Одамнинг кучлиси (ессе) [Sobir Oʻnar]

Одамнинг кучлиси (ессе) [Sobir Oʻnar]
Одамнинг кучлиси (ессе) [Sobir Oʻnar]
1
1986 йилнинг кузи эди. Университетни тугатганмиз. Ўша кезларда матбуотда бирор асаринг чоп этилса тезда тилга тушар эдинг. Каминанинг “Ёшлик” журналининг 8-сонида бирйўла икки ҳикояси босилиб босар-тусаримни билмай анчайин ҳаволаниб юрган кунларим. Курсдошим Назар Эшонқулнинг 10-сонда “Уруш одамлари” деган қиссаси чиққан, яна бир қадрдоним Ҳошимжон Мирзааҳмедовнинг “Неваракулча” рукни остида иккитагина болаларбоп шеъри ҳам эълон қилингандики, биз бошқалардан ҳам кўра Тошкентда қолиб ишлашга кўпроқ ҳақдор сезардик ўзимизни. Бориб ўз вилоятларимиздан “бизда иш ўрни йўқ” мазмунида “отказ” хат ҳам опкелиб жуналистика факултетига топширганмиз. Деканат бўлса, кунда-кунора суриштиради. Аслини олганда бунинг ҳам сабаби бор: бир гуруҳ курсдошлар факултетимиздаги билими саёз домлалар, хусусан декан устидан шикоят қилиб унча-мунчамас, Марказқўмнинг ғоявий котиби ҳузурига-да кириб чиққанмиз. Жангарилигимиз самараси ўлароқ икки карра декан алмашган. Учинчиси – рус киши ҳам азбаройи ўзининг бор-йўқлигини сездирмайгина пусиб-қимтиниб ишларди. Акс ҳолда ҳужумларимиз самарали кетаётганидан чандон илҳом олиб юрган эдикким, “ўзга миллат вакилининг ўзбек журналистикаси ўқув даргоҳига не дахли бор” мазмунида навбатдаги ҳамлага ўтиб қолиш шашти ҳам мавжуд эди. Шикоятимиз рўйхатларида тилга олинган домлаларнинг бизда “тиши” бор эди, албатта. Шу боис биз бош суққан таҳририят ёхуд идораларда аввалдан хабардор қилинган таърифу тавсифларни эшитиб “астағфуруллоҳ” дея ёқа ушлаб, сўппайиб чиқар эдик.
Сирасини айтганда ўша шарттакилик, бетгачопарликларимизнинг ҳеч кимга фойдаси бўлмади.
Ўша домлалардан ким бор, ким йўқ, дунё ўткинчи экан, борлари ҳалиям ўша-ўша – факултетни тўлдириб янги талабаларга ўша оҳангда сабоқ бериб ётишибди. Кўз кўзга тушганда бир оз қимтинасан. Ким билсин, баъзи бирлари ўшал даврларни эсламайдиям. Журналистика факултетлари Республикамиз Олий ўқув даргоҳларида бир неча чандон ошиб ўқитгувчи кадрларга тағин ҳам эҳтиёж ошдиким... бу ёғини қўяберасиз энди.
Сиз чўчиманг, гап айланиб Абдусаид акага уланади бари бир.
Ҳа, дарвоқе, биз “поездга осилиб келган” қишлоқликларга эртадир-кечдир, бари бир омад кулиб боқди. Кечаги талабалар узун-қисқа бўлиб “Совет Ўзбекистони”, “Ёш ленинчи”, “Ленин учқуни” газеталари, “Гулистон”, “Ёшлик” сингари журналларнинг эшигидан бўйлаймиз. Бор таҳририятлар ҳам шулар-да. Ҳозиргидай ёмғирдан сўнгги қўзиқорин каби газеталар уйилиб кетмаган-да. 60-70 сўмлик маошга қаноат қилиб ишламоқчимиз. Лекин иш қайда?
Кеч тушяпти. Ҳозирги ЎзА ва журналлар жойлашган бинонинг 11-қаватида муҳаррирнинг сариқ эшикли, сариқ стол-стуллар, буни қарангки, телефон аппарати ҳам сап-сариқ кабинетида таёқ еб мулзам тортган боладай тумшайиб ўтирибман. Катта ойнадан бирин-кетин ёнаётган шаҳар чироқлари милтиллаб кўринади. Индамайман. Нима ҳам дейман? Ака бўлса, ўзига бир пиёла чой қуйди, графинда қолган сувни гулларга қуйди, сўнг киссасидан “Родопи” сигаретини чиқариб тутатди. Чека-чека мендан назарини узиб машинкаланган, бир чеккаси бўялган қўлёзмани таҳрир қила бошлади. Бу менга “баттар бўл” дегандай туюлди. Лекин икки кўзим муҳаррирнинг таҳрир қилаётган қўлида. У бир ҳикояни деярли қайтадан ёзиб чиқаётган эди. Тавба, бировнинг асарини қандай тузатиб тайёр ҳолга келтиришар экан? Ўзим не аҳволдаман-у, хаёлим шу ёққа кетади. Аканинг хати ҳам жуда чиройли. Дарвоқе, шу қўллар билан каминанинг ҳикояларини ҳам чунон бўяб-бежаб ташлаган эдики, дабдурустдан қотиб қолганман.
Яна бир хаёл мен бунақа бировнинг асарини бўяб ташлаёлмайман-ку, деб ўйлайман. Ака бўлса, кўриниб турибди, ҳикоянинг ичига кириб, балки шўнғиб кетган, менинг ўтирганимниям деярли унутган эди. Сигаретидан учиб тушган кукунларни “пуф” деб учириб юборади-да, тағин ишлайди.
Чамаси осмонда юлдузлар ҳам пайдо бўлди.
Шу пайт эшик шахд очилиб, қорачадан келган, шляпали, узун қора плаш кийган, тикқомат бир киши кирди-да дарҳол кулиб:
– Э, устозлар, сизларда уй, ватан деган нарса йўқми? Ё бугун ишхонада қоладиган кунингизми? Э, қойил-э, – деб юборди.
Муҳаррир қўлёзмани дарҳол четга суриб ўрнидан турди. Янги киши билан кулиб сўзлаша кетди. Чой қўйишга тутинди. Мен уларнинг ҳазил-ҳузулига, бировларни лақаб билан атаб сирли гаплашишларига ҳайрон бўлиб боқаман.
Киши менга эътибор бермади. Бир фурсатдан кейин муҳаррир менинг мундай ўтирганимга кўзи тушиб, энди эслагандай:
– Бу йигит Қўшработдан. Нуротанинг ҳавосини симириб катта бўлган. Ўқиган бўлсангиз саккизинчи сонда “Кунсулувнинг сирли хатлари” деган ҳикояси босилувди.
– Э, ҳа, бўлди-бўлди, – деди у одам эслаб қолиб.
– Исми Собир, – деди муҳаррир, – тортса одам бўлади, қалами бор.
Сўнг менга юзланиб:
– Абдусаид акани танигандирсиз? – деди.
– Ҳа, танидим, – дедим. Ўзим ҳам Абдусаид Кўчимов эмасмикан, дея тусмол қила бошлаган эдим. Яқиндагина у кишининг “Ёшлик”да чиққан “Ўғил” деган ҳикоясини ўқиган эдим. Ҳикояга “Бесабаб оёққа тикан кирмас” деган мақол эпиграф қилиб олинган эди.
Ўзи Ургутдан, айни замонда “Шарқ юлдузи” журналининг масъул котиби экан. Дарҳол мени ўзига яқин олди. Нималар дегани аниқ эсимда йўқ, аммо кўнглинг тўқ бўлсин, бола, биз қараб турмаймиз, ёрдам берамиз, деганга ўхшаш бир ўктам яқинликни туйдим. Акам яна биттага кўпайгандай эди.
Рости ҳам кейин шундай бўлиб қолди.
Ака гап орасида бу йигитнинг ишини Омон акага кириб ҳал қилдим, лекин пропискасини эплаёлмаяпти, деди.
– Ие, – деди Абдусаид ака, – шундайчикинам бўламо? Э уккағар-э, буни қаранг.
Кейин бирдан сергак тортиб, кўзини пирпиратгансимон бир жиддий нарсани эслагандай:
– Қаерга қўймоқчисиз? – деб сўради.
– Бир қўшработлик акамиз уйимга қўйиб бераман деб, ўн ой бўлди, алдаб юрибди, уч юз сўм берганман, – дедим бу одамга кимнинг устидан бўлсаям шикоят қилаверса бўладиган каби. Чиндан ҳам янги акага бир халоскордай қараб ўрнимдан туриб қўл қовуштириб турдим.
Абдусаид ака муҳаррирнинг сариқ телефонини олдига суриб олди-да рақам терди. Ким биландир ўша баланд пардада ҳазил-ҳузул аралаш гаплаша кетди. СУМнинг ёнидаги участковой мелиса, Бахтиёр ака деган одам Абдусаид аканинг қўшниси экан. Ҳа йўқ, бе йўқ, участковойнинг бўйнига менинг пропискамни юклаб қўйди.
Муаммо бу қадар тез ҳал бўлганидан шошиб қолган эдим. Қўшработлик оғамиз паспортни берди-ю, пулни бермай яна бир муддат сарсон қилди, югура-югура, ялина-ялина охири олдим. Сўнг Бахтиёр акага чопдим. Борасола неча пулга қилиб берасиз, деб ҳам сўрамасдан уч юз сўмни паспортга қистириб, Абдусаид ака жўнатганини айтиб узатдим.
Маёр “кетдик” дея мўъжаз идорасининг ёнида турган яшил “Москвич”га ўтириб ўт олдирди. Ҳозирги “Миробод” бозори томондан ўтиб бориб тўрт қаватли ғиштин ётоқхоналар атрофида тўхтадик. Маёр бир ўрта яшар рус аёлига учради. Паспортни берди. Чамаси пулни олиб қолди. Мен у аёлнинг кўртсатмаси билан комендант номига ариза ёздим. Рус аёл Бахтиёр акадан тўрт-беш сўм умидвор бўлди. Нималарнидир баҳона қилган бўлди, бироқ мелиса ўрисчалаб кулиб аёлни кўзинг яхши, қобоғинг яхши дея алқади, сенинг устингдан ҳам иш қўзғасам нима қиласан, дея ёлғон пўписа ҳам қилди. Шундан сўнг аёл ожизона рози бўлди-да паспортни олиб қолди. Аниқ эслаёлмайман, чамаси эртаси куни пропискага муҳр урилган паспортимни қўлга олдим. Пропискага қўйилганим ҳақида маълумотнома ҳам беришди.
2
Шуйтиб аканг қарағай “Ёшлик” журнали ходими ҳам бўлдим.
1986 йилнинг 3 ноябри эди. Меҳнат дафтарчамга шу йил, шу сана, сўнгра “учётчик писем” номли иш тури ёзилган. Шу-шу “Ёшлик” журналининг содиқ ходимига айландим.
Ўшанда Абдусаид ака тез орада ҳозирги болалар газетаси, у вақтдаги “Ленин учқуни” газетасига бош муҳаррир бўлди. Устоз-устозлаб бориб тураман. Буни қарангки, у кишиям одамни “устоз” деб уялтиради.
– Газетамизнинг тиражи бир миллиондан ошди, устоз. Машҳур бўламан десангиз бизга ҳикоялар беринг, “Ёшлик” ўз йўлига, – деди бир куни.
Қоралаб қўйган бир-иккита ҳикояларимни олиб бордим. Ака кичикроқ ҳажмдаги бир ҳикоямни босиб юборди. Тағин расмим билан. Кейингиси катта ҳикоя эди, мавзуси ёшларга боғлиқ бўлсаям ёзилиш усули катталарга мос эди. Уч ё тўрт сонда бўлиниб бу ҳикоям ҳам чиқди. Жуда хурсанд бўлдим. Қатор-қатор хатлар ҳам олдим. Болаларнинг қайси мазмун, қайси йўсинда бўлмасин, ҳар қалай муносабат билдириб атай хат ёзиши бари бир ёқимли-да. Кейин яна бир ҳикоямни эълон қилишди. “Алла” деган ҳикоям “Саодат” журналида чиқди. Бу журналнинг ҳам адади чандон катта эдики, одамлар босиб ўқишарди. Маҳмуд Саъдийдек танқидчи “мана шу ҳикоянг бизга маъқул, аслида ҳақиқий асар шундай бўлади: ҳам руҳ, ҳам гап-сўз ўта миллий; колоритга ёпишиб ҳам олмагансан, орқада одам тақдири бор, қўшиқ ҳам бор, бу йўлда кетсанг балодай ёзувчи бўласан”, деганини эслайман.
Абдусаид аканинг одамшавандалиги, бағри кенглигига қаранг: мен ҳадеганда бостириб бориб, фалон ўртоғим ишсиз юрибди, ишга олмасангиз бўлмайди, деб тирғаладиган ҳам бўлдим. Дастлаб хокисор шоир дўстим, чустлик Ҳошимжон Мирзааҳмедовни ишга олинг, деб етаклаб бордим. Олди. Корректурага. Ҳошимжон меҳнат таътилига чиқувди, ўрнига бир ой ишлаб турсин, деб яна бир курсдошим Маматқул Исмоилов (Муҳаммад Исмоил)ни оборувдим, униям олди. Кейин Навоий вилоят газетасида ишлаб юрган дўстим – курсдошим Вафо Файзуллоҳ. Буниям олди. Бу орада М.Исмоил ва В.Файзуллоҳ уйланиб олган, бири Ховосга, бири Навоийга “хотинини кўргани” кетиб бир ҳафталаб йўқ бўлиб кетишади. Абдусаид ака бировлар орқали биздан сўратдириб қолади: шунақа бир ходимимиз бўларди, сизгаям таниш, мабодо дарагини билмадингизми?
Буларнинг ичида, албатта, Ҳошимжондан кўра тартиб-интизомлиси йўқ эди.
У ўта камтар, камсуқум, одобли ҳам кўнглимиз бир-бирига боп тушган эдими, биринчи курсданоқ иноқлашиб кетиб, биринчи семестр тугаши билан қийин-қистови билан Чуст тоғларининг қўйнида жойлашган Ғова қишлоғига борганмиз. Тоғларга чиқиб бинафша, чучмома, номини биз билмайдиган сариқ, сиёҳранг гуллар терганмиз, зилол ариқ сувларида нон бўктириб еганмиз. Ҳай-ҳай у кунлар! Садағанг кетай у кунлар!
3
Ҳошимжоннинг катта акаси Муҳиддинжон ака колхозда шофёр, ундан кичиги – Баҳромжон ака қишлоқ сартароши экан. Колхоз томорқага кичикроқ ер ажратаркану акалари шу ерга картошка экиб оз-моз тирикчилик қилишаркан. Отаси Эшонжон амаки Ҳошимжон ўқишга кирар кезда вафот этган экан. Мен онаси деб ўйлаганман, ўзи ҳам “ойи” деб атаган бир меҳрибон аёл асли опаси экан, жуда чучук тилли, Ҳошимжонга қўшиб бизниям боласидек алқаган. Кейин ҳам бир гал шу аёл Муҳиддинжон ака билан Тошкентга келган эди.
Э-э, бу Ҳошимжон деганингиз жуссаси кичик бўлса-да, дардга мустаҳкам экан. Ўшанда у онам ҳам йўқ, ғирт етимман, жўралар, деб ёзғиришни эп кўрмаган экан... Акаларини ҳам бундай камтар бўлганлари билан картошкадан хўб даромад қиладиган бой одамлар қилиб тушунтирган. Кўрдик: Ғовасой бўйидаги синч-гувалали кичик-кичик пастқам уйлар. Бой эмас, камбағал эди улар. Лекин қаноатли, соғлом, камтар: биз пақир меҳмонлар учун жонини ҳам бериб юборадиган одамлар эди.
Учинчи курсда эди шекилли, Ҳошимжон бир дардга чалинди. Қон қуйиш институти клиникасида ойлаб ётиб даволанадиган бўлди. Ўзи айтмагани учун бу касалликнинг маъносини тушунмас эдик. Бир гал уни кўришга борсак (орада пахта теримига кетиб анча вақт кўришмаган эдик) йигит чунонам семириб кетибди, ҳадеганда таниёлмай қолдик, сочлари ҳам жингалак тортиб, шокила-шокила бўлиб елкасига тушибди. (Ўзи у пайтлар соч ўстириш мода эди-ку). Биз унинг гулдирак кулгусидан таний олдик, холос. Худди эртакдагидек сеҳргар кампир унга қўлини бир сермаб бошқа одамга айлантириб қўйгандек гўё... Одатда у ғайир сочини калтароқ олдирар, шунда ҳам орқага тараб юрарди. То касал бўлгунича, албатта. Фақат кўзлари ўша-ўша. У билан кўришганда феълидан келиб чиқиб одамни бир зум ҳам ўйлашга қўймас эди: кулдираверарди, кулдираверарди. Қаёқдан қайнаб чиқар экан бу гаплар – ҳайрон қолардинг. Ўшандаям бир гуруҳ курсдошлар унинг ҳузуридан думалаб қолгунча қота-қота кулиб чиқдик. Ташқарига чиққанда негадир йиғлагим келди. Бунинг дарди ёмон, айтмаяпти, деб ўйладим. Курсдошим Санобарга шу гапни айтиб ёрилсам, уям хўрсиниб қўйди. “Мен тентак у тез орада соғаяди-ку, деб гул овоппан, ўзи курсдошлар пул йиғиб дори олсак бўлармиди”, деди. Ҳа-я, шу нарса нега хаёлимизга келмапти-я. Йўқ, Ҳошимжон бизнинг бундоқ ҳомийлигимизга йўл қўймади. Негадир шундай қилди. “Ҳаммаси яхши, яқинда ўзим чиқиб бораман, уринманглар”, деди.
Чиқдиям. Лекин ҳар олти ойда камида бир ой ётиб даволанадиган бўлди. Курсимиздан қолди. Қуйи босқичдаги Мамадали Эроновларнинг гуруҳида ўқий бошлади. Кейин пича озди. Соч эса жингалаклигича қолди. Билсак, беморхонада қон қуйиш асноси гармон дорилар беравераркан, у одамни шишириб юбораркан.
Мен ижара квартирасидан қувилганман. Вафо Навоийга кетиб қолган. Ҳошимжон икков квартира излай-излай Олимпия шаҳарчасидан бир уй топдик. Абдураҳмон ака деган киши эди. Тўлов муҳлати келса, кириб олиб эзмаланаверарди. Бир гапнинг тайини йўқ, нуқул эзмаланади. Қоронғу тушади, ётар бўлади, ўн-ўн беш чойнак чой ҳам ичилиб кетади, акам кетмайди – бир зайлда, биз такрор-такрор эшитган саргузаштларни, майишатларини гапираверади, гапираверади – ҳеч тўхтамайди. Ҳар-ҳар замонда:
– Сизларда ота-она борми? Пулни қаттан оласанлар? Журналист бўлсаларинг кўп тўлашадими? – деган “маънодор” саволлар ҳам бериб қўядики, Ҳошимжон билан иккимиз бир-биримизга қараб қоламиз-да, ҳамма гапларнинг ўзак мағзини тушуниб оламиз: дарвоқе, бугун биринчи число-ку!..
Ўзи ёши борса, элликдадир – нега мунча каловланади?
Хотини, бир қизи билан рўпарадаги эшикда туришади.
– Вой адаси, шу боллардан квартир ҳақи сўраш мунча қийинми: тўла, бўлмаса чиқиб кет – тамом. Эзмаланишларини-чи...
– Мен буларга тушунтирвомман-де. Ёш боллар, бунинг устига қишлоқдан келишган. Ота-оналариям борми-йўқми...
Шундай дея Абдураҳмон акамиз қари одамлардек инқиллай-синқиллай туради ва:
– Эртага тағин бир хавар оларман, а, боллар... – деб қўяди.
Кетгач қотиб-қотиб куламиз.
Бултурги йили пахта мавсумида бўлган воқеага хаёлим кетади. 7 ноябр эди. Байрам. Абдуқаюм Абдураҳмонов деган домла бизга раҳбар. Қаердандир қўшни “Абай” совхозиданми, ароқ опкелиб ичишимизгаям шахсан рухсат беради. Кичкина эмасмиз, учинчи босқичдамиз. Аммо меъёридан кўпроқ отиб қўйибмиз. Ҳошимжон билан пахтазор четида қоронғуликда бу ҳаётни баланд пардаларда тинимсиз сўкиб кетаётибмиз, йигит бирдан шеърий йўсинга ўтиб олди-ку. Есенин усулида, майин, аммо дардчил шеърлар. Ўзига хос бўлмаган қўл силкишлар, оёқ тепкилари (ғўзами, кесакми – зарб билан тепиб юборади) синфониясида ўқийверди. Онаси ҳақидаям бир-икки шеър ўқиди. Бирида мазмунан “бу гал борганимда қабрингдан ўсибди қизғалдоқлар” деган маънони уқиб тек қотиб қолдим. У эса энди йиғлаб ўқимоққа тушди. Ўқиб бўлиб баралла ҳўнграб юборди. Мен уни қучоқлаб олганман, ўзимниям тўхтатолмаяпман. Эмранишиб, бир-биримизни суяшиб турсак, қаердандир тентираклаб Вафо келиб қолди.
– Ҳой, нима гап, жўралар? Нима бўлди сизларга ўзи?
Шунда ҳайрон қолдим: Ҳошимжон ҳарбийлардек тез йиғиштириниб, ўзини тутиб олди. Кулди. Ҳа, кулди. Латифа айта бошлади...
Мен эса унинг етимлигидан тамом воқиф бўлиб, шоирлигигаям таҳсинлар айта бошлаган, қўшилиб ҳўнграй бошлагандим. Энди эса дабдурустдан унинг латифаларига кулишни эплаёлмай ҳиқичоқ тутган одамдай нуқул ҳиқиллар эдим.
Вафо бўлса Ҳошимжоннинг навбатдаги латифаларига ёввойилардай “ваҳ-ҳай, ваҳ-ҳай” дея қўлларини қўполдан-қўпол кўтариб портлаб куларди-ю:
– Лекин, жўралар, бир нарсани айтмаяпсизлар-да, – деб ўпкалар эди...
4
Абдураҳмон акамизнинг хотинини Ҳошимжон “шустрий хоним” деб атарди. Албатта, орқадан. Ўзимиз учун. Эрининг чайналишига қарама-қарши ўлароқ хоним тезда мақсадга кўчиб масалага ойдинлик киритиб қўяқоларди.
Ака чиқиб кетгач, Ҳошимжон:
– Одамга ботадиям демайди, иккаламизниям етимга чиқариб қўйдими бу синглингни... – деди сўкиниб. Бундан: “мен-ку ғирт етимман, гаплари сизга ботмадими?” деган маънони уқдим.
5
Ҳошимжон “Ленин учқуни”га, Абдусаид Кўчимовнинг қўлига энди ишга ўтган маҳаллар. Шу кунларда биз азбаройи қўлимиз калталигидан, Абдураҳмон акадай эзма-зиқнанинг квартирасига ортиқ пул етказолмай, дўстимиз Муҳаммад Исмоилнинг ундови билан Қорақамишнинг бир четидаги ишчилар ётоқхонасига кўчиб ўтдик. Битта сектсияда 5-6 киши турамиз. Муҳаммад Исмоил бир хонани тўлиқ эгаллаган. Кечаси билан ғўнғир-ғўнғир гапириниб ижод қилади. Биз ишдан қайтгач, А.Ахматова, М.Светаева, В.Хлебников, Б.Пастернакдан қисқа-юлуқ лектсиялар эшитамиз шоирдан, гапини асослаш учун бизга тушуниксиз узуқ-узуқ русча шеърлардан ўқиб қолади. Мен айтаётган нарсалар асли адабиёт бўлади, демоқчи бўлади. Ўзи яқинда уйланган, хотини Ховосда, ишламайдиям, бир ой-икки ойда уйига бориб мен фалон жойда ишлаяпман, дейди. Бир гал бу “рост гап”ни тасдиқлатиш учун мениям опкетган, акаси Аҳмад акага, онаси – ҳожи онага “шундоқ, жигит “Ленин учқуни”да ишлаётир” деб шубҳаларини тарқатиб келганман. Аҳмад ака ишонқирамай:
– Ҳай билмадим-да, Собирбой, бунинг ишлаши... – деб елка қисган.
Кўп ўтмай ишлаган ва тез орада ишлари юришиб ҳаммамизни чангда қолдириб кетган. Деганим, бунгаям, юқорида тилга олганим – Абдусаид ака сабабчи.
6
Буларни Абдусаид ака ишга олди. Кейинчалик ҳам қаноти остида ҳимоя қилди. Қаерда бўлсаям суяб юрди, эркалик қилса аяди, гуноҳ қилса – кечирди. Ака шу даражада синчилми ё бағоят кўнгли кенглигиданми, ҳечқурса менга: “Эй, Собирбой, опкелган одаминг мундай экан-ку, аввал айтмаб эдинг” деб юзимга солмаган. Чиппа-чин ишонган. Ҳолбуки мен аканинг ишончини қозониб, бир нарсани дўндириб ҳам қўймаганман, аксинча ўзимни ҳамон қарздор деб билар эдим.
Шунақа қарздорлик ҳиссини Ҳошимжон ҳам ўйлаб юрар экан, бир куни ёрилди:
– Устоз, бир чойхонага чақириб меҳмон қилайлик акаларни. Нима дейсиз?
Хўп дедим-у, ўйладим: ўша маҳалларда ичимлик топиш муаммога айланиб қолган эди. Ҳамхонамиз, Чилонзорда участковой бўлиб ишлайдиган, юридик институтнинг кечки бўлимида ўқийдиган олмалиқлик Эркиндан бу масалани ҳал қилишни сўрадик. Шу йигит ҳам ичимлик муаммосини ҳал қилолмаса денг. Икки кун орқасидан юриб, бошлиғига кириб, у киши бировларга телефон қилиб, ниҳоят, икки дона ароқ топдик. Набиев паркининг орқасида, Ғани Аъзамов яшайдиган маҳаллада бир арзон чойхона бор экан. Гаплашиб келиб акаларни: Абдусаид ака билан муҳаррирни чорладик. Ош қилдик, ҳалигиларни қўйдик. Етмай қолди, албатта. Ғарибона дастурхон бўлди-да. Абдусаид ака шундаям бекорга овора бўлганимизни, шусиз ҳам бизни яхши кўришини айтди. Ошдан чиқиб бекатга бориб кечки автобусда ўзининг Қўйлиқ томондаги уйига кетди. Таксига ўтиринг, икки-уч сўм тўлаб юборамиз десак, унамади. Ҳа, аканинг Қўйлиқдаги икки хонали уйига отаси Кўчим бобо қазо қилганда фотиҳага борган эдим. Ўша кунги ғариб базмда М.Исмоил, Ҳошимжон, Эркин, Комил Жумаевлар – ҳамхоналар жам эди. Табиийки, бояги нарса томоғимизга урвоқ ҳам бўлмай ўтиб кетганди. Ҳурматли меҳмонларни-ку кузатдик, энди ўзимиз бир нарса ташкил қилишимиз зарур эди. Шунда Муҳаммаджондан ташаббус чиқди. Яқин орадаги Чиғатойдаги лўли маҳаллада вино бўлармиш. Ичкиликка қаттиқ турилган давр эканми, лўли холалар ҳам у ёқ бу ёқларга қараниб, болохонадаги пичанлар ичидан вино опчиқиб беришгани ёдимда.
Беш норғул Набиев паркининг қоронғу бурчагида виноларни “через горло” ошқозонга бўшатдик. Кейин бирданига очилиб, бахтли одамларга айландик. Вузгородокдаги ётоқхоналарга, таниш қизлар ёнига бормоқчи бўлдик: мардмиз. Аммо чўнтак деганимиз қуриб бўлган экан, автобусда кетишга ҳам чақаларимиз қолмапти. Алкашлардай ғинғир-ғўнғир, ким ашула айтган, ким шеър – бир-биримизга суйкала-суйкала Қорақамишнинг нариги чети, ботқоқ қамишзор ёнидаги ётоқхонага судралиб етиб бордик.
Ботқоқ сув ёнидалигиданми, аксар подваллари сувга тўлиб кетганиданми, ётоқхонада пашша кўп эди, кечаси деярли ухлатмас, ухласак ҳам эрталаб, калтак егандай юзимиз моматалоқ кўкариб уйғонардик.
Ҳошимжон билан анчагача гурунглашиб ётдик. Уям бир чечилди. Сочнинг жингалаклашгани мавзусига келганда бир рост гапни айтди.
Ўтган гал биз борган палатасида олти киши ётганини, ўшалардан бир ой ичида фақат бир ўзи тирик қолганини сўзлади. Шунда ҳам умидсизликка тушмай “чорт” деб қўйди.
– Наҳотки?! – деб юборибман.
– Шундоқ кулиб гаплашиб ўтираверади, кун бўйи қарта ўйнаймиз, кечаси бирдан оғирлашиб қоладию, қайтиб келмайди: ўша ёқдан мўргга обориб ташлашган бўлади. Ачинамиз, эртаси куни унинг қилиқларини эслаймиз. Ўзимизни овутамиз. Бироқ... бир кун ўтиб, тағин биримиз... Яшашнинг қизиғи қолмади, устоз...
Мен унга далда бермоқчи бўламан-у, нима дейишни билмайман. Қайтанга, аксинча, ўзи бизни овутади, бу қийинчиликлар ўтиб, ҳали катта ижодкорлар бўлишимизни башорат қилади.
– Ўзи, устоз, бу қанақа касаллик?
– Оққон.
– Оққон?
– Ҳа, қон раки, устоз...
Сўнг орқасидан бир латифа айтиб юборади-да, аввал ўзи портлаб кулиб юборади, ихтиёрсиз биз ҳам қўшиламиз.
7
Комил “Гулистон” журналига ўтди. Ҳошимжон “Ленин учқуни”га, Эркинимиз – мелиса. Муҳаммаджонимиз кечаси билан қўнғиздай ғўнг-ғўнг қилиб, чой ичиб, ижод қилиб юради-юради-да, тонгдан шомгача пўриллаб ухлайди. Яшаш шароитимиз талабаларникидан тузукмас. Боз устига, – бундай воқеалар тез-тез бўлиб туради, – меҳмон келиб қолса – урди Худо. Кимнидир йўқлаб келган меҳмонга ҳам бошқаларга нимадир егизишинг керак. Қийинлиги шунда.
Ҳошимжоннинг йўқлайдиганлари бор. Улар ҳам ўзига ўхшаган беозор одамлар. Уйидагилари унинг касаллигини билишмайдиям. Шунчаки, ўзининг табиати ва иродасидан келиб чиқиб айтмаган, яширган, холос.
Дард устига чипқондек Қашқадарёдан Норқобил Жалил келиб бизга қўшилиб олди. Чўнтагида ҳемири йўқ, иш керак, пул керак, яна хотинидан ажрашган – бўйдоқ, уйланиши ҳам керак, уй керак: ўзимиз қатори. Кўрпа-тўшагиям йўқ. Кечаси ўлардай пашшага таланамиз – уйқу йўқ. Ётар вақти ётоқхонадагиларнинг кўпчилиги пашшадан қутулиш илинжида кўрпа-тўшагини кўтариб тепа туйнук орқали томга, шиғирлаган шағал тошлар устига чиқиб ётадиган бўлди. Бу одат менгаям юқди. Том усти салқин, кўрпага ўраниб бурканасану қотиб ухлайверасан, пашша киролмайди. Қуёш чиқиб кун қизиганда туйнукдан кўрпангни кўтариб пастга – ўз кулбангга тушиб борасан. Ҳошимжон бунақа кўрпа кўтариб юришларга ҳафсала қилмас эди. Шу боисдандир, у пашшага кўпроқ таланди ва оқибат касали қайта қўзиди. Бу сафар ҳозирги Қатортол кўчасидаги Қон қуйиш институти филиалида ётди. Идорамизга жуда яқин жойда бўлгани учун кунига, кунора кираман. Олим ака деган бир бераҳм даволовчи врачи бор экан, дори-уколларни бермайди. Бир журналист акамизнинг таниши экан, унга телефон қилдирдик, бари бир фойдаси бўлмади. Охири, Ҳошимжон бехабар, мен уйидагиларга хабар бердим. Муҳиддинжон ака билан опаси куйиб-пишиб, йиғлаб-сиқтаб келиб қолишди. Дўхтир билан расамадини келтириб гаплашишибди чоғи, кейин даволашни ҳам бошлаб юборишди. Ҳошимжоннинг опаси менга:
– Ўзингиз кўз-қулоқ бўлиб туринг, укажон! – деб илтимос қилди.
Ҳошимжон тағин шишиб кетди. Акалари тез-тез хабар оладиган бўлишди. Дўхтир уларга “бу-тузалмайдиган касаллик” дебди, хавотирга тушиб қолишди. Муҳиддинжон ака бир куни Ҳошимжонни касалхонадан олиб чиқиб Чустга – ўзининг қишлоғига олиб кетди. Бир ойдан кўпроқ у ёқда қолиб кетди. Ўрнига Муҳаммаджон корректор бўлиб ишлаб турди.
Ҳошимжон келди. Анча тетик, бардам. Сабабини сўрасам, акалари тоғдаги қирғиз овчиларга илтимос қилиб суғур оттириб келиб Ҳошимжонга егизишибди. Зўр нарса экан, фойдасини аниқ билдим, деди дўстим. Шу-шу касалхонага қайтиб бормади. Бироқ ўнг оёғини авайлаб босиб бир ёнга жижжа энгашиб қадам ташлайдиган бўлиб қолди. Энди тағин Қорақамишдаги ётоқхонада пашшага ем бўлиб яшамаслигимиз керак эди. Квартира топиш пайидан бўлдик. Бу сафар ҳам Абдусаид ака жонимизга оро кирди. Идорасидаги Раъно деган аёлнинг Юнусободда бир бўш квартираси бор экан, одам қўйиш ниятида эмиш. Хуллас, Абдусаид аканинг далдаси билан шу ёққа узун-қисқа бўлиб кўчиб келдик. М.Исмоил, К.Жумаев, Н.Жалил, Ҳошимжон, камина.
Ўша – ит ётиш мирза туришу, ҳар қалай коса-товоғимиз жойида, иссиқ овқат қиламиз, вақтида еб-ичамиз, ювинамиз. Энг муҳими – пашшадан қутулганмиз.
Ўйлаб қарасам, ҳар биримиз бу ердан мустақил бўлиб чиқиб кетибмиз. Муҳаммаджон – кечгача уйқуни урадиган шоир биринчи бўлиб уй олди. Хотини, боласини кўчириб келиб кириб яшай бошлади. Комил уйланди. Кейин Ҳошимжон. Ундан кейин – Эркин. Икки кун ўтгач мен...
Бу шоҳона кулбамизга ҳам Абдусаид ака бир келди. Ҳошимжонга акалари олтита каклик жўнатишибди. Акани чақирамиз, буларни ошга босамиз, дедик. Энди, Абдусаид ака бизни ҳар куни шунақа каклик-пакликлар еб ётади, деб ўйламаган чиқар, ҳар нечук, маош олиб одамдай яшаётганимизни кўриб хурсанд бўлди.
– Ҳошимжон, бу “какибак-какибак” деб сайрайди-я?
– Ҳа, устоз, “какибак” дейди.
– Ҳозир бу жонивор бирдан қанот боғлаб “какибак” деворса-я!
Кулишамиз.
Ишхонада кўрсак ҳам Абдусаид ака бирдан шўтаноқлиги тутиб, “қанотларини” ёяди-да:
– Какибак-какибак, – деб юборади бирдан баланд овозда.
Бегоналар кўрса нима деб ўйларкин, дея аланг-жаланг атрофга қараб қўямиз.
Демоқчи бўлганим – ака мудом шогирдларини ўзидан узоқлаштириб юбормайди, яхшилик қилиб чарчамайди. Беписанд бўлишни хаёлигаям келтирмайди.
Ёзувчилар уюшмасида, Вазирлар Маҳкамасида, Радиода, Президент девонида, сўнг Телерадиокомпанияда масъул лавозимларда ишлаб юрганида ҳам бунга қайта-қайта гувоҳ бўлдим.
8
Саксон тўққизинчи йилнинг июни эди. Ҳошимжон уйланди. Қишлоғидан – Раънохон деган иболи, ақлли, одобли, кўҳликкина қизга. Тўйга биз билан қўшилишиб Абдусаид ака, Ғаффор акалар ҳам борди. Чуст томонларда базм дегани ихчамроқ бўлар экан. Ўртани ўраб турадиган бир қатор стол, унинг орқасидан бир қатор стул қўйиларкану енгил егуликлар тортилиб, асосан ёшлар ўйин-кулгу қилишаркан. Шунда ҳам тўй эгалари Тошкентдан келган ҳурматли меҳмонлар учун бошқача зиёфат уюштиришган. Акалар сўзга чиқиб Ҳошимжоннинг шаънига илиқ табриклар изҳор этишган.
Фарғона воқеалари яқинда бўлиб ўтган эди. Абдусаид ака шериклари билан ўша ерлик танишлари ҳамроҳлигида воқеа жойларини кўриш учун жўнаб кетишган.
9
Ака радиоқўмитада раҳбар бўлганида Ҳошимжон ва яна бир қанча шогирдлари устознинг изидан боришган. Телерадиокомпания рислигида эса яна ўшалар гуриллаб телевидениега ўтиб олишган.
Айтдим-ку, устоз бировга меҳри тушиб қолса қаноти остида тутиб юришни истар эди. Чамаси унга ёрдами тегаётганидан даставвал ўзи мамнун бўлар эди.
Саидазим Мардиев, Минҳожиддин Мирзо, Ҳошимжон Мирзааҳмедов, Муҳаммад Исмоиллар энди телевидениеда фаолият юритишди. Айтиш жоизки, мураккаб, ўзига хос муҳитга эга, минглаб ишчи, техник ходиму журналист, шоир-ёзувчию кекса-ёшни бирлаштирган улкан идорада бош бўлиш осон эмасди. Чамаси бундай жойда раҳбарни гуруҳбозлик, манфаатлар тўқнашуви, ҳар хил иғво, казо-казоларнинг босими ҳам қийнаб юборади. Буларнинг барисига иродасини ишга солиб дош беришгина етарли эмас-ку. Ташаббус билан кўрсатувларни янгилаш, ҳар хил лойиҳаларни жорий этиш, ислоҳотлар ўтказиш, муҳими кўрсатувлар сифатини яхшилаш, одамлар кўриб, завқланиб “баракалла” дейдиган даражага олиб чиқиш вазифаси турибди. Яна энг муҳими – телевидение давлат сиёсатининг ойнаси. Ножоиз, бўлар-бўлмас гаплар, савияси паст кўрсатувлар, сиёсий саводсизлик, нохолис танқид, кераксиз мақтов, хонандаларнинг экран талашишлари... Буларнинг бари раҳбардан нафақат ҳушёрлик, керак пайтда чўрткесарликни, масалани дарҳол бир томонга, лекин холисона, адолат юзасидан ҳал қилишни талаб этмайдими?.. Шундай, акада фавқулодда ҳушёрлик, фавқулодда жасорат, ғайратни кўрар эдим.
Аканинг бир гал нолиганини эшитганман:
– Биласизми, ука, мен бундай идорадан яна икки-учтасини бирлаштириб берсаям эплайман, куч топаман. Чунки муҳтарам Президентимиз бизга тўғри йўлни кўрсатиб турибди. Мен бу борада ҳеч қачон иккиланмайман. Бироқ ўзинг ишонган одамларинг гоҳ пулга сотилиб, гоҳ мансаб бермаганинг учун тинимсиз иғво уюштириши одамни эзади. Илгари ҳатто юрагим қаерда жойлашганини ўйламас эдим, энди бўлса шу қурғур санчадиган бўлди...
Мен буни оз бўлса-да ҳис қилар эдим. Журнални қўй, қачонгача обуна, пул деб югурасан, телевидениега кел, дея таклиф қилганида ҳам оёғим тортмаган. Қайдам, балки Худо ўнглагандир...
А. Кўчимов Президент девонида масъул лавозимда ишлаётганида ҳам газеталарга турли мавзуларда мақолалар ташкил қилганини биламан. Ижодкорларнинг фаолиятини кучайтириш, кенгайтиришни ўйлар эди. Ёзувчиларнинг публитсистик чиқишларига кўп эътибор берганини кўрганман. Шахсан ўзимга ҳам маънавият мавзуларида мақола ёзишни тавсия этган, айни маҳалда ёзилажак мақоланинг руҳи, йўналиши, нималарга урғу беришни ҳам тушунтирган эди. Ўша мақолалар марказий газеталарда чоп этилган, сир эмаски, кейин ўзимнинг ҳам кўнглим тўлган эди.
10
Абдусаид ака ҳозир фаолият юритаётган “Хабар” газетасида ҳам ижодий муҳит ҳукмрон. Ўзи эринмасдан материалларни компютерга солиб, ўқиб, тузатиб, ифода – берилиш шаклларини ходимларга батафсил уқтириб ўтиради. Муҳими – ижод қиляпти. Ахир, ижодкордан нима қолади – яхши сўз, эзгу фикр, қайноқ дард – шулар сингдирилган чин асарлар.
2003 йилмиди “Баланд тоғлар” деган сайланмаси чиқди. Жуда гўзал қисса ва ҳикоялари бор. Қаҳрамон ҳолатларини ҳаракатлантирувчи чизиқ, гап-сўзлар табиийлигини топади. Жуда топади. “Оқ каптарлар ороли”, “Баланд тоғлар остида” қиссалари, “Бойчечак” ҳикоясида бу фазилат ёрқин намоён бўлган.
Икки-уч йил бурун чиройли бир шеърий тўпламини чоп эттирди. Ишқ-муҳаббатга тўла ҳароратли шеърлар.
Тўхтовсиз эсселар ёзяпти. П.Қодиров. О.Ёқубов, Қ.Йўлдошев, А.Жумаевлар ҳақида ажойиб, керак бўлса, бадиий қиссадан кам бўлмаган эсселар ёзди. Устоз Одил ака ҳақидагисини биз журналда бердик. Ёзувчининг шу даражада тафаккури уйғонганки, тавба, бу узун лавҳа, узун сўзлар – суҳбатларни қандай эсида сақлаб қолди экан, деб ҳайратга тушасан.
11
Чамамда 1988 йил эди, ўша вақтдаги Иттифоқнинг марказий нашри бўлмиш “Правда” газетасида бир танқидий мақола чоп этилди. Айниқса, ёзувчилар орасида тез шов-шув бўлиб кетди. Унда Ўзбекистон матбуотида бу Республика Россия таркибига куч билан қўшиб олинган мазмунидаги миллатчилик руҳидаги мақолалар кўпайиб кетди дейилиб, нуқул болалар газетаси бўлмиш “Ленин учқуни” газетасидан мисоллар олинган. Эсимда, учта мақолани шарҳлаган, бири тарихчи М.Ҳасановнинг мақоласи, бошқа икковиям шу газеталардан олинган. Бош муҳаррир – А.Кўчимов! Бу, биринчи навбатда муҳаррирга қаратилган сиёсий зарба эди.
Ҳолбуки, қайси газетани, журнални олиб қараманг, бу хил мазмундаги жанговар руҳли мақолани топиш мумкин эди. Суриштирсак, мақола муаллифи украиналик бир ғаламис журналист экан. Бошқа матбуотда ҳам шу мазмундаги материаллар берилаётган эди деяпмиз-у, аслини олганда бари бир вазият қалтис эди. Чунки шўро мафкурасининг тиши ҳар қандай одамнинг бошини “чирт” узиб ташлаши, сиёсий бир бўрон қўпса, унча-мунчаларни осмону фалакка кўтариб, сўнг ерга қапиштириб ташлаши мумкин эди. “Пахта иши”нинг қама-қамалари бунга мисол. Ҳали бундоқ хуружларнинг ҳиди атрофимизда анқиб турарди.
Шунда ўзбек зиёлилари, айниқса, ёзувчилар бир оёққа қалққанига гувоҳ бўлганман.
Эсласанг юрагинг ўртанади!..
Одамлар нақадар мустақил яшашга муҳтож экан.
Биз ҳам қараб турмай СССР давлат раҳбари М.Горбачёвга, “Правда”нинг бош муҳарририга, яна аллакимларга бу мақола туҳмат, бўҳтонлиги ҳақида бир талай нусхаларда шошилинч телеграммалар ёзиб Москвага жўнатганмиз.
Шунда кўрганман: Абдусаид акани ёқтирмай, ортидан зимдан ғаламислик қилиб юрувчи баъзи ижодкорлар ҳам телеграммага қўл қўйган. Балки уялганидандир, балки бу зарба бугун Кўчимовга тушаяпти, эртага менга ёки бошқасига ҳам тушиши мумкин-ку. Тек қараб туриш керакми, дея инсоф нуқтаи назаридан қарагани учундир. Ҳарқалай шундай бўлган эди. Адашмасам юз элликдан зиёд шоир-ёзувчи қўл қўйган. Оқсоқоллар ўзлари алоҳида телеграмма жўнатишган. Ўзимизнинг ҳукуматга ҳам хат ёзганларини эслаяпман...
На бўлғай, қўпган бўрон зиёлилар, ижодкорларнинг виждонини қўзғатгани учундир балки, ҳар нечук катта талафот солмай, яъни Абдусаид акани “учирмай” ўтди. Аммо ўшанда аканинг юрагидан нималар ўтганини, қайси маҳкамаларга чақиришганию не дашномлар эшитгани менга қоронғу. Ака бундай нолишларни ёқтирмайдиган, қийин вазиятларда ҳам кулгуга буриб юборадиган одам.
Муҳаррир ишда қолди.
Энди эҳтиёткор, ҳушёр бўлгандир дерсиз?
Қайда! Яна шундай мақолалар қатор-қатор кетаверди. Аксинча, бошқа газеталар болалар газетасидан улгу ола бошлашди. Шунда кўп ёзувчилар, шоирлар, зиёлилар мисолида, давлатимиз, тилимиз, ҳудудимиз мустақиллигини ёқлаб чиққан элнинг бир парчасини кўрган бўлсам, Абдусаид Кўчимов тимсолида эгаллаб турган вазифасидан бир лаҳзада учиб кетишдан чўчимай эл дардини ўзидан баланд қўя олган мард муҳаррирни кўрганман.
Ахир, вақти келиб, бари бир ҳақ қарор топар экан-ку!
12
Иттифоқо бир гал тушликда чой ичиб ўтирибмиз. Ака Ҳошимжоннинг вафот этганини эшитиб жуда афсусланди. Эслаб ўйланиб қолди. Ҳошимжоннинг ошқозонида яра бор экан, шу очилиб, оператсия қилишга тўғри кепти. Кейин қон тўхтамаган. Шу... 45 ёшга ҳам кириб-кирмай ке-этди чин дунёга.
Ака фарзандларини сўради. Хабар олиб туринглар деди. Жуда тоза йигит эди-да, деди тағин.
Яқинда у ҳақда “Ўзбекистон овози” газетасида мақола берганимни айтдим. Сўнг даставвал каминани “прописка”га қўйиб берганини, ҳикояларимни чоп этиб мени машҳур қилгани, Ҳошимжон, Муҳаммаджонларни оборганимда ишга олганини эслатмоқчи бўлдим.
– Шунақа бўлувдими, – деди у киши хиёл очилгандай бўлиб. – Эсимда йўқ.
– Наҳотки?
– Балки. Яхши одам яхши одамни опкелади-ку деб ўйлагандирман-да. Тўғриси – эсимда йўқ.
Мен у вақтлар Абдусаид аканинг хаёлидан кўтарилиб кетганига ишонмайман. Шунчаки...
Шунчаки, қилган яхшилигини пеш қилишни, бировларга ўхшаб “мен фалончига мундай ёрдам қилган эдим, энди назарга илмади, яхшиликка жавоб шу экан-да”, дея ёзғиришни ёмон кўради, холос.
Бу – баъзи одамларнинггина қўлидан келади.
Ростини айтсам – руҳан, қалбан кучли одамлар шундай қила оладилар!..

«Ёшлик» журналининг 2010 йил, 6-сонидан олинди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика