Амир Темурнинг оламшумул ижодий мероси [Pirimqul Qodirov] |
Соҳибқирон Амир Темур барпо этган улуғ давлат, у қурдирган ўлмас меъморий обидалар, унинг саркардалик даҳоси бутун дунёга маълум ва машҳурдир. «Темур тузуклари» деб аталган ажойиб асари ҳам турли тилларга таржима этилиб, жаҳон миқёсида катта эътибор қозонган. Бу асар тарихчилар ва қонуншунослар томонидан кўп таҳлил ва талқин этилади. Чунки Амир Темур яратган тузуклар қонун кучига ва улкан тарихий аҳамиятга эга бўлган, давлат ишлари шулар асосида амалга оширилган. Фақат биз, адабиётчилар, «Темур тузуклари»ни мумтоз адабиётимиз тарихидан мўътабар ўрин оладиган адабий-автобиографик асар сифатида ҳар томонлама таҳлил ва талқин қилиб берганимиз йўқ. Ушбу бадиа мана шу вазифани қисман бўлса ҳам адо этиш йўлидаги бир интилишдир. Бундан етти-саккиз аср бурун ватанимиз Туронзамин ва унинг халқлари бир юзу эллик йил мўғул бос-қинчиларининг жабру зулмини бошдан кечирди. Жуда катта ҳарбий кучга эга бўлган Чиғатой авлодлари Турон халқини қурол кучи билан ўзига қул қилиб олган эди. Қуллик занжирини узиб ташлаш ва мамлакатни истилочилардан озод қилиш учун Амир Темур ва унинг содиқ одамлари ўн йилдан ортиқ ўлим хавфлари билан олишиб, энг оғир шароитларда қаҳрамонона кураш олиб борадилар. Бу курашнинг энг ёрқин ва ҳаққоний тафсилотлари «Темур тузуклари»да қаҳрамон образи орқали кўрсатилгандир. Асарнинг бош қаҳрамони, Туронзаминни мўғул истилосидан озод қилиш учун бошланган халқ ҳаракатида 25 ёшлик баҳодир йигит — Темурбек етакчилик қилади. Унинг зиммасига тушган ўлим хавфи, қувғинлар, қамоқлар ва бошқа азобу уқубатларга қарамай, метин ирода билан ўз олдига қўйган мақсадига интилади. Амир Темур ҳаётининг бурилиш паллаларидан бирига бағишланган саҳифадан парча келтирайлик: «Мовароуннаҳрда чингизийларнинг[1] жабру зулми кучайиб кетди. Улар саййид ва саййидзодалардан етмиш кишини асир олиб қамаб қўйдилар... Мен бу мазлумларни золимлар зулмидан халос қилдим. Бу иш чингизийларнинг менга нисбатан душманлик қилишига сабаб бўлди... Xон мени ўлдириш ҳақида ёрлиғ юборди. Бу ёрлиғ менинг қўлимга тушиб қолди... Барлос қавмининг баҳодир йигитларини ўз атрофимда тўплаб, уларни бирлаштирдим. Менга бўйсуниб, кўмакдош бўлишга розилик берган биринчи киши — Ики Темур бўлди, иккинчиси Жоку барлос эди... Мамлакатнинг уламо ва машойихлари фатво ёзиб бердилар... «Мусулмонларнинг ери, молу мулки, номуси ва жонига зулм-ситам қўлини чўзган чингизийларни дафъ қилишда барча аҳли ислом мол ва жонларини аямай Темурбекка ёрдамлашсинлар...» Бу фатвони менга кўрсатганларидан кейин жангу жадал байроғини кўтариб, чингизийлар устига лашкар тортишга қарор қилдим... Лекин бир неча разил кишилар бу сирни фош қилиб қўйдилар... Шундан кейин ўйланиб қолдим. Яхшиси шаҳардан чиқиб, Самарқанд тоғларида жойлашай. Токи менга қўшилишни истаганлар ҳузуримга келсинлар... Самарқанддан чиққанимда олтмиш отлиқдан бошқа бир киши ҳам менга эргашмади. ... Тоғда бир ҳафта ётдим, бирор киши бизга келиб қўшилмади»[2] Бу ҳодисаларни фақат ўзи бошидан кечирган одамгина шундай аниқ, тиниқ ва таъсирли ҳикоя қилиб бериши мумкин. Темурбек ўз хотираларида ёшлик йилларида бошдан кечирган воқеаларни ҳикоя қилар экан, биз буни насрда ёзилган қаҳрамонлик достонидек, мухтасар бир романдек таъсирланиб ўқиймиз. Амир Темур йигирма олти ёшида 1362 йилда Самар қандда мўғул босқинчиларига қарши кураш байроғини кўтариб чиққанда ҳали кўпчилик одамлар халқ озодлик ҳаракатига тайёр эмас эди. Шафқациз мўғул қўшинларига қарши жанг майдонига чиқувчилар жуда кам эди. Амир Темур олтмиш йигити билан Туғлуқ Темурхоннинг ўттиз минг кишилик лашкарига бас келолмаслигини сезиб, тоғларда яшириниб юради, кейин Xоразмга бориб паноҳ топмоқчи бўлади. Аммо Мўғул хони Амир Темурни ўлдирганларга ёки тирик тутиб берганларга катта мукофотлар ваъда қилган эди. Шу мукофотдан умидвор бўлган хивалик Таваккал деган бек Қорақум саҳросида Амир Темурга қарши минг кишилик қўшин билан жанг қилади. Бу жангда Амир Темур қаҳрамонлик кўрсатиб, шундай кўп сонли ғанимни енгади. Лекин унинг ўнтагина одами тирик қолади. Шулардан еттитаси отлиқ. Қолган отлар ҳам жанг майдонида ҳалок бўлган. Амир Темурнинг ёшгина рафиқаси Ўлжой Туркон оға ҳам сафарда бирга экан. Амир Темур отига рафиқасини миндириб, ўзи пиёда қум барханлари оша жанубга — Xуросон томонга йўл олади. Мохон деган жойда, қадимги Марв шаҳри яқинида уларни Алибек Жонқурбоний деган ҳоким ўз навкарларига тутдириб, бир уйга қамаб қўяди. Амир Темур бундай адолацизликка кўникиб бўйин эгадиган одамлардан эмас эди. «Тутқунликдан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим, - дейилади Тузукларда, - Тангрининг инояти етиб, баҳодирлигим тутди. Бор кучим ва чапдастлигимни ишга солиб, соқчилардан бирининг қўлидаги қиличини тортиб олдим. Соқчиларга ҳамла қилган эдим, бариси қўрқиб қочди. Қилич кўтарганча тўғри Алибекнинг устига бостириб бордим. Қилич тутганимни кўриб қўрқди. Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради»[3]. Амир Темур умр йўлдоши билан ҳибсдан қутулгандан кейин Xуросон томонларга боради, унинг атрофига бир неча юз тарафдорлар тўпланади. Ҳали бу куч билан Туғлуқ Темурхоннинг кўп минг кишилик қўшнига бас келиб бўлмас эди. «Икки юз одамимни Бухоро атрофларига тарқатдим, - деб ҳикоясини давом этдиради Амир Темур, -Ўлжой Туркон оғани ҳам яшириқча ўша ерда қолдирдим, ўзим Самарқандга йўл олдим... Яширинча улус оралаб, икки мингга яқин кишини иттифоқдош қилдим. Самарқанд узра салтанат байроғини кўтаргудек бўлсам, улар ёрдамга келадиган бўлдилар. Тунда пинҳона Самарқандга кирдим ва катта опам Қутлуғ Туркон оғанинг уйига жойлашдим. Кечаю кундуз фикр оғушида чора-ю тадбир изладим. Шу тариқа қирқ саккиз кун яшириниб ётдим. Охири шаҳарликларнинг биттаси менинг бу ерга келганимни пайқаб қолди. Сирим очилишига оз қолганда, ночор, бирга келган эллик йигитимни олиб, кечаси Самарқанддан чиқиб кетдим»[4]. «Самарқанд узра салтанат байроғини кўтариш» - чингизийларни Турондан қувиб юбориб, мустақил давлат тузиш деган гап эди. Бу улуғ мақсадга етиш йўлида Амир Темур яна кўп хавфу хатарларни, саргардонликлар ва оғир кўргуликларни бошдан кечиради. «Қандаҳор томон кетаётиб, Xилменд дарёсининг бўйига етганимда... Гармсир вилоятининг халқи ва сипоҳидан қарийб минг отлиқ турк ва тожик менга қўшилди, – дейилади Тузукларда. — «Сейистон валийси... элчи орқали совға-салом юбориб, мендан ёрдам сўради, «душманларим менга зулм ўтказиб, етти қалъамни тортиб олдилар, агар Амир Темур бу қалъаларни душман қўлидан халос қилсалар, аскарларига олти ойлик озиқ-овқат етказиб берар эдим» деган ваъдани берди. Мен Сейистон томонга қўшин тортдим, етти қалъадан бештасини куч ва тадбир билан қўлга киритдим. Буни кўриб, Сейистон валийсининг дилига қўрқув тушди. «Агар Амир Темур бу ерларда туриб қолса, Сейистон мулки уники бўлиши аниқдир», деган хаёл билан валий тунда менга қарши тажовуз қилди, бехосдан устимга қўшин тортиб бостириб келди... Иложсиз жангу жадалга киришдим. Бир ўқ келиб билагимга қадалди, яна бир ўқ оёғимни яралади... шунга қарамай, жангни улар устидан ғалаба қилгунча давом эттирдим... Гармсир вилоятида икки ой яраларим битгунча қолиб кетдим»[5]. Мана шу парчанинг таҳлилига батафсилроқ тўхталиш жоиздир. Чунки бу ерда Амир Темур ҳаётининг энг драматик воқеалари мардона вазминлик билан, қисқа, равон ва жуда таъсирли қилиб айтиб берилган. Бу лавҳалар худди бадиий асардек ўқилади. Бадиий адабиётда «муаллиф образи» деган тушунча бор. Воқеалар биринчи шахс номидан тасвирланган асарда кўпинча муаллиф бош қаҳрамон сифатида гавдаланади. Юқорида келтирилган лавҳаларда ҳам бош қаҳрамон – Амир Темурнинг ўзидир. Муаллифнинг сўзлаш тарзи, услубий ўзига хослиги орқали биз унинг феъли-атворини тасаввур эта оламиз. Амир Темурни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Ибн Арабшоҳ унинг қиёфасини қуйидагича тасвирлаган: «Темур баланд бўйли, қадимий паҳлавонлардай улкан қоматли, елкалари кенг, боши шерникидай катта, бармоқлари йўғон, оқу-қизил тиниқ юзли, йўғон овозли, икки кўзи бамисоли икки ёниқ шамдай оловли, бадани пишиқ, худди тош мисоли қаттиқ, ўлимдан қўрқмайдиган изтиробсиз, вазмин одам эди»[6]. «Темур тузуклари»дан келтирилган лавҳалар Ибн Арабшоҳ тасвир этган қаҳрамон қиёфасига мантиқан тўғри келади. Амир Темур ўлимдан қўрқмайдиган ботир йигит бўлгани учун мўғул истилочиларига қарши кураш майдонига чиқади. Бу майдонда у мардона жанг қилади, олтмиш йигити билан минг кишилик Таваккал ботирни енгади. Унинг жўмардлиги– ёшгина хотинини отга миндириб, ўзи қум барханлари оша пиёда юрганида ҳам кўринади. Алибек Жонқурбоний золимлик қилиб уни қамаб қўйганда Амир Темурдан бошқа заифроқ одам бўлса умидсизликка тушиб, «оҳ-воҳ!» қилиши, фиғони кўкка чиқиши мумкин эди. Лекин Амир Темур яна ўша вазминлик билан нажот йўлини излайди, ўзи-ўзи билан кенгашади. «Тангрининг инояти етиб, баҳодирлигим тутди» дейди. Бу баҳодирлик – ўлимга қарши тик бора олиш, бор кучи ва чапдастлигини ишга солиб, ғаним билан олиша билиш илҳомига ўхшайди. Қамоқхона эшиги олдида турган соқчининг бепарво пайтини топиб, тўсатдан унинг қиличини тортиб олганда шердай ғазабнок Амир Темурнинг важоҳати соқчини қанчалик қўрқитиб юборганини муаллиф – қаҳрамоннинг гап оҳангидан пайқаймиз. Кўзлари оловдай ёнган, шерсифат паҳлавон қўлида яланғоч қилич билан Алибек Жонқурбоний қаршисида тўсатдан пайдо бўлганда бу золим ҳам беихтиёр қўрқиб кетганига ва Темурбекни ноҳақ қаматгани учун узр сўраганига биз яна муаллиф образининг ҳаққонийлиги туфайли ишонамиз. Ўз олдига Ватанини босқинчи мўғуллардан озод қилиш каби улуғвор мақсадни қўйган Темурбек яшириқча Қарши ва Самарқандга боради. Икки мингга яқин тарафдорлар топади. Лекин мўғул хони 20-30 минг қўшини билан мамлакатни асоратда тутиб турибди. Ҳали унга қарши қилич яланғочлайдиган вазият етилган эмас. Темурбек сабр-бардош билан қулай пайтни кутади, Самарқандда эгачиси Улуғ Туркон оғанинг уйида 48 кун яшириниб ётади. Шу кунларнинг охирида бир бегона одам уни кўриб таниб қолади. Душман қўлига тушмаслик учун Темурбек яна эллик йигити билан Самарқандни тунда яшириқча тарк этади. Қочқинлик ва саргардонлик бир неча йил давом этади. Xуросонга борганда Гармсир вилоятининг мингга яқин турку-тожик йигитлари унинг қўшинлари сафига киради. Бу навкарларни озиқ-овқат ва қурол-яроқ билан таъминлаш зарур. Ана шу ҳаётий зарурат туфайли Темурбек Ҳиротдан жануброқда жойлашган Сейистон ўлкасининг ҳукмдори Малик Маҳмуд билан иттифоқ тузиб, шартлашади. Қўшиннинг олти ойлик озиқ-овқат заҳираси эвазига Темурбек Малик Маҳмудга ёрдамга боради. Темурбек иттифоқдошлик шартини мардона бажаради. Аммо Малик Маҳмуд номардлик қилади, елкадан пичоқ ургандай бўлади. Аввалги даҳшатли қирғиндан омон чиққан Темурбек бу гал оғир ярадор бўлади. Тафсилоти айтилмаган бўлса ҳам, биз олчоқ «иттифоқдош» Маҳмуднинг тунда тўсатдан қилган ҳужуми пайтида Амир Темур зирҳли кийимларини кийишга улгурмаган бўлиши мумкин, деб тахмин қиламиз. Шу ҳам сабаб бўлиб, бирдан ҳам ўнг қўлига, ҳам ўнг оёғига ўқ тегади. Агар ўқ теккан заҳоти яраларнинг қонини тўхтатиб, муолажа бошланса, оқибати бунчалик ёмон бўлмаслиги мумкин эди. Лекин Темурбек одати бўйича жангни ғалабага эришгунча давом эттиради. Шундан кейин икки ойгача яралари тузалмай бетоб бўлиб ётганига қараганда, аҳволи жуда оғир бўлади. Бу воқеаларни ҳикоя қилиб берган муаллифнинг қаҳрамонона характерини яна унинг босиқ, вазмин ва мардона гап оҳангидан илғаб оламиз. Бошқа таъсирчанроқ одам бўлса, яхшиликка ёмонлик қилган Малик Маҳмудни «хоин, аблаҳ» деб қоралаб, бу бахциз ҳодисани куйиб-ёниб ҳикоя қилиб берган бўларди. Чунки шу ҳодиса туфайли Темурбек кўп азиятлар чекди. Тақдир тақозоси билан Амир Темур ватанини мўғул босқинчиларидан озод қилади, қудратли давлат тузади ва 1383 йилда, яъни орадан 21 йил ўтгандан кейин Сейистонга қўшин тортиб боради. Сейистон валийси Малик Маҳмуд ҳали тирик экан, асир тушади. Шарофиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сида ёзилишича, Амир Темур уни ўшанда хоинлик қилиб отган камон ўқлари билан отиб ўлдиришни буюради[7]. Олчоқ ғанимга қасос қайтади. «Темур тузуклари»даги жумла тузилишлари, моҳият ва маънонинг беҳад қуюқлиғи «Алп Эр Тўнга» достонини ва тош битиклардаги Билга Xоқон ва Култегин тарихларини эслатади. Ўша қадимий достонлар ва тош битикларда кўринган мардона услуб, моҳият ва маънони туркий тилда қисқа, лўнда ва ростгўйлик билан ифодалаш анъанаси «Темур тузуклари»да янада яққол кўзга ташланади. «Салтанат тўнини кийгач, тинчлигу соғлигим кетди, – дейди Амир Темур. – Ҳузур-ҳаловатдан воз кечдим. Ўн икки ёшимдан турли диёрларни кездим, ранжу меҳнат тортдим»[8]. Муаллиф фақат эришган ютуқлари ҳақида эмас, йўл қўйган хатолари тўғрисида ҳам ростгўйлик билан ёзади: «Яқинларимдан баъзилари ёлғиз қолганимизда ва одамлар олдида улуғ ва эътиборли амирларимдан бўлган Амир Аббос ҳақида ёмон гапларни айтдилар. Ёлғон сўзлар шамоли билан ғазабимни алангалантирдилар. Натижада гапларини текшириб кўрмасдан Амир Аббосни ўлимга буюрдим. Лекин кейинчалик уларнинг Амир Аббосга ҳасад ва душманлик билан ёлғон гапирганлари аниқланди. Мен қилган ишимдан ўкиниб, жуда пушаймон бўлдим»[9]. Шу ўринда «Темур тузуклари» тўлақонли реалистик асарлардагина бўладиган иқрор лавҳаларини эсга солади. Ҳажм жиҳатидан унча катта бўлмаган бу асарнинг моҳияти ва маъноси баъзи кўп жилдлик романларга ҳам сиғмаслиги мумкин. Лекин Амир Темурнинг мақсади фарзандлар ва авлодларига ўз ҳаётий тажрибасини аниқ-равшан шаклда етказиб бериш бўлганлиги учун бошқа тарихнавислар уддалай олмаган ишни у ўзи қилишга интилади. «Зафарнома»лар унинг ҳарбий юришлари ҳақида анча тўлиқ маълумот беради. Амир Темур шуни билганлиги учун Тўхтамишхонга қарши юриши ва Йилдирим Боязид билан қилган жанги тўғрисида жуда қисқа – бир бет, ҳатто ярим бет ёзади. Аммо тарихчилар унча яхши ёритолмаган мавзуларга атайлаб батафсилроқ тўхталади. Ана шу мавзулардан бири – саркардалик маҳорати ҳақидадир. «Яхши лашкарбоши ўзини ва қўл остидаги тўққиз сипоҳий фавжини[10] бир танадек кўрсин, уларни шу яхлит тананинг қўли, оёғи, боши, кўкраги ва бошқа аъзоларидек ишлатиб курашувчи бир паҳлавондек ҳисобласин... ... Борди-ю, лашкарбошининг ўзи қилич чопишга мажбур бўлса, иложи борича ўзини ўлимдан сақласин. Чунки лашкарбошининг ўлими ўрдуга бадномлик келтиради, ғаним лашкарининг ғалабасига сабаб бўлади»[11]. Амир Темурнинг даҳо даражасидаги саркарда бўлганини бутун дунё тан олади. Унинг ҳарбий санъати «Темур тузуклари»нинг бадиий тилида ўзининг ёрқин ифодасини топгани юқоридаги сатрларда яққол кўзга ташланади. У 200 минг кишилик улкан лашкарни худди ўз танасидаги аъзоларини курашда яхши ишлата оладиган моҳир паҳлавондек ишлата олган ва буни қўл остидаги лашкарбошиларга, ўз авлодлари ва ворисларига образли тафаккур ёрдамида ўргатган. Ўнлаб аскарий қисмларни худди ўз танасининг аъзолари каби ичдан ҳис қилиб бошқариш – бадиий тасвир нуқтаи назаридан баҳолаганда образли тафаккурнинг ажойиб бир намунасидир. Асарнинг иккинчи қисмидан қонун кучига эга бўлган 27та тузук ўрин олгандир. Улардан биринчиси «Менинг даргоҳимга илтижо қилиб, паноҳ истаб келган турку тожик, арабу ажам тоифаларидан бўлганлар борасидаги тузук» деб аталади. «Агар касбу ҳунар, маърифат аҳлларидан бўлсалар, буюрдимки, хизмат ўринларини белгилаб, салтанат корхоналаридан юмуш берилсин... Деҳқонлар ва раъиятдан қайси бирининг деҳқончилик қилишга қурби етмай қолган бўлса, унга экин-текин учун зарур уруғ ва асбоб тайёрлаб берилсин. Агар фуқародан бирининг иморати бузулиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналар билан ёрдам кўрсатилсин»[12]. Бу сатрларда биз Амир Темурнинг чингизийлар истилосидан қутулган эл-юрт ҳаётида чинакам бурилиш ясаганини, ҳунармандга ҳам, маърифат аҳлига ҳам, деҳқонга ҳам, оддий фуқарога ҳам иложи борича яхшилик қилишни тузуклар орқали қонун даражасига кўтарганини кўрамиз. «Темур тузуклари»ни муаллиф умрининг охирги даврида авлодларга мерос тарзида яратиб кетган. Бу маданий мероснинг дунёга келганига 600 йил бўляпти. Шу олти аср давомида Ўзбекистон тупроғида пайдо бўлган энг улуғ тарихий, адабий ва лисоний ёдгорликларнинг олдинги қаторидан «Темур тузуклари» ўрин олишга муносибдир. Шу вақтгача Амир Темур ҳақида бутун жаҳонда юзлаб адабий асарлар яратилган бўлса, улар орасида Амир Темур образини энг ҳаққоний ва ёрқин акс эттирган китоб «Темур тузуклари»дир. Биз бу асарнинг тили ва тасвир воситалари орқали Амир Темурнинг яшаш ва сўзлаш тарзи, унинг ички дунёси ва феълу атвори тўғрисида тасаввур ҳосил қиламиз. Бундай тасаввурни фақат реалистик адабий асаргина бериши мумкин. «Темур тузуклари» ўзбек адабиётида бундан олти аср бурун реализмни бошлаб берган автобиографик асар сифатида юксак даражада қадрланиши керак. Амир Темур Низомиддин Шомий каби адиблар олдига ҳам реалистик талаблар қўйгани, лоф ва муболағага берилмасдан, чин ҳақиқатни барчага етиб борадиган тушунарли тилда ёзишга даъват этгани бугунги адабий авлодлар учун ҳам юксак бир ижодий сабоқ бўлиб хизмат қилади. ↑ Асарда "Ўзбекларнинг" дейилган, лекин чингизийлар назарда тутилган. ↑ "Темур тузуклари", 1991 й., 20-21-бетлар. ↑ Ўша китоб. 22-бет. ↑ Ўша китоб. 24-бет. ↑ Ўша китоб, 24-25 бетлар ↑ Ибн Арабшоҳ, Амир Темур тарихи, 1992 й., II жилд, 65-бет. ↑ Қаралсин: «Темур тузуклари», 1991 й. 251-бет. ↑ Ўша китоб, 54-бет. ↑ Ўша китоб, 73-бет. ↑ Фавж – ҳозирги баталон тушунчасига тўғри келади. ↑ Ўша асар. 101-102-бетлар. ↑ «Темур тузуклари», 1991 йил, 67-бет. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62369 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57415 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40456 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36480 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23260 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23151 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21387 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19481 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18624 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14443 |