Ака-укалар (ҳикоя) [Sobir Oʻnar] |
Тўғриси, бизнинг уйга қуёш ҳожи бобонинг иморатидан ошиб тушади. Офтоб бизга нурларини тўшашдан аввал ҳожи бобонинг уйини ёритади: кенг-мўл, девор-дармиёнсиз дашт ҳовлиси. Пастга эниб тушадиган жойда бир оёғи «оқсоқ» Т-28 трактори икки йилдан бери қадалган кўйи, ҳайкалдек туради, мабодо у юрса ҳам ё бирор транспортнинг шатагида, ё пастга қараб шўнғиб ўт олдирилади, қишлоқда аккумулятори соғ транспортни ўзи учратиш қийин. Ҳар қалай трактор шу туришда бировга зарари тегаётгани йўқ. Ҳожи бобонинг кичик ўғлидан неваралари уни тайёр, «индамас» эшак қилиб минишларини ҳисобга олсак, «фойдали жонивор» қаторига қўшсаям бўлаверади. Бир уйда уч оила жам бўлган. Катта ўғил чўлда, лекин бола-чақаси шу ҳовлида. Кичик ўғил шу ерда. Кичигининг болалари тўртта. Ўртанчаси иккинчи марта уйланди. Биринчи хотини туғмас чиқди — қўйиб юборди. Иккинчисидан уч қиз бор. Келин, қишлоқ тили билан айтганда нақ «қора товон", яъни кеча-кундуз тиним билмайди, ёзда, кузда яқин-атроф қирнинг тезагини ясалгандай қилиб уйига ташийди. Қиш бўйи уч рўзғор шу ўтин ҳисобидан исинади, роҳатланади. Албатта, бошқалари ҳам қараб туришмас, аммо каттаю кичикнинг тилида шу келин. Кам уйқу ҳожининг ҳар таҳоратига илиқ сув тайёр, ҳар чой сўраганида аччиқ чой ҳам тайёр. Одамлар унга ўғил тирноқ тилашади. Кўпнинг дуоси кўл, боз устига ҳожи бобоям қишлоқда ягона ҳожи — дуоси ижобат бўлиб, ажабмас, Оллоҳ ол қулим деб ўғил ато этса. У кампири билан яшайдиган кичик нашахонанинг деворига ҳожининг онасидан қолган чилдирма оқ сурпда сақланади. Табаррук. Кампир юз ёшни қоралаб қазо қилди. Тўқсон ёшларидаям авжи келиб сумалак бошида ё артисти йўқ тўйларда қарсиллатиб бир-икки терма айтиб ташлаб келинчакларни ўйнатиб юборар эди. Бултур ҳожи бобо Маккаи мунавварага, ҳаж зиёратига борганида онасини ҳам ҳажжи бадал қилдириб кепти. Яхши-да. Шундан бўлса керак, бу уй нурли, баракали. Менинг синфдошим, ҳожининг кичик ўғли кўпкарига қизиқади. Бир чўбири бор. Гаштак кўпкариларда ҳа-ҳа деб тўдага уриб туради. Норбўта обдон ичар эди, отаси ҳожи бўлгач, таққа тўхтаб номозхон бўлиб олди. Лекин «шайтон ўйини» — кўпкаридан қолмайди. Биз эртага Қизил олмада бўладиган кўпкарига икки чавандоз ва икки яйдоқ кечин ола йўлга тушдик. Мен Қизил олмага эмас, шу қишлоқнинг бошидаги қайнотамникига, Ингичкага борамиз, отларни қантарамиз, жойи бор, эрталаб тўйхонага тушамиз, дедим. Кўмак ака бунга кўнмади. Тўй эгаси Қорабош менинг қирқ йиллик қадрдоним, борсак, ҳамма нарсани тўкиб ташлайди, бошқаникига борганимизни эшитса хапа бўлади, деб туриб олди. Қоронғу тушган, лекин электр йўқ. Бизда-ку, кечқурун икки-уч соат чироқ ёнади, бу шўринг қурғурларда шуям йўқ экан. «Тўй тоға» деб товуш берганимиздан сўнг кимдир оёғига калиш кийиб чиқди. Қорабош аканинг армия жўралари келиб, улар билан ичиб маст бўлиб қолганини айтиб, бермон томон бошланглар, деб сойнинг нариги бетида турадиган Эсиргап дегич укасиникига бошлади. Эсиргап бир чағат жойдан уй солган экан, отларимизгаям жой тегмай, дуч келган жойга боғлаб ичкарига кирдик. Ўртада мойчироқ, кун совуқ, печкага ўтин ташланмаган, қунишибгина ўтириб олдик. Бир маҳал дастурхон келди, нон йўқ; аллазамон ўтиб нон келди, чой йўқ. Оббо, бу ёғи неча пулдан тушди энди деб ўтирабердик. Кўмак аканинг жонига тегдим: — Ҳалиям кеч эмас, сурдик бизнинг қайнотаникига. Аммо ака унамади. Қайнотанг меҳмон қилолмайди. Булар эл кезиб юрган, донғи чиққач одамлар деб мени мулзам қилди. Яна бир муддатдан сўнг бир тақсимчада тош конфет ва бир тақсимчада, чамаси бултурги ҳайитдан қолиб кетган парварда келди. Бошқа ҳеч нарса келмади. Чавандозлар бирор ёғлироқ овқат еб қорин тўйғазиш қайғусида, биз ночавандоз, ҳайбаракаллачи Кўмак ака иккимиз тўйда эски ошналар билан мириқиб улфатчилик қилиш иштиёқида эдик. Додимиз Худога етмади чоғи, қамоққа тушган тўрт ўғлондай ўтиравердик. Овқатдан дарак йўқ, ҳеч ким хабар олмайди. Ухлайлик десак, уй совуқ, печкага ўт қаланмаган. Бир вақт бир одам келиб печкага ўт қалаб керосин сепди, олов ёнгандай бўлди, аммо у яна ўчди. Қайтанга уй тутунга тўлди. Кўмак ака димиқиб деразани очди. Дераза ортидан бир ниманинг хириллагани эшитилди. — Ана, меҳмонга сийлов деб қўй сўйилаётир, — деди Кўмак ака хурсанд бўлиб қўлларини бир-бирига ишқалаганча. Лекин хирилдоқ узоқ давом этди ва бирдан тўхтаб, «онангни фалон қилай", деган бўғиқ сўкинишга айланди. Ҳар қалай бу «сийлов» биз учунми, бошқа бировга аталганми — дабдурустдан билиш қийин эди. Алоҳа, бунинг орқасидан тарсиллаган товуш келди. Чамаси икки эркак бўғишаётган эди. Кетма-кет сўкинишлардан кейин шундай экани аён бўлиб қолди. Кўмак ака чиқиб уларни ажратиб қўймоқчи бўлди. Қўйинг, жанжалга аралашиб, эртага мелисага қатнаб ўлманг, деб уни зўрға тўхтатдим. Аммо жанжал зўрайиб, сўкинишлар ҳам олий мақомга кўтарилаётган эди. Энди улар бир-бирини таёқ билан солаётгани эшитиларди. Сапчиб ўрнимдан турдим. Агар биз учун уришаётган бўлсанглар, мана, кетдик, сизлар тўхтатинглар, демоқчи эдим. Шундоқ даҳлизга чиқишимни биламан, оёғим сатилга тегиб кетиб, сув тўкилиб, оёғим сирпаниб, ерга думғазам билан ўтириб қолдим. Орқа оёғим пайпоғим аралаш нақ тиззамгача лой, сув бўлди. Шунгаям қарамай ташқарига отилдим. Айвонда, хира фонус ёруғида, устун тагида биров узун тушиб ётибди. Қарасам, аёл киши, кўтариб турғизай десам, ўлик. Тап-тахта бўлиб қотиб ётибди. Ичкаридан бир чол чиқди. Фонусни яқин опкелди. Чол ҳам оғзига келганини қайтармай анови икки уришқоқни сўкиб ётибди. Аъзои баданим музлаб кетди. Бу ёғи етмагандай энди манови қотилликкаям гувоҳликка ўтсаг-а. Кампирни кўтариб ичкарига олиб кирдик. Нафас олиш йўқ, оёқлари музлаб боряпти. Шу пайт ҳарбий муаллимимиз ҳушсиз одамни орқа бўйнидан маҳкам қисиб бошини олди тарафга эгиш керак деган гапи хаёлимга келди ва шундай қилган эдим, кампир бирдан хириллаб юборди, оғзидан кўпик чиқиб кетди. Аммо энди нафас ола бошлади. Кампирни узала қилиб қўйиб келиними ё қизими бировига оёғини уқалайверинглар, деб чиқиб кетдим. Айвонда чол катта заранг таёқни ушлаб иккала йигитга бу ёққа чиқ, икковингни уриб ўлдираман, деб пўписа қилаётган экан. — Отахон, қўйинг, биз сизникига тўйга келдик, меҳмонингизмиз, — деб ялина-ялина базўр қўлидан таёқни олдик. Йигитлардан бирининг боши ёрилиб ётибди, қон шариллаб оқяпти, иккинчисининг эса юзлари тирналган, кўзлари қовоқдай шишиб кетган. Биз шунисини ўртага олдик. Жўражон, бизлар тинч кетайлик, дўхтир чақир, акангнинг ярасини боғласин, онангниям кўриб қўйсин, дедик. — Дўхтир узоқда, мен бормайман, — деди у. — Қаерда, биз бориб келайлик бўлмасам. — Қўшилишда. — Ўҳў, ўзларингда дўхтир йўқми? — Бизникиям ўша, Қўшилишдаги. Шундай деб у бурилиб бошқа уйга кириб кетди. На бўлғай, биз шу ҳолимизча қотиб қолдик. Шу орада бир мототсикли бор одамни топиб, ялиниб, охири бензин пули деб, тўрт-беш сўм бериб, дўхтирга жўнатдик. Кўмак аканинг сабри чидамади. Нариги бетга, тўйхонага борайлик, деб туриб олди. Мен яна Ингичкага борайлик, дедим. Аммо энди кеч эди. Ҳамроҳларим — Олмос ва Норбўта полвонлар бу фожеага шерик бўлиб қолишдан чўчиганлариданми ё жанжалдан зада бўлишдими, отларимизниям олиб бу ердан кетайлик, деб қисталанг қилишди. Хуллас, жанжалкашларнинг акаси, тўй эгаси Қорабош полвонникига ўтар бўлдик. Борсак, тағин бояги калишчан дастёр чиқди. Бизни уйга олиб кирди. Кирсак, уй тўла меҳмон, бариси маст. Сигарет тутунидан нафас олиб бўлмайди. Ноилож кириб ўтирдик. Ҳечқурса қорнимиз қовзанар деб ўйладим. Лекин дастурхон ночор эди. На овқат, на қоринни алдашга дурустроқ нарса бор. Бир-икки пиёла чой ичганимиз ичимизни бир оз илитди. Кўмак ака мастларга қўшилиб беш-олти пиёла ароқни ютиб олди. Қийшанглаб уларга ўхшаб чучмал ҳангомалардан ола кетди. Мастлар эса кўпга дош беролмади, чўзилиб-чўзилиб ухлаб қолишди. Ҳатто дастёр йигит ҳам печга суянганча пинакка кетибди. Биз чўзилишимизга умуман жой йўқ эди. Энди уйқу босарди. Иложсизликдан жанжалхонага кетишга мажбур бўлдик. Борсак, бояги «ўлган» кампир ҳеч нарса кўрмагандай ташқарида ғимирсиб юрибди. Ё тавбангдан кетай, бу қанақаси — худди жўрттага қилгандай-а! Бари бир ўлмагани тузук бўпти Кўмак ака алжираганча: — Ўлмайди бу тош кампир, менинг онам. Қорабош полвонди шул тувған, — дерди ва тентираганча биринчи бўлиб бояги меҳмонхонага кириб кетди. Биз ҳали этикларимизни ечиб ҳам улгурмай бир аёл ичкаридан отилиб чиқди. Не бўлганини билмай қолдик. Кирсак, мойчироқ ёруғида Кўмак ака кўзлари ҳайкалникидай тосрайиб қотиб турибди. Кайфидан асар ҳам қолмаган. — Нима қилдингиз? — деб сўрадим. — Ҳеч нарса, ҳеч нарса, — деди у йиғлагудай бўлиб. — Қариганда буйтиб шарманда бўлмай ўлганимиз яхши. — Ҳеч нарса, ҳеч нарса, — дерди у яна, — бояги жанжалкаш йигит деб ўйлапман, қоронғида келинчак эканини билмапман, юзини очсам индамади, кўрпани кўтариб орқасига бир тепсам чийиллаб эчкидай сакраб туриб кетди. Энди нима бўлади? — Бояги жанжалда одам ўлмади ҳар тугул, ўлса — энди ўлади, тайёр бўп туринг, — дедим. — Неужели, ай, неужели? — Мана, қараб турасиз... Индаллосини айтганда шу хавф-хатар бор эди-да. Шуни ҳисобга олиб уйнинг чиқиш-қочиш тирқишларини мўлжаллаб иккала деразасини ҳам очиб этикларимизни ҳам кийиб, бардам бўлиб тек турибмиз. Эшик томондан шарпа келса, пастга қараб сакрашга шаймиз. Дераза орти камида уч қулочлик пастлик, уй нишабга қурилгани учун тош қалаб қўйилган, тошдан нариси пастлик, қуласанг шу ердан қулаб майиб бўласан. Бояги бўғишма шу пастликда рўй берган. Тонг ҳам ота қолмади, мижжа ҳам қоқмадик. Кўмак ака мастликда қилиб қўйган ишидан пушаймон «мени ўлдириш керак, мени» деб уф тортади нуқул. Деворларга қарасам, нуқул кашта, сўзана илинган, ўртада келин билан куёвнинг тўй либосида тушган чети ёғоч, усти ойнали каттагина портрет сурати. — Сиз бунинг эмас, нақ келиннинг кетига тепгансиз. Ҳозир куёв болта кўтариб келиб ҳаммамизни чопади, — деб газладим мен. — Ўлдик, вой, — деди Кўмак ака. — Ростдан ҳам келиннинг уйи бу. Аммо, не тонгким, қотилликка арзирлик мазкур воқеа бу жанжалли уйда эътиборсиз қолдирилди. Бари бир деразалар ланг очиқ, эрталабга довур чегарадаги ҳушёр аскар мақомида тонгни ҳам оттирдик. Шунча ғавғоларни ўз бағрига сингдирган қиш кечаси жуда узун эди... Тонг ёришар-ёришмас уйга бир қучоқ ўтин кўтариб чол кирди. — Меҳмонжонлар, қишнинг изғиринида тиразаларди очиб қўйганларингиз нимаси? Полвонлар-да булар, полвонлар. Бу ташрифдан биз бало ариганини чуқур англаб енгил тин олдик. «Қатлга маҳкум» Кўмак ака ҳам дабдурустдан ўзига келиб, чолни отам деб гулдирай кетди. Печка устидаги чойнак ҳуштак чалиб қайнади. Чой устида кўпкари ҳақида гурунг кетди. Гўё бу уйда кеча суронли жанг-жадаллар бўлиб ўтмагандек. Норбўта полвон бари бир гап ораси кечаги тепалашган йигитлар сизга ким бўлади, деб сўради. Чол аввал «онангни палон қилайлар» деди-да, сўнг: — Икковиям менинг улим, — деди. — Йўғ-э, — деди Олмос чавандоз, — биз тўйдан икки маст келибди деб... — Калласи ёрилгани кичкинамиз. Эркароқ. Беш-олти қафасда каклик сақлайди. Акаси раёндаги молиячи жўраси келиб ҳавас қилса, опкетавер деб биттасини берворипти. Боя келин шуни эрига айтиб қўйипти. Кейин шу жанжал-да: сўяман, чопаман дейди акасини, ўзларингиз кўрдингизлар-ку, кимга қийин— ўзига қийин. Болтанинг учи тегса калла кетар эди, кейин нима бўлар эди — ўлар эди. Тўйда аза чиқар эди. Уят-да. Бу ёқда кўпкарига одамлар айтилган. Мана, сизлардай полвонларди миймон қип ётиппиз. Катта улимиздинг Қорабош полвон деб чиққан оти бор, туврима, полвон? Олмос полвон бўздай оқариб, ҳатто кўкариб кетди. — Яхши бўлиб қолдими ахир улингиз? — Нариги томда ўламан деб жотипти, ким билади. Тоштемир духтур келиб бойлади, унингам кайфи боракан, ароқ сўради, бермаб эдик, кетиб қопти. — Кампир соғми ишқилиб? — деди Кўмак ака. — Бу энангди... — деб тағин сўкинди бобой. — Бу икки бирдай жигит разбор қилаверсин, демай ора очаман, деб ўртага тушган. Бирови нари тур деб тирсаклаб юборипти, бориб каллани устунга уриб опти, пак қолди ўлиб қолишига. Ҳалиям устун бор экан, бўлмаса тошдеволдан пастга тушиб бўйни қайрилиб ўлар эди. Ҳай, эътибор қилманг, миймонлар, кўпка¬ридан гапиринг... Тамадди қилгач тўйхонага ўтар бўлдик. Отлар ўша ерда қолган, улоққа тайёрлаш керак. Чошгоҳда Керагатошнинг яйловида кўпкари бошланади. Жанжалхонадан чиқаётиб кечаси кампир йиқилган жойга разм солдим. Худо асрабди. Агар устунга урилмай тошдевордан пастга тушиб кетганида, ростдан ҳам бугун азахонада ўтирарканмиз... Атрофга қалин туман тушибди. Тўйда қозон осилган. Одамлар ғимирлаб қолган. Отларимизни оғилнинг орқасига ўтказиб боғлаб қўйишибди. Ҳар қайсининг олдида бир боғ беда... Чавандоз учун бундан ортиқ жазо йўқ. Тўқ от кўпкарига ярайдими? Уни қуруқ қийнаганинг, қамчи тушириб баданини оғритганинг қолади. Кутганимиздай кўпкари ҳам мурдор бўлди. Полвонларимиз солимгаям, жаловгаям ташлай олишмади. Боз устига туман жуда қуюқ эди. Қишлоққа ошиб тушганимизда, гарчи кеч тушаётган бўлса-да, қуёш чиқди. Бу — эртага кун илиқ бўлишининг белгиси. Уйга келиб Қизил олма қишлоғи томонга қарадим. Ҳожи бобонинг уйи равшан, оқариб кўринарди. Чўлдаги ўғли бир тележка опкелган шекилли, пастликка қараб турган тракторга тақиб қўйибди. Эртага юргизса керак... |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62387 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57622 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40481 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36535 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23276 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23160 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21581 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19509 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18633 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14452 |