Тонгда қайтган каптарлар (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev] |
– Камол, анавиларни қара, зўр-а? – Каптарларми, ҳа, зўр. – Учишини қара, учишини, бир гала бўлиб учишади-я. – Ҳа, ҳақиқатанам чиройли. – Анави қизили билан чипор рангдагисини кузатгин. Учатуриб ўмбалоқ ошиб-ошиб олади. Эҳ, қанийди ўша каптарлар меники бўлса. – Ҳар доим шуни орзу қиласан. Ундан кўра, ана, бозордан сотиб ол. – Эсинг жойидами, қачон бизнинг бозорда каптар сотилганини кўргансан? – Ўзимизда-ку сотилмайди-я, лекин шаҳарга борсанг бозорларда бўларкан. – Э, бозордан бунақа каптарларни топиб бўлмайди. Икки дўст ҳар куни дарсдан қайтар чоғ шу йўсин гаплашиб келишади. Мактаб анчагина олис бўлганлиги учун пахта пайкалини қоқ кесиб ўтган тупроқ йўлдан юришга тўғри келарди. Ёғингарчилик пайтларида бу йўллардан юриш жуда азоб. Этикларга ботмон-ботмон лой илашар, кейин мактаб ёнидаги кўлмакка етганларида нақ чорак соат этикларини ювиш билан овора бўлишарди. Айниқса, аёзли кунларда қўллари совуқдан ёрилиб, йиғлагудек бўлишар, шунинг учун ана шу йўлдан онда-сонда биронта трактор ўтиб қолгудек бўлса, улар дарров унинг тиркамасига осилиб олишарди-да, мактаб яқинида сакраб тушиб қолишарди. Дала ўртасидаги ташландиқ шийпон уларнинг кўпинча қўниб ўтадиган жойи эди. Бир пайтлар, бу шийпон колхозчилар дам оладиган жой бўлган. Колхозлар тугатилиб кетганидан кейин бу шийпон ҳам ҳеч кимга керак бўлмай қолган чамаси, эндиликда бирон кимса қадам қўймайдиган харобага айланган эди. Мана бу иккала болакай учун эса бу нажот қалъасидек бир гап эди. Улар атрофида биронта дарахт кўринмайдиган шу бийдай дала йўлидан юришганида иссиқ кунлари қуёшнинг тафтидан ҳансираб қолишар, шунда шийпон соясида бироз нафасларини ростлаб олишар, совуқ кунларда эса шийпон ичига кириб, кичикроқ гулхан ёқиб исиниб олишар, сумкаларида нонми, майизми, нима бўлса ўшани еб, кейин яна йўлга тушишар эди. Улар одатларига кўра йўл-йўлакай яна ўша шийпонга киришди. Баҳор келган бўлса ҳам, лекин ҳали қишнинг заҳри буткул кетмаган, айниқса, мана шу яйдоқ далада совуққина шабада эсарди. Икковлон ичкарига кириши билан сумкаларини бир четга қўйиб, гулхан ёқишга киришиб кетишди. Эски яшикларнинг ёғочларини ўртага қалашди. – Камол, қоғоз олиб кел, – деди Турди сумкасидан гугурт оларкан. Камол ичкаридаги бошқа хонадан қоғоз олиб чиқди. Бу ерда бир пайтлар колхозчилар учун мўъжазгина кутубхона ташкил қилинган бўлиб, шу хонага уч-тўртта жавон жойлаштирилган, жавонларга тўлдириб китоблар тахлаб қўйилган эди. Китобларнинг кўпи ўрисча ёзилган, деярли ҳаммаси партия ғоялари ҳақида эди. Шунинг учун уларнинг энди ҳеч кимга кераги ҳам йўқ, чанг босиб сочилиб ётар, ойналари синиб битган деразадан кирган шамол қоғозларни учириб ўйнарди. Гулхан «чирс-чирс» овоз чиқариб ёнди. Болалар гулхан атрофида қўлларини ишқалаб, исиниб олишди. – Камол, – деди Турди кўзлари порлаб, – биз ўша каптарларни ўзимизники қилиб олишимиз керак. – Қандай қилиб? – Айтишларича, Маша хола каптарларини ҳеч кимга сотмас экан. Ўзимиздан бир-икки синф юқорида ўқийдиган болалар бориб оғиз солиб кўришган экан, унамабди. Ўлсам мени шу каптарлар кўмади, сотсам уларга хиёнат қилган бўламан, дебди. – Ундай бўлса ростдан ҳам ҳеч кимга сотмайди, Маша хола қайсар кампир. – Сотиш-сотмаслигига қараб ўтирамизми. – Бўлмаса нима қилмоқчисан? – Шартта ўғирлаймиз-қўямиз. – Йўқ, бу яхши иш бўлмайди. – Нега энди, бундан осон иш йўқ. Кампир ёлғиз яшайди. Салгина қоронғи тушса ҳеч нарсани кўрмайди ҳам. Нафсиламрини айтганда, ўзи энди унга каптарларнинг нима кераги бор? Шарти кетиб парти қолган. Ҳадемай ўлса каптарлар эгасиз қолади. – Ана ўшанда олақол уларни. – Йўқ, каптарлар ақлли жониворлар. Эгаси ўлганини билганидан кейин ҳеч кимга тутқич бермайди. Ҳаммаси ҳар ёққа учиб кетиб, ёввойи каптарларга айланади. – Э, барибир бўлмайди. – Ҳа, сен билан ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Сенинг онанг жуда яхши кўради ўша кампирни, – деди Турди ва пасайиб қолган оловни тепкилаб-тепкилаб ўчирди-да, йўлга тушди. Улар йўлда индамай кетишди. Камол кампир ҳақида ўйлаб борарди. Ҳақиқатан ҳам унинг онаси ўша кампирни яхши кўради. Кўпинча нон ёпганида тандирдан узилган иссиқ нондан бир жуфтини унга илинарди. Баъзан ўзи олиб бориб берар, гоҳида Камолни жўнатиб оларди. Маша холани нега бунча яхши кўрасиз, деб Камол онасидан сўраб ҳам кўрган. «Сени туққанимда ўша аёл доялик қилган, – деган эди онаси. – Сал бўлмаса сендан айрилиб қолаёзган эдим. У сени ҳам, мени ҳам ўлимдан қутқариб қолган. Кейинчалик сенга қон қуйиш керак бўлганида унинг ўзи қон берган эди. Шунақа, у одамлардан қонини ҳам, жонини ҳам аямайдиган дўхтир эди». Камол азбаройи қизиқиб, асли ўзбек бўлмаган бу аёлнинг бу ерларга қандай келиб қолганлигини ҳам сўраган эди. У асли Одессада яшаган. Гитлерчилар уруш бошлаганида у ҳали ёшгина қизалоқ бўлган. Уларнинг уйи уруш алангаси ичида қолган. Ота-онаси ва яқинлари ана шу вайроналар остида қолиб ҳалок бўлишган. Шундан сўнг у эвакуатсия қилинганлар қаторида Тошкентга келиб қолган, урушдан сўнг тиббиёт техникумида ўқиган ва Байрам деган ўзбек йигитга турмушга чиққан эди. «Байрам бува ҳам содда, оқкўнгил одам эди,– деди онаси Камолга улар ҳақида ҳикоя қилиб бераркан. – Маша холани юқоридагилар йўлланма билан бизнинг қишлоғимизга жўнатишган. Ўшанда қишлоғимизда эндигина касалхона қурилган эди. У билан бирга Байрам бува ҳам келиб, мактабда ҳарбийдан дарс бера бошлаган. Уларнинг ўғли Рустам шу ерда туғилган. Лекин Байрам бува кўп яшамади. Урушдан ярадор бўлиб келган экан, шу яраси унга кўпдан-кўп азоб берди. Шу жароҳат туфайли ҳаётдан кўз юмди». «Ўғли-чи, ўғли, у қандай қилиб ўлган?» – қизиқиб сўрарди Камол. «У ҳам урушда ўлган», – гапни лўнда қилиб қўяқоларди онаси. Камол барибир ҳоли-жонига қўймай сўрайверарди: «Қанақасига, ахир, уруш пайтида Рустам ака туғилмаган-ку?» «Э, болам, яқин ўтмишда ҳам уруш бўлган. Афғонистонда бўлган. Рустам аканг аскар бўлиб ана ўша урушга борган, у ердан эса тирик қайтиш унга насиб этмади. Бечора ўғлон, кампирнинг яккаю ёлғиз боласи эди». Рустамни Турди ҳам, Камол ҳам яқиндан кўрмаган. Рустам армияга кетганида улар ҳам кичкина бола эди. Лекин мактабда унинг аскарликда тушган каттагина суратини ҳар куни кўришади. Сурат ёнига у ҳақдаги кўп яхши гаплар ёзилган. Одамлар ҳам Рустам тўғрисида кўп гапиришади. Турдини қизиқтирган гап шуки, Рустам болалигидан каптарларга ишқибоз бўлган. Аввалига унинг тўрт дона каптари бўлган, сўнг ўша каптарлар ўз-ўзидан кўпайиб, ҳозир ўттизтагача етган. – Менга қара, Турди, – деди Камол ниҳоят қишлоққа етишганида. – Балки ҳозир бориб Маша холадан каптарларни бизга сотишини илтимос қилиб кўрармиз-а? – Фойдаси йўқ дедим-ку сенга, – деди Турди бурнини тортиб. – Кўнглим сезаяпти, хўп дейди, юрақолгин энди. – Қўймадинг-қўймадинг-да, майли. Улар тўғри ўша томига каптарлар қўниб турган уйга боришди. Ҳовлида нималардир қилиб ивирсиб юрган кампир болаларни кўриши билан мункайиб қолган қоматини бироз кўтариб, кафтини пешонасига соябон қилиб қараб турди. Болаларнинг саломига бошини ирғаб алик олди. – Маша хола, биз, ҳалиги.. – чайналди Камол, – каптар сотиб олмоқчи эдик... Кампирнинг юзи буришди. У кулдими ёки ижирғандими, болалар буни англай олишмади. Кейин бир оғиз ҳам гапирмай уйга кириб кетди. – Айтгандим-ку сенга, – деди Турди норози бўлиб. У том устига қўниб турган каптарларга суқланиб қаради. Қанийди ҳозир ҳовли бурчагида ётган анави нарвонни қўйиб томга чиқса-ю, каптарларни битта-битта ушлаб олса... Турди бармоқларини оғзига солиб чўзиб-чўзиб ҳуштак чалди. Каптарлар аввалига бир нарсани эслагандек бўйинларини чўзиб бир-бирларига аланглади, безовталанди, кейин бошқа тоқат қилолмай, потирлаб қанотларини қоққанча осмонга кўтарилди. Улар ҳуштак чалинган сайин завқланиб учишарди. Турди алам билан чўзиб-чўзиб ҳуштак чалди-да, қўлини силтаб, то уйига етиб олгунча осмонга қарамади. Улар кампирдан хафа бўлиб юришди. Орадан бир ҳафта ўтгач, мактабдан қайтатуриб яна ўша шийпонга кирганларида Турди атрофга сирли аланглаб, шивирлади: – Камол, сенга бир нарса кўрсатайми? Камол унга ҳайрон бўлиб қаради. Чамаси Турди унга жудаям сирли ниманидир айтмоқчидек, гўё ҳозир киприк қоқиб юборса айтмай қўядигандек туйилди. – Бу ёққа юр, – деди Турди ва ертўланинг қопқасини эҳтиёткорлик билан очди. Ертўла деярли қоронғи, фақат ойнали туйнукдан тушаётган ёруғлик бу ерни ғира-шира ёритиб турарди. Улар қийшайиб қолган ёғоч нарвонга оёқ қўйиб секин ертўлага тушишди. Димоғига урилган ачимсиқ зах ҳидидан Камолнинг кўнгли айниди. Лекин шу заҳоти потирлаб учган каптарларни кўриб кўнгли айниганини ҳам унутиб юборди. – Ўғирладингми? – деди Камол ажабланиб. – Ҳа, шанба куни кечқурун томга чиқиб инларига қўл тиқсам, ҳаммаси донг қотиб ухлаб ётган экан. Мана бу қопга ҳаммасини жойладим-да, жуфтакни ростладим, – деди Турди бир четда ётган эски қопни кўрсатиб. – Бекор қилибсан. Энди кампир билиб қолса нима бўлади? – Билмайди. Бу ерни искович ит ҳам тополмайди. – Ҳар доим шу ерда сақламоқчимисан? – Улар то менинг қўлимга ўргангунча шу ерда сақламасам бўлмайди. Ҳозир уйга олиб борсам, ташқарига чиқаришим билан кампирнинг уйига учиб кетади, ўша ёққа ўрганиб қолган. Кейин, уйдагиларга ҳам бирон жўялироқ баҳона топиб қўйишим керак. Ўғирлаганимни сезиб қолишса соғ қўйишмайди. Каптарлар ўзларини ёруғлик тушаётган туйнукка уришарди. Шунда Турди улардан бирини осонгина ушлаб олиб, Камолга кўрсатди. Камол ҳам уни авайлабгина ушлаб кўрди. Каптар ҳақиқатан ҳам гўзал жонивор эди. Болалар унинг патларини силашди, қанотларини ёзиб кўришди, бениҳоя завқланишди. * * * Кампир тонгда ҳовлига чиқди. Ноодатий жимжитликдан хавотирга тушди. Айвондаги челакдан бир косача дон олди-да, ҳовлига сочди. Ҳар гал дув ёғилиб тушадиган каптарлар бугун кўринмади. Кампир ҳайрон бўлиб атрофга, кейин том устига қаради. Қир ортидан эндигина кўтарилган қуёш нуридан унинг кўзлари қамашди. Сўнгра у кафтини соябон қилиб яна томга қаради. Каптарлар эса ҳеч қаерда кўринмас, сас-садо ҳам бермас эди. Кампир аъзойи-бадани жимирлаб, бир зум ўйланиб қолди. Қўллари шалвираб, коса ерга тарақлаб тушди. Унинг кўзларига ёш қалқиди. Қулоқлари шанғиллаб, ғалати шовқинлар, аёллар ва болалар чинқириғи, бомбаларнинг даҳшатли портлашлари эшитила бошлади. Кампирнинг нурсиз кўзлари қўрқувдан катта-катта очилиб, чор-атрофга аланглади. Кейин кафтлари билан қулоқларини бекитиб, уйга деярли чопиб кирди ва ёстиққа юзини босиб узоқ ётди. Қулоқларидаги шанғиллаш анча вақтгача тинмади. Кўп йиллардан бери бундай шовқин ва даҳшатлар уни безовта қилмай қўйган эди аслида. Унинг қулоқларига каптарларнинг «қуқур-қуқур» овози эшитилиб турар, кампир ҳовлига дон сочганида каптарларнинг бирваракайига учиб тушиб, «тик-тик» овоз чиқариб дон чўқишлари уни яйратиб юборар эди. Бугун улар учиб тушмади, ўша «тик-тик» овозлар эшитилмади. Аллақачон қуёш чарақлаб кетган бўлса-да, атрофда қўрқинчли сукунат ҳукм сурарди. Кампир ўзига ишонқирамай яна ҳовлига чиқди. Барибир каптарлар кўринмади. Ерга сочилган донларни эса чумчуқлар ва мусичалар чўқимоқда эди. «Каптарлар мени ташлаб кетишибди, – дея ўйлади у. – Энди шу фариштамонанд жониворларга ҳам керагим бўлмай қолибди». У телбасифат гандираклади. Яна ичкарига кириб, ўрнига чўзилди. Эридан ҳам, ўғлидан ҳам айрилгач, ана ўша каптарлар кампирнинг суянчиғи бўлиб қолган, у ўша қушлар билан тиллашиб, ҳасратлашиб кун ўтказиб келаётган эди. Улар билан гаплашганда гўё рўпарасида шунчаки қуш эмас, ўғли тургандек туюлаверарди. Рустам шу каптарларни жон-дилидан яхши кўрар, уларга атаб инлар ясаган эди. «Каптарлар тинчлик бор жойда учади, болам, каптарларингнинг борига шукур», – дер эди кампир уларнинг учишини кўрганда. Кампир энди бутунлай ёлғизланиб қолганини ич-ичидан ҳис этар, тақдир унга тақдим этган барча мушкулликларни хаёлидан ўтказиб, юм-юм йиғларди. Қулоқлари тинмай шанғиллади. Уч кун давомида уни бирон тирик жон йўқламади. У бир чимдим туз тотмади, бир қултум сув ичиш ҳам эсига келмади. Телбасифат бўлиб ҳовлига чиқар, уйга кирар, челакдан дон олиб ерга сочар, чамаси, нима қилаётганини ўзи англай олмаётган эди. Кейин у ёстиқдан бутунлай бош кўтармай қўйди. Турди билан Камол эса шу уч кун мобайнида ҳар куни эрталаб ҳеч кимга билдирмай сумкаларига бир ҳовучдан дон солиб чиқадиган, мактабдан қайтишида кечгача шийпон ертўласида қолиб кетадиган бўлишди. Учинчи куни эса Камолнинг онаси ҳали ҳовлига кирар-кирмас қўлига бир жуфт иссиқ нонни тутқазиб, кампирникига жўнатди. Камол кампирнинг уйига иккиланиб-иккиланиб борди. У аввал кампирни чақирди, жавоб бўлмагач, секин ичкарига мўралади. Кампир тўшагида донг қотиб ётарди. Камол бир лаҳза кампирга тикилиб турди-да, кейин қўрқиб кетиб, ортига тисарилди. Қўлидаги нонни хонтахта устига қўйиб, югурганча ортига қайтди. «Маша хола ўлиб қолибди, – дея ўйлади у. – Агар каптарлари ўғирлангани аламига ўлиб қолган бўлса-чи? У ҳолда уни биз ўлдирган бўлиб чиқамиз. Нима қилиб қўйди-я бу ландовур Турди». У ҳозироқ шийпонга қараб югурмоқчи бўлди-ю, лекин юраги дов бермади. Қоронғилик чўка бошлаган, бундай кезларда ҳувиллаган даладаги харобага бориш қўрқинчли эди. У кечки овқатни ҳам безовталик билан еди. Кечаси деярли ухламади. Кўзларини юмиши билан кампирнинг қотиб қолган мурдаси кўринаверди. «Каптарларни жойига қайтариш керак, – ўйлади у, – йўқса эртага Маша холани қўмишга олиб кетаётганларида каптарлари йўқлигини билиб қолишса, ҳамма қидиришга тушади. Кейин каллам кетди деявер». Ниҳоят у тонг ғира-ширасида шийпонга қараб чопди. Ертўлага тушганида каптарлар ҳали мудраётган эди. Уларни осонгина ушлаб, қопга солди-да, ортига қайтди. Кампир қанча ётганини билмади. Деразадан тонг шуъласи туша бошлаганда қулоғига таниш овозлар эшитилди. Бу каптарларнинг «қуқур-қуқур» овози эди. Шунда кампирнинг жонсиз бармоқлари оҳиста қимирлади. Бадани билинар-билинмас жимирлаб, сўлғин юзига қон югурди. Унинг аллақачон мурдага айланаётган танасига жон кирди. У секин-аста ёстиқдан бошини кўтариб, деразадан ҳовлига қаради. Каптарлар дон ахтариб, ерга «тик-тик» тумшуқ уришаётган эди. Кампирнинг юзига табассум ўрмалади. У соғиниб қолган каптарларига дон сочмоқ учун айвонга чиқди. «Ёшлик» журналининг 2010 йил, 7-сонидан олинди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21839 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |