Салом, янги дўст (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev]

Салом, янги дўст (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev]
Салом, янги дўст (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev]
Сўнгги қўнғироқ садоси янгради-ю, ҳамма ўқувчилар бирваракайига қийқиришди. Ҳатто қўнғироқ жарангини ҳам ана шу қийқириқ босиб кетди. Айниқса, битирувчиларнинг шодликлари ичига сиғмасди, Кимдир шўх-хандон кулган, кимдир соғинч ҳиссини ҳозирданоқ туйиб кўз-ёш қилган, ҳали устозларига гулдасталар тутишади, ҳали завқланиб чапак чалишади... Тантана якунига етай демас эди. Ниҳоят битирувчиларга оқ йўл тиланди ва сўнгги олқишлар янгради. Кейин ўқувчилар тарқалиш. Битирувчилар эса тўп-тўп бўлиб мактаб боғи томонга ўтишди.
Кечагина қуёш ҳамма ёқни куйдираётган, иссиқдан юрак лоҳас бўлаётган эди. Бугун эса осмонни қуюқ булут қоплаган, енгил шабада гўё ёмғир ҳидин олиб келаётганга ўхшарди. Боғнинг салқини дилга янада хуш ёқади. Бу ерга камтаргина дастурхон тузалган, битирувчилар хайрлашув асносида бирозгина суҳбат қуришни мўлжаллашган эди. Улар давраларига синф раҳбарини ва мактаб директорини ҳам таклиф этишди. Мана, ҳамма жамул-жам бўлди. Магнитофондан майин куй таралар, ўрик, гилос, олма дарахтлари япроқларининг енгилгина шитирлаши куйга жўр бўлаётгандек туюларди.
-Ҳамма келдими, сафимиз тўлдими? – деди синф раҳбари Азиза Сафоевна даврага кўз югуртириб.
-Ҳамма шу ерда, устоз, - жавоб беришди болалар.
-Ҳамдам қаерда? Нега у кўринмаяпти?
Болалар бир-бирларига қараб олишди. Устознинг бу саволи хуш ёқмаганидан ҳатто айримлар афтларини бужмайтиришди. Синф раҳбари Нозимжонга қаради. У синф сардори, ушбу даврани ташкил этишда ҳам у бош-қош бўлган.
- Биз Ҳамдамни бу ерга атай чақирмадик, - деди гапни лўнда қилиб. – Устоз, ўзингиз биласиз, у ҳар доим синфимизни орқага тортиб келган. Қайси байрамларда синфимиз билан йиғилган бўлсак, у доим бузғунчилик қилган. Ҳеч бўлмаса мана шу охирги ўтиришимизни хотиржам ўтказайлик, деб уни таклиф қилмадик.
Муаллима нима дейишини билмай бир зум тараддудланиб қолди. У ҳаммани безор қилиб юборган ўша Ҳамдамни минг марталаб тартибга чақирган. Деярли ҳар куни унинг дастидан синфда бирор нохушлик юз берарди. Гоҳ ойна синади, гоҳ эшикнинг тутқичи йўқолади, кимнингдир бурни қонайди... Шунинг учун бир неча ўқитувчилар бу синфга раҳбарлик қилишдан бош тортишди. Шунча ташвишларга чидаган фақат мана шу муаллима бўлди.
Ҳамдам бу пайтда боғни ўраб турган девор орқасида болаларнинг чуғурлашларига қулоқ тутиб, ер чизиб ўтирган эди. Ҳозироқ уларнинг олдига бориб ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилгиси, битта-иккитасининг бурнини қонатгиси келиб, деворни муштлади. Лекин яна бироз сабр қилиб, мусиқа аралаш эшитилаётган гапларга қулоқ солди.
-Мен биринчи синфга борганимда Дониёр доска олдида турган бўрни, ма, қурут е, деб менга берган, - деди Адиба кулиб. – Мен бўлсам унг чиппа-чин ишониб, бир-икки тишлам ебман. Қанадай экан таъми, деб сўраган у. Бемаза қурут экан, деганман. Ўшандан бери «қурут» сўзини эшицам кўнглим бузуладиган бўлиб қолган.
- Мен эса ариқдан қўлимни юваётганимда Камол сувга итариб юборган. Уст-бошим лойга беланиб, роса йиғлаганман, - дея эслади Муаззам.
Болалар кулгилию гинали воқеаларни эслай кетишди. Директор опа уларнинг гапини бўлди.
-Қадрли ўқувчилар, - деди директор самимият билан, - келинглар, ўтган ҳамма аразу гиналарни, нохуш воқеаларни унутиб, бугун ҳаммамиз фақат яхши ишларимизни, фазилатларимизни эслайлик. Шунда бир умр бир-биримизни фақат қувонч билан эслаб юрамиз ҳамда соғиниб яшаймиз.
Ҳамма бир овоздан директор опанинг гапини маъқуллади. Кейин бири олиб-бири қўйиб яхши воқеаларни эслай бошлашди.
-Эсингдами, Нозим, - дея гап бошлади Муниса, - олтинчи синфда ўқиб юрганимизда мен касал бўлиб ётиб қолган эдим. Ўшанда сен бутун синфни бошлаб борган эдинг. Бир талай китоб совға қилган эдинглар. Китоблар жуда қизиқарли эди. Ўқишга берилиб кетганимдан касалимни ҳам унутиб юборганман. Ҳатто тузалганимдан кейин ҳам бир ҳафта мактабга бормаган эдим. Охирги китобни ўқиб тугатай, деганман-да.
Болаларнинг шўх кулгилари, ширин хотиралари бир-бирига уланиб кетаверди. Буларни девор ортида тинглаб ўтирган Ҳамдамнинг эса баттар жаҳли чиқарди. У ҳўв нарироқдаги ариқдан бир ботмон лой олиб девор оша оцаммикан, дея ўйлади. Роса аломат иш бўларди-да. Қизлар қўрқиб кетиб чинқириб юборишади. Ҳамма ҳар ёққа тўзғиб кетади. Қарабсизки, ширин хотиралар тумандай кўтарилиб, давра бир зумда музлайди. Аммо у бир дам ўйлаб тургач, кутилмаганда фикридан қайтди. Оёқ-қўллари бўшашиб, боши айланди. У тўққиз йил мана шу болалар билан бир синфда ўқиди. Энди ҳамма хайрлашув даврасига йиғилиб, бир-бирларидан кўрган яхшиликларини эслаётган бир пайтда у ҳам ўтган кунларини хаёлидан ўтказди. Кўзи олдидан фақат жанжал-тўпалонлар, ўқитувчиларнинг қон қақшаб уришишлари, директорнинг «мактабдан ҳайдаймиз» дея куйиб-ёниши, синфдошларнинг ундан юз ўгириб қочишлари ўтаверди. У доим болаларнинг дўстлигию хушҳол давраларини бузиб келди. Ҳозир девор оша лой оца нима бўлади? Унга шох битадими? Яна бир марта давра тўзғийди, холос. Кейин-чи? Шу билан синфдошлик тамом. Ҳамма ҳар ёққа кетади. Уларнинг баъзилари билан кейинчалик ҳам ёнма-ён яшар, бироқ айримларини эҳтимол қайта кўриш насиб этмас. Ҳар ким ўз йўлини топиб яшайди, ҳаёт дарёсига қўшилиб кетади. У-чи? Шу чоққача битта дўст топмаган йигитга кейинчалик биронта инсон қадрдон бўлармикан? У ана шуларни ўйлади-ю, хўрлиги келди. Шу лаҳзада синфдошларнинг бирортаси уни кўриб қолса борми, роса кулги бўларди-да. Чунки шу пайтгача ҳали ҳеч ким унинг кўзига ёш қалқиганини кўрмаган. У бўшашиб, уйи томон кетди. Лекин уйга киргиси келмади. Ҳовли этагидаги бедапояга ётиб, ўйга толди. Юраги сиқилиб, чуқур-чуқур уҳ тортди...
Мактаб боғида эса байрам авжида эди. Болалар бир-бирларидан ажралгилари келмас, ширин суҳбатлар қизигандан қизирди. Ёқимли тарона уларга яна ҳам ҳаяжон бахш этар, улар галма-галдан рақсга тушишарди. Бир пайт кимдир уларга яқинлашиб келаётган Ҳамдамни кўрди-ю, ҳамманинг диққатини у томонга қаратди. Болаларнинг кайфияти тушиб кетди. Давра бир зумда совигандай бўлди. Ҳозир биронта бузғунчилик рўй берадигандай ҳамма карахт бўлиб турарди. Ҳамдам стол ёнига келди-да, уларга бирма-бир разм солиб, бир зум серрайиб қолди. Сукунатни муаллима бузди.
-Марҳамат, Ҳамдамжон, менинг ёнимда ўтир, - деди у самимий табассум билан. – Келганинг жуда яхши бўлди. Биз ҳам хавотир олиб сени кутиб ўтирган эдик.
Ҳамдам муаллиманинг ёнидаги стулга ўтирди. У хотиржам эди. Одатда у ўтиришларга ўзича пишқириб, безовталик билан кириб келар, ҳар ёққа аланглар, сўнг бир ишкал чиқариб, ҳамманинг кўнглини хуфтон қилиб кетарди. Бугун эса болалар унинг ҳаддан зиёд хотиржамлигини кўриб, уни таниёлмай қолишди. Бу хотиржамликнинг ортида бирор каттароқ хатар йўқмикан, деган хавотир ҳам уларни безовта қила бошлади. Шундай бўлса ҳам уни кўрмаганга олиб, яна қизғин суҳбатга киришиб кетишди. Ниҳоят, Ҳамдам бир нимани гапирмоқчидак оғиз жуфтлаб ўрнидан турди. Ҳамма унга қаради. Шабаданинг эсиши, баргларнинг шитирлаши, бир-иккита ёмғир томчисининг адашиб тушишини ҳисобга олмаганда боғ жим-жит бўлиб қолди.
-Мени ҳеч ким бу даврага таклиф қилгани йўқ, - деди Ҳамдам ҳамон ўша хотиржамлик билан. – Мен ўзим чақирилмаган меҳмондай келавердим. Авваллари ҳам ҳеч ким мени таклиф қилмаган. Лекин доим давраларингизга кириб борганман. Азбаройи ичимни алам тирнаганидан, хурсандчиликларингизни бузиб ҳузур қилишни хоҳлаганимдан. Бугун эса ундай эмас. Бугун мен сизлар билан танишгани келдим. Негаки, ҳозир бу ерда фақат яхшиликлар эсланаяпти. Агар ёмонликлар эсланганида, бу мавзуда бирортангиз менинг олдимга тушолмасдингиз. Аммо ёмонликларнинг ҳаммаси унутилиб ташланмоқда. Менинг эса эсга олинадиган биронта яхшилигим йўқ. Ўзим ҳам қанча ўйламайин, ҳеч бирингизга яхшилик қилганимни эслай олмадим. Ёмонликларни унутар экансиз, демак мен ҳам шу бугуноқ унутилдим. Шунинг учун ҳам мен олдингизга янги одам бўлиб келдим. Эҳтимол яна ўн йилдан сўнг қайта учрашиш насиб қилса, ўшанда менинг ҳам эсга оладиган хотираларим бўлар. Мен отасиз, онасиз ўсдим. Амакимнинг қарамоғида яшайман. Амакимнинг ичкиликка мук тушиб, ҳар куни тупроққа беланиб ётишини кўрсам, аввалига хўрлигим келарди. Кейин эса дийдам қотиб, кўникиб кетдим. Уйда еганим калтак, эшитганим сўкиш эди. Кимдандир аламимни олгим келарди. Шунинг учун синфда энг ёмон бола мен бўлиб қолган бўлсам керак. Нозимнинг ҳадеб янги костюм-шим кийиб келиши, ҳатто қўлига қимматбаҳо соат ҳам тақиб келгани, Ботирни ҳамма муаллимлар одобли деб мақташи, Мунисанинг ҳеч кимга ёрдам бермай, фақат ўзи «беш» олиши, Камолнинг ташкилотчилиги, ҳаммаси ғашимни келтирарди. Энди эса... Майли, сизлар ҳамма яхшиликларингизни эсланглар, мени эса янги танишимиз деб қабул қилинглар. Менинг исмим Ҳамдам. Салом, дўстлар.
Болалар аввалига Ҳамдамга ишонқирамай қарашди, бироқ унинг кўзларида ёш милтиллаганини кўриб, ишонишди ва қийқириб чапак чалишди. Инсон феъли шунақа, гоҳо оташин сўзлару илтижолар ёриб ўтолмаган унинг кўнглидаги шубҳанинг метин деворини бир томчи кўзёш оний лаҳзада яксон қилишга қодирдир. Болалар Ҳамдамни давраларига олишди. Муаллима ҳам кутилмаган бу ҳодисадан беҳад мамнун бўлди. Болалар ўйнадилар, кулдилар, ширин тилаклар айтдилар. Гарчи Ҳамдам улар эслаётган яхши хотираларни жим туриб тинглаётган бўлса-да, энди уларга бегона эмас.

Ўйнаб томчилаётган ёмғир ниҳоят забтига ола бошлади. Шундан сўнг болалар боғни тарк этишди. Ҳамма уй-уйига тарқалди. Тошлоқ йўлда кетаётган Ҳамдамни саваламоқчидек ёмғир шаррос қуярди. Аммо ёмғирни писанд этмай, хотиржам ва мамнун қадам ташлаб борарди. Майнинг сўнгги ёмғири унинг изларини ювмоқда эди.
Tavsiya qilamiz
Яндекс.Метрика