Бегона меҳмон (ҳикоя) [Sobir Oʻnar] |
Бу бир ривоят. Лекин ўзим унга ишондим. Тўқиган жойларим ҳам бор, тўқимаганларим ҳам. Лекин ғалати. Матлаб аслида шу Оқморални деб дунёга келган экан. Саксонга кириб умрининг боши-кетини ўйласа шундай бўлиб чиқди. Шунча йил-а, шунча узун умр-а, сарсон-саргардонликка эврилган қисмат, ана, боринг, пешона-я. Оқморални деб яшаган йиллари асли уни қиздан юзлаб чақирим нари, худди қуюндаги хашакдай бегона манзилларга улоқтириб ташлайверибди. Қариди, чуриди, энди манглайига тарсиллатиб шаппат урди. Ҳали ҳам Талас тоғларида таёғини, чориғини судраб юрар эди. Қўра-қўтону тоғ-адирларда бу атрофларнинг эгаси бўлган янги бой – Замонбойнинг хизматини қиларди. Бир тўп отлиқ қуролланган йигитлар куппа-кундузи келиб қўраю капасини шип-шийдам қилишди. Ўрисча-қирғизча қурама тилда бақира-бақира шу ерда чол билан бирга молбоқарлик қилиб юрган Қорақулни, хотини ва икки гўдак боласиниям отиб ташлашди. Уларга ташланаётган учта бўрибосарниям автоматдан тариллатиб ўт очиб ер тишлатишди. Сўнг бири Матлаб чолга юзланиб Замонбой энди йўқлиги, манави давонгирлар аллақачон уни нариги дунёга равона қилишганини бемалол, дона-дона қилиб тушунтирди, сўнг бойнинг йилқи уюри, подаси, қўй отарлари қаердалигини суриштирди. Буткул ҳимоясиз қолган чол сойлар, адирларнинг номини айтиб, моллар ўтлаётган манзилларни айтди. Ҳалиги отлиқ қошларини чимириб турди-да, чолнинг юзига зарб билан қамчи қўйди. Тирқираган қон кўзларига тушди, “воҳ, падарингга лаънат” дея қўллари билан юзини тўсгунча бўлмай қўлидан судраганча қўра ёнидаги яккамихда бойланган байтал ёнига опкелиб, ўша моллар юрган жойни бизга кўрсатасан, дея буйруқ қилди. Чол юзидан тушаётган қоп-қора қонни артиб улгурмай, байтални эгарлаш асносида имиллаётгани сабаб бўксасидан тағин бир қамчи еди. Беихтиёр йигитни бўралатиб сўкиб юборди. Ёноқлари пир-пир учди. Аммо негадир босмачи йигит бу сафар пўписа қилмади. Чамаси бу қари инсон ҳали-ҳануз унга кераклигини эслаб қолди. – Кўзинг-бетинга қарағанда сарт чиғарсан? – деди ажабланганнамо. Чол иягигача келиб бармоқ энлигида сумалакдай бўлиб турган қонни ижирғаниб жабдуққа артаркан, сен тўнғиз қўпгурга бунинг нима қизиғи бор, ўлдириш ниятинг бор экан, шу ерда бир ўқ билан тинчитиб қўяқолмайсанми, демоқчи бўлди. Ияги, лаблари титради-ю, ҳеч нарса демади. Балки омонликдан умид қилгандир. Эгарга ўтирар-ўтирмас йигит байталнинг сағрисига аччиқ қамчи босди. Отини пишқиртирган кўйи унинг ортидан йўртди. Хуллас, ожиз-нотавон чол минг қўйли бойнинг қўй-эчки, қорамолу уюр-уюр йилқиларини отлиқларнинг олдига солиб ҳайдатиб юборди. Эвазига тағин икки қамчи еди, ноинсофлар унинг остидаги байтални ҳам олдиларига солганча адирлар қуйисигача бўкирган кўйи от қўйдилар. Чол энди тақдир битиги бир ерга келганига, балки сўнгги кун яшаётганига тамом иқрор бўлди. Худо ўлдирмаса одам не машаққатларни орқалаб, бошдан ўтказиб юравераркан. Ана қисмат: қаерда туғилдинг, қаерда яшадинг, қаерда ўлмоқдасан? Хўп, ўзи нима учун яшадинг? Тўғрироғи, яшаган эдинг? Кўз олдида ўзи туғилиб ўсган Хартанг қишлоғи жонланди. Отасининг эл қатори бир қаричгина ери бор эди, лекин қўли гул эди шекилли, олам-жаҳон узум етиштирарди. Ота-ўғил эшакаравада Самарқанд бозорига элтиб, қанд-новвот, ўзларига, ука ва сингилларига, онасига ҳам кийим, рўмоллар харид қилиб қайтишарди. Отаси унинг замонга мос бўлиб ўсишини, келажакда катта одам бўлишини астойдил хоҳларди. Шундай бўлаётганди ҳам. Самарқанддаги очилган университетга кирди. Не балолиғ бўлдиким, йигит узоқ юрт – Жамбулдан келган Оқморал деган қизга ошиқ бўлди-қолди. Бора-бора қиз ҳам унга кўнгил қўйди. Лекин на йигитнинг, на қизнинг ота-онаси уларнинг турмуш қуришига рози эди. Ораларини суриштириб қарашса нақд беш юз чақирим келади. Тавбангдан кетай, ўзбекман деганнинг ҳам не ерларга уруғи сочилган-а! Жамбуллик соф ўзбек, қуралай кўз Оқморал! Хуллас, икки томоннинг ҳам ота-онаси норози, йигит-қиз ўқиш тугагач, ўз уйлари-ўлан тўшакларига қайтишди. Ўша маҳаллар қишлоқларда ўқитувчи кам, Матлаб ҳадемай ҳашар билан қурилган қишлоқ мактабига директор бўлди. Аммо қизни унутолмади. Китоблардаги сингари кеча-кундуз оҳ чекди. Хатлар ёзди, хатлар олди. Оқморал! Маъноси қозоқчадан ўзбекчага ўгирилса – оқ оҳу эмиш. Оқ оҳу! Қизнинг отаси бир қалин қозоқ ошнасининг таклифи билан шу исмни танлаган экан. Не бўлғай, ўша қозоқ ошна Оқморал гўдаклигида ўғлига бешиккертди ҳам қилиб қўйибди. Оқморалнинг ёзишича уларда удумни қаттиқ ушлар эмишлар. Удум шариатдан ҳам устун эмиш. Матлаб бу сўзларни ўқиб нақд олов каби ёниб кетарди. Оқ юзли сулув–оқ оҳуни жизғанак бўлиб бировлардан, номаълум йигитлардан рашк қиларди. Бу дард шу қадар кучли эдики, охир оқибат касалманд аҳволга келди. Тунлари деярли бўзлаб чиқадиган бўлди. Отаси буни сезиб, тезроқ бошини боғлиқ қилиб қўйиш тадоригига тушди. Кўп ўтмай отаси ўз тоғасининг қизига уйлантириб ҳам қўйди. Бир ой яшашди. Йигит ҳамон Оқморалнинг кўйида жони ўртанар эди. Ахийри кунларнинг бирида ҳе йўқ, бе йўқ, Самарқанд вокзалига бориб қайдасан Жамбул дея жўнади-борди. Топди. Оқморалини топди. Гапнинг қисқаси, йигит ҳам шу ерда ўқитувчилик қила бошлади. Шу юртнинг эгасиман деганлар ҳам аллақачон қизга совчи қўя бошлаган эдилар. Колхоз раиси урушга бориб келган ўғлига сўраттирган, йигит яримжон бўлиб келган, сўнг пешонадан кўриб ортиқ безовта қилмай қўяди. Бешиккертди бўлган йигит ана-мана тўй қиламан деб тайёрланиб юрган кезда хирмонда ярим қоп ғалла билан қўлга тушиб қамалиб кетади. Тақдирнинг кулганини кўрингки, Матлаб камтарона тўй қилиб Оқморалига эришади. Ўзининг қайнотасиникида ичкуёв бўлиб яшай бошлайди. Аммо бахтли эди. Ғоят бахтли эди! Ҳатто ортда қолган ота-она, рўзғор, хотини ҳам эсидан чиқиб кетди. Қишлоқ аҳли бир бегона жойдан келиб элнинг энг сулув қизига уйланиб олганини тумшуқларининг тагидаги хазинани ўмаргандай қабул қилди. Урушдан кейинги сиёсий айбловлар авжга чиққанда Матлабнинг устидан ҳам чақувлар бошланади. Мактабда ишлаб юрган оддий ўқитувчини қарийб ватан хоини сифатида қамоққа оладилар. Матлаб Сибирга сургун бўлиб кетади. Оқморалнинг ота-онаси, ҳатто ўзи ҳам куёвдан умидини узадилар. Чунки Сибирга сургун бўлганлар деярли қайтмас эдилар. Умрбод сургун қилишдими: ё оч-наҳорликдан, ё касалликдан ўлиб кетаверарди. Оқморалнинг Матлабдан қолган гумонаси бор эди. “Халқ душманининг боласи” деган тамғадан қўрқиб отаси Жамбул касалхонасига бориб болани олдириб ташлайди. Кунларнинг бирида бешиккертди қилинган йигит қамоқдан қайтади. Ота-оналар маслаҳатни бир жойга қўйиб ёшларнинг бошини қовуштирадилар. Беш йил, ўн йил ўтади ҳамки, улардан фарзанд бўлмайди. Йигитнинг ундови, ота-она истаги билан Оқморал эрининг бошқа турмуш қуришига розилик беради, аммо ўзи ҳам шу эшикда сиғинди бўлиб юраверади. Тақдирнинг ҳукмига қаранг: Матлаб орадан йигирма икки йил ўтиб, яна денг, соғ-саломат тўрт мучали бут – Оқморалнинг эшигини қоқиб келади. Аҳволни билгач оҳ уриб Мажнун каби саҳроларда дарбадар бўлиб юради, тоғ-тошлар, адирларга боради. Чўпонларга ёрдамчи тушади. Шу ерда қолиб кетади. Қарийди. Ўзини қисмат ҳукмига ҳавола қилади. Охирини, мана, кўриб турибсиз... Аммо буям кам эмас экан. Ҳали охири эмас экан... * * * Чол яраларининг, суякларининг оғриғидан қийналиб бир неча одим ташларкан, қўл билан текислангандек теп-текис катта тошни кўрди. Бориб оёқ илди. Дам олиб, сўнгра сойдаги зилол булоқ сувидан юз-кўзларини чайиб, қон теккан кийимини ҳам ювиб олишни ният қилиб қўйди. Тақдир энди тағин ҳукм ўқталаётганини ичидан ҳис қилди. Бир зум ўзига ачиниб хўрлиги келди. Ахир, энди ёруғ дунёда ҳеч бир суянчи, таянчи қолмабди. Шериги – чўпон болани ҳам итдай отиб ташлашди. Хотини, икки боласини ҳам. Хўш, бу бечораларда нима гуноҳ эди? Ўлдирмай ҳам шунча молни ҳайдаб кетаверишса бўларди-ку. Кимнинг кучи етарди у аблаҳларга. Ё тавба, ё қудратингдан, ким булар, нега кўзларига бунча қон тўлган? Алҳазар, ё алҳазар! Кўзларини йириб очаркан, ён томонидаги Чотқолнинг худди зиналардай қат-қат кўтарилиб кетганини биринчи бор кўрди. Чўққилари оппоқ қор билан ўралган. Айтишларича тоғ устида каттакон бир муз қоплаган кўл ҳам бор эмиш. Кўлнинг устига тинимсиз қор ёғармиш, кўл остидан сизган сув тоғ ёнбағирларидан булоқ бўлиб отилиб чиқармиш. Мендай муз қотган шўрликларнинг кўз ёшлари улар... Чолнинг кўзига қор ҳар қачонгидан ҳам кўра оқариброқ, ҳатто ялтираб тургандек кўринди. Бир пайтлар эшитган эди: ўша тоғларда оқ барслар яшармиш. Ҳа, оқ барслар. Паст адирларга улар йў-ламайди шекилли. Айтишларича оқ барслар фақат шу ерда бўлармиш. Оппоқ барслар. Улар ўша ёқ-ларда кун кўрувчи ўзларига ўхшаш оқ кийикларни еб озиқланармиш. Оқ моралларни... Оқморал!.. Кимларга ем бўлди, озиқ бўлди у оҳу! Умр эса ўтди-кетди. Мендан не қолди? Хартанг... Жуда олис, жудаям олисда қолди... Ота-она тупроқ бўлиб кетган чиқар. Ука-сингиллар-чи? Нимага сарфланди бу умр? Бармоқлари билан тошни пийпаркан, миясига учқундек бир хотира урилди. ...Икки оқсоқол ҳамроҳлигида бир азиз меҳмон ташриф буюрган эди. Бир кун бурун Замонбойнинг ўзи келиб қўй сўйдириб, от гўштидан қази-қарта ҳам тайёрлатиб кетган эди. Сўнгра эртаси куни ўтов атрофини шериклари билан тозалаб яйдоқ жойга кигиз тўшаб меҳмон кутганди. Бир меҳмон келди: оқ костюм-шимда, оқ кўйлак, оқ туфлида, ёши ўтинқираган бўлса-да, қуюқ сочларини орқага тараган, бай-бай, юзидан нур томади, нур-ку майли, маъно, донолик ёғади. Кигизга ўтириб бошига қирғизи қалпоқ илди. Суратчи уни, шерикларини суратга олди. Таомдан кўп тановул қилмас экан. Энди соғилган сутдан сипқоришни яхши кўраркан. Сўнгра қимиз, қимронни. Оқсоқоллардан овул-уруғларни суриштирди. Бир оқин чол дўмбира олиб “Манас”дан айтди. Сел бўлиб эшитди. Пиёда келиб худди шу тошда ўтиришди. Матлаб чолдан бу адиру сойларнинг номини сўради. Уруғ-авлодини ҳам сўраб қолди. Қисқа айтган эди, “бу қизиқ” деди. Бир келганда алоҳида “сўйлаб бериш”ини тайинлади. Матлаб чол мўмингина бўлиб қўл қовуштириб турди. “Оқ барисни кўрганинг барма?” деб сўраб қолди. Йўқ жавобини олгач, шу ерда шунча йил яшасанг ҳам кўрмайсанми дегандек иддао қилди. Бунга ўн йил бўлди. Кейин билса... Ҳа, кейин билса, у одам унча-мунча эмас, ҳув пастдаги овулда болалиги ўтган, дунёнинг энг зўр ёзувчиси нақд Чингиз Айтматовнинг ўзгинаси экан. Ҳа, Чингиз Айтматов!.. Ундан бери замон ўзгарди. Дунё ҳам ўзгарди. Айтматов ҳам йўқ. Ҳа, уни шу атрофдаги ўзининг овулига дафн қилдик дейишувди. Замонбой айтувди бу гапни. Матлаб чол билан суҳбати қиёматга қолди. Бу дунёда қайта кўришув насиб қилмапти. Ўшанда Матлаб бобо “Нима учун бир оғиз айтмадинглар, мен унинг қиссаларини, “Қиёмат” романини ёддан биламан-ку, икки оғиз тузук-қуруқ гаплаштирмапсизлар ҳам, бир катта бой деб ўйлабман, аттанг-а!” деб ўртаниб оҳу зор қилганди. Айтматов қариган чоғида сўнгги романи – “Қулаётган тоғ”ни ёзди. Ўшанда у мана шу тоғ, мана шу тоғ бағридаги оқ барслар, мана шу қотил тўдаларнинг разилликларини, охир оқибат ўз қавмининг не аҳволга келиб қилаётган қилмишларини қаламга олган экан-да... Ҳай, гўринг нурга тўлгур, Чингиз дўстим-а!.. Ўшанда ҳей, ўзбек чол, бу ерларда нима қилиб юрибсан, деб сўрадинг, сўрашга сўраб дарду дийдиёмни эшитмадинг-ку. Тинглаганингда, билганингда бирор асарингга киритиб мен ғариб чолни ҳам китобларинг каби дунёга достон қилган бўлармидинг?.. Энди бўлса, на Оқморал, на Чингиз, на Замонбой бор дунёда... Дунё ҳувиллаб қолди. * * * Чол аввалига шу ўрганган жойини макон тутмоқчи бўлди. Бироқ кимсасиз гўша уни ютиб юбораман дерди. Замонбойнинг чиндан ҳам куни битган кўринади – биров-ярим бу атрофдан на уни, на бошқани йўқлаб ҳам ўтмади. Матлаб чол ноилож тугун кўтариб йўлга тушди. Жамбулга бора-бора чегарада тўхталиб қолди. Ёнида бошпурти бўлмаганидан ҳарбийлар орқага қайтариб юбориш пайидан бўлишди. Бақиришиб қолиб уларнинг каттаси бир кеча қамаб ҳам қўйди. Эртаси куни бир маёр киши қари одамни нима қиласизлар қийнаб, деб қўйиб юборди. Шунгача чолнинг ғазаби қўзғаб ичкаридан буларни бўралатиб сўка бошлаган эди. Чиққандан кейин ҳам кечаги катта ҳарбийга: “қараб тур, бола, шу қилганингга мен анави сув омборининг дамбасини портлатиб юбораман, ҳаммани сувда чўктириб юбораман!” деди ўдағайлаб. – Қўйиб юбор уни, – деди маёр. – Қария билан тенг бўласанми. Шу ҳолига, майли, дамбани портлатиб юборақолсин. – Шундай дея у ҳиринглаб кулиб чолга “хайр” дегандек қўлини силкиб қўйди. Кейинги чегарада у тағин тўсиққа дуч келди. Фиғони фалакка чиқиб ҳаммангни портлатиб юбораман, деб бақирди. Яна тутилди. Лекин ҳамма чолнинг бу иш қўлидан келмаслигини билиб турарди. – Ненг бар? – деб сўради ҳарбий йигит. – Ақчам жўқ. – Портлатўдиған ненг бар дебатирман. – Ўзим билемин. – Бул жерде оғайин-тувисинг барма, ким деганди қидирибатирсан? Матлаб бобо таниган-билганларини бирин-кетин эслади, айтди. Баъзиларини чегарачилар биладиган чиқди. Афтидан, чол нуқул марҳумларни таниркан. Охири тоқати тоқ бўлиб “Оқморалникига бораман!” деди. – Биз эркекпен сўйлашамис, қотин қолқини билмеймис. Ўт, ўтабер, – дея чолнинг елкасидан суриб нарироққа итариб юборди. Шаҳар шу даражада ўзгариб кетибдики, у билган биноларнинг ҳеч қайсисини топа олмади. Тентирай-тентирай бир замонлар ферма омбори мудири бўлиб ишлайдиган ошнаси Матёқубнинг уйини излаб топди. Ошнаси қариб букилган, лекин гап-сўзи тетик эди. Оҳ уриб, оҳдан сўнг бир оз лоф уриб тонготар гурунг қилишди. Кун келиб, ўлар вақтида суягим бегона юртда чирийдиган бўлди-да, деб ҳасрат қилди. Ошнаси, энди сенга борар юрт йўқ чиқар, қолган умрингни меникида ўтказ, невараларим сениям, мениям тепиб-тепкилаб кўмишади, деди. Айтишларича укасининг қўлида қолган Оқморал узоқ йиллар мактабга директорлик қилиб, кейин қарилик нафақасига чиқибди. Қаригани ҳам билинмайдиган сулув кампир бўлиб қолибди. Бу орада маҳалла-кўйда Талас тоғидан ошиб келган бир девона чол сув омборни портлатаман дебди, мелиса қамаб, сўнг чиқариб юборибди, у Оқморал деган аёлни сўраб юрганмиш, деган гап чиқди. Сув омборини бир ёқлик қилишга-ку кучи етмас, аммо сулув кампир бу чолга ким бўларкин – шуниси қизиқ эди. Шу зайл кунлар ўтди. Чолнинг кўнглида Оқморални излаб топсам, ўтган-кетганига ҳай бериб обдон суҳбат қурсам деган орзу-истак ҳам пайдо бўлди. Матёқуб ошнасини қабатига олади, ҳеч бўлмаганда қариб-чуриганда бир дийдорлашай девдим, дея, эшик қоқиб бораверади, бошқа нима ҳам дерди. Кунларнинг бирида кутилмаган шов-шув гап чиқди. Тепадаги сув омборининг суви тошибди. Жамбул сув остида қолаётганмиш дейишарди одамлар. Матлаб чолнинг дами ичига тушиб кетди. Ростдан ҳам сув омборининг дамбаси очилиб кетган бўлса-я, деб ўтакаси ёрилгудай бўлди. Халқда гап ётармиди: яқингинада бир девона чол чегарачиларга сувингни тошираман, дамбани портлатиб шаҳарингни сувга бўктираман, деб дўқ қилган экан, шу чол айтганини қилганга ўхшайди, энди ўлдик, тоққа қочмасак қутулолмайдиганга ўхшаймиз. Сув омборининг шаҳар томонга қуйилиб эниш қисмида ҳақиқатан ҳам икки ён маҳаллага сув тошиб чиққан, полиз, чорбоғлар сув остида қолиб, пахса деворларни захлатиб ичкарига ҳам сув уриб кира бошлаган, одамлар жон ҳалпида қўлига илинган нарсани олиб, тепаларга қоча бошлаган, шошганларидан ким пиёда, ким улов, ким машинада ҳар ёнга тирқирар эдилар. Бу сулув кампир яшайдиган маҳалла эди. Қуёш уфққа чекина бошлаган эди, ким подасини қирга ҳайдаган, ким қоплаб олган бўхчасини орқалаганча сув кечиб тепага ўрлаган, кимлардир бола-чақасини опичлаб, етаклаб, қий-чув қилиб дўнгликка, ҳув ўша Талас тоғларига томон чопиб борар, саросимага тушган аҳоли омон қолишга тиришар эди. Уфқ қуёшида қизариб пичагина ёришиб турган тоғ одамларнинг нечоғли ваҳимали товушларига тўлиб кетган, бу бандаи ожизларнинг ўзлари эса мисоли бир тийиқсиз, тутқич бермас каттакон мол подасига айланган эди... Шу куни Оқморал кампир яшайдиган тепа маҳаллада рўй берган эди воқеа. Укаси аввал том-орқасига сув тараб, ариқ бошидан хабар олиб келиб бамайлихотир сўрига келиб ёнбошлаган, чой дамлатиб опаси ва кампири билан ул-булдан икки оғиз ҳангома қилишга тушган эди. Бир вақт кампири тараган сувингиз ҳовлига тошиб кетди-ку деб бақириб қолди. Шоша-пиша ўрнидан туриб шиппагини оёққа илай деса сув ана-мана поябзалини ҳовли четидаги оғилхона томонга тез оқизиб кетди. Бирдан қўрқиб қолиб ариқ бошига югурди, аммо сувнинг бу қадар зудлик билан кўпайганини кўриб донг қотди. Ваҳимадан “Ўлдик, уйдан чиқ ҳамманг!” деб бақириб юборди. Сув шу даражада тез кўпайиб борардики, одамлар миш-миш тарқалган дарвеш чолнинг қўпорувчи эканига чиппа-чин ишониб қолишди. Умумий дард инсонларни бирлаштиради, деган гап бор. Аммо фалокатнинг ҳаммаси ҳам уларни бирлаштирмаслиги, аксинча, кимларгадир ёв қилиб ҳам қўйиши мумкин экан. Мисол учун сулув кампир, яъни Оқморал бугун шу уйдаги оила аъзолари ичида ягона тошқин қурбони бўладиган чиқди. Сабаби у укасининг хотини, келини, ўғил-қиз ва неваралари сиққан “Волга” машинасига сиғмай қолиб кетди. У бошда жиянларининг “Амма, тезроқ чиқинг машинага!” деган даъвати билан “Волга”нинг олд ўриндиғига жойлашиб олган эди, кейин оила аъзолари кўп эмас, кам эмас, нақд ўн олти киши экани маълум бўлди. Ўн олти киши-я! Шунча одам бир енгил машинага қандай сиғиши мумкин? Лекин дўппи тор келганда сиғиб ҳам кетаркан. Орқа юкхона эса шитоб билан ортилган кўрпа, бўхча ва кийим, поябзаллар билан аллақачон тўлиб бўлган эди. Ана холос! Шу вақтда машинанинг эшиги беркилмай қолди-ку. Жигарлар бир-бирининг устига букланиб-суқилиб тирбанд бўлиб олган эдилар. Эшикни ука ташқаридан итариб зўриқиб ёпмоқчи бўлди, фойдаси бўлмади, одам ҳаддан ташқари кўп эди. Шунда эркакнинг калласи ишлаб қолди. Олд эшикни очиб опасига маъноли тикилди. Бирдан кўзларини пирпиратиб: – Опа, – деди. Кампир бир маънони сезиб қолди ва бўшашди. Ука давом этди: – Саксонга кирдингиз-а?.. – Мен ўлгур... Мен ўлгур... – кампир саросима ва хижолат ҳисси юзига уриб, укасининг невараларини итариб-суриб машинадан тушди. – Хафа бўлманг яна, ахир сизнинг ёшингизга ким етди, ким етмади. Унинг устига... уйга қоровуллик қилиб турасиз. Айтиб бўладими... ким билсин, яна... Ўғри-пўғрилар ҳам йўқ эмас... Кечирасиз-да, аҳволни кўриб турибсиз-ку. Биздан норози бўлманг... Кампир аҳволни олдинроқ тушунмагани учун ҳақиқатан афсус қилди. – Мен меров, мен эсар... чироғим, айланай, жонимни ўйлаганимни қара. Миямни еб қўйибман-да... сен шошил, тезроқ ҳайда, бу туришда йўлларинг беркилиб қолади. Мендан рози бўлинглар... Қара, каллам ишламаганини. Эҳтиёт бўлиб ҳайда. Ука машинага ўтириб моторни юргизди. Опаси у ўргатганидай эшикни орқасидан зарб билан ёпди. Энди юрган ҳам эдики, катта невараси қичқириб юборди: – Вой, соткам... – Бақирма-э, одамлар не аҳволда-ю... – Йўқ, бўлмаса тушаман... – Сотка керакми, жон керакми санга... – Баҳромнинг совғаси эди... Майли, силар кетаверинглар... Ука аччиқ билан тормозни қаттиқ босиб шартта кабинани очди-да, қичқирди: – Опа! Опа дейман! Гарангми... Опа-а! Кампир энди айвон тепасидаги супага чиқаётган эди. Бир оз гарангсиб туриб қолди. Укасининг товушини эшитиб ортига ўгирилди. Қўлини силкиди. Тезроқ жўнамай нима қилиб турибсизлар, демоқчи эди. – Майли, мен силардан розиман, – деди сўнг. Кейин: – Сувда чўккан шаҳид бўлармиш, ташвиш чекманглар, – деди-да, видолашаётган каби қўлини у ёқ-бу ёққа чайқади. Яна ортига ўгирилмоқчи эди, укаси жонининг борича бўкирди: – Сарвининг соткасини опчиқинг деяпман! Эшитяпсизми, телевизорнинг устида, зарядда экан. Кампир бу гапни эшитди чоғи, уйга кириб кетди. Қайтиб чиқиб аппаратни баланд кўтариб укасига кўрсатди. Сўнг яна супага қараб йўналди. Укасининг жон-пони чиқиб кетди. – Бу ёққа опкелинг! Кампир гапга энди тушунди чоғи, бу ёққа қараб юраверди. Укаси сабри чидамай тез-тез борди-да, опасининг қўлидан соткани юлиб олди. – Вой-й, жигарим-а, мен бу сабилни оволинг, гаплашиб турамиз деб тушунибман-а, кечирасан-да, қаричилик... Ука келганча “Волга”нинг мотори ўчиб қолган, энди калитни қанча бураса ҳам машина ўт олай демасди. – Опамизни норози қилдик-да, – деди хотини. – Нима? – деб қичқирди унга чоли. – Опам норози эмасмикан деб ўйлаяпман-да. Мана, техникангиз ҳам юрмай қолди-ку. – Минғирлама-э. Ҳар нарсани гапиравермай тур, не аҳволдамиз-у... бидирлайсан. Опам саксонга кирди, саксонга... Бўлмаса ўрнига сен қол. А, қол, туш машинадан! – Дадажониси... – Бўлмаса мен қолай, мана, ҳайда машинани. – Дадажониси... Сизни деб... – Бўлмаса минғирлама. Аммо машина ҳамон жойидан қимирламасди. – Опа! – деб тағин чақирди ука. Опаси қараган эди, укаси қўл имлаб чақирди. Тез бўлинг дегандек қўлини зарб билан силкитди. Опаси кавушини оёғига илмай шошиб кела бошлади. Лозим-кўйлаги тамом шалаббо бўлган эди. Сув тобора кўпайиб борарди. – Укажон, мени қўй, мен энди бу дунёнинг одами эмасман. Розиман, – деди кўзлари мўлтираб. – Э, мен буни айтаётганим йўқ. Машинанинг орқасидан туртиб юборинг, юрмаяпти. – Ҳа-я, эсим қурсин, кучим етармикин? – Етади, етади, сал туртсангиз бўлди, нарёғи пастлик, юриб кетади. Кампир машинанинг ортига ўтиб бор кучи билан итара бошлади. Ука ҳам кабинадан чап оёғини чиқариб тираганча чирана бошлаган эди, машина қўзғалиб юриб кетди. Сўнг пастликка йўналиб мотори ҳам ўт олди. Неваралар чий-чийлаб “Аммам қолиб кетди, аммам сувга чўкадими?” дейишарди. Машина бир оз пастликка қараб юрди-юрди-да, сўнг йўналишини ўзгартириб тепаликка қараб кетди. Текисликдаги асфалтдан тезлигини ошириб олди-да, қирга қараб чиққан тош йўлдан ортига қум-шағалларни сачратганча ўрлаб жўнади. Шу зайл бора-бора кичрайиб кўздан йўқолди. Сулув кампир ундан кўз узмай турди. Ғойиб бўлгач “хайрият” деб қўйди. Энди унинг наздида тошқин тошаверса, ҳаммаёқни сув олиб кетса бўлаверарди. Чунки энди фалокатга, илло ўлимга ҳам руҳан тайёр эди. * * * Намозшом тушганда Матлаб чол қий-чув қилиб саросимада тоққа ошиқаётган оломонга қўшилмай бир ўзи тентирарди. У айни тошқин бошланган тепа маҳаллага боришни ният қилганди. Бу тошқин ҳали бошланиши экани, агар чиндан ҳам дамба ўпирилган бўлса ҳадемай қиёмат қойим бўлишини у дилидан ҳис этарди. Аммо дамба дегани шундоқ ташлаб, ҳимоясиз қолдириладиган жой эмас. Ҳамма жойда бўлгани сингари бу ерда ҳам у қўриқланса керак. Давлат учун стратегик аҳамият касб этадиган, аҳоли учун эса жон озиғи бўлмиш сув омборини эҳтиёт қилмаслик мумкин эмас. Зеро, ўша Жамбулга тушиб келаётган куни ҳам ҳарбийлар сув омборини портлатиб юбораман деганида мазах қилиб кулишган эди-ку. Қаршисида ариқларни аллақачон тўлдириб четдаги йўлларнинг ҳам шағал тошларини шалдиратиб оқиб тушаётган сувнинг у қадар дами баланд эмаслигидан ваҳимага тушмай бораётган чолнинг кўнглида недир хотиржамлик бор эди. Ва не бир хаёлда, урушдан кейинги дастлабки йилларда қурилган мамлакат миқёсида улкан сув иншооти ҳисобланган сув омборининг шаҳарга қуйиладиган қисмида ўша кезларда бунёд этилган осмон бўйи чархпалакни кўзлаб борарди. Чархпалак тепадан бетон каналда шитоб билан оқиб тушувчи катта сув устига ўрнатилган бўлиб, унинг сув тўлдирилган идишлари ҳам дошқозондай келувчи чўян идишлар бўлганидан шамол тегирмони сингари тез айлана олмас эди. Бироқ чархпалак айланиб тепага кўтарилавергач бири чап, бири ўнг томондаги катта бетон ариқда сув қуювчи катта чўян қозондан тўкилаётган сув офтоб шуъласида ажиб жимирлаб ўзига хос кичик камалаклар ҳосил қилар, кўрган кўзни қувонтирарди. Шу атрофда бунёд қилинган истироҳат боғининг терак, арчаю чинорларига шамолда дув-дув учиб келувчи сув зарралари келиб урилар, дарахтнинг намиққан тоза япроқлари қуёш нурида ўзгача ялтирарди. Матлаб, ўша вақтларда айни куч-ғайратга тўлган бўз бола, мактабдан бўш кезлари Оқморал билан бу ерларга келар, соатлаб гурунг қилиб тўймас эди. Кечагина эди. Худди кечагина эди. Аммо ундан бери қанча сувлар оқиб кетибди. Сувлар оқибди-ю, хотира, ширин бир туйғулардан ўзга нима қолибди? Азобу уқубат, туҳмат, Сибир... Бу ёқда Оқморалнинг шўр қисмати... У кўриб гувоҳи бўлиб турган қисматда Оқморални айблай олмасди ҳам. Илло Сибирга сургун дегани ажал комига тик оёқда бормоқ дегани эди-ку. Лекин шу парирўй қизни деб унинг буткул умри кўкка соврилиб бўлди. ...Сув бетон ариқдан тошиб чиқиб атрофларни ювиб кетаётганди. “Тошқинга сабабчи” бўлган девона чол эса шу атрофда тағин ўзининг тақдирини томоша қилиб юрарди. У бир замонлар Оқморал билан сайр қилиб келиб шудринг зарралари ила чайилиб қорайиб қолгувчи, иккаласи устига чиқиб энтикиб юзларини сувга тутиб турувчи каттакон темир қувур олдига келиб қолди. Ўшанда чархпалак қозонларидан бетон ариққа тўкилиб, сўнгра шу қувурга ғалдир-ғулдир шовқин ила қуйилиб деярли тўлиб оқадиган топ-тоза сувга томоша қилиб диллари завқланар, сув зарралари ҳўл қилгани етмагандай бир-бирларига ҳовуч-ҳовуч сув сепишар, йигитнинг оқ нейлон кўйлаги, қизнинг энди урфга кирган шоҳи атласи баданига чиппа ёпишиб қолар, қизнинг дуркун кўкраги ростмана билиниб қолар, пушти дуррачаси остидаги қалин ўрилган қора сочлари ҳам зилол сувда бирров чўмилиб олар, девонаваш ёшлик сурурига қўшилиб рўмол тагидан кўкси узра бир қулоч дордай биланглаб чиқиб келиб, шўхликка қўшилар эди. Сўнгра ёшлар гўё уст-бошларини қуритиш учунмикан, қалин дарахтлар панасига ўтиб узоқ қолиб кетишар, эҳтимол, уст-бошлари намдан аригач, қизаришиб чиқиб келишарди... Йигитлик чоғини эслаб, яна нималардир кўксига тўкилиб чол ағанаб йиғлагиси келди. Аммо атрофни ёритиб турган прожекторлар ёруғида қувур оғзига тиқилиб турган каттакон қора нарсага кўзи тушиб бир нарсага ақли етгандай кўнгли нурланди. Яна тек қотиб бирор ҳаром ўлган мол эмасмикан деб тўхтади. Барибир сесканди. Сўнг қари чолни мол гавдаси чўчитганига ҳайрон бўлди, аммо не-не бўри-қашқир изғиб-кезган Талас овлоқларини бир зум эслаб қувур оғзига сув кечиб келди. Қарасаки, гўё тўфон уриб ётган жойда чиндан ҳам бир нарса тиқилган. Бир катта шаҳар аҳли шунга аҳамият бермабди-ки, деб ажабланди. Енг шимариб бир узун таёқ топди-да, уни қувурга узатиб, тиқилган нарсани итариб оқизиб юбормоқчи бўлди. Кучи етмади. Нарёқдан, қувур устидан юриб келмаса бўлмас экан. Шундай қилди. Қувур устидан келиб таёқ суққан эди, тағин бўлмади. Бир кўрпа ё теридай нарса шох-шабба билан қўшилиб қувур оғзига қопланиб қолибди. Қиш кезлари чархпалак тўхтатиб қўйилишини эслади. Қанақадир бир тормозга ўхшаган мурвати бўлиши керак. Йўқ, уни чол ахтариб тополмади. Тағин қувур устидан юриб келди. Ётиб олиб бояги қопламани бир учидан бор кучи билан тортди. Ўша парчаси йиртилиб чиқиб келди. Яна ётиб олиб тортаверди, тағин бир парча узилиб чиқди. Яна тортсам чиқади деб ўйлаган эди, йўқ қолгани қайтанга маҳкамроқ ёпишиб қолган эди. Чолнинг мияси ишлаб кетди. Бояги қалин таёқ билан кўрпа ё кийим қопланган шох-бутани уриб-суриб юборгани яхшироқ экан. Сув оқимига қўшиб таёқни суқиб итараверди. Шунда денг, шох-шаббалар синиб-синиб сув оқимининг тезлиги билан улар қувурнинг ичига бирданига сингиб ғойиб бўлди. Атрофга оқаётган тошқин ҳам туйқус тўхтади-қолди. Маҳалла-гузар тим-тирс эди. Чол ўзича зўр иш битирганини ҳис этди. Аммо атрофда ҳеч ким йўқ, чамаси ҳамма жон ҳовучлаб қиру дўнгликларга ўрлаб кетган, балки... балки бошқалар тун зулматида ваҳимаю бедорликдан чарчаб уйқуга чўмган эдилар. Ҳар қалай дунёни сув босмаётган эди-ку. Тепаликдаги икки гузарга сув тошган эди, холос. Чол борар манзилини белгилай олмас, лекин ўта чарчаган эди. Кесилган чинор кундасига ўтириб тин олди. Барибир ёшлик хотиралари уни тарк этмасди. Анови ариқ четидаги бўлиқ ўт-ўлан кўмган жойларда ўша чоқда урф бўлган қора хром туфлисининг, Оқморалнинг ҳам учли, пошнаси ҳам учли оқ туфлиси излари бордир. Лекин энди буларнинг қандай аҳамияти бор? Тобора ҳорғинлик ўз измига тортиб ва хийла тун шабадасидан жунжикиб борар экан, бу ерда тунаб бўлмаслигига, Матёқуб ошнасиникига эниб бормаса бўлмаслигига иқрор бўлди. Бели ҳам зирқирай бошлади. Иссиқ кўрпага ўранишни ният қилди. Омонат бу дунёда ўзи бирор кун хотиржам ором топдимми, деб ўйлади. Не ажабки, ундай кунни эслаёлмади. Шунда... нарироқдаги дарахтлар ортидан бир хилқат қора тортиб келаётганини пайқади. Тўғри ўзига қараб келарди. Ўрнидан туриб томоқ қириб қўйди. У ҳам бир тўхтади-да йўталган бўлди. “Аёл киши”. Бир оз юриб пешвоз чиққандай бўлди чол ва: – Келинг, – деб қўйди йўлига. – Ассалому алайкум, бобо. Ўзи қушуйқуман десангиз. Шу бугун қўшнилару бола-чақа, бариси уйларини ташлаб қирга кетишди. Тошқин ёмон экан. – Сиз-чи, бир ўзингиз қолдингизми? – Бир ўзим... ҳа, уйқоровул ҳам керак-ку... Ваҳимаси ёмон бўларкан. Ҳар ким жонини ўйлаб қоларкан. Унинг устига бир довон ошиб келган девона чол аввалдан сув омбор тошади, деб каромат қилган экан. Одамларнинг оғзида шу гап эди, сув тошгач, ана, девонанинг башорати амалга ошди, деб ҳамма шошиб қолди. – Бу тошқин эмас, анови чархпалакнинг суви, – деди чол. – Қанақасига? – Шунақасига-да. Ўзи... оббо, қизиқ бўпти-ку, фарзандларингиз сиздай кампирни тошқин босаётган уйга қоровул қилиб кетишгани ғалати бўпти-да... – Шарти кетиб, парти қолган бўлсам. Қаридим. Бу дунёда кўраримни кўриб бўлдим. Орзу-ҳавасларим амалга ошди-ошмади, ҳар нечук бир одам катори яшадим. Ҳаёт ортда қолди. Энди қирга чопиб қутулган билан нима ўзгарарди? – Шуни айтинг! Мен ҳам кўчабошидаги Матёқуб жўрамникида эдим. Ўтган-кетгандан гаплашиб ҳангомалашиб ётган эдик, бола-чақаси гузарни сув босяпти деб восвослардек машинага чиқиб, жўрамниям миндириб тепага кетишди. Мени бегона... бегона меҳмон... деб қолдиришди. Хафа эмасман. Ўзи кимман уларга? Вақти-замонида бир фариштанинг ортидан довдираб эргашиб келган дайди итман-да... – Дайди ит эмассиз, – шундай дея кампир негадир мунғайиб энгашиб олди. – Сиз Самарқанднинг Хартанг қишлоғидансиз. Дунё ҳадисшуносларининг пешқадами Имом Бухорий дафн этилган қишлоқдан. – Биларкансиз, биларкансиз-а... – Сўнг бирдан тетикланиб: – Қайдан билдингиз? – деб сўради ва қулоғини елпана қилиб турди. – ... (Шу жойда Кумушбибининг “Сиз ўшаму?” номли машҳур саволини келтирсак бўларди. Аммо қаҳрамонларимизнинг бири кампир, бири чол. Ўхшаш жойи шундаки, булар ҳам бир-бирларининг дийдорларига тўймадилар. Тарих зулми дийдордан устун турди: иккисини икки ёққа юлқиб улоқтириб юборди. Биз учун қизиғи ҳам шу: бировникига ўхшамаган қисмат. Қолаверса...) Қолаверса... (Чол ва кампирни бир-бирига суянтириб дийдиёлаштириб қўйсак ҳам бўларди. Хоҳласангиз Сиз шундай тасаввур қилинг. Яхшиси биз ҳикоячи сифатида бу ҳолатга тегинмайлик. Сабабини тушуниб турибсиз: енгил ҳолат эмас...) Алқисса, сулув кампир чол билан укасининг ҳовлисига тушдилар. Тонгни қарши олдилар. Ҳаёт жой-жойига тушди. Тоққа чиқиб кетганлар ҳам бирин-кетин тушиб келишди. Сулув кампирнинг укасининг жужуқ неваралари тоққа машинада қандай чиқиб боришгани, тик қиялардан қўрқмай ўтиб боришганини бирин-кетин ҳам бурро, ҳам соқовланиб гал бермай ҳикоя қилишарди. Лекин эрталаб кетаётганларида кеча чиққан жойларидан машина пастга қараб тушолмабди. Бобоси кечқурун бу ерлардан қандай чиқдик экан, деб юрак ҳовучлаб қолибди. Ёрдамчи кутиб турганмиш... Чол ҳам, кампир ҳам уларга ёрдам кераклигини тушунишди. Бир-бирига им қоқиб ўринларидан қўзғалишди... (Матлаб ва Оқморал эртакдагидек мурод-мақсадига етмагандир. Лекин муроду мақсад нима ўзи? Изласанг топа оласанми? Хуллас, бу ёғи Сизга ҳавола. Хоҳласангиз Матлаб чолни қариган чоғида Самарқандга жўнатиб юборинг, хоҳласангиз икки қария кексалик гаштини бирга сурсинлар. Ўзингиз қолганини истаганингизча тўқийверинг. Бизнинг ишимиз битди.) “Ёшлик” журналининг 2011-йил, 3-сонидан олинди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62429 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23312 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21838 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14485 |