Бир ўларман чавандоз (ҳикоя) [Sobir Oʻnar] |
Эй жўралар-эй, эй ёронларим-эй, бир гапнинг гали келди, гапнинг гали келдима ўзи, айтинглар. Биродарим ҳақида айтиб берайин, бировингиз биласиз уни, бировингиз билмайсиз. Билмаганингизга қизиқ, билмаганларга айтайин — бош гурунг бўлмасам қайтайин. Узим орқаси ер искамас жайдари табилчи бўлсам, хулласи, — гапга чечанмасман, ёзувчилигим бўлганда-ку, ўзим билардим-а, ҳа майли. Хуйдойимнинг берганига шукр. Жўрамнинг оти Давлатбой, баданида яроқли жой йўқ, яроқлиси қовургасими - дўхтир нақ учовни санаб туриб кесиб ташлаган. Соғ бўлса кесармиди, кўпкарида синдирган, кейин дўхтир опташлаган. Гап қовурғадами, мен айтайин сиз ишонаверинг, тағинам ўзингиз биласизку-я, гавдасиии кесиб ташласангизам бу ўларман ҳеч бало кўрмагандай юраверади, сизга гарантия берайки, оёғини жодига қўйиб қирқинг, вой демас Индаллоси гап, жўрамнинг гавдаси тиккайиб қолган, мен қаридим, қаддим букилди, унинг букилмаганига сабаб — ўнг эгнидан суягиям синиқ, опташлашганми, олишмаганми, унисини билмадим-у, аммо тиккайпб қолганиниг маниси шул. Энгашса томири тортишиб огрийди. Мақтамайман, мақтагули йўғ-у, бари бир қурмағурнинг ёшлигида девими, бир балоси борийди, ҳайрон қолар эдим унинг полвонлигига, тоғни кемирар эди, дарёни симирар эди, қиёмат эди полвонлиги бир сари, бардошига балли дер эдим. Айримингиз биласиз офатининг чавандозлигини, эна сути огзидан кетмаган от чопар эди кўпкарининг энасини эмдирар эди синишининг бари шу кўпкарининг касри тағин айтайинма, танасида доғи бор жой кам, шунинг учун қип-қизпл тентак шекилли бу, деб ўйлаб, қолар эдим баъзан. Бир гал қаҳратон қишда Гарашага тўйга кетяимиз, менинг остимда чўбир, унинг остида бўз, гапдан гап чиқиб уни мақтаб юбора қолибман, совуққа ўлгудай чидамли деб, бу гўрсўхта ўзидан кетиб пўстин билан телпакни ечиб тагига, эгарга тўшаб олди денг. Ҳав, бир касрни қиларсан, ўларсан дейман, қаёқда қулоқ солса, қайтанга камзулиниям ечяпти. Шу гапнинг нари-бериси, ҳай-ҳайлашимизга қарамай бир фасилда чиппа майкачанг бўлди колди. Эгарда тўргандай ўтириб кетаётир. Шерикларимизам дод деб ялинади, менам. Мазақ учун аҳён-аҳёнда кулиб қўяди. Совуқни-ку, гапирмайин — одамнинг суягидан ўтиб кетади. Мен пўстин кийганман, шунинг устидан еб бораётир чимиллаб. Кошнинг устига қиров қў-нади, терласа мўнлабинг музлайди. Жон-поним чиқиб, «бор-э», дедим, менга деса ўлмайсанми, бепарво ҳайдайвердим, анави бизни калака қилиб мускулларини ўйнатиб қўяди ҳар замон. Совқотяптими, деб разм соламан, бурни қизарган, лекин, ишонсангиз бадани ҳечқурса товуқники сингари бўртмайдиям, ё пирм, дейман, тавба қиламан. Аввал ачинишиб турган эдик, тўйхонага етавергач, номусимиз келди балода энди, аёз, бўрон уриб турса-ю, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, дабдурустдан майкачапг кириб борсапг. Яна тўйга! Уни-ку тентак-пентак деб ўйлар, ёнида борган бизни ким деб ўйлайди одамлар. Отининг жиловидан ушлаб, жўражон, укажон, акажон, деб ялинавердик, ўзингни ўй-ламасангам бизга ичинг ачисин. Жонимизга аро кирди, сал эриди чамаси, майли, деб кийимларини бирин-кетин кийиб олди. Агар ақлинг бўлса уни ёнида мақтама, ўлдинг мақтасанг. Кўпкариниям ўзи гурсиллатиб чопақолади, бор эшиттирманг, эшиттирсангиз бирон аъзоси мажоқ бўлиб кетгани биланам иши бўлмайди, ишонмасангиз ҳозир кўринг бориб тиззасининг кўзи жойида турмай қолган — гоҳ пастга, гоҳ юқорига силжиб кетади, шунда юролмай қолади, вой-войлайди, ўзи улай-булай билан арғаб-иргаб ўрнига солади-да, кейин қаққайиб сўфидай кетиб турган куни. Ўша тўй куни кўпкарида бу хуни-муни Кўлибой полвонга илашди денг. Кўлибойнииг оти зўр, отиданам ўзи зўр. Давлатбой нима унинг олдида, сапчадай отиб юборади керак бўлса. Улоқнинг бир путига тармашиб кетяпти, шуйтиб майдонни нақ тўрт марта айланиб чиқди-ёв уям бу чакамик экан деб, қўяқолмади, буям камкучман демади, чўзилишиб, ўзлариниям қийнаб, отлариниям қийнаб борди-да қўйди одам бори тонг котган, Қўлибойга куч бермаган бу ўларман ким бўлди деб. Минг қилсаям кучли-кучли-да, зўрга пеш бўб бўладима, Кўлибой улоқни тақимига ўхшатиб босиб, гавдасини ёнига олиб бир силтаган эди. Икки от нақ қўшмоқ бўлиб қолди. Эгари эгарқошга тегиб қарсиллади. Давлатбойимиз эгардан учиб кетди энди чупчак бўлиб ерга тушади-ёв, бир қиёматни қилади-ёв деб турсак, йўқ, шу бўз отнинг нақ ёлида қолиб кетди. Оёқ узангидан чиқмаган экан, гавда ерга шалвираб кетган, оёқ ёлда. Шу аҳволдаям бир майдон айланди-да, охири қўйиб юборар десак, бари бир қўймади-э, отнинг жугани узилиб эгар-пегари билан учиб бориб Кўлибойнинг отига қапишиб қолди оломон «қўй!» деб қичқиради, гувлайди, бу қўймайди. Одамлар Кўлибой энди бу шўрликни улоқ-пулоқ билан қўшиб чортоққа гупчак қилиб ташлар экан-да, деб туришган эди. Чакамик бўлса шилимдай ёпишиб чортоққа етмай олиб қолди. Тўрт ё беш қулочлар қолган эди, узоқ эмасди улоқни увиб тушиб, ўзи яёв сомонга судраб олиб бориб ташлади. Раис ҳам мардлигига балли соврин сенга деб— юз эллик сўмни қўлига тутди, қурғур яна ўжарлик қилди, — мардлиги бор-да ўзи, — юз элликни халқнинг кўз ўнггида Кўлибойнинг қўлига тутқазди. Раҳмат айтди. Кайтангга Кўлибой полвон изза бўлиб қолди. Шуйтиб кўп томошаларни кўрсатиб келганмиз Гарашада. Кейин катта чавандоз бўлиб танилиб кетди, одамлар ўрганиб кетди уни феълига. Кичкина ўғли Санжар унннг ўзига тортган. Худди қуйиб қўйгандай. Кеча мачитнинг берисидаги бўзлоқда ўзидан барзангироқ бир бола билан курашяпти. Ҳалиги бола буни дустаман олиб тушди, елкасини ерга текизаман, деб хай уринди, терлаб-пишиб, кўкариб кетди, охири бўлмади. Санжар устига салмогини солиб босиб турган болани бир типирлаб кўтариб туриб кетса бўладими! Давлатбой билан тўққиз-ўнинчн синфларни райсентрда, Кўшработда битирганмиз. Кўрғонтепадан, нақ ўттиз чақиримдан нонни белга тугиб қатнаймиз нима қилайлик, бу ерда ўрта мактаб йўқ. Унинг эшаги бор, жуда илдам. Лекин кичкина, арқаси чўнтоқ, мингашиб ёлчимайсан, икки қадамдан кейин тушиб қоласаи. Икковимиз алмашиб миниб борамиз. Энди борган кезларимиз. Ўзимизни панароққа олиб юрамиз. Бошингни сал кутарсанг, сентрликлар популдириғингни пасайтириб қўйишади. Дўкайлари бор ўзларининг, ҳар қайсисининг мушти менинг бошимдай келади камида, ғиринг десанг бошингни олиб ташлайди. Бир куни улар бизни чакириб, тўққизинчи синфда ўқийдиган месний болани кўрсатиб, «курашасан бировинг шу билан», деди. Мен энди, айёрроқман, дарров Давлатбойни рўпара қилдим. Давлатбой олишиб, охири йиқди. Дўкайлар кейин наригн тўққизинчи синфнинг зўрини чақириб, «шу билан курашасанми?» деди Давлатбойга. Буям киприк қокмай «ҳа» деб юборди. Унисиниям йиқди. Чарчаб қолди. Ҳалиги кураштираётган бола айтдики, шу мактабнинг ишонган шепи мен бўламан, отим палончи, энди мен билан чиқ, йиқсанг, ўрнимга сен шепсан, тан бераман, қўлни ташла, деди. Давлатбойга қарасам, қўлига бир тупуриб ишқалади-да, «бўпти, кел», деб юборди. Мен бориб ҳалиги шепнинг оёғига йиқилдим. «Жон жўра, жон жўражон, шеп ўзингсан, агар курашсанг буни ўлдириб қўясан, ўзи етим бола, сенинг шеплигингни тан олади», деб ялинавердим. Шеш Давлатбойга қараб: «Шунақами?» деди. Давлатбой менга термулиб туриб: «Ҳа», деди-да ёнига тупуриб юборди. «Тан бердингми, курашмай-а?» деб қайта сўради бола. Мен Давлатбойга жовдираб тикилдим. «Тан бердим», деди у ноилож. Давлатбойни шунда бир мартагина сўзидан қайтаролганман, ўшандаям қайтиб келаётганимизда одам қаторига кўшмай бўралатиб сўккан. Аммо мен ундан ақллироқ эдим, бирдан-бир тўғри йўлни танлаган эдим. Аниқ ишонардимки, агар Давлатбой униям енгса, дўкайларнинг бизга хусумати ошиб, охири бир кул уриб ўлдириб қўярди. Енгмасанг ўлмайсан, ишқилиб, мусофирчиликда омон-эсон битириб кетайлик. деб тайинладим. Ўқишдан қайтаётганда икки чақирим йўл юрмай Давлатбойга эшагингни бер, биродар, ўладиган бўлдим, деб ялинардим, у ростакамига ишонарди, тушасолиб «ма, мин, менинг оёғим умуман оғримайди», дерди. Эшаги ҳалиги айтганимдай жуда йўрға, минсанг роҳат қилар эдинг, ҳеч тушгинг келмасди. «Мана шу қирдан ошайлик, кейин сен минасан», дердим мен ҳам инсоф билан. Калтабақай бўлгани учун қирга секин кўтариларди. Мен атайлаб эшакни ниқтаброқ ҳайдаб, ундан ўзиб чиқардим-да, ошуғдан ўтгач, энишга қараб қўшоёқ оттириб чоптирардим. Халалаб чоптираверардим. Давлатбой у қирдан кўринганда мен бу қирдан ошаётган бўлардим. Жўрам қораси кўрингандан муштини ўқталиб сўкииа кетарди, етиб олсам бурда-бурдангни чиқараман, дерди. Мен унинг жаҳлигаям ишонмасдим, тўхтамай кетаверардим. Кейин у ялинишга тушарди: «Ҳой, Амрилло, секинроқ ҳайда, етиб олай, мингашиб кетамиз, тўхтагин!» Ишонармидим бу гапга — эшакка хала босганча кейинги қирдан ҳам ошиб кетардим. Шу пайтлари сезардим орқамдан Давлатбой югуриб келяпти, етиб олса аямай урса керак лекин хайриятки эшак дидни олади — жуда илдам. Мен қишлаққа етиб келганда Давлатбойнинг қораси ҳаливери кўринмаган буларди. Уйнинг туши-тўпрайига келганда эшакдаи ирғаб тушиб, ипини йиғиштириб боглардам-да, орқасига хала-чўп билан бир уриб уйига ҳайдаб юборардим. Билардимки, эшак албатта, уйини топиб айвонига кириб боради. Эртаси тонг саҳар тағин қишлоқшшг оёгидаги зардоли остида Давлатбойни кутиб турардим. Менга кўзи тушиши биланок у узоқдан дагдага қилиб, сўкиниб келар, уриб ўлдираман дерди нуқул. Мен ўзимни бечораликка солардим жон Давлатбойжон, ўзинг биласан, сендан бошқа кимим бор, бошқа ишонадиган одамим йўқ-ку, ўзинг билиб туриб қийнайсан-а. Майли, ўл десанг ўлайин, лекин харом ўлдирма. Шўрлникнинг дарров авомлиги тутарди. То менинг олдимга келгунча жаҳлидан тушиб, раҳми келиб, бошқа қиёфага кириб қолар эди, чинакам ачинар эди менга. Эшакдан тушиб мени миндирарди. Одам кўп яёв юрса бақувват бўлади, деб қўярди. Бориб етгунча аяматиго миниб кетардик. Қайтаётганда эса... яна худди кечаги ҳол такрорланарди эрталаб ҳам ўша аҳвол — ҳар кунгидай ўларманлик қилиб «кечиргин» деб ялиниб туриб олардим. Давлатбой кеча қандай кечирган бўлса, бугун ҳам шундай кечириб юбораверар эди. Жуда ҳайрон қолар эдим. Баъзан ўзимни ҳам койиб қўяр эдим. Начора, ишонувчан, одам бўлса ўзидан кўрсии деб қўл силтаб кетаверардим. Шундай қилиб нақ икки йилни ўтказдик. Икки йил ҳар куни уришиб, ҳар куни ярашдик. Кейин мен ўқишга кирдим, ҳисобчи бўлдим ҳозир кўриб турганингиздай табелчиман. Давлатбой эса ўша кезлариёқ ўқишга парво қилмадп, ўзини кўпкарига урди. Даромадиниям кўпкаридан орттирди, лекин оч яшамасди — ҳар маҳал дастурхони обод бўлди. Бир қисим ўгиллариниям уйлантирди. Энди икковимизам эллик учга кирибмиз, Кеча кичик ўглининг олишаётганига қараб, бундан қирқ йил бурунги Давлатбойни кўргандай бўлдим, кейин қурмағурнинг ўзи эсимга тушди тип-тикка бўлиб колган қомати, юриб кетаётганда бирдан тиззасининг косаси тойиб кетиб оёги қотиб қолиши, бечора вой-войлаб ўтирасолиб, ишқалаб-ишқалаб бир амаллаб кўзни ўрнига солишию сўнг ҳеч бало кўрмагандай кетавериши кўз олдимга келди. Нега зарил экан, дейман-у, тагин ўйлаб қоламан Нега бунақа одам, а?! Тавба, нега бунақа ўзи?! Бир нарсага бугун ҳам имончим комил агар Давлатбойни ҳозир бориб ҳам мактасам билган амалини қилади. Эсли-ҳушли бўлгани билан гупуртирсам агар, ниманидир қанириб, ниманидир синдириб, ишқилиб ўзининг хуморини ёзади. Ҳа, ҳозир ҳам кучи кўп унинг. Мен эса... Мен бутунлай бошқа одам, ундай паҳлавон бўлолмайман, ўзимни қаттиқ авайлайман. Давлатбойнинг эса қариб-қартайишини ҳеч тасаввур қилолмайман. Нафасимни ел учирсин-у, кучи тошиб, қутурибми, ё бир жойдан тушиб кетибми... жон топширса керак деб ўйлайман. Кечиринглар, жўралар, жўралармас, ёронлар, гапимнинг охири мунглирақ бўлиб кетди. Кеча жўрамнинг кичкинаси Санжарчани кўриб бир ўйчан тортган эдим-да, Давлатбойнинг бир-иккита қизиқ ҳантомалари эсимга тушиб кетди, холос. Ҳар хил одам бор экан-да ер юзида яшайвераркан, ҳаммаси меники тўғри деб. Ҳай, майли, биродарларим, ҳаммамиз ўтиб кетамиз дунёдан!.. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |