Озодлик (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev]

Озодлик (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev]
Озодлик (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev]
Отажон сапчиб ўрнидан турди. Қулоқларига ишонмай, радио ёнига яшиндек учиб борди ва бутун вужуди қулоқ бўлиб тинглади. Диктор гапини тугатгач, у радиоприёмникни маҳкам қучоқлаб, чунонам ўпди-ки, ҳатто темир жисм ҳам шу топда сарёғдек эриб кетди чамаси. Кейин унинг миясига ярқ этган фикр келдию ўзини эшикка урди. «Озодлик! Озодлик эълон қилинди! Озодлик!» деб ҳайқирганча қишлоқ кўчалари оралаб югуриб кетаверди. Ақл бовар қилмайдиган бундай хабарни ҳали эшитиб улгурмаган одамлар сал бўлмаса уни жиннига чиқариб қўяёзишди. Ҳаммадан олдин уни этикдўзнинг уйида томсувоқ қилаётган бир тўда ҳашарчилар кўришди. Улар аввалига роса хохолаб кулишди. Кейин эса ҳадемай бир кор-ҳол рўй беришини пайқагандек томдан тушиб, лойли қўлларини ҳам ювмасдан кўчага чопишди. Улар Отажоннинг участка милитсияси идораси томонга югуриб кетаётганини сезишган эди. Чунки у билан Степаннинг ўртасида азалдан келишмовчилик борлигини улар яхши билишарди.
Ўша келишмовчилик бошланган пайтларда Отажон ҳали кичкина бола эди. Отажоннинг отаси Жалол Парчаев урушда қатнашиб, Берлингача борган, кейин кўкси тўла медаллар билан қишлоққа қайтган эди. Урушдан сўнг у колхозда енг шимариб меҳнат қилди. Бир оёғини урушда йўқотиб келган бўлса ҳам оёғи бутунлардан кўра кўпроқ ишлади. Сўнг бригадир бўлди. Колхозда обрўси жуда баланд эди. Ҳадемай колхозга раис бўлиш эҳтимоли ҳам йўқ эмасди. Аммо «қама-қама» авж олган пайт эди.
Нима бўлдию, бир куни ярим тунда милитсионерлар келиб, Жалол Парчаевни қўлларига кишан солиб олиб кетишди. Отажон бола эди. Одамларнинг пишқирган, дўриллаган овозларидан уйғониб кетдию, отасини олиб кетишаётганини кўриб, қўрққанидан «пиқ-пиқ» йиғлар эди. Кейин ёнида онаси борлигидан таскин топиб, ухлаб қолди. Шундан сўнг, ҳар куни ярим тунда, айни ўша пайтда уйғониб кетадиган бўлди. Ҳар гал уйғонганида онаси мижжа қоқмай, қоронғида унсиз йиғлаб ўтирган бўлар эди. Отажоннинг юраги сиқиларди. Ҳаммасидан ҳам кўра мактабда айрим безори болалар: «Сен халқ душманининг ўғлисан», — дейишганда унинг хўрлиги келиб кетар эди. Она-бола отани узоқ кутишди. Аммо отадан дом-дарак бўлмади.
Ўшанда Жалол Парчаевни Иван Николаевич Гришкин қўлига кишан солиб олиб кетган эди. У қишлоқда участка инспектори эди. Иван Николаевичдан ҳамма қўрқарди. Айниқса, ундан ҳам кўра унинг ўғли Степандан ҳамма ажалдан қўрққандек қўрқишар эди. Степан айни кучга тўлган, келбатидан от ҳуркадиган, уззу-кун муштлашишни машқ қиладиган йигит эди. У шунчалик тантиқ бўлиб кетган эдики, хоҳлаган одамини тутиб урарди. Ҳеч ким унинг мушугини пишт деёлмасди. Иван Николаевич эса кўпчиликнинг олдида ўғлининг елкасига қоқиб: «Бўлажак инспектор. Савлатини қаранглар, ҳақиқий милитсионер шундай бўлиши керак», — деб мақтанишни яхши кўрарди.
Бир куни ярим кечада Отажон одатича уйғониб кетганида уй ичида эркак кишининг овози эшитилди. У аввалига отам қайтиб келибди, деб хурсанд бўлиб кетди. Кейин ўша одамнинг қўпол сўкинганини эшитиб, ҳушёр тортди ва ўрнидан қимирламай қулоқ тутиб ётаверди. Бироздан сўнг ўша одамнинг жоҳил Степан эканлигини пайқади.
— Сен манави Худо қарғаган ерлардаги энг гўзал аёлсан. Менга тегсанг ҳаётинг изига тушиб кетади. Ҳаммаси яхши бўлади, — дер эди Степан пишқириб.
— Тушингни сувга айт. Менинг эрим бор, болам бор. Нима ҳаққинг бор менинг уйимга бостириб киришга? Тағин ярим кечада!— деди ғазаб билан Раъно.
Степан масхара қилиб кулди.
— Эрим бор деб юрибсанми ҳали? У аллақачон халқ душмани бўлиб кетди-ку. Эҳтимол ўша Сибирда оқ айиқларга ем бўлган бўлса ҳам ажаб эмас. Энди у келмайди. Мўъжиза юз бериб қайтган тақдирда ҳам одам бўлмайди. Уни хаёлингдан чиқариб ташлайвер.
— Бекорларни айтибсан. Отаси ҳеч кимнинг душмани эмас. Бу сенга, сенинг отангга ўхшаганларнинг фитнаси. Отаси албатта қайтиб келади. Гитлернинг-ки жойини солган, сенга ўхшаганларнинг кунини кўрсатади ҳали.
— Кўп валақлайверма. Майли, кел, хотин бўлишга кўнмасанг, хуштор бўлақол. Вақти-вақти билан кўнглимни овлаб турсанг бўлгани. Қолганини ўзимга қўйиб беравер.
— Мени ўзингнинг Марусяларинг билан адаштираяпсан, ярамас. Тур йўқол, яқинлашма, сариқ машак. Ҳозир дод солиб бутун қишлоқни оёққа турғизаман. Шармандангни чиқараман.
Степан ҳеч нарсадан тап тортмай унга ташланди. Шу пайт аввал аёл чинқирди, кейин Степан юзини чангаллаганча уввос солиб ўкириб юборди. Отажон ғира-шира ёруғда Степан онасининг юзига тарсаки туширганини кўрди. Лекин у бола эди. Қўлидан ҳеч нарса келмасди. Қўлларини мушт қилиб тугиб, юзини ёстиққа босган кўйи пиқиллаб йиғлади.
Степан юзини чангаллаб, сўкина-сўкина чиқиб кетди. У кетатуриб: «Билиб қўй, мен бор эканман, сенлар ёруғлик кўрмайсанлар. Болангни асло кўкартирмайман. Ёдингдан чиқарма», — деб дағдаға қилди.
Орадан кўп ўтмай Иван Николаевич пенсияга чиқиб, шаҳардаги уйига кетди. Унинг ўрнига ўғли Степан инспекторликка тайинланди. Энди у бутунлай ўзига бино қўйди. Айтгани-айтган, дегани-деган бўлиб қолди.Кимдир билиб-билмай ғашига теккудек бўлса, у албатта тўппончасини ўқталар эди. Бошқа милитсионерларнинг тўппончасида бир ёки икки дона ўқ бўлса, Степаннинг тўппончаси ўққа тўла бўлар, ҳатто ёнида ўққа тўла яна бир магазин турар эди. У форма кийганидан кейин тантанавор қиёфада яна Жалол Парчаевнинг уйига келди. Она-болани яна масхаралаб кулди.
— Чоғларингни кўраверларинг, эрта-индин уйларинг бузилади. Халқ душманларига давлатнинг бир қарич ери хам ҳайф. Бу ерда ёғоч-тахта омборини қурамиз, — деди у таҳдид билан.
У «халқ душмани»нинг оиласини ҳеч ким ҳимоя қилмаслигини яхши биларди. Ва айтганини қилди ҳам: бир ҳафта ўтар-ўтмас булдозер келиб, ҳе йўқ, бе йўқ, уларнинг уйини бузиб ташлади. Она-бола зор йиғлашди. Қўни-қўшнилар эса пана-пастқамдан зўрға мўралаб туришарди.
Бир неча йилдан кейин Жалол Парчаев қамоқдан қайтиб келди. Лекин соғлиги жуда абгор аҳволда эди. Ўқтин-ўқтин йўталар,уззу-кун ёстиқдан бошини кўтаролмай ётар, баъзан кўксини чангаллаб, букчайиб қоларди. Ниҳоят, у бир йилга ҳам етмай дунёдан кўз юмди. Жанозага келишга ҳамманинг ҳам юраги бетламади, оз-моз одам тўпланди. Бир амаллаб тобутни қабристонга олиб боришди. Майитни кўмар чоғида таомилга кўра «Биродарлар, марҳум қандай одам эди?» — дея сўралди. «Халқ душмани эди», — деди орқа томондан кимдир баралла овозда. Ҳамма ўша томонга ўгирилиб қаради. У ерда истеҳзоли қош чимириб, қўлини белига тираганча Степан турарди. Отажон уввос солиб йиғлаб юборди. «Қабристонда йиғланмайди, бўтам», — деб унга таскин беришди чоллар.
Жалол Парчаевнинг изтиробларга дош беролмаган аёли ҳам кўп ўтмай ёруғ оламни тарк этди. Отажон ҳувиллаган эски ташландиқ уйда ёлғиз ўзи қолди. У аламлар ичида йўқ бўлиб кетмаслик учун ўзини турли юмушлар билан чалғитар, китоблар билан овутар эди. Қарийб бир йилча ўтгандан кейин эса Жалол Парчаевнинг оқланганлиги ҳақида хат келди. Отажон кўзларига ишонмади. Кечикиб келган шу хатни кўксига босди. Ўкириб-ўкириб йиғлаб, хатни такрор-такрор ўқиди. «Шу пайтгача қаёқда эдинг, лаънати хат? Шунчалар ҳам кечикасанми, ҳақиқат?!» – дея у еру кўкни ларзага солиб йиғларди.
Кейин хатни қўлида баланд кўтарганча кўчага югурди. Қишлоқдаги ҳар бир уйга кириб, хатни ўқитиб чиқди. Энди у Степанни эслаб қолди. «Унга айтиш керак. Отам халқ душмани эмаслигини у билиб қўйиши керак, — дея ўйларди у. – Хатни кўриб қўйсин. Ўқишни билмаса ҳам кўриб қўйсин! Йиртиб ташламасмикин? Йўқ, ҳукуматнинг хатини йиртишга қўли бормайди». Бу кун бозор куни эди. Степанни бозордан топиш мумкин. Ҳа, у албатта ўша ерда бўлади. Отажон хатни бағрига босиб, бозор томонга югурди. Оломоннинг орасидан Степанни ахтариб топди. Унинг рўпарасига келди-да, бор кучини жамлаб юзига тарсаки туширди. Степаннинг кўзларидан ўт чақнаб кетди. Нима рўй берганини тушунмай, бир зум кўзи тиниб, боши айлангач, яна ўзига келиб, тўппончасини чиқарди. Одамлар, ҳозир шу тўппончадан ўқ узилиши аниқ, деб қўрқиб кетишди.
— Э, сенмисан, итвачча, — деди Степан қаршисида жазаваси қайнаб турган озғин йигитни таниб.
— Менинг отам халқ душмани эмас экан, Степан, душман эмас экан. Мана, хатни кўриб қўй, газанда. Отам оқланди, ҳаммаси туҳмат экан, уйдирма экан. Сенга ўхшаган газандаларнинг фитнаси экан, тушунаяпсанми? Энди тилингни тийиб юр, ҳайвон. Халқнинг ҳақиқий душмани сенсан.
Степаннинг кўзлари олайди, ғазабдан тишлари ғижирлади. Тўппончасини ғилофига солиб қўйди-да, енгини шимарди. У ўзига қўл кўтаришга жазм этган тирмизакни мушт билан сулайтириб ҳузур қилмоқчи эди. У гурзидек мушти билан Отажоннинг кўкрагига урди. Отажон гандираклаб йиқилди. Унинг ҳали болалиги бор эди, кучга тўлмаган эди. Степан одамларнинг кўз ўнгида Отажонни аямасдан савалади. У жавдираб одамларга қаради. Лекин уларнинг кўзларидан нажот заррасини тополмади. Шунда Отажон ўзини умрида биринчи бор ёлғиз, мутлақо ёлғиз сезди. Ҳатто аввал отаси, кейин онаси дунёдан кўз юмганида ҳам ёлғизликни бунчалар чуқур ҳис этмаган эди. У бутунлай ўзини йўқотиб қўйди. Танидан куч кетиб, ерга чўккалаб қолди. Степан эса ҳамон қутуриб савалар эди. Томошага тўпланган оломон, қанчалик ичи ачишмасин, миқ этмай кузатиб турди. Улар бир оғиз сўз айтишга ҳам ботина олишмади. Ахир, улар яхши билишарди: Степаннинг тулпордай кучи, ўқ тўла тўппончаси, эгнида формаси, энг муҳими, ҳамманикидан ҳам устун турадиган ҲУҚУҚИ бор.
Степан барибир хумордан чиқмади, шекилли, мушукболани ушлагандек бақувват кафти билан Отажоннинг бўйнидан ушлаб, милитсия идорасига судраб кетди. Идоранинг ертўласи бор. Бир пайтлар бу ертўлани Иван Николаевич қурдирган эди. Қандайдир айбда гумон қилиниб тутиб келинган одамлар бир-икки кун шу ертўлада сақланар, бу эса Степаннинг жонига оро кириб, у ана шу «тирик нишон»ларни дўппослаб чиниқар эди. Кўпдан-кўп одамлар шу ертўланинг азобини тортиб чиқишган. Степан Отажонни ҳам ўша ертўлага бир ҳафта қамаб, роса калтаклади.
Ертўладан абгор бўлиб чиққан Отажон икки ой деганда зўрға ўзини тиклаб олди. Шундан сўнг йиллар давомида ҳеч ким билан иши бўлмай, ўзи билан ўзи овуниб юрди. Степаннинг эса адоватлари ҳамон давом этарди. Отажон мактабни олтин медал билан тугатиш арафасида турганида Степан маориф бўлими мудирига «У халқ душманининг ўғли» деган мазмунда хат йўллаб, имтиёздан мосуво қилди. Ўқишга кирмоқчи бўлганида эса институтга яна шундай мазмунда хат юборди. Шу тариқа Отажон ҳеч қаерда ўқий олмади. Бирон жойга ишга ҳам киролмади. Ҳар қадамини Степан кузатиб юрар эди. У қишлоқда одамларнинг юмушини бажариб тирикчилик қиладиган бўлди. Одамлар билан деярли гаплашгиси келмасди. Дилкаши фақатгина радио бўлиб қолган эди. Шунинг учун ҳам, Иттифоқ барбод бўлиб, Республика озодлиги эълон қилинганида ана шу дилкашини тўйиб-тўйиб ўпди. Қувончи ичига сиғмай, кўчага чопди.
Отажон кўчалар бўйлаб югуриб бораркан, вужуди янада куч-қувватга тўлаётганини ҳис этарди.
Степанни ахтариб бормоқда эди. Уни қаердан топишни яхши билади: «Ҳозир у албатта идорада тутиб келинганлардан биронтасини бошида ёнғоқ чақиб ўтирган бўлса ажабмас».
Айни чоқда Степан идоранинг ёнида мототсиклининг бузилиб қолган қайсидир мурватини кавлаб ўтирган эди. Отажон шиддат билан келиб, Степаннинг юмшоқ жойига чунонам тепдики, Степан юзтубан йиқилиб, юзи шилинди, лабларидан қон сизди. Кутилмаган ҳамладан Степан эсанкираб қолди. Зарба жуда кучли бўлди. Бу энди қандайдир болакайнинг эмас, тоғни урса талқон қиладиган забардаст одамнинг зарбаси эди.
Степан бир зум гангиб тургач, ўзини ўнглади. Ҳақиқатдан ҳам рўпарасида қилтириқ бола эмас, билаги кучга тўлган савлатли йигит турарди. Степаннинг кўзлари қонга тўлди. Атроф қоронғулашиб, кўзига фақат ана шу забардаст йигит кўриниб қолди. Энди уни мушт билан сулайтириб бўлмаслиги маълум эди. Ёқалашиб ўтириш бефойда. Юрагида қасос ўти ёнаётган бу йигит олишувда уни енгиб ташлаши ҳам мумкин. Степан буни тушундию, туппончасини қўлига олди ва кўз олдида қаддини ғоз тутиб турган ягона нишонга тик ўқталиб бораверди.
Отажон кўйлагини йиртиб, унга кўксини тутди.
— От, Степан, от. Қўлингдан келса сўнгги нишонингни отақол. Лекин отолмайсан, Степан, отолмайсан. Отган ўқинг кўксимни тешолмайди. Мингта ўқ отсанг ҳам ўлмайман. Сенинг давринг тугади. Озодлик эълон қилинди. Сенинг суянганинг бор-йўғи шу тўппонча. Қани, нега қараб турибсан, отиб кўрмайсанми, газанда.
Степан унинг гапларини ҳам, нега кутилмаганда ҳамла қилиб қолганини ҳам тушунмади. У янгиликдан бехабар эди.
Тўппонча шарақлади. У нишонни яна бир бор кўзи билан чамалади. Тўппончанинг отиши муқаррар бўлиб қолди. Отажон эса ҳамон кўксини тутиб бақирарди. Степан қаҳр билан тепкини босди. Бир эмас, ичидаги сўнгги ўқ ҳам отилгунча қайта-қайта босди. Аммо ўқларнинг ҳаммаси осмонга учди. Степан муздай сув сепгандек сесканиб кетди. Аллақачон тўпланиб улгурган оломон унга ўқрайиб қараб турар, одамлар унинг тўппонча ушлаган қўлини осмонга кўтариб тутиб туришар эди. Степан сўкинмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо қаршисидаги одамлар энди ундан заррача ҳам қўрқишмаётган, қайтанга унинг яна биргина қалтис ҳаракатини кутиб туришган, агарда ҳозир ана шу қалтис ҳаракат содир этилгудек бўлса, уни парча-парча қилиб ташлашлари мумкинлигини уларнинг нигоҳларидан уқиб олди. Степаннинг оёқ-қўллари қалтираб, тўппончаси ерга тарақлаб тушди. Одамлар тўппончани оёқлари остига олиб, пачоқлаб ташлашди. Степан беҳуш йиқилди.

Ўша воқеанинг эртасига Степаннинг қишлоқдан қочиб кетганлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика