Рамазоннинг ўн бешинчи куни (ҳикоя) [Uygʻun Roʻziyev] |
Ертўланинг ачимсиқ ҳавоси димоққа урилиб, кишини беҳузур қилади. Бу ерга илк бор тушган одамнинг зах ва бўғиқ ҳаводан нафаси қайтиб, қоронғилик ичида юраги сиқилиши мумкин. Ертўланинг бир бурчагида кичкина туйнук бўлиб, кун пешиндан оға бошлаганда қуёш нурлари шу туйнукдан йўл топиб кирар ва бу ерни бир муддатгина ғира-шира ёритгандай бўларди. Лекин бошқалар учун қанчалар ёқимсиз бўлмасин, Сайрам Сайилбой ўғли учун бу жой анчагина қулай эди. У кўча-кўйда одамларнинг гап-сўзларидан, кунжак-кунжакларда бир-бирларига шивирлашиб, кинояли кулишларидан безиб, асаблари қақшаган, ёхуд аламзада бўлган кезларида ва баъзида поёни йўқ орзулар гирдобига ғарқ бўлганида мана шу ертўлага шўнғиб кетишни хуш кўрарди. Бундай лаҳзаларда у ҳеч кимни кўришни ҳам, гаплашишни ҳам истамас, ҳатто йиғма каравотини ҳам ертўлага тушириб олиб, ёлғиз ўзи зимистонда нафас олгиси келар эди. У худди мана шу ерда ҳаловат топар, ўзини мутлақо эркин ва хотиржам ҳис этарди. Унинг бундай феълини деярли бутун қишлоқ билиб қолган ва улар токи Сайрамнинг ўзи остона ҳатлаб чиқмагунча уни айтарли безовта қилишмас эди. Фақатгина ҳали мактабда ўқиб юрадиган жияни ҳар куни бирров хабар олиб кетар (чамаси онаси ҳоли-жонига қўймай юборса керак, йигитнинг уйга хушламай қадам қўйишидан буни пайқаса бўларди), айниқса, рамазон кунлари бир пиёлада нишолда, бир косада овқат ва кулча нонни олиб келиб, даҳлизга қўйиб кетар, Сайрам билан эса кўпинча туйнук орқали гаплашиб қайтар эди. Ҳар йили рамазон ойини у ҳаммадан бўлакча ўтказарди. Ҳар ҳолда ертўлага бутунлай қамалиб олмаса ҳам, лекин бир ой давомида ўзини чиллага солган каби ҳовлисидан бир қадам чиқмас, ҳатто тирикчиликни ҳам унутган кўйи, рўза тутиб, беш вақт намозни ўқиб, уйида ўзини у-бу юмушлар билан овунтириб юрарди. Унинг бошига бахт қуши бир қўниб, қочган ва ҳаётини бутунлай остин-устун қилиб юборган ўша аламли воқеа ҳам айнан рамазон ойида рўй берган эди-да. Мана, энди ҳар гал рамазон эшик қоққанда Сайрам Сайилбой ўғлининг қалбини изтироб фаришталари чертиб ўтади. Ўша воқеа бундан роппа-роса ўттиз беш йил муқаддам рўй берган эди ва лекин чолнинг хотирасида бу худди икки кун олдин содир бўлгандек туюлар, шу боисдан ҳам унинг юрагидаги умид учқунлари батамом сўниб улгурмаган ва келаётган ҳар бир кундан қандайдир хушхабарни кутиб яшар эди, гарчи одамлар уни аллақачон телбага, амалга ошмас истаклар дарёсига шўнғиган овсарга чиқариб қўйишган бўлса ҳам. Сайрам ертўладан чиқаркан, уй деразасидан уфққа бош қўяётган қуёш шуъласидан кўзлари қамашиб, бир муддат боши айланди. Шунда биринчи бор ўзини гўё қабрдан чиқиб келаётгандек ҳис қилди. «Мен ўлган одамман, бунга кўп йиллар бўлган, — дея ўйлади у. — Фақат ўзимча тирикман, холос. Одамлар ўлганимни аллақачон пайқашган, фақат ҳаммалари кўмишолмай ҳалак. Шунинг учун ҳам мени кўрганларида тирилган мурдани кўргандек ажабланиб қарашади, устимдан кулишади. Мана, бугунги кун ҳам ўтди — қизғанчиқ ва мазмунсиз кун. Аммо ана у бўзараётган офтоб эртага яна чарақлаб бош кўтаради. Ана ўшанда истайманми, йўқми, менинг умидларим яна уйғонади. У қайтиши керак. Унгача мен ўлмайман, она ер мени ўз қаърига тортиб кетмайди. Топталган ғурурим, йигитлик шаъним тикланиши керак. Ғурурсиз, шаънсиз ўлиб бўлмайди. Уларсиз ўлиб кетсам, у ҳолда калтакланган итдан, бўғизланган қўйдан қандай фарқим қолади? Ахир, мен инсон бўлиб дунёга келганман-ку»;. Кейин у даҳлиздаги стол устида турган дастурхонни нари сурди-да, пешонасини билаклари устига қўйиб, узоқ хаёлга чўмди. Ҳар галгидек яна ўша манзара, ўша хотиралар қуйилиб кела бошлади... Сайрам айни йигитлик қувватига тўлганда отаси бу дунёни тарк этди. Шунда муштипар онаси боши гангиб, хавотирга тушиб қолди: ўғли ва қизини кўзи тириклигида уйли-жойли қилиб кетмаса, эртага бу бечораларнинг ҳоли нима кечади? Шу ташвишда қизини биринчи келган совчиларга узатиб юборди-ю, лекин Сайрамнинг уйланиши бироз чўзилди. Йигитнинг ишқи Озод муаллимнинг қизи Муҳаррамга тушди. Шунда ҳали беғубор болалик хаёллари билан яшаб юрган қизнинг ҳам кўнглини муҳаббат насимлари сийпалаб ўтди. Улар аҳду паймон қилдилар. Бироқ бу пайтда Муҳаррам шаҳардаги техникумда ўқиётган эди. (У даврларда қишлоқдан саноқлигина қизлар шаҳарга бориб ўқир эдилар). Лайли-ю Мажнунларни унаштириб қўйишди, бироқ тўйни қиз ўқишни битирганидан кейин қилишга келишиб олишди. Шу тариқа икки йилни сабр-тоқат билан ўтказишга тўғри келди. Ишқ-муҳаббат ҳаётга ҳам, инсонга ҳам гўзаллик бахш этади. Муҳаррамнинг гўзаллиги кундан-кунга таърифларни ожиз қилиб борарди. Сайрамнинг ҳам кучига куч, ғайратига ғайрат қўшилиб бормоқда эди. У колхозда нимаики юмуш бўлса бажарди, барига улгурди, куч ва матонат топа олди. Тўй кунини қизғин меҳнат билан яқинлаштириб борарди. Аммо тўй куни яқинлашгани сайин Муҳар¬рамнинг авзойида ўзгаришлар учқунлана бошлади. Чамаси, қиз қалбини киши билмас, кўз илғамас бир изтироб исканжага олмоқда эди. Сайрам ҳам буни салгина пайқагандек бўлди, лекин тўйдан олдин ҳамма қизлар ҳам шундай ҳолатга тушади, деб ўзига таскин бериб қўя қолди. Ниҳоят бир куни Муҳаррам ич-этини тирнаётган ўша дардни юзага чиқарди. — Сайрам ака, — деди Муҳаррам сокин тунда ой нурлари жимирлаб турган сой бўйида учрашиб турганларида йигитнинг елкасига кафтларини қўйиб. — Тўйни тезлаштиринг, агар иложи бўлса. — Хўп, жуда соз, — деди Сайрам ажабланиб унинг кўзларига тикиларкан, лекин нима сабабдан? У сезиб турарди — қиз қандайдир муҳим гапни унга айтолмай қийналаётган эди. — Нима гап, Муҳаррам? — деди у дардини ичига ютаётган қизни юпатаркан. — Мен... — Ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқма. — Мени... Мени бир йигит ҳаддан ортиқ яхши кўриб қолган. — Мени назарда тутаяпсанми? — кулди Сайрам. — Йўқ, бошқа йигит. — Бошқа йигит? Ким экан у, билсам бўладими? — У шаҳарлик. Ўқиш жойимизга тез-тез келиб турарди. Ўзи анчагина бадавлат хонадондан, лекин жуда бамаъни, оддий ва самимий йигит. — Исми нима? — Исми... Мансур. — Сен-чи, сен ҳам уни яхши кўрасанми? — деди Сайрам лаблари титраб. Қиз сукут сақлади. — Нега жавоб бермайсан? — Биз унаштирилганмиз, Сайрам ака, буни ҳамма билади. Тўйимиз қачон бўларкан, деб шу пайтгача кун санаб яшаб келаяпмиз. Тўйни тезроқ ўтказайлик. У ҳадемай бу ерга келиб, мени ахтариб қолиши мумкин. Агарда у келгудек бўлса, мени олиб қололмасангиз керак. — Ораларингизда ҳеч гап бўлмаганми? — Йўқ, ҳеч гап бўлмаган. Оллоҳ ва виждоним олдида покман. Унаштирилганимизни унга ҳам айтганман. Лекин барибир ҳоли-жонимга қўймаяпти. Тинчимни ўғирлаяпти. Тезроқ тўйни қилайлик. Шундагина у умидвор бўлмайди, шундагина у ҳам, сиз ва мен ҳам тинч яшаймиз. — Ramazon oyi boshlandi, bu oyda deyarli hech kim toʻy qilmaydi. Bunga oqsoqollar ham koʻnishmas, ehtimol. Hech boʻlmasa shu oy oʻtsin. — Қайси замонда яшаяпмиз? Эскича удумларни ўйлаб ўтирадиган пайтми ҳозир. Вақт зиқ дедим-ку, наҳотки тушунмаяпсиз? — Бўлди, эртагаёқ тўй тараддудига киришаман. Мен сени ҳеч кимга бериб қўймайман. Сени ҳеч ким тортиб олиб кетолмайди. Сайрам тўйни бошлашга енг шимариб киришиб кетди. Унинг бунчалар шошилаётганлигини кўпчилик одамлар истеҳзо билан қабул қилишди. «Икки йил бир амаллаб чидаган экан-да, энди икки соат ҳам сабр қилолмай зириллашини қаранглар»;, — деб орқаворотдан кулишарди улар. Одатда ҳаддан ортиқ севги домига тушиб қолган йигитлар мана шундай бесабр бўлишади. Тўй куни ҳам тайин қилинди — рамазон ойининг ўн бешинчи кунига белгиланди. Сайрам оёғи куйган товуқдек эрта-ю кеч тиним билмасди. Ҳамқишлоқлар ҳам қараб туришмади, кимдан нима сўраб чиқилса, борини олиб чиқиб беришарди. — Болам, — деди Озод муаллим Сайрамга насиҳат қиларкан, — тўйга кўпам катта харажат қилиб юборма. Ҳолингга яраша, ихчамгина ўтказсанг ҳам ҳеч ким ўпкаламайди. Нега бунчалик шошилаётганингни тушунмадиму, лекин майли, ҳар нима бўлганда ҳам сизлар бахтли бўлсаларинг бас. Раҳматли Сайилбой муаллим қадрдон дўстим эди. Бирга ўсиб катта бўлдик, ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга тотдик, бирга ишладик, урушда ҳам бирга жанг қилганмиз. Афсуски, фарзандларимизнинг бахтини бирга кўриш насиб қилмаган экан. Биз бир-биримизга ҳар доим суянч бўлганмиз. Сизлар ҳам, болаларим, бир-бирингизга суянч бўлинглар. — Ота, мен ҳам бахтли турмуш қурайлик, деб шошилаяпман. Пешонамга Муҳаррамни ёзгани учун тақдиримдан мингдан-минг розиман, — деди Сайрам. Рамазоннинг ўн бешинчи кунида бутун қишлоқ аҳли тўйхонага тўпланди. Келинни олиб келиш учун Сайрам куёвжўралари билан йўлга отланди. Келиннинг уйида ҳам тўй авжида, ҳамма хурсанд. Туй маросимлари-ю ирим-сиримлар ҳаммаси ўрнида бўлди. Келин замонавий урф бўлаётган оппоқ либосга ўраниб, фариштадек бўлиб куёвнинг ёнига келди. Мулла никоҳ ўқиди. Кейин кексалар икки ёшга оқ фотиҳа беришди. Ой деса ойдек, кун деса кундек келинчак билан уйи томон йўл оларкан, Сайрамнинг қувончи ичига сиғмас эди. Аммо бундай ҳаяжон ва қувончни у Муҳаррамнинг чеҳрасида кўрмади. Унинг юзида тушуниб бўлмас хавотир ва изтироб ҳамон ҳукмрон эди. — Мана, никоҳ қийилди, — деди Сайрам секин шивирлаб, — энди ҳеч нарсадан ташвишланмасанг ҳам бўлади. — Ҳа, биз никоҳландик, аммо ҳали чимилдиққа етиб борганимиз йўқ. Агар у шу вақт ичида етиб келгудек бўлса, мени олиб қололмайсиз, — деди Муҳаррам қатъий оҳангда. Шунда Сайрамнинг ҳам ичига ғулғула тушди ва вақтнинг тезроқ ўтишини истаб, қадамларини ҳам тезлатди. Улар ҳовлига кириб борганларида карнай-сурнайларнинг овози янада баландроқ янгради. Тўйхонага тўпланган одамлар уларни кута-кута сабрлари чидамаган ва тантанани аллақачон бошлаб юборишган, шу боис ҳозир базму жамшид айни авжида эди. Кун бўйи майдалаб ёмғир ёғиб ўтган, ҳозир ёмғирдан кейинги аччиққина изғирин эсарди. Паға-паға булутлар ортидан қизарибгина кўриниш бераётган қуёшнинг уфқ ортига аста бош қўяётганини кузатиб, Сайрамнинг юрагидаги ғулғула баттар ғалаён қила бошлади. Май симириб сархуш бўлган одамлар бири олиб, бири қўйиб гапиришар, чапаклар, қийқириқлардан қулоқ қоматга келарди. Келин-куёв эса тўйхона тўрида бир жуфт кабутардек ўтиришарди. Шунда ҳовли олдига бир машина келиб тўхтади. Ундан барваста уч йигит тушиб, ҳеч кимдан таклифу такаллуф ҳам кутмасдан ичкарига салобатли қадам ташлаб кириб кела бошлади. Уларнинг қишлоқ йигитлари эмаслигини сахту сумматининг ўзиёқ айтиб турарди. Қиёфалари ниҳоятда жиддий, ҳушёр ва бу ерга шунчаки тўй билан қутлаш учун келмаганликларини англаш мушкул эмас эди. Ҳамманинг нигоҳи уларга қадалди ва тўйхона сув қуйгандек жимиб қолди. — Мансур! — деди Муҳаррам ҳайратдан энтикиб ва секин ўрнидан турди. — Омадингиз йўқ экан, Сайрам ака, бахтингизни қучишга улгуролмадингиз. Мансур ҳеч нарсадан тап тортмай, тўғри келиннинг олдига келди. — Мана, ниҳоят сени топиб келдим, Муҳаррам, — деди у. — Мана бу шодиёналарнинг сенга дахли йўқ. Энди юр, кетамиз. У қўлини узатди. Шунда Муҳаррам ҳам унга қўлини тутқазиб, аста ёнига ўтди. Боядан бери ҳайкалдек қотиб турган ширакайф куёвжўралар вазиятни тусмоллаб, ўринларидан ирғиб туришди. Шу ҳолатда улар кутилмаган бу меҳмонларни ерпарчин қилиб ташлашга чоғланган эдилар. — Тўхтанглар, — деди Сайрам столга мушт уриб. Ҳамма яна жой-жойида қотди. — Муҳаррам, биз никоҳ ўқитиб бўлдик. — Кечиринг, Сайрам ака, — деди Муҳаррам Мансурнинг пинжига тобора маҳкамроқ кириб бораркан. — Мен сенга мажбурлаб уйланаётганим йўқ. Сени жонимдан ҳам ортиқ севганимни яхши биласан-ку. Сен ҳам ўз ихтиёринг билан менга теккансан. — Ҳамма гапингиз рост, Сайрам ака. Шунинг учун ҳам, бирон шармандалик рўй бермасидан, тезроқ турмуш қурайлик, дедим. Лекин наилож, улгурмадик, бўлар иш бўлди. Энди мен сизники бўлолмайман. — Хўп, майли, у сени шунчалар севар экан, лекин сен-чи? — Мен ҳам унга бееътибор эмасман. У ёнимда турганида кўзимга муҳаббатдан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолади. Сиздан ўтинаман, мендан ранжиманг. — Кўзингни ёлғон севги кўр қилиб қўйибди, — деди Сайрам овози хириллаб. — Ҳозир ҳушинг жойида эмас. Бир куни кўзинг очилса, албатта пушаймон қиласан. Билиб қўй, мен сендан бошқа ҳеч кимга уйланмайман, шунинг учун уч талоқ ҳам қўймайман. Бу гапни, мана, халойиқнинг олдида айтаяпман. Мансур Муҳаррамни машинага томон етаклади. Куёвжўралар дарғазаб бўлиб, уларнинг устига ёпирилиб бормоқчи бўлишди. Сайрам қулочини кенг ёйиб, ҳаммани тўхтатди. Муҳаррам машинага ўтиришга чоғланаркан, сўнгги бор ортига ўгирилиб қаради ва шу заҳоти нигоҳи боядан бери ҳамма воқеаларни сабр-тоқат билан кузатиб, ранги бўздай оқариб турган отасига тушди. — Мени кечиринг, отажон, — деди Муҳаррам илтижо билан. — Оқпадар! — деди Озод муаллим титраб-қақшаб. Халойиқ оёққа қалқиди ва ъъгувъъ дея овоз берди. Қизнинг ёноқлари узра икки томчи ёш думалади. Кейин у машинага ўтирди ва ортига бошқа қайрилиб қарамади. Машина елдек учиб кетди. Болакайлар эса унинг ортидан тош отиб қолишди. Шундан сўнг тўйхонадаги муздай сукунат ҳам бузилди, ғала-ғовур бошланди ва аста-секин одамлар ҳам татимаган базмдан ҳафсалалари пир бўлиб, уй-уйларига тарқа¬лишди. Бу кўргиликни Сайрамнинг онаси кўтаролмади ва кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмди. Сайрам эса айтган гапида туриб олди, қишлоқ аҳли йиллар мобайнида ҳар қанча уринишмасин, уни уйланишга кўнди¬ришолмасди. Чол қоронғи тушишини кутиб, ҳовлида ивирсиб юрди. Кейин печкага ўтин қалаб, намоз ўқиб олди ва дастурхонни ҳафсаласизлик билан очиб, совуб қолган овқат билан ифторлик қилди. Шундан сўнг мойчироқнинг пилигини кўтариб, унинг шуъласи билан бироз ўйнади. Бу ҳам сиқилиб бораётган юрагига далда бўлолмади шекилли, уй ичида у ёқдан бу ёққа юра бошлади. Шунда кўзгу ёнидан ўтаётганида бехосдан ўз қиёфасига кўзи тушиб, жирканиб кетди ва апил-тапил ахтариб эски-туски буюмлар орасидан бир неча тишлари синган кўҳна тароқни топиб олди-да, кўпдан бери тарашланмаган соч-соқолини таради. Яна ойна олдига бориб, ўзига обдон разм соларкан, ич-ичидан хўрлиги келиб, унсиз йиғлади. «Йўқ, назаримда ҳаммаси тугади,-деди у муштини деворга ураркан.-Наҳотки ҳамма умидларим пучга чиқди? Толе менга неки берган бўлса, бари омонат бўлди. Дунёга келиб нима топдим? Бошимга қўнган бахт қуши ҳам ҳали кафтимда тутиб улгурмай учди-ю кетди. Омонатга берилган биргина жоним қолди, холос. Ҳадемай, мана, соҳиби қудрат¬нинг элчилари келади-ю, сўнгги омонатини ҳам олиб кетади. Мендан на бир зурриёт, на ном-нишон қолади. Шунча йил одамлар оғзида эрмак бўлдим. Энди ана шу моғорлаган афсоналар ҳам, умримнинг сўнгги лаҳзаларигача ҳамроҳим бўлган ишқ-муҳаббат ҳам ўзим билан тупроққа қоришиб кетади. Ҳойнаҳой анави шитирлаётган ажал шарпаси бўлса керак. Ҳозир у кириб келади-ю, гирибонимдан олади. Ҳа, унинг чангалидан қочиб қутулиб бўлмайди. У тўсиқни ҳам, шафқатни ҳам билмайди. Шу билан армонларга тўла умр ниҳоясига етади»;. У юзини чангаллаб, шу кўйи алламаҳалгача ўтирди. Бир пайт, ҳовлидан қадам товушлари эшитил¬гандай бўлди. Қоронғи тушгандан кейин кузнинг изғирин шамоли эса бошлаган, у хазонларни шитирлатиб, томларнинг тунукаларини тақиллатиб, аста-секин кучаймоқда эди. Бироздан сўнг яна қадам товуши эшитилди ва бу сафар у шамолнинг гувиллашига ҳам, хазонларнинг шитирлаши-ю тунукаларнинг тақиллашига ҳам ўхшамади. Одатда бемаҳалда ҳеч ким Сайрамни йўқлаб келмас эди. Шунинг учун ҳам у сергак тортди. Сайрам вужуди қулоқ бўлиб, индамай ўтираверди. Бир маҳал дераза оҳиста чертилди. Сайрам шунда ҳам қимирламади. Ташқарида кимдир деразани чертиб-чертиб, охири қаттиқ тақиллата бошлади. — Сайрам, оч эшигингни. Эшигингни оч, Сайрам, — деди қалтираган ва йиғламсираган овоз. Бу аёл кишининг овози эди. Сайрам ҳайратдан энтикиб, дераза олдига борди. Осмонни қоп-қора булут қоплаган, ташқари зим-зиё, бўрон тобора қутура бошлаган эди. — Кимсан? — деди Сайрам тез-тез нафас оларкан. Ташқаридаги аёл дераза олдига яқинроқ келди. шунда чироқнинг хира шуъласида унинг жуссаси кўринди. Юзларини ажин босган, сочлари тўзғиган, жулдур кийимли, алвастимонанд бир аёл Сайрамга илтижоли термулиб турарди. Сайрам дастлаб чўчиб тушди, кейин аёлнинг кўзларига синчковлик билан тикилиб, юраги «шув»; этиб кетди. — Муҳаррам! — бақириб юборди чол. — Наҳотки, бу сен?! У аёлни таниди, бир пайтлар юрагига наштар урган ўша қуралай кўзларидан таниди. Ажаб! Табиат Муҳаррамга берган барча гўзалликларини яна қайтариб олиб қўйибди, аммо офатижон кўзларини тортиб ололмабди. Мана шу кўзлар Сайрамнинг юрагининг туб-тубига кириб борган эди. Мана шу кўзларда бир пайтлар ловуллаб ёнган ишқ алангаси ҳали бутунлай сўниб улгурмабди. — Мен келдим, Сайрам, остонангга бош уриб келдим, — деди Муҳаррам йиғлаб. — Қари алвастини кечиролсанг, кечир. Кечирилмас гуноҳларимдан ўт. Эшигингни оч, мени бағрингга ол, Сайрам чол. Сайрам ҳовлиққанидан қоқина-сурина эшикни очди. Шунда аёл жон ҳайбатида ўзини унинг қучоғига отди. Чол бағридаги кампирнинг тўзғиган сочларини силади. Кампирнинг бир тутам жуссаси дир-дир қалтирар, чанқаб-пишнаб нафас олар эди. — Бағринг бунчалар иссиқ бўлмаса, Сайрам, — деди аёл ва чолнинг қучоғига янада маҳкамроқ сингиб кетди. — Ўттиз беш йилдан бери кутаман сени, — деди Сайрам. — Шу йиллар ичида юрагим музга айланиб кетса керак, деб ўйлаган эдим. Аммо токи муҳаббат уни бутунлай тарк этмагунча юрак қурғур музлашни хаёлига ҳам келтирмас экан. — Хайрият, тирик экансан. — Ҳа, ўлмадим, Муҳаррам, ўлолмадим. Сен келмасанг, юз йилда ҳам ўлолмай қийналар эдим. — Наҳотки, шунча воқеалардан кейин ҳам, шунча йиллар ўтса ҳам мени унутмагансан? — Ҳа, сени кутиб яшадим. — Қайтишимни билармидинг? — Умидвор эдим. — Наҳотки? — Биз никоҳдан ўтганмиз. Сен беталоқ кетган эдинг. — Эшитдим, сен бошқа ҳеч кимга уйланмабсан. Мени кечир, Сайрам, ваъдангда бунчалар собит туришингни ўйламабман. — Сен-чи, борган жойингда бахт топдингми? — Бахт менинг пешонамга битилмаган экан. Эҳтимол, отамнинг қарғиши ургандир. Мансурни хиёнат устида ушлаб, уйдан қувдим. Кейин бошқа эркакка турмушга чиқдим. У ҳам бегона бир аёлга илакишгач, икковлашиб мени қувиб-солишди. Ниҳоят, қариганимда якка-ю ёлғиз ўғлим ҳам мени кўчага ҳайдади. Одамлардан суриштириб, сенинг ҳали ҳам ёлғиз яшаётганингни билдим. Шунда ўлсам, фақатгина сенинг қўлингда ўлишим адолатдан бўлишини тушуниб етдим. Мени жазола, Сайрам, истасанг ҳозироқ ўлдир. — Одам ўз бахтини ҳам ўлдирадими, шайтон қиз. — Нега бунчалар меҳрибонсан-а, Сайрам?! Сайрам чол чуқур хўрсинди. Кейин Муҳаррамни янада маҳкамроқ қучоқлаб, жилмайди: — Мени меҳрибон қилиб қўйган — сенинг муҳаббатинг, фариштагинам. «Ёшлик»; журналининг 2009-йил, 3-сонидан олинди. |
№ | Eng ko'p o'qilganlar |
---|---|
1 | Gʻazallar, ruboylar [Zahiriddin Muhammad Bobur] 62430 |
2 | Yulduzlar mangu yonadi (qissa) [Togʻay Murod] 57898 |
3 | Gʻazallar [Nodira] 40505 |
4 | Guliston [Sa’diy] 36644 |
5 | Hikmatga toʻla olam (gʻazal, ruboiy... [Sa’diy Sheroziy] 23313 |
6 | Мусульманские имена (част... [Ibn Mirzakarim al-Karnaki] 23180 |
7 | Sobiq (hikoya) [Said Ahmad] 21840 |
8 | Yulduzli tunlar (I- qism) [Pirimqul Qodirov] 19542 |
9 | Vatanni suymak [Abdulla Avloniy] 18663 |
10 | Mehrobdan chayon (I- qism) [Abdulla Qodiriy] 14486 |