Муттаҳамнинг парвози (II-... [Tadeush Dolenga-Mostovich]

Муттаҳамнинг парвози (II-... [Tadeush Dolenga-Mostovich]
Муттаҳамнинг парвози (II-... [Tadeush Dolenga-Mostovich]
8-боб
Жанжал Нинанинг олди очиқ кечки кўйлагини кийиб, ойна олдида сочини одатдагидан кўпроқ тараганидан бошланди.
Табиатан зийрак Кася буни дарҳол пайқади.
— Балларда киядиган кўйлагингни киймабсан-да, — деди у гўё беғараз гапиргандай қилиб.
— Кася!
— Хўш!
— Заҳарханда қилишинг мутлақо ўринсиз.
— Нимага қайтадан кийиндинг бўлмаса?
— Шунчаки шу кўйлакни кийгим келди. Уни анчадан бери киймаган эдим.
— Уни ўзингга ярашишини жуда яхши биласан! — дея қичқирди Кася.
— Ҳа, биламан, — деди жилмайиб Нина ва Касяга сузилиб қараб қўйди.
— Нина
Нина ҳамон жилмаярди.
— Нина! Бас қил! — Кася ҳозиргина ўқиб ўтирган китобини бир четга қараб улоқтирди-да, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Сўнгра у Нинанинг олдига келиб тўхтади ва жаҳл билан деди:
— Мен нафратланаман — тушуняпсанми? — эркакка ёқиш учун ўзини... — у кучлироқ ибора қидириб бир зум жимиб қолди, — ўзини фоҳиша қилиб кўрсатадиган аёллардан нафратланаман, — деди у ниҳоят оғзига келганини қайтармай.
Нинанинг ранги оқариб кетди.
— Кася, сен мени ҳақорат қиляпсан!
— Эркакка ёқиш учун ўзини турли кўйга соладиган аёл менга — очиғини айтганим учун кечирасану — қанжиққа ўхшаб кўринади... Ҳа, ҳа, қанжиққа ўхшаб кўринади.
Нинанинг кўзларида ёш милтиради. У бир зум Касяга тикилиб турди-да, сўнг қўллари билан бошини чангаллаганича йиғлаб юборди. Ҳўнграшдан унинг бўйни қизариб, икки елкаси силкинарди.
Кася муштини қисди, бироқ у ғоят ғазаби қайнаб кетганидан ўзини тутолмай қолганди.
— Балки, пешинда ундан телеграмма келганидан бери кайфиятинг ўзгариб қолганини ҳам инкор этарсан? Балким, Дизма учун қайта кийинмадим ҳам дерсан? Уни мафтун қилиш учун бир соатдан бери ўзингни ойнага солаётганингни ҳам тан олмассан?
— Эй худойим, эй худойим! — дея ҳўнграрди Нина.
— Бу ишингдан жирканаман, тушундингми?
Нина сапчиб ўрнидан турди. Унинг жиққа ёшга тўла кўзлари исёнкорлик билан чақнаб кетди.
— Майли, майли! — деди у ғазаб билан шивирлаб. — Тўғри! Рост айтдинг! Уни мафтун қилмоқчиман! Унга ёқишни истайман!.. Сен бундан жирканяпсан... Лекин бир ўйлаб кўр, балки, сен билан икковимиз бундан ҳам жирканчлироқдирмиз?
Кася икки қўлини биқинига тираб, хахолаб кулиб юборди:
— Топган одамингни қара-ю!
У истеҳзо билан Нинани мағлуб қилмоқчи эди, бироқ Куницкая хоним сира тап тортмай бошини кўтарди-да:
— Ҳа, топдим! — деди.
— Ахир у бетамиз махлуқ-ку! — деди ғазаб билан Кася. — Маймун!.. Горилла!
— Ҳа, ҳа! Хўш, нима қилибди? — дея қизариб қичқира бошлади қизишиб кетган Нина. — У қўполми? Майли. Замонавий эркакнинг тимсоли у! Кучли одам. Билдингми? У ҳаётни забт этувчи ғолиб!.. Нега ўзинг доим менга ҳақиқий аёл эканлигимни уқтириб келдинг?.. Мен сенга ишондим, мана энди йўлимда ҳақиқий эркакни учратганимда...
— Нар махлуқни учратганимда деявир, — илондек вишиллади Кася.
Нина нафасн ичига тушиб, лабини тишлади.
— Нима дединг?.. Яхши. Нар ҳам бўла қолсин. Лекин ўзим мода эмасманми?
— Маҳлуқнинг модасисан.
— Бекор айтибсан! Пан Никодим махлуқ эмас. Унинг меҳрибон одам эканлигига менда етарли далиллар бор. Қўрсликни эса пан Никодим атайлаб қилади. Унинг ўзини тутиш услуби шунақа. Қайтангга мен сенга ачинишим керак экан. Табиат сенга аёллик туйғусини раво кўрмабди, сен бу ажойиб кучнинг ҳаётбахш лаззатини, эркакларга хос қудратиинг дастлабки нишонасини бутун вужудинг билан ҳис этиш қобилиятидан маҳрум экансан... Ҳа, ҳа-, худди ибтидосини айтяпман...
— Бу дейман, сен шарм-ҳаёни ҳам унутиб қўйганга ўхшайсан.
— Ёлғон, ёлғон жўрттага ёлғон гапиряпсан: шарм-ҳаёни йиғиштириб қўйиб, очиқчасига гаплашиш керак, деб ўзинг айтган эдинг-ку, ахир...
— Бунақа тумтароқли гапнинг нима кераги бор? — дея совуқ истеҳзо билан унинг сўзини бўлди Кася. — Ундан кўра, қани энди тезроқ қўйнимга кира қолса, бирга ётишга юрагим тўкилиб турибди, деб қўя қол.
У гапни давом этмоқчи эди, лекин Нина юзини дастрўмоли билан ёпганича яна йиғлаб юборганини кўриб, жимиб қолди.
— Қандай бераҳм... қандай шафқатсиз экансан! — деди Нина ҳўнг-ҳўнг йиғлар экан.
Касянинг кўзларида ўт чақнаб кетди.
— Мен-а? Мен бераҳмманми? Шу гапни менга айтяпсанми, Нина? Нина!
— Энди фақат ўзимни ўзим ўлдиришим қолди... ё тангрим, ё парвардигор, қандай ёлғизман-а!..
Кася стаканга сув қуйиб, Нинага узатди:
— Мановини ич, Нина, ўзингни бос, ича қол, жонгинам!
— Йўқ, ичмайман... Мени тинч қўй, тинч қўй мени...
— Ича қол, Нина.
— Ичмайман, кет бу ердан, сенда шафқат деган нарса йўқ экан...
Нинанинг бармоқлари орасидан кўз ёшлари оқиб тушмоқда эди. Кася уни қучоқлаб ширин сўзлар билан юпата бошлади. Шу пайт Иина бирдан сесканиб тушди. Узоқдан автомобиль гудоги эшитилган эди.
Орадан бир минут ўтар-ўтмас машина чироғи ғира-шира хонани ёритиб юборди.
— Бўлди, Нина, кўп йиғлайверма, кўзларинг қизариб кетди.
— Барибир овқатлангани тушмайман, — деди Нина ва яна ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди.
Кася унинг ёшдан ҳўл бўлиб кетган юзи, кўзлари, титраётган лаблари ва сочларидан ўпа бошлади.
— Бўлди, бўлди, йиғлама, Ниночка. Ўзинг биласан, қўполман, феълим ёмон, кечир мени, жонгинам....
У гўё Нинанинг титраб-қақшашини босмоқчи бўлгандай, уни қаттиқроқ қучоқлади.
— Ниночка, жонгинам Ниночка!
Эшикда оқсоч хотин пайдо бўлиб, овқат тайёр эканлигини хабар қилди.
— Хўжайинга беканинг бошлари оғриб турганини айт... Биз овқатлангани тушмаймиз...
Оқсоч хотин чиқиб кетгач, Нина Касядан уни ёлғиз қолдириб, пастга тушиб кетаверишини илтимос қилди. Бироқ Кася бу ҳақда эшитишни ҳам истамади. Эшик яна тақиллаганида, Нина ҳамон пиқиллаб, дастрўмоли билан кўзларини артмоқда эди.
Хонага Куницкий югуриб кирди. Унинг оғзи қулоғида эди.
— Тезроқ пастга тушинглар, — деди у шушулаб, — Дизма қайтиб келди. Унинг қандай ишлар қилиб келгани тушингизга ҳам кирмаган! Тилла одам экан! Мен айтган нарсаларнинг ҳаммасини бажо қилибди! Туша қолинглар! Мен ундан сизлар тушмагунингизча индамай туришини илтимос қилдим.
Куницкий хурсанд бўлиб кетганидан аёлларнинг ади-бади айтишиб қолганини эндигина фаҳмлади.
— Нима гап бўлди ўзи? Пастга туша қолсаларинг-чи! Қўйинглар ўша...
У яна нимадир демоқчи эди, бироқ Кася ўрнидан сапчиб туриб, эшикни кўрсатганича қичқирди:
— Жўнанг бу ердан!..
— Ахир...
— Ҳозир жўнанг, деяпман!
Куницкий донг қотиб қолди. Унинг митти кўзларида нафрат учқунлади. Чол қўпол қилиб сўкинди-да, ташқарига чиқиб, эшикни шарақлатиб ёпди. Уни вестибюлда кутиб ўтирган Никодим диванда бир сапчиб тушди.
— Нима бўлди? — дея сўради у хизматкордан.
Хизматкор маънодор жилмайиб, тушунтирди:
— Чамаси, қизлари пан жаноби олийларини қувиб чиқарган бўлса керак.
Сўнгги сўзларни хизматкор шивирлаб айтди, чунки зинапояда Куницкий кўриниб қолган эди. Унинг чеҳраси ёришиб турарди.
— Аттанг, азизим пан Никодим! Буни қарангки, хотинимнинг боши қаттиқ оғриб қолибди, шу боисдан у овқатлангани тушолмас экан. Кася эса боёқишни ёлғиз қолдиргиси келмаяпти. На чора, хе-хе-хе, хонимларсиз овқатланамиз шекилли.
У Дизманинг қўлтиғидан олиб, емакхонага бошлади. Хизматкорлар у ерда хонимларнинг кераксиз бўлиб қолган идиш-товоқларини аллақачон йиғиштириб қўйишган экан.
Куницкий Дизмадан Варшава ҳамда Гроднода қилган ишларинннг тафсилотларини суриштира бошлади. Ҳар бир жавобдан сўнг у стулдан сапчиб турарди-да, сонига урарди, лабидан бол томиб, Никодимни мақтарди.
— Биласизми, азизим пан Никодим, — дея хитоб қилди у ниҳоят, — бу ишингиз натижасида Коборовонинг даромади йилига юз-юз қирқ минг злотийга кўпаяди. Бу сизнинг тантьемангиз, келишувимизга биноан, йилига қирқ мингдан ошиб кетди, дегани бўлади. Қалай? Ҳаракатларингиз зое кетмабдими?
— Шундай бўлса керак.
— «Бўлса кўрак» деганингиз нимаси?
— Кўп пул сарфлашга тўғри келди. Мен маошимни оширарсиз, деб умид қилувдим.
— Хўп, яхши, — дея совуққина жавоб қилди Куницкий, — беш юз злотий қўшаман. Шунда роппа-расо уч минг бўлади.
Дизма раҳмат демоқчи бўлди-ю, бироқ Куницкий унга безовталаниб қараб турганини сезгач, стулда тебраниб:
— Бу кам. Уч минг беш юз злотий, — деди.
— Кўплик қилмасмикин?
— Кўплик қилмасмикин? Сиз шундай деб ўйлайсизми? Бўпти, агар сизга уч минг беш юз кўплик қилса, у ҳолда тўрт минг.
Куницкий жунжикиб, гапни ҳазилга айлантирмоқчи бўлган эди, бироқ Дизма:
— Тўрт минг! — дея такрорлади.
Куницкий жуда иложини тополмагандан кейин Дизманинг ҳар қандай қийин ишни осонгина бажариб келганини пардалаб мақтади-да, ниҳоят розилик билдиришга мажбур бўлди.
— Ишимизнинг юришиб кетгани оқибати бахайр бўлишидан далолат беряпти, шунинг учун ҳам бажону дил розиман.
— Бу нима деганингиз? — ажабланди Дизма. — Иш ҳали тугагани йўқми?
— Ёғоч олиш иши тугади, албатта, Лекин, пан Никодим, сиз юз-юз эллик минг злотийлик тантьемани рад этмассиз? А?
— Хўш?
— Бунинг чораси бор, тўғрироғи, бунга сиз чора топишингиз мумкин.
— Мен-а?
— Ҳа, албатта, сиз, азизим пан Никодим. Рост, анча елиб-югуришга тўғри келади. Темир йўл министрлигида танишларингиз йўқми мабодо?
— Темир йўл министрлигидами? Ҳм... Топилиши мумкин.
— Ана кўрдингизми, — деди хурсанд бўлиб Куницкий. — У ерда темир йўл қурилишига шпал етказиб беришни пудратга ололмайсизми? А? Буни иш деса бўлади. Анча пул ишлаб олиш мумкин!
— Шпал сотиб, пул ишлаб олдингиз шекилли, — деди Дизма.
Куницкий хижолат тортди.
— Сиз анови процессни айтяпсизми? Онт ичиб айтаман, душманларимни ҳийласи эди бу. Улардан қутулиб бўлмас экан... Ҳа, ҳа, ҳийла эди! Судьялар мени оқлашга мажбур бўлишди. Қўлимда рад қилиб бўлмайдиган далиллар бор эди.
Куницкий суҳбатдошини диққат билан кузатарди, лекин Дизма индамасди. Чол бундан безовта бўла бошлади.
— Ўша процесс пудрат олишимизга халал бериши мумкин, деб ўйлаяпсизми?
— Ҳарқалай, ёрдам бермаса керак.
— Лекин бирор чора топишингиз мумкиндир? А? Билиб қўйинг, қўлимда ҳужжатларим бор; зарурат туғилса, айбсизлигимни иккинчи марта исботлашим мумкин.
Куницкий бу ишнинг тафсилотлари ҳақида яна узоқ гап сотиб, суддаги нутқидан баъзи жойларини айтиб берди.
У суҳбатдошининг мудраб ўтирганини сезганида вақт ярим кеча бўлиб қолган эди.
— Чарчабсиз. Энди ётиб ухланг. Сиздан илтимос қиламан, азизим пан Никодим, ўзингизни чарчатманг. Хўжаликка назар ташлаб турсангиз, сиздан миниатдор бўламан, албатта. Ахир икки ёрти бир бутун деганлар, лекин ҳозирча, худога шукур, соғлиғим яхши, шу боисдан сизга кўп иш юкламоқчи эмасман. Дам олинг, ўз уйингиздагидек юраверинг.
— Раҳмат, — деди Дизма эснаб.
— Ҳа, яна бир илтимосим бор. Агар вақтингиз, истагингиз бўлса, менинг хонимларим билан шуғуллансангиз. Кася-ку отда сайр қилиб, бир оз спорт билан шуғулланади-я, лекин боёқиш хотиним уззукун уйда сиқилиб ўтиради. Гаплашадигап одам йўқ, бош оғриғи ҳам, хафақонлик ҳам ана шундан. Доим фақат Кася билан муносабатда бўлиш унинг асабларига ёмон таъсир қилса керак. Шу боисдан бир оз вақтингизни аямай, улар билан шуғуллансангиз, ғоят хурсанд бўлардим.
Дизма Нинанинг кўнглини очишга ваъда қилди ва тўшакка чўзилар экан, хаёлидан ўтказди:
«Бу қари туллак ўлгудай содда экан. Хотини шундоқ ҳам менга ошиқу беқарор бўлиб юрибди-ю, у бўлса, кўнглини очгин, дейди-я».
Дизма ёстиққа суяниб ўтирди-да, кармонидан пулини олиб санаб чиқди, сўнг бир варақ қоғозда йиллик даромадини ҳисоблай бошлади ва тантьемаси қанча бўлишини чамалаб кўрди. Шу пайт бирдан қўшни хонада оҳиста қадам товуши эшитилди. Кимдир стулларга туртилиб-суртилганича, қоронғида пайпасланиб келмоқда эди. Соат бирдан ошганди. Қизиқиб қолган Никодим қўшни хонага қараш учун ўрнидан турмоқчи бўлган эди, тунги меҳмон бирдан унинг хонаси олдида тўхтади. Тутқич секин буралиб, эшик очила бошлади.
Остонада Кася пайдо бўлди.
Дизма кўзларини ишқаб, ҳайратдан оғзи очилиб қолди.
Қиз эгнига қизил ёқа тутилган қора шойи пижама кийиб олганди. У киприклари остидан тўшакда ўтирган Никодимга бир қараб қўйди-да, эшикни аста ёпиб, унга яқинлашиб келди. Қизнинг юзида хижолат деган нарсадан асар ҳам кўрмаган Дизма Касяга борган сайин ҳайратланиб қараб турарди.
— Халал бермадимми? — сўради Кася сира тап тортмай.
— Менгами?.. Йўғ-е, нималар деяпсиз.
— Папиросим тугаб қолипти, — деди қиз бепарвогина.
— Мен ўйлабманки...
— Нима деб ўйладингиз?.. — дея ҳаёсизлик билан сўради Кася.
Никодим хижолат тортди.
— Мен... менда бирор ишингиз бор эканми, деб ўйлабман.
Кася папирос тутатиб, бош ирғади:
— Ҳа, ишим ҳам бор.
У стулни яқиироқ сурди-да, оёғини чалиштириб ўтирди. Унинг қизил атлас туфлиси билан шимининг почаси орасидан офтобда қорайган ингичка оёғи кўриниб кетди. Никодим илгари аёл кишининг шим кийганини сира кўрмаган эди, шунинг учун ҳам Касянинг бу кўриниши унга ўтакетган одобсизлик бўлиб туюлди. Ўртадаги сукутни Касянинг паст овози бузди:
— Сиз билан очиқчасига гаплашмоқчиман. Нинага нисбатан қандай ниятингиз бор?
— Меними?
— Гапни айлантиришга уринманг. Саволимни эркакчасига аниқ жавоб беришингиз керак. Уни ўзингизга мойил қилишга ҳаракат қилаётганингизни инкор этмассиз ахир. Хўш, нима мақсадда шундай қиляпсиз.
Дизма елкасини қисди.
— Сизни деб эрини ташлашига умид қилмаётгандирсиз, ахир. Агар унга ёқиб қолган бўлсангиз, бу ҳали ҳеч нимадан далолат бермайди.
— Унга ёқиб қолганимни қаёқдан биласиз? — сўради қизиқиб Никодим.
— Бунинг аҳамияти йўқ. Мен сизнинг кимлигингизни — жентльменмисиз ёки виждонли аёлнинг заифлигидан фойдаланадиган одаммисиз — шуни билгани келдим. Агар Нинани ўзингизга ўйнаш қилиб олсангиз, сизни аблаҳ дейман.
Кася қизишиб кетганидан деярли хириллаб гапирмоқда эди. Унинг кўзлари ғазаб билан ёниб турарди.
— Нега менга ёпишиб олдингиз? — дея жавоб қилди Никодим зардаси қайнаб. — Нима, мен сизнинг ишларингизга тумшуғимни тиқяпманми?
— Э, шунақа денг! Бу гапингиз билан, разиллик қилиш ниятим бор, демоқчимисиз? Қани, энди башарангизга қамчин билан тушириб бир ҳузур қилсам!
— Нима? — ўшқирди Дизма. — Кимни? Мени-я?
— Ҳа, Сизни! Сизни! — дея нафрат билан пишиллади Кася кичик муштчаларини қисиб.
Дизманинг жаҳли чиқиб кетди. Бу мишиқи қизча нима деб ўйлаяпти ўзи! Тунда келиб яна...
Кася бирдан сапчиб турди-да, унинг қўлидан ушлади.
— Унга тегманг! Эшитяпсизми! Унга тега кўрманг.
Касянинг лаблари титраб турарди. Никодим қўлини тортиб олди.
— Нима истасам, шуни қиламан! Билдингизми? Гапингизга қулоқ солишни ҳам истамайман!
Кася лабини тишлаб, дераза олдига борди.
— Уни қарангу... — деди қизнинг ортидан Дизма. Никодим вазиятни тушунолмай қолганди. Тўғри, Нина уни ёқтириб қолганлиги, ҳақидаги хабар унга мойдай ёқди, бироқ у нега бу нарсадан Касянинг шу қадар ғазабланаётгани, қиз нега ўз шубҳасини отасига бориб айтиш ўрнига, тунда унинг олдига кириб келганини тушунолмай гаранг эди. У Касянинг Куницкийни ёмон кўришини биларди, лекин у ҳолда қиз нега ўгай онасининг эрига садоқатли бўлиши учун ўлиб-тириляпти? Бу боёнларнинг ҳаммаси телва-тескари бўлади...
Бу орада Кася яна унга ўгирилган эди, Никодим баттар ажабланиб қолди. Қиз унга нозу карашма билан жилмайиб қараб турарди.
— Сиз мендан хафамисиз? — дея сўради очиқдан-очиқ тегишиб Кася. — Жуда хафамисиз?
— Жуда хафаман, албатта.
— Лекин мени бу ердан қувиб чиқармассиз ахир? Ўтирсам майлими?
— Ухлаш керак, — дея тўнғилладя Никодим.
Қиз шўхлик билан кулди-да, тўшакнинг четига ўтирди.
— Нима, сиз тунларни доим шунақа тиззангизни қўлтиқлаб ётиб ўтказасизми? Бир ўзингиз-а?
Никодим унга таажжубланиб қаради. Мана, қиз аста унга энгашди. Унинг тўқ қизил лаблари очилиб, садафдек тишлари кўриниб кетди. Қизнинг офтобда қорайган юзларига қон югуриб, бурун парраги титрарди. Никодим Касянинг бундай жозибали эканлигини биринчи бор кўриши эди. Фақат унинг кўзларидаги ифода ўзгармаганди. У Никодимга пайваста қошлари остидан синчковлик билан совуқ тикилиб турарди.
— Сиз, эҳтимол, Варшаванн соғинаётгандирсиз, ахир у ерда эркаклар бу ердагидай, Кобороводагидай тунларни ёлғиз ўтказишмайди-да. О, сизни тушунаман...
— Нимани тушунасиз? — иккиланиб сўради Никодим.
— Нега Нинанинг бошини айлантирмоқчи эканлигингизни-да.
— Мен сираям унинг бошини айлантирмоқчи эмасман. — деди ростига кўчиб Никодим.
Кася кулиб юборди ва бирдан бошини эгиб юзини унинг лабларига суртди.
«Гап, бу ёқда экан-да, — дея хаёлидан ўтказди Никодим. — Рашк қилибди. Буниси ҳам мени яхши кўриб қолибди-ю!».
— Пан Никодим, — дея ноз билан гап бошлади Кася, — тушунаман, сиз бу ерда ҳам аёлсиз туролмайсиз, лекин нега бу аёл худди Нина бўлиши керак? Наҳот мен сизга сира ёқмасам?
Кўрпа жуда юпқа бўлиб, Никодим қизнинг ҳароратини аниқ сезиб турарди.
— Нега энди, сиз ҳам менга ёқасиз...
— Мен Нинадан ёшроқман... Кейин ундан сира қолишмайман. Мана қаранг!
У сакраб туриб, вюключатель олдига югуриб борди. Чироқ ёниб, хона ичи ёришиб кетди.
— Мана, бир қаранг-а, бир қаранг-а...
Қиз икки-уч ҳаракат билан пижамасининг тугмаларини ечиб ташлади. Қора шойи хушбичим қоматдан сирғалиб аста ерга тушди.
Никодим бутунлай довдираб қолди. У ҳаёсизлик билан қип-яланғоч бўлиб олган бу ғалати қизга бақрайиб қараб турарди. Қиз шу қадар яқин турардики, Никодим қўлини чўзиб, бемалол унинг қорамағиз баданидан ушлаши мумкин эди.
— Хўш, қалай? Сизга ёқаманми?
Кася аста кулиб қўйди.
Никодим тўшакда анграйиб ўтираверди.
— Мен жуда чиройлиман.. — Кася ноз билан бошини юқори кўтарди. — Эҳтимол, сизни баданимнинг силлиқлиги-ю, таранглиги қизиқтираётгандир? Марҳамат, тортинманг!..
Кася кулганича тўшак четига яқинлашди.
— Қани!
Унинг кулгусида қандайдир кишини чўчитадиган бир нарса бор эди. Никодим қимир этмай ўтираверди.
— Балки, мени бузуқ деб ўйлаётгандирсиз?.. А? Йўқ, гўзал пан Никодим, мен иффатимни сақлаб қолганман. Агар Нинадан мени афзал кўрсангиз, бунга ҳозироқ ишонч ҳосил қилишингиз мумкин... Қани!.. Бунча тортинасиз!..
У тўшакка чўккалади-да, Никодимнинг бошини кўкрагига босди. Дизма юзига унинг нокдек диркиллаб турган сийнаси текканини ҳис этди, димоғига ёш баданнииг кишини маст қилувчи ўткир ҳиди урилди.
— Қани!..
— Ҳе, жин урсин! — тишларини қисиб деди Дизма, Касяни маҳкам қучоқлар экан.
Кася юзига унинг ҳароратли нафаси урилганини ҳис этди. Четларида қаттиқ тук ўсган лаблар қизнинг лабини излай бошлади. Касянинг қўли терлаган жундор гавдага тегиб кетди. Азбаройи жирканганидан унинг томоғи бўғила бошлади.
— Қўйвор, қўйвор, қўйвор мени... Жирканяпман! Йўқол!
Нозик гавда қўпол қўллардан силкиниб чиқишга ҳаракат қилди. Бироқ қутулолмади.
Кася Нинага бўлган муҳаббатига ортиқча баҳо бериб юборгани, манови қурбонлик унга оғирлик қилиши, бу қучоқларга киришдан кўра ўлгани яхшилигини энди тушунди.
Аммо у кечиккан эди.
Қиз қўллари титраб пижамасииинг тугмасини қадар экан, Никодим кулиб деди:
— Ўзинг ҳам зўр қиз экансан-да.
Кася унга нафрат билан қараб қўйди, бироқ Дизма буни тушунмай қўшимча қилди:
— Яхши бўлди-а?
— Тўнғиз! — деди тишларини қисиб Кася ва хонадан югуриб чиқиб кетди.
Дизма бу қизга аслида нима кераклигини яна тушунолмай қолди. Ўзи келди, ўзи шуни истади, кейин бўлса...
У анчагача ухлаёлмай ётди. У бу воқеани ўйлаб, Кася чиндан ҳам мендан нафратланар экан, энди у билан ошиқ-маъшуқлик қилиб бўлмайди, деган хулосага келди.
«Уларнинг ҳаммаси ақлдан озган экан» — деган хулосага келди Никодим Понимирскийни эслаб.
Эртасига нонушта қилгани фақат Нина келди. Унинг айтишича, Касянинг тоби қочиб қолганмиш.
Никодим Нинани кузатар экан, тунги воқеадан унинг хабари йўқлигига ишонч ҳосил қилди.
Кечқурун Куницкий қайтиб келди ва алламаҳалгача Дизманинг бошини қотириб ўтирди.
Никодим Касяни фақат эртасига эрталаб, емакхонага кетаётганидагина учратди. Унинг таъзимига жавобан Кася димоғдорлик билан бош ирғаб қўя қолди. Нина аллақачон пастга тушиб ўтирган экан. Иккови ҳам индамасди. Ўртадаги оғир жимликни бузиш учун бирор нарса дейиш лозим эди. Дизма яхши ҳаво ҳақида оғиз очган ҳам эдики, Кася истеҳзо билан деди:
— Вой-бўй, демак, сиз, буни ғайри табиий ҳодиса, деб ўйлаган экансиз-да а?
Никодим тарелкасига озгина чўчқа гўштидан солиш учун қўлини чўзганида енги мойга тегиб кетди. Кася ичқоралик билан кулиб юборди:
— Шундай ажойиб костюм булғанди-я! Афсус! Шундай чиройли, шундай дид билан тикилган костюм-а! Сиз кийимни Лондонда тиктирсангиз керак-а?
— Йўқ, мен тайёрини сотиб оламан, — дея соддалик билан жавоб берди Никодим.
У кесатиқни тушунмай, костюмининг қизга ёқиши мумкинлигидан ажабланди. Дизма Нинанинг бу пичинглардан сўнг Касяга таъна билан қараб-қараб қўйиши сабабини ҳам тушунмади.
— Энди нима дейсан, — дея гап қотди Нина, — пан Никодим таъзирингни берди-ку. Уддабурон бўлгани учун ҳам у олифтагарчиликни билмайди, деб айтувдиму сенга, — Кася қўл сочиқни ғижимлаб ташлади-да, ўрнидан турди.
— Бу билан менинг нима ишим бор! Яхши қолинглар.
— Сен Круповга кетяпсанми?
— Ҳа.
— Тушгача қайтасанми?
— Билмадим. Кўраман.
Қиз чиқиб кетгач, Дизма эҳтиёткорлик билан сўради:
— Кася нега аччиғланяпти?
Нина бош ирғади:
— Рост айтдингиз. У аччиғланяпти... Эҳтимол... Бўш вақтингиз борми?
— Бор, албатта.
— Қайиқда сайр қилмаймизми?
— Бўпти.
Нина рўмоли билан зонтигини олди, чунки қуёш аёвсиз олов пуркамоқда эди.
Улар анғиз оралаб кетган торгина сўқмоқдан сокин кўл томон боришарди. Нина эгнига енгилгина, деярли шаффоф оқ кўйлак кийиб олганди. Жувоннинг ортидан борар экан, Никодим унинг келишган оёқлари тархини яққол кўриб турарди. Қайиқлар ёнига бориш учун зовур устидаги кўприкчадан ўтиш лозим эди. Нина тараддудга тушиб қолди.
— Келинг, яхшиси айланиб ўтамиз.
— Кўприкдан қўрқяпсизми?
— Ҳа, бир оз.
— Қўрқманг. У мустаҳкам,
— Менинг бошим айланиб кетади, мувозанатни йўқотиб қўяман.
— Ҳм... Айланиб ўтиш шартми? Мен сизни кўтариб ўтказиб қўя қолай.
— Қўйинг-е, ноқулай бўлади, — деди Нина қувлик билан жилмайиб.
Дизма ҳам жилмайиб қўйди. У энгашиб, жувонни даст кўтариб олди. Нина қаршилик кўрсатмади, Никодим кўприк устига чиққач:
— Вой, эҳтиёт бўлинг... — дея унинг бўйнидан қучоқлаб, пинжига тиқилди.
Дизма атайлаб қадамини секинлатди ва аёлни кўприкдан анча нарига элтиб ерга қўйди. У гарчи чарчамаган бўлса-да, ҳансирай бошлади. Шунда Нина:
— Оғир эканманми? Мени узоқ кўтариб боролармидингиз? — дея сўради.
— Уч... беш миляга бемалол кўтариб борардим...
Аёл тез-тез юриб кетди, улар то сув бўйига етиб боргунча ҳам сўзлашмади.
— Гапимни ёмонликка йўймангу, — деди Нина, улар қирғоқдан анча нари сузиб кетишгач, — лекин менимча, аёл киши уни қўлида кўтариб юрадиган одами бўлмаса, ўзини бахтлиман деёлмайди. Маъжозий маънода эмас, йўқ, мени чинакамига қўлда кўтариб юришни айтяман.
Дизма эшкакни қўйиб юборди. У кичкина ва семиз Бочек билан унинг хотинини эслади. Бочекнинг хотини, ўлдим деганда, юз кило келарди. Бочек уни қўлида кўтариб юролмасди, албатта, лекин улар бахтли эдилар. Шуни эслар экан, Дизма жилмайиб қўйди.
— Ҳамма аёллар ҳам шунақа эмас, — дея эътироз билдирди у.
— Тўғри, аммо шунақа бўлмаган аёллар ўз моҳиятларининг маълум бир қисмини йўқотиб, аёллик латофатидан маҳрум бўлганлар ва эркакларга ўхшаб қолганлар. Масалан... Кася.
Унинг товушида бир оз адоват оҳанглари сезилмоқда эди.
— Нима, Кася билан жанжаллашиб қолдингларми?
— Йўқ, — дея жавоб қилди Нина, — у шунчаки мендан аччиғланиб юрибди.
— Нега энди?
Нина иккиланиб қолди.
— Нега дейсизми? Айтиш қийин... Эҳтимол, сизни ёқтириб қолганим учундир.
— Кася мени ёмон кўрадими?
— Гап унда эмас.
— Йўқ, ёмон кўради. Бугун нонушта маҳали роса пичинг қилди-ю менга...
— Лекин бу сизга таъсир қилмас экан. Қойиллатиб адабини бердингиз-да, ўзиниям. Сиз икки-уч сўз билан кишининг танобини тортиб қўя олар экансиз.
Дизма кулиб юборди. Шу пайт у Вареданинг Уляницкий қилган ҳазил ҳақидаги ҳикоясини эслади.
— Баъзан сўзсиз ҳам шундай қилиш мумкин. Шу йили май ойида Криницада яшаганимда мен билан пансионда бир маҳмадона яшаган эди. Вайсақи олифталар бўлади-ку, шунақалардан. Овқат пайти у менинг қаршимда ўтириб олиб, обдон сухандонлик қиларди. Нималар ҳақида гапирмасди дейсиз! Тағин чет тилларда гапирганига ўласизми! Барча унинг оғзига тикилиб ўтирарди. Аёллар-ку, унга ошиқу беқарор бўлиб қолишганди. У бўлса ҳаммани ўзига шайдо қилишга уринарди.
— Мен бунақа кўнгил очувчиларни яхши биламан, — дея гап қотди Нина. — Уларни кўргани кўзим йўқ.
— Менинг ҳам. Шундай қилиб, бир куни чидаб туролмадим. Ўша олифта ярим соатча тинимсиз гапирганидан сўнг энгашдим-да: «У-у-у-у!..» — дсб бир ўшқириб бердим.
Нина хахолаб кулиб юборди.
— Шунда у нима қилди? — дея сўради.
— Дарҳол нафаси ичига тушиб кетди. Ўша-ўша қорасини кўрсатмай қўйди. Жўнаб қолган бўлса керак.
— Эҳ, қандай ажойиб-а! Қилиғингиз шундоқ сезилиб турибди. Агар бу ишни ким қилганини айтмаган тақдирингизда ҳам, мен барибир, бу сиз эканлигингизни топган бўлардим. Ажойиб!
Дизма аёлни қойил қолдирганидан ғоят хурсанд эди.
— Биласизми, — дея давом этдн Нина. — Мен сиздака эркакни илгари сира учратмаган эдим. Менимча, сиз билан биз гўё жуда кўпдан бери танишдекмиз. Гўё мен у ёки бу ҳолда сиз ўзингизни қандай тутишингиз, нима дейишингизни олдиндан биладигандекман. Лекин энг ажабланарлиси шуки, мен ҳар гал сизнинг бирон-бир бошқа фазилатингизни пайқаб қоламан. Аммо барибир сиз тош-метинсиз.
— Нима?
— Тош-метин. Иш тутишларингиз режали, ҳисоб-китобли. Масалан, аёллар билан гаплашишингизни олайлик! Сиз уларни соддалигингиз билан мафтун этасиз. Тўғри, сиз бир оз дағалсиз, ҳатто қўполсиз ҳам дейишим мумкин. Аммо бунда фикрнинг теранлиги сезилади. Фақат уддабурон одам, ҳақиқий интеллектуалгина ўзини шундай тутиши мумкин. Бундай одам ҳиссиётга бсрилиб, вертерча йиғлоқилик қилмайди, ўзига зеб бермайди. О, сиз магазинчига ўхшайдиган одамлар сирасига кирмайсиз. Чунки улар бутун фазилатларини витринага тсриб қўядилар. Бу метафора учун мени кечиринг. Сиз метафорани ёқтирмасангиз керак-а?
Никодим бу сўзнинг маъносини тушунмасди, лекин у ҳар эҳтимолга қарши деди: — Нега энди... аксинча.
— Назокат юзасидан шундай деяпсиз. Лекин бу сизнинг руҳингизга тўғри келмас экан. Барокко сизга мутлақо бегона. Мен тўғри топдимми?
Дизманинг зардаси қайнай бошлади. «Она тилингда айтилаётган гапни эшитсангу, биронта сўзни тушунолмасанг!» — дея хуноб бўларди дилида Никодим.
— Тўғри топдингиз, албатта, — тўнғиллади у жавобан.
— Э, сиз ўзингиз ҳақида гапиришни ёмон кўрар экансиз!
— Ҳа. Иннайкейин ўзим ҳақимда ниманиям гапирардим.
У бир оз сукут қилиб ўтирди-да, сўнг бошқача оҳангда:
— Балки, ҳув анави ўрмонга сузиб борармиз? — деб сўради ва қарағайлар кўриниб турган қирғоққа ишора қилди.
— Яхши. Лекин энди эшкакни мен эшаман, сиз эса рулга ўтирасиз.
— Чарчаб қолмайсизми?
— Йўқ. Бир оз гимнастика қилсам ёмон бўлмайди.
Қайиқ жуда тор экан: улар жой алмашишаётганида мувозанатини йўқотмаслик учун бир-бирларини ушлаб ўтишларига тўғри келди.
— Сиз сузишни биласизми? — сўради Нина.
— Тўнканинг ўзгинасиман, — дея жавоб қилди Дизма ва кулиб юборди.
— Мен ҳам сузишни билмайман. Шунинг учун эҳтиёт бўлишимиз керак.
Улар ўрмонга яқинлашиб боришди. Офтобда қизиган қарағайларнинг ҳиди ҳавони тутиб кетганди.
— Чиқамизми? — сўради жувон.
— Майли. Бирпас сояда ўтирамиз.
Қайиқнинг тумшуғи қумлоқ соҳилга сирғалиб чиқди. Нарироқда, дарахтлар бошланган жойда ер қалин ва юмшоқ йўсин билан қопланган эди.
— Бу ер чиройли-я, тўғрими? — дея сўради Нина.
— Ҳа, ёмон эмас.
Улар йўсин устига ўтиришгач, Никодим папирос тутатди.
— Хатимни олганингизда жуда ажаблангандирсиз-а?
— Нега энди? Уни олганимда жуда хурсанд бўлдим, — деди жавобан Дизма, чўнтагидан энсиз конвертни олар экан, — кўз қорачиғидай асраб юрибман.
Нина хатни ёқиб юборишни илтимос қила бошлади: ахир у бировнинг қўлига тушиб қолиши мумкин.
— Эрим борлигини унутманг. Илтимос қиламан.
— Йўқ, уни сираям ёқмайман, — дея эътироз билдирди Дизма.
— Мени қўрқоқ деб ўйламанг. Шунчаки кўнгилсизлик бўлмасин деяпман.
Нина қўлини чўзди, бироқ Никодим хатни тепасига кўтарган эди, аёлнинг бўйи етмай қолди.
— Илтимос қиламан, бера қолинг.
— Бермайман, — дея жавоб қилди Никодим ва кулиб юборди.
Дизманинг ҳазиллашаётганини кўриб, Нина ҳам жилмайди. У фурсат пойлаб турди-да, хатни юлиб олмоқчи бўлиб, Никодимнинг елкасига таянди. Шунда Дизма уни қучоқлаб, ўпа бошлади. Аёл аввалига қаршилик кўрсатмоқчи бўлди, бироқ унинг бу ҳаракати узоққа чўзилмади.
Йироқдан, нариги соҳилдан Куницкийга қарашли тахта заводининг тақа-туқи элас-элас эшитилиб турарди.
Дизма қўлларини боши остига қўйиб, йўсин устига чўзилди. Нина унинг ёнида ғужанак бўлиб ўтирарди. У Никодим томон эгилиб, шивирлай бошлади:
— Нега, нега шундай қилдинг? Энди мен сени сираям унутолмайман... Энди илгаригига қараганда юз карра бахтсизроқ бўламан... Ё парвардигор, ё тангрим! Бу мудҳиш ҳаётда қандай яшайман энди... Сенсиз яшаёлмайман...
— Менсиз яшамайсан ҳалиям!
— Йўқ, йўқ, ундай дема! Қари эрини алдаб яшайдиган хотинлар хилидан эмасман. Ахир бу разиллик-ку.
— Лекин уни яхши кўрмайсан-ку...
— Ундан нафратланаман!
— Хўш, гап нимадаа бўлмаса? .
— Ўзингни тушунмаганга соласан-а. Мен риёкорлик билан яшаёлмайман. Бунга қурбим етмайди. Бу нарса сен билан ўтказган ҳар бир дақиқамни заҳарлаб туради... Эй, худойим! Қани энди бу кишандан қутула олсам!..
— Бунинг нимаси қийин экан? — Дизма елкасини қисди. — Эру хотинлар ҳар қадамда ажралишяпти-ку.
Нина лабларини тишлади.
— Мен тентак, разил аёлман. Мени қоралаб тўғри қиласан, лекин мен зеб-зийнатсиз, бойликсиз яшаёлмайман. Бундан ўзим ҳам уяламан... Сен бадавлат бўлганингда эди!
— Ҳали бойиб ҳам кетарман! Ким билади, дейсан!
— Жонгинам! — Нина, гўё ибодат қилаётган одамдек, қўлларини кўксига қўйди. — Жонгинам! Ахир сен жуда бақувват, жуда ақлли одамсан. Агар истасанг, ҳар нарсага эришишинг мумкин! Шундай эмасми?
— Ҳа, шундай, — деб жавоб қилди Никодим тараддудланиб.
— Ана, кўрдингми? Мени бу ердан олиб кет! Қутқар мени!
Шундай дея Нина йиғлаб юборди. Дизма уни қучоқлаб, бағрига босди. У жувонни қандай юпатишни билмас ва шу боисдан индамас эди.
— Қандай яхши, қандай меҳрибон одамсан-а! Сени қандай севишимни билсанг эди... Сендан яширишни истамайман, яширолмайман... Мендан нафратланишинг мумкин, лекин сенга ҳаммасини айтаман. Кечираман, деб ваъда бер! Эшитяпсанми, ваъда бер! Қандай бахтсиз, қандай заифлигимни ўзинг кўриб турибсан. Очиғини айтсам, унга қаршилик кўрсата олмадим. У ғайри табиий бир ҳолда кишини ўзига қаратиб олиш қобилиятига эга.
— Кимни айтяпсан?
— Касяни-да. Лекин онт ичаман, бу нарса иккинчи қайтарилмайди, Онт ичаман! Менга ишонасанми?
Никодим унинг нима ҳақида гапираётганини сира тушуна олмаса-да, ишонаман, дегандек бош ирғади. Нина унинг қўлидан тутиб ўпа бошлади.
— Қандай меҳрибонсан-а! Қандай меҳрибоисан-а! Дарвоқе, Кася Швейцарияга жўнаб кетяпти.
— Қачон.
— Келаси ҳафтада. Бир йилга кетяпти.
— Бир йилга, дейсанми? Унинг бу сафари эрингга роса қимматга тушса керак?
— Эрим бир тийин ҳам бермайди. Кася ундан сариқ чақа ҳам олмаса керак.
— Бўлмасам у ерда Кася нима билан тирикчилик қилади?
— Банкада унинг онасидан қолган пули бор.
— Шунақами? Билмаган эканмап. Пан Куницкий бу тўғрида менга ҳеч нима айтмаган эди.
— Эҳ, нега уни эслайсан! Кел, ўзимиз ҳақимизда гаплашайлик.
Нина кўнгли бузилиб, ҳаяжонланиб кетган эди.
Улар уйга индамай қайтишди.
Никодим билан Нина айвонда Қуницкийга дуч келиб қолишди. Чол одати бўйича илжайиб, митти қўлларини бир-бирига ишқарди. Чол уларнинг кайфиятларини, қандай сайр қилишганини сўраб-суриштирар экан, гўё ўз хушчақчақлигини атайлаб намойиш қилаётгандек туюларди. Гап унинг оғзидан шалола каби оқиб чиқар ва улар жавоб беришни истаган тақдирларида ҳам чолнинг гапи орасига бир оғиз ҳам сўз қистира олмаган бўлардилар.
— Хўш, юқори доираларда қандай янгиликлар бор?
— Яъни Варшавада демоқчимисиз? Ҳеч гап йўқ. Биз Яшунский ва Уляницкий билан менинг ғалла сотиб олиш борасидаги лойиҳам ҳақида гаплашдик.
— Шунақа денг! Хўш, хўш? Қаидай хулосага келдинглар? Иш юришяптими?
— Юришяпти шекилли, лекин айтиб қўяй; бу гаплар мутлақо сир сақланиши керак.
Куницкий бармоғини лабига қўйиб, шивирлади:
— Тушунаман! Жимм... Ана, хотиним келяпти, балки тушки овқатдан кейин гапириб берарсиз, Тезроқ айтмасангиз, ёрилиб кетаман.
— Ҳозироқ гапириб беришим мумкин, — дея жавоб қилди Никодим, — ахир пани Нина бу гапни ҳеч кимга айтмайдилар-ку. У кишининг олдиларида айтаверса бўлади.
— Нимани гапиряпсизлар? — дея сўради Нина уларга қарамасдан.
— Нина, билиб қўй, — огаҳлантирди Куницкий, — бу давлат сири. Пан Дизма ҳукумат билан ҳамкорликда мамлакатни иқтисодий кризисдан халос этиш планини тайёрлаяпти. Бу лойиҳа учун улар пан Дизманинг бошидан зар тўкишлари керак! Хўш, у ёғи нима бўлди, азизим пан Никодим?
Дизма ғалла облигациялари ҳақидаги бор гапни қисқача сўзлаб берди. Қуницкий митти қўлларини бир-бирига ишқаганича нуқул:
— Офарин, гениал иш! — дея такрорларди.
Нина эса лойиҳанинг гениал муаллифига ҳайратдан кўзларини катта очиб, тикилиб турарди.
— Фақат битта қийинчилик бор, — деди гапининг охирида Дизма. — Сотиб олинадиган ғаллани сақлаш учун жой топилмаяпти. Янги омборлар қуриш учун эса пул йўқ.
— Ҳа, чиндан ҳам жиддий масала! — дея хитоб қилди Куницкий. — Шошманг-чи... Пан Никодим, мана бундай қилинса нима дейсиз: айтайлик, давлат ғаллани сотиб олади-ю, лекин уни сотган одам ғаллани ўзида сақлайди, деб шарт қўяди. Кўпчиликнинг ғалла сақлайдиган жойи йўқ албатта, аммо помешчик учун сотилмаган ғалласини чиритиб, хонавайрон бўлишдан кўра, янги омбор қуриб, сотилган ғаллани сақлаш фойдалироқ, менимча, шундай қилса бўлади. Сиз нима дейсиз?
Дизма ҳанг-манг бўлиб қолди.
«Бу қари туллакнинг хўп калласи бор-да!» — дея дилидан ўтказди у ажабланиб ва ёлғондан йўтала бошлади.
— Биз бу ҳақдаям гаплашган эдик, — деди у сўнгра ҳар эҳтимолга қарши. — Эҳтимол шундай қилармиз ҳам.
Куницкий ўз фикрини кенгайтириб, давом эта бошлаган эди, Никодим биронта ҳам сўзни унутмасликка ҳаракат қилиб, диққат билан қулоқ солди. Шу пайт хизматкор пайдо бўлди.
— Пан жаноби олийларини телефонга чақиришяпти. Янги тахта тилиш заводингизда узатма қайиш чиқиб кетиб, қандайдир фалокат содир бўлипти.
— Нима? Нима дединг? Тезроқ автомобилни чақир! Кечирасиз!
Шундай дея Куницкий хонадан югуриб чиқиб кетди. Улар икковлари ўтириб овқатланишди.
— Сиз кўзга кўрннган экономист экансиз, — деди Нина кўзини дастурхондан узмай. — Чет элда ўқиганмисиз?
— Ҳа, Одсфордда, — деб дарров жавоб бердп Никодим.
Нинанинг юзига қон югурди.
— Оксфордда дейсизми? — Сиз... Сиз... у ерда Понимирскийни танимасмидингиз?..
Никодим қовун тушириб қўйганини фақат энди тушунди: ахир Нина истаган пайтида акасидан сўраб, унинг мисини чиқариши мумкир эди-да. Лекин ёлғон гапиришдан бўлак чора қолмаганди.
— Танирдим, албатта. У менинг яхши ошнам эди.
Нина жим бўлиб қолди.
— Унинг бошига қандай бахтсизлик тушганидан хабарингиз йўқми? — дея сўради у бир оз сукут қилиб тургач.
— Йўқ.
— У қандайдир оғир асабий касалликка чалинган. У жуда расво ишлар қилди: кўп ичарди, тинмай тўполон қиларди. Охири ақлдан озди. Бечора Жорж!.. Икки йил жиннихонада ётди. Уни бир оз даволашди. Энди тутқаноғи тутмайди, лекин, афсус, бутунлай тузалиб кетмади. Бечора Жорж. Уни деб қанчалар изтироб чекканимни билсангиз эди... Бунинг устига касали зўриққанидан сўнг у мени ёқтирмайдиган бўлиб қолди. Илгари биз бир-биримизни жуда яхши кўрардик. Биласизми, Жорж шу ерда, Коборовода...
— Ростдан-а?
— Ҳа, у паркдаги павильонда яшайди. Ёнида доим санитар юради. Сиз уни учратмаганлигингизнинг боиси бор. Врачлар уига одамлар билан муомалада бўлишии тақиқлаб қўйишган: бу нарса унга ёмон таъсир қилар экан. Лекин ким билсин, балки, эски дўсти билан учрашса зарар қилмас. У билан муносабатингиз яхши эдими?
— Бўлмасам-чи.
Нина буни эшитиб, хурсанд бўлиб кетди. Жувон уларни бир-бири билан учраштириш фикрига ёпишиб олди ва бу гапларни Куницкийдан сир тутишни илтимос қилиб, тушликдан сўнг павильонга боражакларини айтди. Никодим аввалига чап беришта уриниб кўрди, бироқ кейин шубҳа туғдиришдан чўчиб, рози бўлди.
Паркда, дарахтлар орасида Нина унинг бўйнидан қучиб, пинжига тиқилди. Никодим истар-истамас уни икки марта ўпди. У ёш граф билан учрашганида чуви чиқишидан хавфсираётган эди.
Нина Никодимнинг қўлтиғидан олди.
— Сиз ёнимда бўлганингизда ўзимни жуда яхши ҳис этаман, — дея гап бошлади у. — Ғоят осойишта сезаман ўзимни... Аёл киши печакка ўхшайди... У ер бағирлаб ўсаверади, лекин йўлида бирон дарахт танасини учратан заҳоти унга чирмашиб, қуёш сари бўй чўзади...
Дизма, бу жуда ўткир ўхшатиш экан, уни эслаб қолиш лозим, дея дилидан ўтказди.
Павильон Уйғониш даври услубида қурилган кичкина вилла экан. Унинг атрофида ёввойи узум ўсган бўлиб, новдалар орасидан ора-чора оппоқ девор кўриниб турарди. Вилла олдидаги майсазар ўртасига буклама кресло қўйилган бўлиб, унда граф мудраб ўтирарди.
Уларни худди одамнинг йўталишига ўхшаш ғалати ковиллаган лайча кутиб олди.
Понимирский эринчоқлик билан бошини ўгирди-да, офтобдан кўзини қисганича бирпас яқинлашиб келаётган Никодим билаи Нинага тикилиб турди. Сўнг ўрнидан сапчиб туриб, костюмини тўғрилади ва моноклини кўзига қистирди.
— Салом, Жорж, — дея унга қўлини чўзди Нина, — Олдинга Оксфордда бирга ўқиган ошнангни бошлаб келдим. Танияпсанми?
Понимирский уларга ишонқирамай қараб қўйди-да, сўнг шошилмайгина синглисининг қўлини ўпди. Унинг башарасидан кирдикори очилиб қолишидан чўчиётганлиги сезилиб турарди. Кейин у хўмрайганича Дизмага қўл узатди.
— Танияпман, албатта. Мени кўргани келганингиздан хурсандман, касбдош.
Сўнгра у шартта синглиси томон ўгирилди.
— Кечирасану, лекин бизни ёлғиз қолдиролмайсанми? Узоқ айрилиқдан сўнг гаплашадиган гапимиз кўп. Балки, сен шу ерда ўтириб турсанг, биз айланиб келармиз?
Нина эътироз билдирмади. У Никодимга маънодор қараб қўйди-да, павильон ичига кириб кетди.
Понимирский атрофга аланглаб, Дизмани нарироқдаги хиёбонга бошлади.
— Бу нимаси? — дея жаҳл билан сўради у башорат бармоғини Никодимнннг кўксига ниқтаб, — Аблаҳ, сен мени Нинага сотибсан-да? Эҳтимол, бор гапни муттаҳам Куникка ҳам айтиб бергандирсан?
— Худо сақласин, ҳеч кимга ҳеч нима айтганим йўқ.
— Сени Пшеленская холамга, Оксфорд университетида бирга ўқиган ошнам, деб таништирганимни синглим қаёқдан билди бўлмасам?
— Буни у билмайди. Оксфорд масаласига келсак, ўша ерда ўқиганман, деб ўзим айтдим. Гап келиб қолган эди, оғзимдан чиқиб кетди.
— Сен муттаҳамгина эмас, аҳмоқ ҳам экансан: ахир инглизчадан балониям билмайсан-ку?
— Ҳа, билмайман.
Понимирский курсига ўтириб кулиб юборди. Лайчаси унинг кулгисини эшитиб, эгасининг юзига диққат билан тикилиб қолди.
— Хўш, Пшеленская холам билан анови Кшепицкий сизни қандай кутиб олишди? Олдиларига солиб қувишмадим-и?
Дизма графнинг ёнига ўтирмоқчи эди, бироқ Понимирский уни имо билан тўхтатди:
— Сиздақа кишиларнинг ҳузуримда ўтиришларини ёқтирмайман. Қани, лўнда-лўнда гапиринг, лекин ёлғон ишлатманг.
Никодим телба одам билан гаплашаётганини билса-да, лекин негадир юраги пўкилларди. У министрдан ҳам, генераллардан ҳам, Варшавадаги бўлак нуфузли амалдорлардан ҳам бунчалик чўчимаган эди.
Дизма, Пшеленская уни яхши қабул қилгани, лекин хоним билан Кшепицкий ҳозир ҳеч нима қилиб бўлмаслиги сабабли бу ишни бир неча йил қўйиб туриш лозимлигини айтишгани ҳақида ҳикоя қила бошлади.
У гапини тугатгач, Понимирский пишиллаб сўради:
— Жин урсин! Ёлғон гапирмаяпсизми?
— Йўқ.
— Биласизми, умрим бино бўлиб, шундай сийқа, аҳмоқона ҳикояни эшитмагандим. Бирор мактабни тугатганмисиз ўзи?
Дизма индамай тураверди.
— Иш масаласига келсак, ундан воз кечадиган аҳмоқ эмасман. Тез кунда яна хат ёзаман, сиз уни Варшавага олиб борасиз. Хайр. Кетаверишингиз мумкин! Брут, бу ёққа!
— Пани Нина-чи? — ҳайиқиб эслатди Дизма.
— Нина дейсизми?.. Ҳа, айтгандай. Уни унутибман. У ҳолда юринг, бирга борамиз. Нинани олиб кетасиз. У менинг асабимга тегади.
Нина уларни хиёбон муюлишида кутиб олди.
— Хўш, ёшлигингизни эсладингизми? — сўради у жилмайиб.
— Албатта, — жавоб қилди Дизма.
— Азизим, — деди энсаси қотибгина Понимирский моноклини тўғрилар экан, — ёш ва бадавлат бўлган пайтимиздан қолган ўша хотиралар доим қалбимизни хушнуд этади. Шундай эмасми, қадрли касбдош?
Граф сўнгги сўзларни таъкидлаб айти-да, хахолаб кулиб юборди.
— Ҳа, албатта, касбдош, — дея тасдиқлади тараддудланиб Дизма. Буни эшитиб, Понимирскийнинг янада вақти чоғ бўлиб кетди.
— Биз фақат Оксфорд ва Лондон ҳақида гаплашдик, — деди у кулишда давом этиб. — У ерда роса шўхлик қилардик-да, ўзиям. Орадан шунча йил ўтгач, соф инглиз нутқини эшитиш менга қанчалик лаззат бағишлаганини тасаввур ҳам қилолмайсан, жонгинам...
У бармоқларининг учини Никодимнинг елкасига теккизиб сўради:
— Isn’t it? Old boy?
Дизманинг чакка томирлари ўйнаб кетди. У ўйлана-ўйлана, — худога минг қатла шукур! — ниҳоят баъзан нотариус Виндернинг ўғли Лисков киборлари орасида ишлатадиган ягона инглизча сўзни эслади:
— Yes!
Бу жавобдан Понимирскийнинг боши осмонга етди. Шу пайт Нина Никодимнинг саросимага тушганини сезиб, қайтиш вақти бўлганини айтди. Унга Никодим дўстининг аҳволини кўриб эзилиб кетгандек туюлди. Унинг бахтига, акаси Дизмани ортиқ тутиб турмади ва бошқа тентаклик қилмай хайрлаша қолди.
— Боёқиш Жорж! У жуда ўзгариб кетибдими? — дея сўради Нина улар хиёбондан кетишар экан.
— Йўқ, унчалик эмас. Эҳтимол, ҳали тузалиб кетар...
— Қошкийди... унинг касали сизга қандай ёмон таъсир қилганини сездим. Сизни уни олдига бошлаб бориб бекор қилдим шекилли.
— Нега энди?
— Биласизми, пан Никодим, яхшиси, унинг олдига бошқа борманг... балки, бу нарса унга зарар қилар. Врачлар, одамлар билан учрашса; асабийлашади, шу боисдан ҳаяжонланмагани маъқул, дейишган эди.
— Сиз нимани истасангиз, шу-да.
— Мен ҳеч пнмани истамайман, — дея Никодимнинг елкасига суйкалди Нина. — Сизга айтдим-қўйдим. Сиз эса, имоним комилки, қандай йўл маъқул бўлса, шундай йўл тутасиз.
Сўнгра у ўз қалбида гул очган баҳор ҳақида, ҳозирги воқеадан кўз юмиб, уни тезда унутиладиган қисқа туш деб ҳисоблаш лозимлиги тўғрисида гап очди. Шундан кейин Дизмадан ўз фикрига қўшилишни талаб қилди. Никодим ҳам ўйлаб ўтирмай унинг гапига қўшилиб қўя қолди.

9-боб
Кунлар кетидан кунлар бир зайлда ўтиб борарди, Коборовода ўрнашиб олган Дизма худди ўз уйидагидек ялло қилиб юрарди. Тўғри, у Нинанинг эридан ажралмагунча унга содиқ қолажагини айтиб саркашлик қилишидан бир оз хафа эди. Бироқ Никодим бундан азият чекмасди. Дизма бир нарсага жон-жаҳди билан ёпишиш у ёқда турсин, ҳатто ҳафсаласиз бир одам эди.
Дизманинг иштаҳаси яхши бўлиб, ҳар куни тўйиб ухларди. У кунларини бекорчиликда ўтказар ва бундан димоғи чоғ бўлиб, анча тўлишган, тез-тез теварак-атрофда сайр қилиб юрганидан офтобда қорайган эди. Аввалига у от миниб юрди, аммо отда силкиниб юриш жонига теккач, пиёда сайр қила бошлади. У яна бир бор тахта тилиш заводи, қоғоз фабрикаси ва тегирмонга бориб, хўжаликни кўздан кечириб чиқди. У ўзи қизиққан барча нарсаларни хизматчилардан билиб оларди; улар Дизманинг кичкина одам эмаслигини яхши билганларидаи уни кўришган заҳоти бошдаридан шапкаларини олиб таъзим қилишарди. Дизмани ҳамма иззат-ҳурмат қиларди, сийларди.
Уиинг тинчлигини фақат Касягина бузиб турарди.
Тўғри, Никодимдан ҳам кўпроқ Нинанинг жиғига тегиш учун жанжал чиқарарди. Бир куни нонушта маҳали у Дизманинг ҳар бир сўзини масхара қилавериб ҳаддидан ошган эди, Никодим чидаб туролмай тўнғилладп:
— Сиз кнм билан гаплашаётганингизни унутиб қўяяпсиз!
— Менга барнбир, — дея елкасини қисди Кася. — Ахир сиз Эрон шоҳи эмассиз-ку. ёки mania grandiosa га мубтало бўлганмисиз?
Дизма қизиинг гапини тушунмади-ю, бироқ Ниианинг юзи ўзгариб кетганлигидан, бунинг ҳақорат эканини пайқади. У қип-қизариб, бор кучи билан столга мушт туширди.
— Ўчир овозингни, мишиқи! — дея ўшқирди у.
Стол устидаги идиш-тозоқлар жаранглаб, иккала хоним тахта бўлиб қолди.
Бир зумдан сўнг докадай оқариб кетган Кася чапчиб ўрнидан турди-да, хонадан югуриб чиқиб кетди. Нина бир оғиз ҳам гапирмади, лекин унинг юзидан ҳам қўрққани, ҳам маъқуллагани сезилиб турарди.
Бу кескин чора вақтинча ўз кучини кўрсатди. Шу кундан бошлаб Кася Никодимга пичинг қилмай қўйди, бироқ унинг кўзларида доим нафрат учқунланиб турарди. Бу учқун кундан-кун кучайиб бир кун эмас, бир кун алангага айланиши муқаррар эди.
Якшанба кунларидан бирида, эрталаб уларнинг иккови ҳам кутмаган бир пайтда шу аланга гуриллади.
Куницкий ўз кабинетида лшлаб ўтирарди. Нина костелга ибодат қилгани кетган эди. Никодим унинг будуари да ўрнашиб олиб, фотосуратлар ёпиштирилган альбомни томоша қила бошлади.
Шу пайт будуарга Кася кириб қолди. У бир қарашдаёқ Никодим унинг атайлаб Нина учун олган расмлари қўйилган альбомни ушлаб ўтирганини найқади.
— Беринг бу ёққа, бу менинг суратларим! — дея қичқирди у ва альбомни тортиб олмоқчи бўлди.
— Секинроқ гапиришнинг иложи йўқми?! — деди жеркиб Дизма.
Чиқиб кетмоқчи бўлиб турган Кася Никодимнинг гапини эшитиб, таққа тўхтади. У Дизма томон ўгирилди-да, бир зум индамай турди. Қизнинг важоҳатини кўриб Никодим, ҳозир ура бошласа керак, деб ўйлади ва ҳатто қўллари билан юзини яширмоқчи ҳам бўлди. Шу билан бирга у бу қалтираб турган қизни маҳкам қучоқлаб, унинг ёниб турган кўзларидан, титраётган лабларидан ўпмоқчи ҳам бўлди. Бироқ шу пайт бу лаблардан узиб, ўйиб олувчи заҳарли сўзлар отилиб чиқа бошлади:
— Бу разиллик! Разиллик! Сиз аблаҳ экансиз! Унинг номусини булғабсиз! Сиз отамнинг оиласига сув илондек кириб, кейин хотинини йўлдан урдингиз. Агар дарҳол бу ердан жўнамасангиз, мен сизни қамчи билан итдек савалайман. Сизнинг жамиятдаги мавқеингиз, алоқаларингизга тупурдим! Тушундингизми? Эҳтимол, бу нарсалар отамга ёқар, лекин менга эмас! Яхшиликча, тезроқ жўнанг бу ердан!
Кася борган сайин қаттиқроқ бақирарди. Уйдаги барча хоналарнинг эшиги очиқ бўлиб, чамаси, унинг товуши Куницкийнинг ҳам қулоғига етиб борган эди. Ғазабдан ўзини йўқотиб қўйган Кася унинг тез-тез ташланган майда қадамларини эшитмай қолди. Кўринишидан жуда хотиржам бўлган бу қизнинг бундай жўш-хуружга келишидан довдираб қолган Никодим ҳам чолнинг қандай етиб келганини пайқамади.
— Кася, марҳамат қилиб, бу ердан чиқиб кет, — деди у секингина.
Қося жойидан қўзғалмай тураверди.
— Чкқиб кет деяпман сенга, — дея такрорлади чол янада пастроқ товуш билан, — кабинетимга боргин-да, мени кутиб тур.
Қуницкий хотиржамлик билан гапирар, бироқ унинғ сўзларида қандайдир эътироз билдириб бўлмайдиган куч сезиларди. Кася елкасини қисди-ю, лекин буйруқии бажаришга мажбур бўлди.
— Нима гап ўзи? — сўради Куницкий Дизмадан.
— Нима гап ўзи? — худди акс садодай такрорлади Дизма. — Қизингиз менга уйингиздан жўнаб қолишни буюрди, энг ёмон сўзлар билан ҳакорат қилди. У мендан нима истаяпти, буни бир худонинг ўзи билади, лекин мени ҳайдасанглар, мен кетаман, аммо қайтиб келмайман. Анови... ёғоч, шпалларингиз эса... Улардан умидингизни узишингиз мумкин, чунки мен...
Куницкий унинг қўлидан ушлади.
— Пан Никодим, қизим учун мени кечиринг. Ҳаммасини унутинг. Шу бугуноқ Кася чет элга жўнайди. Шу етарлими сизга?
— Етарлими... Бекордан бекорга ҳақорат қилгани-чи?
— Сизга сўз бераман, азизим пан Никодим, шу бугуноқ уни уйдан қувиб чиқараман.
Чол ичида зардаси қайнагани сари, сиртида хотиржамроқ кўринарди. Қуницкий Дизмага қўлини узатиб, сўради:
— Демак, ярашдик-а?
Никодим ҳам унинг қўлини қисиб қўйди.
Кася ўша куни кечқуруноқ жўнаб кетди. Отаси кабинет эшигини ёпиб, у билан нима ҳақда гаплашганини ҳеч ким билмади. Куницкий ҳам, қизи ҳам бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очишмади. Кася ҳатто Нина билан ҳам хайрлашмай жўнади. У Кобороводан жўнашдан аввал гаплашган ягона одам хонимларнинг гардеробига қараб юрадиган ёшгина оқсоч қиз Иренка бўлди. Бироқ у ҳам, Кася жуда дарғазаб эди, у сени Швейцарияга чақиртириб оламан дея ваъда қилди, бўлак ҳеч нимадан хабарим йўқ деди.
Ўша сермашмаша якшанбадан сўнг Никодим Дизманинг осойишталигини ҳеч нима бузмади. Куницкий ўлиб-тирилиб унинг кўнглини олишга ҳаракат қиларди. Нина Касяни сира эсламасди. У ҳам энди ўзини анча енгил ва хотиржам сеза бошлаган эди.
Улар Никодим билан бирга автомобилда сайр қилишар, қайиқда сузишарди. Бироқ Нина сира бўш келмасди, уларнинг ошиқ-маъшуқлиги қуруқ суҳбат, тўғрироғи, жувоннинг монологи-ю, бир лаҳзалик бўсалардан нборат бўлиб қоларди. Никодимнинг барча уринишлари зое кетарди.
У бундай ўжарликнинг сабабини сира тушунолмасди. Хизматкорлардан Нинанинг тўй кунидан бошлабоқ ҳар куни эшигини қулфлаб ётишини эшитгач, у баттар ажабланди. Буни унга хабар қилган хизматкор ҳатто, хўжайин, чамаси, қизига совға қилиш учунгина графиняга ўйланган бўлсалар керак, дея Куницкийни мазаҳ қилишга ҳам бориб етди. Бу гапларнинг бари Дизмага жуда сирли бўлиб туюларди. У бир кун эмас, бкр кун, ўрни келганида Нинани қисти-бастига олиб, ундан бор ҳақиқатни суриштириб билишга аҳд қилиб қўйди. Ҳозирча эса у аста-секин жувондан турли маълумотларни ўсмоқчилаб сўраб юрди. Эрининг ишлари хақида гап очилганида, Нина улардан мутлақо беҳабарлигини сездириб қўярди.
— Дарвоқе, бу билан менинг ишим йўқ, — дерди у нуқул, — бу эркакларнинг иши.
У фақат бир нарсани — бу ерда ўзининг ҳеч нарсаси йўқлигини биларди, бундан буён уларнинг келажаги фақат Дизмага боғлиқ бўлиб қолганини такрорларди. Бу гапдан Никодим анча ташвишга тушиб қолди, чунки у Нинанинг эҳтиёжларини қондира олиш даражасида бойлик орттиришга сира ҳам умид қилмасди.
Очиғини айтганда, у уйланишга ҳам унча ҳаракат қилмасди. Тўғри, Нина унга жуда ёқарди. Ахир у ҳақиқий хоним бўлиб, кимсан, графиня Понимирская эди-да... Бироқ Никодим ишларининг келажакда ҳам шундай муваффақиятли кетаверишига ишонмагани каби, унга уйланишига ҳам кўзи етмасди.
Лекин у Нинанинг севгисига сира шубҳаланмасди. Жувон ҳар бир ҳаракати, ҳар бир нигоҳи ва ҳар бир сўзида унга бўлган севгисини изҳор этарди.
Куницкий эса, Дизманинг фаҳмлашича, ишга жуда берилгани ва хотини билан кам гаплашгани сабабли буни сезмасди. Дарвоқе, уларга биргалашиб сайр қилишни унинг ўзи маслаҳат берганди.
Бир куни ана шундай сайрдан сўнг вестибюлда Никодимга телеграмма узатишди. Дизма бу Яшунскийдан эканлигига имони комил эди..Бироқ қисқагина текст остидаги «Терковский» имзосини кўриб, у қаттиқ ҳайратга тушди.
Никодим телеграммани ўқир экан, Нина унинг елкасидан қоғозга кўз югуртирарди.
Телеграммада қўйидагилар ёзилган экан.
«Министрлар Советининг раиси эртага, жума куни, кеч соат еттида, ўзингизга маълум иш бўйича, Министрлар Советининг иқтисодий комитети мажлисига етиб келишингизни илтимос қилади.
Терковский».
Шу пайт Куницкий келиб қолган эди. Дизма унга телеграммани узатди. Чол уни бир зумда ўқиб чиқди-да, жуда ҳайратланиб, хитоб қилди.
— Қойил! Ғалла ҳақида бўлса керак?
— Ҳа, — дея тасдиқлади Никодим.
— Демак, иш юришиб кетибди-да?
— Кўриб турибсиз-ку.
— Ё қудратингдан, — деди қўлларини ёзиб Куницкий, — ё қудратингдан! Бу алоқаларингиз билан одамларга қанчадан-қанча яхшиликлар қилишингиз мумкин, азизим пан Никодим!
— Ҳа, — дея жилмайди Нина, — агар бу яхшилик жамият манфаатларига қаратилган бўлса, агар ўша жамият эҳтиёжлари тўғри ҳисобга олинса, албатта, фойдаси катта.
— Мени кечиру жонгинам, — эътироз билдирди Куницкий, — фақат жамиятгагина эмас... Айрим кишиларга ёрдам бериш мумкин эмасми ахир? Ҳе-ҳе... Иқтисодий комитетга темир йўл министри ҳам аъзо бўлса керак, албатта. Ўрни келиб қолса, у билан шпаллар ҳақида гаплашишингиз мумкин. А, лаббай?
Никодим қўлларини чўнтагига тиқиб, қовоғини солди.
— Мен бошқа сафар гаплашсак деган эдим: ноқулай ахир.
— Нимаям дердим!.. Қистамайман. Ўзингиз биласиз. Шунчаки эслатдим-қўйдим-да, чунки шпал етказиб бериш ҳазилакам иш эмас, уни унутиб бўлмайди, хе-хе!
Тушки овқатни еб бўлишгани заҳоти Куницкий Никодимни ўз кабинетига сургаб кирди-да, бўлажак ишнинг тафсилотлари ҳақида узундан-узоқ лекция бошлаб юборди. Никодим унга яна суд процесси ҳақида эслатган эди, чол ўрнидан сапчиб туриб, чўнтагидан калитларини олди.
— Ҳозир ҳужжатларни кўрсатаман. Ўйлашимча, менинг айбсизлигимни исботлаш учун шунинг ўзи ҳам кифоя қилса керак.
У оғир духоба пардани бир четга сурган эди, Дизманинг кўзи катта пўлат сандиққа тушди. Куницкий сандиқ эшикчасини шоша-пиша очди-да, у ердан яшил папка чиқариб, даста-даста квитанциялар, бланкалар ва машинкада ёзилган қоғозларни олиб кўрсатди. Чол баъзи нарсаларни ўзи ўқиб берар, баъзи қоғозларни эса Дизмага узатарди. Шунда Никодим гўё ҳужжатларни диққат билан ўқиётгандек, уларга кўз югуртира бошларди.
У Куницкийнииг олдидан фақат кечқурун қутулиб чиқди. Нина уни айвонда кутиб турган экан. Улар сайр қилгани жўнашди. Нина ғамгин ва маъюс эди. Никодимнинг кутилмаганда жўнаб кетиши уларнинг тинч ва осойишта ҳаётиии бузиб юбориб, аёл қалбига чексиз қайғу солган эди. Дарахтлар соясига киришгач, Нина унинг пинжига кириб шивирлади:
— Жоним, Варшавага анчага кетяпсанми? Нина сенсиз жуда зерикиб қолади. Нима қилай — сенга жуда ўрганиб қолибман, бу ерда сени ҳар куни кўришим, сен билан гаплашишим, кўзларингга тикилишим мумкин...
Никодим тезда қайтишини, у ерда бир-икки кундан ортиқ турмаслигини айтиб, уни юпата бошлади.
Кечки овқат пайтида Нина жуда очилиб ўтирди: Куницкий унга қадрли пан Никодимни станциягача бирга кузатиб қўйишни таклиф қилганди. Бу гал Дизма поездда кетадиган бўлди, чунки машина ремонтга муҳтож эди.
Нина ҳаяжондан титраб турарди. Тўғри, у Никодим билан ўзи истаганча хайрлаша олмасди, бироқ унинг кўзлари энг эҳтиросли бўсалардан ҳам кўпроқ нарсаларни айтиб турарди.
Биринчи класс купесида Дизма ёлғиз ўзи кетди. Куницкий проводникка чойчақа бериб, жуда катта одам, министрларнинг шахсий дўсти пан Дизмани безовта қилишнинг ҳожати йўқ, дея бу купега бошқа ҳеч кимни киритмасликни буюрган эди.

Улар молдай ичишди. Никодимни меҳмонхонага ғирт маст ҳолда олиб келиб, номерга кўтариб киришди.
Бундай ичишларининг сабаби бор эди, албатта. Ҳатто энди, роса ухлаб, кайфи тарқалганидан кейин ҳам у кеча миясига ўрнашиб қолган ғаройиб воқеалар таассуротидан ўзига келмаган эди.
Масалан, катта залдаги мажлисни олайлик. Дизма у ерда бош министр ва министрлар билан ёнма-ён ўтирди.
Қандайдир рақамлар келтириб, қандайдир ҳисоботларни ўқишди. Кейин эса ҳе-ҳе, қўяверасиз! Барча унинг қўлини қисиб, ғалла сотиб олиш ҳақидаги Куницкийнинг гапларини такрорлагани учун миннатдорчилик билдира бошлади... Улар буни нима деб аташди-я? Э-ҳа, ломбард! Қизиқ. Шу пайтгача Никодим ломбард деганда — соати ёки костюмини гаровга қўйишни тушунарди... Кейин эса бош министр шундай деб савол берди:
— Муҳтарам пан Дизма давлатимизда ғалла сиёсатига раҳбарлик қилишни ўз зиммангизга ололмайсизми?
Аввалига у, бу ишни уддалай ололмасам керак, дея бош министрнинг таклифини рад қилди. Бироқ бошқа министрлар уни кўндиришга уринавергач, Никодим ноилож рози бўлди.
У хахолаб кулиб юборди.
— Оббо шайтон-ей! Одам ўсаверса шунақа бўлар экан-да! Давлат ғалла банкасининг раиси! Кимсан, раис-а!
Сўнгра у ўзини саволларга кўмиб ташлаган журналистлар ва фотоаппаратларнинг тинимсиз чиқ-чиқини эслади. Э-ҳа, бир ўқиб кўриш керак, қани, нималар ёзишганийкин?
Никодим қўнғироқ қилиб, коридор навбатчисига барча газеталардан сотиб олиб келишни буюрди. Кейин туриб кийинди. Газеталарни келтиришгач, у биринчисини очган заҳоти юзига қон югурди.
Биринчи саҳифада унинг сурати манаман деб турарди.
Никодим суратда қўлларини чўнтагига тиққанича хаёлга чўмиб турарди. Суратда у жуда салобатли кўринарди. Суратнинг тагига: «Янги аграр сиёсатнинг ташаббускори д-р Никодим Дизма ҳукуматдан Давлат ғалла банкасини ташкил этиш ҳақида топшириқ олди; у шу банканинг правлениясига раис қилиб тайинланди», — деб ёзиб қўйилганди.
Суратнинг ёнида, ваҳимали сарлавҳа тагида катта мақола босилган бўлиб, мақолада ҳукуматнинг расмий баёноти, Дизманинг таржимаи ҳоли ва интервью берилган эди.
Баёнотда Министрлар Совети Яшунскийнинг таклифига биноан ғалла бозорида кескин чоралар кўриш йўли билан иқтисодий кризисга қарши кураш бошлашни қарор қилгани тўғрисида гапирилган эди. Сўнгрда лойиҳа муфассал баён этилиб, керакли кўрсатмалар тўғрисида ахборот берилганди. Қонун сейм томонидан қабул қилингач, керакли кўрсатмалар кучга кириши хабар қилинганди.
Дизма ўзининг таржиман ҳолини ўқиб оғзи очилиб қолди. Газетанинг ёзишича, у ота-онасининг Курляндиядаги мулкида туғилган бўлиб, гимназияни Ригада, иқтисод фанларининг олий курсини Оксфордда тугатган экан; сўнгра у кавалерия офицери сифатида большевикларга қарши мардона жанг қилибди, ярадор бўлибди ва «Virtuti Militari» ордени ҳамда Жасорат Крести билан мукофотланибди. Сўнгги пайтларда у сиёсат майдонидан кетиб, Белостоцкий воеводлигида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган экан.
Таржимаи ҳол «ажойиб», «машҳур», «ижодий» каби эпитетларга тўлиб кетган эди... Охирида раис Никодим Дизманинг қаттиқ қўл, кучли ирода соҳиби эканлиги ва ташкилотчилик қобилияти билан машҳурлиги қайд этилганди.
Лекин Никодимни ҳаммасидан ҳам интервью ҳайратга солди. У интервьюни ўқирди-ю, ўз кўзларига ишонмасди. Тўғри, у кеча кечқурун ғирт маст эди, аммо мухбирлар билан суҳбатлашганида ҳали ичмаган эди-ку. Никодим, интервьюда ёзилган гаплардан биронтасини ҳам айтмаган эди. Унда Дизма ўлсаям тушунмайдиган иборалар, у заррача ҳам тасаввур қилолмайдиган масалалар юзасидан фикрлар баён этилганди.
Никодим шунчаки сўкиниб қўйди. Балки у хурсанд бўлиши керакдир: ахир бу интервьюни ўқиган киши, банка правлениясининг раиси пан Дизмани ғоят ақлли одам экан, деб ўйласа керак.
Деярли барча газеталар тахминан бир хил гапларни ёзиб, унинг турли вазиятларда тушган расмларини босишган эди. Ҳаммасидан ҳам Никодимга бош министр билан министр Яшунский ўртасида ўтириб тушган сурати ёқди. Унга ёққан яна бир суратда Никодим бошига шляпасини қўндириб зинапоядан тушиб келаётгани тасвирланган эди. Суратда унинг ортидан шляпасини қўлида тўтганича оппоқ мўйловли кекса бир жаноб ҳам тушиб келарди. Суратнинг тагига:
«Никодим Дизма ўзининг бўлажак ёрдамчиси, ғалла банкига директор қилиб тайинданган собиқ молия вице-министри Владислав Вандришевский ҳамроҳлигида Министрлар Совети саройини тарк этяпти», — деб ёзилган эди.
«Мана, — дея хаёлидан ўтказди Дизма, — энди мени бутун Польша танийди». У шуни ўйлади-ю, бирдан қўрқиб кетди. Газеталар Лисковга етиб боргач, пан Бочек ҳам, Юрчак ҳам ва умуман Никодимни яхши танийдиган барча кишилар Курляндия, гимназия ва Оксфрод ҳақидаги гапларнинг ҳаммаси ғирт ёлғонлигини дарҳол билиб қолишади-ку!
Жин урсин!
Улардан биронтаси газетага бутун ҳақиқатни ёзиб юборса-я?
Никодимнинг эти жимирлаб кетди. У сўкина-сўкина хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади, сўнг яна газеталарни бир бор кўздан кечириб чиқди-да, собиқ танишларимнинг фош қилиши эҳтимолдан узоқ, деган қарорга келди: унинг мартабаси, унииг алоқаларини кўриб, журъат этишмайди. Фақат юмалоқ хат ёзишлари мумкин... Бироқ имзосиз хатларга жиддий эътибор беришмайди. Шуларни ўйлар экан, Дизманинг кўнгли бир оз жойига тушди. Аммо ўз қобилияти тўғрисидаги гапларни қайта-қайта ўқир экан, бирдан бу ишни уддалай олмасам-а? — дея шубҳаланиб қолди.
Ишнинг катта қисмини анови Вандришевский бажаради дейлик, аммо Дизма ҳам нимадир қилиши — гапириши, ҳал этиши, имзо чекиши керак-ку... Ўзи мутлақо тушунмайдиган ишлар билан шуғулланиш! Фақат бир йўли бор: биронта уддабурон одам топиш керак... Кошкийди Куницкий рози бўлса! Рози бўлмайди... Кобороводаги бошқарувчилик ишидан ҳам воз кечишга тўғри келади. Дизма Нинадан жудо бўлишини ўйлаб маъюс тортди-ю, бироқ дарҳол ўзини юпатди.
«Нимаям қилардим: шундай бўлгандан кейин, воз кечамиз-да. Ахир дунёда бошқа хотинлар ҳам бор-ку».
Ҳаммасидан ҳам ўзининг ўрнига ишлайдиган одамни топиш қийин. Агар шундай одам топилса, уни ўзига секретарь қилиб тайинлаши мумкин...
Никодим бирдан пешанасига урди:
— Кшепицкий!
У қувонганидан ҳатто сакраб тушди: Кшепицкий ўтакетган туллак, тегирмондан бутун чиқади, ернинг тагида илон қимирласа билади. Унга панд бериб бўлмайди, бунинг устига ўзимизнинг одам. У билан келишиб олинса бас, икки кишининг ўрнига бир ўзи ишлайверади.
Бу фикрдан Дизма шунчалик хурсанд бўлдики, у дарҳол Кшепйцкийни қидириб топишга жазм қилди.
Никодим шоша-пиша кийинди-да, чорак соат ўтар-ўтмас пани Пшеленскаяникига етиб бориб, эшик қўнғироғининг тугмасини босди. Уйда бу маҳал тушки овқат тутай деб қолган экан. Кшепицкий ҳам шу ерда экан. Дизмани озғингина сепкилдор қиз — панна Хульчинская билан таништиришди.
Улар бири олиб, бири қўйиб Дизмани табриклашди. Папи Пшеленская уни помешчиклар халоскори деб атаса, Кшепицкий уни қишлоқ хўжалигининг Наполеони дерди, панна Хульчинская эса анграйганича унинг оғзига тикилиб ўтирарди.
Коборово ҳақида гап очилиб, ҳаммаси Дизманинг энди Жорж Понимирскийнинг иши билан шуғулланишга вақти етишмаслигидан хафа бўлишди.
— Бунинг устига, — дея гап қотди Никодим, — унинг мияси шу қадар айниб қолибдики, барибир, ҳеч нима қилиб бўлмайди.
Зизя сўкиниб қўйди, сепкилдор қиз маъюс тортди, пани Пшеленская эса, ноумид бўлмаслик ҳақида гапирди.
Ниҳоят, Никодим чашкадаги кофедан ҳўплаб, мақсадга кўчди:
— Мен бу ерга бир таклиф билан келган эдим. Пан Кшепицкий, сиз ҳозир бирон жойда ишлайсизми?
— Йўқ.
— Ишлашни истармидингиз?
— Бўлмасам-чи! — дея хитоб қилди момиқ қўллари билан чапак чалиб Пшеленская.
— Биласизми, — давом этди Никодим, — менга секретарь керак. Банка правленияси раисининг секретари бўлиш ҳазилакам иш эмас. У ақлли, уддабурон одам бўлиши лозим! У иш учун жавоб бериши керак. Тушуняпсизми?
Кшепицкий лабларини ялаб, ўзини лоқайд кўрсатишга уринди.
— Миннатдорман, пан раис, билмадим, уддалай олармикинман. Кейин... ҳм.... очиғини айтай: чамаси, мен чиновникликка ярамасам керак. Ишга вақтида бориш, ҳар куни эрта туриш... Мени кечирасиз.
Дизма Кшепицкийнинг тиззасига уриб қўйди:
— Ҳечқиси йўқ! Қўрқманг. Мен қанча ишласам, сиз ҳам шунча ишлайсиз. Раис доим қоққан қозиқдай бир жойда ўтираверади, деб ўйламасангиз керак ахир? Бунинг учун бизда директор бор. Биз эса фақат энг муҳим, энг муҳим ишлар билан шуғулланамиз. Қани, қўлиигизни беринг!
Пшеленская жуда хурсанд бўлиб кетди. Ҳаяжонланганидан у Кшепицкийни «сен» лаб, рози бўла қол, деб ялина бошлади.
Кшепицкий жилмайиб, Дизмага қўл узатди.
— Раҳмат, пан раис. Лекин сиз менга қандай маош белгиламоқчи эканлигингизни билишни истардим.
Никодимга «пан раис» жуда ёқиб тушди. У қўлларини белига тираб сўради:
— Хўш, қанча истайсиз?
— Айтиш қийин...
— Тортинмасдан айтаверинг.
— Ўзингизга ҳавола қиламан, пан раис.
Дизма оқ кўнгиллик билан илжайди.
— Пан раис пан секретарь ўз маошини ўзи белгилаши керак, деб ҳисоблайди.
Ҳаммалари мулойимгина кулиб қўйишди.
— Эй худойим-ей, менимча, бирор минг злотий бўлса... — дея гап бошлади Пшеленская.
— Бир минг икки юз! — д.еди шошилиб Кшепицкий.
— Нима? Бир мннг икки юз? Мен сизга бир минг беш юз бераман.
Дизма шундай деди-да, уларга керилиб кўз югуртириб чиқди. Кшепицкий стулдан сапчиб туриб, таъзим қилганича пан раисга миннатдорчилик билдира бошлади.
Пшеленская бу ишни ювиш керак деб, хизматкорга бир шиша шампанское келтиришни буюрди.
— Хўш, Кшепицкий, — деди Дизма қадаҳни кўтариб, — фақат битта шартим бор: бир-биримизга кафил бўлишимиз керак. Тушунарлими? Бу доим бир-биримизни ёқлаймиз дегани бўлади. Икковимиз орамизда бўладиган маслаҳатлар бировга айтилмаслиги керак.
— Тушунаман, пан раис.
— Мен эса, ўз навбатимда, агар ишингиздан мамнун бўлсам, ҳар байрамда икки-уч минг злотий мукофот беришни ваъда қиламан.
Кшепицкий Дизмани меҳмонхонага кузатиб қўйди. Йўлда улар банка ҳақида гаплашди. Никодим эртагаёқ Кшепицкийни Вандришевский билан таништирадиган бўлди.
— Вақтим жуда зиқ — яна баъзи ишларни ҳал қилишим керак. Шу боисдан келишиб олайлик: ташкилий ишлар билан Вандришевский шуғулланади, У менга эмас, сизга ҳисобот беради. Тушуняпсизми? Сиз эса унинг гапларини менга айтиб, мен билан маслаҳатлашасиз ва менинг буйруқларимни унга етказиб турасиз.
— Шундай қилсак яхши бўлади, — дея шоша-пиша унннг фикрига қўшилди Кшепицкий.
— Бошқариш санъати, пан Кшепицкий, масалани тез ҳал қилишдан иборат. Шуни ёдингизда тутинг.
Меҳмонхонада Дизмани Уляницкий кутиб турган экан. У гулдираган овозда дўсти билан саломлашди.
— Биласанми, Никусь, кечаги ичкиликдан ҳалиям бошим ғувиллаб турибди. Хўш, қалайсан? Ташриф буюрдингми?
— Қанақа ташриф?
— Лозим бўлган жойларга-да. Бош министрникига, Яшунский, Брожинский ва яна баъзи бировларникига... Терковскийнинг олдига бормасанг керак, албатта? Ундай десам, Терковский сендан хафа эмас шекилли.
— Сенингча, бориш шартми?
— Бўлмасам-чи!
— Ҳм... — дея тўнғиллади саросимага тушиб Дизма. — Биласанми, бир ўзим... Агар сен мен билан борганингда эди.
— Бўпти, бораверамиз.
Улар керакли одамларникига эртага боришга келишиб олишди, чунки бугун кечқурун иккови ҳам банканинг очилиш муҳлати белгиланиши ва бўлак расмий масалалар муҳокама қилиниши лозим бўлган мажлисда иштирок этишлари керак эди.
Орадан икки ҳафта ўтмасданоқ ташкилий ишлар жуда юришиб кетди. Банка учун Вспульная кўчасидаги янги бир иморатни ажратиб беришди. Бу иморатнинг икки қаватида банканинг ўзи билан раиснинг саккиз хонали квартираси жойлашган эди.
Тўғри, қонун ҳали сейм комиссияларида ишлаб чиқилаётганди, бироқ иккала палата ҳам ҳукумат лойиҳасини сўзсиз тасдиқлашига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди.
Буларнинг ҳаммаси Дизмани унча ташвишга солмасди, чунки барча ишларни Вандришевский билан Кшепицкий бажаришмоқда эди.
Кшепицкий баҳоси йўқ ходим чиқиб қолди. У енгини шимариб ишга киришиб кетди, зеҳни ўткир одам сифатида ҳаммага ўз айтганини қилдира бошлади. Ҳар гал у бир жумлани айтиб, қатъий оҳангда:
— Пан раис шуни истаяптилар, — дерди.
Аввалига В.андришевский ҳамда Кшепицкийнинг ҳар бир ишга тумшуғини тиқаверганидан норози бўлган бошқа амалдорлар Дизмадан, чиндан ҳам сизнинг фикрингиз шунақами, дея сўраб-суриштиришди. Аммо Дизма кўпинча гап нима ҳақида бораётганини тушунмаса-да, ҳар гал:
— Рост, Кшепицкий шундай деган экан, демак, мен шундай қилинглар, деб айтган бўламан — ортиқча сўраб-суриштиришга ҳожат йўқ, — дея бир хил жавоб қиларди.
Шу боисдан ҳам ходимларнинг бари тез орада Кшепицкийнинг хиралигига кўникиб кетишди. Дарвоқе, бу одам тезда раис билан дўстлашиб кетди. У ҳар куни Дизма билан гаплашар экан, тезда хўжайинининг заиф томонларини билиб олди ва бундан шу қадар усталик билан фойдаландики, Никодим энди усиз бирор иш қилолмайдиган бўлиб қолди. Лекин шунга қарамай Дизма Кшепицкий билан доим эҳтиёт бўлиб гаплашарди. Никодимнинг кундан-кун обрўси ошиб, юқори доираларда таниш-билишлари кўпайиб борарди. Кшепицкий Дизмани қандайдир сеҳрли бир кучга эга, ғоят доно одам, деб ўйлар ва шунинг учун ундан бир оз чўчиб юрар эди.
Тўғри, Кшепицкий баъзан Никодимнинг ақли хиралашиб қолиб, жуда осон масалаларни ҳам тушунолмаслигидан ҳайратга тушарди. Бироқ кейин секретарь, ходимлари бирор найранг ишлатгудек бўлса, уларни осонгина фош қилиш учун раис ўзини жўрттага гўлликка соляпти; деган фикрга келди. Боз устига Кшепицкий тақдири Дизманинг қўлидалигини, агар у ишдан кетгудек бўлса, ўзининг ҳам омон қолмаслигини, бошлиғининг обрўсини ошириш ўзи учун фойдали эканлигини яхши тушунарди. Шу боисдан ҳам у Дизмани улуғ одам сифатида кўрсатишга, унинг шуҳратини оширишга қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Бу эса, ўз навбатида, Никодимнинг ниятига жуда мос тушарди.
Дизма сўнгги пайтларда ўзига кўрсатилаётган иззат-эҳтиромларни кўриб, нималарга қодир эканлигини шу пайтгача билмай юрганига ишониб қолди. Бироқ у эҳтиёткорлигини қўймади. У ақли ўткир эмаслигини, одамлар олдида ўзини тута билмаслигини, маълумотининг жуда пастлигиии яхши сезарди. Никодим фақат Кшепицкий билан эркин гаплашарди, бироқ унинг олдида ҳам ўзини сирли қилиб кўрсатишга ҳаракат қиларди.
Кўп ўтмай у бутун Польшада энг камгап одам сифатида шуҳрат қозонди. Баъзилар буни инглизларнинг таъсири дейишса, бошқалар, бир куни бош министрникидаги қабул маросимида хонимларуни гапга солишмоқчи бўлишганида, Дизма:
— Менинг гапирадиган гапим йўқ, — дея жавоб қилганини эслашарди.
Тўғри-да, кўп ўйлайдиган одам, одатда кам гапиради.
Гарчи Никодим сир бой бермаса-да, у киборларнинг расм-русмини билмаслиги, кўп сўзларни тушунмаслигидан жуда сиқиларди. Шу боисдан у камчиликларини тузатишга аҳд қилди.
Шу мақсадда Никодим Свентокшиская кўчасидаги китоб магазинларидан бирига кириб, «Хорижий сўзлар луғати», «Энциклопедия» ва «Бонтон» жилдларини сотиб олди.
Унга айниқса «Бонтон» асқатди. Биринчи куниёқ бу китоб ёрдамида у Уляницкийнинг нима сабабдаи бош министрнинг почта қутисига бир эмас, иккита ташрифнома ташлашни буюрганини тушуниб олди.
«Луғатдан» эса у мунтазам фойдаланарди. У ўзи тушунмаган ҳар бир сўзни эслаб қолишга ҳаракат қиларди ва уйга қайтгач, луғатдан унинг маънисини билиб оларди.
«Энциклоледияни» Никодим муттасил равишда синчиклаб ўқий бошлади. У бу китобни бошидан ўқиб, Коборовога жўнагунига қадар «Д» ҳарфига етиб борди. «Энциклопедия» Дизмага унча ёқмади, бироқ Никодим унинг фойдаси тегаётганини сезиб қолди ва китобни охиригача ўқиб чиқишга жазм қилди. Агар Нинадан келаётган хатларни ўқишинн ҳисобга олмаса, Никодимнинг шундан бўлак иши йўқ эди. Ҳар куни у жувондан лоақал битта хат оларди. Хатлар жуда узун бўлиб, Дизма уларнинг чиройли услубда ёзилганини тан олса-да, охири жонига тегиб, уларни ўқимай қўйди. Одатда у хатларнинг охирини — сўнгги янгиликлар хабар қилинадиган жойини ўқиб қўя қоларди. Мактублардан Никодим, Куницкийнинг гениал бошқарувчисидан воз кечмоқчи эмаслигини, Дизма банка раислиги мансабини Коборово амлокининг мухтор вакили лавозими билан қўшиб бажариши мумкин, деяётганини билиб олди. Ахир унга бутунлай эркинлик бериб, бирор вазифа бажаришни талаб қилишмас экан-да.
Нина бундан ғоят хурсанд бўлиб, Дизмадан рози бўлишни илтимос киларди. Никодим анчагача иккиланиб юриб, Кшепицкий комил ишонч билан, ортиқча давлат бош оғритмайди, деганидан кейингина бу таклифни қабул қилди.
У бу қарори ҳақида Нинага хабар қилмади, чунки жувоннинг илтимосига биноан унга умуман хат ёзмас эди. Коборовода барча ёзишмалар Куницкийнинг қўлидан ўтарди, шу боисдан Нина эрининг, бундан икки йил муқаддам Касянинг мактубини ўқиб чиққани каби, бу хатларни ҳам очиб ўқиши мумкинлигидан чўчирди.
Раис квартирасини жиҳозлаш ишлари билан Кшепицкий шуғулланди. У шу қадар ғайрат қилдики, икки ҳафта ичида ҳаммаси тахт бўлиб, Никодим меҳмонхонадан Вспульнаядаги ўз квартирасига кўчиб ўтди.
Эртасига у нарсаларини олиб келиш ва бир йўла Куницкий билан гаплашнб олиш учун Коборовога равона бўлди. Якшанба куни эди. Никодим телеграмма беришни унутгани учун унга извош юборишмабди. Шу боисдан икки километр пиёда юришга тўғри келди. Эрталабки ҳаво жуда ажойиб бўлиб, Никодим бундай сайрдан ҳатто ҳузур ҳам қилди.
Тахта тилиш заводининг яқинида унга қоғоз фабрикасининг мастери дуч келиб қолди. Мастер Дизмага эҳтиром билан таъзим қилди.
— Хўш, Коборовода ишлар қалай? — сўради Дизма тўхтаб.
Худога шукур, ҳаммаси жойида, пан бошқарувчи.
— Мен энди бошқарувчи эмас, банка раисиман. Газета ўқимадингларми?
— Бўлмасам-чи, ўқидик... Ғоят хурсандмиз...
— Ўқидингларми? У ҳолда менга, пан раис, деб мурожаат қилиш керак. Тушундингизми?
— Тушундим, пан раис.
Дизма қўлларини чўнтагига тиқиб, бош ирғади-да, йўлида давом этди. Лекин у уч-тўрт қадам юргач, орқасига ўгирилиб, қичқирди:
— Ҳой менга қаранг!
— Эшитаман, пан раис.
— Пан Куницкий уйдами?
— Йўқ, пан раис, у киши ҳозир Сивая Воркада бўлсалар керак. Бугун у ерда тор изли темир йўл қурилиши бошланади!
— Бироқ бугун якшанба, байрам-ку ахир.
— Э, пан помешчик фақат ишлари бўлмаган кунлардагина байрам қиладилар, пан раис, — дея жавоб қилди мастер истеҳзо аралаш.
Дизма қовоғини солди,
— Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Энг муҳими — иш. Сизларга қўйиб берса, доим байрам қилардингиз. Табиатингиз шунақа ўзи.
У қўлларини орқага қилиб; уй томон юриб кетди.
Катта эшик қулфоғлиқ экан, хизматкор келиб, уни очгунига қадар Дизма анчагача қўнғироқ қилиб туришга мажбур бўлди. Хизматкор Никодимнинг қовоғидан қор ёғиб турганини кўриб, қўрқиб кетди.
— Нима бало ўлганмисан ҳамманг? Қўнғироқни эшитмайсанлар-а!
— Мени кечиринг, буфетда эдим...
— Буфетда бўлсанг нима қилибди? Аҳмоқ! Мен ярим соатдан бери эшикда турсаму, бу киши буфетда юрса-я. Ҳе, тумшуғинг қурсин! Қани, еч пальтомни! Мунча чўчқага ўхшаб анграясан? Бека қаерда?
— У киши уйда йўқлар, пан бошқарувчи. Бека костелга ибодат қилгани кетганлар.
— Биринчидан, мен сенга пан бошқарувчи эмас, пан раис бўламан. Иккинчидан, эса хўжайинлар уйда йўқ пайтда бекор ўтиришга нима ҳақларинг бор? Текинхўрлар! Бугун байрам эмас! Байрам иш йўқ пайтда бўлади. Тушундингми? Сенларнинг бошингда ёнғоқ чақиб туршп керак. Хўш, нега серрайиб турибсан?
Хизматкор таъзим қилди-да, вестибюль томон жўнаб қолди.
— Бу жулдурвоқиларнинг бошида ёнғоқ чақиб туриш керак, — дея тўнғиллади ўзича Дизма, — бўлмасам бошингга чиқиб олишади.
Ў қўлларини чўнтагига тиқиб, уйни айланиб чиқди. Барча хоналар саранжом-саришта қилинган эди. Фақат Куницкийнинг ётоқхонасидагина хизматкорлардан бири полни супурганида, шчёткани унутиб қолдирибди. Дизма қўнғироқ чалди-да, югуриб келган хизматкорга индамай шчеткани кўрсатди.
— Ҳе, ифлос! — дея тўнғиллади у хизматкор ғойиб бўлгач.
Дизма биринчи қаватни айланиб чиққач, юқорига кўтарилди. Нинанинг будуарида деразалар ланг очиқ эди. Ннкодим у ердаги мебель, картина ва фотографияларпи қизиқиб томоша қила бошлади.
Айниқса, ёзув столида расмлар кўп эди. Никодим кичкина креслога ўтириб, уларни томоша қилар экан, четдаги қутининг дастасини тортди. Бироқ у қулфлоғлиқ экан. Ўртасидагина тортиб кўрган эди, у осонгина очила қолди.
«Бу ерда нима бор экан?» — деб ўйлади Никодим ва қутини ярмисигача тортиб чиқарди.
Қути ҳам ёзув столи каби батартиб эди. Яшил ва ҳаво ранг иплар билан боғланган даста-даста хатлар қатор қилиб тахлаб қўйилганди, Хатларнинг кўпи Нинанинг монастирь пансионида бирга яшаган дугоналаридан келган экан; Никодим уларни кўздан кечира бошлади, баъзи хатлар француз тилида ёзилган эди.
Хатларнинг ёнида полотно муқовали бир дафтар турарди. Дизма уни очиб кўрди: Нинанинг ёзуви. Дафтарнинг ярмидан кўпи ҳали ёзилмаган эди.
«Хотира дафтари», — фаҳмлади Никодим ва уни қизиқиб варақлай бошлади.
Сўнг у дафтарни қўлига олиб, извошнинг келишидан бехабар қолмаслик учун дераза тагига бориб ўтирди.
Биринчи саҳифага:
«Тушунмоқ — бу кечирмоқ демакдир», — деган афоризм ёзилган эди. Иккинчи саҳифадан хотиранома бошланарди.
«Бугун мен кўп одамлар томонидан мазах қилинган ишга жазм этдим — хотиранома ёза бошладим.
Йўқ, бу менинг хотира дафтарим бўлмайди. Питигрилли, хотира дафтари тутадиган одам бурнини қоқиб, сўнг дастрўмолини томоша қиладиган кишига ўхшайди, деган экан. У ноҳақ, ахир бу воқеалар ёки таассуротларни ёзиб қўйишдангина иборат эмас-ку! Мен, масалан, фақат ўз фикрларимнинг конкрет ифодасини кўриш учунгина хотира дафтари тутаман. Менимча, оғзаки ёки ёзма равишда ифода этилмаган фикрни шаклланган, юзага чиққан фикр деб бўлмайди.
Хотира дафтари ҳақида яна бир ёлғон гап: чамаси, Оскар Уайльд бўлса керак, хотира дафтарини одам кейинчалик бирор киши ўқиб чиқиши учун ёзади, деган эди. Унингча, одам буни атайлаб, ёки жуда бўлмаган-да — беихтиёр килар эмиш.
Ё тангрим! Менимча, у дунёда ҳеч кими, мутлақо ҳеч кими бўлмаган одамлар ҳам бор эканлигини хаёлига келтирмаган бўлса керак!
Хўш, мен ким учун ёзай? Эрим учунми? Ахир у мени ўраб турган мудҳиш бўшлиқ билан баробар-ку. Болаларим учунми? Менинг болаларим йўқ, афсус, ҳеч қачон бўлмайди ҳам. Мендан юз ўгирган қариндошларим ёки телба акам Жорж учун ёзайми?
Кася учунми?.. Ҳеч қачон. Биз турли қутблардамиз, у мени ҳеч қачон тушунмайди. У мени севишидан нима фойда? Умуман, тушунмай туриб севиб бўлармишми? Менимча, севиб бўлмаса керак. Дарвоқе, шу ҳам севги бўлибдими? Агар бу севги бўлган тақдирда ҳам, жуда ибтидоий даражада. Бир неча бор: агар бирор бахтсизлик содир бўлиб, чандиқлардан бадбашара бўлиб қолсам-а, деб ўйладим... Кася... У менга ким бўлади ўзи? Нега мен кундузи кечаги тунга лаънат ўқиб, бўлажак тундан ўзимни ҳимоя қилолмайман, бошқача қилиб айтганда — ўз заифлигимдан қутулолмайман?..»
Никодим елкасини қисиб қўйди.
— Оббо! Бунча ғиншийди бу хотин. Бу гапи билан нима демоқчи ўзи?
У яна бир неча саҳифани очди.
Хотира дафтарига саналар қўйилмаган эди. Саҳифалардан бирида Никодим чет элга қилинган сафар ҳақидаги қисқагина ёзувни ўқиди. Кейин музика ҳақида мулоҳазалар бошланиб, сўнгра қандайдир Билитис ва Мназидика ҳақида, чамаси, Нинанинг холаваччалари ёки дугоналари тўғрисида гап кетади.
Никодим ўзи тўғрисида бирор гап ўқигиси келди. Чиндан ҳам у тахминан ўн бетлардан сўнг ўз исмини кўриб қолди.
«Қани, кўрайлик-чи», — деди у ва қизиқиб ўқий бошлади.
«Бугун мен янги одам билан танишдим. Унинг исми жуда ғалати экан: Никодим Дизма. Бу исмда қандайдир сирли, кишини ҳаяжонга соладиган бир нарса бор. У кучли одам сифатида ном чиқарган экан. Назаримда, бу гапда жон борга ўхшайди... Унга Ницше тасвирлаган қудратли одамнинг қамчини жуда ярашса керак. Ундан эркаклик кучи ёғилиб турибди. Эҳтимол, бу қўпол, ибтидоий кучдир, лекин у шу қадар қудратлики, унга бўйсунмай илож йўқ. Касянинг фикрича, қўпол, дағал, орсиз эмиш. Биринчи гапи тўғри. Иккинчисига келсак, мен ҳали бу ҳақда бирор фикрга келганим йўқ. Менга у ёқяпти».
Никодим жилмайди-да, чўнтагидан ён дафтарини олиб, ўзи тушунмаган сўзларни ёзиб олди.
— Хўш, бу ёғида нималарни ёзибдийкин?
Бу ёғида туш кўргани ва Кася билан аразлашиб қолгани ҳақида бир неча саҳифа ёзилган эди. Никодим яна ўзининг исми тилга олннган жойни ўқиди:
«Кася буни тушунмайди. У Никодимни ёмон кўради, чунки ўзининг ҳаётга муносабатаи жуда ғайри табиий. Агар аёллигимни бир челта суриб қўйилса, мен кимман ўзи? Ахир менинг бутун моҳиятим аёллигимда-ку. Ақлим, эстетик қарашларим — ҳаммаси фақат аёллик моҳиятимга хизмат қилади. Эркак киши менга фақат руҳан эмас, балким жисман ҳам таъсир қилса, бунинг нимаси ажабланарли экан? Ким билсин, унинг ўрнида бошқа шундай соғлом ва бақувват эркак бўлса, у ҳам, эҳтимол, менга худди шундай таъсир кўрсатиши мумкин эди».
— Буни қаранг-а! — дея бош чайқади Никодим. — У кишига эркак бўлса кифоя экан-да.
У деразадан ташқарига кўз ташлаб, қўрқмай ўқийвериши мумкинлигига ишонч ҳосил қилди. Кейинги саҳифалардаги ёзув янги бўлиб, ҳали сиёҳининг ранги ўчмаган эди.
«Бугун у Варшавага жўнаб кетди. Бош министр чақиртирибди. Ғусса чекиш — жуда ғалати туйғу. У руҳий осойишталикка раҳна солади. Никодим Варшавада менга хиёнат қилармикин? Бирон нарса дейиш қийин, уни ҳали яхши билмайман. Никодим тўғрисида ўйлаганим сайин, унинг қандайдир сири борлигига, у шу сирни ўзига қалқон қилиб олганига ишоняпман. Ким билсин, бу қалқон муҳаббатнинг ғолибона, кучли таъсирида бирор кун очилармикин? Очилганидан сўнг дилимга ғулғула солмасмикин?
Билмайман. Аслини олганида у ҳақида ҳеч нима билмайман, менга фақат бир нарса аён: доим фикри ёдим ўшанда, асабимнинг ҳар бир тори ўша билан бўлишни истайди. У жуда кам гапиради, шу қадар кам ва содда гапирадики, агар ҳар куни пешанаси тор бу одамнинг тийрак ақли тинимсиз ишлашига шоҳид бўлмаганимда уни чекланган одам деб ўйлашим мумкин эди. Кася уни маданиятсиз деяпти, ёлғон. Эҳтимол, унга сиртқи жило етишмас, эҳтимол, унинг тарбиясида камчиликлар бордир. Тўғри, унинг Оксфорд университетида ўқиганини назарда тутганда бу ҳол бир оз ажабланарли туюлади. Бироқ бошқа томонини олганда, балки, у атайлаб шундай қилар. У ҳаётнинг моҳиятигагина эътибор беришини таъкидлаш учун ҳам унинг таомилларига бепарво қарайди. Бу нарса унинг кийинишида ҳам сезилади. Унинг қомати келишган, бунга шубҳам йўқ. Фақат костюми уни бир оз бесўнақай қилиб кўрсатади. Унинг чиройли ёки хунуклиги ҳақида ҳам кўп ўйладим. Никодим чиройли эмас. Лекин менга ҳусн керакми? У мени ўзининг эркаклик моҳияти билан шайдо қиляпти. Мен унинг қўллари чиройликроқ бўлишини истардим. Бугун унга каттагина хат ёзиб юбордим. Уни жуда соғинганман».
Кейинги саҳифа французча гап билан бошланган бўлиб, сўнг қуйидагилар ёзилган эди.
«Фалокат рўй берди. Газеталарни ўқиганимда ҳушумдан кетиб йиқилаёздим. Унинг Коборовога қайтмаслиги мумкин деган фикрнинг ўзиданоқ аъзойи баданим титраб кетяпти».
— Оббо, роса жигаридан урибман-ку! — дея тўнғиллади Никодим ва бу нарса кишига жуда хуш ёқса-да, кейинчалик кўп ташвиш орттириши мумкин, деган хаёлга борди.
«Леон унга табрик телеграммаси юборди. Ё тангрим, қани энди у Леоннинг таклифини қабул қилиб, шу ерда қолса! Мен Варшавага кўчиб боришни орзу қиляпман.
Йўқ, бу мумкин эмас. Пшеленская холам ёки бирорта таниш одамни учратиб қолишдан чўчиб, кўчага чиқолмайман бу ерда.
Мен уларнинг кўзларига қараёлмайман, аммо шу билан бирга уни кўришдан воз кечишга қурбим ҳам етмайди».
Кейинги саҳифадаги ёзув бундаи ҳам қисқароқ эди.
«Кечаси билан ухлаёлмай чиқдим. Ё парвардигор! Эҳтимол, у бойиб кетар!!
У мени севармикин?
Бу тўғрида ундан сўраганимда Никодим қисқагина қилиб: «Ҳа», — дея жавоб қилди. Бу жавоб жуда кўп нарсани билдириши ёки дилида менга нисбатан ҳеч ни-а йўқлигидан далолат бериши мумкин».
Никодим янги саҳифани очди-да, деразага қаради. Хиёбоннинг охирида автомобиль кўринди. Куницкий қайтиб келмоқда эди.
Дизма шошилиб ўрнидан турди-да, хотираномани жойига қўйди ва секингина коридорга чиқиб, югурганича зинапоядан пастга тушди. У жуда вақтида тушган экан — катта эшик очилиб, остонада Куницкий пайдо бўлди. Чол қучоқ очиб, Дизмани бағрига боса кетди.
— Азизим, пан Никодим! Яшанг-е! Чин қалбимдап табриклайман! Телеграммамни олдингизми? Хўш, қалай? Ишни кенг кўламда ташкил этяпсиз. Газеталарда сизни жуда мақташяпти... Сизни чин кўнглимдан табриклайман. Дарвоқе, сизга фақат яхшилик тилашимни ўзингиз ҳам биласиз.
— Раҳмат.
— Қани, қани, ўтиринг, азизим пан Никодим, қадрли пан раис. Сизга бир нарса таклиф қилмокчиман.
У Дизмани креслога ўтказди-да, кейин бирдан шошилганини пайқаб қолди:
— Балки, дам олишни истарсиз?
— Йуқ, чарчаганим йўқ.
— Худога шукур. У ҳолда, марҳамат қилиб, гапимни тингласангиз. Агар таклифимни рад этгудек бўлсангиз, дарҳол жавоб берманг. Майлими?
Никодим жилмайиб, кўзларини қисди:
— Сиз нима таклиф қилмоқчи эканлигингизни ўзим топсам-чи?
— Топа олармикинсиз? — дея ажабланди Қуницкий.
— Сиз бошқарувчи бўлиб қолишимни истайсиз? Шундай эмасми?
Қуницкий ўрнидан сапчиб туриб, яна Никодимни бағрига босди. У турли далиллар келтириб, тезда Никодимнинг бошқарувчилик лавозимида қолиши кераклигини икки карра икки тўртдек исботлаб берди.
— Банка правлениесининг раиси, азизим пан Никодим, давлат амалдори эмас-ку ахир. У корхона бошлиғи, холос, шу боисдан ҳам барча вақтини банкага сарфлаши шарт эмас.
Никодим аввалига ўзини бир оз иккиланаётгандек кўрсатиб турди-да, сўнг Қуницкийга, агар ғалла банкасининг раиси менинг бошқарувчим бўлади, деб ҳеч кимга айтмасангиз, майли, деди.
Турган гап, Куницкий бу шартни бажону дил қабул қилди.
Бу орада Нина қайтиб келди. У Никодимнинг таъзимига жавоб бермади, бироқ жувоннинг порлаб турган кўзлари шу қадар кўп нарсани айтмоқчи эдики, агар Куницкий сезгирроқ бўлганида дарҳол ҳаммасини билиб олган бўларди.
Никодимнинг розилигидан қувониб кетгани учунми, ҳарқалай чол бу ҳолни пайқамай қолди. У вағиллаб хотинига, пан Никодим Коборовони ўз ҳолига ташлаб кетмаётгани ва уларга ғамхўрлик қилиб, бу ерга тез-тез келиб туражагидан қанчалик хурсанд эканлигини тушунтира бошлади.
— Мен ҳам ғоят хурсандман, — деди Нина ва кечирим сўраб, кийимини алмаштиргани чиқиб кетди, чунки Коборовода якшакба кунлари соат иккида овқатланишарди.
Кунни учовлон ўтказишди. Бундан Нинанинг норозилиги яққол кўриниб турарди: Куницкий банканинг ишлари ва унинг очилиш муҳлати билан қизиқар, умумий кризис ҳақида гап сотар, солиқлар ҳамда ижтимоий талабларни кондириш учун бўлаётган харажатларнинг оғирлиги тўғрисида мулоҳаза юритар эди. Бироқ энди у ҳосилнинг мўллигидан шикоят қилмай қўйганди.
Кечки овқатдан сўнг улар автомобилда сайр қилишга қарор қилишди. Оқшом ҳавоси ғоят ажойиб эди. Йўл ўрмон оралаб кетганди. Осмондан ой мўраларди, кумуш ёғдуга кўмилган йўл қандайдир сирли жозибаси билан қишини ўзнга мафтун этарди. Хаёл дарёсига ғарқ бўлган Нина автомобилнинг юмшоқ ўриндиғига суянди. Бу сайрнинг ғаройиблигини ҳатто Никодим ҳам ҳис этиб турарди. Ёлғиз Куницкийгина тинмай бидирлаб борарди.
Улар соат ўндан ошганида уйга қайтиб келишди. Нина дарҳол тепадаги ўз бўлмасига чиқиб кетди. Куницкий эса Дизмани у ётадиган хонанинг эшигига қадар кузатиб борди-да, яхши уйқу тилаб, қайтиб кетди.
Никодим ечина бошлади.
Энди у Нинанинг хотира дафтари тўғрисида бемалол ўйлаб кўриши мумкин эди. Ҳали бирор қатъий фикрга келиб бўлмасди. Фақат бир нарса аниқ эди: Нина уни бениҳоят севиб қолган бўлиб, Никодимнинг бир кун эмас, бир кун унга уйланишига умид қиларди.
Дизмапи ҳаммасидан ҳам хурсанд қилган нарса— Нина унинг Оксфордда ўқигани ва жуда ақлли одам эканига ишониши эди. Чамаси, Никодим жуда тўғри йўл танлаганди. Уйланиш масаласига келсак...
Очиғини айтганда, Дизма бу ҳақда биринчи марта жиддий ўйланиб қолди. Нина унга ёқарди, албатта, иннайкейин графиняга уйланиш ҳам ҳазил ган эмас: у танийдиган аркони давлатлардан биронтаси ҳам ҳақиқий зодагон хонимга уйланмаган эди... Лекин, бошқа жиҳатдан ёндашганда, бисотида бир тийини бўлмаса-да, шундай катта талаб қўядиган хотинга уйланиш... Фақат кўйлакларининг ўзига қанча пул кетади! Ҳар куни уч хил кийинса, чет элга саёҳат қилса, узук ва билагузукларни писта пўчоғидек билса! Ахир улар ажралишган тақдирда Куницкий унга сариқ чақа ҳам бермайди-ку...
Тўғри, Никодимнинг банкадаги маоши катта, аммо шуям етмайди. Кейин, ким билади, уни раисликдан бўшатиб юборишлари мумкин — у ҳолда Дизма елкасида тирик товон билан бошини қаёққа суқади?... Қани энди, Куницкий хотинидан ажрашгандан кейин ҳам уни бошқарувчиликдан бўшатмаса!.. Лекин бу ҳақда сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
Яна битта қийинчнлик бор: у Нинанинг анови ақлдан озган акасини нима қилади? Бир ками ўша тентакни боқиши қолувди...
Никодим чироқни ўчириб, кўрпани бошига тортди. Понимирский ҳақидаги фикр масалани узил-кесил ҳал қилган эди.
«Аҳмоғи йўқ», — деди ўзига ўзи Никодим ва бошқа ёнига ўгирилиб ётди.
Унинг эндигина кўзи илина бошлаган ҳам эдики, бирдан хиёбонга тўкилган шағал устидан кимнингдир шипиллаб юриб келаётганини эшитиб қолди.
«Ким экан кечаси бу ерда санқиб юрган? « — Никодим бошини кўтарди.
Бирдан унинг юраги орқасига тортиб кетди.
Дарахт шрхларининг сирли шарпалари билан ўйнашиб турган ой шуъласида у хонасининг паркка қараган ойнабанд зшиги олдида аллакимнинг турганини кўриб қолди...
«Ўғри» — дея дилидан кечирди Никодим.
Ҳалиги одам бир зум қотиб турди-да, сўнг қўлини кўтариб, эшикни тақиллатди.
Никодимнинг эти жимирлашиб кетди. Беҳосдан: «Понимирский! Бутунлай ақлдан озиб, мени ўлдиргани келибди», — деган хаёл кечди днлидан.
Эшик қаттиқроқ тақиллади. Дизманинг қўрқувдан қимир этишга мажоли қолмаган эди. У фақат даста айланса-да, эшик очилмаганини кўргандан кейингина хиёл ўзига келди, демак, эшик қулфлоғлиқ экан.
Бу нарса унга бир оз далда берди. У сапчиб ўрнидан турди-да, деворни паналаб, эшикка яқинлашди ва эшик ойнасидан мўралади.
Қаради-ю, ҳайратдан қичқириб юборишига сал қолди.
Эшик ортида Нина турарди.
Никодим шоша-пиша шимини кийди-да, эшикин очди. Нина хонага сирғалиб кириб, унинг бўйнидан қучди.
Дизма уни каравот томон сургаб қолди.
— Йўқ, йўқ, — деди жувон унамасдан, — ўтинаман сендан... Бу ишни қўй... Мана бу ерга ўтирайлик... Мени ҳатто шу жиҳатдан тушунганинг учун ҳам сени шу қадар севаман... Сен-чи? Сен мени севасанми?
— Севаман.
— Жонгинам...
У Дизмадан тез-тез бўса олар экан, соғинч, орзу-умид ва қувончларини ҳикоя қиларди.
— Биласанми, агар бу ерга келиб, сени қучоқламасам, сен ёнимда бўлсанг, бирорта бошқа аёл сени мендан тортиб олмаслигига ишонсам, ўзимни қандай хотиржам ва осойишта ҳис этишимни айтмасам, кечаси билан ухлаёлмай чиққан бўлардим. Айт-чи, менга хиёнат қилганинг йўқми?
— Йўқ.
— Ростдан-а?
— Шу пайтга қадар хиёнат қилганим йўқ.
— Очиғини айт, — қаттиқ туриб олди Нина, — Варшавада ўйнашинг йўқми?
Ннкодим уни ўйнаши йўқлигига ишонтирган эди. Нина мукофотига унинг юз-кўзидан ўпди.
Дизма журъатсизлик қилганидан тажанг бўлиб, ҳатто Нина бу ердан чиқиб кетгач, мени латта деб атамаса гўргайди, дея хавфсирай ҳам бошлади.
Бу орада Нина унинг янги мартабаси ва эҳтимол, энди улар турмуш қуришлари мумкинлиги тўғрисида гап очди. Энди устомонлик қилишнинг вақти келган эди. Никодим хиёл ўйланиб турди-да, бир оз кутиш лозимлиги, ҳали маоши камлигини айтди.
— Иккинчидан, ўзинг Варшавада яшашни истамайман, деган эдииг. Мен эса ўша ерда яшашга мажбурман.
Нина маъюс тортди. Ҳа. Рост... Балки, Баршава яқинидаги бирор жойга кўчиб бориши мумкиндир. Никодим ишга автомобилда қатнайверади... Шундай дея жувон келажак режаларини туза бошлади.
Никодимнинг уйқуси келди. У мудраб қолмаслик учун папирос тутатди.
— Эҳ, — дея гап бошлади Нина, — бизнинг болаларимпз бўлади. Болалик бўлиш қандай бахт-а! Айт-чи, жоним, сен болаларни яхши кўрасанми?
Дизма болаларни жинидан баттар ёмон кўрар эди. Лекин у Нинанинг кўнглига қараб:
— Жуда яхши кўраман, — дея жавоб қилди.
— Қандай ажойиб! Бизнинг анча болаларимиз бўлади...
— Менга қара, — дея унинг гапини бўлди Никодим, — ётоқхонангдан чиқиб кетганингни эринг сезгани йўқми?
Нина ташвишга тушиб қолди. Чиндан ҳам у бу ерда кўп ўтириб қолган эди. Аслини олганда у ҳеч нимадан қўрқмасди-ю, лекин ҳар қалай жанжал чиқмагани маъқул эди.
Улар ўпишиб хайрланишгач, Нина чиқиб кетди.
Дизма каравотга ётиб, устига кўрпа тортди-да:
— Ҳе, жин урсин бунақа севгини! — дея тўнғиллаб қўйди.

10-боб
Давлат ғалла банкасида иш жуда юришиб кетди. Иқтисодий эксперимент кутилганидан ҳам яхши натижа берди. Европадаги бошқа мамлакатлар Польшага жиддий эътибор бериб, айниқса аграр мамлакатларнинг матбуоти ўз ҳукуматларидан раис Дизманинг услубини қўллашни талаб қила бошлади.
Раиснинг ўзи ҳукумат доираларига яқин одам бўлиб қолди, ҳатто оппозиция ҳам уни ҳурмат қилиб, аҳён-аҳёнда унинг номига мақтов гаплар айтиб турарди. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ эди, албатта.
Унинг метин иродаси туфайли давлат ғалла банкаси хўжалик ишлари кенг кўламда оқилона олиб бориладиган, жуда яхши ташкил қилинган корхона сифатида шуҳрат қозонди.
Раис Дизма ғоят меҳнатсевар одам сифатида ном чиқарди: ҳа, ҳа, бу одам ўта уддабуронлиги билан ҳам ажралиб турарди. Унинг кабинети мижозлар камдан-кам пайтдагина киритиладиган муқаддас бир жойга айланиб қолди. Фақат секретарь Кшепицкийгина у ерга истаган пайтида кириши мумкин эди. У ҳар куни раиснинг олдига бўлим бошлиқларининг ёзма ахборотини олиб кирар, банканинг адресига келган хат ва ҳужжатларни кўздан кечирар, умуман, барча кундалик ишлардан хабардор бўлиб турарди.
Ҳар куни соат ўн бирда раиснинг ҳузурига маслаҳатли ишларни ҳал қилиш учун директор Вандришевский кирарди. У ўз фикрича, анча мулоҳаза қилишни талаб этадиган энг мураккаб ишларни баён этарди, бироқ раис ҳар гал сира ўйлаб ўтирмай:
— Бу таклиф рад этилсин. Ёки:
— Ижобий маънода ҳал қилинсин, — деб қўя қоларди.
Буни кўриб директор аввалига шубҳаланиб қолди, бироқ вақт ўтиши билан раиснинг фикри доим тўғри чиқишига у ишонч ҳосил қилди. Турган гап, у мазкур ишда раиснинг секретарь Кшепицкий билан қилган суҳбатлари муҳим роль ўйнашини хаёлига ҳам келтирмас эди.
Бу орада раиснинг квартирасидаги ташрифномалар солинадиган ваза анча тўлиб қолди. Уникига фақат сиёсий арбоблар ва корчалонларгина эмас, балки аристократлар ҳам қадам ранжида қилишмоқда эди. Ҳар гал князь Томаш Ростонкийнинг ташрифномасини бирорта бошқа карточка ёпиб қўйганида Никодим дарҳол уки энг юқорига олиб қўярди.
Дизма иши кўплигини баҳона қилиб, меҳмонларни жуда кам қабул қиларди. Аммо ўзи «Бонтон» китобидаги кўрсатмаларга қатъиян амал қилар ва айтилган жойдан қолмас эди.
Пани Пшеленская билан танишлиги ва сеҳрли «Оксфорд» сўзи Никодимнинг олдида аркони давлатлар ва машҳур зодагонлар хонадонининг эшигини ланг очиб берди. Князь Томаш уни барчанинг олдида ҳозирги замоннинг Вокульскийси дер, мультимиллионер Збигнев Шверцнагель эса йигирманчи асрнинг Неккери , деб атарди. Шу боисдан ҳам ҳукумат ва нефтчи магнатлар орасида жиддий ихтилоф туғилганида иккала томон раис Дизмадан ҳакамлик қилишни илтимос қилди. Дизма Сулаймон пайғамбардек оқиллик билан ҳукм чиқарди: у аввалига ишни пайсалга солиб, магнатларнинг кўнглини олди. Сўнгра мамлакатда четдан нефть келтириш учун мукофот тўлаш мақсадга мувофиқ эмас, дея ҳукуматни мамнун этди.
Шу муносабат билан матбуотда яна Никодимнинг расми босилиб чиқди. Шуҳратининг бундай кенг тарқалиши натижасида тез кунда бошига қандай ғавғо тушишини билганида Дизма бундан сираям қувонмаган бўларди.
Бир куни у газеталардаги олди-қочди гапларни ўқиб ўтирган эди, Кшепицкийнинг кабинети — қўшни хонадан вағир-вуғур сўзлар эшитилиб қолди. Аллаким раиснинг олдига киришга уринарди. Кшепицкийнинг норозилигига қарамай, тўполон кўтаришга ҳаракат қиларди.
Дизманинг ғазаби қайнаб кетди. У ўрнидан сапчиб туриб, эшикни очди:
— Жин урсин, нима тўполон ўзи?!
Эшикни ҳимоя қилиб турган Кшепицкий ахборот берди:
— Пан раис, бу ерда Бончекми ёки Бочекми деган қандайдир одам сизнинг олдингизга киришга уриняпти...
Секретарь оғзидан гапини айтиб бўлмасданоқ паст бўйли бақалоқ одам олдинга ўтиб вағиллай кетди:
— Салом, пан Никодим, бу менман!
Дизманинг юзига қон югурди. Унинг олдида панжаларини чўзиб, Лисковдаги почта конторасининг нозири пан Бочек турарди. Никодим дарҳол ўзини босишга ҳаракат қилдн.
— Саломатмисиз, қани, марҳамат...
Никодим эшикни ёпди-да, Кшепицкийнинг қулоқ солишидан чўчиб, Бочекни кабинетнинг бурчагига бошлаб борди ва ўзи диванга ўтириб, меҳмонга стулни кўрсатди.
— Хўш, менда нима ишингиз бор, пан Бочек?
Бочек энди бир оз ҳадиксирай бошлади.
— Мен, шунчаки, эски таниш бўлганлигим учун олдингизга келдим, пан Никодим.
— Пан Бочек, — дея унинг гапини бўлди Дизма, — Министрлар Советининг раиси мени «Пан Никодим» деб чақиради, сиз эса бир оз ўпкангизни босиб, менга «пак раис» деб мурожаат қилинг.
— Мени кечирасиз, эски таниш бўлганимиз учун оғзимдан чиқиб кетди... пан раис.
— Бу гапларни унутинг. Хўш, мендан нима истайсан, Бочек?
— Сиздаи бир нарсани илтимос қилмоқчиман, пан раис. Ахир эски қадрдонмиз...
— Яхши, яхши, муродингизни айтинг.
— Ўтинаман, мени ҳимоянгизга олсангиз. Бир ойдан бери ишсизман. Хотин, бола-чақа дегандек...
— Ишдан ҳайдашдими?
— Бўшатишди, э-э-э... пан Ник... пан раис. Ғанимлар тафтиш комиссияси юборишди. Комиссияда окрут бошқармасида ишлайдиган Скворонек деган одам ҳам бор эди. Одам эмас, махлуқ экан у. Ўша Скворонек қимматбаҳо посилкалар қайд қилинадиган дафтардан аллақандай хатолар топди. Ўша дафтарни бир вақтлар ўзингиз ёзиб боргучи эдингиз...
— Секинроқ, жин урсин сени, бунча бақирасан!
Бочекнинг ёғ босган митти кўзлари таажжубдан олайиб кетди. Ахир у сираям бақиргани йўқ-ку... Собиқ хизматчиси бу гапларни биронта одам эшитиб қолишидан чўчимаяпганмикин... Бочек апча зийрак одам эди.
— Хўш, мендан нима истайсан?
— Мени ишга олсангиз демоқчийдим. Чунки...
— Менда ҳеч қандай иш йўқ. Ҳамма жой банд.
— Ҳазиллашаяпсиз чоғи, пан раис. Бир имо қилсангиз бас-ку...
— Сираям имо қилишни истамайман, эшитдингми, Бочек? Истамайман! Ўзинг айт-чи, нега энди имо қилишим керак экан, а? Бир вақтлар қўлингда ишлаганимда, азизим, сен менга бақирардинг, одам ўрнида кўрмасдинг, энди бўлса... Ҳали кўп ялинасан... Иш у ёқда турсин, шимилдириқ ҳам бермайман, билдингми!
Бочек қовоғини солиб ўтирарди.
— Ҳеч вақо бермайман! У кишини қарангу! Бир вақтлар осмондан келардилар, энди товонни ўпгудек бўляптилар!
Қизишиб кетган Никодим ўрнидан туриб, депсинди.
— Ким билан гаплашаётганингни биласанми?! Раис билан министрларнинг дўсти билан гаплашяпсан! Аҳмок! Тур ўрнингдан!
Бочек шошилмайгина ўрнидан турди.
— Агар буюрсам — зинапоядан кетингга тепиб тушириб қўйишади! Ҳеч ким ҳеч нима демайди! Яхшиликча, бу ердан жўнагин-да, тилингни тийиб юр, тушундингми? Ўша сассиқ почтахонанг тўғрисида, мени билишинг ҳақида биронта одамга айтсанг, кўрасан. Оғзингни оча кўрма! Энди йўқол!
Бочек жойидан қўзғалмай бир оз жим турди-да, сўнг ерга тикилганича деди:
— Яхши, кетаман. Лекин зинадан кетимга тепиб тушириш унча осон эмас... Дунёда адолат бор ҳали... Агар газеталарда пан раис ўз собиқ бошлиғини...
— Нима? — дея ўшқирди Дизма.
— Бунча бақирасиз, пан раис? Оғзимга урмоқчимисиз? Ҳозирча сизнинг гапингиз гап, лекин кўрамиз ҳали... Мен кетдим... Яхши қолинг...
Бочек таъзим қилиб, эшик томон йўналди.
— Шошма! — дея уни тўхтатди Дизма.
Бочек тўхтаб, хўмрайганича Никодим томон ўгирилди.
— Нима дейсиз?
— Хўш, нима қилмоқчисан ўзи?
— Нима қилмоқчисан дейсизми...
— Оббо... газанда-ей! — Никодим гиламга тупурди. Сўнг тупугини оёғи билан эзиб стол ёнига бориб ўтирди-да, телефон трубкасини олиб, аллақандай номерни айтди.
— Сиз билан ғалла банкаси правлениясининг раиси гаплашяпти. Салом, пан директор.
— Миннатдорман, ёмон эмас. Фабрикангизга бир одамни ишга ололмайсизми?
— Ҳа, дуруст, анча қобилиятли... ҳа... Бочек. Юзеф Бочек.
— Демак, келишдик-а? Катта раҳмат... Ҳа, керак бўлиб қолди-да. Саломат бўлинг.
Дизма илжайиб турган Бочек томон ўгирилди.
— Ҳу, жин урсин сени. Мана, иш беряпман сенга.
— Ғоят миннатдорман, пан раис.
— Фақат билиб қўй, Бочек, — Дизма каттакон муштини собиқ бошлиғининг тумшуғига тиради, — билиб қўй: миқ этмаслигинг керак.
— Бўлмасам-чи, пан раис, оғиз ҳам очмайман! — Шундай дея Бочек Дизманинг муштига бурни текгудек энгашиб таъзим қилди.
Никодим ёзув столи ёнига ўтириб, ён дафтарининг бир варағига адрес ёзди.
— Эртага кундузи соат бирда шу адресга борасан.
— Раҳмат, пан раис.
Бочек хайрлашмоқчи бўлган эдн, Никодим қўлларини чўнтагига тиқди.
Бочек яна бир бор таъзим қилиб, чиқиб кетди.
— Аблаҳ! — дея тўнғиллади унинг ортидан Дизма. У Бочекнинг кўзларида нафрат учқунларини сезиб қолди. Шу боисдан Никодим, гарчи собиқ бошлиғи энди уни «сотмаслигига» имони комил бўлса-да, бўлажак хавфнинг олдини олиш учун бирор чора ўйлаб топишга жазм қилиб қўйди.
Бу орада кабинетга шу куни келган хатларни кўтариб Кшепицкий кириб келди. У бухгалтерлардан бири хатлар бўлимидаги машинистка қизга ишқий мактублар ёзаётгани тўғрисида гап топиб келган эди.
— Қайси қиз экан у? — суриштирди Никодим.
— Дераза олдида ўтирадиган кўҳликкина қора соч қиз бор-ку, ўша.
— Директор нима деяпти?
— Унинг ҳеч нимадан хабари йўқ.
— Бухгалтерни ҳайдаб юборсаммикин!
Кшепицкий елкасини қисди.
— Жабр бўлмасмикин? Хотнн, бола-чақаси бор.
— Оббо тўнғиз-ей! Унга ҳамма гапдан хабарим борлигини айтиб қўйинг, йиғиштирсин ўша ошиқ-маъшуқликни.
Кшепицкий бош ирғади-да, қоғозларини очиб, иш ҳақида гап бошлади.
Никодим паришонлик билан бир оз қулоқ солиб тургач сўради:
— У чиройлими?
— Ким?
— Ўша қора соч қиз-да.
— Анча кўҳликкина.
Дизма оғзининг таноби қочпб жилмайди, — Анови масалада қандоқ?
Кшепицкий столнинг четига ўтирди.
— Пан раис, бирор хотин ҳақида бу масалада қандоқлигини аниқ айтиб бўлармишми? Хе-ҳе-ҳе!
Никодим унинг тиззаснга уриб қўйди.
— Вой овсар-эй! Агар менинг қандай аёл билан учрашиб турганимни билганингизда эсингиз оғиб қоларди.
— Пани Яшунская билан эмасми, мабодо?
— Бе, қурбақа-ку!
— Мен ўша аёлни биламанми?
— Биласиз. Аниқроғи уни қизлик пайтида танир эдингиз. Қани, топинг-чи?..
— Сира эслолмаяпман.
Никодим бармоғини юқори кўтарди-да, маънодор қилиб деди:
— Пани Куницкая.
— Нина?.. Нина?! Бўлиши мумкин эмас.
— Чин сўзим.
— Йўғ-е, ишонмайман...
Дизма кафтини кафтига ишқади.
— Кетворган аёл! Мен сизга айтсам — нақ офати-жоннинг ўзи!
— Жаҳлингиз чиқмасину, пан раис, лекин мен Нинанинг дуч келган одам билан дон олишишига ҳеч қачон ишонмайман.
— Дуч келган одам билан деб ким айтди сизга? Мен дуч келган одам эмасман-ку.
— Сиз билан бўлган тақдирда ҳам, ишониш қийин, — деди Кшепицкий ўжарлик билан, — бир вақтлар мен ҳам уриниб кўргандим — қиё боқмаган эди. Энди бўлса эри бор...
— Ҳе ўлгурдим ўша эридан, — деди зардасн қайнаб Никодим. — Мункиллаб қолган чол-ку, эркаклик қолибдими унда! Мени эса Нина севади, билдингизми? Бир кўришда ишқи тушиб қолган!
Кшепицкий бошлиғига ишонинқирамай қараб қўйди. У Нинанинг диди қанчалик нозиклигини яхши билар ва унинг пан Дизма билан ошиқ-маъшуқлик қилишини сира тасаввур қила олмасди.
— Нима, гапимга ишонмаяпсизми?
— Ишонаман: аёллардан ҳар нарсани кутса бўлади. Кшепицкий аслида бу факт яна бир бор Дизманинг қандайдир оҳанрабоси борлигидан далолат беради, дея хаёлидан ўтказди. Секретарь бу оҳанрабонинг нимадан иборатлигини билмасди, бироқ ҳар куни унинг қучини ҳис этарди.
— Мен учун жонини беришга ҳам тайёр! — дея мақтанишда давом этди Дизма.
— Унга уйланмоқчи эмасмисиз, мабодо?
Никодим елкасини қисди.
— Шир яланғоч-ку, нимасига уйланаман?
— Коборово-чи? Унинг бирор қисми Нинаникидир ахир.
— Қоғозда бутун Коробово уники. Лекин фақат қоғозда.
— Шошмапг! Шошманг... Эслаёлмаяпман...
Дизма секретарига аҳволни қисқача қилиб тушунтириб берди.
Кшепицкий бош чайқади:
— Ҳм... қизиқ...
Шу пайт телефон жиринглаб, уларнинг суҳбати бў-линиб қолди. Директор Вандришевский Кшепицкийдан зарур иш бўйича олднга бирров кириб кетишни илтимос қилган эди.
Ўша куни кечқурун Дизма ккязь Ростоцкийнинг уйидаги қабул маросимида бўлди. Бу оила фақат пойтахтдагина эмас, балки бутун Польшада мўътабар хонадон ҳисобланарди. Чиройлироқ кўриниш учун Никодим ҳатто фрак киймоқчи ҳам бўлди. Бироқ «Бонтон» бундай ҳолларда смокинг кийишни жоиз кўргани боисидан Никодим Кшепицкийга қўнғироқ қилиб, унинг маслаҳати билан фрак кийиш ниятидан қайтди.
Бир вақтнинг ўзида ҳам хат ташувчи, ҳам раиснинг хизматкори вазифасини ўтайдиган Игнатий Дизмага эшикни очиб берар экан:
— Бугун пан раис худди Валентинонинг ўзи бўлибдилар-қўйибдилар, — деди.
— Зўр кийинибманми?
— Хотинларнинг бари ўлиб қолишади! — дея Игнатий кўкрагига уриб қўйди.
Бу гапдан сўнг Дизма ўзини бирмунча дадилроқ ҳис эта бошлади, очиғини айтганда, у бир оз қўрқиб турган эди.
Министрлар ёки анови пани Пшеленскаяга қараганда ҳақиқий аристократиянинг йўриғи бошқа эди-да, ахир. Бир вақтлар, ҳали Лисковда яшаб юрган кезлари, у князь ва графларни дунёда энг ажойиб қисса «Мохов» асарида ҳикоя қилингандек тасаввур этарди. Бир гал у ҳатто туш ҳам кўрган эди. Тушида у бадавлат Михоровский амлокининг хўжайини эмиш ва анови аблаҳ Бочекнинг кичик қизи панна Бочекка ошиқ бўлиб юрганмиш. Бироқ, Коборовода телба граф билан танишгач, Дизма барча зодагонларнинг у билан Понимирскийга ўхшаб гаплашишидан чўчиб қолган эди.
Шу боисдан ҳам Никодим анчага довур уни таклиф қилган аристократлар хонадонига боришдан қўрқиб юрди. Фақат ташрифномасини юбориш билан чекланиб юрган Никодим бугун биринчи марта жамоатга кўринишга журъат этди.
У князь Ростоцкийнинг уйида Яшунский билан Вареданинг ёнида бўлишини ўйлаб, ўзига ўзи далда берарди. Чиндан ҳам у даҳлизда Вареда билан учрашиб қолди. Полковник пальтосини ечиб, хизматкорга узатмоқда эди.
Салом-аликдан сўнг улар бир-бирларини қўлтиғидан тутиб, кенг мармар зинапоядан иккинчи қаватга кўтарилишди. У ердаги залда йигирмага яқин меҳмон бор экан.
Зал эшиги олдида қора сочларига оқ оралаган, қадди-қомати келишган князь Томаш иккита меҳмон билан немисчалаб суҳбатлашмоқда эди.
— Эътибор бер, Никусь, — деди Вареда, — анови питрак бақалоқ берлинлик дипломат — барон Рейниц бўлади. У машҳур пойгачи. Балки эшитгандирсан?
— Ҳа-ҳа... Бошқаси-чи?
— Граф Иероним Конецпольский. Ўзи бурлакка ўхшайди; айтишларича, унинг онаси...
Вареда гапини тугатмаган ҳам эдики, Дизмага кўзи тушиб қолган князь Томаш суҳбатдошларидан кечирим сўраб, уларнинг олдига келди. Никодим билан Вареда мезбоннинг ортидан юриб, меҳмонхонага киришди.
— Салом, салом. Ниҳоят, пан раис ҳам бизникига қадам ранжида қилар эканлар-да. Бу дейман, полковник, сизни генераллик эполетларида ҳам кўрамизми, ишқилиб? Марҳамат, танишинглар, — деди князь Дизмани икки суҳбатдошига таништириб. Полковник улар билан анчадан бери таниш экан.
Немис тилида гаплаша бошлашди. Князь Дизманинг хўжаликни бошқариш соҳасидаги истеъдодини кўкларга кўтариб мақтай кетди. У Никодимни дам-бадам экономиканинг Наполеони деб атарди. Дипломат одоб билан бош ирғар, граф Конецпольский эса нуқул князнинг гапини маъқулларди.
Ногаҳон ғоят озғин хоним дивандан турди.
— Сизни хотиним билан таништиришга рухсат этгайсиз. У анчадан бери сиз билан танишишни орзу қилиб юрарди, — деди князь ва Дизмани ўша озғин хоним томон бошлади. Бу хонимни кўрган одам унинг ёшини дарҳол аниқлаёлмасди. Ҳарқалай унга йигирма беш ҳам, қирқ ҳам бериш мумкин эди. Хоним узоқдан жилмайиб келди-да, князь меҳмоннинг фамилиясини айтиб улгурмасданоқ, хитоб қилди:
— Бпламан, биламан, менга айтишди. Салом, пан раис. Ниҳоят, миллатимиз асоси бўлмиш помешчикларнинг жонига ора кирган одамнинг қўлини қисишга муяссар бўлганимдан ғоят хурсандман!
Шундай дея у бармоғига кичкинагина узук таққан бесўнақай қўлини Дизмага узатди.
— Зироатчиларни демоқчисан-да! — дея майинлик билан хотинининг гапини тузатди князь.
— Ахир булар синоним эмасми? — жилмайди княгиня Никодимга қараб.
— Кечирасизлар, мезбонлик бурчини адо этишим керак, — деди князь таъзим қилиб, уларнинг ёнидан нари кетар экаи.
— Графиня Конецпольская билан танишишни истамайсизми? У сизнинг мухлисингиз. Тўғри, у Венада тарбия кўриб, поляк тилида яхши гапиролмайди, бироқ сизнинг ишларингизга жуда қизиқади. Apropos , сиз немис тилида гапиришни афзал кўрасизми ёки инглиз тилида?
— Менга поляк тили маъқул.
— Эҳ, қандай ватанпарварлик! Сизни тушунаман. Чет эллар адабиётини ўқиш учун хорижий тилларни ўрганиш мумкин, бироқ ҳаммасидан ҳам она тилимиз афзал. Масалан, Жан Огиyский... Сиз Жан Огинскийни танийсизми?
— Унча яхши танимайман.
— Сизга айтсам, у бир оз ғалати одам, лекин ким билсин, бундай услубни қўллаш Ватанимиз олдида катта хизмат ҳисобланар? У, чет эллик кишилар билан фақат поляк тилида сўзлашайлик, деган шиор ташлаган. Ажойиб-а, тўғрими? Рост-да, биз Париж ёки Лондонга борганимизда уларнинг тилида гаплашамиз-ку ахир! Шундай экан, улар ҳам мамлакатимизга келишганда бизнинг тилимизда гаплашишсин.
— Тўғри, лекин улар тилимизни билишмайди-да.
— Ҳа, ҳа, тушунаман, назариёт бошқа-ю, амалиёт бошқа. Сиз ҳақсиз. Жан Огинский — ғалати одам, деб айтдим-ку ахир.
Меҳмонхонанинг нариги бурчагида асосан хонимлардан иборат саккиз чоғлик киши алланима тўғрисида қизғин суҳбатлашиб ўтиришарди.
— Сизларга раис Дизмани таништиришга ижозат этгайсизлар, — деди уларга мурожаат қилиб француз тилида княгиня.
Эркаклар ўринларидан туриб, ўзларини танитишди-да, Никодимнинг қўлини қисишди. Ляля Конецпольская немисчалаб алланималарни бижиллади, кўзига монокль таққан чол такаббурлик билан инглиз тилида бпр нарса деди. Бу гаплардан Дизма икки марта ўз исмини тушунди, холос.
У эсанкираб қолиб, бир кўнгли жуфтакни ростламоқчи ҳам бўлди. Бироқ княгиня ғойиб бўлганди; унга стул суриб қўйишди.
Дизманинг ўтиришдан бўлак чораси қолмаган эди. У ноилож жилмайиб қўпди. Орага жпмлик чўкди, шунда Никодим бирор гап айтиши лозимлигини тушуниб қолди. Лекин мияси ғовлаб кетган эди. Никодимнинг зардаси қайнай бошлади — нега бу одамлар у тушунмайдиган хорижий тилларда гапиришади, ахир? У бирор нарса деб жавоб бермоқчи бўлди, бироқ тилига ҳеч нима келмади.
Шу пайт графиня Конецпольскаянинг ёнида ўтирган сийқабош ва бақалоқ одам унинг жонига ора кирди.
— Шундай қилиб, — дея гап бошлади у, — пан раиснинг камгаплиги ҳақидаги миш-мишларнинг афсона эмаслигига ишонч ҳосил қилдик.
— Ниҳоят. поляк тилида гапирадиган одам ҳам бор экан-ку! — деб юборди Никодим чидаб туролмай. У ноқулай аҳволга тушиб қолганидан шу қадар сиқилиб кетган эдики, беихтиёр шу гап оғзидан чиқиб кетди. Шундаи сўнг, у энди расво бўлдим, деб ўйлай бошлади.
Барча кулнб юборди. Никодим расво бўлиш у ёқда турсин, ҳатто ўткир гап айтганини пайқаб, ҳайратга тушди.
— Сиз чет тилларга қаршимисиз? — дея сўради қошлари ингичка қилиб терилган, оғзи пистадек келадиган ёшгина қиз.
— Сира ҳам қарши эмасман! Лекин, менимча, Огинский ҳақ. — Никодим анча ўзини босиб олган эди. — Адабиётни ўқиш ва чет элларга сафар қилиш учун хорижий тилларни билиш керак, албатта. Аммо уйимизда поляк тилида гаплашишимиз лозим.
— Аҳ! Ўжимижни тилни билмашак-чи? — дея сўради графиня Конецпольская.
Дизма бир зум ўйланиб турди-да, сўнг жавоб қилди.
— Билмаган одам ўргансин.
— Офарин, офарин! — деган товушлар эшитилди.
— Чигал масалани ҳал қилиш деб шуни айтса бўлади, — деди ишонч билан олтин гардишли кўзойнак таққан, қора сочли барваста киши, — бу нарса давлатимизнинг обрўсига боғлиқ.
Монокль таққан такаббур чол ёнидаги кексагина аёл томон эгилиб, аста деди:
— Олий ҳазратларининг камергери бизни яна буюк давлат тўғрисидаги мулоҳазалари билан сийлайдиган бўлди. Бўлажак валиаҳд гетман!
Ҳамма жилмайди, барваста киши эса эътироз билдира бошлади:
— Ҳазилингизни қўйинг, ординат . Мен доим мамлакатимизни буюк давлатга айлантиришнинг иккита йўли бор, деб айтиб келганман: бошқа халқлар олдида обрўйимизни кўтаришимиз ва Европанинг аристократ хонадонлари билаи қуда-андачилик қилишимиз лозим. Шу боисдан ҳам бугун орамизда менинг фикримни қувватлаб чиққан давлат арбоби ўтиргаиидан ғоят хурсандман. Чунки...
У гапини давом этар экан, Никодим монокль таққан чолнинг ўзига папирос узатганидан фойдаланиб, сўради:
— Нега сиз уни бўлажак гетман деб атадингиз?..
— Ие! Ҳали билмайсизми? Ахир у краковлик помешчик, депутат Лясковницкий бўлади. Жуда олифта лекин бировга зарари тегмайди... Баронесса фон Лидемаркка уйлангани боисидан ўзини магнат деб ҳисоблайди.
— ...Алоҳида давлат тузишни... — дея давом этди Лясковницкий, — бизнинг табақамиз асрлар давомида орзу қилиб келган. Чарнецкий денгизни сузиб ўтгани, Жулкевский Москвани ишғол қилгани, Ян Варненчи эса Венани забт этганини унутмаслигингиз лозим...
— Тўғри айтаяпсиз, — унинг гапини бўлди бояги бақалоқ, — лекин, азизим, ҳозир замон ўзгариб кетган.
— Хўш, нима қилибди? Илгарилари поляк дворянлари чегараларда қон тўкишарди, бугун эса биз Ватанимиз ичкарисида давлат ғоясининг ҳимоячиси сифатида ота-боболаримиз ишини давом эттираяпмиз. Биз давлатнинг таянчи, агар истасангиз — унинг хазинаси эрурмиз.
— Чамаси, бизнинг хазинамизда, — деди секингина бояги кексагина аёл, — фақат шу фикр қолди, холос.
Ҳозиргина ординат деб аталган моноклли чол Никодим томон таъзим қилиб деди:
— Хазинамиз тез кунда конкрет бойлик билан тўлдирилишига умид қиламиз.
Графиня Конецпольская фусункор табассум билан Дизмага мурожаат қилди.
— Ach, sagen Sie, bitte, Her Prasideut ... Ach, pardon .
Графиня сўзларни жуда бузиб талаффуз қиларкан, поляк тилида сўзлай бошлади: — балким, сизники манга айтади, бундай аджойип фикр қадай мияга келади?
— Қандай фикрни айтяпсиз?
— Ғалла облигацияси ҳақидаги анов гениал фикр-а? Меники сира ҳам ҳал... ҳалиги одамлар бор-ку...
— Топқир одамлар, демоқчимисиз? — дея унга ёрдам бермоқчи бўлди ординат.
— Мais non Okonomi , por exemple музикада Стравинский ўхшакан кешилар...
— Э-ҳа, — изоҳ берди сийқабош бақалоқ, — пани Ляля, янги оқим кашфиётчилари демоқчилар.
— Ҳа, ҳа, — дея тасдиқлари графиня, — меники будай гениал фикрлар қадай уйлаб чиқорилишга жудда кизикади.
Никодим елкасини қисиб қўйди.
— Бу жуда осон нарса: одам креслога ўтириб, бир оз хаёл суради-да, янги фикр ўйлаб чиқаради.
Никодим бошини қўлига тираб қандай ўтириш лозимлигнни кўрсатиб ҳам берди. Буни кўриб ҳамма кулиб юборди. Боядан бери Дизмани лорнет орқали кузатиб турган кул ранг кўйлакли хоним бош ирғаб деди:
— Пан раис, сиз тенги йўқ экансиз. Бундай юмор менга Бестер Китонни эслатади: у ҳам бирор кулгили гап айтганда ўзини доим бепарво кўрсатарди.
— Сиз баджаҳил одам экан, — деди Ляля ранжиган бўлиб. — Меники, будай фикрни уйлаб топиш кийинми, деб сураган эди.
— Сира ҳам қийин эмас, — дея жавоб қилди Дизма, — жуда осон. Фақат бир оз...
У хорижий сўзлар луғатида бу сўз қандай ёзилгани у интуицими ёки инфляциями эканлигини эслаёлмади ва шу боисдан таваккал қилиб деди:
— ...Интуиция керак.
Яна кулги кўтарилди. Шу пайт уй бекасига кўзи тушиб қолган кекса хоним хитоб қилди:
— Жанетта! Раисинг жуда дилбар одам экан-да!
— Қандай ажойиб espret d’a propos , — дея қўшимча қилди қоши терилган қиз.
Княгиня беҳад хурсанд эди. Тўғри, Дизма бундан олдинги йиғинга келган Адлен Жербонинг амакиваччаси каби шов-шувга сабаб бўлмади, аммо бугун ҳам барча «йиғин юлдузи»дан мамнун эди. Дизманинг атрофига борган сайин кўпроқ меҳмонлар йиғила бошлашди. Никодим озғингина баронесса Леснер билан саломлашди. Дизма бу хонимни Пшеленскаяникидаги бридж ўйинида учратган эди. Чамаси, пани Пшеленская баронессадан сир сақламас экан, чунки хоним Никодимдан дарҳол «анови бояқиш Жорж Понимирский» яхши юрибдими, деб сўради.
— Раҳмат, ёмон эмас.
— Сиз Понимирский билан танишмисиз? — дея сўради қоши терилган қиз.
— Бўлмасам-чи! — деди жавобан Никодим. — У билан Оксфордда бирга ўқиганмиз.
Понимирскийлар оиласи ҳақида гап бошланди, бу ердагилар уларни яхши биларкан. Пайт пойлаб туриб гапга депутат Лясковницкий аралашди:
— Бу оила фожиаси нақадар мудҳиш-а! Қизларини судхўрга эрга беришибди. Унинг фамилияси нима эди?
— Куницкий, — дея эслатди Никодим.
— Тенгсиз никоҳлар, — гапида давом этди депутат, — бизнинг табақамиз шаънига доғ тушириб қўйиши мумкин ва...
— Пан депутат, — дея уни тўхтатди княгиня, — гапингизни бўлганим учун кечирасиз, лекин сиздан бир нарсани сўрамоқчиман...
Лясковницкий унинг олдига келгач, графиня шивирлаб деди:
— Ёдингизда бўлсин: раис, менимча, Понимирскийларнинг қариндоши бўлади.
Бу орада Пшеленская ҳақида гап очилди. Баронесса, пани Пшеленскаянинг ёши элликдан ошди, дерди, бироқ ординат, у ҳали қирқ бешга ҳам бормаган, дея эътироз билдирарди. Никодим жамоатни хабардор қилиб қўйишни лозим топди:
— Пани Пшеленская энди ўттиз иккига тўлди. Барча унга ажабланиб тикилиб қолди, шунда сийқабош бақалоқ сўради:
— Буни қаёқдан биласиз, пан раис? Балки, ёши каттароқдир?
— Нега билмас эканман, — деди қатъий оҳангда Дизма, — аниқ биламан: менга буни пани Пшеленскаянинг ўзлари айтганлар.
Бу гапни мутлақо жиддий гапирган Никодим умумий қахқаҳа кўтарилганидан оғзи очилиб қолди. Конецпольская нуқул унга, тилингиз заҳар экан, дерди.
Дизма гарчи бу жамоага анча кўникиб қолган бўлса-да, Яшунскийни кўриб, анча енгил тортди. Никодим атрофидагилардан кечирим сўраб, министрнинг ёнига борди. Улар дераза олдига бориб туришгач, Яшунский унга аллақандай латифани айтиб бера бошлади.
— Ажойиб одам, — деди Дизманинг ортидан депутат Лясковницкий.
— У ким билан гаплашяпти, — дея қизиқсинди ёши ўтиб қолгаи хоним.
— Ҳа... Раис Дизма... Ҳатто оддий суҳбат пайтида ҳам муҳим ишлар ҳақида ўйлаётгани шундоқ сезилиб турибди. Жуда қизиқ одам экан.
— Давлат арбоблари одатда шунақа бўлади, — деди комил ишонч билан депутат.
— Жуда дилбар одам экан, — дея гап қотди қоши терилган қиз.
— У чиндан ҳам курляндиялик баронларданми? — сўради ёши ўтиб қолган хоним.
— О, бўлмасам-чи, — дея тасдиқлади ўзини шажара бобида жуда билимдон деб ҳисоблайдиган Лясковницкий. — Шубҳасиз.
— Жуда Commeit faut одам экан, — дея хулоса қилди княгиня.
Никодим уйига барвақт қайтди-да, князь Ростоцкийнинг меҳмонхонасида ўзини одамшавандаларча тутиб, обрў орттиришини бир оз ўйлаб кўргач, ухлагани ётди.
Шундай қилиб, у олий табақа киборлар билан ҳам танишди ва улар Никодимнинг ҳурматини жойига қўйишди. Уни турли кунларда ўтадиган бир неча йиғинга таклиф қилишди. Никодим йиғин кунларини ён дафтарига ёзиб қўйди. У иложи борича кўпроқ хонадонларга боришга аҳд қилди: бунинг фойдаси тегса тегардики, зарари тегмасди.
Аслида у киборлар ҳақида унчалик яхши фикрда эмасди.
«Аҳмоқлар, — дея ўйларди Никодим, — бир оғиз сўз айтсанг, бас, гўё сен Американи кашф этгандек, воҳ-воҳ қилишади».
Бироқ унинг ғоят камгап одам деб ном чиқаришига сабаб бўлган йўлидан воз кечиш нияти йўқ эди.
Никодимнинг уйқуси қочиб кетди. У анчагача кетма-кет папирос чекиб, у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилиб ётди-да, ниҳоят, ўрнидан туриб чироқни ёқди.
Унинг миясига: Нинадан келган хатларни ўқисаммикин? — деган хаёл келди. Хатлар анча йиғилиб қолган бўлиб, биронтаси ҳам ҳали очиб ўқилмаган эди. Дизма яна тўшакка чўзилиб, хатларни ўқий бошлади. Барча мактублар бир хил ёзилган бўлиб, уларда муҳаббат, соғинч, умид ҳақидаги гаплар такрорланар ва турли мавзуда мулоҳаза юритилиб, Коборовога келиши илтимос қилинарди.
Бу хатлар шу қадар зерикарли эдики, Дизма чорак соат ўтмасданоқ, уларни полга улоқтириб, чироқни ўчирди.
У ҳаётида дуч келган аёлларни эслай бошлади. Никодим учрашган аёллар унча кўп эмасди. Бироқ, тан олиш керак, уларнинг биронтаси ҳам Ниначалик кўп вақтини олиб, ўзи ҳақида шунча кўп ўйлашга мажбур қилмаганди. Дизма Луцкая кўчасида турадиган Манькани ҳам эслади. Бутунлай тубанлашиб, фоҳишаликни касб қилиб олган бўлса керак, бечора. Аслида, қизчага ачинади одам... Собиқ ижарагирлари қандай катта одам бўлиб кетганини билса, нима деркин... Оғзи очилиб қолса керак ўзиям...
Князь Ростоцкий меҳмонхонасида учратган анови хотинлар-чи...
«Улар ҳам менга кўз сузишди, лекин очиғини айтсам, бундай хотинларни бошимга ураманми... Дарвоқе, хотинларнинг ҳаммаси бир гўр. Агар соғлом эркак бўлсанг, нима қилишни ўзинг яхши биласан...»

11-боб
Кузатув советининг мажлисини раис Дизма очди, сўнгра секретарь Кшепицкий кун тартибиии эълон қилгач, директор Вандришевский сўз олди.
Ўн беш чоғли одам йиғилган бўлиб, барча ҳисобот докладини диққат билан эшитарди. Ғалла банкасининг илк фаолияти жуда яхши натижа берган эди; қишлоқ хўжалигидаги жонланиш, сунъий ўғитлар, янги машиналар, ёғ заводлари учун асбоб-ускуналарни оммавий равишда сотиб олинаётгани шундан далолат бериб турарди. Вазият анализи ғалла нархининг кўтарилиши мамлакат иқтисодий ҳаётининг ўсишига кучли таъсир кўрсатганини исботламоқда эди. Кризис бартараф қилинди деса бўларди. Буларнинг бари муҳтарам раисимиз Никодим Дизманинг гениал эксперименти ва унинг мамлакатдаги қишлоқ хўжалик сиёсатига тадбиркорлик билан раҳбарлик қилиши туфайли амалга ошганди.
«Офарин», деган хитоблар эшитилди, раис ўрнидан туриб, кузатув советининг аъзоларига бирма-бир таъзим қилди.
Кабинетга оёқ учида юриб кирган курьер Кшепицкийни чақириб чиқиб кетганида майда ҳисоботлар ўқилмоқда эди.
Секретарь бир зумда қайтиб кирди-да, раиснинг қулоғига шивирлади:
— Пан раис, графиня Конецпольская келибди.
— Конецпольская? Нима керак экан унга?
— Сизга бир нарса демоқчи. Офатижон хотпн-да, ўзиям. Департамент бошлиғи Марчевскийдан ўрнингизга раислик қилиб туришни илтимос қилиб, унинг олдига чиқинг.
— Ноқулай бўлмасмикин?
— Ноқулайлиги нимаси? Барибир энди муҳим гап бўлмайди, таклифларни мунозара қилиб ўтирмай қабул қилишади.
— Яхши. Нимани баҳона қилай?
— Чет эллик кишини қабул қилишим керак, десангиз ҳам бўлади.
— Кимни?
— Аҳамияти йўқ, кимлигини сўрашмайди — чет эллик десангиз бўлди.
Никодим ишора қилиб ҳисобот ўқиётган амалдорни тўхтатди.
— Мени кечирасизлар, чет элдан муҳим иш билан бир одам келибди. Пан Марчевский, балки менинг ўрнимга раислик қилиб турарсиз?
— Бажону дил!
Дизма таъзим қилди-да, кабинетдан чиқиб кетди. Қора кўзойнак таққан бақалоқ ёнида ўтирган одамга энгашиб аста деди:
— Бу Дизманинг мияси хўп ишлайди-да. Министр бўлса арзийди.
— Жуда серғайрат одам.
Қабулхона хизматини ҳам ўтайдиган мўъжазгина меҳмонхонада Дизмани графиня Конецпольская кутнб турган эди. Брезент комбинезон, пешанасида кўзойнак ялтираб турган чарм шлемда уни сира таниб бўлмасди. Графиня ноз-карашма қилиб, Дизма билан саломлашди; сўзларни бузиб талаффуз қилиб, Дизмани қишлоққа олиб кетгани келганини айтди.
Никодим анграйиб қолди. Унинг бирор жойга боргиси йўқ бўлиб, боз устига кечқурун Вареда билан учрашишига ваъдалашиб қўйган эди. Аммо Дяля гапга кўнадиган аёллардан эмас экан. У Дизмага кутилмаган совға ваъда қилди; бу ҳам таъсир қилмагач, кўзини сузиб очиқдан-очиқ эрининг чет элга жўнаганини айтди.
Никодимнинг рози бўлишидан бошқа иложи қолмади. Уйга кириб, қайта кийиниб чиқишга ва Лялянинг маслаҳатига биноан, пижамани олишга тўғри келди. Игнатийга ўзининг жўнаб кетаётганини Кшепицкийга айтиб қўйишни буюриб, Дизма зинапоядан пастга тушди.
Конецпольская уни икки ўринли эшиксиз пойга автомобилда кутиб ўтирарди. Буни кўриб Дизма бўлажак саёҳатининг оқибатидан чўчиб қолди.
Дяля машинани шитоб билан ҳайдаб, чорраҳада турган полициячини уриб кетишига сал қолди. Шундан сўнг у капалаги учиб кетгап Никодимга жилмайиб қараб қўйди-да, тезликни янада оширди. Бир неча минутдан сўнг улар заставага етиб боришди. Шу ердан яқинда асфальт ётқизилган ўқдай шоссе бошланарди. Ляля тезликни бир юз йигирма километрга етказди.
— Яхшими?
— Йўқ, — дея ростига кўчди Дизма,
— Нега?
— Жуда тез кетяпмиз, нафас қайтяпти...
Дяля тезликни бир оз пасайтирди.
— Сизники тежликни ямон кўради?
— Ҳа, ёмон кўраман.
Ляля кулиб юборди.
— Мен эса жуда яхши кўради... Ўтган йили Мюнхендаги автомобиль пойгада меники тежлик учун иккинши мукофот олган, ушанда мен...
Шу пайт бир нарса қаттиқ қарсиллаб кетди. Ляля тормозни босган эди, машина йўл четида тўхтади.
— Нима бўлди?
— Ичак ёрилди! — хоним кула-кула машинадан сакраб тушди. — Қани, ёрдам беринг!
Никодим запас ғилдиракни ўрнатишга ёрдамлашиб юборди. Улар жойларидан қўзғалишган заҳоти Ляля бижиллай бошлади:
— Шин урсин! Кошим кюзимга тушди!
Никодим хахолаб кулиб юборди.
— Кипригингизми? Ляля жаҳл билан деди:
— Боринге! Барибир эмасми. Марҳамат, караб, тужатиб кўйинг; Меники қўл ифлош.
Никоднм унинг кўзига қаради. Чиндан ҳам узун киприк толаси қовоғининг остига қайрилиб қолган экан.
У тўғрилаб қўйиш учун қўл чўзган эди, Ляля унинг билагига урди:
— Нега кўлингиж билан, сизда ҳам кўл ифлош!
— Нима билан тўғрилай бўлмаса? — сўради ажабланиб Никодим.
— Аҳ, шундай аклли одам — шундай тентяк! Лабингиж билан!
Никодим кулиб юборди.
— Шунақа денг, бўпти, бош устига.
У лабини бир неча бор графинянинг титраб турган қовоғига тегизди.
— Қалай, яхши бўлдими?
Ляля бош ирғади.
— У кўзим якши бўлди, энди бошқасини.
— Ие! Бошқа кўзингизга ҳам киприк қадалдими?
— Ҳозийча кадалгани йўқ, лекин кейин қадалишиши мумкин. — Шундай дея Ляля Никодимга юзини тутди. Дизма унга энгашди, кейин улар ўпиша бошлашди.
— Ёқдими?
— Ҳа.
— Ундай бўлса, кетдик!
Ляля бир сакраб, машинага чиқди.
— Қани утиринг! Утиринг!
Автомобиль шитоб билан жойидан қўзғалди.
«Жин урсин! — дея хаёлидан ўтказди Дизма. — Бу хотинлар кишини тириклайин ютиб юборишдан ҳам тоййишмайди».
Улар бутазорни кесиб ўтишгач, йўлда кетаётган бошқа бир машинага етиб олишди. Ляля французчалаб алланима деб қичқирди. Машинада ўтирган икки ёш қиз унга қувноқ жавоб қилишди. Машиналар бирпас ёнма-ён кетди, қизлар билан Дизма бир-бирларини кўздан кечиришди. Чамаси, қизларнинг иккови ҳам кўҳликкина эди; ундай деса, буни аниқ айтиб ҳам бўлмасди, чунки қизларнинг юзини шоферлар тақадиган кўзойнак тўсиб турарди.
— Улар ким? — сўради Никодим Лялядан.
— Панна Икс билан панна Игрек, — дея жавоб қилди қиқирлаб кулганча графиня.
— Тушунмадим.
— Тушунишнинг ҳожати йўқ. Ҳамма наршани тушуниш нима керак? Ҳали ўзингизники кўради.
— Улар ҳам сизникига кетишяптими?
— Аҳа!
— Демак, у ерда кўп одам бўлар экан-да?
— О, йўқ! Сизники жюда синчков экан. Кўрасиз. Айтдим-ку— кутилмаган совға деб.
Дизма зардаси қайнаб, шубҳалана бошлади. Шунгача Никодим Конецпольская мени эри йўқлиги учунгина амлокига олиб кетяпти, деб ўйлаганди: кўзга қадалган киприк воқеаси шундан далолат бериб тургандек эди. Энди маълум бўлишича, у ерда бошқа одамлар ҳам бўлар экан...
Чиндан ҳам улар шосседан икки четига иҳота буталари ўтказилиб, чиройли қилиб қирқиб қўйилган йўлга бурилишганида, Дизма уй олдида бир неча автомобиль турганини кўриб қолди.
Айвондаги тўқима креслоларда хонимлар ўтиришарди. Автомобиль тўхтаган заҳоти улар уй бекасини олқишлаб, айвондан пастга югуриб тушишди-да, Дизмани қизиқиб кўздан кечира бошлашди. Бир талай аёллар орасида ёлғиз қолган Никодим ўзини йўқотиб қўйди.
— Кучли одам деганлари шунақа бўлар экан-да! — деди қичқириб юз-кўзини бўяган малла соч хоним.
Дизма ҳурпайиб, индамай таъзим қилди. Уй бекаси меҳмонлардан кечирим сўради-да, кийимини алмаштириш учун ичкарига кириб кетди. Хонимлар Никодимни қуршаб олишди.
— Пан Никодим, сиз Ғарб удумининг мухлисимисиз? — дея сўради жиддий оҳангда миқтидан келган қора соч жувон.
Дизма унга ажабланнб қаради.
— Нима демоқчилигингизни тушунмадим?
— Тортинмай гапираверинг, — дея уни тинчитди кўзлари хаёлчан боқадиган нимжонгина қиз, — бу ерга фақат сирдош аёллар йиғилган.
«Иш расво, — хаёлидан кечирди Дизма, — улар мени мазах қилишяпти».
— Биз фақат сизнинг қайси черков тарафдори эканлигингизни билмаймиз, — дея гап қотди қора соч жувон. — Сиз қай бирини маъқул кўрасиз — оқ черковними ёки қора черковними?
— Мен католикман, — деди Дизма бир зум иккиланиб тургач.
Аёллар кулиб юборишганини кўриб Дизма баттар каловланиб қолди. Дилида у Қонецпольскаянинг гапига кўниб, бу ерга келгани учун ўзини роса койиди.
— Аҳ, пан раис, — дея хитоб қилди сочлари бўялган хоним, — сиз жуда ғалати одам экансиз! Наҳотки ҳар бир кучли одам, аёллар олий мавзуда фикр юритишга қодир эмас, деб ўйласа?
— Сиз сир бой беришни ёмон кўрар экансиз.
— Сира ҳам ундай эмас, мен фақат сизлар нимани назарда тутаётганингизнн тушунолмаяпман.
— Хўп, яхши, — деди бир оз шаштидан тушиб қора соч жувон, — бўлмаса бизга бир нарсани айтинг, панна Рена, — шундай дея у рангпар қизга ишора қилди, — панна Рена самовий флюидларга яхши ўтказгич бўла оладими?
Никодим панна Ренага бир қараб қўйди-да, елкасини қисди.
— Мен қаёқдан билай?
— Тушунаман, лекин ҳарқалай фикрингизни айтинг-чи?
— Агар йўлни яхши билса, эҳтимол, бўлиши мумкин.
Орага сукунат тушди. Хонимлар ўйланиб қолишдн.
— Сиз эзотерик йўлни назарда тутяпсизми? — сўради қора соч жувон.
— Ҳа, — деди таваккалига Никодим, у уйга қайтган заҳотим луғатга қараб, бу лаънати эзотерик йўл қаёққа олиб боришини билиб қўяй, деб дилига тугиб қўйди.
Бу орада улар йўлда қувиб ўтишган қизларнинг автомобили етиб келди. Никодим улардан каттасининг исми Ивонна, кичигиники Мариетталигини, фамилиялари эса Чарская эканлигини билиб олди. Қизлар кийимларини алмаштириш учун шу заҳоти ичкарига кириб кетишди.
— Жуда ёқимтой қизлар, — деди сочи бўялган хоним. — Менимча, Мариетта ажойиб медиум3 бўлиши мумкин. Унинг нозик диди хотиржамлиги билан қўшилиб, ғоят сезгир амальгама ҳосил этади. Шундай эмасми, пан раис?
— Ҳа, албатта.
— У билан бир тажриба ўтказмайсизми, — дея хиралик қилаверди сочи бўялган хоним. — Менинг сезишимча, сизнинг иродангиз ўз-ўзини билишнинг спираль реакциясини осонгина енгиши керак. Таъсир қилиш императиви — қандай истасангиз шундай айтаверингу — субъект ёки объектнинг ўзида ҳатто тўртинчи даражада ҳам намоён бўлмаган олий куч қатламларига ўз таъсирини бемалол кўрсатиши мумкин. Фақат интуициягина...
Хайрият, шу пайт Конецпольская кириб келди-ю, Дизма пешанасидаги терни артиб олди.
— Диққат дугоналарим! — дея хитоб қилди графиня остонада тўхтаб. — Миҳмонимиз чет тилида гапирган идамни ёқтирмайди! Ие, сизники шу ердами! Салом, салом.
Бир оздан сўнг хизматкор пайдо бўлиб, нонушта тайёр эканлигини хабар қилди.
Дизманинг бахтига умумий суҳбат қизиб кетиб, у турли дудмал саволларга жавоб бериш азобидан қутулди... У аҳён-аҳёнда минғирлаб қўярди. Суҳбат кўпроқ мода ҳақида, кузни қандай ўтказиш тўғрисида борарди. Фақат чечан қора соч жувонгина дам-бадам Дизмага аввалига мистификациядай туюлган мавзуда гап очарди. Охири у бу гапларнинг бари фокусчилар столига алоқадор бўлса керак, деган хулосага келди.
Соат тўртда овқатланиб бўлишди. Вино билан коньякдан анча-мунча ичиб қўйган хонимлар қизишиб, шарм-ҳаёни ҳам унутишганди, Бу енгилтак жамоат ичида Дизма ҳамон сир бой бермай сипо ўтирарди.
Меҳмонлар яна айвонга чиқишди. Уй олдида турган машиналар кўринмай қолганди — чамаси, уларни гаражга киритиб қўйган бўлишса керак. Меҳмонлар паркка тарқалиб кетишди. Уй бекаси Дизманинг қўлтиғидан олиб, исми Стелла бўлган ҳалиги қора соч жувонни чақирди-да, уларни меҳмонхонага бошлади. Никодим ниҳоят ҳозир бу ерга келишлари сабабини тушунажагини англади.
Чиндан ҳам Конецпольская жиддий бир қиёфада креслога ўтириб, оёқларини чалиштирди. Стелла папирос тутатди. Шундан сўнг Ляля она тилини обдан бузиб, хорижий сўзларни аралаштириб, мақсадини тушунтира бошлади.
У қандайдир янгилик ҳақида ва шу янгиликка биноан Польшада ложа ташкил қилиш тўғрисида гапирди. Чунки кўпгина мамлакатларда бундай ложалар аллақачон ташкил қилинган бўлиб, бу ерда эса ҳанузгача йўқ экан. Ложа ўн икки аёл ва бир эркакка мўлжалланган бўлиши керак. Аёллар Уч рангли Юлдуз роҳибалари, эркак эса — Буюк Ўнучинчи деб аталади. У уч қонун ҳаёт, муҳаббат ва ўлим султони ҳисобланади. Бу ложа қайси театрда ташкил этилишини Конецпольская айтмади.
Сўнгра Стелла сўз олди. У шу қадар дудмал гапирдики, Дизма деярли ҳеч нима тушунмади. Унга бўлажак ташкилот гоҳ монастирь бўлиб кўринар, гоҳ қуллар билан савдо қилувчи шайка бўлиб туюларди. Чунки Стелла «алдаш йўли билан ёш қизларни жалб этиш, «спиритик зўрлик», «қулликнинг азалий қонуни» тўғрисида гапирмоқда эди.
Фақат бир нарса — графинянинг бу ишга алоқаси камлиги, унга кўпроқ Стелланинг бошчилик қилаётгани аниқ эди.
Яна Конецпольская гапира бошлади. Ляля улар Никодимдан Буюк Ўнучинчи бўлишни илтимос қилишга қарор берганларини айтди. Улар букилмас ирода ва теран ақл соҳиби Никодимнинг ҳоким бўлиш учун энг муносиб номзод эканлигига ишонч ҳосил қилишганмиш. Фақат Никодим умумий Бахт Ордени сирини ташкил этувчи уч нур — ҳаёт, муҳаббат ва ўлим қонунларини адолат билан бошқара олармиш.
Дизма тутақиб кетганди. У қўлларини чўнтагига тиққанича хўмрайиб ўтирарди. У ўзича бу ишда иштирок этмасликка онт ичиб қўйган эди. Хўш, бошига урадими бу ишни у? Нима, у авахтага тушиши учун шундай катта мансабни эгаллаб, бир талай пул топаяптими? Э, йўқ! Хонимлар ўрниларидан туриб, Стелла қўрқинчли товуш билан: «Устоз, сен Буюк Ўнучинчи ҳокимиятини ўз зиммангга олишга розимисан?» — дея сўраганида Дизма қуруққина қилиб: «Йўқ. Рози эмасман», — деб жавоб берди.
Хонимларнинг юзида қайғу ва ҳайрат ифодалари акс этди.
— Нега энди?
— Эплолмайман.
— Эҳтимол, герметик характердаги бирор тўсиқ бордир? — дея сирли оҳангда сўради қора соч жувон.
— Бундай дейишимнинг сабаби бор.
Конецпольская изтироб билан қўлларини ёзди.
— Устоз! Бизга очиғини айт, эҳтимол, бу шунчаки арзимас сабабдир?
— Э-э, қаёқда дейсиз, — дея қўл силтади Никодим, — Мени бу ишларга ақлим етмайди.
Стелланинг зардаси қайнаб кетди.
— Ақлим етмайди денг? Илтимос қиламан, устоз, устимдан кулманг! Ляля фол очдирган экан. Фақат сиз Буюк Ўнучинчи бўлишингиз мумкин эмиш.
— Менинг вақтим йўқ! — дея ўжарлик қилди Дизма.
— Устоз, бу иш озгина вақтингизни олади. Мистериялар бир ойда атиги бир марта бўлади.
— Истамайман.
Иккала хоним нима қилишларини билмай, бир-бирларига қараб қўйишди.
Қора соч жувон қўлларини осмонга чўзиб, мудҳиш бир оҳангда шивирлади:
— Қудратли орденимиз номи билан илтижо қиламан, ё тангрим: Уч Абадий Нур учун унинг дилини оч!
Ляля тақводорлик билан қўлларини диркиллаган кўкраги устида қовуштириб, бошини эгди.
Никодим қўрқиб кетди. У хурофотга ишонмасди, лекин яна ким билсин! Агар чиндан ҳам ҳаётда ёмон кўз аёллар бўлса-чи? Кўз тегишдан худо сақласин. Ҳарқалай ёмон кўздан эҳтиёт бўлмоқ керак.
Миқтидан келган Стелланинг кўзлари Никодимга тешиб юборгудек қадалиб турарди. Дизма алланечук бўлиб кетди. У гарданини қашиди.
— Дарҳол бир нарса дейиш қийин... Ўйлаб кўриш керак...
Стелла Ляляга керилиб қараб қўйди-да, деди:
— Албатта. Буюринг, устоз. Дарвоқе, биз ҳаммамиз сирдан воқиф бўлган Терковскийдан сизнинг қандайдир сирли кучга эга эканлигингизни биламиз. Шу боисдан ҳам...
— Терковскийнинг бунга нима алоқаси бор, — дея унинг гапини бўлди Дизма. — Гап аслида нимадалиги ва сизлар мендан нима истаётганингизни ўзим ҳам тушунмаяпман.
— Ҳозир, устоз! — дея қора соч жувон сумкасини титкилай бошлади. — Ҳозир сизга ложа устави ва Билимнинг Уч Қонуни ақоидини бераман.
У сумкасидан брошюра билан машинкада ёзилган бир неча варақ қоғозни олиб, Никодимга узатди.
— Жуда яхши! Марҳамат қилиб шуни ўқиб чиқинг, устоз. Бунинг учун икки соат вақт етади. Тўғрими, Ляля? Кўришгунча хайр! Сизни бу ерда ёлғиз қолдириб кетамиз. Соат еттида, овқатдан олдин қатъий қарорингизнн эшитиш учун шу ерга келамиз. Илойим, дилингизга Юлдуз оқиллиги йўлдош бўлсин!
Хонимлар таъзим қилиб, чиқиб кетишди.
— Ақлдан озишибди мочағарлар! Калтак етишмай қолибди уларга! — дея тўнғиллади Никодим ва қўлидаги қоғозларни бурчакка қараб итқитди.
У ташвишга тушиб қолди. Бу гапларнинг бари унинг учун томдан тараша тушгандай эди... Бу ишдан ё катта фирибгарлик, ё нариги дунёдан арвоҳларни чақиришнинг иси келиб турарди.
— Эшак мия еганми бу лаънатилар? Пуллари бўлса, жамиятда обрўлари бўлса, яна нима керак уларга? Топган гапларини қарангу! Ақлдан озишибди...
Никодим қопқонга шундай осонгина илинганидан ғоят дарғазаб эди. Агар бу гаплар Варшавада бўлганда-ю, индамай уйига жўнаб қўя қоларди-я...
Ҳар қалай анови қоғозларда нима ёзилганини бир кўриб қўйиш керак.
Никодим брошюрани очиб, сўкинди: у француз тилида ёзилган экан. Уни яна бурчакка қараб итқитмоқчи бўлди-ю, бироқ биринчи бетдагн расмга қизиқиб қолиб, бу шаштидан қайтди.
Расмда ҳеч қандай деразаси бўлмаган бир зал тасвирланган эди. Ўртадаги тахтда кўзларини юмиб қоп-қора соқолли озғин киши ўтирарди. Унинг тепасида уч қиррали юлдуз ярақлаб, уч машъала ёниб турарди. Тахтнинг атрофида қип-яланғоч хотинлар чўзилиб ётишарди.
Дизма уларни гугурт донаси билан санаб чиқди.
— Ўн иккита!.. Демак, булар роҳибалар экан-да... Анови, нусха эса мен эканман... Ҳе, жин урсин!
Никодим китобни варақлай бошлади. Унинг охирида ҳам расм бор экан. Расмни кўриб Дизма бир сесканиб тушди: унда ўн икки шохли одамбашара серка тасвирланган эди. Энди шубҳага ўрин қолмаган эди.
— Иблис!
Никодим динга ишонмас ва диний маросимларда қатнашмас эди. Лекин у ҳарқалай чўқиниб қўйишни лозим топди.
— Ҳе, чўчқалар!
Сўнгра у машинкада босилган қоғозларни варақлаб кўрди-да, енгил тортиб тин олди: улар поляк тилида ёзилган эди.
Никодим қоғоздаги гапларни секин, баъзи жойларни икки-уч қайталаб ўқиса-да, кўп нарсаларни тушуна олмади, чунки у баъзи сўзларнинг маъносини билмасди.
Бу қоғозлардан у гап роҳибалар жамияти тузиш ақида бораётганини англади. Бундан мақсад ҳаёт, муҳаббат ва ўлимдан иборат уч қонун идеалига яқинлашиш эмиш. Доноликка руҳан, жисман ва ақлан лаззат илиш орқалигина эришилармиш. Бунинг учун ўн икки роҳиба қуллик роҳатини ҳис этиши ва Ирода Султони, Юлдуз Устози, Ақл Манбаи бўлган Буюк Ўнучинчини қидириб топадиган биби-ҳимоятгўйни сайлашлари лозим экан.
Қоғозда ёзилишича, танланган одам ғоят зўр истеъдод соҳиби бўлиши керак эмиш. У серфазилат ва доно одам бўлмоғи ва энг муҳими, букилмас ирода эгаси ва жисман баркамол бўлиши керак экан.
Буюк Ўнучинчи ўз вазифасини уч йил давомида бажарар, шундан сўнг унинг ўрнига бошқа одам танланар экан, Шу параграфда Буюк Ўнучинчи роҳибаларга истаган ишини буюриши ва итоатсизларни жазолаш ҳуқуқига эга эканлиги баён этилганди. Ложа сирларини ошкор этган одам ўлим жазосига ҳукм этилар экан.
Сўнгра маросимлар тасвирланган бўлиб, унда руҳан ва жисман қўшилиш, май ичиш, ибодат қилиш ва марҳумлар билан суҳбатлашиш тўғрисида гап борарди.
Охирида мазкур орденни жодугарлик ва дуохонлик билан чалкаштирмаслик лозимлиги ҳақида эслатма берилган эди.
Никодим қоғозларни дасталади-да, ўйланиб қолди.
Бунинг инс-жинслар билан боғлиқ бўлган қандайдир уюшма эканлиғи турган гап эди. У Варшавадан чиқмасдан бурун бу гапларни билганида қани энди. Ҳе-ҳе! У ҳолда ўнта графиня ҳам уни бу ерга олиб келолмасди. Ҳозир бўлса...
Агар йўқ деса, ким билсин, бу «роҳибалар» уни нима қилишади... Улар Никодимни ўз сирларидан воқиф қилиб бўлишди, энди улар Никодим сирни ошкор этишидан чўчиб, бирор балога гирифтор этишлари ҳам мумкин. Бу ерда сирни ошкор қилган одам ўлим жазосига ҳукм этилажагн кўрнинг ҳассасидай қилиб ёзиб қўйилибди.
— Қаёқданам илашдим бу алвастиларга!
Никодим қўлларини чўнтагига тиқиб, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Кейин у, иш мен ўйлаганчалик чатоқ бўлмаса керак, деб ўйлаб қолди. Ахир ложанинг бошлиғи ўзи бўлиб, барча буйруқларни ҳам ўзи беради-да. Балки бир синаб кўриш керакдир?
Ҳарқалай, заҳарланиб ўлиш ёки инс-жинсларнинг қарғишига учрашдан кўра шу ҳам афзал эди.
Никодим бу ғалати таклифни қабул қилишга мойил бўлиб қолди. У, бир кўнгли, у ёғи нима бўлишига қизиқаётган эди. Дизма Ўнучинчилик вазифасини уддалай олмаслигидан чўчимасди, ҳалиги қоғознинг бир жойида устоз фақат ложанинг маънавий доҳийси ҳисобланиши, аслида барча ишлар ва маросимларни ташкил этишга биби-ҳимоятгўй раҳбарлик қилажаги ёзилган эди.
Соат еттига бонг уриб, эшик тақиллаганида Дизма бир қарорга келиб қўйган эди.
Унинг олдига Стелланинг ёлғиз ўзи киришидан Никодим бир оз хавотирга тушиб қолди. Чунки кўзлари доим кулиб турадиган, қувноқ ва серҳаракат графинянинг ўзини тутишидан бу иш жуда оддийдек туюларди. Қора соч Стелла эса нимаси биландир жуда айёрга, бунинг устига ақлли, қаттиқ қўл аёлга ўхшарди.
У ичкари кириб эшикни қулфлади. Шунда Никодим ўзини жин кўчада таёқ ушлаб турган қароқчига дуч келган одамдек ҳис этди.
— Соат етти бўлди, — деди Стелла товуши дўриллаб.
— Дарров-а? — Дизма жилмайди. — Вақтни тез ўтишини қаранг-а!
— Қандай қарорга келдингиз? Худонинг амрига қарши чиқмассиз, ишқилиб?
— Йўқ, қарши чиқмайман.
— Демак, мен Буюк Ўнучинчи олдида, ўз султоним ва ҳукмроним қаршисида турган эканман-да.
Стелла шундай деди-ю, боши ерга теккудай бўлиб таъзим қилди. У шу қадар паст эгилдики, семиз отнинг сағрасидай лорсиллаган кети тўмпайиб чиқди.
Сўнгра у қаддини ростлади-да, Дизмадан лотинчалаб алланимани сўради ва жавоб кутиб, унга тикилиб қолди.
Яна саросимага тушиб қолган Никодим:
«Оббо, роса тирғилди-ю бу алвасти!» — дея хаёлидан ўтказди.
Панна Стелла бир минутча кутиб тургач, яна лотинча саволини такрорлади. Бирор нарса деб жавоб беришдан бўлак чора қолмаган эди. Никодим гимназия ва нбодатхонада эшитгач бирор лотинча иборани эслашга зўр бериб урина бошлади. Сўнг бирдан енгил тортиб, мш олди:
— Terra est rotunda .
Дизма бу гапнинг маъиисини эслаёлмасди. Унинг берилган саволга алоқадор ёки алоқадор эмаслигини тасаввур қилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўларди. Никодимнинг пешанасига совуқ тер чиқди, бироқ у лотинчалаб жавоб берганидан жуда мамнун эди. Боз устига анча ўринли жавоб берганга ўхшайди, чунки Стелла яна икки букилиб, таъзим қилди-да, қўлларини қовуштириб, дўриллади:
— Амринг вожиб бўлғай, устоз.
Сўнгра эшикни очиб, одатдаги товуши билан овқат тайёрлигини айтди.
Дастурхонга қўйилган таомлар жуда тотли ва сероб эди. Дизма фақат столга вино қўйилмаганидан ажабланди. Графиня Чарскаялардан бири кайфиятни яхшилаш учун бирор қултум шароб талаб қилган эди, Конецпольская жилмайиб деди:
— Йўқ, олтингинам, ҳозир эмас. Бир оз сабр қиласан.
Ҳаммасининг кайфияти жиддий эди. Хонимлар қизариб ўтиришарди, баъзилари ҳаяжонининг зўридан туз ҳам тотишмасди. Улар Дизмага безовталаниб тикилиб ўтиришарди.
Меҳмонлар қаҳва ичиш учун будуарга ўтишгач, хизматкорлар тарқаб кетишди. Шундан сўнг Конецпольская қўшни хона эшигини очиб, гапларини ҳеч ким эшитмаётганлигига имони комил бўлгач, Стеллага қараб имо қилди. Ҳамма жимиб қолди. Стелла ўрнидан туриб, гап бошлади:
— Қадрли дугоналар, сизларни роҳиба эгачиларим деб атамасимдан олдин барчангизнинг, жумладан сенинг ҳам, устоз, — шундай дея у Дизмага қараб икки букилиб таъзим қилди, — хона-хоналарингизга тарқалишингизни илтимос қиламан. У ерда сизлар қоқ ярим тунда бошланадиган буюк мистерияга жисман ва руҳан тайёрланиш учун хаёлот оғушида бўлишингиз лозим. Сизлар ёлғиз қолиб, турмуш ташвишларини миянгиздаи чиқариб ташлашингиз, хоналарда ҳозирлаб қўйилган оқ жуббаларни кийиб олишларингиз даркор. Тайёр бўлганингиздан сўнг мени кутмоғингиз керак, мен ҳар бирингизни алоҳида чақириб келаман. Тарқалинглар ва ҳозирлик кўринглар.
Шундай дея у эшик томон йўл олиб, остонада Дизмага таъзим қилди-да, ғойиб бўлди. Бошқалар ҳам худди шундай қилишди. Конецпольская Дизмани унга ажратилган хонага кузатиб қўйди ва бош ирғаб хайрлашди.
«Яна нима балоларни бошлаяпти улар! Чамаси, инс-жинсларни чақиришса керак», — дея хаёлидан ўтказди Дизма ва атрофга аланглади. Никодим, бу хонада бирор ғаройиб нарсага дуч келсам керак, деб ўйлаганди. Бироқ янглишибди: ёзув столидаги қора чамадонни ҳисобга олмаганда, ҳамма нарса оддийгина эди.
Тўйиб овқатланганидан уни мудроқ босди, Никодим аҳволни бир ўйлаб кўриш учун кушеткага чўзилди.
У бўлажак тунги маросимдан чўчинқираб турарди. Бу ишларда ўзининг қандай роль ўйнашини у тасаввур ҳам қилолмасди. Хўш, унга қандай вазифа юклашаркин? Туғри, Никодим у ерда бошлиқ бўлади, лекин бу мочағарлар бошлиқдан нималарни талаб қилишлари мумкин!.. Ахир улар ҳамма нарсани талаб қилишлари мумкин: иблис чақир, дейишса-чи?
— Туф-е! — дея гиламга тупурди Никодим.
Шу пайт унинг миясига бу машмашалардан касалликни баҳона қилиб қутулиш мумкин деган фикр келди. Масалан, бод касалини рўкач қилиши мумкин. Бир марта, Коборовода, шу касални баҳона қилиб қутулган эди.
Дизма Коборовони эслаб, таъсирланиб кетди. У ерда қандай осойишталик, овқатини айтмайсизми, ҳеч қандай иш йўқ... Кейин Нина... У ўпишини қандай яхши кўрарди-я!
Никодим, айниқса, Кася жўнаб кетганидан сўнг Кобороводаги ҳаётим жуда ажойиб бўлиб қолди, деб ўйлади. Куницкий анови проектини унга айтиб нима қиларди-я! Ўша проекти туфайли банкага раис бўлиб қолди...
«Қўй, ошна, нолима... Аслини олганда нолийдиган жойи ҳам йўқ», — илжайиб қўйди ўзича Никодим.
Ақли борган сари ўтмаслашиб борарди. Никодим ҳалиги овқатдан бўшашиб, ухлаб қолдн.
У қаттиқ ухлаб қолганидан эшикнинг тақиллаганлиги ҳам, Стелланинг қадам товушларини ҳам, чамадон қулфининг шарақлаб очилганини ҳам эшитмади. Фақат Стелла унинг елкасидан ушлаб силкиганидан кейингина кўзини очди.
У дарҳол ҳаммасини эслади. Стелла унга астари қизил шойи халатга ўхшаш бир кийим узатди. Никодим сакраб туриб, кўзларини ишқади.
— Вақт бўлди, устоз! — дея шивирладн Стелла.
— Вақт бўлдими?
— Ҳа. Ҳамма кутяпти. Тезроқ жуббани кийиб олинг.
— Сизнинг олдингизда-я? — ажабланиб сўради Никодим.
— Йўқ, мен чиқиб тураман. Ҳамма кийимингизни ечинг-да, жубба билан шиппакни кийиб олинг.
Жувон унга тумшуғига олтин юлдуз тикилган майин туфлини узатиб, хонадан секингина чиқиб кетди.
Дизма бир сўкиниб қўйди-ю, бироқ тезгина кийинди, икки-уч минутдан кейин тайёр бўлди. Жубба билан шиппак унга бир оз каттароқ келди. Яланғоч баданга кийилган совуқ шойи унинг уйқусини бутунлай қочириб юборди.
Никодим ойнага қараб, жилмайиб қўйди. Жубба унинг товонигача тушар, очиқ чокли енги ва кенг ёқаси жуда ғалатн кўринарди.
Яна Стелла пайдо бўлди. У Никодимнинг қўлидан тутди-да, индамай қоронғи коридордан бошлаб кетди. Ҳамма ёқ жимжит эди. Улар коридордан анча юриб, зинадан пастга тушишди ва яна коридордан чиқиб қолишди. Стелла коридор охиридаги эшик олдида тўхтаб, уни уч марта тақиллатди. Эшик оҳиста очилди. Улар қоронғи хонага киришди. Эшик ёпилиб, қулф шарақлагач, Конецпольскаянинг товуши эшитилди:
— Ҳаммаси жойида. Эшиклар қулфланди. Хизматкорларга эртага тушгача келмасликни буюрдим.
— Яхши, — деди Стелла Никодимнинг қўлиии қўйиб юбопмай, — кириб, жойингга ўтир.
Дизма Ляля ҳам оқ жубба кийиб олганини пайқади. Графиня бир зумга қалин пардани очиб, ичкари кириб кетди. Парда ортидан қизғиш шуъла тушди. Стелла Никодимга бир оз кутиб туришни буюрди-да, ўзи ҳам парда ортида ғойиб бўлди.
Қўшни хонадан ғовур-ғувур овозлар эшитилиб турарди. Кутавериб сиқилиб кетган Никодим пардани очиб қарамоқчи бўлган ҳам эдики, бирдан унинг ўзи очилиб, остонада Стелла пайдо бўлди-да, анчагача таъзим қилиб турди.
Парда ортидаги залда мебель йўқ эди. Полга гиламлар тўшалган бўлиб, ҳар ер-ҳар ерга ранг-баранг ёстиқлар қўйиб қўйилганди. Ўртада қизил атлас сирилган зарҳал кресло турарди. Кресло устида уч дона шам ёқиб қўйилганди.
Шифтга осиғлиқ қандил хонага қизғиш шуъла сочиб турарди.
Икки томонга қатор креслолар қўйилиб, уларда оқ жубба кийган аёллар ўтиришарди. Орқа томондаги деворга уч хил нур сочаётган юлдуз тасвирланган чойшаб осилганди. Пастдаги чойшабга эса қизил қоғоздан қирқилган ҳарфлар билан: «Terra est Rotunda», деб ёзиб қўйилганди.
— Жойингга чнқ, султоним! — дея хитоб қилди Стелла ва Никодимни тахт олдига бошлаб борди.
Дизма тахтга ўтирган заҳоти аёллар уни ярим доира шаклида қуршаб олишди. Стелла бир қадам олға чиқиб, гап бошлади:
— Сирдан воқиф бўлганлар! Сиз, Учрангли юлдуз роҳибалари, ҳозир кўксида билим, ҳукмронлик ва бахт тимсоли порлаши лозим бўлган сен, устоз, мен, сизнинг камина биби-ҳимоятгўйингиз Учрангли Юлдуз Орденининг ўттиз учинчи ложасини очиқ деб эълон қиламан. Ложамизнинг йўл кўрсатувчи ибораси қилиб, Буюк Ўнучинчининг иродасига кўра улуғ маънога эга бўлмиш ҳикмат: «Terra est Rotunda» танланди. Бу ҳикматда орденимиз бутун ер куррасига илдиз отажагига ишонч, ложамиз улкан занжирнинг бир ҳалқаси бўлиб қолишига умид ва биз тирик роҳибаларга бу занжирни туташтириш лозимлиги ҳақидаги фармон ўз ифодасини топган. Эслатаман, орденимиз қонунига биноан ҳар биримиз агар бошқа бир аъзо чап қўлини пешанаси, юраги ва кўксига тегизиб илоҳий сўзни айтса, дарҳол унинг буйруғини бажариши лозим. Маросимни бошлашдан аввал сизларга воқиф бўлганлар ақоидини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман...
Дизма қулоқ солмай қўйди. Бу кутилмаган аҳволдан у шу қадар ҳайратга тушган эдики, ҳатто фикрини бир жойга тўплаёлмай ҳам қолганди. Никодим аёлларга кўз югуртириб чиқди. Улардан баъзилари бу ғалати кийимда жуда жозибали кўринарди. Очиқ елкалари ялтироқ шойи ичидан сузиб чиқаётгандек туюларди, кўкракларининг эса ярми очиқ... Бу аёллар орасида ўзининг ёлғиз эканлиги ҳақидаги фикр Дизманинг ҳирсини қитиқларди.
У энди бу ҳақда бош қотирмасди, фақат: Наҳотки? Қачон? — дея ўйларди.
Бу орада Стелла гапини тугатиб, қизил қутичадан ингичка тилла занжирга осилган кичкинагина олтин юлдузни чиқарди. Ҳамма ёқ жимжит эди, у Никодимнинг олдига келди-да, унинг бўйнига ўша юлдузни осди ва уч қадам орқага чекиниб, гиламга юз тубан йиқилди. Бошқа аёллар ҳам худди шундай қилишди. Фақат Лялягина эшик олдига бориб, включатель тугмасини босди.
Чироқ ўчди. Никодим бир сесканиб тушди. Ғира-шира хона, тепасида ёниб турган уч дона шамнинг заиф ёғдуси, юз тубан ётган оқ кийимли аёллар — буларнинг бари унинг юрагига ваҳима солнб, ҳаяжонлантирар эди.
Бирдан Стелла мудҳиш овоз билан бақира бошлади:
— Салом сенга, салом, ҳаёт, муҳаббат ва ўлим султони!
— Салом... салом! — дея титроқ товуш билан такрорлашди бошқа аёллар.
— Салом, салом, ирода манбаи!
— Салом... Салом! — такрорлашди яна аёллар.
— Салом... сенга, билим соқчиси!
— Салом... Салом!..
— Салом сенга, ҳаёт устози!
— Салом... салом!
— Салом сенга, лаззат ижодкори!
— Салом... салом!
Дизма бу ҳамду санога қулоқ солар экан, ўзича: «Ақлдан озибди бу хотинлар!» — дея ўйлади.
Сўнгра Стелла алжишдан тўхтаб, Дизманинг олдига югуриб келди-да, Никодим ўзини ўнглаб олмасданоқ унинг лабидан ўпди. Пани Ляля, графиня Чарскаяларнинг иккови ва бошқа хонимлар ҳам ҳайратдан серрайиб ўтирган Никодимнинг лабидан ўпишди.
— Энди идишлардаги бухурни ёқинглар, — дея буюрди Стелла.
Хонанинг бурчакларидан ғалати хушбўй ҳид тарқатиб, кўкимтир тутун чиқа бошлади.
Аёллар яна Дизмани қуршаб олишди.
Стелланинг ишораси билан улар бир-бирларининг қўлларидан тутишиб, ярим доира ташкил этишди. Стелланинг ўзи эса қўлларини кўкка кўтариб бақира бошлади.
— Кел, Ҳукмрон!
— Кел... — дея такрорлашди барча аёллар.
— Кўрсат бизга ҳимматингни! — хитоб қилди Стелла.
— Кўрсат.
— Орамизга келиб тур!
— Келиб тур!
— Ўз вакилинг дилини оч!
— Оч...
— Устозимиз жисмига кир!..
— Кир...
— Унга ўт ёқ!
— Ёқ!
— Унга битмас қувват бағишла!
— Бағишла...
— Унга ўз нафасингдан олов уфур!..
— Уфур...
Никодим алланечук бўлиб кетди.
— Кимни чақиряпсизлар ўзи? — сўради у қандайдир бўғиқ товуш билан.
Бунга жавобан аёллар даҳшат билан қичқириб юборишди. Кимдир шу қадар қаттиқ чинқирдики, Никодимнинг сочлари тикка бўлиб кетди.
— Гапирди!.. Келди!.. Бу ўша!.. — дейишарди аёллар.
— Ким ахир? — сўради Дизма қўрқувдан дағ-дағ титраб. — Кимни чақиряпсизлар?
Шу заҳоти орқа томондан қаттиқ ўкириш эшитилди. Никодим сапчиб турмоқчи бўлди-ю, бироқ мажоли келмади. Бошни айлантирувчи тутун орасидан ранг-баранг учқунлар липиллаб кўринарди.
— Ерга йиқилинг, — дея ув тортди кимдир. — У келди! Шарафлар бўлсин сенга, шарафлар, муҳаббат, ҳаёт ва ўлим султони! Шарафлар сенга, зулмат ҳукмрони!..
Опа-сингил Чарскаялардан кичиги асабий равишда хахолаб кула бошлади, аёллардан бири ўрнидан сакраб туриб, Стелланинг пинжига тиқилганича қичқирди:
— Уни кўряпман, кўряпман!
— Кимни? — дея бақирди капалаги учиб Дизма.
— Ўшани, ўшани, иблисни...
Никодимнинг назарида кимдир совуқ қўли билан томоғидан бўғаётгандек бўлди. У даҳшат билан бир чинқирди-да, шилқ этиб креслога йиқилди..
Буюк Ўнучинчи ҳушидан кетган эди.
У ҳушига келгач, аввало оғзига аллақандай суюқлик қуйилаётганини сезди. Никодим кўзини очди. Унинг нақ тумшуғи олдида Стелланинг қоп-қора кўзлари ялтираб турарди. У бутунлай ҳушига келиб улгурмасиданоқ Стелланинг лаблари унинг лабига ёпишди. Шунда Никодим: тилида яна нордон ҳидли ширин суюқлик мазасини туйди. Май! Нафаси қайта бошлаган Никодим Стеллани итариб юборди. Тутун ичида аёлларнинг эгнидаги жуббаси оқариб кўринарди. Улар қўшии хонадан столчалар келтириб, уларнинг устига шиша ва қадаҳларни қўя бошлашди. Конецпольская қўлидаги шишачадан қадаҳларга уч-тўрт томчи аллақандай суюқлик томизарди, сўнгра уларга май қуйишарди.
Ҳар бир аёл қўлига қадаҳ олди. Стелла Дизмага бокал узатди.
Хона ичи ғовур-ғувур бўлиб кетди. Никодим майдан бир ҳўплам ичиб, лабларини чўлпиллатди.
— Ширин экан...
— Келинглар, — илоҳий пэйотл лаззатини сурайлик! — хитоб қилди завқ-шавққа тўлиб Стелла.
Қадаҳлар бўшатилиб, яна тўлдирилди.
— Майга нима қўшяпсизлар?
Опа-сингил Чарскаялардан бири Никодимнинг ёнида турган эди. У кресло дастасига ўтирди-да, лабларини Дизманинг қулоғига теккизиб, завқ билан шивирлай кетди:
— Пэйотлнинг илоҳий заҳри, қандай ажойиб-а... Томирингда ўйнаётганини сезяпсанми, султоним? Рост-а? Қандай жўшқин, қандай серзавқ!.. Тўғрими?..

— Тўғри, — дея иқрор бўлди. Никодим ва бокалдаги майни симириб ичиб юборди.
У ўзининг ғалати бўлаётганини сезиб қолди. Қалби кутилмаганда қувончга тўлиб, атрофдаги барча нарсалар унга чиройли кўрина бошлади. Шу тобда ҳатто паст бўйли Стелла ҳам кўзига жозибали кўриниб кетди.
Ҳаммаларининг димоғи чоғ эди. Аёллар кула-кула Никодимни қуршаб олишди, қий-чув кўтарилиб, ҳаёсиз қўшиқлар эшитила бошлади. Аёллардан бири қўлидаги қадаҳни деворга уриб синдирди-да, «Эвоэ!» — дея қичқирганича жуббасини шартта ечиб ташлаб, рақсга тушди.
— Офарин! Офарин! — дея қичқиришди бошқа аёллар.
Гилам бир зумда ечиб ташланган атлас жуббалардан оқариб кетди. Кичкина шишачадан қадаҳларга сеҳрли шарбатнинг кўкимтир томчилари тинимсиз қуйиларди.
Кимнингдир қўли тегиб кетган шамдон тўқиллаб полга тушди. Хона ичи қизғиш тусга. кирди. Ғира-ширада эҳтиросли шивир-шивир ва асабий кулги эшитиларди, холос...

12-боб
Оғир дарпарда ёнидаги тирқишдан хонага ботиб бораётган қуёшнинг қизил шуъласи тушди. Никодим оғирлашиб қолган қўли билан соатини пайпаслаб топди.
Соат олти бўлган эди.
Қизиқ. Унинг на боши оғрир, на оғзидан какра мазаси келарди. Одатда эса ичкиликбозлик қилганининг эртасига доим шундай бўларди.
У фақат ўзининг латтадай бўшашиб кетганини ҳис этарди.
Бирор ҳаракат қилиш у ёқда турсин, ҳатто кўзини очишга ҳам мажоли қолмаган эди.
Лекин ўрнидан турмоғи керак. Варшавага жўнаши лозим. Банкадагилар ҳар нимани ўйлаши мумкин...
Никодим қўнғироқ чалди.
Салобатли хизматкор келиб, ванна тайёрлигинн хабар қилди.
Дизма эринибгина пижамасини кийди-да, ваннахонага йўл олди. У ваннахонадаги ойнада ўз аксини кўриб капалаги учиб кетди: ранги докадек оқариб, кўзларининг ости кўкариб кетган эди.
— Жин урсин, роса боплашибди-ку...
Никодим кийинди-да, оёқларини аранг сургаб, пастга тушди.
Пастда уни Ляля Конецпольская.кутиб турган экан. Графиня унинг саломига жавобан бўшашибгина қўл узатди.
— Қорнингиз очми?
— Йўқ, раҳмат, . .
У хонимга кўз қирини ташлаган эди, кўзи унинг одатдагидек ўйноқи кўзларига тушиб, қулоғигача қизариб кетди.
«Оббо жин ургур-ей! — дея хаёлидан кечирди. Никодим. — Сира уялмайдиям-а... Тундаги воқеаларни унутмагандир ахир?»
— Мен кетишим керак, — деди Никодим бир оз сукут қилиб тургач.
— Марҳамат, автомобиль сизнинг ихтиёрингизда.
Улар оддийгина хайрлашишди. Бундан Никодим янада кўпроқ хижолатга тушди. Машина шоссега чиқиб олғач, у орқасига ўгирилиб қаради.
— Чўчқалар! — тўнғиллади Никодим комил ишонч билан.
— Эшитаман, — дея унга ўтирилди шофер.
— Ҳайдайверннг, ҳайдайверинг, сизга гапираётганим йўқ.
— Кечирасиз.
Дизма тунги воқеалар ҳақида ўйлай бошлади. Унга қўрқув азоб бермоқда эди. Никодим ҳаммасидан ҳам бу ишга иблиснинг аралашган бўлиши мумкинлигидан чўчирди. Лекин у бир нарсадан жуда хурсанд эди: маълум бўлишича, у юқори доираларда граф ёки князь каби ҳуқуқга эга экан. Ҳатто ундан кўпроқ деса бўлади. Унинг гапига қулоқ солишлари керак; Никодим бу хонимлардан истаганига имо қилса бас, у хоним, оддий фоҳишадек, дарҳол қўйнига киради.
Лекин Дизма бу такаббур ва олифта хонимларни илгари мутлақо бошқача тасаввур қиларди.
Никодим мағрурланиб кулиб қўйди. Кшепицкий тўғри айтган экан: хотинларнинг бари бир гўр кўринади.
Ёмғир томчилай бошлади. Автомобиль банка олдида тўхтаганида у шариллаб қуймоқда эди.
Дизма тротуардан югуриб ўтиб, дарвозадан ичкари кирди. Лекин зинапоядан юқори кўтарилиши анча қийин бўлди: у гўё оғир юк кўтарган одамдек аранг қадам ташларди.
— Роса силламни қуритишибди-ю, алвастилар!
Игнатий унга кеча ва бугун ўнга яқин одам йўқлаб келгани, бир неча марта секретарь сўрагани, кейин пан раис қайтдими, дея йигирма мартача қўнғироқ қилганини гапирди. Лекин ҳаммасидан ҳам бир сурбет жонига тегибди. У сўкиниб тўполон кўтарибди ва пан раиснинг уйда йўқлигига сира ишонгиси келмай, квартирага кирмоқчи бўлибди. Нуқул, ўша пан раиснинг мендан беркиниб ўтирибди, дермиш...
— Кўриниши қанақа унинг?
— Паст бўйли, бақалоқ бир одам...
— Фамилиясини айтдими?
— Айтди. Бончекмиди, шунга ўхшашиди…
— Ҳе, жин урсин, — дея сўкинди раис. — У аблаҳнинг менда нима иши бор экан?!
— Агар яна келса, зинадан кетига тепиб туширишим мумкин, — деди Игнатий.
— Ҳожати йўқ.
Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Кшепицкий қўнғироқ қилаётган экан. У жуда муҳим ишлар борлигини айтиб, ҳозир олдингизга борсам майлими, дея сўради.
— Бирор гап бўлдими?
— Йўқ, ҳеч гап бўлгани йўқ.
— Майли, кутаман.
Никодим Игнатийга қора қаҳва ҳозирлашни буюриб, диванга ёнбошлади.
У Кшепицкийга графиня Конецпольскаяникида бошидан кечирган саргузаштларини айтиш ёки айтмаслик ҳақида ўйланиб қолди. Кейин буни сотқинлик деб ҳисоблашлари мумкин деган хаёлга бориб, ўзини хавф-хатарга қўймасликка қарор қилди.
Игнатий хатларни келтирди. Булар шахсий мактублар бўлиб, секретарь уларни очиб ўқимасди. Нинадан учта хат ва Куницкийдан узундан-узоқ телеграмма келибди. Чол ўз телеграммасида темир йўлга шпал етказиб бериш масаласи билан шошилинч равишда, шуғулланишни илтимос қилибди. Чунки ҳозирги кунда бу масала катта аҳамиятга молик бўлиб қолган эмиш.
Дизма телеграммани ўқиб тугатмасданоқ хонага Кшепицкий кириб келди. У гапни графиня Конецпинская билан қилинган саёҳат ҳақидаги ҳазилдан бошлаб, бир нечта латифа айтиб берди. Сўнг банкадаги ишларнинг ҳаммаси жойида эканлигини хабар қилиб, гап орасида сўради:
— Пан раис, анови Бочек ким бўлади ўзи?
Никодим хижолат тортди.
— Бочек дейсизми?
— Ҳа, ҳа, ҳўв бир марта келган семиз одам-да. У ҳар куни, гўё сиз уни қабул қилажагингизга имони комилдек, сурбетлик билан банкага келяпти. У сизнинг эски танишингизми?
— Шунга ўхшашроқ.
— Менга у телба бўлиб кўринди.
— Нега?
— Ўша Бочекка сизнинг фақат жума кунлари қабул қилишингизни айтганимда, у тўполон кўтарди. «Жума кунингга бало борми, — дейди. — Пан раисинг жума куни хоҳлаган одамини қабул қилаверсин. Ҳали қараб туринглар, мени киритмаганларинг учун у сизларнинг адабингизни беради... Ким бўлибди ўша пан раисларинг...» — дейди нуқул.
Дизма шолғомдек қизариб ўтирарди.
— Яна нималар деди?
Кшепицкий папирос тутатиб, елкасини қисди.
— Жанжалкаш, қўпол одам экан... У ҳатто, ҳали унга кўрсатиб қўяман, деб пўписа ҳам қилиб қўйди...
Никодим қовоғини солиб тўнғиллади:
— Ҳм, шунақа одам денг... Пан Кшепицкий, агар у яна келса, олдимга киритиб юборинг... Жуда тентак одам ўзи... Доим шунақа эди.
— Яхши, пан раис.
Кшепицкий бу гапни одатдаги товуши билан айтди, бироқ Дизма унинг ё бирор нарсани сезиб қолтани, ёки баъзи нарсаларни аниқламоқчи эканлигига шубҳаланмай қўйганди. Никодим нима қилиб бўлмасин Бочекнинг овозини ўчиришга аҳд қилди.
Кшепицкий Дизманикида овқатлангаии қолди. Суҳбат Коборово ҳақида борарди.
— Қишлоқда яшаш маза-да, ҳамма ёқ жимжит, тоза ҳаво, — деди хўрсиниб Дизма.
— Бу дейман, Коборово сизда яхши хотира қолдирибди-ку, — дея гап қотди Кшепицкий. — Ҳа, ажойиб жой! Нима қиласиз чўзиб, Нинани эридан ажратиб, унга уйланинт-қўйинг.
— Агар Коборово уники бўлганида-ю, жон деб уйланардим-а.
— Лекин расман Коборовонинг эгаси Нина ҳисобланадими?
— Хўш, шундай бўлса нима қилибди? Куницкий ундан ҳамма мулкка ваколатнома олган.
— Ваколатномани бекор қилиш мумкин.
Никодим елкасини қисди.
— Лекин векселларни бекор қилиб бўлмайди-да.
Кшепицкий хаёлға чўмиб, ҳуштак чала бошлади,
— Бутун гап ана шунда! — гап қотди Дизма. Кшепицкий индамай ҳуштак чалаверди.
— Эртага қандай ишлар бор? — сўради Никодим.
— Эртагами!.. Ҳеч қандай? О йўқ, Ҳа, дарвоқе, циркка таклифнома бор. Ҳамма ёқда дув-дув гап: кураш бўйича жаҳон чемпиони келибди — фмилиясини унутибман..У Польша чемпиони Веляга билан кураш тушар экан. Сиз француз курашиии яхши кўрасизми?
— Бўлмасам-чи. Демак, борамиз-а? Соат нечада экан?
— Саккизда.
Дизма секретари билан хайрлашди-да, ухлагани жўнади. У пижамасини кия туриб, бўйнидаги олтин юлдузни кўриб қолди. Никодим уни дарҳол ечиб, гугурт қутисига солди ва ёзув столининг тортмасига яшириб қўйди. Сўнг чироқни ўчириб, ҳар эҳтимолга қарши чўқиниб олди.
Унинг хавотир олганича бор экаy. Эртаси куни соат бирда Бочек ҳозир бўлди. Унинг оғзидан ароқ ҳиди анқиб турарди.
Дизма муомаласини ўзгартирди.
У Бочекнинг қўлини қисиб, стул суриб берди-да, хушмуомалалик билан, менда нима ишингиз бор эди, дея сўради. Шундан сўнг Бочек тортиниб ўтирмади. У ҳаддидан ошди, ҳатто такаллуфсизлик қилиб, ранснинг елкасига қоқиб қўйди.
Ғазаби қайнаб кетган Дизма стулдан сакраб туриб ўшқирди:
— Йўқол! Аблаҳ! Йўқол!
Бочек унга истеҳзо билан қараб қўйди-да, ўрнидан турди.
— Ҳали шунақами? Энди мендан кўрасан, бўлмасам. Сендақа каттакондан ўлгурдиму!
— Сенга нима керак ўзи? Пул керакми, ярамас? — дея ўшқирди Дизма.
Бочек елкасини қисиб қўйди.
— Пул бўлса ҳам тешиб чиқмайди.
— Ў-ў... Аблаҳ!..
Никодим чўнтагидан йигирма злотий олди-да, бир оз ўйланиб тургач, яна битта йигирматалик чиқарди.
— Нега аччиғланяпсиз, пан Никодим, — дея гап бошлади муросасозлик билан Бочек, — ахир сизга ёмонлик қилаётганим йўқ-ку!
— Ёмонлик қилмаганмиш-а... Нега секретарнинг олдида валдирадинг бўлмаса?
Бочек стулга ўтирди.
— Пан Никодим, бир-биримизни пайимизни қирқмай тинчгина яшасак бўлмайдими? Сиз менга ёрдам берасиз, мен эса сизга ёмонлик қилмайман...
— Ахир сени ишга киритиб қўйдиму!
— Шуям иш бўлди-ю, — деди елкасини қисиб Бочек, — қандайдир тўрт юз злотий деб саккиз соат машаққат чекасан. Бунинг устига гумбир-гумбирини айтмайсизми. Йўқ, бу иш менга тўғри келмас экан.
— Балки, сени министр қилиб тайинлаш керакдир, а? — дея илжайди Дизма.
— Кулманг, пан Никодим, сизни правление раиси қилиб тайинлашдими ахир?
— Чунки менинг каллам бор, тушундингми — каллам!
— Ҳамманиям ўз калласи бор. Менимча, сиз раис бўлиб турган бир пайтда, собиқ бошлиғингиз бўлган мендай одамнинг ойига саккиз юз злотийдан кам маош олиши уят бўлса керак.
— Эсингни едингми, Бочек? Саккиз юз злотий-а... Сенга ким беради бундай маошни?
— Айёрлик қилманг! Сиз истасангиз бас — шунақа одамлар топилади.
Дизманинг кўзларида нафрат учқунланди. У бир қарорга келиб қўйган эди.
— Ҳай, майли, пан Бочек, сизни... ҳм... давлат вино омборлари директорининг ўринбосари қилиб тайинлашга тўғри келади... Хоҳлайсизми шу ишни?
— Мана бу бошқа гап. Эҳтимол, квартира ҳам беришар. Ахир оиламни кўчириб келишим керак.
— Квартира ҳам беришади, албатта. Тўрт хонали, жуда яхши квартира. Ошхонаси ҳам бор. Иситиш ва электр қуввати учун ҳақ тўланмайди.
— Маоши-чи?
— Маоши минг злотийга яқин.
Тўлқинланиб кетган Бочек ўрнидан туриб, Дизмани қучоқлади.
— Эҳ, пан Никодим, сиз билан биз ҳамшаҳармиз ахир, демак, бир-биримизга ёрдам беришимиз лозим.
— Албатта...
— Мен доим сизга дўст бўлганман. Баъзи бировлар, хароми, ташландиқ бола, деб сиздан ўзини четга оларди.
— Бас қил, жин урсин сени!
— Айтяпман-ку, баъзи бировлар деб... Э-э, нимасини айтай, бутун Лисков сизни ёмон кўрарди, аммо мен сизни ҳатто уйимда ҳам қабул қилардим.
— Шу ҳам катта иш бўлди-ю, — дея бурнини жийирди Дизма.
— Бир вақтлар катта эди, — деди лоқайдлик билан Бочек, — баҳслашишдан нима фойда?
Никодим қовоғини солди. Унга ҳаммасидан ҳам ташландиқ эканлигини эслатганлари алам қилди. Шунда у бирдан ўзи билан Бочек икковига Варшава торлик қилиб қолганини аниқ ҳис этди... Ҳа, фақат Варшава ҳам эмас.
Эҳ-а, агар собиқ ёрдамчисининг дилида нималар кечаётганини билганида эди! У сираям қувонмаган бўларди.
— Гап бундай, пан Бочек, — деди Дизма, — бор ҳужжатларингизни олиб эртага келинг. Чунки сизни бу ишга жойлаштириб қўйишнинг ўзи бўлмайди. Сизни директор ўринбосари лавозимига лойиқ экаилигингизни исботламоқ учун анча елиб-югуришга тўғри келади.
— Ғоят миннатдорман, пан Никодим. Бу ишингиздан кейин ўзингиз ҳам хурсанд бўласиз.
— Хурсанд бўлишимни ўзим ҳам яхши биламан, — дея тўнғиллади Никодим. — Энди яна бир нарсани айтиб қўяй: бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очманг, акс ҳолда бу ишнинг ишқибозлари кўпайиб кетади. Тушундингизми?
— Тушундим, албатта.
— Бўлмасам гап тамом. Эртага ўн бирга келасиз. Шу пайт эшик тақиллаб, остонада Кшепицкий пайдо бўлди.
Бочек Дизмага қувлик билан кўз қисиб қўйди-да, иложи борича бесўнақай гавдасини эгиб, таъзим қилди.
— Саломат бўлинг, пан раис. Ҳаммасини бажо қиламан.
— Хайр, кетаверишингиз мумкин.
Никодим Кшепицкий олиб келган қоғозларни кўздан кечираётган киши бўлиб, зимдан Бочекни кузатаётгани ни пайқаб қолди.
— Хўш, нима гап, пан Кшепицкий?
— Ҳаммаси жойида, пан раис. Мана, циркка таклифнома.
— Дарвоқе. Демак, борар эканмиз-да.
— Графиня Чарская қўнғироқ қилган эди, унга сизнинг бандлигингизни айтдим.
— Афсус.
— Ҳе-ҳе-ҳе... Тушунаман. Бу опа-сингил Чарскаялар жуда кетворган қизлар-да... Бултур денг...
У гапини тугата олмади, чунки шу пайт кабинетга Вареда отилиб кирди.
— Салом, Никусь! Қаёқларда ғойиб бўлиб юрибсан?
— Яхшимисан, Вацусь? Кшепицкий таъзим қилиб, чиқиб кетди.
— Биласанми, олдингга киришимнинг сабаби бор — цнркка бормайсанми? Дунёда энг кучли одам Тракко келибди, бизнинг чемпионимиз Веляга билан кураш тушармиш.
— Ўзим ҳам бормоқчи бўлиб турувдим.
— Қойил! — Вареда Дизманинг тиззасига шапатилади. — Барча улфатлар йиғиладиган бўлдик: Ушицкий, Ляницкий, Романович...
Телефон жиринглаб қолди.
— Алло!
Кшепицкий яна графиня Чарская қўнғироқ қилаётганини айтиб, улайми, йўқми, дея сўради.
— Улайверинг... Алло!.. Ҳа, менман, яхшимисиз?
Никодим трубкани кафти билан ёпиб, Варедага шивирлади:
— Графиня Чарская!
— Бай-бай, бай-бай... — бош чайқади жавобан полковник.
— Йўғ-е, нималар деяпсиз, сира халал берганингиз йўқ. Аксинча, ғоят хурсандман.
Никодим трубкани бўйнига қистириб, Вареда узатган папиросни тутатди.
— Кечирасиз, адабиётдан ҳеч балони билмайман... Чин сўзим... Қачон дедингиз? Хўп, яхши... Опангизнинг соғлиқлари қалай?.. Ҳм... Биласизми, мен ҳам. Лекин бу ҳақда телефонда гаплашмаганимиз маъқул... Театрга, дейсизми?.. Э-э-э... Мен билан циркка бормайсизми? Йўқ, бугун дунёда энг кучли одам кураш тушар экан... Отими?.. Вацек, унинг оти нимайди? Италиялик Тракко... Йўқ, олдимда дўстим Вареда ўтирибди.
— Никусь, унга мендан салом деб қўй.
— Сизга салом деяпти... Боради, албатта... Демак келишиб олдик-а... Сизни ўз машинамда ола кетаман... Хайр.
Никодим трубкани жойига қўйди-да, жилмайди.
— Эҳ, хотинлар, хотинлар...
— Боришадиган бўлишдими? — сўради полковник.
— Албатта!
— Бўлмаса, юр, овқатланиб олайлик.
— Кшепицкийни ҳам ола кетамиз.
— Ўзинг биласан, — дея рози бўлди Вареда.
Улар ресторанда Уляницкийни учратиб қолишди-ю, ўйин-кулги қизиб кетди.
— Бульдог билан лайча ҳақидаги латифани биласизларми?
— Эҳтиёт бўл! — дея огоҳлантирди уни Вареда. — Кимда-ким эски латифани айтиб берса, бир шиша коньяк ютқазади.
— Ўпкангни бос, Вацусь, — деди жиддий оҳангда Уляницкий. — Бу қонунни жорий этган одам каминанинг ўзи бўлади. Хўп, эшитинглар. Маршалковскаянинг бурчагида бир исковуч ит ўтирган экан.
— Сен бульдог деган эдинг-ку...
— Бошимни қотирмасанг-чи. Шундай қилиб, исковуч ўтирган экан. Саксонский боғидан баҳайбат бульдог ит югуриб чиқибди...
Дизма ўрнидан туриб, минғирлади.
— Мени кечирасизлар...
— Нима, сен бу латифани эшитганмидинг? — дея сўради Вареда.
Никодим латифани эшитмаган бўлса-да:
— Ҳа, эшитгандим, — дея жавоб қилди.
У шоша-пиша пальтосини кийиб, швейцар очиб турган эшикдан югуриб кўчага чиқди.
Шофёр моторни ўт олдирди-да, машина эшигини очди.
— Сиз уйга кетаверинг, — деди шофёрга Дизма.
У машинани жўнаб кетишини кутиб, бир оз турди-да, сўнг Белянская кўчаси томон озгина юриб таксига ўтирди.
— Королькова билан Вольская чорраҳасига ҳайданг.
Бир вақтлар «Фил» майхонасида мандолина чалиб юрган кезлари Никодим бу ерга ошналари ва тасодифий танишлари билан тез-тез келиб турарди. Майхона шинавандалари сахийликлари тутиб кетгак пайтда бутун оркестрни ҳам уйларига таклиф қилгучи эди.
Тор ва узун Королькова кўчасида бундай майхоналардан бир нечтаси бор эди.
Автомобиль айтилган чорраҳага етиб борди. Никодим машинадан тушиб, шофёрнинг ҳақини тўлади-да, жўнаб кетгач, Королькова томон бурилди.
Кўчанинг икки четида бир-бирига ўхшаб кетадиган фабрика корпуслари қад кўтарган эди. Баъзи жойларга тахта девор ўрнатилган бўлиб, ёғоч уйлар қаққайиб турарди. Уларнинг деразаларидаги сарғиш дарпарда ортидан хирагина лампочкалар милтиллаб кўринарди. Бу уйлар ишчилар учун қурилган пивохоналар эди. Пивохоналар бир-бирига шу қадар ўхшаб кетардики, уларни бир-биридан ажратиб бўлмасди.
Никодим таниш йўлдан адашмай борди-да, торгина эшикни оёғи билан туртиб очди. Шу заҳоти бурнига тузланган карам билан пивонинг нордон ҳиди урилди. Хонанинг ярмини олд томонига оқ парда тутилган витринага ўхшаш кенг пештахта эгаллаган эди. Ғишт ётқизилган полга янгигина қиринди сепилганди. Яшил парда ортидан гармоника билан ғижжак садолари эшитилиб турарди. Пештахта ортидан қовоғи солиқ қизил юзли эркак билан ёши ўтиб қолган икки аёл турарди. Залда фақат икки стол банд эди.
Никодим пештахта олдига борди.
— Каттасиданми? — сўради хўжайин.
— Қуяверинг, — дея жавоб қилди Дизма.
У стакандаги ароқни ичди-да, тузланган балиққа қўл чўзди.
— Хўш, пан Малиновский, ишлар қалай?
— Ёмон эмас, аста-секин қимирлаб ётибмиз.
— Амброзяк, гармончи Амброзяк ҳали ҳам сизда ишлайдими?
— Нимайди? — ҳушёр тортиб сўради хўжайин.
— Яна битта қуйинг, — деди Дизма ва хўжайин узатган ароқни симириб, тузланган қўзиқоринни газак қилди.
— Наҳотки, мени танимаётган бўлсангиз, пан Малиновский?
— Бу ерга жуда кўп одам келиб кетади... — деди лоқайдлик билан майхона эгаси.
— Менинг отим Пиздрай. Панскаядаги «Фил» қовоқхонасида ишлардим.
— Панскаяда дейсизми?
— Ҳа. Мандолина чалардим. Отим Пиздрай.
Хўжайин Дизманинг илтимосини кутиб ўтирмай, стаканга яна ароқ қуйди.
— Ҳа, ҳа танидим... Хўш, ишлар қалай?
— Ёмон эмас...
Никодим ароқни ичди.
— Амброзяк у ёқдами? — дея сўради у боши билан парда томонга ишора қилиб. — У менинг ошнам бўлади.
— Ўша ерда, — дея лўндагина жавоб қилди хўжайин.
Никодим тишковлагични оғзига тиқди-да, уч-тўрт қадам юриб, чит пардани очди.
Парда ортида одам кўп эди, оркестр, чамаси биронтанинг закази бўйича бўлса керак, узоқ чалди.
Бироқ гармончи Дизмани дарҳол таниди. Шу боисдан ҳам у танго куйини чалиб бўлишгач, Никодимнинг олдига келди.
— Яхшимисиз, Пиздрай!
— Саломатмисиз! — қувноқ жавоб қилди Дизма. — Пан Малиновский, бизга икки кружка пиво беринг.
— Эски ошналар учрашиб қолгани учун бир рюмкадан дориси ҳам бўлсин, — дея қўшимча қилди гармончи.
Ичишди.
— Бирор ишингиз борми? — сўради Амброзяк. Никодим бош ирғади.
— Ҳозир қаерда ишлаяпсиз?
— Қишлоқда, — жавоб қилди Дизма бир оз ўйланиб тургач.
— Тирикчилик қилса бўладими?
— Бўлади.
— Хўп, ишингиз бор экан, бир четга ўтайлик бўлмаса.
Улар кружкаларнни қўлга олиб, дераза олдига боришди.
— Амброзяк, — дея гап бошлади Дизма, — менга бир ошначилик қилишингиз керак.
— Ошначилик дейсизми?
— Менга юлдузни нарвонсиз урадиган йигитлардан уч-тўрттаси керак.
— Қалтис ишми? — товушини пасайтириб сўради гармончи.
Никодим стулда чайқалиб қўйди.
— Бир нусха пайимни қирқяпти.
— Дурустроқ кишими? — дея қизиқсинди Амброзяк.
— Қаёқда... Арзимаган одам.
— Нима? Гумдон қилиш керакми?
Никодим елкасини қашиди.
— Йўқ, нега энди, валдирай бермаслиги учун овозини ўчириб қўйиш керак.
Гармончи ароқни ичиб, полга тупурди.
— Бўпти, тўғрилаймиз, лекин бу ишдан юз злотийнинг ҳиди келяпти, Эҳтимол, юз йигирма злотий ҳам кетар.
— Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, — дея ошнасини ишонтирди Дизма.
Амброзяк бош ирғаб, ўрнидан турди-да, парда орқасида ғойиб бўлди. Дизма кута бошлади.
Гармончи бир оздан сўнг митти кўзлари чақнаб турган оғзингина малла соч бир йигитни бошлаб келди.
— Танишинглар: менинг ошнам Пиздрай, Франек Лгвандовский.
Малла соч йигит томирлари ўйнаб чиққан, гавдасига номуносиб бесўнақай қўлини узатди.
— Ким ўлди? — дея сўради у.
— Шунчаки бир иш бор... — деди хаёлга чўмиб Дизма.
— Иш бор экан, демак томоқни ҳўллаш керак.
Никодим хўжайинни чақирди.
— Пан Малиновский, бир шиша тозаси билан чўчқа гўштидан келтиринг.
Амброзяк маллага энгашди.
— Пан Франек, кимларни олмоқчисиз?
— Антек Клявиш билаи Қайнатани олсам дейман.
— Фақат уч киши бўласизларми? — дея шубҳаланиб сўради Дизма.
— Нима? Жуда кучлими?.. Туллакларданми ёки хомми?
— Хом. Қишлоқдан келган... Ўлгудай семиз.
— Тўғрилаймиз, — деди бош ирғаб Франек. — Кечирасиз, ўзлари ким бўладилар?
— Бу билан нима ишинг бор, Франек? — дея гапга аралашди Амброзяк. — Менинг ошнам деяпман-ку, шу етмайдими сенга? Нега ҳамма ишга тумшуғингни тиқаверасан?
— Тумшуғимни тиқаётганим йўқ, шунчаки қизиқдим, холос. Бўпти, гапиринг.
Никодим столга энгашиб, тушунтира бошлади.
Левандовский билан гармончи ҳафсала билан ичишмоқда эди. Дизма ҳам улардан қолишмасди. Хўжайин буюришларини кутиб ўтирмасдан бўш шишани олиб, ўрнига яна битта яримталик ва совуқ котлетлар билан тузланган бодринг келтириб қўйди. У биронта одам Левандовский билан «гаплашганида» иш ароқсиз битмаслигини яхши биларди.
Амброзяк оркестрга чақиришганлари сабабли бир неча марта ўрнидан туриб, яна қайтиб келди. Хўжайин газ чироқни ёқди. Эшик тинимсиз очилиб турарди, пивохона одамга тўлаётганди.
Кўпчилик Левандовский билан саломлашар, у эса жавобан бепарвогина бош ирғаб қўя қоларди.
Дизма Левандозский тўғрисида кўп эшитганди. Бироқ Никодим бутун Воля билан Чистоега ваҳима солган бу машҳур каллакесарнинг ёш болага ўхшаган бир йигит эканлигини хаёлига ҳам келтирмаганди. Ҳарқалай, Дизма ишни ишончли қўлларга топшираётганини яхши биларди.
Никодим еб-ичилган нарсаларнинг ҳақини тўлаб, Франекка секингина юз злотий қистирганида соат саккиз бўлган эди.
— Энг муҳими — чўнтакларини яхшилаб қаранглар, бирор нишона қолмасин, — деди Дизма Франек билан хайрлашаётиб унинг томирлари ўйнаб чиққан қўлини қисар экан.
Амброзяк Никодимни эшикка қадар кузатиб чиқиб, Франекнинг «михдай йигит» эканлигини айтди-да, ўн злотий қарз сўради. Сўнг Дизма берган пулни чўнтагига сола туриб, истеҳзо аралаш деди:
— Қишлоқда роса ишлаётганга ўхшайсиз. Пул деган нарса сероб кўринади!
— Ишим ёмон эмас.
Кўча бўм-бўш эди. Дизма Вольскаяга чиқиб, трамвай кута бошлади. Кўп ўтмай тўққизинчи ҳам келди.
Циркда одам қайнарди. Ғовур-ғувур ичида у ёқдан-бу ёққа елиб юрган болаларнинг овози эшитилиб турарди:
— Шоколад, лимонад, печенье!
Никодим опа-сингил Чарскаялар билан циркка кириб келган ҳам эдики, оркестр марш чалиб, ползонлар майдонга саф тортиб чиқишди.
Улар ўнта бўлиб, барчаси норғул, мушаклари бўртиб чиққан, бўйни буқаникига ўхшаш йўғон, трико кийган баданини жун босган эди. Улар сафни бузмай майдонни айланиб чиқишди.
Дизма опа-сингил Чарскаялар билан ўз ложаси томон ўтди. Полковник Вареда аллақачон етиб келган экан. Мариетта кулиб юборди:
— Нима бало, сўқимга боқилганми ҳаммаси! Никодим ва опа-сингил Чарскаялар Вареда билан саломлашишди.
— Ҳув анависининг оти Мик, — дея тушунтирди Вареда. — Гавдаси ўспирин боланикига ўхшайди-ю, лекин у манови барзангиларнинг кўпчилигидан кучлироқ.
Полвонлар яна саф тортишган эди, судья уларни томошабинларга таништира бошлади.
Ҳар бирининг Англия чемпиони, Бразилия чемпиони, Европа чемииони каби биронта унвони бор эди.
Икки полвоннинг номи айтилганда чапаквозлик, айниқса, авжига чиқди: томошабинлар Польша чемпиони Веляга билан италиялик барзанги Траккони олқишламоқда эди.
Сўнг саҳнада иккита полвон: семиз, қўллари маймунники каби узун немис билан хушбичим мулат Мик қолди. Мик ўз рақиби ёнида каркидон олдида турган оҳуга ўхшарди.
Ҳуштак чалиниб, полвонлар бел олишди.
— Тайёр! — дея қичқирди Дизма мулат немиснинг оғирлигидан гиламга йиқилаётганини кўриб.
— Йўқ, ошна, — жилмайди Вареда, — мулат тушмагур жуда эпчил. Унинг курагини ерга теккизишнинг ўзи бўлмайди.
Чиндан ҳам мулат рақибининг чангалидан осоигина сирғилиб чиқди. Шунда немис пишиллаганича уни яна гиламга итқитиш учун даст кўтармоқчи бўлган эди, мулат кутилмаганда сакради. Аввалига бу немисга қўл келадигандек туюлди, бироқ аҳвол бир зумда ўзгарди қўйди: мулат чаққонлик билан умбалоқ ошди. Уни кўтариб турган немис мувозанатини йўқотиб қўйиб, чалқанчасига йиқилди. Мулат бир сакраб, рақибининг кўкрагига чиқиб олди.
Шу пайт уларнинг олдига югуриб келган судья немиснинг иккала кураги ерга текканини қайд қилди. Бу аҳвол бир зумда давом этди, холос, мағлуб бўлган немис рақибини нўноқ суворини йиқитган от каби устидан силкиб тушарди-да, пишқириб ўрнидан турди.
Бироқ олишув тугаган эди. Жюри раиси, мулатнинг ғалабасини эълон қилди. Мулат жилмайиб томошабинларга таъзим қила бошлади. Мағлуб бўлган немис сўкина-сўкина саҳнадан чиқиб кетди. Чор атрофда ўтирган одамлар уни қийқириқ ва ҳуштаклар билан кузатиб қолишди.
— Бу мулат мунча чиройли бўлмаса! — деди маҳлиё бўлиб Мариетта Чарская. — Худди биринждан қуйилганга ўхшайди-я! Пан раис, айтинг-чи, агар уни ўзимиз билан ресторанга олиб кетсак одобсизлик бўлмайдими?
— Мариетта, нималар деяпсан ўзи! — дея уни тўхтатди опаси.
— Ноқулай бўлса керак, — гап қотди Дизма.
Аммо бошқалар бу одатдаги вақтичоғлик бўлади дейишди. Уларнинг айтишларича, алоҳида кабинетда ўтиришса ҳеч нима қилмасмиш.
Бу орада саҳнага яна бир жуфт полвон чиқди.
Дизма курашни берилиб томоша қила бошлади. У кураш кескин тус олган пайтларда муштини қаттиқ қисар ва жон-жаҳди билан:
— Бос уни!.. — дея бақирарди.
Пастда полвонларнинг оғир гавдаси у ёқдан-бу ёққа думалар, улар инқиллаб-синқиллаб бир-бирларини йиқитишга уринишарди. Юқорида ўтирган томошабинлар эса ҳуштак чалишар ва «офарин» дея қичқиришарди.
Бир неча жуфт полвонлар курашиб бўлишгач, ниҳоят саҳнада программанинг асоси бўлган томоша бошланди.
Майдонга энг кучли полвонлар тушишди. Чорпахил қўллари ғоят узун, бурни пучуқ, сочи устара билан олинган Польша чемпиони Веляга улкан маймунга ўхшарди. Унинг қаршисида йўғон оёқларини кериб норғул Тракко турарди. Унинг мушаклари бўртиб чиққан эди.
Бутун цирк жимиб қолди. Шу пайт судьянинг ҳуштаги эшитилди.
Рақиблар гўё бир-бирларини синамоқчи бўлгандек, шошмай бел олишди. Чамаси, уларнинг иккови ҳам олишувнинг нақадар қийин бўлйшини яхши биларди. Бироқ уларнинг ҳар бири ўз усулини қўллади. Поляк курашни шиддат билан олиб бормоқчи эди. Италиялик эса ку чини бир маромда сарфлаб, рақибининг силласини қуритишга аҳд қилгандек кўринарди. Шу боисдан ҳам у деярли қаршилик кўрсатмади ва бир неча силтовдан кейин гиламга тиззаси билан йиқилди.
Веляга уни чалқанчасига йиқитмоқчи бўлди, Аммо орадан бир неча минут ўтгач, барча ҳаракати зое кетаётганинн кўриб, рақибининг бўйнини жон-жаҳди билан ишқай бошлади.
— У нима қиляпти? — дея сўради Мариетта. Вареда унга энгашиб, кўзини полвонлардан узмай тушунтира бошлади.
— Бунинг отини уқалаш дейишади. Уруш мумкин эмас, тушундингизми? Уқалаш эса мумкин. Шундай қилганда бўйин мушаклари заифлашади.
— Жони оғриса керак ахир.
Италиялик полвон ҳам худди шундай қарорга келди шекилли, рақибининг чангалидан сирғалиб чиқиб, ўрнидан турди ва Веляганинг орқа томонидан қучоқлаб олди. Бироқ семиз Велягага италияликнинг қўллари етмади; у қорнини шиширган эди, Тракконинг қўллари очилиб кетди.
Томошабинлар қарсак чалиб юборишди.
Дарвоқе, бошиданоқ улар польшалнк полвон тарафини олишлари аниқ эди.
Бироқ олишувдан натижа чиқмаётгани учун Веляга қутуриб кетди. Томошабинларнинг қий-чуви уни баттар қизиштириб юборди:
— Веляга, бўш келма!
— Бос макаронхўрни!
— Яшавор, Веляга!
Полвонларнинг кўзи қонга тўлди улар ўқтин-ўқтин пишқириб қўйишарди.
Олишув борган сари қизғин тус ола бошлади. Курашчиларнинг баданини тер босди.
Веляга шиддат билан ҳужум қилар, италиялик жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатар, бироқ ўзини йўқотмай, қоидага биноан курашарди. Бу орада Веляга ҳар нима қилиб бўлса ҳам рақибини енгишга уринди; судья ҳатто бир неча бор курашни тўхтатишга мажбур бўлди, чунки Веляга ғирромлик қила бошлаган эди.
Бирдан у Траккони нельсон усули билан бўғиб олишга муваффақ бўлди. Унинг баҳайбат қўллари италияликнинг қўлтиғидан ўтиб, энсасида бирлашди.
Цирк сув қуйгандай жимиб қолди.
Полвонлар турган жойларида қотиб қолишди — бироқ уларнинг бундай туриши ғоят катта кучни талаб қиларди: шу тобда уларнинг таранг тортилган мушакларн ҳозир терисини ёриб чиқадигандек туюларди. Веляга яна зўр берди. Италияликнинг қип-қизил юзи кўкариб кетди. Оғриқнинг зўридан унинг кўзлари косасидан чиқиб, осилиб қолган тилидан сўлак оқа бошлади.
— Қандай жирканч-а! — дея хитоб қилди Мариетта ва кўзларини юмиб олди.
— Веляга уни ўлдириб қўяди! — қичқирди қўрқиб кетган опаси. — Пан раис, бу даҳшат-ку ахир!
— Менга деса, бўйнини узиб ташласин! — дея жавоб қилди Дизма.
— Уялмайсизми, пан раис, — дея яна гапга аралашди Мариетта.
— У таслим бўлиши мумкин, — деди елкасини қисиб полковник.
Бироқ италиялик полвон таслим бўлишни хаёлига ҳам келтирмасди. У даҳшатли оғриққа бардош бериб, сира бўш келай демасди.
Веляга ҳам буни тушунди. У вақт тугаётганини кўриб, нима қилиб бўлса ҳам рақибини енгишга аҳд қилди. .
У италияликни ён томонга силтаб, чалиб йиқитди-да бутун оғирлиги билан босиб, курагини ерга теккизди.
Ҳамма ёқни гулдурос олқиш тутиб кетди. Қийқирув чапаквозлик, минглаб оёқларнинг тапир-тупуридан судьянинг ҳуштаги ва бош арбитрнинг қўнғироқ чалиши эшитилмай қолди.
— Қойил, яшавор Веляга! — дея қичқирардн пешанаси тер қоплаган Дизма.
Бу орада полвонлар ўрниларидан туришди.
Веляга томошабинларга таъзим қила бошлади, Тракко эса судьялар коллегиясининг столи олдига бориб, кўкариб кетган бўйнини ишқаганича, ниманидир тушунтира кетди.
Ниҳоят ғала-ғовур тинди. Судья саҳна ўртасига чиқиб, эълон қилди:
— Польша чемпиони Веляганинг Италия чемпиони Тракко билан кураши дуранг натижа билан тугади. Веляга рақибини тақиқланган усул билан йиқитди. Шу боисдан ҳам жюри...
Қий-чув кўтарилиб, судьянинг кейинги сўзлари эшитилмай қолди.
— Ёлғон!
— Веляга чалгани йўқ!
— Йўқолсин ғирром судья!
— Веляга ютди!
— Йўқолсин макаронхўр!
Ниҳоят, судьялар коллегиясининг раиси сўз олди:
— Олишув дуранг натижа билан тугади, чунки Веляга рақибини чалиб йиқитди. Рингдаги судья ҳам, мен ҳам буни аниқ кўрдик.
— Ёлғон, чалгани йўқ! — дея қичқирди Дизма.
— Мен эмас, сиз ёлғон гапиряпсиз, — деди жаҳл билан судья.
— Нима? — ғазаби қайнаб бўкирди Дизма. — Нима дедингиз? Мен чалмади деяпман. Мен давлат ғалла банкасининг раиси бўламан. Ҳуштак тутган анови нусхадан кўра менга кўпроқ ишониш мумкин.
Циркни гулдурос қарсаклар тутиб кетди.
— Офарин, офарин!
— Тўғри, айтяпти.
Шунда судьялар коллегиясининг раиси яна ўрнидан туриб, қичқирди:
— Кураш натижасини томошабинлар эмас, судьялар коллегияси ҳал қилади. Олишув дуранг билан тугади.
Бутунлай ўзини йўқотиб қўйган Никодим бутун циркка эшиттириб ўшқирди:
— Б... ебсан!
Унинг гапи томошабинларга катта таъсир қилди. Юқори қаторлардан гулдурос олқишлар эшитилиб, одамлар хахолаб кулишар, ҳозиргииа Дизма айтган гапни бақириб такрорлашарди.
— Кетдик бу ердан, — деди Никодим, — акс ҳолда ёрилиб ўламан.
Улар циркдан кула-кула чиқишди.
— Энди чинакамига машҳур бўласан, — дея гап қотди Вареда.
— Қўйсанг-чи...
— Мени айтди деявер. Эртага бутун Варшава фақат шу ҳақда гапиради. Мана кўрасан. Одамлар ўткир сўзни яхши кўришади...
Эртаси куни бу воқеа ҳақида фақат гапиришибгина қолмай, балки барча газеталар унинг тафсилотлари билан ёзиб ҳам чиқишди. Баъзилар эса кеча қаҳрамонининг расмини ҳам босиб чиқаришди. Никодим ўзидан дарғазаб эди.
— Мен тўғри айтдим. Нега энди улар мени одобсиз одамга чиқариб қўйишяпти?
— Ҳечқиси йўқ, арзимаган гап, — дея унга таскин берди Кшепицкий.
— Ғазабимни қайнатиб юборишди, аблаҳлар.

13-боб
Крохмальная кўчаси бу пайтларда доим бўм-бўш бўлади. Бунинг ажабланадиган жойи йўқ: вақт ярим тундан оғиб қолган бўлиб, бу ернинг аҳолиси эса ишга жўнаш учун эрталаб соат олтида ўрнидан туради.
Дарвозахоналарнинг бирида уч эркак аллакимни кутишганича деворга суяниб ўтиришарди. Сиртдан қараганда улар ухлаб қолгандек кўринишади, аммо папиросларининг аҳён-аҳёнда милтирашига кўра улар уйғоқ эди.
Железная кўчаси томонидан кимнингдир оғир қадам ташлаб келаётгани эшитилди. Эркаклардан бири эмаклаб бориб, бурчакдан мўралади-да, сўнг орқасига қайтиб шивирлади:
— Ўша.
Қадам товуши борган сайин яқинлашиб келарди, бир минутдан сўнг дарвозахонадаги кишилар қора кузги пальто кийган паст бўйли бақалоқни кўриб қолишди,
Орқасидан кимнингдир келаётганини сезган йўловчи ўгирилиб қаради.
— Гугуртингиз йўқми мабодо? — дея сўради ундан озғингина малла соч йигит.
— Бор, — деди жавобан бақалоқ ва чўнтагини ковлай бошлади.
— Фамилиянгиз Бочекми? — сўради кутилмаганда малла соч йигит.
Бақалоқ унга ажабланиб қаради.
— Буни қаёқдан биласиз?
— Қаёқдан дейсизми? Сен тилингни тиймаган томондан, аблаҳ.
— Нима гап ўзи?
Бақалоқ гапини тугата олмади. Оғир мушт унинг бурни билан юқори лабини ёриб юборди; шу заҳоти кимдир унинг миясига урди, кимдир бор кучи билан қорнига тепди.
— Ё тангрим! — дея қичқирди бақалоқ ва зовурга қулаб тушди. Унинг мияси ғувиллаб, оғзидан қоннинг шўртанг мазаси пайдо бўлди.
Ҳалиги одамлар бу билан чекланишмади. Улардан бири бақалоқнинг устига энгашиб, қорни ва кўкраги аралаш ураверди, бошқаси тротуардан сакраб ўтиб, пошнаси билан башарасига тепди.
Даҳшатли оғриқ Бочекнинг кучига куч қўшди. У семизлигига қарамай, сапчиб ўрнидан турди-да:
— Қоровул! Қоровул! — деб додлай бошлади.
— Овозини ўчир уни! — дея ҳансираб шивирлади малла соч йигит.
Шериги Бочекнинг тротуарда ётган шляпасини олиб, унинг дабдаласи чиққан башарасига босди.
— Вой-дод... Ёрдам беринглар! — дея бўғилиб қичқирди бақалоқ.
Узоқдаги чорраҳада кимнингдир қораси кўринди.
— Жим! Франек, кимдир келяпти.
— Вой-дод! Ўлдиришяпти!
— Нимаям қилардик, пичоқ билан тинчитишга тўғри келади.
Буклама пичоқнинг пружинаси шиқиллаб очилди-да, узун тиғ нақ сопига қадар бақалоқнинг танасига санчилди. Франек унинг яна уч-тўрт жойига пичоқ урди.
— Тайёр бўлди.
Йигит пичоғини Бочекнинг пальтосига артиб олди. Икки шериги унинг чўнтакларини тинтиб, соати, паспорти ва кармонини олишди...
Бир зумдан сўнг Крохмальная кўчаси яна ҳувиллаб қолди.
Велосипед минган икки полициячи — тунги патруль бу кўчага бурилганда тонг ота бошлаган эди.
— Уни қара, — дея хитоб қилди полициячилардан бири, — кимдир ётибди!
— Маст бўлса керак.
Улар велосипедларидан тушиб, ҳалқоб бўлиб қолган қонни кўришди-ю, дарҳол гап нимадалигини тушунишди.
— Чўчқадай чавақлаб кетишибди-ю!
— Томирини ушлаб кўр-чи.
— Совиб бўлибди.
— Оббо итваччалар-ей! Комиссариатга бориш керак.
Шу ҳафтада учинчи одамни сўйиб кетишлари.
Совуқ куз ёмғири шивалай бошлади.
«Бугун тунда VIII комиссариат патрули Крохмальная кўчасида элликларга кирган бир эркак мурдасини топди.
Тез ёрдам врачи эркакнинг юрак халтаси ўткир қурол билан ёрилгани, кўп қон кетгани ва мия суягининг сингани сабабли ўлганини қайд этди. Башараси қаттиқ мажақлангани боисидан унинг кимлигини аниқлаб бўлмади. Унинг ёнидан ҳеч қандай ҳужжат топилмади. Мурда ёриш учун ўликхонага жўнатилди. У ички партия низоларининг қурбони бўлган, деб тахмин қилиняпти».
Дизма газетани буклаб, столни черта бошлади.
— Хўш, мен нимаям қила олардим? — деди ўзига ўзи Никодим елкасини қисиб.
Аввалига Бочекнинг ўлими унинг юрагига ғулғула солди. У, полиция мени албатта қидириб топади, деб ўйлади. Кейин марҳум кечалари тушимга кириб чиқса-я, — дея қўрқа бошлади.
Лекин, бошқа томонини олганда, ўзи учун хавфли бўлган бу одамнинг энди йўқ бўлгани, унинг ўлими билан ҳамма хавф-хатар батараф этилгани ҳақидаги фикр аста-секин қўрқувни енгиб, охири Никодимнинг дилидан ўни бутунлай қувиб чиқарди.
Ундан, банка правлениясининг раисидан ким ҳам шубҳаланарди, дейсиз!
Бочекнинг ўлимига, у, яъни Дизма айбдорми? Ҳамма бало Бочекнинг ўзидан чиқди.
«Ҳаммасига ўзи айбдор. Аҳмоқ... Мана оқибати...»
Кабинетга Кшепицкий кириб, эшикни ёпди-да, сирли жилмайиб деди:
— Пан ранс, бир мижозни қабул қилмайсизми? Жуда қизиқ одам.
— Ким экан у?
— Сизнинг яхши танишингиз.
Дизманинг ранги докадай оқариб кетди; у сакраб ўрнидан турди-да, бутун гавдаси қалтираб, титроқ товуш билан сўради:
— Ким?!
Уни қаттиқ ваҳима босди. Шу пайт унга эшик ортида башараси мажақланиб, қонга беланган Бочек кутиб тургандек кўринди.
— Сизга нима бўлди, пан раис? — дея сўради ташвишланиб Кшепицкий.
Дизма ёзув столига таянди.
— Мазангиз қочдими?
— Куницкий.
— Э-ҳа, Куницкий... Яхши...
— Уни қабул қиласизми?
— Майли, кирсин,
Кабинетга ўша-ўша питрак ва қизил юз Куницкий югуриб кирди. Дизма билан остонадаёқ саломлашиб, алланималарни бидирлай кетди.
Никодим гап нимада эканлигини тушуна олмай, чолга бир минутча меровсираб қараб турди.
— Ҳа, азизим пан Никодим, ёшимга ёш қўшиляпти-ю, лекин мен қариётганим йўқ. Мана сизнинг ҳам кўринишингиз жуда яхши. Хўш, сиёсат бобида қандай янгиликлар бор? Ишларингиз қалай? Ҳамма турғунлик учун солиқлардан шикоят қиляпти, азизим: дастмоя солиғи одамни пичоқсиз сўяяпти ахир. Ижтимоий зарурат учун олинаётган солиқларни айтмайсизми! Кабинетингиз ажойиб экан, жуда дид билан жиҳозланибди... Азизим пан Никодим, марҳаматингизни аямасангизу мен билан понушта қилсангиз, қалай бўларкин? Эрталабдан бери туз тотганим йўқ. Ажойиб кабинет! Мен билан Коборовога жўнамайсизми, а? Тўғри, ҳаво айниган, лекин ҳамма ёқ осойишта. Асаблар дам олади, кейин боёқиш Нинанинг ҳам боши осмонга етарди — жуда ёлғиз бечора. Икки-уч кунга бориб келсангизчи, а?
— Кейинги ҳафтада борарман. .
— Раҳмат, азизим, раҳмат. Қани, юринг, нонушта қилайлик, бўлмасам. Балки, «Бахус»га борармиз, а?
— Раҳмат, боролмайман. Бугун князь Ростоцкийникида нонушта қилишим керак.
Бу ёлғон кутилганидан ҳам зиёда таъсир кўрсатди. Куницқий оғзининг таноби қочиб, таниш-билишлари туфайли унга қандай имкониятлар яратилаётгани тўғрисида гапира кетди.
Сўнгра чолнинг бу ерга келишидан мақсади ҳам маълум бўлди: у темир йўл шпаллари ҳақида гап очди. Куницкий ялтоқланиб, бу ишдан кўрадиган фойдаси ҳақида гапирар ва анови суд процесси туфайли у, яъни Леон Куницкийга буюртма беришни истамасалар, у ҳолда ишни Нина Куницкаянинғ номига расмийлаштириши мумкинлигини уқтирарди.
— Жуда мушкул иш, — деди жавобан Дизма.
— Хе-хе-хе, қадрли пан Никодим, бир имо қилсалар бас... Азизим, келинг, ўша темир йўл министри била бир гаплашиб кўринг.
Чол Никодимнинг жон-ҳолига қўймай ахийри роз бўлишга мажбур қилди.
— Фақат шартнома бир ёқли бўлгунига қадар, бу ердан кетмай турасиз; ёдингизда бўлсин, мен бу ишда ҳеч бало тушунмайман.
Куницкий боши осмонга етиб, гарчи Дизма каби гений учун ҳеч қандай ёрдамнинг керак эмаслигига ишончи комил бўлса-да, зарур бўлиб қолса, керакли маълумотларни бериш учун Варшавада қолажагига пан раисни ишонтирди.
Кабинетга Кшепицкий кириб, гапнинг белига тепди. Куницкий эртага келишини ваъда қилиб, Дизма била хайрлашди.
— Юлдузни бенарвон урадиган чол-да, ўзиям? — деди унинг ортидан Кшепицкий.
— Нимасини айтасиз! — дея тасдиқлади Никодим. — Уни чув тушириш жуда қийин.
Кшепицкийнинг узун юзи нафратомуз табассумда буришиб кетди.
— Менимча, пан раис, бунақа олғирни ўзидан эпчилроғи чиқиб алдаб кетади.
Дизма кулиб юборди. У ўзини худди шундай эпчиллардан деб ҳисобларди. Назарида, ҳатто Кшепицкий ҳа худди шундай ўйлаётгандек эди. Ҳарқалай секретарининг илжайиб туриши шундан далолат берарди.
— Нимани ўйлаяпсиз? — дея қизиқиб сўради Дизма.
— Ҳозирги кунда қулай фурсатни қўлдан бой бермайдиган кишиларнинггина ошиғи олчи эканлигини ўйлаяпман, — деди жавобан Кшепицкий.
— Қанақа қулай фурсатни айтяпсиз? Кшепицкий бошини юқори кўтариб, ингичка кекирдагини қашиди-да, гўё шунчаки айтгандай қилиб деди:
— Коборово ҳавас қилса арзийдиган жой-да.
— Нимасини айтасиз!..
— Ҳаммагаям насиб бўлавермайди у.
Дизма бош ирғади.
— Лекин Куницкийга насиб қилибди.
— Балки... у сизга ҳам насиб қилар?
Пикодим секретарига гумонсираб қаради.
— Менга-я?
— Ҳозирги замонда у ёқ-бу ёғини ўйлаб ўтирмайдиган одамларнинг куни туққан.
— Сиз виждонлилик халал беради, демоқчимисиз? Кшепицкий дарҳол жавоб бермади, у Дизмани диққат билан кузатиб турарди.
— Пан раис, — деди у ниҳоят ҳар бир сўзини тарозуга солиб, — сизга нисбатан оддий хайрихоҳ эмаслигимни ўзингиз ҳам билсангиз керак?
— Ҳа, биламан.
— Бўлсаман, сизга очиғини айтай... Сизнинг фойдангизни кўзлаяпман. Яширмайман, ўзимниям унутаётганим йўқ, албатта. Бизнинг замонамизда тентак одамларгина ютқизади.
Шундай дея Кшепицкий хаёлга чўмди. Дизма тоқатсизлаииб, уни қистади:
— Гапира, қолсангиз-чи, жин урсин сизни!
— Очиғини айтсам, жаҳлингиз чиқмайдими, пан раис?
— Нима, мени аҳмоқ деб ўйлаяпсизми?
— Худо сақласин. Шунинг учун ҳам айтяпман-да...
Кшепицкий стулни Дизмага яқинроқ суриб ўтирди.
Унинг башарасидан жиддий ўйга толгани сезилиб турарди.
— Пан раис, Куницкийнинг хотини сизни ҳали ҳам севадими?
— Севганда қандоқ! Ҳар куни мана бундай хатлар ёзади.
Кшепицкий Никодимга энгашиб, қулоғига бир нимани шивирлади...
Улар банкадан чиқиб, автомобилга ўтиришганида соат тўрт бўлай деб қолган эди.
— «Воҳа»га ҳайда! — дея қичқирди Дизма шофёрга ва секретарининг тиззасига шапатилади. — Каллангиз яхши ишлар экан. Ишқилиб, уддаласак бас.
— Нега, уддаламас эканмиз, албатта, уддалаймиз! Демак, гап битта, а? — деди Кшепицкий Дизмага қўлини чўзиб.
— Бўлмасам-чи! — шундай дея Дизма секретарининг қўлини маҳкам қисиб қўйди.
Ўша куни кечқурун Никодим Дизма темир йўл министри инженер Роман Пильхеннинг уйига борди.
Министр табиатан вазмин, доим жилмайиб турадиган, озғингина, қора соч бир одам эди. У сўзларга кичрайтириш қўшимчасини қўшиб гапиришни яхши кўрарди. Министр ва унинг яҳудийсимон малла соч хотини Дизмани самимият билан кутиб олишди..
— Раисжон, азизим! — дея хитоб қилди Никодимни кўрган заҳоти Пильхен. — Циркда хўп ажойиб сўз айтибсиз-да! Илойим чивинча чақсин сизни! Кулгидан ичагим узилай деди! Иборача деб мана буни айтадилар!
— Эҳтимол, жуда одобдан бўлмаса ҳам, — сўзларни чўзиб тасдиқлади хотини, — лекин эркакча гап бўлибди.
— Рост айтасан. Мамлакатимизда лалайган одамлар кўпайиб кетди. Ҳамма гапга шакарча сепиб, чучмал қилишни яхши кўрамиз. Бирор ўткир сўз бизга муздаккина сув сепгандай таъсир қилади.
Никодим кулиб юборди ва ўшанда ғоят ғазаби қайнаб кетганини тушунтира бошлади.
Овқатдан сўнг иш ҳақида гаплаша бошлашди.
Никодим ишнинг шундай силлиқ кўчишини кутмаган эди. Рост, Пильхен ўз министрлигидаги керакли департамент билан келишиб олмагунча бирор қарорга кела олмаслигини айтди. Бироқ аслида у қадрли раисжон учун ҳамма ишга тайёр эмиш. Ҳар нима бўлганда ҳам шпаллар ортиқчалик қилмасмиш.
— Сизга сўз беришим мумкин, бу ишни тезда бир ёқли қиламиз. Қандай бўлмасин, энг муҳими, ишни пайсалга солмаслик керак. Одатим ўзи шунақа.
Дизма энсасини қашиди.
— Очиғина айтганда, мен бу ишни бир оз орқага суришни илтимос қилмоқчиман.
— Орқага суришни дейсизми, биродар? — дея ажабланиб сўради министр.
— Ҳозир у менга зарур эмас.
Пильхен кулиб юборди ва, ундай бўлса сизни жуда ғалати мижоз, деб айтсам ҳам бўлади, деди.
Никодим эртага министрликка бориш учун ижозат сўради-да, хайрлаша бошлади.
— Асл одам-да, — деди министр Дизманинг ортидан эшик ёпилгач. — Менга ишонавер, дўндиқчам, унга қилинган ҳар бир яхшилик келажакда яхши фойда келтиради.
— Э, мен қаёқдан билай, — деди жавобан пани Пильхен, — бу сиёсий комбинацияларингизни тушунмайман. Менга фақат бир нарса аён, Дизма жуда яхши одам кўринади. Инглизча тарбия деб шуни айтишади-да!
Никодим уйга қайтди-да, дарҳол Кшепицкийга қўнғироқ қилиб, иш кўнгилдагидай кетаётганини хабар қилди.
Сўнгра Нинанинг хатларини очиб ўқий бошлади. У жувоннинг севгисига яна бир бор ишонч ҳосил қилмоқчи эди.
Хатларда ёзилган гаплардан ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмасди. Уларнинг турган-битгани муҳаббат тўғрисида мулоҳазалар, бирга ўтказган дамларни қўмсаш, ҳижрон азоби ва келажакдаги икковлон ўтказадиган бахтли кунларни орзиқиб кутиш ҳақидаги гаплардан иборат эди.
Хатлардан бирида Нина ўзи туғилиб ўсган ва унга болалигини эслатадиган Кобороводан айрилиш нақадар оғир эканлиги ҳақида гапирганди.
Дизма илжайиб, стол тортмасини очди-да, қоғозлар орасидан Нина Куницкая номи билан иш олиб бориш учун берилган ваколатномани олди. Бу ваколатномани Никодим Коборовога борганидаи сўнг бир оз вақт ўтгач, Леон Куницкий берган эди. Дизма вақолатномани ҳафсала билан буклаб кармонига солиб қўйди.
Сўнг қувноқ ҳуштак чалганча ўзини тўшакка ташлади. Ҳозир унинг бутун фикри ёди ўзи бошлаган катта ишда эди.
Никодим тунги столчада турган лампани ўчириб, хонани зим-зиё қоронғилик босганида бирдан унинг бутун вужудини даҳшат босди.
«Бочекни ўлдиришди!»
Дизма довдираб қолди.
«Менинг буйруғим билан ўлдиришди... Менинг пулимга... Бочекни мен ўлдирдим... Э, жин урсин!»
Бу хира фикр унинг миясини чулғаб олганди. Нариги дунё чиндан ҳам бўлса-чи? Арвоҳлар ҳақидаги гап рост бўлса-я?..
Қоронғида қаршидаги девор олдида нимадир қимирлаб, кимнингдир шарпаси кўрингандай бўлди.
Сочлари тикка бўлиб кетган Никодим қалтироқ қўлини включатель томон чўзган эди, пижамасининг енги абажурга тегди-ю, лампа шарақлаб, полга тушди.
Никодим тирракдек қотиб қолди. Шарпа эса яқинлашиб келмоқда эди. Нафаси томоғига тиқила бошлаган Дизма додлаб юборди.
Ҳар дақиқа бир соатдай туюларди.
Бирдан унинг қулоғига шиппакнинг шапиллагани эшитилди. Эшик тирқишидан хонага шуъла тушиб, остонада қўлида тўппонча билан Игнатий пайдо бўлди.
— Нима гап?
— Чироқни ёқ тезроқ.
Игнатийнинг деворни пайпаслагани эшитилди. Ниҳоят, включатель чиқиллаб, хона ичи кўзни қамаштирувчи, ажойиб, нажотбахш ёғдуга кўмилди.
— Нима гап ўзи, пан раис? Дизма ўрнидан туриб ўтирди.
— Ҳеч гап йуқ. Тушимда... анови... ўғрини кўрибман...
— Худога шукур-е. Одамни қўрқитиб юбордингиз-ку.
— Асабимнинг мазаси қочибди. Биласанми, Игнатий, кўрпангни олиб келгин-да, манови диванда ёт.
— Таъбингиз, пан раис.
— Ҳа! Кейин буфетга бориб менга ароқ олиб кел. Озгина ичсам, асабим жойига тушади.
Қадаҳдаги ароқни симириб, устидан бир тишлам сомса егач, Никодим енгил тортгандай бўлди. Игнатий диванга чўзилди.
«Туфе! Ўзим ҳам хотиндан баттар эканман!» — деди ўзига ўзи Дизма ва девор томон ўгирилиб, қаттиқ уйқуга кетди.


AvvalgiII- qism Keyingi
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика