ағанаб тушди. Шунда боши тош зиналарга яна уч-тўрт марта қаттиқ урилиб, жароҳати баттар оғирлашди. Уч кун хушига келолмай ётиб, жон берди. AvvalgiII- qism Keyingi ↑ Шимолий Кавказдаги элбрус чўққисидан ташқари Эронда Элбрус деган улкан тизма тоғ бор. Ривоятларга кўра, ҳар икки элбрус аслида бир тизмада бўлган экан-у, уларнинг ўртасидаги тоғ ер тагига тушиб кетгандан сўнг оралари узилиб қолган экан. ↑ Ҳазар — Каспий денгизи. ↑ Кечинг — «ўтинг» дегани. ↑ Архар — ёввойи қўй. ↑ Биртуман — ўн минг табризий. ↑ Бирфарсаҳ — 6—7 чақирим. ↑ Улуфа — иш ҳақи, маош. ↑ Худофарин — бу кўприк ҳозир ҳам Эрон билан Озарбайжон чегарасида турибди. ↑ Ханси — қайси. ↑ Бура — бу ерга. ↑ Дейил — эмас. ↑ Арая — орага. ↑ Кўнаҳ — меҳмон. ↑ Эли — қўли демакдир. ↑ Қадама — қадаб маҳкамланган, инструктация қилинган. ↑ Бурада — бу ерда. ↑ Секка — танга. Ўн туман — юз минг. ↑ Мингтуман — ўн миллион. Кейинчалик Ҳумоюн Мир мусаввир ва Мирсаид Али учун шоҳ Таҳмаспга ўн миллион табризи тўлаб, шундан сўнг уларни Кобулга олиб кетгани тарихий ҳужжатларда бор. ↑ Кўҳиқаф — Кавказ тоғлари. ↑ Эдирам — этаман. ↑ «Осмон шоҳлиги унга насиб қилсин», яъни жойи жаннатдан бўлсин! ↑ Иван IV — Кейинчалик Иван Грозний номи билан машҳур бўлган. ↑ Ашока — Эрамиздан олдинги III асрда ўтган ва бутун Ҳиндистон ярим оролини бирлаштириб, ягона давлатга айлантирган подшо. ↑ Жавҳар — аёлларнниг ўзларини қилич тиғига тутиб ўлдириш одати. ↑ Мурчал — тош, тупроқ, ёғочлар ёрдамида ясаладиган сунъий тепалик, кўтарма. ↑ Ўттизман — йигирма тўрт килограмм. ↑ Саврнингўртаси — 7-, 8-майга тўғри келади. ↑ Таржимаси: Гарчи ойнада ўзингни кўрурсен ↑ Қавс — 22-октябрдан 23-ноябргача. ↑ Ҳол — бу ерда қарор топиш, мақсадга етиш. ↑ Фориғ — озод бўлиш, ташвишдан қутулиш; бол — дил, жон; фориғбол — дил-у жоннинг озод бўлиши. ↑ Солғасен — «баридан воз кечгайсен» маъносида. ↑ Неча нафсингга бўлурсен тобъе? ↑ Туркий тилда марказ маъносида ишлатиладиган «Ўрда» сўзи ҳам аслида «Ўрта» демакдир. ↑ Забар — араб ҳарфининг устига қўйиладиган узунчоқ белги. ↑ Хасба — ичтерлама. ↑ Товоқчи — подшо саройидаги кичик лавозим. ↑ Фигор — афгор, яъни абгор ва мажруҳ маъносида. ↑ Икки бигҳ — ярим гектардан кўпроқ. ↑ Маҳдий — аслида «туғма» деган маънони билдиради. Руҳонийлар бу сўзга илоҳий тус бериб, «ғойибдан келадиган одил пешво Маҳдий», дейишган. ↑ Миён — «домла», «мавлоно» деганга ўхшаш сўз. Фозил кишига нисбатан айтилади. ↑ Пуран — кўҳна, деган маънони бидиради. Саккиз аср бурун қурилган бу қалъа ҳали ҳам бор. ↑ Таржимаси: Худоё, ўзин бу шоҳ гавҳаримни Ёмон кўзлардан асра, таги ёмонлардан узоқ тут. Уни билим дарёсининг сувига қондир. Ақлу меҳр офтоби билан сайқал бериб чиниқтир. ↑ «Доирайи Муаддилун» — экватор доираси. Жанубий ва Шимолий яримшарлар чизиғи. ↑ Тушдигинг ер — келиб тушган еринг. ↑ Душоёгина — «оёғига йиқил» дегани. ↑ Бу сатрлар Сейди Али Раиснинг «Миръоти мамолик» китобида келтирилган. ↑ Тўфангандоз — милтиқ отувчи. ↑ Суҳайл — ҳозирги илмий тилда Канопус юлдузи. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62664 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 59762 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40590 |
4 | Guliston [Sa’diy] 37028 |
5 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 23808 |
6 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23615 |
7 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23367 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19836 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18917 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14641 |